Erkin Vohidov. Ikkinchi tumor (tragikomediya)  ( 14002 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  09 Mart 2010, 10:05:14

Erkin Vohidov. Ikkinchi tumor (tragikomediya)



Muallif: Erkin Vohidov
Hajmi: 206 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  18 Mart 2010, 01:06:43

Эркин Воҳидов

ИККИНЧИ ТУМОР

(трагикомедия)



ҚАТНАШУВЧИЛАР

МИЗРОБ МАҲМУДИЙ — психолог, 35—36 ёшда
СУНБУЛ — синглиси, 18—19 ёшларда
МУАТТАР — психотерапевт, 25—26 ёшларда
ОДИЛЖОН — радиомухбир, 35—36 ёшларда
МАТМУСА — 22—23 ёшларда

Муқаддима

Кўча. Скамейкада плаш, шляпа кийган, кўзойнак таққан бир одам газета ўқиб ўтирибди. Елкасига репортёр осган ўттиз беш ёшлар чамасидаги радиомухбир унинг ёнига келиб ўтиради.

Радиомухбир — (уф тортиб) Ҳеч бандаи мўмин радиомухбир бўлмасин.

Мисли ишқ даштида Мажнун
Мен сағир куйган бағир,
Чанг ютиб овораман,
Оғзим тахир, елкам яғир.

Газетхон — (газетани қўйиб) Ҳа, нега хуноб бўляпсиз, биродар?
Радиомухбир — Э, нега хуноб бўлмай? Бир ҳафтадан бери битта олимдан интервью ололмайман. Институтга борсам, уйида, уйига борсам лабораторияда, лабораторияга борсам, — балиқ овига кетган.
Газетхон — Ҳа, сизга қийин бўлибди. (Яна юзига газета тутади).
Радиомухбир — Газетада нима янгилик? Яна Мизроб Маҳмудийнинг сеансларини ёзишибдими?
Газетхон — Қизиқасизми? Мана, ўқинг.
Радиомухбир — (Ўқийди) «Маҳмудийнинг психологик сеанслари... Яқинда чет тиллар институтининг кичик залида олим Мизроб Маҳмудий лотин тилини ўрганувчи талабалар билан психологик сеанс ўтқазди. Бу ерда ҳозир бўлган ўттиз икки талаба Маҳмудийнинг сирли ишоралари билан»... (Газетадан бош кўтариб) Қаранг, сирли ишоралари билан эмиш... (Ўқийди) «Сирли ишоралари билан чуқур уйқуга кетди, сўнгра институт профессори лотин тили морфологиясидан йигирма минут лекция ўқиди. Атоқли тилшунос олимнинг уйқудаги талабаларга лекция ўқишини кузатиб турганлар ҳайратдан лол бўлиб қолган эдилар. (Газетадан бош кўтариб) Ҳа-ҳа-ҳа! Олим шу маҳалгача талабаларга «кўзингни оч, ухламай ўтир», деб келган бўлса, энди «кўзингни юм, ухла» дер эканда... Ҳа-ҳа-ҳа! Мана бу тескари дунёни қаранг. (Ўқишда давом этади). Синов комиссияси ўтказган имтиҳондан маълум бўлишича, талабалар беш-олти ўқув соатида ўрганиш мумкин бўлган материални йигирма минутлик сеанс вақтида тўла ва мукаммал эгаллаганлар». (Газетани қўйиб). Ана холос. Менга қаранг, биродар, сиз Маҳмудийни танийсизми?
Газетхон — Биз бирга ишлаймиз.
Радиомухбир — Ростданми? Сиз ҳам гипнозчимисиз?
Газетхон — Бироз....
Радиомухбир — Айтинг-чи, Маҳмудий қанақа одам? Бўйи, юзи, умуман, кўриниши қандай?
Газетхон — Ҳаммага ўхшаган, оддий... тахминан мана менга ўхшаб кетади.
Радиомухбир — Ҳозир уни қаердан топса бўлади? Менга ёрдам берсангиз сиздан жуда миннатдор бўлар эдим.
Газетхон — У ҳозир мухбирларни қабул қилмаяпти-да..
Радиомухбир — Мени қабул қилади. Биз у билан бир синфда ўқиганмиз.
Газетхон — (Унга диққат билан қараб) Уни ҳозир кўрсангиз танирмидингиз?
Радиомухбир — Албатта танийман. У жимиттаккина ориқ бола эди. Кўзи ёниб турарди. Ҳеч қаеридан танимасам ҳам кўзидан танийман.
Газетхон — (Кўзойнагини олиб) Қани, кўзимга қаранг-чи.
Радиомухбир — (Ҳайратда) Мизроб! Ростдан сенмисан? Сен! Ўзинг! Мизроб, дўстим!
Маҳмудий — Одилжон эмасмисан?
Одилжон — Мен, Одилжонман. Мизроб! (Қучоқлашиб кетишади).
Маҳмудий — Оббо Одилжон-эй! Қани, ўтир-чи, дўстим, қаёқларда юрибсан? Кўришганимизга ўн беш йил бўлди, чоғи?
Одилжон — Ўн олти йил! Мен еттинчи синфни битириб, хабаринг бор, политехникумга кетдим. Ундан сўнг университетда журналистика факультетида ўқидим. Олти йил қишлоқ газетасида ишладим. Мана яқиндан бери ра-диомухбирман. Бу ашқол-дашқолларни кўтариб сени қидириб юрибман.
Маҳмудий — Мендан сўрасанг — ўнинчини битириб институтга кирдим. Профессор Собирийнинг психология курсида ўқидим. Ҳозир ўша кафедрадаман. Илмий иш қиляпман.
Одилжон — Биламан. Профессор билан орангиз яхши эмаслигини ҳам биламан.
Маҳмудий — Рақобат, дўстим, рақобат.
Одилжон — Уйландингми?
Маҳмудий — Йўқ, оила илмий ишимга халақит беради деб қўрқаман. Ўзинг-чи?
Одилжон —Уйланган эдим. Пешонамга сиғмади. Уч йил турмуш қилдик. Юрак касали билан нобуд бўлди. Битта қизим билан қолганмиз.
Маҳмудий — Аттанг, аттанг.
Одилжон — Ота-онанг соғ-саломатми?
Маҳмудий — Улар қишлоқда. Бу ерда ўзим тураман. Яқинда қишлоқдан синглим келган. Пединститутга кирмоқчи. Дарвоқе, бу ерда нима қилиб ўтирибмиз. Юр, уйга кетдик.
Одилжон — Мен ҳали сендан интервью ҳам олишим керак.
Маҳмудий — Интервьюни қўйсанг-чи. Ўзимиз бир отамлашамиз, кетдик! (Чиқадилар)

БИРИНЧИ ФАСЛ

Мизроб Маҳмудийнинг уйи. Ўртада стол. Чап томонда ичкари хонага кирадиган, ўнг томонда ҳовлидан чиқадиган эшиклар.
Хонада диван, кресло бор. Икки томон девор бошдан оёқ китоб полкасидан иборат. Тўғридаги деразадан оппоқ бўлиб гуллаган ўрик шохлари кўринади. Стол устида қоғозлар сочилган. Сунбул машинкада ёзаяпти. Муаттар Маҳмудийнинг қўлёзмасига қараб айтиб турибди.

Муаттар — (Ўқийди) «Бир неча йиллик илмий тажрибалар, конкрет шахслар устида ўтказилган экспериментлар шуни кўрсатадики...»
Сунбул — (тугаган варақни машинкадан олиб) Хат бошидан ўқинг. Текширамиз. Хато ёзиб акамдан балога қолмай.
Муаттар — (Ўқийди, Сунбул машинкадан чиққан қоғозни текширади).
«Ҳозирги замон психология фани инсоннинг руҳий дунёсига дадил кириб бормоқда, ажойиб кашфиётлар қилмоқда. Мен юқорида баён қилган хулосалар замонавий фаннинг энг сўнгги ютуқларидан келиб чиқади. Иоганн Дафатер даври физиономистларидан то Кречмер жадвалигача, Франц Галлнинг примитив тажрибаларидан Жозеф Моренонинг психодраматик театригача... ўрганиш ҳамда бир неча йиллик илмий тажрибалар шуни кўрсатадики...»
Сунбул — Бўлди. Танаффус. Қўлларим қотиб кетди. (Туриб қўлларини силкитади, радиони қўяди. Музика эшитилади).
Муаттар — Ҳеч бўлмаса, жумлани тугатиб қўяйлик.
Сунбул — Ҳалибери тугайдиган жумла эмас.
Муаттар — Илмий иш ўзи тугай деб қолдими?
Сунбул — Сиз билмасангиз мен қаёқдан билай, Муаттар опа?
Муаттар — Қизиқмисиз, Сунбулжон... Акангиз одам билан гаплашармидилар. У кишининг доим вақти зиқ. Бир нарса сўрагани келсак ҳам икки оғиз сўз билан жавоб бериб, ҳайдагандек қилиб жўнатадилар.
Сунбул — Акамнинг феъли шу. Жинниларни текширавериб ўзи жинни бўлиб қолганми... бир бало... Икки ойдан бери ҳамма ёққа эълон осиб йигирма ёшдан ўттиз ёшгача бўлган соғлом саводсиз одамни қидириб юрипти.
Муаттар — Саводсиз одамни нима қилар эканлар?
Сунбул — Эксперимент. Акам одам миясининг харитасини тузаяпти-ку...
Муаттар — Бундан хабарим бор.
Сунбул — Шунга ҳар хил одамларни тажриба қиладилар. Бечораларга раҳмим келади. Уларни нима оҳангларга солмайди акам. Битта шўрлик студентни шу ерда тажриба қилди. Қўлтиғидан шипга осиб, қирқ жойидан нина санчиб қўйиб юз мингдан пастга қараб санатди. Одамзоднинг жони қаттиқ бўлар экан, Муаттар опа. Бечора чурқ этмади-я.
Муаттар — Чурқ этмаган бўлса, демак, оғриқ сезмаган-да.
Сунбул — Ўларки, шунча нина санчилса-ю, оғримаса.
Муаттар — Келганингизга қанча бўлди?
Сунбул — Икки ой.
Муаттар — Ҳали психологик сеансларни кўп кўрасиз. Кўзингиз пишиб кетади. Фақат акангизга секретарлик қилиб, ассистентлик қилиб кириш имтиҳонларига тайёргарлик қолиб кетмасин.
Сунбул — Қолиб кетмайди. Мен айтганимни қиламан. Институтга кирмасам қишлоққа қайтиб бормайман.
Муаттар — Ҳай-ҳай, шахдингиздан қайтинг.
Сунбул — Рост. Мен айтдимми, қиламан. Ўнинчини битиришим билан узатишмоқчи эди. Тўполон қилиб ҳамма ёқни алғов-далғов қилиб юбордим. Икки йил мактабда ишладим. Совчилар келса, қочиш ўрнига тўғри чиқиб ўзим гаплашаман. «Нима қилиб шўлтираб юрибсизлар? Белида белбоғи бўлса менинг олдимга йигитнинг ўзи келсин», дейман. «Вой ўлай, — қиз эмас — бало» деб совчилар тугунини кўтариб қочиб қолишади. Мана ойимнинг дод-войига қарамай ўқишга келдим. Ойимни биласиз. «Акангни уйланмагани уйланмаган, сен ҳам ёлғиз ўтмоқчимисан?» деб айюҳаннос солдилар. Уларга бўш келсам ҳозир, ким билади, бешик қучоқлаб ўтирармидим...
Муаттар — Келганингиз яхши бўлди. Ўзингизга ҳам, акангизга ҳам. Бу уй уйдек бўлиб қолди. Аёл кишининг қўли тегмаган жой жой эмас-да.
Сунбул — Аслида бу уйнинг бекаси аллақачон ўзингиз бўлишингиз керак эди.
Муаттар — Ҳазилни қўйинг, Сунбулхон. Биз акангиз билан фақат устозу шогирд, ҳамқишлоқ сифатида кўришиб турамиз. Мен психотерапевтика курсини тугатаяпман. Баъзи масалаларда Мизроб акамдан маслаҳат олиб тураман.
Сунбул — Қишлоғимизда сизларни аллақачон бичиб-тўқиб қўйишган. Ҳақиқатан, сизлар бир-бирингизга ярашиқсизлар.
Муаттар — Дўкондан ярашган кийимни олиб кийиш мумкин. Эртага ярашмай қолса бошқасини олиб кийса бўлади. Ҳаёт бошқа, сингилжон. Турмуш анча мураккаб.
Сунбул — Худди турмуш кўрганлардай гапирасиз.
Муаттар — Кўрмасам ҳам кўргандайман. Мен онамдан ёш етим қолдим. Ўгай онанинг қўлида ўсдим. У тили тез, андишасиз хотин эди. Мени ҳам, отамни ҳам кўп хўрлар эди. Мен ўзимдан ҳам отамнинг азобларини кўриб куйиб кетардим. У бечора оламдан ёруғлик кўрмай ўтиб кетди. Мен шаҳарга аммамникига келиб турдим. Шу ерда ўқидим. Гоҳи ўйлайман: агар вақти соати етиб кўнглимга ёққан одам билан турмуш қурадиган бўлсам, уни шундай ҳурмат қилай, шундай эъзозлайки, дунёда ҳеч бир эр ҳеч бир хотиндан бундай ардоқ кўрмаган бўлсин. Мен уни ҳар куни эрталаб ўпиб уйғотар эдим, энг яхши кўрган таомларидан тайёрлаб берардим. Оппоқ кўйлаклар кийгизиб, чўнтагига тоза, дазмолланган рўмолчалар солиб, ширин сўзлаб, ўпиб ишга кузатардим, яйраб кутиб олардим, токи оила унга қувонч ва бахт гўшаси бўлсин. Токи оламга келиб роҳат кўрдим, десин.
Сунбул — Оҳ-оҳ! Агар йигит бўлганимда сизни ўзим олардим.
(Маҳмудий ва Одилжон кирадилар).
Маҳмудий — (Кўчадан гапириб киради.) Инсоннинг мияси, нима десам бўлади, мана шу қоғоз (Чўнтагидан ҳалиги газетани олиб ёзади ва еижимлаб думалоқ қилади, сўнг кафтига қўйиб кўрсатади). Мана шу кафтимда турган қоғозда бутун олам хабарлари бор. Унда Маҳмудийнинг сеанслари ҳам, Лондондаги ишчилар намойиши ҳам, Фишер билан Петросян матчи ҳам ёзилган. Унда қанча ҳарф бор? Тасаввур қиласанми? Тўрт бетлик газетада қанча ҳарф бор? Мана, инсоннинг мияси шу. Бу ерда (бошига тақиллатиб чертади) ўн тўрт миллиарддан ортиқ мураккаб электрон машина ётибди.
(У уйдаги одамларга парво қилмай, берилиб сўзлайди. Муаттар ҳижолатда, Одилжон ҳам дўстининг сў-зини бўлолмай ноқулай аҳволда. У қизларга бир-икки эгилиб салом беради). Бу мураккаб машиналарнинг неча проценти ишлайди, қанча қисми информация қабул қилади, яъни инсонга актив хизмат қилади деб ўйлайсан? Қани, айт-чи?
Одилжон — А? Кечирасан, эшитмадим.
Сунбул — Ака, аввал меҳмонни таништирмайсизми?
Маҳмудий — (Эндигина Муаттарга кўзи тушиб) Э... э... дарвоқе... дарвоқе... Танишинглар. Менинг синфдош дўстим Одилжон.
Сунбул — Мен сизни танидим, Одилжон ака!
Одилжон — (Қўл бериб) Янглишмасам, Сунбул...
Сунбул — Топдингиз. Мен ўша папкангизга мушукнинг боласини солиб қўйган Сунбулман. (Аразлаган бўлиб) Ўшанда мени Сунбул дебмас, Дунбул деб чақирардингиз. Мана булар Муаттар опам бўладилар.
Маҳмудий — Мўминова. Психотерапевт. (Одилжон билан таништиргач ўзи қўл бериб сўрашади) Яхшимисиз, Мўминова?
Сунбул — «Мўминова»га бало борми? Муаттархон денг.
Муаттар — Айтим-ку, Сунбулхон, биз жиндак ҳамкасаба, устозу шогирд, холос. Хўп, мен борай.
Сунбул — Қаёққа борасиз? Мана, акам келдилар. Одилжон акам... Ҳамқишлоқлар бирпас гаплашамиз.
Муаттар — Узр, мен боришим керак. Хўп хайр, домла Маҳмудий. (Чиқади. Сунбул акасига бир хўмрайиб унинг кетидан чиқади).
Маҳмудий — (Парво қилмай гапида давом этади). Шундай қилиб, инсон миясининг имкониятлари чеку-чегарасиз. Унинг ўндан тўққиз қисми умр бўйи ишга туш-масдан қолиб кетади. Мен олдинга сураётган фикрнинг қисқача мазмуни шу: инсон туғилишидан қобилиятсиз бўлмайди. Фақат муайян шароитда бош миянинг маълум нуқталари ҳаракатсиз қолади. Паганини туғилган юртда скрипка бўлмаганда, у этик мойловчи бўлар эди. Мана шунақа, дўстим. Сен елкангга мана бу тақир-туқурларни осиб юрибсан. Балки сен Станиславский, Немирович-данченкодурсан, балки Ньютон, балки Архимеддирсан. Энди сенга битта сир айтаман — сен шу айтганларимнинг ҳаммасисан. Сен Афлотун ҳам Арастусан, сенинг қаерингдадир Искандар Зулқарнайн ухлаб ётибди. Сен Саъдий ва Гётесан, Улуғбексан, Леонардо да Винчисан. Ҳа-ҳа, дўстим. Ҳайрон бўлма. Битта данакда бутун бир боғ ухлаб ётади.
Одилжон — Леонарда да Винчи деганинг анча ҳақиқатга яқин. Мактабнинг деворий газетасига ҳамма сувратни ўзим ишлардим. Эсингдами, Мамаюсуф дангасани роса боплаб чизган эдим. Ҳа, мендан Архимед чиқмаса ҳам, Леонардо да Винчи чиқиши мумкин эди.
Маҳмудий — Ҳа, дўстим Одилжон, шундай вақтлар келадики, психология илми инсон қобилиятларини тўла, мукаммал очиб ташлайди. Бош миядаги миллиард чироқларнинг қайси бири кўпроқ кучланишни кўтара олади, қайси бири порлаб ёнишга қуввати етади — илм равшан аниқлаб беради. Шунда туғилган гўдак файласуф бўладими, тош кўтарадиган полвон бўладими — туғилиш гувоҳномасига қўшиб ёзиб берилади. Атрофга қара, ҳозир нима аҳвол? Мана, узоққа бормай, ўз касбдошларингга назар сол. Мухбирман, журналистман деганларнинг ҳаммаси мухбир, журналистми? Мана сенинг бўлим мудиринг, — у мендан интервью олган, жуда уста дорбоз бўлиши мумкин эди. Қадам қўйишидан биламан. Ҳозир ким? Журналист. Бу ҳам майли-я, ҳали пенсияга чиққандан кейин ёзувчилик даъво қилади. Томошани ана унда кўрасан. Ҳамма бало шундаки, даставвал миясидаги керакли, юқори вольтли чироқ ёнмай қолган. Унинг ўрнига хира, қора чироқни ёқиб кўйган. Энди у оламдан тутаб, лип-лип қилиб, ҳамманинг жонига тегиб ўтиб кетади.
Одилжон — Олимларнинг ичида ҳам дарбозлар йўқ эмасдир.
Маҳмудий — Албатта бор. Аммо келажак бу масалани ҳал қилади. Олимлар инсон миясининг тўла харитасини тузадилар. Бу харита шундай катта бўладики, у билан ер шарини ўраса бўлади. Бу харита ғуж-ғуж чироқлар билан қопланади. Чунки инсон миясининг ҳаракатсиз ётган чўлу саҳролари, музликлари қолмайди. Ўйла, дўстим. Биз ер харитасидан қанча-қанча саҳроларни йўқотяпмиз. Аммо мана бу ердаги (бошини кўрсатиб) дашту биёбонларни йўқотишни кимўйлайди, ким? Ер юзида одамқадами тегмаган жой деярли қолмади. Лекин онгимизда сукунат қутблари бепоён. Биз дунёга келиб нима кўрамизу, нима биламиз? Одилжон, дўстим! Баъзан тушларимда бутун дунё ёнаётганини кўраман. Ҳа, дўстим, дунё ёнаяпти. Чунки биз ундан бебаҳрамиз. Даҳшат, даҳшат. (Сув ичади, бир оз ўзини тўхтатиб) Одилжон, сенинг ҳам кечалари уйқунг қочадими?
Одилжон — (Хўрсиниб) Э, нимасини айтасан. Баъзан оппоқ саҳаргача кўзим юмилмайди. Барно шундай тирикдай менга термулиб тураверади. Эрталабгача у билан гаплашиб чиқаман.
Маҳмудий — (Унинг елкасига қўлини қўйиб). Ўзингни қўлга ол. Кўп хаёл сурма. Бу — галлюцинация. Ҳеч қиси йўқ, ўтиб кетади. Бир икки сеанс ўтказамиз. Кўзингга ҳеч қанақа шарпа кўринмайдиган бўлади. Менинг ҳам баъзан уйқум қочади. Осмонга юлдузларга қарайман.

Баъзан кўзга уйқу келмаган чоғлар
Кўкка термиламан, қиламан ҳавас.
Йўқ, у осмон тўла юлдузлар эмас,
Инсон ақлидаги ёниқ чироқлар.

Зуҳро порлаб турар фалак тўрида,
Ўша сайёрадан узмайман кўзим.
Дейман, қани инсон тафаккурида
Менинг кашф этажак ёруғ юлдузим.

Тасаввур қил, дўстим! Икки минг икки юзинчи йил. Инсон энг олис сайёраларга бориб етади. Ернинг ҳар қаричи инсонга хизмат қилади. Одам, башарият энг мураккаб автоматлар, электрон машиналарни бошқаради. У автомат, у электрон машиналар ўз навбатида одамни, башариятни бошқаради. Тараққий этган Демограф машиналар ер сайёраси учун бугун қанча, ўн йилдан сўнг қанча, эллик йилдан сўнг қанча одам кераклигини, бу одамларнинг қанчаси аёл, қанчаси эркак бўлиши кераклигини ҳисоблаб беради...
Одилжон — Битта савол.
Маҳмудий — Хўш?
Одилжон — Ўшанда одамни дунёга келтириш ота-боболардан қолган усул билан бўладими, ёки....
Маҳмудий — (Ҳафсаласи пир бўлиб) Э... бачкана бўлма. Мен сени одам деб гапирсам....
Одилжон — Узр, узр. Ҳазиллашдим. Гапиравер. Қулоғим сенда. Гапингга маҳлиё бўлиб мухбирлигим эсдан чиқибди-ку. Сендан интервью олишим керак (репортёрни очади.)
Маҳмудий — Қўйсангчи, ўша ашқол-дашқолингни ёп. Дунёда нима ёмон — темирга қараб гапирган ёмон. Олдимда микрофон турса тилимга гап келмай қолади.
Одилжон — Майли, майли. Сенинг айтганинг бўлақолсин. (Репортёрни ишлатиб, микрофон чиқаради ва Маҳмудийдан яшириб стол тагига қўяди) Мана, ёпиб қўйдим. Мизроб, ҳали бир шеър ўқидинг: «Қани инсон тафаккурида менинг кашф этажак ёруғ юлдузим!» Менга жуда ёкди. Ўша ёруғ юлдузни ҳақиқатан кашф этиш мумкинми? (Микрофонни билдирмай Маҳмудийга тўғрилайди).
Маҳмудий — (шавқ билан) Энди сенга энг муқаддас, ҳали ҳеч кимга айтмаган, умрим бўйи (кўкрагига қўлини қўйиб) мана шу еримда асраб келган орзумни айтаман. Менинг ниятим инсон тафаккуридаги ана шу ёруғ юлдузни топиш. Бунинг маъноси — инсоннинг ҳаётидаги, жамиятдаги ўрнини топиб бериш. Мен орзу қиламан: шундай одамбўлсаки, у бугунги ҳаётимиздан четда қолган, ғирт оми, онги илм билан заҳа бўлмаган, Локк таъбири билан tabula rasa — ёзилмаган оқ қоғоз бўлса. Мен уни антропо-логик, генетик, физиологик текширишлардан ўтказсам, тафаккур тарзини ўзгартирсам, янги йўналиш, янги дунёқараш бағишлаб, янги дунёнинг янги одамини яратсам.
Одилжон — Бу мисли кўрилмаган иш-ку...
Маҳмудий — Менда махсус ўзим тайёрлаган программа бор. Лабораторияда бу мақсад учун мўлжалланган аппаратлар тўлиб ётибди. Энди мана буни кўр. (Девордаги пардани очади. Катта харита кўринади). Нима деб ўйлайсан?
Одилжон — Ойнинг харитаси.
Маҳмудий — Йўқ, бу инсон миясининг харитаси. Мана бу тоғ тизмалари — хотира чизиқлари бўлади. Бу ер абстракт тафаккур водийси, мана бу — ишқ муҳаббат океани, бу ёғи кимсасиз чўлу саҳролар. Ҳали илмнинг қадами бу ёққа етиб келмаган. Мана шунақа гаплар, дўстим. (Пардани туширади. Сунбул киради).
Сунбул — Ие, ҳали шу маҳалгача дастурхонсиз ўтирибсизларми? (Одилжонга) Акам сизни нуқул гап билан меҳмон қилаётган эканлар-да. (Дарров дастурхон ёзиб стол тузай бошлайди).
Одилжон — (Репортёрни йиғиштириб) Овора бўлманг, Сунбулхон. Мен ҳозир кетаман.
Сунбул — Бир пиёла чойсиз қаёққа кетасиз? Акам ўзлари шунақа. Хафа бўлмайсиз. Оламда нима борлигини биладилар-у, уйда нима борлигини билмайдилар.
Маҳмудий — Нега билмас эканман. Уйда, мана, сен борсан. Мен шуни биламан, қолганини сен биласан. Иккита кофе. (Одилжонга) Мана, дўстим, ўн беш йилдан бери шунақа гаплар билан каллани шишириб ётибмиз.
Одилжон — Сен улуғ олимсан, Мизроб. Авлиёсан.
Маҳмудий — Эшитяпсанми, Сунбул? (Одилжонга) Сунбул ҳам эшитсин, бир қайтар.
Сунбул — (Икки чашка кофе олиб келади). Нима гап?
Одилжон — Мен Мизробга улуғ олимсан, дедим.
Сунбул — Тўғри. Улуғ олимлар жинни бўлади, деб эшитганман.
Маҳмудий — Ана холос!
Одилжон — Ҳамма олимлар ҳам Мизробга ўхшаб илмнинг, ўз маслагининг жинниси бўлса майли эди.
Маҳмудий— (Одилжонга). Кофе яхши-а?
Одилжон — Зўр!
Сунбул — Муаттар опам кофени мендан ҳам яхши дамлайдилар.
Маҳмудий — Ким у?
Сунбул — Мўминова. Шогирдингиз.
Маҳмудий — Э, Мўминова... Лекин ундан катта олима чиқмайди.
Одилжон — Ўзи яхши қизга ўхшайди.
Маҳмудий — Э... Уларнинг ҳаммаси бир гўр.
Сунбул — Ака, мен кетдим. Бугун Муаттар опамникида қоламан. Имтиҳонларга тайёрланаман.
Маҳмудий — Олтинчи боб машинкадан чиқдими?
Сунбул — Озроқ чаласи қолди. Эртага тугатиб қўяман.
Маҳмудий — Ҳалиги мақолани газетадан қирқиб папкага солиб қўй.
Сунбул — Газета қани? Ўзингиз ўқиб юрган эдингиз.
Маҳмудий— (У ёқ-бу ёғини қидириб, ён чўнтагидан ҳалиги ғижимлаб думалоқ қилинган газетани олади). Мана. Мен уни мия қилиб қўйибман-ку. (Корзинкага ташлайди). Бунақа мияни корзинкага ташлаш керак.
Сунбул — Ана шунақа-да...
Одилжон — Ҳечқиси йўқ. Менда бу газетанинг нусхаси бор. Бераман. (Қўйнидан газетани олиб Сунбулга беради).
Сунбул — Хўп. Мен кетдим.
Одилжон — (Маҳмудийга) Менга ҳам ижозат бер. Сунбулхонни ўзим кузатиб қўяман.
Маҳмудий — Хўп, Одилжон. Келиб тур. Энди мухбир бўлиб эмас, ўзинг кел.
Одилжон — Хайр.
(Сунбул ва Одилжон чиқишади. Маҳмудий иш столига ўтириб қоғозларни тартибга келтиради, бир нималар ёзади. Чироқ ўчиб ёнганда Маҳмудий дераза олдида турганини кўрамиз).
Маҳмудий — ... Қани инсон тафаккурида мен ёқажак энг ёруғ юлдуз!
(Радиони қўяди. Дикторнинг овози эшитилади).
Диктор — ...Унинг фикрича, келажак жамият бутунлай электрон ҳисоблаш машиналари ихтиёрига ўтади. Олим мухбиримиз билан суҳбатда, жумладан, қуйидагиларни айтди:
Маҳмудий овози — «Келажакда олимлар инсон миясининг тўла харитасини тузадилар. Бу харита шундай катта бўладики, у билан ер шарини ўраса бўлади. Энди мен бутун умр асраб келган орзумни айтаман. Менинг ниятим инсон тафаккуридаги ёруғ юлдузни топиш...»
Диктор овози — Бу эзгу мақсад йўлида сизга сабот ва омадлар тилаймиз. Соғ-саломат бўлинг, Мизроб Маҳмудий... Бугун чорраҳаларда йўл ҳаракатининг бузилиши натижасида...
Маҳмудий — (радиони ўчириб) Дод, мухбирлар дастидан дод! Улардан қаёққа қочиб қутуламан? Сўз оғзимдан чиқиб улгурмай, радиодан таралиб турибди-я! Қачон ёзди, қандай ёзди? (Эшик қўнғироғи чалинади). Ана яна биттаси келди. Мен йўқман! Маҳмудий йўқ. (Тескари қараб қулоқларини беркитади. Эшик секин қия очилади. Қулоқчинли бош кўринади).
Қулоқчин — Ит йўқми?
Маҳмудий — Маҳмудий йўқ.
Қулоқчин — (Киради. Унинг эгнида яеир телогрейка, ёғ босган шим. Қўлида сумка). Олтинчи уй шуми?
Маҳмудий — Сизга нима керак?
Қулоқчин — Холодильник тузатгани келдим.
Маҳмудий — (Қарайди. Уни бошдан оёқ кузатади) Ишқилиб мухбир эмасмисан?
Қулоқчин — Қўрқманг. Унақа одатим йўқ.
Маҳмудий — (Унга яна разм солиб) Ана холодильник. (Қулоқчинли одам — йигирма, йигирма икки ёииардаги йигитча. У шошмасдан телогрейкани ечиб креслога ташлайди. Титилган ёе босган камзулнинг енгини шимаради. Тароқ тегмаган патак сочли бошини қашиб холодильник ёнига келади).
Қулоқчин — Ё Жамшид, ўзинг шарманда қилма. (Холодильникни очади). Ака, бунингиз ишламайди-ку.
Маҳмудий — Ишласа сени чақириб нима қилардим? Чўпчак айтишармидим?
Қулоқчин — Оламга келиб бунақа катта холодильник кўрган эмасман. (Шошмасдан холодильник ичидаги ашёларни олиб тепасига тахлайди. Бир-икки туртиб, тепиб кўради. Холодильник ишламайди). Ака, бу холодильникнинг оти нима? Нега бунча катта?
Маҳмудий — (Холодильник устидан китобча олиб беради) Мана бу — қўлланмаси. Ўқиб тузатавер.
Қулоқчин — Эҳ, акажон-а, ўқишни билсам шунақа қилиб юрармидим?
Маҳмудий — (Ярқ этиб унга қарайди) Ёшинг нечада?
Қулоқчин — Йигирма иккига кирдим.
Маҳмудий — Ўқишни билмайсанми?
Қулоқчин — Ҳарфларни биламан. Қўшиб ўқишга йўқроқман.
Маҳмудий — Мен осган эълонга кўзинг тушмадими?
Қулоқчин —Қанақа эълон?
Маҳмудий — Йигирма ёшдан ўттиз ёшгача бўлган саводсиз одам менга йўлиқсин. Ёнимдан пул бериб ўқитаман, деб ёзганман.
Қулоқчин — Афанди экансиз. (Кулади).
Маҳмудий — Нега?
Қулоқчин — Эълонни саводи бор одам ўқийди-да. Менга ўхшаганлар кўчада эълон ўқиб юрармиди?
Маҳмудий — Гапингда мантиқ бор. Бери кел-чи. Исминг нима?
Қулоқчин — Матмуса.
Маҳмудий — Ота-онанг борми?
Матмуса — Ота-онам ёшлигимда ўлиб кетишган.
Маҳмудий — Қаерда турасан? Матмуса — «Бедананинг уйи йўқ, қайга борса питпилдиқ». Эшитганмисиз?
Маҳмудий — Мактабга борганмисан?
Матмуса — Етти йил ўқиганман.
Маҳмудий — Демак, етти синф тугатгансан.
Матмуса — Йўқ, тўртинчи синфни тугатганман.
Маҳмудий — Қандай қилиб?
Матмуса — Ҳар синфда икки йилдан...
Маҳмудий — Тушунарли. Хўш, кейин-чи?
Матмуса — Кейин ўқитувчи менга қоғоз ёзиб берган.
Маҳмудий — Қанақа қоғоз?
Матмуса — Билмайман. Лекин ўша қоғоз менда бор. (Қўлтиғидан туморча олиб беради).
Маҳмудий — Бу тумор-ку.
Матмуса — Ичида ўша қоғоз бор.
Маҳмудий — (Туморни авайлаб сўкади) Қандай қилиб ўқитувчи ёзиб берган қоғоз туморга тикилиб қолди?
Матмуса — Раҳматли бувимга, мана бу қоғозни домлам бердилар, десам, бувим, ҳойнаҳой домланг тумор ёзиб бергандир, деб шуни тикиб бердилар.
Маҳмудий — (Тумор ичидан қоғоз олиб ўқийди) «Тўртинчи «Б» синф ўқувчиси Мадалиев Матмуса қобилияти суст бўлганлиги учун ўқишдан озод қилиниб, ҳунар мактабига юборилди. Ўзлаштириши: она тили — икки, табииёт — икки, тарих — икки, арифметика — бир...» (Матмусага) Ҳисобдан сал бўшроқ эканлар-да.
Матмуса — (Уялган бўлиб ерга қарайди) Сал...
Маҳмудий — Ҳунар мактабига бордингми?
Матмуса — Амаким: «Қопга сомон тиқиш ҳам ҳунар бўлади», деб мени сомон бозорига олиб кетдилар.
Маҳмудий — Кейин-чи?
Матмуса — Кейин қаердан беш танга чиқадиган бўлса, ўша ишни қилдим. Ҳаммомда гўлах, темир йўлда ҳаммол бўлдим, мардикорчилик қилдим. Ямоқчиликни ҳам биламан. Ботинкангиз йиртилса беринг, ўзим ямаб бераман.
Маҳмудий — Холодильник тузатишни қачон ўргандинг?
Матмуса — Бунисини айтмайман.
Маҳмудий — Айтасан.
Матмуса — Айтсам ҳайдаб юборасиз-да.
Маҳмудий — Ҳайдамайман.
Матмуса — Бўлмаса олдин мана бу қоғозга — келди, тузатди, деб қўл қўйиб беринг.
Маҳмудий — (Қўл қўяди) Мана, қўл қўйдим. Энди айт.
Матмуса — Ростини айтсам, мен холодильник тузатишни билмайман. Умримда бу ишни қилмаганман.
Маҳмудий — Бўлмаса, нега келдинг?
Матмуса — Мен «Ҳожат» комбинатида ишлайман. Одамларга ҳар хил хизмат қиладиган жой борку...
Маҳмудий — Маиший хизмат корхонаси.
Матмуса — Шунақа. У ерда мен кийим тозалаш бўлимида юк ташувчиман. Одамлардан олинган кир энгилларни фабрикага олиб бораман, тозасини қайтиб олиб келаман. Ўша жойдаги холодильник устахонасида бир ўртоғим бор. Жуда яхши бола. Шу... шу денг... Яхши кўрган қизи билан учрашадиган бўлиб қолибди. Шу бугун. Бормаса сира бўлмас экан. Директоримиз жуда қўрс, бақироқ одам. Ярим кунга жавоб бермапти. Бола менга айтиб қолди. Қоғозларингни менга бер, ҳаммасини ўзим тинчитаман, дедим. Сен жононнинг олдига боравер, хотиржам бўл, дедим... Хуллас кўндирдим.
Маҳмудий — Холодильник тузатишни билмасанг, қанақа қилиб унинг ишини бажарасан?
Матмуса — Бажариб бўлдим. Тўрт жойга бориш керак экан. Иккита уйда эгаси йўқ экан, қўшниларига қўл қўйдириб олдим, келди, деб. Учинчиси, аксига эгаси бор экан, анча қийнади. Холодильникнинг атрофида бир-икки айланиб, эгасининг кўзини шамғалат қилиб туриб бир тепдим. Бахтимни қаранг, ишлаб кетди. Кейин бирпас ичини кавлаган бўлдим-у, қоғозга қўл қўйдириб олдим. Эгаси бечора хурсанд бўлиб яна қўлимга беш берди.
Маҳмудий — Беш берди?
Матмуса — Беш сўм, деяпман. Мана. Буни ўша боланинг ўзига бераман. Жононингга ишкалат олиб бер, дейман. Шунақа, ака. Бу ёкда, мана, сизники ҳам осон кўчди. Хўп, мен кетдим.
Маҳмудий — Шошма, Матмуса. Ўтир (Креслого ўтқазади ва жовондан ҳар хил асбоблар олади. Сўнг ўша асбоблар билан Матмусани текшира бошлайди. Қалпоғини ечиб, циркулга ўхшаган асбоб билан миясидан гарданигача, даҳанидан пешонасигача ўлчайди. Чамбаракка ўхшаган нарсани бошига кийгизиб кўради. Лентали метр билан пешонасининг кенглигини ҳисоблайди).
Матмуса — Нима қиляпсиз, ака? Қалпоқ тикасизми?
Маҳмудий — Менга қара, Матмуса. Айтишингга қараганда, сен кўп ишларни кўргансан. Ҳаммол бўлгансан, ўт ёқарлик қилгансан. Айт-чи, кўп касб-ҳунарларнинг ичида ўзингга энг ёққани қайси бўлган?
Матмуса — Носфурушлик.
Маҳмудий — Нима сабабдан?
Матмуса — Кўпроқ пул чиқар эди.
Маҳмудий — Экстраверт. Учинчи босқич, тўртинчи даража.
Матмуса — Лаббай?
Маҳмудий — Кўзимга қара-чи. Мана бу нечта? (Еттита бармоғини кўрсатади).
Матмуса — Уч кам ўн.
Маҳмудий — Элликдан ўттизни олсанг қанча қолади?
Матмуса — Элликдан ўттизни олса, қирқ... йўқ... ўн саккиз...
Маҳмудий — Эллик сўм пулинг бўлса, ўттиз сўмни ишлатсанг қанча пулинг қолади?
Матмуса — Йигирма сўм.
Маҳмудий — Бўлмаса нега қирқ, ўн саккиз, дейсан?
Матмуса — Пул билан айтсангиз минггача ҳам ҳисоблайвераман.
Маҳмудий — Матмуса, мен сени ўқитсам нима дейсан?
Матмуса — Қўйсангиз-чи, ҳазиллашманг.
Маҳмудий — Рост айтаяпман.
Матмуса — Ўқишдан гапирманг. Уйқум келади. (Эснайди)
Маҳмудий — Аъло даражада сомнамбула.
Матмуса — А?
Маҳмудий — Мен сени кўпроқ уйқуда ўқитаман. Қанча кўп ухласанг, шунча яхши бўлади.
Матмуса — Йўғ-э...
Маҳмудий — Мана шу уйда мен сени бир йил ўқитаман. Кийим-кечак, озиқ-овқатинг мендан. Ҳафтада бир кун ўйнаб келишингга ўн сўм пул.
Матмуса — Бир йилда беш юзу йигирма сўм!
Маҳмудий — Бараккала. Ҳисобга дурустсан-ку.
Матмуса — Лекин мени ўқитаман деб овора бўлманг. Менга атаганингизни беринг. Мен кетай.
Маҳмудий — Ўқишни ҳоҳламайсанми?
Матмуса — Дунёда ким кўп, ўқиган кўп. Менга ўхшаган саводсиз шаҳарда ё иккита, ё битта ўзим. Шунча олимга битта қўйчибон ҳам керак-да.
Маҳмудий — Ўзинг биласан. Мен сени мажбур қилмайман. Лекин ўн йилдан кейин ўқимаган одамга иш қолмайди. Очингдан ўласан.
Матмуса — Ўйлайдиган хонаси келиб қолди. (Ўрнашиб ўтиради. Қалпоғини столга қўйиб унга қараганича) Нима дейсиз, мулла Матмуса? Ўқийсизми? Олим бўласизми? Текин жой, текин кийим, текин ош, яна ҳафтасига ўнта сўм пул. Хўш, мулла Матмуса, шу маҳалгача ҳеч қачон текиндан қайтмагансиз. Бир таваккал қиламизми? Йўқ, шошма Матмуса бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур. (Маҳмудийга) Бир нарса сўррасам майлими?
Маҳмудий — Хўш?
Матмуса — Ҳойнаҳой бекорчи одам эмассиз. Ҳар кимнинг тирикчилиги бор. Мени ўқитиб нима қиласиз? Сизга шундан нима фойда?
Маҳмудий — Фойдам билан ишинг бўлмасин. Мен илмий тажриба қиламан. Сенда ухлаб ётган қобилиятларни уйғотаман.
Матмуса — Ҳали ухлатаман, дедингиз-ку.
Маҳмудий — Сени ухлатиб қўйиб қобилиятларингни уйғотаман. Бир йилда сен ўқимишли, маданиятли, ҳамма соҳалардан хабардор одам бўласан.
Матмуса — Ўзимизнинг комбинатга хўжайин бўламанми?
Маҳмудий — Бўлишинг мумкин. Ташкилотчилик қобилиятининг борми?
Матмуса — У нима ўзи?
Маҳмудий — Бирор ишга бошчилик қилганмисан? Бирор нарсани уюштирганмисан?
Матмуса — Уруштирганман. Бедана, хўроз, ит...
Маҳмудий — Сендан бошлиқ чиқмаса керак.
Матмуса — Бошлиқ бўлгандан кейин тузукроқ мансабда ўтириш керак-да. Комбинатга директор бўласан, десангиз, ишонтирсангиз, унда майли, ўқийман. Бўлмаса, йўқ.
Маҳмудий — Директор бўлиб нима қиласан? Турган битгани ғалва-ку. Сени мен ўзимга ассистент қилиб тайёрлайман. Менинг ёрдамчим бўласан. Ғайрат қилсанг келажакда олим бўлишинг мумкин.
Матмуса — Керак эмас, мен фақат директор бўлсам ўқийман.
Маҳмудий — Менга-ку сени олим қилишдан директор қилиш осон. Лекин сен ўз фойдангни билмаяпсан.
Матмуса — Йўқ, мен олим бўлмайман. Директор бўламан. Шунга кўнсангиз ўқийман.
Маҳмудий — Директор бўлишни астойдил истайсанми?
Матмуса — Астойдил.
Маҳмудий — Мен топширган машқаларни астойдил бажарасанми?
Матмуса — Бажараман.
Маҳмудий — Бўпти, қарор қилдик. Сен директор бўласан.
Матмуса — Яшанг, ака! Ўқиганим бўлсин, қўлни ташланг.
Маҳмудий — Шошма. Шарт бор.
Матмуса — Қанақа шарт?
Маҳмудий — Шарт шуки, баъзан бир кунда ўн тўрт-ўн олти соатдан машқ, сеанслар ўтказамиз, қочиб кетмайсан.
Матмуса — Қочмайман. Йигит сўзим.
Маҳмудий — Иккинчидан. Бу ишимизни сену мендан, менинг синглимдан бошқа ҳеч ким билмаслиги керак. Бировга чурқ этсанг, тилингни суғуриб оламан.
Матмуса — Чурқ этмайман.
Маҳмудий — Ана келишдик.
Матмуса — Менинг ҳам шартим бор.
Маҳмудий — Хўш?
Матмуса — Менга «директор бўласан», деб қоғоз ёзиб берасиз.
Маҳмудий — Қоғозни бунча яхши кўрмасанг. Майли, ёзиб бераман.
Матмуса — Кейин... ростини айтсам, ўлгудек пўстакман, дарсингизни билмай қолсам урмайсиз.
Маҳмудий — Урмайман. (Ўлтириб қоғозга бир нималар ёзади).
Матмуса — Бўпти. Мана энди суйинчисига битта отадиган хонаси келди. (Чўнтагидан носқовоқ олади ва оғзига бир кафт ташлаб, носқовоқни Маҳмудийга узатади) Носдан олинг, ака.
Маҳмудий — Раҳмат, бемалол. Мана эшит. (Ўқийди) «Ҳожат» корхонасининг юк ташувчиси Матмуса бир йилдан сўнг шу комбинатга директор бўлади. Комил ишонч билан имзо чекдим. Мизроб Маҳмудий». Мана ол. Бўлдими?
Матмуса — «Матмуса Жалилович», деб ёзинг.
Маҳмудий — Бор, ана Матмуса Жалилович бўлақолсин. (Ёзади) Энди бўлдими?
Матмуса — Бўлди. Мен буни тумор қилиб тақиб оламан.
Маҳмудий — Билганингни қил. Лекин биринчи туморинг хотира учун менда турсин. Сени қобилиятсиз деганларга калтак қиламиз. Мана, Матмусавой, шу бугундан бошлаб сен менга шогирд мен сенга устоз бўлдим. Биз ишни ҳозироқ бошлаймиз. Бориб сенга янги кийимлар сотиб оламиз. Эртага эрталаб биринчи дарс. Қани, кетдик.
(Эшикка қараб юради. Матмуса оғзидаги носни сиёҳдонга туфлаб унинг кетидан чиқади.)

П а р д а


ИККИНЧИ ФАСЛ

Биринчи манзара

Орадан уч ой ўтди. Мизроб Маҳмудийнинг иш кабинети. Рўбарўдаги икки деразага парда тутилган. Ўнг ва сўл томондан деворлар китоб жавони билан қопланган.
Кичик столчаларда, жовон полкаларида магнитофон, диктофон ва турли акустика асбоблари. Ўртада катта стол. Икки ёнида иккита стул.
Стол ёнида залга қараб Матмуса турибди. У чиройли ёзги костюмда. Нейлон кўйлак устидан костюм рангида оч галстук таққан. Янги ўстирган сочини чиройли қилиб ёнбошга тараган.
Ўнг қўлида бир варақ қоғоз, чап қўлида қалам. У қаламни стол устида турган камертонга уриб, зални тинчитади.

Матмуса — Тинчланинг, ўртоқлар! (Қоғозга қараб) Мажлис қарорини овозга қўяман. Ҳозир ўқиб эшиттирилган қарор қабул қилинсин, деганлар қўл кўтарсин! (Қўл кўтаради ва қўлини тушурмай, хатга қараганча давом этади.) Қарши йўқ, бетараф йўқ. Қарор бир овоздан қабул қилинади.
Овоз — Стоп, стоп! (Парда орқасидан Маҳмудий чиқиб келади. У пижама ва енгил финка кийган. Қўлида таёқча.) Биринчидан, қарор овозга қўйилганда қоғозга эмас, одамларга қараш керак. Мана бундай. (Таёқча билан Матмусанинг даҳанидан кўтариб залга қаратади.). Гарчи одатда қарши, бетараф бўлмаса ҳам тартиб юзасидан шунақа қилинади. Иккинчидан, қарши ва бетарафларни сўраганда мажлис олиб борувчи қўлини тушириши керак. Қоида шундай. Давом этамиз. (Матмуса тугмаларини ечиб, терлаб кетган юзини, бўйинларини пиджакнинг этагига артади. Шу пайт Сунбул икки коса овқат кўтариб киради.)
Сунбул — Эрталабдан бери туз тотганинглар йўқ. Бироз тамадди қилиб олинглар.
Маҳмудий — Вақт йўқ! Бизга ҳалал берма.
Сунбул — (Овқатни столга қўйиб, лабини ялаб турган Матмусага раҳмдиллик билан қарайди ва чиқатуриб) Овқат совиб қолмасин, ака. Мен институтга кетдим.
Маҳмудий — Давом этамиз.
Матмуса — (икки кўзи овқатда) Давом этамиз.
Маҳмудий — (блокнотга қараб) Хўш нимага келиб тўхтадик?..
Матмуса — Хўш... нимага келиб тўхтадик?
Маҳмудий — Телефонда сўзлашишни қайтардик. (Блокнотдан пунктма-пункт ўчиради) Ходимларни қабул қилишни ўтдик... Катта бошлиққа чой узатиш... Савол берилганда гапни чалғитиш... Қуюқ ваъда бериш... Дағдаға қилганда столнинг қаерига муштлаш... креслода ўтириш, қадам ташлаш қоидаси... (ўчира туриб тўхтайди.) Мана шу ерда камчилик бор. Қайтарамиз. Қани, мана бу ерга туринг.
Матмуса — (овқатдан зўрға кўзини олиб.) А?
Маҳмудий — Юришни машқ қиламиз. Коридорда қандай юриш керак? (Матмуса билганча юриб кўрсатади) Йўқ. Мана бундай. Ёнимда юринг. Қўл! Қўл қаерда бўлиши керак? Мана бундоқ! (Қўлига таёқча билан уриб орқага қилиб қўяди.) Қорин! Қоринни чиқаринг! (Матмуса қорнини ичига тортади.) Чиқаринг, деяпман!
Матмуса — (Ғўлдираб) Қоринда ҳеч вақо йўқ...
Маҳмудий — Дарвоқе... Танаффус.
(Матмуса бошвоғи ечилган кучукдай чопиб бориб стулга ўтиради.) Стоп-стоп! Бошқатдан. Қани, қандай ўтириш керак?
(Матмуса бошини эгиб жойига қайтади ва аста, гердайиб юриб столга ўтиради. Шошмай атрофга қарайди. Йўқ одамларга салом беради. Иржаяди. Сўнг аста қошиққа қўл узатади. Салфеткага яхшилаб артади.)
Бу бошқа гап. Қани, олинг.
Матмуса — Марҳамат...
(У энди овқатга қўл узатганда Одилжон кириб келади. У Матмусани кўриб, тавозе билан салом беради.)
Одилжон — Салом...
(Матмуса ва Маҳмудий саросимада ўринларидан туришади.)
Узр. Сизларни бемаҳал безовта қилдим, шекилли.
Маҳмудий — Ҳечқиси йўқ. Келавер. (Четга) — Энди бўлар иш бўлади. (Одилжонга Матмусани таништириб) Бу киши комбинат директори Матмуса Жалилович, бу менинг дўстим Одилжон — мухбир. Танишинглар.
Одилжон — Танишганимдан мамнунман.
Матмуса — Мен ҳам... Мен ҳам... Маймунман.
(Маҳмудий уни қаттиқ туртади.) Қани, марҳамат... (Ўтиришади. Маҳмудий жавондан шиша ва рюмкалар олиб столга қўяди.)
Одилжон — (Шишани очар экан) Матмуса Жалилович, қаердан бўладилар?
Матмуса — Итбоқардан.
Одилжон — Итбоқардан?
(Маҳмудий Матмусани туртади)
Матмуса — Янги номи Алжабрий кўчаси. (Ёд олган сўзларни такрорлаб) Алжабрий ўрта асрнинг буюк олими, риёзиётчиси ва мунажжимидур.
Маҳмудий — (Хурсанд. Матмусага) У кишининг қандай кашфиётлари бор, деган эдингиз?
Матмуса — (дарҳол) Ал-Жабрий олий риёзиёт тенгламалари устида бир неча кашфиётлар қилган, шунингдек, бу олимнинг Сириус юлдузлар туркумининг мавқеи тўғрисида бирмунча фаразлари бўлиб, булар ҳозирги замон илми кўрсаткичларига маълум даражада яқин келади.
Маҳмудий — (Одилжонга) Матмуса Жалилович ҳамма соҳадан хабардорлар. (Матмусага) Сиз Одилжонга кўча ҳаракатининг янги қоидалари тўғрисидаги фикрларингизни айтиб беринг.
Матмуса — Хўп бўлади. Модомики жамият...
Маҳмудий — Узр, Матмуса Жалилович, сизлар суҳбатлашиб ўтиринглар. Мен Одилжонга ҳам овқат сузиб чиқаман. (Одилжонга) рўзғор ўзимизга қолган, дўстим...
Одилжон — Овора бўлма.
Маҳмудий — Овораси йўқ... Мен... Ҳозир...
(Чиқади).
Матмуса — Модомики...
Одилжон — Қани, Матмуса Жалилович, Мизроб келгунча биттадан отайлик. Сизнинг соғлигингиз учун. (Стаканни унинг қўлига тутади.) Қани, олдик (ичишади).
Матмуса — Бр... р... бай-бай-бай, жонвор-ей.
Одилжон — (Унинг характерини камтаринлик ва одамохунлик деб қабул қилади ва сидқидилдан кулади.) Матмуса Жалилович, кўчангизнинг эски номи нима эди?
Матмуса — А... (Шапиллатиб овқатланишда давом этади.)
Одилжон — Алжабрий кўчасининг эски номи...
Матмуса — Ал-Жабрий ўрта асрнинг буюк...
Одилжон — Айтингиз. Мен ўша кўчанинг эски номини сўраяпман. Нима эди? Ит... ит..
Матмуса — Итбоқар.
Одилжон — Таажжуб. Нега бундай деб аташган экан. Балки бу кўчада кўпроқ ит боқилган бўлса керак.
Матмуса — Эсимга тушиб қолди. (Косани кўтариб, охиригача ичиб қўяди) Мен ҳам бир ит боққанман. (Матмуса шира кайф таъсирида ўйнаётган ролини эсдан чиқаради.) Оти қоплон. Во! Аммо лекин бунақа зўр ит дунёда бўлган эмас. Бир кун Чимкент томондан бир итбоз келиб қолди. Ити ит эмас — эшшак. Бўйи сиздан бир қарич баланд.
Одилжон — Ёпирай...
Матмуса — Ҳалигини кўрган бошқа итлар думини хода қилиб қолди. Мен чиқиб бордим. Неча пул тикасан дедим? Минг сўм, деди. Мен Қоплоннинг қулоғига: «Аканг ўргилсин, — дедим, — манови эшакка тобинг қалай?» Қоплон: «Мени қўйвор, ўзим боплайман», деди. Қўйвордим. Бир пайт Қоплоним ҳалиги итнинг мана шу еридан (Одилжоннинг гарданидан маҳкам ушлайди) ғарч тишлаб, мана бундай, мана бундай, мана бундай айлантириб... (Одилжонни гир-гир айлантиради.)
Одилжон — Матмуса Жалилович, Матмуса Жалилович...
Матмуса — Яна бир айлантириб, мана шундай улоқтирди. (Одилжон диванга бориб тушади.)
Одилжон — Матмуса Жалилович.
Матмуса — Ҳалиги ит шўрлик лайчага ўхшаб «ванг-ванг» қилади ( Одилжон Матмусанинг кўзини шамғалат қилиб қочмоқчи бўлади.) Бир пайт қарасам итининг аҳволини кўрган ҳалиги олифта жуфтакни ростламоқчи. «Ҳов, номард, қаёққа?» (Одилжон тўхтайди) Шундай дедиму, шарт ёқасидан ушлаб мана бундай қилиб ўтқизиб қўйдим. (Креслога ўтқазади) «Қани, пулни чўз, номард, бўлмаса қулоқ-чаккангни ёриб қўяман». (Қулочкаш қилиб турганда тарелкада овқат олиб Махмудий киради.)
Маҳмудий — (Сирнинг фош бўлишидан қўрқиб) Матмуса Жалилович, сизни телефонга чақиришяпти. Нариги уйга...
Матмуса — Телефонга? (Одилжон тескари қараб эгнини тартибга солаётганидан фойдаланиб Маҳмудий Матмусани қаттиқ чимчилаб олади. Матмуса бир сакраб) Кечирасизлар, мен ҳозир... бир минутга... (Чиқади.)
Маҳмудий — Кечирасан-да, дўстим, директор маданиятдан сал...
Одилжон — Нега? Аксинча. Матмуса Жалилович менга жуда ёқдилар. Оддий, самимий. Билмаган одам сира директор демайди.
Маҳмудий — Шундай.
Одилжон — Энди мен борай. Йўлим тушиб, сени кўргани кирувдим. (Матмусанинг шарпасини эшитиб) Хўп, хайр.
Маҳмудий — Овқат-чи?
Одилжон — (Деярли қочиб чиқади) Кўришамиз, гаплашамиз...
Маҳмудий — (Блокнотига ёзиб қўяди) «Кўришамиз, гаплашамиз...» Яхши! Матмуса!
(Матмуса бош эгиб киради)
Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши. Нима қилиб қўйдингиз?
Матмуса — Ўзингиз эркин гаплашиш керак деган эдингиз-да...
Маҳмудий — Эркин гаплашмай ўлинг. Бошлиқ деган шунақа бўладими? Одилжон сезган бўлса, бу гапни оламга ёйса нима бўлади? Уч ойлик меҳнатим бир пул бўлди. Матмуса — ҳали ўша Матмуса. Эссиз меҳнатларим, уйқусиз кечаларим. Бўлди. Мен янглишибман. Эртага илмий советга бориб барча хатоларимни бўйнимга оламан. Сиз ҳам хатони бўйнингизга олинг-да, ўша ҳаммоллигингизга боринг.
Матмуса — Тавба қилдим.
Маҳмудий — Бўлди. Мен умримни бекор ўтказмайман. Мен катта ишлар учун яратилган одамман! Гап тамом!
Матмуса — Жон ака! Мени ҳайдаманг. Мен энди қандай қилиб ҳаммоллигимга бораман? Қўлларим оқариб қолди.
Маҳмудий — Сиз — икки ой офтобда юрсангиз — яна ўша Матмусасиз. Қийин бўлганда — менга бўлди. Уч ойлик меҳнатим кул бўлди — бир, умрлик назариям вайрон бўлди — икки, бутун институт олдида шарманда бўлдим — уч. Сиз нима йўқотдингиз? Бўйнингизнинг кирини йўқотдингиз, ғирт омелигингизни йўқотдингиз, бошингиздаги патакни йўқотдингиз. Бўпти. Орамиз очиқ. Сизга жавоб.
Матмуса — Тавба қилдим. Минбад тавба қилдим. Иккинчи бундай қилмайман.
Маҳмудий — (Бир оз жаҳлдан тушиб) Ўрнингиздан туринг. Бир нарсани сира унутмангки, бошлиқ — ҳамма вақт бошлиқ. Идорада ҳам, уйда ҳам, кўчада ҳам, — улфатда ҳам. Сиз Матмусалигингизни бутунлай унутишингиз керак. Мана бу ердан ҳам, (каллани кўрсатади), мана бу ердан (юракни кўрсатади) чиқариб ташлашингиз керак.
Матмуса — Чиқариб ташлайман.
Маҳмудий — Ҳамма ишни бошқатдан бошлаймиз. Диванга ётинг. Оёқларингизни узатинг. Кўзингизни юминг... (Чироқ ўчади) Кўз олдингизга келтиринг, сиз катта амалдорсиз...
(Матмуса уйқусида аста дивандан туради. Ўргатилган қадамлар билан юриб креслога келади. Қўл, оёқларини чалиштириб, бошини бир оз орқага ташлаб аста ўтиради. Қўнғироқни чалади. Жуда башанг кийинган, бўялган секретар қиз шаклида Сунбул киради.)
Секретар қиз — Чақирдингизми, Матмуса Жалилович?
Матмуса — Айтинг. Кирсин!
Секретар қиз — Хўп бўлади (чиқади. Қўлтиғида папка кўтарган, икки қўли кўксида — ходим киради — қуллуқ қилиб туради.)
Матмуса — (майин) нега топшириқни бажармадинг? (Дағдага билан) нега топшириқни бажармадинг?
Xодим— Бир қошиқ қонимдан ўтинг...
Матмуса — Чора кўрамиз! Ҳа, чора кўрамиз! Жавоб! (Ходим чиқади. Бир неча қоғоз кўтариб секретарь қиз киради. Матмусанинг орқасига ўтиб, бир қўли билан унинг сочларини силайди, бир қўли билан қоғозларини Матмусанинг елкасидан ошириб столга қўяди. Матмуса юзларини билакка қўйиб эркаланади.)
Матмуса — Қаерга қўл қўяман, жоним?
Секретар қиз — Жоним, мана бу ерга қўл қўясиз...
Матмуса — (Қўл қўяр экан) Бугун ишдан кейин балиқ овига борамиз.
Секретар қиз — Демак, бугун ҳаётимда энг бахтли куним бўлади.
Матмуса — Жонгинам...
Секретар қиз — Жонгинам... Чарчадингиз, ухланг, мен сочларингизни силаб тураман. (Матмуса эркаланиб нозаниннинг қўлига бош қўйиб уйқуга кетади, қоронғулик чўкади.)

ИККИНЧИ МАНЗАРА

Бир йил ўтди. Маҳмудийнинг хонаси. У стол ёнида ёзиб ўтирибди. Башанг кийинган Матмуса киради.

Матмуса — Салом, устоз!
Маҳмудий — (Ишдан бош кўтариб, унга ҳавас билан қарайди) Салом, Матмуса Жалилович! Комбинатнинг ишлари қалай?
Матмуса — Корхона ишлари яхши кетяпти, устоз. (Креслога ўтириб оёқларини чалиштиради.)
Маҳмудий — Бугун илмий советда нутқ сўзлашингиз керак. Бир йиллик меҳнатимизнинг ҳисоботини беришимиз керак, ёдингизда борми?
Матмуса — Ёдимда бор, устоз.
Маҳмудий — Йиғилишга шаҳарнинг ҳамма йирик олимлари таклиф қилинган. Институтнинг катта зали тўла одам бўлади. Ҳеч бир ҳаяжонланмасдан, ўзни йўқотмасдан ўша иккаламиз тайёрлаган ёзув асосида қирқ минут нутқ сўзлайсиз. Саволлар бўлиши мумкин. Хотиржам жавоб бераверасиз. Билмаганингизни уялмай билмайман, деб айтаверинг.
Матмуса — Хўп бўлади, устоз.
Маҳмудий — Менга савол бўлмаса, институтга кетдик. Ихтиёримизда бир соат вақт қолди.
Матмуса — Битта савол бор (Ўрнидан туриб, Маҳмудийнинг олдига келади. Оёқларини кериб, қўлини чўнтагига солиб туради.) Маҳмудий — Хўш?
Матмуса — Сиз мени шаҳарнинг ҳамма олимларига кўрсатиб, мана мен кўчада юрган саводсиз, маданиятсиз одамдан тайёрланган директор, дейсиз. Мен минбарга чиқиб сайраб бераман. Ҳамма сизга қарсак чалади. Шундан кейин мен яна корхонага қайтиб бориб ўз курсимга ўтираманми? Яна директорлик қилавераманми? Бу ҳақда сиз қандай фикрдасиз, устоз?
Маҳмудий — Ҳеч ким онасининг қорнидан олим ёки раҳбар бўлиб туғилмайди. Ҳамма файласуфлар, ҳамма мутафаккирлар юксак минбарлардан ваъз айтгунча бола бўлиб шаталоқ отиб югурадилар, талабалар билан гурпаклашиб имтиҳонларга тайёрланадилар, икки олиб йиғлаб юрадилар. Ҳеч ким уларга кеча сен бола эдинг, тупроқ ўйнаб юрар эдинг деб таъна қилмайди. Сиз ҳам таъна эшитмайсиз. Улардан сизнинг фарқингиз шу бўладики, улар мана шу сифат ўзгаришни ўн-ўн беш йилда босиб ўтсалар, сиз бир йилда ўтдингиз. Сиз машҳур одам бўласиз, янги илмий дунёқараш мужассам бўлган шахс бўласиз.
Матмуса — Сизнинг фикрингиз шундайми, устоз?
Маҳмудий — Ҳа, шундай.
Матмуса — Энди менинг фикримни эшитинг. Мен янги илмий дунёқараш мужассам бўлган машҳур шахс бўлишни истамайман. Мен фақат оддий камтарин директор бўлишни хоҳлайман. Бизга ўхшаган фақирларга шу ҳам бўлаверади.
Маҳмудий — (Ҳайратда) Бу нима деганингиз?
Матмуса — Бу шундай деганимки, бугунги мажлисингизга мен бормайман. Чунки мен катта бир корхонанинг директориман, академик Павлов таржима қилган ит эмасман.
Маҳмудий — Таржима эмас, тажриба.
Матмуса — Энди бунинг аҳамияти йўқ. Чунки шу соатдан сизнинг устозлик, менинг шогирдлик муҳлатим тугади. Биз роппа роса бир йилга келишган эдик.
Маҳмудий — (Зўраки кулиб) Дуруст, дуруст. Ҳазилга ҳам чакана эмассиз. Ўйлайманки, бугунги имтиҳондан сиз аъло ўтасиз. Кетдик. Вақт ўтмасин.
Матмуса — Менда ҳазил нима қилади? Сиз мени ҳазилга ўргатибсизмики, менда ҳазил бўлсин. Мен сиз учун одам эмас, эксперимент қуроли, ўз тилингиз билан сомнамбула бўлдим холос. Сиз менинг бошимга бош деб эмас, харита деб қарадингиз. Менга илм берганингиз учун ташаккур, аммо мени хор қилганларингиз, карра жадвални ёдлолмаганимда уч кун оч қўйганларингиз эсимдан чиқмайди. Мен ахир одам эдим-ку. Ёки илми йўқ, мартабаси йўқ одам эмасми? Сиз бугун мени нега сизлаяпсиз? Сиз Матмусани эмас, директорни сизлаяпсиз, мана бу макентош билан бу шляпани сизлаяпсиз!
Маҳмудий — Ё тавба! Бу гапларни қаердан ўргандингиз?
Матмуса — Буларни мен ўша вақтларда ҳам билар эдим, лекин шундай силлиқ қилиб айтаолмасдим. Сиз фақат тилимни буро қилдингиз.
Маҳмудий — Ичингизда шунча дардингиз бормиди? Афсус, билмаган эканмиз.
Матмуса — Сиз ўз илмингиздан бошқа нимани билардингиз? Сизга атрофингиздаги одамлар нима-ю, нарсалар нима — барибир. Бир йил ичида сиз мени қанча ўрганган бўлсангиз мен сизни ундан ҳам кўпроқ ўргандим. Сиз оғзингизни очмасингиздан айтмоқчи бўлган гапингизни биламан. Ҳамма хаёлларингиз, ҳамма ниятларингиз менга беш қўлдай аён. Мақсадингиз мени ўқитиб, таълим бериб одам қилишми? Йўқ! Ундай бўлса мени ё ҳунар мактабига ё бирор сиртқи ўқишга киритиб қўяқолган бўлардингиз. Ахир мен яхши биламан: бу дунёда биров бекор беш тийинлик наф етказмайди. Шунинг учун бошида мен ажабланиб: мени ўқитишдан сизга нима фойда бор? — деган эдим. Энди билсам сиз мени олимлар ўртасига олиб чиқиб айиқ қилиб ўйнатмоқчи экансиз.
Маҳмудий — (Кўкка қўл чўзиб) Эй парвардигор! Бормисан? Бор бўлсанг, ерга тушиб мана бу расволикни томоша қил!
Матмуса — (Қаҳ-қаҳ уриб) Сиз дахрийсиз-ку. Мени ҳам ўзингиздек даҳрий қилдингиз. Авваллари худодан кўрқар эдим. Энди ҳеч нарсадан қўрқмайман. Хайр, саломат бўлинг, мен кетдим.
Маҳмудий — Тўхта, қаёққа?
Матмуса — Қаёққа боришимни энди ўзим биламан.
Маҳмудий — Эҳ, Матмуса, Матмуса! Сен ахир одамсан-ку. Нега менинг ҳолатимни тушунмайсан? Ахир сен бугун мажлисга бормасанг, мен бутун умрга шармандаи шармисор бўламан.
Матмуса — Сиз шармандаи шармисор бўлманг деб, мен ўзимни шарманда қилайми?
Маҳмудий — Ахир биз қанча меҳнат қилдик, анча азоблар чекдик. Шунча машаққатли йўлнинг охирги қадами қолди. Бундан кейин мен ҳеч қачон сени... сизни безовта қилмайман. Сўнгги қадам, бир қадам холос...
Матмуса — Сўнгги қадам. Сиз мени олдингизга солиб, ҳайдаб, мана шу мен турган чўққига олиб келдингиз. Олдимда жарлик. Сўнгги қадам мени жарга қулатиб, сизни чўққига олиб чиқади. Йўқ, бу қадамга мен рози эмасман.
Маҳмудий — Эҳ, нодон, нодон! Йўқ, мен ўзим нодонман! Эсиз меҳнатларим, эсиз чеккан заҳматларим.
Матмуса — (Чўнтагидан бир пачка пул чиқариб столга қўяди.) Мана буни олиб қўйинг. Бу ўша меҳнатларингиз, заҳматларингизнинг ҳақи. Мен сиздан олган беш юзу йигирма сўм ҳам шунинг ичида. (Маҳмудий ҳанг-манг бўлиб қолган.)
Энди мен борай. Ҳали замон бошқармада мажлис бошланади. Эртага эрталабдан яна мажлис.
Маҳмудий — (Ёлвориб тиз чўкади.) Мана шу оқарган сочларим ҳурмати, сенга бир ҳарф ўргатиш азобида пешанамга тушган ажинлар ҳурмати, менга шафқат қил. Матмусамисан, Жалиловичмисан, гўрмисан, бадтармисан — икки дунёда бировга хор-зор бўлмагин — оёқларингни ўпай, бир умр хизматингни қилай — менга шафқат қил. Гапирмасанг ҳам ярим соат ўша ерда ўтириб кел... Жон Матмуса Жалилович!
Матмуса — Ўрнингиздан туринг. Уят бўлади. Гапимни эшитинг.
Маҳмудий — Нима дейсиз? Қулоғим сизда. Айтганингизни қилай.
Матмуса — Мен сизнинг чеккан машаққатларингизни биламан. Майли, ўша азоблар ҳаққи...
Маҳмудий — Ўргулай сиздан, Матмуса Жалилович!
Матмуса — ...Мен учун кечирган уйғоқ кечаларингиз ҳаққи...
Маҳмудий — Қурбонингиз бўлай, Матмуса Жалилович!
Матмуса — ...Мендек ғофил бандани камолга етказганингиз ҳаққи...
Маҳмудий — Хизматингизни қилай, Матмуса Жалилович!
Матмуса — ...Сизни ўзимга ўринбосар қилиб оламан.
Маҳмудий — А?! (Гандираклаб диванга ўтириб қолади.)
Матмуса — Аҳволингизга бир қаранг. Юзингизда ранг қолмапти. Бошингизга мусича ин қўйса бўлади. Олимлик шунақа машаққат бўлса, нима қиласиз ўзингизни қийнаб? Ундан кўра менга ўринбосар бўлинг. Тагингизда машина, пичоғингиз мой устида бўлади.
Маҳмудий — (Йиғлаб) Гапиринг, гапиринг, марҳаматли хўжайин!
Матмуса — Сиз доим мен билан бўласиз. Менга нутқлар, маърузалар тайёрлаб берасиз, энг яқин маслаҳатчим бўласиз. Мен бу нутқларни баланд минбарлардан қойил қилиб ўқиб бераман. Мен мартаба зиналаридан кўтарилиб бораман, сизнинг илмий ишларингизга шароит яратиб бераман. Ахир сиз олимлар бамисоли ғарқ пишган шафтолисиз. Сизга мана бизга ўхшаган тирговичлар керак. Мен сизга жуда йўғон, бақувват тиргович бўламан.
Маҳмудий — (Ирғиб ўрнидан туради.) Бўлди, бўлди. Ҳаммаси равшан. Бу одам руҳий дардга йўлиққан. Тезда клиникага олиб бориш керак. Мен ҳозир телефон қиламан. Телефон қани? Балки Наполеонлар палатасига ётқизармиз....
Матмуса — Ўзингизни урунтирманг, собиқ устоз. Менинг жойим Наполеонлар палатасида бўлса, мени директорлик лавозимига кўтарганларнинг жойи қаерда бўлади? Нодонлигимни донолик деб, таваккал айтган гапимни башорат деб атрофимда парвона бўлаётганларнинг жойи қаерда бўлади? Ўзингизнинг жойингиз қаерда бўлади, Мизроб Маҳмудий!
Маҳмудий — Йўқол кўзимдан, иблис! Менга кўринма! (Столдаги пачкали пулни унга отади.)
Матмуса — Мен кетаман. Лекин кўзингизга кўринмай иложимйўқ. Ахир мен сизга куёв бўладиган одамман.
Маҳмудий — Нима, нима?
Матмуса — Ҳали сиз шўрлик бу гапдан ҳам бехабар бўлсангиз керак. Биз синглингиз билан оила қурадиганмиз.
Маҳмудий — Бўлмаган гап! Мен омон бўлсам Сунбулнинг тирноғини ҳам кўрмайсан! Чиқ уйдан!
Матмуса — Ўзингизни қийнаманг, азиз қайин оғам.
Саломатлигингиз бизга керак. Синглингиз билан ҳамма гапни келишиб қўйганмиз. У ёғини сўрасангиз биз аллақачон эру хотинмиз.
Маҳмудий — Нима?!
(Шу пайт ҳаллослаб Сунбул киради.)
Сунбул — Ака, нима қилиб ўтирибсизлар? Зал тўлган, ҳамма келди — сизлар йўқ. (Ўларнинг авзойига қараб) Нима гап ўзи?
Маҳмудий— (Сунбулга яқин келиб) Сунбул, сингилгинам! Менга қара! Мана бу иблис бизга туҳмат қиляпти. Оиламизнинг шаънига доғ туширмоқчи. У ёлғон гапиряпти. Унинг гаплари ёлғон. Шундайми? Сунбул, гапир! Нега жим турибсан?
Сунбул — (Йиғлаб) Ака, акажон, мени кечиринг...
Маҳмудий — (Бошини чангаллаб) Даҳшат! Даҳшат! Бу қандай шармандалик! Эй замин, нега ёрилиб мени ютиб кетмайсан?
Матмуса — Дод-войнинг фойдаси йўқ. Ундан кўра ака бўлиб, ота бўлиб бизга оқ фотиҳа беринг. Бугунги кафедаги ўтиришни тўйга айлантириб қўяқолайлик.
Маҳмудий— (Сунбулни тўсиб) Йўқ, йўқ! Синглим, кўряпсанми? Бу даҳшатли одам. Қараб туриб сени бахтсиз қилмайман. Сени унга бермайман. Кет, кет, Азозил! Кўзимга кўринма!
Матмуса — Ҳали шунақами? Сиз икки ёшнинг соф муҳаббатига тўсиқ бўлмоқчимисиз? Йўқ! Унақа замонлар ўтиб кетган! Синглингизни тўрт девор ичида сақлашга ҳаққингиз йўқ! Унинг эрки ўзида. Унинг муҳаббатига ҳеч ким ғов бўлолмайди. (Сунбулга) Сунбулхон, жонгинам, мен билан юринг. Бу диққинафас уйдан кетайлик.
Маҳмудий — Ҳаққинг йўқ. Сунбулнинг ўзи рози эмас. У сен билан кетмайди!
Матмуса — Кетади. Кетмай қаёққа боради? (Оёқ остида ётган пачка пулни олиб чўнтагига солади.) Майли, бу сизнинг тўёнангиз бўлақолсин. Қани, Сунбулхон, олдимга тушинг.
(Сунбул тисарилади. Матмуса уни маҳкам билагидан ушлаб тортқилаб олиб чиқади.)
Сунбул — Ака, акажон, мени кечиринг...
Маҳмудий — Дод, хонавайрон бўлдим! Хону-монимга ўт кетди, дод!

П а р д а


УЧИНЧИ ФАСЛ

(Хотима ўрнида)

Ўша хона. Деразадан қор босган ўрик шохлари кўринади. Маҳмудий ёлғиз. У печка ёнида ўтирибди. У илмий ишининг сўнгги саҳифаларини ёндирмоқца. Атрофида бўшаган қоғоз папкалари.

Маҳмудий — Ён, менинг бир умрлик меҳнатим, орзу-умидларим, ён! Сенинг сўнгги саҳифаларинг билан хайрлашмоқдаман. Мен хаёлимда тиклаган иморат вайрон бўлди, ёниб кул бўлди.
Мен доим тушимда ёнаётган китобларни кўрар эдим. Бу ички туйғунинг, номаълум бир сезгининг огоҳлантириши, туғёни экан. Менинг умрим ёниб ўтаётган экан.
Мана ёшим қирққа қараб кетди. Умрнинг гули бўлган ёшлик орқада қолди. Ҳей, Маҳмудий, ўзингга бир ҳисоб бер! Сен фақат меҳнатни, институтни, лабораторияни билдинг. Мана бу қўлёзмаларингни, мана бу харитангни кўрдинг. Одам танимадинг. Илминг, шуҳратинг — одамлар билан сенинг ўртангда девор бўлиб қолди. Матмуса ҳақ. Сен ўзи ўраган пилланинг ичида қолган ипак қуртисан. Қурт бўлганда ҳам одамларга нафи тегадиган, ипак берадиган қурт эмас, ичидан капалак чиқадиган қурт бўлдинг. У капалак энди ўзингнинг устингда қанот қоқиб юрипти.
(Шароб қуйиб ичади.)
Бугун йилнинг охирги куни. (Календарнинг сўнгги варағини йиртиб олади) Бир йил! У мана шу бир варақ қоғоздай ёниб кетди. (Ўтга ташлайди) У билан бирга менинг ишончу эътиқодим, мен муқаддас деб билган орзу, маслагим ёниб кетди. Қани, айт, Маҳмудий, сенинг маслагинг нима эди? Сенинг эътиқодинг — инсон тафаккурига ишонч эди. Сен унинг имкониятлари чексиз деб, бу имкониятлар фақат эзгуликка сафарбар бўлади деб имон келтирган эдинг. Сен бир жоҳил зотни одам қилиб, камолотга етказмоқчи эдинг. Оқибат нима бўлди? Жонингга қасд қилган жаллодга қилич қайраб бердинг. Бу қилич энди бир умр бошингда туради. Вақтида келган ўлим инсоннинг бахти экан. Дунёга ишончинг йўқолмасдан аввал ўлиб кетганинг улуғ саодат экан. Одамларга меҳринг совумасдан олдин тананг совугани яхши экан. Мен қирққа етмасдан маънавий жувонмарг бўлган одамман. Энди бу ёғига қурук гавдани соядек судраб ўтиб кетишим керак. Нимага керак менга бунақа ҳаёт?
(Одилжон киради.)
Кел, дўстим Одилжон, нега шам кўтариб келмадинг? (Одилжон ҳайрон) Ахир қабристонга шам кўтариб борадилар.
Одилжон — Нималар деяпсан, Мизроб?
Маҳмудий — Кел, ўтир! Менга қанақа янгиликлар олиб келдинг!
Одилжон — Янгилик шуки, сенинг Матмусанг бошқармага кўтарилди.
Маҳмудий — Матмусам ўлиб, Матмусасиз қолайин, — у қанақа ишга ўтди?
Одилжон — У энди бошқармада бўлим бошлиғи, одамларнинг тақдирини ҳал қиладиган жойда ўтирибди.
Маҳмудий — Бу ҳали ҳолва. У институтга раҳбар бўлиб келади-да, мени институтдан ҳайдайди.
Одилжон — Тавба. Ўзингдан чиққан балога қайга борурсан давога...
Маҳмудий — Кул, хандон ташлаб кул. Менинг устимдан бутун олам куляпти.
Одилжон — Кулиб эмас, куйиб гапиряпман. Эсингда борми, бу тажрибангни эшитган куним сендан: Матмуса қанақа одам, инсонлиги, фазилатлари қанақа деб сўраган эдим. Шунда сен уни фарзинга ўхшатган эдинг. Мана ўша фарзин, пиёдадан чиққан фарзин ўзингни мот қилиб турибди.
Маҳмудий — Бундай бўлишини билсам, уни пиёдалигида янчиб ташлар эдим. Бир беозор чуволчанг шунақа даҳшатли аждаҳо бўлишини қаёқдан билай?
Одилжон — Эҳ, дўстим Мизроб! Шундай ажойиб олим бўлибсану, лекин ҳали ҳам ўша гўдаклигингча қолибсан. Сен одамшунос-руҳшунос экансану, одамларни ҳатто ўша Матмусачалик ҳам билмас экансан. Ҳаётга илм фазоларидан қараб ундаги хас-чўпларни кўрмай қолибсан. Бу дунёда Матмусага ўхшаган одамлар кўп. Улар ҳамма нарсага манфаат кўзи билан қарайдилар. Табиат уларнинг икки кўзини тарозунинг палласи қилиб яратган. Улар бу торозуда одамларни тортадилар. Ҳаёт уларни ким билан дуч қилса аввало ўша тарозунинг бир палласига уни, бир палласига ўзларини қўядилар. Юқоридаги одамга қулбаччадай хизмат қиладилар, қуйидагини эса эшак қилиб минадилар..
Мана, сенинг Матмусанг шунақа одам. Сен шундай одамнинг тилини бурро, ўзини доно қилдинг. Сен берган илмунинг қўлида гурзи бўлади.
Маҳмудий — Мен-ку кўр, нодон эканман, яхши-ёмонни билмайдиган гўл эканман, одамларга нима бўлди? Нега ҳеч ким уни фош қилмайди? Унинг даражаси менга маълум-ку. Ўқиш, ёзиш, силлиқ гапиришни билгани билан ҳали тафаккури мустақил хулосалар чиқаришгача бориб етгани йўқ. Ҳатто олий маълумоти йўқ.
Одилжон — Қишлокда ўсгансан-ку, девпечакни кўрганмисан? У ўзича ердан бир қарич ҳам кўтарилолмайди. Матмуса сенинг елкангдан ошиб баландроқ дарахтларга чирмашиб олди. У ҳали кўп дарахтнинг илдизини қуритади. Девпечак дарахтни бўғишдан олдин у билан дўст бўлар экан. Садоқатини билдириб, дўстлик, меҳр, оқибат ҳақидаги афсоналар билан уни ўраб ташлар экан. Алла айтиб ухлатиб қўяр экан-да, уйқусида бўғар экан.
(Сунбул киради. Йиғлаб ўзини акасининг қучоғига отади.)
Сунбул — Пешонам қурсин, пешонам! Қувғинди бўлдим.
Маҳмудий — Қувғинди бўлдим? Нима учун?
Сунбул — Матмусангиз энди мен билан турмас эмиш.
Маҳмудий — Нима сабаб?
Сунбул — Мен ҳаётдан орқада крлган эмишман...
Маҳмудий — Ана! Одилжон, дунёнинг ишларини қара! Бир йил бурун шу уйга исқирт камзулда, яғир иштонда кириб келган у зот маданий, билимдон бўлибдилар-у, унга алифбедан тортиб илми нужумга қадар ўргатган бир институт талабаси ҳаётдан орқада қолибди! Сен мухбир бўлиб ҳар кимдан интервью олавермай мана бунақа гапларни ёзсанг бўлмайдими? (Сунбулга) Оқибат мана шундай бўлиши керак эди. Кўнгил кўйига юрмоқнинг жазоси шу.
Сунбул — Нима қилай, ака? У менинг қадримга етар, деб ўйлаган эдим.
Маҳмудий — (Қўл силтаб) Эй, сиз аёллар, сизларни ҳеч тушуниб бўладими? Тошдан қаттиқ ҳам, ипакдан майин ҳамсизнинг кўнглингиз. (Одилжонга) Мана шунинг учун дунёдан бўйдоқ ўтиб кетаман, деб аҳд қилганман.
Сунбул — Билмадим, гуноҳим нима экан? Кун бўйи хизматини қиламан, идорасининг ёзишмалари борми, икки оғиз гапирадиган нутқи борми, ҳаммасини ўзим тайёрлайман. Яна кечалари газета ўқиб унга янгиликларни гапириб бераман. Мана энди мендан кўра лобарроғини топиб олибди. (Йиғлайди).
Маҳмудий — Дард устига чипқон деб шуни айтадилар.
Сунбул — Бошида сизга шу тажриба зарурмиди? Уни кўрмай ўтганимда менга бу балолар йўқ эди.
Маҳмудий — Ҳаммасига сабаб кўзнинг кўрлигию пешонанинг шўрлиги.
Одилжон — Мизроб, агар сен ўзинг ясаган қўғирчоқни ўзинг тийиб қўяолмасанг, бу ишни сен учун мен қиламан. Ҳозир бошқармага бориб уни шартта ҳиқилдоғидан тутаман. У ҳакда боплаб фельетон ёзаман. (Чиқа бошлайди.)
Сунбул — Одилжон ака, тўхтанг. Ёлбораман, борманг. Одилжон — Нега? Сизни оёқ ости қилган ўша номарднинг кўзини очиб қўядиган вақт келди.
Сунбул — Йўқ, йўқ! У мен билан турмаса ҳам майли. Фақат унга жабр бўлмасин. Нима қилай, мен ўша бевафони яхши кўраман. (Йиғлайди.)
Одилжон — (Ноилож қайтиб) Мен дунёга подшо бўлганимда ёмонларнинг ёнига қўшиб кўнгли бўшларни жазолар эдим.

Адолат қўлида бўлмаса шамшир
Пок диллар қисмати хўрлик ва таҳқир.
Гўзаллик ўзини қўриқласин деб
Ҳатто гулга тикан боғлаган тақдир.

(Сунбул ҳўнграб йиғлайди.)
Йўқ, мен бунга чидолмайман. Ҳозироқ бориб ўша курсига қўнган тўтиқўшни хиппа бўғаман.
(Эшикка қараб юради. Шу пайт Матмуса кириб келади. У жуда ҳорғин ва паришон аҳволда.)
Матмуса — Овора бўлманг, Одилжон ака. Мен ўзим келдим.
Маҳмудий — Нега келдингиз? Яна менинг устимдан кулганими? Ёки мени ўзингизга югурдак тайинлаб, шу билан табриклагани келдингизми?
Матмуса — Йўқ, марҳаматли устозим, мен сизни бошқа нарса билан табриклагани келдим. Мени бошқармадан ҳайдашди. Сиз менга танк бўлишни ўргатган эдингиз. У даргоҳда замбаракларга дуч келдим. Ғалабангиз муборак бўлсин, устоз!
Маҳмудий — Қояга тирмашган типратиканнинг аҳволи шу. Кўрнамакнинг жазоси шу.
Матмуса — Йўқ, бу аввало сизга берилган жазо. Мен кимман? Мен фақат сиз учирма қилиб чиқарган қушман. Сиз берган қанот биринчи парвоздаёқ узилиб тушди. Сиз менинг қуйруғимга қоғоз ёпиштирган экансиз.
Маҳмудий — Афсус, минг афсус. Сенга кетган меҳнатларимнинг ярмини сарф қилганимда маймундан одам ясаган бўлар эдим. Эсиз шунча чеккан заҳматларим.
Матмуса — Афсус қилманг, сиз ниятингизга етдингиз. Маймундан одам қилолмаган бўлсангиз ҳам, мана, одамдан маймун ясадингиз. Мен гўл, саводсиз бўлсам ҳам одам эдим. Ўз унган жойим, ўз ҳаётим, ўз мақсадим бор эди. Сиз менинг илдизларимни бешафқат қирқиб ташладингиз. Қани у содда одамлигим, қани у Матмуса? Сиз мени ўзимдан ўғирладингиз. Мени ўзимга қайтиб беринг, ўша Матмусалигимни беринг.
Маҳмудий — Мана бу даъвони эшит, Одилжон. Мана бу сайрашга қулоқ сол! Қулоқларинг ором олаяптими? (Матмусага) Менинг ёниб кетган умримни менга ким қайтариб беради? Сени деб йўқотган обрў-эътиборимни кимдан талаб қиламан? Ерга букилган номусни қаердан қайтариб олай? Мен ҳали сени ўзингдан ўғирладимми? Сен уч кун соқол олдирмай юрсанг яна ўша Матмусасан. Мен бўлсам сен туфайли тирик ўлдим, бир ҳовуч тупроққа айландим. Эшитдингми? Энди кет, қайтиб кўзимга кўринма!
Матмуса — Қаёққа бораман? Сомон бозоригами? Ҳаммолликками? Йўқ. Энди бу қўлларим қопга сомон тиқолмайди. У телефон трубкасини ушлашга, столни муштлашга ўрганиб қолди. Мен энди елкамга юк орта олмайман. Чунки, сиз мени туяқуш қилиб қўйдингиз. Туя бўлиб юк ташиёлмайман, қуш бўлиб осмонга учолмайман. (Муаттар киради, ҳайрон бўлиб ҳаммага бир-бир қарайди, сўнг йиғлаб ўтирган Сунбулнинг ёнига келиб уни овута бошлайди.)
Маҳмудий — (Сунбулнинг ёнига келади) Қўй, синглим, йиғлама, бошингни кўтар. Эзилган юрагимни сен ҳам эзма. Мен янглишган эканман. Бу тубан зотнинг онгида тафаккур чироғини ёқмоқчи эдим. Менга чироқ бўлиб кўринган нарса шиллиққурт экан. Мен вафодор ит деб боққан махлуқ бўри чиқиб қолди.
Сунбул — Менинг айбим нима? Мен нима гуноҳ қилдим, одамлар? Чин юракдан меҳр боғлашнинг оқибати шуми? Мен ахир бойлик, мартаба, шону шуҳрат учун яхши кўрганим йўқ-ку. Енгилтак қизлардан эмасман-ку. Мен мана шу одамни ўша эски тўнида яхши кўрган эдим. Унга бутун меҳримни бағишладим, ҳаётда ўрнини топсин деб илму-маърифат ўргатдим. Менинг айбим нима? Одамга ишонганимми? Шунчалар башафқатмидинг, ҳаёт?
Маҳмудий — Қўй, синглим, йиғлама. Биз энди қишлоққа қайтиб кетамиз. Мен бу оламнинг ғавғоларидан кечиб энди тинч осудаликда яшайман. Бир парча ерга деҳқончилик қилиб умр кечираман. Энг ҳалол турмуш ўша экан. Эккан буғдойингдан арпа эмас, буғдой чиқишига ишониб кечалари тинч ухлайсан. (Матмусага) Сенга ҳам, эй манфур банда, агар кўкрагингда инсонликдан зарра учқун қолган бўлса шуни маслаҳат бераман.
Матмуса — Кошки эди шундай қила олсам. Кошки эди аввал бошида шу уйга қадам қўймаган бўлсам. Мен нодон илм олиб нима қилардим? Чориғимни судраб юраверсам бўлмасмиди? Ҳар каталакка сиғиб кетадиган Матмуса бугун дунёга сиғмай қолди. Бу оламда менга ўхшаганларга кун йўқ экан.
Мени кечир, Сунбул, сени бахтсиз қилдим. Мана шу, йигирма уч ёшимда оқарган сочларим ҳаққи мени кечир. Бу уйга фақат сендан узр сўрагани келдим. Менинг тубан ҳаётимда ёруғ нуқта фақат сен эдинг. Сени ҳам йўқотдим. Мен энди одам эмасман. Сизга эса, меҳрибон устозим, яна бир марта таъзим қиламан. Мана бу менга берган туморингиз. У энди керак эмас. Олинг. Ўзингиз тақиб юринг.
(Шахд билан чиқади.)
Сунбул — (Одилжонга) Уни қайтаринг.
Муаттар — Кераги йўқ. У ҳеч қаёққа кетмайди.
Маҳмудий — Ўзини бир нима қилиб қўймасин.
Муаттар — Унинг тақдири ҳақида илгарироқ ўйласангиз бўларди, Мизроб ака.
Маҳмудий — Менга таъна тошини отмаган бир сиз қолиб эдингиз. Ўлганнинг устига тепмоқ, деб шуни айтадилар.
Одилжон — Йўқ. Мизроб. Бу таъна тоши эмас, бу ҳақ гап. Мен шу дақиқаларда хаёлан дунёни айланиб чиқдим. Инсон дегани киму ҳаёт дегани нима? Мен ҳам ўзимни мухбир деб юрган эканман. Юзлаб, минглаб одамлар билан суҳбат қилиб уларнинг меҳнатини, режаларини ёзибман-у, энг муҳим бир нарсани четлаб ўтибман. Мен одамларнинг юрагини, энг муқаддас қалб туйғуларини, эътиқодини унутиб қўйибман. Сен ҳам, дўстим, одамзоднинг ёруғ юлдузини унинг тафаккуридан эмас, юрагидан изламоғинг керак эди. Юрак эса сен билан биз ўйлагандан кўра мураккаброқ экан. Инсон миясининг харитасини тузиш мумкиндиру, аммо юракнинг харитасини чизиб бўлмас. Келажак ақлли машиналар қурар, лекин минг йилда ҳам ҳислик, дардлик бир ҳилқат яратолмас.
Сен бир йил давомида бир одамнинг миясига олам ҳақиқатларини жойлабсану унинг юрак туйғулари билан, дарду алами, орзу армонлари билан қизиқмабсан.
Маҳмудий — Ўз юрагига қулоқ солган одамгина бошкаларнинг юрагини эшитиши мумкин. Мен кўкрагимда нима борлигини эсдан чиқариб қўйибман. Муаттархон, сиз мени кечиринг. Мен энди сизни фамилиянгизни айтиб чақирмайман. Мен учун жуда оғир шу кунларда сизнинг ёрдамингиз, ҳамдамлигингиз керак. Шунга мен муҳтожман. Матмусани ҳаётга қайтаришда менга ёрдам беринг. Шунда мени ҳам ҳаётга қайтарган бўлар эдингиз.
Муаттар — У одамоғир руҳий хасталикка учраган. Асаблари ўта толиққан. Бир неча муддат бизнинг клиникада даволанади.
Лекин Мизроб ака, уни бу дарддан халос қилиш анча мушкул бўлади. Одамлардан устун бўлиш хаёли уни осонликча тарк этмаса керак. Бу касал кейин ҳам қайталаб туради. Шунда одамлар шафқат ва меҳрибонлик кўрсатиб уни ўз жойига ўтқазишлари керак. Матмусанинг такдири одамларнинг қўлида.
Одилжон — Сунбулхон, Муаттархон, энди тезроқ дастурхон ёзинглар. Ҳа демай янги йил ҳам келиб қолади. Биз бу ташвишли йилни тезроқ кузатиб, янгисини кутиб олайлик.
(Ҳаммалари киришиб дастурхон тузайдилар, қадаҳлар тўлдирадилар. Одилжон саҳна олдига чиқади.)
Бу ҳикоянинг ёзувчиси мен бўламан. Ҳикоя мана охирлаб қолди. Лекин уни қандай тугатсам экан? Мизроб дўстимнинг, Муаттархоннинг, Сунбулхоннинг, Матмусанинг тақдирлари нима бўлади? Буни мен билмайман. Мен ҳали ўз юрагимда нималар борлигини билмайману, бошқаларнинг юрагини қаёқдан билай?

Т а м о м.
1970

Qayd etilgan