Нусратулло ЖУМАЕВ
САТРЛАР СИЛСИЛАСИДАГИ СЕҲР
Шеърдаги бадиият салмоғи — мазмун, ғоя ва руҳий таъсир кучини теран тушуниш учун асарнинг шаклий тузилиши, сўзлар, сатрлар аро маънан, суратан боғланиш сеҳрини илғаб олиш муҳим. Шундай таркибий тузилиш бадииятини илмда «композиция» истилоҳи ифодалайди. Барча рубобий (лирик) асарлар сингари, ғазалда ҳам композиция табиий хусусият. Санъаткор атай композиция яратмайди, муайян композиция танлаб, сўигра шу асосда асар ёзмайди. Композшшя — шакл масаласи. Ғазал бадиияти — мазмун ва шакл бирлиги, мутаносиблиги маҳсулидир. Шундай экан, ғазалнинг бўлғуси мазмуни ўзига хос композиция билан бирга бунёдга келади.
Ғазал композициясига кўра тўрт мустақил турга ажралади: 1. Мустақил байтли ғазал. 2. Якпора газал. 3. Воқеабанд ғазал. 4. Мусалсал газал. Ғазал фақат шаклий сайқалдорликкагина эмас, балки бадиий етуклик, ғоявий юксаклик ва мазмун салмоқдорлигига омил бўлувчи композицион белгиларга асосан шундай турларга бўлинади. Булар — ғазалнинг ўзига хос композицион типлари. Ҳар бир типга мансуб ғазаллар ўзига хос композицион хусусиятлари билан ўзаро фарқланиб туради.
Ўзбек ғазалиёти тарихий тажрибаларининг энг юксак натижалари Алишер Навоий ғазалиётида мужассамлашган. Унинг девонларида ғазалнинг мазкур тўрт турига оид ажойиб намуналар мавжуд. Қайд этилган типдаги ғазалларнинг энг олий нави мусалсал (силсилали) ғазалдир. Навоийиинг шундай асарларидан бирини таҳлил этишдан аввал мусалсал ғазалнинг хос фазилатлари ҳақида фикр юритайлик.
Таркибидаги лирик воқеа, манзара, фикр ва кечинма сатрлар силсиласида, даражама-даража ривожланиш хусусиятига эга бўлган ғазал мусалсал ғазалдир. Классик поэтикадаги тадриж усулининг бутун ғазал доирасида фаол қўлланиши ўша ғазалнинг ўзиға хос композицион тур — мусалсал ғазал сифатида шаклланишига хизмат қилади. Мусалсал ғазал ички тадрижий такомилга эга бўлган якпора ва воқеабанд газалга ўхшаб ҳам кўриниши мумкин. Аммо мусалсал ғазал билан воқеабанд ёки якпора ғазаллар орасига тенглик аломати қўйиб бўлмайди. Яъни, улар айнан бир турдаги ғазаллар эмас. Мусалсал, воқеабанд, якпора газаллар орасида қуйидагича тафовут мавжуд. Албатта, ҳар қандай воқеабанд ғазал замирида муайян сюжет ётади. Бу сюжет «маълум бир фабула ва ҳикоя маъносида эмас, балки фикр ва туйғуларнинг бир-бирига мантиқий равишда боғланиб келишлиги» (М. Шайхзода) тарзида тажассум топган тақдирда ҳам, у ибтидо, ривожланиш ва интиҳо босқичларидан иборат бўлади. Агар мана шу босқичлар изчил силсилалардан ташкил топса, ғазал воқеабандлик билан бирга мусалсаллик ҳам касб этадики, бу юксак санъат намунасига айланади. Демак, барча воқеабанд ғазаллар мусалсал бўлавермайди, айни пайтда, ҳар қандай мусалсал ғазаллар ҳам воқеабанд бўла олмайди. Якпора ғазаллар ҳам шундай. Қўйилган масала матлаъдан мақтаъга қадар тадрижий усулда, мисралар силсиласида ривожлантирилса, поэтик фикр ва кечинмаларнинг бундай ривожланишига поэтик образ ҳамда бошқа бадиий воситалар ҳам ҳамоҳанг бўлсагина, ғазал айни пайтда якпоралик (яхлитлик) ва мусалсаллик фазилатига эга бўлади. Мусалсаллик ғазалнинг бутун комнозициясига тегишли хусусият. Шунинг учун, айрим байтларида тадрижий такомил мавжудлигига қарамай, мустақил байтли ғазаллар мусалсал бўла олмайдилар.
Алишер Навоийнинг «Ёрдин айру кўнгул мулкедурур султони йўқ, Мулкким, султони йўқ, жисмедурурким, жони йўқ» ёки «Жонға чун дермен: «Не эрди ўлмаким кайфияти?» Дерки: «Боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати» матлаъи билан бошланувчи асарлари мусалсал ғазалнинг классик намуналаридир. Қуйида Навоийнинг мусалсал газалларидан бирини таҳлил этамиз.
Дўстлар, маҳрам деб элга роз ифшо қилмангиз,
Бошингизга юз бало куч бирла пайдо қилмангиз.
Фош қилманг роз, чунким асрай олмай қилдингиз,
Ўзгалардин асрамоқ боре таманно қилмангиз.
Ишқ асрориға тил маҳрам эмастур зинҳор
Ким. кўнгулдин тилга они ошкоро қилмангиз.
Чун кўнгулдур қалбу тил ғаммоз, махфий розни
Жон ҳаримидин бу иккига ҳувайдо қилмангиз.
Чун кўнгул тил бирла маҳрам бўлмади, ҳожат эмас
Айтмоқким, элга аидин нукта имло қилмангиз.
Саҳв этиб, чун роз дуррин сочтингиз, нозим бўлуб
Оҳнинг дудин саҳобу кўзни дарё қилмангиз.
Чок-чок айлаб кўнгулни, тилни айлаб юз тилим,
Ташлаб итларга, аларнинг ёди қатъо қилмангиз.
Менда ҳижрон дардию, йўқ васл, боре дўстлар,
Чорае гар қилсангиз, жуз жому саҳбо қилмангиз.
Чун Навоий ишқ розин асрай олмай қилди фош,
Отини роз аҳли тумморинда иншо қилмангиз.
(«Бадоеъ ул-васат», 216-ғазал)
Ғазал Навоийнинг қарилик лирикаси маҳсули бўлиб, панд-насиҳат мавзуида яратилган. Тўққиз байтдан иборат бу ғазал сир сақлаш маданиятидан сабоқ беради.
У мавзу, ғоя, мазмун жиҳатидан «Наводир уш-шабоб» девонидаги «Кимсани дард аҳли деб сирримға маҳрам айладим» сатри билан бошланувчи ғазалга жуда яқин. Қизиғи шундаки, бу ғазалларнинг бошқа хусусиятлари ҳам бир-бирига мутаносиб: яратилиш даври, ҳажми, вазни, лирик қаҳрамони бир хил. Аммо улар бир ғазалнинг турли вариантлари эмас. Қиёсий таҳлил этилганда, уларнииг ҳар бири мустақил ва оригинал ғазал эканлигини тасдиқловчи қатор фазилатлар юзага чиқади.
«Кимсани дард аҳли деб сирримга маҳрам айладим» ғазали услубан ғазалнинг шарҳи ҳол типига мансуб. Унда лирик қаҳрамоннинг ўз замондошларидан бирига сирини изҳор этгани ва бунинг оқибатида бошидан кечирган изтироблари шарҳланади. Бу ғазалда эса лирик қаҳрамоннинг ҳаётий саргузашти, унинг оқибатлари эмас, балки сир ва сирдош сақлаш маданиятига оид ҳаётий тажрибадан келиб чиққан тугал, қатъий умумлашма, хулосалар дидактик услубда ифодаланади.
Бу икки ғазални бир шоир шуурида кечган кечинмаларнинг тадрижий такомили натижаси сифатида баҳолаш, уларга бир-бирининг мантиқий давоми сифатида қараш мумкин. Чунки шоирнинг ҳаётий саргузаштлар ниҳоясида етилган хулосалари «Эй Навоий, дема сирринг кимсага...» дебон биринчи ғазал мақтаъида бошланган ва иккинчи ғазалда тўлиқ акс этган. Бу ҳолат «икки ғазал бир йўла ёзилган экан», деган фикрни уйғотмаслиги лозим. Улар шоир ҳаётининг бир даври — қарилик босқичида, лекин турли фурсатларда, турли воқеалар турткиси билан ёзилган бўлиши эҳтимол. Ғазалларнинг бири «Наводир уш-шабоб»дан, иккинчиси «Бадоеъ ул-васат» девонидан ўрин олиши ҳам балки шу билан изоҳланар.
Дўстлар, маҳрам деб элга роз ифшо қилмангиз,
Бошингизға юз бало куч бирла пайдо қилмангиз.
Бу бир маҳаллар «кимсани дард аҳли деб сиррига маҳрам айлаган» ва бундай очиқкўнгиллиги туфайли, «ўз-ўзини куч била расвойи олам айлаган» лирик қаҳрамоннинг ўз шахсий фожиасидан жамиятга бераётгаи сабоғи. Аввалги ғазалнинг«кимсани дард аҳли деб», «дема сирринг кимсага» иборалари шоирнинг муайян кишиларга нисбатангина ишончи яраланганидан гувоҳлик қилса, бу ғазал матлаъидаги «элга роз ифшо қилмангиз» сўзлари шоирнинг кишиларга ишонавериб кўп панд егани ва умуман, элга ишончи йўқолганидан кафолат беради. Иккинчи байт матлаъдаги фикрни янада кучайтиради:
Фош қилманг роз, чунким асрай олмай қилдингиз,
Ўзгалардин асрамоқ боре таманно қилмангиз.
Энди шоир инсон табиатидаги умуминсоний заифликдан огоҳлантиради. Инсоннинг ўз сирини асрашга ўз иродаси ожизлик қилса, ўзининг оғзига кучи етмаса, сирини пинҳон тутишни бошқалардан умид қилиши ақлга сиғмайди. Чунки бошқалар ҳам унингдек бир бандайи ожизда. Шунинг учун одам, аввало, ўзига ўзи пишиқ бўлиши лозим. Шу тариқа, шоир умумдан хусусга кўчади:
Ишқ асрорига тил маҳрам эмастур зинҳор
Ким, кўнгулдин тилга они ошкоро қилмангиз.
Ғазал ҳажвий, киноявий руҳда давом этади: «кимса», «эл», «ўзгалар»ни қўя турайлигу, аввал, ўз аъзоларимизни назорат қилайлик. Маълум бўладики, «расвойи олам», «юз бало»га мубтало бўлишимизнинг биринчи боиси тил экан. Чунки сиримизни илк ошкор этувчи — у. Демак, сир-асрорни зинҳор-базинҳор «кўнгулдин тилга» кўчирмаслик керак. Аммо, кўнгулга ишониб бўлармикин?
Чун кўнгулдур қалбу тил ғаммоз, махфий розни
Жон ҳаримидин бу иккига ҳувайдо қилмангиз.
Афсуски, кўнгул ҳам маҳрами асрор бўлолмайди. Чунки уни «қалб» деб атайдилар. Навоий бу ўринда, «қалб» сўзининг ўз (кўнгул) ва кўчма (қаллоб, фирибгар, нопок) маъноларидан маҳорат билан фойдаланган. Бу эса кўнгулдан қаллоблик ва фирибгарлик зоҳир бўлиши хавфидан далолат. Шундай қилиб, кўнгул — хиёнаткор, тил-сотқин («тил» сўзининг ҳарбдаги маъносиии ҳамда «ғаммоз» сўзининг сир очувчи, чақимчи маъноларшш эсланг) экан, махфий сирни жондан бу икки аъзога кўчирмаслик, уни фақат жонда асрамоқ маъқул. Акс ҳолда, «махфий сир» жондан кўнгулга, кўнгулдан тилга, тилдан «кимса»га, «кимса»дан «ўзгалар»га, «ўзгалар»дан «эл»га ўтиб фош бўлади. Қарабсизки, соҳиби асрор яна — расвойи олам.
Ғазалдаги силсилавий тасвир тил ва кўнгул тафтиши билан тугамайди. Чунки инсоннинг ички имкониятида сирни фош этувчи бошқа воситалар ҳам бор:
Чун кўнгул тил бирла маҳрам бўлмади, ҳожат эмас
Айтмоқким, элга андин нукта имло қилмангиз.
Шоир тилни сўзлашдан, кўнгулни тилдан, жонни кўнгулдан тийгандан кейин, сирни ошкор этувчи яна бир омил — имлодан (сирни ёзув орқали фош этишдан) ҳам тийилишни огоҳлантиради...
Шунчалик эҳтиёткорликка қарамай, бордию сир элга аён бўлиб қолса, шоир «Оҳнинг дудин саҳобу кўзни дарё қилмай» — шармандаликка равнақ бағишламай, хоинларни жазолашни маслаҳат кўради:
Чок-чок айлаб кўнгулни, тилни айлаб юз тилим,
Ташлаб итларга, аларнинг ёди қатъо қилмангиз.
Бу байт сир сақлаш санъати ҳақидаги мусалсал мушоҳадаларнинг — «Сир сақлаёлмайдиган вужуд — ҳалокатга маҳкум» маъносидаги изчил мантиқий якунидир.
Албатта, сирни бу қадар пинҳон сақлаш камдан-кам иродали кишиларнинг қўлидан келади. Айниқса, Навоий сингари сухан аҳлига собит совуққонлик билан сир сақлаш душвор. Чунки, шеър аҳли таъсирчан, эҳтиросли, очиқкўнгил бўлишади. Лирик қаҳрамон ўз саргузаштидаги саҳву хатони назарда тутиб: «Саҳв этиб, чун роз дуррин сочтингиз, нозим бўлуб, Оҳнинг дудин саҳобу кўзни дарё қилмангиз», дея ўзгаларга сабоқ беради.
Бу ва ғазалнинг сўнтги икки байти: «Домланинг айтганини қил-у, қилганини қилма!» қабилидаги ўгитни эслатади. Негаки, шоир ўзидаги «ҳижрон дардини» баралла изҳор этиб, «дўстлар»дан чора — «жому саҳбо» тилаб турибди. Ғазал лирик қаҳрамоннинг ўз айби — «ишқ розини асрай олмагани»га иқрор бўлиб, уни «роз аҳли» сир сақлай олувчилар тоифасига киритмасликлари илтижоси билан тугалланади. Демак, газал мундарижаси пишиқ ишланган. Ғазал сир сақлашнинг мукаммал сабоги, унга асос бўлган шахсий кечинма ҳамда оқибат-натижадан тузилган.
Ғазалнинг ғоявий моҳияти ҳаёт сабоқлари юзасидан панд-насиҳат қилишгина эмас. Киноявий тасвирдан мақсад игвогар, бадхоҳ замон ва аҳли замон устидан заҳарханда кулиш, уларни фош этиш, уларга нафрат изҳор этиш ҳамдир. Асар замондошларимиз маънавий камолоти учун катта тарбиявий, маърифий аҳамиятга эга.