ХОТИНЛАРГА КЕЧИРИМЛИ БЎЛИШ
Қайси оилада шариатимизда баён қилинган мазкур дастурга амал қилинар экан, иншоаллоҳ, у оила бахтли, никоҳи боқий бўлгай. Зеро жаннатда ҳам шу дунёдаги никоҳ эътиборга олинади.
Шунинг учун ҳар бир оила қураётган келин ва куёв буни ўрганиб, ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Уларнинг тотувлиги амал қилиш даражасига боғлиқ бўлади.
Ана шундай амал қилишимиз лозим бўлган вазифаларимиздан бири – муроса қилишлик. Турмуш ўртоғимизнинг айрим камчиликларини кечириб, сабр қилишлигимиз, турмуш йўлдошимизнинг вазифаларини талаб қилишдан кўра ўз вазифамизни адо қилиш ва ўз ҳуқуқимизни талаб қилишдан кўра кўпроқ уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш кўплаб оила парокандалигига қарши энг гўзал чорадур. Зеро ўтган салафларимиз шунга амал қилганлар.
Ривоят қиладиларки, бир киши хотинининг муросасизлигидан, итоатсизлигидан тўйиб кетиб, халифа Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳуга шикоят қилиш учун у кишининг уйига борибди. Эшикка яқинлашганда, ичкаридан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ гапираётганини эшитиб қолибди.. Шунда у: «Халифанинг уйида ҳам бу можаро бор экан, яхшиси индамай кетақолай», деб ортига қайтмоқчи бўлибди. Шу пайт ичкаридан Ҳазрати Умар чиқиб қолибдилар. Юмуш билан келган одамнинг изига қайтиб кетаётгани кўриб, ундан нега қайтиб кетаётганининг сабабини сўрабдилар. Арзга келган одам:
- Хотинимнинг зулмидан шикоят қилиб келувдим, қарасам бу ғалва Сизнинг бошингизда ҳам бор экан, шунинг учун қайтиб кетмоқчи бўлувдим, – деб жавоб қилибди.. Шунда Ҳазрати Умар:
- Менинг хотиним овқатларимни пишириб беради, – деди. У киши:
- Менинг хотиним ҳам шундай, – деди.
- Менинг хотиним уйда йўқлигимда уйимга қўриқчилик қилади, – деди. У киши:
- Менинг хотиним ҳам шундай, – деди.
- Менинг хотиним кирларимни ювиб беради, – деди. У киши:
- Менинг хотиним ҳам шундай, – деди.
- Менинг хотиним фарзандларимни тарбия қилади, – деди. У киши:
- Менинг хотиним ҳам шундай, – деди.
- Шунчалик хизматларингни қилса-ю, гоҳида бир гап қайтарса инсоф қилмайсанми? – деган экан мўминларнинг амири.
Жалолиддин Исмоилов. Сиддиқ ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби.
Муҳаммадсобир Иминов. Ҳазрат Умар масжиди имом хатиби.
Асака