forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => Zamonaviy o'zbek she'riyati => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 05 Fevral 2011, 17:21:46

Nom: Hamid Olimjon. Tanlangan asarlar
Yuborildi: AbdulAziz 05 Fevral 2011, 17:21:46
Hamid Olimjon. Tanlangan asarlar

(http://www.ziyouz.com/images/books/hamid_olimjon.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1097)

Muallif: Hamid Olimjon
Hajmi: 7,57 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1097)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5639.0)
Nom: Re: Hamid Olimjon. Tanlangan asarlar
Yuborildi: Ansora 13 Sentyabr 2011, 15:14:57
ҲАМИД ОЛИМЖОН

ТАНЛАНГАН
АСАРЛАР


Нашрга тайёрловчи
Сарвар Азимов

ЎзССР давлат нашриёти
Тошкент
1951



ШЕЪРЛАР

1926 – 1932

Халққа айтинг, мен асло ўлганим йўқ,
Ёв қўлига таслим ҳам бўлганим йўқ;
Мен элимнинг юрагида яшайман,
Эрк деганнинг тилагида яшайман!


БАҲОРГА ЕТГАНДА

Тонгда оппоқ булут хаёлимда,
Қипқизил лоладан нишон тақди.
Ёки дилдан кулиб ҳаёт узра,
Олтин илҳом сочиб қуёш боқди.

Кўк майин новдаларда қор — парлар,
Инжа руҳим-ла ўйнашиб қолди.
Инжа руҳим-ла ўйнашиб гуллар
Оқшом ойдинда ухлашиб қолди.

Учди капалаклар ва адашди,
Маъсум яна гул шохида, маъсум,
Маъсумча... чаманлар сари оқди,
Ҳар майсада бир жонли табассум.

Гул кўлкаси гулхан каби қизғин,
Қизғин... яна сайрайди дуторлар...
Сайрайди... тубанларда баҳорлар...
Инжитмади кўнглимни-да бир кун.

Юмшоққина кўк парда ёпинган
Тоғлар, ана... Роҳатгина ухлар.
Чўпон ила қўй,— турна қаторлар
Кезмакда унинг бағрида тунлар.


ЎТАРКАН

Ел учар чоқда майсалар денгизи
Эгилар, рақс этар, кулар кабидур.
Кеча кулганда нозли Волга юзи,
Эгилиб, жилмайиб, гўзал кўринур.

Катта кўприк баландди, сув чексиз
Ойнадан оқ кўпик кўриб турамиз.
Ваҳмалар дилда йўқ, кулиб турамиз,
Тўлғонар бир севинч билан дилимиз.

Кеча ойдин, ҳаёт кулиб туради,
Волга эркин, ипак рўмоли билан
Буралиб, эркалаб хаёли билан
Инжа бир шеър бўлиб оқиб туради.


НЕВА ХОТИРАЛАРИ

Сирли сен, чайқал, эй гўзал дилбар,
Шўх ва ўйноқ қиз альбоми янглиғ.
Кўкрагингда ҳаёт деган ошиқ,
Кўп аср сайраган ва тўккан зар.

Дилда нашъа, қўлимдаги най-ла,
Мен-да сайрай бутун тилакларни,
Жонлатай, сўзлатай вароқларни,
Эй гўзал, ўйнама, секин тингла!..

Куйласа, ўйнаса менинг созим,
Оқса кўнглим-ла ўйнаган розим,
Эрка қўйнингга из чизиб кетсин,
Сен-ла тўлқинланиб, сузиб кетсин.

Тингла, мен бир қадар-да таъсирли,
Оқишингла хаёл билан оқдим;
Юзларинг хол, боқишларинг сирли,
Дилда япроқни елпитиб боқдим.

Сен ҳаёт шоири, асрларнинг
Сирларин шеър ила яшатгансан,
Ерни титратгучи курашларнинг
Ўтларин кўнглинг ичра солгансан.

Бир замонлар... қуёш-да кулмасди,
Ғамгин эллар... севинч тўкилмасдн.
Лабларингда ўсарди япроқлар,
Оҳ... улар, дил учун эгилмасдп.

Эсди еллар, ҳаёт-да уйғонди,
Кучли тўлқин сенинг қучоғингда,
Ўтли гуллар очиб ёноғингда
Наъра тортиб, олов каби ёнди.

Ҳар томон қон, эсарди бўронлар,
Шонли Аврорадан эмиб нурлар;
Яна товус каби қанот ёздинг —
Оқди қалбингда қипқизил қонлар...

Бу табиат-да бир чевар шоир,
Ҳар нафас юзларингга кашта тикар.
Инжа, шўх ел эсиб-да, ўйнашади
Тикса устингга-да қуёш чодир.

Хайр эй, севдигим шўх, ўйноқ қиз!
Лола бир жилмайиш-ла боқмоқдан,
Кетаман, соҳилингда оқмоқдан.
Хайр, эй, ой гўзал ва холдор юз...


БОЛТИҚ ДЕНГИЗИ БУЙЛАРИДА

Нақадар кенг, гўзал қучоғинг бор...
Шўх қилиқ тўлқининг-ла биргалашиб
Келадур ўйнагим сузиб, қувушиб,
Сен-ла шоирлигим, ҳаётим бор.

Боладек ҳар қайиқни эркалашинг,
Меҳрибон, шод, азиз она кабидир;
Шоир илҳом-ла ўйнаган кабидир,
Ҳеч сукутсиз, нашидалик туришинг.

Кучли тўлқинларинг-ла масъуд ўлур
Ел эсаркан у, кенг, гўзал қучоғинг,
Сув қуюнлар учар, тағин тўкилур,
Бу сенинг бахтиёр, чечакли чоғинг.

Нақадар кенг, гўзал қучоғинг бор...
Шўх қилиқ тўлқининг-ла биргалашиб
Келадир ўйнагим сузиб қувушиб,
Сен-ла шоирлигим, ҳаётим бор!


ҲУЖУМ ГУЛИГА

Бу кунлар пок, ипак нурлар,
Нафис танлар-ла ўйнашди.
Отар тўлқин, денгиз эркин,
Чечак лаблар севинч очди.

Кўриндинг чайқалиб, ўйнаб,
Оқиб оппоқ кўпиклар-ла;
Ичиб олтин шафақлардан
Кезиб юлдузли йўлларда.

Тушунчанг қўлда синмас соз,
Кўкар, чўлларда япроқ ёз.
Куларкан лолалар, гуллар,
Кўнгиллардан сочилсин ноз.

Баҳор сен, ғунча — гуллар-ла
Очил, эркинча кўкрак кер!
Ёзай кўксингга диллар-ла
Чечаклардан тўқилган шеър...


М. ГОРЬКИЙНИ ЎҚИРКАН

Алам билан эдинг ёр,
Тақдир сени эзаркан.
Дудоқлардан учиб зор,
Диллардан қон сизаркан.

Оҳ... шод она қўйнида,
Тингламадинг эртаклар.
Афсуски, ёшлик дамлар
Ўтди — кишан бўйнида.

Баҳорда ёш япроқлар,
Ўйнарди, рақс этарди.
Ел-чалғиларин тинглаб,
Кўплар ғамгин ўтарди.

Алам сочарди излар,
Маъюс боқарди кўзлар.
Лекин сирли кечалар
Чайқаларди денгизлар.

Зулм чиқиб саройдан
Очларни қамчиларди.
Ҳар асир нигоҳидан
Исёнлар томчиларди.

Оғир, ҳазин оҳанглар —
Юракларни эзарди.
Турмушда ҳар севинчда
Ўргумчаклар кезарди.

«Сув» лойланиб оқарди,
«Юлдуз» ғамгин боқарди,
Оҳ... у чоқнинг оқиши,
Қалбларга ўт ёқарди.

Янги ҳаёт еллари
Баҳор бағрин кулдирди.
Қизил рубоб тиллари
Дилга нашъа қўндирди.

Қонли, ўчли оловлар
Ютди эски ҳаётни.
Қуёш каби яловлар
Порлаб ёритди қорни...

Замон олтин қуёшдек,
Сочларингни силади.
Машъал ёнган йўллардан,
Кўнглинг шуур тилади.

Ўн бир йилдир, сен эркин...
Юксалди кўп умидлар,
Дунё-дунё севинчлар,
Туткай жаҳонни бир кун.


БОЛАЛИК

Дунё экан...
Чаманзорлар кечиб,
Ошиб тоғлардан,
Қуёшдан нур ичиб,
Қум, ўтлоқлардан
Ўйнаб... кулиб...
Армон билан
Ўтар экансан.

Бола эдик,
Танлар олов,
Қалб қайноқ,
Кўзлар ўткир,
Диллар соф,
Эркин-эркин ўйнардик...
Ҳаёт билан
Қайнар эди
Куй, қишлоқ.
Бир ёнда тоғ,
Бир ёнда боғ...
Сув сочарди...
Гул очарди...
Кенг кўчалар...
Узун йўллар...
Порлар эди
Шам чироғ...
Сув оқарди,
Қўйнида
Кўкрак кериб,
Балиқ каби
Шўнғиб ётардик...
Қизлар ўтса,
Орқасидан
Олма отардик.
Нурли, ойдин кечалар,
Порлар эди кўчалар,
Тўпланардик,
«Яшинмачоқ» ўйнардик
Сўнг чарчардик
Чумчуқ каби
Чирқиллашни
Ташлаб биз,
Роҳат-роҳат
Қўзи каби ухлардик,

Кунлар ўтди,
Шаҳар бизни,
Олов кўзли,
Темир танли
От билан
Кўкрагига чақирди.
Узоқ кетдик,
йўлда тоғлар,
Бир тегирмон тошидек,
Чир айланиб қолдилар.
У, кишнади,
Мағрурларча бақирди.

Ёш кўнгиллар,
Поёни йўқ ҳисларни,
йўлга сепиб,
Сўнг завқларга толдилар.
йиллар учиб кетдилар.
Кўп баҳорлар
Қанот ёзиб,
Тилакдарга етдилар.
Биз шаҳарнинг кураш маршин
Ўргандик.

Фақат базан йўлларда
Телба сувлар оқалар,
Бизга қараб:
«Кел-кел» дейлар,
Қуёш эмиб боқалар.

Ёшлик эсга тушади.
Кўз олдимдан,
Болалигим
Қувлашиб ўтишади.
Хаёлларга толаман...
Оҳ... унларни эслаб,
Эслаб,
Бир нафас жнм қоламан.
Лекин, яна
Шовқинларга
Қулоч ёзиб кираман,
Тўлқинларда
Ўйнаб, қайнаб
Чаппор уриб
Куламан.


ОЗОР ҚИЗИ

Хазардан юмшоқ бир ел эсиб,
Бир баҳор хабари келтирди,
Тннгладим йўлларни мен тўсиб,
Севинчлар ҳарённи тўлдирди.

У кунлар ҳаётнинг кўкида
Булутлар кенг қанот ёзганди.
Юлдузлар кўралмай борлиқни,
Бир ворам япроқдек озганди.

Анордан сув ичган у юзлар,
Ёшликда уч-тўрт кун порларди.
Жовдираб кулганда ёш кўзлар,
Чодралар: «кел, кел» деб чорларди.

Қуш каби қафасга ўралган
Ёш диллар:
«Дон бер»деб йиғларди.
Заҳарли ханжардек қадалган
Аламлар бағрини тиғларди.

Хазардан юмшоқ бир ел эсиб,
Бир баҳор хабари келтирди,
Тингладим йўлларни мен тўсиб:
—«Чодранинг сийнаси йиртилди!»

У, мунис ёш озор қизлари,
Оқ булут қўйнида чўмилди;
Порлади у анор юзлари —
Қайғининг кўзлари юмилди.

Тўпланиб юлдузлар кезалар
Ҳар куни нефть оққан йўллардан.
Ва ўтли, болғали қўллардан
Бир кўмак, бир имдод сезалар.

Бундан сўнг ҳар минут тонгида,
Фабрикка денгизлар оқади.
Инқилоб ҳар дилнинг онгида...
Бахт қуши қанотин қоқади.

Тингладим, ёқимли куйларни,
Мен ўпдим турмушнинг юзидан.
Йўлладам бир тўплам гулларни,
Уларга, ёш ўзбек қизидан.


ҚИШ

1

Оқшом... Борлиқ оқ денгиз
Тўлқинсиз ухлар...
Юлдуз гўё олтин қиз
Жимликни тинглар...

Паст-паст уйлар, деворлар
Оқ кўйлак кийган.
«Муз тоғи» дек у томлар
Тинчликка чўмган.

Тамға каби таниқли,
Ҳар ерда бир из...
Узоқларда жилади
Уч-тўрт хотин-қиз.

Ой ҳам заиф боқади,
Юзи қаварган.
Маъюс, секин оқади,
Гўёки толган.

2

Қуёш ҳамон ухлайди,
Ҳарён булутлар.
Тарқалмаган оқшомғи
Майин сукутлар.

Учли-кучли учади
Бўрон — шамоллар,
Қор — ун тўзиб кетади.
Титрайди толлар...

«Муз тоғ»лардан чиқади
Бир алла сози,—
Ёш гўдакни юпатган
Она овози.

Олмазорлар очганлар,
Кўпик чечаклар.
Ҳар новдада чўзилган
Оппоқ ипаклар.

3

Муз сийнасин тилади,
У, зар игналар,
Парча-парча синади,
Садаф тугмалар.

Кирар иссиқ бир оқин,
Қорлар эритар...
Ҳар ер булоқ... ёз яқин...
Сув оқиб кетар.

Кўк юзини тутганда
Олтин пардалар,
Баҳор билан яйрайлар
Гўдак новдалар.

Қирлар олтин сувдарни
Тўймай ичади.
Кўкда оппоқ булутлар
Тиимай кўчади.

Оқ пардани ташлайди
Юмшоқ бахмаллар.
Сўнг ўсмоққа бошлайди
Кўк, юмшоқ парлар.

Мен йўлларда кетаркан,
Ўйнаб қарайман.
Илҳомимнинг сочини
Аста тарайман.


СИЁБ

1

Кўкдан
Ҳар кун
Олтин олов тўкилди.
Жимжит ҳар тун
Ғовға билан сўкилди.
Мудраган,
Ухлаган
Ҳар ер жонланди.
Қиш кетди,
Қор битди,
Ҳар новда
Оқ, пушти
Чечаклар тақиб,
Ҳар кўнгил
Унларга завқ билан боқиб,
Баҳмал кўйлаклар-ла
Кўклам бошланди.

2

Биз шод, қувноқ,
Сиёб сари оқамиз,
Ҳар томонга
Севинч билан боқамиз.
Бир ёнда:
Ёйилган
Қўйлар, қўзилар,
Кезади,
Ўтларни эзади,
Боққанда
Унларга
Хаёл чўзилар...
Бир ёнда:
Ётади
Вайрона мозор,
Бағрида
Юради
Бир гавда:
Истайди
Кечмишдек вафоли бир ёр.
Ястаниб ётади
Вайрона моэор.
Биз бир тўлқин —
Сиёб сари оқамиз.
Ёш дилларга
Олтин чечак тақамиз.

3

Сиёб,
Гўё,
Тўлған, кулган юзлардек,
Кўтарилар ҳар нафас.
Ўйнар,
Истамас қафас,
Тўлқинлар ўтишади.
Сезгир, зийрак кўзлардек,
Баланд-пастга тушади.
Ағдарилиб,
Кашта тикиб,
Тез-тез ўтиб кетади.
Ким билади,
Балки, кунда,
Балки тунда,
Ким қайларга етади.
Қанча йўлни
Енгиб, сўнгра
Ким, қайларга сингади.
Кичик кўприк...
Устунларга
Сувлар ўзни уради.
Оппоққина,
Қўнғироқли,
Кумуш чечак бўлади.
Кўприк кичик...
Лекин тетик...
Оғирликни сезмайди.
Бирни унга,
Бирни бунга,
Ҳар тарафга йўллайди.

Занжир каби,
Уланишиб,
Йигит-қизлар ўталар.
Эпчиллари,
Тез шошилиб,
Чопибгина кеталар.
Баъзилари
Қўрқа-қўрқа,
Сўнг соҳилга еталар.

Кўлкалари,
Баъзан кулиб,
Баъзан титраб
Ўйнайди.
Узун сочлар,
Мажнун толдек,
Эгилмакдан тўймайди...
Букун сайил,
Ўйнашалар
Ёш қизлар.
Ёш йигитлар
Гўёки сел,
Ҳам тошалар,
Узоқ қочган сукутлар.

Сайил,
Лекин,
Қурбон-да йўқ,
Ғам — узоқ,
Янги, ўтли
Йўллар учун
Қўялмайди
Дил тузоқ.
Хар дил — хурсанд,
Хар юз — кулган,
Сажда қилмай тангрига.
Англаган ул,
Бош эгмайди
Унинг хоин амрига.

Эсади ел,
Юксакларда
Ҳилпирайди рўмоллар.
Эгади бел,
Тубанларда
Сувга сероб
Ёш толлар.

Ҳамма хурсанд
Ўйин... кулги... роҳат...
Соз... мусиқи... чалади...
Ҳар ҳисни-да
Қитиқлайди,
Ҳар дилдан сир олади.
Кенг бир довра
Ўртасида,
Бир гўзал қиз уинаиди.
Кўзни сузиб,
Қошни кериб,
Тинч турганни қўймаиди.
Майда-майда
Қадам ташлаб,
Қўшиқлар-ла
Қайнайди.

4

Букун сайил,
Ёш юракда
Қолмагандир
Қайғу ҳеч,
Эй, қайдасиз:
Уйғун,
Илҳом,
Кетмаймизми,
Бўлди кеч!


ҲОЙ, ЯХШИ ҚИЗ!

Ҳой, яхши қиз,
Яқинроқ кел,
Бир-икки сўз сўзлайин,
Шу ҳолингдан
Таъсир эмган
Кўнглимдан шеър куйлайин.
Равшан, нурли
Кўмкўк кўзинг
Ҳали кўпни кўрмаган.
Кулча юзинг
Қаррилардек,
Қат-қат бўлиб сўлмаган.

Тола-тола
У сочларинг
Қуёш билан ювилган.
Пок сийнадан
Сутлар эмган,
Ҳой, ойдинда
Туғилган —

На қайғи-ғам,
На кўзда нам
Ва на ситам
Сезмайсан.
Ҳаёт билан
Қайнаб тошган
Кўнгилни ҳеч
Бузмайсан.

Киприкларинг
Ипак каби
Кўтарилган,
Пир-пир этиб туради.
Пастга тушгач,
Кўзларингга
Парда каби бўлади.
Момиқ қўлинг
Шимарилган,
Юпқа кўйлак кийгансан.

Ёш кўкрагинг
Кўтарилган,
Сен яшашни севгансан.
У, шўх, зийрак
Кўзлар билан
Ҳар томонга қарайсан.
Ширин-сучук
Сўзлар билан
Қарашларни тарайсан.

Отанг — онанг
Сени жондан
Ба виждондан
Севади.
Лекин, афсус...
Англамасдан
Сенга қадаҳ беради.

Фақат, сен ҳам толпинасан,
Шодликларга тўласан.
Гўё, эркин
Бир қуш бўлиб,
Шохдан
Шохга
Қўнасан.

Ичма синглим,
У—бир заҳар,
У — бир ўлим сувидир.
Бир кўл бўлган
У, ҳаётнинг,
Сўнг юпаниш йўлидир.

Агар ичсанг,
Баданларинг
Олов бўлиб ёнади
Кўкракларинг
Қисилади,
Кўзларинг ёш олади.
Сўнгра бир дам ҳушдан кетиб
Жинни бўлиб қоласан.
Эҳтимолки,
Сен абадий
Курашлардан толасан.

Қичқир-ҳайқир!
Отанг — онаиг,
Энди сснн тингласин.
Қадаҳларни
Тез улоқтир,
Улар бир оз ингласин.

Бўлмаса қоч,
Замон сенга
Кенг бағрини очгандир.
Унда юзинг,
Бир ой каби,
Бир кун каби
Тўлади.

У юзларда
Сенинг бахтинг;
Истиқболинг
Кулади.


ЎЗБЕКИСТОН

1

Қуёш чиқар, тўр ёяр,
Оқар олтин тутунлар.
Кўчалар қизар, куяр,
Шундай бошланар кунлар.

Ғижиллар кичик эшик,
Чиқар қизил кашшоф қиз,
Ёмғир ювган япроқдек,
Жонли, тирик ва тетик.

Яйраб яшнаб кетади,
Ўйнаб нурли кўзлари.
Мактабига кетади,
Порлаб анор юзлари.

Йўлдошларин кўради,
Сўрашади, кулади.
Муаллима — ёш хотин,
Уни жондан севади.

2

Шаҳар... Ҳар юмшоқ саҳар
Куйлар билан уйғонар.
Аламлилар бағрига
Севинч тикандек ботар.

Шалоладек шағиллаб,
Шовқин-сурон қайнайди;
Машиналар ўйнайди,
Ёниб, порлаб, гуруллаб.

Букун байроқлар яна
Қизил карвон кутади.
Кўчаларни тўлдириб,
Пўлат отлар ўтади.

Соқолига оқ тушган
Деҳқон ота минбарда:
Чопган,
Ҳовлиққан,
Шошган...
Сўзлар бир зум
Бир парда:
— «Биз, сиз билан биргамиз.
Муштумзўрлар йўқ бўлсин.
Биз кўплашиб келамиз,
Бу уларга ўқ бўлсин».

3

Зарафшон асир букун,
Ҳовлиқмайди, тошмайди.
Қирғоқлирдан ошмайди,
Бўйнини эгмиш бутун.

Ҳар томонда ишчилар
Тошларни синдиради.
Дарёни тиндиради,
Темир тан курашчилар.

Духоба қирғоқларда,
Янги дунё яралган.
Игна — сарғич иплар-ла
Электр зафар чалган.

Тўғонларда ёзилган:
«Қумлиқларга оқмайсан,
Буржуйларни боқмайсан»
Зарафшон нурга тўлган.

4

Мармар каби салқин тун...
Кўзгудек тиниқ, ойдин.
Дала яйраб ётади,
Янграмай куй, чиқмай ун.

Жўра қўлда кетмони,
Сув очгали кетади.
Оқолтиннинг гуллари,
Чўллаб уни кутади.

Сувлар келади ана,
Кутуриб мастдек, тошиб,
Паст марзалардан ошиб,
Жўра севинар яна.

5

Тинди ойнинг нурлари,
Хўрозлар овоз солди.
Адолатой уйғониб,
Барг кесгали йўл олди.

Қучоқ-қучоқ баргларни
Тўплади катта боғдан.
Севинчлар қалдирғочдек,
Учарди сўл ва соғдан.

Уйда ипак қуртлари,
Бир хашарни кутгандек,
Очлик йилин ўтгандек,
Пишиллар, ҳовлиқарди.

Адолатой келарди
Полвон каби дам тортмай.
Новдаларга кўмилиб
Чарчамай,
Толмай,
Ботмай.

6

Фабрика — улуғ бир қалб,
Бутун ҳислар бирлашган,
Сезги-ҳислар улашган,
Ҳамма бир оғиз, бир лаб.

Парралар айланади,
Ёриғ, эркин диллардек,
Пиллаларнинг қиллари,
Бир-бирга бойланади.

Қизил ўтлар ёнади,
Ҳаркун янги учлар-ла,
Унинг бахти, завқига,
Тер тўкканлар қонади.

7

Кўчалар олов ва чанг...
Яктагини ёпиниб,
Йигит сўзлайди кулиб;
— «Қовун келади, кетманг»

Аста-секин жилади,
Бир арава узоқдан.
Чўзилиб қўшиқлари,
Одам чиқар ҳарёқдан.

— «Чўллаб қолдйк, ташнамиз,
Ташлаб кетинг биттани».
— «Хўп, берайин жон билан,
Ол пичоқни, сўй, қани».

Тўрдор қовун карсиллаб,
Қантдай эриб кетади:
— «Эшмат ака, албатта,
Истагига етади».


ҚИШ КУЧАСИДАН

Йўллардан завқ билан келаман,
Ҳарён — жим...
Севинчим
Ёнаркан кўнглимда... еламан...
... Жиламан...
Ўйларим тарқоқмас,
Кўзларим ерларга тикилган,
Диққат-ла тўнаман,
Хаёлим
Қарорсиз тез оқмас.
Оппоқки,
Шу қадар бу қорлар...
Бошлайман,
Тубандан — юксакка интилиб,
Авайлаб одимлар ташлайман.
Ҳамаёқ шу қадар оппоқки...
Ғачирлар ерларда қорлари,
Ҳар тили шу қадар чахчахки...
Бошлайман,
Авайлаб одимлар ташлайман.
Дарахтлар шу қадар оппоқки,
Оқ булут кўклардан энгандай,
Новдалар, шу қадар оппоқки,
Булутда чўмилиб тингандай.
Қорлардан йўл очиб келаман,
Шу совуқ, жонлилик бергандай.
Қонларим
Соф ҳаво эмгандай,
Оппоқ қор усгида жиламан.
Йўллардан, завқ билан келаман.


НИМА БИЗГА АМЕРИКА!

Нима бизга,
Америка?
Нима бизга,
Унинг суръати.
Унинг тезликлиги,
Кучи,
Қуввати.
Унинг шижоати,
Унинг ғайрати.
Мана биз
Шу қисқа муддат ичида
Шундай тезлик билан
Етдик-ки,
Шундай гигантларга
Кетдик-ки,
Ҳатто,
Ўйлай олмас
Унинг фордлари;
Унинг раҳбарлари,
Унинг лордлари.
Булутларга
Бош чиқарган
Америка
Мана!
Мана ўша
Бадмаст гавда,
Қарри тантана,
Букун шундай:
Асаби
Бузилган
Томири
Толган.
Гўштлар
Эриб тушган,
Бир суяк қолган.
Илдизи чириган
Бир чинор каби
Қаттиқ шамолларга
Бўйин эгади.
Булутлардан
Кулиб боққан
У мағрур тана
Бир карра
Ерга тегади.
Заводда
Иш кўрган
Бечора ишчи,
Эртанги
Қора кун
Тушин
Кўради
Эртанги
Ишсизлик
Ашуласини
Оқшомги уйқудан
ёдлаб туради.
Ранги сўлғун унинг,
Дилида — алам
Юрагини
Эзаётир
Жуда оғир
Ғам.
Кеча
Корхонада
Бир шов-шув бўлди.
Ишдан қайтар экан
Чарчаб,
Бўшашиб,
Станоклар
Гўё
Боқиб,
Тўниб,
Термилиб
— «Эрта келма»
Деган
Бир қараш қилди.
Эртага,
Машиналар тўхтайди.
Эртага,
Зўр завод
Юрмайди.
Эртага,
Қорни оч,
яланғоч
Ишчи,
Бир парча
Нон сўраб
Ҳарён чопади.
Тарқалса
Бир жойдан
Бир овқат иси,
Эзилиб,
Қўзғолгач
Орзу
Ҳаваси,
Боласи,
Хотини,
Қизи, синглиси,— оч бари.
Овқатни
Кимлардан,
Қайдан топади?
Кечаси
У ширин
Хаёлга ботиб,
Кучини
Кимларга,
Нимага
Сотиб,
Юрган кунларига
Афсус қилади.
Балки, у
Эртанги
Забастовкада
Энг олдин
Йиқилиб
Ўқдан ўлади.
Балки, эртага-да
Бир парча ноннинг
Ҳавас,
Ишқи билан кулади.
Мана мен,
Эртанги
Ёриқ кунимнинг
Қайдан келажагин
Биламан.
Эртанги
Бахтимнинг
Ашуласини
Мен ўзим
Қўл билан қиламан.
Эртанги
Ашула,
Эртанги
Достон,
Мана шу пўлатнинг
Оҳангги бўлар,
Сезги,
Шуурларни
Сафарбар қилган
Куйларда
Темирнинг
Товуши кулар.
Мана бу
Машина,
Мана бу
Қувват,
Мана бу
Фабрикам,
Заводим менинг.
Айланиб,
Ҳар куни
Бахт келтиради.
Ҳар минут,
Ҳар онда
Менинг юрагим
Шу бахтнинг
Ҳавасин
Эмиб туради.
Мана мен
Қучимнинг
Болғаси билан,
Ўз синфим ишига
Олов бераман.
Бешйиллик
Куйига
Одимлар ташлаб,
Минглаб йўлдошларни
Етаклаб,
Бошлаб
Янги дунё сари
Юраман!
Нима бизга
Америка,
Нима бизга
Унинг суръати
Унинг тезликлиги,
Кучи,
Қуввати.
Мана биз,
Ўзимиз
Сафарга туриб,
Ундан ўтиб кетамиз —
Яратиб
Заводлар,
Машиналарни.
Чўянни,
Пўлатни
Изларга солиб,
Ундан йўлимизга
Мадад,
Куч олиб,
Олий тилакларга
Етамиз!
Сибирь саҳроларн,
Урал тоғлари,
Днепр сувлари,
Нефть булоқлари —
Бизнинг иродага
Бўйин эгади.
Бизнинг ироданинг
Пўлат зарбаси,
Қўл етмас жойларга
Қаттиқ тегади.
Мана мен
Америка суръати билан
Станок
Бошида
Пойга
Қураман.
Тўрт
Минут
Ичида
Қилган ишини,
Икки минутларга
Бўламан.
Шундай суръатларни
Қувиб етдикки,
Шундай қадам бошлаб
Чопиб кетдикки,
Америка
Хаёл ҳам қилолмас уни.
Ҳар ишим,
Юришим,
Турмушим
Менинг,
Белгиси
Эртанги
Порлоқ бахтимнинг!
Мана шу белгилар
Остида туриб,
Эртанги
Бахтимни
Мен чақираман.
Пўлат рельсларда
Сафарга
Юриб,
Унинг амалини,
Отини
Атаб,
Албат келишликка
Мажбур қиламан!

 
1932 – 1941

Толеим шулким, ватанда бир гулистон танладим,
Бахтни топган эл билан жондош бўлиб отдим одим
Йўлдан озганларга ҳеч бир бўлмадим мен қайғудош,
Шул сабабданким, менинг бағримда жой олмиш қуёш
Шул сабабданким, ватанда бўлмадим илҳоми хор,
Шул сабабдан менга ётдир бахт талоғ этган диёр.


БАХТЛАР ВОДИЙСИ

(Фарғона шеърларидан)

Кўмкўк,
Кўмкўк,
Кўмкўк...
Кўклам қуёшидан
Кўкарган қирлар,
Пўлат яғринларни
Кўтарган ерлар
Кўмкўк.
Салқин саҳарларда
Уйқидан турган;
Булоқ сувларига
Юзини ювган,
Мармар ҳаволарнинг
Қўйнига чўмган,
Зилол бўшлиқларга
Кенг қулоч қўйган,
Мустақиллик
Ишқи билан
Ёнган далалар
Кўмкўк.
Уфқимизнинг ҳирсларини
Ўзига тортган,
Елкасига тарих билмас
Ғалаба ортган.
Улуғ йўлда толиқмасдан
Тез кетаётган
Бахмал қирлар,
Кенг бўшлиқлар,
Пахтазор ерлар
Кўмкўк...
Тонг палласи ҳавас билан
Далага оққан,
Муздай совуқ шаббодалар
Танига ёққан,
Кетмонлари
Кун тиғида
Ярқираб боққан;
Ғўзалари
Ўсиб,
Гуллаб,
Кўсаклар таққан;
Бу — тоғларнинг этагига
Ёзилган гилам;
Соғ ўпкаси
Тўлиб нафас
Олгучи бу дам;
Товушлари куйга тўлиб
Пишқирган дарё,
Ҳеч ғуборсиз сезилгучи
Бу тоза ҳаво;
Бутун борлиғи-ла
Орзуга тўлган,
Ҳуснлари қип-қизариб
Етилган гўзал,
Томирлари кучга тўлган
Бу ёш новқирон,
Яна янги ўлжаларга
Отланган
Карвон;
Зўр сафарга
Руҳ беришга
Ҳаводай даркор,
Янги бешнинг нотасини
Олган бастакор.
Барча япроқлари
Бирдай кўкарган,
Новдалари жонли,
Бу ноёб баҳор,
Қарашлари нурга тўлган
Бу улуғ водий
Кўмкўк!..
Эй, Фарғона!
Эй, большевик водийсида
Пахтакор — деҳқон,
Эй, ўлкамиз
Томиридан,
Жўшган
Тоза қон,
Салом сенга!
Эй, Қайнардан
Чиққан
Қаҳрамон!
Салом сенга,
Ўлкамизнинг кўз қорасидай,
Гард юқтирмай,
Гуркиратиб
Кўкка кўтарган;
Салом сенга!
Полосонли
Ҳайдар капитан!
Кўмкўк...
Кўмкўк...
Кўмкўк...
Меҳнат-шараф ва шон бўлган
Водийлар
Кўмкўк...
Ғўза гули билан
Қалблари ўсган,
Ғўза япроғила
Қалби кўкарган
Водийлар
Кўмкўк...
Кўмкўк водиларда
Пўлат излардан,
Кечаётир қора поезд
Учиб,
Қарсиллаб,
Электрик томиридан
Оққан қонлардан
Бутун ўлка
Шимираётир
Чанқаб,
Ҳарсиллаб,
Бутун ўлка ишлайётир
Пишиниб,
Терлаб...
Эй, Фарғона!
Эй, бўйнига
Қора тўрва
Осган жонлардан,
Эй, ҳар куни,
Гадойликка
Тортган онлардан,
Эй, танларни
Шилиб ётган
Ҳаром танлардан
Бир йўласи озод бўлган азамат ўлка!
Эй, ҳаққила
Бош кўтариб,
Янги даврга,
Миллионларнинг кенг бағрига
Улғайиб кирган,
Эй,
Муштумзўр ўсган ерга
Электрикдан,
Трактордан,
Комбайндан
Қўзғалиш берган
Бўла,
Юмшоқ,
Семиз,
Сероб
Сийналарида
Янги давр юрагинннг
Ўти кўкарган,
Юраклари тетик урган
Оппоқ,
Момиқ тан!
Кўмкўк... Кўмкўк... Кўмкўк...
Диллар
Ҳавас билан тўлади,
Юзлар
Севинч сепиб кулади.
Тўрт томони осмон билан
Ўралган водий
Кундан-кунга
Ҳусни ортган ойдек тўлади.
Кўмкўк... Кўмкўк... Кўмкўк...
Янги кунга чиққан
Водий оёқларида
Оч ит каби,
Судралгучи
Давр ўлади.
Эй, Фарғона!
Мушкул кунлар боласини
Тишида тишлаб,
Ювиб,
Тараб,
Севиб,
Ўпиб,
Қучиб,
Опичлаб,
Эй, бахтларни балоғатга
Еткизган она!
Ёзилиб,
Етилиб,
Тўлиб ётади—
Ёппасига
Янги кунга
Эришган Қува!..
Нафаслари тўлиб-тўлиб
Қулоч отади —
Уйқуни тарк этиб,
Керишган ува.
Кўмкўк... Кўмкўк... Кўмкўк...
Дунёларни қойил қилган
... Увалар
Кўмкўк!..
Мардчасига отни сурган
Қувалар
Кўмкўк...
Бу ғолиб шторма тантанасидир.
Бу бизнинг
Сафарнинг
Зафар сасидир.
Дунё остин-устин бўлди,
Янги дунёнинг
Қарашлари ўткир,
Ҳужумлари зўр,
Енгилган дунёнинг бағрини босиб,
Юлдузга интилган
Бу давр мағрур,
Ишонч кўзи билан
Олға боқадур.
Кўмкўк... Кўмкўк... Қўмкўк...
Йўлда катта довон бор ҳали,
Қизил соҳилларни
Маҳкам тутайин.
Шунда денгизларда
Сузмас ёт қайиқ;
Баланд чўққиларга
Кўтарилганда
Тоза нафасларни
Тўла олайик.
Эй, бахтли водининг большевиклари!
Эй, ўлкани
Электрик дарёларига
Ёш боладек чўмилтмоқчи
Бўлган фидокор!
Эй, болага тоза кўйлаклар
Кийгизучи ўртоқ пахтакор!
Кўмкўк водийларни
Кўз қорасидай,
Асра!
Баргларига
Гард ҳам юқтирмай!


УЗБЕКИСТОН ХОТИРАСИ

(Вера Инбердан иқтибос)

Мен кўрдим энг гўзал баҳор пайтини,
Япроқни кўкартган у, тонгларингни;
Меним бошларимга тегиб ўтдилар
Гулдаста қўллари бутоқларингнинг.

Баҳор боғларидан куй айтиб ўтган,
Зилол сувлар ҳали эсимда —
Чанқаб бориб сероб бўлганим —
Далангга қуёшлар тўшалган кунда.

Мендан сўра: доно қуртларнинг
Чарчамасдан, сира тинмасдан
Гўзал келинчакни кийинтиргали
Ипак тикишини энди биламан.
Сенинг хотирангни унутмас, асло,
Меним юракларим, Ўрта Осиё!

Узумзор жаннатни мен кўрдим,
Баҳор эртасида боғбон дер:
— «Қўзгол!»
Қишнинг уйқусидан кўз очган нонда
Талпинар шомолда:
— «Мана, мени ол».

Сунбул сочли парқи очилган
Лола лабли бир қизни кўрдим,
Кеча грензавод ўқишга қўйган;
Олдида микроскоп, узун киприги
Қарашдан тўсарди кўзнинг нурини.

Яқин бордим,
Гап ташлаб кўрдим:
— «Салом,—дедим унга,—Москвадан».
У ҳам жавоб берди:
— «Сизга ҳам мендан»
Қалдирғоч қошини яна чимирди,
Суҳбат очар эди илмдан —
Фандан.
Сенинг хотирангни унутмас асло,
Меним юракларим, Ўрта Осиё!

Икки ўртадаги узун масофа,
Менинг кўзларимнинг нури-ла тўлган
Эй, Ўрта Осиё,
Сенинг хаританг
Менинг деворимга ёпиштирилган.

Колхозчилар, шаҳарлиларнинг
Узун қаторида
Қуёш,
Шовқин,
Шон!

Гулловчи водийдан,
Бол боғларингдан
Ўйнаб оқар экан эрка Зарафшон.
Чошгоҳ чоғи далада бўлдим,
Ловуллайди тепада қуёш,
Қум ёнадир, чўғ бўладир тош;
Ҳалқумлар қурийдир,
Ҳаво иссиқ, дим,
Чопиқдан бўшаган колхозчи бир зум,
Дам олиб ётади, кўлагада жим.
Ҳамма нарса сафарбар сенда,
Ҳарбириси ўз куйин куйлаб: —
Автомобил,
Арава,
Туя —
Пахта ташир ўлкани бўйлаб...

Қулочинг чўзилган Афғонга қадар;
Унда тамом бўлар бизнинг ўлкамиз,
Бир сиқим тупроги олтиндан азиз.
Соқчи сергак турар чегарамизда;
Ильич чироғининг нурлари кўзда,
Меҳнат ва шодликнинг қўшиғи —
Меним қўшиғим ҳам тугалар шунда.

Сени унутолмас юрагим, асло,
Эй, Ўрта Осиё, Ўрта Осиё!!!


БАҲОР

Ҳусн қўшиб ҳар кун ҳуснига,
Табиат чақирар ўз қучоғига;
Ҳар кун кийиб янги бир либос,
Чақирар ўзининг ёшлик чоғига.

Тинмай эсар ҳар томонга ел,
Қўймай сочар ўрикиинг гулин,
Дарахт шохларини силкитар,
Уйғотишга бошлар уни тун.

Булбул сайрар, чумчуқ чирқирар,
Хабар берар асли — зотидан,
Гулга қўниб қаттиқ сўйлашар,
Қиш пайтининг хотиротидан.

Тиним йўқ, ҳар нафас сеп ёзар,
Баҳор ечиб ўз тугунчагин,
Тонги куртак, оқшоми ғунча
Саҳар туриб очар чечагин.

Дала юзин қоплар чечак — гул,
Кулиб чиқар ёриб ер тегин,
Занггор кўзларига тўлар нур,
Шудринг билан ювар кипригин.

Янгидан жонланар коинот,
Ҳаёт бошлар колхоз ерлари,
Коллектив куч билан гуркирар
Адирлари, чўли, қирлари.

Меҳнат завқи тутар ўлкани,
Саҳар кетар чўпон тоғига,
Бири ариқ қазир, ер ҳайдар,
Бири гул ўтказар боғига.

Ҳар япроқни аяб ўстирар,
Ишққа тўлиб чиқар наҳорга,
Шоир бошлар юрак шеърини,
Севгисини очар баҳорга.

Бағрингга торт, қучоқла, баҳор!
Жозибалар барчаси сенинг.
Ишга кирган, гуллаган чоғи,
Сен ёшлиги буюк ўлканинг.

Йўлга солар, тутар қўлимдан,
Бошимдадир сенинг хаёлинг
Юракларда ёнар суратинг,
Гўзаллигинг, гулинг, жамолинг.


ДАРЁ КЕЧАСИ

Дарё гўзал... осмонда юлдуз.
Ой сузмоқда адир устидан.
Соя солган кўкдан оқ булут
Фазоларга ўз уйқусидан.

Кеча гўзал, дарё тинимсиз,
Ағдармоқда сойнинг тошини,
Далаларга чўзиб оёғин,
Қорлиқларга ўраб бошини.

Тоғлар боши қорга кўмилган,
Қор устида оппоқ бир тумон...
Тумон хаёлига қуюлган,
Паға булут, феруза осмон.

Тинмай оқар, дарё пишқириб,
Қуйи кетар ойли тун бўйлаб;
Сой бўйидан, дарё тунидан
Водийларга ҳикоя сўйлаб.

Дарё тўлқин шамол қўйнида,
Порилламоқдадир чироғлар;
Ёришмоқда унинг аксидан
Чўққилар, адирлар ва тоғлар.

Кеча бўйлаб, дарё сқалаб,
Ўтмоқдадир катта намойиш;
Келмоқдадир баланд қирлардан.
Ер қўпорган портлашдан товуш.

Ер қўпориб баланд бақирган,
Қирдан тошар бир кучнинг саси;
Гидромантёр сувидан қочган,
Шағалларнинг сўнгсиз ғовғаси.

Сойда шамол... дарёда тўлқин...
Паром сузмоқдадир чайқалиб;
Ўтмоқдадир ишчи, уйғоқ тун,
Ер ва кўкка ғовға, жар солиб.

Тун тинчини бузган зўр дарё,
Товланмоқда инсон қўлида,
Қурилмоқда буюк бир бино
Дарё ўтгап ўлка чўлида.

Довул қоқиб ўтар уйгоқ тун,
Тайёр бўлар топгда бош тўғон,
Чексиз шодлик билан югурар
Саҳроларнинг юрагига қон.

Пишқиручи ваҳший дарёга
Кўрсатилар тамом янги йўл.
Бош инженер завқ билан қўяр
Чирчиқ тутган бир қоғозга қўл.

Бўйин эгар дарё амрга,
Оқабошлар янги из билан,
Инженерлар, ишчи зарбдорлар
Мағрур кулар ёнган кўз билан.

Тун ҳам ўтар мазмунга тўлиб,
Унутилмас дарёга бу он.
Унутолмас буни ҳечқачон
Дарёдан зўр ва моҳир инсон.


ҚИЗ

1

Мардликларга тўлган ўлканинг
Даласида, қишлоғида ёз,
Кўкда қуёш ва бир лочин қиз
Чаппор уриб этмоқда парвоз.

Пўлат қушлар ўраб атрофин,
Учмоқдадир булутдан баланд.
Учмоқдадир қалдирғочдан тез.
Бутун ҳаво қўшиғига банд.

Қанотини қиз ёйган мағрур,
Осмон ости сўнгсиз, тиниқ, кенг.
Арзандаси, фахри, эркаси —
Кўкда учар юраги элнинг.

Эл биргадир кўкда қиз билан,
Юрагини олган қўлига,
Ардоқлаган бўлиб жонини,
Кўзни тиккан қизнинг йўлига.

Юрак ўйнар қинига сиғмай,
Осмонда қиз ва ёнар қуёш,
Эл тикилар ва севинчидан
Жовдирайдир кўзларида ёш.

Сўйла қуёш! Нималар бўлган?
Сен чиққанда биринчи марта?
Бўлганмикин ер узра бир кўз
Кўрмак учун сени осмонда.

Сен тўшаркан нурингни ерга,
Нима бўлган шу сўнгсиз олам?
Бўлганмикин байрам ва шодлик,
Босмаганми ер юзини ғам?

Одам ўғли кўз очар экан
Сени кўриб қадим осмонда,
Не бўлгандир, нелар кечирган,
Қандай сезги бўлгандир жонда?

Кўкда кўриб ўтнинг сайрини,
Ёрилмаганмикин юраклар?!
Ўз устида олов наҳрини...
Парча-парча бутун тилаклар!..

Дунё-дунё ваҳм бўлгандир
Сендан тушган бир ўт парчаси,
Сиғингандир этиб бут, худо,
Топингандир юртнинг барчаси.

Унутгандир эркак ва аёл,
Келганини дунёга қачон,
Сенинг билан ўз жаҳонини,
Шуқадарлик кўриб чароғон.

2

Парашютда ёнар аланга
Қизни қувган қуёш ўтидан,
Қиз сайр этар кўкда ва кўзлар
Чақмоқдек югурар кетидан.

Кўзлар сўрар бири-биридан,
Савол берур юмшоқ тикилиб,
Билмоқ бўлар қандайдир бир сир
Ифо этар фикрини кулиб.

«Биласанми, ким у, ўша қиз,
Осмондаги ўша қалдирғоч?
Ўша қўрқмас ва ўша лочин,
Ўша дилбар, ўша чилвир соч?

Осмон эмас, ерда юришдан,
Этилганди бир умр маҳрум,
Чирик турмуш уни кишанлаб,
Тириклайии этганди марҳум.

Ҳаром эди қўшиқ, ҳаром куй,
Унга севги, гўзаллик ҳаром,
Бир чор девор ва зах босган уй,
Ҳамдард эди битта пастак том.

Ўтар эди тор уйда куни,
Шу бўларми қиз учун одат?
Бир номарднинг содиқ чўриси—
Бўлмоқ эмиш унга саодат....

3

Эскиликни енгиб чиққан қиз
Кўкда қилар бахтли бир ханда,
Афсоналар, динлар, одатлар,
Ерда ётар бўлиб шарманда.

Парашютда ёнар аланга
Қизни қувган қуёш ўтидан,
Қиз сайр этар кўкда ва кўзлар
Чақмоқдек югурар кетидан.


БАҲРИ

Севинтирар хўп ажаб бир ҳол,
Қанот қоқиб учиб келган бахт:
Шойи кўйлак ва ғижим рўмол
Юборибдир унга пойтахт.

Баҳри шошар босолмай қадам,
Ўлчаб бўлмас унинг ссвинчин;
Типирчилар юрак тинмайин
Сиғдиролмай шодликнинг кучин.

Колхозда тўй, дутор, дўмбира,
Базм тинмас саҳарга қадар;
Баҳри қонмас ўйиндан сра,
Хўроз берар эртадан хабар.

Ҳамма хурсанд, ҳаммада шодлик
Етганига шундайин дамга,
Узатар Баҳрини колхози
Тошкентдаги катта байрамга.

Узатишар Баҳрини ҳамма:
«Биз учун ҳам қилинг саёҳат,
Шаҳарларни кезинг биз учун,
Омон боринг, қайтинг саломат!»

Тайёрланар Баҳри сафарга
Ўзин сезар қушдайин енгил;
Сандиғини очиб бисотин
Титабошлар барин бирма-бир.

Марказда хўп махтанмоқчидир:
«Пахта териб сигир олдим» деб,
Кўрсатмоқчи шол рўмолини:
«Ҳур меҳнатга қойил қолдим» деб.

Баҳри англар меҳнатнинг сирин,
Бахт қидирар ҳалол меҳнатдан.
Оппоқ пахта, коллектив ҳаёт,
Қутултирар азоб, ғурбатдан.

Баҳри юрар далада доим,
Ҳар ғўзани этиб парвариш;
Мардлик борар унинг кўнглига
Эркин турмуш ва маҳсулдор иш.

Қуёш чиқар ҳар кун ярқираб,
Баҳри тутар унинг қўлидан.
Чиқар юлдуз, чиқар тўлиб ой,
Бари юрар Баҳри йўлидан.

Тонгда турар ҳаммадан бурун,
Ссвиб очар далага қучоқ;
Қучоғига тўлган оқ олтин
Хирмонидан ўзи ясар тоғ.

Пахта териб ўтар узун кун,
Ошиб тўлар унинг плани;
Иши бўлар унинг овоза —
Достон бўлар донғи ва шони.

Ҳамма олар ундан намуна,
Туғар янги севги, муҳаббат:
Эркак, аёл қилишар дарров
Уни қувиб етишликка аҳд.

Хотин-халож тинглашар уни,
Баҳри сўйлар қилган ишидан,
Ниятидан, истиқболидан,
Сўзлаб берар тўқ турмушидан:

«Пахта бериб оламан шойи,
Пахта бериб атлас ва кимхоб;
Пахта бериб оламан бахмал,
Пахта бериб бойлик беҳисоб.

Пахта экиб соламан оқ уй,
Кўкрак очиб қуёш ва нурга
Пахта бериб тўй қиламан, тўй,
Қашшоқликни ирғитдим гўрга.

Колхоздаги ҳур, ҳалол меҳнат —
Шудир бахтим, шудир иқболим.
Шунга ишқим, меҳримни қўйдим,
Шунга келган ғижим рўмолим».

Севинтирар хўп ажаб бир ҳол,
Қанот қоқиб учиб келган бахт:
Шойи кўйлак ва ғижим рўмол
Юборибдир унга пойтахт.

Баҳри кияр шойи кўйлакни,
Рўмолини ўрар севиниб;
Ойнасига қарар жилмайиб,
Ҳайрон бўлар ўзига тўниб.

Баҳри шошар босолмай қадам,
Ўлчаб бўлмас унинг севинчин.
Юрак ўйнар ололмайин дам,
Сиғдиролмай шодликнинг кучин.

Баҳри жўнар тонг билан туриб,
Хурсанд бўлиб шу ширин дамга,
Баҳрини узатар колхози
Тошкентдаги катта байрамга.


КУЙЧИНИНГ ХАЁЛИ

Фозил Йўлдошга

1

Бу хаёл сўнгсиздир, осмон каби кенг,
Бу хаёл тугамас ҳеч ҳали-бери.
Унинг бойликлари умрларга тенг,
Ҳамон белгисиздир бошланган ери.

У сира тўхтамас, тошар доимо,
Қилиб бўлармикин уни ҳеч баён?
Чўлларда дарбадар, тоғларда танҳо,
Ҳар кеча янги сир бўлади аён...

Сўзсиз ҳикоялар, энг буюк сирлар,
Бирдан тилга келар дарёдай тошиб,
Юзлаб қабилалар, ўнлаб асрлар
Унинг осмонидан ўтар адашиб...

2

«Ошиқнинг фаҳмидир қоронғу кеча»,
Қуёш уйқусига тўйиб тургунча,
Кўзи ёшлиқларнинг бордир йўлдоши,
«Йиғласам ҳолимга йиғлар бир неча...»

Айрилиққа тушиб йиғлар икки ёр;
Бириси интизор ва бириси хор,
бабрлар тугади, синди косаси,
«Ғам билан сарғайди гулдайин дийдор».

Қирғоқларга урар дарё ўзини,
Осмон қуршамишдир тупроқ юзини.
Баҳорий даштларга, гул водийларга,
Ой Барчин тикмишдир қора кўзини...

3

Бунда на уй бордир, на том, на девор,
Далада ўтади қиш, баҳор ва ёз,
Тоғларда йўлчини ажалдан сақлар
Кўллардан қоғолаб учиб чиққан ғоз.

Инсон ўрганмаган ўтроқ ҳаётга,
Унингчун ватандир ҳар гулшан гюди;
Бугун қўниқ экан шу баҳор воҳа,
Эртага бир срга кўчмакдир ёди.

Карвон йўлга тушар юкларни ортиб,
Сукунат бузилар қўнғироғидан,
Қуллар уюр ҳайдар сурини тортиб,
Элчибой ошади булут тоғидан.

Далани тутади йилқилар, қўйлар,
Бахмалдан ёпилган ўтовлар, уйлар,
Қирқ кеча, қирқ кундуз тинмайин ўтар
Бойвачча ўғилга аталган тўйлар.

4

Оёқлар остида ястанар сойлар,
Қошларда чарх уриб айланар ойлар.
Қулларга амр этар қамчи ўйнатиб,
Экинни билмаган йилқичи бойлар.

«От чопса гумбирлар тоғнинг дараси,
Урушда билинар марднинг сараси»,
Олтойчилик йўлда қолган шўр элнинг
Кўринарми юлдузининг қораси?

Қора булутдайин босиб келар ёв,
Алплар давра солар, отлари асов;
Эл чиқар, фарёди учар кўк сари,
Қуллар исён қилар қўлида касов...

5

Куй кўпдир аламлар бутун бир олам,
Уни ташучилар яшар саҳрода,
Куйларда қақшайди фақирлик ва ғам,
Куйнинг тингловчиси ҳайдайди пода.

Куй кўпдир, қўшиқлар шу осмонни
Беркита олади булутлар қадар,
Куй кўпдир, қўшиқлар миллионча жонни
Қўзғота олади, муҳтарам падар!

Куй кўпдир, ҳар юрак сақлайди армон,
Куй айтиб доимо қушлар чийиллар,
Куй берар юракка ҳордиқ ва дармон,
Куй айтиб учади беватан еллар.

Куй кўпдир, исёнкор дод кечасида —
Беномус этчлди куйчининг қизи,
Куй кўпдир, куйчининг пешонасида
Жазо отрядининг товонин изи.

Дорларга осилди жувоннинг эри,
Қўшиқлар этилди мажруҳ ва бетоб,
Саҳрони қоплаган элнинг шоири,
Қолиб кетди чўлда бекитоб.

6

Энди қўшиқ ҳурдир, юраклар бедоғ,
Қаддини кўтарди ўлка ва одам,
Қўшиқлар мўл бўлсин тетик ва қувноқ.
Ота, замонимиз ғазалхон бир дам.

Далалар, саҳролар, чўллар бахтиёр,
Куй айтиб яшайди манзиллар, эллар,
Тинмасдан куй айтар суюкли диёр
Қўшиқдан осмонлар, тоғлар гумбирдар

Куй айтар булутлар ичидан инсон,
Куй керак мардона, жувон ҳаётга.
Куй айтар лочинлар ўлкаси — осмой,
Ота, қўшиқ айтган етар муродга!


ДЎСТИМГА

Кўз тутади далада баҳор,
Булоқлар қайнасин қўйнингда,
Кутмакдадир эл туриб наҳор,
Қарзи бордир сенинг бўйнингда.

Тонг отадир ўлкада ҳар кун.
Ҳар кун чиқар ярқираб офтоб,
Ҳар соф саҳар, ҳарбир тиниқ туа
Шараф бер, деб этадир хитоб.

Тонг бошланар далада, тоғда,
Ўлка солур юрагингга нур,
Ҳар ҳодиса, ҳарбир оддий кун
Шараф бер, деб этадир мажбур.

Ҳарбир кунда бир буюк мазмун,
Қуёш тўкар бошларингга зар,
Тожихонлар тонги бошланган
Фарғонадан Амуга қадар...


* * *

«Муҳаббат
Ул ўзи эски нарса,
Лакин ҳарбир юрак
Они ёнгорта...»
Ҳоди Тоқтош

Ҳар юракнинг бир баҳори бор,
Ҳар бир қалбга ишқ бўлар мсҳмон,
Ҳар юракда гуллар муҳаббат,
Бўстон этар уни бегумон.

Лекин Лайли бошига келган
Қора кунлар бизга ёт бутун;
Бизга ётдир Ширин бахтини
Поймол этган у қопқора тун.


ОФЕЛИЯНИНГ ЎЛИМИ

1

Орзунг бор куйлашга, лекин қалбингдан
Тарқалар бир маъюс ва ғамгин сазо,
Қўйнингда бир қучоқ оқ ва нафис гул,
Лекин, руҳинг тўла мотам ва азо.

2

Фойда йўқдир, гўзал, золим фалакдан
Қанча дод қилсангу, қанча шикоят,
Қанча ялворсангу қанча тўксанг ёш,
Барибир, аламга бўлмас ниҳоят.

Қанча маъсум бўлсанг, қанча вафодор,
«Қордай оқ бўлсангу муз қадар тоза»,
Ҳеч замон кор этмас, шум фалак бадкор.
Ўқилур севгингга қора жаноза.

Нега керак эди, шу чирой, шу ўт,
Шу ёниқ юлдузни кўзга яширмоқ?
Нега лабларингдан ҳусн олди ёқут,
Нега сийнанг бўлди қор тоғидай оқ?

Ҳусн балосига ким этди дучор?
Ҳолбуки бусиз ҳам қанчалар алам,
Ҳолбуки бусиз ҳам қизнинг бошида,
Сўнгсиз мусибатлар, дунё-дунё ғам.

Ҳолбуки бусиз ҳам қийналарди жон,
Бусиз ҳам етарди фалокат, азоб.
Фақат гўзал эмас, ҳатто ҳунук қиз
Кўз очиб кўрарди ёлғиз изтироб.

Орзунг бор куйлашга, лекин қалбингдан
Тарқалар бир маъюс ва ғамгин сазо,
Қўйнингда бир қучоқ оқ ва нафис гул,
Лекин, руҳииг тўла мотам ва азо.

Шундайин латофат, шу оқ кўкракка,
Наҳот муносибдир шу ғамгин либос,
Онанг шунинг учун суюнганмиди?
Наҳотки, шу сифат гўзалликка хос?

Жавоб бериб кўрчи, помард табиат,
Бунчалик гўзални нечун яратдинг?!
Ўзинг гуноҳкорсан, осийсан беҳад,
Нечун яратдингу ўтларга отдинг?

Ҳали севишмоқдан шумидир маъно?
Фақат азоб бордир қисматда, наҳот?
Наҳотки, севгига шудир таманно?
Наҳот, гўзал учун фақат, фақат дод!..

3

Ҳамлет севар эди, унинг қалбини,
Гўёки икки чўғ, иккита оташ
Бўлиб ёндирарди кўзинг тун-куни,
У ҳам қилмас эди бу оташга ғаш.

Ҳамлет юрагига берарди ҳаёт
Сенинг у оташин, гулбарг лабларинг,
Жасур хаёлига боғларди қанот
Боғидан бир кезиб ўтганинг сенинг.

Фақат нетмак керак, бордир начора,
Севгучи юракни қуршаса бало?
Бутун олам кўзга эса қоронғу,
Балоларга Ҳамлет эса мубтало?

Шубҳа оташида ёнар тафаккур,
Дунё бир ғамхона, «Дониё зиндон»
Йуқдир юракларни ёритгали нур,
Занжирдадир севги, қафасдадир жон.

Ишқий туғёнларга қайнаб юракдан
Чиқалмас бир товуш, бир сазо, бир ун,
Этмишдир ердаги оддий азоблар
Аллақачонларким, Ҳамлетни мажнун.

Ҳосил бўлмас мурод, ҳечнарса насиб,
Қанча йиғласангу, қанча чексанг оҳ:
Севгучи йигитни солмишдир йўлга
Тунда эртак айтган бир мудҳиш арвоҳ.

Жаннат, фаришталар, тоза малаклар,
Бир пулдир энг маъсум ва энг пок ўпиш,
Дўзах ичра Ҳамлет ёниб алаклар,
Бутун олам кўринади гўё туш.

Кўнгил гулшанини қоплади хазон,
Йўқолди шунчалик бебаҳо севги.
Шу бўлди бокира, дунё кўрмаган
У ёқут лабларнинг қора тақдири.

Севги кўкларида учучи лочин
Аршидан йиқилди ва кўҳна дунё —
Бутун армонларни кул қилган оташ
Ўзи бўлиб қолди севгига гадо.


ВИДО

(Байрондан)

Жудо бўлмас эдилар улар,
Бадкирдорлар жудо этдилар.
Ортиқ, қалблар сақлайди жафо,
Осмондадир ҳақиқат, вафо.

Шодлик битди уларга мангу,
Ёшлик хазон, яшашда оғу.
Айри яшаш деган ўй, хаёл
Бўлди заҳар, оғули бир ҳол.

Севгучилар қалбида фироқ,
Кунлар ўтар ўксиз ҳаётда,
Қайғуларни, асло аритмоқ
Мумкин бўлмас бу коинотда.

Айрилиқда ва лекин ҳамон
Жароҳатлар изи сақланур,
Шундай, довул уриб ажратган
Икки қоя зулматда ёнур:

Шўрликларни сўнгсиз, беомон
Денгиз қаҳри ажратиб ётар,
Қалдироқлар уриб титратар,
Лекин ва на чақмоқ, на бўрон,
Ва на ўтда куйдиргучи ёз,
На қишдаги қаҳратон аёз.

Бир замонлар иккита дўст — ёр
Юрагида бўлган муҳаббат
Изларини нобуд, тору мор,
Ҳалок эта олмамиш албат.

Алвидо ёр! Агар шу бало
Қисматда бор бўлса — алвидо!
Сен бераҳм бўлсанг ҳам аммо,
Мен душманлик қилмасман — видо!

Қучоғида ширин, осуда
Уйқу блап тўлиб ётганинг,
Ёр ҳислари, асло кўзингга
Бадном бўлиб учрамас санинг!

Агар қалбим уришларини
Жиндак сеза олсайдинг — инон!
Шунча ёмон кўрмакдан мани
Бўлур эдинг ўзинг пушаймон.

Юрт кулса ҳам энди майлига,
Зарба гали сандадир бу бор:
Мен мубтало бўлган балода
Сени мақтар, мен ман шармисор.

Майли қаро, осий бўлай ман,
Ҳақ ҳам берай қарғамоқ учун,
Аммо, мени қучиб ўрганган
Қўллар билан ўлдирмоқ нечун?

Сен ишонким севги ўтини
Ёлғиз йиллар сўндира олур,
Аччиғ ғазаб икки юракни
Ажраталмас ва ожиз қолур.

Шу сезги сенда ҳам сақланур,
Севиб ёнмоқ қисматдир менга,
Бир ўй билан юрагим ёнур:
Энди доим ётдир мен сенга.

Ўликларга аламли фарёд,
Оҳ, нақадар мудҳиш бу таққос?
Иккимиз ҳам ҳаётмиз, ҳайҳот
Кунлар ўтар беваларга хос.

Ширин тили шод этган чоғда
Қизимизни эркалар экан,
Қизим, отанг сендан узоқда,
Дея имо қилганинғда сан —

Пайқаганда маъсума буни,
Уни ўпу шу онда бедод
Севгинг ичра жаннат топганни
Ва хайрихоҳ бўдганни эт ёд.

Агар қизда, ташлаб кетганинг
Бир ер топсанг падарга ўхшаш,
Ўрабошлар юрагинг санинг
Ва қўзғолар манда ҳам шу ғаш.

Гуноҳимни биларсан, балки?
Мажнун бўлиб суйганим, холос.
Армонларим хазон ва сени
Суймак билан куйганнм, халос.

Борлиғимни титратдинг, ишон,
Киборликни севмас бу мағрур
Руҳим сени дерди ва бу жон,
Энди ундан албат ажралур.

Ҳамма битди — сўзлардир абас,
Мен айтганлар ундан ҳам смон,
Лекин қалбга биз ҳоким эмас,
Унда орзу чексиздир ҳамон.

Алвидо ёр! Сандан узоқда,
Ҳарбир мунис нарсадан маҳрум,
Қалбим азоб деган тузоқда,
Бундан ортиқ бўларми ўлим?


ПУШКИНДАН
(1830)

Тикиламан кўрганда, дарҳол
Идрокимни йўқотиб ва лол:
Ягона кўз менинг бошимда,
Ой юзингиз ёнар қошимда,
Агар тақдир кўрмаса малол,
Эга бўлса эдим юз кўзга,
Бари билан қарардим сизга.


ЖАНУБ КЕЧАСИДА

Сен бўлмасанг шу оч тўлқинлар
Кўринмасди сира кўзимга,
Сен бўлмасанг ўзимнинг кўнглим
Кирмас эди айтган сўзимга.

Сен бўлмасанг этмасди хурсанд
Сув устида сузиб юрган ой,
Ҳамиша шўх, доимо баланд,
Юлдуздаги жон ёқарчирой.

Қарашларинг тинчимни олиб
Чертиб кетди қалбим торини,
Шундан кейин сездим юракда
Шунча кучлик ўтнинг борини.

Айтиб берчи, шунча севганлар
Бўлганмикин менча бахтиёр;
Айтиб берчи, қайси қиз бурун
Севиб бўлган умид билан ёр?


ХАЁЛИМДА БЎЛДИНГ УЗУН КУН

Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим,
Оч тўлқинлар пишқирган тунда
Топиб бер, деб ойга ялвордим.

Ишон бунда, сени доимо
Эсга солур чиройли тунлар,
Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,
Эсга солур бахтиёр кунлар.

Толеимнинг ошиноси сан,
Сен севгимнинг кўкарган боғи,
Сенинг билан бирга иқболим,
Ишончимнинг сен вафо тоғи.

Мени қуршар салқин бир ҳаво,
Сув устидан тун қуюлади,
Шунда қанча-қанча гапларни
Эсга солиб ой ҳам тўлади.

Кеча жимжит, ёлғиз тўлқинлар
Пишқиради билмай тинимни,
Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,
Солиб қўйдинг ёдимга кимни?..


ЧИМЁН ЭСДАЛИКЛАРИ

Тоғда юрар оҳу бир жувон,
Сочимни тарайди шаббода,
Менга бугун яқиндир осмон:
Булутлардан теппамда пода.

Қашқатоғнинг ярқирар қори,
Ёнбағирда худди чумоли,—
Ўрмалайман ва борган сари,
Очилади бу ҳолнинг фоли:

Бунда гулнинг энг асллари —
Бахмал гилам алвон поёндоз,
Табиатнинг бор фасллари:
Баҳор ва ёз қаршимда пешвоз.

Қояларда асрлик достон,
Дараларда оппоқ, мангу қор,
Чўққиларда оташ саратон
Ёнбағирлар бинафша баҳор.

Гўзалликда туганмас булоқ,
Шамолда ўйнайди шалола,
Баҳор юрар кўчиб тоғма-тоғ,
Қўлларида лола пиёла.

Йўлларимда зангори кўллар,
Ойна каби тиниқ ва бежон,
Мен умримда кўрмаган гуллар,
Ном қўйишда ожиздир инсон.

Бу гўзалдир, бу ажаб бир ҳол,
Ҳам ваҳшидир, ҳамда осуда,
Булмасинми шоир тили лол
Шамол учиб ўйнаса сувда?..

Болалигим тутди ва бир бор,
Булоқ узра ётдим узаниб,
Ва санъатга бормасдан озор,
Ҳовуч-ҳовуч сув ичдим қониб.


* * *

Кеча. Саҳро. Уйқу ва шовқин.
Кеча чўккан узоқ уфққа.
Деразадан тўниб қарайман,
Кўзим чўмиб қоронғилиққа.

Деразадан тўниб қарайман:
Уйқу босгап сўнгсиз саҳрони,
Уйқуда ср, уйқуда осмон,
Кўринмайдир юлдуз нишони.

Бошламишдир ўз ҳаётини
Саҳронинг устига чўкиб тун,
Жимжитдир ўйланиб ётгандай,
Кундузини этганди якун.

Саҳро ётар сўнгсиз, тептекис,
Саҳро ётар ажиб туш кўриб.
Ундан ўтар тинмай поездлар,
Ўтар оташ юраги уриб.

Поезд чопар, масофаларни
Қамраб босар оёқ остига,
Давонлардан, қирлардан ошар,
Тоғлиқларнинг тушар пастига.

Поезд ўтар тунни оралаб,
Қушдай учар, учар бехатар,
Поезд ўтар қардош халқларнинг
Дўстлигидан берарак хабар...


ҲОЛБУКИ, ТУН...

Шағирлайди бетиним дарё,
Шағирлайди ваҳм тўлган жар,
Шағирлайди қоронғи дунё,
Шағирлайди водий, даралар.

Шағирлайди... Бермайди уйқу,
Хаёлларим бўлар паришон,
Бир изланиш бошланар менда,
Тушунчамга яна кирар жон.

Ҳолбуки, тун — бунда одатда,
Бутун борлиқ ухлардай сокин,
Бутун ер осмонга ўраниб,
Олар каби кундузидай тин...

Сойга тушдим, кўкда чиқди ой,
Нур ёғилди оқ булутларга.
Нурга тўлди дара, тўлди сой,
Нур ёғилди қоронғу жарга.

Кўзларимда ёнар учқунлар,
Зилол сувга ой эди сирдош,
Ялтирарди, доим товланар,
Ой нурига чўмилгучи тош.

Кўзни тикдим, парқув булутлар,
Кўчар эди зилол ва тоза.
Лочин каби самолёт учар,
Учар эди солиб овоза.

Тикилганди кўзим қоғозга,
Қўлларимда югурар қалам,
Қуршамишди уни ҳаяжон,
Бир интилиш, бир орзу бу дам.

Шағирларди осмон ва ҳаво,
Шағирларди бутун коинот,
Шағирлардп бетиним дарё
Шағирларди дарёда ҳаёт...
Ҳолбуки, тун...


ҚОРА ДЕНГИЗ БЎЙИДА

Ёғин эртаси

Букун кун бўлади: тоғ тепасида,
Япроқлар ялтираб турипти,
Юлдуз йўлга чиқиб саҳарда,
Келаётган кунни кўрипти.

Букун кун бўлади: хурмо баргларин
Силкитмоқда енгил шаббода,
Букун кун бўлади, равшан ва бедоғ,
Ғубор йўқдир зарра ҳавода.

Букун кун бўлади: денгиз чайқалар,
Тўлқинларда ора йўқ тиним.
Сув бўйида туриб интизор,
Кун йўлига тикиламан жим.

Кунга бўлган ишқим қуёшга —
Топинганлар ишқидан буюк.
Кун бўлади: мармар ва зилол,
Кўринади поёни йўқ кўк.


МИЗИМТА ДАРЁСИ

Узоқ кетдим мизимта бўйлаб,
Дарё менинг ҳамроҳим бўлди.
Узоқ кетдим ва чанқоқ қалбим
Дарё айтган қўшиққа тўлди.

Инжудайин оқарди зилол,
Водийларнинг бу гул чиройи,
Тиниқликнинг мангу тимсоли,
Дараларнинг бу гўзал ойи.

Бу феруза, эриган мармар,
Бу ялтироқ сўнги йўқ симоб,
Синар эди устида чил-чил,
Кўкда туриб ёнучи офтоб.

Тошқин эди, пок ва мулойим,
Тиним билмас, мангу занггори,
Равон, маъсум, гўзал ва доим
Бокиралик бўлмишдир ори.

Кўринарди юксак тоғларнинг
Булутларга ранг берган қори,
Оқар эди дара, сойлариииг
Қизлиғини сақлаган ёри...


СОҒИНГАНДА

Кабутардек юрак уринар,
Неча кундир сенсиз яшади.
Мана кўрким, энди ҳар нафас
Вужудимда ўт туташади.

Неча кундир йўқолди тинчим
Ва уйқуга этдим алвидо,
Неча кунлар, неча соатлар
Хаёлингга айладим фидо.

Ўтар экан тунлар ва кунлар,
Айрилиқда ахтариб висол,
Ва тонгларда якка ҳам ўйчан
Кезар экан паришон ва лол

Борлиғимни исмингни айтиб
Чулғаб олар бир гўзал хаёл,
Ўша жилва ва ўша оташ,
Ўша кўзки, сузгун, хаёлкаш
Ўша имо, ўша ишора
Этабошлар юракни пора.


ЎЛКА

Мен дунёга келган кунданоқ
Ватаним деб сени, уйғандим,
Одам бахти биргина сенда
Бўлурига мукаммал қондим.

Қулоғимга номинг кирганда
Қумлиқ каби ташна боқурман,
Сенинг жаннат водийларингдан
Наҳрлардай тўлиб оқурман.

Билсинларким, йўлдошим бўлмас,
Кўзда ёши билан кулганлар,
Тиллари бор, ўзлари ҳаёт,
Лекин, юрак-бағри ўлганлар.

Ҳар айтганинг буюк жангнома.
Қайга десанг қайтмай кетурман,
Кўзларимни юммасман асло —
Дарё каби уйғоқ ўтурман.


ҲУЛКАРНИНГ ШЕЪРИ

Қизимга

Муҳит узра қанотингни ёз,
Оқ қушларнинг ўлкасида юр.
Даста-даста гуллар келтирсин,
Шўх ва қувноқ дўстларга буюр.

Уфқларда сайр этгин мудом,
Қуёш келиб сувга чўкканда...
Ой булутлар орасидан шом
Этак-этак шуъла тўкканда...

Тўшаб алвон-алвон гиламлар,
Сенинг билан яшнасин баҳор,
Сенинг билан хуш бўлсин дамлар,
Сенга доим шодлик бўлсин ёр.

Сени кўрса очилсин гуллар,
Сени кўрса ёнсин булбуллар,
Сени кўрган бари топсин жон,
Сен юрган ер кўрмасин ҳазон.


ЎРИК ГУЛЛАГАНДЛ

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади...

Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини
Ва шаббода қурғур илк саҳар
Олиб кетди гулнинг тотини.

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор,
Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади,
Қанча тиришсам ҳам у беор
Йиллар мени алдаб кетади.

Майли дейман ва қилмайман ғаш,
Хаёлимни гулга ўрайман;
Ҳар баҳорга чиққанда яккаш,
Бахтим борми дея сўрайман.

Юзларимни силаб, сийпалаб,
Бахтинг бор деб эсади еллар,
Этган каби гўё бир талаб,
Бахтинг бор деб қушлар чийиллар.

Ҳамма нарса мени қаршилар,
Ҳарбир куртак менга сўйлар роз,
Мен юрганда боғларга тўлар
Фақат бахтни мақтаган овоз:

«Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол,
Бунда толе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол.

Умрида ҳеч гул кўрмай йиғлаб
Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда,
Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб
Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда...»

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади...


БУТУН ОЛАМ БИР ОППОҚ СИЙНА

Хайрлашди... Ўзида йўқ шод,
Сув бўйига келиб ўлтирди,
Кўкка кўкрак кўтариб кушод
Ой қўйнида ўзини кўрди.

Кўзи ойдан дарёга қочди,
Сўйламоқчи эди ҳикоя,
Сувга қараб лабини очди
Ва кўринди жилвагар соя...

Дарё худди зилол ойина,
Тасвири бир қиз бўлган эди:
Бутун олам — бир оппоқ сийна,
Икки қора кўз бўлган эди.

У жим бўлди, бир лаҳза бетин,
Ихтиёрин қўлига олди,
Сўйламоқчи.... ва ундан олдин
Соя туриб сўз бошлаб қолди.

Ойинага тикиб кўзини,
Таниб қолди гўзал ўзини,
Ўзи эди сувда уринган,
Ўзи эди ойда кўринган.

Уялдию ҳеч гап айтмайин,
Уйга қараб секин қўзғолди.
Сув бўйида, ойдинда, майин
Битта шоҳи рўмолча қолди.


ТУННИ ИЗЛАШ

Ўн беш кунга тўлганида ой,
Кўкка чиқиб тунни ахтарди,
Орқасидан баланд осмонда
Олам-олам юлдузлар борди.

Тундан ҳечбир асар чиқмади,
То ботгунча қилса ҳам тинтув...
Дунё ёруғ эди ва ҳатто
Ялтирарди сойда қора сув...

Тополмасдан ой тунни, охир
Ўзи ботди. Юлдузлар бир-бир
Учиб ўтди ва ортиқ қуёш
Билан энди ялтирарди ер...


ДАРЁ ТИНИҚ, ОСМОН БЕҒУБОР

Бахтим борки, ҳар нарса гўзал
Кўринади менинг кўзимга,
Водийларга қуёш тўккан ҳал,
Шунинг учун сархат сўзимга.

Айбим йўқдир, гул водийларда
Бадбинларни хушлай олмасам,
Кўкка қараб туриб саҳарда
Шод ўтарман деб ичсам қасам.

Оппоқ қордир тоғларнинг тоши,
Дарё тиниқ, осмон беғубор,
Шу ердадир ўлканинг боши,
Сув бўйида менинг уйим бор...

Бу ўлкада қалбларнинг тоза
Ва поклари келиб учрашар,
Одам топган бахтни овоза
Қилиб гуллар, булбуллар яшар.


ҚОЗОҒИСТОН

Қозоғистон — кўп наслларнинг
Армон билан кўрмай кетгани,
Қозоғистон — бу боболарнинг
Гадойликда хаёл этгани.

Қозоғистон — бу маъмур ватан,
Бу улуғ халқ эркин олган тин,
Бир ўлкаки, бутун тоғи кон,
Тупроқлари сап-сариқ олтин.

Қозоғистон — бу қатламлари
Маъдан билан тўлиб ўтган ер,
Бу — Эмбанефть, бу — бойлик фақат
Бу — хазина, Балхаш ва Реддер ...

Қозоғистон — бу, олтин, кумуш,
Бу бахт билан тўлиб оққан сой,
Қозоғистон — гуллаган турмуш,
Бу дунёни қоплаган буғдой.

Бу — саодат, бу — деҳқонларга
Мангу хатлаб берилган ерлар,
Бу тоғларни, дала-даштларни
Жойлаб ётган йилқи, уюрлар.

Қозоғистон — бу қарри Жамбул
Тўқсон йиллаб кечган бир умр,
Қозоғистон — бу Қарағанда —
Қазган билан, туганмас кўмир.

Қозоғистон — бу китобхон эл
Бу янги онг, бу савод, бу хат,
Қозоғистон — бу чақмоқ каби
Яшнаб чиққан бир гўзал санъат.

Бу эзилган, мазлум Шарқ учун
Саодатга, бахтга ишора,
Қозоғистон — бу Кузанбоев,
Омонгелди, раққоса Шора .

Бу эрк олиб юксалган элнинг
Гул баҳори, ҳосилдор ёзи,
Қозоғистон — бу жаннатга тенг,
Бу — Кулашнинг ипак овози .

Қозоғистон — кўплаб насллар
Армон билан кўрмай кетгани,
Қозоғистон — бу боболарнинг
Гадойликда хаёл этгани.


БАХТИМИЗ ТАРИХИГА

Қанча бўстонлар вабо айёмида бўлди хазон,
Зўр жаҳаннам ичра ёнди қанча номус, қанча жон.
Не қуёшлар ўртаниб тош бағридан топди ўлим,
Неча дарёларни ютди ўт бўлиб ёнгучи қум.
Лекин иқболи чиқолмай битди тақдир шомидин,
Қанча оғулар қуйилди элга қайгу жомидин.

Бенаво, танҳо Фузулий зор бирла оҳида .
Ўртаниб қоврилди доим қайғу оташгоҳида.
Ҳам Навоий бир умр айрилмади Фарҳодидин,
Барча оламни ўтантирди унинг ҳар додидин.
Ҳам қаро кунлар қаро томуғида ёнган китоб,
Қайғу йўлдошинг бўлур деб доимо қилди хитоб.

Ахтариб ўтди жаҳондин ҳечбири бахт топмади,
Бахт баҳори ҳечбирин устига бахмал ёпмади.
Кимки бахт ахтарса қайғу бирла зор олди ҳақин,
Ким яшаш истарса унларга ўлим келди яқин.
Қанча орзу, қанча армонлар куйиб бўлди адо,
Қанча эрлар бир умирлик ғам билан ўтди гадо.

Охири ман ўсган эл яксон этиб ғам тоғини,
Барча тилсимларни очди, топди роҳат боғини.
Бир ватанким, бунда йўқдир дард ва ҳасратдан нишон,
Бир ватанким, ер ва осмонида одам топди шон;
Бир ватанким, ҳар гулистонида мангудир баҳор,
Бир ватанким, бунда элнинг бахти мангу барқарор.


* * *

Шу кунларда қутб олинди.
Музлар таслим бўлиб ялинди,
Москвадан Америкагача
Тахти равон бир йўл солинди.

Кўк йўлидир, унда қаноти
Синмас бўлган лочинлар учар.
Лочинлари билан ўлка ҳам
Ерни ташлаб осмонга кўчар.

Қудрати зўр эл учун осмон
Худди ердай осойиш бўлур.
Бирнеча йил мобайнида кўк
Одам билан албатта тўлур.


ДУНЁ ГЎЗАЛ КЎРИНУР СЕНГА

Келтиради рашкимни доим,
Гулга қўнган асал арилар
Аллақандай туйилар менга,
Яшаручи хушбахт қарилар.

Агар, — дейлар, — кўнгил ёш эса
Оқсоч ўзи бир ҳусн бўлур,
Кўкраккача тушган оқсоқол
Кўзларингга нурдай кўринур.

Дунё гўзал кўринур сенга,
Ўзи қанча эски бўлса ҳам,
Яшараркан бутун табиат,
Ўз эгаси қўйганда қадам.


* * *

Розимасман бир ёш томса кўзимдан.
Розимасман сал ранг кетса юзимдан,
Йўл ошсаму, сал яшашдан адашсам
Розимасман унда тамом ўзимдан.

Боғим бору, гулзоримда гулим кўп,
Ҳар ёқда гулшохларда булбулим кўп.
Мен кўрмаган гулзор қолмас жаҳонда
Гулзорларга бахтим берган йўлим кўп.


САВОЛ

Кийинтирсам сени баҳорга,
Юлдузларни ўрасам қорга,
Олиб келиб олдингга қўйсам,
Ҳам юлдузни ҳам сени суйсам;
То тонггача сўйласам эртак..
Чечак териб этак ва этак,
Оёғингга келтириб тўксам,
Сени мақтаб агёрни сўксам,
Шунда сенинг кўнглинг тўлурми?
Айтганларинг бажо бўлурми?..


ДЎМБИРАНИНГ МАҚТОВИ

Абдулла шоирга

Сўз бошлайин энди яхши ёмондин,
Кўзларимнинг нури бўлган дўмбирам;
Сен қўлимда, кезиб ўтдим жаҳондин,
Юрагимнинг жўри бўлган дўмбирам.

Сендан ҳечбир мумкин эмас совушим,
Сен тоғларда кезган чориқ ковушим,
Сенинг билан баланд бўлди товушим,
Билагимнинг зўри бўлган дўмбирам.

Сен бор экан билинмас тўқ ва очим,
Сен бўлмасанг, парвоз этмас қулочим,
Сенсиз экан доим ёзиғдир сочим,
Қуллиғимда чўри бўлган дўмбирам.

Гулзоримда сен булбулим Ҳалима,
Соғинганда юрагим қийма-қийма,
Сен бўлмасанг бағрим бир қонли кема,
Юрагимнинг жўри бўлган дўмбирам.

Айланса-да рангим сариғ сомонга
Сени чалдим, хор бўлмадим ёмонга,
Қариганда етдим яхши замонга,
Ёвларимга бўри бўлган дўмбирам.

Сен бор экан ҳар иш келар қўлимдан,
Сен бор экан ҳайиқмасман ўлимдан,
Минг ўргулиб толе топган элимдан,
Ўтирганда сўри бўлган дўмбирам.

Сенинг билан сўз бермадим ман ёвга,
Сенинг билан бирга бордим ҳар овга,
Сен дингғиллаб олиб бординг Масковга,
Кўзларимнинг нури бўлган дўмбирам.

Сен нур тўла менинг ойли тунимсан,
Сен омборда қоплаб қўйган унимсан,
Сен колхозда топган ёруғ кунимсан,
Душманимнинг гўри бўлган дўмбирам.


БАХТ ТЎҒРИСИДА

Ҳаркимга бир «нони-насиба»—
Паррандалар ўз ҳаққин тилар,
Кўпни кўрган қари дунёда
Бахт ахтариб кўплар ўтдилар.

Кўплар ўтди, кўпгина одам
Таний олди дўзахни, ўтни,
Дунё деди, кўзни очдию,
Лекин кўрди фақат тобутни.

Шодлик истар эди барчаси,
Лекин келиб қучарди мотам,
Хурсандликка зор дийдаларда,
«Шодлик мен» деб кулар эди ғам.

Бахт ахтарар ва қора тақдир
Мазах билан қилар ҳақорат,
Дунё-дунё армон ва орзу
Гадойликда бўларди ғорат.

Мотам ва зор, азоб ва қайғу
Гадойликнинг кўҳна йўлдоши,
Инсон қалби устида ётар,
Асрларнинг муҳтожлик тоши.

Бахт топилмас ҳечбир замонда,
Эл қул бўлса, бўлса ялонғоч,
Жаннатларни яратган одам,
Натижада ўзи қолса оч.

Қувонч шулким, толе ёр бўлиб,
Бахтни топган элни кўролдим;
Асрларнинг қайғусин қарғаб,
Шодлик ва бахт куйини чалдим.

Элим яшар осойиш ва шод,
Ўлкам ўзи янги бир жаҳон;
Ўзбекистон номли бир жаннат,
Боғларида ором олар жон.

Бахт қайнайди соф булоқларда,
Дамларимиз ўтар беозор,
Шаҳарларда, боғлар, тоғларда,
Элни қучган мангу бир баҳор.


ПУШКИН

1

Эсини таниди ва кўҳна дунё
Унинг юрагига чангал ташлади:
Ердаги аламлар, қайғулар, ғамлар,
Фарёдлар ўтида ёнабошлади.

Дунёвий азоблар ёндирди қалбин,
Омонсиз ёв бўлди, золим фалакка,
Итоатсиз бўлди, исёнкор, бедин,
Фақат, ғариб қолди, ўртанди якка.

Юз ўгирди сарой, кошоналардан,
Тарихий жумбоқни шундай этди ҳал,
Аҳли киборлардан, подшолардан
Ўғри деб ном олган Пугачёв афзал.

Буюк дарё каби оқизиб ўтди
Пойтахт остида битганлар бошин,
Бутун Русиянинг зори, фиғони,
Банди деҳқонлариинг аламли ёшин.

Балоларга пешвоз тутди у, жонни,
Бир оташ ёнарди жўшқин қонида,
Дўзах Русияда топди хазонни.
Куйиб адо бўлди ғам тўфонида.

2

Фақат, ўлгунгача таслим бўлмади,
Сўнги соатгача бўлди қувғинда,
Ишрат шоми эмас, ўшанинг дарди
Ватанни ёритар қопқора тунда.

Фақат шу берарди дийдаларга нур,
Фақат шу қиларди дилларни равшан,
Ўша қувғин, ўша сургундаги ҳур —
Бўлмаса тоза ҳам хор эди ватан.

Жануб қуёшида қайнаган кунда
Буюк Элбруснинг ярқирар қори...
Подшодан узоқ, оғир сургунда
Тўлишарди рус шеърининг баҳори.

3

Русия, Русия, шўрли Русия,
Аянч хўжаларнинг қашшоқ ўлкаси!
Қашшоқ хўжаларнинг юрти Русия.
Қалбингда икки бош қузғун кўлкаси!

Русия, Русия сўнги йўқ тупроқ,
Эй буюк вайрона, эй кафангадо!
Энг яхши фарзандинг этилмишдир оқ,
Эй бало тутқуни, кулфатда адо!

4

Ерга йиқилдию тортди бир фарёд,
Чунки юрагига бир яшин тушди:
Бутун Русия кўз тиккан жаллод
Дантес либосида келиб отишди.

Шундай якун топди фожиъ муаммо:
Ажал очиб келди унга кенг қулоч,
Оппоқ қор қон эди... ва шоир аммо,
Мозор Русияда қабрга муҳтож...

Арава ғижирлар тунда, похол-хас,
Хашаклар ичига тобут кўмилган:
— Бу ўзи нима гап?
— Ҳеч нарса эмас,
Пушкин деб аталган биттаси ўлган...

5

У яшрин кўмилди. Ўз азобида,
Ўлка осмонини зўр мотам тутди
Ва бутун рус халқи ўз юрагида
Шу буюк тобутпи кўтариб ўтди.


СЎЛМОҚ БЎЛМАС ЭЛ БАҲОРИДА

Дунёларни тикка қўпормоқ
Ўти агар бўлса орида,
Ёвларини айласа тупроқ,
Сўлмоқ бўлмас эл баҳорида.


ШОДЛИКНИ КУЙЛАГАНИМНИНИГ САБАБИ

Шоирларни кўп ўқиб чиқдим,
Билмаганим қолди жуда кам,
Ўқиб чиқдим, чувалди фикрим,
Кўравериб ҳаммасида ғам.

Фузулийни олдим қўлимга,
Мажнун бўлиб йиғлаб қичқирди.
Ва Навоий тушиб йўлимга,
Фарёд билан ўрнидан турди.

Лермонтовни ташламадим ҳеч,
Ахир қўйиб олдим Ҳофизни,
Пушкин менга кўрсатди ҳар кеч,
Йиғлаб турган бир черкас қизни.

Шекспирдан сўрадим савол,
Жавобини келтирди Хайём:
«Чунки ғамга ошинодир ҳол,
Қайғи билан тўлиғдир айём».

Ўйладиму узоқ қолдим жим,
Сўнгра савол қилдим ўзимдан,
Дарё каби тошиб севинчим,
Ёш тирқираб келди кўзимдан.

Шодлик йўлга бошлади мени,
Бахтиёрлик бўлди одатим,
Шоир бўлиб шодлик ва бахтни
Куйламаклик зўр саодатим.

Чунки элим қайғуни билмас,
Чунки йўқдир ватанда мотам,
Озод халқим бошига келмас,
Энди сира мусибат ва ғам.

Шунинг учун шодман бир умр,
Шунинг учун шодлик ҳамдамим,
Ҳаркун ортар кўзларимда нур,
Шунинг учун йўқ асло ғамим.

Мен биламан, душманим кимлар.
Сергак бўлиб боқдим йўлимга.
Чунки халқим барча тилсимлар
Калидини берди қўлимга.


ГОРЬКИЙ ҲАҚИДА

1

Қолмиш эди ҳаёт тубинда.
Русияни қуршаганда тун,
Бола экан ҳар чеккан жафо,
Унга бўлди бир дорилфунун.
Унга бўлди муҳтож, ялонғоч
Русиянинг сирлари аён,
Жангга кирди, унда ҳарбир оч,
Қайғусини айлади баён.

2

Бир асрлик Русияни у,
Елкасига кўтарди дадил,
Кўтарди ул, кўтарди мангу,
Буюк эди бу одамда дил.
Умр бўйи эл билан бўлди,
Гўдак экан уни кўрди хор,
Улмай туриб яна туғялди,
Бўлганида халқи бахтиёр.
Буюк эди, ҳаттоки тошлар
Куйлаганда сеза олурди,
Ҳайратидан кўзида ёшлар,
Тоғлар каби жимжит қолурди.

3

Ростгўй эди, бу улуғ падар,
Ҳақиқатдан асло қайтмади.
Туғилгандан ўлганга қадар,
Бир сўз бўлсин ёлғон айтмадн.
Юрагида қайнар эди дард,
Ёвни кўрса ўтдай тошарди,
Душманидир хоин ва номард,
Унга нафрат билан яшарди.
Шунинг учун ололмади тин,
Заҳар билан кесилди бу тил,
Тирик экан уйига яширин,
Олиб келди тобутни қотил.
Келтирдию солди буюк ғам,
Тилагига етгандек бўлди...
Шундай кетди бу улуғ одам,
Киприклари секин қуюлди...

Горький кетди, бу оғир ўлим
Бағримизни бир ўйиб кетди.
Горький кетди ва лекин у, шум —
Ёвга қарши ўч қўйиб кетди.


ЎЗБЕКИСТОН

Водийларни яёв кезганда,
Бир ажиб ҳис бор эди манда..
Чаппар уриб гуллаган боғин,
Ўпар эдим ватан тупроғин.
Одамлардан тинглаб ҳикоя
Ўсар эди шоирда ғоя.
Дарёлардан куйлаб ўтардим,
Эртакларга қулоқ тутардим.
Ҳаммасини тинглардим, аммо,
Ўхшашини топмасдим асло.

Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,
Достонларда битган гулистон —
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур.
Чиройлидир гўё ёш келин,
Икки дарё ювар кокилин
Қорли тоғлар турар бошида,
Гул водийлар яшнар қошида.
Чор атрофга ёйганда гилам.
Асло йўқдир бундайин кўклам.
Тоғлардаги қип-қизил лола
Бўлиб гўё ёқут пиёла,
Булоқлардан узатади сув
Эл кўзидан қочади уйқу.
Далаларда бошланади иш
Бошланади ижод ва турмуш.
Кундан-кунга ўсади пахта,
Барг чиқади ҳарбир дарахтда,
Олмазорлар гулин тўкади,
Мева боғлаб шохин букади.
Шаҳарларда ишга чиқиб эл
Одам билан тўлар Текстиль.
Ҳаммасининг бир истаги бор,
Ҳаммаси ҳам хурсанд, бахтиёр.
Бу ўлкада ҳар нарса бордир,
Кўрмаганлар доим хумордир.
Аму билан Сирдан сув ичган,
Зарафшонни лойлатиб кечган,
Чавандозлар бордир бу элда.
Баҳор чоғи пишқирган селда
Арғумоқлар қўшиғи бордир.
Бу шундайин ажиб диёрдир.
Даласида ўсмас тиконлар,
Чўлларида чопмас илонлар;
Қуш учганда куймас қаноти,
Одам ўтса қуримас зоти;
Чанқов қолиб йўловчи ўлмас,
Ҳар бурчакда бошкесар бўлмас.
Кулбаларни келиб босмас қум,
Гўдакларни ютмас оч ўлим.
Одамга бахт ва толе ёрдир —
Бу шундайин ажиб диёрдир.

Бунда булбул китоб ўқийди,
Бунда қуртлар ипак тўқийди,
Бунда ари келтиради бол,
Бунда қушлар топади иқбол,
Бунда қорнинг тагларида қиш,
Баҳор учун сўйлайди олқиш.
Бир ўлкаки ҳуснга бойдир,
Унинг энг зўр кўзгуси ойдир;
Бир парча ўт бўлиб бунда кун
Пахтасига ишлайди ҳар кун.
Ботирлари канал қазади,
Шоирлари ғазал ёзади,
Куйчилари ўқийди ялла,
Жувонлари айтади алла,
Пазандаси ёпади ширмон,
Қарилари кутади меҳмон —
Бу шундайин ажиб диёрдир.
Бунинг қизиқ ҳикмати бордир:
Ҳар гўшада суянган тоғи;
Гуржистонда севган ўртоғи
Унга ҳусн ва ифтихордир;
Узоқ Шарқда қўшини бордир,
Шунинг учун тинчдир ул кўнгул.
Шунинг учун осойишдир ул.
Шунинг учун самонда ётмас,
Шунинг учун совуқда қотмас,
Ёвларига осмон тутундир,
Шунинг учун бағри бутундир,
Шунинг учун ёпинмагай хас,
Шунинг учун кийинар атлас.

Шундай ўлка доим бор бўлсин,
Шундай ўлка элга ёр бўлсин.
Омон бўлсин оғайнилари,
Омон бўлсин дўстларнинг бари.
Доим бўлсин давлати омон,
Шундай бўлсин бу бутун жаҳон.

Шафтолузор боғларни кўрдим,
Гул кўкарган тоғларни кўрдим,
Меҳр қўйиб ўпган сари оқ,
Оппоқ бўлди бу, азиз тупроқ.

Водиларни яёв кезганда,
Бир ажиб ҳис бор эди менда...


САМОЛЁТ

Болаларга

Осмонларни тўлдириб
Самолёт ўтиб кетди.
Унинг кучли овози
Оламни тутиб кетди.

Эй Ватаним қурган қуш,
Тўхта, мени олиб кет!
Тўхта, бир хат берайин,
Қанотингга солиб кет.

Осмонларда менинг ҳам
Битта лочин акам бор.
Хатимни бер, ўқисин,
Ўқисин такрор-такрор.

Ватаннмиз ёвига
Омон берма — деб ёздим.
Орден олмасдан туриб,
Уйга келма — деб ёздим.

Осмонларни тўлдириб,
Самолёт ўтиб кетда.
Унинг кучли овози,
Оламни тутиб кетди.


ВАТАН

Болаларга

Шодлигим кўкка сиғмас,
Битмас бахтим бор маним.
Мени бахтиёр қилган,
Шу енгилмас ватаним.

Душманга омон бермас,
Ҳарбир аскар отган ўқ.
Дунёда меникидай
Катта ва зўр ватан йўқ.

Ёвнинг ўқи, ҳечқачон
Аскаридан ўтмайди.
Нишон олса осмонни
Самолётга етмайди.

Шунинг учун қишлоқлар
Кун кечирар эркин, тинч,
Шаҳарларнинг қалбида
Кеча ва кундуз севинч.


ЛОЛА

Болаларга

Лола боқчага чиқиб
Кечга қадар гул терди.
Этак-этак тўплади,
Ҳар кунгидан мўл терди.

Сочига гул боғлади,
Чаккасига тақди гул.
Елкаларидан ташлаб
Гулга кўмилдт буткул.

Сўнгра уйга келдию
Бирпас ётиб дам олди,
Киприги юмулди-да.
Гул каби ухлаб қолдн.


ЯНГИ ЙИЛ ОРЗУЛАРИ

Май тўла косалар солар шовқин,
Янги йил ўз қучоғига тортар,
Бормикан шу қадарли қувноқ тун?
Юрагимда ҳамон ҳавас ортар.

Тушмаса юзга ҳеч ажиндан из,
Яна бир муддаоки, ҳал бўлса,
Бахтимиз борҳо ёйиб илдиз,
Умримиз бир аср тугал бўлса.

Яшнаса бу чаманда дилдорлар,
Севгида сарғайишни билмасдан,
Қайғуни кўрмаса гўзал ёрлар,
Ўн гулин бир гули очилмасдан.

Билмаса наслимиз надир қаримоқ,
Етмаганку замон ҳам элликка;
Тушмасин ҳеч бирорта бўлсин оқ
Енгилиш билмаган йигитликка.

* * *

Кел, эй соқий! Пиёлани тўлдир!
Йигит умримга янги йил кирди.
Шодлигим дўстларимга маълумдир —
Йилга йил кирса, элга эл кирди.

Қадрига етмаганни бу оннинг,
Халқ ичинда юзи қаро бўлсин!
Ҳам сафил, ҳамда у мохов била тенг,
Бутун оламга можаро бўлсин!

Марҳабо, янги йил, омон келдинг!
Яхши кунлар кутар яна олда,
Кўзимизга жаҳонни кўрсат кенг,
Кўрайик ҳарна бўлса иқболда.


ЧИРЧИҚ БЎЙЛАРИДА

Гулшан водийларда чақнайди кўзим,
Фикрлар дарёдек босиб қилар лол,
Ўзининг бағридан оққан сувларнинг
Орқасидан қараб қолгандай Чотқол.

Чирчиқ бўйларида кезаман ҳайрон:
Кўзимга Аму ҳам, Сир ҳам кўринар,
Табиат сирини ўргатар менга
Сувнинг ўйинида бир кимиёгар.

Элнинг ўғиллари, мардлар қошимда,
Мен суҳбат қиламан олимлар билан;
Табиатшунослар, ҳикматчи дўстлар,
Менга ўргатади ажойиб бир фан.

Бирининг қўлида чўлларга ҳаёт,
Бирининг қўлида дарё товланар;
Бирининг қўлида семиради ер,
Ва ҳар муз томчида оловлар ёнар.

Бу — Шарқнинг юлдузи — Ўзбекистондир,
Ўрта асрларнинг Осиёси йўқ.
Янги дарёларни севар ўлкаси,
Бағри шодимонлик, бахт билан тўлиқ.

Сероб даласида пахта гуркирар,
Тоғларида олтин, боғларида бол;
Бутун қўшниларнинг кўзлари унда,
Шундай бўлмоқлиқни қилади хаёл.

Қадим Шарқнинг ери ташна қовжирар
Катта Фарғонанинг сувига муҳтож,
«Мадорим кетибдир, ўғит бер!» дейди,
Чирчиқ азотига телмуриб у оч.

Навоий ўтказган ариқлар қурғаб,
Янги Навоийдан кутмоқдадир сув,
Чирчиқ бўйларидай кўкарсам деган,
Гиёҳсиз чўлларнинг кўксида орзу.

Ҳеч ажаб эмаским, Шарқнинг деҳқони,
Чирчиқ қурганларни кўргуси келса,
Ҳеч ажаб эмаским, сувни кўрганда,
Кўз ёши қон бўлиб ерга тўкилса.

Мен шарқли шоирман, кўзнинг ёшлари
Қўшиқ бўлганини кўрган куним бор,
Қўшиқ одамларни жангга ташлаган,
Қўшиқ кўнгиллардан кеткизган ғубор.

Ҳеч ажаб эмаски, Шарқнинг деҳқони,
Чирчиқ қурганларни кўргуси келса;
Ҳеч ажаб эмаским, сувни кўрганда,
Кўз ёши қон бўлиб ерга тўкилса.

Негаким, дардларга даводир бу сув,
Бу нурлар қилади кўзларни равшан,
Чирчиқли шоирда бордир бир армон:
Бутун Шарқни озод кўролсам деган.

Чирчиқ бўйларида ёнар чироғлар,
Қаршимда зўр дунё очади чирой.
Қалбимдан оқмоқда бир дарё қўшиқ,
Қор босган тоғларнинг тепасида ой...
 
1941 – 1944

Йигирма иккинчи июнь саҳари
Чиқмас кишиликнинг асло ёдидан.
Қочиб қутулолмас ҳеч фашист ҳали
Маъсум гўдакларнинг аччиқ додидан.


ҚЎЛИНГГА ҚУРОЛ ОЛ!

Ҳаёт қайнаб тонг тумонида,
Кўз илғамас эл ўрмонида,
Зўр ўлканинг қайноқ қонида
Ҳукм сурар сафарбар бир ҳол,
Қўлингга қурол ол!

Кўрсин десанг жаҳонни кўзим,
Ўссин десанг боғимда узум,
Умид билан ўстирган қизим
Десанг агар, бўлмасин увол,
Қўлингга қурол ол!

Бўлсин десанг дунё сенга кенг,
Қолсин десанг қўлингда эркинг,
Бўлай десанг сен одамга тенг,
Бўлмай десанг ёвларга ҳаммол,
Қўлингга қурол ол!

Олай десанг фашистдан қасос,
Қўлингга ол қилич ва олмос,
Яғринингга винтовкани ос!
Қолмай десанг айтишганда лол,
Қўлингга қурол ол!

Юрса агар томирда қонинг,
Азиз бўлса бир парча нонинг,
Қерак бўлса номус, виждонинг,
Бўлсанг йигит, бўлсанг ҳамки чол
Қўлингга қурол ол!

Жон юртингга босиб келган ёв
Тоғларингда қилолмасдан ов,
Сен қувганда пиёда яёв
Қочсин десанг гўё қорамол,
Қўлингга қурол ол!


ҒАЛАБА ҚЎШИҒИ

Фашизм одамизод учун қора доғ келди,
Қуёш нурига қарши чанг билан тўзон келди.
Ўлакса устидаги қузғун билан зоғ келди.
Ёлғиз менинг ватаним бахт ўстирар боғ келди.

Кундузни тун деб ўйлаб сарҳадга келди ўғри,
Кўршапалак охири оташга келди тўғри.
Тушар доим эсимга — ўзбек мақолидир бу:
Ким аввал мушт кўтарса, албатта, қўрқоқ келди.

Гитлернинг ичда қилган қарғишини билардик,
Ер тагида илоннинг изғишини билардик,
Ғофил деб ўйламасин, ҳар ишини билардик;
Ўрмонда бўри билан шер олишар чоғ келди.

Душманнинг тепасида ёзиб пўлат қулочин,
Калхат билан олишгай осмонда зўр лочин.
Тарихнинг ҳукмидир бу: бизникидир зафар чин,
Қутурган селга қарши осмон бўйи тоғ келди.

Ҳозир бўлсин фашизм ер тагида чиришга,
Мана биз кўкка учдик, тепасидан қиришга,
Одамзод гувоҳимиз, қойил қолсин бу ишга
Душманларни ер бирлан яксон қилар чоғ келди.


БЎЛ ОМОН!

Бор ўғил, бор, жангга боргил,
Сен йигитлар боши бўл,
От қўйиб майдонга киргил,
Мардлар йўлдоши бўл.
Халқнинг ёвларга отган
Бош ёрар бир тоши бўл,
Бор ўғил, сен доҳиймизнинг
Бир азиз қўлдоши бўл,—
Қаҳрамоним, арслоним,
Меҳрибоним бўл омон!

Ўз қўлинг бирлан яратган
Бўстон чўл бўлмасин,
Муҳташам олий саройлар
Бир ҳовуч кул бўлмасин.
Бу онангнинг кўзда ёши
Қайтадан кўл бўлмасин,
Ёвни қувгил юртимиздан
Халқимиз қул бўлмасин.—
Қаҳрамоним, арслоним,
Меҳрибоним бўл омон!

Ёвга сан ўткир қилич сол,
Бағрини қилғил яро,
Ерда ҳам осмонда қувлаб
Бошига сол можаро.
Ол қасос, ерларга янчиб
Қил уни мотамсаро,
Ёвни енгган паҳлавоннинг
Номи кетсин халқ аро.—
Қаҳрамоним, арслоним,
Меҳрибоним бўл омон!


МОСКВАНИ МЕН БИЛАМАН!

Тун бошланар... фашист деган ялмоғиз
Ва қутурган одамхўрнинг кўзи қон,
Одамзодга ўлим ортиб устига,
Калхатлардай учабошлар кўк томон.

Ёвга қарши қўзғолади Москва,
Шаҳар кечган тинчлик, ором баҳридан,
Ҳар ерда бор бир улуғвор нишона
Москванинг ғазабидан, қаҳридан.

Ғазаб билан қўзғолади бутун халқ,
Тебранади қари чоллар, оналар,
Ев ташлаган бомбаларнинг изилан
Чопишади жасур, қўрқмас болалар.

Тўда-тўда қиручилар ҳавога
Кўтарилар «меҳмонларни» кутгани,
Ғазаб билан чайқалади дарёлар,
Ёвузларни ўз қаърига ютгани.

Булутларнинг орасига яшриниб
Келаётган қузғунларни тутар нур;
Жим-жит турган майдонлар ҳам очар ўт,
Учиб келган ўғриларни ютар гўр.

Кўкдан ерга мукка кетган душманга
Қабр бўлар ҳарбир чуқур, ҳарбир ғор,
Зўр келганда қочмоқ ҳам бир ҳунар деб,
Қутулганлар қочабошлар шармисор.

Москвани мен биламан... тер тўкиб
Зўр шаҳарни қурганларни кўрганман;
Одам тўла кўчаларни айланиб,
Жангчиларнинг қаторида юрганман.

Эсимда бор дўстлар билан бирликда
Москвадан Минскийга ўтганим,
Совуқ қишда оқ финларви емирган
Ботирларни вокзалларда кутганим.

Москвани сен билмайсан, қонхўр ёв,
Москвада сенга ёлғиз ўлим бор.
Чуқурларда, ғорлиқларда чирийсан,
Қабрга ҳам, тобутга ҳам бўлиб зор.

Москвани қўриқлайди бутун эл,
Кўкрагимиз осмонида зўр қалқон.
Шуни билким, жон учун жон оламиз,
Шуни билким, тўкамиз қон учун қон.

Лекин сени асло тирик қўймаймиз,
Лекин сени қўймаймиз бу ватанга,
Узоқ-яқин, она-бола, йигит-чол —
Ҳаммамиз ҳам киришдик қонли жангга!


МЕНИ КУТГИЛ

(К. Симоновдан)

Мени кутгил ва мен қайтарман,
Фақат кутгил, жуда интизор,
Кутгил, ёмғир зериктирганда,
Мени кутгил, ёққанида қор,
Атрофингни ҳарорат қоплаб,
Еру кўкни чанг тутганда, кут.
Бошқаларни узатган дўстлар
Кечагина унутганда, кут.
Хат келмасдан узоқ ерлардан,
Юрагингни қилганида қон,
Кутгил, сенла бирга кутганлар
Зериккандан чекканда фиғон.

Мени кутгил ва мен қайтармен,
Бўлса ҳамки, рангинг заъфарон,
Ёринг қайтмас, умидингни уз,
Деганларга тилама омон.
Майли, ўғлим, синглим, волидам,
Аза очсин мен йўқ туфайли.
Кутабериб сабри тугаган
Ёру дўстлар, ошнолар, майли,
Айрилиққа беролмасдан тоб,
Аччиқ-аччиқ ичсинлар шароб.
Кўзларингга тўлса ҳамки, ёш
Фақат сен кут ва айла бардош.

Мени кутгил ва мен қайтарман,
Ўлимларни қолдириб доғда.
Иши ўнгдан кепти десинлар
Кутмаганлар мени у чоғда.
Ёт туюлар кутмаганларга,
Бундай ажиб толеинг санинг.
Кута-кута мени офатдан
Омон сақлаб қолаолганинг.
Қандай омон қолганлигимни,
Ёлғиз сенга айтарман, сирдош,
Кутаолдинг мени сен фақат,
Буюк эди сендаги бардош.


НИҲОЛ

Сен ўтказиб кетган ниҳол
Ўсиб бўйингдай бўлди.
Новдалари барг чиқарди,
Боши гулга кўмилди.

Боғимизда гул кўп жуда,
Жуда ҳам кўп ниҳол бор.
Лекин уни ёрим эккан,
У энг азиз ёдгор.

Қачон сени кўргим келса,
Тикиламан ўшанга,
Кўп нарсалар айтган каби
Қараб туради манга,

Саволимни тушунгандай,
Силкинади у секин,
Соғинибсан бечора деб,
Энтикиб оламан тин.

«Зориқтирмай келсангчи бир
Интизор қилдинг бунча...»
Деб япроқлар тебранади
То чарчаб ухлагунча.

Қуёш чиқиб иситса ҳам
Сендурсан деб ўйлайди.
Тунда ой кезиб ўтса ҳам
Сендурсан деб ўйлайди.

Агар шамол қўзғаб қолса
Титрашади, келди, деб,
Ерга қадар эгилади,
Айтганларим бўлди, деб.

Ноёб йигит, босиб ўт, деб,
Тўкилади йўлингга.
Гул барглари учишади
Тушайин деб қўлингга.

Ёлғизгина ниҳол эмас,
Бутун боғ изингга зор.
Интизордир сенга тамом
Олмазор, олучазор.

Ниҳол эмас, боғ ҳам эмас,
Мен сенга интизорман.
Кўзларимга суртмоқ учун
Жиндак гардингга зорман.

Мен гуллардан, боғлардан ҳам,
Соғинганмаи ортиқроқ.
Эртароқ кел, юрак-бағрим,
Ёвни енгиб кел тезроқ.


СЕВГИ

Бир тутам гул тутиб боқдинг кўзимга,
Дедингким: «Эсдалик бўлсин буни ол...»
Ўзимни йўқотдим, не дединг менга?
Тутганим гулмиди ва ёким хаёл?

«Бутун ёшлигимиз жангдадир букун,
Жангда ечилмоқда севги қисмати,
Жангдадир йигитлар, жангдадир қизлар.
Ҳавода учади маҳбублар хати.

Агарда қайтмасам шу мендан ёдгор»
Дединг-да кўринди кўзларингда нам.
«Агар севар, бўлсанг унутма зинҳор...»
Узун киприкларнинг устида шабнам.

Менга не керакдир бу ёлғиз қолиш,
Сенсиз ололмасман асло мен нафас,
Ўлимдан оғирдур сендан ажралиш,
Торгина қалбимга кенг дунё қафас.

Орқангдан қолмасдан жўнадим жангга,
Қўзи кетган каби қўйнинг изидан,
Гўё қуёш ойни кузатганидай,
Ўт бўлиб орқангдан кезмакдаман ман.

Сен оташ ичида урасан жавлон,
Душман қолмасин деб севган элимда.
Мен ҳам қасос олиб тўкмакдаман қон,
Элим ва ёримнинг номи дилимда.

Мен ёвни қираман жангда беомон.
Сени ахтараман бир нафас тинмай.
Бир қўлда қиличим, бир қўлда қурол,
Севгучи қалбимда нола қилар най.

Сенга юборганим оташин бўса,
Енгил шаббодадек учар ҳавода,
Жанг бўлган жойлардан лабингни излар
Ва баъзан дарбадар кезар самода.

Балки учрашмасмиз биз энди мангу,
Бўсамиз ҳам қолар балки саргардон,
Лекин севишганлар қайтмас ўлимдан,
Лекин мангу қолар икки томчи қон.

Дунёда албатта бир ўлмоқ борку!
Ҳеч ажаб эмасдир ўлсак жанг аро.
Ёв билан курашда оқса қонимиз,
Бўлмай эл олдида юзимиз қаро.

Ўлимдан қўрқмаган эрлар қонидан
Жуда табаррукдир қизарса тупроқ.
Ўша қон дўстларнинг ёритиб юзин,
Зафар йўлларини қилса ойдинроқ.

Жисмимиз йўқолур, ўчмас номимиз,
Ғалаба тўйида бўлармиз биз ҳам-;
Азиз дўстлар билан учрашиб, хандон
Қадрдон элларга қўярмиз қадам.

Гўзал Украина далаларида
Яна аввалгидай табиат гуллар,
Буюк Русиянинг ўрмонларида
Бизларни ёд этиб сайрар булбуллар.

Буғдой бошоғидай кўкка интилиб
Мен шунда тупроқдан кўтарарман бош.
Сенинг қонларингдан ўсар қизил гул,
Ёқутга айланар сойлардаги тош.

Дунёни ёритар бизнинг севгимиз.
Иккимиз ҳеч қачон ўлмасмиз асло.
Ёру-дўстларимиз, севган элимиз,
Биздан ризо бўлиб топар тасалло.


ЯҚИНЛИК

Йигит урушга кетди,
Орқасида ёр қолди,
Юраги ўт ичида,
Кўзлари хуммор қолди.

Булбул кетди, гул қолди,
Ўртага тушди ҳижрон,
Йигит ҳам соғинади,
Ер бағри лоладек қон.

Кунлар ўтади секин,
Йигит кетади узоқ...
Лекин ёрга туюлар,
Аввалгидан яқнироқ.

Ер фақат хат ёзади,
«Тушимда кўраман» деб,
Йигит ёзар: «сен учун
Жонни ҳам бераман» деб.

Йигит дер: «сен учун ҳам
Ёвга отар ўқим бор»—
Ер унинг келишига,
Боғини қилар гулзор.

«Мен жангда»— дейди йигит,—
«Сен менинг ёнимда сен».
Унга жавоб ёзар ёр:
«Сен менинг жонимда сен».

Каптарлар олиб учар,
Икки томон хатини,
Гўё қўшгандек бўлиб,
Икки ёр тоқатини.


ЙИГИТ

Кўкда парвоз этса лочин, ерга киргай зоғлар,
Кишнаган от ўтса чўлдан қўзғолур тупроғлар,
Қонга тўлгай жангга ботир кирса сўлу соғлар,
Сол қилич ёв бошига, қирғинга келди чоғлар.

Бағримизни қилди қон, ёвдан жаҳонни пок эт,
Эл чекар доду фиғон, ёвдан жаҳонни пок эт,
Шер юрак эй қаҳрамон, ёвдан жаҳонни пок эт,
Зоғ агар қолса тирик олам танин тирноғлар.

Ёвни учратган замон сен эсидан кетгунча ур,
Ҳам жаҳаннам комига ул беомон етгунча ур,
Етти пушти бу жаҳондан мангулик кетгунча ур,
Қилмасанг шундай агар, кетмас кўнгилдан доғлар.

Сен томирлар ичра қон ҳам жонимизга жонсан,
Келмасанг ҳам уйимизга энг азиз меҳмонсан,
Ҳам ватанга, ҳам элингга, доҳингга қурбонсан,
Сен омон келган кунинг ерга эгилгай тоғлар.

Ёвни енгу эртароқ кел, хўп соғиндик ўзимиз,
Қалбимизда мунтазирдир энг муқаддас сўзимиз,
Кеча-кундуз интизормиз, йўлларингда кўзимиз,
Сенга зордир гул, чаманлар, бўстонлар, боғлар.


ШИНЕЛЬ

Ранггинг тупроққа ўхшар,
Сен ўхшайсан кигизга,
Бормасдим сени кийиб,
Ёрим бўлажак қизга.

Марғилонда тўқилган
Йўл-йўл шоҳи беқасам.
Минг марта яхши эди
Ичмаганимда қасам.

Лекин сени устимга
Катта бир ғам кийгизди,
Синглим, қариндошларим,
Отам, онам кийгизди.

Сени кийгач йўл олдим
Қонли жанг бўлган ёққа,
Тушдим ёшлигим ўтган
Дарёлардан йироққа.

Канал қазган қўлларга
Автомат милтиқ олдим,
Кириб янги йўлларга
Ўзимни ўтга солдим.

Таққаним белбоғ эмас,
Қаттиқ камар белимда,
Ёрим тиккан қийиқча
Қолаберди йўлимда.

Кигиз кийим, сени меп
Ёримга алиштирдим,
Йўлимга қараб қолган
Зоримга алиштирдим.

Тошга бош қўйганимда,
Ястиқ каби туюлдинг,
Ботқоқда ётганимда
Гўё тўшакдек бўлдинг.

Ўрганиб қолдим сенга,
Ёқиб қолдинг танимга,
Пушаймод бўлдим ҳатто,
Кечикиб кийганимга.

Шунингчун бир нафас ҳам,
Сени асло ечмайман,
Доимий йўлдсшимсан,
Сендан асло кечмайман.

Агар урушда ўлмай,
Уйимга қайтсам омон,—
Барибир, сени ташлаб
Хўрламайман ҳечқачон.

Уйимнинг энг тўрига
Осаман қилиб ёдгор,
Шоҳи тўн кийганда ҳам
Қарайман такрор-такрор.

Агар улғайса ўғлим,
Кийгизамаи унга ҳам,
Тушмасин деб қайтадан.
Элимнинг бошига ғам!


ҚАМАЛ ҚИЛИНГАН ШАҲАР ТЕПАСИДАГИ ОЙ

Гўзал ой, сенга бир гап
Демакка кўп ҳайронман.
Бемаҳал тўлганингдан
Тоза ҳам пушаймонман.

Бурун сени кўрганда
Очиларди баҳримиз,
Энди кўринақолсанг
Қўзғолади қаҳримиз.

Чунки, биз шаҳримиздан
Чироғни ўчирганмиз,
Уйимизни ҳатто ер
Остига кўчирганмиз.

Безовтадир элимиз,
Юртимизга кирган ёв,
Шубҳа қиламиз, дарҳол,
Бемаҳал юрса биров.

Шаҳримизни ёритиб
Қилганда ёвга ошкор,
Кўзимизга гўёки
Бўласан сиртмоғу дор.

Кумушдай нурларингдан
Тўкилар қора хатлар,
Шу замон тепамизда
Учабошлар калхатлар.

Ёввойи ёв қутуриб
Қилар уйларни вайрон,
Ўлим ёғдирар тинмай,
Бағримизни қилиб қон.

Шунинг учун ҳозирча
Бўлмаганинг яхшироқ.
Шаҳримиз тепасида
Тўлмаганинг яхшироқ.

Ўйин, кулги бизда йўқ,
Юракка дард ютганмиз,
Бошимизга ғам тушиб
Шодликни унутганмиз.

Бир нафас ҳам ором йўқ
Ҳаттоки, қурту қушда,
Қизлар эрга чиқмайди;
Эрлар бўлак ташвишда.

Бир чоғлар тепамизда
Сен бўлганингда пайдо,
Боғларга чиқар эдик
Бўлгали сенга шайдо.

Ёримизнинг гозини,
Биз сенга ўхшатардик,
Саҳаргача тикилиб,
Сув бўйида ётардик.

Сендан бошлар эдилар
Қизлар эртак айтганда,
Қарар эдилар сенга
Ер узоқдан қайтганда.

Ўша кунларни қумсаб,
Ухламаймиз тунлари,
Ширин эртакка ўхшар
Ўша кунларнинг бари.

Ўша кунлар келади,
Ўша кунлар кўп яқин:
Эртаги тонг кўринар
Бугунги тонгдан ёрқин.

Ана ўша кунгача,
Тишингни қўй тишингга,
Шунда юзминг қиэ билан
Хабар қиламиз сенга.

Унда бутун дунёни
Нурга кўмсанг майлига,
Ҳатто кундуз куни ҳам
Кезиб юрсанг майлига.

Унда нуринғ тегмаған
Бирорта ин қолса ҳам,
Қаттиқ жанжал қиламиз
Ёқангдан тутиб маҳкам.


СЕН ТУҒИЛГАН КУН

Букун сенинг туғилган кунинг,
Букун уйинг тўлади гулга.
Нима қилай? Мен узоқдаман,
Хаёл билан тушаман йўлга.

Ўн тўққизга чиқасан бугун.
Узоқдаман. Йўқ менда тоқат.
Оғир жангга кетаётиб ҳам,
Ёлғиз сени ўйлайман, фақат.

Сенга томон толпиниб қалбим
Бир қуш бўлиб учар ҳавога:
Мен кетидан қарайман ҳайрон
Икки кўзим тўниб самога.

Эшикка чиқ шу соат сен ҳам,
Мени эслаб осмонга бир боқ:
Юлдуз тўла кўкка бир қара,
Ҳавога сол бир нафас қулоқ.

Ётоғингга қўна олмасдан
Парвонадир бир қуш бошингдан
Чарх уради кўкда у танҳо,
Нималардир сўзлар қошингда.

Қутлаш учун келгаилар, мапли,
Орзуларин айтиб бўлсинлар,
Ҳамма сепга тилак тиласин,
Шароб ичиб маст бўлсин улар.

Шундан сўнгра сен қадаҳ ушлаб,
Хуммор кўзла боққил самога,
Тингла, қушнинг эзгу орзусин,
Қулоқ бергин, майин навога.

Қуш дейдики: «Эй тўлишган қиз,
Жангда юрган ёрингдан салом.
Сенинг учун урушга кетган
Номусингдан, орингдан салом».

Қуш дейдики: «Ёшинг ҳечқачон
Ўн тўққиздан ошмасин асло,
Йигит сени жуда соғинган,
Ёрим — дейди — шошмасин асло.

Ўн тўққиздан ошмай тур, гўзал,
Йигит сендан шуни сўрайди.
Йигит сени меҳр, садоқат
Ва ишқ гули билан ўрайди.

У келади, албат қошингга,
Элга шодлик олиб келади,
Элга шодлик, омонлик ва бахт
Олиб, довруғ солиб келади.

Сени тинмзй эслайди ёринг,
У доимо содиқдир сенга,
Ўн тўққиздан ошмай кутиб тур,
У лойиқдир муҳаббатингга».

«Шошилма» деб қуш сўзлар яна,
Парвонадир қошингда ҳамон:
«Қизга бундан яхши фасл йўқ,
Ўн тўққиздан ошма ҳечқачон!»

Ётоғингга қайтасан сен маст,
Кўрган каби гўёки бир туш.
Менинг қалбим бўлиб кўринар
Сенга шунча сўзлар айтган қуш.


ҒАЗАЛ

На бўлғай бир нафас мен ҳам яноғинг узра хол бўлсам,
Лабинг япроғидин томган ки, гўё қатра бол бўлсам.

Бутоғингга қўниб булбул каби хониш қилиб тунлар,
Ўпиб ғунчангни очмоқлиққа тонг чоғи шамол бўлсам.

Бўйингни тарқатиб оламни қилсам масту мустағриқ,
Ўзимнинг санъатимга сўнг ўзим ҳайратда лол бўлсам.

Сенинг бирла қолиб бу масту-лол оламда мен ёлғиз,
Ўзимни ҳам тополмай, майлига, охир хаёл бўлсам.

Агар боғингда гул бўлмоқ менинг-чун нораво бўлса,
Киминг бор розиман қасрингга ҳаттоким, дувол бўлсам.

Бошим ҳеч чиқмаса, майли, маломат бирла бўҳтондин,
Рақиблар рашкига кўкрак керай, майли, қамол бўлсам;

Кезиб саҳрою водийлар етишсам бир висолингга
Фидо жонимни қилдим йўлингга, майли, увол бўлсам.
Nom: Re: Hamid Olimjon. Tanlangan asarlar
Yuborildi: Ansora 13 Sentyabr 2011, 15:15:28
ИНТИЗОРЛИК

(Жангчига)

Йўлларингга интизор
Ранглари заъфаронлар,
Ёвнинг асоратида
Хор бўлган бағри қонлар.

Ерда ётган дон бунча
Кутмайди баҳорни ҳам.
Ҳечким бунчалик кутмас,
Энг суюкли ёрни ҳам.

Ота-она интизор
Соғ-омон келишингга,
Интизор бутун ватан,
Душманни енгишингга.

Сен енгмасанг бир умр
Дарёларда оқар қон.
Сенга ва фақат сенга
Интизор бутун жаҳон.


УЧРАШУВ

Изингни ўпади соғинган ерлар,
Меҳру вафо билан қарайди сенга.
Йўлингга чиқади Барчин келинлар,
Қадим достонларни солиб эсингга.

Сочлари оқарган, тугаган бардош,
Йўлингга чиқади ранги заъфарон.
Бошини силайсан кўзларингда ёш,
Ҳали қуримасдан чаккангдаги қон.

Фашистнинг бағрини тешган найзангни
Бирма-бир суртарлар ўз кўзларига,
Орёл шаҳри учун сен қилган жангни
Йилларча сўзларлар ёшу қарига.

Изингни ўпади согинган ерлар,
Меҳру вафо билан қарайди сенга.
Йўлингга чиқади Барчин келинлар,
Қадим достонларни солиб эсингга.


УКРАИНАНИ УЙЛАГАНДА

(Павло Тичинадан)

Деразамда қават-қават муз,
Осмонда ой сузади сокин.
Оғир, жимжит чўкиб ётар тун,
Уйқу келмас. Вокзалда-ёлғиз.

Паровозлар солади шовқин.
Ухлалмасдан қўзғолдим, нега?
Ё бомбалар портламоқчими?
Снарядлар дод солмоқчими?

Муз қоплаган деразаларга
Осколкалар ёғилмоқчими?
Ҳеч нарса йўқ. Ва сайёралар
Орасида учмоқда ер ҳам.

О, ватаним! Ичаман қасам,
Қамиш қомат хонимлар қадар
Бежонмассан, менинг волидам.
Нелар кечди онанинг ҳоли?

Нелар бордир пешонасида?
Йўқ, йиғи йўқ ўғил сасида,
Дуо қилмас гўдак мисоли,
Ёнмоқдадир ғам найзасида.

Украина, оҳ Украина!
Бу тунларда сен ўзинг бедор,
Ўзинг ғамли, сен ўзинг бемор.
Қора тунда, чақмоқ ўтида
Япграб ёвга тикмоқдасан дор.

Бутун фикрим — хаёлим сенда.
Украина! Эй эрк қуёши!
Оёғингда ўғлингнинг боши,
Жароҳатинг азоби менда,
Бошимдадир қайғунинг тоши.

Ахир нега чекмайин азоб
Тупроғингда туғилган бўлсам,
Эмган бўлсам сутингни мен ҳам,
Нега бермай азобингга тоб?

Бўлган бўлсанг жонимга малҳам?
Мен ўзимни тутиб олганда,
Аста-секин чиқариб овоз,
Куйчинг бўлиб чолганимда соз,

Ишқинг бирдан ўтга солганда,
Мажнун бўлиб айтган бўлсам роз?
Мен ўйлайман Украинамни,
Ўз уйим деб қилганим йўқ ғам.

Қайғиртирмас кичкина кулбам.
Днепрни, бутун халқимни,
Авлодимни ўйлайман ҳардам.
Хафа бўлма додимга бироқ,

Оғриганда онанинг жони,
Чиқмайдими бола фиғони?
Сенсиз унга ўлган яхшироқ
Ва лозимдир тўкилса қони.
Жим... секинроқ... мени хаёллар

Олиб кетди сенга, онажон.
Ухлалмайман... жимжит ҳар томон.
Фақат тинмай солмоқдадир жар
Паровозлар вокзалда ҳамон.

Қурол ташир улар бетиним,
Танк, замбарак менинг элимга,
Куч ортдириб менинг белимга.
Мен уларни кузатаман жим,
Далда бериб ғамгин дилимга.

Сен ёвларнинг бошини учир,
Эй жонажон даҳшатли қурол,
Одамхўрлар элидан ўч ол,
Жаҳаннамга жонини кўчир.
Ҳаммасига қиёмат кун сол!

Гўдакларнинг недур гуноҳи?
Она, унга нима қилдинг сан?
Сийнасига юлдуз тилинган,
Бокира, пок қизларнинг оҳи
Унга охир бичмасми кафан?

Ана шўрлик бир бола бежон,
Яп-ялонғоч ётипти қорда.
Она билан отаси дорда.
Бу ваҳшийлик бўлган ҳукмрон
Қай замонда, қайси диёрда?

Сен ҳам тутдинг ёвнинг бўғзидан,
Жонини ол, бўғабер маҳкам.
Гўрга кирсин қонхўр, муттаҳам.
То тиз чўкиб ялинмас экан,
Ҳеч нарсадан қайтмагил сен ҳам!

Кўнглим шунда топар тасалло...
Осмонда ой сузади сокин.
Оғир, жимжит чўкиб ётар тун...
Кўзларимда уйқу йўқ асло...
Паровозлар солмоқда шовқун.


ШАРҚҚА КЕТГАНДА

(«Эвакуация» сериясидан)

Ёнғинлар ичидан чиқарди одам,
Бомба ташлар эди фашист бесўроқ.
Гўёки бу дунё бўлмиш жаҳаннам,
Кўзларда оташу бошларда тупроқ.

«Қўшнилик расмини бузардинг доим,
Шунингчун кўнглимиз эди кўп ғашда.
Сенингла дўст бўлиб вафо кўрди ким
Яхшидир ўлмоқлик сенла курашда».

Хотинлар, эркаклар ғамли, асабий;
Чуваб чиқар эди отлиқ, пиёда.
Уяси бузилган чумоли каби
Чуваб чиқар эди сўнги йўқ пода.

«Сен билан ҳаттоки бир гўрда ётмоқ
Улуғ жиноятдир одамизодга.
Сенда ҳеч ҳаё йўқ. Сен билан иноқ
Бўлмоқчи бўлганлар қолди уятга».

Чуваб келар эди очу ярадор,
Гиламдек тўшалар йўллар узра қон.
Келар агрономлар, деҳқонлар ночор
Қилиб ўзи эккан экинни пайҳон.

Ҳалқумлар қуриган, гангиган бошлар,
Бир қадам тупроқ ҳам эди кўп талаш,
Чуваб келар эди қарилар, ёшлар...
Одам ва ҳайвонлар аппа-аралаш.

Тупроққа беланган, дийдалар нолон,
Еру осмонни ажратар аранг,
Қуёшни беркитаоларди тўзон,
Ҳатто дарёлардан чиқар эди чанг.

Бошларда сочлар ҳам оғир сезилар,
Малол келар эди бир қават кўйлак.
Оғир сезиларди кўзга киприклар,
Худди йўлни тўсган қалин ўрмондак.

Биров боласини йўқотиб шайдо,
Биров жудо бўлган қариндошлардан.
Юзларча денгизлар бўларди пандо
Ота-сналардан оққан ёшлардап.

Бола онасини топаолмасдан
Кўрар одам тўла дунёни холий,
Она ҳам чирқирар эди тинмасдан
Инга илон кирган чумчуқ мисоли.

Чуваб келар эди сонсиз-саноқсиз,
Ҳечким билмас эди қайга борарин,
Ажабо, шунчалик бола, хотин-қиз,
Шунча сарсон бўлиб топарми бир ин?

Йўл босар эдилар чарчаб толиқиб,
Барчанинг кўзида жиққа-жиққа ёш.
Куннинг қизиғида осмонга чиқиб
Уларнинг ҳолига йиғларди қуёш.

Шарқдан Ғарбга эмас, Ғарбдан Шарқ томон
Оқиб келар эди поёни йўқ сел.
Сел эмас, оқарди дарё дарё қон,
Қон эмас, қон бўлган неча-неча эл.

Қадрдон далалар дея «қаёққа?»
Савол сўрар эди ёшу қаридан;
Тупроқ ёпишарди яланг оёққа,
Экинлар тутарди этакларидан.

Олдиндан қўзғолган қудратли шамол,
Тинмай тўсар эди уларнинг йўлин:
«Қаёққа борасан, шу тупроқда қол!»
Дея тутар эди уларнинг қўлин.

Туғишган дарёлар, ошно ўрмонлар
Йиғлаб сўрар эди «айтинг, қаёққа?»
Жавоб айтишликни билмасди улар-
«Кетамиз кўз кўрган, бош оққан ёққа!»

«Барибир биз энди қайга борсак ҳам,
Бир бурчак топилар секин ўлгани;
Ва «текин гўдаклар кўзига бир дам
Фашист кўринмаса бизга бўлгани».

«Майли қарамаса ҳечким уларга,
Зориқтирса ҳамки ярим парча нон.
Малол келса ҳамки уй эгасига
Бирдан босиб келган шунчалик меҳмон».

«Бўламиз ҳарқандай хўрлиққа рози,
Ҳарқандай офатга берамиз бардош.
Мос келар ҳарқандай тошу торози,
Ва лекин фашистга эгмаймиз ҳеч бош».

«Наҳотки, йўқ бўлиб кетса шунча қон,
Фашист ҳоким бўлса бизларга, наҳот?
Ҳечқачон, ҳечқачон, ҳечқачон!
Қуёшни енголмас қора зулмот!»

 
БАЛЛАДАЛАР

ЖАНГЧИ ТУРСУН

1942

Дарёнинг ёқасида
Неча кундир борар жанг.
Бугун яна не қилар?
Турсуннинг боши гаранг.

Зўр жангларнинг шиддати
Қилди уни гунг ва лол,
Қўрқиб қолди у, ҳатто,
Қочмоқни қилар хаёл.

Бугун унинг ротаси
Атакага киради,
Лекин жангчи Турсунга
Жон ширин кўринади.

«Ўлиб кетсам бўлмайди,
Қочганим яхши тезроқ...»
Жангчи Турсун қочишга
Улгуролмайди бироқ.

Почтальон онасидан
Келтиради унга хат.
Рота ҳужумга тайёр,
Буйруқ кутади фақат.

Хатни секин очади,
Уни титроқ ўрайди.
Онанинг сўзларидан
Барг каби қалтирайди;

Ўғлим, сендан хушхабар
Келарми, деб кўз тутдим.
Лекин, кўп жойни ташлаб
Кетипти, деб эшитдим.

Шунда бутун танимни
Ёндириб, қаҳрим келди.
«Тўхтагил!» деб ҳайқирдим,
Тилимга заҳрим келди.

Қаёққа чекинасан?
Борми кераксиз еринг?
Не учун одам бўлдинг
Келмасанг душманга тенг?

Сенингчун бутун элни
Оғир уят тутсинми?
Сени кўрганда қуёш
Юзини беркитсинми?

Кўчадан ўтганингда,
Ерга қарасинми эл?
Икки кўзингга қараб
Тупроқ тўзғитсинми ел?

Кўзинг тушганда, Аму
Илондек тўлғонсинми?
Зарафшон уятингдан
Янтоқ каби ёнсинми?

Йигит бўлиб, дунёда
Шу учун юрганмидинг?
Ўз юртидан чекинган
Ботирни кўрганмидинг?

Халқинг учун тўккали
Йўқми бир қошиқ қонинг?
Ватаннинг тупроғидан
Ширин эканми жонинг?

Ватандан бошдан оёқ
Қочиб ўтмоқчимисан?
Ўз туғилган ерингдан
Чиқиб кетмоқчимисан?

Сўнг қаёққа борасан,
Қаерда топасан жой?
Саргардон қулни ҳатто,
Топа олмагай худой!

Ёт элларда хор-сарсон
Гадой бўлмоқчимисан?
Қабр учун керак ерни
Қарзга олмоқчимисан?

Ўғлим, бу оғир кунлар
Бир кун ўтиб кетади,
Лекин қўрқоқнинг шаъни
Минг йилларга ўтади.

Шунинг учун жангда мард
Бўлганинг яхши менга,
Қочиб тирик қолгандан
Ўлганинг яхши менга.

Орқангга қарама ҳеч,
Ёвни бурда-бурда қил!
Агар ўқ текканда ҳам
Олдинга қараб йиқил.

Ўртоқларинг устингдан,
Майли, сакраб ўтсинлар.
Ёв агар аждар бўлса,
Ўшани ҳам ютсинлар.

Яна бир дўстингга айт,
Сенинг ёнингда борсин.
Қон бўлган кўйлагингни
Олиб, менга юборсин.

Мен уни бутун элга
Фахр этиб кўрсатаман.
Шаҳар, қишлоқлар бўйлаб
Уни кийиб ўтаман.

Ҳамма десин: «Бу ўтган
Бир ботирнинг онаси.
Ватан учун ўлипти
Унинг ёлғиз боласи...»

Рота жангга киради,
Турсун бошида зўр юк.
Дунёда ҳеч сўз борми
Она сўзидан буюк?

Милтиғини кўтариб
Боради Мажнун каби,
Она сўзларин айтиб
Пичирлаб турар лаби.

Бирдан бошланган ҳужум,
Она сўзини дейди.
Оёғи остида қум,
Она сўзини дейди.

Ўқларнинг йиғисидан
Учар она фарёди,
Бомба портлашларидан
Эшитилади доди.

Лойланиб оққан-дарё
Онянинг кўз ёшидай.
Бошин эгиб дарахтлар
Турар ғамгин бошидай

Она оғир ва хафа
Кўринади Турсунга,
Кўзини очолмайди
Боқа олмайди кунга.

У найза санчишади,
Санчийди олға томон.
Ўлим нима билмайди,
Кўринмас кўзига жон.

Немиснинг ўлигини
Босиб ўтиб боради.
Найзага қалпоғини
Осиб ўтиб боради.

Ҳамон чопиб боради,
Ва лекин кўкраги қон,
Оғриқни ҳеч сезмайди,
Сира қилмайди фиғон.

Минг еримдан тешсанг ҳам
Энди қўрқмайман, дейди.
Ичган билан қонингга
Асло тўймайман, дейди.

Ўт ёнган кўзларига
Тикилган каби ҳамон
«Тўхтама!—дейди она,—
Чоп,— дейди,— олға томон!»

Оғайнилар, ўртоқлар,
«Санч!» деганга ўхшайди
«Тўғрингдаги фашистни
Янч!» — деганга ўхшайди.

Найза санчар маст каби,
Найзаси қипқизил қон,
Қўлдаги милтиғи қон
Ва кийган кийими қон.

У, ерга йиқилади,
Ўқдай учиб бораркан.
Тоғдай оғир қулайди,
Қуш сингари енгил тан.

Танидан булоқ каби
Тинмай қон тирқирайди.
Тирсагига тиралиб
У атрофга қарайди.

Анча узоқ кетипти,
Фашист ҳам бўпти тамом
Уфуқ ҳам қизарипти,
Қуюла бошлапти шом.

Жангчи дўстлари энди
Дарёдан ўтмоқдалар.
Барчаси тўпланишиб,
Кўприкни тутмоқдалар.

У жуда хурсанд бўлиб
Тупроққа қўяди бош.
Бошлари қипқизил қон,
Гўё ботучи қуёш.

Ўлдими, ухладими?
Энди барибир унга.
Уйқуси ўлим каби,
Ўлим ўхшар уйқуга.

Эркаланиб ётади
У Ватан тупроғида,
Ёш бола ётганидай
Онанинг қучоғида—


РАКСАНАНИНГ КЎЗ ЕШЛАРИ

1944

Кичкина бир тугунчак
Раксана қўлларида,
Айланади қуюндай
Шаҳрихон йўлларида.

Кезар тинмай дарбадар,
Ҳеч кимга айтмас аҳвол;
То шомдан тонгга қадар
Давом этади бу ҳол.

У тинмасдан қийшиқ, тор
Кўчаларга киради.
Топгандек яна озор
Чўлларга югуради.

Қўлида бир тугунчак,
Қаттиқ босган бағрига.
Сўйлагил, эй келинчак,
Бунча чопасан нега?

Гоҳ сойда, гоҳ кўчада,
Кезиб нелар қиласан?
Бу зимзиё кечада
Нималар қидирасан?

Лекин ҳечбир гап кирмас
Раксана қулоғига.
Чопади, олмас нафас,
Боқмас сўлу соғига.

Қўлида бир тугунчак,
Уни яширмоқчими?
Ё бир умр қуюндак,
Дарбадар юрмоқчими?

Уни ҳеч ким кўрмайди,
Ҳамма ундан бехабар.
Барибир тополмайди,
Излаганда ҳам агар.

Қаттиқ уйқуга қониб
Ётади тун қучоғи;
Сора сачраб уйғониб
Кетади саҳар чоғи.

Оғир қисиб нафаси
Чиқади ташқарига:
Раксананинг хонаси
Очиқ ётипти, нега?

Хонада йўқ ўзи ҳам.
Сора тамом бўлар лол,
Ҳамма сир унга мубҳам
Келтиради зўр малол.

Не воқиа ўтипти?
Бу нима гап, бу не ҳол?
Қаёққа ҳам кетипти,
Бизнинг мусофир меҳмон?

Гангиб қолдими боши?
Шўрлик қолди қаёқда?
Йўқ-ку ҳеч қариндоши,
Юрти ҳам кўп узоқда!

Ва ёки ўртамизда
Ёмон бир гап ўтдими?
Ёки айб кўриб бизда,
Уйни ташлаб кетдими?..

...Ё соғиниб элини
Бўлдими юраги қон?
Ажабо, қайга кетди,
Бизнинғ мусофир меҳмон?

Сора бутун ҳавлини
Турғизади оёққа,
Ҳаммаси Раксанани
Чиқишар изламоққа.

* * *

Ниманидир излайди
Раксана ҳамон тинмай,
Майин-майин бўзлайди,
Кўнглида бир ғамгин най.

Ариқ, жарлардан ошиб,
Қарайди деволларга.
Юра-юра адашиб,
Суянади толларга.

У билмайди не гаплар
Ҳавлида ўтганини,
У билмайди қўшнилар
Уйғаниб кетганини.

Сора кўтариб ғавғо
Чиққанини ҳам билмас
Дунёда ўзни танҳо
Сезади у шу нафас.

Қўлидаги тутунчак
Унга энг зўр қадрдон.
Дунё, ҳазина, чечак—
Бари бир пул шу занон.

Суяниб букилади
Дала оғочларига.
Тонг нури тўкилади
Паришон сочларига.

Турар ҳечнарса сезмай,
Оғир қарашлари ҳам.
Тик турар ғам қушидай
Ингичка қошлари хам.

Кипригини ҳўл қилган
Шабнамми ва ёки ёш?
Жувонга нима бўлган?
Ким экан унга йўлдош?

Не алам босган уни?
Улфат бўлган қандай ғам?
Бағрига босганини
Кўра олмас қуёш ҳам.

* * *

Оҳ, Раксана, бағрингга
Нимадир ул босганинғ?
Не мушкул иш бошингга
Яна ёғилди санинг?

Бу ёлғиз—танҳоликни
Топдинг қайси китобдан?
Яширасан нимани
Ҳаттоки офтобдан?

Сенинг учун шу қадар
Азиз бўлган нима у?
Нега лабларинг титрар?
Ҳамроҳинг қайси қайғу?

Наҳот одамизоддан
Уни шунча яширсанг?
Кечиб бутун ҳаётдан
Тунларда якка юрсанг?

Ва сен учун наҳотки,
Бир сирдош топилмади?
Сўйлагали дардингни
Бир йўлдош топилмади?

* * *

У, атрофда бир овоз
Эшитганга ўхшайди.
Қалб ипларини бир соз
Хўп чертганга ўхшайди.

Маст каби қарайди жим,
Нотаниш қишлоқларга.
Кетиб хаёли бир зум
Анча узоқ ёқларга.

Йўлга тикилар экан
Кўзи тамом тинади,
Жондан ҳам ортиқ севган
Элини соғинади.

У элни эслаганда
Қисилар нафаслари.
Торайган бўлиб яна
Қалбининг қафасларш

Хонадонига бирдан
Фашист бўлганда эга,
Партизанликда қолган
Эри келар ёдига.

Ўтади кўз олдидан
Кўкка чиққан тутунлар.
Кичкина Вова билан
Қишлоқдан чиққан тунлар.

Эй, онам кўмилган ер,
Нега бунча йироқсен?
Кул бўлсанг ҳам барибир
Мен туғилган тупроқсен.

Эй ўғлим туғилган эл,
Қандай қилай соғинсам?
Етармидим мен енгил
Хаёл қушидай бўлсам?

Лекин мен етолмайман,
Бошимга тоғ йиқилган...
Ҳеч нарса деёлмайман
Бу кеча... Вова... ўлган...

* * *

Оппоқ тонг туманида
Кимлардир изғишади.
Кўп сирлар гумонида
Баланд-пастга тушади.

Раксанани излашар —
Улар олдида Сора.
Жонсаракча сўзлашар
Қилиб минг хил ишора.

Қаерда ҳам қолди, дер
Бизнинг мусофир меҳмон?
Ҳаммаси ҳам афсус ер,
Тополмасдан бир нишон.

Чарчамай изламоқдан,
Сора ичади қасам,
«Таом ўтмас тамоқдан
Раксанани топмасам».

* * *

Раксана кўзларини
Тикади тугунчакка.
Ёш ювиб юзларини,
Доди чиқар фалакка:

«Сени мен қандай қилиб
Тупроққа топширамен.
Сўнгра тириклай ўлиб
Қандай қилиб юрамен».

Сойнинг катта тошига
Бош уриб сувлар куйлар.
Раксананинг бошига
Келади минг хил ўйлар.

Уни босар талваса,
Яна ортади зори:
«Бу ерда қайда бўлса
Християн мозори».

Мусулмонлар боламни
Қўярми ўз ерига.
Ё тақдир, мунча мени
Улоқтирдинг сен нега?

Раксананинг лабларй
Нималардир пичирлар.
У, мозорга киради,
Кўнглида қанча сирлар.

* * *

Қаршисига мозордан
Пешвоз чиқади бир чол,
Қошлари ҳам оқарган,
Кўкрагигача соқол.

Қўлида бир тугунчак,
Раксана турар титраб,
Тили тутилган андак,
Айтолмайди бирон гап.

Салом,— дейди,—жон қизим;
Ерга эгилади чол.
Бир нарса сезгандай жим
Ва бермас ҳатто савол.

«Боламни ол, отажон,
Муқаддас мозорингга;
Билки, келдим, бегумон,
Паноҳ тутиб мен сенга».

Чол йиғлайди, милдираб,
Кўзидан келади ёш;
Киприкларида кўлоб,
Тугалар сабру бардош:

«Билсанг, менинг ҳам ўғлим
Қолди сенинг ерингда.
Бор менинг ҳам бир қабрим
Сенинг севган элингда.

Бу уруш кўп халқларнинг
Озорини ҳам қўшди,
Тақдирини қилди тенг,
Мозорини ҳам қўшди».

Болани икки қўллаб
Оҳиста олади чол.
Гўёки чанқаб, чўллаб
Хўп ўпади бемалол.

«Бу тупроқ энди сенга
Она қизим, ёт эмас.
Украинани ҳам менга
Ҳечким бегона демас».

Кўз ёши булоқ-булоқ
Чол нимадир ўқийди.
«Ё омин, энди тезроқ
Душман йўқ бўлсин» — дейди.

* * *

Бир тўда одам билан
Бўлиб тоза овора.
Мозор бошига бирдан
Етиб келади Сора.

Раксанани бу ҳолда
Кўриб қолади ҳайрон:
Зўр изтироб бор чолда,
Йиғлар мусофир меҳмон.

Сора ўзини билмай
Раксанага ташлайди.
Ҳамма ўзин тутолмай,
Бирдан йиғлайбошлайди.

Йиғи-сиғиларини
Эшитмайди ёш гўдак.
Ва юмиб лабларини,
Етади гўё чечак.

Чечак эмас у асло,
Очилмаган бир ғунча,
Уни урипти бало
Гул бўлиб очилгунча.

Ётади манглайи кенг,
Жон йўқ киприкларида,
Қимирлаш йўқ боланинг
Момиқ билакларида.

Ётади у беозор,
Ёзиб қулочларини.
Фақат шаббода зор-зор
Тарайди сочларини.

Раксана қарайди-да
Ҳасратлари ошади.
Тонг қушлари ҳавода
Учишиб йиғлашади.

Вовани қўядилар
Улар қора тупроққа,
Сўнг яна бошлайдилар
Увуллаб йиғламоққа.

Уларнинг бошларида
Учади кўп кабутар,
Раксана ёшларида
Акс этади бехатар.

О, Раксана, эй санам,
Ютдинг заҳар-заққумлар,
Осиёда бўлдй нам
Ёшларингдан кўп қумлар.

Ажаб эмас безавол
Бу қумларда гул унса,
Манзил топса бемалол
Ҳаёт қушлари қўнса.

* * *

Қоронғилиқ йўқолиб,
Тонг тамом ёйилади.
Дунё нур ичра қолиб,
Қуёш билан тўлади,

Одамлар уйларига
Қайтишадилар шунда;
Ва гўёки ҳеч нарса
Ўтмагандай, бу тунда.

 
ПОЭМАЛАР

ОЙГУЛ БИЛАН БАХТИЁР

1937

I

Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда,
Кўп эртак эшитгандим,
Сўйлаб берарди бувим.
Эсимда ўша дамлар:
Ўзи учар гиламлар,
Тоҳир-Зуҳра, Ёрилтош,
Ойни уялтирган қош,
Ўт боғлаган қанотлар,
Беқанот учган отлар,
Бахтиёр билан Ойгул,
Қиз бўлиб очилан гул,
Сўйлагучи деворлар,
Бола бўп қолган чоллар...
Бувимнинг ҳар қиссаси,
Ҳарбир қнлган ҳиссаси
Фикримни тортар эди,
Ҳавасим ортар эди.
Тннглар эдим бетиним
Узун тунлар ётиб жим,
Сеза олардим кучин,
Кўпи ёлғон, кўпи чин.
Аммо, Ойгул-Бахтиёр
Эртагини у такрор
Қилар эди ҳар кечин:

II

Жамбил деган томонда,
Жуда қадим замонда,
Қуллар исён қилдилар.
Жангга кириб қўшинлар,
Урушиб ою кунлар,
Дунёни қон қилдилар.
Тинчлик тугаб оч элда,
Мамлакат қолди селда.
Даҳшат ичра ёниб хон
Ҳар томон қилди фармон.
Тўхтамай довул қоқди,
Майдонларга ўт ёқди.
Ўз ҳолига қилиб ор,
Тикиб қатор-қатор дор,
Кўзларига тўлиб қон,
Замбараклар бўшатди.
Тани заҳарга ботди.
Жамбил эли кўп замон
Тўполон бўлиб ётди.
Бир ғазаб ичра жони,
Жамбилнинг золим хони
Кечар элнинг қонида.
Қулларнинг исёнида
Ўтарди ою кунлар,
Қонга ғарқ бўлиб тунлар
Чайқар оғриқ бошини,
Очлар тўкиб ёшини
Олишарди куну тун,
Яланғочлар ҳам бутун
Берарди майдонда жон —
Талаб қилиб ҳақ ва нон.
Асло қўрқмай ўлимдан,
Уч оларди зулмдан;
Сира қилмай андиша
Чопарди қўлда теша;
Бирави ушлаб касов,
Саваларди келса ёв.
Болтаси бор бирининг —
Ўлим келмас унга тенг.
Агар дуч келса шу чоқ
Ағдарарди бўлса тоғ.
Чўри бўлган отинлар,
Қул аталган хотинлар
Кумушдай оппоқ соқол
Кўкрагини босган чол,
Ёш гўдаклар, жувонлар,
Новқирон паҳлавонлар
Жон оларди бериб жон.
Ва қанча-қанча қурбон
Етар эди қоқ ерда,
Танлари бурда-бурда.
Ўтиб юзлаб-минглаб йил,
Бундай тарихни Жамбил
Кўрмагандй умрда...

III

Исёнчи кекса Дархон
Қулларга бошлиқ эди.
Қизи Ойгул ютар қон,
Кўзлари ёшлик эди.
Ота-бола иковлон
Қуллар учун бериб жон,
Хонни ўлдирмоқ учун,
Кўтариб элнинг кучин
Кезардилар исёнда,
Минг алам, мпнг фпгонда.
Исён, бостирилган куп,
Дархонни қилиб тутқун
Саройга келтирдилар.
Ясов тортиб қўшинлар
Совлат билан турдилар.
Сўнг золим хонга улар
Танитдилар Дархонни:
«Шу бошлаган исённи
Шудир Дархоннннг ўзи,
Мана бу Ойгул қизи...
Тикиларди золим хон.
Тикилар эди Дархон.
Ёндиргудай жаҳонни,
Қул қилғудай ҳар жонни
Қт бор эди кўзида,
Зўр талваса юзида
Ва хон ташлаб кўз қирин
Сўради бирин-бирин:
«Қани сўйлагил Дархон,
Не фойда берди исён?
Кимлар ўлди, ким омон?»
Дархон сўз бошлаб деди:
«Мен ва қизимдан бошқа
Ўлмаган қул қолмади,
Кириб шунчалик ёшга
Кўрмовдим шунча қонни,
Шунча зору фиғонни.
Эл хону монин буткул
Сен ўт ёқиб этдинг кул.
Жамбил эди бир бўстон
Қилдинг уни гўристон
Сендай қонхўр золимдан
Қолмасин деб бирар зот,
Бош кўтардик, зулмдан ,
Бўлмоқчи эдик озод.
Лекин бу гал бўлмади,
Аммо тилак ўлмади:
Бир кун сани йиқармиз
Ва қабрга тиқармиз».
Хон қовоғини уйди,
Булутлар ёмғир қуйди,
Яланғочлаб қилични
Қулнинг бўйнига солди.
Боши кетган қуш каби
Дархон типирлаб қолди,
Ерлар қонга бўялди.

IV

Имо қилди золим хон,
Сарой бўш қолди шу он.
Қулнинг гўзал қизига
Яқин келди. Юзига
Ўлгундайин тикилди.
Қизнинг олдида бу хирс
Кўрсатиб ёввойи ҳирс
Ерга қадар букулди;
Кўзида ҳийла кулди:
«Чўри қиз, энди менга
Хотин бўлирсан» деди.
«Хашаматли саройда
Отин бўлирсан» деди.
Қиз живирлаб бадани —
«Севмайман,— деди,— сани.
Йўқ. Бўлмасман, ўйлама.
Бундай сўзни сўйлама.
Сен отамдан айирдинг,
Қанотимни қайирдинг.
Қўзғолон қилиб ўлган
Шунча қуллар номидан
Нафратим бордир санга.
Ўзинг ўйлаб кўр танга:
Сен одам эмас-ку сан,
Ҳайвондан ҳам паст-ку сан,
Хотин бўлмасман асло.
Келса бошимга бало,
Уни сендан кўрарман.
Доим қарғаб юрарман.
Тақдирим ёр бўлса-ю,
Фурсат қулай келса-ю
Сени агар ўлдирсам,
Танингга ханжар урсам;
Дунёда энг бахтиёр
Одам бўлардим номдор».
Золим хон хўп тутоқди,
Ғазаб ўтида оқди.
Қутуриб қаҳри келди.
Илондай заҳри келди,
Жаҳлига чидолмайин,
Ҳеч сўз дея олмайин,
Жаллодларни чақириб,
Йиртқичларча бақириб,
Ундан ўчини олди,
Қизни зиндонга солди,
Бир ёмон ўйга толди.

V

Золим хон саройида
Кекса бир қул бор эди.
Куни ўтар қайғида,
Ҳар нарсадан хор эди.
Уни дердилар Тарлон.
Ўлдирилганда Дархон
Тоқати ҳеч қолмади,
Асло чидай олмади.
У қайнаган қонини,
Фарёд чеккан жонини,
Қўймоққа топмади жой.
Хира бўлди кўкда ой,
У гўё бир буюк тоғ —
Юзида минг йиллик доғ.
Чунки зиндон тагига
Ташланган бизнинг Ойгул.
Ғаш солар юрагига,
Азоблар уни буткул.
Бу золим хон Ойгулни
Ўлдирар, деб албатта,
Қайғиси эди катта.
Ахир у топди йўлни:
Уйқуга кетганда хон,
Ойгулни қутқармоққа
Қаттиқ қасд қилиб Тарлон
Йўл солди зиндон ёққа.

VI

Бордию арқон солди,
У зимзиё чуқурдан,
Қабрдай қўрқинч ўрдан
Ойгулни тортиб олди.
Бутун атроф қопқора,
Шундай мудҳиш тун ,ора
Ойгул билан қул Тарлон
Бўлдилар йўлга равон.
Иккави ҳам жим эди.
Ахири Тарлон деди:
«Қизим, сени золим хон
Ўлдиражак беомон.
Мен сени қутқармоққа
Олиб келдим буёққа.
Фақат не ҳам қилардим,
Нима қила билардим?
Мен ҳам қулман, қанотим
Сеникидай қирқилган,
Менга ҳам ўша золим
Қилар ишини қилган.
Шунинг учун ўч олиб
Бу ишини бузаман,
Сени сандиққа солиб
Дарёга оқизаман.
Агар ўлмасанг, биров
Сув бўйида қилиб ов
Сенга дуч келиб қолур
Сувдан чиқариб олур.
Бир кунингни кўрарсан.
Ўйнаб-кулиб юрарсан!»
Азоб ичра ёниб жон,
Қора кунда қул Тарлон
Қизга қайғудош келди;
Ғамига йўлдош келди.
Қони қочиб юзидан,
Қизнинг қора кўзидан
Ёмғир каби ёш келди.
Секин тушди, сандиққа,
Сандиқ ҳам тиққа-тиққа
Бўлиб Ойгулни олди —
Хипча бели буралди.
Тарлон яна нон солди,
Нон демаки, жон солди.
Атрофга кўз ташлади,
Сандиқни дарё томой
Сўнгра судрай бошлади.
Уйқуда эди ҳаръён,
Сувга ташлади уни.
Ойгул ҳам оқиб кетди
Ва қулнинг юрагини
Ўт бўлиб ёқиб кетди.
Бир чзқмоқ чақиб кетди.

VII

Уйқудан уйғониб хон
Ойгулни сўрамади.
Зиндонга ташланган жон
Не бўлди ҳам демади.
Ичдан севиниб Тарлон
Юраркан уён-буён,
Ҳеч нарсадан бехабар
Кўзи кўр, қулоғи кар
Бўлиб кўринар эди;
Тинмай уринар эди.
Тинчлик эди саройда,
Қиз бўлса катта сойда,
Сув юзида бетиним
Оқиб борар эди жим.
Ойгул шу ҳолда уч ой
Муттасил оқиб борди.
Қанча дара, қанча сой,
Уни узатиб қолди.
Лекин дечким тутмади.
Ҳечбир савдо ўтмади
Ва фақат тугаб нони
Пича қийналди жони.
Ўртаниб аламидан,
Шу ҳолда кетиб борди.
Ахири Жаржон деган
Бир юртга етиб борди.

VIII

Жаржоннинг даласида,
Дарёнинг ёқасида,
Бир чол ўтин терарди,.
Доим шунда юрарди.
У бир кун жуда хорди,
Озгина тин олгали,
Бир оз эркин қолгали
Дарё лабига борди.
Ва шу чоқда қари чол
Бир иарса кўриб қолди.
Ҳовлиқиб бўлди хушҳол,
Қаққайиб туриб қолди.
У йўқ эди ўзида:
Бир сандиқ, сув юзида
Лопиллаб келар эди,
Тўлқинда елар эди.
Олмайин икки кўзин,
Ечина солиб дарҳол
Сандиқ кетидан ўзин
Дарёга ташлади чол.
Бирпасда тутиб олди.
Қирғоқ сари чиқарди.
Сандиқни очмоқ учун
Сарф этди бутун кучин.
Сира оча олмади,
Тоқати ҳеч қолмади.
Энг сўнгра ўроқ солди,
Тешдию ҳайрон қолди:
Эски сандиқ ичида
Бир қиз кўринар эди.
Унда қийналиб жуда
Ҳа деб уринар эди.
Содданинг тили қотди.
У ўзини йўқотди.
Оғир бир ўйга ботди:
«Эҳтимолки, бу қиз бир
Савдогарнинг қизидир.
Эҳтимолки, бир суқсур,
Бир парининг ўзидир.
Чўкиб балки кемаси,
Бу қиз кетгандир оқиб,
Дарё бўйлаб улоқиб;
Эҳтимол, бир онаси
Қолгандир бағрин ёқиб.
Сўйласангчи, ҳой одам,
Нега ҳеч урмайсан дам?»
Дея чол қизга айтди.
Ойгулдан жавоб қайтди:
«Агар сандиқни ёрсанг,
Омон-эсон чиқарсанг,
Сенинг қизинг бўлурман,
Жуда ҳам бой қилурман».
Ташвишга солиб бу ҳол
Жуда ҳайрон қолди чол,
Лекин ҳеч ишонмади.
Кўнгли гапга қонмади.
«Эл олдида очай,— деб,—
Ёмон бўлса қочай»,— дсб
Сандиқни кўнгли содда,
Бозорга олиб кетди,
Кун бўйи терган ҳама
Ўтини қолиб кетди.

IX

Бозорда қари чолни
Ўғри дея тутдилар.
Ура-сура шўрликни
Подшо сари элтдилар.
Подшо ҳам ғазаб билан
«Бу нима» деб сўради,
Соқчилар бир гап билан
Атрофини ўради.
Чолнинг тили тутилди,
Қўрқди, ўпкаси тўлди,
Секин: «билмайман» деди.
Бўздай оқарган эди.
Сўнг подшо қиличини
Яланғочлаб бир солди.
Бечора чолнинг тани
Шу он бекалла қолди.
Қўшинлар питирлашиб
Сандиқни тез очдилар,
Жонли бир нарса кўриб
Тура-тура қочдилар.
Сандиқдан бир жонивор
Қоматини кўтарди,
Чинордайин бўйи бор,
Одамга ўхшар эди...

X

Ойгул туриши билан
Сарой чарақлаб кетди,
Ҳаммаёқ бўлиб равшан,
Уйлар ярақлаб кетди.
Ой деганда юзи бор,
Кун деганда кўзи бор
Бир гўзал қиз қаршида,
Бебаҳо эди жуда.
Қалдирғоч қошларидан,
Тўниб қарашларидан
Ҳаёт сочилар эди,
Гуллар очилар эди.
Подшонинг ақли шошди,
Ўт ичида туташди.
Ҳар томонга югурди,
Дам ўтирди, дам турди.
Бундай гўзал юлдузни,
Бунчалик барно қизии
Асло кўрмаган эди,
Ишрат сурмаган эди.
У чандон яқдан келиб,
Еб қўйгудай тикилиб:
«Сен менга теккин» деди.
Қиз ундан жирканарди,
Ичи ўтда ёнарди.
Подшодан қиларди ор,
Ўзини сезарди хор.
Ишлатиб у бир ҳийла,
Топиб қулай васила,
Кетмакка қилди қарор:
«Майли, тегайин сенга,
Бунинг учун сен менга
Қирқ кун муҳлат бергайсан
Озгина тин бергайсан.
Жуда ҳам ҳолдан оздим,
Сандиқда ўлаёздим!»
Подшо сира кўнмади,
Қиз дегани унмади.
Ахири қиз уч кунга
Қўй деб ёлварди унга.
Ҳамон бўлмади рози:
«Барча тошу тарози
Бир кунга чидай олур,
Уйнаб ғаминг тарқалур.
Сўнгра тўйни қилурмиз,
Эру хотин бўлармиз».
Қиз гўё кўнган каби
Подшога индамади.
Подшо ҳам қизга энди
Ҳечбир нарса демади.
Қўшилиб қирқ қизларга
Ойгул ташқари чиқди,
Кўзи тиниб бўзларга
Шўрликни қайғи йиқди.
Ичидан ёна-ёна
Чўмилмоқни баҳона
Қилиб, Ойгул қизларни
Дарёга олиб борди.
Қирқ қизлар бирин-бирин
Ечина бошлар экан,
Айтиб бир-бирин сирин
Пичинглар ташлар экан,
Юзи гул, сочи сунбул —
Бизнинг қайғули Ойгул
Бироз ўйлаб турди-да,
Кўзини чирт юмди-да
Ўзини сувга отди;
Шу ондаёқ у ботди.
Ойгулни Жайхун балиқ
Олди-ю ютиб кетди.
Томоғидан қилчалик
Оп-осон ўтиб кетди.
Қирқ қизлар саросима,—
Чувиллашиб қолдилар:
«Нима гап, нима, нима»
Дея шовқин солдилар.
Ҳаммалари ноилож,
Баъзилари яланғоч
Саройга югурдилар
Ва подшога билдириб
Дириллашиб турдилар.
Подшо ҳам чапак уриб
Дарёга чопиб борди,
Зир югуриб ахтарди.
Лекин унда кимса йўқ.
Дарё ҳам силлиқ-силлиқ
Ҳар кунгидай бетиним
Оқиб борар эди жим.
Подшо энди хўп нолон,
Нима учун бир кунга
Муҳлат бердим деб унга
Ўлгудайин пушаймон.
Ичини ит тирнади.
Зиёда бўлиб дарди,
Ер за кўкни у яниб,
Ўз ўтига ўртаниб,
Юриб қизни ахтарди.

XI

Гўзал юрт Сусамбилда
Бир подачи бор эди,
У машҳур эди элда,
Номи Бахтиёр эди.
Гўзал эди ва чинор
Қоматига эди зор.
Кўкраклари бутун бир
Офтобни яширарди.
Танларида бир умр
Ўт ловиллаб турарди.
Қиличдай ўткир эди,
Рустам каби зўр эди.
Аммо элда хор эди,
Камбағал ночор эди,
У доим боқиб пода
Юрар эди саҳрода.
Чўлларда яшар эди,
Қирлардан ошар эди.
Қалбида минг турли доғ,
Кўз ёши булоғ-булоғ
Сув ёқалаб бораркан,
Ҳар томонга қараркан.
Балиқ овлаб дарёда
Юрганларга йўлиқди.
Шу чоқда унинг содда
Кўнгли бироз тўлиқди.
«Жиндай нон борми?» дсди.
Балиқчи танти эди:
«Йўқдир берар нонимиз,
Лекин куяр жонимиз.
Майли, шу сафар тўрга
Чиққанин ол ўзингга.
Узун умринг бор бўлсин,
Бола, бахтинг ёр бўлсин».
Рози бўлди Бахтиёр.
Ва толеига шу бор
Жайҳун илиниб қолди.
Улкан балиқни олди,
Икки ҳўкизга ортиб,
Олдиндан ўзи тортиб,
Уйга томон йўл солди.
Ҳовлиқиб толиб келди
Уйига олиб келди.

XII

Ота, деди у, дарҳол
Ҳозир бўлди қари чол.
Ва ота-бола икков
Балиққа солдилар дов.
Отаси пичоқ олди,
Ўғли ойболта солди.
Балиқ қорнин ёрганда,
Пичоқ белга борганда
Чол бирдан чўчиб қочди.
Бахтиёр ғазаб сочди.
Балиқ қорнида шу он
Тебраниб уён-буён
Ойгул кўзини очди.
Ва Бахтиёрни кўрди,
Бошига қон югурди.
Қора кўзлари ёниб,
Бир муҳаббат уйғониб,
Қалби жизиллаб қолди,
Қизарди бегап қолди.
Танасини қуршаб ўт,
Қипқизил, мисли ёқут,
Титрагучи лаб қолди.
Ҳайронликда кўп замон,
Жим қолдилар учовлон.
Охирида қиз туриб
Уларга таъзим қилди,
Чолга қараб эгилди.
Улар яқин келдилар,
Ким эканин билдилар.
Ойгул: «Нон борми?» деди.
Подачи танти эди:
«Нонимиз йўқдир билсанг,
Озгина сабр қилсанг
Балиқни пиширармиз,
Биргалашиб еярмиз».
Ойгул унга, хўп, деди.
Чолга гапи кўп эди:
«Ота, қабул қилсангиз
Ўғлингизга тегайин.
Сиз ҳар нарса десангиз
Мен бўйнимни этайин».
Чол довдираб ҳангуманг
Жавобига келди танг:
«Қизим, бизда ҳеч пул йўқ.
Молу дунё буткул йўқ.
Қандайин тўй қиламиз?
Сени нима биламиз?»
«Мен дунё сўрамайман,
Бой одамга бормайман.
Сиз хоҳласангиз агар
Бошингизга тўкай зар»...
Чол рози бўлган каби
Ҳечбир нарса демади.
Бахтиёршнг юраги
Гупиллаб урар эди.
Бу ажиб учрашувдан
Барча хурсанд эдилар.
Жайхунни қайноқ сувдан
Олиб бирга едилар.

XIII

Кеч ҳам кирди. Дала, чўл
Туманга ботди буткул,
Чол дарров чўкиб ётди.
Бахтиёр билан Ойгул
Суҳбатида тонг отди.
Қулларнинг исёнидан,
Ўлганларнинг қонидан,
Отаси солган фироқ
Бағрини ёққанини,
Сўзлаб чиқди у узоқ
Са ндиқда оққанини.
Сўзлади золим хондан,
Эртак айтди Жаржондан,
Балиққа ютилганин,
Тўрларга тутилганин,
Молу дунёни демай,
Подшоларни хоҳламай,
Подачини деганин.
Узоқ элдан келганин,
Сўзлаб ўлтирди Ойгул
Очилиб мисоли гул,
Шодлигидан Бахтиёр,
Қарарди такрор-такрор.

XIV

Ойгул дарёда балиқ
Қорнида ётганида,
Икки катта ҳалқалик
Гавҳар топувди унда.
Қадрини билган эди,
Эҳтиёт қилган эди.
Тонгда у йўқлаб чолни.
Арз этди ушбу ҳолни.
Чол ўзини унутди
Ойгул гавҳарни тутди:
«Мана бунинг бирини
Бозорга сотиб келинг,
Билиб унинг сирини
Олтинга ботиб келинг».
У, бозорга жўнади.
Юрса йўли унади.
Чол ушлаганча гавҳар
Бозорда юрар экан,
Харидор сўрар экан,
Битта катта савдогар
Хабардор бўлиб қолди,
Чолга ёпишиб олди.
Гавҳарга чангал солди.
Бир сандиқ олтин бериб
Чолни жўнатиб қолди.
У ҳам тезгина эриб
Сусамбилга йўл олди.
Лекин уста савдогар
Деяр эди ҳар сафар:
«Бахтим ёр бўлиб агар
Яна битта шундақа
Тополса эдим ҳалқа,
Етти иқлимнинг божи,
Божи билан хирожи,
Қимматига сотардим.
Бир умр еб ётардим».
Шунинг учун кўп хижил
Кезар эди элма-эл.

XV

Яна кунлардан бир кун
Ойгул чолни чақирди,
Тағин бир ҳалқа берди.
Чол ўзида йўқ бутун,
Бозор томон югурди.
Дуч келиб у савдогар
Яна сўради гавҳар.
Чол «бор» деди, у бу бор
Эди жазман харидор.
Чолни қўймай ҳолига,
Олиб чиқиб холига.
Икки сандиқ олтинни
Нахт бериб олди уни.
Олтинни отга ортиб,
Ўзи кучаниб тортиб,
Сусамбилга бошлади,
Девдай қадам ташлади.
Олтинларнинг барини
Тўплаб, ёшу қарини
Чақириб, гўзал Ойгул
Яшнаб мисоли бир гул,
Бахтиёри ёнида
Оташ ёниб қонида
Каттакон кенгаш очди,
Лабларидан дур сочди.
Сусамбил тарихидан,
Эзилганлар ҳолидан,
Подшоларнинг зулмидан,
Хўжаларнинг молидан
Сўзлади жуда узоқ.
Охири деди: «Бироқ,
Бу ҳол узоққа кетмас,
Орзулар беиз битмас,
Сусамбилда биз янги,
Бир дунё қурмоқчимиз.
Ҳар камбағал кўмакчи,
Бўлсин содиқ соқчимиз.
Бундай бир юртни фақат
Эзилганлар қурурлар.
Сўнг улар қават-қават
Соз уйларда турурлар».
Бу сўз ёшу қарига
Мос бўлиб тушди жуда.
Эртаси тўда-тўда,
Гурас-гурас бўлиб эл,
Келаберди боғлаб бел.
Хотинлар, ёда болалар,
Барча амма-холалар
Келабердалар ишга.
Ойгул янги турмушга
Бошлаб, ошу нон берди.
Жонсизларга жон берди.
Етимларга парвариш,
Есирларга ҳақ ва иш;
Болаларга саройлар,—
Гўзал озода жойлар.
Ҳар қадамда бир бўстон,
Ҳар ерда бир гулистон.
Эллар учун чаман боғ,
Ҳар ерга қайнар булоқ
Бино қилди кунма-кун
Ҳаркун бир гўзал якун.
Жиндай фурсат ичида,
Куннинг эрта-кечида,
Ҳар ёқдан елабериб,
Эл чуваб келабериб,
Миллион одам тўпланди.
Борган сари кўпланди.
Камбағал ва қулларнинг
Жонидан севган ери,
Сусамбил жаннатга тенг
Ўлка бўлди охири.
Озод эди бунда иш:
Бу ўлкада ҳар емиш
Оғочларда пишарди.
Танларга яқин қуёш,
Болаларга усти-бош
Гулзорда етишарди.

XVI

Ой деганда юзи бор,
Кун деганда кўзи бор,
Гўзал, доно Ойгулни,—
Бу барно баҳор гулли
Эл севар эди жондан.
Ва бутун хону монда
Ойгул ҳимоясида,
Бахтиёр соясида
Сусамбилда эркин, шод,
Яшар эди халойиқ.
Хаёл қилишга лойиқ.
Уни бутун одамзод
Хаёл қилишга лойиқ.
Ойгул ўз ўлкасини
Сақларди тинч, саранжом,
Соқчилар севиб уни,
Керак бўлса берар жон.

XVII

Сусамбил соқчилари
Чегарада бир қари
Чолни тутиб олдилар
Ва шубҳада қолдилар.
Қаландарга ўхшарди,
Лекин ёмон юрарди.
Хўп қора эди ичи.
Қаландар кийимида
Бўлса ҳамки, қиличи,
Кўринарди ёнида.
Уни маҳкам тутдилар,
Ойгул сари элтдилар,
Ойгул билан Бахтиёр
Адолат айлаб шиор
Қилдилар уни сўроқ,
Подшолардан яхшироқ.
Ул ҳам секин Жаржонда
Зўр подшо эканини,
Сўзлаб берди ва қонда
Етилиб ўсганини.
Сўнгра арзи ҳолини,
Бошлади саволини.
Чол кўп нарса ўйлади:
Қўлга тушдим тайин деб,
Ойгулни алдайин деб,
Фақат ёлғон сўйлади.
У дедики: «Бир кунга
Муҳлат олган ёримни
Қўлдан бердим ва унга
Қурбон қилдим боримни.
Ерга отдим торимни,
Тутақтириб зоримни,
Мисоли бир қаландар
Излаб келдим дарбадар.
Сен мени демасмисан?
Ойгулим эмасмисан?»
Кўзида ҳийла кулди
Ва ёлғондан букилди.
Халойиқ шу аснода
Йиғилиб тўда-тўда
Тўпланиб қолган эди.
Подшо кўзи қон эди.
Шунда чиройли Ойгул,
Яшнаб мисоли бир гул
Ундан бир сўроқ қилди,
Тарашадай қоқ қилди:
«Неча хотинингиз бор?
Ростини айтинг, зинҳор?»
«Қирқ хотин бордир менда» —
Деди беор, шарманда.
Эл қаҳ-қаҳлаб юборди.
Золим подшо шу дамда
Фикрини қонга қорди.
Қиличини чиқарди,
Ойгулга қараб борди.
Аммо халойиқ шу дам
Уни тутдилар бардам.
Ўтмасдан жиндайин зум
Оғзига тиқдилар қум.
Золим подшо шу замон
Қабрга бўлди меҳмон.

XVIII

Ойгул кўнгли беғубор
Ҳурликни айлаб шиор,
Ҳам йўлдоши, ҳам ёри,
Ёнида Бахтиёри,
Яшаркан Сусамбилда,
Қайғи йўқ экан дилда,
Жамбилни ўйлар эди.
Қул чолни сўйлар эди.
Қулларнинг қасосини
Олурман, деб аҳд қилган.
Хонликнинг асосини
Бузурман деб жаҳд қилган
Исён қучоғидаги
Чоғларини эсларди.
Гуноҳсиз қалбидаги
Доғларини эсларди.
Зиёда бўлиб дарди
Кўз олдидан ўтарди:
Оч қулларнинг исёни,
Жамбилнинг қонхўр хони,
Отасининг қиличда
Тирқираб қолган қони.
Кўкка чиқиб фиғони
Ўтдай туташиб ичда...
Энг сўнг Ойгул, Бахтиёр
Қилдилар шундай қарор:
«Жамбилга ўт очамиз
Хоннинг қонин сочамиз».

XIX

Ойгул туриб эрта тонг
Қўшинларга урди бонг.
Соқчиларни уйғотди,
Бошлиқларга сўз қотди.
Қуролларни олдирди,
Қарнай-сурнай чалдирди.
Бир нафасда, қўшинлар
Саф тортиб йиғилдилар.
Қирқ кунлякка оиг ва нон,
Отларга беда ва дон,
Қўшинларга кинимлар,
Дори-дармонлар, емлзр
Олдириб гўзал Ойгул,
Яшнаб мисоли бир гул,
Бахтиёрни Сусамбил
Юртига кўтариб бош,
Шу кун берди юртга ош.
Қўшин бошида ўзи,
Чарақлаб қора кўзи,
Мардлар сингари Жамбнл
Томонига бошлаб йўл,
Тўп бўшатиб жўнади.
Йўлма-йўл ва кўлма-кўл
Манзилларда тунади,
Яна туриб жўнади.
Гўзал, чаман боғлардан
Қуш бўлиб учиб ўтди,
Осмон бўйи тоғлардан
Бургутдаи кўчиб ўтди.
Қанча қурғоқ чўлларни,
Дарёларни, кўлларни
Ўта-ўта охири
Жамбилга яқин борди.

XX

Жамбил хони роҳатда,
Ишратда, фароғатда
Яшар экан Жамбилда,
Не бордир Сусамбилда
Сира ҳам билмас эди.
Кеча-кундуз маст эди.
Ойгулни банду зиндон
Қилган чоғидан буён
Хабар олмаган эди,
Эсга солмаган эди.
Қул қизини зиндонда
Чириб кетган деб ўйлаб,
Ва лекнн ҳар замонда
Ҳуснидан эртак сўйлаб,
Махтаб гўзал Ойгулни,
Қарғади Дархон қулни.
Тарлон бўлса Жамбилда
Минг армон билан дилда,
Ҳамон қул юрар эди,
Қаттиқ кун кўрар эди.
Ойгулнннг аҳволидан,
Сусамбилнинг ҳолидан,
Хабардор эди ўша.
Унга қайғу билан зор,
Юз ҳақорат, минг озор,
Ҳамдам эди ҳамиша.
Сусамбилга қочмоқни
Хонга уруш очмоқни
У хаёл қилар эди,
Эл буни билар эди,
Чорасиз юрар эди.
Шу чоқ минглаб қўшини
Билан Ойгул йўл босиб,
Ухламай куни-туни,
Ҳар ерга ялов осиб,
Келар эди дувиллаб,
Бўрон каби гувиллаб.
Дарёларнинг устидан,
Учиб ўтганда оти,
Қушдай сирғаниб сувдан,
Ёзиларди қаноти.
У тўхтамай йўл босди,
Ҳув деганда чўл босди.
Бир оқиб кетиб келди,
Жамбилга етиб келди.

XXI

Яшнаб мисоли бир гул,
Ер кўкни овозаси
Тутиб келганда Ойгул,
Жамбилнинг дарвозаси,
Очилмади. Шунда ул
Дарғазаб қилич солди,
Дарҳол қайтариб олди:
Қулуфлар шарақ-шарақ
Уйнаб очилиб кетди,
Зулфинлар худди тупроқ
Бўлиб сочилиб кетди.
Отларнинг туёғида
Дарвозалар бўлди кул,
Ҳар тўп қўйган чогида
Саройлар қулаб буткул,
Зўр қўшин кириб борди.
Савалаб уриб борди.
Жамбилнинг хон, беклари
Қуён бўлиб қочдилар.
Чуқурлар, ғорлар сари
Қучоғини очдилар.
Соқчилар золим хонни,
Бу ажойиб ҳайвонни,
Оғилда ушладилар,
Ўлгудай муштладилар.
Ранги бўлса ҳам самон
Паст келмас эди ҳамон.
Бутун эл қаҳ-қаҳ солди,
Хон шарманда, уялди.
Эл туриб шу чоқ: «Ойгул!
Хонни ўлдир!»—дедилар —
«Бутун юрт ва барча эл
Сендап ушбуни тилар.»
Ойгул эл талабини
Қилиб ўлдирди хонни,
Бу ажойиб ҳайвоини.
Қилич солиб бўғзига,
Қўйиб тўпнинг оғзига
Ўққа қўшиб кўчирди;
Осмонларга учирди,
Ва кул қилиб тушурди.
Энди эски қул Тарлон,
Ойгулга тўғри келди.
Севинганидан шу он
Оёғига йиқилди,
Ойгул кўтариб олди.
Тарлон кўришиб қолди.

XXII

Қул Тарлон шодлигидан
Тўхталмади йиғидан,
Барча ҳайрон эдилар.
Улар келиб Ойгулга:
«Бизларни Сусамбилга
Олиб кеткин,— дедилар.
Бу хонлардан куйдик кўп,
Беклардан ўртандик хўп
Биз Жамбилда турмаймиз,
Бу ерларда юрмаймиз.
Бизни қўш ўз элингга,
Эл бўламиз биз сенга...»
Ойгулга аламини,
Барча чеккан ғамини
Эл айтиб йиғлар эди,
Сел қайтиб йиғлар эди.
Ойгул назар ташлади,
Шундай бир сўз бошлади:
«Золим хон қучди ўлим,
Энди сизга йўқ зулим,
Эл, осойиш яшарсиз.
Ва бекойиш яшарсиз.
Сусамбилни қўйинглар
Ва Жамбилни суйинглар,
Сизникидир тупроғи,
Сизники тожу тоғи,
Хон бўлмаса Жамбилда
Қайғи ҳам бўлмас дилда,
Мана бу ота Тарлон
Ҳаммангизга бош бўлур,
Сизлар учун берар жон
Ҳар ерда йўлдош бўлур».
Ойгулдан жаҳон-жаҳон
Эл барча рози бўлди.
Қалби шодликка тўлди.
Қирқ кечаю қирқ кундуз,
Барча эркак, хотин-қиз
Ўйнаб байрам этдилар.
Золим хонни йўқотиб,
Қайғуларини отиб,
Муродига етдилар.
Шундан сўнг бизнинг Ойгул,
Яшнаб мисоли бир гул,
Ўз Бахтиёри сари,
Ўз севган ёри сари
Сусамбилга йўл олди.
Эл карнай-сурнай чалиб,
Замбараклар бўшатиб,
Уни узатиб қолди.


ЗАЙНАБ ВА ОМОН

1938

Кириш

Сўйлаб берай Зайнаб ва Омон,
Севгисидан бир янги достон,
Бир зўр оташ, бир зўр аланга,
Икки қалбга туташгани рост.
Бир севгиким жон берур танга,
Ҳам Зайнабу Омонларга хос.
Бу севгида йўл бошлар вафо,
Ҳам вафони емирмас жафо;
Бунда асло қора кун йўқдир,
Бунда мотамсаро кун йўқдир.
Хазон қилмас Зайнабни замон
Ва оташда ўртанмас Омон,
Туши эмас балки ўнгида,
Дилдорини кўрар бегумон;
Бир қиссаким, бунинг сўнггида
Севишганлар топишгусидир,
Жонлар жонга ёпишгусидир.


Биринчи бўлим

I

Шод ўтади Зайнаб кунлари,
Кўнгли баҳор кўкидай тоза,
Кўкда учган қушларнинг бари
Шодлигидан олар андоза.
У яшайди беситам, бе зор,
У билмайди қайғуни, ғамни,
Оёқлари остига баҳор
Тўшаб қўйган алвон гиламни.
Бутун дала бахмал поёндоз.
Лола очиб қаршилар тоғлар,
Гулга тўлиб сер ишва, сер ноз,
Унинг кўнглин хушлайди боғлар.
Ҳар томонда баҳордан нишон,
Даралардан чопар Зарафшон.
Қарайди қиз, бамисоли кун
Кўзларида бутун бир олам.
Ҳаёт тўла баҳорга мафтун,
Унга тамом бегонадир ғам.

II

Зайнаб ўсган элнинг мисли йўқ,
Зайнаб ўсган эл бахтга тўлиқ.
Буни кўрган тез бўлар банда,
Буни инсон бир қур кўрганда,
Юрагида ҳеч армон қолмас,
Бунга жаннат тенглаша олмас.
Бунда қўшиқ айтган ариқлар
Қаршисида парилар йиғлар.
Қушларининг нағма-навоси,
Водийларнинг мармар ҳавоси,
Эрта баҳор очилган лола,
Қоялардан учган шалола,
Бинафшалар, ранго-ранг гуллар,
Шиша каби зангори кўллар,
Ҳамишалик дилтортар кўклам
Ва табиат тўқиган гилам;
Қорга чўмган ҳайбатли тоғлар,
Шарқираган даво булоқлар
Ҳаммаси бор, ҳаммаси маъмур...
Бунда ерга ойдан тушган нур,
Салқин тунда ўзи бир қуёш, —
Чўмилади, унга тоғу тош.
Новдаларда туғилган куртак
Ҳар кун тўқир янги бир эртак.
Бунда ҳамма, ҳамма нарса бор,
Бунда қизга толе бўлар ёр.
Бунда орзу қозонади от,
Бунда севги ёзади қанот,
Қўзғотади қиз ҳавасини
Чиройига ранг беради гул;
Бунда қизга севги дарсини
Ўқитади энг аввал булбул.
Зайнаб шунда тугилган эди,
Шунда тўлиб етилган эди.

III

Одам зоти дунёдаки бор,
Унинг билан муҳаббатдир ёр;
Уни билмас юрак топилмас,
Уни билмас отлар чопилмас.
Севги... лекин бунда асрлар
Фожиаси соч ёзиб йиглар;
Йиғлар ишқни емирган замон,
Йиғлар севиб ўтга тушган жон.
Севги қалбнинг биринчи майли.
Лекин замон асира Лайли
Ёстуғини бутун қурутган,
Коса-коса оғулар тутган;
Мажнунни у, ўтказган ёрсиз,
Фарҳодни ҳам этган диёрсиз.
Бунда одам хўр бўлган кунлар,
Эрксизликдан чиққан якунлар
Ойнада бўлган намоён.
Жилва қилган севгисиз даврон.
Замон ўтган, замонлар ўтган...
Одам янги замонга етган.
Ҳамон севги одамга йўлдош,
Ҳамон севги қалбларга сирдош.
Шудир баҳор, очилган лола,
Шудир дилни қийваган нола,
Шудир сабза, бинафша кўклам,
Шудир қизнинг бошидаги ғам.
Шудир атир сочувчи раъно
Шудир аччиқ ва ширин маъно
Шудир этган қиз кўксини оқ,
Ва йигитнинг кўкрагини тоғ.

IV

Зайнабнинг ҳам тоза, осуда,
Доғ кўрмаган маъсум қалбида,
Севги япроқ ёзиб қолипти,
Ва фикрига ғовға солипти.
Кокиллари унинг тол-тол,
Лабларида битган қора хол
Бир дунёга арзигудай бор,
Кўзлар ёниб ахтарар бир ёр,
Ёр ахтариб боққанда қийғоч,
Қоши бўлиб худди қалдирғоч
Атрофида ойлар чарх урар,
Теграсини юлдузлар ўрар.
Покизадир қизнинг тилаги,
Оппоқ қордай бўлиб кўкраги
Кўтарилар ҳамон юқори;
Ул ҳозирча севгининг зори,
Озоридан хабарсиз ва шод;
Севгидаги шодлик бирла дод
Унга ҳали тамом бегона,
Билмас ҳали у ёна-ёна,
Муродига етажагини.
Маҳкам ушлаб ёр этагини,
Кетарман деб ўйланар осон,
Иш битар деб ўйлар бефиғон.
Шунинг учун Ззйнаб ниҳоят,
Севиб қолди бировни ғоят;
Кўнгил қуши талпиниб қолди,
Юрагида ўт ёниб қолди.

V

Ўрик гуллар Зайнаб боғида,
Кўп йигитлар бор қишлоғида.
Кўп йигитга тушади кўзи,
Лекин шунга хайронки ўзи,
Кўнгли фақат Омонни дейди;
Шу юракни, шу жонни дейди.
Ва ҳолбуки бошқа йигитлар,
Ҳеч кам эмас, у яхши билар.
Агар бири ёйса қулочин,
Парвоз қилар кўкларда лочин,
Ҳаводаги қушларни тутар,
От чопганда яшиндан ўтар,
Ғоз сингари қўнар қўлларга,
Сув оқизар саҳро, чўлларга,
Ҳаммаси ҳам қиличдан ўткир,
Ҳаммаси ҳам Рустам каби зўр.
Нега севди Омонни, нечун.
Зайнаб билмас қалбининг кучин.
Нега этди уни ихтиёр,
Билалмайди изоҳи душвор.

VI

Ва ҳолбуки ҳозир туну кун,
Ўшандадир хаёли бутун.
Қайга борса ўша қошида,
Ўнтўққизга кирган ёшида,
Шамол теккан гул барги каби,
Унинг қалби дир-дир титради.
Севганини билади халос.
Фақат нечун? Қайдадир асос,
Ахир кимдир кўнгил қўйгани,
Қайси барно шунча севгани,
Нимаси бор, нимаси ёқар,
Қайси оташ қалбини ёқар.
Билмай туриб севганда шунча,
Йўл бошлади қайси тушунча?
Ҳечбирини ўйлаб кўрмайди,
Ҳечбирига жавоб бермайди.
Унинг фақат бир асоси бор,
Шу асосга зўрдир эътибор:
Эл сўйларкан доим ёмонни,
Атамайди ҳечбир Омонни.
Шунинг учун яшайди бедод,
Шунинг учун нафас олиб шод,
Баҳор каби тўлиб боради,
Ҳар кун гулдай бўлиб боради.

VII

Ярим оқшом, чумчуқлар тинган,
Ҳамма қора либос кийинган,
Сойларда тун, саҳроларда тун,
Дараларда, водиларда тун;
Япроқларда тун ётиб ухлар,
Сойлиқларда тун қотиб ухлар.
Тун ўрмалар тоғ бошларида,
Тун Зайнабнинг қарашларида.
Лекин, ҳали ўтирар уйғоқ,
Олдидаги бир саҳифа оқ —
Қоғоз узра тинмай тикилар,
Кўз нурлари унга тўкилар:
«Сени, Омон, кўргандан бери,
Кўзларимга уйқу келмайди.
Сенга майл қўйгандан бери,
Ҳеч нарсага кўнгил тўлмайди...»
Ўйлаб-ўйлаб тўхтаб қолади,
Оғир-оғир нафас олади.
Ёзганларни ўқийди такрор,
Юрагида уйғонади ор.
Ва қоғозни йиртиб ташлайди,
Яна олиб ёзабошлайди:
«Севганимни қилмай ошкора,
Омон ўзи сўз очса зора,—
Хаёлида юрар эдим жим,
Фақат кутмоқ бўлмишди бурчим,
Ва ниҳоят сабр ила қарор
Тугадию бошладим иқрор...»
Боз ўқиди, кўнгли тўлмади,
Яна айтганидай бўлмади.
«Ёзолмадим» дедида ўзи,
Рўпарада турган қоғозни
Парчалади. У энди бу бор
Ёзмасликка айлади қарор.

VIII

Бир силкиниб ўрнидан турди,
Недир ўйлаб илгари юрди,
Атрофи жим, ҳамма уйқида,
Кўкдаги ой акс этар сувда;
Ёлғиз майин, енгил шаббода
Водий ичра танҳо тептирар.
Симоб каби тиниқ ҳавода,
Шитирлашиб япроқлар титрар.
Қиз чор атроф сари қаранди,
Тим-тинликда ўртанди, ёнди,
Бир оташин интилиш шу дам,
Юрагига бўлмишди ҳамдам.
У қайгадир кетмоқчи, фақат,
Билалмайди қайга эканин,
У шод, лекин ўшал муҳаббат
Парча-парча тўғрайди танин.
Унитди-ю, тўхталиб қолди,
Чигал ўйлар ичра йўқолди.
Ҳам ўтириб қолди фаромуш,
Қанча юлдуз кўзида ботди,
Ва ўрнидан қўзғаяиб хомуш,
Секин келиб жойига ётди.

IX

Секин келиб ётди-ю фақат,
Кипригини юма олмади.
Ўйлай-ўйлай тоқ бўлди тоқат,
Энди сира юрак қолмади.
Ёки бирдан Омон кўзига,
Уялмасдан қарай қолсами...
Ҳамма гапни унинг юзига
Шартта-шартта айта солсамй?..
Юздан олиб бутун пардани,
Гапирса-ю «жавоб» бер деса,
«Айб қилмагин, танладим сани,
Рози бўлсанг бирга юр» деса...
Нима бўлур шу пайтда ҳоли,
Нима бўлур шўрликнинг фоли.
Терга пишиб Зайнаб олар тин,
Йўқ, бўлмайди, бу ҳали қийин.
Ҳали бунга тил боролмайди.
Ҳали Зайнаб ўзининг дардин,
Дадил туриб ёра олмайди.
Тунни бутун уйғоқ кечирди,
Фикрлари топмай ниҳоя,
Хаёл уни кўкка ўчирди.
Тонг ёриди, тоғдаги соя
Ватанини сойга кўчирди.

X

«Сенсан, Омон, уйқусиз тунлар,
Юрагимни олган аланга,
Сен фикримни чулғадинг кунлар,
Сен лахча ўт ташладинг танга.
Кошки сени кўрмагай эдим,
Тушмагайди кўзга оташинг,
Яшар эдим беташвиш ва жим,
Юрагимни ёндирмас ғашинг.
Оқизарсан ҳали ёшимни,
Ўт кўзларинг қўймас саломат,
Булут каби қуршар бошимни,
Ҳали қанча-қанча маломат,
Ҳали қанча-қанча ҳасратлар,
Ёш қалбимга бўлурлар меҳмоа,
Ҳали қанча қайғулар, дардлар,
Ҳиддат билан сўзон қилур жон.»

XI

Тонг сингиди оппоқ оқариб,
Зайнаб туриб, далага бориб,
Бутун гапни унутган бўлди,
Сиқиқ қалби ҳавога тўлди.
Яратучи эркин, озод иш,
Даладаги осуда турмуш,
Кўклам каби кўкарган жонлар,
Шўх йигитлар, қизлар, жувонлар
Бўлди қизнинг дардига чора,
Хуррам бўлиб у бора-бора,
Отди дилда бўлган ғуборин,
Ва фаромуш айлади зорин.
То кечгача ишлади тинмай,
То кечгача юракдаги най,
Ўтга тушиб қилмади наво,
Дала бўлиб дардига даво.
Юрагига ҳеч ғаш солмади,
Оромига оташ солмади.
Даладаги бу қайноқ ҳаёт
Ҳавасига боғлади қанот.
Ва шодликнинг эшигин очди,
Қайғуларн узоққа қочди.
Ҳар қадамда ортиб сурури,
Қанча ерни ўйинга солди,
Ишлади-ю, ортди ғурури,
Кеч кирганин билмайин қолди.

XII

Қуёш ботди, бир тўда қизлар,
Ғам билмаган кулар юлдузлар,
Овоз қўйиб қўшиқ айтади.
Зайнаб билан хушчақчоқ Ҳури,
Адол билан яллачи Нури,
Асал билан ўйинчи Сора,
Сурма билан қувноқ Рухсора,
Сарви билан дуторчи Гулпор,
Қундуз билан Суқсур ва Анор,
Бирга-бирга қайтади хандон,
Бирга чақчоқ қилади чандон.

XIII

Тор кўчанинг бошига келиб,
Зайнаб энди ўзга йўл олди.
Ҳар бирига чандон тикилиб,
Дўстларидан зўрга ажралди.
Чайқаб қолди у бошларини,
Йўлга тикиб қарашларини,
Кўча тўла одамни кўрди,
Ичкарига кирмаъйин турди.
Одамларнинг ҳаммаси тоғдан,
Тоғ бағрида бўлган улоғдан
Қайтган каби тўда ва тўда,
Сўзлашарлар ҳарбир тўғрида.
Гўё байрам, гўё янги йил,
Тарқагандай гўёки сайл,
Келардилар гурас ва гурас,
Бари эркин оларди нафас.

XIV

Омон кимдир, борми ватани,
Ким ҳам қизга танитар уни
Шод бўлсада хотиротидан,
Хабарсиздир ёрнинг зотидан.
У бўлурми севгисига тенг,
Ошиёни қайда бу қушнинг.
Зайнаб фикрин чувалтирган шул
Фикри-ёди шу билан машғул.
Ёмон отлиқ бўлса у агар,
Зайнаб кирар ерларга қадар!
Бўлиб қолса сири ошкора,
Жароҳатга топилмас чора.
Сўнгра уни савдойи дерлар,
Бир тагсизнинг гадойи дерлар;
Унда ёғар таъна тошлари,
То ергача унинг бошлари —
Хам бўлур-да, ҳеч юра олмас,
Эл ичида обрўйи қолмас.
Ва ёронлар бари беғараз,
Бундай дўстдан қилурлар араз.
Шунинг учун жимлик сақларди,
Шунинг учун ичида дарди,
Шунинг учун қийналса ҳам жон,
Севгисини тутарди пинҳон.

Иккинчи бўлим

I

Ичкарида ўзга ҳол эди,
Зайнаб учун ўзга фол эди.
Бунда қизнинг эркин ва тоза
Номусига ўқиб жаноза,
Ҳурлигини ер билан яксон,
Бағрин этиб лахта-лахта қон,
Кўзларидан оқизиб ёшин,
Поймол этиб унинг қуёшин,
Қора турмуш соларди чангал;
Қисматини этар эди ҳал.

II

Заҳар тўкиб қизнннг ошига,
Бу бечора Зайнаб бошига
Ўтмиш солган қора бир соя;
Бу — турмушдан ажнб ҳикоя,
Бу — инсоннинг ҳайвондан баттар
Хўр этидган чоғин эслатар...
Ундан Зайнаб хабарснз ҳамон,
Уни асло эсламас бу жон.
Бу савдони кимнннг солганин,
Унинг бахтин кимлар олганин,
Кимлар уни бу қадар ожиз,
Ва ҳуқуқсиз бечора бир қиз
Этиб, шўрлик бошига бало,
Солганини эсламас асло...

III

Ҳали Зайнаб чақалоқ кунлар,
Бошга тушди чигал тугунлар,
Она уйи одамга тўлди,
У Собирга нишона бўлди.
Уч-тўрт хотин гўдак Собирни
Олиб келиб очдилар сирни,
Зайнаб билан Собирни мақтаб,
Ва иковни бир-бирга атаб,
Дастурхонда синдирдилар нон
Ва фотиҳа кўтариб шу он,
Тарқалдилар... Зайнаб бешикда
Йиғлар эди оч қолиб жуда.
Собир эса ҳеч гап англамас,
Юрар эди ўйин билан маст.
Ана шунда бу қора одат,
Қиз бахтига урган эди хат.

IV

Йиллар ўтди, фақир хонадон
Муҳтожликка таслим этди жон,
Ғамхонада қашшоқлик кулди
Ва оила тутдай тўкилди.
Зайнаб қолди бечора якка,
Кимса келмас унга кўмакка.
Нада ота, на она қолди,
На бир кулба, на хона қолди;
На бир паноҳ, на бир ошнён,
На бир ғамхўр, на бир меҳрибон,
На бир сирдош, нада бир йўлдош,
На бир ўртоқ, на бир қайғудош...
Ҳеч кимсаси йўқ эди, ёлғиз
Тутқин бўлиб қолтан эди қиз.

V

Ҳар даргоҳга бориб сиғинди,
Ҳар эшикда новдадай синди.
Эндигина кўкарган ниҳол,
Хазон уриб бўлмишди беҳол.
У ниҳоят топди бир паноҳ,
Мурувватли бир кичик даргоҳ
Ўз қаноти остига олди,
Тагларига иссиқ хас солди.
Анорхола оиласида
У, асранди қиз бўлиб қолди.
Ва шунга ҳам севиниб жуда,
Ўтганларни унитган бўлди.
Аламларни қуритган бўлди.

VI

Қиз беради тақдирига тан,
Анорхола кулбаси — ватан.
Хуфтон ётиб, азонда турар,
Эрта-ю кеч эшик шипирар.
Машаққатда ўтади куни,
Холдан кетиб шўрли қиз туни
Ярим карахт, мудрар, ярим оч;
Усти-боши йиртиқ-яланғоч
Кун кечирар, ишлар тинмайин,
Қайғу тўла овози майин,
Қизнинг ғамгин ҳолин англатар,
Қиз ичида оғир дард ётар.

VII

Офтоб йиқди қайғу тоғини,
Ойлар ёқди тун чироғинн.
Утди кунлар, ўтди замонлар,
Утди ғамга ғарқ бўлган онлар.
Лекин улар эсдан ҳечқачон,
Чиқа олмас ва хотирга жон
Берур унинг ҳар саҳифаси,
Эслаганда қизнинг сийнаси
Чуқур бир оҳ билан қўзғалур;
Оғир-оғир бир нафас олур.

VIII

Давонларни ошди амаллар,
Яшашдаги чурук тамаллар
Асосидан бир-бир бузулди:
Водий бўйлаб колхоз тузилди.
Анорхола оиласи ҳам,
Колхоз сари қўйдилар қадам,
Ва бўй етган Зайнаб ҳам озод,
Эркин энди бошлади ҳаёт.
Колхоздаги мустақил турмуш
Ва маҳсулдор яратучи иш
Ғуссаларни айлади барбод,
Фақат шунда у қозонди от.
Шунда қадри-қиймати ортди,
Шунда иззат-ҳурмати ортди.
Атрофига гуллар сочилди,
Шунда унинг бахти очилди,
Фақат шунда сезди бегумон,
У ўзини ҳақиқий инсон.

IX

Бахт жаранглар қувноқ сасида,
На кулфати, нада зори бор.
Анорхола оиласида
Энди унинг эътибори бор.
Энди уни камситмас ҳечким,
Энди уни етим деяр ким?
Зайнаб ўсар оқил ва доно,
Сўзларида мазмун ва маъно.
Ўсганида беташвиш, беғам,
Бунча зийрак бўлмас эди ҳам.
Энди унинг ҳар нарсаси бор,
Энди унга ҳамма гап тайёр,
Одамизод гулистонида,
Саодатнинг бахт бўстонида,
Орзуларга тўлиғдир кўнгил.
Ваҳимасиз осойишта дил.
Ўзига бир йўлдошни истар,
Бир қадрдон сирдошни истар.

X

Зайнаб Собир кимлигин билмас,
Зайнаб ҳали ўз ишқида мас.
Лекин Собир уйида ҳар кун,
Шошилишча тўй тайёрланар.
Аммо Зайнаб кўксида ҳар тун,
Омонининг юлдузи ёнар.
Тўйдан фақат Анор хабардор,
Уни Собир онаси бардор,—
Бардор этиб йўлга солмишдир
Ихтиёрин қўлга олмишдир.

XI

Тайёрланар тўй, лекин Собир
Бу тўй учун ажойиб бир сир,
Чунки она боғида у йўқ,
У ўзининг қишлоғида йўқ.
У, ўқирмиш дорилфунунда,
Ва онгларни қоплаган тунда
Юлдуз бўлиб учар эмиш у;
Яшин каби кўчар эмиш у.
Она унга уй қилмоқчидир,
Дабдабали тўй қшшоқчидир.
Шунинг учун йўлга кўз тутар,
Келишини интизор кутар.

XII

Зайнаб энди ўз асрорини,
Армонини, истак, зорини
Опасига этиб ошкора,
Қилмоқчидир дардига чсра.
Фақат нетиб, қайси юз билан,
Қайси ҳаё, қайси кўз билан
Опасининг юзига қарар?
Тили сўзга қандайин борар?
Уят ўти ёниб юзида,
Бир изтироб зийрак кўзида,
Ёлғиз Ҳури сари толпинар,
Уни эслаб юраги тинар.

XIII

Чунки Ҳури Зайнабнинг бутун
Асроридан тўла хабардор,
Чунки унинг билан куну тун
Бирга бўлар. Ҳар нарсаки бор
Зайнаб унга сўйлар, сақламас,
Ҳечбир нарса йўқ Ҳури билмас,
Ҳатто Омон билан ҳам уни,
Таништирган шу Ҳури эди.

XIV

Ҳури, Зайнаб қош қорайганда,
Қеч қопқора чойшаб ёйганда
Ичкарига келиб кирдилар
Ва Анорга салом бердилар.
Кўрар экан юзи қизарди,
Опасига яқинроқ борди.
Анор эса чеҳраси хандон,
Зайнаб учун бергудайин жон,
Атрофида парвона бўлар
Ва минг карра ундан ўргулар.
Ҳури бўлса қилиб тамошо,
Айтажагин этарди иншо.
Лекин ундан олдинроқ Анор,
Сўз бошлади кулиб беқарор.
Икки қиз ҳам ҳангуманг қолди,
Зайнабдаги севинч йўқолди.

XV

«Рўзи азал қиз қисматида
Эрга тегмоқ одатн бордир.
Бу насиба тақдир хатида
Ёзилгандир, оҳ билан зордир.
Бундан қуруқ қолган пешона,
Умри ўтар ёна ва ёна,
Қовушмоқлик қушларда ҳам бор,
Ҳамма излар бир йўлдош дийдор;
«Кўзи тирик экан отасин,
Бир яхши нияти бор эди,
Яъни Зайнаб Собирга бўлсин —
Деган васияти бор эди.
Не учунки, у туғилганда
Собирга деб нон синдирилган,
Нишон бўлган, етиб тўлганда,
Собиржонга бўлсин дейилган».

XVII

Анор сўзлар ва Зайнаб қалби
Тол баргидай дир-дир қалтирар.
Ҳури қўйиб жон қулоғини,
Тинглар экан лаблари титрар.
«Энди, Зайнаб бўй етиб қолди,
Юртимизнинг мана энг олди
Йигитлари унга харидор,
Кўп лочинлар чиройига зор.
Лекин Собир ҳаммадан гўзал.
Кеча қилдик ҳамма гапни ҳал:
У шаҳардан келиш биланоқ,
Тўй қилмоққа айладик қарор.
Ишлар битди, битди-ю бироқ...»
«Бироқ...» дея тўхтади Анор,
Икки қизга бир қараб олди,
Атрофига бир назар солди.
Қиз қалбида бўғиларди жон,
Ҳури бўлса тамоман ҳайрон.
Яна сўзни бошлади Анор:
«... Бироқ бунда бир андиша бор,
Чиқармаслик учун ёмон от,
Сақлаш учун номус ва уят,
То тўй бўлиб ўткунигача,
Келин бўлиб кетгунигача,
Боши очиқ чиқмас ташқари.
Шуни истар барча ёш, қари».

XVIII

Зайнаб тамом, тамом лол эди,
Сўз қотишга у беҳол эди,
Тирнар эди қалбини азоб,
Гўё хаста, гўёки бетоб,
У ичидан оғир тўлғанар.
Ғазаб билан зоҳири ёнар.
Ва Анорга қарамас асло,
Оғир дардга бўлиб мубтало
Тун сингари бўғиқ ва сокин
Ўтиради, сирдоши локин
Оппа-очиқ туташар эди,
Дарё каби у тошар эди:

XIX

«Кечир опа, айтган андишанг
Қизни қуллик томон қайтарур.
Андиша деб сен урган тешанг
Уни қора қонига қорур.
Агарда қиз бўй етган эса,
Бир олдидан ўтмас бўлурми?
Ва уйига совчилар келса,
Ғозилигин кутмас бўлурми?
Балкида бир дегани бордир,
Балки унга тегмаклик ордир,
Балки этиб бир аҳду паймон
Вафосига гарав қўйиб жон
Арз этгани келгандир сенга.
Тез шошилган, елгандир сенга.
Энди бунга не чора бўлур?
Энди Зайнаб бечора ўлур...»

XX

Опасида ғазаб оташи,
Ва Зайнабда андиша ғаши.
Елкасида тоғдай отир ғам;
Анор кўзи ичра жаҳаннам
Оловлари тинмай ловиллар,
Ва таптига юраклар чўллар.
Ҳури ёқиб сўз гулханини,
Ўртар эди Анор танини,
Яна Анор ўтдай тутоқиб,
Сўз бошлади Ҳурига боқиб:
«Нима дейсан, бунга Собирдан
Ортиқ йигит эр бўлармикин?
Бутун юртни ахтарса ундан
Афзали ҳеч топилармикин?
Нимага бу андиша бекор?
Нега унга тегмак бўлсин ор?
Ахир юртда қанча гўзаллар
Келишини зориқиб кутар.
У бу юртда энг зўр билимдон,
Пахта илмин ўқипти чандон.
Юртда барча пахта экканлар
Хирмонига червон қуюлар.
Ахир яна бир андиша бор:
У Собирга фотиҳа бўлган,
Васиятда уни ота зор,
Собиржонга бўлсин деб ўлган.
Поймол қилиб бўлурми буни?
Қайси номард истагай шуни?»

XXI

Ерда экан кўзининг нури,
Зайнаб ҳамон жим, фақат Ҳури
Давом этар савол-жавобда,
Жаранглайди чалғиси тобда:
«Тўғри опа, сенга ҳам қийин,
Бировга сўз бергандан кейин
Уҳдасидан чиқмоқ яхшидир,
Андишамнинг сабаби будир,
Зайнабнинг ҳам танлагани бор.
Опа, фақат қизишма зинҳор!
У Омонни севиб ҳолипти,
Севиб қолиб, ваъда олипти.
Опа, бу иш қизнинг ҳаққидир,
Андишамнинг сабаби будир.
Бунда йўқдир ҳечқандай гуноҳ.
Зўрлик билан тегиб сўнгра оҳ
Тортганнинг ҳеч фоддаси бўлмас,
Қиз ҳам одам; у бир мол эмас,
Сўзда турмоқ қиз учун ҳам фарз,
Одамгарлик қиз учун ҳам қарз.
Поймол қилиб бўлурми буни?
Қайси номард истагай шуни?»

XXII

Ғазабида олам, олам ўт,
Тушунчаси қопқора булут —
Каби борган сари қуюлар;
Анор гўё сочини юлар
Каби бўлиб иинар жаҳлга.
Ҳамма гапни совириб елга,
Ергудайин Зайнаб бошини,
Отабошлар таъна тошини:
«Ортдирганинг колхозда шуми?
Эй шарманда, беномус, бебош.
Бахт деганинг шумиди, ҳалн?
Ишлаиман деб таиибсан ўйнаш».

XXIII

Зайнаб шунда қалбига бирдан
Яшин урган каби санчиди,
Ва бошини кўтариб ердан:
«Жоним опа, тўхтагил» — деди —
Ялинаман, бунча туташма,
Ялинаман, бу қадар тошма.
Қилма опа, қалбимни пора,
Тўхта, бироз англасанг зора.
Опа, увол кўздаги ёшим,
Увол ғамда хам бўлса бошим.
Опа, мени озгина қизғон,
Кўкарганда кул бўлмасин жон,
Ниятингга еткур, қулоқ сол.
Аламларинг кеткур қулоқ сол».

XXIV

«Беномус қиз, айт тўғрисини,
Бахти қора! Эл номусини
Орсизларча поймол этганда,
Заррача эс бормиди санда?
Қайси шайтон йўлга бошлади?
Қай хароми ўтга ташлади?
Йўлдан урди қайси бир маккор?
Очиғини сўйлагил, беор.
Сенга буни кимлар ўргатди,
Қучоғингда қай иблис ётди?
«Ўнбеш ёшда экан куёвга
Берганлари ҳамон эсимда.
Қурбон бўлдим қайси бир ёвга,
Ҳамда менинг толиим кимда?—
Билмас эдим, билмасдим асло,
Лекин, шукур, урмади бало;
Чимилдиқда кўрдим эримни,
Менга йўлдош қилдилар кимни?
Сўрамадим, бўлмади ишим,
Ҳечким билан йўқдир койишим.
Қолиб кетдик бутун умрга
Ва шукур кнм, кирмадик гўрга.
Шундай ўтди етти пуштимиз,
Шундай ўтди барча хотин-қиз,
Шундай ўтди уруғ ва авлод
Ва ҳечбири қичқирмади дод.
Бизда одат мана шу эди,
Ва саодат мана шу эди.
Сен шарманда, энди бемалол,
Ҳаммасини қилибсан поймол».

XXV

Зайнаб турар, қора кўзидан
Жовдираган ёши тирқирар,
Қони қочиб оппоқ юзидан
Талвасада кўкраги урар.
Ҳури жимдир. Зайнаб бепоён,
Аламини қилгали баён —
Бир чимранди, силкинди боши,
Сўз бошлади кўзида ёши.

XXVI

«Тўғри опа, бутун бахтсизлик,
Хўрликларнинг боиси шудир,
Хотин-қизга хос бўлган қуллик
Шу одатда этмишдир зуҳур.
Бутун қизлар, бутун жувонлар
Чимилдиқда эрни кўрдилар.
Куя-куя кул бўлди жонлар,
Чўри бўлиб йиғлаб юрдилар.
Чўри эдинг, қул эдинг барииг,
Роҳат кўрди қайси бирингиз?
Одам эмас, айиқ билан тенг,
Ёвуз эди топган эрингиз.
Ҳар номардга чўкар эди тиз,
Эрксиз эди сизнинг ҳаммангиз.
Ҳаммангизнинг тақдирингиз қул,
Ҳаммангизнинг оллоҳингиз пул.
Ҳаммангизнинг булутда ойи,
Ҳаммангиз ҳам баҳор гадойи.
Кечдим опа, шундай одатдан,
Тамом кечдим бу саодатдан.

XXVII

«Сен ўзингни бахтли дедингми?
Опа, сен ҳам одам эдингми?
Чимилдиқда эрни кўрганда,
Тутқинликка бўлганда банда,
Қанча ожиз, қанчалик хақир,
Қанчалик хўр, қанчалик фақир,
Бўлганингни билганмидинг ҳеч?
Чимилдиқда баҳорингга кеч
Тушганидан хабардормидинг?
Яшашингда инсонликка тенг
Бирор хислат, сўйла, бормиди?
Бахт деганинг қайғу зормиди?
Кўзингни кўр, қулоғингни кар
Қилиб ҳар кун ичганда заҳар,
Толе шу деб юрарми беғам,
Шукур қилармидинг шунга ҳам?

ХХVIII

«Шунинг учун қайтдим баридан
Ва уялиб ёшу қаридан,
Юришимдан фойда топмадим,
Эрк қидирдим, бахт шунда дедим.
Шунинг учун эски одатлар
Ўлкасиии айладим поймол,
Ва сен деган оқ саодатлар
Қора дедим ва топдим камол.

XXIX

«Ман ўзимни инсон билганда,
Гулга тўлиб баҳор келганда
Юрагимда ҳавас уйғонди,
Бир ажиб ўт бағримда ёнди;
Ва севгига топшириб дилни,
Бир йигитга бердим кўнгилни.
Уни ҳар кун кўраркан тонгда
Бир ғулғула қўпарди онгда.
Ҳеч нарсани кўрмасди кўзим,
Эпақага келмасди сўзим,
Ишлар эдим ўзимни билмай,
Ва бетиним кўнглимдаги най
Айтар эди унинг отини,
Қуяр эди шунда ботиним.

XXX

«Опа, ўша севганим — Омон,
Опа, ўша ўртагучи жон,
Буни этиб сенга ошкора,
Етишгали қиларкан чора,
Иқрор бўлким,гуноҳим йўқдир.
Очиқ юриб топган кишимдан,
Ва беизин қилган ишимдан
Пушаймоним ва оҳим йўқдир.

XXXI

«Нима қилай, узоқ гапирдим.
Тушунчангни ҳар томон бурдим.
Ғараз шулким, қайтмай йўлимдан,
Қелганини қилдим қўлимдан.
Қанча яхши, барно бўлса ҳам,
Қанча олим, доно бўлса ҳам,
Собир учун мени қийнама,
Мени ўтга ташлама яна.
Менга ёлғиз Омонимни қўй,
Менга ўша ёмонимни қўй.
У, кам эмас ҳеч бир одамдая,
Мен ул билан узоқман ғамдаа.
Инсоф келсин, опа, ўзингга,
Тутқин бўлиб ўсган қўзингга
Розилик бер, одам бўл сен ҳам,
Саодат топ ва бўлмагин кам».

XXXII

Юрагини бўшатди охир,
Дардларини юмшатди охир.
Зайнаб артиб кўзда ёшини,
Ва кўтариб эгик бошини
Опасига «жавоб бер» деди.
Анор ҳамон оташда эди:
— «Бўлмайдими Собир, тез гапир!
— Опа, бўлмас, жоним, гапим бир!
— Ё мени де, ёки Омонни!
— Нетай, тикдим йўлида жонни!
— У пасткашнинг зоти ким экан!?
— Опа, урма қалбимга тикан.
Уни мен ҳам билалганим йўқ,
Бу юмушни қилалганим йўқ.
Лекин ишонч билан тўлиқман,
Шу ишончим билан улуғман».
Анор асло чидай олмади,
Қолган гапга қулоқ солмади,
Ўзи бирдан шовиллаб кетди,
Ўт сингари ловиллаб кетди:

XXXIII

«Кўринмагин, йўқол, кўзимга,
Йўқол, хотин бўлсанг ҳам кимга,
Энди менинг номимни айтма,
Расволикдан орқангга қайтма.
Даргоҳимдан чиқиб кет, дарҳол,
Энди сени кўрмаклик малол.
Қолганингда тоза шарманда,
Бўлганингда кўчага банда,
Шунда мени эсга олурсан,
Хизматимни эсга солурсан.
Энди расво бўлгунингча, хайр,
Ва бенаво бўлгунингча, хайр».

XXXIV

«Хайр, опа, келсанг ўзингга,
Рози бўлгин берган тузингга.
Бунча қарғиш ёмон эмасми?
Юрган йўлим баландми-пастми —
Опа, энди ўзим билурман.
Билганимни ўзим қилурман.
Эшигингда асранди бўлган
Қора кунлар хотирда қолур.
Опа, сенинг миянгга тўлган
Булут балки бир кун тарқалур.
Сўнгра ўзинг пушмон бўлурсан,
Сўнг қайғуда мутлоқ ўлурсан.
Эталмадим тузингни ҳалол,
Чорам йўқдир, жои опа, хушқол...»

XXXV

Зайнаб яна кўзида ёши,
Ҳам туташиб ичи ва тоши
Ғазаб билан ўрнидан турди,
Тиккасига ичкари юрди.
Йиғиштириб бор бисотини,
Бўғозида тиқилиб тини,
Ҳури сари қилди ишора,
Зайнаб учун шу бўлди чора.
Ҳури икав уйдан чиқдилар,
Анор бўлса кўчага улар
Чиққанича қарғишлаб қолди...
Бутун элга ёйилди бу сир,
Ва эртаси қишлоққа Собир,
Келди деган хабар тарқалди.

Учинчи бўлим

I

Борлиқ узра тушганда оқшом.
Зайнаб қўйди далага қадам.
Бир-бир босиб, илгари елди,
Сой бўйвга яқшилаб келдн.
Бутув атроф, оғкр еульутда,
Ёлғиз Зайнаб юраги ўтда.
Бир гувоҳи сувлар шилдирар,
Бир гувоҳи кўкда ой юрар,
Бир гувоҳи юлдузлар қатор
Турар қизнинг дийдорига зор.
Секин-секин ва ташлаб Омон,
Яқин келди суйгани томон
Ва кўрдиким ажойиб бир ҳол,
Зайнаб турар қайғули ва лол,
Кўзларида ёши бор эди
Ва эгилган боши бор эди.

II

«Омон, менга ўзингни англат,
Очиқ гапир, сўзингни англат.
Айби чиқди қилган ишимнинг,
Кўнгил бериб суйган кишимнинг
Кимлигини билмай уялдим.
Уят эмас қонга бўялдим.
Бу офатдан мени эт халос,
Маломатдан мени эт халос.
Ўзинг кимсан, борми ватанинг?
Қайси элдан, зотинг ким санинг?
Сезгиларинг агар бўлса рост,
Сўзла бироз ўз севпшгга хос»

III

Омон узоқ ўйларга кетди,
Дашту саҳро, кўйларга кетди.
Эски қайғу, кўҳна ҳикоя,
Хотирига ташлади соя.
Омон узоқ-узоқ қолди жим,
Бўғиқ-бўғиқ нафас олди жим.
Охир боқиб қизнинг юзига,
Жон олғучи қора кўзига,
Ўтмишини айлади баён,
Ким эканин айлади аён:

IV

«Сенга энда нелар айтайин,
Қайдан бошлаб, қайдан қайтайин;
Кимни йўқлаб, кимни эсласам,
Кимни қўйиб, кимлардан десам,
Кимнинг айтсам сенга отини,
Баён қилсам кимнинг зотини.
Кечир, Зайнаб, ожиздир Омон.
Бу сўроғинг жон ўртар ёмон.
Бу сўроғинг жонни қақшатар,
Бу сўроғда қайғу, зор ётар.
Бу сўроғда олам ва олам
Омон учун ҳасрат билан ғам.
Кечир, Зайнаб сўзлалмас тилим,
Кечир, Зайнаб, чидалмас дилим,
Бу ҳикоя тўкар ёшимни,
Ҳам куйдирар ичу тошимни.

V

«Кел бўлмаса, қулоқ сол сен қиз,
Бизнинг қадим, кекса дунёмиз
Она меҳри билан тўлиқдир,
Она меҳри билан улуғдир.
Ҳар гўдакнинг бир онаси бор.
Ҳар онанинг ўз боласи бор,
Она уни болам деб излар,
Бола уни онам деб бўзлар.
Ажал келиб бўққан чоғида,
Она ҳатто бало тоғида
Излар экан ўз оворасин.
Ит йўқотгач жигар порасин
Чок этармиш ўз ёқасини.
Ҳатто қушлар ўз чақасини
Иссиқ қанот остига олур,
Асрар уни, жонга жон солур.
Ҳатто қўнғиз ўз боласини
Оппоғим, деб бўлар экан шод,
Оппоғим, деб қилар экан ёд.
Ҳар бечора ва ҳарбир гадо,
Фарзанд учун қилгай жон фидо,
Ва ҳаттоким илон ҳам чиён
Жон порасин севар бегумон.

VI

«Гул очилар баҳор чоғида,
Ва тўлишар она боғида,
Она севмас фарзанд топилмас,
Фарзанд йўқдир онани севмас.
Фарзанд гулдир, она бир бўстон,
Шунинг билан жаҳон гулистон.
Ёлғиз бир мен онасиз ўтдим,
Ёлғиз бир мен заққумлар ютдим.
Ёлғиз бир мен она алласин
Тинглагали бўлдим интизор.
Ёлғиз бир мен онанинг сасин
Эшиталмай йиғлаб ўтдим зор.
Оналиклар саодатига
Бир ошкора суқ билан боқдим,
Ва туфурдим тақдир хатига,
Пешонамни ўтларга ёқдим.
Она номин эшитганимда,
Хўрсинардим, ўпкам тўларди.
Менинг кучсиз, ожиз танимда
Бир қалтираш пайдо бўларди.

VII

«Роса тўққиз эканда ёшим,
Бир балога дуч келди бошим,
Оқсоч кампир бир сирни очди,
Сирни очиб қонимни сочди:
«Болам, айтсам ростини сенга,
Ҳеч бир кимсанг йўқ...» деди менга.
Шоҳид топиб ёшу қаридан,
Зарафшоннинг қирғоқларидан
Топганини қилди ҳикоя:
«На ҳамшира ва на бир доя,
На бир ошно, на бир қариндош
На бир сирдош ва на бир йўлдош,
Бу дунёда бўлмамиш сенга»—
Дея ғамгин юзланди менга.
Оқсоч хотин йиғлаб зор-зор,
Боққанини айлади изҳор:
«Сени боқдим худо йўлига,
Топшираман яна қўлига,
Бўлса агар ўзи меҳрибон,
Паноҳида сақлагай омон.
Болам, энди юрт тинчиб қолди,
Элу халқ ҳам эркин тин олди.
Агар юртни юриб изласанг,
Балки чиқар отанг ва онанг.
Ким билади, балки ҳаётдир,
Ва эҳтимол ҳаётга ётдир.
Ким билади, балки Зарафшон
Сенга ўзи берар бир нишон.
Дуо қилдим, бахтинг ёр бўлсин,
Манглайингда тахтинг бор бўлсин».
Дея оқсоч қўлини очди,
Юзларидан иссиқ қон қочди.
Оғир эди бу бениҳоя,
Булут солди қалбимга соя,
Чиқиб кетдим шунда бош олиб,
Кўзларимга қонли ёш олиб.

VIII

«Неча кунлар юриб Зарафшон,
Бўйларидан изладим нишон.
Неча турли злларни кўрдим,
Изғиринлар, елларни кўрдим,
Ҳаммаёққа кўзим нигорон,
Ёш ўрнига тўкар эдим қон.
Кириб кўрдим ҳар бир хонани,
Ҳар бир кулба, ҳар ҳамхонани,
Ҳар бир одам билан учрашдим,
Қирлар ошдим, тоғларни ошдим.
Дуч келганнинг, лекин, бири ҳам,
Отанг мен, деб урадмади дам.
Неча-неча эркак ва аёл
Саволимга бўлиб қолди лол.
Зарафшонда яна югурдим,
Қирғоқларга ўзимни урдим.
Ва изладим ёна ва ёна,
Тополмайин ҳеч бир нишона.

IX

«Дарё каби мавж уриб тошдим,
Водиларда ёлғиз адашдим,
Ҳар кўргавдан айладам сўроқ,
Аччиқ жавоб эшитдим бироқ:
Ҳамма менга: излаганларинг,
Дедиларким, ўлганлар сенинг,
Юрт бошини зулм босганда,
Офат билан ўлим босганда,
Муҳтожликда ўлган, дедилар
Ва очликда ўлган дедилар.
Ҳар водини бир-бир изладим,
Етим қўзи янглиғ бўзладим.
Бошим узра қушлар чирқираб,
Чарх урдилар ҳолимни сўраб.
Чирқирашиб барча беқарор,
Эл жавобин қнлдилар такрор.
Гулзорлардан, боғлардан ўтдим,
Бозорлардан, тоғлардан ўтдим.
Бутун юртни осойиш топдим,
Элу халқни бекойиш топдим,
Фақат дардга топалмай чора,
Бағрим эди пора ва пора.

X

«Сўз айтурга тилим бўлди лол,
Нега мендан сўрадинг савол?
Нега эски доғларни очдинг,
Доғ устига оғулар сочдинг.
Нега келдинг менинг ёнимга,
Ўт ташладинг нега жонимга?
Туташгуси қалбимга оташ,
Жанг қилгуси оташ билан ғаш.
Шу оташда бўлурдаан хазон
Ва шу ғамда бўлурман хазон.
Одам эсанг етгил додимга,
Ўтганларни солма ёдимга.
Зарафшонда Омонни. билган
Қари-қартанг одамлардан сўр
Баҳор фасли эрта очилган,
Оппоқ гулли бодомлардан сўр.
Мажнун толнинг бутоқларида
Қушлар тинмай Омонни куйлар
Сен суймаган ёмонни куйлар.
Зарафшоннинг қирғоқларида
Топганлардан сўрасанг, сўйлар.
Айтиб берар унинг отини,
Айтиб берар асли, зотини.
Қутиларсан кўзнинг ёшидан,
Қутиларсан таъна тошидан.

XI

«Не дарёлар оқиб ўтдилар.
Қанча йиллар ўтиб кетдилар.
У ҳовлиқма, қадим Зарафшон
Бино этди кўп янги достон.
Водийларни, тоғларни ошиб,
Дараларда ёлғиз адашиб,
Келиб қолди юртингга Омон,
Келиб қолди ранглари сомон.
Юракбағри ёниб, тутоқиб,
Ҳар кўрганга суқ билан боқиб,
Бунда топди бир янги замон.
Бул замонда ул бўлди Омон!
Шундан бери юртингда сенинг
У бўлгандир одам билан тенг.

XII

«Сен ишлаган колхозда ул ҳам
Топди ҳама дардига малҳам.
Эсдан чиқиб фиғону фарёд,
Тақдиридан бўлгандир ул шод.
Омон топди бунда парча нон,
Нон демаким, Омон топди жон.
Дунё унга гўзал кўринди,
Ҳаётидан маънолар унди.
Юрагида ҳаваслар пайдо,
Орзуларга ул бўлди шайдо.
Бир юқори оламга боқди,
Шундай олий бир дамга боқди.
Ҳатто, билсанг, Омоннинг бу бор.
Кўнгли ишқни қилди ихтиёр.

XIII

«Ол, деб, сенга қўлни узатдим.
Қўлни эмас, қалбимни отдим.
Кўз олдимда бутун бир жаҳон,
Сенинг билан бўлди гулистон.
Ишқингда мен баҳорлар топдим,
Баҳор ичра наҳорлар топдим.
Наҳорларда очилди гуллар,
Олам-олам гул бўлди чўллар.
Шундан кўрдим саодатимни,
Маъқул қилдим бу одатимни.
Сўзлаб берсам ўз севгимга хос,
Сени жондан севганлигим рост.
Гар ишонсанг айтган сўзимга,
Сен бўлганда — менинг кўзимга
Ҳеч бир нарса кўринмас, халос».

XIV

Омон тинди. Зайнаб бошини
Кўтарди-ю артди ёшини.
Қалбидаги ҳар қанча гумон,
Тарқалганди мисоли тумон.
Қарашида ишонч бор эди,
Қисматига толе ёр эди.
Бир қаноат қилганди пайдо,
Омонига бўлганди шайдо.
Икки кўзнинг қорачуғида,
Бутун олам топмишди макон.
Икки қалбнинг қизғин чўғида
Бутун олам эди чароғон...

XV

Дарё тинмай соларди шовқин,
Қиз кўзидай қора эди тун.
Қиз қалбидай пок эди ҳаво,
Қиз қалбидай севгига даво.
Борлиқдаги шу нафис ҳолда
Япроқлар ҳам енгил шамолда
Шитирлашиб ўйин соларди.
Бир-биридан бўса оларди.
Бутун борлиқ жон қулоғини
Қўйиб тинглар Омоннинг сасин.
Икки дўстнинг бахтли чоғини,
Икки ёрнинг оташ бўсасин...

XVI

Тун устига кун нури ётди,
Зир ажойиб гўзал тонг отди.
Ҳури, Зайнаб туриб иковлон,
Собир томон бўлдилар равон.
Букун Зайнаб юришларида,
Юриш билан туришларида
Бир ажойиб мардлик бор эди,
Бир жасурлик унга ёр эди.
Чой устида ўтирар экан,
Хомуш туриб ўй сурар экан,
Собир кўзи тушди эшикка,
Қизлар томон қўзғолди тикка.
Ота-она қотиб қолдилар,
Таажжубга ботиб қолдилар.
Зайнаб секин сўзга киришди,
Ҳикоянинг бошидан тушди:

XVII

«Собир, ёлғиз сенга суяндим,
Эшит мени, бир ўтда ёндим,
Бошим узра синди огар тош,
Сени дея қавму қариндош
Ихтиёрим олган эканлар,
Ва кишанга солган эканлар.
Мен Омонга кўнгил берувдим,
То ўлгунча ўшани девдим.
Севганимни билиб Омонни,
Оқиздилар бағримдан қоняи.
Маломатга тамом кўмилдим,
Ҳақоратда гўёки ўлдим.
Етсанг дея додимга зора,
Излаб келдим ўзингга чора.
Қилгил, ога, дардимга дармон.
Қўйғил, оға, битта бечора
Тилагимга етсин беармон;
Бу дунёдан ўтсин беармон.
Мен ҳеч сенинг тенгинг эмасман,
Омоним бор, сени демасман.
У кам эмас ҳеч бир одамдан,
Мен у билан узоқман ғамдан.
Қилмоқ керак ваъдага вафо,
Вафосизлар тортгуси жафо.
Баҳор пайти отлар чопилур,
Сен деганда бир ёр топилур.
Сен деганда ҳар қиз, ҳар жувон
Кўнгил берур, фидо қилур жон.
Қутқор мени, келдим ўзингга,
Муҳтождурман сенинг сўзингга».

XVIII

Собир тамом ҳайратда қолди;
Бир изтироб, бир дардда қолди.
Ўртанди-ю ачинди жони,
Жони эмас бутун жаҳони.
Ачинди-ю тўлғонди бир богд,
Қизга боқди такрор ва такрор.
Онасига томон юзланди,
Юзданди-ю ранги бўзланди.
Юрагида бошланди бир ғаш,
Ғаш ичида қизғин бир оташ.
Аччиқ-аччиқ бир сўз бошлади,
Ҳикматларни чизиб ташлади:

XIX

«Қариндошлар йиғсинлар эсин,
Шу чоққача инсон сезгисин
Уйин, мазах бўлгани басдир.
Энди дунё бозор эмасдир.
Энди одам қулдек сотилмас,
Энди одам ўтга отилмас.
Энди унга қафас бўлмас жон,
Энди дунё бўлмагай зиндон.
Энди одам истар бўлса ёр,
Ўз севганин қилсин ихтиёр.

XX

«Менинг ҳам бир суйган гулим бор,
Менинг ҳам бир ўз булбулим бор.
Керакдирким қавму қариндош,
Рози бўлиб бирга қўшса бош.
Энди шундай одат керакдир
Ва саодат шундай керакдир.
Хоҳишларинг бўлмасин увол,
Ота-она истагин адо
Қилиб, сенинг эркингни поймол,
Этсам агар бўлайин гадо.
Бор, азизим, ёш кўнглинг тўлсин,
Бор, суйганинг ўзингга бўлсин».

XXI

Зайнаб унга хомуш эгилди,
Қадди унинг саломга келди.
Бўлиб ундан жаҳон-жаҳон шод,
Ҳури билан ҳурмат қилиб ёд,
Дарҳол туриб йўлга қайтдилар,
Ва Омонга келиб айтдилар.
Бирдан бўлди олам гулистон,
Зайнаб, Омон қалбида бўстон.

XXII

Шу куниёқ бутун қишлоққа,
Қишлоқдаги эл бирла халққа
Бу можаро бўлди овоза.
Ҳар бир қўра, ҳар бир дарвоза,
Бўлиб бундан тамом хабардор,
Сўйлардилар такрор ва такрор.
Сўйлардилар Зайнаб ҳолидан,
Сўйлардилар Собир фолидан,
Куйганини Анорнинг ҳалол,
Боққанини Омонга иқбол.
Сўйлардилар эртанги тўйдан,
Тўй кечаси айтилур куйдан,
Қилардилар тинмай ҳикоя,
Сўйлардилар кўп, бениҳоя.

XXIII

Ҳайрат билан қавму қариндош,
Йиғилдилар қўшмоқ учун бош.
Бири хурсанд, бири аламда,
Не қиларин билмас бу дамда.
Бири тўкар эди кўздан ёш,
Қизларининг бу хил майлига,
Замонанинг бундай зайлига,
Барча бирдай ҳайрон эдилар,
Ҳайрону саргардон эдилар.
Бу ҳолларга барча қолиб танг,
Ҳайрон эди барча эсу онг.
Таажжубда тишлаб тишларин,
Билмасдилар қилар ишларин.
Ҳаммасида бир дард бор эди.
Эрклиларда ҳасад бор эди.
Ёшликларин ҳасратда хазон
Қилган учун бўлиб пушаймон,
Ҳур қизларни оқлар эдилар,
Бир эҳтиром сақлар эдилар.
Адил туриб ёқлар эдилар.
Ўтганларни барча қилиб ёд,
Замонадан бўлардилар шод.

XXIV

Колхоздаги катта равотда,
Бир аломат шовқин бор эди,
Келардилар пиёда, отда,.
Шундай, катта сарой тор эди.
Бундан хабар топган барча эл
Ёғиларди гўёки бир сел.
Қутлаб Зайнаб, Омон тўйини,
Ҳамма хурсанд келар эдилар.
Бир аломат тўй бўларини,
Ҳамма яхши билар эдилар.

XXV

Кириб келди жимгина Анор,
Қовоғидан ёғар эди қор.
Улар Собир онаси билан,
Тўйхонада бўлишиб бир тан,
Бир бурчакдан ўрин олдилар,
Бир ноилож назар солдилар.
Бу иковнинг кўз қарашида
Минг-минг яшаб Ҳури юрарди,
Жавлон уриб тўйнинг бошида,
Юлдуз каби яшнаб турарди.

XXVI

Тўрга катта гилам солдилар,
Ўйинчилар келиб қолдилар.
Чалғучилар бошладилар соз.
Қўшиқчилар солдилар овоз.
Ҳалимахону Назирахонлар,
Надимахон, Каримахонлар,
Қушдай енгил учар эдилар
Оқ булутдай кўчар эдилар,
Оқшомгача бўлди тамошо,
Бутун юртга тўлди тамошо.
Келин-куёв — Зайнаб ва Омон,
Боқардилар маъсум ҳар томон.
Хурсанд эди беҳад икки ёр,
Хурсанд эди икки бахтиёр.

XXVII

Зайнаб билан Омон иковнинг—
Янги келин, янги куёвнинг
Бахти шундай бўлди барқарор.
Саҳаргача қизу жувонлар,
Дугоналар ва меҳрибонлар
Узатдилар айтиб ёр-ёр.
Икки ўртоқ, икки ширин жон,
Янги уйга бўлдилар меҳмон.
Гўзал эди дунё чунон ҳам,
Гўзал эди бу ажойиб дам.
Икки дўстга айтиб шараф, шон,
Оқар эди тошқин Зарафшон.
Олам сари сочиб янги онг,
Секин-секин ёришарди тонг.


СЕМУРҒ ЁКИ ПАРИЗОД ВА БУНЁД

1939

I

Сарви қомат паризод
Ўсди ғамлардан озод,
Баҳор янглиғ очилди,
Гуллар каби сочилди.
Чиройидан овоза,
Элга тарқалди тоза.
Ҳар ерга достон бўлди,
Достонга бўстон бўлди.
Кўрмаганлар кўришни,
Кўрганлар ўлтиришни
Қилар бўлдилар орзу.
Барча тошу тарозу
Шу гапни ўлчар бўлди;
Сўзлар олтин-зар бўлди.
Шайдолар кўп беқарор,
Йигитлар бўлдилар зор.
Тун келди-ю шом кетди.
Уйқудан ором кетди.
Ҳамма бўлиб харидор
Қизиди катта бозор:
Элчилар ёғилдилар,
Катта ғавғо қилдилар.
Лекин у одам севмас,
Доим ўзи билан маст.
Новқирон паҳлавонлар
Элдаги новқиронлар
Унга асло ёқмайди.
Ошиқларга боқмайди.
Юрагида севги йўқ,
Қалби мармардай совуқ,
У одамлик қарзини,
Севгучининг арзини
Олиб орқага ташлар.
Шунча-шунча оташлар
Эшигида сўнади.
Оташдан кул ўнади.
Баҳри очилмайди ҳеч,
Чеҳраси кулмайди ҳеч.
Элчи бўлиб келганлар
Қизнинг сирин билганлар,
Ноумид қайтадилар,
Мардумга айтадилар,
Халқ ичида Паризод
Чиқаради ёмон от.
Ўз қизидан пушаймон
Бўлиб шунинг учун хон
Кеча-кундуз ўйлайди,
Ёз билан куз ўйлайди:
«Эл расмини қилмаган,
Севги нима билмаган,
Қари қизни нетайин?
Чиқиб қайға кетайин?
Қайларга урайин бош?
Бунча совуқ, бағри тош
Қизни қайдан яратдим?
Ўзимни ўтга отдим.
Мен нимага ярайман.
Юртга қандай қарайман.
Бошимга бу Паризод
Балолар келтирди бот».
Қизини чақириб хон,
Шундай бошлади фиғон:
«Эшит, қизим Паризод,
Чиқарибсан ёмон от.
Сенинг бағринг тош эмиш,
Кўзларинг беёш эмиш.
Асло севмас эмишсан,
Эрга чиқмам, демишсан.
Мен маломатга қолдим,
Зўр қиёматга қолдим!
Сенинг ёмон достонинг
Мени тупроқ билан тенг
Қилиб уятга қўйди.
Мени бепичоқ сўйди.
Қизим, мен ҳам қаридим,
Гўрга томон даридим.
Ёшим етмишга борди.
Соқол-сочим оқарди.
Юрак бағримни ўйдинг,
Мени номусга қўйдинг
Отангга берма азоб,
Азобга қолмаган тоб.
Тош юрагинг юмшасин,
Эшитсин қалблар сасин.
Отанг ҳурмати учун
Кўрсат мардликнинг кучин:
Кел, бировга кўнтил бер
Бир йигитга деб гул бер.
Бир оз андишага бор,
Мени ғавғодан қутқор!»

II

Паризод ўйлаб қолди,
Кўп узоқ бегап қолди.
«Майли — деди, у хонга,
Бир умид солиб жонга —
Ёлғиз бир шарт қўяман,
Бажарганни суяман.
Ҳовлида бор зўр чинор.
Чинор эмас у бир дор;
Билади жуда кўп сир,
Яшар юз йил — бир аср.
Ёши кўпга кетади,
Боши кўкка етади.
Ўлкага жар соламан,
Ерларга зар соламан.
Шартим шуки, от билан,
Гўёки қанот билан,
Шу чинорга чиққанга,
Чиқиб уни йиққанга,
Сўзсиз хотин бўламан.
Гўзал отин бўламан.
Барча қаршимдан ўтсин,
Мард ўзини танитсин.
Агар шунда ҳам қалбим
Юмшамасдан қолса жим
Узиб олиб отарман.
Қассобларга сотарман».
Шундай дегач Паризод,
Хон бўлди поёнсиз шод.
Жарчиларни чорлатди,
Ҳарбирига сўз қотди,
«Юртга хабар берингиз,
Айтингиз ҳар бирингиз
Хон қизига харидор,
Паризод ҳуснига зор
Бўлганларга бахт кулди,
Биргалашиб тахт кулди.
Қўрқмасдан келаберсин,
Бахтини билаберсин.
Шарти шулким, от билан,
Гўёки қанот билан,
Зўр чинорга чиққанга,
Чиқиб уни йиққанга,
Паризод хотин бўлур,
Бир гўзал отин бўлур.
Айтинг, ҳарбир мард келсин,
Ҳарбир мард бедард келсин.
Синасин ўз бахтини,
Бахти қўлласин уни.
Кўрганлар олсин дармон,
Кўрмаган қилсин армон».

III

Ҳарёққа хабарчилар—
Тили узун жарчилар,
Чопа-чопа кетдилар
Бозорларга етдилар.
Карнай, сурнай чолдириб,
Суюнчилар олдириб,
Қилдилар катта эълон,
Хабарлар кетди ҳарён.
Хоннинг хабарин олиб,
Ҳамма бирдан қўзғолиб,
Зўр шов-шув бўлиб қолди,
Юртга гап тўлиб қолди. ,

IV

Эртасига барча эл,
Келаберди боғлаб бел.
Чавандоз, паҳлавонлар,
Барча соҳибқиронлар,
Отларни гижинглатиб,
Қамчиларни ўйнатиб,
Кела бердилар бари,
Каттакон чинор сари.
Бахмал жабдиқлар уриб,
Сулув қизлардай юриб,
Арғимоқлар чопдилар,
Ер ва кўкни ёпдилар.
Сўлиқларни тишлашиб,
Маст бўлишиб кишнашиб,
Дунё-дунё чанг-тўзон
Ичида қолиб осмон,
Келабердилар бари,
Каттакон чинор сари.
Чумолидай чувашиб,
Қир ва тоғлардан ошиб,
Сув бўйларида ётиб,
Юрганда ўқлар отиб,
Ошиқлар пода-пода
Бўлиб чўлу саҳрода,
Кела бердилар бари,
Каттакон чинор сари.
Хон қизин олмоқ учун,
Элга синалмоқ учун,
Бахтим борми экан, деб,
Менга ёрми экан, деб,
Кела бердилар бари,
Каттакон чинор сари.

V

Етти кеча, етти кун,
Етти кундуз, етти тун,
Зўр чинорга чиқмоққа,
Чиқиб уни йиқмоққа
Ҳамма ҳезлаб кўрдилар,
Ўзни ўқдай урдилар.
Неча манман деганлар,
Илон пўстин еганлар,
Йиқилаберди бир-бир,
Макон бўлаберди ер.
Чинор ҳеч силкинмади,
Бир шохи ҳам синмади.
Қушдай учиб келганлар,
Шамол каби елганлар,
Ярим йўлда тиндилар,
Яна отга миндилар.
Яна ҳезлаб кўрдилар,
Ўзни ўқдай урдилар,
Мурод ҳосил бўлмади.
Кўнгиллари тўлмади.
Илондай чирмашганлар,
Чирмашиб тирмашганлар
Яна қайтдилар кетга,
Чиқабердилар четга.
Қанча сулув арғумоқ,
Йиқилиб бўлди чўлоқ.
Қанча-қанча чавандоз
Бўлди тупроқ билан соз.
Кўпларнинг бели синди,
Кўпларнинг умри тинди.
Кунлар ўтди ва аммо
Ҳал бўлмади муаммо.
Зўр чинорга чиқмоққа,
Чиқиб уни йиқмоққа
Ҳечким эришолмади.
Жумбоқни ешолмади.
Келганлар бўлиб ҳайрон,
Кўплар бўлиб пушаймон,
Бир-бир тарқаб кетдилар,
Манзилларга етдилар.

VI

Бу ҳолларни кўриб хон,
Ютди лахта-лахта қон.
Паризод хуноб бўлди.
Хунобу бетоб бўлди.
Қиз берганни қарғишлаб,
Пешонасига муштлаб,
Яна ахтариб чора,
Хон ўртанди тобора.
Одамларни чақирди,
Ўт ичида бақирди:
«Бу майдонга кирмаган,
Бизнинг шартни билмаган
Айтинг, яна ким қолди?»
Ҳамма одам жим қолди.
Оғир ўйга ботдилар,
Охир шуни айтдилар,
«Ёлғиз бир Бунёд қолди,
Ўша бир беот қолди.
У бир чўпон бечора,
Бу ишга топмас чора.
Паризодга тенг бўлмас,
Кийимига енг булмас
Чинорга чиқолмас ҳам,
Чиқолмас, йиқолмас ҳам.
Хон ҳеч қулоқ солмади.
Писандига олмади.
«Бу гаплар бари бекор.
Бу билан ҳеч битмас кор.
Қайда бўлса ҳам Бунёд,
Топиб келтирилсин бот!
Мен отимни бераман,
Қанотимни бераман.
Агар чинорга чиқса,
Ва чиқиб уни йиқса
Аҳмоқ, беэс бўлса ҳам,
Махов ва пес бўлса хам,
Менинг қизнм Паризод,
Унга хотин бўлур бот».
Бунёдни тоғ тагидан,
Дарёнинг этагидан,
Топиб келтирдилар бот;
Хон берди ноилож от.
Зўр чинорга қаранди,
Танини қуршаб ўтлар.
Ичида бир ғаш ёнди.
Чинор шохи булутлар
Орасида кўринди.
Бунёд фикр суринди.
Ёнидағи учқур от,
Чиқариб бир зўр қанот,
Кўкка қараб кишнади..
Бутун атроф халойиқ
Билан тўлиб кетди лиқ.
Ҳаёт умри қуриб хон,
Тикилар эди ҳайрон.
Не бўларкин, дер эди,
Заҳар-заққум ер эди.
Талвасада Паризод,
Чекар эди фиғон, дод.
Бунёдга ғайрат кирди,
Юрагига дард кирди:
Юриб баҳодирона,
Отга минди мардона,
Қаттиқ бир қамчин солди
Ёлғон эмас, чин солди.
От яшиндай қўзғолди.
Ўт сингари йўл олди.
Булутлар орасида,
Осмоннинг қорасида,
Ёзиб бориб қулочин,
Гўё бир буюк лочин
У чинорга ўтирди,
Гўёки ўқдай урди.
Чинор томири билан
Кўкарган ери билан,
Қўпорилди гувуллаб,
Шамол каби увиллаб.
Зўр шохлар ерга кетди,
Томир осмонга етди.
Ер узра тушиб Бунёд,
Бўлиб дунё-дунё шод,
Гўзал дулдул отида,
Отининг қанотида,
Кўзларида зўр ёғду,
Кулиб турар эди у.
Кўрсатгучига зўр иш
Эл сўзлар эди олқиш.
Юрак ёрилгудай хон
Хурсанд эди бепоён.
Паризод бўлиб беҳол,
Туриб қолган эди лол.

VII

Тўй бўлади дея эл,
Боса берди гўё сел.
Барча шошиқар эди,
Тўй деб ошиқар эди.
Қотиб қолган Паризод
Олдига келди Бунёд.
Секин қўлин узотди,
Қалбига зўр тош отди.
Паризод бир эмранди,
Қош-қовоғи чимранди:
«Тўғри,— деди,— сен ютдинг,
Совуқ қўлимни тутдинг.
Нима қилай, розиман,
Ўзимдан норозиман.
Бахтим очилмади ҳеч,
Айтганим бўлмади ҳеч.
Фақат, агар унасанг,
Унаб йўлга жўнасанг,
Яна бир шарт қўярдим.
Яна синаб кўрардим.
Шундан сўнгра умрбод
Сенга бўлар Паризод».
Бунёд ҳам рози бўлди.
«Гапир,— дея букулди,—
Гапинг бўлса айтабер,
Кўнглинг тўлса айтабер.
Ҳарбир ишни биларман,
Ҳарнимани қиларман.
Кўнглингни ололмасам,
Бир ором сололмасам,
Йўлдош бўлолмасман ҳеч,
Сен ҳам ундай ёрдан кеч».
Тикка туриб, Паризод
Шартин эшитди Бунёд.

VIII

«Кун ботарда бир ёвуз
Дев бор эмиш, ялмоғиз.
Одамга душман эмиш,
Қон эмиш унга емиш.
Ҳар мусибат, ҳар офат,
Ҳарбир мудҳиш касофат,
Барча жабру жафолар,
Ҳамма дарду балолар
Ўшандан келар эмиш.
Одамларни емириш
Билан бўлар эмиш шод,
Кўнгли ғамлардан озод.
Ўзи бало тоғининг
Ва офат булоғининг
Бошида ўлтирармиш
Куну туну ёз ҳам қиш.
Уни кўрган ҳар чаман,
Қўяркан тупроққа тан,
У тақилган ҳарбир гул
Тўкилар экан буткул.
Уни кўрган ҳарбир жон
Тез бўлар экан хазон.
Дарёлар қурур экан,
Балиқлар чурур экан,
Ундан ҳаркун табиат
Олар экан қора хат.
Икки ою икки йид,
Юрсанг маҳкам боғлаб бел
Маконига борарсан,
Андомига қарарсан.
Ўртангизда жанг бўлур,
Икки олам танг бўлур.
Шуни жангда ўлдирсанг,
Ҳаётини сўлдирсанг,
Қўлинг билан одамзод
Балодан бўлса озод,
Девни ўлдириб агар,
Қайтиб келсанг безарар,
Шу куни тўй бошлармиз,
Ғам-ғуссани ташлармиз».

IX

Паризод ерга боқди.
Бунёдни ўтлар ёқди.
Бўлиб хоннинг ҳоли танг,
Қотиб қолди ҳангуманг,
Калаваси чуволди,
Бор умиди йўқолди.
Таажжубда халойиқ
Кўзига ёш олди жиқ.
Бунёд узоққа боқди,
Чарвоққа, тоққа боқди.
Назари чўлга тушди,
Ҳув дея йўлга тушди.
Кўздан йўқолди шу он,
Тарқалди ҳамма ҳайрон.
Баланд тоғлардан ошди,
Дараларда адашди.
Водийларга кўз ёши
Тўкиб айланди боши.
Дарёлардан ўтди ул,
Яна узоқ кетди ул.
Юрти қолди узоқда,
Тушунчаси тузоқда.
Зўр бир ишга қўшиб бош,
Ўзига ўзи йўлдош,
Узоқ чўлларга етди.
Қайноқ кўлларга етди.
Поёни йўқ кенг саҳро
Ўт пуркаб солди садо.
Оёғи остида қум
Ётади уюм-уюм.
Бирор кўкат кўринмас,
Бирор жонвор уринмас.
Ёнига тушиб қуёш
Куяр эди ичу тош.
Бошдан тер қуяр эди,
Оёғи куяр эди.
Ҳалқумлари бўлиб қоқ,
Тоқатлари бўлиб тоқ,
Қимирлар эди секин,
Зўрға олар эди тин.

X

Бир йилдан сўнг баногоҳ
Бир сирдан бўлди огоҳ:
Поёни йўқ кенг чўлда,
Қайнаган қумлик кўлда,
Бир зўр дарахт кўринди,
Ўшанга кўзи тўнди.
Кўп толиққан бу одам,
Шу томон қўйди қадам.
Дарахт қуриган эди.
Қуриб чуриган эди.
Эди минглар ёшида,
Унинг баланд бошида
Қуш уяси бор эди.
Ҳам зўр ҳамда тор эди.
Дарахтга бир зўр илон,
Чирмашиб, у ошиён
Сари заҳар сочарди,
Ҳам оғзини очарди.
Чақалар чирқирашиб,
Фарёд қилиб туташиб,
Онани кутар эди,
Қон, зардоб ютар эди.
Бағрини ўртаб бу дод
Яқинроқ борли Бунёд.
Ёрдамга фаҳми келди,
Қушларга раҳми келди.
Қиличини чиқариб,
Дарахт ёнига бориб,
Ўша ёвуз илонни,
Хунук ва мудҳиш жонни,
Тўғраб ташлади шу он,
Қумлар бўлди қизил қон.
Чақалар омон қолди,
Анча омон жон қолди.
Чақаларни қутқариб,
Илонни қонга қориб,
Дарахтнинг соясида,
Уя ҳимоясида,
Узоқ уйқуга кетди,
Жонига ором етди.
Кун чошгоҳдан оққанда,
Қуёш тикка боққанда.
Қўзғолган каби бўрон,
Гувуллаб қолди осмон.
Яшин учгандай бўлди,
Пода кўчгандай бўлди.
Кўкни тутиб қаноти,
Бутун оламнинг оти,—
Семурғ қуш келиб қолди,
Бунёдни билиб қолди.
Чангалида зўр арслон,
Тумшуғида ботмон дон,
Кўзи ичидаги ўт
Оламни қилиб нобуд,
Уясига қўнмасдан,
Бир оз бўлсин тинмасдан,
Бунёднинг боши узра,
Чиза берди доира.
Жаҳон бузиб ўкирди,
Қаҳ-қаҳ уриб бўкирди.
Емак учун одамни,
Торта берди у дамни.
Чақалари чирқираб,
Кўз ёшлари тирқираб,
Ялиндилар, қизғон деб,
У бир гуноҳсиз жон деб:
«Қизғон она, ўксизни,
Ўша қутқазди бизни.
Бўлмаса ўлар эдик,
Очилмай сўлар эдик.
Бизни ер эди илон,
Айрилардинг, онажон».

XI

Семурғ ўйланиб қолди,
Қалбини шафқат олди.
Қумнинг бағрига ботган,
Қуёшда куйиб ётган,
Бунёдга соя солди,
Қанот остига олди.
Қуш номли бу буюк зот,
Ундаги кумуш қанот,
Бутун борлиқни тутди.
Бор осмонни беркитди.
Бунёд салқин сояда,
Бундай зўр ҳимояда,
Етти тунни ухлади,
Етти кунни ухлади.
Уйғона бермагач у
Босиб тобора уйқу,
Семурғ дарёга кетди,
Хаял ўтмасдан етди.
Сувни шимирди чўллаб,
Қанотларини ҳўллаб,
Шу замон учиб келди.
Жаладай кўчиб келди.
Тўхтаб Бунёд қошида,
Бир силкинди бошида.
Бунёд уйғонди дарҳол,
Уни лол этди бу ҳол.
Бирдан туриб сесканди.
Қушни кўриб сесканди.
Одамларга ўхшаброқ,
Семурғ бошлади сўроқ:
«Икки минг йилдан бери,
Шу кенг саҳронинг ери
Бўлмишдир менга макон.
Мендан бошқа бирор жон,
Келолмади бунга ҳеч.
Қумлар кўчиб эрта-кеч,
Ватанидан ажралди,
Саҳро гиёҳсиз қолди.
Қуртлар сарсон бўлдилар
Учган қушлар ўлдилар.
Бунда фақат топди жон,
Сен ҳалок қилган илон.
Ҳеч ёғмади ёмғур ҳам,
Ер кўрмади зарра нам.
Қадам босмади инсон,
Доримади ҳеч ҳайвон.
Шунча йил ёлғиз турдим,
Ер ва осмонни кўрдим.
Сўйла менга, эй одам,
Бошингга тушди не ғам?
Зўр бир мардлик қилибсан,
Лекин бекор келибсан,
Тилагингни айт менга,
Не кўмак берай сенга?»

XII

«Мени гўзал Паризод
Жўнатди,—деди Бунёд,—
Дунёни ғамга кўмган,
Жафо-аламга кўмган
Девни бир кўрмоқчиман,
Кўриб ўлдирмоқчиман.
Одамларга бахт бермоқ,
Бахтлиларга гул термоқ,
Элдан шиорим бўлди,
Номус ва орим бўлди.
Шуни қилсам Паризод,
Ёрим бўлиб, қилур шод.
Қуш дедики: «Эй инсон,
Бекор бўлибсан сарсон,
Паризод хўп алдапти,
Қўрқинч йўлларга сопти.
Хоннинг қизи дев билан,
Ошно эди бурундан.
Ёмон кўрганларини,
Душман билганларини,
Йўллар эди ўшанга.
Дўст эмас экан санга.
Сен бу йўлда ўлурсан,
Аниқ, қурбон бўлурсан.
Девга бормай қўяқол,
Бошқа қизни деяқол».
Эсга келиб Паризод:
«Қайтмайман,— деди Бунёд. —
Шер изидан қайтмайди,
Эр сўзидан қайтмайди.
Уни кўмгунча уёт,
Ўлгани яхшироқ бот.
Шунинг учун бораман,
Нима бўлса кўраман».

XIII

Қушда меҳр уйғонди,
Қизғониш билан ёнди,
«Кел, эса устимга чиқ,
Менинг қанотимга чиқ.
Бир нафас ўлтиргин жим,
Бир нафас кўзингни юм.
Мен кунингга ярайин,
Сени олиб борайин.
Денгизлардан ўтганда,
Дунёни сув тутганда
Кўзларинг очилмаснн,
Хаёлинг сочилмасин.
Ўзингни йўқотмагил,
Яна сувга отмагил,
Сени олиб борарман,
Курашингга қарарман,
Ўлсанг гуноҳ ўзингда,
Қўрқув билмас сўзингда.
Агар девни ўлдирсанг,
Ерни нурга тўлдирсанг,
Яна олиб қайтармаи,
Офаринлар айтарман».
Қанотга чиқди Бунёд,
Кўзини чирт юмди бот.
Ва Семурғ қилди парвоз,
Дунёни тутди овоз,
Кун ботар томон кетди.
Тун ётар томон кетди.
Семурғ остида дунё
Айланган бўлди гўё;
У ўқдай учиб ўтди,
Яшиндай кўчиб ўтди,
Еру кўкка солди жар,
Шовқинига дунё кар,
Ҳезлаганда юрт олди,
Ўлкалар кетда қолди.
Қолмай ўтмаган ери,
Уча-уча охири,
Ўрмонликка етишди,
Шивиллаб пастга тушди:
Ялмоғизнинг қошидан,
Дарахтларнинг бошидан
Вабо ўтгандай бўлди,
Бало етгандай бўлди.
Семурғ бир силкинди бот,
Кўзини очди Бунёд.
Кун ботардаги ўрмон,
Унга бўлди намоён.
Дарахтларга кўз солди,
Оғир ҳайратда қолди.
Тикилди суқ киргудек,
Бунда ўсган ҳар терак,
Боши осмонга етган;
Кўкка чирмашиб кетган.
Атрофга жилва қилди,
Нафаслари тиқилди.
Семурғ деди: «Эй ботир,
Кел энди ўрнингдан тур!
Бориб душманингни топ,
Қилич сол, бўйнидан чоп.
Жўна, бахтинг бор бўлсин,
Ўткир қилич ёр бўлсин.
Сени шунда кутарман,
Келмасанг қон ютарман».
Дея кўздан йўқолди,
Бир кесак бўлиб қолди.
Бунёд ўрмонга кирди,
Сув кечиб қонга кирди.
Ўткир қилич қўлида,
Борар экан йўлида
Дарахтлар қулар эди,
Йиртқичлар ўлар эди.
Ўрмонда ҳарнаки бор,
Қурту қушу жонивор,
Қарши олар эдилар,
Назар солар эдилар.
Бу ҳам бўлар деб қурбон,
Эдилар кўп пушаймон.
Чумчуқлар чирқирарди,
Булбул йиғлаб турарди.
Бунёд эса мардона,
Марду баҳодирона,
Ўрмонда борар эди,
Девни ахтарар эди.
Ошиқарди кўрай деб,
Қаршисида турай деб,
Қилар эди кўп армон,
Топай деб дардга дармон.

XIV

Бунёд етти кун кезди,
Етти қора тун кезди.
Энг охири тун чоғи,
Бир ҳид сезди думоғи.
Тани жимирлаб кетди,
Қалби қимирлаб кетди.
Бораберди у ҳамон,
Гувуллаб қолди ҳарён,
Ўрмон шатирлаб қолди,
Барглар патирлаб қолди.
У яна юрди бир оз,
Охир дев чиқди пешвоз.
Секин-секин юрарди,
Қаҳқаҳ уриб турарди.
Думидан бошигача,
Бошдан оёғигача
Хурсандлик олган эди,
Шодликда қолган эди.
Заҳар томар тишидан,
Ўлим ёғар ишидан.
Шохи осмонда эди,
Тирноғи қонда эди,
Бунёдга кулиб боқиб,
Нафсига йигит ёқиб:
«Салом, ўғлим, кел — деди,—
Душман эмас эл — деди,—
Омон-эсон бормисан?
Паризодга ёрмисан?
Гўзал қизим омонми?
Шўх юлдузим омонми?
Тилагингни айт менга,
Не мурод керак сенга?»
Йигит сўзга бошлади,
Гапни тизиб ташлади.
«Бунёд сенга эл эмас
Эл бўлганни дев емас.
Сен бир офат эмишсан,
Зўр қабоҳат эмишсан,
Одамизоднинг ёви,
Ўғлонларнинг гўркови
Ўзинг эмишсан ёлғиз.
Паризод деганинг қиз,
Қанча дўстинг бўлса ҳам,
Алам ютиб ўлса ҳам,
Бошингга етажакман,
Ўлдириб кетажакман».—
Бунёд қилич чиқарди,
Ўрмон ялтираб қолди.
Бунёднинг қаҳри келди,
Девнинг ҳам заҳри келди,
Кўзларидан ўт сочди:
Ўрмонликдан тун қочди.
У ҳар оғиз очганда,
У ҳарбир ўт сочганда,
Зўр бир ёнғин кетарди,
Қанча ўрмон битарди.
Нафасидан зўр бўрон
Қўзғолар эди ҳарён:
Томирлар кўчар эди,
Дарахтлар учар эди,
Осмонни қушлар тутиб,
Ҳаммаси ҳам қон ютиб,
Чирқирашиб турарди,
Зўр курашни кўрарди.
Тўкилар эди қонлар...
Барча йиртқич ҳайвонлар.
Кезарди бесаранжом
Сақлаб қолмоқ учун жон.
Бунёдни ютмоқ учун,
Бўғзидан тутмоқ учун,
Дев ҳамла қилар эди,
Баъзида қулар эди.
Оташда эди ичи,
Баҳодирнинг қиличи
Ялтирарди бошида,
Кулар эди қошида.
Бунёд қилич солганда,
Ҳарбир сирмаб олганда,
Девни узиб ўтарди.
Узиб, бузиб ўтарди.
Тўхтамади қонли жанг,
Бўлди девнинг ҳоли танг.
Икки куну икки тун
Солишди улар бутун.
Тинимни билмадилар,
Ярашга келмадилар.
Бунёд қиличи билан,
Заҳарлик учи билан
Девни бурдалайберди,
Қилич қон ялайберди.
Дев макон қурган ўрмон
Бошдан оёқ бўлди қон.
Қилични ҳар солганда,
Ҳарбир сирмаб олганда,
Бир жойни олиб ўтди,
Бир раҳна солиб ўтди.
Охири жон қолмади,
Жону дармон қолмади.
Қилич бўғзидан тутгач,
Тоғ каби ёриб ўтгач
Дев ҳарсиллаб қулади,
Бир қарсиллаб қулади.
Дев қулаб йиқилганда,
Бирдан яксон бўлганда
Ерлар қимирлаб кетди,
Зилзила гурлаб кетди.
Чўзала тушган чоғи,
Девнинг бошу оёғи
Ўрмонни тутиб кетди,
Сиғмай четга ҳам ўтди.
У типирлаб берди жон,
Ва жим-жит қолди ўрмон.
Шундан сўнг ботир Бунёд
Бўлиб ўзида йўқ шод,
Қилични ювиб олди,
Бир ўпиб, қинга солди.
Паррандалар барчаси,
Гўзали, ой парчаси
Ботирни узатдилар,
Олқишлаб кузатдилар.
Йигит Бунёд мардона,
Марду баҳодирона,
Юриб ўрмондан чиқди,
Ғавғо ва қондан чиқди.
Ботир ғоят беқарор,
Семурғига интизор
Турар эди кўз тутиб,
Ҳар кўзини юз тутиб.
Кесак бўлиб ётган қуш,
Гўё кўрган каби туш
Қонлар тўкилганини,
Бунёднинг енгганини;
Ботирнинг ғуссадан пок,
Дев бўлганини ҳалок,—
Билар эди ҳаммасин.
Кесак бўлиб кўлкасин
Ерга солиб ётарди,
Ором олиб ётарди.
Бунёд келган замон ул,
Шодликка тўлди буткул.
Бир айланиб қуш бўлди,
Бунёд кўнгли хуш бўлди.
Ботир изидан ўпди,
Икки кўзидан ўпди.
Деди: «Кел, устимга чиқ,
Менинг қанотимга чиқ!
Энди кетга қайтайик,
Элга достон айтайик.
Ботир йигит кетдик, бўл!
Келган жойга етдик, бўл!»
Ботир қанотга чиқди,
Зўр «дулдул отга» чиқди.
Кўзини юмган замон,
Хаёлга чўмган замон,
Семурғ кўкда йўл олди.
Ўрмонлар кетда қолди.
Бир юрт кўчиб боргандай,
Кўчиб учиб боргандай,
Шовқун-сурон зўр эди,
Ва беимкон зўр эди.

XV

Гўзал қуш қанотида,
Кўкнинг чопқир отида,
Учиб бораркан Бунёд,—
Хаёлида Паризод.
Қуш кенг саҳрога етди,
Инига қараб кетди:
«Эй Бунёд, кўзингни оч,
Жаҳонни кўр, назар соч!
Энди йўлни топарсан, .
Керак бўлса чопарсан.
Бор, яхшилар ёр бўлсин,
Ботир, бахтинг бор бўлсин».
Қайтадан қўл ушлашиб,
Семурғ билан хушлашиб,
Бир-бирини қучоқлаб,
Меҳру муҳаббат боғлаб,
Ажралдилар иковлон.
Бунёд жаҳонни жавлон
Уриб яна йўл кетди,
Саҳро билан чўл кетди.

XVI

Тоғлар ошди, қир ошди,
Ойлар бўйи адашди.
Сўнгги қирдан ўтганда,
Ўз юртига етганда,
Кунларини санади,
Тунларини санади.
Англади роса уч йил
Кезганини муттасил.

XVII

Роса уч йил ўтганда,
Оламни гул тутганда,
Ям-яшил эрта баҳор,
Паризодга интизор,
Бунёд бўлди намоён—
Ҳам хурсанду ҳам ҳайрон.
Юраги уриб келди,
Оламни кўриб келди.
Паризодни сўроғлаб,
Бағрини ўтда доғлаб,
Хоннинг эшигин қоқди.
Эриб сув бўлиб оқди.
Паризодни кўргали,
Аҳволини сўргали,
Жаҳонни уриб жавлон,
Семурғ билан иковлон,
Осмонда учганини;
Ёвуз девнинг танини,
Қиличда тўғраганин,
Олганин унинг жонин
Сўйлагали шошарди,
Дарё каби тошарди.
Қалбини бир оғир ғаш
Ўртарди мисли оташ.
Бир шубҳаси бор эди,
Шубҳа унга ёр эди.
Не кечди пари ҳоли,
Сўлмадими ниҳоли?
Узоқ уч йил муттасил,
Нелар қилди экан ул?—
Дея азоб чекарди,
Зўр изтироб чекарди.
Бунёд саройга кирди,
Тахт турган жойга кирди.
Ўзини йўқотди хон,
Ботирни кўрган замон.
Хоннинг юзига қараб
Қалби ичра оралаб
Бунёд баҳодирона,
Сўз бошлади мардона:
«Оламни кўриб келдим,
Девни ўлдириб келдим.
Дарёларни қурутган,
Балиқларни чурутган,
Инсонни дарду бало
Билан қилган мубтало
Ёвузнинг оти ўчди,
Оту ҳаёти ўчди.
Керакким қилмай жафо,
Ваъдага айлаб вафо
Паризодни бергайсан,
Ул озодни бергайсан.
Тўй бошламоқ лозимдир.
Куй бошламоқ лозимдир».
Қовоғини уйиб хон,
Уятига куйиб хон,
Сўзга киришди ожиз:
«Сенга ваъда қилган қиз,
Сўзингга жавоб берсин.
Керак бўлса тоб берсин.
Ихтиёри ўзида.
Турган бўлса сўзида,
Тўй бошлармиз шул замон.
Бўлишармиз шодмон.
Қани Паризод келсин,
Ўша ҳур, озод келсин».
Мулозимлар чопдилар,
Паризодни топдилар.
Пайдо бўлгач Паризод,
Ҳайратда қолди Бунёд.
Ихтиёри йўқолди,
Совуқ бир терда қолди:
Хоннинг қизи Паризод,
Ғамгин эмас жуда шод,
Ўғлин олдига солиб,
Қизини қўлга олиб,
Келар эди ул томон,
Боқар эди кўп ёмон.
Бунёд ҳангуманг қолди,
Ҳоли-зори танг қолди.
Унга Паризод маккор
Шуларни қилди изҳор:
«Чўпонни севолмадим,
Ҳеч кўнгил қўёлмадим.
Ғурбатга қорганимнинг,
Девга юборганимнинг
Сабаби шунда эди,
Кўнглим тугунда эди.
Ўлиб кетар деб эдим,
Чуриб кетар деб эдим.
Қанча ботир бўлсанг ҳам,
Зўр баҳодир бўлсанг ҳам,
Тўшагинг хас деб билдим,
Аслингни пас деб билдим.
Севолмадим сени мен,
Чунки мен хон қизимен.
Мен саройнинг эрига,
Отамнинг вазирига
Аллақачон текканман.
Шарт қилиб сафарга сан
Чиқиб кетган кунингда,
Йўлда бўлган тунингда,
Тўй бўлиб ўтган эди,
Ҳамма иш битган эди».
Ерга тикилганча хон,
Жим қолди узоқ замон.
Паризод ерга боқди,
Бунёд ўтда тутоқди.
Не айтарин билмасдан,
Тили сўзга келмасдан,
Ғазабда ёнар эди,
Ёнар, қийналар эди.
Паризодни, хонни ҳам,
Икки номард жонни ҳам,
Қиличдан ўтказмоққа,
Ўлимга ютқизмоққа
Ҳозир эди шул замон,
Ўт ичида беомон.
Шу ғазаб, шу ўч билан,
Шу қасос, шу куч билан
Саройни ташлаб чиқди,
Кўзини ёшлаб чиқди.
Бевафо хон қизини,
Номард хоннинг ўзини,
Унутмади ҳечқачон,
Қарғаб ўтди беомон.
 
МАҚОЛАЛАР

«ФАРҲОД ВА ШИРИН»

«Фарҳод ва Ширии» достони Алишср Навоийнинг машҳур «Хамса»сига кирган бсш достоннинг биридир. Улуғ шоирнинг энг зўр асарларидап ҳисобланган «Ҳайратул-аброр», «Лайли ва Мажнун», «Сабъайи Сайёр» ва «Садди Искандар» достонлари орасида «Фарҳод ва Ширин» алоҳида ўрин тутади. «Фарҳод ва Ширин» Навоий бундан беш аср бурун яратиб қолдирган буюк достонларининг энг зўридир.
Йигит Фарҳод ва қиз Ширин тўғрисидаги афсона асрлар бўйича яшаб келмоқда. Гўзал халқ афсонасига айланиб кетган бу ҳикоя аслда, тарихий фактлар асосида юзага келган бўлиб, «Хисрав ва Ширин» номи билан шуҳрат топгандир. Тарих китобларида шундай маълумотлар бор: Хисрав Эроннинг Сосоний ҳукмдорларидан бўлган машҳур Нўширвоннинг набирасидир. Хисрав милоди VII асрда Эрон шоҳи экан. Муҳаммад пайғамбар қўшни ҳукмдорларга хатлар юбориб, мусулмонликни қабул қилишга чақирганда ана шу Хисрав Парвезга хат юборган экан. Тарихчилар, Хисрав Парвез Муҳаммад пайғамбарнинг бу хатини йиртиб ташлаган эди, деб ёзадилар. «Хисрав ва Ширин» ҳақидаги достон эса VII—X асрлар ўртасида яратилгандир.
Хисрав ва Ширин ҳақида биринчи мартаба достон ёзган киши X асрда яшаган буюк шоир Абулқосим Фирдавсийдир. Лекин достоннинг бизда машҳур бўлган энг севимли қаҳрамони Фарҳод ҳақида Фирдавсий ҳеч нарса билмайди. Эрон шоҳи Хисрав овда юриб Ширинни кўриб қолади, севади ва уйланмоқчи бўлади. Лекин Ширин подшолар наслидан эмас эди. Шунинг учун Хисрав атрофидаги кишилар шоҳнинг унга уйланишига қарши турадилар. Хисрав юрт катталарининг мажлисини чақириб, уларни кўндиради ва Ширинга уйланади. Хисравнинг аввалги хотини Марямдан бўлган ўғил Шируя ўз отаси Хисравни ўлдириб, Эрон шоҳлигини ўз қўлига олади ва Ширинни хотин қилмоқчи бўлади. Ширин эса Хисрав қабрида заҳар ичиб ўлади. Фирдавсийнинг достонида Фарҳод бўлмагани каби Шопур ҳам йўқдир.
Фирдавсийдан сўнг, ундан икки юз йил кейин XII асрда яшаган машҳур Озарбайжон шоири Низомий Хисрав ва Ширин тўғрисидаги ҳикояни янгидан ишлаб, зўр бир достон яратгандир. «Хисрав ва Ширин» достони Низомий «Хамса» сидаги достопларнинг биридир. Низомийнинг бу гўзал достонида қаҳрамонлар яна Хисрав билан Шириндир. Фарҳод образи иккинчи даражадаги бир ўринда туради. Шопур образи эса бир уста рассом ва ҳийлакор сайёҳ сифатида бўлиб, Хисравнинг суҳбатдошидир.
Арманнинг гўзал қизи Ширин ҳақидаги хабарни ҳам Хисравга Шопур еткизади ва минг хил йўллар билан Ширинни Хисравга кўнгил қўйдиради. Хисрав отаси билан уришиб, Мадойиндан қочиб Арманга боради. Маҳин Бонуга сиғинади. Ширин эса Мадойиндаги Эрон шоҳига сиғинади. Шопур келиб Ширинга Хисравнинг Арманга борганини эшитдиради. Ширин Арманга қайтади. Хисрав эса отасининг ўлдирилганини эшитиб Эронга қайтади ва Мадойинда тахтга ўтиради. Хисрав билан Ширин яна учрашаолмайдилар. Мадойинда исён кўтарилади, Хисрав яна енгилади, сўнгра Эрондан чиқиб аввал Озарбайжонга ва ундан кейин Арманистонга — Маҳин Бону ҳузурига боради, Ширин билан кўришади.
Ширин енгилган шоҳни хоҳламайди, Хисрав Румга бориб, унда Румо императорининг қизи Марямга уйланади. Румдан катта қўшин билан Эронга келади, ўз душмани бўлган Баҳром Чўбинни тахтдан ағдаради. Ширин эса Хисрав ўз душманини енггандан сўнг, унга хотин бўлишга ваъда берган эди.
Бу вақт Маҳин Бону ўлган. Арманда Ширин қолган эди. У Армандан чиқиб Мадойинга келади ва ўз қасрига тушади. Хисравнинг хотини Марям уларнинг қовишмоқларига мониъ бўлади. Шундан сўнггина воқиага Фарҳод аралашади. Фарҳод — Хитой эмас, балки Хитойга бориб Шопур билан ўқиб келган билимдон, уста йигитдир. У Ширинга бир сут канали қазийди, ва шундан кейин Хисрав билан учрашади. Хисрав Фарҳоддан хавфсирай бошлайди, у, «Бестун тоғидан менинг қўшиним ўтадиган бир йўл қазиб бсрсанг, шунда Ширинни оласан» дейди. Фарҳод ишга киришади ва кундан-кун бу ишда зўр муъжизалар кўрсата бошлайди. Фарҳодга бундай бажариб бўлмас зўр ишни топшириб, уни овора, сарсон қилишни кўзлаган Хисрав, унинг муваффақиятлари олдида талвасага тушади, ҳийлагар кампир воситаси-ла уни ўлдиради.
Фарҳоднинг воқиага бўлган қатнаши шу ерда битади. Достон давом қилади, Хисрав энди Шакар деган бир қизни севиб қолиб, унга уйланади ва ундан сўнггина Ширинни хотинликка олади. Фирдавсийда бўлганидек, Шируя ўз отаси Хисравни ўлдиради ва Ширинга уйланмоқчи бўлади. Ширин Хисрав ўлиги устида ўзини пичоқлаб ўлдиради, воқиа тугайди.
Низомий достони зўр муваффақият қозонади. Бу достонга юзларча тақлидчилар майдонга келадилар. Ўз кучини синаб кўрмоқчи бўлган ҳарбир шоир «Хисрав ва Ширин» ёзади. Лекин ҳечбири ҳам шеърнинг буюк устаси бўлган Низомийга етишаолмайди.
Низомийдан кейин «Хисрав ва Ширин» достонини ёзиб зўр ғалаба қозонган шоир XIV асрда яшаган Амир Хисрав Деҳлавийдир. Амир Хисрав ўз достонида Низомий достонидаги воқиаларни тўла олган, сюжетини бутунлай сақлаган ва Низомийда ҳикоя нима билан бошланиб, нима билан битса, у ҳам худди шундай қилган. Хисрав, Ширин ва Фарҳод ҳақидаги гўзал ҳикоя Шарқдаги бутун зўр ижодичиларнинг фикр уясини қўзғошдан сира тўхтамас эди. Фирдавсийдан беш аср, Низомийдан уч аср ва Амир Хисрав Деҳлавийдан бир аср кейин, бу гўзал мавзуъга бизнинг буюк Алишеримиз қайтди. У ўзбек тилида, энди «Фарҳод ва Ширин» номи билан тамом янги ва ўлмас бир асар яратиб қолдирди.
Навоий «Хамса»ни ва хусусан «Фарҳод ва Ширин»ни ёзишга киришар экан, ўз қаршисида Низомий ва Деҳлавий сингари ижод азаматлари турганини билар, бу тўғрида ўзига аниқ ҳисоб берар, улар кўтарилиб чиққан баландликка чиқиш ва уларга тенг асар яратиш осон эмаслигини жуда аниқ онглар эди:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ.

Навоий Низомийни бир арслон сифатида тушунади ва арслонга баровар келмоқ учун уруш арслони бўлиш ва ҳеч бўлмаганда йўлбарс бўлиш кераклигини айтади:

Керак шер олида ҳам шер жангги,
Агар шер ўлмаса бори палангга

Навоий ўтган зўр ижодий йўлни ва у яратиб қолдирган ўлмас асарларни ҳисобга олиб айтиш мумкинки, Навоий ўз халқининг Низомий даражасидаги зўр уруш арслони бўлиб етишди. Шунинг учун ҳам Низомий ёки Амир Хисрав Деҳлавийнинг тақлидчиси бўлмади. Ўз халқи учун унинг ўз она тилида гўзал бадиий асарлар яратиш вазифасини энг биринчи марта ўз олдига қўйган буюк шоир замонасининг шоҳ асарларини яратиб қолдирган Низомий ва Деҳлавийларнинг ёзганларини танқид кўзидан кечириб чиқишга, улар яратиб қолдирган бадиий бойликни янгидан баҳолашга мажбур бўлди. Натижада Низомий ва Деҳлавийда бош қаҳрамон бўлган Хисрав иккинчи ўринга тушди. Хисрав, Низомий ва Деҳлавийда мусбат образ эди. Навоийда манфий образ сифатида тасвирланди. Навоий Хисравни ёмон кўрди. Хисрав ҳийла билан Фарҳодни ўлдирган, гуноҳсиз бир инсонни беҳудага зулм билан ҳалок қилган киши деб қаради. Хисрав чинакам одамгарчиликдан маҳрум бўлган бир шоҳ, унинг ишқида одамгарчилик йўқ дсб топди. У бугун Марямга, эртаси Шакарга ва индин Ширинга ошиқ бўлади, унинг муҳаббатида қарор ва вафо йўқ деб билди. Хисрав ишқ йўлида вафо ва садоқат ўрнига ҳукмдорликдан фойдаланади, адолатни ерга уради деб қаради ва шундай бир шоҳга маддоҳ бўлиб қолдилар, уни кўкларга кўтариб махтадилар, деб Низомий ва Деҳлавийларни танқид қилди:

Вале чекканлар ушбу жомдин роҳ,
Саросар бўлдилар Хисравга маддоҳ:

Ки мулки мундоғу ойини мундоқ,
Сипоҳи андоғу тамкини мундоқ.

Гаҳи шабдиз олам гардидин деб,
Замони ганж бод овардидин деб,

Нашоти базмида хонлар мурассаъ,
Не хонлар, қасру айвонлар мурассаъ,

Ичиб гаҳ Борбад лаҳни била май,
Гаҳи Шопур достон деб паёпай.

Бузург уммид ҳикмат жўйи онинг,
Не ҳикмат жў ҳушомад гўйи онинг.

Топиб гаҳ Марям оғушида ором,
Шакар ҳалвосидин гоҳи топиб ком.

Бўлуб Ширинга ошиқ подшоҳвор,
Ки ул маҳбуб ўлуб, гоҳи парастор.

Яқиндурким бу шоҳи ноз парвард,
Эрур дарду бало ойинидин фард.

Арода деб бир-икки достон ҳам,
Яна Фарҳоддин айтиб нишон ҳам.

Ки бир хорошгону кўҳсори,
Бўлуб Ширин ғамидин беқарори,

Неча кун васл учун айлаб таку-дав,
Ани ҳам ўлтуруб тош ичра Хисрав.

Агарча килки нақш айлаб нигориш,
Топибдур достон мундоқ гузориш,

Вале назмида ҳар устод моҳир,
Чекибдур анча қимматлик жавоҳир.

Ки даркидин эрур аидиша ҳайрон,
Ҳавоси ақлу ҳикмат пеша ҳайрон.

Алар назмининг олида мени зор,
Чу фаҳм этдимки кўргумдир кўп озор.

Заруратким солиб бир ўзгача тарҳ,
Бу меҳнатномани қилғумдурур шарҳ.

Шунинг учун ҳам «Хисрав ва Ширин» достонининг шеърий санъатига бу икки буюк шоирнинг кўп қимматлик жавҳарлари тўкилган бўлишига қарамасдан, Навоий уни маънан жиддий равишда қайтадан ишлаб чиқишга ва унинг мазмунига чуқур ўзгаришлар киргизишга, подшо Хисрав ўрнига фақйр Фарҳодни кўтаришга зарурат сезади ва ўзининг буюк меҳнатномасини яратади. Унинг номини «Хисрав ва Ширин» эмас, балки «Фарҳод ва Ширин» деб қўяди. Золим, инсон эркини топтовчи ҳукмдор Хисрав ўзииииг бутун моҳияти билан адолатпараст, эркпарвар ва вафодор Фарҳодга қарши қўйилади.
Шундай қилиб Навоий достонида бош қаҳрамон Фарҳод бўлиб, Хисрав иккинчи ўринга кўчирилган, тамом янги манфий моҳият билан тасвирланган ва ҳикояга достоннинг ўрталарида келиб аралашади. Фарҳод макрли йўллар билан ўлдирилгандан сўнг Маҳин Бону ноилож Хисравга таслим бўлади. Шируя ўз отаси Хисравни ўлдиради ва Ширинни ўзи олмоққа уринади, лекин вафодор Ширин саҳрода ўлган Фарҳоднинг суякларини топдириб кўмдиради ва ўзи ҳам унинг жасади ёнида жон беради. Бу қайғудан Маҳин Бону ҳам ўлади.
Фарҳоднинг отаси Ҳоқон па онаси ундан узоқ замон хабар бўлмагач интизорлик билан ўлиб кетадилар. Фарҳоднинг дўсти, Ҳоқон назирининг ўғли Баҳром қўшин тортиб, Фарҳодни истаб Арманистонга келади ва воқиани онглайди. Шундан сўнг Арман ўлкасини унинг ўз халқига топшириб, ватанига жўнашга мажбур бўлади. Баҳром Арманистонда тинчлик ва адолат ўрнатади.
Шулардан Навоийнинг ўз буюк ижодий ҳамкорлари яратган сюжет тўқимасига жиддий ўзгаришлар киргизгани ва достонни мазмун жиҳатидан яна ҳам чуқурлаштиргани ва бунда зўр муваффақият қозонгани аниқ кўриниб туради. Навоийдан сўнг ўтган кейинги беш юз йил ичида юзларча шоирлар «Фарҳод ва Ширин» ёздилар. Лекин уларнинг ҳечбири буюк Алишер яратган достон даражасига кўтарила олмади. Буюк шоир ўзигача бўлган бадиий меросни чуқур ва ҳар тарафлама ўрганган, зарур бўлган ўзгаришларни киргизиш билан уни тамом янги фикрий ва бадиий юксакликка кўтараолганки, ундан сўнг майдонга чиққан шоирларнинг ҳечбири бу бобда унга тенглашолмагандир.
«Фарҳод ва Ширин» жаҳон адабиётининг ўлмас мавзуларидан бўлган муҳаббат ва ҳаёт ҳақида куйлайди. Муҳаббат, ҳаёт ва ўлим мавзуи, инсон ва замон мавзуи, киши шахси ва жамият мавзуи доимо буюк санъаткорларнинг диққат ъмарказида, бадиий идеяларнинг марказида туриб келгандир.
Буюк Алишер ўзининг ўлмас достонида икки дунёни яратгандир. Бу — ёмонлик ва яхшилик дунёси, зулм ва адолат дунёси, жафо ва вафо дунёсидир. Бу икки дунё бир жиҳатдан Фарҳод, Ширин, Шопур ва Маҳин Бону образида, иккинчи жиҳатдан Хисрав, унинг ўғли Шируя ва маккор ва ҳийлакор шериклари образида берилгандир.
Навоийнинг достонини ўқир эканмиз, Фарҳод бизнинг кўз ўнгимизда энг аввало улуғ бир инсон ва улуғ бир ижодкор меҳнаткаш тариқасида гавдаланади:

Кўнгул айлаб сен ул шоҳлик била кенг,
Менинг олдимда ул тупроқ билан тенг.

деган сўзлар бизнинг кўз олдимизга шаҳзодани эмас, ҳақиқий бир одамни келтирадилар. Фарҳод кишиликнинг энг оддий аъзолари қаторига туради ва ўзи билан тенг бўлгаи одамга, ҳур ва эркин фикрли, тўғри инсофли ва вафодор одамга, у қайси элдан, қайси уруғ ва қайси миллатдан бўлмасин, бир умрлик муҳаббат боғлайди. Улар билан дўст бўлади, уларнинг тақдирига ўз тақдирини йўлдош қилади. Улар учун ўлади ва тирилади. Улар қайғусини ўз шахсий қайғуси, уларнинг бошига келган офатни ўз бошига ёғилган бало тариқасида қабул қилади.
Одамнинг мукаммал образи бўлган Фарҳод шунинг учун доимо ҳарқандай кулфат ва ғурбат ичида ҳам, ҳарқандай бало ва офат ичида ҳам ўзига йўлдош топади. Одам одамни топади. Ҳақиқий инсон бўлган кишилар, ўз сафдошлари учун жон беришдан бош гортмайдилар. Бундан одамлар ўртасида зўр бир маънавий бирлик юзага келади. Вафо ва садоқат юзага келади. Фикрлардаги дўстлик, ҳамкорлик ва тақдирдаги йўлдошлик юзага келади.
Одамга бўлган муҳаббат ва ҳурмат, одам ҳурриятига бўлган туганмас севги, одамнинг эрки ва осойишталигига бўлган ғамхўрлик Фарҳод учун бир умр ажралмас дўстларни юзага келтирадилар. Ўзбек Фарҳодга эронли Шопур, арман Ширинни ва Маҳин Бонуни доимий дўст ва йўлдош қилган асос шудир!
Навоий Фарҳод образида меҳнатнинг зўр мадҳиясини яратиб қолдирган. Фарҳоднинг ўлмас образи унинг буюк меҳнаткаш ижодкорлигида камол топгандир. Нозик ва нафис сезгига, ўткир ва ихтирочи фикрга эга бўлган Фарҳод энг ёшлигидан меҳнат ва билимга ҳавас қўяди. Инсон фаолиятининг ҳарбир тури Фарҳод учун яқиндир. У ҳар ишгаки кўз солса, ўша ишнинг бутун ички ва ташқи, очиқ ва махфий сирларини дарҳол пайқаб олади. Ҳунарнинг буюк устаси бўлган наққош, тош йўнар Қорин ўз ҳунарини ўргатиб туриб, Фарҳод қошида шогирд ҳолига тушиб қолади.

Анингдек қилди хоро йўнмагин вирд,
Ки юз Қорин қошида бўлди шогирд.

Фарҳоддаги фикр қудрати шу қадар зўр эди. Рассом Моний Фарҳодга расмкашликни ўргатар экан, у буларни рассомнинг ўзидан илгари ўзлаштириб олади.

Қаю суратки Мопий чекти тимсол,
Анга Фарҳод очди чеҳра филҳол.

Моҳир Фарҳод ўзига солинаётган қаср битгунча ҳам тош йўнар, ҳам рассом бўлиб, ҳунарнинг энг ибтидосидан энг олийсигача кўтарилади:

Ул уйларки тугангунча ичу тош,
Ҳам ўлди хора бур, ҳам ўлди наққош.

Фарҳод бутун ҳунарларга нисбатан шундай эди.

Буларни қўйки ҳар устоди моҳир,
Ки қилди санъатин ул уйда зоҳир.

Чу ҳар ён майли ҳардам зоҳир ўлди,
Ул ишда устоди моҳир ўлди.

Чунки Фарҳод фикр ва ижод кишиси, излаш ва ахтариш кишиси эди. У, одам нимаики қилган бўлса фақат фикрлаш орқасида қилган, фикрлаш мумкин бўлган ерда ҳал қилинмаган мушкул иш бўлмайди, деб қарар ва излаган нарсаларининг таги-тугига етмагунча тинчланаолмас эди:

Деди ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод.

Ўлум ичра менга то бўлди мадхал,
Топилмас мушкули мен қилмаган ҳал,

Бунинг ҳам билмағунча асли будин,
Муайян қилмағунча тор — пудин,

Не имконким қарор ўлғай кўнгулга,
Тасалли ошкор ўлгай кўнгулга.

Шунинг учун ҳам ўз замонининг эпг илғор фикр кишиси бўлган Навоий ўз севикли қаҳрамонининг назарини ўша вақтда бошидан-оёқ ҳикматлар билан тўла бир ўлка сифатида танилган Юнонга қаратади ва Фарҳоднинг қисматини Юнон ўлкасининг бир ҳовуч тупроғи бўлган файласуф Суқрот ҳал қилади.
Давлат хазинасидаги биллур сандиқ ичидан чиққан усти ёпиқ ойнаи жаҳоннамо устида: «Ҳарким бу ойнани очиб тамоша қилмоқни истаса, Юнонистонга борсин. Суқрот ҳаким билан кўришсин», деб ёзилган, шундан сўнг Фарҳод Юнонга боришга қарор қилади. Юнонга бориб Суқротни топишга ва унинг учун қоронғи бўлган тилсимни очишга аҳд қилган Фарҳод зўр муъжизалар кўрсатади. Баҳодир юрак, ўткир кўз ва зўр жисмоний кучга эга бўлган гўзал йигит уруш қилиб аждаҳони ўлдиради, жаҳонни қопқора тутунга бостирган Аҳраман девни енгиб ҳалок қилади. Искандари Румийнинг тилсимини очади ва Суқрот тоғидагн қоронғи ғор ичида буюк файласуфни топади. Буларни Фарҳод ўз умрининг сўнгида шундай якун қилган эди:

Бири Юнонга маркаб сургонимни,
Қилиб разм аждаҳо ўлдургонимни.

Иккинчи Аҳраманга айлабон кийн,
Жаҳонни қилганим қон бирла рангин.

Учинчи Искандари Румий тилисмин,
Ки очдим тенг қилиб ер бирла жисмин

Бўлуб тўртипчи Суқротка рақамкаш,
Ки ғори ичра кирдим аждаҳоваш.

Ки то олам биноси бўлди бунёд,   
Бу янглиғ қилмади иш одамизод.

Бу каби муъжизалар яратган Фарҳод қоронғи ғор ичида ҳаким Суқротдан ўз қисмат китобини ўқийди. Суқрот эса Фарҳоднинг келажагини айтиб бўлиб унинг олдида жон беради. Фарҳоднинг бундан сўнгги бутун ҳаёти Суқрот айтган наҳрлардан оқади.
Фарҳод халқ ва инсоният олдида ғоят зўр бир одоб сақлайди. У, илм ва ижодда топган ўз камолини ҳам яна шу одамизод учун ишлатади. У Ширин ўлкасига бориб, зўр тоғни тешиб, қисматнинг оғир юклари остида янчилиб турган ишчиларни кўради, уларнинг қанчалик зўр ишга бел боғлаганлпкларини, қанчалик машаққатлар ичида қолганликларини англайди ва жони ачийди, уларга ёрдам беришга қарор қилади. Унинг ўзига қилган қуйидаги хитобида бутун борлигини инсониятга бағишлаган киши экани жуда равшан бўлади.

Ҳунарни сақлабон неткумдур охир,
Олиб тупроққами кеткумдур охир.

Одамзодни юксалтиришга бўлган бу имон Фарҳод тўғрисида халқ орасида зўр афсона юзага келтиради. У, Арманда экан энг аввало бориб унинг меҳнаткашларига қўшилади. Уларнинг мушкулини осон қилади. Халқ орасида зўр овоза кўтарилиб, бу Маҳин Бону ва Ширингача етади. Ширин ва Маҳин Бону бундай зўр ижодкорни кўришни ўзларига бир ғанимат ва неъмат деб тушунадилар. Маҳин Бону Ширинга энг аввал зўр бир меҳнаткаш тўғрисида хабар беради ва Ширин шундай бир одамни кўришни ўзига ғанимат деб билади:

Биров дерларки пайдо бўлган эрмиш,
Қиёмат ошкоро бўлган эрмиш.

Ки уч йилда не иш битмиш саросар,
Ўзи бир кунда қилмиштур баровар.

Маҳин Бону чу бу роз этди ифшо,
Париваш айлади майли тамошо.

Деди ул ён жанибат сургулукдур.
Бу иш гар вокиъ эрса кўргулнкдур

Ғаниматдур уни кўрмак кишига,
Тамошо айламак қилган ишига.

Маҳин Бону билан Ширин Фарҳоднинг меҳнатини кўргани келадилар ва шунда биринчи мартаба Фарҳод қуёшининг ўти Шириннинг туташгучи юрагига тушиб уни ёндиради. Икки юракда тенг баровар оташин севги пайдо бўлади:

Кўриб Ширинни ҳайрат лол қилди,
Таажжуб бир йўли беҳол килди.

Кўрунгач кўзга мундоқ чеҳри онинг,
Ичига солди шўриш меҳри онинг.

Мўъжизалар яратучи Фарҳодни кўрган Маҳин Бону ва Ширин унинг ишига офаринлар ўқиб, бошидан жавоҳирлар сочадилар.
Фарҳод ва Ширин ўртасидаги алангали ишқ жуда реал инсоний муносабатлар асосида юзага келади. Бу ишқ, Фарҳод ва Шириндаги энг олий хислатлар, кишиликка, инсон ҳурриятига муҳаббат билан маҳкам боғлангандир. Фарҳод билан Ширин ўртасидаги бу ишқ  одамнинг камол топишига, унинг маънавий жиҳатдан покиза бўлиб кўтарнлишига хизмат қилади.
Ширинни ссвган Фарҳод унинг жаннатдан ҳам гўзал ватанини, халқини, унинг тупроғини ҳам севади. Унинг халқининг тинч ва осойишта тирикчилиги учун курашади. Унинг юртини босиб келаётган душманга қарши чиқади ва кўкрак кериб, ўз ўлимини бўйнига олиб, уни қўриқлайди. Ширин ватани ва унинг халқининг қийналган кунлари, Фарҳод учун энг азобли дақиқалар бўлиб сезилади. Шунинг учун халқ бошига келаётган балога қарши энг аввал унинг ўзи кўкрак тутади ва упи қайтаришта ҳаракат қилади.
Навоий тасвирида Фарҳоднинг шахсий тақдири бутун ватан ва халқ тақдири билан ажралмас боғланган, шу халқ осойишта турмуш кечирган ва ватанда тинчлик ҳукм сурган бир вақтдагина Фарҳоднинг севгиси ва унинг хусусий тақдири омон топар эди. Фарҳод образининг энг муҳим моҳиятларидан бири шудир.
Фарҳод билан Ширин ўртасидаги юзага келган абадий дўстликнинг асоси, бу икки дўстнинг тахминан бир фикр ва бир маънавий савияда бўлишида, инсоний хусусиятларга тенг эга бўлишларида, вафо ва садоқатда тенг бўлишларида, жасорат ва мардликда баббаровар бўлишларида, тенг оташин қалбга эга бўлишларида, ўз ватани ва халқини баббаровар яхши кўришларидадир. Агар Ширин Фарҳоддан маънан заррача кам бўлса эди, икки ўртада ҳечқандай гармония юзага келмас ва бундай бир умрбод дўстлик достони ҳам тўқилмаган бўлар эди.
Фарҳоддаги энг муҳим хислатлар Ширинга ҳам тамом хосдир. Ширин ўзини тўла маънодаги инсон деб англайди. У, энг оғир минутларда Фарҳоднинг дардига малҳам бўлиб, қайғусини енгиллатади. Агарда Шириндаги мардлик ва садоқат Фарҳод билан тенг бўлмаганда эди, Фарҳод ҳам ўз севгисида бунчалик баланд кўтарилмаган бўлар эди. Фарҳод ҳаётини маънан тўлдирган Шириндир.
Бу ҳол Шириннинг Фарҳодга ёзган хатида жуда очиқ кўринди. Навоий достонининг энг гўзал ўринларидан бири бўлган бу хат Ширинни ҳақиқий ва пок инсон сифатида гавдалантиради. Шириннинг қалби энг аввал Фарҳодга нисбатан энг нафис ва энг нозик бир меҳрибонлик, жонкуярлик билан тўладир:

Не бўлгай эрди чархи зулм пеша,
Мени сендин жудо қилмай ҳамиша,

Хироминг чоғи йўлдош бўлсам эрди.
Сукунинг вақти қўлдош бўлсам эрди.

Қуёш янглиғ бўлиб кундуз қариннинг,
Бўлиб тун соя янглиғ хамнишининг,

Тикон кирса кафинга қийнасидин,
Чиқарсам эрди кирпик игиасидин.

... Кўруб хору хас ўрнингда ниҳони,
Сочим бирла супурсам эрди они.

Бу сатрлар билан Ширин Фарҳодга катта тасалли берар, унинг юрагига қувват киргизар эди. Фарҳод тўғрисида севгилининг мадҳиясидан иборат бўлган бу хатда Ширин уни сабрга, тоқатга, чидамли бўлишга чақирарди.

Вале бўлмиш жаҳон аҳлига маълум,
Ки илъкингда қотиқ хоро эруғ мум.

Чекарга дарду андуҳ журъатинг бор,
Бало тортарға сабру тоқатинг бор.

Агарча фирқатимдин нотавонсен,
Вале ҳам эрсену ҳам паҳлавонсен.

Ўз халқининг ва ватанининг аҳволи тўғрисида ва унинг золим Хисрав қўлида талон-торож бўлиб ётганидан сўзловчи бу хатда Шириннинг қизлик номуси, ундаги иффат, бокиралик, ҳаё ва одоб ҳам ёрқин ифода қилингандир. Улуғ инсон бўлган Фарҳоднинг жавоб хатида эса энг мукаммал бир тимсолини топган.
Ширин Фарҳодни мукаммал бир одам сифатида севади, бу одам қаршисида ўз бурчини тўла англайди ва адо қилади. У, Хисравдан келган элчига берган жавобида дейди:

Менга не ёру не ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам ўлсам ушбу басдур.

Гўзал Шириннппг тили билан ўзбек халқининг улуғ шоири Навоий бу сатрларда асрлар ва замонларнинг шиорини битиб қолднргандир. Шириннинг бу сўзидан биз унинг бутуп маънавий ҳаётнпи англаймиз, у шу сўзлар билан ўзига зўр бир салобат туғдиради ва уни жаҳон адабиётидаги энг гўзал ва энг мукаммал ишланган образлар қаторига қўяди. Ширин ва Фарҳод кишиликнинг энг яхши ижодчилари томонидан яратилиб қолдирилган энг катта образларни эслатиб турадилар.
Фарҳод ва Шириннинг образи ҳечқачон кўнгиллардан чиқмагани каби, бу икки буюк одам яратган дўстликнинг ҳам оти ўчмайди. Бу Шопур, Маҳин Бону ва Баҳромдир. Бу пайт Навоий достонининг энг халқчил ерларидан биридир.
Дўстлик халқлар ва одамлар ўртасидаги энг табиий бир ҳол. Чин одамлар доимо бир-бирларини ўзларига дўст ва йўлдош кўра келганлар. Фикр ва руҳдаги бирлик, ният ва амалдаги биргалик, иш ва ҳаётдаги биргалик кишилар ўртасида дўстлик уруғини соча келган. Халқлар ва кишилар ўртасини эксплоататор синфларгина бузадилар. Хусусий мулк ва молу дунё талаши билан эксплоататор синфлар халқлар ўртасига низоъ ва ажралиш соладилар. Дўстлик ва иноқлик сифати, ҳамкорлик сифати кенг халқ оммаларининг энг зўр хусусиятидир.
Навоий халқ фарзандларидаги ана шу чин хусусиятни ўзининг доҳиёна кўзлари билан кўра билган, халқлар ўртасида дўстликни юзага келтирадиган асосларни ва душманлик соладиган элементларнн кўрсата билгандир.
Шопур Фарҳоднинг бир умрлик чин дўстидир. Шопур фақат Фарҳоднинг эмас ва балки Шириннинг ҳам бир умрлик чин дўстидир, ўзбек Фарҳод, арман Ширин ва эронли Шопур уртасида юзага келеан дўстлик ўлим ёстиғигача ўзгармас ва айнимас дўстликдир. Бу дўстлик бошларга бало ва мусибат келган кунларида синалган, кураш ва машаққат кунларида зоҳир бўлган вафо ва садоқат асосида  мустаҳкамланган дўстликдир. Бундай дўстликнинг асоси зўр бўлади. Уни қўпориб ва ағдариб бўлмайди. Бу ҳақиқатан шундандир. Арман ўлкасини чет таловчилар босиб келган пайтда бу дўстлик яна ҳам маҳкамланиб очиқ кўринади. Халққа бўлган муҳаббат, ватанга бўлган муҳаббат, кишиларнинг ўзларига ва ўз идеяларига бўлган садоқат, уларни бир-бирларига яна ҳпм қаттиқроқ боғлайди. Ватан душманларига, халқ душманларига бўлган ғазаб ва нафрат, ватан тупрогини асраш учун бўлган ҳиммат ва онт, уларни яна ҳам бирлаштиради. Табиийким бундай зўр синовлардан ўтган дўстлик бир умрлик ажралмас ва бузилмас бўлиб маҳкамланади. Дўстлар бир-бирларининг ишларини тугаллайдилар. Бири бошлаб кетган ишни бири охирига етказади, бири яратолмаганни бири барпо қилади. Бири тиклолмаганни бири ўрнатади. Фарҳод, Ширин, Шопур ва Баҳром ўртасидаги дўстлик шундайдир.
Баҳром Фарҳоднинг қабрини қучоқлаб йиғлар экан Навоий унинг тили билан бу дўстликнинг чин марсиясини айтгандир:

Кўзим чиқсун сени кўргунча мундоқ,
Кесилсин тил сени сўргунча мундоқ,

Нелар келмиш бошингга ғурбат ичра,
Не ғурбатлар чекибсен шиддат ичра.

Кўзинг очиб кўтаргил бошинг охир!
Ки келмиш бир ҳазин цўлдошинг охир!

Тепиб гардунға ун сесканмагинг йўқ,
Тушуб оламга ўт тебранмагинг йўқ.

Кўз очмассан, дебон, келган қулумдур,
Масал чин бўлдиким уйқу ўлимдур.
Бу ишиииг тоқати мендин йироқдур,
Муни кўргунча ўлсам яхшироқдур.

Ўзбек, арман ва эрон халқларининг фарзандлари ўртасида юзага келган дўстликни юксак образларда куйлаш билан бизнинг улуг Алишеримиз кишиликнинг энг прогрессив идеялари даражасига кўтарилган, буюк гуманист сифатида халқлар биродарлиги ва интернационализм куйчиси бўлиб қолгандир.
Хисрав, маккор кампир ва Шируя орқали Навоий одамларнинг иккинчи гуруҳини, ёмонлик дунёсини кўрсатган.
Хисрав — золим, инсон ҳурриятининг раҳмсиз қотили ва ўз айшу ишратлари учун қонлар тўкишга, юртларни вайрон қилишга, халқларнинг уйини барбод беришга тайёр турган бир шоҳ. Навоий Хисравда одамгарчиликни кўрмайди. Лекин Хисравнинг ўз кишилари, ўз дўстлари бор. Аммо бу дўстлар ким? Бу дўстларнинг бири маккор кампирдир.
Маккор кампир Хисравнинг энг яқин кйшиси, дўсти, лекин у инсон эмас. Унда бирорта бўлсин чин кишилик хислати йўқ. У ўз умрида бир сўз бўлсин рост тапирмаган. Бутун ҳаёти ҳийла, макр ва найранг асосига қурилган. У сиҳргарликни бошласа тошларни мум қилиб юборади. Макр асосида қиз билан отани, она билан ўғилни эру хотин қилолади. Ҳийла ва зулм билан кишиларнинг хону монини куйдиради. Унинг ҳаёт бўлишидан кишиликка зарардан бошқа ҳечнарса келмайди. Пўлат тоғ бўлган Фарҳодни у бир дамда фусун ва сиҳр билан барбод қилади. Хисравнинг дўсти бўлган бу одам қотил, Фарҳодни ўлдиручидир. Навоий уни шундай тасвирлайди:

Хутути макрдин юзида юз чин,
Тилига ўтмайин умрида сўз чин.

Чу соз айлаб фусупий ҳийлайи шум,
Қўлида хора юмшаб ўйлаким мум.

Бериб сўргач фусунлиқ можарони,
Отага қизни, ўғилга онони.

... Қачон носозлиғ айлаб ирода.
Бузуб бир сўз била юз хонвода

... Урарга зулм тиғин тез ҳуш ул.
Демайким тез ҳуш, Фарҳодкуш ул.

... Ки гар Фарҳод бўлсун кўҳи фўлод,
Берар афсун била бир дамда барбод.

Хисравнинг бутун ҳаёт қоидаси аиа шу макр ва ҳийла асосига қурилган, у шунга мажбур, у фақат шу асосда яшай олади. Навоий жуда характерли чизиқларда тасвир этган бу кампир, Хисравнинг қиличи, у Хисрав душманларининг бошини кесади, ёстиғини қуритади, Хисрав макр ва ҳийлани, макр ва ҳийла кишилари Хисравни яратади. Бу бўлмаса Хисрав асло яшолмайди ва ҳукмрон ҳам бўлолмайди.
Хисравнинг иккинчи дўсти унинг ўз ўғли Шируядир. Бунинг одам бўлиб қилган энгзўр иши ўз отасини ўлдирмоқдир. Маккор кампир Фарҳодни ўлдиради, Шируя ўз отаси Хисравни ўлдиради. Хисравнинг ўзи бўлса шахсан шу ишларнинг бошида туради. Шоҳ Хисравлар дунёси шудир.
Хисравнинг образини яратишда Навоий реал борликка суянган ва бу дунёнинг моҳиятини доҳиёна очиб ташлагандир. Уларнинг ички маъносини, қадри ва қимматини тўла изчиллик ва зийраклик билан фош қилгандир.
Фарҳод, Ширин кабн мазмундор одамлар қаршисида Навоий Хисравларнинг маънан пуч ва ўлик ҳаётини тасвир қилади. Фарҳод ишқни киши юксаклигикинг муҳим бир хислати тариқасида тушунади. Зоҳирда Ширинга ошиқ бўлиб кўринган Хисрав эса ҳақиқатда, икки оёқли бир маҳлуқ тариқасида гавдаланади. Фарҳод ва Хисрав иккови ўртасида ўтган машҳур тортишувда Фарҳод қанча баланд кўтарилса, Хисрав шунча тубанга тушади, маънавий дунёси тору мор келиб, яланғочланади ва кўз ўнгимизда шоҳ кийимини кийиб тахтга чиққан икки оёқли махлуқ суратланади. Фарҳод шоҳлар аҳлининг чин севги ҳисларидан маҳрум эканликларини, одамгарчиликда, севгида шоҳ билан фақир, хўжа билан гадонинг тенг эканини айтади.  Бу олижаноб фикрлар яшин чаққан каби Хисравнинг ички дунёсини титратадилар. У қақшаб қолади:

Деди: Қайдин сен э мажнуни гумроҳ,
Деди: Мажнун ватандин қайда огоҳ.

Деди: Недур сенга оламда пеша,
Деди: Ишқ ичра мажнунлик ҳамиша.

Дедиким, ишқ ўтидин де фасона,
Деди: Куймай киши топмас нишона.

Дедиким, куймакингни айла маълум,
Деди: Андин эрур шоҳ аҳли маҳрум.

Деди: Қай чоғдин ўлдинг ишқ аро маст,
Деди: Руҳ эрмас эрди танга пайваст.

Дедиким, дилбарингнинг де сифотин,
Деди: Тил ғайратидин тутмам отин.

Деди: Ким ишқига кўнглунг ўриндир,
Деди: Кўнглумда жондек ёшриндур.

Деди: Васлига борсен орзуманд
Деди: Бор мен хаёли бирла хурсанд.

Деди: Кўксунгни гар чок этса бебок,
Деди: Кўнглум тутай ҳам айла деб чок.

Деди: Бу ишқ тарки ихшироқдур,
Деди: Бу шева ошиқдин йироқдур.

Дедиким, шаҳга бўлма ширкат андиш,
Деди: Ишқ ичра тенгдур шоҳу дарвиш.

Деди: Кишвар берай, кеч бу ҳавасдин.
Деди: Бечора; кеч бу мултамасдин.

Нечаким бўлди мушкул сўз хитоби,
Баси осон анга етди жавоби.

Хисрав саволларига берган ҳарбир ўткир жавоби бbлан Фарҳод уни ер билан тенг қилади. Унинг муҳокамаларидаги пучликни очиб ташлайди, ва буюк Фарҳод қаршисида увоқ ва майда бўлиб қолган шоҳ, зулмга қўл узатади. Фарҳодни дорга осишга ва ундан сўнг зўр ўт ёқиб куйдиришга буюради:

Сиёсат қилгулиқдур бу фидои,
Ки ҳарбир тоғ ила води гадои.

Яна кўргузмагай бу хавфу даҳшат,
Салотин хизматида сўзга журъат.

Ғазаб бирла буюрди шоҳи ғаддор,
Ки урдилар ҳисор олида бир дор.

Навоий Хисравни, одамзод гулистонига тушган бир ҳашарот сифатида англайди ва шундай тасвир қилади. Хисрав шунча золимки, унинг дастидан Фарҳод ўлади, Маҳин Бону ўлади, Арман ўлкаси хароб бўлади. Навоий тасвирида Хисрав одамзоднинг офатидир. Навоийнинг ўлмас достонини ўқир эканмиз, Хисрав образи бизга кишиликнинг энг ашаддий душманларини, одамзоднинг энг яхши фарзандларини йўқотиш, ижодий фикрларининг энг улкан намуналарини ўтга ёқиш, тинч ва осойишта турмуш кечиручи халқларнинг ватанини тўпга тутиш, бомбардимонлар қилиш билан ўз ҳокимиятпнч мустаҳкамлашни истовчи қонхўрларни эслатади. Фарҳод ўз севгилисининг юртини обод қилучи, унинг тинчлиги ва осойишталигини сақловчи, Хисрав эса ўз «севгаиининг» юртига ғорат беручи, ва барбод қилучисидир. Фарҳод ўз ишқи йўлида халқнинг тинчлигини бузучи, ўлкалар ва юртларни хароб қилучи шоҳдан жуда қаттиқ кулади:

Жафо майдонига ҳардам суруб от,
Киши андин нечук қилгай муҳобот.

Эрур бу турфароқким тортибон тиғ,
Қорартиб ерни хайлинг уйлаким миғ

Қилиб эл мулка ичра қатлу торож,
Олай деб мулк элидин тахт ила тож,

Бировниким бериб мулкиии барбод,
Қилурсен нозанип кўнглини ношод.

Шикастиға стам ёйин қурарсеи,
Эшитдим ишқ лофин ҳам урарсеи.

Бу бўлғай ишқу, дард оҳини ваҳ-ваҳ,
Вафоу миҳр шарти оллоҳ-оллоҳ.

Киши ишқида зор ўлмоқ бу бўлғай,
Ғамидин беқарор ўлмоқ бу бўлғай.

Фарҳод Хисрав ишқида маъно бўлмаганидаи, вафо, меҳр ва садоқат бўлмаганидан қаттнқ кулади. Истиҳзо қилади. Фарҳоднинг Хисрав ишқига қараши чуқур нафрат ва киноя билан тўлган.
Фарҳод тенг ва баровар ишқ тарафдори. Унинг тушунчасича бундай севги халққагина хос. Хисрав буни англашдан бутунлай ожиз. У бундай ҳақиқий ишқнинг борлигини ёлғиз халқдан эшитибгина билган. Ишқ сўзини халқдан эшитиб билган Хисрав чин севгучи юракка эга бўлган Фарҳодга рақиб бўлиб, Ширинга, уни ҳатто кўрмасдан туриб ошиқ бўлади:

Эшитиб халқдин ишқи сўзини,
Анга шоҳи рақиб этгай ўзини.

Бировга кўрмай ўзин ошиқ эткай,
Бу ошиқлиқда ўзин содиқ эткай.

Фарҳод бошдан-оёқ Хисравнинг маънавий ҳаётидан, унда чин инсоний хислатларнинг йўқлигидан кулади. Тенг севгига лойиқ бўлмаган шоҳ Хисрав ўзига севгили бўлажак гўзалнинг ватанига қўшин тортиб келади. Одамларини ўлдириб, ўлкасини вайрон этади. Фарҳод ундан қаттиқ заҳарханда қилади:

Анинг мулкига солғай қатлу торож
Бадандин бош тушургай, бошдин тож,

... Адолат ушбу бўлғай лавҳаш оллоҳ,
Шужоат бунча бўлғай бсракаллоҳ.

Ширин ҳам бутун вужуди билан Хисравни ёмон кўради, уни золим, қонхўр деб атайди. Навоий Шириннинг Фарҳодга ёзган хатини келтириб ёзади:

Бўлуб кўб зикр мактуб ичра Парвез,
Ани деб гоҳи золим, гоҳи хунрез,

Етиб Арманни вайрон қилғанини,
Улусқа ғорати жон қилғанини...

... Агар ошиқ будур маъдум хушроқ,
Висол иқболидин маҳрум хушроқ.

Ҳақ андии асрасунким бўйла ошиқ,
Ўзин кўргай мурод авжида фоиқ.

Ширин Хисравга хотин бўлишни, унинг шоҳ деган зўр овозасига қарамасдан, ўзига чидаб бўлмас катта бир хўрлик деб тушунади. Унинг билан тиз чўкиб кўришмоқдан кўра ўлмакни ўзига шараф деб билади... Шириннинг қаҳрамон образини Навоий бизга уни қўрғонда Хисрав қамАлидан ўзини курашиб асраш тўғрисидаги оНти билан яна мукаммаллаб беради:

Менинг жисмимда то жондин рамақдур,
Ишим қўрғонда ўзни асрамоқдур.

Фарҳод ва Ширин курашчан кишиларнинг образидир. Улар энг муқаддас ва энг олижаноб хислатларни ўзларида ташийдилар. Улар то ўлгунча ўз идеялари учун душман — Хисравга қарши курашадилар.
Аммо Фарҳод билан Ширин яшаган жамиятда Хисравлар ҳокимлик қиладилар. Шунинг учун умр бўйи бахт ахтарган Фарҳод доим бахтсизликка тушади. Эрк излаган Ширин ўлимга йўлиқади. Хисравнинг қўли остида яхшилик ва адолат ўлдирилиб, ёмонлик — бадкорлик тантана қуради. Икки пок ва бокира қалбнинг боши замоннинг қаттиқ тошларига урилади ва парча-парча бўлиб синади.
Фарҳод ва Ширин ниҳоят ўзларини ўраб олган муҳитга, замонага, унинг тузумига ва унинг расм ва одатларига қарши исён кўтарадилар, дод дейдилар. Зулм ва адолатсизликни қарғаб кўзёши тўкадилар. Фарҳод ўзининг бутун ҳаёт йўлига якун ясайди: «қанча яхши иш қилган бўлсам шунча зулм ва ёмонлик кўрдим, менинг ўткир тош йўнар тешам қанча тош ушатган бўлса, фалак унинг ҳаммасини йиғиб, менинг ўз бошимга отди, қанча буюк тоғлар яратган бўлсам, ўзим қазо ҳукми билан ҳаммасининг остида қолдим, мен ғам тоғи бўлиб қолдим ва балки қайғу тоғи остида йўқ бўлиб кетдим», дейди.

Дегил ҳар тошким тешам ушатди,
Йиғиб гардун менинг бошимға отди

Қачон ёғдурса гардун юз туман тот
Булар остида неткай бир синиқ бош.

Фалакваш тогларким ерга солдим,
Қазодин барчанинг остида қолдим.

Менга бўлди фалак қатл айлаган чоғ,
Узолғон турбатимнинг тоши бир тоғ.

Ул авлоким дегаймен кўҳи ғаммен.
Ки кўҳи ғамнинг остида адаммен.

Ширин, кўксимни юз пора қилган билан дунёнинг зулмига қандай чора қилаолар эдим дсб йиғлайди:

Киши гар кўксуни юз пора қилсун,
Фалак бедодига не чора қилсум.

Фарҳод золим дунёга қараб: «зулмнинг сўнгги борми? Менинг бошимга қандай қора кунлар келтирдинг?» деган хитоб билан зўр қарғишлайди:

Ки э золим сиеҳри кина парвард,
Чиқардинг ушбу хоки жисмдин гард.

Тариқи зулм ила кин мунча бўлғай!
Жафо қилмоққа ойин мунча бўлғай.

Ажал тиғин чекиб сурсанг не бўлди,
Мени бир қатла ўлтурсанг не бўлди.

Ғариби хастаю маҳзун эманму,
Бало водисида Мажнун эманму.

.... Қаён борди сенинг озарминг охир,
Қора тупроққа чеҳри гарминг охир.

Неча жонимға мундоқ кеча бўлғай,
Кеча жонимга мундоқ неча бўлгай.

Бошимға кўрки не тун келтурибсен,
Демай тун не қаро кун келтурибсан.

Фарҳод ва Шириннинг ҳалок бўлишидан бағри қон бўлиб кетган буюк Алишер яхшиларнинг ўлимидан ёмонларнинг роҳатланиши ҳақида ўша замон учун жуда ҳам характерли бўлган чуқур ҳикматлар айтади: «Кишининг гавҳари қанча тоза бўлса, унинг зулмидан шунча қайғули бўлади. гавҳарнинг энг асили ёқутдир, бироқ замон унинг бағрини ҳам тешиб қон қилади, қуёшдан борлиқ нур олади, аммо кеча уни ҳам тупроққа кўмади, пиёлаларга тўлган қон — шароб битта фосиқнинг бир дамлик хушвақтлиги учундир; юзлаб покиза гавҳарларни тупроққа ташламоқдан битта банги қувонади; кўкариб турган дарахтни синдириб ёқишдан ўтпарастнинггина кўнгли тинади, Фарҳод қонини аямай тўкишдан Хисравпша базм қуради». Ёлғиз афоризмлардангина иборат бўлган бу сўзларнинг байти шудир:

Кишининг неча кўпроқ гавҳари пок.
Анинг бедодидин кўпроқ аламнок.

Чу асли пок гавҳар келди ёқут,
Тешиб бағрини қон айлар анга қут.

Қуёшким коинот андин олур нур,
Қилур хар тун қаро тупроққа мастур

Баси соғарнинг андин қони тўлғай,
Ки бирдам фосиқи хушҳол бўлғай.

Етиб юз жавҳари покизани хок,
Ки андин бангини бўлғай фараҳнок.

Бериб бир нахлға ҳардам шикасти,   
Ки тингай тобдин оташпарасти.

Тўкиб Фарҳод қонин бемадоро.
Ки Хисрав майдин ўлғай мажлис оро.

Фарҳод ва Ширин достони Навоий айтган бу фикрларни бизга жуда гўзал бадиий образларда исбот қилиб беради. Икки севгучи юракнинг ўлмас образи бизнинг қалбимизда жой олиб, доим кўз ўнгимизда жилваланади ва биз ундан ҳечбир ажралаолмаймиз ва уларга нисбатан чуқур бир ҳурмат сақлаймиз, уларнинг энг гўзал хислатлари бизда ҳавас ва уйғониш туғдиради, биз шунинг билан фахрланамиз.
Севгучи Фарҳод ва Ширинлар ҳақидаги гўзал ҳикоя асрлар бўйн яшаб келмоқда. Чунки уни халқ яратган, унга ўзининг гўзал ва бой хаёлини киргизган, шунинг учун халқ уни сира унутмайди. Бу гўзал ҳикоянинг моҳиятида севги фожиасининг тарихи билан бир қаторда жуда чуқур инсоний фикрлар ва туйғулар ётади.
Фарҳод билан Ширин. образига севги ҳурлиги, инсон шахсининг ҳурлиги идеяси, гуманизм ва халқлар биродарлиги идеяси, ватанпарварлик ва ватанни мудофаа қилиш идеяси, садоқат ва адолат идеяси, вафо ва ботирлик идеяси, меҳнат ва ижодкорликка муҳаббат идсяси сингдирилган. Фарҳод билан Ширин тақдири — Навоийга яқин ва асрдош бўлган халқлар тақдири, унинг энг яхши ва энг комил кишиларининг тақдиридир. Бу — мулк ва адолатсизлик ҳукм сурган жамиятдаги халқнинг энг яхши ўғил ва қизларининг тақдиридир. Бу—кишиларнинг бахти уларнинг жамиятдаги мулкдорлик вазиятлари билан белгиланадиган одамларнинг тақдиридир. Бу — қайғу ва шодликнинг мадҳия ва марсиясидан, ўлим ва ҳаёт мавзуининг юзига қалқиб чиқиб, унда бирнеча бош баланд кўтарилиб, келажакка боққан ботир одамларнинг қасида ва мадҳиясидан иборатдир.
Халқ Фарҳод билан Ширин образида ўзининг қайғули ўтмиш тарихини кўриб келган: унинг ўғил-қизлари эса ундан ўз ота-боболарининг тақдирини кўриб келгандирлар.
Улуғ шоир ўзининг ўлмас образлари билан кишиларга адолат ва шодлик ҳисларини пайванд қилар эди. Улуғ шоирнинг образлари кўп наслларга вафо, қаҳрамонлик, инсон шахсининг ҳуррияти ва муҳаббат ҳуррияти учун кураш сезгилариии, ватанга муҳаббат сезгиларини пайвандлаб келган. Фарҳод билан Ширин ўртасидаги оташин ишқ кишини юксалтиради ва камолга етказади.
Шунинг учуп ҳам ўзбск халқи Фарҳод ва Ширин образларини жуда яхши кўради ва уни ҳамавақт ёдида тутади. Ўрта Осиёда Навоийнинг Фарҳод ва Ширин ҳақидаги гўзал ҳикояси бориб етмаган жой йўқдир. Шунинг таъсири билан Хўжанд ва Бойсун атрофларидаги «Фарҳод тоғи» деган тоғ ва «Ширин сойи» деб аталган сой юзага келган. Машҳур ўзбек халқ шоири Фозил Йўлдош Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» деган асарлари таъсири билан «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» деган достонлар яратган. Навоийнинг достонлари билан Фозил шоир яратган достонлар орасида умумий сюжет ва идеянинг бир бўлишига қарамасдан бир ажойиб фарқ бор: Навоийнинг ҳар иккала достонида ҳам қаҳрамонлар ҳалок бўладилар. Фозил шоир достонларида буларнинг ҳаммаси тирик қолади ва мурод мақсадга етади. Бундан халқ достонларигагина хос бўлган, Горький айтган, чуқур оптимизм — умидлилик жуда очиқ кўринади. Фарҳод билан Ширин ҳақида жуда кўп халқ афсоналари ва эртаклари бор. Бойсун атрофидан ёзилиб олинган бир ҳикояда Фарҳод қўй боқучи чўпон қилиб тасвирланади. Булар Фарҳод билан Ширин образига халқ муносабатининг қанча зўр эканини кўрсатадиган далиллардир.
Чинакам халқ образи бўлган, асрлар ва замонларнинг муҳаббатини қозонган Фарҳод одамзоднинг келажак наслларига зўр васият қолдирган. Фарҳод билан Ширин ҳали инсон эркин бўлмаган жамиятда киши бошига тушиши мумкин бўлган муснбатлариинг ҳаммасини тортдилар. Фарҳод билан Ширин кўрмаган зулм, Фарҳод билан Ширин чекмаган алам қолмади.
«Фарҳод ва Ширин»ни қаламга олар экан, Навоий қандайдир бир янгилик ахтарар, бирнеча сўз бўлса ҳам кишилар айтмаган нарсаларни айтишга уринар эди. У, эл юриб ўтиб кетган йўлдан чопиб юрмоқ, кишилар айтиб улгурганни бошқатдан такрорламоқ ижодчининг иши эмас деб қарайди.
Навоий ижодкорнинг янгилик яратмоғи зарур эканини қайта-қайта айтади. Ҳаёт бўстонининг саҳнида чаман ва гул кўп эканини ва фақат уни меҳнат қилиб ахтариб топиш зарурлигини сўзлади.

Ани назм этки тарҳинг тоза бўлғай,
Улусқа майл беандоза бўлгай.

Йўқ эрса назм қилгаппн халойиқ,
Муқаррар айламак сепдин на лойиқ.

Хуш эрмас эл сўнгича рахш сурмоқ,
Йўли ким эл югурмишдур югурмоқ.

Бировким бир чаманда сойир эрди,
Нечаким гул очилган кўрди терди.

Ҳам ул ерда эмас гул истамак хўб,
Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп.

Чу бу сўзларки фикр этти замирим,
Кўринди борча маъни дилназирим.

Қилиб кўнглумни бу андеша шайдо,
Таворих айладим ҳар сои пайдо.

Назар айлаб барин аввалдин охир,
Бўлуб бошдин аёқ олимда зоҳир,

Топилди анча сўзким комим эрди,
Қуюлди анча майким жомим эрди.

Бу дурлар чунки манзум ўлғусидур,
Қулоқ, солғанға маълум ўлғусидур.

Буюк ижод доҳиси бўлган Алишер Навоий ўз достонини бадиий тараққиёт тарихида янги бир қадам сифатида яратишга ниятланган ва ўз ниятига мукаммал равишда етгандир.