УСТОЗНИНГ ҚАДРИ.
Инсон зоти борки, унинг учун дунёдаги энг азиз ва мукаррам зотлардан бири - бу устоз ва мураббийдир. Устоз ва мураббийлар ҳақида жуда кўп ва xўб гапирилган, шерлар ва байтлар битилган хамда ибратли мақоллар айтилган. Шундай бўлсада бу айтилган мадхларни барчасини торозини бир палласига қўйилса ва торозини бошқа бир палласига Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар” – деган ҳадиси шарифларини қўйиладиган бўлса, албатта бу барча битилгин шерлар, байтлар ва ибратли мақолларда айтилган мадхлардан устун келади.
Устозлик мақоми нақадар улуғ ва бемисл экани ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақат ўзларидан илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илмни олган бўлса, у катта бахту-саодатни қўлга киритибди”. (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Устоз ва муаллим – бу шунчаки оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсолидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илм – маърифат, у жоҳилликнинг зидди. Устоз бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт қуёши порлаган мамлакатдир. Шу боисдан Юртимизда “1октябръ устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади.
Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан кейин туриши айтилган. Сабаби ота-онангиз сизнинг дунёга келишингизга сабабчи бўлса, устозингиз, қадрли муаллимингиз сизга оқ-қорани ўргатган, сизни ўқиш, ёзиш ва фикрлашга ўргатган инсондир. Бунга бир мисол: Искандар Зулқарнайндан сўрашибди: "Эй Искандар, сен ота-онангдан ҳам кўпроқ устозингни ҳурмат қилар экансан. Шу тўғрими?". Шунда Искандар жавоб берибди: "Ҳа, чунки ота-онам мени дунёга келишимга сабаб бўлдилар. Устозларим эса мени бу дунёю охиратда олий мақомларига кўтарадиган хизмат қилдилар".
Устоз ва муаллимларни ҳурмат қилиш барчамизнинг вазифамиздир. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (р.а) шундай дейдилар: "Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан, менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман" деган эканлар.
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй, ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади”.
Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар. Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар.
Бу барча инсоният учун ибратга бой бўлган ходисалардан биридир. Тарихда илм ва муаллимнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк "Хамса" асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Хирот кўчаларини айлантирган экан. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизларга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, мана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти.
Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия беришдек шарафли вазифаларни адо этаётган барча устоз ва мураббайларимизни касб байрамлари “Ўқитувчи ва Мураббийлар куни” билан муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло устоз ва мураббийларнинг қадрларини баланд ва мақомларини бунданда юксак айласин.
“Муҳаммад Солиҳ Ҳожи” жоме масжиди ходими Ж. Парпиев.