УМРИБОҚИЙ НАСИҲАТЛАР
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қурони каримда Луқмони ҳаким ҳақида шундай деган:
وَلَقَدْ آتَيْنَا لُقْمَانَ الْحِكْمَةَ أَنِ اشْكُرْ لِلَّهِ وَمَن يَشْكُرْ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ
“Батаҳқиқ, Биз Луқмонга: «Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир», деб ҳикматни бердик”. (Луқмон. 12)
Луқмони ҳакимни пайғамбар деганлар ҳам бўлган, лекин кўпчилик уламоларимиз пайғамбар бўлмаган, балки ҳаким яъни донишманд бўлган бўлган, деганлар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо у зотни ҳабаший дурадгор бўлган, деган.
У зотнинг ўғлига қилган насиҳатлари халқ орасида кенг тарқаган. Насиҳатлар аслида ўғлига нисбатан хитоб бўлса-да, барча оқил инсонлар учун етарли намунлардир. Ҳикматларгу тўлиқ бўлган насиҳатнинг умрини қарангки, Ислом динидан аввалги даврди айтилган бўлса-да, бугунга қадар эъзозланмоқда.
Эй ўғлим, билимсизлар билан дўст тутинма, хасисдан нарса сўрама. Илм ўрган, кимнинг илми бўлмаса, иззати бўлмайди. Кимда мулойимлик бўлмаса, илмдан баҳра ололмайди. Кимда саховат бўлмаса, дўст бўлмайди. Кимнинг дўсти бўлмаса, давлати бўлмайди.
Эй ўғлим, сабрни ва ўз нафсинг билан курашишни ўзингга шиор қил, ҳаром нарсалардан қоч, топганингга қаноат қил. Бировнинг ризқ-рўзига кўз олайтирма, шунда ўзингни қийнашдан қутуласан! Таомдан оч, ҳикматдан тўқ бўл. Одамларнинг фаҳмига яраша гапир. Иложи борича жимликни ихтиёр қил, шунда одамларнинг ёмонлигидан омон бўласан. Аблаҳларга қарши сукутдан кўмак қидир. Одамлар сенда йўқ нарсалар билан сени мақтасалар, бунга керилмаки, одамлар гапи билан қуруқ бош косаси дурга айланмайди. Ўзингдан кучлилар билан жанжаллашма, ўзингдан кучсизларни эрга урма. Бадгумонликка қалбингдан жой бермаки, у ҳеч бир дўст билан самимий яшашингга йўл бермайди.
Эй ўғлим, нима гапирсанг ҳикмат ва насиҳатлардан гапир, гапирган гапларингга аввал ўзинг амал қил, ўз касбинг ва мартабангга яраша гапир, одамларни ғазаб пайтида сина, дўстларингни эса бошингга кулфат ва мусибат тушганда сина, доим ёқимли ишларни амалга оширишга урин, гап гапирсанг далил ва ҳужжат билан гапир. Ёшлигингни ғанимат бил, доно кишилар билан ҳамсуҳбат бўл. Дўстларингни ҳурмат қил, одамларга очиқ юзлилик билан боқ.
Эй ўғлим, ота-онангни доимо ҳурмат қилиб, хизматларида бўл, устоз ва муаллимларингга жону дилингдан эҳтиром кўрсат, барча ишларда ўртача йўл тут, киримга қараб чиқим қил, сахий бўл, меҳмонни эъзозла, унга тилингни эҳтиёт қил, душманлардан бир лаҳза ҳам ғофил қолма, бирон гапни гапиришдан олдин унинг жавобини беришни ўйла, бахил ва такаббур кишилардан узоқ юр, қаноатни ҳақиқий бойлик деб ҳисобла.
Эй ўғлим, илм талабида бўл, қайсар бўлма, ўз айтганингда туриб олма, ўзгалар гапини ҳам эътиборга ол, муроса йўлини танла, ҳамиша одамлар ичида бўл, улардан ажрама, кексаларни ҳурмат қил, барчани эҳтиром билан тилга олгин, кимнинг тузини тотган бўлсанг, унинг ҳаққини адо қилишни унутма.
Эй ўғлим, уст-бошингни тоза тут, ким билан гаплашсанг, унинг ўзига лойиқ бўлган гапни гапир, тунда кишилар билан суҳбат қурсанг сўзни юмшоқ ва оҳиста гапир, сўзлаётган вақтингда бир кишига қараб гапираверма, ҳаммага назар сол, кам эйиш ва кам ухлаш сенинг севган ишинг бўлсин! Ўзингга нимани раво кўрсанг, уни ўзгаларга ҳам раво кўр. Ўзинг яхши ўқимаган ва билмаган ҳолда бировга ўргатма ва устозлик қилма.
Эй ўғлим, сир сақлай билмайдиган кишиларга сирингни айтма, ҳамма ҳам яхшилик қилади, деб ўйлама, бирон кишининг бахил эканини билсанг, ундан яхшилик чиқади, деб ўйлама, бировнинг иши тушиб олдингга келса, уни ноумид қилиб қайтарма, ўзингдан катталар билан ҳазиллашма, уйда бор нарсаларингни душман кўзидан яширин тут, ўз ака-укаларингни ҳурмат қил.
Эй ўғлим, бир кўришда синамай туриб, бировни дўст тутма, синалмаган одамга ишонма, ўз қадрини билмайдиган кишилардан яхшилик умид қилма, офтоб чиққунча ухлама, ҳадеб кулаверма, бадном (номи ёки хулқи ёмон) кишиларга суҳбатдош бўлма, кексалар ва улуғ кишилар олдига тушиб олиб улардан олдин юрма, одамлар гаплашаётган пайтда уларнинг сўзини бўлиб, гап солма, меҳмоннинг олдида бировга ғазабингни сочма, бошингни эса қуйи солмасдан ўтир.
Муҳаммадсобир Иминов. Асака т. "Ҳазрат Умар" масжиди имом хатиби