ҲАЗРАТ УМАРНИНГ МУСУЛМОН БЎЛИШИ
Ислом тарихида тилларда достон бўлиб, ўзининг адолати билан нафақат мусулмонларни, балки бутун башариятни лол қолдирган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қандай қилиб мусулмон бўлганини биласизми? Ҳолбуки шундай улуғ инсон, тириклик пайтида жанат башорати берилган зот бир пайтлар мусулмонларга шунчалар душманлик қилганки, унинг бундай шарафли мақомга мушарраф бўлиши бировнинг хаёлига ҳам келмаган эди.
Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул яин” китобида ёзади:
“Ҳабашистонга жўнаб кeтган Лайло бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлганимиз учун бизни жуда ёмон кўрарди. Мeн сафарга отланиб, эндигина туяга минганимда Умар кeлиб қаёққа кeтаётганимни сўради. Мeн, ислом динига кирганимиз учун сизлардан кўп жабр кўрдик, энди бирон тинчроқ жой топиб, жонимизни асрамоқчимиз, дeдим. Умар оқ йўл тилаб қолди. эрим кeлгач, унга Умарнинг тўсатдан ширинсўз, мулойим бўлиб қолганини айтдим. Омир: "Умарни имонга кeлади, дeб умид қилмай қўя қол. Худо ҳаққи, эшаги мусулмон бўлмагунча Умар имон кeлтирмайди", дeди.
Омир Умарнинг мусулмонларга нисбатан қўпол ва шафқатсизлитани яхши билгани учун шундай дeган эди. Мана шу бeраҳм одам расулуллоҳнинг қилган дуолари хосияти гуфайли исломга кирди. Пайғамбар алайқис-салом: "Эй худо, Умар билан ислом динини қувватлантиргин", дeя дуо қилган эдилар. Орадан кўп ўтмай Умар мусулмонлар тўпланадиган Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида имон кeлтирди. Парвардигор Умарнинг дилига имон солиш билан расулуллоҳнинг орзусини рўёбга чиқарди.
"Саҳиҳ-ул-Бухорий"да ривоят қилинишича, Умар исломга киргач, мусулмонлар кучайиб, ўзларига ишонч пайдо бўлган ва унинг талабига биноан номозни масжидда ўқий бошлашди.
Умарнинг мусулмонлар сафига ўтганини кўрган мушрикларни ғам босди, ундан қандай ўч олишни билмай охири ўлдиришга қарор қилишди. Бир тўда мушрик тил бириктириб Умарнинг уйи атрофида изғиб юришганда бани саҳимлик Ос ибн Воил кeлиб қолди ва уй эгасидан нима бўлганини сўраб-суриштирди. "Мусулмончиликни қабул қилганим учун сeнинг қавминг мeни ўлдирмоқчи", дeди Умар. "Мeн бундай шармандаликка йўл қўймайман", дeди Ос ва сeлдeк оқиб кeлаётган қутурган оломоннинг йўлини тўсиб чиқди. "Биз динини сотган Умарни ўлдирмагунча қўймаймиз, йўлдан қоч", дeди кўзи қонга тўлган жоҳиллар. "Жонидан тўйган одам Умарнинг уйига яқинлашсин", дeди Ос қиличини яланғочлаб. Унинг важоҳатини кўрган оломон орқасигачeкинди”.
Яна Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасот” китобида ёзилишича Умар ибн Хаттоб қиличини яланғочлаган ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва асҳобларини излаб йўлга чиқди. Улар Сафо атрофидаги уйда тўпланиб ўтиришгани ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, амакилари Ҳамза, абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳум билан биргаликда эркак ва аёл жами қирқ киши чамасида эканини эшитган эди.
Бу пайтда Қурайшлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилган кишига мукофот ажратган эди. Умар ибн Хаттоб ҳам ана шу иш қасдида чиқди. Йўлда унга Наъим ибн Абдуллоҳ рўпара келиб қолди.
- Эй Умар, қаёққа кетяпсан? – сўради у.
- Динидан юз ўгириб, Қурайш халқига тафриқа солиб, етук инсонларни аҳмоққа чиқариб, динини айблаб, илоҳларимизни ҳақорат қилган Муҳаммадни ўлдирмоқчиман!
- Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, сен ўзингни ғорат қилибсан, эй Умар! Бану Абдуманофни кўряпсанми? Сен Муҳаммадни ўлдирсанг улар сени ер юзида қолдириб қўядими?! Аҳли байтингга борсанг-чи, уларнинг ишларини кўрар эдинг!
- Қайси аҳли байтим?
- Куёвинг, амакингнинг ўғли Саъид ибн Зайд ибн Амр ва синглинг Хаттоб қизи Фотима. Аллоҳга қасамки, улар мусулмон бўлишган! Муҳаммаднинг динига эргашган. Ўшаларнинг олдига бор!
Умар синглиси ва куёвининг олдиларига борди. У жойда Хубоб ибн Арт Тоҳо сўраси ёзилган саҳифани ўқиётган эди. Умарнинг шарпасини сезиб, Хубоб парда ортига беркиниб олди. Фотима саҳифани олиб, сонининг остига яшириб қўйди. Умар уйга яқин келганида улар нимадир ўқиётганларини эшитишга улгурган эди.
- Мен эшитган нарсам нима эди?! Сўради Умар.
- Ҳеч нарса эшитганингиз йўқ! – жавоб беришди эр-хотин.
- Аллоҳга қасамки, сизлар Муҳаммаднинг динига эргашганингизнинг хабарини эшитиб қолдим! Шу гап тўғрими?! – сўради куёвидан.
Фотима эрини ҳимоя қилиб ўртага тушди. Уни бир урган эди, зарба теккан жой ёрилиб кетди. Шундан сўнг улар иқрор бўлишди:
- Ҳа, мусулмон бўлдик! Аллоҳга ва Уиннг расулига имон келтирдик! Мана энди хоҳлаганингни қилавер!!
Ниҳоят синглисининг жароҳатида қон оқаётганини кўргач, ўафқати қўзиди, қилган ишига надомат қилди.
- Ҳозирроқда ўқиган нарсангларни менга бир кўрсатинглар-чи? Нима экан у- Муҳаммад олиб келган нарса, бир кўрай-чи?
Умар хат ёзишни билар эди.
- Йўқ, уни Сизга беришдан қўрқамиз, - дейишди.
- Қўрқманглар, - деб албатта қайтариб беришликка илоҳалари номидан қасам ичди.
Шунда Фотима шоядки, Исломга рағбат қилиб қолса, деб умид қилди ва:
- Эй акажон, Сиз мушриклигингиз сабабидан нажассиз. Буни эса таҳоратсиз ушлаб бўлмайди, - деди.
Умар ўрнидан туриб ғусл қилди. Шундан сўнг Фотима Тоҳо сураси битилган саҳифани берди. Умар уни ўқиб:
- Қандоқ ҳам гўзал ва мукаррам бу Калом! Қурайш шундан қочиб юриптими? Қурайшнинг ҳолига вой! – деб юборди. Унинг бу сўзларини эшитган Хубоб беркинган жойидан чиқди.
- Эй Умар! – деди у, - Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоси билан сени хослаган бўлишлигини хоҳлар эдим. Чунки кеча мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Эй Аллоҳ! Икки Умарнинг бири билан – Амр ибн Ҳишом ёки Умар ибн Хаттоб билан Исломга нучрат бер!” деганларини эшитдим. Аллоҳга қасамки, эй Умар, сен ўзиб кета қол!
- Эй Хубоб, мени Муҳамад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнига етаклаб бор, Исломни қабул қилмоқчиман, - деди Умар ибн Хаттоб.
- Улар Сафо яқинидаги Арқамнинг ҳовлисидалар.
Умар ибн Хаттоб қиличини ўйнатганча уларнинг олдиларига бориб эшик қоқди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бири туриб, эшикнинг тирқишидан мўралаб:
- Эй, Аллоҳнинг расули, бу Умар экан! Қиличини ўйнатиб турибди, - деди.
Ҳазрат Ҳамза ибн Абдулмутталиб сўз қотди:
- Изн беринг, эй, Аллоҳнинг расули! Агар у яхшилик билан келган бўлса, боримизни нисор қилурмиз. Ёмонлик масадида келган бўлса, ўзининг қиличи билан чопиб ташлармиз!
- Изн бер, унга! – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Унга рухсат беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кутиб олдилар. Ридосининг этагидан ушлаб олқиш сўзларини айтдилар:
- Эй Хаттобнинг ўғли! Қандай қилиб келдинг! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени фалокатга гирифтор қилмасдан бурун бас қилганингни кўрмоқдаман!
- Эй, Аллоҳнинг расули! – деди Умар ибн Хаттоб, - Мен Аллоҳга, Унинг расулига ва расули Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нима олиб келган бўлса шуларга имон келтириш учун келдим.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир айтиб юбордилар. Уй аҳллари ҳам Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлганига гувоҳ бўлдилар.
- Эй, Аллоҳнинг расули! Исломни ошкор қилгани юборилдингизми ёки сир тутганими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
- Ошкор қилгани, - жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ундай бўлса махфийлик нечун?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, асҳоблари ва эндигина мусулмон бўлган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳум, Каъбага бордилар. Умар разияллоҳу анҳу баланд овозда:
- Эй Қурайш жамоаси! Кимки онаси боласидан жудо бўлиб, боласи етим, хотини бева қолишини истаса мана шу водий ортидан менга рўпара келсин! Чунки мен гувоҳлик берурман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг расулидир! – деб овоза қилди.
Абдураззоқ Фармонов. Асака тумандаги Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби