МАЪРУФ ЖАЛИЛ
САЙЛАНМА
«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА
АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИ
БОШ ТАҲРИРИЯТИ
ТОШКЕНТ — 2005
Маъруф Жалил адабиёт аталмиш улуғ даргоҳга «Орзу» ва «Баҳор» шеърлари билан кириб келган эди. Шундан бери унинг ўқувчи-мухлислари ортса-ортдики, камаймади. Биз шоирнинг «Мен сизни севардим», «Бахтимга сен борсан» каби ажойиб тўпламларини ўқиганмиз. Шоир ўз қўли ила «Сайланма»сига гўзал ва баркамол шеърларини саралаб берган эди, афсуки, китобни кўриш унга насиб этмади.
ЮРАГИМДА ЕТГАН СИР
(Таржимаи ҳолим)
1936 йил 10 октябрда Каттақўрғон туманидаги Пайшанба қишлоғининг Қибла гузарида туғилганман. Ўн йилдан кейин 1946 йилда берилган туғилиш гувоҳномасида ана шундай ёзилган. У вақтларда қишлоқда махсус туғруқхона бўлмаган. Ҳар ким ўз уйида туғилган. Гувоҳнома зарур бўлиб қолса, ёздириб олишган, бўлмаса, болалар ҳужжатсиз юраверган.
Ражаб момом (отамнинг оналари) айтар эдилар:
— Сен турамоҳда, кўрак териладиган пайтда туғилгансан. Кечалари қиров тушиб, қора совуқ бўлар эди.
Қишлоғимиз атрофи тоғлар билан ўралганга ўхшайди. Қаёққа қараманг — тоғ. Ҳаво очиқ кунлари, айниқса, тоққа қор ёққандан кейин шундай аниқ ва яқин кўринадики, бориб сайр қилгинг келади. Лекин бу манзара алдамчи. Улар анча узоқ.
Шимол томонда кўриниб турганини Оқтоғ, жануб томондагисини Қоратоғ, дейишади. Оқтоғ томондан Оқдарё, Қоратоғ томондан Қорадарё оқади. Шу икки дарё оралиғини Миёнкол, дейишади. Икки дарё аслида мустақил дарёлар эмас, Зарафшон дарёсининг Самарқанд яқинида иккига бўлиниб оқувчи ирмоқлари. Улар Хатирчида бирлашиб, яна Зарафшон бўлиб оқади.
Пайшанба қишлоғи шу Миёнкол оролининг этакларида — Иштихон, Хатирчи, Каттақўрғон ўртасида жойлашган. Қишлоғимиз катта ва қадимий қишлоқлардан бири. Қадимги тарих китобларида турли муносабат билан номи тилга олинади. Ҳар пайшанба куни бу ерда катта бозор бўлган. Узоқ-узоқлардан карвонлар келган. Савдо-сотиқ қизиган.
Қишлоқ атрофи баланд ва қалин девор билан ўралган экан. Шунинг учун уни қўрғон дейишган. Деҳқончилик билан шуғулланганлар баҳорда боққа, кўзда ҳосил йиғиб-териб олингач, яна қўрғонга кўчганлар.
Пайшанбанинг ўн бир гузари, ҳар гузарнинг ўз масжиди, унинг қошида мактаби, бундан ташқари Онамачит ва мадрасаси бўлган. Ўз қишлоғида бошланғич таълим олган болалар шу мадрасага келиб ўқир, уни битиргандан кейин билимини оширишга қобилияти ва қурби етса, Бухоро мадрасаларига бориб ўқиган.
Жалил бобом чиғатой уруғидан, Ражаб момом тоқчилардан. Уларни худо раҳмат қилган бўлсин. Жалил бобом 1916 йилда мардикорликка олинган. Смоленск ўрмонларида дарахт кесган. Уйида тўқув дастгоҳи бўлган. Чит тўқиган. Шунинг учун у кишини одамлар Жалил читгар дейишарди.
Отам Эргаш Жалил эскича ўқиш-ёзишни яхши биларди. Тошкентда иккита ўқишни битирганларини эслардилар. Жамоа хўжалигида ҳосилот бўлиб ишлаганлари эсимда. Қотмадан келган, узун бўйли, жадидча мўйловли киши эдилар.
Ўн ёшимдан биринчи синфга ўқишга борганман. Аниғи, ёзда боғимизга иккита аёл келганди. Қўлларида қалам, дафтар. Уйдаги болаларни сўраб-суриштирди. Отимни сўради. Бувим айтдилар. Ёзиб олди. Улар ўқитувчилар экан. Уйма-уй юриб, болаларни мактабга ёзишаётган эканлар.
Уруш тамом бўлганига бир йил бўлган. Ажали етмай омон қолганлар юртларига қайтиб келмоқда эдилар. Бир қўли, бир оёғи йўқ, ҳатто икки қўли ёки икки оёғи йўқ ногиронлар қишлоғимизда кўпайиб бораётган пайтлар. Қайтиб келмаганлар, ёғоч оёқли, қўлтиқ таёқли одамлар қанча.
Али ака урушдан тўрт мучаси омон қайтди.
У кишини Жалил бобом масжиддан топиб олган эканлар. Масжид ҳовлимиз яқинида эди. Қаҳатчилик. Бобом бомдод намозига чиқсалар бир бола йиғлаб ўтирган экан. «Кимни боласисан?» деб сўраб-суриштира кетибдилар. Кейин уйга олиб келибдилар.
— Хотин, сенга битта ўғил олиб келдим.
— Вой, ўз болаларингиз камлик қилувдими? Турмуш тошдан қаттиқ бўлса...
— Қўявер, Худо ризқини беради. Масжид айвонида йиғлаб ўтирган экан. Замонни кўриб турибсан. Ким ўз фарзандини масжидга ташлаб кетади. Бу ерликка ўхшамайди.
Шундай қилиб, у ҳам ўз болалари қаторида улғайди.
1939 йилда Ориф амаким Али ака билан ҳарбий хизматга чақирилган эди. Ориф амаким бедарак йўқолганлиги ҳақида хабар келди. Шу орада Жалил бувам оламдан ўтди. Али ака эса урушнинг сўнгги йилларида жағидан ўқ еб, бомба кўчирган тупроқ остида қолган экан. Ҳамширалар уни топиб, шифохонага олиб кетишибди. Уруш тамом бўлгандан кейин тузалиб, қишлоққа келган эди.
Али ака урушдан олдин чўпон бўлган экан. Урушдан кейин жамоа хўжалиги у кишига еттита қўй-эчки берди.
Бувам: «Агар Али урушдан омон қайтса, Зайнабни унга никоҳлаб бер», деб васият қилган эканлар. Зайнаб аммам билан Али аканинг никоҳ тўйлари бўлди. Қўй-эчкилар туфайли рўзғоримизга анча барака киргандай бўлди. Иброҳим амаким, Зайнаб аммам, Али акалар жамоа хўжалигида ишлар, мен Оқдарё бўйида эчки ва қўйларни боқардим.
Оқдарё қишлоғимизга яқин — икки чақиримча наридан оқарди. Қишлоғимиз дўнгликда. Занжирлик ота қабристони қишлоқнинг шимолий чеккасида жойлашган. Қабристон ёнидан ариқ ўтади. Ариқнинг бир қирғоғи тепалик. Тепаликдан тушиб, арикдан ўтилса, дарё томон тўғри йўл. Унинг икки четида тут, жийда каби дарахтлар, боғлар. Анча юрилгандан кейин зах сув кўлмаклари, ботқоқлик бошланарди. У ерлар юлғун, қайрағоч, ҳар хил ёввойи буталар билан қопланган, қалин чим босган ўтлоқ эди. Қишлоғимиз подаси ҳам шу ерда боқиларди. У маҳалларда дарёда сув кўп. Айниқса, баҳор келиб, музлар эрий бошлаганда дарё суви ўзанга сиғмай, қирғоқлардан ошар, кўприкларни, яқин орадаги уйларни ювиб, оқизиб кетарди. Ҳозир яхши эслайман. Узокда оқиб келаётган кема кўринди. Унинг ичида қорамол, қўй, эшак ва одамлар бор эди. Кема тўлқинларга, тошларга урилиб, чайқалиб кетар, шунда баъзи одам ва жониворлар сувга ағдариларди. Дарё ўнгга буриладиган жойга келганда у катта харсангга урилиб, пачоқ бўлиб тўнкарилиб қолди. Ичидаги моллар оқиб кетди.
Бир кун болалар шовқин кўтариб, молларни қайтара бошлади. Қарасам, дарё тошиб, катта-катта муз бўлакларини бир-бирига уриб, гувиллаб оқаяпти. Тўлқинлар орасида дарахт шохлари, ёғочлар, бешиклар кўринади. Бешик устида ёпишиб қолган ёпқичлар. Эҳтимол, ичида чақалоғи ҳам бордир.
Атрофда мол боқиб юрган болалар ва ногирон подачидан бошқа ҳеч ким йўқ. Табиатнинг бу даҳшатли хуружи олдида улар ожиз эди. Шу воқеа ҳануз кўз олдимдан кетмайди.
Ўшанда мен саккиз-тўққиз ёшларда бўлсам керак. Ҳали мактабга бормасдим. Бувиларим билан бирга яшардим. Раҳматли менга ҳам ота, ҳам она бўлганлар.
Бир бошидан айта қолай. Онам мен жуда ёшлигимда вафот этган. Шунинг учун қиёфасини яхши эслай олмайман. Отам қамалганларида онам укаларимни етаклаб, мени эргаштириб, олди ҳовузли оқ уйга олиб борди. Отам шу ерда суд қилинаётган эди. Шу воқеа эсимда. Лекин онамнинг кўриниши қандайлиги эсимда йўқ. Бир марта расмга тушганмиз. Онам, укаларим билан. Аниқ эслайман. Ўша расм йўқолиб кетган.
Хуллас, уруш охирлаб бораётган, қаҳатчилик авжига чиққан пайтларда синглим Роҳила билан иккимиз момомизнинг қўлида қолганмиз. Ориф амаким билан Али ака урушда, отам қамокда, бувам вафот этган. Бувим, Зайнаб аммам, Иброҳим амаким билан яшардик. Улар колхозда ишлаб, ҳар куни иш ҳақига биттадан нон олиб келишарди. Бувим тиним билмасди.
Кечалари уйқудан уйғонсам, бувимнинг Худога илтижо қилиб, йиғлаб ўтирганларини кўрардим. «Эртага нима қиламан, ё тангрим... Буларнинг оғзига нима тутаман, етимларга раҳм қилгин. Ўзинг раҳмли, меҳрибонсан, тангрим.... Ўзингдан бошқа суянчиғим йўқ», деб ўз-ўзига гапириб, қоронғида ўтирганларини кўп кўрардим.
Энди эсласам, ҳовлимизда сигир, бузоқ бор эди. Боғимизда қўй, эчки, товуқлар ҳам бўларди. Қаҳатчилик, очлик бўлса, барака қочаркан.
Ўшанда кунжара еб, очликдан шишиб ўлганлар ҳақида эшитардик. Бувим раҳматли қишда уйдаги сотиш мумкин бўлган нарсаларни, ҳатто бувамдан қолган ҳовлини ҳам сотганди. Иброҳим амаким ўзини ўнглаб, ҳовли сотиб олгунча қариндош-уруғларнинг уйларида яшаб юрганмиз.
Бувамдан қолган томорқамиз бўларди. Жуда катта. Узумзорнинг ўзи икки таноб, унинг чеккасида, ариқ бўйида ўн бешта анжир бўларди. Ўнтаси сариқ, бештаси қора анжир. Улар дарахтдай бўлиб кетганди. Кузда, уларни кўмиш вақтида саккиз-ўн киши зўрға босиб турарди.
Бундан ташқари экин экиладиган яна ўн сўтих ер бор эди. Олма, зардоли, шафтоли, олхўри, олча, жийда, анор каби мевали дарахтларимиз бор эди. Ўрик, олманинг тўрт-беш хили ўсарди. Улардан мўл ҳосил олинарди. Қанча майиз, туршак қилинарди. Шундай экан, нега қишда ториқиб қолардик?
Болалигимда бу ҳақда ўйламасдим.
Бир воқеа ҳамон эсимда. Бир куни битта мелиса, иккита милтиқ кўтарган аскар билан дўм келди. «Урушга ёрдам» деб туршак-майизларни, қопланган жўхориларни олиб кетишди. Улар ортидан от, ҳўкиз қўшилган аравалар эргашиб юрарди. Бувим ўшанда «Болаларга ҳам қолдириб кетинглар, инсоф қилинглар» деб дод-вой қилиб, йиғлаб қолгани эсимда.
Бувамнинг Дўғон (Тўғон) мозор тарафдаги ўша боғда узун қилиб, хом ғиштдан қурилган уйи бўларди. Бир-бирига улаб қурилган бир уй-бир дахдиз, яна бир уй-бир даҳлиздан иборат эди. Бинонинг олди узун супа. Супанинг кун ботиш тарафида катта оқ тут дарахти соя солиб турарди. Ёз кечалари супада, шу тут тагида ухлардик. Эрталаб қушларнинг чуғур-чуғуридан уйғониб кетардим.
Шу бинонинг орқасида равот бор эди. Уйга туташтириб уч пахса девор билан ўралган қўрани равот дердик. Шу равотда бувамнинг саман оти билан, эшак турарди.
Эллигинчи йиллар охирида пахта майдонларини кенгайтириб, трактор билан ишлов беришга қулай бўлсин деб кўп боғлар, токзорлар бузиб юборилди. Шундай қилиб, бобомдан қолган боғ пахтазорга айланди. Иброҳим амаким Қиёт томондан бошқа томорқа олди.
Бу воқеалар кейин бўлган. Уруш даври жуда оғир эди.
Бувим кузда ер ҳайдатиб, арпа эктирарди. Баҳор келаверса, суюниб: «Ҳа, эрта-индин тут пишади. Оғиз тутга тегса, марра бизники.... Тангрим раҳмдил. Бандасини хор қилмайди», дерди.
Баҳор келиб, арпа бош тортса, кунимиз туғарди. Сут боғлаган бошоқни териб, қайнатиб, кўк атала қилиб берардилар.
Ҳаво булут бўлиб, момоқалдироқ гулдираб, чақмоқ чаққанда бувим: «Ана, Момо Ҳавво супрасини қоқаяпти. Ёмғирдан кейин ариқ бўйларига чиқинглар. Қўзиқорин чиқади. Момо Ҳаввонинг супрасидан тушган табаррук ушоқлардан териб келасизлар. Пишириб бераман», дердилар.
Синглим билан иккимиз қўзиқорин терардик. Бувим қовуриб ёки шўрва қилиб берардилар. Қандай лаззатли эди. Ҳозир қўзиқоринларда унақа маза йўқ. Уни қўзиқорин эмас, замбуруғ дейиш керакдир. Қўзиқорин ағдарилган қоринга ўхшарди. Мазаси ҳам жигар кабобга яқин эди.
Бувимнинг чархлари бўларди. Қишнинг қуёшли кунларида офтобга қараган айвонда ўтириб, пахтадан ип йигирар, кейин пишитиб, уни тевона (катта игна, жуволдиз) билан силлиқлардилар. Чархни айлантириб, унинг ғув-ғувига жўр бўлиб, ўз ёшликлари, урушга кетган ўғиллари, ота-боболарини эслаб, ғамгин-ғамгин қўшиқлар айтардилар. Улар алам, ўкинч, умид қўшиқлари, армонли дил ҳасратлари бўлиб, кўзёш билан кўнгил доғларини кетказувчи малҳам эди.
Бувим эртак, матал, мақолларни кўп биларди. Кечқурунлари айтиб берарди. Болалик қилиб бирор ишини бажармасам ёки ўйинга овора бўлиб, кечгача кўзига кўринмасам, шундай уришардики, гапларидан илон пўст ташларди. Ҳозир ўша гапларни эсласам, кулгим келади: «Босган изинг орқангда қолгур», «Йигит ўлмагур», «Кўзинг тешилмагур», «Оёғинг синмагур».
Ўн ёшимда мактабга ёзиб кетганларини айтдим. Ўқиш бошланадиган кун келди. Болалар бир-бирини чақириб, мактабга кета бошлади. Бувим бўлса, мени қўймади.
— Бормайсан. Қўйларга ким қарайди? Ким ўтин териб келади? Мактабдан нима фойда? Бир қучоқ ўтин териб келсанг, қозон қайнайди.
Ялиниб-ёлвораман. Мактабдан келиб, қўйларга ўт, овқатга ўтин териб бераман, деб илтижо қиламан. Бувим бўш келмайди. Ўзи мактаб кўрмаган. Лекин саводсизликни битириш машғулотидан «битта таёқча билан битта коса ёнма-ён турса, ўн бўлади», деган гапни ўрганиб олган.
— Мактаб қорнингни тўйдирадими, овқат берадими? Кечқурун «қорним очқади» деб келмайсанми? — деб астойдил ғазаб қиларди.
Уруш тугаган бўлса ҳам турмуш хароб, одамлар оч-яланғоч эди. Тандир орти жўхоризор эди. Йиғлаб жўхоризорга кириб кетдим. Ўтириб-ўтириб, бувимнинг овози тингандан кейин нариги томондан чиқиб, мактабга бордим. Мактаб ҳовлисида болалар сафланиб турган экан. Боғимизга бориб, ёзиб келган буғдойранг, новчагина аёл:
— Эргаш Жалил ўғли, бу ёққа кел, — деб чақириб олди ва сафга қўшиб қўйди. Кейин ҳар бир ўқитувчи ўзи ёзиб келган болаларни синфга олиб кирди. Уруш туфайли ўқишдан қолиб кетган 15—16 ёшли ўсмирлар, 20 ёшлардаги қизлар ҳам бор эди. Урушдан омон қайтган йигитлар оила қургани сабабли синфимиздаги кўпчилик қизлар иккинчи синфга ўтганда турмушга чиқиб кетди.
Шундай қилиб, ўқий бошладим. Бувим «Мактабга борма», деб бошқа жанжал қилмади. Тўрт йил бизни ўша боғимизга бориб, ёзиб келган опа — Марям Убайдуллаева ўқитди. Ўшанда синфимизда Усмон деган бир лўли бола ҳам бор эди. Бир куни унга жилдига қизил байроқ расми солинган хат келибди. Болалар қизиқиб, томоша қилиб туришган эди. Нима экан, деб мен ҳам бордим. Машинкада ёзилган хат. Газетадан келибди. Ўқидим. У шеърми, хабарми ёзиб юборган экан. Шунга жавоб келибди. Хатнинг бир чеккасида «Ёш мухбирга эсдалик» бор, унда қандай ёзиб, нималарга эътибор бериш ҳақида маслаҳат берилган эди. Усмонга ҳавасим келди. Ўша болалар газетига мен ҳам хабарлар, шеърлар ёзиб юбора бошладим. Адабиётга қизиқишим шундан бошланди.
Уйимизда Алишер Навоийнинг кўкиш рангли қалин муқовали девони бор эди. «Кунтуғмиш», «Орзигул», «Авазхон», «Равшанхон» ва яна қайсидир достонлар, «Ўзбек халқ эртаклари» китобларини отам ўқиб юрардилар. Бу вақтда ҳосилот бўлиб хизмат қилардилар. Бундан ташқари «Шарқ юлдузи» журналининг бир даста китоби ва «Пахтачилик» деган юпқа муқовали қалин-қалин китоблар бор эди.
Менинг биринчи ўқиган китобим Навоийнинг ўша девони, достон ва эртаклар эди. Отам негадир замонавий шоирлар китобларини хуш кўрмас, «маза-матраси йўқ», дердилар.
Еттинчи синфда ўқиб юрганимда синглим Роҳила қазо қилди. У жуда озғин, нимжон эди. Очарчилик унга ёмон таъсир қилганди. Менга жуда меҳрибон, битта олма ёки ёнғоқ топса ҳам менга асраб қўярди.
Уни қабрга қўйиб келгандан кейин уйга кирсам, сандал ёнида ётган Роҳила кўзимга кўриниб кетди. Дарди оғирлашиб қолгандан бери сандалнинг девор тарафида ётарди. Мен сандалнинг бу тарафида ўтириб дарс тайёрлар ёки китоб ўқирдим. Роҳила ҳар гал «Нима ўқияпсиз, ака», дерди.
— Китоб, — дердим, — халақит берма.
— Овоз чиқариб ўқинг, мен ҳам эшитай.
— Ўчир овозингни...
— Зерикиб кетдим. Овоз чиқариб ўқисангиз нима қилади?
Шу гаплар эсимга тушиб, кўнглим бузилди. Ўкинч аралаш йиғи ичимдан тошиб чикди. Китоб ўқиб бериш, дардманд кўнглини кўтариш ўрнига жеркиганим энди армон бўлиб ўртамоқда эди. Сандалда ўтириб ёза бошладим.
Сен ҳам мени ташлаб кетдингми...
Кетдингми дунёдан бошингни олиб,
Йўқчилик кулфатин ичингга солиб,
Сен ҳам мени ташлаб кетдингми?
Ёзарканман, томоғимга алам тиқилиб, кўзларимдан дув-дув ёш оқарди. Момом хонага кирдию, ҳолимни кўриб, ёнимга ўтирди. Бошимни силаб, юпата бошлади:
— Укангга куйинаяпсанми, болам. Сизларни итга қоптирмай, қушга тептирмай парвариш қилдим. Уруш очарчиликларидан олиб ўтдим. Энди қорни нонга тўйиб, ўнгланиб кетар девдим. Умри қисқа экан. Нима қиламиз, болам. Нима ёздинг, ўқиб бер-чи....
Ўқий бошладим. Ув тортиб йиғлаб юбордилар. Қўшилишиб йиғладик. Бувим ҳамма қўни-қўшниларга, дугоналарига шеърни айтиб чиқибди. Қўшни аёллар ҳовлимизга кирса, мени чақириб шу шеърни ўқитишарди.
Шундан бошлаб маҳалламизда «шоир» бўлиб қолдим. Синглим вафотига бағишлаб ёзган ўша шеър сақланиб қолмаган. Афсус. Фақат бир тўртлиги юрагимда.
Ўшанда шеър нима учун ёзилишини тушундим. Лекин ҳамма ёзганларим кўнгилдагидай чиқавермасди. Ўзим ҳам сабрсизроқ эдим. Узоқ ўтиришга тоқатим чидамас, ойлаб қўлимга қалам олмасдим. Лекин китобларни кўп ва фарқ қилмай ўқирдим. Шундан бўлса керак, шеърларим кўп йиллардан кейин босила бошлади.
1955 йилда Қорадарё туман газетасида «Орзу» деган шеърим босилган. «Қизил Ўзбекистон» газетасида 1961 йилда «Баҳор» сарлавҳали шеърим чиққан. Шундан бери «Мен сизни севардим», «Раҳмат, одамлар», «Сени ўйлаб», «Нотаниш йўллар», «Қўшиқ иштиёқи», «Мен сув ичган дарёлар», «Паризодим», «Дарёни излар шамол», «Бахтимга сен борсан» номли шеърий тўпламларим, публицистик китобларим нашр этилган.
Таржима китоблар ҳам бор. Рус тилидан инглиз драматурги К. Марлонинг «Буюк Темур» шеърий драмасини, Я. Илясовнинг «Сўғдиёна» тарихий романини, Е. Евтушенко ва А. Дементьевларнинг шеърий тўпламларини ўзбек тилига ўгирдим. Бошқа таржималарим ҳам кўп. Улар китоб ҳолида босилиб чиққан.
Маъруф Жалил