forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => Zamonaviy o'zbek she'riyati => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 05 Fevral 2011, 15:34:30

Nom: Go'zal Begim. Sukunat jaranglari
Yuborildi: AbdulAziz 05 Fevral 2011, 15:34:30
Go'zal Begim. Sukunat jaranglari

(http://www.ziyouz.com/images/books/guzal_begim.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1055)

Muallif: Go'zal Begim
Hajmi: 554 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1055)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5596.0)
Nom: Re: Go'zal Begim. Sukunat jaranglari
Yuborildi: Ziyolee 10 Sentyabr 2011, 18:01:27
ГЎЗАЛ БЕГИМ

СУКУНАТ ЖАРАНГЛАРИ


Тошкент
«Ёзувчи» нашриёти
1998

Миллий қадриятларни тараннум этиб, ўсиб келаётган ёш авлодда ватанпарварлик ва фидойилик туйғусини янада кучайтириб, истиқлолни ва порлоқ келажагимизни шарафлаш ниятида ёзилган ушбу китоб Ўзбекистон мустақиллигининг 7 йиллигига бағишланган бўлиб, у Республика Давлат матбуот қўмитаси ташаббуси билан ижарадаги Тошкент матбаа комбинати ҳомийлигида чоп этилди.

Гўзал Бегим шеърият ихлосмандлари қалбига янги сўз, янгича тафаккур олиб кираётган шоирлар қаторига киради. Ушбу шеърларни ўқиб Сиз ҳаяжонланасиз, ундаги образлар балки ўзингизда борлигини пайқамаган кечинмаларингизни юзага чиқаради, шоира шеърларидан кўнглингизга гўзал шарпалар қўчиб ўтади.
Гўзал Бегимнинг илк тўпламини Сизга такдим этар эканмиз, Сизнинг шеърга чанқоқ кўнглингиз ушбу шеърларни муносиб баҳолайди, деб умид қиламиз.

ГЎЗАЛ БЕГИМ - 1974 йили Хоразм вилоятининг Қушкўлир туманидаги Ўзбек қишлоғида туғилган. 1997 йилда ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Шеърлари Республика матбуотида чоп этилган Ҳозирги кунда Рсспублика радиоси Адабиёт муҳарририятида хизмат қилмоқда.


СЎЗ ИФОРИ

Анъанавий шеъриятга кўниккан назм мухлиси учун миллий адабиётимиз ичида ранг талашаётган модерн шеърияти ғайритабиий туюлиши аниқ. Бироқ ҳозирги замон Ғарб шеъриятидан бохабар шеърхон бу борада ҳеч таажжубланмайди. Сабаби шундаки, биз янги санаётган тўлқинлар аллақачон Ғарбда эскириб, бошқа оқимлар орасида билинмайдиган даражага етган. Хўш, модерн шеъриятининг янгилиги нимада ўзи? Бу янгилик модерн шеъриятининг фақатгина инсон шуурига таяниши билан изоҳланади. Модерн шеър ўқувчи онгига муайян маъно ташимайди, унинг кайфиятига турли тарафлардан таъсир ўтказади, холос. Демак, модерн шеърияти қонун-қоидалари «Шоир нима демоқчи», «Ғалати-ку бу?» қабилидаги саволларга ўрин қолдирмайди, зотан, модернизмнинг моҳиятида ўша «ғалатилик» бор.
Ёш шоира Гўзал Бегим шеърлари ана шу жиҳатдан ўзини оқлайди. Шоира руҳ кенгликларига ўзича сайр қилади, нималарнидир излайди, топмоқчи бўлади. Бу интилишлар ажабтовур эмас, бизга таниш, жудаям таниш, аммо ўша танишлик сезгиси идрокимиздан узоқларда жимирлайди. Энг муҳими шоира СЎЗни аниқ бир кайфиятга монанд тарзда ишлата билган, шууримиз завқу шавқини таъминлаш даражасида қалам тебратган. Ўзбек модерн шеърияти ривожига ҳисса қўшишга чоғланган шоирага омад тилаймиз.
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД


 
МЕН БАҲОРНИ КУТДИМ

Мен баҳорни кутдим йигирма бир йил,
Ўлмасдан тирилиб етишдим унга.
Юзимни бекитдим япроқлар билан,
Таяммум айладим тупроқлар билан.
Мен баҳорни кутдим.

Мен фасл истадим музайян, дилбар,
Сарварлар лаб босди бармоқларимга.
Баҳордан бурунроқ тўкилай дедим,
Чидолмай аёзнинг тирноқларига.
Мен фасл истадим.

Мен нафас қўмсадим, хушбўй — атирсиз,
Тонгда юзин чайиб чиққан саломга.
Юрагим қатига тиз чўккан ҳаё
Айланиб кетажак битта каломга.
Мен нафас қўмсадим.

Мен байрамлар кутдим, тақвим кўрмаган,
Бир боқишдек топ-тоза ғурур.
Мен шаҳзодлар кутдим, дилдор кўрмаган,
Эшик тирқишидан таралган танбур.
Мен байрамлар кутдим.

Мен ҳайитлар кутдим, илҳақ, интизор,
Бош қўйиб Қадрнинг илкларига.
Бир кун қайтажакман ёруғ оламга
Осилиб баҳорнинг киприкларига.
Мен ҳайитлар кутдим.


* * *

Мен оғзимдан гуллаб қуйдим
Ўриклардан бир лаҳза олдин.
Нафис гулда ҳасад уйғотдим,
Юрагимга муҳрини отдим.

Кўзларимдан сув ичган гуллар
Ифор тарар солиҳ дилларга.
Куним, умрим ўтар сув қуйиб
Оғзимда очилган гулларга.


* * *

Мен мунгман
Ҳеч кимнинг кўзига чўкмаган,
Ҳадсиз макрман
Ҳеч кимнинг қўйнига кирмаган.

Мен хазонман
Ҳали супирилмаган.
Киёфасиз сувратман
Чизиш ҳакда ўй сурилмаган.


* * *

Бошим тошга текканда,
сени қайғурдим, ғариб тош.
Алам қилмайдими сенга
муштдеккина бошдан мушт еганинг,
сенинг йиғлагинг келмайдими,
мен сенинг ҳолингга йиғлаяпман, тош.


* * *

Кўз очиб кўрганим — сизсиз,
кўзим юмиб кўрганим ҳам — сиз.
Кўз очиб кўрганим бисотингизда
тун қўйнига кирмаган виждон.
Тонгдек намчил хаёл,
биллурдайин қалб,
кўзим очиб кўрганим сайин
кўргим келар қалбимни очиб.


ТИЛСИМ

Менга сирли кўзгунгни бер, энажон,
Тароғинг-ла сочимни ўр, энажон,
Кўнгил эса мўъжиза дер, энажон,
Бағрингни инъом эт, Тилсим.

Мўъжиза рўй бериб, наҳанг, ют мени,
Ички хазинангдан огоҳ эт мени,
Зўр бўлсанг, ғам-андуҳ, шунда тут мени
Бахт гулин туҳфа эт, Тилсим.

Дев оға, елкангга ола қол мени,
Париларга ҳамроҳ қила қол мени,
Кафтингда сирли гул қила қол мени,
Бағрингни инъом эт, Тилсим.

Тилсим юрагимни, майлига, тилсин,
Сочларимдан унга дарича илсин,
Лаҳзалик бахтдан бир масрур қилсин
Тилсим,
Тилсим.


* * *

Мен умримни юриб ўтказяпман
овулма-овул,
кентма-кент,
элма-эл
сўраб Маккани топадигандай
ошиқаман узун манзилга.

Мен ўтар эканман,
бегона юраклар сўроққа тутар
ва дахлсиз қўллар
бўшлиқни силайди.

Одимлар эканман устимдан
қуйилади сариқ жисмлар,
ёйилади сариқ товушлар

Ва ниҳоят
тўхтаб қоламан
сўраб суриштирилган
Маккага етмай...


* * *

Мен деразадан бахтни кузатяпман,
бошимга кўтаргим келару,
афсус...

Мен деразадан бахтни кузатяпман,
туғилиб қарамаган бахтни,
кулиб қарамаган бахтни...


* * *

Узилган япроқда узайди умрим,
мен яшай бошладим
жами титроқларни
ва жами жимликни юракка жамлаб.

Мен яшай бошладим
умиднинг
зангори кўксига бир қадам босиб,
тупроқнинг кўзлари ўйилди шунда
менинг ўйлаб босган қадамларимдан


ФАРИШТАСИЗ КУНЛАР

1

Фаришта, Мен сени кутаман,
ердан келишингни, осмондан эмас.
Қадам товушингни кўзимга босиб
асрашга интиламан
учишга чоғланган
ўнг қабоғимни.

2

Нурдан ясалгансан. Кўзим нуридек
йилтиллайди қиёфанг сенинг.
Кенгликка қулоч ёяркансан,
осилиб қоласан
киприкларимга,
осилиб қоласан абадий.

3

Фаришта, Сени кутдим улкан шаҳарда
ва ўша ярқироқ қўлларинг билан
бошимни муттасил силамоғингни
истадим,
айландим бокира қизга.
Энди мен енгилман, жудаям енгил,
эшик тирқишида қолган ҳаводек.

4

Кўзим ёғдулари ерга қуларкан,
бир ҳовуч сув каби сачраб кетарлар.
ўшал томчиларга сингади секин
қип-қизил япроқ.

5

Фаришта, энди мен тирик эмасман,
Сен эса қимирлаган жасадга боқиб
ўйладинг ушбу жимлик қаърида
товушдан яралган
товуш борлигин.
Кафтингда бир сиқим кул
ва тилай бошладинг
бу дунёда йўқ бир инсонни.
Жасадга шивирлаб қўйдинг барибир,
шивирладинг о-ҳис-таа.


ТУНГИ МАКТУБЛАР

«Мен сени истадим, сен - мактубимни...»
Мактубдан

1

Тун.
Шаҳар узра ёнган чироқлар
менинг юрагимни ёритса эди,
ўтирмасдим дийдираб зулмат қаърида.
Изтироб ипидан арқонлар эшиб,
эшилган арқондан бир йўл ясарман,
бир йўлки, юришар фақат гумроҳлар,
Қувониб қўйишар гумроҳлигидан.

2

Менга умр бергин, эй Дарахт,
сен қадимийсан, қадимий,
кўнолға қурарман япроқларингга,
ифорингга шакл ясарман,
шитирлаб қўяман сен учун,
уйғониб кетасан минг йиллик дарддан
ва кўксингга қўярсан илиб
осойишта шарпаларимни.

3

Руҳимни тутқаздим қўлингга,
сичқонлар кемирган руҳимни.
Кулча деб ўйлашганми,
кемиришибди-ку,
руҳим атрофида ётар сочилиб
тиш синиқлари.

4

Қабул эт,
кўзингга кетайин сингиб,
чўмилиб яшайин унда бир умр,
қоп-қора кунларга кетай кўникиб.
«Бу дунё кўникишдан иборатдир» деб
ёзгил пешонамга кўм-кўк сиёҳда,
бўртиб турсин битиклар томирим каби,
кўзларингни очма,
соҳибим,
унда мен адашиб қоламан,
шундай топаман мен
хаёлнинг поёнсиз сарҳадларини.


* * *

Тушиб улгуради кўзларимиздан
бир сиқим тупроққа
осмон сояси.

Жинлар чалган тешик жомлардан
кўримсиз товуш тўкилади,
ҳаммамиз тупроқни унутиб қўйиб,
ўйнаймиз жинларнинг ноғорасига.

Тирноғимиз остида эса
шайтон болалари
судрар ғилдирак.


* * *

Киприкларимни
йиғлаб-йиғлаб овутгим келади
ва кўршапалакни уйғотаман
кўзимга босиб,

барвақт кетгим келар фанодан
сенинг хаёлингга осилиб.


* * *

Тунда сизни чўчитган
Менинг сочларимнинг шивири бўлса
Қўнғироқдай жарангласа
Сочларим ши-ви-ри
Сизнинг жимжит юрагингизда.


СИНГАН ФИКР ЧИЗГИЛАРИ

1

Денгиз ҳақидаги фикрим
оҳистагина ниҳоясига етди,
иккиланди хаёлимдаги ҳаракат,
тўлиша бошладим тўлқинга боқиб,
тўлқинландим тўлқин ичида,
унутдим ёзмаслик изтиробини.
Дарс тинглай бошладим борлиқдан,
англадим ўзимнинг мавжудлигимни,
жим тилар бошладим ўша борлиқдан
бир истакларки эл қатори,
фақат ғайриоддий биргина тилак
ўйладим,
уни-да узиб ташлади
кўзимдаги учқур ҳаракат.

2

Мен юрак ҳовучлаб яшайман
эсимни еб қўймаслик учун,
жаҳлимни қўзғайман гоҳи-гоҳида
ўчоқдаги кулни титгандек.
Бир ҳовуч ненидир сепиб юбордим,
қип-қизил дунёга айланди борлиқ,
ҳайтовур эсим жойида,
еб тугатдим ўзимни фақат...

3

Сени ўйладим,
роҳатландим тош маъбуд каби
сен ҳақдаги совуқ ўйимдан.
Барибир чарх урдинг,
чархладинг мени,
кўзим олдидаги ўтмас оламдан
олиб ўтдинг
ёш аёл қилиб
тошдан улгу олган жисмимни.


* * *

Саҳарда
тонг адоғига етмай
айнан шу эшикнинг
ғийқиллаган товуши
ҳаловатим
бузгунга
қадар

ўша қалин товуш
жаранглаган сас
мудроқ туйғуларга урилгунича

ғудраниб яшадим
уммон ва томчи оралиғида
қалтираган бир товуш бўлиб

сукунат эса
оппоқ унсурлардан
раиг олган эди


* * *

Кўзларимни юмсам
яйраб кетар
бир шода қайғу
ҳали ерга тўкилмаган
мен излаган нур

Кўзларимни юмсам
бирлашиб кетади иккита дунё
кундуз юмалоқ шаклга киради
ва шарпалардан
яралади улкан мавжудлик
капалакнинг енгил қаноти
елларни уйғотиб қўяди аста

Кўзларимни юмарканман
қароқларимни берклигича кўргим келади
ушбу қасрни ардоқлайман
чунки сен борсан


* * *

Кўзларингни ўқиб чарчамас кўзим
менга куч беради
ундаги жило

бир чимдим бер изтиробингдан
сен каби қийналай
сен каби

ориятли тиланчи бўлиб
ийманиб чертаман
юрак қопқасин

қироат қиламан исмингни
олис оқшомларда
сокин оқшомларда

кўзларингни ўқийман
сирлар денгизига
шўнғийман аста-а-а


ТАСАВВУФ ВА ТАСАВВУР

Юз бурдим
дарахтзор бир қалтиради
заъфарон боғлардан
изладим
хазон
азон айтаверди минг бир йўлимда
яшил тортиб сарғайган руҳим.

Соямни қўмсадим
қоқилиб кетдим
бир ҳовуч нур тушди
соям остига
шу нурдан ясадим
кафт каби оқлик
бўғзимга етди сўнг
узилган шу япроқ
кўм-кўк жудолик.

Юз бурдим
дарахтлар сабоқ беришди
сочларим минг тола
барчаси нола
томиримда қондек айланар
қаҳқаҳага айланган кулфат
уйғонар дафъатан ғам салтанатин
ҳаловатга чўмган маликалари
бошимдан йрғитдим бошсиз кунларни
тасаввур ўргилди бор бисотимдан
кўксимда ўсган гул уруғи Борлиқ.


ЯЛТИРОҚ ТАСВИР

Тун бўйи
тун бўйи-и йиғладим
ёғиб чарчамаган ёмғир мисоли
кўзларимга суртдим заминни
суртдим пешонамга
юракларимга

кўзларим сўйлаган ривоят
йўқотиб боради шаклини
кўксим қафасини очдим
совуқда яхлатдим
юракларима-а-ай

тун бўйи
осмонга
чиқиб йиғладим
нарвон ясаб чиқдим
қотиб улгурмаган
суякларимдан


* * *

Ҳорғин нигоҳ билан
нени-да тушунтириб бўларди
англатиб бўларди нени ҳам

аммо кўп нарсани
сўйлаши мумкин
гапирмай толиққан кўзлар
оқшом чоғ

мен сизни
тинимсиз кўраман
юрагимга термулиб

ойга чиққан каби
завқланиб кетаман
юракда акс этган
сиймони кўрсам


* * *

Капалак сен қадар
бахтли бўлсайдим
сўзларнинг тотини олиб яшасам
сўзнинг ёноғига қўнолға қуриб
асрасам
қанотимнинг соясида ўз гулзоримни


* * *

Бу фикрни кўплар
ушлаб кўрдилар
елка учиришди
ва се-е-екин-гина
учиб кетди бор-йўқ елкалар

фикр эса тошдек қотиб турибди


* * *

Вужудимдан ясалган тобут
кезиб юрар замин қаърида
бир куни тобутдан чиқишим тайин
сўнг англаб етарман
ўликлар сафига бегоналигим
менга муҳтожлигин
қуёшли замин


* * *

Сен жимсан
мен жимман
кўзимизда сирғалади
учқур изтироб
ўша жимлйк орасида оғир бир тош бор
юрак ва ақлнинг мувозанати


* * *

«Вақт севги олдида тўхтайди фақат»
Имант Зиедонис

Пиёланинг учган лабига
муҳрланар ўтмай қолган вақт
кўтарилиб туради ундан
ўтмаётган вақтнинг ҳовури
пешонамга танғиб қўяман
вақтнинг товушин

япроқлар титрайди тун бўйи
япроқларим менинг
тип-тиниқ жимлик
қалтирашиб туради улар
мангуга осилиб қолишдан чўчиб

юрагимда ёзилмаган қоғоз парчасин
титкилайди синиққан ранглар
лабларимиз қўмсар бир умр
пиёланинг учган лабини


* * *

Ичимга тушган дамимдан
қўғирчоқ ясайман
йилларки ўйнайман шу қўғирчоқни


СУКУНАТ ЖАРАНГЛАРИ

Руҳимда ўрмалар бир тўп чумоли
шивирлайман
«мен чумолиман»
мен тасдиғи туғилади
юрагимнинг бир томирига
илакишиб турар оғир товуш
МЕН

Қиров босган ҳаракатимни
чўқилайди тарих кўрган қуш
қушга айланаман ва секингина
қанотларим яйраб кетади
сенинг мактубингни кўтариб
осмонга учмасдан
ерга қўнмасдан
айланиб яшайман бошинг устида

Олис минтақада
сукунат жаранглайди
барг тўкади номаълум дарахт
исмсиз чақирамиз бир-биримизни
ва топиб оламан исмингни
хаёлимнинг паралел чизиқларидан

Мен кечиб бораман
танимайди вақт
ўтдаги қурт каби азобланаман
руҳимга тирмаша бошлайман
енгиб ўтаман
бу дунёда енгиш керак бўлган
ҳамма нарсани
«Кутгил, келади» деб
юпатмайман ортиқ ўзимни
гуллар додласалар
тишимни тишимга босиб яшайман
сукунатнинг ҳиди келади
сенга атаганим ҳар бир кунимдан


ИРОДА ТАХЛАМЛАРИ

Ёмғир ёққач
кўкаргани каби гул-гиёҳ
озиқланганидай жами ҳашарот
кўнгил дарвозасин чертди
том-
        чи-
            лаа-
                  а-
                      р
«Жон ўлмасдир —
тан фоний»
йўналтираман ўзимни
миямдаги мажҳул фикрга

Тилимнинг суягин тутганча
майсаларнинг қулоғига пичирлайман
Менга кенглик беринг заминий кенглик
қулоқларимни тинч қўйинглар
оёқларимга ҳукм ўқиманг
юрагимни ғижимламанг
керак бу жисмлар менга ҳам

Ўлимданда
қўрқинчлироқ сўз қидираман
жумла ахтараман
ҳаловатимга зарба бергувчи
миямдан бурқсиётган тутунда
учоқларнинг изи қолади
юр паноҳ излаймиз ўша излардан


* * *

Ёмғир ёғди бугун
ташқарини томоша қилиб
зерикмасдан ўтириш мумкин
димоғимга намчил ҳаво урилди
Дарахтга айлангим келди шу кезда
муттасил ювингим келди ёмғирда
Ҳеч бўлмаса майда томчи бўлиб
ерга синггим келди-ки бирам
Эртага қор ёғса
Мен ҳам йиғиштираман
ёмғирга аталган муҳаббатимни

Бугун эса
ёмғир ёғди
ер ҳиди таралди теграмга


УРҒУЛИ БЎҒИНЛАР

Талаффуз қиларканман
қишлоқ сўзини
урғу олар икки бўғин ҳам

* * *

Сен Мен У
моҳият излаймиз бир-биримиздан

* * *

Ёлғизман дейман-у
қувониб қўяман
қурилласа бақалар агар

* * *

Игна тутмаган хонимнинг
бармоқлари
игнадан ўткир.

* * *

Томчиларга урилиб
парча-парча бўлиб кетаман
ва ёға бошлайман

* * *

Юрагимнинг ярми тўқлик
ярми очлик
ярми шўхлик, ярми жимлик
қачон бўлар унда бир бутунлик


* * *

Мен тунда дарахтга суяниб китоб ўқишни яхши кўраман. Дарахт эса менга суянишни истайди. Дарахт босинқираб чўчитиб қўяди баъзан. Куртаклари чумолидек ўрмалайди. Хаёлимни узолмайман шохчалардан. Сийқаси чиққан жимликни тинглайман. Дарахтга суянаман барибир. Ҳар кимнинг ҳам суянчиғи бўлиши керак-да ҳаётда.


* * *

Қиш. Мен унга ўчакишгим келади.
Мен унинг кўзига дунёдаги энг ўжар, энг шаккок қиз бўлиб кўрингим келади.
Ўзимни англатиш учун қишнинг совуқ кифтларига юзимни ишқайман. Лабларимда эриб бошлади қиш. Ажабо, қиш менинг оғзимдан қаҳри қайтган одамдек эриб чиқмоқда. Оғзимдан қиш тўкилмоқда. Бироқ, танамда қаттиқ титроқ бошланади. Ахир мен қайсар қишни ҳазм қиляпман-да.


* * *

Менинг ҳаётга қадамим ҳар тонг деразадан бошланади.
Мен илк нигоҳимни «ухлаб қолмадимми?» деган ҳадик билан деразага ташлайман ва илк қадамимни дераза тарафга отаман.
Қоронғиликни сидираман пардани ушлаётиб.
Деразадан оқариб кўринган тонг-кўзим олдидаги илк қиёфа.
Деразадан бошланган ҳаёт менинг кундалик насибамдир.


ОЙГА БОРАР ЙЎЛ

Ярим тун. Кўзларим толиққан. Кўзларим ҳайдаяпти уйқуни: яшаш мумкин эканлигини ҳис қилдим. Атрофим тўла, керак ва кераксиз нарсалар. Юрагимни тинглайман. Овозсиз шовқин. Ғалати. Ўша шовқин ичига сингиб кетаман. Баҳайбат жимликка кўшиламан. Эшик. Тутқич. Таниш ва нотаниш қўлларнинг ҳидидан чарчаган. Чиқиб кетаман. Менинг янги йўлим бошланади. Ойга борар йўл. Бу йўлда тинимсиз йўрғалайман. Арзанда қизига айланаман ойнинг. Ойга юрак очиш мумкин. Айниқса изтиробга тўлган бир юрак бўлса. Ой тунни ёритган каби руҳимга тушади, орзиқтиради руҳимни. Ойда бедорлар учрашади. Тунда хоҳлаганча яшаш мумкин. Одамлар уйқуга кетгач озод ва хурсанд яшаса бўлади, чунки ҳаракатларингни, туйғуларингни тартибга чақирувчилар йўқ. Тун интизомсиз ибтидоланиб, имтиҳонсиз интиҳо топади. Кундуз ўз ҳимоячиларига ҳордиқ чиқариш имконини берди, тун эса чексизлик. Тараддуд. Бир хиллик пардасининг йиртилиши. Бедорлик ҳаловати. Уйғоқ сўқмоқлар бирлашади. Уйқуси ўчиб кетган ёстиқ. Ёстиқ остида ўқилмаган китоблар. Тунда мен ўз манзилимга адашмай етиб оламан. Мен яна ўз йўлимни топиб олдим.
Салом, йўлим, ойга элтадиган ёруғ йўл.


* * *

Тун менинг севгим
овозини ютиб юборган
жисмсиз юрибди кўчада
ғудраниб
қўяман ўзимга ўзим
тун менинг севгим
ундан ҳайиқади
фасллар
еллар
одамлар
севгимнинг қанотлари кесик
оёғи йўқ
битта юрак билан шунчалар ғолиб
менинг севгим


* * *

Эй яратувчим,
Қарғама бизни.
Номинг-ла қасам ичавериб
Безовта қилмадикми ҳадеб букилиб.

Эй қадрли осмон,
афу эт бизни
Қўйдик сенга кўпроқ тикилиб.

Эй тоғлар
суяйверманг бизни
ўрганайлик бир бор йиқилиб.


* * *

Авайлаб
авайлаб
сингиб кетдингиз
кўзимнинг оқ ҳамда қораларига
дарахтларга монанд кипригим
бир маромда силкиниб турар

Қорачиғимни кўз ёшлар тирнайди
вазифасини унутар юрак
кафтим
фақат кафтим
шарҳлаб турар чизиқларини