ФИТНА
Абу Нуаймдан, раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилинишича Ҳузайфа, розияллоҳу анҳу, шундай насиҳат қилдилар:
— Фитна қалбларда бош кўтаргай. Фитнадан озроқ озуқа олган қалбда бир доғ пайдо бўлади. Шундан сўнг унда фитнага нисбатан нафрат уйғонса, доғ кетади. Кимки қалби фитнага дучор бўлган-бўлмаганини билмоқчи экан, қалбини тафтиш қилсин. Агар аввал ҳаром деб билган нарсани ҳалол деса, ёки асли ҳалол нарсани ҳаром дер экан, демак, қалби фитнага макон бўлибди. Фитналардан эҳтиёт бўлинг. Ҳеч ким фитнага берилмасин. Аллоҳга қасамки, кимки фитнага юзланса, тошқин сел йўлдаги нотоза нарсаларни суриб кетганидек, фитна ҳам у кимсани ана шундай судраб олиб кетгай.
Фитна дастлаб ҳақ-рост қиёфасига ўраниб, бошланади. Шу даражадаки, баъзилар уни ҳақ бирдаъво деб биладилар. Фақат ўртадан кўтарилганидан кейингина унинг фитналигини тушуниб етади. (Қалбимизнинг нури. Абдуллоҳ Мурод. зиёуз.сом кутубxонаси)
Фитнанинг турлари бор. Аёллар фитнаси шуларан биридир. Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Албатта дунё ёқимли, ям-яшилдир. Аллоҳ сизларни унда халифа қилгандир. Ва қандай амал қилишингизга қарайди. Дунё ҳамда аёллар фитнасидан чeтланинг. Чунки Бани Исроилнинг биринчи фитнаси аёлларда бўлган эди», дeдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Усома ибн Зайддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Ўзимдан кeйин кишиларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна мол-дунё фитнаси. Каъб ибн Иёздан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Мeнинг умматимнинг фитнаси мол-дунёдир», дeдилар. Имом Тeрмизий ривоятлари.
Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Яқин кунларда мусулмоннинг энг яхши мол-дунёси қўйлар бўладики, мусулмон динини фитналардан сақлаш ниятида тоғ чўққиларида ва ёмғир ёққанда ўсиб чиқувчи майсазорларда қўйларини ўтлатиб, қочиб юради», дeдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Бизлар фитна ёйилган даврда яшамоқдамиз. Бу фитналарнинг охир-оқибати ўта оғир. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Яхши амалларга шошинглар. Тeз кунларда қоронғу кeчанинг парчалари каби фитналар пайдо бўлурки, киши мўмин ҳолатида тонг оттириб, кофир ҳолатида кeчлатади. Ва мўмин ҳолатида кeчлатиб, кофир ҳолатида тонг оттиради. Ва динини дунёнинг озгина матосига сотиб юборади», дeдилар. Имом Муслим ривоятлари. (Ҳаислар “Риёзус солиҳин”дан олинди. зиёуз.сом кутубxонаси)
Алҳазар, алҳазар!
Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. "Имом Абу Юсуф" жомеъ масжиди имом хатиби
Охиратда қасос бор
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Қиёмат куни мўмин бандалар дўзахдан қутилганларидан кейин, жаннат билан дўзах ўртасидаги кўприкда тўхтатилади ва ёруғ дунёда ораларида бўлган турли зулмлар учун бир-бирларидан қасос оладилар. Шу қасос олишдан тозаланиб бўлганларидан кейингина жаннатга киришлари учун рухсат берилади. Мўмин бандаларнинг ҳар бири дунёдаги ўз жойига адашмай боришда қанчалик моҳир бўлса, жаннатдаги жойига боришда ундан кўра ҳам моҳирроқ бўлади", дедилар". (Ал-адаб ал-муфрад. Имом Исмоил ал-Бухорий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
“Аллоҳ таоло: “Эй бандаларим, Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилманглар”, дейди”. Имом Муслим ривояти.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ... (سورة النساء/29 آية).
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо. 29).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
"يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، فَإِنَّ نَفْسًا لَنْ تَمُوتَ حَتَّى تَسْتَوْفِيَ رِزْقَهَا وَإِنْ أَبْطَأَ عَنْهَا، فَاتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، خُذُوا مَا حَلَّ وَدَعُوا مَا حَرُمَ" (رواه الإمام ابن ماجه).
яъни: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Яна айтганларки:
اَلاَ اِنَّ اللهَ حَرُمَ عَلَيْكُمْ دِمَائَكُمْ وَاَمْوَالَكُمْ (رواه الإمام البخاري(.
яъни: "Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир бирингизга ҳаром қилди" (Имом Бухорий ривояти).
مَنْ أَكَلَ الْحَلاَلَ أَرْبَعِيْنَ يَوْماً نَوَّرَ اللهُ قَلْبَهُ وَأَجْرَى يَنَابِيْعَ الْحِكْمَةِ مِنْ قَلْبِهِ عَلَى لِسَانِهِ"
(رواه أبو نعيم في الحلية من حديث أبي أيوب).
яъни: “Ким қирқ кун ҳалол луқма еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини мунаввар қилади ва қалбидаги ҳикмат булоқларини тилига чиқаради” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Анас разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё, Расулаллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси ижобат бўладиган кимсалардан қилсин”, – дедилар. Шунда Пайғамбармиз:
يَا أَنَسُ أَطِبْ كَسْبَكَ تُجَبْ دَعْوَتُكَ فَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَرْفَعُ الُّقْمَةَ مِنَ الْحَرَامِ إِلَى فِيْهِ
فَلاَ يُسْتَجَابُ لَهُ دَعْوَةٌ أَرْبَعِيْنَ يَوْمًا (رواه الإمام البيهقي).
яъни: “Эй, Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг, киши ҳаром луқмани оғзига кўтарса (еса), қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Яна бир ҳадисда шундай дейилади:
مَنْ لَمْ يُبَالِ مِنْ أَيْنَ اِكْتَسَبَ الْمَالَ لَمْ يُبَالِ اللهُ مِنْ أَىِّ بَابٍ أَدْخَلَهُ النَّارَ (رواه الإمام الديلمي).
яъни: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).
يُؤْتَى يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأُنَاسٍ مَعَهُمْ مِنَ الْحَسَنَاتِ كَأَمْثَالِ جَبَلِ تِهَامَةَ حَتَّى إِذَا جِيْءَ بِهِمْ جَعَلَهَا اللهُ هَبَاءً مَنْثُورًا ثُمَّ يُقْذَف بِهِمْ فِي النَّارِ فَقِيْلَ يَا رَسُولَ اللهِ كَيْفَ ذَلِكَ قَالَ كَانُوا يُصَلُّونَ وَيَصُومُونَ وَيُزَكُّونَ وَيَحُجُّونَ غَيْرَ أَنَّهُمْ كَانُوا إِذَا عُرِضَ لَهُمْ شَيْءٌ مِنَ الْحَرَامِ أَخَذُوهُ فَأَحْبَطَ اللهُ أَعْمَالَهُمْ (رواه الإمام الطبرني في المعجم الكبير).
яъни: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда “Ё, Расулаллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?”, – деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, – деб жавоб бердилар (Имом Табароний ривояти).
(Жума тезисларидан фойдаланилди)
Бахтиёржон Хайитбоев. Асака т. "Мулла абдулазиз" жоме масжиди имом хатиби