БАХТ НИМА?
Бахт ҳақида кўп сўрайдилар. Ҳар ким бахтни ўз кўзи билан кўради. Ўз қаричи билан ўлчайди. Менинг бахтим бошқа одам учун шунчаки арзимас бир нарса бўлиб туюлар. Қоғоз-қалам билан ўтган тунларим мен учун бахтли лаҳзалар, менга куюнгувчи дўстларим эса, «тирикчилик важҳидан ухламайди, бечора», дейишади. Мен эсам, бошқаларга ачинаман. Менга бир нарса аниқ: бахт бевафо нарса — келаверади, кетаверади…
«Бахт қуши» деган таъбирнинг мавжудлиги бежиз эмас. Қуш ҳеч маҳал бир ерда узоқ қўниб ўтирмайди. Бахт ҳам шу — кишига ҳамиша йўлдош бўлавермайди. Бахтиёрлик кўп ҳолларда кишини худбинликка, манманликка етаклаши мумкин. Ана шунда жар ёқасига келтирадию ўзи ғойиб бўлади. Киши «бахтим, қайдасан?» деб чапак чалиб қолаверади. Ҳаётдан маълумким, жарга қулаганлар ҳам учрайди. Эси бутун одамлар эса ўзини асраб қола олади. «Бахтингни қўлдан берма», деган гапни мен «манманликка берилма, худбин бўлма», деган маънода тушунаман.
Бахт зарралардан ташкил топади. Масалан: эрталаб дастурхонимда нон туриши — бахт. Уни емай, исроф қилишлик эса худбинлик. Ҳар тонг аҳли оиламни, қўни-қўшнимни, қариндошу дўстларни соғ-омон кўрмоқлик — бахт. Улардан бирининг кўнглини оғритиш эса — худбинлик… Заргар тилла зарраларини тўплаб, бир ажиб узук ясасаю уни бир онда йўқотиб қўйса… Одам бахтини ана шундай машаққат билан топади, осонлик билан йўқотади. Бунга фақат ўзигина айбдор.
Т. Малик