Abdulla Qahhor. Og'riq tishlar (komediya)  ( 9029 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  03 Dekabr 2011, 17:13:37

Abdulla Qahhor. Og'riq tishlar (komediya)



Muallif: Abdulla Qahhor
Hajmi: 1,86 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Muhammad Sanjar  01 Fevral 2012, 22:32:37

Абдулла ҚАҲҲОР

 ОҒРИҚ ТИШЛАР


Тўрт пардали комедия

Эпилоги билан


ҚАТНАШУВЧИЛАР:

Н а с и б а — ўрта мактаб ўқувчиси.
Р о ҳ и ла — ўнинг онаси.
М а р а с у л Ҳ у з у р ж о н ов — Насибанинг эри, тиш доктори.
Ф о т и м а — унинг онаси.
З у ҳ р а — Фотиманинг синглиси. Насиба ўқийдиган мактабнинг қоровули.
П ў л а т ж о н Д о м л а — мактабнинг директори.
Н а з и р а }
В е р а } Насибанинг дугоналари.
А ҳ а д ж о н З а р г а р о в — райижроком раисининг ўринбосари.
О қ и л а — унинг биринчи хотини.
Х у м о р х о н — унинг иккинчи хотини.
Р и з а м а т — Хуморхоннинг тоғаси, райижрокомнинг хўжалик мудири.


Воқеа бизнинг кунларда бўлиб ўтади.


 БИРИНЧИ ПАРДА

 БИРИНЧИ КЎРИНИШ

Марасул Ҳузуржоновнинг ўз ҳовлисидаги кабинети. Кабинетни кўча томонидаги деразадан кўрамиз. Деразанинг икки томонида ёзувлар, «Тиш доктори. Тиш техниги. Йўл муюлишидан». М а р а с у л, бекорчиликдан пашша тутиб ўтирибди. З а р г а р о в киради.

З а р г а р о в (соатига қараб). Марасул, ука, Оқила келмади-ку? А, Оқиладан дарак йўқ-ку?
М а р а с у л. Оқилахон опам... Автобус соат учда келади. Лекин, эрталабки автобусга чиқолмасам, тушгисига чиқарман деган эди.

 П а у з а

З а р г а р о в. Ҳм... Қаттиқ хафа эмасми?
М а р а с у л. Устига хотин оласизу, хафа бўлмайди-ми?
Заргаров. Йўқ, авзойидан жанжал қиладиган эмасми демоқчиман?
М а р а с у л. Йўқ... йиғлади!
З а р г а р о в. Йиғлади. Хайрият! Йиғлаган бўлса жанжал қилмайди... Кимни олди, деб сўрамадими?
М а р а с у л. Сўради. Хуморхон деган бир жувонни олдилар, дедим.
З а р г а р о в. Тинч келиб кетади дегин? Шундоқ бўлса ҳам насиҳат қилиб, этини ўлдириб, ундан кейин мени чақиргин. Мен уйда бўламан. (Чиқмоқчи бўлади).

 Ичкари эшикдан Ф о т и м а киради.

Ф о т и м а. Ҳой, онанг айлансин. Марасул... (Заргаровни кўриб.) Ассалому алайкум... Марасул, иш бузиладиганга ўхшайди-ку: ЗАГСнинг қоғози бўлмаса дом-ла-имом никоҳ ўқимас эмиш.
З а р г а р о в. Никоҳ? Шу гапни менинг олдимда гапирмасангиз нима қилар эди!
М а р а с у л (қабулхона эшигига қараб-қараб онасига). Секинроқ гапирсангиз-чи! (Заргаровга ёлвориб.) Яна битта акалик қилинг, жон ака! Бир оғиз айтиб қў-йинг!
З а р г а р о в. Жинни бўлдингми?.. Энди домла-имом-га «ниқоҳ ўқи» дейишим қолдими?!
М а р а с у л. Йўқ, ЗАГСга айтиб қўйинг дейман! Гапга тушунмайдиган бир одам ўтирипти... ҳеч кўнмайди!
(Трубкага.) Йигирма бир ўн, икки... ЗАГСми? Ким? Сиз билан район ижроия комитетининг раис ўринбосари ўртоқ Заргаров гаплашмоқчилар! (Трубкани Заргаровга беради.) ЗАГС мудири!
З а р г а ров (трубкага). Ҳим... салом... Докторнинг ишини тўғрилаб беринглар! Марасул Ҳузуржоновнинг ишини... Қиз ёш?!
Ф о т и м а. Ёш эмас, йилма-йилига ўн саккизга кирган!
М а р а с у л. Ёш эмас, ўн саккизда, мен биламан денг!
З а р г а р о в. Ёш эмас, ўн саккизда, мен биламан денг... йўқ, мен ўзим биламан! А? Тўққизинчи синфда ўқиса ўқийверади-да! Мен тўртинчи синфда ўқиганимда йигирма ёшда эдим! Менга қаранг, жавобгарликдан қўрқманг. Ҳар қанча жавобгарлик бўлса бизга ортаверинг... Кўтаравериб елкаларимиз қадоқ бўлиб кетган!
М а р а с у л (унинг елкасини силайди). Яшанг!
З а р г а р о в (трубкага). Менга қаранг, ука! Менинг бу ишга тайин бўлганимга ҳали йил ҳам бўлгани йўқ, гапимни қайтариб, бунақа, обрўйимни тўкадиган бўлсангиз хафалашиб қоламиз! А? Куёв билан келин менинг олдимда, ҳозир боради. Регистрация қилинг, бўлак гап йўқ! (Трубкани зарда билан қўяди.)
Ф о т и м а. Худоё умрингиздан барака топинг! Катта бўлиш хўп яхши-да! Кимга нима деса — нақд!
М а р а с у л. Боринг, Насибани мактабидан айтиб келинг, иссиғида бора қолайлик!
Ф о т и м а. Ҳозир айтиб келаман.
З а р г а р о в. Лекин мен аралашганимни ҳеч кимга оғзингиздан чиқарманг!
Ф о т и м а. Хўп бўлади. (Чиқади.)

Кўкрагига жуда кўп значок таққан Р и з а м а т киради.

З а р г а р о в. Ҳа, Ризамат! Тиш оғриб қолдими? Бунақа арақ ичишга тиш эмас, отнинг тақаси ҳам чидамайди.
Р и з а м а т. Арақ ичмай қўйганман, хўжайин!
З а р г а р о в. Шунақами... (Кўкрагини кўрсатиб.) Уҳў, тақмаганинг чойнакнинг қопқоғи қолипти холос-а! (Чиқади.)
Р и з а м а т. Менга қара, ука, Ризқихўжа икковинг шу қилиқларингни менга қилмасаларинг нима бўлар эди?!
М а р а с у л. Нима қилибмиз?
Р и з а м а т. Бошида писанда қилмовдимми!... Оғзингга сиққанини ол, лекин тилла тиш деб занглаган тақа қўйма демовдимми! ...
М а р а с у л. Йўғе! Сизга шунақа қиламизми?- Ўтиринг-чи...
Р и з а м а т (креслога ўтиради). Кечадан бери ўхчий бериб ўлиб бўлдим-ку.
М а р а с у л. Оғзингизни очинг! Уф, бай-бай, ичингиз-да ит ўлганми!.. (Бирдан). Э-э-э!.. Аттанг! Тиш қўйган-дан кейин уч кун арақ ичмай туринг дейиш мутлақо эсимдан чиқипти-я! Қани (тишини кўриб). Ҳа, мана тамом... миокардиодистрафия!
Р и з а м а т (чўчиб). А?
М а р а с у л. Миокардиодистрафия!
Р и з а м а т. Оббо, худо урди, энди нима қиламан! Нега айтмадинг, айтсанг тишимга сақич ёпиштириб ичар эдим-ку...
М а р а с у л. Мутлақо эсимдан чиқипти! Майли, зиёни йўқ, тўғрилаймиз... Сиз ҳозир Ризқихўжанинғ олдига боринг, мен телефон қиламан, чорасини кўради. Йўлда ичиб-нетиб юрманг тағин.
Р и з а м а т. Йўқ-йўқ, худо хоҳласа етиб борарман. (Чиқади.)
М а р а с у л (трубкага.) Ўн бир, ўн саккиз... Ризқи! Ризамат акага нуқул ўзидан қўйибсан-ку! Бориб-бориб ўртоқ Заргаровнинг қайнағасига шунақа қиласанми! Қўйсанг-чи, оғзи кўкариб ётибди! Энди бир-биримизни алдашимиз қолдими! Ҳозир боради, тўғрилагин! Арақдан миокардиодистрафия бўлипти дедим, сен ҳам шунақа дегин. (Турбкани қўяди.)

 О қ и л а киради.

Э-э, келинг, Оқилахон опа... Қайси автобусда келишингизни билмаганим учун кутиб олгани чиқолмадим. Яхши келдингизми?..
О қ и л а. Шукур... Қанилар, хотин устига хотин олган Аҳаджон бой қанилар?
М а р а с у л. Ҳозир... (Трубкани олади.) Йигирма беш, ўн беш... Аҳаджон ака, келдилар... Тезроқ чиқинг! (Трубкани қўяди.) Оқилахон опа, ишнинг фойда чиқа-диган томонини кўзлайверганингиз маъқул. Жанжалдан ҳеч ким барака топган эмас. Индамай қўя қолинг.
О қ и л а. Нега индамас эканман! Ўн етти йил хизматини қилиб пировардида кўрганим шу бўлдими? Менинг юзимни қилмаса уч боласининг юзини қилса бўлмасмиди?.. Бундан ўн етти йил бурун битта данак эксам ҳозир соясида ўтириб мевасини ер эдим. (Йиғлайди.)
М а р а с у л. Оқилахон опа... Фойда чиқадиган томонини кўзлайверинг.

З а р г а р о в киради. Оқила беихтиёр ўрнидан туради.

З а р г а р о в. Ҳа, яхшимисан... (Пауза.) Болалар яхшими?
О қ и л а (кўз ёшини артиб). Яхши... Хайрият, бола-лар эсингизда бор экан!
З а р г а р о в. Аҳмоқ бўлма!.. Ўтир! Энди нима бўлиб шундоқ бўлганини айтиб ўтиришга фурсатим йўқ — идорада одамлар мени кутиб ўтирибди. Бўлар иш бўлди, бўёви синди. Ихтиёр ўзингда, агар шу гапни кўчага чиқараман десанг, майли, чиқар, лекин ўйлаб иш қил! Ўзингга қийин бўлади: учта боланг бор, қўлингда ҳунаринг йўқ... Йў-йўқ,. кўчага чиқармайман, сабр қиламан десанг...
М а р а с у л. Сабрнинг туби олтин!
З а р г а р о в. Балли! От айланиб қозиғини топади!

Магазиндан келаётган Хуморхон дераза олдига етганида қўлидаги ўрамни тушириб юборади.

X у м о р х о н. Вой! Марасул ака!.. Қарашиб юборсангиз-чи!
М а р а с у л (Заргаровга). Хуморхон опам!..
Заргаров (дарров креслога ўтириб). Оҳ! Воҳ! Суғур! Суғурсанг-чи!
М а р а с у л (омбурни чоғлаб). Ҳозир... Ҳозир...
X у м о р х о н. Вой, нима қилди?

 О қ и л а Х у м о р х о н га тикилганича қолади.

М а р а с у л (Хуморхонга). Дунёда тиш суғуртиришдан ёмон азоб йўқ. Сиз бораверинг, кўрмай қўя қолинг.
X у м о р х о н. Оғритмай олинг! (Чиқади.)

О қ и л а унинг кетидан қараб, аста ўрнидан туради.

З а р г а р о в (чўнтагидан пул олиб Оқилага беради). Ма, болаларга бирон нарса олиб бер.
0 қ и л а. Ўзингиз қачон борасиз? Болалар дада деб жонимдан безор қилишяпти! (Йиғлайди.)
З а р г а р о в. Шу ҳафта ичи бораман. Болаларни ўпиб қўй! Бор!

О қ и л а товуш чиқармай йиғлаганича чиқиб кетади.

М а р а с у л. Аҳаджон ака, жуда қалтис иш-да... бир чувингиз чиқса борми — бу ёғингиз райком, бу ёғингиз прокурор-а!
З а р г а р ов. Э, ваҳима қилаверма!
М а р а с у л. Одам қариган сайин ёшини хоҳлар экан-да!.. Хуморхонни олмасдан шундай ўйнашиб юраверсангиз бўлмасмиди?
З а р г а р о в. Ўйнашиб юриб шунақа бўлиб қолди-да! Бир куни «бўйимда бўлиб қолди» деб йиғлаб келди. Ёлғон экан-ку, қўрққанимдан, қорни кўзимга катта кў-ринибди. Шу!.. «Тоғам билиб қолса мени сўяди, хотин устига бўлса ҳам ол», деб туриб олди. Тоғаси бояги Ризамат, ўшанда ҳам менда завхоз эди, ҳар куни саломга кирадиган бўлиб қолди: ҳар кирганда «сўйиб келмадимикин» деб юрагим жиғ этиб кетади, дегин!.. Бундан ташқари, ўйлаб қарасам, биздай одамнинг бисотида битта культурнийроқ хотин бўлса ҳам зиён қилмас экан. Ўзинг ўйлаб кўр: хотининг бўлса-ю, орада гаплашгудай гап бўлмаса, бирон жойга олиб боролмасанг, меҳмон келганда дастурхонда ортиқча бўлиб ўтирса!.. Қийин-да! Бечора Оқила, ўзи жуда ҳалол, меҳнаткаш, болаларга жуда меҳрибон, қисқаси баҳоси йўқ хотину, орқада қолиб кетди!
М а р а с у л. Саводи бор шекилли?
З а р г а р о в. Бор эди! Бир оз бор... жуда ёш олган эдим-да, еттинчими, саккизинчими синфда ўқир эди. Кейин ўқиёлмади: катта даргоҳ, бола-чақа, қозон-товоқ... Қолиб кетди!.. Қўй бу гапларни! Мени яна бирон уч минг сўм қарздор қилиб тур. Хуморхонни курортга жўнатмасам бўлмайди. Оқиланинг тапти босилгунча кўздан нарироқ тургани маъқул.

 Ф о т и м а киради.

Ф о т и м а. Насиба дарсда экан, айтдим, ҳозир дарс тамом бўлиши билан келади.
М а р а с у л. Пулингиз борми? Аҳаджон акамга яна уч минг сўм зарур бўлиб қолибди.
Ф о т и м а (шошиб). Пулим йўқ.
М а р а с у л (қулоғига). Ундоқ деманг, беринг, керакли одам.
Ф о т и м а. Ҳадеб олаверадими?.. Кошки берса!.. (Ички белбоғидан пул олиб тез санаб беради.) Минг! Икки минг!.. Уч минг!

Қизларнинг ашуласи, Н а с и б а нинг «Сизлар кетаверинглар, орқаларингдан етиб бораман!» дегани эшитилади. Ҳамма деразадан қарайди.

Н а с и б а (киради). Салом...
Ф от и м а. Айланай...
М а р а с у л. Ие, кийинмасдан келибсиз-ку!
Ф от и м а. Вой, гиргиттон! Киринг! Киринг!
З а р г а р о в (Насибага зеҳн солиб). Ҳим... (Марасулга.) Формада олиб бора кўрма, формани кўриб ЗАГС мудирининг жини қўзғамасин тағин.
М а р а с у л. Йў-йўқ! Худо урдими!
З а р г а р о в. Бўйи жуда паст экан-да!
Ф о т и м а. Туфли бор! Пошнаси бир қаричлик туфлимиз бор!
З а р г а р о в. Хўп, боринглар, ҳашамини кейин қиласизлар. Хўп, мен кетдим, одамлар кутиб қолди. (Чиқади.)
Ф о т и м а. Қани, юринг, гиргиттон!

Иккови ичкарига кириб кетади. Марасул ашула айтиб асбобларини  йиғиштиради ва кийинади. Ичкаридан Фотима, бошқа кўйлак ва баланд пошна туфли кийган Н а с и б а зўрға юриб чиқади.

М а р а с у л. Қани, кетдик!
Н а с и б а (Фотимага). Тағин ЗАГСга борамизми?
Ф о т и м а. Бу сафар бетўхтов ЗАГС қилади, Аҳаджон акангиз буюрдилар.
М а р а с у л. Энди портфелнинг кераги йўқ. (Портфелни олиб улоқтиради.)
Ф о т и м а. Боринглар! Илоҳи омин!.. Тезроқ қайтинглар, ошнинг гуручини солмай тураман!

М а р а с у л билан Н а с и б а чиқади. Фотима креслога ўтириб юзига фотиҳа тортади.


 ИККИНЧИ КЎРИНИШ

Роҳиланинг кўримсизгина уйи. Р о ҳ и л а, М а р а с у л. Марасул хуноб бўлиб у ёқдан-бу ёққа бориб келмоқда.

М а р а с у л. Бунақа қайсар одам дунёга келган эмас! «Ахир Аҳаджон акам телефон қилдилар-ку, яна нима керак?» десам, «Худонинг ўзи телефон қилса ҳам регистрация қилмайман» дейдн-я! ..
Р о ҳ и л а. Лоҳавла... Энди нима қиласизлар? .
М а р а с у л. Энди нима қилар эдик.... қишлоққа чиқиб регистрация қилдириб келамиз-да... Аҳаджон акам хат ёзиб бердилар... Мана... (Ўқийди.) «Кондан азиз жиянимиз Нишонбойга етиб маълум бўлсинки, ушбуни кўрсатувчи Марасул Ҳузуржоновни тегишли умр йўлдоши ўртоқ Насибахон Асқарова билан бирликда никоҳ дафтарингиздан ўтказиб азбаройи (таъкидлаб) турмуш қилишлари учун қонуний ҳужжатларини бермоғингизни сўраб қоламан деб Заргаров».
Р о ҳ и л а. Қачон борасизлар?
М а р а с у л. Ҳозир борамиз, борди-келдиси машина-да бир ярим соатлик йўл... Насиба келмаяпти-ку?
Р о ҳ и л а. Ҳайронман... Мактабимга бориб келаман деган эди.
М а р а с у л. Хавотирман-да: битта-яримта ўртоғига айтиб қўйса...
Р о ҳ и л а. Йўғ-э, айтмайди!
М а р а с у л. Мен бориб машинани олиб келай, унга-ча келиб қолар. Тайёр бўлиб туринглар. (Чиқади.)
Р о ҳ и л а (ўзича). Шукур, худога минг қатла шукур, кўзим очиқлигида қизгинамнинг тўйини кўрадиган бўлдим. (Гардеробни очиб Насибанинг кўйлакларини ҳавас билан кўздан кечиради.) Толейингдан ўргилай, қизим, онанг шўрлик қиз бўлиб, келин бўлиб ҳеч нарса кўрмаган эди, худойи таоло ҳаммасини сенга насиб қилган экан. (Ўзича ашула айтади.) Тўй муборак бўлсин. Тўйлар муборак бўлсин...
Ўргилай Насибахон, тўйлар муборак бўлсин...

Мактаб формасида Н а с и б а маъюс киради.

Келдингми, қизим...Ҳа, нима бўлди?
Н а с и б а (секин). Мен яширолмадим... Домламга айтиб қўйдим...
Р о ҳ и л а (қўрқиб). А? Қайси бирига айтдинг?!
Н а с и б а. Мактабдан чиқиб келаётсам Пўлатжон Домла эшикда турган эканлар... Ҳеч яширолмадим! Кабинетларига олиб кирдилар. (Бирдан.) Ая, қўйинг, шу ишни! Қўйинг, шу иш мактабни битирганимдан кейин бўлсин! Мен домламга ваъда бериб келдим. Қўйинг, керакмас!
Р о ҳ и л а. Ҳой, ношукур! Бахт қуши одамнинг бошига бир марта қўнади-я! Ўқиш ҳамма вақг бўлаверади — магазин тўла китоб!
 
 Пўлатжон Домла киради.

П ў л а т ж о н Д о м л а. Мумкинми?
Н а с и б а (ҳайрон). Марҳамат... Келинг, Домла...
Р о ҳ и л а (гаранг). Келинг, директор-домласи...
П ў л а т ж о н Д о м л а. Салом...
Р о ҳ и л а. Қани бу ёққа... қизим, самовар қайнаб турган эди, олиб кир!
П ў л а т ж о н Д о м л а (ўтиради). Саломат бормисиз?..
Р о ҳ и л а. Шукур...
П ў л а т ж о н Д о м л а. Насибани узатишга шошилибсиз деб эшитдим...
Р о ҳ и л а (гангиб). Йўқ...Ким айтди?.. Бекор гап! Ўлимдан хабарим бор, бу гапдан хабарим йўқ...

П ў л а т ж о н Д о м л а унинг кўзига қарайди.

И-ҳа, эсим қурсин, дурустроқ бир жой чиққан эди, подручка қилиб юрсин деб унаштириб қўйдик, холос...
П ў л а т ж о н Д о м л а. Ҳим... «Дурустроқ жой»? Нимаси дуруст экан?
Р о ҳ и л а. Дурустлиги шуки... ўзи доктор! Доктор бўлганда ҳам чаққонгина доктор экан! Данғиллама иморату, машина-ю! Сигир, товуқ, ғоз... Болагинам «тим ўсганига яраша худо пешонасига бахт битган экан!
П ў л а т ж о н Д о м л а. Ҳмм... Ҳар бир она боласини яққолроқ кўриниб турган бахтга томон йўллашни истайди, лекин афсуски, бахт, чинакам бахт нима экани-ни ҳар бир она билавермайди. Азизим! Қизингизнинг бахтини бировларнинг остонасидан қидирманг! Бахтни бировларнинг остонасидан қидиришнинг ўзи бахтсизликнинг боши! Насиба ўз бахтини ўзи, ўз қўли билан яратади! Бахт хусусида уни янглиштирманг! Янглиштирманг қиз бечорани!
Р о ҳ и л а. Вой, мен янглиштирганим йўқ! Ўқиган йигит бўлгани учун қўлдан чиқмасин деб...
П ў л а т ж о н Д о м л а. Ўқиган бўлса ҳам ўқимаган йигитга ўхшайди, йўқса Насибанинг ўқишини ора йўлда қолдириб мактабидан юлиб олмоқчи бўлмас эди.
Р о ҳ и л а. Билмасам, Насибанинг ўзи танлаган... яхши кўради...
П ў л а т ж о н Д о м л а. Хато! Ундоқ деманг, хато гап! Мен Насиба билан гаплашиб кўрдим. Бу муҳаббат эмас, англашилмовчилик! Сиз муҳаббат хусусида ҳам уни янглиштирманг!
Р о ҳ и л а. Вой, ғалати гапни гапирасиз-а, домласи, (йиғламсираб) она ўз боласига ёмонликни раво кўради-ми!..
П ў л а т ж о н Д о м л а. Тўғри, ҳеч қачон раво кўрмайди! Қадимги вақтда ёш қизларини хотин устига берган, олтмиш-етмиш яшар чолларнинг қўйнига солиб қўйган ота-оналар ҳам ўз боласига ёмонликни раво кўрган эмас, лекин дўст бўла туриб душман ишини қилганлиги ҳам ҳақиқат! Шундоқ эмасми?

 Самовар кўтариб Н а с и б а киради.

(Насибага.) Биз ўқитувчилар, тўққиз йил давомида сени кўзимизнинг нури, бағримизнинг ҳарорати билан парвариш қилдик!.. (Роҳилага.) Тувакда бир туп гул ўстирган одам шу гулнинг бирон япроғига шикаст етса қанчалик ачинади! Насиба бир туп гул эмас!
Р о ҳ и л а. Айтдим-ку, домласи, совчи келавермасин деб унаштириб қўйдик, холос. Тўйни келаси йил қилсак қилармиз...
П ў л а т ж о н Д о м л а. Тўй деб Насибанинг ўзи айтди-ку!
Р о ҳ и л а (кизига хўмрайиб). Вой, нега ундоқ дединг? Унаштириш нима эканини билмайди-да, домласи, ёш... (Ўпкалаб.) Вой, домласи, наҳотки шунга ишонган бўлсангиз! Сизни отаси ўрнида кўрсагу наҳотки сиздан бесўроқ иш тутсак... (Насибага.) Қиз нарса, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, тўй деб юргани уялмайсанми! (Биқинини ўйиб олади.) Гапир!
Н а с и б а. Кечирасиз, домла, мен тушунмаган эканман...
Р о ҳ и л а (сохта кулиб). Буни қаранг, унаштиришни тўй деб юрса-я! Қўйинг, домласи, ҳозир унаштиришдан ҳам айнидим! Вақт-соати етганда бўлар! Вақт-соати етганда куёвни ўзингиз топасиз! Тўйга ўзингиз бош бўласиз!
П ў л а т ж о н Д о м л а. Ана бу гапингизга офарин! Офарин! Энди мен кетай бўлмаса...
Р о ҳ и л а. Бирпас ўтирсангиз бўлар эди.

Р о ҳ и л а уни кузатиб чиқади. Насиба ўйланиб қолади.

Р о ҳ и л а (киради). Орзу-ҳавас кўриш пешонамга битмаган бўлса нима ҳам дейман! (Йиғламсираб.) Майли, онанинг кучи болага етмайдиган замон экан...
Н а с и б а (ҳайрон). Вой нима деяпсиз ўзингиз?!
Р о ҳ и л а. Шу гап ўлгурни домлангга айта қолмасанг нима қилар эди! Сизларга нондан ҳам домла азиз-да! Майли, шундай бўлса ҳам сендан розиман... (Айтиб йиғ лайди.)Ўғил кўрмадимки, гўримга икки кетмон тупроқ ташласа... Товутим чиққан куни арвоҳимга битта шам ёқсанг бас!

 М а р а с у л киради.

Н а с и б а (йиғлаб). Дарров шунақа дейсиз-да!
М а р а с у л. Узи нима гап? А?
Р о ҳ и л а. Директор домласи келди...
М а р а су л. А?.. Хўш?
Р о ҳ и л а. Домласига айтибди...
М а р а с у л (Насибага). Ие, қанақасиз ўзингиз, ҳеч кимга оғзингиздан чиқарманг демовдимми? (Роҳилага.) Хўш, нима деб келибди?
Р о ҳ и л а. Нима дерди!
М а р а с у л (Насибага). Хўш, сиз нима дедингиз?
Н а с и б а. Пўлатжон Домла мендан жуда қаттиқ койиндилар.
М а р а с у л. Қизиқ экансиз, директор бўлгандан кейин койийди-да! Нима, чапак чалсинми бўлмаса?
Н а с и б а. Йўқ, Домла чинакам куяётиптилар, мактабни битиролмай қолади деб ўйлаётиптилар.
М а р а с у л. Ие, ахир айтмадингизми!.. Мен жоним-ни, танимни, бутун умримни илм йўлига тиккан бир дарвишман-ку, ахир! Мен нима қилсам илм учун, илм йўлида қиламан. Куним битиб ўлсам, ўлигимни ҳам илм йўлига бераман: майли, студентлар теримга похол тиқиб бурчакка қўйишсин! Ғинг демай туравераман!.. Мен сизга қўл чўзганимда эркак бўлиб эмас, бир тарбиячи бўлиб қўл чўздим. Мен сизни университетда ўқитаман, аспирантурада ўқитаман! Менга жўн хотин керак эмас! Жўн хотин керак бўлса, мана, ўртоқ Заргаровдай одам синглисини бермоқчи бўлганда ола қолар эдим!
Р о ҳ и л а (Насибага). Эшитаётибсанми?
М а р а с у л. Мен сизни доктор қиламан, академик қиламан!
Н а с и б а (кулимсираб). Ростми?.,
 М а р а с у л. Мен сизга қачон ёлғон гапирган эдим?

 Ф о т и м а киради.

Ф о т и м а. Ҳой, мунча ивирсидиларинг! Машинада ўтириб кўзим пинакка кетибди. Бўла қолсаларинг-чи!..
Р о ҳ и л а (Насибага кўйлак бериб). Юр тезроқ, кийингин, қизим!
Н а с и б а. Ая, ахир, Пўлатжон Домла...
Р о ҳ и л а. Гапни кўпайтирма! (Насибани қўярда-қўймай етаклаб олиб чиқади.)
М а р а с у л (Фотимага.) Тўйни тезроқ ўтказмасак мактаб ишни чатоқ қиладиганга ўхшайди.
Ф о т и м а. Албатта! Менинг нима деб жоним ҳалак! Қачонгача ўргатаман!..

 Ясанган Насиба, Роҳила киради.

М а р а с у л. Қани, кетдик! Р о ҳи л а. Кетдик!
Н а с и б а. Ая, домламга нима дедингиз?..
 М а р а с у л. Юринг! Юринг! (Насибани қўлтиқлаб олиб етаклайди.)

 Ҳ а м м а чиқади.

 Парда


 ИККИНЧИ ПАРДА

 УЧИНЧИ КЎРИНИШ

Катта дид ва зўр ҳавас билан солинган иморат. Ёш мева дарахтлари. Майнинг ўрталари.
Насиба, Вера, Назира.

Н а с и б а.
 Кавказ подо мною. Один в вишине
 Стою над снегами у края стремнины
 Орел, с отдаленной поднявшись вершины,
 Парит неподвижно со мной наравне.

 В е р а. Парит эмас, парит!
 Н а с и б а. ... Парит неподвижно со мной наравне... Кисловодск! Казбек! Арарат!..
 Н а з и р а. Кисловодск қаёқда-ю, Қазбек бнлан Арарат қаёқда! Тўққизинчи синфда ўқиган одам географияни бир оз билиши керакдир?
В е р а. Қизишма, Назира.
Н а с и б а (кулади, Назирани қучоқлайди). Ўзингнинг ҳам қавасинг келаётипти, ўртоқжон!.. Вой!.. Ўйласам юрагим ҳовлиқиб кетади!.. Шуларнинг ҳаммасини ўз кўзим билан кўраман-а!
Н а з и р а. Ўқиш-чи?! Ўқишни кимнинг кўзи билан кўрасан? Имтиҳонлар-чи?
Н а с и б а. Имтиҳон? Имтиҳонни кузда бераман. Марасул акам шунақа деяптилар!
Н а з и р а. Ҳайронман! Мен сенга ҳайронман, Насиба! Наҳотки одам ҳеч кераги йўқ курортни деб имтиҳонни кузга қўйса!
В е р а. Бари бир мактаб жавоб бермайди.
Н а с и б а. Жавоб берган бўлса-чи?
В е р а. Ҳеч-да.
Н а с и б а. Марасул акам «Насиба ҳозир курортга бормаса бўлмайди» деб поликлиникадан справка элтиб бердилар.
В е р а. Ҳеч касалинг йўқ-ку!
Н а с и б а. Вой, касалим бор;..
Н а з и р а (тажанг). Қаеринг қийшайибди?
В е р а. Назира, оғир бўл!
Н а с и б а (зўр ташвиш билан). Марасул акам мана бу еримга ... йўқ, мана бу еримга қулоқ солиб кўриб, (бош чайқайди) мундай-мундай қилдилар.
Н а з и р а. Бошини мундай-мундай қилган Марасул акангу справкани поликлиника бердими?
В е р а. Назира, ҳовлиқмагин!
Н а с и б а. Марасул акам касалимни айтгандилар-да!
В е р а. Ҳеч қанақа касалинг йўқ! Қўй бу гапларни! Биз ёрдам берайлик, имтиҳонга тайёрлан.
Н а с и б а. Вой, мунча! Имтиҳонни берсам бўлдими? Кузда бераман-да! Ҳозир қандоқ қиламан... Поездга билет олиб қўйган бўлсак, поезд уч соатдан кейин кетса... Ўнинчини кечки мактабда битираман! Битирмасдан иложим борми, янаги йилга Москвага кетадиган бўлиб турибмиз. Марасул акамни Москвага ишга чақиришяпти.
Н а з и р а. Мен ҳам «Москвада тиш доктори камчил эмиш» деб эшитдим!
В е р а (ачниғи келиб). Назира, қўйсанг-чи!
 Н а с и б а. Вой, ишонмайди-я! Хат келибди! Кетамиз! Марасул акам «сени Ломоносов номидати университетга киргизиб қўяман», деяптилар, йигирма бешинчи этажда ўқийман! У киши ишлайди, мен ўқийман. Университетни битираман, кандидат, доктор бўламан! (Керилиб.) Физика-математика фанлари доктори, профессор Насибахон Каримовна Асқарова! Йўқ-йўқ, Ҳузуржонова!
Н а з и р а. Сал тушинг!
Н а с и б а. Бўлолмайманми?
Н а з и р а. Бўлолмайсан!
Н а с и б а. Бўлолмайманми, бўлолмайманми?
Н а з и р а. Бўлолмайсан!
Н а с и б а (уни йикитиб миниб олади). Бўлолмайман-ми?
Н а з и р а. Тавба қилдим! Бўласан... бўласан...

 Кулги. Жимлик.

В е р а («Школьний вальс»ни бошлайди).
 Давно, друзья веселые,
 Простились мы со школою...

 Назира билан Насиба қўшилади.

Но каждый год мы свой приходим класс,
 В саду берёзки с клёнами,

И школьный вальс опять звучит для нас.
Сюда мы ребятишками
 С пеналами и книжками...

Насиба сукутга кетади. Буни Вера пайқаб Назирани туртади.

Н а з и ра (ўйчан).

 Давно, друзья весёлие,
 Простились мн со школою...

В е р а. Ҳар қалай эрга текканинг бемаврид, бемаслаҳат иш бўлди! Насиба. Мактаб билганида тўйингни бир йил кейинга қўйдирар эди. Яширдинг. Ҳамма сендан хафа!
Н а с и б а. Уф... Муҳаббат нима эканини бошингга тушганда биласан!
Н а з и р а. Яна бир йил сабр қилганингда муҳаббатингга куя тушармиди?
Вера (Назирага). Оғир бўлсанг-чи, ахир!
Н а с и б а. Яна бир йил сабр қилсам бўлар эди, лекин бир томондан, аям... «Кўзим очиқлигида тўйингни кўрай» деб туриб олдилар, бир томонда... (ифтихор билан) ўртоқ Заргаров орага тушдилар. Ундан кейин Марасул акам ҳар куни мактабга кетишимда ҳам, келишимда ҳам, гул кўтариб кўчамизнинг бошида турар эдилар.
Н а з и р а. Менга қара, ҳар куни гул кўтариб турганига раҳминг келдими, ё чинакам яхши кўрасанми?
Н а с и б а, Билмасам... (ўйчан). Баъзан аллақандай бўлиб кетаман.... Кўнглим ғаш.... Тўққиз йил ўқиган мактабим, муштдайлигимдан бирга ўсган ўртоқларим.., Ҳаммасига, бегонадай бўлиб қолдим! Энди кечки мактабда ўқийман... Хотинлар.... Қизиқ-а, мен энди хотин!.. Марасул акам менинг эрим! Эр! «Эрим» деган гапга ҳеч кўниколмаяпман! Кўникиб кетарман-а, қизлар! Бир одам сенга жони жаҳонини берса-ю, сендан ҳеч нарсани талаб қилмаса, шу одамнинг оти эр бўлса, бунга кўникмасдан нимага кўникади киши! Қаранглар, шу ҳовли-жой, мана шу дарахтлар, курси, сўри —ҳаммаси меники! (Бахтиёр.) Эрим мени бугун Кисловодскка олиб кетади!
В е р а. Бутунлай ўзгарибсан!
Ф о т и м а (товуши), Ҳой, Асқад, жувонмарг, қўясанми, йўқми?!
Н а с и б а. Қайнанам...

Ф о т и м а чимматсиз паранжи ёпиниб, иккита бидон кўтариб киради.

Ф о т и м а. Келинпошша! (Мехмонларни кўриб.) Ие! Келинглар, эсонмисиз... Омонмисиз... (Насибага.) Келин- пошша, товуқларингизга мояк қўйдингизми?
Н а с и б а. Ҳа, мояк қўйганман.
Ф о т и м а. Чипор товуғингизга-чи?
На с и б а. Унга ҳам қўйдим.
Ф о т и м а. Қора товуғингиз ҳам қа-қалаб юрибди, (Товуқнинг юришини қилиб кўрсатади.) Қа-қа-қоқ.., (Бир чеккада турган шиша билан пахтани кўриб қола-ди.) Ҳа, айтгандай (шиша билан пахтани олади), сигирингизнинг қаншарига темирўтки чиқибди, намакоб суркадим, нос суркадим — бўлмади, пичоқ билан қириб, кирасин суркаш керакмиш.

Назира пиқ этиб кулиб юборади. Вера уни туртади.

Қирай десам, қарилик қурсин кўзим ўтмади. Сизнинг кўзингиз ўткирроқ... Мана, учовларинг бирпасда қиласизлар...

Назира товуш чиқармай қотиб-қогиб кулади. Вера уни туртади, гавдаси билан Фотиманинг наэаридан тўсади.

Н а с и б а (хижолат). Мол докторига қаратамиз, ая, доктор даво қилади!
Ф о т и м а. Аввал бир суркаб кўринглар, бўлмаса ундан кейин дўхтирга қаратайлик. (Шиша билан пахтани унга беради.)
Н а си б а. Хўп-хўп... Ўтиринг...
Ф о т и м а. йў-йў-йўқ, бемалол ёзилишиб ўтиринглар! Ёмон кўрганим ёшларнинг суҳбатига қариларнинг суқилиши. Айниқса, қайнана...
Н а с и б а. Унақа деманг! Ўтиринг!
Ф о т и м а. Ёшлигимда қайнанаинг жабрини торта-торта жонимда жон қолган эмас. Мана шу Марасулни туққанимда: «Шу ўғлим катта бўлса, хотин олса кели-нимнинг ҳеч ишига аралашмайман», деб ннят қилган-ман. Худо ниятимга етказди.

 Ғозлар товуши.

Ҳой, Асқад ўлгур! (Кўча эшигига томон югуради.) Н а с и б а ундан илгари чиқиб кетади.
Н а с и б а (товуши). Ҳой, Асқад!
Ф о т и м а (кўчага). Келинпошша, ҳу, ана у эшикка кирди! Ҳа, жувонмарг!.. (Қайтади.)
В е р а (Назирага, «сен тек тур», деган маънода ишора қилиб). Хола, Насиба ўқишини қўйиб курортга кетармиш... Чакки қилаётипти. Сиз ҳам айтинг...
Н а з и р а. Ўғлингизга айтинг, олиб кетмасинлар, Имтиҳони бор.
Ф о т и м а (бидонларини олиб). Йў-йўқ! Мен ният қилганман. Ихтиёр ўзида. Ҳукуматнинг даврида ҳамма озод, озод бўлгандан кейин борса ҳам ўзи билади, бормаса ҳам ўзи билади. (Чиқади.)

Машина гудоги. Насиба билан Марасул киради.

М а р а с у л. Салом қизлар!.. Насибахон, пулингиздан бир минг беш юз сўм олиб чиқииг, мен сизга бир нарса олиб келаман.

 Н а с и б а уйга қириб кетади.

Хўш, қизлар, нима гап?
В е р а. Бизни комсомол ташкилоти юборди.
Н а з и р а. Насиба имтиҳонларини бермасдан курортга кетар эмиш! Бу қанақаси?..
В е р а. (Назирани туртиб). Комсомол ташкилоти бизни хабар олгани, билгани юборди.
М а р а с у л (елкасини қисиб). Мен бу тўғрида дирекцияга справка элтиб берган эдим-ку?
Н а з и р а. Курортга ҳозир бориши зарурми?
Марасул. Зарур! Докторлар касали жуда оғир дейишаётипти. Миокардиодистрафия!
Н а з и р а. (Верага бир қараб). Вой, Насибани ўзингиз кўрибсиз-ку! Поликлиника сизнинг гапингизга қараб справка берибди-ку!
М а р а с у л. Тўғри, ўзим кўрдим! Нима, мен доктор эмасманми? Жим! Насиба чиқаётипти. Мен касалини ўзига айтганим йўқ. Ўзи билмаслиги керак!

Н а с и б а уйдан жуда кўп пул олиб чиқади ва ўртоқларининг кўз олдида ҳузур қилиб санаб беради.

Н а си б а. Мана... Бир! Икки...
М а р а с у л. Курортга боришдан мақсад даволаниш бўлса, даволанишдан мақсад — ўқиш! Аъло ўқиш! Комсомол ташкилоти билан дирекцияга менинг номимдан айтинглар... Мен олий маълумотли одамман, докторман! Насиба кузда ҳамма фандан аълога топширмаса йўл қўймайман! Насиба мени ерга қаратмайди,
Н а с и б а. Албатта!.. Эллик саккиз, эллик тўққиз, олтмиш!.. Дарров келасиз-а! Тағин поездга кечикмайлик!
М а р а с у л. Мен беш минутда етиб келаман. Ўртоқларингизга яхши пластинкалардан қўйиб беринг.
Н а з и р а. Йўқ, биз ҳам кетамиз!
М а р а су л. Шунақами... Машинага чиқинглар бўлмаса.
Н а с и б а (эркаланиб). Марасул ака, машинани кўчанинг бошигача ҳайдаб чиқай...
М а р а с у л (кулиб, қизларга). Насиба машина ҳайдашни ўрганаётипти. (Насибага.) Хўп, лекин катта кўчага чиқмайсиз!
Н а с и б а (севиниб.) Хўп! Кўчанинг бошигача...

Ҳамма чиқади. Мотор гуриллайди. Машина гудоги. Ғозлар товуши. Машина жўнайди. Пақир кўтариб Фотима киради. Телефон жиринглайди.

Ф о т и м а (трубкани олиб), Ҳа! Марасул йўқ. Кимсиз? Директор? Вой, болам, қайси магазиннинг директорисиз? А? Мактаб директори? Ҳмм... Ҳа, кетишаётип-ти. А? Ихтиёр Насибанинг ўзида. Вой, ўзингиз ўқиган одам бўла туриб озодликка тўсқинлик қиласизми?

Кўчадан ғозлар товуши эшитилади.

Қўйинг, қўйинг, гапни чўзманг! Вақтим йўқ! (Трубкани қўйиб кўчага қарайди. Хуморхон киради.) Ҳой, Асқад, қўясанми, йўқми? Бировнинг ғозини қувлайверасанми?
X у м о р х о н. Ким, хола?
Фотима. Анави Тўлаганнинг эркатойи! Минаман деб ғозларни қувлагани қувлаган.
X у м о р х о н. Бизнинг телефон яна бузилиб қолди. Эр бўлмай қора ер бўлгур, шуни яхшироқ тузаттириб қўймайди! Мумкинми?..
Ф о ти м а. Бемалол... (Пақирни қўйиб, уйга киради.)
Хуморхон (трубкага). Йигирма тўрт — етмиш тўрт... Салом. Хуморхонман. Аҳаджон акам бормилар? Шунақами... Раҳмат... Кечирасиз... Йигирма—тўқсон саккиз... Ўртоқ Заргаров бормилар? Қаёққа? Раҳмат. Кечирасиз... Йигирма уч — саксон тўққиз. Ўртоқ Заргаровнинг оилалари бўламан... А? Қаёққа кетди экан? Айтмадими? Раҳмат. Кечирасиз. (Трубкани қаттиқ қўйиб ўрнидан туради.)
Н а с и б а. (югуриб киради). Ду-ду-дуд!.. Радиатор... Аккумулятор! Келинг, Хуморхон опа...
Ф о т и м а уйдан чиқади.
Ф о т и м а. Келинпошша! Сигирингизни соғиб оласизми?.. (Кунга қараб.) Мен намозни ўқиб олай.
Н а с и б а пақирни олиб ўйнаб чиқиб кетади. Телефон жиринглайди.
Ким? А? Ҳозир. (Чиқмоқчи бўлган Хуморхонга.) Манг! Эрингиз. (Жойнамозни олиб намозини бошлайди.)
Хуморхон (трубкага). Лаббай! Аҳаджон ака! Қайси гўрда юрибсиз? Телефон қилмаган жойим қолмади! Нима бўлди путёвка. (Таъби хира бўлиб.) Вой курортга кетаётибман деб ҳаммага овоза қилиб қўйганимдан кейин йўқ дейсизми? Керакмас, путёвка топиб келмасангиз уйга киргизмайман! (Трубкани қўяди, намоз ўқиётган Фотимани четлаб ўз ҳовлисига чиқиб кетади.)

Машина гудоги. Бир қўлида ҳасса билан шляпа, бир қўлида ўрам,  Марасул киради. У оёк учида юриб уйга кириб кетаётганида Ф о т и м а унга кўз қири билан қарайди.

Ф о т и м а (саждага кетаётиб). Шошма!

Марасул бир тўхтаб яна йўлда давом этмоқчи бўлади.

Шошма дейман. У нима?
М а р а с у л. Хитойи халат.
Ф от и м а. Бу ёққа бер! (Халатни очиб кўради'.) Қачон ақлинг киради!
Ма р а су л. Ҳмм...
Фотима. (Фотиҳага қўл очиб.) Нима қиласан латтани? йўқот! Илм бошқа экану, ақл бошқа экан-да!
М а р а с у л. Келинингиз бир хурсанд бўлсин деган эдим-да!
Ф о т и м а (юзига фотиҳа тортиб). Хотиним хурсанд бўлсин десанг тилла узук олиб бер, тилла билагузук, қўш-қўш тилла соат олиб бер! Хотининг ҳам хурсанд, ўзингнинг ҳам бир кунингга ярайди. Ўзингни тиллага ур, онанг айлансин Марасул, ўзингни тиллага ур!
М а р а сул. Энди буни магазин қайтиб олмайди-да... (Эслаб.) Хуморхон шунақа нарсаларга ўч, ўшанга оширамиз.
Ф о т и м а. Ошир!.. Мактабдан телефон қилди. Яна ўша гап! Тезроқ жўнай қолинглар!
М а р а с у л. Чатоқ бўлаётипти-да. Бориб-бориб менга гап тегмаса эди дейман-да...
Ф о т и м а. Насибанинг ўзи ўқишни хоҳламаса ҳеч кимга гап тегмайди. Озодликка чиққандан кейин хоҳласа ўқийди, хоҳламаса қатиқ сотади. Олиб кетавер. Шунча ўқипти — бас, бундан ортиқ ўқиса тепангга чиқиб кетади. Ишлайсан, пул топасан — роҳатини кўр. Менинг ҳам илгариги қувватим қолган эмас. Мен ҳам дунёга умид билан келганман, оёғимни узатиб ўтирармикинман деб ўғил ўстирганман.
М а р а с у л. Тўғри-ю, лекин бу ёқда мактаб, бу ёқда комсомол...
Ф о т и м а. Борди-келдиларингга икки ой кетар экан. Икки ойгача эҳе! Эсидан чиқади-кетади.

 Фартук тутиб олган Насиба киради.

Н а с и б а. Ая, сутни нима қилай?
Ф о т и м а. Ўзим саранжомлайман. (Чиқади.) Насиба. Нима олиб келдингиз, Марасул ака? Марасул (халатни беради). Лекин ўзимга ёқмай турипти. Пастроғи экан.
Н а с и б а. Кийиб кўрай-чи!
М а р а с у л. Арзимайди.
Н а с и б а унинг кетидан М а р а с у л уйга киради.
З а р г а р о в, Хуморхон, буларнинг кетидан Р и з а м а т ҳов-
лиқиб киришади ва телефон томон боришади.
З а р г а р о в (Ризаматга). Боятдан бери айтмайсан-ми!..
Х у м о р х о н. Сизнинг путёвка тополмаслигингизни қаёқдан билсин!
З а р г а р о в. Нима, ким дединг?
Р и з а м а т. «Инобат» артелининг раиси Раҳимов Малик.
З а р г а р о в (трубкага). «Инобат» артели... А? Банд? Оббо!.. (Трубкани қўяди.) Путёвка олдим, деб ўзи айтдими?
Р и з а м а т. Ўзи айтгани йўқ, мен сўрадим... Оғайним...
З а р г а р о в. Олдим, дедими?
Р и з а м а т. Ҳа, кеча олган экан?
З а р г а р о в (трубкага). «Инобат» артели... (йўғонроқ товуш билан.) Раиси борми? Ие, салом... Заргаровман. Раҳмат... Ишлар қалай? Дуруст, дуруст...
X у м о р х о н. Гапни чўзманг!
З а р г а р о в. Бизнинг бошимизга бир мушкул иш тушиб қолди-да. Умр йўлдошимиз қаттиқ бетоб...
Х у м о р х о н. Бунақа гапларни сизга ким қўйипти, хотиним деяверинг!
З а р г а р о в. Ҳа, хотиним... Кисловодскга бир дона путёвка олган экансиз, шуни бизга берсангиз, биз сизга янаги ойга тўғриласак, қалай бўлади? Одам юборайми?, Раҳмат. (Трубкани қўяди.)
Х у м о р х о н. Бўлдими?
З а р г а р о в. Албатта! Одамни шошириб юборасиз-а!.. Ризамат, бор, путёвкани олиб кел! Машинада бориб кела қол.

 Р и з а м а т чиқиб кетади.

Лекин шунақа одамларга телефон қилиш яхши эмас, жоним! Бунақада обрў қоладими?
Х у м о р х о н. Обрў? Обрў борми сизда? Битта путёвкани тоғам аралашмагунча эплолмадингиз-ку! Обрў эмиш! Обрў десангиз хотинингизнинг тоғаси завхоз бўлиб юрармиди!
З а р г а р о в. Ичмаса экан, бошқа ишга қўйсам! Араққа нон тўғраб ейди!
Х у м о р х о н. Бўлди, бўлди, пул топинг!

 М а р а с у л билан Н а с и б а уйдан чиқади.

Н а с и б а. Хуморхон опа, бу ёққа келинг-а! Сизга бир нарса кўрсатаман! (Хуморхон билан уйга кириб кетади.)
М а р а с у л. Келинг, Аҳаджон ака!.. Марҳамат!
З а р г а р о в. Путёвка масаласи ҳал, энди билетга, йўлга бир оз пул бўлса... Яна бирон уч минг қарздор қилиб турасан, ука.
М а р а с у л. Жоним билан.

Ф о т и м а паранжи ёпиниб бидон кўтариб киради ва кўча эшиги томон йўналади.

Ая, пулингиз борми?
Ф о т и м а (Заргаровга кўз қирини ташлаб). Йўқ эди-ку.
М а р а с у л. Қаранг, бордир, Аҳаджон акамга уч минг зарур бўлиб қолибди.
Ф о т и м а (ўзича). Оббо!.. (Заргаровга) Озроқ бўмайдими? Озроқ олсангиз беришингиз осон бўлар эди (беради). Мана, санаб олинг (инқиллаб чиқиб кетади).
Заргаров (пулни ёнига солиб). Раҳмат! Зап онанг бор-да!.. Бир тийинини қирғич билан қириб олади, киши-я! Мен бориб билет олиб келай бўлмаса...
М а р а с у л. Мен машинани поликлиниканинг гаражига қўймоқчи эдим, юринг...

 И к к о в и чиқиб кетмоқчи бўлиб турганда Н а с и б а, халат кийган Хуморхон уйдан чиқади.

М а р а с у л. Ўҳ-ўҳ-ўҳ!.. Жуда ярашипти-ку, Хуморхон!
Н а с и б а. Менга ярашмаганмиди?
М а р а с у л. Сизга ҳам ярашди-ю, жизми каттароқ!.,
Х у м о р х о н (Заргаровга). Гапирсангиз-чи!
З а р г а р о в. Дуруст, дуруст.
Х у м о р х о н (Насибага). Опаси ўргилсин, менга беринг, мен сизга бошқа нарса олиб бераман.
М а р а с у л. Насиба сиздан битта эмас, ўнта халатни ҳам аямайди. (Кўз қисади.)
Н а си б а. Майли...
Х у м о р х о н (Заргаровга). Пулингиз борми?
З а р г а р о в. Бераман, бераман. (Марасулга.) Кейин суришамиз.
М а р а с у л. Майли-майли... (Ўзича.) Бунга ҳам куйдик...
Р и з а м а т киради.
Р и з а м а т. Мана, путёвкани олиб келдим.
 Хуморхон (севиниб). Вой!
З а р г а р о в. Яхши. (Марасул билан бирга чикиб кетади.)
Х у м о р х о н. Юринг, тоға!

Иккови чиқиб кетади. Насиба хомуш бўлиб ўтириб қолади.  Чимматсиз паранжи ёпинган Р о ҳ и л а киради. Насиба беркина ди. Р о ҳ и л а бир неча марта чақиргандан кейин орқасидан келиб қучоқлайди, Роҳила чўчиб кетади.

Н а с и б а. Шунақа, бирдан кетадиган бўлиб қолдик, ая!
Р о ҳ и л а. Ой бориб, омон келинглар!
Н а с и б а (бахтиёр). Кавказ! Пушкин... Лермонтов... Сиз барибир тушунмайсиз!.. (Онасини танцага олиб тушади.)
Р о ҳ и л а. Вой, вой!.. Қўй, бошим айланиб кетди. (Зийнат асбобларини хавас билан кўздан кечириб.) Буюрсин! Насиб қилсин!.. Янги келин бўлиб тушган кун-ларим даданг раҳматлик битта қалай узук олиб келган-да қанча суюнибман!.. Жон қизим, дунёда давлатдан катта бахт йўқ! Давлат бир марта келади, келганда маҳкам ушлаш керак! Эрингни иззат қил! Қайнанангни иззат қил! Эрталаб саломга чиқаётибсанми?
Н а с и б а. Э!..
Р о ҳ и л а. Ундоқ дема, қизим! Гапимга кириб кам бўлдингми? (Ҳовлини кўрсатиб.) Мана!

 З у ҳ р а киради.

З у ҳ р а. Салом!
Н а с и б а югуриб бориб уни қучоқлайди.
Р о ҳ и л а. Вой, Зуҳрабуви! Эсонмисиз... Эсон-омон келдингизми... Қачон келдингиз?
З у ҳ р а. Кеча... Тўйлар қуллуқ бўлсин... Қуллуқ бўлсин, қизим.
Н а с и б а. Раҳмат.
Р о ҳ и л а. Тўйга келмадингиз... Ўзи ҳам бирдан бўлиб кўп одам билмай қолди!.. Хўп томоша қилиб келдингизми? Семирибсиз! Дом отдих ёқипти...
Н а с и б а (хурсанд). Биз курортга кетаётибмиз!
З у ҳ р а. Эшитдим...
Р о ҳ и л а. Болагинамнинг суюнганини кўринг.
Н а с и б а (хурсанд). Биз курортга кетаётибмиз!
З у ҳ р а. Пул яхши нарса, лекин босиб олган одамга яхши. Пулки кишини хазондай учириб юрдими, ундай пулдан қўрққилик! . Н а с и б а. Кимни учирипти?
З у ҳ р а. Мана, сени! Сени учириб курортга олиб кетаётипти.
Р оҳ и л а. Ёмонми?
З у ҳ р а. Мактабидан юлиб олиб кетаётипти-да.
Р о ҳ и л а. Айланай, Зуҳрабуви, ҳозир ҳамма ҳам эрга теккунча ўқийди.
З у ҳ р а. «Ким табиб, бошидан ўтган табиб» дейишар эди, илмсизлик бошингиздан ўта туриб шу гапни гапирасиз-а?
Н а с и б а (аччиғи келиб, онасига). Ўқийман!
Р о ҳ и л а. Ҳа, ҳа, ўқийди.
М а р а с у л киради.
З у ҳ р а. Мактабда ачинмаган одам йўқ.
М а р а с у л. Э, келинг, хола, келинг! Ўйнаб-кулиб келдингизми... Насибахон, аям қанилар?
Н а с и б а. Ҳозир келадилар.
М а р а с у л (Рохилани кўриб). Э-э!.. Келинг...
Р о ҳ и л а. Яхшимисиз, болам...
М а р а с у л. Насибахон, ошни тезроқ есак. Чойни шошмасдан ичиб поездга чиқсак дейман-да.
Н а с и б а. Ая, ҳаммаси тайёр, ўчоққа ўт ёқиб юборинг.
Р о ҳ и л а. Хўп, кўплашиб бирпасда қиламиз. (Чиқади.)
Н а с и б а. Мен ҳозир гуруч олиб чиқаман. (Уйга киради.)
З у ҳ р а. Ёш қизни олганинг бир сари, энди буни ўқишидан қўйиб курортга олиб кетаётганинг нимаси?
М а р а с у л (аччиғи келиб). Шу ишга аралашмаган мактабнинг қоровули қолган эди, холос! (Чимоқчи бўлади.)
З у ҳ р а (этагидан тортиб). Шошма.
Н а с и б а уйдан гуруч олиб чиқиб, ошхонага ўтиб кетади.
М а р а с у л (кетидан). Насибахон! (Чиқмоқчи бўлади).
З у ҳ р а (этагидан тортиб). Шошма!
Р о ҳ и л а (товуши). Зуҳрабуви!
З у ҳ р а. Лаббай! Ҳозир...
М а р а с у л. Боринг! Аям йўқ эканлар, қарашинг.., Лекин закунчилигингизни қўйинг! Хафа бўламан!
З у ҳ р а. Агар шуни ўқишидан қўйиб курортга олиб кетадиган бўлсанг, сендақа жияним йўқ!
М а р а с у л. Хўп, хўп, боринг!

 З у ҳ р а чиқади. Н а с и б а киради.

Н а с и б а. Марасул ака... Халатни ўзим кияман. (Эркаланиб.) Қеракмас, қайтиб берсин!
М а р а с у л. Аввал шуки, мен магазинда яхши қарамабман, кийилган экан, ундан кейин, ранги менга ёқмади. Сизга бошқасини олиб бераман... Қўлингизни беринг. (Тилла соат кўрсатади.)
Н а с и б а. Вой! Тилла соатим бор эди-ку!
М а р а с у л. Иковимиз ўтқазадиган олтин умрнинг олтин минутларини ҳар қанча олтин соат санаса оз!
Н а с и б а. Раҳмат!
М а р а с у л. Ҳа, айтгандай, янги машинанинг ҳам йўлини қилиб қўйдим. Қайтиб келганимиздан кейин янгисини оламиз!
Н а с и б а (севиниб). Вой. (Узини Марасулнинг қучоғига отади.)

Марасул уни ўпмоқчи бўлганда кўчада милиционер ҳуштак чалади. Кўча деворидан устма-уст иккита бидон ошиб тушади, сўнг, Фотима кириб эшикни танбалаб олади.

З у ҳ р а (киради, ҳайрон). Нима гап?
М а р а с у л. Ая, холам келдилар.
Ф о т и м а (Зуҳрани кўради). Ие! Кел... Эсон-омон келдингми?.. Тўйга нега келмадинг? Болам бечора сенга телеграмма юбориб беш сўм олтмиш тийин нақд пулга куйиб қолаверди.

 Қўлида капгир, Р о ҳ и л а киради.

Р о ҳ и л а. Насиба, гуручинг сув кўтарармиди?
Ф о т и м а (Роҳилани кўриб). Вой, қудам кептилар! Вой, гиргиттон! Эсонмисиз, омонмисиз?.. Ҳой, келинпошша, қудамни нега уринтириб қўйдингиз? Қудагинамни нега уринтириб қўйдингиз?
Н а с и б а онасининг қўлидан капгирни олиб чиқиб кетади.
Мана бу ёққа чиқинг, қудажон! Омин!.. Милиса ўлгур ҳеч қўймайди... Сутни бозорга обориб сот дейди.
М а р а с у л (Зуҳрага). Ўз холам бўла туриб тўйга келмадингиз-а? Ўгай бўлсангиз ҳам хафа бўлмас эдим.
Ф о т и м а. Ўгайдан баттар бу!

 Н а с и б а кўкпиёз, редиска олиб киради.

Н а с и б а. Марасул ака, кўкпиёз тўғрашга устасиз...
М а р а с у л. Ўткир пичоқ бўлса!
Насиба. (Роҳилага редискани бериб.) Ая, сиз редиска арчишни яхши кўрар эдингиз...
Ф о т и м а. Вой, менга беринг, келинпошша!
Н а с и б а (Зуҳранинг ёнига ўтириб). Хола, бирам соғиндимки!..
М а р а с у л. Насибахон, боринг, қозонга қараб туринг!
Н а с и б а чиқади.
М а р а с у л (пиёз тўғраркан). Дом отдихга ҳар қачон борса бўлаверади, тўй деган нарса одамнинг умрида бир марта бўлади.
З у ҳ р а. Тўйингнинг таърифини эшитдим, шу ерда бўлсам ҳам келмас эдим. Эски тўйга боргани номус қиламан.
М а р а с у л. Нимаси эски? Вино, арақ, артистлар...
З у ҳ р а. Домла-имом, никоҳ...
М а р а с ул. Аяларим учун ўқитдим! Оббо!..
З у ҳ р а. Аяларинг никоҳга бошқоронғи бўлган эканми?
Ф о т и м а. Ҳой, имонсиз, онасини рози қилса, онасининг охиратини ўйласа ёмонми?
З у ҳ р а. Сен тўлка ўзингни дейсан! Бу дунё куйса куйсинки, сенннг охиратинг бўлсин! Охиратга мунчалик ҳирс қўйган экансан, боравер!
Ф о т и м а. Оғзингдан чиқиб ёқангга ёпишсин!
X у м о р х о н киради. Роҳила ва Зуҳра билан кўришади,
Келинг, Хуморхон.
Х у м о р х о н (Фотимага). Хола, мен нарсаларимни сизга қўйиб кетаман-да.
Ф о т и м а. Бемалол!
Х у м о р х о н (ташқарига). Тоға! Спальнийдаги катта сандиқни олиб чиқинг. Устидаги нарсаларни Аҳаджон акамнинг кабинетларига олиб кириб қўйинг!
Р и з а м а т (товуши). Хўп...
Ф о т и м а. Ўтиринг, Хуморхон.
Н а с и б а офтоба билан дастшўй олиб киради ва Марасулнинг қўлига сув қуймоқчи бўлади.
Ҳай-ҳай!.. Қудамдан бошланг, келинпошша, она рози— худо рози!
З у ҳ р а. Мунча!.. Ўзинг нега онамизнинг розиликларига қарамаган эдинг, Шариф оқсоқолга берамиз деганда қари деб ўзингни ҳовузга ташлаган эдинг?
Ф о т и м а. Ёшларнинг олдида тек ўтир!
Н а с и б а (Зуҳрага дастшўй тўтиб). Қўлингизни ювинг, хола.
З у ҳ р а. Оёғим бутун, ўзим бориб ювиб келаман.
Н а с и б а (Хуморхоннинг қўлига сув қуяётиб). Розиликда ҳам розилик бор-да, ҳаммасига қараб бўлар эканми?
Х у м о р х о н (таълимомуз). Унақа деманг, опаси ўргилсин, бир вақти келиб армон бўлади. Дунёда онадан азиз нарса борми! Мана мен, раҳматлик онамнинг розиликларига қараб отам тенги Заргаровга хотин бўлиб ўтирибман-да.

 М а р а с у л Хуморхонга ҳайрон бўлиб қарайди, Н а с и б а чиқади.

Ф от и м а. Баракалла, қизим!
Р о ҳ и л а. Раҳмат!
Н а с и б а ош келтириб қўяди.
М а р а с у л. Қани, олинглар!
X у м о р х о н. Заргаровга тегиб нима кўрдим!..
З у ҳ р а (кулади). Яна нима кўрмоқчи эдингиз? Еганингиз олдингизда, емаганингиз кетингизда, бу кўрганингизга кўнглингиз тўймаса, ҳали ёшсиз, ўқинг! Шундай замон бўлса-ю, одам ўқимаса!
Ф о т и м а. Нима ишинг бор?
Х у м о р х о н. Илмим ўзимга етади.
М а р а с у л. Хуморхон институтда ўқиган. Учтами, йўқ, тўртта институтда ўқиган. Яқинда доцент бўлади.
З у ҳ р а. Вой, илм увол эмасми, нега ишламайсиз? Ҳозирги замонда сичқон тутмайдиган мушук ҳам одамнинг кўзига хунук кўринади-я!
Ф о т и м а. Сенга нима?
X у м о р х о н. Серцам ярамайди.
З у ҳ р а: Ҳмм. Ундай бўлса нолимасангиз ҳам бўлади: Заргаров жуда сизбоп эр экан!
Х у м о р х о н (тутоқиб). Нега менбоп бўлар экан?.. Вой!
Р о ҳ и л а. Олинг, Зуҳрабуви!
З у ҳ р а. Хўп, Заргаров амалдор эмас, елкасига арқон ташлаб бозорда юрган ҳаммол бўлса тегармидингиз?
Х у м о р х о н. Вой, менга нима қипти! Оғзим бор деб гапиравераркансиз-да! Қанақа бетамиз хотинсиз!
З у ҳ р а. Хафа бўлманг... «Она розилиги» деганингиз-га айтдим.
М а р а с у л. Бўлди энди, хола! Сизга нима оғирлиги тушди?
Ф о т и м а. Ҳой, қўясанми, йўқми?
Х у м о р х о н (ўрнидан туриб кетади). Менга ўргатманг! Ўргатадиган бошқа дурустроқ одам топилиб қолар!
Р о ҳ и л а. Унақа деманг, қизим, ҳар қандай бўлганда ҳам сиздан катта...
Х у м о р х о н. Қатта бўлиб ким бўлиб кетипти, мактабнинг эшигида ўтирадиган бир жужур-да!
Н а с и б а (аччиғи келиб). Хуморхон опа!
З у ҳ р а. Ҳа, жужурман. Эл-юртга ҳар ким қўлидан кслган хизматини қилади. Сиз жужур ҳам эмассиз-да, хоним, тўлка хотинсиз! (Паузадан кейин.) Лекин, сигирнинг қулоғига тушган канадай эрни сўриб ётиш ҳам яхши касб!..

 Пауза

М а р а с у л. Холам русчани ҳам қойил қиладилар... (Масхара қилиб.) «Тўлка хотинсиз!»
З у ҳ р а. Тилим келишмайди. (Бирдан.) Тилим келишмаса ҳам дилим келишади. Сенинг тилинг келишса ҳам дилинг келишмайди.
М а р а с у л (ғазабланиб). Нима бўлипти дилим келишмай?
З у ҳ р а. Русчани яхши гапирасану русча билган одамга ҳеч ҳам ўхшамайсан!
Р о ҳ и л а. Ошдан олинг, Зуҳрабуви!
З у ҳ р а. Қорним тўқ, обед қилиб келган эдим.
Фотима (бўғилиб). Ҳеч бўлмаса насибангни олсанг-чи! Қандоқ чулчутсан!
З у ҳ р а. Насибахон, менга қошиқ беринг.
Ф о т и м а. Оббо, олифтагарчилик ўлсин!..
Н а с и б а (қошиқ беради). Мана, хола!
М а р а с у л (кулиб). Ота-бобонгиз қилган ишни қилаверсангиз-чи!
З у ҳ р а. Сенинг отанг туя миниб чорбозорчилик қилар эди, сен «Победа» миниб бошқа иш қилиб юрибсан шекилли.,..
Ф о т и м а (тутақиб). Қачон келсанг шамол-тўполон билан келасан-а! Дийдоринг қурсин!
З у ҳ р а. Хафа бўлма, ҳар замон келиб шамоллатиб турмасам чириб, ириб кетасан!
М а р а с у л (ўрнидан туриб кетади, оғзида ош). Одам сафарга кетаётганда хафа қилмасангиз нима бўлар экан?!
Ф о т и м а. Йўқлаб келмай ўл!
З у ҳ р а. Мен сени йўқлаб келганим йўқ. (Насибани кўрсатиб.) Мана буни йўқлаб келдим, ҳали тузуккина қанот чиқармай учишга талпинган мана бу чумчуқболанинг ҳолидан хабар олгани келдим.
Р о ҳ и л а. Вой, Зуҳрабуви, сизга нима бўлди, менинг қизим нега чумчуқбола бўлар экан...
М а р а су л. Нега чумчуқ бўлар экан?.. Кичкина бўлса чумчуқ бўлаверадими! (Роҳилага.) Гапиринг!

Зуҳра ўрнидан туради. Унга қараб бир нима демоқчи бўлади-да, айтмайди, кўча эшиги томон йўналади.

Н а си б а. Хола!.. (Унинг кетидан чопади.)

 Зуҳра чиқиб кетади.
 
Ф о т и м а (Насибага эшиттириб, Марасулга). Ўзинг биласан, жинни-ку бу ахир, нима қилар эдинг тенг бўлиб? (Рохилага.) Шунақа дарди бор, тутиб қолса ҳеч кимни танимайди.

 З а р г а р о в киради.

З а р г а р о в. Ҳой, соат неча бўлдики, баҳузур ўтирибсизлар? (Ошга кўзи тушиб.) Ошми? Хуморхон, мана билет...
Н а с и б а. Ўтиринг, Аҳаджон ака... Мана ҳозир... (Чиқади.)
Х у м о р х о н. Бу бешинчи купэ-ку! Буларники олтинчи купэга!
М а р а с у л. Майли, майли, ўзимиз суришамиз.

Насиба косада ош келтириб Заргаровнинг олдига қўяди ва қўлига сув қуяди.

З а р г а р о в (Марасулга). Энди бу ёғини сенга топширдим... (Ошга иштаҳа билан қўл узатади.)

Каттакон сандиқ кўтариб Ризамат киради. Марасул билан Заргаровдан бошқа ҳамма унга қарашади.

М а р а с у л (тишини ковлаб). Сал кўтаринг, Ризамат ака!
З а р г а р о в (оғзидати ошини зўрға ютиб). Йўқ-йўқ» пастроқ тушир!

Р и з а м а т хотинларнинг ёрдами билан сандиқни уйга олиб киради. Телефон жиринглайди.

М а р а с у л (трубкани олиб). Доктор Марасул Ҳузуржонов! Поликлиникадан справка элтиб бердим-ку? Дирекцияга бердим. Ҳозир... (Трубкани беркитиб, Зар-гаровга.) Аҳаджон ака!..
З а р г а р о в. Ким?
М а р а с у л. Маориф мудири. Яна ўша гап. Жонга тегди. Икки оғиз гапириб қўйинг.
 Заргаров ошни кўтариб аппарат олдига боради.

Сиз билан ўртоқ Заргаров гаплашмоқчилар. (Трубкани беради.)
Заргаров (трубкага). Салом... Докторни тинч қўясизларми, йўқми? А? Э, ўқитади-да, ўқитмай нима қилади, сўқимга боқадими? (Кулади.) Йўқ, мен ҳам Хуморхонни сўқимга боқаётганим йўқ. Ахир, биздай одамга битта личний секретарь керакми, йўқми? Хўш? Қўй шунақа гапларни! Менга қара, менга қара дейман!.. (Жаҳли чиқиб трубкани бир чеккага қўяди ва ошни еяверади.)

 Уйдан Хуморхон билан Р и з а м а т чиқади.

Хуморхон. Юринг! Тезроқ юрсангиз-чи? (Чиқиб кетади.)

Ризамат ошнинг олдидан ўтолмайди; у ёқ-бу ёққа қараб чўнтагидан чоракта арақ олади, пиёлага қуйиб ичади ва ошдан бир-икки луқма олади.

Х у м о р х о н (товуши.) Тоға!
Р и з а м а т (оғзи тўла ош). Ҳа!.. (Ошдан яна битта олиб чиқиб кетади.)
З а р г а р о в (Трубкани олади.) Бўлдингми? Менга сиёсатдан дарс бериб бўлдингми дейман? Хўп, қулоқ сол бўлмаса: сен сиёсатни китобдан ўрганган бўлсанг, мен амалий ишда ўрганганман, мени мот қилолмайсан! Гапни кўпайтирма! Ҳозир мактаб директорига телефон қилиб айт! Комсомолларига ҳам айтиб қўйсин, ҳадеб одам юбориб совет докторининг обрўйини тўкавермасин! (Трубкани қаттиқ қўяди.)
М а р а с у л (суяк тишлаб). Амалдор деган мана шунақа бўлса, ҳеч тап тортмай у ёғини-у ёққа, бу ёғини-бу ёққа қилиб ташласа!
З а р г а р о в. Нимадан тап тортаман! Олса столини олади-да. Артелимга бориб яна раислигимни қилавераман. Муовинлик ўзимга ҳам ўтиришмаётипти. Раис йўл-ни жуда тор оладиган одам экан! (Ўз уйи томонга кетади.) Хуморхон!

 Ф о т и м а уйдан чиқади.

Ф о т и м а. Марасул! Келинпошша! Қанисизлар, қуда...

Уйдан Р о ҳ и л а билан Н а с и б а чиқади.

 Бу ёққа келинглар! Онанг айлансин Марасул, хотининг ёш, кимда нима кўрса ҳавас қилади. Нима дедингиз, қуда?
Р о ҳ и л а. Умрингиздан барака топинг, хўл зийраксиз-да!
Ф о т и м а. Ўша томонларда марварид арзон эмиш, келинпошшанинг бўйнини марваридга тўлдириб кел!
Р о ҳ и л а. Қизим, ўп қайнанангни!

Н а с и б а сакраб Фотимани ўпади. Заргаров, унинг кетидан иккита чамадон кўтарган Ризамат киради.

X у м о р х о н. Кетдикми... (Фотимага.) Нарсаларни сизга, сизни худога топширдим. Тоға, қани юринг!
Н а с и б а. Хайрми энди...
Ф о т и м а. Омин!
Р о ҳ и л а (Насибага). Қизим, онанг ўргилсин, одамлар излаб тополмаган бахт сени қидириб юрган экан! Оқ йўл! Хат ёзинглар!

Ҳ а м м а кузатиб чиқади. Хайрлашилган товушлар, Машина жўнайди. Ғозлар ғағиллайди.

 П а р д а


 ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ

Ўша декорация. Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтган «Ичкари» акси уриб қолган, лекин бўйни ва қўлларидаги зийнат асбобларидан кўз қамашадиган Н а с и б а боласини беланчакка солиб аллаламоқда, М а р а с у л супада хуррак отиб ухламоқда.

Н а с и б а. Алла, алла... Алла, қўзим, алла... Жоним болам, алла...

 Б о л а йиғлайди.

М а р а с у л (уйғониб). Йиғлатмасанг-чи! Қўлингга ол! (Пауза.) Битта кўк чой дамлаб кел.

Н а с и б а боласини олиб чиқиб кетади. Хуморхон киради. Яна ухлаб қолган Марасулнинг бурнига чўп теккизиб уйғотади.

М а р а су л. Э, қўйсанг-чи!..
Х у м о р х о н. Уф, бирам зерикиб кетаётибманки!.. Марасул ака, машинангизга солиб бир айлантириб келсангиз-чи!
М а р а с у л. Аҳмоқ бўлма! Эринг билиб қолса нима дейди!
Х у м о р х о н. Ўзингизга керак бўлганда, эрим эсингизга келмайди-ку! Туринг!
М а р а с у л. Ҳозир мени қимирлатма. Самоварда ош қилган эдик, кўпроқ еб қўйибман.
Н а с и б а чой олиб киради. Қуй, шопириб-шопириб қуй!

Фотиманинг товуши — Келинпошша! Хамирингиз ошиб кетгандир!

М а р а с у л. Товуш берсанг-чи!
Н а с и б а. Ҳозир... (Боласини беланчакка солиб, кетмоқчи бўлади.)

 Б о л а йиғлайди.

М а р а с у л. Болангни олиб кет!
Хуморхон. Менга бера қолинг, опаси ўргилсин!
М а р а с у л. Қўйинг, олиб кетсин!

 Н а с и б а болани олиб чиқиб кетади.

Тоқатим борми!..

 Н а с и б а бир қўлида бола ва бир қўлида тоғора, ўтиб боради.

Хуморхон. Вой, опаси ўргилсин, хамир қилганмидингиз.... қарашворсам бўлар экан...
М а р а с у л, Қўяверинг!

 Н а с и б а чиқади.

X у м о р х о н . Битта туғди-ю, қўтир эчкидай ,бўлди қолди-я!
М а р а с у л. Туққанидан кейин кўп дард тортди-да!
Х у м о р х о н. Оббо! Ҳеч ким туғмапти, ҳеч ким дард тортмаптими! Танавори шунақа ўзи!
М а р а с у л. Тўғри! Танавор деган мана бунақа бўлади.

 Уни ўзига тортиб ўпаётганда Заргаров киради.

З а р г а р о в. Марасул!
М а р а с у л. (Хуморхоннинг тишини кўрган бўлиб) Тиш деганга қараб туриш керак-да! Боринг, тандирда ўт бор, лунжингизни тутинг! Газак олиб кетипти.

Хуморхон жағини ушлаганича чиқиб кетади.

З а р г а р о в. Нима қипти?
М а р а с у л. Миокардиодистрафия.
З а р г а р о в. Шунақами? (Ўтириб.) Чойдан қуй! Олганимда ҳам жағ тишининг мазаси йўқ эди ўзи...
М а р а с у л (чой узатиб). Ҳа, Аҳаджон ака, сизнинг ҳам тишингиз оғриётиптими?
З а р г а р о в. Юрак! Юрагимни худди сичқон кемираётгандай!
М а р а с у л. Бунинг иложи осон-ку: битта тирик мушук ютасиз-да...
З а р г а р о в. Куласан-да! Тани бошқа дард билмас... Оқила яна айнияпти!
М а р а с у л. Хўш? Нима бўпти?
З а р г а р о в. Ўтган куни пул юборган эдим, олмапти. «Менга садақа керак эмас, судга бериб қонуний алимент оламан» деган эмиш. Ҳайронман...
М а р а с у л. Ундан бунақа гап чиқмас...
З а р г а р о в. Йўқ, сен билмайсан, бурунги Оқила эмас. Ишга кирганига ҳам йил тўлаётипти, ахир!
М а р а с у л. Айб ўзингизда! Нега ишга киргани қўйдингиз?
З а р г а р о в (бўғилиб). Қизиқмисан, мендан сўраптими!.. Энди, ука, сен яна бир бориб ҳовурини тушириб келасан-да!
М а р а с у л. Ўзингиз борганингиз маъқул, Аҳаджон ака, хотин киши яхши гапнинг гадоси: бошини силасангиз мушукдай дарров хуррак отади.
З а р г а р о в. Йўқ, йўқ! Менинг феълимни биласан-ку: жаҳлим чиқса тангадай жанжални ғалвирдай қиламан-қўяман. Сен бора қол! Эртага эрталаб жўна!
М а р а с у л. Хўп.

Хуморхон бошига сават қўйиб киради.

Х у м о р х о н. Қеп қолинг, иссиқ нон бу! (Кулги. Заргаров саватни тутади.) Ҳа, айтгандай, кимдир телефон қилиб сизни сўраган эди.
З а р г а р о в (хавотир олиб). Ким экан, сўрамадин-иизми?.
Х у м о р х о н. Йўқ!

 Боласини кўтариб Насиба киради ва уйга томон йўналади.

Х у м о р х о н. Насибахон, нонни қаерга қўяй?
 Н а с и б а. Бу ёққа олиб келинг.

 И к к о в и уйга кириб кетади.

З а р г а р о в (Марасулга). Райкомдан бўлмасин тағин? Оқила бир балони бошлаган бўлса-я?
М а р а с у л. Э-э-э... Юракдан ҳам бор экан-да!

Телефон жиринглайди. Хуморхон уйдан чиқади.

М а р а с у л (трубкага). Ҳузуржонов... (Ваҳима қилиб.) А?
З а р г а р о в (чўчиб). А?
М а р а су л. Ие, хола, сизмисиз...
З а р г а р о в. Холанг ўлиб холасиз қол!..
М а р а с у л. Ҳа-ҳа, шу ердалар. Хўп... (Трубкани Заргаровга беради.)
З а р г а р о в (аччиғи келиб, трубкага). Ҳали уйга телефон қилган ҳам сизмидингиз? Хўш, нима дейсиз? Ким? Клуб мудири? Хўп, беринг... (Бошқа тонда.) Салом!.. Раҳмат!.. Ҳа, Зуҳрахоним ўтган куни айтган эдилар. Ҳа-ҳа-ҳа-ҳа, Зуҳрахоним актив бўлганларидан бери жонингиз кириб қолгандир? Ҳа, комсомол қизларингиздан қолишмайдилар. Хўп, соат олтига етиб бораман. '(Трубкани қўяди.)
М а р а с у л. Нима гап?
З а р г а р о в. Хотин-қизлар клуби мендан «Совет оиласи» деган мавзуда бир доклад қилиб беришимни сўраган эди, хўп деб, эсимдан буткул чиқиб кетипти.
X у м о р х о н. Нега хўп дедингиз, секретарингиз касалхонада, докладни сизга ким ёзиб беради?
З а р г а р о в. Ие, буниси эсга келмапти-ку... (Эсига тушади, Хуморхонга). Айтгандай, каравотнинг тагидаги доклад-халтани олиб чиқинг.

 Хуморхон чиқади.

М а р а с у л. Доклад-халта?
З а р г а р о в. Бир альбом бор, секретарим қаерда докладбоп нарса кўрса қирқиб шунга ёпиштириб юради. Шунинг отини доклад-халта қўйганман.
М а р а с у л. Доклад тайёр эмас, деб қўя қолсангиз бўлмасмиди?
З а р г а р о в (секин). Хомкалла! «Совет оиласи нима эканини ўзинг билмайсанми, тайёргарлик кўришнинг нима кераги бор?» деб қолса, нима деган одам бўламан? Бу ёқда Оқила! Нозик пайт!..
М а р а с у л. Ҳа, бу томонига ақлим етмапти.

Хуморхон каттакон альбомни зўрға кўтариб киради.

З а р г а р о в. Мана бунда ҳамма гап бор! Қанақа доклад керак бўлса, секретарим шунга қараб бирпасда боплар эди. Қани Марасул, қоғоз-қалам ол-чи!
М а р а с у л (қоғоз-қалам узатиб). Хуморхон, сизнинг хатингиз чиройлироқ!..
Х у м о р х о н (ёзишга чоғланиб соатга қарайди). Соат олтига етиб бораман дедингиз, олтигача ёзиб бўлармиканмиз?..
З а р г а р о в. Нега ёзиб бўлмаймиз? Докладнинг сиёсий қисми, рақамлар тайёр дейиш мумкин. (Альбомни кўрсатиб.) Мана! Фактлар масаласига келганда... (Марасулга.) Сенинг оиланг бор, менинг оилам бор, шунга қараб ёзаверамиз-да!
М а р а с у л. Тўғри!
З а р г а р о в. Ёзинг! Сарлавҳа, сарлавҳа ёзилмайди.
М а р а с у л (Хуморхонга). Тағин ёзиб юрманг...
З а р г а р о в. Хўп... Сарлавҳа... «Совет оиласи!» Хитоб! Уч нуқта!
Х у м о р х о н. Вой, сарлавҳада хитоб билан уч нуқта нима қилиб юрипти?
З а р г а р о в. Майли, ишқилиб бир нима қўйинг, ўзингиз биласиз... Хўш, нимадан бошлаймиз?
Х у м о р х о н. Оила масаласи бўлгандан кейин хотинлардан бошлаш керак-да!
З а р г а р о в. Тўғри! (Алъбомни варақлайди.)
Х у м о р х о н (ўйлайди ва айтиб ёзади). «Бурунги вақтда эрларга чўри бўлган хотинлар ҳозир эрлар билан тенг...»
З а р г а р о в. Тўғри, лекин ўчиринг! Келиштириб ёзиш керак!..
Х у м о р х о н. Бу келишмадими?
З а р г а р о в (альбомни тез-тез варақлайди). Ҳозир-ҳозир... Ҳа, мана, мана! ёзинг! (Доклад тонида, баланд овоз билан.) «Ўртоқлар! Буюк Октябрь социалистик революциясидан бурун...»
М а р а с у л. Аҳаджон ака, товуш ҳали керак бўлади ҳозир бир парда пастроқ олаверинг. .
З а р г а р о в. Тўғри! (Бир оз пастроқ, лекин доклад тонида.) «...социалистик революциядан бурун ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган...» Ана энди ҳалигини қўшсез, яъни эрларга чўри бўлган меҳнаткаш хотин-қизларимиз ҳозирги даврда эрлар билан тенг ҳуқуққа эга бўлиб, ўз озодликларини тўлиқ таъминладилар! Ҳмм... Асли мана шу ердан шу ергача қирқиб ёпиштириб қўя қолсак ҳам бўлар экан. Елим борми?
М а р а с у л. Насиба! Ҳой, Насиба! Аллақаерда елим бор эди, топиб келинг!

 Насибанинг товуши — Ҳозир!

З а р г а р о в. Хўш, энди нима деймиз? (Альбомни варақлаб.) Ие, мана бу ерда Чернишевскийнинг гапи бор экан, буни ҳам қирқиб ёпиштиринг!
М а р а с у л. Ўртоқ Чернишевский ҳозир қаерда ишлайдилар?
З а р г а р о в (ўйлаб). Тилимнинг учида турипти-я! Хайр, майли, кейин айтаман... Хўш, яна нима дейсиз?

Хуморхон кўчирмаларни қирқиб ёпиштиради. Марасул билан Заргаров иккови узоқ ўйлайди. Кир юваётган Насиба елим олиб киради.

Н а с и б а. Мана... (Боласини беланчакка ётқизиб, Марасулга.) Рўмолчангиз тозами?

Марасул фикримни бўлма, деб ишора қилади; кир рўмолчасини олиб Насибанинг қўлига беради; пайпоғини кўрсатиб, оёғини узатади. Насиба унинг пайпоғини еча бошлайди.

Ф о т и м а (товуши). Келинпошша. Н а с и б а. Ҳозир...
М а р а с у л. Ёзинг! «Мингларча ва юз мингларча озод хотин-қизларимиз...»

Насиба кетмоқчи бўлганда бола йиғлайди.

Болангни олиб кетсанг-чи! Кўрмаётипсанми, бу ерда одамлар ишлаб ўтирипти!

Н а с и б а болани олиб чиқиб кетади.

Яна битта қўшимча: «бахтиёр фарзандларимизнинг соғлом бўлиб етишуви учун.

Ф о т и м а кираётиб қоқинади ва бидонлар қўлидан тушиб кетади. Ҳамманинг кайфи учади. Фотима бидонларини олиб кўчага чиқиб кетади.

З а р г а р о в (ўзига келиб). Ҳмм..Чорак кам бир соат вақт қолди. Секретарнинг қадрига етмай юрган эканман.
Х у м о р х о н. Менга қаранг, бориб икки оғиз валақланг келинг-да, нима қиласиз буни ёзиб, ёпиштириб...
М а р а с у л. Тўғри, бунақа пайтда тўртта «масалану» саккизта «яъни» бир доклад-да!
З а р г а р о в. Тўғри-ку, лекин мен гапирганимдан кейин «ўртоқ Заргаров ундоқ дедилар, Аҳаджон акам бундоқ дедилар» дегулик бўлиши керак-да!
М а р а с у л. Демаса демас!
З а р г а р о в. Хўп, майли. Борига барака, у ёғини оғзаки боплайман. Хўп, мен кетдим бўлмаса. Хуморхон, юринг, менинг костюмим билан похол шляпамни топиб беринг!
Х у м о р х о н. Шунақасиз-да, бир жойга борадиган бўлсангиз тугмачангизгача солиб қўйишим керак. Эксплататор! (Чиқади.)
З а р г а р о в (Марасулга кўз қисиб). Хотин бўлганингдан кейин қиласан-да! (Чиқади.)

 Н а с и б а киради, бола йиғлайди.

М а р а с у л. Ҳой, тинчлик борми, йўқми?
Н а с и б а. Ахир бола касал-ку.
М а р а с у л. Касал бўлса йиғлатмагин, касал бўлмайди.
Н а с и б а. Қанақа одамсиз!
М а р а с у л. Ие, тилингиз ҳам чиқиб қолиптими? (Уйга киради.)

 Ф о т и м а киради.

Ф о т и м а. Келинпошша! (Бўш бидонни олдига қўйиб.) Менга икки бидон бермади жувон ўлгур! Сут кўп, лекин бир бидондан бераётипти. Юринг, бир бидон сиз олинг! Юринг!
Н а с и б а, Йўқ, ая, мен... бормайман!
Ф о т и м а. Кўчанинг нариги юзида-ку, чиқиб келсангиз нима қилади? Бола билан борсангиз беочирт беради.
Н а с и б а (қатъий). Йўқ, ая, чиқмайман!
Ф о т и м а. Ҳар куни чиқинг деяётганим йўқ-ку!
Н а с и б а. Гапирманг, ая! Бир қилмаганим колхоз дўконидан сут олиб сотиш қолганмиди?!
Ф о т и м а. Хўп, сиз арзандангизни қучоқлаб ўтиринг, оппоқ сочим билан мен чиқай! (Йиғламсираб.) Пешонам қурсин: ўғил ўстириб нима кўрдим! (Паранжисини ёпиниб бидонни олиб, кўча эшигига томон йўналади.) Дод! Золим келиннинг дастидан дод! (Чиқади.)
Н а с и б а (боласини аллалаб.)

 Небо спит, звезды спят,
 Спи и ты малышка...

(Ўпкаси тўлиб.) Небо спит, звездны спят...
(Куюниб йиғлайди.)

 Зуҳра киради.

З у ҳ р а. Насиба...

Насиба бошини кўтаради. Зуҳрани кўриб ўзини йиғидан тиймоқчи бўлади, лекин баттарроқ хўрлиги келиб ўзини унинг қучоғига отади.

Нима қилди, қизим?.. Гапир!
Н а с и б а. Энди нима ҳам дейман... Менда гапиргани тил борми?.. Бошда ўртоқларим айтишган эди. Айтганда кўзимга ҳаммаси бахил кўринган эди... Ўқитувчиларим ҳам айтишган эди! Тушимми, ўнгимми?.. Қанақа жойга тушиб қолдим, қанақа одамлар орасига кириб қолдим? Мактабимдан, ўртоқларимдан айрилиб топганим шу бўлдими!..
З у ҳ р а. Айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер деган гап бор. Эсинг кирипти — яхши!
Н а с и б а. Шу кунимдан ўлганим яхши эмасми?
З у ҳ р а. Нега? Сенга нима қипти? Сен қоқиндин холос, йиқилганинг йўқ —яна ўртоқларинг билан баравар қадам ташлаб кетишинг мумкин. Бу ёғи ўзингга боғлиқ. Кимга гапирсанг, гапинг ўтади, қаёққа узатсанг қўлинг етади. Сенинг ёшингда мана бизга қийин эди! (Ўйчан.) Бизнинг фарёдимиз ҳатто ота-оналаримизнинг ҳам қулоғига кирмас эди. (Бирдан.) Йиғлама, йиғидан ҳеч ким барака топган эмас! Юр!
Н а с и б а (ҳайрон). Қаёққа?
З у ҳ р а. Клубга. Совет оиласи тўғрисида Аҳаджон аканг, ўртоқ Заргаров доклад қиладилар. Бир эшитайлик, совет оиласи тўғрисида нима дер эканлар?..

 Уйдан М а р а с у л чиқади.

Н а с и б а. Марасул акамга айтинг бўлмаса.... Сиз айтинг!
М а р а с у л. Э-э-э... Келсинлар!.. Келинг, хола... Дунёда бормисиз?.. Ҳеч келмайсиз...
З у ҳ р а. Мана, келдим.

 Насибанинг рўмолчаси тушиб кетади.

М а р а с у л (рўмолчани дарров олиб беради.) Марҳамат, хоним...
З у ҳ р а. Насиба мен билан клубга боради.
М а р а с у л. Э, бормисиз, шунақа қилинг... (Насибанинг қўлидан болани олади.) Боринг, кийиниб чиқинг!
Н а с и б а ҳайрон бўлади ва севиниб уйга кириб кетади.
Шунақа ишларга ҳеч ҳафсаласи йўқ, хола! Бир йилдан бери кўчага олиб чиқа олмайман-а!.. «Юр, ҳеч бўлмаса кино кўрайлик» десам, «Кино келиб мени кўрсин» дейди, Айб ўзида-ю, яна баъзан мендан нолиб ҳам қўяди. Билмаган одам алланималар деб ўйлаши мумкин.
З у ҳ р а. Мумкин! Бой деб ўйлаши ҳам мумкин, феодал деб ўйлаши ҳам мумкин. Нима деса кам!
М а р а су л. Ие!..
З у ҳ р а. Узинг ҳам боргин, сенбоп гаплар бўлади.
М а р а с у л. Жоним билан!..

 Заргаров билаи Хуморхон киради.

З а р г а р о в. Э-э, Зуҳрахоним, салом... (Столдан қоғозларини олиб портфелга солади.) Мени олиб кетгани келдингизми? Раҳмат, раҳмат... Қани, кетдик бўлмаса!
З у ҳ р а (Марасулга). Қани Насиба?
М а р а су л. Сизлар бораверинглар, биз кетларингдан етиб борамиз.
З у ҳ р а (Хуморхонга). Сиз-чи, сиз бормайсизми?.
Х у м о р х о н. Серцам бир тарзи бўлиб турипти.
З у ҳ р а. Шунинг учун боринг дейман-да: юраги соғ одамларни кўрсангиз, кўкрагингизга шабада тегса, буткул тузалиб кетсангиз ажаб эмас.

Заргаров билан З у ҳ р а чиқиб кетади. Машнна гудок бериб жўнайди. Н а с и б а уйдан югуриб чиқади.

Н а с и б а. Кетишдими?
М а р а с у л. Ҳа.
Н а с и б а. Юринг, Хуморхон опа, бирга борамиз.
Х у м о р х о н. О, опаси ўргилсин, Аҳаджон акангизнинг гапини уйда эшитганим ҳам етар, энди клубга бориб ҳам эшитайми?
М а р а с у л (болани бериб). Ушланг! Сиз ҳам бормай қўя қолинг!
Н а с и б а. Ўзингиз айтдингиз-ку!
М а р а с у л (аччиғи келиб). Қачондан бери мен нима десам шуни қиладиган бўлиб қолдингиз?
Н а с и б а. Бир йилда бир марта борсам нима қипти?..
М а р а с у л (бақириб). Бормайсан!
Н а с и б а. Ўзингиз бир жойга олиб бормасангиз; сизни меҳмонга чақирганлар ёлғиз ўзингизни чақиради; кинотеатр деган нарсалар эсимдан ҳам чиқиб кетди... Паркка олиб чиқмасангиз...
М а р а с у л. Нима қиламан паркка олиб чиқиб! Прожекторга солиб кўраманми? (Чиқади.)
Х у м о р х о н. Эрнинг гапини иккита қилиш яхши эмас, опаси ўргилсин! Аравасига тушганингиздан кейин ашуласини ҳам айтасиз-да! Мана мен айтиб юрибман-ку, мендан ибрат олсангиз бўлмайдими! (Чиқади.)

Н а с и б а саҳнада ёлғиз қолади; бир оз ўйлаб турганидан кейин шиддат билан кўчага чиқиб кетади.

 П а р д а


 УЧИНЧИ ПАРДА

 БЕШИНЧИ КЎРИНИШ

Клуб саҳнаси. Президиумда Зуҳра, Пўлатжон Домла, Заргаров минбарда доклад қилмоқда.

З а р г а р о в (чой ичиб, сўзида давом этади.) Шу билан бирга мингларча, юз мингларча озод хотин-қизларимиз бошланғич, ўрта ва олий мактабларда ўқимоқда-лар...

Саҳна ёнидан чиқиб келган Ризамат чой қуйиб, камоли эҳтиром билан минбарга қўяди.

(Доклад тонини бузмай, Ризаматга.) Раҳмат!.. Ва шу билан бирга келажак авлодимизнинг ҳаёти ҳамда бахтини таъминлаш учун кураш соҳасида ҳам ўз бурчларидан илҳомланиб, инсоният олдидаги ўз вазифаларини шараф билан бажармоқдалар.
Т о в уш. Ўртоқ Заргаров, қисқароқ!
З а р г а р о в (тушунмай, доклад тонида). Бундан қаттиқроқ гапиролмайман, товушимнинг бўлгани шу, ўртоқлар! Ўртоқлар! Улуғ демократ Чернишевский бун-дай деб ёзади: «Табиат хотин-қизларни зўр истеъдодли қилиб яратган, уларга ақл-идрок ато қилган бўлса-да, бироқ жамият бу ақл-идрокни тан олмаётир, поймол қилаётир, бўғаётир!» (Зўр таассуф билан.) Ўтмишда мана шундай эди, ўртоқлар! Шу билан сўзим тамом. (Чапак кутади.)
П ў л а т ж о н Д о м л а. Саволлар борми?
З у ҳ р а. Мумкинми, бир савол... Хўп, ўтмишда шундай экан... хотин-қизларнинг ақл-идрокини, талантини тан олмайдиган, оёқости қиладиган, бўғадиган одамлар ҳозир ҳам борми?
З а р г а р о в (доклад тонида). Йўқ, албатта! Бўлиши мумкин эмас, ўртоқлар!
П ў л а т ж о н Д о м л а. Бахтга қарши, ҳозир ҳам бор.Бу масалада жамоатни алдайдиган шахслар, ҳатто мансабдорлар ҳам топbлади!
З а р г а р ов. Тушунолмадим... ,.
З у ҳ р а. Нимасига тушинолмадингиз?
З а р г а р о в (доклад тонида). Ўртоқлар! Оёқости қиладиган, бўғадиган шахслар йўқ, албатта. Биз бунга йўл қўймаймиз! Мутлақо йўл қўймаймиз!
В е р а (залдан). Менимча бор! Топилади!
З а р г а р о в (доклад тонида). Эҳтимол бордир, лекин биз қолоқ оилаларга эмас, илғор оилаларга қарашимиз керак, ўртоқлар!
П ў л а т ж о н Д о м л а. Яъни?
З а р г а р о в. Яъни... (Доклад тонида.) Мен бир оила тўғрисида гапиришим мумкин! Менинг қўшним бор, доктор Ҳузуржонов. Мана бу оилани ҳақиқий оила дейиш мумкин! Мана бу оила бугунги куннинг юксак талабларига тўлиқ жавоб беради десам хато қилган бўлмайман. Бу оиланинг хусусияти шундан иборатки...
Н а з и р а (залдан). Нотўғри!
З а р г а р о в. Ҳой, қизлар, агар гапирадиган бўлсаларинг, мана бу ерга чиқиб, халойиққа гапиринглар.
Н а з и р а. Гапиришимиз мумкин. Мумкинми, домла?
П ў л а т ж о н Д о м л а. Мумкин, бу ёққа чиқ!
З а р г а р о в (норози). Мажлисда тартиб бўлиши керак!
П ў л а т ж о н Д о м л а. Бугунги мажлиснинг тартиби шунақа!

 В е р а билан Н а з и р а саҳнага чиқади.

Н а з и р а. Ҳузуржонов Насибанинг ўқишини жувонмарг қилди, олий маълумот бераман деган ваъдалар билан олиб хизматкор қилиб қўйди-ку! Бунинг нимасини мақтайсиз?
Н а с и б а (югуриб саҳнага чиқади). Назира!
З а р г а р о в (Насибага). Сиз ҳам шу ердамисиз?
В е р а. Ҳузуржонов Насибани сизнинг қўлингиз билан мактабдан юлиб олди!
Н а с и б а. Вера!
Н а з и р а. Насибанинг оёқ-қўлини боғлагани Ҳузуржоновга сиз арқон эшиб бердингиз!
З а р г а р о в (мулойим, лекин таҳдид билан.) Аравани қуруқ олиб қочманг, ойим қиз!.. (Бошқа бир нима демоқчи бўлиб, айтолмайди.) Ярашмайди!.. Комсомол экансиз... Не-хо-ро-шо!! (Доклад тонида.) Ўртоқлар, Ҳузуржоновнинг хотини университетга киргани тайёрлик кўраётипти, и... киради ҳам!
В е р а. Ёлғон!
З а р г а р о в (жаҳли чиқиб). Ўзининг тили бор, ўзи айтсин! (Йўталиб қўяди.)
Н а з и р а. Насиба, бу ёққа чиқ! Гапир!
 
Заргаров яна йўталади. Насиба ерга қараганича туриб қолади.

П ў л а т ж о н Д о м л а. Шунақами, қизим, ростми шу гап?
Н а с и б а. Ёлғон! Домла, кечиринг... Мен... мен... сизни алдадим, энди... юзингизга қандоқ қилиб қарайман. Кўзим очилди... (йиғлаб юборади ва саҳнанинг орқасига ўтиб кетади.)

Кетидан Вера ва Назира ҳам чикади.

 
З а р г а р о в (пешона терини артиб). Демак Ҳузуржонов менга нотўғри маълумот берган экан-да!.. Кўрамиз, текширамиз... (Ёзиб олади.)

Президиумга залдан хат тушади. Хатни Зуҳра олиб домлага беради.

П ў л а т ж о н Д о м л а. Кечирасиз, бир савол тушди, ўқишга мажбурман.
З а р г а р о в. Тўғри, саволлар мана шунақа ёзма равишда берилиши керак.
П ў л а т ж о н Д о м л а (ўқийди). «Докладчи Заргаров уч бола кўрган хотини Оқила Шамсиеванинг устига Хуморхон Мансурхўжаева деган бир жувонни олган...»
З а р г а р о в (шошиб). Шошманг! Туҳмат! Оқила билан ажрашиб кетганимга мана шу ҳафта роса беш йил тўлди!
П ў л а т ж о н Д о м л а (қоғозни кўрсатиб). Оқиладан икки яшар ўғлингиз бор экан-ку?
З а р г а р о в (пинагини бузмай). Нима қипти, бўлиши мумкин! Мумкин! Бу бола бундан беш йил бурун бино бўлган, лекин ёпишиб қолган эди, уч йилдан кейин кўчиб, туғилди...
З у ҳ р а (заҳарханда қилиб). Ҳм, ёпишиб қолиш болангизга ота мероси экан-да: ўзингиз ҳам Худоёрхон замонида бино бўлиб энди туғилганга ўхшайсиз!.. Домла, менга сўз беринг!
П ў л а т ж о н Д о м л а. Марҳамат, Зуҳрахоним.
З у ҳ р а. Ўртоқлар! Бугунги докладдан бир пуллик баҳра олмаган бўлсак ҳам, лекин, вақтимиз бекор кетгани йўқ: биз қирқ хотинлик бўлмаса ҳам, ҳар қалай, қўш хотинлик Худоёрхонни кўзимиз билан кўрдик, билиб қўйдик!
З а р г а р о в (гаранг). Зуҳрахоним...
З у ҳ р а. Ўтиринг! Маълум бўлдики, ҳозирги Худоёрхонлар шляпа ҳам кияр экан, папка кўтариб ҳам юрар экан, совет қонунларига чап бериш, жамоатни чалғитиш учун мана бунақа жойларда минбарга чиқиб, маст туядай, оғзидан кўпиклар ҳам сочар экан!
З а р г а р о в (стол муштлаб). Мумкинми!.. Қоғоздай ғижимлаб ташлайман!..
З у ҳ р а (писанд қилмай). Ўтиринг! Ўртоқлар, бу ерда Заргаров сингари шляпалик Худоёрхонлардан бири — Марасул Ҳузуржонов масаласи ҳам кўтарилди...
 З а р г а р о в (қоғозларини йиғиштириб). Мен сиз билан тегишли жойда гаплашаман!.. (Жўнаб қолади.)
З у ҳ р а (кетидан). Шляпангизни олиб кетинг! Ҳой, шляпа!

Р и з а м а т шляпани уиннг қўлидан олиб Заргаровнинг кетидан чопади.

 П а р д а


 ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ

Заргаров ҳовлисида ошхона. Хуморхон ойна олдида пардоз қилиб ўтирибди. М а р а с у л киради.

М а р а с у л. Аҳаджон акам қелмадиларми?
Х у м о р х о н. Йўқ. Ҳа, мунча тажангсиз?
М а р а с у л. Бизнинг хотин тил чиқарган десам, оёқ ҳам чиқарипти!
Х у м о р х о н. Бормагин деган эдингиз-ку!
М а р а су л. Кетипти!..
Х у м о р х о н. Сиздан ҳам серпулроғини топгандир-да... Бунақа вақтда эрни шер қиладиган пул, хотинни шер қиладиган хуштор!
М а р а с у л. Алжима!
Х у м о р х о н (паузадан кейин). Яна Оқиланикига борармишсизми?
М а р а с у л. Ҳа! Бора бериб остонасини сийқа қилиб юбордим! Эрга теккан сену жафосини мен тортаман! Ёмон виждонсизлик қилгансан-да! Бечора Оқилага одамнинг раҳми келади.
Х у м о р х о н. Оқилага-я? Оқилага раҳмингиз келадими.? Насибага-чи? Насибага раҳмингиз қелмайдими? Мен Насибага ҳам кундошман-ку!
М а р а с у л. Ие!
Х у м о р х о н. Йўқ-йўқ, кундош эмас, ярим кундош! А?.. Ярим кундошман. (Кулади.) Виждонсиз эмиш! Мени, мен виждонсизни Насибага ярим кундош қилгун-ча ўлиб бўлдингиз-ку! Кисловодскда кечаси Насибани дори бериб ухлатиб қўйиб, мени санаториядан сой бўйигача қўлида кўтариб борган ким эди? Яхши кўраман деб йиғлаган, оёғимга йиқилиб ботинкамни мўйлаби билан чўткалаган ким эди?
М а р а с у л. Аҳмоқ! Ўз хотинини алдаган одам ўйнашига рост гаииради деб сенга ким айтган эди?

 Эшик тақиллайди.

 X у м о р х о н. Киринг! Кира қолинг!

О қ и л а киради. Иккови гангиб қолади.

М а р а с у л. Э-э, келинг Оқилахон опа... Келганингиз жуда яхши бўлди-да, эртага борадиган бўлиб турган эдим...
X у м о р х о н. Келинг...
О қ и л а. Эрингиз қани?
Х у м о р х о н. Сизнинг ҳам эрингиз-ку... Мажлисда!
М а р а с у л. Бирпас ўтира туринг, келиб қолар.
О қ и л а. Мана шу повесткани Заргаровнинг ўз қўлига топширишим керак эди... Сиз бериб қўярсиз.
Х у м о р х о н (повесткани олиб ўқийди). «Учинчи участка халқ суди...»
О қ и л а. Орани очиқ қилиб, Заргаровни снзга буткул бермоқчиман.
X у м о р хо н. Вой, нега, икковимизга ҳам бўлиб турувди-ку...
М а р а с у л. Энди хафа бўлмайсиз, опа...
О қ и л а. Нега хафа бўламан, мен Заргаровга ўн етти йил хотин бўлиб бешик, қозон-товоқ, киртоғорадан бошқа нарса кўрган эмасман. Мен бошқа нарсага — юр-тимизда ҳали ҳам инсонлик қадр-қийматини билмаган, хотин деган номга иснод келтирадиган макиёнлар борлигига хафа бўламан!
М а р а с у л. Э-э!..
Х у м о р х о н. Вой (Марасулни гувоҳ қилиб). Мана, айтсинлар... мен эрингизга ўзим тегибманми?
О қ и л а. Йўқ, албатта! Биламан, сизни тегишга, болаларини чирқиратиб уни уйидан, ўн етти йиллик уйидан юлиб олишга мажбур қилган нарса Заргаровнинг пули, мартабаси. Заргаров амалидан бекор бўлсин-чи, қайда кўрдим қора эшагим дермикансиз!
Х у м о р х о н. Вой қанақа некультурний хотинсан! Секинроқ гапирсанг-чи, қишлоқи!..
О қ и л а. Шу қилган, қилаётган ишларингиз культура-ю, сиз культурний хотин бўлдингизми?
Х у м о р х о н. Вой, мунча тилинг заҳар экан! Бор-э, эринг бошингда қолсин! Ол, олиб кет! (Деразадан ташқарига.) Тоға!
О қ и л а. Мен эр талашиб келганим йўқ.
Х у м о р х о н. Ўшанда нега йиғлаб келган эдинг бўлмаса?!
О қ и л а. Бундан бир ярим йил бурун йиғлаган эдим, Унда болаларим кўчада қолади деб ўйлаган эканман. Йўқ, тирик етим бўлди-ю, лекин кўчада қолмади. Бу замонда ҳеч ким кўчада қолмас экан: заводда бири онам бўлди, бири акам бўлди — йўлимни топиб олдим. Лекин сиз-чи!..
 
Хуморхон Марасулнинг орқасига ўтади.

Ие, хотинлардан калтак ея бериб зада бўлиб қолибсиз-ку!.. Қўрқманг, мен сизни урмайман —сизга қўл тегизгани ҳазар қиламан.
Х у м о р х о н. Сендан яхши эканманки, устингга олипти-да!
О қ и л а. Кўчада ётган суякни қайси ит ғажимайди! (Чиқади.)
М а р а с у л (кетидан). Оқилахон опа, мумкинми... Бир оғиз гапим бор... (Чиқади.)

 Хуморхон. Вой, яшшамай ўлгур...

Ҳаял ўтмай, М а р а с у л рўмолчаси билан юз-кўзини арта-арта киради.

М а р а с у л. Чакки қилдинг! Яхши гапириб ҳовридан тушириш керак эди!
Х у м о р х о н. Осмон қўлида бўлса ташлаб юбора қолсин! Аҳаджон акамнинг битта осмонни кўтариб қолгудай обрўйи бор!
Ф о т и м а (деразадан). Қанақа эркаксан! Ёш хотинни мажлисга юбориб, қандоқ сабринг чидаб ўтирибсан! Қачонгача ўргатаман!..
М а р а с у л. Ҳозир... (Чиқади.)

 Ранг-қути ўчган Заргаров киради ва секин креслога ўтиради.

Х у м о р х о н. Вой, нима қилди? Шляпангиз қани?

Ризамат, қўлида шляпа, мотамли юриш қилиб киради.

З а р г а р о в (қўлидан шляпани олиб). Боринг, Марасулни айтиб келинг!

 Р и з а м а т чиқади.

Ўзимнинг ҳам кўнглимга келган эди-я? Асли бормасам бўлар экан...
Х у м о р х о н. Вой, нима бало, Оқила бу ерга келиб қилган шаллақилигини клубга ҳам бориб қилдими?
З а р г а р о в (чўчиб). А? Оқила келдими?
 Х у м о р х о н. Ҳа. Сизга повестка олиб келипти. Сизни менга буткул бермоқчи эмиш.
 
Заргаров повесткани олиб ваҳима ичида куз югуртиради.

З а р г а р о в (гаранг). Ие... мен «Оқилани қўйганим-га беш йил бўлган» деб... оббо... судда усгимга хотин олди деса... (Бирдан.) Жоним! Пайт нозик, хотин-қизлар масаласи чирсиллаб турипти—бекорга новут бўлиб кетаман.... Менга раҳм қилинг!..
X у м о р х о н. Нима қилай?
З а р г а р о в. Сиздан бир оғиз сўз!.. Бир оғиз!.. «Мен Заргаровнинг хотини эмасман, ўйнашиман» десангиз қутулиб кетаман. Хотинлик эркак ўйнаш тутмасин дегай закон йўқ! Йўқ!
Х у м о р х о н. Ие!
З а р г а р о в (тиз чўкиб). Жоним!..
Х у м о р х о н. Мен бу гапни айтгани номус қиламай. Хўжа авлодимиз, бизнинг авлодда ўйнаш тутган хотин ўтган эмас!
З а р г а р о в. Жоним! Имоним!
Х у м о р х о н. Мунча!.. Жонингизни оладими!..
З а р г а р о в. Обрўйим тўкилади... Менинг обрўйим бир ўзимга эмас, сизга, ўзингизга ҳам керак-ку, ахир!
Х у м о р х о н. Сизнинг обрўйингиз менга керак бўлиб нима қилиб берипти!.. Биттаю битта тоғам ҳали ҳам завхоз!
З а р г а р о в. Бу тўғрида гаплашган эдик-ку... Бир оз ичади!
Х у м о р х о н. Каттароқ иш бўлса — яқинига одам йўлолмаса ичгани ҳам билинмас эди.
З а р г а р о в. Хўп, катта ишга жойлаб қўяман. Бўлдими?
Х у м о р х о н (ўйлаб туриб). Тоғамга дурустроқ жойдан хотин олиб берасиз. Яхши қиз бўлсин!
 З а р г а р о в. Хўп, ўзим ҳам шуни ўйлаб юрган эдим. Уйлаймиз, бу ҳовлини тоғангизга бериб, ўзимизга бошқа баҳавороқ жойдан участка қиламиз!

 Ризамат билан Марасул киради.

М а р а с у л. Э-э, Аҳаджон ака, ростми? Хайрият мажлисга Оқиланинг ўзи кириб бормапти.
З а р г а р о в (Ризаматга). Сиз чой-пой ичиб оласизми?..
Х у м о р х о н (Ризаматга). Бу ёққа юринг...

Ризамат иккови чиқиб кетади.

М а р а су л. Нима бўлди?
З а р г а р о в. Дард бўлди! Бало бўлди! Ҳамма иллат сенда! Сенда! Хотин-қизлар масаласи чирсиллаб турган бир вақтда нима қилар эдинг гапни кўпайтириб!..
М а р а с у л (ҳайрон). Нима қилдим?
З а р г а р о в. Ие, тағин нима қилдим дейди-я!.. Хотининг ўқийман деса битта-яримта мактабга қистириб қўймайсанми-ю, яна битта туққанидан кейин ўзи ташлаб кетмайдими?
М а р а с у л (қути ўчиб). Нима бўлди?
З а р г а р о в. Ҳамма гап мана шундан бошланди-да! Дугонаси чиқиб ундоқ деди, холанг чиқиб бундоқ деди: ҳаммаси қўшилишиб сени олиб менга урди, мени олиб сенга урди. Данакдай хамиртурушдан бир тоғора хамир қилди-қўйди.
М а р а с у л. Ўзи нима деди?
З а р г а р о в. Нима дерди! Тарафингни олсам мени ёлғончи қилди!
М а р а с у л. Ҳали шунақами. (Енгини шимариб чиқмоқчи бўлади.)
З а р г а р ов. Қаёққа?.. Ўтир! (Унинг енгларини тушириб қўяди.)

 Н а с и б а киради.

Н а си б а. Мени йўқладингизми?

Заргаров Марасулга «қаттиқ гапирма» деб ишора қилади.

М а р а с у л (қовоғини солиб). Ҳа!.. (Унинг олдига боради.)

Марасул Насибани урмоқчи бўлганда Заргаров ҳай-ҳайлаб қўймайди. Шовқинни эшитиб Хуморхон югуриб чиқади, вазиятни кўриб ҳайрон бўлади.

З а р г а р о в. Ҳм... Шунақа экан-да, Насибахон... Марасулдан хафароқ экансиз, менга айтсангиз ҳам бўлар эди-ку... ё мендан ҳам хафамидингиз?
Н а с и б а.Қоқинган одам йўлда ётган тошдан ўпкаламайди.
З а р г а р о в. Мени тош дейсизми, ғишт дейсизми, кесак дейсизми, ҳар қалай холис ният билан ораларингга тушган эдим... И... бахтли бўлдингиз деган қаноатда-ман: шундоқ уйингиз бор, жойингиз бор...
Н а с и б а (Хуморхонга кўз қири билан қараб). Уй-жой бахт бўлса иссиқ оғилда кавш қайтариб ётган сигирдан бахтлироқ жонивор бўлмас эди!
З а р г а р о в. Уй дейишдан мақсад — оила демоқчиман!
X у м о р х о н. Опаси ўргилсин, нега унақа дейсиз, кимсан доктор Ҳузуржоновнинг хотинисиз!
Н а с и б а. Фалончининг хотини бўлиш сизга бахт бўлса бордир, лекин мен буни бахт деб билмайман, бунақа бахтдан жирканаман! Менинг ўз отим, ота-онам умид билан қўйган отим бор! Ўз отимга куйдирги чиққан эмас!
М а р а сул. ( дўқ қилиб). Шунақами?!
Н а с и б а. Ҳа, шунақа!
М а р а с у л. Ҳа, ўша сени... (Урмоқчи бўлади. Заргаров орага тушади.) Жағингни эзаман!
Н а с и б а. Йўқ. Марасул ака, энди мени уролмайсиз! Мен энди мунглик, муштипар хотин эмасман. (Чиқиб кетади.)
Х у м о р х о н. Вой, Марасул ака-ей, ўлмаган жонингиз! Бу шаллақи билан қанақа умр қилиб келаётибсиз?
З а р г а р о в. Аҳмоқ! Аҳмоқ!! Ҳозир хотин урадиган замонми?
X у м о р х о н. Бунақа хотинни уриб ўлдирса ҳам оз! (Чиқади.)

 Телефон жиринглайди.

З а р г а р о в (чўчиб). Марасул, ол-чи! (Ўзича.) Э, худо!.. (Паноҳ истаб.) Хуморхон!
М а р а с у л (трубкага). Лаббай! А? Ҳозир...

Марасул имо билан Заргаровга трубкани кўрсатади. Заргаров трубка худди чақиб оладигандай стол ёнига келади, трубкани олади.

З а р г а р о в (трубкага, ўзини хурсанд кўрсатишга тиришиб). Лаббай... Раҳмат... А? Хўп-хўп... (Бўшаишб ўзини креслога ташлайди, узоқ паузадан кейин.) Марасул!..
М а р а с у л (зўрға). Лаббай!..
З а р г а р о в. Нима бўлаётипти ўзи?
М а р а с у л, Энди бу ёғи нима бўлади денг.
З а р г а р о в. Хуморхон! Жоним!

 П а р д а
 

 ТЎРТИНЧИ ПАРДА

 ЕТТИНЧИ КЎРИНИШ

Марасулнинг ҳовлиси. Супада Назира, Вера, Насиба, Пўл а т ж о н Д о м л а.

П ў л а т ж о н Д о м л а (боланинг юзини очиб секин). Бай-бай-бай!.. Мунча ҳам ширин ухлапти! Менга бер-чи, бола кўтариш эсимда бормикин...

Қизлар секин кулишади, Насиба болани унга беради.

Уҳў!.. Полвон қиз бўладиганга ўхшайди-ку! Баракалла. Хўп, қани, гапир-чи!..
Н а с и б а. Ўша кунги мажлисдан кейин яхши бўлиб қолди. Мажлис куни бир авж қилди-ю, кейин ўйлаб кўрди шекилли, дарров тушди. Хийла тушди! Бир йилда бир мартаба ҳам кўчага чиқармаган одам... мана, бир ҳафта ичида икки марта маориф бўлимига бориб келдим. Ўзи мактабимизга бориб тўққизинчи синфда ўқиганимга справка олиб келди...
Н а з и р а. Ёмон бўлиб ҳам кўрсин-чи клуб деворий газетасига оёғидан осиб қўярман!
В е р а. Мажлисда осгандан беш баттар қилдик-ку.
П ў л а т ж о н Д о м л а. Қоллектив зўр куч!

Бидон кўтариб Фотима киради, меҳмонларни кўриб бидонни секин бир чеккага яширади ва югуриб буларнинг олдига келади.

Ф о т и м а. Вой гиргиттон!.. Келинг, домласи... Келинглар... Бу ўқиш қачон бошланади-а, домласи? Бола бечора ичикиб қолди-ку! Уйда ҳам ўқиётипти, ўқимаган китоби қолмади, Марасул китоб ташиб еткизолмаётипти-ю, лекин мактабнинг йўриғи бошқа-да! А, келинпошша?
Н а с и б а. Вой, ая, суюнчи! Мени ўнинчи синфга қабул қилишипти! Пўлатжон Домла буйруқ олиб келдилар.
Р о ҳ и л а. Умридан барака топсин, зап домланг бор-да!

Иккови чиқади. Марасул киради, келиб сўрига ўзини ташлайди. Фотима киради.

Ф о т и м а. Ие, қелдингми... Овқатингни олиб келайми?
М а р а с у л. Йўқ! Томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди, Аҳаджон акамни ишдан олиб, партиядан ўчиришипти!
Ф о т и м а. Вой!..
М а р а с у л. Уф!.. Бир омад кетгандан кейин шунақа бўлар экан-да!
Ф о т и м а. Худо дегин!.. Ташвиш тортма, Аҳаджон тегирмонга тушса бутун чиқади... Мана кўрасан, онам айтган эди дерсан! (Секин.) Насибанинг домласи қоғоз олиб келди!
М а р а с у л. Қанақа қоғоз?
Ф о т и м а. Ўқишга кириши нақдга ўхшайди.(Йиғламсираб.) Пешонам қурсин... Сени катта қилиб берганим кам экан, энди боласини ҳам катта қилиб бераман, шекилли.
З а р г а р о в (ўз ҳовлиси томонидан киради, мусибатли товуш билан). Марасул, ука, мен кетдим. Энди бутун умид областдаги ёр-биродарлардан. Хайр...
М а р а с у л. Хайр...
Ф о т и м а. Худо денг!
З а р г а р о в (жон-дили билан). Э, худо! (Чиқади.)

 Н а с и б а киради.

Ф о т и м а. Келинпошша, эрингизнинг овқатини беринг. (Чиқади.)
М а р а с у л.. Қаёққа бординг?
Н а с и б а. Ҳеч қаёққа борганим йўқ.
М а р а с у л. Қим келди?
Н а с и б а. Пўлатжон Домла, қизлар...
М а р а с у л. Шунақами?..
Н а с и б а. (хурсанд.) Ўнинчига кираман! Пўлатжон Домла дирекция билан гаплашиб буйруқ олиб келиптилар! Мана!
М а р а с у л (буйруқни ўқийди). Ҳмм... яхши, лекин мен бир нарсани ўйлаб қолдим: болангни нима қиласан?
Н а с и б а. Ҳамиша «боланг, боланг» дейсиз... (Кулиб.) Нима, болани онамнинг уйидан олиб келибманми? ..
М а р а с у л. Менинг онамдан умид қилма демоқчиман. Сенга мени катта қилиб бергани басдир, энди болангни ҳам катта қилиб берсинми!
Н а с и б а (ҳайрон). Майли....ясли бор...
М а р а с у л. Тилаб-тилаб топган болангни яслига бергани қандоқ кўнглинг бўлади?
Н а с и б а. Яслига нима қипти? Менинг ўзим ҳам яслида, боғчада ўсганман.
Марасул. Сенинг онанг берса бергандир, менинг яслига берадиган болам йўқ!
Н а с и б а (қури ўчиб). Хўп, болага менинг онам қарайди... Қечқурун элтиб бераман, эрталаб олиб келаман...
М а р а с у л. Бу бошқа гап. (Бирдан.) Хўп, болани онангга элтиб берар экансан, мени кимга элтиб берасан? Менга ким қарайди?
Н а с и б а. Ўзим қарайман... Онам қарайди... Ўқишимнинг сизга, уй ишига... ҳеч кимга оғирлиги тушмайди.
М а р а с у л (паузадан кейин). Менга қара, ўқишдан мақсад нима ўзи, ишлашми? Нима қиласан ишлаб? Мен боқолмаяпманми?
Н а с и б а. Марасул ака, нима учун мени «боқишингиз» керак? Мен мушук бўлмасам...
М а р а с у л (аччиғи келиб). Биз эр-хотин гаплашаётипмиз, орага бировнинг гапини қистирма!
Н а с и б а. Нима дедим? Қимнинг гапини қистирдим?
М а р а с у л (масхара қилиб). «Нима учун мени боқишингиз керак! Мен мушукми?..» Бу анави чол Пўлатжон Домланинг гапи! Бунақа фалсафалар ўшандан чиқади!
Н а с и б а. Майли-да. Бирон орзуси бўлмаган, бирон нарсага интилмаган одамнинг мушукдан нима фарқи бор?
М а р а с у л. Хўп, борди-ю, орзулари ушалди — ўқидилар, битирдилар, ишга ҳам кирдилар — ишлаб қанча ойлик оладилар?
Н а с и б а (унинг афтига қараб). Қанча ойлик олсам ўқишимга рози бўлар эдингиз?
М а р а с у л (нима дейишини билолмай). Юрагимни сиқма! (Қоғозни йиртиб ташлайди). Янаги йилга ўқийсан!
Н а с и б а. Вой! (Қоғоз парчаларини олиб бағрига босади.) Марасул ака, нега бунақа қиласиз? Ҳар куни икки маҳал гул кўтариб кўчамизнинг бошида турган кунларингизда нималарни ваъда қилган эдингиз?
М а р а с у л (бирдан тутоқиб). Мен ишдан чарчаб келганман, дам олгани қўясанми, йўқми? (Бақириб.) Қўясанми, йўқми!!!
Н а с и б а. Бақирманг!

 Р о ҳ и л а билан Ф о т и м а югурнб киради.

Р о ҳ и л а. Ҳа, ҳа, яна нима бўлди?
Ф о т и м а. Ҳой, сенга нима бўлди?
Н а с и ба. Кечагина нима деган эдингиз! Яна лафзинғиздан қайтдингизми? Ноинсоф!
М а р а с у л. Ҳа! Мен шунақа ноинсоф, шунақа золим эрман! (Бир қўл ҳаракати билан бутун давлатини кўрсатиб). Шунақа золим эр бўлса ҳамма ҳам тегар эди!
Н а с и б а. Ола қолинг!
М а р а с у л (бақириб). Оламан!
Р о ҳ и л а. Ҳой куёв, яна бошидан тушдингизми? Кўчада муқовангизни кўрган киши сизни ҳеч шунақа одам деб ўйламайди-я!
М а р а с у л. Кечки мактабга қўймайман! Марҳамат, университетга кирсин! Ёрдам қиламан!
Н а с и б а. Бас! Қалбаки гапларингиз жонимга тегди! Кўр ҳассасини бир марта йўқотади.
М а р а с у л. Жонингга теккан бўлса — катта кўча!
Н а с и б а. Шунақами?.. Ая, мана, орзуларингиз ушалдими?

Н а с и б а билан Р о ҳ и л а чиқади.

Ф о т и м а. Ҳой, ақлингга куйдирги чиқмагур, боласи бор, ҳовлининг яримини бўлиб олади-я! .....
М а р а с у л. Уф!.. Ая, дейман, битта хотинни эплаш шунча қийин, дадам раҳматли саккизтасини қанақа эплаган эдилар?
Ф о т и м а. О, онанг айлансин Марасул, у замонда. эркакларнинг қамчисидан қон томар эди! У вақтда паранжи бор эди!

Бола, тугун кўтариб Роҳила киради.

Войдод!.. Мени шундоқ қудамдан айирасанми?..
Р о ҳ и л а. Қўйинг-э, Фотимабуви, давлат деб қизимни ўз қўлим билан ўтга ташлаган эканман! Одамлар айтишган эди...
Н а с и б а (икки бойлам китоб кўтариб киради). Юринг, ая!
Ф о т и м а (икковининг йўлини тўсади). Войдод!., Мени шундай келинимдан айирасанми?..

 З у ҳ р а киради.

Дод устига дод!
З у ҳ р а (ҳайрон). Нима гап?
Р о ҳ и л а. Нима бўлар эди... Айтганингиз келди!
Ф о т и м а. (Зуҳра билан кўришиб.) Иккови уришиб қолди, яраштириб қўй. Арзимаган гап... (Чиқади.)
З у ҳ р а (кетидан). Мараз!
М а р а с у л (Роҳилага ўпкалаб). Бизни уришиб-сўкиб яраштириб қўярсиз десам, дарров кўч кўтарибсиз-да!
Р о ҳ и л а. Ҳа! Кўзим очиқлигида қизимнинг тўйинн кўрай деб ўзимни ўйлабману, бу тўйдан кейин Насиба нима бўлишини ўйламабман. Она куни битиб дунёдан кўз юмганида боладан рози бўлиши зарур, лекин энди билсам, куни туғилиб дунёни энди кўрадиган боласини рози қилиб кетиши ундан ҳам зарурроқ экан|.

 О н а-б о л а чиқмоқчи бўлади.

З у ҳ р а. Мана энди ўзингизга келибсиз!
М а р а с у л (дўқ қилиб). Хола!.. Оила масаласига аралашманг! Оила масаласи нозик масала, сиёсий масала! Совет ҳукумати оилани мустаҳкамлаш учун бутун чораларни кўраётган бир вақтда... жавобгар бўласиз!
З у ҳ р а. Совет ҳукумати ҳар қанақа оилани эмас, совет оиласини мустаҳкамлайди!
М а р а су л. Сизга ўхшаган чаласавод «активлар» қўли билан мустаҳкамлайди! (Она-боланинг олдини тўсади.)

З у ҳ р а. Мен чаласавод, сенинг саводинг росами? Бир кўзинг одамларнинг тишида, бир кўзинг чўнтагида-ку, яна қайси кўзинг билан ўқиб савод чиқаргансан?
М а р а с у л (Насибага). Чучварани хом санама, мендан ялчиб алимент ололмайсан!
Н а с и б а . Кераги йўқ!
З у ҳ р а. Қонун товуқдай қийқиллатиб олиб беради!
М а р а с у л . Қонунга мувофиқ оладими? Ойлиги юз сўмлик ишга кираман!
З у ҳ р а. Ҳезалак!
М а р а с у л (Насибага). Эсинг кириб қайтиб келганингда бу уйда бошқа хотин ўтирган бўлади!
 Н а с и б а (таққан зийнат асбобларини олиб Марасулнинг олдига ташлайди). Наинки қайтиб келсам! Аксин-ча, бу ерда ўтган бир ярим йил умримга умр бўйи ачинаман. Эссизгина бир ярим йил умрим! Юринг, ая! (Чиқади.)
Р о ҳ и л а. Эссиз! Лекин бекор кетмади! Бу бир мактаб бўлди. Кўзимиз очилди. Бахт нима, бахтсизлик нима—кўзимиз билан кўрдик. Мен оналарга айтаман: «Тузуккина қанот чиқармай учишга талпинган чумчуқ-бола илоннинг оғзига тушар экан» дейман!

 Марасулдан бошқа ҳ а м м а кўча эшиги томон йўналади.

М а р а с у л (бақириб). Хола, муродингга етдингми?
 З у ҳ р а. Йўқ ҳали, жиян! Чаласига қарздорман! (Чиқади).

 Парда

 ЭПИЛОГ

Заргаровнинг ҳовлисида ўша ошхона, лекин ерда ётган бир пой эски калиш, ғижимлаб ташланган бир-икки газетадан бошқа ҳеч иарса йўқ. Саквояж кўтарган Заргаров киради, киради-ю, донг котиб қолади: кўзларини ишқаб, йириб қарайди, ниҳоят, кўраётгани ҳақиқат эканига ишонгач, бўшашиб кетади. Ғам-койиш хий-лагина енгиб қўйган Марасул киради.

М а р а с у л. Салом бердик... С приездом...
З а р г а р о в. Салом...
М а р а с у л. Гузарда орқангиздан шунча чақирдим, эшитмадингиз.
З а р г а р о в (уйни кўрсатиб). Нима гап?
М а р а с у л. Хуморхонингиз... Кечагина кўчиб кетди. Хафа бўлманг, ҳозир ҳаммани ҳам хотини ташлаб кетаётипти. '
З а р г а р о в. Қаёққа кўчди экан, тоғасиникигами?
М а р а с у л. Йўқ... Эрга тегди!
З а р г а р о в. А? (Саквояжнинг устига ўтириб қолади.)
М а р а с у л. Тағин хотин устига текканини айтмайсизми!.. Қалай, ишлар тўғри бўлдими?

Заргаров бош чайқайди ва суғуриб ташлади деганга ишора қилади.
 
Оббо!.. Суғуриб ташламанглар, тузалиб кетаман демадингизми?
З а р г а р о в (хаёли бошқа ёқда). Айтдим, айтмаган
гапим қолмади.
М а р а с у л. Ўзим ҳам билган эдим: катта омбурга чап бериб бўлмайди. Турмуш қийин бўлиб қолди, Аҳаджон ака!
З а р г а р о в. Сен нима қиласан нолиб! Омбуринг қўлингда, бир кавакдан ҳайдаса, бошқа кавакда тиш суғуриб айшингни қилаверасан! Менга қийин, менга!
М а р а с у л. Жуда ҳам унчалик эмас, Аҳаджон ака! Омбур-помбурим билан ўзимни ҳам ҳаётдан суғуриб ташлайдиганга ўхшаб қолди: учидан ҳовлини сотиб солиққа бердим, ишдан бўшатилдим, яна нима бўлишини билмайман.
З а р г а р о в. Қани энди шуларнинг ҳаммаси тушим бўлса-ю уйғониб кетсам!.. Қадамимни билиб босар эдим. Шу вақтгача калла деб жун чиққан қовоқни кўтариб юрган эканман! Жун чиққан қовоқни!

 П а р д а
 1954 йил.

Qayd etilgan