15-масала
Марҳумлар тирикларнинг қилган тиловатлари, дуолари, хайри эҳсон ва садақаларидан баҳра олишлари ҳақида
Имом Байҳақий "Шуъабил имон" китобларида ибни Аббосдан ривоят қилган ҳадисларида пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
ما الميت في قبره إلا شبه الغريق المتغوث ينتظر دعوة تلحقه من أب او أم او ولد او صديق ثقة فإذا لحقته كانت أحب اليه من الدنيا و ما فيها و ان الله ليدخل على اهل االقبور من دعاء اهل الارض أمثال الجبال و ان هدية الاحياء الى الاموات االاستغفارلهم
"Қабрдаги ўлик сувга ғарқ бўлиб, ёрдам сўраётган кишига ўхшайди. Дунёдаги орқасидан қолган отаси ёки онасидан, ёки фарзанди ёки чин дўстидан дуо кутади. Орқадан қолган кишилар унинг ҳаққига тиловати Қуръон, хайри эҳсон, садақа ва савобли ишлардан қайси бир тури бўлса ҳам қилиб, савобини унга ҳадя қилишса, унга савоби етиб, дунё ва унинг ичидаги ҳамма нарсаларни бергандан ҳам маҳбуброқ бўлади. Аллоҳ таоло қабрдагиларга ер юзидаги бандаларнинг дуоларидан тоғлар баробарича савобларни киргизади. Тирикларнинг ўликларга қилган ҳадялари улар учун истиғфорга ўтади", деганлар.
Имом Табароний "Авсат" китобларида ва Имом Байҳақий "Сунан" китобларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
ان الله ليرفع الدرجة للعبد الصالح في الجنة فيقول : يا رب أني لي هذه؟ فيقول باستغفار ولدك لك
"Албатта, Аллоҳ таоло бир солиҳ банданинг жаннатдаги даражасини кўтаради. Банда ҳайрон бўлиб, "Ё Парвардигор! Бу даража менга қаердан келди", дейди. Шунда Аллоҳ "Бу даражага фарзандингнинг дуо истиғфорлари билан эришдинг", дейди.
Ибн Абудунё Суфёни Саврийдан ривоят қилиб: "Ўликлар дуога, тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам муҳтожроқдирлар", деганлар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 10 оятида:
وَالَّذِينَ جَاؤُوا مِن بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِّلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Эй Раббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз, албатта, Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан!», деб марҳамат қилган. Аллоҳ бу ояти билан имон билан ўтган қариндош-уруғ, ёру биродарлар ва барча мўъминларни дуо қилишга буюрган. Ҳадиси шарифда Саъд ибн Убода айтадилар:
جاءت إمرأة الى النبي فقالت يا رسول الله ان فريضة الله على عباده في الحج ادركت ابي شيخا كبيرا لا يستطيع ان يثبت على الرحلة أفاحج عنه؟ قال أرايت لو كان على أبيك دين أكنت قاضيته؟ قالت نعم قال : فدين الله أحق أن يقضي.
"Бир хотин расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: Ё Расулуллоҳ, бандаларнинг зиммасига Аллоҳнинг байтини ҳаж қилиш фарз қилинган. Отам кексалигидан уловга минишга ҳам қудрати етмайди. Отам учун ҳаж қилсам бўладими?" деб сўради. Расулуллоҳ: "Менга айтгинчи агар отангни қарзи бўлса, уни адо этармидинг?", деди. Аёл, «Ҳа», деди. Ундай бўлса, Аллоҳнинг қарзини адо этилмоғи ҳақлироқдир, дедилар.
و قال للذي سأله "إن امي ماتت عليها صوم شهر أفاصوم عنها قال نعم"
"Онам бир ойлик рамазон рўзасини тута олмай вафот этди. У учун рўза тутсам бўладими?", деб сўраган хотинга, «Ҳа» деб жавоб бердилар.
ا و سأل رجل النبي (ص) فقال يا رسول الله " ان امي ماتت أفينفعها ان تصدقت عنها قال نعم " (رواه ابو داود)
"Бир киши расулуллоҳдан, "Онам вафот этди, онам учун садақа қилсам унга фойдаси тегадими?», деб сўраганида, «Ҳа», деб жавоб бердилар». Зикр қилинган ҳадисларнинг ҳаммаси ҳам саҳиҳ бўлиб, уларнинг мазмунидан вафот этган марҳумлар учун намоз ўқиса, рўза тутса, ҳаж, хайри эҳсон, садақа, зикр, тиловати Қуръон қилса ва шунга ўхшаш ҳар қандай яхши амалларни бажариб, савобини ҳадя қилса, марҳумнинг руҳига етиши маълум бўлди.
Мўътазила мазҳаби ва унинг тарафдори бўлганлар Нажм сурасидаги:
وَأَن لَّيْسَ لِلإِ نسَانِ إِلاََّ مَا سَعَى
«Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатгина (мансуб) бўлур» дейилган 39-оятни ўзларига далил қилиб, "Вафот этган киши учун қилинган тиловотлар, намози рўзалар ва бошқа ибодатларнинг савоби тегмайди", дейишади.
Саҳобаи киромлардан Шоҳул муфассирин унвонига эга бўлган Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бу оят Тур сурасининг 21- оятидаги:
وَالَّذِينَ آمَنُوا وَاتَّبَعَتْهُمْ ذُرِّيَّتُهُم بِإِيمَانٍ أَلْحَقْنَا بِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَمَا أَلَتْنَاهُم مِّنْ عَمَلِهِم مِّن شَيْءٍ كُلُّ امْرِئٍ بِمَا كَسَبَ رَهِينٌ
«Ўзлари имон келтириб, зурриётлари ҳам уларга имон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир», ояти билан мансух бўлган деганлар.
Дарҳақиқат, бу оятнинг мазмунидан оталарнинг амаллари амали кам бўлган фарзандларга манфаат берилиши билдирилмоқда. Фарзанддан олдин ўтган отанинг савоби ўзидан кейин келган фарзандига манфаат бераркану, орқасидан қолган фарзанд отаси учун Қуръон ўқиса, бошқа яхши амалларни қилса савоби тегмас эканми? Қолаверса Нажм сурасининг 39-оятида:
وَأَن لَّيْسَ لِلإِ نسَانِ إِلاََّ مَا سَعَى
«Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур», дейилган. Биздан олдинги шариат бўлган Мусо ва Иброҳим алайҳиссаломларнинг қавмларига хос, аммо уммати Муҳаммадга эмас.
Аллома Абдулҳақ Ишбайлий " Ал -Оқибат” китобида:
و اعلم ان الميت كالحي فيما يعطاه و يهدي اليه بل الميت اكثر و اكثر لان الحىّ قد يستقلّ ما يهدي اليه و يستحقره ما يتحف به و الميت لا يستحقر شيئا من ذلك و لو كان مقدار جناح بعوضة او وزن مثقال ذرة لانه يعلم قيمته قد كان يقدر عليه فضيعه
"Билгинки, бериладиган ва ҳадя қилинадиган нарсада маййит тирик кабидир. Балким, тирикдан ҳам муҳтожроқдир. Уки тирик банда гоҳо ўзига ҳадя ва туҳфа қилинган нарсаларни менсимасдан оз санайди. Аммо маййит ўзига ҳадя қилинган нарса чивиннинг қанотичалик ёки заррачалик бўлса ҳам, унинг қадрига етиб, кам санамайди. Чунки ҳаёт даврида унинг қадрига етмасдан, зое қилинган эди".
"Исъофул муслимина вал муслимоти бижавозил қироати ва вусули савобиҳо илал амвот" номли китобда:
ان قراءة القران على الاموات جائزة يصل ثوابها لهم عند جمهور فقهاء الاسلام أهل السنة
"Ўликларга тиловати Қуръон қилмоқлик жоиздир. Аҳли суннат бўлган ислом фуқаҳолари наздида савоби уларга етади", дейилиб кўпгина ояту ҳадислардан далил келтирилган. Оятларнинг зикри юқорида айтиб ўтилганлиги учун фақат баъзи ҳадисларнигина мисол тариқасида келтирамиз. Абу Муҳаммад ас- Самарқандий «Мишкотул масобиҳ» китобида ва имом Ад-Дороқтуний «Тарих» асарида ҳазрати Али разиаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам :
من مر على المقابر و قرأ "قل هو الله احد" إحدى عشرة مرة ثم وهب أجرها للأموات أعطي من الأجر بعدد الاموات
«Кимда ким қабристондан ўтаётиб Ихлос сурасини ўн бир марта ўқиб, савобини қабристонда ётган ўликларга ҳадя қилса, савоби уларнинг ҳаммасига етиб, ўқиган кишига ҳам қабристондаги ўликлар ададича (сонича) савоб берилади», деганлар.
Имоми Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадисда эса :
اذا دخلتم المقابر فاقرأوا آية الكرسي و ثلاث مرات "قل هو الله احد" ثم قل اللهم ان فضله لاهل المقابر
«Қачон қабристонга кирсангиз Оятал курсини ва Ихлос сурасини уч марта ўқиб, сўнгра, эй Парвардигор, ўқиганларимнинг фазлу савобини шу аҳли қабрларга етказгин», десин», дейилган.
Имом Аҳмад "Муснад"ларида ва Абу Довуд ван-Насоий ва Ибни Ҳиббон "Саҳиҳ"ларида расулуллоҳдан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
اقرءوا يس على موتاكم
Ёсин сурасини ўликларга ўқинглар”, деганлар. Бир ёш йигит халқ орасида авлиё деб танилган, ўша замондаги машҳур олим эса уни тан олмас экан. Иттифоқо бир катта маросимда олим ёш авлиёга рўбару бўлибди. Олим юқорида, ёш авлиё қуйида ўтирган пайтда йиғилган халққа ош тортилиб, бисмиллоҳ деб ошга қўл узатилиши билан ёш авлиё бирдан ҳўнграб йиғлай бошлади. Шунда олим, нима бўлди, деб сўради. Ёш авлиё: «Тақсир, ошга қўл чўзишим билан онамни дўзахда ёниб ётганлигини кўрдим, йиғламай иложим борми?», дебди.
Олим ёш авлиёнинг ҳақ-ноҳақлигини синаш пайти келганлигини сезиб, ҳеч кимга билдирмасдан, кўнглидан етмиш мингта айтган таҳлилини, яъни, "Ла илаҳа иллаллоҳ"нинг савобини фи сабилиллоҳ боланинг онасига ҳадя қилибди. Шу пайт йиғлаб турган ёш авлиё бирданига кулиб юборади. Олим: «Нима бўлди, жиннимисан?», дейди. Ёш авлиё: «Йўқ, тақсир. Сиз фи сабилиллоҳ ҳадя қилган етмиш минг таҳлилнинг савоби онамга етиб, дўзахдан қутилиб, жаннатга кирди, шунинг учун кулдим», дейди. Шундан бошлаб таҳлилнинг савоби тегса, Қуръоннинг савоби авло батараққий тегишлиги маълум бўлиб, марҳумга хатми қуръон қилиш одат тусига кирган. Биз аҳли суннат валжамоат аҳллари Қуръон савоби марҳумнинг руҳига тегишлигини ҳақ деб эътиқод қиламиз. Мўътазила ва баъзи уларнинг фикрларини маъқуллаган фирқалар, марҳумга Қуръон савоби тегишини инкор қилишади. Аллоҳ мўъминларни бундай бидъатларга эргашишдан асрасин.