Shum kasal (hikoya)  ( 3622 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


Sherdil  08 Sentyabr 2015, 21:19:27

Шум касал

Асад қор тушгандан бери негадир мактабга келмай қўйди. Қўшниси бўлганим учун устоз Асадларнинг уйига бориб уни тугаётган “II – чорак”  ҳақида огоҳлантириш ва ҳолидан ҳабар олиб келишни менга тайинлади.
Асад отаси билан бизнинг маҳаллага яқинда кўчиб келишган, келишганига ҳали икки йил ҳам тўлмаган. Уйлари ҳаробaроқ, уйининг дарвозаси ҳар икки томонга очилади, кириб келаётганда бўёғи кўчиб тушаётган дераза кўзга ташланади. Илгари бу уйда бир қария яшаган лекин анчадан бери бу уй бўш ётар эди…
    Аммо бу уйга кўчиб келишганидан Асад жуда хурсанд! Бу ерга кўчиб келгунга қадар илгари қаерда яшаганликлари ҳақидаги хотираларини эса ҳеч ким билан ўртоқлашишни ҳоҳламас эди.Сезишимча аввалги уйлари бунданда  ҳароб бўлган…
Мактабдан келиб, дарсларимни қилиб дўстларим билан ўйнаш учун кўчага чиқаман деганимни биламан опам иш айтиб қолдилар.-  Самад аканинг нонвойхонасидан олгин – деб, тайинлаб тўрт дона нонга пул бериб юбордилар. Йўлим ҳудди ўша синфдошим Асаднинг уйини  ёнидан ўтарди. Боришда унинг уйига кириб ўтиш ҳаёлимга келмади…     Йўлда синфдошим Зарифани кўриб қолдим. Қор отиб мактабдаги аламларимдан ҳалос бўлмоқчи бўлдим. Кечадан олдин куни “математика” дарсида ундан кўчириб ёзаётганимни устозга айтиб,  менга дакки эшиттирган, ҳар ҳолда ўзимизнинг ҳисоб – китоблар бор эди…Шуни сезиб қолгандек Зарифа ҳам мени четлаб ўтмоқчи бўлдию бўлмади, биринчи отган қорим унинг бошига тегди. Зарифа аччиқланиб кетди:
- Қараб тур сени бу ишингни Асадга айтиб бераман.
-Ундан ҳам каттасига айт қўрқмайман, Асад мактабга борса,устоздан дашномни каттасин олади - деб жавоб қайтардим.
Зарифани Асадга айтиб бераман деганига сабаб, Асад Зарифани энг яқин дўсти ва мактабнинг энг аълочи, наъмунали ва кучли ўқувчиси. Жуда вазмин, босиқ яна бир эътиборга лойиқ томони шунда эдики, 3-синф боласи бўлсада катталарга ўхшаб ақлли сўзлар билан  ҳар қандай болани, жойига ўтказиб қўя олар, ҳеч қачон катта кетмаган, синфдошларига меҳр билан боқадиган, ҳаммани бирдай яхши кўра оладиган бирдан бир бола ҳам шу Асад эди.
    Асаднинг оиласи ночор оила бўлиб, уларнинг ойлик ҳаражатлари бизнинг кундалик ҳаражатларимиз билан деярли баробар. Оиласида отаси Собир ака билан ўзи, эшитишимча онаси бошқа одамга тегиб кетган экан. Ўзи эса онам мени дунёга келтира туриб оламдан ўтган дер, мен ҳам бу ҳақда кўпам оғиз очавермасдим.
    Асадни илгарилари “мардикор”нинг боласи деб унча ҳушламас эдим. Бир куни мактабда “жисмоний-тарбия” дарсида “футбол” ўйнаётган эдик. Ўшанда тепган тўпим мактабнинг энг безори боласи Назимга тегиб кетди: қаттиқроқ тегиб кетдими, ё бўлмаса, яна зўравонлигини кўрсатгиси келдими, иззат-нафсига тегиб кетдими(!?) нима бўлганда ҳам,мен билан муштлашмоқчи бўлганида унинг ҳайбати босиб қўрқиб тургандим. Шунда Асад жарангдор оҳангда:
-   Назим!!!
Ҳамма Асадга қаради.
 Асад гапириш оҳангини ўзгартирмай:
-   Назим бу ўйин! Чидаганга чиқарган, мен команда сардориман муштлашиш ниятида бўлсанг мен билан муштлаш.
- Дея Назимнинг ўпкасини босиб қўйганди ...
Шундан бери уни ёмон кўрмайдиган, тўғрироғи Асадни ҳамма қатори кўрадиган бўлдим.
    Зарифага яна уч-тўрт мартта қор отдим, шундан иккитасигина тегди, қўлқобим йўқлик қилди...
   Нон олиб қайтаётганимда устознинг сўзлари ёдимга тушиб қолиб. Асадларни уйига келиб дарвозасини бир икки урдим, жавоб кутмай кириб келавердим. Бўёғи кўчиб тушаётган деразага яқин келиб қарасам, Асад устига увада тортиб уҳлаб ётган экан. Яқинроқ бориб бақирдим:
 - Асад!!!
Индамади…Овозимни янаям баландлатиб бақирдим:
-   Асад! Асад тирикмисан!!??
Асад кўзларини зўрға очиб- Беҳзод сенмидинг? – Нега келдинг? – деди, еътирозли оҳангда. Мен ундан қор тушгандан бери нега мактабга келмай қўйганини сабабини сўрадим, индамади. Агар ертага мактабга бормасанг устознинг ўзи уйингга келади деб пўписа қилганимдан кейин айтди:
-   Дадам ҳизмат билан бошқа шаҳарга кетган эдилар шунга……….
Юзида пайдо бўлган ўнғайсизланишга ўхшаш ҳолат бир мунча пасайиб оз муддатлик сукунатдан сўнг:
 - Устоз мени сўрасалар шамоллаб қолибди деб қўяқол - деди.
Яна Самад новвойдан олган иссиқ нонларимнинг иси димоғини қитиқлади шекилли уялиб, қизариб, ер бўлгудек бўлиб мендан бир бурда нон сўради. Опамни дакки беради деб ўйладимми, ё ўзимни нон бергим келмадими, нон бермадим.
-Новвойхона яқин ўзинг бориб олақол -  деб, ўзимни оқлагандек бўлиб чиқиб кетдим. Асад ҳам ҳеч нима демади.
Эртаси куни дарсга борганимда устоз мендан Асад ҳақида сўраганида устозга яқинлик кўрсатиб Асад ўзини “шум касал”га солиб мазза қилиб уҳлаб ётган экан,“устозга мени шамоллаб қолган деб айт” деган сўзларини айтиб бердим. Устоз Асадни яхши кўрганлари учунми гапларимдан ҳафа бўлгандек бўлиб, ўзим бориб кўрарман дедилар.
    Индин мактабга кечроқ бордим, дадамга янги пойабзални хархашасини қилиб ушланиб қолгандим. Мактабга келсам устоз йўқ, синфдош қизларимиз йиғлаётган экан, синфдош дўстларим эса тинч, шўхлик қилишмай ўтиришарди. Синфдаги иқлим ўзгариб кетганини дарров пайқадим, ҳайратим ошиб  ҳаммадан ҳам куйиниб йиғлаётган - Зарифага нима бўлди? тинчликми? - дедим. У саволимга жавобни қисқа ва зўрға берди:
-   Ўлди…
- Умуман тушинмадим, ким ўлди?
Ҳамма жим…
 Биргина Темур бамайлихотир олдимга келиб:
-   Шум касал ўлди…
Лаҳза тин олиб менга тикилиб олгач:
-   Кеча оламдан ўтибди. Устозимиз Асадларникида, бугун дарс ўтолмасалар керак -деди…
Ўтган воқеалар кўзимнинг олдидан бирма бир ўта бошлади, тош қотдим.

Qayd etilgan