Тавба қилган аёл
Аллоҳ таоло бандаларни чин тавба қилишга чорлар экан, бунинг эвазига остидан анҳорлар оқиб тургувчи жаннатни ваъда қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ (холис) тавба қилинглар! Шоядки Раббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса”. (Таҳрим.
Оятдаги “насуҳ” калимасини муфассирларимиз турли тафсир қилганлар.
Имом Насафийнинг “Мадорик...” тафсирларида “рост тавба” ва “холис” деб келган. Шунингдек ўша “Тавбайи насуҳ”ни ибн Аббос разияллоҳу анҳумо “У тил билан истиғфор атишлик, юракдан надомат қилишлик ва комил имон ила амалда тарк қилишлик” деганлар:
Ғомидийя қабиласидан бир аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мени покланг!»–деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Шўринг қурсин! Ортингга қайт! Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қил!»–дедилар. У:
«Моъиз ибн Моликни қайтарганга ўхшаб мени ҳам қайтармоқчимисиз?! Зинодан ҳомиладор бўлган аёлни-я?»–деди. (Моъиз ҳам зино қилган ва тавба қилган. тошбўрон қилинган)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен-а?!»–дедилар. У:
«Ҳа!»–деди. У зинодан ҳомиладор бўлгани учун Моъизга ўхшатиб узоқ саволга тутмадилар-да:
«Туққунингча бориб тур», дедилар. Туққандан сўнг, аёл боласини кўтариб яна келди. Яна ўзининг тошбўрон этилишини талаб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Боравер, болангни эмиз, сутдан ажратгунингча юриб тур», дедилар. Боласини сутдан ажратгандан сўнг, яна келди. Боласининг қўлига бир бурда нон бериб қўйган эди. У:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мана, уни сутдан ажратдим. Ўзи овқатланадиган бўлди. Энди мени покланг!»–деди. Ул зот болани бошқа бир одамга топширдилар ва аёлни тошбўрон қилишга амр қилдилар. Кўкрагигача чуқурга кўмиб, сўнгра тошбўрон қилинди».
.Ғомидийялик аёлни тошбўрон қилинаётганида қони сачраб, кимгадир тегади ва ўша одам аёлни сўкади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одамга:
«Уни сўкма, у бир тавба қилдики, агар унинг тавбасини ер юзидаги барча одамларга бўлиб берса, етади», деганлар.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби