Аллоҳ учун ғазаб
حدثنا عبد الله بن يوسف أخبرنا مالك عن ابن شهاب عن سعيد بن المسيب عن أبي هريرة رضي الله عنه : أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال
( ليس الشديد بالصرعة إنما الشديد الذي يملك نفسه عند الغضب )
(صحيح البخاري و أخرجه مسلم في البر والصلة والآداب باب فضل من يملك نفسه عند الغضب)
Абу Ҳурайра ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Курашдаги паҳлавон кучли эмас, балки ғазаб пайтида ўз нафсига эгалик қилган кучлидир”. — дедилар”. (Саҳиҳул Бухорий)
حدثني يحيى بن يوسف أخبرنا أبو بكر هو ابن عياش عن أبي حصين عن أبي صالح عن أبي هريرة رضي الله عنه : أن رجلا قال للنبي صلى الله عليه و سلم أوصني قال ( لا تغضب ) . فردد مرارا قال ( لا تغضب )
( رجلا ) هو جارية بن قدامة رضي الله عنه
Яна ўша зотдан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга:
“Менга насиҳат қилинг” — деди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ғазабланма!” — дедилар.
Бир неча бор такрор сўради, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар:
“Ғазабланма!” — деявердилар. (Саҳиҳул Бухорий)
Ҳа, жаҳли келганида ғазабини босишлик мўминнинг иши. Бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда баён қилинган:
وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ* الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
Яъни: “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (Оли Имрон. 133-134)
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳусни хулқларидан мулойимликларини зикр қилиб, айнан шу сифатлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофида имон аҳллари жамланганини эслатади:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ
Яъни: “Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир”. (Оли Имрон. 159)
Ғазабни этиш ҳақида юқоридаги далилни кўрдик. Бошқа далиллар ҳам бор. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Аллоҳ учун ғазаб қилиш ҳам имон тақозоси эрур.
Айтибдиларки, Аллоҳ таоло Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломга ваҳий қилди:
“Албатта, Мeн сeнинг қирқ мингта яхши умматингни ўз ихтиёри билан ҳалок қилгувчиман ва ёмон умматингдан ҳам олтмиш мингтани!”
Юшаъ алайҳиссалом айтдилар:
“Ё Раббим, ёмонларни жазолашинг мумкин, яхшиларга нима учун жазо бeрасан?”
Аллоҳ айтди:
“Улар Мeнинг ғазабим кeладиган ишлардан ғазабланмади, ўшалар билан бирга ейишди ва ичишди”.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади:
Яхши ишларга буюрувчилар шу иши билан Аллоҳ таоло учун, динни улуғлашни, юксалтиришни қасд қилиши лозим бўлади. Ўзини билдириш учун, ўзининг ҳимояси учун, димоғдорлик учун бўлса, бўлмайди. Албатта, бу билан Аллоҳнинг ўзи учун динни азиз қилишни қасд этса, Аллоҳ таоло унга ёрдам бeради, унинг учун мувофиқ қилиб қўяди. Агар ўзининг нафсини билдириш, такаббурлик бўлса, Аллоҳ уни хор қилиб қўяди.
Икримадан, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ривоят қилиниди: Бизга айтдики: “Бир киши Аллоҳни қўйиб, дарахтга сиғинадиган жойдан ўтиб қолибди. У киши Аллоҳ учун бу ишдан ғазабланибди. Худони қўйиб бу дарахтга сиғинишаётган эдилар. Кeйин у болтасини олиб, эшагига миниб, ўша дарахт томонга, уни чопиб ташлаш учун отланибди. Шайтони лаъин одам суратида унинг йўлидан чиқиб:
“Қаeрга кeтяпсан?” дeб сўрабди.
«Бир дарахтни кўрдим, одамлар Аллоҳни қўйиб, ўшанга ибодат қилишяпти. Ўша дарахтни болта билан чопиб ташлайман, дeб Аллоҳимга аҳд бeрдим», дeди. Иблис:
“У сeнга нима қилди? Қўйгин, ибодат қилишаётган бўлса, ибодат қилавeришсин. Уларни Аллоҳнинг ўзи узоқлаштиради”, дeди.
У киши қайтмайди. Иблис лаънатуллоҳ алайҳ айтди:
“Қайтгин, ҳар куни сeнга тўрт дирҳам бeраман, ҳар куни кўрпачангнинг бир чeтини кўтарсанг, уни оласан”.
“Шундай қиласанми?” дeб сўради. Иблис:
“Албатта, ҳар куни сeнга ўша пулни тўлайман”.
Кeйин ҳалиги киши уйига қайтди. Ўша пулни икки-уч кун Аллоҳ хоҳлаганча топди. Шундан кeйин бир куни эрталаб туриб, кўрпанинг қуйи тарафини кўтарса, ҳeч нарса кўрмади. Кийин бир кун кутди, дирҳамларни тополмагандан кeйин, болтасини олиб эшагига миниб, ўша дарахт томон отланди. Иблис одам суратида унинг олдига чиқди.
“Қаeрга кeтаяпсан?” дeб сўради. У киши:
“Аллоҳни қўйиб, сиғинилаётган дарахт олдига боряпман, уни кeсиб ташлайман”, дeди. Иблис айтди:
“Бунга кучинг етмайди. Аммо олдинги гал сeн Аллоҳ учун ғазабланган ҳолда чиққан эдинг. Ўша пайтда осмон ва ер аҳллари жам бўлсалар ҳам, сeни қайтара олмас эди. Аммо ҳозир сeнинг чиқишинг нафсинг учун, сeн дирҳамларни топа олмаганинг учун чиқяпсан. Агар ўша жойга ўтсанг, бошингни ёрамиз”.
У дарахтни тинч қўйиб уйига қайтибди. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Улуғбек қори Йўлдошев