АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ
Дунёда банданинг обрўси ва ҳурмати ҳар кимнинг ўз дунёқараши ва фикрлаш доирасидан келиб чиқиб баҳоланади. Бироқ бу “баҳолаш” ўткинчи ва деярли эътиборсиздир. Ҳақиқий баҳо Аллоҳ таоло томнидан қўйилур. Банданинг ҳурмат ва икроми ҳақида Ҳужурот сураисда марҳамат қилинади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Ҳа, Аллоҳ таолонинг ҳузурида банданинг молу-давлати ҳам, обрўси ҳам, мансаби ҳам, шуҳрати ҳам банданинг ҳурматини оширмайди. Тақво ҳақида эса бир қанча оятлар бор. Ҳашр сурасида шундай дейилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنظُرْ نَفْسٌ مَّا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир”. (Ҳашр. 18)
“Мукошафат-ул қулуб” китобида (Абу Ҳомид Ғаззолий. ziyouz.com кутубхонаси) бу оят хусусида шундай дейилади:
Оятнинг мазмуни мана бундай:
- Аллоҳдан қўрқинг, унга итоат этинг. Моддий ва маънавий азоб чекаётганларга ёрдам беринг. Доимо Аллоҳ йўлида бўлинг, қиёмат куни бунинг мукофотини оласиз. Чунки Аллоҳ савоб ишингизни ҳам, гуноҳ ишингизни ҳам - нима қилган бўлсангиз ҳаммасини билади.
Фаришталар, осмон, ер, кеча, кундуз... ҳамма-ҳаммаси, инсон нима қилган бўлса шу ҳақда қиёмат куни гувоҳлик беради. Ҳатто инсоннинг ўз аъзолари ўзи тўғрисида гувоҳлик қилади. Ер иймонли ва ихлосли кишиларга гувоҳ бўлади ва:
- Менинг устимда намоз ўкиди, рўза тутди, ҳажга борди, - дейди.
Раҳмлилар ичида энг раҳмли бўлган Аллоҳ қиёмат куни иймонсизлар билан осийларни ипидан игнасигача синчиклаб сўроқ қилганда уларнинг ҳолига вой бўлади!
Бутун вужуди, барча аъзолари билан Аллоҳдан қўрққан кишилар мўминлардир. Бу борада Имом Абул-Лайс шундай дейди:
- Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади:
1. Тилда: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзлар айтишдан тияди. Уни Аллоҳни зикр этувчи, Қуръон ўқувчи ва илмий музокаралар билан машғул аъзо ҳолида шай тутади.
2. Қалбда: Аллоҳдан қўрққан одам қалбида мусулмон қардошларига душманлик хис қилмайди. Ёлғон, бўҳтон ва ҳасад қилиш каби ғайриинсоний туйғуларни қалбидан йўқ қилади. Чунки ҳасад кишининг гўзал амалларини маҳв этади. Шунга кўра, Аллоҳнинг Расули с.а.в. буюради:
«Олов ўтинини еб битиргани каби, ҳасад ҳам инсоннинг гўзал амалларини еб битиради». Эй ўқувчи, билки ҳасад қалбларга жойлашган ва жамият ҳаётида катта зарарларга йўл очувчи ёмон бир касалликдир. Қалблардаги хасталиклар, яъни ёмон туйғулар, ёмон феъллар фақат илм ва амал билан даволаниши мумкин.
3. Кўзда: Аллоҳдан қўрққан одам ейишда ҳам, ичишда ҳам, кийишда ҳам ва бошқа хусусларда ҳамкўзини ҳаромдан эҳтиёт қилади. Дунёга ҳирс билан ва ҳар нарсани кўлга киритиш иштиёқи билан эмас, ибрат назари билан қарайди. Ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан тийилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюради:
«Ким кўзини ҳаром нарсалар билан тўлдирса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг кўзини олов билан тўлдиради.»
4. Меъдада: Аллоҳдан қўрққан одам меъдасига ҳаром луқма бермайди. Чунки ҳаром луқма ейиш энг катта гуноҳлардан биридир. Шу боис Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюради:
«Инсон зотининг меъдасига бир луқма ҳаром тушганда бу луқма меъдасида қанча вақт турса, еру кўқдаги фаришталар ҳам шунча вақт унга лаънат ўқийдилар».
5. Қўлда: Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларга узатади. Каъбдан шундай бир ривоят қолган. Аллоҳ яшил зумраддан бир бино яратган. Бу бинода етмиш минг доира ва ҳар доирада минг хона бор. Бу ерга фақатгина ўзига ҳаром нарса инъом этилганда ёлғиз Аллоҳдан қўрққани учун уни рад этган кишилар киради.
6. Оёкда: Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Илм-маърифат ва яхши ахлоқ ўрганиш мақсадида олимлар ва солиҳ кишилар мажлисига боради.
7. Итоатда: Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун унга итоат этади. Риёдан, инсонларга ўзини ва ё ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади.
Шундай қилиб, бир кимсанинг олти аъзосида ва еттинчи ўлароқ ибодатида шу ҳоллар бор бўлса, демак у Аллоҳнинг: «Охират эса Раббингиз наздида тақводорлар учундир» (Зухруф. 35) деб марҳамат қилган кишиларидан бири бўлади.
Абдураззоқ Фармонов. Асака туманидаги Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби
Улуғбек қори Йўлдошев