بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين* لا حول ولا قوة إلا بالله
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АХЛОҚ
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ {القلم/4}
“Ва, албатта, Сиз улкан хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят)
إنما بُعثت لأتمم مكارم الأخلاق (الحديث)
“Мен ахлоқ гўзаллигини тамомига етказиш учун юборилганман”
Ахлоқ – умматнинг жони эрур. Қачонки жон соғлом бўлар экан, уммат ҳам бақувват, ғолиб ва азиз, мардонавор барҳаёт бўлади. Аксинча, у фасод бўлса, уммат ҳалокатга йўлиқади, қуввати кетади, ёвларнинг муддаосига айланади ва душманларга нишон бўлади.
Уммат кишиларнинг мажмуъасидан таркиб топар экан, ўша инсон юксак ахлоқий фазилатлардан мосуво бўлса, у ҳолда инсон уммат учун қандай моддий қийматга эга бўлиши мумкин? Ҳа, фақат юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган инсонларгина умматга Ер юзидаги олтинлардан ҳам кўра қимматбаҳо кўрк ва бойлик бўла олади. Уммат учун фақат юксак ахлоқгина дунё ҳисоби билан ўлчаб бўлмайдиган бебаҳо бойлик ва аслаҳа бўла олади.
Исломий ахлоқ мутлоқ яхшилик, омма учун салоҳиятдан иборат бўлиб, унинг асли манбаси муқаддас Ислом дини. Унда бутун башарият учун фақтгина яхшилик ва салоҳият кафолатланган.
Унинг булоғидан ошкора ва махфий ҳолатда ҳам, фаровонлик ва машаққатда ҳам бир хил маромда қувватли ва нуфузли чашма отилиб чиқади. Зеро унинг Нозири Аллоҳ азза ва жалладурки, Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. На ер юзида ва на осмонларда зарра миқдоридаги, ундан кичикроқ ёки каттароқ нарса Ундан махфий бўла олмас,
Саодат асрининг йўлчи юлдузлари ва уларга эргашган улуғ зотлар Аллоҳ таолога ибодат қилдилар, тақвода юқори даражаларга етишдилар ва юксак ахлоқ савиясида бўлдилар. Натижада Ислом таълимотларини тез фурсатларда бутун дунёга ёйишга эришдилар.
Ахлоқнинг булоғидан поклик, мусаффолик, иффат, ростгўйлик, саҳоват, хушмуомалалик ва вафо каби инсонлар учун абадий сўнмас бўлоқ отилиб чиқадики, бу буюк инсоний одоблар Аллоҳ таолога ҳақиқий тақво қилиш, буйруқларига итоат этиш ва гуноҳлардан сақланишга асослангандур.
Улуғ саҳобийлар ҳам мана шу ахлоқ ила Исломий жамиятда жамландилар. Мана шу ахлоқ ила уларнинг байроқлари куррайи Заминнинг барча гўшаларида хилпиради. Қандоқ ҳам шундай бўлмасин, ҳолбуки улар иззат ва жабарут Соҳиби “Сиз буюк хулқ узрадурсиз” деб сифатлаган жаноб Расул акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам мактабларидан сабоқ олган бўлсалар.
ҚАРЗИМНИ ЭРТАГА УЗАМАН
Ривоят қилишларича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан қарз бўлиб қолган эдилар. У қарзни қайтариб олмоқчи бўлди. Мадина кўчаларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара келиб:
- Сиз Абдул Мутталиб уруғи қарзни чўзиб юборадиган одамлар экансизлар! – деди. Бу ҳолатни кўриб Умар разияллоҳу анҳунинг ғазаби келди ва:
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам изн берсалар бу яҳудийнинг калласини узиб ташлар эдим! – деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ҳалимлик ила:
- Эй Умар, мен ва бу яҳудий бошқа чорага муносибмиз. Сен, яхшиси, унга қарзни мулойимлик билан сўрашни, менга эса вақтида адо қилишни таклиф қилсанг бўларди, – дедилар. Сўнг яҳудийга илтифот қилиб: - Худо хоҳласа эртага қарзимни тўлаб бераман, – дедилар.
ДЎСТ ДЎСТ УЧУН ЙИҒЛАЙДИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари Зайд ибн Ҳориса Мўъта ғазотида шаҳид бўлдилар. Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Зайд ҳақиқатан ҳам Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилди. Энди у қиёмат кунида Аллоҳга барча гуноҳлардан покланган ҳолда йўлиқади, – дедилар.
Лекин ундан сўнг Зайд разияллоҳу анҳунинг қизи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отасининг жасадининг устида йиғлаб турганини кўриб сўради:
- Нега Сизни йиғлаган ҳолда кўрмоқдаман?
- Дўст албатта дўсти учун йиғлайди, – деб жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзлари тўла ёш билан.
Инглиз адиби Томас Карлейл бу қиссадан таъсирланиб шундай ёзган: “Бу каби қиссалар ва воқеалар бизларга Муҳаммад алайҳис салом тимсолида ҳақиқий инсонийликка асосланган биродарлик ва меҳрибонликни кўрсатади. У зот бизлар учун ўта раҳмдил, мушфиқ инсон. Бизлар ҳаммамиз Одам ато ва Момо Ҳавонинг фарзандларимиз”.
ЯХШИ ИШ ҚИЛДИММИ?
Бир аъробий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан нарса сўради. Ул зот сўраганини бердилар ва:
- Сенга яхши иш қилдимми? – деб сўрадилар.
- Йўқ, яхши иш қилмадинг! Чиройли иш ҳам қилмадинг! – жавоб берди аъробий. Мусулмонлар дарғазаб бўлиб унга қарши қўзғолишди. Аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ишора қилиб тинчлантирдилар. Сўнг аъробийни уйларига олиб бориб яна нарсалар берди.
- Сенга яхши иш қилдимми? – деб сўрадилар яна.
- Ҳа. Аллоҳ ажрингни берсин! – деди аъробий.
- Сен нима десанг дединг. Асҳобларимнинг кўнгилларига бу гапларингдан турли фикрлар келди. Энди қачон уларнинг ёнларига борсанг ҳозирги сўзларингни айтиб бер. Токи уларнинг кўнгилларидан сенга бўлган ғашликлар кўтарилиб кетсин.
- Хўп, – деди у.
Эртаси куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан бирга турганларида:
- Манави аъробий кеча шундай-шундай деган эди. Кейин биз нарса қўшиб берган эдик у бизлардан рози бўлди. Шундайми? – деб аъробийга юзландилар.
- Ҳа, – деди аъробий. – Аллоҳ ажрингизни берсин. Уйингизга барака келсин.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак чеҳралари шодликдан ёришиб кетди.
- Мен билан бу аъробийнинг мисоли шундайки, бир кишининг туяси бор эди, қочиб кетди. Одамлар унинг ортидан нафрат билан қувиб кетишди. Шунда туянинг эгаси одамларга: “Қўяверинглар. Мен ўзим туямга меҳрибонроқман. Унинг феълини ҳам яхши биламан” деди. Ердан бир сиқим ахлат олиб уни чақирди. Туя келиб чўккалади. Эгаси эгарни боғлаб, устига чиқиб ўтирди. Мен ўша ҳолатича қолдирсам сизлар уни ўлдиришгача борур эдингиз. У ҳам дўзахга тушар эди, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
ИНСОНЛАРНИНГ ЯХШИСИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келди. Бироқ Сарвари коинотнинг ҳайбатлари босиб гапиришга журъат қила олмади.
- Тортинма, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Мен ҳам қуритилган гўшт еган аёлнинг боласиман.
Бошқа куни одамларнинг олдиларидан ўтиб бораётган эдилар, одамлар таъзим бажо айлаб ўринларидан турмоқчи бўлдилар. Аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишдан қайтариб:
- Ажамлар бир-бирларига таъзим қилиб ўринларидан тургани каби сизлар ҳам ўринларингиздан турманглар – дедилар.
Аллоҳ таоло мўминларга неъматини охирига етказиб, динларини мукаммал қилганидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фоний дунёдан риҳлат қилиш фурсати етганини сезиб қолдилар. Минбарга кўтарилиб:
- Эй инсонлар! Мен кимнинг орқасига савалаган бўлсам, мана менинг орқам, ўчини олсин! Кимнинг шаънига тегиб сўккан бўлсам, мана менинг шаъним – ўчини олсин! Кимнинг молини олган бўлсам, мана менинг молим – қайтариб олсин! Ғазабланади деб чўчимасин, у иш менинг шаънимга тўғри келмайди, – дедилар.
Яна бир куни Ғавс ибн Ҳорис жаноб саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини тўсиб, қиличини суғурди ва:
- Эй Муҳаммад! Сени мендан ким сақлаб олади? – деди.
- Аллоҳ – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шу пайт Ғавснинг қўлидан қиличи тушиб кетди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилични қўлларига олдилар ва:
- Энди сени мендан ким сақлаб қолади? – дедилар.
- Бир яхшилик қилинг, – деди Ғавс. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни афв қилдилар ва қўйиб юбордилар. Ғавс қавмига қайтиб бориб уларга:
- Мен инсонларнинг энг яхшисининг ҳузуридан келяпман, – деди.
ОНАЖОН! ҚЎЙ СОҒУВЧИ КИШИ КЕЛДИ!
Саййидимиз Абу бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифаликларидан аввал мусулмонларга имомлик қилар эди, саййидимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга халифа эдилар. Хизматларини аъло даражада адо қилар эди. Қўшниларини ҳурматлар, ожизу-нотавон, етим ва бечораҳолларнинг ҳолларидан хабар олар, оила аъзолари вафот этган ёки Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганларнинг хонадонларига бориб ҳамдардлик билдирар эди. Уларга ҳурмат ва меҳрибонлик кўрсатиб қўйларини соғиб, хамирларини қориб берар эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқул Аълога риҳлат қилиб, халифа бўлганларидан сўнг мазкур инсонлар энди бу зот хабар олишлари ва аввалгидек ёрдам беришларидан маҳрум бўлиб қолишларидан қўрқдилар.
Ёлғиз қолган беванинг “Бугун қўйларимиз соғилмай қоладиган бўлди” деган гаплари саййидимизга етиб борди. “Аллоҳга қасамки, яна ўзим бориб соғиб бераман!” деб Сиддиқ разияллоҳу анҳу кампирнинг уйига бориб эшик қоқди. Эшикни кичкинагина бола очди. Халифани кўрибоқ ҳайқириб юборди:
- Онажон! Қўйимизни соғадиган киши келди!
Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ул зотни юқори баҳолаб: “Умматимнинг ичидан умматимга энг меҳрибони – Абу Бакр” дея илтифот айлаган эдилар.
ВАФОДОРЛИК
Қурайш мушриклари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва ул зотга эргашган мусулмонларни иқтисодий қамал қилиб, одамларни улар билан алоқада бўлишдан ман қилиб қўйишгач Хадича онамиз разияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўз уйларини тарк қилишга мажбур бўлдилар. Уч йил давом этган иқтисодий қамалдан барчаларининг тинка мадорлари қуриди.
Хадича онамиз разияллоҳу анҳо ўзлари рози бўлган ҳолда бор мол мулкини инфоқ қилиб юбордилар. Қалблар сабр ва фидойиликда тобланди. Мана энди мўминларнинг онаси ўз манзилига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қайтар эдилар. Бироқ келган пайтларидагидек бой бадавлатликдан асар ҳам қолмаган эди.
Олтмиш беш ёшга бориб қувватдан қолган замонларида мушрикларнинг жафо ва таъқиб қилишлари онамизнинг тинка мадорини қуритди. Натижада кўрпага ётиб қолганлари учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жилмай қолдилар. Шу ҳолатда уч кун ётганларидан сўнг Охират сафари яқинлашиб қолганини сезиб қолдилар. Аммо Хадича разияллоҳу анҳонинг Ислом дини нажот ва зафар қозониб гуллаб яшнашига иштиёқи жуда ҳам баланд эди.
Кўзининг қувончи бўлган қизи Умму Гулсумга шивирладилар:
- Қанийди умрим етиб, машаққатларимизнинг роҳатини лоақал бир бора кўриб қолсам эди, кўзларим қувончга тўлиб, армоним қолмай рози бўлган ҳолатда жонимни топширар эдим.
- Ундай деманг онажон! Ташвишланишга ҳожат йўқ, – деди Умми Гулсум разияллоҳу анҳо.
Мўминларнинг онаси ҳаёт балан видолашар экан “Ҳа, қизгинам, Аллоҳга қасамки, менга ташвишланишга ҳожат йўқ. Қурайш аёлларидан ҳеч бири мен кўрган мўл кўлчиликни кўрмади. На фақат Қурайш, балки дунё аёлларидан ҳеч бири Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга етишганимдек улуғ бахтга мушарраф бўлмади. Менинг Ҳабибул Мустафога хотин бўлишлигим дунёлигим учун кифоя. Охиратим учун эса, энг аввал имон келтирганим ва мўминларга она бўлганим кифоя!” деди.
Кўзлари юмила бошлар экан лаблари пичирлади: “Эй Аллоҳ! Мен Сенга сано айтиб адо қила олмайман. Эй Аллоҳ! Мен Сенга рўбарў бўлишдан ташвишланмайман, ва лекин хоҳлар эдимки, фидойилигим яна давом этса, шоядки менга берган неъматларингга муносиб бўлсам!”
Дунёни тарк эта бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам онамизга жон топшириш аччиқлигини енгиллатиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўминларнинг онасига мустаҳкам имони учун, Ислом динига ёрдам қилгани ва бор мол мулкини Аллоҳ йўлида саҳоват ила нисор қилиб юборганлиги учун жаннатда неъматлар ҳозирлаб қўйганлигининг башоратини берар эдилар.
إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ * آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُحْسِنِينَ * كَانُوا قَلِيلًا مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ * وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ * وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ *
“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва молу мулкларида, сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир”. (Зариёт сураси, 15 – 19 оятлар)
Ниҳоят Раббул иззатга покиза руҳларини топширдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича разияллоҳу анҳога ўта вафодор эдилар. Бир куни ҳовлиларида синглисининг шарпасини сезиб қолдилар. Овози Хадича онамизнинг овозларига ўхшаб кетганлигидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ! Бу унинг шарпасими?” деб юбордилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп эслаб юрганларидан ҳатто Оиша разияллоҳу анҳо қалбидаги ҳиссиётларни тута олмасдан:
- Қурайш кампирларидан бўлган бир оғзи қизил кампирни бунча эсламасангиз! Ўтиб кетган бўлса, Аллоҳ таоло сизга ундан яхшироғини бермабдими? – деб юборган эди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўзгариб, ғазаблари келиб:
- Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига менга ундан яхшироғини бермади! Одамлар инкор қилиб турганларида менга имон келтирган эди! Одамлар ёлғончига чиқарганда у мени тасдиқлаган эди! Одамлар мендан молларини дариғ тутганларида мол-дунёсини менга сарфлаб юборган эди! Аллоҳ таоло менга бошқа хотинларимдан эмас, ундан фарзандлар ато этган! – деган эдилар.
НУБУВВАТ АХЛОҚЛАРИДАН
Ямома алининг саййиди Самома ибн Асол Ҳанафий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёмонликни ирода қилган ҳолда Мадина кўчаларида кетаётган эди. Муҳаммад ибн Маслама бошқариб келаётган қўшин уни тутиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига олиб келишди. Он ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Бу асрга яхши муомала қилинглар, – дея илтифот қилдилар.
Сўнг уйларига кириб аҳлларига:
- Бор таомларингизни ҳозирлаб Самомага чиқариб юборинглар, – дедилар. Яна бир туяни топиб келтиридилар. Эрталаб ва кечки пайтда сутини соғиб беришга буюрдилар. Кейин унинг олдига кириб:
- Хўш, Самома! Аллоҳ сенга имкон бердими? – дедилар.
- Эй Муҳаммад! Агар ўлдирмоқчи бўлсанг, қоним учун ўлдирақол! Мабодо афв қилмоқчи бўлсанг шокирлик ила афв қилақол! Агар молимни олмоқчи бўлсанг, сўра, хоҳлаганингча берай! – деди Самома.
Учинчи куни бўлганида афв қилиб қўйиб юбордилар. Самома чиқиб кетиб, яқин орадаги сув бор жойга борди. Ғусл қилиб покланди. Кийимларини поклади. Кейин масжидга кириб:
- Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сенинг юзингчалик нафратли юз йўқ эди. Энди эса сенинг юзинг ҳамма юзлардан ҳам кўра ёқимлироқ бўлиб қолди. Мен учун динларнинг ичида сенинг динингдек нафратлироқ дин йўқ эди, энди эса сенинг дининг мен учун ҳамма днлардан ҳам кўра маҳбуброқ бўлиб қолди. Мен учун шаҳарлар ичида сенинг шаҳрингдек нафратлироқ шаҳар йўқ эди, энди эса сенинг шаҳринг мен учун энг маҳбуб шаҳар бўлиб қолди, – деб ҳақ шаҳодатни келтириб мусулмон бўлди. Сўнг умра учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан изн сўрадилар.
Самома Маккага келганида одамлар унинг мусулмон бўлганини билишди.
- Ҳой Самома! Динингдан кечдингми? – сўрашди улар.
- Мен Исломга кирдим. Муҳаммаднинг динига эргашдим! – жавоб берди у.
Уни ўлдирмоқчи бўлишди, бироқ унинг қавмидан қўрқишди. Чунки буларни ғалла билан асосан Ямома халқи таъминлар эди.
- Аллоҳга қасамки, мен сизларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича зинҳор буғдой донини бердирмайман! – деди Самома.
Дарҳақиқат Ямомага қайтгач Макка аҳлига буғдой соттирмай қўйди. Бу эса маккаликларнинг очарчиликда қолишларига сабаб бўлди. Чорасиз қолган Макка аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга одам жўнатиб Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб, қариндошчиликнинг ҳурматларидан Самома қилаётган ишни тўхтатишини илтимос қилишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Самомага буғдой беришни сўраб хат ёзиб бердилар.
АҲДИМИЗНИ БУЗМАЙМИЗ
Макка шаҳрида Абу Басир исмли бир бечораҳол бор эди. У Маккадан Мадинага қочиб кетди. Қурайш мушриклари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ўзинг яхши биласан – бизлардан бирор кимса сен томонга қочиб борса қайтариб беришликка аҳдимиз бор. Бизларга ўша қочоқни қайтариб юбор” деб хат ёзиб юбордилар.
Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Басирни чақириб:
- Бизлар ҳақиқатан ҳам у қавм билан аҳдлашганмиз. Бизнинг динимизда аҳдни бузишлик тўғри бўлмайди – деб вакил билан бирга қайтариб юбордилар.
- Мушриклар менинг динимига фитна қилсалар ҳам қайтариб юбораверасизми? – сўради Абу Басир.
- Бизлар хиёнат қила олмаймиз. Сен боравер. Аллоҳ таоло мушкулотларинг очиб юборгай.
НАРСАНИ ЭГАСИ КЎТАРАДИ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шалвар сотиб олган бозорга кирди. Сотувчи уларни кўриб ўрнидан турди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини ўпа бошлади. Ҳазрат қўлларини тортиб олдилар ва:
- Бу ажамларнинг подшоҳларига қиладиган амаллари. Мен подшоҳ эмасман. Мен ҳам сизлар каби бир оддий кишиман.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидан шалварни олмоқчи бўлди. Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Нарсани эгаси кўтариб олиши лозим, – дедилар.
ЎТИН ҚИЛИБ СОТ
Ансорлардан бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб бир егулик сўради.
- Уйингда бирор нарса йўқми? – сўрадилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Намат бор – бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор – сув ичиб турамиз, – жавоб берди аъробий.
- Уларни менга олиб кел, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олиб келгач қўлларига олиб туриб:
- Мана буларни ким сотиб олади? – дедилар.
- Мен бир дирҳамга сотиб оламан! – деди бир киши.
- Мен икки дирҳамга сотиб оламан! – деди иккинчиси.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанисига сотиб икки дирҳамни олдилар ва ансорийга бериб:
- Бир дирҳамга аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб олиб менга олиб кел, – дедилар. Олиб келган эди Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг:
- Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай! – дедилар. Аъробий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилиб келди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ овқат, қолганига кийим кечак сотиб олди.
- Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
КИМ СУННАТИМДАН ЮЗ ЎГИРСА МЕНДАНМАС!
Уч киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келиб ибодатлари ҳақида сўрашди. Қандай ибодат қилишларининг хабарини берганларидан сўнг уларга оздек туюлди. Ўзларича: “Бизлар қаёқдаю, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қаёқдалар. Ва ҳолонки олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган зот бўлсалар!” дейишди.
Бири айтди: “Мен энди кечаси бутунлай ухламай ибодат қилиб чиқаман”. Иккинчиси: “Умрим бўйи рўза тутиб юраман, рўзасиз бўлмайман!” деди. Учинчиси эса: “Аёлларга яқин бўлмайман!” деди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб бу сўзлардан хабардор бўлгач, масжидга одамларни йиғиб хутба қилдилар:
- Одамларга нима бўлдики, шундай-шундай дейишади! Аллоҳга қасамки, мен одамларнинг ичида Аллоҳга энг яқинроғиман! Энг қўрққувчироғиман! Лекин рўза тутаман, тутмай ҳам юраман. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга яқин ҳам бўламан. Кимки менинг суннатимдан ўзини олиб қочса, мендан эмас!
МЕРОСХЎРЛАРИНГ БОЙ БЎЛСИН
Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу бой-бадавлат инсон эди. Айни ёшлик палласида анчагина оғир бетоб бўлиб қолди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани келдилар.
- Эй Аллоҳнинг Расули! Мени молим жуда ҳам кўп. Мерос олишга иккитагина қизим бор, холос. Молимнинг учдан иккисини васият қилсам бўладими? – деб сўради.
- Йўқ, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ярми-чи?
- Йўқ, – дедилар яна.
- Учдан бири-чи? – сўради Саъд.
- Учдан бири... Учдан бири ҳам кўп. Меросхўрларингни бой ҳолда қолдиришинг одамларга тиланчилик қиладиган камбағал ҳолда қолдирганингдан кўра яхшироқдур, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
САДАҚА ЙИҒУВЧИГА БЕРИЛГАН ҲАДЯ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибн Латибани Бани Салимдан садақларни йиғиш учун тайинладилар. У садақаларни йиғиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келгач:
- Мана бу – сизларга. Буни эса – менга ҳадя қилиб беришди, – деди.
- Агар айтган гапларинг рост бўлса отангнинг ёки онангнинг уйида ўтирмабсан-да, ўша ҳадяларинг сенга келгани? – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақсадлари – унинг олган нарсалари мансаби ва вазифасидан эканлигини англатиш эди)
ОМОНАТДОРЛИК
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик. Олия аҳлидан бир киши келиб савол берди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Бу диндаги энг қаттиқ ва энг нозик нарсанинг хабарини беринг.
- Энг нозиги أشهد أن لا إله إلا الله و أن محمد عبده و رسوله (“Гувоҳлик бераман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, ва Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси ва элчисидур). Энг қаттиғи эса, эй олиялик биродар, омонатдур! Чунки, омонатдорлиги йўқ кишининг дини йўқдур! Унинг намози ҳам, рўзаси ҳам йўқдур! – жавоб бердилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
САЙФУЛЛОҲ
Араблар ва Рум ўртасида Ярмук ғазоти бўлганида Рум лашкарининг орасидан Жаража исмли қўмондон арман ўн икки минг аскарлик сафнинг олдига чиқди. Икки лашкарнинг ўртасида туриб бақирди:
- Менинг олдимга Холид чиқсин!
Холид разияллоҳу анҳу чиқди. Икки лакарбоши аскарлардан алоҳида ҳоли турдилар. Жаража сўз бошлади:
- Эй Холид! Менга фақат тўғри сўзла! Ёлғон гапирма! Чунки ҳур инсон ёлғон гапирмайди. Мени алдама! Чунки олийжаноб инсонлар вакилларни алдамайди. Аллоҳ сизларнинг пайғамбарларингизга осмондан қилич тушириб, уни сенга берганми? Ва ўша қилич туфайли ҳеч ким сенга ғолиб кела олмай фақат мағлуб бўлурми?
- Йўқ! – деди Холид разияллоҳу анҳу.
- Унда нега “Сайфуллоҳ” (Аллоҳнинг қиличи) номини олгансан?
- Аллоҳ таоло бизларга пайғамбарини юборди. Мен у зотни ёлғонга тутган ва у зотга қарши жанг қилганлардан бўлдим. Кейин Аллоҳ мени ҳидоят қилди, мен у зотга эргашдим. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Сен Аллоҳ мушрикларга мусаллат қилган қиличлардан бир қиличсан” – деб менга нусрат сўраб дуо қилдилар.
- Сизларга ижобат қилган ва сизларга қўшилганларнинг мақоми қандай бўлади?
- Бизлар билан бир мақомда бўлади, – жавоб берди Холид разияллоҳу анҳу.
- Унга ҳам сизлар каби ажр ва улуш бўладими? – сўради яна Жаража.
- Ҳа. Ҳатто афзалроқ ҳам. Чунки бизлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида, бизларга ғайбнинг хабарларини бериб турганларида, у зотдан ажойибот ва мўъжизаларни кўриб туриб эргашдик. Биз кўрганларимизни кўрган, эшитганларимизни эшитганларга мусулмон бўлишлик шарт бўлади. Сизлар эса бизга ўхшаб кўрмадиларингиз ва эшитмадиларингиз. Кимки холис ният ила динимизга кирса ва тасдиқласа, бизлардан ҳам афзал бўлур! – деди Холид ибн Валид.
Шундан сўнг Жаража қалқонини олди ва Холид ибн Валид томон яқинлашди.
- Менга Исломга киришни ўргат!
Холид разияллоҳу анҳу уни чодрасига етаклаб борди. Мешдан сув қуйиб турди. Жаража мусулмон бўлиб, ғусл қилиб икки ракаъат намоз ўқиди. Кейин Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу билан бирга кун оғгандан оқшомга яқин бўлгунча жанг қилди. Шундан сўнг шаҳид бўлди.
ЛАЪНАТ УЧУН ЮБОРИЛМАГАНМАН!
Уҳуд жангида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзлари жароҳат олгани саҳобаларга оғир келди.
- Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуо қилиб юборсангиз бўлмайдими? – дедилар.
- Мен лаънатловчи бўлиб юборилмаганман. Мен фақат чорловчи ва раҳмат бўлиб юборилганман! – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг дуо қилдилар: – Эй Аллоҳ! Қавмимни ҳидоят қил! Чунки улар билишмайди...
Макка фатҳ қилиниб Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Қурайшдаги душманларининг устидан зафар берганида душманлар Жанобнинг интиқом олишига асло гумон қилишмаган эди. Бироқ олийжаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни шу қадар афв қилиб кечириб юбордиларки, ҳатто уларга қараб:
- Нима деб ўйлайсиз, мен сизларга нима қилишим ҳақида? – деб сўраганларида улар:
- Яхшилик! Марҳаматли биродарлик! Марҳаматли қариндошлик! – жавоб беришди. Шунда бизларнинг олийжаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам башарият тарихида кўрилмаган лутф намоён қилдилар:
- Бораверинглар! Озодсизлар!
ЙЎЛИМДАН ҚАЙТМАГАЙМАН!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига амакилари Абу Толиб келиб сўз бошлади:
- Эй жияним, одамлар менинг олдимга келиб менга: “Жиянинг илоҳларимизни сўкди, динимизни айблади, ашрафларимизни аҳмоққа чиқарди, оталаримизни адашганга чиқарди. Ё уни тийиб қўясан, ёки ўртамизга тушмайсан” дейишди. Мени ҳам, ўзингни ҳам ўйла! Мени ҳам қўлимдан келмаган ишга ҳижолат қилма!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сездиларки, энди амакиси бу зоти шарифга кўмак бера олмайди, ёрдам беришга ва ҳимоя қилишга ожизлик қилмоқда.
- Эй амакижон! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, – Аллоҳга қасамки, мана шу ишимни ташлашим учун ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазиб қўйсалар ҳам Аллоҳ уни зоҳир қилгунича ёки шу йўлда ҳалок қилгунича асло тарк қилмагайман!
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўз ёшларини тўкиб, йтғлай бошладилар. Кейин ўринларидан туриб чиқиб кетаётган эдилар амакилари чақириб:
- Яқинроқ кел, жияним, – деди жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам яқин келдилар – бор, жияним. Нимани айтишни яхши кўрсанг айтавер! Аллоҳга қасамки, мен ҳаргиз уларга сени ташлаб қўймайман!
АҲДГА ВАФО
Мусулмон қўшинлари Форсга ҳарбий юришларида Сус шаҳрини қамал қилишди. Кутилмаганда шундай ҳарбий ҳолатда ҳам гўё ҳеч қандай уруш бўлмагандек аҳоли шаҳар дарвозаларини очиб қуролларини тақмасдан хотиржам бозорларига чиқа бошладилар. Мусулмонлар уларга одам жўнатишиб, уларнинг нега қурол аслаҳасиз, ўз ҳожатлари учун бемалол бозорларига чиқишаётганларини сўрашди.
Улар: “Сизлар бизларга берган омонликларингизни қабул қилдик. Шунинг учун бизларни ман қилмасликларингизга иқрор бўлдик” дейишди. Мусулмонлар ҳайрон бўлиб: “Бизлар ундай қилганимиз йўқ!” дейишди. Улар яна: “Бизлар алдаётганимиз йўқ” дейишди. Шундан сўнг мусулмонлар бир-бирларидан бу ҳақда суриштира бошладилар. Қарасалар асли жундишопурлик бўлган Муктафо исмли бир қул уларга омонлик хати ёзиб берган экан.
Шунда мусулмонлар ҳатто ўзига ҳам ҳеч қандай эгалик қила олмайдиган бир қулнинг омонлик хатини бекор қилишмоқчи бўлишди.
“Бизлар сизларнинг ҳурларингиз билан қулларингизнинг фарқига бормасак. Бизга омонлик келди, шунга эътимод қиламиз ва шуни қабул қилдик. Хоҳласаларингиз ўзларингиз аҳдингизга хиёнат қилаверинглар, аммо биз уни алмаштирмоқчи эмасмиз” дейишди улар.
Мусулмонлар уларга нисбатан на уруш оча олмай, на улардан юз ўгира олмай туриб қолишди. Охири мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан сўрашди. Умар разияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло вафони улуғлаб қўйди. Аҳдга вафо қилинглар!”
Мусулмонлар Умар разияллоҳу анҳуга итоат қилиб уларга омонлик беришди ва ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилишди.
ИНСОНЛАРГА МАНФАЪАТ ЕТКАЗИШ
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида эътикоф ўтирган эдилар, бир киши келиб салом берди ва ўтирди.
- Нима гап, кайфиятинг тушган, қайғули кўринасан? – сўради ибн Аббос разияллоҳу анҳумо.
- Менда фалончининг шунча ҳақи борки, ҳатто мана бу қабр соҳибининг ҳам унга имкони йўқ, – жавоб берди у киши.
- Мен бир гаплашиб кўрайми? – деди ибн Аббос разияллоҳу анҳумо.
- Майли, агар хоҳласанг.
Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу оёқ кийимни кийиб масжиддан чиқди.
- Сен нимага ўтирганинг эсингдан чиқиб қолдими? – сўради ҳалиги киши эътикоф ўтирганини назарда тутиб.
- Йўқ, эсимдан чиққани йўқ. Лекин мен мана бу қабр соҳибидан эшитганман, У зот билан кўришишимга ҳам оз қолди, – Абдуллоҳнинг кўзлари ёшга тўлди, – “Ким бир биродарининг ҳожати учун юриб етиб борса, ўн йил эътикоф ўтиргандан ҳам яхшироқдир” дер эдилар. Ҳолбуки, ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир кун эътикоф ўтирса, Аллоҳ таоло ўша киши билан дўзахнинг орасига ҳар бири мағриб ва машриқ оралиғича бўлган учта хандақ қилиб қўяди.
ИСЛОМИЙ САДОҚАТ
Ҳазрат Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббул иззатга риҳлат қилганларидан сўнг яширин овозга қўйиш йўли билан халифаликка уч киши – Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳуларнинг номзодлари қўйилди.
Ушбу олий даражадаги маслаҳат улуғ исломий садоқат устига барпо қилингани самараси ўлароқ Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳу Абу Бакр разияллоҳу анҳуга байъат қилиб:
- Сиз муҳожирларнинг энг афзалисиз. Ғордаги икки кишининг бирисиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасисиз. Шундай экан, ким ҳам Сиздан кўра бу ишга лойиқроқ ва муносиброқ бўлур эди! – деди. Сўнг Умар разияллоҳу анҳу байъат берди:
- Сиз мендан кўра афзалроқ инсонсиз!
- Сен мендан кўра қувватлироқсан-ку?! – ажабланди Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
- Сизнинг фазлингиз устига менинг қувватим ҳам Сизга бўлсин!
ХАФСАНИНГ ТУРМУШГА ЧИҚИШИ
Умар разияллоҳу анҳунинг қизи Хафса разияллоҳу анҳо бева қолганларидан сўнг ҳазрат Умар аввалига Усмон разияллоҳу анҳуга, кейин Абу Бакр разияллоҳу анҳуга қизларини никоҳига олишларини таклиф қилган эдилар. Натижа нима бўлди денг?
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу ўзлари тафсилотлари билан айтиб берган:
“Усмон “Бир ўйлаб кўрай-чи” деди. Ўша кеча ўтиб эртасига учраб: “Бугунги ҳолатимда уйланишга шароитим йўқ экан” деди. Абу Бакр эса умуман жавоб қайтармади. Ундан Усмондан ҳам кўра кўпроқ хафа бўлдим. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизимнинг қўлини сўраб қолдилар.
Кейин Абу Бакр менга учраб: “Менга Хафсани таклиф қилганингда жавоб бермай кетсам, мендан хафа бўлдинг. Аммо мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни эслаганидан хабарим бор эди. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирларини очишни хоҳламадим. Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олмаганларида мен олган бўлар эдим” деди”.
ЯХШИ ГУМОН ИМОНДАНДУР
Ифк ҳодисасидан кейин Абу Айюб разияллоҳу анҳуга хотини айтиб қолди:
- Одамлар Оиша разияллоҳу анҳо ҳақида нималар дейишаётганларини эшитдингми?
- Ҳа. Ҳаммаси ёлғон! – деди Абу Айюб. Сўнг сўради: – сен ўзинг ўша ишни қилган бўлармидинг?
- Йўқ, – деди Умму Айюб.
- Оиша эса, Аллоҳга қасамки, сендан кўра яхшироқ инсон!
МЕНДАН ХАФА БЎЛДИНГИЗМИ Эй Аллоҳнинг Расули?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби киром билан ўтирган эдилар. Бир киши Абу Бакр разияллоҳу анҳуга қаттиқ озор бера бошлади. Абу Бакр индамай тураверди. У яна озор берди, Абу Бакр яна индамади. Учинчи марта озор берганда саййидимиз Абу Бакр ўзини ҳимоя қилиш учун жавоб қайтарди. Шу пайт Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетиб қолдилар.
- Мендан хафа бўлдингизми, Эй Аллоҳнинг Расули? – сўради Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
- Осмондан бир фаришта тушиб, сен ҳақингда унинг айтган сўзларни ёлғонга чиқариб турувди. Қачонки сен ўзингни ҳимоя қила бошлаганингда фаришта кетиб, Шайтон ўтириб олди. Мен Шайтон билан бирга ўтира олмайман, – жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби