forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => Zamonaviy o'zbek she'riyati => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 20 Aprel 2011, 16:11:10

Nom: Charxiy. Qiyolab o'tdi
Yuborildi: AbdulAziz 20 Aprel 2011, 16:11:10
Charxiy. Qiyolab o'tdi

(http://www.ziyouz.com/images/books/charxiy_qiyolab_utdi_ziyouz.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1176)

Muallif: Charxiy
Hajmi: 745 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1176)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5863.0)
Nom: Re: Charxiy. Qiyolab o'tdi
Yuborildi: Habib 04 May 2011, 15:17:42
ФАРҒОНА ВИЛОЯТ ҲОКИМЛИГИ
МАЪНАВИЯТ-МАЪРИФАТ КЕНГАШИ


Чархий

ҚИЁЛАБ ЎТДИ

Шеърлар



Тошкент
“Академнашр”
2010



Ушбу “Девон” ни тайёрлашда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими масъул котиби Энахон Сиддиқова, Чархий домланинг шогирдлари Комил Жўра, Анвар Юнус, Абдуллатиф Турдалиев, Сайдали Одилов ва домланинг набиралари Жаҳонгир Комиловларга миннатдорчилик билдирамиз.
Таҳририят.



ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Мен Асқарали Чархий 1900 йил баҳорида Қўқон шаҳрининг Сарбоҳодир маҳалласида тўқувчи косиб Ҳамроали Тўхтаохун ўғли оиласида туғилдим. Дадам Ҳамроали менинг шоир бўлишимни ёшлигимданоқ орзу қилар эди. Чунки отам ва онам Муслимабуви ўз замонасининг ўқимишли кишиларидан бўлган. Шунинг учун ҳам отам мени ёшлигимдан ибтидоий янги усул мактабига ўқишга берди.
Шоиралик қобилияти бўлган онам Муслимабувини кўпчилик Муслимби отин деб ҳам атар эди. Онам саккиз ёшимдан шеър ёдлаш ва ёзишни таълим бера бошлади. Отам эса бўш вақтларида ҳуснихатни ўргата бошлади. Онамдан шоирликни, отамдан эса ҳуснихатни ўргандим. Мен 16 ёшимдан бошлаб Ҳофиз Шерозий, Саъдий, Бедил ғазаллари билан таниша бошладим. Ўша вақтдаги кекса шоирлардан Сулаймонқул Розий, Мирзоий Ҳўқандий ва Мўминжон Мақсадларга яқинлашиб улардан шеърият қоидаларини ўргандим. Шоир Мақсад ва Мирзоий Хўқандий ҳажвий шеърлар ёзишда анчагина моҳир соҳиби қалам эдилар. Уларнинг ҳажвиётлари мени анчагина ўзига тортган эди.
Ота касбим тўқувчи бўлганлиги туфайли мен ўзимга Чархий тахаллусини лозим топган эдим. Ижодда Фузулий, Фурқат, Муқимийларга эргашдим. Завқий билан танишишга муяссар бўлдим. Мен туғилган вақтда Фурқат ва Муқимийлар ҳали ҳаёт эдилар. Муқимий вафот этганида мен 4 ёшда эдим. Мен шоир деган номни жуда улуғ санар эдим. Шунинг учун ҳам матбуотга узоқ вақтгача шеърларимни берган эмасман. Менинг ёзган ғазалларимни ҳофизлар басталаб айтишар эдилар. Шу туфайли ўз-ўзидан халқ орасига тез тарқалиб кетар эди. Шеърий машқларимни ота касбим билан биргаликда камолотга етказишга ҳаракат қилдим.
Ҳар бир қаламкашда бўлганидек, ижодимнинг бошланғич даврларида шеърларимда айрим камчиликлар бўлган. Лекин қаламимни чархлай бориб давр услубига имкони борича мослаб пухталаштира бошладим. Мен халқ ичидан чиққаним, халқнинг орзу-истакларини билганим учун, қолаверса, косиб бўлганим учун ҳам халққа яқин асарлар ёзишга доим ҳаракат қилиб келдим.
Классик адабиётимизга ҳурмат кўзи билан қараганимдан аруз вазнининг ўйноқи, киши қалбига тез етиб борувчи турларидан ижодий фойдаландим ва уни янада ривожлантиришга интилдим. Айниқса ёшликдан ноҳақликка муросасиз бўлганим важидан ўзимда ҳажвияга кўпроқ майл сезаман.
Мен кўп йиллардан бери Қўқондаги Муқимий музейида илмий ходим бўлиб ишлаб келаман. Муқимийнинг адабий меросини тиклашда, уни авайлаб сақлашда, эълон қилинмаган бир қанча ғазалларини халққа тақдим қилишда қўлимдан келганча хизмат қилдим.
1956 йилдан бери Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг аъзосиман.
ЧАРХИЙ.
28 май, 1965 йил.


ДЕБОЧА

Шукр этаман, шукр ширин ҳол учун,
Ушбу улуғ даврада иқбол учун.

Ҳур бу замон васфида ойу йилим,
Мадҳин адо этгали ожиз тилим.

Чунки мен ўтмишни кичик шоҳиди,
Балки варақларда рақам шоҳиди.

Эрди у кун бир алами игнадан,
Ўтган,азоб игнаси ҳар сийнадан.

Қай куни нур сочди ёруғ офтоб,
Тутди вафо байроғини инқилоб,

Дилга-ю элга улашиб тенг ҳуқуқ,
Меҳнату фикрга бериб кенг ҳуқуқ,

Бўлди муяссар бу фаровон ҳаёт,
Бахт самосида ёзиб кенг қанот.

Мен ҳам олиб эрк нуридан, онг, шуур,
Етди ҳаётимга ҳаловат, ҳузур.

Бўлмади Фурқатга бу даврон насиб,
Кетди надоматда Муқимий ғариб

Завқий замон кохишидан доғ бўлиб,
Роҳатидан кулфати кўпроғ бўлиб,

Келди етиб яхши бу кунларга, лек-
Қўймади жаллод ёвузлар тирик.

Она сутин тотдим, отам тузларин,
Амрига бўйсундим, олиб сўзларин.

Вояга етдим, ўқидим мен савод-
Бўлди ғазал машқию, гоҳ касб ёд.

Тушди ҳавас ғулғуласи  қалб аро,
Ғулғула эрмасди у чин муддао.

Гоҳи фикр чўққисига етгудек,
Гоҳи бўлур жон узилиб кетгудек,

Гоҳида тутқизмаса мисра учун,
Кўрсатади шунда табиат кучин.

Баъзи дамнинг файзи қишинг ёз қилур,
Баъзида илҳом париси ноз қилур.

Ким ўзича топди камолот денг,
Минди-ю майдонда чопар от денг.

Билгучи узтоз керак, жон керак,
Жон билими, унга шу дармон керак.

Кимнинг эса шуғли  ширин бир китоб,
Унда сухан гавҳаридир беҳисоб.

Кимнинг агар бўлса бисоти ғариб,
Пахта солур ҳар куни бир ағдариб,

Меҳр қўяр касбига кимки бу дам,
Зойи қўярму ҳунар ихлоси ҳам.

Касбу камолоти-ла ким бор экан,
Бахт унга ҳамдам, абадий ёр экан.

Қанчаки ёзсанг бу кўнгил ёзилур,
Худди қиш айёми кетиб ёз бўлур.

Қанча ниҳол боғига боғбон экар,
Меҳнат этиб мевасига кўз тикар.

Жондек авайлаб, пишириб, соз этиб,
Ҳосилидан элни сарафроз этиб,

Асраб илингай кетириб хонига,
Таъми ширин мевани меҳмонига.

Ишласа ғайрат ила деҳқон агар,
Донаси дурдона бўлур бехатар.

Аҳли қаламларни миришкори ҳам,
Меҳнати-ла сафҳага чеккай рақам.

Гул терибон наср гулистонидан,
Назм қилурлар тўла имконидан.

Дил тубидан маъни муқаррар сочар,
Насрида ҳам назмида гавҳар сочар.

Ҳар қа-ю ижодчи ҳунарда бўлак,
У бири атлас тўқигай, бу алак,

Бўз тўқиса, бирлари кимхоб тўқур,
Бири жуволдўз-ла қўлқоп тўқур.

Ҳар киши ҳам сепда бисотин ёзур,
Билса ғазал, билмаса отин ёзур.

Баъзиларин сўзи-ла сози ширин,
Баъзиларин созини ози ширин.

Баъзилари уста бузармон бўлур,
Баъзи бузармонни тузармон бўлур.

Косиб агар бурмаса қирғоғини,
Қадрига етгай ўриш-арқоғини.

Мен демадим барчадан афзал ишим,
Бўлмади, афсус, мукаммал ишим.

Бўлса-да юздан бири мақбули ом,
Бахтли санардим мен ўзимни мудом

Топган ўзин аҳлига гул келтирур,
Йўқса хижолатли кўнгил келтирур.

Хулласи: ким билганича соз этар,
Ҳар қуш ўзин кифти-ла парвоз этар.

Бўлди ярим аср умр йўлдошим,
Дўстлик, аҳиллик ила етмиш ёшим.


ҒАЗАЛЛАР

МУРУВВАТ БИРЛА

Мурувват бирла, ёрим, йўқласанг бир васл боғингга,
Қаро зулфинг каби кўнглим қуши ташлар оёғингга.

Муаттар сочларинг ҳар тори бир ошиқнинг занжири,
Бири мафтун жамолингга, бири садқа дудоғингга.

Қачонким бир боқиб гулдек висолинг шавқида ёндим,
Ғизо истаб илинган қуш каби тушдим тузоғингга.

Яқиндан билмасанг ҳам хаста ҳолимни вафопарвар,
Узоқдан лоақал шафқат билан олгин қучоғингга.

Мен ўлдим рашкдан, сен ноз ила этдинг йироқ ўзни,
Адабданму яқин келса лабинг холи ёноғингга?

Ғубор олуда бир мўй тори зулфингдан йироқ ўлсин,
Тарарда эҳтиёт бўл, тегмасин олтин тароғингга,

Вужудим куйса не тонг, Чарх уриб парвонадек ҳар дам,
Кўнгил талпинса нетсун, нозанин, ҳусни чироғингга?


ЧОЙ ТУТДИ БИР ПИЁЛА

Ошиқ эсанг жаҳонда, чекма аламли нола,
Чунки аламли нола қолдирмасин увола.

Гул сайри гул аролаб юрган эдим чаманда,
Кўз кўрди, вола бўлдим бир ҳусни бемисола.

Кўнгилда изтиробим ошди яна кўрай деб,
Дарё каби хаёлим мавж урди чун шалола.

Бахтим кулиб бериб у бир лаҳза ёнидан жой,
Буркаб юзин ҳаё дан, чой тутди бир пиёла.

Айтдим: ”Қаю чаманнинг энг тоза бир гулисан,
Ўхшар қадинг ниҳола, икки қошинг ҳилола”.

Айтдики: ”Мен хазонсиз саодат юлдизиман,
Фаслида гул очилгай, сўнгра етар завола.”.

Этди кўнгилни мафтун бу маънавий жамоли,
Ҳай-ҳай, на хуш такаллум, одоби яхши бола.

Иқболу бахтин ўйлаб кўнгил хазинасидан
Яхши тилакларим бор иффатли ойжамола.

“Тут дилда, - деди, - пинҳон ишқу муҳаббатингни”
Чархий, надур жавобинг бундай ширин савола?


КЎНГЛИМ ЯҚИН

Кўнгил яқин нигорим, аммо ўзим узоқда,
Келмас кўзимга уйқу ҳар кеча иштиёқда.

Ағёра  бўлма мойил, бўлгил сўзимга қойил,
Аҳдингни қилма зойил, ташлаб мени йироқда.

Жон эрди реша-реша, килдинг карамни пеша,
Икки кўзим ҳамиша парвонадек чироқда.

Кўрсат юзингни барно, ҳуснинг қилай тамошо,
Қош ўсма қўйса, аммо соч дардидур тароқда.

Ёримнинг ишвасидан, нозу карашмасидан,
Келмоққа ваъдасидан оғзим бу кун қулоқда.

Чархий мисоли булбул шайдоси бир қизил гул,
Минг марта арзимасму айланса ушбу боғда.

1951 йил.


ГУЛ ДАСТА-ДАСТА

Қаддинг, эй нозанин, гулдаста-даста,
Жамолинг кўргали олам ҳавасда.

Бинафша кокилинг бўйига шайдо,
Санубар қадду шамшодингга баста.

Ярашган қомати зеболарингга
Таралган қора сочинг раста-раста.

Жавоҳирму тишинг ё дурру гавҳар,
Таманнойи лабинг Руму Адасда.

Мени кўнглум сени ёдинг-ла хурсанд,
Рақиб аҳли итобингдин шикаста.

Чаман булбуллари ёдингда сайраб,
Сени деб қолмагай қумри қафасда.

Муҳаббат оташи ҳар кимда бўлмас,
Бўлур Мажнун каби Лайлипарастда.

Қачонким Чархий васлингдан ичиб май,
Эрурман то бу дам масту аластда.

1927 йил.


ИШҚ ДАРГОҲИДА МАҚБУЛ

Бир нафаслик тинч ҳаётим энг улуғ фурсат менга,
Ҳар минут завқи-қувончим, бахт ҳар соат менга.

Ёр сочидек узун тунларда хобим ким десун,
Васл оқшомида кўз юммак эмас роҳат менга.

Ёридан қувланди бўлганлар, менга.келманг яқин,
Ишқ даргоҳида мақбул-дард эли улфат менга.

Фитнадан, олуда ишрат боғидан йўқ ҳосилим,
Боғу роғимдир-тикансиз гул-ширин суҳбат менга,

Жисми жон торожига етганда нафснинг лашкари,
Қудратим қалқони тўсса, етмагай заҳмат менга.

Ҳар нечук нокасга ҳаргиз гарданим хам бўлмагай,
Чунки бу таълимни ўргатган ҳалол меҳнат менга.

Филдимоғ айши-ла хурсандлардин олмасман сабоқ,
Тинчимас меҳнатда ботир-мўр ҳам ибрат менга,

Эл назаргоҳидан айрилмоқ эрур кўп хорлик,
Яхшиларнинг даврасида бўлмоғим-давлат менга.

Чарх гардундан баланддир ҳимматим меърожи ҳам,
Қаҳрамон халқимни шону шуҳрати шуҳрат менга.


МУНОСИБ

Кўнгил ганжасига жон муносиб,
Эрур ҳар жонга бир жонон муносиб.

Ҳаёлим мотами ҳижронда қолмиш,
Нажот истарга сен-султон муносиб.

Хиром этганда зебо қоматига,
Муҳаббат шавқи-ла жавлон муносиб.

Демасман рози дил ифшо этурга,
Кеса бедард, беунвон муносиб.

Талаб этса муродни ошиқ аҳли,
Мурувват аҳлидан эҳсон муносиб.

Кўнгил сандуқида кўпдур ҳаваслар,
Баён айларга бир девон муносиб.

Десалар муниси Чархий бўлурга,
Фасоҳат бобида Даврон муносиб.


ЭЙ ЮЗИ НУР

Эй юзи нур силсилаи офтоб,
Эй кўзи хуммор, лаби шаҳодноб,

Қайси чаман гуллари сендек ҳарир?
Қайси пари сен каби олижаноб?

Неча санамларки юзинг шавқида
Кўрмоқ учун бағри бўлибдир кабоб.

Сўзга кетир лабни табассум билан,
Тортмасин ортиқча дилим изтироб.

Танга етургай янги жон боқишинг,
Ташлама меҳрингга жафодан ҳижоб.

Не десам андин яна сен яхшироқ,
Сенсан умидим ёритур моҳитоб.

Қаҳр ила синдирма кўнгил кўзгусин,
Ўз уйини ҳеч киши қилмас хароб.

Ҳарна дединг арз ила, ул нозанин,
Чархий, саволингга берурми жавоб.

1969 йил.


ЁШЛИК

Эсизки, ёшлик ўтиб, сочларимга тушди қиров,
Йигитлик авжи кетиб кексаликда қолди синов.

Йироқ-йироққа боқиб кўзларим тўюб-тўймай,
Узоқ-узоқ сафарим отига урилди жилов.

Қиморхона ишқ ичра неча йил юрдум,
Кўнгил олур кишига жону дилни тикдим дов.

Ғаюр ирода тифли йўлимда ҳар ағёр,
Куюб ўзин ўтида маҳв бўлди бир неча ёв.

Гаҳи дилимда муҳаббат алангаси тутошиб,
Не сўз демайки, фиғоним тўсолмади ҳеч ғов.

Биров боқиб менга холис силарди пешонам,
Бировга чин сўзим айтсам, тилимга солди ғаров.

Улуғлар олдида одоб билан эдим хомуш,
Биров деди бу на одам, биров деди бу соқов.

Мадад тилаб неча устозларимни хизматида,
Сақол шупурги ва икки қўлим бўлурди косов,

Ҳаёт нашъасининг лаззати  шу деб билдим,
Ямон соғинмаса, жабр этмаса бировгв биров.

Бу бир фасона, деманг, сўзларимни, фарзандлар
Ғурури нафс ила солманг ширин умрга эгов.

Ҳамиша хуш, бу дамингдур ғанимат, эй Чархий,
Масалки, кексалик иллат, йигитлик умри олов.


ИСТАСАНГ

Иста дўстингнинг ризосин, чин қадрдон истасанг,
Жонни ол, ранжитма жонни, меҳрибон жон истасанг.

Ранжиган кўнгил биноси қайта бунёд бўлмагай,
Хору ҳасдан тоза қил, покиза бўстон истасанг.

Бир масал: шўра заминга сочма ҳосил тухмини,
Ернинг сен шўрини юв, бағридан дон истасанг.

Боғласанг дил арзигай ўз меҳрибон дилдорингга,
Жон қушин ҳар шох уза қўндирма, виждон истасанг.

Бўл чиройлигу ва лекин бевафолар ҳамдами,
Кунда юз жабру жафо, минг хил пушаймон истасанг.

Макрига алданма, нози юз пушаймон келтирур,
Мард эсанг қадрингни бил сен, аҳду паймон истасанг.

Яхшиларнинг ёри Чархий , хаста диллар марҳами –
Бўл жаҳонда то абад, номингга достон истасанг.


ЧАШМИ ХУМОРИНГДАН СЕНИНГ

Мен ўргилай, эй нозанин, чашми хуморингдан сенинг,
Чашми хуморингдан сенинг, номуси орингдан сенинг.

Фикри хаёлим сен билан, ширин мақолим сен билан,
Олмайсан асло бир хабар, бу интизорингдан сенинг.

Сайрим висолинг боғида, гул ғунчасин япроғида,
Пайдо у нопайдолигим, кўзгуда борингдан сенинг.

Ўйлаб сени паймонларим ёнимда юрган онларинг,
Кўнглим ҳамиша шод эрур, аҳду қарорингдан сенинг.

Боғ ичра унган лоладан, лаълинг таманноси билан,
Касб айлади олий яшин, гул-гул узорингдан сенинг.

Гар тушда кўрсам қоматинг, уйғотмасин дерман сабо,
Касб айласам бўйи вафо, кулган баҳорингдан сенинг.

Чархий висолинг боғида, сайр этса гул япроғида,
Кўнглин қуши ажралмагай ҳеч ихтиёрингдан сенинг.


ДАВРОНИМИЗ ОБОД

Янги йилимиз шавқи билан ҳамма кўнгил шод, бўстонимиз обод,
Ҳар сафҳада хуш мазмун ила янгича ижод, достонимиз обод.

Нур сочди илм-маърифат, эл барча билимдон, моҳир қизу ўғлон,
Дилдори ширин, ёри ширин бизнинг ҳур авлод, виждонимиз обод,

Бизнинг бу ватан халқи аҳил, бир тану бор жон, бир оила ҳар он,
Турмуш жуда ҳам созу фаровон, ҳамма озод, ҳар онимиз обод.

Меҳнатда, садоқатда ватанпарвар элим бор, дилда не ғамим бор,
Чўл саҳни чаман, дашт эса боғ, конимиз обод, майдонимиз обод.

Ўзгарди яқин фурсатаро кўча, гузарлар, қишлоғу шаҳарлар,
Гулзори гўзал, боғи гўзал янгича бунёд, деҳқонимиз обод,

Ер куррасидан айланиб оламни кезар нур фан мўъжизамиздир,
Душман куядир ,дўстларимиз шод, ғами барбод осмонимиз обод.

Республикамиз то абадий маррага етсин, совғаси оқ олтин,
Бу туҳфа-Ватан туҳфаси, ўлманг бари шерзод, хирмонимиз обод.

Ҳар миллат ўзин эрки-ла ўз тўйида куйлар, тўй устига тўйлар.
Меҳмонисиз уй тўрида, мезбон эса дилшод, хонамиз обод.

Дўстлар, кўтаринг дўстлигимиз аҳди учун жом, етди улуғ айём,
Янги тилагу, орзу-ҳавасларни қилиб ёд, давронимиз обод.


ШАРМУ

Яхшиларнинг хоки пойидур кўзумга тўтиё,
Боқсалар шояд менга ҳам марҳаматдин бир қиё.

Хушсухан ҳозиқ даволар сўз билан беморини,
Дору бўлгандек синиқ ҳар устухонга мўмиё.

Сўзи жонпарвар, адолатпеша дўстлар ўлмасин,
Беғараз, беноз, беминнат вужуди кимиё.

Баҳраманд бўлмоқлигимни боиси ҳам шундаким,
Чун улар симойи руҳафзо, чароғи пурзиё.

Халқға манзур, фикри мақбул муҳтарам инсон деган
Бўлмагай кўнглида иллат, кору борида риё.

Кўнмагай ҳосилга ер, дилдан ғуборин ювмасанг,
Унмагай ҳеч шўр туфроғ устида ҳидли гиёҳ.

Эй кўнгил, олий фазилат аҳлидин файз истадинг,
Бўлма энди суратороларга ҳаргиз маҳлиё,

Чархиё, ўзлукни маҳкам тут вафо майдонида,
Энг улуғлиқ одамият шаънида шарму ҳаё.


МУҲТОЖ

Кўнгил бир илтифоти ёра муҳтож,
Ошиб шавқин ўти дилдора муҳтож.

Баҳор айёми булбул завқ бирлан
Кўрай деб бир гули гулзора муҳтож.

Қачон ул ғунча айлар деб табассум,
Тили лолу дили садпора муҳтож.

Кўнгил кўзгусида васлин умиди,
Яна мен ул кўзи хуммора муҳтож.

Кўзи бемори муштоқи мен, ул ҳам
Мени бемора бўлса зора муҳтож.

Ёмон кўздан ҳамиша сақлагай деб,
Хаёли бирла мен овора муҳтож.

На ҳикмат ишқ даргоҳида, Чархий,
Ҳамиша ошиқи бечора муҳтож.

1921 йил.


ҒАРАЗ-МАРАЗ

Дунёда энг зарарли илондур ғараз-мараз,
Инсон вабоси кўҳна қазондур ғараз-мараз.

Минг тепки еб, сира ўзига келмаган кишин,
Бўғзигача фасод ила кондир ғараз-мараз.

Бошин қашиб, бир озгина ҳасратни бошлагай,
Сўз боши-ю оёғи тикандур ғараз-мараз.

Ғўнғиллашин биров деди ванғ пашша сингари,
Ари десам , заҳарли забондур ғараз-мараз.

Ё катта бир довонки, ишламоққа жон керак,
Ирғиб чиқарга анча осондур ғараз-мараз.

Юз марта сув урилса, қасам ургани шумиш,
Йўқ-йўқ, буринги эски пиёндур ғараз-мараз.

Ракдек томирга ўрнагани ўрнаган кўринг,
Доим ўлик, тириги товондур ғараз-мараз.

Гажжак қилиб думини туриши, таъзими эмиш,
Тўққиз бўғинли худди чаёндир ғараз-мараз.

Сичқон каби ялаб тузингиз, дардни юқтирар,
Бу кўрнамакни сири ниҳондир, ғараз-мараз,

Бир бегуноҳни макри тузоққа илинтириб,
Жуфтак отиб қочишда қуёндир ғараз-мараз.

Ўқ еб тўқайда, очу наҳор топмайин тегин,
Гангиб келар хатарли қобондур ғараз-мараз.

Мўлтони жодугар у гаразгўй ватангадо,
Бўҳтончи, шармисор, фалондур ғараз-мараз.

Шундай ғаразли ёт кишилардан денг алҳазар,
Лойга илаштирурга сомондур ғараз-мараз.

1974 йил.
   

МАҲАЛЛАМИЗ
(Наврўз байрами муносабати билан)

Бизнинг шаҳарда ҳурмати чандон маҳалламиз,
Эл иттифоқ, қадри қадрдон маҳалламиз.

Гулшан баҳор келиб яна наврўз олами,
Ҳар кўчаю гўзар юзи алвон маҳалламиз.

Ҳар ишда бир тафаккуру ҳамкору машварат
Эл дардига даво каби дармон маҳалламиз.

Чунки фасоду туҳмату иғвога йўқ ўрин,
Меҳнат муҳаббати билан хандон маҳалламиз.

Эски удумни янгича одат билан тузиб
Янги ўрнида эскини дархон маҳалламиз.

Ортуқча ошу нон заранг салла қозилар
Исроф бу деб хўб айлади гумдон маҳалламиз.

Тўй-у азанинг сарфига ҳам чек қўйдилар
Минг офарин қарори ҳар он маҳалламиз.

Юқтирмай маҳаллага ҳеч гард, ҳеч ғубор
Ёш навқирон йигитлари посбон маҳалламиз.

Уйлар саришта ҳовлилар озода кам ҳашам
Озодаликда “Боғ ила бўстон” маҳалламиз.

Ибрат олишса арзигулик ҳар маҳаллалар
Мезбон бу кунда эртага меҳмон маҳалламиз.

Наврўз билан ясанди замину замон бу кун
Наврўз билан тамом гулистон маҳалламиз.

Мен бор ютуқни айтдиму ким камчиликни дер
Этмай кейинги кунда пушаймон маҳалламиз.

Дўстлар учун ҳамиша омонлик тилакларим,
Дўстлик туфайли бари ғазалхон маҳалламиз.

Ғамхўр хамиша давлатимиз ҳалққа  меҳрибон
Сал-пал мадад берилса гулистон маҳалламиз.


НАВОИЙГА

Эй, муҳтарам устоз Навоий, дилу жонсиз,
                  Мақбули, замонсиз.
Сиз кўзу кўнгилларга зиёбахш чу хуршид,
                  оламга аёнсиз.
Не ҳад менга ким таърифи ижодингиз этмоқ.
                  Тил лол, қалам ожиз.
Сўз рамзи фасоҳатда, балоғатда ажойиб,
                  Эл меҳрига консиз.
Фарҳод кўриб кўзгуда Ширинни бар аъло,
                  Бўлмиш эди шайдо,
Сўз боли билан айлаган ушшоқини ширин,
                  Чун аҳди забонсиз.
Мажнунга бериб меҳру садоқатни камолин,
                  Кўрганда жамолин
Лайлига вафо расмини ўргатган, азизим,
                  Устоз, ҳар онсиз,
Қушлар тилидан завқу сафо еткузиб, ҳай-ҳай,
                  Бечорага чора,
Зулм аҳлига айлаган, эй, хомаси шамшир,
                  Бир ўтли баёнсиз,
Таҳсинлар ўқир назм ила насрингизга олам,
                  Қойил ҳамма дунё,
Ижоди аруз силсилайи маънида якто,
                  Хуш таъбий равонсиз.
Орзуларингиз барчаси давримда муҳайё,
                  Қурдик янги дунё,
Дил тўрида ким сақланажак ёдингиз ҳар дам,
                  Эй, нур фишонсиз.
Чархий қўлидир, кўксида таъзим ила сизга.
                  Бу меҳр китобим,
Биз бирла мудом сиз абадий соғу омонсиз,
                  То бор жаҳон сиз.


МЕҲНАТ – БАХТ

Бизда меҳнат бахт ҳам инсон азиз,
Чунки инсон қалбида виждон азиз.

Яхши деҳқон зое этмас ҳосилин,
Нобуд этмай йиғса у деҳқон азиз.

Ерга сочган ризқ эрур бир дона дон,
Шул сабабдан дейдилар, бир дон азиз.

Парваришлар боғини ҳар боғбон,
Бир кўчат ундирса шу имкон азиз.

Сақласа кўз гавҳаридек меҳр ила
Боғининг тупроғини, боғбон азиз.

Нозу неъматларни исроф этмаган
Хонадон аҳлида бўлгай нон азиз.

Турмаса ўз ҳаддида ҳар бир киши,
Бўлмагай мезбон учун меҳмон азиз.

Чархий, боғингни тикандан сақлагил,
Хорсиз гулшан азиз, даврон азиз.

1950 йил.


БАҲОР ТАРОНАЛАРИ

Баҳор келди мавсумларнинг таннози,
Меҳнат шавқи билан хурсандлик ёзи.

Ёз тонгини кўринг субҳи содиқдек,
Тун зулмати кетиб, ортди баёзи.

Даричадан қуёш нурин сочганда
Сўнар экан аста қишнинг аёзи.

Қушлар қанотини ростлаб учмоқда,
Уясида тугаб берган пардози.

Водийларда ҳаёт қайнар булоқдек,
Фазоларда фазогирлар парвози.

Бу чаманнинг файзи, сўлим ҳавоси,
Дўстлар ёри чин дилни дилнавози.

Парваришдан гуллар гулчи қўлида,
Турфа рангда жилва берар мижози.

Аввал сафда бинафша гул олур жой,
Сўнгра чиқар сарву сумбуллар сози.

Бир қаторда райҳон этса намойиш,
Жамбул давоман деб ярашур нози.

Тоғда юксак Ватанимга халқимнинг
Меҳру муҳаббату ҳурмат эъзози.

Бу мавсумни Чархий қадрин ўтказмай,
Гаштин сурар меҳнат аҳлин шаввози.


ДАВРИМИЗ

Давримиз даври қаҳрамон бўлди,
Ҳамма дилларда достон бўлди.

Топди ўз қадрини бугун инсон,
Яъни ҳаққоният аён бўлди.

Кўп асрли умидимиз тонгги,
Ёришиб янги бўстон бўлди.

Янги боғларга янги соҳибкор,
Янгидан-янги боғбон бўлди.

Мўлу-кўл нозу неъмати алвон
Шира-ю шарбат ончунон бўлди.

Еру эл бахти тоабад боқий
Бехатар тарихий замон бўлди.

Қақраган чўл юзи ҳаёт сувидан,
Гулу гавҳар ўнар макон бўлди.

У кун ташналаб биёбонлар,
Бугун оби ҳаётга кон бўлди.

Энди кўҳна харобалар ўрни
Ҳашаматли гул ошиён бўлди.

Улғайиб навқирон азиз ёшлар
Келажак йўлда карвон бўлди.

Тоғни бир зарб ила қилур талқон,
Шердил, мард паҳлавон бўлди.

Янгидан-янги мўъжизоти билан
Шуҳрати авжи осмон бўлди.

Меҳнат аҳли бериб қўлин қўлга,
Беғараз дўсту жонажон бўлди.

Яна ҳам донғимиз жаҳон бўйлаб,
Довруғин умри жовидон бўлди.

Маҳрум эрдик улуми  фанлардан
Илм ўқиб ҳамма комрон бўлди.

У кун кўрмаган ота, ўғли
Бугун аллома-ю, замон бўлди.

Аччиқ-аччиқ замона заҳри сўниб,
Энди ҳамма ширин забон бўлди.

Ошиб ўлкам чиройи кундан-кун,
Хусни ойинайи жаҳон бўлди.

Чархий даврин ҳаёт тантанаси
Ҳамма элларда достон бўлди.


ШУ  ҲУР ЗАМОН ТУФАЙЛИ

Дўстлар, сўзим камоли шу ҳур замон туфайли,
Бахтимнинг йўқ заволи шу ҳур замон туфайли.

Дўст бирла эл ҳаёти, дўст бирла кенг қаноти,
Дўст аҳдин эҳтиёти шу ҳур замон туфайли.

Дўст меҳридир бир олам, тинч оламу тинч одам,
Дўстлик кучи муаззам шу ҳур замон туфайли.

Дўст қалби тоза гулшан, дўстлар чироғи равшан,
Дўстлик сафи муайян шу ҳур замон туфайли.

Ёшлар бари билимдон, ёшлар юракка дармон,
Забтида еру осмон шу ҳур замон туфайли.

Озод элим аёли, нурлар сочар жамоли,
Меҳнатда йўқ мисоли шу ҳур замон туфайли.

Шуҳрат-ла навқиронлар, меҳнатда қаҳрамонлар,
Ҳассос, ширин забонлар шу ҳур замон туфайли.

Боғбонда нозу неъмат, деҳқонда зар зироат,
Мўл ҳосилу саҳоват шу ҳур замон туфайли.

Омборда донимиз ҳам, тандирда нонимиз ҳам,
Тинч танда жонимиз ҳам шу ҳур замон туфайли.

Чархий ҳамиша вола  бу даври бемисола,
Йўқ энди оҳу нола шу ҳур замон туфайли.


ҚУТЛУҒ АНЖУМАН
(мушоира)

Жахонда донг таратиб аҳли илму фан қолади,
Азиз гулистон аро қутлуғ анжуман қолади.

Нафосат аҳли ясатган гўзал Ватан ичра,
Лазиз ҳаёт безаги гул очиб чаман қолади.

Тамоми сафсаталар йўқ булиб бу ер юзида,
Ширин хаёл ила ҳар бир ширин сухан қолади.

Элим муҳаббати жумбуш урар юракларда,
Тилакда эзгу ниятла шукуҳу шаъи қолади.

Кезишда умри ўтиб ҳеч турарга жой топмай,
Ватан сотарлар агар ўлса бекафан қолади.

Адаб изидан ўзин ким чиқарса – у малъун,
На шумнинг номи қолур, на сатанг чапан қолади.

Биров агар сенга қотса заҳарли тил бирла сўз,
Асабларингга мудом санчилиб тикан қолади.

Синашда тизгин тузиб ҳуркишиб қочар отлар,
Улоқни ёппа қилиб кишнаган саман қолади.

Амални пеша этиб ким отини қамчиласа,
Тарақ-туруқ арава ҳам чувуқ четан қолади.

Шифо сувин хўб ичиб, пайкал ичра хом кетма,
Ширинлик шаънин олиб, тилда калҳасан1 қолади.

Чапак-чапакка етиб, халқ ўқир экан олқиш,
Шарафли даврага мос ҳар чевар, чечан қолади.

Ғализ тарона, суюқ сўз бари варақдан ўчиб
Юракда ўтли калом, тилда шўх ўлан қолади.

Камоли фахри баланд Чархий ёнида Комил,
Бу юртда уста-шогирд ҳурмати билан қолади.

1968 йил.

1-Калҳасан – қовун номи.
 

ЗАМОНА РАМЗИ

Ҳар бир рамз дилимдан дилга нишона рамзи
Ҳар бир кўнгил кўнгилни топса баҳона рамзи

Ёр сочига кўйиб бош ким арзу ҳолин айтур,
Бу нав мубталолиқ шамшод шона рамзи.

Гарчи навода булбул достон саролиқ айлар,
Гулда ҳақиқий мазмун, унда фасона рамзи.

Ҳар гулни иштиёқи бир ўзга олам эрса,
Ҳар парданинг навоси мунгли тарона рамзи

Нечун илинмасин ким жонлар қуши у гулга.
Ҳар бир табассум ичра бор дому дона рамзи.

Боғ ошиёним ўлмиш бир умр ястанурман,
Завқу муҳаббатим ҳам бу остона рамзи.

Чархий қаёнга боқсанг, ёр аксини кўрурсан,
Ҳар дам висола элтар қутлуғ замона рамзи.

1965 йил.


ИМКОН ҚАНИ

Ёр сенсиз турмоғим олам аро имкон қани,
Сен билан ўтган бу умрим ичра дей армон қани.

Арсаи оламни кездим кўрмадим бир мен каби
Ҳусн мулкида адолатли улуғ султон қани.

Сен ўзингдур меҳрибоним, ўзга ёр даргоҳида
Хони лутфидан сочилган биз учун бир дон қани.

Қувватим, танга мадорим бир нафас ёд этмадинг,
Жисми зорим ўртанур бир лаҳзача дармон қани.

Доғ этар кўксимни найлай гоҳи бепарволиғинг
Йўқса сендек нозпарвар раҳм этар жонон қани.

Сендин ўзга ёр зулфин доми бору дони йўқ,
Мендин ўзга сенга жонин хадя этган жон қани.

Мен каби куйингда бўлган ранги рўйи заъфарон
Сен каби кони малоҳат, юзлари ширмон қани.

Умрлар мендан бало тўфонида ғам чекмаган
Асрлар қалбимда сендек бир азиз меҳмон қани.

Чархиё, бўлма малул ҳаргиз мухаббат йўлида
Ишқ тўғён урса афғон чекмаган инсон қани.

1927 йил.

Арсаи олам - ер юзи, бутун олам


ФАРҒОНАЛИК ОҒАЙНИ

Республикам мадори фарғоналик оғайни,
Донгдори пахтакори фарғоналик оғайни.

Ишлаб ҳалол кўнгилдан гавҳар ўнибди чўлдан,
Суръатни берма қўлдан фарғоналик оғайни.

Раҳматга ёр сизлар чевар теримчи қизлар,
Жон бирла тенг бу кезлар фарғоналик оғайни.

Майдонда нурли сийна, пахта терар машина,
Кўзларга гарди сурма фарғоналик оғайни.

Техникамизни бори ҳалқимизни дастёри,
Колхозчилар мадори фарғоналик оғайни.

Бу йилги пахта ҳосил шаксиз план тўлар йил,
Айла ишингни қойил фарғоналик оғайни.

Имкон тамоми мавжуд ҳосилни жон билан тут,
Қилма граммни нобуд фарғоналик оғайни.

Пахта вужуди кимё, барқ урди дашту-саҳро,
Пахта Ватанга совғо фарғоналик оғайни.

Қайнар булоғи ҳамда қайнарда пахта қайнар,
Яшнар чирой аъло фарғоналик оғайни.

Ҳикмат булоғи шундан кўнгил чироғи шундан,
Қаймоғи, ёғи шундан фарғоналик оғайни.

Гавҳарни ерга тўкманг, ҳосил белини букманг,
Хушёр булинг, чўкманг фарғоналик оғайни.

Ҳосил зари шу ердан, бахт гавҳари шу ердан,
Ўнган бари шу ердан фарғоналик оғайни.

Олтин тўкинг уйига, бош тўн пичинг бўйига,
Республикам тўйига фарғоналик оғайни.

         
ЯХШИМИ ?

Фарзанд ўғилми, қизчами барноси яхшими?
Ёки билимда, хулқда зебоси яхшими?

Доно ақлни танласа, нодон кезиб дегай:
Кўзинг хумори яхшими, шаҳлоси яхшими?

Албатта, ҳар кишига азиз нуридийдалар,
Хулқин бажоси яхшими, бежоси яхшими?

Мактабда интизомли бола яхшироқми ё,
Беинтизоми, дангаса, расвоси яхшими?

Ҳар бир билимни, яъни икки йўл баҳоси бор,
Икки баҳоси яхшими, аълоси яхшими?

Бир қиз туғилса исми талаш, ота-она дер:
Лайло тузукми ёки у Зуҳроси яхшими?

Ҳеч бир жарангли ном ила топмас шараф киши,
Номи улуғ, юрак тўла иғвоси яхшими?

Ҳаддан зиёд зеб бериш, ўйланг, дурустмикан?
Оддий либосу маънавий  ороси яхшими?

Йўқ бир ҳавасга интилиш орзуси кимда йўқ:
Нася беҳиш ми, нақд муҳайёси яхшими?

Иш битгунча биқинда мудом баъи дўстлар,
Битгач, иши биқинга отар ёси яхшими?

Чархий, ғазали улфатинг эъзози созмидур,
Ёки ҳақиқий дўстларинг ихлоси яхшими?


ДЎСТЛАРНИ КУТА-КУТА

Кутиб сиз азизлар, қовурилиб гўшт ёғлар қолди,
Такаллуфлар ҳувиллаб сурпада ўқлоғлар қолди.

Хабар бир кимсадин етса, етарди бошим осмонга,
Пешайвон соганимча ҳангу-манг пештоқлар қолди.

Ёзилганча шикоят айлабон сизларни дастурхон,
Оғиз очганча писта, ғулдираб ёнғоқлар қолди.

Беш-олти қатлама дарди билан бозор кезиб олган
Ажойиб дўлта чиқмас бир чинни қаймоқлар қолди.

Нишони оқибат эрди азизларнинг зиёрати,
Муқимий бирла Завқий, Нисбатий муштоқлар қолди.

Бизнингдек “оқибатли” дўстлар шаънига деб ёзган,
Навоий, Жомийлар мероси авроқлар қолди.

Биров ҳарна маломат этса, парвойи палакдурмен,
Ким айди у бурунги чин ўриш, арқоғлар қолди.

Биров сувчига мунча ўрта ер кўлоб, деб айтмас,
Неча йилларки сувга ташналаб қирғоқлар қолди.

Қоқилгандан рақиблар пўстагин бозори жўндамроқ,
Сидирға нархи тушган пўстини ярғоқлар қолди.

Кўнгул бу мунтазирлик бирла бад қилдинг, хато қилдинг,
Ажабким, сен бўйин чўзган ўшал янтоғлар қолди.

Муқимий декчасида меҳр ила ош дамлайин десам,
Қозондан ёғ сачраб кўксим узра доғлар қолди.

Узоқдан таъна этманг, Чархий, мажнунона ваъзинг деб,
Ародан кетди неча дўст биз ўртоқлар қолди.

1970 йил.


ОЛАМ САОДАТИ

Нозик қаддинг чиройи – бу гулшан латофати,
Оҳу кўзинг карашмаси олам саодати.

Очилди ҳар чаман гули ҳуснинг баҳоридан,
Булбулни ҳам таронаси файзинг шарофати.

Кун кўзларингга волаю, ой ҳам юзингга доғ,
Кўз манзарига мунча яқиндир масофати?

Лутфинг чароғи меҳр ила қалбимга сочса нур,
Қаҳринг солур рақиб элига минг надомати.

Ёдинг юракка қуввату, зикринг танимга жон,
Мамнун этар ҳамиша жамолинг зиёфати.

Чархий вафоли ёрингга жонингни қил нисор,
Маъшуқ иродасига тенг ошиқ итоати.

1930 йил.


СЕН ВАТАННИНГ КУЧ-МАДОРИ
(набирамга)

Эй, Ҳафиз сенга саломим,
Бу салом дилпораси.
Сен фаровон гулшанимда
Чарх урар сайёраси.
Сен-элу юртим мадори,
Мен ҳам эл парвонаси.
Сен ватаннинг хизматида,
Мен-ғазал овораси.
Сен –чаманзоримда булбул,
Мен унинг боғбонидир,
Мен сенга бобопадарман,
Сен кўзимнинг қораси.
Жону дил бирла Ватанга
Меҳр қўй, мардона бўл!
Жон болам, ҳеч бўлмасин
Қалбингни зарра ёраси.
Зоҳиран кўздан узоқсан
Эй кўзимнинг равшани.
Маънида аммо яқиндир
Икки кўнгил ораси.
Соғ бўл, доим омон бўл,
Сен Ватанга посбон.
Чунки бу бахтли замоннинг
Сен бу гавҳар пораси.


ТЎЙ

Тўй экан хаётнинг зебу зийнати,
Фаровон давримиз рамзи, хикмати.

Тўй шодлик хамиша, жамулжам дўстлар,
Хушчақчоғ хаётнинг шону шавкати.

Улғайсин, яшасин азиз фарзандлар,
Келажак меваси порлоқ қудрати.

Туғилган кунини нишонлаш яъни,
Умрни қадрлаш улуғ фурсати.

Тўйимиз тўрига эй, азиз дўстлар,
Ташриф буюргайсиз таклиф хурмати.


ЯХШИ

Гар келса мақом, сўзласа сўз хонаси яхши,
Ҳар хонанинг ўз кўзлари мастонаси яхши.
Бегона кўнгил шаъмининг атрофида юрма,
Бу ҳур ватаним шамъини парвонаси яхши.
Дил берма, умид этма сира нася вафога,
Сўз нақди хазинангдаги дурдонаси яхши.
Мен маст ҳаёт нашъасидан соқийи даврон,
Давримнинг азиз улфату майхонаси яхши.
Юрт тинч, элим шод, фаровон бу ҳаётинг,
Ҳар манзилининг янгича кошонаси яхши.
Ким ўсди, буюк тарбиядан топди шараф-шон,
Кимнинг боласи яхши, ота-онаси яхши.
Яхши ҳама жой, ҳалқи хусусан шинаванда,
Чархийга Қўқон, маркази Фарғонаси яхши.


МУҲАББАТНОМА

Йўқдир армони кишининг бўлса сендек дилбари,
Меҳрибони ҳам вафодори, мурувватпарвари.

Фаслида боғу чаманни сайр этсанг, дилбарим,
Сочилур, қўйсанг қадам, гулшанда мушку анбари.

Тунлари хобимда, кундузлар кўзимда жилвагар
Доимо меҳринг сенинг кетмас хаёлимдан нари.

Кайфи хушмен, истамаймен бодаю майхонани,
Бода кайфидан буюкроқдир сўзингнинг шаккари.

Ишқ водийсини дил сен раҳнамосиз кезмагай,
Йўлдан озғай ҳар киши йўқ бўлса ишқнинг раҳбари.

1926 йил.


ҚИЁЛАБ ЎТДИ

Тонг чоғи сарви нозим аста қиёлаб ўтди,
Тушгач кўзи кўзимга таъзим бажолаб ўтди,

Таъзимига эгиб бош ҳурмат ишора қилсам,
Мастона кўз учида шарму ҳаёлаб ўтди.

Сунбулни бўйи тарқаб олам муаттар ўлди,
Сочи магар чамандин гулни аролаб ўтди.

Кўз эрди интизори кўрмакка зор кўнгил,
Кўрсатди ой жамолин қалбим жилолаб ўтди.

Дуч келса шум рақиблар, ағёр бенасиблар
Қаҳру итоби бирлан бағрин яролаб ўтди.

Бир зумда кўздан учди, гўё фалакни қучди,
Ё гул уни яширди, ёким ҳаволаб ўтди.

Ишқ оламида, Чархий, сабрингга офарин деб,
Нозик табассум-ила ишқим баҳолаб ўтди.

1964 йил.


ШАЙДОСИ МЕН

Шайдоси мен орази чаманни,
Сен ғунча мисол гулбаданни.

Ширин лабинг олдида нетарман,
Май шарбати, базми анжуманни

Инсон кўзи кўрмади сенингдек,
Бир кони ҳаё, ширин суханни.

Саҳройи хижолат ичра қўйди,
Сочинг бўйи нофаи хўжанни.

Занжири муҳаббатингдадирман,
Нозинг била кесма бу расанни.

Сенсиз, гўзалим, ёруғ жаҳонда
Найлай бу азиз жону танни.

Даъвойи назокат айламас гул,
Кўргач сени-ғунчапироҳанни.

Лутфинг билан энди сарфароз эт,
Чархий каби шоири Ватанни.


БАХТЛИ ИНСОН

Бахтли инсон шуҳрати оламда пинҳон бўлмагай,
Яхшилардан юз ўгирган бахтли инсон бўлмагай.

Раста-раста гул билан юртинг чиройин соз қил,
Баҳаё гул бўйини тарқатма, бўстон бўлмагай.

Зийнати ҳуснинг эрур ахлоқу одобинг сенинг,
Лоладан ранг қарз олиб сангреза маржон бўлмагай.

Тарбият боғида ўсдинг, улғайиб топдинг камол,
Парваришсиз боғу саҳролар углистон бўлмагай.

Бемашаққат ким кўрибдур муддао ойинасин,
Меҳнатин то қойил этмай марди майдон бўлмагай.

Чархиё ўз ҳадди мезонинг билиб қўйсанг қадам,
Офтоби толеъинг абр ичра пинҳон бўлмагай.


НЕТАЙ
(Қаровсиз қолган чорва молларнинг ферма мудирлари устидан шикояти)

Чорва  мудир қиёси йўқ, боқмаса боқмасин нетай,
Ваъдасига вафоси йўқ, боқмаса боқмасин нетай.
Ёзда яланг ҳаводамиз, чиллада кўп наводамиз,
Бу акамиз навоси йўқ, боқмаса боқмасин нетай,
Игнача бир тешик эса, дер туядек совуқ ўтар,
Туйнугин интиҳоси йўқ, боқмаса боқмасин нетай.
Битта оғилда қирқ тешик, илма-тешик бори эшик,
Қишда иссиқ ҳавоси йўқ, боқмаса боқмасин нетай,
Қийшайишиб у ён ўтар, илжайишиб буён ўтар,
Кўз оқи бор, қароси йўқ, боқмаса боқмасин нетай.
Ёғ ила гўштни индамай, оқ сутимизнинг ҳурматин,
Оқлаш учун ризоси йўқ, боқмаса боқмасин нетай.
Бир-биримиз ияклашиб, сув ичамиз кўмаклашиб,
Бизга тузук биноси йўқ, боқмаса боқмасин нетай.
Бизга ему силос қани? Бир хил алаф емак билан
Нечамиз иштаҳоси йўқ, боқмаса боқмасин нетай.
Ростига юрмаса киши, ваъдага бўлмаса вафо,
Ушбу касал давоси йўқ, боқмаса боқмасин нетай.
Ҳар тараф ўт, пеичан, алаф, ўр мени деб, турар қараб,
Ўргали ё асоси йўқ, боқмаса боқмасин нетай.
Битган ишинг жилоси бор, битмаса бир балоси бор,
Дема казо-казоси йўқ, боқмаса боқмасин нетай.

 1963 й.


ҚЎҚОН ЛОЙИ

Кимда қасдинг бор Қўқонда, ҳой лой,
Олти ой чанг бўлса, олти ой лой.

Йўқми имкон? Тош ташиб тўкса шағал
Ёғса ёмғир, қор эриб сой-сой лой.

Кўча нам тортмай туриб топсак илож,
Яхши бўлгай эрди, бўлмай жой лой.

Ҳўл ботинка остидан келган садо,
Шовқинидир карнаю сурнай, лой.

Бир бола лойдан ўтай, деб сакради,
Сип-силлиқдан туролмас пой, лой.

Бир бола лойдан ўтай, деб сакради,
Тушди қўлдан бўлди нону, чой лой.

Қолган ишга қор ёғар, деб бор мақол,
Сўнгги йил келганда дер бой-бой лой.

Чархий, ким кўрса Муқимий кўчасин,
Дерлар, аҳволингга юз минг вой лой.

1962 йил.


АРОҚВОЙ

Ичма, давоси қурсин бу ҳўл бало ароқвой,
Инсоннинг офати-чун келган вабо ароқвой.

Бир қултум ибтидоси, йўқ сўнгра интиҳоси,
Қанча кўпайса нуқсон, шунга ризо ароқвой.

Хилватда сўфи ичгай, кимлар тўнини ечгай,
Алдаб балога бошлар бу беибо ароқвой.

Кўрсатса минг каромат зинҳор ишонма, дўстим,
Бўлсин агар хизрдир ё авлиё, ароқвой.

Салқинда соқи айлар, офтобда қоқи айлар,
Гўштни шилиб суякдан этгай пано ароқвой.

Дору деманг, бу-оғу, лабга томизмайин сув,
Ғассол уйини излар, этмай қазо ароқвой.

Кўздан олиб зиёни, юздан олиб ҳаёни,
Тутқизмайин қўярму сенга асо ароқвой.

“Зубровка”га оғайни, “перцовка”га қариндош,
Коньякка қайни ила бўлмиш тағо ароқвой.

Чархий, ҳавоси қурсин, кайфу сафоси қурсин,
Ичма, давоси қурсин, бу ҳўл бало ароқвой.


ЁДЛАР ЗАМОН, МУҚИМИЙ,

Озод Ватанда номинг ёдлар замон, Муқимий,
Тилга олиб каломинг ёдлар замон, Муқимий.

Ул давр ишчи-деҳқон, меҳнатда зору-нолон,
Деб куйладинг олиб жон, ёдлар замон, Муқимий.

Зулм аҳлини қилиб танг, танқидинг эрди найзанг,
Бу оташин сатиранг ёдлар замон, Муқимий.

Халқингга ҳикматингни, ҳажвингда журъатингни,
Ҳурмат билан хатингни ёдлар замон, Муқимий.

Бахтли замон йўл очиб, келди нурини сочиб,
Дил дарди кетди қочиб, ёдлар замон, Муқимий.

Истаб бутун ҳақиқат, чекдинг азоб ва меҳнат
Энди етиб бу фаросат ёдлар замон, Муқимий.

Тун-кун зафар нишона, бизнинг замон-замона,
Шеъринг қилиб тарона, ёдлар замон, Муқимий.

Озод элинг музаффар, орзуларинг муяссар,
Йиллар яна муқаррар ёдлар замон, Муқимий.

Фурқат кетиб кўйингда, Завқий ўтиб ўйингда,
Чархий бугун тўйингда, ёдлар замон, Муқимий.

1953 йил, сентябрь.


ЖОНАЖОН ЗАМОН ИЛА

Сиз навқирон кўнгилни гул очган баҳорисиз,
Ҳар бир ширин баён ила Қуддус Муҳаммадий.
Сиз ҳамнафас ҳамиша баҳорни хазони йўқ,
Бу боғу бўстон ила Қуддус Муҳаммадий.
Илму одобнинг соҳибисиз, топдингиз камол,
Сиз жонажон замон ила Қуддус Муҳаммадий.
Қайнар юрак булоғида шеъру ҳокоянгиз,
Ҳаддин ширин забон ила Қуддус Муҳаммадий.
Файзу фазилат ила ясанган вужудингиз,
Топган кўп имтиҳон ила Қуддус Муҳаммадий.
Ошди неча довонни, яна баҳс этар кучи,
Назми баланд довон ила Қуддус Муҳаммадий.
Ойнадин тиниқ бари шеърий ифодангиз,
Қолмас кўнгил гумон ила Қуддус Муҳаммадий.
Қайси кўнгилни олса сўзингиз нишонага,
Айлар қабул у жон ила Қуддус Муҳаммадий.
Ижодингизнинг равнақи топсин яна ривож,
Кўп яшнасин жаҳон ила Қуддус Муҳаммадий!
Олтмиш баҳорга тенг, яна олтмиш баҳор қўшиб
Умр ўтказинг хаён ила Қуддус Муҳаммадий.
Бир камтарину таъби баланд, ваъзи хокисор,
Йўқдур иши фасон ила Қуддус Муҳаммадий.
Кенг даврамизни булбули, манзурисиз ҳар он,
Кўп қиссаи достон ила Қуддус Муҳаммадий.
Чархий тилар умид ила йиллар яна яшанг,
Соғу сиҳат, омон ила Қуддус Муҳаммадий!


ЎРГИЛАЙ

Мушку анбар ҳидли сочи сунбулингдан ўргилай,
Ҳусни гулзорингда сайрар булбулингдан ўргилай.

Лола ранг эгнингда кўйлак, қирмизи бошда рўмол,
Таққан олтин соатинг дўндиқ қўлингдан ўргилай.

Тим қора стчингни белга ташлабон келсанг нетар,
Ҳалқа-ҳалқа икки ҳайлар кокилингдан ўргилай.

Мунча ҳам ширин забонинг, маҳлиқолар сарвари,
Танга чнги жон ато қилган тилингдан ўргилай.

Сен қадам қўйдинг ўшал кун бўлди саҳролар чаман,
Ранг-баранг боғингда очилган гулингдан ўргилай.

Дўстлар кўрганда дерлар ёр манзилгоҳини,
Чархиё, бу гулшанафзо манзилингдан ўргилай.

1926 йил.


ЯХШИ ТИЛАК

Яхши ният-ла муяссар бўлди ҳар яхши тилак,
Ранжимас,ҳеч кимни ранжитмас мусаффо ҳар юрак.

Дилга сайқал бер ҳамиша меҳнатинг шавқи билан,
Қиш ғуборин тор-мор этган каби олтун курак.

Жону жаҳдинг-ла билим ол маърифат бўстонидин,
Ёшлиғинг кетгач надомат бирла қолма бужмалак.

Ёз дамин ўткарса ғафлат бирла деҳқон оқибат,
На уруғ, на ҳосил олғай бонг уриб етса кузак.

Бериёзат рутбаи олийга интилмоқ надур,
Тут билан қомат талашди, мевасиз қолди терак.

Ўз-ўзингга, касби-корингга баҳо бермакни қўй,
Зарни мисдан ажратур устод бир заргар керак.

Пилладек Чархий қозонда хўб  пишиб, хуш тола бер,
Беғашу белос чиқаркан тоза тортилган ипак.


ДЎСТИМГА МАКТУБ

Собиро, саломингдан чеҳра соз эрур кўнгил,
Завқли паёмингдан сарафроз эрур кўнгил.
Офаринки, берган сен сўз ила сухан додин,
Яъни нутқи томингдан шод боз эрур кўнгил.
Банд экан муҳаббат кўп сенга, найлайин, дўстим,
Гоҳо эрса сендан шод, гоҳ ароз эрур кўнгил.
Чунки каж хаёлимл-ла узлат ихтиёр этсам,
Гоҳ асири бир шўх сарвиноз эрур кўнгил.
Умр агар вафо этса, шулки ниятим ҳар чоқ,
Дўстларим висоли ила бас дароз эрур кўнгил.
Гарчи мубталодирман кишвари муҳаббатдан,
Лек комилдир имоним, покбоз эрур кўнгил.
Кеча маҳфилим равшан, кундуз офтобимдан,
Ҳар дамим чароғону дилнавоз эрур кўнгил.
Бош эгиш ўлим номард олдида, ҳаётим бор,
Сарнигуни бўлмасдан балки ғоз эрур кўнгил.
Собиро, паёмингдан чархланди илҳомим,
Навбаҳори шеърингдан қайта ёз эрур кўнгил.

1940 йил.


ВАФО СЕВАРИМ

Қани-қани мени ул дилбарим, вафо севарим,
Қани-қани назарим кўзгусида жилвагарим?

Фалак-фалакка етар бир нигоҳидин бошим,
Юрак-юрак эзилур ёдида бутун жигарим.

Кутуб-кутиб қадамин гардига кўзим муштоқ,
Ўтуб-ўтуб кетиб эрур бу бир баҳоналарим.

Қараб-қараб неча кунлар йўлига боқмоғдин,
Ажаб-ажабки, оқарди беш-ўнта мўйи сарим.

Ютуб-ютуб аламин, таънаи рақибдан, ўзум –
Тутуб-тутуб, яна ёди билан қочар хатарим.

Тутаб-тугаб кетамен ишқ алангаси бирлан,
Чидаб-чидаб турамен норида туруб назарим.

Тараб-тараб қора зулфин кийиб қаро қундуз,
Ўраб-ўраб келар ойдек юзини ишвагарим.

Такаллуми менга жон бахш этар малоҳатидин,
Табассуми аслимдур, каломи найшакарим.

Ҳаё-ҳаёли қараш сирларин ёзиб шарҳин,
Қаро-қаро кўзини васф этиш нетай ҳунарим.

Агар ўгурса юзин дўст, бир гуноҳинг бор,
Югур-югур деб эди раҳматий менинг падарим.

У нозанинни қаро сочларин хаёли билан,
Кечам мунаввар ўлуб, Чархиё, ўтар саҳарим.


МЕҲНАТ ДЕДИМ

Эй кўнгил, бахту саодат, не дединг, меҳнат дедим,
Меҳнатинг завқ берса одат, не дединг, роҳат дедим.

Ҳар фазилат касби заҳматсиз бўлурми дастгир,
Бўлмаса танда риёзат, не дединг, иллат дедим.

Юздаги ҳусну тароват, кўздаги меҳригиё
Сўздаги лутфу фасоҳат, недединг, ҳурмат дедим.

Эгрилик исноди инсонга, разолатдан далил,
Тўғри йўлга чин далолат, не дединг, шафқат дедим.

Бадгумон дилдан ширинлик топмадим деб ранжима,
Шўру зах ердан зироат, не дединг, офат дедим.

Ҳар ёмону яхши йўлга бошлаган ўз хоҳишинг,
Бу икки маънода ҳикмат, не дединг, улфат дедим.

Кибру манманлик билан тўлган кўнгул ёр ўлмағай,
Камтарин дўстинг-ла суҳбат не дединг, давлат дедим.

Айтди донолар ғанимат, ҳар даминг, ҳар соатинг,
Бу азиз умр ичра қиммат, не дединг, фурсат дедим.

Баҳралансин донишингдан беғараз толибларинг,
Лекин оғир юк ниҳоят, не дединг, миннат дедим.

Чархий, бошингни эмас, қалбингни рост айлаб гапир,
Сенга бу мазмун ишорат, не дединг, ибрат дедим.

1968 йил.


ТОПДИМ

Чаманда сайр қилдим, боғ аро нашъу намо топдим,
Бу гулшан булбулига жўр бўлиб мен ҳам наво топдим.

Кезиб гулзорни гуллар ичра ёлғиз бўлмадим бир дам,
Кўгил  меҳрига пайванд дўсту ёри ошно топдим.

Қўниб қалбим қуши гул шоҳига сайрарди булбулдек,
Унинг мадҳин ўқиб ман шавқ ила достонсаро топдим.

Баногоҳ қўзу кўнглим сарв ила сунбулга бир боққач,
Хаёлимга тушиб ёр зулфи бўйи дилрабо топдим.

Тикиб бир нуқтага умр ўтди бу савдо нечукдир деб,
Лаб узра холидан сўрдим деди: «Меҳригиё топдим!»

Бу мужда жону дилга оташин меҳрин аён этгач,
Висол завқига тўлдим, Чархиё, чин муддао топдим.


ФАРҒОНАМ

Омон бўл ориятли мард элим донгдор Фарғонам,
Ҳалол меҳнат туфайли шуҳратинг бисёр Фарғонам.

Машаққат бирла кунларни улаб тунларга ҳосил деб,
Йигит-қиз мижжа қоқмай ишлади бедор Фарғонам.

Териб дурдоналарни меҳрила қилмай грамм нобуд,
Ватанга армуғон айлади тайёр Фарғонам.

План юз бўлди юзлар равшан ўлманг қаҳрамон шерлар,
Ҳижолат тери йўқ энди, ёруғ дийдор Фарғонам.

Хусусан техника деҳқон учун доим мададкор у,
Шунингчун бел бақувват ҳам тўкис рўзғор Фарғонам.

Зарафшон сув “оқ олтин” дурлари дунёга машҳур ким,
Оқин сой ташна қолмас мавж урар анҳор Фарғонам.

Сенинг мадҳингни қанча ёзсам арзир то ҳаётим бор,
Унутмас Чархий фарзандинг, сени зинҳор Фарғонам.



БАД ҚИЛДИМ, ХАТО ҚИЛДИМ
(Бир мансабпараст,ишдан ҳайдалган текинхўр қилмишларига пушаймон бирла бу ғазални ўқиди)

Аё дўстлар, бугун зинҳор бад қилдим, хато қилдим,
Ҳамма айбимга мен иқрор, бад қилдим, хато қилдим,
Эсиз, мансабда чоғим патҳалимлар бирла хилватда,
Қилардим кўп бузуқ кирдор, бад қилдим, хато қилдим,
Ёмонга ёндошиб ён бердим, афсус, кулфати етди.
Қозондек қоп-қаро дийдор, бад қилдим, хато қилдим,
Керилдим, кибр қилдим, менсимасдан камтар одамни,
Берардим ўлгудек озор, бад қилдим, хато қилдим,
Менга бир кимса ҳурматлаб салом берганда боқмасдан,
Қилардим ҳурматин кўп хор, бад қилдим, хато қилдим,
Неча савлат сотувчи мағзи пучлакрга тегиб сон денг,
Биқинда эрдилар тайёр, бад қилдим, хато қилдим,
Пару болимга сув пуркаб, кўтардилар чунон кўкка,
Қанотим ҳўл бўлиб бекор,бад қилдим, хато қилдим.
Ишимнинг ёғига хўп боқдилар, бу ёғига боқмай,
Ана улфат, ана дилдор, бад қилдим, хато қилдим,
Ҳузуримдан бири кетса, бири кўнглимни овларди,
Келиб неча “пари рухсор” бад қилдим, хато қилдим,
Биров арз ила келса, бир баҳона бирла қайтардим,
Ялинса: мен дедим бор-бор, бад қилдим, хато қилдим,
Бироқ қилмишларимни халқ ўзи ҳукми-ла фош этгач,
Бузулди афт ила ангор, бад қилдим, хато қилдим,
Бошимни гангитиб, маст этдилар, паст этдилар охир,
Наҳанг нафси лаганбардор, бад қилдим, хато қилдим,
Текин деб, тегди кулфат тоши, дилда юз пушаймоним,
Ўлай бўлмай ҳаром пулдор, бад қилдим, хато қилдим,
Қаёндан келди бу пул, шул томонга оқди-ю кетди,
Қуриб қолди оқар анҳор, бад қилдим, хато қилдим,
Кўриб бу ҳолатимни дўсту душман алҳазар дерлар,
Қочиб мендан ҳама безор, бад қилдим, хато қилдим,
Адашдим тўғри йўлдан, бошлангиз дўстлар бугун йўлга,
Сабабчи бир гала айёр, бад қилдим, хато қилдим,
Ҳалол меҳнат-ла энди ўткарай қолган бу умримни,
Ўла-ўлгунча мен такрор бад қилдим, хато қилдим,

1963 й.


ФИДО БЎЛДИМ

Кўзим кўзингга боқиб, дилбар ошно бўлдим,
Юзим юзингга тушиб эрди, мубтало бўлдим.
Такаллумингга қилай бўлса минг жаҳон садқа,
Табассумингга вужудим билан фидо бўлдим.
Қачон дедингки, менга қилмадинг    фидо жонлар,
На этсанг, орази гул, шунга мен ризо бўлдим.
Сени дедим бўлак олам ҳузуридан кечдим,
На ғамда кўнгли синиқ, на дили яро бўлдим.
Хатинг чиройи юзим саҳфасин баёз этди,
Лабингнинг васфин ўқиб, толеи зиё бўлдим.
Сочингга боғлаб ўзин ҳар томон урар кўнглим,
Бу бегуноҳга  мен ҳам бирга ҳамжазо бўлдим.
Ниҳоли гулга қўниб, Чарх уриб шу гулшанда,
Чаманни булбулидек масту хушнаво бўлдим.


ТЎЙОНАСИ БИРЛАН
(Мустаҳзод)

Тўй зийнати тўйга келур ҳамма сарафроз,
                тўёнаси бирлан,
Гулчи гулидан йўлга тўшар гулли пояндоз,
                гулхонаси бирлан,
Сен ҳам, қаламим, бор бисотингни ёзиб кўр,
               шояд эса манзур,
Чунки азамат пахта миришкорлари келгай,
               дурдонаси бирлан,
Ҳар донаси бир бахт дебон парвариш айлаб,
                ҳосилни авайлаб,
Яшнатди Ватан боғини, ҳар ёғи “оқ олтин”
                кошонаси бирлан,
Дерлар кишининг бўлса агар туҳфаси манзур,
               савғосига раҳмат,
Арзийди ғурур этса гавҳар донаси бирлан,
                дур шонаси бирлан,
Майдонда маҳоратда топиб шон ила шуҳрат,
               машъаллари беҳад.
Ҳар бир отахон чеҳрасида ярқираган  нур,
                нурхонаси бирлан.
Ҳар қанча меҳр қўйса киши дилда бу ҳам оз,
               она Ватанимга,
Яйраб яшнагай ҳар бола ҳам тарбия берган
                ўз онаси бирлан.
Меҳнат зафари мангу саодатга етирди,
                халқ тинчу фаровон,
Ҳар шам ўзининг равшани ўз хонаси бирлан,
               парвонаси бирлан,
Дўндирса ишин мард эли дер оламу одам
               халқимга тасанно,
Республикамиз фахри баланд ҳиммати олий,
               Фарғонаси бирлан.

1964 йил.


ЎЙНАСИН-КУЛСИН

Улуғ давронда ёшлар шоду хандон ўйнасин-кулсин,
Муборак дилда боғлаб, аҳду паймон ўйнасин-кулсин.

Ҳаёт гаштини сурсин, то абад бахту саодатда,
Вафо боғидан узсин гул, гулистон ўйнасин-кулсин.

Укун муштоқ диллар васл умидин эрди илҳоқи,
Бугун хурсандлик айёмида шодон ўйнасин-кулсин.

Қачонким ҳур ҳаёт гулларни гулга қўшди, соз этди,
Ушалсин орзуси роҳатда чандон ўйнасин-кулсин.

Табассум кетмасин лабдан, такаллум чоғи булбулдек,
Чунон сайрарда завқи жонга дармон, ўйнасин-кулсин.

Экиб меҳру вафодан янгидан-янги ниҳолларни,
У ширин мева бергач, боғда  боғбон ўйнасин-кулсин.

Тилар Чархий ҳамиша бахту давлат, соғ-омонликни,
Ҳамма ўз ёри бирлан шоду хандон ўйнасин-кулсин.


ҲАР ЖОН БОРИДАН
(Муқимий билан суҳбат)

Туҳфа айлар дўстига ҳиммати ҳар жон боридан,
Соя ташлар, соя истар жонга дармон боридан,
Бе ижозат мен дема кел ҳимматингни тут баланд,
Элга дастурхон ёзар, ҳар қайси мезбон боридан,
Борлигингдур бойлигинг беркитма, ҳиммат боғин ос,
Ҳадя қил юртингга майли бўлса бир нон боридан,
Ё ўзингдан, ё сўзингдан, баҳра олсин одами,
Мард кишилар мардлиғин қўймайди виждон боридан.
Сурат оро бўлма дўстим, қалби оролар бу кун,
Кўрса бир вайрона этди боғу бўстон боридан.
Ўчгуси бир кимса хулқи бирла ҳар ёнган чироқ,
Этгуси бир мард ўғил, тукин чароғон боридан.
Чўлни бўстон айлабон,”оқ олтин”идан офарин,
 Тоғ каби хирмон яратди, яхши деҳқон биридан.
Не ғамим бор, бахтиёрман фахру-шоним давлатим,
Ранг-баранг гул ундирар бизнинг гулистон боридан.
Эй Муқимий, давр одил, шул сабаб инсон азиз,
Чархий бизни қадрларкан, мард қадрдон боридан.


ОНАЖОН

Кетдингиз оламдан афсус қолди армон онажон,
Доғлар кўксимда қат-қат, юз пушаймон онажон.

Меҳрингиз оламча эрди , барча фарзандлар учун
Йўқ экан харгиз ўлимга чора-имкон, онажон.

Тўғри йўлда раҳнамолик айладингиз биз учун,
Тарбиянгиз соясида топдик унвон онажон.

Меҳнатинг роҳат дедингиз, ҳурматинг баҳтинг сенинг,
Шафқатинг деб соя берсин элга ҳар он онажон.

Тупроқ олсанг бўлсин олтин, соғ бўлиб олтин бошинг,
Деб кўзингиз юмдингиз сиз, йиғлатиб қон, онажон.

Яхши ниятли кишилар, дўстлар ҳор ўлмагай,
Яхшилар номи ҳамиша тилда достон онажон.

Чархиё ким она қадрин билмаса инсон эмас,
Гарчи у аллома бўлсин, бўлмас инсон онажон.

5 август 1978 йил
 

УЧРАМАСИН

Эй кўнгил, сақла ўзинг, токи бало учрамасин,
Не бало, йўлни тўсар эзманамо учрамасин.

Қўли кўксида мудом, кўнгли тўла фисқу фасод,
Ҳама иғвога шерик юзи қаро учрамасин.

Қоч ёмон соясидан, сояси ҳам қурсин унинг,
Токи туҳмат тошидан сенга жафо учрамасин.

Киши азорига лаб очма, адаб илмин ўқи,
Хулқу одобинг учун икки баҳо учрамасин.

Бевафолик бирла ҳар кимсага шоф этма қўлинг,
Эгри тўқмоққа яна эгри асо учрамасин.

Мунча қийнарсан ўзингни чираниб бюрократ,
Дам хафа димлама айвонда вабо учрамасин.

Синчалакдек кўтариб кўкка оёғинг тирама,
Қарчиғай чангалида сенга қазо учрамасин.

Она сут берди, отанг вояга еткурди сени,
Мен ўзим катта дема, катта жазо учрамасин.

Ўнақай кўзу ширин сўзни элингдан аясанг,
Чапақай тарсаки еб, қаҳру изо учрамасин.

Олим илмига амал айласа-ю, учраса хўп,
Айтинг-айтингки, амалсиз уламо учрамасин.

Чархий жону дили-ла оқил эллинг фандин эшит,
Эҳтиёт айла дилинг, кибру ҳаво учрамасин.

1966 йил, 9 август.


ЧАНДИРМАН

Эшитинг дўстлар, ҳар ҳолда мен юмшоқ чандирман,
Ёмонларнинг танига тўлдириб тўлғоқ, чандирман.

Ҳалол чандишнинг унча айби йўқдир, ҳамма ҳам чандир,
Демасман ҳаммадан устун туриб, тезроқ чандирман.

Замир оҳанги нозик, шеър ғараздан холироқ бўлсин
Хиёнат бирла ким ўйнар эса, жуфт-тоқ чандирман.

Эшитдим баъзи шоир ялласин, эл ранжиб айтармиш:
Ўчир-ўчир овозини, ёп оғзига қопқоқ чандирман.

Тянь-Шань тоғининг сакратмаси вазнига салламно,
Қизилқум чўлидек ундирилмагин янтоқ чандирман.

Таранг-тоз шеърлар сарлавҳасин кўрдим, бураб радио,
Тегарғтегмас қўлим, бир дўппича тўзғоқ чандирман.

Гап ўтмасларга ўтмас сўз десанг ор этмайин айтур:
-Пичоқнинг бети қайтар, болта ўтмас қоқ чандирман.

Сўз олмосини мазмун дер, чуқур шеър бўлса ким олмас,
Юрак туйғуларимни этсангиз чўлтоқ чандирман.

Қиёмин еткуролмасдан гапиргандан гап урган кўп,
Эсиз зарҳал қаламлар, садқаи авроқ, чандирман.

Қуруқ гапларни сотгунча, қўриқ ерларни боғ этсин,
Текин боғ олмасин еб, қоқмасин ёнғоқ чандирман.

Ишимда моки хатлатмай, териб ип лосини ҳар дам,
Ўраб дастгоҳни маҳкам, ҳўл  қилиб арқоқ чандирман

Беркмачоқ бирла шеърим битта куй остига вақтим чоқ,
Агар куй кетса, шеърим, қоқу валқайроқ чандирман.

На вазну на лотофат, шеърият номига бу туҳмат,
Утилсирьёга топширмоқ учун илҳоқ чандирман.

Сотилган бу қўшиқлар энг лаҳим гўшт ўрнида пулга,
Дегай у, қўлга осанг қоқ суяк, ярғоқ, чандирман,

Дилим равшан қилиб, буткул элу юрт номидан айтдим,
Ҳақиқатни дейишга мен нечун қўрқоқ, чандирман.

1962 йил.


ТЎЙИНГИЗДА ТИЛАГИМ

Сизга дўстим кўнгил парвона бўлсин,
Тўй устига тўйингиз ёна бўлсин.
Йиғилган барча меҳмон, ошнолар,
Уйингиз гулу, ҳам гулхона бўлсин.
Тилак шулким азиз фарзандингизга,
Садоқатли аҳил ҳамҳона бўлсин.
Ҳамиша ўйнасин, кулсин жаҳонда,
Улардан дарду ғам бегона бўлсин.
Тақозоий ҳаёт истар ширинлик,
Бири шам-у, бири парвона бўлсин.
Вафо бўстонида яйраб гул узсин,
Бири жону , бири жонона бўлсин,
Икки наврастадан унган ниҳолин,
Бири лаълу, бир дурдона бўлсин.
Умид ҳам шул зарур дилда ҳамоно,
Бири олим, бири фарзона бўлсин,
Эл ичра кўрсатиб ибрат намолиқ
Ажойиб мардуми Фарғона бўлсин.
Хаёт нашъу – намосин кайи ортиқ,
Май ичмай Чархийдек мастона бўлсин.


ҚИНҒИРЛИК ЁМОН

Тўғрилик кўп яхшидур оламда, қинғирлик ёмон,
Тарбият бирлан тузалмас бағри тош кирлик ёмон.
Минг аср ер остида қолган темир том бўлмагай,
Занглаган мисни қизартирмоққа жилвирлик ёмон.
Фарқ этиб яхши-ёмонни, сўнгра йўлдош айлагил,
Тилда дўсту меҳрибонлик, дилда қилвирлик ёмон.
Дангаса том бошида доим гадодан нон сўрар,
Ишда йўқ, лекин маишат бўлса ҳозирлик ёмон.
Орқадошинг орқадан боплайди, бор орқам дема,
Бўйнига бир бор занжир тушмагаан шерлик ёмон.
Ҳарна тадбир айласанг душманга ишлат, дўст учун,
Хийла-найранг, бетамизлик бирла мудбирлик ёмон.
Тер тўкиб топса кишилар ёғ ила яжман еган,
Кунда бемеҳнат топилган тандаги жирлик ёмон.
Йўлда юк босганга ҳомий бўл оғир юк босмасин,
Ишга ҳозирлик дуруст, ишратга моҳирлик ёмон.
Текин ўт деб, ҳар томондан шилма эпчиллик билан,
Сур бўлиб қилган иморат нақшида сирлик ёмон.
Эр аёлдан ё аёл эрдан баҳона тарзида,
Ҳар бўлар бўлмасга ҳар ёқларга ғир-ғирлик ёмон.
Етди ботир, етди деб етмиш тийиндан йўқ дарак,
Лекин ишга иштаҳа йўқ, ошга ҳозирлик ёмон.
Сут билан кирган ҳар одат жон билан у чиқса ҳам,
Ол деса, ойда жаранглар кунда бер-берлик ёмон.

17.12. 1958 йил.


ЭНГ ШИРИН СЎЗ

Энг ширин сўз яхши инсонлар учун,
Яхши инсон, тоза виждонлар учун.

Дил тубидан танлаган дурдоналар
Аҳди маҳкам яхши деҳқонлар учун.

Қанча таъриф айласам ҳам шунча оз
Яшнаган бу боғу бўстонлар учун.

Юрту элнинг пок дилида ҳурмати
Пахтакорлар, марди майдонлар учун.

Айтмасам чин дилда таҳсин, офарин,
Ҳиммати олий қадрдонлар учун.

Шукр этармиз бахтимиз бор тоабад,
Ҳарна мавжуд, ҳамма имконлар учун.

Мадҳин айтиб сайраган жон булбули
Шу Ватан-чун, шу гулистонлар учун.

Тебратар Чархий қалам  то танда жон
Қаҳрамон ҳалқимга достонлар учун.


ВАФО СЕНДАН

Арзи ҳол мендану вафо сендан,
Кутмадим жабр ила жафо сендан.

Ўзгадин зарра эҳтиёжим йўқ,
Ҳожатим айламак раво сендан.

Ишқ аро минг бало дучор ўлса,
Дарди ҳижрон учун даво сендан.

Кундузи сен қуёшу мен зарра,
Тунларим моҳсен, зиё сендан.

Мунтазир кўзларим қароғи ўзинг,
Хира кўзларимга тўтиё сендан.

Тупроғинг ўпмагим раво бўлса,
Жондан ўпай, этиш бажо сендан.

Дўст учун яхшилик раво мендан,
Ғайр учун бермаклик жазо сендан.

Чарх уриб ихтиёрингга келдим,
Қабул этмак, кўзи қаро, сендан.


ДЕРМАН

Жонон кўриб жамолинг кўнглим баҳор дерман,
Ҳар кун кутиб йўлингда келсайди ёр дерман.
Сенсан менга тўлин ой, эй кўзлари хуморим,
Қалбимда меҳринг ўти ургай шарор дерман.
Хушхулқу хуштакаллум, олижаноблигингдан,
Касб айласин ўзига ҳар гулузор дерман.
Олам менга муясссар бир йўл назора этсанг,
Ҳар бир табассумингга кўз интизор дерман.
Рашкинг ўтида нигоҳ куйса бу устихоним,
Чиқмоқ учун танамдан жон беқарор дерман.
Кўйингда чарх уриб ким, ҳукмингга бермайин бош,
Лофи муҳаббат урса беэътибор дерман.

16 март, 1968 йил.


КЎЗИНГДАН

Кўрдим неча бир жафо кўзингдан,
Йўқ-йўқ аламим қаро кўзингдан.

Бир мен эмас ишқ аро топибдир,
Ҳар аҳли вафо, наво кўзингдан.

Бир боқсанг агар табассум айлаб,
Ҳосил ҳамма муддао кўзингдан.

Ўтлар сочадур нигоҳи мастинг,
Куйдирмаса мен ризо кўзингдан.

Юздан кўринур жаҳонномалиғ,
Сўздан асалу, ҳаё кўзингдан.

Кўрганда рақиб кўзи кўр ўлсин,
Чархийга етур вафо кўзингдан.


КОСМОНАВТЛАРГА

Сайр этишди икки лочин кўкка парвози билан,
Ёйдилар юрт шуҳратин оламга фан сози билан.

Бу сафар- тинчлик биносин, чин пўлат қўрғонидир,
Барқарор бу ҳамнафас халқларнинг овози билан.

Кема парвозида инсон мўъжиза корни кўринг,
Кемадан чиқди фазога, учди жонбози билан.

То абад топсин камол моҳир жасур авлодимиз,
Фахр этар ғолиб Ватан бу икки шоввози билан.

Мардлар пешвозига чиққанда  ҳар ким завқи-ла,
Чарх уриб шоир чиқар шеъри-пояндози билан.


МАРҒИЛОН

Ой жамолингга боқиб тўймади, бўстон Марғилон,
Бор қуёш акси юзингда эй, қадрдон Марғилон.
Эл чиройингни томоша этмоғи бежиз эмас,
Дўстлигинг рамзи узорингдан намоён, Марғилон.
Боғларинг, гулзорларинг таърифига ожиз қалам,
Йўлларинг атрофи гуллардан хиёбон, Марғилон.
Дўстларинг ташрифига атлас поёндозлар тўшаб,
Кенг қулочингдир очиқ келганда меҳмон, Марғилон.
Товланиб ким ҳусни ортиб, ҳуснига бергай жило,
Атласингни кийса ҳар сарви хиромон, Марғилон.
Неча олим, меҳнат аҳли топдилар сенда камол,
Фахри-ла тилларда номинг, зикри достон, Марғилон.
Давлат арбоби-ю, санъатнинг гули, сўз устаси,
Сенда жам бўлди, етишди, топди унвон, Марғилон.
Бу саодат, бу зафарлар нури сўнмас тоабад,
Чунки берди давримиз бу бахту имкон, Марғилон.


ЖОН НИСОР ЎЛСИН

Агар Ширин эрур, сендек вафода барқарор ўлсин,
Ва гар Фарҳод эрур, кўзингда мендек пойдор ўлсин.
Дилоро,юз очиб кел сайр этиб бир бўстонимга,
Кўриб олам томошо айласин-кўнгли баҳор ўлсин.
Қуёш бошингдан айлансин, қаддингдан жони зорим ҳам,
Қамар даврида юлдузлар йўлингга интизор ўлсин.
Ҳилол абрўларингни тебратиб қўрқитма ошиқни,
Жафо ҳар неча этсанг майли, меҳринг дилда бор ўлсин.
Кечиб даъвосидан оҳулар айтар юз хижолатдан:
“Тасанно, кўз деган шундай хумору тиғдор ўлсин”.
Ёмон кўз бирла боқса ғайрилар гулдек жамолингга,
Ҳасад ўтида ёнсин, жисми жони бемадор ўлсин.
Вафо майдонида ҳар бир ҳавас лофини урганлар,
Менингдек изларингдан чарх уриб жони нисор ўлсин.

3 июль 1968 йил.


ЎЙНАСИН

Мутрибо, созингни соз эт шўхи жонон ўйнасин,
То кўриб ағёр элин кўксида армон ўйнасин.
Ўйнасин кўз устида гоҳи қаро қундузлари,
Гоҳи шўхлик бирла қош остида мужгон ўйнасин.
Оташин рухсоридан тушганда ишқин учқуни,
Бир менинг жоним эмас, базм ичра юз жон ўйнасин.
Булбулни овози ечса боғаро гул тугмасин,
Ғунча очилган лаби кулкуда чаққон ўйнасин.
Сунбулин тарқатса жоним ҳидламоққа майл этар,
Майли ошиқ кўнглидек зулфи паришон ўйнасин.
Тут поёндозингни гулдан ёр учун, э боғбон,
Гул баҳори ҳуснидан бўй олди бўстон ўйнасин.
Куйлаган васфини мендек мубталолар кам эмас,
Дилбарин даврида Чахийдек ғазалхон ўйнасин.


ОФАРИН

Эй, азамат пахтакор сизга жаҳон офарин,
Дер ҳамма халқ таҳсину балки замон офарин.

Пойгада қолмай мудом маррага етган ҳамма-
Мард кишилар довруғи элга  аён офарин.

Дамни ғанимат билиб ваъдага айлаб вафо,
Ҳиммат ила ошдингиз катта довон офарин.

Тун бўйи парво қилиб пахта учун ишлаган,
Хирмони дурдонага тўлди ҳамон офарин.

Сафда чеварларни ҳам қўллари дард кўрмасин,
Бир-бирига меҳрибон қизу жувон офарин.

Терган “оқ олтин”лари дил тўридан армуғон,
Туҳфаси лойиқ мудом, бўлсин омон офарин.

Пахта учун қайғуриш бизда бу виждон иши,
Чунки бу неъмат эрур нон ила дон офарин.

Минса пўлат от уза мард чавандозлар,
Машъала майдон эрур ҳар қаю жон офарин.

Бир неча шоввозлар, неча миришкорлар,
Кўксига республикам тақди нишон офарин.

Ҳисса қўшиб жон қуюб завқила ёшу қари,
Юртга ўзин ҳадясин тутди ҳар он офарин.

Сиз азамат дўстлар меҳри-ла илҳомидан,
Завқи тўлиб Чархийнинг таъби равон офарин.


ГУЛШАН АРО

Гоҳи-гоҳи эркалаб эсса сабо
Тоза диллар баҳр олур гулшанаро.

Ким етар бўлса ҳаётнинг қадрига
Бор масал: Умрида ҳеч тўймас асо.

Сабру бардош қил йўлингда эт давом,
Эътиқодла ҳал бўлур ҳар муддао.

Чархий шогирдга бериб чин тарбия,
Дедим улғай, топ қадр сен доимо.

18 сентябрь 1976 йил.
Қўқон


ГУЛЗОР ТОП

Келдинг оламға нишонанг қолғудек бир кор топ,
Яхши хислатлар билан йўл кезмагинг даркор, топ.

Кезма эгри йўлни ҳаргиз, ҳар одим озори бор,
Тарк этиб расво қадамни тўғри бир рафтор топ.

Ҳарнечук бедардларга айтма кўнгул розини,
Бил аянч ҳолинг билувчи маҳрами асрор топ.

Нафс деб ишратга мойилларга майлинг бўлмасун,
Ўзни ғафлатдан йироқ айлаб, дили бедор топ.

Сен ёмонга ёндошиб номусни барбод айлама,
Бир қадам ҳам қўйсанг, айтай, рост дўсту ёр топ.

Тансиҳатлик шукрини билгил кучаймай иллатинг,
Чора истаб қайда малҳам бўлса, билсанг бор топ.

Ҳайф бир сўз бағри тош одамга, қадринг на билур,
Арзиҳол айтгувчи бўлсанг, мардуми ҳушёр топ.

Келмасанг инсофга ҳаргиз, билмасанг эл ҳурматин,
Осгали нафси бадингни бир баландроғ дор топ.

Токай аччиғ сўз-ла юрсин, Чархий, гардундан ошиб,
Ишқ девонин ўқуб сен ҳам ширин гуфтор топ.


ДИЛРАБО ЎТАР

Ҳар дам кўзимдан жилва бериб маҳлиқо ўтар,
Юз куйдириб алам ўтида, дилрабо ўтар.

Кўз-кўз жамолини мен хаста зор учун,
Юз-юз жафога жонни этиб мубтало ўтар.

Минг-минг ситамга тоқат этиб келди жону зор,
Кенг-кенг жаҳонни тор қилиб бевафо ўтар.

Кам-кам бузиб ул кунги қилган ваъдаларни ёр,
Дам-дам вафога мойил улуб ошно ўтар.

Гоҳ-гоҳ кўнгил ҳушини олиб у нишонга,
Ваҳ-ваҳ нечук этай демадим бир бало ўтар.

Ўқ-қўланиб турар демангиз бу рақиб учун,
Йўқ-йўқ жонга отганда бехато ўтар.

Бир-бир ҳавас йўлидан аё Чархий бонг уриб,
Мен ошиқи деган ҳамма аҳли наво ўтар.


БЎСТОН БЎЛУР

Навбаҳор барқ урса ҳусни ер юзи бўстон бўлур,
Гар тараннум тузса булбул ғунчалар хандон бўлур.

Сабзалар яшнаб бисотин ёзса ҳар жон илгида,
Даста-даста гул, бинафша, чаккада райҳон бўлур.

Чин муҳаббат аҳли, меҳнат аҳлидир аҳбоблар,
Гул ҳаёт ишқида ҳамма бир тану бир жон бўлур.

Қишда ёз фаслин ғамин еб навбаҳор айёмида
Пахтазорда пахтакору боғ аро боғбон бўлур.

Фан элининг ҳиммати-ю, техника хосияти,
Бўлди жаннат дашту саҳро қойили инсон бўлур.

Қаҳраган саҳрода не ўссин агар сув бўлмаса,
Сув билан дарё тубида лаъл ила маржон бўлур.

Сув ҳаёт, сув қатрасин ҳам зарра исроф айламанг,
Заррадан зар бўлса пайдо қатрадан уммон бўлур.

Сув билан чўллар гулистон, қолмади сувсиз сароб,
Бир ҳовуч сув кўрмаган ер саҳни хористон бўлур.

Ялтироқсиз, жисми хомуш, таъби вазмин тоғлар,
Бағритўла нуқра олтину зажарбад кон бўлур.

Яхши ният бирла, дўстим, айла боғу роғлар
Қолса бир туп мевасиз ер эл учун армон бўлур.

Сўзни уққан яхши фарзанд бахту омад келтирур,
Ўзбилармон, тантиқ одам аксарий нодон бўлур.

Оташин қалбингла, дўстим, ишла енгиб мушкилинг,
Ўтга тоб берган хамирдан лоларанг ширмон бўлур.

Жону дилдан туҳфамиз бу юртим олтин тўйига,
Шубҳасиз, дурдоналардан тоғ-тоғ хирмон бўлур.

Она тупроқ нури чашма ҳур замон авлодимиз,
Ваъдамиз чиндан муқаррар аҳд ила паймон бўлур.

Ишни қойил айлаганлар меҳнатига офарин,
Эл шарафлаб олий минбар узра у меҳмон бўлур,

Чархиё, ғолиб элингнинг мадҳида тебрат қалам,
Меҳнати минг-минг китобу ҳурмати достон бўлур.


ДОНГДОР ҲОРМАНГЛАР

Яшанглар, ориятли мард элим-донгдор, ҳорманглар!
Ҳалол меҳнат туфайли даштлар гулзор, ҳорманглар!

Машаққат бирла кунларни улаб тунларга ҳосил деб,
Йигит-қиз мижжа қоқмай ишлади бедор, хорманглар!

Эрурсиз қўллари гул йўллари гул химматингиздан,
Заминлар ташна қолмай, мавж урар анҳор, ҳорманглар!

Баҳордан то кузак тер тўкдингиз ишлаб сахт ерга,
Саҳоват шул эрур, албатта, бахтли ёр ҳорманглар!

Забардаст қиз-ўғиллар, ваъдаси чин марди майдонлар,
Дили бир, сўзи бир аҳдида доим бор, ҳорманглар!

Муҳаббат бирла деҳқон бир чигит ундирса ғайратидан
Ватан ҳам рози ундан, халқ миннатдор, ҳорманглар!

Хусусан, техника деҳқон учун доим мададкордир,
Шунинг-чун бел бақувват, ҳам тўкис рўзғор, ҳорманглар!

Териб дурдоналарни меҳр ила этмай грамм нобуд,
Ватанга армуғонлар этдингиз тайёр, ҳорманглар!

Ёзурда мадҳингизни Чарх урар парвона кўнгиллар,
Узун умру баланд химмат тилай такрор, ҳорманглар!


КЕЛТИРУР

Ҳар қаю манзилга, кўнглим, ўз оёғинг келтирур,
Ниятинг не бўлса дилдан, иштиёқинг келтирур.

Тортар эрсанг бир муҳаббатли кўнгилнинг меҳрини,
Меҳрибонлик бирла кенг очган қучоғинг келтирур.

Тутмасанг ўз ҳурматингни ҳар яқин бўлгай узоқ,
Ҳимматинг бўлса баланд, ҳар бир узоғинг келтирур.

Отма ноҳақ кимсаларга таънадан туҳмат тошин,
Ҳар алам бошингга ўз откан таёғинг келтирур.

Нафси бадлик-тан-сиҳатликнинг ашаддий душмани,
Ҳар касалларки келур, қурғур тамоғинг келтирур.

Қўйма ҳар хавфли маконга беибо бежо қадам,
Ҳар маломатлар етар, қинғир туёғинг келтирур.

Чархи чин илхом парисин бил вафо бўстонидин,
Эзгу ниятлар билан ёнган чироғинг келтирур.


ТОПАР

Ҳар улуғ мақсадни одам тоза виждондан топар,
Тоза виждонни дили покиза инсондан топар.

Истаса ҳурмат жаҳонда топгали ахлоқ керак,
Кимки манманликни истар бўлса, нодондан топар.

Меҳнат этса гар киши дарёга, қайтар унга ҳам,
Маҳсулин дарё эмас, бир кун хиёбондан топар.

Осмонга боқма, аввал боқ оёғинг остига,
Қайси эр ердан эмас, давлатни осмондан топар?

Парча нон қадрини билган, чўпни ҳам хор айламас,
Бир ҳовуч дон сепса деҳқон, кузда хирмондан топар.

Халқ аро меҳру вафодан тоза бир гул истаган
Чархийдек булбулга кон, ҳур шу гулистондан топар.

1955 йил.


МУАЛЛИМЛАР
(қўшиқ)

Ҳай-ҳай нахуш давримизда,қутлуғ айём муаллимлар.
Таъзим сизга қалбимиздан минг эҳтиром муаллимлар.

Сиз мураббий инсон учун,диллардаги виждон учун,
Чексиз илму урфон учун,берган илхом муаллимлар.

Маърифатнинг кенг қучоғи, доим қайнар фан булоғи,
Инсон бахтин сиз чироғи, ширин калом муаллимлар.

Сиз туфайли утозимиз, денг таратган овозимиз,
Кўклар сари парвозимиз,топди низом муаллимлар.

Заптингизга ер-осмон, фанимизга қойил жаҳон,
Элга ғамҳўр чин меҳрибон, дилга ором муаллимлар.

Сиз боғбон биз боғингиз, ўчмас ҳаргиз чироғингиз,
Тўтиёдир сабоғингиз, кўзга  мудом муаллимлар.

Чархий ғамдан бегонаман, май ичмайин мастонаман.
Кўйингизга парвонаман, сизга салом муаллимлар.


ДЎСТЛАР, ФАЗИЛАТ  АҲЛИН
(Дўстим Собир Абдулланинг шеърий мактубига жавоб)

Дўстлар  фазилат  аҳлин ширин забони Собир.
Улкан адибу шоир, эл меҳрибони Собир.
Васфида созлабон соз, мингдан бирин десам оз,
Шоирлар ичра мумтоз, таъби равони Собир.
Назму насрда ғолиб, шеърига барча толиб,
Санъатга сўзи қолип, йўқ, йўқ гумони Собир
Ёзилса шеър қаноти, парвозда  мазмун оти,
Хўп ранг-баранг бисоти, маънонинг кони Собир.
Дил кўзгуси мунаввар, ишқ шубҳа, қалби гавҳар,
Ахли қаламинг камтар, зўр паҳлавони Собир
Гул ошиғи ҳамиша, назм ишқида пеша,
Ургай тиканга теша, кўрган замони Собир.
Иқбол майини тотган, орзуларин ушатган,
Сўзидан гул яратган, гул боғбони Собир.
Сўзда латифа ғоят, дўстлар учун иноят,
Менга бу бир башорат, хуш имтиҳони Собир.
Қўқонда қишму ҳар кун деса биров, дедик жўн,
Ҳар кун шамолу ҳар тун , қор осмони, Собир.
Б ултурги қорга сўз деб бу йилги таънасин еб,
Ёзмоқни кўрмадим эп, ҳажвим-ла, они Собир.
Қор бирла тўлди томим, пишди курашда ҳолим
Сустлашмас интизомим, берма сазони Собир.
Йўқ тоб гард илинса, ранжийди дил билинса,
Ҳар қанча мақтанилса, йўқдир зиёни Собир.
Илҳом берарда шоир, мақтов натижаси дер,
Қурбони кетсанг арзир, ақли расони Собир.
Шу-шу вазифа ҳар дам хизматда биз дамо дам,
Ҳайхот олмагай дам хужра қозони Собир.
Юз шукурким тузалдим, туз тотгали узалдим,
Излаб шифони дардим, топди давони Собир.
Наврўзи олам эмиш, завқу сурур ғанимат
Биздан ҳамиша хизмат, дўстлик нишони Собир,
Чархий бошим кўтардим, чун лола ранги зардим,
Қолгунча ерда гардим мен дўсти жон Собир.


У ЁРА ЕТУР

Сабо, саломимни аввал кўзи хумора етур,
Сўнг арзи ҳолими ул юзлари анора етур.
Менинг ғуборим унинг остонига етмас,
Унинг ғуборини мен бу хокисора етур.
Саҳар рақиб элидан даргоҳи бўлур холи,
Юрак сиримни секин субҳидам у ёра етур.
Фироқ шомида ёзган ҳазор достоним
Висоли субҳ етушган дами нигора етур.
Меининг саломим агар етса, не саодатким,
Унинг саломини сен ҳам мен интизора етур.
Вужуди ўртади, деб сўзла нозанин ёра,
Ёшурма рози дилимни сен ошкора етур.
Куюнма нолада, Чархий , муҳаббат учқунидин,
Рақиб уйига қўюб ўт, уни шарора етур.

1927 йил.


ЧАМАН БЕЗАНДИ БУ КУН…

Чаман безанди бу кун, дилга бир савол келур,
Магар кўнгил севинар, ҳусни бемисол келур.

Қачонки келса, кетур шул куни юракдан ғам
Қачонки кетса, яна дарди эҳтимол келур.

Садафдек асрамоғим дилдаги муҳаббатин
Рақибларимга ғаму менга турфа ҳол келур.

Карам умиди ҳамма кимсага баробармас,
Ёмонга балки завол, яхшига камол келур.

Ҳамиша ўю хаёл дилда меҳрибонимдир,
Масалки: тушда ҳамон ўйлаган хаёл келур.

Вафоли шўх санамим чорласа висолига,
Танамга қон югуриб, янгидан мажол келур.

Қачон етушса хабар мунтазир қулоғимга,
У дам юракка мадору лабимга бол келур.

Хато эмаски, сепиб сув, йўлин супирмоқ-чун
Камоли ҳимматидан Чарх уриб шамол келур.

1945 йил.


ВАТАНИМ

Кўзимга ҳур Ватаним Гарди тўтиё кўринур,
Унинг муҳаббати ҳар бир кўгулда жо кўринур,
Юракда завқи висол нурли офтобимдан,
Кўнгулда нақши вафо кўзгуси жило кўринур.
Чиройи бу чаманим хорсиз гулистоним,
Баҳори парваришим шому ҳар сабо кўринур.
Элимни қудратидан гулшан ушбу саҳролар,
Зилол қатраси бир дурри бебаҳо кўринур,
У кун қуш учса, парин куйдирур биёбонлар,
Бугун тамоми чаман боғи дилкушо кўринур.
Кимики халқ назари меҳридан жудоланса,
Ки ҳар нафасда анга ранжу юз бало кўринур.
Вафо йўлида қадам Чархи бемадор ўлмас,
Ҳақиқий дилда ҳамон ушбу муддао кўринур.

1942 йил.


ВАФОДОРЛАРИНГ БОР

Фарғона, сенинг марду вафодорларинг бор
Меҳнатда, маҳоратда кўп илғорларинг бор.

Фахр айласа ҳар қанча киши шаънингга арзир ,
Ҳар сафҳада ҳам васфи улуғворларинг бор

Ҳиммат камари белда жасоратли қиз-ўғлон,
Жону дили-ла техникага ёрларинг бор.

Ғов учраса бир зарба билан парчалаб ўтган,
Арслон билагу, шер юрак ёрларинг бор.

Чўлларни чаман айлаган “оқ олтин”и бирлан,
Мўл ҳосил учун пухта миришкорларинг бор.

Пилланг эса кенг оламаро довруғи машҳур,
Пахтанг Ватаним қадри гуҳарборларинг бор.

Пешона терин тўкди, зафар лочини бўлди,
Бонг ургувчи майдондаги шунқорларинг бор.

Ҳар ишда тафаккур ила ихлосу муҳаббат,
Ҳар соҳада кўп олиму ҳушёрларинг бор.

Сен тарбиялаб вояга еткирдинг элимни,
Беҳад сени ҳурматга сазоворларинг бор.


БАҲОР

Ҳамалда ер етилиб келди бу насими баҳор,
Баҳор шабодаси жонга ҳузуру, танга мадор.

Мадори дилга берур завқу шавқ меҳнатда,
Шу меҳнат ишқида илҳом юракда турна қатор.

Қаторда эгнига кийгай бинафша янги либос,
Ечарда тугмаларин айласанг бу жонни нисор.

Нисор этар ҳама ҳам борини бу мавсумга
Тикиб бири узум, анжир, бириси олма, анор.

Анори шарбатидан дардманд давога етиб,
Узум сувин татиганда қолур кўзида хумор.

Ватан чиройига қўшгай чирой ихлос ила
Йигитларики қўли гул, қизики лолаузор.

Узоридин ёғилур нур, баҳоридан ҳосил,
Қаторидан камимас ҳеч, рафиқу ҳамдаму ёр.

Унумли водий безангай гулу гулистондан,
Шу гулни дейди “оқ олти” тўла фахрли диёр.

Диёр хизмати бирлан муҳаббатин аямай,
На куннинг аксида зарра малол, на тунда ғубор.

Ғуборсиз дил ила ваъдага вафо айлаб,
Шараф билан бажарилгай ҳамиша қатъий қарор.

1965 йил.


МЕҲРИМ БАРҚАРОР
(Қайтарма баҳр)

Бахтиёрман яшнаган юртимда, меҳрим барқарор,
Барқарор мендек ширин умри-ла ҳамма бахтиёр:

Ихтиёр эркини қўлдан яхши инсон бермагай,
Бермагай ҳаргиз ёмон йўлларга виждон ихтиёр.

Эътибор топмоқ адабдин беадаблик кўп ёмон,
Кўп ёмон эл олдида ким бўлса у беэътибор.

Бемадор бўлма йигитлик чоғида юз товланиб,
Товланиб юз рангда бўлсанг билки умринг бемадор.

Ёр бўлур бахту саодат мард кишига то абад,
То абад хавфу хатарсиз кимки меҳнат бирла ёр.

Ошкор бўлганда қандай яхши ният бир куни,
Бир куни ҳар бир ёмон ният бўлур тез ошкор.

Интизор айлар вафосиз ҳамнишинлар ваъдаси,
Ваъдаси чин ёру дўстлар айламаслар интизор.

Бор, яхшиликни касб айла, чароғинг ўчмагай,
Ўчмагай номинг жаҳонда яхши келдинг, яхши бор.

Лолазор эт, Чархий, давронингни кўнглим кел, безат,
Кел, безат даврим жаҳон борича бўлсин лолазор.

1966 йил.


НИГОРИМ БОР

Кетур қадаҳни менга соқиё хуморим бор,
Кўзимда жилвагарим нақду гул узорим бор.

Етушса ишқ эли ёрин висолига бир дам,
Демас жаҳон элини куйдурар шарорим бор.

Тутиб вафо этагин демадим бу йўл олис,
Кечиб ўзимдин унга шукур-эътиборим.

Не ғам рақиб элининг макридан не андешам,
Менга не ранжу алам, марҳаматли ёрим бор,

Лабида оби ҳаёту, сўзида меҳри вафо,
Қаро кўзида ҳаё, аҳдида турорим бор.

Нетай жаҳонни бақосиз гулига йўқ ҳавасим,
Нигоҳи тушса замин саҳни лолазорим бор.

Хазони йўқ чаман ичра қилур наво Чархий,
Шу гул билан ўтар деган қарорим бор.

1941 йил.


ГУЛБАҲОР

Боғу чаман яшнатиб, келди баҳор, гулбаҳор,
Меҳнат элин шод этиб, келди баҳор, гулбаҳор.
Мавсуми ғоят гўзал, сувлари қанду асал,
Шавқи-ла айлаб жадал, келди баҳор, гулбаҳор.
Ер юзин алвон этиб, чўлни гулистон этиб,
Саҳнини бўстон этиб, келди баҳор, гулбаҳор.
Фахри-ла дер коинот, сенга тасанно, ҳаёт,
Кўкка учиб космонавт келди баҳор, гулбаҳор.
Қучганимиз ҳар сафар, янги ютуқ-ла зафар,
Мўътабару бехатар келди баҳор, гулбаҳор.
Юрту саноат учун, кўрсатиб элнинг кучин,
Меҳру муҳаббат-ла чин, келди баҳор, гулбаҳор.
Мардлар улуғ шонида, ҳурмату унвон ила,
Қудрату имкон ила, келди баҳор, гулбаҳор.
Ҳар минут олтинга тенг, қадрини дурдона денг,
Ҳар дамин имкони кенг, келди баҳор, гулбаҳор.
Нурли чироғи билан, қалбида чоғи билан,
Сепу-саноғи  билан, келди баҳор, гулбаҳор.
Ваъдага этмак вафо, ҳамма юракларда жо,
Меҳнат учун муддао, келди баҳор, гулбаҳор.

1966 йил.


ТОШ ОТАР

Менга ёр айлаб тағофил ўзгаларга қош отар,
Рашкидан жоним чидолмай кўзларим дув ёш отар.
Ҳар замон ёдимга тушса айлаган парволари,
Ўхтин-ўхтин кўкка оҳим ўти бебардош отар.
Тушса ҳар ким бошига бир ёр савдоси агар,
Аввало юз минг маломат тошини тенгдош отар.
Ишқ водийсида саргардон қуюндек кезма кўп,
Ҳар балият етса сенга йўлдаги йўлдош отар.
Розиман ағёрсиз бир менга танҳо ёр ўзи,
Сийнам узра жавр ўқини бўлса эрди кош отар.
Чарх уриб домига тушдим шўх экан, танноз экан,
Ноз ила текканга тегмай, тегмаганга тош отар.

1956 йи.


АЮҲАННОС

Бағримни пора қилди бу ноз аюҳаннос.
Ўпкамни ёра қилди бу ноз аюҳаннос.

Икки қилиб гапимни шириллатиб лабимни
Бўм-бўш ноғора қилди бу ноз аюҳаннос.

Оғу қўшиб тузимга омбур солиб юзимга
Куйган зоғора қилди бу ноз аюҳаннос.

Эндигина тузоқда ажралсам у узоқда.
Келдим наззора қилди бу ноз аюҳаннос.

Аҳли бузуқ санамдек қинғир юрар қаламдек.
Синган тоғора қилди бу ноз аюҳаннос.

Айлантириб бошимни кексартириб ёшимни
Не дардга сора қилди бу ноз аюҳаннос.

Улфат бўлиб замонлар бермай сира омонлар.
Йиллаб овора қилди бу ноз аюҳаннос.

Хўб кўрсатиб ўйимни тўғри турар бўйимни
Тешиб минора қилди бу ноз аюҳаннос.

Беюз карандаларга ифлос кашандаларга
Чархий ишора қилди бу ноз аюҳаннос.


ИНТИЗОР ЭТМАС

Кимки бахти очилса, элни ҳаргиз интизор этмас,
Қадрдонин унутмас, ҳурмат айлар, асти хор этмас.

Фаросат аҳлидан бўл эй, кўнгил қушдек ҳаволанма,
Ҳамоқат аҳлин ақли бир тиниқ жойда қарор этмас.

Бемаъни бўлса сайёд, билки бемаъни шикор этмас.
Севар ўз ёрини, аммо вафосиз ёрни ёр этмас.

Шикоринг бўлса равшан, сўнгра учсин лочининг қўлдан,
Бақолик мансабу, иззатдадур элдан назар топган,

Улуғлик хислати зотида мавжуд бўлмаса не суд?
Чунончи, тол ёғочин минг йўниб нақшин чинор этмас.

Азиз юртингда Чархий тинчлигин шукрин бажо айлаб,
Чаманзорини чанглатмас сира қалбин ғубор этмас.

1951 йил.


ИЛТИМОС

Йил бошидан бошланур, ҳар кимда ҳам бор илтимос,
Тавба қилдим тушмагай, бошимга зинҳор илтимос,
Айб эмас бир ҳожатин, хал айламай-чун ёлвориб,
Кимга кимдир айлагай бир ишда ночор илтимос.
Хоҳ пиёда,хоҳи от сур, хоҳи бўл фарзин сувор,
Дарҳақиқат, кишти-мот вақтида даркор илтимос.
Илтимосингни қабул этгувчига осон эмас,
Куйдириб, кул айлар эмиш, баъзи айёр илтимос.
Мен бировдан сўрсам, у аста қулоғимга деди:
Жон биродар, ҳаммадан тиғдори пулдор илтимос.
Ранг-барангми, илтимос навий десам, айтди кулиб,
Гоҳи пушти, гоҳи сафсар, гоҳи зангор илтимос.
Танда титроқ, бошда хуш йўқ, ёлборурсан, йўқ жавоб,
Шунда бўлгай, соғ кириб, қайтишда бемор илтимос.
Гоҳи-гоҳи илтимос деб, ажрадик кўп дўстдан,
Дўстни дўстдан ажратишда бўлди ағёр илтимос.
Айтинг-айтинг мард кишин номардга арзи тушмасун,
Мушкулинг ҳал бўлгувчи даргоҳда кўп хор илтимос.
Чархласанг ҳам бебизоат сўзи кесмайдур дема,
Кесгувчи, кулдургувчи, ундургувчи, бор илтимос.


ТОПИЛМАС

Ҳеч қандай асал қиймати ҳалвода топилмас,
Дурдонани, бил, ҳар қаю дарёда топилмас,.

Минг шираю шарбатни йиғиб шаҳд тузинг ким:
Ширинлиги ул олу мураббода топилмас.

Фарҳод муҳаббатда улуғ, Қайс жунунда,
Ширинни ширин лабзи у лайлода топилмас.

Атр ила қизил гул бўйи дерларки шириндир,
Лекин сифати лолаю раънода топилмас.

Ҳар қайси фасл ўзгача бир руҳ бағишлар,
Куз файзи бўлак сайри томошода топилмас.

Эй, Чархий вафо гулшанидан сув ўгириб ич!
Бу нашъу намо ҳар қаю маънода топилмас.

1934 йил.


ЎЛДИҒИМ БИЛМАС

Нигориким мени ҳуснига ҳайрон ўлдиғим билмас,
Билур ошиқлигим, кўйида сарсон ўлдиғим билмас.

Қаю тил бирла васфин айтайин олижанобимни
Қаро зулфи каби кўнгли паришон ўлдиғим билмас.

Олиб ақлимни торож айлади ширин табассум-ла,
Асири волайи чоҳи зинахдон ўлдиғим билмас.

Мени дардимга дармон истама билмай масиҳоким,
Табибим ул пари илҳоқи дармон ўлдиғим билмас.

Кўзим, ул ой юзига боқмасангди, зор бўлмасдинг,
Нетай энди шаҳиди тиғи мужгон ўлдиғим билмас

Кўнгил йўлида тутдинг кўз, кўрай деб қайта ҳуснин оҳ,
Билур хўп интизорин дилларим қон ўлдиғим билмас.

1930 йил.


ҒАФУР ҒУЛОМГА ҲАСБИ ҲОЛИМ
(Ғафур Ғуломга арзи аҳволим)

Кел, эй дўстим, сухан оғоз этиб кет,
Сухан мазмунини танноз этиб кет.
Ётибман термулиб беморликда,
Сўраб ҳоли дилимни, ёз этиб кет.
Оёқ остида қолдирмай фақиринг,
Ғанимат умрини, кел, соз этиб кет.
Жафоси ўтди бир мансабпарастнинг,
Нафас ур, бир Масиҳ иъжоз этиб кет.
Кўнгил бир кун эмас, бир кун тинар деб,
Тиним йўқ, сарбағиш бир оз этиб кет.
Бичиб, андозага солдим суханни,
Ўзинг андозани андоз этиб кет.
“Кабутар бо кабутар, ғоз бо ғоз”
эса, шул маънида парвоз этиб кет.
Наики сажда қилдирмоқлик истар,
Ўшандоқ бутни тирандоз этиб кет.
Бериб лангар чўпин, тутқиз қўлига,
Йиқилган Тошпўлот дарвоз этиб кет.
На дерман, дилни савдосини дерман,
Бу савдони ечиб, шарроз этиб кет.
Келишда хушхабар бирла келибсан,
Кетишда наърали овоз этиб кет.
Бу мушкул ҳола тушганларга ҳомий,
Ўзинг, қадримга ет, эъзоз этиб кет.
Ўқиб “Гулёр”, гаҳи “шаҳноз” этиб кет.


МЕНИ ҲАРЁНА ТАШЛАБ
(мувашшаҳ)

Кўринмай бизга жоним мавҳи дийдор этмадингизму?
Мани ҳар ёна ташлаб ўзгани ёр этмадингизму?
Рақиблар илкида санги маломат бирла куксимни,
Тешиб мажруҳ кўнгил бирла афгор этмадингизму?
Умидим шулмида сиздан, аё эй маҳваши танҳо,
Нечук аввалда менга ваъда изҳор этмадингизму?
Майи васли сафодин ҳасратки тотмадим зарра ,
Бизингдин ёширун ағёра ошно этмадингизму?
Тамоми танда жоним васл муштоқи жамолингиз,
Ки ҳижрон оташиға куйдируб зор этмадингизму?
Халос этмоқ бу хижрон оташидин сизға осондур,
Неча ранжу аламдин бизни бемоор этмадингизму?
Очиб барқи жамол кавкабингиз шуъласини элға,
Бу ғамдин йиғлатиб ҳар кеча бедор этмадингизму?
Не бўлғайким, камина арзи ихлосин эшитсангиз,
Ки ишқ бозорида бизни харидор этмадингизму?
Неча ким номингизни ҳарфини назмиға жо этди,
Дилингиз тортибон Чархийни хуштор этмадингизму?


ХАБАРДАН БУ
(Ғафур Ғуломга мактуб)

Хати расмона эрмас номаиким хуш хабардан бу,
Эмас тулнинг чироғи, равшан шамсуқамардан бу.
Назокатда ниҳоли сари ўз даъвосидан кечсин,
Нафосатда чиройи жумлалар, дурри гавҳардан бу.

Соғинган кўрмай аввал, хатларингни айтки ким кўрсин,
Умр боқи эса лаззатда у, бодоми тардан бу.
У илҳомимга илҳом қўшса, бу мактуби жонпарвар,
У марғуби кўнгил бўлганда, манзури назардан бу.
 
Қариб, ёшим етиб олтмишга кўзлар хранок ўлмиш,
Зиёбахш ўлди мужданг, ё магар куҳлул-басардан бу.
Топиб бир базми гулхан, Чархий, юз қайта ўқиб насринг,
Сенинг ёдингда куйлаб кечалаб ёзган асардан бу.


НАВО БЎЛУРМУ

Безавқ наво-наво бўлурму,
Бенур ҳаво-ҳаво бўлурму.

Олтин эмас эрса асли зоти,
Мис рангли жило-жило бўлурму.

Дил ойнадирки, сайқали йўқ,
Кўзгуда зиё-зиё бўлурму.

То дўстингда дилни пайванд этмай,
Ҳеч сидқу сафо-сафо бўлурму.

Ҳар йўлда йўловчи ҳамдам эрмас,
Ҳар жони фидо-фидо бўлурму.

Ишқ аҳли умид ила чекар оҳ,
Ёр бўлса жудо-жудо бўлурму.

Маъшуқ иши ноз ила тағофил,
Ошиқда хато-хато бўлурму.

Гар боқмаса сарвиноз қиёлаб,
Бир тарзи нигоҳ – нигоҳ бўлурму.

Иқрорига кўнмаса ўжар дил,
Инкори раво-раво бўлурму.

Иффатли дилинг-ла шарм тутгил,
Чимматли ҳаё-ҳаё бўлурму.

Мумкинки, қорайса сурмадан кўз,
Ҳар кўзи қаро-қаро бўлурму.

Юз ваъдага бир вафо кўринмас,
Пуч аҳли вафо-вафо бўлурму.

Шўрхок заминда парваришсиз,
Бечора гиёҳ-гиёҳ бўлурму.

Бонг урмаса жону дил билан ким,
Чархий, бу Сафо-сафо бўлурму.


ДИЛДОРИ ШЎХ

Мунча ҳам кўнглимни севган ёри шўх,
Ҳар нигоҳида кўзин хуммори шўх.

Қўйса оҳиста қадам гул сайрига
Меҳри жўш урса кўринг рафтори шўх.

Ўтмикан, зуҳромикан ё юлдузи,
Ўртанур жон, оташин рухсори шўх.

Белга ташлаб майда-майда кокилин,
Юрса тебрангуси зулфин тори шўх,

Товланур хуршид мисоли орази,
Шуъласидан яшнаган гулзори шўх.

Кўрсатиб аҳду вафонинг расмини
Гоҳи лутф этганда, гоҳ озори шўх.

Чархиё, ўткарма сўзинг ҳаддидан,
Чунки ҳар мазмунда бир гуфтори шўх.

1968 йил.


МЕН КЕЛАМАН СОҒИНИБ

Мен келаман соғиниб, ёр қанорингни оч,
Сенга учай қуш бўлиб, боғу баҳорингни оч.

Ёр, жамолинг кўриб лаҳза қувонсин кўнгил,
Чертма қабоғинг, кулиб лутфи нисорингни оч.

Кўрса чаман булбули сенга тасанно десик,
Бахтли кулиб, яшнаган лола узорингни оч.

Дафтари ҳуснингдаги хол у вафо шоҳидим,
Гул юзинг авроқидан аҳду қарорингни оч.

Чархий гулистонингга келди наво соз этиб,
Куйла, кўнгил севгиси, дилдаги борингни оч.

1928 йил.


ҚУЁШ

Нур сочар оламга беминнат зару зевар қуёш,
Ердан инъоми жавоҳир яъни кони зар қуёш.

Мўътабар инсон мукаррам зот учун ҳам ҳар нафас
Бахш этар дунёча лутфин мавжидан гавҳар қуёш.

Ҳар чаман ундан латофат касб этар, ундан камол,
Ҳар варақ гул баргидан гўё очар дафтар қуёш.

Қатралардан тўлса дарё, заррадан ёғду йиғиб,
Меҳрибон эл боши узра зар сочар заргар қуёш.

Ой жамолин шуъласидан берса гулларга чирой,
Нозу неъматларни айлар шаҳд ила шаккар қуёш.

У билан равшан жаҳону, у билан оламда жон,
Жисм учун гар бўлса дармон, дил учун дилбар қуёш.

Безавол аҳкоми ақли то абад, деб пойдор,
Қурди мустаҳкам бу янглиғ қаср учун минбар қуёш.

Чархиё, рамзу ишорат бирла инсонлар учун
Ўргатур меҳру вафо расмин вафопарвар қуёш.

1977 йил.


ТОП-ТОЗА ҚИШ

Қор эмас, дон ёғди кўкдан, шул сабаб топ-тоза қиш,
Куз кетиб ноз уйқусидан, айлади ҳамёза қиш,
Кузги ҳосилдан тамоми меваларни асрабон,
Қўйнида сақлар “есин” деб эл буни то ёза қиш.
Катта шудгор ўсма қўйган қош янглиғ барқ урар,
Вақти етгач, қордан тортар юзига ғоза қиш.
Гоҳи у чертар қабоғин , гоҳи мағрур ишваси,
Худди ўхшар маст истиғноли бир танноза қиш.
Бонг уриб, сарсар шамоли келса-келсин, деб ётар,
Шул сабаб андозасига бўлди беандоза қиш.
Гоҳ баҳор айёми янглиғ оби-тобин кўрсатур,
Яъни меҳнатда чиниққан чўлқувар шаввоза қиш.
Айлагай оламга ибрат марду ғолиблар ишин:
“Ишда ҳам жангда чиниққан мард-бу “, деб овоза қиш.
Қиш ғамин ким еб саранжом этмаса кузги ишин:
“Аттанг ойим” келдилар, деб ланг очар дарвоза қиш.
Беғубор кўнгил каби, Чархий, мусаффо иқлиминг,
Арзигай, ҳар қанча ёзсанг ҳурмату эъзоза қиш.

1977 йил.
 

ОШ-ПОШ

Бергуси ожиз юракка йўлда чин йўлдош-дош,
Бўлмаса идроки бўлмас, катта ҳар бир бош-бош.

Ҳар нечук бемеҳр одам ёзса дастурхон агар,
Қатра сув ичмас-емас оч қолса ҳам фаррош ош.

Тоза ўтказ ғалвирингдан дону дунин яхшилаб,
Чиқмагай ошингда тишни синдирар бир тош-пош.

Яхши ният-ла биров гул ўтқазур меҳнат билан,
Бир гул ундирмай узуб гул, дер биров мен ёш-ёш.

Ош дебон ошма маишат томига зинҳорким,
Чунки истиғно сирин айлар у шундоғ Ош-фош.

Дидли бир суратгар иста кўзу қош пардозига,
Кўз чиқаргай йўқса қўйдим деб чала наққош-қош.

Чархий, тамсилингни равшан этгали аҳбоблар,
Яхши мазмунлар атаб, то берсалар кенг ош-кош.


ТАРБИЯ

Энг  улуғ инсонга аввал тарбия,
Тарбиятдан эзгу ҳолим деб жўя.

Бир бино сол, у бинодур яхшилик,
Яхши ният-ла қўяр ҳар уя.

Ғам е авлодинг учун, инсон эсанг,
Нафс деб ўргамчидек тортма уя.

Юрма бемеҳнат текинга дом қўюб,
Турма бехизмат, шу тақдирим дея.

Чин сахийлик нисбатим десанг агар,
Катта  оч дарвозани қилмай қия.

Шунча савлат бирла гумроҳлиғ надур,
Бошла йўл, дер, бир эшакка, юз туя.

Тикланиб ётган матодан ол хабар,
Кўр, мабода тушмаган бўлғай куя.

Оқни қора айламакка ҳад керак,
Қора дил оқ бўлмағай, минг йўл бўя.

Урса ноҳақ ким йиқилғонни яна,
Чархиё, сен бор, йиқилғонни суя.


ЧИН ИШТИЁҚ

Дилда пайдо бўлса гар чин иштиёқ
Оқил инсон изланиб топгай маёқ.

Ота-она қадрини тутса баланд.
Ушбу фарзанд тортмагай дарду фироқ.

Элу юртингни азиз тут, тупроғин
Кўзга  суртгил, сўнгра сен дунёга боқ.

Зарни мисдан ажротолмас бўлса ким
Бу ҳаётдан ҳеч ололмайдир сабоқ.

Чархий, Комилларча имдод айладим
Айтинг-айтинг, солмасин ағёр нифоқ.

18 сентябрь 1973 йил


ОНА АЗИЗ

Она азизу мукаррам, она дилинга чироғ,
Тушурма фарзанд эсанг, қалбига аламдин доғ.

Ота-онанг шарафинг, боиси вужудингдур,
Сабабсиз олам аро келмади бирон тирноғ.

Суёнғучинг икки зот, кўксига етурма ситам,
Нураб ҳаёти, хазон бўлмасин суёнган тоғ.

Онангни ранжита кўрма ҳаёли фарзанд эсанг,
Уйингни булбули бўл, бўлма бадтарин чун зоғ.

Ҳама баробар эрур, деб ёмонга бўлма яқин,
Баробар бўлмади инсон қўлида беш бармоғ.

Юзига тик қарамас бўлмайин деса осий,
Сўзига мин тоқибон айламас фироқ-димоғ.

Ғубоирни сийнадин ирғит, дилингни пок айлаб,
Онанг ризо эса сендин, ҳамиша вақтинг чоғ.

Назарда дўст сўзин, Чархиё, заҳар демагин,
Алам қилурму ниш урса бериб шакар янтоғ?


БУЛБУЛ ЭРСА

Келтирар элга надомат нафс учун сайёралиғ,
Минг балога юзланиб ҳам юз туман оворалиғ.

Яъни номард хонидан миннатли ютган нондан,
Ҳар нечук давлатдин ортиқ бекасу, бечоралиғ.

Ҳар қаю нодон не билсин суҳбату сўз қадрини,
Айлагай у дилни гавҳар порасин юз поралиғ.

Халқ ризоси кимё айлар вужудингни кўнгул,
Келтирар эл ранжиши ҳар кимга бахти қоралиғ.

Булбул эрса ҳамнишининг зоғдек савт айлама,
Суҳбати минг боралик бўл бўлмагин бир боралиғ.

Панди оқил сурат ороларга таъсир айламас,
Зоҳири инсонга ўхшар, қалби маҳзи хоралиғ.

Шивага лаб очма, Чархий, тут сабрнинг доманин,
Син бутунга бут-бутун бўл, ёрлиққа ёралиғ.

1918 йил.


САОДАТ АҲЛИ

Саодат аҳлиму эл манзили улуғ даргоҳ,
Ҳамиша бахт унинг ҳолидин бўлур огоҳ.

Дил у тилида вафо расми бу замона элин,
Қилур бири бирига меҳрибон назарда нигоҳ.

На ғам дилида, на қайғу бу давр аҳлида ким,
Ўз эрки шоҳидидур толеи ҳамиша гувоҳ.

Чиқар тараннуми ушшоқ висол бодаси-ла,
На ҳажр шомида андух, на васл уйида оҳ.

Муборак эл қадами қайси чўл аро етса,
Етушди шул куни гўё карамли пушту паноҳ.

Чиқарди ташна замин бағрига чин обиҳаёт,
Кўкарди кўксида ҳар ранг шифоли меҳри гиёҳ.

У бир гиёҳ демайин бу дуру жавоҳирлар,
Кўринди кўзга, оқ олтин мисоли меҳр ила моҳ.

Татиб тузин бу муқаддас ватанга ким хоин,
Залиду хору надомат билан ўтар гумроҳ.

Самимий ният ила Чархиё қалам тебрат
Ҳамиша халқ мададгору менга бахт ҳамроҳ.


МАСНАВИЙЛАР

ЁН ДАФТАРДАН

Ёр бўлма болам ҳуснфурушга,
Қўшма асалинг хамиртурушга.

Ҳар кимга ҳасад билан сўз отма,
Меҳмонни ёмон қилиб кузатма.

Кесма тугамай биров сўзин ҳеч,
Бу бемаза фаҳм баҳридан кеч!

Ош келса товоқни эгри сурма,
То тўйгунча, еб, яна наҳ урма.

Мажлисда ҳавойи отма ҳуррак,
Зеҳни югурурга, бўл югурдак!

Эсновда оғизни очма, каррак,
Енгингни оғизга тўсгин андак.

Мард бўлсанг адаб билан улангин,
Ҳар жойда этакнинг қоқма чангин

Кеккайма бошингни салча ҳам қил,
Юриш-туришингни камҳашам қил.

Чап кўз хафаланса ўнг кўзингдан,
Сўргил сабабин ўзинг-ўзингдан.

Ойинага боқ қараб юзингга,
Бер майли баҳони ўз-ўзингга.

Танглик билан қийнама ўзингни,
Чеҳрангни очиб дегин сўзингни.

Озода маконни айлаб ифлос
Боз устига тортма айюҳаннос.

Пат-пат араванг дамин ўчиргин,
Ё бўлмаса қўшнини кўчиргин.


ФАРЗАНДИМГА НАСИҲАТИМ

Агар фарзандим эрсанг, эй жигарбанд,
Ҳамон жону дилинг бирла эшит панд.

Сенга қаттиқ сўз айтсам, англа юмшоқ,
Йўлингда баъзи йўл ботқоғу тайғоқ.

Қачон юрсанг йўлингни тозалаб юр,
Қадамни йўл билан андозалаб юр

Тойилма нафсни деб зинҳор-зинҳор,
Ёмон улфат тойилтирмоққа тайёр.

Уятсиз ким эса, сен унга ёт бўл,
Фалокат йўлга бошлар, эҳтиёт бўл.

Такаббурлик билан боқма бировга,
Ўзинг айбингниҳам тоқма бировга.

Қадрдон сўзини тинглаб қулоқ сол,
Ёмон андишани ўздан йироқ ол.

Кишининг бахтидур одобу ахлоқ,
Кишиларнинг гўзал ахлоқига боқ.

Эрур одоб кишин ҳусни, жамоли,
Чиройли хулқ унинг бахту камоли.

Адабдин юз ўгирмас яхши фарзанд,
Ёмон ҳеч яхшига бўлмайди пайванд.

Ҳаётнинг лаззати, қадри-шу одоб,
Қаерда меҳрибон дўст бўлса, сен топ.

Қаю инсон йўлиқса меҳрибон бўл,
Ёмондин ўзни сақла, то омон бўл.

Зарарли ҳар ҳавасга берма кўнгил,
Адашма яхши йўлдан, чин сўзим-шул.

Кечирма қалбаки ҳаргиз ҳаётинг,
Жаҳонга қолдириб кет яхши отинг.

У дамдин то бу дам бедор келдинг,
Ҳамон ҳушёр кет, хушёр келдинг.


БАҲОР ТОНГИ

Тонг ёришди, қуёш чиқди мағрур,
Сочди олам юзига заррин нур,

Дил унинг нуридан зиёланди,
Шуъласидан Ватан жилоланди.

Зарра – зарра сочарди нур қуёш,
Товланарди шу дамда тоғу- тош.

Ҳар ҳавасли кўнгулда завқли баҳор,
Ҳар чаман гул бисотидин гулзор.

Дил ёруғдир баҳор кўкламидин,
Файз олур ҳавонинг шабнамидан.

Лолалар тугмасини тугмишдир,
Барг ёзиб гул шохини эгмишдир.

Мевалар ранг-баранг тўкиб гуллар,
Ёзилур кўрганида кўнгиллар.



НАВРЎЗ ШАРАФИГА

Эй шодли кўнгил зафарли хома,
Ёз наврўз учун шарафли нома.

Иқболи баланд замонамизнинг,
Ҳар оила, ота-онамизнинг.

Биз бахтли, улуғ бу ҳур замонда,
Тарих кўзи кўрмаган жаҳонда.

Бемисл ҳаётимиз фаровон,
На ғам дилимизда-ю, на армон.

Ҳар чеҳрада файз навбаҳори,
Ҳар дилда ватаннинг ифтихори.

Боғ саҳнида ғунчалар юз очди,
Анвойи чаман бўйини сочди.

Кўргач ҳамма дўстлар қувонгай,
Бир-бирига муҳаббат ўти ёнгай.

Инсонга ғанимату вақти чоғлиқ,
Бир-бирлари бирла иттифоқлик.

Тўй устига бўлса янги тўйлар,
Обод маҳалла кўча-кўйлар.

Ҳар чолу кампир хумори яхши,
Бақироқ туяларнинг бори яхши.


ШИФОХОНА

Эшитинг дўстлар-қадрдонлар,
Қалби пок чеҳраси гулистонлар.

Келдик ушбу маконга-нону насиб,
Соғ яшайлик, умримиз ғанимат деб.

Бунда ўз эркидай топиб имкон,
Дам олур ҳам шифоланур инсон.

Мутахассис неча шифокорлар
Дард элин дардига давокорлар.

Ҳар томондан бу ерда дўстлар жам,
Ҳаммамиз ҳам шифоланиб, бардам.

Орамизда неча аёллар эди,
Хўб расо фикри баркамоллар эди.

Бирлари меҳрибону жонпарвар,
Бирлари олима, бири раҳбар.

Бирлари олими забардастдур,
Қалбимиз қалбларига пайвастдур.

Биримиз кўп ҳунарга моҳирдур,
Бири камтар, камина шоирдур.

Бизга манзил бугун шифохона,
Ҳашаматли, чиройли кошона.

Кўкраги тоққа мутассил эркан,
Файзли, хуш ҳаво Водил эркан.

Устида жилваланса кўҳсори,
Пастида ям-яшил дарахтзори.

Беғубор, кенг ҳавоси, чашмалари,
Зарра-зарра сувида чашналари.

Қайга қўйманг қадам – шинам жойлар,
Шарқираб, эркалаб оқар сойлар.

Яъни олий биноси икки қават,
Ҳар қават хона гулшани жаннат.

Тўшалиб йўларо пояндози,
Берилар кунда янги пардози.

Катта айвон чиройли ойинабанд,
Ҳамма эшикларда гулпайванд.

Чарх уриб келдиму даволандим.
Дард кетди, шукур, шифоландим .
 
25 июль 1970 йил
Водил санаторийси


ҚИЗИМ МЕҲРИХОНГА

Аввалги саломимнинг сўнги сози,
Навбатдаги чархнинг овози.
Ота-она меҳрисен, валекин,
Мақсадинг камоли аста-секин.
Жон болам-саломатинг тилайман,
Ҳар дамда саодатинг тилайман.
Шеърий хатимни ҳавас этибсен,
Улгуржи мурод учун етибсен.
Аммо бу, ғазал ширину аччиқ,
Гоҳи бўлур ва гоҳи санчиқ.
Сен косиб ипакчининг қизисен,
Сал хомсану пишсанг-илдизисен,
Пишмоғлигинг истасанг агар кўп,
Кўп қайна ҳаёт қозонида хўп,
Ип ҳам пишиса бўлур у маҳкам,
Мазмуни ипакдан бўлмагай кам.
Мазмунсиз агар пиширса ким ош,
На танга ҳузур берар, на бардош.
Кам айла ҳавас, ҳароратингни,
Илм ила ошир маҳоратингни.
Ҳар касб-ҳунарда бор риёзат.
Ранж чекмаса топмагай камолат.
Тобингни баланд қилу бўшашма,
Ҳаддингда туру тўкилма-тошма.
Билгандан ўрганиш эмас ор,
Билмакка ким этди ор, қолур зор,
Мен бору сенга шу хил сўзим бор,
Ранжима қизим, сўзимга зинҳор.
Бўлма сира ноумид, умид ила қайт,
Ёшлик чоғи билки,бебаҳо пайт.
Ҳар кимга ҳам астар-аврамасман,
Жоғ чарчади, энди жаврамасман.
Хайр энди, сўзимни қисқа айлай,
Бу қиссада сўзни ҳисса айлай.
Мендан ҳаммангизга ҳам саломим,
Етсин бу варақдаги паёмим.
Ҳар лаҳза дуода ёд этурман,
Бу ёд ила дилни шод этурман.
Ёзди бу ғазални қиблагоҳинг,
Сернашъа ҳаёт учун гувоҳинг,
Салом билан даданг Чархий.         

1961 йил 26 март.



МУРАББАЛАР

СОҒИНДИМ, ЭЙ ГУЛ

Соғиндим, эй гул, сенинг жамолинг,
Қаро кўзингдин кўнгил узолмай.
Кел, эй нигорим, кўзи хуморим,
Хумори бўлдим сени кўролмай.

Ниҳоли гулдек бу қадди бастинг,
Ёнар кўзимда нигоҳи мастинг.
Бу ишқ ўтининг ҳароратидин,
Қаламни олдим чидаб туролмай.

Қаю нишони мижжангнинг ўқи,
Қадалган эркан юракларимга,
Жудолигимдир бу бир тарафда,
Азоб этарким бу ғам тузалмай.

Жаҳони олам менга қулурлар,
Бу бехабарлар нечук билурлар,
Қаро кўзингдин, ширин сўзингдин,
Мена ўзингдин алар буролмай.

Эсиз у дамлар моҳи жамолинг,
Тунида жоду кўзинг қизартиб.
Ҳануз кўнгилдан кетар бу армон,
Қизил шаробинг қуйиб беролмай.

Дема, қўй энди ҳавасларингни.
Соғиндим оташ нафасларингни.
Етарга йўқдир танимда дармон,
Икки қўлимни тияб туролмай.

Ҳамиша Чархий сўзингга вола,
Сабога арзинг қилиб ҳавола,
Юборди қосид қўлидин, эй гул,
Соғинганидан чидаб туролмай.

1926 йил.
 

БАЁН ДЕРМАН

Дўстлар, чин кўнгил арзин
Айлайин баён дерман.
Ҳар яхши-ёмондан ҳам
Бир ному нишон дерман.

Тўғри йўл бақолик йўл,
Мард эсанг вафолик бўл.
Қинғир бўлма оламда,
Топмайсан омон дерман.

Ёлғон  элга ёт бўлгай,
Ростликда нажот бўлгай.
Эгри йўл сири бир кун
Бўлгуси аён дерман.

Дунё сенга жон бўлса,
Ниятинг ёмон бўлса,
Мақсад тоғидан ошмай,
Ағдарур довон дерман.

Элни интизор этма,
Чўп бўлса-да, хор этма,
Зарра элни хор тутсанг,
Турмушинг гумон дерман.

Тинч бўлай десанг сен чин,
Бузмагин биров тинчин,
Тинч ҳаёт учун билгил,
Майли кетса жон дерман.

Хоҳ ёшу қари бўлгин,
Одам гавҳари бўлгин,
Инсонпарвар одамга
Ҳамма меҳрибон дерман.

Номардда вафо бўлмас,
Чин дўстлар жудо бўлмас.
Аввал ёр бўлиб, охир
Айрилган ёмон дерман.

Чарх уриб жаҳон кездим,
Дилга билганим тиздим.
Яхшиларга ёндошдим,
Топмадим зиён дерман.

1961 йил.


ВАФОДАН - ВАФО

Иста кўнгул ёр эсанг
Қалби сафодан-сафо.
Бўлма яқин, тегмасин
Бағри қародан – қаро.

Сидқу сафодан топар
Баҳра дилинг кўзгуси.
Йўқса жафо келтирур
Кизбу риёдан-риё.

Элга очиқ чеҳралик
Бахту саодат эрур.
Жонга ҳаловат берур
Шарму ҳаёдан-ҳаё.

Кимга не оҳанг ила
Бунда нидо айласанг,
Унда қулоғингга шу
Акси садодан-садо.

Дардга чучук тил-даво
Ҳар неча бемор учун.
Ол қидириб, ёлбориб,
Сўзи шифодан-шифо.

Боғла вафо риштасин
Бўлса чин аҳбоблар.
Айлаб ўзингни мудом
Меҳри жудодан-жудо.

Давр омон бермагай
Кимки бадахлоқ экан.
Чунки ёмон топмади
Яхши даводан-даво.

Қолса ҳаётингда бир
Меҳнат, илм, эзгу ном.
Юрту элинг бўлгуси
Халқи ризодан-ризо.

Чархий, мудом яхшилар,
Мақдами тупроғи бўл.
Етса сенга шояд ул
Аҳли вафодан-вафо.


МАЛОҲАТ

Э нозанин дилбар, кони малоҳат,
Ҳеч етмасин нозик қаддинга офат,
Рухсорингдан тўлин ой ҳам хижолат,
Сенга жоним билан қилдим итоат.

Бошла ёрим, ўзинг юрган гулшанга,
Шаҳло кўзинг тушган гўзал чаманга,
Тасаддуқ жон сени қучган Ватанга,
Кўзим тўймас, қилсам сайру саёҳат.

Кўнгил қуши учди сенга ҳаволаб,
Етмак учун сайр айлади фазолаб,
Ҳуснинг шамъин атрофидан қиёлаб,
Чарх урарман парвонадек ниҳоят.

1960 йил.


САДАҒАНГ КЕТАЙ
(Собир Абдулла мактубига жавоб)

Сен ўзинг кечир мени, Собиро,
Азиз улфатим, садағанг кетай.
Тилагим мудом сенинг сиҳатинг,
Хабарим-хатим, садағанг кетай.

Узайин десам неча қарзимни,
Сен эшитмадинг менинг арзимни.
Чўзилиб кетиб касалим ахир,
Йўқ ҳаловатим, садағанг кетай.

Кўтарурга дард юкини нетай,
Жасадим филу суягим пўлат –
Эса кошки Бобо тоғидек
Қадду қоматим, садағанг кетай.

Бунинг устига шимариб билак,
Ёғаверди қор, “кўтариб этак”
Чиқа олмасам кўча-кўй аро,
Бу маломатим, садағанг кетай.

Менга бир акам қилибон шама,
Деди: қор билан ҳазил ўйнама.
Ана таъналар, хира нағмалар,
Бу маломатим, садағанг кетай.

Тутаган каби қарағай ўтин,
Қора мўридан чиқарар тутун
Ўшаларга боп, ўшаларга хос
Менинг нафратим, садағанг кетай.

Ўзини кўрар, ўзини севар,
На тўсиндир у, на устун, ажаб,
Ўзига ўзи беришар баҳо,
Гала савлатим, садағанг кетай.

Мўралаб қуёш ҳамал авжидан
Сочибон чиқар у ёруғ нурин.
Мана энди ёз яна мўл унум,
Қаватим-қатим, садағанг кетай.

Ҳамма дўст-ошно бир кўзу қошлар,
Қарилар учун суянчиқ ёшлар...
Яна Чарх уриб тилагим камол,
Бири Завқию, бири Нисбатим,
Бири Фурқатим, садағанг кетай.


КИТОБ

Билдим, башар дунёсида
Жисм ичра гўё жон, китоб.
Жондан азиз не бўлса ҳам,
Ундан ширин жонон, китоб.
Ундан мудом кўзларга нур,
Илму адаб, онгу шуур,
Дилга ҳузур, жонга сурур,
Қадрин билар инсон, китоб.
Зийнатланур ундан ҳаёт,
Фан олами ҳам коинот,
Ундан сабот, ундан қанот,
У бир жаҳон, бўстон-китоб.
Ҳар боғни булбул, зоғи бор,
Гоҳо хазондан доғи бор,
Аммо элим бир боғи бор,
Доим баҳористон - китоб.
Ҳар субҳу шом ҳамроҳ ул.
Кундуз қуёш, тун моҳ ул,
Ким севса гар огоҳ ул,
Дардинг учун дармон, китоб.
Чархий, китобдир ҳамдаминг,
Ҳам ҳамдаминг, ҳам маҳраминг,
Завқ бирла тўлган ҳар даминг
Меҳмон ҳам мезбон ҳам китоб.


ЭЙ КЎНГИЛ

Эй кўнгил, ихтиёр қилсангчи!
Қиссаи гулузор қилсангчи!
Ҳимматинг сад-ҳазор қилсангчи!
Токи жонга мадор қилсангчи!

Нега бир гул фидоси қилмишсен,
Бодадек бир қадаҳда тўлмишсен.
Ёшлик жомидан тўкилмишсен
Қайтадан барқарор қилсангчи!

Шоми ҳижрон кетар, наҳор келар,
Ёр келар-ёр билан мадор келар,
Қиш кетиб, ёз билан баҳор келар,
Қишни ҳам лолазор қилсангчи!

Тилагим-бахти безаволи учун,
Талабим қадр ила камоли учун.
Мен-ку бир мунтазир висоли учун,
Уни ҳам интизор қилсангчи!

Қолдириб яхшилар ширин ўйини,
Элга тарқатмайин ҳасад бўйини,
Ҳасад этган рақибларим уйини,
Ғам билан тор-мор қилсангчи!

Гарчи сочим оқарди қор янглиғ,
Лек кўнглим ҳамон баҳор янглиғ
Чархиё, гул тутарда ёр янглиғ,
Камтаринлик шиор қилсангчи!
      
1977 йил.


НАБИРАМ НОДИРЖОНГА

Нодир, сенга мендан салом
Сендан хизмат биздан калом
Соғлигингни тилаб мудом
Омон бўл, дер опоғдаданг.
Узоқдасан, кўнгил яқин
Ҳаётимиз тинч-йўл яқин
Ҳам йўл яқин, ҳам дил яқин
Эсон  бўл, дер опоғдаданг.
Постингда бўл хушёр болам
Зийрак бўлу ҳар бор, болам
Ватан учун даркор, болам
Полвон бўл, дер опоғдаданг.
Ким сенга бош, ажрин бажар,
Асло, асло бўлма ўжар,
Ким тўғридир бахтни қучар,
Инсон бўл, дер опоғдаданг.
Юрт фаровон бениҳоят,
Жонинг билан этгин хизмат,
Хизматингга қилма миннат,
Чаққон бўл, дер опоғдаданг.
Хатинг кўриб этдим ижод,
Бувинг ўқиб хўп бўлди шод,
Сени доим айлармиз ёд
Эсон бўл, дер опоғдаданг.
Дўстларингга мендан салом,
Ҳам рахмату ҳам эҳтиром,
Бўлиб доим хуш интизом.
Достон бўл, дер опоғдаданг.

17 март 1977 йил


МУАЛЛИМЛАР

Йўллагаймиз беҳад салом,
Эй меҳрибон муаллимлар.
Таъзим сизга қалбимиздан
Жаҳон-жаҳон, муаллимлар!

Ҳаётимиз интизоми,
Бани башар эҳтироми,
Сиздан тўлар мақсад жоми,
Жонга дармон муаллимлар.

Сиз мураббий инсон учун
Ҳар толиби урфон учун,
Раҳнамосиз виждон учун,
Қалби бўстон муаллимлар.

Сиз-боғбон, биз-боғингиз,
Ҳамиша кўз қароғингиз,
Тўтиё-из тупроғингиз
Бизга ҳар он, муаллимлар!


КИРИБ БЎСТОННИ КЕЗДИМ

Кириб бўстонни кездим аста-аста,
Чаманнинг булбули гул хори аста.
Қадингга нозанин гул даста-даста,
Жамолинг кўргали олам ҳавасда.

На жонда оразинг бўлди Хувайдо,
Кўнгилда меҳру ишқинг бўлди пайдо.
Бинафша кокилинг бўйига шайдо,
Санобар қадди шамшодинга баста.

Такаллум боғида тўтини боғлаб,
Гирифтор айлади кўксини доғлаб,
Чаман булбуллари ёнингда йиғлаб,
Сенингдек гул чекар қумри қафасда.

Аламлидурманки бағрим эзарман,
Сени деб дашту саҳрони кезарман,
Тахайюр кунжида равнақ кезарман,
Қулинг Чархийга нозинг бўлди баста.


МУХАММАСЛАР

ЗЕБО ҚЎҚОН
(Мушоира)

Эй азамат ҳур Ватан, болангдир зебо Қўқон,
Назму наср гулшани, санъати аъло Қўқон,
Барча юраклар сенинг завқингга ошно, Қўқон,
Қалбида чин маърифат нурлари пайдо, Қўқон,
Шеърият иқлими деб айладик иншо, Қўқон,

Нодира, Маҳзунанинг даврада қадри баланд,
Бир неча ҳаттотлар сенга бўлиб меҳри банд,
Шори Мирзо, Ғариб, Ҳамза, Замирий, Писанд,
Мард элим илҳомидан шеърининг мазмуни қанд,
Мадҳинг учун анжуман айлади пайдо, Қўқон.

Тингламади кар давр аҳли қаламдан тониб,
Бўлди Ватандан жудо Фурқат ўтиб, ўртаниб,
Ҳужрада нур истабон кетди Муқимий ёниб,
Завқий ёвуз бандида ётганда тўлғаниб,
Берди замонам сенга эрк ила оро, Қўқон.

Кунда чиройинг очар марду вафодорларинг,
Олима, олимларинг, ишчи фидокорларинг,
Қўшгай умрга умр яхши шифокорларинг,
Янги ҳаёт дарсини берди зиёкорларинг,
Ҳар бири фан машъали –бу Али Сино, Қўқон.

Минг яша, юрту элим, мадҳу тарона сенга!
Ҳурмати соз тарбиянг, раҳматим, она, сенга!
Шеърга башар рағбати – меҳри нишона сенга!
Қутлуғ пешонанг силаб боқди замона сенга!
Халқ севади шу сабаб ҳуснингга шайдо, Қўқон.

Пиру бадавлат ҳамма, кўрку жамолинг тилар,
Фахри баланд кекса-ёш, кампиру чолинг тилар,
Шарбати оби ҳаёт мавжи зилолинг тилар,
Ёнида Комил билан Чархий камолинг тилар,
Гуркира тўлқин уриб, нисбати дарё, Қўқон.


ҚАЛАМ МУСТАЗОДИ
(мухаммас)

Ҳаётим ичра ўзинг олий ҳимматим, қаламим-
            Ки, соҳиби карамим.
Кўнгилнингдардига ҳамдард, улфатим, қаламим,
            Ҳамон фарахли дамим.
Умрнинг лаззати. Файзу шарофатим, қаламим,
            Хазинасан деганим.
Дилимда оташи ишқу, ҳароратим қаламим,
            Ҳамиша истаганим.
Кезарда фикрим очиб, бирга сайри боғ қиласан,
            Ғамим йироқ қиласан,
Қоғозда йўрғалашингдан дилим булоқ қиласан,
            Сериштёқ қиласан.
Неча гоҳи адашсам, тутиб сўроқ қиласан,
            Мени синоқ қиласан,
Саҳифа устида нозик ишоратим, қаламим,
            Бинои муҳташамим.
Кўзимга нур , дилимга суруру танга мадор.
            Ҳамиша лайлу наҳор,
Сўзимга ҳусну юзимга зиё, бу ҳақли шиор,
            Ташаккурим минг бор,
Муҳаббат аҳлининг ҳар базмида вафоли нигор,
            Иноқ, ҳамдаму ёр,
Сенинг билан қишу ёзим ҳамишадир гулзор,
            Туганмагай зинҳор,
Сенинг билан бу ҳузуру ҳаловатим, қаламим,
            Ҳаёти мунтазамим.
Сени авайлаб, ўзимни қилиб  фидо тутаман,
            Шу муддао тутаман,
Ўпиб-ўпиб юзу кўзга суриб бажо тутаман.
            Дилимда жо тутаман,
Бахилнинг илгида бўлмоқни, нораво тутаман,
            Унга асо тутаман,
Саҳий қўлин узатур бўлса марҳабо тутаман,
            Билиб раво тутаман,
Камина Чархийга айни саодатим, қаламим,
            Вафоли муҳтарамим.

1960 йил.
         

БИР ЛАГАНБАРДОР МАЙПАРАСТГА ДАККИ

Сенинг саргузаштинг баланд, гоҳи паст,
Кеча сўфи эрдинг, бугун майпараст,
Тинимсиз ичардинг, бўлиб маст-аласт,
Юзинг заъфарону ўзинг дастма-даст,
Шу ўтмишингга нима ҳам дейсан,
Гапирай дейсану гапиролмайсан.

Қуллоби нафасинг кенг Бухорогача,
Ютардинг наҳангдан аждаҳогача,
Агар Поп ўлмаса Сирдарёгача,
Оқибат етибсан шу савдогача,
Дилинг йўқ, тилинг йўқ, нима ҳам дейсан,
Гапирай дейсану гапиролмайсан.

Амал авжида иш тароққо-туриқ,
Вале одамиятда сурпанг қуруқ,
Чўзилса, кўпайди неча эл уруғ,
Чўзилди, чўзишмас эса йўл-йўриқ,
Бало иблисисан, нима ҳам дейсан,
Гапирай дейсану гапиролмайсан.

Ишга йўқ, улушга жуда чаққонсан,
Бир куни тулкисан, бир кун қоплонсан,
Сув оқар томонга қараб оққансан,
Мушукдан без тилаб, безга ёққансан,
Бир улуғ даргоҳда қўтир эчкидек
Сурканиб қолгансан, нима ҳам дейсан.

Иш берди ишингга бу елимлигинг,
Шайтонни дарсидан ё билибмидинг,
Айбингни яширди “патхалим”лигинг,
Билинмай кетди-ку беилимлигинг,
Ҳар қандай нафракнинг кир либосига
Бурканиб олгансан, нима ҳам дейсан.

Бир касбинг иғвогар, фасод турмушинг,
Бировлар тинчини бузишдир ишинг,
Ўтар ғамда ёзинг, аламда қишинг,
Зарардур, зарардур бутун қилмишинг,
Гапир, эй балохўр, нима ҳам дейсан,
Гапирай дейсану гапиролмайсан.

Оиланг, фарзандинг хижолатдадур,
Мабодо одобга еткизса путур,
Ўзинг бехижолат, уйинг беҳузур,
Ғинг этсанг, дегайлар ўзингга гапир,
Чунки, сен ичовриб, лаънат лойига
Беланиб кетгансан, нима ҳам дейсан,
Гапирай дейсану гапиролмайсан.


КЕЧАСИ
(Сурманисо ғазалига Чархий билан Комил Жўра мухаммаси)

Тун қорнғусидан ўтгай шоми ҳижрон кечаси,
Ёр васин топмаган ошиққа армон кечаси,
Партави ҳуснингни ташлаб лутфу эҳсон кечаси,
Базмдин бепарда чиқ зинҳор жонон кечаси,
Оразингдин бурқа оч эй , моҳитобон кечаси.

Қилгуси қаршингда таъзим у фазо Зуҳроси ҳам,
Ҳар дам эл ақлини олмиш қоматинг зебоси ҳам,
Эгма қошинг ханжари ҳам, кўзларинг шаҳлоси ҳам,
Кўнглими ошифтаҳол айлар сочинг савдоси ҳам,
Сунбулингни қилмагил эй, гул паришон кечаси.

Куймасин шамъи висолингни ниҳон тут халқдин,
Лабларинг устида холингни ниҳон тут халқдин,
Сарв  қадди бемисолингни ниҳон тут халқдин,
Моҳитобоним, жамолингни ниҳон тут халқдин,
Шамъи янглиғ дийдаларни қилма гирён кечаси.

Дарс олур ушшоқ эли ҳар дам китоби зулфидан,
Етмасин деб қаҳр кўнглимга итоби зулфидан,
Шул сабаб диллар паришон инқилоби зулфидан,
Ламъайи рухсори зоҳирдир ниқоби зулфидан,
Гарчи бўлмайдир қуёш чиқмоққа имкон кечаси.

Йўлларинг узра сочилмишдир кўзимнинг гавҳари,
Тан қолиб кетгай изингдан жону кўнглим илагри,
Не ажабки, йўлларингга кўзларим боққан сари,
Кундузи ҳарчанд пинҳонсан кўзимдан, эй пари,
Ой юзингни мен ғарибдан қилма пинҳон кечаси.

Бўлмадим хушнуд ҳеч дилдор бирла май ичиб,
Лоларанг юз, кўзлари хуммор бирла май ичиб,
Ақлим олган ул шакар гуфтор бирла май ичиб,
Субҳидам то шом сен ағёр бирла май ичиб,
Мен қилурман кўзларимдан гавҳарафшон кечаси.

Кўкда юлдузлар эмас, у танда қоним ўтидин,
Шул сабаб осмон чақин чақмиш баёним ўтидин,
Комил ишқим Чарх даврида нишоним ўтидин,
Сурмасо, бахтим қаро бўлди фиғоним ўтидин,
Элга кўпроқ зоҳир ўлди лек афғон кечаси.

1963 йил.


НИШОН БЕРСА

Кўнгил шод ўлгуси ўз тинчидан дўстлар нишон берса,
Этар кўкларда парвоз ким севиб каптарга дон берса,
Чиқарми яхшилик ҳеч бир ёмонга яхши ён берса,
Унар ер бағридин гул ерга ким оби равон берса,
Қуруқ қўймайди боғим парваришни боғбон берса.

Кетишни истамас қуш яшнаган осуда маскандан,
Муаттар бўй таратган гуллари озода гулшандан,
Чиқар меҳнатга ғайрат иш севар ҳар битта соғ тандан,
Ҳаёт устози таълим бергуси ҳар кимга ҳар фандан,
Билимда шуҳрат олгай кимки аъло имтиҳон берса.

Қилиб халқингга хизмат яхши ном қолдир садоқатда,
Бўлиб аҳдингга содиқ, номусингни сақла ҳурматда.
Расолар олдида сен ошма ҳаддингдан ниҳоятда,
Узатса чўпни дўстинг, ол кўзингга суртиб албатта,
Қўлидан олма олтин, бағри гар бир бадгумон берса.

Жафокаш кутса ёрдам дардига меҳринг-ла малҳам бўл,
Йўлингдан чиқса гар қов парчалаб от, қайтма,бардам бўл,
Олу олдирма асло, ҳар бир ишда пухта, илдам бўл,
Ғаразсиз, ориятли дўст топиб ўлгунча ҳамдам бўл,
Кишига миннат этмас кимга у бир бурда нон берса.

Топар инсон камолат бу улуғ дўстлик аҳилликдан,
Кўкармас боғи асло зарра қитмирлик, бахилликдан.
Чиройли яхши турмуш ҳам аҳиллик, ҳам асилликдан,
Ҳамон якдил бўлу қалбингни сақла хилма-хилликдан.
Ишонма душманинг макри-ла сенга минг жаҳон берса.

Бировлар мулкини топташ эмас инсонга сарварлик,
Тилида хайрихоҳу дилда эрса бошқа раҳбарлик.
Ҳақиқат гар юракка бермагай ҳаргиз муқаррарлик,
Кишига бахт эмас номард ила дўсту биродарлик,
Саодат шул эрур мард олдида мардона жон берса.

Ўқиб одобни ўрган элни севган жонажон элдан,
Талаб айла вафони кўнгли юмшоқ меҳрибон элдан,
Адолат ҳукмин ижро айлагувчи қаҳрамон элдан,
Саодат нури порлоқ бахт яратган паҳлавон элдан,
Қабул этма қўлингга бағри тош гавҳар нишон берса.
1958 йил.


УВАЙСИЙГА МУХАММАС

Фидо жоним сенингдек дилбари ширин сухан ёра,
Мудом кўнглим қуши кўйинг ҳавоси узра сайёра,
Кезиб оламни ҳижрон дардига топдим бугун чора,
Забонингни кетургил э шакарлаб тўти гуфтора,
Нечукким марҳамат бўлсин менингдек ошиқи зора.

Маломат этсалар ҳолимга айб эрмас жаҳон аҳли,
Ғамим йўқ дилда розим сўргали сен меҳрибон аҳли,
Умид остонининг мажнуни мен ҳам посбон аҳли,
Мени “Лоядҳулу” деб маҳрум этма боғбон аҳли,
Азал деҳқони бағрим қонини сочмиш бу гулзора.

Жамолинг кўрган ошиқларни йўқ кўнглида ҳеч армон,
Керакмас ҳуру жаннат гул юзинг олдида, эй жонон,
Ҳуморим ҳаддан ошди маст булбулдек чекиб афғон,
Дариғ этма, харобат аҳли деб, э соқийи даврон,
Паёпай тут қадаҳни ташналаб ўлган бу хуммора.

Тиларман бодаи васлинг муҳаббат соридин доим.
Машоми қалбима бўйи карам гулзоридин доим.
Тутар кўз вола Чархий ваъдаи дийдоридин доим,
Увайсий юз жафо кўрсанг ҳақиқат ёридин доим,
Ўгирма юзни, ондин солма кўзни ўзгша дилдора.

1926 йил.


ТУТУРИҚСИЗ БИР ШОИР ҲАҚИДА

Шоир ўртоқ аввало сиз дилга завқ-шавқ пайдо қилинг,
Сўнгра чин сўзни тўқинг мазмунларин зебо қилинг,
Қопия танг келса ҳам дилни оқар дарё қилинг,
Бир йигирма қирқ ҳунар оз ҳаммасин аъло қилинг,
Айб эмас бир сурнай олиб, совти насрулло қилинг.

Шеър бошвоқсиз чавандоз от эмас анжом эмас,
Тўрт метрли латтадан ташлаб олур эҳром эмас,
Мағзи пуч меҳмонга савлат бергувчи бодом эмас,
Ёки ёз ёмғури бирлан лола очган том эмас,
Халқимизга пухта манзур булғудек совға қилинг.

Шоир аҳли кўча куйда юрмагай маъжун сотиб,
Ноўрин даъвони алдар халтасидан ранг сотиб,
Ҳар қадамда афсус олиб ўрнига аттанг сотиб,
Ҳамма гап сотганда сиз ҳам сўзни тору танг сотиб,
Растадан майли дўкон топиб ғазал савдо қилинг.

Уста кўрмай усталик даъвосин этмай пешасин,
Билмайин ўрманг тегирмонга жувозкаш тешасин,
Рандалашда ҳўл ёғоч тобин билинг андишасин,
Сурканиб ҳар ёнга синдирманг муҳаббат шишасин,
Обрў даркор эса ҳар жойда истиғно қилинг.

Гарчи истеъдодли деҳқон бўлса ҳам айлаб адаб,
У Миришкор бағбондин тажриба айлар талаб,
Ҳовлиқишни паккаси бор қийнаманг сочни тараб,
Шоти қўймай томга интилган қолур лабни ялаб,
Мисли меҳнат бирла ишланг қип-қизил тилло қилинг.

Кўринур оғир табиат сувга тўлдирган челак,
Чек сўзсиз савлатидан ҳеч писанд этмас элак,
Тут билан қомат талошиб мевасиз қолди терак,
Шул сабаб сал пал узангудан тушинг бўлса юрак,
Элму ҳилму камтаринлик шевасин барпо қилинг.

Жамият қалби гулистону ҳақиқат манзили ,
Халқ назаргоҳида доим тургуси шоир дили,
Кимки адобила сўз дер синмагай ҳаргиз бели,
Обжўвоз пойкўпи эрмас поймо по ўрса кели,
Сизга бу дўстона пандим ҳохи қилманг ҳох қилинг.


ДУМАЛОҚ ЖОНКУЯР, ЮМАЛОҚ ИМЗО

Табиат олами ёқтирмаса ҳам,
Йўлиқар баъзи бир мушкул муаммо.
Инсонлик шарафин доғлатган, яъни
Бир гуруҳ муттаҳам, бир замбар иғво.
Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо.

Синчалак мақсади ҳар шохни чоғлар,
Зиндалак нафсини ҳар кимга боғлар,
Кўрнамак мушукдек томоғин ёғлар,
Туҳматдан ёшларнинг шаънини доғлар,
Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо.

Бадгумон, бадзабон, бадтарин киши,
Муттаҳам соғни ҳам заҳарлар ниши,
Суллоҳлик ҳунари, иғводир иши.
Фитначи, писмиқдир, юз эмас меши,
Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо.

Адреси номаълум, фасоди ошкор,
Номаълум эмас у манфур, бадкирдор.
Умрига иқрору, эркига инкор,
Халқ ундан норизо, ватан ҳам безор,
Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо.

Суркама бировга юзингни доғин,
Шўрлатма кадрлар яшнатган боғин,
Тортгунча кишининг тутиб оёғин,
Бир ургин нафсингга ботинканг жоғин.
Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо.

Варағинг тўлганда, хатинг секинлар,
Варағинг бузилса, уради жинлар.
Мағзава мақсумлар, иши хуржунлар,
Бурчак-бурчаклардан нони текинлар,
Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо.

Йўқотгин иғвони, қутул нафратдан,
Сен билгил, инсонлик қадри меҳнатдан,
Асрасанг ўзингни бу хил иллатдан,
Улуш ҳам оласан обрў, ҳурматдан,
Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо.


БИР ҚЎПОЛ ВРАЧГА

Афсуски, фалакнинг гардиши-ла,
Бемор юрагимнинг ташвиши-ла,
Келдим шу кўнгилнинг хоҳиши-ла,
Урдинг бу юракка сўз ниши-ла,
Йўқса дилима мадор бўлардинг.

Ўз қадрини билмаган бадахлоқ,
Чаққай кишилар бошида ёнғоқ,
Боққай киши суратига аҳмоқ,
Суратга тикилма, қалбига боқ,
Йўқ бўлмас эдингу бор бўлардинг.

Аввалига замона танда эрди,
Бир бандага неча банда эрди,
Сенга бу сўзим писанда эрди.
Инсон сени туғмаганда эрди,
Думлик бақаларга ёр бўлардинг.

Инсоний сифат кишин камоли,
Ҳайвоний муомала заволи,
Йўқ эрди танимни ҳеч мажоли,
Бўлсанг эди хушсухан, хаёли,
Бир соҳиби эътибор бўлардинг.

Дардманд киши арзини эшитсанг,
Яхши сўз ила дилин эритсанг,
Лаънат сенга дер кишин безитсанг,
Совуқ нафасингни сал илитсанг,
Қиш бўлмас эдинг, баҳор бўлардинг.

Ҳиммат камарин боғласангди,
Хизматга ўзингни чоғласангди,
Кимсан десангу сўроғласангди,
Уч кунгина сабр айласангди,
Инсонлиги ошкор бўлардинг.

Даврим кенг ҳуқуқни сенга берди,
Эркингга ҳавою сув етурди,
Бахт бирла ширин ҳаёт кутурди,
Иқбол юзин очмаганда эрди,
То ўлгунча хор-зор бўлардинг.

Қобил врач эътибори бўлсанг,
Ахлоқу одобни ёри бўлсанг,
Бемор дилини мадори бўлсанг,
Чархий каби эл қатори бўлсанг,
Бир камтару хушвиқор бўлардинг.
1970 йил.


ИДОРАДАМАН
(Бир бюрократ бухгалтерга дуч келиб, иши битмай сарсон бўлган киши тилидан)

Бир-икки йилки, бир ишга ажаб оворадаман,
Гаҳи тобоқда қолурман, гаҳи тоғорадаман,
Гаҳи наводан ўтиб, най билан суворадаман,
Бухгалтер ила битар деб ишим бу борадаман.
Қўлимда ҳар куни бир арзаю, идорадаман.

Илик узилди маҳалда бир оз толган эдим,
Мен ҳам бўйинни қисишдан жуда уёлган эдим,
Нетай, на чора, таноби бўшаб чувалган эдим,
Бор эди ҳожатиму қарзга бир узалган эдим,
Бу қарз қопига хуржун ямаб, суворадаман.

На бўлди, бир нима етмай,ҳисоб чатоқлашди,
Кўнгил хира, жуда бошдан ҳушум узоқлашди,
Менинг билан кира ёв пул томон иноқлашди,
Уришмади,  лекину чўнтагимни қоқлашди.

Бу мушкулимни ечишда топурга чорадаман.

Наинки бир йил ўтиб ҳам жавоб:”Эрта келинг”,
Дедимки, айлама бундай хуноб эрта келинг,
Дедики, иш бугун кўп, шитоб эрта келинг,
Дедим, тугарми ҳисобу китоб эрта келинг,
Мен ҳам бу эрта келингдан чўчиб, канорадаман.

Биров қўшиб еса қўйса, бирор хуришми эдим,
Жиримни қирса-ю олса, мўмай улушми эдим,
Илинсаму тузоғига туширса қушми эдим,
Пайики тулки етолмас баланд қанорадаман.

Ёронлар, учраса айтинг, бу не бало демасин,
Ўзини оқу, бировни сира қаро демасин,
Ҳамиша бюрократлик қилур вафо демасин,
Бу ерда мартабам ортиқ, казо-казо демасин,
Бу ҳажв сурнагим эрса, яна нагорадаман.


БЕЗОРИГА

Яхшига ёндашсанг аввал, наросо бўлмас эдинг,
Норасодан юз ўгирсанг, бевафо бўлмас эдинг,
Занглаган макруҳ қозондек қоп-қаро бўлмас эдинг,
Бангу кўкнору ароққа мубтало бўлмас эдинг,
Беадаб, беюз бундай беҳаё бўлмас эдинг.

Овладинг ҳар луқмани безорилик қармоғида,
Улфатинг қузғун эди-: кездинг “Маишат” боғида,
Гоҳ улар шоҳ узра сен юрдинг дарахт япроғида,
Онаи зор туғмайди билса тулғоқ чоғида,
Зимзиё бўлснгди, бошига бало бўлмас эдинг.

Мард киши мардлик нишони меҳнати деб айтдилар,
Меҳнати-асло туганмас шуҳрати деб айтдилар,
Меҳрибонлик шеваси ўз иззати деб айтдилар,
Орият инсоннинг олий ҳислати  деб айтдилар,
Сўзни ўқсанг, ушбу кулфатга раво бўлмас эдинг.

Сен ёмонларнинг бузуқ кирдорига ёндашмасанг,
Элга ноҳақ жабр ила озорига ёндашмасанг,
Хавфли ҳидлар анқиган гуфторига ёндашмасанг,
Оқ падар хилватнишин безорига ёндашмасанг,
Бетайин, бемаслагу бемуддао бўлмас эдинг.

Юзқаролар суҳбатида турмайин жилсанг эди,
Оқибат шармандаликлар доғини билсанг эди,
Дард кучаймасдан даво сорига қайрилсанг эди,
Неча-неча дакки еб, инсофга бир келсанг эди,
Яхши фарзанд, оилангдан ҳам жудо бўлмас эдинг.

Сен каби ёшлар билимдон маърифат бўстонида,
Ҳар бирин оламча фикри мардлар майдонида,
Олмадинг ибрат улардан бу ҳаёт уммонида,
Бўлсанг эрди тарбиятда яхши инсон сонида,
Ору номусдан бу янглиғ мосиво бўлмас эдинг.

Бўлмади ҳаргиз касофат ғафлатингдан уйғотиб,
Тепса тебранмас балога учрагансан гап сотиб,
Билмайин текканни силтиб, тегмаганга тош отиб,
Юрмасангди ҳар тавоқдан бу текин деб туз тотиб,
Соврилиб кунда сазовори жазо бўлмас эдинг.

Баъзи беномус аёллар сен билан паймон тақиб,
Қўлда иблис сози, бошга чамбарак қасқон тақиб,
Макрила бўйнингга “сиртмоқ” солдилар “маржон” тақиб,
Сен агарда юрмасанг ит искаган райҳон тақиб,
Уй бузар, кўнгил бузарга маҳлиё бўлмас эдинг.

Элдан ажралган неча мардуд шумлардан қочиб,
Изғиган шиллар, заҳар, чиркин удумлардан қочиб,
Эскилик чилдирмасин чалгучи думлардан қочиб,
Юрсанг эрди шаъни ифлос, номи гумлардан қочиб,
Ичмаган сув, емаган ошга гувоҳ бўлмас эдинг.

Қилмишингдан сен бугун суд олдида мулзам бўлиб,
Ўлтирибсан юз эса шалғам, бошинг-чи хам бўлиб,
Эт-этингни тирнамоқда ютган ошинг ғам бўлиб,
Ҳукм этишди адл ила одил кишилар жам бўлиб,
Хайф ёшлик чоғи маҳкуми қазо бўлмас эдинг.


ПУЛ ЎЛСИНА-ПУЛ ЎЛСИН!
(Чархий ғазалига Собир Абдулла мухаммаси)

Пулдан чиқар ғавғолар,
Пул ўлсина-пул ўлсин!
Пасту баланд даъволар,
Пул ўлсина-пул ўлсин!
Яхши ёмон маънолар,
   Пул ўлсина-пул ўлсин!
Пул деб оқар дарёлар,
   Пул ўлсина-пул ўлсин!
Оғдар тўнтар дунёлар,
   Пул ўлсина-пул ўлсин!

Биров бир пул билан шод,
   Бирови мотамсаро,
Биров бунга мубтало,
   Биров унга мубтало.
Пул кўп бўлса, бир бало,
   Пул оз бўлса, бир бало,
Қўлга келтирган дунё,
   Усти асалдир, аммо
Таъми зуққум ҳалволар!
   Пул ўлсина-пул ўлсин!

Пулсизмисан, эй дўстим?
   Дўстлар келмас қошингга?...
Узоқ бўлиб туйилдинг
   Яқин қариндошингга!
Агар пулинг кўп бўлса,
   Ҳеч ким тегмай ғашингга,
Назар солмай ёшингга,
Чиқиб олиб бошингга,
Солар не-не савдолар!
   Пул ўлсина-пул ўлсин!

Пулсизга:-Чиқинг-чиқинг,
   Пулликка:-Киринг-киринг,
Пулсиз дўстни қидирманг,
   Пуллик дўстни қидиринг,
Пулсизга ғиринг-пиринг,
   Пулликка ҳиринг-ҳиринг,
“Дунё ҳаром!” деганнинг
   дардидир муллажиринг,
Кумуш   қубба асолар!
   Пул ўлсина-пул ўлсин!

Текин пул кўп қай ерда:
   Кўнгил бошлар шу ёққа,
Ғунажинлар кўз сузмас
   Пулсиз новвос бузоққа,
Ҳамён агар қоқ бўлса:
   Кирмайди сўз қулоққа,
Кетолмасдан узоққа,
Пул деб тушар тузоққа,
Енгил-елпи ”Лайло”лар!
   Пул ўлсина-пул ўлсин!

Баъзи пуллар бўлғайки,
   Оро кирар кўп жонга,
Баъзи пуллар бўлғайки,
   Жонни олар нишонга,
Ачинасан, афсус еб,
   Баъзи қизу жувонга,
Учиб ёлғон виждонга,
   Тушар аблаҳ инсонга
Нозик адо, шаҳлолар!
   Пул ўлсина-пул ўлсин!

Юз борма-ю, бир бор бор
   Ўзинг қилма овора,
Иш битмайди, юз ёлбор,
   Юрагинг қил юзпора,
Иш битару ёғар қор,
   Қўлингда бўлса пора,
Сен эмас, пулинг даркор,
   Эй, содда дил, бечора.
“Дардинг” топар даволар,
   Пул ўлсина-пул ўлсин!

Рақс арзон, ялла сероб,
   Қистиргувчи кўп бўлса,
“Репертуар” шунга боп,
   Қистиргувчи кўп бўлса,
Серпул тўйни истаб топ:
Қистиргувчи кўп бўлса,
Буни ташлаб, унга чоп:
   Қистиргувчи кўп бўлса,
Эй, “отар”чи шайдолар!
   Пул ўлсина-пул ўлсин!


Кам қуяди сувни ҳам,
   Ҳатто “газ вода” фуруш
Хўмрайиб “таксис” акам:
   Бермасанг-жанжал, уриш,
“Нон кўпмаса” ема ғам,
   пул унга хамиртируш,
Ўлтиролмай хотиржам.
   Пул дардида югуриш,
Кўп хуржунсиз “гадолар”!
   Пул ўлсина-пул ўлсин!

Меҳнатсиз тўпланган пул:
   Хавфу хатар қўзғайди,
Собирнинг истаги шул:
   Ҳалолидан бўлсайди,
Нашриёт топиб маъқул,
   Гонорарлар кулсайди,
Пулсиз ҳаёт бўлмайди,
   Аммо хуржун тўлмайди,
Чархий ёзар иншолар:
   Пул ўлсина-пул ўлсин!


ФАРҒОНА ПАХТАКОРИ

Гуллаган диёримнинг ифтихори – Фарғона,
Яшнаган шу гулшаннинг гулбаҳори – Фарғона.
Тўла нозу неъматли мевазори – Фарғона,
Меҳнату маҳоратда жон нисори - Фарғона.
Баркамол буюк сафнинг тенг қатори - Фарғона.

Сувлари шифобахшу соф ҳавоси-ла машҳур,
Нефту олтину пилла, атласи билан манзур,
Ҳар тараф чароғондир, водийларда порлаб нур,
Тинч ҳаётидан доим баҳраманд элим масрур,
Ўзгача “оқ олтин”га эътибори, Фарғона.

Келди келмаган нурлар қанча шаҳру қишлоққа,
Етди етмаган сувлар ташна чўлу тупроққа.
Дарёлар жиловланди, урмас энди қирғоққа,
Қўю мол тўйиб ўтга, тўлди суту қаймоққа.
Кун сайин ривожланди чорвадори, Фарғона.

Тер тўкиб баҳор, ёзи неча марди майдонлар,
Қиз-жувонлар, ўғлонлар, кексалар, қадрдонлар,
Сиз билан чаман бўлди дашт билан биёбонлар,
Маррага етиб ҳосил, юз ёруғ, йўқ армонлар,
Қаҳрамон баҳодирлар ҳур диёри, Фарғона.

Шу улуғвор ишларни айлаган қадрдон халқ,
Донг таратган оламга қудрати намоён халқ,
Кўнгли кўнглига пайванд, бир-бирига дармон халқ,
Ваъдаю қарори бир, чунки тоза виждон халқ,
Минг яшаб камол топсин пахтакори, Фарғона.

1963 йил.
 


ЎЛКАМ

Яшаш бизга сенинг кўйнингда роҳат, жонажон ўлкам,
Ватан бағрида бир кўркам чаманзор, меҳрибон ўлкам.
Енгилмас, жангда ғолиб, мард ўғилларга макон ўлкам,
Ҳисобсиз пахта майдонинг ўсар, олтинга кон ўлкам,
Фидокорлик билан ишлаб, кетирдик  сенга шон, ўлкам.

Илмнинг равнақи, эл дўстлиги меҳру вафолардан,
Шифо етди танамга тоғларинг берган даволардан,
Кўз узмак мумкин эрмас кўзларим топган жилолардан,
Чароғон водийлар қўйнида ҳар кўркам бинолардан.
Яша, чўли гулистон, дашти боғу бўстон ўлкам.

Топиб файз хислатингдан одаму олам тутар ёдинг,
Киши иқболига нурлар сочар ҳар қайси бунёдинг,
Унутмас шафқатингни парвариш топган ҳур авлодинг,
Ширин сувларни қазган чарчамай бағрингда фарҳодинг,
Бугун кўксига тақди, офарин, олий нишон ўлкам.

Асрлар қақраган чўл бағрига оби равон келди,
Ҳазон, пажмурда бўлган лола-ю, гулларга қон келди.
Муқимий, Завқий, Фурқат истаган олий замон келди,
Ҳасад қилгувчилвр олдингда ожиз, нотавон келди,
Қаратдинг шуҳратинг-ла барчани бизлар томон, ўлкам.

Юракка нақш этилди акси гулзор, боғ-роғингни,
Танамдан тапти кетмас умрбод қайноқ қучоғингни,
Умр гулзорига келди баҳор дейман бу чоғингни,
Юрак орзуси шулки, кўрмайин хеч зарра доғингни,
Саодат қўйнида доим яша, бўлгин омон ўлкам.


МУҚИМИЙНИ ХОТИРЛАБ

Эй, шоир элин зубдайи даврони, Муқимий,
Жон булбулининг қалби, гулистони, Муқимий,
Ҳаққоний кўнгилларнинг азиз жони, Муқимий,
Муштоқ ҳамма дил шамъи шабистони, Муқимий,
Озод элимиз фахри шараф-шони, Муқимий,

Ўт сочди зулм даврига ижоду овозинг,
Мазлум фуқаро ҳамдам ўлиб муниси розинг,
Эл истагига жўр эди дил лавҳида созинг,
Энди абадий асрагувси халқ баёзинг,
Зебо асаринг даврнинг девони, Муқимий.

Зикринг ҳамма дам суҳбату базми шуародир,
Ёдинг яна дил завқига қўшмоқда жилодир,
Бу бизнинг ҳаёт истагани сидқу сафодир,
Авлодинг учун қолса бу мероси раводир,
Эл қалби ҳақиқат дурининг кони, Муқимий.

Ёдинг кечаси сўҳбату кенгошларинг ҳам,
Жам бўлди бутун қавму қариндошларинг ҳам,
Тайёр бу зиёфатда ширин ошларинг ҳам,
Обидча, Ғарибий ила Йўлдошларинг ҳам,
Бизлар дейишур  эски қадрдони, Муқимий.

1949 йил.


НИГОР СЕН

Ноз офарин пари сену, ширин нигор сен,
 Гўё латофат олами, хусни баҳор сен.
Кўнглим баҳори сен, чаман-у лолазор сен,
Лутфу карамда марҳамати бешумор сен,
Ҳолий дилимга айла бугун эътибор сен.

Ойинаи жамолинг эрур боғу гулшаним,
Шоми алам кетар сен ила, кетмас равшаним,
Токай ёнар ғамингда куйиб жон ила таним,
Сен бирла жон қарори-ю, обод масканим,
Бор демадинг кел, ошиқи маъюсзор сен.

Саҳро юзи чаман-чаману, боғ-роғ ажиб,
Гул шохида тараннум этар шод андалиб,
Хушдур ҳаёти бўлса висол жомидан насиб,
Сенсан умр чироғи, юрак дардиға , табиб,
Пинҳон сиримни айламагил ошкор сен.

Андуҳу ғам ўтиб бугун, айёми навбаҳор,
Сайри чаман қилурга гулим, айла ихтиёр,
Ташрифингга ёзурда паёндоз лолазор,
Кел-кел вафоли жон севарим, Чархинг интизор,
Мен бад хумора бир қара, кўзи хумор сен.

1935 йил.


МУХАММАСИ ЧАРХИЙ БАР ҒАЗАЛИ НУСРАТ

Мавж урмаса дилики у дарё бўлармиди,   
Кўнглида ишқ оташи пайдо бўлармиди,
Дарду муҳаббат бўлмаса шайдо бўлармиди,
Дил кўзгусида ёр ҳувайдо бўлармиди,
Ҳар гул очилгани билан раъно бўлармиди.

Қолдирмаса киши жаҳонда хуш сифотини,
Мазмун билан бойитмаса кўнгил бисотини
Тўти бўлурму зоғ бўяб икки қанотини,
Лайло қўйилгани билан ҳар кимнинг отини
Юз минг карашма ноз ила Лайло булармиди.

Тут сарнагун ўлан каби шомшод олдида
Хусрав забони гунг эди Фарҳод олдида,
Вайрона ҳам ҳижил янги бунёд олдида
Ҳар бехирад кириб дўкон устод олдида
Асбоб ушлаган билан усто бўлармиди.

Ким бериёзат истаса ҳар муддао хато
Ҳар касбу ҳар умид машаққат била бажо,
Ҳар шохга бир қўниб, неча бемаънию садо
Гулшанда айласинки минг тил билан наво,
Жинқарчадурки булбулигўё бўлармиди.

Одоб учун ҳаё била ҳар кимга сўзла сўз,
Сўз пардасини йиртма, эсанг соҳиби рамўз
Оройишнинг ўзингга ҳаво билан кимга кўз.
Пардоз айлаган билан хушрўй бўларми юз.
Зоҳир ясатганинг билан зебо бўлармиди.

Инсон агарчи қобили ноқобили хатар,
Худбину кажхаёл кишилардан алҳазар
На элга холис, на иш сарбасар,
Тафтики анда бўлмаса пўлодин асар,
Оҳангга ишлаган билан бурро бўлармиди.

Меҳнат била топар киши иқболу бахтини,
Зое қилурму ашрафи деҳқон вақтини,
Ҳосил ҳазина бермаса ким қўлда нақдини.
Парвариш айлаган билан олу дарахтини,
Боғбонга они меваси хурмо бўлармиди.

Ҳар бир расодан ибрат олиб топгил обрў,
Доим ҳалол қадамни қўйиб иста обрў
Чархий ҳаёт чашмасидан қониб ичди сув
Нусрат кўзингни очгину дилдан ғуборни юв,
Кетмай ғубори дил мусаффо бўлармиди.


ВАФОДОР ЭЛИМ

Вафодор элим кўп вафо қилдилар,
Кўнгил кўзгусини сафо қилдилар.
Ватан йўлида жон фидо қилдилар,
Ажойиб бинолар бино қилдилар,
Вафодорлардир, вафодорлар.

Бири кўкда сайёра юлдуз каби,
Бири Зуҳра, иқболи феруз каби,
Бирин меҳридан кеча кундуз каби,
Улуғ халқ бири қош, бири кўз каби,
Зафардорлардир, зафардорлар.

Бу гулшаннинг фаровон фарзандлари,
Муқаддас ҳаётнинг шакархандлари,
Баҳодир элим ёру пайвандлари,
Буюк ҳалқимизнинг жигарбандлари,
Бу ҳушёрлардир, бу ҳушёрлар.

1962 йил.


ДЎСТИМ МАРҲУМ СОБИР АБДУЛЛА ХОТИРАСИГА

Яна жудолик тушди танга: жон кетди.
Яна не қайғу эрур, йўлчи сорбон кетди.
Самимий дўст, садоқатли меҳрибон кетди,
Ёнар чироқ ҳам эди, фикри бир жаҳон кетди,
Ширинлик оламидан бир ширин забон кетди.

Ҳаётида яратиб неча гулшанни жаннат,
Шу жаннат ичра униб ниҳоли беминнат,
Асарларики унинг меваси эди шарбат...
Қани тафаккури  равшан, ҳалиму хушсуҳбат?
Қадрли ҳамдамим, афсус, жонажон кетди.

Не офат эрди унга заҳмати аламноки,
Сўкилди дард ила бевақт, эсиз, юрак чоки,
Ватан учун, Эл учун хизмат этди идроки,
Не тонг, шу хизматидан нурга тўлса чун хоки,
Вужуди файзу фараҳбахш нуктадон кетди.

Киши на қилгуси аҳли вафодин айрилса,
Расолар ичра тағин бир расодин айрилса?
Тани шикаста нетарким, даводин айрилса?
Умр чироғи ўчар, қуш ҳаводин айрилса,
Учиб чаманнинг қуши қайси ошён кетди?

Муҳаббати ила ёзган хати-нишоналари,
Рақам чекарди тиниқ фикри одилоналари,
Фасоҳат ичра назмин дона-доналари,
Жаҳонда янграр абад ҳам ширин тароналари,
Ниҳоясиз асарин қолдириб қаён кетди?

Тасаввур айлар эди ҳар дами ҳаловатини,
Ёзарди васфин уқиб ҳур замон салобатини,
Бир ўйга толди, кечирди дақиқа соатини,
Соғинди ё магар ул Собирим Саодатини,
Ниҳоят умри ўтдию безиён кетди.

Қани у қалби қуёш шоиру карамли нигоҳ?!
Қани ҳаётда мудом ҳамнафас азиз ҳамроҳ?!
Ҳамиша дўстларидан, Чархиё, бўлиб огоҳ,
Жаҳондин ўтди Ватан ўғли – Собир Абдуллоҳ,
Ёмону яхшини хўп айлаб имтиҳон кетди.
1972 йил.


МУСАДДАСЛАР

ҚУТЛАЙМАН
(Ҳамшаҳаримиз ҳалқ артисти Наби Рахимовнинг 60 йиллик тўйига бағишланади!)

Наби Раҳим Қўқон шаҳрин фарзанди,
Киндик қони тўкилган бу Қўқанди,
Сенсан ширин ҳаётимиз пайванди,
Чин юракдан шудир сўзим писанди,
Олтмиш баҳор умр ёзинг қутлайман!
Йиллар оша ҳалқ эъзозинг қутлайман!

Гар кўринсанг ойинаи жаҳонда,
Дил орзиқиб кутар сени ҳар онда,
Ошар завқу ҳавас ўти ҳар жонда,
Мезбон бўлсин, хоҳи бўлсин меҳмонда,
Ширин нутқу чапандозинг қутлайман!
Олтмиш баҳор умр ёзинг қутлайман!

Босиб ўтган йўлда кеча-кундузлар,
Мадад берди устоз йўлчи юлдуузлар,
Катта достурхонда тотиб кўп тузлар.
Туз ҳақини оқлаб ёруғдур юзлар,
Дилбар сўзлар, дилновозинг қутлайман!
Олтмиш баҳор умр ёзинг қутлайман!

Ниҳолингга қўнолмади ҳеч бир зоғ,
Санъатингга туширмадинг ҳеч бир доғ,
Элинг хурсанд, дилинг хурсанд, вақтинг чоғ,
Сен ҳалқ десанг ҳалқим сенга ҳам муштоқ,
Юксак унвон-имтиёзинг қутлайман!
Олтмиш баҳор умр ёзинг қутлайман!

Нух умридан ҳеч бўлмасин умринг кам
Ёшлар билан бир қаторда бўл бардам
Ҳаёт завқин доим кўрайлик баҳам
Қадрлади хизматингни шу юртим
Жаранглаган мангу созинг қутлайман
Олтмиш баҳор умр ёзинг қутлайман!

 
ПАХТАНИ ЧАҚҚОН ТЕРИНГ!

Пахта очилди чаман,
Ғунча кулиб завқ билан,
Туҳфасидир жону-тан,
Шавкати шону-Ватан,
Пахтани чаққон теринг,
Дўсту-қадрдон теринг!

Ҳамдаму, ҳамхоналар,
Тўлди садаф шоналар.
Хирмони дурдоналар,
Эй, оталар-оналар,
Ҳиммати чаққон теринг,
Ғайратингиз кон теринг!

Чарчамас ишчан билак,
Биздаги содиқ юрак,
Ҳаммада олий тилак,
Берди зафардан дарак,
Ўлка фаровон теринг!
Қалби гулистон теринг!

Дангасага кўндаланг,
Қулқули, кўкнору, банг,
Ишга қуёндир қаранг,
Ош деса, гўё наҳанг,
Бермай унга ён теринг,
Катта кичик жон теринг!

Ким эса хуш интизом,
Ишда олур яхши ном.
Кимнинг иши бўлса хом,
Хайф калому-салом,
Мард шу майдон теринг!

Хилвату, базму, кабоб,
Бемаза мажлис, шароб,
Сал камисин хурду-хоб,
Куздами фурсат шитоб,
Соҳиби виждон теринг,
Сиз дили шодон теринг!


САЛОМ, АНДИЖОН!

Таъзим ила сенга салом, Андижон,
Ҳурмат ила дўсти киром, Андижон,
Дўстлигимиз аҳди мудом, Андижон,
Ёд этамиз субҳ ила шом, Андижон,
Дилдаги пайваста калом Андижон,
Сенга садоқатли паём, Андижон.

Бизга нахушдирки бу дорул омон,
Бўлди яқин яъни йироқ осмон,
Покиза юрт дўстлар учун ошён,
Шавқ ила, табрик ила аҳли Қўқон
Сенга салом йўллади, жон, Андижон,
Қадри баланд, пахтага кон, Андижон.

Давр кулоли пишириб хомини,
Битди қадаҳ, тутди зафар жомини,
Кўрса ҳама бу улуғ айёмини,
Субҳи ёруғ, нурга тўла шомини,
Дилга сурурбахш мудом Андижон,
Аҳдига вобаста калом Андижон.

Шоиру санъат эли зулэҳтиром,
Аҳли ҳунар, хушсухану хушмаром,
Фазл элин олдида демак миму лом,
Саҳнада раққосаси товус хиром,
Рутбада сен олиймаком, Андижон,
Эт яна шуҳратда давом, Андижон.

Янги замон қалбига берди сурур,
Топди ҳаёт қўйнида онгу шуур,
Кимки халол меҳнату, унда-ҳузур,
Йилда ютук кучди, нур устига нур,
Ҳақли бугун этса ғурур Андижон,
Топгани-дур, қалбида-нур Андижон.

Бобир ўтиб бу ватанин доғида,
Кетди ўзи, қолди кўнгил боғида,
Ғурбат ила Ҳинд эли тупроғида,
Доғи Ватан бирла юрар чоғида:
“Оҳ,-деди,-сен, қайда чароғ-Андижон!”,
Энди кетиб доғи, булоғ- Андижон.

Нодира бу юртда тотиб ошини,
Қисмати-Ҳўжандда тўкиб ёшини,
Золим амир Наср кесиб бошини,
Отган эди элга жафо тошини,
Тарихинг ибратли чунон, Андижон,
Тиклади қаддингни замон, Андижон,

Мунтазир эрди нафаси оташин,
Рамзда устод Ҳабибий яқин,
Раҳмати Маҳжур эди сўзи ширин,
Ҳамзанинг меърожида Комил Яшин,
Деса нахуш шаҳд забон Андижон,
Фикри баланд, таъби равон Андижон,

Марҳум Анисий эди бир Улфати,
Сайфий-чапандоз, қалам сархати,
Маҳжур ўтиб, қолди унинг санъати,
Хуррам этар умр ширин соати,
Бўлди бу дийдор насиб, Андижон.

Дилга қарийб, ёру хабиб Андижон.
Кўп яна кўксингда ижодкорлар,
Бу адабий анъанага ёрлар,
Наср ила, гоҳ пайрави ашорлар,
Яхши шифокору бинокорлар,
Файзи фарахбахш диёр Андижон,
Бағри бутун, қалби баҳор Андижон.

Бўлди бино илму адаб маскани,
Маърифати комил этар барчани,
Яъни навоий музейи гулшани,
Бўлгусидур дорилфунун махзани,
Сидк ила тўёнанг эрур, Андижон,
Қутлуғ бу кошонанг эрур, Андижон.

Дил тилаги меҳр иладир то абад,
Завқ ила қалбингда сурур то абад,
Боғи баҳоринг яшарур то абад,
Чархий, бу шукрона, шукур то абад,
Бўлгин омон лафзи ҳалол, Андижон,
Топ яна ғайрат-ла камол, Андижон,


РУБОИЙЛАР


* * *

Шакардан шахд тузмак истасанг лафзи шакардан бўл,
Иши шойиста, доим ваъдаси чин мухтасардан бўл,
Ҳаёдан хилъати зебо кийиб хулқингга оро бер,
Либоси зарварақ бу ҳусн эмас, мис бўлма зардан бўл.

* * *

Яхши сўзни эшит, амал айла,
Абадий ҳурматинг нишонаси шу.
Гар ушоқ нонни ҳам азиз тутсанг-
Шукри неъмат баланд поғонаси шу.

* * *

Ким чучук тил ширин муомала у,
Халқ таҳсинига сазовордир,
Сифати соз мато қаерда эса,
Жону дилдан ҳамма харидордир.

* * *

Яхши инсон сафида бўлмоқ учун,
Яхши бўл, яхшироқ, баҳони қидир,
Иллатинг бўлса гар фасод йиғилиб,
Дард кучаймай туриб давони қидир.

* * *

Катталик шул эрурки, дард қолган
Кишиларга мадад қўлин чўзса,
Айб эрур баъзи бебисотлар,
Хуш бисоатга ҳам пулни чўзса.

* * *

Чин сўздан ўжар ҳамон тонармиш,
Ёлғонни ажабки, чин санармиш.
Юз минг қалов остидан қўйингким,
Тентак ўти тепадан ёнармиш.

* * *

Ҳосид ҳасади-ла бахт тузалмас,
Минг макри-ла бахт уйин бузалмас.
Тиғ заҳмини тортса, тан тазалгай,
Тилдан яраланса дил тузалмас.

* * *

Дўст бўлса киши, дардингга малҳам бўлса,
Хоҳ шолик алам чоғида ҳамдам бўлса.
Бебода эмас суҳбати аҳбоб аммо
Юз-юзга тушар бўлса-ю, кам-кам бўлса,

* * *

Қиз бўлса, ўғил бўлса, чин инсон бўлса,
Инсон сифати унда намоён бўлса,
Ноқобил ўғил-қиз аламин тортгунча, майли
Кўнгилда юз армон-пушаймон бўлса.

* * *

Юз  шукр улуғ даврада шодон бизлар,
Ҳамхона аҳил барча қадрдон бизлар,
Тинч умр, ширин ўйю кўнгиллар хушнуд.
Оина кўнгил қалби гулистон бизлар.

* * *

Бир турда эдинг кўзимга бултур,
Бу йил қарасам баҳона юз тур,
Не ваъдаки айладинг вафодан,
Лутфу карамингни кўрсатиб тур.

* * *

Боғбон савати узумда кетди,
Йўқ-йўқ бу узум ўзимда кетди,
Гавҳарга алишма ушбу дамни,
Дам ўтса агар у зумда кетди.

* * *

Фарзанд эсангиз, пандима иқрор айланг,
Ёшликда билим маърифатин ёр айланг.
Илму адабу шарм бу инсон ҳусни,
Бу ҳусн ила сиз ўзни намудор айланг.

* * *

Бир чўп ўтини йўқ билади хас қадрин,
Нодон негаким дўстини билмас қадрин.
Сиз бўзчи дебон таъна ўқин ҳеч отманг,
Бўз бўлмаса ким билгуси атлас қадрин.

* * *

Илинма, нафс жиловин бурма ҳар кўзу қошга,
Кўнгилнинг ойнасин токи урмагин тошга.
Тилингни тебрата бер яхшилик сари, лекин
Ёмонга тил югуртириб бир куни етар бошга.

* * *

Ким ўзин билса, бировларга дум бўлай демагай,
Балойи нафс кучайиб тезда гум бўлай демагай,
Ток экса ерига деҳқон умид билан, токи
Узум бўлай дегай, аммо ўзим бўлай демагай.

* * *

Хуб бахтли замон, Давр ила даврон бўлди,
Мамнун хамма эл, ризк фаровон бўлди.
Исрофга ким урса қўлин шукр этмай,
У кайси сифат щаън ила инсоф бўлди.

* * *

Ҳар нарсани ҳам ҳадди бўлур, созиши бўлгай,
Ишқалмайин иш қолса на ёзу қиши бўлғай.
Ишқаладиму иш қолди дебон ўйланаверсанг,
Жой ортида сен, тўрида шилқим-киши бўлғай.

* * *

Дўст доим пўрсиши аҳвол этар,
Яхшилик дамларни сенга дол этар.
Ҳурматингни хор этиб, афсуским,
Баъзи дўстлар суистеъмол этар.

* * *

Дўстлар  бирла чароғон уйларим,
Дўст базмида жаранглар куйларим.
Гоҳи бадкирдорлардан ранжисам,
Дўст ёдила мусаффо ўйларим.

* * *

Дўстлик меҳрин қуёшга тенг, дедим,
Тенг сочар нурин, қучоғи кенг, дедим,
Дўст аҳдин шишасин синдирмаса,
Синдириб нон ярмини тенг, дедим.

* * *

Ғамга чулғанганда дунё:”Дўст”, дер,
Чашмадан то мавжли дарё:”Дўст!”-дер
Учса дўст ёди билан озод қуш,
Тор қафасда қумри ҳам “Ё дўст!”-дер.

* * *

Нодонга сўз уқтирма пушаймон бўлгай,
Яхши сўз ила ким деди-инсон бўлгай,
Сўз гавҳарин жойида сарф эт, чунки
Тўти шакарин зоғ еса армон бўлгай.

* * *

Еб ичса, фақат ётса-у ҳайвон бўлди,
Виждону ақл, фикр ила инсон бўлди.
Бир дўст учун дўсти ҳақиқий шулким,
Дард қолса, унинг дардига дармон бўлди.

* * *

Дўст меҳри ўлик танга тирик қон бўлгай,
Ҳар танда тирик қон эса дармон бўлгай.
Меҳнатга  муҳаббат кетурур меҳр ила ихлос,
Меҳринг била чўл бағри гулистон бўлгай.

* * *

Дўстлар қалбин чирғи ёнадур,
Жон қуши доим унга парвонадир.
Яхшилик йиллар, замонлар кўрса ҳам,
Оҳким нодон у дўстдан тонадур.

* * *

Дўстликнинг чин муҳаббат шоҳиди,
Имтиёзи бирла хурмат шоҳиди.
Лутфи жонбахшу нигоҳи беғараз,
Дўст деб чеккан машаққат шоҳиди.

   
Она ҳақида

Она азизу мукаррам, она табаррук зот,
Ҳаёти неъмату боқий, каломи қанту-новвот.
Начора солса жудоликни бу ўлим, дўстлар,
Сабрдан ўзга даво йўқ, будур ҳаёту-нажот.

* * *
         
Ҳасадчига

Эй хосиди бадкина, бадахлоқ сенсан,
На элга яроғ сен жуда ботқоқ сенсан.
Эл баҳра олур эрди магар тош бўлсанг,
На сувсену, на бод, на тупроқ сенсан.



ТЎРТЛИКЛАР

Яхши хислат билан умр узаюр,
Умр эмас, умр ўтса бехислат,
Десин эл яхши одатингни кўриб:
“сени туққан онангга минг раҳмат!”

* * *

Ким – чучук тил, ширин муомала, у-
Халқ таҳсинига сазовордир.
Сифати соз мато қаерда эса,
Жону дилдан ҳамма харидордир.

   
НАВРЎЗ РУБОИЙЛАРИ

Наврўз келибон ер юзини айлади сабза,
Ул сабза уза қизу жувон қилғуси ғамза.
Қўқондли эрур Нодира, Маҳзуна, Увайсий,
Фурқат-ла Муқим, Завқий, замон шоири Ҳамза.

* * *

Наврўз бу нафосат чамани файзи бир олам,
Яйрар яшарур жилвасидан оламу одам.
Меҳнат зафарин авжи юракларда уриб жўш,
Ҳар бир тану жон роҳат ила тинч жуда бардам.

* * *

Наврўз гули-ю, гулшани оламга безакдир,
Эл табъи билан худди табиат эгизакдир,
Янги ҳавасу янги тилак орзуси бирлан
Ёз бўлса кумуш ҳосили олтинли кузакдир.

* * *

Наврўзи жаҳон жону дилинг шод этажакдир,
Ҳар ранг чўл ила ер юзин обод этажакдир,
Оламга бисотин ёзишиб аҳли  қаламлар,
Гул бўйин эмиб завқ ила ижод этажакдир.

* * *

Наврўз келибон кунда эсар боди саболар,
Булбул тилидан уйғона бошлайди наволар.
Ҳар ёнга боқиб айла томоша кўзи кўнглим
Навраста ҳаёт боғида гулдаста бинолар.

* * *

Фасли баҳор ҳамма шу бўстонида яйрар,
Гуллар экишиб барча гулистонида сайрар,
Обод гузар, кўчаю саҳрогача гулшан,
Кўнгил бу латофатли хиёбонида яйрар.

* * *

Наврўзи жаҳон, суҳбати аҳбоб дегаймиз,
Ҳар бир дамимиз гавҳари ноёб дегаймиз,
Бир-бирга муҳаббат ва садоқатнинг  бу рамзи,
Юз-юзга тушар, равшани офтоб дегаймиз.

* * *

Тобора ривож олғуси бу жаннатимиз ҳам,
Тобора баланд чўққи аро анъанамиз ҳам,
Бу йил яна ҳам бахту зафар келтиражакдир,
Омадга тўла бўлғуси шонли санамиз ҳам.

* * *

Деҳқон шарафи ҳосили дурдонаси дерлар,
Боғбон қўлида мева ширин донаси дерлар,
Юртимиз  бўлсин омон, бахт кетурди,
Бу меҳнатимиз шуҳрати шукронаси дерлар.
   


МУСАММАН

ДЕМАСИН
(мусамман)

Жон ўғил, қизлариму, шоввозим,
Қадамингизга гул поёндозим,
Сиз биландир фалакда парвозим,
Сиз менинг шеърларимда пардозим,
Сиз учун ёзилур кўпу, озим,
Фурсатида шуни демак лозим:
«Кимнинг ўғли? Эсиз-эсиз!...» демасин.

Гарчи ёшлик, оловга бўлмас мисол,
Яхши сўзлаш кишига бахт-иқбол,
Шу керакдир, топишда қадру камол,
Жон болам, келмасин сўзларим малол,
Беамал бўлса олими сўзамол,
Шаънига кўп киши тўқийди мақол:
«Эскирган, айниган қимиз!» демасин.

Кўрса Ким, сўз қотиб, тажанг бўлманг,
Қичқириб, гап сотиб, даканг бўлманг,
Узилиб  кетгудек таранг бўлманг,
Қадду қоматфуруш, сатанг бўлманг,
Тингламай пандни, кар, гаранг бўлманг,
Ўжару, қайсару, саранг бўлманг,
Келса дуч, Кимса «бетамиз!» демасин.

Қадри бўлмас ҳамма мато «брак»ни,
Хулқу одоб – асл ҳусн безаги,
Яхши киймоқ ҳаётимиз кераги,
Бўлса сочнинг табиий жингалаги,
Чаккада гажжакнинг надир тилаги,
Ким йигит дер, буралса оқ билаги,
Туппа тузик йигитни «қиз!» демасин.

Бемаҳал кўчада тўзиб юради,
Бошқалар тинчлигини бузиб юради,
Жанжалу хархаша қўзиб юради,
Баъзида лой кечиб, сузиб юради,
Қақшатишга «план тузиб» юради,
Шоҳи йўғу, ипни узиб юради,
«Гўшт эмас, ёғ эмас, бу без!» демасин.

Яхши пардоз аёл учун зийнат,
Энг чиройли ҳаё билан иффат,
Ажабо, баъзи бир йигитга уят,
Тақмагани исирға қопти фақат,
Сочи Мажмуннамо, кири қат-қат,
Учраганлар бўлиб тажанг, диққат,
«Намда қолган бу ҳўл кигиз!» демасин.

Яхши фарзанд онани доғ қўймас,
Назаридан ўзин фироғ қўймас,
Бир қадам ҳам эса, чатоқ қўймас,
Бошқанинг бахтига тузоқ қўймас,
Бахтга ноз айламас, думоғ қўймас,
Қўйса доғ, барча унда соғ қўймас,
«тентагу, оқпадар, ғализ!» демасин.

Сени олтин қилур элинг назари,
Ким назардан қолипти: йўл хатари,
Баъзилар бор, ажабки, кекса-қари,
Деса мумкин, отасининг падари,
Яхшиликнинг йўқ унда ҳеч асари,
Тил учида сочиш заҳари,
«Ким учун бу бола азиз?» демасин,

Ота соз: ўқитар у ўғлини соз,
Ўқимас бўлса , ким қилур эъзоз,
Ҳайф унга қалам билан қоғоз,
Ақли қисқа ва лек қадди дароз,
Гап сотар кўчада, ичиб оз-моз,
Ерни бир-бир босиб ажаб танноз,
Кўкрагига уриб у «биз!» демасин.

Энди Чархий сўзингни бас қилгил,
Яхшиларни мудом ҳавас қилгил,
Яхши деб, яхшироқ нафас қилгил,
Таърифу тавсифинг «запас» қилгил,
Бошқалар ҳам ёмон демас қилгил,
Сўзлашиб халқ «пуч мағиз!» демасин.