ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ
АЛВИДО, ЭЙ ГУЛСАРИ
Қисса
ҒАФУР ҒУЛОМ НОМИДАГИ
БАДИИЙ АДАБИЁТ НАШРИЁТИ
Тошкент – 1969
Ёзувчи Чингиз Айтматов ўзининг бу повестида Ватан урушидан кейинги оғир йилларда қирғиз йилқичилари ва чўпонлари – партия аъзоларининг қаҳрамонона меҳнатларини тасвирлайди.
Повестнинг бош қаҳрамони Танабой йилқичиликдан чўпонликка ўтганда фалокатга йўлиқади. Вақтида қўйхоналарни таъмирламаган, пичан тайёрламаган ферма мудирининг касофатидан баҳорда совлиқ қўйлар, қўзилар нобуд бўлади, лекин юқори идораларга жойлашиб олган бюрократлар ҳамма айбни чўпонга тўнкайдилар. Танабой партиядан ноҳақ ўчирилади, лекин бу нарса чўпоннинг эътиқодини сусайтирмайди, у ҳақиқий коммунистлигича қолади.
Русчадан
АСИЛ РАШИДОВ ва АБДУРАИМ ОТАМЕТОВ
таржимаси
I
Эски аравани кекса бир киши ҳайдаб борарди. Саман йўрға – Гулсари ҳам жуда қари эди...
Ясси тоғликка тинкани қуритадиган узоқ йўл билан чиқиларди. Яйдоқ Кулранг тепаликларда қишда доим совуқ шамол ер ялаб изғиб юрар, ёзда эса тандирдай қизиб кетар эди.
Бу тепаликлар Танабой учун жон азоби эди. У аравани секин ҳайдашни истамасди. Секин юрса юраги тарс ёрилиб кетай дерди. Ёшлик кезлари туман марказига тез-тез қатнаб туришга тўғри келар, уйга қайтишида у ҳар гал отнинг бошини қўйиб юбориб, тоққа чоптириб чиқиб кетар, уни қамчи билан аёвсиз саваларди. Агарда ҳамроҳлари билан бир аравада кетаётган бўлса, бунинг устига яна аравага ҳўкизлар қўшилган бўлса борми, ерга сакраб тушиб, индамай кийимларини олардида, яёв кетарди. Худди ҳужумга бораётгандай жон-жаҳди билан, қаҳр ғазаб билан юрар ва ясси тоғлик устига кўтарилгандагина тўхтар эди. У ерда кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олиб, пастда ўрмалаб келаётган оғир, катта аравани кутиб турарди. Тез юрганидан юраги гупиллаб урар ва кўкрагида санчиқ турар эди. Ҳар қалай ҳўкизларнинг қадамига қараб, имиллаб келгандан кўра яхши-ку!
Раҳматли Чоро баъзан дўстининг бундай ғалати қилиқларини кўриб тегишишни яхши кўрарди.
– Нега омадинг келмайди, биласанми, Танабой? - дерди у, - бесабрлигингдан. Худо ҳаққи. Сенга қолса ҳамма нарса тезроқ, дарров бўла қолса. Жаҳон революцияси дарҳол бўла қолса! Революция у ёқда турсин, Александровкадан баландликка кўтарилишга ҳам тоқатинг йўқ сенинг. Ҳамма одамлар аравада хотиржамгина ўтириб боришади-ю, сен бўлсанг сакраб тушиб, худди орқангдан бўрилар қуваётгандай тоққа қараб югурасан, хўш, бундан нима фойда кўрасан? Ҳеч нарса. Барибир тепада бошқаларни кутиб ўтирасанку. Жаҳон революциясига ҳам бир ўзинг ета олмайсан, билсанг, бошқаларнинг ҳам тенглашиб олишларини кутасан.
Аммо бу бир замонлардаги, узоқ ўтмишдаги гап эди. Танабой бу гал Александровкадаги баландликдан қандай чиқиб олганлигини сезмай ҳам қолди. Қариганида, демак, кўникиб қолибди. Аравани тез ҳам, секин ҳам ҳайдагани йўқ. Отни ўз ҳолига қўйиб берди. Энди у доим йўлга ёлғиз чиқарди. Ўттизинчи йилларда бу йўллардан у билан бирга шовқин солиб юрган бир тўда ёшларни энди қидириб топа олмайсан. Бири урушда ҳалок бўлган, бири ўлган, битта яримта тирик қолганларининг ҳам кунлари саноғлиқ қолган. Ёшлар эса машиналарда юришади. У билан бирга ориқ қирчанғи от қўшилган аравада юришармиди.
Эски йўлда ғилдираклар ғижирлаб борарди. Йўл узоқ, олдинда чўл ястаниб ётарди, канал ортида эса тоғ этаги бўйлаб яна анчагина юриш керак.
У отнинг бўшашиб, мажолсизланиб бораётганлигини аллақачон сеза бошлаганди. Лекин ўзининг оғир хаёллари билан банд бўлганлиги учун бунга унчалик эътибор бермасди. От йўлда чарчаб қолади, деб ғам ейдими киши?
Ундан баттарлари бўлган. Манзилгача етказа олади, амаллаб судраб олиб боради...
Ўзининг сап-сариқ ранги учун Гулсари деб ном олган қари йўрға оти умрида сўнгги марта Александровка баландлигига кўтарилганлигини ва ҳозир от охирги чақиримларни босиб ўтаётганлигини қаёқдан билсин у. Отнинг боши бангидевона егандай айланаётганлигини, ер унинг хира кўзи ўнгида рангли ҳалқалар сингари сузиб ўтаётганлигини, ер қийшайиб гоҳ у, гоҳ бу томони билан уфққа тегаётганини, назарида йўл бирдан қоп-қоронғи бўшлиққа тушиб кетиб, олдиндаги тоғлар ўрнида қизғиш туман ёки тутун сузаётгандай туюлаётганлигини қаёқдан билсин у.
Отнинг аллақачон зўриқиб, кучсизланиб қолган юраги зирқираб оғрирди, бўйинча-хомутда нафас олиш тобора оғирлашиб борарди. Бир ёнбошга сирғалиб кетган эгар-жабдуқ белига қаттиқ ботар, чап томонда хомут остида аллақандай учли нарса елкасига муттасил қадалиб, санчилаётгандай эди. Эҳтимол, бу тиканак ёки хомутнинг кигиз астаридан чиқиб қолган михнинг учидир. Елкасидаги қадоқ бўлиб кетган эски яғир ўрнида очилган яра чидаб бўлмас даражада зирқираб оғрир, ачишар эди. У худди шудгордан кетаётгандай эди, оёқлари ҳам борган сари оғирлашарди.
Аммо шундай бўлса ҳам қари от сўнгги кучларини тўплаб, юриб борарди, кекса Танабой эса аҳён-аҳёнда унга «чуҳ-чуҳ»лаб, жиловини тортиб-тортиб қўяр ва хаёл суришда давом этарди. Ўйлайдиган ўйлари кўп эди унинг.
Ғилдираклар эски йўлдан ғижирлаб борарди. Гулсари илк бор оёққа туриб, онаси – ёлдор улкан бия ортидан ўтлоқ бўйлаб қўрқа-писа, йўртиб кетганидан буён бирон марта ҳам адашмаган ўша йўрға қадам билан ҳамон бир маромда қадам ташлаб борарди.
Гулсари туғма йўрға от эди ва донғи чиққани учун умрида бошига кўп яхши ва ёмон кунлар келганди. Илгари аравага қўшиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди, уни аравага қўшиш увол эди. Лекин от бошига иш тушса, сувлиқ билан сув ичар, эр бошига иш тушса, этик билан сув кечар, деганларича бор.
Буларнинг ҳаммаси ўтмишдаги гаплар. Ҳозир йўрға бор кучини сарфлаб, ўзининг сўнгги маррасига кетаётганди. У ҳеч қачон манзилга бунчалик секин бормаган, ҳеч қачон унга бунчалик тез яқинлашмаганди ҳам.
Ғилдираклар эски йўлдан ғижирлаб борарди.
Туёқлари остидаги қаттиқ ернинг омонатлигини ҳис этиш отнинг сўниқ хотирасида узоқ ўтмишдаги ўша ёз кунларини, тоғлардаги ўша шабнамли юмшоқ ўтлоқларни, осмонда чарақлаган ва тоғу тошни орқада қолдириб кетаётган қуёшни то уюрбоши айғир ғазабдан қулоқларини динг қилиб олиб уни қувлаб орқасига қайтармагунича у тентак ўтлоқлару дарёни кесиб, буталарни ёриб ўтиб қуёш ортидан қувиб кетган ўша ажойиб ва ғаройиб дамларни ғира-шира жонлантирди. Ўша пайтлардан бери орадан қанча вақт ўтиб кетди-я! Йилқилар худди кўл тубида оёқларини осмонга қилиб юргандай, унинг онаси – ёлдор каттакон бия бўлса, гўё илиққина сутли булутга айлангандай туюларди. Онаси бирдан меҳрибонлик билан пишқирувчи булутга айланиб қоладиган шундай дамларни севарди. Унинг елинлари таранглашиб, лаззатли бўлиб қолар, лабларида сут кўпикланарди, у бўлса сутнинг мўллиги ва ширинлигидан энтикиб қоларди. У ёлдор каттакон онасининг қорнига тумшуғини қадаб туришни яхши кўрарди. Нақадар лаззатли эди бу сут! Бутун олам – қуёш, ер, онаси бир қултум сутга жойлашгандай эди. Тўйиб бўлганидан кейин ҳам яна бир қултум, яна, яна эмишни истарди.
Афсус, бу узоққа чўзилмади, тезда барҳам топди. Орадан кўп ўтмай ҳамма нарса ўзгариб кетди. Кўкдаги қуёш чарақламай, тоғдан тошга сакрамай қўйди. Энди кун шарқдан чиқиб ғарбга томон оғишмай боради, йилқилар оёқларини осмонга қилиб юрмайдиган бўлиб қолди, пайҳон қилиб ташланган сизот ўтлоқ улар туёқлари остида чапиллайди ва қораяди, қирғоқлардаги тошлар қарсиллаб ёрилиб кетади. Ёлдор каттакон бия қаттиққўл она экан, боласи ҳаддан ортиқ безор қилганида унинг ёлидан қаттиқ тишлаб оларди. Энди сут етишмас, ўтлаш керак эди. Узоқ йиллар чўзилган ҳаёт бошланди, мана энди охирлаб бораётир.
Мана шу ўтган узоқ умри давомида абадий йўқолган ўша ёз йўрға отга сира қайтиб келмади. У эгарланган ҳолда ҳар хил йўлларни босиб ўтди, уни ҳар хил чавандозлар минди, лекин ҳамон йўлларнинг охири кўринмасди. Фақат эндигина – қуёш яна ўз ўрнидан қўзғалган, ер эса оёқлари остида чайқалаётган, кўзлари жимирлаб, хиралаша бошлагандагина шунча узоқ вақтдан бери қайтмаган ўша ёз унинг кўзига кўриниб кетди. Ҳозир унинг кўз ўнгида ўша тоғлар, ўша сизот ўтлоқлар, ўша йилқилар, ўша ёлдор каттакон бия милтиллаб, ғира-шира намоён бўлди. У дўғадан, хомут ва шотидан қутилиб олиб, тўсатдан унинг кўзига кўриниб кетган ўтмишга қадам қўйиш учун кучи борича талпинар, жон-жаҳди билан депсинарди. Лекин алдамчи хаёл ҳар гал узоқлашиб кетар, шуниси жонга азоб берарди. Қулунлик пайтидагидек онаси секин кишнаб уни чақирар, йилқилар уни тойлик вақтидагидай биқинлари билан туртиб, думлари билан уриб ўтар, унинг эса шамолга бардош беришга кучи етмасди – шамол тобора кучаяр, уни думи билан қамчилар, кўзлари ва бурун катакларини қор билан тўлдириб, терга ботиб совуқдан қалтирар, эришиб бўлмас ўша олам изғирин қуюнлари ичида унсиз кўмилиб йўқ бўлиб кетар эди. Мана энди тоғлар ҳам, ўтлоқлар ҳам, дарё ҳам ғойиб бўлди, йилқилар қочиб кетди, фақат онасининг – ёлдор катта биянинг шарпаси олдинда ғира-шира кўриниб турарди. У боласини танҳо ташлаб кетишни хоҳламасди. У тойчоғини олдига чорларди; тойчоқ бор кучи билан хихилаб кишнаб юборди, аммо ўз овозини ўзи эшитмади. Ҳамма нарса бирдан ғойиб бўлди, изғирин ҳам тинди. Ғилдираклар ғижирламай қўйди. Хомут остидаги яранинг ачишгани ҳам сезилмай қолди.
Йўрға тўхтади, гандираклаб кетди. Кўзи қаттиқ оғрирди. Калласи тинмай ғувилларди.
Танабой жиловни араванинг олдига ташлади, бесўнақай сакраб тушди, увишиб қолган оёқларининг чигилини ёзди ва қовоғини солиб отнинг олдига келди.
– Ҳей, ҳаром ўлгур!– секин сўкинди у йўрғага боқиб. От озиб кетган узун бўйнини чўзиб, каттакон калласини хомутдан осилтириб турарди. Йўрғанинг қовурғалари, эски-тускилар ёпилган, ич-ичига кириб кетган биқинлари юқорига, пастга кўтарилиб тушиб турарди. Қачонлардир сап-сариқ, тилла ранг бўлган от энди тер ва чангдан қўнғир тусга кирган эди. Кўкиш тер томчилари қоқ суяк сағрисидан қорнига, оёқларига, туёқларига оқиб тушарди.
– Қаттиқ ҳайдамовдим шекилли,– деб тўнғиллади Танабой ва шошиб-пишиб айилни бўшатди, сувлиғини чиқарди. Сувлиғи иссиқ, ёпишқоқ сўлакка ботганди. Пўстинининг енги билан йўрғанинг тумшуғини ва бўйнини артиб қўйди. Кейин қолган-қутган пичанларни йиғиш учун аравага сакраб чиқди, супуриб-сидириб ярим қучоқ тўплади, отнинг олдига ташлади. Лекин от пичанга қайрилиб қарамади ҳам, у қалт-қалт титрарди.
Танабой йўрғага бир тутам пичан тутди.
– Ма, ол, е, сенга нима бўлди-я!
Йўрғанинг лаблари қимирлади, лекин пичандан илинтира олмади. Танабой унинг кўзларига қаради-ю, қош-қовоғи солиниб кетди. У отнинг ич-ичига чўкиб кетган, ярим очиқ кўзларида ҳеч нарсани кўрмади. Улар ташландиқ уйнинг деразалари каби хиралашган эди.
Танабой саросимага тушиб у ёқ-бу ёққа қаради: узоқда тоғлар, атроф бийдай чўл, йўлда ҳеч ким кўринмасди. Йилнинг бу фаслида йўловчилар бу ерда камдан-кам учрайди.
Қари от ва кекса одам кимсасиз йўлда якка-ёлғиз туришарди.
Февраль ойининг охирлари эди. Ялангликлардаги қорлар эриб кетганди, фақат жарликлар ва қамишзор сойликлардаги қишнинг яширин уяларидагина сўнгги қор уюмлари ҳануз сақланиб қолганди. Шамол эски қорнинг кучсиз ҳидини учириб келтирарди, ер ҳали ҳам музлаб ётар, жонсиз эди. Қиш охирларида тошлоқ дашт ҳувиллаб ётади. Унга бир қарашдаёқ Танабойнинг ичига қалтироқ турарди.
У кўкиш чўққи соқолини диккайтириб, пўстинининг ёғ босган енги остидан ғарб томонга узоқ қараб қолди. Қуёш ернинг бир чеккасида, булутлар орасида осилиб турарди. Уфқдан ботаётган қуёшнинг нурсиз, хира шафақ нури тарала бошлаганди. Ҳеч нарса ҳавонинг айнишидан дарак бермасди, лекин шундай бўлса ҳам кун совуқ, ваҳимали эди.
«Билганимда эди, яхшиси йўлга чиқмаган бўлардим,– афсусланарди Танабой. – Энди эса на у ёққа, на бу ёққа юра оласан, тап-тақир даланинг ўртасида қолиб кетдим. Отни ҳам бекордан-бекорга нобуд қилиб қўяман».
Яхшиси эрталаб йўлга чиқиш керак эди. Кундузи йўлда бир нарса бўлиб қолса ҳам бирон йўловчи дуч келиб қолиши мумкин. У эса тушдан кейин йўлга чиқди. Бундай кезларда йўлга отланиш мумкинми, ахир?
Танабой орқадан ёки қарши томондан келаётган машина кўриниб қолармикин, дея дўнгликка чиқиб атрофга боқди. Аммо на у, на бу тарафда ҳеч нарса кўринмасди, шарпаси ҳам эшитилмасди. У орқасига – арава томонга қадам ташлади.
«Бекорга йўлга чиқибман»,– деб ўйлади яна Танабой шошқалоқлиги учун қайта-қайта ўзини койиб. У алам қилганидан ўзидан ҳам, ўғлининг уйидан тезроқ жўнаб кетишга мажбур этган ҳамма нарсадан ҳам аччиғланарди. Тунаб қолиши, отига дам бериши керак эди, албатта. У эса!..
Танабой жаҳл билан қўл силтади. «Йўқ, барибир қолмасдим. Яёв бўлса ҳам кетардим,– ўзини ўзи оқларди у.– Қайнатага шунақа гапларни гапириш мумкинми ахир? Ҳар қалай, мен отаманку. Сени қара-ю, бутун умрингни чўпонлигу йилқичиликда ўтказгансан, қариганингда ҳайдаб чиқаришаркан, партияга кириб нима қилардинг, эмиш. Ўғлимгаям балли-е. Миқ этмайди-я, кўзини ердан олишга қўрқади. Агар хотини унга отангдан кеч деса, йўқ демайди. Латта, тағин у бошлиқ бўлиб кўтарилишга уриниб ётибди. Э, гапиришдан нима фойда. Одамлар бошқача бўлиб кетган!»
Танабой қизиб кетди, у кўйлагининг ёқасини ечиб юборди ва отни ҳам, йўлни ҳам, босиб келаётган тунни ҳам унутиб, оғир-оғир нафас олиб арава атрофида юра бошлади. Минг уринса ҳам ўзини боса олмади. У ерда – ўғлининг уйида у ўзини тутиб олди, келини билан ади-бади қилиб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Энди эса бирдан қайнаб-тошиб кетди, ҳозир бўлганида йўл бўйи алам билан ўйлаб келган гапларининг ҳаммасини унга тўкиб соларди: «Мени партияга қабул қилган сен эмассан, чиқарган ҳам сен эмассан, ўша вақтда нима бўлганлигини сен қаёқдан билардинг, келинпошша. Энди ҳамма нарса ҳақида фикр юритиш осон. Энди ҳамма саводли, ҳурмат ва обрўйинг жойида. Биздан эса талаб қилишарди, шунақанги талаб қилишардики, отанг учун, онанг учун, дўстинг ва душманинг учун, ўзинг учун, қўшнингнинг ити учун, оламдаги жамики ҳамма нарса учун жавобгар эдинг. Партиядан ўчирганлари билан эса сенинг ишинг бўлмасин! Бу менинг ичимдаги ғамим, келинжон. Бу билан ишинг бўлмасин!»
– Бу билан ишинг бўлмасин!– овоз чиқариб такрорлашда давом этди у араванинг олдидан нари кетмай.– Ишинг бўлмасин!– ҳамон такрорларди у. Энг алам қилган нарса шу эдики, «ишинг бўлмасин» дейишдан бўлак гап тополмасди.
То бир нима қилиш кераклиги, бу ерда тунаб қолиб бўлмаслиги эсига тушмагунича у арава атрофида юраверди.
Гулсари аравага қўшилганича аввалгидай жимгина, ҳамма нарсага бепарво, букчайиб, оёқларини бир жойга тўплаб, гўё қотиб қолгандай турарди.
– Сенга нима бўлди?– Танабой отнинг олдига югуриб келди ва унинг чўзиб секин инграганини эшитди.– Кўзинг уйқуга кетдими? Касалмисан, бечора? Аҳволинг чатоқми? – У шошиб-пишиб йўрғанинг муздек қулоқларини ушлаб кўрди, ёллари тагига қўлини суқди, бўйни ҳам совуқ ва нам. Аммо ҳаммасидан ҳам уни ёлининг илгаригидай оғир эмаслиги қўрқитиб юборди. «Жуда қарибди, ёли соп бўлибди, пардай енгил. Ҳаммамиз ҳам қарияпмиз, ҳаммамиз ҳам ўлиб кетамиз»,– алам билан ўйлади у.
Нима қилишни билмай боши қотиб ўрнидан турди. Агар от билан аравани ташлаб яёв кетса, ярим кечада уйига, дарадаги қоровулхонасига етиб олиши мумкин. У ердаги базада хотини билан турар, дарёдан бир ярим километр юқорида ўрнашиб олган водхоз қоровулига қўшни эди. Танабой ёзда пичан ўримига, қишда эса чўпонлар пичанни талон-тарож қилиб кетишмасин, муддатидан олдин исроф этиб қўйишмасин деб, ғарамларга кўз-қулоқ бўлиб турарди.
Ўтган кузда бир иш билан идорага келган эди, янги бригадир – четдан келган ёш агроном унга:
– Оқсоқол, бирров отхонага ўтинг, биз у ерда сизга бошқа отни танлаб қўйдик. Қарироғу, лекин сизнинг ишингизга ярайди,– деди.
– Қайси отни? – сергакланди Танабой. – Яна бирон қирчанғиними?
– Ўша ерда кўрсатишади сизга. Саман от. Билсангиз керак, айтишларича, сиз бир маҳаллар уни миниб юрар экансиз.
Танабой отхонага йўл олди ва қўрада турган йўрғанн кўриши билан юраги ачишиб кетди. «Ия, яна учрашдик»,– деди ичида у минилавериб, ниҳоят ҳолдан тойган қари отга қараб. «Керакмас», дейишга юраги бормади. Отни етаклаб кетди.
Уйда хотини йўрғани зўрға таниди.
– Танабой, наҳотки бу ўша Гулсари бўлса?– ҳайрон қолди у.
– Ўша, худди ўша. Нима қипти?– хотинининг кўзига қарамасликка тиришиб тўнғиллади Танабой.
Йўрға билан боғлиқ хотираларни эслаб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди уларга. Танабойнинг ёшлигида қилган гуноҳи бор эди. Гап ўзига ёқмайдиган мавзуга кўчиб кетишидан қочиб, у хотинига дағал гапирди:
– Нима қилиб турибсан, ейишга бирон нарса тайёрласангчи. Итдай очман.
– Мана ҳозир отга тикилиб туриб, қарилик нима эканлигини билдим,– жавоб берди хотини.– Агар сен ҳув ўша Гулсари эканлигини айтмаганингда танимаган бўлардим.
– Нимасига ҳайрон қоласан бунинг. Биз иккимизнинг аҳволимиз ундан яхшироқ деб ўйлайсанми? Ҳамма нарсанинг ҳам ўз вақти-соати бор.
– Мен ҳам мана шуни айтяпманда.– У ўйчан бош чайқади ва оқ кўнгиллик билан кулимсираб ҳазил қилди: – Эҳтимол, сен яна йўрғангда тунлари дайдиб юрарсан? Майли, рухсат.
– Қайда!– у ўнғайсизланиб қўл силтади ва хотинига орқаси билан ўгирилиб олди. Ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарса бўларди, бироқ у уялганидан омбор устига пичан олгани чиқиб кетди. У ерда анча вақтгача ивирсиб юрди. Хотини анави ишларни унутиб юборган, деб ўйлаб юрарди, унутмаган эканда.
Мўридан тутун кўтариларди, хотини совиб қолган овқатни иситарди, у бўлса то хотини эшикдан туриб қичқирмагунча ивирсиб пичан билан овора бўлди.
– Туш, бўлмаса овқат яна совиб қолади.
Хотини ўтган ишни бошқа эсламади, эслашнинг нима ҳам ҳожати бор эди?..
Бутун куз ва қиш бўйи Танабой йўрғани парвариш қилди, илиқ кепак терт, майдаланган лавлаги билан боқди. Гулсарининг тишлари тушиб бўлай деганди, фақат синиқлари қолганди.
Отни энди оёққа турғиздим, деб ўйловди, бунинг аҳволини қаранг. Энди уни нима қилиш керак?
Йўқ, отни йўлнинг қоқ ўртасида ташлаб кетишга кўзи қиймайди.
– Хўш, Гулсари, энди шундай тураверамизми? – Танабой йўрғани қўли билан итарган эди, у тебраниб, оёқлари чалишиб кетди. – Қани, тўхтаб турчи, мен ҳозир...
У келинига картошка олиб келган бўш қопни қамчи сопи билан араванинг тагидан кўтардида, ундан тугунча чиқарди. Хотини йўлга нон ёпиб берганди, эсидан чиқариб юборибди, овқатни ўйлайдиган вақт эмасди. Танабой ноннинг ярмини синдирди, уни майдалаб бешматининг этагига солдида, отга тутди. Гулсари қаттиқ нафас олиб нонни ҳидлади, лекин уни ея олмади. Шунда Танабой унга кафти билан егиза бошлади. Оғзига бир неча бўлагини тиқди, от чайнай кетди.
– Е, е, эҳтимол етиб олармиза? – Танабой қувониб кетди.– Аста-секин бир амаллаб, эҳтимол етиб олармиза? У ёғи бир гап бўлар, қўрқадиган жойи йўқ. У ерда кампир иккаламиз сени парвариш қиламиз, – дерди у. Унинг қалтираётган қўлларига отнинг лабларидан сўлаги оқиб тушар, у бўлса сўлаги илий бораётганлигидан қувонарди.
Кейин у йўрғанинг жиловидан ушлади.
– Қани, кетдик! Туришдан фойда йўқ! Кетдик!– буюрди у қатъий қилиб.
Йўрға жойидан қўзғалди, арава ғижирлади, ғилдираклар йўл бўйлаб тарақлаб секин юриб кетди. Улар – чол билан қари от аста-секин одимлаб кетишди.
«Ҳолдан тойибди, – деб ўйларди Танабой йўл четидан одимлаб бора туриб. – Нечага кирдинг, Гулсари? Йигирма, ёки ундан ҳам ортиқдир. Ортиқроқ бўлса керак...»
II
Улар биринчи марта урушдан кейин учрашган эдилар.
Ефрейтор Танабой Бакасов Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам бўлган, Квантун армияси таслим бўлганидан сўнг армиядан қайтиб келган эди. Ҳаммаси бўлиб у деярли олти йил аскарлик йўлларидан одимлаб ўтди. Ҳеч нарса қилмади, Худо асради, бир марта обозда контузия қилинди, иккинчи марта бомба парчаси билан кўкрагидан яраланди, икки ойча госпиталда ётди ва яна ўз қисмига қайтди.
Уйга қайтаётганида эса станциялардаги бозорчи аёллар уни чол деб аташди. Бу кўпроқ ҳазил эди, албатта. Танабой улардан унча хафа ҳам бўлмасди. У ёш эмасди, албатта, лекин қари ҳам эмасди. Кўринишдангина гўё қарига ўхшарди, уруш йиллари ичида қариб кетди, мўйловига оқ оралай бошлади. Аммо танаси ва руҳи ҳали бардам эди. Бир йилдан сўнг хотини қиз кўрди, кейин эса иккинчисини туғди. Ҳозир иккаласи ҳам эрга чиққан, болалари бор. Ёзда дамбадам келиб туришади. Катта қизининг эри – ҳайдовчи. Хотин, бола-чақасини кузовга ўтқизадида, тоққа – чолу кампирнинг олдига ҳайдайди. Йўқ, чолу кампир қизлари ва куёвларидан хафа эмас, лекин ўғилдан ёлчимадилар. Аммо бу бошқа масала...
Ўшанда, ғалабадан кейин йўлда келаётганида чинакам ҳаёт энди бошланаётгандай туюлган эди. Кўнгли бирам шод эдики, асти қўяверасиз. Катта станцияларда эшелонни духовой оркестр билан кутиб олишар ва кузатиб қўйишар эди. Уйда хотини кутарди, ўғилчаси саккизга қадам қўйган, мактабга кириш ҳаракатида эди. Танабой худди дунёга қайта келгандай, худди шу маҳалгача бўлиб ўтган ҳамма нарсага гўё ҳозир бўлмагандай ғалати ҳис туйғу билан қайтаётганди. У ҳамма нарсани унутгиси, фақат келажак ҳақида ўйлагиси келарди. Истиқболи ҳам хаёлида аниқ-равшан ва оддийгина бўлиб кўринарди: яшаш керак, болаларни ўстириш, хўжаликни йўлга қўйиш, уй қуриш, хуллас, яшаш керак. Бунга энди бошқа ҳеч нарса халақит бермаслиги зарур, чунки бутун ўтмиш, гаровга қўйилган, чинакам ҳаёт ниҳоят энди бошланиб келяпти, ана шу ҳаётга интиляпти, азборойи ана шу ҳаёт учун одамлар урушда ғалаба қозонишди ва қурбонлар беришди.
Аммо энди маълум бўлишича, Танабой шошилган, ортиқча шошилган экан, келажакнинг гарови учун яна йиллар ва йилларни бериш керак эди.
Дастлаб у темирчилик устахонасида босқончи бўлиб ишлади. Қачонлардир бу ишнинг ҳадисини олган эди, сандон ёнида туриб эрталабдан кечгача қулочкашлаб шундай чўкич урардики, темирчи қиздирилган темир парчасини болға остида ағдариб туришга зўрға улгурарди. Ҳозир ҳам барча кулфат ва ташвишларини унуттириб юборадиган темирчихонадаги ўша тақа-туқ, жаранг-журунглар унга гоҳо эшитилгандай бўлади.
Нон, кийим-кечак етишмасди, аёллар сарпойчан калиш кийиб юришарди, болалар қанд нималигини билишмасди, колхоз қарзга ботган, банкдаги ҳисоблар қаланиб ётган эди, у бўлса болғани кўтариб тушириш билан буларнинг ҳаммасини унутмоқчидай бўларди. У болғани гурсиллатиб урар, сандон жаранглар, учқунлар кўк томчилар каби сачрар эди. «Ҳуҳ-ҳа, ҳуҳ-ҳа!– деб нафас оларди болғани кўтариб туширганида. – Ҳамма иш ўнгланиб кетади, энг муҳими – биз ғалаба қилдик, ҳа, ғалаба қилдик!» деб ўйларди. Болға эса «ғалаба қилдик, ғалаба қилдиқ», дегандек, «дук, дук, дук!» тушарди. Фақат угина эмас, ўша кунлари ҳамма худди нондай азиз ғалаба нафаси билан яшар эди.
Кейин эса Танабой йилқичиликка ўтди, тоққа чиқиб кетди. Чоро уни шу ишга кўндирди. Раҳматли Чоро ўша пайтда колхоз раиси эди, у бутун уруш давомида раислик қилди. Хаста юраги туфайли уни армияга олишмади. Фронт орқасида бўлса ҳам хийла қариб қолганди. Танабой қайтганида буни дарров пайқади.
Бошқа одам эҳтимол темирчиликни ташлаб йилқичи бўлишга уни кўндира олмасди. Аммо Чоро унинг эски дўсти эди. Улар бир вақтлар комсомол эканликларида колхозга киришга биргаликда ташвиқот қилишган, биргаликда қулоқларни тугатишганди. Айниқса у, Танабой ўша пайтлари ғайрат кўрсатганди. У қулоқларни тугатиш рўйхатига тушиб қолганларни аямасди.
Чоро унинг олдига – темирчихонага келиб уни янги ишга ўтишга кўндирди ва кўндира олганидан у жуда мамнун эди:
– Мен бўлсам сен болғани қўлдан ташламассан, ундан сени ажрата олмасман, деб қўрқардим, – деган эди кулимсираб.
Чоро касал эди, озиб кетган, бўйни чўзилиб, чўкиб кетган яноқларини ажин босган эди. Ҳали кун илиқ бўлсада, Чоронинг фуфайкаси ёзда ҳам эгнидан тушмасди.
Улар темирчихона яқинидаги ариқ бўйида чўққайиб ўтириб олиб суҳбатлашишарди. Чоронинг ёшлиги Танабойнинг эсига тушиб кетди. Ўша даврда у овулда энг саводхон, кўзга кўринган йигит эди. Одамлар вазминлиги, яхши хулқи учун уни ҳурмат қилишарди. Танабойга эса унинг кўнгилчанлиги ёқмасди. Мажлисларда у баъзан ўрнидан сакраб турардида, душман билан синфий курашга йўл қўйиб бўлмайдиган бўшанглиги учун Чорони уриб йиқарди. Унинг сўзлари худди газеталарда ёзилган сўзлардай шиддатли эди. Овоз чиқариб газета ўқиганларида нимаики эшитган бўлса, ҳаммасини ёдаки такрорларди. Баъзан ўзининг сўзларидан ўзи даҳшатга тушиб кетарди. Лекин жуда зўр чиқарди.
– Билсанг, сешанба куни мен тоғда эдим,– деди Чоро. – Чоллар, ҳамма солдатлар ҳам қайтиб келишдими, деб сўрашди. Ҳа, тирик қолганларнинг ҳаммаси, дедим. «Қачон иш бошлашмоқчи!» Ишни бошлашган, деб жавоб қилдим, бири далада, бири қурилишда, бошқалари яна бошқа ерларда. «Буни биз ҳам биламиз. Йилқиларга ким қараши керак? Бизнинг ўлишимизни кутишмоқчими, бир оёғимиз гўрдаку». Жуда уялиб кетдим. Тушуняпсанми муддаоларини? Биз бу чолларни уруш йиллари тоғларга йилқичиликка юборгандик. Шундан бери улар ўша ёқда. Сенга айтиб ўтиришимнинг ҳожати йўқ, чолларнинг иши эмас бу. Доим эгардасан, на кундузи, на кечаси ҳаловат йўқ. Қиш кечаларини айтмайсанми!
Дарвешбой эсингдами, эгарда музлаб қотиб қолди. Улар ахир отларни юришга, минишга ҳам ўргатишарди – армияга керак эди бу отлар. Етмиш ёшингда сен тоғу даштларда сарсон бўлишни татиб кўрчи. Кўрадиганингни кўрасан. Шунча чидаб берганлари учун ҳам раҳмат уларга. Фронтчилар бўлса мана қайтишдию, бурунларини жийиришяпти, «чет эл маданияти»ни кўришгандирда, энди йилқичиликни ёқтирмай қолишибди. Тоғларда сарсон-саргардон бўлиб нима қиламан эмиш. Аҳвол мана шундай. Шунинг учун сен ёрдам бер, Танабой. Сен борсанг, бошқаларни ҳам мажбур қиламиз.
- Хўп, яхши, Чоро, хотиним билан гаплашиб кўрай, – жавоб берди Танабой. Ўзи эса: «Қанақа кунларни бошимиздан ўтказдик, сен бўлсанг, Чоро, ҳали илгаригидайсан. Кўнгилчанлигинг туфайли адойи-тамом бўласан. Эҳтимол, бу яхши ҳамдир, урушда нималарни кўрмадик ахир, ҳаммамиз ҳам кўнгилчанроқ бўлсак яхши бўларди. Эҳтимол, ҳаётдаги энг кераги мана шудир?» деб ўйлади.
Улар гапни бир жойга қўйиб ажралишди, Танабой ўзининг устахонаси томон йўл олди. Лекин Чоро бирдан уни чақириб қолди:
– Танабой, тўхта! – у отда унинг олдига келди ва эгар қошига энгашиб унинг юзига тикилди:– Сен хафа бўлмадингми? – сўради у секингина. – Биласанми, ҳеч вақт топа олмаяпманда. Илгариги пайтлардагидай дилкашлик қилгим келади. Неча йил кўришмадик. Уруш тамом бўлса енгилроқ бўлар, деб ўйлагандим, ташвиш камаймаяпти. Баъзан ҳар хил фикрлар бошингга келиб мижжа қоқмай чиқасан. Қандай қилиб хўжаликни юксалтириш, халқни тўйдириш ва ҳамма режаларни бажариш мумкин. Одамлар ҳам аввалги одамлар эмас, яхшироқ яшашни хоҳлашади...
Аммо дилкашлик қилиб суҳбатлашиб ўтириш уларга насиб бўлмади, холи ўтиришга вақт ҳам топиша олмади. Вақт эса ўтиб борарди, кейинчалик энди кеч бўлиб қолганди...
Танабой худди ўша кезларда тоққа йилқичи бўлиб борганида кекса Тўрғайнинг йилқилари орасида бир ярим яшар саман тойни биринчи марта кўрганди.
– Меросга нима қолдиряпсан, оқсоқол? Йилқиларинг жуда зўр эмаску, а? – отларни санаганларидан ва қўтондан ҳайдаб чиқарганларидан сўнг кекса йилқичини узиб олди Танабой.
Тўрғай ажин босган юзида биронта ҳам туки бўлмаган қотмагина, ўсмирлардай паст бўйли чол эди. Қўй терисидан тикилган каттакон пахмоқ телпаги бошида худди қўзиқориндай турарди. Бундай чоллар одатда эпчил, тили аччиқ ва бақироқ бўлади.
Лекин Тўрғайнинг жаҳли чиқмади.
– Бори шу, анчайин йилқиларда, – пинагини бузмай жавоб берди у.– Мақтанадиган жойи йўқ, боқиб кўрсанг биласан.
– Ота, мен шунчаки айтдим қўйдим-да,– деди Танабой, муросасозлик билан.
– Биттаси бор! – Тўрғай кўзига тушиб кетган телпагини кўтариб қўйдида, узангида туриб, қамчи сопи билан кўрсатди. – Ўнг томонда ўтлаб юрган ҳув анави саман той. Зўр от бўлади.
– Қайси бири, ҳув анави коптокдай юм-юмалоғими? Кўринишдан увоққинаку, бели ҳам калта.
– Кечикиб туғилган. Қувватга кирса зўр бўлади.
– Нима фазилати бор? Нимаси яхши?
– Туғма йўрға.
– Хўш, нима қипти?
– Бундайларни кам учратганман. Илгариги замонларда у бебаҳо от ҳисобланарди. Бундай от учун пойга-улоқларда жонларини тикишарди.
– Қани кўрайликчи! – деб қўйди Танабой.
Улар отларига қамчи босиб, йилқиларни чеккалаб боришдида, саман тойчоқни бир четга чиқаришди ва олдиларига солиб ҳайдаб кетишди. Тойнинг бир чопгиси келиб турувди. Пешонасидаги ёлини силкитиб пишқирдида, ўрнидан қўзғалиб, пружинали ўйинчоқ отдай бир маромда шитоб билан йўрғалаб кетди. Кейин, йилқиларга қўшилиш учун катта ярим доира ясаб айланиб чиқди. Унинг чопишига мафтун бўлган Танабой қичқириб юборди:
– Хў-ў-ў, қадам ташлашини қара! Қара!
– Сен нима деб ўйловдинг! – ғурур билан жавоб қилди кекса йилқичи.
Улар йўрғанинг кетидан тез йўрттириб боришарди ва пойгадаги кичкина болалардай қичқиришарди. Уларнинг овозлари гўё тойчоқни савалаётгандай бўлар, у ўзини деярли зўриқтирмай, қадамини тобора тезлаштириб, лўкилламасдан бир текис йўрғалаб борарди.
Уларга отларини чоптиришга тўғри келди, анави бўлса ҳамон аввалгидай йўрғалаб борарди.
– Кўряпсанми, Танабой! – телпагини силкитиб қичқирарди Тўрғай отда чопиб бораётиб: – Зийраклигини қара-я, овозингга қараб қадам ташлайди-я! Ҳайт, ҳайт, ҳайт-э!
Саман тойчоқ ниҳоят йилқиларга келиб қўшилганида Тўрғай билан Танабой уни тинч қўйишди. Лекин отларини совутаётганда ҳам анчагача ҳаяжонларини босишолмади.
– Раҳмат-э, Тўрғай ака, яхши от етиштирибсиз. Кўнглим анча кўтарилди.
– Яхши от, – қўшилди унга чол.– Аммо эҳтиёт бўл, – энсасини қашиб бирдан қовоғини солиб олди у. – Кўзиктириб қўйма. Маҳмадоналик қилиб, элдан бурун гапириб юрма. Суқсур қизлардек яхши йўрға отнинг ҳам хуштори кўп бўлади. Қиз тақдири шундайки, яхши одамга тушса, очилиб кетади, кўз кўриб қувонади, бирон аҳмоқнинг қўлига тушса, қизни кўриб хафа бўлиб кетасан. Ҳеч ёрдам ҳам бера олмайсан. Яхши от ҳам худди шундай. Нобуд қилиб қўйиш ҳеч гапмас. Пойгада қоқилиб йиқилади.
– Ташвишланма, оқсоқол, ахир менинг ҳам бунақа ишлардан хабарим бор, кичкина бола эмасман.
– Ҳа, балли. Мен шунчаки гапирдим қўйдим-да. Унинг оти Гулсари. Эсингда тут.
– Гулсари?
– Ҳа. Бултур ёзда неварам меҳмон бўлиб келганди. Бу отни ўша қўйган. Севиб қолганди. Ўша вақтда у қулун эди. Эсдан чиқарма: «Гулсари».
Тўрғай эзма чол экан. Тун бўйи насиҳатгўйлик қилди, Танабой уни сабр-тоқат билан тинглади.
У Тўрғай билан хотинини манзилдан етти чақирим наригача кузатиб қўйди. Унга бўш ўтов қолди, энди оиласи билан бирга кўчиб кириши лозим эди. Бошқа ўтовга унинг ёрдамчиси ўрнашиши керак эди. Аммо ҳали ёрдамчи топишмаганди. Ҳозирча унинг бир ўзи эди. Хайрлашаётганида Тўрғай яна:
– Саман тойга ҳозирча тегмай тур,– деди. – Ҳеч кимга ишониб топширма ҳам. Баҳорда ўзинг минишга ўргат. Ҳа, эҳтиёт бўл. Эгарлаб миниб олгандан кейин қаттиқ ҳайдама. Тизгинини ҳадеб тортаверсанг йўрға қадамидан айнийди, отни бузиб қўясан. Тағин қара, биринчи кунлари иссиқлаб туриб кўп сув ичиб қўймасин. Оёқларига сув тушади, оқбош яраси пайдо бўла бошлайди. Агар ўлмасам, минишга ўргатганингдан кейин кўрсатарсан.
Тўрғай унга йилқиларни, ўтовни, тоғ-тошларни қолдириб, кўч-кўронларини туяга ортдию, кампири билан жўнаб кетди...
Гулсари ўзи ҳақида қанча гап-сўзлар бўлганини, яна қанча сўзлар айтилишини ва буларнинг оқибати нима бўлишини билса эди!..
У йилқилар подасида аввалгидай эркин юрарди. Чор атрофда ҳеч нарса ўзгармаган, ўша тоғлар, ўша майсалар ва ўша дарёлар. Фақат чол ўрнига Кулранг шинель ва солдатча қулоқчин кийиб олган бошқа хўжайин уларни қўриқлай бошлади. Янги йилқичининг овози хирқироқ, лекин баланд ва кучли эди. Йилқилар кўп ўтмай унга ўрганиб қолишди. Майли, атрофда айланиб юраверсин.
Кейин эса қор ёғди. У дам-бадам ёғар ва эринмай узоқ ётарди. Отлар ўт-ўлан топиш учун туёқлари билан қор титкилашарди. Хўжайиннинг юзлари қорайиб, қўллари шамолдан тарашадай қотиб кетди. Энди у кигиз этик кийиб, катта пўстинга ўралиб юрарди. Гулсарининг жунлари жуда ўсиб кетганди, шундай бўлса ҳам у совқотар, айниқса тунлари қаттиқ совуқ ерди. Аёзли тунлари йилқилар бир ерга зич бўлиб тўпланишардида, то қуёш чиққунча устларига қиров тушиб, шу кўйда туришарди. Хўжайин шу ердан нари кетмай юрар, қўлқоп кийган қўлларини бир-бирига урар, юзини ишқалар эди. Баъзан кўринмай қолар ва яна пайдо бўларди. Унинг кетмагани яхши эди. Қичқирса ёки совуқда томоқ қирса йилқилар бошларини дик этиб кўтаришар, қулоқларини динг қилишар, аммо хўжайинлари ёнларида эканлигига дарров ишонч ҳосил қилишиб, тунги шамолнинг ғувиллаши, ҳуштаги остида мизғий бошлашарди. Ўша қишдан буён Гулсари Танабойнинг овозини бир умрга эслаб қолди.
Бир куни тунда тоғда бўрон бошланиб, қуруқ қор ёғиб берди. Қор ёлининг ич ичига кирар, думини оғирлаштирар, кўзларини очирмас эди. Йилқилар безовта бўлиб қолди. Отлар бир-бирига тиқилишар, қалтирашар, қари биялар қулунларни уюрнинг ўртасига ҳайдаб, бесаранжом бўлишиб пишқиришарди. Улар Гулсарини энг чеккага сиқиб чиқаришди, у тўданинг орасига ҳеч кира олмасди. Тепкиб бошқаларни сура бошлади, бутунлай чеккага чиқиб қолди, шунда уюр айғири роса таъзирини берди. У кўпдан бери атрофни айланиб юраркан, кучли оёқлари билан қорни босиб-янчиб, йилқиларни бир жойга йиғаётган эди. Баъзан у бошини эгиб ва қулоқларини чимириб қаёққадир бир чеккага ташланар, қоронғуликда кўринмай кетар, унинг фақат пишқириши эшитилар ва ғазаб билан яна отларнинг орасига чопиб қайтиб келар эди. Бир чеккага чиқиб кетган Гулсарини пайқаб қолиб, уни кўкраги билан урди, орқаси билан ўгирилиб кейинги туёқлари билап унинг биқинига шунчалик қаттиқ тепдики, Гулсари оғриқдан ўлар ҳолатга келди. Унинг ичида нимадир гувиллаб кетди, тепки еб қичқириб юборди ва аранг оёқда туриб қолди. У ўзбошимчалик қилишга энди уринмади. Биқини зирқираб оғриркан, золим айғирдан аччиғланиб уюрнинг бир чеккасида қимир этмай турди. Отлар тинчиб қолишди, шунда у аллақандай чўзиқ увлашни эшитди. У ҳеч қачон бўрининг увлашини эшитмаганди, бир он томир уриши тўхтаб, бадани музлаб кетганлигини сезди. Йилқилар чўчиб тушишди, қулоқлари динг бўлди. Ҳаммаси жим бўлиб қолди. Аммо бу сукунат ваҳимали эди. Ҳамон шувиллаб ёғаётган қор Гулсарининг кўтарилган тумшуғига тушиб ёпишиб қоларди. Хўжайин қаерда қолди? Шу дақиқада у жудаям керак эди, лоақал овозини эшитса, пўстинининг дудли ҳидини ҳидласа! У бўлса йўқ. Гулсари бир чеккага кўз қирини ташлади ва қўрқувдан қотиб қолди. Ён томонда қорда судралиб қанақадир кўланка лип этиб ўтгандай бўлди. Гулсари бирдан ўзини орқага ташлади ва шу заҳотиёқ йилқилар ҳуркиб жойидан қўзғалди. Эс-ҳушини йўқотган отлар қаттиқ кишнаб бараварига зулмат оғушига отилишди. Энди уларни тўхтата оладиган ҳеч қандай куч йўқ эди. Отлар тоғ ўпирилганда қоядан узилиб тушган тошлар каби бир-бирларини итариб, кучларининг борича олға томон талпинишарди. Гулсари ҳеч нарсани тушунмай терлаб-пишиб жон-жаҳди билан чопиб борарди. Шунда бирдан ўқ овози эшитилди, кейин яна гумбурлади. Отлар чопиб кетаётиб эгаларининг дарғазаб қичқириғини эшитди. Қичқириқ қаердандир, ён томондан эшитилди ва кейин тўхтамай отларнинг йўлини кесиб ўта бошлади, сўнг олд томондан эшитилди. Улар энди бу тўхтозсиз эшитилаётган овозга етиб олдилар, бу овоз уларни ўз ортидан етаклаб борарди. Хўжайин улар билан бирга эди. У ҳар лаҳзада жарлик ёки дарага йиқилиб тушиш хавфи остида олдинда чопиб борарди. У энди бўғиқ озоз билан қичқирарди, кейин хириллай бошладй, аммо овози тинмади:
Ҳайт, ҳайт, ҳайт-а-айт!» Отлар таъқиб қилаётган даҳшатдан қутулиш учун унинг изидан чопишарди.
Тонгга яқин Танабой йилқиларни эски жойига ҳайдаб келди. Фақат шу ердагина отлар тўхташди. Йилқилар устидан қуюқ туман каби буғ кўтариларди, отларнинг биқинлари кўтарилиб-тушиб турар, бошларидан кечирган даҳшатдан ҳамон қалтирашарди. Улар қор ейишарди. Танабой ҳам қор ерди. У тиззалаб ўтириб олиб, оғзига сиқимлаб қор тиқарди. Кейин у юзини кафтлари орасига олиб, қимир этмай узоқ ўтирди. Осмондан эса ҳамон қор еғиб турарди. У отларнинг иссиқ сағрисида дарров эриб кетиб, лойқа, сарғиш томчиларга айланиб пастга оқиб тушарди.
* * *
Калин қорлар эриб кетди, ўтлар кўкариб қолди. Гулсари тез этга кирди. Йилқилар туллаб, терилари йилтиллаб қолди. Қиш ва ем-хашак танқислиги гўё сира бўлмагандай. У отларнинг эсидан чиқиб кетган, аммо одамнинг хотирида қолган. У совуқни, бўронли тунларни эслайди, эгар устида қотиб ўтирган пайтларини, музлаб қолган қўл ва оёқларини гулхан ёнида иситиб, йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлаган вақтларини эслайди. Баҳорда ерни юпқа муз билан қоплаб олган «ют»ни эслайди, ўшанда уюрдаги энг кучсиз йилқилар ҳалок бўлганлигини, тоғ» лардан тушиб, колхоз идорасида кўзини ердан узмай отларнинг ўлганлиги ҳақидаги актга имзо чекканлигини ва бирдан ғазабга қелиб, раис столига мушт уриб бақирганлигини эслайди:
– Сен менга бунақа қарама! Мен сенга фашист эмасман! Йилқилар учун отхона қани, ем-хашак қани, сули қани, туз қани? Буюқда қолиб кетганмиз! Ахир хўжаликни шундай олиб бориш керак дейилганми? Қарагин, қанақа йиртиқ-ямоқ кийимда юрибмиз! Ўтовларимизни кўр, қандай яшаётганлигимизни кўр! Тўйиб нон емаймиз. Уруш вақтида ҳам бундан юз марта яхши яшардик. Сен бўлсанг менга худди бу отларни мен бўғиб ўлдиргандай ўқрайиб қарайсан!
Раиснинг мум тишлаб қолгани, унинг ранги бўзариб кетгани ҳали ҳам эсида. Ўз сўзларидан уялиб кетганини ва узр сўрай бошлаганини эслайди у.
– Сен... кечир мени, қизишиб кетдим, - дудуқланиб зўрға тилга кирганди у.
– Сен мени кечиришинг керак,– деди унга Чоро.
Раис омборчи аёлни чақириб:
– Унга беш кило ун бер,– деганда Танабой бешбаттар қизариб кетганди.
– Яслини нима қиламиз?
– Қанақа ясли? Доим сен ҳамма нарсани чалкаштириб юрасан! Бер! – кескин буюрди Чоро.
Танабой яқинда сут соғила бошланади, қимиз бўлади, деб ун олишдан бош тортмоқчи эди-ю, лекин раисга назар ташлаб ва унинг жон аччиғида ёлғон гапирганини англаб индамай қўя қолишга мажбур бўлди. Кейинчалик, у шу ундан қилинган угра ошдан ичаркан, ҳар гал оғзини куйдириб оларди. Қошиқни ташлаб:
– Бу нимаси, оғзимни куйдирмоқчимисан?– дерди.
– Совутиб ич, кичкина эмассан-ку,– бамайлихотир жавоб берарди хотини.
Унутмаганди, ҳеч нарсани унутмаганди у.
Мана, май ойи етиб келди. Ёш айғирлар кишнашар, бир-бирлари билан уришиб, бегона уюрлардан ёш бияларни ҳайдаб олиб кетишарди. Йилқичилар уришқоқ отларни қувиб юбориш учун куйиб-пишиб чопишар, бир-бирлари билан сўкинишар, баъзан ўзлари ҳам ёқалашиб кетишар, қамчи кўтаришар эди. Гулсарининг булар билан иши йўқ эди. Бир ёқдан ёмғир ёғиб, бир ёқдан офтоб чиқар, туёқлар остидан ўт унар эди. Ўтлоқлар кўм-кўк, уларнинг устидаги тизма тоғларда оппоқ-оппоқ қорлар ярқираб турарди. Ўша баҳорда саман йўрға ёшликнинг ажойиб даврини сурарди. Бир ярим яшарли калта дум, сержун тойчоқдан келишган, бақувват айғирга айланиб бораётганди. Унинг бўйи ўсди, танаси юмшоқ тарҳларини йўқотиб, уч бурчак шаклига кира бошлаганди – кўкраги кенг, орқаси ингичка эди. Калласи ҳам йўрға отларникидек озғин, пешонаси дўнг, кўзларининг оралиғи кенг, лаблари йиғиқ ва таранг эди. Аммо унинг чопишдан бошқа иши йўқ, шу сабабдан у хўжайинига кўп ташвиш орттирган эди. Ўз тенгдошларини орқасидан эргаштириб, буларнинг орасида учар юлдуздай чопиб юрарди. Қанақадир битмас-туганмас куч уни тоғларга, ён бағирлардан пастликларга, тошли қирғоқ, тик сўқмоқлар бўйлаб, сойликларга ҳайдарди. Ҳатто тун ярмида, юлдузлар остида уйқуга кетганида ҳам оёқлари остидаги заминининг қочиб кетаётганлиги, ёли ва қулоқларида шамолнинг ҳуштак чалаётганлиги, туёқлари тақиллаётганлиги тушига кирарди.
Ўзига бевосита алоқадор бўлмаган ҳамма нарсага қандай қараса, хўжайинига ҳам худди шундай қарарди. Уни севмасди ҳам, унга ҳеч қандай адовати, ғарази ҳам йўқ эди, чунки унга халақит бермасди. Фақат узоққа чопиб кетишганида уларни қувиб сўкинарди. Баъзан хўжайини саман йўрғанинг сағрисига укрук – сиртмоқ билан бир-икки уриб қолишга улгурарди. Бундай вақтда Гулсарининг бутун танаси титраб кетар, аммо калтакдан кўра кўпроқ зарбнинг тўсатдан келиб тушганлигидан чўчиб кетарди, шунда қадамини яна ҳам тезлаштирарди. У йилқилар ёнига қайтаётиб қанчалик тез чопса, укрукни кўндаланг тутиб изма-из қувиб келаётган хўжайинига шунчалик кўп ёқарди. Йўрға ўз ортидан руҳлантирувчи қичқириқларни, хўжайини эгар устида ўлан айта бошлаганини эшитар, бундай дамларда у эгасини севар, қўшиқ остида чопишни яхши кўрар эди. Бориб-бориб бу қўшиқлар қулоғида қолди – уларнинг орасида ҳар хили: қувноғи ва ғамгини ҳам, узуни ва қисқаси ҳам, сўзлиси ва сўзсизи ҳам бор эди. У яна хўжайининг йилқиларни туз билан боқишини ҳам яхши кўрарди. Қозиқларга ўрнатилган узун тахта охурга эгаси ялама туз парчаларини ташларди. Бутун йилқилар ёпирилиб келарди, ана роҳат, ана маза. Уни қўлга туширган ҳам шу туз бўлди.
Бир куни хўжайин бўш челакни тақиллатиб чалиб, отларни «пў, пў, пў!» деб чорлай бошлади. Отлар чопиб келишди. Гулсари бошқаларнинг ўртасида туриб туз яларди ва хўжайини шериги билан бирга қўлларида сиртмоқ билан йилқиларни айлана бошлаганида сира ҳам безовталанмади. Бунинг унга даҳли йўқ эди. Укрук билан миниладиган отларни, соғиладиган бияларни ва бошқа йилқиларни тутишарди, лекин уни тутишмасди. У эркин эди. Бирдан қил сиртмоқ унинг бошидан сирғалиб тушиб, бўйнида осилиб қолди. Гулсари нима гаплигини тушунмас, сиртмоқдан у қўрқмас, шунинг учун туз ялашда давом этарди. Бошқа отлар бўйинларига укрук ташланганида ўзларини ҳар ёққа ташлардилар, оёқларини кўтариб сапчирдилар, Гулсари бўлса қимир этмади. Лекин унинг дарёга чопиб бориб сув ичгиси келиб кетди. Бўйнидаги сиртмоқ эса тортилиб уни тўхтатиб қўйди. Бунақаси сира бўлмаганди. Гулсари сапчиб ўзини орқага ташлади, кўзлари ола-кула бўлиб хириллай бошлади, сўнг шиддат билан олд оёқларини осмонга тик кўтарди. Атрофдаги отлар бирпасда тумтарақай қочиб кетишди, шунда у ўзини қил арқонда ушлаб турган одамлар ўртасида кўрди. Эгаси олдинда, унинг орқасида эса иккинчи йилқичи турарди, яқиндан бери бу ерда пайдо бўлиб қолган ва йилқилар теварагида тинмай от чоптириб, унинг жонига теккан йилқичиларнинг болалари уларни ўраб олишганди.
Йўрға отни даҳшат босди. У тағин бир сапчиб оёқларини баланд кўтарди, сўнг яна осмонга сапчиди, кўзи ўнгида қуёш оловли доираларга бўлиниб хиралашиб кетди, тоғлар, ер, одамлар қулаб, чалқанчасига йиқилиб тушаркан, кўз олдини бир лаҳза қоп-қора, ваҳимали бўшлиқ қоплади, у бу бўшлиқни олдинги оёқлари билан тепкилаб турарди.
Аммо у қанча тепинмасин, сиртмоқ бўйнини борган сари қаттиқроқ сиқиб борарди, йўрға саманнинг нафаси бўғилиб, ўзини одамлардан четга олиш ўрнига уларга ташланди. Одамлар ўзларини олиб қочишди, сиртмоқ бир дақиқа бўшашди ва от чопиб уларни судраб кетди. Аёллар қичқириб, болаларини ўтовларга ҳайдай бошлашди. Лекин йилқичилар ўринларидан туриб олишга улгуришди ва сиртмоқ яна Гулсарининг бўйнидан сиқа бошлади. Бу гал у шу қадар қаттиқ сиқдики, нафас олишнинг иложи бўлмай қолди. Шунда у боши айланиб, нафаси бўғилиб тўхтади.
Арқонни қўлдан чиқармай, хўжайин ён томондан яқинлашиб келаверди. Гулсари уни бир кўзи билан кўриб турарди. Хўжайин тилка-пора бўлиб кетган кийимда, юзлари шилинган ҳолда унга яқинлашарди Аммо эгасининг кўзларида ғазаб учқуни кўринмасди. У оғир нафас олар ва ёрилиб кетган лабларини чапиллатиб секин, деярли шивирлаб гапирарди:
– Тек, тек, Гулсари, қўрқма, тўхта, тўхта!
Унинг ортидан арқонни бўшатмай эҳтиёткорлик билан ёрдамчиси яқинлашиб кела бошлади. Хўжайин ниҳоят қўлини чўзиб саман отга етказди, унинг бошини сийпади, ўгирилмай туриб ёрдамчисига:
– Юганни бер, – деди. У юганни узатди.
– Тек тур, Гулсари, тек тур, жонивор, – дер эди у. У йўрға отнинг кўзларини кафти билан беркитиб туриб бошига юган солди.
Энди уни жиловлаш ва эгарлаш керак эди. Калласига юган ташланганида Гулсари хириллаб, қочишга уриниб кўрди. Лекин эгаси унинг юқори лабидан ушлаб қолишга улгурди.
– Буров сол! – қичқирди ёрдамчисига. У чопиб келиб отнинг лабига чилвир билан буров солди ва ғалтакни айлантиргандай таёқ билан айлантира бошлади.
Йўрға саман оғриқ азобидан орқа оёқларига ўтириб қолди ва ортиқ қаршилик кўрсатмади. Совуқ темир сувлиқ тишларига тақиллаб тегди ва оғзининг бурчларига ботиб кетди. Унинг устига ниманидир ташлашди, белига қайиш солиб шундай тортишдики, кўкраги қисилиб, тебраниб кетди. Булар ҳам кўзига кўринмади, энди лаб-лунжидаги даҳшатли оғриқнигина сезарди, холос. Кўзлари косасидан чиқиб кетаёзганди. На қимирлаб, на нафас олиб бўларди. У ҳатто эгаси қачон ва қандай қилиб устига миниб олганини ҳам сезмай қолди, оғзидан буровни олишгандагина ўзига келди.
Ҳамма ёғидан қайиш билан тортилган ва оғирлашган от ҳеч нарсани тушуна олмай бир-икки дақиқа туриб қолди, кейин елкаси оша кўз қирини ташлаб, бирдан устида одам борлигини кўрди. Чўчиганидан ўзини бир чеккага отди, лекин сувлиқ оғзини йиртар, одамнинг оёқлари эса биқинларига қаттиқ ботиб турар эди. Саман от олдинги оёқларини тикка кўтарди, ғазабнок ва жон аччиғи билан кишнади, шаталоқ отиб у ёқдан бу еққа югуриб-елди ва ўзини босиб турган ҳамма юкни устидан улоқтириб ташлаш учун куч тўплаб бир томонга ташланди, бироқ иккинчи учини бошқа бир отлиқ одам маҳкам ушлаб турган арқон уни қўйиб юбормасди. Шунда у доира ясаб чопа бошлади, у доирадан чиқиб, қочиб кетиш пайида бўларди. Бироқ доирадан чиқиб кетиб бўлмас, тинмай чопар эди. Одамларга худди мана шуниси керак эди. Эгаси уни қамчи билан уриб турар, этик пошнаси билан ниқтарди. Шундай бўлса ҳам саман от уни икки марта устидан улоқтириб ташлади. Аммо эгаси ўрнидан турар ва яна эгарга минарди.
Бу ҳолат шу йўсинда узоқ, жуда узоқ давом этди. Боши айланарди, атрофдаги ер, ўтовлар айланарди, узоқларга тарқалиб кетган отлар, тоғлар, осмондаги булутлар айланарди. Кейин у чарчади ва қадамлаб юриб кетди. Жуда чанқади.
Аммо унга сув беришмасди. Кечқурун устидан эгарини олмай, фақат айилини салгина бўшатиб, отқозиққа қантариб қўйишди. Жиловини эгарнинг қошига қаттиқ ўраб боғлаб қўйилганидан бошини тик тутишга тўғри келар ва натидада ерга ёта олмас эди. Узангилар кўтарилиб эгар қошига илиб қўйилганди. У тун бўйи шу тахлитда туриб чиқди. У ўз бошидан кечирган бу ғаройиб нарсаларнинг ҳаммасидан довдираб, эсанкираб тикка турарди. Оғзидаги сувлиқ ҳамон унга халақит берар, у салгина қимирласа ҳам оғзини оғритар, темирнинг мазаси ҳам ёқимсиз эди. Оғзининг шишган бурчакларини сувлиқ шилиб юборганди. Қорнидаги қайиш қийиб юборган жойлари ачишарди. Эгар тагидан қўйилган намат терлик ҳам белини оғритарди. Жуда-жуда сув ичгиси келарди. У дарёнинг шовиллашини эшитар ва бундан чанқоғи янада кучаярди. У ёқда – дарёнинг нариги бетида ҳар вақтдагидай йилқилар ўтлаб юришарди. Кўп туёқларнинг тақир-туқури, отларнинг кишнаши ва тунги йилқичиларнинг қичқириғи эшитиларди. Ўтовлар олдидаги одамлар гулханлар ёнида ўтириб дам олишар, болалар итларни майна қилиб вовиллашарди. У бўлса ўз жойида турар, ҳеч кимнинг у билан иши ҳам йўқ эди.
Сўнг, ой кўтарилди. Тоғлар зулмат қучоғидан чиқиб, ойнинг сарғиш нури остида секин тебрана бошлади. Юлдузлар тобора ерга яқинлашиб, ёрқинроқ порларди. У бир жойга маҳкам боғланганича қимир этмай турар, уни кимдир изларди. У ўзи билан бирга ўсган ва ўзидан ҳеч қачон ажралмайдиган жийрон байталнинг кишнашини эшитарди. Байталчанинг пешонасида оқ юлдуз қашқаси бор эди. У саман тойча билан чопиб юришни яхши кўрарди. Айғирлар унинг ортидан қувиб юра бошлаганди, у тутқич бермас, йўрға той билан бирга улардан узоққа қочиб кетарди. Жийрон байталча ҳам, саман той ҳам ҳали ёшига етмаган эди.
Мана, у қайдадир жуда яқин жойда кишнади. Ҳа, бу ўша бия эди, унинг овозини у аниқ таниди. У жавоб қайтармоқчи бўлди-ю, аммо шилиниб, шишиб кетган оғзини очгани қўрқарди. Жуда ҳам оғрирди.
Ниҳоят байталча уни излаб топди. Ойдинда пешонасидаги оқ юлдузчани ярақлатиб енгилгина чопиб келди. Думи ва оёқлари ҳўл эди. У дарёни кечиб ўтиб, ўзи билан бирга сувнинг совуқ нафасини келтирганди. Тумшуғини тираб, юмшоқ илиқ лабларини тегизиб, уни искай бошлади. Бия эркаланиб пишқирар, уни ўзи билан бирга кетишга чорлар, у бўлса жойидан қўзғала олмасди. Сўнг бияча унинг бўйнига калласини қўйди-да, тишлари билан ёллари орасини қаший бошлади. Саман той ҳам унинг бўйнига калласини қўйиши ва яғринини қашиши керак эди. Аммо унинг меҳрибонлигига меҳрибонлик билан жавоб қайтара олмасди, ҳатто қимир этишга ҳоли келмас, у чанқаганди. Байталча қочиб кетганида то унинг сояси дарё ортидаги тун қоронғулигига сингиб кетгунча орқасидан қараб қолди. Келди-ю кетди. Унинг кўзларидан тирқираб ёш чиқди. Йирик-йирик ёш томчилари тумшуғидан оқиб, оёқлари остига секингина думалаб тушарди. Саман йўрға умрида биринчи марта йиғлаётганди.
Эрта тонгда хўжайин келди. У атрофдаги кўм-кўк тоғларга қаради, кулимсираб бир керишиб олди, суяклари сирқираб оғриганидан инграб қўйди.
– Оҳ, Гулсари, кеча менинг роса адабимни бердинг-да. Нима қилди? Совқотдингми? Вой сени қара-ю. Ҳа, дуруст, дуруст.
У йўрға тойнинг бўйнини силаб-сийпади ва унга қандайдир илиқ ҳазиломуз сўзларни гапира бошлади. Одам нималарни гапираётганини Гулсари қаёқдан билсин? Танабой бўлса бундай дерди:
– Ҳа, майли, хафа бўлма, биродар. Умр бўйи ишсиз, бекор юрмассан ахир. Кўникиб қоларсан, ҳамма иш ўнгланиб кетади. Қийналдинг-а, ҳечқиси йўқ, шусиз бўлмайди. Ҳаёт мана шунақа, дўстим, тўрттала туёғингни ҳам тақалайди. Кейинчалик йўлингда учраган ҳар бир тошга эгилиб таъзим қилиб юрмайсан. Қорнинг очдими, а? Чанқадингми? Биламан...
У саман тойни дарё томон етаклаб кетди. Яраланган оғзидан сувлиғими авайлаб чиқарди. Гулсари титраб-қақшаб сувга ташланди, совуқдан кўзларидан ёш чиқди. Оҳ, сув нақадар мазали эди, у бунинг учун одамдан қанчалик миннатдор!
Шундай қилиб, орадан кўп вақт ўтмай у эгарга шунчалик кўникиб кетдики, унинг оғирлигини сезмай ҳам қолди. Устидаги чавандоз унга қушдай енгил кўринар, ўзини яхши сезарди. Одам сира жиловни бўш қўймас, саман от бўлса йўлларда бир маромда оёқ ташлаб, йўрғалаб кетарди. У эгар остида шунчалик тез ва текис юришга ўрганган эдики, одамлар қойил қолишарди:
– Устига бир челак сув қўй – бир томчи ҳам тўкилмайди! – дейишарди.
Аввалги йилқичи чол – Тўрғай эса Танабойга деди:
– Раҳмат, яхши ўргатибсан. Йўрғангнинг донғи чиқишини энди кўрасан!
III
Эски арава ғилдираклари кимсасиз йўлда секин ғирчиллаб борарди. Баъзан ғилдиракларнинг тўқиллаши эшитилмай қоларди. Ҳолдан тойган йўрға тўхтаб қолар, сукунат чўккан дамда юрагининг гуп-гуп, гуп-гуп этиб ураётганлиги қулоғига чалинарди.
Кекса Танабой отнинг нафасини ростлаб олишини кутиб турар, сўнг яна жиловидан тортарди:
– Кетдик, Гулсари, кетдик, қара, қоронғи тушиб қолди.
Улар бир ярим соатларча юришди, кейин йўрға таққа тўхтаб қолди. У аравани ортиқ торта олмасди. Танабой яна от атрофида айлана бошлади.
– Сенга нима бўлди, Гулсари, а? Қара, тезда тун киради!
Лекин от уни тушунмасди. У ҳатто калласини кўтаришга ҳам мажоли етмай, бошини силкитиб, чайқалиб турарди. Қулоғига эса ҳамон юрагининг гуп-гуп, гуп-гуп этиб уриши эшитиларди.
– Кечир мени, – деди Танабой. – Дарров фаҳмим етмаганини қара-я. Қуриб кетсин бу арава ҳам, бу эгар-жабдуқ ҳам, сени бир амаллаб уйга етказиб олсам бўлгани.
У пўстинини ерга ташлади ва шошиб-пишиб отни аравадан чиқарди, бошидан хомутни олди-да, ҳамма анжомларни аравага ташлади.
– Мана, вассалом, – деди у ва пўстинини кийиб аравадан чиқарилган саман отига қаради. Хомутсиз, анжомсиз ҳаддан ортиқ катта каллали от ҳозир кечки совуқда чўл ўртасида арвоҳдай турарди. – Ёпирай, Худойим-э, қай аҳволга тушиб қолдинг, Гулсари? – пичирлади Танабой. – Агар сени ҳозир Тўрғай кўрганидами, гўрида тик турарди...
У саман отнинг жиловидан тортди, улар яна аста юриб кетишди. Қари от ва кекса одам. Ортда арава қолиб кетди, олдинда, ғарб томонда йўлни қорамтир-бинафша ранг зулмат босиб келаётганди. Тун тоғларни чулғаб уфқни беркитиб, чўл устига, унсиз-товушсиз ёйилиб келарди.
Танабой юриб бораркан, узоқ йиллар давомида саман от билан боғлиқ бўлган нарсаларни эслар ва аламли жилмайиб, одамлар ҳақида ўйларди: «Биз ҳаммамиз мана шунақамиз. Умримизнинг охирида, бирортамиз оғир касал бўлиб қолганимизда ёки дунёдан ўтганимизда бир-биримизни эслаймиз. Ана шунда кимни йўқотганимиз, у қандай одам бўлганлиги, нимаси билан донг чиқарганлиги, қандай ишлар қилганлиги бирдан ҳаммамизга аён бўлиб қолади. Тилсиз махлуқ ҳақда нима дейиш мумкин? Гулсари кимларни олиб юрмади ахир! Кимлар уни минмади! Қариши билан уни ҳамма унутди қўйди. Энди оёқларини зўрга судраб юрибди. Ахир қанақа от эди у!»
Сўнг у яна ўтган воқеаларни эслай бошлади ва қандай қилиб кўпдан бери хаёлан ўтмиш кунларга қайтмаганлигига ўзи ҳам ҳайрон бўлди. Қачонлардир бўлиб ўтган ишларнинг ҳаммаси унинг хотирасида жонлана бошлади. Ҳеч нарса ҳам изсиз йўқолмас экан. Илгарилари у ўтмиш ҳақида кам ўйларди, тўғрироғи, ўйлашга йўл қўймасди. Энди бўлса, ўғли ва келини билан бўлган гап-сўздан кейин жонини бераётган саман отнинг жиловидан ушлаб йўлда кетаркан, бошидан ўтган йилларни алам ва ҳасрат билан эслади ва бу йилларнинг ҳаммаси унинг кўз ўнгида яққол гавдаланди.
У ўз хаёллари билан банд бўлиб қадам ташлаб борарди, саман от эса жиловни тобора ортга тортиб судралиб келарди. Чолнинг қўли толиб қолганида жиловни бошқа елкасига оширар ва йўрғани яна етаклаб кетар эди. Кейин у бундай юришдан чарчади, саман отга ҳам дам берди. Ўйлаб туриб отнинг калласидан юганни чиқариб олди.
– Олдинда юр, ҳолинг келганича юр, мен орқангдан бораман, сени ташлаб кетмайман, – деди у. – Қани юр, аста-аста.
Энди саман от олдинда, Танабой эса елкасида юган, орқада борарди. У юганни ҳеч қачон ташламайди. Гулсари тўхтаганида Танабой у куч йиғиб олсин, деб кутиб турар, сўнг яна улар йўлда судралиб кетишарди. Қари от ва кекса одам.
Бир вақтлар мана шу йўлдан орқасида чанг-тўзон қолдириб Гулсари елиб ўтганини эслаб, Танабой ғамгин кулимсираб қўйди. Чўпонлар мана шу чанг-тўзондан саман отнинг чопиб ўтганлигини билиб олишларини айтишарди. Туёқлари остидан чиққан чанг чўлда оппоқ бўлиб сузар ва шабада-шамолсиз кунлари у худди реактив самолётнинг тутунидай йўл устида муаллақ осилиб турарди. Бундай дамларда чўпон кафтини кўзлари устига соябон қилиб ўзича: «Гулсари келяпти! Бу ўша Гулсари» дерди ва иссиқ шамолда юзини куйдириб, бу от устида елиб келаётган бахтли киши ҳақида ҳавас билан ўйларди. Донғи кетган мана шундай йўрға устида ўтириб бориш қирғиз учун буюк шарафдир.
Гулсари қанча колхоз раисларини кўрмади дейсиз, ҳар хили бўлган – ақлли ва тентаклари, софдил ва виждонсизлари бўлган, аммо ҳаммаси ҳам ўз раислигининг биринчи кунидан то сўнгги кунигача саман отни миниб юрган. «Қани энди улар? Эртадан кечгача уларни олиб юрган Гулсарини гоҳо-гоҳо эслаб қўйишармикин?» – ўйларди Танабой.
Улар ниҳоят жарлик устидаги кўприкка етиб олишди. Бу ерда яна тўхташди. Саман ог ерга ётиш учун оёқларини бука бошлади, лекин Танабой бунга йўл қўйиши мумкин эмасди, кейинчалик ҳеч қандай куч билан уни жойидан турғиза олмасди:
– Тур, тур! – қичқириб юборди у ва тизгин билан отнинг калласига туширди. Сўнг ургани учун ўзидан хафа бўлиб, яна бақира бошлади: – Нега тушунмайсан ахир? Ҳаром ўлмоқчимисан? Бунга сираям йўл қўймайман! Тур, тур, дедим!
У отнинг ёлидан тортарди.
Гулсари оёқларини зўр-базўр тиклаб олди, оғир ингради. Қоронғу бўлса ҳам отнинг кўзига қарашга Танабойнинг юраги дов бермади. У отни силаб-сийпади, у ер-бу ерини пайпаслаб кўрди, сўнгра қулоғини отнинг чап биқинига тутди. У ерда, отнинг кўкрагида юраги худди йўсинларга ўралиб қолган тегирмон паррагидай пихиллаб зўрға уриб турар эди. У то бели қақшагунича отнинг ёнида шу кўйда узоқ эгилиб турди. Кейин қаддини ростлаб, бошини силкиди, хўрсинди, сўнг таваккал қилишга – кўприкдан ўтгач, сой ёқалаб борувчи сўқмоққа бурилишга қарор қилди. Бу сўқмоқ тоғлиққа олиб чиқарди ва уйга тезроқ етиб олиши мумкин эди. Тўғри, тунда адашиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас, аммо Танабой ўзига ишонарди, бу ерларни кўпдан бери биларди, фақат от чидаш берса бўлгани.
Чол шулар ҳақида ўйлар экан, узоқда йўловчи машинанинг чироқлари порлаб кўринди. Чироқлар зулмат қучоғидан бир жуфт ёрқин шар каби тўсатдан чиқди-да, узун, тебранувчи ёғдулари билан ўз олдидаги йўлни пайпаслаб тез яқинлашиб кела бошлади. Танабой саман от билан кўприк ёнида турарди. Машина уларга ҳеч қандай ёрдам бера олмасди, шундай бўлса ҳам Танабой уни кутиб турарди. Сабабини ўзи билмаса ҳам кутиб турарди у.
«Ниҳоят, лоақал биттаси учради»,– ўйлади у йўлда одамлар пайдо бўлганлигидан мамнун бўлиб. Юк машинасининг чироқлари ўткир нурлари билан унинг кўзларини қамаштирган эди, у кўзларини қўли билан беркитиб олди.
Машина кабинасида ўтирган икки киши кўприк ёнидаги қари киши ва унинг олдида гўё от эмас, балки одамга эргашиб олган итга ўхшаб турган эгарсиз, югансиз қирчанғини кўриб ҳайрон қолишди. Тўғри тушган ёруғлик бир лаҳза чол ва отни ёритиб юборди ва улар бирдан жисмсиз оппоқ шаклга айланиб қолгандек бўлди.
– Тавба, тун ярмида бу ерда нима қилиб юрибди? – деди ҳайдовчининг ёнида ўтирган қулоқчин телпакли новча йигит.
– Бу ўша, анави ёқдаги арава шуники, – тушунтирди ҳайдовчи ва машинасини тўхтатди. – Сенга нима бўлди, чол? – қичқирди у кабинадан бошини чиқариб. –Йўлда аравани ташлаб кетган сенмисан?
– Ҳа, мен,– жавоб берди Танабой.
– Шунақа дегин. Қарасак, йўлда шалағи чиққан арава ётибди. Атрофда ҳеч ким йўқ. Абзал-анжомни олмоқчи эдик, у ҳам ҳеч нарсага арзимас экан.
Танабой индамади.
Ҳайдовчи машинадан тушди, ароқнинг ўткир бадбўй ҳидини ҳар ёққа таратиб, у ёқдан-бу ёққа бир неча қадам ташлади.
– Нима бўлди? – сўради у қайрилиб.
– От торта олмади, касал бўп қолди, унинг устига ўзн ҳам қари.
– Ҳмм. Хўш, энди қаёққа бормоқчисан?
– Уйга. Саригов дарасига.
– Ў-ҳў! – ҳуштак чалиб юборди ҳайдовчи. – Тоққами? Йўлимиз бир эмас экан. Хоҳласанг, кузовга чиқ, совхозгача элтиб қўяман, у ердан эртага кетасан.
– Раҳмат. Отим бор.
– Манави ўлимтикми? Итга ташла уни, ҳув анави жарликка итариб юбор, вассалом, қарғалар чўқиб тамом қилишади. Хоҳласанг, кўмаклашиб юборайлик.
– Кетавер, – деди қовоғини уйиб Танабой.
– Билганингни қил, – тиржайди ҳайдовчи ва эшикни ёпа туриб кабина ичига қараб сўз қотди: – Мияси айниб қолибди чолнинг!
Машина қўзғалиб, хира нур оқимини ўзи билан эргаштириб кетди. Стоп-сигналларнинг тўқ қизил нури билан ёритилган сой устидаги кўприк ғичирлаб қолди.
– Нега у одам устидан куласан, агар ўзингнинг бошингга шундай кун тушса нима бўларди? – деди кўприкдан ўтгач, ҳайдовчи ёнида ўтирган қулоқчинли йигит.
– Ҳечқиси йўқ... – Ҳайдовчи эснаб баранкани айлантирди. – Ҳар қанақасига дуч келганман. Мен гапнинг пўскалласини гапирдим. Қандайдир бир қирчанғи... Ўтмишнинг сарқити. Ҳозир, биродар, ҳамма нарсанинг отаси техника. Ҳамма ерда техника. Урушда ҳам. Бунақа чоллар ва отларнинг даври ўтди.
– Мол экансан! – деди йигит.
– Тупирдим ҳаммасига, – жавоб берди у.
Машина кетгандан сўнг, яна ҳамма ёқни тун зулмати қоплади, кўз эса яна қоронғуликка ўрганди. Танабой саман отни ҳайдай бошлади.
– Қани, кетдик, чуҳ, чуҳ! Юрсанг-чи!
Кўприкдан ўтгандан кейин у отни катта йўлдан сўқмоққа бурди. Энди улар қоронғиликда зўр-базўр кўриниб турган сўқмоқ билан сой ёқалаб аста-секин илгарилаб боришарди. Ой тоғлар ортидан эндигина мўралаб келаётганди. Юлдузлар совуқ осмонда милтиллашиб, унинг чиқишини кутишарди.
IV
Гулсари минишга ўргатилган йили йилқиларни кузги яйловлардан кеч қайтаришди. Куз одатдагига қараганда чўзилиб кетди, қиш ҳам юмшоқ келди, қор тез-тез ёғди-ю, аммо узоқ турмади. Ем-хашак етарли эди. Баҳорда эса йилқилар яна тоғ ёнбағирларига қайтиб келишди ва чўл гуллаб-яшнаши биланоқ пастликка туша бошлашди.
Урушдан кейин Танабой ҳаётида бу, эҳтимол, энг яхши давр бўлган чиқар. Қариликнинг қўнғир оти уни ҳали довон ортида, гарчанд бу довон яқин бўлса ҳам кутиб турар, Танабой ҳали ёш саман йўрғани миниб юрар эди. Бу йўрға от унга бир неча йил кейин учраганда, у Гулсарини минганда, эҳтимол бу қадар ўзини бахтли сезмасди. Ҳа, Танабой гоҳо одамлар олдида ўзини кўз-кўз қилишдан ҳам қайтмасди. Елиб кетаётган саман от устида ўтириб у ўзини қандай кўз-кўз қилмасин! Гулсари буни яхши биларди. Айниқса Танабой овулга кетаётганида ишга тўда-тўда бўлиб бораётган аёллар йўлда учраб қолса, ўзини кўз-кўз қилишни яхши кўрарди. Улардан ҳали узоқда қадди-қоматини ростлаб эгар устида ғоз ўтириб олар ва унинг ҳаяжони отига ҳам ўтарди, Гулсари думини сағриси баравар кўтариб олар, ёли шамолда ҳилпираб борарди. У устидаги чавандозни енгилгина кўтариб, пишқириб йўрғаларди. Оқ ва қизил дуррали аёллар тиззаларига қадар яшил буғдойларга кўмилишиб йўл чеккаларига чиқиб туришарди. Улар гўё сеҳрлангандай тўхтаб қолишар, ҳаммаси бирданига қайрилиб қарашарди, чеҳралар, порлаб турган кўзлар, табассумлар ва оппоқ тишлар лип-лип этиб кўринарди.
– Ҳей, йилқичи! Тўхта-а!
Изма-из кулги ва қочириқлар эшитиларди:
– Шошмай тур, қўлга тушарсан, тутиб оламиз!
Бир-бирларининг қўлларидан ушлашиб йўлни тўсиб уни тутиб олишган кунлар ҳам бўлган. Нималар қилишмас эди денг! Хотинлар ҳазил-мазах қилишни яхши кўришади-да. Танабойни эгардан судраб туширишар, қўлидан қамчини тортиб олишиб қаҳ-қаҳлаб кулишар, қийқиришар эди:
– Очиғини айт, қачон қимиз келтирасан?
– Биз бу ерда эрталабдан кечгача далада ишлаймизу, сен бўлсанг саман отда сайр-томоша қилиб юрасан!
– Ким сизларни ушлаб турибди? Йилқичиликка ўтинг. Фақат эрларингга тайинлаб қўйинглар, ўзларига бошқасини қидиришсин. Тоғда сумалакдай музлаб қоласизлар.
– Ҳо, ҳали шунақами! – яна уни тортқилай бошлашарди.
Танабой ҳеч кимни саман йўрғага минишга йўл қўймасди. Ҳатто учрашганида дарҳол кайфияти ўзгарадиган ва отини секин юритишга сабабчи бўладиган ўша аёл ҳам бирон марта уни минмаган. Эҳтимол, у буни истамаган ҳамдир.
Ўша йили Танабойни колхоз тафтиш комиссиясига сайлашганди. У овулга дам-бадам келиб турар ва деярли ҳар гал бу аёл билан учрашар эди. У идорадан кўпинча аччиқланиб чиқарди. Гулсари унинг кўзлари, овози, қўлларининг ҳаракатига қараб буни сезарди. Аммо бу аёл билан учрашганида у доим очилиб, ҳушфеъл бўлиб қоларди.
– Ҳай-ҳай, секинроқ, қаёққа шошасан! – шивирларди у ўйноқи отини тинчлантириб ва аёл билан тенглашиб олгач секин ҳайдарди.
Улар нима ҳақдадир аста гаплашишар, баъзан индамай боришарди. Гулсари хўжайинининг юрагидаги алам қандай тарқалаётганлигини, унинг овози қандай мулойимлашиб бораётганлигини, қандай меҳр-шафқатли бўлиб кетаётганлигини қўлидан ҳис қиларди. Шунинг учун ҳам у ўзлари йўлда бу аёлни қувиб етишларини яхши кўрарди.
Колхозда турмуш оғирлигини, меҳнат кунига деярли ҳеч нарса тушмаётганлигини, тафтиш комиссиясининг аъзоси Танабой Бакасов қандай қилиб шундай аҳвол юз бераётганлигини, давлатга ҳам бир нарса бериш мумкин бўладиган, одамлар ҳам бекорга ишламайдиган кунлар қачон келишини сўраб суриштириб, идорадагиларнинг бошини қотираётганлигини от қаёқдан билсин.
Ўтган йили ҳосил битмади, ем-хашак қаҳатчилиги бўлди, бу йил туманнинг юзи ерга қарамасин деб бошқалар учун ҳам пландан ташқари дон ва мол топширишди, охири нима бўлади, колхозчиларнинг ҳоллари нима кечади – буниси номаълум эди. Вақт ўтиб борарди, урушни эсдан чиқара бошлашди, лекин томорқадан олганлари ва далалардан яширинча ташиб келтирганлари билан ҳамон илгаригидай кун кечиришарди. Колхозда пул ҳам йўқ эди: ғалла, сут, гўшт – ҳаммаси зарарига топшириларди. Ёзда чорвачилик ривожлана бошларди, қишда эса унинг аҳволига маймунлар йиғларди, моллар танқислик ва совуқдан қириларди. Зудлик билан қўтонлар, молхоналар, ем-хашаклар учун базалар қуриш керак эди, қурилиш материалларини эса ҳеч қаердан топиб бўлмас ва уларни топиб беришга ҳам ҳеч ким ваъда бермас эди. Уруш йиллари турар жойлар қай аҳволга келди дейсиз! Кўпроқ бозорма-бозор юриб мол ҳамда картошка билан савдо-сотиқ қилиб юрганларгина уй-жой қуришди. Бундайлар куч-қудратга кириб, қурилиш материалларини ҳам қаёқдандир четдан топиб келишарди.
– Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас ўртоқлар, бунда нимадир чатоқ, қанақадир катта ишкал бор, – дейди Танабой. – Шундай бўлиши кераклигига ишонмайман. Ё биз ишдан чиқиб қолдик, ё сизлар нотўғри раҳбарлик қиляпсизлар.
– Нимаси жойида эмас? Нимаси нотўғри? – Ҳисобчи унга қоғозларни тутарди. – Мана, планларни қара... Манави олганларимиз, манави топширганларимиз, манави дебет, манави кредит, манави сальдо. Даромад йўқ, фақат зарар-зиён. Яна нима демоқчисан? Аввал тушуниб ол. Фақат сен комунистсану биз халқ душманимиз-а, шунақами?
Гапга бошқалар аралашар, баҳс, шовқин-сурон бошланарди, Танабой бўлса бошини қўллари орасига олиб ўтирарди ва куйиб пишиб нега бундай бўлаётганини ўйларди. У шу ерда ишлаётганлиги учунгина колхоз учун куйинмаётганди, бунга бошқа алоҳида сабаблар ҳам бор эди. Танабой билан қадимдан хусумати бўлган кишилар бор эди. Улар энди ундан секин кулиб юрганларини, уни кўрганларида: хўш, ўзларининг ишлари қалай энди, дегандек юзига сурбетлик билан тик боқишларини яхши биларди. «Эҳтимол, яна қулоқларни тугата бошларсан? Фақат энди биздан оладиганинг йўқ. Қўлинг калталик қилади. У-уҳ, нега урушда жонинг узила қолмади-я!»
Танабой ҳам уларга: «Шошмай туринглар, аблаҳлар, барибир биз айтгандай бўлади!» дегандай маънодор қараш билан жавоб берарди. Ҳолбуки, бу одамлар ёт одамлар эмас, ўз одамлари эди. Унинг ўгай акаси Қулибой ҳозир қариб қолган, урушга қадар етти йилини Сибирда – қамоқда ўтказган.
Ўғиллари ҳам отасига тортди, Танабойни ўлгудай ёмон кўришади. Нима учун ҳам уни севишсин? Эҳтимол уларнинг болалари ҳам Танабой уруғидан нафратланишса керак. Бунинг сабаби бор. Бу иш аллақачонлар бўлган бўлса ҳам алами кетгани йўқ. Қулибойни шундай қилиш керакмиди? Ахир шунчаки уддабурон, ишбилармон киши, ўртаҳол деҳқон эмасмиди? Қариндош-уруғчиликка риоя қилмай бўладими. Қулибой катта хотиндан, у эса кичик хотиндан эди, лекин қирғизларда бундай ака-укалар бир қориндан туғилгандай ҳисобланади. Демак, у қариндош-уруғчиликка ҳам дахл қилди, ўша вақтда қанча гап-сўзлар бўлган эди. Энди, албатта, турлича мулоҳаза юритиш мумкин. Аммо ўшанда-чи! Ахир колхозни деб у шу ишларни қилмадими? Лекин шундай қилиш керакмиди? Илгарилари шубҳаланмасди, урушдан сўнг эса баъзан бошқачароқ ўйлаб қоладиган бўлди. Ўзига ва колхозга ортиқча душманларни орттириб олмадимикин? – Нега ўтирибсан, Танабой, кўзингни оч, – гапга тортишарди уни. Яна ўша эски ташвиш: қиш ичида ҳамма гўнгларни далаларга олиб чиқиш, ҳовлима-ҳовли юриб йиғиш керак. Ғилдираклар йўқ, демак, қайрағоч, чамбаршина учун темир сотиб олиш керак, лекин қайси пулга сотиб олинади, қарз беришармикин, ниманинг эвазига? Банк қуруқ гапга ишонмайди. Эски ариқларни тузатиш, тозалаш, янгиларини қазиш керак, иш кўп, оғир. Қишда халқ бундай ишларга чиқмайди, ер музлаган, қазиб бўлмайди. Кўкламда эса улгурмайсан – экиш-тикиш, қўзилатиш, ўтоқ қилиш, ундан кейин эса пичан ўрими бошланади. Қўйчиликни нима қилиш керак. Урчитиш учун бинолар қани? Сут фермасида ҳам аҳвол яхши эмас. Томи чириб кетган, ем-хашак етишмайди, сут соғувчилар ишлашни хоҳлашмайди. Эртадан кечгача уриниб юришади, аммо нима ҳақ олишади? Бошқа яна қанча ҳар хил ташвиш ва камчиликлар бор. Ваҳима босиб кетарди баъзан.
Шундай бўлса ҳам ўзларини қўлга олиб, партия мажлиси, колхоз бошқармасида бу масалаларни яна муҳокама қилишар эди. Чоро раис эди. Фақат кейингина Танабой унинг қадрига етди. Танқид қилиш осон экан. Танабой бир уюр отлар учун жавоб берса, Чоро колхоздаги ҳамма одамлар ва барча ишлар учун жавобгар эди. Ҳа, Чоро метин одам эди. Ҳамма ишлар барбод бўлаётгандай туюлганида туманда унга қараб столни дўқиллатганларида ва колхозда ёқаларидан тутганларида Чоронинг руҳи тушмади. Танабой унинг ўрнида бўлганида ё ақлдан озарди, ё ўзини ўзи ўлдирарди. Чоро бўлса хўжаликни сақлаб қола олди, охиригача, юраги ишдан чиққунча туриб берди, кейин ҳам яна икки йилча партия ташкилотчиси бўлиб ишлади. Чоро ишонтира олар, одамлар билан гаплаша билар эди. Танабой уни тинглаб ҳамма иш яхшиланиб кетишига, турмуш ниҳоят одамлар дастлабки пайтлар орзу қилгандай бўлишига яна ишона бошларди. Унинг Чорога бўлган ишончи бир мартагина сусайди, лекин шунда ҳам унинг ўзи кўпроқ айбдор эди...
Танабой идорадан қош-қовоғи осилиб чиққанида, эгарга зарб билан ўтириб, жиловни силтаб тортганида унинг кўнглида нималар юз бераётганини йўрға билмасди. Лекин у хўжайинининг аҳволи жуда ёмонлигини сезарди. Гарчанд Танабой уни ҳеч қачон урмаган бўлса ҳам, саман от бундай пайтларда хўжайинидан чўчиб турарди. Йўлда ўша жувонни кўриши билан хўжайини анча енгил тортиб, кўнгли юмшашини, уни тўхтатиб, аёл билан бир нималар ҳақида секин гаплашиб туришини, жувоннинг қўллари эса Гулсарининг ёлларини тараб, бўйнини силаб-сийпашини от биларди. Ҳеч бир одамнинг қўллари бунчалик мулойим эмасди. Бу қўллар пешонасида юлдузи бор ҳув ўша жийрон байталчанинг лаблари сингари ёқимли ва юмшоқ эди. Оламда ҳеч кимда бу жувоннинг кўзидай кўз йўқ эди. Танабой эгардан эгилиб у билан гаплашар, у бўлса гоҳ жилмаяр, гоҳ хўмраяр, нимагадир рози бўлмай бошини тебратар, кўзлари шошқин дарёнинг тубидан ойдинда кўриниб турувчи тошлар каби ялтирарди. Кетаётиб, у қайрилиб қарар ва яна бошини тебратарди.
Шундан кейин Танабой от устида ўйчан кетарди. У жиловни эркин қўйиб юборар, йўрға ҳам ўз эркига кўра туёқларини тақиллатиб бамайлихотир юриб борарди. Гўё эгарда хўжайини йўқдай. Гўё уларнинг ҳар бири ўз-ўзларича кетаётгандай. Шунда қўшиқ ҳам ўзидан-ўзи кела қоларди. Танабой саман от туёқларининг бир маромдаги тақ-туқи остида аллақачонлар ўтиб кетган одамларнинг азоб-уқубатлари ҳақида сўзларни аниқ талаффуз этмай секин ҳиргойи қилиб куйлаб борарди. От эса машқини олган юриш билан уни дарё ортига, йилқилар томон олиб кетарди...
Гулсари хўжайинининг кайфи шундай чоғ бўлишини севар, бу жувонни ҳам ўзича яхши кўрар эди. У жувонни қадди-қоматидан, қадам ташлашидан танирди, ҳатто ундан тарқалувчи нотаниш ўтнинг қандайдир ғалати ҳидини сезгирлик билан пайқаб оларди. Бу – қалампир мунчоқ эди. У қалампир мунчоқдан маржон тақиб юрарди.
– Кўряпсанми, у сени нақадар яхши кўради, Бибижон, – дерди жувонга Танабой. – Қани, силаб-сийпачи, яна бир силаб-сийпа. Ҳо, қулоқларини солинтириб юборди-ю! Бузоқнинг худди ўзгинаси-я. Йилқиларга эса унинг дастидан кун йўқ. Эркига қўйиб берсанг бас. Айғирлар билан худди итдай тишлашади. Шунинг учун ҳам уни миниб юрибман, майиб қилиб қўйишмасин, деб қўрқаман. Ҳали ёш.
– У-ку севади-я, – хаёлини банд қилган бир нима ҳақда ўйлаб туриб жавоб берди жувон.
– Бошқалар севмайди, демоқчимисан?
– Мен бошқа нарсани гапиряпман. Бизнинг севишадиган вақтимиз ўтиб кетди. Сенга ачинаман.
– Нега энди?
– Сен унақа одам эмассан, кейин қийин бўлади сенга.
– Сенга-чи?
– Менга нима? Мен беваман, солдат хотиниман. Сен бўлсанг...
– Мен бўлсам тафтиш комиссиясининг аъзосиман. Мана, сени учратиб қолдиму, у-бу фактларни суриштириб оляпман, – ҳазил қилишга уриниб кўрди Танабой.
– Негадир сен фактларни тез-тез суриштирадиган бўлиб қолдинг. Ҳушёр бўл.
– Мен нима қилибман? Мен ҳам йўлимда кетаётгандим, сен ҳам...
– Мен ўз йўлим билан кетаяпман. Бизнинг йўлимиз бир эмас. Хўш, хайр. Вақтим йўқ.
– Қулоқ сол, Бибижон!
– Хўш, нима? Керакмас, Танабой. Нима кераги бор? Ақлли одамсан-ку, ахир. Сенсиз ҳам юрагим сиқилиб юрибди.
– Нима, мен сенга душманманми? – Сен ўзингга душмансан.
– Бу нима деганинг?
– Қандай хоҳласанг, шундай тушунавер.
У кетарди, Танабой бўлса гўё иш билан қаёққадир кетаётгандай қишлоқ кўчалари бўйлаб юрарди, тегирмон ёки мактаб томон буриларди ва лоақал узоқдан бўлса ҳам қайнанасининг уйидан унинг чиқишини (иш пайтида у қизини шу ерда қолдирарди), қизининг қўлидан етаклаб овул чеккасидаги уйига қандай кетишини бир кўришга зор эди. Унинг ҳамма нарсаси жуда азиз, қадрдон эди. Жувоннинг у томонга қарамасликка тиришиб, қадам ташлаб бориши ҳам, қора рўмол ичидан оқариб кўриниб турган юзи ҳам, қизчаси ҳам, ёнида чопиб бораётган лайчаси ҳам қадрдон эди унга.
Ниҳоят у ўз ҳовлисига кириб, кўздан ғойиб бўларди, Танабой бўлса унинг қандай қилиб бўм-бўш уйи эшигини очишини, тўзиб кетган пахталик чопонини ечиб, кўйлакчан сув келтиргани чопиб кетишини, ўчоққа олов ёқиб, қизини ювинтиришини, овқатлантиришини, подадан сигирини кутиб олишини ва тунда қоп қоронғи, ҳувиллаб ётган уйда ёлғиз ётиб, улар бир-бирларини севиши мумкин эмаслигига, унинг оиласи борлигига, унинг ёшида севиши кулгили эканлигига, ҳар бир нарсанинг ўз вақт-соати борлигига, Танабойнинг хотини яхши аёл эканлигига, у эрининг бошқа хотин дардида оҳ-воҳ қилиб юришига лойиқ иш қилмаганлигига ўзини ҳам, уни ҳам ишонтиришга уринаётганлигини хаёлан тасаввур қилиб йўлида давом этарди.
Бундай фикрлардан Танабой ўзини ноқулай сезарди. «Демак, насиб бўлмаган экан-да», – ўйларди у ва дарё ортидаги сурма ранг олисликларга боқиб, дунёдаги ҳамма нарсани – ишни ҳам, колхозни ҳам, болаларининг кийим-кечакларини ҳам, дўст ва душманларини ҳам, неча-неча йиллардан бери гаплашишмай юрган ўгай акаси Қулибойни ҳам, хоҳламаса ҳам тушига кириб уни совуқ терга ботириб юборадиган урушни ҳам унутиб, ўзининг бутун борлиғини унутиб, қадимги ашулаларни куйлай бошларди. Отининг дарёни кечиб, нариги қирғоғига ўтиб яна йўлини давом эттираётганлигини ҳам сезмасди. Фақат саман йўрға йилқиларга яқинлашиб қолганлигини сезиб, қадамини тезлаштиргандагина у ўзига келарди.
– Т-р-р-р, Гулсари қаёққа шошиляпсан? – тизгинни тортарди Танабой эс-ҳушини йиғиб олиб.
V
Ҳар қалай ўша пайтларда Танабой ҳам, саман йўрға ҳам даврини суриб қолди. Учқур отнинг довруғи футболчининг довруғига ўхшаш бўлади. Кўча-кўйда копток тепиб юрган кечаги бола бирдан ҳамманинг арзандаси, билимдонларнинг оғзига тушади, оломоннинг завқ-шавқига сабаб бўлади. Дарвозага тўп киритиб юрган маҳалда унинг довруғи ошиб боради. Сўнг у аста-секин диққат марказидан туша бориб, кейинчалик бутунлай унутилади. Ҳаммадан ҳам ортиқ завқланган кишиларнинг ўзлари биринчи бўлиб уни эсларидан чиқаришади. Буюк футболчининг ўрнини бошқаси эгаллайди. Учқур от довруғининг қисмати ҳам шундай. Мусобақаларда ғолиб чиқаверар экан, унинг шуҳрати ошади. Ораларидаги фарқ шундаки, отлар ҳасад қилишни билмайди, одамлар эса, Худога шукур, отларга ҳасад қилишни ҳали ўрганганлари йўқ. Лекин гапнинг очиғи, ҳасад деган нарса ақлга сиғмайди. Шундай ҳодисалар бўлганки, ҳасадгўйлар одамга ёмонлик қилиш учун от туёғига мих қоқишган. Оҳ, бу машъум ҳасад! Ҳа, майли, қуриб кетсин...
Чол Тўрғайнинг каромати тўғри чиқди. Ўша баҳорда саман йўрғанинг бахт юлдузи порлади. Кекса-ю ёш ҳамма уни танирди: «Гулсари!», «Танабойнинг йўрғаси», «Овулнинг кўрки» деб тилга оларди.
Ҳали «р» ҳарфини айта олмайдиган жажжи болалар саман йўрғанинг елишига тақлид қилишиб кўчани чангитишиб чопишаркан: «Ман Гулсалиман... Йўқ, ман Гулсалиман... Ойи, айтгин, ман Гулсалиман-а... Чу-у, олға, ҳе-е-й-й, ман Гулсали», деб қичқиришарди.
Шуҳратнинг нималигини ва у қандай буюк қудратга эга эканлигини саман от ўзининг биринчи катта пойгасида билган эди. Бу 1 майда бўлганди.
Дарё ёқасидаги катта ўтлоқда ўтказилган митингдан сўнг сайл бошланди. Ҳар ёқдан сон-саноқсиз халойиқ йиғилди. Одамлар қўшни совхоздан, тоғлардан, ҳатто Қозоғистондан ҳам келишган эди. Қозоқлар ўз отларини қўйишди. Айтишларича, урушдан кейин ҳали бунақа катта байрам бўлмаган экан.
Эрталабданоқ, Танабой эгарлаётган, айил ва узангиларни диққат билан текшираётган пайтдаёқ, саман от эгасининг кўзлари ёнишидан ва қўлларининг қалтирашидан фавқулодда бир нарса бўлишини сезган эди. Хўжайини жуда ҳаяжонланарди.
– Ҳушёр бўл, Гулсари, уялтириб қўйма, – шивирлади у отнинг ёли ва пешонасини тараб. – Сен ўзингни шарманда қилишинг керакмас, эшитяпсанми! Бунга ҳаққимиз йўқ бизнинг, эшитяпсанми!
Одамларнинг овозлари ва югуриб-елишидан ҳам фавқулодда бир нима кутилаётганлиги сезиларди. Қўшни яйловларда йилқичилар отларини эгарлашарди. Болалар аллақачон отларга миниб олишганди, улар қийқириб атрофда чопиб юришарди. Кейин йилқичилар тўпланишди-да, ҳаммаси биргаликда дарё томон йўл олишди.
Гулсари ўтлоқда бунчалик кўп от ва одам йиғилганидан гангиб қолганди. Дарё, сув бўйидаги тепаликлар устида шовқин-сурон ҳукмрон эди. Ранг-баранг рўмол ва кўйлаклардан, қип қизил байроқлар ва аёлларнинг оппоқ лачакларидан кўзлар қамашарди. Отларга энг яхши абзаллар тақилган. Узангилар жаранглар, сувлиқлар ва отларнинг кўкракларига осиб қўйилган кумуш ўмилдириқлар шақирларди.
Чавандозлар остидаги отлар қаторда тоқатсизланиб депсинишар, жиловни юлқиб, туёқлари билан ер тепишарди. Ўртада чоллар – сайлни бошқарувчилар отларини гижинглатиб юришарди.
Гулсари ғайрат ва шижоати тобора ошиб, кучга тўлиб-тошиб бораётганлигини ҳис қиларди. Ичига гўё қанақадир оташин руҳ кириб олгандай, бундан қутулиш учун тезроқ даврага отилиб кириш, сўнг ўқдай учиб кетиш керак эди.
Бошқарувчилар даврага киришга ишора қилишгач, Танабой тизгинни бўшатди, от уни ўртага олиб кирди ва ҳали қаёққа қараб чопишни билмай айлана бошлади. Қатор оралари гувиллаб «Гулсари!» «Гулсари!» деган сўзлар эшитилди.
Катта пойгада қатнашишни истаганларнинг ҳаммаси даврага кирди. Элликка яқин чавандоз йиғилди.
– Халқдан фотиҳа олинг! – деди сайлнинг бош бошқарувчиси тантанали суратда.
Пешоналарини қаттиқ танғиб олган тақир бошли чавандозлар кафтларини очганларича қўлларини баланд кўтаришиб қатор бўйлаб юришди ва «О-ми-ин!» деган овоз у чеккасидан бу чеккасигача гуриллиб тарқалди, юзлаб қўллар пешоналарга кўтарилиб, кафтлар оқиб тушаётган сув оқими сингари юзларидан сирғалиб тушди.
Шундан сўнг чавандозлар бу ердан тўққиз чақирим наридаги пойга бошланадиган жойга отларини йўрттириб кетишди.
Бу орада даврада отсиз ва отлиқларнинг кураши, эгардан тортиб тушириш, чопиб ўтаётиб ердан тангани олиш ва бошқа мусобақа ўйинлари бошланди. Буларнинг ҳаммаси фақат катта ўйиннинг бошланиши эди, холос. Энг муҳими у ёқда, чавандозлар чопиб бораётган томонда бошланарди.
Гулсари йўлда қизишарди. У хўжайинининг нега жиловини қўйиб юбормаслигини тушунмасди. Атрофда бошқа отлар ҳам гижинглашар ва юлқинишар эди. Уларнинг кўплиги ва ҳаммаси чопишни хоҳлаётганлигидан саман йўрға асабийлашар ва тоқатсизланиб қалтирарди.
Ниҳоят, ҳамма стартга – пойга бошланадиган жойда бир қатор бўлиб тизилди, пойга боши сафдагиларнинг олдидан у чеккадан бу чеккага қадар чопиб ўтди-да, оқ рўмолчани кўтарди. Ҳамма сергакланиб қотиб қолди. Рўмолча силкинди. Отлар ирғиб жойларидан қўзғалишди, ғайрати тошган Гулсари ҳам ҳамма билан бирга олдинга ташланди. Сон-саноқсиз туёқлар остида ер гумбурлаб кетди, чанг-тўзон кўтарилди. Чавандозларнинг «ҳа, чуҳ, ҳа, чуҳ!»лари ва қийқириқлари остида отлар ўқдай учиб борардилар. Сакраб чопишни билмаган Гулсаригина елиб борарди. Унинг ожизлиги ҳам, қудрати ҳам шунда эди.
Дастлаб ҳаммаси ғуж бўлиб, бир неча дақиқадан кейин олдинма-кетин чопиб кетишди, Гулсари буни кўрмасди. Йўрға фақат чаққон-чопқир отларгина уни орқада қолдириб, олдинда чопиб кетаётганлигини кўрарди. Туёқлар остидан учиб чиққан иссиқ шағал ва кесак парчалари тумшуғига урилар, атрофда эса отлар чопишар, чавандозлар қичқиришар, қамчилар қарсиллар, чанг-тўзон кўтарилар эди. Чанг-тўзон булутга айланиб, ер узра учиб юрарди. Тер, чақмоқ тош ва босилиб эзилган явшоннинг кучли ҳиди келарди.
Деярли йўлнинг ярмига қадар шу аҳвол давом этди. Олдинда ўнтача от йўрға саман ета олмайдиган тезлик билан учиб борарди. Атрофда шовқин пасая бошлади, орқадагиларнинг сурони секин эшитилар, лекин олдинда бошқаларнинг кетаётганлиги, тизгинларини қўйиб юбормаганликлари унинг ғазабини қўзғатар эди. Кўз олди ғазаб ва шамолдан қоронғилашиб, йўл шиддат билан оёқлари остига орқага чопиб кетар, қуёш осмондан оловли коптокдай думалаб, у томон келар эди. Унинг бутун танасини иссиқ тер қоплар, саман йўрға қанчалик кўп терласа, шунчалик енгил тортиб борарди.
Чопқир отлар чарчаб, чопишлари борган сари секинлаша бошлади, саман йўрға эса эндигина кучга кираётганди. «Чуҳ, Гулсари, чуҳ!» – эгасининг овозини эшитарди у. Шундан сўнг қуёш у томонга яна ҳам тезроқ юмалаб кела бошлади. Қувиб етилган ва ортда қолдирилган чавандозларнинг ғазабдан бурушган юзлари, осмонга кўтарилган қамчилар, отларнинг иржайган оғизлари, хириллаб нафас олган тумшуқлари бирин-кетин кўзга чалина бошлади. Бирдан сувлиқ ва тизгинларнинг хукмронлиги йўқолди. Гулсари эгарнинг ҳам, чавандознинг ҳам борлигини сезмай қолди, у чопиш иштиёқи билан ёнар эди.
Ҳар қалай олдинда қўнғир ва малла ранг икки чопқир от ёнма-ён борарди. Иккаласи ҳам бир-бирларига бўш келишмай, чавандозларнинг қичқириқлари ва қамчилари зарби остида учишар эди. Булар кучли пойгачи отлар эди. Гулсари отларни анчадан кейин қувиб етди ва ниҳоят уларни йўлдаги баландликка кўтарилишда орқада қолдирди. У гўё катта бир тўлқиннинг қиррасига чиқиб олгандай тепаликнинг устига сакраб чиқди ва бир неча дақиқа вазнсиз ҳолатда ҳавода осилиб қолгандай бўлди. Нафаси қайтиб кетди, кўзларига қуёш яна ҳам ёрқиндан ёлқин сочди, у йўл бўйлаб пастга томон ўқдай тез учиб туша бошлади, лекин кўп ўтмай орқасидан қувиб етаётган туёқларнинг тақир-туқурини эшитди. Ўша қўнғир ва малла ранг икки от аламини олишмоқчи эди. Улар икки томондан деярли ёнма-ён келишиб, энди бир қадам ҳам ортда қолишмаётганди.
Улар учаласи каллаларини каллаларига тегизиб, бирга чопишарди. Гулсарига улар энди сира ҳам чопмай, қандайдир ғалати – ҳаракатсиз ва унсиз қотиб қолгандай туюларди. Ҳатто ёнларидагиларнинг кўзидаги ифодасини, уларнинг таранглашган тумшуқларини, тишланган сувлиқларини, юган ва тизгинларини кўриш мумкин эди. Қўнғир ранг от ғазаб ва қайсарлик билан қарарди, малла ранг эса ҳаяжонланар, ишончсизлик билан у ёқдан бу ёққа алангларди. Худди ана шуниси биринчи бўлиб ортда қола бошлади. Энг аввал унинг гуноҳкордай жовдираган кўзлари ғойиб бўлди, сўнг кенгайиб кетган тумшуғидаги бурун тешиклари орқада қолди, шундан кейин у бошқа кўринмади. Қўнғир от эса жуда қийинлик билан секин-аста орқада қола бошлади. У чопиб туриб секин таслим бўлаётганди, ожизликдан, қаҳр-ғазабдан унинг кўз қарашлари аста-секин хиралашиб борарди. У мағлубиятни тан олгиси келмай шу кўйда ортда қолиб кетди.
Рақиблар ортда қолганида нафас олиши ҳам осонлашгандай бўлди. Олдинда эса дарёнинг муюлиши кумушдек ялтираб, яшил ўтлоқ кўринмоқда ва олисдан одамларнинг қийқириқ, ҳайқириқлари эшитилмоқда эди. Энг учига чиққан ишқибозлар йўлда кутиб туришган экан. Улар «ҳа, чоп, ҳа, чоп! Бўш келма!» деб гиж-гижлашиб, ҳайқиришиб отларини чоптириб боришарди. Шунда саман йўрға бирдан чарчаганлигини сезиб қолди. Масофа ўз таъсирини кўрсата бошлади. Орқада нима бўлаётганлигини, уни қувиб етишяптими, йўқми, буни Гулсари билмасди. Чопиш ҳаддан ортиқ оғирлашиб, от ҳолсизланиб бормоқда эди.
Лекин ҳув олдинда кўп сонли оломон гувиллар ва тўлғанар, отлиқ ва пиёда кишилар пешво чиқиб, икки ёқдан оқиб келар, қичқириқлар борган сари кучаярди. Бирдан у: «Гулсари! Гулсари! Гулсари» деган овозларни аниқ эшитди. Бу ҳайқириқлар, нидолар, хитоблар билан тўлган ҳаводан нафас олаётган саман от янги куч билан олға интилди... Эҳ, одамлар, одамлар! Улар нималарнинг уддасидан чиқмайди дейсиз!
Гулсари шодлик суронлари ва қийқириқлар билан кутиб олаётганларнинг ораларидан ўтиб, қадамини секинлатди-да, ўтлоқни айланиб чиқди.
Аммо бу билан иш тамом бўлмади. Энди ўзининг ҳам, хўжайинининг ҳам ихтиёри қўлидан кетди. Саман йўрға бир оз нафасини ростлаб, тинчиб олганида халойиқ даврани катта очиб, ғолибларни қутлади: «Гулсари, Гулсари, Гулсари!» деган овозлар кўкка ўрлади. У билан бирга эса «Танабой! Танабой! Танабой!» деган ҳайқириқлар ҳам янграрди.
Одамлар саман йўрғага яна қандайдир мўъжизали куч билан таъсир қилишди. Мағрур югурук от бошини баланд кўтарганича, кўзларини чақнатиб саҳнага чиқди. Гулсари шуҳрат ҳавосидан маст бўлиб яна чопишга интилиб рақс туша бошлади. Ва бир ёнлаб қадам ташлади. У ўзининг чиройли, қудратли ва донғи чиққанини биларди.
Ғолиб Танабой қўлларини очиб халойиқ олдидан ўтди, яна бир оғиздан чиққан «О-мин!» сўзи янгради, тағин юзларча қўллар пешоналарга кўтарилиб, оқар сувларнинг ирмоқлари сингари юзлар устидан сирғалиб тушди.
Шунда саман йўрға кўп одамлар орасида бирдан таниш аёлни кўриб қолди. Гарчанд у бу гал қора рўмол эмас, оқ рўмол ўраган бўлса ҳам, фотиҳа учун қўлини юзига олиб борганида от уни дарров таниди. У оломоннинг биринчи қаторида бахтиёр ва шод-хуррам бўлиб турар, тезоқар тип-тиниқ сойлар тубидаги тошларга ўхшаб порлаб турувчи кўзларини улардан узмас эди. Унинг олдида бир оз туриш, хўжайини у билан гаплашиб олиши учун, пешонасида юлдузча бўлган ўша жийрон биянинг лабларига ўхшаш силлиқ ва меҳрибон қўллари билан ёлларини тараши, бўйнини силаб-сийпаши учун Гулсари одатдагидай аёл томон интилди. Лекин Танабой нима учундир жиловни бошқа томонга тортар, саман от бўлса хўжайинини тушунмай, турган жойида гир айланиб, тинмай аёл томон интиларди. Наҳотки хўжайини – ўзи албатта гаплашиб олиши лозим бўлган жувонни кўрмаётган бўлса?..
Иккинчи кун, яъни 2 май ҳам Гулсарининг куни бўлди. Бу гал туш пайтида чўл бағрида улоқ ўтказилди. Чўл яна қий-чув, қийқириқларга тўлди, ер яна ноғорадай тарақлади. Сон-саноқсиз отлиқ ишқибозлар қий-чув кўтаришиб улоқчилар атрофида гирдикапалак бўлиб чопиб юришарди. Яна Гулсари куннинг қаҳрамони бўлди. Лекин Танабой уни охирги ўйин – ким эпчил ва тезкор бўлса, улоқни ўша ўз овулига олиб кетишига рухсат бериладиган эркин оломон-пойгага сақлаб турарди. Оломон-пойгани ҳамма кутарди, чунки у мусобақанинг чўққиси эди, бунинг устига истаган чавандоз унда қатнаша оларди. Ҳар ким ҳам ўз бахтини синаб кўришни хоҳларди.
Май қуёши эса бу орада узоқда – қозоқ ерларида секин чўкмоқда эди. Баркашдай офтоб худди тухум сариғига ўхшарди. Қарасанг кўзинг қамашмасди.
Қирғизлар ва қозоқлар то кечгача от чоптириб, эгарларидан энгашиб, улоққа чанг солишар, уни бир-бирларидан юлқиб олишиб, гоҳ сурон кўтаришар, гоҳ ғуж бўлиб олишар, гоҳ қийқиришиб яна тарқалиб кетишарди.
Чўлдаги соялар узайганида қариялар ниҳоят оломон-пойгани бошлашга рухсат беришди. Улоқ ўртага ташланди: «Оломон!»
Ҳамма бирдан ташланиб, эчкини ердан кўтариб олишга уринди. Лекин ур-йиқит тўполонда уни олиш осон эмасди. Отлар телбаланиб гир айланишар, тишларини ғижирлатиб бир-бирларини тишлашар эди. Гулсари бу ур-йиқитда қийналар, кенг майдонга чиққиси келар, аммо Танабой улоқни ҳеч қўлга тушира олмас эди. Бирдан: «Ушла-а, қозоқлар олишди-и!» деган кучли овоз янгради. Отлар гирдобидан гимнастёркаси дабдала бўлган ёш қозоқ қутуриб кетган қора тўриқ отда отилиб чиқди. У тақимига улоқни қистириб, отни чоптирганича кетди.
– Ушла-а! Анави қора тўриқ! – ҳамма қичқирди, қувишга ташланиб. – Тезроқ, Танабой, фақат сен қувиб ета оласан!
Қора тўриқ отдаги қозоқ узангининг остида селкиллаб осилиб бораётган улоқ билан тўппа-тўғри қуёш қизариб ботаётган томонга кетиб борарди. Гўё яна бир оз чопса у ана шу алангаланаётган қуёшга учиб кириб, ўша ерда қизил тутун бўлиб эриб кетадигандай туюларди.
Гулсари Танабой нега жиловини тортиб бораётганини тушунмасди. Лекин унинг эгаси қозоқ йигит таъқиб қилиб бораётган сонсиз-саноқсиз чавандозлардан ажралиб олишини, унга ёрдамга ошиқаётган бир тўда уруғдошларидан узоқроқ кетишини кутиш кераклигини биларди. Улар тўриқ отни чопқир отлар билан ўраб олишса борми, қўлдан бой берилган ўлжани ҳеч қандай куч билан олиб бўлмасди.
Фақат яккама-якка курашдагина бирон муваффақиятга умид боғлаш мумкин эди.
Пайт пойлаб, Танабой саман йўрғанинг бошини қўйиб юборди. Гулсари қуёш нури остида ўзи томон югуриб келаётган ер устига учиб борарди, дукир-дукир овозлар ортда қолиб узоқлаша бошлади, қора тўриққача бўлган масофа эса қисқараверди. Қора тўриқ оғир юк билан чопиб борарди, уни қувиб етиш унча қийин эмасди. Танабой саман отни қора тўриқнинг ўнг томонига олиб ўтди. Отнинг ўнг биқинида чавандоз тақимига қистириб олган улоқ осилиб борарди. Мана, тенглаша бошлашди. Танабой эчкининг оёғидан ушлаб, тортиб олиш учун эгардан энгашди. Лекин қозоқ ўлжани чаққонлик билан ўнг томонидан чап томонига ошириб ўтказиб олди. Отлар эса ҳамон тўппа-тўғри қуёш томон елиб боришарди. Энди Танабой бир оз ортда қолиши ва чап бериб яна қувиб етиши керак эди. Саман йўрғани қора тўриқдан айириш қийин эди, лекин шундай бўлса-да, бунга эришиш мумкин бўлди. Дабдаласи чиққан гимнастёркали қозоқ улоқни яна бошқа томонга ўтказишга улгурди.
– Қойил! – завқ билан қичқириб юборди Танабой.
Отлар эса ҳамон қуёш томон елиб борарди.
Вақтни бой бериш керак эмасди. Танабой саман отни қора тўриқ айғирга ёндаштириб, қўшнисининг эгари қоши устига энгашди. Қозоқ йигит қутулишга уринди, лекин Танабой қўйиб юбормади. Йўрға отнинг чаққонлиги ва хипчалиги унга қора тўриқ айғирнинг бўйнига деярли ётиб олишга имкон берди. Шу тарзда у улоққа қўл чўзиб уни ўзи томон торта бошлади. Унга ўнг томондан ҳаракат қилиш осон эди, бунинг устига иккала қўли бўш эди. Мана, у эчкининг деярли ярмисини ўзига тортиб олди.
– Ўзингга эҳтиёт бўл, қозоқ биродар! – қичқирди Танабой.
– Бекор айтибсан, бермайман! – жавоб қилди у.
Шиддат билан чопиб бораётиб, улар от устида кураш бошлашди. Битта ўлжага ташланган бургутлардай улоққа маҳкам ёпишиб олишиб, бир-бирларига ўшқиришар, хириллашар ва бир-бирларини қўрқитиш учун йиртқичлардай ириллашар эди, қўллари бир-бирлариникига чирмашиб кетган, тирноқлари остидан қон сизиб оқарди. Чавандозлари яккама-якка курашаётганда тиқилишиб, ёнма-ён кётаётган отлар эса қирмизи қуёшни қувиб етиш учун шошилар, кўзлари қонга тўлганди.
Шундай мардона ўйинларни бизга қолдирган аждодларимизга офарин!
Улоқ энди уларнинг иккаласининг ўртасида эди, улоқ чопиб бораётган отлар ўртасида осилиб борарди. Улар индамай, тишларини тишларига қўйиб, бор кучларини ишга солиб улоқни тортишар, бир-биридан қутулиш ва четроққа чиқиб олиш учун иккаласи ҳам эчкини тақимга босишга уринарди. Қозоқ бақувват эди. Қўллари катта, серпай, бунинг устига Танабойдан анча ёш эди. Лекин тажриба – зўр нарса. Танабой ўнг оёғини тўсатдан узангидан бўшатиб олди-да, уни қора тўриқ айғирнинг биқинига тираб олди. Улоқни ўзига тортиб, айни пайтда оёғи билан рақибининг отини итараётганди. Қозоқнинг панжаси аста-секин очила бошлади.
– Ўзингни тут! – уни огоҳлантиришга улгурди енгилган қозоқ.
Кучли силтовдан Танабойнинг эгардан учиб тушишига сал қолди. Лекин ўзини тутиб олди. Шодлигидан қийқириб юборди. Саман отни бирдан кескин бурди-да, ҳалол курашда қўлга киритилган ўлжани тақимга босиб қоча бошлади. Унга томон эса бир гала чавандозлар бақириб-чақириб чопиб келаётганди:
– Гулсари! Гулсари олди!
Қозоқлар тўдаланишиб, унинг йўлини тўсишга ташланишди,
– Ўй-бай, ушла, Танабойни тут!
Энди энг муҳими – ушлаб олишларидан қутулиш ва овулдошларининг қуршовига тезроқ ўтиш эди.
Танабой тутиб олмоқчи бўлган кишилардан ўзини четга тортиб саман отни яна бирдан кескин буради. «Балли, Гулсари, раҳмат сенга, ақлли саманим!» – деб миннатдор бўларди у йўрғадан. Йўрға ўз эгаси танасининг салгина эгилишини ҳам пайқаб, гоҳ у, гоҳ бу томонга бурилиб, қувиб борувчи рақибларидан эпчиллик билан қутуларди.
Йўрға от деярли ер бағирлаб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа бурилиб қийин аҳволдан қутулиб, ўқдай чопиб кетди. Бу орада Танабойнинг овулдошлари ҳам етиб келишди, икки тарафдан, орқадан уни ўраб олишди ва ҳаммаси биргалашиб зич тўда бўлиб қочиб қолишди. Лекин қуваётганлар яна олдиларидан чиқиб қолишди. Тағин бурилиб қочишга тўғри келди. Гоҳ у, гоҳ бу қанотга ташланиб учувчи тез учар қушлар галаси сингари, кенг чўл бўйлаб қочувчилар ва уларни қувувчи чавандозлар галаси учиб борарди. Ҳавони чанг-тўзон қоплаганди. Овозлар жаранглар, кимдир оти билан бирга йиқилар, кимдир ўмбалоқ ошиб тушар, кимдир оқсоқланиб ўз отини қуварди, лекин ҳаммани мусобақанинг завқ-шавқи қамраб олган эди. Ўйинда ҳеч ким жавобгар эмас. Таваккалчининг ва довюракликнинг онаси битта...
* * *
Ботиб бораётган қуёшнинг бир чеккасигина кўриниб турарди, қош қорайиб қолган. Ерни ларзага келтираётган оломон-пойга эса мовий оқшомнинг салқинида ҳамон давом этарди. Энди ҳеч ким қичқирмас, ҳеч ким ҳеч кимни таъқиб этмас, лекин ҳамма қизғин ҳаракатдан маст бўлиб чопишда давом этарди. Чўзилиб бораётган чавандозлар оқими тўлқин каби чопиш ритми ва куйига берилиб тепаликдан тепаликка кўчиб юрарди.
Чавандозларнинг юзларидаги жиддийлик ва уларнинг камгаплиги шунданмикин, қозоқлар дўмбираси ва қирғизлар қўбизининг жарангдор овозини шулар туғдирмадимикин!..
Дарёга яқинлашиб қолишганди. У олдиндаги қуюқ чангалзорлар ортида хира йилтилларди. Яна озроқ қолганди. Дарёнинг нариги бетида ўйин тугайди, у ёғи эса овул. Танабой ва уни қуршаб олганлар бир тўда бўлиб чопишарди. Гулсарини гўё бош кемадай ўртада қўриқлаб боришарди.
Лекин у чарчаган, жуда чарчаган эди – кун ҳаддан ортиқ оғир бўлди. Саман йўрға ҳолдан тойди. Икки ёнбошида чопиб бораётган йигит унинг сувлиғидан тортишиб отни йиқилгани қўйишмасди. Қолганлари Танабойни орқадан ва ён тарафдан қўриқлаб чопишарди. У бўлса эгарнинг олдига ташланган улоқ устига кўкрагини босиб ётарди. Танабойнинг боши чайқалар, ўзи бўлса эгар устида зўрға ўтирарди. Ёнида қўлтиқлаб бораётган чавандозлар бўлмаганида эди, ўзининг ҳам, йўрғанинг ҳам қўзғалишга ҳоли келмаган бўларди. Илгарилари, эҳтимол, ўлжани олиб шундай қочишгандир, балки, ярадор ботирни асирликдан шундай қутқаришгандир...
Мана дарё, мана ўтлоқ, шағал тошли кенг кечув. Қоронғи тушса ҳам ҳозирча у кўриниб турарди.
Чавандозлар чопишдан тўхтамай сувга отилиб киришди. Тақаларнинг қулоқларни кар қилгудай тақир-туқури остида сувни сачратиб, йўрға отни нариги қирғоққа олиб чиқишди. Оломон-пойга тамом бўлган эди! Ғалаба!
Кимдир Танабойнинг эгаридан улоқни олиб, овулга чопиб кетди.
Қозоқлар дарёнинг нариги бетида қолишди.
– Биз билан улоқ чопишганингиз учун раҳмат сизларга! – қичқиришди уларга қирғизлар.
– Соғ бўлинглар! Кузда яна учрашамиз! – жавоб беришди қозоқлар ва отларини орқага буришди.
* * *
Қоронғилик тушган, Танабой меҳмондорчиликда ўтирарди, саман йўрға эса бошқа отлар билан бирга ҳовлида боғлоғлиқ турарди. Минишга ўргатилган биринчи кунни ҳисобга олмаганда, Гулсари ҳеч қачон бунчалик чарчамаганди. Лекин ўша пайтда у ҳозиргига нисбатан нозиккина ниҳол эди. Уйда у ҳақда сўз борарди:
– Танабой, Гулсари учун қадаҳ кўтарайлик: агар у бўлмаса, бугун биз ғалабага эриша олмасдик.
– Ҳа, қора тўриқ айғир арслондай бақувват. Анави йигит ҳам кучли. Унинг истиқболи порлоқ.
– Рост гап! Гулсарининг ўзини тутқизмаслик учун ер бағирлаб чопиши ҳали ҳам кўз ўнгимда. Ҳаяжонимдан нафасим қайтиб кетай деди қараб туриб.
– Нимасини айтасан. Илгари замонларда ботирлар бундай отда жангга киришарди. От эмас бу дулдул!
– Танабой, қачон уни бияларга қўймоқчисан?
– Э-э, у ҳозир ҳам бияларни қувлаб юрибди, лекин ҳали эрта деб ўйлайман. Келгуси баҳорда эса айни вақти бўлади. Эт олиши учун куздан ўз ҳолига қўйиб бераман...
Кайфи ошиб қолган одамлар оломон-пойганинг тафсилотлари ва саман йўрғанинг хислатлари тўғрисида гапиришиб узоқ ўтириб қолишди. Гулсари бўлса тери қотиб, сувлиқни чайнаб ҳовлида турарди. У тонгга қадар оч ҳолда қантариқлиқ туриши керак эди. Лекин уни қийнаётган очлик эмасди. Елкалари зирқираб оғрир, оёқлари ҳам гўё ўзиники эмасдай, туёқлари қизишиб ёнарди, калласи эса ҳамон оломон-пойганинг шовқин-суронидан гаранг. Қийқириқлар, бақириқлар ҳали ҳам унинг қулоғидан кетмасди, вақти-вақти билан у чўчиб тушар ва пишқириб қулоқларини чимирарди. Майса-ўт устида ағанаб ётгиси, бир силкиниб олгач, яйловда отлар орасида ўтлаб юргиси келарди. Лекин хўжайини узоқ ўтириб қолди.
Кўп ўтмай хўжайини қоронғиликда сал-пал гандираклаб чиқиб келди. Ундан қандайдир кучли, ўткир ҳид анқирди. У аҳён-аҳёндагина бунақа ҳолатга тушарди. Орадан бир йил ўтгач, саман йўрға доим мана шунақа ҳиди анқиб турадиган одам қўлига тушиб қолади. Шунда у ўша одамдан ҳам, манави ифлос ҳиддан ҳам нафратланади.
Танабой саман отнинг ёнига келди, яғринини силаб-сийпади, терликнинг остига қўлини суқиб кўрди:
– Бир оз совудинг шекилли? Чарчадингми? Мен ҳам ўлгудай чарчадим. Лекин бунақа ўқрайиб қарама менга, ахир ичсам сенинг соғлиғингга ичдим-да, байрам. Шунда ҳам қиттак ичдим. Мен ўз ўлчовимни биламан, сен буни ҳисобга ол. Урушда ҳам меъёрини билганман. Қўй, Гулсари, бунақа ўқрайиб қарама. Ҳозир яйловга кетамиз, дам оламиз...
Хўжайин айилларни қисиб тортди, уйдан чиққан одамлар билан бир оз гаплашиб турди, ҳаммалари отларга минишиб, тарқалиб кетишди.
Танабой овулнинг уйқуга кетган кўчалари бўйлаб борарди. Атроф жимжит, Деразалар қоп-қоронғи. Далада эшитилар-эшитилмас трактор тарилларди. Тоғлар устида ой турар, боғларда гуллаган олмалар оқариб кўринарди, қаердадир булбул сайрарди. Нима учундир бутун овулда биргина булбул бор. У ўзи сайраб, ўзи тинглар, кейин жимиб қолар, сўнг яна чаҳчаҳлай бошларди. Танабой саман йўрғани тўхтатиб турди. – Бирам чиройли, – деди у овоз чиқариб. – Мунчаям жимжит-а! Фақат булбулгина сайрамоқда. Тушуняпсанми, Гулсари, а? Қаёқдан тушунардинг. Сен йилқиларнинг олдига боришинг керак, мен бўлсам...
Улар темирчилик устахонасидан ўтиб кетишди, бу ерда энг чеккадаги кўча билан юриб дарёга чиқишлари, ундан кейин эса йилқилар подасига боришлари керак эди. Лекин хўжайини нима учундир от бошини бошқа томонга, ўртадаги кўчага бурди, унинг охирида, ўша жувон яшайдиган ҳовли ёнида тўхтади. Кўпинча қизча билан бирга чопиб юрадиган лайча югуриб чиқди, бир оз вовиллади-да, думини ликиллатиб тинчиб қолди. Хўжайини эгар устида жим ўтирар, ниманидир ўйларди, сўнг бир хўрсинди-да, жиловни истар-истамас силтади.
Йўрға илгарилаб кетди. Танабой дарё томон пастга бурди ва йўлга чиқиб олганидан сўнг отини ҳайдади. Гулсарининг ўзи ҳам яйловга тезроқ етиб олгиси келарди. Улар ўтлоқ билан кетишди. Мана, дарёга ҳам етишди, қирғоқда тақалари тошга урилиб тарақлай бошлади. Сув муздай, шовиллар эди. Сувнинг қоқ ўртасига келганларида хўжайин жиловини қаттиқ тортиб, отни кескин орқага бурди. Гулсари хўжайинини адашгандир, деб ўйлаб бошини чайқади. Улар орқаларига қайтишлари керак эмасди. Ҳа-деб юраверадими? Лекин хўжайини унинг биқинига қамчи билан туширди. Гулсари уришларини ёқтирмасди. У сувлиғини асабий чайнаб хўжайинига истар-истамас бўйсунди ва орқасига бурилди. Яна ўтлоқ орқали, ўша йўл билан, ўша ҳовли томон жўнашди.
Уй олдига келганларида хўжайини эгар устида яна қимирлай бошлади. Сувлиқни гоҳ у ёққа-гоҳ бу ёққа тортар, унинг нима қилмоқчилигини тушуниб бўлмасди. Дарвоза олдида тўхташди. Сирасини айгганда, дарвозанинг ўзи йўқ эди. Ундан фақат қийшайган устунларигина қолганди. Яна лайча чопиб чиқди. Бир оз вовиллади-да, думини ликиллатиб тинчиб қолди. Ҳовли тип-тинч ва қоп-қоронғи эди. Танабой эгардан тушиб, йўрғани жиловидан ушлаганича етаклаб ҳовлига кирди, деразага яқинлашиб бориб ойнани тақиллатди.
– Ким у? – овоз чиқди ичкаридан.
– Мен, Бибижон, оч, эшитяпсанми, менман!..
Уйда чироқ ёнди ва деразалар хира ёришди.
– Сенга нима бўлди? Бемаҳалда қаёқдан келяпсан? – эшик олдида Бибижон пайдо бўлди. У ёқаси очиқ оқ кўйлакда, қоп-қора сочлари елкасига тушган эди. Ундан баданнинг илиқ ҳиди ва нотаниш ўтнинг ғалати иси келарди.
– Кечир, – секин гапирди Танабой. – Оломон-пойгадан кеч қайтдик. Чарчадим. Отнинг ҳам тинкаси қуриган. Уни қантариб қўйиш керак, ўзинг биласан, яйлов узоқда.
Бибижон индамади.
Унинг кўзлари ойдинда сув тубида ялтираб кўринган тошлар сингари ялт этиб ёнди-ю, яна сўнди. Саман йўрға жувоннинг унга яқин келишини ва бўйнини силаб-сийпашини кутарди, лекин у бундай қилмади.
– Совуқ, – елкалари қалтираб кетди Бибижоннинг. – Нега турибсан? Ундай бўлса, кир. Эҳ, ўйлаб топганингни қара, – секин кулди у. – Сен бу ерда от устида типирчилаб турганингда мен ҳам бўларимча бўлдим. Болага ўхшайсан.
– Мен ҳозир. Отни боғлай.
– Ҳув анави ерга, девор ёнидаги бурчакка боғлаб қўя қол.
Хўжайиннинг қўллари ҳеч қачон бунчалик қалтирамаганди. У сувлиқни чиқаришга шошилар, айилларни дарров бўшата олмасди. Айилнинг бирини бир оз бўшатди, иккинчисини эса эсдан чиқариб қўйди.
У жувон билан бирга кириб кетди, кўп ўтмай деразалардаги чироқ ўчди.
Бегона ҳовлида туриш саман отга ғалати туюларди.
Ой бор нурини сочарди. Гулсари девордан кўзини ошириб қараб, осмонга бўй чўзган, оқимтир-кўкиш шуълага чайиб олинган тунги тоғларни кўрди. У қулоқларини диккайтириб тингларди. Ариқда сув шилдирарди. Узоқ далалада ҳамон ўша трактор тариллар, боғларда эса ҳали ҳам ўша ёлғиз булбул сайрарди.
Қўшни олма дарахти бутоқларидан оппоқ гул барглар тўкилиб, отнинг калласи ва ёлига секин қўнарди.
Тун ёришиб борарди. Саман от тик туриб, танасининг оғирлигини гоҳ у оёғига, гоҳ бу оёғига солар, тик туриб хўжайинини сабр-тоқат билан кутар эди. Тунларни тонгга улаб, ҳали яна кўп марта бу ерда туришини билмасди у.
Танабой азонда уйдан чиқди, илиқ қўллари билан Гулсарининг оғзига сувлиқ сола бошлади. Энди унинг қўлларидан ҳам нотаниш ўтнинг ўша ғалати ҳиди келарди.
Бибижон Танабойни кузатишга чиқди. Унинг пинжига суқилди, Танабой ундан узоқ бўса олди.
– Мўйловинг санчиб олди, – шивирлади у. – Шошилиш керак, қара, ёришиб қолди. – У кетмоқчи бўлиб ўгирилди.
– Биби, бу ёққа кел – чақирди уни Танабой. – Менга қара, буни бир силаб-сийпаб қўй, эркала, – имо қилди у саман йўрғага қараб. – Бизни хафа қилма сен!
– Вой, эсимдан ҳам чиқибди-я, – кулиб юборди у. – Буни қара, устини олма гули қоплабди. – У ширин сўзларни айтиб туриб, пешонасида юлдуз қашқаси бор ҳув анави тўриқ биячанинг лаблари сингари силлиқ ва ёқимли ажойиб қўллари билан отни силаб-сийпай бошлади.
Дарёдан ўтгач, хўжайин ўлан айта бошлади. Унинг қўшиғи остида қадам ташлаш унга ёқар, шунда яйловдаги подага тезроқ етиб олишга ошиқар эди.
Бу май тунларида Танабойнинг омади келди. Подани тунда боқиш навбати унга келганди. Саман йўрға учун янги ҳаёт бошланди. Кундузи у ўтлаб юрарди, дам оларди, тунда эса хўжайини йилқиларни пастқам ерга ҳайдаб, уни миниб яна ўша ҳовли томон ҳайдарди. Тонг ғира-ширасида улар гўё от ўғриларидай чўлнинг камқатнов сўқмоқларидан юришиб, пастқамликдан отлар томон шошилишарди. Бу ерда хўжайини йилқиларни бир жойга йиғиб, қайта-қайта санаб чиқар ва охири кўнгли тинчирди. Саман йўрғага қийин бўлди. Хўжайиннинг бир оёғи у ёқда, бир оёғи бу ёқда эди. Тунлари эса йўлсиз жойлардан чопиб юриш осон эмасди. Лекин хўжайиннинг иродаси шу эди.
Гулсарининг эрки ўзида бўлса, у уюрдан сира ҳам ажралмасди. Унда айғирлик аломатлари пайдо бўлаётганди. Ҳозирча у тўдадаги айғир билан чиқишиб, муроса қилиб юрганди. Лекин иккаласи ҳам битта бияга айланишиб, дам-бадам тўқнашадиган бўлиб қолишди. У бўйнини тик кўтариб, думини хода қилиб йилқилар олдида тез-тез ўзини кўз-кўз қилиб юрадиган бўлиб қолди. Қаттиқ кишнар, аччиғланар, бияларни сонидан аста тишлар эди. Бу эса уларга ёқса керак, уюр айғирининг рашкини келтириб Гулсарига суйкалишарди. Саман йўрға роса адабини ерди – айғир қари, раҳмсиз ва уришқоқ эди. Лекин тун бўйи ҳовлида туришдан кўра безовталаниб, тўда айғиридан қочиб юриш яхши эди. Бу ерда – ҳовлида у бияларни соғинар, анчагача типирчилаб турар, ер тепинар, кейин ювошланиб қоларди. Агар анави ҳодиса бўлмаганида, ким билсин, бу “тунги сафарлар” қанчагача давом этарди...
Ўша тунда саман йўрға уюрни қўмсаб, эгасини кутиб, одатдагидек ҳовлида турарди, бир оз мудрай бошлаганди ҳам. У том тўсинига қантарилиб қўйилганди. Бу – ётишига йўл қўймасди: ҳар гал мудраб боши тушиб кетганда сувлиғи оғзига қаттиқ ботарди. Шундай бўлса ҳам уйқу босарди. Ҳаво қандайдир оғир бўлиб, қоп-қора булутлар осмонни қоплаб олганди.
Гулсари мудраб туриб, уйқу аралаш дарахтларни гўё тўсатдан қандайдир бир куч қулатмоқчи бўлгандай силкитаётганини, улар шовиллаб кетганини пайқаб қолди. Шамол гувиллаб, сигир соғадиган бўш челакни тарақлатиб ҳовлида юмалатиб, арқондаги кийим-кечакларни юлиб-юлқиб учириб кетарди. Лайча қаёққа яширинишини билмай типирчилаб ғингший бошлади. Йўрға жаҳл билан пишқирди, қулоқларини диккайтириб қотиб қолди. У бошини девордан ошириб чўл томонга қаради, у ердан, зулмат ичидан қандайдир даҳшатли нарса гувиллаб яқинлашиб келаётган эди. Бир зумдан сўнг худди дарахт қулагандай тарақ-туруқлаб кетди. Момақалдироқ гулдуради, чақмоқлар булутларни қайчилади. Шариллаб ёмғир қуйди. Саман йўрға қамчи егандай жиловини узмоқчи бўлди ва уюри учун даҳшатга тушиб, жон-жаҳди билан кишнаб юборди. Унда ўз уруғини хавфдан сақлашдек азалий савқи табиий уйғонган. От эс-ҳушини йўқотиб сувлиқ, жилов, айил, қил арқондан – уни бу ерда маҳкам ушлаб турган ҳамма нарсадан қутулиш учун исён кўтарди. У ҳар ёққа ташланиб, туёқлари билан ерни қазий бошлади ва йилқилар садо эшитиш умидида тинимсиз кишнашга киришди. Аммо фақат бўронгина ҳуштак чалар ва увилларди. Оҳ, у боғлоғлиқ жойидан бўшай олганда эди!..
Хўжайини ички оқ кўйлакда отилиб чиқди, унинг ортидан аёл кўринди, у ҳам оппоқ кўйлакда эди. Улар ёмғир остида бир пастда қорайиб кетишди. Чақмоқ уларнинг ҳўл юзлари ва қўрқув босган кўзларига нур сочиб, қоронғиликдаги уйнинг бир қисмини унинг шамолда очилиб-ёпилиб турган эшигини ҳам ёритди.
– Тўхта! Тўхта! – ечиб олишга уриниб отга бақирди Танабой. Лекин от энди унга бўйсунмасди. Саман от хўжайинига йиртқичлардай ташланди, туёқлари билан деворни қулатди, чилвирни узиш учун тинмай юлқинарди. Танабой деворга қапишиб унинг ёнига писиб борди, қўллари билан бошини беркитиб олдинга ташланди ва жиловга осилиб қолди.
– Тезроқ еч! – қичқирди у жувонга.
Аёл чилвирни энди ечган ҳам эдики, йўрға икки олд оёғини олдинга кўтариб, Танабойни ҳовли бўйлаб судраб кетди.
– Қамчини бер, тезроқ!
Бибижон қамчини келтиргани югуриб кетди.
– Тўхта, тўхта, ўлдираман! – қичқирарди Танабой отнинг тумшуғига қамчи билан савалаб. У эгарга ўтириб олиши, ҳозирнинг ўзидаёқ йилқилар олдига етиб бориши лозим эди. У ёқда нима бўлаётганикин? Довул отларни қаёқларга ҳайдаб кетдийкин?
Лекин саман йўрға ҳам йилқилар олдида бўлиши керак эди. Ҳозирнинг ўзидаёқ, қудратли савқи табиий уни чорлаётган мана шу дамдаёқ етиб бориши лозим. Шунинг учун ҳам у кишнар ва оёқларини тик кўтарар, шунинг учун ҳам у бу ердан тезроқ кетишга шошиларди.
Ёмғир эса челаклаб қуярди, чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлаб, ерни ларзага келтирарди.
– Ушла! – буюрди Танабой Бибижонга.
Жувон жиловни ушлаб олганида у эгарга сакради. У ўтиришга ҳали улгурмасданоқ, отнинг ёлидан ушлаб олиши билан, Гулсари жувонни туртиб, ағанатиб юборди-да, ҳовлидан отилиб чиқиб кетди.
Гулсари энди на сувлиққа, на қамчига, на овозга бўйсунмай, табиий сезгиси билангина йўлни пайқаб, бўронли тунда шатирлатиб ёғаётган жала остида учиб борарди. У энди ўз ҳукмини йўқотган хўжайинини қайнаб-тошиб оқаётган сой ўртасидан сувнинг шовиллаши ва момақалдироқнинг гулдур-гулдури остида, бутазорлар орасидан, сойликлар, жарликлардан олиб ўтди, шиддат билан олға томон чопгани-чопган эди. Гулсари ҳеч қачон, на катта улоқда, на оломон-пойгада ўша довулли кечадигидек чопмаганди.
Қутурган саман йўрға қаёққа, қандай қилиб олиб кетаётганини Танабой билмасди. Ёмғир юзи ва баданларини куйдираётган кучли оловдай туюларди унга. Унинг миясини фақат биргина фикр ўяр эди: «Йилқиларга нима бўлдийкин? Отлар ҳозир қаерда экан? Темир йўл томонга қочиб кетишларидан Худо асрасин. Поезд ҳалокати! Ўзинг паноҳингда сақла. Ўзинг қўллаб-қувватла, Худо! Ёрдам бер.
Йиқилиб тушма Гулсари, йиқилиб тушма! Чўлга олиб чиқ, ўша ёққа, ўша ёққа, йилқиларга олиб бор!»
Чўлда эса оқ ёлқини билан зулматда кўзни қамаштириб чақмоқлар гоҳ у, гоҳ бу ерда чақнаб туради. Сўнг яна атрофни зулмат қоплар, момақалдироқ гумбурлар, шамол аралаш ёмғир ёғарди.
Гоҳ ёришар, гоҳ қоронғилашар, гоҳ ёришар, гоҳ қоронғилашар эди...
Йўрға олдинги оёқларини баландга тик кўтарар ва оғзини катта очиб кишнар эди. У чақирар, у чорлар, у излар, у кутарди. «Қайдасиз? Қайдасиз? Жавоб қайтаринг!» Унга жавобан осмон гумбурлар, сўнг яна чопиш, яна излаш, яна бўронга қарши югуриш.
Ҳаво гоҳ ёришар, гоҳ қоронғилашар, гоҳ ёришар, гоҳ қоронғилашар эди...
Бўрон фақат тонгга бориб тинди. Булутлар бирин-кетин аста тарқалишди, лекин шарқда момақалдироқ ҳали ҳам тинмасди, осмон гумбурлар, қарсиллар, момақалдироқлар бир-бирига қўшилиб кетар эди. Эзилиб кетган ердан буғ кўтариларди.
Бир неча йилқичи тарқалиб кегган отларни тўплаб, теварак-атрофда изғиб юришарди.
Танабойни эса хотини излаб юрарди. Тўғрироғи, кутиб ўтирарди. У тундаёқ қўшнилари билан бирга отга миниб, эрига ёрдам учун чопганди. Улар йилқиларни топишди, жарликда ушлаб қолишди. Лекин Танабой йўқ эди. Адашиб қолгандир, деб ўйлашди. Аммо у эрининг адашмаганлигини биларди. Шунинг учун қўшниларининг ўғли: «Ҳув ана, эрингиз, Жайдар опа, ҳув ана келяпти!» деб қувониб қичқириб, у томон отини чоптириб кетганида, Жайдар жойидан қўзғалмади. Дайди эрининг қандай қайтиб келаётганлигига от устида жимгина қараб турарди.
Танабой бир туннинг ичида ориқлаб кетган саман отни миниб жиққа ҳўл ички кўйлакда қўрқинчли ҳолатда жимгина келарди, Гулсари ўнг оёғига оқсарди.
– Биз бўлсак сизни қидириб юрибмиз! – қувониб хабар қилди унинг олдига чопиб борган йигитча, – Жайдар опа энди ташвишлана бошлаганди...
Эҳ, болакай, болакай...
– Адашиб қолдим,– тўнғиллади Танабой. Эр-хотин шу тарзда учрашишди. Бир бирига ҳеч нарса дейишмади. Йигитча жарликдаги йилқиларни ҳайдаш учун узоқлашганида хотини секин деди:
– Бу нимаси, ҳатто кийинишга ҳам улгурмабсан. Яхшиямки, иштонинг билан этикларинг бор. Уятмасми? Ахир энди ёш эмассан-ку. Ана, болаларннг яқинда улғайиб қолишади, сен бўлсанг...
Танабой миқ этмасди. Нима ҳам десин? Бу орада йигитча йилқиларни ҳайдаб келди. Ҳамма отлар ва тойлар соғ-саломат эди.
– Уйга кетдик, Олтивой, – йигитчани чақирди Жайдар. – Бугун сизларнинг ҳам, бизларнинг ҳам бир дунё ишимиз бор. Шамол ўтовларимизни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Юр, йиғиштириб олайлик.
Танабойга бўлса секин деди:
– Сен шу ерда тура тур. Сенга овқат, кийим-кечак келтираман. Одамларнинг кўзига қандай кўринасан бу аҳволда?
– Ҳув анави ерда, пастда бўламан, – деб ишора қилди Танабой.
Улар жўнаб қолишди. Танабой йилқиларни яйловга ҳайдаб кетди. Узоқ ҳайдади. Офтоб ёйилиб кун илиди. Чўл буғланиб жонланди. Ёмғир ва кўкатларнинг ҳиди анқий бошлади.
Отлар баланд-пастликлардан, жарликлардан шошилмай лўкиллаб, сайҳонликка чиқишди. Бу ерда Танабой кўзи олдида гўё бошқа бир олам очилгандай бўлди. Узоқ-узоқларда уфқ оқ булутларга бурканганди. Осмон чексиз, баланд ва тип-тиниқ. Бу ердан жуда узоқда, чўлда поезд тутун таратиб кетарди.
Танабой отдан тушиб, ўт-ўланлар устидан юриб кетди. Ёнгинасидан тўрғай «пирр» этиб учди-да, баландга кўтарилиб сайрай кетди. Танабой бошини қуйи солиб борарди, тўсатдан ерга гупиллаб думалаб тушди.
Гулсари хўжайинини ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмаганди. У юз тубан ётар, елкалари йиғидан қалт-қалт қиларди. У номус ва аламдан йиғларди, умрида сўнгги бор эришган бахтидан айрилганини биларди у. Тўрғай бўлса ҳамон сайрарди...
Эртасига йилқилар тоғлар томон йўл олишди – энди улар бу ерларга фақат келгуси йили эрта баҳорда қайтишлари керак эди. Кўчманчилар дарё бўйлаб овул яқинидаги сизот пичанзорлардан ўтиб боришарди. Қўй-қўзилар, сигирлар, йилқилар ўтиб борарди. Юк ортилган туялар ва отлар ўтиб борар, эгарларида аёллар ва болалар ўтиришарди. Пахмоқ итлар чопишарди. Ҳавони ҳар хил овозлар: бақириқлар, кишнашлар, маърашлар ларзага келтирган эди.
Танабой ўз йилқиларини кенг ўтлоқдан, кейин яқиндагина байрамда халойиқнинг ғала-ғовури, шовқин-сурони ҳукм сурган тепаликдан ҳайдаб борар ва овул томонга қарамасликка ҳаракат қиларди. Гулсари бир маҳал тўсатдан чеккадаги ҳовли томон қайрилганида, бу қилиғи учун қамчи еди. Шундай қилиб, улар манглайида юлдузи бор ўша тўриқ байталчанинг лаблари сингари силлиқ ва меҳрибон қўлли жувоннинг ҳовлисига киришмади.
Йилқилар бараварига чопиб боришарди.
Саман йўрға хўжайинининг ўлан айтишини истарди, лекин у миқ этмасди. Овул ортда қолди. Хайр, овул. Олдинда тоғлар. Келгуси баҳоргача хайр, чўл. Олдинда тоғлар.
VI
Тун яримлаб қолганди. Бундан бу ёғига Гулсари ортиқ юра олмасди. У бу ерга, жарликка қадар неча марталаб тўхтаб-тўхтаб бир амаллаб юриб келди, лекин жарликдан ўтишга энди мажоли етмасди. Отдан бундан ортиқ талаб қилиш мумкин эмаслигини кекса Танабой тушунди. Гулсари азобланиб инграр, одам каби инграр эди. У ёта бошлаганида Танабой халақит бермади.
Совуқ ерда ётганида ҳам саман от калласини у ёқдан-бу ёққа тебратиб инграшдан тўхтамасди. У совқотганди, бутун танаси қалтирарди. Танабой устидан пўстинини ечди ва уни отнинг белига ёпиб қўйди.
– Нима бўлди, аҳволинг ёмонми? Жуда ёмонми? Совқотдингми, Гулсари? Сен ахир ҳеч қачон совқотмасдинг-ку.
Танабой яна алланима деб ғулдуради, лекин саман йўрға энди ҳеч нарсани эшитмасди. Унинг юраги гўё йилқилар ўзларини таъқиб қилаётганлардан даҳшатга тушиб қочаётгандай, гум-гуп, гум-гуп, гум-гуп этиб нақ қулоғининг остида тартибсиз урарди.
Тоғлар ортидан ой кўтарилди, туман ичида осмонда осилиб қолди... Юлдузлар товушсиз учар ва сўнар эди.
– Сен шу ерда ёта тур, мен бориб қоврай териб келай, – деди чол.
У бултурги қуриган ўтларни йиғиб, атрофда узоқ дайдиб юрди. Бир қучоғини тергунича қўлларини тиканлар тирнаб кетди. Кейин, ҳар эҳтимолга қарши, қўлида пичоқ тутиб жарликка тушди ва бу ерда юлғунга дуч келди.
У чинакам гулхан қалайдиган бўлдик, деб қувониб кетди.
Гулсари яқинида ёнаётган оловдан доим қўрқарди. Ҳозир эса қўрқмади, ёнидан иссиқ ва дуд уриб турарди. Танабой қоп устида индамай ўтирар, гулханга гоҳ юлғун, гоҳ бурган ташлаб, оловдан кўз узмай қўлларини иситарди. Баъзан ўрнидан туриб, от устига ташланган пўстинини тузатиб қўяр ва яна олов ёнига ўтирарди.
Гулсари исиниб олди, қалтираши тўхтади, аммо кўз олди қоронғилашар, кўкраги қисилар, нафас олишга ҳаво етишмасди. Шамолда олов гоҳ пасаяр, гоҳ кучаярди. Қаршисида ўтирган, узоқ вақтдан бери унинг хўжайини бўлиб келган чол гоҳ ғойиб бўлар, гоҳ пайдо бўларди. Алаҳсираётган саман отга гўё у эгаси билан бирга бўронли тунда чопиб бораётгандай, оёқларини тикка кўтариб кишнаётгандай, йилқиларни қидираётгандай, аммо улар топилмаётгандай туюларди. Оппоқ чақмоқлар ялт-юлт чақнаб, сўнг, ўчиб турганга ўхшарди.
Гоҳ ёришар, гоҳ қоронғилашар, гоҳ ёришар, гоҳ қоронғилашар эди...
VII
Қиш тугади, яшаш унчалик оғир эмаслигини чўпонларга кўрсатиш учун қиш вақтинча ўрнини бўшатди. Иссиқ кунлар келади, молларга мой битиб, эт олади, сут ва гўшт мўл-кўл бўлади, пойга ва байрамлар бўлади, оддий кунлар бошланади: қўзилатиш-қулунлатиш, жун қирқиш, ёш молни ўстириш, яйловдан-яйловга кўчиш, гўшт комбинатига қўй-йилқиларни ҳайдаб бориш керак, бу ишлар орасида ҳар кимнинг ўз ташвиши – муҳаббат ва айрилиқ, туғилиш ва ўлим бор, фарзандларнинг муваффақиятларидан одамлар ғурурланишади, улар ҳақида интернатдан нохуш хабарлар олганда: «Ўзимнинг олдимда бўлганида, эҳтимол, яхшироқ ўқирмиди», деб куйиб-пишишади. Нималар, бўлмайди, дейсиз, ташвишлар бошингиздан ошади ва қишки азоб-уқубатлар вақтинча эсдан чиқади. «Ют» келади, моллар нобуд бўлади, ерлар яхмалак билан қопланади, тешик-йиртиқ ўтовлар ва муздек молхоналар келгуси йилгача сводкаларда ва ҳисобатларда қолиб кетади. Кейин яна қиш босиб келади, оқ туясида чопиб келади, тоғдами, чўлдами, қаерда бўлмасин, чўпонни излаб топади ва унга ўз қилиқларини кўрсатади. Вақтинча унутилган ҳамма нарсани эсга туширади у. Йигирманчи асрда ҳам қиш ўзининг шу қилиғини қўймади...
Ўшанда ҳам шундай қилди. Ориқлаб кетган моллар ва йилқилар тоғлардан тушишиб, чўлга ёйилиб кетишди.
Баҳор. Қишдан омон чиқишди.
Ўша баҳорда айғир Гулсари йилқилар орасида сайр қилиб юрди. Танабой энди уни камдан-кам эгарлар, унга раҳми келар, минавериш мумкин ҳам эмасди – қочириш мавсуми яқинлашиб қолганди.
Гулсари яхши айғир бўладиганга ўхшарди. Жажжигина қулунларни худди оталаридай кузатиб юрарди. Она бия алаҳсиб қолса, у қулуннинг бирор ёққа думалаб кетишига ёки йилқилардан ажралиб қолишига йўл қўймасди. Гулсарининг яна бир фазилати шу эдики, у отларни бекордан-бекор безовта қилишларини яхши кўрмасди, агар безовта қилаверишса йилқиларни дарров узоқроққа ҳайдаб кетарди.
Ўша йилнинг қишида колхозда ўзгаришлар бўлди. Янги раис юборишди, Чоро ишларни топширди-да, туман касалхонасига ётди. Унинг юраги жуда заифлашиб қолганди. Танабой кўп марта дўстини кўргани бормоқчи бўлди-ю, аммо ишни ташлаб кетиб бўлармиди? Чўпон кўп болали онага ўхшайди. Доим, айниқса куз ва кўкламда ташвиши кўп бўлади. Мол машина эмаски, қулоғини бураб қўйиб кетаверсанг. Шу тариқа Танабой туман касалхонасига бора олмади. Энди унинг ёрдамчиси йўқ эди. Хотини ўрин ёрдамчи йилқибоқар ҳисобланарди – турмуш кечириш учун бир амаллаб пул топиш керак эди-да, ахир: меҳнат кунига кам ҳақ тўланса ҳам, ҳар ҳолда бир меҳнат кунига қараганда икки меҳнат кунига кўпроқ ҳақ олиш мумкин.
Лекин Жайдарнинг қўлида боласи бор эди. У қанақасига ёрдамчи бўла олсин? Куну тун ўзи кўз-қулоқ бўлиб туриши керак эди. Танабой қўни-қўшнилари билан гаплашиб ёрдамчи топгунича Чоронинг касалхонадан чиқиб овулга қайтганлиги ҳақида хабар келди. Шунда у хотини иккиси, кейинчалик – тоғдан тушганларида уникига боришга қарор қилишди.
Водийга энди қайтиб тушишганида, янги жойга эндигина кўника бошлашганида, Танабой ҳалигача ҳаяжонсиз эслай олмайдиган воқеа юз берди...
Йўрға от донг чиқарса, оқибати унинг учун яхши ҳам бўлиши мумкин, ёмон ҳам. Теварак-атрофга унинг донг-довруғи қанчалик кўп таралса, бошлиқлар унга шунча кўп кўз олайтиришади.
Ўша куни Танабой эрталабдан отларни яйловга ҳайдади, ўзи эса овқатланиш учун уйига қайтди. Қизини тиззасига олиб, хотини билан оилавий ишлар ҳақида гаплашиб чой ичиб ўтирарди.
Интернатдаги ўғлининг олдига, шу билан бирга бир йўла станцияга – чайқов бозорига ҳам бориш, болалари ва хотини учун у-бу кийим сотиб олиш керак эди.
– Ундай бўлса, Жайдар, йўрғани эгарлай, – деди Танабой чойдан ҳўплаб. – Бўлмаса қайтиб келишга улгурмайман. Охирги марта миниб бориб келаман, кейин унга тегмайман.
– Майли, ўзинг биласан, – рози бўлди Жайдар. Ташқарида отлиқларнинг дупури эшитилди. Кимдир улар томон келарди.
– Қара-чи, – деди Танабой хотинига. – Ким экан у?
У чиқди-да, қайтиб келди, ферма мудири Иброҳим ва у билан бирга яна овулдан кимдир келганлигини айтди.
Танабой ўрнидан истар-истамас қўзғалди, қизини қўлига кўтариб ўтовдан чиқди. Гарчанд у йилқичилик фермасининг мудири Иброҳимни унча ёқтирмаса ҳам, меҳмонни кутиб олиш керак эди. Иброҳимни нима учун ёқтирмаслигини Танабойнинг ўзи ҳам билмасди. У бошқаларга қараганда хушмуомалали эди, аммо шундай бўлса ҳам у субутсиз одамга ўхшарди. Энг ёмони шу эдики, ҳеч қандай иш билан шуғулланмасди, фақат ҳисоб-китоб олиб борарди. Фермада йилқичилик ишлари ўлда-жўлда, ҳар бир йилқибоқар ўз ҳолига ташлаб қўйилганди. Партия мажлисларида Танабой бу ҳақда неча бор гапирганда ҳамма унга қўшиларди, Иброҳим ҳам қўшилиб, танқид учун миннатдорчилик билдирарди, лекин ҳамма нарса илгаригидай қолиб кетаверарди. Яхшиямки, виждонли, ҳалол йилқибоқарлар танланган. Уларни Чоронинг ўзи танлаганди.
Иброҳим эгардан тушиб, очиқ юз билан қулочини ёзди.
– Ассалому алайкум, хўжайин! – у ҳамма йилқи боқарларни хўжайин деб атарди.
– Ваалайкум ассалом! – вазмин жавоб берди Танабой келганларнинг қўлини сиқиб.
– Соғ-омонмисизлар? Отлар қалай, Танака, ўзингиз қалайсиз? – Иброҳим оғзи ўрганиб қолган саволларни сиғдирар, одатдаги табассумидан унинг семиз юзи ёйилиб кетарди.
– Жойида.
– Худога шукур. Сиздан кўнглим тўқ.
– Ўтовга марҳамат.
Жайдар меҳмонлар учун янги кигиз тўшади, кигиз устига эса эчки терисидан қилинган пўстак ташлади. Унга ҳам Иброҳим илтифот қилди.
– Салом, Жайдар бойбича. Соғлиғингиз қалай? Эрингизга яхши қараяпсизми?
– Салом, киринглар, бу ёққа ўтиринглар.
Ҳаммаси ўтиришди.
– Бизга қимиздан қуй, – деди хотинига Танабой. Қимиз ичишди, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди.
– Ҳозир энг яхши иш – чорвачилик. Ҳеч бўлмаганда ёзда сут, гўшт бўлади-ку, – мулоҳаза қиларди Иброҳим, – далачиликда ёки бошқа ишларда умуман ҳеч вақо йўқ. Шунинг учун ҳозир йилқилару қўй-қўзилар ёнида бўлгап маъқул. Тўғримасми, Жайдар бойбича.
Жайдар бош силкиди, Танабой бўлса индамади. Буни унинг ўзи ҳам биларди, чорвачиликни қадрлаш кераклигига ишора қилиш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланадиган Иброҳимдан ҳам бундай гапни биринчи бор эшитаётгани йўқ эди. Танабойнинг унга: агар одамлар сут-гўштли иссиққина жойларга суқуладиган бўлса, бунинг ҳеч яхши томони йўқ, дегиси келди. Бошқалар-чи? Қачонгача одамлар бекорга ишлашади? Урушга қадар бундаймасди-ку. Кузда ҳар бир уйга икки-уч аравадан ғалла келтириларди. Энди-чи? Бирор ердан бирон нарса ундириш учун қоплари билан югуриб юришади. Ўзлари ғалла етиштиришиб, ўзлари нонсиз ўтиришади. Бу яхши эмас. Фақат мажлислару панд-насиҳатлар билан узоққа бориб бўлмайди. Чоро меҳнатлари учун одамларга яхши сўздан бўлак ҳеч нарса бера олмай қолгани учун ҳам юрак касалига йўлиқди.
Аммо фикр-хаёлини банд қилган бу масалаларни Иброҳимга гапириб ўтиришнинг фойдаси йўқ. Танабой ҳозир гапни чўзишни истамасди ҳам. Буларни тезроқ кузатиш, ишларини тезроқ битириш учун йўрғани эгарлаш – барвақтроқ қайтиш керак эди. Нега келишдийкин улар? Лекин сўраб-суриштириш ноқулай эди.
– Негадир сени таниёлмаяпман, иним, – Танабой Иброҳимнинг ҳамроҳи, кам гап ёш йигитга мурожат қилди. – Раҳматли Абалаканинг ўғлимасмисан сен?
– Ҳа, Танака, мен ўшанинг ўғлиман.
– Ўх, вақт қандай тез ўтяпти-я. Йилқиларни кўргани келдикми?
– Йўқ, биз...
– У мен билан бирга келди, – унинг сўзини бўлди Иброҳим.
– Биз бу ерга бир иш билан келдик, кейинчалик гаплашармиз у ҳақда. Қимизингиз, Жайдар бойбича, жуда ажойиб экан. Ҳидини қаранг, қандай ўткир. Яна бир коса қуйингчи.
Яна у-бу ҳакда гаплаша бошлашди. Танабойнинг кўнгли кўнгилсиз бир нарсани сезиб турарди, лекин нима мақсадда келишганини тушуна олмади. Ниҳоят, Иброҳим чўнтагидан қанақадир қоғозни олди.
– Танака, биз сизнинг олдингизга мана шу иш билан, манави қоғоз билан келувдик. Ўқиб кўринг.
Танабой овоз чиқармай ҳижжалаб ўқирди, ўқирди-ю кўзларига ишонмасди. Йирик-йирик ҳарфлар билан қоғозга шулар ёзилганди:
«Фармойиш.
Йилқичи Бакасовга.
Саман йўрға Гулсари миниб юриш учун отхонага жўнатилсин.
Колхоз раиси (ажи-бужи имзо). 1950 йил, 5 март».
Ишнинг бунчалик ёмон тус олишидан эсанкираб қолган Танабой индамай қоғозни тўртга буклади-да, гимнастёркасининг кўкрак чўнтагига солди ва кўзини ердан узмай узоқ ўтириб қолди. Курагининг ости музлаб, кўнгли беҳузур бўла бошлади. Сирасини айтганда, бунда кутилмаган, тасодифий ҳеч нарса йўқ. Кейинчалик ишлатиш, миниб юриш учун у отларни парвариш қилаётган эди-да. Бу йиллар ичида у қанча-қанча отларни бригадаларга жўнатди. Лекин Гулсарини бериш унинг қўлидан келмасди. Шунинг учун у саман йўрғани қандай қилиб олиб қолиш ҳақида зўр бериб фикр юрита бошлади. Ҳамма ишни пухта ўйлаб қилиш керак эди. Ўзини тутиб олиши керак.
Иброҳим безовталана бошлади:
– Мана шундай арзимаган иш билан сизнинг олдингизга келдик, Танака, – эҳтиёткорлик билан деди у.
– Маъқул, Иброҳим, – хотиржам боқди унга Танабой. – Бу иш қочиб қутулмайди. Яна қимиздан ичайлик, гаплашиб ўтирайлик.
– Ҳа, албатта, сиз ақлли одамсиз-ку, Танака.
«Ақлли! Сенинг авраб алдашларингга учиб бўпман!» – деди ичида Танабой аччиғланиб.
Яна анчайин суҳбат бошланди. Энди шошилишнинг ҳожати йўқ эди.
Танабой колхознинг янги раиси билан илк бор шу тарзда тўқнашди. Тўғрироғи, шахсан ўзи билан эмас, балки унинг ажи-бужи имзоси билан. Унинг ўзини ҳали юзма-юз кўрмаганди. У Чоронинг ўрнига келганида тоғларда эди. Уни қаттиққўл одам, катта мансабларда ишлаган, дейишарди. Биринчи йиғилишдаёқ ишёқмасларни қаттиқ жазолашни айтиб огоҳлантириб қўйган, меҳнат куни минимумини бажармаганлик учун эса судга тортаман, деб дўқ қилган, колхозлардаги барча қийинчиликлар колхозларнинг майда бўлганлигидан юз бераётганлигини, энди уларни йириклаштиражакларини, тез орада аҳвол яхшиланишини, уни шунинг учун ҳам бу ерга юборилганини, хўжаликни илғор агротехника ва зоотехниканинг барча қонун-қоидаларига мувофиқ олиб боришини ўзининг асосий вазифаси қилиб олганлигини айтган эди. Бунинг учун эса ҳамма агротехника ва зоотехника тўгаракларида ўқишга мажбур.
Чиндан ҳам ўқишни бошлаб юборишди – плакатлар осиб қўйишди, лекциялар ўтказа бошлашди. Агар чўпонлар лекциялар пайтида пинакка кетиб қолишаётган бўлишса, бу энди уларнинг иши...
– Танака, биз кетишимиз керак, – Иброҳим Танабойдан бир нарсани кутгандай қаради ва этикларининг сирғалиб тушган қўнжларини тортиб, тулки телпагини қоқиб, у ер-бу ерини тузата бошлади.
– Гап бундай, ферма мудири, раисга бориб айт: мен Гулсарини бермайман. У уюр айғири. Бияларга қўямиз.
– Вой-бўй, Танака, биз унинг ўрнига беш айғир берамиз, биронта ҳам бия қисир қолмайди. Ахир шу ҳам гапми? – ажабланди Иброҳим. Ҳамма иш яхши бораётганидан у хурсанд эди, бирдан... Эҳ, Танабой ўрнида бошқа бирон киши бўлганида гапни қисқа қилган бўларди. Аммо Танабой Танабойлигини қилади-да, у ўзининг акасини ҳам аямаган, буни эътиборга олиш керак. Эҳтиётлик билан иш тутмаса бўлмайди.
– Менга сизларнинг беш айғирингиз керакмас! – Танабой терлаб кетган пешонасини артди ва бир оз индамай тургач, очиқчасига гаплашишга қарор қилди. – Нима, раисингга минишга от топилмадими? Отхонада отлар қуриб кетибдими? Нега энди айнан Гулсари керак бўлиб қолди?
– Нега бундай дейсиз, Танака? Раис бизнинг раҳбаримиз, демак, уни ҳурмат қилиш керак. Ахир у туманга боради, унинг олдига ҳам одамлар келиб туришади. Раис халқ орасида юради, хўш, айтайлик...
– Нима, хўш? Бошқа отни минса ҳеч ким уни тан олмай қўядими? Ёки ҳамманинг кўз олдида бўлса, албатта йўрға отни миниши керакми?
– Албаттами, албатта эмасми, аммо шундай бўлиши керак. Мана сиз, Танака, урушда солдат бўлгансиз. Сиз енгил машинада, генералингиз эса юк машинасида юрганми ахир? Йўқ, албатта. Генералга – генераллигига муносиби, солдатга – солдатларга ярашаси. Ё нотўғрими?
– Унинг йўриғи бошқа, – иккиланиб эътироз билдиради Танабой. Нега йўриғи бошқачароқ эканлигини тушунтириб ўтирмади, очиғини айтганда, тушунтира олмасди.
Саман йўрға бўйнидаги сиртмоқнинг тортилаётганини сезиб, у жаҳл билан гапирди:
– Бермайман. Агар маъқул кўрмаётган бўлсаларинг, йилқибоқарликдан олиб ташланглар. Темирчилик устахонасига бораман. У ерда сиз мендан болғани тортиб ололмайсизлар.
– Нега бундай дейсиз, Танака! Биз сизни ҳурмат қиламиз, қадрлаймиз. Сиз бўлсангиз худди ёш боланинг гапини қиляпсиз. Ахир шу сизга муносибми? – Иброҳим ўтирган жойида типирчилаб қолди. Иш пачава бўлди шекилли. Ўзи ваъда берганди, ўзи маслаҳат қилганди, ўзи тўғрилайман деб мақтанувди, манави қайсар нусха бўлса ҳамма ишни барбод қилмоқчи.
Иброҳим чуқур хўрсинди-да, Жайдарга мурожаат қилди:
– Ўзингиз ўйлаб кўринг, Жайдар бойбича, битта от нима бўпти, майли йўрға бўлса ҳам? Уюрда қанақа отлар йўқ дейсиз – истаганингизни танлаб олинг. Одам келган бўлса олдингизга, уни юборишган бўлса...
– Сен нега бунча жон куйдиряпсан? – сўради Жайдар.
Иброҳим ҳайрон бўлиб, тутилиб қолди:
– Бўлмасам-чи? Тартиб-интизом. Менга топширишди, мен кичик одамман. Ўзим учун эмас. Мен эшакда ҳам юравераман. Мана сўранг, Абалаканинг ўғлини юборишди йўрға отни миниб кел деб.
У индамай бош силкитди.
– Яхши иш бўлмаяпти, – давом эттирди Иброҳим. – Уни бизга раис қилиб юборишди, у бизнинг меҳмонимиз, биз бутун овул бир бўлиб отни бермасак. Халқ билса нима дейди? Қирғизлар қачон шундай қилишган?
– Хўп яхши, – жавоб берди Танабой. – Овулдошлар билсин, майли. Мен Чоронинг олдига бораман. Майли, у бир ёқлик қилсин бу масалани.
– Чоро, берма, дейди деб ўйлайсизми? У билан келишилган. Фақат уни уялтириб қўясиз. Қасддан бўйинтоблик қиляпсиз. Янги раисни тан олмаймиз, эскисига арз қилгани борамиз? Чоро касал одам бўлса. Унинг раис билан муносабатини бузишнинг нима ҳожати бор? Чоро партия ташкилотчиси бўлади, у раис билан ишлашиши керак. Халақит беришнинг нима кераги бор...
Чоро ҳақида сўз кетганида Танабой индамай қолди. Ҳамма жимиб қолди. Жайдар оғир хўрсинди.
– Бер, – деди у эрига, – одамларни тутиб турма.
– Мана бу ақлли гап, аллақачон шундай қилсангиз бўларди, раҳмат сизга Жайдар бойбича.
Иброҳим бекорга қайта-қайта миннатдорчилик билдирмаганди. Шундан кейин, кўп вақт ўтмай, у ферма мудирлигидан раиснинг чорвачилик бўйича муовинлигига кўтарилди...
Танабой эгар устида ерга тикилиб ўтирарди, қарамаса ҳам ҳамма нарсани кўрарди. Гулсари қандай тутилганини ва унга қандай қилиб янги нўхта урилганини (ўзининг нўхтасини Танабой ўлса ҳам бермасди) кўриб турди. Гулсарининг уюрдан кетгиси келмаётганлигини, Абалаканинг ўғли тутиб турган жиловдан қутулиш учун ҳар томон ташланаётганини, Иброҳим гоҳ у ёнидан, гоҳ бу ёнидан от чоптириб келиб, қамчи билан қулочкашлаб уни ураётганини кўриб турарди. У йўрға отнинг кўзларини, бу кўзлар саросимага тушиб нотаниш кишилар уни биялар ва қулунлардан, ўз хўжайинидан айириб қаёққа ва нега олиб кетаётганликларини тушунмаётганини кўрарди, кишнаганида унинг очиқ оғзидан отилиб чиққан буғни, ёлини, белини, сағрисини, бел ва биқинларидаги қамчи изларини кўриб турарди, бутун бастини, ҳатто олдинги ўнг оёғининг тўпиғидан юқорисидаги кичикроқ ғуррани ҳам кўриб турарди, унинг оёқ ташлашларини, туёқ изларини, оч сарғиш тўриқ жунларининг сўнгги қилигача ҳаммасини кўриб турарди ва лабларини тишлаб индамай изтироб чекарди...
У бошини кўтарганида Гулсарини олиб кетганлар тепалик орқасида кўздан ғойиб бўлишган эди. Танабой инграб юбордида, уларнинг ортидан отини чоптириб кетди.
– Тўхта, бу ниятингдан қайт! – Жайдар ўтовдан югуриб чиқди.
Чопиб кетаётиб бирдан унинг хаёлидан: хотиним анави тунлардаги қилмишларим учун саман йўрғадан қасос оляпти, деган даҳшатли тахмин ўтди. У отни тўсатдан кескин буриб, қамчи билан тислаттириб урганича орқасига қайтарди. Ўтов ёнида отни шартта тўхтатди-да, сакраб тушди ва юзи бурушган, ранги қув ўчган даҳшатли бир аҳволда хотинининг олдига чопиб келди:
– Сен нега... нега бериб юбор, дединг? – пичирлади у тик боқиб.
– Ўзингни бос! Қўлингни тушир, – у ҳар доимгидай хотиржамлик билан босиб қўйди эрини. – Гапимга қулоқ сол. Гулсари ахир сенинг хусусий отингми? Ўз отингми? Ўзингга тегишли ниманг бор сенинг? Биздаги ҳамма нарса колхозники. Шу билан тирикмиз. Саман йўрға ҳам колхозники. Раис эса колхоз хўжайини, нима деса, шу бўлади. Анави тўғрисида кўнглингга келган нарса бекор, истасанг, ҳозир ҳам кетишинг мумкин. Кетавер. У мендан яхшироқ, чиройлироқ, ёшроқ. Яхши жувон. Мен ҳам бева қолишим мумкин эди, лекин сен қайтиб келдинг. Қанча кутдим сени! Майли, бу тўғрида гапириб ўтирмайлик ҳам. Сенинг уч боланг бор. Уларни нима қиласан? Кейинчалик нима дейсан уларга? Улар нима дейишади? Мен нима дейман уларга? Ўзинг ҳал қил...
Танабой чўлга чиқиб кетди. Йилқилар олдида кечга қадар қолиб кетди, ҳамон ўзини босиб ололмасди. Йилқилар етимланиб қолди. Танабойнинг қалби бум-бўш бўлиб қолди. Йўрға от ўзи билан бирга унинг қалбини ҳам олиб кетди. Ҳаммасини олиб кетди. Гўё, ҳамма нарса ўзгаргандай.
Қуёш ҳам бўлакча, осмон ҳам бўлакча, ўзи ҳам гўё бошқачадай эди.
У қоронғи тушганда қайтди. Ўтовга индамай, қоп-қорайиб кириб келди. Қизлари ухлаб қолишганди. Ўчоқда олов ёнарди. Хотини қўлига сув қуйди.
– Емайман, – рад қилди Танабой. Сўнг деди: – Чанговузни ол, «Она туянинг бўзлаши»ни чалиб бер.
Жайдар чанговузни олди, уни лабларига тутди, бармоғини ингичкагина пўлат «тил»га тегизди, унга пуфлади, сўнг нафасини ичига тортди, кўчманчиларнинг қадимий куйи қуйилиб оқа бошлади. Оқ бўталоғини йўқотган она туя ҳақида қўшиқ. Чўлу даштларда у узоқ кунлар югуриб-елиб юради. Бўталоғини чақиради, қидиради. Оқшомлари жарлик ёқалаб, эрталаб ялангликларда уни ўз орқасидан энди эргаштириб юра олмаслигидан, бутоқлардан баргларни биргаликда териб ея олмаслигидан, кўчма қумлар устида югура олмаслигидан, баҳор пайтида далаларда айланиб юра олмаслигидан, уни оппоқ сутин билан эмиза олмаслигидан зорланарди. Қайдасан, қоракўз бўталоғим? Жавоб бер! Елинимдан, тирсиллаб турган елинимдан сут тизиллаб оқяпти, оёқларимдан оқиб тушяпти. Қайдасан? Жавоб бер! Елинимдан, тирсиллаб турган елинимдан тизиллаб сут оқяпти. Оппоқ сут...
Жайдар чанговузни яхши чаларди. Танабой уни қизлик вақтида шу чалиши учун севиб қолганди.
Танабой бошини қуйи солиб тингларди ва яна бошини кўтариб қарамаса ҳам ҳамма нарсани кўриб турарди. Иссиқ ва совуқдаги кўп йиллик меҳнатдан унинг дағаллашиб кетган қўллари, оппоқ оқарган сочлари ва бўйнида, лабларида, кўз ёнларида пайдо бўлган ажинлар. Ўша ажинлар ортида ўтган, ёшлик сочлари елкасига тушиб турган сариқ мағиз қизча ва унинг ўзи – Танабойнинг ўша кезлардаги жуда-жуда ёш йигитлик даври, ҳамда улар иккаласининг ўша йиллардаги яқинлиги кўзга кўриниб кетарди. Хотини ҳозир уни сезмаётганлигини Танабой биларди, у ўз куйига, ўз хаёлларига ғарқ бўлганди. Ўша дамда у яна ўз кулфатлари ва азоб-уқубатларининг ярмини хотинининг ҳаётида, тақдирида кўрарди. Жайдар бу кулфат ва уқубатларни ўз устига олган эди.
...Она туя қанча кунлардан буён елиб-югуриб ўз боласини қидиради, чақиради. Қайдасан, қора кўзли бўталоғим? Елинимдан, тирсиллаб турган елинимдан сут тизиллаб чиқяпти, оёқларимдан оқиб тушяпти. Қайдасан? Жавоб бер! Елинимдан тизиллаб сут оқяпти. Оппоқ сут...
Қизлар эса ухлаб ётишарди. Ўтов ортида бепоён чўл, тун қоронғилигида кўз илғамас чўл ястаниб ётарди.
Бу пайтда Гулсари отхонада тўс-тўполон қилиб, отбоқарларга уйқу бермаётганди. У отларга қамоқхона бўлган отхонага биринчи бор тушиши эди.
VIII
Танабой бир куни эрталаб йилқилар орасида ўз саман йўрғасини кўрганида қалби олам-олам қувончга тўлди. Устида эгар, нўхтасидан узилган арқоннинг бир бўлаги осилиб турарди.
– Гулсари, Гулсари, омонмисан? – Танабой сиртмоғи билан югуриб борди ва яқинлашиб уни бегона юганда, оғир узангили қўпол бегона эгар остида кўрди. Уни айниқса эгар устидаги қалин духоба ёстиғи ғазаблантириб юборди, гўё отни эркак эмас, балки хотин миниб юргандай.
– Туф! – ғазабланганидан тупуриб юборди Танабой. Отни тутмоқчи, унинг устидаги мана бу бемаъни абзал-анжомларнинг ҳаммасини улоқтириб ташламоқчи бўлди, лекин Гулсари тутқич бермай қочиб кетди. Саман йўрғанинг ҳозир у билан иши йўқ, у бияларга айланишарди. Йўрға уларни шу қадар соғингандики, ўзининг. собиқ хўжайинини ҳатто пайқамаган ҳам эди.
«Демак, охир қочиб келибсан-да, тизгинни узибсан-да. Балли! Хўп, майли, ўйнаб қол, ўйнаб қол, мен жим юраман», ўйлади Танабой ва йилқиларнинг бир оз чопиб юришига эрк беришга қарор қилди. Гулсарининг орқасидан одамлар елиб келишмагунича, у ўзини ўз уйидагидай ҳис этиб юраверсин.
– Ҳайт-ҳайт-ҳайт! – қичқирди Танабой, узангига оёқ тираб ва сиртмоқни ҳавода ўйнатиб йилқиларни ҳайдади.
Биялар қулунларини чақириб қўзғалишди, ёш биялар ўйноқлаб чопиб кетишди. Шамол уларнинг ёлларини ўйнарди. Кўкатлар билан қопланаётган ер қуёш нури остида яшнарди. Гулсари сесканиб тушди, қаддини ростлаб олди-да, гердайиб чопиб кетди. Уюр олдига тушиб олди, янги айғирни уюрдан қувиб чиқарди-да, орқага ҳайдаб юборди, ўзи бўлса пишқириб, уюр олдида ўзини кўз-кўз қилиб ўйноқлаб кетди ва йилқиларнинг гоҳ у ёнбошига, гоҳ бу ёнбошига чопиб ўта бошлади. Уюрнинг ҳиди, биялар сутининг ҳиди, қулунлар ҳиди, дашт шамолининг ҳиди унинг бошини айлантирарди. Устида бемаъни духоба ёстиқли бесўнақай эгарнинг борлиги, биқинларига зилдай узангиларнинг шапатилаб заифлаётганлиги билан унинг иши йўқ эди. У кеча сувлиғини чайнаб, гувиллаб ўтаётган юк машиналаридан ҳуркиб, тумандаги қатор от қозиқларининг бирида турганлигини унутганди. Кейинроқ сассиқ ичимликхона ёнидаги кўлмакда турганлиги ва унинг янги хўжайини ўзининг улфатлари билан чиққанлиги, ҳаммасидан сассиқ ҳид бурқиб таралганлигини ҳам унутганди. Янги хўжайини пишиллаб, кекира-кекира унга минганди. Йўлда улар лой кечишиб аҳмоқона пойга уюштирганларини, янги хўжайинини қандай суриб олиб кетганлигини ва у эгар устида лўкиллаб борганлигини, кейин эса юганни қаттиқ тортиб, унинг бошига қамчи билан тушира бошлаганини ҳам унутганди.
Ҳаммасини унутганди саман йўрға, ҳаммасини. Уюрнинг ҳиди, биялар сутининг ҳиди, қулунлар ҳиди, дашт шамолининг ҳиди унинг бошини айлантирарди... Саман йўрға чопиб юрарди – орқасидан қувиб келаётганларини фаҳмламай чопиб-елиб юрарди.
Танабой йилқиларни аввалги жойига қайтарган эди ҳамки, овулдан икки отбоқар келиб қолди.
Улар Гулсарини подадан олиб кетишди.
Лекин кўп ўтмай у яна пайдо бўлиб қолди. Бу гал нўхтаси ҳам, эгари ҳам йўқ эди. Бир амаллаб юганни бошидан чиқариб ташлаб, тунда отхонадан қочганди. Танабой аввал кулиб юборди, сўнг жимиб қолди ва ўйлаб туриб, йўрғанинг бўйнига сиртмоқ ташлади, ўзи тутди, ўзи жиловлаб, овулга етаклаб кетди, қўшни яйловдаги ёш йилқибоқардан йўрғани орқадан ҳайдаб боришни илтимос қилмоқчи бўлди. Ярим йўлда қочоқ йўрға от кетидан келаётган отбоқарларни учратди. Гулсарини уларга топшира туриб, Танабой ҳатто пўнғиллаб ҳам қўйди:
– Нима, у ёқда ҳамма қўлсизлар тўпланганмисизлар, раиснинг отига тузукроқ қарай олмайсизлар. Қаттиқроқ боғланглар уни.
Гулсари учинчи марта қочиб келганида, Танабойнинг ҳазилакамига жаҳли чиқмади:
– Нима қиляпсан, аҳмоқ! Қайси жин сени бу ёққа бошлаб келяпти? Аҳмоқсанда, аҳмоқсан, – сўкинарди у сиртмоқ билан саман йўрғанинг кетидан қувиб. Яна уни қайтариб олиб бориб берди ва тағин отбоқарлар билан сўкишишди.
Лекин Гулсари ақлли бўлишни хаёлига ҳам келтирмасди, ҳар гал қулай пайтдан фойдаланиб қочиб келарди.
Отбоқарларнинг ҳам жонига тегди, Танабойнинг ҳам.
...Ўша кун Танабой кеч ётди – яйловдан кеч қайтган эди. Ҳар эҳтимолга қарши, йилқиларни ўтовга яқин ҳайдаб келтириб қўйди-да, ухлаб қолди, уйқуси нотинч бўлди. Кун бўйи жуда чарчаганди. Қанақадир ғалати туш кўрди – у яна урушда юрибдими ё қаердадир кушхонадами, англаш қийин эди. Ҳамма ёқ қон, қўллар ҳам ёпишқоқ қон эди. Тушга кирган қон яхшиликка бўлмайди, деб ўйлайди тушида. Қўлларини бирон ерда ювиб олмоқчи бўлади. Лекин уни итариб ташлашади, мазах қилиб кулишади, қаҳ-қаҳ уришади, чинқиришади, кимлигини билмайди, биров дейди: «Танабой, қонга қўлингни ювяпсан, қонга. Бу ерда сув йўқ, Танабой, бу ерда ҳамма ёқ қон! Ҳа-ҳа-ҳа, ҳо-ҳо-ҳо, ҳи-ҳи-ҳи!..»
– Танабой, Танабой! – елкасидан силкирди уни хотини. Тур ўрнингдан.
– А, нима?
– Эшитяпсанми, уюрда бир нарса бўлаётганга ўхшайди. Айғирлар уришишяпти. Балки Гулсари яна қочиб келгандир.
– Падарига лаънат унинг. Ҳеч тиним йўқ! – Танабой тез кийинди, сиртмоқни олди ва аллақандай тўс-тўполон бўлаётган пастлик томон чопиб кетди. Тонг ёришиб қолганди.
Чопиб келиб Гулсарини кўрди. Лекин буниси нима? Оёқларига темир кишанлар солинган йўрға от ҳаккалаб юрарди. Оёқларида кишанлар жаранглайди, гир айланади, оёқларини осмонга кўтаради, инграйди, кишнайди. Манави каллаварам уюр айғири бўлса уни бекордан-бекор тепяпти ҳам, тишлаяпти ҳам.
– Ҳаҳ, сен йиртқични! – Танабой елдай учиб борди, каллаварамни шундай урдики, сиртмоқнинг банди синиб кетди. Ҳайдаб юборди. Кўзларидан эса ёш чиқиб кетди. – Сени нима қилишибди-я? Ким оёғингга кишан солди-я! Нега бу ёққа судралиб келдинг, бадбахт тентак?..
Буни қаранг – шундай узоқ жойдан, дарёдан сойликка, дўнгликлардан бу ергача кишанда ҳаккалаб келиб, йилқиларга ахир етиб олибди. Тун бўйи, эҳтимол, сакраб сакраб юриб келгандир. Қочқин каторгачидай якка ўзи кишанни жаранг-журунглатиб йўл юргандир.
«Қойил-э! – бошини чайқади Танабой. Саман йўрғани силаб-сийпай бошлади, юзини унинг лабларига тутди. У бўлса секин-аста лабини қимирлатар, кўзларини чала юмиб қисарди.
– Нима қиламиз энди, а? Бу қилиғингни ташласанг бўларди, Гулсари, охири бахайр бўлмайди. Тентаксан сен, тентаксан. Ҳеч нарсани билмайсан...
Танабой саман йўрғани кўздан кечириб чиқди. Тишланган ерлар битиб кетиши мумкин. Аммо кишан оёғини қаттиқ шилиб ташлабди. Тўпиқларидан қон оқаётганди. Кишанга қопланган кигизга куя тушиб, чириб кетган экан, сувдан ҳаккалаб ўтганида кигиз тушиб кетиб, темири очилиб қолибди. Ана шу унинг оёқларини қонга белабди. «Ҳойнаҳой Иброҳим кишанни чоллардан топган бўлса керак. Бу унинг иши», ғазаб билан ўйлади Танабой. Кимники бўларди бошқа? Кишан эскилардан қолган. Ҳар бир кишаннинг алоҳида махсус қулфи бўлади, калитсиз оча олмайсан. Илгарилари от ўғрилари яйловлардан ҳайдаб кетиб қолмасликлари учун энг яхши отларнинг оёқларини кишанлаб қўйишарди. Оддий арқон тушовни пичоқ билан кессанг бас, кишанланган отни эса олиб кета олмайсан. Аммо бундай воқеалар қачонлардир бўларди, ҳозир эса кишан камёб нарса бўлиб қолди. Ўтмишдан хотира сифатида биронта чолда сақланиб қолган чиқар... Лекин мана бунисини қаранг, ҳойнаҳой, кимдир айтган бўлса керак шундай қилиш керак деб. Овул яйловидан узоққа кетиб қолмаслиги учун саман йўрғани кишанлаб қўйишибди. У бўлса барибир қочиб келибди...
Бутун оила бир бўлиб Гулсарининг оёғидан кишанни ечиб олишди. Жайдар жиловидан ушлаб, йўрғанинг кўзини бекитиб турди, қизлари атрофда ўйнаб юришарди, Танабой бўлса, ҳамма асбобларини келтириб, қулфни очишга калит танлаш билан овора бўлиб терлаб-пишиб кетганди. Темирчилик малакаси, уқуви яраб қолди, узоқ пишиллаб уринди, қўллари шилиниб кетди, лекин барибир йўлини топиб очди.
Кишанни улоқтириб ташлади. Йўрғанинг оёқларидаги қон оқаётган жойларга малҳам қўйди. Жайдар уни отқозиққа боғлагани олиб кетди. Катта қизи синглисини орқасига опичиб олиб, улар ҳам уйга йўл олишди.
Танабой бўлса ҳамон ҳансираб, пишиллаб ўтирарди, у қаттиқ чарчаганди. Кейин асбобларни йиғиштириб, ердан кишанни олди. Қайтариб бериш керак, бўлмаса яна жавоб беришга тўғри келади. Занглаган кишанни томоша қила туриб, устанинг ишига қойил қолди. Ҳамма томони жойида, ақл ишлатиб ясалган эди. Кекса қирғиз темирчиларннинг иши. Ҳа, бу ҳунар энди йўқолган, умрбод унутилган. Кишанлар энди керакмас. Аммо бошқа буюмларнинг йўқолганига афсусланасан киши. Кумушдан, мисдан, ёғочдан, теридан қандай безаклар, қандай асбоб-анжомлар ясашарди-я! Қиммат ҳам эмасди, лекин гўзал буюмлар эди. Ҳар бирининг ўзига хос гўзаллиги бор эди. Энди бунақалар йўқ. Эиди ҳамма нарсани – кружкалар, лаганлар, қошиқлар, зираклар ва тоғорачаларини алюминдан ясашади – қаёққа борсанг, ҳамма ерда бир хил нарса, жонингга тегиб кетади. Эгарсоз усталарнинг ҳам энг охиргилари қолди. Қанақа эгарлар қила олишарди-я! Ҳар бир эгар ўз тарихига эга эди: ким, қачон, ким учун ва ўз меҳнати қандай тақдирлангани маълум эди. Яқинда ҳамма худди у ёқда, Европадагидек, машинада юрадиган бўлса керак. Ҳаммасиники бир хил машина, фақат номерларидан ажратасан, холос. Боболар ҳунарини эса унутиб юборяпмиз. Қадимий қўл ҳунарини йўқотдик, ҳолбуки, инсон қалби ҳам, кўзи ҳам қўлларда...
Гоҳо Танабойни шундай хаёллар чулғаб оларди. Халқ ҳунари ҳақидаги мулоҳазаларга берилиб кетарди, у йўқолиб кетаётганлиги учун кимни айблашни билмай куйиб-пишар, ғазабланарди. Ҳолбуки, ўзи ҳам ёшлигида қадимдан мерос қолган нарсаларимизнинг шундай гўрковларидан бири бўлганди. Бир куни ҳатто комсомол йиғилишида ўтовларни тугатиш ҳақида нутқ ҳам сўзлаганди. Кимдандир ўтовлар йўқотилиши кераклигини, ўтов – инқилобдан олдинги турар жой эканлигини эшитганди. «Битсин ўтов! Эскичасига яшашни бас қилайлик».
Ўтовни ҳам «қулоқ қилишди». Уйлар қура бошлашди, ўтовлар эса синдириб ташланди. Кигизларни ҳам қирқиб бошқа нарсаларга керак қилдилар, ёғочлари керага, чанғороқлари ҳовли деворларига, моллар учун қўраларга ишлатилди, ҳатто ўчоққа ёқилди...
Кейин маълум бўлишича, ўтовларсиз узоқ яйловларда чорвачилик қилиб бўлмас экан. Энди Танабой бундай сўзларни айтишга оғзи қандай борганлигига, кўчма чорвачилик учун ҳали ўтовдан дурустроқ бошқа ҳеч нарса ўйлаб топилмаганлигига қарамай, уни нега қоралаганига ўзи ҳам ҳайрон қоларди. Ҳар бир кичик бўлаги аждодларнинг асрий тажрибасидан ўтган ўтов ўз халқининг ажойиб кашфиёти эканлигини у қандай қилиб кўра олмадийкин?
Энди у қари Тўрғайдан қолган илма-тешик, ис босган ўтовда яшарди. Ўтов жуда эски эди, фақат Жайдар бениҳоя сабр-тоқатлик бўлгани учун ундан фойдаланиб келаётган эдилар. У бир неча кунлаб ўтовни ямаб-ясқар, яшаб бўладиган ҳолга келтирар, бир-икки ҳафтадан сўнг эса чирик кигиз яна ситилиб кетар, яна тешиклар кўриниб қолар, шамол ғувиллаб кирар, қор кирар, ёмғир ўтар эди. Тағин аёл тикиш-ямашга киришарди, бу ишнинг поёни кўринмасди.
– Қачонгача азоб чекамиз? – зорланарди у, – қара, кигиз эмас бу – кукун, тўкилиб-сочилиб кетяпти. Керагаси билан увуқлари нимага ўхшаб қолди! Айтгани уяласан. Сен лоақал бизга янги кигизлар олсангчи. Уйнинг эгасимисан ё йўқми? Ахир биз ҳам одамга ўхшаб яшашимиз керак-ку...
Танабой авваллари уни юпатиб, ваъда қилиб юрди. Овулда ўзига янги ўтов ўрнатиб беришлари зарурлиги ҳақида оғиз очганида эса кекса усталар аллақачонлар ўлиб кетишгани, ёшлар бўлса уларни қандай ясаш тўғрисида тасаввурга ҳам эга эмаслиги маълум бўлиб қолди. Ўтовлар учун колхозда кигизлар ҳам йўқ эди.
– Бўлмаса жун беринглар, ўзимиз кигиз бостириб оламиз, – илтимос қилди Танабой.
– Қанақа жун! – дейишди унга. – Сен нима, осмондан тушдингми? Жуннинг ҳаммаси план бўйича сотиляпти, хўжаликда бир грамм ҳам қолдириш мумкин эмас... Сўнг ўтов ўрнига брезент чодирни таклиф қилишди.
Жайдар қатъиян рад этди:
– Чодирда яшагандан кўра йиртиқ-ямоқ ўтовда яшаган яхшироқ.
Кўпгина чорвадорлар бу вақтда чодирларга кўчиб ўтишга мажбур бўлишганди. Аммо бу ўзи қанақа турар жой? На туриб юра оласан, на ўтира оласан, на олов ёқасан? Ёзда ҳаддан ташқари исиб кетади, қишда эса ит ҳам совуғига чидай олмайди. На буюмларни жойлаштира оласан, на ўчоқ қура биласан, на чиройлироқ қилиб безата оласан. Меҳмонлар келиб қолса қаёққа жойлаштиришни билмай қоласан.
– Йўқ-йўқ! – деб бош тортди Жайдар.– Нима қилсанг қилгину лекин мен чодирда яшамайман. Чодир бўйдоқлар учун, у ҳам бўлса вақтинчаликка, бизнинг эса бола-чақамиз бор. Уларни чўмилтириш керак, тарбиялаш керак, йўқ, яшамайман.
Бир куни Танабой Чорони учратиб қолди. Ҳамма гапни сўзлаб берди.
– Бу ёғи нима бўлади, раис?
Чоро ғамгин бош чайқади:
– Бу ҳақда биз иккимиз ўз вақтида ўйлашимиз керак эди. Юқоридаги раҳбарларимиз ҳам. Ҳозир бўлса хатлар ёзяпмизу, нима дейишларини билмаймиз. Жун – қимматбаҳо хомашё, камёб нарса дейишади. Экспорт қилинади. Ички хўжалик эҳтиёжларига сарфлаш – мақсадга мувофиқ эмасмиш.
Шундан кейин Танабой жимиб қолди. Демак, қисман ўзи ҳам айбдор. Ўзининг тентаклигидан ун чиқармай кула бошлади: «Мақсадга мувофиқ эмас! Ҳа-ҳа-ҳа! Мақсадга мувофиқ эмас!»
Бу «мақсадга мувофиқ эмас» деган оғир сўз узоқ вақтгача хаёлидан кетмади.
Шундай қилиб, улар тузатиб олиш учун оддийгина жун зарур бўлган, қирқ ямоқ бўлиб кетган эски ўтовда яшайверишди. Бу жун деганини эса колхоз отарларидан тонналаб қирқишар эди...
Танабой қўлида кишан ушлаганича ўз ўтови олдига келди. У шу қадар ғарибона кўриниб кетдики, ҳамма нарсага – ўзига ҳам, саман йўрғанинг оёқларини қонатган манави кишанга нисбатан ҳам ғазаби шунчалик ошиб-тошиб кетдики, ҳатто тишларини ғижирлатиб қўйди. Шундай ғазаби қўзиб турган пайтда Гулсарининг кетидан отбоқарлар келиб қолса бўладими.
– Олиб кетинглар, – бақирди уларга Танабой. Ғазабдан лаблари уча бошлади. – Манави кишанни эса раисга беринглар, айтингларки, агар у саман йўрғани яна кишанлайдиган бўлса, мен мана шу кишан билан унинг бошини мажақлаб ташлайман. Шундай деб айтинглар!..
У бекорга бундай деди. Уфф, бекорга! Унинг бу қизиққонлиги ва дангаллиги унга ҳеч қачон яхшилик келтирмаганди...
IX
Ёруғ, офтоб чарақлаб турган кун эди. Баҳор қуёшга боқиб кўзини сузар, баргаклардан соч тақиб безанар, шудгорлардан буғ чиқарар ва сўқмоқларда нақ оёқ остида майса-ўтлар барқ уриб яшнарди.
Отхона олдида болалар чиллак ўйнашарди. Бола чиллакни осмонга улоқтириб юборади-да, пойлаб туриб уни чиллак сопи билан қулочкашлаб уриб учириб юборади. Оралиқни чиллак сопи билан ўлчай бошлайди – бир икки, уч... етти... ўн... ўн беш... Инжиқ ҳакамлар анави ғирромлик қилмаслиги учун унинг орқасидан гала-гала бўлишиб кузатиб боришади. Йигирма иккита.
– Аввал етмиш саккиз эди, энди йигирма икки, – ҳисоблайди бола ва якунлаб бўлгач, шодлигини ичига сиғдиролмай қичқириб юборади: – Юз! Юз бўлди!
– Ура-а-а юз! – деб бошқалар ҳам қўшилишади. Демак, нақ мўлжални урган. Ортиқ ҳам эмас, кам ҳам.
Энди ютқизган «зув»лаши керак. Ғолиб ганакка – марра чизиғига боради-да, у ердан чиллак отади. Янада узоқроққа тушадиган қилиб отади. Ҳамма чиллак тушган жойга қараб чопади, у ерда чиллакни яна бир бор уради, шу тарзда уч марта урилади. Енгилган боланинг йиғлашига сал қолади – у шунчалик узоқ ерга «зув» деб бориши керак! Лекин ўйин қонуни қатъий. «Нега турибсан, қани зувла!» чуқур нафас олиб:
Ойбой, Кўкбой,
Бузоқларни ҳайдама.
Ҳайдасанг-у етмасанг,
Болаларга айтаман – зу-у-у-ув...
деб гапириб чопиб кетади.
Боши тирсиллаб ёрилиб кетай дейди, лекин у барибир «зув» деб кетаверади. Аммо чизиққача етказа олмайди. Орқага қайтиб, яна бошқадан бошлаш керак. Яна етказа олмайди. Ғолиб тантана қилади. Нафасинг етмаяптими – опичиб обор! У зувловчига опичиб олади, униси бўлса буни эшакдай мингаштириб боради.
– Қани, тезроқ, илдамроқ юр! – оёғи билан ниқтайди миниб олган. – Болалар, қаранглар, бу менинг Гулсарим. Қара, у қандай йўрғалаб боряпти...
Гулсари бўлса девор ортида, отхонада турганди. Толиққанди. Негадир бугун уни эгарлашмади ҳам. Эрталабдан бери ем-хашак ҳам беришмади, суғоришмади ҳам. Эсдан чиқариб юборишди шекилли. Отхона аллақачон бўшаб қолди, араваларни олиб кетишди, отлиқлар тарқалиб кетишди, отхонада унинг биргина ўзи қолди.
Отбоқарлар отхонани тозалаяпти. Болалар девор орқасида қий-чув кўтаришяпти. Йилқиларнинг олдига, чўлга борсанг ҳозир! Кенг ялангликлар кўзига кўриниб кетди, бепоён чўлда йилқилар қандай дайдиб юрганлигини кўз олдига келтирди. Кулранг ғозлар улар устидан учиб ўтишяпти, қанотларини қоқишяпти, ўз орқаларидан эргашишга чорлашяпти...
Гулсари бир силкинди, арқонни узишга уриниб кўрди. Йўқ, қўшқават занжир билан уни маҳкам боғлаб қўйишибди. Эҳтимол, ўзиникилар эшитиб қолар? Гулсари деразага калласини чўзиб, оёқ остидаги тахтани тепиб: «Қайдасизла-а-ар?..» дегандек бўғиқ овозда кишнаб юборди.
– Овозингни ўчир, шайтон, кунинг битди! – сапчиб келиб унга белкуракни ўқталди отбоқар! Сўнг эшик орқасидаги аллакимга мурожаат қилиб қичқирди:
– Олиб чиқайми?
– Олиб чиқ! – жавоб беришди ҳовлидан.
Икки отбоқар йўрғани ҳовлига олиб чиқишади. Уҳ, мунча ҳам ёруғ! Ҳаво қандай яхши! Саман йўрғанинг нозик бурун парраклари кўкламнинг сархуш этувчи ҳавосидан титрай бошлади. Барглардан аччиқроқ бир ис тарқаляпти, нам тупроқ иси келяпти. Танда қон қайнаяпти. Қани энди чопиб кетсанг-а ҳозир. Гулсари енгилгина сакради.
– Тек, тек! – бирданига бир неча овоз уни тўхтатиб қўйди.
Нега бугун унинг атрофида одамлар бунчалик кўп? Енглари қайирилган, қўллари бақувват, жундор. Кулранг халатли биттаси оқ латтага қанақадир ялтироқ темир буюмларни териб қўймоқда. Улар қуёш нури остида кўзларни қамаштирадиган даражада ялтирайди. Бошқалари арқон ушлаб туришибди. Ие, янги хўжайини ҳам шу ерда-ку! Кенг галифедаги семиз оёқларини кериб гердайиб турибди. Ҳамманики каби унинг ҳам қошлари уюлган, фақат енглари шимарилмаган. Бир қўлини белига тираб олган. Иккинчиси билан кителидаги тугмаларини айлантириб ўйнамоқда. Кеча ундан яна ўша сассиқ ҳид анқиганди.
– Хўш, нега қараб турибсизлар, бошланглар! Бошласинларми, Жўрақул Алданович! – мурожаат қилади раисга Иброҳим. У индамай бош силкийди.
– Қани бошланглар! – Иброҳим шошиб-пишиб, отхона дарвозасидаги михга тулки тери телпагини осади. Телпак гўнг устига думалаб тушиб кетади. Иброҳим жирканиб уни қоқиб-силкиб, яна осиб қўяди. – Сиз сал чеккароққа бориб турсангиз бўларди, Жўрақул Алданович, – дейди у. – Тағин, ким билсин, туёғи тегиб кетиши ҳам мумкин. От – аҳмоқ махлуқ, шикаст етказиши мумкин.
Бўйнидаги қил арқонни ҳис этгач, Гулсари бир сесканиб тушди. Тикандай арқон. Арқонни сирғалувчи сиртмоқ қилиб кўкраги устидан боғлашди, учини ташқарига, ёнбошига улоқтириб ташлашди. Нима керак уларга? Негадир арқонни орқа оёғига солиб, тўпиғидан ўтказишяпти, оёқларини тушовлашяпти. Гулсари асабийлаша бошлайди, пишқиради, кўзини ола-кула қилади. Нима қилганлари бу?
– Тезроқ! – шоширди Иброҳим ва кутилмаганда ингичка овоз билан чийиллаб юборди: – Йиқит!
Икки жуфт бақувват жундор қўл арқонни зарб билан ўзлари томонга тортади. Гулсари илдизи қирқилган дарахтдай ерга гурсиллаб йиқилиб тушади. Қуёш гир айланиб кетади, зарбдан ер гумбурлайди. Бу нимаси? Нега у ёнбошлаб ётибди? Нега одамларнинг юзлари юқори томон ғалати чўзилиб кетган, нега дарахтлар баландга кўтарилган? Нега у ерда бундай ноқулай вазиятда ётибди? Йўқ, бунақаси кетмайди.
Гулсари калласини кўтариб бир силкинди, бутун танаси билан қўзғалишга ҳаракат қилди. Арқонлар унинг оёқларини қорнига тортиб, терисига ботиб кетди. Саман йўрға ижирғаниб, боғланмаган битта орқа оёғини жон-жаҳди билан силтай бошлади. Арқон тортилди, чирсиллади.
– Устига ташлан, бос, ушла! – типирчилаб қолди Иброҳим.
Ҳамма отга ташланди, тиззалари билан босишди.
– Бошини, бошини ерга босинглар! Боғла! Торт! Ҳа, шундай. Тезроқ бўлсанглар-чи! Мана бу еридан яна бир ўтказ. Торт, яна бир торт, тағин. Ҳа балли. Энди бу еридан илинтир, тугун қилиб боғла! – тинмай чийилларди Иброҳим.
Саман йўрғанинг оёқларини арқон билан тобора сиқишиб, то ҳаммаси қаттиқ бир тугун бўлиб йиғилмагунича тортаверишди.
Гулсари оёқларини чирмаб олган арқондан қутулиш учун ҳамон уриниб, бўйни ва калласига ўтириб олганларни итқитиб ташларди. Оғриқдан қаттиқ инграб юборди. Лекин одамлар уни тағин тиззалари билан боса бошладилар. Йўрғанинг терга ботган танаси чангак бўлиб, томирлари тортишиб, оёқлари увушиб қолди. Шунда у таслим бўлди.
– Уфф, ниҳоят!
– Хўп кучи бор экан-да!
– Ҳатто трактордай кучи бўлганида ҳам энди у қимир эта олмайди!
Шунда йиқилган саман йўрға ёнига янги хўжайиннинг ўзи югуриб келиб, унинг бош томонида чўққайиб ўтириб олди, кечаги ароқнинг ҳиди гуп этиб анқиди ва гўё унинг олдида от эмас, балки одам – унинг ашаддий душмани ётгандай ошкора нафрат ва тантана билан тиржайди.
Терлаб-пишиб кетган Иброҳим рўмолчаси билан артина-артина унинг ёнига ўтирди. Раис иккаласи ёнма-ён ўтиришиб, бундан кейин юз бериши лозим бўлган ҳодисани кутиб папирос чекишди.
Ҳовлининг орқасида эса болалар чиллак ўйнашарди:
Окбой, Кўкбой,
Бузоқларни ҳайдама.
Ҳайдасанг-у етмасанг,
Болаларга айтаман – зу-у-у-у...
Қуёш ҳамон илгаригидай нур сочарди. Йўрға сўнгги марта поёнсиз даштни кўриб турганди, у ерларда йилқилар эркин ҳолда қандай дайдиб юрганлигини кўраётганди. Улар устидан кулранг ғозлар учиб ўтишяпти, қанотларни қоқишяпти, ўз орқаларидан эргашишга чорлашяпти... Гулсарининг тумшуғига эса пашшалар ёпишиб олган. Ҳайдай олмайди.
– Бошлаймизми, Жўрақул Алданович! – тағин сўради Иброҳим. Униси индамай бош силкиди. Иброҳим ўрнидан турди.
Ҳамма яна ҳаракатга келди, ёпирилиб, боғланган йўрғани тиззалари ва кўкраклари билан босишди. Унинг калласини ерга янада қаттиқроқ ниқташди.
Болалар девор устига чиқиб чумчуқлардай тизилиб олишди.
– Қаранглар, болалар, қаранглар, нима қилишяпти.
– Саман йўрғанинг туёқларини тозалашяпти.
– Жа биларкансан-да, туёқларинимиш! Ҳеч-да.
– Ҳей, нима бор сизларга бу ерда, қани, жўнаб қолинглар! – уларга қўл силтади Иброҳим. – Боринглар, ўйнанглар. Тез.
Болалар девордан сирғалиб тушиб кетишди.
Атроф жимжит бўлиб қолди.
Гулсари туртки ва муздай бир нарсанинг тегишидан ғужанак бўлиб қолди. Янги хўжайини эса унинг олдида чўққайиб ўтирар, термилиб ниманидир кутар эди. Бирдан кучли оғриқдан йўрғанинг кўзларида ўт чақнаб кетди. Воҳ! Қизғиш аланга ялт этиб ёнди-ю, дарров ҳамма ёқни қоронғилик босди.
Ҳамма иш битганида ҳам Гулсари ҳамон боғлоғлиқ ётарди. Қон тингунча бўшатмаслик керак эди уни.
– Хўш, мана Жўрақул Алданович, ҳаммаси жойида, – деди Иброҳим қўлларини ишқалаб. – Энди у ҳеч қаёққа чопиб кета олмайди. Чопиб бўпти энди. Танабойга эса парво қилманг. Туф денг. У ҳамма вақт шунақа бўлган. У ўз акасини ҳам сийламаган – қулоқ қилган, Сибирга юборган. У кимга яхшилик истайди дейсиз...
Иброҳим хурсанд бўлиб михдан тулки тери телпагини олди, уни силкиб қоқди, силаб-сийпади ва терлаган бошига кийди.
Болалар эса ҳамон чиллак ўйнашарди:
Оқбой, Кўкбой...
..... зу-у-у-у.
– Ҳа-ҳа, ета олмадингми, қани энгаш. Чуҳ, Гулсари, олға! Ура-а-а, бу менинг Гулсарим! Серқуёш, ёруғ кун эди...
X
Тун. Ярим тун. Кекса одам билан қари от. Жарлик ёқасида гулхан ёнмоқда. Олов шамолда гоҳ пасаяди, гоҳ кучаяди...
Музлаган қаттиқ ер саман отнинг биқинини музлатади. Бўйнини чўяндай оғир нарса босиб тургандай, кишанланган оёқлар билан ҳаккалаб юрган пайтидагидай калласини гоҳ юқорига кўтариб, гоҳ пастга тушуришдан чарчади. Гулсари ўша вақтдагидай елиб-югуриб чопа олмайди. Занжир кишанларни узиб ташлай олмайди. Чопганида туёқларидан ўт чақнаши учун оёқларини эркин ташлашни истайди, кўкрак қафасини тўлдириб-тўлдириб нафас олиш учун ер узра парвоз қилгиси келади, йилқиларни чорлаб овози борича кишнаш учун, биялар ва қулунлар у билан бирга бепоён явшонзор дашт бўйлаб чопиб юришлари учун яйловга тезроқ елиб боргиси келади, лекин кишанлар йўл қўймайди. Занжирларнинг жаранг-журунги остида у қочоқ каторгачи сингари ҳаккалаб боради. Ҳамма ёқ ҳувиллаган, қоп-қоронғи, ўзи якка-ю ёлғиз. Шамол елиб турган осмонда милтиллаб ой кўринади. Саман от ҳаккалаб юриб калласини осмонга кўтарганида кўз олдида ой гавдаланади, калласини ерга осилтирганида у тошдек думалаб тушади.
Гоҳ ёруғ, гоҳ қоронғи, гоҳ ёруғ, гоҳ қоронғи... Қарайвериб кўзлар толиқди.
Занжирлар жаранглайди, оёқлар қонга беланади. Сакрайди, тағин сакрайди, тағин. Ҳамма ёқ бўм-бўш, қоп-қоронғи. Кишанда узоқ юриш керак, кишанда юриш мунча ҳам қийин.
Жарлик ёқасида гулхан ёнмоқда. Совуқ, қаттиқ ер саман отнинг биқинини музлатади...
XI
Икки ҳафтадан кейин яйловга, яна тоғларга кўчиш керак эди. Бутун ёз бўйи, бутун куз ва қиш бўйи, келгуси баҳорга қадар шу ёқда бўлиш керак. Бир уйдан иккинчи уйга кўчиш нақадар мушкул! Шунча ашқол-дашқол қаёқдан йиғиларкин? Шунинг учун ҳам қирғизлар қадимдан: камбағал бўлсанг, кўчиб кўр, дейишади.
Кўчишга ҳозирланиш керак, бир дунё ҳар хил ишларни қилиш – тегирмонга, бозорга, этикдўзга, интернатга ўғлининг олдига бориб келиш керак... Танабой бўлса бўккан нондай бўшашиб юрарди. Ўша кунлари у хотинига жуда ғалати кўринди. Гаплашишга ҳам улгурмайсан: эрта туриб йилқилар олдига кетиб қолади. Тушга томон қовоқларини осиб, асабийлашиб қайтиб келади. Бир нарсани кутгандай, доим қулоқлари динг.
– Сенга нима бўлди? – деб суриштирарди Жайдар. У индамасди, бир куни эса очилиб гапирди:
– Яқинда ёмон туш кўрдим.
– Мендан қутулиш учун шуни ўйлаб топдингми?
– Йўқ, чиндан ҳам. Миямдан кетмаяпти ўша туш.
– Шу кунга қолдикми? Овулдаги Худосизларнинг бошлиғи сен эмасмидинг? Кампирлар сени қарғашмасмиди? Қариб боряпсан, Танабой, ҳамма гап шунда, йилқиларнинг олдидан айланиб кетмайсан, яйловга кўчиш вақти жуда яқин қолганлиги парвойингга ҳам келмайди. Ахир менинг бир ўзим болаларни эплаштира оламанми? Лоақал Чорони кўриб келсанг бўларди. Обрўли одамлар кўчиш олдидан касалларни кўриб келишади.
– Улгураман, – қўл силтади Танабой, – кейин.
– Кейин, қачон? Сен, нима, овулга боришга қўрқасанми? Эртага бирга борамиз. Болаларни оламиз-да, кетамиз. Мен овулга бориб келишим керак.
Ёш қўшниларига йилқиларни топшириб, эртаси куни бутун оила отларга минишиб жўнашди. Жайдар кичик қизи билан, Танабой каттаси билан. Болаларни эгарларнинг олдига ўтқизиб боришарди.
Овул кўчаларидан ўтишарди, йўлда учраганлар ва таниш-билишлари билан саломлашишарди. Темирчилик устахонаси олдида эса Танабой бирдан отини тўхтатди.
– Тўхта, – деди у хотинига. Эгардан тушди ва катта қизини хотини минган отнинг сағрисига мингазди.
– Сенга нима бўлди? Қаёққа?
– Мен ҳозир қайтаман, Жайдар. Сен кетавер, Чорога айт, мен тезда етиб бораман, идорада шошилинч ишлар бор, тушликкача ёпилиб қолади. Устахонага ҳам лип этиб кириб чиқаман. Кўчиш олдидан тақаларни саранжомлаб қўйиш керак.
– Олдинма-кейин боришимиз яхши эмас-ку.
– Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ. Сен кетавер. Мен ҳозир...
На идорага, на устахонага кирди Танабой. У тўппа-тўғри отхонага қараб йўл олди.
Отдан тушиб, ҳеч кимни чақирмай бир ўзи отхонага кирди. Кўзлари қоронғиликка кўниккунича томоғи қақраб кетди. Отхона бўм-бўш ва жимжит эди, ҳамма отлар миниб кетилган эди. У ёқ-бу ёққа қараб олгач, Танабой енгил нафас олди. Отбоқарлардан биронтасини кўриш учун ён эшикдан отхона ҳовлисига чиқди. Шунда у бу ерда сўнгги кунларгача кўришдан қўрқиб юрган нарсасини кўрди.
– Шундайдир деб ўйловдим, аблаҳлар! – деди у секин муштларини қисиб.
Докага ўралган думи арқон билан бўйнига боғлаб қўйилган Гулсари бостирма тагида турарди. Керилган орқа оёқлари орасида катталиги кўвачадай келадиган, яллиғланган таранг шиш қорайиб кўринарди. От оҳур устида калласини осилтириб қимир этмай турарди. Танабой лабларини тишлаб инграб юборди, йўрғанинг ёнига бормоқчи бўлди-ю, лекин журъат эта олмади. Уни ваҳима босди. Бўм-бўш отхона, ҳувиллаган ҳовли ва бичиб ташланган яккаю-ёлғиз йўрға отни кўриб ваҳимага тушди. У ортига қайрилди ва индамай нари кетди. Тузатиб бўлмайдиган иш содир бўлган эди.
Улар кечқурун ўз ўтовларига қайтиб келишганларида Танабой хотинига хасрат билан деди:
– Тушим ўнгидан келди.
– Нима бўлди?
– Меҳмондорчиликда бу ҳақда гапириб ўтирмадим. Гулсари энди қочиб келмайди. Уни нима қилишганини биласанми? Бичишибди, падар лаънатлар!
– Биламан. Шунинг учун ҳам сени овулга судрадим. Буни билишдан қўрқувдингми сен? Нимасидан қўрқасан? Кичкина эмассан-ку, ахир! Отларни ахир биринчи ва охирги марта бичишяптими? Азалдан шунақа бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бу ахир ҳар бир кишига маълум-ку.
Танабой бунга жавобан ҳеч нарса демади. Фақат:
– Янги раисимиз назаримда ёмон одамга ўхшайди. Кўнглим сезиб турибди, – деб қўйди.
– Қўйсанг-чи бу гапларингни, Танабой, – деди Жайдар. – Сенинг йўрға отингни бичган бўлишса, дарров раис ёмон бўлиб қолдими. Нега ундай дейсан? У янги одам бўлса. Хўжалик катта, уни бошқариш қийин. Ана Чоро, энди колхозларнинг аҳволини ўрганишади, ёрдам беришади, деб айтяпти-ку. Қанақадир режалар тузаётган эмишлар. Сен бўлсанг ҳамма нарса ҳақида элдан бурун ҳукм чиқарасан. Биз ахир кўп нарсаларни билмаймиз-ку...
Кечки овқатдан сўнг Танабой уюрга жўнади ва то кун ярмига қадар у ерда қолиб кетди. У ўзини койирди, ҳамма нарсани унутишга ўзини мажбур этар, лекин кундузи отхонада кўргани миясидан кетмасди. У йилқиларни айланиб чўл кезаркан ўйларди: «Эҳтимол, ростдан ҳам бир одам ҳақида бундай фикр юритиш керак эмасдир? Бу бемаънилик, албатта. Эҳтимол, қариб бораётганлигимдан, йил – ўн икки ой йилқиларнинг кетидан юрганлигимдан, ҳеч нарсани кўрмайман, билмайман. Аммо қачонгача шунчалик оғир ҳаёт кечириш мумкин?.. Нутқларга қулоқ солсанг – гўё ҳамма нарса яхшиланиб кетаётгандай. Хўп, майли, мен янглишяпман, дейлик. Худоё мен янглишаётган бўлай. Лекин бошқалар ҳам эҳтимол шундай ўйлашаётгандир... Танабой чўлда айланиб юриб, бош қотирар, бироқ ўзининг шубҳаларига жавоб топа олмас эди. Шунда ўзларининг бир вақтлар қандай қилиб колхоз туза бошлаганликлари, халққа бахтли турмуш ваъда қилганликлари, ҳамманинг қандай орзу-истаклари бўлганлиги эсига тушиб кетарди. Ўша орзуларнинг рўёбга чиқиши учун қандай курашишди! Ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб ташлашди, эскиликка зарба беришди. Дастлабки пайтлар турмуш ёмон эмасди. Агар манави лаънати уруш бўлмаганида яна ҳам яхшироқ яшашган бўлишарди. Энди-чи? Урушдан кейин неча йил ўтиб кетди-ю, ҳамон хўжаликни эски ўтовдай ямаб-ясқаб ётибмиз. Бир жойини ямасанг, бошқа жойидан йиртиғи кўриниб қолади. Нима учун? Нима учун колхоз ўша пайтдагидай ўзингники эмас, гўё бегона – ётдай? Ўша даврда йиғилиш нима қарор қилса қонун бўларди. Қонунни ўзлари қабул қилишганларини ва уни бажариш кераклигини билишарди. Энди эса йиғилиш қуруқ гапдан иборат бўлиб қолди. Сен билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Колхозни гўё колхозчиларнинг ўзлари эмас, кимдир ташқаридан бошқараётгандай. Гўё нима қилиш, қандай ишлаш, хўжаликни қандай олиб бориш кераклиги сиртдан яхшироқ кўринадигандай. Хўжаликни гоҳ ундай, гоҳ бундай айлантириб кўришади, лекин ҳеч қандай натижа йўқ. Одамлар билан учрашгани ҳам қўрқасан: «Қани, айтчи, сен партия аъзосисан, колхоз туза бошлаганимизда ҳаммадан кўп сен томоғингни қиргансан, бу нарсалар қандай юз бераётганлигини бизга тушунтириб бер-чи?» деб сўраб қолишлари мумкин. Нима дейсан уларга? Лоақал бир жойга йиғилишиб, нималар бўлаётганлигини сўзлаб беришса ҳам майли эди. Кимнинг кўнглида нималар борлигини, қанақа фикрлар, қанақа ташвишлар борлигини сўрашса эди. Тумандан келаётган вакиллар ҳам негадир аввалгиларига ўхшамайди. Илгари вакил халққа аралашарди, ҳаммага яқин эди. Энди эса келди дегунча идорада раисга бақириб-чақиради, қишлоқ кенгаши билан мутлақо гаплашмайди ҳам. Партия йиғилишида сўзга чиқса, кўпроқ халқаро аҳвол ҳақида гапиради, колхоздаги аҳвол эса гўё унчалик муҳим эмасдай. Ишланглар, планни бажаринглар, вассалом...
Танабой яқинда бу ерга бир одам келганлиги, тил ҳақидаги қандайдир таълимот тўғрисида тинмай гапирганлигини эслади. Танабой колхознинг туриш-турмуши ҳақида гап очмоқчи бўлувди, кўзи ола-кула бўлиб кетди, сизнинг фикрларингиз шубҳали, деди. Фикрларини маъқул топмади. Нима бўляпти-я ўзи?
«Мана, Чоро тузалиб кетади-ю, ҳали, – деди ўзига Танабой, – кўнглидаги бор гапни тўкиб солишга уни мажбур қиламан. Ўзим ҳам очиқ гапираман. Мен янглишаётган бўлсам, айтсин, агар янглишмаётган бўлсам-чи?.. Унда нима бўлади? Йўқ, йўқ, ундай бўлиши керак эмас. Мен янглишяпман, албатта, кимман мен? Оддий йилқибоқарман, чўпонман. У ёқдагилар эса доно одамлар...»
Танабой ўтовига қайтиб келди ва узоқ вақтгача ухлай олмай ётди. Ҳамон бош қотирарди: ишкал нимада экан? Ўз саволига яна жавоб топа олмасди.
Чоро билан эса шу-шу суҳбатлаша олмади. Кўчиш олдидан ишлар билан ўралашиб қолди.
– Кўчманчилар яна бутун ёзга, бутун кузу қишга – келгуси кўкламга қадар тоғларга кўчиб кетишди. Яна қорамоллар подаси, йилқилар уюри, қўй-қўтонлари дарё ёқалаб, сувли ўтлоқлар бўйлаб юриб кетишди. Кўч-кўрон ортилган карвонлар. Хилма-хил овозлар ҳавода муаллақ туриб қолган, аёлларнинг ранг-баранг рўмол ва кўйлаклари кўзга чалинади, қизлар айрилиқ-ҳижрон қўшиғини куйлайдилар.
Танабой ўз йилқиларини улкан ўтлоқдан, овул яқинидаги дўнгликлардан ҳайдаб борарди. У йўрға отида келиб кетадиган ўша уй, ўша ҳовли ҳамон овулнинг бир чеккасида шундоғлигича турарди. Юраги орзиқиб кетди. Энди ўша жувондан ҳам, саман йўрға Гулсаридан ҳам жудо бўлган эди. Ҳаммаси орқада қолиб кетди, кўкламдаги кулранг ғозлар галаси сингари шовқин солиб ўтиб кетди у даврлар...
...Анчадан буён она туя елиб-югуради, бўталоғини излайди, чорлайди. Қайдасан қора кўзли бўталоқ? Жавоб бер! Тирсиллаган елинимдан оёқларимга тизиллаб сут оқмоқда. Қайдасан? Жавоб қайтар. Унинг елинидан, тирсиллаган елинидан тизиллаб сут оқмоқда. Оппоқ сут...