Қазои қадарга ишониш ва Аллоҳга таваккулТошкент шаҳридаги “Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов билан суҳбат — Халқимизда таваккул (таваккал) истилоҳини кўпинча тахминий, бўлса бўлди, бўлмаса йўқ, мубоҳ амал деб нотўғри тушуниб қолинган. Аслида «Сендан ҳаракат – Худодан баракат» мақоли таваккул маъносига яқинроқ.
Таваккулни деҳқон мисолида яхши тушунишимиз мумкин. У ерни тайёрлайди, уруғни экади, парваришлайди, ўғитлайди, меҳнат қилади. Ҳосилни эса Аллоҳга таваккул қилиб, яхши умид қилади.
Абдураҳмон ибн Абу Лайло айтади: Бир киши Пайғамбарнинг (с.а.в.) олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг элчиси, туямни қўйиб юбориб таваккул қилайинми ёки боғлаб қўйибми?” деб сўради. Набий (с.а.в.): “Уни боғлаб, кейин Аллоҳга таваккул қил”, дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда таваккул қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни қилиш лозимлиги таъкидланмоқда. Таваккул — қалб иши, у банданинг қалби, нияти ва эътиқодига боғлиқдир. Ишнинг амалга ошиши Аллоҳ таоло томонидан амалимизга боғлаб қўйилган.
Муовия ибн Қурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб аҳли Ямандан бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб:
— Сизлар кимсизлар? – деб сўради.
— Таваккул қилувчилармиз.
— Йўқ! Сизлар текинхўрларсиз. Таваккул қилувчи олдин донни ерга сепиб қўйиб, кейин Аллоҳга таваккал қилади», – дедилар».
Ривоятларда келишича, яманликлар: «Аллоҳнинг уйини ҳаж қилсаг-у, У бизни оч қўярмиди», дейишар экан. Ваҳоланки, Маккаи мукаррамага келгандан сўнг тиламчилик қилишга тушишаркан.
Суҳбатнинг тўлиқ матни