Ичкилик – оғу
Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда ҳаётига зарар етказишликка сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан инсонларни қайтарган, қайтарибгина қолмасдан балки, ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 157-оятида: “… У (пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…”, деб марҳамат қилади. Ҳадиси шарифда “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром”, дейилади. Яна бир ҳадисда “Ҳар ким ўзини ўзи заҳар билан ўлдирса қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади” , дейилган.
Баъзи инсонларнинг “оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддалар номи келтирилмаган-ку?”, деган саволларига айтамизки, бу ҳам бўлса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бири бўлиб у зот ўзларидан кейинги инсонларнинг молига, жонига ва ҳатто наслига ҳам ўта зарар келтирувчи бўлган иллатларнинг умумий хусусиятини бир сўз билан ифода қилиб: “Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром”, деб марҳамат қилганлар. Маълумки, гиёҳванд моддалар нима деб аталишидан қатъи назар улар маст қилади ва баданни бўшаштиради. (Муслим.Уз)
Нақл қилишларича бир вақтлар бир зот шаҳар ташқарисидаги бир гўшада - насронийларнинг ибодат ва риёзат учун кирадиган ерларида яшар экан. Бир кун шайтон мусофир қиёфасига кириб, у зотникига меҳмон бўлибди. Уй эгаси унга таом манзират қилибди, лекин уч кун давомида меҳмон ҳеч нарса еб-ичмабди. Уй эгаси:
- Сен қандай одамсанки, еб-ичмай яшайсан? - дебди. Шайтон алдаб:
- Бир гуноҳ қилиб, сўнгра тавба қилгандим. Аллоҳ таоло мендан емоқ эҳтиёжини кўтарди, - дейиши билан обид:
- Ҳай, менга ҳам ўргат, мен ҳам еб-ичиш кулфатидан қутулай, - дебди.
Шайтон ҳам унга жавобан:
- Ё ичкилик ичиш, ё зино қилиш ёки бир одам ўлдириш лозимдир, - дебди. Бечора обид кўп ўйлаб, одам ўлдириш бўлмайди. Зино, у ҳам бўлмайди. Ичкилик... эй, бир оз ичаман, сўнгра тавба қиламан, энг осони шу», деб шароб ичибди. Бу орада шайтон қизи касал бўлган бир подшоҳнинг олдига бориб,
«Фалон жойда бир обид бор, нафаси жуда яхши, иншоаллоҳ у ерда қизингиз соғаяди», - деб подшоҳни алдабди.
Бир онда қизни аравага солиб, обиднинг уйига олиб келибдилар. Обид маст ҳолида қизни зўрлаб зино қилибди. Сўнгра қилганига пушаймон бўлиб, «Ишқилиб, подшоҳнинг хабари бўлмасин», деб ўйлаб ўгирганда, шайтон келиб:
«Уни ўлдириб, кўмишдан бошқа чора йўқ, қидиришса, уйга юбордик деймиз», дебди.
Шу сабаб бўлиб, бечора обид қотиллик ҳам килибди. Лекин қизнинг ўлдирилгани билиниб, кўмилган жойидан жасади чиқарилгач, обиднинг қатлига фармон берилибди...
(манба:МУҲАММАД ЗОҲИД ҚЎТҚУ. ИЧКИЛИК - ИЙМОН ЗАВОЛИ . Таржимон: Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ)
Сулаймонов Баҳодиржон. Асака т. "Файзобод" жоме масжиди имом хатиби