Ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида ижобат бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа ибодатлар эса, унинг шохларидир. Бошқача қилиб айтганда, ақида илми иморатнинг пойдевори кабидир. Асос бўлмаса ёки у бўш бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар қабул қилинмайди.
Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса, елдир!
деб ақидага аниқ ва тўғри баҳо берганлар.
Шу сабабли ҳам жанобимиз Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврининг аввалги ўн уч йилини ақидани тўғри талқин қилишга бағишладилар. Чунки ақида орқали мусулмонларнинг қалбларига Аллоҳ таолонинг зот ва сифатлари, тавҳид, дунё ва охират тўғрисидаги исломий ғоялар, тақдир масаласи, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах, фаришталар, илоҳий китоблар ва пайғамбарларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш қоидалари, одоблари ўрнашгачгина, пайғамбарликнинг кейинги ўн йилида намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар фарз қилинган. Пайғамбаримизга замондош бўлиш шарафига муяссар бўлган саҳобаи киромлар илоҳий қонун ҳисобланган Қуръони каримнинг йўл-йўриқларига оғишмай амал қилиб, икки дунё саодатига, Аллоҳнинг розилигига эришдилар.
Асри саодатда, ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаи киромлар даврида ҳеч қандай мазҳаб бўлмаган, унга ҳожат ҳам йўқ эди. Чунки, у вақтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаи киромлар бор эдилар. Ҳар қандай масалада иккиланиш ёки шубҳа пайдо бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраб ва дарҳол тўғри жавобни олардилар. Аммо, у зотдан кейин қисқа муддат ичида улкан футухотлар рўй бериб, ислом дунёси кенгайди, шаръий масалаларда ихтилофлар юзага чиқа бошлади. Исломни ичидан емирмоқчи бўлган мажусий, мўсавий, исавий ва зардўштийлар мусулмонларнинг фикрларини чалғитиш, чалкаштириш учун шайтоний тарғиботлар юргизар эди. Масалан, Мавороуннаҳрда зардўштийлардан Муқанна номи билан ташкил этилган фирқа ҳар қандай шахсий мулкни, никоҳни бекор қилди, ислом динида ҳаром этилган нарсаларни ҳалол ва аксинча, барча ҳалол нарсаларни ҳаром, деб эълон қилди. Тарихда мисли кўрилмаган расвогарчиликларга йўл очилди. Жумладан, Муқаннанинг фармонига кўра, унинг аскарлари ўзлари хоҳлаган хонадоннинг аҳли аёлига эгалик қила оларди. Уй соҳиби эса аскар харом-хариш ишини бажариб кетгунига қадар ташқарида кутиб туришга мажбур эди. Агар орияти устун келиб, қаршилик кўрсатса, бешафқатлик билан ўлимга маҳкум этиларди. Муқанна ўзини худо деб эълон қилди ва халқни ўз шахсига сиғинишга мажбур этди.