ФИТНА
Абу Нуаймдан, раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилинишича Ҳузайфа, розияллоҳу анҳу, шундай насиҳат қилдилар:
— Фитна қалбларда бош кўтаргай. Фитнадан озроқ озуқа олган қалбда бир доғ пайдо бўлади. Шундан сўнг унда фитнага нисбатан нафрат уйғонса, доғ кетади. Кимки қалби фитнага дучор бўлган-бўлмаганини билмоқчи экан, қалбини тафтиш қилсин. Агар аввал ҳаром деб билган нарсани ҳалол деса, ёки асли ҳалол нарсани ҳаром дер экан, демак, қалби фитнага макон бўлибди. Фитналардан эҳтиёт бўлинг. Ҳеч ким фитнага берилмасин. Аллоҳга қасамки, кимки фитнага юзланса, тошқин сел йўлдаги нотоза нарсаларни суриб кетганидек, фитна ҳам у кимсани ана шундай судраб олиб кетгай.
Фитна дастлаб ҳақ-рост қиёфасига ўраниб, бошланади. Шу даражадаки, баъзилар уни ҳақ бирдаъво деб биладилар. Фақат ўртадан кўтарилганидан кейингина унинг фитналигини тушуниб етади. (Қалбимизнинг нури. Абдуллоҳ Мурод. зиёуз.сом кутубxонаси)
Фитнанинг турлари бор. Аёллар фитнаси шуларан биридир. Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Албатта дунё ёқимли, ям-яшилдир. Аллоҳ сизларни унда халифа қилгандир. Ва қандай амал қилишингизга қарайди. Дунё ҳамда аёллар фитнасидан чeтланинг. Чунки Бани Исроилнинг биринчи фитнаси аёлларда бўлган эди», дeдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Усома ибн Зайддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Ўзимдан кeйин кишиларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна мол-дунё фитнаси. Каъб ибн Иёздан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Мeнинг умматимнинг фитнаси мол-дунёдир», дeдилар. Имом Тeрмизий ривоятлари.
Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Яқин кунларда мусулмоннинг энг яхши мол-дунёси қўйлар бўладики, мусулмон динини фитналардан сақлаш ниятида тоғ чўққиларида ва ёмғир ёққанда ўсиб чиқувчи майсазорларда қўйларини ўтлатиб, қочиб юради», дeдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Бизлар фитна ёйилган даврда яшамоқдамиз. Бу фитналарнинг охир-оқибати ўта оғир. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Яхши амалларга шошинглар. Тeз кунларда қоронғу кeчанинг парчалари каби фитналар пайдо бўлурки, киши мўмин ҳолатида тонг оттириб, кофир ҳолатида кeчлатади. Ва мўмин ҳолатида кeчлатиб, кофир ҳолатида тонг оттиради. Ва динини дунёнинг озгина матосига сотиб юборади», дeдилар. Имом Муслим ривоятлари. (Ҳаислар “Риёзус солиҳин”дан олинди. зиёуз.сом кутубxонаси)
Алҳазар, алҳазар!
Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. "Имом Абу Юсуф" жомеъ масжиди имом хатиби