32-масала
Авлиёларнинг кароматлари ҳақлиги борасида
Уни инкор қилмоқлик адашган бидъатчиларнинг ишидир. Қуръони каримда авлиёларнинг кароматлари зикр қилинган. Жумладан, Юнус сурасининг 62-64 оятларида:
أَلا إِنَّ أَوْلِيَاء اللّهِ لاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ. () الَّذِينَ آمَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُون. () لَهُمُ الْبُشْرَى فِي الْحَياةِ الدُّنْيَا وَفِي الآخِرَةِ لاَ تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ . ()
«Огоҳ бўлингки, албатта, Аллоҳнинг валий (дўст)ларига (охиратда) хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар. Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир. Аллоҳнинг сўзларида ўзгартириш йўқдир. Ана шу буюк ютуқдир», деб марҳамат қилинган. Бу ояти каримада Аллоҳ ўз дўстлари бўлган авлиёларни севиши ва охиратда уларни хавф-хатардан озод қилиши айтилмоқда.
Оли Имрон сурасининг 37-оятида:
كُلَّمَا دَخَلَ عَلَيْهَا زَكَرِيَّا الْمِحْرَابَ وَجَدَ عِندَهَا رِزْقاً قَالَ يَا مَرْيَمُ أَنَّى لَكِ هَـذَا قَالَتْ هُوَ مِنْ عِندِ اللّهِ إنَّ اللّهَ يَرْزُقُ مَن يَشَاء بِغَيْرِ حِسَابٍ
«Ҳар гал Закариё (Марямнинг) олдига-меҳробга кирганида, олдида ризқ (муҳайё) турганини кўрар эди. У: «Эй, Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?», деб сўраса, (Марям): «Булар Аллоҳ ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», деб жавоб берар эди», дейилган.
Имом Бухорий Анас (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда: «Усайд ибн Ҳузайр ва Уббод ибн Бишр хуфтон намозидан кейин пайғамбаримизнинг ҳузурларида ўз ҳожатлари тўғрисида суҳбатлашиб, анча ўтириб қолишди. Суҳбат тугагач, зим-зиё қоронғу кечада иккаласи йўлга тушишди. Иккаласининг ҳам қўлларида кичик асо (ҳасса)лари бор эди. Бирининг қўлидаги асодан ёруғлик-нур чиқиб, уларнинг йўлларини ёритиб борди. Йўллари бўлинган жойга етганда, иккинчисининг ҳам асосидан нур чиқиб, уйларига етгунча ёритиб борди», дейилган.
Имом Байҳақий «Далоилун-нубувват» китобларида Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда:
ان عمر بن الخطاب بعث جيشا و امََّر عليهم رجلا يدعي سارية فبينما عمر يخطب فجعل يصيح يا ساري الجبل فقدم رسول من الجيش فقال يا امير المؤمنين لقينا عدونا فهزمونا فاذا بصائح يصيح يا سارى الجبل فاسندنا ظهورنا الي الجبل فهزمهم الله تعالى
«Ҳазрати Умар халифалик даврларида футуҳот учун лашкар юбориб, унга Сория исмли кишини амир қилиб тайинладилар. Жумъа намозида хутба қилиб турганларида, бирданига «Эй, Сория, тоғ томонига ўт», деб қичқирдилар. Бир қанча кундан кейин Сория лашкарларидан вакил қилиб, вазиятдан хабар берди ва «Ё, амирал-мўъминин! Душман билан бўлган жангда аҳволимиз танг бўлиб қолди, шунда, эй, Сория, тоғ томонига ўт, деган қичқириқ эшитилди. Шундан кейин орқамизни тоққа қилган эдик, душманимиз енгилди», дебди».
Аллоҳ таоло Намл сурасида Сулаймон (а.с.) билан Яман мамлакатининг Сабаъ шаҳри маликаси Билқис ўртасида бўлиб ўтган воқеани баён қилади.
Сулаймон (а.с.) Билқисни Ислом динига даъват қилиб нома юбордилар. Билқис фаросатли, зукко аёл эди. Номани ўқиб кўриб, Сулаймон (а.с.)ни ҳақиқий пайғамбарми ёки мол-дунёга қизиқувчи оддий босқинчи подшоҳми эканлигини билиш учун ҳадя юборди. Қилаётган тадбири тўғрисида халқига маълум қилиб, агар қимматбаҳо ҳадяларни олса, мол-дунёга ҳирс қўйган оддий босқинчи подшоҳ бўлади, унда биз унга қарши лашкар йиғиб, жанг қиламиз. Агар ҳадяни қабул қилмаса, ҳақиқий пайғамбар бўлади. У ҳолда биз сўзсиз таслим бўламиз, деди.
Сулаймон (а.с.) юборилган қимматбаҳо ҳадяларни қабул қилмаганларидан кейин у зотнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларини билди. Ислом динини қабул қилиш учун аркони давлат арбоблари ҳамда ўн икки минг одам билан йўлга чиқди ва бораётганлиги хабарини бериш учун чопар юборди. Чопар келгач, Сулаймон (а.с.) ўзларини ҳақ пайғамбар эканликларини исботлаш учун бир мўъжиза кўрсатишлари керак эди. Сулаймон (а.с.) Аллоҳга дуо қилиб, мўъжиза кўрсатишлари мумкин бўлса ҳам, ўз қавмлари ичида етук инсонлар борлигини билиш учун, уларга мурожаат қилиб: «Эй, одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирингиз менга Билқиснинг тахтини келтира олурсиз», дедилар. Шунда жинлардан бир паҳлавони: «Мен уни сен ўрнингдан туришингдан олдин келтираман», деди. Сулаймон (а.с.): «Ундан ҳам тезроқ келтира оладиган борми?», дедилар. Шунда Сулаймон (а.с.)нинг вазирлари Осиф ибн Барҳаё: «Мен уни кўз очиб-юмгунингизча келтираман», деди. Бу тўғрисида Намл сурасининг 40-оятида:
قَالَ الَّذِي عِندَهُ عِلْمٌ مِّنَ الْكِتَابِ أَنَا آتِيكَ بِهِ قَبْلَ أَن يَرْتَدَّ إِلَيْكَ طَرْفُكَ
«Китоб (исми аъзам)дан илми бор зот эса: «Мен кўз очиб-юмгунимча уни сенга келтирурман», деди», дейилган.
Дарҳақиқат, Осиф ибн Барҳаёнинг дуоси билан малика Билқиснинг тахти кўз очиб-юмгунча, Сулаймон (а.с)нинг ҳузурида муҳайё бўлди.
Зикр қилинган ояту ҳадислардан авлиёларнинг кароматлари ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Чунки, кароматлари Қуръонда зикр қилинган Биби Марям ҳам, Осиф ибн Барҳаё ҳам пайғамбар эмас, фақат сидқидилдан Аллоҳга ибодат қилишлари натижасида авлиёлик даражасига етган комил бандалардир. Авлиёларнинг кароматлари Қуръон билан исбот қилинганидан кейин уларни инкор этган киши кофир саналади. Бир авлиё бомдод суннатини уйда ўқиб, фарзини Маккада ўқиркан дейилса, эшитган киши уни инкор этса, у ҳам кофир, деб ҳукм қилинади. Чунки, кофирларнинг раиси Шайтон алайҳи лаънаҳ бир зумда мағрибдан машриққа бориб келади-ю, Аллоҳнинг дўсти Маккага бориб кела олмас эканми?