Инсонлар билан ўзаро муроса қилиб яшаш одоблари
Инсонлар жамиятда ўзаро аҳил бўлиб яшашлари, мана шу яшаш жараёнида уларни яратган Зотга бандалик қилиш билан бирга, бир-бирларининг ҳақларига риоя этмоқлари талаб этилади. Ислом дини келгунча кучлилар заифларни таҳқирлар, қабилалар бир-бирларига душман эдилар. Ислом дини уларни инсон ақлини ожиз қолдирадиган даражада бир-бирларига меҳр-муҳаббатли қилиб қўйди. Бу ҳақида Қуръони каримда баён қилинади:
Яъни: “Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз” (Оли Имрон, 103).
Яъни Ислом неъмати туфайли биродарларга айландингиз.
Халққа насиҳат қилиб, шафқат кўрсатиб бирга яшаш суннатдир. Инсонлар билан бирга яшаш Аллоҳга яқинликни кўзлаб қилинадиган нафл ибодатларга ажралиб чиқишдан афзалдир.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмонга туғишган ака-укаси кабидир. Унга ёлғон гапирмайди, хиёнат қилмайди, қаровсиз қолдирмайди (ташлаб қўймайди). Ҳар бир мусулмонни мусулмонга обрўси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво бу ердадир. (кўкракларига ишора қилдилар). Киши томонидан содир этиладиган ёмонликлардан бири мусулмон дўстини таҳқирламоқлигидир” (Имом Термизий ривояти).
Инсонларга аралашиб яшашнинг ҳақлари қуйидагилар:
1.Халойиқ билан зоҳирида ва амалида бирга бўлади, қалби ва динида бирга бўлмайди. Али бин ад-Даққоқ айтадилар: ”Инсонлар кияётган нарсаларини кий, улар еяётган нарсалардан е, лекин ботинингда улардан ажрал”. Айтилишича, ориф инсон коин-боиндир. Унинг коинлиги-халқ билан бирга бўлиши бўлса, боинлиги ботинида улардан ажралганидир.
2.Ўзи учун яхши кўрган нарсаларни улар учун ҳам яхши кўради.
Чунки пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Сизлардан бирингиз ўзи яхши кўрган нарсасини дўстига яхши кўрмагунча ҳақиқий мўъмин бўла олмайди”-дедилар (Имом Бухорий ривояти).
3.Барча ишларда яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш ила уларга насиҳат қилади, чунки насиҳат қилмоқ диннинг устуни ҳисобланади.
Тамим ад-Доримий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:”Албатта дин насиҳатдир.(деб уч мартта айтдилар). (Имом Термизий, имом Насаий, ибни Можа ривоятлари).
4.Инсонларга етган азиятни кетказади. Улар билан бир-бирларига мавъиза ва зажр қилишга келишиб оладилар. Уларга раҳм-шафқат билан муомалада бўлади. Бирор кишини ўзи ёмон кўрадиган сўзи билан зикр қилмайди, чунки ҳар бир кишига фаришта вакил қилинган бўлиб, дўстига айтган сўзини ўзига қайтаради. Бирор кишини ёмон бўлганидан хурсанд бўлмайди. Инсонларнинг яхшиси-ю, ёмонига, аҳилу-ноаҳилига яхши муносабатда бўлади.
Нўъмон бин Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: ”Мўъминлар бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатишда, меҳр-мухаббатли бўлишда ва ўзаро бир-бирларига ёрдам беришда бир жасад кабидирлар. Агар бир аъзо касалланса, бошқаси унга иситма ва бедорлик билан ёрдам беради”(Бухорий ривояти)
5.Инсонлар тарафидан етган азиятни кўтаради ва кечиримли бўлади.
Бунга Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг азиятларига сабр қилганлари яққол далил бўлади.Чунки Аллоҳ таоло кечиргувчи Зотдир ва кечиримлиларни севади.
6.Аллоҳ унга берган неъматларига шукр қилиб, инсонларнинг ҳожатларини чиқаради.Уларнинг ишларига ёрдам беришга ҳаракат қилади.
Али розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб: ”Албатта жаннат мўъмин биродарини ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилаётган кишига муштоқ бўлиб туради”-дедилар (Муслим ривояти).
7.Жабрланувчини жиноятчидан ҳимоя қилади. Икки урушганнинг орасини ислоҳ қилади. Чунки ислоҳ қилиш-садақанинг афзалидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
“Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингиз!” (Оли Имрон, 103)
Абдураҳмон бин Авф оналари Умму Гулсум бинти Уқбадан ривоят қиладилар, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши гапларни гапириб ҳамда ташиб (чақимчилик қилиб) инсонларни орасини ислоҳ қилган инсон ёлғончи эмас”-дедилар.
7.Ёмонлик қилганга яхшилик қилади, алоқани узган киши билан алоқани тиклайди, бермаган кишига беради, чиройли гумон қилади, чунки ёмон гумон ёлғончига чиқаради.
Яхшиликка уламолар қуйидагича таъриф берганлар:
-Суфён Саврий роҳматуллоҳу алайҳ:”Яхшилик-сенга ёмонлик қилган кишига яхшилик қилишинг, сенга яхшилик қилганга яхшилик қилишинг – тайёр(меҳнат қилмасдан топилган)пулга савдо қилинган товар каби”-дедилар.
-Ҳасан Басрий роҳматуллоҳу алайҳ: ”Яхшилик умумий бўлади, хос бўлмайди, худди қуёш, шамол, ёмғирдек” -дедилар.
Ёмон гумон ҳақида Қуръони каримда қуйидагича келади: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир”(Ҳужурот, 12).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ёмон гумондан сақланинглар. Чунки ёмон гумон гапни ёлғонга чиқаради”-дедилар(Бухорий ривояти).
8.Аллоҳ таоло унга ато қилган нарсалари туфайли бирор кишига ҳасад қилмайди. У кишидан ўша неъматни кетишини орзу ҳам қилмайди ва бу неъматни кетказишга ҳийла ҳам қилмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: ”Ҳасаддан сақланинглар, чунки ҳасад олов ўтинни егани каби яхшиликларни ёйди (кетказади)”-дедилар(Байҳақий ривояти).
9.Ваъдани зудлик билан бажаради, чунки ваъда қарздир, ваъдага хилоф қилиш эса мунофиқлик аломатларидандир. Бирор кишини айбини очмайди, балки яширади. Бирор кишини билиниб турган айби билан айбламайди.
Хулоса қилиб айтганда, инсон табиатида маданийлик, одамларга аралашиш, улар билан муносабат ўрнатишга мойиллик мавжуд. Шу билан бирга, инсон зоти ёлғизликни, барчадан четда бўлишни, одамларга қўшилмасликни ёқтирмаслиги ҳам табиий. Умуминсоний алоқалар давомида дин, ватан, касб ва бошқа сабабларга кўра алоҳида алоқа ва муносабатлар шаклланиши ҳам доимий равишда бўлиб келаётган ишлардандир. Исломда бундай ижтимоий алоқалар одоби гўзал тарзда баён қилиб берилган.
Абдулазиз Мўминов. Мамирқори жомеъ масжиди имом хатиби
Зоҳидов Муҳаммадали. Икром ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби ноиби