forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => Zamonaviy o'zbek she'riyati => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 05 Fevral 2011, 14:41:09

Nom: Zulfiya Mo'minova. Beshiklarni asragin dunyo
Yuborildi: AbdulAziz 05 Fevral 2011, 14:41:09
Zulfiya Mo'minova. Beshiklarni asragin dunyo

(http://www.ziyouz.com/images/books/zulfiya_muminova.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1296)

Muallif: Zulfiya Mo'minova
Hajmi: 1,17 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1296)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5577.0)
Nom: Re: Zulfiya Mo'minova. Beshiklarni asragin dunyo
Yuborildi: Ziyolee 06 Oktyabr 2011, 17:34:24
Шоирнинг илк китоби

Зулфия Мўминова

БЕШИКЛАРНИ АСРАГИН, ДУНЁ


Шеърлар

Тошкент
Ғафур Ғулом комидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти
1988

Ёш шоира З. Мўминова анча дадил овози билан шеърхонлар эътиборини қозонаётир. «Бешикларни асрагин, дунё» шеърлар тўплами шоиранинг изланишлари доираси бирмунча кенг, айниқса, ватандошлик туйғулари самарали кечаётганлигини кўрсатади. Бу китоб шеърхонларимиз учун чиройлик армуғон бўлади, деб ўйланмиз.

Зулфия Мўминова 1959 йили Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. 1983 йили Тошкент Давлат Университетининг филология факултетини тугаллаган.
Айни кунда «Саодат» журналида ишлайди.


ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон — она, онажон!
Она сандиғингда қонли кўйлак бор.
Қирқ биринчи йилда тешиб ўтган ўқ,
Она, кўкрагингда олов юрак бор,
Қаҳратон аёзда музлагани йўқ.

Тонгларинг танийди шодмон хўрозни —
Қуёшнинг парчаси тожига қўнар.
Эрка келинларинг ширин аразни
Тугунига тугиб, далага жўнар.

Тонгнинг энг оқ қисми ҳатлаб ўтолмай,
Сувчинг яктагида сақлаётир жон.
Иссиқ қучоғингни ташлаб кетолмай,
Олмаларнинг бўйи офтобда ҳайрон.

Қирда буғдой ўрган ботирга аён
Кўзада чайқалган қимизнинг ҳиди.
Ғарамларга аён, чодирга аён
Сулувлар қуритган майизнинг ҳиди.

Тер билан аралаш шу саратонда
Яшил пайкалларга қут томаётир.
Беланчакларингда, салқин шийпонда
Қуёш болалари сут эмаётир...


АБДУЛЛА НАБИЕВ ОТИЛГАН ҚИРДА

Шу ерда отидан тушади кўклам,
Хотирот, кўксингни нима тирмалар?
Бунда не кечганин эшитгани дам
Йўлидан адашиб кетди турналар.

Бундан қайси нонкўр нон босиб ўтди,
Чечаклар ер ўпиб сўрашди узоқ.
Бирдан тушунди-ю, ёқасин йиртди,
Юраги ёрилиб ўлди қизғалдоқ.

Мен кўрдим, шу қирда ёш тўккан кунлар,
Тарих тугунини очиб кетишди.
Кўрдим, босмачидек қувилган тунлар
Қирни тонгга ташлаб қочиб кетишди.


КАНАЛ ҚУРИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН ШЕЪР

Замбиллар интилди баландлик томон,
Баландга интилди тош тўла ғалтак.
Қадоқли қўлларда белкурак, кетмон,
Азим елкаларда тер ютди яктак.

Киприклар чанг эди, қўллар чанг эди,
Чанг эди байт тўла белбоғларгача.
Ҳашарга элтувчи йўллар чанг эди,
Тунда пашша чаққан оёқларгача.

Музей залларида эртаклар мисол
Мени сеҳрлаган хаёлни севдим.
Белин боғлаб олган эркаклар мисол
Қоп кўтарган ҳорғин аёлни севдим.

Терин артаётган менинг бобомдир,
Юзида сувчечак изин қолдирган.
Зўрға қетаётган менинг момомдир,
Шўрликни кетма-кет ўлим толдирган.

Ҳашарга чорловсиз чиқишган улар,
Носқовоқни носга тўлдириб олиб.
Қанорлаб кўсакни чувиган қўллар,
Тупроқ ташиганда қолмади ҳориб.

Бу «Буюк оқим»да, буюк каналда
Ҳар бир из, ҳар кунги бардош — қўшиқдир.
Термилиб-термилиб йиғлайман залда,
Севинчга ўралган кўзёш — қўшиқдир.

Мен билан хаёлан уйга йўл олар
Тупроқ ўпаётган озғин тиззалар.
Оғзини очганча анграйиб қолар
Ҳашарчи сув ичган сопол кўзалар...


ҚАМАЛДА — ОЛМАЛАР

Ўзбекистон пионерлари қамалдаги ленинградлик болаларга йигирма вагон олма ва бошқа мевалар жўнатдилар. Бу — тарихий қирқ биринчи йил олмалари эди.

Қамалда — олмалар...
Бомбапанадаги гўдак қўлида
Ҳар олма қамалнинг устидан кулди.
Бегуноҳ қон томган фронт йўлида
Санбатлар олмалар ҳидига тўлди...

Қамалда олмалар...
Эркалик ҳилишни унутиб қўйган
Болаларни бир-бир ўпди олмалар,
Палатага юзи меҳрга тўлган
Ҳамшира қизлардек чопди олмалар.

Қамалда олмалар...
Кимдир артиб-силаб авайлаб алҳол
Ёстиғи остига бекитиб қўйди.
Бошин айлантириб ширин бир хаёл
Кимдир ҳидларини ўзига туйди.

Қамалда олмалар...
Бу хабарни душман эшитиб юриб
Куйди, топа олмай ҳеч бир аъмолни.
Шу кун бегуноҳлар қўлида туриб
Олмаларнинг ҳиди ёрди қамални.

Она — Ўзбекистон,
Уйинг тўла бола, елкангда кетмон,
Жилмайдинг устингда ямоқлик чопон.
Сендан олма ортиб кетган эшелон,
Меҳр олиб келди йигирма вагон.


* * *

Хандақда кўз юмди ярадор,
Лабларида қип-қизил савол.
Қонни кўриб сесканмади қор,
Ёқа ушлаб югурди шамол.
Она ёлғиз қолган ошёнга
Ғарб томондан бўзлаб борди у.
Кутишлардан чўккан айвонга
Кўргуликни сўзлаб борди у.
Олисда рўй берган хатардан
Огоҳмисан, эй она қишлоқ?
У қайтмайди. Нохуш хабардан
Бир кечада занглади ўроқ.
Шу кеч она туш кўрди ёмон,
Ташқарига чиқди азонда:
«Болаларинг омонми, осмон,
Ким қон тўкди уфқ томонда?»


* * *

Врач Муқаддама Ашраповага

Бу аёл урушда иштирок этган,
Урушни эслашни ёмон кўрар у.
Чунки юрагини чилпарчин этган
Докадан қон бўлиб сачраган қайғу.

Гоҳо тушларига чинқириб кирар
Болаларни олиб келган эшелон.
Секин хотирида оёққа турар,
Уруш, очлик, айни саратон.

Ярим тун.
Эслашдан безиллаб турса ҳам юрак,
Хотирига кириб келаверади.
Оёқлари озғин, қўллари озғин,
«Она, онажон», деб йиғлаган гўдак.

Эслайди қурганин фашист имонсиз
Санбатнинг ёнига саноқсиз дорлар.
Эсланар улардан кулган дармонсиз,
Энг ожиз беморлар, ғолиб беморлар.

Бу аёл урушда иштирок этган,
Урушни эслашни ёмон кўрар у.
Чунки юрагини чилпарчин этган
Докадан қон бўлиб сачраган қайғу.

Хотирга жарроҳлик қилолмади у,
Хотирот яшайди ярага тўлиб.
У келаверади сувга кетгану,
Ҳеч қачон қайтмаган ҳамшира бўлиб.

Гўзал ёшлигини етаклаб кетди
Йўқолган ўрмонлар, йўқолган йўллар.
Тимқора сочига оқ ташлаб кетди
Кесилган оёқлар, кесилган қўллар.

Хотирот чуқурроқ очилар экан,
Маҳкамроқ бекитар у қулоғини.
Эсламоқчи эмас бўлиниб ётган
Қайсидир онанинг чақалоғини.

...Ана у кетмоқда ой каби тўлин,
Қалбига бегона ўжар ҳисгина.
Шамоллар энтикиб артади йулин,
Изларини ўпиб титрайди зина.

Бу аёл урушда иштирок этган,
Урушни эслашни ёмон кўрар у.
Чунки юрагини чилпарчин этган
Докадан қон бўлиб отилган қайғу.


ФРОНТ УЧУН БУҒДОЙ УРДИ АЁЛЛАР

Фронт учун буғдой ўрди аёллар,
Жоним энам, мунгли ўлан айтдинг сен.
Рўмол каби бошга боғлиқ хаёллар,
Минг хаёлдан ўлан айтиб қайтдинг сен.

Ҳай, ҳай ўлан, яхшиларинг ўлмасин,
Ҳай, ҳай ўлан, кунлар тундек қародур.
Жангга кетган бахшиларинг ўлмасин,
Бахшиларинг ўйлаб жоним адодир.

Фронт учун буғдой ўрди аёллар,
Жоним знам, хирмонда дон совурдинг.
Сендек ялангоёқ чопди шамоллар,
Куйиб кетган жонни бунча қовурдннг.

Фронт учун буғдой ўрди аёллар,
Тоғлар туман, сўқмоқ йўллар тумандир.
Қумғондаги сувдек қайнар саволлар,
Кетма ишонч, қорахатлар гумондир.

Уруш тўхтар, тўхтамайди беланчак,
Энам, бир кун титрар буғдой поялар,
Бахши туғиб ийманар ёш келинчак,
Суюнчига югуради доялар.

Ҳай, ҳай ўлан, юртга қадрдон берган
Юзи ойдек тўлинларинг ўлмасин,
Эл-улусга ўғил берган, шон берган,
Бахши берган келинларинг ўлмасин.


* * *

Бу кампирнинг алаҳловчи туш уйқулари
Беш қорахат панжасида сиқилиб ётар.
Сўлғин лабин синиққина нимкулгулари
Беш қорахат оёғига тош бўлиб ботар.

У ҳар туни ранги ўчган гилам устига
Беш суратни қатор қўйиб, суҳбат қуради.
Бўз тусида, сўнг бор боққан бемор тусида,
Остонага қор аримас бошин уради.

Йўлчи дўстим чўнтагингга қарайвермасдан,
Қара, яшар бир ўтовда бир кампир ёлғиз.
Ундан ойни, ундан аршни сўрайвермасдан
Сўра, уфқ қайдан бунча ярадор қирмиз!

Ундан сўра вақтнинг тиши нега қизил қон,
Вақт кампирнинг кўз ўнгида неларни еди.
Ундан сўра, ўлим билан олишган хазон
Кузнинг совуқ кўзларига нималар деди.

Мен титрайман, ҳозиргина ўтовдан қайтдим,
Кўзимдаги оғриқларни кўзга олмангиз.
Мен шеър айтдим, мен дард айтдим нимаки айтдим,
Ёлвораман бу шеърдан сўнг қарсак чалмангиз.

Бу ўтовда яшаб келар бир кампир ёлғиз —
Кулимсираб ўлимлигин санаётган жон.
Бу ўтовнинг ёнида ғоят ғамгин қиз —
Қизғалдоқнинг биттагина кўйлаги ҳам қон.


ҒАЛАБА

Тўртта боласидан айрилган аёл,
Ишонмай титради: «Тушимми — ўнгим?»
У оғир йўлларга оғир бир савол,
У менинг ўланим, у менинг мунгим.

Сен уни чақиргин даштдан — ёбондан,
Жим йиғлар кетмонга суянган аёл.
Боғча аёл бўлиб имла шийпондан
Ортидан боладек эргашсин шамол.

Ғалаба!
Бу сўзни далада зшитган аёл
Узоқ титраб қолди, туриб қолди тик,
Ҳолсиз қўлларида сирғалди рўмол,
Озғин оёғида хўрсинди этик.

Сен чақир бўз кўйлак кийган сабрни,
Ғалаба қўлин тут, айлан тиргакка.
Ахир жуда оғир тўртта қабрни
Кўтариб чопмоқлик битта юракда.


ТИНЧЛИК УЧУН ОВОЗ БЕРАМАН

Ўзбекистон —
Бемаҳал совуқ,
Қиров тушган пахтани териб,
Тирноқлари кўкарган деҳқон.
Сенда —
Уйчан кўзга сурмамас,
Пахта суртган келинчаклар бор.
Оналари пахтага кетган
Гўдакларпи асраган шийпон
Паноҳида беланчаклар бор.
Тинчлик учун овоз бераман!
Ўзбекистон!
Болаларин урушга бериб,
Беш йилдаки, тутдай тўкилдинг.
Фронт учун бошоқлар териб,
Дала, даштда очдан йиқилдинг.
Тузалмаган ярангни силаб,
Шеър ёзолмай қолдим неча кун.
Дардларини тишида тишлаб
Қорахатлар жим боқади. Мен
Тинчлик учун овоз бераман!
Қирқ биринчи йил...
Тунда заводдан
Уйга қайтаётиб йиқилди ўсмир,
Қўлидан сирғалиб тушди нон-талон.
Тупурди. Тупургап тупуклари қон,
Ленинград,
Сен уни қорли кун чорасиз кўмдинг,
Имконинг шу эди, ссн шунга кўндинг.
Мен бугун дард тўла кўзинг олдида,
Бир-биридан оғир изинг олдида
Тинчлик учун овоз бераман!
Баданида қўрғошин билан
Қоратовда қўй боқар бобом,
Кўзларига тинчлик зиёдир.
Хавотир-ла оламга боққан,
Тошкентни ҳам кўрмаган момом
Тилларида тинчлик нидодир.
Дер: «йиқилсам қайтиб туролмам,
Суянганим тинчлик — асодир».
Ярадор дунёга сув олиб чопган
Ўзбекистон — серфарзанд она
Орқасида бир этак бола,
Мен ҳам чопиб, юрагим тўлиб,
«Бир этак»нинг биттаси бўлиб
Тинчлик учун овоз бераман.


СОЛДАТ МАКТУБИ

Атлас кўрпаларда гул туйғуларнинг
Муаттар бўйига тўйиб ухлайсиз.
Қурол-яроғ эмас, шўх кулгуларни
Болишлар остига қўйиб ухлайсиз.
Девордан ҳатлаган ялпизнинг бўйи
Барчангиз баробар ўпади бу кеч.
Дўндиқ шафтолилар тўкилса қуйи,
Ажриқлар ўзидан кетади бу кеч.
Бу кеч узоқлашар ташвишки, ғамки,
Муқаддас сўзларга соғинч тирилар.
Севинчин тўр тортиб ўраса ҳамки
Полизда бари бир қовун ёрилар.
Ухланг, ухлаб туриб кўрпани суриб,
Омонликлар тиланг олисдан бизга.
Ухланг, тушингизга Афанди кириб
Ҳуржунида кулгу келтирсин сизга.


НАРПАЙДА КУЗ

Туман кўрпасидан кўриниб қолган
Оёғин узатиб мени кутар тоғ.
Олмаларнинг ширин нафаси қолган
Япроқларни ўпиб ерга қўяр боғ.
Эслайман: эскирган ел тегирмонни,
Ёнида дардларин тўкаётган тол.
Янтоқдек дасталаб оғир армонни —
Аравага ортиб қайтаётган чол.
Эслайман: хаёли қўзию қўйлар,
Сафсата сотишга вақти йўқ чўпон.
Эшигин хиёнат чертмаган уйлар
Ва қишлоқ четида ғамгин қабристон.
Йиғлаб шеър ёзаман барига тинмай
Бўғзимга жон бўлиб қадалганда сўз.
Кўзимдан шудрингдай оқади Нарпай —
Кўпригидан қишлоққа ўтаётган куз.


СОҒИНЧ

Оқшомлар юрагим сиқилган пайти
Манзар тутқичига суяниб оғир
Ўйлайман: қишлоққа подалар қайтди,
Товуқлар қўноққа қайтаётгандир.
Қўшни хотин эски девордан боқиб,
Овсини томонга узатиб сирин,
Қўлин белга қўйиб, қаттиқ тутақиб,
Ёмонлар тепса ҳам тебранмас эрин.
Шафтоли тўкилар куз этагидан,
Олмалар қалқийди ариқ бетида.
Чўпонлар қайтишар ўз эртагидан,
Ҳорғинлик ётолмай қолар кетида.
Шод яшар беланчак осилган толлар
Ўлан тўшагида — ўлкаларида.
Дарвоза ёнида ўтирар чоллар,
Уруш жароҳати елкаларида.
Алдаб кун кўрмайди бировни биров,
Нарпай кўчасига сиғмайди туҳмат.
Жуда оддийгина саволу сўров,
Турналар ҳақида боради суҳбат.
Мен бир кун бораман, кўзларимда нам,
Ул оддий ва буюк саволлар томон.
Бораман эрини ёмонласа ҳам
Хиёнат қилмаган аёллар томон.


* * *

Бу ҳижрон тунида ҳориб зиёда,
Борар йўлларимга термулиб муштоқ.
Унутиш қийнаган катта дунёда,
Мени унутмайди кичик бир қишлоқ.

Бу ҳижрон тунида билганча сирим
Қоқигулда сариқ чироқ сиғинар.
Болалик ёдимни ўраганча жим,
Пахсали деворлар мени соғинар.

Бу ҳижрон тунида қошин чимириб,
Бир сўзни айтолмай дадил ҳушида.
Пайдор қўлларини кўксига бериб,
Мени бир баҳодир кўрар тушида...


ДУЭЛ ДАВОМ ЭТАДИ

(Метронинг Пушкин бекатидан репортаж)

Эшиклар очилади!
Пушкин станцияси!
Болалик аёлга йўл бер, илтимос,
Шамларда титраган илтижо ҳаққи,
Аёл деб, жон берган бир даҳо ҳаққи,
Болалик аёлга йўл бер, илтимос.
Станциядагилар,
Мен сиздан репортаж оламан бу кун.
Сиз тўхтанг!
Ҳа, сиз.
Бир аёл-ла бир умр яшаб,
Бир даста гул совға қилмаган,
Бошингизга ёққан қорингиз кураб,
Сизни кўкка тутган қўллар олдида
Тиз чўкмаган, тавба қилмаган
Олифта эркак,
Пушкиндан бирор шеър ёд биласизми?
Ёдингиздан чиқибди?!
Йўқ!
Чақираман сизни дуэлга,
Дуэлга чақираман.
Ёлғон кулгингизни,
Лоқайд нигоҳу
Пуч севгингизни
Адресим, мана!
Секундантларим —
Бутун Ер шари!
Сиз ҳам тўхтанг!
Ҳа, сиз,
Қийшиқ тишларига олтин қоплаган,
Дунёни сув босса ғами йўқ ўрдак.
Ҳид келган томонда тулкидай кезиб,
Ҳаёни соблаган, орни соблаган,
Хоним.
Сизни гапиртирсак,
Сиздан ҳол сўрсак,
Пушкиндан шеър ўқиб титраганмисиз?
Йиғлаб чиққанмисиз тунлари билан?
Нега илжаясиз?
Тушунарли,
Дуэлга чақираман сизни бу оқшом,
Дуэлга чақираман
Йўқолган ору
Йўқолган виждон,
Оч нафсингизни.
Дуэлда ўқ эмас,
Сўз отилади!
Мен Шеър ўқийман рақибларимга,
Рақибларим Пушкинни ёд билмаганлар.
Улар бор
Шаҳар, область, районларда,
Курортларда, ресторанларда
Рақибларим бор,
Мен шеър ўқийман.
Токи
Ташландиқ боладек йиғларкан имон,
Мунглиғ латифалар айтаркан ҳаёт,
Чўнтакдан чўнтакка ўтаркан виждон,
Ипини узаркан тунлар хиёнат —
Мен шеър ўқийман!
Демак, дуэл давом этади.


* * *

Менинг қўлларим калта,
Жуда калта.
Киприкчалик бўлолмас улар.
Сенинг киприкларингга тегиб турган
Бир жувоннинг кипригича келолмас улар


* * *

Қишлоқ ухлайди.
Майсаларни ёпиб қўл-оёғига,
Далалар ухлайди, ёбон ухлайди.
Кун бўйи кўтарган оқ таёғига
Ташвишини қўйиб чўпон ухлайди.
Чалғилар ухлайди пичанга ботган
Бармоқлар тафтини ҳис этиб элас.
Ухлайди, бўйнига осилиб ётган,
Пичан ҳидларидан арава сармаст.
Юлдузлар қишлоққа қўнади тунда,
Райҳонлар тебранар атирга тўлиб.
Шамол силкитади, олмалар шунда
Чўмила бошлайди бир ҳовуз бўлиб.
Ҳовлимиз мен борар йўлга сиғиниб,
Шўрлаган деворга дардин михлайди.
Алвон кўйлак кийган қизни соғиниб,
Алвон болишида уфқ ухлайди.


* * *

Остонамда йиғлаётир куз,
Остонамда гангийди шамол.
Остонамдан олислаган из —
Остонамда оғир бир савол.
Мен барини тушундим ногоҳ
Ҳазонларни юзга босиб жим.
Остонамда мен қилган гуноҳ —
Ёлворишни билмаганлигим.


НАРПАЙЛИК БАХШИ

Бахши ўғлининг хушрўйгина келинига хиёнат қилганини эшитиб, ўғлини оқ қилишга отланди. Шунда келин отанинг йўлини тўсиб, эрини оқ қилмасликни ёлвориб сўради: «Хиёнаткор ўша ёт аёл билан тўй қилиб қовушишига розиман, фақат тўй куни мени уйга соқчисиз, қоровулсиз қамаб қўйингки, ташқарига чиқишнинг иложи бўлмасин, акс ҳолда тўй азага айланиши мумкин», деб ёлборди. Бахши ўйлаб-ўйлаб, охири келини учун ёғочдан ковуш тайёрлатди, ковушнинг ичига сонсиз михчалар қоқтирди.
Келини совуқ, қорли қиш тунида, жон олгувчи ковушни кийиб ташқарига чиқа олмаслигига ишонган бахши тўйга розилик берди. Тўй яримлаганида келинидан хабар олгани келиб қорда қонли изни кўрди.
Демак, кенг дала-даштнинг бир чеккасида аёл жасадига қор ёғаётир. Бахши бу сўзларни йиғлаб айтди:

Бу қордаги қонли из
Боврим, сенинг изингма?
Мунг қоплаган ғамли кўз
Жон-жигарим, кўзингма?
Мен дилни жўр қилишни
Ўксик кузга топширдим.
Номардни кўр қилишни
Нону тузга топширдим.
Мих санчилган ковушга
Қонларки ол, топширдим.
Қаро доғни ювишга
Наҳот аёл топширдим.
Бўзтўрғайдай бўзлаб сен,
Бўғзинг тўла дард кетдинг.
Бу уйга қиз келиб сен,
Эркак бўлиб, мард кетдинг.

Ўғлини оқ қилган бахши, энди бахшилик қилишдан ор қиламан, деди. Бу унинг яшашдан ор қиламан дегани экан. У қонли ковушни кўксига босиб айтди:

Нопок бола ёмон тиғлади,
Яхшилигим нораво, хайр.
Эшигимда аёл йиғлади,
Бахшилигим нораво, хайр.
Оқ кўйлакка кириб чиққан дам
Телба бўлган шамоллар, хайр.
Келинимдай нокас эрни ҳам
Худо билган аёллар, хайр.
Минг дод дедим: хиёнат сўйган
Садоқатнинг қўллари яра.
Шу қўлларни куйлашни суйган
Ўланимнинг тиллари яра.
Уят — ўлим, чиқар бўлди жон,
Оқ ёмғирим, оқ қорим, хайр,
Кўйлагингга сачрамасин қон,
Қизғалдоқли баҳорим, хайр.
Тупроқ кўча ичида армон
Илк қадамим, сўнг пойим, хайр.
Лойқа сувлар четида нолон,
Қамиш чалган Нарпайим хайр.

Орадан бир кун ўтгач дарадан бахшининг жасади ва ўша михли ковуш топилди.


ЭР КИШИ ҚАРҒИШИ

Нарпайлик бахшининг чўпон ошнаси бўлар экан. Чўпоннинг Қоратовда кулбаси ва кўзлари чақчайган, тилидан туну кун заҳар томувчи бепушт аёли бор экан. Шу сабаб чўпоннинг кулбасига ҳеч ким даримас, томида қушлар айланмас, қизғалдоқлар кўкармас экан. Фақат бу кулба агрофида йўғон ва узун илонлар излари кўзга ташланар экан, холос. Бечора чўпон уйига келишга қўрқар экан, чунки узоқдан кўриниши билан хотини қарғашга тушар экан:

Хаҳ, сенинг бошингга
Осмон қуласин.
Ортингдан бир умр
Кулфат қувласин.
Ўша қўйлар билан
Бир тунда қотгин.
Ўлгунча қўлимга
Термулиб ётгин.
Қирчинингни қирқиб,
Азоб чувласин.
Бўрилар гўштингни
Чайнаб увласин.

Бу қарғишлар жон-жонидан ўтса-да, чўпон бир оғиз гап қайтармас, қарғамас экан. Чунки эр кишининг қарғиши ёмон бўлишини билар экан. Мунғайиб келиб, мунғайиб кетар, дардини фақат Қоратовга айтар экан:

Танглайим ҳасрат-ла босганми доя,
Бир умр елкамга шамол тегмади.
Дилимга чўкканми оғир тош-қоя,
Остонамга омад бошин эгмади.
Бу умр умрмас — дор, балолиғ дор,
Ёлғиз жонимга бу азоб қайдайди.
Агар қадам босса кулбамга баҳор,
Анави косовин олиб ҳайдайди.
Тўйдима, кечмишим қарғиш, қаролиғ,
Мени бу тақдирдан яшир, Қоратов.
Бир томчи шодликка эрсам нолойиқ,
Совуқ туманларга топшир, Қоратов.
Гар шамол бўлсайдим пойинг супуриб,
Қўйнингда ўланлар айтаверардим.
Уфқ этагига урилиб туриб,
Узингга қайрилиб қайтаверардим.
Гар ўлсам кўзимни ёпгувчи йўқдир,
Анави туну кун ёрни муштлайди.
Қарғишлар танимга санчилган ўқдир,
Уқлар томиримда қақшаб қишлайди.
Шу туриш эртага йўқман ё борман,
Дардимни айтайин кима, Қоратов?!
Нега мен то шу кун тирноққа зорман,
Айт, ёмонлик қилдим кима, Қоратов?!

Бечора чўпон кулбасига қайтишдан қўрқиб, саҳрода қумларга кўмилиб ухлаб қолибди. Ярим кечаси қаттиқ оғриқдан чўчиб уйғониб кетибди, қарасаки бир чаён қумга кириб кетаётибди. Чўпон заҳарни сўра-сўра кўкариб кетибди. Тинка-мадори қуриб айтибди:

Карвонман то абад,
Каззоб талади.
Қозонман то абад
Оч ит ялади,
Бағрима қум тўлиб,
тиғлаб айтаман.
Мен эрман, ер бўлиб,
Йиғлаб айтаман.
Хаҳ, менинг қўлимдан
Чаён чақди-я.
Хаҳ сенинг тилингдан
Илон чақсин-а.

деб чўпон ўзининг қаршшидан ўзи қўрқиб кетибди ва кулбаси томон чопибди. Келиб қарасаки, йиқилиб ётган хотинига катта қора илон ёпишиб, тилидан сўриб турган эмиш.
Нарпайлик бахши сўзининг охирида, хаҳ болаларима, дунёда ҳеч бола ота қарғишига, мардум — эл, аёл — эр қарғишига учрамасин деб қўяр эди.


* * *

Муқимтош Раҳимовага

Операциядан чиқдингиз.
Терларингиз артиб жилмайдингиз жим,
Она тирик қолди, ўлим чекинди.
Сизга сўз айтмоққа титради лабим,
Ҳайратим ортига гапим бекинди.
Қарайсиз, қарашки, шу қадар мўмин,
Дардни елкасидан босиб ўлдирар.
Куласиз, кулишки, шу қадар ширин,
Армонни бўйнидан осиб ўлдирар.
Нимқоронғи боғлар шивирлар: «Аёл,
Сочингдан дунёлар ташлаб кет бизга»,
Оқ пардани секин кўтариб шамол,
Олмалар ҳидини узатар сизга.
Сиз уйғоқ, энг бахтли соатдагидек,
Нажот сўраб боққан кўзга суюклик,
Операцияга кирдингиз, одатдагидек,
Ортингиздан кириб кетди буюклик.


* * *

«Клубга келганмиш Ботир Зокиров...»
Мен чопдим, мен билан болалар чонди
Чопди жажжи ковуш, жажжи кўйлаклар.
Гўдак нафасидан сармаст йўлаклар,
Пахтазор, буғдойзор, тонгги тилаклар,
Гўёки чанглару, далалар чопди...
Кетмонин бир лаҳза қўйди аёллар,
Секин эргашишди бири-бирига.
Саратонни ўраб қайтди рўмоллар,
Жавзо ҳансирарди оққан терида.
«Клубга келганмиш Ботир Зокиров...»
Қоратов ёнида кичик қишлоққа
Дардли ўлан каби кириб келди у.
Қавмини топгандай, термилди тоққа,
Куйлаб йиғлади у, куйлаб кулди у.
Сен қандай титрадинг, пахтазор — энам,
У сенга ким эди, отам — дала-туз?
Тинглаб, бир бурчакда йиғладим мен ҳам,
Митти кўйлакчада миттигина қиз.
Энди қишлоқ борсам, сўрашар уни,
Йўқ! У ўлмаган, у келади, дейман.
Ошкор қилолмайман ўша қайғуни,
Сизни унутмаган, билади, дейман.
Қўшиқ қўрғонлари, гуноҳимдан ўт,
Ёлвордим, барига гувоҳдирсан, ой.
Сен, мен ёлғончини, тушунгин, Тошкент,
Сен, мен ёлғончини, кечир, Чиғатой!
Ожизман, боладек беғубор, танти
Чўпонлар ёнида қувондим мен ҳам.
Ночор вазиятда ночор Афанди
Ўзи алдаб, ўзи ишонганидай,
Ишондим мен ҳам:
Ўлмаган,
келади Ботир Зокиров...


* * *

Мен яшай олмайман хотирни ўраб,
Сенга пок тилаклар совға қиламан.
Тонглар уйғонаман сенга бахт сўраб,
Бир қарғаб, минг марта тавба қиламан.
Сен яшай олмайсан чўнтакка тиқиб
Ширин қасоскоринг соғинч исини.
Кундузлар шеъримни яшириб ўқиб,
Пичирлаб чиқасан тунлар исмимни.


* * *

Тўхта!
Тўхта-ю, ўйлама ёлворади деб,
Хайрлашиб олай кўзларинг ила.
Ахир, кўзларингда мен видо айтиб,
Болаликка қўйган энг сўнгги нуқта.
Унда кетаётир қалбим оҳ ютиб,
Унда кетаётир буюк армоним.
Энди у мен томон келмайди қайтиб,
У шунча умримни кўмган маконим...
Тўхта!
Тўхта-ю, ўйлама ёлворади деб...


* * *

У хирмонда ухларди ҳар тун,
Чопонига ўраниб олиб.
Не учундир уйдайди бу тун
Ёмғир ёғди аксига олиб.
Ичи куйиб уйғонган кези,
Совуқ чойни симириб ичди.
Пичирлади ўзига ўзи:
«Пахталарнинг ҳоли не кечди...»
Йўлга тушди дили хуфтон, ғаш,
Не атасин бу дард отини?
Орқасидан уйқу аралаш,
Маъюс қараб қолди хотини.
Аёл кириб ухлар хотиржам,
Рашкдан бери, қайғудан бери.
Пахтазордан бошқа қайга ҳам
Борарди шу бригадир эри.


* * *

Нотаниш йўлчидек ўтиб кетдинг сен,
У таниш дардингни ичга ютганча.
Нотаниш йўлчидек ўтиб кетдим мен,
У таниш сабримни маҳкам тутганча.
Атрофда эса куз, гулсиз йилларим,
Сарғайиб, сарғайиб бўлмоқда адо.
Мени тингламади бу гал қўлларим,
Ортингдан чўзилди, қилди илтижо.
Нотанишим, тўхта! Кўзларимга боқ,
Нотанишим, боққил! Хазон ўнгу сўл.
Бу таниш йўлларим бўлмоқда адоғ
Ва таниш ҳаётим силтамоқда қўл.
Мени ташлаб кетди азиз баҳорлар,
Ортидан термулдим кўзимни ёшлаб.
Ташлади қадрдон ёмғирлар, қорлар,
Йўқ, фарёд солмадим бошимга муштлаб.
Қўл чўзиб турибман, қайрилиб бир боқ,
Қарагин, ортингда яшайди дилгир,
Умидим — тош тегиб синмаган чироқ,
Ҳаётим — кўз ёш-ла кулолган сабр.


ФАЗОЛАТГА

Сингилжон, сен ухлаб ётибсан,
Вужудингни ёпар қирқ кокил.
Болишга ой бўлиб ботибсан,
Болишингни ўпар қирқ кокил.
Сен уйқудан туриб куласан,
Сочларингда айланар қуюн.
Ўйларимга ҳамроҳ бўласан,
Тикиласан, мулойим, мўмин.
Сақлан дейман, қаро қошларинг
Номардларга эланмасинлар.
Қирқ париваш — қирқта сочларинг
Туҳматларга беланмасинлар.
Одамлар бор, олғир қўллари,
Сўзларида қайнайди алдов.
Фариштаман, дейди тиллари,
Кўзларида қайнайди алдов.
Лекин қўрқма, боқма нолонли,
Ёмонлардан яхшилар кўпдир.
Бу ҳаётни, дардли ўланни,
Куйлагувчи бахшилар кўпдир.
Ҳув Нарпайни бўйидан бу чоқ
Шаббодалар ўпаётгандир.
Сочларингни излаб қизғалдоқ,
Том бошига чопаётгандир.
Сен-чи, шеърим ўқийсан бу дам,
Кўзларингдан тирқирар хотир.
Елканг узра тебранар хуррам,
Опанг учун қирқта ҳавотир.


* * *

Йиғламоқчи эмасдим, аммо йироқда,
Унинг дарчасида оҳ чекди ҳилол.
У ерда минг макру нозу фироқ-ла,
Менинг суратимни йиртди бир аёл.
У ерда навбаҳор гуллари билан
Муқаддас бир севги қўшиб сўйилган.
У ерга қисматнинг қўллари билан
Мен қизнинг оқ бахти боғлаб қўйилган.
Турналардан жудо бу тунд чоғларда
Хазонлар бир ғамгин қўшиқ бошлади.
Йиғламоқчи эмасдим аммо боғларда
Кузни сариқ дардлар гажиб ташлади.


* * *

Бу одамнинг боши тош эрур,
Ҳовлисидан кетмагин, баҳор.
Бу одамга қариндош эрур
Қоратовда йиғлаб ётган қор.
Бир аёли бўларди унинг,
Сутга чайиб олгандек оппоқ,
Сочидаги қоп-қора туннинг
Банди эди сонсиз кўзмунчоқ.
Деворлари ёнида бир тун
Бехосият улиб чиқди ит.
Дарвозаси багридан шу кун
Қайтмас йўлга йўл олди тобут.
Ўша тундан шу кунга қадар
Боши узра тўкилар қиров.
Ташлаб ғамгин юзига назар,
«Жўжабиржон» деб қўяр биров.
Қабристонга қатнайди ҳар чоқ
Елкалари букилиб қолган.
Ёриқ товонидан қизгалдоқ
Адирларга тўкилиб қолган.
Ўша ёриқ товонни гирён
Хаёлларим бош уриб ўпар.
Ўша дашти ёбонга томон
Соғинчларим гўдакдек чопар,
Бунда «бар»лар ўзича порлаб,
Майхоналар солганда сурон,
Сиз омонми, шийпонда терлаб,
Айрон ичиб яйраётган жон.
Ота, отажон!


* * *

Қирқ беш даража...
Айни саратон...
Қуюн адирларда чопади санқиб.
Далада ишлайди бир қиз паришон,
Оппоқ рўмолини бошига танғиб,
Сочи бир қиз унинг кўзлари кулган,
Юзлари офтобдан қорайиб борар,
Чопиқ қилаверар, тупроққа тўлган —
Калиши иссиқда торайиб борар.
У кулса, тоғлардан қайтади жаранг,
Ўйласа, ғўзалар ҳамроҳ ўйига.
Куни бўйи артган терларин аранг —
Рўмолча кўтариб қайтар уйига.
Ёнида гармсел девона — дали,
Сочлари қўнғироқ чалар беармон.
У қизни онаси ўпмаган ҳали,
Бир кун соясида ўлар саратон.


ЯХШИ ОДАМ ҲАҚИДА ОДДИЙ САТРЛАР

Фойдаланар ундан аллаким,
Баъзан ҳеч ким тушунмас уни.
У-чи, санар умидвор ва жим,
Турналарнинг қайтар кунини.
Кимдир титраб-қалтираб юриб
У ҳақида «достон ёзади».
У-чи, қонли уфқни кўриб,
Юрагини ушлаб озади.
Жуда пишиқ, деб қўяр биров,
Ғийбат қилар ичиб май, чоғир.
У сўроқлар: тоғда қиш-қиров,
Чўпон, ҳолинг эмасми оғир?
Сўзларига асал суртилган
Мунис қизни соғинар абад.
Онасининг ғамлар ортилган
Кўзларига сиғинар абад.
Юрагини ташлаб кетолмас:
Йўргакланган муқаддас ғамлар.
Орқасидан чопиб етолмас
Оғзи билан юрган одамлар.


* * *

Укам,
Оёғингда бир оз уринган этик,
Қийиқчангда нон, чой, ёнғоқ, кружка,
Қўлингда рангиии унутган этак,
Сен кетиб боряпсан пахта теришга.
Бемаврид ёмғирдан ивир дала-туз,
Устингни қалинроқ кийган бўлсанг, бас.
Эгатда сен билан қадрин излар куз,
Сенсиз план тўлмас, туйган бўлсанг, бас.
Озгингина укам, куюнчак укам,
Лабларинг совуқдан гезарса, чида.
Намиққан пахтани кўтариб илдам,
Тилинган қўлларинг қизарса, чида.
Унутма, бу фурсат олис ўрмонда,
Қоп-қора дуд ичра инграр ярадор.
Сен унга энг яқин дўстсан жаҳонда,
Унга пахта даркор, унга қон даркор.
Унутма, чаноққа интилганинг дам,
Қайдадир бешиклар ёнаётганин.
Бўм-бўш нон халтани чангаллаб маҳкам,
Болалар яшашдан тонаётганин.
Йиғлайман, болалик — сутдек оқ осмон,
Шу поклик гувоҳи юлдузлар айтсин.
Ким тупурар экан шу осмон томон,
Тупуги чўғ бўлиб юзига қайтсин!


* * *

Музлаётган сувга маъюс термулиб,
Йиғладим, «Не бўлур, не бўлур эртам?»
Сочимдаги қорни сидириб туриб,
Сен дединг: «Қўй, энди йиғлама, эркам».
Билардим, буниси сўнгги эркалаш,
Билардим, ғам ютар чораларимни.
Билардим, бу аёз музга аралаш,
Қўшиб тузлаб кетар яраларимни.
Ўнгимда борлиқни енгди оппоқ тус,
Айтмадинг, айтмоқчи бўлган сўзингни.
Қадамларинг оғир, ортингдан маъюс
Қор кўтариб кетди босган изингни.


* * *

Мен қовун ҳидини яхши кўраман,
Қовун ҳиди мени яхши кўради.
Мен унга деразам очиб тураман,
У эса бахтиёр кириб келади.
Буни сезиб қолди бобом куз туни,
Полизга йўл олди ғазабкор, илдам.
У менга боқмади ва ўша куни
Шартта осиб қўйди қовунларни ҳам.


ҚИШЛОҚДОШЛАРИМГА

Излар пахтазорга чорлайди мени,
Изларга тўкилар соғинч ёшларим.
Унутиб-унутмай мени — дунёни,
Менсиз пахта терар қишлоқдошларим.
Қарайман, ҳали ҳам бобом Ҳайдарбой,
Самовар қайнатар тутунни пуфлаб.
Теримга энг аввал чиққан, ҳойнаҳой,
Орден — хотиротни сандиққа қулфлаб.
Томиримда қонмас — ҳаяжон, гўё,
Ҳайрат кўкрагимда уриб турибди.
Ҳеч бир иккиланмай Мирвали бобо
Бир қўл билан пахта териб юрибди,
Кулиб дейди: «Энам эгатда туққан,
Бутун қишлоқ бўлган гирдикапалак.
Кимдир кўйлагини йиртгану, тутган,
Кимдир аравага чопган жонҳалак».
Ана, Гулой момо эгат бошида,
Уруш фарзандидан айирди — тақдир.
Айтиб бўлмас дардин тишлаб тишида,
Катта уй ичида кичрайди кампир.
Бу чанг кўчалардан пастак уйларга,
Қорахатлар келган, келмаган қочоқ,
Пахтасидай оппоқ бегард ўйларда,
Йўлидан адашмай яшайди қишлоқ.
Бунга йигит келса гулдираб, қайнаб,
Кимдир қизаради, тинглаб кулгусин.
Бу дала йўлидан келинлар қатнаб,
Эмизиб келади қишлоқ келгусин.
Ҳамон пахта терар қизлар ойжамол,
Лабларида қирмиз ҳаяжон асраб,
Қайсинидир кутар энтикиб рўмол,
Кимдир қўйиб кетган мактубни ўраб.
Излар пахтазорга чорлайди мени,
Изларга тўкилар соғинч ёшларим...


* * *

Чирқиллар эди вақт ортидан соат,
Йиғладим: Бир нима гапир, сўнг дафъа.
Сен на кўз ёш тўкдинг. На чекдинг фарёд,
Дединг: энди менга тўрт томон қибла.

Кетдинг. Кета туриб сўнг бор қарадинг,
Бу қараш зарбидан синиб кетди сўз.
Пойингга чўзилди сезиб дил дардинг,
Хазонлар бўғзида инграётган куз.

Кетдинг. Қаро тунда бош олиб кетдинг,
У борган манзилинг шунчами олис?
Ёки ёлғиз ўзинг самога етдинг,
Бунда мен, заминда яшайман ёлғиз.

Ҳамон вақт ортидан чирқиллар соат,
Зулмат чангалида сўниб борар шам.
Мен эса хотирдан тинглаб ҳикоят
Омон бўлинг, дейман, энг олис одам.

Фақат ой уйимдан ўтганда ҳар тун,
Ё қуёш оҳ чекиб чўккани дафъа,
Олис садо келиб қилади тутқун:
Унда қақшаб дейсан: тўрт томон қибла.


ЧЎПОН АЁЛГА

Опа, шодсиз оқ тонг маҳали:
Онасини эмар қўзичоқ.
Хўп мириқиб дала шамоли
Ёнгингизда учар арғимчоқ.
Одимлайсиз, оёғингизга
Майса севинч ёшларин сочар.
Қўлда тутган таёғингизга
Тегиб туман туртиниб қочар.
Ғунча эмас, гул очаётган
Лабингизни қидирган кулгу.
Тулки эмас, ҳув қочаётган —
Кўрпангиздан қувилган уйқу.
Бунга бўри солмас қонли из,
Отарингиз тўкис турибди.
Қўлингиздан қимиз ичган куз
Гандираклаб кезиб юрибди.
Сиз — йўқчилик йўлини тўсган,
Тақир даштни гуллатган дунё.
Сиз — пахтага ўрганиб ўсган,
Оқ ўтовда туғилган дарё.


* * *

Гоҳ тунлар уйғониб йиғлайсан сен ҳам,
Кимдандир яшириб кўз ёшларингни.
Тўпламоқ бўласан титиб ташлар ғам,
Соғинч сўйиб кетган бардошларингни.
Минг мағрур бўлсанг ҳам шу пайт кимдандир
Далдалар кутасаи, меҳр кутасан.
Йиртган шеьрларингни куйдириб бир-бир,
Сўнг кўзда ёш билан чиқиб кетасан.
Хазон тўшагида кунини санаб,
Васият қилмоқда куз ииманидир.
Ўзининг тилида пичирлатар лаб,
Сим дорга гуноҳсиз осилган ёмғир.
Дарахтга суяниб туриб қоласан,
Сочингга боғланиб тўхтайди шамол.
Сен тонгни шу ҳолда кутиб оласан,
Кипригингга ортиб тунни бемалол.
Фақат вужудингни ёқиб беаёв,
Қўлингни куйдириб ушбу куз кези,
Югурар, айланар кўтариб олои,
Сенга видо айтган лабларинг изи...


ЁЗ ОҚШОМИ

Қизил атласида ухлаб қолди уфқ,
Қизил атласини ечди билаклар.
Илгакларда энди турар осиғлиқ
То тонггача атлас кўйлаклар.
Муздек сувда чўмилмоқда ой,
Палагида тўрлади қовун.
Шамол боғдан ўғирлар тинмай
Олмаларнинг оромбахш ҳидин.
Муаттар бўй кетолмас ташлаб
Райҳонзорнинг оғушларини.
Сувўтлари пичирлатар лаб
Ўнг деб ўйлаб шод тушларини.
Тирик афсонами бу оқшом
Афсонага урилмоқда кўз.
Афсонадан сирлидир бу дам
Сой томонга кетган қўша из...


* * *

Ҳеч ким кузатишга чиқмади мени,
Улкан аэропортда ёлғиз бир ўзим,
Чемодан кўтариб совуқ куз куни
Ёлвордим: фош этма кўз ёшим, кўзим.
Учишга ўн минут... титрама таним,
Руҳим боғларида ким ўқ отмоқда?
Биламан, шу маҳал бир ишонганим
Бурқсиган даврада мени сотмоқда.
Ажралиш тош отган аэропортда
Кўнглим синиқларин термоқчидайин,
Негадир сўнгги бор қарадим ортга,
Келмаган одамни кўрмоқчидайин.
Сўнг учдим тақдирнинг баланд-пастидаи!
Жону жигаримни тиғлаб учдим меи.
Хиёнат ўқ отган уйнинг устидан,
Ярадор қушчадек йиғлаб учдим мен.


* * *

Мен кимман?
Отам менинг ҳозир далада,
Садоларим, айтгин, мен кимман?
Мен — бунда, у — қорда, жалада,
Нидоларим, айтинг, мен кимман?
Шўр сув кечиб юрган қадамнинг
Шўрга ботган битта изиман.
Резин этик кийган одамнинг
Шеър ёзгувчи нодон қизиман.
«Қизим, бесар юрма Тошкентда»
Нарпай ёқдан садо келади.
Ота номли юракдан — кентдан
Азоблардан адо келади.
Изларингда жон берай, ота,
Азобингдан куйдим, ўртандим.
Кўз ёшларим эмас-ку, хато,
Мен кулишни энди ўргандим.
Унда жаъми шум гумонлардан
Ишончларинг келолса устун.
Ҳар қандайин тегирмонлардан
Сенинг учун чиқаман бутун.
Ёлвормагин — баҳор мавсумлик,
Сочларингда туман қолади,
Кўзимдаги туғма маьсумлик
Сенинг учун омон қолади,
Сен борасан, шўр босган ерлар...
Йиқилма, деб ёлвориб мен ҳам,
Шеър тўқидим, бу момиқ шеърлар —
Йўлларингга шерозий гилам.


* * *

Дин Ридга

Қўшиқчига ўқ отма!
Унинг қўшиғини ишчи оч-наҳор
Бир тишлам қора нон кутгандек кутгил.
Қабрлар ёнида қурилганда дор,
Халоскор, қасоскор кутгандек кутгил.
Қўшиғи — бўғзида туғилган шафқат,
Олисдаги отанг ёдингга тушар.
Қўшиғи — боғдаги олмадек бевақт
Юрагингнинг яра жойига тушар.
Қўшиғи — қўнғироқ осган беланчак
Гўдак иси билан тўлгандек сирли.
Қўшиғи уч кунлик янги келинчак
«Пардаларни туширинг» — дегандек сирли
Гадолик, гуноҳга тўлган кечада
У инграб уйғонар, кўзлари қизил.
Ўлимларга гувоҳ бўлган кўчада,
Нон олиб югурар, излари қизил.
Токи оёқлари — қон чопаётган
Бола қарғишига учрамай десанг,
Мурдалар юзига оқ ёпаётган
Она қарғишига учрамай, десанг
Қўшиқчига ўқ отма!


* * *

У сени эшикда кутиб олади,
Синиқ бир табассум қиласан сен ҳам.
Нимадир сўрайди, гапга солади,
Бош силтаб қўясан эшитмасапг ҳам.

Кечириб яшайсан унинг гуноҳин,
Дейсан: «Епиқ қолсин ёпиғлиқ қозон...»
Тунлар титраб-титраб етганда оҳинг
Юлдузлар фалакда ҳовучлайди жон.

Инсоф келар, дейсан қийналган жонни
Бекитар шу уйинг, шу тўртта девор.
Худди сенинг каби ўша қозонни
Оламдан бекитиб турар тўрт девор.

Сапчиб уйғонасан охири бир тун,
Қарайсан, эгри из, хиёнат ўтган
Ва аниқ кўрасан бегувоҳ, беун,
Сен кечирган гуноҳ болалаб кетган.


МУҚАДДАС БУРЧ

Эртага урушга жўнаб кетар у...
Гўшанга, келинчак, оқ либос ва шам
Титради: Ватан, бу — энг буюк қайғу,
Титради: Ватан, бу — энг муқаддас ғам.
Икки ёш юракка дахлдор сўзлар
Хотир сандиғига тахлаб ташланди.
Соғинчда йиғлаган баҳорлар, кузлар
Хотир сандиғига михлаб ташланди.
Кутилган вақт ўтгач ўғил кўрди у,
Келинчак, беланчак мактублар ва шам
Титради: Ватан, бу — энг буюк қайғу,
Титради: Ватан, бу — энг муқаддас ғам.
Алласида оҳу зорни ухлатиб,
Қайтиб тўлишмадй, тўлиб кулмади
Сочида ҳеч кетмас қорни ухлатиб,
Кутгани жанггоҳдан қайтиб келмади.
Сонсиз фарёдларнинг биттасидир у,
Сонсиз фарёдларга қўшилиб у ҳам
Титради: Ватан, бу — энг буюк қайғу,
Титради: Ватан, бу — энг муқаддас ғам.
Йигирма миллионга дахлдор сўзлар
Замин, томирингга қондек қуйилгаи.
Йигирма миллионта баҳорлар, кузлар
Хотирларга нондек ўраб қўйилган.


* * *

Виждонинг кирлаган бўлса чўлга бор,
Яёв бор ва сўра Мўмин чўпонни.
Сенга кўрсатишар, шафқати бўйдор,
Кечмиши саҳрода ўтган одамни.
Кўплар уни Мўмин партизан дейди,
Кимдир, сен қидирган мергандир, дейди.
Ана, у қазиган артизан, дейди
Сурувда куйманиб юргандир, дейди.
Танишгин, кун қайтгач, ўтовига кир,
Бармоқларин ўпиб, йиғлайди қўбиз.
Ёди, дарди — дили сўровига кир.
Ўзингни сезасан айёр ва ожиз.
Тунда туш кўрар у, чақириб толар
Бўри ғажиб кетган икки акасин.
Кўрпа сурилибми, кўриниб қолар,
Саноқсиз ўқ теккан озғин елкаси.
Бу рост кечган умр нафасларида
Ёлғонингни ҳиди билинган маҳал,
Бу содда нигоҳнинг нафасларига
Ҳийланг тумшуғидан илинган маҳал,
Бир четга ўтириб йиғлай бошлайсан,
Ювила бошлайди шунда виждонинг.


ТУФЛИЧАЛАР

Освенцимда урушнинг даҳшатли гувоҳи, ёндирилган болаларнинг туфличалари сақланади.

Туфличалар...
Ўша қора кунда, нотинч ҳовлида
Болалар оёғин ўпиб йиғлади.
Боғчалар йўлида, мактаб йўлида
Ўқлар тинишини кутиб йиғлади.

Туфличалар...
Бирига қирмизи қон доги теккан,
Бирининг пойи йўқ, бирии ипи йўқ.
Йиртилган, қонхўрнинг пичоғи теккан
Бирининг ёнини шилиб ўтган ўқ.

Туфличалар...
Уюлиб ётибди саноқдан ортиқ
Эгалари мангу ухлашгани рост.
Узилган иплари менинг шу оғриқ
Юрагимга келиб туташгани рост.

Туфлилар туш  кўрар... тушларки ёмон —
Ҳаммасини ечиб отади қотил.
Сўнг ажал бурқсиган печкалар томон
Болаларни судраб тортади қотил.

Фасллар туш кўрар... тушларки ёмон,
Печларга қўлини узатади куз.
Туфли уюмига бош уриб ҳамон
Бева аёл каби кузатади куз.

Замин, илма-тешик кўйлагинг неча?
Сен уларни ямаб битирганинг йўқ.
Освенцимда юрмай турган туфлича —
Менинг оромимда санчаётган ўқ.

Ювиб қурутишга изингни уруш
Бегуноҳ қонларнинг сели етарли.
Мангу кўр қилишга кўзингни, уруш,
Ёнган болаларнинг кули етарли.


БОЛАЛАР УЙИНИНГ БОЛАЛАРИГА

Эшикка термулиб турган, болажон
Ақлдан озаман, бундай қарама.
Соғинчин яшинлар урган, болажон,
Мендан шеър сўрама, қўшиқ сўрама.

Сен она сўзини оҳим, деб ютдинг,
Дилингда жавобсиз саволлар йиғлар.
Ҳеч кимга билдирмай отангни кутдинг,
Сочингда бекиниб шамоллар йиғлар.

Синиқ нигоҳингда, синиқ кулгингда
Умидга ўралган зорлар йиғлайди.
Айни саратонда, ярим кўнглингда
Битта-битта ёққан қорлар йиғлайди.

Сен уларни кутма, илинжларни от,
Юртинг садоқатнинг юртидир бу кез.
Тушларингга ғозлар сузиб кирсин шод,
Ёстиғингга олма қўйиб кетсин куз.

Тарих ортиб қўлтиқтаёқларига
Фақат у кўзингни ёшлаб кетмайди,
Ёпишмасанг ҳамки оёқларига
Ватан, ватан сени ташлаб кетмайди,


ЎЗБЕКИСТОН ОТАМГА УХШАР...

У ҳам саҳар туриб омонлик кутар
Қизлари ой каби тўлинларига
Уялмасин дебми, қарамай ўтар
Ўзидан кеч турган келинларига.

Ана аравага қишининг ғами
Саратон сарғайтган янтоқни ортар.
Кейин отам каби пичан ғарами
Ёнида хаёлчан тамаки тортар.

У ҳам қайғуради далаларини
Тутмасин урушнинг ғубори, доғи.
У ҳам санамайди болаларини
Баракаси ўчар, деб ўйлайди чоғи.

Шунданми уйида чақалоқ кулар
Ўйнаб бешигининг зар мунчоғини.
Шунданми аёли ой каби тўлар,
Шод қучиб бешикнинг суянчиғини.

Яктагида терлар ором олар кеч
Яхшилик кўргазса гапириб юрмас,
Отамдек олганин унутмайди ҳеч,
Бировга не берса ёдида турмас...


* * *

1929 йил, Самарқанд.
«Унсунойни ва бир кунда тўрт тобут чнққан уйни унутсак, ўзбекликдан чиққан бўламиз».
Энамнинг айтганлари

Қоши қобоққа сиғмаган, Унсуной;
Сочи тобоққа сиғмаган, Унсуной.
Ўн гулидан бир гулида очилмай
Боғи чорбоққа сиғмаган, Унсуной.
Бу сенинг энг мунгли қўшиғинг, эна,
Вйтиб кўкайингни тиғлай бошлайсан,
Унсуной қандайин қиз эди, эна,
Номини эсласанг йиғлай бошлайсан.
Кўксидаги сирмиди, сабрмиди?
Сочлари қирқмиди, қирқ бирмиди?
Болам-ов, боврим-ов, сўрамагин-ай,
Ўша тун номардлик қилганда ғафлат,
Тун кўрдир, кўз очиб қарамаган-ай,
Игна ютган ит-ла тингунча узлат.
Унсуннинг йўллари тош эди, чағир эди,
Кўксига босгани сир эди, сабр эди.
Билмам, қаро сочи қирқмиди, қирқ бирмиди,
Аммо Ватан тоқ эди, тақдир эди.
Ҳув уфқлар кўксидаги зори у,
Элининг қиз боласи, бўз боласи.
Ҳув тоғларнинг савдоси у, қори у,
Турналарнинг тумшуғида ноласи —
Қоши қобоққа сиғмаган, Унсуной,
Сочи тобоққа сиғмаган, Унсуной.
Ўн гулидан бир гулида очилмай,
Боғи чорбоққа сиғмаган, Унсуной.
Тун. Қамчи зарбидан титрайди қишлоқ,
Қашқирдай қон ҳидлаб кезар босмачи.
Ширакайф қўрбоши босолмас оёқ,
Ишрат-чун, дунёни дорга осмоқчи.
Қишлоқ, тўрт қизингдан ажралдинг нега?
Бу тун қотилликнинг тунлари туққан.
Қишлоқ, тўрт қизингни топширдинг ерга,
Уларни хурофот салласи бўққан.
Бўққан заҳарлари томиб юзидан,
Бўққан жасадларни санаб, кўкариб,
Билмаган тонгда тўрт тобут изидан
Инқилоб келишин қилич кўтариб.
Энажон, Унсуной, келди, энажон,
Ўлимлардан ўтиб келди, йиғладим.
Унинг қирқ сочининг, қирқ бир сочининг
Анбарлари етиб келди, йиғладим.
Ўланинг дил аро, ўлан тил аро,
Эна, хотиротни йиққан эмасман.
Унсунни шеьр қилиб айтдим эл аро,
Демак ўзбекликдан чиққан эмасман.
Қоши қабоққа сиғмаган, Унсуной,
Сочи тобоққа сиғмаган, Унсуной.
Ўн гулидаи бир гулида. очилмай,
Боғи чорбоққа сиғмаган, Унсуной.


* * *

Оқ илон, оппоқ илон,
Ойдинда ётгонинг қани?
Мен ёмондан айрилиб,
Яхшини топгонинг қани.
(халқ қўшиғи)

Ҳой оқ илон, оппоқ илон,
Бу йўлдан йиғлаб қайтдим:
Тушлар кўрдим мен ёмон,
Тушимни сувга айтдим.
Баридан тўйган жондай,
Тонглар тушларим оқди.
Сувга ташланган нондай,
Ақлу хушларим оқди.
Анавининг тили узун,
Менинг дилнм узундир.
Анавининг қўли узун,
Менинг йўлим узундир.
Узун-узун ишончларим,
Жон-жойидан узилди.
Юракдаги ишонч уйи
Тикланмасдан бузилди.
Ҳой оқ илон, оппоқ илон
Тишингдаги заҳарми?
Қон йиғладим мен ёмон,
Кулдирганинг саҳарми?
Бир кун душман тузлади,
Тақдирга тошлар отдим.
Бир кун дўстим тузлади,
Кўндим, тузларга ботдим.
Атрофда сўзлар тахир,
Куйдим, кузга айландим.
Тузланавериб охир
Ўзим тузга айландим.
Тузман, тепиб ўтдинг ёр
Кўр бўлмасанг, майлийди.
Пешонаси бир умр
Шўр бўлмасанг, майлийди
Ҳой оқ илон, оппоқ илон,
Тўнингни ташлаб кетма.
Олиб-олиб менга ёмон
Кунингни ташлаб кетма.
Гумонларда адаштирдиш,
Кулгум ёшга бурилди.
Туманларда адаштирдинг,
Бошим тошга урилди.
Бошидан қон оққанларнинг
Изи ҳам қизил бўлур.
Изидан қон оққанларнинг
Сўзи ҳам қизил бўлур.
Қизғалдоқман, қараб қолгин
Ялов бўлиб ўтаман.
Аравангни четга олгин,
Олов бўлиб ўтаман.
Эшикларни йиғлаб ёпдим,
Эшигингни ёпгин, ёр.
Мен-ку, сени севиб топдим,
Топганингдан топгин, ёр.


* * *

Қоғозга, қаламга, соатга қараб,
Сен келиб кетасан бошингни эгиб.
Минг хил савдоларни сочимдек тараб,
Мен келиб кетаман бошимни эгиб.
Нега бошинг эгик сўрай олмайман,
Дардни сигаретдек чекдинг яшириб.
Нега бошим эгик, сўрай олмайсан
Мен тез-тез йиғлайман сендан яшириб.
Мен бир кун кетаман абадий бундан,
Кетаман, ҳасратли шеърларим билан.
Кетаман, бу ғамли тақдирдан, сендан,
Қоратов, Нарпайим, қирларим билан.
Сўнг нотинч яшайсан чораларингга,
Ечиб бўлмас жумбоқ, сўроқ тўкилар,
Битиб улгурмаган яраларингга,
Хотирот томидан тупроқ тўкилар.
Мен нотинч яшайман кўнгил тўрига
Ғозлар сузиб кирар хотир кўлидан.
Олмалар пишади, юрак қўрида
Ёзлар кириб келар дала йўлидан.
Лек қайда бўлмайлик туйғумиз битта
Болалик аёлга тўла шийпондир.
Кўзларга сургувчи қайғумиз битта
Пахта орқалаган — Ўзбекистондир.


* * *

Мен алдаб яшадим ўзимни ўзим,
Ўзимники дедим қарашларингни.
Ўзгани туш кўрса кўр бўлсин кўзим,
Ўзимга қаратдим қарғишларимни.
Энг гўзал баҳорлар кетди, қайтмади,
Кунларим шундайин ўтди жимгина.
Ёмғирлар йиғлади, дардин айтмади,
Адирлар туманни ютди жимгина.
Бир тонг юва туриб, оқармас сездим
Гуноҳ ғижимлаган кўйлакларингни
Ва ўша лаҳзадан беимкон кездим,
Кўнглимнинг хазонлиғ йўлакларини.
Айбни ахтардим ёмғирдан, тундан,
Хатоларга ботиб келса ҳам изинг,
Билдим, билатуриб кечирган кундан
Мен алдаб яшадим ўзимни ўзим.


ФАҚАТ СЕН МАНГУ

Мен шамолдек ўтгувчиман,
Меҳмон каби кетгувчиман,
Ланг очиб эшикларни,
Тебратиб бешикларни,
Жон Ўзбекистон қоласан.
Бир бахшиман — айтгувчиман,
Сўнг манзилга қайтгувчиман,
Сен мангусан, мен борурман,
Мен бир фоний, ёлворурман,
Туз ила нон қоласан.
Агар нолойиғ эрсам,
Юзи қаролиғ эрсам,
Дуоларингда осгил,
Жазоларингда осгил,
Оқ соч онажон, қоласан.
Гоҳ шод, гоҳ йиғлаб айтдим,
Бағримни тиғлаб қайтдим,
Пахта тергувчи ўзбек,
Дунё тургунча ўзбек —
Ўзбекистон қоласан.


ЯНГИ ЙИЛ БИЛАН ҚУТЛАЙМАН

Соат ўн иккига яқинлашмоқда,
Далаларда эса шудгор маҳали,
Ака, тракторинг тўхтатиб шошдинг,
Шошдинг хаёлингда янги йил, ўғлинг,
Шошдинг коржомангда совқотган қиров.
Сен улгурар эдинг, улгурар эдинг,
Аммо ярим йўлда бузилди улов,
Янги йил кирди...
Курашларда ерга тегмаган елкам —
Қоратов даштида куйманган акам
Мен сизни янги йил билан қутлайман.
Соат ўн иккига яқинлашмоқда,
Операция эса энди бошланди.
«Доктор, шу боламни қутқаринг, доктор!»
Қулоқда онанинг мунг-ноласию
Гиппократ қасами акс садо берган,
Юракнинг энг кучли зарбаси ила
Ўлимнинг эшиги ёпиб ташланди.
У энди яшайди, яшайди узоқ,
Деразадан боқдингиз атроф қор оппоқ.
Доктор, сиз улғайган даштнинг, даланинг
Қучоғига шу зум янги йил кирди.
Доктор, сиз қутқарган ўша боланинг
Кўзи каби масъум янги йил кирди.
Мен сизни шундай бахт билан қутлайман.
Бу ўрмондан баҳор шошиб ўтибди,
Шошган ниманидир сезиб юраги
Ёдидан чиқибми қолиб кетибди.
Арчада баҳорнинг битта кўйлаги.
Ўрмон.
Инларини ташлаб кетибди қушлар
Қулфламай кетибди ўғри тегмасин.
Арча оқ рўмолда кўрганди тушлар,
Яшил кўйлагига қонлар тегмасин.
Барчангиз янги йил билан қутлайман,
Ўқлар орасида бир таниш фарёд,
Боласин кўтариб чопади аёл,
Пичирлар, пичирлар: Қандай қиламан?
Бу аёл — дунёдир. Қўлидаги у —
Боласининг оти — Тинчлик, биламан.
Мен бош кўтараман,
Сен бош кўтарасан,
Бу аёл томонга ўтолмас жаллод.
Тинчлик-ла, қон йиғлаб топишган дунё,
Тинчликни болам деб ёпишган дунё,
Мен сени янги йил билан қутлайман!


* * *

Елкасида қурол-у
Бола кўтарган аёл
Ишонгин, сен томонга
Ўтади жумла-жаҳон.
Бу бағри гул, бағри қон
Замон сенга ўтади.
Қушларини етаклаб
Осмон сенга ўтади.
Қанотига бахт илиб,
Ғозлар сенга ўтади.
Қаҳратонни қовуриб
Ёзлар сенга ўтади.
Тилдаги ноланг ҳаққи
Ёмғир шу деб кўз ёшга
Кўниккан даланг ҳаққи,
Қизғалдоққа ўраниб
Қирлар сенга ўтади.
Изларингдан эмраниб
Шеърлар сенга ўтади.
Сен болангни бағрингга
Маҳкамроқ боссанг бўлди.
Кўнглингга умид отлиғ
Чироқлар оссанг бўлди.
Алдов пичоқ яширган
Йўлга кирмасанг бўлди.
Сочларингнинг ҳидини
Ётга бермасанг бўлди.
Ватан учун йиғлашни
Ёмғир сендан ўргансин.
Оғир қанча бўлса-да
Оғир сендан ўргансин.
Елкасида қуролу
Бола кўтарган аёл.
Келавер ташрифингни
Кутади ҳамои тинчлик.
Этаги тўла баҳор
Ҳам кўзда ёши билан.
Излари қон, изи қор
Ярадор боши билан.
Ўтса фақат сен томон
Ўтади ишон, тинчлик.


ҒИЙБАТЧИ

У ҳаётда янги иш қилолмади
Ва душман яшади ҳар янги изга,
Гоҳ ишончни юлди, гоҳ юлолмади
Тинимсиз тош отди умидга, сўзга.
У ҳаётда янгилик қилмоқчи эди,
Қайда янгилик бор дарҳол югурди.
Димоққа урилса янгилик ҳиди
Лаҳзада ёпмоқлик учун улгурци.
Умр бўйи чопди ушбу аснода,
Ахир ўзи билмай янгилик қилди.
Авлодлар жом кечиб ўтган дуиёда,
Сўнг томчи қон кечиб ўтган дунёда,
Ёлғиз у тилидан осилиб ўлди.


ЭНГ МУҲИМИ

Африкадан қайтди-ю, шоир
Остонадан туриб бақирди.
Салом хотин, дафтарни келтир,
Илҳом келди, илҳом чақирди.
Ёза кетди тик турганча у,
Талантига хотини ҳайрон.
Уч, тўрт қатор шартта ёздиго
Тиркаб қўйди Африка дебон.
Ўқиб, ўқиб сўради янга:
«Тушунмадим, ғирт мазмунсиз шеър,
Мунаққид дер ўқиб, бир танга
Яна танқид кўпайсинми, эр?»
Эй, танқидчи билганин қилсин,
Ё куйсинми шунча елганим.
Энг муҳими одамлар билсин,
Африкага бориб келганим.


АФАНДИ МИНОР СОТГАНИ ҲАҚИДА

Насриддин минорни айланиб юрса,
Бир бой сеникими дея сўрабди.
Афанди бўйнини баландроқ чўзиб,
Меники, деб қўлин белга тирабди.

Менга сот, обкетай минорни бузиб,
Ҳовлимга ўрнатиб севиниб юрай.
Атрофида ўйнай ғоз каби сузиб,
Ёнида кўп базми жамшидлар қурай.

Юз танга тўла-ю, майли олавер,
Бой ҳам рози бўпти, турмай талашиб.
Минорнинг ёнидан ким ўтса бир-бир,
Афанди шод қибди танга улашиб.

Минор меники, деб бой жар солибди,
Сотиб олдим депти юзта тангага.
Остига жой солиб ётиб олибди,
Буни етказибди кимдир янгага.

Янга етиб кепти турмай ҳаяллаб,
Не жин урди, дея йиғлаб сўрабди,
Ҳеч жавоб бўлмагач эрин амаллаб
Ётган тўшагига қўшиб ўрабди.

Бой эса бор гапни зориллаб, сўйлаб
Тангам, минорим деб нолиб кетибди.
Қароллари уни ичган деб ўйлаб,
Аравага солиб олиб кетибди.


ФАЙЗУЛЛА ХЎЖАЕВ ХОТИРАСИГА

Бухоро,
Йиғладинг, кўз ёшларингда
Амирнинг ёз-қишлари оқди.
Гадолар қарғаган, очлар қарғаган
Аркони лаш-лушлари оқди.
Кўз ёшларинг билан артдинг
Тарихнинг қон теккан деворларини.
Қамчилар зарбидан, калтак зарбидан
Титраган хотири — беморларини.
Аркда илтижолар қилди сулувлар:
Бешта ўғил кўрсайдим,
Тўртта ўғил кўрсайдим.
Битта ўғил кўрсайдим.
Улар ўғил кўрмай ўлиб кетдилар,
Қўнғироқ тақилган, мунчоқ тақилган
Бешиклар — ҳушлари кетди улар-ла.
Чақалоқ кўтарган, йўргак кўтарган
Доялар — тушлари кетди улар-ла.
Руҳлари чирқираб айтди уларнинг:
Келинларинг ўғил кўрсин, Бухоро.
...Эслайсан шам ёруғида
Қай кун ўғил кўрди савдогар бойнинг
Савдога беписанд боққан аёли.
Ўша куни
Қайғу ташийвериб оғриган йўлда
Араваларга суюнчи тегди.
Тиланчилик қилиб ҳориган қўлда
Тўрваларга суюнчи тегди.
Сен унга аввалда кўп ишонмадинг,
У эса ишонди,
Умидинг зиндондан чиқади бир кун.
Ҳарам гиламини чангаллаб йиртар
Узун сочлардаги, узун нолалар.
Ишонди лаззатхўр амирнинг
Чечаклар эзилган тўшагини,
Суғуриб отар
Кучли шамолларинг — етим болалар.
Олтин талашганлар тортқилаб йиртган
Этагинг ўпаркан сўнгги бор ва жим
Ишонди, гумбазлар қопларга сиғмас,
Бухорони кўтариб кетолмас ҳеч ким.