КЎРИНИШЛАРИ ВА ХУЛҚ-АТВОРЛАРИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васфидан қалам ожиз бўладиган даражада гўзал қадду-қомат ва мукаммал одоб-ахлоқ билан ажралиб турардилар. Бунинг таъсирида қалблар у зотни улуғлаш билан тўлиб-тошар, одамларнинг у зотни асраб-авайлаш ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишлари борасида дунёда бошқа бирон кишига насиб қилмаган мартабага эришган эдилар. Атрофларида яшаб турган кишилар у зотни телбавор севишар, у зотга тирноқча заҳмат етиши ўрнига ўз бўйинлари синдирилишига рози бўлишар эди. Башар авлодидан бирон кимсага ато этилмаган ва фақат ўзларига хос бўлган камолот сифатлари у зотни одамларга шу қадар суюкли қилиб қўйган эди. Қуйида биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг камолу жамолларини тўла ифодалаб беришга ожизлигимизни эътироф этган ҳолда, шу ҳақда келган ривоятларни қисқача баён қиламиз.
Ташқи кўринишларининг гўзаллиги
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб бораётганларида Умму Маъбад ал-Хузоия исмли аёлнинг чодири ёнида бир тўхтаб ўтгандилар. Ўша аёл эрига у зотни қуйидагича таърифлаган эди: «Ғоят кўркам, юзларидан нур ёғилиб турувчи, гўзал хулқли, боши ва қорнини на катталик, на кичиклик билан айблаб бўлади, ҳусндор ва гўзал, кўз қорачиғи тим қора, киприклари узун, овозларида бироз майинлик бор, бўйни салгина узун, кўзининг оқи тиниқ оқ, қошлари камон, сочлари қоп-қора, сукут сақлаганида виқор, сўзлаганида эса кўркамлик балқиб туради, узоқдан қараганда ғоят келишган ва кўркам, яқиндан кўрганда ғоят гўзал ва ёқимли, сўзлари ширин ва дона-дона, сергап ҳам, камгап ҳам эмас, сўзлари худди ипга терилган мунчоқдек, ўртабўйли, кўрган киши на пакана ва на дароз деб айблай олади, икки новда ўртасида турган энг чиройли ва кўркам бўлиб турган учинчи новда, ёнида ҳамроҳлари ҳам бор, улар унинг сўзларига жим туриб қулоқ солишади ва буйруқларини бажаришга ошиқишади, улар унинг амрига мунтазир бўлиб, ёнидан нари кетишмайди, у қовоқ уювчи ҳам, бировни камситувчи ҳам эмас»[1].
Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васфларини мана бундай таърифлаган эди: «У зотнинг бўйлари ўта узун ҳам, ўта паст ҳам эмас, ўрта бўйли эдилар. Сочлари ўта жингалак ҳам, ўта силлиқ ҳам эмас, жингалаклик ва силлиқлик ўртасида эди. Баданлари семиз ҳам, юзлари гўштдор ва дум-думалоқ ҳам эмас эди. Юзлари бироз думалоқликка мойил, тиниқ оқ эди. Кўзларининг қорачиғи тим қора, киприклари узун, елка ва бўғин суяклари катта, кўкракларидан қоринларигача майин ва энсиз тук билан қопланган, баданлари жундор эмасди. Оёқ-қўллари залворли, юрганда худди қияликдан тушиб келаётгандек салобат билан юрардилар. Ўгирилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун гавдалари билан бурилар эдилар. Икки кифтлари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор эди, у зот охирги пайғамбар эдилар. У зот ғоят қўли очиқ, ниҳоятда журъатли, ўта ростгўй, аҳдига вафодор, хулқ-атвори мулойим, ўта самимий инсон эдилар. Дастлаб кўрган кишини ҳайбатлари босар, яқиндан таниган одам эса у кишини яхши кўриб қоларди. У зот ҳақларида сўзлаган одам: «Мен у зотдан аввал ҳам, кейин у кишига ўхшаганини кўрмадим», дер эди»[2].
Бир ривоятда Алий розияллоҳу анҳу айтади: «Бошлари катта, бўғин суяклари йўғон, кўкракдан қорингача чўзилган майин тукли, юрганда қияликдан тушиб келаётгандек зарб билан юрардилар»[3].
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг оғизлари каттароқ, кўзларининг оқида бироз қизиллик бор, оёқ кафтлари гўштсизроқ эди»[4].
Абут-Туфайл розияллоҳу анҳу айтади: «Оппоқ, кўркам юзли, ўрта бўйли эдилар»[5].
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Кенг елкали, тиниқ рангли эдилар, ранглари жуда оқ ҳам, қора ҳам эмас эди. Соч-соқолларидаги оқ туклар сони йигирматага ҳам бормасди»[6].
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу яна: «Икки чаккаларида бир оз оқ толалар бор эди», деган. Бошқа бир ривоятда эса: «Бошларида (яъни сочларида) озгина оқи бор эди, холос», дейди[7].
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пастки лаблари остида, соқолларида бир озгина оқини кўрдим»[8].
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу айтади: «Соқолларида бир нечагина оқ толалари бор эди»[9].
Бароъ розияллоҳу анҳу айтади: «Хушқад, кенг елкали эдилар, сочлари қулоқларининг юмшоғига етарди. Мен у зотни қизил ҳуллада[10] кўрдим, у кишидан кўра чиройлироқ инсонни асло кўрмаганман»[11].
Олдинлари аҳли китобларга мувофақат қилишни истаб, сочларини пешоналарига тушириб юрардилар, кейинчалик бошларида фарқ очиб юрадиган бўлдилар[12].
Бароъ розияллоҳу анҳу айтади: «Одамларнинг энг гўзал юзлиси ва гўзал хулқлиси эдилар»[13].
Ундан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қиличдекмиди?»», деб сўрадилар. У: «Йўқ, ойдек эди», деб жавоб берди. Бир ривоятда: «Юзлари думалоқроқ эди», деди[14].
Рубаййиъ бинт Муаввиз розияллоҳу анҳо айтади: «Мен у зотни кўрсам, порлаб турган қуёшни кўргандек бўлардим»[15].
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «Мен у зотни ойдин кечада кўрдим. Эгниларида қизил ҳулла (либос) бор эди. Мен бир ойга, бир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарардим. Назаримда у киши ойдан-да гўзалроқ эдилар»[16].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан гўзалроқ бирон кимсани кўрмадим. Гўё қуёш у кишининг юзларида юргандек бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра тезроқ юрувчи бирон кишини кўрмадим. Гўё ер у киши учун йиғилиб келгандек бўларди. Биз қийналиб, ҳансираб қолардик, у зот эса хотиржам кетаверар эдилар[17].
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Хурсанд бўлсалар, юзлари ойдек ёришиб кетарди»[18].
Бир марта Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурида оёқ кийимларини ямаб ўтириб терлаб кетдилар. Оиша ип йигириб ўтирарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидан нур ёғила бошлади. Буни кўрган Оиша ҳайратланиб деди: «Аллоҳга қасамки, агар ҳозир сизни Абу Кабир ал-Хузалий кўрганида эди, ўзининг мана бу шеърига ҳаммадан кўра сизнинг ҳақлироқ эканингизни билган бўлар эди:
Боқсанг унинг нур ёғилган юзига
Чақмоқда ёришган оқ булут дейсан»[19].
وإذا نظرت إلى أسرة وجهه ** برقت كبرق العارض المتهلل
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотни кўрган чоқ шундай дердилар:
Яхшиликка чорлар Амин Мустафо
Зулматни ёритган ойдек мусаффо[20].
أمين مصطفى بالخير يدعو ** كضوء البدر زايله الظلام
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Зуҳайрнинг Ҳарим ибн Синон ҳақида айтган қуйидаги шеърини ўқирди:
لو كنت من شيء سوى البشر ** كنت المضيء لليلة البدر
Агар бўлмасайдинг фарзанди башар,
Бўлардинг ойдинда нур сочган қамар.
Сўнгра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай эдилар», дерди[21].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазаблансалар, юзлари қизариб кетар, гўё ёноқларига анор сиқиб қўйилгандек бўлиб кетарди[22].
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «Болдирлари бироз ингичка эди. Кулсалар фақат табасум қилиб қўярдилар. У зотнинг юзларига боқиб, кўзларига сурма тортилган деб ўйлардим, аслида сурма қўйилмаган бўларди»[23].
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг тишлари жуда чиройли эди»[24].
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Курак тишларининг ораси очиқ бўлиб, гапирган пайтларида тишлари орасидан нур таралаётгандек бўларди»[25].
«У зотнинг бўйинлари кумушдек соф, худди чизилган суратнинг бўйнидек, қовоқларининг четлари эгикроқ, соқоллари қалин, пешоналари кенг, қошлари ингичка ва ёйсимон бўлиб, бирـбирига туташмаган, бурунлари нозик ва узунроқ, ёноқлари текис, бўғизлари остидан киндикларигача чўзилган майин туклардан ташкил топган узун чизиқ бўлиб, қоринларида ҳам, кўкракларида ҳам бошқа жунлари бўлмаган. Елка ва билаклари жундор, қоринлари билан кўкраклари бир текис, кўкраклари кенг, билакларининг кафтга яқин қисми узун, кафтлари кенг, болдир ва билаклари залворли, товонларининг ерга тегмайдиган қисми аниқ билиниб турувчи, қадамларининг учлари чўзинчоқ, юрсалар шаҳдам қадам ташлаб, енгил юрар эдилар[26].
Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кафтларидан кўра мулойимроқ бўлган на ипак, на бошқа нарсани ушламадим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўйидан кўра хушбўйроқ бирон ҳидни топмадим». Бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидларидан ёки бўйларидан кўра хушбўйроқ на мушк, на анбар ва на бошқа бирон хушбўйлик топмадим»[27].
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг қўлларини олиб, юзимга босдим. Қўллари қордан-да муздек ва мушкдан-да хушбўйроқ эди»[28].
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу болалик пайтини эслаб айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзимни силадилар, қўлларида салқинлик ёки хушбўйликни ҳис қилдим, уларни гўё атторнинг қутисидан чиқаргандек эдилар»[29].
Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Терлари маржондек эди. (Онам) Умму Сулайм: «У (яъни терлари) хушбўйларнинг хушбўйи», деди»[30].
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Бир йўлдан юриб ўтган бўлсалар, у зотдан кейин шу йўлдан юрган одам хушбўй ҳидларидан – ёки терларининг хушбўй ҳидидан – у зотнинг бу ердан ўтганини билиб оларди»[31].
Икки кураклари орасида терилари рангида кабутар тухумидек катталикда хотамун-нубувват (пайғамбарлик муҳри) бор эди, у чап куракларининг тепа қисмида бўлиб, устида бўртиб чиққан дона-дона холлар бор эди[32].
Руҳий камолотлари ва олий ахлоқлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларининг фасоҳати ва сўзларининг балоғатида ҳам бошқалардан яққол ажралиб турардилар ва бу борада энг афзал мақомда ва энг олий ўринда эдилар. Таъблари етук, тиллари равон, сўзлари таъсирли ва маънолари равшан ҳамда ортиқча такаллуфдан холи бўлиб, пурмаъно сўзлар ато этилган ва гўзал ҳикматлар билан хосланган эдилар. Арабларнинг лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳлига уларнинг лаҳжасида хитоб қилар ва уларнинг тилларида сўзлар эдилар. У зотда бадавийларга хос сўзамоллик ва чиройли гапириш ҳамда шаҳарликларга хос аниқ-тиниқ иборалар қўллаб, сермазмун сўзлаш жамланган бўлиб, бу борада, албатта, ваҳий орқали илоҳий мададга ҳам эга эдилар.
У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳалимлик, чидамлилик, қодир бўла туриб кечириб юбориш, азиятларга сабр қилиш сифатлари билан одоблантирган эди. Ҳар қандай ҳалим одамдан ҳам гоҳо сабр косаси тўлиб, чидаёлмай қолиши ҳоллари учраб туради. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор кучайгани сари у зотнинг сабрлари зиёда бўлиб борди, жоҳилларнинг жаҳолати кучайгани сари у зотнинг ҳалимликлари ошиб борди. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон икки иш ўртасини танлашга ихтиёрли бўлсалар, модомики гуноҳ бўлмаса енгилроғини олардилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқ одам бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун ўч олмаганлар, фақат Аллоҳнинг ҳурматлари поймол этилса, Аллоҳ учун ўч олардилар»[33]. У зот одамларнинг энг ғазабдан узоқроғи ва розиликка энг шошувчироғи эдилар.
Саховат ва жўмардликда тенгсиз эдилар, фақирликдан хавфи йўқ кишининг улашишидек улашардилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жибрил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар кечаси учрашарди ва у билан Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди»[34].
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «У зотдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон йўқ демасдилар»[35].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам журъат, шижоат, мардлик каби сифатларда тутган ўринлари ҳам маъруф ва машҳур. У зот энг шижоатли кишилардан эдилар. Жанг майдонларида бир неча бор манаман деган жасур ва шижоатли кишилар ҳам ташлаб қочган оғир лаҳзаларда ҳам мардонавор турганлар, олдинга интилиб, ортга чекинмай, саросимага тушмай, душманга қарши жанг қилганлар. Ваҳоланки, ҳар қандай жасур қаҳрамондан ҳам бир ёки бир неча бор жанг майдонидан чекиниш содир бўлади. Алий розияллоҳу анҳу айтади: «Жанг қизиб, ҳолатлар танглашган ва даҳшатдан кўзлар қизарган пайтларда биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларига ўтиб, жон сақлар эдик. Бирон бир одам у кишидан кўра душманга яқинроқ бўлмас эди»[36]. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мадина аҳли бир кеча ногаҳоний бир товушдан ҳузурсиз бўлди. Шунда одамлар овоз томонга қараб юрдилар. Улар йўлда ортга қайтаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиқдилар. У зот Абу Талҳанинг отини яйдоқ миниб, бўйинларида қиличлари билан, ҳодиса хабарини билиб, қайтаётган эканлар. Одамларга: «Қўрқманглар, қўрқманглар, ҳеч гап йўқ!», дедилар»[37].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёлари ҳам жуда кучли бўлиб, бировларга тик боқмас эдилар. Абу Саид ал-Худрий айтади: «Чимилдиқдаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бирон нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билинарди. Бировнинг юзига тик қараб турмасдилар, кўзларини ерга тикиб турардилар. Ерга боқиб туришлари осмонга қарашларидан кўпроқ бўларди. Назарлари асосан мулоҳазадан иборат бўлар, ҳаёлари кучлилигидан ва олижанобликлари туфайли бировга у ёқтирмайдиган сўз билан мурожаат қилмасдилар, бировдан ўзларига ёқмаган бирон иш содир бўлса, унинг номини атамасдан: «Одамларга нима бўлдики, шундай ишни қилишаяпти?!», дердилар.
Фараздақнинг қуйидаги байтлари у зот шаънига энг муносиб келар эди:
Ерга тикар ҳаёла, маҳобатла кўзини
Табассумла сўзлагай ҳар бир айтган сўзини.
يغضي حياء ويغضي من مهابته ** فــلا يكلـم إلا حيـن يبتسـم
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг адолатлиси, энг иффатлиси, энг ростгўйи, энг омонатлиси эдилар. Буни у зотнинг душманлари ҳам тан олишарди. Пайғамбар бўлишларидан илгариёқ «Амин» (омонатли) деб ном олгандилар. Ҳали Ислом келмасидан, жоҳилият даврида ҳам одамлар у кишини ўз можароларига ҳакам қилиб, ҳузурларига келишарди. Имом Термизий Алий розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Биз сени ёлғончи санамаймиз, лекин сен келтирган нарсани инкор қиламиз», деган эди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар» (Анъом: 33) оятини нозил қилди[38].
Ҳирақл Абу Суфёндан: «Сизлар уни шу айтаётган сўзларини айтишидан олдин ёлғончиликда айблармидингиз?» деб сўраганида у: «Йўқ», деб жавоб берганди.
У зот ғоят тавозеъли, кибрдан узоқ киши эдилар. Ўзлари учун одамларни подшоҳлар учун тургандек туришдан қайтарардилар. Мискинлар ҳолидан хабар олардилар, камбағал-мискинлар билан бирга ўтирардилар, қулнинг чорловини ҳам қабул қилардилар, асҳоблари ичида улардан бири каби ўтирардилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Ўз пойабзалларини ямар, кийимларини тикар, сизлардан бирингиз ўз уйида нима ишларни қилса, у зот ҳам шуни қилардилар. Оддий инсон эдилар, кийимларини ўзлари тозалар, эчкиларини соғар, ўз юмушларини ўзлари қилар эдилар»[39].
У зот аҳдларга энг вафодор, қариндошлар билан алоқани энг ўрнига келтирувчи, одамларга энг шафқатли, энг меҳрибон ва энг раҳмдил, муомала борасида энг одобли, хулқ-атвор жиҳатидан энг оддий, ёмон ахлоқлардан энг узоқ киши эдилар. Ёмон ишларни қилувчи, ҳаёсиз сўзларни сўзловчи, бозорларда шовқин қилувчи эмас эдилар. Ёмонликка ёмонлик қайтармас, балки авф қилар ва кечирар эдилар. Бирон кишини ўз ортларидан юришга қўймасдилар. Ейиш-ичишда ҳам, кийим-кечакда ҳам қул-чўриларидан юқори бўлмасдилар. Ўзларига хизмат қилган кишига хизмат қилар, ходимларига ҳеч қачон «уфф» демасдилар. Уларни бирон ишни қилгани ёки қилмагани учун койиб, уришмас эдилар. Мискинларни яхши кўрар, улар билан суҳбатлашиб ўтирар, жанозаларида иштирок этар эдилар, камбағални камбағаллиги учун камситмас эдилар. Сафарларидан бирида қўй сўйиб, таом ҳозирлашга буюрдилар. Шунда бир киши: «Мен сўяман», деди. Бирови: «Мен терисини шиламан», деди, яна бирови: «Мен пишираман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ўтин териб келаман», дедилар. Улар: «Сиз қўяверинг, ўзимиз кифоя қиламиз», дейишди. «Кифоя қилишларингизни биламан. Лекин, сизлардан ажралиб туришни истамайман. Зеро, Аллоҳ таоло бандасини шериклари ичида ажралиб кўриниб туришини ёқтирмайди», дедилар, сўнг туриб, ўтин териб келдилар[40].
Ҳинд бинт Аби Ҳоланинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таърифлаб айтган сўзларига қулоқ тутайлик, у жумладан, шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиддий ва серташвиш, доим фикрга чўмган инсон эдилар, роҳат нималигини билмасдилар, керагидан ортиқча сўзламасдилар, кўп сукут сақлардилар. Гапирганда оғизларини очиб, бошидан охиригача аниқ-тиниқ қилиб гапирардилар, оғизларининг чети билан гапирмасдилар, дона-дона қилиб, ортиқча чўзмай, жуда қисқа ҳам қилмай, сермазмун ва пурмаъно иборалар билан сўзлардилар, беписанд ва таҳқирловчи сўзлардан йироқ эдилар. Озгина неъматни ҳам кўп санардилар, бирон нарсани камситмас, таомни айбламас ва мақтамас ҳам эдилар. Агар бирон нарса ҳаққа зид келиб қолса, то уни ўз ўрнига келтирмагунча у зотнинг ғазабларига ҳеч нарса бас келолмасди. Ўз шахсиятлари учун ғазабланмас ва ўз манфаатлари учун бировдан устун келмас эдилар. Ишора қилмоқчи бўлсалар, кафтлари билан тўла ишора қилардилар. Ажаблансалар, кафтларини айлантирар, ғазаблансалар, юз ўгирар ва қўлларини силтаб қўяр эдилар. Хурсанд бўлсалар, кўзларини юмардилар, кулгилари табассумдан иборат бўлиб, тишлари дўл доначаларидек бўлиб кўринар эди. Кераксиз сўзлардан тилларини тияр эдилар. Асҳобларини яқин олардилар, уларни бир-бирларидан фарқламас эдилар. Ҳар бир қавмнинг улуғини ҳурматлар ва уни ўз қавмига бошлиқ қилиб тайинлар эдилар. Одамларга ҳушёр қарардилар, улардан ҳеч бир кишига бирон ёмонлик қилмаган ҳолда эҳтиёт чорасини кўриб қўяр эдилар.
Асҳобларини йўқлаб турардилар, одамларнинг аҳволи ҳақида одамлардан сўраб-суриштириб турардилар. Яхшиликни яхши санар ва унга рағбатлантирар, ёмонликни ёмон санаб, унинг пайини қирқишга ҳаракат қилар эдилар. Ишлари мўътадил, ихтилофдан узоқ эди. Одамларнинг ғафлатга тушишидан ёки малолланиб қолишидан ташвиш қилиб, доим ҳушёр турардилар. Ҳар қандай ҳолат учун тайёргарликлари бор эди. Ҳақдан қосирлик қилмасдилар, ҳақдан бошқасига ўтиб ҳам кетмасдилар.
У зотнинг ёнларига энг яхши одамлар жамланган эди. У зотнинг наздларида одамларнинг энг яхшилари энг холис насиҳат қилувчилари, даражаси энг улуғлари эса бировларга ҳамдард ва қўллаб-қувватловчи бўлувчилари эди.
У зотнинг ўтиришлари ҳам, туришлари ҳам фақат зикр билан бўлар эди. Ўзлари учун хос жой тайёрлатмасдилар, мажлисларда қаер бўш бўлса, ўша ерга ўтирардилар ва одамларни ҳам шунга буюрардилар. Суҳбатдошларидан ҳар бирига етарлича аҳамият қаратар, улардан ҳеч бири бошқа бировни у зотга ўзидан кўра яқинроқ санамас эди. Қай бир одам бирон ҳожати юзасидан у зот билан бирга ўтириб ё туриб сўзлашиб қолса, то у одам ўзи кетмагунича сабр қилиб турардилар. Биров бир нарса сўраса, унга албатта сўраган нарсасини бериб ёки ҳеч бўлмаса, ширин сўз билан қайтарар эдилар. Ҳаммага бирдек бағри кенглик билан муомала қилар, одамларга меҳрибон отага айланиб қолган эдилар. У зотнинг наздларида ҳамма одамлар ҳақ олдида баробар бўлиб, фақат тақволари билангина бир-бирларидан афзал бўла олардилар.
Мажлислари ҳалимлик, ҳаё, сабр ва омонат мажлиси бўлиб, унда овозлар кўтарилмас, ҳурматлар камситилмас, бир-бирларига тақво билан меҳр кўрсатишар, каттани ҳурмат қилиб, кичикка раҳм қилишар, ҳожатмандга кўмак қўлин чўзишар, ғарибнинг кўнглини овлашар эди.
Очиқ чеҳра, хушфеъл ва хушмуомала эдилар. Қўпол, тошбағир, бақироқ, оғзи шалоқ, таънакор ва маддоҳ эмасдилар. Кўнгиллари истамаган нарсага рағбат билдирмасдилар. Ўзларини уч нарсадан: риёдан, бойликдан ва кераксиз нарсани сўзлашдан ажратган эдилар. Одамларни уч нарсада тарк қилгандилар: бировни мазаммат қилмасдилар, уялтирмасдилар, айбини қидирмасдилар. Фақат савобидан умидвор бўладиган ўринлардагина гапирардилар. Сўзласалар, суҳбатдошлари худди бошларига қуш қўниб тургандек қимирламай қулоқ солишарди, у зот сукут қилиб тургандагина гапиришарди. У зотнинг олдиларида низолашмасдилар, бир киши гапириб бўлгунича бошқалари жим қулоқ солишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари кулган нарсадан кулардилар, улар ажабланган нарсадан ажабланардилар, бегона одамнинг қўпол гапларига сабр қилардилар. «Ҳожатманд одамнинг бирон нарса сўраб турганини кўрсангиз, унга инъом-эҳсон қилинглар», дердилар, мақтовни фақат яхшиликка жавоб тариқасида бўлишини талаб қилардилар[41].
Хорижа ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам виқор билан ўтирардилар, йиғиштириниб ўтирганларидан бирон аъзолари ортиқча чиқиб турмасди. Кўп сукут қилардилар, заруратсиз ўринда сўзламасдилар, ноўрин гапирган одамдан юз ўгирардилар. Кулгилари табассум эди, гаплари дона-дона, ортиқча ҳам, кам ҳам бўлмасди. Асҳоблари ҳам у зот ҳузурларида кулсалар, у зотнинг ҳурматлари учун ва у зотдан ўрнак олиб, фақат табассум қилишарди[42].
Хуллас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беназир камолот сифатлари билан безанган зот эдилар. Парвардигорнинг Ўзи у зотга одоб берган ва одобларини чиройли қилган эди. Аллоҳ таоло у зотни мақтаб: «Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз» (Қалам: 4) деб марҳамат қилган эди. Мана шу улуғ хислатлар у зотни дилларга яқин ва қалбларга суюмли қилган, кўнгиллар унга қараб талпинадиган йўлбошчига айлантирган эди, қавмларининг душманчилигини юмшатиб, одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб киришларига сабаб бўлган эди.
Биз санаб ўтган бу хислатлар у зотнинг олий сифатлари ва камолот кўринишларидан қисқагина сатрлар, холос. Аслида, у зотнинг улуғ хислатлари ва буюк сифатлари моҳияти идрок этиб бўлмас даражада олий ва тубига етиб бўлмас даражада чуқурдир. Парвардигорнинг нури билан зиёланиб, камолотнинг энг олий чўққисига эришган ва хулқи Қуръонга айланган, борлиқдаги энг буюк бу инсоннинг моҳиятини ким ҳам тўла ёритиб бера оларди?!
Эй пок Парвардигор! Иброҳимга ва унинг аҳли оиласига салавоту раҳмат ёғдирганинг каби Муҳаммадга ва унинг аҳли оиласига ҳам салавоту раҳмат ёғдиргин. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан.
Эй пок Парвардигор! Иброҳимга ва унинг аҳли оиласига хайру баракот ато этганингдек Муҳаммадга ва унинг аҳли оиласига ҳам хайру баракот ато этгин. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан.
Софийюрраҳмон Муборакпурий
Ал-жомиъатус-салафия, Банорас, Ҳиндистон
Ўзбек тилига таржимаси 14 рамазон 1429-ҳижрий (14.09.2008) ниҳоясига етди.
[2] Ибн Ҳишом: 1/401, 402, Жомиут Термизий: 4/303.
[3] Жомиут Термизий: 4/303.
[6] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.
[7] Саҳиҳул Бухорий: 1/502, Саҳиҳ Муслим: 2/259.
[8] Саҳиҳул Бухорий: 1/501, 502.
[9] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.
[10] Ҳулла – икки қисмдан: елкага ташланадиган ридо ва белдан пастига ўраладиган изордан иборат кийим (мато).
[11] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.
[12] Саҳиҳул Бухорий: 1/503.
[13] Саҳиҳул Бухорий: 1/502, Саҳиҳ Муслим: 2/258.
[14] Саҳиҳул Бухорий: 1/502, Саҳиҳ Муслим: 2/259.
[15] Доримий ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/517.
[16] Термизий (Шамоил: 2-бет) ва Доримий ривоятлари, Мишкотул масобийҳ: 2/518.
[17] Жомиут Термизий: 4/306, Мишкотул масобийҳ: 2/518.
[18] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.
[19] Ибн Асокир: Таҳзибу тарихи Димашқ: 1/325.
[20] Хулосатус-сияр: 20-бет.
[21] Хулосатус-сияр: 20-бет.
[22] Мишкотул масобийҳ: 1/22, Имом Термизий ривояти: 2/35.
[23] Жомиут Термизий: 4/306.
[24] Имом Муслим ривояти: 3/1107 (1479-ҳ).
[25] Доримий ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/518.
[26] Хулосатусـсияр: 19, 20-бетлар.
[27] Саҳиҳул Бухорий: 1/503, Саҳиҳ Муслим: 2/257.
[28] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.
[29] Саҳиҳ Муслим: 2/256.
[30] Саҳиҳ Муслим: 2/256.
[31] Доримий ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/517.
[32] Саҳиҳ Муслим: 2/259, 260.
[33] Саҳиҳул Бухорий: 1/503.
[34] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.
[35] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.
[36] Қози Иёз, «Аш-шифо»: 1/89, сиҳоҳ ва сунан асҳобларидан ҳам шу мазмундаги ҳадислар ривоят қилинган.
[37] Саҳиҳ Муслим: 2/252, Саҳиҳул Бухорий: 1/407.
[38] Мишкотул масобийҳ: 2/521.
[39] Мишкотул масобийҳ: 2/520.
[40] Хулосатус-сияр: 22-бет.
[41] Қози Иёз, Аш-шифо: 1/121-126, шунингдек, Термизий, Шамоил.
[42] Қози Иёз, Аш-шифо: 1/107.
Qayd etilgan