40-Масала
Мўъмин мажозий эмас, ҳақиқий имонли бўлиши шартлиги ҳақида
Мажозий билан ҳақиқийнинг фарқини англаш учун шуни билишимиз керакки, ишқи ҳақиқий ва ишқи мажозий бўлади. Ишқи ҳақиқий фақат Яратган Зотга нисбатан бўлган муҳаббат. Ишқи мажозий эса дунёдаги мавжуд кимса ёки нарсага нисбатан бўлган муҳаббатдир. Ишқи мажозий вақтинчалик бўлиб, севгилисининг висолига етишиш билан одатда аста-секин сўна бошлайди. Шу сабабли баъзан севиб уйланган йигит ва қиз қандайдир келишмовчиликлар сабабли ажралиб кетишлари ҳам мумкин, лекин ишқи мажозий сўнса ҳам, эру хотин ёки фарзандларини ўйлаб, ёки қариндошчилик ёки мол-дунё ёки амаллари, ёки муросаю мадора ва шунга ўхшаш муносабатлар оқибатида умрининг охиригача бирга яшашлари мумкин. Аммо ишқи ҳақиқий бўлса, абадий сўнмайди, аксинча, висолга етган сари гуркираб ривожланади. Натижаси эса олий мукофот, жаннатга кириб, Яратган Зотнинг жамолига мушарраф бўлишдан иборатдир.
Имон ҳам ҳақиқий ёки мажозий бўлади. Мажозий имон мажозий ошиққа ўхшаган бўлиб, мусулмонларнинг поклиги, меҳру оқибатлиги, саховати, саҳар туриши, беш вақт намоз ўқиши, қийин пайтларида кўмакдош бўлишлари ва шунга ўхшаш ишларни ёқтириб мусулмон бўлади. Ҳақиқий имон соҳиби эса сидқидилдан Аллоҳга, унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, охират куни, тақдир ва ўлгандан кейин қайта тирилиб, ҳисоб-китоб беришига, дўзах, жаннатга ишониб, сўзсиз Аллоҳга итоат қилади, Аллоҳнинг топшириқларини бажариб, наҳийларидан тийилади.
Шуни ҳам билишимиз лозимки, инсонлар бу дунёда имон-эътиқодига кўра уч тоифага бўлинади. Биринчиси мўъмин, иккинчиси кофир, учинчиси мунофиқдир. Мўъмин ҳақиқий имон соҳиби бўлиб, барча ақидавий масалаларга имон келтиради. Кофир мўъминнинг акси бўлиб, барча имон келтириши лозим бўлган нарсаларни инкор этади. Мунофиқ эса, ўзини зоҳиран мўмин қилиб кўрсатади, аммо, қалбида ишонмайди. Бир мўъмин Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни истеьмол қилса, у фақат гуноҳкор бўлади, лекин имонсиз дейилмайди. Кимки унинг имонини имони мажозий деса, бидъатчи бўлади. Кимки, мўъмин бўлатуриб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзига хуш келгани, ёққани учун, турли-туман сабаблар кўрсатиб, ҳалол деса, кофир бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.):
من استحل محارم الله فقد كفر
«Кимки, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол санаса (деса) батаҳқиқ у кофир бўлди», деганлар.
Шунингдек, бир кофир имон келтирмасдан, ҳар қанча солиҳ амаллар қилса ҳам, у мажозий кофир эмас, ҳақиқий кофирдир. Бинобарин, бир мўъмин қанчалик гуноҳкор бўлмасин, бу уни ҳақиқий имондан чиқармайди. Фақат гуноҳкор, гуноҳ устига гуноҳ қилавериб, қалби қорайиб кетади, шундан кейин имон билан куфрнинг фарқига бормай, куфрга шўнғиб кетиши ҳеч гап эмас.
Модомики, шундай экан, мўъмин банда гуноҳдан худди шердан қочгандек қочиши лозим. Мунофиқ эса кофирлардан эканлигини юқорида эслаб ўтдик.