forum.ziyouz.com

Umumiy bo'lim => Islom => Mavzu boshlandi: MirzoMuhammad 07 Avgust 2014, 06:15:22

Nom: ОДАМЗОДНИНГ МАҚОМИ
Yuborildi: MirzoMuhammad 07 Avgust 2014, 06:15:22
ОДАМЗОДНИНГ МАҚОМИ
   Маълумки, Аллоҳ таоло одамзодни бутун махлуқотдан афзал қилиб яратган. Бу ҳақда Исро сурасида ҳам марҳамат қилган:
وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَم
“Батаҳқиқ, Биз Одам болаларини мукаррам қилиб қўйдик” (70)
Аммо бугунги кунда айрим инсонлар ўша мукаррам хилқатга хиёнат қилиб, ҳатто ҳафвонлар ҳам қилмайдиган разиллик ва қабиҳликларни қилаётганини кўриб ҳайрон қоласиз.
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло башариятни мукаррам қилиб қўйганига гумон йўқ. Аммо бу ҳурмат нимада намоён бўлишлигини билиш муҳим.
كرّمه الله بالعقل ، والنطق ، والتمييز ، والخط ، والصورة الحسنة والقامة المعتدلة ، وتدبير أمر المعاش والمعاد
Имом Замахшарий оятнинг тафсирида баён қилишича Аллоҳ таоло одамзодни ақл, нутқ, тамиз (яхшидан ёмонни ажратиш) хат ёзиш, кўркам сурат, адл қомат ва тирикчилик ишларининг тадбирини кўришликда мукаррам айлаган.
وعنه عليه السلام : " المؤمن أكرم على الله من الملائكة " وهذا لأنهم مجبولون على الطاعة ففيهم عقل بلا شهوة وفي البهائم شهوة بلا عقل وفي الآدمي كلاهما فمن غلب عقله شهوته فهو أكرم من الملائكة ومن غلبت شهوته عقله فهو شر من البهائم ولأنه خلق الكل لهم وخلقهم لنفسه
“Имом Насафийнинг “Мадорик...” тафсирида баён қилишича Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам “Аллоҳнинг наздида мўмин фаришталардан ҳурматлироқдур” деганлар. Чунки улар фақат тоат учунгина яратилган. Уларда ақл бор, бироқ шаҳват йўқ. Ҳайвонларда шаҳват бор, ақл йўқ. Одамзодда иккаласи ҳам мавжуд. Кимнинг ақли шаҳватидан ғолиб келса, демак у фаришталардан ҳам ҳурматлироқ. Кимки шаҳвати ақлининг устидан ғолиб келса, у ҳайвондан ҳам ёмонроқдур. Шунингдек борлиқни инсоният учун яратди, инсонни эса ўзи учун яратди”.
وعن الضحاك بالنطق ، وعن عطاء بتعديل القامة وامتدادها ، وعن زيد بن أسلم بالمطاعم واللذات ، وعن يمان بحسن الصورة ، وعن ابن جرير بالتسلط على غيرهم من الخلق وتسخيره لهم ، وعن محمد بن كعب بجعل محمد صلى الله عليه وسلم منهم . وقيل : بخلق الله تعالى أباهم آدم بيديه ، وقيل : بتدبر المعاش والمعاد ، وقيل : بالخط ، وقيل : باللحية للرجل والذؤابة للمرأة ، وقيل (ألوسي)
“Руҳул маъоний” тафсирида шунга қўшимча ушбулар бор: “Зиҳокдан ривоят қилинишича нутқ билан. Ибн Жарирдан ривоят қилинишича бошқа махлуқотларга мусаллат қилинганлиги ва уларни одамзодга бўйсундириб қўйганлиги билан. Муҳаммад ибн Каъбдан ривоят қилинишича Муҳаммад саллаллоху алайҳи ва салламни одамзоддан эканлиги билан. Шунингдек асли отамиз бўлган Одам алайҳис саломни Ўз қўли ила яратганлиги билан мукаррам қилинган”.
قال علي بن أبي طالب رضي الله عنه ( أربع جواهر في جسم بني ادم يزيلها اربعة أشياء  أما الجواهر فهي :- العقل  - الدين  - الحياء  - العمل الصالح  فالغضب يزيل العقل  - و الحسد يزيل الدين  - و الطمع يزيل الحياء  - و الغيبة تزيل العمل الصالح
"Залзала" сурасининг тафсирида яхши амал қилган инсонлар бутун барийёт - махлуқотнинг яхшиси, бинобарин фақатгина ибодат билан машғул бўлиб, Яратганнинг амрига хилоф қилмайдиган фаришталардан ҳам яхшироқ эканлиги баён қилинган. Ваҳолонки биз покиза ахлоқ одоблик кишиларни фариштага менгзаймиз. Аслида эса инсоннинг қадру-қиймати ҳам юқори экан. Бу мартаба эса фақатгина имон ва яхши амаллар билан бўлади. Чунки "Аъроф" сурасининг 179-оятида жаҳаннам аҳллари
لَهُمْ قُلُوبٌ لاَّ يَفْقَهُونَ بِهَا وَلَهُمْ أَعْيُنٌ لاَّ يُبْصِرُونَ بِهَا وَلَهُمْ آذَانٌ لاَّ يَسْمَعُونَ بِهَا أُوْلَئِكَ كَالأَنْعَامِ بَلْ هُمْ أَضَلُّ أُوْلَئِكَ هُمُ الْغَافِلُونَ
"Уларнинг фаҳмламайдиган қалблари, кўрмайдиган кўзлари, эшитмайдиган қулоқлари бордир. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар, балки (улардан ҳам кўра) адашганроқдурлар" деб сифатланади.
Али разияллоҳу анҳу айтади:
"Одам боласининг жисмида тўрт гавҳар борки, уни тўртта нарса зойил қилади (яъни йўқ қилади). Гавҳарлар — ақл; дин; ҳаё ва яхши амал. Ғазаб ақлни зойил қилади. Ҳасад динни зойил қилади. Тамагирлик ҳаёни зойил қилади. Ғийбат яхши амални зойил қилади".
Холиқ Таоло барчамизнинг комил инсон бўлиб камолотга етишлигимизни насиб айласин. Юқорида санаб ўтилган инсоний сифатларни биздек ожиз бандаларга мужассам айлаб, одамийлик гавҳарларимизнинг кушандаларидан паноҳ берсин.

Исомиддин Сайфуллаев. Асака туманидаги Имом Муҳаммад масжиди имоми
    Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ.