1-масала
Имонда шубҳа бўлмаслиги
Саҳобаи икромлардан Шоҳул Муфассирин унвонига сазовор бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу:
«Мўъмин киши, “Иншааллоҳ мен мўъминман», демайди, балки қатъий қилиб, жазман «Мен ҳақиқий мўъминман», яъни «Аллоҳга ишонаман», дейди. Зеро инсонлар уч турлидир:
1. Мўъмин
2. Мунофиқ
3. Кофир
«Шунга биноан Аллоҳга ишонган эътиқодли кишилар мўъминлар, имонсиз, эътиқодсиз кимсалар эса кофирлар дейилади», деганлар. Банданинг Иншоаллоҳ мен мўъминман дейиши мумкин эмас, чунки “Иншааллоҳ” - Аллоҳ хоҳласа, дегани бўлиб, у киши ўз имонига қатъий ишончи йўқлигидан “Иншааллоҳ” дейди. Демак, ўз имонига жазман ишонмайди, негаки, шубҳаси бор. Бундай кишини ҳақиқий имонли банда деб бўлмайди.
Бунинг мисоли: бир киши биродарига эртага шу жойга кел, бир беморни зиёрат қилиб келамиз деса, у биродари эртага келишига кўзи етмаса, "Иншааллоҳ", яъни Аллоҳ хоҳласа келаман, дейди. Келмаса гуноҳкор бўлмайди. Хўп келаман, десаю келмаса, ваъдасида турмагани учун гуноҳкор бўлади. Шунинг учун мўъмин киши ўз имонига шубҳа қолдирмаслик учун қатъий қилиб "мен хаққоний мўъминман", дейиши керак. Шубҳа мумкин эмаслигига Бақара сурасининг 285-ояти ҳам далил бўлади, унда Аллоҳ таоло:
آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مِن رَّبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللّهِ وَمَلآئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لاَ نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّن رُّسُلِهِ وَقَالُواْ سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ.
«Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўъминлар ҳам. Уларнинг ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммамига) имон келтирди. Эшитдик ва итоат этдик, Эй Раббимиз мағфиратингни сўраймиз. Сенгагина қайтиш бор», деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таоло бу ояти каримасида мўъминлар имон келтириши лозим бўлган нарсаларни баён этди. Шу имон келтириш лозим бўлган нарсага “Иншааллоҳ” - имон келтирамиз деса, шак-шубҳасиз имони дуруст бўлмайди. Имом Термизий ва Имом ибн Можжа ҳазрат Алидан қилган ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
لا يؤمن عبد حتى يؤمن باربع : يشهد ان لا اله الا الله و انى رسول الله بعثني بالحق و يؤمن بالموت والبعث بعد الموت يؤمن بالقدر.
"Банда тўрт нарсага ишонмагунча имонли бўлмайди:
1.Ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва менинг ҳақ йўл билан юборилган пайғамбарлигимга гувоҳлик бермагунча;
2. Ўлим ҳақ эканлигига;
3. Ўлимдан кейин тирилиш ҳақ эканлигига;
4. «Тақдир ҳақ эканлигига ишонмагунча имонли бўлмайди". Бу ҳадис ҳам имонда "иншааллоҳ” деб истисно қилиш йўқлигини исботлайди.