Адолат соҳиби
Умар разияллоҳу анҳу тириклик чоғидаёқ элу-юрт орасида афсонага айланган зот. Бу зот ҳақида ҳозиргача жуда ҳам кўплаб ибратли ривоятлар етиб келган. У кишнинг адолатлари ва камтарликлари қиёматга қадар бутун халқ учун ўрнак бўлур.
Ана шундай ривоятлардан баъзилари:
Мусулмон лашкаридаги бир аскар халифа Умар разияллоҳу анҳуга ўзининг қўмондони бўлмиш Абу Мусо Ашъарий уни уриб, сочини қирдириб юборганидан шикоят қилиб келганида Умар разияллоҳу анҳу Абу Мусога хат ёзиб, лашкар қошида аскар қасосини олишини буюрди.
Аскар қайти бориб унга хатни кўрсатди. Абу Мусо лашкар олдида қасосини олиши учун тайёр бўлиб ўтирди. Шунда лашкар осмонга қараб бир ҳайқирди-да:
- Эй Аллоҳ! Мен уни Сен учун афв қилдим! – деб қасосдан воз кечди.
*****************************************
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврида улуснинг аҳволини ўрганиш учун кечалари оддийгина кийимида айланиб юрар эди. Ана шундай кунларнинг бирида наматдан тикланган қора уй олдида бир эркак безовта бўлиб ўтиргани эътиборини тортиб қолди. Унга яқинроқ борган эди, ичкаридан аёл кишининг инграган овози ҳам эшитилиб қолди. Кишидан безовталигининг сабабини сўраганида у анча қўрслик қилди ва сабабини айтишни хоҳламади. Қайта-қайта сўрайвергач истамайгина жавоб берди:
- Хотиним тўлғоқ тутиб ётибди.
- Ёнида бирор кимса борми? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
- Йўқ. Ҳеч ким йўқ, - жавоб берди киши.
Умар разияллоҳу анҳу индамасдан уйига борди ва хотини – Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг қизи Умму Гулсумдан сўради:
- Аллоҳ учун савоб иш қилурмисан?
- Қандай иш экан у?
- Бир аёл тўлғоқ тутиб ётибди. Ёнида ёрдам бергани ҳеч ким йўқ экан.
- Майли, агар Сиз шуни хоҳласангиз.
- Ўзинг билан керакли нарсаларни ол. Менга қозон келтир. Яна мой билан арпа уни ҳам олиб кел.
Умму Гулсум разияллоҳу анҳо барча айтилган нарсаларни тайёрлади. Халифа ўзи қозонни кўтариб олиб йўлга тушишди. Етиб борганларидан сўнг Умму Гулсум ичкарига кириб кетди. Ҳазрат Умар хонадон соҳибидан олов сўради. Соҳиб олиб келди. Умар разияллоҳу анҳу ўзи оловни пуфлаб туташтирди. Ҳатто соқолига олов таъсир қилди. Ниҳоят онанинг кўзи ёриб, чақалоқ туғилди. Умму Гулсум ичкаридан бош чиқариб хабар берди:
- Эй мўминларнинг амири, отасига хушхабар беринг, ўғил экан!
“Мўминларнинг амири” деган сўзни эшитиб, ҳалиги киши қўрқиб кетганидан хижолат бўлиб, ташвишга тушиб қолди:
- Вой шармандалик! Сиз халифа Умармидингиз? Шундай ҳам қиласизми?
- Эй араб биродарим! Кимки мусулмонларнинг ишларида бошчилик қилар экан, халойиқнинг каттаю-кичик ишларида кўмаклашиши зарур. Чунки у шунга масъулдир. Кимки ғафлатда бўлса, дунё ва охиратда хусронда қолгай! – деди Умар разияллоҳу анҳу уни тинчлантириб.
****************************
Бир куни ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу уйига келиб, хотинидан егулик сўради. Аёли озроқ ширинлик ҳозир қилди. Бу нарсалар қаердан келганини сўраган эди, аёли:
- Кундалик озуқамиздан озроқ миқдорда ун, ёғ ва асалдан тежаб қолиб, жамғариб қўйган эдим. Кўпайиб қолган экан, шуларни тайёрладим, - деб жавоб берди.
- Сен озуқамиздан тежаб қолган бўлсанг, кундалик егулигимиз камлик қилиб қолмадими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
- Йўқ.
- Ундай бўлса бу бизга ортиқчалик қилар экан. Демак уни ейишга бизнинг ҳақимиз йўқ. Тур! Бориб байтул-молга уни топшириб кел!
Толибжон Абдураҳмонов. Шаҳрихон туманидаги “Эшон” жоме масжиди имом хатиби