Хадича онамиз
Сарвари коинотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илк никоҳлаб олган аёли, энг биринчи имон билан шарафланган уммат, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқаларида туриб биринчи намоз ўқиган бахтли инсон. Ҳиро ғоридан дастлабки ваҳий билан қайтган Аллоҳнинг Расулидан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илк бор Қуръон каломини эшитган ҳам Хадича бўлди. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали унга алоҳида салом йўллади. Оламлар сарвари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг қаршиликларига юз тутганида, таҳқирланганларида, муборак қалблари маҳзун бўлганида таскин ва тасалли бера олган, моли ва жонини исломиятга бахшида эта олган шарифа аёл, биринчиларнинг биринчиси, мўминларнинг онаси ҳазрат Хадича эди.
Онамиз Хадича бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусай Қурашийя Асадийя “Фил воқеаси”дан ўн беш йил олдин Маккада араб¬ларни¬нг асл қавми Қурайшнинг эътиборли оиласида таваллуд топган. Отасининг исми Хувайлид, онаси Фотимадир. Унинг ота тарафидан насаби Қусайда Пайғамбаримиз насаби билан бирлашади. Она тарафидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан катта боболари Луайда бирлашади. (qadriyat.uz)
Қурайш мушриклари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва ул зотга эргашган мусулмонларни иқтисодий қамал қилиб, одамларни улар билан алоқада бўлишдан ман қилиб қўйишгач Хадича онамиз разияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўз уйларини тарк қилишга мажбур бўлдилар. Уч йил давом этган иқтисодий қамалдан барчаларининг тинка мадорлари қуриди.
Хадича онамиз разияллоҳу анҳо ўзлари рози бўлган ҳолда бор мол мулкини инфоқ қилиб юбордилар. Қалблар сабр ва фидойиликда тобланди. Мана энди мўминларнинг онаси ўз манзилига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қайтар эдилар. Бироқ келган пайтларидагидек бой бадавлатликдан асар ҳам қолмаган эди.
Олтмиш беш ёшга бориб қувватдан қолган замонларида мушрикларнинг жафо ва таъқиб қилишлари онамизнинг тинка мадорини қуритди. Натижада кўрпага ётиб қолганлари учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жилмай қолдилар. Шу ҳолатда уч кун ётганларидан сўнг Охират сафари яқинлашиб қолганини сезиб қолдилар. Аммо Хадича разияллоҳу анҳонинг Ислом дини нажот ва зафар қозониб гуллаб яшнашига иштиёқи жуда ҳам баланд эди.
Кўзининг қувончи бўлган қизи Умму Гулсумга шивирладилар:
- Қанийди умрим етиб, машаққатларимизнинг роҳатини лоақал бир бора кўриб қолсам эди, кўзларим қувончга тўлиб, армоним қолмай рози бўлган ҳолатда жонимни топширар эдим.
- Ундай деманг онажон! Ташвишланишга ҳожат йўқ, – деди Умми Гулсум разияллоҳу анҳо.
Мўминларнинг онаси ҳаёт балан видолашар экан: “Ҳа, қизгинам, Аллоҳга қасамки, менга ташвишланишга ҳожат йўқ. Қурайш аёлларидан ҳеч бири мен кўрган мўл кўлчиликни кўрмади. На фақат Қурайш, балки дунё аёлларидан ҳеч бири Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга етишганимдек улуғ бахтга мушарраф бўлмади. Менинг Ҳабибул Мустафога хотин бўлишлигим дунёлигим учун кифоя. Охиратим учун эса, энг аввал имон келтирганим ва мўминларга она бўлганим кифоя!” деди.
Кўзлари юмила бошлар экан лаблари пичирлади: “Эй Аллоҳ! Мен Сенга сано айтиб адо қила олмайман. Эй Аллоҳ! Мен Сенга рўбарў бўлишдан ташвишланмайман, ва лекин хоҳлар эдимки, фидойилигим яна давом этса, шоядки менга берган неъматларингга муносиб бўлсам!”
Дунёни тарк эта бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам онамизга жон топшириш аччиқлигини енгиллатиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўминларнинг онасига мустаҳкам имони учун, Ислом динига ёрдам қилгани ва бор мол мулкини Аллоҳ йўлида саҳоват ила нисор қилиб юборганлиги учун жаннатда неъматлар ҳозирлаб қўйганлигининг башоратини берар эдилар.
إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ * آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُحْسِنِينَ * كَانُوا قَلِيلًا مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ * وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ * وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ *
“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва молу мулкларида, сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир”. (Зориёт сураси, 15 – 19 оятлар)
Ниҳоят Раббул иззатга покиза руҳларини топширдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича разияллоҳу анҳога ўта вафодор эдилар. Бир куни ҳовлиларида синглисининг шарпасини сезиб қолдилар. Овози Хадича онамизнинг овозларига ўхшаб кетганлигидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ! Бу унинг шарпасими?” деб юбордилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп эслаб юрганларидан ҳатто Оиша разияллоҳу анҳо қалбидаги ҳиссиётларни тута олмасдан:
- Қурайш кампирларидан бўлган бир оғзи қизил кампирни бунча эсламасангиз! Ўтиб кетган бўлса, Аллоҳ таоло сизга ундан яхшироғини бермабдими? – деб юборган эди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўзгариб, ғазаблари келиб:
- Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига менга ундан яхшироғини бермади! Одамлар инкор қилиб турганларида менга имон келтирган эди! Одамлар ёлғончига чиқарганда у мени тасдиқлаган эди! Одамлар мендан молларини дариғ тутганларида мол-дунёсини менга сарфлаб юборган эди! Аллоҳ таоло менга бошқа хотинларимдан эмас, ундан фарзандлар ато этган! – деган эдилар. (Қабасот)
Сарварбек Йўлдошев. Асака т. "Мирзо Шариф" жоме масжиди имом хатиби