Kutubxona > Alisher Navoiy asarlari

Alisher Navoiy. Qaro ko'zum ("Xazoinul ma'oniy"dan)

<< < (2/6) > >>

AbdurRohman:
* * *

То дайр ичинда муғбачалардин нишонадур,
Эй пири дайр, бошиму — бу остонадур.

Ўздин бориб фиғоним эмас тонгки, дайр аро,
Ҳар сори боқса замзамаи бехудонадур.

Гаҳ пири дайр боис эрур, гоҳ муғбача,
Йўқ-йўқки, бода комиму ул — баҳонадур.

Дайр ичра йўқ сафол ила олтун қадаҳда фарқ,
Шоҳу гадо тенг ўлди ажаб корхонадур.

Асрори ваҳдат иста харобот пиридин
Ким, шайх ваъзу панди фусуну фасонадур.

Гар кўнглум ичра соқию май ўрт солмамиш,
Ҳар лаҳза оҳидин бу не ўтлуқ забонадур.

Ул умр бир замонлиғ эрур истама вафо,
Афғонки ул ҳам уйлаки аҳли замонадур.

Кўздин сочилди ашку кўнгул ўти берди бар,
Ул навъ ўт чиқарди ажаб тавр донадур.

Оташгаҳ этти куфр эли, кўнглум уйини, магар,
Ким умр ўтти ўчмай ул ўт анда ёнадур.

Истар Навоий ўзни маю ишқдин халос,
Мониъ валек соқию жоми муғонадур.

* * *

Войки, бағрим яна ҳажр ўқидин ёрадур,
Ҳар нафас ул ёрадин жон ўзидин борадур.

Жонима офат лаби, ҳажри бало, оҳким,
Бахтима бир ҳукми бор лаълу гар хорадур.

Дард сипеҳри таним тўзғану ўтган ўқунг,
Ламъаи пайкон била собиту сайёрадур.

Кўйида топмоқ сени мумкин эмас, эй кўнгул,
Анда чу сен телбадек юз туман оворадур.

Чарх арусиға йўқ ғайри ямонлиқ шиор,
Ақдиға майл этмаким, шоҳиди бадкорадур.

Вўсмаси қавси қузаҳ, ғозаси гулгун шафақ,
Зулфу юзи туну кун, кўрки, не маккорадур.

Ишқ ажаб дард эмиш, дардгадур чора сабр,
Ваҳки, Навоий басе ошиқи бечорадур.

* * *

Ул қуёшким, кўнглум ичра ҳажрининг озоридур,
Жоним олса ҳам, кўнгул жон бирла миннатдоридур.

Найлаб ул қотилдин ўлғаймен халос, эй ишқким,
Жоним афгори, таним бемори, кўнглум зоридур.

Ҳажр ўқи пайкони захмин мен киби билмас киши
Ким, ичим боштин-аёқ ул нешнинг афгоридур.

Ҳажр аро жонинг олай дер, кўр не бўлғай жавриким,
Бу манга ул шўхдин меҳру вафо изҳоридур.

Қоф агар юздур ададда, Қоф тоғи меҳнатин
Шиддати аъдодининг юздин бири миқдоридур.

Телба кўнглум истаса Фарҳоду Мажнун сиҳҳатин,
Оқил эл рагми анга ҳушу хирад осоридур.

Кир харобот ичра, эй зоҳид, тилар бўлсанг биҳишт
Ким, майи кавсар зулоли кулбаи хамморидур.

Не ажаб гулшан эрур давронки, дуди оҳдин
Сунбулию ашк қони сайлидин гулзоридур.

Гар Навоийдек сўзунг фаҳм этмадим, эй порсо,
Афв қил, бир дам хаёлим боданўшум соридур.

* * *

Лабки хандон қилибон қошу кўзин ўйнотадур,
Ўйнай-ўйнай мени бечорани қон йиғлотадур.

Кўргач ул ойни, яқиндурки фиғонлар қилғай,
Лек бехудлуғ ила кўнглум ўзин тўхтотадур.

Тортмоқ мумкин эмас ўқини кўнглумдинким,
Яна ўқ ҳар нафас онинг ёнига ўрнотадур.

Бахтим уйғонмас, агарчи фазаъим дард аҳлин
Ўлум уйқусиға боргонлар эса уйғотадур.

Кўзум ашкин бу жиҳатдин деса бўлғай хуноб
Ким, бу сув оқса, боғир ҳам анга қонин қотадур.

Сабру ором сипоҳин нечаким йиғсам, ишқ
Гаҳ ани синдирадур, гоҳ муни бутротадур.

Ғарази буки, ҳабибимға қул ўлғай Юсуф,
Ҳусн бозорида ҳар нечаки ўзин сотадур.

Ўхшамайдур менинг оллимда, агарчи деҳқон
Сарви гулрўюма сарву гулини ўхшотадур.

Ишқ они келтирадур хаста Навоий тарафи,
Новаки ғамзани ул шўх қаёнким отадур.

* * *

Ул ўтлуғ чеҳрага зарбафт хилъат не ярошибдур
Магар хилъатқа ул юз ламъасидин ўт тутошибдур.

Фалакнинг боргоҳиға кўмоч ўлмиш қуёш жирми,
Анга оҳим сутундек дуди мундоқким улошибдур.

Малойик қушлари ғам шоми қўзғолмоқ тонг эрмаским,
Етибдур кўкка юз оҳим хаданги, балки ошибдур.

Бало дашти аро юз минг ўлуктур онда қотил ишқ,
Хирад мағлуб хайли бирла гўёким савошибдур.

Лабингдин жон топай деб, кўп талашти ҳажр аро кўнглум,
Ўлар ҳолатда ул бемордекким жон талошибдур.

Қадаҳқа бода тарёқини қуй тошқунча, эй соқий,
Ким ғам заҳри била жомим тўлубтур, балки тошибдур.

Навоий гар лаби ёди била қон ютди, жон тутди,
Табибо билки, бу шарбат анга беҳад ярошибдур.

* * *

Ул малаксиймо париким, халқ анинг ҳайронидур,
Жонлар ошуби, вале ошуфта жоним жонидур.

Тифл авроқ ичра бир-бир барги гул тергон киби,
Номаи ҳижрон аро тим-тим сиришким қонидир.

Кўрса жон захмида қонлиғ марҳамин айлар гумон,
Ким бузулғон кўнглум ўтидин қизиқ пайконидур.

Юзунгга май гуллари юз фитна қилди гўиё,
Фитна ҳар гулким очар юзунг анинг бўстонидур.

Бормудур кўнглумда кесган ҳам алиф ҳам наълу доғ,
Ё бу миръот ичра солғон акси ҳуснунг онидур.

Даҳр торожи қилур урён чаман раъноларин,
Елдин ун чекмас йиғочларким, чаман афғонидур.

Эй Навоий, билки тонг отқунча йиғлар ҳар кеча,
Чархдек ҳар кимки бир бадмеҳр саргардонидур.

* * *

Гулни найлай, хотир ул рухсори гулгун соридур,
Қўй гул афшонни, кўнгул боғи ҳумоюн соридур.

Чекти қатлим тийғини гардуну мен ҳам оҳ ўқин,
Оҳким, қатлимга оҳим доғи гардун соридур.

Кўзларинг девона кўнглим жонибин тутти, не тонг,
Ишқ даштида кийиклар хайли Мажнун соридур.

Момасин кўргоч недин кўзу кўнгулга бўлди рашк,
Ким агар ул бўлса хат сори, бу мазмун соридур.

Эл қадинг зикрин қилурда оқса ёшим тонг эмас,
Тифли софий табъ майли сўзда мавзун соридур.

Подшоҳеким, қаноат махзанин истар, эрур
Бир гадодекким, хаёли ганжи Қорун соридур.

Эй Навоий, иста маъни оламиким, келди дун,
Ҳар кишиким майли ушбу дунёи дун соридур.

* * *

Айтмон кўзу кўнгул матлуби кўюнг боғидур,
Бу бирига хори, ул бирга ғараз туфроғидур.

Қоши ҳажринда янги ой шаклидин фурқат туни,
Кўнглум афгор эткали гўё фалак тирноғидур.

Сарвига тортиб қабо, чўккон қуёшқа соябон,
Чобукум бўйида ширдоғ, бошида қалпоғидур.

Демаким, бўлдунг қарию, ўтти даври ишқким,
То тириктурмен манга ишқу муҳаббат чоғидур.

Пилгурур парвонанинг болида ҳумрат бирла хол,
Ўйлаким кўнглумда ҳасрат қони, фурқат доғидур.

Даҳр гулзори аро ҳасрат елидин ҳар тараф
Томди булбул кўнгли қони, дема гул яфроғидур.

Эй Навоий, кўнглум олиб итларига ташласа
Кўнгул онинг барча мақсудум кўнгул олмоғидур.

* * *

Кема оғзи демаким, ишқингда кўксум чокидур,
Баҳр мавжи йўқки, ашким селининг кўлокидур.

Сувда эрмас меҳр акси, балки дарё жониға
Солғон ўтлар хаста жоним оҳи оташнокидур.

Хас омас гирдоб ароким, бошинга эврулгали
Сув уза саргашта ошиқ жисмининг хошокидур.

Ваҳки, ул киштида дарёкаш, манга худ йўқ ҳаёт
Эл дегандинким фалоннинг кофири бебокидур.

Ул балиғ тутмоққа солиб шасту, онинг рашкидин
Сувдин айрилғон балиғ янглиғ кўнгул тодокидур.

Кўрма фақр аҳли сиришки баҳрида ҳар ён ҳубоб,
Ким фано кавкаблари, балким бало афлокидур.

Эй Навоий, кема тийри кўксум ичра ҳажр ўқи,
Кема оғзи гўиё ишқида кўксум чокидур.

* * *

Жонда ишқинг бўлғуси, то танда жон бўлғусидур,
Танда жондек жон аро ишқинг ниҳон бўлғусидур.

То тирикдурмен ичига жола тушкан ғунчадек,
Хаста кўнглум дурри ишқингға макон бўлғусидур.

Дарду ишқинг доғи ул соатки ўлсам, жон аро
Жоннинг икки нуқтаси янглиғ нишон бўлғусидур.

Қилди ашкимни шафақгун ҳажр бепоён туни,
Ҳулласин чек тонгнинг, эй гардунки, қон бўлғусидур.

Ул Масиҳ анфоси жонбахшу лаби ҳайвон суйи,
Оллоҳ-оллоҳ, неча жоним нотавон бўлғусидур.

Меҳр шамъи дудидин қиссамни ёз, эй чархким,
Зийнати авроқинг ушбу достон бўлғусидур.

Ўқидин кўнглунг қачонға тегру захм ўлғай демаиг,
То бу қуш бўлғусидур, ул ошён бўлғусидур.

Гул қулоғин чун оғир қилмиш кириб шабнам суйи,
Неча, эй булбул, ишинг доим фиғон бўлғусидур?

Эй Навоий, кўкка тегру дарди оҳимдин шиканж
Еткали ул ойға гўё нардбон бўлғусидур.

* * *

Ҳаёт боғида то сарву лола бўлғусидур,
Менинг мумидди ҳаётим пиёла бўлғусидур.

Суроҳий ўлғусидур манга сиймтан маҳбуб,
Бошида қил анга мушкин кулола бўлғусидур.

Ҳаёт гулшани муғ кулбасию муғбачанинг
Юзию қадди манга сарву лола бўлғусидур.

Не айб, базмим ичинда ҳазин фиғонки, суруд,
Ангаки қон ютар, албатта, нола бўлғусидур.

Қадаҳки ҳолима қон йиғлар, эмди оҳимдин
Сиришки қатраси гулранг жола бўлғусидур.

Дединг, фано недурур, мухтасар дейин ўлмак
Ки шарҳини тиласанг, юз рисола бўлғусидур.

Қачон май ичра юзунг акси тушса, эй соқий,
Пиёла даври ўшул ойға ҳола бўлғусидур.

Навоий, истама кавсар майини зуҳд била,
Ки бода ичкучи элга ҳавола бўлғусидур.

* * *

Ву тийраи қотилки, оти ҳажр тунидур,
Оҳим тутунидур дема, доғим тутунидур.

Жисм ичра юзунг ҳажрида минг дард хаданги,
Гўёки кўнгул оташкадасининг ўтунидур.

Сўнгакдин эмас риштаи жисмимда бўғунлар,
Ул торда ранжим ададининг тугунидур.

Ул шўх симоъ ичра учурмоққа кўнгулдин
Ҳушу, хираду сабрни офат қуюнидур.

Уйқу кетурур сув уни, лек уйқуни олғон
Элнинг кўзидин сайли сиришкимнинг унидур.

Ўннай-ўйнай тўкса ул ой қоним, эмас тонг
Ким, барча булар чархи мулоиб ўюнидур.

Юз пора бошимни ити рад қилди, Навоий
Билмаски, сўнгакларда борининг бутунидур.

* * *

Юзи гулчеҳра соқийнинг тараб ҳукмиға туғродур,
Юзинда май гули ул ёрлиғ узра оли тамғодур.

Лаби лаъли ҳалокимен, агарчи жонфизолиғда
Масиҳо бирла ул гўё ўлук бирла Масиҳодур.

Дамим дуди хирад аҳлин қилур ҳар лаҳза савдойи,
Димоғимда, кўрунг, ул зулф мушкидин не савдодур.

Синонин кўксума то тикти ул чобук, бу хам қаддим
Ҳамоно ғам сипоҳи қалбида ул ўқ учун ёдур.

Лабинг акси кўзум шўробаси баҳрида гўёким
Чучук сувдурки, атрофида онинг талх дарёдур.

Жаҳонни чун кўзумга ҳажр шоми айламиш тийра,
Не суд андин мангаким, васл субҳи оламородур.

Бошим қуш ошиёни, тан жунун торожидин урён,
Не тонг, ёшлар югурмак ҳар тарафдинким, тамошодур.

Фидоси нақди исломимки, муғ дайридаги соқий,
Улус қонин тўкардин ваҳм қилмас, гарчи тарсодур.

Навоий дайр пири гўйиским шаҳр шайхига
Фано жоми ичурдиким, харобот ичра ғавғодур.

* * *

Ҳарорат жонима ул оташин лаъл ахгариндиндур,
Аига таскин ҳам ул юз равзасининг кавсариндиндур.

Сочингнинг тийра шомидин юзунг субҳида йўл топмоқ
Баногўшунгдағи дурри шабафрўз ахтариндиндур.

Таҳуро бодаси дерлар эрур жонбахшу руҳ афзо,
Магарким чошни ул майға лаълинг соғариндиндур.

Шабистон субҳи давлатдин ёруғроқ бўлса тонг эрмас,
Ки партав анда ул рухсор шамъи анвариндиндур.

Юзунг очқоч шамими лутфи олам ичра бутротдинг,
Магар бу атр ул ўт узра холинг анбариндиндур.

Баҳор айёмини беш кун ғапимат англа, эй булбул,
Ким унча сўзу тобинг оташин гул мажмариндиндур.

Навоий, қилмағил бас назм бирла дурфишонлиғким,
Маоний бикрига зевар ҳадисинг гавҳариндиндур.

* * *

Лаълинг оё не ажаб рангиндур,
Сўзи онинг не бало шириндур.

Хам қошинг тақвию тоатқа бало,
Ҳам кўзунг офати ақлу диндур.

Ҳулла ичра баданингким кўринур,
Гўиё гулбарг аро насриндур.

Қатлу тиргузмоқ эрур ойининг,
Оллоҳ-оллоҳ, санга не ойиндур.

Соқиё, ҳажрида тутқил манга май,
Ким, бу сувдин ўтума таскиндур.

Маю васл аҳлики бу давр ичра,
Бизга хуноби жигар таъйиндур.

Ҳажринг айёми Навоий тинмас,
Бир кўрунуб анга кўнглин тиндур.

* * *

Лаъли шавқидин кўзу кўнглумда ашку оҳдур,
Ё зулоли хизр ила анфоси Руҳуллоҳдур.

Кўп шарарлиқ дуди оҳим бирла чиққон жонга боқ,
Ким минг ўтлуғ корвонга бир гадо ҳамроҳдур.

Баски бошни ерга урғон ун била уйғондилар,
Саргузаштимдин кеча ҳамсоялар огоҳдур.

Ул зақанда бўлса ҳар бир қатра хай кавкаб не тонг,
Ким қуёшнинг чашмаси ёнида бўлғон чоҳдур.

Дўстлар, мумкин эмас бўлмоқ муяссар васликим,
Мен онча дилхоз, эмон, улким манга дилхоҳдур.

То тирикдур, шаҳға кўпроқтур гадодин дарди сар,
Чун ўлум вақти етар — тенгдур гадо, гар шоҳдур.

Дайр пири оллида қилсам гадолиғ, айб эмас,
Эй Навоий, билки файз аҳлига шайаллоҳдур.

* * *

Парвона қаноти ароким доғ ила қондур,
Ҳажр ўтию ғам ёрасидин икки нишондур.

Сориғ, қизил алвон била хилъатларинг, эй гул,
Раънолиғ эрур, улки либосингда аёндур.

Ул кўз қароси ҳайъати мажруҳ кўнгулда,
Ҳижрон ўтидин ики янги доғи ниҳондур.

Кўнглумники парголалар этти ғами ҳажринг,
Лола варақидек борида доғ ила қондур.

Лаълингдин агар қатраи қон қилса тарашшух,
Туфроққа томизмаки, онинг туфроғи жондур.

Бу гулшан аро бўйи вафо етмади гулдин
Булбулғаки, минг навҳа била даъб фиғондур.

Шавқ ўтиға ёнмоққа ўзин урди Навоий,
Қовдунг келу лутф айлабон ул телбани ёндур.

* * *

Юзунг равшан, энгинг ҳам равшан, эй ҳур,
Аларнинг шаънидин нуран ало нур.

Ики қотил кўзунг беморименким,
Эрурлар айни усруклукда махмур.

Чу бўлди жаври май миқдор, дерлар:
Кеч андин, ваҳ, манга бу иш не мақдур.

Анинг ҳуснича ишқим тутти шуҳрат,
Ки бўлди шамъича парвона машҳур.

Нетонг бийм ўлса ишқингдин кўнгулга,
Ки бор ўтдин ҳаросон табъи маҳрур.

Хирадқа бизни тарғиб этма, эй шайх,
Бу ишдин тут жунун аҳлини маъзур.

Висол эт элга қисм, эй чарх, баским,
Навоий маҳвашидин бўлди маҳжур.

* * *

Товушким уй тошидин келса, дермен бағри тошимдур,
Эшикдин соя киргач, соғинурменким қуёшимдур.

Ичинда тоғнинг қон тошида юз минг бало тоши,
Онинг тошу ичи мутлақ дегайсен ичу тошимдур.

Эмастур гарду гўн ул шўх майдонида, гўёким
Бири фарсуда жисмимдур, бир саргашта бошимдур.

Сиришкимни жигар парголаси бил доғи кўз нури,
Кўнгул сиррини, ваҳким, зоҳир этган ушбу ёшимдур.

Демай паст ўлди афғоним елидин нахли айшимким,
Бу нахлим арраеи муҳлик фиғон ичра харошимдур.

Урармен ерга бошимни ғамингдин жон талошурда,
Фироқинг хайли бирла ул урушум, бу талошимдур.

Ёмон ҳолимга ҳайрат қилманг, эй Фарҳод ила Мажнун,
Букун сиз меҳмонсизким, тараб бирла маошимдур.

Фалак қасри билан кун муттақосидин деманг сўзким,
Фано дайри маконим, фақр туфроғи фирошимдур.

Дедимким: «Тушта меҳроб ичра кўрдум кофири масте»,
Деди: «Кўргил Навоий, кўз очибким, кўзу қошимдур».

* * *

Кеча бадмаст ўлғонимдин инфиолим бордур,
Майни эмди оғзима олмас хаёлим бордур.

Улки дер май ич уяттин билмагай ўз ҳолини,
Билсаким базм аҳли оллинда не ҳолим бордур.

Демаким май дафъ этар, гар етса ҳар дам юз малол,
Ким ичарда они ҳар дам юз малолим бордур.

Ёр тавбам билса гарчи май берур, бермай мажол,
Ёлбориб узр айтқумдур, то мажолим бордур.

Риндлар тавбамни синдирмоққа бу тақриб омас,
Бода нафъидинки ҳар дам қилу қолим бордур.

Зуҳду истиғному яхши, йўқса исёну ниоз?
Шаҳр шайхидин бу янглиғ бир саволим бордур.

Эй Навоий, мен худ оттим тавба, лекин, нетгамен,
Ким ажаб майхораи беиътидолим бордур.

* * *

Қатлима тийғ ўлгаликим чарх иши озордур,
Мавжи ашким аксидин пўлоди жавҳардордур.

Кўк тегирмон тоши айландурмоқ истар бошима
Дема ою кун бошим узра буким сайёрдур.

Ишқ даштида қуюн эрмаски, мен девонага
Дашт аро саргашталик хаттин сизар паргордур.

Дард тоғида чоқинлар дема, де ўтлуғ каманд,
Ким солурда бўйнума чарх илгидин такрордур.

Раҳм қил, гардунки, бир дилхастадин мақдур эмас,
Чекмаги гар меҳнату бедод бу миқдордур.

Мунча дарду ғуссадин махлас топар ер истасанг,
Эй Навоий, билки, ул ер кулбайи хаммордур.

Эй хушо хумхонаким, қилғонни анда тарки ҳуш,
Кўк хумидин ҳар неким келгай, фароғи бордур.

* * *

Сариғ либос аро ул нўшлабки хандондур,
Эрур Масиҳки, хуршид ичинда пинҳондур.

Либосу жисм ила ул гулъузор кўргузди
Хазон ичида баҳореки, ақл ҳайрондур.

Либоси ўт киби асфар, тани ҳаёт суйи,
Ажойиб ўтки, аросинда оби ҳайвондур.

Ўшул дур орзусидинки, зарварақ киймиш,
Юзумнинг олтунида дурри ашк ғалтондур.

Фироқ даштидаги лолалар сариғ бутмиш,
Магарки доғлари барча доғи ҳижрондур.

Юз ул этакдин агар олмасам, не тонгки, сомон
Чу каҳрабоға етар, қўймоғи не имкондур?

Сариғ юзумдек этиб субҳ ўзин соғиндиким,
Совуғ нафас била меҳрин ёшурмоқ осондур.

Навоийга берур эл панду, ул муни дерким,
Сариғ либоси фалон шўхнинг не часпондур?

* * *

Барги най тўн ичида нол киби бели ниҳондур,
Қалами фўта қамиш бандидек устида аёндур.

Айладим тарҳ вафо касрини кўксум уза, кўрким,
Наъллар тарҳида айвонларидин ерда нишондур.

Зулфи ҳижронида мундоғки таним ҳар сори санчар,
Рагларим жисм аро қатлимға магар неча йилондур.

Чуғз вайрона аро англади гўёки ўлармен,
Мотамимга иши ҳар лаҳза гарибона фиғондур.

Ўқунг оғзида қизил тус эмас, кўнглум ароким,
Тонг эмас, оғзи қизил бўлса, қизо чун анга қондур.

Ҳуллаи тоат этар дўзах ўтин дафъ, йўқ эрса,
Ул ҳароратқа не дафъ, кафанинг гарчи катондур.

Воизеким, ўзи қилмас амалу элга берур панд,
Гар эмас уйқуда, бас, мунчаки дер, не ҳазаёндур.

Хас киби тушти Навоий май уза, ғам нета олғай,
Хоссаким, анга ҳубоб уйи киби дориламондур.

* * *

Ложувардий қошинг узра зарварақ тобоимудур,
Ё магар кўк тоқи узра анжуми рахшонмудур.

Зулфиму оҳим елидин совурур оламға мушк,
Ё сабо таҳрикидин сунбул абирафшонмудур.

Хайчакон оразмудур, ё ҳусни банди зулф аро,
Юз асир ўлғон кўнгуллар ҳолиға гирёнмудур.

Зарварақдин шуълалардур ҳар тараф рухсориға,
Ё ул ўтлуғ юзда ҳарён бир кўнгул сўзонмудур.

Ҳажр золим шоми кавкабдинму гирсидур манга
Ё анинг субҳи ғариб аҳволима хандонмудур.

Эйки майли жаннат этмассен менинг кўнглум киби,
Нотавон кўнглунг биров кўйида саргардонмудур.

Бўлди қадди ё Навоийнинг юзи чун зарварақ,
Ложувардий қошинг узра зарварақ тобонмудур.

* * *

Сочбоғингдин чиққон, оё, сунбули пурчинмудур?
Ё терисин солғон икки афъийи мушкинмудур?

Иффатингдиндурмуким меъжар юзига тушти чин.
Ёхуд анда зеб учун машшота солғон чинмудур?

Нўшханд этганда лаълингдин кўрунмишму тишинг,
Англамон, ёхуд асал ичра ёзилғон «син»мудур?

Сунбулин кўргач, кўзум бўлди қаронғу, эй сабо,
Сочи мундоғ тийра ёхуд сочбоғи эпкинмудур?

Чиқса ақлингдин аруси даҳр, бергил нақди жон,
Демагилким, хунбаҳодур ушбу ё кобинмудур?

Даҳр золин гар десам Фарҳодкуш, айб этмангиз,
Гар эмас Фарҳодкуш, охир денгиз, Ширинмудур?

Шавқ ўти топқоч сукун дерсенки, ишқи таркин эт,
Эй Навоий, бир нафас бу шуълага таскинмудур?

* * *

Ғаминг ўқики кўнгуллар уйин нишона қилур,
Менинг чу хоки таним ичра етти, хона қилур.

Лабинг баҳонасиз эл қонини тўкар ҳар дам,
Манга чу етти иш, албатта бир баҳона қилур.

Кўнгул берурда фусунлуғ кўзига билмас эдим,
Ки эл ичинда мени оқибат фасона қилур.

Кўнгулда жавҳари пайкониники йиғмиш жон,
Ажаб эмаски, бу вайронани хазона қилур.

Десаки меҳр гиёҳин кўкартайин, гардун
Замона аҳли вафо кўз ёшини дона қилур.

Ҳалок доми ёяр субҳхез қушлар учун,
Саҳар елики чаман сунбулини шона қилур.

Насиб булбул учун хори ғамдурур, ул ҳам
Навоий нағмаси бирла магар тарона қилур.

* * *

Жоним ороми учун қосидки, жонондин келур,
Гўйи жонпарвар насиме обиҳайвондин келур.

Нома қосид илгидин, қосид ҳабибим оллидин,
Муждаи жон елдину ел моҳи Канъондин келур.

Ваъдаи васлики жонондин келур ҳижрон куни,
Тиндурур кўнглумни сўз янглиғким ул жондин келур.

Гавҳаридекдурки чиқмиш хомасининг нўкидин,
Нома узра шодлиғ ашкимки мужгондин келур.

Шодлиғдин жон нисор этсам не тонгким, бу хабар
Ҳам кўнгулдин, филмасал, ҳам кўнглум олғондин келур.

Ваҳки, мазмунидур аҳли дард саргардонлиги,
Ҳар бало мактубиким, бу чархи гардондин келур.

Деб эмиш номамға қилмайдур Навоий жон нисор,
Анда жон бўлса қачон бу навъ иш ондин келур.

* * *

Шаҳсуворим ҳар қачон жавлон қилур,
Маҳв ўлуб билмон ўзумни ҳақ билур.

Анга ҳар кўзким тушар, кирпиклари
Хаста кўнглумда тикандек санчилур.

Очилур кўнглум саманди сайрадин,
Ғунча янглиғким сабодин очилур.

Айрилур гўё қуёшдин бир шиҳоб,
Оти наълидин ҳар ўтким айрилур.

Оҳ тортарда магар жон печ урур,
Ўқ отарда ҳар қачонким қайрилур.

Тавсани гардунни маркаб қилмаким,
Ер била рокибни охир тенг қилур.

Тез этар тийғинг Навоий ишқини,
Гарчи ўт ўчар, агар сув сочилур.

* * *

Кўк ғазоли чунки кофур узра мушкафшон бўлур,
Кавкабафшон кўзларимдин ул қуёш пинҳон бўлур.

Мунграйиб андоқ синуқ кўнглум бузулурким, сипеҳр
Булъажаб ҳолимга юз минг кўз била ҳайрон бўлур.

Гаҳ юруб, гаҳ ўлтуруб, бир лаҳза тутмасмен қарор,
Ғусса бандидин бари олам манга зиндон бўлур.

Гаҳ кўнгул ўти урар кўксум шигофидин алам,
Гаҳ бағир парголаси кўз йўлидин ғалтон бўлур.

Ўлтирур уй сақфиға оҳим тафидин қатралар,
Ё менинг ҳолимгадурким тому тош гирён бўлур.

Эйки, истарсен саломат ишқ кўйин сўрмагил,
Ким бу йўлга ҳар кишиким тушти саргардон бўлур.

Истаганга дўст комин истабон куймак не тонг,
Гар тутун сунбул, ўтун ашжору ўт райҳон бўлур.

Ични урён қилки, тошинг зеби манъи фақр эмас,
Фақр эмастур гар ичинг мамлу, тошинг урён бўлур.

Эй Навоий, ишқ манъин элга иршод айладинг,
Оллоҳ-оллоҳ, бу не макру ҳийлау дастон бўлур.

* * *

Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур,
Мавжлуқ дарё киби ошуфта кўнглум қўзғолур.

Йиғлама, эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб,
Ким ёшинг дарёсидур ҳар сориким эл кўз солур.

Титрабон сиймобдек кўнглум, етар жон оғзима,
Тунд ел таҳрикидин ҳар дамки дарё чайқолур.

Сабр кўнглумда, кўнгул ул ойда, ул ой кемада,
Ваҳки, боруб, телмуруб кўз, мунграйиб жоним қолур.

Дам тутулғондин ўлар элдек етибмен ўлгали,
Сурмасун деб кемасин баским нафаслар асролур.

Кирма савдо баҳрида оламдин истаб судким,
Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғолур.

Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр,
Илгига чунким Навоий бода киштисин олур.

* * *

Жафо қилур бари гулчеҳралар, вафо қилакўр,
Вафо ҳар элга қилурсен, вале манга қилакўр.

Не телбаники муқайяд тиларсен, эй гардун,
Анинг салосили зулфиға мубтало қилакўр.

Десанг ҳижобни олганлар, эй кўз оллингдан,
Не гард онинг йўлидин қўпса, тўтиё қилакўр.

Тажалло истасанг ул юздин ўртабон жисминг,
Кули била кўнгул ойинасин жило қилакўр.

Умиди васл ила кўюнгга борди хаста кўнгул,
Йигитлигинг ҳаққи, ул ҳожатин раво қилакўр.

Бийик нишиман эрур, эй кўнгул, висол авжи,
Талаб қаноти била ул тараф ҳаво қилакўр.

Навоиё, чу аламсиз мурод мумкин эмас,
Десангки, васл топай, ҳажр ўтиға ёқилакўр.

* * *

Фурқат ичра шарбати лаълинг висоли кам бўлур,
Гарчи дерлар талх дарёда чучук сув ҳам бўлур.

Зулфу рухсоринг ғами не тонг бузуғ кўнглум аро,
Аждаҳо гар бўлса вайрон ичра, махзан ҳам бўлур.

Кўксума отсанг бир ўқ, от ёна бир ёниндаким
Ул дағи кўнглумни шод айлар, бу ҳам маҳкам бўлур,

Ул пари ишқин малойикдин ёшурсам не ажаб,
Дарди йўқлар дард аҳлиға қачон маҳрам бўлур?

Оҳу ашкимдин шикоят кўп қилур ҳамсон ким,
Дуд равзандин кирар уйнинг биноси нам бўлур.

Гар эгилса қоматим ишқинг юкидин, қилма айб,
Ким, сипеҳр узра бу оғир юкни қўйсанг хам бўлур.

Олам аҳлидин ким ул ойни Навоий танлади,
Билмадиким ишқидин овораи олам бўлур.

* * *

Кеча куймак расмини парвона мендин ўрганур,
Шамъ куйдурмак ишида маҳвашимға ўтканур.

Ул пари ҳажринда мен девона чексам ўтлуқ оҳ,
Эй малак, гар бўлмасанг воқиф, қанотинг чурканур.

Анжум эрмас, қатралар кўк сақфида айлар аён,
Дуди оҳимким, фалак тоқиға ҳар тун чирманур.

Салтанат тахти уза ётқон уюмас рашкдин,
Кўрса бошимники, ҳар тун остонинг ястанур.

Бахтим уйқудин кўз очмас, йўқса чун чексам фиғон,
Сўнгги уйқу масти бўлғонлар ул ундин уйғонур.

Ўз-ўзумга тўлғанурмен, қадду зулфин ёд этиб,
Сарвға гулшанда сунбул шохи чунким тўлғанур.

Деввашлардин қочиб тутти Навоий бодия
Бу жиҳатдин теграсига дашт ваҳши айланур.

* * *

Хатинг ичра лаби хандон кўрунур,
Хизр ила чашмаи ҳайвон кўрунур,

Ишқ дашти аро ғамзанг ўқидин
Кўз етар ергача чопкон кўрунур,

Бил жунун бодиясида менмен,
Қайда бир телбаи урён кўрунур.

Лола буткон киби қон ёшимдин,
Тоғу водий бори яксон кўрунур.

Гарчи ишқ ичра басе мушкил бор,
Васл уммедидин осон кўрунур.

Кўзум ўлди яна гўё ошиқ,
Баски бир чеҳраға ҳайрон кўрунур.

Лофи зуҳд урма, Навоий, ҳар дам,
Ки анинг аксари ялғон кўрунур.

* * *

Кўзум ёшики, юрак қонига тутош кўрунур,
Берур қонимға тонутлуқ, агарчи ёш кўрунур.

Лабини сўрғали ақлим жунунға бўлди бадал,
Май ичса тез ўлур эл, соғда гар ёвош кўрунур.

Шикаста кўнглума оз ғам бўлубтурур куллий,—
Кесак қаноти синуқ қуш кўзига тош кўрунур.

Не кунки юзини кўрсам, тушумга кирса, не тонг —
Қуёшқа боқсаю кўз юмса ҳам қуёш кўрунур.

Не руд оқиздинг улус қонидинки, тегрангда
Назарға сой тотидек неча боқса, бош кўрунур.

Муғ эшигин туррадек ёп юзингғаким, гардун,
Қуёш синони чекиб таврида савош кўрунур.

Навоийнинг бу намози не навъ экин, ё раб,
Ки сажда вақти кўзига ул эгма қош кўрунур.

* * *

Савсаний тўн бирла ул қад савсани озод эрур,
Ё бинафша баргидии зеб айлагаи шамшод эрур.

Оллоҳ-оллоҳ, билмон ул қадннки, савсан баргидин
Зеблик шамшод эрур ё савсани озод эрур?

Ваҳ, не сарведурки, то хилъат кийибтур савсаний,
Чок ўлуб гул хилъати, булбул иши фарёд эрур.

Савсану сарве агар йўқтур, дамимдин боғ аро
Ўртанибон сарву савсан ҳулласи барбод эрур.

Айни иффатдин ўшул покиза гавҳар жисмида,
Хилъат эрмаским, бинафш этган киби пўлод эрур.

Шоми ғам кўнглум узору ҳулласин ёд айлабон,
Меҳр ўти ҳар ён бинафш этган булутдин шод эрур.

Қозгали ғам Бесутун тоғин Наврий илгида,
Ваҳки, савсан барги эрмас, тешаи Фарҳод эрур.

Юз тили бўлса, дам урмоқ шарт эмас озодадин,
Эй кўнгул, савсан тилидин бизга бу иршод эрур.

* * *

Маркаб эрмаским сабо майдонда гард ангез эрур,
Рокиб эрмас, барги гулдурким сабодин тез эрур.

Ташлади ҳарён улус жонини саргардон қилиб
Гирдбоди фнтна гўёким ғуборангез эрур.

Наъл эмас равшан ҳилоли эл кўзин ёрутғали,
Пўяда ҳар сори шабрангига дастовез эрур.

Рокибу маркаб юзу аъзосидин терму оқар,
Ё булут дурбор ўлуб хуршид анжумрез эрур.

Бодаи гулгун кетурким, шоми ҳижрон мен киби,
Юз туман Фарҳодни паст айлаган Шабдез зрур.

Ошиқиб терлаб иложимға етиштинг, эй Масиҳ,
Не ажаб гар шарбати лаълинг гулобомез эрур.

Гар яна маст отлониб кўнглакча жавлон қилмади,
Бас қулоқ сол шаҳр сориким не рустохез эрур.

Ҳийла ожизлиғдин айлар ошиқ, англа, эй кўнгул,
Ким, забунроқ ишқ аро Фарҳоддин Парвез эрур.

Эй Навоий, ёр агар майхорадур юз қатла шукр
Ким, эмассен порсоу хаста, не парҳез эрур.

* * *

Лолагун тўн ичра, ё раб, ул ғазоли Чин эрур
Ё кўзумнунг мардуми қон ёш ила рангин эрур.

Билмон, оёким, шафақ ичра эрур заррин ғазол,
Лолагун тўн ичра ёхуд ул ғазоли Чин эрур.

Айламиш гулдаста банди сунъ тўну жисмини,
Санъатиким, арғувон барги аро насрин эрур.

Қадмудур бу ё эрур шингарф ила ёзгон алиф,
Белму ё тореки, лаъл пчра анга таскин эрур.

Кўнглум ичра солди ул тўн акс ёхуд бўлди қон,
Халқ кўнглин қон этарга, ваҳ, бу не ойин эрур?

Бир қадаҳ гулгун май, эй соқий, тўла тутким, кўнгул
Ул бути гулгун қабо бедодидин ғамгин эрур.

Эй Навоий, қатл учун гар худ қизил тўн кийди ёр,
Басдур ул тўн ранги, не муҳтожи қатлу кин эрур.

Дема тоғу лола даҳр ичра — ажал қоплони бил,
Ким кийиклар қонидин бошдин аёғ рангин эрур.

* * *

Белию оғзи кўрар-кўрмаста чун пинҳон эрур,
Бас муни қучмоқ, они ўпмоқ қачон имкон эрур.

Мен доғи дей белину оғзинки кўрдум, кўрмадтим
Йўқ, таманноларни топқон-топмоғон яксон эрур.

Бевафолар қадду мужгонини кўп қилманг хаёл,
Ким бири юз ўқдурур, бу бир итик пайкон эрур.

Ишвагарлар лаблари қасдиға жондин кетмангиз,
Негаким ўз қасди жони қилғон эл нодон эрур.

Туну кун деб истаманг ҳар лаҳза зулфу юзларин,
Ким бу бир доми бало, ул шуълаи ҳижрон эрур.

Нўш эмастур даҳр базмида, газакким пешдур,
Май демаким, соғари ҳижрон ичинда қон эрур.

Эй Навоий, бу ғариб ишларга таклиф айладинг,
Бизгадур бисёр мушкул, гар санга осон эрур.

AbdurRohman:
* * *

Оразинг ҳуснин фузун қилғон ҳилолий қош эрур,
Ёхуд ул ой шамъини ёрутғали минқош эрур.

Кўз ёшим дурри ятимин маҳрами ишқ айламон,
Ҳар нечаким пок гавҳардур ва лекин ёш эрур.

Онча ёғдурди бало тошип танимға ишқким,
Юз минг эл ишқ аҳли гар кўксига урса тош эрур

Хўблар лаъли хаёлотин биширмактур ишим,
Шуълалиқ кўнтлум бу соғарларга гўё дош эрур.

Қолди аввал тоғ аро Фарҳоду Мажнун дашт аро,
Ишқ йўлинда манга икки ажаб йўлдош эрур.

Ул Масиҳ анфос тарсо сайдидур кўнглум қуши
Ким, малак дайри равоқи кунжида хуффош эрур.

Чун оғиз очти Навоий кўнгли ҳар ён захмидин,
Не ажаб гар ёшурун дарди эл ичра фош эрур.

* * *

Боштин-аёғ яланг таним узраким, тоза доғ эрур,
Ҳуснунгға қилғали назар ҳар бири бир қароғ эрур.

Ишқ гадолари дегай кўнглак эрур мураққаъйим,
Тоза тугап нишонидин ҳар сори баски доғ эрур.

Захмларим фатиласи жон ўтидин туташқали
Тийра кўнгулға дарду ғам базми учун чароғ эрур.

Кўҳи балодурур таним, чашмаси кўзки, қон тўкар,
Тонг йўқ агар бу тоғ уза қон оқизур булоғ эрур.

Хурдасидин ичинда ўт ғунча эмаски боғ аро,
Ҳар сори ишқинг ўтидин бир қизиғон думоғ эрур.

Зоҳиду учмоғу томуғ бийми била уммидиким,
Аҳли фаноға мосиваллоҳ ғамидин фароғ эрур.

Дайрда кўр Навоийни муғбачалар ғамидаким,
Эгнида чок хирқаву илгида бир аёғ эрур.

* * *

Кундуз ул хуршиди рахшондин кўзумда ёш эрур,
Кеча ҳолим зулфи савдоси била чирмош эрур.

Олмағон дин нақди бирла йиқмағон меҳроб йўқ,
Эй мусулмонлар, не кофир кўз, муфаттин қош эрур?!

Чок кўксумдин ичимга солиб ул ой кўнглидек,
Асрарамким, ҳам ул-ўқ бошимға урғон тош эрур.

Раҳм эмас, бераҳмлиқдур сурмасаиг бошимға рахш,
Ким бу кўп қатла онинг помоли бўлғон бош эрур.

Ишқи сиррин неча кўнглум ичра пинҳон асрасам,
Ҳам кўнгул ўти забона чеккач элга фош эрур.

Қайси гул базмики сувға, йўқса елға бермади,
Бу чаманда то булут саққо, сабо фаррош эрур.

Масжид ичра истаманг зуҳду риё аҳли аро,
Ким Навоий дайр ичинда дохили авбош эрур.

* * *

Ҳар қаён боқсам кўзумга ул қуёшдин нур эрур,
Ҳар сори қилсам назар ул ой манга манзур эрур.

Чун масал бўлди сочинг зулм ичра, ёшурмоқ, не суд,
Мушк исин ёшурса бўлмас, бу масал машҳур эрур.

Телбарармен то ани кўрмон, ажойибдур буким,
Ул пари девона кўзидин доғи мастур эрур.

Чун мудом ирнинг майи қошиндадур кофур кўзунг,
Недин эркинким, даме усрун, даме махмур эрур.

Дилраболар доғи жонига сафҳасида гўйиё
Дард эли ишқим учун муҳр айлагон маншур эрур.

Пар уруб бошингга тутма авжким, ҳар неча мўр, —
Ким қанотлангай, қачон учмоқ анга мақдур эрур?

Гар Навоий сиймбарлар васлни истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб, невчунки хом этган тамаъ ранжур эрур.

* * *

Ҳар лабинг ўлганни тиргузмакда, жоно, жон эрур,
Бу жиҳатдин бир-бириси бирла жоножон эрур.

Жоним андоқ тўлди жонондинки, бўлмас фаҳмким,
Жон эрур жонон эмас, ё жон эмас, жонон эрур.

Бўлса жонон, бордурур жон ҳам, чу жонон қилди азм
Жон кетиб жонон била, жондин манга ҳижрон эрур.

Жон манга жонон учундур, йўқки, жонон жон учун,
Умр жононсиз қотиқ, жонсиз вале осон эрур.

Борса жон, жонон йитар, гар борса жонон, жон кетар,
Кимсага жонону жонсиз умр не имкон эрур?

Хуштурур жону жаҳон жонон била, жонон агар —
Бўлмаса, жон ўйлаким, ўлмак жаҳон зиндон эрур.

Жоним ол, эй ҳажру, жононсиз манга ранж истама,
Чунки жононсиз Навоий жонидин ранжон эрур.

* * *

Йўқ ажаб, лаълингдин ар бехудлуғум ойин эрур,
Чунки усрукрак бўлур ҳар майки, лаб ширин эрур.

Раз қизи то пардадорлик айлагай талбис учун,
Шиша меъжардур ангаву мавжи онинг чин эрур.

Қон ёшим таъсиридин сориғ юзумнинг сафҳаси
Коғазедурким, ҳино суйи билан рангин эрур.

Муҳлик ўтумни дамингдин тез қилма, эй Масиҳ,
Ким бу ўтқа мотам ашки суйидин таскин эрур.

Ул пари ишқида ашким лаҳв тухмидур деманг,
Ким малак тасбиҳига бу донадин тазйин эрур.

Олмайин ердин қадам сайри мақомот айламак,
Чанг пиридин бу базм аҳлиға хуш талқин эрур.

Сизу васл, эй ишқ аҳликим, Навоий жониға
Андуҳи ҳижрон азал девонидин таъйин эрур.

* * *

То хаёлинг гаҳ кўнгул, гаҳ кўз аро меҳмон эрур,
Кўз била кўнглум аросинда ҳасаддин қон эрур.

Кўнглума пайконларингдин қатра-қатра сув эмас,
Ҳолима кўздек биайниҳ ул доғи гирён эрур.

Ғарқамен ашк ичраким, ишқинг танимни ўртамас,
Йўқса ўт ким кўрдиким, хошок аро пинҳон эрур?

Ҳажр ўқидинким эрур бағрим аро юз минг тўшук,
Ҳар тўшук бир кўздурурким, ҳолима ҳайрон эрур.

Ҳусн майдонида ул кўз чобукедурким, анга
Холи мушкин гўю зулфуиг анбарин чавгон эрур.

Даҳр бўстонида бош чеккан ниҳол атрофида
Шох эмас, новак дегил, яфроғ эмас, пайкон эрур.

Тийғ ила душвор айлабсен Навоий қатлини,
Чеҳрадин бурқаъни олғилким, басе осон эрур.

* * *

Ул пари кўнгли учун руҳим асиру зор эрур,
Булъажаб тоши қанотсиз қушға бадрафтор эрур.

Ҳар кеча қон бирла жисмим сафҳайи тақвимдек,
Гўйи анжум тирноғидин сарбасар афгор эрур.

Кофири мастедур ул кўзким, каманди зулф анга
Ешибон ёнида қўйғон риштаи зуннор эрур.

Бахти уйқусидин афғонлар чекарди гўиё
Ҳар кеча кўз юммай анжум то саҳар бедор эрур.

Янгла кўнглум васл ТОПТИ, раҳм қил, эй ой, ким,
Тунд елдин янги бутган ёраға озор эрур.

Қатлима ул кўз саводи ҳайъатидин бағриға
Бир қаро тош боғлағон қон қилғучи хунхор эрур.

Ўқусам номангни нечу тоблиғ бехуд таним
Гўиёким номани чирмаб юборган тор эрур.

Чун қуёшдек ерга киргунг, не асиғ, гар юз қуёш
Маснадинг тоқида ҳар ён шамсайи девор эрур.

Тиргузуб, дебсен Навоий жониға миннат қўяй,
Гар сен ўлтурсангки, ул жон бирла миннатдор эрур.

* * *

Боғ атри чу насими гулу шамдод берур,
Ернинг гул юзу шамшод қадин ёд берур.

Борса Парвез бори ҳашмати елга не ажаб,
Жони ширинни чекиб оҳки, Фарҳод берур.

Жилва қилди қаддингу наргису гул бўлди тонуқ,
Анга қуллуқ хатиким савсани озод берур.

Кўрмағон бўлса юзунг мусҳафини тифли чаман,
Нега гул дафтари авроқини барбод берур.

Эй ажал, сун бўюн ул ғамзағаким, бош чекмас
Ҳар не таълимки шогирдға устод берур.

Қилма бедод бурунроққи кетургайлар юз,
Ангаким зулмкаш эл чекса фиғон дод берур.

Тийғи девона Навоийни не ғам қатл этса,
Чун анга жон яна ул ҳури паризод берур.

* * *

Телба кўнглум, ваҳки, ҳар соат биров сори борур,
Манъ қилдим эрса бағрим оғригудек ёлборур.

Қўйдум эрса келтурур мунглуғ бошимға юз бало,
Қўймасам жонға зарар етгудек ўзидин борур.

Қўймасам бу, қўйсам ул, бўлса юз жоним фидо.
Ул кишигаким ҳазин жонимни андин қутқорур.

Ақл васвосини қўйсам авло улким, мен доғи
Бошим олиб кетгамен ҳар сориким, ул бошқорур.

Соқиё, бир навъ мен лабташна, йўқким оғзима,
Ҳар ярам оғзиға қуйсанг бир қадаҳни сипқорур.

Икки юзлук бўлмаким, бу боғнинг раъно гули
Гар қизорур бир юзи, лекин яна бир сорғорур.

Қўлда пинҳон ўт киби топмас Навоий кўнглини,
Ҳар нечаким ишқ кул қилғон вужудин ахтарур.

* * *

Хаста кўнглум азм этар ул сориким жонон борур,
Дам-бадам жоним чиқар, гўё бу ҳам ул ён борур.

Кўнглум ичра тўқтамас лаълинг хаёли бир замон,
Не ажаб ўлсам, бу захмимдин чу ҳар дам қон борур.

Ондаким сенсиз етар бешак фиғоним, эй қуёш,
Мен бора олмон, нетай ул ердаким афғон борур.

Қоматинг жон қасди этса, кирпигингдур раҳнамой,
Ҳар қаён ўқ борса, онинг оллида пайкон борур.

Ёд этарлар водийи ишқ аҳли Мажнун сайрини,
Бехабар ҳар ён қуюндекким бу саргардон борур.

Йўлдин охир сурма, султонмен дебон дарвешни,
Ёд эт ул йўлдинки, ҳам дарвешу ҳам султон борур,

Ҳажридин андоқ заиф ўлмиш Навоий, эй пари,
Ким қаёнким борса сендек халқдин пинҳон борур.

* * *

Хаста кўнглум ўртанур гўё севар жоним борур,
Йиғлағум келур, магар гулбарги хандоним борур.

Ул қуёш ҳажриндаким жонимни ўртар ғам туни,
Шамъ янглиғ, не ажаб, гар дурри ғалтоним борур.

Нил ила ҳар ён алиф кўксумга қозғон, ваҳ, не суд,
Ким алифдек қад била сарви хиромоним борур.

Эврулуб бошиға, рухсоридин ўртан, эй кўнгул,
Куйгуча ҳажринда чун шамъи шабистоним борур.

Мен худ ўлгум, шукрим, ул ҳам бора олгуси йўқ,
Тиғи ҳажри захмидин бу навъким қоним борур.

Ғозий ўлдумким, ажал бўғзумни буққайким, недин,
Мен қолиб маҳжур, анга ҳар лаҳза афғоним борур?

Не намоз ўлғайки, ўзни кўргузуб жамъ ичра жамъ,
Юз паришонлиғ сари табъи паришоним борур.

Эй Навоий, шуълалиқ жонинг овучлаб, бошла йўл,
Кечқурун чун отланиб ул маст меҳмоним борур.

* * *

Оҳим ғамингда гумбази ахзарни куйдурур,
Ҳар учқуни фалакда бир ахтарни куйдурур.

Оташкада ўтида самандар топар ҳаёт,
Кўнглум ўти валек самандарни куйдурур.

То қоматингға не учун ўхшатти боғбон,
Оҳим самуми сарву санавбарни куйдурур.

Бир ўтдурур танимдаким, анинг ҳарорати
Кўнглакни кул қилур, доғи бистарни куйдурур.

Дерларки, оғиз ўт деса куймас, вале бу оҳ
Чун сабт бўлса, хомау дафтарни куйдурур.

Лаълинг хаёли кўнглума ўт солди, ваҳ, кўрунг,
Не тез эрур бу бодаки, соғарни куйдурур.

Соқий, ғам ичра ўлди Навоий — пиёла тут
Ким, ғуссалардин ушбу ўт аксарни куйдурур.

* * *

Тиргузур ҳар дам рақибларнию мени ўлтурур,
Ўт ёқиб эл жониға менинг ичимни куйдурур.

Кўнглум аҳволин сабодин сўрдум эрса дедиким:
«Телбалардек бир пари кўйида саргардон юрур».

Ул қуёш юзига боққон сойи ортар кўз ёшим,
Меҳр тобидин агарчи ҳар неким, ўлдур қурур.

Қон ёшим ранги ёшурди хотами лаъл оғзини,
Ўйнамоқда ёшлар андоқким узукни ёшурур.

Сенки йўқсен моҳрухлар жилва айларлар валек,
Кеча ишнор қурт нури мсҳр чиққоч билгурур.

Ул қуёш ҳижронида ҳар тун ики мунглуғ кўзум
Тонгға тегру субҳидам йўлиға боқиб телмурур.

Тузлук айлаб шамъдек ваҳ билмадимким бу не ҳол
Меҳнат ўти гул очар, ёш қатраси бар келтурур.

Булъажаблиғлар баҳори ишқ аро кўрким, мени
Гаҳ булутдек йиғлатур, гоҳи чоқиндек кулдурур.

Зуҳд оҳангин Навоий ҳар нечаким соз этар,
Бир наво бирла муғанний ёна йўлдин озғурур.

* * *

Ҳуреки, менинг жонима офат стилибтур,
Тўбо киби қад бирла қиёмат етилибтур.

Ушшоқ кўзидин дуру гавҳар оқизурга
Бир баҳри жафо, кони малоҳат етилибтур.

Лаълинг майиким, сўрғали девона бўлубмен,
Ширин кўринур, лек бағоят етилибтур.

Ишқинг чаманида не тараб шохики эктим,
Ҳар бириси бир пахли надомат етилибтур.

Юз заррача саргашталигим бўлса, не тонгким,
Юз меҳрдин ул шўх зиёдат етилибтур.

Бу боғ аро қолмайдур ажал елидин озод
Ҳар гулгаки, савсан киби қомат етилибтур.

Ҳижрон ғамидин ваҳм эту шукр айла, Навоий,
Бу лаҳзаки васлиға саломат етилибтур.

* * *

Ёр бордию кўнглумда анинг нози қолибтур,
Андоғки қулоғим тўла овози қолибтур.

Кўз хонасини қилди барандохта бу ашк,
Кўз борди, вале хонабарандози қолибтур..

Кўнглум қуши то сунбулунгуз домиға тушти,
Булбул киби ҳар гул сори парвози қолибтур.

Ул қуш сафар айлаб, не тараб гулбунин очқай,
Ким боғ аро бир сарви сарафрози қолибтур.

Мен ишқ рамузин демай ўлдум, назар этким,
Фарҳод ила Мажнуннинг ўкуш, рози қолибтур.

Тақлид қилиб кўнглума ишқ аҳли чекар, оҳ,
Ул иттию эл ичра саровози қолибтур.

Ҳижрону висолин кўпу оз дема Навоий,
Юз шукр деким, кўпи бориб, ози қолибтур.

* * *

Кўзунг не бало қаро бўлуптур,
Ким жонга қаро бало бўлуптур.

Мажмуъи давони дард қилди,
Дардингки, манга даво бўлуптур.

Ишқ ичра анинг фидоси юз жон,
Ҳар жонки санга фидо бўлуптур.

Бегона бўлуптур ошнодин,
Бегонага ошно бўлуптур.

То қилди юзунг ҳавоси жоним,
Юз сори анга ҳаво бўлуптур.

Бақо топар улки, бўлди фоний,
Раҳравга бақо фано бўлуптур.

То тузди Навоий ояти ишқ,
Ишқ аҳли аро наво бўлуптур.

* * *

Яна ҳамдамим шуълаи ғам бўлубтур,
Ғамим шуъласи жонға ҳамдам бўлубтур.

Кўнгул пардаси устида доғи ишқинг,
Бу туғро уза нақши хотам бўлубтур.

Қилиб хоки кўюнгни балчиқ сиришким,
Туташқон яланг танға марҳам бўлубтур.

Нетиб куймайинким ғаминг ковкови
Етибтур, кўнгул уйи барҳам бўлубтур.

Тўлибтур кўнгул ишқинг ўтидин андоқ,
Ки кўп ўқ доғи ўққа маҳкам бўлубтур.

Тутуб бир қадаҳ англат, эй дайри пири,
Ки бу коргаҳ сирри мубҳам бўлубтур.

Навоийға раҳм айлагил, эй париваш
Ким, ул телба расвои олам бўлубтур.

* * *

Истасам бўса лабидин, жон тилар жонон эваз,
Кўнгли бирла деса жонон оздурур юз жон эваз.

Лаълин оғзимға оло олмон, аёги туфроғин,
Топсам этмон макс агар жон истаса жонон эваз.

Пойбўси ҳам эмас ҳаддим, аёғи туфроғи,
Гар муяссар бўлса жон бермоқ бўлур осон эваз.

Итларининг хоки пойин кўргали ҳам розимен,
Гар тилар олдик қарору ҳушу хонумон эваз.

Васл гар бўлмас муяссар, юз туман жону жаҳон,
Гар берилса ўтруда бермоқ эмас имкон эваз.

Соқиё, тут лаългун май баҳридин заврақ била
Ким эрур бир журъасиға нақди баҳру кон эваз.

Эй Навоий, ишқ таркин айлагил, невчунки мен
Васл учун жон бердиму бўлди манга ҳижрон эваз.

* * *

Эй қуёш васфин демактин моҳи рухсоринг ғараз,
Оби ҳайвон зикридин лаъди шакарборинг ғараз.

Улки, дебтурлар бадан бўстонида руҳи равон,
Аҳли маъни оллида қад бирла рафторинг ғараз.

Жилвагар кавсар зулолида қуёшнинг ламъаси,
Кўзгу ичра чеҳра аксидин намудоринг ғараз..

Сайл мавжидин рақиби хонапардозинг мурод,
Абр сайридин саданди барқкирдоринг ғараз.

Эй кўнгул, Фарҳед тоғи бирла метин захмидин,
Дарду меҳнат шиддатидин жисми афгоринг ғараз.

Ул қуёшқа, эй фалак, ҳар заррани зор этмашим,
Зарраи мақсуд йўқ жуз бизга озоринг ғараз.

Эй Навоий, умр бобида вафосизлик сўзи
Ким бўлур мазкур, эрур шўхи жафокоринг ғараз.

* * *

Ичиб ул шўх гулгул қилди лаъли ноб ила ораз.
Мени маҳзун нечукким дам-бадам хуноб ила ораз.

Магар симоби ашким қилгали шингарфгун ул шўх
Килур шингарфдин гулгуна юб симоб ила ораз.

Ҳам ул кун меҳри иқболимни шоми ғам ниҳон қилди,
Ким ул гул қилди пинҳон сунбули сероб ила ораз.

Қуёшнинг партави бирла агар ул юзни тенг тутса,
Эрур андоқки тенг тутқай қуёш маҳтоб ила ораз.

Магар занжири зулфунг шомида мотам насибимдур,
Ки ҳар соат харош айлармен ул қуллоб ила ораз.

Қоши бирла ишорат саждага айлар хуш ул давлат,
Ки айлаб сажда равшан қилсам ул меҳроб ила ораз.

Дема қиш совуғ оҳимдин дурурким чекти ул чобук
Қоши устида кпш бўркин ёпиб синжоб ила ораз.

Талаб йўлинда юз қўй ҳар эшик туфроғига, яъни
Бир аҳли дил оёғига етур ҳар боб ила ораз.

Навоий орази сорғорди ғам еб бехуд ўлмоғдин,
Нечук сорғормагай бу навъ хўрду хоб ила ораз.

* * *

Эй, латофатда санга лолау насрин ораз,
Бизга онинг ғамидин қон била рангин ораз.

Мени ул кўйида бехуд кўруб эл дер: ўлмиш
Қўйибон оллида туфроққа мискин ораз.

Найлайин ул қадду ораз ғамидин боғниким,
Анда йўқ сарв сифат қадду гул ойин ораз...

Ҳар бири таврида ул оразу лаби ўлтурадур,
Ким басе тузлуқ эрур ул лабу ширин — ораз.

Янги гулбарглари ҳошиясидин бўлмиш,
Оразинг оллида золи анга пурчин ораз.

Демаким, боғда елдин тўкулубтур гулким,
Хўблар қўйди ул ой йўлида чандин ораз.

Чун Навоий кўрубон ёр юзин, жон берди,
Ғамза таъриз этибон, айлади таҳсин ораз.

* * *

Гар будур қомати раъно била зебо ораз,
Сарв бўй чекмасу очмас гули раъно ораз.

Оразин сабзага ҳар гулшан аро суртормен,
Санго то сабзаи тар айлади пайдо ораз.

Тоқатим йўқ ики ўт бирла мени ўртарга,
Оташин лаъл манга айла аён ё ораз.

Парда ёпқилки хатинг айлади беҳол мени,
Мен худ ўлдум қила олмасқа тамошо ораз.

Оразимни бир аёқ бирла қизорт, эй соқий,
Неча суртай аёғингга мени расво ораз.

Ойга гулгуча магар суртти машшотаи чарх,
Ё санга майдин эрур гул киби ҳумро ораз.

Эй Навоий, тиласанг давлати боқий топмоқ,
Олмагин дайри фано йўлидин асло ораз.

* * *

Эмас ғамимни ёзар хатқа зарфишон коғаз,
Ки шуъла чекти тамимдин битир замон коғаз.

Сипеҳр даври бу сарташта оҳидин бўлмиш,
Магар бу оҳ тутун бўлмиш, осмон — коғаз.

Тирилмишам битигингдин қилурда муҳр магар,
Лабингга тегдию келтурди туҳфа жон коғаз.

Узору лаъли лабинг васфини қачон ёздим,
Окиб кўзум ёши гулранг бўлди қон коғаз.

Очилди хаста кўнгул руқъасин ярамға ёпиб,
Ёруғ бўлур эмиш уй бўлса тобадон коғаз.

Ёзар фаришта қуёш сафҳасиға васфингни,
Магарким, ул фалаки топмас обдон коғаз.

Кўнгул шитофига коғаз аро эрур марҳам,
Ғамим сўрарга рақам қилса дилситон коғаз.

Кўнгул саҳифасин асра хутур баҳридин,
Ки сувга зойиъ ўлур тушса ногаҳон коғаз.

Хумор дафъиға қуллуқ хатин тилар соқий,
Навоиё, дема ҳужжат кетур равон коғаз.

* * *

Юзунг фироқида ҳар оҳ ўтинки чектим тез,
Ул ўт шароралари бўлди ҳар тараф гулрез,

Қазо мусаввири гуё ҳал этти лаъли ранг,
Лабинг ақиқини айлар' маҳалда рангомез.

Лабинг малоҳати ғавғо қўпорди оламдин,
Шакарни бўйла киши қайда кўрди шўрангез.

Итингки, шерзабундур, анга топа олмон
Десам, кўрай ани бошимдин ўзга дастовез.

Чу келди хасталиғим сўрғали қадаҳ нўшум,
Кетур пиёлаки, ўлсам ҳам айламон парҳез.

Десанг замона ситезини ҳар замон кўрмай,
Замонни хуш тут-у қилма замона бирла ситез.

Гули сабоҳ юзин кўрмагайсен, эй булбул,
Бу гулшан ичра Навеийдек ўлмасанг шабхез.

* * *

Шаҳсуворим тавсани айларму оё пўя тез,
Ё қуёш турки фалак рахшин қилибтур гармхез.

Ул шиҳоб эрмаски майдони аро гўй ўлгали,
Саъд кавкаблар тушар ерга қилиб кўктин гурез.

Гардлиғ чавгон хамида ахтар ўлғой ўйлаким,
Гўйи ғабғаб даврида чавгон зулфи мушкбез.

Маркаби тер қатраси бирлаки ҳарён сочилур,
Бир саҳоби дурфишондур ер юзига қатрарез.

Гўйи чавгон зарбидин тутмоқ била ҳар дам ҳаво
Бим эрурким шишаи гардунни қилғой рез-рез.

Соқиё, май берки, бу даврон аро гўй урди ул
Ким, фалак чавгони бирла қилмади мардум ситез.

Гўй учун инди кавокиб гардидин ер тутти авж,
Эй Навоий, воқиф ўл гўёки бўлди рустахез.

* * *

Бизга жонон васли улдурким, жамолин кўргабиз.
Парда рухсоридин очиб, зулфу холин кўргабиз.

Бўлса майдон озими, йўлида туфроғ ўлғабиз,
Қолса гулгашти чаман, раъно ниҳолин кўргабиз.

Тнйрборони бало ёғдурса жонлар қасдига,
Коваки мужгон била мушкин ҳилолин кўргабиз.

Кўзга барҳам жилва бер базми висолин, эй сипеҳр,
Ваҳ, неча кўз оллида хайли хаёлин кўргабиз.

Кўзгу ул юз жилвагоҳидур дебон қилдиқ назар,
Йўқ бу маъни бирлаким ул юз мисолин кўргабиз.

Васли базми айши чун элга насиб ўлди зарур,
Ким балият чоҳининг ранжу малолин кўргабиз.

Йўқ ҳазин кўнглумдин ўзга ёрдин бекому баҳр,
Неча ушшоқ ичра онинг инфиолин кўргабиз.

Ичсалар ком аҳли софи айшу биз қолсак тирик,
Дайр аро майхонанинг сингон сафолин кўргабиз.

Эн Навоий, заррага хуршид васлидин дема,
Мунча баским жилвада гоҳи жамолин кўргабиз.

* * *

Ўтинг, ишрат аҳлики, биз зорларбиз,
Туман минг балоға гирифторларбиз.

Кўнгулни қилиб юз яра ишқ ўқи,
Тараҳҳум қилингким, дилафгорларбиз.

Тиларбиз шифо бир Масиҳо нафасдин,
Ки бу кўҳна дайр ичра беморларбиз.

Ёрутқой дебон кўзни бир саъд кавкаб,
Ҳар ақшом тонг отқунча бедорларбиз.

Сабукруҳ соқий, фано жоми тутқил,
Ки ўзлук юкидин гаронборларбиз.

Муяссар эса дўстнинг васли бир дам,
Бериб икки олам, харидорларбиз.

Навоий каби ичгали ишқ жомин,
Харобот кўйида хумморларбиз.

* * *

Эй висол аҳли, менинг ҳолим кўруб, раҳм айлангиз,
Ёр зулми гаҳ-гаҳи етса, шикоят қилмангиз.

Эй ибодат хайли, пандим берғуча тенгри учун,
Ерга раҳму манға сабру таҳаммул истангиз.

Ақлу, сабру, зуҳду, тақво, жонима қилманг ғулу,
Чиқти маст ул шўх, турмай эмди ҳар ён бутрангиз.

Кўзу кўнғлумдин эди ранжим, они кўр айладим,
Бўлса бу девона пайдо, солиб ўтқа ўртангиз.

Мен фано даштида туфроғ ўлсам, эй аҳли ниёз,
Ишларим достонларин олмоққа талқин асрангиз.

Эгма қаддим хам бўлуб турмоқ учун, эй шўхлар,
Яхшидур чолокликлар бирла секриб ўйнангиз.

Бир париваш ишқидин мискин Навоийдур билинг,
Дашт аро ошуфтау мажнунсифатлиқ кўрсангиз.

* * *

Ул пари кўйида мен девонани банд айлангиз,
Банд-бандим зулфи занжириға пайванд айлангиз.

Халқ тарки ишқ айларга мени дилхастани,
Ўлтуруб олам элига мужиби панд айлангиз.

Телба кўнглум топсангиз, эй ёр кўйи итлари,
Тўш-тўшидин тишлабон, парканд-парканд айлангиз.

Бодаи ишқ асру маст этмиш мени, эй дўстлар,
Жомима афюн эзиб бир дам хирадманд айлангиз.

Йиғласам аччиғ малул ўлмоқ недур, эй хўблар,
Ҳазл учун гоҳи боқиб, сиз ҳам шакарханд айлангиз.

Ишқ баҳрида дури васл истасанг, эй аҳли дард,
Кўнглунгуз ул нақд ёди бирла хурсанд айлангиз.

Қилсангиз тасвир Лайли ҳуснин ул ойдек сизинг,
Лек Мажнунни Навоий бирла монанд айлангиз.

* * *

Нозанинлар, бенаволарга тараҳҳум айлангиз,
Лутф агар йўқтур, ғазаб бирла такаллум айлангиз.

Гаҳ бийик, гаҳ паст гирён кўрсангиз ушшоқни,
Фош кулмассиз, ниҳон боре табассум айлангиз.

Ҳажр зулмидин қотиқ ҳолимни, эй жоду кўнгул,
Билдингиз, ёр оллида бориб тазаллум айлангиз.

Эй балоу дард, ўтлар худ солибсиз жонима,
Лек сиз ҳам гаҳ-гаҳ ул ўттин таваҳҳум айлангиз.

Қон агар ютсам қарориб ахтарим, эй хатту хол,
Сиз майи лаъли била боре танаъум айлангиз.

Биз фано туфроғи бўлдуқ дайр аро, эй аҳли зуҳд,
Хонақаҳ саҳнида сиз баҳси тақаддум айлангиз.

Эй муғаннийлар, Навоий маст эди — кеч уйғонур.
Они уйғотмоққа бир дилкаш тараннум айлангиз.

* * *

Туфроғимдин кошки жисме мураттаб қилсангиз,
Сир ит ўлса кўйида руҳиға қолаб қилсангиз.

Етмагай чобуксуворим гардиға, эй аҳли ишқ,
Меҳрни рокиб қилиб, гардунни маркаб қилсангиз.

Подапўшум базми ғавғосидин, эй жону кўнгул,
Самъига етмас неча фарёду «ё раб» қилсангиз.

Олами ишқ узра бас лойиқдурур, эй дарду, шавқ,
Дуди оҳимни сипеҳр, ашкимни кавкаб қилсангиз.

Маркаби наълин мужалло қилғучилар зеб учун,
Оразимға суртунг ул дамким, музаҳҳаб қилсангиз.

Ғайри нўшонўш азал соқийсидин келмас хитоб,
Бизни, бас, май журмидин бўлмас мухотаб қилсангиз.

То Навоий, қисмат ўлғон майни ичмас чора йўқ,
Дўстлар, авло буким жомин лаболаб қилсангиз.

* * *

Истаганлар, бизни саҳрои балода истангиз,
Водийи ҳижрон ила дашти фанода истангиз.

Вомиқу, Фарҳоду Мажнундеклар ул водий аро
Бўлсалар пайдо, мени ҳам ул арода истангиз.

Юз аларнинг ишқича дарду, балоу ғуссага
Толиб ол бошига қолган можарода истангиз.

Эйки, истарсиз саводул важҳ фиддорайндин,
Бохабар бўлмоқ мени юзи қарода истангиз.

Кўнглум ул зулф ичрадур, зинҳор ишқим шарҳини
Истаманг мен телбада, ул мубталода истангиз.

Нуқта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам,
Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз.

Оғзи шавқидин Навоий итти, они истар эл
Ё адам даштида, ё мулки фанода истангиз.

* * *

Бир париваш волиҳи бўлдум, мени мажнун денгиз,
Шоми ҳажрим тули савдосини рўзафзун денгиз.

Дуди оҳимдин шарарлар бўлса кўнглум ўтидин,
Олами ишқ ичра они анжуми гардун денгиз.

Сўрса кўнглум ҳолини ишқ аҳли лаҳни назм ила,
Они расво айлади бир қомати мавзун денгиз.

Ранжи ишқимни денгиз Фарҳоду Мажнун бирла тенг,
Дард ила ҳажрим бисотин тоғ ила ҳомун денгиз.

Бир юзи гулгун ғамидин юз туган кўнглумдадур,
Хорхоримнинг иложи бодаи гулгун денгиз.

Дўстлар, ишқ аҳли ғавғосин тафаҳҳус қилса ёр,
Дарди ҳажринг шиддатидин ўлди бир маҳзун денгиз.

Май тўла айлаб Навоийға тутунг, эй аҳли базм,
Ичмаса, ғам ерга арзимас бу даҳри дун денгиз.

* * *

Замоне гарчи ёдим қилмас ул номеҳрибон ҳаргиз,
Фиғонким, ёди чиқмас хотиримдин бир замон ҳаргиз.

Оти оғзим аро мазкур ўлармен, оҳким, бўлмай
Отим оғзиға бир мазкур ўлурға комрон ҳаргиз.

Кўнгул то водий ишқиға тушти, қилмади бир ҳам
Ватанни ёд ул овораи бехонумон ҳаргиз.

Лабидинким кўзум ёши жаҳонни лаългун қилди,
Бағир жузвидин айру топмади бир қатра қон ҳаргиз.

Ити фарёдини ёқманг мангаким хўйидин умре,
Улуғроқ тинмадим, не навъ чеккаймен фиғон ҳаргиз.

Ёриб кўксум жунун таъвизидек жон пардасин очма,
Ки фош ўлмайдур ул қонлиғ неча доғи ниҳон ҳаргиз.

Ғаму андуҳ яъжужиға ҳар девор саддедур,
Фано майхонасидек топмадуқ дорул-амон ҳаргиз.

Бу дамни тут ғаниматким, келур дамдин асар йўқтур,
Не дамким ўтти, худ андин киши топмас нишон ҳаргиз.

Қирон қилдинг, Навоий, назм ароким илтифот этмас,
Сўзунгдин ўзга сўзга хисрави соҳибқирон ҳаргиз.

* * *

Кўюнг борида қилмон жаннатға гузар ҳаргиз,
Қаддинг қошида солмон тўбиға назар ҳаргиз.

Ўқунгга кўнгул мойил, мужиб недур, эй қотил,
Ким ўтганидин бўлмас кўнглумга хабар ҳаргиз.

Бу жисми низор ичра кўнглумни гумон қилманг,
Шохеки қурур, анда ким кўрди самар ҳаргиз?

Лаълингда малоҳатдин жон комидадур лаззат,
Бу таъм қачон бергай туз бирла шакар ҳаргиз.

Кўнглиға фиғонимдин раҳм ўлмаса, эй булбул,
Гул ғунчасиға борму нолангдин асар ҳаргиз.

Нил ўлса сенинг хасминг, десангки зарар топмай
Бир нашшаға оламда еткурма зарар ҳаргиз.

Махлас тиласанг ғамдин даҳр ичра Навоийдек,
Қўймагасен илгингдин соғарни магар ҳаргиз.

* * *

Не ғам хумор қилди эса қасди жонимиз,
Бордур чу кунжи майкада дорул-амонимиз.

Муғ кулбасики, тенгри анга бермасун завол,
Бор хулду салсабил даме армуғонимиз.

Кел бир дам, эй ҳариф, харобот сориким,
Май важҳидур бу хирқа била жилсонимиз.

Ул шўх биздин айруки айши ниҳон қилур,
Биллаҳ, бу навъ йўқ эди андин гумонимиз.

Эй ақл, қўй фасонаки бир вақт бор эди,
Ҳар поя минбар уза мулки дарсхонимиз.

Тутмадуқ ихтиёр ила майхона шаръин,
Қисмат ҳукми била чевурди инонимиз.

Май ичмасанг, Навоий, зиёндур дебон, не суд,
Йўқтур ўз илгимизда чу суду зиёнимиз.

* * *

Бормаким, бир дам ўзумни била олмон сенсиз,
Келки, бир лаҳза таҳаммул қила олмон сенсиз.

Чиқма кўнглумдин, ўлар вақтким ул ғурбатда,
Жону тан кишваридин айрила олмон сенсиз.

Бода базмида нашотим тиласанг, соқий бўл
Ки, майи кавсар ичиб, очила олмон сенсиз.

Майи ишқинг била бехудмен, агар ҳуш манга
Истасанг, кел бериким, ойила олмон сенсиз.

Гулу булбулдек отим сенсиз эмас эл тилида,
Шукрким, сўзда доғи айтила олмон сенсиз.

Не ғам оворалиғим, жоним аро чун сенсен,
Истаган элга доғи топила олмон сенсиз.

Чун Навоий сени кўрмай нафасе билмас ўзин,
Бормаким, бир дам ўзумни била олмон сенсиз.

* * *

Навбаҳор айёми бўлмиш, мен диёру ёрсиз,
Булбул ўлғондек хазон фасли гулу гулзорсиз.

Гоҳ сарв узра, гаҳи гул узра булбул нағмасоз,
Ваҳки, менмен гунгу лол ул сарви гулрухсорсиз.

Тонг эмастур, гар диёру ёрсиз озурдамен,
Ким эмас булбул гулу гулзорсиз озорсиз.

Равза ашжори ўтундур, гуллари жонимға ўт
Мумкин ўлса анда бўлмоғлиғ даме дилдорсиз.

Май чу бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача,
Ким хуш эрмас муғ била ичмак қадаҳ зуннорсиз.

Топмадуқ гулранг жоми бехумор, эй боғбон,
Ваҳки, бу гулшан аро гул бутмас эрмиш хорсиз.

Аҳли зуҳд ичра Навоий топмади мақсадқа йўл,
Вақтингизни хуш тутунг, эй жамъким, хумморсиз.

* * *

Жамоатеки, жунун манъини манга қиласиз,
Тош отибон не учун телбаларга қотиласиз?

Кетинг, кўнгул била жонким, видоъингиз қилдим,
Фироқ агар будурур эрта кунни кеч қиласиз.

Фироқ кунидур, эй кўзлар, эмди қон йиғланг,
Билурмусизки, бу кун не кишидин айриласиз?

Кўзум ҳақини биҳил килдим, эй жавоҳири ашк,
Ки бори ҳам анинг-ўқ мақдамига сочиласиз.

Фироқ пешлари, ваҳки, яна раҳм этмай,
Нафас-нафас нега мажруҳ ичимга сончиласиз?

Кўнгул фасоналари, сизни, ваҳ, нетуб яшурай,
Бу навъким, юз уза қоп ёш ила ёзиласиз.

Навоий ҳажрға қолди, қилинг висолда шукр
Жамоатеки, севар ёрингиз била биласиз.

AbdurRohman:
* * *

Тенгри бермиш ул пари пайкарга андоқ тор оғиз,
Ким киши билмаски, анда йўқмудур ё бор оғиз.

Игнаси бирла Масиҳ оғзин тикиб, урмас нафас,
Жон берурга очса ул шўхи шакар гуфтор оғиз.

Ғунчалар хандон эмас гулшандаким, ҳар соридин,
Очти гулрўюм дуосин қилғалн, гулзор оғиз.

Турфа кўрким, сўз била ҳам ўлтурур, ҳам тиргузур,
Чун очар муҳлик сўз айтурға масиҳовор оғиз.

Оразинг даври эрур хуршид давридин нишон,
Қанда меҳр ичра кўрунгай нуқтаи паргор оғиз.

Оғзима еткур қулоқ, билким, сенинг зикрингдурур,
Ул замонким жон берурда тебратур бемор оғиз.

Соқиё, ратли гарон бирла мени сероб қил,
Ким қурубтур ташналаблиғдин манга бисёр оғиз.

Эйки кўнглунг сиррин, истарсенки, пинҳон асрасанг,
Даҳр боғи ичра очма ғунчадек зинҳор оғиз.

* * *

Сарв ким кўрди онинг устида моҳи дилнавоз,
Ой қачон қилди тулуъ — остида онинг сарвиноз.

Маъни аҳлида бу суврат зоҳир ўлди ҳар қачон
Ким, шабистон ичра қилди жилва ул шамъи тироз.

Не ғаробатлар экин ул ойдаким, ҳар дам қолур
Ҳуснининг сар диққати кашфида ҳайрон аҳли роз.

Беадад нози била беҳад ниёзим шарҳида,
Дафтаре ёзиб, отин қўймоқ бўлур «Нозу Ниёз».

То хаёлинг кўздадур, кўз уйи гўё Каъбадур,
Ким туруб атрофидин кирпикларим айлар намоз.

Деманг ул шўхи бало усрук етишти, қил ҳазар,
Ваҳ, нетайким, бу балодин айлайолмон эҳтироз.

Эй Навоий, қалбу жон нақдин магар пок ўйнадинг,
Ул муқомир шевағаким бўлди отинг покбоз.

* * *

Жилваму қилди сариғ бўркин кийиб ул сарвиноз,
Ёки чекти шуъла ахзар жисм ила шамъи тироз?

Куйса мажнун кўнглум ул юз ламъасидин, тонг эмас,
Не учунким айламас девона ўтдин иҳтироз.

Улки эрмас ишқи поку сажда айлар кўрса ҳусн,
Ўйладурким айлагай фосиқ таҳоратсиз намоз.

Рози ишқинг дерга пайконинг эрур кўнглумга тил,
Лол тил бирла қилур эрмиш такаллум аҳли роз.

Секритиб чиқти яна майдон сари ул турк маст,
То яна қайси кўнгул мулкига қилгай турктоз.

Ишқ агар комилдурур, ошиқ қилур маъшуқни,
Йўқса, невчун айлади Маҳмудқа қуллуқ Аёз?

Ҳар мақом ичраки бўлсанг ойру бўлма ёрдин,
Эй Навоий, ҳожат эрмас қилмоқ оҳанги Ҳижоз.

* * *

Эй сабо, жоним ҳалокин айла жононимға арз,
Йўқки жисми нотавон аҳволин эт жонимға арз.

Оҳ дудин, ашк қонин, нола маддин айлагил
Зулфи сунбул, юзи гул, сарви хиромонимға арз.

Куфри зулфи, дину имонимни барбод айлабон,
Қилғонин жон қасди этгил номусулмонимға арз.

Баъдаи васлиға етмай ўлганимни, эй рафиқ,
Қилғасен ҳар ерда кўрсанг аҳди ёлғонимға арз.

Ошиқ ўлтурмакка чиқмиш маст, ишқим сўзин,
Эй рақиб, этсанг не ул бебоки нодонимға арз.

Васл шавқи ғолибу мен гунгменким, айламак
Ҳожат эрмас кошифи асрори пинҳонимға арз.

Эй Навоий, ҳажр зиндонида жоннинг хавфи бор,
Қилғосен топсанг маҳал албатта султонимға арз.

* * *

Ўзга бўлди ёру меҳри менда боқийдур ҳануз,
Нотавон кўнглумда ул ой иштиёқидур ҳануз.

Гарчи ўзга ёр истар хотирим, бордур валек
Жон анга манзил, кўнгул онинг висоқидур ҳануз.

Ғайр ишқи кўнглум эвинда нечук қилғай нузул,
Ким хаёли маскани кўзум равоқидур ҳануз.

Ишқ ила май таркин, эй носиҳ, не навъ айлай қабул,
Ким кўнгулга орзу ул турфа соқийдур ҳануз.

Фурқат ўти дофин доғ ўртамакдур демаким,
Ўртаган жоним ул ой доғи фироқидур ҳануз.

Чарх ёлғуз қилмади Фарҳод қонин лолазор,
Лола қонин тўккучи онинг нифоқидур ҳануз.

Эй Навоий, гарчи мени меҳрсиз дер эрди ёр,
Ўзга бўлди ёру меҳри менда боқийдур ҳануз.

* * *

Ғамида кўнглум эрур ишқ мубталоси ҳануз,
Бошимда бордурур ул сарвқад ҳавоси ҳануз.

Юзунг фироқида ҳар бир кўзум менинг бир доғ
Қуюбтурур, вале тушмайдурур қароси ҳануз.

Фақиҳ қилди дуо: «Ишқдин қутулгил» деб,
Қабул қурбида эрмас эмиш дуоси ҳануз.

Нечук тамаъ қилайин меҳр ила вафосинким,
Ҳақир жонима дархўрд эмас жафоси ҳануз.

Ҳалок ўқи кўзунг урмиш кўнгулга, топмаки, бор,
Ёнида кирпигу қошингдин ўқу ёси ҳануз.

Ҳалокинг ўлғали жон кўз қарорди, ваҳ, юз очиб,
Қародин они чиқаргилки, бор азоси ҳануз.

Сипеҳр зулмидин ул навъ мотамийдур субҳ,
Ки умрлар ўтубон чок, эрур либоси ҳануз.

Навоий жон берур, ул муддаийни маҳрам этар,
Бу ишча юз минг эмастур анинг сазоси ҳануз.

* * *

Ёр этти меҳр таркию мен бормен ҳануз,
Ишқи салосилиға гирифтормен ҳануз.

Ҳажрим туники йилча эди бу умид ила,
Ким келгасен, йўлунг уза бедормен ҳануз.

Келгач, кўнгул яроси ёвушти ўпгалгали,
Бир лаҳза бормағилки, дилфигормен ҳануз.

Бозори ҳусн даврида ҳар неча хайли хат,
Қилди ғулу валек харидормен ҳануз.

Эй шайхи сода, зуҳдума ҳар кун инонмаким,
Тунлар муқими кулбаи хаммормен ҳануз.

Мен ўлгали кўп эрдию итлар фиғонидин,
Қилдинг гумонки, кўюнг аро бормен ҳануз.

Айлаб фалакни жом сумурдум, Навоиё,
Нўш тут бу базм ичиндаки, ҳушёрмен ҳануз,

* * *

Йўқ ҳадим қўймоққа анинг рахши туйноғиға юз,
Басдурур, гар сурта олсам йўли туфроғиға юз.

Тўнунгга юз сурта гар олмон, чаманда ҳар шажар
Ўхшаса қаддингға, суртай барча яфроғиға юз.

Рахшининг доғиға мумкин бўлмаса юз суртарим,
Суртайин жисмимда ишқи ўтининг доғиға юз.

Кўйига йўл топмасам, дўзах сари борғанча бор,
Кому осойиш учун қўймоқ Эрам боғиға юз.

Дўстлар, қатлимға андоқ келди ул султони ҳусн
Ким, салотин қўймағайлар қатл учун ёғиға юз.

Ишқдин Фарҳод ила Мажнунча мен қўймоқ била
Гаҳ жунун даштиға гому гаҳ бало тоғиға юз.

Эй Навоий, васл осон эрдию ҳижрон қотиғ,
Кўрки, осонлиқ тилаб, қўйдум қатиқроғиға юз.

* * *

Эй, ўлукни тиргузур чоғда суруб дурбор лафз,
Дам-бадам зоҳир қилиб лутфунг Масиҳ осор лафз,

Қаддинг ул нахлики, бори гавҳари алфоз эрур,
Оллоҳ-Оллоҳ, не қад раънову гавҳарбор лафз.

Лаъли ҳар лафзида маъни кўптурур, йўқ тифлдек,
Бир адое маъни айларда дегай бисёр лафз.

Оразинг васфида кўп сўрсам қуёш лафзин, не тонг,
Ажз эса маъни адосида топар такрор лафз.

Ҳажр аро андоқ топибдур ноладин бўғзум хирош
Ким, бўлур дарди дилим айтур замон афгор лафз.

Бемалоҳат хўбким дебо киёр бор уйлаким,
Маъни ўлғай чошнисизлик анга паргор лафз.

Эй Навоий, кўнглунгга берсанг сафо, ёр оллида
Фош ўлур сирринг, не ҳожат айламак изҳор лафз.

* * *

Кўнглум олди ёр, чун юзига боқиб турди кўз,
Ваҳки, олдурди кўнгул, ҳар кимсаким олдурди кўз.

Боқғач ул қотилға, солди бошима тиғ узра тиғ,
Оллоҳ-оллоҳ, не балолар бошима келтурди кўз.

Ҳажр шоми кўз ёшим бошимдин ошти, уйлаким
Су йўлин ҳар сари айлаб рахналар, билгурди кўз.

Оҳ ўтидин айлади зоҳир кўнгул барқи бало,
Нечаким кўнглумга офат ёмғурин ёғдурди кўз.

Кўҳи дард ўлдум мену теграмда сабру хуш элин,
Ёғдуруб ёшини, сайли ашк бирла сурди кўз.

Ҳажр кожидин кўзумга ҳар замон ўт чоқилур,
Бу чоқинларға таним хошокини куйдурди кўз.

Оҳ ўтидин бори қутқарди буким ашким аро,
Су кишиси янглиғ ўз мардумларин ёшурди кўз.

Наҳс юлдуздек кўзи чун тушти, барҳам бўлди базм,
Муҳтасиб майхона аҳли базмиға еткурди кўз.

Эй Навоий, истама мендин кўнгулким, ёғдуруб
Жолаи ашкин, кўнгулнинг шишасин синдурди кўз.

* * *

Ёпилмас гар менга қонлиғ судин кўз,
Сенга лекин очилмас уйқудин кўз.

Юзунг лавҳида важҳуллоҳ аёндур,
Не тонг гар олмасам ул кўзгудин кўз.

Боқа олман юзунг оллимға келса,
Қамашур меҳр кўргач ўтрудин кўз.

Кўзунг эл қони тўккандин ҳасад еб,
Не қонларким тўкар ул қайғудин кўз.

Эмассен ҳолима хандону гирён
Қи, ёшармиш сенга кўп кулгудин кўз.

Қадаҳ чархида май меҳрини, соқий,
Солиб ёрут манга ул ёғдудин кўз.

Навоий маст кўнглин ашк оқизди,
Гум этди охир анинг бехудин кўз.

* * *

Тўкти қонимни — менинг сари чу очти ёр кўз,
Тўкмайин қон найласун ул қотили хунхор кўз.

Кўзу кўнглумдин балоларға йўлуқтум, кошки
Итса бесомон кўнгул, кўр ўлса йиғлаб зор кўз.

Ҳажр тиғи бирла урма ончаким, кўрсун сени,
Ҳар не қилсанг қил, чу топти давлати дийдор кўз.

Ваҳ, нелар бўлғай яна тушса кўзум ул кўзгаким
Ул бири хунрез кўздур, бу бири хунбор кўз.

Кўз учидин ваъдаи васл айлаб имо олди жон,
Гўйиё бози бериб жон олди ул айёр кўз.

Бир юз очиб, чок этиб кўнглумни, кўзунг урди ниш,
Бўлди бу иштин кўнгул мамнуну миннатдор кўз.

Истасангким, сурмаи мақсуд ила кўз ёруғай,
Сурма кун тунларда ҳижрон шоми тут бедор кўз.

Кўзу кўнглунгга десанг ул еткач офат етмасун,
Саъй этиб тўхтат кўнгулни, асрағил зинҳор кўз.

Эй Навоий, тўтиёйи васлға қобил бўлур,
Ғам ема, гар бўлса ҳижрон хоридин афгор кўз.

* * *

Эй юзунг боғи насимида ҳавойи наврўз,
Лаъли тожинг бўлуб ул боғда бўстонафрўз.

Зулфу рухсор ила комимға мени еткурсанг,
Ҳар тунунг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун наврўз.

Кўнглум ул луъбат илигида гирифтор ўлмиш,
Қушни ул навъики лаъб аҳли қилур дастомуз.

Дарди ҳажрингда куяр кўнглуму ўз ҳолимға
Кишисизликдин ўзумдурмен ўзумга дилсўз.

Даҳр золиға кўнгул бермаки, Рустамларни
Макр ила айлади ожиз бу ситамгора ажуз.

Кўк жафосидин ўлур хобгаҳинг бўз туфроғ,
Бўлса остингда сипеҳр ашҳаби янглнғ кўк бўз.

Эй Навоий, сену Хусрав била Жомий таври
Санъату рангни қўй, сўзда керак дард ила сўз.

* * *

Манга ул кўзи қора деди чучук чандин сўз,
Не ажаб ани қоракўз десаму ширин сўз.

Лаби юз ваъдани андоқ манга ёлғон қилди
Ки, дей олмас киши юз йилда бир андоқ чин сўз

Ҳажринг афсонасидин сўз дер эсам васл туни,
Топмағай тонгғача тун йилча эса таскин сўз.

Белию лаъли лаби оллида лол ўлди хирад
Ким, эрур бири дақиқу бири бас рангин сўз.

Ҳар фасоҳатки, лабинг қилди, Масиҳо эшитиб,
Жон топиб, келмади оғзи аро жуз таҳсин сўз.

Ҳусни васфида сўзум тутти бари оламни
Муршиди ишқ манга айлагали талқин сўз.

Базми айш ичра Навоий, не ажаб урмаса дам,
Айта олмас чу нишот аҳли аро ғамгин сўз.

* * *

Эмди ғами йўқ, солди чу кўнглум ар минг сўз,
Оҳим ўтидин ўчса ҳамул шамъи дилафрўз.

Кўнглум яросин тикти ва лекин ўқи бирла,
Жонимға алифдек дурур ул новаки дилдўз.

Васли аро, кўрдум, тенг эмиш бўйию сочи,
Тун-кун тенг экан зоҳир ўлур бўлди чу наврўз.

Ишқ айлади расво мени, эмди бошинг ол, кет
Юз хижлат ила, эй, хиради маслаҳатомуз.

Жоним эвида онча ғаминг нақдини йиғдим
Ким, бўлди кўнгул маҳзани бу жони ғамандўз.

Бир субҳ ангаким толеъ ўлур бода қуёши,
Хуш бахти ҳумоюн била хуш толеи феруз.

Дерларки, Навоийму экин дашти фанода,
Чун сарсари ҳижрон совурур бир соридин тўз.

* * *

Кийик чарми заиф эгнимга мажнунлуғ нишони бас,
Жунун тоши синуқ бошим уза қуш ошёни бас

Дамингни асра, эй Исоки, ранжим дафъиға ҳар кун
Ғизо ул ой қиличи захмининг бир қатра қони бас.

Сену ҳайвон суйи, эй Хизр, тутқил тарки жонимким,
Манга ёр оллида ўлмак ҳаёти жовидоний бас.

Шаҳу иззат саририким, агар будур жаҳон жоҳи,
Манга идбор кўйида мазаллат хокдони бас.

Ғанию кўнглида пинҳон дирам фикрию ишқ ўти
Менинг кўнглумда куйдурган неча доғи ниҳоний бас

Санга кавсар суйию лаҳни Довудийки, дайр ичра
Муғанний нағмаси бирла манга жоми муғоний бас.

Ҳаводис дафъиға шаҳ кўк ҳисори узра гар чиқсун
Ки, фақр аҳли учун дайри фано дор-ул-амони бас

Фиғонким, лутфу қаҳриға тафовут йўқни ҳам англаб,
Фано аҳлиға жаврин қилмади бу дайри фоний бас.

Навоийдек ўлар ҳолимда деманг ҳуру жаннатдин,
Сезинг барчаки, бу овораға бир кўрмак ани бас.

* * *

Хўбларға менг ул ойнинг тоза қуллуқ доғи бас,
Кўзларига сурма кўйининг қаро туфроғи бас.

Бесутун сайрини найлайким, манга эгнимдаги
Кўк равоқиға сутун бўлған маломат тоғи бас.

Чун таним зоғу зағанға туъма бўлди, эй сипеҳр,
Юз бало қуллобин олғилким, алар тирноғи бас.

Шоҳу тожу хилъатиким, мен тамошо қилғали
Ўзбагим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Гўшайи майхонадин гулшанға борманким, манга
Гул уза насрин — майи гулранг уза куп ёғи, бас.

Ёшинг эллик бўлди, юз қўйғил фано туфроғиға
Ким, шабоб айёми айшу беадаблиғ чоғи бас.

Гар Навоий ҳолиға ул шўх боқмас раҳм ила,
Гоҳ ибрат бирла ҳам ул ён назар солмоғи бас.

* * *

Бизга олам боғидин ул сарви гулрухсор бас,
Гоҳ андин жилва, гоҳе давлати дийдор бас.

Ёғлиғин захмимға боғларға не ҳаддим истамак,
Қилса лутф андин муни тикмак учун бир тор бас.

Мен киму зулфунг таманноси, агар куфр истасам,
Итларинг бўйни танобидин манга зуннор бас.

Ҳажр ўтидин синди кўнглум истаман қасринг паноҳ,
Соя бир кўнгли бузулғанға бузуғ девор бас.

Кўзда бир уйқуни кўрсам, уйқуда кўрсам сени,
То ажал уйқуси ушбу давлати дийдор бас.

Воизо, мен осий эрман ҳуру жаннат лойиқи
Муғбача соқий, мақомим кулбайи хаммор бас.

Ўзлугунгдин ўзни салб этсанг ғараз бир гомдур,
Эй Навоий, қилмағил бу шевани зинҳор бас.

* * *

Дайр аро бизга ватан сарманзили хаммор бас,
Қибла — бут, сарриштаи фақру фано — зуннор бас.

Дам-бадам бир муғбача лаъли лаби ҳижронидин,
Лаългун соғар қадаҳдек, дидаи хунбор бас.

Девсийратлардин, эй гардун, мени оғритмаким,
Юз аларча оғритурға ул парий рухсор бас.

Ёр зулм этган сайи ағёр сўрмоқ зулм эрур,
Ваҳки, шояд қилмағай ҳаргиз жафосин ёр бас.

Жоми минойини соқий гар бас этмас, бок эмас,
Гарчи жаврин қилмағай бу тоқи мннокор бас.

Чархдин не келса, хуш бўлким, сенинг кўнглунг учунг
Айламас даврини ҳаргиз гунбади даввор бас.

Эй Навоий, риштаи давронға чеккил дуррн назм
Ким, замон авроқиға сендин сўз-ўқ осор бас.

* * *

Йўқ манга ҳад айламак бошингға эврулмак ҳавас,
Итларики бошиға эврулмак муяссар бўлса бас.

Чун ҳаддим йўқ эткали жавру жафосин илтимос,
Қайда мумкнн айламак меҳру вафосин мултамас.

Эй Масиҳим, чун ўлармен — бир васият айлагум,
Халқдин махфий қулоқ оғзимға қўйғил бир нафас.

Кечалар ҳажрингда фарёдим ўтар афлокдин,
Маҳвашим, фарёдким, бўлмас манга фарёдрас.

Гулмудур қўйғон қафас устида, эй булбул, санга
Ёхуд афғонинг ўтидинму туташибтур қафас.

Гулшани ишқ ила олийшон эрурким, анда бор
Сидра шохи бирла тўби бир-ики хошоку хас

Гар Навоий ёрнинг васлин таманно қилса бор,
Уйлаким, бўлғай гадо кўнглида шоҳ ўлмоқ ҳавас.

* * *

Йўқ дамеким, фурқати жонимға бедод айламас,
Ғайрни шод эткали кўнглумни ношод айламас.

Ўлмакимни билмайин гўё дер эрмиш ул парий
Ким, неча тундурким, ул девона фарёд айламас.

Улча бағримға қилур ғам нишидин ҳижрон ғами,
Тоғнинг бағриға метин бирла Фарҳод айламас.

Солди кўнглум ўтиға пайконларин ҳижрон, ажаб
Ким, манинг қатлимға боштин тиғи пўлод айламас.

Қайси бир дамдурки солмон сабр авроқиға кўз
Ким, борин оҳим ели бир дамда барбод айламас.

Бевафолар рағмиға севдим парини, эй кўнгул
Ким, вафо изҳори жинси одамизод айламас.

Оқибат чун айрулуқдур, ул киши айлар ғалат,
Ким висол ичра ўзин ҳижронға муътод айламас.

Муғбача қурбони бўлсак йўқ ажабким, пири дайр
Бизга ойини фанодин ўзга иршод айламас.

Эй Навоий, бўлма анинг ёдидин ғофил даме,
Сен ким ўлдунг дегаликим, ул мени ёд айламас.

* * *

Ҳар ниёз этсам аён, жуз ноз ойин айламас,
Неча аччиғ йиғласам, бир лабни ширин айламас.

Истаса ҳар кимни ўлтурмак учун жаллоди даҳр,
Ваҳки, мендин ўзгани ул ғамза таъйин айламас.

Кимгаким бир оразу рухсору хатту зулфнинг
Шавқи бўлса, хотири майли раёҳин айламас.

Жилваким қонлиғ кўнгулда айлар ул қад бирла юз,
Соҳати гулзор аро шамшоду насрин айламас.

Ашк ўткунча юзумдин қаҳрабо ранги тутар,
Суни ҳаргиз заъфарон бу навъ рангин айламас.

Ваҳ, не ҳолатдурки, ул ҳусн айласа ҳар кимни шод,
Ишқ мендин ўзгани бу ишда ғамгин айламас.

Эй Навоий, сўз деким, давронни гардундек қазо
Жуз бу дурри кавкаб ойин бирла тазйин айламас.

* * *

Ҳар неча куйсам ул ой кўнглумни пайдо айламас,
Айласа ҳам ўлсам ани ошкоро айламас,

Ишвасидин илтифот аҳволима зоҳир бўлур,
Зорлиғ кўргузсам андоқ ишва пайдо айламас.

Жонға бир куймоқчадур ҳар кимга парво қилмоғи,
Яна юз ўлмакчаким қатлимға парво айламас.

Шўхлуғлар бирла сабрим хирманиға ўт солур,
Ҳусн ила ёлғуз мени-бедилни шайдо айламас.

Қайда юзлансам жунун ҳангомасидур халқ аро,
Ул чу етти кўз учи бирла тамошо айламас.

Айламас то ҳусни бир сендекни олам офати,
Ишқ бир мендекни ҳам оламда расво айламас.

Мен аёғи туфроғиға нақди жон айлай нисор,
Не ишимким, ул қабул айлар ани ё айламас.

Нақди исломим олиб бир журъа тут, эй муғбача,
Бўл равонким ҳеч кофир буйла савдо айламас.

Муддатедурким, Навоийдур аёғинг туфроғи,
Пойбўсунг гар топар, ортуқ таманно айламас.

* * *

Ҳолима ёр тараҳҳум қилмас,
Йиғласам зор, табассум қилмас.

Кўнглума ваҳм эрур ҳижрондин,
Қатлдин ҳеч таваҳҳум қилмас.

Ғунча оғзинг сўзида қайси замон
Ким, ҳазин кўнглум ўзин гум қилмас.

Жаврларким қилур ул ой манга,
Етти афлок аро анжум қилмас.

Қайси бир зулмки қилмас ул шўх,
Гарчи бу зор тазаллум қилмас.

Юз калом эл била айтур ҳар дам,
Бизга бир нукта такаллум қилмас.

Эй Навоий, қия боқти демаким,
Кўнглума ёр тараҳҳум қилмас.

* * *

Ғамингдин, эй парий, девоиа бўлмас,
Кишиким ҳуш топқоч, ёна бўлмас.

Жамолинг шамъиға кўнглум қушидек
Малойик хайли ҳам парвона бўлмас.

Анга йўқ ишқ бирла ошнолиқ
Ки, ақлу ҳуштин бегона бўлмас.

Кишига васл иқболи не мумкин,
Агар ҳижрон аро мардона бўлмас.

Керакмас май, агар худ жон бағишлар,
Манга соқий агар жонона бўлмас.

Хирад муғ дайри сари истамангким,
Бу йўлда оқилу фарзона бўлмас.

Навоийға бузуқ, булбулға гулшан
Ки, ҳузну айш эли ҳамхона бўлмас.

* * *

Даме эрмаски, лаълингдин кўнгул юз лахт қон эрмас,
Дағи ҳар лахт қон ёшим била кўздин равон эрмас.

Юзунг меҳри ичинда кўз солиб оғзингни кўрмасмен,
Агарчи зарра хуршид оллида кўздин ниҳон эрмас.

Ушалған ҳар сўнгак жисмимда гўё каъбатайнедур,
Ниҳоний дағи зоид нуқтасидурким аён эрмас.

Эрур дардимға таскин бу кеча лекин тўшук кўксум,
Ажаб гар новаки кўнглумга киргандин нишон эрмас.

Мени ўлтургали ғамзанг ўқи умредурур, лекин
Тириг лаълинг хаёли бирламен, жисмимда жон эрмас.

Лаҳад кунжин ватан айлаб тиниптур умридин Мажнун,
Не бўлса, мен кеби оворайи бехонумон эрмас.

Бу давр ичра қачон жоми фароғе етгай, эй соқий,
Чу бир дам дарду меҳнат заҳри чекмакдин амон эрмас,

Агарчи қон ютар булбул, вале не ғам анга чунким
Навола ғунчадин айрую гулдин ўзга хон эрмас.

Навоий ўлди, гар парвона куйди, булбул ун чекти,
Булар гар яхшидурлар, ишқ аро ул ҳам ёмон эрмас.

* * *

Эй кўнгул, ҳолимға ул ой раҳм қилғудек эмас,
Зорлиғ бирла ишим андин очилғудек эмас.

Ишқида расволиғим ул навъ бўлди фошким,
Зуҳду исмат пардаси бирла ёпилғудек эмас.

Жоми ишқидин кўнгул ул навъ эрур масти хароб
Ким, қиёмат базмиға тегру айирғудек эмас.

Уйла ишқи даштида мажнун кўнгул оворадур
Ким, парийлар истаган бирла топилғудек эмас.

Соқиё, лаълинг майидин гар иложе қилмасанг,
Бу хуморим лаъли май бирла ёзилғудек эмас.

Дард ўтин қилған ҳавас аввал кўнгулни ўртадик
Ким, ул ўт ҳар хом кўнглига ёқилғудек эмас.

Эй Навоий, ул парийвашдин вафо кўз тутмағил
Ким, жунун аҳлини асло кўзга илғудек эмас.

* * *

Лабингдин айру бағир лахт-лахт қонму эмас,
Бу қон назар йўлидин дам-бадам равонму эмас.

Юзунгни пардада десам, парий, тонгирғомоғил,
Мениму қилмади мажнун, ўзи ниҳонму эмас.

Жаҳону жон ҳазар этса, не айб ғамзангдин,
Балойи жонму эмас, офати жаҳонму эмас.

Кўнгулга кўйунг аро раҳм невчун айламадинг,
Ғариб телбаму ё зори нотавонму эмас.

Не айб, лаъли лабинг ҳасратида жон берсам,
Ҳаёт чашмаси ё умри жовидонму эмас.

Қадаҳни яхши тўла айламайсен, эй соқий,
Хумор меҳнатидин ҳолатим ёмонму эмас.

Қадам Навоий маҳзун бошиға қўймас ёр,
Ғубори раҳму эмас, хоки остонму эмас.

* * *

Дам-бадам лаълинг хаёлидин ичим қонму эмас,
Қатра-қатра кўз йўлидин юзга ғалтонму эмас?!

Гаҳ ўлуб, гоҳе тирилсам, тонг эмас, ваҳ, ғамзаси
Қотил эрмастурму ё нўши лаби жонму эмас?!

Не ажаб, ишқ офатидин чиқса жон тан мулкидин,
Шаҳ на золимму эмас, ё мулк вайронму эмас?!

Новаки зулм урмоғингдин тонмағил, эй қоши ё,
Танда захм эрмасму, ё кўнглумда пайконму эмас?!

Телба кўнглумни дема кўп вола эрмас ишқ аро,
Шуҳрайи офоқ, ё расвойи давронму эмас?!

Даҳр шўхиға кўнгул гар бермадим, айб этмангиз,
Ишваси чинму эмас, ё аҳди ёлғонму эмас?!

Дашт аро кўрсанг Навоийни эмас мажнун дема
Тошму урмас кўксига, ё жисми урёнму эмас?!

* * *

Сунбулин Лайло очиптур, ел абиросо эмас,
Доғини Мажнун қонатмиш, лолайи ҳамро эмас.

Настаран кўзгусида бир сари мен, бир сари ёр
Чеҳра аксин кўргузуптурбиз гули раъно эмас.

Гулни ўхшатқан учун ёримға гўё боғ аро,
Музтариб кўнглум қушидур, булбули шайдо эмас.

Сунбул устидин насим эскач, нигорим туррасин
Ёд қилдимким, димоғ ошуфтадур, савдо эмас.

Наргис олтун жомининг оллида кофурий ҳарир
Пардайи жонимдурур марҳун, қадаҳполо эмас.

Дема, афғонимда булбул ноласидек йўқ нишот,
Бу ҳам андуҳзо эмас, гар ул нишотафзо эмас.

Гулни сарв узра хаёл эттим кўнгул бўстонида,
Рост айтай: сарви гулрўюм кеби зебо эмас.

Бўлмангиз мағрури ҳусн, эй шўхларким, боғ аро
Сиз кеби билтурғи гуллардин бири пайдо эмас

Манга гулрух соқию булбулға гул тутти қадаҳ,
Маст эрур ул ҳам Навоийдек, вале расво эмас.

* * *

Бизга ишқ андуҳидин иш зорлиғларму эмас,
Ҳоли ҳажр ошубидин душворлиғларму эмас.

Ғунчадек юз пора кўнглум ҳоли бир гул ҳажридин,
Хорлиғларму эмас, афгорлиғларму эмас.

Тонг эмас ҳижрон саҳобин десалар ёғдурди қон,
Кўзларим даъби кеча хунборлиғларму эмас.

Эй ажал, ҳижронда ўлмакдин мени қўрқитмағил,
Иш манга бу сўзда миннатдорлиғларму эмас.

Эмин ўлма, меҳр кўргузган била, афлокдин
Ким, бу кажравлар иши ғаддорлиғларму эмас.

Маҳвашеким покрав ошиқни қилғай баҳравар,
Ҳуснидин ойини бархурдорлиғларму эмас.

Эй Навоий, ёр кўйи итларининг ҳолинга
Кеча тутмоқ қопмоғидин ёрлиғларму эмас.

* * *

Кимгаким бўлса насиб ул офати жондек анис,
Бебаҳо бўлғай қошинда моҳи Канъондек анис.

Қайда бу гулшанда унс ўлғай мангаким, истарам
Орази гул, қомати сарви хиромондек анис.

Кофиреким нақди диним олдию ёшурди юз,
Топмоғум юз саъй ила ул номусулмондек анис.

Унс тутқоч, ваъдаи васл эттию қилди хилоф,
Ҳеч кимга бўлмасун ул аҳди ёлғондек анис.

Ул пари мен телба бирла унс агар тутмас, не тонг,
Дашт аро Мажнунға бас ғули биёбондек анис.

Не ажаб даврон аро ошуб тушмак ҳар замон,
Менки истар бўлсам ул ошуби даврондек анис.

Қилғай инсоният ар кўз мардумиға тутса унс,
Эй Навоий, яхшидур инсонға инсондек анис.

* * *

Менинг жунунума гар ул парий эрур боис,
Ҳалокима қад ила пайкари эрур боис.

Дема недин куясенким, анинг юзу лабидин
Бу ишга шуъла била аҳгари эрур боис.

Кўнгул қуши туну кун мулки бохтар сари
Ҳаво қилурға маҳи ховарий эрур боис.

Мангаки, ғамзасидин ўлмишам, ҳаёти абад
Хаёлиға лаби жонпарвари эрур боис.

Чаманда булбул этар шавқ нуктасин такрор
Ки, гул варақларининг дафтари эрур боис.

Ул ой фироқида ашким оқарға шому саҳар,
Тулуъи Зуҳра била Муштарий эрур боис.

Кўнгулни чоку бағирни шикоф истарима
Анинг қиличи била ханжари эрур боис.

Ҳамеша дайр ичида бўлмоғимға муғбачалар
Карашмасию фано соғари эрур боис.

Навоий ўлмасиға озими Ироқу Ҳижоз
Магар назоҳати мулки Ҳирий эрур боис.

* * *

Жон етиб оғзимға топмон дарди ҳижрондин халос,
Жонни ҳижрондин халос эт ё мени жондин халос.

Андоқ очти сунбулин гул узра елким, бўлмағай
Бир кўнгул оламда ул зулфи паришондин халос.

Дема, нолангдин ўчар ҳар шом элдин уйқуким,
Туннинг ул бошида эл эрмас бу афғондин халос.

Гарчи ер топтинг кўнгулда ваҳм эт оҳу ашкдин
Ким, кириб вайронға бўлмас кимса тўфондин халос.

Ёғса мажнун кўнглум узра шўхлар дарди не тонг,
Телба атфол ичра бўлмас сангборондин халос.

Истамас бир-бирни сенсиз жону тан, тенгри учун
Ким ани мундин халос этгил, муни андин халос.

Ҳажр уйи ичра қоболмиш ёр ҳажридин кўнгул,
Ваҳ, қачон бўлғай бизинг тутқун бу зиндондин халос.

Жом давридин халос ўлмоқни зинҳор истама,
Эйки, бўлмоқ истадинг андуҳи даврондин халос.

Банди зулфунгдин Навоийни халос этқил десам,
Дерки, бўлмас, бўлмағунча ҳукм султондин, халос.

* * *

Гар манга бор эрса ул дилдори зебо бирла унс,
Ул муҳиқдур, тутмаса мен зори шайдо бирла унс.

Олам аҳли муттафиқдурлар мени ўлтургали,
То тутубмен ул жамоли оламоро бирла унс.

Лаъли маънусумдурур, ўлтурса ўлтурсун кўзи,
Не ғами жаллоддин тутқай Масиҳо бирла унс.

Мен киму ул хўблар шоҳи била улфат, магар
Ваҳш тутқай дашт аро Мажнуни шайдо бирла унс.

Тўлғаниб зулфунг бу мажнунға не саркашлик қилур,
Чунки савдо аҳлиға бор аҳли савдо бирла унс.

Эй мусулмонлар, чу бир кофир асиримен, не тонг,
Бор эса кўнглумга зуннору чалипо бирла унс.

Сарви нозим кийгали сариқ, қизил бўлмиш манга
Ҳам гули раъно била, ҳам сарви зебо бирла унс.

Гар десанг дунёда ҳар дам юз балият кўрмайин,
Эй кўнгул, зинҳор тутма аҳли дунё бирла унс.

Эй Навоий, гар десанг соқийлиғ этсун муғбача,
Тут кириб муғ дайри ичра жоми саҳбо бирла унс.

* * *

Не ажаб гар бор эсам девонавашлиғ бирла хуш
Ким, кўнгул олған парийрўйум эрур девонаваш.

Манъ этарсиз ҳуши йўқ кўнглумга лаъли бодасин,
Айтинг, эй ҳуш аҳли, келгайму бу сўз усрукка хуш.

Софи васли бўлмаса гар барча заҳри ҳажридур,
Соқиё, бир журъа тутким, олди жонимни аташ.

Солди кўнглумни ғами ҳижрон гудози ичра ёр,
Гўйиёким ишқ аро ул қалбда бор эрди ғаш.

Ваҳ, не янглиғ соғ ўлай мен телба бу ҳолатдаким,
Ул парий ҳам бордурур девонаваш, ҳам журъакаш.

Шайх бошиға бало эркандурур дасторким,
Ишқ асрорин эшитмакликка мониъ бўлди фаш.

Демаким, бир яхши сўз бирла Навоий жонини
Олсам, ул бўлғайму розий яхши сўзга не кенгаш.

* * *

Оҳким, ул шўх эрур ҳам моҳваш, ҳам шоҳваш,
Балки ҳам қулдур анга юз шоҳваш, минг моҳваш.

Гар қуёш эрмас юзунг, невчун нишотим мазранн
Тобидин айлаб қуруқ, рангимни қилди коҳваш.

Кўнглум олиб будурур мақсуд ангаким ўртагай,
Буким ўзни дилситоним кўргузур дилхоҳваш.

Васл аро ўзни хаёл айлаб нишотим бордур,
Сойил андоқким ясағай ўзни аҳли жоҳваш.

Эй қуёш, оҳим не тонг оламға солса рустахез,
Ҳар дамим гардунға чунким шуъла тортар оҳваш.

Ўздин огаҳ эрмон, огоҳе керак сарвақтима,
То ул огаҳ давлатидин бўлғамен огоҳваш.

Эй Навоий, гар ҳидоят етса йўлға киргамен,
Гарчи муғ дайрида ҳоло бор эсам гумроҳваш.

* * *

Тун ҳам кечу йўл дағи йироқ, сен дағи сархаш,
Ўлтурки даме ўлтурали, эй бути маҳваш.

Йиллар чекибон ҳажр даме васлингга  еттук,
Сен дағи даме зорларинг кўнглини тут хаш.

Манзил дағи амну кўнгул асҳобдин эмин,
Май дағи эрур беғашу руҳ андин етиб ғаш.

Маълум эмас тонгла ким ўлғусию ким йўқ,
Тинсун қадамингда нафаси неча балокаш.

Ҳайҳот бу хилватда киши бўлса ўлармен,
Ғайр ўтса хаёлимға қилур мени мушавваш.

Бир нақш бу янглиғ менга кўргузмади гардун,
Чеҳрамни қилиб қон ила юз навъ мунаққаш.

Қилмади Навоийға бу иқболни рўзи,
Улким варақи қисмат уза бўлди рақамкаш.

AbdurRohman:
* * *

Не абрашдурки, секритмиш яна майдонға ул маҳваш,
Қизил, оқ гул била елдин магар халқ ўлди ул абраш.

Жаҳон майдонида то шўх чобуклар қилур жавлон,
Киши кўрмайдур андоқ абраш узра ул сифат маҳваш.

Эмас абраш, сипеҳредур шафақдин кўргузуб анжум,
Қуёштурки анга рокиб, тонг эрмас гар эрур саркаш.

Нечук ўлмай ул абраш узра ул маҳвашни кўргачким,
Ҳамул абраш эрур саркаш, ҳамул маҳваш эрур сархуш.

Мени мажнун йиқилсам кўргач-ўқ, ҳайрат ери эрмас
Ки, ақли кулга ҳар соат эрур наззорасидин ғаш.

Парийваш рахш уза сархуш парий жавлон қилур, нетсун
Жунун жомиға қилмай бодаполо аҳли тақво фаш.

Қуюн янглиғ эгарса абрашин ул шўх, дам урман
Навоийдек, нединким ушбу сўз бор асру кўп чирмаш.

* * *

Улки бизни зору ани асру зебо айламиш,
Ани нопарвою бизни ношикебо айламиш.

Ишқида ҳар кимки содиқроқ, жафоси саъброқ,
Аҳли ҳусн ичра ул ой хуш расм пайдо айламиш.

Дайр аро юз муғбача таълим олурға қўйди юз,
То лабинг эҳёйи анфоси Масиҳо айламиш.

Гар итингнинг пойбўсин топмаса кўнглум, не тонг,
Не учунким, ҳаддидин ортуқ таманно айламиш.

Ишқ аро ўлмай нетайким, кўк мени айлаб гадо,
Ҳусни  иқболи  менинг моҳимни  мирзо айламиш.

Тоғ аро Фарҳоду дашт ичра солиб Мажнунни ишқ,
Кимни мендек жумлаи оламда расво айламиш.

Йиғламиш гоҳи кавокибдин кулуб, гаҳ субҳдин,
Чархким, ҳолимни  ғам шоми тамошо  айламиш.

Жон бериб, даврон элидин истаманг меҳру вафо
Ким, басе топмиш зиён, ҳар ким бу савдо айламиш.

Гар  Навоий, кўнгли мулки бўлса вайрон, айб эмас,
Турктози ишқи ул кишварки яғмо айламиш.

* * *

Сурма биланму ул ой кўзни қора айламиш,
Йўқса Хўтан жайрани мушк ичида ағнамиш.

Кўйида мен заъфдин уйлаки, ҳар ён мени
Ит демайин, балки мўр туъма учун судрамиш.

Ғамзанг ўқи касрати кўнглум арому экин,
Йўқса бу қуш парларин ҳажринг ўти чуркамиш.

Ҳуллайи зарбафтдин қилдиму ул ой сепеч,
Йўқса шуоий хатин бошқа қуёш чирмамиш.

Олам аро бир киши телбарамай қолмағай,
Буйлаки еткач насим зулфунг аро бутрамиш.

Водийи ҳажр ичраким бўлди сўнгак аҳли ишқ,
Будур ўтунким, ани ғам сипаҳи ўртамиш.

Ламъайи рухсор ила ўртади ушшоқини,
Ғайрати ҳусни магар зорларин тергамиш.

Тегмаса базмингда май, басдурур ул су манга
Ким, сен ичар жомни сучи олиб ёйқамиш.

Найлагамен боғламай муғбача зуннорини
Ким, бу куҳан дайр аро Исо ани боғламиш.

Меҳру вафо айбидин покдур абнойи даҳр,
Пок назардурким ул сари назар солмамиш.

Тутти Навоий азиз кўйида ул тошниким,
Гоҳ ани бошиға, гоҳ бошин анга ястамиш.

* * *

Донаи холи Донаи холи лабинг кўнглум қушин ром айламиш
Ким, ани тутқанда жоним риштасин дом айламиш

Анбарин хаттингғаким, андин келур бўйи вафо,
Жон фидо гарчи умидим субҳини шом айламиш.

Лабларингдин  руҳпарвар  нутқ зоҳирдур  магар,
Руҳ қудси оби ҳайвои ичра ором айламиш.

Ҳумрат этмиш ошкор ул усруку хунхора кўз,
Қон ила мамзуж май гўёки ошом айламиш.

Сарву гулга боғ аро дерменки айлай жон фидо,
Токи жоним қасди бир сарви гуландом айламиш.

Чиқти, ваҳ, усрук яна ул кофири бебокким,
Ҳар қачон чиққонда қатли аҳли ислом айламиш.

Дайрни қилмиш кўзумга гулситон, эй муғбача,
Ул майи гулгунки рухсорингни гулфом айламиш.

Ком вақти тарки дунё айлаган топмиш ҳаёт,
Йўқса етканда ажал худкому ноком айламиш.

Қани расвое Навоийдек агарчи ани ишқ,
Некном элдиндурур деб, буйла бадном айламиш.

* * *

Менмудурменким қуёш кулбамни равшан айламиш,
Оби ҳайвон зулматободимни гулшан айламиш.

Юз фалакча топса рифъат байти вайроним, не тонг,
Юз қуёш чунким бу вайронимни маскан айламиш.

Кўз тегурманг, эй париларким, кўзум сарчашмасин,
Ул парию ҳури ризвон рашки маъман айламиш.

Мундин ўтмас дўстлуқ гардуни душман  шевадин
Ким, ўзин душманларим қасдиға душман айламиш.

Меҳрни билмас эди номеҳрибоним, шукр эрур,
Гар бу фан таълим анга даврони пурфан айламиш.

Шеван эрди қисматим ҳижрон тунидин гўйиё
Ким, қора киймиш менинг рашкимга, шеван айламиш,

Эй кўнгул, фарёд ила рам берма, гар вайронима,
Чуғз янглиғ тойири давлат нишиман айламиш.

Бахти жовид ушбу бўлғайким кўзум суртарга чарх,
Итларининг йўли туфроғин  муайян  айламиш.

Эй Навоий, йўқ ажаб, гар чарх ўз давронида
Меҳр бирла бир қорарғон кўзни равшан айламиш.

* * *

Невчун юзида қаҳр ила чин зоҳир айламиш,
Хуршид чашмасида киши мавж кўрмамиш.

Васлинг сўзин эшиткач этар кўнглум изтироб,
Соғинмағил аники, фироқингда тўхтамиш.

Лаълингни истамонки оғиздин чиқарғамен,
Бир хастадекки, жонини оғзинда асрамиш.

Бўлдим ҳалок—чун белига боғлади камар,
Қатлимға гўйиё белин ул шўх боғламиш.

Беморлиғда жон итига қилмишам нисор,
Кўйи сари келибки сўнгакимни судрамиш.

Соқий, кетур қадаҳки, чу ғам айламиш ҳужум,
Бу етмайин кўнгулдин алар барча бутрамиш.

Юз пора кўнглиники Навоий йиғиб эди,
Ул шўх кирмишу яна борини қўзғамиш.

* * *

Меҳр эмас, гардун юзунг ҳижронидин доғ ўртамиш,
Ой эмас, марҳам учун момуқ мудаввар айламиш.

Кўнглум андоқ чок-чок ўлмишки, гўё тўъма деб,
Ҳажр тиғи итларингга бир-бир ани тўғрамиш.

Бисмил этмиш зори кўнглум сайдини қилғоч шикор,
Ул шикор афкан ҳазин кўнглум бу янглиғ овламиш.

Лола рўюм асрамай кўнглумни гар азм айлади,
Ёдгор  андин туганлар чок кўнглум асрамиш.

Ер юзин тутқан баҳор айёми эрмас лолазор
Ким, юзунг ҳижронидин гирён кўзум қон йиғламиш.

Дема, соқий илгидин софийму хушдур йўқса дурд?
Ҳар не андин келди, ул хуштурким ани толғамиш.

Гар Навоий ёридек йўқ олам ичра, не ажаб
Ким, кезиб оламни маҳвашлардин ани танламиш.

* * *

Менга эмди сарв  ила гул муддаоси қолмамиш,
Сарв бўйлуқ гулжабинларнинг ҳавоси қолмамиш.

Уйла бузмиш меҳнату ғам хайли кўнглум кишварин
Ким, нашот анда сиғинғунча фазоси қолмамиш.

Мен балият ичрамен, эл шод, гўё чархнинг
Эмди дард аҳлиға еткунча балоси қолмамиш.

Ёрким қилмас жафозу жавр эрмас раҳмдин
Ким, манга кўргузмаган жавру жафоси қолмамиш.

Баски ҳар торин бало атфоли уздилар чекиб,
Ваҳки, урён жисм уза меҳнат палоси қолмамиш.

Гул чоғи боғингғаким йўл бермадинг, эй боғбон,
Чинмудур дай бўлғали дерлар сафоси қолмамиш.

Эй Навоий, гар вафоси қолмамиш анинг санга,
Ғам емаким, анга ҳам ҳусни вафоси қолмамиш.

* * *

Илгига мовий катон ул шўх невчун чирмамиш,
Гўйиё кўп тийғи зулм урмоқтин оғриб боғламиш.

Ўлтурурда кош ул ёғлиғ билан-ўқ боғласа
Кўзларимниким, ани илгига ҳоло чирмамиш.

Кўргузур эрди яди байзо урарда тийғи қатл,
Боғламиш чун илгин, эл кўзин қоронғу айламиш.

Англағунча кўнглума юз доғи андуҳ ўртади,
Улки кўргач панжасин боғлиғ, дедим доғ ўртамиш.

Кош жоним риштасидин бўлса эрди ёғлиғи
Ким, ул ойнинг дастбўси давлатиға учрамиш.

Соқиё, майким, анинг илгида ёғлиғ торидек
Дарду ғам хайли бузулған хотиримни қопсамиш.

Ўлтурур илгида гар тийғ ўлса анинг гар ҳарир,
Ҳеч билмонким, Навоий не балоға учрамиш.

* * *

Борғонингдин жон талашмоқ эрди мен маҳзунға иш,
Келдингу жонимни олдинг, ул боришқа бу келиш.

Васл ошиқ жонидур мен жон талашим ҳажр аро
Ҳажр бориб васл еткач, ўлмак эрур турфа иш.

Тийғи то кўксумни ёрди нола қилман заъфдин
Рост андоқким, қўяр афғонни чок ўлған қамиш.

Киймамиш ул сарв гулгун тўнки, тонг эрмас бу ранг,
Нахлким, кўз боғида қон бирла топти парвариш.

Эътидоледур ҳавойий ишқ ароким, хуш кечар
Совуғ оҳим бирла ёзу кўнглум ўти бирла қиш.

Жисмим узра бор янги бутган кўкумтул доғдек
Сўзи ҳажрингдинки урдум ғуссадин ҳар ерга неш.

Кишу синжобин не тонг гар кийса музий бозгун
Ким, чиқармиштур кишиликдин ани синжобу киш.

Туз бул ўқтек гар тиларсен авж, ёким, эгридур,
Давр ҳар бир гўшадин бўғзиға солиптур кериш.

Эй Навоий, ҳар дам ул ой меҳри ортар кўнглума,
Гарчи йиллардурким, ул тарки муҳаббат айламиш.

* * *

Юз бало бошимға ёғдурған дедим афлок эмиш,
Чунки таҳқиқ айладим, ул кофири бебок эмиш.

Ҳусн авжида тулуъ айлаб ёрутған даҳрни,
Мен қуёш соғиндим, ул рухсори оташнок эмиш.

Нотавон жисмимни сайли ашк уза қилдим қиёс,
Олами ишқ ичра дарё узра бир хошок эмиш.

Ғам туни бемеҳр экандин йўқки кўксум чок эрур,
Субҳнинг пироҳани доғи бу ғамдин чок эмиш.

Кўнгулу кўз қонидин ориғ бўлур эрмиш юзи,
Ошиқеким, ҳар ғараздин кўзу кўнгли пок эмиш.

Йўқ шафақ, мазлум қониға қолиб эрди сипеҳр,
Ани юған баҳри ашким мавжидин кўлок эмиш.

Етса муҳлик ғам, тилармен боданўше негаким,
Дофиъи ул заҳрнинг, билдимки, бу тарёк эмиш.

Хурда  сочқандин чаман  мулкида султон бўлди гул,
Ғунча қонлиғ кўнглига солған гириҳ имсок эмиш.

Эйки дерсенким, менинг ҳуснумму ортуқ ё қуёш,
Соғинурсенким, Навоий буйла беидрок эмиш.

* * *

Мени ишқ ичра деган оқилу фарзона эмиш,
Дегай улким, сўзин эшитсаки, девона эмиш.

Ёпса юз ҳар кеча кўнглум қушидин, тонг йўқким,
Малак ул шамъи жаҳонтобқа парвона эмиш.

Қасри ул ҳусн шаҳининг эрур андоқ олий
Ки, фалак кунгураси қасриға дандона эмиш.

Кўзларим андин эмиш қону рамад айнидаким,
Дурд ҳамкоса мунга, ҳажр анга ҳамхона эмиш.

Захми кўп танда жунунлуқ кўнгул оромидин
Телбалар  маскани фаҳм ўлдики, вайрона эмиш.

Жаннату кавсар умиди била ўлдунг, эй шайх,
Билки, нақд ушбу фано дайрида майхона эмиш.

Зуҳд ила эйки Навоийни ўкарсен, кўрдук
Иши усруклук эмиш, ҳамдами паймона эмиш.

* * *

Ҳар парий пайкарга бир девонаеким зор эмиш,
Кунда минг зулм ўлса, бир ҳам раҳм гоҳе бор эмиш.

Қайси мажнуни балокашга парий рухсоридин
То абад зулм узра зулм, озор уза озор эмиш.

Сен бу ойини жафо солдинг ораға, йўқса халқ
Кўрса шиддат лутф бирла, йўқса бархурдор эмиш.

Оллоҳ-оллоҳ. бу не сўз бўлғай мену ҳижрон туни,
Васл субҳи қай қачан беёрларға ёр эмиш.

Ҳажр шоми шиддатидин ишқ таркин ҳар кеча
Жазм этибмен, лек доим субҳ истиғфор эмиш.

Давр жоми бирла таскин топмас эрмиш, соқиё,
Кимниким саргашта қилған бу тўқуз паргор эмиш.

Деб эмишсен: Жонни бергайму Навоий истасам,
Билмагансенким, бу худ жон бирла миннатдор эмиш.

* * *

Ҳуши йўқ кўнглум жунун даштида бир шайдо эмиш
Ким, анинг қошида Мажнун асру-кўп доно эмиш.

Тутти сариғ лолалар рухсори ашким бирла ранг,
Дема, эй раънои гулрухким, гули раъно эмиш.

Ҳар бир оҳим дудининг мадду саводин кўрган эл
Зулфи ҳажринда, соғинғайларки, бир ялдо эмиш.

Телба кўнглум ҳолини билмак таманно айладим,
Йиллар эрмишким, жунун даштида нопайдо эмиш.

Дедим: ислай анбарин зулфунгни ол, бошим эваз,
Дедиким: сен телба бошинда ажаб савдо эмиш.

Эй ғаний, ушшоқдин мустағний ўлдунг, билмадинг
Ким, фано аҳлиға султонлиғдин истиғно эмиш.

Англамас эрдим Навоий ҳолин ул ой кўйида,
Ҳар кеча то субҳ иши фарёду вовайло эмиш.

* * *

Сарви раъно қаддидин раъно қадинг чолок эмиш,
Оташин гулдин гули рухсоринг оташнок эмиш.

Улки айтур кўнглакинг ул гул ғамидин чок эмас,
Англамайдур беғами ғофилки, кўксум чок эмиш.

Базмдин усрук чиқиб тўкти улуснинг қонини,
Аҳли дин, қочингким, ул кофир ажаб бебок эмиш.

Ишқим ўтин шохаи тўби уруб паст истаган,
Билмадинг, ул шох бу ўт оллида хошок эмиш.

Тушта Мажнунни ҳазину зор кўрдум, англадим
Ким, бир ой ҳажридин ул ҳам мен кеби ғамнок эмиш.

Бир қуёш ҳажри мени ҳолимға қўймас заррае,
Демангиз бу ишга боис анжуму афлок эмиш.

Воиз айтур ҳур уммиди бирла ул ой таркин эт,
Эй Навоий, кўрки, ул пургўйи беидрок эмиш.

* * *

Авжи ҳусн узра юзунг хуршиди фарруҳбол эмиш,
Холинг ул ҳиндуи муқбил, кавкаби иқбол эмиш.

Дедим: айтай ҳусни васфи бирла ишқим ҳирқатин,
Билмадимким, тил булар васфин демакта лол эмиш,

Ҳусн хаттин пар чиқариб учмоғи эрмиш сазо,
Ишқ ила дард аҳлидин хўбеки фориғбол эмиш.

Манъи ишқ айлар эдим кўнглумга, кўрдум ҳолини,
Шиддати шавқ изтиробидин басе бадҳол эмиш.

Кўз юмуб очқунча юз қон айлар эрмиш ғамзаси,
Мен ёмон бахтига етканда иши иҳмол эмиш.

Ул париваш сувратин сизғач мусаввир, англадим
Ким, хирадни айлаган девона бу тимсол эмиш.

Хонақаҳ шайхи қошинда қолди кўп мубҳам ишим,
Буйла мушкилларга пири майкада ҳаллол эмиш.

Соқиё, жоми висолинг нўшидин тиргуз мени
Ким, хумори соғари ҳижрон ажаб қаттол эмиш.

Гар Навоий пирларға муршид эрди, киргали
Ишқу савдо кўйига бозичаи атфол эмиш.

* * *

Сени кўргач дер эдим, бир меҳрибоним бор эмиш,
Оллоҳ-Оллоҳ, не бало ботил гумоним бор эмиш.

Оразинг моҳийяту оғзинг сўзин шарҳ айларам,
Ваҳ, не табъи поку зеҳни хурдадоним бор эмиш.

Чок қил кўксумни, эй бадмеҳр, токим билгасен,
Тийғи ҳажрингдин не навъ озурда жоним бор эмиш.

Не ҳаёт эрди, ўлар ҳолимдаким, кўргач мени,
Ноз ила деди ҳануз ул нотавоним бор эмиш.

Жавҳари ишқин олурға халқ махфий нақдидек
Жон ичинда бир неча доғи ниҳоним бор эмиш.

Юз ғамим бор эрди, муғ кўйига киргач бўлди дафъ,
Ваҳки, мен ғофил ажаб дор-ул-амоним бор эмиш.

Дерки, ёлқибмен Навоий унидин, ваҳ, яхшидур
Ким, тиригликдин нишондек бир фиғоним бор эмиш.

* * *

Қадинг ниҳолики боғи ҳаёт тарфини тутмиш,
Магарки Хизру Масиҳо сую ҳавосида бутмиш.

Кўнгулнн гавҳари ишқингки равшан айлади, гардун
Магар бу упни дурри шабчароғ бирла ёрутмиш.

Кўнгулни қон ёшу гоҳи юзум била овутурмен.
Сариғ-қизил била андоқки халқ тифлин овутмиш.

Дедингки, ҳажр аро бер ишқ сўзу тобиға таскин,
Киши тамуғда қачон кўнглининг ўтини совутмиш.

Кўнгулга ҳар неча сабру қарор панди берурмен,
Бирини, войки, бишқармайин, бирини унутмиш.

Умнд нахлини ашким била не тоза қилайким,
Самуми ҳажр ани кул айламиш деманки, қурутмиш.

Навоий, эмгак ила дема тарки ишқим этибдур,
Қачон замири уйи гирдиға бу ишни ёвутмиш.

* * *

Лабинг бу хастаға невчун такаллум этмади иш
Ки, бир сукунж била ҳосил этса юз олқиш.

Отар ҳамиша қоши ёси бирла ғамза ўқин,
Агарчи бўлмас ўқ отмоқ, йўқ эрса ёда кериш.

Бошоғларингму экин бағрим ичра ё қолди
Итинг чу туъма учун анда маҳкам айлади тиш.

Тариқи ишқ аро комилдурур кўнгул, не ажаб,
Камол топмоқ этиб ишни ишқ ила варзиш.

Заиф жисмни то тиғи ёрди — нолонмен,
Нечаки чиқмас уни, неча чок бўлса қамиш.

Чекар гул оллида булбул фиғон, магар билди
Ки, ўтса васл баҳори, хазони фурқат эмиш.

Навоий, асра ниҳон ишқ нуктасин зинҳор
Ки, ишқ пири манга ёшурун бу нукта демиш.

* * *

Менга номеҳрибон ёр ўзгаларга меҳрибон эрмиш,
Менинг жоним олиб, ағёрға оромижон эрмиш.

Тан узра эмди фаҳм эттим ададсиз тоза доғимни
Ки, ҳар бир-бир қорарған шоми ҳажримдин нишон эрмиш.

Бузулған кўнглум атрофиндағи захм ичра новаклар
Балият қушларию захм аларға ошён эрмиш.

Рақиби синдуруб кўнглину мен йиғлаб анга, лекин
Су келтирмак ҳамону кўза синдурмоқ ҳамон эрмиш.

Балият даштида зоре кўруб Мажнун соғинғайлар,
Кўнгул отлиғ бизинг овораи бехонумон эрмиш.

Хаёлинг хайли кўнглум даштида чун қилдилар манзил,
Ҳар ўт ёққан ер ул манзилда бир доғи ниҳон эрмиш.

Замон ошубидин кўнглумга юз шиддат етар эрди,
Чу фаҳм эттим — мунга боис ул ошуби замон эрмиш.

Агарчи мен ёмонмен, яхшидурким муътарифдурмен,
Ўзин яхши тасаввур айлаган мендин ёмон эрмиш.

Навоий назмини кўрдум қуёш лавҳиға сабт эткан,
Буюрған ани олий қадр шоҳи хурдадон эрмиш.

* * *

Жавзо кунидин доғи ул чеҳра жамил эрмиш,
Ялдо тунидин доғи ул зулф тавил эрмиш.

Ҳар қатра кўнгул қони жон берди ўлук танға,
Ҳосиятини сўрдуқ— лаълингға қатил эрмиш.

Гулзор аро нилуфар очилди, гумон эттим —
Хол ўрниға ҳар юзда бир нуқтаи нил эрмиш.

Ҳижрон туни дафъ ўлғач, билдимки, юз очибсен,
Хуршид вужудиға тонг нури далил эрмиш.

Овора кўнгул истаб жон тандин олур ишқинг,
Ул телбагаким итмиш гўё бу кафил эрмиш.

Ойини қаноат тут, иззат тилар эрсангким,
Эрмиш тамаъ аҳлидин ҳар кимки залил эрмиш.

Кўнглини Навоийнинг олсанг, назар айлаб кўр
Ким, дард ила доғ ичра жони не қатил эрмиш.

* * *

Ул сарв узори гули серобдек эрмиш,
Лаъли лаби гул узра майи нобдек эрмиш.

Кўрдум қоши аксини кўнгул кўзгуси ичра,
Бу қибланамо, ул мунга меҳробдек эрмиш.

Кўрдум кўнгул аҳволини кўксум тўшугидин,
Лаълинг ғамидин қатрайи хунобдек эрмиш.

Ҳусн анжумани ичра юзин кўрмамиш эрдим,
Анжум аро хуршиди жаҳонтобдек эрмиш.

Девона кўнгул қайди жунундин не қутулсун
Ким, ҳар хами зулфунг анга қуллобдек эрмиш.

Тут фақр этагин, атласи зарбафт сўзин қўй
Ким, ул дағи тан ҳифзида мошобдек эрмиш.

Бир йўли Навоийни йироқ солма назардин
Ким, ул дағи бир кун санга аҳбобдек эрмиш.

* * *

Мени саргашта жисмин доғ ила қон лолазор этмиш,
Қуюн ёхуд тўкулган лолазор ичра гулзор этмиш.

Танимдин қон чиқорған ҳар тараф пайконларинг гўё
Эрур ёмғурки, туфроғдин чечаклар ошкор этмиш.

Кўнгул бирла сўнгак манқал аро ўту ўтундекдур,
Маломат тошларин то ишқ теграмда ҳисор этмиш.

Юзин май гул-гул эткандин харош эрмас унум, балким
Кўнгулда хорхори нолам андомин фигор этмиш.

Лабинг жонимға солған шуълалар ичра қазо гўё
Улуғроқ лаълдин ахгар, кичикракдин шарор этмиш.

Бўла олсам улусқа ул қуёшни кўргали мониъ,
Не ғамдур гар йўлида чарх жисмимни ғубор этмиш.

Ҳалоким билгай улким, бордур ул янглиғ жафокоре
Ки, таврин ҳусн бепарволиғи олуфтавор этмиш.

Кабутар қаср буржида эмас шаҳ шастидин эмин,
Хушо, ул чуғзким вайрона кунжин ихтиёр этмиш.

Маоф эрмиш қаён гом урса раҳрав ноқайи жисми,
Нафас торин қазо чун бурниға анинг миҳор этмиш.

Муғанний нағмаси жон берса базм аҳлиға тонг йўқким,
Навоий риштайи жонин эшиб чангига тор этмиш.

* * *

То кўз била кўнглумни ул ғамза мақом этмиш,
Қонимни ҳалол англаб, уйқумни ҳаром этмиш.

Сарв ўлмади боғ ичра оҳим ели бирлан хам,
Боқ кўз учи бирланким, қаддингға салом этмиш.

Ҳайвон суйидур шудрун, Исо дамидур салқин,
Бўстон сари жононим гўёки хиром этмиш.

Ҳажр ўқлари захмидин жисмим била ашкимни
Тутмоққа бало сайдин, ғам донаву дом этмиш.

То ошиқу шайдомен қатлим қилур ул кўзлар,
Мажнунға кийикларни ишқ улфати ром этмиш.

Маъшуқ қилур жилва, ҳар кимки анинг кўнглин
Дард ўти кули бирла ишқ ойинафом этмиш.

Искандару жамлиқдур ишқингда Навоийға
Ким, рахшинг изу наълин кўзгу била жом этмиш.

* * *

Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Уйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.

Қут бир бодому ерим гўшайи меҳроб эди,
Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиғ кўзу қош.

Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,
Субҳнинг бот-бот дами андоқки айлар меҳр фош.

Бўсае қилмас мурувват асру қаттиқдур лабинг
Десам, оғзи ичра айтур лаъл ҳам бор навъи тош.

Новакинг кўнглумга киргач жон талашмоқ бу экин
Ким, қилур пайконини кўнглум била жоним талош.

Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон Хизридур,
Сарвким, даъб айлади озодалиғ бирла маош.

Қоши оллинда Навоий берса жон айб этмангиз,
Гар будур меҳроб, бир-бир қайғусидур барча бош.

* * *

Қатиқ дардим зулоли ашк этар фош,
Сузук су ичра қолмас яшурун тош.

Ҳалоким васл аро мингдин бир эттинг
Ки, бергай тенгри бир ёшингға минг ёш.

Демакка фитна таълимин бўлуб хам,
Қулоғинг сари бош элтиптур ул қош.

Магар сочингни тийдинг фитнадинким,
Паришонҳол аёғингға қўяр бош.

Ясар чоғда лабинг рангини гўё
Эзиптур оби ҳайвон бирла наққош.

Қадаҳ, эй муғки, жон айлай нисоринг,
Неча бўлсам харобот ичра қаллош.

Навоий жони сенсиз дардисардур,
Борурда ани ҳам олғай эдинг кош.

* * *

Зарра-зарра жисмим ўртанди ғамингдин, эй қуёш,
Ваҳки, сендин бўлмади меҳру вафо бир зарра фош.

Ҳар неча қилсам вафо, сендин вафодин йўқ асар,
Тош экин бағрингму ёхуд боғладинг бағрингға тош?

Кўз ёшим дурри ятими қўйдилар йўлингда юз,
Ваҳки, раҳминг йўқ аёқ остинда кўруб мунча бош.

Гар кенгаш бошлар кўнгул сайдини қурбон қилгали,
Қошларинг ёси недур келтурдилар бир ерга бош?

Эй Навоий, жонға ул кўздин не еткай ғайри захм,
Ўқу ё олдинда қўймиш хосса ул мужгону қош.

* * *

Қайси ишрат меваси нахли ҳаётим қилди фош
Ким, париваш тифллар ёғдурғай ул ён мунча тош.

Олам ичра ул қуёш зоҳир вале мендин ниҳон,
Эй ибодат аҳли, қўйсам, тонг эмас, оламға бош.

Оқ уқор ўтоғаси чобуксуворим бошида,
Уйлаким, хатти шиои айлагай зоҳир қуёш.

Ғам туни саргашта бошим, ҳам сипеҳредурмудир,
Анда кавкаб зоҳир ўлғон юз уза ҳар қатра ёш.

Кўз ани кўргач, кўнгул севди, бу иш бўлған замон
Кўзларим кўру кўнгул нобуд бўлғай эрди кош.

Гар десанг қаттиқ балоға қолмағайсен чархдин,
Олам аҳли бирла юмшоғлиғ била қилғил маош.

Чун Навоий ўлди, итлар дардпарвар жисмини
Тўъма қилмоқ йўқки, рад айларда айларлар талош.

* * *

Шамъ учини олмоғ учун, эй маҳваши фаррош,
Парвона қанотларидин эт сифраи минқош.

Йўқ-йўқки, юзунг шамъиға парвонадур анжум,
Ким, бир-бир алар шоми висолингда бўлар фош.

Ой шамъиға минқош муносиб янги ойдур,
Андоғки, юзунг шамъиға минқошдур ул қош.

Бошимдур аёғингға фидо, ҳар не керак — қил,
Тўқмоққа муносибдур, агар истар эсанг бош.

Ул ой агар илгига супургу олур, эй чарх,
Хуршид шиои хатидин қилсанг ани кош.

Ҳар тун чу фалак боргаҳи вазъи нигундур,
Гардун кўзи гўё бу жиҳатдин тўкадур ёш.

Кўнгли уйидин сабр матоъини супурди
Бечора Навоийким, эрур дилбари фаррош.

* * *

Ҳусни девони уза матлаъдур ул пайваста қош,
Котиби тақдир анинг мисраъларин ёзған тутош.

Жолаи офат кеби ул ой баҳори ҳуснида,
Чарх анжум жавҳаридин ёғдурур бошимға тош.

Ўтлуғ оҳимдин бўғуз оғзимғача мажруҳ эрур,
Айб қилма, эй кўнгул, ноламда фаҳм ўлса харош.

То сиришким қонға эврулди даме тинмай оқар,
Музтариб бўлмоқ ажаб йўқ, бўлса хун олуда ёш.

Ёшурун эрди ғамим, муфрит қадаҳ ўткан кеча
Йиғлатиб, беихтиёр эткан эмиш эл ичра фош.

Хилват эткан ихтиёр илгида бир ибриқи май,
Тонг эмас гар қилса бир бодом ила ҳар кун маош,

Эй Навоий, келди ёру борди кўнглунгни олиб,
Яна бир қатла келиб, жонингни доғи олса кош.

* * *

Гарчи атфол отти бир-бир жисми урёнимға тош,
Кўрки, хирман-хирман ўлди жамъ ҳар ёнимға тош.

Кулбам  атрофида  бедоду маломат тошидур,
Гўйиё ёғмиш фалакдин байтул-аҳзонимға тош.

Ҳажр тоғида лаби шавқида оқса қон ёшим,
Лаъл ўлур гўё бўялса ҳар тараф қонимға тош.

Дўстлар, бастур мазоримға маломат тошлари,
Чекмангиз меҳнат қўярға қабри вайронимға тош.

Бас қилинг атфол тош отмоқки, қон бўлмиш ичим,
Тегди гўё тоза қўйған доғи пинҳонимға тош.

Гарчи тошинг тутти ер жисмимда, лекин зулм эди,
Буки ўтти захм аро чун тегди пайконимға тош.

Чун тўюбтур нотавон жисмим балият тошидин,
Берма, эй гардун, ғизо янглиғ яна жонимға тош.

Вазн учун паймонани қилғил улуғ, эй майфуруш
Ким, эмас тортар учун ҳожат бу мезонимға тош.

Жомни чекмакта ғам дафъиға қолқон айладим,
Эй Навоий, чархдин ёғди бу қолқонимға тош.

* * *

Шукрким, сочтим эса ғам туни анжум кеби ёш,
Васли субҳида тулуъ айлади оллимға қуёш.

Захмлар устида марҳамға  момуғлуқ қиладур,
Ғам саҳоби неча ёғдурди синуқ бошима тош.

Тутош эрди ғам аро навҳаларим бир-бирига,
Айшдин кулгуларим бир-бирига ўлди тутош.

Ҳажр хуноби майи васли манга берди самар,
Заҳр бўлғай эди оғушта бу хунобиға кош.

Аҳли ишқ, ўлмангиз озурда фироқ ўтларидин,
Ул томуғқа боре васл учмоғи эрмиш подош.

Ишқ аро васлни ком аҳли начукким, талашур,
Ҳажрни зумраи ноком керак қилса талош.

Ким фироқ ўтиға сабр этса Навоий янглиғ,
Оташин гуллар анга бўлғуси ул ўттин фош.

* * *

Дарди ишқинг уйла зор этмиш мени, эй бағри тош
Ким, қўярмен йиғлабон ҳар нотавон оллида бош.

Кўнглума кўздин кириб, ғайри хаёлин қўзғади,
Зарра хайли қўзғалур, чун кирди равзандин қуёш.

Чун мени қилди бало тоғи жунун, тош отмангиз,
Негаким ердин олиб отмас киши тоғ узра тош.

Решдур бўғзум бало заҳри ичардин, йўқ ажаб,
Ҳолима йиғларда андин ўткан ун топмоқ хирош.

Ўқи еткачким, бўлуб жон бирла кўнглум музтариб,
Изтироб эрмас, бошоқ устида айларлар талош.

Дурди жоминг ҳам ғизо, ҳам бодадур, эй муғбача,
Пири дайр иқболидин шаҳларға йўқ мендек маош.

Эйки, кўрмайсен Навоий оҳи ўқи ҳайъатин,
Бир стундек шуъла кўк саҳфиғача, кўргил, тутош.

* * *

Ёзуқсиз, журмснз бедод этар фош
Манга ул сурмасиз кўз, вўсмасиз қош.

Фиғонким, бу тараф боқмай ўтарсен,
Нечаким, кўзларим юммай тўкар ёш.

Сиришким сайли ҳар ён уйла сурди
Ки, топмон кўксума урмоқ учун тош.

Илигинг ўпкали очмиш оғизлар,
Қиличингдин саросар захмлиғ бош.

Ҳамоно қолмас ўз ҳолида ранги,
Сизарда суратннгни кўфса наққош.

Баҳодур нақди дин, эй дайр пири,
Карам қил майки, борбиз асру қаллош.

Демиш: келсам Навоий қатлин айлай,
Келиб, не кўнгли истар, айлагай кош.

* * *

Ҳусн боғи ичра қаддинг сарви бўлмоғлиққа туш,
Ҳар ҳаво қилған кўнгул ул қад уза сарв узра қуш.

Умрларким бўлған оворанг етишмиш оллинга,
Марҳабосиға илик сун худ дей олмонким қучуш.

Кўксума ғам тоғида ишқинг бало мисморини
Беркитурда айлади Фарҳод метинин чўкуш.

Лаъли шаҳдиға ҳаво қилғанда, эй жоним қуши,
Гар десангким топмайин махлас чибин янглиғ ёпуш

Кўйидин бизни чиқармоққа, рақибо, йиғма хайл,
Хасни қавмоққа насиме бас, эмас ҳожат уруш.

Ишрат этким, чарх оллинда тафовут йўқтурур,
Хоҳ базм ичра симоъ эт, хоҳ кунж ичра тумуш.

Дема ҳажримдин Навоий ғамсиз эрмас бир замон,
Истасангким ғамдин айрилғай анинг бирла қовуш.

* * *

Неким қилур, кўрунур ул бути ситамгар хуш,
Чу нозу ишза била базмдин чиқар сархуш.

Юзунгда хуш кўрунур жоми лаълинг, ул янглиғ
Ки, тоза гулшан аро лаълранг соғар хуш.

Қамарнинг икки ёнида Суҳайлу Зуҳра кеби.
Кўрунди ики қулоғинда дурру гавҳар хуш.

Кўзунгки ораз уза ётти — хуш кўрундики, бор
Ғазола ётмоқ учун лола барги бистар хуш.

Не навъ жинси башар суҳбатини хуш кўргай,
Биравга бўлса паризоди ҳур пайкар хуш.

Мену жамолин анинг бир кўрарга бермак жон,
Агар бу нохуш эрур аҳли давр аро, гар хуш.

Навоиё, санга гар ёрдин ғараздур, ёр
Жафову лутфини кўрсанг керак баробар хуш.

* * *

Манга бор ул санами раъно хуш,
Кўрунур ўзга санамлар нохуш.

Ёлғуз ани севарамким, манга бор
Ул хуш, ўзга киши йўқ асло хуш.

Халқ нохушлиғидин қайда ғамим,
Бор эса ул санами зебо хуш.

Юзунгга юз қўяйин хат ораким,
Сабзада келди гули раъно хуш.

Кеча ҳижронида май тортар эдим,
Кирди гул гулрухи маҳ сиймо хуш.

Менда юз биймки, тутқач олибон,
Чекти ул шўхи қадаҳпаймо хуш.

Дайр аро ўзни, Навоий, хуш тут,
Чун келибтур санга ул тарсо хуш.

* * *

Оразинг ҳижронидин келмас манга гулзор хуш,
Гулсиз андоқким эмас гулбунда юз минг хор хуш.

Хастадур  кўнглум  кўзунгдин уйлаким  мумкин эмас,
Лабларингдин шарбат олмай бўлғай ул бемор хуш.

Кўйида вайронае топиб йиқилдимким, келур
Қасри жаннатдин менга ул сояи девор хуш.

Кўйидин манъ айлар эрдим чун ўлармен, эй кўнгул,
Эмди бердим рухсатинг, ҳар қайда  борсанг, бор хуш.

Ҳар киши мақсадға бир сарришта истар, эй фақиҳ,
Субҳа гар хуштур санга, бордур манга зуннор хуш.

Ҳирқаву зуҳду риё аҳлиға хуштур хонақаҳ,
Лек анинг рағмиға келди кулбаи хаммор хуш.

Эй Навоий, май била хуш тут ўзунгниким, эмас
Бу фано дайри аро бўлмоқ даме ҳушёр хуш.

* * *

Ҳам хати хазроси хуштур, ҳам лаби гўёси хуш,
Ҳам Хизр хуш, ҳам анинг айни ҳаётафзоси хуш.

Эй муғанний, ҳажр заъфидин ҳазинмен уйлаким,
Лаҳнда дуди била келмас Масиҳ анфоси хуш.

Бир ишорат бирла ўлтурдию хушменким, келур
Барча гар худ қатл учундур, ёрнинг имоси хуш.

Уйлаким тожир бўлур, хуш яхши савдо берса даст,
Мени савдойини асрар зулфининг савдоси хуш.

Руҳ хайли олдораб, ўз ҳолиға топмас шуур,
Чун хиром этса, равоносо қади раъноси хуш.

Ваҳ, недин ажзу ниёзим нохуш эркин оллида,
Нечаким, кўнглумга келса нозу истиғноси хуш.

Эй хирад аҳли, сену ақлу вараъ мулкида қайд
Ким, эрур ишқ аҳли оллинда жунун саҳроси хуш.

Ичкали эски сафол ичра гадолиғ дурдини,
Бизга ўзга келмади жуз соғару саҳбоси хуш.

Эй Навоий, қуллуғин назм ичра арз этмак не суд,
Улки қилмас назм бирла қуллуғин мирзоси хуш.

AbdurRohman:
* * *

Порсоваш дилситоним бўлған эрмиш боданўш,
То бошим бўлғай аёғинг бўлғуси, эй майфуруш.

Ичганин кўрган замон-ўқ маст бўлғунгдур, деманг
Ким, эшитган лаҳза мендин зойил ўлмиш ақлу хуш.

Базми васлидин йироқ оғзимда хумдек муҳр эрур,
Тонг эмас қонимға майдек шавқ ўтидин тушса жўш.

Жону кўнглум қон ютуб афғон чекарлар ҳажридин,
Ишрат аҳли май ичиб базмида қилғондек хуруш.

Чок кўнглак бирла то усрук чиқибсен, оҳким,
Кисватин майхона раҳни айламиш юз хирқапўш.

Субҳидам ул бут сабуҳи базмин эттим орзу,
Чиқмағил дайфи фанодин деб нидо қилди суруш.

Эй Навоий, қору эрмас бўлса юз минг жон фидо,
Гар қадаҳнўшум ики лаъли майидин тутса қўш.

* * *

Эй, кўнгул гулзори васлинг субҳида ноланда қуш,
Йўқки,  атфоли фироқинг илгидин парканда қуш.

Қасри узра қушму тимсол эттилар ул шаҳнинг,
Ё бошиға чатрдек очти қанот фархунда қуш.

Нутқи тўти, жилваси товусу рафтори тазарв,
Ҳусн гулзорида йўқтур бир  анга монанда  қуш.

Номаи шавқумни чун элтурга ожиз бўлдилар,
Ел кўрунмас кўзга дам урмас бўлуб шарманда қуш.

Қуш бўлур, бошимға қўнғач, дуди оҳимдин қора,
Кўр жунун жазбинки, анда қўнса, бўлғай банда қуш.

Фақр тут, гар истасанг учмоқки, бу уммид ила,
Бўйниға тасбиҳ осиб, юнгдин кийибтур жанда қуш.

Эй Навоий, ишқдин қочма, боқиб булбул сари,
Кўрки, махлас топмади бу банддин парранда қуш.

* * *

Эй мусаввир, лутф этиб сизғил мени жононға тўш,
Уйлаким, тушкай юзи бу дийдаи ҳайронға тўш.

Юзи бўлсун юзума тўш, қадди ҳам тўш қаддима,
Лек жонпарвар лаби лаълини тарҳ эт жонға тўш.

Рўбарў ҳар узви ҳар узвумға тўшдек тушмагай,
Юзи кўзгуси вале бу дудлиғ афғонға тўш.

Кўксини кўксумга тўш сизғил демонким, тушмагай
Нозанин жисми анинг бағримдағи пайконға тўш.

Оллоҳ-Оллоҳ, телбалик солди хаёлоти муҳол
Кўнглума, йўқса не лойикдур гадо султонға тўш.

Қайси ёнким итларин тарҳ айлагунгдур базм аро,
Сиз мени туфроққа юз қўйғон вале ул ёнға тўш.

Чекти чун ҳар кимсани бир ишга тўш килки қазо,
Оҳким, бу телбани қилди рақам ҳижронга тўш.

Айш жомин тутманг, эй даври тараб соқийлари,
Бизгаким, чарх этти бизни меҳнати давронға тўш.

Эй Навоий, телба кўнглум зор танға келмади,
Токи эл мажнунни бир кўрсатсалар вайронға тўш.

* * *

Эй жамолингнннг хаёли хотири вайронда нақш,
Шамсадин қолған асар янглиғ бузуғ айвонда нақш.

Тегди бир новакки, саҳмидин ўлуб эрдим, валек
Янги жон топтим анинг отин кўруб панконда нақш.

Кеча ул гул фурқатидин, кундуз атфол илгидин
Хору хора заҳмини кўр бу тани урёнда нақш.

Оразинг нақшики чиқмас тийра кўнглумдин даме,
Қилдилар гўёки Юсуф сувратин зиндонда нақш.

Эй мусаввир, сизмағил Мажнуну Лайли сувратин,
Бас мену ёрим ҳадиси сафҳаи давронда нақш.

Нақш судин чун бўлур зойил, ажабдурким, эрур
Йиғлаған сойи хаёлинг дийдаи гирёнда нақш.

Даҳр элидин гар вафо Қилдинг тамаъ, эй соддадил,
Истадинг амреки, тутмас, ҳайнизи имконда нақш.

Қилди кўп девонни эл нақши нигор, аммо эмас
Уйлаким, қилдим нигорим васфини девонда нақш.

Боғламас нақш улки бўлғай сендин ўзга ёр учун,
Базми дард ичра Навоий боғласа ҳижронда нақш.

* * *

Жисми васлин қилдим ул зулфи сумансодин тамаъ,
Ул киши янглиғки, қилғай сийм савдодин тамаъ.

Лаълидин тиргузмак этсам орзу айб этмангиз
Ким, киши ўлтурмак этмайдур Масиҳодин тамаъ.

Заррани хуршидча равшан тамаъ қилғанча бор,
Заррача меҳр этмак ул хуршидсиймодин тамаъ.

Не ажаб қилсам тамаъ овора кўнглумдин жунун,
Қилса бўлмас ақл худ Мажнуни шайдодин тамаъ.

Доғ этиб кўнглум таваққуъ қилди сабрим нақдини,
Аҳли зулм андоқки қилғай нақд тамғодин тамаъ.

Гулханийдин гулхан олотин тамаъ қилмоқдурур,
Ҳар киши дунёлик этса аҳли дунёдин тамаъ.

Сарви гулдин кўп деманг сўзким, Навоий айламиш,
Барги гулдин хилъат этган сарви озодин тамаъ.

* * *

Ул парий ҳар дам қилур мажнунларин шод ўзга навъ,
Лек этар мен телбага ҳар лаҳза бедод ўзга навъ.

Ёрни мен кўрмай ўлдум, ул кўруб ҳам ўлмади,
Ишқ аро мен бормен ўзга навъу Фарҳод ўзга навъ.

Зикр этар базм ичра лутфу меҳр ила ошиқларин,
Лек мен бадрўз расвони қилур ёд ўзга навъ.

Ишқ аро ўзни манга ўхшатма, эй булбулки, бор
Лаҳну оҳанг ўзга навъу оҳу фарёд ўзга навъ.

Шайху талқини риёким, солики дайри фано
Бизга қилмиш дарду ишқ ойинин иршод ўзга навъ.

Сиз чекинг нўши висол, эй аҳли айшу нозким,
Биз бўлуббиз заҳри ҳажр ичмакка муътод ўзга навъ.

Кўнглидек сўрма Навоийники, қилмағлиғ эрур
Қушни озод ўзга навъу қулни озод ўзга навъ.

* * *

Чун шабистон ичра қилди оразин жонона шамъ,
Машъали меҳр ўлсаким, кўзга кўрунмас ёна шамъ.

Банд аёғида нединдур бошида савдо ўти,
Эй парий, ишқингда гар худ бўлмамиш девона шамъ?

Йиғлару ўртар ўзин то субҳ гўё ҳар кеча,
Ҳажр аро бўлди мени маҳзун била ҳамхона шамъ.

Дема куймак савтиким, уйқу йўқиға раҳм этиб,
Дер забона шаклидин тил тортибон афсона шамъ.

Эккали парвоналар кўнглида гўё тухми меҳр,
Ашкдин атрофида ҳам су сочар, ҳам дона шамъ.

Ё муҳаббат ўтидин парвонани куйдургали,
Ёрутур ораз ўтин ҳар лаҳза маҳбубона шамъ.

Қўймади парвонани фонус аро мен зордин,
Ул маҳи хиргаҳнишин бўлған кеби бегона шамъ.

Балки ошиқ дўстлардин дурурким ўртанур,
Токи шавқи ўти ичра ўртанур парвона шамъ.

Эй Навоий, бот ўчур оҳинг елидин шамъни,
Топти чун ул юз фуруғидин бизинг вайрона шамъ.

* * *

Ҳажр ўтидин шом агар мендек эмас бехоб шамъ,
Риштаи жониға невчун солди печу тоб шамъ.

Бир қуёш ҳажрида гар куймас недин бас мен кеби,
Кавкаби ашкин тўкар андоқки дурри ноб шамъ.

Маҳвашимдек демаким, бўлмиш либоси лаългун,
Мен кеби қон ёшдин ўлди ғарқаи хуноб шамъ.

Кечаиким тийра кулбамни ёрутқай ул қуёш,
Тонг эмас анжумдек ўлса ул кеча ноёб шамъ.

Ғам туни ул ой хаёлидин бузуғ кўнглум ёрур,
Гўшаи  вайронға  бастур  партави  маҳтоб  шамъ.

Тийра шоминг файз нуридин десангким, ёруғой,
Тутқил ул янглиғки тутмиш гўшаи меҳроб шамъ.

Эй Навоий, ул қуёш қўйғоч шабистонимға юз,
Рашкдин сиймоб ашкидек бўлур сиймоб шамъ.

* * *

Гарчи мен ҳажрингдин ўлдум тортибон кўп зорлиғ
Сен ҳаётингдин топ, эй бадмеҳр, бархўрдорлиғ.

Хаста эрдим кўзидин еткурди лаълин оғзима,
Тенгри жон берди, вале чектим басе беморлиғ.

Кечаеким тушка киргай ул саодат ахтари,
Бермагил, ё раб, манга ул уйқудин бедорлиғ.

Бодайи лаълинг била мундоқки усрукмен мудом,
Кофири ишқ ўлғамен, гар истасам ҳушёрлиғ.

Бу кўнгул озоридин безормен бор муддате
Бўлғали бизлар аро озорлиғ, безорлиғ.

Не бино эркин буким, бир пора коши тушмади,
Қилғали бу тоқни сунъ илги мийнокорлиғ.

Эй Навоий, суҳбатингдин қилса ор ул кўркабой,
Йўқ ажаб невчунки сенсен бир гадо, ул борлиғ.

* * *

Соқиё, ҳажр илгидин кўп тортадурмен зорлиғ,
Май кетурким, маслаҳат эрмас манга ҳушёрлиғ.

Қасдим этмиш ҳажру бехудлуғ иложимдур даме,
Майға афюн ёр қил гар айлар эрсанг ёрлиғ.

Маст қил андоқки, бош қўйсам магар бўлғай манга
Маҳшар аҳли ё рабу ғавғосидин бедорлиғ.

Чораси ё бодадур, ё васл, ё марг, эй табиб,
Ҳар кишиким топса ҳижрон дардидин беморлиғ.

Бар егил, ё раб, ҳаётинг боғидин, эй муғбача
Ким, майли лаълингдин ўлди бизга бархурдорлиғ.

Зуҳд, эй соқий, бало эрмиш, хуш ул манхораким,
Ичкали жоми бало бўлмиш иши хамморлиғ.

Эн Навоий, зуҳддин юз қатла ортуқ дарбадар
Бир сафол илгимда муғ кўйида қилсам зорлиғ.

* * *

Кўзунгки, куфр ила юз динға солди вайронлиғ,
Худой учун тий ани — йўқмудур мусулмонлиғ.

Қадингки жилва уза жилва кўргузур ҳар дам,
Ажаб эмас манга ҳайронлиғ узра ҳайронлиғ.

Лабингни сўрсам, эмас тонгки, тўкти қонимни,
Сўрарлар аники, бўлғай бирав била қонлиғ.

Демишсен ўлтурайин ишқ аҳлин айлаб жамъ,
Магар билибсен алар ичра кўп паришонлиғ.

Не ҳукм айлар эсанг, айла ҳусн мулкидаким,
Санга мусаллам эрур хўбларға султонлиғ.

Жунунни тарк этибон оқил ўл, деди зоҳид,
Бўлур эмиш бани одамға мунча нодонлиғ.

Дединг, Навоий агар васл топса, ўлтурайин,
Фироқинг ичра гумон айладинг ани жонлиғ.

* * *

Эй лабинг хосияти чашмаи ҳайвон янглиғ,
Қуйию юқориғи холи била жон янглиғ.

Аёғимнинг қалами заъфдин андоқки қалам,
Қотақолған тери даврида қаламдон янглиғ.

Нуни танвин кеби хам ҳажрида нобуд таним,
Доғи пинҳоним анга нуқтаи пинҳон янглиғ.

Қадди жавшан аро кўнглумда анингдекким ўқ,
Чаркаси дулуға ул ўқ уза пайкон янглиғ.

Одам ўрниға парий ошиқи бўлдумким, ул
Одамисизлиғ аро бўлмағай инсон янглиғ.

Юзи наззораси ҳайронлиғи ўлтурди мени,
Бир назардин ким ўлубтур мени ҳайрон янглиғ.

Қўйма бу манзилу масканга кўнгулким зинҳор,
Англа йўл ўткучидек ўзнию меҳмон янглиғ.

Жоҳнинг зебиғаким ҳусн тилаб, билдикким,
Зийнати келмади жоҳ аҳлиға эҳсон янглиғ.

Шайх дер ишқни тарк эт, санга ақл ўргатайин,
Эй Навоий, киши бўлғайму бу нодон янглиғ!

* * *

Заҳри ҳижронинг чу айшим комини қилди очиғ,
Нўши васлинг элга еткандип манга йўқтур осиғ.

Тош ёғдурғандин атфол ўлмадим, ўлтурди ҳажр
Ким, суубатда булар андоқ эмас эрди қотиғ.

Ашк аро ўлдум, йиғиштур эмди зулфунг шастини
Ким, су узра келгуси дарё аро ўлган болиғ.

Қатра-қатра қон ёшимдин чеҳрам ўлмиш уйлаким,
Тим-тим этгайлар қизил коғазниким, бўлғай сориғ.

Юзда ҳажрингдинки тирноғ ўрни хатлар бўлди қон,
Ҳар бирига ашкдин су очибон қилдим ориғ.

Олғали дунё арусин, эйки, соттинг нақди дин,
Умр сотиб, марг олмоқ англа, бу сотиғ-олиғ.

Истарам, лаълиға қилғаймен чучук жоним фидо,
Эй Навоий, анга дермен келмагай ногаҳ очиғ.

* * *

Оташин лаълинг ўти айлади кўнглумни нсиғ,
Бўлди бағрим доғи кўнглум исиғи бирла қизиғ.

Ярақон от қўядурлар манга ҳикмат аҳли
Ким, ҳарорат юзу кўзумни доғи қилди сариғ.

Мен анга ошиқу кўз ҳам юзига ошиқдур,
Ишқ аҳлининг эрур ранги сариғ, ашки ариғ.

Мен агар йиғлар эсам талх чучук лаълинг учун,
Кўзларим доғи тўкар ашкни аччиғ-аччиғ.

Ани чун кўрдум, анинг кўйида қолдим мунг ила,
Дўстлар, сиз ўтунг, иш тушти манга осру қотиғ.

Ҳусни давриға вафо йўқ, бу қуёш бот уёқур,
Хўблардин хуш эрур яхшилиғу яхши қилиғ.

Қон тўкар кўнгли Навоийнингу ашк икки кўзи,
Улгуси ишқ ғамин гар емаса иссиғ-илиғ.

* * *

Ярақондин манга гар бор эса рухсор сариғ,
Турфа кўнгилки, эрур дийдаи хунбор сариғ.

Кўзки, қон ёш оқибон бўлмаса сариғлиғи дафъ,
Ранги гўёки сариғ лола кеби бор сариғ.

Хилъатин дема сариғ рангки, рухсору кўзум
Айлади ойинагун тўнида изҳор сариғ.

Ярақон дафъи сариғ жинс қилур, турфа кўрунг
Ким, бўлур тегса юзум тўниға бисёр сариғ.

Ўзга суфрат манга юз қўйди, йўқ эрса тонг эмас,
Заъфарон рангича ўн бор эса бемор сариғ.

Мен кеби субҳу қуёш ошиқинг ўлмиш, негаким
Сидқу меҳр аҳли юзи қилди намудор сариғ.

Хас кеби бўлса Навоийға сариғ юз, кулма,
Кўргузур гулни доғи боғда гулзор сариғ.

* * *

Лолагун бўлмиш сурарда қатлима дилдор тийғ,
Ё бало тоғидин этмиш лолазор изҳор тийғ.

Гул тани юз чок ўлуб буким бўялмиш қон аро,
Тегди ғамзанг хайлидин гўё анга бисёр тийғ.

Тийғ тортиб еткач-ўқ қилдим фидоси жонниким,
Бўлмағай озурда қотил, кўрмагай озор тийғ.

Жисм пайконинг била тўлдию жондур ғамдаким,
Айласанг қатлимға рағбат бўлмағай нокор тийғ.

Ишқ дашти сабзасидин лола ҳар ён сочилур,
Яъни ул саҳро гиёҳи бор эмиш хунбор тийғ.

Олам аҳли қатлини бир дамда қилсанг орзу,
Юздин ол бурқаъни, қиндин чекмагил зинҳор тийғ.

Назм мулкин тил чекиб олмиш Навоий уйлаким,
Чекса оламни олур шоҳи фалак миқдор тийғ.

* * *

Баски қўндунг кўксума кўнглумни олғон чоғ доғ,
Жисмим ўлмиш хирқам ул янглиғки майдин доғ-доғ.

Демаким, не доғдур  кўнглунгдаким, ўтлуғ кўзунг,
Қўйди анда кўргузуб юз лоба бирла лоғ-доғ.

Доғлар қўйдум, чу масту ошиқ ўлдум нечаким,
Ўзни асраб қўймас эрдим бор эканда соғ доғ.

Арғувони тўн била то жилва қилдинг, ваҳки, бор
Ҳайратингдин арғувон шоҳиға ҳар яфроғ доғ.

Солғали ўт бағриму кўнглумга ҳажринг бор эмиш,
Тортмоқ кўнглумдин оҳу бағрима қўймоғ доғ.

Гўйиё Фарҳоддек ҳамроз учун барқ ўтидин,
Лола эрмас бағриға ҳар сари қўймиш тоғ доғ.

Эй Навоий тўкма ўтлуғ кўнглунг узра ашкким,
Ўртанур кўпрак куяр ҳолатда қуйсанг ёғ доғ.

* * *

Агар келмаса, интизорим қўяр доғ,
Валек изтироб ўртар, ул ой келур чоғ.

Манга боғу гулзор анинг оразидур,
Гар ул бўлмаса, байтул-аҳзон эрур боғ.

Дема шавқ ўтиға таскин берур май,
Ёнар, шуълам ўтиға кўп қуймағил ёғ.

Мен ар масту беморлиғ бирла ўлдум,
Ҳамиша жаҳон ичра сен бўлғасен соғ.

Дедингким, ололмасун дилраболар
Ки, кўнглумга қўйдунг оғир ҳажрдин тоғ.

Баҳори жамолингда ноламни хуш тут
Ки, тенгдур, баҳор ўтса, булбул била зоғ.

Навоий фироқингда ул навъ итти
Ки, гарди топилмас, ғаминг солса туфроғ.

* * *

Шўхи чароғчи ёқибон ҳуснидин чароғ,
Машъал фатиласи била кўксумга қўйди доғ.

Базм аҳлин ўртамакка ёқар кеча зулм ўтин,
Эл базмини ёрутғали эрмастур ул чароғ.

Кўнглумдурур фатила эмас машъал ичраким,
Ул шўх ўт солиб, қуяр анинг ўтиға ёғ.

Бўлди қуруқ ёғоч кеби жисму бошимда ўт,
То бўлғай анга машъаланинг харжидин фароғ.

Машъални кош тутмаса, ўтлуқ юзи етар,
Гар сайр этарга қўйса шабистон сари аёғ.

Не тонг, кўзинки шамъи ҳидоят ёрутмаса,
Хабт ўлған элга машъала дуди била димоғ.

Ушшоқ базми машъали бас оҳ шуъласи,
Ғам шоми қилма машъалачи ҳар сари сўроғ.

* * *

Кўргузур ҳижрон ҳуруфи нуқтасин жон ҳар тараф,
Сенсизин яъники қўймиш дағи ҳижрон ҳар тараф.

Уйла шиддат бирла чарх айлар мени саргаштаким
Захм кўп тандин ёғар шудрун кеби қон ҳар тараф.

Кўнглум аҳволин не дейким, шарҳиға бир тилдурур
Кўкрагимдин бош чиқарған нўги пайкон ҳар тараф.

Ташладим еткач жунун хайли туганлар тахтасин,
Яъни очтим меҳмонлар оллида хон ҳар тараф.

Ашк қонлиғ кўзни элтур уйлаким, су лолани,
Бўлмаса йўлинда мониъ хори мужгон ҳар тараф.

Рашкдин кўп музтариброқдур кўнгул ул гўйдин
Ким, кесиб бошимни ул шўх урса чавгон ҳар тараф.

Қўй башарни, гар малойик доми эрмас яхшидур,
Ул парий мундоқки, зулф этмиш паришон ҳар тараф.

Нетиб ўлмайким, яна ул шўх усрук отланиб,
Тер суи маркаб елидин солди тўфон ҳар тараф.

Кўр, не ҳайратдур мангаким, бордурур бу дайр аро
Дониши юз менчалар, юз менча ҳайрон ҳар тараф.

Шишадек кўнглумни пайдо ўртади соқий валек
Доғин этти май ҳубоб остида пинҳон ҳар тараф.

Эй Навоий, навҳайи ҳижрон тузуб ун чекма кўп
Ким, киши қолмас тириг еткач бу афғон ҳар тараф.

* * *

Гар танимда зоҳир ўлмиш доғи ҳижрон ҳар тараф,
Жонда худ юз онча бордур доғи пинҳон ҳар тараф.

Ишқ саҳросида менмен сойир андоқким қуюн,
Дема саргардон кезар Мажнуни ҳайрон ҳар тараф.

Кўйига пинҳон бориб, захмим не янглиғ ёшурай
Ким, қаён борсам яралардин борур қон ҳар тараф.

Кўксум ичра тушти бир хори хасак, яъни кўнгул
Токи андин чиққали бир нўги пайкон ҳар тараф.

Ҳиндуедур бул-ажаб бозигар ул кўз даврида,
Ҳинд эли аҳли тамошо хайли мужгон ҳар тараф.

Тоза бўлсун ул баҳори ҳуснким, онсиз кўзум
Дурфишон ўлмиш начукким абри найсон ҳар тараф.

Ҳар тараф майдон аро юз фитна тушти, раҳм этиб,
Тавсанингни чопмағил қилғанда жавлон ҳар тараф.

Дайр ичинда нетти тиргузсанг мени, эй муғбача,
Жоми даврингдин томар чун оби ҳайвон ҳар тараф.

Чун Навоийдек ҳавоий бўлдум ул ой ҳажридин,
Не ажаб, елдек юз урсам, тортиб афғон ҳар тараф.

* * *

Ишқ тобидин ўлубмен мени бемор заиф,
Тоб кўп кўрса анингдекки бўлур тор заиф.

Васлида эврулубон бошиға дерменки ўлай,
Ваҳки, бўлмишмен анннг ҳажрида бисёр заиф.

Заъф аро зорлиғ озурда қилур кўнглумни,
Топар озор, бале, чунки бўлур зор заиф.

Хасталиғ тортса йиллар киши, маълум эрмас,
Мен кеби кўргуза олғайму намудор заиф.

Бўлмиш ўн йилғи ўлуктин манга заъф афзунроқ,
Ваҳки, жонлиқ киши ким кўрди бу миқдор заиф.

Заъфдин шайх қутулғунг деди, тарк этсанг ишқ,
Пири дайр оллида бу қавли анинг бор заиф.

Заъф аро қилма Навоийға ситам, эй ойким,
Буйла айлабтур ани чархи ситамкор заиф.

* * *

Бода хуштур гар ҳарифим бўлса бир ёри зариф,
Май ҳарифи гар зариф эрмас, анга эрман ҳариф.

Ул сифат зотинг латофат айнидин жонбахшдур
Ким, ҳамоно ани мазҳар қилди исм-ул-латиф.

Заъфдин гар дарди ишқингдин шикоят айладим,
Ишқ шаръи ичра эрмас муътабар қавли заиф.

Хоки понингни малойик қилдилар тожи шараф,
Оллоҳ-Оллоҳ, ким кўруптур бу сифат зоти шариф.

Заъфим андоқдурки дам урсам эрур бийми ҳалок,
Не учунким ул таҳаррукдур анга беҳад аниф.

Давр ранжидин тилармен майға тушмак уйлаким,
Майға тушган қил кеби ғарқ ўлса бу жисми наҳиф.

Эй Навоий, қилғали табъ аҳли жинси шеър назм,
Назминг ўлди барчасиға қофия, балким радиф.

* * *

Кечти умрум нақди ғафлат бирла нодонлиғда ҳайф,
Қолғани сарф ўлди андуҳу пушаймонлиғда ҳайф.

Жонға бир душворлиғ қўймай риёзат ранжидин,
Сарф бўлди нақди авқотим тан осонлиғда ҳайф.

Боғладим паймонадин паймон, фиғонким, ақлу дин
Бўлди бу паймонаву ул сустпаймонлиғда ҳайф.

Эй мусулмонлар, билингким, бўлди умрум ҳосили
Нафси кофир фитнасидин номусулмонлиғда ҳайф.

Ҳайфким, нафъ айламас ҳар нечаким тортиб илик,
Десам ўз аҳволима бу навъ ҳайронлиғда ҳайф.

Андоқ иш қилким, пушаймон бўлмағайсенким, эмас
Ҳеч осиғ чун иш хато бўлди пушаймонлиғда ҳайф.

Ҳар не ўткан сўзларим чиндур десам ёлғон эрур,
Чин будурким, дегамен умр ўтти ёлғонлиғда ҳайф.

Чун енгилракдур ҳисоб ўлғанда султондин гадо,
Ҳайфким, бўлғай гадо авқоти султонлиғда ҳайф.

Эй Навоий, воқиф эрман халқдин, бори менинг
Кечти умрум нақди ғафлат бирла нодонлиғда ҳайф.

* * *

Ҳар кишиким ғайри ишқинг ҳарфи ёзғай бир варақ,
Илгини айлаб қалам, бошин қаламдек айла шақ.

Парда ёпқач юзга, тутти қон ёшим офоқни,
Меҳр уёққанда, уфуқ сари ёйилғандек шафақ.

Гўйиё хуршид ҳар сари югуртур кавкабе,
Чунки суръат вақти ул юздин томар ҳар ён арақ.

Ваҳки, ашким жоласидин топти офат бир неча,
Сабр тухмин мазраъи жон ичраким қилдим насақ.

Бир-бир устида қўюбмен фурқатингдин неча доғ
Ишқ хони ичра қўйғандек табақ узра табақ.

Нўш этармен бода то лаълинг хаёли бирла мен
Қон ютармен, токи бўлғай танда жонимдин рамақ,

Шайх кавсар шарбати — мен талх май мадҳин дедим,
Оччиғи келса не тонг, невчунки оччиғ келди ҳақ.

Бода васфин дарс агар дер эрса пири майфуруш,
Жоми хатти давридин олмоқ муносибдур сабақ.

Истама кавсар, Навоий, топ фароғат бодадин
Ким, эрур ул мухталиф, лекин бу бирдур муттафиқ.

* * *

Ёр келса бас маҳалдурким, ичим қон этти шавқ,
Сабру оромим бериб барбод, туғён этти шавқ.

Озу кўп ҳар не деди қосид висолинг муждасин,
Сабрим озу изтиробимни фаровон этти шавқ.

Шавқ ҳижрондин батар ошуб солди кўнглума,
Кўнглум ошубини қўйким, ғорати жон этти шавқ.

Не ажаб кечрак муяссар бўлса — ўлсам, эй рафиқ,
Буйлаким, уммидвори васли жонон этти шавқ.

Ҳажр бўлсун ё висол уммиди чун муҳликдурур,
Бас ҳаёту қатлини кўксумга яксон этти шавқ.

Гар жунунумнинг ҳаду поёни йўқтур, йўқ ажаб
Ким кўнгул бехудлуғин беҳадду поён этти шавқ.

Эй Навоий, ҳажр зулмин ёд қилсам, қилма айб
Ким, манга бедоди номақдуру имкон этти шавқ.

* * *

Чиқса жоним, айб қилма, жисми беморимға боқ,
Куйса жоним, ҳайрат этма, нолайи зоримға боқ.

Ҳажр даштининг гули гар лола бўлса, сайли қон,
Қилмағил, эй гул, таажжуб чашми хунборимға боқ.

Эйки, кўрмайсен қуруқ шохе безалган гул била,
Ҳажр тошидин саросар жисми афгоримға боқ.

Зулфин очти ул санам, эй шайх, бовар қилмасанг
Ким, асири куфрмен бут бирла зунноримға боқ.

Ер била тенг қилди хоки тан уйин ашким суйи,
Ишқ сайлидин йиқилған эски деворимға боқ.

Қилмасанг тавбамни синдурғанни бовар, эй фақиҳ,
Хирқайи чокимни кўр, ошуфта дасторимға боқ.

Бош кўтармай майдин эктим журм тухми барча умр,
Эй Навоий, умр этиб зойиъ сару коримға боқ.

* * *

Ҳажр аро раҳминг кеби бўлмас манга кам иштиёқ,
Балки ҳуснунгдин бўлур афзун дамо-дам иштиёқ.

Иштиёқинг баҳридин оламға томса қатрае,
Жонға еткайлар чекардин аҳли олам иштиёқ,

Гарчи бўлдум дард тоғи, лек қаддим заъфдин
Айлади остиға қолған қофдек хам иштиёқ.

Ҳажридин ёлғуз эмас куймаклигимким, онсизин,
Ўртаган жонимни ҳам ҳижрон эрур, ҳам иштиёқ.

Иштиёқим хирқатиға чорае қил, эй рафиқ
Ким, хароб айлабтурур ҳолимни муҳкам иштиёқ.

Дилраболар оташин лаълидадур андоқки ўт,
Фурқат аҳлининг қотиқ жониға мубҳам иштиёқ.

Оҳ дудидин қора эрмас Навоий кисвати
Ким, анинг оллиға солмиш бўйла мотам иштиёқ.

* * *

Демангиз аҳбобким, қилмасмусен бас йиғламоқ
Ким, манга тенгри насиб этмиш туганмас йиғламоқ.

Асрай олмон ўзни, ашким тутти дашту тоғни,
Нечаким Фарҳоду Мажнун дедилар, бас йиғламоқ.

Масту ошиқмен дағи кўнглумда айрилған кишим,
Эй мусулмонлар, не тонг мен зори бекас йиғламоқ.

Тонг эмас жисмим оқизғунча кўзум гар тўкти ашк,
Не ажаб абри баҳорий оққуча хас йиғламоқ.

Тийра ҳажринг шомида гар жон талашман тонгғача,
Бошима шамъу суроҳий недурур бас йиғламоқ.

Даҳр боғидин вафосизлиғ агар фаҳм этмади,
Нега шабнам ашкидин фан қилди наргис йиғламоқ?!

Эй Навоий, тоқини мен дағи ашкимдин йиқай,
Чун манга қисм этти бу чархи муқаввас йиғламоқ.

* * *

Санга иш жавлон қилиб майдонда чавгон ўйнамоқ,
Манга оллингда бошимни гўй этиб жон ўйнамоқ.

Бош овучлаб эгма қомат бирла қолман рахшидин,
То тилар чобуксуворим кўнгли чавгон ўйнамоқ.

Кўз қаросин ўйнатур ҳар лаҳза ул мардумни кўр,
Ҳиндуедекким эрур ойини қолқон ўйнамоқ.

Ўйнай-ўйнай айладинг куфр ила динимни бадал,
Оллоҳ-Оллоҳ, бумудур, эй номусулмон, ўйнамоқ.

Жавр тошин ул парий ўйнаб отай дер эл сари,
Ваҳки, бу девонаға еткач не имкон ўйнамоқ.

Ҳар сари ашким югурмоқ не ажабким, айб эмас,
Тийра уйдин чиққач-ўқ ёшларға ҳар ён ўйнамоқ.

Чарх ўюн бирла олур дин нақдин элдин, воқиф ўл,
Бу мушаъбид бирла бўлмас аҳли ирфон ўйнамоқ.

Ваъда кўп қилдинг Навоийға ва лекин ўйнабон,
Мунча бўлғай эл била, эй аҳди ёлғон, ўйнамоқ.

* * *

Эй, каломи жон физойинг нақди жондин яхшироқ,
Лаъли жонбахшинг ҳаёти жовидондин яхшироқ.

Гарчи ҳажрингдин ёмон ҳолатда мен, лекин манга
Кимки андин яхшироқ йўқ, сенсен андин яхшироқ.

Халқ тарки ишқинг айларга биравни қатл учун,
Гар тиларсен, топмағунг мен нотавондин яхшироқ.

Ишқ саҳросида ёд этма ватандин, эй хирад
Ким, бу навъ оворалиғ юз хонумондин яхшироқ.

Истасанг, эй ишқ, Мажнун ўрниға саргаштае,
Билки, топқунг йўқ бу расвои жаҳондин яхшироқ.

Дайр аро яхши-ёмон оллида бош қўйсам, не тонг,
Кимки йўқ андин ёмонроқ,  мен ёмондин яхшироқ.

Эй  Навоий, хурдаи назмингға ислоҳ истасанг,
Кимса қилмас ани шоҳи хурдадондин яхшироқ.

* * *

То мени меҳнат тунига мубтало қилди фироқ,
Рўзгоримни саводидин қоро қилди фироқ.

Қон ёшим оқмоғлиғ эрди, дард ила ғам ҳожати,
Ҳожатин ўз қавму хайлининг раво қилди фироқ.

Оқибат то найлагай нозук кўнгулга дардни,
Кўп суубат бирла ҳоло ибтидо қилди фироқ.

Жону кўнглум ҳар бири йиғларлар ўз аҳволиға,
Гўйиё кўксум уйин мотамсаро қилди фироқ.

Васлига шукр этмаган бўлсам, маҳалли таън эмас.
Чун юз ончаким керак эрди сазо, қилди фироқ.

Давр кўрким, улки ичти бир қадаҳ нўши висол,
Сўнги қатла заҳр ила жомин тўло қилди фироқ.

Ҳар дам онсиз юз ўлум эрди Навоий жониға,
Бир ўлум бирла бу дардиға даво қилди фироқ.

* * *

Ёр чун истарки, бўлғаймен мудом андин йироқ,
Ул жиҳатдин барча васл истар, мени маҳзун фироқ.

Яхшиларға бас ёмондур ҳолким, ёр оллида
Тенгдурур яхши-ёмон, балким ёмонроқ яхшироқ.

Шаҳ ёнин фарзин кеби кажлар мақом этмиш, не тонг,
Ростравлар арсадин гар тутсалар руҳдек қироқ.

Тоза ҳар ён доғ эмас жисмимда ул юз ишқидин
Ким, бу кавкабларға бўлмиш ул қуёшдин эҳтироқ.

Бу йироқлиқдин яқиндур ўлгамен, ваҳ, ёрнинг
Истабон ройин бўлуптурмен қинлиқдин йироқ.

Маҳжабинлардин сияҳдиллик не тонг, ойким анинг
Ботинин кўрсанг қорадур, гар кўрунур зоҳир оқ.

Кўп Ҳижоз оҳанги тузма ёр ила бўл барча вақт,
Эй Навоий, гар Ажам бўлсун мақоминг, гар Ироқ.

* * *

Қон ёшим сариғ юз узра ошкор этти фироқ,
Заъфаронзоримни ғамдин лолазор этти фироқ.

То фироқ уйига кирдим, ваҳки, ашкимдин эди,
Гарчи юз гавҳар, аёғимға нисор этти фироқ.

Дам-бадам оҳим чекарга сабр ила тоқатни ақл
Ихтиёр этти, вале беихтиёр этти фироқ.

Жон талашур элни марг андоқки айлар музтариб
Лабларинг истар кўнгулни беқарор этти фироқ.

Деб эдук ишқ андуҳидин ҳар дам афғон қилмали,
Ваҳки, бу даъвода бизни шармсор этти фироқ.

Кет фараҳким, ғамни, меҳнат тошин олиб, кўнглума
Юз туман мисмор бирла устувор этти фироқ.

Эй Навоий, васл аро бўлғайки, боқиб кулгамен
Доғларниким кўнгулга ёдгор этти фироқ.

Демангиз нетти фироқ охирки бўлдунг душмани,
Манъи васли хусрави Жам иқтидор этти фироқ.

* * *

Ул пари пайкарки бўлмиш инсу жондин хўброқ,
Бор анингдек хўбким, мумкин йўқ андин хўброқ.

Гулшан ичра оразу қадингға мойилменки бор,
Бу гули раънодин ул сарви равондин хўброқ.

Ишқ журмиға гар ўлтургунг бировни бил яқин
Ким, бу ишга йўқ киши мен нотавондин хўброқ.

Ҳажр водийсинда улким бир мусофир ёри бор,
Йўқ ани истарга тарки хонумондин хўброқ.

Хўблуғдин жон олиб ўзни йироқ тутмаққа йўқ
Хўблар хайлида, биллаҳким, фалондин хўброқ.

Хўб эди кўнглумни истар бўлса андин ўзга хўб,
Хўброқ будурки, йўқ ул дилситондин хўброқ.

Кўп жафо чектим кўнгулдин, еткурай десам жазо,
Топмағумдур кимса ул номеҳрибондин хўброқ.

Бир замон васл ўлса ё ҳижрон замона аҳлидин,
Тут ғаниматким, замон йўқ ул замондин хўброқ.

Ғар жунун даштида ҳажр андуҳи кам бўлсун десанг,
Эй Навоий, топмағунг оҳу фиғондин хўброқ.

* * *

Эй ақл, қилмағил кўп тавсанлиғу ҳарунлуқ
Ким, ишқ бизга солди ожизлиғу забунлуқ.

Мен йўқки, чархи аъзам то бир қуёш меҳрин,
Ишқ ичра қилғали фош, ўлди анга нигунлуқ.

Ким ҳажр зулматида итса не тонгки қилғай,
Айнул ҳаёт васлин ҳам Хизр раҳнамунлуқ.

То ишқ шиддатида тавшалмас одамизод,
Ноодамийлиқ андин кетмас йироқу дунлуқ.

Гар ишқ захмиға васл марҳам десангки қўйсун,
Хижронда осру қилма бесабру бесукунлуқ.

Ҳар нечаким юз ўлса ҳижронда заъфарони,
Ғам йўқ берур чу қон ёш ул юзга лолагунлуқ.

Бир жом ул парийваш то тутти, кимки кўрди
Айтур мени: эрур бу ё маст, ё жунунлуқ.

Бу ишқи пок бирла хирқамни ҳуру ризвон
Йиртишлар, қилурға ҳуллаларин юрунлуқ.

Васл истадинг, Навоий, офат бошингға ёғди,
Бошингда қайда тушти бу толе озмунлуқ.

* * *

Солса партав том уза чиққанда рухсори очуқ,
Бир қуёшдур, тушса ҳар уй ичра тунглукдин ёруқ.

Совуғ оҳеким чекармен, гарм ўлур оқмоққа ашк,
Чашмаларда су бўлур иссиғ, ҳаво бўлғач совуқ.

Тенгри оллинда тонуқдемаки ўткар кимсани,
Менча севмассен, бу ишга худ эрур тенгри тонуқ.

Лабларингким учуқ тутмиш ҳамул ҳайъат била,
Оғзинг андоқ ғунчадурким, тушмамиш андин қобуқ.

Доғ ўртарга чапоним ичу тоши қолмади,
Боғладим марҳам чапондин, қолди гар эски момуқ.

Гар ёзуқсиз ўлтурурсен, ғам емон, лекин ғамим
Мунчадурким, бўлмағай ногаҳ санга андин ёзуқ.

Ёр дилхоҳин чу топтинг, тенгдурур васлу фироқ,
Ҳақ ризосин чунки қозғандинг, не учмоқ, не томуқ.

Соқиё, май тутқали қўпмоқ басе таклиф эрур,
Қўй такаллуфнию қўп, лекин манга ўлтур ёвуқ.

Заъфи кўплуктин Навоийнинг кам ўлмас ноласи,
Не мунофидур фиғон булбулға бўлмоғлиқ оруқ.

* * *

Сенингдек парий хайли одамда йўқ,
Демай хайли одамки, оламда йўқ.

Паришон чу зулфунг хамин қилди ел,
Паришон кўнгул йўқки, ҳар хамда йўқ.

Бу лаззатки, захмингда топти кўнгул,
Яқин билдиким, ҳеч марҳамда йўқ.

Даминг хижлатидин начук қочмасун,
Бу дам чунки Исои Марьямда йўқ.

Кўзунг қатлидин даҳр эли қолмади,
Агар қолди, бу йўқки, мотамда йўқ.

Ғамингднн манга анча айшу тараб
Ки, юз хотири шоду хуррамда йўқ.

Муғанний, Навоий фиғонин эшит
Ки, созинг аро зер ила бамда йўқ.

* * *

Ёрдин айру кўнгул мулкедурур султони йўқ,
Мулкким султони йўқ, жисмедурурким, жони йўқ.

Жисмдин жонсиз не ҳосил, эй мусулмонларким, ул
Бир қора туфроғдекдурким, гулу райҳони йўқ.

Бир қора туфроғким, йўқтур гулу райҳон анга,
Ул қоронғу кечадекдурким, маҳи тобони йўқ.

Ул қоронғу кечаким йўқтур маҳи тобон анга,
Зулматедурким, анинг сарчашмаи ҳайвони йўқ.

Зулматеким, чашмайи ҳайвони анинг бўлмағай
Дўзахедурким, ёнида равзаи ризвони йўқ.

Дўзахеким равзайи ризвондин ўлғай ноумид,
Бир хуморедурки, анда мастлиғ имкони йўқ.

Эй Навоий, бор анга мундоқ уқубатларки, бор
Ҳажрдин дардию лекин васлдин дармони йўқ.

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

[*] Previous page

Go to full version