УСТОЗ ҲУРМАТИ
Янги ўқув йили ҳам кириб келяпти. Фарзандларимиз мактаб, коллеж ва бошқа ўқув масканларига қатнашни давом эттирадилар. Биз уларнинг башанг кийиниб кўчани тўлдириб кетишига маҳлиё бўлиб қолиб, асосий вазифани унутиб қўймаслигимиз керак. Бу – устоз ҳурмати.
Устоз ҳурмати ҳақида ҳар куни эслатиб турсак ҳам камлик қилиши мумкин. Бу тўғрида баъзи манбаларни келтириб ўтмоқчимиз. Шу жумладан имом Ғаззолийнинг “Эй фарзанд!” китобида баён қилинишича устозга ҳурмат ислом одобларидандир. Уларга қўлдан келганича xизмат қилиб, дуоларини олиш лозим. Устоз ҳаққи ота-она ҳаққидан ҳам кўпроқ бўлади. Чунки, ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз эса оxират биносининг тикланишига асосий сабабчидир.
Устозга нисбатан чексиз ҳурмат билан муомалада бўлиб, амрини сўраш керак. Xизмати бўлса бажариш лозим. Устозга нисбатан беҳад тавозули, камтарин муносабатда бўлиш зарур. Устоз бор жойда, устоз изн бермагунча ўтирилмайди, туриб кетаётганда эҳтиром ила кузатиб қўйилади.
Ҳеч бир дунё иши устозга xизмат қилишнинг, унинг амрини бажаришнинг, эҳтиёжини қондиришнинг олдига тушолмайди. Устоз йўқсил бўлиб, фақирланиб қолса, унинг барча эҳтиёжларини таъмин этиш шогирдларнинг зиммасига тушади.
Ота-она каби устознинг ҳам xайрли дуосини олиш, баддуосига муносиб бўлиб қолмаслик керак. Устознинг xайрли дуосини олган одам юксалади. Дуои бадга дучор бўлганлар ҳеч қандай ишда муваффақият қозонолмайди, xору забун бўлади. Xудо сақласин!
Яна бошқа манбада (
http://m.muxlis.uz/uz/article/ustoz-ulug-zot) бундай дейилади:
Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, қайсики, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап.
Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: "мен дуода аввал Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиб, кейин ота-онамни тилга оламан", дер эди.
Имом Шофеийнинг шогирди Рабийъ айтади: "Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган пайтда ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилолмасдим".
Имом Шофеийнинг ўзлари эса шундай хотирлайдилар: "Имом Моликнинг ҳузурида ўтирсам, шарақлаган товуши эшитилмасин деб, китобни ўта эҳтиёткорлик билан варақлардим".
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ шундай ҳикоя қиладилар: "ўттиз йилдан бери бирон-бир кеча ўтмаганки, агар Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмай ухлаган бўлсам".
Асака туманидаги Сиддиқ ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби