РЕ ҲАРФИНИНГ РАЪНОЛАРИНИНГ РУСТАҲЕЗИ «БАДОЕЪ»ДИН
132
Сипеҳр осебидин солим қутулмоғлиқ не имкондур
Ки, меҳре дашту тиғу кулгуси барқи дурахшондур.
Мунунгдек меҳр кўргач, шод ўлуб кулган зиҳи ғофил,
Бу янглиғ кулгу сари меҳр солған асру нодондур.
Тенгиз кўнглида андоқ меҳрдин юз шуъладур пайдо,
Қиё бағрида мундоқ кулгудин минг дашна пинҳондур.
Ҳижоридин қиёдур анга юз минг тиғ ила ожиз,
Ҳубобидин тенгиз юз минг кўз илан анга ҳайрондур.
Чекиб қавси қузаҳдин ё кўнгуллар қасдиға, анинг
Ёғин ҳадди хадангу қатра сулар анда пайкондур.
Бу ёй бирла анингдек ўқни ёғдурғоч, халойиқнинг
Ҳаёти қасрида ҳар сари қилмоқ рахна осондур.
Ҳаёт ичра бақо чун мумкин эрмас Нуҳ бўлсинким,
Ўлар ҳолатда туғмай ўлган ўғли бирла яксондур.
Бақо сарчашмаси зулматда дерлар, йўқки, ул зулмат
Скандар оҳи ўтидин йиғилғон дуди ҳирмондур.
Навоий, ўртабон ўзлук қадам бу йўлға қўй, яъни
Ки, ҳар ҳамроҳким бўлғай тажарруд мониъи ёндур.
133
Менки ҳижрон даштиға кирдим қуюндек беқарор,
Оҳу вовайлоки, ҳам саргаштамен, ҳам хоксор.
Санчилиб урён танимға ҳар тараф юз минг тикан,
Ҳар тиканни куйдуруб кўнглум ўтидин бир шарор.
Қайдадур Мажнунки, бергай панду чун фаҳм этмасам,
Йиғлағай ҳолимға бағри оғриғандин зор-зор.
Ё қани Фарҳодким, ғам тоғини тирноғ ила
Қозғанимдин, тешаву тоғидин ўлғай шармисор.
Билсам эрди бир замонлиғ ҳажр дарди шиддатин,
Юз йил ўлса васл даври, қилмас эрдим ихтиёр.
Дўстлар, меҳру муҳаббатнинг ниҳолин экмангиз
Ким, бўлур эрмиш анга андуҳи ҳижрон баргу бор.
Эй сабо, келмиш Навоий хаста жонидин батанг,
Элтибон ёр итларининг оллида қилғил нисор.
134
Ҳар кишиким, ер юзинда бир сенингдек моҳи бор,
Тонг эмас, ер-кўкни гар тутқунча ашку оҳи бор.
Не ажаб, кўнглум адам кўйи сари азм айласа,
Хоссаким оғзинг хаёлидек анинг ҳамроҳи бор.
Поку огаҳ бўлса кўнглум халқ жавриднн, не ғам,
Ёрнинг чун табъи поку хотири огоҳи бор.
Ёрни кўнглумда жон янглиғ ниҳон қилғай эдим,
Айби кўнглумнинг будурким, нолаи жонкоҳи бор.
Ишқ кўйида қора туфроқча йўқ жон қиймати,
Йўл яроғин доғи топмас, улки молу жоҳи бор.
Мен кеби ҳижронда жон бермактин ўзга найлагай,
Дилбаримдек кимки бир бегонаваш дилхоҳи бор.
Ишқ водийсидин анруким эрур мўр аждаҳо,
Кўрмадук шаҳким, гадо оллинда шайаллоҳи бор.
Эй мусулмонлар, эрур кўнглумда бир кофир ғами
Ким, эрур боиски, тақво жониби икроҳи бор.
Эй Навоий, ҳажр бедоду жафосидин не ғам,
Ҳар гадоким, хусрави Ғозийдек анинг шоҳи бор.
135
Буким, кўнгулнинг ул ойсиз не саъб ҳолати бор,
Ул англағайки, бирав ҳажридин малолати бор.
Қуйига тушмиш анинг зулми тиғидин бошим,
Ҳануз тиғи юзидин магар хижолати бор.
Қулоқ дурию юзи икки ахтар этти қирон
Ки, олам ичра басе фитнаға далолати бор.
Сабо дебон хабар ул гулдин, элни тиргузди,
Масиҳча деса бўлғай анинг рисолати бор.
Кўнгулни зулм ила буздунг, бале бўлур маъмур
Шаҳеки, мулкида эҳсон билан адолати бор.
Қадаҳ қуёши била равшан айла хотирни,
Чу англасангки, фалак зулмидин залолати бор.
Навоий истамас эл ишқин англағай, буким
Ўз-ўзи бирла жунун аҳлидек мақолати бор.
136
Бу тийраи қотилки, оти ҳажр тунидур,
Оҳим тутунидур дема, доғим тутунидур.
Жисм ичра юзунг ҳажрида минг дард хаданги,
Гўё кўнгул оташкадасининг ўтунидур.
Сўнгакдин эмас риштаи жисмимда бўғунлар
Ул торда ранжим ададининг тугунидур.
Ул шўх симоъ ичра учурмоққа кўнгулдин
Ҳушу хираду сабрни офат қуюнидур.
Уйқу кетурур су уни, лек уйқуни олғон
Элнинг кўзидин сайли сиришкимнннг унидур.
Ўйнай-ўйнай тўкса ул ой қоним, эмас тонг
Ким, барча булар чархи мулоиб ўюнидур.
Юз пора бошимни ити рад қилди, Навоий
Билмаски, сўнгакларда борининг бутунидур.
137
Ул қуёшким, кўнглум ичра ҳажрининг озоридур,
Жоним олса ҳам, кўнгул жон бирла миннатдоридур.
Найлаб ул қотилдин ўлғаймен халос, эй ишқким,
Жоним афгори, таним бемори, кўнглум зоридур.
Ҳажр ўти пайкони захмин мен кеби билмас киши
Ким, ичим боштин-аёқ ул нишнинг афгоридур.
Ҳажраро жонинг олай дер, кўр не бўлғай жаврким,
Бу манга ул шўхдин меҳру вафо изҳоридур.
Қоф агар юздур ададда, Қоф тоғи меҳнатим
Шиддати аъдодининг юздин бири миқдоридур.
Телба кўнглум истаса Фарҳоду Мажнун сиҳҳатин,
Оқил эл рағми анга ҳушу хирад осоридур.
Кир харобот ичра, эй зоҳид, тилар бўлсанг биҳишт
Ким, майи кавсар зулоли кулбаи хамморидур.
Не ажаб гулшан эрур давронки, дуди оҳдин
Сунбулию ашк қони сайлидин гулзоридур.
Гар Навоийдек сўзунг фаҳм этмадим, эй порсо,
Афв қил, бир дам хаёлим боданўшум соридур.
138
Ишқдин, ваҳким, манга ҳар лаҳза ҳоле юзланур
Ким, бузулғон кўнглума андин малоле юзланур.
Ёрга ўзни тахайюл бирла махсус айлабон,
Ул хусусият аро ҳар дам хаёле юзланур.
Чун хаёл илгида бўлди нотавон кўнглум асир,
Бошиға ҳар лаҳза савдои муҳоле юзланур.
Васл савдосидин ўткарсам эмас мумкин дебон,
Хотири ичра анинг ҳам эҳтимоле юзланур.
Маҳвашимни сўзга тортармен тахайюл кунжида,
Ҳар сўзумга ким жавоб айтур, саволе юзланур.
Истамон анинг хаёлин доғи қилғаймен малул,
Бас қилурмен, гарчи ҳар дам қилу қоле юзланур.
Васлини анинг хаёли бирла қилмасмен бадал,
Гарчи ҳар соат манга соҳиб жамоле юзланур.
Чиқ бу гулшандинки, паст истар бошингни ер кеби,
Онда ҳар дамким санга саркаш ниҳоле юзланур.
Эй Навоий, ёр зулфу қоматидин бўлғуси,
Гар паришон хотирингға эътидоле юзланур.
139
Заъфлиқ жисмим қачон нозук белингга чирманур,
Зулфунг икки тори гўё бир-бирига тўлғанур.
Қоматингға сарв тақлид айлабон топти шикаст,
Бу сазодур, гар гияҳ сарви сиҳиға ўтканур.
Зулфунга ҳамсарлиқ этмак ўзда топмас, нечаким
Сунбули мушкин қуюндек ўз-ўзига айланур.
Воқиф эркин ишқ ўтининг сўзидин ҳусн аҳликим,
Шамъ агар парвонани ўртар, ўзи ҳам ўртанур.
Ўйнамоқ бирла солур давронға рахши қўзғалон,
Ҳар қачонким базмдин ул шўх сархуш отланур.
Бу чаманда тортибон булбул тонг отқунча фиғон,
Ишқ дарсин гўйиё гул дафтаридин ўрганур.
Дема сарғарди Навоийнинг юзи ишқ ичраким,
Буйла олтунни қилурға поймолинг қозғанур.
140
Ёрдин ҳижрон чекар ушшоқи зор, эй дўстлар,
Неча тортай ҳажр, чун йўқ менда ёр, эй дўстлар.
Ёр ишқин асрағил пинҳон, дебон саъй этмангиз,
Ваҳ, не навъ этгум йўқ ншни ошкор, эй дўстлар,
Ишқ бирла гар биров лофи вафову аҳд урар,
Ишвагарлар аҳдиға йўқ эътибор, эй дўстлар.
Айламанг бекаслигимни таън, бир кун бор эди
Менда ҳам бир нозанин чобуксувор, эй дўстлар.
Ёрсиз вайронда қон йиғлармен охир, сиз қилинг
Ёр бирла гашти боғу лолазор, эй дўстлар.
Ёрсиз ифрот ила гар йиғласам, айб этмангиз
Ким, эрур бу иш манга беихтиёр, эй дўстлар.
Дўстлуқ айлаб тутунг гаҳ-гаҳ лаболаб жомким,
Қасди жон қилмиш манга дарди хумор, эй дўстлар.
Май ичингким, даҳр эли ичра кўп истаб топмадуқ
Аҳду паймонида бўлғон устувор, эй дўстлар.
Ёрингиз васлин ғанимат англабон шукр айлангиз
Ким, Навоий ўлди бекасликда зор, эй дўстлар.
141
Васлдин, ваҳким, дамо-дам элга жоминўш баҳр,
Бизга соғар-соғар анинг фурқати базмида заҳр.
Ул кўзу қошдин агар қўзғолса олам, тонг эмас
Ким, биридур офати даврон, бири ошуби даҳр.
Ваҳ, нетиб сабру шикебим мулки вайрон бўлмасун,
Икки кўздин Дажлаю Жайҳундек оқиб икки наҳр.
Хосларға лутфунг ўлди ом, юз афғонки, мен
Омдинменким, менинг жонимға қилдинг хос қаҳр.
Отланиб чиқти магар ул маст золимким, яна
Тушти олам кишвариға фитнаву қўзғолди шаҳр.
Меҳрдин юз қилсаким, гардун аруси Золдур,
Рустам ани ақд қилса, нақди жон бергуси маҳр.
Эй Навоий, ёр ёдинда малак маҳрам эмас,
Фақр одоби аро тажвиз қилма зикри жаҳр.
142
Ваҳки, золим ишқ жонимға яна бедод этар,
Қатл умиди бирла ғамгин хотиримни шод этар.
Зуҳду тақво бузди обод айламак бирла мени,
Шукрким, ишқу жунун бузмоқ била обод этар.
Базми айши ичра ғавғо уйладурким, ташқари
Ким, қулоқ солур агар, девонае фарёд этар.
Неча тартиб айласам сабру салоҳ авроқини,
Сарсари ишқу жунун еткач, борин барбод этар.
Ишқ кўйида кўнгул ҳоли паришонроқ бўлур,
Офият мулкидаги жамъиятин чун ёд этар.
Ул қуёш ҳижронида бу зарраи саргаштаға
Ишқ зулми бас эмаским, чарҳ ҳам имдод этар.
Ишқ аро ёлғуз менинг ҳолим кўруб ҳар дам сипеҳр,
Вомиқу Фарҳоду Мажнун ҳолин истишҳод этар.
Ваҳ, нетиб, эй хонақаҳ шайхи, тутай зуҳду риё,
Дайр пири чун манга фақру фано иршод этар.
Эй Навоий, ани бил озода олам аҳлидин
Ким, ўзин олам эли ғавғосидин озод этар.
143
Лабки хандон қилибон қошу кўзин ўйнатадур,
Ўйнай-ўйнай мени бечорани қон йиғлатадур.
Кўргач ул ойни, яқиндурки фиғонлар қилғай,
Лек бехудлуғ ила кўнглум ўзин тўхтатадур.
Тортмоқ мумкин эмас ўқини кўнглумдинким,
Яна ўқ ҳар нафас анинг ёниға ўрнатадур.
Бахтим уйғонмас агарчи фазаъим дард аҳлин
Ўлум уйқусиға борғонлар эса уйғотадур.
Кўзум ашкин бу жиҳатдин деса бўлғай хуноб
Ким, бу су оқса, бағир ҳам анга қонин қотадур.
Сабру ором сипоҳин нечаким йиғсам, ишқ
Гаҳ ани синдирадур, гоҳ муни бутратадур.
Ғарази буки, ҳабибимға қул ўлғай Юсуф,
Ҳусн бозорида ҳар нечаки ўзин сотадур.
Ўхшамайдур менинг оллимда, агарчи деҳқон
Сарви гулрўюма сарву гулини ўхшатадур.
Ишқ ани келтурадур хаста Навоий тарафи,
Новаки ғамзани ул шўх қаёнким отадур.
144
Чиқиб ишқ ўти кўксум чокидин, бошимдин ошибдур,
Бу эскирган ёғочқа ўз ичидин ўт тутошибдур.
Жунун аҳлиға ул ой тори зулфи орзусидин
Басе, сарриштаи савдоки бир-бирга улошибдур.
Қамар юзинда мушту кочдин кўрдум асар ҳар ён,
Ҳамоно ул қуёш бадмаст бўлғонда талошибдур.
Қўнгул чокига ғам тухмин хатинг фикри тўла қилмиш,
Захира, кўрки, хайли мўр маскан ичра тошибдур.
Сабо машшотаси, лутф айлабон гулгун тўнин кийдур
Ки, раъно сарвиға гулбаргдин хилъат ярошибдур.
Фалакнинг пардаи зайлин буким қилди шафақ гулранг,
Магарким ер юзидин кўз ёшим хуноби тошибдур.
Мени Мажнун танин тирноғларнинг захмидин кўрган
Дегай Лайли ити ҳар ён қўтур жисмини қошибдур.
Кўнгулким, асру тавсан эрди зуҳд ойинида, кўргил
Ки, ишқинг роизидин не забунлардек ювошибдур.
Навоий туркларнинг тарки тутса, айб қилмангким,
Анга бир туркмон маҳваш ғами маҳкам дўлошибдур.
145
Кимки олам боғида бир сарви гулрухсори бор,
Боғ сайридин фароғи, сарву гулдин ори бор.
Гул била майни нетар девонаеким, кўнглида
Бир париваш лаълидин май, ҳуснидин гулзори бор.
Гул насиму атридин мумкин эмас топмоқ илож,
Кимки бир гулчеҳра хори ҳажридин озори бор.
Жон етиб оғзимға ўлгум, бир нафас тенгри учун,
Эй Масиҳим, кел бери, эй муддаи, сен нори бор.
Кўзларига хори меҳнатдур гул, улким гул чоғи
Гулжабинлар кўзлари янглиғ ики бемори бор.
Дема булбул зулмиға гул боғламиш бел, гўйиё
Чарх зулмидин анинг ҳам боғлаған зуннори бор.
Қолди хуррамлиқ фалакдин ташқари, кўр, эй рафиқ
Ким, қазо наққошининг не гардиши паргори бор.
Фақр йўлинда оғирроқ юк эрур вобасталиқ,
Эй кўнгул, тарки тааллуқ айлабон ул сори бор.
Эй Навоий, ўзни мақбул истасанг, туфроқ бўл
Ким, эрур мардуд, улким бошида пиндори бор.
146
Туррангки, тоби юзда ўтумға василадур,
Ул шамъ шуъласи аро мушкин фатиладур.
Олса кўзунг ҳиял била кўнглумни, айб эмас,
Бор ул фусунгареки, иши макру ҳийладур.
Ашҳабларингки, риштаға тортилди даҳр аро,
Солмоққа рустахез ажойиб тавиладур.
Лайли қабиласи ўти қайдин кўрунса шом,
Мажнунни куйдурур, бу не ўтлуқ қабиладур.
Кирсанг фано тариқиға, девонавор кир,
Ул важҳдинки, ақл бу йўлда ақиладур.
Эйким, жаҳон салитасини айладинг никоҳ,
Билгилки, хасмкушдур, агарчи жамиладур.
Лаълингға жонин этса Навоий фидо, не тонг
Андин олурға ком бу ишлар василадур.
147
Бинафша атри била эл тарабни ёд этадур,
Қадаҳ кетурки, эгиб қадни хайрбод этадур.
Чаман саҳифасида сабза демаким, гардун
Тараб сўзини яшил хат била савод этадур.
Кишики ғунча аро жола кўрса ишратдин,
Ҳабиб оғзида кулмакни эътиқод этадур.
Сабуҳ май чекиб олтун пиёлада, наргис
Кўзининг уйқусиға мужиби кушод этадур.
Хуш улки, лола кеби лаълу жом аро манни
Зиёда қуймоқ ила ишратин зиёд этадур.
Замона боиси ғамдур, замоне аҳли хирад
Қадаҳ кучи била ғамгин кўнгулни шод этадур,
Пиёла даврини хуш тутки, жуз надомат эмас
Анга натижаки, давронға эътимод этадур.
Не келса оллинга, тут саҳлким, жафо кўрар ул,
Биравки даҳр инодин кўруб инод этадур.
Анинг муроди муродимдурур, агарчи мурод
Анга будурки, Навоийни номурод этадур.
148
Ғамзанг ул сайёдким, гулшан аро ороми бор,
Хол бирла зулфдин ҳам донаси, ҳам доми бор.
Хаттининг навраста жаннат сабзасидек ҳолати,
Қаддининг наврас ниҳоли умрдек андоми бор.
Сарв уза гул бутмади ҳаргиз, қани ул шўхким,
Сарви раънодек қад узра орази гулфоми бор.
Пора-пора бағрим узра тинмаса, тонг йўқ, кўнгул,
Шуъланинг ахгар уза бир дам қачон ороми бор.
Васл субҳин то абад кўз тутмасун ушшоқ аро,
Кимки ҳижроним тунидек бир қоронғу шоми бор.
Шукрлар қилдик, манга боқиб бировким ёридин
Кунда бир қатла назар солғунча чоғлиқ коми бор.
Қатл қилса, йўқ ажаб, дин аҳлини кофир кўзунг,
Мунча ислом олибон элдин қачон исломи бор.
Субҳ ичарга бода ранги уйлаким тожи хурус,
Ғафлат аҳлиға хурус афғонидин пайғоми бор.
Итларинг синғон сафолидин Навоий ичса дурд,
Ўлдурур Жамшиду илгинда жаҳонбин жоми бор.
149
Улки солғай шуъла аъзосиға ўтлуғ оҳлар,
Қайда билгай куймакин зарбафт кийган шоҳлар.
Бағридин қон томғучи ушшоқ захмин билмагай,
Тиғидин қон томғучи бераҳм олий жоҳлар.
Шиддатин Фарҳод қилғай фаҳм, йўқ Парвезким,
Дардни хокилар англар, йўқ фалак даргоҳлар.
Жону кўнглум кирдилар ғам даштиға гум бўлғали,
Мен ҳам эттим азм, чун азм эттилар ҳамроҳлар.
Бўлсалар огаҳки, бир ғамгинни ҳижрон ўлтурур,
Фикр этар ҳолиға ҳижрон дардидин огоҳлар.
Ваҳ, не билгай ҳажр занжирида дилхоҳим недур,
Ҳалқа урғон базм айши даврида дилхоҳлар.
Эй Навоий, шоҳларға чун гадолар фикри йўқ,
Элткил ҳам тенгри даргоҳига шайаллоҳлар.
150
Хатти то бош чекти, кўнглин май била хушҳол этар,
Ҳусни хат истаб, юз авроқин ҳамоно ол этар.
Лекин эл ўтни аёғ бирла ўчургондек босиб,
Хаттинннг хайли юзининг шуъласин помол этар.
Хат чиқарди ул парий юзига йўқким эгнига,
Ваҳ, не пардур буки, андин элни фориғбол этар.
Хат эмаским, қилди ҳусни кишварин зеру забар
Ким, бу янглиғ юзни машқ авроқидин тимсол этар.
Ҳусни хаттин сабзи пўш ўлмоққа норози эдим,
Кўр: не ҳол ўлғайки, ул кисватни эмди шол этар.
Ҳусни зоҳирдин не ҳосил, эй хуш улким, ҳар нафас
Шоҳиди маъни юзидин ўзни фаррухфол этар.
То саводи хаттини кўрмиш Навоий, заъфдин
Жисмини килк анда меҳнат ўқларидин нол этар.
151
Шоми ҳижроним аро жисми чу нолим чирмашур,
Зулфи савдосида андоқким хаёлим чирмашур.
Ишқ дарси ичра сурсам нукта савдо аҳлидин,
Турраси тобиға чун есам, саволим чирмашур.
Чирмашай деб зулфиға юз печ урармен ҳар кеча,
Чун димоғ ичра бу савдои муҳолим чирмашур.
Мен қуюн мисли эмон саргашта савдо даштида,
Балки тақлидимни айлай деб мисолим чирмашур.
Зулфию қаддини кўр, эй боғбон, кўп демаким,
Ишқи печоним била раъно ниҳолим чирмашур.
Мушкул ар қолғай асар меҳру муҳаббат аҳлидин,
Буйлаким, ул хайлға бу чархи золим чирмашур.
Эй Навоий, кўнглум истар зулфи торин, зулфидек
Ҳар дам ул савдоийи ошуфта ҳолим чирмашур.
152
Ўлмасам бу кеча, ранжу дарди ғавғоси недур!
Итларингнинг ҳам бошим узра алолоси недур!
Ҳажр шоми тийралик бирла мени девонани
Чун ҳалок этти, яна бошинда савдоси недур!
Ғам туни жоним уқубатлар била гар олмаса,
Ўрнидин тебранмай анжумнинг тамошоси недур!
Жисм уйи вайрон бўлуб, сабру қарору ақлу ҳуш
Қолмади бир, эмди аҳли ишқ яғмоси недур!
Телба кўнглим иттингу жонимни барбод айладинг,
Ёна келдинг, эй маломат, дашти расвоси недур!
Хилқатимни ишқ нобуд эттию чекмас илик,
Эмди билмонким, анинг оё таманноси недур!
Савту ҳарф ичра чу сиғмас ишқ сирри, эй фақиҳ,
Қилу қол аҳлининг оё лову иллоси недур!
Чун азалда ҳар не қисмат бўлди, кўрмай чора йўқ,
Халқ ўз комин ўзидекдин таваллоси недур!
Эй Навоий, ишқ аро чун йўқтур имкони висол,
Телба кўнглум хотирида мунча васвоси недур!
153
Ҳар қачонким хотиримға ул кўзу қош эврулур,
Ҳам қошимға чин тушар, ҳам кўзума ёш эврулур.
Ул ой отқон тошни кўксумга солдим, чокидин
Суртсам ҳар ён илик, кўксумга ул тош эврулур.
Мен ниҳонмен, заъф бирла ваҳмдин ўлтурди рашк,
Гулшани кўйидаким боди сабо фош эврулур.
Эй жунун арбоби, саргардонлиғим афсонасин
Гўш қилмангким, эшиткандин ани бош эврулур.
Бас улуғ тоатдур ул бут сувратин қилмоқ назар,
Чун анинг нақшин кўруб, хотирға наққош эврулур.
Келки, бу дайри кўҳан вазъиға ҳайрондур басе
Ким, тун анда сиймгун юз нақш хуффош эврулур.
Нақди жон бирла Навоий азм этар майхонаға,
Ҳар қачонким кўнглига ул шўхи қаллош эврулур.
154
Шиканжи туррасидинким гириҳ ёзилмайдур,
Бинафшаедурур, аммо ҳануз очилмайдур.
Кўзунг жафо аро андоқдурурки, билмас ўзин,
Ғариб усрук эрурким, ўзини билмайдур.
Чу ҳур ҳуснин этар васф ҳозини жаннат,
Сенинг жамолинга гўё наззора қилмайдур.
Дамим баҳори булутида дард кожидин
Кўзумга ҳеч нафас йўқки, ўт чоқилмайдур.
Эрур мулк аро ишқим сўзи, тутунг маъзур
Ки, бу фасона ҳануз эл аро ёйилмайдур.
Такаббур айлама, деҳқон, деким, бу гулшанда
Қачон гуле очилибтурким, ул сочилмайдур.
Ўлар Навоийи бедилки, халқнинг кўнгли
Топилди, лек анинг овораси топилмайдур.
155
Бу кеча шамъу субҳ ёқо чок қилдилар,
Гўёки ўлмакимни фироқингда билдилар.
Ишқим зуҳури Вомиқу Мажнунға урди хат,
Гар ишқ дафтарида бурунроқ битилдилар.
Кўйида иттилар яна жону кўнгул қочиб,
Ҳар қатлаким кўп истаб аларни топилдилар.
Ушшоқи ҳажр чоҳидин ўлғон замон халос,
Кўйида мўр хайли масаллик ёйилдилар.
Тавҳид нуктасида хамуш ўлди пири дайр,
Жамъики шарҳ қилдилар ани, ёнгилдилар.
Шаҳдур гадойи майкада, йўқ-йўқ, ғалат дедим,
Шаҳни гадолар анда қачон кўзга илдилар.
Туз қўй, Навоиё, оёғинг ишқ кўйида
Ким, анда ашк суйидин эл кўп тойилдилар.
156
Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур.
Деса бўлғайким, яна ҳам ўн сакиз йил ҳусни бор,
Ўн сакиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур.
Ўн сакиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур
Ҳусн шоҳи, ул балоларким кўзу қошиндадур.
Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки бор,
Барчаси эзид таоло сунъ наққошиндадур.
Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.
Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш
Масиҳ, Бул-ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.
То Навоий тўкти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.
157
Неча тортай васл учун мен зори маҳзун интизор,
Ваҳки, кўздин тўкти селоби жигаргун интизор.
Демаким, ул ойға кўп муштоқсен ё мунтазир,
Иштиёқим бениҳоят, андин афзун интизор.
Эл мушаввашдур сени кўзларда андоқким вуҳуш,
Дашт аро тортар замон Лайлиға Мажнун интизор.
Ё қуёшимни етур бошимға, ёхуд жоним ол,
Кўп манга еткурма, эй бемеҳр гардун, интизор.
Эй саҳоби ҳажр, қилма субҳи умрум тийраким,
Ул қуёштин айру тортибмен узун тун интизор.
Бошима бир қатла ет, гар худ эрур ўлтургали,
Ўлди тортардин чу бу зори жигархун интизор.
Ишқ шаҳри мунтазирдурлар Навоий қатлиға,
Ул икига тортқондек тоғу ҳомун интизор.
158
Дўстлар, мен телба аҳволиға йиғланг зор-зор,
Ким соладур гаҳ-гаҳ ўт кўнглумга тушкан хор-хор.
Истамас бўлса сабо бир-бир кўнгул жамъ айламак,
Нега зулфунгни паришонлиғдин айлар тор-тор.
Сен қуёш бирла муносибсен ўюнда, хўблар
Икки-икки чунки киргайлар, отошиб ёр-ёр.
Қўрқарамким, бўлмағай озурда нозук қоматинг,
Эгнинга хуш-хушки солмиш чуғди анбарбор бор.
Ҳалқа-ҳалқа бўйнума солмиш таноби зулфини,
Журми ишқимға магар ҳукм айлади дилдор дор.
Ишқ эрур андоқ мураббийким, қилур еткач асар,
Булбул ўлғай, очса юз бир сарви гулрухсор-сор.
Эй Навоий, бўлди ул бут кофири оташпараст,
Не ажаб, ваҳ-ваҳ, гар урса жонинга зуннор нор.
159
Ул не раъно қомату рухсори фаррухфолдур
Ким, ҳавас идрокидин лолу хирад бехолдур.
Жон ўлардин, доғи ғамзанг ўлтурурдин тўймади,
Оллоҳ-Оллоҳ, ул не мақтулу бу не қаттолдур.
Ақл пириким малак хайлиға эрди муқтадо,
Ул пари ишқи аро бозичаи атфолдур.
Ҳуру тўби келмаса оллингға, эрмас айбким,
Не бу ҳам қаддингдурур, не ул санга тимсолдур.
Чун нишиман қилди ҳуснунг боғида кўнглум қуши,
Ўзга гулшанға қилурдин майл форнғболдур.
Ваҳки, чиқти шаҳсуворим секретиб майдонға маст,
То не динлар нақди рахши оллида помолдур.
Бас манга мунча шарафким, бергамен нисбат анга
Ҳолима андин агар идбор, агар иқболдур.
Кир харобот ичра, эй ҳамдамки, даврон аҳлидин
Ранжи гуногун давоси жоми моломолдур.
Дединг, ўлтургум Навоийнию айларсан ҳиял,
Ул худ ўлди интизор ичра, бу не иҳмолдур.
160
Яна бу оқшом бузуғ кўнглум, басе, бадҳолдур,
Тан бузуғ зиндонида жон ҳам хароб аҳволдур.
Рўзгорим тийраликдин юзу холинг ҳажрида,
Рўзгори хиракаш рухсори узра холдур.
Ахтари идборим анинг барча наҳсият била
Толиъимнинг авжи узра кавкаби иқболдур.
Пири ақлимким, манга манъи жунун айлар эди,
Бир париваш кўйида бозичаи атфолдур.
Нотавон жисмим жунун даштидаким бўлмиш хаёл,
Дема Мажнун жисмидинким, руҳидин тимсолдур.
Жаннати кўюнгда тан сойирдурур, кўнглум итиб,
Шукр, ул учмоғда жисмим эмди фориғболдур.
Кўнглум олди ишқу итти ақлу сабру дин, бу дам
Ул бузуғ мулк ичра золим шаҳға истиқлолдур.
Бевафолар ўт, вафо аҳли эрур туфроғким.
Чархдин ул саркаш ўлди, бу доғи помолдур.
Эй Навоий, ёр ҳажри дардида ўлмакдур иш,
Чун тирилгунг йўқтур, истарга бу не иҳмолдур.
161
Тушумга кирди жаннат ичра ҳуру тўбию кавсар,
Магар кўйида топқум оразу, қадду лабидин бар.
Мен эттим ишқи таркин ҳам ул этти васлиднн ваъда,
Не андиндур манга бовар, не мендиндур анга бовар.
Юзи кўзгуга, хатти юзга зийнат берди ким кўрмиш
Қамарға субҳдин равнақ, қуёшқа шомдин зевар.
Юзинда хаймудур ё манглайидин қатра, ваҳ, кўргил
Ки, гулдинму оқар шабнам, қуёшдинму томар ахтар?!
Лабида нутқу нутқида латофат кўрки, не янглиғ
Судур ёқут аро мудғам, ҳаёт ул су аро музмар.
Юзинда партаву ул партав ичра лаълини кўрким,
Ўт узра шуъла кўргузди ва лекин шуълада ахгар.
Хумори ҳажру дарди ишқдин музтармен, эй соқий,
Карам айлаб, ўтумға су қуй, аммо жонима озар.
Замондин аҳли ё аҳли замондин истаган эҳсон,
Ёнар ўтдин тиларким су чиқарғай, хордин гавҳар.
Тилар Лайлини Мажнун, дилбарин мискин Навоий, ваҳ,
Керак булбулға гул, девонаға ёри парий пайкар.
162
Ваҳки, мен бедилға не ул номусулмондин хабар,
Ул мусулмонким хабарға борди, не андин хабар.
Қосиду жононадин йўқким хабарсизмен букун
Ким, не қосиддин, не жонон, балки не жондин хабар.
Йўқ манга андин хабар, доим сўруб аҳволини,
Қайда бир сўрмай анга мен зори ҳайрондин хабар.
Масти ноз ул, нотавонменким кетургай, элткай
Ё анга мендин хабар, ёхуд манга андин хабар.
Ваҳ, не кун бўлғайки, ул ғойиб сафардин келди деб,
Истабон мендин севинчи, етса ҳар ёндин хабар.
Ҳажр агарчи жондин итти бехабар, коши ўлғамен
Бехудеким, бўлмағай жонимға ҳижрондин хабар.
Давр аёғин, соқиё, андоқ тўла тутким манга,
Қолмағай не аҳли даврондин, не даврондин хабар.
Эй хуш улким, келди андоқ мастур борди мастким,
Топмади мутлоқ не келгандин, не борғондин хабар.
Эй Навоий, ким сўрар бўлса мени оворани,
Дашт уза сўрғай магар ғули биёбондин хабар.
163
Эй фалак, ҳижрон ғамидин хотирим ношод эрур,
Ғайри васл ар салтанат берсанг, манга бедод эрур.
Бас неча мужримға бир жаллоди ғамзанг хайлидин,
Бир ёзуғлуқ зор кўнглумга неча жаллод эрур.
Ноз ила гулшанға чун кирдинг — ниҳоли қаддинга
Банда бўлғон сарвинозу савсани озод эрур.
Дам-бадам етмайдур эрса ишқ зулми кўнглума,
Ҳар дам ул мазлуми меҳнаткашка не фарёд эрур.
Неча йиғсам сабр авроқию тоат хирманин,
Сарсари ишқинг етишкач, сарбасар барбод эрур.
Нўш этиб жоми фано, қўйсам риё, айб этмаким,
Дайр пиридин манга, эй шайх, бу иршод эрур.
Дард мулки, ғам сипоҳи ғусса нақдин арз этиб,
Эй Навоий, ишқ элига арз истиъдод эрур.
164
Оҳим ғамингда гунбади ахзарни куйдурур,
Ҳар учқуни фалакда бир ахтарни куйдурур.
Оташкада ўтида самандар топар ҳаёт,
Кўнглум ўти валек самандарни куйдурур.
То қоматингға не учун ўхшатти боғбон,
Оҳим самуми сарву сановбарни куйдурур.
Бир ўтдурур танимдаким, анинг ҳарорати
Кўнглакни кул қилур, доғи бистарни куйдурур.
Дерларки, оғиз ўт деса куймас, вале бу оҳ
Чун сабт бўлса, хомаю дафтарни куйдурур.
Лаълинг хаёли кўнглума ўт солди, ваҳ, кўрунг,
Не тез эрур бу бодаки, соғарни куйдурур.
Соқий, ғам ичра ўлди Навоий — пиёла тут
Ким, ғуссалардин ушбу ўт аксарни куйдурур.
165
Кўнглум ўтин зоҳир этсам, барча олам ўртанур,
Шуъласин гар тортсам, тўққуз фалак ҳам ўртанур.
Момуғ узра ёйибон кофур қўйманг доғима
Ким, момуғ доғи тутошур ҳам бу марҳам ўртанур.
Гар ғаминг сўзокидин куяр кўнгул, эрмас ажаб,
Ҳар кўнгул ичраки тушти шуълаи ғам, ўртанур.
Айб эмас, ҳар лаҳза оҳим шуъла чексаким, кўнгул
Бир юзи ўтлуқ фироқи ичра ҳар дам ўртанур.
Ишқинг ўти учқунидин жисмим андоқ куйдиким,
Барқ хошок узра тушса, бу сифат кам ўртанур.
Қайнабон кўз чашмасидин ашк, жисмим ўртади,
Етса жўшон су қаю узв узра, маҳкам ўрнатур.
Эй Навоий, кўнглум ўти узра су қуй бодадин
Ким, кўнгул ул ўтқа етмас бўлса бу нам, ўртанур.
166
Зулфунг очилиб, орази дилжў била ўйнар,
Ҳинду бачае шўхдурур, су била ўйнар.
Ул шўх кўнгул лавҳин этиб тийра нафасдин,
Бир тифлдур алқиссаки, кўзгу била ўйнар.
Ўйнай-ўйнай боғлади уйқумни фусундин,
То ғамзаси ул наргиси жоду била ўйнар.
Тонг йўқки, кўзунг бўлса кўнгул бирла мулоиб,
Мажнунға ажаб йўқ, агар оҳу била ўйнар.
Бир лўлийи бозигар эрур чамбар ичинда,
Холингки, ўшул ҳалқаи гесу била ўйнар.
Зоҳид била нафс этса тамасхур, не ажабким,
Ит сайд қилур вақтда тулку била ўйнар.
Муғ дайрида маст ўлса Навоийни кўрунгким,
Бир олма кеби гунбади мину била ўйнар.
167
Тилаб юзунгни кўнгул ҳажрдин фароғ истар,
Қоронғу тунда начукким киши чароғ истар.
Биҳишт борида дўзах сори қилур оҳанг,
Ҳабиб кўйи туруб, улки гашти боғ истар.
Салоҳ кўнглакини йиртиб, оҳ ўтин ёрутуб,
Кўнгул фироқим аро кўксум узра доғ истар.
Сочингни ислабон ошуфтамен, зиҳи савдо,
Бировки мушкдин осойиши димоғ истар.
Ҳаёт бодасидин нашъа доғи ҳайф анга
Ки, лабларинг майи даврида ўзни соғ истар.
Бу нақд жаннат ародур, бировки дайр ичида
Май ичса, муғбачалар илгидин аёғ истар.
Қўюнг Навоийи бедилни, қилса кўйига азм
Ки, кўнгли итмиш анинг — айламак сўроғ истар.
Не тонг, агар ўқи вайрон кўнгулга роғибдур:
Қуруғ ниҳол бузуғ боғ аро муносибдур.
Сиришк қатралари тийра кулбам ичра, магар
Бало сипеҳри аро наҳсваш кавокибдур.
Қошингдағи гириҳ ул юзни кўргали қўймас,
Жамол мулкида султон улу бу ҳожибдур.
Кўнгул уйи чу санамлардин ўлди бутхона,
Магарки, ишқ бу бутхона ичра роҳибдур.
Талабда шевану ғавғо эрур менинг айбим,
Йўқ эрса барча улус хўбларға толибдур.
Не ихтиёр улус бози ерга мундоқким,
Нужум луъбати бирла фалак мулоибдур.
Навоий иттию кўйида кимса демадиким,
Бу кўй итлари ичра бириси ғойибдур.
169
Фориғу озода бйлмас мубталолардин хабар,
Шоҳ кўнглида қачон бўлғай гадолардин хабар.
Ҳажр водийсинда ким топқай мени оворани,
Дам-бадам сўрғай магар дарду балолардин хабар.
Ул вафосиз олди кўнглумнию юз кўргузмади,
Истасам ани, сўрармен бевафолардин хабар.
Ғунчадек қонлиғ кўнгул гум бўлди ул гул кўйида,
Эй сабо, тут гоҳ-гоҳе ул аролардин хабар.
Чун хабар йўқтур қорарған рўзгоримдин манга,
Қайда топқаймен кўзу қоши қоралардин хабар.
Улки масту бехабар дер, ишқи жомидин мени,
Гўйиёким, англамайдур порсолардин хабар.
Тут Навоий ҳолидин гоҳе хабарким, айб эмас,
Гар навозиш аҳли тутса бенаволардин хабар.
170
Шоми ҳижрон субҳидек бағримни чок этти сипеҳр,
Субҳға еткунча жонимни ҳалок этти сипеҳр.
Субҳдек бир чок йўқ, кўнглумни балким ғунчадек
Ишқи муҳлик тиғи бирла чок-чок этти сипеҳр.
Ғам туни ҳар кавкабинким жилвагар қилди, мени
Маҳвашим ҳижронидин андуҳнок этти сипеҳр.
Гарчи куйдурди мени, хуштурки, кўнглум кўзгусин
Ғайр нақшидин ҳамул кул бирла пок этти сипеҳр.
То бало тошини ёғдурди манга ҳажр илгидин,
Демайинким, хоксор эттики, хок этти сипеҳр.
Шукрким, жонимни ҳам муҳтож қилди зулмиға,
Қотилимни нечаким беваҳму бок этти сипеҳр.
Ғам захира қўйғали эрди магар ишқ аҳлиға
Ким, Навоий кўнглини юз минг мағок этти сипеҳр.
171
Кеча куймак расмини парвона мендин ўрганур,
Шамъ куйдурмак ишида маҳвашимға ўтканур.
Ул парий ҳажринда мен девона чексам ўтлуқ оҳ,
Эй малак, гар бўлмасанг воқиф, қанотинг чурканур.
Анжум эрмас, қатралар кўк сақфида айлар аён,
Дуди оҳимким, фалак тоқиға ҳар тун чирманур.
Салтанат тахти уза ётқон уюмас рашкдин,
Кўрса бошимники, ҳар тун остонинг ястанур.
Бахтим уйқудин кўз очмас, йўқса чун чексам фиғон,
Сўнгги уйқу масти бўлғонлар ул ундин уйғанур.
Ўз-ўзумга тўлғанурмен, қадду зулфин ёд этиб,
Сарвға гулшанда сунбул шохи чунким тўлғанур.
Деввашлардин қочиб тутти Навоий бодия,
Бу жиҳатдин теграсига дашти ваҳший айланур.
172
Кўзда су — кўнгул аро ўт, не кўрарсен, охир?!
Яна аҳволин аларнинг не сўрарсен охир?1
Риштаи васл ила бир захмини тик, раҳм айлаб,
Ҳажр тиғи неча бағриға урарсен охир.
Ул ой ошуфталарин айлар эмиш дилжўлиқ,
Мунда, эй шефта кўнглум, не турарсен охир.
Тушта ҳажрини кўруб мен санга шарҳин айтай,
Эй ҳаким, ани агар акс йўрарсен охир.
Тийри боронки, отар чархи муқаввас — басдур,
Неча қош ёсини қасдимға қурарсен охир.
Мазраи даҳр аро соч лутф ила эҳсон тухми,
Ҳар не эксанг, ани-ўқ чунки ўрарсен охир.
Гар Навоийға даводур унунг, эй ёр ити,
Ҳординг эркинки, тонг отқунча ҳурарсен охир.
173
Қасрнинг ҳар кунгури узра бало тошимудур?
Йўқса ботил ишқ даъво қилған эл бошимудур?
Ғам туни, билмон, шафақдур ё фалак миръотида,
Акс кўргузган кўзумнинг лаългун ёшимудур?
Кофирему қатл айлар Каъба тоқи ичра маст,
Йўқса ул хунрезнинг усрук кўзу қошимудур?
Бир ҳумоюн қуш кеча садқанг бўлур, эй муғбача,
Қоф анқосимудур ё дайр хуффошимудур?
Боғбонким сарв узра айламиш пайванд гул,
Сарв бўйлуқ гулрухумдур, йўқса бўйдошимудур?
Илгида жому кўрар май ичра олам ҳолини,
Ё раб, ул Жамшид ё майхона қаллошимудур?
Тонглоғи кавсар учун, дерсен, букун май ичмагил,
Тек тур, эй зоҳид, Навоий сен кеби ношимудур.
174
Кеча ҳар кавкаб кўрунгач, ёдима ойим келур,
Ой чу толеъ бўлди — меҳри оламоройим келур.
Зуҳду тақво, бутрашингким, бу кеча май ичкали
Байтул эҳзонимға шўхи бода паймоним келур.
Бу сариғ юзунгни кўрмаски, Килғай кўнгли раҳм,
Баски, юзга қонлиғ ашки чеҳра олойим келур.
Ваҳ, не ҳижрондур буким, айлай десам зикри висол,
Дам-бадам оғзимга оҳи меҳнатафзойим келур.
Шайху ибриқу ридосин чун кўрармен — ёдима
Дайр аро паймона бирла бодаполойим келур.
Озими дашти фано бўлдум, келур Мажнун доғи,
Гар қадам тез урмон андиндурки, ҳампойим келур.
Кўзлару, жону кўнгулда манзил эт ораста,
Эй Навоийким, букун маҳбуби худройим келур.
175
Музтариб кўнглум аро ул юз хаёли айланур,
Мавжлуқ суда қуёш акси начукким чайқанур.
То узори жилва айлар — жилвагардур зулфи ҳам,
Меҳр то айлар таҳаррук — соя доғи тебранур.
Чун улусқа ишқи ўт солди ажаб йўқ куймаким,
Бешаға чун тушти ҳар ён шуъла, хас ҳам ўртанур.
Эгма қад бирла мени саргаштадурмен музтариб,
Токи чавгон азмиға, билдимки, ул шўх отланур.
Шўхлиқ расмин анга таслим этарлар хўблар,
Секрамакта уйлаким учқун чақинға ўтканур.
Айлай олмас оразингдин ўзга ён кўнглум ҳаво,
Қуш ўзин машъалға чун урди — қаноти чурканур.
Соқиё, бер майки, ғам шоми хумори ҳажрдин
Бир паришон туш кўруб, бу хаста ҳар дам сесканур.
Кимки жон айлаб фидо, қозғонса даҳр аҳлида дўст,
Англағил, эй дўстким, ул душмани жон қозғанур.
Эй хуш улким, бошининг остидадур дилбар қўли
Ким, Навоий кечалар бори ўз илгин ёстанур.
176
Май лабингға етса, жонимға ҳарорат еткурур,
Ўт агар Исо дами бирла ёрурким, куйдурур.
Дарди ҳижрон мендадурким, умр ўтуб кўрмон юзин,
Васл комилдур, буким Лайлиға Мажнун телмурур.
Ҳар қўлумни тоза қонлиғ доғ ила узган итинг
Ул кишидекдурки, гул бирла ёғочни синдирур.
Келтирур кўз боғидин ашким бағир парголасин,
Бўстондин уйлаким гул яфроғин су келтирур.
Ер юзин баҳр этти ашким, эйки, айтурсен мени,
Тоғлар узра недин аҳли жунун янглиғ юрур.
Ўйғай эрдим кўзни тирноғ бирла, билсам эрдиким,
Бир назардин бошима мунча балолар келтирур.
Соқиё, соғарни айландурки, ҳар соат хумор
Заъфдин бошимни соғар давридек айландурур.
Қўй тараддудким, фано дайриға кирсанг, муғбача
Икки соғар бирла кўнглунгни ўзунгдин тиндирур.
Эй Навоий, олам аҳлидин қироқ тут зинҳор
Ким, мулоқоти аларнинг кўп малолат еткурур.
177
Не ажаб, ҳар ён мени мажнун бошида ёралар,
Баски, ёғди устига атфол элидин хоралар.
Оразинг атрофида гулдур кўрунган, эй парий,
Ё қамар даврида саф тортибдурур сайёралар.
Ҳар қуюн гўёки бир саргашта ошиқ гардидур,
Баски, туфроғ ўлди ишқинг даштида оворалар.
Англаким, аҳбобни кўнглумда меҳмон этмишам,
Итлари оғзида гар кўрсанг бағирдин поралар.
Анда Мажнун — мен, буён Лайли — сен эткач ижтимоъ,
Бир тараф девоналар, бир ён парий рухсоралар.
Хонақаҳ вақфи суйин ичмаслар, эй шайх, англағил,
Гар хумор ўлса фано дайридағи майхоралар.
Эй Навоий, ишқ аро ўлмактин ўзга чора йўқ,
Бас, ғалат бўлғай, демак ушшоқни бечоралар.
178
Турфа кўрким, фурқатидин юз малол оллимдадур,
Гарчи кўз ҳар сари солсам, ул жамол оллимдадур.
Ул Масиҳодинки бир дам айру туштум, ўлмадим,
Оҳким, ўлгунча ушбу инфиол оллимдадур.
Тузгамен, ҳар неча бўлса тийра ҳижрон тунлари,
Гар яқин билсамки, айёми висол оллимдадур.
Англамон: оллимдадур лаълинг хаёли муттасил,
Ё анинг шавқидин оққан ашки ол оллимдадур.
Жон бериб, лаълин бир ўпмакни таманно айладим,
Эй кўнгул, билким, ажаб фикри маҳол оллимдадур.
Давр жавридин тинармен, эй кўнгул, ҳар лаҳзаким,
Соқийи маҳваш била жоми зилол оллимдадур.
Эй Навоий, деб эди васлимға етсанг — жон олай,
Бўлмоғум навмид, то ул эҳтимол оллимдадур.
179
Мену ғариблиғу ҳажру бенаволиғлар,
Диёру ёр фироқиға мубталолиғлар.
Шикибу сабр ила бегоналиғлар айлаб кўп,
Балову дард била беҳад ошнолиғлар.
Не кўзгу тутмоқ эрур дам-бадамки, ҳожат эмас
Сенинг жамолинга бу навъ худнамолиғлар.
Сени кўнгул била жон кишварида шоҳ айлаб,
Хаёл бирла қилурмен ажаб гадолиғлар.
Қадаҳ кетурки, неча даҳр элига кўргузсанг
Вафо, натижа эмас ғайри бевафолиғлар.
Салоҳ сувратида юз фасоду воқиф ёр,
Бошимға то не кетургай бу беҳаёлиғлар.
Навоий, эмдики муғ дайри ичра сен қадаҳ ич
Ки, кўп совуғ кўрунур мунда порсолиғлар.
180
Осилмамиш қулоғингдин юз узра гавҳарлар
Ки, айрилибтур ул ўт шуъласидин ахгарлар.
Отинг аёғини ўпмакка наълу мих эрмас,
Сипеҳр рахшидин инмиш ҳилолу ахтарлар.
Юзунгда хўй эмас, оби ҳаёт қатрасидин
Қуёш жамолиға сунъ илги тақти зеварлар.
Бошоғларинг учи эрмаски, чиқти жисмимдин,
Чиқармишам учубон еткали сенга парлар.
Узор сафҳасида хўблар хати демаким,
Туз этти ишқ мени ўлтурурга маҳзарлар.
Баҳор фаслида махмур бўлма, даштқа чиқ
Ки, лола тутти басе лаълранг соғарлар.
Навоий олдирибон кўнглини агар топмас,
Бировдурурки, қулидур жаҳонда дилбарлар.
181
Холу хаттидинки, ҳар бирининг бир ўзга ҳоли бор,
Хат юзинда нуқтадек мушкин хат узра холи бор.
Чарх уза заррин ғазол ўлди шафақдин жилвагар,
Ё менинг мушкин ғазолимнинг ҳарири оли бор.
Баҳри ашким ичраким топмас зарар кўз мардуми,
Гўйиё кирпик найистонидин анинг соли бор.
Гарчи ҳинду бўлса, маскан айлагай хуршид уза,
Холдек улким жамолингдин ҳумоюн фоли бор.
Не учун ўлмайки, эл қатлиға айлаб эҳтимом,
Қотилимнинг чун манга навбат етар иҳмоли бор.
Кон ила дарё матоин найласун ул кимсаким,
Дайр аро лаъли равондин жоми моломоли бор.
Ўзни маст истар харобот ичра важду ҳол ила,
Гар Навоийнинг бу дам дарс ичра қийлу қоли бор.
182
Кофиреким, сен кеби рухсори оташноки бор,
Ўт солурдин лашкари ислом аро не боки бор.
Ишқ ўтин кўнглум ёрутмоқ истаса, йўқтур ажиб
Ким, чурук бўлғон сўнгаклардин қуруқ хошоки бор.
Кўнглаким чокин тикарга майл қилдинг, эй рафиқ,
Билмадинг гўёки, кўнглак ичра кўксум чоки бор.
Эйки, дерсен пок ҳуснумдек жамол аҳлида йўқ,
Мен кеби ишқ аҳлининг ҳам қайда ишқи поки бор.
Қатра-қатра ашку дафъа-дафъа оҳим дудидия
Ишқ мулкининг ажойиб анжуму афлоки бор.
Сол янги ой заврақиға атласинг, эй чархким,
Оҳдин бу шом ашким баҳрининг кўлоки бор.
Эй Навоий, қўйма бошим шўхлар гўй эткали
Ким, ани осмоққа бўлсун чобуким фитроки бор.
183
Ҳар гадоеким, жаҳонда бир мувофиқ ёри бор,
Хизр умрию Скандар ҳашматидин ори бор.
Кимки ул бир кўнгли севган нахл қаддин бар еди,
Оллоҳ-Оллоҳ, умридин не бахти бархўрдори бор.
Билса кўнглум ҳолатин, шоядки келгай сўрғали
Улки, кўнгли ичра бир бадхўйдин озори бор.
Кўзларидин кеча тонг отқунча уйқум йўқтурур,
Кеча найлар анда уйқуким, ики бемори бор.
Шуълалиқ юз пора кўнглум хайли мужгонинг аро
Оташин гулдурки, атрофида ҳадсиз хори бор.
Истасанг даврон жафосидин қутулмоқ, эй кўнгул,
Хонақаҳ таркин қилиб, майхона кўйи сори бор.
Ҳеч янглиғ топмасанг дайр ичра май олмоққа важҳ,
Раҳн учун бўлсун Навоий хирқаву дастори бор.
184
Икки гул вақтидуру икки қуёш давронидур
Ким, кўнгулда ул ики ораз ғами ҳижронидур.
То латофатдин лабинг шавқи тушубтур жон аро,
Гўйиёким ул мунга тандур, бу анинг жонидур.
Кўзда ҳар сари қизил раглар демаким, мардумин
Ғамзанг урди, захмлар ҳар ён югурган қонидур.
Мултафит бўл ҳолатим шарҳиғаким, бу достон
Шаҳр аро ҳар кўйнинг бошида эл достонидур.
Ҳар қуюн ғам дашти ичра кўрса Лайли соғинур
Ким, хасу туфроғ аро Мажнуни саргардонидур.
Улки то мумкиндурур, кўрмиш фалакдин эътибор,
Бас, мазаллат ҳам керак, кўз тутса то имконидур.
Асрангиз ўзни Навоий шуълаи афғонидин
Ким, бу ақшом фурқати ошубининг туғёнидур.
185
Лўливашимдин айруки, қабримда лоладур,
Ул ўйнағон кеби ёғоч узра пиёладур.
Гулзор ораму лўли этар лаъб тўлғаниб,
Ё гул кеби узорида мушкин кулоладур.
Ул турфа чеҳра доиранинг чамбари аро,
Хуршид даврасида анингдекки ҳоладур.
Таблу нафир маъракаси ичра демангиз
Ким, ишқида улус иши фарёду ноладур.
Борму ўюн ҳароратидин чеҳрасида тер
Ё равза гулистонида ҳар сари жоладур.
Гулшанда ғунчадур демаким, чарх чирмаған,
Булбул ғизоси ҳар сари қонлиғ наволадур.
Пинҳону ошкор Навоийдин ўлмоғи
Гоҳе жафо қилиб, яна гоҳе уёладур.
186
Сарв уза гул бутмаса, қад узра рухсори недур?
Жон агар ширин эмас — лаъли шакар бори недур?
Номан ҳажрим кабутар парларин гар ўртамас,
Ул қора хатлар қаноти узра ҳар сори недур?
Оразу зулфунгда кўнглум кофири ишқ ўлмаса,
Бас, анинг бир сари бут, бир сари зуннори недур?
Риштайи зулфиға боғлиқдур кўнгул ул шўхнинг,
Тифл қуш судрар кеби ҳар сари рафтори недур?
Ишқ даштида кўрунган ерда тушмиш эрди ўт,
Билдим — анда ўтдур, андин билмадим нори недур?'
Сабз хатлар васли ҳоло муғтанамдур, эй кўнгул
Ким, билурким, иқтизои чархи зангори недур?
Гар итинг дебдур Навоий қилмади меҳмонлиғим,
Кеча тишлаб-тишлаб олғон жисми афгори недур?!
187
Мен кеби парвона ишқ ўтида беоромдур,
Ким, ани ҳам ўртаган бир сарви сийм андомдур.
Ком ила исломсиз ўлмак, мусулмонлар, не тонг,
Мендек улким қотили бир кофири худкомдур.
Туну кун оқу қорасин найлайин менким, манга
Орзу бир хатти сабзу орази гулфомдур.
Холу зулфунг сайди бўлмоққа магар ҳам жон қуши»
Ким, анингдек қушқа лойиқ дона бирла домдур.
Айшдиндур, анда наргисдек ул олғай баҳраким,
Оллида беш курси кофур ичра олтун жомдур.
Чун замон аҳли замона ранги тутмоқдур зарур,
Даҳр нофаржом учун эл ҳоли нофаржомдур.
Эй Навоий, чун замона аҳлида йўқтур вафо,
Ҳар неким йўқтур, тамаъ тутсанг, хаёли хомдур.
188
Париваше, дедилар, пардаи ҳижобдадур,
Кўрарга телба кўнгул ани изтиробдадур.
Ити учун тилар эшкай таноб ул чобук
Ки, элга риштаи жон барча печу тобдадур.
Ҳамул таноб, не тонг, чекса ит кеби мени ҳам,
Менинг чу риштаи жоним ҳамул танобдадур.
Хиром вақтида ул ганжи ҳусн эрур ғофил
Ки, иштиёқи не чоғлиқ мени харобдадур.
Манга вафо қилур эрсанг, шитоб қил, эй умр,
Нединки, умр деган бевафо шитобдадур.
Фасона ҳар киши ул ҳусндин деди, лекин
Жамоли шоҳиди мақсуднинг ниқобдадур.
Ҳисоб айлама умрунгниким, неча ўтмиш
Ки, умр ғафлат ила ўтса, не ҳисобдадур.
Парию ёр Навоийға қилдилар жилва,
Бу бирга роғибу ул бирдин ижтинобдадур.
189
Кулбамға, баски, гардун ғам тоши ёғдурубтур,
Сабрим уйидек ул ҳам емрулгали турубтур.
Не лоладур, не жолаким, умр уйин бузарға
Кўк раъдлар қазонин тоғ устидин қурубтур.
Фурқат туни эмаским, ҳижронда куйган элнинг
Куйган кулини даврони гардунга совурубтур.
Мен оҳ ўқию гардун зулм ўқи ёғдурур, ваҳ
Ким, ул ўқин урарни бу ўқтин ошурубтур.
Гардун қуёшни ўртабким, ерга кўмди гўё
Ким, меҳр журми бирла бу навъ ёзғурубтур.
Соқий, қадаҳ суйидин шуъламни паст қилким,
Бу коргаҳда ҳайрат жонимни куйдурубтур.
Синғон сафол аро май ичсам, не тонгки, даврон
Ғам тошидин нишотим жомини синдурубтур.
Муғ дайрию маю бут, хушвақт ўлки, кўнглин
Майдин чу маст ўлубтур — бир бутқа олдурубтур.
Дунёдин ўт, Навоий, осойиш истар эрсанг
Ким, шуғл, ҳар неча кўп юз онча ғам турубтур.
190
Йўлида кош мени пора-пора қилғайлар
Ки, халқ ҳолима бир-бир наззора қилғайлар.
Бу ҳолатимни кўруб бори ишқ асирлари
Вафосиз элни севардин канора қилғайлар.
Васиятим буки, кўнглумни кўргач-ўқ аҳбоб,
Тутуб юзини ҳамул лаҳза қора қилғайлар.
Бу дард илаки ўлармен, мараз чу зоҳир эмас,
Табиблар бу балога не чора қилғайлар.
Тамуғни равза соғинғайлар аҳли ҳашр ул кун
Ки, телба кўнглум ўтин ошкора қилғайлар.
Май ички, англамағайлар бу дайрдин рамзе,
Гар аҳли зуҳд юз ил истихора қилғайлар.
Сабо, дегилки, Навоийға тортсунлар хат,
Аларки аҳли вафони шумора қилғайлар.
191
Холи ҳижронида кўнглум дарди беандозадур,
Доғдин борғач қора ташвиши анинг тозадур.
Тушта Юсуф ҳайъатин кўрдум ҳабибим ёдидин
Гўйи ул қолип, бу руҳи маҳз учун андозадур.
Захмим оғзи бутмасидин уйқум ўчмиш, эй рафиқ,
Гўйиё бу ўзга уйқу келтурур ҳамёзадур.
Ғамзаси жаллодида ҳолин кўнгулнинг билмадим,
Эй сабо, тенгри учун кўйида не овозадур.
Лаъли васфин ёзмишам жон сафҳасидин дафтаре,
Ҳар тараф жон риштаси бирла анга шерозадур.
Захмидин қон кўп оқиб ёхуд жунундиндур буким,
Ул парий кўйида ҳар дам телба кўнглим озадур.
Итлари қут этсун ўлтургач Навоий қонини,
Барча гар ҳар қатра бир жаннат гулига ғозадур.
Воқиф ўлким, бешаи жаҳл ичра жисминг ҳужраси
Нафс сайёди ҳаво сайдин тутарға козадур.
192
Лолагун тўн ичра, ё раб, ул ғазоли Чин эрур
Ё кўзумнинг мардуми қон ёш ила рангин эрур.
Билмон оёким шафақ ичра эрур заррин ғазол,
Лолагун тўн ичра ёхуд ул ғазоли Чин эрур.
Айламиш гулдаста банди сунъ тўну жисмидин,
Санъатеким арғувон барги аро насрин эрур.
Қадмудур бу ё эрур шингарф ила ёзғон алиф,
Белму ё тореки, лаъл ичра анга таскин эрур.
Кўнглум ичра солди ул тўн акс ёхуд бўлди қон,
Халқ кўнглин қон этарга, ваҳ, бу не ойин эрур.
Бир қадаҳ гулгун май, эй соқий, тўла тутким, кўнгул
Ул бути гулгун қабо бедодидин ғамгин эрур.
Эй Навоий, қатл учун гар худ қизил тўн кийди ёр,
Басдур ул тўн ранги не муҳтожи қатлу кин эрур.
Дема тоғу лола даҳр ичра — ажал қаплони бил
Ким, кийиклар қонидин боштин аёғ рангин эрур.
193
Борди улким, сендин айрилғай кўнгул то жони бор,
Жавринга қўйдум кўнгул, қил ончаким, имкони бор.
Эй Масиҳим, мен қатили ишқмен, тиргуз мени,
Бир нафас, дедим, қабул этким, нафаснинг жони бор.
Новакинг еткач, ики нов очти ашким суйидин,
Гўйи ул новакнинг икки новлиқ пайкони бор.
Хозини жаннат сену учмоғ гули бастур манга,
Буки ҳар ён тиғининг жисмимда томған қони бор.
Ёрса кўксумни, фиғон зоҳир қилур жон риштаси,
Кўнглак ўлса чок, узулган торнинг афғони бор.
Жон қуши учқоч, тузатти жисм уйин сайли фано,
Эй ҳумоюнфол, ўшул чуғзики, бир вайрони бор.
Шайху, бир бодому қон ютмоқки, пири дайрнинг
Нуқл ила майдин фано аҳлиға кўп эҳсони бор.
Даҳр шўхи макриға берма кўнгул — йўл баргин эт,
Сен кеби ҳар гўшада невчунки бир меҳмони бор.
Лаъли ҳажрида Навоий қони қайнар демангиз,
Янги майдек руҳидурким, нолаи пинҳони бор.
194
Оташин гул баргидин хилъатки жононимдадур,
Хилъат эрмас, ул бир ўтдурким, менинг жонимдадур.
Оташин лаълидурурким, анда музмар бўлди жон,
Оташин гулбаргидан хилъатки жононимдадур.
Жон қуши хунобидин тутмиш малоҳат нахли ранг,
Ё либоси лолагун сарви хиромонимдадур.
Қатл биймидур, тараҳҳумнинг доғи уммиди бор.
Бу либоси олким ул номусулмонимдадур.
Васл шоми куймаган парвона шояд қолмағай,
Бу шафақгун ҳуллаким шамъи шабистонимдадур.
Тутмасун гул суҳбатидин сарв ўзин кўп сарфароз,
Эй сабоким, ул тўни гулгун менинг ёнимдадур.
Соқиё, гулранг май солиб кетур паймонаким,
Зуҳд биймидин халал ишқ ичра паймонимдадур.
Эй Навоий, истама жон булбулин ҳар гулдаким,
Ул тўни гулгун, лаби гулбарги хандонимдадур.
195
Ҳаёт боғида то сарву лола бўлғусидур,
Менинг муммиди ҳаётим пиёла бўлғусидур.
Суроҳи ўлғусидур манга сиймтан маҳбуб,
Бошида қил анга мушкин кулола бўлғусидур.
Ҳаёт гулшани, муғ кулбасию, муғбачанинг
Юзию қадди манга сарву лола бўлғусидур.
Не айб базмим ичинда ҳазин фиғонки, суруд,
Ангаки қон ютар, албатта, нола бўлғусидур.
Қадаҳки ҳолима қон йиғлар, эмди оҳимдин
Сиришки қатраси гулранг жола бўлғусидур.
Қачон май ичра юзунг акси тушса, эй соқий,
Пиёла даври ўшул ойға ҳола бўлғусидур.
Дединг, фано недурур, мухтасар дейин ўлмак
Ки, шарҳини тиласанг, юз рисола бўлғусидур.
Навоий, истама кавсар майини зуҳд била
Ки, бода ичкучи элга ҳавола бўлғусидур.
196
Юзи гулчеҳра соқийнинг тараб ҳукмиға туғродур,
Юзинда май гули ул ёрлиғ узра оли тамғодур.
Лаби лаъли ҳалокимен агарчи жон физолиғда
Масиҳо бирла ул гўё ўлук бирла Масиҳодур.
Дамим дуди хирад аҳлин қилур ҳар лаҳза савдои,
Димоғимда, кўрунг, ул зулф мушкидин не савдодур.
Синонин кўксума то чекти ул чобук, бу хам қаддим
Ҳамоно ғам сипоҳи қалбида ул ўқ учун ёдур.
Лабинг акси кўзум шўробаси баҳрида гўёким,
Чучук судурки, атрофида анинг талх дарёдур.
Жаҳонни чун кўзумга ҳажр шоми айламиш тийра,
Не суд андин мангаким, васл субҳи оламородур.
Бошим қуш ошиёни, тан жунун торожидин урён,
Не тонг, ёшлар югурмак ҳар тарафдинким, тамошодур.
Фидоси нақд исломимки, муғ дайридаги соқий
Улус қонин тўкардин ваҳм қилмас, гарчи тарсодур.
Навоий дайр пири гўйиёким шаҳр шайхиға
Фано жомин ичурдиким, харобот ичра ғавғодур.
197
Кўнгул уйига ғаму ғусса сайлидин не қусур
Ки, бода лойи била қилмишам ани маъмур,
Бировни мумкин эмас тийра айламак қайғу
Ки, солмиш ўлғай анга жоми бода ламъаси нур.
Хуш ул майеки, эмастур сафову лавн ичра
Тамуғ ўти била жаннат суйиға ул мақдур.
Десам бу ўт кул этар ғусса хирманин, не ажаб,
Десам бу су тузатур фикр қасрини, не қусур.
Жаҳон ғамию узум бодаси гумон қилманг
Ки, зоҳир аҳлиға бу маъни этти буйла зуҳур.
Ва лек аҳли ҳақиқатқа май эрур ваҳдат,
Ғам ушбу касрат эрурким, қилур кўнгулга хутур.
Ичилса соқийи тавфиқ илгидин ул май,
Кўнгул бу ғамдин эмас шубҳаким, бўлур маҳжур.
Манга бу май била бир жом келтур, эй соқий
Ки, кўнглум ул ғам аро бўлмиш асру кўп ранжур.
Маломат аҳлига, эй пири дайр, аёғ тутсанг,
Бу навъ қўйма Навоийни бир йўли мастур.
198
Висол аҳли, сизу, жоми муроду комронлиғлар,
Бизу ғам кунжию хуноби ҳажру нотавонлиғлар.
Танимда ҳар тараф қонлиғ яра, гўёки қилди ишқ
Қасосим ҳукминиким, туттилар теграмни қонлиғлар.
Эрур Фарҳоду Мажнун хонумони тоғ ила водий,
Халос этмиш мени ул қайддин бехонумонлиғлар.
Басе диққат эди кўнглумда қилғач ул парий жилва,
Жунун бирла мубаддал бўлди барча хурдадонлиғлар.
Асар йўқ кўнглида ул шўхнинг ному нишонимдин,
Натижа акс берди бизга беному нишонлиғлар.
Мен ўлдум меҳридин, юз мендек ўлса, йўқ анинг раҳми,
Бўлур эрмиш бировга мунча ҳам номеҳрибонлиғлар.
Кўҳан пире йўлингда ўлди, бир ҳам боқмадинг, ё раб
Ки, ўткай хайр бирла бу ғурури навжувонлиғлар.
Яна зуҳдум тариқин афв қил, эй пири дайр, охир
Ки, сендин яхшилиқдур, неча биз қилсақ ёмонлиғлар.
Навоийни деб эрмишсенки, мендии ўзгани севмиш,
Кам ўлмас, Оллоҳ-Оллоҳ, сендин ушбу бадгумонлиғлар.