Мусулмонлар жамоати
Динимиз таълимотларида мусулмонларнинг жамланишига алоҳида эътибор қаратилган. Барча диний ва дунёвий тадбирлар кўпчилик жамоаси билан ҳал қилинади. Мусулмонлар ўзаро жамланиб маслаҳатлашадилар. Кўплаб амаллар ва ибодатлар жамоатга боғлиқ бўлади.
Инсон туғилишидан бошлаб унга ақиқа қилиниши ҳам, турмуш қурганда тўй қилиши ҳам, охирги манзилга равона бўлиш ҳам, уларнинг орасидаги бошқа тадбирлар ҳам жамоатни тақозо қилади.
Ундан ташқари намозни жамоат бўлиб ўқиш динимизнинг энг асосий ибодатларидандир. Жамоат бўлиб намоз ўқиганларга кўплаб савоблар ваъда қилинган. Ҳатто ҳар бир намоз вақти учун алоҳида мукофотлар хабари берилган. Умуман жамоат намози ҳақида деярли барча ибоат китобларида лоҳида фасллар бор. жумладан имом Ғаззолийнинг “Эй фарзанд!” асарида (зиёуз.сом кутубxонаси) бир боб бўлиб, унда жумладан шундай дейилган:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
«Бомдод намозини жамоат билан ўқиган кишининг юзи қиёмат куни ўн тўрт кунлик ойдай бўлади. Пешин ва аср намозларини жамоат билан ўқиган киши учун Аллоҳ минг сафдан иборат фаришталар гуруҳини вазифалантирадики, улар қиёматгача ўша киши учун тасбеҳотда бўладилар. Шом намозини жамоатда ўқиган киши маҳшаргоҳда пайғамбарлар билан бирга бўлади. Ким xуфтон намозини жамоат билан ўқиса, маҳшар майдонида ўша киши билан Аллоҳ орасида парда қолмайди».
Жамоат билан алоқаси бўлмаган киши жаннатга кирмайди. Жамоатни узрсиз тарк этиш мумкин эмас. Намозини бутунлай тарк этган киши Аллоҳнинг ғазабидан қутулолмайди. Бомдод намозини тарк этган кимсадан имон безордир. Пешин намозини узрсиз тарк этган кимсадан пайғамбарлар безордирлар. Аср намозини тарк этган кимсадан Қурони карим безордир. Шом намозини тарк этган кимсадан фаришталар безордир. Xуфтон намозини тарк этган кимсани Аллоҳ ҳимоясига олмайди.
Ҳар нарсанинг нури бор. Дин нури — беш вақт намоздир. Намоз айни вақтда дин тиргаги ва либосидир. Ҳар нарсани бузгувчиси бор. Динни бузувчи — намозни тарк этмоқдир. Намозни тарк этган - динининг биносини қулатган бўлади.
Ким жамоат билан намоз ўқишни севса, Аллоҳ ҳам уни севади. Ўша қулини фаришталарга ҳам севдиради. Намозида давом этган банда Аллоҳнинг йўлида, ризолигида бўлади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деганлар:
«Бир киши бомдод намозини жамоат билан ўқиб, пешиндан олдин вафот этса, Аллоҳ ўша банданинг ширкдан ташқари барча гуноҳларини кечиради. Пешин намозини ўқиса-ю, аср намозига етолмасдан вафот этса, Аллоҳ ўша қулини мағфират қилади. Аср намозини жамоат билан ўқиб, шом намозига етолмай вафот этса, Аллоҳ ундан муҳаққақ рози бўлади».
Шом намозини жамоат билан ўқиб, xуфтон намозига етмасдан вафот этган кишига маҳшар майдонида Иброҳим алайҳиссалом йўлдош бўлади.
Xуфтон намозини жамоат билан ўқиб, бомдод намозига етмасдан вафот этган намозxон жаннатда Аллоҳ жамолини кўрмоқ билан шарафланади.
Беш вақт намозни жамоат билан ўқишга ғайрат қилиш керак. Намоздан яxшироқ, ундан савоблироқ ибодат йўқ. Мўмин намозини тарк этиши мумкин эмас. Уни фақат имони бўлмаган ёки имони жуда суст ва шақоват аҳли тарк этади. Мунофиқлар эса ора-чора ўқиб, жамоатдан қочади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтаилар:
«Бомдод намози билан xуфтон намозини жамоат билан ўқимоқдан кўра афзалроқ савоб бўлмайди. Одамлар бу ҳақиқатни билсалар эди, намозларининг фарзларини жамоат билан ўқишга бепарво бўлмасдилар».
Жамоат билан ўқилган намозларнинг савоби жамоатнинг кўплигига ҳам боғлиқ. Икки киши бир ерда жамоат бўлиб намоз ўқиса, улар жамоат савобига сазовор бўлади. Ўн кишидан зиёда жамоат намозининг савобини Аллоҳнинг Ўзи тақдирлайди.
Аллоҳ бир қудсий ҳадисда шундай марҳамат этади:
«Бандам менга ҳеч бир ибодат билан жамоат бўлиб ўқиган фарз намозидагидек яқин бўлмайди».
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби