forum.ziyouz.com

Kutubxona => Boshqa kitoblar => Tarixiy adabiyotlar => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 12 Yanvar 2011, 14:06:55

Nom: Mansurxo'ja Xo'jayev. Shermuhammadbek qo'rboshi
Yuborildi: AbdulAziz 12 Yanvar 2011, 14:06:55
Mansurxo'ja Xo'jayev. Shermuhammadbek qo'rboshi

(http://www.ziyouz.com/images/books/shermuhammad.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1009)

Muallif: Mansurxo'ja Xo'jayev
Hajmi: 2,21 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1009)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5497.0)
Nom: Re: Mansurxo'ja Xo'jayev. Shermuhammadbek qo'rboshi
Yuborildi: Abdul_Malik 27 Yanvar 2011, 14:53:47
МАНСУРХЎЖА  ХЎЖАЕВ

ШЕРМУҲАММАДБЕК
ҚЎРБОШИ


«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА
АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИ
БОШ ТАҲРИРИЯТИ
ТОШКЕНТ — 2008

Масъул муҳаррирлар:
Рустамбек Шамсутдинов, тарих фанлари доктори,
профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими.
Қаҳрамон Ражабов, тарих фанлари доктори.
Тақризчилар:
Илҳом Саидов, тарих фанлари доктори, профессор.
Сотимжон Холбоев, тарих фанлари номзоди, доцент.
Шодмон Ҳайитов, тарих фанлари номзоди, доцент.



Хўжаев, Мансурхўжа.
Шермуҳаммадбек қўрбоши: (Тарихий, ҳужжатли, бадиий-публицистик қисса) Мансурхўжа Хўжаев; Масъул муҳаррирлар: Р.Шамсутдинов, Қ.Ражабов. — Т.: Шарқ, 2008. — 304 бет.
... Яқин-яқингача “босмачи” ва “қўрбоши” деган тушунча бизнинг тасаввуримизда “босқинчи”, “талончи”, “ўғри” ва ҳоказо қабилида шакллантирилган эди. — Афсус, минг афсуслар бўлсин! Ҳолбуки, қўрбошилар миллатнинг чин фидойилари, ҳалоскорлари, жон фидолари эдики, буни анча кеч, ҳарқалай, кеч бўлса ҳам англаб етдик, иншооллоҳ.
Эҳтиросли ёзувчи, жонкуяр публицист Мансурхўжа Хўжаевнинг машҳур Шермуҳаммадбек қўрбоши ҳақидаги ушбу тарихий, ҳужжатли бадиий-публицистик қиссаси қалбимиз кутубхонасининг нодир китобларидан бирига айланади, албатта.
ББК.84(5Ў)6

ISBN 978-9943-00-331-6







© «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси
    Бош таҳририяти, 2008.

Ўзбекистон Республикаси
 Мустақиллигининг 17 йиллигига
бағишлайман.
Муаллиф

СЎЗ БОШИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Аҳмад Ал-Фарғоний таваллудини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар юзасидан Қува ва Фарғона шаҳрига ташриф буюриб, кенг жамоатчилик билан қилган суҳбатларидан бирида истиқлол байроғини баланд кўтарган, миллий озодлик курашига, қуролли ҳаракатга бош бўлган саркардалардан Мадаминбек ва Шермуҳаммадбекларни эслаб ўтган эдилар. Чунки ҳаққоний тарихимизни, янги тарихни яратишда буюк истиқлолимиз йўлида курашган улуғ зотлар, маърифатпарвару адиблар, қўмондону лашкарбошиларнинг ҳаёт йўли, фаолияти, тақдирини билиш, уларнинг бетимсол ижтимоий-сиёсий қиёфасини тиклаш, бор ҳақиқатни ҳозирги ва келажак авлодга етказиш жуда муҳим аҳамият касб этади.
Ислом Каримов сўзи билан айтганда халқимиз ўша мустабид советлар тузуми даврида бири «қизил аскар», бири «босмачи», бири «қулоқ», бири «комиссар», яна бири «муштумзўр», яна қай бири «йўқсил» деб гуруҳларга ажратиб ташланганди. «Бўлиб ташла, сўнгра ҳукм¬ронлик қил» шиорини амалга ошириш учун энг маккор, қабиҳ усуллар ишга солиниб, бир миллат вакилларини бир-бирига қарши қайраш, адоват ва низо уруғини сочиш, шу йўл билан истиқлолчилар сафини бўлиб юбориш, уларни алоҳида-алоҳида қирғин қилиш сиёсати амалга оширилган эди. «Шу боис, — деб кўрсатди йўлбошчимиз, — ота-боболаримизга ана шундай ранглар билан ажратиб баҳо бермаслигимиз, балки уларнинг ҳаётини, улар яшаган давр моҳиятини тўғри тушунишга ҳаракат қилишимиз лозим»1. Ислом Каримов таъкидлаганидек, «бундан бир юзу ўттиз йил муқаддам халқимиз миллий мустақиллиги ва тарихий давлатчилигини йўқотиб, мустамлака асоратига тушиб қолган эди. Шу давр мобайнида аждодларимиз, миллатимиз машаққатли синов ва кураш йўлларини босиб ўтди”2. Ўзбекистоннинг советлар даври тарихи ана шундай машаққатли, оғир синов ва кураш йўлларидан иборатдир. Бу деярли ўрганилмаган тарихий давр 1918—1934 йиллар — халқимизнинг Ватан, миллат озодлиги йўлида олиб борган миллий уруши, истиқлолчилик ҳаракати. Шўро тузуми бу давр ўрганишини қатъий ман қилган эди. Аксинча бу озодлик курашини бостиришга қаратилган советларнинг босқинчилик урушлари тарихи мадҳ қилинган, тарих бир томонлама битилган, ғолиблар тарихи битилган ҳолда мағлублар тарихи кафанга ўраб беркитиб қўйилган эди. Бироқ ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек яқин ўтмишимиздаги ана шу истиқлол учун курашни тарихдан ўчириб бўлмайди. Ҳар бир воқеа, ҳодиса, жараён, хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, хоҳ адолатли, хоҳ разолатли бўлсин, уларнинг барчаси устидан вақт, тарих ўз ҳукмини чиқаради. Шунингдек, ҳар бир сиёсий, ҳарбий, мафкуравий арбоб, омма, халқ етакчиси даражасига кўтарилган шахс гарчанд жисман йўқ бўлса ҳам, барибир улар ҳақидаги бор ҳақиқат айтилиши зарур. Бундай шахслар тарих учун ҳамиша барҳаётдир. Улардан янгидан-янги авлодлар ибрат ва баҳра олади, уларга тақлид қилади, яхшилари билан фахрланади, ёмонлардан нафратланади. Қолаверса, тарих шахссиз бўлмайди. Ҳар бир тарихнинг эгаси бўлади. Эгасиз тарих тарих эмас. Шу нуқтаи назардан қаралганда бизнинг она тарихимизнинг кўпдан-кўп саҳифалари, тарихий воқеалари ва уларнинг қаҳрамонлари ҳали-ҳануз ўрганилганича йўқ. Тарихимизнинг ана шундай кемтик қирраларидан бири 1918—1934 йилларда Ватан, миллат озодлиги, эрку ҳуррият учун олиб борган мардонавор қуролли кураш тарихидир.
Бу қадар жозибали, салоҳиятли, салобатли, катта кўламли, фавқулодда мазмунли, қудратли, айни вақт¬да зиддиятли, аммо мислсиз қаҳрамонлик кўрсатган, ҳам талафот кўрган, кўплаб қурбонлар берган ва кураш 16 йил давом этган миллий-озодлик курашидек тарихий воқеа жаҳон тарихида на XIX асрда, на XX асрда юз берган. Бу буюк миллий кураш бетакрордир. Совет ҳокимияти бу ҳаракатни бостириш учун 260—270 минг аскар, замонавий қуроллар билан иш олиб борди. Юз минглаб юртдошларимиз жон фидо этди, бир миллиондан зиёд ватандошлар хорижга чиқиб кетди, 1935—1939 йилларда ўн минглаб маҳаллий аҳоли “босмачилар”¬га қўшилганликда, ёрдам берганликда, хайрихоҳ бўлганликда ёки  улар ҳақида маълумот бермаганликда айбланиб, Сибирь, Узоқ Шарқ, Шимолга сургун қилинди. Айрим хориждаги маълумотларга қараганда, Ўрта Осиё минтақасида жами 5 миллион 600 минг киши бу йўлда қурбон бўлган.
Бу ҳаёт ва мамот учун кураш жараёнида халқ орасидан кўплаб жасур саркардалар, қўмондонлар, қўрбошиларнинг бутун бир авлоди етишиб чиқди. Шахобиддин Яссавийнинг “Туркистон аччиқ ҳақиқатлари” китобида 114 қўрбоши ҳақида маълумот келтирилган. Улар орасида Фарғона водийсида кичик ва катта Эргашлар, Муҳаммад Аминбек (Мадаминбек), Шермуҳаммадбек, Омон Паҳловон, Жонибек Қози, Маҳкам Хожи, Исроилбек, Аҳмад Полвон, Раҳмонқули, Ислом Паҳлавон, Хоразмда Жунаидхон, Зарафшон водийсида Мулла Абдулқаҳ-ҳор, Жўра Амин, Мурод Мешкоб, Митан Полвон, Шарқий Бухорода Иброҳимбек Лақай, Давлатманд¬бек ва бош¬қалар бор. Бу зотларнинг ҳар бирини махсус тадқиқ қилиш лозим. Шўролар даврида уларнинг барчасига халқ душмани деган тамға ёпиштирилган, улар ҳақида бирор оғиз ижобий сўз айтишнинг мутлақо имкони бўлмаган, аксинча, улар керагича ёмонга чиқарилган, чин тарих ўрнини ёл¬ғон тарих эгаллаган эди.
Буюк истиқлолимиз тарихни ҳаққоний ёритиш учун кенг имкониятлар уфқини очиб берди. Бундай бўлишини ўша ёмонотлиққа чиқарилган “босмачилар”, саркарда, лашкарбошилар, қўрбошиларнинг ўзлари олдиндан башорат қилганлар, қачонлардир юрт қизил империя сиртмоғидан қутулиб, мустақил тараққиёт йўлига ўтишларига қатъиян ишонганлар. Бу ўринда Нью-Йоркда яшаётган Давронбекнинг шахсий архивидан олган бир ҳужжатга мурожаат қилиш жоиздир. Шермуҳаммадбекнинг ўғли Давронбекдан олинган бу ҳужжатда 1927 йили Шаъбон ойининг биринчи-учинчи кунларида Қобул шаҳридаги Алимардон боғида бутун Фарғонадан, Туркистондан муҳожир бўлиб бориб қолган “босмачилар”, қўрбошилар, понсодларнинг Шермуҳаммадбек раислигида андижонлик Абдулҳай Махдум котиблигида йиғилиш ўтказилган. Унда 1917—1924 йилларда Фарғона водийсидаги истиқлол уруши ҳақидаги эсдаликлар умумлаштирилади, водийдан чиққан қўрбошилар, лашкарбошилар номлари ҳамда Шермуҳаммадбек муҳорабаларидан, таржимаи ҳолидан лавҳалар келтирилади. Шаҳид кетган юзлаб истиқлол курашчилари зикр этилади. Улар хотираси лавҳасига мана бу сўзлар битилган:
“Қабрингдан роҳат топсун Фарғона шаҳидлари, ёш Фарғона мужоҳидлари, қаҳрамонлари. Яшасун миллат қаҳрамонлари. Қабрингда роҳат топсун Фарғона шаҳидлари. Истиқлол тарафдорлари! Мавҳ улсун коммунизм. Оҳ, Фарғона!
Қабрингда роҳатда бўл, Фарғона шаҳидлари! Номларингни бир кун хотирлайдилар. Сизларга дуолар ўқиймиз. Ватан авлодларина ибрат этармиз қаҳрамон миллат йигитлари!”
Ҳа, буюк истиқлол туфайли миллий озодлик уруши иштирокчилари, қўрбошилар, лашкарбошилар, қўмондонларнинг ҳаёт йўли, фаолияти, тақдирини билиш, уларнинг унутиб бўлмас ижтимоий-сиёсий қиёфаларини тиклаш, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни келгуси авлодларга етказиш олимларимиз, зиёлиларимизнинг бурчидир. Ана шундай хайрли, ибратли ишга қўл урганлардан бири Мансурхўжа Хўжаевдир.
Мансурхўжа Хўжаевнинг тарихимизнинг ачинарли, ҳасратли, армонли, лекин шарафли, қаҳрамонона саҳифасини битишга, бу ишга ҳисса қўшишга жазм қилгани ҳам ибратлидир. Унинг “Шермуҳаммадбек қўрбоши” номли тарихий, ҳужжатли, бадиий-публицистик бадиий қўлёзма асари бунинг ёрқин мисолидир. Шермуҳаммадбек тўғрисида тақдим қилинган бу асар Андижон Давлат университети Тарих факультетида “Истиқлол ва тарих” илмий семинари ва “Мерос” номли халқаро илмий-амалий экспедиция хайрия жамғармасининг қўшма йиғилишида муҳокама қилинди ва нашр этиш учун тавсия этилди. Бу асар бошдан-оёқ чуқур ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғулари билан тўлиб тошган, уни ўқир эканмиз, ўша суронли, фожиали, лекин қаҳрамонона тарих кўз ўнгимиздан бирма-бир ўтади.
Муаллиф воқеликнинг асл моҳиятини кенг ва атрофлича ёритган. Асарда чуқур таҳлиллар, қиёслашлар, ўхшатишлар мавжуд. Муаллиф совет замонида яратилган китоблар, мақолалар, бадиий асарлар, ҳарбий саркардалар хотиралари, газета ва журналлар, радио эшиттиришлари, телеведения кўрсатувлари материалларини қунт ва синчковлик билан ўрганиб, хилма-хил қарашлар, талқинларни таҳлил қилиб, айни вақтда шахсан ўз фикрларини ҳар жиҳатдан асослаб бера олган. Кўплаб тарихий адабиётлар, бадиий асарларда Шермуҳаммадбек ҳақидаги сохта, бузилган, туҳматдан иборат фикрларни далилу ашёлар, ақлан, мантиқан ёндашувлар воситаси ила рад қилиб, ўзининг тадқиқоти натижаларини содда, лўнда, халқ тилида моҳирона баён эта олган. Асарнинг кўплаб бу каби ижобий, ибратли жиҳатлари борки, уларни муҳтарам ўқувчи илғаб олади. Китоб жуда ҳам ўқишли, равон тилда ёзилган.
Озодлик ва мустақиллик учун қалбда Ватан туйғуси, қўлда қурол билан душманга қарши беаёв курашган, саркарда, қўмондон Шермуҳаммадбек ҳақида тарихий бадиа яратилди. Асар кенг китобхонлар учун, айниқса, ҳозирги ёш авлод учун ниҳоятда зарур ва у халқимизни миллий ғоя, мустақиллик мафкураси руҳида тарбиялашдек муқаддас ишга муносиб ҳиссадир.
Мансурхўжа акани 1995 йилда Парижда учрашиб, дўстлашиб қолган машҳур олим Люсъен Керенга рамзий маънода ўхшатгим келади. Л.Керен аслида ершунос мутахассис эди. У янги ерларни ўзлаштириш ва мелиорациялаш оқибатида атроф муҳит экологик ҳолатининг ўзгариши масаласи бўйича хизмат сафари билан 1961 йили Мирзачўлга келган. Шунда у 40 ёшда эди. Самарқанд ва унинг мафтункор тарихий обидаларини, айниқса, Темурийлар меъморчилик санъатини кўриб, Амир Темур ҳақидаги ривоятларни эшитиб, унда Соҳибқирон шахсиятига  ҳурмат ва қизиқиш ғоят ортади. Ўша даврда Темур шахсиятига бўлган туҳматлар, ҳурматсизликлардан нафратланади. Мавзуни чуқур ўрганишга астойдил киришади. Темурга бўлган ҳурмат уни касбини ўзгартиришга олиб келди. Темур ҳақида мақолалар, кичик-кичик асарлар ёзди. Унинг “Тамерлан ёхуд Темур хоқон салтанати” китоби катта шов-шувга сабаб бўлди. Ғарбу  Шарққа тар¬қалди. Бу иш учун унга докторлик унвони берилди. 1996 йили Люсъен Керен Амир Темурнинг 660 йиллик тантанасида қатнашди. Президентимиз Ислом Каримов унга “Дўстлик” орденини топширди. У ҳозирда Сарбонна университети профессори.
Хуллас, қўлингиздаги китоб узоқ йиллар мобайнидаги машаққатли изланишлар, оғир, лекин шарафли, хайрли меҳнат натижасидир. У ҳар бир ёш ва катта ўқувчида қизиқиш уйғотади.
Рустамбек Шамсутдинов,
Бобур номидаги Андижон Давлат университети профессори, тарих фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Мерос” халқаро илмий-амалий экспедиция хайрия жамғармаси раиси                     
БОЛАЛИК ХОТИРАЛАРИМДАН
Қалбимиз сиёсат ва мафкура тамғасидан холи болалик чоғларимиз ... Ҳафта сайин мактабимизга “босмачилар” ҳақида фильмлар олиб келишар, тарих, адабиёт дарсларида “босмачилар”нинг “муд¬ҳиш” қилғуликлари ҳақида сўзлашар, хуллас, онгимизда “босмачи” деган салбий сиймони яратишга ҳаракат қилишар эди. Бироқ нима учундир норасида қалбимиз, онгимиз, “босмачи” сиймосини қабул қила олмас, уруш-уруш ўйнаган пайтларимизда икки жабҳага: “оқлар-қизиллар” ва ҳоказо гуруҳларга бўлинсакда, ўйинимизда қизиллар-босмачилар гуруҳи бўлмас эди...
Ўша куни мактабда шу мавзуда яна бир фильм, адашмасам, “Равот қашқирлари” намойиш этилди. Барибир ёш боламиз-да, уйга келиб:
— Қизиллар босмачиларни ана ундай қилиб урди, мана бундай қилиб қириб ташлади, деб юборибман. Бу тарихий воқеаларни ўз кўзи билан кўрган, зарур пайтда уларга мадад қўлини чўзган отам раҳматликнинг ранглари бир ўзгариб, ҳоли қолган пайтимизда атрофда кимса йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, шундай деган эдилар:
— Ўғлим, улар босмачилар эмас. Русиядан келиб, бу юртни босиб, бойликларимизни ўз юртларига ташиб кетган қизиллар, ислом динининг душманлари бўлмиш болшавойлар босмачидир. Аммо, бу гапларни сенга айт¬япман холос, биров эшитиб қолса, ҳаммамизни замбарак оғзига қўйиб отиб ташлайдилар... Бир оз сукут сақладилар.
— Куз кунларининг бирида, — давом этдилар отам,— ўз одамларим билан Марғилондан қайтаётган эдик. Ногоҳ, олдимизни ўн чоғлик йигит тўсиб чиқиб, отдан тушишимизни талаб қилди. Отдан тушдик. Уларнинг сардори:
— Биз Шермуҳаммадбекнинг йигитларимиз. Отларингиз жиҳод йўлида хизмат қилади, — деди-да, отларимизни олиб, йигитлари билан бир томонга қараб йўл олди. Биз яланг чўлда жонимиз омон қолганига шукурлар қилиб, йўлни яёв давом эттирдик. Ўн чақиримча йўл босгач, тахминан юз кишилик гуруҳга дуч келдик. Уларнинг сардорлари бизни тўхтатиб, сўроққа тутдилар. Бўлган воқеани рўйи-рост айтиб бердик. Бизни ўз отларига мингаштириб, уч чақиримча наридаги бир қўшга олиб бордилар. Қўш ўртасидаги чодир олдида қуролланган соқчилар турар эди. Кўп ўтмай бизни ичкарига, Шермуҳаммадбек олдига олиб кирдилар. Қотмадан келган, баланд бўйли, елкадор, яктагидан жундор кўкраги кўриниб турган, қалмоқи қалпоқ кийган, маузер таққан Бек: — Келинглар, дастурхонга ўтинг¬лар, — деб сипориш қилди. Дастурхонда куйдирилган қаймоқ, мевалар бор эди. Нон синдирилиб, бир косадан айрон берилди. Бўлиб ўтган ишдан хабардор қилинган экан, тановул асноси: — Сиз бовачча (бойвачча демоқчи), ўша одамларни кўрсангиз танийсизми, — деди. – Албатта, кўрсам танийман, — дедим. Суҳбатимиз уч соатга яқин давом этди. Суҳбат пировардида: — Бизда бундай қароқчилик бўлмайди, билиб қўйинг бовачча! – деди. Сўнгра эса: — Одамларингиз ичида бизга хайрихоҳи бўлса, бир-икки нафарини берсангиз, — деб қўшиб қўйди.
Ниҳоят дастурхонга фотиҳа қилиб ташқарига чиқдик. Қаршимизда бояги ўн нафар отлиқ бизга бақрайиб турар эди.
— Бовачча, отларингизни олган шуларми?
— Ҳа.
Шермуҳаммадбек уларга қарата: — Отдан туш ҳамманг. Туркистон, Фарғона учун, ор-номус, дини-ислом учун кураш олиб бораётган бир пайтимизда тупроғимизни босқинчилардан озод қилиш ўрнига номимизни сотиб, талончилик қилиб юрганларга ўлим! — дея ҳайқирди.
Не кўз билан кўрайки, боягиларнинг бошлиғи бир имо билан отиб ташланди. Қолганлари йиғлаб, кечирим сўраб, астойдил тавба қилдилар.
— Бовачча, отларингизни олиб, юртингизга бемалол бораверинг. Йўлда азият чекмайсиз. Одамларингизни ҳам олинг, мен сизни синамоқ учун одам сўраган эдим.
Йигитларим менга содиқ, нимаки буюрсам, қулоқ қоқмай бажаришади. Бироқ, уларни бу ерда қолдириш учун буйруқнинг ўзи кифоя қилмайди, уларнинг дил “ризоси керакмикан”, деб кўнгилдан ўтказиб турганимда йигитларимдан иккиси – Бегмат ва Холмат олдимга келдилар:
— Хўжайин... биз розимиз....
Шермуҳаммадбек мамнунлигини яширолмай, қучоқ очиб хайрлашаркан, сўз қотди: Сиз, акангиз Муҳаммад Саид Юнусхўжа билан Эргашбек, Ислом полвонларни от-улов, озуқалар билан таъминлаб турганингиздан хабаримиз бор. Бизнинг ҳар бир ғалабамиз сизларнинг қўллашларингиз туфайлидур. Бу учрашувни бизга Аллоҳ насиб этди. Сиз билан дўст, жигардош бўлдик, кўришгунча ҳайр. Бизни дуо этиб туринг, эшон.
Бегмат миллий-озодлик кураши йўлида шаҳид бўлди. Шермуҳаммадбек Афғонистонга ўтиб кетгач, Холмат қайтиб келиб, менга яна ўттиз тўрт йил хизмат қилди...
Бу орада ушбу сатрлар муаллифи ҳам эсини таниб, оқу қорани ажратадиган бўлиб қолди. Хонадон аъзоси бўлиб қолган, миллий-озодлик ҳаракатининг жонли тарихига айланган Холмат бува Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, бошқа қўрбошилар ҳақида кўп нарсаларни айтиб берди. Шермуҳаммадбек беш вақт намозни канда қилмайдиган, тақводор киши эди. Ҳатто, отдан тушгандан сўнг ҳам таҳоратни янгилаб олар эди. Бек доим ўз йигитларига таъкидлар эди: — Бу юрт не-не авлиёлар, алломалар, соҳибқиронлар юртидир. Уларнинг руҳини безовта қилишга, юртни оёқости қилинишига йўл қўйилмайди.
Кейинчалик ўзим қўрбошилар ҳақида кўплаб кинолар кўрдим, китоблар ўқидим. Ўқиганларим таъсирида Шермуҳаммадбек—Мадаминбек муносабатлари ҳақида Холмат бувага савол бердим.
— У Мадаминбекни ҳурмат билан тилга олар эди. Шермуҳаммаднинг айтган сўзлари дилимга муҳр¬ланиб қолган: — Афсус, Мадаминбек ўлдирилди. У сотқин эмас эди, у менинг жасур сафдошим эди. Ҳали унинг ўлимини ҳам душманлар биздан кўришади. Бироқ, Аллоҳ барчасига шоҳид... Мадаминбек учун ҳам ҳали жанг қиламиз...   
Хуллас, мактабда бизга нима ўқитишмасин, қандай кино кўрсатишмасин, тарихимиз, миллий-озодлик ҳаракатимиз, шонли қўрбошиларимизга ҳурмат руҳида ўсиб улғайганимиздан мамнунман.   
Шу ватан фарзанди, шу юрт фуқароси эканмиз, унинг тарихини ўрганиш ҳам зарурат, ҳам завқ, ҳам бурчдир. Аллоҳга шукрки, қайси касбда бўлишимиз, қайси соҳа мутахассиси эканлигимиздан қатъий назар, бизга ушбу завқ ва бурчни ато этди.
Миллий-озодлик ҳаракати тарихини ўрганар эканмиз, дастлаб ўша вақтда топилиши энг осон бўлган манбалар: дарсликлар, вақтли матбуотда эълон қилинган мақолалар, фуқаролар уруши иштирокчиларининг эсдаликлари, академик нашрлар ҳамда қизил командирлардан Никитиннинг “Қўқон воқеаси”, Калмиковнинг “Қуръон ва маузер”, М.Поликовскийларнинг “Мадаминбекнинг тугатилиши”, Азиз Ниаллонинг “Уйғонган Шарқ” ва бош¬қа қатор асарлар ҳамда романлар билан танишишга тўғри келди. Бу китоблар муаллифлари тилида “босмачилар ҳаракати” деб ном олган миллий-озодлик ҳаракатимиз қай даражада ҳаққоний, қандай руҳда ёритилганлиги барчага маълум, шарҳлашнинг ҳожати бўлмаса керак. Кейинчалик, қайта қуриш ва истиқлол йилларида Алишер Ибодинов, Ҳамдам Содиқов, Иброҳим Карим, Жўрахон Муҳаммад каби ўнлаб олим, ёзувчиларнинг бу мавзудаги асарлари билан танишиб чиқдик.
Шунингдек, чет эл сафарларимиз асносида муҳожир ватандошларимиз,  усмонли турк ва оврупо адиблари, муаррихларининг мазкур мавзуга бағишланган тадқиқотларини кўриб чиқишга муваффақ бўлдик.
Бу асарларнинг маҳорат билан, илмий далиллар, архив ҳужжатлари асосида ёзилганлиги, уларнинг катта заҳмат, бедор тунлар эвазига яратилганлигини ҳис этган ва уларнинг муаллифларига қўлимиз кўксимизда эҳтиром изҳор этган ҳолда шуни ҳам таъкидлаб ўтишга масъулмизки, уларнинг кўпчилигида ҳам қай даражададир бирёқламалик сезилиб, асар яратилган даврнинг мафкураси уфуриб туради. Муаллифларнинг баъзилари билан бу борада очиқ сўзлашганимизда, улар – “ҳа, энди ўзингиз яхши биласизку...” каби сипоришларни келтирадилар.
Ушбу, таъбир жоиз бўлса, қониқмаслик ҳисси, шунингдек, миллий-озодлик кураши иштирокчиларининг ёрқин хотираси, улар олдидаги бурчимиз тарих чангалзорининг ўтиш қийин бўлган сўқмоқларига қадам босишга, озодлик курашининг энг собитқадам раҳбарларидан бири Шермуҳаммадбек тимсолида Фарғона водийси миллий-озодлик ҳаракати тарихи борасида баҳоли қудрат қалам тебратишга чорлади. Баъзилар, — ҳа энди бу соҳага анча-мунча қўл урилган, такрорнинг ҳожати бормикан? деб ўйлашлари мумкин. Уларга: Искандар, Чингизхон, Амир Темур, Наполеон ҳақида ўнлаб асарлар ёзилган, бироқ уларнинг сиймосини ҳар ким ҳар хил талқин этган. Биз ҳам ўз шууримиз, ўз талқинимиздаги Шермуҳаммадбек ҳамда унинг ортидаги озодлик жангчилари сиймосини қўлдан келганча яратсак не ажаб? Замонамиз қалам аҳли томонидан бу борада бундан ҳам зўрроқ, бундан ҳам ҳақиқийроқ, илмий далилларга асосланган асарлар яратилишига тилакдошмиз. Не бахтки, тарихимизни рўйи-рост ёзса бўладиган замонлар келди.
Мутасадди илмий ташкилотлар, олим-уламо, адибу удаболар мени маъзур тутсинлар-у, илмий ва бадиий адабиётда, ҳатто энциклопедия каби мўътабар нашрларда бу мураккаб даврда кураш олиб борган аждодларимизга икки қаторгина жой берилмаганлиги одамни ажаблантиради. Совет даврини-ку тушунамиз, мустақиллик даврида ҳам бу ҳолат давом этиб келганлиги кишини танг қолдиради.
Бугун Президентимиз маънавиятнинг узвий қисми бўлмиш жонли тарихимизни ёшларга етказиш зарур эканлигини таъкидлаб турган бир пайтда озодлик ҳаракати тарихи етарли даражада ёритилмай келинаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Ёш авлод муқаддас Ватанимизга муносиб тарзда ҳаёт кечирмоғи ва тафаккур этмоғи, мозийдан сабоқлар чиқариб, Ўзбекистон келажагини таъминлашга интилмоғи зарур. Мустақил Ўзбекистоннинг 130 йиллик мустамлака давр тарихини ўрганаётган ёшларимизда ота-боболаримиз мустабид тузумга қарши етарлича курашмаган экан деган нотўғри фикр уй¬ғонишига асло йўл қўйиб бўлмайди.
Тўғри, жадидчилик, миллий-озодлик ҳаракатини, унинг намоёндаларини  ёритишга журъат этган фидокор олимлар: тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Андижон Давлат Университети кафедра мудири Рустамбек Шамсутдинов, Ўз ФА Тарих инс¬титути бўлим бошлиғи, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабовларнинг жасорати ва чеккан заҳматларига таҳсинлар айтиш ўринли. Уларнинг китоблари ўзининг холислиги билан ажралиб туради.
Шунингдек, атоқли ёзувчи, марҳум Шукур Холмирзаевнинг “Қора камар” саҳна асарида ўйналган бир эпизод ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди; большевиклар ўлкада сунъий очарчилик юзага келтирадилар, халқни иқтисодий жиҳатдан эзадилар. Айни пайтда, халқни ўзларига оғдириш учун ерларни камбағалларга бўлиб бера бошлайдилар. Бунга онги етмаган халқ — “ана, болшавойлар бизнинг бошимизни силаб, ер бердилар” деб боши кўкка етади. Шунда Давронбек қизиллардан бири сардорга “ўзинг¬ни ерингни ўзингга берса шунчалар довдирайсанми, мунча алданасан, бу гумроҳлар ўйламайдиларки, берилган ерлар Россиядан поездга ортиб олиб келинган эмас, ўзимизнинг еримиз-ку!”
Мени қўлга қалам олишга ундаган омиллардан бири ушбу эпизод бўлса ажаб эмас.
Китобни якунлаш арафасида Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият—енгилмас куч” деган  асарини ўқиб, китобимга янада масъулият билан янада жиддий қараш кераклигини англаб етдим. Хусусан, Президент китобидаги қуйидаги сўзлар жуда катта рағбат бўлди.
“Ҳар қайси миллий қадриятларни ўз мақсад-муддаолари, шу билан бирга, умумбашарий тараққиёт ютуқлари асосида ривожлантириб, маънавий дунёсини юксалтириб боришга интилар экан, бу борада тарихий хотира масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Яъни, тарихий хотира туйғуси тўлақонли равишда тикланган, халқ босиб ўтган йўл ўзининг барча муваффақият ва зафарлари, йўқотиш ва қурбонлари, қувонч ва изтироблари билан холис ва ҳаққоний ўрганилган тақдирдагина чинакам тарих бўлади.
Биз бу масалага ана шундай илмий асосда ёндашиб, қадимий тарихимизни ўрганиш ва баҳо беришда унинг бирор-бир даври ёки жабҳасини эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилдик. Жумладан, мустамлакачилик ва совет давридаги оммавий қатағонлар пайтида зулм ва зўравонлик қурбони бўлган, истиқлол йўлида жон фидо этган аждодларимизнинг ҳурмати ва хотирасини жойига қўйиш, уларнинг эл-юрт озодлиги йўлидаги ишлари, қолдирган меросини излаш ва ўрганишни айнан ана шундай маънавий негизда йўлга қўйганимизни қайд этиш зарур”1.
Муҳтарам китобхон, ушбу битигимизни қалб тўлғоғи асносида қоғозга тушган тарихий бадиа сифатида қабул қилгайсиз.
МИЛЛИЙ-ОЗОДЛИК КУРАШИ ТАРИХИДАН ЛАВҲАЛАР
Русиянинг Шарққа ҳамласи Олтин Ўрда парчаланиб, рус князликлари ягона марказлашган давлатга бирлашган XVI асрдаёқ бошланди. Ҳижрий 911 (мелодий 1505) йилда Москва князлиги Оқ Ўрдага ҳужум бошлади. Оқ Ўрда хони бу ҳужумни қайтариб, душманни Москва Кремлигача қувиб борди. Мазкур китоб учун маълумот тўплаб юрганимда Қўқон ўлкашунослик музейи ходимлари Шайбонийлар давлати асосчиси Муҳаммад Шайбонийхоннинг Оқ Ўрда хони Муҳаммад Аминхонга ушбу ғалаба муносабати билан юборилган муборакномасидан бир парча топиб беришди. Бу Шайбонийхон қаламига мансуб қуйидаги тўртлик эди:

Ислом бошингга тожи-торак бўлсун,
Ёринг тун ва кун Тангри таборак бўлсун.
Ўрус кофирини қирмишсан ўғлум,
Сенга ғозийлик муборак бўлсун.

Кейинчалик эса, ўрусларнинг толеи баланд келиб, бир неча аср мобайнида Қозон, Қрим, Эдил бўйлари, Ўрол, Сибирия ва Узоқ Шарқ, қозоқ дашт¬ларини истило қилдилар ва Ўрта Осиё хонликларига жиддий хавф сола бошладилар. Қўқон хонлигини босиб олиш 1853 йилдан бошланди. Халқ ватан мудофаасига кўтарилди. Ёвнинг таҳдиди ҳатто бу дунё ишларидан қўл силтаган қаландарларни ҳам оёққа турғазди. Қаландарлар жахр айтиб жанг¬га кирар эканлар. Ўша пайтдаги муаррихлар бу жахрлардан айримларини ёзиб қолдирган эканлар. Қўқон ўрмон хўжалигини маънавият ишлари бўйича мутасаддиси Яҳёхон Дадабоев шулардан бир неча намуна топиб келди:

Аё дўстлар, юртимизга рақиб келди,
Жангга киргил, сен жаннати бўлай десанг.
Қилич-ханжар, милтиғини тақиб келди,
Жангга киргил, сен жаннати бўлай десанг.

Шаҳарларни, қалъаларни бир-бир олди,   
Оқ масжиду Туркистонга йўлин солди.
Йўлларида хароба-ю лаҳад қолди,
Жангга киргил, сен жаннати бўлай десанг.

Саройлару кулбаларни айлади хок,
Бу ишларни кўзим кўриб, юрагим чок.
Эй ёронлар, гарчи билсанг ўзингни пок,
Жангга киргил, сен жаннати бўлай десанг.             

Ёдингда тут, сен хоҳ қари, хоҳи сабий,
Хуббил ватан минал иймон дебдур набий.
Шаҳидларнинг шафоатин бергай раббий,
Жангга киргил, сен жаннати бўлай десанг.

Ватан учун жанг қилмоқ улкан савоб,
Ағёр ўқига ўқ ила бергил жавоб.
Озодликнинг туғ-байроғин қилгил тавоб,
Жангга киргил, сен жаннати бўлай десанг.

Сен ўзингни эл-юртга чин фарзанд десанг,
Юрт қўришга тайёрман ҳарчанд десанг.
Хожа Асрор сўзини гар панд десанг,
Жангга киргил, сен жаннати бўлай десанг.

Бироқ, ҳарбий ишда, техникада, қурол-яроғда Оврупо мамлакатларидан анча орқада бўлган, душманга қарши бирлаша олмаган хонликлар Русия империяси зарбасига тоб беролмай, уларнинг асоратига тушиб қолдилар. Юқоридаги жахр матнининг муаллифи, Дукчи Эшоннинг сафдоши Хожа Асрор халифа халқни миллий-озодлик курашига чорлар эканлар, хонликларнинг енгилиши сабабларини ҳам кўрсатиб ўтадилар:
Аё дўстлар, сўзим тинглаб, фикр қилинг,
Сизга арзим айтиб нидо қилдим мано.
Гар сўзларим маъқул бўлса зикр қилинг,
Ҳақ ишига жоним фидо қилдим мано.

Во дариғо, Туркистоним мағлуб бўлди,
Ҳукамолар юрт қуролмай таслим бўлди.
Бул сабоқлар барчамизга таълим бўлди,
Бул таълимдан сизни огоҳ қилдим мано.

Хон-амирлар боши бирда қовушмади,
Ёвга қарши бир анжуман қуришмади.
Доноларнинг сўзларига киришмади,
Шул боисдин элдин ажраб қолдим мано.

Ҳукамолар эл дардидан фориғ бўлди,
Маърифатдин узоқ кетиб жоҳил бўлди.
Йўл кўрсатган алар учун ботил бўлди,
Оқибатда ёв илкига тушдим мано.

Ё алҳазар, юртимизни ўрус олди,
Жисмимизга, руҳимизга кишан солди.
Дийда қилиб, кўзларимиз ёшдин қолди,
Яратгандан мадад тилаб қолдим мано.

Оби-дийда қилган билан маъво топмадим,
Балони даф этарга даъво топмадим.
Тек турмоқни ўзимга раво топмадим.
Маъракаи майдон бўлиб чиқдим мано.

Ватан учун шаҳид бўлмоқ қутлуғ ўлим,
Курашмоқдин ўзга ҳеч бир йўқдир йўлим.
Озодликнинг яроғини тутди қўлим,
Шаҳодатни тақдиримга кўрдим мано.

Ўзларини шер билган эрлар, ёронлар,     
Нажот йўлин топмаган гумроҳ-сарсонлар.
Қўлингга яроқ ол, дўстлар, ёронлар,
Ҳурлик учун жангга даъват этдим мано.

Тарихий адабиётларни кўздан кечирсангиз, Русия империяси Қўқон хонлигини осонгина қўлга киритгандай таассурот пайдо бўлади. Йўқ, хонлик осонликча таслим бўлган эмас, ўз қудрати, салоҳияти, даражасида жанг қилган, қаршилик кўрсатган. Таассуфки, юқорида таъкидлаганимиздек, кучлар, ҳарбий салоҳият, қуролланиш техникаси жиҳатидан томонлар тенг эмас эди. Шундай бўлсада, бу озодлик курашининг ўз қаҳрамонлари етишиб чиқди. Улар замонавий ўт очар қуролларга эга бўлган душманга қарши ўқ-ёй, қилич ва пилта милтиқ билан жанг қилиб, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. Уларнинг ичида энг фидокори, сўзсиз, Алим¬қули Мингбоши (Муҳаммад Юнус Тоййибнинг асарида “Алиқули” шаклида келади) эди. У ватан мудофаасини ташкил эта олди, душманга нисбатан муросасизлиги билан машҳур бўлди. Тоййиб ўзининг “Алиқули амир лашкар жангномаси” асарида бу ҳақда шундай ёзади: “Амир лашкар шундай дедилар: — Агар бу мусолаҳани қилсак (сулҳ тузсак — М.Х) ҳамма одамлар амир лашкар ва шиғовул деган икки малъун ўз оройиши ва айш-ишратларини кўзлаб, бу қадар мусулмонларни оловга ташлаб сулҳ туздилар. Агар булар ғайрат ва ҳиммат қилсалар, ҳаммамиз ғазотга отланиб, бул тарафи Ўрунбурғ, ул тарафи Сибириёғача олар эрдук деб, тирик бормиз ўзимизға ва ўлғанимиздан сўнгра фарзанд ва набираларимизға лаънатини юборсалар керак.”
Шунингдек, душманга қарши Қаноатшоҳ Оталиқ, Ёқуббек (кейинчалик Шарқий Туркистон ҳукм¬дори), Отабек Ноиб, Шерали Мингбоши, Ниёзалибой, Жомадор Тўқсоба, Муҳаммад Али, Мулла Исхоқ (Пўлатхон), Исо Авлиё, Абдураҳмон Офтобачи, Абдуллабек ва бошқа саркардалар фидокорона жанг қилдилар. Қўқон хонлигининг машҳур давлат арбобларидан бўлмиш Шоҳи Қўшбегининг набираси, Шоди Мингбошининг жияни Муҳаммад Али Оқмасжид қалъаси доруғаси (коменданти) эди.1856 йилда руслар шаҳарни қамал қилган пайтда у ўз қўл остидаги сарбозлари билан бир неча кун ўқ-дориси тугагунича қаҳрамонона жанг қилган. Руслар уни сарбозлари билан қалъа ичида портлатиб юборганлар.
Русиянинг мўлжали, Оврўпо мамлакатлари, хусусан Буюк Британия томонидан кутилиши мумкин бўлган норозиликни эътиборга олган ҳолда, Ўрта Осиё хонликларини бўйсундиргач, уларни ярим мус¬тамлака нуфузида ушлаб туриш эди. Бироқ Қўқон хонлиги фуқаролари томонидан кўрсатилган қаттиқ қаршилик, уни ярим мустамлака ҳолида тутиб туриш мумкин эмаслигини аён қилиб қўйди. Русия ҳукумати шу баҳонада хонликни тугатиб, унинг ҳудудини Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига қўшиб олди, илло, миллий-озодлик ҳаракатини эндиликда “исёнчилик”, “қароқчилик” тарзида баҳолаб, уни бостириш учун “ҳуқуқий” асосга эга бўлди.
Шундай бўлсада, миллий-озодлик ҳаракати тўхтамади. Бу ҳаракат, айниқса, Русия ҳукуматининг “Янги қўшиб олинган ерларни ўзлаштириш” дастури асосида ҳамда ҳукуматга таянч сифатида водийга казаклар ва мужикларни кўчириб келиб, энг унумдор ерларга жойлаштирилишидан сўнг янада авж олди. Бу курашга “Дукчи Эшон” деган ном билан машҳур бўлган Муҳаммад Али Халифа, Хожа Асрор Халифа, Дарвешхон, Етимхон, Қамчибек Олимбек ўғли, “Қорасоч Эшон” лақабли Муҳаммад Қосим Авлиё, Шокиржон, Азлар Эшон ва бош¬қалар раҳбарлик қилдилар. Хожа Асрор Халифа миллий-озодлик курашини мувофиқлаштириш, марказлаштиришга ҳаракат қилган бўлсада, айрим йўлбошчиларнинг ортиқча ғурури, онгсизлиги бунга йўл бермади. Оқибатда бу алоҳида-алоҳида кўтарилган қўзғолонларнинг тез фурсатда бостирилишига олиб келди. Бироқ тўхтатиб қўя олмади. Тар¬қоқ ҳаракатлар ўчиб-ёниб, ниҳоят, 1916 йилги оммавий халқ қўзғолонига уланиб кетди.
Советлар даврида “босмачилик ҳаракати” деб ном олган миллий-озодлик ҳаракати сардорлари: Катта ва Кичик Эргаш, Рахмонқул, Ислом Полвон, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Холхўжа ва бош¬қалар бу курашнинг 1916 йилгача бўлган босқичи дошқозонида пишиб етилдилар ва майдонга тушдилар. Уларнинг аксарияти “ўғри”, “талончи”, ва шунга ўхшаш тавқи лаънат билан айбланиб, ҳибсга олиндилар ва Сибирияга сургун қилиндилар. Улар рус ишчиси Петровдан эмас, балки ҳаётдан, бир-бирларидан сабоқ олиб, 1917 йил феврал инқилоби муносабати билан ватанга қайтиб, курашни давом эттирдилар.
ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИ
1917 йил феврал инқилобидан сўнг ҳокимият тепасига келган вақтли ҳукумат Русиянинг рус бўлмаган халқ ва мамлакатларига катта ҳуқуқлар берган бўлди. Чекка ўлкаларда жонланиш юз берди. Турли миллий ташкилот, уюшма, фирқалар ташкил топа бошлади. “Шуройи Уламо”, “Шуройи Исломия”, “Иттиҳод ва тараққий”, Турон адами марказият фирқаси (Федералчилар фирқаси), Ёш бухороликлар, Ёш хиваликлар ҳамда большевиклар таъсиридаги “Мусулмон мехнаткашлари союзи” шулар жумласидандир.
Шу йил ёз ойларида Давлат думасига сайлов олдидан номзодлар кўрсатиш учун рўйхатлар тузилди, большевиклар таъсиридаги номзодлар 4-рўйхатга, мустақиллик тарафдорлари эса 8-рўйхатга қайд этилдилар. Рўйхатлар тузилгач, сайловчилар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Қўқон Жомеъ масжидида бўлиб ўтган учрашувда ҳар икки рўйхат тарафдорлари ўртасидаги мунозара қон тўкилиш билан якунланди. Шу кундан эътиборан халқ оғзида болшевиклар тарафдорлари “тўртинчилар”, мустақиллик тарафдорлари эса “саккизинчи” деб ном олдилар. Қисмат ва вақт тўлқинлари “саккизинчи” деган номни оқизиб кетди, бироқ, “тўртинчи” деган ном улкан харсангдек дарё ўзанида, яъни одамлар хотирасида ҳали-ҳали сақланиб қолган.
Туркистонни мустақил, жуда бўлмаганда мухториятли давлатга айлантириш фикри ХХ аср бошларидаёқ жадидлар ва маърифатпарварларнинг “гап“ зиёфатларида асосий мавзуга айланган эди. Бироқ, подшо охранкаси (сиёсий полицияси) дан чўчиб, бу фикрларни қоғозга туширмаган эдилар. Феврал инқилобидан сўнг бу ҳақда жиддий бош қотира бошладилар. “Турк адами марказият (федералчилар) фирқасининг маромнома (дастур)ида бўлажак мухториятли ҳукуматнинг тузилиши, фаолияти аниқ белгилаб берилди. Бу дастур замонасининг энг халқ¬чил, демократик дастурларидан бири эканлиги тадқиқотчилар томонидан эътироф этилди. Дастурни тузишда Қўқондан Камолиддин қози Раҳмонберди ўғли, Обиджон Маҳмуд ўғли, Андижондан Мулло Нуриддин аълам, Мирзо Абдуқодирбек, Искобилдан Миродил Мирзо Аҳмад ўғли, Тошкентдан Мунаввар қори Абдурашид ўғли, Самарқанддан мулла Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа кўзга кўринган жадидлар иштирок этдилар. Масков билан алоқадор савдогарлар ва жадидлар мухториятли ҳукумат тузиш борасида муваққат ҳукуматнинг фикрини олишга ҳаракат қилдилар. Уларнинг ҳукуматдаги танишлари бу масалани яқин орада ўтказилиши кутилаётган, Россия тақдирини ҳал этишга ваколати бўлган Таъсис мажлисига қўйишни маслаҳат бердилар. Агар Таъсис мажлиси бўлиб ўтса, Россия Оврўпонинг илғор мамлакатлари изидан бориб, уларнинг идора усулини қабул қилар, “пролетариат диктатураси” ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас эди. Буни тушуниб етган Ленин бошлиқ болшевиклар ва социал революциячилар (эсерлар) фирқалари Таъсис йиғилиши чақирилгунча ҳокимиятни қўлга олишга ҳаракат бошладилар ва 1917 йил 25 октябр (7 ноябр)да бунга эришдилар ҳам. Ишчи-деҳқон ҳукуматининг энг дастлабки юридик ҳужжатлари сулҳ ва ер хақидаги декретлар эди. Бир неча кун ўтиб, 15 ноябрда эса Россия Халқ Комиссарлар Совети раиси Ленин ва Миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари Сталин имзо чеккан “Россия халқлари ҳуқуқлари декларацияси” эълон қилинди. Унда жумладан, шундай сатрлар бор:
1. “Халқ комиссарлари Совети Россия миллатлари ҳақидаги масала бўйича ўз фаолиятига қуйидагиларни асос қилиб олишга қарор қилди:
2. Россия халқларининг ажралиб чиқиш ва мустақил давлат ташкил этишгача бўлган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи.
3. Барча миллий ва миллий-диний имтиёзлар ва чекланишларни ман этиш ҳуқуқи...”
Инқилоб (тўнтариш) раҳбарлари, жаҳон афкор оммаси эътиборини чалғитиш мақсадида ушбу баённомани эълон қилиб қўйиб, унинг асосида миллатларнинг ажралиб чиқиб кетишидан қўрқиб, бир неча кун ўтгач ажралмасликни сўраб “Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига мурожатнома”сини эълон қилишга шошилдилар. Улар шу тариқа мурожаат қиладилар:
Рус ишчиларининг ягона орзу-умиди тинчлик (сулҳ) ҳақидаги битим тузилганидан сўнг бутун дунёдаги маҳкум миллатларга ёрдам бериш ва уларни ҳурриятга эриштиришдан иборатдур...
Россия мусулмонлари: Волга татарлари, қирғизлар, Сибир ва Туркистон сартлари, Кавказ турклари ва татарлари, чеченлар, Шимолий Кавказ халқлари ҳамда рус подшолари, золимлари томонидан бутун масжидлари ва минбарлари бузилиб ташланган, дин ва урф одатлари оёқости қилинган халқ ва миллатлар, биз сизларга мурожаат қиламиз. Сизларнинг динингиз, урф-одатларингиз, миллий ва маданий муассасаларингиз бундай буён ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилинади. Ўз миллий хаётингизни том маънода эмин-эркин ташкил этишингиз мумкин, бу сизнинг ҳақ-ҳуқуқингиздир. Шуни билингки, сизларнинг ва бутун Россияда яшайдиган миллатларнинг ҳақ-ҳуқуқларини инқилоб ва Шўролар ҳимоя ва мудофаа қилади. Бу инқилоб ва унинг ҳукуматига ёрдам этингиз. Дўстлар! Биз кўтарган байроғимиз билан ҳар бир маҳкум миллатга ҳуррият олиб келамиз. Мусулмонлар! Биз сизлардан моддий ва маънавий ёрдам кутиб қоламиз”.
Бу ҳужжатларга ишонганлар ҳам бўлди, ишонмаганлар ҳам кўпроқ бўлди. Бироқ, қонун кучига эга бўлган бу ҳужжатдан фойдаланиб қолиш керак. Бундай имконият кейин яна бўладими-йўқми? Бу масалага ойдинлик киритиш учун “Шўрои Уламо” фирқаси пешқадамларидан бўлмиш Шоаҳмедов Петроградга юборилади. У “Мусулмонлар ўз мустақил давлатини тузиши мумкин” деган хабар топиб келади. 12 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган турли мусулмон гуруҳларининг бирлашган маслаҳат қурултойи шу асосда “Ҳокимиятнинг аскар, ишчи ва деҳқон депутатлари Совети қўлига ўтиши муносабати билан Туркистон ўлка мусулмонлари съезди бутун Туркистоннинг 98 фоизини ташкил қилувчи 10 миллион жон мусулмонлар Русия инқилоби ваъда этган озодлик, тенглик ва биродарлик асосида миллий-маданий ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга деб топади” мазмунида қарор чиқарди. Шу тариқа Туркистонда мухториятли ҳукумат таъсис этиш ҳаракати бошланади.
Бироқ, Марказий Ижроия қўмитасида, ҳукуматда бирорта маҳаллий миллат вакили бўлмаган Тошкентда болшевикларнинг таъсири кучли эди. Шу туфайли эрксевар кучларнинг нигоҳи Қўқонга, бир вақтлар хонлик пойтахти бўлиб турган, 300 дан ортиқ масжид, элликка яқин мадраса, олтита марказий бозор, ўнлаб тармоқ бозорлари, ўттиздан зиёд саноат корхонаси, 11 банк, ўнлаб савдо уйлари, ширкатларга эга бўлган, адабиёт, санъатда муҳит ва мактаблар яратган етмиш беш минг аҳолига эга Хўқанди Латиф томон интилди.
1917 йил 26 ноябрда Қўқоннинг пахта биржаси биносида (эски театр биноси ўрнида) 4-ўлка мусулмонлари фавқулодда съезди бўлиб ўтди. Съездда пойтахти Қўқон бўлган Туркистон Мухториятли ҳукумати ташкил топганлиги эълон қилинди. Мухторият бошқаруви органи Туркистон халқ бошқаруви (54 киши), Туркистон вақтли кенгаши (32 киши) ва ҳукуматдан иборат эди.
Ҳукумат раислигига “Алаш Ўрда” фирқасининг раҳбари, муҳандис Муҳаммаджон Тинишбоев сайланди. Кўп ўтмай, ҳукумат ичидаги айрим келишмовчиликлар туфайли Тинишбоев истеъфо беради ва унинг ўрнини ҳуқуқшунос Мустафо Чўқай эгаллайди. Чор ҳукуматининг офицери Шомилбек унинг ўринбосари, Ислом Шоаҳмад ўғли адлия вазири, Потеляхов – озиқ-овқат вазири, Убайдуллахўжа – ҳарбий вазир, Чанишев – бош қўмондон, Саид Носир Миржалил ўғли – хазиначи этиб сайландилар. Мухтор жумҳуриятнинг янги ҳукумати оммавий сафарбарлик эълон қилиб, миллий армия тузишга киришди. Ҳукумат таркибидаги 54 кишидан 36 нафари ерли туб аҳоли вакиллари, қолганлари оврўпаликлар эди. Демак, чинакам байналмилал ҳукумат тузилди, маҳаллий халқ вакиллари В.И.Лениннинг кўргазмаларига қатъий амал қилиб, ўз тақдирларини ўзлари белгилашга киришдилар. 26 декабрда Қўқонда бўлиб ўтган мусулмон ишчи ва аскар вакилларининг I фавқулодда съезди, большевикларнинг қаттиқ қаршилик кўрсатишларига қарамай, Қўқон Мухтор ҳукуматини ёқлади ва В.И.Ленинга қуйидаги матндаги телеграммани жўнатди: “Туркис¬тон мусулмонлари ишчи ва аскар депутатлари I фавқулодда съезди қабул қилган қарорни Сизга маълум қилиб, Туркистонни ҳалокат ёқасига келтириб қўювчи тартибсизлик, қўш ҳокимиятчиликнинг олдини олиш мақсадида ўлкада ҳокимиятни Вақтли Туркистон мухтор ҳукуматига топшириш тўғрисида Туркистон Халқ Комиссарлари Советига Россия демократик республикасининг Олий ҳокимияти номидан кўрсатма беришингизни сўраймиз”.
Мухториятли ҳукумат “Эл байроғи” газетасини нашр этади, молия ишини мувофиқлаштириш учун 30 миллион сўмлик заём чиқаради, ўз миллий армиясини яратишга киришади, халқ милициясини ташкил этади. Милиция бошлиғи лавозимига Эргаш Қўрбоши тайинланади. Шу ўринда Эргаш Қўрбоши номи билан боғлиқ бир масалага муносабат билдириб ўтишимизга тўғри келади: тарихдан маълумки, тинчлик, озодлик ҳаракати жабҳасида Эргаш номли икки шахс фаолият кўрсатган. Уларнинг ҳар иккиси хам Қўқоннинг Бачқир депарасидан. Бири Катта Эргаш, иккинчиси Кичик Эргаш деган ном билан машҳур. Бизга танишиш насиб этган барча манбаларда милиция бошлиғи лавозимига Катта Эргаш тайинланганлиги таъкидланган ҳолда, турк журналисти Али Бодомчи қаламига оид “1917—1934 йилларда Туркистонда миллий-истиқлол ҳаракатлари ва Анвар Пошшо” асарида, ҳукумат эълон қилингандан бир неча кун кейин Қўқон қўрбошиси Кичкина Эргашбек Ижроия қўмитасининг қарори билан пойтахт “Қўқон” жандарми қўмондони ва милиция мудири этиб тайинланади”, деган ёзувни учратамиз. Бу маълумотни учратгач, манбаларни яна бир бора кўздан кечириб чиқишга тўғри келди. Ва ниҳоят, маҳаллий манбаларга суяниб, Али Бодомчи бир оз янглишган деб ҳисоблайман, ҳамда отам Муҳаммад Саид шунингдек, бугунда юз ёшни қаршилаган Жўрахон Тўра оталарнинг гувоҳлик беришларига қараганда ҳам юқоридаги фикримизнинг тўғрилигига яна бир бор амин бўламиз.
Туркистон Мухториятининг ташкил топиши ва бош¬қарув тизими турли адабиётларда турлича ёритилади.
Мухторият ташкил топган кунлардан бошлабоқ советлар унга қарши шиддатли ҳужум бошлади. Ҳужум молия жабҳасида бошланди: Туркистон Халқ Комиссарлари Совети Туркистон мухториятига алоқадор ва унга ҳайрихоҳ бўлган бойларнинг мол-мулкларини мусодара этиш ҳақида топшириқ берди. Қўқон совети раиси Бабушкин мухториятни бешигидаёқ бўғиб ташлаш мақсадида Фарғона ва Тошкентга мурожаат қилиб, “шаҳарни ҳимоя қилиш” учун ҳарбий ёрдам сўради. Скобелев (ҳозирги Фар¬ғона) шаҳри ҳокими Дориомедовнинг қаршилигига қарамай, Фарғона совети қарори билан шаҳар ҳарбий дружинаси бошлиғи К.Осипов 120 аскар, 4 замбарак, 4 пулемёт билан Қўқонга етиб келди. Кўп ўтмай Самарқанд, Қизилқия дружиналари шаҳарга кириб келди. Шаҳар ичида мухториятчилар билан болшевиклар ўртасида жанг бошлангач, 18 февралда Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари 26 ёшли Е.Перъфилев шаҳар темир йўлига 11 эшелон пиёда, отлиқ ва артилерия қисмлари билан кириб келди. Конибодом бекатида уларга арман дашноқлари отряди қўшилди. Ўзларини Дашноқлар деб аташган, 1915 йилда турк-арман қирғини сабабчиларидан бири, Дашнакцутюн миллатчи партиясининг   бир қисми Туркистонга келиб ўрнашади. 1918—1920 йилларда Арманистонда ҳокимиятни эгаллади. Каракс ва Эриванда мусулмонларни қирғин қилди. Большавойлар 1918 йилда шулардан фойдаланиб, биргаликда Қўқонда, умуман водийда қирғин ўтказди. Натижада истиқлолчиларга қарши кураш ниқоби остида тинч аҳолидан 35.000 киши қириб ташланди, мол-мулки эса талон тарож қилинди. Турор Рисқулов, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, Низомиддин Хўжаев каби раҳбарларнинг талаби билан 1919 йил 16 июлда Туркистон МИК буйруғи билан бу партия тарқатиб юборилади ва қуролсизлантирилади. Арманистонда ҳам бу партия 1921 йилда тақиқланган.
19 феврал куни Эргаш Қўрбошига ултиматум юборилиб, уч соат ичида қурол-яроғни ташлаб, таслим бўлиш талаб этилади. Эргаш қўрбоши бу талабни бажармаслигини билдириб, рад жавоби юборди. Е.Перъфилев барча замбараклардан Қўқон аҳолиси устига ўт очишни, шу жумладан, ёндирадиган снарядлардан фойдаланишни буюрди. Эски шаҳар тамомила вайрон бўлиб, ўт ичида қолди. Унинг буйруғи билан рўпара келган одамни отиб ташладилар, кошонаю обидалар вайрон қилинди. Дўкону банклар талон-тарож  қилинди. Айниқса, арман дашноқлари хонадонларга бостириб кириб, чолу кампир, болаларни ҳам аямадилар, болаларни жодуга солиб қирқдилар. Туркистон халқининг ашаддий душмани деб ном олган А.Т.Каравайцев ўз эсдаликларида “арман дашноқлари қирғинни ҳаддан ошириб юборибди”, деб ёзишдан бошқа иложи тополмайди.
20 феврал куни вайрон бўлган шаҳарга пиёда қўшинлар ва дашноқ жангарилар кириб келдилар. Халқнинг ўша кунги аҳволини тасвирлашга тил ожизлик қилади. Хонадонлар таланди, аёллар зўрланди, эркаклар ўлдирилди. Дашноқлар милтиқ ўқини “аяб”, одамларни қилич билан чопиб, пичоқ билан бўғизлаб ташлар эдилар. Яхшиси, ушбу мудҳиш воқеалар гувоҳларига сўз берайлик. Ўша пайтдаги даҳшатли воқеаларни ўз кўзи билан кўрган мухбир Борис Ольгинский шаҳар ичида юриб, “Қўқон воқеалари” номли репортаж тайёрлаган ва “Знамия свободы” газетасининг 23 феврал сонида чоп эттирган. Қуйида ундан айрим парчаларни келтирамиз:
РУС МУАЛЛИМИНИНГ ҲИКОЯСИ
Рус-тузем мактабининг муаллими, уруш давомида ўз оиласи билан эски шаҳарда яшаб турган киши урушаётган мусулмонларнинг тинч рус аҳолисига муносабатлари ҳақида шундай ҳиқоя қилади:
“Бизнинг уй, яъни, менинг оилам ва муаллималар яшаб турган уй эски шахар ҳудудида эди. Сарт¬лар бизнинг хонадонимизга уч марта кирдилар ва бу ерда рус солдатлари ёки арманилар бор-йўқлигини текширдилар. Бизнинг бетараф эканлигимизга ишонч ҳосил қилгач, сартлар бизни безовта қилмай қўйдилар, бизда егулик қолмаганлигини билганларидан сўнг бизга сут ва обинонлар келтириб бердилар”.
ДОКТОР ДОМОГАРОВНИНГ ФОЖИАЛИ ЎЛИМИ
5 феврал (эски ҳисоб билан М.Х) туш пайтида эски шаҳарга рус “қизил хоч экспедицияси” ташкил этилди. Унинг таркибига врачлар, санитарлар ва шафқат ҳамширалари кирар эди. Ушбу даста ҳарбий-инқилобий қўмитадан рухсатнома олди ва вақтинча яраш пайтидан фойдаланиб, эски шаҳарга кириб борди ҳамда унинг четида кўп сонли ярадор сартларга ёрдам кўрсатишни бошлади. Бу даста келгунча ярадор сартлар тиббий ёрдам йўқлигидан аянчли ҳолга тушган эдилар. Бу санитар дастасининг иш фаолияти вақтида улар жойлашган бино эски шаҳар томон ҳужумга ўтган рус солдатлари томонидан шиддатли ўққа тутилди. Баъзи сартлар яралангандилар. Доктор Домогаров бир қўлида Қизил хоч байроғини, иккинчи қўлида рухсатномани баланд кўтарган ҳолда солдатлар қаршисига чиқди ва шу ондаёқ ўлдирилди.
ТЎС-ТЎПОЛОН
7 феврал (эски ҳисоб билан – М.Х.) — Қўқон тарихида энг даҳшатли кун. Бўйсунмай қўйган солдатлар ва қизилгвардиячилар, авбошлар ва майда буржуазия нимани олиб кетиш мумкин бўлса, талон-тарож қилишга отилдилар. Талончиликда, айниқса, арман дашноқлари алоҳида жонбозлик кўрсатдилар. Эски шаҳарда барча дўконлар, савдо фирмалари, расталар, банклар,  уйлар таланди. Банклар ва савдо фирмаларидаги темир сандиқлар бузилиб, пуллар ўғирланди. Талончилар нарсаларни араваларга юклаб, қалъага ва вокзалга юборар эдилар...
  ФОЖИА МАНЗАРАЛАРИ
Қўқонда даҳшатли манзара намоён. Эски шаҳарнинг учдан бир қисми том маънода яксон этилган. Барча ерда тўп-тўп мурдалар. Уларнинг кўпчилиги куйиб кетган. Қўқоннинг руслар яшайдиган қисми ҳам анчайин вайрон бўлган.
Келтирилган барча зарарларнинг умумий миқдорини аниқлаш, албатта қийин. Қўқонда бир неча ўн минг одам бошпанасиз, кийим-кечаксиз қолган. Шаҳарнинг ярмидан кўпи ёниб кулга айланган.
9—10 февралъ кунлари мурдаларни йиғиштириш бошланди, бироқ тугаллангани йўқ. Эски шаҳардан арава-арава мурдалар олиб чиқиб кетилди. Қурбонлар сонини ҳисоблаб чиқиш имкони бўлгани йўқ. Хомчўтга кўра руслардан юзтагача киши ўлган, юздан ортиқ киши ярадор бўлган. Сартлардан бир неча минг киши ҳалок бўлган...
АҲОЛИ ЎРТАСИДАГИ ХАВОТИРЛИК
Уруш тамом бўлди. Ғолиблар жўнаб кетдилар. Мағлублар эса шаҳар кўчалари ёки қишлоқ бўйлаб дайдиб  юрибдилар, ёки харобалар ва кул тепалар узра маъюс изғиб юрибдилар. Рус аҳолиси хотиржам бўлиши мумкин эди, аммо улар таҳлика ва хавотирлик остидалар.
Қўқонда истиқомат қилувчи руслар бу ерда қолиш хавфли эканини ҳис этмоқдалар. Қўқондан жўнаган даст¬лабки поездлар тўлиб-тошиб кетган, кейинги поездлар ҳам шу аҳволда жўнайдилар.
Қўқон энди мурдалар шаҳридир. У худди моғор ва мурда ҳиди анқиб турган лаҳадга ўхшаб қолган...
СУЛҲ
Урушлар тарихидан маълумки, баъзи фотиҳ ва саркардалар ўзга бир мамлакатга уруш бошлашдан олдин тузилажак сулҳ битимининг лойиҳасини тайёрлаб қўяр эканлар. Шу жумладан, Қўқон уруши якунига етгач, сулҳ тузиш ишига киришилди. Бундай сулҳ тўғрироғи, сулҳ битими битилган қоғоз советларга керак эди. Бу урушда советлар тўлиқ ғалаба қозондилар. Сирасини айтганда улар билан сулҳ тузадиган томоннинг ўзи йўқ эди, илло, мухторият ҳукумати аъзоларининг баъзилари қочиб улгурган, кўпчилиги Скобелевда қатл этиб бўлинган эди. Мусулмон аҳолининг саломат қолган аксарияти қишлоқларга қочиб чиқиб кетган эди.
Сулҳ музокаралари аслида 9 февралда бошланган бўлиб, большевикларга катта мадад кучи етиб келгач, тўхтатиб қўйилди. Мана энди сулҳ зарур бўлган пайтда улар қочиб кетишга улгурмаган айрим қўқонлик ва атроф қишлоқлик, бошқа шаҳарлик оқсоқолларни зўрлаб олиб келиб, сулҳ тузишга киришиб кетдилар. Улар оқсоқолларни олдиндан тайёрлаб қўйилган сулҳ битимини имзолашга мажбур этдилар.   
СУЛҲ МУОҲАДАСИ ( АҲДНОМАСИ ),
1918 ЙИЛ (9) 22 ФЕВРАЛЪ
Тўқнашувлардан сўнг Туркистон мухторияти вақт¬ли ҳукуматининг қуролли кучлари инқилобий қўшинлар томонидан янчиб, тарқатиб юборилганлиги, тинч аҳоли эса ишчи-солдат ва деҳқон депутатлари Советига итоат¬гўйлик изҳор этганлиги маълум бўлди. Розенбах кўчасидаги Рус-Осиё банки (ҳозирги пахта банк) биносида сулҳ конференцияси бошланди. 1918 йил (9) 22 февралда Қўқон ҳарбий-инқилобий қўмитаси раиси Месхи, Қўқон шаҳар бошқарув идораси делегатлари Некора ва Юрьевский, ишчи-солдат ва деҳқон депутатлари Скобелев совети ва Скобелев давлат думаси делегатлари Антонов ва Дориомедов, ишчи-солдат ва деҳқон депутатлари Андижон советидан Салаев ва Данишевский, социалист-революционерлар фирқаси Ўлка совети делегати Толован; Қўқон шаҳрининг мусулмон аҳолиси вакиллари: Сармозор даҳасидан — Муҳамадамин Нормуҳаммедов, Қобилжон Муҳаммадғозиев, Эшонбобо Охунжонов, Катағон даҳасидан – Файзимуҳаммад Дўстмуҳаммедов, Қурбонхўжа Ёдгорхўжаев, Тешабой Юнусбоев; Марғилон даҳасидан Каромиддин Ғиёсиддинов, Миробиддин Мир¬ҳамзаев, Эшонхонбой Хўжаев; Хўжанд даҳасидан— Мулла Абдуқодир, Мулла Аҳмадмирзаев, Абдураҳмон Ҳамроқулбоев, Раҳмонали Юсуфалимирзаевлар иштирокида, Юрьевский раислиги, Б.Д.Дориомедов котиблигида қуйидаги сулҳ муоҳадаси тузилди;
1. Аҳоли Ўлка Халқ Комиссарлари Совети ва барча маҳаллий совет муассасаларини тан олади.
2. Совет ҳокимиятининг ёзма рухсатномаси бўлмаган барча аҳоли: мусулмонлар ҳам, руслар ҳам қуролсизлантириладилар.
3. Тортиб олинган қуроллар Фарғона вилоятининг қўшинлари қўмондони белгилаган муддатда ва белгилаган жойга топширилади.
4. Аҳоли қонли воқеаларнинг ўзларига маълум бўлган барча ташкилотчилари, шунингдек, қуролланган тўдаларнинг бошлиқлари ва аъзоларини ҳукуматга ушлаб бериш мажбуриятини олади.
5. Ўлкага махфий равишда қурол олиб келиш ва тарқатиш, қуролли қўзғолонга тайёрланиш сифатида баҳоланади ва инқилобий қонунлар асосида қаттиқ жазоланади.
6. Аҳоли, ҳарбий ва совет ҳокимияти талабларига мувофиқ, бутун имконияти билан ҳаётни изга туширишга кўмаклашадилар.
7. Ўлка Халқ Комиссарлари Совети фуқаролар уруши пайтида хонавайрон бўлган энг қашшоқ аҳолига ёрдам кўрсатади.
8. Мазкур муоҳаданинг амалиёти Туркистон ўлкасининг барча ерига дахлдордир.
Ушбу муоҳадани имзолаш билан сулҳ конференциясининг фаолияти тўхтамайди.
Унинг барча ҳужжатлари ишчи-деҳқон депутатлари Қўқон советига берилади.”
Европаликлар ичида ҳам мухториятга, ерли халқ¬қа хайрихоҳлар йўқ эмас, бироқ озчиликни ташкил қиларди. Чунончи, мазкур сулҳ конференциясига котиблик қилишга мажбур бўлган Скобелев думаси бошлиғи В.Д.Дориомедов “Знамя Свободы” газетаси орқали шундай дейди: “Рус болшевиклари ҳеч қандай мухториятни тан олмади ва мазлум халқлар ўз ҳуқуқлари ва тақдирларини ҳақиқатдан ўзлари белгиламоқчи бўлганларида бунга йўл қўймади...”
Ҳар ҳолда Туркистон мухторияти изсиз кетмади, жаҳон жамоатчилигида муҳокамага сабаб бўлди. Совет раҳбарлари Туркистонга мухторият бериш зарурлигини ҳис этдилар, бироқ, ҳақиқий эмас, қўғирчоқ мухторият бериш ҳаракатига тушдилар. И.В. Сталин Туркистоннинг ўша даврдаги раҳбарларидан бўлмиш И.Тоболинга хабар қилиб, мусулмонлар орасида иш олиб боришни кучайтириш, мусулмон пролетариатини мусулмон буржуазиясидан ажратиб олиш ва мусулмон советлари тузишни топширди.
1918 йил апрел ойида Туркистон Ўлка Советларининг бешинчи съезди бўлиб ўтди. Унда Туркистон мухторияти масаласи кўриб чиқилди. В.Ленин ва И.Сталин съездга қуйидагича телеграмма юборади: “Советлар асосидаги сизнинг ўлка мухториятингизни Халқ Комиссарлар Совети қуллаб-қувватлайди.”
30 апрел куни Москванинг фавқулодда комиссари П.Кобозев томонидан таклиф этилган, РСФСР таркибида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси ташкил этиш ҳақидаги декларация депутатлар томонидан қабул қилинади.
Ҳа, Туркистон халқлари томонидан мухторият олиш учун бошланган ҳаракат советларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Оламшумул воқеа бўлган Туркистон Мухторияти большевиклар томонидан бешигидаёқ бўғиб ташланди ва унинг ўрнига совет автономияси ўрнатилди, халқдан аёвсиз ўч олинди. Бу эса миллий-озодлик кураши ёнғинини келтириб чиқарган учқун бўлди.
ФАРҒОНАДА МИЛЛИЙ-ОЗОДЛИК
КУРАШИНИНГ БОШЛАНИШИ
Мухториятли ҳукумат янчиб ташлангач, советлар тинч аҳолидан ўч олишга киришдилар. Дашноқлар Қўқонни талаб битиргач, Наманган, Андижон, Марғилонга ёпирилдилар. Туркистон АССРдаги айрим кишилар уларнинг ваҳшийликларини текшириб, чора кўриш учун махсус тергов комиссиясини тузиш талабини қўйдилар. Бироқ, ҳукуматнинг ўша даврдаги раҳбарларидан бири Тоболин “аҳолидан бу ҳақда ёзма ариза тушгани йўқ” деб талабни рад этади ва шу тариқа уларнинг нав¬батдаги бебошликлари учун йўл очиб беради.
1917 йилда ташкил топган ишчи-аскар ва деҳ¬қон депутатлари совети, аслини олганда ишчи ва деҳқонлардан эмас, балки тирикчилигининг тайини йўқ саёқ, муттаҳам, талончи ва бебошлардан иборат эканлиги раҳбарларга маълум бўлсада, уларга худди шундай одамлар керак бўлганлиги учун бу ҳолдан кўз юмиб юрардилар. Бу бетайинлар “эски дунёга қарши кураш” шиори остида масжид-мадрасаларни беркитдилар, қозилар ва уламолар ҳибсга олинди. Ҳатто, “Марғилонда совет хокимиятининг вакиллари мусулмонларнинг муқаддас китоб¬лари бўлмиш Қуръонни ёқиб юбордилар; Андижондаги Жомеъ масжиди қизил армия отрядларининг қўнал¬ғаларига айлантирилди.”
Қизил аскарлар намоз ўқиб ўтирганлар устига бомбалар ташладилар. Бойлар ёппасига ҳибсга олинди ва мол-мулклари мусодара этилди. 1918 йил ёзида Ленинга суиқасд уюштирилгач, ўтказилган қизил террор тўлқини Фарғонага ҳам етиб келди. Оқ дўппи кийган, салла ўраган, белбоғига пичоқ осган кишиларни, бойларни, уламоларни саллотлар. “Сиз аблаҳлар Ленинга суиқасд қилдингиз!” дея ҳибсга олардилар. Москва қаерда-ю, Фарғона қаерда?
Хўжалик-иқтисодиёт борасидаги бебошликларчи? “Ер ҳақида”ги декрет баҳонасида ерлар мусодара этилиб, одамлар зўрлик билан коммуналарга бирлаштирила бошланди. Косибларнинг дўконларигача тортиб олинди. Деҳқоннинг кунига яраб турган отлар армия ихтиёрига олинди, устига-устак, Марказнинг “озиқ-овқат развёрсткаси” деган компания эълон қилиниб, деҳқонлар кўз қорачиғидай асраб юрган уруғлик донларигача тортиб олина бошланди.
Ушбу омиллар, айниқса, мухторият туфайли халқ¬дан йиртқичларга ўч олиниши сабр косасига томган охирги томчи бўлиб, халқнинг қаҳр-ғазабини тошириб юборди. Халқ қўзғалди! Ўз номуси, дини, оиласи, еру-мулки, ватанини динсиз болшевиклардан ҳимоя қилиш учун қўзғалди. Дашноқлар ва бебош қизил аскарлардан ўз қишлоқлари, оилаларини сақлаш учун жойларда ўз-ўзини ҳимоя қилиш гуруҳлари ташкил топа бошлади. Уларга ҳаётий тажрибага эга бўлган, Сибир ва қамоқхона азобини тортган, жанг-жадал кўрган, йўлбошчилик учун салоҳиятга эга бўлган йигитлар сардор этиб сайлана бошладилар. Бундай гуруҳларни советлар “босмачилар” деб атай бошладилар. У пайтларда миллий-озодлик ҳаракати жангчилари деган ибора ишлатилавермас, уламолар уларни мужоҳидлар, ғозийлар, лашкари ислом деган атамалар билан атаб, оддий халқ эса уларни йигитлар, фалончининг йигити дер, “йигит” атамаси “навкар” ва “жангчи” атамаси билан қоришиб кетган эди. Бирор киши ушбу озодлик жангчилари сафига қўшилмоқчи бўлса, уйдагиларига “Мен фалончига йигит бўлиб кетяпман” дея эълон қилар эди.
Мазкур гуруҳларнинг сардорлари эса, “қўрбоши” деб аталган. Бу атама тарихимизнинг турли босқичларида турлича изоҳга эга бўлган:
1. Қалъа (шаҳар) қўриқчилари бошлиғи.
2. Оқ подшо даврида: шаҳар, уезднинг маҳаллий аҳолидан иборат полицияси бошлиғи.
3. Феврал инқилобидан сўнг: шаҳар-уезд милиция бошлиғи.
Қўрбошиларнинг айримлари, масалан, Эргаш, Мадаминбек ҳам миллий-озодлик кураши бошланмасдан олдинроқ шу унвонга эга эди.
Октябр тўнтариши ва Туркистон мухторияти ҳалокатидан сўнг Туркистонда биринчилардан бўлиб миллий-озодлик ҳаракати байроғини кўтарган зот, сўзсиз, Эргаш қўрбоши ҳисобланади.
Катта Эргашбек ҳам, Кичик Эргашбек ҳам Хўқанд¬нинг Бачқир депарасидан. Бачқир халқи азалдан ўз жанговарлиги билан атроф қишлоқлар аҳолисидан фарқ қилиб туради. Бачқирликлар Қўқон хонлиги даврида урушлар ҳолатида халқ лашкари—қорачерикнинг энг зарбдор кучлари ҳисобланган. Шунингдек, тахт учун кураш асносида тахт даъвогарлари бачқирликлардан кўп маротаба фойдаланганлар. Сохта Пўлатхон бош кўтариб чиққанда улар ёппасига Пўлатхонга йигит бўлганлар. Худоёрхоннинг укаси, Марғилон ҳокими Султонмуродбек Мар¬ғилондан Қўқонга қочиб келиб, Миён Ҳазратнинг ҳовлиларига яширинган пайтда уни бу ердан чиқариб олишга ҳеч кимнинг юраги дов бермаганда, уни бачқирликларгина бу даргоҳдан юлиб олиб чиқиб кета олганлар. Эргашбеклар мана шундай жанговар муҳитда тарбия олиб, ўзлари ҳам жангари йигитлар бўлиб етишдилар. Ҳақсизликка чидай олмайдиган бу ўт йигитлар йўқсуллар, камситилганлар тарафини олиб, миршаблар, полиция, амалдорлар билан кўп олишдилар.
Биринчи жаҳон уруши бошланиб, Россия бирин-кетин мағлубиятга учрай бошлагач, асрлар мобайнида истило қилинган ерларнинг мазлум халқлари пайтдан фойдаланиб, озодлик уруши бошлашидан, у ҳолда икки фронт¬да жанг қилишга тўғри келишидан чўчиган Оқ подшо маъмурлари чет ўлкалар, жумладан, Туркистонда кўзга кўринган, бўлажак озодлик урушларида йўлбошчилик қилиши мумкин бўлган кишиларни йўқотиш, қамаш, Сибир қилишга киришдилар. Улар Эргашбекларни ҳам одам ўлдиришда айблаб, Сибирнинг узоқ Турухан ўлкасига сургун қилдилар. Мустақилликгача бўлган тарихий ва бадиий адабиётларда ҳам Эргашбек одам ўлдириш, от ўғирлашда айбланиб йўлларда қароқчилик қилиб қамалганлиги ёзилади.
Сибирия сургуни Эргашбек ва улар қатори бош¬қа вилоят ва депаралардан юборилган жасур йигитларга катта ҳаёт мактаби вазифасини ўтади. Бу ерда маҳаллий аҳолидан кўра ҳукм қилинганлар, ҳарбий асирлар, сиёсий маҳбуслар, жиноятчилар ҳамда Эргашбек каби эҳтиёт юзасидан сургун қилинганлар кўпроқ эди. Бу ернинг ўз қонунлари мавжуд бўлиб, “яшаш учун кураш” тамойилига асосланган. Яшаш учун кураш мактабини ўтаган кишилар ҳаётининг аччиқ чучугини тотиш, шахс сифатида тобланиш билан бир қаторда, кўпчиликнинг қалби қотиб, айримларники тош-метинга айланиб, инсон қонидан сесканмайдиган даражага бориб қолар экан. Бу хусусият, тўлиқ бўлмасада, бизнинг йигитларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Мазкур хусусият инсонга фазилат бахш этмасада, унинг жангчи, курашчи бўлиб етишишида бир оз аҳамияти бордек. Китобхон бизни тўғри тушунишини сўраймиз, қаттиққўллик, шафқатсизликни оқламоқчи эмасмиз. Бироқ тарихдан маълумки, юмшоқ кўнгил, раҳмдил кишилардан йирик саркарда ва фотиҳлар чиққан эмас.
Хуллас, бизнинг эргашбеклар ҳам “яшаш учун кураш” мактабини ўтаб, шу мактаб сабоқлари асосида соқ¬чиларни маҳв этиб, уларнинг қурол-яроғини олиб, 1915 йил охирида бир амаллаб Бачқирга қочиб келадилар. Уларнинг қайтиши хабари тезлик билан тарқалиб, депара қишлоқлари аҳли, уларнинг зиёратига келиб кетадилар. Юрагида ўти бор, саргузаштталаб бир қанча ёшлар Эргашбеклар сафида бўлишни хоҳлаб, ўз ёнларига олишларини сўрайдилар. Шу тариқа улар қисқа муддатда юзга яқин йигитга эга бўлдилар. Ушбу йигитлар ичидан энг саралари, чунончи, бибиубайдалик Эшмуҳаммадбек, ўрганжилик Мулла Умар, найманчалик Ойбола ва бошқалар Эргашбекдан фотиҳа олиб ўзларига йигит тўплаб, ўз депараларида ҳарбий кучга айландилар.
Кўп ўтмай, фронт орқасидаги ишларга мардикор олиниши муносабати билан 1916 йил қўзғалонлари бошланди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ҳам Эргаш қўрбошининг баъзи сафдошлари ҳаёт эди. Шулардан бири Саримсоқбой Худоёровнинг эслашича, Эргаш қўрбоши ҳам бу қўзғалонда ўттизга яқин йигити билан иштирок этиб, Янгиқўрғон волостнойи (волост полиция участкаси бошлиғи) ни ва икки миршабни йўқ қилган. Қўзғалон бостирилгач, Оқтовга чиқиб кетган, оқподшо тахтдан ағдарилгач, яна Бачқирга қайтган экан.
Қўқонда мухториятли ҳукумат ташкил топгач, унинг ҳарбий мутасаддилари Асадулла Хўжаев ва Чанишевлар эҳтиёткорлик билан иш кўрадилар. Уларнинг эҳтиёткорлиги ҳукуматнинг “Шўройи Исломия”, “Шўройи Уламо” фирқаларига мансуб аъзоларида норозилик уйғотади. Фарғонадаги миллий-озодлик ҳаракатининг маънавий ғоявий раҳбарларидан бўлмиш тасаввуф шайхи, Нақш¬бандия сулуки шайхул-машойихи Фазл Миён Қудрат Ҳазратлари, ҳукумат аъзоси Камол Қози ва бошқа уламолар ташаббуси билан Эргаш Қўрбоши Мухториятли ҳукумат милиция бошлиғи-қўрбошилик лавозимига таклиф қилинади.
Ҳокимиятни қўлга олиш учун, аввало, қалъани эгаллаш шарт эди. Худоёрхон ўрдасининг ташқи қисмига 1876—1878 йилларда қурилган қалъа мустаҳкам истеҳком бўлиб, давр талабларига тўлиқ мос келарди. Эргашбек, яккама-якка жанг, ўқ отиш, қилич солиш, дала жанги борасида бир оз тажриба ортирган бўлсада, мустаҳкам қалъани забт этиш даражасида ҳарбий тактика ва стратегия илмига эга эмас, бундан ташқари унинг қўлида тўп-замбараклар ҳам йўқ эди. Шу туфайли бир неча ҳамла билан ҳам қалъани олишга муваффақ бўла олмади. Бу орада болшевикларга катта мадад кучи етиб келиб, шаҳарни тўп, пулемёт, милтиқлардан ялпи ўққа тутиш бошланди. Эргаш Қўрбоши шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди ва Бачқирга келиб, йигит тўплай бошлади. Бир неча ой давомида йигитлар адади икки ярим мингга етди. Атроф депараларнинг тақдири Эргашбекникига ўхшаш жасур, ташкилотчи сардорлари: Яйпан (Қораёзибобо)дан Ислом Полвон, Олтиариқдан Тўйчи Полвон ва Султон Ғозибой, Бешариқдан Ҳамдам Хожи, Кистакўздан Абдулаҳад Маҳсум, Сўхдан Ёрбек ота, Воруҳдан Усмон дев ўз йигитлари билан келиб қўшилдилар. Эргашбек уларни қабул қилиб, фотиҳа бериб, ўз ҳудудларига қўрбоши этиб тайинлади.
Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, 1918 йил бошларида Катта Эргаш Қўрбоши қўл остида 20 тадан 2000 тагача йигити бўлган 70 та қўрбоши қизилларга қарши 50 маротабадан ошиқ зарба бериб, ғалабага эришганлар. 1918 йил кузи арафасида унинг қўшинлари сони 24,0 мингтани ташкил этган эди. Эргаш эшон бўлгани учун жойларда ислом шариати номидан иш юритарди.
Қизиллар билан дастлабки тўқнашувлар март ойидаёқ бошланди. Қўқонни талаб, мазахўрак бўлиб қолган бир гуруҳ армани дашноқлар ва қизил гвардиячилар қишлоқма-қишлоқ босқинчилик қилиб, Бибиубайда яқинидаги Палахон қишлоғига етиб келдилар ва уйма-уй юриб талончиликни бошладилар. Бундан хабар топган Эшмуҳаммадбек ўз йигитлари билан бебош тўдага қарши жанг¬га киради. Қишлоқ эркаклари ҳам Эшмуҳаммадбекка ёрдамга чиқадилар. Улар биргаликда бебошларни қириб ташлайдилар, 13 киши жангда ўлдирилади, беш олтитаси қочиб қолишга улгуради, тўрттаси асир олинади. Эшмуҳаммадбек ҳам олтита қурбон беради. Эшмуҳаммад Эргашбекка чопар юбориб, бўлган воқеани эшиттириб қўяди. Эртаси куни Қўқондан Синицин бошлиқ жазо отряди йўлга чиқади. Отрядда 320 жангчи, икки пулемёт ва битта дала тўпи бор эди. Эргашбек ҳам жазо отряди юборилишини олдиндан ҳис этиб, ўша пайтда қўлида мавжуд бўлган 300 йигити билан Бачқирдан чиқиб келади. Синицин отряди Бибиубайда яқинидаги чакалакзорда Эшмуҳаммадбек пистирмасига дуч келади. Жанг айни қизиган пайтда ҳар икки томонга ёрдам етиб келади: Бачқирдан Эргашбек, Қўқондан эса Д.Е.Коноваловнинг темирйўл қизил гвардияси жангга кирадилар. Жанг Эргашбек фойдасига ҳал бўлиб, Коновалов ва Синицин қолган-қутган йигитлари билан Қўқонга қуруқ қайтишга мажбур бўладилар. Шу тариқа, катта-кичик жангларда Эргашбекнинг обрўйи янада ошиб, йигитлари миқдори бир неча баробар кўпайиб, ниҳоят шу йил март ойида Бач¬қирда бўлиб ўтган уламолар ва миллий-озодлик ҳаракати кучлари қурултойида Катта Эргашбек Амирал Муслимин (мусулмонлар амири) этиб сайланади. Шундан сўнг кўп ўтмай Эргаш Қўрбоши Чустни забт этади.
Эргаш Қўрбоши Фарғона водийсидагина эмас, балки бутун Туркистонда озодлик байроғини биринчи бўлиб кўтарган курашчи эди. У 1918 йилда ҳам энг қизғин фаолият кўрсатган қўрбошидир. 1919 йилда бўлиб ўтган жанглардан бирида у ярадор бўлади – қизил мерганлардан бири жанг асноси унинг бошига ўқ узади. Эргашбек бошидан қўймайдиган салла унинг ҳаётини сақлаб қолади, бироқ салла ўқ зарбини юмшатсада, ҳар ҳолда жароҳат қолдиради. Табиблар пешонадаги ўқни бир амаллаб олиб ташлашга муваффақ бўладилар. Ушбу жароҳат таъсириданми, ёки бошқа сабабларга биноанми, ҳар ҳолда Эргаш Қўрбошининг шундан кейинги фаолияти бир оз сустлашади, ўзи ҳам одамови, сусткаш, паришонхотир, бўлиб қолади. Сафдошларининг гувоҳлик беришича, кечаги берган буйруғи эсдан чиқиб, баъзан унинг акси мазмундаги буйруқларни берадиган, ўз хонасига кириб олиб, узоқ вақт бир нуқтага тикилиб ўтирадиган бўлиб қолади. Бироқ, шунда ҳам қуролини ташламади. Бир неча бор советлар билан сулҳ тузди.
МАДАМИНБЕК
Мадаминбек (Муҳаммад Аминбек) Аҳмадбек ўғли 1892 йилда Марғилоннинг Сўқчилик касабасида қашшоқланиб қолган бекзодалар хонадонида туғилган. Мадаминбек Фарғона қўрбошилари ичида энг машҳури бўлиб, унинг ҳақида қатор китоблар ҳам битилган. Мадаминбек ёшлигида отасига ёрдам бериб, ёғочдан турли буюмлар ясаб сотиб юрди, кейинчалик бозорда ҳаммоллик, дўкондорлик, карвонларда сарбонлик қилди. Умуман у ҳаёт мактабининг дастлабки босқичини бозорда ўтади. Саводи тузук бўлганлиги учун савдогарлар, закунчилар, амалдорлар доираларига ҳам кириб борди. У ўрта бўй, келишган, мўйлаблари ўзига ярашган, сўзамол, “Мар¬ғилоннинг дўпписини чаккага дол қўйган, беқасам тўнни елкага ташлаган, баланд пошна этик кийган чапани йигит”, сафдошлари ичида энг ўктами эди. Жамиятда шундай бир қонуният бор — кишининг обруйи ошиб, дўстлари қай миқдорда кўпайса, унинг душманлари ҳам доим етарли бўлади. Ана шу ҳасад Мадаминбекни Сибирга сургун қилди.
Мадаминбек 1918 йил бошларида Марғилон милиция¬си бошлиқлигига тайинланади. Мухторият тугатилиб, Қўқон қонга ботирилгач, Мадаминбек ўз қўл остидаги уч юз йигит билан миллий-озодлик ҳаракати йўлига ўтади. У Тошлоқ қасабасидаги Ғорбуво қишлоғини ўзига қароргоҳ қилиб олиб, қизил гвардиячилар билан дастлабки жангларини бошлаб юборади. Кейинчалик, Ғорбувони Шермуҳаммадбек ихтиёрида қолдириб, қароргоҳини Балиқчига кўчиради. Балиқчи водийнинг қоқ маркази бўлиб, икки улуғ дарё: Қорадарё ва Норин қўшилиб, Сирдарё ҳосил бўладиган жойдир. Бу касаба водийнинг тўрт йирик музофоти — Қўқон, Наманган, Андижон, ва Марғилон ҳудудлари ўзаро туташган, бутун водийни назорат қилиб туриш мумкин бўлган, муҳим стратегик аҳамиятга эга жой эди.
Мадаминбек водийнинг турли ерларига одам юбориб, улар орқали аҳолига ўз мақсадларини: аввало Фарғонани, кейинроқ, Аллоҳ насиб этса, бутун Туркистонни большевиклар зулмидан озод қилиш, шариат оёқости қилинмайдиган жамият қуриш, бунинг учун эса қўлга қурол олиб курашиш лозимлигини тушунтирди ва курашга даъват этади. Тез орада унинг қўшини 4000 кишига етиб қолди. Унга Балиқчидан Бойтуман ҳожи, Найзақайрағочдан Солиҳ Маҳсум, Оқ ердан Қозоқжонбек, Қоракўл¬дан Ҳошим полвон, Булоқбошидан Мулла Жуман, Валикдан Миркаримбой, Нурулла Маҳсум, Абдуллажон, Учқўрғондан Назриддин Мингбоши, Лошмондан Тўхтабой Понсод, Қумариқдан Болтабой Қўрбоши, Ёзёвондан Юсуф Полвон, Қоратепадан Қурбонбой, Варзикдан Абдуллажон Маҳсум ўз йигитлари билан келиб қўшилдилар.               
Мадаминбек ўзининг ўсиб бораётган қўшинида бебошлик, талончилик ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун қози ва муфтийлар ёрдамида махсус Низомнома тузади. Низомномада миллий-озодлик курашининг ғоявий йўли, мақсад ва вазифалари баён этилади, ҳамда асосий қисмида кураш иштирокчиларига қўйилган талаблар кўрсатилади. Чунончи:
— беҳудага қон тўкмаслик;
— ўз ҳудудида тинчлик-осойишталикни таъминлаш;
— талончилик билан шуғулланмаслик;
— шариат ҳукмлари бўйича иш тутиш ва ҳ.к.
Мадаминбек янги қўшилган ҳар бир қўрбошини мазкур Низомнома билан таништириб, унга амал қилиш учун имзо қўйдириб олган. Афсуски, бу муҳим ҳужжат мозий қаърида қолиб кетди. Унинг бирор нусхаси на архивларда, на одамлар қўлида сақланиб қолган. Бу ҳужжатнинг мавжудлиги ҳақида унга ўзи ҳам имзо чеккан риштонлик Абдусаттор Косатарош марҳум падари бузрукворимизга сўзлаб берган экан.
Мадаминбек қўшинидаги йигитлар жасур, ғояга содиқ жангчилар бўлсаларда, уларнинг аксарияти умрида пичоқ, болта-теша, кетмон ва паншахадан бошқа қурол ишлатмаган, жанг кўрган бўлсада, катта ҳарбий операцияларда иштирок этмаган, жанг тактикасидан бехабар бўз йигитлар эди. Маҳаллий миллат вакиллари ичида ҳарбий мутахассислар йўқ ҳисоби. Шу туфайли Мадаминбек ўйлаб-ўйлаб собиқ подшо Россия армияси зобитларидан фойдаланишга қарор берди, илло, водийда қизил ҳокимиятни тан олмаган, уларга қўшилмагани учун таъ¬қибга учраган ҳарбий мутахассислар етарли эди. Улар ҳам мавжуд ҳокимиятга қарши курашишни хоҳлар, водийнинг руслар кўпроқ истиқомат қиладиган шарқий қисмида (Жалолобод, Ўзган) ўз қўшинларини ташкил этган, бундай имконият бўлмаган бошқа жойларда эса пайт пойлаб ётар эдилар. Мадаминбек уларнинг ҳузурларига одам юбориб, умумий душман, яъни, большевикларга қарши ҳамкорликда жанг қилиш, бирлашишни таклиф қилди. Миллий-озодлик ҳаракати асосан ислом байроғи остида иш кўраётганлиги рус офицерларини чўчитиб турарди. Шу туфайли Мадаминбек ўз қўшинида диний эркинлик эълон қилди. Шундан сўнг Осипов, генерал Муханов, полковник Белкин (Корнилов), кейинчалик эса, Шарқий Фарғонада таркиб топган крестъянлар армияси қўмондони генерал Монстров унга қўшиладилар. Биринчи бўлиб эса қизил армия таркибидаги махсус Помир отряди қўшилган эди. Бу отряд урушларда чиниққан, тоғ шароитида жанг қилишга моҳир йигитлардан иборат бўлиб, “Бўри галаси” деган ном орттирган. Унга штабс-капитан Плотников бошчилик қилган. Ўзи аслида қирғиз бўлиб, руслар ичида тарбия олган ва полковник даражасига эришган Сулаймон Кучуков эса ўз бўлинмаси билан бек қўшинига келиб қўшилди. Рус офицерлари Мадаминбек қўшини штабини бошқарганлар, йигитларга замонавий жанг усулларини ўргатганлар.
Мадаминбекнинг дастлабки жанглари Марғилон атрофларида, сўнгра эса Наманган ва Балиқчи оралиғидаги Жийдакапа қишлоғида бўлиб ўтди. Бу жанг¬да дастлабки хиёнат содир этилди: Плотников бошчилигидаги Помир отряди қизиллар билан ярашиш мақсадида уларга хат жўнатганлиги маълум бўлиб қолди. Қўрбоши Бойтуман ҳожи буни сезиб қолиб, Мадаминбекка хабар беради. Мадаминбек етиб келиб, отрядни қуролсизлантиради. Бироқ Плотниковнинг буйруғи билан қуршовдаги қизил гвардиячилар Наманган томон чекинишга муваффақ бўладилар.
Кейинги жанглар эса муваффақиятли ўтди. Мадаминбек Марказий Фарғонанинг қишлоқ ҳудудларида ўз ҳокимиятини ўрнатишга муваффақ бўлди. Марғилон шаҳри, гарчи унинг қўл остида бўлмасада, бу ерга бемалол келиб кетадиган бўлди.
Мадаминбекнинг довруғини ёйган катта, шиддатли жанглар асосан 1919 йилда бўлиб ўтди. Йил бошида у энг катта куч — Сафонов бошчилигидаги 20 минг кишилик жангчиси бўлган Скобелев (хозирги Фарғона) шаҳрига ҳужум қилди. Ҳужумнинг тўсатдан бўлганлиги душманни гангитиб қўйди. Кўча жангларига тоб беролмаган қизил гвардиячилар гарнизон қалъасига бир амаллаб кириб оладилар. Мадаминбек қалъани қамал қилиш фойдасизлигини, тез орада бутун водийдан қўшинлар ёрдамга етиб келишини олдиндан билган ҳолда, турмага ҳужум қилиб босмачиликда айбланган бир қанча кишилар ва рус офицерларини озод қилди ҳамда Фарғона қўшинлар қўмондони М.В.Сафоневни асир олади.
Скобелев жанги совет қўшини, унинг бошлиқлари учун катта сабоқ бўлди. Улар, ўз қаршиларида бетартиб, тар¬қоқ тўдалар эмас, балки яхши уюшган, салоҳиятли саркарда қўмондонлик қилаётган мунтазам армия турганлигини ҳис этдилар.
Мадаминбекнинг дастлабки муваффақиятлари унинг обрў-эътиборини оширди. Мусулмон лашкарбошиларининг навбатдаги қурултойида ҳаракати суст¬лашган Катта Эргаш Қўрбоши ўрнига Мадаминбек “Амир Ал Муслимин” этиб сайланди. Хафа бўлган Эргаш Қўрбоши қурултой қарорига бўйсунмаслигини эълон қилди ва ўз ҳолича, ҳеч кимга итоат қилмай курашни давом эттиришни маълум этди. Обрў-эътибор билан биргаликда ҳасадгуйлар ҳам кўпайди. Унинг қўл остида жанг қилаётган Тўйчи, Қорабой, Холхўжа ва яна уларга ўхшаш бир неча қўрбошилар қандай қилиб бўлсада, Мадаминбекнинг ўрнига ўзлари ўтиришни, амирал муслимин байроғини ўзлари тутишни орзу қилар эдилар ва бу йўлда яширин йўл тутганлар.
1919 йил 22 октябрда Помирнинг Иркештом (Эргаштом) овулида Мадаминбек раҳбарлигида Фарғона Муваққат ҳукумати тузилди. Мадаминбек ҳукумат раиси ва бош қўмондон қилиб тайинланди. 1920 йил февралида совет қўшинлари Мадаминбек, Шермуҳаммадбек қўшинига қарши ўнлаб самолёт, бронепоезд, катта миқдордаги тўп пулемётлар билан ҳужумга ўтди. Ҳарбий ташаббус қўлдан кетганлигини ҳис этган Мадаминбек ўз қўшини, йигитларини сақлаб қолиш мақсадида яраш музокараларини таклиф этди, ҳамда у билан дивизия бошлиғи Верёвкин-Рахальский ўртасида 1920 йил 6 мартда Скобелев шаҳрида яраш битими имзоланди. Таслим бўлганларни авф этиш ҳақидаги совет ҳукуматининг қарори чиққан бўлсада, большевиклар томонидан ўлдирилган Мадаминбек ўлимининг эртаси куниёқ бошқа истиқлолчиларни ҳам шафқатсиз қириш бошланди. 
ХОЛХЎЖА ЭШОН
Миллий озодлик жабҳасида от сурган энг йирик, забардаст қўрбошилардан бири Холхўжа Эшон эди. Муаммога оид кўплаб тадқиқотларда Холхўжа Эшон энг ёвуз, жоҳил қўрбоши сифатида таърифланади. Ҳатто совет тарихчилари ва адибларига аксил жабҳада турган Шаҳобиддин Яссавий каби муаллифлар ҳам унинг салбий хислатларидан кўз юма олмайдилар. Фақат турк ёзувчиси ва журналисти Али Бодомчининг Туркистон Қўрбошилари мавзусидаги туркум мақолаларидагина у ижобий шахс сифатида қаламга олинади.
Холхўжа Эшон шундай машҳур шахс бўлгани билан, унинг 1917 йилгача бўлган ҳаёти ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Манбаларда, унинг Ўшлик эканлиги, Шар¬қий Фарғонада фаолият кўрсатганлиги, айрим жанглари тафсилоти ёзилади, холос. Шунингдек, манбаларда Холхўжа Эшон Мадаминбек фожиасининг бош қаҳрамони сифатида қаламга олинади.
Холхўжа Эшон 1918 йил охирларида ўз йигитлари билан Мадаминбек қўшинининг таркибига киради ва ўз минтақасида фаолият кўрсатади. Феъл-атвори, қарашлари бошқача бўлган бу икки қўрбоши ўртасида кўпгина гап-сўзлар бўлиб ўтади. Мадаминбек Холхўжани интизомсизлиги, ахлоққа зид айрим қилмишлари учун бир неча ой қаматиб қўяди, сазойи қилдиради. Бу эса Эшонда бир умрлик кек уйғотади.
Нима бўлганда ҳам, Холхўжа Эшон забардаст, қизил гвардиячиларга бир неча марта қақшатгич зарбалар бера олган курашчи эди.
Шунингдек, халқ миллий озодлик курашининг бошланғич даврида юқорида ўқиганингиздан таш¬қари яна бир қанча йирик қўрбошилар майдонга чиқдилар.
Андижондан Парапи қўрбоши бошчилигидаги Юнусбек, Исроилбек, Маҳкам Ҳожи, Охунжон, Мулла Абдураззоқ, Қозоқбой, Мирза тоға қўрбошилар.
Ўшдан Холхўжа Эшон бошчилигидаги Соҳиб қори, Йўлчибек, Теша офицер, Нўъмонбек, Мулла Умрзоқ, Саид Аҳмадбек, Йўлдош полвон;
Намангандан Омон Полвон қўл остидаги Раҳмон¬қулибек, Йўлдош Чатоқ, Сотволди Қози, Рўзимуҳаммадбек, Ҳожи Тўрабек, Бойтуманбек;
Ўзгандан Жонибек Қози қўл остидаги Шамсибек, Жамол, Қодир, Муҳаммад Иброҳимбек қўрбошилар.
Олойдан Муҳиддинбек қўл остидаги Янгибой Амин, Усмон Мингбоши, Бекмурод, Саркор Ота, Мулла Сиддиқ, Нурмуҳаммад Мингбоши каби қўрбошилардир.
Энди, китобимизнинг бош қаҳрамони Шермуҳаммадбек ҳақида қалам юритар эканмиз, аввало, унинг бош қароргоҳи бўлмиш Ғорбуво қишлоғи ҳақида маълумот бериб ўтишни лозим топдик.         
ҒОРБУВО
Марғилоннинг Тошлоқ депарасида, унинг чўлга уланиб кетган энг четида жойлашган бу қадимий қишлоқ бир тарафи экинзорлар, бошқа тарафи эса қамишзор ва чангалзорлар билан ўралган, ўша давр ўлчами бўйича ўртача бир аҳоли масканидир. Қишлоқнинг қадимийлигини унинг яқинида жойлашган қалъа ва работнинг текисланиб, деярли ер билан битта бўлиб кетган вайрона қолдиқларидан билса бўлади. Унинг атрофида Шилва, Рамазон, нарироқда эса Яккатут, Бўстон, Яккабед ва бошқа қишлоқлар жойлашган.
XX аср бошларида Ғорбуво расмий жиҳатдан Фарғона вилоят Марғилон уезди, шаҳар атрофи участкасининг Яккатут волостидаги Рамазон қишлоқ таркибида турган. Асрнинг бошларида аҳоли рўйхатига кўра, Ғорбувода 172 хонадон мавжуд бўлиб, 132 хонадон ўз хусусий ер мулкига эга бўлган, қирқ хонадон эса ерсиз ҳисобланган. Аҳолиси эса 686 кишидан иборат бўлиб, шундан 393 нафари эркак, 293 нафари аёл эди. Қишлоқ Марғилон шаҳридан 20 чақирим, Горчакова темирйўл станциясидан 16 чақирим масофада жойлашган. Ушбу машҳур қишлоқ номи миллий-озодлик ҳаракати акс эттирилган барча манбаларда учрайди. Уни тарихчи ва ёзувчиларимиз Карбобо, Ғарбобо тарзида қаламга олиб келдилар. Халқда эса у Ғорбуво деган ном билан машҳур. Рус тилида ёзилган манбаларда, бу тилда “Ғ” товуши бўлмаганлиги туфайли Гарбаба шаклида ёзиб келишди.
Қишлоқдан бир оз нарида шу депарадаги уч-тўрт қишлоқ учун умумий ҳисобланган катта бир қабристон бор. Унинг ўртасидаги бир тепалик этагида Ғорбуво зиёратгоҳи жойлашган...
Совет ҳокимияти йиллари эди. Хизмат сафари ёки сайри-саёҳат юзасидан Ленинградга ҳар борганимда у ерлик таниш билишларни бир-бир йўқлаб қўяр эдим. Навбатдаги сафарларимдан бирида ҳарбийда бирга хизмат қилган бир зобит дўстимникида бир-икки соат меҳмон бўлдим. У сидқидил хизмати учун Ленинград ҳарбий округи штабига ўтказилган эди. Унинг хотини шарқшунос бўлиб, тасаввуф тарихи билан шуғулланар экан. Чой ичиб ўтирганимизда Людмила Борисовна (хотинининг исми шарифи шундай эди) савол бериб қолди:
— Марғилон шаҳри сиз яшайдиган шаҳардан узоқми?
— Йўқ, унчалик узоқ эмас, энг яқин йўлдан юрилса, етмиш километр ҳам чиқмайди.
— Ўша Марғилон яқинида Гарбобо деган жойни эшитганмисиз?
— Ҳа, у жой ҳақида кўп эшитганман ва ўқиганман. У жой “босмачилар” уруши даврида (у вақтларда миллий-озодлик кураши деган ибора ҳар жойда ҳам тилга олинавермас, фақат энг яқин, ишончли дўстлар даврасидагина пичирлаб айтиларди) антисовет кучларининг йирик қароргоҳи бўлган. Нима сиз ҳам бу уруш тарихи билан қизиқиб қолдингизми? Билишимча, соҳангиз бошқа эди шекилли.
— Йўқ-йўқ, бу жойнинг “босмачилар” уруши даврига оид тарихи мени қизиқтиргани йўқ. Биласизми, мен ўзим университетда ишласам ҳам, ишим юзасидан архив¬лар, илмий кутубхоналарда кўп бўламан. Салтиков-Шчедрин номли халқ кутубхонасининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида чамаси ўнтача жилдда (папкада) йиртиқ-сиртиқ қоғозлар сақланади. Улар турли китоблардан тушиб қолган алоҳида варақлар, бир қисми йиртилган турли ҳужжатлардир. Улар шу туфайли илмий инвентар ҳисобига киритилган. Шарқшуносларнинг баъзилари бу папкаларга ҳазил тариқасида “турфа қоғозлар папкалари” деб ном қўйиб олганлар, шуниси қизиқки, асосий жамғарма материалларида топилмаган айрим фактлар ва маълумотлар айни ушбу папкалардан чиқиб қолади. Шу туфайли шарқшунослар ўз ишлари жараёнида, албатта, уларни ҳам кўздан кечириб қўядилар. Мен ҳам шу папкаларни титиб ўтириб, Қўқон хонларидан бўлмиш Норбў¬табекнинг бош вазири Хонхўжа томонидан Марғилон вилояти Тошлоқ депарасидаги Ғорбуво қишлоғи яқинида жойлашган Хожа Пирмуҳаммад Қаландар мозорига берилган вақф мулки ҳақидаги “Вақфнома” деб номланадиган ҳужжатнинг бир парчасини топиб олдим. Ҳужжат чамамда тўрт букланган ҳолатда қаерлардадир узоқ сақланган. Вақт ўтиши билан буклов чизиғидан йиртилиб, мазкур папкага унинг тўртдан бир қисмигина тушиб қолган. Қаландарлик соҳаси менинг илмий ишимга яқин бўлганлиги учун бу қаландарнинг шахси ҳақида маълумот изладим. Айналиб-ўргилиб, кичик, узук-юлуқ маълумотни яна шу папкаларнинг биридан топдим. Маълумки, Туркистон ва Эронда авлиёлар, зоҳидлар, обидлар, шайхлар ва қаландар-дарвешлар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган умумий номи “Тазкират ул авлиё” бўлган асарлар (авлиёлар ҳақида ёдномалар) яратилган. Бу асарларнинг айрим варақлари ҳам мазкур паришон қоғозлар папкасига тушган экан. Ушбу варақларнинг бирида Хожа Пирмуҳаммад Қаландар шахси ҳақида кичик бир маълумот бор экан. Маълум бўлишича, Хожа Пирмуҳаммад XVIII асрнинг биринчи ярмида Фарғонада яшаб ўтган бўлиб, “Қодирия” сулукига мансуб зот экан. Гарчи у ёшлигига қарамай, илмда, тариқатда шайхлик даражасига етишиб қолган бўлсада, қаландарлик жуббасини ташламаган экан. У XVIII асрнинг қирқинчи йилларида қалмоқ босқинчилари билан бўлган жангларда асир олиниб, қатл қилинган экан. Бу қаландар шахси ҳақида бошқа ҳеч нарса топа олмадим.
Бу борада сўз очишимдан мақсад шу эдики, сиз раҳбар одамсиз. Хизмат юзасидан водийда кўп юрсангиз керак. Шу улуғ одам (агар шунчалик улуғ бўлмаганда, хоннинг вазири унинг қабрига ғамхўрлик қилармиди?) ҳақида хоҳ ёзма, хоҳ оғзаки маълумот қўлингизга тушиб қолса, менга бир нусха жўнатишингизни илтимос қилган бўлар эдим. Хаёлимдан кўтарилмаслиги учун қаландарнинг номини бир парча қоғозга ёзиб берди.
Ленинграддан қайтгач, тақдир мени Қўқоннинг катта қабристонидаги хонақоҳлардан бирида истиқомат қилиб турган Ҳайдарқули Қаландар билан учраштирмагунча Людмила Борисовнанинг илтимосини қониқтирадиган бирор бир маълумот топишни насиб этмади. У киши хақида менга дўстларим дарак бериб – “қаландарлар тарихини ҳеч ким Ҳайдарқули буводан кўп билмаса керак” – дедилар. Дарҳақиқат, Ҳайдарқули Қаландар тасаввуф тарихини, қаландарлар ҳаётининг катта билимдони экан. Бир умр қаландарлик қилиб, 1960 йилларда фаолиятнинг бу тури тақиқлангач, қабристондан нонини топиб еб юрган. Шу кишини уйга олиб бориб, меҳмон қилгач, Хожа Пирмуҳаммад Қаландар шахси, у киши дафн этилган Ғорбуво мозори ҳақида сўрадим. У киши менга бутун бир афсона сўзлаб бердики, китобимиз мавзуси Ғорбуво эмас, миллий-озодлик ҳаракати бўлганлиги туфайли, унинг қисқа баёнинигина келтириб ўтишга тўғри келди.
Халқ оғзаки ижоди антиқа бир рўё: унда афсона, илоҳий куч, сеҳр аралашмаган бирорта сюжет топиш қийин. Шу тариқа, Ғорбуво ривояти ҳам афсонавий унсурлардан ҳоли эмас.
ҒОРБУВО АФСОНАСИ
Ровийлар андоқ ривоят қилурларким, Хўқанд шаҳрида Хожа Пирмуҳаммад исмли бир қаландар истиқомат қилур эди. Ўзи махдумзодалардан (Махдуми Аъзам авлодларидан) бўлиб, Аллоҳга ишқи ниҳоятда оташин эрди, “Ху” (“Ху”—Аллоҳнинг тасаввуфдаги номи) деганда димоғидан оташ чиқур эди. Самарқанд Дахбедида тариқат йўлини ўтаб, иршоднома ҳам олган, тариқатда халифалик даражасига етган. Хотуни ва гўдак боласи қорачечакдан вафот топгач, қаландарлик жуббасини ки¬йиб, хонақоҳга чиқиб кетган эрди. Ўзи ниҳоятда кўркам, хушсурат йигит бўлиб, қанча-қанча бою-боён, бек-амирлар одам қўйиб, ўз қизларини пешкаш қилсаларда, рад этган эрди.
Замоники келди, Чинмочин мамлакатига қўшни бўлиб яшаб турган жунғор халқи ерлари Чинмочин томонидан босиб олина бошланди. Жунғорлар олдинига Или, Еттисув, Оқсув, Қошғар томонларга қабила-қабила бўлиб босиб келдилар. Кейинроқ эса Талас ва Қошғар орқали Фарғонага ҳам кириб келдилар. Фарғона халқи мудофаа курашига қўзғалди. Хўқанд хони Абдулкаримбий қўшин тўплаб, шаҳарларни қўриқлашга юборди.
Қаландарлар ҳам бу курашдан четда турмадилар, Улар бир қўлда асо, бир қўлда қилич тутиб, халқ лашкарига қўшилдилар. Хожа Пирмуҳаммад ҳам хонақоҳни тарк этиб, қўлига қурол олди.
Жунғорлар ҳам мўғулларга ўхшаб, ҳар қандай ҳолатда: яйловдан-яйловга кўчишда ҳам, уруш ҳолатида ҳам уруғ аймоқ, бола-чақаси билан юрар, эркаклари олдинги сафда бўлса, хотин-бола чақалари қўшин орқасидаги ўғруқ (обоз) да келар эди.
Жунғор қўшинининг бир қисми Ёзи-Ёбон орқали Марғинонга яқинлашиб қолди. Мудофеълар (мудофаачилар) уларнинг йўлини тўсиш учун чиқдилар. Марғинондан уч-тўрт тош масофада қаттиқ жанг¬лар бошланиб кетди. Жунғор қўшинининг бу қисмига жунғор хонларидан бирининг беваси Чечек Хотун бошчилик қилар эди. Эри Или ёнидаги жанг¬ларда ҳалок бўлгач, эрининг ўрнига жунғор хоқонининг рухсати билан шу хотин ўтирган эди, зеро, Чечек хотун ўзининг салоҳияти, жанговарлиги билан эркаклардан қолишмас, ҳатто улардан ўтиб тушар эди. Эри ҳалок бўлгач, унга кўплаб жунғор хонлари, ҳатто хоқоннинг укаси ҳам талабгор бўлдилар, бироқ уларнинг бирортасига ҳам юраги жиз этмади. Ўлган эридан ҳам кўнгли тўлган эмас. Унинг назаридаги, орзусидаги эр нафақат ботир, кучли, жанговар, балки ахлоқли, гўзал, илмли бўлиши керак эди.
Чечек хотун баъзан ўзи ҳам жангда қатнашар, баъзан бирор тепаликка чиқиб олиб, ўша ердан туриб жангни бошқарарди. Жанглардан бирида Чечек хотун Хожа Пирмуҳаммад билан тўқнаш келиб қолди. Малика Хожани кўрди-ю ўзини йўқотди: Хожанинг кўзларидан, юзларидан нури илоҳий тўғри маликанинг қалбига йўл топиб кириб, ўзининг фикри-хаёлидаги, орзусидаги эркак ишқи¬да қовжираб ётган юрагини аланга олдириб юборди. Беихтиёр кўксидан қалқони, қўлидан қиличи тушиб кетди. Кўзи тиниб, гандираклади, гандираклаганда бошидаги дубулғаси ҳам юмалаб кетиб, кокиллари паришон бўлди. Хожа унинг аёл эканлигини, қўлидан қуроли тушиб кетганини кўриб, қилич кўтарган қўлларини пастга туширдилар. Шу пайт довул чалиниб, ҳар икки қўшин қиличини қинига солганча ўз қароргоҳига қайтди. Ўша пайтдаги жанглар ҳалол, мардона бўлиб, довул чалиб жангга кирилар, довул чалиб жанг тўхтатиларди. Довул овози келиши билан душман боши устида ўйнаган қилич қайта қинга тушиши, рақибини бўғиб турган жангчи унинг томоғидан чангалини бўшатиши шарт эди. Ушбу жангда Чечак хотуннинг қайин синглиси Зебердет ҳам иштирок этган бўлиб, у ҳам Хожа Пирмуҳаммадни бир кўришда ошиқ бўлиб қолди. Унинг эри жунғор хоқонининг туманбошиларидан бўлиб, қари, кўримсиз киши эди. Зебердет унга хизматлари учун мукофот тариқасида берилган, эридан қониқмаган жувон бошқа кўркам, ёшроқ лашкарбошилар билан дон олишиб юрар, буни кўпчилик билсада, эри билмас эди, холос.
Эртаси кун жангга довул чолингач, Чечек Хотун ўз лашкарбошилари билан бир дўнг устига чиқиб, Хожа Пирмуҳаммадни уларга кўрсатиб;
— Анови жангчини яхшилаб таниб олинглар ва черикларингизга тайинланглар-ки, уни ўлдириб қўйишмасин. Бир амаллаб озор етказмай асир олинг¬лар.
Кўп ўтмай Чечек Хотуннинг хос навкарларидан бир нечтаси учи сиртмоқ қилинган арқонларини тайёрлаб, жанг қизиб турган жойга, Хожа Пирмуҳаммадга яқинлашиб бордилар. Арқон ташлашда жунғорларнинг олдига тушадигани камдан-кам топилса керак. Навкарлар ҳар томондан Хожани ўраб келиб, бараварига арқон ташладилар. Хожа беш-олти сиртмоқ ичида қимирламай қолдилар. Навкарлар Хожани арқон билан сирмаб, қароргоҳга етказиб келиб, бир ўтовга қўйдилар ва пойлоқчиликка турдилар. Жанг ниҳоясига етиб, довул чалингач, Чечек Хотун Хожани банддан бўшаттириб, ўз чодирига олдириб келди ва меҳмон қилди. Бу меҳмондорчиликда Чечек Хотун ўз мақсадини баён этмади. Иккинчи, учинчи куни ҳам оғиз очмади. Хожа ўз кароматлари воситасида ушбу меҳмондорчилик мақсадини англаб турсаларда, сирбой бермай ўтиравердилар. Бу орада Чечек Хотун қўшинининг қолган қисми ҳам етиб келиб, жангда ғалаба қозониб, Марғинон қўшинининг катта бир қисмини асир олдилар. Қўшиннинг қолган-қутган, соғ қолган кичик бир қисми Марғинонга чекинди.
Чечек хотунда кўчманчи, ярим ёввойи халқ аёлларининг аксариятига хос бўлмаган иффат, уялиш ҳисси бор эди. Ушбу иффат Хожага севги изҳор қилишга йўл бермай, маликани изтиробга солар эди. Маликанинг Нурмуҳаммад Охунд номли бир доно уйғур мирзоси бўлар эди. Иложсизликдан қийналган малика ниҳоят Охундга қалб сирларини очиб, уни элчиликка (у пайт совчилар ҳам элчи деб айтилар эди) таклиф қилди. Бошқа жун¬ғор ҳукмдорларидан катта фарқи бўлган Чечек Хотунни ҳурмат қиладиган Нурмуҳаммад Охунд таклифини қабул қилди. Малика Охундга Хожанинг ҳар қандай талаби бўлса рад этмай, қабул қилиш лозимлигини тайинлади. Асирликининг тўққизинчи куни Хожани яна маликанинг чодирига олиб кирдилар. Охунд дархол мақсадга ўтмасдан, диний-дунёвий ишлар, тариқат масалаларидан суҳбатлашиб ўтирди. Сўнгра аста-секин мақсадга яқинлашиб, маликанинг дил изҳорини баён этди. Хожа бир оз сукут сақлаб туриб, шундай дедилар:
— Ўзингиз ўйлаб кўринг, Охун ака (бизнинг ўлкаларда уйғур миллатига хос барча кишиларга “Охун ака” деб мурожат қилинади), ватаним хавф остида турган бир пайтда, қуролдош шерикларим асирлик азобини чекиб ётган бир ҳолатда уйланиш ҳақида сўз бўлиши мумкинми? Яна, у аёл босқинчиларнинг катталаридан бири, устига-устак ғайридин бўлса...
Парда ортидан суҳбатни тинглаб турган малика нав¬кар орқали Охундни чақиртириб олиб, нималарнидир уқтирди. Кўп ўтмай Охунд яна Хожанинг олдиларига чиқиб, маликанинг қарорини эшиттирди.
— Агар сиз маликани никоҳингизга олишга рози бўлсангиз, уруш ҳаракатлари тўхтатилади, асирлар озод қилинади, малика динимизни қабул қилиб, муслима бўлади, ўз қўл остидагиларни ҳам исломга даъват қилади...
Уларни шу сўзда қўйиб, энди воқеани бошқа жойдан тингланг. Хожага ошиқу беқарор бўлиб қолган Зебердет хон хонадони аъзоси ҳуқуқидан фойдаланиб, бир неча марта Хожа банд бўлиб турган ўтовга кириб, Хожага севги изхор қилди. Унинг қандай аёл эканлигини каромат кучисиз ҳам сезиб турган Хожа рад жавобини бердилар.
Хожани маликанинг чодирига олиб келишгач, Зебердет ҳеч кимга сездирмай, чодир атрофини ўраб олган чоҳга тушиб, чодир этагининг бир четини кўтариб, гап пойлаб турди. Ниҳоят, Хожанинг:
— “Ундоқ бўлса, яъни, босқинчилар қўшинининг бир қисми уруш ҳаракатини тўхтатиб, шерикларим банд¬дан халос бўлишса, ғайридин аёл ва унинг қўл остидаги минглаб кишилар исломни қабул этар эканлар, маликанинг таклифини қабул қилишдан ўзга иложим йўқ, розиман”, — деган сўзларни эшитгач, ўзини қўярга жой тополмай қолди, рашк ўтида тўлғониб-ёнди.
Маликада дини исломга кириш фикри бир қанча вақт олдинроқ пайдо бўлиб, Нурмуҳаммад Охунд¬дан бир оз таълим олган экан. Хожанинг розиликларини эшитгач, бошига катта рўмолни чодира қилиб, “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ”, деганича парда ортидан чиқиб келди. Охунд ва Хожага енгил таъзим қилиб, чўкка тушиб ўтирди ҳамда “Ла илаҳа иллалоҳу Муҳаммадин Расулуллоҳ”, дея калима қайтариб, муслима бўлди. Учалалари маслаҳатни бир жойга қўйиб, урушни тўхтатиш, асирларни озод қилиш, хоқонликдан ажралиб чиқиш ҳамда фуқароларни исломга киритиб, тинч меҳнат билан шуғулланишга ўргатиш, шундан сўнггина никоҳ ҳаракатини қилишга келишиб олдилар. Шундан сўнг Хожа ўз ўтовларига қайтдилар. Асирлар шу ондаёқ банд¬дан бўшатилиб, озод қилинди. Чодирдаги суҳбатни эшитиб, умидини ўзган Зебердет охирги марта ўз бахти учун ҳаракат қилиш мақсадида Хожа билан изма-из у кишининг ўтовларига кириб келди. Хожа яна унинг севгисини рад қилганларидан сўнг сўради:
— Менинг Чечекдан қайирим кам? Ҳуснда ҳам, мавқеъда ҳам ундан баланд бўлсам баландманки, асло паст эмасман.
— Афтинг балки гўзалдир, бироқ ахлоқинг гўзал эмас, тилинг ҳам, дилинг ҳам, қилиб юрган ишларинг ҳам пок эмас. Қўй, ўзингни ортиқча уринтирма, мен сени асло қабул қилолмайман. Сўзим қатъий.
Зебердет охирги чорани қўллаб кўрди—ечиниб, ўзининг келишган бадани билан Хожани ром этмоқчи бўлди. Бироқ Хожа ерга қараб, истиғфор айтиб ўтиравердилар. Зебердетнинг алами, қаҳри-ғазаби жунбушга келиб, ки¬йинганича ўтовдан отилиб чиқиб кетди.
Аёл учун рад этилган севгидан ҳам қаттиқроқ ҳақорат бўлиши мумкинми? Бу қаҳру ғазаб, бу алам, бу рашк, бу ўч олиш туйғуси Зебердетни шу заҳотиёқ отга ўтказиб, Жунғор хоқони қароргоҳи сари бошлади. У кечаси билан от елдириб, қуёш чиққан маҳалда хоқон қароргоҳига кириб борди ва ўз саргузаштидан бошқа барча бўлиб ўтган ишларни хоқонга етказди. Хоқон қаҳр ғазабга тўлиб, минг кишилик хос навкарларини Чечек Хотун қароргоҳига юборди. Навкарлар Чечек хотун ва Хожа Пирмуҳаммад қаландарнинг қўл-оёқларини боғлаб, хоқон ҳузурига етказиб келдилар. Хоқон уларни шахсан ўзи сўроқ қилиб, ниҳоят уларга ўз қарорини эълон қилди:
— Иккаловинг ҳам бизнинг динимизга қайтасизлар. Шундагина сизларни кечириб тўйларингга ўзим бош бўламан. Бу йигитнинг яхши жангчи эканлигини эшитдим. Уни ўзимга туманбоши қилиб оламан. Акс ҳолда сизларни олдин қийноққа солиб, сўнгра қатл эттираман.
Чечек Хотун ва Хожа ўз динларидан қайтмасликларини эълон қилдилар. Жаллодлар уларни қийнаб, қаттиқ азобга солдилар. Шунда ҳам улар аҳдлардан қайтмадилар.
Хоқон турли газанда ва даррандаларни боқишга иш¬қибоз бўлиб, элчилар ва савдогарлар воситасида дунёнинг турли бурчагидан ҳар хил илонларни олдириб келиб, парвариш қилар, қаерга бормасин, ўзи билан олиб юрар эди. У илонларига ўз қўли билан хўрак бера туриб, калласига бир фикр келди. Бир жойга мустаҳкам ўтов тиктириб, унинг ичига Хожани ва Чечек Хотунни олдириб кирди. Сўнгра ўз севимли махлуқларидан бир қисми—Ҳиндистондан келтирилган бўғма ва кўлвор илонлардан бир нечасини ўтовга киритиб:
— Қани ўша сенлар содиқ бўлган Аллоҳларинг сенларни мана бу илонлардан қутқариб олармикан?— дедида, ўтовнинг ҳар томонини мустаҳкам қилиб беркиттириб ташлади.
Илонлар ўртада ўтирган Хожа ва Чечек Хотунга яқинлашиб кела бошладилар. Хожа чўккалаб ўтириб Қуръон тиловатини бошлаб юбордилар. Хожанинг нафас (овоз)лари шундай ширин, тиловат шундай ҳазин ва оҳангдор эдики, уларни бўғиш, чақиш учун яқинлашиб келаётган илонлар беихтиёр ўз жойларида тўхтаб, тиловат оҳангига маст бўлиб, шу оҳангга мослаб тебрана бошладилар. Орадан бир соат ўтар ўтмас хоқон бир неча навкарини ўтовга юборди:
“Бориб хабар олингларчи, илонларим уларни еб бўлдимикан?”
Навкарлар келиб кўрдиларки, уларга ҳеч қандай шикаст етмаган. Илонлар Қуръон тиловати сеҳрида тебраниб турибдилар. Навкарлар хоқон ҳузурига қайтиб, кўрганларини сўзлаб бердилар. Хоқон: “Оббо, уларнинг тангриси илонларимни ҳам йўлдан уриб, ўзига оғдириб олибдида, улардан ҳам воз кечишим керак” — деб ўйлаб, лашкарбошиларни тўплаб, шундай фармон берди:
— Чечек ўтирган ўтовни қўмиб юборинглар. Ҳар бир черик бир қалқондан тупроқ олиб келиб, ўтов ёнига, устига тўксин!
Қўшин ҳаракатга тушиб, ҳар бир черик ўз қалқонига тупроқ тўлдириб келиб, ўтов атрофига, устига тўка бошлади. Кўп ўтмай ўтов устида бир тепалик ҳосил бўлди.
Ўтов кўмиб ташлангач, ўлим муқаррар эканлигини сезган Чечек Хотун Хожадан сўради:
— Энди нима қиламиз?
— Сабр, — дедилар Хожа.
Шу пайт, ногаҳон кўзларини уйқу элитди. Хобларида бобокалонлари Махдуми Аъзам Ҳазратлари намоён бўлиб, шундай таскин бердилар:
— Э, фарзанд, умидсизликка тушманглар, сизларни ўлдириш, ейиш учун ўтовга киритилган илонлар сизларнинг халоскорларингиз бўладилар. Фақат, бирозгина сабр қиласизлар.
Бир қанча муддат ўтгач илонлар ҳаракатга келиб, улардан бири Хожанинг этакларидан тишлаб, ўтов эшиги сари бошлади. Илоннинг мақсадини каромат кучи билан англаган Хожа эшикни очдилар. Илонлар эшик оғзидан бошлаб ташқарига йўл қазий бошладилар. Кўп ўтмай, тепаликнинг этагига қараб одам энгашмай юрса бўладиган ғор шаклидаги лаҳим очилди. Хожа ташқарига чиқиб атрофга разм солдилар: қоп-қоронғу, атроф кимсасиз. Хожа ва Чечек Хотун лаҳимдан чиқаётиб, илонларга қарадилар. Илонлар ишора билан шу ерда қолиб, шу тепаликни макон тутажакларини билдирдилар. Хожа ва Чечек Хотун ташқарига чиқиб, юлдузларга қараб Хўқанд йўлини аниқлаб олдиларда, йўлга тушдилар.
Улар Хўқандга етиб келгач, тўғри ҳукмдор Абдулкаримбий ўрдасига кириб бордилар. Хон билан учрашиб, бўлган воқеаларни сўзлаб бердилар. Абдулкаримбий асирликдан бўшатилиб, қайтиб келган бир қанча жангчилардан бу воқеанинг бошланиш қисмини эшитган эдилар. Қолган қисмини уларнинг ўзидан тинглаган хон ёқа ушлаб, уларга таҳсин, Аллоҳга ҳамд-сано ўқидилар ва мирзоларни чақириб, бу воқеани ёзиб олишга буюрдилар.
Кўп ўтмай шайхулислом Хожа Пирмуҳаммад Қаландар ва Чечек Хотунни никоҳлаб қўйдилар. Хожа яна қўлларига қурол-яроғ олиб жунғорларга қарши жангга кирдилар. Ниҳоят Абдулкаримбий бошчилигидаги Фар¬ғона халқи жунғорларни ватан ҳудудидан ҳайдаб чиқардилар.
Вақти соати етгач, Чечек Хотун бу фоний дунё билан видолашди. Васиятига кўра уни ўша ўзлари яхши билган тепалик остидаги ўтов ичига дафн этдилар. Хожа Пирмуҳаммад ҳам зоҳидлик йўлига кириб, тарки дунё қилиб, шу ғорни ўзларига макон тутдилар. Аллоҳга омонатларини топширганларида васиятларига кўра муридлари у зоти бобаракотни шу ғор ичига, Чечек Хотун ёнига дафн этдилар. Уларни озод этган илонларнинг авлодлари эса бир умр ушбу муқаддас мозорнинг қўриқчилари бўлиб қолди. Гарчи, мозор расман “Хожа Пирмуҳаммад Қаландар мозори” деб номланса-да, халқ лафзида, бу сунъий ғор ичида авлиёнинг қабри мавжудлиги туфайли “Ғорбобо”, “Ғорбуво” деб аталадиган бўлди...
Қиссани ёзиб олгач, марҳум падари бузрукворимга кўрсатдим. У зот мозор ҳақида ўз кўрганларини сўзлаб бердилар. Илгари, қишни истисно қилганда, йил бўйи водийда сайил қилиш мумкин бўлган экан. Сайиллар машҳур мозор ва қадамжоларда навбати билан ўтказилар, жумладан, ёз палласида Арслонбоб, Шоҳимардон, Ўш, Сафед Булонда, куз ва баҳорда текисликдаги бош¬қа муқаддас жойларда ўтказилган. Шу жумладан, айни навбаҳорда Ғорбувода ҳам катта сайил ўтказилиб, водийнинг турли жойларидан зиёратчилар келар экан. Отамиз ҳам ёш йигитлик чоғларида Ғорбувога бир неча марта борган эканлар. Ғорбуво сайилининг ўзига хос хусусиятларидан бири шу эканки, зиёратчилар бу ерда илон боқиш жараёнининг гувоҳи бўлар эканлар: ҳар куни эрталаб ва кечки пайт мозор хизматчилари ғор оғзига катта сопол тоғора қўйиб, бир сават нонни майда бурдалаб, тоғарага солишар, устидан тўлдириб сут қуйишар ва томошабинларга мурожаат қилиб, узоқроққа бориб туришларини сўрашар экан. Бир оз вақт ўтгач, ғор ичкарисидан бир қанча илон чиқиб, тоғарадаги сутга ивиган нонни еб, вишшиллашганича яна ғорга кириб кетар эканлар. Зиёратчилар яқин атрофдаги қишлоқлар аҳлидан:
— Бу илонлар сизларга зиён етказмайдиларми?— деб сўраганларида, улар: – Йўқ, улар ғордан ташқарига чиқишмайди. Шу пайтгача бировни илон чаққанини билмаймиз. Қайтага, улар шу депарани турли инс-жинс, бало қазодан ҳимоя қилиб туришади — деб жавоб берар эканлар.
Шунингдек, Мавлуд ойларида ҳам бу ерда бир кунлик сайил бўлиб, катта издиҳом билан Мавлуди Шариф ўқилган. Ушбу маросимда депаранинг барча қорилари иштирок этар эканлар. Яна бир сайил Ийди-Қурбоннинг иккинчи куни ўтказилган. Яқин-ўртада истиқомат қилиб, қурбонликни ният қилиб қўйган ўзига тўқ кишилар сўйиладиган жонлиқ ва масаллиқларни шу ерга олиб келиб, қурбонликни шу ерда ўтказар, атроф қишлоқлар аҳолиси ҳам ундан баҳраманд бўларди.
Тепалик ёнидаги хонақоҳда йилда бир марта “Зикри Саъмо” (кўпчилик бўлиб, овоз чиқариб Аллоҳни ёд этиш) ўтказилар, унга водийнинг энг яхши зокирлари (зикр ўқувчилари) таклиф қилинар экан.
Дадамиз раҳматли кейинроқ, ўттизинчи йиллар охирида қандайдир бир хизмат билан у ерга борганларида бутунлай бошқа манзарани кўрдилар; ғорнинг оғзи беркилиб кетган, сайилгоҳдаги қўшхона (зиёратчилар қўнадиган жой) лар ва чойхоналар, ошхоналар бузилган, илгариги файз, маънавий жўшқинликдан асар ҳам қолмаган экан. Ўша ерлик бир танишларининг айтишича, миллий-озодлик ҳаракати бостирилгач, ғолиблар, яъни советлар бу ҳаракат иштирокчиларини сургун қилиш, отиб ташлаш, қамоққа тиқиш билан кифояланмай, мазкур ҳаракат бош қароргоҳидан ҳам ўч олишга қасд қилганлар. Қишлоқ аҳлининг ярмидан кўпи босмачиликда ёҳуд босмачига бошпана берганликда, уни яширганликда, у билан ҳамкорлик қилганда айбланиб, жисман йўқ қилинган, бу ердаги манъавий ҳаёт таянчи бўлмиш мозор катта замбараклардан ўққа тутилган, тепалик тўп ўқи воситасида кўчириб ташланган, сунъий ғорнинг очиқ қолган кичик бир қисмига эса тупроқ ташланиб, беркитиб юборилган экан.
Водийдаги миллий-озодлик ҳаракатининг энг йирик марказларидан, қароргоҳларидан, таянч нуқталаридан бири бўлмиш Ғорбуво ана шундай жой эди.
Муҳтарам китобхон, шу ерда бир оз мавзудан чиқиб кетган бўлсакда, тарихга бўлган ушбу маънавий саёҳат китоб мундарижасига унчалик зарар етказмаган бўлса керак деб ҳисоблаймиз.
Миллий-озодлик ҳаракатининг водийдаги энг қизғин ўчоғи, бошқарув маркази бўлмиш муқаддас Ғорбуво гўшаси, унинг қадимдан қолган қўрғони, минг¬лаб шаҳидларни ўз бағрига олган тепаликлари билан боғлиқ хотиралар аста-секин одамлар ёдидан ўча борди. Балки бу борада Вақтнинг ўзигина эмас, балки, лоқайдлик, шўролар давридаги мафкура таъсири ҳам фаолият кўрсатгандир. Нима бўлганда ҳам, бу табаррук заминнинг аҳамияти унутилиб, тирикчилик кўйида юрган маҳаллий аҳоли унинг муқаддас бўлмиш тупроғидан ғишт ва гувалаклар қуйишга тушиб кетдилар. Агар тақдир бу гўшага ажо¬йиб инсон, асли таги Тошлоқнинг Варзак кентидан бўлмиш, фалакнинг гардиши билан ҳозирда Истанбулда истиқомат қилиб турган, йилда бир бор келиб, Ватан тупроғини кўзига тўтиё қилиб сургучи ватандошимиз, ўша суронли-долғали йилларда кент сардори бўлмиш Асомиддин Мингбошининг набираси Собир Сайхон Холматхон ўғлини бизга йўлламаганда, ким билсин, бу азим тепаликдан ном-нишон қолармиди?
Ватан ишқи, ватанпарварлик ҳисси, аслида, ҳеч кимга бегона эмас. Бироқ бу ишқ Ватан тупроғидан айри юрган кишиларда кучлироқ бўлиши табиийдир. Собир Сайхон ватанга ҳар бир ташрифида бу муқаддас гўшани зиёрат қилмай қўймайди. У нав¬батдаги ташрифларидан бирида бу ҳолатни кўр¬ди-¬ю,¬ жони ҳиқилдоғига келиб, дарҳол бонг урди “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири, машҳур ёзувчи, Аҳмаджон Мелибоев ва бошқа жонкуяр зиёлилар, фидойилар ёрдамида халққа, тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, бу гўшани на фақат миллий-озодлик ҳаракати, балки халқи¬миз, ватанимиз тарихи билан боғлиқ ноёб ёдгорлик эканлигини тушунтирди, бу жойларни ўз ҳолича сақлаб қолиш, уни халқимиз, ажнабий меҳмонлар, сайёҳлар учун очиқ ҳаводаги музейга айлантириш ғоясини илгари сурди ва шу йўл билан сақлаб қолишга муваффақ бўлинди.
Мазкур китобни ёзиш учун олиб борган тадқиқотларимиз шуни кўрсатдики, бу табаррук жой Собир Сайхон шахси учун ҳам бегона эмас экан:
Биринчидан, Собир Сайхон бобоси Асомиддин Минг¬боши, гарчан расман подшо Россияси ҳукумати мансабдори бўлсада, халқ озодлиги ҳаракатининг бошида турган курашчилардан бири эканлиги аён бўлди. У киши 1916 йил воқеаларидан кейинроқ Шермуҳаммадбекка иккита бешотар милтиқ ва ўқ-дори тутқазиб, қўллаб-қувватлаган, озодлик курашига оқ фотиҳа тилаган эди. Тадқиқотимиз мобайнида Шермуҳаммадбекка дастлабки қуролни тут¬қазган киши шахси ҳақида бошқа маълумотларга ҳам дуч келган бўлсакда, қуролни биринчи бўлиб айнан Асомиддин Мингбоши берганлиги далиллар билан исботланди.
Иккинчидан, тақдир Собир Сайхонни Шермуҳаммадбек хонадони билан туташтирганлиги ҳам маълум бўлди: Шермуҳаммадбекнинг укаси Тошмухаммадбек томонидан жияни бўлмиш Холмухаммадбекка Собир Сайхон қайин оға бўлар экан.
Ушбу юқорида кўрсатиб ўтилган икки омил бўлмаган тақдирда ҳам бу муқаддас маскан Собир Сайхон учун бегона эмаслиги аёндир. У Ватанга алоҳида муҳаббати билан хориждаги ўзбеклар ичида яққол ажралиб туради. Унинг Ватанга муҳаббатини асарларида, Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги куни ҳақида ёзган мақолаларидан ҳам кўришимиз мумкин.
ШЕРМУҲАММАДБЕК
Тазкирамизнинг Шермуҳаммадбекка бағишланган қисмига етиб келганимизда қаламимиз узоқ вақт тўхтаб қолди. Шу бобга келганимизда қандай қийин мавзуга дахл этганлигимизни тушуниб етдик. Бу мавзу гўё ўтиб бўлмас қалин, ёввойи чангалзор. Баъзи тарихчилар, ёзувчилар, журналистлар ушбу мавзуда қалам тебратишга чоғланиб, чангалзорга дуч келиб, ундан ўтишга бирор чора топа олмай, орқага қайтиб кетганлари бизга маълум бўлсада, қалб даъвати билан бу мавзуга қўл уриб, ўзимиз ҳам ушбу чангалзорга дуч келганда бошимиз жуда қотиб қолди. Бундай чангалзорлардан ўтишнинг икки йўли бор: бири — болта ва қилич билан қуролланиб, дуч келган бута ва дарахтни кесиб, йўл очиб бориш; иккинчиси эса сўқмоқ қидириш. Бизга ана шу йўл маъқул куринди. Илло, сўқмоқ қаергадир олиб боради.
Шермуҳаммадбек мавзусининг қийинлиги, мураккаблиги, чигаллиги шундан иборатки, аввало, унга бўлган муносабат қутбийдир.
Курраи заминда иккита қутб бор: бири мусбат, иккинчиси манфий. Кишилик жамияти, айниқса, совет халқи ҳар бир нарсани ушбу икки қарама-қарши қутб тарозусида ўлчашга ўрганиб қолган. Бу икки қутбнинг ўз туси ҳам бор: мусбат қутб оқ рангда, манфий қутб қора рангда ифодаланади. Оралиқ ранг йўқ.
Ўзбекистонда совет даврида Шермуҳаммадбек сиймоси тим қора рангда ифодаланиб келинди. Хорижда, айниқса, Туркияда яратилган асарларда эса бу сиймо, бир-икки муаллифни ҳисобга олмаганда, қордек оппоқ рангда ифодаланган.
Шунингдек, Шермуҳаммадбек миллий-озодлик ҳаракатининг энг собитқадам намояндаларидан бири бўлишига қарамай, очиғини айтиш керак, халқимизда унинг сиймосига яхши муносабат шаклланмаган. Аксарият одамлар билан суҳбатлашганингизда, Шермуҳаммад деган номни тилга олсангиз, “Ким  у?” — деб сўрашади. Агар Кўршермат десангиз дарҳол тушунишади.
Мавзу чигаллигининг яна бир жиҳати шундаки, Шермуҳаммадбек энг машҳур кишилардан бўлгани ҳолда, унинг келиб чиқиши, ҳаёти ва фаолияти, айниқса, фаолиятининг 1918 йилгача бўлган даври ҳақида маълумот ниҳоятда кам, борлари ҳам бир-бирига тўғри келмайди. Шермуҳаммадбек ҳақида асарлар яратган хорижий муаллифлар унинг ўзи ва укаси Нурмуҳаммадбекдан магнит тасмасига ёзиб олинган маълумотлар ва мазкур ака-укалар томонларидан ёзилган кундалик дафтарларга суянганлар. Ушбу асарларнинг айримлари билан танишиш бизга насиб этди ва биз бу асарларга танқидий ёндошиш зарурлигини дарҳол ҳис этдик.
Гап шундаки, мазкур асарларнинг бош қаҳрамони Шермуҳаммадбек бўлгани учун муаллифлар унинг хизматларини бўрттириб юборганлар, миллий-озодлик ҳаракатида қизиллар устидан қозонилган ҳар бир ғалабани ҳам унга нисбат берганлар, бошқа номдор қурбошилар унинг соясида қолиб кетганлар. Шунингдек, бу асарларда Шермуҳаммадбекнинг курашчи сифатидаги фаолияти камида бир йил олдинга суриб юборилган. Фикримизча, мазкур асарларга асосий манба бўлиб хизмат қилган кундалик дафтарлар хориждаги тарихчилар ва адиблар таклифи билан XX асрнинг иккинчи ярмида ёзилган. Ака-укалар уни ёзиш асносида бир-икки йилга адашган бўлишлари эҳтимолдан узоқ эмас. Бу манбаларга ишонилса, Шермуҳаммадбек 1917 йилдаёқ миллий-озодлик ҳаракатининг байроқдори сифатида майдонга чиқади. Ваҳоланки, асосий манбаларнинг гувоҳлик беришича, байроқдорлик Шермуҳаммадбекка 1919—1920 йилларда, Мадаминбекнинг таназзули бошланган пайтда насиб этган.
... 1874 йил. Хўқанд хонлигида тахт учун курашнинг айни қизиган палласи. Худоёрхонга қарши кайфиятда бўлган гуруҳлар уни тахтдан ағдариб, ўрнига Хўқанд хонлари сулоласидан бўлган ювош, итоаткор бирор хонзодани ўтказиб, унинг номидан юрт сўраш ҳаракатига тушадилар. Шундай гуруҳлардан бири Самарқандда маш¬ҳур ҳукмдор Саййид Муҳаммад Олимхон (Хўқанд тахтида 1798—1810 йилларда давр сурган) нинг набираси, 1845 йилда қисқа муддат тахтда ўтириш насиб этган Муродхоннинг ўғли Пўлатхон истиқомат қилиб турганидан хабар топадилар ва уни олиб келиш учун вакиллар юборадилар.
Бироқ, тасаввуф йўлига кирган, ҳокимият учун қизиқмаган Пўлатхон рад жавобини беради. Вакиллар у ердан ноумид бўлиб қайтаётиб, Тошкандга тушадилар ва у ерда ташқи кўриниши Пўлатхонга ўхшаб кетадиган, асли Фарғонанинг Ўхна қишлоғидан бўлган Исҳоқ деган бир носфурушни учратиб, Фарғонага олиб келадилар ва уни Пўлатхон деган ном билан оқ кигизга ўтказадилар. Бундан хабар топган Худоёрхон унга қарши ишончли вазирлари Абдураҳмон Офтобачи ва Исо Авлиё бошчилигида қўшин юборади. Отаси – Мусулмонқулни қатл эттиргани учун ичида Худоёрхонга кек сақлаб юрган Абдураҳмон Офтобачи сохта Пўлатхонга қўшилиб кетади ва Исо Авлиёни ҳам қўшилишга мажбур этади. Абдураҳмон Офтабачи қўшини таркибида Марғилоннинг Тошлоқ депарасидан бўлган Қўшоқбек Панжабоши (эллик кишидан иборат даста бошлиғи) ҳам хизмат қилар эди, у ички курашлар бошланиши муносабати билан пойтахтга, хон ихтиёрига юборилган эди. Бир томондан тахт учун кураш, иккинчи томондан Русия истилочиларига қарши кураш билан банд бўлган Абдураҳмон Офтобачи 1875 йилда ўз ихтиёри билан, русларга таслим бўлади. Хонлик қўшиб олингач, гарчи Офтобачининг ўзи Русияга сургун қилинсада, унинг қўл остидаги жангчилар жазога тортилмай қолдилар. Қўшоқбек Панжабоши ҳарбий хизматдан бўшаб, ўз қишлоғига қайтди ва хизмати эвазига берилган ерида деҳқончилик қилиш билан шуғуллана бошлади. Биринчи хотинидан бир неча қиз, иккинчи хотинидан эса беш нафар ўғил фарзанд кўрди. Уларга Тошмуҳаммадбек, Рўзимуҳаммадбек, Тожимуҳаммадбек, Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек деб исм берди. Тўртинчи ўғил Шермуҳаммадбек 1892 йилда таваллуд топди. Ака-укалар қишлоқ мактабида ўқиб, бир оз хат-савод чиқаргач, мадраса таҳсилини ихтиёр этмадилар. Икки катта ўғил унча-мунча деҳ¬қончилик билан шуғуллансаларда, кичиклари бу ишга қайишмадилар. Улар ерга урса кўкка сапчийдиган, саргузаштталаб, жанговар йигитлар бўлиб етишдилар. Улар ўз атрофларига ўзларига ўхшаган бир нечта йигитларни тўплаб, карвонларни, омборларни, корхоналарни ва бошқа мулк шаклларини қўриқлаш, қозоқ даштлари ва Қошғардан қўй олиб келадиган катта савдогарларнинг сурувларини бехатар олиб келиш каби ярим ҳарбий хизматларни қилиб юрдилар.
XIX асрнинг охирларига келиб курраи заминнинг овруполиклар томонидан кашф этилган қисми– Осиё, Африка, Лотин Америкаси, Австралия ва Океания йирик империалистик давлатлар Буюк Британия, Россия, Франция томонидан тақсимланиб бўлган, иккинчи даражали давлатлар: Германия, Италия, Япония бу тақсимотдан анчайин қуруқ қолган эдилар. Шунингдек, Оврупонинг ўзида бўлиб ўтган урушлар оқибатида Германия, Италия, Австро-Венгрия ҳудуд ва ҳуқуқ томонидан қисиб қўйилган эди. Саноати, иқтисодиёти ривожланиш йўлига ўтган, бироқ хомашё базалари ва жаҳон бозоридан бенасиб қолган бу аламзада давлатлар тарихий ҳақиқатни тиклаш, хомашё базалари ва бозорларни қайта тақсимланишини талаб қилиб, уруш чиқариш учун баҳона қидириб турардилар. 1914 йилга келиб шундай баҳона ҳам топила қолди: Австро-Венгрия валиаҳди шаҳзода Франц Иосиф Сараево шаҳрида отиб ўлдирилди. Шундан сўнг тарихда Биринчи жаҳон уруши деб ном олган катта уруш бошланиб кетди. Буюк Британия, Франция, Россия бир томон бўлиб жанг бошлаб юбордилар.
Рус армияси жаҳоннинг энг қудратли армияларидан бири ҳисоблансада, бу урушда унга омад кулиб боқмади. Россия империяси ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан урушга тайёр эмаслиги равшан бўлиб қолди. Жанглар Бол¬қон, Польша ҳудудларидан тез орада Россия ҳудудига кўчди, яъни Германия, Австро-Венгрия ва Италия кучлари Россия ҳудудига бостириб кирди. Мамлакатнинг русий забон аҳолиси ялпи тарзда армияга чақирилиб, фронт орқасидаги ишлар: фронт учун зарурий барча нарсани етказиб бериш, фронт эҳтиёжи учун дарахт кесиш, йўллар, темирйўллар қуриш, телеграф узатмаларини ўтказиш; шунингдек фронтдаги иккинчи даражали ишлар: ўқ-дори, озиқ-овқат, дори-дармон ташиш, лошмонлик (мурдаларни жанг майдонларидан олиб чиқиб дафн этиш) каби юмушлар учун ишчи кучи етишмай қолди.
Россия Марказий Осиёни босиб олиб, у ерда Туркистон Генерал-губернаторлигини ташкил этгандан сўнг, бу ўлка аҳолиси иккинчи даражали ҳисоблангани, шунингдек, мазлум мустамлака аҳолиси қўлига қурол беришдан чўчиб, ўлка аҳолисидан мунтазам армияга одам олмас эди. Бироқ, дўппи тор келиб қолгач, генерал-губернаторлик аҳолисини фронт орти ҳамда фронтдаги иккинчи даражали ишларга жалб қилиш ҳақида подшоҳ фармони эълон қилинди. Ушбу фармонни бажариш низомига кўра, бир неча хонадондан биттадан соғлом, фронт иши учун ярайдиган, ўн тўққиз ёшдан қирқ беш ёшгача бўлган эркак фронт ишларига олинадиган бўлди. Мазкур низомда шундай “енгиллик” берилдики, рўйхатга тушган киши ўзи бормайдиган бўлса, ўз ўрнига бошқа бегона кишини мардикорликка ёллаб жўнатиши мумкин эди. Бу воқеанинг “Мардикорлик воқеаси” деб номланиши ҳам шундан келиб чиққан.
Сафарбарлик дехқончилик ишлари айни қизиган пайт—майнинг охири, июннинг бошларига тўғри келиб қолди. Узоқ  вақтлардан бери ҳеч қандай уруш ёки бошқа ишларга сафарбар этилмай келган халқ учун ўз оиласидан бир кишини узоқ ўлкаларга, ўлим муқаррар бўлган фронтга, ёки қийинчилиги даражаси бўйича фронтдан кам бўлмаган Сибир ўрмонларига дарахт кесиш учун юбориш оғир туюлди. Бунинг устига, маҳаллий мутасадди маҳкамаларда сафарбарлик баҳона, таниш-билишчилик, порахўрлик ҳолатлари бошланди. Яъни уезд, волост идоралари ходимлари, амин ва оқсоқоллар ўз таниш-билишларини, пора берганларни рўйхатга киритмай, уларнинг ўрнига оддий фуқароларни, хонадон тирикчилигини кўтариб турган кишиларни ёзиб юбора бошладилар. Бу ҳол халқнинг сабр-косасини тўлдирди. Сафарбарликка қарши норозилик ҳаракати бошланиб, кўп жойларда қўзғолонга айланиб кетди.
Шундай қўзғалонлардан бири Тошлоқда бўлиб ўтди. Атроф қишлоқлар аҳолиси оқиб келиб, волост бошқармаси биносини ўраб олдилар. Одамлар сафарбарлик бекор қилинишини, рўйхатлар адолатсизлик асосида тузилганлиги учун уларни ёқиб юборишни талаб қилиб чиқдилар. Волост бошлиғи Абдураҳмон Бўлис аҳолига насиҳат бошлади:
— Азиз фуқаро! Ўзингизни босинг, кўпга келган тўй экан, бу ҳам ўтар-кетар. Бизга ҳам осон тутманг, бирингиз кўзим бўлсангиз, бирингиз қошим. Қандоқ қилайки, шу рўйхатни тузишим керак экан. Худо ўз паноҳига олса, ўғилларингиз, эрларингиз омон-эсон қайтишар...
Одамлар уни ортиқ сўзлатгани қўймадилар, ҳар томондан савол шаклидаги пўписалар, хитоблар, талаблар янгради:
— Нега пулга сотилдингиз, бўлис?
— Нега рўйхатга фалончи бойнинг, амин-оқсоқолларининг ўғиллари кирмай қолибди?
— Олиб чиқ рўйхатни!
— Бизнинг болаларимизга куни қолган оқ пошшонинг уйи куйсин!
Шу пайт уезд ҳокими эҳтиёт шарт учун юборган бир неча полициячи ва миршаблардан иборат бир гуруҳ етиб келиб қолди. Маҳаллий тилни биладиган полициячи халқ¬қа қарата дўқ урди:
— Оломон, тарқал!
— Тарқалмаймиз, — дея якдил жавоб берди оломон,— рўйхат бекор бўлмагунча ҳеч қаёққа кетмаймиз!
Бир паранжи ёпинган аёл полициячининг олдига бориб:
— Ҳой ўрис тўра, яхшиликча якка-ёлғизимни рўйхатдан ўчирасанми? – деб дўқ қилган бўлди.
— Йўқол, сартнинг қанжиғи! – дея полициячи аёлни милтиқ қўндоғи билан туртиб юборди. Бу туртки оломоннинг қўзғолишига ҳам туртки бўлди. Оломон ичидан 20—30 ёш-яланг отилиб чиқиб, полицияга ҳужум қилдилар. Улар ичида Шермуҳаммадбек ва унинг ака-укалари ҳам бор эди. Улар полициячи ва миршабларни уриб йиқитдилар. Қўлларидаги милтиқ, белларидаги қиличларини тортиб олдилар. Қолган ишни оломон саранжом қилди. Полициячилар ва амалдорларни дўппослаб бир оз ҳовурдан тушган оломон бирин-кетин тарқалиб кетди. Шермуҳаммадбек ака-укалари ва бир қанча йигитлар билан калтак еганларни ўрнидан турғазиб, уст-бошини қоқиб волост идорасига олиб кирдилар ва рўйхатларни беришни талаб қилдилар. Куч улар томондалигини билиб тўрган бўлис рўйхатларни олиб берди. Шермуҳаммадбек уларга:
— Агар мана шу мен билан бирга бўлган йигитлардан бирортасига бирор нарса бўлса, сенлардан кўрамиз— ҳаммангни ичагингизга осамиз, — деб пўписа қилиб огоҳлантириб қўйди ва рўйхатни таш¬қарига олиб чиқиб, ёқиб юборди.
Гарчи, биринчи кунги тўполонда одам ўлмаган бўлсада, вилоят ҳарбий губернатори томонидан жазо отряди юборилди. Жазо отряди бошлиғи бўлис ва амалдорлардан кечаги тўполон иштирокчиларини кўрсатишни сўради. Улар, қасам ва Шермуҳаммадбекнинг пўписасидан қўрқиб, ҳеч кимни айтиб бермадилар. Отряд бошлиғи қишлоққа ҳужум бошлади, дуч келган ҳовлидаги эркакларни судраб чиқиб, бўлис идорасига қамади. Бу ҳолни кўрган қишлоқ ва депара йигитлари дуч келган нарса билан қуролланиб, жазо отряди қаршисига чиқдилар. Жанг бошланди. Шермуҳаммадбек ва унинг шериклари кечагина тортиб олинган милтиқ ва қиличларни ишга солдилар. Бироқ, яхши қуролланган, ҳарбий таълим кўрган отрядга бас келиш қийин эди. Охир оқибат жазо отряди қишлоққа ўт қўйиб, бир қанча одамни жангда ўлдириб, бир қанчасини асир олиб Скобелевга қайтиб кетди, ўзи ҳам бир неча саллотини талафот берди. Шермуҳаммадбек ва унинг шериклари жанг охирлаганда қария¬ларнинг буйруғи билан Ғорбуво томон чекиниб, унинг чакалакзорларидан паноҳ топдилар.
Бир неча кун ўтгач Шермуҳаммадбек ака-укалари ва бир неча шериги билан қишлоқ масжиди имоми ва нуфузли кишиларидан фотиҳа олиб, кураш йўлига кирдилар. Улар ёнларига яна бир неча бўз йигитларни олиб, Тошлоққа бориб волост полициясининг идорасига тўсатдан ҳужум қилдилар ва қамоққа олинган шерикларини озод қилдилар. Қишлоққа яна жазо отряди келишининг олдини олиш мақсадида йигитлар озод қилинганлар билан биргаликда Ёзёвонга чиқиб кетдилар. Шу тариқа Шермуҳаммадбек 1916 йилда миллий-озодлик ҳаракати жабҳасига илк қадамини ташлади. Мардикор олиш воқеаси ва унинг оқибатлари йигитларга катта мактаб бўлди. Уларда мустамлакачиларга қарши наф¬рат ҳисси уйғонди. Бу воқеалар Шермуҳаммадбекнинг кейинги ҳаёт йўлини белгилаб берди. У ўзининг оз миқдорли йигитлари билан ҳукумат корхоналари, омборлари, ҳарбий постларига ҳужумлар уюштириб турди. Бу ҳужумлар, аввало, мустамлакачилардан қандайдир ўч олиш воситаси бўлса, иккинчидан, талаб кетилаётган бойликларнинг бир қисмини бўлсада, халққа қайтариш, учинчидан эса, ўзингиздан қолар гап йўқ, қандайдир даражада тирикчилик манбаи ҳам эди, зеро, ўз оилалари, қўлидаги йигитларини овқатлантириш, кийдириш, йигитларнинг қурол-яроғини таъминлаш керак, ахир, ҳар доим бойлардан келган ёрдам ҳисобига яшаб бўлмайдику.
Туркистон босиб олингач, Фарғона водийси Россиянинг асосий пахта хомашё базасига айланди. Хом ашёнинг катта бир қисми рус, яҳудий ва маҳаллий пахтафуруш бойлар томонидан бевосита Россиянинг саноат минтақаларига олиб бориб сотилар, яна бир қисми эса деҳқонлардан, ширкатлар томонидан йиғиштириб олинарди. Ширкатларнинг фаолияти шундай эдики, эрта баҳорда ширкат пахтакор деҳқонлар билан шартномалар тузар эди. Бўнак нақд пул, ишлаб чиқариш воситалари ҳамда буғдой, қанд, газлама каби натура шаклида берилар эди. Ҳосил топширилгач, шартнома бўйича тўловнинг қолган қисми бериларди. Ҳосил жуда арзон баҳоланар, бу таъбир жоиз бўлса, куппа-кундузи қилинган қароқчиликка ўхшаб кетар эди. Шундай бўлсада, деҳқон бунга кўнишга мажбур эди, зеро, баҳорда берилган бу нарса билан кузга етиб олиш, кузда шартнома бўйича олинган маблағ эса қишни ўтказишга яраб турарди. Бу ҳол Шермуҳаммадбекка ўхшаб халқни ўйлайдиган йигитларнинг ҳамиятига тегар, қандайдир чора кўришга даъват этар эди. Айниқса, уруш бошланиб, пахта хом¬ашёсига эҳтиёж кучайиб, жаҳон бозорида пахтанинг нархи кескин ошиб кетган ҳолда ширкатлар томонидан нархларнинг ҳамон паст даражада тўланиши йигитларнинг ғазабини янада ошириб юборди. Шундай ширкатлардан бири Ғорбуводан ўн беш чақирим масофада жойлашган Акбаробод қасабасида эди. Ширкат омбори жуда бой бўлиб, унда той-той пахталар, буғдой, қанд-шакар, газлама, кийим-кечак, рўзғор буюмлари ва турмуш учун яроқли бошқа ашёлар сақланарди...
1917 йил сентябр ойи бошлари эди. Шермуҳаммадбек ўз йигитларини мозор хонақоҳи ёнидаги такя¬га тўплади. Шу депаралик бир неча аҳли илм ва оқсоқолларни ҳам таклиф қилди. Жамоат жам бўлиб, бир пиёладан чой ичилгач, Шермуҳаммадбек аҳли илмга мурожаат қилди:
— Тақсирлар, домла поччалар, биз ўз вақтида ўқий олмадик, мадраса тупроғини ялай олмадик, шу туфайли айрим ишларимизни шариатга мос келиш-келмаслигини билмаймиз, бу борада сизларнинг фатво ва маслаҳатларингизга доимо муҳтожмиз. Шу хусусда бир маслаҳатли иш чиқиб қолди, ҳаммаларингиз яхши биласиз, Акбар¬ободда ўрусларнинг пахта йиғиб оладиган ширкати бор. Арзимаган ҳақ эвазига деҳқоннинг ҳосилини кўтарасига олиб, Русияга олиб кетади. Мен беш-олтита деҳ¬қонни у ерга юбориб, пахтанинг харид нархини оширишни талаб қилишларини сўрадим. Улар ширкат идорасига бориб, шу талабни қўйдилар. Ширкат катталари уларга шартномани пеш қилиб: “— Мана сизлар бармоқ босган шартнома. Ундан бир мири ҳам оширмаймиз. Чидасангиз шу. Агар ўзбошимчалик қилиб ҳосилни топширмасангиз, баҳорда берилган бўнакни икки ҳисса қилиб ундириб оламиз” дейишибди. Хўш айтингизларчи, биз бориб деҳқонларнинг ҳаққини ундириб берсак, агар улар яхшилиғча бермаса, куч ишлатиб тортиб олиб берсак, шариатга тўғри келадими?
Аҳли илм сукутга чўмди. Ҳа, бек оғир масала қўйди. Ниҳоят, оқсоқоллардан бири сукутни бузди:
— Бек, мени маъзур тутасиз, нима бўлганда ҳам қанчадан-қанча деҳқонлар қўл учида бўлса ҳам, шу ширкатдан олган ҳаққи эвазига кун кечириб турибди...
Яна бир оз сукутдан сўнг, уч-турт йил бурун мадраса таҳсилини тугатиб келиб масжидда имомга ноиблик қилиб турган Жалолиддин Махсум катта ёшли уламолардан сўзлашга рухсат сўрагандай, уларнинг юзларига бир қараб олди-да, сўз бошлади:
— Ҳар бир муслим ва мўъминга маълумки, Аллоҳнинг амрисиз дарахтдан бир барг узилиб тушмайди. Аллоҳ шу фикрни, яъни деҳқонларнинг ҳаққини олиб беришни кўнглимизга солибдими, демак бу Аллоҳнинг амридир. Қуръони каримда келадики, астаъди биллоҳ:— “Ал маъмуру маъзурун” яъни, буюрилган одам узрликдир. Бир одам бир ишни юқоридан, айтайлик, аршиаълодан берилган буйруққа кўра қилаётган бўлса, унинг иши қандай бўлишидан қатъий назар, узрликдир.
Тошлоқлик Закариё Аълам уни қўллаб-қувватлади:
— Тўғри, ҳар бир иш Аллоҳнинг амри билан бўлади. Бироқ, Аллоҳ бандаларига амр билан бир қаторда ихтиёр хам бериб қўйган. Қуръони мажиднинг яна бир жойида Аллоҳ Субҳона ва таоло шундай ваҳий берибди, астаъди биллоҳ: — “Ё Довуду, инно жаъалнака халифатан фил-арзи, фаҳкум байнан-носи бил-ҳаққи”. Яъни — ким, : — “Эй Довуд, биз сени ер юзига халифа қилдик, энди сен одамлар орасида ўзинг билиб ҳақ билан ҳукм юрит.”
— Бу ширкатнинг қилиб юрган ишларидан менинг ҳам хабарим бор, — дея давом эттирди қўшни қишлоқ имоми, — ширкатнинг мутасаддилари сув текинга олинаётган пахтанинг орқасидан шу тариқа бойиб кетдиларки, босар-тусарларини билмай қолдилар. Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожим, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм: “Изо товатара ало аҳадикум ан ниъаму фал-ябки ало нафсиҳи фақад салака ғайра тариқис-солиҳин”, яъни: “агар бирортангизга неъматлар бирма-бир келаверса, бас, ул киши ўз ҳолига йиғласин, чунки у яхши одамлар йўлидан юрмаётган экан”. Демак, масала равшан. Астаъди биллоҳ: “Изо захара ал-хаққу лам ябқа мааҳу ғайруҳу”. Яъниким: “Ҳақиқат равшан бўлган вақтда бошқа нарсаларга ўрин қолмади”.
Шермуҳаммадбек аҳли илмдан шу тариқа фотиҳа олгач, яхши тайёргарлик кўриб, бир неча кундан сўнг Акбарободдаги ширкатга тўсатдан ҳужум қилди. Ширкат каттагина, яхши қуролланган отряд томонидан қўриқланарди. Ҳужум ярим тунда ва тўсатдан бўлганлиги учун у ердаги саллотлар эсанкираб қолдилар, зеро, ширкат ташкил топгандан бери ҳеч қандай куч бу ерга ҳужум уюштирмаган эди. Шермуҳаммадбекнинг йигитлари қора тунда ширкат биносини ўраб олди. Қоронғуда бир-бирларини отиб қўймаслик учун барча йигитлар билакларига оқ латта боғлаб олдилар. Бир неча йигит бу ерга икки-уч кундан бери деҳқон қиёфасида кириб чиқиб, жойнинг тузилишини пухта ўрганган ҳамда бу ердаги итларга суяк бериб, ўзларига ройиш қилиб олган эдилар. Ўша йигитлар бир тугунчада итларга емиш олиб, ширкат биносининг орқа тарафидаги пастроқ девордан ошиб тушдилар. Ҳидидан таниган итлар вовулламасдан уларнинг олдига борди. Улар тугунни ечиб, итларга насибасини бергач, писиб бориб, мудраб ўтирган дарвозабонни таппа босдилар. Оғзига латта тиқиб, камарига осилган калитни олиб, дарвозани очдилар. Дарвозанинг ёғсираб қолган оши-мошиқлари “қий-қий” дея овоз чиқариб, ҳарбий соқ¬чилардан бир нечасини уйғотиб юборди.
Улар – Стой, кто идёт? (Тўхта, ким келяпти?)
— Стой, стрелять буду (Тўхта, отиб ташлайман) деганларича милтиққа ёпишдилар. Шермуҳаммадбек йигитлари очилишга улгурган дарвозадан қийқирганча отилиб кириб келдилар. Ана шу қийқириқ саллотларни эсанкиратиб қуйди. Отишма бошланди. Йигитлар тез ҳаракат қилиб, бир неча саллотни ер тишлатдилар. Қолган саллотлар ярим чала кийинганча казармадан чиқиб келаётганларида асир олиндилар. Йигитлар барча саллотларни казармага қамаб, эшикни қулфлаб қўйдилар. Шунда сўнг омбор ҳовлисида турган бир неча Қўқонарава ҳамда ўрисларнинг мужик аравасига ўлжа олинган қурол-яроғ, озиқ-овқат маҳсулотлари, газлама ва бошқа буюмларни юклаб, Ғорбувога қайтдилар. Шу депарадаги амин ва оқсоқолларни чақиртириб келиб, уларнинг бошчилигида ўлжани  депара қишлоқларига тақсимлаб бердилар. Маҳсулотларнинг бир қисмини ва қурол яроғни Шермуҳаммадбек ўз йигитлари учун олиб қолди.
Озиқ-овқат, газлама ва бошқа рўзғор учун зарурий буюмларни аҳолига тарқатиш халқ сайилига айланиб кетди. Илло кечаги жанг бу яқин ўртада мустамлакачилар устидан қозонилган биринчи ғалаба эди.
Шермуҳаммадбек сайил кайфиятидан тезда чиқиб олди, зеро олдинда катта хавф-хатар кутиб турибди. Ҳукумат бундай бебошликни эътиборсиз қолдириши мумкин эмас. Бугун бўлмаса эртага жазо отряди етиб келади, шунга тайёр туриш керак. Жазо отряди, табиийки, ишни Акбарободдан бошлайди, бебошликни ким қилганлигини аниқлайди, шундан сўнггина бу томонга келиши мумкин. Душман бу ерга етиб келишини кутмай, Акбар¬обод яқинида тор-мор қилиш керак, ёки, унинг йўлини бошқа бир усул билан тўсиш керак. Акбаробод яқинида Владикино темирйўл бекати жойлашган. Отряд ўша жойгача поездда келиши аниқ. Демак, бекат ва унга олиб келадиган темирйўлни бузиш керак.
Эртаси Шермуҳаммадбек Владикино темирйўл бекатига куппа-кундузи тўсатдан ҳужум уюштирди. Бу ерда ўттизтача саллот бор экан. Улардан ўн бештаси асир тушди, қолганлари Акбарободга қочди. Шермуҳаммадбек бекатдаги қурол-яроқларни ўлжа олиб, темирйўлнинг бир қисмини бузиб бўлгач, йўл бўйига пистирма қўйишни мўлжаллади. Бироқ қаттиқ жала ёғиб унга имкон бермади. Шундан сўнг ўлжаларни олиб, асирларни озод қўйиб, Ғорбувога қайтиб кетди.
Икки-уч кун мобайнида рус маъмуриятига қарши ўтказилган, муваффақият қозонган бу икки ҳужум рус ҳарбий маъмуриятини ҳушёр торттирди. Бундай бебошликнинг олди олинмаса, улар кенга¬йиб, мустамлака тузумига қарши урушга айланиб кетиши хеч гап эмас. Эртаси куниёқ Скобелевдан Ғорбуво сари жазо отряди йўлга чиқди. Ҳарбий маъмурлар бу “бебошликлар” кимлар томонидан амалга оширилганлигини аниқлаб улгурган эдилар.
Шермуҳаммад “меҳмонлар” ни яхши кутиб олиш учун пухта тайёргарлик кўрди. Йигитлар ичида Баҳром Фаранг деган йигит бор эди. У бир неча йил Марғилон ва Скобелевдаги завод-фабрикада ўрис мастеровойлар билан ишлаб, улардан турли касб-ҳунарларни ўрганган, мардикорликда ҳам бўлган, бўш вақтида ўзича ҳар хил нарсалар ихтиро қилиб юрар, шу ҳунарлари, қўли гуллиги туфайли “Фаранг” (европалик) деган лақаб орттирган эди. Айниқса фарангнинг тайёргарлиги зўр бўлди. Темирйўл бекатидан Ғорбувога олиб келадиган йўл қабристон ёнидан ўтган бўлиб, Шермуҳаммадбек йигитларини қуроллантириб шу ерга жойлаштирди.
Жазо отряди яқин етиб келди. Отряд разведкаси олдинроқ келиб Шермуҳаммадбекнинг йигитлари қабристонда жойлашганлигини аниқлаб кетди. Отряд бошлиғи Поручик Кравченко отрядни қабрис¬тон сари бошлади. Отишма бошланди. Қулай позицияга: қамишлар ва чакалак орасига, чуқурликларга, ариқлар ичига ўрнашиб олган йигитлар бирин-кетин саллотларни қулата бошладилар. Саллотлар бунга жавобан иккита пулемётни ишга солдилар, жанг қизиб кетди. Йигитлар қулай жойда бўлишганликларига қарамай, ярим доира ҳосил қилиб отаётган икки пулемёт даҳанидан чиққан дайди ўқлар уларни қамишзор, чакалакзор ичида ҳам топиб бориб, бир қанча йигитларни шаҳид қилди. Йигитларнинг ўқ-дорилари тугаб борарди, шу туфайли улар фақат мўлжалга олиб, оз-оз ота бошладилар, буни сезган поручик “ура” деб ҳайқирганича ҳужумга бошлади. Шу пайт қабрлардан оқ шарпалар қалқиб чиқа бошлади. Саллотлар олдинига жанг қизиғида бунга унча эътибор бермадилар. Оқ шарпалар ҳаракатга келгандагина саллотларнинг кўзи очилиб ваҳимага тушдилар, кўз олдиларида даҳшатли ҳодисалар рўй бера бошлади: қабрлардан кафанга чулғонган арвоҳлар чиқиб, қўлларини олдинга чўзганча, гўё дуч келган одамни ўз қулочларига олмоқчи бўлиб, саллотлар томон ҳавода сузиб кела бошладилар. Саллотлар ичида мужиклардан чиққан иримчилари кўпроқ эди. Улар қўлларидаги қуролларини ташлаб, — “Сгинь приведение, сгинь в преисподню (йўқол арвоҳ, жаҳаннамга даф бўл) деганча чўқина бошладилар. Ирим-сиримга ишонмайдиган довюракроқ баъзи саллотлар ўзларини йўқотмай арвоҳлар томон милтиқ ва пулемётдан ўт очдилар. Ўт очишга очдилару ўзлари ҳам даҳшатга тушдилар — арвоҳлар ўқдан йиқилиш ўрнига оғиз ва кўзларидан ўт чақнаб, тутун пуркай бошладилар. Поручик ва бошқа зобитлар ҳар қанча дўқ пўписа қилмасин, саллотлар қуролларини ташлаганча орқага қараб қоча бошладилар. Шу қочишларича бекатга бориб қолдилар.
Эртаси куни майитларни йиғиштириб, дафн этиб, саллотлар ташлаб қочган қурол-яроқлар (шу жумладан, икки пулемёт) ва ўқ-дориларни йиғиштириб олишгач, ўз-ўзидан тантана бошланиб кетди. Тантана қаҳрамони, албатта, Баҳром Фаранг эди. Йигитлар кечаги жанг олдидан Фаранг томонидан огоҳлантириб қўйилган, Фаранг уларга – жанг вақтида нимаки кўрсангиз қўрқманг, ваҳимага тушманг, ҳатто шайтон ёки арвоҳ кўрсангиз ҳам, — деган эди. Шунда ҳам йигитларнинг кўпчилиги қўрқиб, “Ло ҳавло вало қуввато...” деб калима ўгиришга тушган эди. Энди ўша йигитлар ва қишлоқлар аҳли кечаги воқеалардан завқланиб кулиб, фарангни гапга солишар, бу томошани қандай қўйганлигини сўраб суриштира бошладилар. Фаранг олдинига бир оз таранг қилиб турди-да, йигитлар ялинишга ўтгач, оғзидаги носни туфлаб, мўйловини бураб сўзга тушди ва:
— Жангдан бир кун олдинги маслаҳатда жанг қабристон яқинида бўлишини билгач, калламга бир фикр келди. Фикрни калламда пишириб олгач, бекнинг қароргоҳига кириб, сўзлаб бердим. Бек аввал пешонасини тириштириб, рўйхуш бермагандай бўлди. Аста чиқиб кетдим. Ярим соат ўтар-ўтмас менга одам юбориб чақиртирди ва фикримни бошқатдан айтишни сўради. Айтдим. —  Майли, тайёрланавер, аммо ўзимизнинг йигитларни олдиндан огоҳлантириб қўй, тағин саллотлардан олдинроқ қўрқиб қочиб қолишмасин, — деди. Шундан сўнг беш-олтита чаққон, қўлидан иш келадиган болалардан ёнимга олиб, иш бошлаб юбордим. Бекнинг ижозати билан тунов куни Ширкатдан олиб келинган ўлжалар ичидан дока, чилвир, милтиқ дори олдим, қишлоқдан ош¬қовоқ ва увада йиғдириб келдим. Йигитларга буюриб, толлардан йўғон-ингичка новдалар кестирдим. Новдаларни бир-бирига кўндаланг боғлаб, одам шаклига келтирдим, чилвир воситасида уларга иккитадан, чилвирни тортса қимирлайдиган қўл қилдим. Уни дока-кафанлик билан ўрадим. Ошқовоқларнинг учини олиб ташлаб ичини ўйиб олдим. Сўнгра увадани майдалаб, милтиқ дори қўшиб, мижғиб аралаштирдим, уни ошқовоқ – калла ичига босиб солдим ва тайёр бўлган каллани асосий новда учига ўрнатдим. Кечга томон уларни қабристонга олиб бориб, йигитларга биттадан тарқатдим. Йигитлар бу арвоҳларни ушлаб, қабрлар орқасига яшириниб, шай бўлиб турдилар. Бекдан ишора бўлган пайтда ўзим битта арвоҳни кўтариб, эмаклаб саллотлар томон силжидим, эмаклаш асносида чилвирни тортиб, қўлларни ҳаракатга келтирдим, бош¬қа йигитлар учун бу ишора бўлди ва улар ҳам мен каби ҳаракат қилиб, душман томон аста-секин силжиб кела бошладилар. Саллотларнинг баъзилари арвоҳларга ўт очганларида ошқовоқлар ичига ўқ кириб милтиқ дори аралашган увадалар ёниб-тутай бошлади. Бўлган иш шу, у ёғини ўзларингиз яхши биласизлар, — деганича яна носқовоғини қўлига олди.
Жазо отряди шу қочганича қайтиб қорасини кўрсатмади. Баъзи йигитлар ўзларича буни ҳукуматнинг қўрқиб қолганидан деб билдилар. Бироқ Шермуҳаммадбек катта тўқнашувлар бўлишини ҳис этар ва мудофаа чораларига киришиши кераклигини фаҳмлаб турарди. У йигитларини ишга солиб, депара аҳолисини ҳашарга чақириб, тайёргарликни бошлаб юборди. Қишлоқ атрофини айлантириб чоҳ қаздирди, баъзи жойларга чиб (ёғоч ва шох-шаббадан ясалиб, ёниб кетмаслиги учун лой билан шувалган тўсиқ) бостирди. Ўқ-дори сақлаш учун ертўла шаклида омбор қурилиб, ўқ текканда ёниб кетмаслиги учун устига тупроқ тортиб, суваб қўйилди. Йигитлар учун ётоқ уйлар, отхоналар, ҳашакхоналар, ошхона ва омборлар қурилди. Мардикорликда бўлган, жанг кўрган йигитлар бошқа йигитларни қишлоқ атрофидаги ялангликларга олиб чиқиб, ҳарбий машқ ўтказадиган бўлдилар. Умуман, Ғорбуво йирик бир ҳарбий истеҳкомга айлантирилди.
Эришилган қатор ғалабалар ҳақидаги хабарлар атроф депараларга етиб борди. Атрофдан йигитлар келиб, ўзларини аскарликка қабул қилишларини сўрай бошладилар. Янги йигитлар учун қурол-яроғ топиш керак. Жазо отряди қайтиб қорасини кўрсатмай қўйгач, Шермуҳаммадбек ҳам ҳукуматга яна бир зарба бериш, ҳам қурол-яроғ, озиқ-овқат, ўлжа олиш мақсадида Марғилон ва Скобелев оралиғида жойлашган Беглар (Маъруф қишлоқ деган номи ҳам бор) деган жойга ҳужум қилиш режасини тузди. Бу ерда рус бойларига қарашли ип-йигирув фабрикаси, совун заводи ва ёғ-мой заводи мавжуд бўлиб, уруш шароити бўлгани учун бу корхоналар ҳукумат жандармерия қўшини томонидан қўриқланарди.
Шермуҳаммадбек йигитлари у ерга ярим кечада бостириб боришди. Фарғона вилоятидаги энг йирик ҳарбий таянч – Скобелев гарнизони бу ердан атиги икки чақиримгина масофада жойлашганлиги учун хотиржамлик ҳукм сурар, бировнинг юрак довлаб бу томонларга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Шу туфайли фабрика-заводлар соқчилари, ҳатто навбатда турганлари ҳам бемалол уйқуни уриб ётишарди. Тўсатдан бўлган ҳужум Шермуҳаммадбекнинг ғалабаси билан якунланди: ғафлатда ётган соқчилар таппа босилиб, қуролсизлантирилди. Фақат, казармада ётган жандарм-солдатлар ичкаридан пулемёт ва бешотар милтиқлардан ўқ узиб беш-олтита йигитни нобуд қилди. Қурол-яроғлар йиғиб олинди, фабрикалар омборлари шип-шийдон қилиниб, Ғорбувога жўнатилди.
Скобелевдаги рус гарнизонидан нимагадир дарак бўлмади, ваҳоланки ўқ овозлари у ерга ҳам етиб борган бўлиши керак эди. Кейинчалик маълум бўлишича, гарнизоннинг асосий кучлари ҳарбий дала машқлари учун адирга чиқиб кетган экан. Бу ҳолатни Шермуҳаммадбек ўз хуфиялари орқали олдиндан билган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.
Шермуҳаммадбекнинг шу даврдаги, яъни ўз фаолиятини бошлагандан то 1918 йил баҳоригача олиб борган курашини том маънодаги миллий-озодлик кураши деб баҳоланишига ҳали эрта эди. Унинг бу курашида, юқорида бир оз эслатиб ўтилганидек ўзгача жанговарлик ҳисси, салоҳияти, ғайратини қаергадир, нимагадир сарфлаш, рус маъмуриятининг қитиғига тегиш, яъни, ўт билан ўйнашишдай саргузашт ҳисси, жанг-жадал орқали тирикчилик ўтказиш ҳисси кучлироқ эди. Ватанни том маънода озод қилиш ҳисси унда аста-секинлик билан шакллана бошлади. У сиёсатга анчайин бепарвороқ эди. Шу туфайли у октябр тўнтарилишига ҳам, Қўқонда Туркистон Мухторияти таъсис этилишига ҳам унчалик эътибор бергани йўқ. Кейинчалик муҳожирликда яшаб юрганида бу борадаги фикрлари ўзгарган: журналистларга берган интервьюларида бу ҳақида шундай деган эди:
— Инқилоб бўлгани билан, мухторият бўлгани билан нима ўзгарар эди? Ҳар икки ҳолда ҳам барибир ўриснинг қўл остида қолаверар эдик-да.
Шу тариқа 1918 йил баҳорида Фарғонада миллий-озодлик ҳаракатининг ялпи кураши бошлангунча Шермуҳаммадбек мавжуд тузум, Россия ҳукмига қарши ўз ҳолича, ўз билганича курашиб юрди.
ИККИ ҚЎЧҚОР
Муҳтарам китобхон сезиб турган бўлса керак, бу икки қўчқордан бири Мадаминбек, иккинчиси Шермуҳаммадбек. Бу икки улуғ зотни қўчқорга тенг¬лаганимиз учун аввало уларнинг руҳлари олдида узрлимиз.
Фарғона водийсида большевизм балосига қарши курашган миллий-озодлик ҳаракатининг энг йирик икки сардори – Муҳаммад Аминбек ва Шермуҳаммадбекнинг ўзаро муносабатларини ёритиш жуда қийин, нафақат қи¬йин, балки машаққатдир. Ёритиш дедик. “Ёритишдан олдин ўзинг бу муаммонинг тагига етдингми, моҳиятини англадингми?” деб сўранг. Ушбу мавзуда олиб борилаётган ишнинг энг катта муаммоси ҳам шу. Ушбу сатрларни ёзиш пайти келгунча ҳам бу муаммонинг моҳиятини тўлиқ англаб етдик, дея олмаймиз. Балки, ушбу асаримизни ёритиш иши шу пайтгача чўзилиб кетаётганига ҳам шу сабабчи бўлса керак.
Ушбу мавзу бўйича топиб ўқиш насиб этган барча манбаларни қайта-қайта кўздан кечириб, таҳлил этар эканмиз, бу икки зотнинг ўзаро муносабатлари ниҳоятда чигал, муаммоларга бой эканлигини кўрамиз. “Улар дўст эди. Охиригача шу дўстликка содиқ қолдилар”, деган сатрлар ёзилган манбаларни деярли учратмадик. Таҳлил қилар эканмиз, баъзан китобимиз сўз бошисида келтирилган бир неча жумла, яъни, отамизнинг хизматчиси Холмат Бобонинг оғзидан эшитганимиз: Шермуҳаммадбекнинг Мадаминбек ҳақидаги гапларига ҳам ишонгимиз келмай қолади.
Бунинг устига, уларнинг ўзаро муносабатларини ёрита оладиган манбаларнинг ўзи жуда оз, борлари ҳам уларнинг яхши муносабатлари фойдасига эмас. Бизнинг ўлкаларда мавжуд деярли барча асарларда бу икки шахс бир-бирига қарши қўйилади. Чет эллик тадқиқотчи ва муаллифлар эса уларнинг ўзаро муносабатларига дазмол уриб, силлиқлаб таъриф беришади. Биз эса, барча манбаларни қиёслаб, таҳлил этиб, ўз талқинимизни ёзаверайлигу улар ўртасидаги муносабатни ҳал этишни энг олий ҳакам — Аллоҳга ҳавола этайлик.
Юқорида тасвирлаганимиздек, Мадаминбек Қўқон воқеаларидан сўнг озодлик кураши йўлига кириб, Марғилон милициясидаги лавозимидан воз кечиб, ўз қўл остидаги йигитлар билан Марғилондан чиқиб кетган ва ўзи туғилиб ўсган Тошлоқ депарасидаги Ғорбувога бориб ўрнашди. Ғорбувони Шермуҳаммадбек ҳам макон тутиб, уни мустаҳкам ҳарбий истеҳкомга айлантириш учун бир қанча ишларни амалга оширганлиги китобхонлар ёдида бўлса керак.
Шермуҳаммадбек Мадаминбекни ҳурмат ва эҳтиром, катта зиёфат билан кутиб олди. Улар Тошлоқдан Ғорбувога келаверишдаги йўл устида учрашдилар. Иккалалари ҳам отдан тушиб, бир-бирларининг истиқболларига пиёда йўл босиб келиб, қучоқлашиб, уч марта кўкракни кўкракка босиб кўришдилар. Бир-бирларининг қўрбоши ва понсодлари билан қўл бериб кўришгач, отларга миниб қишлоққа кириб боришди. Ҳал қилувчи суҳбат зиёфат охирида бўлиб ўтди:
Мадаминбек: — Ҳозир қанча йигитингиз бор, Бек?
Шермуҳаммадбек: — Ўзим билан мунтазам элликта. Қолганлари ўз тирикчилиги билан банд. Зарур вақтда тез фурсатда уларни тўплай оламан. Жами беш юздан ошади.
М: — Ҳа, эшитганим бор, сизда интизом, ташкилий иш жуда яхши йўлга қўйилган. Бу жиҳатдан мунтазам қўшин даражасига етгансиз. Бу ерда барпо этган мудофаа истеҳкомингиз ҳам чакана эмас. Ҳарбий таълим олган қўмондондан кам эмассиз.
Ш: — Таълимни яратганнинг ўзидан олдик шекилли. Биринчи муаллим ҳаёт ва зарурат дейишади-ку.
М: — Хўш, бек, энди нима қиламиз? Ҳаммамиз Эргашбекка ўхшаб ўз ҳолимизча курашиб юраверамизми? Ёки бирлашамизми?
Ш: — Албатта, бирлашишимиз керак. Якка отнинг чанги чиқмас.
М: — Жуда соз. Сиздан худди шу сўзларни кутган эдим. Дўст танлашда адашмабман. Ана энди битта улуғ карвон бўлдик. Агар йўқ демасангиз, шу карвон тизгинини ўз қўлингизга олсангиз.
Ш: — Эҳтиромингиз учун қуллуқ, Бек. Тизгин сизники, сиз бутун Фарғонага таниқли одамсиз. Ундан ташқари сизда Сибирь тажрибаси, милиция бошлиғи тажрибаси, катта жанглар тажрибаси бор.
М: — Ўзингизга ҳам қуллуқ, Бек. Модомики шундай экан, ўзаро келишиб, вазифаларни бўлиб олайлик. Сиз менинг биринчи муовиним бўласиз. Вақти келса, шароитга қараб, мустақил иш юритасиз. Ўз ҳаракат ҳудудингиз бўлади.
Ш: — Маъқул. У ҳолда иш юритадиган ҳудудлар масаласини ҳам келишиб олсак.
М: — Чамамда тез орада бутун Фарғона кураш жабҳасига айланади. Бачқирда бўлиб ўтган қурултойдаги келишувга кўра Қўқон музофотида Эргашбек ва унинг қўл остидаги қўрбошилар иш юритадилар. Бу томонлар бизники. Ҳаракатни бўшаштирмаслик учун бир-биримизга посанги бўлиб ҳаракат қиламиз, яъни сиз бир ҳудудни оласиз, мен бир ҳудудни оламан. Зарурат туғилиб қолса, бир-биримизга ёрдамга келамиз, большавойларнинг каттароқ қўшини билан тўқнаш келадиган бўлсак, биргаликда ҳаракат қиламиз. Мен шимолий ва шарқий музофотлар: Наманган, Балиқчи, Андижон, Жалол¬обод, Ўшда ҳаракат қилсам, сиз Марғилон, Чим¬ён, Водил, Қува, Учқўрғон, Шаҳрихон, Қизилқия, Олой каби жойларни ўз тасарруфингизга олсангиз. Мен Ғорбувога келиб-кетиб турсам-да, кўпроқ Балиқчида, агар Аллоҳ насиб этса Наманганда бўламан. Ғорбуво кўпроқ сизнинг тасарруфингизда бўлади. Маъқулми?
Ш: — Маъқул.
Улар бу суҳбатни алоҳида хонага чиқиб ўтказган эдилар. Келишиб олишгач, зиёфатдаги ўз жойларига қайт¬дилар. Ош еб бўлишгач, фотиҳа ўқилмасдан олдин Мадаминбек шундай деди:
— Бек, аввал бир-биримизни ғойибона билар эдик. Мана, Аллоҳнинг инояти билан дўстлашиб, келишиб ҳам олдик. Агар мувофиқ кўрсангиз, шу дўстлигимизни Қуръони карим билан мустаҳкамлаб олсак.
— Айни муддао бўлар эди.
Қўқондан, Миён Қудрат ҳазратлари номларидан вакил бўлиб келган Авлиёхон Тўра Қуръони Каримни олиб, иккала қўрбоши ўрталарига қўйдилар ва: — Мен айтган сўзларни такрорлайсизлар,— деб буюрдилар:
Биз ким, Аллоҳнинг бандалари, Муҳаммад Мустафо Салоллоҳи Алайҳи Васалламнинг умматлари, Имом Аъзам разиаллоҳи анҳунинг қавмлари бўлмиш Муҳаммадаминбек Аҳмадбек ўғли ва Шермуҳаммадбек Қуръони Каримни шафе келтириб аҳдлашамиз шу мазмундаким, биз Аллоҳнинг карами ва инояти билан бир умр бир-биримизга дўст бўлиб қоламиз. Барча шахсий ва умумий ишларни бир-биримиз билан бамаслаҳат олиб борамиз. Бир-биримиздан ёрдам қўлини аямаймиз. Бир-биримизни асло ёмонламаймиз, бир-биримизни доим ҳимоя қиламиз. Бир-биримизга хиёнат қилмаймиз. Агар аҳдимизни бузсак, Аллоҳ – таолонинг шафоатидан бенасиб бўлайлик. Омин, Аллоҳу акбар.
Аҳд сўзлари айтилгач, Авлиёхон Тўра Қуръони Каримни Муҳаммадаминбекка узатдилар. У китобни тавоб қилиб, кўзига суртиб, лабига босди ва Шермуҳаммадбекка узатди. Шермуҳаммад ҳам шу тариқа тавоб қилди. Шундан сўнг қорилар тиловат қилиб, Авлиёхон Тўра фотиҳа ўқигач, зиёфат аҳли ўриндан туриб, жой-жойига тарқалди.
Мадаминбек шу кеч Ғорбувода тунаб қолди. Эртаси куни иккала сардор Ғорбувони яна бир айланиб, мудофаа истеҳкомларини яна бир бор синчиклаб кўздан кечирдилар. Уни янада мустаҳкамлаш, айрим жойларини қайтадан қуриш борасида маслаҳатлашиб олдилар. Агар Аллоҳ таоло қўллаб-қувватлаб, ватанни ўрис болшевойлардан озод этсалар, ўзларининг асосий таянч нуқталаридан бўлиб қолажак Ғорбувода қурилажак замонавий қалъа ўрнини ҳам мўлжаллаб қўйдилар.
МАХФИЙ УЧРАШУВ
Бу воқеани бизга отам раҳматликнинг қадрдонларидан бири, собиқ чекист сўзлаб берган эди. Суҳбатимиз совет даврида бўлиб ўтганлиги боис, суҳбатдошим бу воқеани овоза қилмасликка, айниқса, ўзининг номини тилга олмасликка биздан қатьий ваъда олган эди. Ҳозир замон бошқа бўлиб, мазкур чекист оламдан ўтиб кетган бўлсада, ваъдамизни буза олмадик ва ҳикоямиз баёнида уни шартли ном билан Кимсанбой деб атадик.
...1919 йил баҳори. Туркистон АССР Соғлиқни сақлаш халқ комиссари, Фарғонада тинчликни таъминлаш бўйича фавқулодда комиссия аъзоси Турор Рисқулов яна Фарғонада пайдо бўлди. Чеканинг Туркистондаги барча бўлимларига шахсан Дзержинскийдан Турор Рисқуловнинг ҳар бир босган қадамини кузатиш ҳақида махфий буйруқ келган эди.
ТУРОР РИСҚУЛОВ ШАХСИ ХАҚИДА
Турор Рисқулов 1894 йил 14 декабрда Верний уезди Шарқий бўлисида кўчманчи чорвадор оиласида туғилди. 1917 йилда болшевиклар партияси аъзолигига қабул қилинди. 1918 йил Авлиёота (Тароз) уезди совети раислигига сайланди. 1918—1919 йилларда Туркистон АССР соғлиқни сақлаш халқ комиссари ва Туркистонда очарчиликка қарши курашувчи Марказий комиссия бошлиғи. 1919 йилда Туркистон КП Мусулмонлар бюроси раиси, Фарғона водийсидаги вазиятни ўрганиш ва барқарорлаштириш фавқулодда комиссия аъзоси. 1920 йилда Туркистон МИК раиси, РКП (б) 1-съезди (1920 й.) делегати. 1921—1922 йилларда РСФСР Миллатлар халқ комиссарлиги коллегияси аъзоси ва халқ комиссари ўринбосари, 1922—1924 йилларда Туркистон АССР ХКС раиси, РКП (б) М.К. Ўрта Осиё бюроси аъзоси. 1924—1925 йилларда Коминтернда бўлим мудири ўринбосари, Коминтерннинг Мўғулистондаги вакили. 1926—1937 йилларда РСФСР ХКС раиси ўринбосари. Ўрта Осиёни Россиядан ажратиб, мустақил туркий давлат тузиш йулида жонбозлик кўрсатган энг собит қадам арбобларидан бири Т.Рисқулов 1937 йил 21 майда Москвада ҳибсга олиниб, 1938 йил 8 февралда отувга ҳукм қилиниб, икки кундан кейин отиб ташланган. (1956 йил 8 декабрда реабилатация қилинган).
Турор Рисқулов қайси лавозимда ишлаган бўлсада, ҳар доим Ўрта Осиё халқлари манфаати йўлида хизмат қилди. Унинг “Инқилоб ва Туркистоннинг туб аҳолиси” китоби бугунги кунда ҳам жуда нодир асар ҳисобланади.
...Рисқуловни Фарғонада кузатиб юриш Кимсанбой ва унинг одамларига топширилади. Кимсанбой, таъбир жоиз бўлса, Рисқуловнинг соясига айланиб, ҳар бир босган қадамини назоратсиз қолдирмайди.
Рисқулов Қўқонда тафтиш олиб бораётган пайтда тафтиш баҳонасида водийнинг обрўли кишиларидан бири, Риштоннинг собиқ мингбошиси Шокир Ноибни сўроққа чақиради. Комиссия собиқ пахтачи бой Вадъяевнинг хусусий уйи, ҳозирги ҳокимият жойлашган бинонинг бир қанотида иш олиб борар эди. Шокир Ноиб келгач, Рисқулов котибни чой дамлаб келишга буюриб, дераза ва эшикларни маҳкамлаб ёпиб, Шокир Ноиб билан қайтадан кўришди. Комиссиянинг яқин бир йиллик фаолияти мобайнида улар кўп марта учрашиб, бир-бирларини яхши билиб олган ва қадрдон бўлиб қолган эдилар. Кўришиб бўлгач, Рисқулов вақтни ғанимат билиб (котиб чой дамлаб келиб қолиши мумкин эди), кириш сўзисиз муддаога кўчди:
— Тақсир, мен муҳим бир масала юзасидан Мадаминбек билан сўзлашиб олишим керак, бу учрашув, албатта, ўта махфий ҳолда ўтиши шарт. Бунинг иложи борми?
— Бу жуда қийин иш.
— Масала ватанимизнинг ҳаёт-мамоти билан боғлиқ.
— Яъни?
— Яъни, курашни ҳамкорликда олиб бориш масаласини ҳал этишимиз керак.
— Олдиндан бирор ваъда бера олмайман. Бек сизга ишонмаслиги мумкин.
— Тушунаман. Мана, сиз билан яқин бир йилдан бери танишмиз. Менинг ким эканлигимни яхши билиб олдингиз, назаримда. Бекка мени ўзингиз қай даражада билсангиз, шу даражада таърифлаб кўринг.
— Майли, айтиб кўраман.
— Унда, бекнинг рози ёки рози эмаслигини менга қандай йўл билан билдирасиз?
— Хўш, бунинг учун бир оз вақт керак бўлади. Бугун душанба бўлса, янаги душанбадан шанбагача кутасиз. Шу кунлар ичида сизга бир йигит ариза олиб келиб, “Мени Шокир Ноибдан ҳимоя қилинг” дейди. Бу розилик аломати бўлади. Йигитга бир сўз айтмай чиқариб юборасиз ва мени яна сўроққа чақирасиз.
— Маъқул.
Шу сўзини айтиб, Рисқулов эшик ва деразаларни очиб юбориши билан котиб чой кўтариб кирди. Котибни чой баҳонасида чиқариб юбориб, эшик-деразаларни беркитган Рисқулов бу хона остида ертўла борлиги, ертўлада чекист Кимсанбой ўтирганини хаёлига ҳам келтирган эмас эди.
Шартлашгандай йигит келиб кетгач, Рисқулов яна Шокир Ноибни сўроққа чақирди. Яна котибга чой буюриб, ноибга савол назари билан қаради. Ноиб ҳам вақтни ғанимат билиб, гапнинг пўсткалласини айтди:
— Фавқулодда комиссия аъзосидек катта бир одам уч-тўрт соат кўринмай қолса, советлар шубҳага тушмайдими?
— Саволингизни тушундим. Комиссияда менга содиқ, ишончли иккита-учта йигит бор. Уларни олиб, бирор воқеани жойида тафтиш қилиш баҳонасида бир кун советлар диққат эътиборидан ҳоли бўлишим мумкин.
— Ундай бўлса, пайшанба куни Олтиариққа борасиз. Олтиариқ совети биноси қаршисидаги чойхона олдида баққолнинг дўкони бор. Дўкон олдида одам йўқ пайтини пойлаб, баққолдан попирис оласиз ва: — “Попириснинг пулини Мадаминбек тўлайди”, деб айтасиз. Шундан сўнг нима қилиш, қачон қаерга боришни баққол айтади...
Рисқулов Шокир Ноибни хонадан кузатиб қўйгач, ертўлада ўтирган Кимсанбой ўйга толди. Нима қилиш керак? У чекада хизмат қилиб келган бир йил мобайнида большевикларнинг ҳақиқий қиёфасини бор бўйи билан кўриб, кирдикорларини билиб бўлган эди, зеро, тузумнинг энг қора қилмишлари чека бошчилиги ва иштирокида амалга ошар эди. Чека хизматидан ўлиб ёки юқорининг тавсияси билан партия ишига ўтиб қутулмаса, осонликча чиқиб кетиб бўлмас эди (кейинчалик жуда шишиб кетган махфий хизмат аппарати тинчлик ўрнатилиши муносабати билан бир оз қисқартирилиб, ходимларнинг бир қисми хўжалик соҳасига ўтказилди. Кимсанбой ҳам бир шаҳар коммунал хизмати бошлиқлигига тайинланиб, шу баҳона чека чангалидан чиқиб кетди) юқоридаги сабаблар туфайли советлардан совиб, миллий-озодлик ҳаракатига ичидан хайрихоҳ бўлиб юрган Кимсанбой бу бўлиб ўтган учрашув ва ундан кейин юз берадиган воқеаларни бошлиқларга билдирмасликка аҳд қилди. Бироқ хизмат вазифасини ўташ асносида Рис¬қуловни кузатишни давом эттириш шарт.
Алқисса, Рисқулов Олтиариққа бориб, баққолга шарт¬лашилган сўзларни айтди. Баққол унга бошдан-оёқ, назар солиб чиққач, сўради:
— Қирғизча кийимингиз борми?
— Бор.
— Шомдан кейин қирғизча кийиниб, мана шу чойхонага киринг. Чойхоначига банг (наша ва кўкноридан тайёрланган кайф қилувчи модда) буюриб, тўғридаги ҳужрага кириб кетаверинг...
Рисқулов орқасига қайтгач, баққол дўконнинг пардасини тушириб, чойхонага кириб кетди. Шу заҳоти чойхонадан бир йигит кўчага бурилди. Дўкон ёнида бир арава турган эди. Йигитнинг ишораси билан арава жойидан қўзғалди. Арава тўхтагач, унга ортилган беда ғарами ичидан бир йигит чиқиб, чойхона атрофини айланиб чиқди. Кўчани айланиб ўтиб, чойхонанинг орқа томонини топди ва орқа эшик бор эканлигига ишонч ҳосил қилиб, хотиржам бўлди.
Шомдан сўнг Рисқулов чойхонага кирди. Уни ҳужрага олиб кирдилар. Ҳужрада ўтирган йигит орқа эшикни очди. Ташқарида бир отлиқ йигит икки отнинг жиловини ушлаб турар эди. Ҳавони булут босган, кўчалар тим қоронғу, икки қадам наридаги нарсани кўриб бўлмайди. Йигитлар бир неча кўчани айланиб, Рисқуловни бир ҳовлига олиб кириб кетдилар. Улардан йигирма-ўттиз қадам ор¬қада келаётган икки отлиқдан бири от устидан ўзини бояги ҳовли уйларидан бирининг томига олди ва атрофга аланглаб, мўри ёнига борди.
Ҳовлига киргач, йигитлар Рисқуловнинг ён-верини тинтиб, қурол йўқлигига ишонч ҳосил қилишгач, дарвозахона биқинидаги меҳмонхонага олиб кирдилар. Хона тўрида Мадаминбек чой ичиб ўтирар эди.
— Ассалому алайкум.
— Ва алайкум ассалом.
— Учрашувга рози бўлганингиздан хурсандман.
— Сиздан бошқа арбоб ёки ўруслар таклиф этганда асло рози бўлмас эдим. Хўш, бизда нима гапингиз бор?
— Сиз ақлли одамсиз, шунинг учун гапни айлантириб ўтирмай, пўсткалласини айтиб қўяқолай. Мен яқинда Москвада бўлдим, Ленин билан учрашдим. Ўртамизда шундай гап бўлди:
— Владимир Ильич, бизга мухторият беринг.
— Туркистон шундоқ ҳам мухториятли республика-ку, сизга яна қандай мухторият керак?
— Ҳақиқий мухторият, Владимир Ильич, ҳақиқий мухторият.
— Нима, у ҳақиқий эмас деб ўйлайсизми?
— Мен ўйласам-ўйламасам, ҳақиқий эмас. Ахир бош¬қарув маҳкамаси тўқсон фоиз маҳаллий бўлмаган миллатлар вакилларидан иборат бўлган мухториятни мухторият деб бўладими?
— Ҳм... айтгандай, ўтган йили Кобозев Тошкент¬га бориб, бу масалани ҳал қилиб келган эдику.
— Кобозев борганда бошқарув юз фоиз маҳаллий бўлмаган миллатлар қўлида эди. Ўзгариш атиги ўн фоиз бўлди, холос.
— Хўш, яна қайси жиҳати билан ҳақиқий эмас?
— Ўша бошқарув аппарати ҳарбий куч ёрдамида халқни эзиб турибди. Кўп қон тўкилмоқда.
— Қон тўкилишга ўзингиздан чиққан, нима деб аталарди, ҳа, босмачилар айбдор эмасми?
— Владимир Ильич, улар босмачи эмас, улар ўз миллий-диний ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан кишилардир.
— Турор Рисқулович, чамамда ўзингиз ҳам чакана миллатчига ўхшамайсиз, ҳазил, ҳазил. Гап бундай. Куни кеча Куйбишев билан гаплашдим. Туркистонда вазият жиддий. Иложи борича тинчлик, осойишталик ўрнатмасак бўлмайди. У ерда тинчлик ўрнатилмас экан, ҳақиқий мухторият ҳақида ўйлашга вақт эрта. Сизлар у ерда тинчлик ўрнатилишига эришинг. Шундан сўнг Туркистон масаласини советларнинг навбатдаги съезди кун тартибига киритайлик. Ўйлайманки, тинчлик ўрнатилар экан, Туркистонга катта ҳуқуқлар билан мухторият берилмаслигига бизда ҳеч қандай асос йўқ.
— Ленин билан ўртамизда ана шундай гаплар бўлиб ўтди, — деб сўзини якунлади Рисқулов, нима бўлганда ҳам халқ қонининг тўкилишига чек қўйишимиз керак.
— Мен ўша Ленинингизга ишонқирамай турибман.
—  Мен ҳам жуда ишониб юборганим йўқ. Ҳар ҳолда, тинчлик ўрнатилса, халққа яхши эмасми?
— Ҳар бир халққа ўз ҳуқуқини ўзи белгилаш ваъдасини бериб туриб, Қўқонни қонга ботирмаганда, балки унга ишониб, қуролни ташлаш ҳақида ўйлашимиз мумкин эди.
— Ҳа, менинг ҳам ишонқирамай қолганимга айни Қўқон воқеаси сабаб бўлди. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, Қўқонда қон тўкилишига, бир томондан мухторият ҳукуматининг хатоси ҳам сабабчи. Агар, улар қалъа¬га ҳужум уюштирмаганларида, қизиллар қон тўкиш учун сабаб топа олмаган бўлар эдилар.
— Хўш, улар бизни нима қилса-қилаверсину биз қараб ўтираверишимиз керакми?
— Ҳозир вазият бир оз ўзгарганини наҳотки сезмаётган бўлсангиз? Олиб борилган тафтишлар асосида халқ¬қа жабр-зулм қилган раҳбар, ходим ва ҳарбийлар ишдан олинди, ҳукумат халққа, айниқса, деҳқонларга ёрдам бермоқда. Халқ кейинги вақт¬да советларга бир оз илиди. Шу кетишда кетса, асосий таянчингиздан айрилиб қолишингиз ҳеч гап эмас.
— Курашни бошлаб қўйдик, орқага йўл йўқ энди.
— Йўл бор. Агар астойдил хоҳланса, йўл топилади. Вазиятни тўғри тушунинг, бек. Советларда куч кўп. Шу кунларда Фрунзе Оренбургда Дутовга қарши ҳужум бошлади. Оренбург йўли очилиб қолса, уларга ҳарбий куч, қурол-яроғ, ўқ-дори оқиб келишини кўринг. Қирилиб кетиш ҳеч гап эмас. Кучимизни, халқимизни асрашимиз керак. Тинч йўл билан, бир амаллаб ҳақиқий мухториятга чиқиб олайлик. Куч йиғайлик, йигитларимизни ҳарбий ишга ўргатайлик. Ана шундан кейин мустақиллик учун ҳаракат бошлашимиз мумкин бўлар. Ўша кунларда йигитларимиз керак бўлади.
— Хўш, урушни тўхтатишнинг йўли қандай бўлади?
— Сулҳ, фақат сулҳ. Ҳозирги шароитда, советларнинг кучи озроқ пайтда сулҳ тузилса, биз учун фойдали шартларни қўйишимиз мумкин. Оренбург йўли очилиб, советларга Россиядан катта мадад келгач, сулҳ шартлари руслар фойдасига ўзгариши мумкин.
— Мени-ку, бир амаллаб кўндиришингиз мумкиндир. Бироқ бошқа қўрбошиларни кўндириш қи¬йин, баъзиларини мутлақо кўндириб бўлмайди.
— Сиз бошлаб бераверинг, ахир бу курашда энг асосий сардор ўзингиз-ку, ишонаманки, ҳаммаси бўлмасада, кўпчилик қўрбошилар сиздан ўрнак оладилар.
— Ҳозирча бир нарса дея олмайман. Яхшилаб ўйлаб кўриш керак...
Шундоқ ҳам охирлаб қолган суҳбат шу ерга етганда булутлар тарқалиб, тўлин ой қалқиб чиқди. Бундан хавотир олган Кимсанбой ноилож томдан тушишга мажбур бўлди...
Мадаминбек ва Рисқулов ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат миллий-озодлик ҳаракати кучларининг қўли баланд келиб турган пайтда рўй берган эди. Шу боисдан Мадаминбек сулҳ борасида қўрбошиларнинг фикрини билишга уриниб ҳам кўрмади. Ўзи ҳам сулҳ тузиш фикридан жуда йироқ эди. Фақат, тўкилаётган қон уни безовта қилар, виждонини азобга солар, ҳатто тушларида ҳам қон тўкишлар саҳнаси ўйналар эди.
АЖДОДЛАР РУҲИ МАДАДКОР
Ровийлар андоқ ривоят қиладиларки, қадим ўтган замонда, бундан бир неча минг йил илгари гуллаб-яшнаган бир водийда бир қабила умргузаронлик қилар эди. Қабила эркаклари чорвадорлик билан шуғулланар, темир эритишар ва ундан турли буюмлар ясашар, хотинлари эса экин экишар, намат босишар, гилам тўқишар, умуман барчаси меҳнат қилиб, меҳнатнинг роҳатини кўришар эди. Кунлардан бирида ярим ёввойи саҳройи халқлардан бирининг бир нечта одами йўқолган йилқи уюрини излай-излай водийга келиб қоладилар. Водийликлар уларни меҳмон қилиб, кузатиб қўядилар. Саҳройилар ўз қўш (вақтинча яшайдиган жой) ларига келиб, водийни босиб олиш, у ерни доимий яйловга айлантириш, эркакларини қириб ташлаб, хотин ва қизларини ўзларига хотин қилиш фикрига тушадилар ва катта куч билан водийга бостириб келадилар.
Водийликлар мардона жанг қиладилар. Жангларда нафақат жангчилар, балки қабила ёппасига иштирок этади. Умрларида уруш кўрмаган водийликлар ярим ёввойи, бешикдаги боласидан тиши тушган чолигача жангчи бўлган саҳройиларга бас кела олармиди? Хотинлар тирик қўлга тушмаслик учун жон- жаҳдлари билан жанг қилдилар. Жангда барча водийликлар ҳалок бўлдилар. Кечаси жанг майдонига бўрилар кириб келдилар. Мағрур, ҳаромдан ҳазар қиладиган бўрилар ўликларга қиё боқмай, жанг пайтида эгасиз қолиб, у ёқдан бу ёққа чопиб юрган отларни ов қилдилар. Ашина номли она бўри бир отни таъқиб қилиб келаётган эди, ўликлар орасидан қимирлаган бир кишини кўриб қолди. Бу оғир ярадор бўлган норғул бир йигит эди. Ашина унинг ки¬йимидан тишлаб судраганича йўлга тушди. Узоқ йўл босиб, бир ғорга етиб борди. Йигитни ғорга олиб кирди. Унинг жароҳатларини тили билан ялаб, тозалади, ғор деворларида қотиб қолган мумиёни кемириб олиб келиб, жароҳатига босди, тошбақанинг косасида сув олиб келиб ичирди, хуллас, парвариш қилиб, йигитни оёққа турғазди. Ашина яна бир яраланган жангчи аёлни топиб келди. Уни ҳам даволади. Аёл Турк Урфа авлодидан бўлиб Шаҳзода Антиннинг қизи эканлигини, бу саҳройилар урушда Урфа шоҳини мағлубиятга учратиб бу қизни олиб келган, аммо саҳро¬йиларнинг лашкарбошиси бу ажойиб сўлим мамлакатни мағлуб этгандан кейин бу қизга уйланишга ўзи аҳд қилган, аммо тақдир тақозоси билан унинг ҳозиргидек қонга беланиб қолгани, бу кимлар томонидан содир этилгани фақат Аллоҳга аёндир.
Хуллас, ҳар иккисида ўзаро меҳр уйғонди. Йиллар ўтди, улардан тўққиз нафар ўғил фарзанд туғилди. Йигит улардан бирига она бўри ҳурмати юзасидан Ашин деб исм қуйди. Йигит оиласи ва она бўри вафот этгач, вояга етган мазкур тўққиз фарзанд турли томонларга тарқалиб кетдилар. Улар ҳар бири бирор қабилага бориб, истиқомат қилиб, қабила бошлиқлари қизларига уйландилар. Улардан тарқалган авлодни умумий ном билан “турк” деб, ҳар қайси фарзанддан тарқалган уруғни эса ўша фарзанд номи билан атадилар. Шу тариқа, Ашин номли фарзанддан тарқалган уруғ Ашин уруғи деб ном олди. Уруғ аъзоларига янги туғилган пайтда турли исм¬лар қўйилсада, уруғ бошлиғида, албатта, Ашин деган от қўйилар эди. Ҳа, Ашина бўрининг одам болаларига меҳр кўрсатиб ўлимдан олиб қолганлиги бутун бўрилар сулоласига воқиф бўлади. Бу авлодлар ҳам бўриларга кейинчалик яхшилик қиладилар.
Афсонадан ҳақиқатга ўтадиган бўлсак, туркий халқлар ичида Ашин уруғи мавжуд бўлган. Туркий халқлар тарихига бағишланган барча манбаларда бу уруғ эслатиб ўтилади. Милодий эранинг IV—V асрларида бу катта уруғнинг бир аймоғи Фарғона водийсига келиб ўрнашиб қолади ва IV—VII асрларга келиб бу ерда ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Манбаларнинг хабар беришича, VI аср охирида Фарғона ҳукмдори бўлган Ашин чинликлар билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг ўрнига қизи Ашина Шуний ўтиради. Бу оқила, гўзал, жанговар аёл шу қадар маҳорат билан юрт сўраб, шундай жасоратлар кўрсатадики, Чин императори у билан ҳисоблашишга мажбур бўлиб қолади, сулҳ тузади ва бу аёлга чинакам ҳурмат билан муносабатда бўлади. Даврлар ўтиши билан, ўзбек халқининг шаклланиши жараёнида ашин уруғи ҳам сингиб кетади.
1919 йилни кўрган мўйсафидлар афсонага ўхшаб кетадиган бир воқеани сўзлаб беришган. Бу воқеа шундай донг таратганки, тоғлар ва водийлар ошиб, туркий халқ¬лар яшайдиган барча жойларга тарқалган. Ҳатто усмонли турк адиблари ҳам бу воқеани ўз асарларига киритганлар.
1919 йилга келиб, аҳолисининг катта қисми туркийлар бўлган Фарғона водийси халқи босқинчиларга қарши миллий-озодлик жангги олиб бораётган бир пайтда, ашинларнинг она авлоди бўлмиш бўрилар, гўё она бўри Ашина руҳининг чақириғига биноан ўзларининг узоқ тутинган авлодларига мададга келадилар: водийнинг тоғли ерларида яшайдиган бўрилар қизил аскарлар казармаларига ва рус мужиклар яшайдиган қишлоқларга гала-гала бўлиб ҳужум қиладилар. Кимнингдир отини, кимнингдир чорвасини бўғзидан оладилар. Бу воқеанинг ҳайратланарли жиҳати шуки, бўрилар ўша атрофда истиқомат қилиб турган туркий халқларга зарар етказмайдилар.
Бу воқеани шундай изоҳлаш ҳам мумкин: маълумки, руслар, айниқса аскар ва зобитлар овга ишқибоз халқ. Улар ҳожат бўлса-бўлмаса ов қилавериб, ҳудуддаги, ёввойи жонзотларга қирғин келтирганлар, яъни, бўриларнинг ризқ насибасини қирқ¬қанлар. Оқибатда оч бўрилар уларнинг ўзларига ва чорваларига ҳужум қилишни бошлаганлар. Шундай бўлсада, туркий аҳолининг бу ҳужумдан четда қолиши яна аждодлар руҳи мададга келганлиги ҳақидаги фикрга ундайди.
ХОЛХЎЖА ЭШОН ПАРВОЗИ
Холхўжа Эшон ҳам Эргашбек ва Мадаминбекка ўхшаб Сибирда русларнинг жабр зулмини, чамамизда, улардан ҳам кўпроқ тортганлардан эди, зеро, унинг русларга наф¬рати ўла-ўлгунча кучайса-кучайдики, сусаймади. Унинг учун барча руслар: улар хоҳ жандарм бўлсин, хоҳ Сибирда унга азоб берган жиноятчилар бўлсин, хоҳ маржа (ўша пайтларда бизда рус аёлларини шундай аташар эдилар) бўлсин, хоҳ оддий мужик бўлсин, хоҳ большевик бўлсин, баробар эди. Шу туфайли унинг жанглари кўпроқ аҳолиси руслардан иборат ҳудудларда бўлиб ўтди. Холхўжа Эшон фаолият кўрсатаётган, ҳозирги пайт¬да Жанубий Қирғизистон деб аталаётган ҳудудда, хусусан Жалолобод, Мойлисув, Кўкёнғоқ, Қуршобда рус аҳолиси истиқомат қиладиган катта-катта қишлоқлар, қўрғон (посёлка)лар бор эди. Жалолобод шаҳрининг эса аксарият аҳолиси руслардан иборат бўлган. Жалолобод ва унинг атрофидаги руслар яхши уюшган жамоалар бўлиб, уларнинг ҳатто ўз армияси (ўзини-ўзи ҳимоя қилиш дасталари) ҳам мавжуд бўлган. Жалолободлик руслар маҳаллий аҳоли билан анча яқин, Мингтепадагига ўхшаб маҳаллий аҳолига унчалик жабр ўтказмасаларда, Холхўжа Эшон учун улар барибир “ўрис кофир” ҳисобланарди. Шу боисдан, 1919 йил баҳори ва ёзида қўрбошиларнинг бирлашган кучлари Ўш, Жалол¬ободга ҳужум қилганларида энг жонбозлик кўрсатган қисм Холхўжа Эшон қўшини бўлди.
Йигитлари кўпая бориб, 1919 йилга келганда 3000 нафарга етди ва водийда Эргашбекни ҳисобга олмаганда, куч жиҳатидан учинчи йирик ҳарбий ташкилотга айланди. Жалолободнинг Сўзоқ, Хонобод; Ўшнинг Аравон, Булоқбоши, Туяка кентларида эришган ғалабалари унинг обрўсини янада оширди.
1919 йил баҳорида Балиқчида ҳар учала қўрбошининг бирлашган кучлари қизиллар қуршовида қолди. Бу ўша йилдаги энг йирик жанглардан бири сифатида тарихга кирди. Озодлик кучлари бошида катта талафот бердилар. Қуршовдан чиқишнинг бирдан-бир йўли бот¬қоқлик эди. Мадаминбекнинг буйруғи билан Холхўжа Эшон қандай қилиб бўлсада, ботқоқлик орқали қуршовдан чиқиб, душманга орқа томондан ҳужум қилиш ҳаракатига тушди. Ботқоқдан чиқиш йўлини, Сибирда бундай жойлардан юравериб пишиб кетган Мадаминбек ва Холхўжа Эшон бамаслаҳат ҳал этдилар. Йигитларнинг бир қисми шу ердаги тўқайдан шох-шабба тўплашга қўйилди. Шох-шабба боғларини узун, ингичка ёғочлар воситасида бир-бирига улаб, катта тўшамалар тайёрладилар, бу тўшамаларни ҳам бир-бирига улаб, бот¬қоқ устига ётқиздилар. Холхўжа Эшон йигитлари тунда ушбу тўшама устидан ўтиб, қуршовни ёриб чиқдилар ва қизилларни орқа томонидан ўраб олдилар. Бу томонда ҳам қамишзор, шоликор ва балиқчиларнинг кўпгина капалари бор экан. Кўп ўйлаб ўтирмай, ўт қўйдириб юборди. Қизиллар бир томондан олов, бир томондан озодлик жангчилари қуршовида қолдилар, фақат шимол томондаги йўл очиқ эди. Уларнинг уддалаганлари шу йўл орқали қочиб қолдилар, қолганлари асир тушдилар. Мўлгина ўлжа: 700 та бешотар милтиқ, икки кичик дала замбараги, тўртта пулемёт, шунга яраша ўқ-дори ҳар уч қўрбоши ўрталарида тақсимланди. Асирлар масаласини ҳал қилишга келганда Шермуҳаммадбек яна Мадаминбек билан тортишиб қолишини олдиндан ҳис этиб, ўз йигитлари билан Ғорбувога қайтиб кетди. Бир ярим минг¬дан зиёд асирнинг уч юздан ортиғи арман дашноқлари экан. Мадаминбекнинг йигитлари ичида дашноқларнинг мудҳиш қилмишларига гувоҳ бўлганлар ҳам бор экан. Улар қасд олиш пайига тушганларида, Мадаминбек уларни тўхтатиб, сабр қилишни буюрди. Бу жангнинг қаҳрамони Холхўжа Эшоннинг катта қаршилиги, ялиниб-ёлворишига қарамай, дашноқлардан бошқа барча асирлар қўйиб юборилди. Дашноқлар эса суд қилинди. Айбномани бояги гувоҳ йигитлар ўқидилар. Суд ҳақиқий бўлиши учун Мадаминбек ўз маслаҳатчиси Нансбергни оқловчиликка тайинлади. Нансберг: — Бу каззобларга фақат иблисгина адвокатлик қилиши мумкин. Мен оқловчи сифатида уларга чиқариладиган ўлим ҳукмини тўрт пора қилиш (ўтмишда шундай жазо чораси бўлган: маҳкумнинг оёқ-қўлларини тўрт отга боғлаб, тўрт томонга тортилган) орқали эмас, отиб ўлдириш чораси орқали амалга оширишни сўрашим мумкин холос, — деб сўзини қисқа қилди. Суд уларга ўлим ҳукмини чиқарди. Мадаминбек ижрони Холхўжа Эшонга ва бояги гувоҳларга топшириб, ўз йўлига қараб кетди. Гувоҳлар ўз кўрганларини — бир вақтлар дашноқлар ўқни тежаш мақсадида аҳолини турли усуллар билан қийнаб ўлдирганликларини сўзлаб бердилар. Холхўжа Эшон ҳам шу йўлни танлади. Дашноқларнинг бир қисмини сўйиб, бир қисмини бўғиб, қолган бир қисмини тириклайин оёқ-қўлини боғлаб Сирдарёга улоқтирдилар. Қадим ўтмишда, маъжусийлик даврларида одамлардан йилига қурбонлик олиб турадиган кўҳна Сайхун анчадан бери бундай мўл қурбонликни кўрмаган эди...
Шу тариқа Холхўжа Эшон Фарғонадаги энг йирик сардорлардан бирига, энг муросасиз, энг қаҳрли икки қўрбоши (Шермуҳаммадбекдан кейин) дан бирига айланди.
ИХТИЛОФНИНГ КУЧАЙИШИ
Икки улуғ сардор ўрталарига ўтган йилиёқ шайтон алайҳилаъна томонидан қўйилган девор аста-секинлик билан кўтарилиб борди. Балиқчи жангидан сўнг Мадаминбек тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, келгуси муҳим вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Жалолободнинг Сўзоқ касабасида йирик қўрбошилар иштирокида кенгаш ўтказди. Шермуҳаммадбек бу йиғилишга бормай, укаси Нурмуҳаммадбекни юборди. Кўриладиган масалаларнинг энг асосийси қўрбошилар ўрталаридаги муносабатларни кўриб чиқиш, ниш уриб келаётган ихтилофга барҳам беришдан иборат бўлсада, Шермуҳаммадбек иштирокисиз бу масалани ҳал этиш мумкин бўлмади. Холхўжа Эшон Мадаминбек итоатида бўлсада, унда Шермуҳаммадбекка мойиллик бор эди. Эшон мажлисда ҳар иккаласи ўртасидаги кўзга кўринмас тўсиқларни бартараф этиш, улар орасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиши зарурлигини таъкидлаб, бу борада ўзи воситачи бўлиши мумкинлигини билдирди.
Иккинчи муҳим масала Шарқий Фарғонадаги рус қишлоқ ва кентларида яшаб турган аҳоли билан муносабатларини аниқлаштириб олишдан иборат бўлди. Ўтган ҳикояларимиздан маълумки, бу ерлардаги рус аҳолиси ўзига тўқ деҳқон (мужик), ер эгалари, казаклар, истеъфодаги зобитлардан ташкил топган. Улар ҳам янги тузумга итоат қилишни хоҳлашмасди, бироқ, маҳаллий аҳоли билан муросада бўлсаларда, ўзларини олий табақа ҳисоблаб, такаббурлик отига минган эдилар. Кўпчилиги ҳарбийлардан иборат бўлган, каттагина куч ҳисобланган бу кишилар илгари чор Россиясининг бу ўлкадаги таянчи ҳисобланар эди. Большевиклар ҳам уларни ўзларига оғдириб олиб ўз таянчларига айлантириш учун уриниб келаётган бўлсаларда, бунга муваффақ бўлмаган эдилар. Қўрбошиларнинг ўтган йилги ҳужумлари уларни советлар билан бир оз яқинлашишга мажбур қилди. Советлар бу рус қишлоқлари аҳолисини қайта қуроллантиришга эришди. Холхўжа Эшон мазкур рус қишлоқларига ҳужум қилиб, советларни таянч кучидан маҳрум қилишни таклиф этди. Бошқа қўрбошилар уни қўллаб-қувватлаб, баъзилари:
— Қачонгача бойларимизга тирик товон бўлиб юрамиз? Агар бой рус қишлоқларига ҳужум қилсак, кўплаб қурол-яроғ, озиқ-овқат маҳсулотларини ўлжа қилишимиз мумкин, — деган фикрни ҳам билдирдилар.
Мадаминбек эса мазкур рус аҳолиси тимсолида каттагина қурол-яроғ захирасига, салоҳиятли ҳарбийларга эга, коммунистик ҳужумга қарши бўлган қудратли бир кучни кўрар ҳамда улар билан иттифоқ тузиб, бу манфур тузумга тезроқ зарба беришни орзу қиларди. Бу фикрни баён этганда Холхўжа Эшон ўтирган жойида бир сакраб тушди, бошқа қўрбошилар қовоқларини сол-ганларича ерга қараб қолдилар.
— Бек, — деди ниҳоят Холхўжа Эшон, — ўзимиз дини ислом йўлида жанг қилаётган ғозийлар бўлсак, энди ўрис-кофирлар билан оғиз-бурун ўпишамизми?
— Биз нафақат дини ислом, балки ватан озодлиги йўлида ҳам жанг қилаётганлигимизни унутманг, Эшон. Ўрис мужиклар ҳам большавойларга қарши. Дини исломнинг энг катта душмани ҳам большавойлар.
Улар билан иттифоқ бўлсак, болшавойни тезроқ енгамиз, демак, мусулмонларнинг қони ҳам камроқ тўкилади. Билганингиз — “ўрис кофир”. Энди сизлар ҳам мундоқ каллани ишлатишни, атрофга разм солишни ўрганинглар-да ахир. Большавой кофирга қарши ўзининг миллатдошини жангга сола олсак, нимаси ёмон?
Қўрбошиларнинг оғзиларига сув солиб, ерга қараб олганликлари қарши фикр айтишдан кўра самаралироқ бўлди. Мадаминбек бу борада сўзлаш ҳали бир оз эрталигини англаб, ён берди. Мажлис рус кентларига қарши жанг бошлашга қарор қилди.
Йиғилишдан бир неча кун ўтказиб, мазкур қарор асосида Жалолобод атрофидаги рус қишлоқлари томон йўл олдилар. Мадаминбек жанг бошлашдан олдин оқ русларнинг катталарига вакил юбориб, қизил армия билан иттифоқ тузмасликни, уларга ёрдам бермасликни талаб қилди, акс ҳолда ўртада қон тўкилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Оқ руслар: — “ биз билан ишларинг бўлмасин”, — деган мазмунда жавоб қайтаришди. Шундан сўнг Мадаминбек жангни бошлашга буйруқ берди.
Руслар олдин қўрбошилардан зарб еб, кейинги жангларга яхши тайёргарлик кўрганликлари, советлар томонидан қурол-яроғ ва ўқ дори билан яхши таъминланганликлари жанг асносида маълум бўлди. Шундай бўлсада, бир кеча-кундузлик жангдан сўнг озодлик кучлари қўли баланд келиб, руслар танг аҳволга тушиб қолди. Улар элчи юбориб, жангни тўхтатиб туришни, ўзаро тўпланиб, маслаҳатлашиб олишлари учун муҳлат беришни сўрадилар. Мадаминбек қўрбошилар билан маслаҳатлашиб, муҳлат берилишига розилик билдирди. Жанг бошланган пайтда оқ руслар қизил руслардан ёрдам сўраб улгурган экан. Жанг тўхтатилгандан бир оз вақт ўтгач, Наманган томонидан катта ҳарбий қисм ёрдамга етиб келди. Шиддатли жанглардан сўнг озодлик кучлари катта талафот бериб, Сузоққа қараб от бурдилар. Чекиниш пайтида қўрбошилар ўртасидаги алоқа узилиб қолди. Шу кунларда Шермуҳаммадбек ўз йигитлари билан Сўзоқдан бир тош нарида бўлган Қўқонқишлоққа келиб тушади. Чекинаётиб, Шермуҳаммадбекнинг Қўқонқишлоқда эканидан хабар топган Холхўжа Эшон ва Нурмуҳаммадбек алоқа узилганлиги баҳонасида Шермуҳаммадбекка бориб қўшилдилар. Мадаминбек қўл остидаги бошқа бир қанча қўрбошилар билан Сўзоққа чекинади.
“Босмачи”ларнинг каттагина бир қисми Қўқон¬қишлоқда эканлигидан хабар топган қизил қўшин қўмондонлиги шу томонга ҳужум бошлайди. Жанглар гоҳ у томон, гоҳ бу томоннинг устунлиги билан бир неча кун давом этади. Ниҳоят, қизиллар тоб бера олмай Андижон томонга чекинади. Шермуҳаммадбек мазкур қисм тамоман янчиб ташланмаганлиги, улар Андижондан мадад олиб, қайта ҳужум бошлашлари мумкинлигини ҳис этиб, Ўш томонга тартибли равишда чекинади. Ўшликлар Шермуҳаммадбекни улуғ меҳмон сифатида кутиб оладилар. Ўшлик бойлар уни зиёрат қилиб, от-улов, озиқ-овқат билан таъминладилар. Ислом лашкари сафига қўшилишни истаган беш юздан ортиқ йигитни Шермуҳаммадбек Холхўжа Эшон ихтиёрига берди.
Шермуҳаммадбекнинг махфий хизмати Андижондан Ўш сари катта ҳарбий қисм йўлга тушганини аниқлагач, у душманни чалғитиш учун чалкаш бир йўналишда сафарга чиқди. Ҳарбий тилда бу “рейд” деб айтилади. Манақ қишлоғига етганда уларнинг йўналишини қизил аскарлар йўналишига тўғри келиб қолиб, қисқа муддатли жанг бўлиб ўтди. Қизиллар яна Андижон томон чекиндилар. Манақда бир оз нафас ростлаган, Шермуҳаммадбекни Аравон халқи иззат-икром билан кутиб олди: оёғи тагига қўй, новвос ва от сўйилди. Йигитлар бу ерда уч кун меҳмон бўлдилар. Аравонликлар уни меҳмондорчилик дастурхонидан ташқари, озиқ-овқат, ки¬йим-кечак билан сийладилар. Тўртинчи куни Хол¬хўжа Эшон Ўшга, Шермуҳаммадбек эса Булоқбошига равона бўлдилар. Бу ерда бир кун дам олиб, Қалмоқ қишлоғи томон юрди. Бу ерда тўсатдан тўхтаб, унинг изига тушган қизилгвардиячиларга зарба берди. Ниҳоят, яна айланма йўллар билан юриб Ғорбувога қайтди.
КРЕСТЪЯНЛАР АРМИЯСИ
Жалолобод жанглари асноси Сўзоққа чекинган Мадаминбек ўз қўл остидаги кўрбошиларнинг бу ерга йиғилишини бир неча кун кутди. Кичик қўрбошилар бирин-кетин турли йўллар орқали Сўзоққа етиб келдилар. Бироқ, Холхўжа Эшон билан Нурмуҳаммадбекдан дарак бўлмади. Ўз воқеанавислари орқали уларнинг Шермуҳаммадбекка бориб қўшилганлиги, у ерда бўлиб ўтган жанглар тафсилотини эшитди. Воқеаларни таҳлил қилар экан, миллий-озодлик ҳаракати жабҳасида Шермуҳаммадбек, Холхўжа Эшон ва Нурмуҳаммадбекдан иборат ўзига қарши бўлган учлар иттифоқи шаклланаётганлигини ҳис этди, ҳамда бунинг олдини олиш вақти ўтганлигини англади. — Майли, — деб ўзига таскин берди Мадаминбек, — мана бу оқ русларнинг ишини ҳал эта¬йин, у ёғи бир гап бўлар.
Мадаминбекнинг оқ руслар билан кураши бир неча ой давом этди. У бир неча рус қишлоғини босиб олиб, Жалолобод шаҳрини ишғол этиш учун тайёргарлик кўраётган пайтда оқ руслар ҳам астойдил ҳаракатга тушиб қолдилар. Оқ русларнинг командирлари “Ҳар бир қишлоқда ташкил этилган ўз-ўзини ҳимоя қилиш дасталарини бирлаштириб, рус қишлоқларида умумий сафарбарлик эълон қилиб, каттагина ҳарбий қўшилма тузиш зарур”, деган таклиф билан Андижон ревкомига қилган мурожаатига кескин рад жавобини олишади, илло, мазкур командирларнинг туб мақсади, ўз ҳарбий қўшилмаларини ташкил этиб олгач, “босмачилар”дан ўзини ҳимоя қилиш, асосийси эса, болшевикларга қарши кураш олиб бориб, дастлаб Фарғона водийсида, сўнг эса, бутун Туркистонда ҳокимиятни қўлга олишдан иборат эди.
Бу пайтларда Тошкентда юқори мартабали собиқ рус армияси зобитларидан иборат “Туркистон ҳарбий ташкилоти” ташкил топиб, советларга қарши яширин кураш олиб бораётган эди. Фарғона большевиклар партияси етакчиси Билдин мурожаатга рад жавоби бергач, оқ командирлар мазкур ташкилотнинг фаол аъзоси, Туркистон АССР ҳарбий комиссари Осиповга мурожаат қилдилар. Большевикларнинг ашаддий душмани бўлган, кейинчалик исён кўтариб, ўн тўрт Туркистон комиссарларини қатл этган Осипов уларни қўллаб-қувватлаб, Фарғона водийсида рус крестъянлар армияси тузишга рухсат беради. 1919 йил 5 май куни Жалол¬ободда оқ русларнинг йиғилиши (съезди) ўтказилиб, “Рус крестъянлар армияси” тузилганлиги тантанали тарзда эълон қилинади. Мазкур съездда армия қўмондонлигига йирик бой ва ер эгаси Монстров сайланади, штаб бошлиғи этиб генерал Муханов тайинланади. Монстров шу куниёқ водийнинг руслар яшайдиган доирасида Крестъянлар армиясига ялпи сафарбарлик эълон қилади.       
ОҚ РУСЛАР БИЛАН ИТТИФОҚ
Крестъянлар армияси ривожлангач, унинг қўмондони Монстров фурсатни ғанимат билиб, фаол ҳаракат бошлади. Дастлаб, руслар истиқомат қиладиган қишлоқ ва қўрғонларда советларни тарқатиб юбориб, ўз ҳокимиятини ўрнатди. Кўп ўтмай Ўш шаҳрига ҳужум қилди. Ўш шаҳрида қизилларнинг кичик бир гарнизони бор эди, холос. Икки кунлик қамалдан сўнг Ўш эгалланди,  бироқ уни узоқ ушлаб туролмадилар. Қизиллар Андижон ва Искобилдан қўшин тортиб келиб, шаҳарни қайтариб олдилар.
Мадаминбек бир неча марта иттифоқ тузиш таклифи билан Монстровга вакил юборди. Монстров дастлаб бу таклифларни рад этди, ғурури йўл бермади. — Подумаешь (Ўйлаб қарагина), — деди у,— бир азиат (осиёлик), басмачи, замонавий ҳарбий илмдан жуда узоқ бир галанинг бошлиғи менга иттифоқ тузишни таклиф қилса-я.
Лекин, унинг “шонли” қўшини қатор мағлубиятларга учрагач, маҳаллий аҳолининг хайрихоҳлигига эриша олмагач, иттифоқ тузиш зарурлигини тобора ҳис қила бошлади. Бунинг устига, рус қишлоқларидаги мужикларнинг кўпчилигини деҳқон армиясига олиб, жанг-жадал билан банд бўлиб қолгач, қизил армия қўмондонлиги қисмлари ичидаги бир қанча бебош аскар ва зобитларга, ўзбекча қилиб айтганда худо бериб қолди. Улар рус қишлоқларига ёпирилиб бориб, мужиклариниг уйларига кириб, овқатини еб, ароғини ичиб, хотинлари ва қизлари билан маишат қилиш йўлига ўтиб олдилар. Бу ҳолат мужикларнинг нафсониятига тега бошлади. Улар Монстровдан қизилларнинг жиловини тортиб қўйишни талаб қилдилар. Ниҳоят, Мадаминбекка нисбатан адоватни юмшатишга, унинг рус қишлоқларига қилган ҳужумларидан кўз юмишга тўғри келди. 1919 йил июль ойи охирида Мадаминбек ва Монстров ўрталарида элчилар воситасида музокаралар бошланиб, 22 августда улар ўртасида битим тузилди.
Бу вақтда Мадаминбек ихтиёрида етти минг нафар, Монстров ихтиёрида эса уч минг беш юз нафар атрофида аскар бор эди. Битимга мувофиқ, аскари миқдори кўп бўлгани учун бирлашган қўшинга Мадаминбек бош қўмондон, Монстров бош қўмондон ўринбосари, генерал Муханов штаб бошлиғи вазифаларини эгалладилар. Руслар ичида юқори малакали ҳарбий мутахассислар кўпроқ бўлгани туфайли, штабнинг учдан икки қисми рус зобитларидан иборат қилиб тузилди.
Иттифоқ битими тузилиб, унинг шарафига берилган зиёфат ўтиши билан ҳарбий ҳаракатларга киришилди. Бирлашган қўшин жануб сари юриб, бирин-кетин қишлоқларни забт этиб, сентябр ойи бошларида Ўш шаҳрини эгаллади. 24 сентябр куни Иркиштом (Эргаштом) қалъаси қўлга киритилди. Иркиштом қалъаси Фарғона водийси билан Шар¬қий Туркистонни боғловчи шу номдаги довон этагида жойлашган бўлиб, муҳим иқтисодий ва ҳарбий стратегик аҳамиятга эга бўлган истеҳкомдир. Бу қалъанинг олиниши Фарғона ва Қашғар орқали чет элга чиқиш имкониятини берар эди. Шу туфайли қалъа олинган куни бу ерда муваққат Фарғона ҳукумати таъсис этилди. Мансаб-вазифалар қуйидагича тақсимланди:
Мадаминбек — ҳукумат раиси ва бош қўмондон;
Монстров — ҳукумат раиси ўринбосари, ер ишлари вазири;
Генерал Муханов — ҳарбий вазир ва штаб бошлиғи;
Нансберг — ички ишлар вазири;
Ҳакимжон Азизхонов — молия вазири.
Ҳукумат таркиби 16 мусулмон ва 8 мусулмон бўлмаган кишилардан ташкил топган эди. Туркия, Афғонистон, Озарбайжон билан дипломатик алоқалар йўлга қўйилди.
Қўқонда мухториятли ҳукумат тузилиши водий халқи¬га илҳом бериб, айрим жойларда аҳоли рус-болшевик ҳукуматини тан олмаганлигини исботлаш мақсадида мазкур жойни бошқариш учун ўзларича мингбоши, қўрбоши сайлаб ола бошладилар. Қува халқи ҳам бу ҳаракатдан четда қолмай, Умарали деган кишини ўзларига минг¬боши этиб сайладилар. Бу “ўзбошимчалик” албатта, ишчи-деҳқон-солдат депутатлари Қува советининг ҳамиятини қўзғотди. Совет ўз қўлидаги солдатлар ва Қува корхоналарида ишлайдиган ишчиларни қуроллантириб, Умар¬алига қарши ҳаракат бошлади, Умарали Ғорбувога хабар юбориб, ёрдам сўради. Шермуҳаммадбек йигитларни отлантириб Қувага етиб борганида жанг айни қизиган пайт эди. Шермуҳаммадбек ташқаридан, Умарали ичкаридан ҳужум қилишиб, тун бўйи жанг олиб боришди. Ҳар икки томонлар ҳам кўплаб қурбон берди. Ниҳоят, жанг қўрбошилар фойдасига ҳал бўлди. Темирйўл бекати вайрон этилиб, темир излар қўпориб олинди.
Кўп ўтмай Шаҳрихондан  чопар келиб, у ерда ҳаракатда бўлган Юсуфжон қўрбошининг мактубини топширди. Мактубдан маълум бўлишича, Шаҳрихон гарнизони аскарлари ароқхўрлик балосига мубтало бўлиб, ароққа пул топиш учун халқни талаб, мол-мулкини тортиб олаётган экан.
Бу пайтда Мадаминбек ҳам Ғорбувода эди. У Шермуҳаммадбекни Юсуфжон қўрбошига мадад бериш учун юборди. Бу сафар ҳам тўсатдан ҳужум қилингани учун ғафлатдаги гарнизонни енгиш анча осон кўчди. Жанг охирлаб қолганда Шермуҳаммадбекнинг бешотар милтиғи лўкидони (затвори) яхши ишламай қолди. Шермуҳаммадбек милтиқни яқинроқ ушлаб, лўкидонни текшириб турган эди, лўкидон яна ишлаб қолиб, ўқ отилиб кетди. Бошқа милтиқлар каби, бешотар қўндоғи ҳам елкага тираб туриб отиш учун, ярим ой шаклида тугалланган бўлади. Лўкидон ишлаб кетиб, ўқ отилгач, тепки зарбидан ярим ой шаклидаги қўндоқнинг бир учи Шермуҳаммадбекнинг чап кўзига тегди ва уни отдан ағдариб юборди. Йигитлар уни дарҳол ердан кўтариб, кўзини қийиқча билан боғлаб, отга миндириб Ғорбувога етказиб келдилар. Мадаминбек фурсатни ўтказмай уни Балиқчига олиб кетди. Бу ерда машҳур рус анархисти  М.А.Бакуниннинг дўсти ва сафдоши, ўз қарашлари учун бу ерга сургун қилинган салоҳиятли врач Евлампий Фёдорович Богородов истиқомат қилар, маҳаллий аҳоли бу қийин номни талаффуз қилолмай, уни “Лампа дўхтир” деб аташар эди. Мадаминбек Шермуҳаммадбекни тўғри Лампа дўхтирнинг ҳам истиқоматгоҳи, ҳам иш кабинети бўлган кулбасига олиб келди. Лампа дўхтир керакли муолажани қилиб, бойлаб қўйгач, ўзига савол назари билан қараб турган Мадаминбекка қарата калласини силкитиб, нажот йўқлигини билдирди.
— Энди нима бўлади?
— Яшайди, бироқ бу кўзи энди кўрмайди.
Уч-турт кунлик муолажадан сўнг, Мадаминбек Шермуҳаммадбекни Ғорбувога элтиб қўйди. Шундан бери Шермуҳаммадбекка унинг душманлари “Кўршермат” деган ном қўйиб олдилар. Таассуфлар бўлгайки, кейинроқ “Кўршермат” деган ном “Шермуҳаммадбек” деган номни халқ лафзидан сиқиб чиқараёзди. Юқорида келтирилганидек, “Кўр¬шер¬мат” демаса уни биров танимайдиган бўлиб қолди. Ўшандан бери Шермуҳаммадбек кўзига кўзбанд боғлаб юрди. Кейинроқ эса, унинг қўшинига ҳарбий мутахассис сифатида келган турк зобитлари унга қора кўзойнак совға қилдилар.
Шермуҳаммадбекнинг ғайрат-шижоати уни тўшакда кўп ётишга қўймади. Икки-уч кундан кейиноқ у ўрнидан туриб кетиб янги юришга тайёргарлик кўра бошлади. Янги юришнинг сабабчиси Холхўжа Эшоннинг мактуби эди. Мактубда Мингтепада рус мужикларининг бебошлиги ҳаддан ошганлиги туфайли, биргалашиб уларнинг танобини тортиб қўйиш таклиф этилган эди.
Фарғона мамлакатининг қадимий пойтахтларидан бўлмиш Эрши шаҳри азалдан озодлик кураши ўчоғи бўлиб келган. Милодий эрадан аввалги II асрда Хитой Парканга (хитой тилида Давон) катта қўшин юборган. Қўшин Эршини бир неча ой қамал қилиб ҳам ололмаган. Кейинчалик пойтахт бошқа шаҳарга кўчирилиб, аста-секин Эрши номи унут бўлиб кетади. Унинг ўрнида Мингтепа қад ростлайди. Мингтепа миллий-озодлик кураши қаҳрамони Муҳаммад Али Халифа (Дукчи Эшон) макон тутган жойдир. 1892 йили Дукчи Эшон қўзғолони бостирилгач, рус ҳукумати бу ерга яна мужикларни кўчириб келтирди. Мингтепаликларнинг аксарияти қўриқ ва адирга кўчирилди. Мингтепа ёнида ва унинг каттагина қисми ўрнида вужудга келган рус посёлкаси Марҳамат деган ном олди. Бу ерга кўчириб келтирилган мужиклар асосан казаклар, жиноятчи унсурлардан иборат бўлиб, улар бутун бир депарада ўзларини қадимдан қолган аҳоли-ю маҳаллий кишиларни келгинди ўрнида кўриб, ҳокимиятни ўз қўлларига олган эдилар. Бу ерда бўлиб ўтган қўзғолон маъмурларнинг ёдидан чиқмайдиган воқеа бўлган эди. Шу сабабдан, яна шундай ҳаракатлар бошланиб қоладиган бўлса, ҳаракатни уч¬қунлик ҳолидаёқ ўчириш учун бу ерга кўчириб келтирилган мужик ниқобидаги босқинчилар тиш тирноғигача қуроллантирилди. Янги ҳукумат, яъни советлар ҳам бу мужикларни ўз таянчи ўрнида кўриб, уларнинг бебошлик-безориликларига панжа орасидан қарайдиган бўлди.
Бу ўзига хос рус “армияси” дастлаб Холхўжа қўрбоши йигитлари билан тўқнашди. Мингтепа Холхўжанинг қароргоҳларидан бири Аравонга яқин жойлашган бўлиб, “мужик”лар Холхўжа йигитлари билан жанжал чиқаришга ҳаракат қиларди. Холхўжа қўрбоши ўз имкониятларини кўриб чиқиб, якка ўзи мужикларнинг адабини бериб қўйишга кучи етмаслигини билди ва уларга қарши биргаликда курашиш учун Ғорбувога мактуб ёзган эди. Кўп ўтмай ўзи ҳам йигитлари билан бу ерга етиб келди.
1918 йил 23 март куни Шермуҳаммадбек ва Холхўжа Эшоннинг бирлашган кучлари такбир айтиб Мингтепа устига юрди. Пешинга бориб Мингтепа ўраб олинди. Жанглар оқшомгача давом этди. Ниҳоят, руслар тоб бера олмай элчи чиқардилар ва омонлик тиладилар. Шермуҳаммадбек уларга шундай жавоб қайтарди: “Қурол-аслаҳаларни йиғиштириб топширасиз, большавой ўрис аскарларига бундан буён ёрдам бермайсиз, тортиб олинган ерларни қайтариб берасизлар, талаб олинган, мана бу қоғозга рўйхати ёзилган мол-мулкларни бизга қайтариб берасизлар. Шундагина ҳаётингизни сақлаб қоламан”.
Элчилар бу шартларни қабул қилишга мажбур бўлдилар. Мужиклар қуролларини ташлаб, жами 400 га яқин милтиқ, қилич, ханжар, тўппонча, шунга яраша ўқ-дори, маҳаллий аҳолидан тортиб олинган мол-мулк (от, мол-қўй, уй жиҳозлари ва ҳ.к) ни олиб келиб топширдилар. Бир қанча мужиклар Марҳаматни тарк этди.
Ўлжалар тақсимланиб берилди, от ва чорва, ашёлар эгаларига қайтарилди. Қурол-яроғ ва ўқ-дорининг бир қисми Холхўжа Эшонга берилди. Шермуҳаммадбек Холхўжани Ўшга кузатиб, ўзи Ғорбувога қайтди.
Шу тариқа, қатор муваффақиятли жанглар натижасида Мадаминбек ва Шермуҳаммадбекнинг обрўси кўтарилиб борди. Айниқса, ҳукумат қаноти остида, босар-тусарини билмай қолган мужикларнинг танобини тортиб қўйилиши бу обрўни янада ошириб юборди. Ҳатто, халқ ичида яхши ном қозонмай юрган Холхўжа Эшон назарга кириб қолди.
Умуман, Қўқонда мухториятли ҳукуматнинг янчиб ташланиши, халқнинг қонга ботирилиши оқибатида келиб чиққан миллий-озодлик кураши 1918 йил март ойидан бошлаб қанот ёзиб, деярли бутун водийни қамраб олди. Совет ҳокимияти катта гарнизонларга эга бўлган шаҳарлардагина сақланиб қолди. Бу ҳаракатга ўн чоғли йирик қўрбошилар раҳбарлик қилдилар:
— Водийнинг марказий ва шарқий қисми Мадаминбек бошчилигидаги бир қанча ҳудудларга бўлиниб:
— Марғилон музофоти Шермуҳаммадбек тасарруфида;
— Андижон Парпибек қўрбоши тасарруфида;
— Наманган Омон Полвон тасарруфида;
— Ўш Холхўжа Эшон тасарруфида;
— Олой Муҳиддинбек тасарруфида;
— Қурама музофоти Раҳмонқули қўрбоши тасарруфида турди.
Бошқа қўрбошилар ўз ҳудудларига қараб, юқорида номлари келтирилган йўлбошчилар билан келишиб иш кўрар эдилар. Ҳозирча кураш қўрбошилар фойдасига ҳал бўлиб турибди. Бироқ советлар ҳам анойи эмас, уларга тинимсиз равишда Тошкент, Самарқанд томонлардан ёрдам, қизил гвардия¬чилар қисмлари ва қурол-яроғ, ўқ-дори келиб турибди. Озодлик жангчиларининг қурол-яроғи ҳозирча етарли бўлсада, келажакнинг ғамини еб туриш керак. Шу ўринда уларнинг қуролланиши борасидаги айрим фикрларга муносабат билдириб ўтишга тўғри келади. Совет тарихшунослиги ва бадиий адабиётларда босмачиларни чет эл, аниқроғи, инглизлар қурол билан таъминлаб турганлиги кўп таъкидланади. Гўё қўрбошилар келажакда — мустақил Туркистон давлати ташкил топганда унинг ер ости бойликлари, пахтасини инглизларга бериш шарти билан улардан энг замонавий қурол-яроғлар олиб турган, бу қурол-яроғлар Афғонистон ва Қашқар орқали етказиб берилган эмиш. Ҳатто, адабиётларда “босмачи”лар ишини бошқариб, уларга қурол-яроғ етказиб бериб турган инглиз жосуси, эмиссари сиймоси ҳам яратилган. Бир китобда у Дейли, бош¬қасида Кейли, кейингисида Бейли ва яна шу қофия¬ли номлар билан қаламга олинади. Биз бу даъволарни юз фоиз ёлғонга чиқаришга ҳақли эмасмиз. Айрим қўрбошилар хориждан оз-моз чет эл қуролини олганлиги ҳақида гап-сўзлар юради, бироқ муайян бир қўрбошининг муайян бир чет эл жосуси билан алоқада бўлганлиги, ундан муайян миқдорда қурол-яроғ олиб турганлиги хақидаги ҳужжатли маълумотни кўп йиллар қидириб, топишга муваффақ бўла олмадик. Адабиётларда қаламга олинган машҳур маузерлар, бешотар милтиқлар барчаси советлар билан бўлган жангларда қўлга олинган ўлжалардир, ҳозирча қурол етиб турибди, бироқ, кураш жабҳаси кенгайса қурол-яроқда эҳтиёж ортади. Кейин нима бўлади? Умуман, келажакда нима ишлар қилиш керак? Кундан-кун кучайиб бораётган озодлик ҳаракатини қандай бошқариш керак? Ҳамма ўз ҳолича ҳаракат қилаверсинми, ёки қандайдир бошқарув маркази керакми? Агар ҳаракат марказдан бошқариладиган бўлса, раҳбар ким бўлади? Бундай савол ва муаммоларни ҳал этиш учун йирик қўрбошиларни бир жойга тўплаб, анжуман ўтказиш эҳтиёжи яққол сезилиб қолди. Бачқирда бўлиб ўтган йиғин ҳақида юқорида бир эслатиб ўтилган эди. Энди бу мавзуга бир оз чуқурроқ, кенгроқ назар солиб ўтишимизга тўғри келади.
БАЧҚИР ҚУРУЛТОЙИ
Бу воқеаларни, яъни Бачқирда ўтказилган қурултой тафсилотини унда иштирок этган кишиларнинг (улардан баъзилари чекистлар эди) ёзма ва олтмишинчи йилларда бизга сўзлаб берган оғзаки хотиралари асосида шууримизда тиклашга ҳаракат қилдик, зеро, у пайтларда миллий анжуманларда баённома (протокол) ёзиш урф бўлган эмас эди.
1918 йил 29 март, жума куни Бачқир қишлоғи эрта тонгдан сайил тусини олди. Кўчалар фавқулодда озода, йўллар четидаги хароброқ уйлар деворлари шолча, палак тўсиб яширилган, Эргаш қўрбошининг қароргоҳ-қўрғони ҳамда қишлоқ бойларининг ташқари ҳовлиларида қўйлар сўйилиб, қозонга босилган, дастурхонлар тузалган, қишлоқдаги барча тандирларга олов қаланган. Эргашбекнинг ва қишлоқнинг йигитлари хизматга шай бўлиб турибдилар. Айрим қўрбошилар ва ажратилган махсус кишилар қишлоққа киравериш жойга меҳмон кутгани чиқиб кетишган. Эргаш қўрбоши эса кечаёқ етиб келган Шокир Ноиб, Абдулла Закунчи ва бошқа меҳмонлар билан бўлажак қурултой масаласида маслаҳатлашиб ўтирибди.
Узоқ-яқиндан таклиф қилинган меҳмонлар бирин-кетин етиб кела бошладилар. Меҳмон кутувчилар қўрбошилар ва юқори мартабали меҳмонларни Эргашбекнинг қўрғонига, уларнинг йигитларини эса қўра (ҳовли) ларга кузатиб келдилар. Таомлар тайёр бўлсада, таомилга кўра, энг ҳурматли меҳмонлар оёғига қўйлар сўйилди. Пешин яқинлашгач, барча меҳмонлар таҳорат олиб, қишлоқнинг жоъме масжидига ўтдилар. Жума намози имом-хатиблигига энг ҳурматли меҳмон Миён Қудрат Ҳазратлари ўтдилар. Жума намозидан сўнг қўрбошилар ўз йигитларига эҳтиёт шарт ҳар қандай воқеага тайёр ҳолда қароргоҳга яқинроқ жойда туришни тайинлаб, қўрғонга кириб кетдилар. Эргашбек ўз қўрбошиларига қурултойда қатнашмай, қишлоқни муҳофаза этишни топширди.
Қурултойни Миён Қудрат Ҳазрат бошлаб, Аллоҳга ҳамд, пайғамбар (с.а.в)га сано ўқиганларидан сўнг шундай дедилар:
“— Азиз фарзандларим, мужоҳидлар, ушбу анжуманда ўтириб, Фарғонанинг ҳар хонасидан келган сизлардай ғозийлар, юрт озодлиги учун алам боғлаган (байроқ кўтарган) азаматларни бир жойда бақамти ҳолда, кўриб кўз ёшларимни тия олмаябман. Бундай анжуман, юрт озодлиги, ислом бар¬қарорлиги йўлида бирлашиш учун ҳаракат неча аср¬ларки, бўлмаган эди. Агар бу ҳаракат ўрус кофирлар энди-энди бостириб келаётганда бўлганида, балки аждодларимиз юртни уларга бериб қўймаган бўлур эдилар. Ўрусларнинг кирдикорлари барчамизга маълум: энг яхши ерларимизни тортиб олдилар, бойликларимизни ташиб кетмоқдалар, дини исломни, гарчи тақиқламаган бўлсаларда, уни ичидан бузишга ҳаракат қилдилар ва маълум даражада бунга эришдилар ҳам. Ўруснинг янги чиққан тоифаси болшавойлар эса муқаддас динимизни бутунлай йўқ қилишни ўзларига маслак қилиб олганлар... Хайриятки, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, кеч бўлсада кўзларимиз очилди, динимизни, юртимизни озод қилиш учун марди майдонлар бор экан, ўртага чиқишди.
Бу кунги йиғилишимиздан мақсад, аввало, бирлашиш, бир ёқадан бош чиқариш йўларини қидиришдир. Бўлинганни бўри ейди, айрилганни айиқ. Ўрусга қарши Қўқон, Бухоро, Хоразм ҳукмдорлари ўз бошига ҳаракат қилди, уларга бирлашиб ҳаракат қилиш маслаҳатини берган кишиларнинг гапига қулоқ солмадилар, оқибатда осонгина душман илкига тушдилар. Кимки, мингта, икки мингта, борингки уч мингта йигит билан юртни болшавойдан озод қиламан деса, хом ўйлабди. Ўрусия оқ подшо вақтида, гарчи кейинги урушда омади келмасада, ҳарбий қудрати юксак мамлакат эди. Ушбу ҳарбий қудрат энди болшавойларга мерос бўлиб ўтди. Туркистон ҳукумати (мухторияти)нинг бир ҳафта-ўн кун ичида йўқ қилиниши бунга далилдир. Эргашбек ўзича, Мадаминбек ўзича, Шермуҳаммадбек ўзича ҳаракат қилгани билан бундай катта кучга бас келиши қийин. Барча қўрбошиларимиз, барча йигитларимиз бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб курашга кирилса, иншооллоҳ, большавойларни юртимиздан ҳайдаб, ўз кўнглимиздаги давлатни қура оламиз. Йўқ, “ҳар ким ўз тешасини ўзи чопсин” қабилада иш қиламиз дейдиган бўлсак, тахта ўқлоғни вақтида йиғиштиришга тўғри келади, илло шу кунгача тўкилган ва бундан кейин тўкиладиган қон беҳуда кетиши аниқ. Шундай экан, хаммамиз бир раҳнамо қўли остида бирлашувимиз шарт”...
Ўтирганлар ичидан: “ — Эшонбуво, раҳнамоликка ўзлари борларку,” — деган овозлар келди.
— Биз ҳам сизларнинг бошингизни қовуштириб, доим дуоларингизда бўламиз, — деб жавоб бердилар Ҳазрат,— бироқ илми ҳарбни яхши биладиган, сизлар билан ёнма-ён туриб жанг қиладиган раҳнамо, тўғрироғи, сардор, амир зарур. Токи у қаттол душманга бас кела оладиган баҳодир, жасур, заковатли киши бўлсин....
Сўзни Марғилондан келган вакил, мухториятли ҳукуматнинг арбобларидан бири, диний ва дунёвий масалаларни яхши биладиган Миродилбой давом эттирди: 
“ — Сўзнинг боқийсини ҳазратим баён қилдиларки, ҳеч қайсимиз бу баёнга бир сўз қўша олмаймиз. Шунинг учун сўздан амалга ўтсак. Бу ерга жам бўлган муҳтарам сардорларимизнинг аксариятлари умумий раҳбарликни эплайдиган, жанг кўрган, иш билган йигитлардир. Шуни таъкидлаб ўтишни истар эдимки, сайлов ўтказишдан олдин ҳар бир киши ўзининг ички туйғуси билан суҳбатлашиб, ўз имкониятларини, ўз салоҳияти даражасини чамалаб олсин, даврада ўзидан кучлироқ одам борлигини ҳис этсин, унга ён бериб, мардларча иш тутсин. Ўзига-ўзи, “менга берилган имкониятлардан фойдаланиб, озодлик курашига раҳбарлик қила оламанми? Агар эплай олмасам, менинг айбим билан беҳуда ўлиб кетган шаҳидлар мендан рўзи маҳшарда ўз хунини талаб қилмайдими” деган саволни берсин. Ҳа, биродарлар, амирлашкарлик ниҳоятда масъулиятли иш. Унга берилган имконият Ватанимизга, курашимизга берилган ягона имкониятдир. Бундай имконият иккинчи марта берилмайди. Тўғрисини айтишга мажбурман, бизда “ўзим бўлай”чилик касаллиги бор. Бу мудҳиш касаллик кўзларимизга парда тортиб, масъул вазифага ўзимиздан муносиброқ номзодни кўришга имкон бермайди. Бу касалликнинг сафросини ўз вақтида қуритиб, сайловга ҳолис бўлайлик. Бундай қилмас эканмиз, тарих бизни кечирмайди, тарих кечирса ҳам Аллоҳ кечирмайди”...
Ташкилий масалани Ҳўқанд қозикалони Камол қози олиб борди:
— Мана муҳтарам ғозийлар, ҳазратим ва Мир¬одилбой гапнинг сирасини айтдилар. Энди шу гапларни сабоқ сифатида қабул қилиб, танангизда чуқур ўйлаб кўриб, сўнгра муносиб одамни номзод қилиб кўрсатишингизни сўрайман.
Номзод кўрсатиш кутилганидек бўлди: ҳар бир йирик сардорнинг қўрбоши ва понсодлари ўз раҳнамоларининг номзодини кўрсатдилар:
— Эргашбек бўлсин;
— Мадаминбекдан бошқа киши бу ишни эплолмайди;
— Шермуҳаммадбек муносиб;
— Омон Полвон бўлсин;
— Парпибек бўла қолсин...
Ҳайҳот! Қачон қутиламиз бу касалликдан? Номзоди тилга олинганлар ичида Омон Полвонгина ўз номзодини Мадаминбек фойдасига қайтиб олди, холос. Баҳс қизигандан-қизиб, иш ҳатто бир-бирларига ўдағайлашгача бориб етди. Бу ҳолга чидай олмаган Миён Қудрат Ҳазрат ва Камол Қози йиғлаб юбордилар. Ҳазрат йиғлаганлари кўйи ўринларидан турдилар:
— Ҳой-ҳой бўталарим, нималар бўляпди? Шунча гаплар ҳавога учдими? Шайтон йўлдан урдими? Шайтонга ҳай беринг!
Қўрбоши ва понсодлар уялиб, ердан кўз узолмай қолдилар. Ниҳоят, Қораёзибуволик Ислом Полвон ўрнидан турди:
— Эшонбуво! Бу ерда ўтирганлар кўпчилигимиз сизнинг муридларингизмиз. Бизни маъзур тутадилар, қизишиб кетдик. Бизнинг пиримиз эканлар, номзодни ўзлари кўрсатсинлар, биз шунга бўйинсунайлик.
Ўтирганлар ичидан:
— Тўғри айтяпти полвон.
— Бошдан бош шундай қилишимиз керак эди.
— Ҳазрат ўзлари муносиб одамни кўрсатсинлар,— деган хитоблар янгради.
— Раҳмат, фарзандларим, — дедилар ҳазрат,— менга қолса, ҳаммаларингиз ҳам амирлашкарликка муносибсизлар. Энг муносибларингиз Эргашбек билан Мадаминбек. Шулардан бирини танласак нима дейсизлар?
— Тўғри, дея маъқуллади жамоат.
Камол Қози яна раисликни қўлга олди:
— Ундай бўлса, ҳаммангиз ўрнингиздан турингиз. Эргашбекни кўрсатувчилар менинг ўнг тарафимга, Мадаминбекни кўрсатувчилар чап тарафимга ўтсинлар. Мир¬одилбой, сиз уларни санаб, ҳисобини олинг.
Одамлар ўрниларидан туриб, иккига айрила бошладилар. Баъзилар бошини қашлаганча ўртада бир оз туриб қолдилар. Ўнгдан-чапга, чапдан-ўнгга ўтиб олганлар ҳам бўлди. Жами олтмиш тўрт одамдан ўттиз учтаси ўнг тарафга, ўттиз биттаси чап тарафга ўтгани маълум бўлгач, Камол Қози Эргаш қўрбошига хитоб қилди:
— Эргашбек, амиралмуслиминлик ва амирлашкарлик сизга муборак бўлсин!
Қозининг ишораси билан йигитлар оқ кигиз олиб келдилар. Барчалари ҳовлига чиқдилар. Икки йигит катта бир оқ қўчқорни олиб келиб сўйдилар. Қонини кигизнинг бир чеккасига текиздилар. Шундан сўнг уламолар Катта Эргашбекни кигизга олиб ўтдилар. Кўпчилик бўлиб кигизнинг тўрт томонидан кўтариб, даврани тўққиз марта айланиб чиқдилар. Кигиз ерга туширилгач, ҳозир бўлганлар Эргашбекни муборакбод этиб, тавоб айладилар.
Шундан сўнг қурултой раислигини Катта Эргашбек ўз қўлига олиб, вазифаларни тақсимлади: Мадаминбек бош муовин ҳамда водийнинг шарқ томонига қўмондон этиб тайинланди. Жойлардан келган қўрбошилар ўз ҳудудларига сардор бўлдилар, сўнгра ўзаро алоқа юритиш, озиқ-овқат, ўқ-дори, қурол-яроғ масалалари муҳокама этилди.
Қурултой мажлиси тамом бўлгач, барча иштирокчилар зиёфатга таклиф этилдилар.
Шу ўринда амиралмуслимин сайлаш масаласида яна бир бор хорижий манбаларга муносабат билдириб ўтишга тўғри келади.
Мазкур манбаларда Шермуҳаммадбекнинг укаси Нурмуҳаммадбек хотираларига асосланиб, айни мазкур қурултойда Шермуҳаммадбек амиралмуслимин этиб сайланганлиги таъкидланади. Бироқ, юқоридаги ёдномада кўриб ўтказганимиздек, бу мартабага Катта Эргашбек эришди.
Мазкур тарихий қурултойнинг таъсир кучи узоқ давом этмади. Бошида бир қанча қўрбошилар бош қўмондон билан алоқада бўлиб, бамаслаҳат иш кўриб турсаларда, кўп ўтмай яна ҳар ким ўз билганича ҳаракат қилишга ўтиб кетди. Бунинг асосий сабабларидан бири, Эргашбекнинг Фарғонадай катта бир ҳудудни қамраб олган курашга бошчилик қилишга салоҳияти ва иқтидори етмаганлиги, етарли даражада қатъият ва қаттиққўллик кўрсатиб, жиловни қўлда маҳкам тута олмаганлиги, юқорида эслатилганидек, ярадор бўлгач, фаолияти сустлашиб, паришонхотир бўлиб қолганлигида бўлса, иккинчи асосий сабаб, ўша мудҳиш касаллик – “ўзим бўлай”- чилик деярли барча йирик сардорларни ўз комига олганлигида эди. Қўрбошилар ўртасида муросасизлик йуқолиши ўрнига кучайиб борди, ҳатто бу муросасизлик икки асосий сардор – Эргашбек ва Мадаминбек ўрталарида қуролли тўқнашувгача олиб борди.
Шундай бўлсада, 1918 йилда миллий-озодлик ҳаракати кучлари катта ғалабаларга эришдилар. Бу даврда Советлар Россияси ҳарбий кучлари жуда кўп жабҳаларда жанглар олиб борди. Шармандали Брест сулҳи тузилиб, Германия ҳужуми тўхтатилган бўлсада, Россиянинг собиқ иттифоқчилари бўлмиш Антанта давлатлари ҳужум бошлаб юборган, мамлакат ичкарисида эса фуқаролар уруши бошланиб, Колчак, Юденич, Деникин, Петлюра, Корнилов ва бошқа саркардалар ички Россиядаги каттагина ҳудудни эгаллаган эди. Атаман Дутов Оренбургни эгаллаб, Россия ва Туркистон ўртасидаги асосий йўл ҳаракатини тўхтатиб қўйганлиги туфайли марказий ҳукумат Туркистонга йирик ҳарбий куч юбориш имкониятидан маҳрум бўлди. Шунингдек, Туркистон АССР ҳукумати ва жойлардаги Советларнинг шовинистик сиёсати, маҳаллий ҳокимият органларига жойлашиб олган унсурларнинг талончилиги, ахлоқсизлиги, арман дашноқларининг бебошликларига эрк бериб, унинг сафларини тўлдириб турди.
1876 йилда Қўқон хонлиги тугатилиб, унинг асосий ўзаги бўлмиш Фарғона водийси Туркистон генерал-губернаторлигининг Фарғона областига айлантирилгач, янги маъмурий марказ бунёд этиш эҳтиёжи туғилди. Миллий ва диний руҳ кучли бўлган, шунингдек, табиати сершамол, бир оз заҳкаш Ҳўқанд ҳарбий губернатор Скобелевнинг дидига ўтирмади. У Ёрмозор яқинидаги қадимий Сим қишлоғи ўрнида замонавий шаҳарча қуриб, вилоят марказини шу ерга кўчирди. Бу шаҳарча губернатор номини олиб Скобелев (ўзбеклар талаффузида Искобил) деб атала бошлади. Бешбола, Беклар, Сурх¬тепа, Канжиға, Ёрмозор, Чекшура қишлоқлари оралиғида жойлашган бу рус шаҳрида маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам истиқомат қилар эди. Шулардан бири Ёрмозорлик Ҳамиджонбойнинг етим қолган ўғли Ёдгорбойвачча Искобилдаги замонавий мактабда ўқиб, тижорат илмини ўрганди ва ўз салоҳияти, саъйи-ҳаракати билан катта бойлар даврасига кириб қолди. Истанбул, Боку, Қозон, Уфа, Ҳўқандда чоп этиладиган миллий руҳдаги газеталарни мунтазам ўқиб, кўзи очилди, жадидлар билан танишди... Миллий-озодлик ҳаракатига хайрихоҳ бўлган юзлаб одамни большевиклар Марғилонга олиб бориб, халқ¬ни ваҳимага солиш мақсадида кўкракларига “босмачиларнинг ҳамтовоғи” деган ёзув осиб, шаҳар кўчалари бўйлаб сазойи қилдилар ва Исқобил қамоқхонасига қамаб қўйдилар.
Бу хабар Ғорбувога етиб келганда Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек Чимён ҳужумига тайёрланиб турган эдилар. Чимён ўша даврда Фарғонанинг асосий нефт кони бўлиб, унда беш мингга яқин киши ишлар, кончиларнинг аксарияти рус, арманилардан иборат, маҳаллий аҳоли вакиллари жуда оз эди. Стратегик аҳамиятга эга бўлган бу кон ҳамда ундан Олтиариққача чўзилган нефт қувурлари каттагина гарнизон ва унга бўйсунадиган махсус қисмлар томонидан қаттиқ қўриқланар эди. Кон очилгандан бери маҳаллий аҳолининг каттагина қисми серҳосил ерлардан тошлоқ адирларга кўчириб юборилди. Аскарлар ва кон ходимлари қишлоққа тўлиқ хўжайин бўлиб олиб, маҳаллий аҳолига зулм ўтказар, шаънига тегар эдилар. Кунлардан бирида аскарлар ва ишчилардан бир гуруҳи адирга овга чиқдилар. Овлари бароридан келмай ўша ерда ўзлари билан олиб чиққан ароқларини ичиб, маст бўлиб қишлоққа қайтаётиб, яйловда ўтлаб юрган қишлоқ подасига дуч келадилар. “Овчи”лар подани кўриб, ўзларининг “топталган овчилик нафсоният”ларини эслаб, подани ўққа тутадилар. Подачилар ҳай-ҳайлаб югуриб келганларида уларга ҳам ўқ узадилар. Бу воқеа аҳолининг сабр косасига охирги томчи бўлди. Аҳоли қўлига тушган нарса билан қуролланиб чиқаётган пайтда бир неча узоқни кўрадиган оқсоқоллар уларни тўхтатиб, “ — Шошилманглар, йигитлар, қўлимиздаги кетмон паншахалар билан яхши қуролланган минглаб саллотларга қарши ҳеч иш чиқара олмаймиз, беҳуда қон тўкилгани қолади, Сиддиқ бойваччани кутайлик” — дедилар. Сиддиқ бойвачча Чимён бойларидан бўлиб, миллий курашга қўшилган, яширин тарзда йигит тўплаб, қурол-яроғ йиғаётган, ўша пайтда шундай юмуш билан Миндонга кетган эди. Чимёнга қайтиб, юз берган воқеани билгач, ҳозирги ўзининг оз сонли йигитлари ва қуролсиз қишлоқ аҳли билан катта кучга эга бўлган душманга бас келолмаслигини ҳис этиб, Ғорбувога чопар жўнатиб, ёрдам сўраган эди.
Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек маслаҳат қилиб, ўзлари Чимёнга ҳужум қилишга, Искобилга Ёдгор бойваччага ёрдам беришга Нурмуҳаммадбекни юборишга қарор қилдилар.
20 апрель куни икки қўрбошининг бирлашган кучлари бир неча йўналиш бўйича Чимёнга йўл олиб, уни ўраб олдилар. Жангга киришдан олдин Мадаминбек ўз одати бўйича қон тўкишнинг олдини олиш учун Чимён гарнизони бошлиғи Ефимовга хат (ультиматум) киргизиб, агар гарнизон қурол яроғини топшириб, ўз ихтиёри билан таслим бўлса, ҳеч кимнинг ҳаётига зомин бўлмаслигини, акс ҳолда аёвсиз жанг қилишини билдирди. Ефимов жавоб хати юбориб, Мадаминбекнинг ўзини таслим бўлишга таклиф қилди. Дастлабки ўқлар узилгач, Сиддиқ бойвачча Миндон йўналиши бўйича ҳужумга ўтди. Жанг қизигандан қизиди. Гарнизон бошлиғи Ефимов жанг¬ларда пишган, тажрибали, салоҳиятли зобит эди. У ўз ихтиёридаги отрядлардан бирининг бошлиғини чақириб шундай буйруқ берди:
— “ЧАЛ-2” (Чимён — Олтиариқ йўналиши) нефт қувури таъмирланаётганини биласан-а?
— Худди шундай, ўртоқ командир.
— Қувурлари нефт қолдиқларидан тозаланган. Ўз отрядинг билан қувур ичига тушиб, Олтиариқ томон эмаклаб бўлсада, юрасан. Биринчи километр¬да қувур олиб қўйилган. Ўша ерда қувурдан чиқиб, босмачиларнинг орқа томонидан ҳужумга ўтасан. Кўпроқ шовқин-сурон қилинглар, душман сизларни кўпчилик экан деб ўйласин. Қоронғи тушиб қолди. Ҳозироқ йўл олинглар
— Хўп бўлади, ўртоқ командир.
Бир соат ўтар-ўтмай отряд жангчилари қувурдан чиқиб, “Ура” деб ҳайқирганча орқадан ҳужум бошлади. Қўрбошиларнинг йигитлари Олтиариқ томондан русларга ёрдам кучи келди деб ўйлаб, саросимага тушдилар. Шермуҳаммадбек саросимага тушмасдан, ички бир туйғу билан орқадан ҳужум қилган руслар кўпчилик эмаслигини сезиб, бир қисм йигитлари билан қарши ҳужумга ўтди ва уларни қириб ташлади. Саллотлардан бир неч¬таси қувурга қайтиб тушиб, Ефимов олдига қайтиб бордилар ва бўлган воқеани сўзлаб бердилар. Ҳарбий ҳийласи иш бермаганлигини кўрган Ефимов оқ байроқ кўтаришга мажбур бўлди.
Икки сардор ўртасидаги биринчи зиддият шу ерда туғилди. Мадаминбек оқ байроқни кўриб, жанг¬ни тўхтатишга буйруқ берди.
Бунга Шермуҳаммадбек эътироз билдирди:
— Биз хат киритиб, уларни огоҳлантирганмиз. Улар огоҳлантиришни писанд қилмай, ҳарбий ҳийласи иш бермагандан кейингина байроқ кўтардилар. Бинобарин жангни давом эттиришга ҳақлимиз.
— Йўқ, оқ байроқ бутун дунёда тан олинган белги. Барча ерда, барча жангларда оқ байроқ кўтарилиши билан жанг тўхтатилади.
— Бутун дунё билан нима ишим бор? Душманни ҳозир янчиб ташламасак, эртага у куч йиғиб бизни янчиб ташламайдими?
— Эрталик ишга Худо раззоқ.
— Бек, сиз раҳмдиллик қилябсиз. Лекин улар, хонаси келса, сизга раҳм-шафқат қилармикан? Бу раҳмдиллигингиз бир куни келиб бошингизга етмаса, деб қўрқаман.
— Пешонада бўлса худодан кўрарман. Бироқ, ҳозир оқ байроқни қонга булғашни хоҳламайман.
— Мени хоҳлайди деб ўйлайсизда. Бу байроқ қонга беланиб бўлганку. Агар улар байроқни жанг¬дан олдин кўтарганда, шунча қон тўкилмаган бўлар эди. Майли, бу сафар иродангизга бўйсунаман...
Йигитлар қизил аскарларни қуролсизлантиришга бошладилар. 800 га яқин милтиқ, бир неча пулемёт, шунга яраша ўқ-дори ўлжа олинди. Ефимов халқдан ўч олмасликка зобитлик ваъдасини бергач, уларни асир олмадилар. Олтиариққа нефт етказиб берадиган қувурларни бир неча жойдан бузишгач, Ғорбувога қайтиб кетдилар. Қўрбошилар манзилга яқинлашиб қолганларида Олти¬ариқ станциясига Искобилдан катта қизил гвардиячи қисм Чимён ҳимояси учун етиб келди.
Энди Нурмуҳаммадбекнинг ишларидан хабар олайлик. Нурмуҳаммадбек Искобил шаҳри водийдаги қизил кучларнинг таянч нуқтаси эканлигини, мудофаа қай даражада ташкил этилишини яхши билган ҳолда шошилмай, пухта иш кўришга қарор қилди. “Шаҳар кўрган” эллик-олтмиш чоғли йигитни бозорчи, деҳқон, мардикор қиёфасида шаҳарга разведкага юбориб, у ерга кириб чиқувчиларни текширадиган нуқталар (постлар) қаерларда жойлашганлигини, постларга йўлиқмай кириш мумкин бўлган жойларни аниқлашни топширди. Ниҳоят, шаҳарни тун қоронғулиги ўз оғушига олгач, унинг минг кишилик қўшини бир неча қисмга бўлиниб, бояги разведкачилар бошловида шаҳарга кириб бордилар. Дунёда ит деган ўта сезгир бир махлуқ бор. Йигитлар чекка маҳаллалардан ўтиб келаётганда, бегона ҳидларни сезган мазкур маҳаллалар итлари ёппасига ҳуришга тушади. Уларнинг овозини эшитган бошқа маҳаллалар итлари ҳам уларга жўр бўлдилар. Бутун шаҳарни акиллаган, вовуллаган товушлар босиб кетади. Постларни шахсан текшириб шаҳар кўчалари бўйлаб юрган гарнизон бошлиғи Голиков итларнинг бу даражада ҳуришини эшитиб, хавотирга тушди ва гарнизонни оёққа турғазди. Фав¬қулодда комиссия вилоят бўлими бошлиғи ҳам воқеани англаб, яъни қамоқдагиларни қутқариш учун шаҳарга душман кучлари киритилганини англаб, ўз ихтиёридаги аскарлар билан қамоқхонага етиб борди.
Гарнизон оёққа тургач, кўча жанглари бошланиб кетди. Итларнинг ҳуриши, ўқ овозлари, шовқин-сурондан бедор бўлган искобиллик ўзбекларнинг бир қисми ҳам қўлига болта, белкурак, пичоқ, даст¬каллак, таёқ ва бош¬қа нарсаларни олиб, кўчага чиқдилар ва қамоқхона сари юрдилар, зеро, кўплаб кишиларнинг ноҳақ қамалиши аҳолининг ғазабини жунбушга келтирган эди.
ЧК бошлиғи қамоқхона бошлиғига буйруқ бериб, Ёдгорбек ва унинг йигирмадан ортиқ сафдошлари – қўрбошиларга моддий ёрдам бериб юрган кишиларни камералардан олдириб чиқиб, қамоқхона ҳовлисида қатл эттирди. Озодлик жангчилари қамоқхонага етиб келганда Искобил халқи бу кушхонани эгаллаб бўлган эди. Қамоқхонанинг барча эшик ва дарвозалари ланг очиб қўйилди. Бу ерда ётганларнинг барчаси – мингдан зиёд маҳбус озод этилди. Уларнинг катта бир қисми Нурмуҳаммадбек дастасига ўз ихтиёри билан қўшилди. Бу маҳбуслар ичида ҳақиқий жиноятчилар ҳам йўқ эмас эди. Қамоқхоналарни босиб, маҳбусларни озод қилиш биргина Нурмуҳаммадбекка эмас, балки кўплаб қўрбошилар томонларидан ҳам амалга оширилган. “Тарки одат амри маҳол” деганларидек, шаҳар ва қишлоқларни озод этиш учун бўлган жангларда гуруҳга қўшилиб қолган айрим собиқ маҳбуслар ўз эски ҳунарларини қўмсаб, талончилик, ўғрилик, зўрлаш билан шуғулланганлари маълум. Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек бундай жиноятчиларни жуда қаттиқ жазолаганлари ҳам маълум. Лекин, шундай бўлсада, покиза номга доғ тушириш учун бутун бир озодлик кураши мобайнида содир этилган бир-икки жиноят ҳам етиб ортади. Қизил гвардиячилар ва айниқса уларга қўшилиб олган арман дашноқлари мунтазам равишда талончилик, зўравонлик билан шуғулланганлари ҳолда миллий-озодлик ҳаракати сафига юқоридаги тарзда қўшилиб қолган яккам-дуккам жиноятчиларининг бир-икки марта содир этган жиноятлари миллий-озодлик ҳаракати фаолиятига доғ тушира олмаса ҳам, гап-сўзларга сабаб бўлди. Айниқса, қизил ташвиқотчилар ана шундай бир-икки жиноятни миллий озодлик ҳаракатининг асосий фаолияти сифатида кўрсатиб келдиларки, бу ҳол ҳатто мустақиллик даврида ҳам миллий-озодлик ҳаракати долзарб илмий публицистик мавзу даражасига кўтарила олмаслиги омилларидан бири бўлиб келмоқда.
Алқисса, Нурмуҳаммадбек Ёдгорбек ва унинг яқин сафдошларини қутқаришга улгура олмаса ҳам, қамоқхонани вайрон қилиб, маҳбусларни озодликка чиқариб, ғалаба билан Ғорбувога қайтиб келди. Бу ҳужумнинг энг аҳамиятли томонларидан бири, унда халқ оммаси иштирок этганлигида бўлса, иккинчиси, қизил кучларнинг марказига берилган зарба эканлигидадир.
Юқорида кўриб ўтилган жанг-жадаллар Фарғона водийсидаги миллий-озодлик ҳаракати йилномасидан 1918 йилга оид айрим лавҳалар, холос.
1918 йилнинг ёз-куз ойларида кураш қизғин давом этди, қишга бориб сусайди. Барча қўрбошилар йил мобайнида ўз ҳудудларида устунликни ушлаб турдилар. Қиш ичи ҳар икки томон ҳам келгуси йил жангларига тайёргарлик кўриш билан банд бўлдилар. 1919 йилнинг эрта баҳорида жанглар яна қизиб кетди ва баҳорги-ёзги уруш ҳаракатлари миллий-озодлик кучларининг устунлиги билан ўтди. Кузга томон эса вазият советлар фойдасига ўзгара бошлади: бу кетишда Туркистонни қўлдан бой бериб қўйишдан хавфсираган марказий ҳукумат шошилинч чоралар кўришга киришди. Туркистондаги вазиятни ўрганиш, ундан хулосалар чиқариш, ўлкани қўлда сақлаб қолиш ҳамда миллий-озодлик ҳаракатига чек қўйиш чораларини белгилаш учун Москвадан катта ваколатлар билан Туркомиссия (тўлиқ номи Бутунроссия МИК ва ХКС нинг Туркистон ишлари билан шуғулланувчи комиссияси) юбо¬рилди. Унинг таркиби ашаддий шовинистлар: М.В.Фрунзе, В.В.Куйбишев, Я.Э.Рудзутак, Ш.З.Элиава (раис) ва бошқалардан иборат эди. Комиссия ҳар қандай мансабдорни (Туркистон доирасида) ишдан олиш, ишга қўйиш, қамоққа олиш, ўлим ҳукмини чиқариш, ҳарбий қисмлар тузиш, уруш эълон қилиш, сулҳ тузиш, фавқулодда ҳолат эълон қилиш каби катта ваколатларга эга эди. Шу билан бир вақтда Тошкентдан Фарғона водийсига фавқулодда комиссия юборилди. Унинг таркибида Турор Рис-қулов, Низомиддин Хўжаев, Юсуф Алиев, Ҳусаин Иброҳимов каби маҳаллий миллат вакиллари ҳам бор эди. Фавқулодда комиссиянинг асосий вазифаси: водийдаги вазиятни ўрганиш, таҳлил ва тафтиш қилиш, аҳолини советлардан бездириб, “босмачилар” томон ўтиб кетиш омилларини аниқлаш ва бартараф этиш, қўрбошилар билан сулҳ тузишдан иборат деб топилди. Маҳаллий миллат вакиллари, айниқса, Турор Рисқулов ва Низомиддин Хўжаевлар тафтишни ўта синчковлик ва қатъият билан олиб бордилар. Тафтиш асносида маҳаллий советлар раҳбарлари ва аъзолари, қизил армия қисмлари, арман дашноқлари томонидан халққа қарши содир этилган жуда кўп жиноятлар аниқланди (Комиссиянинг фаолияти китобимизнинг бошланиш қисм¬ларида ҳам қаламга олинган). Бироқ тафтиш хулосалари ва ундан келиб чиққан таклифлар Турор Рисқуловнинг ўзига нисбатан айблов хулосаси сифатида ишлатилиб, у буржуа миллатчиси сифатида комиссия таркибидан чиқариб юборилди. Шундай бўлсада, Турккомиссия мазкур хулосалар ва таклифларни ўз хизматлари ҳисобига қўшиб, ундан фойдаланди. Чунончи: арман дашноқлари қуролсизлантирилди ва ашаддийлари қамоққа олинди, жойлардаги советлар ва ревкомлар бошлиқларининг аксарияти ишдан олинди, ҳукумат деҳқонларга уруғлик, ишлаб чиқариш воситалари билан ёрдам кўрсатажагини эълон қилди; “босмачи” ва “босмачига ёрдам берувчи” каби айблар билан қамоққа олинган тинч аҳоли вакилларининг катта қисми ҳибс¬дан озод этилди.
Турккомиссия ва Фавқулодда комиссиянинг асл мақсади – Туркистон ва жумладан Фарғона водийсида давом этаётган миллий-озодлик ҳаракатини фуқаролар урушига айлантириш йўли билан бостириш, яъни, “сопини ўзидан чиқариш” эди. Бу борада қуйидаги вазифалар белгиланди:
1. Қўрбошилар билан сулҳ музокараларини юритиш ва сулҳ тузилишига эришиш. Сулҳ шартномасига қуйидаги моддаларни киритиш: — Совет қўмондонлиги билан сулҳ тузган қўрбоши ва унинг йигитлари ҳеч қандай жазога тортилмайди.
Қўрбошилар ва уларнинг йигитлари, агар хоҳласалар, ҳарбий фаолиятни ташлаб, тинч меҳнат билан шуғулланишлари мумкин;
Қўрбошилар ва уларнинг йигитлари, агар хоҳласалар, қурол-яроғларини топширмаган ҳолда ўз ҳудудларида тинчлик-осойишталикни таъминловчи милиция қисмига айлантирилиши ёхуд қизил армия¬нинг мунтазам қисмларидан бирига айлантирилиши мумкин.
2. Совет идораларига якка ҳолда келиб таслим бўлган кишиларнинг тинч меҳнат билан шуғулланишларига имконият яратилади, улар меҳнат фаолияти учун хомашё, кредит йўлидаги сармоя билан таъминланади. Собиқ шерикларининг қасд ва тажовузидан ўзини ўзи ҳимоя қилиши учун оти ва қурол яроғи ўзида қолдирилади.
3. Қишлоқларда ўз-ўзини ҳимоя қилиш отрядларини тузиш. Бу отрядларни қурол-яроғ билан таъминлаш, агар зарурият бўлса, уларга ҳарбий инс¬трукторлар бириктириш.
4. Сулҳ тузган қўрбошилар ва уларнинг йигитларига, якка ҳолда таслим бўлган собиқ босмачиларга ҳали таслим бўлмаган гуруҳларга бориб, сулҳ тузиш борасида ташвиқот олиб бориш вазифаси юклатилсин.
Ушбу вазифалардан кўзда тутилган муддао ҳеч қандай изоҳга ўрин қолдирмаса керак. Бу дегани, миллат ичида ўзаро низо чиқариш, акани укага, отани болага душман қилиш дегани эмасми? Муайян бир қўрбоши сулҳ тузгандан сўнг ўз йигитлари билан қандайдир “мусулмон дивизияси” полкларидан бирига ёки “мусулмон ўқчи бригадаси” қисмларидан бирига айланади. Шундан сўнг у ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга, ўзининг собиқ сафдоши бўлган бошқа бир қўрбоши билан жанг қилишга мажбур. Агар шундай қилмаса, уруш даври қонунлари асосида трибуналга тортилади. Ўз собиқ сафдошига қарши урушишни истамаган ҳолда мажбуран майдонга тушди ҳам дейлик, у хоҳласа-хоҳламаса, лоақал ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам ўқ узишга, яккама-якка олишишга мажбур, илло жангнинг “Ўлдир, акс холда сени ўлдирадилар” деган шаф¬қатсиз ва ягона қонуни бор. Ундан ҳеч ким ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди.
Кўп жойларда раҳбарлари янгиланган советлар, ревкомлар ва қўмондонлик юқорида кўрсатиб ўтилган вазифаларни бажаришга изчиллик билан киришиб кетдилар: тинч аҳолига тажовуз қилган, уларнинг молини талаган, номусига теккан раҳбарлар, ходимлар, командирлар ва аскарлар учун ўлим ҳукми белгиланади; қишлоқ хўжалиги ва ҳунарманд¬чилик соҳаларида ширкатлар ташкил этилиб, ширкатлар билан деҳқонлар, ҳунарманд-косиблар ўртасида ҳар икки томон учун фойдали шартномалар тузилди. Деҳқон ва косиблар шартнома асосида бўнак олиб, ўз иқтисодий аҳволларини бир оз яхшилаб ола бошладилар; урушда боқувчисини йўқотган оилалар учун моддий ёрдам ташкил этилди; қўмондонлик водийдаги обрў-эътиборли кишиларни ишга солиб, сулҳ тузиш имкониятларини ўргана бошладилар.
Кўп ўтмасданоқ ушбу кўрилган чора-тадбирлар тизими ўз мевасини бера бошлади. Халқда советларга бўлган совуқ муносабат бир оз юмшади; миллий-озодлик кураши иштирокчилари сафларига қўшилиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш борасида иккиланиш пайдо бўлди. Ҳукумат томонидан авф этилган ва моддий кўмак олган айрим собиқ курашчилар миллий-озодлик кучлари сафлари орасида совет ҳукумати билан ярашиш, қўрбошилар ярашмаган тақдирда якка-якка бориб таслим бўлиш ҳақида ташвиқот юрита бошладилар.
Қўрбошилар ўртасида ҳам иккиланиш, таслимчилик кайфиятлари юзага келди. Айримлари сулҳ тузиб, қизил армия сафида ўз собиқ сафдошларига қарши жангларни бошлаб юбордилар. Энг дастлаб сулҳ тузган сардорлар Маҳкамхўжа, Акбарали, Умар¬али эдилар. Кейинроқ улар сафига Тўйчи Қўрбоши, Қоравой Қўрбоши, Ҳамдам хожи Қаландаровлар ҳам қўшилди. Эргаш қўрбошидай йирик сардор, амирлашкармуслиминнинг ҳам сулҳ борасида музокаралар бошлаб юборгани ва ниҳоят, сулҳ тузгани барчани ҳайрон қолдирди. Баъзи сулҳ тузган қўрбошилар алданганларини сезиб қолгандан сўнггина озодлик ҳаракати лашкарлари сафига қайт¬дилар. Бир неча марта бу томондан у томонга, у томондан бу томонга ўтган қўрбошилар ҳам бўлди.
Қиссадан бир оз олдин кетиб бўлсада, шуни таъкидлашимиз жоизки, сулҳ тузган қўрбошиларнинг қарийб хаммаси ўзларининг адашганликларини жуда кеч англадилар. Яна шуни кузатамизки, қизил армия билан сулҳ тузиб, унинг сафларида миллий-озодлик лашкарига қарши жанг қилган қўрбошиларнинг бирортаси ҳам касал бўлиб ёки ёшини яшаб, ошини ошаб ўлган эмас. Совет ҳокимияти улардан фойдаланиб бўлгач, деярли барчасига турли айблар тақаб, жисман йўқ қилганлар. Бирор тасодиф билан тирик қолганлари эса Сталин қатағони даврида 1937 йилда халқ душмани сифатида отиб ташланди ёки узоқ бегона юртларда қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилинди. Уларнинг катта қисми лагерларда ўлиб кетдилар.   
АМИРАЛМУСЛИМИН ШЕРМУҲАММАДБЕК
Мадаминбек оқ руслар билан иттифоқ тузди-ю, ўзининг собиқ иттфоқчиларидан айрилаёзди. Хол¬хўжа Эшондан бошқа қўрбошилар Мадаминбекнинг бу қилмишини очиқдан-очиқ қораламаган бўлсаларда, ўртага совуқчилик тушди. Унга бевосита ўз қўли остида жанг қилиб келган қўрбошилар ва қирғиз қўрбошиларигина содиқ қолдилар. Бошқа катта ва кичик қўрбошилар “Ҳозир Мадаминбекнинг қўшини мусулмонлар ва ғайридинлардан иборат, бинобарин, энди у том маънода амиралмуслимин (мусулмонлар амири) бўла олмайди”, — деган хулосага келдилар.
Сентябр ойида улар Ғорбувода тўпланиб, Шермуҳаммадбекни амиралмуслимин этиб сайладилар. Шунинг¬дек, қурултойда миллий-озодлик ҳаракати олдида турган вазифалар яна бир бора аниқлаштириб олинди, келгуси жанглар стратегияси ва тактикаси кўриб чиқилди. Бу анжуманда, шунингдек, Мадаминбек шаънига иссиқ-совуқ гаплар ҳам айтилди, кимдир уни очиқдан-очиқ сўкса, кимдир таассуф билдирди, хайрихоҳлари эса, бир¬ оз сўз айтишга журъат этолмай ўтирдилар.
Мадаминбек ва бошқа қўрбошилар ўртасига тушган совуқчилик ҳозирча миллий-озодлик курашига салбий таъсирини ўтказмай турди. Бир томондан Мадаминбек бошчилигидаги мусулмон-рус қўшини, бир томондан Шермуҳаммадбек раҳбарлигидаги ўзбек қўрбошилари, бир томондан Муҳиддинбек, Жонибек Қози каби йирик қирғиз қўрбошилари қизилларни кўз очирмай, кетма-кет зафарли жанглар олиб бордилар.
Бир неча бор ҳаракат қилиб сулҳга эриша олмаган қизил қўмондонлик ғазабдан ўзини қаерга қўйишини билмай террор ҳаракатларини бошлаб юборди. Ғазаб ўти асосан Шермуҳаммадбек ва Мадаминбек каби сардорлар, уларнинг туғилиб ўсган жойлари, қариндошлари ҳамда озодлик курашининг маънавий маркази бўлмиш Қўқонга қаратилди. Қўрбошиларнинг қариндош-уруғлари қисман ўлдирилиб, қисман қамоққа олиниб, сургун қилина бошланди, уларнинг мол-мулклари мусодара қилинди. Бу ўринда қизил террорчилар Мадаминбек ва Шермуҳаммадбекнинг Шарқий Фарғонада жанглар билан банд эканлигидан фойдаланиб қолдилар.
Бу воқеаларни эшитган Шермуҳаммадбек ўзининг Марғилондан узилиб кетмаганлигини билдириб қуйиш, хамда ўзига кучи етмай, ҳимоясиз қариндош-уруғлар, қўни-қўшни, таниш-билишлардан ўч олишга киришган қизилларнинг яхшилаб адабини бериб қўйишга аҳд қилди. Марғилон атрофларига яшин тезлигида қилинадиган ҳужум режаси икир-чикирларигача пухта ўйлаб тузилди. Шу кунларда Шермуҳаммад қўшини адади олти минг нафарга борар эди. Жанг режасига мувофиқ, мазкур олти минг жангчи қуйидаги тартибда тақсимланди:
— 1000 нафар йигит Дардоқбек қўрбоши бошчилигида Марғилон уездида шимол томондан;
— 1000 нафар йигит Юсуф Полвон бошчилигида ғарб томондан;
— 2000 нафар йигит Нурмуҳаммадбек бошчилигида Горчаково темир йўл бекати томонга;
— 2000 нафар йигит Шермуҳаммадбек бошчилигида асосий йўналиш, яъни Марғилон томон ҳужум қиладиган бўлдилар.
1919 йил 10-ёки 11 октябр куни қисмлар ўзларига буюрилган жойларга етиб боргач, бир вақтнинг ўзида жанг бошлаб, Марғилонни ўраб кела бошладилар. Қизиллар қандайдир йўл билан қўрбошиларнинг жангга кириш йўлларини билиб олганлар шекилли, шаҳарда катта қўшин тўпладилар. Шунингдек, Наманганда турган қисмларга ҳам эҳтиёт шарт Марғилон сари юриш буюрилди.
Жанг шиддат билан бошланиб, шу тарзда давом этди. Бу жангда Шермуҳаммадбек туркий халқлар ҳарбий санъатидан мерос қолган бир усулни қўллади: бир гуруҳ отлиқ йигитлар душманга жуда яқин бориб, қизғин жанг¬га киришиб кетдилар. Жанг айни қизиган пайтда олдиндан тайинлаб қўйилган бир неча йигитлар “ — Эсинг бўлса, ўзингни қутқар”, “қочмаган номард” деб қичқиришиб, отларини ор¬қага буриб, қочиб қолдилар. Уларни кўрган бошқа йигитлар ҳам отлари бошини буриб, тартибсиз ҳолда қоча бошладилар. Уларнинг орқасидан понсодлар номига “Қайт орқага номардлар, итдай отиб ташлайман” деб пўписалар ҳам қилиб қўйдилар. Қизиллар “басмач қочди, ура” деганича йигитлар ортидан чангалзорга кириб келдилар. Бу ерда уларни Шермуҳаммадбек бошчилигидаги пистирма кутиб турар эди. Пистирмадагилар қизилларни ўтказиб юбориб, атрофини ўраб тутдай тўка бошлади. Қизил аскарлар сафи бошида қилич яланғочлаб келаётган командир Шермуҳаммадбек қўлидан ҳалокат топди.
Бошқа йўналишларда ҳам қизилларга катта зарба берилди. Жангдан сўнг барча қисмлар Ғорбобо яқинидаги бир мавзеда тўпландилар ва тартибли равишда Ғорбувога қайтдилар. 13-октябр куни Намангандан юборилган катта ҳарбий қисм Ёзёвон чўли орқали келаётгани маълум бўлди. Шермуҳаммадбек ўз қўшинини иккига бўлиб, бир қисмини эҳтиёт шарт учун Ғорбуво мудофаасига қолдирди. Иккинчи қисм билан эса Ёзёвон томон йўл олди. Ҳар икки қўшин Хонобод қишлоғи яқинида тўқнаш келдилар. Жанглар тўхтаб-тўхтаб уч кеча-кундуз давом этди ва ниҳоят, озодлик кучлари ғалабаси билан тугади.
Айни пайтда Қўқон томонда Ислом Полвон, Ойбола қўрбоши ва бошқалар, Андижонда Парпибек, Наманганда Раҳмонқули ва Алиёр қўрбоши, Аравонда Холхўжа Эшон, Ўзган ва Ўш вилоятларида қирғиз қўрбошилар катта ғалабаларга эришганликлари ҳақида хабарлар тарқалиб турди.
ТАҲЛИКА
Миллий-озодлик ҳаракатининг 1919 йилдаги зафарли юриши советларни қаттиқ таҳликага солиб қўйди. Бу юриш ўчоғи Фарғонада бўлган кучли зилзила Туркистон заминини қаттиқ силкитиб, унинг тўлқинлари Кремл минораларини ҳам зириллатди.
Владимир Илъич Ленинга қилинган суиқасд уни жисман йўқ қила олмасада, тўшакка михлаб қўйди. У касалликнинг хавфли даври ўтгандан кейин ҳам “уй қамоғи”дан чиқа олмади, яъни, врачлар унга давлат ишлари билан шуғулланиш, ўқиш, ёзиш, телефон ва телеграфдан фойдаланишни ман этдилар. Бироқ, Лениндай одамни шундан маҳрум қилиб бўладими? У, гарчи Совнарком мажлисларида, митингларда қатнаша олмасада, Сов¬наркомдаги иш кабинети калити ундан “тортиб” олинган бўлсада, Кремл¬даги квартираси ва Горкидаги дала ҳовлисидан туриб мамлакатни бошқаришни тарк этмади. Мамлакат улкан фронтга айланган ва ҳар лаҳзада тақдири ҳал бўлиши мумкин бўлган бир паллада ётиб олишни Ленин ўзи учун жиноят ҳисоблар эди. Врачлар ҳар қанча тақиқламасин, у ўз кун тартибини худди ишлаб турган вақти ҳолати бўйича белгилади.
Ҳар куни эрта билан муолажа ва нонуштадан сўнг унинг котибаси Фотиева эрталабки почтани олиб келар эди. Почта газеталар, мактублар, телеграммалардан иборат бўлиб, уларни Ленинга олиб киришдан олдин Сов¬нарком томонидан махсус белгиланган киши аввал бир кўриб чиқар, фронтлардан келган нохуш хабарларни ичкари киритмай, олиб қолар эди. Буни билиб қолган Владимир Илъич “исён” кўтарди: — Менга ҳаяжонланиш мумкин эмасми? — деб сўради у ўз ёрдамчилари ва врачлардан. — Агар мени ҳаяжондан сақламоқчи бўлсангиз, мендан ҳеч нарсани яширманг. Касални ҳам, соғ одамни ҳам хунук хабарлардан кўра номаълумлик, ахборотдан маҳрумлик кўпроқ ҳаяжонлантиради”.
Шундан сўнг почтани ундан яширмайдиган бўлдилар. Фотиева почта олиб келганда, унга бир кўз югуртириб олгач, “— Фарғонадан почта келмадими?” — деб албатта сўрар эди. Мудофаа халқ комиссари Л.Д.Троцкий, бош қўмондон С.С.Каменев унинг олдига фронтлардаги аҳвол ҳақида ахборот бергани кирганларида, уларни тинглаб бўлиб, “Фар¬ғона фронтида нима гаплар?” деб сўрашни канда қилмайдиган бўлди. Фарғона фронтидаги аҳвол Владимир Ильич учун шу даражада аҳамиятли эдики, у кутубхонада Ўрта Осиё, хусусан, Фарғона тарихига, туркий халқлар ҳарбий санъати тарихига оид китобларни олдириб келиб ўқишга вақт топа олди. Илло, муайян бир халқнинг, муайян бир мамлакатнинг тарихини яхши билмай туриб, у билан муомала қилиш, уни итоатда тутиш қийинлигини жуда яхши ҳис этар эди.
Владимир Ильичнинг бутун дунёга машҳур, афоризм¬га айланиб кетган “Восток – дело тонкое” (Шарқ масаласи ўта нозик масаладир) деган жумласи бор. Баъзи тарихчилар Ленин бу гапни Узоқ Шарқдаги воқеалар муносабати билан айтганлигини таъкидласаларда, у на фақат Узоқ Шарқ, балки, умуман Шарқни, шу жумладан Ўрта Осиё, хусусан Фарғонани ҳам назарда тутгани муболаға эмас.
Туркистонни босиб олиш фикри дастлаб Иван Грознийда уйғонган эди. У Қозонни олди, Сибирнинг бир қисмини бўйсундирди ва ниятига тўлиқ ета олмай ўлиб кетди. Пётр I Россияни империяга айлантиргач, Ўрта Осиёни босиб олиш, Амударёнинг юқори оқими бўйлаб Ҳиндистонга чиқиб бориш ва бу бой мамлакатни инглизлардан тортиб олишни режалаштира бошлади. Шу мақсадда Ўрта Осиёга экспедициялар уюштирди. У ҳам шум ниятига ета олмай ўлиб кетди. Унинг режасини ворислари босқичма-босқич амалга ошириб бордилар. 1735 йилда Россиядан Қозоқ даштлари ва у орқали Ўрта Осиёга олиб борадиган, Жанубий Ўрол орқали ўтган қадимги савдо йўли устига, Ўрол дарёси соҳилига йирик ва мустаҳкам бир қалъа қурилди ва унга “Шарқ дарвозаси” маъносида Оренбург (луғавий маъноси “Шарқдаги шаҳар”) деган ном берилди. Бу қалъа бир неча марта кўчирилиб, ниҳоят, йирик бир шаҳарга, губерния марказига айланди. Оренбург шаҳри кейинчалик Туркистон минтақасини босиб олишда асосий муҳим нуқта, тагзамин (форпост) вазифасини ўтади. Темир йўллар қурила бошлагач, Москва — Тошкент темир йўли шу шаҳар орқали ўтди. Шу тариқа Оренбург Россия учун Ўрта Осиё калити, дарвозаси бўлиб қолди. Агар Оренбургга бир нарса бўлса, Ўрта Осиёнинг Марказ билан алоқаси тақа-тақ тўхтаб қолади.
Россияда фуқаролар уруши бошлангач, йирик казак қўмондони атаман Дутов Оренбургни эгаллаб, Туркистонни Марказдан ажратиб қўйди ва бу шаҳарни деярли бир йил қўлда тутиб турди. Ниҳоят, 1919 йил баҳорида Оренбургни озод қилиш учун йирик саркарда Михаил Васильевич Фрунзе қўмондонлигидаги катта қўшин ташланди, Оренбург фронти ташкил этилди. Кўп ўтмай Фрунзе Дутовга кучли зарба бериб, шаҳарни озод қилишга муваффақ бўлди. Шаҳар олингач, у ўз қўшинининг бир қисмини бу ернинг мудофааси учун қолдириб, катта қисмини Туркистонга юборди ва ўзи бу ҳақда ҳисобот бериш ва келгусидаги вазифаларни аниқлаштириб олиш учун Москвага йўл олди. Унинг келганини эшитган Владимир Илъич эртасигаёқ  ўз ҳузурига чорлади. Фрунзени ғалаба билан табриклагач, асосий мавзуга ўтди:
— Михаил Васильевич, нима деб ўйлайсиз, Туркистонни ўз қўлимизда сақлаб қола оламизми?
— Албатта, Владимир Ильич, сақлаб қоламиз. Бироқ қийин бўлади.
— Ҳар қанча қийин бўлсада, сақлаб қолишимиз шарт. Туркистоннинг, айниқса, асосий пахта базамиз бўлган Фарғонанинг биз учун қай даражада аҳамиятли эканлигини сизга тушунтиришнинг ҳожати йўқ.
— Тушунаман, Владимир Ильич. Ҳозирги жаҳон урушида пахтага эҳтиёж катта бўлган бир шароитда барча урушаётган давлатларнинг кўзи Фарғонага қадалган.
— Ҳа, уруш бошлангандан бери Фарғонадан пахта ололмай қолдик. Пахта бор, бироқ бизга етиб келолмаяпти. Босмачилар уни бу томонга ўтказмаяпти. Куни кеча пахта борлигига ишонч ҳосил қилдик.
— Қандай қилиб?
— Ўн-ўн беш кун бўлди, шу хонага, менинг ҳузуримга Феликс Эдмундович келди. Дзержинскийни сиз яхши биласиз. У ғалати бир таклиф билан келибди. Эшитганингиз бордир, Қўқонда Потеляхов деган яҳудий йирик пахта магнати (корчаллони) бор эди. У яқин йигирма йилдан бери Иваново, Москва, Лодзь, Краков ва бошқа тўқимачилик марказларини пахта билан таъминлаб келган.
— Эшитганда қандоқ, Владимир Ильич, ахир менинг хам асосий фаолиятим Ивановода ўтган-ку...
— Ўша Потеляхов сизга маълум Қўқон мухториятида ҳукумат аъзоси бўлган ҳамда мухторият тор-мор этилгач, қамоққа олиниб, Москвага олиб келинди ва Лубянкада сақланди. Унинг бой қариндошлари Дзержинский билан учрашиб, музокара юритишибди. “— Агар Потеляховни озод қилсангиз, бир эшелон пахта берамиз” дейишибди. Феликс Эдмундович мендан маслаҳат ва рухсат сўраб келибди. Мен рози бўлдим, чунки пахта бизга ниҳоятда зарур.
— Бу гапдан хабарим бор, Владимир Илъич, илло, Феликс Эдмундович билан Самарадан поездда бирга келдик. У пахтани олиб, Потеляховни озод қилиб улгурибди. Ҳатто Феликс Эдмундович уни менга энг зўр мутахассис сифатида таърифлаб, Турк¬комиссияга савдо масалалари бўйича маслаҳатчи қилиб олишни тавсия этди.
— Олдингизми?
— Ҳа, бизга у каби мутахассислар ҳам зарур.
— Ўзи бу Қўқон мухториятига зўр мутахассислар тўпланган экан, Обиджон Маҳмудов деганини олиб кўрайлик. У мазкур ҳукуматда озиқ-овқат министри бўлган. Ўзининг сон-саноқсиз ихтисослари билан бир қаторда ҳуқуқшунослик ҳамда халқаро муносабатлар илмини ҳам шу қадар сув қилиб ичиб юборган эканки, ЧК уни қамоққа олиш учун ҳеч қандай асос, илинтирадиган бирор факт тополмади. Зўр мутахассис сифатида Совнаркомга пахта савдоси бўйича маслаҳатчи қилиб ишга олдик. Назаримда Фарғонадаги советларга қарши курашни ҳам мазкур Потеляхов ва Маҳмудовга ўхшаш катта истеъдод эгалари бошқариб турибди.
— Ҳа, Владимир Ильич, Фарғонани тинчитиш учун нафақат кескир қилич, ажал уруғини сочувчи пулемёт, балки ўткир заковат ҳам керак бўлади.
— Ана шунинг учун ҳам янги ташкил этилган Туркис¬тон фронтига сизни қўмондон этиб тайинладик. Сиз ўша ерда туғилиб ўсгансиз, у ернинг шарт-шароитини, туркистонликларнинг урф-одатлари, дунё¬қарашларини, ички дунёсини яхши биласиз.
— Сифат ва фазилатларимни жуда ошириб юбормадингизми, Владимир Ильич?
— Йўқ. Туркистонни сиздан бошқа одам эплай олмайди. Сизга чекланмаган ваколатлар берамиз. Туркистонни сақлаб қолсак бас. Тушунаман, сизга осон бўлмайди, у ерда зудлик билан тартиб ўрнатиш осон эмас. Шу туфайли ишни босқичма-босқич олиб боринг.
— Яъни?
— Аввало, рисқуловлар тили билан айтганда, у ердаги миллий-озодлик урушини фуқаролар урушига айлантиринг. Яъни босмачиларнинг бошлиқлари билан сулҳ музокараларини тезлатинг. Сулҳ тузгач, уларни ўз собиқ шерикларига қарши жангга ташланг. Эшитишимча, Фарғонадаги қароқчиларнинг иккита энг зўр атамани бор экан. Бирининг номи Мадаминбек, иккинчисининг оти нима эдиям.
— Кўршермат.
— Ҳа, ҳа, Кўршермат. Ишни ўшалардан бошланг. Агар улар сулҳга кўнмасалар, бошқаларини кўндиринг. Иложи бўлса, ЧК ходимлари ёрдамида иккаласи ўртасида низо чиқаришга ҳаракат қилинг.
— Владимир Ильич, бу Феликс Эдмундовичнинг идорасига тегишли иш, мен жангчиман. Менинг ишим жанг қилиш.
— Биламан, Михаил Василъевич. Биринчидан, улуғ мақсад йўлида ҳар қандай восита ўзини оқлайди. Иккинчидан, сиз нафақат жангчи, балки бизнинг Туркистондаги ноибимизсиз, яъни, Туркистон фронти қўмондонисиз. Учинчидан, ЧК нинг Туркис¬тондаги бўлинмалари ҳам сизга бўйсундирилади. Михаил Васильевич, кўнглингизга олманг-у, ўзингиз айтгандай, Туркистонни фақат қилич-у пулемёт билан сақлаб қололмаймиз, турли воситалар, ҳатто ҳарбийлар назарида жирканч туюлган воситалардан ҳам фойдаланмасак бўлмайди. Туркистондаги душманларимиз анойи эмас. Улар машҳур саркарда Темурнинг авлодлари. Улар, мен сизга айтсам, ўзимизнинг колчак, юдинечлардан кўра хавфлироқ Колчак, Юдинечлар рус кишиси, улардан рус руҳи уфуриб туради. Рус руҳини яхши билганимиз учун уларни енгиш бизга осонроқ. Мана ўзингиз Деникинга бир неча бор зарба бердингиз, Дутовни янчиб ташладингиз. Туркистонликлар руҳи эса бош¬қача, уларни тушуниб етиш қи¬йин. Уларнинг хатти-ҳаракатини олдиндан билиб бўлмайди. Шу туфайли, такрорлаб айтаман, у ерга сизни, илдизи туркистонлик бўлган кишини юборяпмиз. Сизга катта ишонч боғлаганмиз.
— Нима қилар эдик, Владимир Илъич, Туркистоннинг хўжайини бўлсак бўлибмиз-да.
— Мана бу — бошқа гап. Сизга муваффақият тилайман. Сизга қурол-яроғ, ўқ-дори, ҳарбий анжомлар, озиқ-овқатни тўхтовсиз ва тўсиқсиз етказиб бериш ҳақида Совнаркомга кўрсатма бердим. У ердаги аҳвол ҳақида ҳар куни менга телеграф орқали ахборот бериб турасиз. Туркистондаги ўртоқларга мендан салом айтасиз. Хайр, яхши боринг.
Шу тариқа, 1919 йил 11 августда махсус Туркис¬тон фронти ташкил қилинди ва унга Михаил Васильевич Фрунзе қўмондон этиб тайинланди.
ҚУРУЛТОЙ
1919 йил 22 ноябрда Ғорбувода навбатдаги қурултой бўлиб ўтди. Шермуҳаммадбек бу қурултойни “Миллий кураш ҳарбий мажлиси” деб атади. Монс¬тров билан ҳамкорликда оғир жанглар олиб бораётган Мадаминбек бу қурултойнинг чақирилишига қарши чиқди ва ўзи унда иштирок этишдан бош тортди. Бош тортмаган тақдирда ҳам фурсати йўқ эди.
Қурултойда кўрилган асосий масалалардан бири қизил қўмондонлик томонидан сулҳ тузиш учун бошланган ҳаракатларга муносабат билдириш эди. Шермуҳаммадбек бу масала бўйича ўз фикрини билдириб, сулҳ ҳақида сўз бўлиши мумкин эмаслигини, муқаддас курашни охирги томчи қонгача давом эттириш, сулҳга рози бўлган қўрбошилар Ватан хоини сифатида лаънатланиши ҳақида сўзлади. Холхўжа Эшон унинг сўзларини қўллаб-қувватлади. Бош¬қа қўрбошилар фикр билдирмадилар. Сулҳ ҳақидаги ҳар қандай таклифларни рад этиш, бироқ музокаралардан бош тортмаслик, руслар билан музокаралар олиб бориш учун қатъиятли кишилардан иборат бир ҳайъат тузиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Иккинчи масала – яна ўша, қўрбошилар ўртасидаги келишмовчиликлар бўлиб, бу қурултойда ҳам уни бартараф этиш иложи кўринмади.
Учинчи масала – ташкилий ишлардан иборат бўлди. Қўрбошиларнинг ҳаракат минтақалари аниқлаштирилди ва ҳар бир минтақа қўмондонлари қайта тайинланди.
Бундан ташқари, қуйида қарорлар қабул қилинди:
1.Қўрбошилар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳайъат ташкил этиш.
2.Қизил қўмондонлик билан музокаралар олиб борадиган ҳайъат тузиш.
3.Қизиллар тарғиботига қарши курашадиган ва аксил тарғибот юритадиган гуруҳ ташкил этиш.
4.Қурол-яроғ топиш ишларини йўлга қўйиш.
5.Янги ҳукумат тузиш учун тайёргарлик ишларига киришиш.
ОЛОЙ САФАРИ
Қиш бошланиши арафасида қизил қўмондонлик миллий-озодлик кучларига ҳал қилувчи зарба бериш режасини ишлаб чиқди. Марғилон ва Фарғона (собиқ Скобелев)га водийнинг ҳар тарафидан ва Тошкентдан янги кучлар олиб келина бошланди. Ўз айғоқчилари воситасида бундан хабар топган Шермуҳаммадбек қўшинини сақлаб қолиш мақсадида вақтинча тоғларга чекинишга қарор берди. Олойнинг остонаси бўлмиш Ғулча шаҳарчасида кичик бир гарнизон бор эди. Шермуҳаммадбек билан Холхўжа Эшон шу томонга қараб йўл олдилар. Гарнизон бошлиғи куч қўрбошилар томонида эканлигини англаб, жангсиз таслим бўлди. Шу туфайли уни ва жангчиларини асир олмай, қўйиб юбордилар. Бу ерда бир неча кун турилгач, Холхўжа Эшон Новқатга йўл олди. Ғорбуводан Ғулчагача бўлган йўл устига қўйилган хабарчилар, қизил қўшин Шермуҳаммадбекни таъқиб этиб, изма-из келаётганини маълум қилдилар. Шермуҳаммадбек мудофаага ҳозирлик кўрди. Қизиллар уни уч томондан ўраб олдилар. Фақат шарқ томон — Олой йўлигина очиқ қолган эди. Бир неча кунлик жангдан сўнг қизиллар тобора қуршовни сиқиб кела бошладилар. Бунинг устига, бу ерлар тоғ этаги эмасми, қалин қор ташлади.
Шермуҳаммадбек: — “Кофирлар ўқидан ўлгандан кўра тоғда музлаб қолганимиз афзалроқ. Нима бўлса ҳам худодан кўрдик”, деб Теракдовон томон чекинишга буйруқ берди. Ёғиб турган қор остида довон сари юрдилар. Қизиллар ҳам изма-из келаверди. Дам жанг қилиб, дам илгари юриб, баланд тоғлар бошланадиган жойдаги Бўсаға деган қишлоққа етиб келдилар. Бу ернинг аҳолисидан қирқтача қўтос, қоркурак ва йўл кўрсатувчи олиб, тоққа чиқиб кетдилар. Азалий тоғ ҳайвони бўлмиш қўтослар кўкрагигача қорга ботиб, отлар учун йўл очиб борар, баъзи жойларда қоркуракларни ишга солишга тўғри келарди. Қор қалинлиги етмагандай, ёғиши ҳам тухтамас, икки қадам нарини кўриб бўлмасди. Ҳатто бу ерларни яхши биладиган йўл кўрсатувчилар ҳам ёғиб турган қор дастидан йўл топа олмай қолдилар. Уларнинг айтишича, Олой томонга фақат битта тор, чуқур дара орқали ўтиш мумкин экан. Дара топилгунча кўп сарсон бўлдилар. Бир қанча отлар совуқдан ўлди, одамларнинг оёқ қўлларини совуқ урди, озиқ-овқат тамом бўлиб, отларни сўйишга тўғри келди. Ниҳоят, йўлбошловчилардан бири дара йўлини топишга муваффақ бўлади.
“Босмачилар қор бўрони остида қолиб, қирилиб кетгандир” деб ўйлаган қизил аскарлар орқага қайтиб кетдилар. Бир қанча вақт тоғма-тоғ юргач, Шермуҳаммадбек йигитлари кичикроқ Олой кентига – Олой водийси марказига етиб келдилар. Бу ерда дам олиб, бир оз ўзларига келдилар. Шаҳидларни шу ерга дафн этиб, Фарғонага қайтиш ҳаракатига тушдилар.
Nom: Re: Mansurxo'ja Xo'jayev. Shermuhammadbek qo'rboshi
Yuborildi: Abdul_Malik 27 Yanvar 2011, 14:55:45
ЖЎЖИ КЕЛДИ, БЎЖИ КЕЛДИ
Бу сўзлар бундан қарийб етти юз йил муқаддам чиққан эди. Чингизхон катта қўшин билан Моварауннаҳр ва Хоразмга бостириб келди. Унинг энг даҳшатли лашкарбошиларидан бири катта ўғли Жўжихон эди. Муғулларнинг қирғини хаммага маълум. Қирғинда қолган маҳаллий аҳоли Жўжи тимсолида барча босқинчи муғулларни, уларнинг кирдикорларини кўриб шундай қўшиқ тўқиганлар, болаларини бўжи ва жўжи билан қўрқитганлар. Чингизхон тириклигидаёқ фарзандлари ўртасида мерос талашиш бўлишини кўзда тутиб, ўзининг улкан давлатини бир неча улусга бўлиб, ўғиллари ўртасида тақсимлаб берган. Хоразм, Волгабўйи ва уларга туташ ерлар Жўжихонга теккан ва Жўжи улуси деб аталган. Вақтлар ўтиб Жўжихоннинг бу ерга келиб ўрнашиб қолган юртдошлари мўғул ва татарлар исломни қабул қилдилар. Мўғуллар туркий қавм татарлар ичига сингиб кетдилар. Вақти келиб, Фрунзе ана шу татарлардан иборат катта дивизияни Фар¬ғонага ташлайди. Бу ўша, юқорида айтиб ўтилган, “сопини ўзидан чиқариш” сиёсати эди. Ўша пайтда қўмондонлик рус бўлмаган халқлардан тузилган ҳарбий қисмларга, албатта, руслардан комиссар, махсус бўлим бошлиғи, штаб бошлиғини қўяр эди. Бироқ бу татарлар русларнинг ишончига шу қадар сазовор бўлган эканки, бу қисмларда бирорта рус йўқ эди; қўмондон Юсуф Иброҳимов, ҳарбий комиссар Ёқуб Чанишев, сиёсий ғоявий бўлим мудири Еникеев, сиёсий бўлим бошлиғи Вафо Бурнашев, штаб бошлиғи Муҳаммад Қосимовлар барчаси татар ва бошқирдлар эди.
Татар қисмларининг келтирилиши Фарғонадаги миллий-озодлик ҳаракати учун жуда катта зарба бўлди: улар аввало, жангларда пишган моҳир жанг¬чилар, қолаверса, туркий тилларни яхши билган, маҳаллий шароитга мослашиб оладиган, туркий элатдошлар эдилар. Улардан асир олинган одамлар қўрбошиларнинг йигитлари ичида ташвиқот-тарғибот олиб бориб, уларни таслим бўлишга ундар эдилар. Шундан сўнг йигитлар ичида таслимчилик кайфияти пайдо бўлди, тўп-тўп бўлиб, яширинча совет органларига бориб, қуролларини топшириш ҳолатлари кўпайди.
Татар дивизияси аскарлари, расман мусулмон саналсаларда, кўпчилигининг имони мустаҳкам эмас эди. Ҳ. Нўъмонов ва С.Исҳоқовларнинг Йўлдош Охунбобоевга бағишланган “Ота” номли романларида қизиқ бир эпизод келтирилади: Марғилон яқинидаги депаралардан бирининг амини “Тўнғиз амин” деган лақаб орттиради. Охунбобоев бунинг сабабини яхши билсада, бир кулишиб олиш учун унинг ўзидан изоҳ сўрайди. Аминнинг изоҳ беришича, ўша пайтларда қамишзор — тўқайларда тўнғиз кўпайиб, экинзорларга зарар етказа бошлайди. Амин бир неча тўнғизни отиб, уни нима қилишини билмай, охири қизил аскарларга ёрдам тариқасида татар дивизиясига олиб бориб беради. Буни кўрган аскарлар хурсанд бўлиб, “ — Тўнғиз амин келди, инди суп жирни бўла!” (Амин тўнғиз олиб келди, энди шўрвамиз ёғли бўлади!) деганлар, шу сабаб, у шундай лақаб ортдирган экан.
Татар қисмлари Фарғонага ташлангач, уларнинг Жўжихон авлодлари эканлигини билган одамлар хотирасига бундан етти юз йил аввал айтилган “Жўжи келди, бўжи келди” деган мунгли қўшиқ кела бошлади.
Татар дивизияси зарбасининг асосий оғирлигини ўзига олган Мадаминбек бўлди. Татарлар декабр ойи бошида келган бўлса, улар билан Мадаминбек-Монстров қўшини ўртасида жанглар тўхтовсиз тарз¬да давом этди. Дастлаб Мадаминбек уларга катта зарбалар бериб, шошириб қўйди. Шундан сўнг қўмондонлик татар дивизиясига қозоқ ва ўзбек полк¬ларидан иборат янги кучлар билан ёрдам кўрсатди. Шунда ҳам Мадаминбек бўш келмади. Буни душман ҳам эътироф этар эди. “ — Фарғонадаги урушлар нечоғли ўзига хос, доимо ҳаракатда, шитоб бўлганлигини тўқнашувлар, жанглар, можаролар ва буйруқлар шакллари тасдиқлайди, ҳамма даражадаги командирлардан ва барча жангчилардан у жасурлик, кураш шароитларини билиш, энг муҳими ташаббус ва яна ташаббусни тақозо этарди,” — деб ёзади ўз эсдаликларида Ёқуб Чанишев. У яна эсдаликларининг давомида “босмачи”лар фаолиятига қойил қолганини яширмайди: “— Босмачилар жуда ҳаракатчан отрядлар бўлиб, улар бутун водий бўйлаб устунлик қилишарди. Баъзида бир кечада қароргоҳларидан юзлаб чақирим нарига кетиб қолишса, кўпинча қишлоқларда осойишта ош еб ўтирган одамлар ҳам бирдан чопонлари тагидан қуролларини олиб, биз билан бехос жангга киришиб кетишар эди”. Адиб Иброҳим Карим “Мадаминбек” асарида бронепоезд командири бўлган В.Е. Токаревнинг эътирофини келтиради: “Босмачилар ниҳоятда пухта иш кўриб, кўпинча қизил армияга фириб бериб кетишларини эътироф этиш керак... Улар қизил армиянинг бўш жойларини билиб олиб, тўсатдан ҳужумга ўтар, ўзлари ҳеч бир талафот кўрмаган ҳолда катта зарар ва заҳмат келтирардилар. Баъзи қўрбошилар қизил армия томонига ўтиб, қуролланиб олгач, яна қайтиб қизилларга қарши жангга киришиб кетардилар”.
1919—20-йил қиши ичидаги тўхтовсиз шиддатли жанг¬лар ниҳоят Мадаминбекни ҳолдан тойдирди. Татар дивизияси сафи кун сайин тўлдириб турилган ҳолда, Мадаминбек қўшини сафи қисқариб бораверди: Фрунзе кўрган қатъий чоралар натижасида совет органларининг маҳаллий халққа кўп соҳада ён бериши, таслим бўлганларнинг авф этилиши ва бошқа омиллар туфайли маҳаллий аҳолининг гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб қўрбошиларга йигит бўлиши кескин камайиб кетди. Январ ойига келиб татар дивизияси таркибидаги жонли куч нуфуси 20 минг нафарга етказилди. Мадаминбек-Монстров қўшинида эса жанглардан сўнг беш-олти минг жанг¬чи қолди, холос.
ИНТИҲОНИНГ ИБТИДОСИ
(МАҒЛУБИЯТ ОСТОНАСИ)
Ниҳоят, татар дивизиясининг тобора ошиб бораётган кучларига Монстров тоб бера олмай қолди. Юқорида таъкидлаганимиздек, у Мадаминбек билан истар-истамас, якка ўзи ҳокимиятни қўлга ололмаслигини яхши тушунганлиги учунгина ҳамда рус қишлоқларига озодлик кучлари томонидан уюштирилаётган ҳужумларнинг олдини олиш мақсадидагина қўшилган бўлиб, ҳокимиятни қўлга олгач, биринчи навбатда Мадаминбекни йўқ қилишни режалаштириб қўйган эди. Татар қўшини воситасида советларнинг қўли баланд келаётганлиги унинг режаларини пучга чиқарди. Монстров энди ҳокимиятни қўлга олишни эмас, ўз жонини сақлаб қолишни ўйлай бошлади. Бирлашган қўшиннинг штаб бошлиғи генерал Муханов ҳарбий мутахассис сифатида вазиятни баҳолаб, мағлубият муқаррар эканлигини Монстровга исботлаб берди ва уни қизиллар билан сулҳ тузишга ундади. Монстров Мадаминбекдан яширин тарзда ўз зобитларини қизил қўмондонликка юбориб, сулҳ музокараларини бошлаб юборди ва 1920 йил 17 январда сулҳ шартномаси имзоланди.
Бундан икки кун муқаддам, 15 январда Мадаминбек қизил татарларга икки томондан зарба беришни мўлжаллаб, Монстровга татарларни Шарқ томондан сиқиб келишни топшириб, Қорасувга жўнатган, ўзи эса Асака томондан ҳужум бошлаган ва орқама-орқа зарба бераётган, душман бу исканжа ўртасидан қандай чиқишини билмай, шимол томон чекинишга киришмоқчи бўлиб турган эди. 17 январ куни Монстров сулҳга имзо чеккач, душманнинг шарқ томони хавфдан ҳоли бўлиб қолди ва у ўзининг барча кучини Мадаминбекка қаратди. Тўрт кун тўхтаб-тўхтаб давом этган жангдан сўнг Мадаминбек Новкат томонга чекинди.
Шермуҳаммадбекнинг Мадаминбекка қарата: “— Сиз раҳмдил, бағри кенг одамсиз. Бошқаларга раҳм-шафқат қиласиз-у, улар сизга раҳм қилмайдилар. Бу раҳмдиллигингиз бир куни келиб бошингизга етмаса деб қўрқаман” деб айтган башорати тўғри чиқди. Татар дивизияси Фарғонага олиб келингандан бери, Мадаминбек улар билан жанг олиб борар экан, “Бу татарлар ўзимизнинг қардошларимиз, диндошларимиз. Уларни бизга қарши зўрлаб жангга солган бўлсалар керак. Бир куни инсофга келиб қолишар”, — деган ўй билан юмшоқроқ жанг қилар, асир тушиб қолганларини қийнамас, ҳурматини жойига қўйиб, яхши сақлар, ҳеч нарсадан қисмас, баъзан эса, қуролларини олиб қолиб, ўзларини қўйиб юборар эди. Кейинги жанглардан маълум бўлдики, татарлар шиддат билан, ўз ватанини, ўз ғоясини ҳимоя этгандек жон-жаҳд билан жанг қилар, мажбуран жангга солинган бечораларга асло ўхшамас экан. Шунда ҳам Мадаминбек уларга Аллоҳдан инсоф тилаб қўя қолди.
1920 йил 2—3 феврал кунлари Пойтуғ яқинида миллий-озодлик кураши тарихидаги энг йирик, энг шиддатли, энг қонли жанглардан бири бўлиб ўтди. Ўттиз тўрт соат тўхтовсиз давом этган бу хунрезликда иккала томон ҳам катта талафотларга йўлиқди. Жанг мобайнида Юсуф Иброҳимов жангга захира полкини ташлади. Шунда ҳам Мадаминбек бўш келмади. Бу жангда у ўз вужудидаги раҳмдиллик томирини ҳар қандай оғриққа қарамай юлиб олиб ташлашга мажбур бўлди — бу сафар у асир олмади.
Андижондан яна бир татар полки етиб келгач, Мадаминбек қўшини қуршов ҳалқаси ўртасида қолди. Бу ҳалқанинг бирорта узуқ жойи йўқ эди. Бир тотор жангчиси завқланиб қийқириб юборди: “ — Уч юз олтмиш градус! Польный (тўлиқ) уч юз олтмиш градус! Инди босмачлар қайга қочиб қутулалар!”
Ҳалқа тобора торайиб, сиқиб кела бошлади. Мадаминбек бир зум жангдан тўхтаб, йигитларига мурожаат қилди: “— Йигитлар, укаларим, ўғилларим. Душман сиқиб келмоқда. Мен асло таслим бўлмоқчи эмас эдим, бироқ сизларнинг ҳаётингизга ҳам зомин бўлмоқчи эмасман. Нима қилайлик? Таслим бўлайликми, ёки ўлимни бўйнимизга олиб, қуршовни ёриб чиқиб кетишга ҳаракат қилайликми?”
— Таслим бўлмаймиз! — деб ҳайқирдилар йигитлар бараварига, — ўлимни бўйнимизга олиб қўйганмиз. Ўлсак шаҳидмиз, ўлдирсак ғозий!
Мадаминбек бу сўзларни эшитиб, кўзларига ёш келди. Қилич тутган қўлини баланд кўтариб ҳай¬қирди: — Олға йигитлар! Озод ватан учун, дини ислом учун олға! Аллоҳу акбар!
Йигитлар ҳам “Аллоҳу акбар” деганларича унинг ортидан от қўйдилар. Шу топда уларга — ўттиз тўрт соатдан бери тиним билмай, ухламай, туз торт¬май чарчаган, силласи қуриган озодлик жангчиларига Аллоҳ ўзи мададга келиб, уларга куч-қувват, шижоат ато этди. Улар мисли кўрилмаган шиддат, мардона шижоат билан жанг қилиб, кўплаб душманни ер билан яксон қилиб, ўзлари ҳам катта қурбонлар бериб, қуршов ҳалқасини ёриб чиқиб, жануб сари олға интилдилар.
Қуршов ҳалқасидан сал нарироқда бригада қўмондони Юсуф Иброҳимовнинг қароргоҳи (команда пункти) жойлашган бўлиб, унинг олдида қўмондон ўз ёрдамчилари, штаб ходимлари ва қўриқчи дастаси билан жангни кузатиб, бошқариб турар эди. Мадаминбек ўзининг қуршовни ёриб чиққан йигитларини бошлаб қароргоҳ яқинидан ўтиб кетаётганида қўриқчи дастанинг пулемётчиси беихтиёр пулемёт оғзини улар томон қаратиб, энди гашетка (тепки) ни босмоқчи эди, Юсуф Иброҳимов унинг елкасига қўлини қўйди:
— Қўй, молай. Стрелять итма (отма). Улар нас¬тояший герой (ҳақиқий қаҳрамон) икан! Геройларни уважат қилиш кирак!
Особий отдел (ЧК нинг ҳарбий қисмларидаги махсус бўлинмаси) ходимлари бу воқеани оқизмай-томизмай Фрунзега етказдилар. Иброҳимов ушбу сўнгги жанг ҳақида рапорт бергани унинг қароргоҳига боради. Фрунзе рапортни тинглаб бўлгач, сўради:
— Юсуф Галиевич, пулемётчингиз Мадаминбекка ўқ узмоқчи бўлганда нима учун уни тўхтатиб қолдингиз?
— Мен қаҳрамонларнинг қотили эмас, мухлисиман, Михаил Васильевич. Ҳақиқий ҳарбийлар ва саркардалар жасур кишиларни, қаҳрамонларни гарчи у душман бўлса ҳам ҳурмат қиладилар!
Фрунзе ғазабланди-ю, аммо негадир эътироз билдиришга журъати етмади.
Татар бригадасининг мутассил ҳужумлари оқибатида Андижон тарафларда жанг қилаётган, ҳали Мадаминбек байроғи остидан чиқиб кетмаган Парпибек ва унинг қўл остидаги бир қанча қўрбошилар қуролларини ташлаб, қизиллар билан сулҳ тузишга мажбур бўлдилар.
Шу тариқа қизил қўмондонлик Андижон музофотини ўз қўлига олгач, навбатдаги ҳужумни Қўқонга қаратди. Қўқон атрофида жанг олиб бораётган Исломқул Полвон қизилларга қарши шиддат билан жанг қилди. Бироқ, жанглар давомида кўпгина йигитларидан айрилиб, вақтинча Исфара томон чекинишга мажбур бўлди.
Эргаш Қўрбошининг советлар билан тузган сул¬ҳи мустаҳкам бўлмаса-да, бир қанча вақт фаол ҳаракат қилмай Бачқирда туриб қолгани юқоридаги бобларда баён этилган эди. Шунга қарамай, қўмондонлик Эргаш Қўрбоши ва унинг йигитларини хавфли ҳисоблаб, ўртадан кўтариб ташлашга қарор қилди.— Совет ҳокимиятига қарши биринчи бўлиб қурол кўтарган Эргаш Қўрбоши бамисоли яраланган бўри, — деди қўмондонлардан бири Сафонов,— у жароҳатларининг битиб кетишини кутиб, куч йиғиб ётибди. Кунлардан бирида уясидан чиқиб,  тўсатдан ҳужум қилиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу туфайли уясида ётган жойида таппа босишимиз керак.
Январнинг охирларида татар дивизиясининг бир полки ва Эрнест Кужело байналминал (интернационал) бригадаси Бачқирни ўраб олди. Эргаш Қўрбоши ҳали ўзининг жароҳатлари таъсирида ётган бир пайт эди. Йўллар устига қўйилган йигитлар қизилларнинг яқинлашиб келаётгани ҳақида хабар олиб келишгач, қўрбоши мудофаага тайёрланиш ҳақида фармон берди. Йигитлардан бир нечтаси – овчиларига қишлоққа уланиб кетган чакалакзор ва қамишзорга бориб, ов қилиш буюрилди. Омборларда сақланиб турган, ёғланган пулемётлар ва иккита кичик дала тўпи олиб чиқилиб, қароргоҳ атрофига ўрнатилди. Уй-уйларига жавоб сўраб кетган йигитларни йиғиб келиш учун одамлар юборилди.
Ниҳоят, қизиллар қишлоқ остоналарига етиб келиб, жанг бошлаб юбордилар. Улар, “Эргашни таппа босиб, олиб кетамиз” деб ўйлашган эди, бироқ ўйлари хом чиқди. Жанг шиддат билан икки кеча икки кундуз давом этди. Эргашбекни осонликча янчиб ташлашга кўзи етмай қолган қизил командирлар Қўқондан қўшимча куч сўрашга мажбур бўлдилар. Қўшимча кучлар етиб келгач, уларнинг қўли баланд кела бошлади. Эргашбек қуршовни ёриб чиқиш учун бир неча марта ҳаракат қилди. Бунинг иложи бўлмагач, овчи йигитларга тўнғизларни тўқайга ҳайдаш ҳақида буйруқ берди. Овчилар итлар ёрдамида чакалакзор ичи билан тўнғизларни тўқай томон ҳайдадилар. Чангалзор ичидан фавқулодда баланд шовқин, буталарнинг қарсиллаши, қамишларнинг шовуллашини эшитган қизиллар “Эргаш бўлса-бўлмаса чакалакзор ичи билан қочиб чиқмоқда” деб ўйлаб, барча кучларини ўша томонга ташладилар ва натижада сой бўйидаги йўл очилиб қолди. Эргашбек фурсатдан фойдаланиб, сой бўйлаб юриб, катта чакалакзор орқали Сирдарёга чиқиб олди ва дарёдан отда кечиб ўтиб, тоққа чиқиб кетишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг у Бачқирга қайтиб қадам боса олмади, зеро, бу ерга бир неча қизил армия полклари жойлаштирилди.
Шу тариқа, 1920 йил бошланишида зафар маъбудаси вақтинча қўрбошилардан аразлаб, қизил қўмондонларга мойиллик билдирди. Шермуҳаммадбек нафас ростлаш учун Олойга чиқиб кетишга мажбур бўлди, Мадаминбек катта талафот берди, унинг иттифоқчиси Монстров қизилларга ўтиб кетди, бир қанча қўрбошилар сулҳ туздилар. Андижон, Наманган, Ҳўқанд музофотларининг катта қисми қизиллар назорати остида қолди, гўё интиҳонинг ибтидоси етиб келгандай бўлди...
БУХОРОЙИ ШАРИФ
Шермуҳаммадбек Олойда қисқа муддат истиқомат қилиб, ниҳоят, Қоровул қалъасига тушиб келди. Бу қалъа ҳам Ғулча ва Иркиштом каби, Фарғонани Кошғар ва Афғонистон билан боғлайдиган йўл устидаги муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган истеҳком эди, шу туфайли “Қоровул” деган ном олган. Уни баъзан “Фарғона лўкидони” ҳам деб аташади. Лўкидон қулфлар ичида энг мустаҳками ва мураккаби бўлиб, унга ҳар қандай калит тушавермайди.
Шермуҳаммадбек Қоровулда истиқомат қилиб турган чоғида ўзининг ишларини тафтишдан ўтказди, тафтиш натижалари асосида олдинда турган вазифаларни яна бир бор аниқлаштириб олди. Вазифалар эса ҳар қачонгидан ҳам қийин: йўлбарс, қоплонлар қаттиқ жароҳат олиб, майдонда шернинг ўзи қолган, барча масъулият энди шернинг зиммасида.
Тафтиш натижалари қурол-яроғ етишмовчилиги муаммосини ўртага қўйди. Мавжуд қурол-аслаҳаларнинг барчаси бир вақтлар қизиллардан ўлжа олинган бўлиб, бирин-кетин ишдан чиқмоқда. Қўл остидаги қўрбошилар ҳам қурол талаб қилиб турибдилар. Қурултойда шу масала кўрилганда, Бухоро амиридан қурол сўраш ҳақида таклиф тушган эди. Шермуҳаммадбек қўрбошилар билан маслаҳатлашиб, Бухоро амири Сайид Олимхонга мурожаат қилишга қарор берди ва мирзоларга мактуб ёзишга буюрди. Бу мактубнинг бир нусхаси Шермуҳаммадбекнинг хотира дафтарига тикиб қўйилган экан. Унинг матнини айнан келтирамиз:
   “Зоти шоҳонамиз ҳазратларига!
Арз ва муърузотимиз шулдирки, Ватанимиз ва номусимизга қарши бўлмиш душманларимизни йўқ этмоқ учун шу ватан авлодлари ўлароқ урушмоқдамиз. Мавжуд силоҳларимиз (қурол-аслаҳамиз) етарли эмас, уч минг йигитимиз бутунлай қурол-яроғсиз. Амр этсангиз, бу йигитларни ҳузури муборагингизга юборгаймиз. Йўқ десангиз, бизни қурол-аслаҳа билан таъминлайсиз, деб умид қилиб қоламиз.
Ҳурматларимизни арз этиб,
Фарғона лашкари ислом раиси
Жаҳонгир Шермуҳаммад”.
Элчилик ҳайъатига Шермуҳаммадбекнинг ишонч¬ли кишиларидан бири, мадраса кўрган савдо карвонларини бошқариб, муомала илмини яхши ўзлаштирган, ҳарбий салоҳияти дипломатияда ҳам етук Тошболтабек Мирзо тайинланди. Шермуҳаммадбек унга мактубни топширар экан, ўрусларга қарши иттифоқ тузиш зарурлигини амирга оғзаки тушунтиришни тайинлади.
Олти кишилик ҳайъатни бир гуруҳ йигитлар Олой ва Мурғоб орқали Шарқий Бухоро чегарасигача кузатиб боришди. Бухорога эсон-омон етиб бориб, Қўқон карвонсаройига тушишди. Бир кун дам олиб, эртаси Аркка йўл олар эканлар, Тошболтабек Мирзо ҳайъат аъзоларидан бири Хайруллохон Понсодга тайинлади: — Хайруллохон, биз амир ҳузурига кетябмиз-у лекин нимагадир кўнглим ғаш. Сиз эҳтиёт шарт Аркка кирмай, ташқа¬рида қолинг ва унга яқин бирор чойхонада ўтиринг. Агар биз кун бўйи Аркдан чиқмасак, ўз ишингизни ўзингиз билиб қилинг.
Элчилар Аркка чиқиб бормасданоқ, соқчиларга дуч келдилар.
— Кимсизлар? Аркда нима ишингиз бор?
— Фарғонадан келган элчилармиз. Амир ҳазратлари билан учрашишимиз керак.
— Соқчилар бошлиғи уларга икки сарбозни қўшиб берди. Биргаликда Аркка чиқиб боришди. Дарвозахонадаги соқчилар билан ҳам савол-жавоб қилишгач, уларни шу ердаги супага ўтказиб, бир кишини ичкари киритиб юбордилар. Кўп ўтмай уларнинг истиқболига аъёнлардан бир киши чиқиб, уларни Қўшбегининг ҳузурига бошлаб кирди. Бу шахс амирнинг бош вазири ва Бухоро шаҳри ноиби ҳисобланар эди. Элчилар салом бериб кирдилар:
— Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва боракатуҳ.
— Ва алайкум ассалом, келинглар меҳмонлар, Фар¬ғонадан келибсизларда? Яхши, яхши, хўш нима арзларингиз бор?
— Бизни амир ҳазратларининг ҳузури муборакларига олиб кирсалар.
— Амир ҳазратларида не муддаонгиз бор?
— Топшириладурғон мактубимиз ҳамда хос гапларимиз бор.
— Мазмуни не эркан? Қани, мактубни берингизчи.
— Маъзур тутадилар, қўшбеги жаноблари, бизга мактубни шахсан топшириш буюрилган.
— Сизлар ўзингизни катта бир салтанат элчиси каби тутмоқдасиз. Хўш, қайси салтанат, қайси ҳукуматнинг вакили бўласиз?
— Биз Фарғона ҳукуматининг вакилларимиз.
— Биз бундай ҳукуматни билмаймиз.
— Ҳозир билмасалар, иншооллоҳ, бирор кун қулоқларига тушиб қолар.
— Қулоғимизга тушса, шу пайтгача тушар эди. Хўп майли, сизлар билан тортишиб ўтиришга вақтимиз йўқ. Ҳозир амир ҳазратлари ҳузури муборакларига Кенгаш йиғилишига киришим керак.
— Биз кутиб турайликми?
— Кенгашдан сўнг Ситораи моҳи хоссада қабул маросими бор. Амир ҳазратлари бугун сизларни қабул қилишга вақт топа олмасалар керак.
— Қачон келайлик?
— Ҳар икки-уч кунда бир хабар олиб турасизлар-да.
— Қўшбеги жаноблари, мабодо қўполроқ гапириб қўйган бўлсак, узримизни қабул қиладилар. Бироқ, вақтимиз ўта чекланган.
— Амир ҳазратларининг вақтлари чекланмаган деб ўйлайсизми?
Элчилар тортишиб ўтиришнинг фойдасизлигини сезиб, ўринларидан қўзғолдилар. Йўл-йўлакай Арк қаршисидаги чойхонада кутиб ўтирган Хайруллохон Понсодни олиб карвонсаройга қайтгач, бўлиб ўтган гапларни ўзларича муҳокама қилдилар:
— Сал катта кетиб, қўшбегининг нафсониятига тегиб қўймадикмикан? — деди ҳайъат аъзоларидан бири Мулла Йўлдош, — чамамда у бизга ўчакишиб қолди.
— Шермуҳаммадбекнинг “— Ялинманг, ёлворманг, Фарғонанинг шаънини ерга урманг” деган сўзларини унутдингизми?
— Сизларни кутиб чойхонада ўтирганимда, — деб гапга қўшилди Хайруллохон Понсод, — Қўқондан келиб турғун бўлиб қолган Сотиболди Карвон деган бир савдогар билан танишиб қолдим. Унинг айтиши бўйича, Низомиддин Қўшбегини рози қилмаган одам амирнинг ҳузурига йўл топа олмас эмиш. Балки...
— Йўқ. Биз муқаддас иш йўлида келган одамлармиз. Бу ишимизга пора каби ҳаром нарсани аралаштиришга ҳаққимиз йўқ.
Хуллас, икки-уч бор Аркка қатнаб, бир ҳафтадан кейингина амир ҳузурига киришга муваффақ бўлдилар. Бу сафар ҳам Хайруллохон Понсод ташқарида қолди.
Элчилар ҳайъати кириб, амирга таъзим бажо қилдилар. Амир бунга жавобан бир қимирлаб, бошини силкитиб қўйган бўлди. Низомиддин Қўшбегининг ишораси билан навбатчи Эшикоғо элчиларни амирга таништирди. Сўнгра Тошболтабек амирга яна бир таъзим қилиб, мақсадга кўчди:
— Бизни Фарғона ҳукумати раиси, Фарғона ислом лашкари амиралмуслимини Шермуҳаммадбек Ғозий Сиз амир ҳазратларингиз пойи остоналарини ўпиш, тавоб этиш, хизматингизда бўлиш, ҳамда илтимосномани топшириш учун бу олий дарборга сафарбар этдилар.
— Амиралмуслимин? — энсаси қотиб савол берди амир, — қандай амиралмуслимин? Бу иқлимда биздан бошқа яна қандай амиралмуслимин бўлиши мумкин? Унга бу унвонни ким берган?
— Фарғона уламолари беришган, халқ берган.
— Хўш, бизга нима арзингиз бор?
— Мана бу мактубда баён этилган, олампаноҳ.
Амир мактубни олиб Низомиддин Қўшбегига узатди. Қўшбеги “Кўрдингизми, мактуб барибир менинг қўлимга тушди” дегандай элчиларга маънодор қараб қўйиб, уни овоз чиқариб ўқиб берди.
Мактубни тинглар экан, амирнинг юзи бўзарди, лаби гезарди ва ваҳшат билан сўради:
— Ўша “амиралмуслимин”ингиз бизнинг Русия ҳукумати билан дўстона муносабатда эканлигимизни билмайдими?
— Маъзур тутадилар, олампаноҳ, сиздек ислом таянчи, шариат посбони, мусулмонлар амирини ўрус кофирлар билан дўстона муносабатда бўлишингиз мумкин дейишга ким ҳам журъат этар эди?
— Оғзингни юм, маҳмадона, сенлар бизни Русия ҳукумати билан уруштириб қўйишга ҳаракат қилганларинг етмагандай, бизни калака қилишга ҳам журъат этдингми?
— Олампаноҳ, ҳеч ҳам калака қилмоқчи эмасмиз. Ўша сиз билан дўстона муносабатда бўлган Русия ҳукуматининг бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса индин Бухоро ва Хивага юриш қилиш, амирлик ва хонликни бекор қилиб, уларни бутунлай Русия таркибига қўшиб олиш, қисқаси, ҳар икки мамлакатни қонга ботиришни режалаштириб қўйишганидан хабаримиз бор. Уларни Фар¬ғонадаги озодлик уруши тўхтатиб турибди халос.
Фарғонадан тинчимагунча улар бу томонга юриш қилишга қўрқадилар. Демак, Фарғонада уруш қанчалик чўзилса, салтанатингиз умри шунча узаяди. Бизни қурол-аслаҳа билан таъминлаб турсангиз, уруш ҳам узоққа чўзилиши турган гап. Биз қурол-аслаҳа сўрашдан ташқари, ўрус кофирларга қарши биргаликда курашиш ҳақида сиз билан сўзлашиб олишимиз керак эди. Олампаноҳ, ҳали ҳам ҳеч гап эмас. Ватанни кофирлардан, большавойлардан озод қилиш учун биргаликда кураш олиб борайлик. Сиз амиралмуслимин, амир лашкари ислом бўлиб ғазовот байроғини кўтаринг. Биз—жами аҳли Туркистон сизнинг йигитларингиз бўлиб, байроғингиз остида жанг қилайлик...
— Бас қил! Мирғазаб!
Саломхонага мирғазаб (миршаблар бошлиғи) кириб, таъзим қилди.
— Мана буларни зиндонбанд қил! — деб фармон берди амир.
Мирғазаб даҳлизга чиқиб, ўнта миршаб ва сарбозни олиб кириб, элчиларни қўлларини орқага қайи¬риб олиб чиқиб кета бошлади.
— Элчига ўлим йўқ! — дея бақирди Тошболтабек.
— Сенлар элчи эмас, бизни Русия билан уруштириб қўймоқчи бўлган фитначилар. Мирғазаб, тезроқ олиб чиқ!
— Олампаноҳ, худо кўрсатмасин-у бир кун келиб сизга дўст бўлган Русия саллотлари сизни ҳам шу тариқа қўлингизни қайириб олиб чиқаётганда кўзингиз очилар, ким дўсту ким душман, ким фитначи эканлигини билиб оларсиз...
Арк қаршисидаги чойхонада Сотболди Карвон билан чойлашиб ўтирган Хайруллохон Понсоднинг кўзи ногоҳон ўз шерикларининг қўлини қайириб олиб кетаётган сарбозларга тушди.
— Нима бўлди экан? Буларни қаерга олиб кетаётган бўлишлари мумкин?
— Бирор сўз ёки ҳаракат билан амирнинг ғазабига дучор бўлишганга ўхшайди, — деди Арк ҳаётини яхши билиб олган Сотиболди Карвон, — уларни зиндонга буюрдилар чоғи, илло асосий зиндон шу томонда, Аркдан ташқарида.
— Нима воқеа рўй берганлигини қандай билсак бўлар экан?
— Ҳозир, бир иложини қиламиз.
Сотиболди Карвон чойхона хўжайинини чақириб, маслаҳат сўради.
— Бунинг иложи осон, — деди чойхона хўжа¬йини,— Арк бангиларининг чиқадиган вақти бўлиб қолди, ўшалардан сўраймиз.
Кўп ўтмай Аркнинг қуйи ва ўрта даражали мансабдорларидан бир нечаси чиқиб, чойхонанинг поякихонасига кириб кетдилар. Чойхона хўжайини уларга шахсан ўзи чилим, банг олиб кириб кетиб, бир оздан сўнг қайтиб чиқди:
— Қабул вақтида ҳозир бўлган Мирзо билан гаплашдим. У саломхонада бўлган гапларни айтиб берди. Уларнинг тақдири нима бўлишини эртага суриштириб — билиб айтиб беради.
Хайруллохон Понсод ёнидан пул чиқариб “Мирзонинг хизмат ҳақи” деб чойхона хўжайинига узатган эди, у пулни олишдан бош тортди:
— Қўйинг, бизга меҳмонсизлар. Бухорода меҳмондан пул олмайдилар. Пулингиз ҳали ўзингизга керак бўлади — деб лутф этди.
Эртаси куни чойхона хўжайини ўзининг хос ҳужрасида Хайруллохон Понсодни Арк мирзоси билан учраштирди. Мирзо қабул вақтида бўлган гап-сўзларни баён қилиб, элчилар номаълум муддатга зиндонбанд қилинганини сўзлаб берди ва сўзи охирида “— Улар ҳали бери зиндондан озод бўлмасалар керак,” — деб қўшиб қўйди.
Мирзо чиқиб кетгач, чойхона хўжайини, Сотиболди Карвон ва Хайруллохон Понсод “ҳарбий кенгаш” қуришди. Маслаҳатга кўра, зиндондагилардан чойхона хўжа¬йини ва Карвон хабар олиб, ош-сув киритиб турадиган бўлдилар. Хайруллохон Понсод эса Шермуҳаммадбек ҳузурига қайтиб, бўлган воқеаларни етказдирадиган бўлди.
Фарғонага Шарқий Бухоро ва Қоратегин орқали қайтиш якка йўловчи учун хавфли. Шуни назарда тутиб, Понсод Когон бекатида поездга ўтирди. Урсатьевск (Ховос) бекатида поезддан тушиб, Фарғона томонга юрадиган поездни кутиб турганда қўлга тушиб қолди: Тошкент¬дан водийга кетаётган ҳарбий эшелон бекатга келиб тўхтади. Вагондан оёқ ёзиб олиш учун тушган кичик командирлардан бири Хайруллохон Понсодни кўриб, унга бир оз тикилиб турдида, вагонга қайтиб чиқиб кетди. Кўп ўтмай қуролли жангчилар билан тушиб, Понсодни қўлга олди ва эшелон қўмондони вагонига олиб борди.
— Нима гап, Червяков, — сўради қўмондон, — бу одам ким?
— Кўршерматнинг катта командирларидан бири.
— Қандай танидинг. Балки ўхшатаётгандирсан.
— Танимай бўладими, ўртоқ қўмондон, бу одам билан жангларда бир неча бор тўқнаш келганман. Тошкентга, госпиталга кетишимга ҳам шу одам сабабчи бўлган, — гимнастёркасини ечиб, елкасидаги чандиқни кўрсатар экан, сўзида давом этди, — мана бу чандиқ унинг қиличи зарбидан.
Қўмондон махсус бўлим бошлиғини чақиртириб, Понсодни унга топширди. Махсус бўлим ходимлари уни ўз вагонларига олиб бориб сўроққа тутдилар. Хайруллохон Понсод шунчалик гапни айлантириб, Червяковнинг даъволарини рад этишга ҳаракат қилса ҳам бўлмади. Уни Тошкентга кетаётган поездга олиб чиқдилар. Тошкентда бир неча бор сўроқ қилиниб, Ўрдада жойлашган гарнизон гауптвахтасига қамадилар. Икки ой ётиб, бу ернинг паст-баландини билиб, маҳбуслар билан танишиб, ишонч¬ли одамлар билан тил бириктириб, қочишга тайёргарлик кўрдилар. Ниҳоят, гарнизонда хизмат қиладиган фаррошлар ёрдамида қочишга муваффақ бўлдилар. Энди поездга ишонмай, ўн икки маҳбус тоққа чиқиб кетдилар. Овчилар, чўпонларнинг ёрдами билан Чотқол орқали Оқтовга ўтиб, бу ерларда фаолият кўрсатаётган Орзимат Қўрбоши қароргоҳига етиб бордилар. Қўрбоши уларни меҳмон қилиб, кийинтириб, қурол-яроғ бериб, бир қанча йигитларини ҳамроҳ қилиб водийга кузатиб қўйди.
Шермуҳаммадбек Бухорода бўлиб ўтган воқеаларни эшитиб, қаттиқ хафа бўлди: элчиларнинг қамалиб қолишига бир қайғурса, амирнинг элчиларга ва умуман, миллий-озодлик ҳаракатига бўлган муносабатидан икки қайғуради.
Бир оз олға кетиб бўлсада, элчиларнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот бериб ўтишга тўғри келади. Элчилар зиндонбанд қилинган пайтда Аф¬ғонистон ҳукуматининг мухтор элчиси Абдул Шукурхон Бухорода эди. Афғонистонга қайтгач, Фарғона элчиларининг зиндонга солинганини ҳам ўз ҳисоботида эслатиб ўтди. Афғонистон ҳукмдори Омонуллохон бу воқеага таассуф билдириб, элчиларни озод қилиш масаласини амир олдига қўйишни ўз мусулмонлик бурчи деб билди. Абдул Шукурхон Бухорога қайтадиган вақти етгач, Омонуллохон Са¬йид Олимхонга махсус мактуб ёзиб, элчига топширди. Шукурхон Бухорога етиб келгач, бошқа айрим ҳужжатлар қаторида шоҳнинг мактубини ҳам топширди. Мактуб мазмуни қуйидагича эди:
“Икки дунё кўрки, Бухоро салтанати ҳукмдори, мусулмонлар амири, сайёдатмаоб Қутб-уд давла Са¬йид Муҳаммад Олимхон Баҳодурхон бинни Саййид Абдулахадхон Ҳазратларига!
...Амир ҳазратлари, эшитишимизга кўра, Фар¬ғона элчилари сизга нисбатан беодобликка йўл қўйиб, зиндонбанд бўлмиш эканлар. Уларнинг Сизга нисбатан қилган беодоблиги сабаби ва тафсилоти бизга қоронғу бўлсада, Сиздай адолатпаноҳнинг беҳудага жазоламаслиги бизга маълум. Шундай бўлсада, Сизнинг бизга нисбатан муносабатингиз ва ҳурматингиздан фойдаланиб, ўшал гумроҳ элчиларнинг бир қошиқ қонидан кечишингизни ҳамда ўз ватанига қайтаришингизни сўраймиз. Сизга икки дунё саодатини тилаб, биродарингиз, Афғонистон шоҳи Омонуллохон Баракзоий”.
Мактуб амирга етиб келганда элчиларининг зиндонбанд қилинганига етти ой бўлай деб қолган эди. Амир мактубни ўқигач, ўйланиб қолди. У ўзи Русияга ярим тобеъ бўлган ҳолда, инглизлардай қаттол душманга бўй бермай ўз мустақиллигини сақлаб келаётган мамлакат шоҳига ҳасад қилиб, ич-ичидан уни ёқтирмасада, ҳозирги пайтда Бухорони ўзига тенг кўриб, у билан яхши қўшничилик қилиб турган, мабодо бошига иш тушиб, тахтдан айрилиб қолса, қочиб бориб паноҳ топадиган жойнинг ҳукмдори бўлганлиги туфайли Омонуллохон билан муроса қилишга мажбур. Шу тариқа Афғонистон шоҳининг аралашуви билан озодликка чиққан элчилар етти ойдан сўнг Ғорбувога қайтиб келдилар.
СУЛҲ
Пойтуғ жангида катта талафот кўрган Мадаминбек айланма йўллар билан ўзининг Балиқчи яқинидаги Қоратерак қишлоғида ўрнашган қароргоҳига қайтиб келди. Бироз нафас ростлаб, ярадорларни даволатиб, навбатдаги жангларга тайёрланар экан, сулҳга рози бўлиш муқаррар эканлиги фикри-ёдидан чиқмай қолди: — Мана, икки йилдан бери тинимсиз жанг олиб бормоқда. Хўш нимага эришди? Қизиллар кун сайин, соат сайин куча¬йиб бормоқда. Ҳукуматнинг кейинги пайтларда кўрган чора-тадбирлари натижасида халқда уларга нисбатан илиқлик пайдо бўлиб, озодлик лашкарига келиб қўшилувчилар ниҳоятда камайиб кетди. Қон тўкишлар беҳуда кетмоқда. Беҳуда тўкилган қон рўзи маҳшарда менинг ва мен каби сардорларнинг бўйнига тушиши аниқ-ку. Энди ҳам беҳуда қон тўкиш, халқ¬нинг энг сара фарзандларини кўра била туриб жанг майдонида қурбон этиш гуноҳи азим эмасми?
Мадаминбек шундай оғир ўйлар билан банд экан, қизил қўмондонлик сулҳ тузиш учун навбатдаги қадамни ташлади. Наманганлик Мулла Абдуқаҳҳор сулҳ тузиш учун Муҳаммадаминбек қароргоҳига юборилди. У йўл-йўлакай балиқчилик маш¬ҳур сўфий Тожимуҳаммад Эшонни воситачи сифатида ҳайъатга қўшиб олди. Мадаминбек меҳмонларни яхши кутиб олди. Мулла Абдуқаҳҳор унга қўмондонликнинг сулҳ ҳақидаги мактубини топширди. Бир ҳафта ўтгач, Мадаминбек сулҳ музокараларини ўтказишга рози эканлигини қўмондонликка маълум қилди.
Фрунзе сулҳ музокаралари олиб боришни салоҳиятли қўмондонлардан бири Верёвкин-Рохалскийга топширди.
Шундан сўнг сулҳ музокаралари бошланиб кетди. Бир неча учрашувдан сўнг Мадаминбек томонидан сулҳ шартномасининг қуйидаги лойиҳаси тақдим этилди:
Мен, Муҳаммадаминбек Аҳмадбеков, Шўро ҳукумати олдига қуйидаги талабларимни қўяман:
1. Шўро ҳукумати Туркистон фуқаролари ҳаётини йўлга қўйишда шариат асосларини сақлаб қолиб, меҳнаткашларнинг манфаатларини ҳимоя этиб, аҳли исломга мавжуд шариат, яъни мусулмонларнинг маҳаллий шарт-шароитини ҳисобга олса ва урф-одатларига ҳуқуқ берса.
2. Отрядимнинг доимий қароргоҳи Наманган шаҳри этиб тайинланса.
3. Мен бошқа фронтларга чиқарилмасдан, вақтинча Фарғона тасарруфида қолдирилсам.
Ўз қўшиним ҳамда ўзларининг батамом розиликларини шахсан менга изҳор этган қўрбоши ва аъзоларим билан биргаликда тантанали қасамёд этаманки, эндиликда Шўро ҳокимиятини тан оламан ҳамда унинг содиқ хизматкори бўлишга сўз бераман, унинг барча буйруқларига амал қиламан ҳамда қуйидагиларни зиммамга оламан:
1. Отрядимда хизмат қилаётган барча руслар тўла озод этилади ва хоҳишларига биноан отрядимда хизматда қолишлари мумкин.
2. Шу йилнинг 13 мартидан кечиктирмай, ўз вакилларим билан Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий кенгаши ва Туркистон Марказий ҳокимиятига содиқ эканлигимни билдириш учун Тошкентга боришга сўз бераман.
Музокаралар узоқ давом этди. Ҳар икки томон ўз шартларини ўтказиш, қарши томон шартларининг нуфузини пасайтиришга ҳаракат қилди. Муҳаммадаминбек бу музокараларда ўзининг нафақат салоҳиятли саркарда, балки ўткир сиёсатчи сифатида ҳам намоён эта олди. Ниҳоят, қуйидаги шартномага келишилди:
1920 йил 6 март,
Скобелев шаҳри.
Биз, қуйида имзо чекувчилар, биринчи томондан: Ҳарбий-Инқилобий кенгаш буйруғига асосан, Туркистон фронтида ҳаракат қилаётган 2-Туркистон ўқчи дивизиясининг бошлиғи Верёвкин-Рохальский ва дивизия ҳарбий-сиёсий комиссари Слепченко; иккинчи томондан: Ислом қўшинининг қўмондони Муҳаммадаминбек Аҳмадбеков мазкур битимни тубандагича туздик:
1. Муҳаммадаминбек Аҳмадбеков ўз қўшини ҳамда ўзларининг батамом рози эканликларини изҳор этган қўрбоши ва ходимлари билан Шўро ҳокимиятини тан олади ҳамда унинг буйруқ ва топшириқларига амал қилади.
2. Муҳаммадаминбек ихтиёрийлик асосида ўз қўл остидаги қўшини ва қурол-аслаҳаларини сақлаб қолади ҳамда Турк бригадаси таркибига киради.
3. Муҳаммадаминбек Аҳмадбековнинг доимий қароргоҳи Тошлоқда бўлади ҳамда вақтинчалик бош¬қа фронтларга сафарбар этилмасдан, Фарғона ҳудудида тинчлик-осойишталикни сақлаш ишида иштирок этади.
4. Муҳаммадаминбекнинг отрядида хизмат қилиб келган рус миллатига мансуб кишилар ўзларини озод ҳисоблайдилар ва ихтиёрий равишда унинг қўл остида хизматни давом эттиришлари мумкин.
5. Муҳаммадаминбек Аҳмадбеков шу йилнинг 13-мартидан кечиктирмай, ўз вакиллари билан бирга Туркистон Марказий ҳокимиятига содиқ эканлигини билдириш ҳамда келажакдаги вазифаларни белгилаб олиш учун Тошкентга боради.
6. Муҳаммадаминбек ўз қўли остида бўлган ва гапи ўтадиган қўрбошиларни Шўро ҳокимияти билан сулҳ тузишга даъват этади.
7. Қўмондонлик вакили Шўро ҳокимияти номидан Туркистонни бошқариш ишида шариат асосларига амал қилиниши ва мусулмонларнинг маҳаллий шарт-шароити, урф-одатларига ҳуқуқ берилишига ваъда беради.
8. Муҳаммадаминбек Аҳмадбековнинг қўрбошилари, ходимлари, аскарлари ўтмишдаги фаолиятларидан қатъий назар, таъқиб этилмайдилар ва дахлсиз бўладилар.
Туркистон фронти Ҳарбий-Инқилобий кенгаши номидан: И.А.Верёвкин-Рохальский.
Мусулмонлар қўшини номидан: Муҳаммад Аминбек Аҳмадбеков.
Сулҳ битими 6-март куни Скобелев шаҳрида имзоланиб, бир неча кундан кейин унинг тантаналари Наманган шаҳрида бўлиб ўтди.
Бироқ, сулҳ битими шартлари Шўро ҳокимияти раҳбарларига мутлақо ёқмади. Улар Муҳаммад¬аминбекни ҳеч қандай иложсиз қолган душман сифатида капитуляция (тамомила таслим бўлиш) ҳақидаги далолатнома мазмунида тузилган битимга имзо чектиришни мақсад қилиб қўйган эдилар.
“Бечора” Верёвкин-Рохальский раҳбарлардан тоза эшитадиганини эшитди. Масалан, Куйбишев уни сўкканича сўкиб олиб, сўнгра шундай деди:“— Бу битим шу ҳолда сиёсий соҳада ҳам, ҳарбий соҳада ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин, унинг еттинчи банди бизни Фарғонада ва ҳатто Туркистонда фуқаролар орасида олиб борилажак ишларимизни чеклаб қўяди ва Шўро ҳокимиятига ёт бўлган мезонларга амал қилишга (яъни, шариатга йўл беришга) мажбур этади... Битим матнини бошқатдан, бошқа шарт-шароитларни кўрсатиб тузиш керак. Мадаминни, — деди у сўзининг охирида, — аста-секин шаштидан тушириб, букиб, уни оддий бир итоатгўй киши даражасига келтириб қўйиш керак.”
Фарғона вилоят партия қўмитаси ва Туркистон ўлка қўмитаси ва Туркистон фронти Ҳарбий-Инқилобий кенгашига мурожаат қилиб, сулҳ битимини бекор қилишни, зеро, у сиёсий нуқтаи назаридан ҳар қандай танқиддан паст туришини таъкидлади. Вилоят партия қўмитаси ўз йиғилишида битимни бандма-банд муҳокама қилиб, унинг биринчи ва бешинчи бандларидан бошқа ҳаммаси бекор қилинишига эришиш кераклиги ҳақида қарор чиқарди.
Муҳаммадаминбек бир неча кундан сўнг, Тошкентга бориб келгач, Тошлоқда қўрбошилар кенгашини чақиради. Кенгашда унинг сўзлаган нутқини Иброҳим Карим қуролсоз уста Аҳрорхўжа Мақсудхўжаев хотираси асосида келтиради:
“— Халққа раҳмимиз келиши керак. Аянчли яшаётган халқнинг тинч меҳнат қилиши учун имконият бериш имонли одамларнинг ишидир... Бегуноҳ мўъминларнинг қонлари шунча тўкилгани етар! Ҳозирги шароитда, яъни кучлар сочилиб кетган, улар ўртасида ўзбошимча майллар кучайиб бораётган, бошқа жойдан ёрдам келмаётган бир пайтда бу сулҳ бизга миллий қадриятларимизни сақлаб қолиш имконини беради. Шу билан бирга, нафасни ростлаб олиш, вазиятга қараб иш тутишимиз учун йўл очади. Мана шу боисдан, мен сулҳга рози бўлдим. Сулҳ шартларига биноан Ғорбувога крепост қурамиз. Унга Шермуҳаммадбекни (сулҳга кўнса) бошлиқ этиб тайинлаймиз. Турк дивизияси ташкил этамиз, қўрбоши ва беклар қуролланган ҳолда ўз йигитларига бош бўлиб қолаверадилар, улар ўз ҳудудларида тартиб-интизом учун жавоб берадилар. Ана шундай қисмлардан ташкил топган миллий армия яхши қуролланган ва ҳарбий санъатни эгаллаган бўлади. Мен эса ҳукумат ишларида иштирок этаман. Сулҳ шартларига кўра бошқа қўрбошиларни ҳам Шўролар билан ярашишга чақиришга сўз бердим. Шермуҳаммадбек ва бошқа беклар буни тушунишади, деб ишонаман.”
Сулҳ масаласига йирик қўрбошилар турлича муносабат билдирдилар. Бу ҳақда Шермуҳаммадбек ўз хотираларида шундай дейди: “— Сулҳ тузишга даъват этилган катта қўмондонлардан Муҳиддинбек ва Жонибек Қози унинг хоҳишига очиқ қарши чиқдилар. Омон Паҳлавон ҳам шундай йўл тутди. Фақат Омон Паҳлавоннинг қўрбошиларидан Раҳмонқули курашдан воз кечди ва бир оз вақтдан кейин қўлга олинди. Аммо Наманган аҳли “Раҳмон¬қули қўрбоши қўзғолонга мажбуран қатнашган”, деб ялпи кўрсатма берганидан кейин бир оз вақт ўтгач, қамоқдан чиқариб юборилди. Раҳмонқули кейинги кунлари Тошкент ва Хўжанд каби катта шаҳарларни айланиб чиқди ва кураш янада тезлашганига гувоҳ бўлди. Шунда у яна озодлик ҳаракатига қўшилди.
Мадаминбекнинг сулҳ тузиш маҳалидаги аҳволи-руҳияси анча ажабланарлидир: у мағлуб этилган қўмондон эканлигини ҳисобга олмай туриб Шўроларнинг сулҳ ҳақидаги ваъдаларига ишонди. Илгаридан бери ғояни сиёсий йўллар билан ҳал қилишга бўлган ишончи шу эътимодда туришга сабаб бўлгандир. Мадаминбекнинг шаҳсий аҳволи ва миллий курашдаги тутган ўрнига келсак, у чинакам мақтовларга лойиқ, илк даврда қўрбошилар миллатпарварлик ҳаракатининг кучайишида катта жасорат кўрсатган, келажакни кўра олувчи, болшевикларни бошига қийин кунларни солган қўмондон бўлган. Бу охирги феъли ҳам, албатта, бошдан бери амал қилиб келган ғояларига тескари келмаслиги мумкин. Унинг шундай қилишга мажбур бўлганини ҳам тушуниш мумкин. Аммо ўзини ҳали ҳам зафар қозонаётган бир қўмондондек тутарди... Ёмон томони шунда эди.. Иймони кучли эди, аммо собит эмасди. Жуда қийин шароитда ҳам курашни давом эттира оларди, таслим бўлмаслик қўлидан келарди. Аммо ўз ғояси йўлида собитқадам бўлолмади, балки, бу унинг ягона камчилигидир, унинг хатоси ҳам шунда эди.”
Муҳаммадаминбек Тошкентга боргач, у ерда кимлар билан учрашганлигини, у ердагилар билан нималар ҳақида гаплашганлиги ҳақида етарли маълумот архивларда мавжуд. Бу ҳақда тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов ўз тадқиқотларида сўз юритади. Бу ерда сулҳ шартномасига Куйбишев ва Фарғона вилоят партия қўмитаси томонларидан кўрсатиб ўтилган тузатишлар киритилган. Муҳаммадаминбек бунга қандай рози бўлди экан? Рози бўлмасликни ҳам иложи бўлмаган кўринади, зеро, у Тошкентга фақат бир неча одамлари билан борган. Музокаралар давом эттирилган ҳолатда якка, ҳимоясиз эди. Сулҳ шартномасига ўзгартириш киритиш билан Шўролар ҳокимияти ўз мунофиқлигини яна бир бор ошкор этди. Аҳир, жамоатчилик олдида тантанали равишда имзоланган сулҳ шартномасини қайта тузиш на халқаро қонунларда, на уруш қонунларида бор.
МУҲАММАДАМИНБЕК ШАҲОДАТИ
Мана энди фожеий қиссамизнинг энг оғир қисмига етиб келдик. Бу оғирлик нафақат қаҳрамонларимиздан бирининг ўлими билан боғлиқ мусибат туфайли, балки мазкур бобда қаламга олинадиган мавзунинг чигаллиги, фикрларнинг чалкашлиги, маълумот ва манбаларнинг бир-бирига зидлиги ҳамда масаланинг нозиклиги туфайли ҳамдир. Дарҳақиқат, масала ўта нозик: ўйламай айтилган калом, ўйламай юритилган қалам билан бировни ёмон отлиқ қилиб қўйиш ҳеч гап эмас.
Муҳаммадаминбек фожиаси билан боғлиқ бўлган гап-сўз ва манбаларни таҳлил этар эканмиз, мазкур адабиётлар, улардан келиб чиқадиган хулосаларга кўра бир неча туркумга бўлинишга гувоҳ бўламиз:
1. Шўролар даври манбалари. Мазкур урушда иштирок этган Мелкумов, Поликовский, Калмиков каби қизил командирларнинг қисса ва романлари; Фуқаролар уруши қатнашчилари томонидан ёзилган хотиралар (маълум бўлишича, мазкур хотираларнинг аксарияти диктант усулида ёздирилган экан); журналистлар, ёзувчилар томонларидан ёзилган бадиий, публицистик асарлар ва мақолалар. Бу асарлардан келиб чиқадиган хулосага кўра, Муҳаммадаминбек Шермуҳаммадбекнинг кўрсатмаси билан Холхўжа томонидан қатл этилган ва унинг боши найза учига ўрнатилиб, ибрат ва сазойи қабилида Холхўжа томонидан олиб юрилган. Хулоса якдил бўлсада, Муҳаммадаминбек қатл этилган жой, вақт ва ҳолат ҳақида катта тафовут бор.
Қизил командирлардан бири М.Поликовский эса ўзининг “Мадаминбекнинг тугатилиши” асарида қу¬йидагича ҳикоя қилади:
“Мадаминбек Кўршерматга сулҳ масаласида учрашиш учун бир неча марта таклиф юборади. Ниҳоят, Кўршермат уни Ғорбувога таклиф қилади. Мадаминбек ўзининг полк комиссари Сухов ва йигирма тўрт йигити ҳамроҳлигида Ғорбувога йўл олади. Қишлоққа кираверишда уни Кўршерматнинг одамларидан бири кутиб олади ва шундай дейди:
— Шермуҳаммадбек бу ерда сизларни кутаётган эди. Бироқ қишлоқ атрофида бир неча қизил отрядлар пайдо бўлганлиги туфайли бу ердан Водилга кетишга мажбур бўлди. Ўша ерда тинч шароитда гаплашмоқчи. Бу гапдан Мадаминбек ва Сухов¬да бир оз гумон пайдо бўлсада, кейинчалик “қўрқоқ” деган дашномга қолмаслик учун гумонни енгиб, Водилга боришга қарор қилади. Мадаминбек Водилга етиб келганда Кўршермат уни ўраб олди, жанг пайтида Мадаминбек бошидан ўқ еб ўлди. Унинг боши Холхўжага совға қилинади”.
1957 йилда нашр этилган “Фарғона водийсида совет ҳокимияти учун бўлган жангларда” деб номланган тўпламда Усмон Алиевнинг “Менинг хотираларим” деб аталган эсдаликлари ҳам бор. Унда шундай парчани учратамиз:
“... Тўйчи Қўрбоши билан музокараларни Парамонов, Чекмарёв ва Охуновлар олиб бордилар. Ҳар икки томон бир тўхтамга келдилар. Парамонов, Чекмарёв ва Охунов Тўйчи Қўрбошини М.В.Фрунзе ўз эшелони билан турган Серово станциясига таклиф этдилар. Тўйчи рози бўлди, бироқ бир оз ке¬йинроқ боришини билдирди. Тўйчи ўзининг Сўхда турган йигитларига “Риштонга келиб туринглар, мен Серовога, ўртоқ М.Фрунзе олдига кетябман”, деган мазмунда хат ёзади. Хатни жўнатгач, сулҳ тузиш учун йўл олади. Серово йўлидаги Зоҳидон қишлоғига етганида унга Мадаминбекнинг бошини келтириб берадилар. Маълум бўлишича, сулҳ шартномаси тузилгандан сўнг М.В.Фрунзе томонидан мусулмон армияси қўмондони этиб тайинланган Мадаминбек Қўқонга келган пайтда бир вақтлар Холхўжанинг укасини ўлдирган (У.Алиев бир оз адаштириб юборган. Бошқа бир неча манбага кўра Тўйчи қўрбошининг укасини ўлдирган) Ёрбек деган кишини Қўқон қамоқхонасидан озод қилади ва шу тариқа улар бир-бирига душман бўлиб қолган.
Советлар билан яраштириш ҳақида музокаралар олиб бориш учун келган Мадаминбекни Кўршермат ҳийла билан қўлга тушуриб, унинг эски душмани Холхўжага топширади. Холхўжа, шу тариқа, укасининг қасдини олган бўлиб, Мадаминбекни ўлдиради”.
Бу туркумга оид бошқа манбаларда ҳам Мадаминбек фожиаси юқоридагилар каби талқин этилади.
2. Истиқлол йилларида, “босмачилик ҳаракати”га муносабат бир оз ўзгаргандан кейин эълон қилинган асарлар ва мақолалар, шунингдек, хорижда истиқомат қилиб турган айрим ўзбек адиб ва олимларининг асарлари. Бу туркумдаги адабиётлар ҳам Мадаминбек ҳалокатини Шермуҳаммадбек ва Холхўжа Эшон билан боғлайди. Бунга қўшимча улароқ, баъзилари бу ишда Шўролар махфий хизматининг ҳам қўли бор эканлигини таъкидлайди.
Мазкур иккинчи туркумга кирувчи адабиётлар жуда оз. Иброхим Карим, Алишер Ибодинов ва яна бир неча адибни истисно қилганимизда, бошқа ёзувчиларимиз бу нозик мавзуга қўл урганларича йўқ.
3. Хорижда яшаб турган олим ва журналистларнинг асарлари, Шермуҳаммадбек, унинг укаси Нурмуҳаммадбек ва бошқа қўрбошиларнинг хотиралари ҳамда мазкур хотиралар асосида яратилган асарлар.
Германияда истиқомат қилган марҳум ватандошимиз Доктор Боймирза Ҳайит ўзининг “Босмачи ёхуд 1917—1934 йилларда Туркистондаги миллий кураш” китобида Муҳаммадаминбек фожиасига Шермуҳаммадбекнинг дахли йўқлигини таъкидлаган ҳолда, Холхўжа Эшон ҳақида очиқ ёзмайди, ишора қилиб ўтади, холос:
“... Мадамин ва Холхўжа ўртасидаги можаролар 1919 йилдаёқ юзага келган эди. Холхўжа Мадамин йигитлари орасида қўрбоши бўлиб юрган кезлари Мадамин уни ахлоқий бузуқликда айблаб, 4 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Холхўжа Мадаминдан нафратланар, шу боис 1919 йил охирида унинг йигитларидан ажралиб, Шермуҳаммадга келиб қўшилган эди. Мадаминнинг жанг майдонида пайдо бўлиши олиймақом имконият эди. Мадамин ва Сучев (Сухов – М.Х.) 1920 йил 14 майда ўлдирилганлар.”
Боймирза Ҳайит яна шуларни ёзиб ўтади:
“... Мадамин Шермуҳаммад ҳузурига тинчлик музокаралари олиб бориш учун келаётганида Хол¬хўжа йигитлари томонидан қўлга олинади ва қатл қилинади. Сойиб қори ва Лутфулла Махсум Мадаминни ўлдирганларидан кейин Бухорога қочиб кетадилар.”
Турк адиби ва журналист Али Бодомчининг “1917—1934 йилларда Туркистонда миллий-истиқлол ҳаракати ва Анвар Пошо” асарининг I жилди шартли равишда “Қўрбошилар” деб номланган. Бу асарда ёзувчи Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек ва чет элга қочиб ўтишга муваффақ бўлган қўрбошиларнинг ёзма ва оғзаки хотираларидан унумли фойдаланган. Али Бодомчи Мадаминбек фожиасида нафақат Шермуҳаммадбек балки, Холхўжа Эшоннинг ҳам қўли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонларни бутунлай рад этади. Бу масалага у шундай ёндашади:
“Қоровул мавзеи атрофида бўлиб ўтган жанглар пайтида... Большевиклар энг аввало Хўжағир дараси томонидан ҳужумга ўтди. Уларнинг сони 1000 дан ошиқ бўлиб, Мадаминбек ҳам ўз яқинлари билан мана шуларнинг ичида эди. Бу кучларнинг деярли ҳаммаси татар ва ўзбек қизил аскарлари эди.
Хўжағир дараси қўрбошилар режасига кўра, Холхўжа Эшоннинг йигитлари томонидан ушлаб туриларди. Шунинг учун улар 1000 кишилик душманни қилич ялон¬ғочлаб кутиб олдилар. Холхўжа Эшон большевик кучлари устига 9 апрел куни эрталаб яшин тезлигида ҳужум уюштириб, илк босқичда беш юзтасини асир олди. Мадаминбек ҳам шу асирлар орасида эди. Холхўжа Эшон 500 асирни Лутфуллоҳ Махсум ва Сойиб Қори бошчилигида қароргоҳга юборди.
Мадаминбек — собиқ қўрбошилар қўмондони энди қўрбошиларнинг қўлида асир бўлиб қолди. У аввало Шермуҳаммадбек билан учрашишни хоҳлади. Аммо бу пайтда уруш бутун шиддати билан давом этаётгани, бошқарув Шермуҳаммадбек қўлида эканлиги сабабли учрашувга имкон бўлмади. Ке¬йин Нурмуҳаммадбек билан кўришмоқчи бўлди. Нурмуҳаммадбек шу аснода ҳаммаёғи қон — терга ботган ҳолда қароргоҳга келиб қолди. Мадаминбек унга қараб шундай деди:
“— Қаршиликни тўхтатиб қўйинг, сиз ҳам ярашинг. Бекордан-бекорга қон тукилишини давом эттирманг. Бутунлай ўраб олингансиз. Кучлари жуда кўп, бошқа гарнизонлардан тўхтовсиз қўшимча куч олиб туришибди. Улар билан фақат биз уруш ҳолатидамиз, бошқа барча жабҳаларни тинчитдилар. Туркистонда куч тўплашяпди. Қурол-аслаҳа, тўпхоналари кўп. Аскарларнинг саноғига етиб бўлмайди...”
Мадаминбек ёлвора бошлади. Нурмуҳаммадбекнинг бирорта сўз дейишга ҳоли йўқ эди. Шунда ҳам чуқур хўрсиниб жавоб қилди:
“... Келиша олмаймиз ва сулҳ туза олмаймиз, Мадаминбек... ўлим учун қасам ичдик. Бунга рози ва тайёрмиз. Бошимизни дин ва номус душманлари олдида эгмаймиз. Кучлимиз... (Нурмуҳаммадбекнинг хотираларидан айнан келтирдик – А.Б.)”
Нурмуҳаммадбек уруш жабҳасига қайтиши зарурлигини, ўзининг ҳаётидан хавотир олмаслигини айтиб, қайтиб кетди.
Нурмуҳаммадбек Мадаминбек ёнидан кетгач, икки қўмондон ўртасидаги гапни эшитиб турган ва кейин Мадаминбек билан тортишув бошлаган қўриқчи қўрбошилар Сойиб Қори ва Лутфуллоҳ Махсум Мадаминбекка олдин ўқ отиб, кейин бўғиб ўлдирдилар. Туркистонлик ёзувчи ва олимлар Мадаминбекни Холхўжа Эшон ўлдиргани ёки ўлдиртириб юборганини ёзганлар. Шу жумладан, Иброҳим Ёрқин “Туркистоннинг буюк мужоҳиди Шермуҳаммадбек” мақоласи, “Турк культури” журнали, 95-сон (1970 йил май ойи), 496 бет; Тоҳир Чиғатой “Туркистон мужоҳиди Шермуҳаммадбекни йўқотдик”, мақоласи (“Давлат” мажмуаси, 52-сон (1970 йил, 30 март), 6—7 бетлар каби асарларда юқоридаги фикр¬ни тасдиқлаб ёзганлар. Боймирза Ҳайит “Туркистон Русия ила Чин орасинда” номли асарининг 284- бетидаги 33 рақамли изоҳида шундай ёзган: “Мадаминбек 1920 йил 9 апрелда босмачилар томонидан отилган” деб туриб, ўша асарнинг 288 бетида: “Мадаминбек Холхўжанинг кучлари томонидан 1920 йил 14 майда қатл қилинди”, дейди. Сана нуқтаи-назаридан бизнинг фикримизча, 14 майда ўлдирилгани ҳақиқатга яқин. Мадаминбекни Холхўжа ўлдирган деган гапга келсак, тўғридан-тўғри буни даъво этиш тарзи бизнинг ёзганларимизни тасдиқлайди. Гарчи Холхўжанинг Мадаминбекни ўлдиришига сабаб йўқ бўлмаса ҳам, Мадаминбек Туркистон Мухторияти ҳукумати даврида Холхўжанинг ғурурига тегадиган даражада тазйиқ ўтказган, бу воқеадан туғилган кек оқ руслар билан ҳамкорлик чоғида қаҳр ғазабга айланганди. Бизнинг сўраб-суриштириш ва тад¬қиқотларимизга кўра, Мадаминбекни Холхўжа ўлдирмаган ҳам, ўлдиртирмаган ҳам. Чунки Мадаминбек ўлдирилган пайтда Холхўжа уруш жабҳасида бўлган. Қотиллар, юқорида ёзилганидек, Сойиб Қори ва Лутфуллоҳ Махсумлардир. Булар иккаласи ҳам бир қанча вақт ғойиб бўлишган. Бухорога қочиб бориб, Мадаминбекни ўлдирганликларини тан олишган.
Баъзи туркистонликлар эса Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирганини айтадилар. Бундай даъво — иддао бутунлай эҳтимолдан ҳоли. Қоровул жангидан ке¬йинги маслаҳат мажлисидаёқ Шермуҳаммадбек Холхўжага сабр қаноатли бўлишни, бирор ёмон кор-ҳолга йўл қўймасликни уқтирган. Бу мавзудаги энг тўғри фикр Мадаминбекни большевиклар томонидан ўлдирилганидир. Чунки ўлдирганлар аниқ, аммо ўлдиртирганлар номаълум. Шермуҳаммадбек ўз хотираларида бу мавзуга кенг ўрин бериб, шундай дейди:
“Мадаминбекнинг ўлганини мен кеч эшитдим. Карбобога қайтиб келган пайтимизда билдим. Уруш чоғида унинг юзини кўрмаганман ҳам. Чунки биз жиддий ўлиш-қолиш жанги ичида эдик. Холхўжа Мадаминбекни асир олган пайтда унинг йигитлари Сойиб Қори ва Лутфуллоҳ Махсумга топширганди. Бу иккиси Мадаминбекни ўлдириб, Бухорога қочиб кетган. Мадаминбекни мен ёки Холхўжа ўлдирган деган иддао руслар томонидан бизга қарши туҳмат тарғиботи эди. Холхўжа Мадаминбекка кек сақларди, икки йил олдин оралари яхши бўлмагани ҳолда Мадаминбек Холхўжани Марғилонга чақириб, қуролларини олиб қўйганди. Буни ҳамма биларди.
Мен шахсан Мадаминбекнинг руслар билан келишганига ғазабланганимга қарамай, илгари катта ишларни бажарган, ойдин фикрли бир қўмондон эканлигини қадр¬лар эдим. Ўлими менга кўп таъсир қилди. Кошки менинг қўлимга тушган бўлганда, мен уни эски хизматларига биноан Афғонистонга жўнатардим. Қотил аниқ ва бу даҳшатли ҳодисада русларнинг қўли бор. Большевиклар бу ўлим ҳодисасини бизнинг устимизга тўнкашди. Менинг хулосаларим шундай.
Сойиб Қори ва Лутфуллоҳ Махсум Мадаминбекни ўлдирганларидан кейин бу ердан ғойиб бўлишди. Уруш тўпалони ичида аскар йигитларнинг кўпи Мадаминбекнинг ўлимидан хабарсиз қолди.”
— Муҳаммад Аминбекни Шермуҳаммадбек ҳеч қачон ўлдириши мумкин эмас эди, — дейдилар Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек ўғиллари Давронбек ва Анварбеклар. Ахир улар ёшликдан ўртоқ бўлганлар, истиқлол учун курашга қасам ичганлар. Мадаминбекка ҳурмат рамзи сифатида Шермуҳаммадбек набирасига Мадаминбек деб исм қўйган. Мадаминбекнинг жияни Нурмуҳаммадбекнинг умр йўлдоши эди, отамлар доимо Мадаминбек амакимларни миллий қаҳрамон сифатида тилга олишар эди...
4. Турли кишилардан эшитганларимиз.
Аллоҳ-таолонинг инояти билан биз улғайиб, оқ-қорани таниб, қалбимизда Ватан тарихига қизиқиш пайдо бўлган пайтда Фарғонадаги миллий-озодлик кураши воқеаларини ўз кўзи билан кўрган, мазкур воқеаларда иштирок этган кишиларнинг аксарияти ҳаёт эди. Аввало марҳум қиблагоҳимизнинг, қолаверса ўзимизнинг жамиятда тутган ўрнимиз, обрў-эътиборимиз туфайли жуда кўп одамлар билан суҳбат қуриб, кўплаб тарихий маълумотлар (оғзаки бўлсада) олишимизни Аллоҳ бизга насиб этди. Ана шундай тарихий мавзулардаги суҳбатларимиз асноси, ўша давр мавзуси қудратини яхши ҳис этганимизданми, саргузашт талаблигимизданми, ҳар ҳолда суҳбатдошимиздан китобга тушмаган воқеалар ҳақида сўзлашни сўрар эдик.
XX асрнинг етмишинчи йиллари эди. Бир гуруҳ ёш фаолларни икки ҳафталик курсда ўқиш учун Москвага жўнатишди. Ўқув дастури дам олиш билан мувофиқлаштирилганлиги туфайли бизни Барвиха яқинидаги ёшлар соғломлаштириш – дам олиш лагерига жойлаштиришди. Гирд атроф ўрмон, икки километр наридагина адлия ходимларининг дала ҳовлилари бор. Кунлардан бирида машғулотлардан сўнг ўша пайтда урф бўлган “Спидола” радиоприёмнигини кўтариб, ўрмон ичкарисига кириб кетдим. Барра ўт устида ёнбошлаб, Муҳаббат Шамаеванинг “Кўчалар” қўшиғини сел бўлиб эшитиб ётган эдим, бир рус киши, чамамда етмиш ёш атрофида бўлса керак, мендан анча нарида тўхтаб, қўшиққа қулоқ солиб турди. Қўшиқ тамом бўлгач, мен томон яқин келиб, соф ўзбек тилида: “— Салом, сиз ўзбекмисиз? ” деб сўради. Мен ҳам саломига алик олиб, “— Қаердан билдингиз? ” дедим.
— Радиоприёмникдан ўзбекча қўшиқ тинглаётганингиздан билдим. Шу баҳона, биз танишиб олдик. Маълум бўлишича, Пётр Евдокимович Брониславский истеъфодаги генерал, ҳарбий прокурор бўлиб, узоқ йиллар Ўзбекистонда хизмат қилган, ҳозирги пайтда Москвада истиқомат қилиб, ёз мавсумида дала ҳовлига кўчиб чиққан экан. Ўзбекистон ҳақидаги суҳбатлар асноси анча қадрдонлашиб қолдик. Ўқишимиз тамом бўлишига яқин у бизни дала ҳовлисига таклиф қилди:
— Юртингиздан олиб келган қозоним бор. Бир ош¬хўрлик қилайлик. Биз бир неча ўзбекистонлик йигитлар, ўзимиз билан олиб келган Чўнғара девзирасини олиб меҳмонга бордик. Русчадан дастурхон — бир-икки қултумдан сўнг Брониславскийнинг хотира сандиғи очилиб кетди:
— Йигирманчи йилда мени Фарғона фронти махсус бўлимига терговчи қилиб юборишди. Бир нечта қўрбошиларнинг терговида иштирок этганман... Риштон, Серово, Сўх оралиғида ҳаракат қилган Тўйчи ва Қоравой қўрбошилар бўлар эди. Улар бир неча марта қизил қўмондонлик билан сулҳ тузишган, лекин кўп ўтмай яна босмачиликка ўтиб кетишган. Ниҳоят, тўртинчи марта босмачилар томонига ўтиб кетаётганлиги маълум бўлиб,  ҳибсга олинган. Уларнинг терговини мен олиб борганман. Мана, орадан қирқ йилдан кўп вақт ўтди, терговнинг сир сақланиш муддати ҳам ўтиб кетган, энди бу ҳақда сўз очса бўлаверади. Тергов бир неча ой давом этди. Уларнинг айбини бўйнига қўйиб, ишни судга ошириш пайти келганда Тўйчи сўраб қолди:
— Бир вақтлар шўроларга катта хизмат кўрсатганман. Шуни айтиб берсам тергов инобатга оладими? Менга енгиллик бўладими?
— Қандай хизмат эканлигига қараб. Бироқ олдиндан кафолат бера олмайман.
— Мен махсус бўлим кўрсатмаси билан Мадаминбекни йўқ қилиш ишида қатнашганман...
Шу сўзлари эсимда қолган. Тафсилотлари эсимда йўқ. Яна эсимда қолгани шуки, сўроқ декларациясини махсус бўлим бошлиғига олиб кирганимда, у баённомани ўқиб, қошларини чимириб, бир оз ўйланиб қолди ва ниҳоят шундай ҳукм чиқарди:
— Бу иш уни оқлашга асос бўла олмайди. Зеро, ўша пайтда Мадамин советлар билан сулҳ тузиб, расман қизил қўшин командирларидан бири ҳисобланган. Бинобарин, Тўйчининг жинояти яна битта моддага ошади, яъни қизил қўмондонга суиқасдда иштирок этган бўлиб чиқади ва бу баённома айбномага қўшилиши керак. Яхшиси, бу баённомани тергов ҳужжатларига қўшмаган маъқул...
Брониславский билан суҳбатимиз аллақачонлар хаёлдан кўтарилиб кетган эди, Иброҳим Каримнинг китоби ва Усмон Алиевнинг хотирасини ўқигандан кейингина ёдимизга тушди.
Мазкур хунхор уруш иштирокчиси, ЧК да ҳам бироз хизмат қилган қўқонлик Мелибой ота Абдуллаев билан қачон суҳбат қурсак, мавзу ўша уруш ҳақида бўлар эди:
“— Мадаминбек қўрбошилар ичида энг салоҳиятли ва обрў эътиборлиси эди, — дея хотирлар эди Мелибой ота, — шу туфайли советлар ундан доим хавфсираб келган. Ҳатто у сулҳ тузгандан кейин ҳам қўмондонлик, ЧК назарида “Враг № 1” (энг хавфли душман демоқчи– М.Х) ҳисоблаб келинган.  Шу туфайли ЧК уни жисман йўқ қилиш учун доимо қулай вазият, имконият қидиргани эсимда бор. Фронт махсус бўлими уни нафақат жисман йўқ қилиш, балки бу қотилликдан сиёсий фойда чиқариш, уни қўрбошилар қўли билан ўлдириш, ёки айбни бир амаллаб уларга тўнкаб юбориш зарур, деб ҳисоблар эди...”
Хуллас, Муҳаммадаминбек Шермуҳаммадбек билан сулҳ музокаралари юритиш учун унинг ҳузурига бораётган пайтда, 1920 йил 14 майда ўлдирилди. Кўплаб адабиётларни кўриб чиққан, кўплаб кишилар билан суҳбатлашган бўлсакда, қўлимизда аниқ бир далил, аниқ бир ҳужжат бўлмаганлиги сабабли, у “фалон кишининг қўлида ўлим топди” деган даъво ва хулосадан йироқмиз: тахмин кўп, аниқ бир исбот йўқ. Ҳар бир чигални ечиш бандага доим ҳам насиб қилавермас экан, валлоҳи аълам биссавоб, Аллоҳ ҳаммадан кўп билгувчидир. (Тақдири фожиали тугаган Мадаминбек қабри Қирғизис¬тон республикаси, Олой воҳасидаги Шиғай қишлоғида).
ЯШНАГАН ЧЎҒ
Юқорида эслатиб ўтилганидек, 1919—1920 йил оралиғидаги қиш мавсумида миллий-озодлик ҳаракати қатор зарбаларга учраб, катта талафот берган, йирик қўрбошилар тоғларга чекинган, гўёки, озодлик ҳаракати олови бироз сўниб, устини қўранта кул қоплаган чўғ ҳолатига келиб қолган эди. Қизил қўмондонлик бу ҳолатни ўзининг катта ғалабаси сифатида баҳолади. Айниқса, Мадаминбек билан сулҳ тузилгандан сўнг, қизиллар “босмачилик ҳаракати оловига сув қуйиб, уни бутунлай ўчирдик” деган хомхаёлга бордилар. Туркистон фронти Инқилобий-Ҳарбий кенгашининг 1920 йил 30 мартда чиқарган буйруғи шундай бошланади:
“Бир умр тўлқинланиб келган Фарғона тинчиб қолди, узоқ давом этган курашдан азоб чекиб келган аҳоли эса тантанали равишда социалистик қурилиш ишига киришиб кетди”.
Татар ўқчи бригадаси ташкил топган куннинг бир йиллиги шарафига Куйбишев томонидан 1920 йил, 25 мартда юборилган табрик хатида қуйидаги сатрлар битилган:
“Сиз ўзингизнинг Фарғона аҳолисига нисбатан бўлган бенуқсон, ўртоқларча муносабатингиз, ўз матонатингиз ва интизомлилигингиз, ўз қатъиятингиз ва жасоратингиз билан босмачилик ҳаракатини ўчирдингиз”.
Бироқ, қизил қўмондонлик ҳам, унинг раҳбарларидан бўлмиш Куйбишев ҳам чучварани хом санаган эканлар. Аллоҳ Фарғонага яна бир бор зафар шамолини юбориб, чўғ устидаги қўрантани ҳар томон паришон қилиб, чўғини яшнатиб юборди. Бу чўғдан шундай аланга чиқдики, қизил ўт ўчирувчилар унга бас келолмай қолдилар.
Туркистон фронтининг Инқилобий-ҳарбий кенгаши Муҳаммадаминбек билан сулҳ тузилгач, унинг қўлида хизмат қилган 7200—8000 йигитдан иборат қўшинни қайта қуриб, тўртта полк тузади ва уларни умумлаштириб, Турк бригадаси деб атайди. Шўроларнинг ўзи бу полк¬ларда хизмат қилувчи аскарларга норасмий тарзда “Шўро босмачилари” деб ном беради. Мадаминбек шаҳид бўлгач, “унинг ўлимида шўроларнинг қўли бор” деган хабар қўшин ичида яшин тезлигида тарқалади. Турк бригадаси ичида, уюшган ҳолда бўлмасада, исёнлар бошланди. Шундан сўнг қўмондонлик бу бригадани қуролсизлантириш ҳақида қарор чиқаради. Бундан хабар топган йигитлар қурол-яроғлари билан озодлик лашкари сафларига қочиб ўтадилар, натижада бу лашкар янада қудрат касб этади.
Ҳибсдан қутилган Раҳмонқули Қўрбоши қочоқ йигитлардан 2800 кишилик янги қўшин тузиб яна жангга киради. Камчиқ, Новгарзон, Калтажон, Бурули, Панғоз, Кандир, Обжаз, Шайит, Эшон ошув довонларини ўз назорати остига олади.
Ислом Полвон Қўқон атрофида ҳаракатни ўз қўлига олиб, курашни янада кучайтириб юборди. Апрел-август ойлари мобайнида қизилларнинг минг¬дан ортиқ аскарини қириб, катта талафот етказди.
Шермуҳаммадбек, Холхўжа Эшон ва Омон Полвоннинг бирлашган қисмлари Водил ва Учқўрғон оралиғидаги жангда ғолиб келиб, қизилларнинг битта полкини қириб ташладилар.
Муҳиддинбек, Исроил Қўрбоши, Ёрмат Махсум, Сотиболди Қози ва бошқа қўрбошилар Ўш—Ўзган атрофларида фаолиятларини жадаллаштириб, қизил қўшинга катта зарбалар бердилар.
Шермуҳаммадбек Ғорбувога қайтиб келгач, водийнинг турли томонларига қуйидаги мазмундаги мактуб билан чопарлар юборди:
“Мен, Шермуҳаммадбек Ғозий, жанглардан сўнг яна Ғорбуводаги қароргоҳимга қайтиб келдим. Куч-қувватим кўп ва яна қўшимча йигитларни қабул қиляпман”.
Шундан сўнг қизил қўшинда исён кўтариб, қочоқликда юрган кўплаб йигитлар Ғорбувога якка-якка ва тўп-тўп бўлиб кела бошладилар. 1920 йил ёзи ўрталарига келиб, водийдаги озодлик жангчилари миқдори 30 минг кишига етди.
Миллий-озодлик ҳаракатидаги бу юксалишни Фрунзе “босмачилик фронтининг қайта туғилиши” деб баҳолади. Туркистон Марказий Ижроия қўмитасининг қарорига мувофиқ Фарғона ҳудудида ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Май ойининг ўрталарида урушга бевосита раҳбарлик қилиш мақсадида Фарғонага Фрунзе ва Турккомиссиянинг раиси Элиава етиб келдилар. Улар келишлари биланоқ вилоят партия қўмитасининг кенгайтирилган мажлисини чақириб, вилоятда партия ишини ва босмачиликка қарши курашни кучайтириш масаласини қўйдилар.
Вазиятни жойида ўрганган Фрунзе Ленинга телеграф орқали “...қаттиқ ва кескин чоралар кўриш керак, акс холда Фарғонани узоқ вақтга йўқотамиз”, — деган фикр¬ни билдирди. У, шунингдек, Ленинни бироз тинчлантириш учун бўлса керак, “Туркистон фронтининг асосий кучлари Фарғонага йўналтирилди”, деб телеграмма берди.
24 майда Фрунзенинг “Фарғона водийсининг мусулмон аҳолисига мурожаати” эълон қилинди. Унда, жумладан, шундай дейилади:
“Ўртоқ мусулмонлар! Биз, Совет ҳокимиятининг вакиллари қон билан суғорилган, вайрон этилган Фарғонанинг шаҳар ва овуллари аҳолисига ўз сўзимиз билан мурожаат этамиз... Энди халқ бошига тушган фалокат бўлган бу босмачиликка қарши шаф¬қатсиз кураш олиб борилади. Бу, совет ҳокимиятининг қатъий қарори бўлиб, менга Туркистон фронтининг қўмондони сифатида бу вазифани жуда қисқа муддат ичида бажариш буюрилган. Бу ишда мен барча жафо чеккан мусулмон халқидан ёрдам ва мадад кутаман... Ўз навбатида сизга ҳам, деҳ¬қон оғайнилар, Совет ҳокимияти талаб билан мурожаат қилади... Сизлар бир тану бир жон бўлиб босмачиликни илдизи билан қуритиш ишида ҳокимиятга ёрдамга келишингиз керак... Ҳар бир волост, ҳар бир қишлоқда барча босмачи ёки уларнинг ҳомийларини дарҳол қуролсизлантириб қамоққа олиш керак. Уларнинг барча жосусларини қўлга тушурмоқ лозим. Тез фурсат ичида Совет ҳокимиятининг байроғи остида дўст ва биродар оила сифатида бирлашингиз”.
Маҳаллий тилларда 20 мингдан ортиқ нусхада чоп этилган бу мурожаат водий бўйлаб тарқатилди.
Бир кун олдин эса, Фрунзе қуйидаги буйруққа имзо чеккан эди:
“Туркфронт қўмондонининг Фарғона фронти қўшинларига “Босмачилик қолдиқларини узил-кесил тор-мор этиш” ҳақидаги буйруғи.
1. Фронтнинг барча қисмлари, қизил армиячилари, командирлари ва комиссарлари олдиларига қўйилган вазифанинг нақадар муҳимлигига онгли равишда ёндашсинлар ва қисқа муддат ичида ҳал этувчи ҳаракат олиб бориб, босмачи шайкаларининг қолдиқларини йўқ қилсинлар.
2. Душманнинг эс-ҳушини йиғиб олишига йўл бермай, кескин ва дадил ҳаракат қилиб, уни барча бошпаналаридан уриб чиқарсинлар.
3. Алоҳида қисмлар ва гуруҳлар командирлари ўзаро қўллаб қувватлаш ва қутқариш заруратини доимо ёдда тутсинлар, бундай ёрдамни қўшни қисмларнинг даст¬лабки талаби ва ўз ташаббуси билан қўрсатсинлар.
4. Тинч меҳнат билан шуғулланаётган аҳолига биродарларча муносабатда бўлинсин ва уларни ҳар қандай хафагарчиликдан ҳимоя қилсинлар.
5. Аҳоли томонидан етказиб берилаётган ҳар қандай мулк, озиқ-овқат маҳсулотлари, ем-хашак ва ҳоказолар учун, албатта, ҳақ тўлансин, шу заҳотиёқ ҳақ тўлашнинг имконияти бўлмай қолган тақдирда, қисм командири ва комиссарининг имзолари қўйилган, муҳр босилган расмий тилхат берилсин.
6. Дала уставининг барча талабларини сабот билан бажарган ҳолда, разведка ва қўриқлаш хизматини олий даражада кучайтирилсин.
7. Белгиланган талаблардан чекиниш социалистик инқилоб олдидаги бурчга хиёнат қилиш деб ҳисоблансин ва ҳарбий давр қонунига биноан жазолансин.”
Фарғона водийси бўйича маҳаллий аҳоли таркибидан 19 ёшдан 35 ёшгача бўлган кишилар учун ялпи сафарбарлик эълон қилинди. Маҳаллий аҳолидан белгилаб қу¬йилган 9350 киши ўрнига 11475 киши сафарбар этилди. Бундан ташқари, партия ва ёшлар ташкилоти томонидан кўнгиллилар отрядлари ташкил этилди. Водийдаги барча болшевиклар “ихтиёрий-мажбурий” тарзда “коммунистик отряд”ларга бирлаштирилди.
Ташвиқот-тарғибот ишлари кенг йўлга қўйилди. Фрунзе Туркфронт сиёсий бўлимининг тарғибот поездини Фар¬ғонага чақиртириб олди. Унинг таклифи билан Фарғонада қишлоқ вакиллари учун ташвиқотчи-ташкилотчилар тайёрлайдиган курслар очилди. Бу курсларнинг тингловчилари, унинг айтиши бўйича, “қисқа муддат ичида қишлоқ аҳолиси ўртасида Совет ҳокимияти ғояларини тарқатувчилар бўлиб етишишлари керак”.
Июн ойида водийнинг турли шаҳарларида қишлоқ аҳолиси ичида иш олиб бориш учун махсус сиёсий маорифчилар отрядлари ташкил этилди. Бу отрядлар ҳам ҳарбийлаштирилган бўлиб, қизил армияга нафақат сўз билан ёрдам берар, балки, ўрни келса, жангларда ҳам иштирок этар эди.
Қуруқ сўз қулоққа ёқмас. Буни яхши тушунган Фрунзе ва Куйбишевлар халқ  оммасини шўролар томон оғдириш учун қатор иқтисодий чора-тадбирлар ҳам кўрдилар. Жумладан, ғалла ва чорва моллари ўтказиш учун Хитой чегараси очиб берилди; ҳукумат чет элдан чорва моли ва уруғлик дон сотиб олиш ва уларни “босмачилар томонидан хароб қилинган” ҳудудлар аҳолисига улашиш учун пул маблағлари ажратди. Уруғлик дон деҳ¬қонларга қарз¬га берилди, “қаттиқ таланган” ҳудудлардаги деҳ¬қонлар эса солиқдан бутунлай озод қилинди. Фар¬ғона област ҳарбий комиссариати ҳузурида озиқ-овқат базаси ташкил қилиниб, у ерда ишчи ва деҳ-қонларга озиқ-овқатдан ёрдам бериб турилди.
Юқорида кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларни қўллаб, шўролар ҳокимияти халқнинг маълум қисмини ўзи томон оғдириб олган бўлсада, водийда озодлик ҳаракати тобора алангаланиб бораверди.
Туркистон ўлка партия қўмитаси, “босмачилик” ҳаракати авж олиш муносабати билан кескин чоралар кўриш йўлига ўтди. Унинг 1920 йил 8 августдаги қарорида шундай дейилади:
“...босмачилик авж олиши муносабати билан, Марказий Комитетнинг фикрича, Фарғонадаги ишларни тартибга солиш ва босмачиликни тугатишда бирдан-бир чора Ҳарбий совет ташкил қилиб, граждан ишларини бошқарувда Халқ Комиссарлари Советидан, ҳарбий оператив жиҳатдан эса Туркфронт Ҳарбий Революцион Советидан директивалар олиб туради”.
Ҳарбий Советнинг раислиги вазифасига дивизия комиссари Н.А.Паскутуский, аъзолигига Карпов ва Баришевлар тайинланган эдилар. Тошкент шаҳар партия ташкилоти Фарғона Ҳарбий Советининг ихтиёрига маҳаллий аҳолидан юз нафар коммунистни сафарбар қилиб юборди. 1920 йил 15 августда Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси ва Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши Фарғонада област инқилобий қўмитаси (ревком)ни тугатиб, ҲАРБИЙ ДИКТАТУРА ЎРНАТДИ. Фарғона областини ҳарбий ва маъмурий жиҳатдан идора қилиш ишлари Ҳарбий Совет қўлига ўтиб, унга Совет ҳокимиятининг олий органи сифатида барча ҳарбий ва граждан муассасалари бўйсунадиган бўлди.
1920 йил 8 августда Фарғона Ҳарбий Советининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Туркфронт Ҳарбий Советининг “Фарғона областини ҳарбий-маъмурий участкаларга тақсимлаш” ҳақидаги қарори муҳокама этилди ва тасдиқланди. Мажлис Фарғона областини қуйидаги районларга бўлиш ҳақида қарор чиқарди:
1. Скобелев уезди. Унинг таркибига Шаҳрихон, Уч¬қўрғон, Аравон, Водил ва Олтиариқ ҳарбий-маъмурий участкалари киритилади.
2. Андижон уезди. Унинг таркибига Избоскан, Султонобод, Бозорқўрғон, Жалолобод, Ойим ва Чинобод ҳарбий-маъмурий участкалари киритилади.
3. Қўқон уезди. Унинг таркибига Риштон, Конибодом, Бешариқ, Сўх ва Бувайда ҳарбий-маъмурий участкалари киритилади.
4. Наманган уезди. Унинг таркибига Чуст, Косон, Учқўрғон, Успенский ва Заркент ҳарбий-маъмурий участ¬калари киритилади.
5. Ўш уезди. Унинг таркибига Ўзган, Булоқбоши, Ғулча ҳарбий-маъмурий участкалари киритилади.
Ҳар бир ҳарбий-маъмурий участка ҳудудига гарнизонлар ўрнаштирилади. Ҳар бир гарнизон таркибида эса тезкор ҳаракат олиб борувчи учар (летучий) отрядлар тузилди. Учар отрядлар участка ҳудудида ҳаракатда бўлиб, ҳудудда “босмачилар” отрядлари пайдо бўлиб қолса, уни аниқлаш ва йўқ қилиш вазифаси юклатилди.
Кейинроқ эса, 9 сентябрда уездлар мудофасини кучайтириш мақсадида Ҳарбий совет ҳудудий баталь¬онлар тузди ва қуроллантирди. Батальонга шаҳарлар ва уездлардаги хизматчилар сафарбар этилди. Уларнинг ярми казарма ҳолатига ўтказилиб, “босмачи”ларга қарши жанг¬ларда иштирок этди, ярми эса шаҳарлар ва заводларни қўриқлаш учун қоровуллик хизматига қўйилди.
Ҳарбий совет “босмачиликка” қарши яна бир чора: гаровга олиш усулини қўллади. Яъни, таслим бўлмаган “босмачининг қариндош уруғлари, ёки унинг ҳамқишлоғи, маҳалладоши бўлган бой ва уламо гаров тариқасида қамоққа олинадиган бўлди”. Большевикларнинг бу чоралари ҳам Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатини пасайтира олмади.
ТУРКИСТОН МУВАҚҚАТ ҲУКУМАТИ
Шермуҳаммадбек Олойдан қайтаётганидаёқ қурултой ўтказган эди. Бу қурултойда қуйидаги қарорлар қабул қилинган:
1. Болшевикларга қарши янги ҳужум ҳаракатини ташкил этиш.
2. Халққа қўрбошилар аҳволининг яхши эканлигини билдирган ҳолда ундан аскар, от, озиқ-ов¬қат ва кийим кечак ёрдами сўраш.
3. Энди ўз кучини йўқотган Мадаминбек-Монстров ҳукуматининг ўрнига маркази вақтинча Ғорбувода бўладиган янги ҳукумат тузиш учун ҳаракат ва маслаҳат бошлаш ҳамда кечи билан май ойи бошида тайёргарликларни тугаллаш, тезлик билан Ғорбувога ўрнашиб олиш.
Қурултойдаги қарорлар вақтни ўтказмай амалга оширилиши зарур эди. Большевикларнинг аскар тўплаш ҳаракатига қарши тезлик билан чора кўриш, йигирма кун ичида кўзга кўринадиган муваффақиятларга эришиш вазифа қилиб қўйилган эди. Шунингдек иккиланиб турган, аразлаган ва эҳтиёткор бўлиб қолган қўрбошилар билан учрашиб, уларга зарур ёрдам кўрсатиш, шу йўллар билан муваффақиятга замин тайёрлаш керак эди.
Шермуҳаммадбек мазкур қурултой қарорларини амалга ошириш, озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-яроғ масалаларини ҳал этиш, янги келган ҳамда шўро қўмондонлигидан қочиб ўтган йигитларни қуроллантириш, қисмларга бўлиш, шунингдек, янги ҳукумат тузиш учун маслаҳатлар билан банд бўлиб турган бир пайтда Ўратепада жанг олиб бораётган Баротбек (Али Бодомчи асарида “Бўғотабек” шаклида ёзилган) қўрбошидан ёрдам сўраб чопар келиб қолди. Маълум бўлишича, Хўжанд ва Ўратепа гарнизонларидан чиқиб келган қисмлар Баротбекка оғир зарба берган, унинг йигитлари охирги томчи қолгунча жанг қилишга аҳд этиб, оғир аҳволда турган эканлар. Шермуҳаммадбек дарҳол Ҳотамбек қўрбоши бошчилигида етти юз йигитни Ўратепага сафарбар этди. Йигитлар ҳал қилувчи жанг пайтида етиб бориб, қизил аскарларнинг катта қисмини қириб ташладилар. Тирик қолганлари Хўжанд томонга қочиб қутулдилар.
Шунингдек, янгидан куч тўплаб, шўро ҳокимиятига қарши курашни қайта бошлаган Раҳмонқули қўрбоши ҳам қалтис ҳолга тушиб қолган пайтида ёрдам сўраб мурожаат қилади. Шермуҳаммадбек унга ёрдам учун Болтабек қўрбоши бошчилигида 1600 йигит юборади. Яқин бир ойга чўзилган жанг ҳаракатлари натижасида қизил аскарлар Наманганга чекинишга мажбур бўладилар.
Ашобага—Раҳмонқулига ёрдам юборгач, Шермуҳаммадбек янги ҳукумат ҳақида маслаҳат ва музокара юритиш, йирик қўрбошилар билан алоқани тиклаш мақсадида Ўш сафарига чиқди. Ўзган яқинидаги Қорашўра деган жойда бу ҳудуд, яъни Шар¬қий Фарғонанинг энг йирик ҳудуди қўрбошиси Жонибек қози билан учрашиб, ҳукумат тузиш масаласида унинг розилигини олди. Шундан сўнг Новқатга—Муҳиддинбек қўрбоши қароргоҳига йўл олди. Уни хос йигитлар кутиб олиб, Муҳиддинбекнинг ҳовлисига олиб борадилар.
Алқисса, Шермуҳаммадбек Муҳиддинбек билан ҳам гаплашиб олади. Сирасини айтганда, Муҳиддинбек Мадаминбекнинг яқин дўсти бўлиб, уни ниҳоятда ҳурмат қилар эди. Кейинги пайтларда Шермуҳаммадбек билан Мадаминбек ораларидан оламушук ўтиб қолгач, Муҳиддинбек ўзини Шермуҳаммадбекдан бир оз тортиб юрган эди. Орадаги муносабатларни яхшилаш, ўртадаги иттифоқни мустаҳкамлаш мақсадида Шермуҳаммадбек укаси Нурмуҳаммадбекка Муҳиддинбекнинг қизини сўрайди. Муҳиддинбек бажонидил рози бўлади. Шу куни никоҳ ўқитилади. Тўй зиёфати асноси қудалар иттифоқ тузиб, келгуси вазифаларни режалаштириб оладилар.
Шу тариқа апрел ойи ичи Шермуҳаммадбек барча таниқли қўрбошилар ҳамда Ватан озодлиги йўлида яширин кураш олиб бораётган, маркази Тошкент¬да бўлган “Туркистон Миллий Иттифоқи” ташкилоти ҳамда, водийнинг мўътабар шахслари билан мулоқотлар олиб борди. Курашнинг шу қисқа даври учун хулосалар чиқарди. Мазкур хулоса ва натижалар Шермуҳаммадбекнинг хотира китобига қу¬йидаги тарз¬да туширилган:
1. Ғорбувода мустаҳкам қароргоҳ вужудга келтирилди.
2. Раҳмонқулининг қайтадан курашга киришиши билан Сирдарё бўйи жабҳаси яна фаол ҳолга келди. Хусусан, Тошкент ва Наманган орқали келадиган болшевик кучлари олдига ҳақиқий тўсиқ қўйилди.
3. Холхўжа Эшон ўз ташкилотидаги баъзи бир англашилмовчиликларга қарамасдан вазиятни назорат қилиб турибди ва ўтган йилга қараганда ҳам оғир жанг олиб бормоқда.
4. Парпибек қўрбошининг отрядида қайтадан жонланиш бошланди.
5. Шермуҳаммадбекнинг Муҳиддинбек ва Жонибек қозини шахсан ўзи зиёрат қилиши ва уларнинг фикрларини эшитиши бу икки мужоҳиднинг руҳларини кўтариб юборди. Уларнинг Шермуҳаммадбекка бўлган ишончи янада ортади.
6. Муҳиддинбек ва Жонибек Қозининг курашни давом эттириш ҳақидаги ваъдаларидан кейин Олой тоғлари ҳудуди хавфсиз бўлиб қолди.
7. Қўқонда миллий-озодлик ҳаракатининг қайтадан туғилиши кутилмоқда.
8. Бухоро амирлигининг мухолиф вазиятда туришига қарамай 1919 йилнинг декабр ойида Афғонистон миллатпарварлари билан ўрнатилган алоқалар шу икки мамлакат орқали ташқи дунё билан боғланиш имконини берди. Бу – истиқлол эълон қилган давлат учун муҳим аҳамиятга эгадир.
9. Март—апрел ойи вужудга келган “Қўрбошилар буҳрони”дан бутунлай бўлмасада, катта миқёсда ҳатлаб ўтилди.
Ниҳоят, 1920 йил 2 май куни Ғорбувода катта қурултой чақирилди. Қурултойда янги муваққат ҳукумат масаласи кўрилди. 3 май куни Туркистон Муваққат ҳукумати тузилганлиги расман эълон қилинади, бошқарув, ҳарбий ва бошқа зарурий идоралар ташкил этилади. Янги ҳукумат тузилганлиги ҳақидаги хабар Фарғона водийсининг ҳар томонига чопарлар воситасида билдирилади.
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтишимиз жоизки, мазкур ҳукумат таркиби ҳақида манбаларда тафовут бор. Али Бодомчи асарида кўрсатиб ўтилган таркиб Боймирза Ҳайит асарларида келтирилган таркибдан фарқ қилади. Ҳар икки томон ҳам ўз маълумотларини ишончли манбаълардан олганликларига шубҳа йўқ. Шу туфайли хар икки нусхани кўрсатиб ўтишни жоиз деб билдик.
Али Бодомчи бўйича:
“Маркази Ғорбува бўлмиш миллий ҳукумат қу¬йидаги зотлардан ташкил топди:”
1. Шермуҳаммадбек — Бош қўмондон, ҳукумат раиси, амири лашкари ислом.
2. Нурмуҳаммадбек — Ҳарбий қисмлар муфаттиши, ҳукумат раисининг вакили.
3. Муллажон Қори — Ички ишлар вакили, милиция мудири.
4. Акбар Эшон — Шайхулислом.
5. Абдусалом Қори – Бош котиб, Мирзабоши.
6. Назиржон — молия вакили.
7. Мулла Хожи Ниёзий – воқеанавис.
8. Тошмуҳаммадбек – миллий ҳукуматнинг Аф¬ғонистондаги вакили.
Шунингдек, ўн икки кишидан иборат бўлган маслаҳатчилар ҳайъати ҳам сайланди. Бундан ташқари озод қилинган ва қилинажак минтақа, қишлоқ ва кентларга қози, амир ва элликбошилар тайинланди.”
Боймирза Ҳайит асари бўйича:
“1920 йил март ойида Мадаминбек ҳукумати барҳам топгач, Шермуҳаммад озодлик учун курашнинг бошқариш пунктларини ташкил этишга уринди. 3.05.1920 йилда у бунга муваффақ бўлди. У ҳукумат бошлиғи ва ислом қўшини қўмондони этиб сайланди ва 5 ҳукумат аъзоларига эга бўлди. Шунингдек, 14 аъзодан иборат ҳарбий кенгаш тайин этилди. Бу кенгаш озодлик учун кураш тафсилотларини муҳокама қилиш, қарор қабул қилиш учун мунтазам равишда йиғилиб турарди. Шермуҳаммад ва Нурмуҳаммаднинг эсдаликларидан маълум бўлишича озодлик кураши раҳнамолари турли ташкилотларга асос солишади:
— Мустақиллик суди: у Мулла Умар қози, Жалол қози, Абдулазиз қори ва Абдусаломдан иборат эди.
— Ҳарбий раҳбарият: Шер Муҳаммад Бек — қўмондон, Исмоил Хаққи (Усмонийлар армияси собиқ зобити), ҳарбий режалаштириш ва ҳаракатларни амалга ошириш учун масъул, Алиёр қўрбоши, Асқар қўрбоши ва Нурмуҳаммад Бек.
— Бошқарув кенгаши: Абдулбоқи бойвачча — раис, муфти Мусо қози, Абдулқайюм, Мулла Ғо¬йиб Назар, Мулла Йўлдош Охунд.”
Ушбу манбаларни қайта-қайта таҳлил этганимизда, мазкур тафовутлар умумий маълумотни тўлдириши, яхлит маълумот олишга хизмат қилиши маълум бўлди.
ЖАНГЛАР
Ҳукумат таъсис этилгач, Шермуҳаммадбек ва ҳукумат аъзолари бир мунча вақт ташкилий ишлар билан банд бўлдилар. Бу ишлар бир оз енгиллагач, Шермуҳаммадбек бир қисм йигитлари билан Қўрғонтепа томонга йўл олди. Сафардан мақсад, қурултойда қатнаша олмаган қўрбошилар билан кўришиш эди. Шермуҳаммадбекнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турган қизил қўмондонлик, Қўрғонтепа томонга 2-ўқчи дивизияни, Ғорбувога эса турли қисмлардан тузилган қўшма бригадани юборди. Шермуҳаммадбек, Омон Полвон, Йўлдош Полвон ва Холхўжа Эшон мазкур бригадани тўрт тарафдан қуршовга олиб, қизилларга мадад етиб келгунча унга катта талафот етказдилар.
Шермуҳаммадбек Ғорбувога қайтаётганида қишлоқ қизил аскарлар томонидан ўраб олинганлиги, у ерда қизғин жанг кетаётганлиги маълум бўлди. Шермуҳаммадбек Қува яқинида тўхтаб, аниқ маълумотлар олиб келиш учун айғоқчиларини жўнатди. Тўпланган маълумотларни таҳлил қилиб, Ғорбуво атрофини ўраб олган кучларга қарши Акбар¬обод томондан зарба беришни мўлжаллади. Талафот эвазига қизил аскарлар орасини ёриб ўтиб, Ғорбуво мудофаачиларига қўшилди. Яқин ўн кун давом этган жанглар пировардида қизиллар Мар-ғилонга чекиндилар.
Ғорбуводаги жанглар тугар-тугамас, Муҳиддинбек Навкатда қизил аскарлар билан жанг бошлади. Шермуҳаммадбек унга ёрдам учун Ҳамзабек бошчилигида минг¬га яқин йигит юборди. Йигитлар етиб бориши билан жангда бурилиш бўлиб, Муҳиддинбек ғалаба қозонди.
Июн ойида Қўқон атрофидаги қўрбошилар Ислом Полвон раҳбарлигида йирик аҳоли масканларидан бўлмиш Шўрсув, Қудаш, Яйпанни эгаллаб, яқин қирқ кун қўлда тутиб турдилар. Раҳмонқули эса кўплаб йўллар кесишадиган Булоқ мавзеини эгаллади.
Шўро қўмондонлигининг ҳисоботига кўра, 28 апрелдан 21 июлгача водийда 42 та йирик жанг бўлиб, бу жангларда қизиллар 1200 киши, “босмачилар” 2000 га яқин киши йўқотганлар. Мазкур жангларнинг энг йириклари 30 июнда Аравонда, 3 июлда Файзиободда, 10 июлда Ғорбувода, 14 июлда Андижон—Ўш—Жалолобод учбурчаги ичида бўлиб ўтган жанглар сифатида эътироф этилади.
Июл ойида миллий-озодлик кураши янада авж олди. Водий яна улкан жанг майдонига айланди. Фрунзенинг талаби билан марказдан қўшимча ҳарбий кучлар олиб келинди.
Қиссамизнинг юқори қисмида татар бригада ҳақида сўз борганда, бригада жангчилари аксариятининг иймони паст бўлганлиги таъкидланган эди. Эндиликда эса улар ичида иймони бақувватлари пайдо бўлиб, мусулмонларга қарши жанг қилишдан бош торта бошладилар.
Ниҳоят, улардан 640 нафари миллий-озодлик қўшинининг турли қисмларига ўтиб кетдилар. Улар ичида зобитлар ҳам бор эди. Шундан сўнг бригада қўмондони Туркистон фронти ҳарбий совети аъзолигига ўтказилиб, унинг ўрнига рус зобити Соколов тайинланди. Йирик командирлардан бири – Ғайнулин эса фронт штабига хизматга ўтиб, ўша ердан туриб озодлик жангчиларига ёрдам бериб турди ва кейинчалик махсус бўлим томонидан фош этилиб, шаҳид қилинди.
 Фарғонада “Учқўрғон”деб аталган иккита кент бор. Бири—шимолроқда, Норин дарёси бўйида, иккинчиси эса жанубда – Олой тоғлар ёнбағрида жойлашган. 10—12 июл кунлари ҳар икки Учқўрғонда ҳам йирик жанглар бўлиб ўтди. Шермуҳаммадбек 10 июлда Олой Учқурғонига хужум бошлади. Икки кунлик жангдан сўнг у ердаги гарнизон тор-мор этилди. Биринчи жаҳон урушида асир олинган Австрия—Венгрия армияси жангларидан бир қисми бу ердаги конларда ишлаш учун юборилган эди. Подшо ҳукумати ағдарилгач, бу асирларда ўз ватанларига қайтиш умиди туғилган эди. Бироқ  Керенский ҳукумати ҳам, шўролар ҳокимияти ҳам уларни асирликдан озод қилмади. Кўмир конида ишлаб турган беш юз нафарга яқин асирлар жанг вақтида қуроллантирилиб, жангга ташланди. Бироқ, асирлар ўзларини асирликда тутиб турган ҳукумат учун жанг қилишни хоҳламай, Шермуҳаммадбекка асир тушдилар. Шермуҳаммадбек уларни Ғорбувога олиб кетиб, меҳмондай сақлади. Улар ҳам Шермуҳаммадбекка сидқидил хизмат қилдилар. Шермуҳаммадбек уларни имкон топилиши билан Афғонистонга ўтказиб юборди. Собиқ асирлар Шермуҳаммадбекнинг одамгарчилиги туфайли Ҳиндистон орқали ўз ватанларига етиб олдилар.
Қизил армия қисмлари 12 июлда Норин Учқўр¬ғонига ҳужум бошладилар. Бу минтақа қўмондони Омон Полвон улар билан ўн беш кун жанг олиб бориб, ҳолдан тойди, зеро, қизилларга устма-уст ёрдам кучи келиб қўшилиб турди. Омон Полвон Шермуҳаммадбекка чопар юбориб, ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Шермуҳаммадбек икки минг йигити билан ёрдамга отланди. Бир кунлик жангдан сўнг Учқўрғон қўлга киритилди. Учқўрғондан чекинишга мажбур бўлган қизил қисмлар Андижон ва Намангандан мадад кучи олиб қайта ҳужумга ўтди. Бу сафар улар ўзлари билан йирик замбараклар, пулемётлар олиб келган эдилар. Учқўрғонни тўпга тутиш бошлангач, Омон Полвон кент аҳолисининг қонини тўкмаслик учун тоққа чекинишни таклиф қилди. Шермуҳаммадбек бунга рози бўлди. Озодлик жангчилари кечаси Норинни кечиб ўтиб, тоққа кўтарилдилар. Қизиллар уларнинг орқасидан таъ¬қиб қилиб бордилар.
Озодлик жангчилари қизил аскарларни дара ва тангиларга эргаштириб бориб, ўша ерда қаттиқ зарба бердилар. Қизиллар яна Наманганга қочишга мажбур бўлдилар. Шу тариқа Учқўрғон қизиллардан озод қилинди. Шаҳидларни дафн этиб, худойиларини ўтказгач, Шермуҳаммадбек Омон Полвонни шу ерда қолдириб, ўзи доимий қароргоҳи бўлмиш Ғорбувога қайтиб келди.
Қўқон яқинидаги мана бу жанг тафсилоти эса Нурмуҳаммадбек хотираларидан олинди. Вақтли ҳукумат ҳарбий маҳкамаси қарорига кўра, водийдаги ташкилий ишлар, шу жумладан, қўрбошиларнинг аҳволидан хабар олиб туриш, уларга зарурий ёрдам уюштириш Шермуҳаммадбекнинг акаларидан бири Рўзимуҳаммадбекка юклатилган эди.
Ўша пайтда Қўқон минтақасидаги энг йирик қўрбоши ҳисобланган Ислом Полвон Сирдарёнинг шимол томонида, Қурама тоғлари бағрида жойлашган Пунук қишлоғида Раҳмонқулибек қизиллар қамалида қолганлигини эшитиб, дарҳол ўз йигитлари билан мадад бериш учун йўл олади. Ҳар икки қўрбошининг шиддатли ҳужуми натижасида душман янчиб ташланади. Қолган-қутгани Наманганга чекинади. Ислом Полвон ўз қароргоҳига қайтаётиб, Сирдарёни кечиб ўтгач, Гўртепа қишлоғида унинг қайтишини пойлаб ётган қизил полкка дуч келди. Раҳмонқулибек ёрдамга шошилган эди, Намангандан келган яна бир полк унинг дарёдан ўтишига тўсқинлик қилди.
Рўзимуҳаммадбек ташкилий ишларни яхши йўлга қўйган бўлиб, водийдаги ҳар бир депарага бир-иккитадан ўз одамини жойлаштирган, бу одамлар, мазкур депарада бирор воқеа рўй берса, тезлик билан хабар етказар эдилар. Ислом Полвоннинг исканжага тушиб қолганлиги маълум бўлгач, Рўзимуҳаммадбек ўз йигитлари билан шошилинч жўнаб кетди. У Қўқон атрофларини жуда яхши билар эди. Ўзидан олдин чопар юбориб, ўша атрофдаги катта қамишзорда нафас ростлаб туришни тавсия этди.
Шермуҳаммадбек бу жангнинг катта аҳамият касб этишини, яъни, водий дарвозаси бўлмиш Қўқонда душман лашкари нуфусини пасайтириши мумкинлигини ўйлаб, Рўзимуҳаммадбекнинг орқасидан Нурмуҳаммадбекни икки минг йигит билан жўнатиб юборди. Ака-укалар бирин-кетин Гўртепага етиб келиб, қамишзор ичига ўрнашдилар. Рўзимуҳаммадбек Ислом Полвон билан учрашиб, жанг режасини пухталаштириб олди.
Қизил командирлар “Ислом Полвон қачондир қамишзордан чиқади-ку, ахир” деб қишлоқда уни пойлаб ётар эдилар. Ислом Полвон режага кўра яна эски туркий жанг тактикасини қўллади. Унинг йигитлари такбир айтиб, қамишзордан ўқдек отилиб чиқиб, шиддатли ҳужумга ўтдилар. Қизиллар уларни пулемётлар ўти билан қарши олдилар. Бунга “топ беролмаган” йигитлар дарҳол отларини буриб, қамишзорнинг Нурмуҳаммадбек ва Рўзимуҳаммадбек йигитлари пистирмада турган жойига “тартибсиз равишда” чекина бошладилар. Қизил аскарлар “Ура, ура, ура” дея ҳайқириб, уларнинг орқасидан ташландилар. Ислом Полвон йигитлари пистирма оралиғидан қочиб ўтгач, Нурмуҳаммадбек ва Рўзимуҳаммадбек қувиб келаётган қизилларни икки томондан исканжага олдилар. Ислом Полвон йигитлари ҳам орқага бурилиб, учинчи томондан сиқиб келдилар. Ярим кун давом этган бу жангда қизил аскарларнинг учдан икки қисми (икки мингдан ошиқ) ер тишлади. Озодлик лашкарларидан эса юзга яқин йигит шаҳид бўлди. Икки мингтача милтиқ, тўртта пулемёт ўлжа олинди. Бу жангнинг овозаси ҳатто Масковга ҳам етиб борди.
Сентябр бошларида Фрунзе Қуйбишевга телефон орқали хабар бериб, “— Шуни зарур деб ҳисоблайманки... вилоят аҳолисининг ўз иш жойида бўлиши ўта зарур бўлганлардан ташқари барча ишчи ва хизматчилар қуроллантирилсин. Бу чора, душман усулларини яхши билган ишчилар тимсолида қўшимча ёрдам бўлиб, менимча, қисқа вақт ичида ўз натижаларини беради.”
Фрунзенинг топшириғи амалга оширилади. Барча ишчи-хизматчилар қисқа вақт ичида қуроллантирилиб, жанг қилиш сабоғи берилади. Сменадан бўшаган ишчилар ва хизматчилар қўлларига милтиқ олиб, корхона, кон, темирйўл ва омборларни қўриқлай бошлади.
Фарғона водийсида шиддатли жанглар давом этиб, Бухоро ва Хоразмда ҳам миллий-озодлик ҳаракати бошланган, Аму ва Сир қонга тўлиб оқаётган, водийнинг мусаффо ҳавоси ўрнини порох тутуни қоплаган бир пайт¬да, Тошкент “фронти”да ҳам шиддат борасида Фарғонадагидан қолишмайдиган, бироқ порох ҳидидан ҳоли жанглар кетаётган эди. Қиссамизнинг бошларида Турор Рисқулов бошчилигидаги миллатпарвар арбоблар, Турккомиссия ва Туркистондаги шаклан миллий, мазмунан мустамлакачилик ҳокимият идораларига қарши мардона кураш олиб бораётганлари ҳақида ёзилган эди. Вақт ўтган сари бу кураш кескинлашиб боради. Туркистон Компартияси ва ҳукуматининг йирик арбобларидан бўлмиш Т.Рис¬қулов, Низомиддин Хўжаев, С.Турсунхўжаев, Бисеров ва бошқалар Туркистонни Россиядан ажратиб олиб, Мустақил Турк Республикаси барпо этиш йўлида кураш олиб борадилар. 1920 йил январ ойида Туркистон мусулмон коммунистларининг III ўлка конференцияси бўлиб ўтди. Унинг қарорларини Рисқулов тайёрлаган эди. Конференция “Мустақил Турк Республикаси ва Турк коммунистик партияси тузилсин” деган қарор қабул қилди. Бу қарор шундай моҳирона тайёрланган эдики ҳатто у билан танишган Турккомиссиянинг биринчи раиси Элиава Ленинга ёзган мактубида эътироф этадики, “Ҳозир сизга хабар қилишим керакки, мен ва Куйбишев “Турк Республикаси” ва Турк коммунистик партияси тузиш тадбирини амалга оширишга мойилмиз, Рудзутак бунга қарши, Голошчекин эса иккиланмоқда”.
Фрунзе бу пайтда Самарада эди. У бу гапларни эшитиб, бу ғояга бутунлай қарши чиқади. Шундан сўнг Марказқўм демократия томойиллари ва партия уставига хилоф равишда мазкур конференция қарорларини рад этади.
Партия Ўлка Комитети, Турккомиссия ва Туркистон Марказий Ижроия қўмитасининг 1—3 март кунлари ўтказилган қўшма йиғилишида Рисқулов доклад қилиб, РКП (б) Марказий комитетининг Туркистон масаласида тутган йўли ва Турккомиссия фаолиятини кескин танқид ўти остига олади. У, жумладан, шундай дейди: “Турккомиссия Туркистоннинг автоном тузилишини бузиб, Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси ишларини ҳал қилмоқда ва ерли халқ ходимларини менсимай қўймоқда”.
Фрунзе унга жавобан шундай дейди:
“Рисқулов Туркистон Марказий Ижроия Қўмитасининг муваффақиятсизликларига сабаб Марказдан келган ўртоқлардир деб ҳисоблар экан, у хато қилади деб ҳисоблайман. Маҳаллий ҳокимиятининг бутун заифлиги шундаки, бу ерда таяниб иш қилиш мумкин бўлган пролетар оммаси йўқлигидир... Ерли халқни коммунистларча тарбиялаш лозим, бу мумкин бўлган иш ва бу бизнинг вазифамиз... Туркистонда фақат коммунистик, совет тузуми бўлмоғи даркор ёки шарқ истибдодига—хонлик даврига қайт¬моқ лозим, дейиш мақсадга мувофиқдир”.
Муҳокама асносида қўшма мажлис Турккомиссия тарафини олади. Бироқ миллий арбоблар қўл қовуштириб турмадилар. Рисқулов ташаббуси билан РКП (б) Марказий комитетига делегация юборилди. Унинг бошлиғи Рис¬қулов бу ерда Турккомиссиянинг бутун кирдикорларини фош этди. Туркистон делегацияси МК га қуйидаги таклифларни киритди:
1. Бутун ҳокимиятни, конституцияга мувофиқ, ерли аҳоли меҳнаткашларига ўтказиб, буни реал равишда турмушда амалга ошириш.
2. Туркистонда қудратли мусулмонлар қизил армияси тузиш. Ҳозирданоқ маҳаллий мустамлакачи кулаклардан тузилган барча қизил армия қисмларини бошқа фронт¬га жўнатиш.
3. Туркистон Республикаси ҳарбий комиссириатини тиклаб, унга қизил армия учётини юритиш, сафарбар қилиш, армия тузиш ва таълим ўргатиш ҳуқуқини бериш... Туркистон территориясида ҳарбий қисмларни фақат ерли халқдан тузиш.
4.   Туркистон республикасида ҳарбий комиссариатни тўла равишда Советлар съездига, Туркистон Марказий Ижроия Комитети ва Халқ Комиссарлари Советига топшириш.
5. Турккомиссияни тугатиш.
6. Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Советини тугатиш.
7. Темирйўллар, телеграф, алоқа, ташқи муносабат, савдо ва молия масалаларини Россия Федерацияси ихтиёридан Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси ихтиёрига бериш.
Бу масалалар Москвада бир неча бор муҳокама этилиб, Турккомиссия аъзоларининг тавсиясига кўра, “пантуркизм ва панисломизм” ғояларига тўлган бу таклифлар рад этилади.
Туркистон делегацияси бунга қарши шундай жавоб беради:
“Панисломизм ва пантуркизм хавфлидир деган қарашларни мутлақо нотўғри деб ҳисоблаймиз. Бу қараш империалистик Европа ўйлаб чиқарган хомхаёлдир ва у энди омма кўз олдида ҳар қандай реаллик заминини йўқотган, аммо Европа ва, айниқса Россия адабиётида бўрттириб кўрсатилаётган қарашлардир”.
1920 йил 21 июлда Туркистон Компартияси МК мажлисида РКП (б) МК нинг тутган йўлидан норозилик асосида бир гуруҳ раҳбарлар Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси таркибидан чиқдилар, булар орасида: Т.Рисқулов (Туркистон МИК раиси ва ўлка комитети аъзоси), Саъдуллахўжа Турсун¬хўжаев (Ўлка комитети раиси), Бисерев (Ўлка комитети аъзоси), Абдусатторов (Туркистон МИК президиуми аъзоси) ва бошқалар бор эди. Съезд уларнинг ўрнига большевикларга қулоқ қоқмай хизмат қиладиган кишилар (Н.Тўрақулов ва бошқалар)¬ни тайинлайди.
Ҳа, “Тошкент фронти”даги жанглар қизиллар фойдасига ҳал бўлди. Бу майдонда жанг қилган жангчиларимиз жуда озчиликни ташкил этар эди. Улар қатағон сиёсатининг дастлабки қурбонлари бўлдилар. Қасосли дунё экан, миллий истиқлол йўлида кураш олиб борган Т.Рисқулов ва унинг маслакдошларини оғмачилик, миллатчиликда айблаб қувғин қилган, Туркистонни иккинчи бор мустамлакага айлантирган Турккомиссия аъзоларини ҳам, уларнинг маҳаллий ҳайбаракаллачи қўғирчоқларини ҳам тарих кечирмади. Фрунзе ва Куйбишев сирли ўлим топдилар, қолганлари эса қатағон қиличидан ўтказилдилар.
АМИРНИНГ ҚИЛИЧИ
Бухоро қўлдан кетгач, 1920 йил охирларида Саййид Олимхон Ҳисор беклигидаги йирик аҳоли масканларидан бўлмиш Душанбага келиб ўрнашади. Ҳисор водийси бекорга танланмаган эди: Шарқий Бухородаги деҳқончилик учун мос жой шу водий бўлиб, бу ерда озиқ-овқат захиралари мавжуд эди. Шунингдек, водийнинг атрофи баланд тоғлар билан ўралганлиги туфайли партизанлик урушини олиб бориш учун қулайдир. Сентябрнинг иккинчи ярмида Саййид Олимхон қурултой чақириб, қизилларга қарши кураш режасини ўртага ташлайди. Амир ҳукумати емирилмасдан анча олдиноқ Шар¬қий Бухоро ҳудудида бир қанча жанговар гуруҳлар шаклланиб бўлган эди. Бу гуруҳлар уруғ бошлиқлари, вилоятлар ва бекликлар ҳокимлари ихтиёридаги ҳарбий қисмлар бўлиб, жанг тажрибасига эга бўлган, бу гуруҳларга Иброҳимбек, Фузайл Махсум, Давлатмандбий, Эшон Султон ва бошқа саркардалар бошчилик қилганлар.
Ноябр ойида амир қўл остидаги мазкур кучлар Бойсун ва Шерободни, декабр ойида эса Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғни эгалладилар. Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати шошилинч чоралар кўришга мажбур бўлади. Амирга қарши курашни ташкил этиш ва халқни унга қарши кўтариш учун бир қанча арбоблар Шарқий Бухорога сафарбар этилади, Душанбага эса С.Турсунхўжаев бошчилигидаги “Сиёсий зарбдор гуруҳ” жўнатилади. Гуруҳда сиёсий ташвиқотчилар билан ҳарбий қисмлар ҳам бор эди. Амир бу гуруҳга “жадид қўшини” деб ном беради.
Ўша пайтда РСФСР нинг Бухородаги мухтор вакили бўлиб турган Куйбишев 1920 йил 17 октябр¬да Турк¬фронт қўмондонига телеграмма йўллаб, “Фронт қўшинини босмачиларга қарши жангга киритиш йўли билан Совет Бухоросига биродарлик ёрдами кўрсатиш”ни сўрайди. Ноябр ойида 1-армия қўмондони Г.В.Зиновьев буйруғи билан Бухоро Республикасидаги барча совет қисмлари бирлаштирилиб, “Ҳисор экспедиция корпуси” тузилади. 1921 йил бошида эса Бухорога қизил армиянинг бешта бригадаси (2 ўқчи, 3 отлиқ бригадалар) келтирилади. 1920 йил охирларида эса ҳукумат аъзоси Б.Шахобиддинов Бухоро халқ армияси (Кейинчалик Бухоро қизил армияси деб номланган)ни шакллантиришни бошлайди ва унинг дастлабки жанговар қисмларини Душанбега сафарбар этади. Амир бу қисмларга ҳам “жадид қўшини” деб ном беради. Бундай катта куч тўпланиши натижасиз қолмайди. Бухородаги совет ҳарбий қисмлари бирин-кетин Китоб, Яккабоғ, Шерободни қайтариб оладилар.
Фарғонадаги жанглар қизигандан-қизиб, Шермуҳаммадбек бир неча жабҳадаги жангларга раҳбарлик қилиб турган қисталанг бир пайтда Ғорбувога Саййид Олимхоннинг ўн икки кишилик вакиллар ҳайъати кириб келади.
Шермуҳаммадбек бир амаллаб вақт топиб, ҳайъатни қабул қилади ва меҳмонлар шарафига зиёфат беради. Ҳайъат бошлиғи Зуфар Тўпчибоши Сай¬йид Олимхоннинг саломи ва совғасини топшириб, Шарқий Бухородаги вазиятни тушунтиради. Амирнинг совғаси мўъжазгина, кумуш тунукадан гул қопланган сандиқ эди. Меҳмонлар сандиқ калитини берар эканлар, унинг ичида мактуб ҳам борлигини айтадилар. Шермуҳаммадбек сандиқни очди-ю, кўзларига ишонмади: сандиқ ичида ажо¬йиб, нодир бир қилич ётар эди. Қурол ишқибози ва билимдони бўлган Шермуҳаммадбек қилични ҳали қўлга олиб кўрмасданоқ, ноёб қурол эканини англади. Қиличнинг қини олтин ва кумуш нақшлар, забаржад, феруза, ақиқ каби қимматбаҳо тошлар билан зийнатланган; сопи карк мўгузидан бўлиб, дарахт танасига буралиб-чирмашиб олган илон шаклида ишланган. Шермуҳаммадбек қилични қўлига олиб, қинидан суғурар экан, одатдаги шилдирашга қўшимча жаранг саси келди. Қилич тиғи жавҳар билан қопланган эди. Жавҳар шундай бир мўъжизаки, унга қараб, мовий, тиниқ осмонда паға-паға оқ булутлар сузиб қуёш нурида камалакнинг етти хил рангида товланишини кўриш мумкин эди, жавҳарни қалам ёки мўйқалам воситасида тушириб бўлмайди – у пўлатни эритиш, қилични тоблаш ва пардозлаш жараёнида пайдо бўлади. Қиличнинг сопга яқин ўтмас қисмига араб ёзувининг шикаста усулида араб тилида “Бу қилич фақат ҳақиқат ва адолат йўлидагина қиндан чиқсин” деган ёзув бор эди. Шермуҳаммадбек қиличнинг ёзув битилган қисмини лабига, кўзига, пешонасига босиб тавоб қилди. Сандиқчадан, шунингдек, Бухоро зардўзи тўни, кумуш сувидан ангоб берилган эгар-жабдуқ ҳам чиқди. Сандиқча тагида оқ конвертга солинган кичик бир мактубча бўлиб, унга фақат икки жумла ёзилган эди: Мусулмон мусулмонга ёрдам бериши керак. Сиз ҳам бизга ёрдам беринг.
Бу жумлаларни ўқир экан, Шермуҳаммадбекнинг ёдига амир ҳузурига қурол сўраб борган элчилари қисмати тушди. Ахир ўшанда ўзи ҳам мана шу жумлалар асосида бир мусулмондан, наинки бир мусулмон, балки мусулмонлар амиридан ёрдам сўраган эди-ку. Амир уларнинг бошига не кунларни солмади? Агар афғон элчиси Омонуллохонни аралаштириб, уларни озод қилмаганда уларнинг ҳоли не кечар эди?
Аммо, аввало, мусулмончилик бурчи, қолаверса мусулмонлар амирига бўлган ҳурмат-эҳтиром, ўзбекона тантилик кекдан устун келди.
— Майли, — деди Шермуҳаммадбек Зуфар Тўпчибошига қараб, — мана бу совғалар эвазига эмас, балки, амиримизга бўлган чуқур ҳурматимиз ҳамда мазкур мактубда эслатилган мусулмонлик бурчимиз юзасидан ул зоти шарифга қўлдан келганча ёрдам берамиз.
Меҳмонларни кузатиб юборгач, Шермуҳаммадбек укаси Рўзимуҳаммадбекни Олой минтақаси қўмондони, қўрбоши Асқарбекка юбориб, у орқали беш юз йигит билан Душанбега, амир хизматига боришни буюрди. Шермуҳаммадбек Рўзимуҳаммадбекка шундай бир гап тайинлашни унутмади: Агар амир мусулмонларга қарши қилич кўтаришни буюрса, буйруқдан бош тортасиз.
— Асқарбек 500 йигити билан Душанбага яқинлашганда унинг йўлини Иброҳимбекнинг лоқай йигитлари тўсиб чиқди. Лоқайлар — ўзбекларнинг йирик бир уруғи бўлиб, XV—XVI асрларда Дашти қипчоқдан кўчиб келиб, Ҳисор, Кўлоб, Қабодиён ҳамда Шимолий Афғонистон ҳудудларида ўрнашиб қолганлар. Иброҳимбек Лоқай (Мулла Муҳаммад Иброҳимбек Чақабой ўғли) ҳам шу уруғга мансуб бўлиб, 1889 йилда туғилган Отаси Чақабой Амирнинг Ҳисор беклигидаги мансабдорларидан бири бўлган. Иброҳимбек ҳам Ҳисор беги ҳузурида хизмат қилиб, дастлаб қоровулбеги, кейинроқ мирдевонбеги, тўпчибоши ва лашкарбоши даражаларига кўтарилган. Саййид Олимхон тахтдан маҳрум бўлгач, унинг энг ишонч¬ли лашкарбошиси Иброҳимбек бўлиб қолсада, баъзан улар орасидан оламушук ҳам ўтиб қолиб, Иброҳимбек тўнини тескари кийиб олар, кейин яна ярашиб кетишар эди. Иброҳимбек баъзан амирнинг тақдири қисман ўзининг қўлида эканлигини ҳис этиб, кеккайиб кетар, амирнинг фармонларини “ўйлашиб” адо этарди. Асқарбекнинг келиши ана шундай “оламушук” ўтган пайтга тўғри келиб қолади.
Асқарбек ниҳоят бир амаллаб лақайлар ичидан ўтиб амир ҳузурига етиб борганда, ундан ҳафсаласи пир бўлади; амир уни баланд димоғ билан қарши олади:
— 500 киши олиб келдингиз, холосми?
— Фарғонада ҳозир вазият чатоқ. Агар иложи бўлганда Шермуҳаммадбек барча йигитлари билан келиб хизматингизда бўлар эди. Биз ҳузурингизга келаётганимизда Иброҳимбек йўлимизни тўсиб олди. Бу ёққа ўтиш қийин бўлди.
— Иброҳимбекни ҳам айблаб бўлмайди. Ҳисор Иброҳимбек қўлида. Ҳар қандай одам бу ерда унинг ижозати билан юради. Хўп, майли, ишга келайлик. Сиз ўз йигитларингиз билан жадид қўшинига қарши жангга кирасиз.
— Йўқ, тақсир, мен мусулмонларга қарши қилич кўтармайман. Шермуҳаммадбек шундай тайинлаганлар.
— Жадидлар мусулмон эмас, кофирдан баттар...
Улар шу тариқа баҳслашиб турганларида амирга Қабодиёндан чопар келиб қолди. Маълум бўлишича, Аф¬ғонистон подшоси томонидан амирга ёрдам учун юборилган 400 нафар афғон жангчилари қизиллар қуршовида қолган экан.
— Агар жадидларга қарши урушишни истамасангиз, у ҳолда Қабодиёнга бориб афғонларни озод қилиш керак, — деди амир Асқарбекка.
Асқарбек ўз йигитлари билан Қабодиён йўналиши сари юриб, афғонларни қизиллардан озод қилди. Афғон аскарлари миннатдорчилик тариқасида унинг йигитлари сафига қўшилдилар. Шундан сўнг Асқарбек ўз йигитлари ва соғ қолган 370 нафар афғонларга бошчилик қилиб, жангларда иштирок этиб юрди. Шу орада Иброҳимбек билан яна бир бор тўқнашув бўлиб ўтди. Мусулмонлар билан урушмасликка ҳар қанча ҳаракат қилган бўлсада, ўз йигитлари ва афғонларни ҳимоя қилиш учун ўт очишга мажбур бўлди.
Шўролар томонидан тузилган Ҳисор экспедиция корпуси Душанбага етиб келиб, таъқибни кучайтиргач, Сай¬йид Олимхон ноилож Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлади. Ана шу қалтис пайтда амирни Афғонистонга эсон-омон ўтказиб юборган куч ўзининг ишонган одамлари эмас, балки Шермуҳаммад юборган Асқарбек йигитлари эди. Амирнинг соғ омон ўтиб кетиши учун Фарғоналик 70 нафар йигит шаҳид кетди. Бу воқеалар 1921 йил 5 мартда руй берган эди.
Али Бодомчининг ёзишича, амир ҳали Душанбадалигида Шермуҳаммадбек бир марта келиб у билан учрашган. Улар ўртасида қаттиқ тортишув бўлиб ўтган. Бироқ биз бу фактни тасдиқлайдиган бошқа манбаларни учратмадик.
Шермуҳаммадбек амир совға қилган қилични узоқ вақтлар белидан қўймади. Бу қилич қанчадан-қанча душманлар кўксига қадалган бўлса керак.
Фрунзе Бухорога ҳужум қилган пайтда қизиллар билан сулҳ тузган бир қанча қўрбошиларни ҳам йигитлари билан амирга қарши жангга солган эди. Амир Афғонистонга ўтиб кетгач, унга қарши урушда иштирок этган мусулмон полклари яна Фар¬ғонага қайтарилди. Водийдаги жанглар асноси мусулмон полкларининг командирлари бўлган бир неч¬та собиқ қўрбошилар Шермуҳаммадбек йигитлари томонидан асир олинади. Шермуҳаммадбек уларни амирга қарши жанг қилганлиги учун ўлимга маҳкум этади. Айтишларича, ҳукмни ижро этувчи йигитларга у амирнинг қиличини тутқазади: гўё, амир қилич воситасида улардан қасд олади.
Амирнинг қиличи Шермуҳаммадбек қўлида эканлигида ҳақиқат ва адолат йўлида қиндан суғурилиб турди. Унинг кейинги тақдири номаълум.
ХОЛХЎЖА ЭШОННИНГ ШАҲОДАТИ
Холхўжа Эшон Шермуҳаммадбекнинг энг содиқ, синалган, оғир вазифаларни уддалай оладиган қўрбошиларидан бири эди. 1920 йилнинг кеч кузида Шермуҳаммадбек Ўзганга Марғилондан йўлак очиш, яъни, ушбу йўналишда жойлашган шўро гарнизонлари, ҳарбий қисмларини яксон қилиш, Қашқар йўлини назорат қилиш ҳамда Жонибек Қози билан алоқани мустаҳкамлаш мақсадида Рўзимуҳаммадбек ва Холхўжа Эшонни Ўзганга юборди. Холхўжа Эшон ва Рўзимуҳаммадбек Ўзганга бошқа-бошқа йўлдан боришлари керак эди.
Холхўжа Эшон йўлда учраган қисмлар билан жанг қила-қила Ўзганга етиб борди. Бироқ кечга қолди – Ўзган қизиллар томонидан эгалланган, Жонибек Қози Олойга чекинган, Холхўжа Эшоннинг бу ерда қолдириб кетган қўрбошилари ва йигитлари қизиллар томонидан қириб ташланган, бир қанчаси асир олиниб, Ўзган қамоқхонасига қамалган экан. Холхўжа Эшон нима қилиб бўлсада, ўз одамларини қамоқдан қутқаришни ният қилиб қўйди. У бир неча марта қамоқхонага ҳужум уюштирди, бироқ ниятига етишнинг иложи бўлмади. Холхўжа Эшон бир неча бор ҳужум қилаётган вақтда қизиллар Андижондан ёрдам сўраб улгурган эдилар. У ердан Эрнест Кужеллонинг кавалерия бригадаси ёрдамга етиб келиб, Холхўжа Эшонни қуршовга олди. Жанглар икки кун давом этди. Эрнест Кужелло жанг кўрган, тажрибали, салоҳиятли зобит, шу билан бирга ашаддий ов ишқибози ҳам эди. У ўз ватанида эканида дворянларнинг шикорларида жуда кўп марта иштирок этиб, энг катта ўлжаларни қўлга киритар, киборларнинг таҳсин, ҳавас ва ҳасадларига сазовор бўлар эди. Бу қуршов унга бўри овини эслатди: шикор белгиланган шикоргоҳга олдиндан егерлар (ов мутахассислари), хизматкорлар, хос қўриқчилар, қарам деҳқонлар юборилар. Улар қўлларига катта шовқин берадиган қурол ва асбоблар: мушкет, ноғора, кастрюль, шақилдоқлар олиб, шикоргоҳ атрофини қуршаб олишар, ишора бўлиши билан мушкетлардан пахтавон ўқ узиб, ноғора ва кастрюлларни даранглатиб, бурғи чалиб, шақилдоқ шақиллатиб, бақириб-чақириб, бўрилар яшайдиган жойларни ўраб келишар, йиртқичлар ўзларини ҳар ёққа уриб қочгани бир тирқиш ахтаришар, тирқиш эса фақат кибор овчилар ўлжани кутиб, замонавий қуроллар тутиб турган жой эди холос. Бўрилар ўша томонга интилганда, овчилар дарахтлар ортидан туриб, баъзан очиқ майдонга чиқиб, тайёр ўлжани отиб олардилар. Кужелло Холхўжа Эшон сиймосида йирик, қонхўр, узоқ вақтлар овчилар ўқига чап бериб келган айёр бўрини кўрар экан, унда овчилик ҳисси алангаланди. Бироқ, Холхўжа Эшон у кўрган, у овлаб юрган бўрилардан айёрроқ, тажрибалироқ эди: Кужелло ўзича “Холхўжанинг қочишдан ўзга иложи қолмади. Хўш, у қайси томонга қочади? Албатта, Олойга ўтиб кетиш учун Ғулча йўлига қочади,” деб тахмин қилиб, бу йўл устига пистирма қўйиб, қамал ҳалқасининг шу қисмини сийраклаштирган эди. Холхўжа Эшон унинг фикрини ўқиб, кўп йиллик тажриба ва туғма туйғу воситасида ҳалқанинг бўш жойи – пистирмага қарама-қарши томондан ҳалқани ёриб ўтиб, айланма йўллар билан Кўкорт орқали Олой йўлига чиқиб олди.
Тайёр ўлжани қўлдан чиқарган шикорбеги Кужелло ғазабдан ўзини қўярга жой тополмай, Хол¬хўжа Эшонни омонсиз таъқиб қилиб бораверди. Тоғлар сари кетаётган озодлик жангчилари гоҳ отлари бошини буриб, изма-из келаётган душман билан жанг қилиб, уларни маълум масофага қочириб, яна тоғ сари интилар эди. Тўхтаб нафас ростлашга бирор осуда дам йўқ, тамадди қилиб олишни-ку, қўяверинг, тишга босадиган бир бурда нон йўқ. Яқин 50—60 чақирим жойда бир бурда нон ёки бир тишлам гўшт топиб ейиш мумкин бўлган на бир қишлоқ, на бир кулба бор. Ниҳоят, таъқибнинг учинчи куни Қашқарга олиб борадиган Теракдовон этагига етдилар. Тоғларда бу йил ноябрдаёқ қаҳратон қиш бошланган. Ҳаммаёқни қалин қор қоплаган. Ўтган йилги Олой сафари жуда қийин бўлганлиги китобхонларнинг ёдида бўлса керак. Бу сафар ундан ҳам қийин бўлди. Ўтган сафар ҳар қалай, олдинда юриб қалин қорда йўл очиб кетадиган қўтослар, сўқмоқ очадиган метин ва кураклар бор эди. Бу йил эса ҳориган отлар-у, қурол-яроғ, ўқ-доридан бошқа хеч нарса йўқ. Довон йўлини қор кўмиб ташлаган, отлар қорга ўмровидан ботган, уларни чиқариб олгунча одам қора терга ботади. Ҳали ҳам бўлса, одамнинг жони темирдан экан, бир амаллаб одимлаб, эмаклаб, довон сари яқинлашиб, қизилларни ортда қолдирдилар. Эчкига жон қайғу, қассобга ёғ қайғу. Кужеллонинг аскарлари “Холхўжа бу қорда қаергача борарди, эрта ё индин қайтиб тушишга мажбур бўлади”, деб қор чизиғидан пастроқда, шамолдан пана жойда чодир қуриб ётишди. Холхўжа Эшон йигитлари яна бир кун тоққа тармашишда давом этдилар. Бир ҳафтадан бери туз тотмаган йигитлар очликдан ўлар ҳолатга келдилар. Бундай пайтда аксарият одамлар тушкунликка тушиб кетади. Силлалари қуриб, очликни бир оз унутиш учун ҳам ҳаракат қилиб, олдинга силжишда давом этдилар. Қўққисдан довон томонда бир кийик кўринди. Кўринмаса бўлар эди ўша кийик. Балки қизилларга иттифоқчи бўлган иблис кийик қиёфасида кўринди... Табиий офатнинг яхши-ёмони бўлмайди, ўн-ўн беш кун ёққан катта қор энг ёмон табиий офатлардан биридир. Қор устма-уст ёғаверади, унинг босими таъсирида тагидаги қатлам қотиб, музга айланади; қор шунда ҳам тўхтамай ёғаверса, қалинлашиб, ўзини ўзи ўшлаб тура олмайдиган ҳолатга келади. Секин эсган шаббода, қаттиқ шов¬қин, умуман, ҳавонинг тебраниши бу қорларни ўрнидан қўзғатиб пастликка йўналтиради. Пастга тушган сари қор уюмининг тезлиги, куч-қудрати ошиб, ҳеч қандай куч, ҳеч қандай метин девор уни тўхтатиб қололмайди. Бу офатни қор кўчкиси дейдилар. Кийик кўринган заҳоти, очликдан кўзига овқатдан бошқа нарса кўринмайдиган бўлиб қолган йигитлар оқибатини ўйлаб ҳам ўтирмай, баробарига милтиқларидан ўқ узиб юбордилар. Бу ўқлардан бирортаси кийикка тегдими-тегмадими, ҳеч ким билмайди, билишга ҳам улгуриб бўлмайди: ўқ отилган заҳоти кўчки бошланиб, бир дақиқа ўтар-ўтмас довон остидаги барча мавжудот қалин қор қатлами остида қолди. Хўш, йигитлар калима қайтаришга улгурдиларми-йўқми, ёлғиз Аллоҳга аён. Дарвоқеъ, шаҳидлар учун калимасиз ҳам жаннат эшиклари очиқ бўлса керак, валлоҳи аълам.
1918 йилдан бери истилочилар билан омонсиз курашиб, уларга даҳшат солиб келган, душманга нисбатан энг муросасиз нуқтада турган Холхўжа Эшон шу тариқа даҳшатли кўчки остида қолиб, ватани – Туркистон озодлиги йўлида, дини ислом йўлида шаҳодат шаробини ичди. Унинг шаҳодати дўстлари ва маслакдошларини чуқур қайғуга солди. Нурмуҳаммадбек ўз хотираларида Холхўжа Эшон шаҳид бўлганини эшитгандан кейин чекилган изтиробларни шундай баён қилади:
“Холхўжанинг шаҳид кетиши бизни, аввало, акамиз Шермуҳаммадбекни жуда хафа қилди. У ўрис ўқидин ўлишни хоҳлар эди. Бир хоин ёки кўзи кўр тақдирнинг тасодифи билан ўлиш унга жуда қийин туюларди. Жўшқин, қайтмас мужоҳид эди. Кечиримсиз ва мазбут феъл атвор эгаси эди. Қор остида қолиб кетиб ўлмаганда, балки Фарғонанинг энг охирги фидойиси бўлармиди? Шаҳид бўлганидан тўрт кундан кейин аламли хабарни олганимиз пайт унинг руҳига Мавлуди шариф ўқитиб, Аллоҳнинг даргоҳига юбордик. Аллоҳи карим бул Туркис¬тон шаҳидини раҳмат қилсин, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шафоатчи бўлсинлар. Омин, Аллоҳу Акбар!”
Фарзандларининг ёзишларича, кунлардан бирида улуғ адиб Абдулла Қодирий ижодхонадан кўзларида шашқатор ёш билан чиқиб келибдилар. Хавотир олган оила аъзолари “Нима бўлди? Нега йиғладингиз?” деб сўрасалар, “Кумуш... Кумуш ўлди.” деб жавоб берган эканлар.
Холхўжа Эшоннинг шаҳодати ҳақида ёзган сатр¬ларимиз, не тонг-ки, мени ҳам шу кўйга солди... Кўз ёшимни артиб, марҳумнинг руҳига бағишлаб тиловат қилиб, қиссанинг марҳум Холхўжа Эшонга бағишланган бобига нуқта қўяман деб турганимда телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олдим. Қўқон ўлкашунослик музейидан экан. Бизнинг изланишларимиздан бохабар дўстларимиз Холхўжа Эшон ҳаёти билан боғлиқ яна бир ҳужжат чиқиб қолганлигидан дарак беришди. Олиб келишни сўрадим. Дўстларим ҳужжатни менга берар эканлар, огоҳлантириб қўйдилар: “— Бу ҳужжатга танқидий назар билан ёндошишингизни сўраймиз, зеро, сезишимизча, унда бош¬қа хужжатлар билан тасдиқланмаган, ҳақиқатдан йироқ фактлар кўп экан. Нима бўлганда ҳам, бир ҳужжат, бир манба сифатида кўздан ўтказиб қўйсангиз бўлаверади”.
Ҳужжатдан кўчирма нусхани уйга олиб кетиб, синчиклаб ўргандим. Бу ҳужжат Тошпўлат Ўрозбоев таваллудининг юз йиллигига бағишлаб Тошкентда 1969 йил 20 май куни ўтказилган тантанали мажлис стенограммаси экан (Тошпулат Ўрозбоев шахси ҳақида маълумот қиссанинг юқоридаги бобларида келтирилган). Мажлисга тарих фанлари доктори, профессор М.В.Ваҳобов раислик қилган. Унинг мавзумизга, тўғрироғи, Холхўжа Эшонга дахлдор қисми—фуқаролар уруши иштирокчиси, 1918 йилдан КПСС аъзоси, Ўрозбоевнинг сафдоши Мухторжон Олимовнинг нутқи матни экан. Уни диққат билан бир неча бор ўқиб чиқиб, музей ходимларининг огоҳлантиришлари тўғри эканлигини англадим. Дар¬ҳақиқат, унда ҳақиқатдан анча йироқ гаплар кўп экан. Бир кўнглим, “ундан бутунлай фойдаланмаслик керак” деди, бошқа бир кўнглим “Бу гапларни китобга қўш. Советлар вақтида тарих нақадар сохталаштирилганини ўқувчилар ҳам ўз кўзлари билан ўқиб билсинлар” деди. Менинг ўзимга ҳам шу маъқул кўринди.
Ўртоқ М.Олимовнинг нутқи асл ҳолида, яъни, рус тилида берилган (“—Я очень извеняюсь, я буду говорить по русски”). Биз ундан Холхўжа Эшонга дахлдор қисмини таржима қилиб келтирамиз:
“... Мен жуда кўп қизиқ ишларни айтиб беришим мумкин, аммо, эски авлод қандай шарт-шароитда ишлаганлиги ҳақида биттагина мисол келтириб ўтаман. Масалан, 1919 йилда Андижонда босмачиларнинг йирик бошлиқларидан бири Охунжон ва унинг шериги Холхўжа биз томонга ўтди. У (Холхўжа)нинг аксилинқилобий армияда 800 тагача одами бор эди. У ҳам Совет хокимияти томонга ўтди. У советларга ўтгач, уни Андижонда Охунжон билан қолдириш мумкин эмас эди, шунинг учун уни Ўшга юбордилар. Мен айнан ўша пайтда Ўш инқилобий қўмитасини бошқарардим, раиси эдим. Мен Холхўжани эски танишлардай кутиб олдим. Биз у билан бир кун бирга бўлдик. Мен унга “Сиз барибир бу ердан қочиб кетарсиз? ”деб савол бердим.
— Мен бу ерда муқим яшаб қоламан
— Жуда яхши, бу ҳолда биз штаб ташкил қиламиз, йигитларни ячейкага уюштирамиз, комсомол ячейкасига киритамиз, розимисиз?
— Ҳа, розиман.
— Унда мени кутиб туринг. Мен Фарғонага бориб келаман.
Ўша пайтда Фарғона вилоят инқилобий қўмитасида раис Фарид Тоиров эди. Мен шу ерга келдим. Биз Фарғона инқилобий қўмитаси мажлисини чақирдик ва Холхўжа масаласини муҳокама қилдик, қўмита менга штаб тузиш вазифасини топширди. Қайтиб кетдим. Ўшга қайтиб келсам, Холхўжа араб ёзувида “Совет ҳокимиятининг душманлари мени Ўшдан ҳайдаб чиқардилар” деб ариза ёзиб, ўзи шаҳардан чиқиб кетибди. Нима қилиш керак? Шу заҳотиёқ Фарғона билан уландим. Ўша пайтда Туркистон Марказий Ижроия қўмитаси раиси Низомиддин Хўжаев эди. У бу вақтда Фарғонада бўлиб, сулҳ масалалари билан шуғулланар эди. Унинг буйруғи билан қуролсизлантириш комиссияси тузилди. Мени ва яна икки кишини киритишди. Биз унинг олдига боришимиз ва қуролсизлантиришимиз керак. Агар, уччовлон унинг олдига борсак, ё ҳаёт, ё мамот, ўлишимиз аниқроқ. Холхўжа шундай бир каллакесарки! Нима қилиш керак? Биз бу ерда босмачилар ичида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган одам бор эканлигини аниқладик. Биз уни қўлга олдик ва гаров сифатида қамаб қўйдик. У шундай бир хат ёзиб беришга мажбур бўлди.” “— Холхўжа Эшон, агар сиз бу хатни олиб борган одамларни хафа қилсангиз, улар мени тирик қўймайдилар.”
Менинг боришимга тўғри келмади. Менинг ўрнимга Ёқуб Чанишев борди.
Холхўжа уч кундан сўнг қурол-яроғини топширишга ваъда берди. Хўш, нима бўлди? У қочиб кетди. Унинг орқасидан улар қувиб кетдилар. Холхўжа довон орқали Хитойга йўл олди довонни қор қоплаган. Фақат тўрт киши тоғнинг тепасига чиқишга муваффақ бўлиб, қочиб қолишга улгурди. Улардан қайси биридир ўқ отди. Айтишларича, қанчалик тўғри-нотўғри, билмайман-у, милтиқ отиш овозидан у ерда қор кўчкиси келиб чиққан. Шу тариқа унинг йигитлари қор кўчкиси остида қолганлар.
Холхўжа нима қилди? У ўзи билан бирга қутулиб қолган уч кишини “қаерга борсаларинг, бораверинглар” деб, озод қўйиб юборди. Якка ўзи Хўжанднинг қишлоқларидан бирига борди, ўз номини ўзгартириб, колхозга аъзо бўлди, кўп ўтмай колхоз раислигига сайланди, ҳурмат-эътибор орттирди ва унинг ким эканлигини узоқ вақтгача ҳеч ким билмади. Биз эса, унинг қор кўчкиси остида қолганлигини билар эдик, холос.
Кўриниб турибдики, у тирик қолган ва яқиндагина ўз ажали билан ўлган экан...”
Марҳум Холхўжа Эшоннинг энг муросасиз мужоҳид бўлганлиги бизга маълум. Балки, бирор вазият тенг келиб қолган ҳолатда вақтдан ютиш учун сулҳ ҳақида музокара олиб борган бўлса бордир. Шунингдек, 1920 йил бошларида “колхоз” деган тушунча умуман бўлмаганлигини эътиборга олсак, ўртоқ М.Олимовнинг айтганлари қай даража ҳақиқатга тўғри келишини ҳал этиш муҳтарам ўқувчиларга ҳавола.
ЗАИФАДАН ЧИҚҚАН ҚЎРБОШИ
Барчага маълум, ўтмишда аёл зоти борки, барчаси бир сўз билан “заифа” деб аталган ва асосий машғулотлари уй-рузғор ишлари бўлган. Бироқ, мозий салтанатида шундай вазиятлар бўлдики, заифалар қўлларидаги игнани ханжарга, ипни сиртмоққа, чўмични гурзига алмаштириб, эрлари билан елкама-елка туриб Ватан ҳимоя¬си йўлида жанг қилдилар. Баъзилари эса ҳалок бўлган саркардалар ўрнини эгаллаб, катта ғалабаларга эриша олдилар. Қонхўр Кайхусравнинг калласини қонга тўйдирган массагет маликаси Тўмарис, йирик Эрон саркардаси Баҳром Чўбинга бас кела олган саклар маликаси Зарина, Кауфман ва Скобелевларни доғда қолдирган Олой маликаси Қурбонжон Додҳох ва бош¬қа шижоатли аёллар Ватан тарихининг миллий қаҳрамонлари китобидан жой олдилар. Шулар қатори, Фарғонамиздан большевойларнинг додини берган яна бир аёл чиққан бўлса, не тонг!
Мазкур китобимизга манба қидириб юрган кунларимиздан бирида Ғафур Ғулом номидаги Қўқон адабиёт музейининг хазинабони, дўстимиз Ҳасанжон Отажонов бир даста эски қоғоз кўтариб келиб қолди.
— Хожи ака, — деди у суҳбат асноси, аёл кишидан қўрбоши чиққанини эшитганмисиз?
— Эшитган эдим-у, у ҳақда манба тополмай юриб эдим.
— Мана буларни куринг-чи.
Хурсанд бўлиб, қоғозларни бирма-бир варақлаб кўрдим. Йигирманчи-ўттизинчи йилларда чиқиб турган “Ер юзи” журналининг 1928 йил, январ ойи, 15-сони, ўша даврга оид ҳужжатлар, уруш иштирокчиларининг хотиралари экан.
Ёлғиз қолгач, мазкур манбаларни синчиклаб қайта-қайта ўқиб чиқдим. Оғзаки эшитганларим, халқ оғзидан ёзиб олинган маълумотлар билан чоғиштириб, таҳлил қилдим. “Ер юзи” журналида босилган мақолада Ўшдан чиққан Ойшахон Қўрбоши ҳақида ҳикоя қилинади. Табиийки, совет журналида миллий-озодлик ҳаракати қаҳрамони ҳақида яхши сўз бўлиши мумкин эмас. Мақолада Ойшахон шахсига, у курашган ғояга мағзава тўкилган. Бироқ, унда муҳим ҳужжатлар айнан келтирилган. Шу билан бирга, мақола муаллифи Комил Алиев ўзи билмаган, балки билган ҳолда советларга қарши ҳатто аёллар ҳам бош кўтарганлигини исботлаб берган.
Биз Ойшахон Қўрбоши ҳақида ҳақиқатни билиш учун Ўш, Қорасув, Қўрғонтепа ва бошқа жойларга бордик. Унча-мунча, оғзаки бўлсада, маълумот тўплашга муваффақ бўлдик. Ушбу маълумот асосида, бояги мақолани доғ-дуғлардан тозалаб, Ойшахон Қўрбоши ҳақида баҳоли қудрат ўз сўзимизга эга бўлдик:
Маҳкам Хожи озодлик ҳаракатининг илк иштирокчиларидан бўлиб, ўз йигитлари билан Муҳаммадаминбек қўмондонлиги остида жанг қилган. 1919 йилда у билан оралари бузилиб, Акбарали Қўрбоши иккаласи шўролар билан биринчилардан бўлиб, сулҳ тузган. Бир қанча ой ўтгач эса, яна озодлик курашчилари сафига ўтиб, Андижон ва Ўш оралиғида жанг қилиб юрди. Шермуҳаммадбекни расман тан олиб, унинг қурултойларида иштирок этиб, ўзини амирлашкар деб ҳис этар, ўша атрофдаги бир қанча кичик қўрбошилар ҳам унга итоат қилардилар. Холхўжа Эшон шаҳид бўлгач, Маҳкам Ҳожи ўзини “Ўш амирлашкари” деб очиқдан очиқ эълон қилади.
...Андижоннинг Қўқонқишлоғидаги Олимбой зовудчининг маҳобатли меҳмонхонаси. Меҳмонхонанинг деворлари милтиқ, тўппонча, қўл пулемётлари, ўқ-дорилар билан зийнатланган. У ерда пешонасини шойи қи¬йиқлар билан танғиб боғлаган, ёнларига шоп-шалоп осган йигирма чоғли йигит ош дам ейишини кутиб ўтирибди. Навбатчи йигит кириб маълум қилади:
— Бегим, машҳур Холхўжанинг эгачиси Ойшахон келиб ҳузурингизга киришга рухсат сўрайдир.
— Айт, кирсин.
Буғдой ранг, шаҳло кўзлик, сочи қирқилган, эркакча кийинган, ўнг ёнбошига маузер тўппонча осган, юзи очиқ, хушруй бир хотин эшикдан кириб, бу ерда ҳозир бўлганларга салом берди. Ўтиришнинг бошлиғи Маҳкам Хожи уни ўрнидан туриб қарши олди. Соғлиқ-саломатлик сўрашганларидан кейин суҳбатга тушдилар:
— Акам Холхўжа Эшон дин йўлида, озодлик йўлида хизмат кўрсатиб, кўп урушлар қилди. Болшавойлар билан жанг қилиб юриб, Қашқар йўлида— Эргаштомда беш юз йигити билан қор остида қолиб шаҳид бўлди. Акамнинг тарқалиб кетган йигитларини тўплаб, дини ислом, юрт озодлиги йўлида қилич чопиш учун рухсат олгани келдим,— деди Ойшахон.
— Ўтган ишга ўкинишнинг фойдаси йўқ. Кимларнингдир касофатига ўлиб кетган Холхўжа Эшон учун ачиндик. Энди сизнинг талабингизга келсак, буни айни замонда бўлдириш жуда қийин. Ҳозирги вақтда йигитларимиз ўзбошимча бўлиб, итоатдан бош тортмоқдалар. Болшавойлар кундан-кун кўпайиб, тинчлигимизни йўқотаётибдилар, ҳатто, қишлоқлардаги чол дехқонлар ҳам бизларга қарши бўлиб, тепамизга болшавойларни бошлаб чиқариб қўймоқдалар. Шундай вақтда сизга рухсат бериш ҳикматдан эмас...
Қўллар ювилиб, ош тортилгандан кейин Ойшахон яна сўз бошлади:
— Ўн беш кун юриб, Ўшдан йигирма бешта йигит жамладим. Сиз рухсат бераверинг, уддасидан чиқа олсам қиларман, Акамни ўчида ёнаётирман.
— Майли, ошдан кейин бир йўлини қилармиз.
Ош еб бўлингач Маҳкам Хожи давом этди:
— Хўб бўлмасам, мен сизни қўрбоши қилиб белгилаб буйруқ бераман, аммо, ниҳоятда эҳтиёт бўлиб иш қилинг— деди Маҳкам Хожи ва Мулла Тожи Мирзони чорлаб, ёрлиқ ёзишга фармон берди.
Буйруқ (ёрлиқ) нинг имлоси ўзгартирилиб, ўзи ай¬нан олинди.
БУЙРУҚ
“1339 ҳижрий йил 10 зулқаъда (1920 йил декабр). Тамоми Ўш шаҳридаги қўрбоши, понсодлар ва ислом лашкарларига етиб маълум булғайки, дини ислом йўлида қилич чопиб фидо бўлғон Холхўжа Эшоннинг ҳамқорин эгачиси Ойшахон Ойим дин йўлида акаси ўрнида қилич чопмоқ учун фидойи бўлиб чиқибдур. Бинобарин, бизлар — лашкари ислом бошлиғи Маҳкам Хожи ўз томонимиздан бу ҳамширамизни Холхўжа ўрниға қўрбоши қилдиқ. Тамоми Ўш шаҳари ва атрофидаги Эшондан қолғон аскарлар, ўнбошилар, юзбошиларға маълум бўлғайки, бу Ойшахон Ойимнинг мутаваффо Хол Эшон ўрнида билиб, тамоми амир фармониға бўйин суниб, инқиёд қилсинлар. Заррача ихтилоф қилмай, ҳар на буюрғон хизмати бўлса жон дил билан бажо келтиргайсизлар. Баъзи бир атрофда тарқаб кетган йигитлар бўлса, буйруғимизни кўрган, эшитган он дарҳол Ойшахоннинг ҳузурига ҳозир бўлсинлар ва бошқа қўрбошилар олдида хизмат қилиб турғонлари ҳам Ойшахон Ойимдан хат борғон замон эски жойлари бўлғон Ўш шаҳридаги Ойшахон-Холхўжа Эшон ҳовлисига бориб, аввалги ўринларидоғи хизматлариға қойим бўлсинлар. Ҳар ким бу буйруғимизға буйсунмаса боши ўлимда, мол-товари талонда бўлиб, қочқонлари қурол жазосиға мустахиқ қилинадур, деб ушбу иноятнома берилди.
Лашкар Ислом бошлиғи амирлашкар фидойи Маҳкам Хожи муҳримни босдим...”
Буйруқ Ойшахонга тақдим қилингандан сўнг, ҳозир бўлганлар муборакбод қилишдилар. Маҳкам Хожи Ойшахонга Бухоро тўни кийдириб, белига кумуш қилич боғлаб, фотиҳа берди...
Кўп ўтмай Ойшахон қўрбошининг лашкари уч юз нафарга етиб қолди. Қўрбошиликка иноятнома олгандан сўнг ўн беш кун ўтгач, Ойшахон юзбоши ва ўнбошиларни тўплаб, ҳарбий кенгаш ўтказди. Вазиятни муҳокама қилиб, жанг режаларини белгилаб олди. Холхўжа Эшон марҳумнинг яқин йигитларидан бири Султонбой режаларга аниқлик киритиб, Эшоннинг армони бўлиб қолган иш – қамоқдагиларни озод қилиш масаласидан сўз очади:
— Биз Эшон акам билан бир неча бор уриниб кўрдик. Ўша пайтда ўруслар қамоқхона ва унинг атрофига катта куч ташлаган эди. Эшон акам Қашқар томон кетаётганларида мени ва ўн-ўн бешта содиқ йигитларни Ўзган яқинида қолдириб, бир йўлини топиб, ўруслар қамоқхонадан бир оз хотиржам бўлган пайтда у ердагиларни озод қилиш ва орқадан етиб боришни тайинлаган эдилар. Биз ҳали-ҳозир қамоқхона томондан хабардор бўлиб турибмиз. Эшон акам шаҳид бўлганларидан кейин ўруслар қамоқхонани кўриқлаб турган саллотлардан бир қисмини олишди, бироқ у ерда ҳали куч катта. Қамоқхонадагиларни озод қилиш ўша пайтда Эшон акамдан бизга илтимос эди, мана энди бу илтимос васиятга айланди.
Ойшахон шахсан ўзи Ўзганга бориб, паранжи ёпиниб, қамоқхона атрофини бир неча бор айланиб, жойнинг тузилиши, қамоқхонанинг кўриқланиши даражасини, деворнинг шикаст-рехтларини ўрганиб чиқди. Ҳужум режасини тузди, бироқ, ҳужум қилишга шошилмади. Бу орада Ўш атрофларида қизилларнинг кичикроқ дасталарига ҳужум қилиб, номи ҳам чиқиб қолди. Яқин-ўртадаги гарнизонларнинг аскарлари: — Шу пайтгача эркаклар билан уришиб келдик. Аёл киши билан ҳам урушиш пешонага ёзилган эканда, — деб бош қашиб юрадиган бўлди.
Ҳужумдан бир неча кун олдин қамоқхона яқинидаги анчадан бери ҳувиллаб ётган Қашқар карвонсаройига бир карвон кириб жойлашди. Карвонни текширишга келган гарнизон аскарлари бир неча туядаги юкни очиб кўрдилар, шубҳали ҳеч нарса йўқ. Карвонбоши уларни ароқ билан сийлаб, маст қилиб жўнатиб юборди. Сўнгра бошқа туялардаги қурол-яроғларни карвон хизматчилари тақсимлаб олиб, пайт пойлаб ётдилар.
Кунлардан бирида Ўзганга бир оломон кириб келиб, дуч келган одамлардан қамоқхона қаердалигини сўраб, ниҳоят уни “топиб” бордилар. Тўданинг ташқи томони белкурак, кетмон, паншаха, чўқмор ва милтиқ кўтарган деҳқонлар билан ўраб олинган. Бу деҳқонлар қўллари орқасига бойланган бир аёл ва ўттизтача эркакни пойлаб келардилар. Қамоқхонага етиб келгач, тўда бошлиғи соқчилардан “энг катта началник”ни чақириб беришни сўради. Қамоқхона бошлиғи эҳтиёт шарт ёнига беш-олти аскар олиб чиқиб келди. Ўзи ўрис бўлса ҳам, ўзбек тилида гаплаша олар экан, оломондан сўради.
— Ким сизга керак?
— Бизга шу ернинг энг каттаси керак, — деди тўда бошлиғи:
— Энг катта мен. Нима гап?
— Мен Мирзаака қишлоғидаги “Қизил калтак” ўзини-ўзи ҳимоя қилиш отрядининг командири Тиркаш Очилдиевман. Мана мандатим. Қамоқхона бошлиғи мандатни ўқиб кўрди.
— Булар ким? Хотин ким?
— Бу хотин Холхўжанинг синглиси. Акасининг ўрнига қўрбоши бўлган. Эшитган бўлсангиз керак?
— Ишитган.
— Шу хотин кеча Мирза акани босди. Қишлоқ фаолларини ўлдирди. Кечаси бойнинг уйида тунаб қолди. Биз уни уйқуда босиб, ушладик. Бир қисм йигитлари қочиб қутулиб қолди. Тўғри шу ерга олиб келдик.
— Яхши, инди китинглар, босмачларни солдатларига топширинг.
— Йўқ, начайлик, уларни қамоқхонага жойлашганини кўрмагунча кўнглимиз тинчимайди. Қишлоқ шўросининг раиси, бошқа фаолларни, бир қанча деҳқонни ўлдиришди. Яна қишлоқни босиб, бошимизга бало-қазо солмаслиги учун уларнинг қамалганини ўз кўзимиз билан кўришимиз керак.
— Якши. Дарвозадан подалше туринглар.
Бошлиқнинг буйруғи билан қамоқхонани қўриқлаб турган аскарларни барчаси дарвоза олдига чиқди. Дарвоза очилди. Қўллари “Маҳкам” боғланган “асирлар” бир зумда қўлларини банддан бўшатиб, қўйинларидан тўппончаларини олдилар. Ойшахон маузерини қамоқхона бошлиғини пешонасига тиради:
— Начайлик, — деди у, — саллотларинга айт, қуролини ташласин.
Умрида бундай бемаза ҳолатга тушмаган начайлик номус кучидан қизариб-бўзариб, ҳатто ўлим ҳам кўзига кўринмай бақирди:
— Стрелять (отинглар)!
Бироқ иш қўлдан кетганини начайликдан олдин тушуниб етган саллотлар ўқ узмасдан тўппонча ва милтиқларини ерга ташладилар. Ойшахонинг карвонсаройдаги яширинча йигитлари ҳам чиқиб келдилар. Иш жангсиз, қонсиз ҳал бўлди. Иш бундай силлиқ кўчганидан ҳатто баъзи йигитларнинг ҳафсаласи пир ҳам бўлди. Ойшахонинг йигитлари қуролларни йиғиштириб олиб, қамоқхона назоратчилари билан бирга юриб, камералардаги маҳбусларни озод қилдилар. Қаршилик кўрсатмаганликлари учун саллотларга тегишмади. Маҳбусларни олиб кетаётганларида начайлик Ойшахонга қараб бақирди:
— Мини отиб кит!
— Биз қуролсиз кишиларни отмаймиз.
— Унда боғлаб кит. Ах, минга қандай позор (шармандалик).
Йигитлар ноилож начайлик ва саллотларни қўл-оёқларини боғлаб, камераларга қамаб кетишга мажбур бўлдилар.
Маҳбусларни озод қилиб, лашкари янада кўпайган Ойшахон бир неча ой тўхтовсиз жанг қилиб, донг чиқарди. Қизил командирлар унга “амазонка аёл” (қадимги афсоналардаги жангчи аёл) деб ном бердилар. Халқ ичида эса “Ойим қўрбоши” деган обрўли ном орттирди. “Ойим” атамаси ўтмишда асл¬зода аёлларга нисбатан қўлланилган бўлиб, инглизлардаги “миледи” (лорднинг хотини) тушунчасига тўғри келган.
Бир неча ой ўтгач, жанг майдонини Жалолобод томонга кўчирди. Кунлардан бирида пойлоқчи йигитлардан бири кўк конвертга солинган бир хатни келтириб, Ойшахонга тутқазди. У хатни очиб ўқишга тушди:
ҚЎРБОШИ ОЙШАХОНГА
“Жалолободнинг крестьянлари қатъий равишда таклиф қиладиким, Шўро ҳукумати билан ярашмоғимиз тўғрисидаги мурожаатномамизни олиб кетаётган икки вакилимизни қамоққа олибсиз, шуларни икки соат муҳлат ичида озод қилингиз, йўқса қурол кучи билан ажратиб оламиз...”
Ойшахон бу ультиматумга қарши икки сўз билан жавоб берди:
— Йигитлар, отланинг!
Милтиқлардан сочилган ўтлар бир нафасда Арпачи қишлоғининг кенг далаларида озодлик жангчилари ва мужиклар гавдаларидан миноралар ясади. Уруш авжи қизиб турган бир пайтда дайди бир ўқ келиб Ойшахон Қўрбошининг нақ кўкрагига жойлашди...
Шу тариқа озодлик ҳаракати йўлида қисқа вақт жанг қилсада, болшавойларнинг додини бериб, катта талафот етказган Ойшахон Қўрбоши акасининг ўчини олганидан мамнун ҳолда, акаси армонини рўёбга чиқариб шаҳид кетди. Уни шаҳид сифатида Арпачи қабристонига дафн этдилар. Аллоҳ ундан рози бўлсин!
Туркистонда қўрбоши Ойшахонга ўхшаб эрлари, жигардошлари ёнида туриб истиқлол учун жанг қилган аёллардан чиққан қўрбошилар тўғрисида биронта китобда маълумотлар ўқимадим. Ниҳоят, Қ.Ражабов, М.Ҳайдаровлар томонидан ёзилган, 1917—1924 йилларни ўз ичига олган Туркистон тарихида машҳур қўрбоши Муҳиддинбекнинг онаси Меҳрихон қўрбоши асли олтиариқлик уста Холиқбойнинг қизи бўлган Шакархон қўрбоши Бухорони Карманасидан чиққан Нодира қиз Иброҳимбек қўшинида махсус гуруҳга бошчилик қилиб Шарқий Бухорода қизил аскарларга қарши мардонавор курашганлар. Бу аёл қўрбошилар қизил аскарларга қақшатгич зарба берганликлари ҳақида маълумотлар келтирилган.
1921 ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ
1920 йил охирларига келиб, Фарғонада қизилларнинг қўли баланд кела бошлади. Декабрь ойида қизил қўмондонлик Андижонни узил-кесил “босмачилар”дан озод қилиш мақсадида унинг яқинидаги Қўқонқишлоққа катта ҳарбий қисм юборди. Бу ернинг қўмондони Парпи Қўрбоши озгина куч билан уларга қарши жангга киришга мажбур бўлди. У яксон бўлиш арафасида турганида бундан огоҳ бўлган Шермуҳаммадбек мингта йигити билан ёрдамга етиб борди. Бир неча кун давом этган жанг мобайнида Парпи Қўрбоши ва тўқсон нафар йигити шаҳид кетдилар. Унинг ўрнини укаси Тўражон эгаллади. Ниҳоят, қизиллар Андижон шаҳри томон улоқтириб юборилди. Катта миқдорда қурол-яроғ ўлжа олинди. Шермуҳаммадбекнинг ҳиммати қўзғаб, асир олинган тўрт юзга яқин қизил аскарни қўйиб юборди. Бу жангдаги ғалаба Шермуҳаммадбек 1920 йилда эришган ғалабаларнинг сўнггиси бўлди.
1920 йил ноябр-декабри истиқлолчилар учун қи¬йин бўлиб ўтди. Бу жанглар асносида қизиллар яна Ўшни қўлга киритдилар. Шермуҳаммадбек қўшинни сақлаб қолиш мақсадида қиш совуғига қарамай, Олойга чекинди. Бекорчиликдан одамнинг фикри бузилади, жамоа ўртасида ҳар хил аччиқ-чучук гаплар қўзғалади. Бунга йўл қўймаслик учун Шермуҳаммадбек йигитларини довонлар оша Ҳисорга олиб ўтади ва у ерда Давлат қўрбоши билан ҳамкорликда қизилларнинг ҳисор экспедиция¬сига бир неча кучли зарбалар беради. Шермуҳаммадбекнинг ёнида Нурмуҳаммадбек ва Асқарбек ҳам бор эдилар. Қизил армияга қарши бой кураш тажрибасига эга бўлган фарғоналик қўрбошиларнинг бу ерда пайдо бўлишлари Шарқий Бухородаги Шўро ҳарбий раҳбариятини ташвишга солиб қўяди. Улар ўз кучларини биринчи навбатда Шарқий Бухородан фарғоналик Шермуҳаммадбек ва бошқа қўрбошиларни сиқиб чиқаришга қаратдилар. Уларнинг ай¬ғоқчилари Шарқий Бухоролик йигитлар ичида фарғоналик қўрбошилар ҳақида турли туҳмат гаплар тарқатдилар ва шу тариқа ҳар хил ҳудуд қўрбошилари орасига раҳна солишга қисман эришдилар ҳам.
Шермуҳаммадбек 1921 йил февралида яна Фарғонага қайтиб келди. Унинг бу ерда йўқлигидан фойдаланган қизиллар 1920 йил декабр охирида тўсатдан Ғорбувога ҳужум қиладилар. Шермуҳаммадбек буни олдиндан сезган ҳолда мудофаага яраша куч қолдириб кетган эди. 1920 йил декабрда бошланган тўқнашувлар 1921 йил февралгача – Шермуҳаммадбек тоғдан қайтган пайтгача давом этди ва шундан сўнг қизиллар Ғорбуводан чекиндилар. Шермуҳаммадбек бу тўқнашувни таҳлил қилар экан, “Ғорбувога бўлган ҳужум – қизилларнинг талабларини рад этганим оқибати” деган хулосага келди ва бу талаб можаросини хотирасидан ўтказди:
Декабрь ойи бошларида шўро қўмондонлиги Шермуҳаммадбек ва бошқа қўрбошиларга ультиматум юбориб, улардан таслим бўлишни талаб этди. Шермуҳаммадбек бу талабни рад этди. Шермуҳаммадбекнинг мазкур ультиматумга жавобан 10 декабрда ёзилган мактубидан бир парча “Ўзбекистоннинг янги тарихи” китобида тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов томонидан келтирилади:
“...Совет ҳокимияти ва бизнинг вакиллар ўртасида сулҳ музокаралари фақат Миллий Республика Конституцияси (бу ерда сўз Шермуҳаммадбек томонидан 1920 йил май ойида тузилган Туркистон Муваққат ҳукумати Конституцияси ҳақида кетмоқда — муҳаррир) асносида гап юритилгандагина бўлади. Шундай ҳолатда музокаралар олиб боришни хоҳласангиз, биз қачон ва қаерга вакиллар юборишимизни хабар қилинг”.
Бош қўмондон Шермуҳаммадбек муҳри урилган ва Алиёрбек Қўрбоши томонидан Фарғонадаги шўро ҳокимияти вакилларига топширилган ушбу жавоб мактуби 19 декабрда Тошкентдан Москвага жўнатилди. Бундай “жавоб”, албатта, шўро ҳукумати ғазабини қўзғатмай қўймас эди.
1921 йил февралида Шермуҳаммадбек кейинги жанглар натижаларини таҳлил қилиш ва янги юришларни режалаштириш учун ҳарбий кенгаш чақирди. Таҳлил ва мунозаралар якунида маълум бўлишича, ҳозирги пайтда миллий-озодлик кучлари Қўқон йўналишини қўлда сақлаб турибди, Наманган ҳудудида баъзан ғалабалар қўлга киритиб турилибди, Андижон ва Ўш ҳудудларида катта талафот берилган, Олой тоғлари минтақасида аҳвол унчалик ёмон эмас эди.
Чиқарилган хулосага кўра, қўрбошилар Андижон ва Ўш ҳудудида фаолликни оширишлари керак. Йўлдаги вазият ёмон бўлишига қарамай, Ас¬қарбек қўрбоши яна қайта Олой водийсига юборилди. Муҳиддинбекни ҳушёрликка чорлаш учун вазият қалтис эканлиги хақида мактуб билан чопар жўнатди. Андижон ва Ўш йўлини очиш, анчадан бери фаолияти сустлашиб қолган Жонибек Қозидан хабар олиш учун Рўзимуҳаммадбек беш юз нафар йигит билан йўлга чиқдилар. Бу икки қўрбоши Шаҳрихон, Асака, Қўқонқишлоқ, Сўзоқ, Қўрғонтепа орқали ўтиб, Жонибек Қозидан хабар олиш учун Ўзган томон юрдилар. Шермуҳаммадбек эса Ғорбуво қароргоҳида қолиб, Қўқонга, Ислом Полвонга қўшимча куч ва ўқ-дори юбориб турди. Феврал ойи охирида Ғорбуво ва унинг атрофида ҳокимиятини тўлиқ тиклаб, хотиржам бўлгач, шарқий минтақалар томон юриш қилди.
Шермуҳаммадбек Қўқон минтақасидаги қўрбошилар билан биргаликда ҳаракат олиб бориб, апрел ойи охирида Қўқон—Андижон йўналишини ўз назорати остига олди. Феврал, март, апрел ойларида Қўқон—Андижон темир йўли чегарасида оғир жанглар олиб борилди. Шимол ва шарқ томонидан қизил қўшин қисмлари бу ерга келиш имкониятларидан маҳрум этилди. Март-апрел-май ойларида Қўқон—Марғилон—Шаҳрихон—Андижон темир йўлининг катта қисми бузиб ташланди. Апрел ойи охиридан қизиллар Қўқондан Андижонга поездда бора олмайдиган ҳолат юзага келтирилди.
Шунингдек, Марғилон, Шаҳрихон ва Қувага уст¬ма-уст ҳужумлар уюштирилиб, пахта тозалаш заводлари, пахта омборлари ва темир йўл бекатларига ўт қўйилди. Фабрика ва омборлардан ўлжа олинган бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўша давр¬да ҳукм суриб турган қаҳатчиликни маълум даражада бартараф этиш учун ишлатилди.
Қўқон—Андижон темир йўлини бузиш билан қизилларнинг водий шарқига ҳарбий қисмлар ва қурол-яроғ олиб бориши қийинлашиб қолди. Қўқон—Наманган ва Андижон—Наманган темир  ¬йўлларини бузиб ташлашга ҳам фармон берилди. Бироқ бу йўллар жуда пухта қўриқланар эди. Бу томонларда жанглар олиб бораётган Омон Полвон ва Раҳмонқули Қўрбоши темир йўлларни тўлиқ бузишга муваффақ бўлолмасаларда, қизилларга катта зарба бериб турдилар.
Рўзимуҳаммадбек ва Алиёр Қўрбошининг қатъий ҳаракатлари билан Эргаштом довони сари олиб борадиган йўлак очишга муваффақ бўлинди.
“Босмачилик”ни куч билан йўқотишга қийналиб қолган шўро ҳукумати тинмай изланишда бўлиб, янги-янги чора-тадбирлар қўллай бошлади. 1921 йил 9 мартда Фар¬ғона вилоят ревкоми махсус қарор чиқариб, 1 апрелдан 1 майгача “таслим бўлиш ойлиги”ни эълон қилди. Қарорда уқдирилишича, мазкур бир ой ичида таслим бўлган кишилар айб ва гуноҳларидан қатъи назар, афв этилиб, таъқиб этилмаслиги кафолатланар экан. Бу эълон бўйича ўз ихтиёри билан келиб таслим бўлганлар жуда ҳам оз эмас эди. Баъзи қўрбошилар эса бирмунча вақт нафас ростлаб олиш учун ҳам сулҳ туза бошладилар. Жумладан, йирик қўрбоши Жонибек Қози апрел ойида шўролар билан сулҳ тузиб, то декабрь ойигача жангларда иштирок этмай, нафас ростлаб ётди. Декабрь ойида эса яна шўроларга қарши жанг¬ларни бошлаб юборди.
1921 йилнинг ёз ойларида, манбаларнинг хабар беришича, водийнинг барча ҳудудларида 270 дан ортиқ жанг бўлиб ўтди. Уларнинг аксарияти озодлик жангчилари ғалабаси билан якунланди.
Шундай қилиб, 1921 йил ёз фаслида миллий-озодлик кучлари шўроларга даҳшат ва таҳдид солиб туришда давом этдилар. Уларнинг матонати ва қатъияти июн ойи ўрталарида Фарғона Муваққат Ҳукумати томонидан эълон қилинган 14 моддадан иборат Баёнотда ҳам акс этган. Унда, жумладан, шундай дейилади:
“Шўролар ва шўро қуролли кучлари Фарғона ҳудудида ҳарбий ҳаракатларини тўхтатмагунча ва фарғоналикларга тўла ҳуррият, истиқлол беришни тан олмагунча миллий-озодлик курашидан воз кечмаяжакдир.”
Кўп ўтмай эса Шермуҳаммадбекнинг халққа айтмоқчи бўлган дил сўзлари варақалар воситасида Туркистон бўйлаб тарқатилди. Чекистлар уни таржима қилиб Москвага жўнатдилар. Биз унинг матнини тўлиқ келтирамиз:
“Туркистон ўлкаси барча миллатларига!
Туркистон ўлкаси Мусулмон қўшинлари
Бош Қўмондони Шермуҳаммадбек Ғозийнинг

Эълонномаси:

Ушбу билан барча миллатларга эълон қиларканман, худога шукрки, кундан-кунга куч-қудратимиз тобора ортиб бормоқда, менинг барча қўмондонларим деярли ҳар куни Туркистонда яшаётган ва большевойлардан безор бўлган рус ва мусулмон аҳолиси ўз қуроллари, кийим-кечаклари билан сафимизга қабул қилинаётганликлари ҳақида хабар бермоқдалар. Биз уларни ихтисослиги бўйича лавозимларга қўймоқдамиз ва уларнинг иззат-икромини ҳам жойига қўймоқдамиз. Улар большевойлар яшаётган жойларда, шаҳарларда ва бошқа жойларда етишмовчилик, ёппасига очарчилик ва тартибсизликлар ҳукм сураётганини билдирмоқдалар. Биз томонимизга ўтган бу кишилар озиқ-овқат билан тўла таъминланмоқда ва улар ўзларининг ҳаёт муҳитидан қониқаётганини билдирмоқдалар. Хорижий маълумотларга қараганда, четдаги давлатлар большевойлар нима сабабдан туркистонликларга тўла мухторият бермаётгани ҳолда “Туркистонга аллақачон мухторият берилган” деган ёлғон гаплар айтаётганликларидан ғазабга келаётир. Ҳозирги вақтда бу чет эл давлатларига большевойлар аблаҳ, ёлғончи эканликларини ҳамда уларнинг касби эса ҳар қандай вақтда ҳам меҳнаткашларни ва айбсиз камбағал аҳолини талаш ва ўлдиришдан иборатлиги маълум бўлиб қолди. Шу туфайли бу барча хорижий давлатлар келишиб ўз муҳитидан аблаҳ большевойларни улоқтириб ташлашга қарор қилдилар ва уларни тугатиш учун катта уруш очдилар.
Агарда ҳозирги вақтда большевойлар туркистонликларга тўла мухторият берсалар, у ҳолда биз, туркистонликлар ҳеч қандай зарар келтирмаймиз. Агардаки, тўла мухторият бермасалар, у ҳолда биз юрагимиз ва танамизда охирги қонимиз қолгунча Ватан учун курашамиз, яккаю ягона Тангри таоло, Муҳаммад пайғамбаримизнинг шариат йўлида қурбон бўлишга тайёрмиз. Динимиз, Ватанимиз учун бутун қалбимиз ва жисмимизни қурбон бериб, тўла ғалабага эришишни Аллоҳдан тилаймиз ва унга ибодат қиламиз. Мусулмон қўшинлари Бош Қўмондони Шермуҳаммадбек”.
Ёш шўро ҳукумати ташкил топган вақтдан бери тинимсиз урушлар оғушида қолиб, ҳали кўпгина ишлар ўлда-жўлда бўлсада, ахборот хизмати яхши йўлга қўйилган эди. Фарғона фронтидаги барча воқеалар—эришилган ғалабалар, мағлубиятлар, шу жумладан, Гўртепадаги жанг тафсилотлари, Шермуҳаммадбек томонидан чиқарилган баённома-ю эълонномалар барчаси В.И.Лениннинг иш столига келиб тушди. Уларни ўқиб, “доҳий” димоғидан дуд чиқиб кетди. Дарҳол ҳукумат ва қўмондонликнинг шошилинч мажлисини чақиртирди, Фрунзени ҳам Қримдан чақириб олди. Қрим ва Фарғона фронтидаги аҳвол ҳақида Каменев доклад қилди. Сўнгра Ленин сўз олди:
— Бу нимаси, ўртоқлар? Тўрт йилдан бери жанг қиламиз-у, кичкинагина бир Фарғона деган жойни эплай олмаймиз. Мен мажлисдан олдин атайин география китобидан аниқлаб олдим: Совет Россияси ҳудуди 20 млн квадрат чақиримни ташкил қилади, Фарғона вилояти эса йигирма минг квадрат чақиримдан сал ошар экан. Демак, ўзимиздан минг баробар кичкина бир рўёдан шапалоқ еб турибмиз. Чеховни ўқиганмисизлар? Баайни унинг “Фил ва Моська”си. Михаил Василевич, қаёққа қараябсиз?
— Ҳамманинг назари қаратилган жойга, яъни Шарқ¬қа қараяпман, Владимир Ильич.
— Сизда юмор ҳисси борлиги яхши фазилат. Бироқ, ҳозир юморнинг ўрни эмас. Биз сизни Туркистонда туғилган, у ернинг шароитини, одамларини, анъана ва урф одатларини яхши биладиган арбоб, салоҳиятли саркарда сифатида Туркистон фронтини ишониб топширган эдик. Тўғри, ҳозир фронтга В.Казаревич қўмондонлик қилмоқда. Нима талаб қилсангиз бериб турибмиз. Тўғри, сизга осон тутмаймиз, бироқ Россиядаги бир уезддан ҳам кичик Фарғонани тинчита олмай, халқаро обрўйимиз пасайиб кетмоқда. Эшитишимча, Ллойд Жорж, Уинистон Черчилл, Гинденбург, Чемберлин ва бошқалар устимиздан кулиб юрган эмиш.
— Владимир Ильич, бошдаёқ Фарғонани тинчитиш қийин бўлишини айтган эдим. Мана, ўзингиз урф-одат, анъана ҳақида эслатдингиз. Партия билетимни шафе келтириб айтаманки, фарғоналиклар мустақиллик, урф-одат ва анъаналари учун курашмоқда. Улар ичида фидойилари кўп экан. Алексей Максимович Горкийнинг “Изергил кампир” асарини мендан олдин ўқигансиз. Фарғонадаги Мадаминбекни ўз юрагини машъал қилиб гумроҳларга йўл кўрсатган, одамларни зулматдан зиёга олиб чиққан Данкога ўхшатаман. Ёруғликка чиққан одамлар Данкони босиб ўтиб кетишади. Мадаминбек ишининг давомчиси Шермуҳаммад дегани йиқилиб ётган Мадаминбек қўлидан юракни олиб, одамларни яна олға бошлади. Бундан ташқари, менинг бир жойда муҳим туриб, бошлаган ишларимни охирига етказишга қўймаяпсизлар. Дам Бухорони олишга, дам Перокопни озод қилишга юборасизлар. Яна жуда кўп сабаб ва омиллар борки, кўпини ўз вақтида баён этганман...
— Михаил Васильевич, тушунарли, энди сизни Туркистонга яна юборамиз. Билиб қуйинг, Туркистондаги, Фарғонадаги ғалаба Россиядаги давлатчилик учун катта аҳамиятга эга.
1918 йилда ЭСЭР аёл Каплан Ленинга суиқасд қилиб, уни икки жойидан яралаган эди. Кейинчалик қизил аскарлар унга хат ёзиб: “Ўртоқ Ленин, Симбирскнинг озод қилиниши биринчи ярангизга малҳам бўлган бўлса, Самаранинг олиниши иккинчи ярангизга малҳам”, — деган эдилар. Бироқ, Фар¬ғонадан келган нохуш хабарлар битай деб қолган яраларни яна очиб юборди. Мажлис тугамасданоқ унинг аҳволи ёмонлашиб, врачлар мажлисни тўхтатишга мажбур бўлдилар...
Фарғонада эса шиддатли жанглар давом этар, озодлик курашчилари шўроларга даҳшат ва таҳдид солиб турардилар. 1921 йил 11 август куни Туркистон коммунистик партиясининг 6-пленуми бўлиб ўтди. Пленумда фақат битта масала – “Босмачилик муаммоси” муҳокама этилди. Пленум қарорига кўра “босмачилик” ҳаракати лидерлари билан сулҳ музокараларини бошлаб юбориш мақбул деб топилди.
Кўп ўтмай, 21—23 август кунлари Туркистон советларининг навбатдан ташқари 10-съезди бўлиб ўтди. “Ўзбекистоннинг янги тарихи” китобида ёзилишича:
“Ниҳоят, 1921 йил август ойида бўлган Туркистон Советларининг 10-съездига Фарғона истиқлолчилари диний, хўжалик ва сиёсий масалаларга оид қатор шартлар билан яна бир бор мурожаат қилдилар. Улар шариатга йўл бериш, масжид, мадраса ва мактабларни очиб қўйиш, қозилар маҳкамасини тиклаш, вақф ерларни қайтариш, бозорларга, деҳқончилик хўжалиги ва ҳунармандчилик корхоналарига эрк бериш ҳамда қўрбоши гуруҳларини қизил армия сафига қабул қилиш каби шартларни қўйган эдилар...”
Бироқ съезд бу шартларни қабул қилмади, ўз фаолиятида Турккомиссия ва Туркфронт Ҳарбий –Инқилобий кенгашининг 1921 йил 14 августда бўлиб ўтган қўшма йиғилиши қабул қилган қуйидаги қарорга асосланди:
1. Босмачиларни ҳар бир қўрбошиси билан алоҳида олиб бориладиган музокаралардан сиёсий мақсадда фойдаланиш, ҳар бир босмачи отряди вакиллари билан музокара ўтказишга интилиш.
2. Босмачилар билан тузиладиган сулҳ ва уларнинг 6000 кишидан иборат отрядларини биз томонга ўтишга уларни фақат тўлиқ қуролсизлантириш асосидагина йўл қўйилсин, токи биз томонга ўтган қўрбошилар ўзлари билан оз сонли қўриқчилар олиб қолиш имкониятидан маҳрум бўлмасин.
3. Музокараларга раҳбарлик қилиш, зарурат туғилиб қолган тақдирда эса музокараларни олиб бориш учун Турккомиссиядан Тўрақуловни ва фронт Р.В.С аъзоси Барановни Фарғонага сафарбар этилсин.
4. Туркреспублика Советининг 10-съездига, Фар¬ғонанинг барча босмачиларига совет ҳокимияти билан курашни тўхтатганларга ва қуролини ташлаганларнинг барчасига афви умумий бериш ваъдаси билан курашни тўхтатиш ҳақида мурожаат этиш таклиф қилинсин.
Съезд ушбу кўрсатма асосида қарор қабул қилди. Эртаси куниёқ сулҳ тузиш имкониятларини ўрганиш, музокаралар ўтказиш, воситачилар топиш ҳамда сулҳ билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳал этиш учун Туркистон Компартияси, Марказий Ижроия Қўмитаси, Туркфронт, Фавқулодда комиссия (Чека) нинг бир гуруҳ раҳбар ва ходимлари Тошкентдан Фарғонага жўнаб кетдилар.
ТУЗИЛГАН СУЛҲ
1921 йил август ойининг ўрталари. Фарғонанинг йирик, маърифатпарвар бойларидан бўлмиш асли марғилонлик Саидумархўжа Файзихўжаевнинг Искобилдаги ҳашаматли ҳовлисига нуфузли меҳмонлар: РСФСР Таш¬қи Ишлар Халқ комиссари Чечериннинг ўринбосари Рудолф Абрамович Иоффе, Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Абдулла Раҳимбоев, Турккомиссия аъзоси Назир Тўрақулов ва Туркфронт қўшинлари Фарғона гуруҳи қўмондони Георгий Васильевич Зиновьев кириб келдилар. Меҳмонларнинг ташрифи келишилганлиги туфайли мезбон уларни кўча эшик тагида кутиб олиб, оврупоча безатилган меҳмонхонага бошлаб кирди. Оврупоча тайёрланган тушлик асноси меҳмонлар мақсадларини баён этдилар. Суҳбат икки нафар русийзабон меҳмон ҳурмати рус тилида давом этган бўлсада, биз унинг ўзбекча қисқартирилган матнини беришни маъқул кўрдик:
“ — Сиз нафақат Фарғонанинг, балки Туркистоннинг кўзга кўринган одамларидан бирисиз, — дея асосий мавзуга ўтди. А.Раҳимбоев, — Фарғонада ўзингизга яраша салмоғингиз бор. Шу туфайли сизга марожаат қилишни маъқул кўрдик. Халқ сизнинг сўзингизни икки қилмайди. Халқнинг аҳволини кўриб турибсиз, охири кўринмаётган урушда қийналиб кетди. Зудлик билан тинч¬лик ўрнатиш зарур, эшитишимизча, қўрбошилар ҳам сизни ҳурмат қилишар экан. Илтимосимиз шуки, Шермуҳаммад билан бизнинг ўртамизда воситачилик қилсангиз. Дарвоқе, Мадаминбек билан сулҳ тузилишида ҳам иштирокингиз бор экан. Демак, сизда парламентарлик тажрибаси ҳам бор.
— Халқ осойишталиги йўлида ҳар қандай хизмат бўлса қилишга тайёрман. Бироқ музокаралардан бирор натижа чиқишига шубҳам бор.
— Нима учун?
— Мени тўғри тушунишингизни сўрайман. Шермуҳаммадбек билан учрашув ҳар қанча хавфли бўлсада, бу хизматдан бош тортмайман. Гап шундаки, Шермуҳаммадбек қўядиган шартлар сизларга, сизлар қўядиган шарт¬лар қўрбошига маъқул келмаслигига ақлим етиб турибди.
— Сизни моҳир дипломат сифатида таърифлашган эди, — дея сўзга аралашди Иоффе, — сизнинг ёрдамингиз билан балки бир битимга келармиз. Биласизку, музокаралар чоғида ҳар икки томон ғурурига эрк бермай, ўзи учун азиз бўлган нимадандир кеча олса, ўзи учун ёт, ёқимсиз нарсани қабул қила олса, ўзаро ён бериш қоидасига амал қилса, битим тузиш мумкин.
— Майли, Шермуҳаммадбек билан учрашувга розиман. Хўш, музокаралар тинч ўтишига, Шермуҳаммадбек ва унинг одамларига таҳдид йўқлигига кафолат борми?
— Кафолат бор, — деди Зиновьев, — музокаралар бошланиши билан уруш ҳаракатлари тўхтатилди.
— Кафолатга кафолатингиз?
— Кафолатим — офицерлик шаъним.
— Маъқул, — деди Саидумархўжа ва ўртага савол ташлади, — мабодо Шермуҳаммадбек учрашувга рози бўлса, музокаралар ўтказиладиган макон ва замон қай тариқа белгиланади?
— Буни Шерматбекнинг ихтиёрига берамиз, ўзи белгилаб, бизга хабарини берар, — дея ҳамма учун жавоб берди Иоффе.
— Яхши, мен билан кимлар боради?
— Бу энди сизнинг ихтиёрингизда.
— Ундай бўлса, эртагаёқ Ғорбувога жўнаймиз.
— Шерматбек баланддан келиб, оғир шартлар қўядиган бўлса, — дея гап суқди Зиновьев, — унга айтиб қўйинг, Фарғонага сулҳ ҳайъати билан бирга қирқ минг қизил аскар ҳам келган.
— Мени воситачиликка юборяпсизларми ёки ультиматум беришгами?
— Сиз кўнглингизга олманг тақсир, — дея вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди Иоффе, — ҳарбий киши ҳарбийлигига борар эканда. Сиз, албатта воситачиликка бормоқдасиз. Ҳеч қандай ультиматум қўймайсиз. Мабодо Шерматбек сизни ўзига яқин олиб, “бу хумпар қизилларнинг қўшини ҳозир қанчага бориб қолди?” деб гап орасида сўраб қолса, “Бу ердаги мунтазам” қўшинга қўшимча яна қирқ минг аскар олиб келишган эмиш”, деб қўйсангиз кифоя...”
Саидумархўжа шу куниёқ ўз одамларидан бирини Ғорбувога юбориб, Шермуҳаммадбекка воситачилар боришини маълум қилиб қўйди. Шундан сўнг Саидумар¬хўжа ўзи билан воситачиликка бориши мумкин бўлган кишилар тўплашга киришди. Эртаси куни улар сулҳ ҳайъати жойлашган собиқ губернатор маҳкамасига боришди. Уларга Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси муҳри босилган, Раҳимбоев ва Зиновьев имзоси қўйилган ҳамда “парламентёр” деган ёзув битилган мандат беришди.
Шермуҳаммадбек парламентёрларни ҳурмат билан кутиб олди, зеро, уларнинг барчаси унга таниш, эл-юртда обрў-эътибор орттирган кишилар эди. Зиёфат асноси Саидумархўжа бу ерга келишдан мақсадини баён қилди. Шермуҳаммадбек бир оз сукут сақлаб тургач, сўради:
— Тақсир, сиз менинг феъл-атворимни, ўй-хаёлимни, қизиллар билан бир қозонда қайнай олмаслигимни яхши биласиз. Сизни воситачи бўлишингизга нима мажбур қилди? Ёки сизга зуғум қилишдими?
— Зуғум-ку, қилишгани йўқ. Агар зуғум қилганларида мени бу даргоҳга ҳеч қандай куч мажбур қилиб олиб кела олмас эди. Мени бу ерга келиб, воситачилик қилишга халқнинг аҳволи, дарё-дарё тўкилаётган қонлар, уруш оқибатида етим ва бева қолганларнинг зор қақшаши, бир вақтлар гуллаб-яшнаган Фарғонамизнинг вайрон бўлиб, бой¬қушлар маконига айланаётгани мажбур қилди. Ахир, ҳар қандай одамнинг юраги эзилади...
— Сизда-ку, юрак ҳали бор экан, тақсир, менинг юрагим эса бу ғамлардан эзилиш нарироқда турсин, қон ва зардобга айланиб оқиб кетиб бўлган. Кўнглингизга олманг-у тақсир, бир гапни айтмасам бўлмас, мана, сиз халқнинг аҳволини эслатиб, “урушни тўхтат” деб ҳузуримга келибсиз, сиздан олдин ҳам озмунча воситачилар келмаган. Хўш, айтингчи, ўриснинг олдига ҳам шу мақсадда “ҳой, ўрис буво, халқ эзилиб кетди, урушни тўхтат”, деб бировнинг борганини биладиларми?!
Саидумархўжа бу оғир саволга нима деб жавоб беришни билмай, ерга қараганича қолди.
— Узр саволим аччиқ келди, — дея давом этдирди сўзини Шермуҳаммадбек, — бироқ бу савол қачондир, кимгадир берилиши керак эди. Майли, бу масалани бир чеккага қўйиб турайлик, илло, бу саволга жавоб топиш мушкул эканлигига ўзимнинг ҳам ақлим етиб қолган. Гапнинг индаллосига келсак, мен ҳам халқнинг қийналиб кетганини кўриб эзиламан, сулҳ тузиш фикри аҳён-аҳёнда шууримга келади. Бироқ, сулҳ тузилса шунча тўкилган қонлар, берилган қурбонлар, урушга сарфланган вақт беҳуда кетишидан қўрқаман. Илло, болшовойларга ишонч йўқ. Улар сўзида турмайди, музокаралар бошланишида шартларимизни қабул қилган тақдирларида ҳам, сулҳга имзо чекилгач, барча шартларни пучга чиқарадилар. Мана, узоққа бормай, Мадаминбек раҳматлининг тақдирини эслайлик. Мен уни огоҳлантирган эдим, “болшовойга ишонманг” деган эдим. Охири нима бўлди? Мадаминбекнинг шартларини қабул қилиб сулҳ туздилар. Битимга имзо чекилиб, унинг йигитлари қизил армияга қабул қилингач, битимни бекор қилдилар, ўзини эса ўлдириб юбориб, Холхўжа Эшон иккаламизга тўнкадилар. Мен ҳам сулҳ тузсам, мени ҳам бир амаллаб йўқотиб, яна бошқа бир қўрбошига тўнкайдилар. Мен ўлиб кетишдан қўрқмайман, балки, сулҳдан сўнг Туркистонимиз, Фарғонамиз яна ўрис-болшовойларга қуллигача қолиб кетишидан қўрқаман.
— Гапларнгиз жўяли, бек. Мен ҳам бу даргоҳга келишдан олдин кўп ўйладим, сиз айтган гаплар баданимга дард бўлиб келди. Яна бошқа нарсалар ҳам келди: мен замонанинг саводли бир кишиси сифатида газет ўқийман, жаҳонда бўлаётган воқеаларга назар солиб, таҳлил қилиб бораман. Московда, Оврупонинг бир қанча шаҳарларида гумашталарим ва дўстларим бор. Улар ҳам у ерлардаги аҳволни менга етказиб туришади. Ҳозирги пайт¬да Русиянинг жаҳон майдонидаги аҳволи анча енгиллаб қолди. Ғарбий чегарадаги фронтлар тугатилиб, чегара барқарор бўлди. Оврупо мамлакатларининг Польша орқали қилган катта ҳужуми ҳам қайтарилди. Фрунзе Қримни олгач, Русияга қарши турган энг катта кучлардан бири — Врангел ҳам чет элга чиқиб кетди. Қисқаси, Русия қўлини ғарбдан бўшатиб олди. Энди у ўзининг барча кучини Туркистонга ташлашга қурби етади. Сизнинг, йигитларингизнинг қаҳрамонлигингиз, охирги томчи қон қолгунча курашга тайёр эканлигингизга шубҳам йўқ. Аммо, Русия бир кун келиб барча кучини бу ерга ташласа, ҳар қандай жасорат, қаҳрамонлик, фидойилик билан ҳам бир неча ўн баробар катта кучга бас келиш қийин. Ана унда охирги томчи қон ҳам тўкилиб бўлади, ушбу охирги томчи эса халқимиз келажаги учун керак. Бундан ташқари, “албатта сулҳ тузинг” деб масалани кўндаланг қўйгани келганим йўқ, бунга ҳаққим ҳам йўқ. Сулҳ масаласида болшавойлар билан бир гаплашиб кўришни таклиф этиб келдим. Сиздан нима кетади? Гаплашиб кўраверинг, у ёғи ихтиёрингиз.
— Майли, тақсир, ўзи кўнгилда йўқ эди-ю сизнинг ва сиз билан келган муҳтарам зотлар ҳурмати, бир гаплашиб кўрай, у ёғига худо пошшо. Хўш, қачон, қаерда, кимга учрашимиз керак?
— Бу борада инон-ихтиёр сизга берилган. Бир фикр¬га келиб, вакил жўнатиб, билдириб қўйсангиз бўлди. Мутасаддилар губир (губернатор) нинг қароргоҳида бўлишади...
Эртаси куни Шермуҳаммадбек Алиёр Қўрбоши ва Нурмуҳаммадбекни Искобилга юборди. Уларга,— музокара олиб боришга рози эканлигимизни билдириб, учрашув холис жойда, Марғилон ва Ёзёвон ўртасидаги Арабмозор қишлоғи четида ўтишини билдиринглар. Учрашув вақтини, майли, улар белгилай қолишсин, — деб тайинлади.
Хуллас, учрашув ҳар икки томоннинг розилиги билан Шермуҳаммадбек айтган жойда 1921 йил 25 августда ўтказиладиган бўлди. Таассуфки, бу муҳим воқеа санаси борасида ҳам манбаларда ихтилоф бор: Туркфронт сиёсий бўлими нашри бўлмиш “Красноармейская газета” нинг 1921 йил 11 сентябр сонида, музокараларнинг биринчи босқичи 10 августда, Горчакова ва Ванновск (Олтиариқ – М.Х.) темир йўл бекатлари оралиғидаги Ғайзовар (Файзиобод бўлса керак – М.Х.)  қишлоғида, иккинчи босқичи эса 22 августда ўтказилганлиги ёзилади. Р.Шамсутдиновнинг мақоласида “август ойи охирларида” деб ёзилади-ю, аниқ санаси кўрсатилмайди. Боймирза Ҳайитда ҳам худди шундай. Али Бодомчи ҳам аниқ вақтини ёзмайди. Фарғона вилоят совети нашри бўлмиш “Красная Фергана” газетасининг 2 сентябр сонида эса, музокаралар 20 августда бошланганлиги ёзилади. Бир қанча уруш қатнашчиларининг хотираларида музокаралар 25 август¬да бўлиб ўтганлиги эсланади. Биз шу факт¬га суяндик.
Ниҳоят, белгиланган жой ва муддатда музокаралар бошланди. Музокараларда шўро томонидан Зиновьев (сулҳ ҳайъати раиси), Абдулла Раҳимбоев, Назир Тўрақулов, А.А.Иоффе, Березин, Абрам Слуцкий ҳамда 21 нафар ҳарбий мутахассисдан иборат маслаҳатчилар ҳайъати; озодлик кучлари томонидан эса Шермуҳаммадбек (раис), Алиёр Қўрбоши, Нурмуҳаммадбек, Юсуф Полвон, Бозорбойбек, Мулла Пўлатбек ва Асқар Қўрбошилар (ҳар икки томоннинг қўриқчилари ва воситачиларини истифода этганда) иштирок этадилар.
Музокаранинг асл декларациясини, жуда кўп архив¬лардан суриштириб, қидириб, топишга мувофиқ бўлолмадик. Бошқа манба ва адабиётларда эса тафовутга, хилма-хилликка дуч келдик. Доктор Боймирза Ҳайитнинг ёзишича, Шермуҳаммадбек шўро сулҳ ҳайъати олдига қуйидаги шартларни қўйган:
“Орол денгизи ва Оренбург орасидаги темир йўл бекатларини қўриқловчи қўшиндан ташқари барча совет-рус қўшинларини Туркистондан олиб чиқиб кетиш; Туркистон учун тўлиқ ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқи, шариат қонунларини сақлаб қолиш ҳуқуқини бериш; халққа улардан тортиб олинган мол-мулкни тўлиқ қайтариш. Агарда рус ҳукумати ушбу талабни қабул қилса, қурол-яроғларнинг эллик фоизини сақлаб қолиш шарти билан озодлик кураши қўшинлари тинчлик ўрнатишга рози.”
“Зиновьев делегацияси, — дея якунлайди Боймирза Ҳайит бу мавзудаги сўзини, — бу талабларни қабул қиладиган ҳолатда эмас эди. У Туркистон фронти қўмондони ва РКП МК нинг Туркистон бюросига муваффақиятсиз якунланган сулҳ музокаралар ҳақида хабар берди”.
Шўролар томонидан қўйилган шарт эса қисқагина эди:
1. Босмачилар отрядлари, қўрбошилар ва уларнинг оз миқдордаги қўриқчиларини истисно қилганда, тўлиқ қуролсизлантирилади.
2. Қуролини топширганларга афви умумий эълон қилинади.
Шунингдек, Зиновьев сулҳ музокаралари бошланиши муносабати билан шўролар томонидан 1 сентябргача уруш ҳаракатлари тўхтатилганлигини, қўрбошилар ҳам бунга амал қилиб, уруш ҳаракатларини тўхтатиб туришлари лозимлигини эслатиб ўтди.
Саккиз соат давом этган музокаралар кескин руҳда ўтди. Ҳар икки томондан қўйилган шартларни ҳар бир боби, ҳар бир жумласи қаттиқ тортишувларга сабаб бўлди. Келинг, бу тортишувларни совет матбуоти қай тарзда ёритганини кўриб чиқайлик “Красная Фергана” газетасининг мазкур музокарада иштирок этган ходими “Ворин”, “Мира и хлеба (к ликвидации басмачества)”— “Сулҳ ва нон (босмачиликнинг тугатилишига оид)” сарлавҳали мақоласида мавзуни шундай ёритади:
“... Албатта, оқлар, яъни босмачилар номидан уларнинг мафкурачиси – буржуа сўзга чиқиб, биздан маданий-миллий мухторият, дин, шариат, урф-одатлар, анъаналар дахлсизлигини, жорий турмуш тарзини ўзгартирмасликни талаб қилди.
Хўш, нима гап ўзи? Биз розимиз унинг устига, бу талабларни аста-секин ҳаётга татбиқ этиб бормоқдамиз, сиз, жаноб босмачилар, бунга халақит бермоқдасиз! Маълум бўлишича, маданий-миллий мухторият деганда (улар кейин бизга тушунтириб беришларига кўра): хусусий мулк-чиликнинг тан олиш, уни қайтариш ва дахлсизлигини таъминлаш; эски судларни қайта тиклаш ва умумий мажбурий таълимни бекор қилиш ҳамда фуқаролик мактабларини деярли бекор қилишни тушуниш керак эмиш. Ўртоқ Тўрақулов Қуръондан ҳар бир кишига алоҳида эътиқод эркинлиги мавжудлиги ҳақида парчалар ўқиб берди ва “биз деҳқонлар, косиблар, майда ва ўрта даражалиларга” деб тўғри жавоб берди.
Аксинча, биз уларнинг манфаати сари бормоқдамиз. Ахир биз йирик, капиталистик мулк—банклар, заводлар ва ҳоказоларни мусодара қилдик-ку. Уларни – ўзларининг собиқ хўжайинларини ҳимоя қилиш маҳаллий аҳоли вакили учун ярашмаган иш. Афтидан, юқоридаги бой нафақат ўзини, балки чет эл, мустамлакачи капитални ҳимоя қилиб чиқди. Биз учун шуниси аниқки, аҳоли (меҳнаткашлар) ўзининг асрлар мобайнида шаклланиб келган урф-одатларидан дарҳол воз кеча олмайди ва бизнинг кўпгина соҳада ён беришимизга тўғри келади. Бир марта қалам юритиш билан эски судларни, агар аҳоли унинг қариб-қақшаб қолганлигини ҳамон тушуниб етмаган бўлса, йўқотиб бўлмайди. Тушуниб етса, уни ўзи йўқ қилади.” Шунингдек айнан шу йўл билан черковларни (масжидларни демоқчи) вақф мулки билан таъминлаб келишдай устувор бўлиб қолган одатни бекор қилиш мумкин эмас, илло, вақфларнинг бекор қилинишини аҳоли ҳозиргача маъқулламай турибди. Бу йўналишларда ҳам биз ён беришимиз керак.
Ким қозихонада судлашишни хоҳласа, майли, у ерда судлашаверсин.
Ким иштонсиз ҳолда юришни истаса, майли, иштонсиз юраверсин (Ўр. Тўрақулов айнан шундай гапирди).
Бундай бачкана, бетамиз масалалар, гаплар, табиатан жангари бўлган Кўршерматга ёқмай қолди. Чет кишиларнинг, бу ўринда у руҳонийларни назарда тутди, чиқиб туришларини сўраб, у масалани ҳарбий изга солди.
Туркистон уни босиб олмоқчи бўлган душманлар билан ўраб олинганлигини таъкидлаб, босмачилар ўзларига қурол-яроғ керак деган хулосага келдилар ва бизни халққа қурол бермаётганлигимизда, халқдан қуролни аяётганимизда айбладилар. Биз қуролни эмас, халқни аяймиз деб тушунтирди ўр.Тўрақулов. Аҳоли урушни хоҳламайди, қуролланишни истамайди. У соғ-саломат, кучли бўлиш ва зарур пайтда ҳар қандай қурол билан қуролланиб, ҳужум қилаётган душманга ташкилий суръатда зарба бериш учун сулҳ (тинчлик) ва нон хоҳлайди. “Хоҳлаган деҳқонимиздан, хоҳлаган йигитингиздан сўраб кўринг, улар буни тасдиқлайдилар” деб таъкидлади ўр.Тўрақулов.
Бизга, қўрбошининг маълум қилишича, 7 сентябрда бўлиб ўтадиган қўрбошилар съездидан сўнг бериладиган узил-кесил жавоб муҳим эмас, балки, бўлиб ўтган музокаралар муҳимроқдир...”
Музокаралар охирини Али Бодомчи Шермуҳаммадбек хотиралари асосида қуйидагича баён этади:
— Сизга шакарни фалон пулдан сотамиз, сиз эса пахтани ўшанча пулга берасиз.
— Бозорда эмасмиз, жиддий гаплашайлик. Биз истиқлол талаб қиляпмиз, — деди Шермуҳаммадбек.
— Сиз деҳқончилик билан шуғулланинг, сиёсат сизнинг қўлингиздан келмайди, — деди Зиновьев.
— Шуни билиб қўйингки, жаноб Зиновьев, сизга ўхшаган калтабинлар билан Ватан тақдирини ҳал қилиш учун қимматли вақтимни сарфлаб юрибман-а. Садқаи вақт кетсин. Шу айтган гапларингиз учун бошингизни сапчадай узиб ташлардим-у, музокараларда ўтирибманда...
Шермуҳаммадбекнинг вужуди ғазабдан қалтираб, қиличини қинидан суғуришига сал қолди.
Ранги бўзариб кетган Зиновьев;
— Мен кечирим сўрайман, мен айбдорман. Узр, узр Шермуҳаммадбек, — дея ўрнидан туришга ҳаракат қилди-ю гандираклаб кетди. Ёнида ҳозир турган ординарес (хос қўриқчи) графиндан сув қуйиб, ёнидан дори чиқариб, бошлиғига ичирди ва ҳайъат аъзоларига мурожат қилиб, қўмондонни бир оз ҳоли қўйишни илтимос қилди.
Бир оз фурсат ўтгач, музокаралар давом эттирилди. Шермуҳаммадбек яна қизишиб кетди:
— Сиёсат бизнинг ота касбимиз. Биз ватанни химоя қиляпмиз. Биз Соҳибқирон Амир Темур, Навоий авлодларимиз. Улар фақат деҳқончилик билан шуғулланмаганлар. Бизнинг бобокалонларимиз умрбоқий кошоналар яратганда, масжид-у мадрасалар, работу карвонсаройлар бунёд этганда, сахтиён чармдан пойабзал кийган, осмондаги юлдузлар ҳисобини олган пайтларда сизнинг аждодларингиз чиптада кавуш кийиб юрганлари эсингиздан чиқдими? Амур Темур мўғуллар зулмидан сенларни озод этганини унутдингми? Темур лашкари Московдан ўтиб кетаётганида князларингиз аёл кийимида бошларига рўмол ўраб беркиниб ётганини билмас экансанда. Энди бизга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингизми?
— Кечирим сўрадимку, бек, адашибман, — дея қалтироқ овоз билан унинг сўзини бўлди Зиновьев. Ва давом этди “ — Темурни гапирманг, у босқинчику”. Рус қўмондони бўла туриб билмас экансан. Олтин Ўрдани тиз чўктириб, ўнгланмайдиган ҳолатда тор-мор қилиб, князларингизни озод этиб, Урусия мамлакати пойдеворини қўйишга сабабчи Амир Темур эканлигини билмаган жаноб билан музокара ўтказиб юрибман-а, афсус.
Шермуҳаммадбек шерикларига кетиш ишорасини қилиб, шавкатли одимлари билан чиқиб кетишди. Ранги ҳамон бўздай оқарган Зиновьев ташқарига отилиб чиқиб, ўзбекчалаб:
— Бек, якка ўзингиз билан гаплашиш мумкинми? Бир дақиқага, — дея илтимос қилди.
Шермуҳаммадбек ўз одамларини ташқарида қолдириб, қайтиб кирди. Ўзини ўнғаролмай йўқотиб қўйган Зиновьев деди:
— Сизлар ўзи нимани хоҳлайсизлар:
— Нима, ҳали ҳам тушунмадингизми?
— Ҳуррият, истиқлол учун камида бир миллион қуролланган, ҳарбий таълим кўрган йигит керак бўлади, Бек. Сизда шунча куч борми? Бундан таш¬қари, ўзларингизнинг ичингизда сиздай ватанпарварлар бармоқ билан санарли-ку. Сизни истакларингизни ҳукуматимиз қабул қилгани билан, ўзларингиз ичингизда сизга қаршилар кўп-ку.
— Гапингиз нотўғри. Бизнинг халқимиз ичида сиз айтган муртадлар кўп эмас, сиз айтганча бармоқ билан санарли. Аскарларга келсак, йигитларимиз ададини икки миллионга ҳам етказа оламиз. Туркистонда бизлар ўн беш миллионмиз!
Шермуҳаммадбек шундай деганича Зиновьев билан яккама-якка музокарани тарк этиб, ҳайъати билан қароргоҳига қайтиб кетди.
Музокаралар шу руҳда кескин якун топган бўлсада, ҳар ҳолда, узил-кесил жавоб қўрбошилар қурултойидан кейин берилиши маълум қилиб қўйилди.
Зиновьев Шермуҳаммадбек ортидан қараб қоларкан, шундай жасур, мард, дипломатия соҳасида ҳам моҳир қўмондон қайси қозонда пишганига ақли етмай, қалтироғини босишга ожиз эди.
— Ўртоқ қўмондон, бир оз дам олинг, иссиқ чой тайёрладик, — дея ординарец уни қўлтиғидан олиб, ўриндиққа ўтказди...”
Ўша даврдаги матбуот хабарларига кўра, қўрбошилар қурултойидан сўнг.
Шермуҳамадбек шўро қўмондонлигини сулҳ тузиш ҳақидаги таклифига узил-кесил рад жавобини юборган. Яна совет адабиётларига мурожаат қиламиз:
“Кейинги кунларда босмачилар билан бўлган узоқ давом этаётган, толиқтирувчи курашда, Фар¬ғонанинг қишлоқ аҳолиси, шаҳарларда истиқомат қилувчилар ва қизил армиянинг – барчанинг жонига теккан курашда кескин бурилиш кўзда тутилган эди. “Мусулмон армияси бош қўмондони Кўршермат” бошчилигидаги босмачилар қўрбошилари бизнинг қўмондонлигимиз билан қуролли курашни тўхтатиш шартлари ҳақида музокаралар олиб бордилар. Тинчликка сидқидил интилиш ҳолатидан руҳланган совет ҳокимияти қўрбошиларининг таянчига зарба бера ўлароқ, қатор иқтисодий масалаларда ён бериш йўлини тутди. Бизнинг вакилларимиз мусулмон қонуни-шариат бўйича сулҳни қаршиликсиз тан олдилар ва шу каби бошқа масалаларда ён бердилар. Илло, улар, Фарғонада тинчлик ўрнатилгач, қишлоқларда ҳақиқий Совет қурилишини амалга оширишга имкон топилгач, маҳаллий ўзбекларнинг кўз олдини қоплаб олган диний туман аста-секин тарқалиб кетади ва Совет тузумининг фойдали томонлари ўз-ўзидан тушунарли бўлиб қолишини билар эдилар. Бизнинг вакилларимиз учун энг муҳими – чўзилиб кетган қаттол урушга барҳам бериш эди.
Босмачилар қўрбошиларига эса, кўриниб турибдики, бутунлай бошқа нарсалар керак экан; улар бизнинг олдимизга энг муҳими — қуролни топширишга рози бўлмаслик каби бажариб бўлмайдиган шартларни қўйиб, қизил армияга ҳал қилувчи зарба бериш учун ўз қўшинларини тартибга келтира бошладилар.
Бизнинг қўмондонлигимиз буни олдиндан билиб, Кўршерматдан узил-кесил қуролсизланишни талаб этди, у бу талабни рад қилди; шундан сўнг босмачиларнинг бизга ҳужум қилиши режасини амалга ошишининг олдини олиш учун қизил армия 12 сентябрдан 13 сентябрга ўтар кечаси Кўршермат қўшинига қарши операцияларни бошлаб юборди...”
Зиновьевнинг сулҳ музокаралари натижасиз тугаганлиги ҳақидаги ҳисоботи В.И.Ленинга ҳам етиб борди. Ленин ўша пайтда Тошкентда бўлган, сулҳ музокараларида иштирок этган Р.А.Иоффега хат ёзиб, босмачилик билан боғлиқ бўлган вазиятни яширмай, дўстлик ҳурмати, ҳақиқий аҳволни ёзиб юборишни ҳамда қўрбоши Шермуҳаммад тўғрисида батафсилроқ маълумот беришни сўради.
Музокаралар натижалари РКП (б) МК Туркистон бюроси, Туркфронт қўмондонлиги ва ҳукуматнинг қўшма мажлисида муҳокама этилиб, мужоҳидларга ён бермаслик, кескин чоралар кўришга қарор қилинди. Водийга яна қўшимча куч ташланди. 14 сентябр куни Қизил армиянинг водийдаги нуфузи 90 минг кишидан ошиб кетган эди. Қизил армия қисмларига жанглар олдидан берилган буйруқ қисқа ва кескин эди: душман таслим бўлмас экан, йўқ қилиниши керак!
 Шундай қилиб, 1921 йил 13 сентябрдан эътиборан Қизил армия кенг фронтда, яъни, водий бўйлаб шиддатли ҳужумга ўтди. Миллий-озодлик курашининг ғоявий раҳбарлари таслим бўлган қўрбошилар билан учрашиб, уларни ҳақ йўлга қайтишга даъват этдилар. Қизиллар қўлида жанг олиб бораётган деярли барча қўрбошилар отларининг бошини орқага буриб, озодлик жангчилари сафидан жой олдилар. Фақат Жонибек Қозигина сулҳни бузмади.
Фарғона фронтининг собиқ қўмондони Сафонов кетма-кет муваффақиятсизликларга учрагани туфайли вазифасидан четлаштирилиб, Тошкентга, штаб ишига чақириб олинган эди. Қўмондонлик кейинчалик унга ўзини оқлаш учун имконият бериб, каттагина ҳарбий қўшилмага қўмондонликка тайинлаб, Шермуҳаммадбекка қарши ташлади. Унга Шермуҳаммадбекни асир олиш, бунинг имкони бўлмаса, жисман йўқ қилиш, Ғорбувони эгаллаб, яксон этиш вазифаси ҳам юклатилди. Сафонов ўз қўшилмасини Андижонда шакллантириб, Шермуҳаммадбекнинг Олойга чекинишига йўл қўймаслик учун Ғорбувога Минг¬тепа ва Чимён орқали жанубий йўналиш бўйлаб йўл олди. Шермуҳаммадбек ўз кучларини қайта шакл¬лантириб, Сафоновнинг йўлини Мингтепада қисиб чиқди. Ой охирида Шермуҳаммадбек тартибли равишда Чимён томон чекинди. Жуда катта қурол-яроғ захирасига эга бўлган Сафонов барча қуролларни, хусусан, дала тўплари, миномётлар ва автомат пулемётларни ишга солди. Шермуҳаммадбек йигитлари талафот кўрсада, сабот билан жангни давом этдирдилар. Бу жанг ҳақида Заки Валидий “Бугунги Туркистон” асарида шундай ёзади: “... Партизан жангларида эса битта мужоҳидга қарши 50 та милтиқдан ўқ узилар эди. 23 сентябрга келиб, жанглар натижалари қўрбошилар аҳволининг жуда ёмонлигини кўрсатар эди. Бунинг устига, шу йил бошидан бери давом этаётган очлик йигитларни ҳолдан тойдирди. Бахтга қарши очлик болшевикларга қўл келди, чунки оч қолган одам борки, қизилларга аскар бўлиб ёзилар, қоринни тўйдириш учун жабҳада ўз биродарларига қарши урушарди.”
Шермуҳаммадбек вазиятни бир оз бўлсада ўзгартириш мақсадида янги-янги тактик чоралар кўрарди. Лашкарларини кичик қисмларга бўлиб, партизанлик жангига ўтади. Йигирма кун давом этган партизанлик жангларида икки юз элликка яқин йигит шаҳид бўлди.
Сафонов Ғорбувони олгач, у ерда ва атрофдаги ҳарбий истеҳкомлар, хандақларни буздириб ташлаб, 10 октябрда Янги Марғилон (Искобилга) га қайтиб кетади. Шермуҳаммадбек эса йигитлари билан водийнинг шарқ томонига чекинади, қароргоҳини вақтинча Балиқчига кўчиради. 1921 йил 12 октябрда Сафонов Балиқчига, Шермуҳаммадбекка қуйидаги ультиматумни юборади:
“1. Балиқчи атрофидаги жанглар дарҳол тўхтатилсин.
2. Марғилон, Наманган, Қўқон, Андижон, Ўш ва Олойда ҳам жанглар тўхтатилсин. Қурол-яроғлар дарҳол топширилсин.
3. Юқоридагиларни Шермуҳаммадбек дарҳол амалга оширсин. Акс ҳолда, қўлга олинган кишилар дарҳол йўқ қилинади.”
Шермуҳаммадбек ультиматумга заррача парво қилмай, жангларни давом эттираверди. Нурмуҳаммадбекни Ғорбувони озод қилиш учун юбориб, жанг¬ни давом эттирди. Еттисув (ҳозирги пайтда Қозоғис¬тон ва Қирғизис¬тоннинг шарқий ҳудудлари) даги жанглар тамом бўлгач, Еттисув фронти тугатилиб, унинг қўшини Н.Затилников бошчилигида Фарғонага ташланган эди. Шермуҳаммадбек шу қўшинга қарши омонсиз жанг олиб борди, эллик нафар йигитдан ажралсада, душманни Сирдарёнинг ўнг соҳилига улоқтириб ташлади.
Балиқчи жанглари тугар-тугамас, қизиллар Андижон атрофида қирғин бошлади. Парпи Қўрбоши шаҳид бўлгандан сўнг Андижонда энг йирик қўрбоши бўлиб қолган Исроил Қўрбоши ёрдам сўраб, мактуб жўнатди. Шермуҳаммадбек Балиқчи жангидан фориғ бўлгач, қароргоҳини Қўқонқишлоққа кўчирди ва Андижон, Ўш атрофларига кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Бир ой давом этган жанглардан сўнг қизиллар Ўш томонга чекинди. Шермуҳаммадбек уларни таъқиб этиб бориб, ноябр ойи ўрталарида Ўш шаҳрини эгаллади. Бу воқеаларни эшитган Сафонов Андижонга катта куч ташлади. Шермуҳаммадбек бу ердаги озодлик кучларига ёрдам бериш учун яна Андижонга қайтишга мажбур бўлди. Қўқонқишлоқ яқинидаги уч кун давом этган беаёв жангда катта талафот бериб, Қувага чекинади. Бироқ Қувада ҳам бахт унга кулиб боқмади. Бу ерда бир неча қўрбоши ва эллик йигитни талафот бериб, қолган кучлари билан Ғорбуво учун жанг олиб бораётган Нурмуҳаммадбекка ёрдамга шошилди. Бир неча кунлик жанглардан сўнг ака-ука Ғорбувони озод қилдилар. Сафонов эса катта талафот бериб Марғилонга қочиб қутулди.
Ғорбуво қароргоҳини бутунлай тугатиш, Шермуҳаммадбекни яксон қилиш Сафоновга ўзини оқлаш учун берилган имконият эканлиги китобхонлар ёдида бўлса керак. Сафонов ишончни оқламади. Уни Тошкентга чақириб олиб, жанговар ишдан четлатдилар. Аввал штабга, кейинроқ эса махсус ҳарбий ўқув юртига ўтказиб юбордилар.
ҚИШ ҚАҲРИГА ОЛГАНДА
Фалакнинг гардиши билан 1917 йилдан 1924 йилгача Фарғонада қиш сурункасига қаттиқ келди. Лекин 1921—22 йиллар оралиғида қиш янада қаттиқ, янада қаҳрли келди. Ўша даврни кўрган одамларнинг эслашларича, ариқ ва ҳовузлар таг-тагигача музлаб, одамлар музни эритиб фойдаланишар; оғиздан чиққан ҳовур муз зарраларига айланиб қолар; ҳўл қўл билан бирор нарса ушланса, чиппа ёпишиб қолар экан. Бостирмада ўтин, томда туёқ учун хашак, қопда ун, сандиқда ғалла, хумчада ёғ, оғилда сўйиш учун жонлиқ, устингиз бут бўлса, бундай қишдан бир амаллаб чиқиб олса бўлади. Лекин, қани улар? Қаҳратон қиш билан қаҳатчилик эгизак келди. Озодлик жангчиларини таъминлаб келган халқ¬нинг қўлида ҳеч вақо қолмаган: бир томондан йигитларга дастурхон ёзиб турган, бир томондан қизил ҳукуматга озиқ-овқат солиғини тўлаб турган халқнинг ўз бола-чақасига берадиган бурда нони қолмади. Жанг ҳаракатлари туфайли катта майдондаги ерлар экилмай қолиб келмоқда. Асосий қисми отлиқ аскарлар бўлмиш озодлик жангчилари бир амаллаб топган бир сиқим донларини қоринларига эмас, отларига илинар, бир сиқим дон топилмай қолганда, ноилож, ўз биродаридек бўлиб қолган отларини кўзларида ёш билан бўғизлашга мажбур бўлиб қолдилар. Қизил аскарларнинг эса озиқ-ов¬қат ва ем-хашакдан камчилиги йўқ. Шўро ҳукумати босмачиликни қандай қилиб бўлсада тугатиш мақсадида армияни яхши боқар эди. Армиядаги тўқчилик ҳам катта бир қурол эди – оч қолган одамлар ғоя учун эмас, балки қорин тўйгазиш учун ҳам армияга ёзилар эдилар.
Шунча қийинчилик етмагандай, озодлик қўшини олдида яна бир хавф-хатар юзага келди: жангчилар ичида миллий низо келиб чиқди. Босқинчилар ўз мустамлакачилик сиёсатларида халқлар ўртасида миллий низо чиқариб, уларни осонлик билан бўйсундириш усулини кўп қўллайдилар. Генерал Кауфман ҳам Туркистонни босиб олиш арафасида халқ ичига ўз одамларини юбориб, ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, қипчоқлар ўрталарида миллий низо чиқаришга муваффақ бўлган ва шу йўл билан хонликларни осонликча босиб олган эди. Қизил қўмондонлар ҳам ўз салафларининг бу жирканч усулларидан унумли фойдаландилар. Улар Шермуҳаммадбек бошчилигидаги ўзбек йигитлари билан Муҳиддинбек бошчилигидаги қирғиз йигитлари ўртасига низо солмоқчи бўлдилар. Бироқ Шермуҳаммадбек ҳушёрлик билан бунинг олдини ола билди. Низо чиқиб улгурмасданоқ Муҳиддинбек билан алоқасини мустаҳкамлади, бунинг исботи ва таянчи сифатида укаси Нурмуҳаммадбекни Муҳиддинбекнинг қизига уйлантирди. Энди эса Муҳиддинбек билан Андижон қўрбошиси Исроилбекни уруштириб қўйишга муваффақ бўлдилар. Низо, ҳатто қуролли тўқнашувларгача бориб етди. Шермуҳаммадбек бундан қаттиқ ташвишга тушиб, ҳар икки қўрбошини бир ерда учраштириб, насиҳат қилди. Қизилларнинг найрангига учмасликни сўради ва бир амаллаб иккаласини яраштириб қўйди. Яраштириб қуйди-ю, бу ярашишдан ўзининг ҳам кўнгли тўлмагандек бўлди. Ҳарҳолда, низо бир мунча муддатга барҳам топди.
ШЕРМУҲАММАДБЕК ВА АНВАР ПОШО
Бир вақтлар мусулмон шарқининг катта қисмини, Болқонни тўласича забт этган Усмоний турк султонлиги Оврупони тиз чўктирган буюк салтанат эди. Бироқ, XVIII—асрга келиб, омад бу буюк давлатдан юз ўгирди. Оврупо, айниқса Буюк Британия ва Россиянинг кучайиб бориши билан султонлик таркибидаги мамлакатлар бирин-кетин унинг қўл остидан чиқиб кета бошлади. Мамлакатнинг заифлашиши Усмонли турк султонлари сулоласининг салоҳиятсизлиги натижаси деб тушунган бир қанча ҳарбийлар, давлат арбоблари ва зиёлилар “Миллий иттиҳод” фирқасига бирлашиб, XX аср бошларида давлат тўнтариши ўтказдилар. Бироқ, бу тўнтариш ҳам хеч қандай натижа бермади: бу пайтга келиб, бутун Оврупо ва Россия Туркияга қарши оёққа турган эди. Ниҳоят, Мустафо Камол Пошо ҳокимиятни ўз қўлига олгачгина Улуғ Порта (турклар ўз давлатларини кўпинча шу ном билан атар эдилар) Оврупо истилосидан қутулиб қолди. Мустафо Камол Пошо давлат тепасига келгач, собиқ давлат арбобларининг кўпчилиги хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Улар ичида собиқ ҳарбий вазир, Турк султони ва мусулмонлар халифаси Абдуҳамид II-нинг куёви бўлганлиги учун “Домоди Халифат-ул Муслимин” унвонини олган Анвар Пошо (“Пошо” – йирик давлат арбоблари, ҳарбийлар ва зодагонларга бериладиган унвон) ҳам бор эди. Анвар Пошо кўплаб Оврупо мамлакатларида бўлиб, 1920 йилда Москвага келади, Шарқ халқларининг Боку қурултойида иштирок этади ва 1921 йил октябр ойида Бухорога келади. Бу ерда у Бухоро Халқ Республикасининг фахрий меҳмони бўлиб туради.
Бир вақтлар Фарғона фронти қўмондони бўлган, Муҳамадаминбек билан сулҳ тузган Верёвкин-Рахальский Бухоронинг босиб олинишида иштирок этиб, Бухоро Халқ Республикасида ҳарбий хизматда қолдирилган эди. У бу ерда ҳарбий мактаб ташкил этади. Унинг ёзишича:
“... Кунлардан бирида, мактабда ҳарбий машғулотлар давом этаётган пайтда усти очиқ автомобилда бир гуруҳ меҳмонлар ташриф буюришди. Улар ичида биттаси, айниқса, менинг диққат эътиборимни тортди. Қадди-қомати келишган, Оврупоча ки¬йинган, ўта назокатли бир киши машғулотлар боришини ҳарбийларга хос синчковлик ва билимдонлик билан кузатди. Унинг кузатуви, берган саволлари ҳарбий ишни ниҳоятда пухта эгаллаганлигидан дарак берар эди. Одоб юзасидан уларнинг ким эканликларини сўрай олмадим. Кейин билсам, у маш¬ҳур Анвар Пошо экан”.
Анвар Пошо Бухорода бир оз меҳмон бўлгач, ҳарбий ҳаракатларни кузатиш баҳонасида Шарқий Бухорога йўл олади. Унинг нияти, аслида, миллий-озодлик ҳаракатини бошқариб, мустақил Туркистон салтанати барпо этиш эди. У Шарқий Бухорога келиб, фаол ҳаракат бошлаб юборди. Озодлик ҳаракати йўлбошчилари билан алоқа ўрнатиб, уларни бирлаштиришга интилди.
Анвар Пошо бу ерга келганда, Шермуҳаммадбек қўлида ҳарбий маслаҳатчи бўлиб турган турк зобити Сариқ Исмоил Хаққибекни ўз ҳузурига чақиртирган эди. Шермуҳаммадбек унга қўшиб, ўз қайнотаси Музаффархон Мингбошини совғалар билан юборади.
1922 йил феврал ойида Анвар Пошо Шермуҳаммадбекка қуйидаги мактубни йўллайди:

Муҳтарам Шермуҳаммадбек —
фидокор мужоҳид дўстларим!
Жаноб Хаққ-Таолонинг ёрдами ила дин душмани бўлмиш болшевикларни Душанба, Шўрчи, Сариосиё, Денов, Кабодиён шаҳарларидан қувиб чиқардик. Душман Душанба ва Қабодиёндан бошқа шаҳарларни урушсиз ташлаб чиқди. Болшевик кучларининг асосий қисми Бойсун гарнизонида тўпланган. Шунга кўра Дарвоз, Боботоғ, Денов, Қоратов, Жилликўл йигитларидан иборат кучларимиз Бойсун шаҳрини қамал қилиб турибди. Шаҳарда уруш давом этмоқда.
Иншооллоҳ, яқин вақт ичида бу шаҳарни ҳам қайтариб олурмиз. Фисабиллоҳ қилаётган ғазотдан самара олиш учун шуурли ва иттифоқ бўлиб ишлашимиз ижобат бўлади. Шу сабабли, иттифоқни ташкил этишимиз учун Бойсун атрофида чақириладиган Миллий Мисоқ (келишув) қурултойига қатнашишингизни истайман. Шахсан ташрифингиз мумкин бўлмаган тақдирда бу анжуманда қатнашиш учун ўрнингизни боса оладиган заковатли қўмондонларингиздан бир нечтасини юборишингиз лозимдир. Қўлни қўлга бериб ишламоқ сиздан, фатху-нусрат Аллоҳдандир. Боқий Худога омонат топшираман.
Феврал 1922.
Домоди Халифат-ул-Муслимин (Мусулмонлар халифасининг куёви) Анвар”.
Мактуб келган пайтда Шермуҳаммадбек қонли жанг, ҳаёт-мамот уруши билан банд эди. Қизиллар ҳар томондан қисиб келмоқда. Шу туфайли Шермуҳаммадбек мактуб ҳам, вакил ҳам жўнатиш имконини тополмади. Уч ҳафта ўтгач, Исмоил Хаққибек иккинчи мактуб билан етиб келди. Бу мактуб, аслида миллий-озодлик ҳаракатининг стратегия¬си ва тактикаси, ҳарбий режаси ҳамда қўрбошиларга йўл-йўриқ эди:
Муҳтарам мужоҳид Шермуҳаммадбек
1. Душанба ва Қабодиён душмандан қайтариб олинди. Бу шаҳарларни тарк этган душман Термиз ва Бойсун гарнизонларидан бошпана топди.
2. Қўл остимдаги мавжуд мужоҳидлар билан Бойсун гарнизонини қамал қилдим. Кечасию кундузи душманни таъқибу тазйиқ қиляпмиз.
3. Юртингизни душман қўлидан қутқариш учун биринчи иш бирлашувдир. Мужоҳидлар бир-бирига ишониши, итоат этиши, фикрларини ҳурмат қилишлари шартдир. Душманнинг ҳаракатлари ҳақида тўғри маълумот олиш йўли билан қаерда бўлсангиз ҳам яквужуд жамоа манзарасини касб этиб, душманга қарши қудратли бўлишингиз лозимдир. Биноан алайҳ барчангиз бир ватан авлодлари эканлигингиз туфайли ихтилоф ва иккиланишларни йиғиштириб, бир байроқ остида жам бўлиб ягона ғоя учун хизмат қилишингизни сўрайман.
4. Муҳтарам ватанпарвар мужоҳидлар! Рўпарангиздаги душман кучлари юртингизга етти ёт бегоналардир. Уларнинг озиқ-овқат марказлари бу ердан жуда узоқдадир. Шунинг учун ҳам улар сизнинг ўлкангиз неъматлари билан қорин тўйдирмоқда. Сизнинг илк вазифангиз душманга озиқ-овқат келадиган йўлларни беркитишдир. Бу масалада жуда ҳушёр бўлингиз. Одамлар душманга егулик ва бош¬қа нарсалар сотмасинлар, от-улов ва бош¬қа воситаларни душманга берилишига қарши туринг.
5. Душманнинг озиқ-овқат келтириш учун йўлга чиққан бўлинмаларига ҳужум қилиб, қўлга олиш билан бирга, доимий таъқиб қилиб боринг.
6. Душман гарнизонларига қўшимча ёрдам кучлари келадиган ёки Русия ичкарисидан юбориладиган қисмлар фойдаланадиган темир йўл, асосий йўл ва кўприкларни доимий назорат остида тутинг. Душман келаётганини билганингиз заҳоти қатнов йўлларини бузиб ташлаб, уларни олдинга силжишига йўл қўйманг.
7. Ҳар бир лашкарбоши почта алоқасини ташкил этиб, қўшни лашкарбошиларнинг аҳволини ўрганиб, керак пайтида ёрдам кучи юбориш ва ёрдам юборишларини сўраш йўлларини ўйлаб топсин. Ҳар ўн беш кунда ҳар бир лашкарбоши ўз аҳволи ҳамда вазиятни умумий қароргоҳ Кофирнихонга келиб баён этсин.
8. Умумий қароргоҳ Бойсун шаҳри жанубидаги Кофирнихон қишлоғида ташкил этилади.
9. 1922 йил 10 апрелдан кейин бўладиган қурултойга қатнашиш учун ўз ҳайъатингизни юборишингизни сўрайман, март 1922.
Бухоро мужоҳидларнинг Ислом қўмондони, Домоди Халифат-ул-Муслимин Анвар.”
Шермуҳаммадбек ҳам жанглар билан, ҳам Фарғона қўрбошилари қурултойини тайёрлаш билан банд эди. Шундай бўлсада, Исмоил Хаққибекка қўшиб, ўз укаси Рўзимуҳаммадбекни Кофирнихон қурултойида иштирок этиш учун юборди. Рўзимуҳаммадбекни, қурултой ўтгач, Анвар Пошо хизматида қолиши мувофиқ кўрилди. Рўзимуҳаммадбек ўзи билан юз нафар йигит, совға-салом ҳамда қуйидаги мазмундаги мактубни олиб кетди:
“Жаноб Анвар Пошо ҳазратларига!
Бойсун шаҳрини қамал қилган ҳолда урушаётганингизни билиб бошимиз кўкка етди. Бизга юборган мактубингиз катта шодликка сабаб бўлди. Ўша хатни қўшни қўрбошиларимизга ҳам юбордик. Биз Фарғона мамлакатида русларга қарши кураш олиб бораётган шу кунларда кўп сонли қизиллар атрофимизни ўраб олиш учун ҳар томондан ҳужум қилмоқда.
Сизнинг амрингиз остига кўпчилик бўлиб боришни хоҳлар эдик. Аммо русларнинг ҳужумлари жуда куча¬йиб кетди. Шу сабабли ўзим Сизни зиёрат қилгани боролмадим. Ўрнимга кенжа укам Рўзимуҳаммадбек қўрбошини юборяпман. У бизнинг саломларимизни Сизга етказиб, ёнингизда қолиб, Сиз хоҳлаган пайтгача хизматингизда бўлади.
Фарғона умумий лашкари Ислом раиси Жаҳонгир Шермуҳаммадбек.”
Рўзимуҳаммадбек Анвар Пошо томонидан катта ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинди. Рўзимуҳаммадбекнинг беш йиллик ҳарбий тажрибаси борлигини довюраклиги, салоҳиятини эшитиб билган Анвар Пошо уни олдинги сафда жанг қиладиган фидойилар бўлтагига қўмондон этиб тайинлади. Рўзимуҳаммадбек ўз вазифасини аъло даражада бажариб, ватан озодлиги, дини ислом йўлида қандай жанг қилиш кераклигини амалда кўрсатди. Унинг маҳорати, қаҳрамонлиги Шарқий Бухоронинг баъзи қўрбошиларида ҳасад ҳиссини ҳам уйғотди. У Анвар Пошо байроғи остида беш ой жанг қилиб, номи тилларда достон бўлди.
Анвар Пошонинг келиши, миллий-озодлик ҳаракати бошқарувини ўз қўлига олиши бу ҳаракатнинг бутун Ўрта Осиё бўйлаб авж олишига туртки бўлди. Кичик бир Фарғонани эплолмай турган Шўро қўмондонлиги энди бутун Туркистон ўлкаси бўйлаб жанглар олиб боришга мажбур бўлди.
Биргина Фарғона эмас, балки бутун Ўрта Осиёдан маҳрум бўлиб қолиш хавфига дучор бўлган қўмондонлик шошилинч чоралар кўришга мажбур бўлди: Махсус Туркистон армияси ташкил этилди, унга қўшимча равишда Россиядан яна учта армия, кўнгиллилар армия¬си, татар полклари ва бригадалари олиб келинди. 1922 йил бошига келиб Туркистондаги қизил аскарлар адади 200 минг кишига етказилди. Аммо, қизиллар Фарғона водийсидан бирорта рота ҳам олмадилар, аксинча, бу ердаги қўшин миқдорини яна оширдилар. Бу пайтда Раҳмонқулибек ва Омон Полвон 8000 йигит билан Сирдарё соҳилида, Ислом Полвон 4000 йигити билан Қўқон атрофларида, Нурмуҳаммадбек 6000 йигити билан Ғорбуво ва Яккатутда, Исроилбек 4000 дан ошиқ йигити билан Андижон атрофида, Муҳиддинбек 10000 йигити билан Ўш атрофи ва Олойда қаттиқ жанглар олиб борардилар.
Шарқий Бухорода, Зарафшон воҳасида ва Хоразмда жанглар яқинда – Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги болшевиклар томонидан босиб олингандан сўнггина бошланган. Фарғонада эса, 1916 йил қўзғолонлари ҳам эътиборга олинса, жангу жадал олти йилдан бери давом этар эди. Ана шундай кўп йиллик тажрибага эга бўлган Фарғо¬на курашчилари қизилларнинг Шарқий Бухоро, Хоразм, Зарафшон воҳаларида кенг фронт бўйлаб жанг қилишга имкон бермай турдилар.
1922 йилнинг қиш-баҳор ойларида жанг озодлик жангларининг устунлиги билан ўтди. 15 апрел куни Фарғона озодлик жангчиларининг навбатдаги қурултойи иш бошлади. Қурултой, анъанага кўра, шаҳидлар руҳига Мавлуди шариф ўқиш билан очилди.
Қўриб чиқилган асосий масалалардан бири Шўро қўмондонлиги томонидан кетма-кет бериб турилган ультиматумларга рад жавоби бериш, курашни давом эттириш ҳақида қарор қабул қилиш бўлди. Шунингдек, ташкилий масалалар ҳам кўрилиб, миллий-озодлик ҳаракати бошқаруви тизими мукаммаллаштирилди, мулкий масалалар билан шуғулланувчи ҳайъат, истиқлол маҳкамаси (ҳарбий трибунал) таъсис этилди.
Энг асосий масалалардан яна бири Туркистон Вақтли Ҳукуматининг асосий қонуни (Конституция¬си)ни кўриб чиқиш ва қабул қилишдан иборат эди. Мазкур асосий қонунда Туркистон миллий-озодлик ҳаракатининг бир бутун эканлиги, шўролар Туркис¬тонни ташлаб чиққунга қадар, яъни, Туркистон истиқлоли тан олинадиган пайтгача курашнинг давом эттирилиши, қизилларга ён берилмаслиги қатъий баён этилган. Шунингдек, миллий-озодлик ҳаракати бошқаруви тизими Туркистон истиқлол олиб, давлат бошқарув тизими тузилгунча бош идора бўлиб туриши таъкидланган.
Қурултой 20 апрелгача ўз ишини давом эттирди. Болшевиклар Ғорбуво мудофааси жуда яхши ташкил этилганлиги туфайли қурултой ишига тўсқинлик қила олмадилар. Уларнинг бир неча бор ҳужумлари беҳуда кетди.
“Босмачилик”ни тугатиш масаласи Шўро ва партия бошқарувининг барча босқичдаги органлари йиғилишлари кун тартибидан тушмай қолди. Қаерда ва қайси маҳкамада бўлмасин, биринчи масала “босмачилик”, сўнгра бошқа масалалар кўрилар эди. Шўро ҳукумати ва партия¬нинг энг кўзга кўринган, яширин ишда суяги қотган арбоблари Туркистонга сафарбар қилинди. Апрел ойида Лениннинг энг яқин сафдошларидан бири Г.К.Оржоникидзе (партиявий лақаби “Серго”) ва Турккомиссиянинг собиқ раиси, РКП (б) МК аъзоси Элиава Қўқон шаҳрига юборилди. Улар бу ерда вазиятни ўрганиб, Тошкентда бўлиб ўтган қатор ҳукумат ва партия йиғилишларида “босмачилик”ни йўқотиш чоралари ҳақида фикр билдирдилар. Уларнинг фикрлари қарор сифатида қабул қилинди. Бу қарорлар асосида Фар¬ғонадаги қизил армиячилар адади юз минг нафарга етказилди.
Шу ойларда Туркбюро тугатилиб, унинг ўрнига РКП (б) Ўрта Осиё бюроси (Средазбюро) таъсис этилди. Унга ҳам, Турккомиссия каби катта ҳуқуқ ва ваколатлар берилди. Средазбюро буйруғи бўйича қизил армия Бухоро ва Фарғонада ялпи ҳужумга ўтди.
Май ойида Шермуҳаммадбек Балиқчи атрофида ва Сирдарё соҳилида қаттиқ жанглар олиб борди. Июн ойи бошларида қизиллар Ғорбувога яна катта ҳужум уюштирдилар. Шермуҳаммадбек Балиқчидан Ғорбуво томон ҳаракат қилишга мажбур бўлди.
Ғорбуво учун қонли жанглар йигирма беш кун давом этди. Бу жанг ҳам миллий-озодлик кураши тарихидаги энг йирик ва қонли жанглардан бири сифатида тарих саҳифаларида қолди. Шермуҳаммадбек қўшини фидокорона жанг қилди. Бироқ кучлар тенг эмас эди. Қизилларга кунига янги-янги қисмлар келиб қўшилиб турди, Шермуҳаммадбекнинг эса барча имкониятлари сарфлаб бўлинди. Хуллас, бу жангларда озодлик жангчиларидан уч минг нафар шаҳид кетди, бир минг беш юзтаси асир олинди. Ғорбуво, Яккатут, Бўстон, Бўзала ва яна бир нечта қишлоқ бирин-кетин қўлдан кетди. Шермуҳаммадбек қон кечиб, қизиллар таъқибида Олтойга чекинишга мажбур бўлди.
Ушбу машъум йигирма иккинчи йилнинг ёз ойларида Муҳиддинбек ҳам катта зарбага учради. Бунинг устига Шермуҳаммадбек Ғорбуво жанглари билан андармон бўлиб турган пайтда Муҳиддинбек билан Исроил Қўрбоши ўртасида яна низо авж олди. Шермуҳаммадбек бу низони ўзидан бошқа ҳеч ким бартараф эта олмаслигини ҳис этган ҳолда Олойга кетаётган пайтда Асакада тўхтайди. Исроил Қўрбошига насиҳатлар қилиб, шашдидан туширади. Нурмуҳаммадбекни эса ўша пайтда Қоровул қўрғонида турган Мухиддинбекка юборади. Муҳиддинбек ҳам ўз куёви Нурмуҳаммадбекнинг сўзини қайтара олмай, низони тўхтатишга ваъда беради. Шундан сўнг қайнота-куёвнинг бирлашган кучлари Олой Учқўр¬ғонига юриш қилиб, уни оладилар ва бир қанча муддат қўлда тутиб турадилар.
Шермуҳаммадбек Исроил Қўрбошига панд-насиҳат қилиб турган пайтда қизил армиянинг бир неча дивизия¬си уни таъқиб этиб, кетма-кет Асакага етиб келади. Шермуҳаммадбек йўл-йўлакай жанг қилиб, Ўш орқали Ўзганга етиб келади. Қизиллар Ўзган атрофини ҳалқа қилиб ўраб оладилар. 15 июлдан 25 июлгача қонли жанглар давом этди. 25 июл куни Анвар Пошодан чопар келиб, бир амаллаб Ўзганга киришга муваффақ бўлди ва Пошонинг мактубини унга топширди. Маълум бўлишича, Анвар Пошо ҳам оғир аҳволда қолган ва мадад кучи юборишни илтижо қилган.
Шермуҳаммадбек ўзининг аҳволи ниҳоятда оғир бўлишига қарамасдан, Қоровул қўрғонида икки минг йигит билан турган Нурмуҳаммадбекка чопар юбориб, Анвар Пошога ёрдамга боришини буюради. Нурмуҳаммадбек эртаси куниёқ Олой орқали Қоратегинга йўл олади.
Шермуҳаммадбек 26 июлда бир амаллаб қамални ёриб чиқишга муваффақ бўлади ва аввал жануб, сўнгра жануби-ғарб томонга, яъни Олойга йўл олади. Шермуҳаммадбекни тирик ёки ўлик ҳолда қўлга олиш ҳақидаги қаттиқ топшириқ олган қўмондон Юдин уни изма-из таъқиб этиб бораверди. Юдиннинг мутахассислиги ҳарбий картограф бўлиб, ҳарбий хизматнинг катта қисмини тоғларда ўтказган, Олой-Помир тоғларининг ҳар бир сўқмоғи унга яхши таниш, қўл остидаги аскарлари ҳам тоғ жангларида катта тажрибага эга эди. Шундай бўлсада, Шермуҳаммадбек талафот беришга қарамай, уларга бас келиб, Олой водийсига ўтадиган Арт довонига чиқиб олишга муваффақ бўлди. Юдин билан изма-из келаётган бригада қўмондони унга фронт қўмондонлигини буйруғини топшириб, таъқибни давом эттириш лозимлигини таъкидлади. Ҳар икки қўмондон ҳам Шермуҳаммадбек кетидан довонга кўтарила бошлади.
Жанглар Олой водийсида ҳам давом этди. Бу ерда қизилларга Олой истеҳкоми чегарачилари ёрдамга етиб келди. Шермуҳаммадбек бу жангларда ҳам анчагина талафот берди. Қизиллар ҳам катта талафот кўрдилар. Аммо уларга янги кучлар келиб қўшилиб тургани учун бу талафот унчалик билинмади. Жанглар давом этиб турган бир пайтда совуқ хабар етиб келди: Анвар Пошо қизиллар билан жанг асноси шаҳид бўлибди. Унга ёрдам учун кетаётган Нурмуҳаммадбек Қоратегинга етганда шу хабарни эшитиб, тўхтаб қолибди ва зудлик билан акасига чопар орқали етказибди.
Фарғонадаги аҳвол танг бўлиб қолган вақтда Шермуҳаммадбек ўзи ҳам Анвар Пошо билан елкама-елка жанг қилиш учун Шарқий Бухорога кетиш, шароитга қараб, келгуси баҳорда яна Фарғонага қайтиш, иложи бўлса, Пошони ҳам ўзи билан олиб келиш ниятида юрган эди. Шермуҳаммадбек бошида бу хабарга ишонқирамади, зеро, олдин ҳам бундай хабарлар бир неча марта келган ва тасдиқланмаган эди. Бироқ Нурмуҳаммадбек Қоратегин ва Олой чегарасида Шермуҳаммадбек билан учрашиб, хабар рост эканлиги далиллар билан исботланди.
Ҳайҳот! Энди нима қилиш керак? Барча умидлар чил-чил бўлди. Анвар Пошо ўз обрўйи билан Шарқий Бухоро, Фарғона, Хоразм, Зарафшон мужоҳидларини бир байроқ остида бирлаштириш ҳаракатида юрган эди. Қизилларнинг айғоқчилари воситасида бир-бирига душмандай бўлиб турган бу ҳудудлар энди қандай бирлашади? Шарқий Бухорода Шермуҳаммадбекни энди ким қучоқ очиб кутиб олади? Энди у томонларга боришнинг маъноси қолдими? Бироқ, ҳозир бу ерлардан кетмаса, қолган йигитларининг ҳаётига зомин бўлиши турган гап.
Шермуҳаммадбек ўз хотираларида Анвар Пошонинг шаҳид кетишига муносабатини шу тариқа баён этади:
“... Пошонинг орзуси устига укам Нурмуҳаммадбекни икки минг кишилик куч билан Шарқий Бухорога юбордим. У ер бизга саккиз кунлик масофада эди. Нурмуҳаммадбек Шарқий Бухоронинг Лахши қишлоғидан юборган хабардан Анвар Пошонинг шаҳид кетганини билиб олдик. Ишона олмадим. Чунки бундан аввал ҳам ўн тўрт марта шундай хабар келганди. Аммо Шарқий Бухоро—Фар¬ғона чегарасида ростлигига ишондим. Аччиқ Олма деган жойда хатми Қуръон қилиб, фотиҳалар ўқиб, катта мотам ичида хотирасига ҳурматан дуолар этдик. Қайғу-ҳасратимиз еру кўкка сиғмасди. Чунки бизнинг Бош қўмондонимиз, умид нуримиз сўнганди. Бахтсизлигимиз алами билан кимни қарғашимизни, кимни қучоқлашимизни билмасдик. Шу ерда қолганимиз саккиз-тўққиз кун ичида оғзимиздан овқат ўтмайдиган бўлди. Толеъсиз, бахтсиз Туркистоннинг изтироблари қачон тинар экан, юзи қачон кулар экан, оқизган қонлари қачон қурир экан?!
Пошонинг шаҳодат шарбатини ичиши ҳақидаги хабардан кейин менинг дарду изтиробим жуда катта эди. Бир кун келиб мана шундай ҳол юз бериши мумкинлиги ҳақида ичимда бир қора туйғу бор эди. Пошомизга бир неча марта “Ё мен йигитлар билан сизнинг олдингизга борай, ё сиз ташриф буюрсангиз”, деб хабар юборгандим. Агар Пошо Фар¬ғонага келганида борми, унинг душман қўлига тушишига имкон бермасдик. Унга баъзи бировлардан ёмон муомала қилинишига йўл қўймасдим. Фидойи йигитларим билан уни муҳофаза қилишга кучим етарди. Ёзув шундай экан, муяссар бўлмади... Туркистоннинг озодлиги у билан бирга Балжувонга кўмилди. Қасосини ололмадик. Кўп орзу қилишимга қарамай, юзларини кўриш ҳам насиб этмади. Аллоҳ жалли жалолуҳу насиб этмади...”
АНВАР ПОШО КИМ ЭДИ?
Анвар Пошо 1881 йилнинг июн ойида Истанбулда таваллуд топди. Ҳарбий билим юртида, ке¬йинроқ Истанбул Бош Штаб академиясида таҳсил олган. 1909—1911 йилларда Берлинда Ҳарбий атташе лавозимида хизмат қилган. Туркия, Македония, Кавказ, Германия, Россия ҳамда ҳаётининг сўнгида Туркистондаги сиёсий жараёнларда қатнашган.
Ёш турклар инқилобий уюшмаси ташкилотчиларидан бири, “Иттоҳод ва Тараққий” партияси асосчиси ва раҳбарларидан бири сифатида машҳур. 1908 йилда Туркияда давлат тўнтарилишига раҳбарлик қилиб, Султон Абдулҳамид II ҳокимиятини ағдарган ҳамда мамлакатда конституцион монархия тузумини ўрнатган. Ёш турклар ҳокимиятни қўлга олгач, Анвар Пошонинг нуфузи, обрўси, таъсир доираси ўсиб боради. Чет эл империализми томонидан пухта режалаштирилган, Туркияни тиз чўктириш ва бўлиб юборишга қаратилган ҳаракатини барбод этган буюк шахслардан бири сифатида тарихга кирди. 1913 йилдаги давлат тўнтаришидан сўнг Анвар Пошо Ҳарбий министр лавозимини эгаллайди.
Биринчи жаҳон урушида Германия билан иттифоқ тузиб, урушда Турк қуролли кучларига қўмондонлик қилади. Урушда Германия ва Туркия енгилгач, Ёш турклар ҳокимиятига чек қўйилади. Анвар Пошо Жамол Пошо, Талъат Пошо ва бошқа сафдошлари билан Германияга кетади.
Анвар Пошо сиймосида монархияга қарши оташин курашчини кўрган Россия ҳукумати ундан Туркистонда инқилобий ҳаракатларни кучайтириш ҳамда аксилшўровий кучларни бостириш йўлида фойдаланмоқчи бўлиб, унга сиёсий бошпана беради.
Болшевойлар ундан қандай разил мақсадлар йўлида фойдаланмоқчи бўлганлигини Анвар Пошо тез фурсатдаёқ тушуниб етади. Зеро у русларнинг Туркистондаги қилгуликларини, халқни, дини исломни оёқости қилаётганларини ўз кўзи билан кўради. Ҳамда ота юртни, ўз қардошларини муҳофаза қилишдек оғир, шу билан бирга, шарафли ишга ўз ҳаётини бахшида этади.
1920 йил сентябрда Боку шаҳрида бўлиб ўтган Шарқ халқлари қурултойида иштирок этади ва ўз Баёнотини эълон қилади. 1921 йил февралда эса Москвада “Мусулмонларнинг инқилобий жамияти Иттифоқи” қурултойини ўтказади.
Туркистондаги аҳволнинг ўта оғирлигини сезган Анвар Пошо ўзининг Хожи Сомийбек, Набибек, Ҳамибек ва бошқа сафдошлари билан Бухорога келиб, Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракати билан яқиндан танишади.
Анвар Пошо бутун Туркистон халқига Мурожаатнома эълон қилиб, уни қуйидаги сўзлар билан бошлайди:
“Орқадошлар! Туркистоннинг муқаддас даъвоси йўлида олиб борилаётган курашга мен ҳам қўшилгани келдим...”
Ҳа, у буюк курашчи эди. У шўролар билан тўқнашувларда буюклик исбот этган зотдир. Бир қанча жангларда стратегик салоҳияти билан ғалаба қозонди. Жумладан, 1922 йил 22 январда Душанбада саккиз минг нафарлик шўро армиясига қарши бир минг беш юз йигити билан жанг қилиб, ғалаба қозонганининг ўзиёқ унинг нақадар буюк салоҳиятга эга эканлигидан нишонадир.
1922 йил 28 март куни Амир Олимхондан барча қўшинларга Бош қўмондон этиб тайинлангани ҳақида иноятнома олади. 15-апрелда эса қўрбошилар Анвар Пошони қўрбошиларга сиёсий раҳбар ва қўмондон этиб сайлайдилар. Афғонистон ҳукмдори Омонуллохон ҳам уч юз кишилик сарбозлар ҳамроҳлигида қурол-яроғ сов¬ға этиб юборади.
Шундан сўнг Анвар Пошо Бош қўмондон сифатида Россия болшевойлар ҳукуматига Шўро қўшинларини Туркистондан олиб чиқиб кетиш тўғрисида ультиматум юборади. Болшевойлар Анвар Пошони бу талабига қарама-қарши ҳар хил ташвиқот тарғибот ишларини олиб боришни асосий вазифа қилиб қўяди. РКБ (б) Марказий комитети Бухоро ва Фар¬ғона бўйича И.В.Сталин, Чичерин, Куйбишев ва Файзулла Хўжаевлар томонидан ишлаб чиққан қарорни қабул қилади. Бу қарорга кўра Бухоро ва Фарғонада истиқлолчиларга қарши курашаётган фронтлар бирлаштирилиб, мусулмон аҳолиси орасида сиёсий иш олиб бориш, маҳаллий аҳолига ён бериш, тавба қилган “Босмачилик ҳаракати” йигитларини озод этиш, қўрбошилар орасида нифоқ чиқариш, турли иғволар тарқатиб истиқлолчилар сафини бўлиб ташлаш каби масалаларни асосий вазифа қилиб олдилар. Бунга эришдилар ҳам.
Иброҳимбек билан Анвар Пошо ўртасидаги таранглашган мураккаб вазият бунинг исботидир. Қизил армия катта куч билан қилган ҳужуми пайтида Иброҳимбек қарийб 10 минглик сараланган қўшинини Бойсундан олиб чиқиб кетиши ҳамда Анвар Пошога бўйсунмаслигини билдириб, исён кўтариши изоҳ талаб этмайдиган ҳақиқатдир.
Анвар Пошо истиқлолчилар курашига раҳбарлик қилар экан-у дипломатия воситаларидан тўлиқ фойдаланар, большевой раҳбарлар билан музокара олиб бориш, қизил аскарларни Туркистондан олиб чиқиб кетишга бутун вужуди билан ҳаракат қиларди. Бу Файзулла Хўжаевнинг танланган асарида айнан қуйидагича келтиради: Иброҳимбек ва бошқа қўрбошилар номидан Анвар Пошо қизил аскар раҳбарлари номига жўнатилган мактубида шундай де¬йилган; “Ҳақиқий мустақил Бухоро тупроғидаги аҳоли вакиллари бўлган бизлар сизларга маълум қиламизки, сизлар мамлакатимиздан чиқиб кетмагунингизча жангни давом эттираверамиз” – деб бир қарорга келдик. Ҳозирги вақтда беҳуда қон тўкилмасин деб ва одамгарчилик қилиб сизларга мамлакатимиздан чиқиб кетишни таклиф қилаётирмиз. Шундай қилсангиз, сизнинг дўстларингиз бўлиб қоламиз ва ўзимиз ёрдам бериб сизларни очликдан сақлаб қоламиз, акс ҳолда сизлар Ватанингизда очарчиликдан ўлаётган оилаларингиз каби маҳв этиласиз. Ҳозир биз гуноҳкор бўлмайлик деб одам қони тўкишни истамаётирмиз. Лекин, халқимизнинг истагига хилоф равишда Ватанимизга бостириб кирган сизлар билан жанг қилишни муқаддас бурчимиз деб биламиз. Бизлар хурсандлик билан бу йўлда қонимизни тўкиб, шаҳид бўлишдан қайтмаймиз”. Бундан кўриниб турибдики бундай талаб ва унинг сиёсат, ҳарбий соҳасидаги ғалабалари большевиклар ҳукуматини саросимага солиб қўйди. Шўро ҳукумати 19 апрелда сулҳ тузишни таклиф этади. Россияни Ташқи ишлар Халқ Комиссарлигини 10 кишидан иборат делегацияси Бойсунга келадилар. Агар Анвар Пошо сулҳга рози бўлса, “Дарвоз, Қоратегин, Кўлоб, Душанбе ва Ҳисор каби вилоятларни бирлаштириб, мустақил бир давлат тузиб олиши мумкин”лиги таъкидланган эди. Улар бунинг эвазига Туркистон ишларига аралашмаслик масаласини қўйдилар.
Анвар Пошо эса русларга “Сулҳ битими фақат Туркистон тупроқларидан бутун рус аскарларини олиб чиқиб кетилгандан кейингина гап мавзу бўлиши мумкин”, деб кескин жавоб берди.
1922 йил 18 майда РКП (б) МК “Туркистон—Бухоро ишлари ҳақида” махсус қарор қабул қилди. Мазкур қарорда истиқлолчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш, шунингдек, “Анвар Пошонинг Шарқ халқлари душмани, инглизлар жосуси сифатида халқ онгида фош этиш лозим”лиги қайд этилган эди.
Кураш қизиган 1922 йилда Лениннинг топшириғи, ҳукуматнинг махсус қарори билан Россия Қуролли кучлари Бош қўмондони С.С.Каменев, қизил армиянинг отлиқ кучлари қўмондони С.М.Будёний, А.Н.Тодоров¬ский, В.В.Куйбишевлар катта миқдорда қўшин, қўшимча қурол-яроғ билан Туркистонга сафарбар этилади. Анвар Пошо билан шуғулланиш учун Шўро разведкаси Шарқ бўлими бошлиғи арман миллатига мансуб Агабеков махсус гуруҳ билан юборилади. Бу пайтларда Туркистоннинг барча ҳудудларида, айниқса, Фарғона ва Шарқий Бухорода жанглар қизиб кетди. 1922 йил 24 июнга ўтар кечаси Анвар Пошонинг уч минг йигити қўмондон Какуриннинг саккиз ярим минг нафарлик тиш-тирноғигача қуролланган қўшинини ер тишлатди. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, бутун бошли бир дивизияни йўқ қилиб ташлади. Хуллас, Анвар Пошо ундан кейин ҳам кўп марта қизил аскарларга қарши муваффақиятли жанглар олиб борди. Бирор марта панд емади. Рус қўмондонлиги унинг стратегияси, тактикаси олдида гандираклаб қолди. Рус разведкаси эса саросимада.
Бироқ разиллик ўз ишини адо этишга шошар эди. 1922 йил 4 август жума, Қурбон ҳайити куни эди. Қурбон ҳайити номози ўқилгандан сўнг, Анвар Пошо ўзининг содиқ сафдошларига қисқача қуйидаги ваъзни қилди “Мен сизларга ҳозир ҳа¬йитлик тарқата олмайман. Агар бизларнинг қардошлигимиз ҳақида бир неча оғиз сўзлар битилса, мен унга ўз муҳримни қўйиб, бажонидил имзо чекардим. Мен ўйлайманки, бу сўзлар бизнинг озодлик учун олиб бораётган миллий курашимиздаги ҳарбий қардошлик ҳақида бир ажойиб хотира бўлиб қоларди”. Бу унинг истиқлол курашчиларига қарата қилган охирги сиёсий васияти бўлиб қолди. Анвар Пошо ўз орқадошлари билан Балжувон тепалигида суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Кутилмаганда қизилларнинг 3 та отлиқ полки, 3 та эскадрони ҳужумга ўтиб қоладилар. Ўртада қиличбозлик жанг¬ги қизиб кетади. Орқага чекиниш имконияти бўлсада, Анвар Пошо чекинишни ўзига ор билади. Бир ўзи ўн бир душманни чопиб ташлайди. Қизил аскарларни архивларида сақланган бир маълумотда Анвар Пошо ўзининг, 100 та сараланган жангчиси билан 18 чи отлиқлар полкининг, 1 эскадрони устига ташланиб, янчиб ташлайди.
Кутилмаганда орқадан урилган қилич зарби моҳир қўмондонни қулатади. Қилич урган кимса Анвар Пошо қўлида Муҳаммад Ғозий номи билан хизмат қилиб юрган қизил жосус Георгий Каспарян эди.
Анвар Пошонинг шаҳодат суви билан йўғрилган жасади Душанбадан 200 километр узоқликда жойлашган Балжувон кентининг Четан деган жойига дафн этилди. Анвар Пошо Туркистон мустақиллиги учун курашда шаҳид кетди. Анвар Пошо ўлимидан бир неча кун олдин қизил аскарларнинг бошлиғи О.Акчуринга ёзган мактубида Туркистон унга бегона эмаслигини, унинг аждодлари Туркистондан бориб, Туркияда салтанат қурганликларини, аксинча, бошқалар учун бу юрт бегона эканлигини қуйидагича таъкидлаган эди:
“Бу инсонларнинг томирида оқаётган қон худди меники каби соф туркий қондур. Бу ер русларники эмас, балки туркий халқларнинг асл юртидир”. 
1996 йил 3 августда Туркия ҳукуматининг қарори билан Анвар Пошо хоки солинган тобут Истанбулга олиб кетилди.
Ҳа, Анвар Пошо ўзининг ота юрти учун курашган, Туркистонни оёқости қилдирмаслик, унинг мус¬тақиллиги ва озодлигини кўриш йўлида ўз жонини тиккан буюк зот эди.
Анвар Пошо нафақат турк миллатининг, балки, айни пайтда Туркистон, Ўрта Осиё ўлкаларининг ҳам мард фарзанди десак муболаға бўлмайди.
Шаҳобиддин Яссавий унга ўзининг “Туркистоннинг аччиқ ҳақиқатлари” китобида “Анвар Пошо Ғозий – Буюк қўмондон” деб баҳо беради.
Абдулҳамид Чўлпон Анвар Пошонинг шаҳид кетганлигини эшитиб, қуйидаги шеърни битган эди:

Энг сўнгги умидни қонга бўяган,
Ох, қандай хайрсиз замонлар келган.
Фарёдим дунёни бўғиб ўлдирсин,
Қоп-қора бахтимга шайтонлар кулсин.
Унинг сиёсий фаолияти ўта бир буюк илоҳий мақсадлар йўлига қаратилганлигини севикли хотини – Султоннинг гўзал қизи Нажибахонимга ёзган охирги мактубидан билса ҳам бўлади. Биз уни муҳтарам китобхонларимизга ҳам илиндик:
“Сен мактубингда қилич ва жангни севганим қадар ҳеч нарсани севмаслигимни ёзибсан. Аммо бирор-бир нарса тўғрисида “фақат ишни севаман” деб ҳам айта олмайман (айтсам ёлғон бўлади). Сен билурсанким, маним ҳақимда туҳмат ташвиқотлар юрган бадбахт кимсаларнинг иддао этганларидек, мен бу олис диёрларга мол-дунё ахтариб бой бўлмоқ, ёки ўз ҳокимиятимни қурмоқ учун келганим йўқ.
Мени сендан узоқлаштириб, бу жойларга келтирган Жаноби Ҳақнинг зиммамга юкланган муқаддас бир вазифасидир. Бу жиҳод вазифаси эрур.
“Жиҳод” – исломда ғайридинларга қарши “муқаддас уруш”. Қуръони каримда жангга қобилиятли ҳар бир мусулмон муқаддас урушда иштирок этиши шарт деб кўрсатилган. У шундай улуғ ишдурки, уни ҳатто сидқ ила ният қилганлар илоҳий жаннатга кирмоқ ҳуқуқини олурлар. Ҳар қадар Сендан айру қилмоқ, Сенинг севгингла масрур қалбимни вайрон этмакда эса ҳамки, ушбу йўлда буюк бир имтиҳон бермакдан кўп бахтиёрман....”
Ҳа, Анвар Пошо Жаноби Хақ йўлида Буюк имтиҳондан шак-шубҳасиз аъло даражада ўтди.
Ҳа, туркий эл эканмиз, дунёнинг турли бурчакларида яшаётган элдошларимизнинг қувонч ва ташвишларига шерикмиз. Улар эришган ютуқлар саҳро ва денгизлар, тоғ ва водийлар оша бизга етиб келиб қувонтиради, шоирларимизга илҳом беради. Анвар Пошонинг 1913 йилда Эдирна жангидаги ғалабасига бағишлаб, қўқонлик аллома, хаттот ва шоир Мулла Муҳаммад Солиҳжон Маҳмуд (Наирий) шундай шеър битган эканлар:
Исфандиёри соний, Туркия қаҳрамони,
Зол ўғли Рустами гурд қилмай ани савашин.

Анварбек ўлди оти, ёрутти шаш жиҳоти,
Топмай сипеҳр онча анжум била қуёшин.

Кўрсатти ғайратини оламга рустамона,
Болқон давлатини берди тамоми ошин.
Олди Эдирна шаҳрини иккинчи бориб ул шоҳ,
Маҳкум этиб ўзига ағрону хожа Тошин.

Таърихин ўйлагай эл фикри тааммул этса,
Билгай ҳисоб айлаб куни етиб талошин.

Туркия қаҳрамони кирди Адирнопулға,
Шаршири қатъи қилди Булғорияни бошин.

Эй Наирий, демоға тил оч, то муяссар,
Қилди Худойи олам кўнгли тилар маошин.
 
Бу шеърнинг қўлёзма нусхаси атоқли олим Аҳмаджон Мадаминовнинг шахсий архивида сақланади. Мавлоно қўлёзмани бизга берар эканлар, уни адабиётшунос олим Рустамжон Тожибоев ҳам 2000 йилда “Адабиёт кўзгуси” тўпламида эълон қилганини эслатиб ўтдилар.
АЛВИДО ФАРҒОНАМ, АЛВИДО
ТУРКИСТОНИМ!
Шермуҳаммадбек шум хабарни олгач, ўзини кетма-кет таъқиб этиб келаётган қизил армия қисмлари билан охирги бор жанг қилиб, улардан бир амаллаб узилиб олади ва Қоратегинга олиб борувчи давонга кўтарилади. Давонга кўтарилар экан, водийнинг таркибий қисми бўлмиш Олой тупроғидан бир неча ҳовуч олиб, дастрўмолига тугиб қўяди. Оғир бир ҳаракат билан ўзини эгарга олади: бир вақтлар узангини писанд қилмай отга бир сакрашда ўтирадиган моҳир чавандозни ғам-алам юки эзиб ташлаган эди. Балки ватан тупроғидан чиқиб кетишни унинг жисми хоҳламагандир. Унинг ёлғиз кўзидан беихтиёр юмалаб тушаётган томчиларни кўрган хос йигитлари отларини ниқтаб, олдинга интилдилар: Майли, уни ҳоли қолдирайлик, ғамбода юрагини бўшатиб олсин”.
Метин иродали, ҳис-ҳаяжонини, ички туйғуларини сиртига чиқармай, жиловлаб юришга қодир, қаҳҳор бу одамга кўз ёшлари қаердан кела қолди? Бу кўз ёшлари унинг кўзидан эмас, қалбидаги кўзи очилиб қолган ғам-алам булоғидан қайнаб чиқар эди. Ғам-аламнинг бош сабаби, албатта, Ватанни болшевиклардан озод қила олмаганлиги, ватанни тарк этиш мажбурияти эди.
Ўша онда Шермуҳаммадбекнинг ёнида аҳли қаламдан бир киши бўлганда, унинг кўксидан отилиб чиққан фарёдни, ичини тирнаётган изтиробларни балки мана бу тарзда, балки ундан яхшироқ тасвирлар эдими?

Алвидо, эй Турон ичра Фарғонам,
Бағри бирён, қалби гирён ғамхонам.
Ағёр ила тўлди менинг ҳар хонам,
Кечир мени, она юртим, Фарғонам.

Бурчим тўлиқ адо эта олмадим,
Курашдиму, сени озод қилмадим.
Балки кураш йўлларини билмадим,
Кечир мени, она юртим, Фарғонам
Мен кетарман тоғу тошларни кезиб,
Юртни сотган мунофиқлардан безиб.
Ноиложлик юки юрагим эзиб,
Кечир мени, она юртим, Фарғонам.

Оҳким, мушкулдир кетмоқ сендан кечиб,
Йиғлаюрман заҳри-заққумлар ичиб.
Ғам чекиб, алам дарёсидин кечиб,
Кечир мени, она юртим, Фарғонам.
Балки яна қучоғинга қайтарман,
Болшавойни юртимиздан ҳайдарман.
Истиқлолнинг алёрини айтарман.
Кечир мени, она юртим, Фарғонам.

Мен қайтмасам, бир валломат келадир,
Ҳурриятнинг байроғини элтадир.
Сени озод, руҳимни шод қиладир,
Кечир мени, она юртим, Фарғонам.

Бироқ ҳеч ким Фарғонанинг ўша йиллардаги аҳволи, асоратга тушиши ва шу муносабат билан Шермуҳаммадбек қалбини кемираётган изтиробларни улуғ шоиримиз, истиқлол куйчиси Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпондан ўтказиб ёза олмаса керак:
ЭЙ ГЎЗАЛ ФАРҒОНА
Эй гўзал Фарғона, қонли кўйлагингдан айланай,
Тарқалиб кетган қора, ваҳший сочингга бойланай.
Ваҳший бир ўрмон каби бағрингни босмишдир
                                                          қамиш,
Ҳеч кўринмас кўзларингда бир олов, бир ўт ёниш.

Кенг, чўзиқ яйловларинг ёвларга очмиш кўксини,
Бир қора парда босибдир тупроғингни устини.

Кўзларинг сўлган, ўлик руҳинг билан боқдинг
                                                           менга,
Юртимизнинг юлдузи асло кўринмасми сенга?

Бу баланд, зўр тоғларинг нега тўсолмас ёв
 йўлин?
Йўқмидир ўткур қилич кесмакка ёвнинг қўлин?

Биз ҳама ожиз, забун, бағри эзилган сен учун,
Ба қадар қонлар тўкилди, ул даҳидир сен учун.
Йиғлама, юртим, агарчи бу кунингда йўқ баҳор,
Келгуси кунларда бахтинг юлдузи ўйнаб қолур.

Ака-ука мужоҳидлар Қоратегиннинг Аччиқ Олма мавзеида учрашиб, Анвар Пошо руҳига ҳатми Қуръон қилиб, хотирасини нишонлашгач, “Энди нима қиламиз?” деган савол кўндаланг бўлди. Дарҳақиқат, Анвар Пошо шаҳид бўлгач, Шарқий Бухорога боришдан ҳеч қандай маъно қолмаган эди. Ўтмишда Шарқий Бухоронинг каттагина қисми Қўқон хонлигига тобе бўлиб, кейинроқ, Қўқон хонлиги Русия билан урушиб турган йиллари Бухоро томонидан эгалланган, ҳар икки хонлик ўртасидаги зиддият бу ерларга ҳам таъсир кўрсатиб, Шарқий Бухорода Фарғонага нисбатан қандайдир кек, адоват бор эди. Бунинг устига, шўро разведкаси бу адоватга лампамой қуйиб, алангалатиб юборди. Маҳаллий қўрбошилар шуурида “Шермуҳаммадбек Анвар Пошо билан тил бириктириб, бизнинг ёрдамимиз билан ҳокимиятни қўлга олмоқчи, сўнгра бизни йўқотиб, бутун Туркистону Бухорога ҳукмдор бўлмоқчи” деган фикрни уйғотишга эришган эди.
Анвар Пошо шаҳид кетгач, муҳожирликда юрган турк зодагонларидан бири, Анвар Пошонинг поччаси полковник Сомий Пошо Қушчибоши (Салим Пошо) унинг ўрнини эгаллаб, болшевикларга қарши курашни давом эттиришини эълон қилди. Бу хабарни эшитган Шермуҳаммадбекда яна умид куртак ёзди. У бир қанча вақт Сомий Пошо қўл остида қизилларга қарши жанг қилиб, 1923 йил баҳорида яна Фарғонага қайтиш ва курашни давом эттиришни қатъий белгилаб олди. Бироқ ҳозир орқага қайтиб бўлмайди. Фақат олдинга, Сомий Пошо қароргоҳига юриш керак. Бунинг учун Қоратегинга кириш ва у ерда бир қанча вақт истиқомат қилиш учун эса бу ернинг лашкарбошиси Фузайл Маҳсумдан ижозат олишга тўғри келади. Шермуҳаммадбек унга қуйидаги мазмундаги мактуб билан мурожаат қилади:
“Қоратегин лашкарбошиси
Фузайл Маҳсум жанобларига!
Болшевик кучлари устимизга шиддатли ҳужумларини тўхтовсиз давом эттирмоқдалар. Тиним билмай урушаётган аскарларимиз ҳолдан тойган. Фарғона ва Олой тоғларида ҳозирча туришимиз тўғри келмайди. Қўл остимиздаги мавжуд бир минг етти юз нафар аскар билан бирга қишни Қоратегинда мусофир ўлароқ ўтказишимизга рухсат берсангиз миннатдор бўлур эдик. Жавобингизга умид билан, Худо сизга ёр бўлсин, Ассалому алайкум.
Фарғона лашкари Ислом раиси Жаҳонгир Шермуҳаммадбек”.
Шермуҳаммадбек Аччиқ Олма мавзеида Фузайл Маҳсумдан жавоб келишини кутиб, ўн икки кун туриб қолди. Фузайл Маҳсум ўша атроф лашкарбошилари: Эшон Султон, Дониёлбий ва бошқалар билан маслаҳат қилди. Улар Шермуҳаммадбекни Шарқий Бухорога киришига йўл қўймасликка қарор қилдилар. Бироқ Сомий Пошо бу гапларни эшитиб қолиб, Шермуҳаммадбекнинг илтимосини рад этмасликни сўради. Улар рози бўлишга мажбур бўлдилар. Шундан сўнггина Шермуҳаммадбек Қоратегинга киришга муваффақ бўлди. Сомий Пошонинг саъй-ҳаракатига қарамай, маҳаллий лашкарбошилар маҳаллийчилик кайфиятидан воз кечмадилар: Шермуҳаммадбек ва унинг йигитлари очиқ ва пинҳоний хавф-хатар остида яшаб турдилар. Кечалари уларнинг қароргоҳига номаълум отлиқлар бос¬тириб келар, милтиқларидан ўқ узиб, ҳақорат қилар, “Фарғоналиклар, Фарғонангизга даф бўлинг” деб бақиришар эди. Шермуҳаммадбек йигитларига оғир бўлишни тайинлаб, уларни зўр-базўр тўхтатиб қолар, қуролли тўқнашув юз бермаслиги учун ҳаракат қиларди.
Шермуҳаммадбек Анвар Пошо қабрини зиёрат қилиб, Қуръон ўқиш ниятида Балжувонга борди. Мусулмончилик бурчларини ўтаб, қароргоҳларига қайтиб келаётганларида, тор бир дара йўлида балки Фузайл Маҳсум, балки болшевиклар сўзига учган бир гуруҳ кишилар тоғ тепасидан туриб унинг йигитларини тошбўрон қилдилар. Бир неча ўн йигит ҳалок бўлди. Шунда ҳам Шермуҳаммадбек йигитларини катта ирода кучи билан тўхтатиб қолди. Бу воқеадан сўнг маҳаллий лашкарбошилар йигитлари билан бир неча бор қонли тўқнашувлар юз берди. Шундан сўнг Шермуҳаммадбек бу ерда қолиш имконияти тугаганлигига тан бериб, Афғонистондан бошпана сўраш учун Дарвоз тарафга юришга буйруқ беради.
Буни эшитган Сомий Пошо Эшон Султондан қу¬йидаги мазмунда мактуб юборади:
“Азиз мусофирим! Сизни мотамга солиб, бу ердан кетишга олиб борган масала ўртамизда, албатта ҳал этилажакдир. Илтимос қиламан, кетманг!”
Эшон Султон мактубни олиб, Шермуҳаммадбек ҳузурига келади, бироқ унга бермайди. Унинг ўрнига қуйидаги сўзларни айтади:
“Хожи Сомий Пошо сизни зудлик билан Афғонистонга кетишингиз лозимлигини буюрди”.
Шермуҳаммадбек чегарага, Панж дарёси соҳилидаги Алайкун мавзеига етиб боради. У бу ердан туриб, нариги соҳилдаги афғон чегарачилари бошлиғига элчи юбориб, ўтишга рухсат сўрайди. Чегарачилар унинг илтимосини қабул қилиб, ўтишга рухсат берадилар.
Афғонлардан рухсат олингач, Шермуҳаммадбек маҳаллий аҳолидан ижарага қайиқлар олади, сол ясаш учун ёғоч харид қилади. Йигитларнинг бир қисми сол ва қайиқларда, бир қисми отлиқ дарёдан ўта бошлайдилар. Йигитларнинг катта бир қисми эса, маслаҳатга кўра, Афғонистонга ўтмай, бир қанча қўрбошилар қўл остида Шарқий Бухорода қолдирилади. Уларга кичик қисмларга бўлиниб, Фар¬ғонага қайтиб кетиш ва курашни давом эттириш буюрилади.
Нурмуҳаммадбек энг сўнгги гуруҳ билан дарёдан ўтишга ҳозирланиб турганда, Сомий Пошо етиб келади ва соҳилдан туриб уларга “Ўтманглар, таслим бўлинглар!” деб қичқиради. Унга жавобан Нурмуҳаммадбек шундай деб қичқиради:
— Биз ўрисларга ҳам таслим бўлганимиз йўқ эди, энди сизларга таслим бўлайликми?
Шермуҳаммадбек азим дарёнинг ўртасига етганда сол-қайиқни тўхтатишни буюрди. Ўй оғушида сувга тикилди. Дарёнинг бир маромда оқаётган суви унинг ўй-фикр¬ларига ҳамроҳ бўлди. Сув, бекнинг шуурида тилга кириб: “... афсус чекманг, дунё ўзи шундай қурилган. Бу тақдир. Ўз юртингиз, тупроғингиз, дини Ислом, Ватан истиқлоли учун босқинчилар билан кучлар тенгсиз бўлган ҳолда дадил курашга кириб, қарийб беш йил юзма-юз мардонавор жанг қилдингиз. Ёзуғингиз шу экан, афсусланманг...” дея шивирлади.
Шермуҳаммадбек бир зум кўзини сувдан узиб, табора узоқлашиб бораётган Ватан тупроғига назар ташлади. Юраги эзилиб, кўзида жиққа ёши билан яна сувга боқди. Сувга боқди-ю, ўз кўзларига ишонгиси келмай қолди: назарида, мавжланиб турган сувдан балиқлар бош чиқариб, унсиз товушлари билан видолашгандек бўлдилар. Бундан таъсирланган бек кўзини кўкка қадади: мана, ҳатто балиқлар ҳам биздан розиликларини билдириб, видо розини айтдилар, бироқ не хатога йўл қўйдикки, не гуноҳларни қилдикки, не-не азиз-авлиёлар руҳи бизни қувватламадилар, бизга ёр бўлмадилар. Эй Тангрим! Не ёзуғим бор эди? — дея мунгли нидо кўксидан отилиб чиқди.
Яна сувга боқди. Оқим уни мозий қаърига олиб тушиб кетди: хаёлини дунёни зир титратган Темурбек кезиб ўтди. Тўхтамишхонни маҳв этиб, Москвага қадам қўйган Темурбек ўруслар юртининг хароба ҳолларини кўриб таажжубга тушди: мўғуллар бу юртнинг ичини тўкиб қўйишибди. Халқ ниҳоятда ночор, эзилган, қашшоқ, қўрқоқ бўлиб қолган. Соч-соқоллари ўсган пахмоқ кишилар, оёқларига чилвир билан чипта кавуш бойлаб олган юпун одамлар, ўзлигини йўқотган, ғафлатга ботган, нотавон бу кишиларга жуда ачиниб кетди. Уларнинг ўлиб кетмаслиги учун ёрдам қўлини чўзишни дилидан ўтказиб қўйди. Шермуҳаммадбек оғир хўрсинди.
Ана шу аянчли одамлар салкам беш асрдан кейин Мовароуннаҳр юртининг босқинчиларига айланишини у қаеқдан ҳам билсин эди... Ҳа, ҳали замон ўзга мамлакат тупроғига қадам қўяди. Уни у ерда қандай тақдир кутади? Оғир, жуда оғир. Душмандан енгилиш, ўз юртини ташлаб кетиш жуда муд¬ҳиш ҳол, ундан ҳам оғири, юртини ғолиб босқинчиларга ташлаб кетмоқда. Бу оғир кўргулик, нафақат кўргулик, балки иснод. Ана энди босқинчилар бизлар ҳаққимизда хоҳлаганларича ёлғонлар тўқишади, уйдирмалар яратишади. Чинакам жасур йигитларимизни золимликда, ҳатто сот¬қинликда айблайдилар, бошларига туҳматлар ёғдирадилар. Шуниси даҳшатлики, келгуси авлод бунга ишонади, бизларни ғазаб ва нафрат билан эсга оладиган бўлишади. Бизнинг энг ёмон кўргилигимиз шу бўлади.
У “ҳайҳот” дея ёш тўла кўзларини қўллари билан тўсди. Нурмуҳаммадбек унга яқинлашиб “ака, акажон, Сизга нима бўлди?” дея қўрқинч билан сўради, акасининг ҳолатини тушуниб, ўз кўзларидан ҳам ёш шашқатор келаётганини сезмай қолди.
Шу тариқа бир минг етти юз аскардан уч юз тўқсон олти нафари билан йирик саркарда 1923 йил бошларида тарки ватан қилиб, Афғонистон тупроғидан бошпана топишга мажбур бўлади.
Она ватанни кўриш унга бошқа насиб этмади.
Соми Пошога келсак, юқорида зикр қилиб ўтилган воқеаларни текшириб Шермуҳаммадбекка ғанимлик қилинганини, ҳеч қандай айб йўқ эканлигига шоҳид бўлади ва унинг Алайкумда қолган йигитларини ўз ҳимоясига олиб, улар ичидаги Ғойибназар домлани уларга лашкарбоши этиб тайинлайди. Улар бир қанча вақт Соми Пошо қўмондонлиги остида жанг қиладилар ҳамда вақти соати етгач, тирик қолганлари Фарғона юртига қайтиб кетадилар.
Ўтган Ватан фидойиларини, истиқлол курашчиларини Аллоҳ ўз раҳматига олгай, иншооллоҳ.
Қаламим қоғоз узра тебраниб мавзу шу нуқтага етганда кўзим тиниб ёшланганини ҳис этдим. Бундай ҳолат олдинроқ ҳам юз берган эди. “Яшиллик салтанати” китобини ёзаётган пайтимда, “Чангалзор султонига суиқасд” қиссасига келганимда ҳам кўзларимдан шу тариқа ёш оққан эди.
КУРАШ ДАВОМ ЭТАДИ
Ҳа, кураш давом этаверади. Ҳеч бир истилочи салтанати ўз асоратига тушган бошқа бир салтанатни, унинг халқини бир умр асоратда тутиб тура олмайди. Мазлум миллат курашга кўтарилиб, истиқлолга эришмагунча уни давом эттиради. Вақтга, шарт-шароитга қараб, курашнинг шакли ўзгариб туради, холос.
Шермуҳаммадбек тарки ватан қилгандан кейин ҳам Фарғонада кураш давом этди. Ислом Полвон, Омон Полвон, Шермуҳаммадбекнинг укалари ва бош¬қа қўрбошилар жангларни бўшаштирмадилар. Қизиллар билан сулҳ тузиб, узоқ вақт курашдан четда турган Жонибек Қози ҳам болшевикларнинг разолатини кўриб туриб, яна кураш майдонига қайт¬ди. Курашнинг бўшашмай, қатъият билан давом этганлигини шундан ҳам билиш мумкинки, қизил армия барча қуролли кучларининг Бош қўмондони С.С.Каменев ўз қароргоҳини Москвадан Туркистонга кўчириб келди. У Қўқонда бўлиб ўтган митингларда “Босмачилик ҳаракати шу йилнинг куз ойларигача тугатилади”, деб ваъда берди ҳамда халқ¬ни бу ишда фаол ёрдам кўрсатишга чорлади.
1923 йилнинг бошларида Шермуҳаммадбекнинг Аф¬ғонистонга кетганлигидан хотиржамликка берилган қизил қўмондонлик Ғорбувога бўлган диққат-эътиборини сусайтиради. Бундан фойдаланган қўрбошилар у ерни озод қилиб, яна қароргоҳга айлантирадилар. 15—17 феврал кунлари бу ерда Фарғона водийси миллий-озодлик ҳаракати курашчиларининг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтади. Қурултой Шермуҳаммадбек кетгандан кейинги вазиятни таҳлил қилиб, курашни давом эттиришга қарор қилади. Шунингдек, қурултой охирида шаҳид кетган йигитлар, қўрбошилар, жумладан, Раҳмонқулибек, Муҳиддинбеклар руҳига ҳатми кабир маросими ўтказилди.
Шермуҳаммадбек Шарқий Бухорода саргардон бўлиб юрганида Муҳиддинбек қизиллар қўлига тушиб қолган эди. 1922 йил сентябр ойида Ўш шаҳрининг Ҳазрат Жомеъ масжидида Муҳиддинбек ва унинг қўрбошилари иши юзасидан очиқ суд бўлиб ўтди. Суд уни ва шерикларини отувга ҳукм қилди. “Қолган-қутган босмачиларга” сабоқ бўлиши учун ҳукм халқ олдида ижро этилди.
Шу ойларда Қўқонда, Чорсу майдонида Раҳмон¬қулибек ва унинг сафдошлари устидан суд бўлиб, улар ҳам қатл этилдилар.
1923 йилда қаҳатчилик авжига чиқди. Қаҳатчилик ҳам қизиллар фойдасига ишлади. Ўтган йиллардаги каби, маҳаллий аҳоли вакиллари “ҳеч бўлмаса, қорним тўқ, устим бут бўлдику” деган фикрда қизил армияга кўплаб ёзилишда давом этдилар. Шаҳар ва қишлоқлар шўроларида ҳам аҳолига бир оз ун, уруғлик буғдой тарқатиб, шу йўл билан одамларни ўзларига оғдириш йўлга қўйилди. Хуллас, миллий-озодлик кураши қатнашчилари остидаги замин борган сари чўка бошлади.
Шундай бўлсада, озодлик кучлари курашни давом эттиравердилар. Ҳатто, йилнинг биринчи ярмида бир қанча йирик ғалабаларга ҳам эриша олдилар. Шўро ҳукумати, коммунистлар партияси мажлис устига мажлис чақириб, “босмачиликка қарши курашни кучайтириш, уни таг-туги билан йўқ қилиш” ҳақида қатор қарорлар қабул қилди. Бош қўмондон С.С.Каменев қатъий чоралар кўришга мажбур бўлиб қолди. Унинг штаби олти ой ичида “босмачиликни тугатиш” режасини ишлаб чиқди. 1923 йил июн ойидан бошлаб қизил армия Ўрта Осиё бўйлаб ялпи ҳужум бошлади, янги-янги қисм¬лар олиб келинди.
Шу ўринда ёзма манбаларда қаламга олинмаган, ўша давр даҳшатларини бошидан кечирган одамлардан эшитган воқелардан бирини эслатиб ўтишга тўғри келади: 1923 йилда Фарғона водийсига жазо экспедицияси сифатида машҳур совет саркардаси С.М.Будёний ташкил этган отлиқ армия қисмларидан бири олиб келинади. Будёнийнинг ўзи бу даврда армияга қўмондонлик қилмай, Олий қўмондонлик таркибида хизмат қилар эди. Мазкур жазо экспедицияси, гувоҳларнинг таъкидлашларича, Фар¬ғонани қонга ботирган. Тарихдан маълумки, жазо экспедициялари, одатда, мунтазам қўшин, яъни, қўзғолончилар қўшини билан эмас, балки, тинч аҳоли билан жанг қилади. Экспедиция шаҳарлар ва қишлоқлар бўйлаб юриб, дуч келган эркак кишини, айниқса жанг қилиш ёшидаги кишиларни суриштириб ўтирмай милтиқ билан отиб, қилич билан чопиб кетаверган. Бир дўстимнинг марҳум отаси шундай ҳикоя қилган эди:
“—... Шаҳардаги ур-йиқитлар туфайли анчадан бери Қатағон маҳалладаги чорбоғимдан хабар ололмаган эдим. Бир кун астойдил ҳафсала қилиб, чорбоққа бордим. У ердаги кам-кўст ишларни қилиб, бир оз мева-чева олиб қайтдим. Қорасув бўйи билан келаётганимда бирданига Чорсу томондан қочиб келаётган одамлар ва уларни қувиб келаётган, учли шапка кийган отлиқ саллотларга кўзим тушди. Саллотлар пиёда қочаётган кишиларни қувиб етиб, қилич билан чопа бошлади. Қочган қочиб қолди, қочолмаган бошидан айрилди. Бир отлиқ мен томон хезланиб, қилич кўтариб от қўйди. Қочишга мажбур бўлдим. Қочаётиб, ёшлигимизда роса уриниб ҳатлаб ўтолмаган катта Қорасув ариғидан қандай сакраб ўтиб кетганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Бир ҳовлининг деворидан ҳам ошиб ўтиб, девор ортидан секин бош чиқариб қарасам, ҳалиги отлиқ ариқдан ўтгани эринди шекилли, йўл бўйидаги бошқа кишиларни қувиб кетди... Кейин билсам, булар Будёний деган катта бир қўмондоннинг саллотлари экан...”
Ниҳоятда катта куч билан ялпи ҳужумга ўтган қизил армия борган сари сафлари камайиб бораётган, беш йиллик уруш, носоз шароит, очлик ва сарсонликдан тинкаси қуриган озодлик кучлари устидан кетма-кет ғалабаларга эриша борди. Кўплаб йигитлар ва қўрбошилар қириб ташланди, бир қанчаси асир олинди, баъзилари ўз ихтиёрлари билан таслим бўла бошладилар. Ўша урушнинг фаол иштирокчиси бўлган, кейинчалик ўзига “Азиз Ниалло” деб тахаллус олган ёзувчи Андрей Сташиневский кундалик дафтар тутиб, воқеаларни ёзиб борган. У ўз кундалик дафтаридаги алоҳида бир неча вараққа таслим бўлган, асир олинган, ўлдирилган қўрбошилар хроникасини ёзиб борган экан.
Фарғона вилоятининг ўша пайтда маркази бўлиб турган биргина Қўқон шаҳрининг ўзидаёқ 1923—1924 йиллар мобайнида юзлаб қўрбошиларнинг судлари бўлиб ўтди. Ислом Полвоннинг суд жараёни, айниқса, кўпчиликнинг эсида қолган экан. Очиқ суд мажлиси дастлаб Амир Умархон Жомеъсида бошланди. Халқ ниҳоятда кўпайиб кетгач, мажлисни Чорсу майдонига кўчиришга мажбур бўладилар. Суд раиси расмиятчилик юзасидан Ислом Полвон ва унинг қўрбошиларига оқловчи тайинлаганида қўрбоши қарши чиқади:
— Мен Аллоҳим олдида ҳам, эл-юртим олдида ҳам оқман. Менга оқловчининг кераги йўқ! — деб хитоб этади. Суд ҳукмини ҳам дод-войсиз, ўта вазминлик билан қабул қилади. Маҳкумнинг қонуний ҳуқуқи бўлган охирги сўзни берганларида, сўзини сўзлаб бўлиб, охирида халққа мурожаат қилади:
— Мендан розимисизлар?
Одамлар жавоб беришга улгурмасдан кўкда момақалдироқ гумбурлайди.
— Ана, Аллоҳ-таоло мендан розилигини билдирди, сизлар ҳам рози бўлинглар.
Энди бу ерда ҳозир бўлган халқ ҳам қўрқувни писанд қилмай:
— Розимиз, розимиз, сиз ҳам биздан рози бўлиб кетинг! — деб ҳайқириб юборади...
Минглаб йигитлар асир олингани, юзлаб қўрбошилар қатл этилгани билан кураш тўхтаб қолмади. 1924—1925 ва ундан кейинги йилларда Қўқонда Ойбола Қўрбоши, Қувада Умарали Лашкарбоши, Исфарада Турдибек, Ғорбуво атрофида Рўзимуҳаммадбек, Олой ва Ўзганда Жонибек Қози ва бошқа минтақаларда бошқа қўрбошилар курашни давом эттирадилар. Водийда энг узоқ қуролли кураш олиб бориш Жонибек Қозига насиб этди. Қози 1934 йилгача Ўзган, Қорашура, Олой атрофларида жангни давом эттирди ва ниҳоят, Қашқарга кетишга мажбур бўлди.
Юқорида номлари қаламга олинган қўрбошилар ҳам вақти-соатлари етиб, бирма-бир шаҳид бўлдилар. Ўз ихтиёри билан сулҳ тузиб, таслим бўлиб, йигирманчи йилларда омон қолган қўрбошилар ҳам ўз ихтиёрлари билан қизилларга хизмат қилганлар ҳам, ўттизинчи йиллар қатағонининг қатли омига дучор бўлдилар. Ҳаммаларини Аллоҳ ўз иноятига олган бўлсин!
ШЕРМУҲАММАДБЕКНИНГ
МУҲОЖИРЛИКДАГИ ҲАЁТИ
Афғонистонга ўтиб олишга муваффақ бўлган Шермуҳаммадбек ҳамда ҳамроҳларининг у ерда кўрган-кечирганлари ҳақидаги энг ишончли манба унинг хотираларидир. Хотираларининг Афғонистон билан боғлиқ қисмидан бир парчани Али Бодомчи китобидан келтирамиз:
“... Афғонистон чегара масканидан ўтиб, бир ҳафта юргандан кейин Бадахшон шаҳрига олиб боришди. Бизни подшох Омонуллохоннинг ҳарбий қўмондонлари ва поччаси ҳарбий тантана билан кутиб олиб, меҳмон қилдилар. Бошимиздан ўтган ҳодисалардан жуда таъсирланган ҳолда шундай тасалли беришди: “Пешонангизга шундай ёзилган экан, тақдири илоҳийга қарши туриб бўлмайди. Сизлар қўлларингиздан келганини қилдингиз”.
Бу ерда ўн кунча дам олгандан кейин Хонободга йўл олдик. Хонобод ҳокими бизни кўргани келди ва ҳурматимизни жойига қўйиб ҳар бир аскарга йигирма жериб ер майдони ажратиб беришга ваъда қилди. Хонободда эканлигимизда Доҳилия (ички ишлар) вакили Хайруллохон бизни меҳмон қилди. Менга бир йилда ўттиз минг рупия нафақа тайинлаганларини айтдилар.
Афғонистон ҳукумати берган пул ва ер ёрдами тақсимланадиган пайтда аскарларимизнинг кўпчилиги олишни хоҳламадилар: “Юртимиздаги ота-она, хотин, бола-чақаларимизни ташлаб келдик. Бу ерда нима қиламиз? Ватанга қайтишни истаймиз”, — деган мазмундаги гапларини муфтий Юнусали орқали менга билдиришди. Мен ҳозир вазият ўта нозик эканлиги, бир оз сабр қилиш зарурлигини айтдим. Афғонистонга келганимиздан икки ой кейин саткаклик Тўхтасин Қўрбоши бошчилигидаги йигирма беш кишини аҳволни ўрганиш учун Шарқий Бухорога юбордим. Фарғонадаги уруш ҳали тугамаганди. Ғорбувода укаларим Рўзимуҳаммадбек ва Тошмуҳаммадбеклар жангларни давом эттиришарди. Ўзган ва Қўқондан ҳам яхши хабарлар келиб турарди. Тўхтасинбек Қўрбоши Шарқий Бухородаги аҳволни ўргангандан кейин соғ-саломат Фарғонага етиб бориб, уч минг кишини атрофига тўплаб, жангга киришиб кетибди. Аммо бир оз вақтдан кейин ўттизтача аскари билан икки томондан ўраб олиниб, шаҳид қилинганини эшитдик. Душманнинг жабр-зулми Фарғонани жаҳаннамга айлантираётганди.
Ўша кунлари Омонуллохон мени пойтахт Кобулга чақирди. Аскарларимизнинг бир қисми Бадахшонда, Нурмуҳаммадбек қўл остида эди. Хонободдаги дўстларимни Мулла Ҳотам қўрбошига топшириб, ўн икки йигитим билан Кобулга йўл олдик.
Кобулдаги давлат меҳмонхонасига қўндик. Бу ерда Омонуллохониннг яқин ва қадрдон дўсти бўлмиш Туркия элчиси Фахри Пошо билан бир неча марта музокаралар олиб бордик. Илк учрашувимизда Фахри Пошо шундай деди:
— Мен эллик киши билан Туркистон томонга ўтаётган эдим. Сиз келиб қолдингиз. У ёқларда аҳвол қандай?
— Анвар Пошо шаҳид бўлгандан кейин биз аскарларимиз билан Шарқий Бухорода Ҳожи Сомий ёнида жанг қилмоқчи эдик, бу ҳам насиб қилмади,— дедим мен.
— Эшитиб жуда хафа бўлдим, — деди Фахри Пошо, —  кураш тугагани йўқ ва тугамайди ҳам. Эллик миллионлик Туркистон халқининг йигирма беш миллиони ўлиб кетса ҳам, яна йигирма беш миллион тирик қолади. Ана ўшалар курашни давом эттираверади.
Мен Фахри Пошо билан узоқ гаплашиб, ўз масалаларимизни тушунтирдим. Кейинроқ Омонуллохоннинг қайнотаси, асли турк (туркиялик, Усмонли оиласидан) бўлмиш Маҳмудбек билан танишдик. Маҳмудбек менга тасалли бериб кўпдан-кўп илтифот кўрсатди:
— Сизга ер берамиз. Шу ерда қолинг, — деди у.
— Менинг мол-мулкка эҳтиёжим йўқ, — дедим мен. Эртами-кечми Ватанга қайтаман. Сиз менинг вақтинча Кобулда қолишимга ёрдам берсангиз бас, сиздан миннатдор бўлардим.
Шу орада Кобулда турган, Шарқий Бухорода Анвар Пошо миллий ҳаракатга қўшилган пайтда унга ҳарбий нозирлик қилган Ҳасанбек билан бир неча марта кўришдим. Ҳасанбек ҳам Кобулда Омонуллохоннинг шахсий меҳмони бўлиб турган экан. Шу билан бирга Омонуллохонга рус, олмон, инглиз, француз, араб ва турк тилларидан таржимонлик қилар экан.
Адашмасам, Туркиянинг Мараш (ҳозирги Қаҳрамон Мараш шаҳари) вилоятидан эканлигини айтганди. Биздан бир оз вақт аввал Афғонистонга ўтган экан.
— Мен яқинда Ватанга қайтаман, — дедим мен,— сизни ҳам таклиф қилсам борармидингиз?
— Жоним билан бораман. Менинг бу ерга келишимдан мақсад мана шу тилагим Туркистонда ўлмоқдир. Биз усмонли зобитлари ўлароқ, Турон учун туғилганмиз. Турон билан бирга ўла оламиз. Биз ўзимиздан кўра кўпроқ Сизларни ўйлаймиз.
Афғонистонда туркияликлар кўп эди. Буларнинг ичида усмонли зобитлари анчагина экан. Жамол Пошо бу ерга келган пайтда Туркистон миллий-озодлик ҳаракатига ёрдам бериш учун бир ташкилот тузганди. Мана шу ташкилот ҳозир ҳам бор бўлиб мен уни кўришга орзуманд эдим. Жамол Пошо бу ерда минг кишига мўлжалланган ҳарбий мактаб ташкил этганди. Мана шу минг талаба ичида ке¬йинчалик Омонуллохонга зарба берган Ҳабибуллохон ҳам бор эди. Ташкилот билан танишувим пайтида Шарқий туркистонлик Нажотийбек ҳамда Наж¬миддин Нидослар билан ҳам кўришдик. Мулоқот натижасида Бадахшонда битта баққол дўкони очиб, Туркистонга қурол-яроғ юборишни шу ердан бош¬қариб турадиган бўлдик.
Шу пайтларда минглаб мусулмон турклар Пешавордан Афғонистонга ўтаётганди. Улар билан алоқа боғлаб мушкулларини осон қилдик. Она ватанга ўтиш учун бир неча аскарларим билан Кобулдан чиқиб, Хиндистонга йўл олдим. Инглиз элчихонаси ходимлари билан кўришиб ёрдам сўрадим. Ўша кунларда Лениннинг ўлгани ҳақида хабар келди. Бомбайга борганимда Русия ташқи ишлар вазири Чичерин ҳам ўша ерда экан. У бизнинг фаолиятимиз ҳақида инглиз идораларига шикоят қилганмиш. Инглизлар менинг ё Шарқий Туркистонга ёхуд Машҳадга кетишим ҳақида огоҳлантиришди. Помир томонга борадиган бир поездга чиқдим. Бомбайдан узоқлашишим билан бир бекатда поезддан тушиб қолдим. Пиёда юра-юра минг машаққат билан Ҳимолай тоғи этагидаги Хатара тоғларидан ошиб ўтиб, Туркистонга етиб келдик. Оёқларимизда пойабзал ҳам қолмаганди. Чор-ночор ҳолатда йигирма беш кун юриб яна Бадахшонга қайтдик...”
Шермуҳаммадбек Помирга келганда, бу ерда истиқомат қилиб турган қирғиз, тожик, ўзбек (лақай) халқларидан қўшин тузиб, курашни давом эттиришни мўлжаллаган эди. Бироқ, аскар топиш имкони бўлди-ю аскарга яраша озиқ-овқат захираси, қурол-яроғ, ўқ-дори топиш имкони бўлмади. Ноиложликдан яна Афғонистонга қайтишга мажбур бўлди.
У Бадахшонга қайтиб келганда 1924 йил тугаб, 1925 йил бошланаётган, ҳалқаро сиёсат ва Афғонис¬тоннинг ички сиёсатда бир оз ўзгаришлар юз берган эди. Маълумки, Совет ҳукумати ўзининг жанубий чегарасини мус¬таҳкамлаш, жанубий қўшниси бўлган Афғонистонни Анг¬лия тажовузидан сақлаш учун ҳам уни халқаро майдонда астойдил ҳимоя қилиб келди, унга сиёсий, иқтисодий ёрдамлар кўрсатди. Шу туфайли, Афғонистон ҳукумати, хусусан унинг шоҳи Омонуллохон ва ундан кейин тахтни эгаллаган Ҳабибуллохон Россия билан муносабатларини бузмаслик, унинг иқтисодий ёрдами ва қўллаб-қувватлашидан маҳрум бўлмаслик учун бу давлатнинг душманлари ҳисобланадиган кишиларни ўз қанотлари остига олмаслиги табиий бир ҳол эди. Шу туфайли кейинги йилларда фарғоналик мусофирлар кўп азият чекишларига тўғри келди.
Шермуҳаммадбек шу шароитда ҳам қўл қовуштириб ўтирмади: имкон борича советларга қарши курашни давом эттирди. Бир вақтлар Шермуҳаммадбекка душманлик қилиб, уни Шарқий Бухорога сиғдирмаган қўрбошилар вақти-соати етиб, ўзлари ҳам Афғонистонга қочиб ўтиб, мусофирлик намагини тотиб кўришди. Улар Шермуҳаммадбек билан бир неча бор учрашдилар, ўтган ишлар учун кечирим сўрашди, курашни давом эттириш учун ҳамкорликка чорлашди. Шермуҳаммадбек ҳам кек сақлаб ўтирмади. Улар ҳамкорликда курашни давом эттирдилар. Ўттизинчи йилларнинг бошларида бир неча ўн бор чегарани бузиб ўтиб гарчи, катта ғалабага эриша олмаган бўлсаларда, Шўроларга қарши кураш хали давом этаётганлигини билдириб қўйдилар.
Шермуҳаммадбек миллий-озодлик ҳаракатининг йирик саркардаларидан бири Иброҳимбек Лақай билан бир неча марта учрашади. Бир-бирларига ўтган воқеалар учун узр-маъзур қилишади. Шунингдек, Иброҳимбек, Бухоронинг собиқ амири Олимхон билан Шермухаммадбекни яқиндан таништиради, кўз  ёшлар билан самимий қучоқ бериб кўришадилар, ўтган ишлар учун узр айтишиб, келгуси режалар ҳақида фикрлашадилар. Шермуҳаммадбек 1930 йилга қадар икки маротаба катта куч билан Афғонистондан туриб қизилларга қарши ташланади. Лекин тақдир унга кулиб боқмади.
Шермуҳаммадбек Афғонистонга ўтиш асносида дарё ўртасида сол қайиқни бир муддатга тўхтатиб, Ватан тупроғидан кўз узолмай изтироб чекиб, турли ўй-хаёлларга борганлиги, шу жумладан, душманлар Ватандан жудо қилгани билан кифояланмай, ёмон отлиқ қилиш, туҳмат, бўҳтон тошларини отиши муқаррарлигини қалбида ўтказганлигини юқоридаги бобларимизда ҳикоя қилган эдик.
Шермуҳаммадбек 1945 йилга қадар Афғонистонда, Ҳиндистонда, 1951—1959 йилларда Покистонда, 1959 йилдан 1970 йил 10 мартга қадар, яъни, умрининг охиригача Туркиянинг Адана шаҳрида яшади.
У қалбида изтироб, бир умрлик Ватан қайғуси билан 77 ёшида ёруғ дунёни тарк этди. Шермуҳаммадбек Аф¬ғонистонга ўтиб кетган пайтдан бошлаб Шўролар уни ёмон отлиқ қилиш учун сийқаси чиқиб кетган, бироқ синовдан ўтган, энг моҳир иғвогарларнинг чўнтагидан тушиб қолган ифлос усулларни қўлладилар.
Боймирза Ҳайит Шермуҳаммадбекнинг Афғонис¬тондаги ҳаётини ўз асарларида ёритиб ўтган. Улардан кичик бир парча келтирамиз: “Руслар афғон ҳукуматидан Шермуҳаммад ва бошқа қўрбошиларни Совет иттифоқига қайтариб беришни талаб қиладилар. Афғон ҳукумати бу талабни рад этади. Совет русларининг қистови ва найрангига кўра Шермуҳаммад, Нурмуҳаммад ва Афғонистонда қўним топган бошқа қўрбошилар ушланиб, Иккинчи жаҳон уруши тугагунга қадар (олти йил чамаси) қамоқда сақландилар. Урушдан сўнг улар озод этилдилар...”
Шермуҳаммадбекнинг кейинги ҳаётини пухта ўрганган машхур олим Рустамбек Шамсутдинов эса шундай ёзади:
“... Афғонистонда Омонуллохон, сўнгра Нодирхон подшоҳлик қилган даврда Шермуҳаммадбекка Афғонистон ҳукумати Шўролар билан алоқани узмаслик сиёсатини олиб борарди. Ҳарҳолда, бу ҳукумат Шермуҳаммадбекка бир минг афғони ойлик бериб турди. Ер ҳам берди. Шермуҳаммадбек ке¬йин бу ерларни ҳукуматга қайтарган.
1951 йили Афғонистондаги ота юртлик туркистонлик муҳожирлар қон-қардош Туркиядан бошпана олдилар. Шермуҳаммадбек ва укаси Нурмуҳаммадбеклар бунда бош-қош бўлдилар. Улар Покистоннинг Пешавор шаҳрида туриб ватандошларни Туркияга кузатдилар. Жами 1111 киши Туркияга жўнатилди. Шермуҳаммадбек вақтинча Пешаворда, Нурмуҳаммадбек Карачида яшаган. Улар Шарқий Туркистондан ҳам кўплаб ватандошларни Туркияга жўнатиш билан машғул бўлдилар...”   
Шермуҳаммадбекнинг Фарғонадаги оиласи ҳақида етарли маълумот дастлаб тополмадик. Фақат баъзи манбалардаги Шермуҳаммадбек Шоҳимардонлик Музаффархон Мингбошига куёв бўлганлиги эслатилади, аммо изланишларимиз беҳуда кетмади.
“Шермуҳаммадбек Афғонистонга ўтиб, Кобулда яшай бошлайди. 1924 йили Андижондан Кобулга бориб қолган Зулфинисо исмли қизга уйланди. Улардан Давронбек, Жаҳонгир, Саодатхон, Хосиятхонлар дунёга келади. Тўнғич ўғли Давронбек ҳозир Нью-Йоркда, Саодатхон Туркиянинг Адана шаҳрида истиқомат қилишяпти. Жаҳонгир билан Хосиятхонлар Шермуҳаммадбек Кобулдалигидаёқ вафот этишган. Давронбекнинг онаси Зулфинисо 1972 йили Аданада оламдан ўтган...”
Ниҳоят, 1955 йили Шермуҳаммадбек ўз оиласи билан Туркияга келади ва Адана шаҳрида умрининг охиригача яшайди. 1970 йил 10 мартда Шермуҳаммадбек оламдан ўтади. Унинг дафн маросими жуда катта ҳурмат, эҳтиром, қайғу билан ўтказилади. Туркия ҳукуматидан, дунёнинг бошқа жойларида яшаётган ватандошлардан, жамоат ва илм арбобларидан вакиллар, таъзиялар келди. Бу қаҳрамон шарафига аталган марсиялар радио тўлқинлари орқали бир неча кун бериб турилди. Унинг тобути бутун Адана шаҳри бўйлаб Туркия ва Туркистон Мухторияти байроқлари ва мунгли мусиқа садолари остида қабристонга элтиб қўйилди...”
ИБРОҲИМБЕК ЛАҚАЙ
Миллий-озодлик ҳаракати учқуни Фарғонада чақнаб, унинг алангаси бутун Туркистонни қамраб олганлиги тарихдан маълум.
Бухоро амири бир зарбадаёқ мағлуб бўлган десак, хато қилган бўламиз. Тўғри, кучлар тенг бўлмагани учун амир пойтахтни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди, бироқ Шарқий Бухорода, кейинчалик Афғонистонда туриб курашни давом эттирди. Шарқий Бухородаги курашни амирнинг лашкарбошиси Иброҳим Лақай бошқариб, 1932 йилгача қизил армия билан шиддатли жанглар олиб борганлиги тарихдан маълум.
Миллий-озодлик ҳаракатининг Бухородаги йирик саркардаларидан бири Иброҳимбекдир. У 1889 йилда Душанбе яқинида Кўктош даҳасида таваллуд топади. У Бухоро амири томонидан 1921 йилда бутун Бухоро қўшинларига қўмондон этиб тайинланади. 1921 йил 17 сентябр¬да “Ислом лашкарбошиси” деган унвон берилган. 10000 нафардан ошиқроқ аскар тўплаб Кўлоб, Балжувон, Қоратегин, Дарвозу Ҳисор вилоятларини қизиллардан тозалаган. 1923 йил Ҳисор, 1925 йилдан Сурхон, Шеробод, Бойсун воҳаларида Шўро армиясига қарши мардоновор курашади. У Афғонистонга ўтиб кетгандан кейин 1926—29-йилларда Кобул яқинида Саид Олимхон қароргоҳида яшаган. 1928—29-йилларда Кобулдан Шимолий Афғонистонга келиб яна мавқеини мустаҳкамлашга эришади. Совет қўшинлари 1929 йил апрел-май ойларида Афғонистонга бостириб киради. Иброҳимбек бошқа қўрбошилар билан 1930 йил 25 майда қурултой ўтказиб СССРга қарши уруш режасини белгилаб оладилар, аммо бу режадан воқиф бўлган қизил армия унга қарши зарба уюштиради.
1930 йил 20 июнда иккинчи маротаба қизил аскарлар яна Афғонистонга бостириб киради. Бир ҳафталик оғир жангдан сўнг чекинишга мажбур бўлади. Иброҳимбек 1931 йил 30 мартда яна Тожикистон ҳудудига кириб 3 ой болшавойларга қарши шиддатли жанг олиб боради.
Иброҳимбек ватан хоинлари ва сотқинларни бутун қалби билан жуда ёмон кўрарди. Шўролар ҳар хил йўллар билан туб ерли аҳолини алдаб, мансаб ва пуллар бериб разил мақсадларда фойдаланардилар. Фарғонада олиб борилган жангларда ҳам шундай усуллар кўплаб қўлланилган.
Болшавойлар фирқаси Иброҳимбек, Исмат, Раҳмон Додхоҳ кабиларни йўқ қилиш учун ўз хоҳиши билан таслим бўлганларга катта-катта мансаб, садақалар бериш учун махсус гуруҳлар тузилгани тегишли махфий ҳужжатлардан маълум.
Буларга учган учта сотқин мусулмон йигити қўрбоши Исматбекнинг бошини кесиб, Кўлоб ҳарбий гарнизонига топширишади, эвазига беш юз тилладан оладилар, мукофотлар болшавойлар томонидан тантанали топширилади. Қизиллар эса уни бош танасини қозиққа суқиб шаҳар, қишлоқларга олиб бориб митинглар ўтказадилар.
Бундай ваҳшийликдан дахшатга тушган Иброҳимбек қизил аскарларга сотилган йигитлар қишлоғига ўт қўяди ҳамда сотилган малъунларни топиб ўлдиртиради. Иброҳимбек 1931 йил 12 июнда Оқбош тоғидаги охирги жангда яраланиб мағлубиятга учрайди. 1932 йил март ойида суд қилиниб, 31 август¬да қатл этилган.
Иброҳимбекка нисбатан болшавойлар нафрати шунчаликка бориб етганки, у мансуб бўлган Лақай уруғи ўзбеклари таъқиб остига олинган.
Ҳатто болшавойлар Лақай зотли отларни ҳам қириб ташлаган. Шарқий Бухородаги озодлик курашининг юқори чўққига кўтарилишида катта ҳисса қўшган Бухоро халқининг фидойи ўғлонлари миллий-озодлик курашини 1934 йилга қадар давом эттирганлар.
ЖУНАИДХОН
Хива хонлиги ҳам осонгина таслим бўлди десак, яна хато қилган бўламиз. Хоразмда миллий-озодлик кураши 1934 йилгача давом этди. Курашни Хива хонлигининг амалдаги ҳукмдори Жунаидхон бош¬қарди.
Туркманларнинг ёвмуд қабиласи жунайд тармоғи вакили бўлмиш Қурбон Муҳаммад 1857 йилда таваллуд топди. Туғма салоҳияти туфайли, мадрасада ўқимасдан, мироб, қози лавозимларига эришди. Деҳ¬қончилиги фақат суғориш билан боғлиқ Хоразмда мироблик юқори даражали мансаб ҳисобланади. У ерда мироб нафақат сув тақсимоти билан, балки катта-катта маъмурий ҳудудларни бошқариш билан ҳам шуғулланади. Қурбон Муҳаммаднинг ҳарбий иқтидорини кўрган халқ уни уруғ ҳарбий сардори этиб сайлайди. 1914 йили Хива ҳукмдори Асфандиёрхон уни салтанатдаги барча туркман қабилаларининг сардори этиб тайинлайди.
Ҳокимият учун кураш деярли барча мамлакатлар тарихига хос ҳаракатдир. Асфандиёрхоннинг сиёсати ва тутган йўли, хонликнинг таназзул ботқоғига ботиб бориши Хоразмда ҳам ҳокимият учун курашнинг кучайишига туртки бўлди. Бу кураш Қурбон Муҳаммадни ҳам четлаб ўтмади. У 1915 йилда ўзига Жунаидхон деган ном олиб, ҳокимият учун курашга қўшилди. 1918 йилда у сарой аъёнлари ёрдамида давлат тўнтариши ўтказиб, тахт-га Асфандиёрхоннинг акаси Саид Абдуллахон Тўрани ўтказди, ўзи қўшин сардори вазифасида туриб, давлатни бошқарди.
1920 йил баҳорида советлар ҳокимияти “Хоразм ин¬қилобчиларига биродарлик ёрдами” баҳонасида Хоразмга катта қўшин ташлади. Оқибатда хонлик тугатилиб, Хоразм Халқ Совети Республикаси номли ҳукумат тузилди. Жунаидхон туркман саҳроларига чекинишга мажбур бўлди. У бир оз куч тўплаб, миллий-озодлик ҳаракатини бошлаб юборди ва 1929 йилгача тинимсиз жанг қилди. 1929 йили Эронга ўтди. Эроннинг чегарага яқин худудига ўрнашиб, советларга қарши курашни давом эттирди. 1931 йилда Совет ҳукуматининг қатъий талаби билан Эрон ҳукумати Жунаидхонни Эрондан чиқариб юборишга мажбур бўлди. Жунаидхон Афғонистонга ўтиб, 1938 йил вафотига қадар курашни давом эттирди.

Фарғонада миллий-озодлик ҳаракатида
иштирок этган қўрбошилар

I. Миллий-озодлик ҳаракатини бошқарган йирик
қўрбошилар

№   Исми   Туғилган юрти   Туғилган
             йили
1.   Эргашбек (Катта Эргаш)   Бачқир    1882   
2.   Муҳаммадаминбек
   (Мадаминбек)   Марғилон    1894   
3.   Шермуҳаммадбек   Ғорбуво   1894   
4.   Парпибек    Андижон    1882   
5.   Жонибек Қози    Ўзган    1867   
6.   Муҳиддинбек    Кўкжар (Олой)   1877   
7.   Омон Полвон    Наманган    1867   
8.   Холхўжа Эшон    Ўш   1874   
9.   Ислом Полвон   Қораёзибуво   1882   
10.   Раҳмонқулибек   Ашоба   1877   
11.   Нурмуҳаммадбек   Ғорбуво   1899   

II. Қўрбошиларнинг алифбо тартибидаги рўйхати

№   Исми   Туғилган юрти   Туғилган
           йили
1.   Абдулла Қори    Андижон    1890   
2.   Абдулла Қори    Хонабод    1898   
3.   Абдуллабек   Шўрбулоқ   1897   
4.   Абдуллажон   Олтиариқ   1888   
5.   Абдулла Полвон   Варзик   1887   
6.   Абдулла Қози Худоёров   Дўрмонча    1870   
7.   Абдуллажон Махсум   Жалойир    1882   
8.   Абдулла Махсумбек   Кистакўз   1895   
9.   Абдуваҳҳоб Бойвочча   Қашқақишлоқ   1899   
10.   Абдураҳим   Пойтуғ    1882   
11.   Абдуқаҳҳор   Наманган   1900   
12.   Абдуқаҳҳор   Қўқон    1881   
13.   Абдумалик Мингбоши   Чуст   1876   
14.   Абдусалом Қори    Чуст   1898   
15.   Авлиёхон Махсум   Қўқон    1890   
16.   Авлиёхон Мехтар   Марғилон   1882   
17.   Авлиёхон Тўра   Марғилон    1892   
18.   Акбарали    Сўкчилик   1877   
19.   Акбарбек   Қўқон    1883   
20.   Алиёрбек   Зилха   1882   
21.   Алибой   Қоракатак   1882   
22.   Алломбой   Зилха    1892   
23.   Арслонбек Қассоб   Тарғова    1890   
24.   Арслон    Айирбос   1892   
25.   Асқарбек    Сўкчилик    1893   
26.   Асқар Полвон    Қўқон    1887   
27.   Асқарбек    Қорақўрғон   1887   
28.   Асқар    Найманча    1889   
29.   Аширмат   Панғоз   1881   
30.   Ашир Бойўғли    Ражабгарди   1890   
31.   Аҳмад   Хонариқ   1897   
32.   Аҳмад Полвон   Асака   1892   
33.   Аҳмад Қозоқ   Андижон    1887   
34.   Аҳмадали    Ғорбуво   1985   
35.   Аҳмаджон Бойвочча   Хўжахасан   1897   
36.   Бекмурод    Мадараса    1887   
37.   Бобожон    Ёзёвон    1884   
38.   Бойтуманбек    Мамахон    1882   
39.   Болтабой   Самарқанд (Боғдод)   1892
40.   Боймирза    Учкўприк    1889   
41.   Боястон    Чотқол    1880   
42.   Болтабой    Қумариқ    1886   
43.   Бўри Бойвочча    Мўйимуборак    1883   
44.   Бўрибой    Хонабод    1892   
45.   Бўтабек    Ёйилма    1887   
46.   Вали Ботир   Қўқон    1891   
47.   Вали Понсод    Янгиқўрғон    1896   
48.   Валибек Чиноқ    Тўқсонқовун   1890   
49.   Валибек    Тожикқишлоқ    1887   
50.   Ворис Хожи    Чуст    1885   
51.   Гадой Ботир    Найманча    1888   
52.   Даврон    Қумариқ    1892   
53.   Давронбек    Афғонқишлоқ    1894   
54.   Дадабой Пансод    Оқчангал    1891   
55.   Дадабой Мингбоши    Қўқон    1880   
56.   Дардоқбек    Марғилон    1882   
57.   Дўстмуҳаммад    Аччиқкўл    1886   
58.   Етовқўзи    Бачқир    1883   
59.   Ёрбек ота    Сўх    1872   
60.   Ёрмат Махдум   Мадраса    1882   
61.   Ёрмат Махсум    Қўқон    1878   
62.   Ёрмат Гузур    Қўқон   1879   
63.   Ёрмуҳаммад    Жўйидам   1892   
64.   Ёқубжонбой    Ўш    1878   
65.   Ёқуббек Валломат   Косон    1880   
66.   Жаниш Ботир    Бешариқ    1891   
67.   Жалолиддин    Ўзган    1888   
68.   Жўра Извон    Қўқон    1882   
69.   Жўра Понсод   Яйпан    1884   
70.   Жумабой    Қайнар    1887   
71.   Жўра Жўрабоши    Катта Кенагас   1881   
72.   Жўра Ёғчи    Найново    1892   
73.   Жўра Қассоб    Чек    1896   
74.   Жўрабойвочча   Шаҳрихон    1891   
75.   Жўра Дархон    Наманган    1887   
76.   Жевачи    Бўзала    1879   
77.   Жалолиддин    Қува    1886   
78.   Зулфиқорбек    Қўқон    1879   
79.   Зунун Қори    Бекобод    1876   
80.   Зунунбой    Андижон    1880   
81.   Ибниямин    Иштихон    1875   
82.   Иброҳимбек    Қўқон    1884   
83.   Иброҳим    Андижон    1879   
84.   Иброҳим Мирзо    Турғоқ    1882   
85.   Исобек    Толмозор    1890   
86.   Исматулло    Қўштегирмон    1876   
87.   Исмат    Урганжи    1879   
88.   Исмоилбек    Жалойир    1880   
89.   Исмоил Полвон    Қорасоқол   1872   
90.   Ислом Понсод   Бачқир    1878   
91.   Ислом Бойвочча    Янгиқўрғон    1890   
92.   Исроилбек    Омонжўра    1889   
93.   Исроилбек    Ёрмозор    1883   
94.   Йўлдош Оқсоқол   Маҳрам    1875   
95.   Йўлдошали    Қўқон    1890   
96.   Йўлдош Полвон    Султонобод    1892   
97.   Йўлдош Охунд    Оқчангал    1880   
98.   Йўлдошбек    Қува    1886   
99.   Йўлдошбойвочча    Тожикқишлоқ    1892   
100.   Йўлдошбуқоқ    Акбаробод    1891   
101.   Йўлчи    Андижон    1889   
102.   Йўлчибек    Аравон    1893   
103.   Кичик Эргаш   Бачқир    1885   
104.   Карим Тўра    Варзик    1884   
105.   Карим Тўра Мингбош    Чуст    1878   
106.   Камол Исмоил    Хонақох    1890   
107.   Камолиддин    Қўқон    1881   
108.   Катта Камол    Қорасоқол    1884   
109.   Кичик Камол    Қорасоқол    1889   
110.   Комил Полвон    Тожикқишлоқ    1887   
111.   Комил Понсод    Қирғизқишлоқ    1884   
112.   Кучикўп    Ўзган    1880   
113.   Кенжабой    Шаҳрихон    1891   
114.   Кичик Ислом    Яйпан    1892   
115.   Кал Қўчқор    Бачқир    1879   
116.   Латифбек    Қўқон    1894   
117.   Лутфуллоҳ Махсум   Ўш    1888   
118.   Мадали    Бачқир    1890   
119.   Мадамин Понсод    Яйпан    1883   
120.   Мадамин Полвон    Қизил оёқ    1879   
121.   Мамажон Мингбоши    Шоҳимардон    1875   
122.   Мадумар Бадал    Янгиқўрғон    1887   
123.   Мамажон    Андижон    1891   
124.   Мамарўзи    Марғилон    1893   
125.   Маматаюб    Қоратепа    1884   
126.   Мамат    Чуст    1886   
127.   Маматқул Полвон    Қўқон    1881   
128.   Машраб Хусматов    Боғдод    1897   
129.   Мақсуд    Наманган    1892   
130.   Мақсудбой   Жийдакапа    1882   
131.   Маҳкам Хожи    Андижон    1880   
132.   Махсим    Андижон    1876   
133.   Маъмурбек    Капалик    1879   
134.   Мирзааҳмад    Қўқон    1881   
135.   Маҳкам Хожи    Урганжи    1877   
136.   Мирза тоға    Андижон    1890   
137.   Мирза Билол    Андижон    1883   
138.   Мирзаҳамдам    Андижон    1886   
139.   Мирза Умар    Бачқир    1894   
140.   Миркарим ота    Валик    1887   
141.   Мирзакарим Бойвочча    Қумбости    1891   
142.   Мирзааҳмад Бойвочча   Чек    1889   
143.   Мирза Умар    Қўштегирмон    1887   
144.   Мулла Абдураззоқ   Андижон    1878   
145.   Мулла Абдураззоқ    Миробод    1883   
146.   Мулла Даврон    Қўрғонтепа    1880   
147.   Мулла Йўлдош    Қўрғонтепа    1879   
148.   Мулла Махди   Аввал    1876   
149.   Мулла Жума   Булоқбоши    1884   
150.   Мулла Иброҳимбек    Қўршоб    1878   
151.   Мулла Пўлат   Ворух    1875   
152.   Мулла Пўлатбек    Чавкон    1877   
153.   Мулла Сиддиқ    Қирғизота    1881   
154.   Мулла Тошболта    Қува    1883   
155.   Мулла Хўжабек    Булоқбоши    1874   
156.   Мулла Сотволди    Қумариқ    1884   
157.   Мулла Ҳотам    Толмозор    1879   
158.   Мулла Умрзоқ    Сўзоқ    1877   
159.   Мулла Эргаш    Наманган    1876   
160.   Мулла Султон    Риштон    1882   
161.   Муҳаммадали    Хонариқ    1885   
162.   Муҳаммадали    Найнова    1880   
163.   Муҳаммаджон    Қумариқ    1882   
164.   Муҳаммад Хожибек    Зилха    1884   
165.   Муҳаммадбек    Ёрмозор    1889   
166.   Муҳаммадёр   Қува    1891   
167.   Муҳаммад Рўзи    Марғилон    1886   
168.   Муҳаммад Исоҳ   Арабмозор    1883   
169.   Муҳаммадрўзибек    Тўртбулоқ    1890   
170.   Муҳаммадқўлибек    Хонобод    1887   
171.   Музаффар Мингбоши    Шоҳимардон    1870   
172.   Муҳриддин Бойвочча   Марғилон    1892   
173.   Муйдин Бойвочча    Марғилон    1889   
174.   Мўҳиддин    Новкат    1885   
175.   Мўҳиддинбек    Кўкжар    1882   
176.   Назар    Андижон    1893   
177.   Назир Мингбоши    Лоғон    1877   
178.   Набибек    Валик    1884   
179.   Насриддинбек    Қўқон    1886   
180.   Насриддин    Қизилқия    1891   
181.   Нишонбой    Новкат    1894   
182.   Нишон Тўлка    Бачқир    1880   
183.   Низомиддинбек    Олтиқўш    1883   
184.   Низом Ҳожи    Чувалачи    1878   
185.   Носирхон Тўра    Қўқон    1878   
186.   Носирхон Тўра    Косон   1876   
187.   Нурмуҳаммад    Қоровул    1896   
188.   Нурмуҳаммад Ҳожи    Марғилон    1876   
189.   Нўъмонбек    Ўш    1881   
190.   Ойбола    Найманча    1885   
191.   Ойшахон    Ўш    1880   
192.   Обиджонбой    Қўқон    1872   
193.   Обиджонбек    Марғилон    1884   
194.   Олимжон Ёқубов   Андижон    1882   
195.   Оллоёр    Пастқўриқ    1878   
196.   Оллоёрбек    Олмурод    1887   
197.   Омонбек Худоёров    Чуст    1876   
198.   Одил Полвон    Бўзала    1878   
199.   Орзиматбой    Чуст    1880   
200.   Орифбойвочча    Найман    1879   
201.   Осмонбек    Жалолобод    1882   
202.   Отабек    Қўқон    1890   
203.   Отажон    Бостонбуво    1877   
204.   Отахон    Қақир    1879   
205.   Охунжон    Андижон    1881   
206.   Оқбола    Данғара    1883   
207.   Охундбек    Ғорбуво    1878   
208.   Охунжонбой    Қўқон    1870   
209.   Оқсоқ Тернас (Танноз)   Ўш    1876   
210.   Пардабой    Қўқонқишлоқ    1880   
211.   Парпи    Янгиқишлоқ    1884   
212.   Парпи бола    Сўнчилик    1878   
213.   Парпи Бойвочча    Қўриқ    1874   
214.   Полвонбой    Туркқишлоқ    1879   
215.   Полвон Ўроқ    Оқжар    1881   
216.   Пўлатбек    Овчи    1883   
217.   Пўлат Охунд   Яйпан    1877   
218.   Пирмат Оқсоқол    Тошкўприк    1874   
219.   Раҳмат    Чек    1890   
220.   Ражаб Понсод    Янгиқўрғон    1894   
221.   Ражабали    Бешариқ    1887   
222.   Рўзимат    Марғилон    1884   
223.   Рўзимуҳаммадбек    Ғорбуво    1898   
224.   Рўзимуҳаммадбой    Яккатут    1894   
225.   Рўзимуҳаммадбек    Балиқчи    1890   
226.   Рустамбек    Кўштегирмон    1887   
227.   Рустма-Достон    Беквачча    1892   
228.   Розиқкўр    Хаққулобод    1879   
229.   Салим Понсод    Ёрмозор    1883   
230.   Салим Бойвочча    Қўқон    1889   
231.   Сангил    Конибодом    1881   
232.   Сангил    Ашт    1884   
233.   Сайдали Қақир    Қақир    1886   
234.   Сайдулло Махсум    Қўқон    1877   
235.   Саидаҳмадбек    Ўш    1879   
236.   Саримсоқбой    Сўзоқ    1880   
237.   Саркор Ота    Бўри    1878   
238.   Сатторбек    Қўқон    1887   
239.   “Сафар”- Қўрбоши     Бешариқ    1876   
240.   Саттор Чулоқ    Найнаво    1876   
241.   Солиҳ    Найзақайрағоч    1889   
242.   Солиҳжон    Файзобод    1890   
243.   Сотиболди    Тарғова    1894   
244.   Сотиволди Соҳиб   Қумариқ    1891   
245.   Сотиболди Қози    Наманган    1872   
246.   Сотиболди Қози    Хўжаобод    1876   
247.   Сотқинбой    Ахшак    1886   
248.   Сотиболди Пансод    Бешариқ    1887   
249.   Соҳиб Қори    Имомота   1880   
250.   Султонбек    Андижон    1888   
251.   Султон Ғози    Олтиариқ    1890   
252.   Султон Кўккўз   Бўрбалиқ    1883   
253.   Суҳроб    Сўх    1892   
254.   Теша афитсер    Бўлоқбоши    1880   
255.   Тешабой    Зилха    1884   
256.   Теша Мингбоши    Учқўрғон    1878   
257.   Тиллабек    Шалдирама    1882   
258.   Тожибой    Қоракалтак    1889   
259.   Тожибой    Қува    1887   
260.   Тожибой Азимбоев    Чуст    1884   
261.   Тожибой Амин    Зоҳидон    1879   
262.   Тожизода    Шаҳрихон    1881   
263.   Тошканбой    Қумариқ    1890   
264.   Тошмуҳаммад    Хонариқ    1892   
265.   Тошмуҳаммад    Найнаво    1889   
266.   Тошмуҳаммад    Қоровул    1880   
267.   Тошмуҳаммад    Иштихон    1885   
268.   Тошмуҳаммадбек    Ғорбуво    1893   
269.   Тошмуҳаммад Бойвочча    Қўқон    1891   
270.   Тошпулат Саркор    Қўқон    1876   
271.   Тошпулат Понсод   Мозорбуво    1878   
272.   Турдиали Бойвочча    Яшик    1887   
273.   Турсунбой    Товул    1884   
274.   Турғун Полвон    Ғорбуво    1881   
275.   Тўланбой    Кўкиш    1890   
276.   Тўйчибек    Олтиариқ    1883   
277.   Тўрабек    Андижон    1900   
278.   Тўрахон Худоёрхонов    Тўра (Риштон)   1880   
279.   Тўйчи Бойвочча    Қўриқ    1887   
280.   Тўхтабой    Ахшак    1879   
281.   Тўхтамуҳаммадбек    Олой    1882   
282.   Тўхтасин    Садкак    1886   
283.   Тўхтамурод    Мингтут    1883   
284.   Тўқли    Аширқулмерган    1889   
285.   Умар Полвон    Қайқи    1890   
286.   Умар Тоға   Ғорбуво    1878   
287.   Умар чули    Қорашаҳар    1881   
288.   Умарали Шалпанқулоқ    Хўжа Ҳасан   1884   
289.   Умар   Оқжар    1882   
290.   Узоқ Бойвочча    Булоқбоши    1880   
291.   Умурзоқ    Хонобод    1882   
292.   Умурзоқ Халифа    Шаҳрихон    1876   
293.   Усмонбек    Андижон    1884   
294.   Усмонбек    Қалмоқ    1888   
295.   Усмонча    Қўқон    1892   
296.   Усмонжон    Бойистон    1894   
297.   Усмон дев    Кистакўз    1883   
298.   Уста Матқобил    Андижон    1880   
299.   Фаёз Махсум    Лоғон    1877   
300.   Файзуллабой    Чуст    1879   
301.   Файзулла Чўрткесар    Қўқон    1887   
302.   Фармонқул    Сўфиқишлоқ    1878   
303.   Фақир    Сўх    1881   
304.   Фидомат    Панғоз    1890   
305.   Холдор Эшон    Хонариқ    1878   
306.   Худоёрхон    Яйпан    1886   
307.   Худойберди Эшон    Зилха    1877   
308.   Худойқули Баҳодир    Қўқон    1876   
309.   Худойқули Пансод    Яйпан    1880   
310.   Худойқули Карнай    Хафалак    1882   
311.   Чўли Мингбоши    Шаҳрихон    1877   
312.   Шайит    Андижон    1881   
313.   Шамси    Хонобод    1884   
314.   Шамсиддинбой    Қўқон    1878   
315.   Шерали    Шўра    1883   
316.   Шермат Понсод    Яйпан    1886   
317.   Шамсибек    Олойкул    1888   
318.   Шерғози    Капалак    1884   
319.   Шокир    Чавкон    1890   
320.   Шокир    Мингтепа    1887   
321.   Шокир Жаллод    Қизилоёқ    1879   
322.   Шокирхўжа    Асака    1878   
323.   Шодмон Бойвочча   Ғова    1892   
324.   Эргаш    Ахшак    1882   
325.   Эргаш    Хонариқ    1884   
326.   Эргаш Полвон    Қорасоқол    1880   
327.   Эргаш Полвон    Қизилоёқ    1881   
328.   Эргаш Понсод    Яйпан    1883   
329.   Эргаш Учар    Чимён    1887   
330.   Эргаш Қирғиз    Хонариқ    1878   
331.   Эргаш Қора    Маркаюз    1891   
332.   Эшмат Бойвочча    Бачқир    1888   
333.   Эшмуҳаммад Мингбоши    Қўқон    1876   
334.   Эрмат Понсод    Оқмасжид    1882   
335.   Эрмуҳаммад    Яйпан    1890   
336.   Юнус    Андижон    1892   
337.   Юнусбек    Харабек    1887   
338.   Юсуп    Ашт    1883   
339.   Юсуп Полвон    Ёзёвон    1880   
340.   Юсуфжон    Лайлакхона    1892   
341.   Юсуфжон    Зилха    1895   
342.   Юсуфжон Махсум   Тошлоқ   1877   
343.   Юсуфжон Махсум   Марғилон    1879   
344.   Юсуф Полвон   Қорасоқол    1881   
345.   Юсуфбек Худоёрхонов   Чуст    1879   
346.   Яҳёхон Мингбоши    Қудаш    1876   
347.   Яхшибек Понсод    Қирқлар    1882   
348.   Ўринбой    Бибиубайда    1884   
349.   Ўсар кал    Андижон    1880   
350.   Ўринбой Саркор    Аравон    1885   
351.   Ўтаб Миршаб    Янгиқишлоқ    1878   
352.   Қамчибек    Қирғизқишлоқ    1886   
353.   Қамчибек    Ғоз    1889   
354.   Қамариддин    Қўқон    1879   
355.   Қавомиддин    Қўқон    1876   
356.   Қозоқбой    Миробод    1887   
357.   Қозоқжон    Марғилон    1888   
358.   Қозонжонбек    Оқер    1885   
359.   Қодир    Қуршоб    1892   
360.   Қодирқул Мингбоши    Қўқон    1878   
361.   Қорабой    Олтиариқ    1881   
362.   Қорабой    Човкан    1884   
363.   Қори Раҳмон    Чуст    1880   
364.   Қосим    Қумқишлоқ    1882   
365.   Қосим Понсод    Андижон    1887   
366.   Қирғизбой    Қоратепа    1887   
367.   Қуман Сариқ    Бибиубайда    1889   
368.   Қурбон    Юзўроқ    1891   
369.   Қурбон Този   Чиркай    1884   
370.   Қурбон Понсод    Яккатут    1886    
371.   Қўлдош Понсод    Учқўрғон    1882   
372.   Қўлдош Паҳловон    Қўқон    1887   
373.   Қўлдошбой    Қоратепа    1892   
374.   Қўчқор    Олмос    1894   
375.   Қўчқор Понсод    Яйпан    1883   
376.   Қўчқор Полвон    Бачқир    1885   
377.   Қўшмурод    Тожикқишлоқ    1887   
378.   Ғайрат    Урганжи    1897   
379.   Ғайрат Понсод    Қўқон    1881   
380.   Ғанибойвочча    Қува    1891   
381.   Ғанихон    Зилха    1893   
382.   Ғанихонбой    Қўқон    1879   
383.   Ғаффорбек    Исфара    1876   
384.   Ғаффорбек    Акбаробод    1880   
385.   Ғойирхўжа    Қўқон    1884   
386.   Ғофиржонбой    Найманча    1878   
387.   Ғофир Совуқ    Жалойир    1889   
388.   Ғуломҳасан    Ганжиравон    1892   
389.   Ғуломхон    Макай    1896   
390.   Ғулом Понсод    Чўли Юнус   1883   
391.   Ҳайдар    Қоратепа    1887   
392.   Ҳайдарбек Мингбоши    Қўқон    1877   
393.   Ҳайит    Охунқайнар    1891   
394.   Ҳайитбой    Қумқишлоқ    1894   
395.   Ҳамдам Ҳожи
   Қаландаров   Андархон    1880   
396.   Ҳамдам    Зилха    1887   
397.   Ҳамдамбек    Акбаробод    1884   
398.   Ҳамдамбек    Қўқон    1881   
399.   Ҳаким    Чуст    1883   
400.   Ҳакимбек    Тўлибой Мирзо    1879   
401.   Ҳамро Полвон    Қайнар    1882   
402.   Ҳамроқул    Қоратепа    1886   
403.   Ҳамроқулибек    Хонариқ    1889   
404.   Ҳамза Полвон    Қўқон    1891   
405.   Ҳамзахон Махсум    Яйпан    1878   
406.   Ҳожибек Понсод    Ғалча    1885   
407.   Ҳожибола    Олтиариқ    1890   
408.   Ҳожи Тўрабек    Тус    1879   
409.   Ҳолмуҳаммад    Ғорбуво    1892   
410.   Ҳолмуҳаммад Махсум    Қўқон    1881   
411.   Ҳотам     Қумариқ    1883   
412.   Ҳотмахон    Қўқон    1887   
413.   Ҳусайн Халифа    Кенагас    1878   
414.   Ҳусайн Понсод    Иштихон    1882   
415.   Ҳусайн Полвон   Сўкчилик    1886   
416.   Ҳусайнхон    Толмозор    1892   

Ҳозиргача эълон қилинган маълумотларга яна 152 нафар озодлик ҳаракати яловбардорлари қўшилган.


ЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН ҚЎРБОШИЛАР
Истиқлолчилар курашининг моҳиятини, унинг раҳбарларининг маҳорати ва жасоратини совет қўмондонлари, таниқли арбоб ва ёзувчилар ҳам эътироф этишга мажбур бўлганлар, Заки Валидий каби истиқлол куйчилари эса ўз асарларида мадҳ этганлар. Шундан келиб чиқиб, уларнинг айримларини келтириб ўтишни лозим деб биламан:
М.В.Фрунзе — Туркистон фронтининг қўмондони:
— “Туркистон юришининг асл мақсади, бутун Туркистонни забт қилишдан иборатдир. Фарғона водийсидаги бу ҳаракат марказ ва бутун Туркистон ўлкасида большевиклар режимига қарши кўтарилган халқ ҳаракати бўлиб Совет ҳокимиятини ларзага келтирди”.
— Босмачилик безорилик эмас, уларнинг саркардалари Мадамин ва Шерматлар ўзига хос уруш санъати сирларини билмаганларида аллақачон йўқ қилиш мумкин бўларди.
Ф.Карпов – Туркистон Ўқчи дивизиясининг командири:
— Қароқчиларга қарши кураш бўлмасдан, балки бу ерда кураш туб аҳолини Совет ҳокимиятига қарши ташкилий равишдаги қўзғалони ҳисобланади.
Қайғусиз Отабоев — Туркистон Автоном Совет Республикаси ХХС раиси:
(1922 йил июлида бўлган Туркистон МИК 4-пленумида шундай деган эди;) — “Дастлабки даврларда бос¬қинчилик руҳида бўлган бу ҳаракат эндиликда сиёсий мазмун касб этди. Шуни таъкидлаш лозимки, 1919—1920 йилларга келиб Фарғонада қароқчилик, босмачилик эмас балки ўзига хос халқ қўзғолони вужудга келди. Биз 4 йил давомида бу ҳаракатга тўғри баҳо бера олмадик, қўрбошилар Туркистон мустақиллиги учун ҳаёт-мамот курашига отландилар”.
Совет қўмондонлиги вакили В.В.Куйбишев:
— Босмачилик ҳаракатини шунчаки бандитлик деб қабул қилиш хатолик бўлади. Уларни бошидагиларни оддий қўрбоши дейиш яна хато бўлади. Улар сиёсий инқилоб учун курашяптилар.
Ҳарбий саркарда Зиновьев:
— Уруш ҳаракатида қуролсиз, ҳарбий санъатдан бехабар қўрбошиларни тезда йўқ қилинмаётгани билан айб¬ламоқдалар Шермуҳаммад ҳарбий санъатини қўшин йигитларини чапдаст, тез, оч бўридек ташланишларини улар билан жанг қилаётганларгина билади.
Ҳарбий совет комиссари Скалоев:
— Босмачилик Туркистон халқининг ҳокимиятга қарши миллий исёнидир.
Борис Пильняк:
— Шермуҳаммад юксак исм ва шараф соҳибидир.
— Шермуҳаммадбек халқига содиқ бир киши бўлган. Унинг душманлари ҳам унга баҳо беришда бор ҳақиқатни айтишга мажбур бўлганлар.
1922 йилга оид тарихий ҳужжатларнинг бирида шундай дейилган эди:
— Кўршермат (Шермуҳаммадбек) — миллати сарт (ўзбек) бўлиб, барча қўрбошиларнинг энг ғайратли ва қаттиққўллисидир. Жангда жуда жасур, қўл остидагиларга нисбатан талабчан, қизилларга шафқатсиз. Аҳоли ўртасида жуда катта обрў-эътибор ва шуҳратга сазовордир. (Қаҳрамон Ражабовнинг номзодлик десертациясидан).
Заки Валидий Тўғон эса шундай мадҳ этади:
Шермуҳаммадбек бундай озодлик ҳаракатига кимларнингдур фатвоси билан кирмади. Она тупроғига, миллатига, динига садоқати, босқинчиларга наф¬рати уни бу муқаддас йўлга бошлаб келган эди.
Шермухаммадбек ва унинг яқин сафдошлари-ку, Афғонистонга ўтиб кетиб, курашни давом эттирдилар. Хўш, уларнинг қизил империя ҳудудида қолиб кетган оила аъзолари, яқинлари ҳоли не кечди? Ўзимизни ҳам, муҳтарама китобхонларимизни ҳам қизиқтирадиган бу саволга жавоб топиш учун маълумот йиғишга ҳаракат қилдик. Машҳур тарихчи олим Рустам Шамсуддиновнинг изланишлари ўлароқ, хавфсизлик хизмати архивларидан топган айрим ҳужжатлар билан танишишга муваффақ бўлдик:
Хужжатларнинг муайян қисми Шермуҳаммадбекнинг умр йўлдоши Маъмурова Солияхон тақдиридан ҳикоя қилади:
Фуқаролар уруши ниҳоясига етиб, осойишталик ҳукм¬рон бўлгандан сўнг Солияхон ва бошқа қариндошлар очиқдан-очиқ таъқиб этилмасаларда, тегишли органларнинг доимий кузатувида бўладилар. Коллективлаштириш ҳаракати бошлангач, Солияхон эл қатори колхозга кириб, ўз тирикчилигини ўтказади. Халқда “Эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша ерда” деган мақол бор. Солияхон қариндошлари ёрдамида Афғонистонга, Шермуҳаммадбек олидига кетишга ҳаракат қилиб кўради, бироқ, акаси қамалиб қолиб бу иш амалга ошмайди ва у ўз қишлоғига қайтишга мажбур бўлади. Шундан сўнг НКВД органлари уни ҳибсга олиб, махсус учлик қарори билан саккиз йил қамоқ жазосига ҳукм этилади. У жазони Вятка лагерларида ўтайди. Солияхон Ўзбекистон ССР Олий Советининг амнистия бўйича комиссиясига ариза йўллаб, ўз ишини қайта кўриб чиқишлари ва қамоқдан озод қилишларини сўрайди. Бироқ, комиссия НКВД берган тавсифнома асосида унинг аризасини рад этади. Солияхон Маъмурова фақат 1989 йилга келибгина оқланади.
Шунингдек, мазкур архив қоғозлари ичида Солияхоннинг акалари Мамадали ва Маҳмуд Маъмуровлар, амакиваччаси Холиқов Нормат ва бошқаларнинг шахслари билан боғлиқ ҳужжатлар ҳам бор.
Қуйида Солияхон тергови ва тақдири билан боғлиқ бўлган ҳужжатлардан намуна келтирамиз.
Давлат Хавфсизлиги Бошқармаси томонидан 4.12.1937 йилда берилган 10-рақамли ордер. Бир суткали кучга эга.
Ўзбекистон ССР НКВД ДХБ ходими ўр.Анановичга.
Сизга Оқшоқ қ/с Терактаги қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Маъмурова Солияхонни тинтув қилиш ва ҳибсга олиш топширилади.
Узб.Респ.НКВД район бўлими бошлиғи.
Протокол (ордер бўйича)
   Терактаги қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Маъмурова Солияхон ишига оид ордер бўйича тергов ўтказилди.
Терговда иштирок этдилар: Тошлоқ район Оқшоқ қ/с Менжинский номли колхоз раиси Маҳмудов ва Маъмурова. Ордер асосида фуқаро Маъмурова Солияхон ҳибс¬га олади ва тинтув ўтказилди. Тинтувни НКВД район бўлими ходими кичик лейтенант Ананович олиб борди.
1937 й. 3 декабр. 
СЎРОҚ ПРОТОКОЛИДАН
Сўроқ НКВД район бўлими ходими Анапович томонидан ўтказилган ва имзоланган.
Савол: Акаларингиз ҳақида нима биласиз. Улар ҳозир қаерда?
Жавоб: Менинг акам Маъмуров Мамадали 1922 йилда Афғонистонга яширин тарзда ўтиб кетишга уринган пайтда қизиллар томонидан ўлдирилган.
Иккинчи акам Маъмуров Маҳмуд қаерда эканлигини билмайман. Қишлоқ аҳолисининг гапларига кўра, Тожикистон НКВДси томонидан қамоққа олинган.
Савол: Холиқов Нормат ҳақида нима дея оласиз? У билан муносабатларингиз қандай?
Жавоб: Холиқов Норматни яхши инсон ва яхши ходим сифатида биламан. Холиқов Нормат билан ўртамиздаги муносабат яхши, ўртамизда ҳеч қандай низо чиққан эмас.
Савол: Айтингчи, шу йилнинг Октябрь ойида Тошлоқ райони чегараларидан (ҳудудидан) қаерга ва кимнинг олдига кетган эдингиз?
Жавоб: Шу йилнинг Октябрь ойида Тошлоқ ра¬йонидан Ленин районига, холамнинг ўғли Қаюмов Турғунникига тўйга борганман ва у ерда 10—15 кун туриб, яна Тошлоқ районига қайтганман. Ленин районидан Терак Таги қишлоғига менинг олдимга Қаюмов Турғун келган эди ва у билан Ленин районига бирга кетган эдим.
Савол: Терговга маълумки, ўз акангиз Маъмуровдан хат олганингиздан сўнг Холиқовнинг маслаҳати бўйича, ўз буюмларингизни сотиб юбориб, яширин йўл билан чегарадан ўтиш ва Афғонистонга кетишга уриниб кўргансиз. Шуни тасдиқлайсизми?
Жавоб: Ўз акам Маъмуровдан ҳеч қандай хат олган эмасман, Ленин районига кетиш олдидан Холиқовни кўрган эмасман ва ундан ҳеч қандай маслаҳат олганим йўқ. Афғонистонга яширин тарзда ўтиш ҳақидаги гапни инкор этаман.
Савол: Терговга маълумки, сиз советларга қарши тар¬ғибот олиб бориб, тез орада эрингиз Кўршермат Қўшақовнинг Афғонистондан келиши тўғрисида иғвогарона миш-мишлар тарқатгансиз. Шуни тасдиқлайсизми?
Жавоб: Ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда советларга қарши тарғибот олиб борган эмасман, ва шунингдек, эрим Кўршерматнинг келиши ҳақида иғвогарона миш-мишлар тарқатмаганман.
Эслатма: ҳар бир жавоб остига имзо қўйдириб олинган.
Маъмурова Солияхон ва Холиқов Норматнинг Олий совет авф ҳақида берган аризалари бўйича Олий Совет ишни қайта кўришни Ўзб.ССР НКВД Тошлоқ район бўлимига топширган. Бу иш бўйича район бўлимининг хулосаси:
Маъмурова ва Холиқовнинг ишини қайта кўриб чиқиш гувоҳларни қайта сўроқ қилиш ва ҳужжатлар асосида амалга оширилди.
Маъмурова келиб чиқиши бўйича руҳонийлар оиласидан бўлиб, банданинг машҳур қўрбошиси, Афғонистонда муҳожирликда бўлган Кўршерматнинг хотинидир.
Холиқов қулоқ (муштумзур) оиласидан келиб чиққан бўлиб, ўзи ҳам муштумзўр, босмачилик ҳаракатида фаол қатнашган Кўршерматнинг қариндошидир.
Илгари сўроқ берган ва қайта сўроқ қилинган гувоҳлар: Ниёзов Деҳқон, Исомиддинов Юнус ва Эшматов Қурбонлар дастлабки тергов вақтида тергов қилувчиларнинг ижтимоий жиҳатдан бегона эканлиги ҳамда уларнинг советларга қарши кайфиятда эканлиги ҳақида кўрсатмаларини тўлиқ тасдиқладилар.
Холиқов Нормат ва Маъмурова Солияхонларнинг ижтимоий хавфли эканлиги, бунинг устига уларнинг советларга қарши фаолияти етарлича тасдиқланганини ҳисобга олиб, ҳамда СССР НКВД бўйича № 0165 буйруқ асосида
ҚАРОР ҚИЛИНДИ:
НКВД учлигининг Маъмурова Солияхон ва Холиқов Норматга нисбатан № 8 қарори ўз кучида қолдирилсин, иш Ўзб. ССР НКВД 1-махсус бўлими архивига топширилсин.
Ўзб.ССР НКВД Наманган шаҳар бўлими терговчиси, давлат хавфсизлиги сержанти Деревянко.
Тасдиқлайман: Ўзб.ССР. НКВД Фарғона область бўлими бошлиғи, Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Иброгимов.
1940 й. 31 декабрь.
ШЕРМУҲАММАДБЕК
Шермат қўрбоши Қўшоқвой ҳожи ўғли (1893, Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги Ғорбуво қишлоғи — 1970.10.3, Туркиянинг Адана ш.) — Туркистонда совет режимига қарши қуролли ҳаракат намояндаларидан бири (1918—22), Туркистон-турк мустақил ислом жумҳурияти раиси (1920—22). Валидийнинг ёзишича, Шермуҳаммадбек 1916 йилда подшо Россияси томонидан мардикорликка олинган ва уруш чизиғида ишлаш учун сафарбар қилинган кишилар қаторида Польша фронтига ташланган. Туркистон мухторияти ҳукумати қизил аскарлар томонидан ағдарилгач, Шермуҳаммадбек совет режимига қарши миллий-озодлик курашининг илк босқичидан бошлаб жангга кирган. 1918—20- йилларда катта Эргаш ва Мадаминбекнинг ўрин-босари сифатида Фарғона водийсида истиқ¬лол¬чиларнинг йирик лашкарбошиси бўлган. Мадаминбек истиқлол курашидан четлашгач, 1920 йил баҳоридан бошлаб Шермуҳаммадбек Фарғона водийсидаги қуролли ҳаракатга раҳбарлик қилган.
Шермуҳаммадбек Фарғона водийси ҳудудининг катта қисмини қизил аскардан озод қилиб, совет ҳокимиятини тугатган ҳамда шариатга асосланган бошқарувни жорий қилган. У бу пайтда БХСР, ХХСР ва Самарқанд вилоятидаги совет режимига қарши курашаётган истиқлолчилар билан алоқани ҳам йўлга қўйган. Анвар Пошо ва Жунаидхон билан 3 томонлама ҳамкорлик ўрнатган. Шермуҳаммад¬бекнинг Шарқий Бухоро қўрбошилари Иброҳимбек ва Фузайл Махдум билан муносабатлари яхши бўлган. Афғонистон ва Туркия билан ҳам алоқалар ўрнатилган.
Шермуҳаммадбек водийда қизил армияга қарши ҳарбий амалиётлар олиб бориш билан чекланмасдан, совет ҳокимияти билан музокаралар олиб бориш орқали ҳам ўз талабларини баён этган. Совет ҳокимияти Шермуҳаммадбекнинг бу ҳақли талаб¬ларини рад этгач, музокаралар ўз-ўзидан тўхтаб қолган.
Валидий бошчилигида фаолият кўрсатган «Туркистон миллий бирлиги» ташкилоти билан Шерму¬ҳам¬мадбек бошчилигида Туркистон-турк мустақил ислом жумҳурияти ҳукумати ўртасида ўзаро алоқа ўрнатилган. Самарқандда ярим очиқ ҳолатда ўтган Туркистон мусулмонларининг 2-қурултойи (1922 й.15—20 апрел)да Шермуҳаммадбек қатнашиб, ҳукумат фаолияти ҳақида маъруза қилган. Қурултой охирида ҳукуматнинг 7 бўлим ва 36 банддан иборат Муваққат Конституцияси (Асосий Қонуни) қабул қилинган.
Қизил армия томонидан Туркистон минтақасига катта ҳарбий қисмлар ташлангач, Шермуҳаммадбек Фарғона водийсини тарк этиб (1922 й. 30 декабр), укаси Нурмуҳаммадбек ва қўрбоши Тўхтасин Мақсуд билан 450—500 кишилик ҳарбий гуруҳга бошчилик қилган ҳолатда дастлаб БХСР  ҳудудига, 1923 йил баҳорида эса Афғонистонга ўтиб кетган ва Қобулда яшаган.
Шермуҳаммадбек муҳожирликда ҳам Туркистон мустақиллиги учун кураш ғоясидан воз кечмаган. У Афғонистондан кичик қўшин билан Вахш дарёси орқали Шарқий Бухорога ўтмоқчи бўлганида совет авиацияси ёрдамида ортга  қайтарилган (1929 й. 15 апрел) Шермуҳаммадбек Афғонистонда тузилган туркистонлик муҳожирларнинг «Ватанни озод қилиш» (баъзи манбаларда «фаол») яширин ташкилотининг асосчиларидан бири.
Кобул ҳукумати 2-жаҳон уруши даврида Шермуҳаммадбекни 2 йилга (1943—45) қамоқда ушлаб турган. Шермуҳаммадбек озодликка чиққач, Ҳиндистон, сўнгра Покистоннинг Пешовар (1951—55) ва Туркиянинг Адана (1955 й.дан умрининг охиригача) шаҳарларида яшаган. Адана шаҳрида дафн қилинган.
Шермуҳаммадбек совет режими даврида «Кўр¬шермат» (жангларнинг бирида унинг кўзига ўқ теккан эди) деб таҳқирланган ва унинг жанговар фаолияти сохталаштирилган. Унинг серқирра фаолияти тўғрисида Туркия, Ўзбекистон, Италия, Германия ва бошқа мамлакатларда китоблар ёзилган. Ўзбек ҳайкалтароши Абдумалик Убайдуллаев Шерму¬ҳаммадбекнинг ҳайкалини яратган.
Ад: Валидий. Бўлинганни бўри ер (Хотиралар), Т., 1997; Ўзбекистоннинг янги тарихи—2-китоб (Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида)—Т., 2000; Туркестан в начале ХХ века: К истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Ражабов Қ., Ҳайдаров М. Туркистон тарихи (1917—1924 й.) Т., 2002; Ўзбек давлатчилиги тарихида Фарғона водийси. Фарғона, 2004.
Шермуҳаммадбек тўғрисидаги ушбу маълумот «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 10-жилди (Тошкент 2005) учун махсус тайёрланган.
Қаҳрамон Ражабов,
тарих фанлари доктори
АВЛОДЛАРГА МУРОЖААТ
Профессор Рустамбек Шамсутдинов 1995 йил октяб¬рида хизмат сафари асносида АҚШда бўлга¬нида Нью-Йоркда яшаётган Давронбек (Шермуҳам¬мадбекнинг 1924 йилда Кобулда туғилган ўғли)нинг хонадонида бўлган. Давронбекнинг шахсий архи¬видан 1927 йил шаъбон ойи биринчи куни Кобул шаҳридаги Боғи Алимардонда Шермуҳаммадбек ва укаси Нур¬му¬ҳам-мадбек бир гуруҳ собиқ «босма¬чилар» қўрбошилари йиғилишини ўтказишганга оид ҳужжатни олган эди. Йиғилиш баённомасида 1917—1924 йилларда Фарғона водийсидаги миллий-озодлик жанглари қўрбошилар эсдаликларидан айрим лавҳаларни андижонлик—Абдулҳай Махдум ёзиб қолдирган. Келажак авлодларга қолдирган бу тарихий ҳужжат туркий тилда арабча имлода ёзилган. Уни замонавий ёзувга Яҳёхон Дадабоев айнан ўгирди.
“Муҳтарам орқадошлар! Туркистон, жумладан, жафокаш Фарғона мамлакатинда етти-саккиз йил болшевизмга муқобил муҳораба этмиш қаҳрамон мужоҳидларнинг жиҳоди тарих саҳифасидан буюк бир аҳамиятга молик эканлиги яхши маълумдир. Дин ва сиёсат нуқтаи назаридан эътиқодига содиқлик хусусида Фарғона мусулмонларининг ватан деб, имон деб, миллат вазифалариндан келиб чиқиб қўшиш этмиш мужоҳидларини хотирламоқ, ватан шаҳидларини ёд этмоқ, уларнинг хотираларини ёдламоқ, кўрсатган жасоратларига раҳмат айтмоқ биз — ватанпарвар, миллатпарвар мусулмонларнинг бурчимиздир. Мазкур муҳорабада ғайрат ва шижоат кўрсатмиш зотларнинг усули дафтари таржимаи ҳолларидан маълумот бериб ва бу муҳорабадаги талофатлари ва мақтул ва ҳарбий қувватларидан сарҳисоб этиб, охирги вақтларда бир оз кечмиш воқеаларидин баён этдим. Токи муҳораба этмиш кимсалар ҳар он ватан фидойиларига раҳмат ўқисинлар, ибрат олсин, бу муҳорабанинг қавоидиға фаҳм этсин деган ниятда ҳуррият тарафдорлари озодлик рақиблари бўҳтонларига қарши ушбу тариқа бир ҳаракат этишибдур.
1333-ҳижрийда, мутобиқ 1915 исовийда мухториятларини олиб, бир миллат ўз ҳуқуқига соҳиб бўлуб, икки йил ҳуррият завқини сурди, бир ҳукумат ташкил бўлуб, усули салтана ва усули машрута табдил этдилар, оқибат мухториятчиларга қарши инқилобчилар хуруж қилиб, коммунист ёки болшевик шиори ила буюк бир тўфон кетурди. Бу тўфоннинг ҳашоротлари ва заҳарли ҳайвонотлари бечора оқ капалакларни ҳалок этиб, мухториятни-да мақв этди. Бу тўфон 1334-ҳижрий, 1915 исовийга мутобиқ эди. Бу мужодала икки йил давом этиб, 1336-ҳижрий, мутобиқ 1917-милодийда болшевизм ғалаба қозониб, Русияда Ленин ҳокимияти ўрнатилди. Бу болшевизмга ўрис ва мусулмон миллатчилари такрор қаршилик қилиб, ҳар бир тарафдан муҳораба очдилар. Жумладан, Туркистонга жойлашган Фарғона, Хива ва Бухоро атрофларидан чўқ мужоҳидлар майдони муҳорабага отилдилар. Булардан машҳурлари етти йил давомида ғайрат этганлардан икки киши эди. Бири Фарғона мужоҳидларидан Шермуҳаммадбек эса, иккинчиси Бухоро мужоҳидлари раиси Иброҳимбек эди. Бу зотлар шул ҳижрий 1345-йилларда Кобулда муқим ўлиб, биринчилари ҳижрий 1340 да, иккинчилари ҳижрий 1345 да Афғонистонга ўтмишлар эди. Камина шу ҳижрий 1345 йилдан эътиборан муҳожир ўлуб, Кобулга дохил ўлдиғиндан ҳамон мужоҳид муҳтарам Шермуҳаммадбек ҳузурларинда бир неча ой муқим ўлуб, бу китобдаги маълумотларни ёздум. Бу маълумотларни жанобнинг ва ҳам биродарлари Нурмуҳаммадбек ва бошқа пансодларни ҳузурларида оғизларидан эшитуб, муболағаларини қолдириб ёзилди дегувчи ўлдим, зероки, мазкур мужоҳидлар халққа эмас, коммунистларга қарши ҳаракат этмишлар эди. Бу мужоҳидларни-да ижтиҳодлари 1333-ҳижрий, мутобиқ 1917-дан бошланиб, алал-оқибат 1921-да мужоҳидлар мағлуб ва паришон ўлдилар, афсус. Хатоларини ислоҳ этувларини қорилардан рижо этуб, муҳтаррам, ҳижрий 1345-да Афғонистон, Кобулдаги Боғи Алимардонда нақл китоб ёздим.
Муҳтарам раиси мужоҳидин Шермуҳам¬мад¬бекнинг мухорабалариндан хулосаи мафҳуди.
Шермуҳаммадбек жаноблари зотан-да бир ўзбек жамоаси Фарғона табааси Ғорбобо ўлуб, оталари Қўшоқ Мирзо Хожи номли бир зот эди. Бу зотдан тўрт эр (ўғил) вужудга келиб, биринчиси Тошмуҳаммад, иккинчиси Рўзимуҳаммад, учинчиси Шермуҳаммадбек, тўртинчиси Нурмуҳаммадбеклар эди. Булардан учинчилари Шермуҳаммадбек болшевизмдан ватанларини қутқармоқ учун 1917-йилдан майдони муҳорабага отилиб чиқди. Бу зот кураш майдонида юз нафарча йигитлари ила ғайрат этуб чиқиб, оз фурсатда минг кишилик қўшинга соҳиб ўлди. Шул вақтда Фарғонани ҳар бир атрофиндан чиқмиш мужоҳидлар бош-бошларича ҳаракат қилуб, умумий бир қўмондонлари йўқ эди. Сўнгги саҳифаларда ёзилмиш 8 нафар қўрбоши курашда ҳокими мухтор каби ўз аскарларига ҳукм юрутар эрди. Сўнг бу қўрбошилар қўшинлари 1918-йилда мазкур Шермуҳаммадбек жумла Фарғона мужоҳидларига раис бўлди ва бу раҳбарликда тўрт йил давом этди. Бир вақтда юз минг мунтазам аскарларга молик ўлуб, бир якбора фармон этар эдилар. Шу 1924-да Шарқий Бухородан Анвар Пошо марҳум Русияга қарши иш очиб, Шермуҳаммадбекни кўмак учун чақирди. Жавобан Шермуҳаммадбек кўмак учун биродари Нурмуҳаммадбекни икки минг қаҳрамон йигитлари илан юбордилар. Ортидан ўзлари Анвар Пошо марҳум ҳузурларига юрдилар. Бахтсиз мамлакат Туркистон оқибатсизлиғидин бу мужоҳидлар бир-бирига  етишмасдан аввал Шарқий Бухоронинг четки ҳудудлари бўлмиш Болжувон номли шум бир ерда руслар тарафидан даҳшатли бир ҳужум Анвар Пошо устига этулиб, натижада доҳий, машҳур қаҳрамон женерал Анвар Пошо шаҳодат шаробини нўш этдилар, озодлик, дини ислом йўлида даражан шаҳодат топдилар. Шундан сўнг Шермуҳаммадбек бу воқеани эшитиб кўп  аъзият чекди, аза тутди. Етти кун мобайнида барча маросимларини адо этуб, сўнгра Анвар Пошо ишини давом эттириш учун келган Сомийбек илан биргаликда иш қилмоқ бўлдилар. Оқибат бир неча ёвуз ниятли бадбахтлар ёлғон сўзлар ташуб, ўрталарига буюк даражада адоват солдилар.
Шермуҳаммадбек Сомийбекдан ажраб тоғ тарафига юрмоқ бўлди. Сомийбек қувлаб ўқға туттирди. Ўртада бир қанча адад йигитлар шаҳид ўлуб, қувватлари бўлинди. Сўнг фалокатлар бири ортидан бири келуб, Сомийбек-да, бошқаси-да бир тараф қочди. Фурсатдан фойдаланиб русиялар буюк ҳужумлар этди. Шермуҳаммадбек жаноблари шу 1924 да 300 аскарлари илан хоки муқаддас Афғонистон ўтуб, Хонободда давлат тарафиндин бир неча ой меҳмон этулдилар. Сўнгра мазкур мамлакат пойтахти Кобулга келдилар. Бу ерда бир сана туриб, Пешовар шаҳрина бордилар. У ер давлати Англиядан кўмак сўраб, Русияга қарши такрор муҳораба очмоқчи ўлдилар. Сўнгра Чатрор тарафиндин юруб, такрор Афғонистонга келуб, бу ерда давлати олия тарафиндин чўқ кўмак ва ҳадялар олуб турдилар. Бу вақтда тақдирга бўйин суниб, ҳар бир ойда ҳукумат томонидан кўмак олиб турар эдилар. Бу орада Нурмуҳаммадбек биродарлари ва бошқа 15—20 нафар йигитлари ила советларга қарши муҳорабалар этушуб, миллат вазифаларини  бажо этишиб турдилар. Аллоҳ Зулжалол бек соҳибнинг мақсудларини восил этсун, омин!
Бу орада Шермуҳаммадбек етти санада қилган ишларидан мухтасар баён этдим. Сўнгғи бетларда таржимаи аҳволидин, кейинги вақтлардаги аҳволидан ёзмоқчиман. Китобни кўруб, бўш бетларидан мутаассир ўлмасликларини қоройи киромлардан тилайман. Шаҳри Кобилда Боғи Алимардонда ёзилди.
Яшасин Миллат қаҳрамонлари. Қабрликда роҳатлансун.
Қабрингда роҳатда бўл Ватанни озод этишда шаҳид бўлганлар. Бир кун номларингни хотирлажаклар!”

ХОТИМА

Муҳтарам китобхон! Мана, Сиз билан биргаликда фидойи аждодларимизнинг ҳуррият учун, истиқлол учун олиб борган курашлари саҳифаларини кўз ўнгимиздан ўтказдик. Бу кураш, гарчи босқинчиларнинг ғалабаси билан якунланган бўлсада, миллий тарихимизнинг энг шонли саҳифаларидан бири бўлиб қолаверади, илло, бу миллий-озодлик курашидир. Ғалабалар қувончи, мағлубиятлар ўкинчи бу курашнинг доимий ҳамроҳи бўлиб келди.
Мазкур кураш фидойилик намунаси сифатида мозий саҳифасидан ўрин олди. Унинг иштирокчилари фидойи бўлмаганларида Шўролар ҳокимияти каби улкан душманга қарши қилич кўтаришга журъат эта олармидилар? В.И.Ленин ўз қўмондонларидан бежиз хафа бўлган эмас.
Бироқ, беш-олти йил узлуксиз давом этган уруш, кетма-кет келган қаҳатчилик миллий-озодлик ҳаракатини барча захиралардан маҳрум қилди, қон томирини қуритди. Қизил армия эса борган сари ўсиб, кучайиб борди, унга куч, озиқ-овқат, ўқ-дори узлуксиз етказиб бериб турилди. Шу ўринда озодлик кураши иштирокчиларини эртакларимизнинг доимий қаҳрамони бўлмиш Кенжа Ботирга ўхшатгим келади: Кенжа Ботир уч бошли Аждаҳо билан урушиб, унинг каллаларини сапчадек узаверди, бироқ зум ўтмай бошлар яна ўсиб чиқаверди. Эртакдаги Кенжа Ботир бунинг иложини топди: Ҳизр алайҳиссаломнинг маслаҳат ва кўмаклари билан, ҳар бир бошни кесгач, пайғамбар тутқазган машъални аждаҳонинг бўйнига босаверди, натижада каллалар ўсиб чиқишдан тўхтаб,  ниҳоят Кенжа Ботир Аждаҳони ўлдириб, халқни унинг зулмидан қутқаришга муваффақ бўлди. Бироқ, тақдир экан Ҳизр алайҳиссалом ҳаётдаги Кенжа Ботирларга ёрдамга етиб келишга улгурмадилар.
Инсоният тарихидаги барча курашлар каби, Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракати ҳам айрим нуқсонлардан ҳоли бўла олмади. Қўрбошиларнинг якка ҳокимиятга интилиши, Муҳаммадаминбек-Холхўжа Эшон, Муҳиддинбек-Исроилбек можаролари ҳамда йўл қўйилган бошқа қатор-қатор хатолар, албатта, қизил империя фойдасига ишлади.
Туркистон ўлкаси Россия томонидан иккинчи маротаба босиб олингач, унинг аҳолиси “иккинчи нав” даражасига тушириб қўйилди, шунингдек, маҳаллий аҳоли армия сафларига сафарбар этилмади. Натижада йигирма-ўттиз тасодифий шахсларни истисно қилганда йигирманчи асрнинг биринчи чорагига келиб, Туркистонда маҳаллий аҳолидан чиққан ҳарбий кадрлар йўқ эди. Шўро армиясида эса подшо давридан қолган ҳарбий кадрлар жуда кўпчиликни ташкил этган.
Озодлик ҳаракати иштирокчилари милтиқ отиш, қилич чопиш ва бошқа ҳарбий кўникмаларни жанг асносидагина ўргана олдилар. Тўғри, улар жангларда ҳарбий маҳоратларини ошириб, тажрибали генералларни танг қолдирган қатор ғалабаларга эриша олдилар. Аммо, ҳарбий илм, барибир, ҳарбий илм-да. Қўрбошиларимиз тактика жиҳатидан маҳорат чўққиларига кўтарилган бўлсаларда, стратегия жиҳатдан малака оширишга улгурмадилар. Илло, бу илмга узоқ йиллик жанглар асносидагина эришиш мумкин.
Истиқлолчилар ва истилочилар ўртасидаги тенг¬сиз курашда, юқоридаги омилларга кўра истилочиларнинг қўли баланд келди. Эргашбек ҳам, Муҳаммадаминбек ҳам, Шермуҳаммадбек ҳам, бошқа қўрбошилар ва озодлик жабҳасининг оддий жангчилари ҳам кўксиларида Ватанни озод қила олмаганлик армони билан шаҳодат шарбатини ичдилар. Нафақат улар, балки Турор Рисқулов, Файзулла Хўжаев каби сиёсий-ғоявий курашчилар, Чўлпондек оловқалб шоирлар, Фитрат, Мунаввар Қори каби аллома-жадидлар ва уларнинг минглаб сафдошлари ҳам шу армонни ўзлари билан боқий дунёга олиб кетдилар.
Эзгуликнинг кечи йўқ, дейдилар. Минглаб фидойи курашчиларимиз армони етмиш йилдан кейин ушалди. 1991 йил 31 август куни Ўзбекистоннинг Мустақиллиги эълон қилинди. Юртбошининг юксак минбардан туриб сўзлаган нутқини, ўзбек халқи¬ асрлардан бери орзиқиб кутган сўзларни тинглар эканмиз, яширмаймиз, кўзларимизга ёш, ҳа, қувонч ёшлари келди, қўлимизга даст¬рўмол олиб бу ёшларни артишга уринмадик ҳам. Майли, оқсин. Халқимизнинг, курашчиларимизнинг армонлари шу ёшлар билан оқиб кетсин!
Фурсатдан фойдаланиб айтиш лозимки, бу тарихий мавзуга қўл уриб, кўп нарсани ўзим ҳам билиб олдим. Кўпдан-кўп олиму, фузалолар, қўрбошилар яшаган, қароргоҳ қилган жойлар, у ердаги оқсоқоллар, билимдонлар билан танишдим.
Фурсат ғаниматлигида ушбу рисоламизни юзага келишида беғараз кўмак, амалий ёрдам берган, менда қўрбоши Мадаминбек, Шермуҳаммадбек ҳақида  изланаётганимдан хабардор бўлиб, ёзинг деб туртки берган журналист адиб Алишер Ибодиновга, 1980 йиллари суҳбатларимизни бирида “Босмачи ва Қўрбошилар” ҳақида кўп билган ва бой архивига эга бўлиб, 1919—1923 йилларда “Наша газета”, “Известия” “Красноармейская” газеталарида қўрбошилар тўғрисида чоп этилган ва бошқа тарихий манбалар билан бу китобни бойитиб, илк бор ёзилишига биринчи турткини берган Наманган, Андижонда раҳбар бўлиб ишлаган дўстимиз, акахонимиз марҳум Ҳамид Қодировга, бу китобни ёзилиши билан қизиқиб, нодир ҳужжатлар билан сийлаган, ундаги илмий жиҳатларни ёритишда ўз ёрдам ва маслаҳатларини аямаган таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Андижон Давлат Университети кафедра мудири Рустамбек Шамсутдиновга, Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракати тарихи бўйича эътироф этилган таниқли мутахассис, маш¬ҳур тарихчи олим, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабовга, архив ҳужжатларини чанг ютиб, таҳлил этган, эски ёзувларни таржима қилган қадрдоним Яҳёхон Дадабоевга, “босмачиликка” оид тарихий ҳужжатлар билан ёрдами теккан тарихчи олим Сотимжон Холбоевга, Б.Ҳайитнинг Туркистондаги миллий кураш ҳақидаги китобининг тегишли қисмларини немисчадан ўгирган Тошкент Жаҳон тиллари Университети кафедраси мудири Шавкат Каримовга, Шермуҳаммадбек билан Зиновьев ўртасида сулҳ музокаралар олиб боришга воситачилик қилган марғилонлик Саидумархўжа авлодларидан Абдуманнонхон Азизхоновларни топиб, таништирган фарғоналик Абдумалик Муртазоев каби фидойи инсонларга тангридан ажр, соғ¬лиқ-омонлик, бахт-иқбол, боқий дунёга рихлат этганларни эса Аллоҳнинг беҳишт раҳматига олишини тилаб қоламан.
Яна бир буюк зот, ифтихоримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов шу ишга қўл урганимни билиб, ёзувчи Дадахон Нурий билан у кишининг ҳузурларида бўлганимизда: “Жудаям савобли, лекин мураккаб вазифани зиммангизга олибсиз, баракалла, агар шу ишнинг уддасидан чиқсангиз, ўзим шу китобингизга бажонидил сўз бошими, тақризми ёзиб берардим”, деганлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.
Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим... Шоли курмаксиз бўлмаганидек, шонли тарихимизда, айтсак тилимиз ёниб адо бўладиган, айтмасак дилимиз ўртанадиган ҳолатлар борлигидан изтироб чекаман. Тарихни ўқиган, ўрганган, унга чуқур кириб борган сари дуч келган айрим нохушликлар бизни қийнайди. Буларнинг аввали— бизнинг бир ёқадан бош чиқара олмаганимиз, бизнинг ўзибек, ўзим беклигимиз...
Шунингдек, Гегел айтганидек: “Шарқ халқлари табиатида бир-бирига зид иккита хусусият мавжуд: ҳамманинг устидан ҳукмронлик қилиш учун ҳокимиятга интилиш ҳамда ҳар қандай қулликка мутеларча бўйсуниш.
“Ўзим бек” масаласига қайтсак, бир ҳудудда жойлашган, томири бир, удуми бир, тилу дили бир, дарё-у ариғи бир уч салтанат бир ёқадан бош чиқариш у ёқда турсин, бир-бири билан уруш қилмай тура олмади: 1732—33-йилларда Қўқон хонларидан Абдураҳимхон Самар¬қандни ишғол қилди; 1818 йилда Амир Умархон яна бир бор Самарқандни эгаллади; ўн йилдан сўнг Муҳаммад Алихон Шарқий Бухоро ҳудудидаги бир қанча бекликларни босиб олди; 1842 йилда Бухоро амири Насруллохон Хўқанд¬ни босди; 1865 йилда Қўқон хони амирлашкари Алимқули Тошкентда—Чимкентда жон олиб-жон бериб рус истилочилари билан курашиб ётганда Бухоро амири Музаффариддин томошабин бўлиб турди, эртага Черняев ўзини ҳам доғда қолдириши мумкинлигини ўйлашни хоҳламади, Алимқул шаҳид бўлгач эса, Хўқанд¬га қўшин суриб келди... Эҳ, буларнинг қайси бирини айтай?
Буларнинг ҳаммаси биз туркистонликларни Русия асоратига тушишга, қарийб 130 йил подшо Россияси ва советлар зулми остида яшашга маҳкум этди. Биз ахир инсон фарзандларимиз-ку! Дарвоқе, ҳайвонлар оғир пайт¬да ўзаро қирғинни тўхтатиши табиат қонунларидан маълум: ўрмонга ўт кетса, бўрилар кийикларни тинч қўядилар.
Афсус, манманчилик ва ўзбилармонлик оқибатида таназзулга юз тутдик. Аллоҳнинг инояти, меҳрибонлиги, тақдирнинг саховати билан озодликка чиқдик. Ҳеч кимдан кам бўлмаган халқимиз буюк давлат қуриш учун интилмоқда.   
Ҳурматли китобхонлар, биз қўрбошилар, Шермуҳаммадбек тўғрисида ушбу рисолани баҳоли қудрат яратдик. Авваллари кўплаб рисолалар ёзган бўлсакда, яшиллик, табиат ва саргушталик соҳаларига бағишланган эди. Биринчи бор бу соҳага қўл урдик, шунинг учун хато ва камчиликлардан, албатта ҳоли эмас, замонамиз тарихчилари, қалам аҳллари бу борада бундан ҳам кучлироқ, бундан ҳам илмий далилларга асосланган асарлар яратишларига тилакдошмиз. 
Охирги нуқтани қўяр эканмиз, озодлик йўлида кураш олиб борган барча фидойиларнинг охиратлари обод бўлишини Аллоҳдан тилаб қоламиз!
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
1. Комил Алиев. Қовоқхона намоёндаси. “Ер юзи” журнали. 1928й. 15-сон
2. М.Абдураҳмонов. Мадаминбекнинг рафиқаси ёки марғилонлик Саодатхон ая хотиралари. Ёш ленинчи. 1990 й. 11 апрел.
3. Али Бодомчи. 1917—1934 йилларда Туркистонда Миллий истиқлол ҳаракати ва Анвар Пошо. Қўрбошилар. 1-жилд. Истанбул. 1975й.
4. Алихонтўра Соғуний. Туркистон қайғуси. Тошкент, 2003й.
5. Бобобеков Ҳайдарбек. Қўқон тарихи. Тошкент, “Фан” 1966 й.
6. Боймирза Ҳайит. Ёруғ кунлар орзусида. “Жаҳон адабиёти”. 1998й. 11-сон.
7. Боймирза Ҳайит. “Босмачи”. 1917—1934 й. КЛЁН 1992й.
8. Босмачилик: ҳақиқат ва уйдирма. “Шарқ юлдузи”. 1991й. 3-сон.
9. Ворин. Мира и хлеба. “Ферганская правда”. 1922 г.¬№¬42.
10. Ш.Дониёров. Мадаминбек ким эди? “Ёшлик”. 1991 й. 4-сон.
11. Заки Валидий. Тўғон. Бугунги Турк эли—Туркистон ва яқин тарихи. 1-жилд. Истанбул. 1949 й.
12.   Дадабоев Яҳёхон. Қатағон депараси. Фарғона 2006 й.
13.   Ибодинов.А. Миллатим—жоним менинг: Халқ қаҳрамони Мадаминбек ҳаёт бўлганда 100 ёшга тўларди. “Ўзбекистон овози”. 1992 й. 11-март.
14.   Профессор Иброҳим Ёрқин. Туркистоннинг буюк мужоҳиди Шермуҳаммадбекни йўқотдик (1889—1970 йил 10 март). “Турк културу” журнали. Анқара. 1971 й. 99-сон.
15.   Иброҳим Карим. Мадаминбек. Тошкент. 1993 й.
16.   Истиқлолимизнинг тарихий илдизлари. Давра суҳбати. “Шарқ юлдузи” журнали. 1995 й. 11—12 сонлар.
17.   Коканд-кишлакская трагедия. “Известия”, № 82, 21 февраля 1919 г. Коканд.
18.   Мусо Туркистоний. Улуғ Туркистон фожиаси I—II қисмлар. Мадинаи Мунаввара. 1981 й.
19.   Мажид Хасаний. Туркистон босқини. Тошкент, 1992 й.
20.   Приказ Ферганского облсовета рабочих, солдатских, крестьянских и мусульманских депутатов об объявлении Ферганской области на военном положении. 9 июля 1918 г. “Известия”. Фергана. 1918 г. №139.
21.   Ражабов.Қ. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш.
22.   Ражабов.Қ. Ҳайдаров.М. Туркистон тарихи (1917—1924 й.) Т.Университет. 2002 й. 168-бет.
23.   Шамсутдинов Рустам. Жасоратга тўла ҳаёт соҳиби. Андижон, 1991 й.
24. Шамсутдинов Рустам. Шермуҳаммадбек ҳаётига чизгилар. “Фан ва турмуш”. 24-сонлар. 1995 й.
25. Шамсутдинов Рустам. “Босмачиликни қандай баҳолаш керак”. “Фан ва турмуш”. 3-сон. 1995 й.
26. Шодмонқул Остон ўғли. Миллий қаҳрамонимиз ким? Туркистон. 1992 й. 21 февраль.
27. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. Том 1—12. Тошкент 2000—2006 й.
28. Мирные переговоры с басмачами. “Красноармейская газета”. 1921г. № 33.
29. “Об успехах Советских отрядов в борьбе с басмаческими бандами в Андижанском уезде”. “Известия” № 103. 11 апреля 1919 г. г.Коканд.
30.   Приказ Ферганского облсовета рабочих, солдатских, крестьянских и мусульманских депутатов об объявлении Ферганской области на военном положении 9 июля. 1918 г. “Известия” Фергана 1918 г. №139.
31.   И.Сольу. Куршермат и автономия. “Ферганская правда”. 1922г. № 70
32.   П.Георгиевич. Курбаши и Советская власть. “Красноармейская газета”. 1921 г. № 36.