Sirojiddin Sayyid. Uyingdagi beshiklar  ( 15262 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  03 Iyun 2009, 00:13:57

Uyingdagi beshiklar



Muallif: Sirojiddin Sayyid
Hajmi: 227 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


ЖАМШИДЖОН  02 Avgust 2009, 17:10:36

Сирожиддин Саййид

УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР


Шеърлар

Тошкент
«Ёзувчи» нашриёти
1996 йил


ВАТАН

Дил пораси, кўз қораси
Сен ўзингдирсан.
Менинг кўнглим сен аслида
Сен кўзимдирсан.
Томиримда томир ёйган
Илк сўзимдирсан.
Илк оғриғим, илк ёмғирим,
Найсоним, Ватан.

Қир устида ёнбошлаган
Бобом чайласи,
Бу дунёда кимларнингдир
Орзу-ҳаваси.
Димоғимда — юлдуз иси,
Шабнамлар иси,
Момом экиб кетган кашнич,
Райҳоним, Ватан.

Қулоқ солсам шивирлагай
Ҳатто тошларинг.
Ою қуёш, камалаклар
Кўзу қошларинг.
Бешигимни тебратгандир
Қалдирғочларинг,
Ою қуёш кўрпа солган
Айвоним, Ватан.

Бўронлари тулпорларга
Тунлар ёл бўлган.
Бир ўғлони чинор, бири
Мажнунтол бўлган.
Бобурлари отдан тушмай
Қадди дол бўлган,
Мозийлари, чаманзори
Жаҳоним, Ватан.

Валилардан ибрат сўйлар
Жулдур саҳролар.
Сўнди қанча салтанатлар,
Қанча туғролар.
Мақбаралар айтсин лекин,
Айтсин Зуҳролар:
Ер остидан суҳбат айлар
Ҳануз Кубролар,
Термизийлар бедор ётган
Қўрғоним, Ватан.

Не тонг эди — изғиринлар
Заҳрини тотдинг.
Дастурхонда музтар қолди
Қанду новвотинг.
Шаҳидларнинг мунгларидир
Ҳар бир работинг,
Абадий ёд эрур асли
Адабиётинг,
Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳам
Усмоним, Ватан;

Мен дунёни не деб айтай?
Бу бир кўҳна боғ.
Ўз билганин сайрар бунда
Ҳар қумри, ҳар зоғ.
Асло сенинг бағирларинг
Кўрмайин мен доғ.
Юлдузларга осмон бўлган
Эй, нурли тупроқ,
Осмонлари еру ери
Осмоним, Ватан.

Сўқмоғингда мен бир эпкин
Ё бир насимман.
Япроқ сенинг хас бўлсам гар,
Сенинг хасингман.
Жайронларинг кўзларида
Қолар сўзингман.
Менинг борим сен биландир,
Йўғим сен билан,
Катта йўлга чиққан улуғ
Карвоним, Ватан.


* * *

Она, сизнинг ёнингизда қололмадим,
Кўзингизга гард қўнди, мен ололмадим.
Бу дунёда ҳаловату ором надир?
Оромингиз олдим, ором беролмадим.

Остонамиз кузатгайдир баҳорларни,
Хазонларга алмаштириб ифорларни.
Барглар ҳикмат айтса тирнаб деворларни,
Таскин бериб қошингизда туролмадим.

Қишлар бунда оқ дастурхон тузатгайдир,
Қисмат яна не ўйинлар кўрсатгайдир?
Учоғдаги олов сизни иситгайдир,
Мен шу ёнган қўрчалик ҳам бўлолмадим.

Кўклам келиб, очилганда келинчаклар,
Куйманганда сувлар ташиб куюнчаклар;
Чайқалганда гўдак тўла беланчаклар,
Куюндингиз, мен ҳеч тадбир қилолмадим.

Тинди йиллар, тинди олам ёғинлари,
Селларнинг ҳам борку сўнги, охирлари,
Тинмади ҳеч юзингизнинг ёмғирлари
Мен бир насим бўлиб етиб келолмадим.
 
Кўнгил йўлин бошдин-оёқ меҳнат :кўрдим,
Йўлда ётган хасда ҳам бир зийнат кўрдим,
Бировларга кўнгил бериб миннат кўрдим,
Манглайимни тошга уриб ёролмадим.

Умр деган новдадаги қушдай экан, 
Оқибатнинг эса мағзи пучдай экан,
Дунёлари кечаги бир тушдай экан,
Мен бу тўшнинг таъбирини билолмадим.

Шом чоғида қолдингизми толиб яна?
Заъфарондай сарғайиб сўлиб яна?
Шунча алам етмагандай, келиб яна
Бор дардимни сизга тўкдим, уёлмадим.


ТАВАЛЛО

Жудолик дардидан қалбимда яра,
Худойим! Сен энди онамни асра!

Отамнинг ўрни бўш. Қарзим — ҳасратим.
Худойим! Онамни энди асрагин!

Юзларига қара— бунчалар сўлғин!
Худойим, ўлимнинг йўлини тўсгин!

Хўпдир нарсалардек нокерак каслар,
Худойим, энг аввал онамни асра!

У интиқ. Қайдадир интиқ келини,
Худойим, тўсиб қўй ғамнинг йўлини.

Қарғага уч юз йил хўп умр бердинг,
Онамнинг кўзига тола нур бергин.


ЁЛБОРИШ

Жудолиғлар дунёда, бош узра не ҳаводир?
Сертаҳлика боғларда шовуллайди хавотир.
Кўркам ниҳол эрта кун кимларгадир асодир,
Ўзинг тингла тун чоғи таралган бу ноламни,
Паноҳингга ол, Худо, ёлғизгина онамни.

Сарғаядир боғ аро сувсиз ариқ-жўйборлар,
Мунғаядир нураб жим отам солган деворлар,
Айланадир хатарнок чатнаб чархи давворлар,
Яна ваҳму гумонлар тўлдирдилар хонамни,
Паноҳингга ол, Худо, ёлғизгина онамни.

Анинг умр роҳида ҳаваслари кул бўлди,
Менинг дунё боғида излаганим гул бўлди,
Излаганим у гуллар барчаси бир пул бўлди,
Тиконлар қолди охир зирқиратиб танамни,
Паноҳингга ол, Худо, ёлғизгина онамни.

Даҳлизидан кетмайин турган фасл кузакдир,
Шитирлаган ҳар хазон маҳзун дилин бузгайдир.
Азобин узайтирдинг, умрини ҳам узайтир,
Кўрсин ёруғ оламда тўйларини боламни,
Паноҳингга ол, Худо, ёлғизгина онамни.


* * *

Тийрамоҳ тоғ ила тошимга тушган,
Тоғ ила тошимдан қошимга тушган,
Шом чоғи бир хазон ошимга тушган.
Соҳилларда йиғлар қаро тошларим
Тошлар қаролиги бошимға тушган.

Жарлар сийнасидан сизган изтироб,
Лойшувоқ томларда юзган изтироб,
Кўнгил — ёмғирларда қолган устурлоб,
Сийрак чорбоғларни ишғол айлабон
Бир сипоҳи ётар қуюқ, уюшган.

Мен сени унутдим, дунё ҳийласи,
Макру адовати, кину кийнаси.
Бобомнинг қийшайиб қолган чайласи
Похолин ёпиниб яланғоч қирда,
Ҳўл шамоллар ичра қулаб, қунушған.

Ҳазин туюладир бор юмушларим.
Япроқдай учгайлар бошдин ҳушларим.
Сиз қайда қолдингиз, гўзал тушларим?
Кўксимга ин қурган хушхон қушларим
Кўчган, кўчган, барчаси кўчган.


ВАТАННИ ЎРГАНИШ

Б. С. га

Мен Ватанни на китоб, на
Жаридадан ўрганганман.
Момоларнинг юзидаги
Харитадан ўрганганман.

Боболарнинг таёғию
Чориғини кўргандайман,
Мен Ватанни сўрилардан,
Сўқмоқлардан ўрганганман.

Кинолармас, бул Ватанни
Минорлардан ўргандим мен.
Оқ латталар ҳилпираган
Чинорлардан ўргандим мен.

Ҳонақоҳлар. Офтобалар.
Кетавердим. Кетавердим.
Ҳар тоғида бир авлиё,
Шул ҳикматга етавердим.

Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
Надир манга дурри Адан?
Селинг мени сел этгуси,
Элинг мени эл этгуси.

Бу тепалар, қумтепалар
Остидаги тарих қадар,
Сукунатинг кўрганда мен,
Сукунатни ўргандим мен.

Оқшом яримойинг кўриб,
Кафтларим юзга суртаман.
Бир жисму юз минг руҳдаман,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.

Боғинг кўриб мен боғ бўлдим,
Доғинг кўриб ўртандим мен
Сени Афғон элдан келган
Тобутлардан ўргандим мен.

Пушталарда қолиб кетган
Кўнглим экандирсан, Ватан.
Ёлғиз онам, паришонҳол
Синглим экандирсан, Ватан.

Мен кўксимда қумдай ёнган
Ёдларга видо айтаман.
Ёмғирларингда кетаман,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.

Қанча дардга мақбар дилим,
Мақбар кўрсам қақрар дилим.
Ёнғин бўлур жон ила тан,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.

Кетавердим, Ён-веримдан
Қуёшли ҳар томонлари,
Нурлар сочиб ўтаверди
Бу уйларнинг айвонлари.

Ҳар кун кўриб, билиб, сенга
Қайта-қайта етаверғум,
Ватан, мангу дармон Ватан,
Айта-айта кетавергум.


* * *

Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам.
Дийдорига тўймайин ҳам.
Киприкларидан игналар
айланг, куюнчак янгалар.
Тола сочин ип айлабон
Кўзларимни тикиб қўйинг.

Тақво йўлин тутсам агар,
Кўнгилдан ҳам кетсам агар,
ўзни фано этсам агар,
Хасдай хароб ўтсам агар,
Холларини дон айлабон
Мозоримга экиб қўйинг.


СУРХОН ҚЎШИҒИ

Эркин Аъзамга

Ҳаводаги живир-живир тўрғайлар,
Яна минг йил шу алфозда тургайлар.
Кўнглим бўлиб алар сени кўргайлар,
Юлдуз учса бунда куйган курагим
Сурхон десам, зирқирайди юрагим.

Дараларда синиб ётган чақинлар.
Охир мени айлагайлар оқинлар.
Чўққилари кипригимдай яқинлар,
Шовуллаган маъюс толим, терагим,
Сурхон десам, зирқирайди юрагим.

Қолмиш бунда Искандардан бир кўприк,
Ёлғиз кўприк, тарих аро сир кўприк.
Бу дунёда жаҳонгир ҳам бир киприк,
Сенсан менинг бу оламда дарагим,
Сурхон десам, зирқирайди юраги.м.

Осмонингдан дилга либос ёпганман,
Сўқмоғингда қуёшинг-ла чопганман,
Кийикларнинг кўзларидан ўпганман,
Ўзинг синглим, ўзинг нозли малагим,
Сурхон десам, зирқирайди юрагим.

Саҳро тоғлар шамолида ухлайди,
Бешикларинг хаёлида ухлайди,
Ўғлонларинг от ёлида ухлайди,
Чинорларинг полвонларим, тирагим,
Сурхон десам, зирқирайди юрагим.

Учоқлардан ўрлаб чиққан тутунлар
Онам бўлиб доим мени кутганлар.
Бағринг бўлсин сенинг доим бутунлар,
Йўқса менинг надир шеърим, керагим?
Сурхон десам, зирқирайди юрагим.


БИР ХАЁЛ

Дунё бирдан ғимирлади,
Дашту қирлар қимирлади,
«Сокин сувлар жимирлади,
Чўкиб турган карвонлардай
Тоғлар ногоҳ юриб кетди.

Кўтарилди чанг-тўзонлар,
Совурилди хас-хазонлар,
Қалқди қирғоқлар ўзанлар,
Тўғри оққан дарёлар ҳам
Тескарига уриб кетди.

Титрайди, ёр, сирғаларинг,
Бир бор куйиб йиғламадинг,
Сен кўнглимни илғамадинг.
Эсиз, эсиз кўнгилларинг,
Бу дунёдан ғариб кетди.

Тадбир сенинг, таскин сенинг,
Илоҳ, дилда аксинг сенинг,
Ҳар шуълада рақсинг сенинг,
Қисмат бу кеч қўлларимга
Шу кўзгуни бериб кетди.

Бу сўнггиси хабарлардин,
Ўтлар сачрар қабрлардин,
Юлдуз сўйлар хатарлардин.
Риёлар, кирдикорлардин
Дунё ўзи ҳориб кетди.

Эсиз, эсиз шундай жаҳон,
Ўтди аёну ноаён.
Борлиқ қаён, йўқлик қаён?
Лайлакқордай ёққан одам
Лайлакқордай эриб кетди.


ОЙБИБИ МОМО ВИДОСИ

Бу дунёда кексайдику сафарим,
Баробардир энди шому саҳарим.
Кетсам, энди қайтиб келмас хабарим,
Кўнгилларим болишлардай бўш энди,
Сўриларим, айвонларим, хўш энди.

Сўнгги дамда ёшга тўлган дийдалар
Аро кўрдим, гулин тўкар жийдалар.
Райҳонларим ғуж бўлишиб дийдирар,
Айлаюрман кўзёшларим нўш энди,
Чойнакларим, қумғонларим, хўш энди.

Бутун умр кўрпа қавиб, куймандим,
Тўйлар қилдим, лекин тўйга тўймадим,
Сирож, сенинг тўйларингни кўрмадим,
Кўрган барча у тўйларим туш энди,
Кўрпаларим, тахмонларим, хўш энди.

Тонг саҳардан ёмғирми ё там ёғар,
Соғин тарғил оғилдан сағир боқар.
Мендан кейин тарғилимни ким соғар?
Сузма халтам қолгаймикин бўш энди,
Сут-қаймоғим, айронларим, хўш энди.

Эрта-индин бунда қолмас изларим,
Тахланур, сўнг ташланур кигизларим.
Сочингизни юлманг, бўлди, қизларим,
Энангизнинг жони мисли қуш энди,
Учгай-кетгай, гирёнларим, хўш энди.

Манманликнинг ҳавосига учманглар,
Чироғ ёқинг, лек чироқдай ўчманглар..
Мен яшаган бу уйлардан кўчманглар,
Боғлар бўлдим букун сўнги кўч энди,
Ҳовли-жойим, ўғлонларим, хўш энди.


* * *

Мен дунёга номимни
Бунёд этгали келдим.
Аввал ўзни йўқотиб,
Сўнг ёд этгали келдим.
Куйган саҳро ҳам ўзим,
Тошқин дарё ҳам ўзим,
Ишқдин адо ҳам ўзим,
Фарёд этгали келдим.

Саболар билан келдим,
Садолар билан келдим.
Ёш жонимда минг битта
Савдолар билан келдим.
Қатъий ниятлар билан,
Даъволар билан келдим:
Ҳар бир вайрона дилни
Обод этгали келдим.

Бу соҳибжамолларни,
Бўйнидаги холларни,
Холларига термулиб
Ўтган неча онларни,
Мана бу осмонларни,
Бу шомларни, тонгларни,
Ошиқнинг дилидай соф,
Покиза замонларни
Баёт этгали келдим.

Ҳар неким хатолиғдир,
Разиллиғ, расволиғдир,
Ҳар неким ёмонлиғдир,
Риёлиғ, ёлғонлиғдир,
Барбод этгали келдим.
Дунё ҳали шод бўлғай,
Тушлари новвот бўлғай.
Мен дард чексам, бу ҳаёт
Яна шаън ҳаёт бўлғай.
Шу ҳаётни абадий
Ҳаёт этгали келдим.


БОЛАЛИК.
ҚЎШНИ ҚИЗИ ГУЛПАРИ

Жангалзордай қуюқ боғ.
Ғўнғиллаган қўнғизлар.
Девор устида туриб
Гилос терамиз бизлар.

Ол кўйлагинг мисоли.
Деворда унган лола.
Сен кичкина қиз эдинг,
Мен — бир кичкина бола.

Гилослар орасида
Илк бор илғаб кўрганим:
Ёшингга хос бўлмаган
Катта-катта кўзларинг.

Ёшимга хос бўлмаган
Сезги кечди кўнглимдан.
Гилосларинг тўкилди,
Челак чиқиб қўлингдан.

Гўё силкинди девор,
Сен ҳам сескандинг нохос.
Лабларингда қонади
Катта, қоп-қора гилос...

Бор-йўғи шу. Сўнг йиллар
Фироғида мунг ютдим.
У гилослар кесилди.
Мен ҳам сени унутдим.


ТУЙ ОҚШОМИДА

Дунё ҳазин, «Ёр-ёр» айтгил,
Эй кўзлари қуралай.
«Ёр-ёр»ингдан ўлган эдим,
«Ёр-ёр»ингдан тирилай.

Қаро тунда оқ гулмиди
Келинчакнинг либоси.
Армон бўлган бир мулкмиди
Унинг нозу ибоси.

Дунё ҳазин,  «Ёр-ёр» айтгил,
Эй кўзлари қуралай.
Мен ҳам бир зум эзгин-эзгин
Ўланларга берилай.

Кўзларингдан дур сачрагай,
Лабларингдан чечаклар.
Аста-аста ечилгайдир
Кўнгилдан зарпечаклар.

Дунё ҳазин, «Ёр-ёр» айтгил,
Эй кўзлари қуралай.
Мен бор дарду соғинчимни
Қайта бошдан саралай.

Ўтган ою йилларимни
Мен бир туш деб билгайман,
Бўйнингдаги ҳолингни бер,
Дилга нуқта қилгайман.

Дунё ҳазин, «Ёр-ёр» айтгил,
Эй кўзлари қуралай.
Сочларингдай ўрим-ўрим
Армонларга ўралай.

Тун қўйнида юлдузларга
Таралмоқда дил зоринг.
Менинг шеърим қолмас, лекин
Қолгай сенинг «Ёр-ёр»инг.

Дунё ҳазин, «Ёр-ёр» айтгил,
Эй кўзлари қуралай.
«Ёр-ёр»ингдан ўлган эдим,
«Ёр-ёр»ингдан тирилай.


СЕВГИ
(Саволга жавоб)

Севги менинг кечмишимдир, бугунимдир
Оловимдир, кулимдир, ҳам кукунимдир.
Бу йўлларда охир бир кун тўкилгумдир,
Севги менинг кўнглимдаги тугунимдир.

Бу тугунни ечолмадим, ечолмадим,
Сиз ўйлаган дарёлардан кечолмадим.
Севги менинг эриб кетган қоримдурур,
Сўнг бойчечак бўлиб унган зоримдурур.

Якка-ёлғиз қолиб кетди мажнунтолим,
Мажнунтолим, хабар олгил, қийин ҳолим.
Севги менинг шовуллаган терагимдир,
Юлдуз куйган, ой йиғлаган курагимдир.

Қумга сингиб кетган тиниқ жилғам менинг
Қумда лола унса агар, илғанг мени.
Севги менинг найсон ювган кўйлагимдир.
Ўлгунимча ўйлагумдир, ўйлагумдир.

Қуёш кўрпа қавиб қўйган боғимдир у,
Кўксимдаги доғимдир у, доғимдир у.
Севги менинг мунисгина чироғимдир,
Дилга яқин, лекин кўздан йироғимдир.

Қанийди ўз қадамимни пухта қўйсам,
Бир хол бирлан бу савдога нуқта қўйсам.
Севги менинг ҳеч туганмас азобимдир,
Гувоҳимдир, гуноҳимдир, савобимдир.

Бутун умр шундай ўтар кўнгилларим,
Эй, сиз, менинг гулгун ука-сингилларим,
Севги тиниқ кулгунгиздир, сақланг уни,
Сизнинг гўзал мулкингиздир, асранг уни.


ҚУМҚУРҒОН ОЛМАЛАРИ

Қумқўрғоннинг олмалари тилсим экан,
Оқинми ё қизилини олсаммикан?
Ва лекин у олмасини олдирмайди,
Бировларга зор қилдириб қолдирмайди.

Кўзни олиб жилвалари таралгандир,
Ярми ою, ярми кундан яралгандир.
Бу дунёда меҳр қолган бўлса агар
Шунда қолган, алар шундан яралгандир.

Бу олмалар боғин барбод келтирмаган,
Ўз номига ҳеч вақт иснод келтирмаган.
Мен шундайин бир олмага етолмадим,
Кўнгил боғин ҳаргиз обод этолмадим.

Ҳар бирининг ўз нақши, ўз ранг-туси бор,
Булғанмаган тиниқ кўнгил кўзгуси бор.
Деворлари пастаккина бўлса ҳамки,
Бировларга эгилмайди — номуси бор.


БУ ОЙЛАР...

Бу ойлар кун сайин тўлгани тўлган,
Кўнглим кўйларида бўлгани бўлган.
Кўнглимку алардин нур тотинмади,
Бу ойлар кўнглимни олгани олган.

Доним қайда қолди? Сомоним қайда?
Камоним ҳайдаю нишоним қайда?
Бу ойлар боримни елга совурди,
Еллар сайҳонимда елгани елган.

Сувлар йироқларга оқиб кетгайлар,
Балки мен етмаган ўйга етгайлар.
Бу ойлар ҳажрида соҳилларим зор,
Толлар хаёлларга толгани толган.

Самолар жой излар қароғларимдан,
Чақинлар уйғонур яроларимдан.
Бу ойлар қошимга келмагай ҳаргиз,
Ҳар турли аламлар келгани келган..

Бекарам, беқарор кечалар аро, 
Тилсиз, тароватсиз нечалар аро,
Бу ойлар қамишдай зор этди, мени
Бу дунё най қилиб чалгани чалган.


ОЧИЛИШ

Эй гул, мижгонларинг гулга киргайлар,
Зулфи райҳонларинг гулга киргайлар.
Кўнглингда тугунлар очилгай бир-бир,
Аҳду паймонларинг гулга киргайлар.

Мен роз ифшо этсам ўйлар тўкилгай,
Вазмин туманлардай куйлар тўкилгай.
Сен бир ноз айласанг гуллар тўкилгай,
Алар елдин чиқиб елга киргайлар.

Юлдузлар барг ёзгай қароғларингда,
Ишқмидир,олланур дудоғларингда.
Бир бўстон гул ўрлар қучоғларингда,
Бир ажиб титроқлар белга киргайлар.

Қўлларинг бул кеча бунча музтарлар,
Бағрингга беркиниб нени қистарлар?
Оҳ, улар гул бўлиб кетмоқ истарлар,
Қўлларинг бул кеча тилга киргайлар.э

Менинг гиёҳларда исмларим бор,
Оҳулар кўзида расмларим бор,
Тоғларда бир гўзал насимларим бор,
Алар насиб этса йўлга киргайлар.

Сенинг-чи, дунёда биларинг гулдир,
Сўйласанг, бол эмас, тилларинг гулдир.
Сочларни тайласанг — белларинг гулдир.
Бу гуллар, айт, қачон қўлга киргайлар?


ХОЛ

Сокин сайҳонликда толғин тол қўнган,
Толнинг шохларига ҳилол дол қўнган.
Ишқнинг қирчиллама иқлимларида
Жон қуши жисм аро бемажол қўнган.
Жон қушин бир четга қўйиб ўйлайман:
Зулфларинг остида битта хол қўнган.

Айланиб айлона қошларинг аро,
Юзларинг яшнатиб ёшларинг аро,
Тола-тола бўлиб сочларинг аро
Тонг чоғи кетгувчи бир шамол қўнган.
Шамолни бир четга қўйиб ўйлайман:
Зулфларинг остида битта хол қўнган.

Кечалар майсаси — узун мижгонлар
Юлдузлар чашмасин обдон ичгонлар.
Дилдан тошқин чиқса алар кечгонлар,
Аларда бул замон ажиб хол қўнган:
Ё савол қўнгандир ё малол қўнган.
Аларни бир четга қўйиб ўйлайман:
Зулфларинг остида битта хол қўнган.

Сен билан дунёни келишолмадик,
Юлдузни осмонга алишолмадик,
Сенинг бир холингни бўлишолмадик.
Шундай бўлса ҳамки кўнгил тубида
Холингга хайрихоҳ бир хаёл қўнган.
Дунёни бир четга қўйиб ўйлайман:
Зулфларинг остида битта хол қўнган..


ОЙ

Тунлар япроқ янглиғ юпқалашган пайт,
Дил ичра аламлар қуйқалашган пайт,
Мунглуғ деразамга ой келди яна,
Ой келди, йўлларда уринганмикин?

Эсиз, муҳаббатим гуллаган мавсум,
Ой нечун бунчалар турибдир маҳзун?
Доғларин билардим, унга ҳам менинг
Кўксумдаги доғлар кўринганмикин?


ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД
БОБУР ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Булут эрмас, кўк узра тарқаган кўнгил гумонидур,
Гумон қилмак бу дамда бегумон дилнинг зиёнидур,
Кўкарган хор ила хаслар тирикликнинг нишонидур,
Баҳор айёмидур дағи йигитликнинг авонидур,
Кетур соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.

Нигорнинг чеҳраси гоҳ ишқ нақлидин эрур гулгун,
Гаҳи ҳусну латофат, гоҳи ақлидин эрур гулгун,
Букун боғим менинг ёр қадди наҳлидин эрур гулгун,
Гаҳе саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун,
Гаҳе саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонийдур.

Яна кўнгил қатидин кетди бир-бир занг гуллардин,
На хушдур етса кўксунгга муаттар чанг гуллардин,
Яна ўксук жаҳонингда талошу жанг гуллардин,
Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардин,
Магарким сунънинг наққошиға ранг имтиҳондур.

Кўйингда ончалар даҳр ичра қилмишдир бу дил зори,
Ки яхлит лоларанг ўлмиш харобот бирла кулзори,
Аламлар тарқалиб буткул, туганмиш ранжу озори,
Юзинг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,
Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.

Руҳимга иштиёқ солған зумуррад майсаси қирнинг,
Гўзал тушдир бу айёмлар, баёнин қилма таъбирнинг,
Букун етмоқдаман зимнига аста-аста бир сирнинг,
Не ерда бўлсанг эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.


ҚОДИРИЙНИНГ ШИЙПОНИДА

Бунда Бедил ғазалларин рукн байти бор
Ва Навоий девонларин сукунати бор.
Бунда ҳар барг сўйлар ўтган кунлардан маъно,
Бунда ҳануз ерга қараб турибди Раъно.


БИР ТУРЛАНГУВЧИ ГУЛ

Бу қандай гул? Бу қандай гул?
Гаҳи қор, гоҳи қондай гул.
Ман унга барқларим айтсам,
У менга баргларин бергай.

Қади ҳам бўйни зарҳал гул,
Яқоси, қўйни зарҳал гул.
Ман унга зорларим айтсам,
У менга зарларин бергай.

Қабоғи узра нурлар бор,
Қабоси ичра дурлар бор.
Анга ашкимдин арз айтсам,
Манга шабнамларин бергай.

Паришон ҳолу боғимдан,
Куйиб кетган димоғимдан,
Десам дилда ямоғимдан,
У менга барларин бергай.

Жудолик исли эпкинлар
Букун боғимда эркинлар.
Мен унга хасларим айтсам,
Менга анбарларин бергай.

Тун ичра чирма ёлқин гул,
Гаҳи тинч, гоҳи тошқин гул.
Мен унга дардларим айтсам,
У менга лабларин бергай.


* * *

Самарқандда ҳушим қолди,
Мйскин кўнгил қушим қолди.
Саргузаштим сўйламаган
На элим, на хешим қолди.

Бу қандайин умид дерлар,
Юзинг бўлди шувит дерлар.
Оҳ, мен қандай унутайин?
Алар тинмай унут дерлар.

Айтурларки самарқандлик
Ўшал тили асал, қандлик
Ёринг сенга ёр бўлмади,
Сенинг учун хор бўлмади.

Ёр бўлганда кокилларин
Тарар эди сингилларинг.
У ўзгага тегди, йиғлаб
Қарар эди сингилларинг.

Алар мени тергайверар,
Тинмай ўгит бергайверар.
Менинг эса хаёлларим
Самарқандга кетгайверар.

Билмасларки минорлари,
Чирақлари, чинорлари
Аросида хушим қолган,
Ўнг келмаган тушим қолган.

Йиллар ўтди. Кўп ғамим бор.
Ёзилмаган тўпламим бор.
Мулким хазон бўлди, лекин
Бунда менинг кўкламим бор.

Фироғида чўпдайдирман,
Нақшларин ўпгайдирман.
Ғойиб бўлиб кетган дилни
Самарқанддан топгайдирман.


ЮЛДУЗ ҚЎШИҒИ

Осмонларнинг қаърида,
Қаҳратонлар қаҳрида,
Изғиринлар заҳрида
Ҳазин кулган юлдузман.

Мискин маъво эдим мен,
Кўп серсавдо эдим мен,
Зору танҳо эдим мен,
Бағрим тилган юлдузман.

Зулматларга тик келдим,
Шабнам бўлиб тўқилдим,
Гул баргидан тикилдим,
Маъюс қолган юлдузман.

Не кўйларга тушмишман?
Гоҳ олмос, гоҳ кумушман,
Ҳижронларга танишман,
Фарёд қилган юлдузман.

Айтсам дилда зоримдан,
Гуллар унгай қорингдан.
Кечиб йўғу боримдан
Нурга тўлган юлдузман.

Сен, эй синглим, сен оғам,
Ўтгай алам, ўтгай ғам,
Бир дардим бор менинг ҳам,.
Мен дард билган юлдузман.

Кўпдир дўсту ёр, юрак,
Қанчалари нокерак.
Гардишларингдан, фалак,
Сабоқ олган юлдузман.

Шомлар аро чўмгайман,
Балки бир кун сўнгайман,.
Умр — чақмоқ, унга ман
Балдоқ илган юлдузман.

Дунё тўлуғ сасларга,
Риёлар, ғаразларга,
Кўнгли қаро касларга
Армон бўлган юлдузман.


ДАШНОБОД АНОРИГА

Сеҳрсиз соҳиллардан,
Шеърсиз манзиллардан:
Ўтиб келдим, сен мени
Унутдингми, анорим?

Бағри доим қонгинам,
Мискин, паришонгинам,.
Анор бўлиб сен фақат
Мунг ютдингми, анорим?

Тун саҳарга айланур,
Сўнг заҳарга айланур.
Мен ютар оғуларни
Сен ютдингми, анорим?

Сенинг гулларинг маъюс,
Балки ўйларинг маъюс?
Менинг эса хазрига
Тўлмиш ҳамма канорим.

Не умр бўлди умр?
Ою йилларим кўмир.
Энди ёруғ дунёда
Мушкул эрур ёнорим,

Сен шундайин хомуш қол,
Мисли кўрилган туш қол.
Гуллагайдир менинг ҳам
Бир кун сабру қарорим.

Соғинчим чинор бўлгай,
Дардим беканор бўлгай.
Дилим шохингга илсам
Бир гўзал анор бўлгай.


* * *

Барҳаётман демагил,
Дунёга келган кунинг
илк бор чинқириб тўккан
ёшингдадир айрилиқ.

Бир кун дарё сочларга
дарё бўлиб етгунг бор.
Дарё ўтар. Ўн саккиз
ёшингдадир айрилиқ.

Мажнундай - кетолмайсан,
Бирор жонзот топилмас.
Оҳулари йўқ тоғу
тошингдадир айрилиқ.

Йигитликнинг шомида
ногоҳ англаб қолурсан:
ичган ҳар қултум сувинг,
ошингдадир айрилиқ.

Шунинг учун бардам бўл,
Умринг эҳсондир. Чунки
азалдан сомон каби
бошингдадир айрилиқ.


БУ ДУНЁДА

Завол нима билмайди,
Қуюн, селлар юлмайди.
Эгаси бор бодомлар
Бу дунёда сўлмайди.

Гоҳ қора, гоҳ оқ инсон,
Эзгулик қил, оҳ, инсон!
Риёси бор рақамлар
Бу дунёда унмайди.

Имконинг осмон қадар,
Имондан бергил хабар.
Сафоси бор қаламлар
Бу дунёда синмайди.

Ўкинмагил, сўз бола,
Ўзга хаёл туз, бола.
Вафосм бор санамлар
Бу дунёда бўлмайди.

Ҳар на бўлсанг, бор бўлғин,
Тугал номус, ор бўлгин.
Зиёси бор қадамлар
Бу дунёда сўнмайди.

Дилда кўпдир фироғинг,
Ёниқ қолар чироғинг:
«Фарзанди бор одамлар
Бу дунёда ўлмайди» .


ЁСТИҚЛАР

Еру кўк гирёндир, гирёндир ҳар ён,
Ҳар ёнда дарахтлар урёну урён.
Бир ёнда сен гирён, бир ён мен гирён,
Фақат икки ёстиқ қолгайдир ҳайрон,
Улар кўзларини ёшлаб кетмаслар.

Менинг икки ғамим, икки хомушим,
Сенинг нолишларинг, менинг товушим,
Энди гумон бўлди бунда қолишим,
Улар қолгайдирлар ёндош, қовушиб,
Мендай бир балони бошлаб кетмаслар.

Улар бир-бирларин қораламайди,
Биздай кўнгил бузиб, яраламайди,
Қадру қисмат танлаб, сараламайди,
Ёстиқлар ҳеч қачон аразламайди,
Ағёрлар қўлидан ушлаб кетмаслар.

Сен билан дунёда кула олмадик,
Бир гулгун жом бўлиб тўла олмадик.
Биз бир ишқ йўлида сўла олмадик,
Шу ёстиқларчалик бўла олмадик:
Улар бир-бирларин ташлаб кетмаслар.


* * *

Бизнинг тунлар қаро, аламлар қаро
Юлдузлари куйган оламлар қаро.
Сиз қошга юргизган қаламлар қаро
Қаролик бизга ҳам шунчалар бўлди.

Узилган япроқлар изғир инларда,
Севгимиз қолдими изғиринларда?
Сизнинг жаҳонингиз исир сиймларда,
Бизга куз боғлари танчалар бўлди.

Биз касод айладик бозоримизни,
Хасларга бой бердик гулзоримизни.
Энди юлиб олиб дил торимизни
Борлиқ найранглари куй чалар бўлди.

Дунёдан мисли бир тош қолди кўнгил,
Дунёда бир қаро қош қолди, кўнгил.
«Сўнгсиз кечаларда оч қолди кўнгил,
Сизнинг юзларингиз кулчалар бўлди.


* * *

Сени олиб кетсам туманзорларга,
Туманзорлар ичра суманзорларга.
Етти газ тумандан чодир тиксам сўнг,
Сумандан бир ажиб сўри йиғсам сўнг.
Ойни қулоғингга сирға айласам,
Ҳар неки айласам бирга айласам.
Кўйлак туҳфа қилсам ҳарир еллардан,
Кўзгулар ўрнатсам тоза кўллардан.
Булоқлар сувини қазиб тош, довон,
сенинг қадамингга айласам равон.
Бахмал шамоллардан пардалар қилсам,
Сўнг дилни тумордай бўйнингга илсам.
Юрар сўқмоғингга юлдузлар қўйсам,
Тунлар суйсам сени,
Кундузлар суйсам.
Бир ҳаёт яратсам туну тумандан,
Овқатимиз бўлсин ишқу сумандан.


УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР

Ўн йил ўтди. Ўн йил ўтди. Ўн йил ўтди.
Ўйламагил шунча йиллар енгил ўтди.
Бу тоғлардан селлар эмас, кўнгил ўтди,
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари оллоданми?

Япроқлар ҳам қанот ёзиб қуш бўлдилар,
Сойлардаги тошлар ҳатто хуш бўлдилар,
Менга сенинг аллаларинг туш бўлдилар,
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари оллоданми?

Ёлғон чиқди янгаларнинг миш-мишлари,
Буюрмади манга боғинг кишмишлари.
Битмас бўлди сенсиз дилнинг юмушлари,
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари оллоданми?

Теракларим, мажнунгина толларим-ай,
Ҳолларима йиғлаб қадди долларим-ай,
Аёндир на кетарим, на қоларим-ай,
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари оллоданми?

Ўтганимда хаёл бунда зап тойилар,
Ярқирайди ҳовлингдаги шафтолилар,
Лекин нега кўзларимга мунг тортилар?
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари оллоданми?

Нақшлари ўрмалаган дарвозанг бор,
Қалдирғочлар талашгувчи ҳавозанг бор,
Менинг эса элда ғариб овозам бор.
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари оллоданми?


* * *

Кичик қалбим кенг жаҳонга сиғмайди,
Кечалари зирқирайди, сиқтайди.
Ҳеч ким дардим ҳосилини йиғмайди,
Ишқим боғи хомуш-хомуш йиғлайди.

Бунча мунглуғ бу дунёнинг сойлари,
Сойларида йиғлаб борар ойлари,
Сарғаймишдир кўнглим қолган жойлари,
Юлдузлари кумуш-кумуш йиғлайди.

Йўқотганим оқ тулпорим, кўк тулпор?
Мен билмайман, нима бўлди сўнг тулпор.
Дилларимда йиғлаб ўтар ўн тулпор,
Белларимда ўн Алпомиш йиғлайди.

Дунёсидан умидларим шулмиди?
Дил берганнм тиконми ё гулмиди?
Ёнганимнинг натижаси кулмиди?
Бегона кул менга таниш йиғлайди.

Бошни энди балоларга шай қилсам,
Ўз ғамимни ўз танимга май қилсам.
Саҳроларнинг қамишини най қилсам,
Оҳлар урсам ойлаб қамиш йиғлайди.


* * *

Тахир бўлди муҳаббатим мевалари,
Ғубор ичра қолди яшил тепалари.
Қаёнларга тарқаб кетди тевалари?
Сарсондирман тополмайин карвонимни.

Дунё ҳазин, дунё ҳазин кўзларима,
Одамлари ҳайрон ғамгин сўзларима.
Боқиб алам из қолдирган юзларима,
Ҳеч ким билмас дардимни ҳам дармонимни.

Шудринг эмас, тун ичра кўнгил йиғлаган,
Бир тунэмас, бу кўнгил минг йил йиғлаган.
Сингилларим сўйлашиб сел-сел йиғлаган,
Исми надир, билмайдирман, армонимни.

Уни гулу савсанлардан тиклагандим,
Хаёллари равшанлардан тиклагандим,
Ярқираган оҳанглардан тиклагандим,
Мунг босдику чарақлаган қўрғонимни.

Жимирлайди кўкда кузак юлдузлари,
Зирқирайди кўксимда ишқ илдизлари.
Нола қилсам кечалари, кундузлари,
Қайдин топгум кетган давру давронимни?

Ё раб, нечун бағрим бунча тилкаладим?
Лолазорга айландику елкаларим.
Елкаларим узра бўйлар укаларим,
Аларга бер мен бой берган имконимни..


АЛАМ

Боғлари мунғайди орзуларимни,
Қаролиғ чулғади уйқуларимни,
Қувнаб, тўй-тўйлашиб қайғуларимни,
Эй, сиз, қаро сочлар, юлдуз қароғлар
Нима топдингиз?

Ҳар хасни кўзимга бир гиёҳ айлаб,
Ҳар хасни кўзимга бир гиёҳ айлаб,
Келдингиз аввали бир нигоҳ айлаб,
Ўз қоним ўзимга сўнг сиёҳ айлаб,
Эй, сиз, анор юзлар, ақиқ дудоқлар,
Нима топдингиз?

Мижгонлар сир сақлар — йиллардай узун,
Кўксимда йиғлайди бир қирмиз узум.
Юзим куймоқдадир, куйдимми ўзим,
Эй, сиз, рташ қўллар, олов бармоқлар,
Нима топдингиз?

Мавзун қаддингизда надин титроқлар?
Сиз букун аламли сўлғин япроқлар.
Эй, сиз, юпқа томоқ, бодом қабоқлар,
Осмондай кўнглимга солиб ямоқлар,
Нима топдингиз?


МЕЗОНЛАР

Ўртамизда гумонлар қолди:
Яхшилар йўқў, ёмонлар қолди.
Севгимиздан туманлар қолди.
Ўтди бари, тарқалди бари,
Ҳаволарда мезонлар қолди.

Йироқларда чўкдилар тоғлар,
Тўкилмишлар ёшдай чироқлар.
Заминга ҳам тушмиш титроқлар,
На жамбил, на райҳонлар қолди,
Ҳаволарда мезонлар қолди.

Ой нур куйган дилларимиздан,
Кун юз ювган йилларимиздан,
Бирга узган гулларимиздан
Мунглуғ барги хазонлар қолди,
Ҳаволарда мезонлар қолди.

Олам ниманидир тинглайди,
Юлдузлар юзни тирнайди.
Гўзал кунлар тушга кирмайди,
Тунлар ичра армонлар қолди.
Ҳаволарда мезонлар қолди.

Осмонларга қараб йиғлагил,
Сочларингни тараб йиғлагил,
Мезонлардан сўраб йиғлагил:
Ул фасллар қаёнлар қолди?
Ҳаволарда мезонлар қолди

Дунёнинг кўр гўшаларида,
Сайҳонлари, пушталарида,
Узилган дил ришталаридай,
Биздан шундай нишонлар қолди:
Даволарда мезонлар қолди.

Qayd etilgan