forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => Zamonaviy o'zbek she'riyati => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 30 Mart 2010, 07:43:19

Nom: Yo'ldosh Sulaymon. Dardim sig'mas dunyoga
Yuborildi: AbdulAziz 30 Mart 2010, 07:43:19
Yo'ldosh Sulaymon. Dardim sig'mas dunyoga (she'rlar)

(http://ziyouz.com/images/books/yuldosh_sulaymon_dardim.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=713)

Muallif: Yo'ldosh Sulaymon
Hajmi: 131 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=713)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=4563.0)
Nom: Re: Yo'ldosh Sulaymon. Dardim sig'mas dunyoga
Yuborildi: Ansora 02 Aprel 2010, 18:53:15
ЙЎЛДОШ СУЛАЙМОН

ДАРДИМ СИҒМАС ДУНЁГА


Тошкент
«Ёзувчи» нашриёти
1992


Фарғонани Ўзбекистоннинг боғи деб айтишади. Бу бежиз эмас, албатта. Бу юрт мафтункор табиати билангина эмас, истеъдодларга бойлиги билан ҳам шуҳрат топган.
Эл таниган шоир Йўлдош Сулаймоннинг шеърларида гўзал Фарғона нафаси уфуриб туради. Чунки шоир шу юрт фарзанди. У қайси мавзуда қалам тебратмасин, ватанга муҳаббат туйғуси қалбига қанот беради. Шоирнииг энг сара шеърларидан тузилган ушбу китобча Сиз, азиз, шеърхонларга ҳам ажойиб лаҳзалар бахш этади, деб умид қиламиз.


ЖОЗИБА

Юзидан рўмолин кўтарган чоғда
Ҳамма қушлар сайраб юборса боғда,
Қора булут бехос сўкилиб кетса,
Қуёш нури эриб тўкилиб кетса —
Бу қандай жозиба, бу қандай чирой,
Бу янги қуёшми ёки янги ой?!
Фаришталар суйиб ё уни жондан,
Олиб келганмикин ё Шабистондан?!
Ё «Боғи эрам»нинг парисимикин,
Манзили ундан ё нарисимикин?!
Қўл етмас юлдузим ўшамикин, деб,
Чақирсам ёнимга тушармикин, деб —
Безовта бўлмас ҳеч ўю хаёлим,
Сендан рашк қилмайди севган аёлим,
Бутун эриб битди ғубору ғамим,
Эй, менинг соғинчим, дилбар кўкламим!


КУРАШ

Изма-из пойлайди ўлим шарпаси,
Ҳайратдан ушлайман баъзан ёқани:
Кимлар ҳадикдану кимлар қўрқувдан
Макон этяптилар дорил бақони!

Фитнаю фасодлар зуғмида қолиб,
Таҳлика ичида умрим ўтса-да —
Тун нурдан қочгандай қочяпти ўлим,
Боисин сўрсалар янграр бир садо:

Курашганинг сари яшагинг келар,
Муҳаббат йўлида ташланар қадам.
Бекор келиб, бекор кетмоқ фожеа,
Икки марта келмас дунёга одам!


ДАРДИМ СИҒМАС ДУНЁГА

Дардим сигмас дунёга,
Сиғвлай қолдим ўзим ҳ.ам.
Хаёлимда бир-бирин
Алдар икки кўзим ҳам.

Ким дўстиму ким душман
Била олмай мен ҳалак.
Иккиси ҳам ширин сўз,
Тушинтир ўзинг, фалак.

Онанинг оқ сутини
Кимдир ўлчар пул билан,
Кимдир кимга чоҳ қазир
Қўлидаги гул билан.

Саломдан ҳам наф излар,
Гап тагидан гап излар.
Ёрни ёрдан айирди
Ниқоб тутган шу юзлар.

Улар бири-бирини
Тез топади ҳамиша.
Қаерда сиз яхшилар,
Манзилингиз қай гўша?!

Кўзингни оч, эй Йўлдош,
Юрак ўтсиз бўлмасин.
Куйга тўлдир дунёни,
Одамийлик ўлмасин!


УМИД

Бу дунёнинг поёни йўқ,
Аниқ-равшан баёни йўқ,
Номардларнинг имони йўқ,
Дўстингман деб келганларнинг
Нигоҳида аёни йўқ,

Ширин лутфим очиқ бўлди,
Тинглаганим аччиқ бўлди.
Умрим бўйи сочган меҳрим
Юрагимга санчиқ бўлди,
Кўнгил куйиб бир чўғ бўлди!

Саволларим «нетайин»ми,
Ё бош олиб кетайинми?
Вафо десанг жафо келар,
Ё бу ҳукм атайинми,
Дунё шундай бетайинми?

Ишламаган эзилмаган,
Олам одил тузилмаган,
Ҳали тугал бузилмаган!
«Ё ҳақ» деган садо келди,
Умидларим узилмаган!

Иззат талаб топмас иззат,
Қани, Йўлдош, дилдан кузат»,
Ўз йўлингни ўзинг тузат.
Зулматдан ҳам нур қидиргин,
Умидворга қўлинг узат!


ҚАНИ ЎТЛИ НИГОҲЛАР

Ёлғон-яшиқ сўзлардан,
Ниқоб тутган юзлардан,
Ҳаёси йўқ кўзлардан
Юракларим безиллар,
Қачонгача эзилар?!

Кўнгилларим бузилган,
Нималардир узилган,
Сўзларим ҳам чўзилган.
Учганмикин ё чўғлар,
Муҳаббатни ким йўқлар?!

Соғинганман ёнишни,
Ширин-ширин хонишни,
Йўлдош, йиғиб ол ҳушни,
Қани қуёшу моҳлар,
Қани ўтли нигоҳлар?!


ОЙДИН КЕЧА

Ойдин кеча, ой кеча,
Малоҳатга бой кеча.
Осмонда ой, ерда ой,
Ой тун бўйи сой кечар.

Тоғларимиз лол унга,
Боғларимиз дол унга.
Кўзлар боқар пориллаб,
Шундай ширин хол унга!

Ой кўринган кўчада
Кўнгил қушдай учади.
Оқбадан тун нозланиб
Майингина қучади.

Бошим узра сузади,
Қўлларини чўзади.
Йўлларимга нур тўкиб,
Хаёлимни бузади.

Бир маъюслик ичида
Ишқ шаробин ичади.
Айтолмаган сўзлари
Тилларининг учида.

Ой, шаънингга шеър ўқий,
Энди мени холи қўй.
Ёрим сендан ҳам хушрўй,
Кела қол, эй, ширин ўй:

Содиқман ўз рохимга,
Эргашаман моҳимга!
Йиқиламан пойига,
Етар бўлса оҳимга!

Шаънинг учун шеър ўқий,
Ойжон, мени холи қўй.
Ёрим сендан ҳам хушрўй,
Кела қол, эй, ширин ўй!


ШАҲРИЗОД БЎЛ БУЛ КЕЧА

Номинг тушмас тилимдан,
Ишқу розим дилимдан.
Ақлу ҳушим ўзингсан,
Ширин тушим ўзингсан,
Қисматимда бор ёзув —
Орзужоним, Орзу!

Висолингга етганда,
Минг жон бордай бу жонда —
Боқиб-боқиб тўймасман,
Ҳол-жонингга қўймасман.
Юрар йўлим изингдан,
Минг айланай ўзингдан!

Ҳамроҳим — ёлғиз Орзум,
Қулоғингни тут бир зум.
Илтижом бор бир неча:
Шаҳризод бўл бул кеча!
Айт ошиқлар эртагин,
Давомини эртага...


АРМОН

Юрагимни ўртаган
Дардни отдим ўртага.
Қучоғингга ол мени,
Ёшлигимнинг эртаги.
Орзу ҳавасга ёрман,
Сенда ҳам борми армон?

Ниғоҳ кимга илинди,
Ёлғонлиги билинди.
Титраб турар лабларинг,
Муҳаббатми юлинди?
Муҳаббат, бу — хонумон,
Сенда ҳам борми армон?

Яна оғир кунингда
Кимдир сендан безганми?
Танҳо қолган тунингда
Ё ёлғизлик эзганми?
Мен ҳам меҳрга зорман,
Сенда ҳам борми армон?

Алдаганми ё дўстинг,
Қанотингми қайрилган?
Минг азобга ташланар,
Ўлмай туриб айрилган!
Одам одамга дармон,
Сенда ҳам борми армон?

Нима тушди бу бошга,
Суянибсан кўз ёшга?
Йўлдошнинг ҳам хаёли
Урилдими ё тошга?
Умид йўлида борман,
Сенда ҳам кўпми армон?!


ЧЎЧИМАСМАН

Инқилобни кутиб олдик ва хуш кўрдик омонимиз деб,
Замон-замон, келди бизнинг замонимиз деб,
Ғаму андуҳлардан холи бизнинг томонимиз деб,
Маликадай яшар энди моҳи-тобонимиз деб,
Орада қолмади бирорта ҳам ёмонимиз деб!

Турарга жой излаб, изимизни тахт деб кўрсатдик,
Ичда йиғлаб туриб, бу яшашни бахт деб кўрсатдик,
Адоват рангини бўяб, уни аҳд деб кўрсатдик,
Бир-биримизга ҳам қараганмиз осмондан туриб,
Хаёлларга нима келса, унга етиш нақд деб кўрсатдик.

Ўғил-қизим мендай бир нотавон бўлмасин ҳеч деб,
Уларнинг ризқини ёсуманлар юлмасин ҳеч деб,
Ғанимлар кулди бир, яна яйраб кулмасин ҳеч деб,
Надомат чекмай деб, яна йўлда қолмайин кеч деб,
Дарс ўтдим, кўзингни очгин, кураш шаробин ич деб!

Бўронлардан чўчимасман, селу дўлни кечарман,
Руҳимдаги кишанларни битта қўймай ечарман,
Сарбадор қавмидин мен эрк кўкида учарман,
Шунча хўп-хўп билан яшаганим, Йўлдош, етмасми»
Яна хўп-хўп дегандан, бу жондан ўзим кечарман!


ҚУЁШ БЎЛСАНГ

Тонг насими азали дилдорим,
Шоир ўтли ғазали дилдорим.
Оҳу каби ҳуркагу шўхгина
Фарғонанинг гўзали дилдорим.

Бор меҳримни қўйишни истайман,
Висолингга тўйишни истайман.
Ёниб-ёниб суйишни истайман,
Нигоҳингдан куйишни истайман.

Хаёлингда бўлишни истайман,
Қайнаб-қайнаб тўлишни истайман.
Гулзорингда насибам бўлмаса,
Ҳажрингда сўлишни истайман.

Сендан ўзга ўйим йўқ, куйим йўқ,
Дувуллаган кўнглимни бир гуллат.
Севгида кўп, эй Йўлдош, фазилат,
Қуёш бўлсанг, қуёшдай жазиллат!


ШОҲИМАРДОНДА

Бу манзилим «боғи Эрам» аслида,
Нурга тўлар дилим унинг васлидан,
Оҳанграбомикин чорлаб туради,
Муҳаббатми у ё порлаб туради?!
Шаҳарнинг алдамчи кўзидан қочиб,
Юракни ўйнатган сўзидан қочиб,
Тоғлар орасидан ўтиб бораман,
Ширин ҳавосини ютиб бораман.
Кўзларим чақнайди қушларни кўриб,
Қўл ушлашган дили хушларни кўриб!
Ечилар кўнгилга тугилган ғашлар,
Ёмон ёмонлигин бу ерда ташлар.
Бир-бирин яхшилик томонга бошлар,
Поклик бахт эканин ҳис этар ёшлар!
Одамларга қаранг, ғамдан гапирмас,
Куйлару, ўйнару, камдан гапирмас.
Эркалаб силайди юзни саболар,
Ҳалоллик дарсини ўқир боболар.
Ғубордан холидир яйлову само,
Тилак билан келар келину момо!
Тошдан-тошга сакраб юришар қизлар,
Ёр танлаш суҳбатин қуришар қизлар,
Ҳусну малоҳатни этишар кўз-кўз,
Тоҳиру Фарҳоддан очишади сўз.
Жим турарми буни кўриб танда жон,
Бунда Тошкент, Қўқон, бунда Андижон.
Бунда Самарқанду бунда Бухоро,
Гоҳ сархуш кезаман гўзаллар аро!
Ким райҳон ё жийда гулин суяди,
Кўзининг тагига олиб қўяди!
«Жаннат ариқ»дан сув ичган чоғимда,
Оқ сувни, кўк сувни кечган чоғимда —
Айтолмаган меҳрим тилим учида,
Юргандай бўламан эртак ичида!
Тоғларнинг маскани суянган тоғим,
Муҳаббат шивирин тинглаган боғим,
Кўнглимни хушлаган сирдош ўртоғим,
Соғинганда очиб борсам қучоғим —
Ғубор қолмас, Йўлдош, кўнгилу танда,
Ажойиб хислат бор, Шоҳимардонда!


ФАРҒОНА ГЎЗАЛИ

Ибо билан туришингдан,
Куйдириб лаб буришингдан,
Таниб қолдим юришингдан —
Фарғонанинг қизимисан,
Ё парининг ўзимисан?

Нози фироқ ярашади,
Бир энтикиб қарашади.
Қаердан деб сўрашади —
Иффатмисан, ҳаёмисан,
Орзуми ё хаёлмисан?

Ошиқларинг тўда-тўда,
Йигитлар ҳам жуда қувда,
Ичмоқ бўлар қултум сувдай,
Шундай нозик ниҳолмисан,
Ширин ҳаво ё болмисан?

Ёнишларим сўзингданми,
Кўнглим нури юзингданми,
Ҳаёт йўлим изингданми?
Муҳаббатга қаловмисан,
Ё чиндан ҳам оловмисан?


АНГЛАШ

Усмонни соғинамиз,
Кимларнидир сўкамиз.
Чўлпонни шарафлаймиз,
Қаҳримизни тўкамиз.

Отсак ҳам сўз ўқини,
Кетмайди ҳеч хўрсиниқ.
Абдулла Қодирийни
Уйлаганда дил синиқ.

Файзулло бобомизни
Излаяпмиз қўшиқда.
Ўтганлар ким бўлса ҳам,
Сизлаяпмиз қўшиқда.

Беҳбудий, Фитрат қайда,
Қайдадир Акмал Икром?
Уларга таъзимдамиз,
Улар бизни этган ром!

Мақтовга ҳам суяк йўқ,
Кўтарамиз осмонга.
Лоқайдликнинг дастидан
Кимлардир ноҳақ ёнган.

Чиқади ҳатто эсдан
У гулми ёки ғунча.
Қувиб юриб депсиймиз
Токи ерга киргунча!

Одамлар оқибати
Кеча-ку шундай экан.
Кўзимиз очилдими,
Йўлларда йўқми тикан?

Ёмондан қутилдикми,
Қолмадими ҳеч ҳадик?
Тутдик кимнинг қўлидан,
Ёки кимни асрадик?

Истеъдодли кишилар
Бир-бирига чироқми?
Кўролмаслик касали
Кўнгиллардан йироқми?

Қайта қуриш онида
Унвон талашиш йўқми?
Яхшилик беминнатми,
Энди назарлар тўқми?

Кўзлардан нарилар ҳам
Ўз баҳосин олдими?
Баъзилар кам ёзяпти,
Ё ижоддан толдими?

Сўзлангиз Сиз, эй, тирик —
Усмонлару Чўлпонлар.
Сизни ҳам ўйлаяпти,
Қандай ўтяпти онлар?

Каттани иззат қилиш
Ҳали ҳам қоидами?
Устози аввал Яшин,
Соғлиғи жойидами?

Юзи йўқ бақироқлар
Оғзига урилганми?
Бағри тош ғаламислар
Қатордан сурилганми?

Тўс-тўпалон қаърида
Ўйласам ўйим толар.
Эй, тирик Қодирийлар,
Эй, тирик Файзуллолар —

Ғурурли нигоҳингиз
Одамийликдан сўйлар.
Билмасман Сизни бугун
Ким авайлар, ким ўйлар?!

Ҳасад тошин отганлар
Сазои этилмади.
Сизларни англаш пайти
Ҳали ҳам етилмади!


ИЗ

Чап бетига урсалар,
Ўнг бетин ҳам тутганлар,
... Илоннинг ҳам инидан
Чиқишини кутганлар,
Отасин ўлдирганга
Онасини берганлар,
Одамийлик деб шуни,
Кўкрагини керганлар,
Ўзи емай едирган,
Ўзгаларни кийдирган —
Сизми, ўша катталар,
Бугунимни куйдирган?!


СЕВГИ ФАСЛИ

Дов-дарахт очди кўзин,
Кўрсатди гиёҳ юзин.
Гўзаллик бош кўтариб,
Кўз-кўзлар бугун ўзин!

Умидсиз ўй бағридан,
Ниш урган оғриғидан,
Сен мени тортиб олдинг
Маъюс бир ҳис қаъридан!

Ҳаётга келдим қайтиб,
Изҳори ишқнинг пайти —
Кўнгилга ёзиб олдим,
Бойчечак куйин айтиб!

Дилида орзу анча,
Сенга қўл узатганча,
Етолмай висолингга,
Армонда кетган анча.

Дўсту ёр хаёлимда,
Оҳу зор хаёлимда.
Ҳозирги қувончда ҳам
Ул озор хаёлимда!

Ёд айлаб ўшаларни,
Хилватгоҳ гўшаларни,
Мен-ла сен ҳам кезяпсан,
Соғинчлар ушаларми?!

Қўлларим сенга етди,
Йўлимни ёруғ этдинг.
Дилимдан оғриқ кетди,
Ғубордан фориғ этдинг.

Ўзингдан умидворлар,
Юракда ўти борлар,
Ҳаттоки биз — ночорлар
Кўксида ёнган зорлар —

Маъносин билсанг асли,
Ҳаммаси сенинг васлинг.
Ҳуснингга бўлдим таслим,
Хуш келдинг, севги фасли!


ШЕЪР ДАРЁСИ

Ул ҳазратни тушларимда кўрибман,
Изларини йиғлаб кўзга сурибман,
Хаёл отин Ҳирот сари бурибман,
Кўҳна Жайҳун қирғоғида турибман,
Ўтолмасдан дилхун бўлиб юрибман.
Қанча юлдуз сўниб, қанча ой ботган,
Бугун эса, булутларсиз тонг отган.
Висол они келдимикин муродга,
Қани, етиб бора олсам Ҳиротга,
Кўзларим тўрт Бойчиборга, Ғиротга!
Уйқу қочиб, сергакланди эл энди,
Ғиркўк отим, ўнгимда ҳам кел энди,
Қанотингни кирқ газ ёзиб ел энди,
Чўчитмайди мени дўлу сел энди,
Бир аҳд билан боғланди бу бел энди.
Сафарларда энг вафоли дўст отдир,
Сени минсам ташвишлару ғам ётдир,
Улуғ бобом зиёрати ниятдир.
Орзуимни ушатмасам уятдир,
Эсим таниб талпинганим Ҳиротдир.
Ғазал ўқиб, кўнгил дарддан бўшади,
Вужудимда қайноқ бир қон жўшади,
Ич-ичимнинг нурига нур қўшади.
Мен сиғинган тупроқ асли ўшадир,
Жаҳон аро ҳеч тенги йўқ гўшадир.
Бу манзилда Навоийнинг изи бор,
Қутлуғлиги — бунда унинг юзи бор,
Имон дарсин олиб борган сўзи бор,
Беш юз йилдан ошиб боққан кўзи бор,
Ҳазрат мангу барҳаётдир, ўзи бор!
Муҳаббатни ҳис этмаган ким бўлсин,
Юртга сарбон ё қайсари Рум бўлсин —
Илтимосим, вайсамасдан, жим бўлсин,
Шеър дарёси яна лиммо-лим бўлсин,
Ғазал тингланг, бугун дилга нур тўлсин!


УНИ ТОПДИМУ

Умрим бўйи уни изладим,
Ҳали ўзин кўрмай сизладим,
Доим соғинч билан сўзладим.
Уни топдим, мени топмади,
Ич-ичимдан пинҳон бўзладим.

Муҳаббатни ёруғ юлдуз деб,
Тунларим ҳам бўлар кундуз деб,
Бекор кетмас босилган из деб,
Йўлларимдан буткул адашдим
Ёздан бурун келмайди куз деб!

Севги излаб охири толдим,
Ва ниҳоят нигоҳим олдим.
Сўнг бошимга ғавғолар солди,
Изларига соя бўлганим,
«Оҳ»лар уриб ёнганим қолди.

Тушимда бир қучдию кетди,
Қалдирғочдай учдию кетди,
Борим-йўғим кўчдию кетди.
Ҳатто ўзим ёққан чироқ ҳам
Юрагимдан ўчдию кетди!

Фалак мени эздию атай,
Қаёқларга бош олиб кетай?
Пешонамга битгани шу деб
Бўй эгайми, йиғлайми, нетай,
Энди кимга арзу ҳол этай?

Гапиргандай бўлдим деворга,
Муносибми ё зорлик зорга?
«Дунё ўхшар худди бозорга»,
Ҳасадим йўқ иқболи борга,
Нега қўлим етмади ёрга?!


БАҲОР СОҒИНЧИ

Ғамли куйдан дилим сел бўлар,
Элим қачон тўкин эл бўлар,
Бу изғирин қачон ел бўлар?
Дарагинг шу ёмғир-чақинми,
Келишларинг ростдан яқинми?!

Сени кутиб ёняпти таним,
Ёнганимни кўряпти ғаним,
Сенинг шаънинг - менинг ҳам шаъним
Келсанг келгин саҳоват билан,
Гул бўйига тўлсин Ватаним.

Яна ўзинг ўша ноз билан,
Бир дилрабо қувноқ соз билан,
Кўнгилга чўғ ташла роз билан.
Орзу армон бўлиб қолмасин,
Дийдорлаштир мени ёз билан!

Муҳаббатга сен ҳам зормисан,
Ёта олмай мендай хормисан,
Йўлларимда ўзинг бормисан —
Очиғини энди айтасан,
Биз томонга қачон қайтасан?!

Очилади сен-ла чиройим,
Хуш қомадли, эй, нозик ойим,
Юрагимда бир тилак доим —
Келгину ҳеч кетма, баҳорим,
Кўнглимни тарк этма, баҳорим!


СИЗЛАБ-СИЗЛАБ

Сендан гўзал аёл йўқ,
Сендан ширин хаёл йўқ.
Қаердасан ловуллаб —
Юрагимда ёнган чўғ!

Олисдасан аразлаб,
Ўзим излаб боряпман.
Қадринг ўтиб изингни
Сизлаб-сизлаб боряпман.

Ҳувиллаган кўнглимни
Ўзинг тўлдир, ёр, нурга.
Бу ҳаётнинг гаштини
Сурайлик бирга-бирга.

Бошим тошга урилиб,
Адашмайин йўлимдан,
Кулиб-кулиб кириб кел,
Ўзинг ушла қўлимдан.


ҚАНИ ЭНДИ

(Ўзбекистон халқ хофизи Муроджон Аҳмедов хотирасига)

Ғуссаи айрилиқ вазнидан жон ўртар,
Кўнгилларни ичдан эзиб чунон ўртар.
Муқимий дилида Фурқат пинҳон ўртар,
Машраб яна нола этар, жаҳон ўртар.
Қани ул ҳофизи халқ, қайноқ қон ўртар,
Муродини ўйлаб бугун Қўқон ўртар.

Муроджон куйласа тоғлар ҳам хоб эди,
«Мутриби ҳуш лаҳча» эди, хўп соф эди,
Ташна ошиқ бағри учун у об эди.
Эзгулик йўлига доим тавоб эди,
Ҳалоллик сўзига ўзи жавоб эди,
Муҳаббат дардкдаи бағри кабоб эди.

Умр ўтди кўз очиб юмгандай шувуллаб,
Дилни эзди дорил бақоси увуллаб.
Қўшиқлари унинг изидан чувуллаб,
Чаманзорим қолди булбулсиз ҳувуллаб.
Фалак ғаддорлигидан бошим ҳам ғувуллар,
Юзу кўксимни нам этиб, кўз ёшим дувуллар.

Қайдадир суҳбати жонон они энди,
Қай гулшанга қўнди унинг жони энди.
Тупроқ остидами қўшиқ кони энди,
Бош урсак деворга борми маъни энди?
Не наф излаяпмиз ёниб-ёниб энди,
Йиғлагин, эй аҳли Қўқон, қани энди!


УНУТМАНГ

Унутманг ҳеч яқиндир, ё майли, узоқ бўлсин,
Орангизда уммонми, майли, баланд тоғ бўлсин —
Ҳамдардликка шошилинг, ё сўзни тўкинг хатга,
Шунда лойиқ бўласиз, энг қайноқ муҳаббатга!
Оломонни чалғитиб, ноҳақ йўлга бошлаган,
Қинғир ўй бағрида қинғир қадам ташлаган —
Дажжолдан ўтиб тушган аждарнинг ўзгинаси
Қурисин унинг изи, қурисин юзгинаси!
Тонгдаги уйқу ризқу рўз қисқариши аслида,
Инсон бахтин топади хайрли ишлар васлидан.
Сояли ё мевали демасдан дарахт кесган
Киши бошида доим лаънат шамоли эсган.
Одам қорни ҳеч қачон меш эмас, қозон эмас,
Ким яхши, ортиқ киймас, ўзгадан ортиқ емас.
Ён қўшнингиз оч бўлса-дилга сиғмас тўқчилик,
Биргалашиб курашсак, йўқ бўлади йўқчилик!
Илм олиш ибодату зиёратдан ортиқдир,
Ҳалол меҳнат меваси юртга олий тортиқдир.
Ёшликда ўқиганинг шундай ўрнашар бошга,
Гўёки чуқур ўйиб ёзилган каби тошга.
Чалғима бақириқдан, ёвсизлар хитобидан,
Мадад ол, яна Йўлдош, улуғлар китобидан!


ЯШАШДАН МУРОД НЕ

Ўнг бетга урсалар чоп бетни ҳам тутганим ростдир,
Дардларимни айта олмай ичга ютганим ростдир,
Овозни чиқармай бир соядай ўтганим ростдир,
Тақдирнинг ёлғончи шамолига бўйнимни эгиб,
Ўзгалардан доим ўз бахтимни кутганим ростдир!

Бутун умр анқони изладиму қуриққа чопдим,
Адашган чоғимда гоҳо орзу дафтарин ёпдим,
Аламлар бағрида янги йўлу йўриққа чопдим,
Улуғлар бисоти бахтим бўлиб, қўлимга тушди,
Навоий бобомни ўқиб аввал ўзимни топдим!

Бу ҳаёт дарёсин шиддатида қалқиб оқяпман,
Кураш оловидан топинг мени, балқиб оқяпман,
Кимни безор этиб, кимгадир, во дариғ, ёқяпман,
Яшашдан мурод не — мағзини энди чақяпман,
Ўзимга ўзим, эй Йўлдош, умид билан боқяпман!


ОШИҚ ТИЛАГИ

Кузатдилар бугун тўйингни,
Кўролмасман энди бўйингни.
Орзуларим учиб кетдилар,
Бир йўласи кўчиб кетдилар.
Ой висолинг насиб этмади,
Кўп куйдиму қўлим етмади —
Бу гулзордан бир гул узгани,
Севиб қолдинг ахир ўзгани!
Тош кўнгилни шундай ийдирган,
Юрагингга номин тугдирган,
Мени эса ўтда куйдирган,
Ким экан у сени суйдирган?
Иқболингга мард бўлса бўлди,
Унда мендек дард бўлса бўлди:
Айланасан унинг жонига,
Сени қўяр қуёш ёнига.
Муҳаббатни куйлаш аҳдимдир,
Борлигингнинг ўзи бахтимдир.
Кўзларингнинг ёшин кўрмайин,
Ё маломат тошин кўрмайин.
Ёниб-ёниб танҳо ўтарман,
Тушларимда гуллар тутарман,
Бу дунёдан нима кутарман,
Фарёдимни ичга ютарман,
Йўқ энди бошқа йўл, жоним,
Севганингга Лайли бўл, жоним.
Кузатдилар бугун тўйингни,
Кўролмасман энди бўйингни.


СЕНГА АТАДИМ

Тоҳир деб ўйлардим ишқда ўзимни,
Юракдан айтганман бари сўзимни.
Нимага яширдинг мендан изингни?
Нигоҳларинг бугун нега паришон,
Бошқага бурдингми ёки юзингни?
Туманлар ичида очдим кўзимни,
Севгидан қиймаган ризқу рўзимни.
Ўзимга тилайман тоғдай тўзимни,
Сенга атадим-ку умри озимни,
Кўксимки ёндирган ўю орзумни.
Қишларимни олиб, қайтар ёзимни,
Дилимнинг тубида ўзинг яратган —
Булбули гўёмни, ширин созимни!
Юракдан айтганман бари сўзимни,
Тоҳир деб ўйлардим ишқда ўзимни!


ЧАҚНАГАН КЎЗ

Жонсиздай эди саҳро,
Ётарди чиндан қақраб.
Йилтиллаб қолди бирдан,
Қаердан олди баҳра?!
Ўзгариб ҳаво кескин,
Шабода ширин эсган.
Дил тўлди ажиб ҳисга,
Жуда ҳам хушбўй исга!
Туғилиш онимисан,
Яшариш жонимисан.
Гўзаллик сепин ёйди,
Тириклик қонимисан —
Чақнаган кўз наврўзим,
Айланай сендан ўзим!


СИНГЛИМ, КЎТАР БОШИНГНИ

Рўбарўда турибсан,
Кўзинг тўла ёш билан
Эссиз, адо бўлибсан,
Ўша бағритош билан.

Дик-дик сакраб турардинг,
Сиғмас эдинг ўзингга,
Термулмаган эҳ, кимлар
Ҳатто босган изингга!

Нигоҳларни куйдирган
Оромижон ўқ қани?
Ахир нега сўндинг сен,
Кўзингдаги чўғ қани?

Қандайин барно эдинг,
Ширин эдинг жуда ҳам,
Келтирдими шу ҳолга
Сени ўша муттаҳам?!

Ожизлигин яшириб,
Ўзин роса ошириб,
Тўсган эди йўлингни,
Оёғингга бош уриб!

Ана шундай юзсизлар
Аёлларни савалар.
Бу — номардлик белгиси,
Бу гапга йўқ саволлар!

Кўрдай кўрмас боласин —
Жовдираган нигоҳин.
Фақат ўзин ўйлайди,
Ўзгаларнинг дод-оҳи.

Ота деган қутлуғ ном
Унга писта пўчоғи.
Хаёлида айш-ишрат,
Бетайинлар қучоғи!

Оиласи — саргардон,
Кимларгадир зор этар,
Кўнгли истаб янги ёр,
Асли ўзин хор этар.

Қай аёлнинг кўзи ёш,
Билдим, тугаган бардош.
Ўшал дам сўниқ руҳга
Оташ берган — дўст, қардош!

Ўз-ўзини ёқар ким?
Аччиқ қилибми унга!
Танин жарга отарми,
Ёнмаса агар тўнгак?

Йўқ, йўқ, синглим, тўхта сен,
Бу йўлингдан қайт дейман,
Наҳот йўқ битта дўстинг,
Унга дардинг айт дейман.

Арзимас у аламга,
Арзимас у йиғингга,
Яшаш завқи кутяпти,
Яқинроқ кел йиғинга!

Арзимас у тирноққа,
Оёғингнинг гардига.
Майда ҳисдан баланд бўл,
Қўшил халқнинг дардига!

Гўрўғлининг қизисан,
Оҳусан Алпомишга.
Нима учун бор ишқим
Танҳо Ширинга тушган?!

Тўмарисни онам деб
Тенглаштирдим қуёшга.
Нима учун ул номни
Кўтаради эл бошга?!

Биласан-ку Зуҳрони,
У муҳаббат худоси!
Зирқиратар юракни,
Армони ва нидоси!

Қамоқда кўзи ёрган
Чиннибиби ёддами?
Шодиева онамиинг
Сендан каммиди ғами?!

Магадан совуғида
Юпун юрган у эди,
Ўрмон кесиб,
Калтак еб,
Бино қурган у эди.

Ҳатлаб келиб ўлимни
У яна кўп яшади,
Бизга боғлар қолдирди,
Ошини ҳам ошади.

Сен ул она авлоди,
Набиевга бир сингил,
Ўшалардай курашсанг,
Эзилмайди ҳеч кўнгил.

Ўшалардай ўт изла,
Ўз вужуди корингдан,
Ўзингдан кўпайгину
Кам бўлма қаторингдан.

Номард учун ёш тўкма,
Ярат таъмал тошингни.
Тўмариснинг қизисан,
Синглим, кўтар бошингни.


ЙИҒИ

Йиғидан кўнгил бўшар,
Худди малҳамга ўхшар —
Йиғладингми — дил ёрдинг»
Енгиллашдими дардинг?!
Зарурдир баъзан-баъзан,
Келмасин аммо арзон,
Йиғласанг, тўлиб йиғла,
Бир армон бўлиб йиғла —
Бир ўзингдан ташқари
Ёнингдаги ёш-қари —
Дардин ҳам кўтарасан,
Шунда кетади осон —
Юракдаги аламинг,
Гўзаллашар оламинг!


ҲУСНИНГНИ КЎРИБ....

Ким билибди оламда шундай бир ҳолат бўлар:
Сенинг ҳуснингни кўриб ой ҳам хижолат бўлар.
Юрагимда сайроқи бир қуш бўлдию пайдо,
Висолинг орзусида мен ҳам ошиғу шайдо.
Сен шоҳликни истадинг, ё мен шоҳ бўлолмадим,
Висол йўли қаерда ё огоҳ бўлолмадим.
Маҳлиё бўлдингми ё муҳаббат бозорига,
Чиндан тўйиб кетдингми ё ошиқлар зорига.
Мулки дунё, мулки дил, мулки дин қўлингдами
Баҳра олмоқ қасдида шоҳ-гадо йўлингдами?!
Жунунми деб устимдан кулганларинг ростмиди»
Парвои фалаклигинг гўзалларга хосмиди?!
Гуноҳимми ишқиму мендаги сабру бардош,
Нима учун бош узра ёғдирасан яна тош?!
Кўрибу билиб туриб бир девона ҳолини,
Бунчалар қизғонасан ишва ё сўз болини.
Кимлигимга қизиқсанг, битта мўмин мирзоман,
Аммо сенга, мен Йўлдош, қул бўлишга ризоман!


ТИЛАК

(«Лайли ва Мажнун» видеофильмини кўриб)

Бу ҳаётда уларни айирдилар,
Қанотларин аёвсиз қайирдилар.
Аммо дил бир-биридан айрилмади,
Хаёлларин қаноти қайрилмади.
Ахир «кирди икки руҳ бир баданга,
Бундай иқбол муяссар кам одамга!
Боқиб умрим ортига, ўйга ботдим,
Тонгга қадар тўлғониб, уйғоқ ётдим:
Ишқ ўтида Мажнундай ёнолмадим,
Эплолмадим ё сабоқ ололмадим.
Шу аламнинг азоби менга етар,
Ич-ичимни бир армон нотинч этар:
Ё худо, ўзинг ет арз-додимга,
Шундай севги ато эт авлодимга!


ЎТ ЁНГУНЧА

Қиш-қировли кун эди,
Ой чиқмагай тун эди —
Уйга қайтдим жуда кеч,
Хотирамдан чиқмас ҳеч:
Ўт ёнгунча ўшанда
Совиб кетган гўшамда —
Баданим қақшаб кетди,
Уйим ҳам ўхшаб кетди -
Умидсизликка тушган
Муҳаббатсиз турмушга.
Ўт ёнмаган уйимда
Шулар ўтди ўйимдан!


КУЙЛА

Охунжон этар хониш,
Шунча бўларми ёниш.
Ўз-ўзимдан, во дариғ,
Хамма ғубордан фориғ —
Бўлганим сезилади,
Бир ширин эзилади —
Юрагимнинг туб-туби.
Ул гўзалнинг мактубин
Топиб олгандай бўлиб,
Ичим-ичимдан тўлиб —
Қўшилгим келар куйга,
Менинг ҳам дилим куйган
Муҳаббат сўқмоғида,
Сен ҳам унинг боғида
Адашганга ўхшайсан.
Ё шошганга ўхшайсан —
Тополмай ўз ёрингни!
Тўккин йўғу борингни,
Бошқалар адашмасин,
Уларни алдашмасин!
Куйла, эй, укам Охун,
Соғинчим севги оҳи!


НИМА БЎЛДИ

Ўғирланган ҳушимда ҳам,
Ўнгимда ҳам, тушимда ҳам,
Ўқишиму ишимда ҳам,
Ёзу-кузу қишимда ҳам —
Тилим келмас бошқа сўзга,
Йўлим ҳам йўқ шундан ўзга!
Бир оҳуни суйган қулман,
Хижронида куйган қулман,
Юрагим ғам ўйган қулман,
Ёлғонлардан тўйган қулман.
Уни мендан не айирган,
Сиғмасман кўку ерга?!
Ўз-ўзимдан кетолмасдан,
Таним соғу, дилим хаста.
Муродимга етолмасдан,
Ҳатто фарёд этодмасдан —
Юриб-юриб, охир тўлдим,
Шу кетганча кетар бўлдим,
Сўзларим ҳам қолиб кетар,
Кўнгил ичга солиб кетар,
Оғир юкдан толиб кетар,
Тан қаерга олиб кетар?!
Етганимда охиратга,
Олармикин мени ёдга?!
Йўлдош, сенга нима бўлди,
Қолдингми ё сувсиз чўлда?
Тарвузинг ҳам тушиб қўлдан,
Хаёлларинг ўлда-жўлда,
Тўхтамагин ярим йўлда,
Йўлдош, сенга нима бўлди?!
Сизлар — узун қўлим менинг!
Қирғиз, туркман, ўзбек, қозоқ,
Бир-биридан бўлса узоқ —
Шайтон қўяр яна тузоқ!
Бергин тоза дил, ё раззоқ,
Поёндоздир фикру жоним,
Бирлаш энди Туркистоним!


ЎША...

Пешонанинг шўрлигидан,
Ақлу ҳушнинг ғўрлигидан —
Ажралиб эл бирлигидан,
Ё душманнинг зўрлигидан —
Ош ўрнига заҳар ютди,
Уч авлодим шундай ўтди.
Тутиб унинг этагидан,
Нима топдим етагидан,
Ёлғон-яшиқ эртагидан?!
Қолиб кетдим кул тагида —
Кутганмиди шуни ғаним,
Соямиди эргашганим?!
Душман туғи туғиммиди,
Ё ўзимнинг йўғиммиди,
Учиб колган чўғиммиди,
Хилпираши зуғиммиди —
Ё ғафлатли ониммиди,
Титраб турган жониммиди?!
Қаердасиз дўсту ёрон,
Ширинми эрк ёки бу жон?!
Қўрқув билан яшаб ҳар он —
Сайёдлардан қочган жайрон
Кўнгли каби кўнглим вайрон,
Йўл ахтариб бўлдим ҳайрон!
Тожик, туркман — кўрар кўзим,
Қозоқларим — энг ҳақ сўзим.
Қирғизларим — қирмиз изим,
Сизлар ахир — менинг ўзим.
Айрилмасин йўлим менинг,
Ўзин ўнглаб олар бир дамда —
У ўзгариб — яна ўзгариб!
Кимни наби, кимни худо деб,
Фақат Сизга жоним фидо деб,
Фақат Сизнинг бахтингиз тилар,
Ичимдаги ёлғиз нидо деб —
У ҳозир ҳам сўзлаб юрибди,
Янги ниқоб излаб юрибди.
Ҳали унга — бунга жавдираб
Ўз-ўзидан бўзлаб юрибди.


ИЛТИЖО

Ўзингсан Оллоҳим, ёлғиз Оллоҳим,
Дунёни аланга олдирар оҳим.
Бу сенга ҳеч ўчмас ишқу розимдир,
Биламан тил-дилга нима лозимдир:
Улар бир-биридан адашмасин ҳеч,
Ўзию ўзгани алдашмасин ҳеч!
Ризқу рўз яратиш хаёли билан,
Рўзғорни тебратиб аёлим билан —
«Дил ба ёру даст бакор» деб яшайман,
Имон йўлидаги курашга шайман.
Динимни, дилимни ҳамда тилимни,
Кўнглимга ўзинг жо этган билимни —
Покиза тутмоқлик азалий аҳдим,
Ҳалоллик, рост сўзлик виждоним тахти.
Сенинг измингдадир қудрату шаҳдим,
Сенга ихлосимнинг ўзи чин бахтим!
Хаёлларим ишқинг хаёлин сурсин,
Кўксимдан ҳамиша куй оқиб турсин,
Ўрламасин сира дўзахий тутун,
Шафоат етишин истайман бутун —
Номларинг битилган ҳар бир каломдан,
Расулуллоҳ алайҳи ва салламдан.
Ҳар бир яралишнинг Сен илҳомчиси,
Ҳусну жамолингнинг битта томчиси —
Чиройнинг йиғилган бир жамлигида —
Кўришар Фарғонам кўркамлигида!
Алҳамди лиллоҳи рабб-ил-оламийн,
Қани, имонсизлар йўқолса, омин!
Нега бирлашмайди марду оқиллар,
Нега ҳамон яшар Абу Жаҳллар
Мунофиқлар дастидан кўнглимда алам,
Дунёнинг сири кўп «Валлоҳи аълам»,
Бино этдинг Ерни, сувни, ҳавони,
Дард ҳам бериб, унга бердинг давони!
Хуршиди оламни шундай яратдинг,
Бутун Ер юзини унга қаратдинг.
Қурту қумурсқаю жамики башар
Унга жону дилдан интилиб яшар.
Ўз нурин ҳаммага тенг сочар қуёш,
Одамлар кўзида гоҳ ғазаб, гоҳ ёш —
Бир-бирин кўролмай туриши нима!
Инсон зоти борки, комил яралса,
Шундай бир мўъжиза - омил яралса —
Фарзанд туғилмаса ёмон отадан,
Оналар қутилса шундай хатодан.
Одамзод ҳеч жабр тортмаса ноҳақ,
Устози аввалим, ўзингсан ё ҳақ!
Дунё бир оила фарзанди бўлиб,
Яшаса дилида муҳаббат тўлиб!
Одам Ато руҳи шунда шод булар,
Ҳаммага худонинг номи ёд оулар.


ЎЗИНГИЗДА ИХТИЁР, ОЙИ

Ҳол-жонимга қўймайди ойим,
Ҳамон ўша жанжал-машмаша.
— Иягингга битди ота соқоли,
Қайсарликни, жон болам ташла.
Тенгқурларинг уйланиб бўлди,
Муродингга еткур сен эса...
Севганинг ким Юлдузми?
— Қўйинг!
— Ё тўқувчи Лолами,— деса,
Сўз қотаман:
— Ажойибсиз-да,
Шу куз бўлар у қизнинг тўйи.
Қайта сўрар:
— Анор-чи, қалай,
Хўп ярашган бўйингга бўйи!
— Қўйсангиз-чи, дейман, вақт эрта!
— Эртамиш, — деб тутақиб кетар.
— Ясантириб бўлдик-ку чўлни,
Энди тоқат тугади, етар.
Лаълихонга унаштираман,
У ҳам элнинг суйимли қизи.
Сендан каммас, бўз ер бағрини
Чаман қилди унинг ҳам изи.
Севгилимнинг номин эшитиб,
Тош юрагим илир бинойи.
Фақат шунда айтолдим кулиб:
— Ўзингизда ихтиёр, ойи!


ХИЗР БОБОНИ ЙУҚЛАБ...

Хаёлим кўряпти Сиз босган изни:
Тириклик сувини топганингизни,
Тириклик сувини ичганингизни,
Ўлмаслик саволин ечганингизни!
Йўлдан адашганнинг қўлидан ушлаб,
Бева-бечоранинг кўнглини хушлаб,
Нажот кутганларнинг тинглаб оҳини,
Кўрсатиб келгансиз иқбол роҳини!
Кимда дил ғараздан бўлолса холи,
Шунинг ўзи унинг тенгсиз иқболи!
Имонли бандалар учратар Сизни,
Кўнгли қоралардан бургансиз юзни!
Сиздан сўровим бор, эй, Хизр бобо,
Агар хато кетсам минг узр, бобо!
Сизга юрагимни очгим келяпти,
Ҳайқириб борини сочгим келяпти.
Турк Отам руҳлари қаттиқ эзилди,
Бу кўргилик, ахир, жуда чўзилди,
Қаддимиз букилди ўша ғамлардан.
Арзимиз худога етган дамларда —
Бугун изингизни излаб юрибман,
Ҳар бир қондошимни сизлаб юрибман,
Орзуга етишки кўзлаб юрибман,
Элимнинг дардида бўзлаб юрибман.
Ҳозиргидай қулай пайт келганда,
Кўпдан қутганимиз — Ҳайит келганда —
Она Туркистоним нега бирлашмас,
Ўзгаларни қўйиб, ўзи сирлашмас?!
Шунча айрилиқнинг ўзи етмасми,
Ўйчи ўй сургунча фурсат кетмасми?!
Йўлни бошқа ёққа бурганлар қайтсин,
Не сўз бўлса энди Турк Отам айтсин.
Сўровимни айтай, эй, Хизр бобо,
Агар хато кетсам минг узр, бобо:
Бу дунёнинг ўзи доим бири кам,
Аммо отам, акам, опаму укам —
Яшашса бир-бирин суяган тоғдай,
Бир-бирини йўқотиб қолмасин доғда.
Юрсинлар қондошлик бағри йўлидан,
Адашиб қолганни ушланг қўлидан!


КЎЗЛАР ПОРИЛЛАР

Ҳусну латофату, ҳаё юраги
Қаерда эканин, майли, сўрагин:
Қитъалардан келган жавоб минг тилда,
Изҳори диллари, аммо бир хилда.
Марғилон куйланар ширин оҳангда,
Бундай жонон манзил йўқдир жаҳонда,
Муҳаббат ҳақида фикр айтилса,
Кумуш биби номи зикр этилса —
Ҳатто тили йўқлар сўйлаб юборар,
Вужуди ловуллаб куйлаб юборар.
Ёмонлар ёмонлик йўлидан қайтар,
Ёлғончи хуш йиғиб, рост сўзин айтар!
Қайси юртнинг қизи тенгдир Кумушга
Ҳад сиғарми бундан кўзни юмушга?!
...Марғилон деганда кўзлар пориллар,
Ахир унда яшар нуқул парилар!


ХОЛ

Турк қизин беназир ой жамолига,
«Оҳ-оҳ»лар эргашган бой камолига
Тонгнинг жозибасин берган нимадир?
Унинг сеҳри шунча қудратга қодир —
Бехос қамаштириб кўзимни олди,
Ақлу ҳушимнию сўзимни олди.
Ҳаттоки жоним ҳам ўхшаб бир қушга
Ул оҳанграбонинг қўлига тушган.
Ким девона бўлмас шундай аҳволда,
Қандай сир бор ўзи лабдаги холда?!


СОВЧИ

Беҳосдан ёришиб кетгандай туним,
Қувонч олиб келди бугунги куним.
Мени ҳам одам деб, қаторга қўшиб,
Қўллари кўксида ошкора жўшиб —
Одам кириб келди ахир уйимга,
Аёлим ҳам худди мендай суюнган!
Мен ўстирган қизни орзулаб,
Ҳаяжон бағрида очишяпти лаб.
Ёша Мирзакарим қутидор каби,
Ёзнинг қуёшидай чарақлаб таъбим,
Ўзимни қўярга тополмасдим жой,
Қаерга бекиндинг, қизим, Кумушой?!