Қироат ҳаловати
Аллоҳ таоло бизларнинг юртларимизга Ўзининг раҳматини ёғдириб, кўплаб ҳофизи Қуръонларни чиқариб қўйди. Уларнинг баракаларидан бугунги кунда расмий масжидларимизда Қуръони карим хатм қилиниб, халқимиз Тангри таоло нозил қилган илоҳий дастур тиловатларидан баҳраманд бўлмоқдалар.
Албатта, ҳозирги туннинг қисқа ва куннинг узун кунларида кун бўйи тирикчилик билан машғул бўлиб, кечалари Аллоҳ таолонинг буюк Каломи завқида ярим тунгача бедор туриш осон эмас. Уларнинг бу риёзатларидан муддаолари фақтгина Яратганнинг розилиги бўлса деб умид қиламан. Ваҳолонки, миллионлаб мусулмонлик даъвосидаги инсонлар бемалол уйларида телевизор кўриб ёки кўрпага бурканиб ётган бир даврда хатми Қуръонни ташлаб кета олмаётгаларига яна нима ҳам сабаб бўлиши мумкин?
Ҳар кеча таровеҳ намози охирлар экан, ортимга боқиб, баъзилари сергак, баъзилари кўзлари юмилаёзган жамоатни кўриб Яратган эгам шундай азиз жамоат билан бирга қилиб қўйганлигидан қалбим сурурга тўлади. Ва беихтиёр бу азиз инсонларни Аллоҳ таоло дунё ва охиратда ҳаргиз хор қилмасин деб дуо қиламан.
Баъзан қорилар қироатдан завқу шавққа берилиб қолганларида ҳўнграб йиғлаган овозларни эшитиб ҳазрат Навоийнинг байтларини эслайман:
Оғзи шавқидин Навоий итти, они истар эл,
Ё адам даштида ё мулки фанода истангиз.
Оғиз – сўз махражи бўлса, каломларнинг олийси Аллоҳнинг Каломи. Бу Каломнинг шавқидан Навоий "итти", яъни ўзлигидан йўқолди. Эй, "они", яъни Навоийни излаётган эл, билингки, сизнинг рўпарангизда турган бу кимса Навоийнинг ўзи эмас, балки унинг руҳиятидан ажралган жасадигина турибди. Шоир эса, Каломнинг шавқидан жасадини тарк этиб чиқиб кетди! Сиз уни топмоқни истасангиз "ё адам дашти"га боринг, ёки фано мулкидан истанг!
Ҳа, аслида ҳам шундай бўлиши керак. чунки Қуръон тиловати сўзларнинг энг ёқимлиси эканини икки олам сарвари айтганлар:
قال الشيخ الإمام أبو الفضل عبد الرحمن بن أحمد بن الحسن الرازي المقرىء رحمة الله عليه: حدثني حمزة بن يوسف، نا ابن عدي، نا محمد بن الفضل أبو الحسن، نا عمران بن سهل البلخي، نا سلمة بن نضر، نا بكر بن سالم نا عبد الرحمن بن زيد - يعني ابن أسلم - عن أبيه، عن عطاء بن يسار: عن أبي هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: (إن أحب الحديث إلى الله تلاوة القرآن، فمن قعد على تلاوته حفت به الملائكة بأجنحتها وغشيتهم الرحمة، وكانوا أضياف الرحمن حتى يخوضوا في حديث غيره.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ учун сўзларнинг энг ёқимлиси – Қуръон тиловати. Ким Унинг тиловати билан ўтирган бўлса, уни фаришталар қанотлари билан қуршаб оладилар ва уларни раҳмат қоплаб олади. Улар токи бошқа сўзга киришиб кетгунларига қадар Раҳмоннинг меҳмонлари бўладилар", – дедилар. (Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ҳасан Розий раҳматуллоҳи алайҳининг "Фазоилул Қуръон" китобидан.)
Улуғбек қори Йўлдошев