Kutubxona > O'zbek nasri

ABDULLA QAHHOR HIKMATLARI

(1/1)

Muhammad Sanjar:
АБДУЛЛА ҚАҲҲОР
ҲИКМАТЛАРИ




ТОШКЕНТ
«ЎЗБЕКИСТОН»
1990

Muhammad Sanjar:
Мазкур китоб *НУР» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланган



Мазкур китобчага машҳур ўзбек ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ҳикматлари, турли учрашув ва давраларда айтган, нақлга айланиб кетган лутфлари, ён дафтаридаги қайдлардан намуналар тўпланган.



Т у з у в ч и: АСРОР САМАД
Муҳаррир: Ш. МАНСУРОВ




© «НУР» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси буюртмаси бўйича босилди. 1990 й.

Muhammad Sanjar:
Устоз ўгитлари
Газеталарда фалон куни Ҳамид Олимжон номидаги Адабиётчилар уйида Абдулла Қаҳҳор билан учрашув бўлармиш, ёки фалон ўқув юртига, фалон завод ва фабрикага Абдулла Қаҳҳор келармиш деган хабар чиққанданоқ биз адабиёт мухлислари ўша жойга жониқар эдик.
Дуруст, биз Ғафур Ғулом билан ҳам, Мақсуд Шайхзода билан ҳам, Ойбек билан ҳам учрашувга шошилардик. Уларнинг ҳар бир калимасини тиллога тортиб олгудек жон қулоғимиз билан эшитардик. Адабиётимиз, жамиятимиз устунларининг ҳар бири биз учун бир олам бўлганлигини бугун фахрланиб айтамиз. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, устозларнинг ҳар бири нафақат биз учун, каттакон адабиётимиз, бой маданиятимиз, халқимиз учун ҳам бир олам бўлган. Афсуски, биз бу оламларни тадқиқ қила олганимизча йўқ. Бу даҳолар лайлатулқадр экан — ўтиб кетибдилар-у биз тиллога айлантириш учун ушлагани нарса тополмай қолибмиз, ёхуд ғафлат уйқусида ётибмиз.
Гап Абдулла Қаҳҳор ҳақида эди (ва шу улуғ зот баҳона бошқа зотлар ҳақида ҳам). Хуллас, у киши билан учрашувга жониқиб борардик. Учрашувдан кейин-ку «домла мундоқ дедилар, домла андоқ дедилар», деган гап бир ойча, эҳтимолки, янги учрашувгача оғзимиздан тушмас эди. Устоз ҳар бир учрашувга янги, теша тегмаган гап билан келар эдилар, бир соатми, икки соатми бутун аудитория у кишининг оғзиларига қараб ўтирарди. Бу — ноёб талант намунаси эди, бу унча-мунча нотиқнинг қўлидан келадиган иш эмас эди.
Асарлари-ку бир дунё! Устоз асарларини қайта ўқишга тушдим. Бир чеккадан, эринмай, қайта-қайта ўқиганимга қарамай Абдулла Қақҳор ҳаётлигида-ку бўз бола эдим, фикрларим, қарашларим, дидим шаклланмаган, таъбир жойиз бўлса, йўнилмаган таёқдек эдим. Устоз ёшига яқинлашган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган, энди бадиий асарни ҳуркиброқ қўлга оладиган пайтларимда ҳам, во ажабо, у кишининг асарлари юрагимнинг яраларига малҳам, кўзларимга нур, шууримга маёқ бўлиб хизмат қилса. Бу муболаға эмас, айнан шундай ва мутолаам бекор кетмаслиги учун устоз асарларининг ҳар биридан нақл бўларлик, мақол даражасидаги гапларни териб ола бошладим Йўқ, буни бир бутун китоб қилиш хаёлида эмас, шунчаки, ўзим учун, болаларим, шогирдларим, яқинларим учун қилдим Аммо ён дафтаримга кўчирганларим бу ҳикматлар — устознинг ақли, иқтидори, ҳаёт тажрибаси, юрагидан сирқиб чиққан тўқ мағиз кўпчилик мулкига айланишини даъво қилдилар. Қўлингиздаги бу мўъжаз китоб шундай юзага келдики, гўё устоз айтиб турдилару мен котиблик қилдим. Котиблик жараёнида бир нарса қийин бўлди: бу ҳикматларнинг қай бири устозга тегишли-ю қай бири халқники. Масалан, «Бўлдирадиган ҳам хотин, ўлдирадиган ҳам хотин», дейдилар. Халқда «Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қора ер қиладиган ҳам хотин», деган мақол бор. Илмий калима билан айтганда юқоридаги гап халқ мақолининг интерпретацияси. Хўш, устоз учун бунақа «интерпретация» нима учун керак эди? Тўғридан тўғри халқ мақоли ишлатаверилса нима қиларди? Гап шундаки, устоз ишлатган «интерпретация»да хотиннинг қудрати, имконияти, иқтидори, таъбир жоиз бўлса, таланти аниқ-тиниқ тарзда берилган. Ёки халқда «Ҳунар, ҳунардан унар» деган мақол бор. Устоз шу мақолни қуйидагича аниқлаштирадилар: «Ҳунарли одам ҳеч қачон оч қолмайди». Жуда аниқ, мўлжалга урилган гап. Устоз: «Сукут — танқиднинг бир тури» дейдилар. «Сукут — аломати ризо», деган гап бор. Устоз сукутнинг чуқур маъносини очиб берадилар — танқиднинг бир тури. Устознинг ана шу нақлига очиқроқ кўз билан қарайликда, равшанроқ ақл билан ўйлаб кўрайлик: халқимиз озмунча сукут сақладими! Ленин вафотидан кейин қа-рийб 60 йил сукут сақлабмиз, камчиликларни, нуқсонларни, жиноятларни, сталинизм деган офатни била туриб сукут сақлабмиз, аммо бу сукут бўрон, қўпорилиш, кўчки олдидаги осойишталик эди. Бу сукут жамият бошига кулфат солаётганларга қарши лаънат эди. Устоз «Сукут — танқиднинг бир тури» деганда шуни назарда тутмадилармикин?!
Устоз, умуман, жамиятга, халққа, инсониятга хиёнат бўладиган ҳамма нарсага муросасиз эдилар. Устознинг муросасиз бўлишлари битта нарса билан изоҳланади холос: халқпарварлик. Халқпарварлик устознинг шиори эди. Халқпарварликнинг эса усули ҳар хил: кимдир олов сочиб турган дзотга ўзини ташлаб ўчиради, кимдир тошаётган дарёга ўзини тўғон қилиб ташлайди, кимдир далада, заводда, фабрикада меҳнат жасоратини кўрсатади, кимдир халқининг манфаатини ҳимоя қилиб бошини кундага қўяди. Абдулла Қаҳҳор сўз санъати, ҳақиқат учун ўз бошини кундага қўйган жасоратли, фавқулодда ботир кишилардан эдилар. Агар шундай бўлмаса турғунлик даврида «Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман» дерми эдилар. Ёхуд рашидовлар ҳақида «Овчига хизмат қилишдан фақат ит лаззат топади», деган гапни айтармидилар, ёки «Тиши чиққан болага чайнаб берган ош бўлмас», «Қисир сигир кўп маърайди», деган нақ мўлжалга урадиган гапни лутф этармидилар?!
Хуллас, агар қўйиб берсангиз, мен Абдулла Қаҳҳорни учга бўлар эдим: ҳақиқат изловчи, ҳақиқат посбони, ва ҳақиқий, пок донишманд. У киши ижодининг илк даврларида ҳақиқат излади, уни гоҳ топди, гоҳ йўқотди. Ўрта ёшларида ҳақиқат посбонига айланди, бинобарин, ҳақиқатни топиб олди — бу халқпарварлик эди, инсоният манфаати эди, шунинг, шугинанинг посбони бўлиб олди. Кексайган чоғида (Навоий ёшида) нуроний донишманд, мутафаккирлик даражасига кўтарилдики, у кишининг мутафаккирлигидан «мумтозлар» ларзага келди, «авом» шодмон бўлди. Биз бу китобчага устознинг уч фаслида яратмиш донишларини тўпладик. Узр, бу тўпламда атайлаб баъзи саҳвларга йўл қўйдик: инчунун, устоз асарларидаги қаҳрамонлар тилидан айтилмиш, аммо халқ шуурига, дидига маъқул келмиш ибораларни ўзлаштириш, ўзгартириш, ёхуд маълум маънода таҳрир қилишга журъат этдик.
Бинобарин, тўпламга киритилган устоз ўгитлари ёзувчининг Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти томонидан чоп этилган олти томлик ҳамда беш жилдлик асарлар мажмуасидан олинди, халқ меҳрини қозонган асарларидан, «Ёш гвардия» нашриёти 1968 йилда чоп этган «Ёшлар билан суҳбат» (Нутқ, мақола, суҳбат, тақриз ва ёзишмалар)дан, ёзувчининг умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорованинг шу нашриётда 1987 йилда чоп этилган «Чорак аср ҳамнафас» асаридан ҳамда адибнинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан «Шарқ юлдузи», «Ёшлик», «Ўзбек тили ва адабиёти» журналларида эълон этилган бошқа манбалардан олинган. Ҳурматли китобхонларнинг қимматли вақтларини тежаш ниятида бу манбалар китобнинг сўнгги саҳифаларида берилди. Аммо устоз донишини Сиз азиз китобхонларга тақдим этишда жиндек саҳву хато қилган бўлсак, узр сўраб

Асрор Самад

Muhammad Sanjar:
Ватан ва ватанпарварлик ҳақида

Мен совет даврида кўкрагимни кўтариб юришга ўрганиб қолган йигитман. Мен ўз юртимда мусофир итдай думимни қисиб юришни хоҳламайман.

Уйингни ўғри босса, ўғлингни сандиққа солиб қўйиб, қўшнингни чақирмайсан.

Халқни кўргани, юртга қарагани бўйи етмайдиган одамчанинг офтобшувоқда қорнини ялаб, орқа оёғи билан бўйнини қашлаб ётган мушук боладан фарқи йўқ.

Халқнинг қалбига узоқдан қўл солиб бўлмайди, қўл солиш учун унинг олдига бориш керак.

Юртни обод қиламан деган киши ўзи обод бўлади.

Юртдан чиқиш тириклай гўрга кириш деган сўз.

Ўзбек деҳқони ўз қўлига олган тупроғимиз ҳақиқатан олтин тупроқ бўлиб қолди.

Инсон, қадр-қиммат ва қудрат ҳақида

Инсон бамисоли бир машина, машинанинг сарф қилинган қувватини ишга айлантириш қобилияти турличадир. Инсон ҳам шундай. Инсонларнинг ҳам инсониятга фойда етказиш қобилияти турлича. Фан машиналарнинг шу қобилиятини орттиришга, яъни сарф қилинган қувватдан иложи борича кўпроқ фойда чиқаришга урингандай, тарбия ҳам инсоннинг жамиятга фойда етказиш қобилиятини оширишга уринади. Фан ҳали сарф қилинган бутун қувватни исрофсиз фойдали ишга айлантирадиган машина тополгани йўқ, аммо тарбия буни топди, Ер юзида шундай бир тарбия борки, бу тарбияни кўрган киши куч ва умрини самарасиз, худбинлик натижаси бўлган ишларга сарф қилмайди. Бундай тарбияни берадиган мураббий аввал ўзи тарбияланган бўлиши керак.

Инсон ҳамма ерда улуғ... Унинг улуғлиги қўлидан келган ишларда, яратувчилигида кўриниб туради.

Кўз ёши е кўнгилдаги ғам-ғуссанинг дамини кесиш, ё бераҳмнинг раҳмини келтириш учун тўкилади.

Одам боласининг ўлим кутишига, яъни дунёдан умид узишига ишонмайман.

Одамнинг ёмони бўлмайди. Биров тош, биров гул, ўз жойида иккови ҳам яхши.

Одамнинг одамга акси уради.
Одамнинг чиқити бўлмайди.

Тақдирини ўз қўлига олган одамларнинг келажаги, албатта, ёрқин бўлади, ҳали бу неъматга эришмаганларнинг йўлини кураш ёритади.

Шундай одамлар ҳам бўладики, туғилганда ҳеч ким севинмаган бўлса ҳам, ўлганда бутун юрт аза тутади.

Ижтимоий тузум, истибдод ҳақида

Бурун қашшоқлик исканжасида «тупроқдан ташқари юрган» одамнинг анчайин орзуси хаёл, анчайин ҳаваси маҳол бир нарса эди. Ўша вақтлардаги кўп юксак ор-зулар бизнинг кунларда ҳаётнинг оддий заруратларига айланиб қолди, чунончи: бир жуфт бақувват ҳўкиз инқилобдан бурунги деҳқоннинг зўр орзуларидан бири эди, совет деҳқони учун ҳўкиз эмас, ҳатто трактор, наинки, трактор, ҳатто бутун бошлиқ МТС ҳам оддий бир зарурат бўлиб қолди.
Бурунги орзу-ҳавасларнинг замонамизда кундалик ҳаёт матлабларига айланиши кишиларимизда бошқа ҳеч қачон, ҳеч қандай мамлакатда хаёлга келмаган ва келмайдиган янги, жуда ҳам юксак, жуда ҳам олижаноб орзу-ҳаваслар туғдирди. Бу орзу-ҳаваслар ҳам трактор, олим фарзанд, эрк, симкаравот сингари меҳнат ва маишат — ҳаёт заруратларига айланди.
Совет кишисининг бугунги орзу-ҳаваси эртага қўлга кирадиган, индинига ўрнини янги орзу-ҳавасга бўшатиб бериб ўзи оддий бир нарсага айланиб қоладиган орзу-ҳавасдир. Кишини кураш ва ғалабага йўллайдиган, ғалаба натижасида пайдо бўладиган, шахсни, жамиятни, ҳаётни олға олиб борадиган, буларни мукаммаллаш-тирадиган ҳақиқий инсоний орзу-ҳавас шудир.

Замонамиз дадил қадамлар замони... Ҳозирги замонда дадил қадам ташлай олмаган киши туртилиб, четга чиқиб қолади.

Мустамлакачилик фақат мамлакатни ғорат қилмайди, ундан ҳам ёмонроғи одамларни, халқни руҳан ғорат қилади, шундай қиладики, қул ҳаётини кечираётган, инсонга номуносиб ҳаёт кечираётган одамда шу ҳаётга қарши норозилик, исён руҳи буткул сўнади.

Совет ҳукумати ва партиянинг бутун фазилатларидан фойдаланиш учун ҳам катта қобилият, кўп меҳнат керак. Чунки Навоий айтмоқчи, офтоб бутун оламга баравар нур сочса ҳам, саҳрода янтоғу бўстонда гул битади.

Социализм билан коммунизм бир жамиятнинг икки фазаси бўлиб, коммунизм социализмдан етуклиги билан фарқ қилса, бу икки фаза кишилари ҳам бир-биридан онгнинг етуклиги даражаси билан фарқ қилади. Лекин коммунистик жамият кишисининг онги ўз-ўзидан эмас, балки ғоявий-тарбиявий ишнинг зўри билан му-каммаллашади, етук ҳолга келади.

Урушда вайрон бўлган иморатни тиклаш осон, лекин мустамлакачилик қўл-оёғини боғлаб, тақдир ҳукмига топширган одамни бу фалокатдан халос қилиш қийинроқ!

Энг мукаммал жамиятни — коммунизмни ҳеч ким бизга олтин товоққа солиб тутмайди. Уни ҳар ким ўз соҳасида, биров қўли билан, биров ақли билан ўз ва-зифасини ўтаб яқинлаштиради.

Халқнинг кўзи боғланса, қулоғига қўрғошин қуйилса, тақдир ҳукми ўлимдек ҳақ, деган ақидани унинг зеҳнига сингдириш осонроқ бўлади.

Ҳамма жойда бир нарса кўзга ташланиб туради: баланд даражали тўқ одам бор, тубанларнинг тубани оч одам бор. Ҳамма нарса тўқ одамларники, ҳамма оч одамлар мана шу тўқларнинг ишини қилиш учунгина яшайди, яшайди эмас, тупроқдан ташқарида умр кўради.

Қашшоқлик, тенгсизлик, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган бошқа ҳамма нарса ҳам ўтади: уйсиз уйлик бўлади, оч тўяди, гап бунда эмас, ҳамма гап шундаки, мана шу одамларда одамлик ғурури карахт бўлган, бу одамларда шундай ҳаётга қарши исён руҳи йўқ, аксинча, булар шу ҳаётни қариликдай табиий, ўлимдек ҳақ, деб билишар экан .

Меҳнат, шижоат, илм-фан ва ҳунар ҳақида

Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак. Лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун талантнинг ўзигина кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак.

Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир. Санъат асарида яхшини яхши деб одамларга ибрат қилиш, ёмонни ёмон деб одамларни ундан жиркантириш учун шижоат керак бўлса, шижоат ҳалолликни талаб қилади. Шунингдек шижоатсиз ҳалолликнинг ўзи ўлик сармоядир.

Дунёдаги ҳар бир катта-кичик касбнинг фазилатларини айтиб ўтиш учунгина ҳам биттадан роман яратса бўлади...

Илмий асарнинг илмий асар бўлиши учун олимнинг меҳнати, китобхоннинг мароқ билан ўқишигина кифоя қилмайди, Маълумки, илм қайси йўл билан бўлмасин бирон ҳақиқатни тасдиқлар экан, бундан кишиларнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган бир хулоса чиқаришни кўзда тутади. Ҳеч бир илмий фикр йўқки, бевосита ёки талай воситалар орқали бўлса ҳам одамларнинг эҳтиёжини қондиришга қаратилган бўлмасин. Зотан, илм эҳтиёждан туғилади эмасми?

Иш фақат сабаби тирикчилик эмас.

«Мумкин эмас»ни «қийин»дан ажратиш керак. Қийин — кўпроқ меҳнат талаб қилинади, деган сўз.

Одам боласида инсоф бўлиши керак.

Одам интиладиган чўққи тоғ чўққиси сингари, булутлар орасида эмас, ерда бўлади.

Партиямиз бўлади деган иш бўлмай қолган эмас, ҳукуматимиз қиламиз деган иш қилинмай қолгани йўқ Машиналаримиз битта бармоғимизни филга тенг қилиб қўйди.

Пахта оқ, уни оқ кўнгил кишилар етиштиради.

Сиз қаламкашлар ҳам билим билан тажрибани ҳамиша бирга олиб боринг. Ахир, азалдан гап бор-ку: ўз илмини амалда татбиқ этмаган одам ер ҳайдагану, аммо уруғ сочмаган деҳқонга ўхшаб қолади. Маҳмуд Кошғарий меҳнат билан гердайдик, дейди. Мен сизларнинг келгусида ҳалол меҳнат орқасидан обрў топишингларни истар эдим.

Сенинг кўкрагингда ўт бор, соч шу ўтни, ҳўлу қуруқ баравар ёнсин.

Сен ҳозир генерал бўлмасдан ҳам генераллик иззат-ҳурматини кўришинг мумкин Бунинг учун ёшларнинг ғайратини тан олишинг, ёшларнинг елкасига қоқишинг керак.

Танингда филнинг кучи, чумолининг ғайрати бўлсин.

Тинмай қоққан эшик очилади. Ғойибдан қандайдир бир илоҳий куч кутиб яшаш — сувга суянгандай гап.

Улуғ Навоий ҳақ-ҳаққониятга келганда, вазирлик либосини ечиб ташлаб «қора халқ» қучоғига отилган, Фурқат ёлғончилик уяси бўлмиш бойларнинг юзига «туф» деб шеър ёзган, Чехов билан Короленко ҳаққониятсизликка қарши норозилик юзасидан академик унвонидан воз кечган эди-ку! Короленко ўзи маҳбус бўлгани ҳолда, чор ҳукуматининг бутун бир халққа зулм ўтказаётгани тўғрисида баланд товуш билан қичқирган, буюк француз Эмиль Золя ўз ақидаси учун курашда ўз халқини қўйиб, «буюк миллат» Рус халқига ўғил бўлган эди-ку! Ниҳоят М. А. Шолохов культ даврининг энг даҳшатли кунларида ноҳақ халқ душмани унвони тақилган кишиларни ҳимоя қилган, уларни қутқариш учун аждаҳонинг оғзига қўл тиққан эди-ку! Буларнинг ҳаммаси мазкур ёзувчиларнинг гражданлик шижоати талант кучидан кам бўлмаганини кўрсатмайдими?

Юрагида қўри бор одамнинг қўллари ҳам иссиқ бўлади.

Яхши тарбия кўрган одамнинг хислатларидан бири шуки, бундай одам ўз фаолиятида бошқалардан бир қадам олдинга ўтса дарров орқага қарайди, шерикларига ёрдам қўлини узатади, сафини кенгайтириб, янги ғалабани кўзлайди.

Қийинчилик ақлнинг чархи-ю, ғайратнинг қайроғи бўлар экан.

Ҳозирги даврда ҳаётимизга доғ соладиган ўтмиш сарқитлари — худбинлик, ҳаромхўрлик, мансабпарастлик ва бошқа иллатларга қарши курашни биздан коммунизм қурувчиларининг ахлоқ кодекси талаб қилаётибди.

Ҳунарли одам қеч қачон оч қолмайди.

Дин ва диндорлар ҳақида

Бундан ўттиз беш йил муқаддам комсомол йиғилишида бир комсомол чиқиб: «Бундан кейин худо деган сўзни ишлатиш керакмас, газеталар ёзмасин, китоблардан ўчириб ташлансин», деб талаб қилганда, йиғилишда ҳозир бўлган уезд партия комитетининг масъул котиби кулимсираб: «Динга қарши шу хилда кураша-диган бўлсаларинг энди туғиладиган болалар ҳам диндор бўлади, худога ўзи бошқа от қўйиб олади», деган эди.

Европа ва Осиёни кўрдим. Ҳамма жойда динни дин қилган одам. Одам ўзи яратиб ўзи сажда қилган.

Шариатнинг йўли кўп, биттаси берк бўлса ўнтаси очиқ.

Цейлонда бир хотин, бошига кулфат тушган бўлса керак, Тош худо олдида тўлғаниб фарёд чекди, бироқ Тош худодан садо чиқмади. Бизнинг худо тош худо эмас, лекин ундан ҳам садо чикмайди-ку!

Хотин тошга сиғиниб дод-фарёд қилганига куламиз, бизнинг худо тошдан нима фарқ қилади? 1300 йилдан бери мусулмонларга нима берди? Ислом олами асрлар бўйи қулликда яшайди-ку! Ҳиндистон мусулмонларига озодликни наҳотки ислом берган бўлса!

Ислом дини ҳамма вақт золимга мамлакатларнинг оёқ-қўлини боғлаб берган-ку! (Николай подшонинг хонадонига умр ва саломатпик тилаганлар кимлар эди?)
Ислом маълум вақтгача прогрессив бўлган.
Инглиз мустамлакаларида нима қилган бўлса ҳам ҳаммаси қон сўриладиган найчалардан иборат бўлган: темир йўл, ҳар хил иморатлар. хом ашё ишланадиган корхоналар, динга ривож, одамларда қуллик рафтори ва психологияси. Дин ҳам шу найчалардан бири.
Ҳақиқатан, шариат битта урса, хотин-қизлар ўнта урди, қон тўкди, ниҳоят бу жангда зўр чиқди.

Ичкилик ва ичкиликбозлик ҳақида

Ароқ баттолнинг бир томчиси қирқ оғиз гап.
Биринчидан, ичкилик тўйни иккига бўлади, тўй эгаси қарияларга алоҳида жой қилишга мажбурият сезади, натижада қариялар «катта тўйнинг» ўйин-кулгисидан маҳрум бўлишади, баъзан тескариси бўлади — хусусан қишлоқ жойларда тўй эгаси ичадиган одамларни “катта тўйдан” ажратиб, уларга алоҳида жой қилади, тўйга руҳ бериши, уни қизитиши мумкин бўлган одамлар шу тўпга кириб қолса, “катта тўй”дан файз кетади; иккинчидан, ичкилик бўлган тўйда... албатта “ошга тушган пашшалар” бўлади; учинчидан, тўйда ичкилик пропаганда қилинади; тўй маросимини очган, ундан кейин ёшларга тилак тилаган энг ҳурматли кишилар қадаҳ кўтариб, теварак атрофни мўр-малаҳдай босиб кетган томошабин болаларнинг кўз олдида ҳаммага ичиради, шу билан ичкиликка обрў туғдириб беради, болаларнинг кўзида ичкилик ичиш айб бўлмай қолади.
Ичкилик одамни иркит, кишининг таъби тортмайдиган бебурд, субутсиз, ёлғончи қилиб қўяди. Ёзувчи эса  покиза, чиройли, бурдли, субутли, ҳақгўй бўлиши керак.
Наша чекиш айб, кўкнор ичиш уят. Нима учун ичкилик ичиш айб-уят эмас?! Нима учун тўйни айб-уятликдан қолишмайдиган ичкилик билан безаймиз? Наша Бангиликка, кўкнор кўкнориликка элтиб кишиларни одамгарчиликдаи чиқаради деймиз, нима учун пиянистани одам ҳисоблаймиз?... Пиянистанинг қилмаган жинояти йўқ-ку! Шуми ичкиликнинг бошқа бангилардан афзаллиги!

Ўғри мол ўғирласа, ичкилик жон ўғирлайди, жамият аъзосини сафдан чиқариб ташлайди.

Кўзбўямачилик ва мунофиқлик ҳақида

Ажойиб ит. Ўғри кирганда олқишласак, ётиб думини ялайди.

Бир одамнинг бири ўн саккиз яшар, бири қирқ яшар иккита хотини бор экан: ёш хотиннинг олдига борганда соч-соқолидаги оқ тукларни юлар экан, қари хотинининг олдига борганда қора тукларни... Шундай қилиб бу одам моховдек бўлиб юрар экан.

Уйдирмачилик бошқа, олдиндан кўриш бошқа. Партиямиз бизга уйдирмачиликни эмас, келажакни олдиндан кўришни, жамиятни қайта қуриш режасини тузиб, уни амалга оширишни таълим беради.

Мушук... осмондан ташлаб юборсанг оёғи билан тушади.

Шахсий бойлик орттириш, ўғрилик ва муттаҳамлик қилиш учун амал, мансабни иссиқ уяга айлантирган кўзбўямачилар халқ билан давлат орасига парда тортади, хўжаликни издан чиқаради. Илм-фан аҳлларининг бошини айлантиради, раҳбар ташкилотларни янглиштиради ва ҳоказо! Кўзбўямачилик натижасида вужудга келган ёмон аҳволнинг жабрини бориб-бориб халқ тортади.

Ўз хотинини алдаган одам ўйнашига рост гапирмайди.

Нуқсон ва муросасизлик ҳақида

Бир нарса ҳақида биргина одам гапирса балки ҳали ҳеч нима юз бермагандир. Лекин бошқалар ҳам гапира бошладими, демак, бир гап бор, бу ишга энди диққат қилмоқ лозим.

Биз хатоларни қанча тез тузатсак, ўтмиш маданиятимиз учун ҳам, келгуси тараққиётимиз учун ҳам шунчалик катта савоб иш қилган бўламиз.

Йиқилган қоқилганга кулибди.

Камчиликларни чимдиб олиб ташлаш билан иш битмайди... томири билан суғуриб ташлаш зарур. Бунинг учун ҳовлиқмасдан, шовқин солмасдан, умидсизликка тушмасдан, сабр ва қунт билан иш кўриш керак, ўшанда... камчиликларнинг катта-кичик, яширин-ошкора оқибатларини топиб, бу ёмон оқибатларга илғор одамларнинг, шулар воситаси билан бутун халқнинг диққатини тортиш, шу йўл билан бу камчиликларнинг пайини қирқиш... мумкин бўлади.

Одам ўз гуноҳини бировнинг гуноҳи билан ювмоқчи бўлиши чакки, чунки гуноҳни гуноҳ ҳеч қачон юва олмайди.

Томоққа қилтириқ тиқилса, мушукнинг тирноғи дори.

Тилини тишлаб олган одам тишини суғуриб ташламайди.

Чаласавод киши ўзидан паст, нима деса «ҳикмат» деб турадиган одамлар билан улфатчилик қилишга мойилроқ бўлади.

Ўлик тирикнинг жонига оро киради.

Қоқилган одам йўлда ётган тошдан ўпкаланмайди.

Нодонлик ва эзмалик ҳақида

Айниқса баҳор кунлари мажлисдан ёмони йўқ! Кўча-куйга суқланиб қараб ўтирганингизда бир одам минбарга чиқиб, сартарошнинг қайчисидек шақиллайверса... ҳар қанақа одамнинг ҳам уйқуси келади.

Бировнинг уйига оёғингни артмасдан киргани-ку ибо қиласан, нега ҳавони булғатгани ибо қилмайсан?!

Гапни тонналаб олингу граммлаб сотинг.

Дон Кихот бўйи, бўйни, юзи, бурни — ҳаммаси узун, фақат ақли қисқа, холос.

Одамларки бор, ҳалол меҳнат билан ўзини кўрсатгани эринади-ю, оламда борлигини маълум қилиб туриш учун кўпроқ гапиришга ҳаракат қилади; мажлис-пажлисда сўз тегиб қолса, фойдали бирон фикр айтиш учун эмас, гапириш, фақат гапириш учун гапиради. Жамиятда ўзи кўринмай фақат товуши чиқадиган бу хилдаги одамлар, текин қулоқ топилса, битта эски дўппи тўғрисида саккиз соат сув ичмасдан гапиради. Одамлар эснайди, мудрайди, мажлис раисига хўмрайиб қарайди...

Ҳалоллик, порахўрлик ва тамагирлик ҳақида

Амалдорни мақтаган одам бориб уни қулоғига мақтайди. Кўпчилик ўртасида мақтайди. Бу ўша амалдорга обрў келтиради. Ва у обрўни майдалаб пул қилади.

Биров порахўрнинг билагидан оққан мойни итдай ялайди; биров «порахўр ҳуркмасдан олсин, бемалол есин» деб поранинг отини «совға», «ҳадя», «тўёна», «ёрдам» қўйиб беради.

Битта гўл порахўрни тутишдан кўра йигирмата учар ўғрини тутиш осонроқ. Ўғри урган киши «дод, ўғрини ушла» дейди, пора берган киши «дод, порахўрни ушла!» демайди.

Бу замонда обрўнинг бирдан-бир манбаи — меҳнат, обрў эса пул ясаш қуроли эмас, халқнинг ҳурматига сазовор бўлишдир. Демак, обрўни пул сочиб топиш мумкин эмас, бунга уриниш халқнинг ўринли шубҳа ва нафратини қўзғатади, холос.

Бошига иш тушган одамни шилиш — ўликнинг кафанини ечиб олишдай гап.

Жонини олгани келган Азроилдан ҳам пора сўрайди.

Журнал, газета ёзувчилар ижодини музайян қилиб, китобхонлар олдига ёзиладиган дастурхон. Бас шундай экан, бу дастурхон ҳалол ва пок бўлмоғи кeрак.

Кимнинг гўри куйса куйсину, менинг қозоним қайнасин, деган экан бир тамагир.

Кўчада ётган суякни қайси ит ғажимайди!

Фойдаси нақд бўлмаган ҳақ сўздан кўра фойдаси нақд ноҳақ сўз қулоққа тезроқ киради.

Порани қилдек суғуриб, иликдек ютади.

Таъна қилиш — қаттиқ ўпкалаш деган сўз.

Халқ порахўр раҳбарнинг юзига тупуради. Лекин бу раҳбар билан халқнинг ўртасида ҳукумат столи бор. Баъзан тупук порахўрнинг юзига етиб бормай, ўша табаррук столга тушади.

Ўзи тўймаганнинг салқити қорин оғритади.

Ўғри кечаси йўлингизни тўсиб чўнтагингизга қўл солади, пулингизни олади, олади-ю, қочади-кетади. Порахўр куппа-кундуз куни, яна ҳукумат идорасида ўтириб чўнтагингизга қўл солади, пулингизни олади-ю, қочиб кетмайди, жиноятга сизни шерик қилади.

Ҳай-ҳай, ё алҳазар... бу одамнинг оғзига олган луқмаларини унча-мунча одам оташкурак билан ушлашга ҳазар қилади.

Ҳақиқатан, порахўрдаги қулай шароит ҳеч бир ўғрида йўқ.

Ҳалол одамнинг яхши ниятини барбод қилиш, уни ҳаром йўлга, ҳалокат чоҳи ёқасига бошлашдан оғирроқ жиноят йўқ.

Муомала ҳақида

Биров гапни ёғлаб гапиради, биров тиканак боғлаб гапиради, ...одам гапни қай тарзда гапирганига эмас, нима деганига қаралса, дуруст бўлар...

Кирпитиконни туртсангиз тиканини хурпайтириб олади-ю, кейин қўл тегизиб бўлмайди.

Мезбон узоқ йўлдан келган меҳмонни очиқ чеҳра билан қарши олмаса, бир пиёла чойини дариғ тутса, бирон ҳаракати ёки сўздаги оҳанги билан “нега келдинг, йўқлаб турган эдимми?” деган маънони билдирса, меҳмоннинг қай ҳолатда қолишини тасаввур қила оласизми? Агар меҳмон мезбон оиласида бирон жанжал бўлаётгани устидан чиқса, бундан ҳам ёмон, ўнғайсиз ҳолатда қолади. Мезбон унинг учун жонини фидо қилса ҳам, ўша жанжалнинг натижаси бўладиган бир неча минутлик жимлик ёки асабий юзида акс этган сохта табассум ҳаммасини ювиб кетади.

Оламда кишини яйратадиган нарсаларнинг ҳисоби йўқ, аммо буларнинг ҳаммаси заҳарли сўз, оловли қамчи кутган кишинг томонидан бўлган илтифотга етармикин?

Мансаб, амалпарастлик ва «офаринчилик» ҳақида

Амалпарастлик амалпарастларни бирлаштирмайди.

Зуҳра дунёда ҳеч нарсага, ҳеч кимнимг сўзига ишонмас, фақат «сен чиройлисан» деган товушгагина ишонар, лекин бу товуш қаёқдан, кимдан чиққанига қарамас эди.

Мансабдор икки тоифа бўлади: бир тоифаси ўз ўрнига мувофиқ, муносиб — билими, қобилияти билан ҳар ишга қодир. Бу тоифа мансабдор ишни ишонч билан олиб боради, танқид эшитса, бунинг мағзини чақишга, танқидни чуқурроқ тушунишга ҳаракат қилади-ю бундан хулоса чиқариб, ўзининг раҳна жойига дарров чим босади. Бундан мансабдорларнинг ўзи ҳам хурсанд, иши ҳам “мих”дай, одамлар ҳам мамнун.

Бошқа бир тоифа мансабдор ўз ўрнига мувофиқ ҳам эмас, муносиб ҳам эмас, шунинг учун мана шу сир очилиб қолишидан ҳамиша хавотирда: осмонда чумчуқ пир этса, ерда туриб юраги шув этади. Анчайин танқидий шабада буларга бўрон бўлиб, столини кўтариб кетаётгандай туюлади-ю столини қучоқлаб йиғлайди: «Вой дод, Фалончи ака, мени ушланг, йиқиламан!» дейди.

(Мансабдорни) сояга тортган асосий сабаблардан бири унинг чаласаводлиги ва (ўз ишидан) қаноати (бўлса), иккинчиси маълум шарт-шароит натижасида танқид, партия интизоми доирасидан ташқарига чиқиб қолганлиги(дир).

Подшо «сен» деган кишини бутун мамлакат «сиз» дейди.

Раҳбар томоғига зўр бердими, обрўдан путур кетгани бўлади.

Талант учун энг хавфли шира «офарин»чиликдир.

Ташкилотчиликнинг аҳамияти катта, лекин ташкил қилинган одамлар ташкилотчининг соясида қолиб кетмаслиги керак.

Таъна, дашном, танқид ва бошқа минг турли дўстона, хайрихоҳона товушларга таҳсин аралашса, қулоққа фақат таҳсингина киради.

Хушомадгўй-лаганбардор деган махлуқ мансабдорни сигирдай ялаб, жунини тескари қилиб ташлайди.

Мансабдор ҳам хуш ёқиб, бузоқдай бўйнини эгиб тураверади.

...Тоғни қўпориб ташлашга қодир одам бир кетмон уриб қўйиб керилмайди, ўзини елпимайди, таҳсин ва офарин кутмайди. Бир кетмон уриб, таҳсин ва офарин умидида атрофга қараган одам шу билан иккинчи кетмон уришдан ожиз эканини кўрсатади.

Шира нимжон ўсимликни енгади, бизнинг ёш талантларимиз нимжон эмас, лекин «офарин» айрим ёшларга винодай таъсир қилиши, кўпини маст-карахт қилиб қўйиши мумкин. Хусусан, ўрта миёна асарларга ўқилган «офарин» бахил кўрнинг тилагига ўхшаб кетади: ҳасти Ҳизир саҳрода бир кўрни кўриб раҳми келибди-ю: «Эй, бандаи худо, тила тилагингни», дебди. Кўр худодан кўзига нур тилаш ўрнига: «Эй ҳасти Ҳизир, худодан тилаб бергин, оламдаги ҳамма одамларнинг ҳам кўзи кўр бўлсину, менинг аламим босилсин», деган экан.

Тошқин сув... тегирмонни бузиши ҳам мумкин, юргизиши ҳам.

Қадим замонда куну тун ҳаммага амр-фармон бериб ўтган бир дилозор мансабдор мансабидан бекор бўлди, бекор бўлганидан кейин унинг амр-фар-монига ҳеч ким қулоқ солмайдиган, ҳатто ити ҳам «ёт», ёки «қўлингни бер», деса ириллайдиган бўлиб қолди. Мансабдор ҳар ёнга бош уриб иш чиқарол-маганидан кейин, ниҳоят ҳуморини ёзадиган бир машғулот топди: маҳалладаги ҳовуз бўйига қалин кўрпача солиб ўтириб олди-да, пақир кўтариб сувга келган ҳар бир кишига ўшқириб:
— Пақирингни тушир! Пақирингни торт!— деб амр-фармон бера бошлади.
Бу машғулот унинг анча ҳуморини ёзди.
Бизнинг замонамизда ҳовуз йўқ...

Ҳали балоғатдан икки қадам бери турган болага онаси бошқа хотинлар олдида «ўғлим, хўп яхшисану, қизларни тинч қўймайсан-да», деб кулар экан, бола уялади, аммо шу топда шундай гапни бошқа хотинлардан ҳам эшитгуси келади, агар шунгача қизлар билан иши бўлмаган бўлса, энди ростдан тинч қўймайди... Май мажлисида кўп ичиб, маст бўлмаслиги таъна қилинган майпараст бундай таънани ҳамма вақт ҳар кимдан эшитгиси келади.

Маслак ҳақида

Асар ўқувчида қандай таьсир қолдирса, уни қайси йўлга бошласа ғояси ўшанда.

Денгизнинг ҳар бир заррасида қуёш акс этганидек, ҳаётимизнинг ҳар бир лавҳасида буюк Ленин закоси акс этади.

Замонамизда интилган киши ниятига етади.

Бирон орзуси бўлмаган, бирон нарсага интилмаган одамнинг мушукдан нима фарқи бор!

Кишининг бир ғояга садоқати танлаган касби-ҳунари билан шу ғояга қай даражада яхши ва кўпроқ хизмат қилгани, қилаётгани билан ўлчанади.

Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман.

Оламга эшикнинг тирқишидан қараш керак эмас.

Халқ оғзида бир афсона бор.
Қайси бир хон шаҳар атрофига қўрғон олдиргани етти яшардан етмиш яшаргача бутун аҳолини ишга солибди: ўзи тепада туриб қараса, одамлар орасида мункайган бир чол супрадай кетмонни тешадай ўйнатиб, тупроқни терак бўйидан ҳам баландроққа ирғитаётган эмиш. Хон чолни чақиртирибди, бу сирнинг тагини суриштириб билса, чол белига минг олтин боғлаб олган экан, унинг белига қувват берган шу олтин экан. Хон олтинни унинг белидан ечиб олган экан. дарҳол тиззалари қалтираб йиқилибди-ю, ўрнидан тургани ҳарчанд уринса ҳам мажоли етмабди.
Чолга қувват бўлган олтин бўлса, бизнинг халқимизга қувват бериб турган, ҳар қандай ёвуз кучга қарши қалқон бўлган, ҳар қандай фалокат олдида унга жасорат, матонат бағишлаган нарса Иттифоқ халқларининг иноқлигидир.

Баъзи афсоналарда енгилмас баҳодирнинг жони бирон жониворда, чунончи, қушда бўлади. Шу қуш омон бўлар экан, баҳодир ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди, қилич билан қиймалаб ташлаганда ҳам бир думалаб ўрнидан туриб кетаверади. Шунинг учун уни ўлдирмоқ қасдида бўлган душманлари мана шу жон қушини тутиб калласини узиб ташлаш пайидан бўлишади. Бизнинг ҳам жон қушимиз бор, бу қуш Иттифоқ халқларининг орадан қил ўтмас иноқлигидир. Шунинг учун ҳамма тоифа душманларимиз аввали-ю охири мана шу жон қушимизни мўлжалга олиб тўпдан, матбуотдан, радио ва бошқа воситалардан ўқ узгани узган.

Одоб ва ахлоқ ҳақида

Арзимаган бир калтакесак бир қозон ошни ҳаром қилиши мумкин; шунинг учун биронта калтакесак ошни ҳаром қилмасин деб киши атрофга қарайди. Шунга ўхшаш оз бўлса ҳам ўшанақа одамлар бўлмасин. Ишни шундай ташкил қилайликки, бундай одамлар жамиятимиздан ўрин топмасин.

Биз одоб учун кураш олиб борар эканмиз, бу йўлда кўрадиган чораларимиз, жорий қиладиган тадбирларимиз биринчи навбатда улуғ посбонимиз бўлмиш уятни душман ҳамласидан мудофаа қилишга қаратилиши зарур.

Одобсизлик тараққий топиб етиб борадиган жойи «жиноят» деган нарса айтмоққа осон, унинг замирида барбод этилган саломатлик, номус, ноҳақ тўкилган ҳовуч-ҳовуч кўз ёши ётади.

Биз кўпинча «ёшларимизнинг тарбияси бузилаётибди»,— деймиз, ҳолбуки бузуқ тарбия осмондан тушаётгани йўқ; ўтмиш қолдиғи маълум шарт-шароит бўлмаса давом этолмайди.

Бақиргандан кўра мароми билан секинроқ қилинган таъна қулоққа яхшироқ киради, зеҳнга яхшироқ ўрнашади.

«Муҳаббат» деган олижаноб туйғунинг бошига не балоларни келтирган фосиқ-ахлоқсиз ўз коллективида фош бўлиб, дакки еганидан кейин ҳам бош кўтариб юраверади, ҳеч кимдан уялмайди; иложини топса ёшларга ваъз-насиҳат қилиш, мажлисларда кариллаш билан юзидаги шалтоқни артмоқчи, шу билан уятнинг оғзига пахта тиқмоқчи бўлади. Муҳит шунга йўл қўяди.

Порахўр, ўғри қўлга тушса, қамоқ муддатини битирганидан кейин «қутулиб чиққан» ҳисобланади, ҳолбуки, у эл кўзида энди қўлга тушган, бир умр бошини кўтариб одамларнинг юзига қаролмайдиган, озодлик унинг учун турмадан даҳшатлироқ бўлиши керак. Муҳит шундоқ қилмоқда.

Салбий одамлар, салбий ҳодисалар қонундан ташқари одамлардан, ҳодисалардан патологик фарқ қилиши керак.

Уят энг шафқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир. Қонун фақат кўзи тушганда, шубҳа пайдо қилганидагина жиноятчининг қўлини ушлайди, йўлини тўсади. Уят эса ҳамиша одобсиз, ахлоқсиз жиноятчининг тепасида туриб, ножўя иш қилиш учун қўл кўтаргани қўймайди. Ҳар қандай қонунга ҳам чап бериш мумкин, лекин уятга чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, уят эса одамнинг кўксида бўлади.

Эҳтиётдан ёпиб қўйилган эшик минг балони даф қилади.

Ярамас одам сувнинг бетидаги ёғдай ажралиб турадиган бир ҳолатни вужудга келтиришимиз зарур.

Рост ва ёлғон ҳақида

Адабиётда ёлғоннинг катта-кичиги йўқ. Ҳаммаси ҳам баравар зарардир.

Беихтиёр қилинган гуноҳни кечирса бўлади. Аммо билатуриб, ростини қўйиб, ёлғон гапирган одамнинг гуноҳини кечириб бўлмайди.

Бугун ростни қўйиб ёлғон гапирган одам, эртага нима деганини унутади-ю, ростини айтиб қўяқолади ва шу билан ўзини-ўзи бебурд қилади.

Бир маротаба ёлғон ишлатган одамнинг иккинчи маротаба ёлғон ишлатмаслигига ким кафолат бера олади — ҳеч ким!

Кўп сўз ёлғоннинг юзини пардозлаш учун керак. Ҳақиқат шундай жононки, пардоз унинг ҳуснини бузади.

Рост гап ўла-ўлгунча эсдан чиқмайди, ёлғон гапчи, дарров унутилади-қолади.

Чиройли лоф-қофдан хунук ҳақиқат яхши.

Энг яхши ҳийла — тўғрилик.

Ҳақиқат қанчалик кўп қаршиликка учраса, кишиларнинг қалбидан шунча чуқурроқ ўрин олади.

Масъулият ва виждон ҳақида

Биз, ёзувчилар, журналистлар, радио ходимлари— ҳаммамиз пропаганда ходимларимиз. Бизнинг туб мақсадимиз одамнинг онгидаги бепарволик, лоқайдлик, ёлғончилик, риёкорлик, мақтанчоқлик сингари маразларни қириб, суриб чиқаришдир. Бу ҳол бизнинг зиммамизга ниҳоятда катта масъулият юклайди. Ҳар биримиз шу масъулиятни қанчалик чуқур ҳис қилсак, ишимизнинг муваффақияти шу қадар нақдроқ бўлади.

Бир донишманд уятни «виждоннинг сиртқи кўриниши» дебди. Демак, уятсизлик билан беадаблик, беадаблик билан ахлоқсизлик, ахлоқсизлик билан жинояткорлик орасида қалин девор йўқ, буларнинг ҳар бири виждонсизликнинг турли босқичидир. Модомики, шундоқ экан, уятни жамиятимизни бало-қазодан асрайдиган буюк посбон дейиш мумкин.

Жамиятимизга ёв от солмоқчи, шу мақсадда пиянисталар, фосиқлар, ўғрилар, товламачилар, порахўрлар, амалпарастлар, безорилар ва бошқа чиқит одамлар қўли билан (уят деган) улуғ посбонимизга ҳамла қилаётибди. Бу хилдаги одамлар кўп эмас, лекин бутун бир йиғиннинг кайфини бузиш учун битта уятсиз кифоя, шунинг учун булар кўп кўринади; булар жамиятимизга даҳшат соладиган куч эмас, лекин нияти даҳшатли: жамиятимизнинг улуғ посбони бўлмиш уятнинг оёқ-қўлини боғлаб, четга сурмоқчи, шу билан жамиятимиз қалъасига раҳна солмоқчи.

Биров виждонииинг гапига киради, биров кирмайди; биров виждонининг кўзини кўр, қулоғини кар қилишга муҳтож бўлади.

Микроб қанчалик хавфли бўлса, уни шунчалик катта қилиб кўрсатадиган микроскоп керак. Сатира ўтига учраган киши виждони бўлса одамларнинг юзига қаролмайди, виждони бўлмаса оғзидан кўпик сочиб, ёзувчининг кетидан болта кўтариб югуради.

Имон деган нарса дилда бўлади.

Оёғи ёки тили билан гандираклаб юрган мастга, қўлга тушиб ёки қўлга тушишдан қўрқиб эс-ҳушини йўқотган ўғрига, хийла-найранги фош бўлиб безрайиб турган товламачига, дуч келган аёлга эшак тили билан «муҳаббат» изҳор қилган махлуққа разм солинг, буларнинг қайси бири ва нимаси ҳайвондан ортиқ? Тил-жағи дейсизми?

Уят фақат инсонга хос туйғудир.

Пул ўлгурнинг тиши бўлса ўзини еб қўяр эди. Тиши бўлмагани учун баъзи бировларнинг ақлини ялаб, виждонини сўриб юрибди.

Ирода ва иродасизлик ҳақида

Дунёдан умиди бўлмаган одамда дид ҳам, орзу-ҳавас ҳам сувга уриб кетар экан.

Ёш боланинг қуввати икки оёғида бўлади — юриб, югуриб чарчамайди; йигитнинг қуввати белида бўлади — меҳнат қилиб чарчамайди; қариларнинг қуввати қаерида бўлади?— Дилида бўлади. Ҳеч ким бардош бера олмайдиган ғамга қари одам бардош беради.

      ЁШ бола йиқилса-ю, атрофида ҳеч ким бўлмаса — ўрнидан туриб кетаверади, бирон меҳрибонини кўриб қолса, ўшанга йиғлаб беради.

Кўнгилни ўз ихтиёрига қўйиб бериш урушда, урушдагина эмас, шу ерда ҳам кишини ғафлатга солади.

Норозиликдан кўра келажакда рози бўлиш умидининг йўқлиги кишини кўпроқ толиқтиради. Бундай одамлар ё ичади, ё номозхон бўлиб қолади.

Тасалли бериб айтилган ҳар бир сўз ишончга раҳна, кўнгилга ғулғула солиши мумкин.

(У) курк товуққа ўхшаган нарса: эгаси товуқнинг тухумини бостирадими, ўрдакнинг тухумини бостирадими — унга барибир — очиб чиқараверади.

Ҳамма арз ҳам ожизлик аломати.

Кўникма ҳақида

Ёлғизликнинг ўзи бир тутқинликдир.

Жўн нарсаларни билиб олишга мураккаб йўл билан эришади киши.

Камбағаллик ҳамма вақт, ҳамма одамнинг жонига теккан нарса. Лекин одамзод жонига теккан нарсадан қутулиш йўлини билмаса осмон йироқ, ер қаттиқ бўлади, унга кўникади, шунчалик кўникадики, бу нарса жонига текканини ҳам пайқамай қўяди.

Катакда семириб ётган товуқ учишнинг фойда-зиёнини қаёқдан билсин.

Одам боласи циркнинг оти эмаски, қамчи қарсиллаганда чўккаласа!

Товуқ ҳам фақат ўрганган жойида тухум қилади.

Қайсидир бир мамлакатда... ҳайвонот боғида кекса фил бор экан, занжирбанд фил юз йил давомида қозиқ атрофида айланибди. Оқибатда занжир ейилиб, узилибди. Шундан кейин ҳам фил маромини бузмасдан узилган занжирни судраб қозиқ атрофида яна юз йил айланган экан.

Бола тарбияси ҳақида

Болалар учун китоб ёзадиган киши ғоят уста санъаткор, катта тажрибали педагог, тилнинг заршуноси бўлмоғи керак.

Боласидан айрилса чумчуқ чирқиллайди.

Ёш боланинг тили ҳар қанақа кўнгилни эритади.

Катталар учун ёзилган китобда йўл қўйилган хатони тузатиш мумкин, лекин болалар учун ёзилган китобда кетган хатони тузатиб бўлмайди, бу хатодан болани огоҳлантирилса, хато унинг зеҳнига чуқурроқ ўрнашади.

Оилавий бахтда ҳикмат кўп. Бахтиёр оила энг биринчи ва энг кучли тарбия ўчоғи, демак, ёшларимизнинг толеи, эртанги саодатли кишилар жамиятимизнинг пойдеворидир.

Она куни биткач дунёдан кўз юмганда боладан рози бўлиши зарур, лекин куни туғилиб дунёни энди кўрадиган болани рози қилиб кетиши ундан ҳам зарурроқ экан.

Ота-онаси эрка ўстирган бола кўпинча худбин бўлади.

Қалдирғоч боласини учирма қилганида бўйнидан тишлаб учмайди.

Гўзаллик ва аёллар ҳақида

Асал айнимайди, қиз қаримайди.

Аёл бари бир аёл-да. Буларсиз бизнинг аҳволимизга маймунлар йиғлаши аниқ.

Адабий асарнинг жони — унинг мазмуни, лекин бу жоннинг жон бўлиши учун жасад ҳам керак. Жонни жасадсиз тасаввур қилиш мумкин эмас.

Иссиқ демаса, совуқ демаса, тракторда силкинса, комбайнда силкинса, уйга келиб бола боқса, бешик қучоқласа, тасанно, тасанно бу зотга!

Пазандалик хотин кишининг нуқси эмас, ҳусни!

Ўқишли китоб гўзалликдир, лекин гўзалликда ҳам гўзаллик бор. Қоронғи кечада отилган мушак ҳам гўзал, қуёшга қараб хандон ташлаб турган гул ҳам гўзал. Осмонда сочилиб кетган ранг-баранг олов ва оқиш излар гўзаллиги кўзни қамаштирса ҳам пуч гўзаллик, шунинг учун бебақодир. Гулнинг гўзаллиги эса тўқ гўзаллик, чунки унинг бағрида ҳаёт бор, шунинг учун абадий гўзалликдир. Ғунча гулдан ҳам гўзалроқ, чунки унинг бағрида икки ҳаёт — ўз ҳаёти ва яна гул ҳаёти бор.

Хунукликда ягона қиз ҳам етилган вақтида йигитнинг диққатини жалб қиладиган бўлади.

Яхшининг юзида зулук ҳам хол бўлиб кўринади.

Ўз қадрини билган хотинга эркак киши ёмон кўз билан қарашга ботинолмайди.

Ёшлик ва унинг қадри ҳақида

Ёшлик тошқин сув, суғорадиган экинингизни суғориб қолмасангиз ўтиб кетади. Кейин кексаликнинг кўзойнагини тақиб игна билан қудуқ қазишдан иш чиқмайди.

Ёш ижодкорлардан бири туппа-тузук китоблар чиқариб қўйган бўлса ҳам Ёзувчилар союзига аъзо бўлишга шошилмай, бамайлихотир юрган экан.
— Жуда тўғри қилаяпсиз,— дебди Абдулла Қаҳҳор.— Сизга ҳеч вақт ҳеч ким: «Сиз ҳам союзга аъзомисиз?»— демасин. «Ҳали ҳам аъзо эмасмисиз?»—десин.
Бошқа бир ижодкорни союзга аъзоликка ўтказиш ҳақида Абдулла Қаҳҳорга айтилганда:
— Шошилмайлик,— дебди.— Ҳали бадани қотгани йўқ. Баданига тирноқ ботмайдиган бўлиб олсин.
Чунки союзга аъзо бўлгандан кейин у ердаги найзабозликка чидаш ҳам керак эди.

Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов таланти ва дадиллигида мен иккисининг ҳам келажагини кўрдим.
Лекин бу йўлда уларни машаққатли тўсиқлар, синовли дақиқалар кутади. Бу катта йўлда бор имкониятларини хиралаштириб қўйишмаса бас.

Бахт, умр ва меҳр-оқибат ҳақида

Бахтни бировларнинг остонасидан қидиришнинг ўзи бахтсизликнинг боши.

Дунёга келган одам аввал боши одам экиши керак экан.

Душман отган тошдан жигар отган увада қаттик тегади.

Одам ҳаётда из қолдириб олтмишга кирса, ёшликдаги кайфият, ғайрат тураверар экан.

Одам ҳам ғўзага ўхшаб, офтобга интилади, унинг офтоби одамдан кўрадиган меҳр-оқибати.

Тузуккина қанот чиқармай учишга талпинган чумчуқ бола илоннинг оғзига тушади.

Уй-жой бахт бўлса, иссиқ оғилда кавш қайтариб ётган сигирдан бахтлироқ жонвор бўлмас эди.

Умрдан бошка ҳамма нарса қисқа бўлгани яхши. Умр сал узун бўлса зарари йўқ.

Ҳар бир она боласини яққолрок кўриниб турган бахтга томон йўллашни истайди, лекин афсуски, бахт, чинакам бахт нима эканини ҳар бир она ҳам билавермайди.

Муҳаббат ва эр-хотин муносабати ҳақида

Аслида муҳаббат бўлса қариликда етилади.

Арманча муҳаббат деганда, музда қизил гул битади, тош мева солади. Бундай муҳаббатдан момоқалдироқ музикага айланади, чақмоқ абадий зиё беради.

Боланинг ўгайи бўлади, аммо хотиннинг ўгайи бўлмайди.

Биз эр-хотингина эмасмиз. Эр-хотинлик орамиздаги муносабатнинг бир жузъигина. Агар бирон ташқи мажбурият бизни эр-хотинликдан маҳрум қилса, орамиздаги муносабат жуда кам зарар топади.

Бўлдирадиган ҳам хотин, ўлдирадиган ҳам хотин.

Дунёда муҳаббатни ҳар кандай қулфга тушадиган калитга айлантириб олган хотинлар ҳам бор.

Икки жинс бир ёстиққа бош қўйиши билан, масаланинг бир томонини олиб айтганда, ўтмиш ва келажак наслни бир-бирига боғлайдиган ҳалқа вужудга келтиради ва бу ҳалқани вужудга келтирадиган ҳар икки-томон ҳам ўзини ўз жинсининг энг мукаммали деб билади. Орага бошқа бировнинг суқулиб кириши «бу жинснинг энг мукаммали сен эмас, мен» дегани бўлади. Бу, албатта хақорат бўлади. Ҳар бир ҳақоратнинг алами бўлади. Рашк... мана шу ҳақоратнинг алами ва шундан келиб чиқадиган туйғу. Модомики шундоқ экан, рашк тўғрисида бировга айб тақаш қийин. Лекин шундай рашк, масалан, хўрозда ҳам бор.

Муҳаббат — дутор, эҳтиёт қилиб тутмасанг, тоб ташлайди.

Муҳаббат чақмоқдай кўнгилдаги ҳар қандай қора булутни ҳам тилка-пора қилади.

Муҳаббат чақмоққина эмас, одамга ўхшайди; туғилганда бир парча гўшт бўлади, кейин кўзини очади, кейин кулдиргич пайдо қилиб илжаяди, кейин тил чиқариб ҳар куни янги бир гап айтади.

Муҳаббат ва оила масаласида хато қўйилган қадам, суднинг ҳукмидай, ҳеч қачон ва ҳеч ким тузатолмайдиган хато бўлади. Суднинг янглиш ҳукми билан турмада ўтган вақт, янглиш қурилган оилада ғурбат билан кечган умр ҳеч қачон қайтмайди.

Наинки муҳаббат тўғрисида ёзиш «яхши кўраман» деган сўзни минг хил қилиб айтиш, маъшуқанинг ташқи кўринишини минг мартаба ишлатилган иборалар билан таъриф қилаверишдан иборат бўлса!

Орамизда фақат битта келишмовчилик бор: у мендан кейин ўлишни (истамайди), мен ундан кейин ўлишни истамайман.
Ташаббус эркакдан бўлиши керак, булбулнинг ҳам эркаги сайрайди.

Товуқ билан одам орасида қанча фарқ бўлса, бу икки жонворнинг муҳаббати орасида ҳам шунча фарқ бор.

Тўй қилиш учун эр-хотин бўлинмайди, эр-хотин бўлиш учун тўй қилинади, орзу-ҳавасни тўйда бир маротаба эмас, тўйдан кейин ҳар куни кўриш керак.

Хотинни қанча қаттиқ тутсангиз, шунча ғафлатда қолишингизни пойлайди.

Эски онг, эски урфу одат қўли етган оила учун бир офат. Бу офат, олди олинмаса, шумғиядай, оилани қуритади, ҳатто ғунчалигида хазон қилади.

Эри рашк қилмайдиган хотиннинг ҳаёти ёвғон ошга ўхшаса керак.

Эркак киши қай маҳал кўчага чиқиб кетади? Агар қидирганини уйидан тополмаса!

Эрдан калтак еганингда ҳам жонинг оғрийди, ҳам дилинг.

Эр-хотин ўртасида парда бўлиши шарт. Эр-хотин мана шу парда кўтарилмаслиги учун ҳаракат қилиши керак. Парда кўтарилдими — бас, ҳаётга дарз тушади.

Эр-хотин орасида гап қочган... кезларда эр ҳам, хотин ҳам салгина яқинроқ одамга кўнглини бўшатишга мойил бўлгани учун қизиқ устида оиласининг сирини фош қилиб, кейин пушаймон бўл(ади).

Ўз болангизга... илк маротаба қўл кўтаришингиз қийин. Бир шапалоқ урдингизми — тамом, иккинчи марта қўлингиз ўзидан-ўзи кўтарилаверади. Оилада ҳам шундоқ. Бир куни “сану ман”га бордингизми, эртасига ёқалашиш ҳеч гап эмас.

Ўзбекларда диний ҳиссиёт рашк ҳиссидан ҳеч қачон устун турган эмас.

Чин муҳаббат туғилиши, мустаҳкам оила вужудга келиши учун жисмоний балоғат туйғусигина кифоя қилмайди, бунинг устига маънавий камолат ҳам керак. Шундагина йигит қиз зотининг, қиз эса йигит зотининг энг мукаммалини топа олади, очиқ кўз билан муҳаббат қўяди, 6у чин муҳаббат асосида мустаҳкам оила вужудга келади.

Ҳавас, ҳасад, дангасалик ва худбинлик ҳақида

Бировга ўлим тилагунча, ўзингга паноҳ тила.

Бу одам тўнкарилиб қолган қўнғизга ўхшайди, ўнглаб қўядиганларнинг қўлини саситади.

Дунёда яратилганича қолган одамлар ҳам бор... 6у хилдаги одамлар вақтида на ўқиб билим олган бўлади, на уқиб ҳунар: бир вақт кўзини очиб қарасаки, ҳамма нимадир қилаяпти ва ҳеч нарса қилмайдиган одамга таҳқир назари билан қараяпти булар мана шу назардан кочиб бирон эшикка киргани, у ерда одамларни сичқондай кемиргани, уларнинг меҳнати ҳисобига мол-дунё, шараф ва шуҳрат орттиргани уринади.

Иши йўқ ит суғоради.

Одамзод ҳасад қилмаслиги керак. Ҳавас қилиши керак. Ҳавас қилган одам муродига етади.

Одам дунёга чўчқадай семиришу, битдай болалаш учун келмайди.

Сиз куйиб-пишиб гапириб турганингизда сигир маъраб қолса, сизга эмас, сигирга қарайдиган одамга гап таъсир қилмайди.

Товуқнинг тушига дон киради.

Товуқ семирса туғиши қийин бўлади.

Чуқур билим, ҳақиқий талант эгаси ўз кучига, олдинда кетаётганларга етиб олишга, бир сафда кетаётиб, ҳеч қачон орқада қолмаслигига ишонади. Маърифатсиз, талантсиз ёзувчи (ёзувчи эмас) эса, бировга етиб олишга ожизлик қиладию, уни чалиб йиқитишга, лоақал бўйнига кир латта илиб таъбини хира қилишга, юргани ҳалал беришга уринади. Ҳақиқий талант эгалари бир-бирига ҳасад эмас ҳавас қилади, бир-бирининг ғайратини келтиради. Булар орасида рақобат эмас, жамиятимизни олға силжитадиган куч— мусобақа бўлади.

Ғараз билан қилинган яхшилик ёмонликдан фарқ қилмайди.

Ҳаммадан бир айб топиб оттириб юборса-ю, ёниб кетган уйнинг мўрисидай бўлиб адабиётда битта ўзи сўппайиб қолса!

Ҳозирги замонда сичқон тутмайдиган мушук ҳам одамнинг кўзига хунук кўринади.

Тил тўғрисида

Ажиб бир тил пайдо бўлаяпти. Қаранг: «Ҳашак» деб қўя қолмайди, албатта «дағал ҳашак» дейди. Жўхорипоя ё кўк поя демайди, албатта «яшил масса» дейди... ЁКИ мана бунисини ўқинг: «Чорвачилик фермаларига кўпроқ яхши ем-ҳашак жамлаш керак», демайди, албатта: «Чорвачилик фермалари ўзларининг кенг-мўл ем-хашакларига эга бўлсин учун бу ем-хашакларни планда мўлжалланганидан орттириб жамғаришни бевосита таъминлаш чораларини кўриш керак», деб ёзади. Чунки бу тилда гапириб бўлмайди, фақат ёзиб бўлади.

Аруз вазнида ёзадиган шоир ҳозирги адабий тилнинг табиий қонуний тараққиёти йўлига ғов бўлмаслиги, ҳозирги адабий тилимизнинг ҳамма қонун-қоидаларига бўйсуниши керак. Аруз вазнида ёзадиган шоир аруз  бошқа мулоҳазани кўзда тутиб ҳозирги ўзбек ва интернационал сўзларни бузиб ишлатишга ҳаққи йўқ.

Баъзи китобларнинг тилига ҳайрон қоламан. Қаҳрамони одамга ўхшаб гапирмайди.

Бугунги кунда рус тилининг аҳамияти тўғрисида гапириш офтобнинг аҳамиятини тушунтиришдай бир гап.

Гап қанча яхши бўлса, у шунча қисқа бўлади.

Дунёда қалб ҳарорати билан жон киргизилмаган нутқ — ўлик нутқдан совуқроқ нарса бормикин!

Тирик, яъни юракдан чиққан жўшқин нутқ ўликни тирилтирса, ўлик, яъни юракдан чиқмаган совуқ нутқ дарҳақиқат, ўликка ҳам озор етказади.

Жуда бой чиройли тилимиз бор, Бу тилда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу, ҳолат йўқ! Бу тил эллик йил ичида шундай бир қудрат касб этдики, халқимизни жаҳон, рус маданиятига шерик қилиб қўйди.

Институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, испан, француз тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар борадиган жойларинга чет тиллар билан бирга (балки биринчи навбатда) ўз она тилимиз — ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоятда чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифода қилишга қодир эканини амалда кўрсатинглар; қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!

Мен бу гапни тилимизнинг бойлигига дахл қиладиган, ҳусн-латофатини бузадиган, тилимизни «таҳрир» қилишга қаратилган қилиқларга барҳам бериш мақсадидагина айтаётганим йўқ. Бу гапнинг фақат тилимизгагина эмас, тузумимизга ҳам алоқаси бор.

Кўп гап ёлғоннинг юзини пардалаш учун керак. Қисқа ёзиш учун қаттиқ меҳнат, эринмай ўқиш керак.

1. Кўпинча оилаларда болалар ўз она тилини мутлақо билмайди! Бу ота-онани заррача ҳам ташвишга солмайди.
2. Баъзи бир оилаларда болалар ўз она тилида гапиргани номус қилади.
Баъзи одамлар шуни интернационализм дейишади. Бунинг нимаси интернационализм?!

Коммунизм душманларининг большевизмга, совет тузумига қарши туҳматларига озиқ берадиган яна бир нарса бор: Ўзбекистонда «миллатим ўзбегу она тилим рус тили» деб ёзадиган бир неча минг киши бор эмиш? Агар шу гап рост бўлса демак, Ўзбекистонда фалон минг ўзбек ўз она тилини йўқотипти деган сўз! Наинки, шу мақтанадиган гап бўлса!

Республикамизни ҳақли равишда «Шарқда социализмнинг машъали» деймиз. Демак, бир талай мустамлака, ярим мустамлака, капиталистик мамлакатлар халқларининг икки кўзи, икки қулоғи бизда! Наинки биз шуларга «тилимизни йўқотиб бораяпмиз, кўп ўтмай тилимиздан ном-нишон қолмайди», деб мақтансак!

«Ўзбек тили барибир йўқолиб кетади, конституциядан ўзбек тили — давлат тили деган гапни чиқариб ташлаш керак», деган товушлар совет кишиларининг товушлари эмас, империализмнинг шалтоқ пропагандасига озиқ берадиган иғвогарларнинг товушидир!

Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?

Одамлар борки, бисотидаги бир ҳовуч сўзни айлантириб ойлигини олаверади, ўқиш-ўрганиш билан ўзбек тилининг имкониятидан тўлароқ фойдаланишни истамайди ёки бунга фаросати етмайди. Мана шу одамларнинг дангасалиги ёки фаросатсизлиги, чала мулла “олим”ларнинг илмий фаолияти оқибатида шундоқ бир тил вужудга келганки, на муомалада, на суҳбатда, на оилада ҳеч ким бу тилда гапирмайди.

Рус тили биз учун она кўкраги.

Рус тилини иккинчи она тилимиз дейишимиз учун ўз она тилимизни билишимиз керак!

Ўзбек тилида яхши фикр ва туйғуларни ифода қилиб бўлмайди деган назарияни Навоий бундан беш юз йил бурун тор-мор қилган.

Адабиёт тақдири, ёзувчи меҳнати ҳақида

Адабий асарнинг тақдир этилишини уни етиштирган заминга — адабиётга берилган юксак баҳо деб билиш керак.

Адабиёт атомдан кучли, лекин кучини ўтин ёришга сарфлаш керак эмас.

Адабиётимизнинг софлиги учун кураш, асарларимизнинг таъсир кучини ошириш, миллион-миллион китобхонларимизнинг қалбидан чуқурроқ ўрин олиш учун кураш демакдир.

Адабиётга ўғри мушукка ўхшаб туйнукдан ошиб тушадиганлар ҳам бўлади...

Адабиёт кўнгил иши, илҳом самараси. Туйғусиз, илҳомсиз ёзилган асар чангланмаган гулга ўхшайди— мева тугмайди. Кўнгил рози бўлган асаргина китобхоннинг кўнглига йўл топади, китобхоннинг кўнглида мева тугади.

Адабиёт ҳунар, уни касбга айлантириб олган ёзувчи олмага тушган қуртдан фарқ қилмайди.

Асардаги ҳар битта ном ортида тирик одам туради. Ростки, китобга бир одамни олиб кирдингми, унга жон ато қилишинг керак. Ёзувчиликнинг энг қийин жойи шунда. Кўп ёзувчиларимиз шундан оқсашади. Китобда «қаҳрамон» бор, қиладиган ишининг тайини йўқ. Оти бор-у, ўзи йўқ. Тақдири йўқ...

Баъзи асарларимизни китобхоннинг таъби унча тортмайди. Бизнинг адабиётимиз Умумиттифоқ адабиёти—буюк адабиётнинг бир қисми бўлгани ҳолда кўпгина асарларимиз Тўйтепадан нарига ўтмайди

Бутун бошли авлод ҳам тўла-тўкис қамраб олишга ожиз бўлган тарих дарахтини «ўтқазиш» учун битта ёзувчининг умри етмайди.

Баъзилар асарга чиройли деталь киритишга ўч бўлади. Ўша деталь чиройли бўлса бордир. Аммо асарнинг бош мақсадига хизмат қилмаганидан кейин тегирмончининг маҳсисига ўхшаб қолаверади, оёқни бир қоқсангиз ёпишган ун гарди тушиб кетади-ю, буришган маҳси кўриниб қолади. Деталь пардоз эмас, ҳусн бўлиб асарни очиши керак.

Биров «яхши эпиграмма ёмон поэмадан афзалрок», деган экан. Мен мутлақо аминманки, инсон қандай бўлиши керак, қандай бўлмаслиги лозим эканини. ёзувчи калбининг чуқур жойларигача кўрсатадиган икки саҳифалик чинакам проза биз учун пала-партиш, лекин устароқ сўзлар билан ёзилган «силлиқ» асардан кўп даражада фойдалироқдир. Адабиёт ҳақида мен билган гапнинг жавҳари мана шу.

Ёзувчи одам эртага хотинимга амиркон ковуш керак, деган нарсани ўйламаслиги керак.

Бизнинг қора кунимиз бўлмайди. Модомики ҳаёт эканмиз, қалам тебратамиз. Қалам тебратмайдиган кун келса, пулнинг ҳам ҳожати қолмайди.

Ёзувчилар союзи партия ташкилоти ҳисобида турганларни корхонама-корхона бўлиб юбориш керак.

Ҳаётни ўрганишсин... Ёзувчилар, санъаткорлар, шу охирги вақтда, ўз ёғига ўзи қовурилиб қолаяпти-да... Бу яхшиликка олиб бормайди... Ҳиндистоннинг секталарига ўхшаб ҳаётдан узоқлашиб, халқдан узилиб қолмасак гўрга.

Ёмон хотин тўғрисида ёзиш, ҳар нарса ёзиш мумкин. Лекин ёзган вақтда ёзишдан мақсад нима эканини, онамиз ҳам, оиламиз ҳам хотин жинсидан эканини эсимиздан чиқармаслигимиз керак,

Ёшларга адабиёт эрмак эмаслигини, осон иш эмаслигини бошидан айтиб қўйиш керак.

Ёзувчининг бир пас ҳам китобхонни унутишга ҳаққи йўқ.

Ёзувчи ўз ижодий ишидан ҳеч қачон қаноат ҳосил қилмайди, қаноат ҳосил қилган куни, менимча, ёмон қариган лақма чолга айланади.

Ёзувчини ҳеч қачон ҳеч ким кўтармайди. Яхши ёзувчини яхши асарлари кўтаради, яхши ёзувчи кўтарилиб кетганини ҳатто ўзи билмай қолади.

Ижтимоий вазифаси юксак ва машаққатли бўлган адабиётни беҳуда, мешчан ҳаётнинг ҳашаки сураткашига айлантириш керак эмас!

Классиклардан ўрганиш деган сўз классик асарлардаги... меҳригиёни топишга уриниш, топишдан иборат бўлса керак.

Мен «майда», «йирик» мавзу деган гапни тан олмайман. Наинки, пахта учун кураш «йиригу», бола тарбияси ёки оила «майда» мавзу бўлса!

Сергап-эзма одамни суҳбатда изза қилиш, сергап-эзма нотиққа «қисқароқ бўлсин!» деб сўз ташлаш кифоя, лекин сергап-эзма ёзувчини албатта судга бериш керак.

Тоши оғир оғайнинг бўлгани билан адабиётга истеъдодсиз, меҳнатсиз кириб бўлмайди.

Толстой бутун бошли бир академия.

Ўқувчи асаримизни қизиқиб, шавқ билан ўқимас экан, унинг идеясини образлар орқали  қабул қилмас экан, мақсадимиз қоғозда қолаверади.

Эс-ҳуши жойида ҳар бир одам кўриб-билиб турган ҳакиқатни мен айтмасам, сиз айтмасангиз, бошқа биров айтмаса, ким айтади?

Ҳажвчи тан, асаб касали эмас, социал жароҳатлар устидан кулиши керак.

Ҳаёт магнит — ўзига тортади, ёзувчи шу магнитни ўзига юқтира олсагина китобхонни ўзига торта олади.

Талант ва маҳорат ҳақида

Асар қовоқари чаққандай семиз...

Семиз китобнинг юраги яхши тепмайди.

Баъзи ёзувчига унинг асарини эшитиш учун текин қулоқ керак бўлади. Бу — унинг хотини.

Бир хилда талантга эга бўлган икки одам бир хилдаги шароитда икки олам бўлиб колиши мумкин.

Дарахтни ундирадиган, ўстирадиган ва мевасини лазиз қиладиган қуёш, ер ва сув бўлса, бадиий маҳоратни ундирадиган ва ўстирадиган, самарасини жозибали қиладиган халқ ҳаётидан олинган илҳомдир.

Ёзувчининг маҳорати шундаки, бутун баҳорни атиги чигитдек келадиган ғўра ичига қамаб бера билади.

Карнай бор, сурнай бор. Сурнай санъаткорнинг қўлида хуш садолар беради. Карнай ҳар кимнинг қўлида ҳам қулоқни қоматга келтиради, холос.

Маҳорат ҳар бир сўз устида узоқ, тер тўкиб ишлашда эмас, айнан ўша сўзни топа билишдадир.

Палағда тухумга мурч сепиб берган билан уни еб бўлмайди.

Толстой бобонинг асарлари қазига ўхшайди, чайнаган саринг мазаси чиқаверади.

Унинг асарлари тараша ёки пайраханинг ўтига ўхшаб ловуллаб ёниб бир зумда ўчмайди, балки саксовулнинг чўғига ўхшаб тутаб, суст ёнади, лекин ҳарорати зўр бўлади, анча фурсат ўчмай туради.

Ўқувчига китобнинг «ориғи» маъқул.

Ғафур Ғулом жуда катта, донишманд, файласуф шоир эди. Бугунги кунда кўкрагига уриб, ман-ман деб кариллаб юрган айрим шоирлар унинг тиззасидан ҳам келмасди. Қимматбаҳо ҳазина қолдирди. Лекин афсуски, мана шундай забардаст талант... кўп гапларини ўзи билан олиб кетди... Ҳали яна кўп нарсалар қилиши мумкин эди. Унинг қувваи ҳофизаси бепоён эди...

Танқид ва танқидчилар тўғрисида

Асар тўғрисида энг тўғри, холис ёзилган тақриз кутубхонанинг дафтарида бўлади.

Бировнинг ашуласини айтган танқидчи ўсмайди.

Давримиз адабиёти... навқирон, чиройли йигит. Унинг эртага яна ҳам баркамол бўлиши, ҳусни яна ҳам тўлишуви турган гап. Бироқ, унинг баркамол бўлиши ва тўлишувига баъзан майда-чуйда иллатлар халақит беради, унинг ҳуснини бузади. Бу иллатларга барҳам бериш учун турли тадбирлар қаторида “қатрон қилувчи танқид”ни ҳам қўллаш керак.

Катта кўрмаганни кичик кўради, кичик кўрмаганни катта кўради, иккаласи биргалашиб қараса ҳеч нарса кўздан қочмайди.

Сукут- танқиднинг бир тури.

Танқиднинг энг асосий вазифаси- истеъдод билан асарларни кашф этиш.

Танқид адабиётни олға сурадиган куч бўлиши билан бирга ёшлар учун мактаб  вазифасини ўтайди.

Узоқдан отилган тош қаттиқ тегади.

Уй оладиган киши уйни минорада туриб кўрмайди.

Мажозий лутфлар

Бош тузалса, оёқ тиним олади.

Бутун бир рўзғорни кўтарган туяга битта элак оғирлик қилган экан.

Бўри қариса итга кулги бўлади.

Дўланани кўриб, тоғни эсдан чиқармаслик керак.

Йўловчи ҳар бир ҳурган итнинг кетидан қуваверса манзилга қачон етади?

Игна билан битадиган ишга жуволдиз тиқиб ўтирмаслик керак.

Ит очиқ қолган қозонни ялайди.

Извошга эшак қўшиб бўлмайди.

Кишан олтин бўлса ҳам ҳарқалай кишан!

Кўлда сузолмаган бақа дарё бўлса ўз ҳунаримни кўрсатар эдим, деган экан.

Кўк пашша ўликка қўнади.

Мушукнинг зулмидан қутулиш учун унинг бўйнига қўнғироқ осиш энг яхши чора, лекин бу қўнғироқни ким осади?

Овчига хизмат қилишдан фақат ит лаззат топади.

Синчалак деган... қуш «осмон тушиб кетса ушлаб қоламан» деб оёғини кўтариб ётар экан!

Тиши чиққан болага — чайнаб берган ош бўлмас.

Туядан «нега бўйнинг эгри» деб сўралса, «қаерим» тўғри», деган экан.

Тўкилгандан томчилаган ёмон, тўкилганни киши дарров пайқайди, томчилаганни узоқ пайқамаслик мумкин.

Улоқчи от қамчини кўрса кўтариб кетади.

Хазинага кирган мушук зарга қарамайди, сичқон овлайди.

Хўроз «мен қичқирмасам тонг отмайди» деб ўйлар экан.               

Хўроздан «тонг отишини нимадан биласан» деб сўралса, «ёрқанотнинг чийиллаганидан биламан» деган экан.

Чинни товоқ яхши, лекин қазиси билан бўлса яна яхшироқ бўлади.

Эски яра янгиланса, унинг дарди янги яранинг дардидан ортиқроқ бўлади.

Эчкининг орқаси қичиса, чўпоннинг нонини ейди.

Эшакни яйдоқ миниб бўлмайди — йиқилади киши.

Қисир сигир кўп маърайди.

Navigation

[0] Message Index

Go to full version