Umumiy bo'lim > Islom

Maʻrifiy maqolalar

<< < (22/52) > >>

MirzoMuhammad:
Адолат
Аллоҳ таоло бизларни адолатга буюради:
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”. (Наҳл. 90)
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (р.а.) ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Адолатли бўлганлар учун Аллоҳ ҳузурида нурдан бўлган минбарлар бордир», дeдилар. Имом Муслим ривоятлари. (Риёзус солиҳин)
Ҳасан Басрий айтадилар:
"Бир кунлик адолатли ҳукмнинг ажри уйида этмиш йил намоз ўқиган кишининг ажридан афзалроқдир". (Бўстонул орифийн. Абу Лайс Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)
   Бир аёл қози Шурайк ибн Убайдуллоҳнинг олдига шикоят билан келди. Унинг айтишига кўра аёл бўстонини халифанинг амакиси, амир Мусо ибн Исога сотмагани учун амир хизматчисига амр қилди боғининг ҳудудидини буздириб ташлаган эди.
Қози аёл билан ўртасидаги муаммони ҳал қилиш учун мажлисга амирни чақиртирди. Амир бу ишга ўзининг номидан вакил қилиб миршабларнинг бошлиғини жўнатди. Қози эса миршабларнинг бошлиғини қаматиб қўйди. Амир буни эшитиб, одамларини жўнатди. Улар келиб қозини айблай бошладилар. Шунда Шурайк:
-   Нима учун амир ҳукм мажлисида иштирок этишга беписандлик қилади? Ё қозилар ҳаммага ҳар хил ҳукм чиқаради деб ўйлаяптими? Адолат амир ва фуқаро учун баробар бўлади! Ҳукм ишига аралашганингиз учун сизларга ҳам жазо қўллашга тўғри келади! – деб уларни ҳам қамаб қўйди.
   Бу воқелардан хабардор бўлган амир отига миниб соқчилари билан қамоқхонага келди ва зўрлик қилиб, мазкур ҳибс қилинганларнинг ҳаммасини қамоқдан чиқартириб юборди. Шунда қози дарҳол Бағдодга – халифанинг олдига, қозилик вазифасидан озод қилишини сўраб сафарга отланди. Бориб халифага:
-   Аллоҳга қасамки, мен аббосийлардан қозиликни сўраб олган эмасман, мени мажбур шу лавозимга қўйишган! Балки ўзлари агар қози бўлсак, ҳар бир аҳкомда эркинлик билан адолатни қарор топтиришимизга ваъда беришган. Энди эса, модомики биз омонатни адо қилишликда шунчалик ожиз эканмиз, ҳукм чиқариш билан шуғуланишга бошқа йўл қолмади! – деди.
   Халифа унинг ишга қайтишини илтимос қилиб шундай деди:
-   Сен боравер. Кимларни ҳибс қилишга буюрган бўлсанг, қайтадан ҳибс қилишингга рухсат бераман.
Шундан сўнг амир ҳибсга олинишга ва ҳукм мажлисида шахсан ўзи айбдор сифатида қатнашишга мажбур бўлди. Қози Шурайк боғни аёлга қайтариб бериб, бузиб ташланган ҳудудни аввалгидек қилиб қайта тиклаб беришликка ҳукм қилди. Ҳукм ижро этилди. (“Қабасот” дан. А. М. Ассоф)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

MirzoMuhammad:
Қуръон ўрганиш
Юртимизда ташкил қилинган Қуръон мусобақаси халқимизнинг орзуларини рўёбга чиқариш бўлди. Айни дамда бизларни йўқдан бор қилиб яратган Парвардигорнинг кўрсатмаларини ҳаётга тадбиқ қилиш ҳамдир. Натижада халқимиз орасида Қуръонни ўрганишга қизиқиш ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлиб бормоқда.
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу таоло анҳу) ривоят қилинади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
"Менга умматимнинг ажр-савоби кўрсатилди, ҳаттоки инсон масжиддан чиқариб ташлаган хаснинг савоби ҳам. Лекин мен Қуръон ўқишдан улуғроқ яхшиликни кўрмадим. Менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди, киши ёд олгандан сўнг эсидан чиқарган оят ёки суранинг гуноҳидан каттароқ гуноҳни кўрмадим", дедилар.
Абу Абдураҳмон Суламий Усмон ибн Аффондан (розияллоҳу анҳу), у зот Набийдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қиладилар:
"Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир".
Абдураҳмон:
"Мана шу ҳадис мени шу жойга ўтқизди", дедилар, яъни, инсонларга таълим бериш учун ўтирганларини назарда тутдилар. Зеро, у киши Ҳасан ва Ҳусайннинг (розияллоҳу анҳумо) муаллими эдилар".
Хабарларда келишича, Исрофилнинг (алайҳиссолату вассалом) ёқимли овози бордир. Агар у Қуръон ўқимоқчи бўлса, фаришталар уни тинглаш учун ибодатни тўхтатишади.
Довуднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) чиройли овозлари бор эди. Агар Забурни ўқисалар, сув музлаб, қушлар ҳавода, ҳайвонлар ва ваҳшийлар ерда тўхтаб қотиб қолар эди. Йиртқичлар чорва ҳайвонларига аралашиб кетарди. У зотдан ўша хато зоҳир бўлгандан сўнг, овозларидаги ҳаловат олиб қўйилди. У зот:
«Эй Раббим, овозимга нима қилдинг?" дедилар. Аллоҳ азза ва жалла ваҳий қилиб айтдики:
"Сен Бизга, Биз сенга бердик ва сен Бизга осийлик қилганингдан кейин эътиборсиз ташлаб қўйдик, агар олдингидек эрта турганингда, сени қабул қилардик".
Қиёмат кунида Исрофилга (алайҳиссалом) Қуръон ўқиш амр қилинади ва Довудга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам ўқиш буюрилади. Ҳазрати  Довуд:
«Эй Раббим, менинг овозим қани?" дейдилар. Шунда:
"Сенга овозинг қайтарилди", дейилади.
У зотга овозлари қайтариб берилади, сўнг ҳужралардан ҳурларнинг овози эшитилади, у овозларни ҳеч ким ҳеч қачон эшитмаган. Аллоҳ азза ва жалла:
"Ёқимли овозларни эшитганмисизлар?" деб айтади.
Шунда ҳижоб кўтарилади ва Аллоҳ уларга:
"Сизларга саломлар бўлсин", дейди.
Бу Аллоҳ таолонинг:
"(Мўминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган кунда уларга (Аллоҳ томонидан йўлланадиган) салом тинчлик-омонлик тилаш бўлур. (Аллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир" (Аҳзоб, 44), деган сўзидир. (Бўстонул орифийн. Абу Лайс Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Elviraz:
What are some important things that I can develop?

MirzoMuhammad:
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг камтарликлари
Аҳли сунна ва жамоанинг фиқҳий мазҳаббошиларидан тўртинчиси имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам Марвда ҳижрий 164-санада туғилдилар. Ёшликларида етим қолиб, фақийрлик билан ўсдилар, қийналиб ўқидилар.
Имом Аҳмад Абу Ҳанифанинг бош шогирдларидан бири имом Абу Юсуфдан дарс олдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўта камтар инсон бўлган. Бировга ҳеч қачон ўзини мартабали кўрсатмас эди. Инчунун Яҳё ибн Маин роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшашини кўрмадим. Эллик йил у билан дўстлик қилган бўлсам, бирон марта бизга ўзининг салоҳияти ва яхшилиги билан фахрланмади. У зот роҳимаҳуллоҳ доим: "Биз бир заиф-бечоралармиз", дер эди".
Ҳофиз айтади:
 "Имом Аҳмаднинг Боғдод бозорига тушганини кўрдик. У зот бир боғ ўтин сотиб олиб, елкаларига ортиб олдилар. Одамлар у зотни таниб қолиб, тижоратчилар тижоратини, дўкондорлар дўконини ташлаб, йўловчилар йўлларида тўхтаб, у кишига салом бера бошлашди ва "ўтинни ўрнингизга биз кўтарамиз", дейишди. Шунда у зотнинг қўллари титраб, юзлари қизарди ва кўзлари ёшланиб:
"Биз бир ожиз-бечоралармиз, агар Аллоҳ айбларимизни яширмаганида, шарманда бўлардик", дедилар".
Бир киши имом Аҳмадни мақташ учун ҳузурига келганида:
"Аллоҳга қасамки, бу сўзларга тоқат қилолмайман. Аллоҳга қасамки, агар гуноҳ ва хатоларимни билганингда, бошимдан турпоқ сочиб юборардинг", дедилар.
У зот роҳимаҳуллоҳ:
"Қанийди, машҳурлик менга бегона бўлса! Қанийди, Макка дараларида юрсам-у, одамлар мени танишмаса!"- дердилар". ("Ҳилятул авлия", 9/181. @Hidoyat телеграмм канали)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

MirzoMuhammad:
ТАҚВО
Тақво мўмининг энг биринчи сифатидир. У инсонни камолот сари етаклайди. Яратганнинг  ҳузурида олий даражаларга олиб чиқади. Аллоҳ таолонинг ҳурматли бандаларидан қилади. Бу тўғрида кўплаб оятлар бор. Хусусан Ҳужурот сурасида тақводорлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматли бўлиши ҳақида шундай баён қилинган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
«Тақво» сўзи луғатда «сақланиш, эҳтиёт бўлиш, қўрқиш, зарарли, қабоҳат ва кароҳиятли нарсалардан четланиш» маъноларини билдиради. Истилоҳда Аллоҳнинг уқубати ва азобларидан сақланиш учун Унинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан четланиш «тақво» дейилади. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилишдир. Бундай хислат соҳиби тақводор саналади.
Аллоҳга тақво қилиш ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этиш ва савоб ишларни кўпайтиришга сабаб бўлади.
Бу борада Имом Абул-Лайс шундай дейди (Мукошафат-ул қулуб. Абу Ҳомид Ғаззолий. ziyouz.com кутубхонаси):
Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади:
1. Тилда: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзлар айтишдан тияди. Уни Аллоҳни зикр этувчи, Қуръон ўқувчи ва илмий музокаралар билан машғул аъзо ҳолида шай тутади.
2. Қалбда: Аллоҳдан қўрққан одам қалбида мусулмон қардошларига душманлик хис қилмайди. Ёлғон, бўҳтон ва ҳасад қилиш каби ғайриинсоний туйғуларни қалбидан йўқ қилади. Чунки ҳасад кишининг гўзал амалларини маҳв этади. Шунга кўра, Аллоҳнинг Расули с.а.в. буюради: «Олов ўтинини еб битиргани каби, ҳасад ҳам инсоннинг гўзал амалларини еб битиради». Эй ўқувчи, билки ҳасад қалбларга жойлашган ва жамият ҳаётида катта зарарларга йўл очувчи ёмон бир касалликдир. Қалблардаги хасталиклар, яъни ёмон туйғулар, ёмон феъллар фақат илм ва амал билан даволаниши мумкин.
3. Кўзда: Аллоҳдан қўрққан одам ейишда ҳам, ичишда ҳам, кийишда ҳам ва бошқа хусусларда ҳамкўзини ҳаромдан эҳтиёт қилади. Дунёга ҳирс билан ва ҳар нарсани кўлга киритиш иштиёқи билан эмас, ибрат назари билан қарайди. Ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан тийилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюради: «Ким кўзини ҳаром нарсалар билан тўлдирса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг кўзини олов билан тўлдиради.»
4. Меъдада: Аллоҳдан қўрққан одам меъдасига ҳаром луқма бермайди. Чунки ҳаром луқма ейиш энг катта гуноҳлардан биридир. Шу боис Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюради:
«Инсон зотининг меъдасига бир луқма ҳаром тушганда бу луқма меъдасида қанча вақт турса, еру кўқдаги фаришталар ҳам шунча вақт унга лаънат ўқийдилар.»
5. Қўлда: Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларга узатади. Каъбдан шундай бир ривоят қолган. Аллоҳ яшил зумраддан бир бино яратган. Бу бинода етмиш минг доира ва ҳар доирада минг хона бор. Бу ерга фақатгина ўзига ҳаром нарса инъом этилганда ёлғиз Аллоҳдан қўрққани учун уни рад этган кишилар киради.
6. Оёкда: Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Илм-маърифат ва яхши ахлоқ ўрганиш мақсадида олимлар ва солиҳ кишилар мажлисига боради.
7. Итоатда: Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун унга итоат этади. Риёдан, инсонларга ўзини ва ё ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

[*] Previous page

Go to full version