Erkin Vohidov. Saylanma. 1-jild. Ishq savdosi  ( 82756 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


Ansora  26 Sentyabr 2009, 16:37:15

Эркин ВОҲИДОВ

САЙЛАНМА

БИРИНЧИ ЖИЛД

ИШҚ САВДОСИ


ТОШКЕНТ
«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА КОНЦЕРНИ
БОШ ТАҲРИРИЯТИ
2000

Сўзбоши муаллифи:
Иброҳим ҒАФУРОВ


Erkin Vohidov. Saylanma. 1-jild. Ishq savdosi



Muallif: Erkin Vohidov
Hajmi: 926 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish


ЮРАК МУЛКИДАГИ КАШФИЁТЛАР

Эркин Воҳидовнинг сайланма асарлари учинчи бор нашр этилмоқда. Унинг бир жилдлик («Муҳаббат», 1976) ва икки жилдлик сайланма асарлари («Муҳаббатнома», «Садоқатнома», 1986) ўз вақтида адабиёт оламида катта воқеа бўлган эди. Орадан анча вақт ўтди. Биринчи сайланмага — йигирма беш йил, иккинчисига — ўн беш йил бўлди. Улар ноёб нашрларга айланди. Ҳозир уларни туя миниб ҳам қидириб топиш мушкул. Кейинги сайланмадан буён ўтган ўн беш йилда дунё миқёсида одамнинг энг ўткир фантазиясига ҳам сигмайдиган ўзгаришлар рўй берди. Дунёнинг сиёсий тазодли қутбларга бўлиниши барҳам еди. Темир деворлар қулади. Совуқ урушларнинг шум нафаси ўчди. Олам узра янги миллий мустақил давлатларнинг озодлик ва демократия қуёши балқиди. Жаҳон ҳар итасида ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ деган мустақил, эгамен давлат қад кўтарди. Халқларнинг ўз ўзлари ва бир бирларини янгидан таниши бошланди.
Мана шу жаҳондаги ўзгариш ва янгиланишларнинг барчаси улкан шоирнинг асарларини ҳам ўз шафқатсиз синовидан ўтказди. Шоирнинг юрак қони билан битилган асарлари бу синовларнинг ҳаммасига бардош берди. Улар келажак асрга РАВШАН СЎЗ, ЮРАК КАШФИЁТЛАРИ сингари кириб бормоқда. Инсон юраги борлиқ оламнинг тирик мужассами. Эркин Воҳидов сертуғён, сермашаққат, дардли дунёнинг армонлари, шодликларига қоришиб ётган воқелигини, ўзи айтмоқчи, юрак аортасидан ўтказди. Шоирнинг энг кейинги китобларига 1992 йил санаси қўйилган. Уларнинг бири «Изтироб», иккинчиси — «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» деб номлангани тасодифмикин? Изтиробсиз юрак бормикин?
Аччиқ ҳақиқатларни кашф этувчи юрак ҳеч бир вақт изтиробсиз бўлармикин? Агар изтироб бўлмаса, шоирнинг ҳақиқатлари халқнинг ҳақиқатларига айланармикин? Эркин Воҳидовнинг ҳар бир шеърида бу саволларга жавоб бор. Улар ҳамма ҳолларда ҳақиқат излаётган ориф сиймонинг замондошлари оша келажакка нидоси каби эшитилади...
Мана, Эркин Воҳидов ўзининг учинчи сайланма асарларини бошдан охир қайта кўздан кечириб, нашрга тайёрлаб кўпдан таниш ва нотаниш ўқувчиларга ҳавола этмоқда. Бу унинг аср ва халқ олдидаги ҳисоботи ҳам. Шеърнинг эгаси шоир. Лекин уни замон саралайди. Замон эса халоскор СЎЗни танлайди. Ўзига халоскор бўлгувчи сўзни саралаб олади. «Нидо»нинг маъсум фарёдларига қулоқ тутсак, сўз халоскор каби келганлигини кўрамиз. «Руҳлар исёни»нинг олов тилли сатрларига бағримизни очсак, сўз халоскор каби келганлигини кўрамиз. «Донишқишлоқ латифалари»нинг мўъжизий қувноқ оҳангларига қулоқ тутсак, дунёнинг янги афандиси туеилганлиги, ва унинг сўзлари халоскор сўзлар каби янграётганлигини кўрамиз. Қасидалар, ғазаллар, нозик рубобий шеърлар, ўткир сиёсий мурожаатномаларга қулоқ тутсак, сўз халоскор сингари тинимсиз ҳаракатда эканлигини кўрамиз. Эркин Воҳидов худди ўтган асрда ўтган немис шоири Гейне каби ўта нозик рубобий кечинмалардан тортиб даврнинг беҳад зиддиятли сиёсий мавзуларигача баробар маҳорат ва ҳассослик билан кўтара олади. Унинг асарларида дард, киноя, ҳажв йўсини билан айтилган аччиқ ҳақиқатлар, замонамизнинг кўз ўнгимизда ўйилиб ётган оғир жароҳатларига қўйилган шифобахш малҳамлардек англанади.
Замон дарёси қайдан оқиб келаётганлиги ва қайга оқиб кетаётганлигини билиш гоятда мушкул. Лекин биз Эркин Воҳидов шеърларида акс этган замон дарёсига шўнғиймиз ва ундан... тозариб... яшариб... масарратга тўлиб чиқамиз.
Шеърнинг замонга таъсири борми? Буни ким ўлчаб кўрган? Ким бунинг ҳисобига етган? Шеърнинг замон ва одамларга таъсири нималарда зуҳурланади? «Ўзбегим»нинг миллий уйгонишларимизга кўрсатган баракали таъсирларини ўлчайдиган сеҳрли асбоблар, мўъжизий компьютерлар ихтиро қилинганми? «Ўзбегим» балки халқ ичида ўша тоталитар зулм шароитида миллионлаб таргиботчилар қилиши керак бўлган энг зарур ишни ёлғиз ўзи адо этгандир? Қани буни бехато ўлчайдиган техника!
Эркин Воҳидов замондошимиз. У ўзи билан бирга шеър хазиналарини олиб юради. Унинг билан бирга Навоий юргандек, Фузулий юргандек, Гёте юргандек, Гейне юргандек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Чўлпон юргандек... Уларнинг шеърларини ўз шеърларидек ўқийди. Уларни сўзлатади, тилга киритади — етган ерига шеър хазиналарини етказади, борган ерига шеър хазиналарини етаклаб боради. Шеъриятнинг маърифати ва маданияти шу бўлса керак-да!
Эркин Воҳидов асарлари замирида ётган тиниқ самимият, инсонийлик, меҳр-оқибатни энг юксак даражада тушуниш ва шундай талқин этиш, шеърдагина эмас, ҳаётда ҳам, ҳаётнинг ҳар қандай ҳолатларида ўз олижаноб принципларига риоя этиш, оеишмай амал этиш, Ватанга худди отага суянгандай суяниш, халққа худди онага талпингандай талпиниш, юрт, эл камоли, равнақини ўйлаш, орзу қилиш ва бундан ўта манфаатдор ижодкор каби доим завқларга тўлиб юриш, комилликка сажда қилиш, комилликни кўрган, унга дуч келганда дарҳол бунинг илҳомига жўр, жўра бўлиш — Эркин Воҳидовнинг инсон сифатида, шахс сифатида, катта санъаткор шоир сифатида ўз даври, ўз авлодининг жуда ёрқин вакили эканлигини кўрсатиб туради.
Эркин Воҳидов халқнинг баери кенглиги ва саховатпешалигини болаликдан жуда чуқур туйди. Шоир илҳомининг туб манбалари халқининг шундай ўктам фазилатларидадир.
Бундан эллик йил муқаддам янграган Эркин Воҳидовнинг илк жарангдор шеърлари билан ўзбек шеъриятида янги бир самимият даври бошланди. Ва ўша-ўсмирлик чоғларидан то ҳозиргача шоир шеърдан шеърга, достондан достонга, довондан довонга, даврдан даврга ўсиб, ўзгариб, ҳар янги даврда ўзгача камолот пиллапояларини забт этиб борди. Фақат унинг ўзи билан бирга туғилган самимияти ўзгармади, ҳамиша эл юрагига қулоқ тутиш, элга тилмоч бўлиш эҳтиёжи ўзгармади. У янги замонларнинг маърифатини халқ қалбига олиб кирди. Сўзининг туб мағзида миллий ғурур туйғуларини сезгир пардаларда ифодалади. Ўзбекистонда Эркин Воҳидовнинг оҳангдор, маънодор сатрларидан баҳра ва бар олмаган бирор кимса топилармикин? Унинг муҳаббати, садоқати, самимиятида азал мўъжизаси бедор эмасмикан?

Иброҳим ҒАФУРОВ

Qayd etilgan


Ansora  26 Sentyabr 2009, 16:40:50

ТАҚДИМ

Азиз китобхон!
Ушбу шеърий мажмуа қўлингизга етганда тарих 2000 йилга қадам қўйган бўлади. Биз бир замонлар узоқ келажак деб хаёл қилган замон ҳақиқатга айланади. Менинг ҳам илк бор шеърлар машқ қила бошлаганимга эллик йил тўлади. Бу айни сарҳисоб замони. Ана шу эллик йилнинг маҳсули бўлган асарларни кўздан кечириб, саралаб сизларга тақдим этишга қарор қилдим. Ниятим — тўрт китоб тузиш:
Биринчиси — қўлингиздаги «Ишқ савдоси» — ўсмирлик, ёшлик асарлари.
Иккинчиси — «Шеър дунёси» — ўрта ёшда битилган асарлар.
Учинчиси — «Умр дарёси» — эллик ёшдан сўнг, то бугунгача битилган асарлар.
Ниҳоят, тўртинчиси — «Кўнгил нидоси» — турли йилларда ёзилган рисолалар, бадиий лавҳалар, таҳлилларни ўз ичига олади.
Умид қиламанки, ушбу тўрт китоб кўлингизга тез орада етиб боради. Уларнинг биринчисини умид ва ҳаяжонлар ила Сизга тақдим этувчи:
ЭРКИН ВОҲИДОВ.

 
БАҒИШЛОВ

Эй сен, латиф дўст, бу сенга
Умрим китобидир,
Умрим китоби не, олис
Йўл сарҳисобидир.

Бу йўл равон эмас, унинг
Пасту баланди кўп,
Жон риштасидек мисралар
Йўлнинг танобидир.

Бир шаҳр номи Ибтидо,
Бир шаҳр Интиҳо,
Жонимда икки шаҳр аро
Йўл изтиробидир.

Сен ким эдинг, ким бўлдинг, эй,
Дил, деб сўрайди дил,
Шеър асли дил саволига
Дилнинг жавобидир.

Умрим агар бог- бўлса, сиз
Боғбонисиз, элим,
Тутдим, олинг, — ўз боғингиз
Шарбат, гулобидир.

Ёшинг неча деб сўрмангиз,
Ёрону аҳли дил,
Эркин Ватан ёши менинг
Ёшим ҳисобидир.
1999
 
- УМРИМ БАҲОРИДА -

Мен жилғаман,
Дарё бўлиб тошгим келади.


МАНЗАРА

Қора қушлар қўнарлар
Мажнунтолнинг шохига.
Бошин сувга эгарлар
Боқмай сира оҳига.

Раҳми келиб булутнинг,
Йиғлаб тўкар ёшини.
Қушлар кочар, мажнунтол
Кўтаради бошини.

Булутнинг орасидан
Қуёш кулиб карайди.
Мажнунтолнинг ювилган
Сочларини тарайди.
1952


* * *

Мен жилғаман,
Дарё бўлиб тўлгим келади.
Она юртим,
Сенга ўғлон бўлгим келади.
Бугун сенга
Фақатгина шеър бағишладим.
Керак бўлса,
Жонни фидо қилгим келади.
1953


ТОНГ ЛАВҲАСИ

Уфқларга қўйиб гулдаста,
Тоғ ортидан кўтарди-да бош,
Пастга боқди чўққидан аста
Олтин қалам тутган бир наққош.

Ҳар нуқтага сайқал бериб у,
Водий узра чизди зар лавҳа.
Сўнг қуёш деб имзо чекди-ю,
Тонготар деб қўйди сарлавҳа.
1956


КАМТАРЛИК ҲАҚИДА

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.
1956


ТОҒ БИЛАН СУҲБАТ

Дейман: Булутларга чулғанган, оппок
Туманли бошингга қуёш тўкар нур.
Кимсанки, қаршимда юксалиб мағрур,
Узоқ-узоқларга боқасан, ўрток?
Акс-садо дер: — Тоғ!..

Дейман: Ғорларингга кўйганман қадам,
Улкан қояларинг кучиб ўтганман.
Устингдан неча бор учиб ўтганман.
Кимманки, шунчалар юксак иродам?
Акс-садо: — Одам!..

Дейман: Қувончингга тор келур жаҳон,
Тонгдан бошланаркан бағрингда гурунг.
Нимадир шунчалар фахринг, ғуруринг,
Айт, нелар қилибди қўйнингда макон?
Акс-садо дер: — Кон...

Дейман: Фанлар сари шахдам йўл олдим,
Порлоқ истиқболим кўз тутар менга.
Ишон, бир кун яна келаман сенга.
Аммо ким бўлиб — шу фикру хаёлим.
Акс-садо: — Олим...

Тилагим шу, ўртоқ, ҳақлисан буткул,
Илмлар тоғи бор қаршимда ҳали,
Жавоҳирлар тўла бағринг очгали
Қучоғингга яна келаман, кутгил!
Акс-садо дер: — Кел!
1956


КИЧИК ОЙ СЎЗИ

Биринчи сунъий Ер йўлдоши атмосферанинг қуюқ қатламларида ёниб кетди...

Майли, умрим абадий эмас,
Майли, яшай фақат бир нафас,
Лекин мени ойга қилиб тенг,
Шуълалардан ясаб кошона,
Қуёш сари узатган халқнинг
Боши узра бўлай парвона.

Майли, сўнг ўт чирмашсин танга,
Майли, мени қучсин аланга.
Фақат бўлиб Данконинг қалби,
Фазолардан нур сочай фанга.
Она-Ватан! Бир ўғлинг каби
Фидо этай жонимни санга!
1957


* * *

Дўстларимни ҳайрон қолдирар
Баъзан ишкий шеърлар ёзганим.
Ҳазилкашлар қўймасдан сўрар:
— Куйлаганинг қайси нозанин?

Йўқ дей десам, кулги бўламан,
Алдамоқни ҳеч кўрмайман эп.
Не ҳам дердим, ҳазил қиламан,
Шоир ҳали изланишда, деб...
1957


* * *

Тинглайман кўп ўзбек сўзларин
Хоразмча талаффузини.
Хуш кўраман у ер қизларин
«Қўйсангиз-а» деган сўзини.

Улар буни айтса мулойим,
Тилларидан асал тўкилар...
Хоразмлик қизларни доим
«Қўйсангиз-а» дегизгим келар.
1957


* * *

Қаро қошинг,
қалам қошинг,
Қийиқ қайрилма қошинг, қиз.
Қилур қатлимга қасд қайраб —
Қилич қотил қарошинг, қиз.

Қафасда қалб қушин қийнаб,
Қанот қоқмоққа қўймайсан.
Қараб қўйгил қиё,
Қалбимни киздирсин қуёшинг, қиз.
1957


ЭКСКАВАТОР

Дашт қўйнига кирди-ю
Илк бора наъра солди.
Ташна ер бағридан у
Сиқимлаб тупроқ олди.

Боши узра кўтарди
Тутиб пўлат кафтида...
Тупроқ нажот кутарди
Ёниб қуёш тафтида...

Ҳаёжони ортди-ю
Титраб кетди қўллари.
Сўнг бир наъра тортди-ю
Юриб кетди илгари...
1958


* * *

Гоҳи поезд, гоҳ от билан,
Гоҳи кездим пиёда.
Мен ўтган йўл меридиан —
Чизиғидан зиёда.

Кўп манзиллар кўзлаганман,
Кўп довонлар ошганман.
Кимларнидир излаганман,
Қайларгадир шошганман.

Сўқмокларда тупроқ кечдим,
Босдим тоғлар тошини...
Қанча-қанча йўллар кездим —
Топгунимча то сени.
1958


МАЖНУНТОЛ

— Қуббон соҳилида қоматинг букиб,
Олтин баргларингни кўл узра тўкиб,
Нималар ҳақида сурасан хаёл,
Сўйла, мажнунтол?

Ё тонгда бир гўзал чиқдими сувга,
Нигоҳинг тушдими кўзи оҳуга?
Сени банд этдими лабидаги хол,
Сўйла, мажнунтол?

Кўл узра оққушлар парвоз этдими
Ва ё ўйларингни олиб кетдими
Сочларингни силаб ўтганда шамол,
Сўйла, мажнунтол?

Тунда ой аксини кўрдингми сувда,
Балки кутмоқдасан уни беҳуда,
Йўкса нега маъюс кўриндинг, не ҳол,
Сўйла, мажнунтол?

— Йўқ, фикрим банд этган оққушлар эмас,
Сабо ё париваш бокишлар эмас.
На сув кўзгусида кўринган ҳилол,
На чеҳраси ол!

Хаёлим боиси бошқадир бутун,
Ўтмишнинг бу ғамли қиссаси узун.
Сўрадинг, сўйлайин, майли, қулоқ сол,
Қалбга тугиб ол!

«...Жондан севар эди бир-бирин улар,
Қалбда тўлиқ эди ширин орзулар.
Йигит ўктам эди, қиз — соҳибжамол,
Хулкда баркамол.

Улар шу боғларда ўйнаб-куларди,
Оғушим уларга маскан бўларди,
Бунда ўтказарди ошиқлар висол —
Дамларин хушҳол.

Анов чаманларда гул терардилар,
Анов тош устида ўлтирардилар.
Икки қалб гўё қўш кабутар мисол,
Тилларида бол...

Аммо ушалмади ширин орзулар...
Бир кеча сўнгги бор учрашди улар.
Оҳ, севги гулшани этилди поймол,
Сўзламок маҳол...

Ҳамон ёдимдадир у ғамли кўзлар,
Шу оқшом айтилган аламли сўзлар:
«Ота...», «бойлик...», «тақдир...»,
«никоҳ...», «қари чол...»
Ва «Хайр, хуш қол!..»

Узоқ ўтирдилар шу тун икки ёр,
Айрилиқ шомида вафоли нигор
Йигитга қолдирди ишқидан тимсол —
Шоҳи дастрўмол...

Шу бўлди — уларни топмадим зинҳор,
Сўрадим, изладим — кўрмадим бир бор.
Қайдадир севганлар, не кечди аҳвол —
Билмайман алҳол».

Гар сўрсам жавобсиз чайқалур бу кўл,
Дарагин келтирмас еллар ҳам буткул.
Боғда гул бош чайқар, мен берган савол
Каршисида лол...

Сўрадим, дафъатан жим қолди боғлар,
Сўрадим, чўккандай туюлди тоғлар.
Сўрадим, чор атроф маъюс, бемажол —
Кўринди беҳол...

Жондан севар эди бир-бирин улар,
Қалбда тўлиғ эди ширин орзулар.
Бу бир севги эди, улуғ баркамол,
Оҳ, кетди увол...

Сен букун соҳилда кезиб юрганда,
Дилдоринг ёнингда ханда урганда,
Шу кечмиш ҳислари дил мулкин дархол
Қилдилар ишғол.

Фикримни банд этган ишқ қиссаси бу,
Ва ишқ қиссасининг алқиссаси бу —
Шу севги ҳаққи ҳам сендаги иқбол
Топмасин завол!
1958


ҚУББОН КЎЛИГА

Садо дейди: Сочларин ёйиб,
Нечун қуёш кезар паришон?
Тонг чиқар-у кеч бўлар ғойиб.
Не излаб у кезади жаҳон?

Акс-садо дер: Бунда бир замон
Йўқотмиш у ойинасини...
Бехабарсан, эй кўли Қуббон,
Қуёш ҳамон излайди сени.
1958


БУЛОҚ

Булоқ она-Ер сийнасидан
Шеър сингари қайнаб оқади.
Сувнинг кумуш ойинасидан
Меҳрим бўлиб қуёш боқади.

Тўйиб ичдим, сув билан гўё
Дилга сингди юрт муҳаббати.
Ташналигим қонди-ю, аммо
Яна ортди қалб ҳарорати.
1958


* * *

Учрашувга ошиқади дугонанг,
Кўзлар висол орзусида чараклаб...
— Болам, чойинг совиб колди, — дер онанг,
Ўлтирасан уйда китоб варақлаб.
Ҳали севги деб аталган бастакор
Юрагингда торлар чертиб ўтмаган,
Ҳали ҳеч ким гуллар тутиб навбаҳор
Сени висол боғларида кутмаган.
Кечаларинг осудадир, бир одам —
Еди билан банд бўлмаган ўйларинг...
«Ёш Вертер»ни ўкиб бир кун мени ҳам —
Севармикин кимдир дея ўйладинг.
Ғойибона йўлларингга интизор,
Аллакимнинг кутишини билмайсан.
Деразангни чертиб сенга илк баҳор,
Бир даста гул тутишини билмайсан.
Сен ҳам уни, у ҳам сени кўрмаган,
Қаердадир яшар лекин дунёда.
Боғлар кезиб ҳеч гулга юз бурмаган,
У сен учун ҳар кимдан ҳам зиёда...
Учрашувга ошиқади дугонанг,
Қалб орзикиб, ёр олдига чопади...
Қаердадир сени излар парвонанг,
У албатта сени излаб топади.
1959


СЕВГИ

Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғингдан гул термаган ким бор.
Сен ҳакингда ёзиб тўрт сатр,
Сирдошига аста кўрсатиб,
Қўшни кизга бёрмаган ким бор.

Дастлаб ҳар ким калам олган он
Ёниб сени куйлар бегумон.
Маскан куриб ҳар бир кўнгилдан,
Ошикларни колдириб тилдан,
Шоирларни килурсан бийрон.

Тушдим чоғи мен ҳам домингга,
Эзгу ҳислар бахш этдинг менга,
Ҳаётимга зар лавҳа бўлдинг,
Илк шеъримга сарлавҳа бўлдинг,
Хаёлларим улфатдир сенга.

Юрагимда ҳис этдим канот,
Тилсим каби очилур ҳаёт,
Висолдаги дамларим ширин,
Ҳижрондаги ғамларим ширин,
Кулиб бокар менга коинот...

Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғингдан гул термаган ким бор...
1959


ПЎЛАТ

У даставвал ойболта бўлди,
Сўнг замбарак бўлиб қуйилди.
Қилич ҳам у,
милтиқ
ва наган,
У бомба ҳам бўлиб портлаган.
Лекин олган жаҳонни фақат
Перо бўлиб қуйилгач пўлат.
1959


ЙЎЛЛАР

Йиллар оша бир ёш ўсарман,
Йўллар оша бир бош ўсарман.
Мен сайр этган гул водийларда
Чечакларга ёндош ўсарман.

Боғлар ўтган, қир ошган йўллар,
Уфқларга туташган йўллар,
Жимир-жимир нуқралар тақиб,
Нур эмибсиз қуёшдан, йўллар.

Сайр одатим қўярмидим мен,
Ўлкам кезиб тўярмидим мен,
Кезмай туриб, сайр этмай туриб
Уни шунча суярмидим мен!
1959


ХАЙРЛИ КЕЧ

Тилак қадрин билар одамлар,
Яхши ният қилар одамлар.
Дўстга тунги ором олдидан
Хайрли кеч тилар одамлар.

Хайрли кеч — ҳикматли истак,
Бу истакни буюрмиш юрак.
Хайрли кеч — фараҳли тунинг
Осойишта, тинч бўлсин, демак..

Ер юзида яшаган инсон
Майлига, у қаерлик бўлсин,
Тинч меҳнатда кунлари шодон,
Кечалари хайрли бўлсин.
1959


ОНА ТУПРОҚ

Нега инсон ерни қутлуғ дер,
Тупроқни ҳам санар муқаддас?
Йўқ, мўътабар эмас асли ер,
Тупроқ ўзи табаррук эмас.

Дастлаб ўша ер узра одам
Тўкканида ҳалол манглай тер,
Гавҳар унди она тупрокдан,
Қутлуғ бўлди муаззам бу ер.

Ўз муборак тупроғин инсон
Ёт назардан асраб ҳар нафас,
Уни қучиб фидо этди жон,
Қони билан қилди муқаддас.

Йўқ, мўътабар эмас асли ер,
Қутлуғ эмас тупроқ ҳеч қачон.
Муборакдир инсон тўккан тер,
Мўътабардир қутлуғ тоза қон.
1959


ЎЛКА

Боғларингни сайр этганимда
Сен бор эдинг қалбда, Ватаним.
Боғ ҳуснига шеър битганимда
Уни дастлаб сенга атадим.

Минглаб тилда мадҳингни сўзлар
Бунда ўсган ҳар битта дарахт.
Нур эмади миллионлаб кўзлар
Кўкдан сенинг ҳуснингга қараб.

Жилмаяди ўзида йўқ шод
Янги ой ҳам кетмай қошингдан.
Этак-этак олиб коинот
Юлдузларин сочар бошингдан...
1960


* * *

Кун тоғ ўркачига тирмашар аста,
Новвот кояларда ялтирайди қор.
Юксак чўққилардан бошланган баҳор
Шалолалар билан интилар пастга.

Тўшаб соҳилларга жилвакор гилам
Дарё бўлиб окар Аму, Сирига.
Баҳор ўлкасининг кон томирига
Шарқираб киради фусункор кўклам.
1959


ЙЎҚ, ҲАЛОВАТ ИСТАМАЙМАН

Йўқ, ҳаловат истамайман,
Ором билмас ёш жоним.
Тўлқин урган уммонча бор
Юракдаги туғёним.

Бўронларга, довулларга
Пешвоз юргим келади.
Дарёларнинг гирдобига
Кўкрак ургим келади.

Тинчлик билмас одатимдан
Озор чексам майлига.
Олов бўлиб бир дам ёнсам,
Сўнг ўчсам ҳам майлига...

Ҳар мушкулга бардош берар,
Чидар менинг тош бошим.
Аммо сокин, тинч яшашга
Сира йўқдир бардошим.
1960


ШЕЪР КЕЧАСИ

Навбатим келмоқда,
Сўзлайман мен ҳам,
Энг яхши шеъримни излайман мен ҳам.
Қани,
Куйларимнинг энг сози қани?!
Кўнглимнинг энг дилбар овози қани?!
Бир-бир варақлайман ёдим дафтарин,
Мени маъзур тутинг, азиз дўстларим!
Қувноқ даврангизда ўқиб бергали
Энг яхши шеъримни ёзмабман ҳали.
Шеърлар чамани кенг,
Умрим ҳам узоқ,
Гуллар теражакман қучоқ ва қучоқ.
Аммо бир гул менинг юрагимдадир,
Бир шеър ёзмоқ менинг тилагимдадир.
Бу шеърни излайман ақлимни таниб,
Бу шеърни куйлайман оташда ёниб.
Бу шеър ишқи билан яшайман мудом,
Бу шеър ишқи билан кўнглимда илҳом.
Бу шеърга банд бутун эзгу ҳисларим...
Мени маъзур тутинг бу гал, дўстларим,
Кувноқ даврангизда ўқиб бергали
Энг яхши шеъримни ёзмабман ҳали.
Ва лекин мен уни битмагунимча,
Битиб сизга такдим этмагунимча —
Бир нафас ҳаловат билмасман асло,
Тинмасман,
тинмасман,
тинмасман асло!
1960


* * *

Айтиб бўлдим сўнгги кўшиқни,
Жўнаб кетди қуёш ҳам аста.
Алвон кўйлак кийган уфқнинг
Этагида колди гулдаста.

Кучоқ очар фараҳли бир тун,
Кўз олдимда яна бир чаман —
Хайрли кеч —
Тонг билан, дўстим,
Яна бир шеър ўқиб бераман.
1960


* * *

То тирикдирки табиат,
То қуёш сочгайки нур,
Уч эгиз бордир тушунча,
У бу сўз ёндош бўлур:
Моҳиру меҳру маҳорат,
Олиму илму амал,
Ошику ишқу машақкат,
Шоиру шеъру шуур.
1961


ОЛИМЛАР ВА ШОИРЛАР

Қанча илҳом керак, ишк, орзу-тилак
Инсонни фазога учирмок учун.
Қанча билим керак, тафаккур керак
Буни шеър, достонга кўчирмоқ учун.

Олимни банд этар юлдузли осмон,
Чексиз фазо илми шоир хаёлин.
Ҳа, бу шундай замон, ажойиб замон,
Олимлар — шоиру
Шоирлар — олим.
1961


ШЕЪР ҲАҚИДА ШЕЪР
(ҳазил)

Шеърим, мана, битдинг ниҳоят,
Туним уйғоқ ўтди қошингда.
Битдинг дедим, севинма фақат,
Қанча иш бор ҳали бошингда.

Ҳали сени йўниб, тарашлаб
Юз марталаб ўчирмоғим бор.
Қайта-қайта ғижимлаб ташлаб,
Такрор-такрор кўчирмоғим бор.

Ахир бир кун мавсуминг етиб,
Кирганида ғўза шонага,
Аста сенинг қўлингдан тутиб
Етаклайман газетхонага.

Илҳом дилга боғлаган қанот,
Шахдам-шахдам ташлаймиз одим,
Бизга айлаб «ширин» илтифот,
Қарши олар адабий ходим.

Сени аста ёнимдан олиб,
Ҳаяжон-ла тутаман унга.
Шеърми? — дея у қовоқ солиб
Кўзойнагин қўяр бурунга.

Ўқиб чиқар, тортмага ташлар,
Ўз ишини эттирар давом.
Энди, шеърим, шу кундан бошлаб,
Сен меники эмассан тамом.

Ҳеч ким сени шеър демас энди,
Ҳеч ким демас қўшиқ ё ғазал.
Сен куй, илҳом, шавқ эмас энди,
Бунда сенинг номинг «материал».

Уринмагин энди беҳуда,
Учмоқ учун боғлама қанот.
Ором олиб ширин уйкуда
Муҳаррирнинг тортмасида ёт.

Ёз ҳақида битилган бўлсанг,
Шошма, ҳали қиш келгунча тур.
Бахтинг кулиб, йил ўтгач, аранг
Ярминг чиқса, шунга ҳам шукур.

Ҳали сени, шеърим, неча бор
Ғурбатларга етаклар тақдир.
Бунда қацча... мухлисларинг бор,
Ҳали сени қилурлар таҳрир.

Ўзгаради қанча каломинг,
Ўзгаради қанчалар лавҳанг.
Ёзилганда «Тонг» бўлса номинг,
«Оқшом» бўлар балки сарлавҳанг.

Сўнг оламга ёйгали қанот,
Элни ўзга қилгали «шайдо»
Қуёш янглиғ бир куни — ҳайҳот! —
Газетада бўлурсан пайдо.

Ўз номимдан танийман аранг,
Лол тураман сенинг қошингда.
Навбат билан танқидчи аканг
Ёнғоқ чақар энди бошингда.

Таҳлил айлаб терсу ўнгингдан,
Иккимизни қилади беҳол.
Хўп дўппослаб, танқид сўнгида
Ижодимга тилайди камол.
1961


ЁШЛИК

Ёшлик! Сени куйламаган ким,
Эртакларинг сўйламаган ким,
Қариганда ўйламаган ким,
Ўйлаб яна куйламаган ким?
Битмоқ бўлдим мен ҳам сенга байт,
Ёш юракнинг ҳаққи борми, айт?

Ёшлик, асли менинг ўзимсан,
Кенг оламга боққан кўзимсан.
Ёзган шеърим, айтган сўзимсан,
Кечам, эртам, ушбу рўзимсан.
Битмоқ бўлдим сен учун ашъор,
Аммо ўзни куйламоқ душвор.

Ёшлик— гулу гулғунча экан,
Бу гул олам тургунча экан,
Ёшлик — беҳад тушунча экан,
Поёни йўқ гардунча экан.
Битмоқ бўлдим мен унга достон,
Уйларимга топмадим поён.

Ёшлик, дилдан шавқ кетгани йўқ,
Юрак сени тарк этгани йўқ,
Юрак сени тарк этгани йўқ,
Демак, қадрингга етгани йўқ.
Ёшлик, сени куйлаб билурман,
Аммо бугун ёшлик қилурман.

Ёшлик — ишқу ошиқлик майли,
Ўзи Мажнун, ҳам ўзи Лайли,
Субҳи олам унинг туфайли.
Майли, унга битмасам майли,
На бир ғазал, на бир мусаддас,
Унинг ўзи шеърдан муқаддас.
1961


ШОИР УМРИ
(пародия)

«Мана, мен Лермонтов ёшига етдим,
Бир шоир умрини яшадим чиндан.
Шеърият кўкида тик парвоз этдим,
Парвозим баланддир учқур лочиндан».
САЙЁР

«Мана, мен Лермонтов ёшига етдим,
Бир шоир умрини яшадим чиндан».
Қанча қоғозларнинг бошига етдим
Ва лекин Лермонтов чиқмади мендан.

Дўстларим, ортиқча камтарлик нега,
Келажак ўн йилни кўрдим олдиндан.
Вақт келар, етарман Пушкин ёшига,
Ушанда... Пушкин ҳам чиқмайди мендан.
1961


ТЕРАНЛИК
Шоира ЗУЛФИЯга

Теранликни кидирмадим уммонлардан,
Инсонлардан топдим уни, инсонлардан.
Теранлик бу — нур ёғилган юзлардадир,
Теранлик бу — ўйчан боққан кўзлардадир,
Теранлик бу — айтилмаган сўзлардадир.
Майингина чимирилган қошлардаги,
Нуқра-нуқра қиров қўнган сочлардаги,
Бўронларда эгилмаган бошлардаги
Теранликнинг таърифига сўз бормикан?..
Машъум йиллар дилга солган озоридан,
Оналарнинг ҳасратидан, оҳ-зоридан
Одамларнинг юрагида уммони бор,
Уммонларнинг сокинлиги, тўфони бор.
У йилларнинг зилзиласи кўкракларда,
Машъум уруш доғи ҳали юракларда.
Қассос қалбдан оққан энг пок тилакларда,
Умидларда ҳаёт қадар теранлик бор,
Кўнгилдаги сабот қадар теранлик бор.
Теранликни қидирмадим уммонлардан,
Инсонлардан топдим уни, инсонлардан.
1961


СУРАТ

Қаердадир кўрганман уни,
Бир дакиқа бўлганман улфат,
Эслолмайман, аммо, кай куни,
Қай дакиқа, кай дам, кай ҳолат.

Кўзларида ажиб муаммо,
Тилсиз сурат боқар менга жим.
Э, у ўша...
Топилди гўё
Унут бўлган бир бўлак умрим.

Кўз олдимдан ўтади бир-бир —
Аллақандай туманли, хира —
Хаёлимнинг қай бурчидадир
Йўқолмоқчи бўлган хотира.

У кунларни тиклар хаёлим,
Ёдга келар барча, барчаси...
Одамлар,
Сиз менинг ҳаётим,
Ҳар бирингиз умрим парчаси.
1961


САМАРҚАНД КЕЧАСИ

Мунажжим тасбехидан тўкилган доналардек
Осмон узра сочилиб ярқирайди юлдузлар.
Ой шамъу теграсида учган парвоналардек
То саҳар жавлон уриб парпирайди юлдузлар.

Қаддини камон этиб, юзда табассум изи,
Кеча сукунатига қулоқ тутар янги ой.
Ногаҳон эшитилса чақалоқнинг йиғиси,
Яна бир Улуғбек деб ўйлаб қолди, ҳойнаҳой.

Самарқанд юлдузлари лаълимикан, дурдона,
Нақш олмалар сингари териб олгим келади.
Ҳар бири сўйлар экан қадимдан бир афсона,
Саҳаргача кўз юммай қулоқ солгим келади.

Ана Ҳулкар — етти қиз имлар мени йироқдан,
Ойдин кўчалар бўйлаб шуълаларда оқурман.
Улуғбек қадам қўйган бу муқаддас тупроқдан,
Улуғбек нигоҳ тиккан юлдузларга боқурман.

Бу кеча кўк уммони машъалларга тўлуғдур,
Ҳилолга қўнган юлдуз сузар гўё елканда.
Қадимий шаҳрим узра кезаман, дилда ғурур,
Юлдуз тўла осмонни кўтарганча елкамда.
1961


ҚИЗАЛОҚ
Синглим ФЕРУЗАга

Кўғирчокдан бир зум нари кетмасдан
Эркалар, бағрига босар қизалоқ.
Ҳаёт нима — ҳали идрок этмасдан,
Гўдаклигига ҳам ақли етмасдан,
Она бўламан деб ўсар кизалоқ.

Таажжуб, ким солмиш унинг кўнглига,
Кирмоқ кайда ҳали ҳаёт йўлига,
Она алласига қонмасдан ҳали,
Эртага шу уйга бека бўлгали
Супурги тутади жажжи қўлига.

Ҳалитдан оналик меҳр-шафқатин
Дилингга солдингми, эрка қизалоқ?
Татиб кўрмай ҳали ҳаёт заҳматин,
Мушфиқ оналикнинг бор машаққатин
Бўйнингга олдингми, эрка қизалоқ?

Гулзор яшагандек ғунча қатида,
Томчида қуёшнинг жамолин кўрдим.
Ўйласам, ўй битмас ҳаёт ҳақида,
Шу жажжи қизалоқ табиатида
Табиатнинг буюк камолин кўрдим.
1961


* * *

Ой фонусин кўтарди осмон,
Юлдузчалар бўлди парвона.
Сайр этайлик, кел, бирга, жонон,
Кўнглим сени истар ягона.

Қўлларимдан тут ўзинг, дилбар,
Ойдин йўлга етакла мени.
Ошиқ бўлиб, ишон, шунчалар
Севмагандим ҳеч қачон сени.

Ажаб, ортиқ сармастман букун,
Кўкрагимга сиккудай олам.
Бу кун лим-лим тўлмиш лолагун
Ишқ майига кўнгил пиёлам.

Кел, юлдузлар тўшалган йўлдан
Етакласин бизни муҳаббат.
Ғамларингни чиқар кўнгилдан,
Шод кунларни эслайлик фақат.

Сайр этайлик, кел, бирга, эркам,
Рози кетсин биздан умрбод —
Шодлик учун яралган олам,
Севмок учун берилган ҳаёт.
1961


ФИРОҚ ҲАҚИДА

Сен йирокда,
Ёринг йироқда,
Ўртанади жонинг фирокда.
Тугаб борар бардош — саботинг,
Учай десанг йўқдир қанотинг.
Севар ёринг васлига муштоқ
Кечаларинг ўтади уйғоқ...
Аммо ғамдан бошингни букма,
Шаҳло кўздан ёшингни тўкма.
Дилбар, буни фироқ дема ҳеч,
Ёрим мендан йироқ дема ҳеч.
Чунки оро кириб жонингга,
Бағринг бир кун келар ёнингга.

Сени ноҳақ
Ранжитди ёринг,
Ё ўзгадан рашк этди ёринг.
Нолишингга қулоқ солмади,
Изҳорингдан кўнгли қонмади.
Кетди, боқмай ҳатто қайрилиб...
Сен буни ҳам дема айрилиқ.
Дил ўртама, йиғлама асло.
Сен бу ҳижрон зулмати аро
Пок севгингни айлагин чироқ, —
Висол билан алмашур фироқ.

Сен севасан,
Севмайди ёринг,
Ёр кўнглига етмайди зоринг.
Севганингни ёки билмайди,
Ё билса ҳам кўзга илмайди.
Айриликда ёнасан бироқ —
Сен буни ҳам атама фироқ.
Чунки севгинг бўлса агар чин
Ҳижронларни қилар чилпарчин.
Ишон фақат, ҳеч толмай ишон,
Ишонч бўлса чекинар ҳижрон...

Ёринг бўлса
Ёнингда доим,
Ёринг бўлса — кўркам, мулойим,
Ҳар онингни кечирсанг бирга,
Бирга бўлсанг бутун умрга,
Ҳаёт куриб, улаб жонга жон,
Яшасанг-у йиллар ёнма-ён —
Аммо бўлса кўнгиллар йироқ,
Дунёда йўқ бундан зўр фирок.
Бу фироққа сира йўқ даво,
Бу фироққа йўлиқма асло!
1961


* * *

Ойдин кеча,
Ёғар кўкдан зар,
Ўйга чўмиб дединг гул юзим:
«Осмон тўла сонсиз юлдузлар,
Қайси экан менинг юлдузим?

У бир кичик заррадир, холос,
Йирокдадир, илинмас кўзга...»
Ажаб дейман,
Ким этмиш қиёс
Одамзодни сўник юлдузга?!

Қалб кўксимда ёниб ўрганган,
Эътиқодим шу эрур азал:
Минг йил хира юлдуз бўлгандан,
Бир дам ёниқ шам бўлган афзал.

Асрий ҳаёт керакмас менга,
Ишқ завқига қониб яшасам,
Парвонанинг умри бас менга —
Фақат ёниб,
Ёниб яшасам.

Шу ўй мени банд этар кўпдан,
Шу сабабли дейман: гул юзим,
Юлдуз излаб нетасан кўкдан,
Ўзингсан-ку менинг юлдузим.

Ўзингсан-ку менинг юлдузим,
Сурайёдан, Зуҳродан ортиқ.
Кўк токидан олмадек узиб,
Бирин сенга қилайми тортиқ?

Кел, истасанг ой ҳалкасини
Қулоғингга такай, дилбарим.
Хушнуд этса юлдузлар сени,
Этагингга тўкайин барин.

Фақат, жоним, ўзингни зинҳор
Юлдузларга этмагил киёс.
Ёниб яша то танда жон бор,
Қуёш бўлгин, азизим, қуёш!
1961


КИМНИ ЭТМАС БУ КЎНГИЛ ШАЙДО

Дунё экан...
Ишқ деган савдо
Борми фақат менинг бошимда?!
Кимни этмас бу кўнгил шайдо,
Ким шеър ёзмас менинг ёшимда?!

Севги илк бор тушди-ю қалбга
Ҳаётимнинг бўлди мазмуни.
У қўлимга тутқазиб қалам,
Кўзларимдан олди уйқуни.

Олди бутун фикру хаёлим,
Кетди дилдан ором, ҳаловат.
Севги бутун боримни олиб,
Шеър завқини қолдирди фақат.

Борлиқ олам кўзимга минг-минг
Гўзалликка тўлиб кўринди.
Гуллар менга ошиқ булбулнинг
Шеър дафтари бўлиб кўринди...

Айб этмангиз,
Дўстлар, бу савдо
Борми фақат менинг бошимда?
Кимни этмас бу кўнгил шайдо,
Ким шеър ёзмас менинг ёшимда?!
1961


КОСМОНАВТ ВА ШОИР

— Айт-чи, шоир, учар бўлсанг фазоларга,
Кўчар бўлсанг Ой, Ҳулкару Зуҳроларга,
Йўлга Ердан нималарни олар эдинг,
Сен кемангга нималарни солар эдинг?

— Учар бўлсам агар чексиз фазоларга,
Кўчар бўлсам Ой, Ҳулкару Зуҳроларга,
Она-Ердан бир кафт тупроқ олар эдим...
Олар эдим лола, наргиз, сунбуллардан,
Қарқуноклар, саъвалардан, булбуллардан,
Арчаларнинг япроғидан олар эдим,
Мажнунтоллар бутоғидан олар эдим.
Тиёншоннинг қора кўзли оҳулари,
Чаманларда бол излаган асалари,
Бошим узра парвоз этган қарчиғайим,
Боғ кўчадан миниб ўтган қора тойим
Ерда қолса, учмоққа ҳеч розимасман,
Фазоларга кўчмокқа ҳеч розимасман.

— Сўйла, шоир, сира чек йўқ тилагингга,
Учар бўлсанг, ҳамроҳ этиб юрагингга
Она-Ердан нималарни олар эдинг?..
— Айта берсам, сира чек йўқ тилагимга,
Учар бўлсам, ҳамроҳ этиб юрагимга
Она-Ернинг муҳаббатин олар эдим,
Гўзал ўлкам табиатин олар эдим.
Олар эдим баҳору киш, куз, ёзини,
Олар эдим ирмокларнинг овозини,
Суҳбатларнинг ғулусини олар эдим,
Шўх қизларнинг кулгусини олар эдим.
Куйларнинг ҳам энг дилбари, энг созини,
Навосини, гулёрини, шаҳнозини,
Олар эдим чапандозин ҳам баётин,
Ҳофизларнинг тонгда айтган муножотин,
Навоийнинг, Фузулийнинг шеърларини
Олар эдим, олар эдим мен барини.
Буларсиз мен учмоққа ҳеч розимасман,
Фазоларга кўчмоққа ҳеч розимасман.
1962


ЮРАК ВА АҚЛ

Икки куч бор —
Юрак ва акл
Икки ёнга тортувчи мени,
Улар бундоқ бўлса ноаҳил,
Қайбирининг тутай измини?

Мени бир ён бошласа ақлим,
Бошқа ёнга етаклар юрак.
Билолмайман, қайбири ҳақли,
Қайбирига ишонмоқ керак?

Ақл менинг ҳар қадамимни
Солмоқ бўлар тарозу тошга,
Ҳар дақиқа тергайди мени,
Ўхшама деб кўча бебошга.

Юрак эса унга сўз бермас,
Бу дунёда фақат ўйна дер.
Билмас,
Сира билгиси келмас
Қонун надир, қоида надир.

Ёр кўйига чорласа бири,
Юр деб ҳар кеч айласа хитоб,
Бири уйга етаклаб кириб,
Қўлларимга тутқизар китоб.

Ақл айтар:
Севдинг, ўша киз,
Айт-чи, сенга қилурми вафо?
Юрак фақат сев дер, севгисиз —
Яшамоқдан борми ҳеч маъно?!

Ақл менга қилар насиҳат:
«Ёш жонингни ўртама бекор».
Юрак бўлса ён дейди фақат,
Ҳаёт бизга берилар бир бор.

Ақл дейди:
Шеърингдан не наф,
Машқларингдан лаззат олар ким?
Йўк, дер менга, ўлтирма ўйлаб,
Шеър ёз дейди нодон юрагим...

Ақл чексиз фазога ҳоким,
Ақл ҳоким олам юзига.
Борлиқ унга бўйсунар,
Лекин
Юрак кирмас унинг сўзига.

Шундан бир ён бошласа ақлим,
Бошқа ёнга етаклар юрак.
Билолмайман, қайбири ҳақли,
Қайбирига ишонмоқ керак.

Айбли эмас бунда иродам,
Маъзур тутинг, дўстлар, сиз мени.
Ақл қанча ҳақли бўлса ҳам,
Тутар бўлдим юрак измини.

У бахш этган оташда ёндим,
Ўзи бўлди менга раҳнамо.
Унга,
Фақат унга ишондим,
Юрак мени алдамас асло!
1962


МАЙ ШЕЪРИ

Май — баҳор қизининг
Ўн саккиз ёши,
Унинг ажиб нозу
Адолари бор.
Бошида гулчамбар
Порлоқ қуёши,
Чаманда булбули
Шайдолари бор.
Бахмал кўйлагида
Гулдан тугмалар,
Шалолалар айтган
Наволари бор.
Зулфи сунбулини
Ювган чашмалар,
Ўпиб тароқлаган
Саболари бор.
Қиёс тополмайман
Баҳор ҳуснига,
Яшил либосида
На соз бу жаҳон!
Чексиз водийларнинг
Зумрад тусига
Рашку ҳавас билан
Боқади осмон.
Мен ҳам боғлар аро
Сайр этиб бу дам,
Лолалар базмига
Қўшилгим келур,
Май — баҳор ҳақида
Шеър айтиб мен ҳам,
Хушхон булбулларга
Жўр бўлгим келур:
Баҳор келар қайта-қайта.
Май қайта-қайта,
Шоирлар ҳам чарчамайди
Мадҳ айта-айта.
Шеърлар кўпдир,
Шеърлардан ҳам
«Баҳор»у «ёз», «май»,
Мен энди ёзмай.
Қайда дейсиз!
Гул боғларга етаклаб баҳор,
Лола териб берса менга
Этаклаб баҳор,
Қанча ёзсанг оз, деб турса,
Ёз деб турса Май,
Бўлурми ёзмай?!
Гарчи баҳор кайта келур,
Май қайта келур.
Янги қўшиқ олиб, янги —
Куй айта келур,
Қанча бахор кўрган бўлсам
Мен шу ёшгача,
Ҳар йил баҳор бошқачадир,
Биз ҳам бошқача!
Май — баҳор қизининг
Ўн саккиз ёши,
Унинг ажиб нозу
Адолари бор.
Бошида гулчамбар
Порлоқ қуёши,
Чаманда булбули
Шайдолари бор.
1962 .


ГЎЗАЛЛИК

Мулки борлиқ ичра бир маҳал
Кўрксизгина олам яралган.
Бермоқ учун дунёга сайкал
Олам аро одам яралган.

Шундан бери инсон тинмайин
Шу ер узра тер тўкар ҳамон.
Ерни гўзал қилгани сайин
Гўзал бўлар ўзи ҳам инсон.
1962


АСАБЛАР

Асаблар,
Асаблар,
Асаблар...
Сабабсиз сочилган ғазаблар,
Гуноҳсиз чекилган азоблар.
Кўз ёшлар...
Барига сабаблар
Асаблар, асаблар, асаблар.

Асаблар кимларни қулатмас,
Асаблар уйқуни йўлатмас,
Қалбни ҳеч шодликка тўлатмас,
Одамзод темирмас, пўлатмас!
Асаблар кимларни қулатмас!..

Асабга сўз берманг, одамлар,
Ғазабга йўл берманг, одамлар,
Умр-ку шунчалар қисқадир,
Шуни ҳам килмаймиз биз кадр.
Асабга сўз берманг, одамлар,
Азобга йўл берманг, одамлар!
1962


ЧУМОЛИ

Ғайрат камарини белига боғлаб,
Ўзидан каттароқ чўпни ортмоғлаб,
Манзилга тез етмок ёлғиз хаёли —
Сўқмоқ йўлдан борар
Чумоли.

Атрофига бокмас, ишлар узун кун,
Кўпнинг хирмонига қўшмоқ учун дон...
Йўқ,
Одам аждоди бўлмаган маймун,
Чумолидан тарқалган инсон.
1962


* * *

Шеър битди, кўчирдим оққа,
Бир бор қайта ўқиб чиқдим ҳам.
Энди бирор сирдош ўртоққа
Сира бўлмас ўқиб бермасам.

Мен шеъримни муҳаббат сирин
Сақлагандай ошиқлар пинҳон —
Тутолмайман дилда яширин,
Нетай кўнгил кўтарса туғён.

Шунинг учун пишиб етмаёқ
Илҳомимнинг илк мевасини —
Сенга тутдим, айб этма, ўртоқ,
Яқин олдим кўнгилга сени.
1962


ЧАШМА ҚОШИДА
Хайриддин САЛОҲга

Қайтар эдим тоғ сайридан,
Кўп эдим ташна.
Ҳорғин эдим, йўлда бирдан
Учради чашма.

Жилваланиб оқар эди
Муздек зилол сув.
Сув лабидан боқар эди
Шаҳло кўз сулув.

Етиб бордим, куйлаб берди
У шўх, хуш овоз.
Қиз розини сўйлаб берди
Қўлидаги соз.

У куйлади, мен тингладим,
Мен куйладим — у.
Сени мангу сақлар ёдим,
Кўзлари оҳу!

Қалбда ҳамон ўша ёзу
Ўша кўк чашма.
Ўша созу ўша нозу
Ўша карашма.
1962


* * *

Фурсат — олтин,
Сен кўкрак кериб
Олтинингни сочиб борасан.
Фурсат кувар,
Унга чап бериб,
Сўроғидан қочиб борасан.

У етолмас,
Ёшсан — абжирсан,
Қолмай келар лекин орқангдан.
Қочма йигит,
Вақт келар, бирдан —
Фурсат маҳкам тутар ёқангдан.

Фойда бермас
Минг тавбанг у кун
Сўрар экан фурсат сарҳисоб.
Бенаф ўтган
Ҳаётинг учун
Вақт олдида берурсан жавоб.
1962


КАВКАЗ ШЕЪРЛАРИ

ЕЛКАН
(манзара)

Ухлар экан денгиз ёпиб туман кўрпасин,
Нозик кема тарк айлади Боку кўрфазин.
Мавжлар узра қалқиб борар зангор ҳавода,
Ок елканни тебратади тонгги шаббода.
Чайкалади, интилади уфқлар томон,
Уфқларда денгиз билан туташар осмон...
Туман аста кўтарилар, сув бети қирмиз,
Елкан сузар, елкан сузар қолдириб оқ из.
Чағалайлар теграсида қилади парвоз,
Кокил ёзиб қуёш унга чиқади пешвоз.


АРАРАТ ЧЎҚҚИСИГА

Оппоқ туманларга чулғаниб ётар
Мовий самоларга туташган бошинг.
Бу юртда энг аввал сенда тонг отар,
Энг кейин тарк этар сени қуёшинг.

Кундуз булутлар-ла суҳбат курасан,
Тунда манглайингга қўнади ҳилол.
Гоҳ оғир сукутда ўйлар сурасан,
Узоқ ўтмишгами элтади хаёл?

Кўй, оғир ўйларни тарк эт, Арарат,
Машриққа кўз ташла бу нуқра саҳар.
Кўнгилга таскин бер, қалбга ҳарорат,
Диёру ёримдан келтиргин хабар.

Қарагин, бир юрт бор денгиздан нари,
Қуёш ошиқ бўлиб кўз тиккан диёр.
Ҳарир кўйлак кийган оқ далалари,
Аму, Сир аталган дарёлари бор.

Ўша гўзал юртда менинг гулбоғим,
Ўша гулбоғ аро севганим раъно.
Йироқ-йироқларга қараган чоғинг
Кўзинг тушмадими ёрга мабодо?

Боқ, балки кўрарсан айни саҳар пайт,
У ҳам кўз тиккандир балки сен томон.
Ёринг сени жуда соғинди деб айт,
Хабар бер, тез кунда қайтур деб омон.


АЗГАНУШ
Арман қизига

Кўрдиму лол бўлди ақлим, ўнгмиди бу ёки туш,
Бўлса ҳам ўнг, ё сени кўргач, бошимдан учди ҳуш.
Сен баланд тоғ узра эрдинг мисли оҳу ёки қуш,
Ёлвориб мен пастда дердим: бир нафас ёнимга туш.
Азгануш, ҳой, Азганушим,
Азганушжон, Азгануш.

Сен хаёлнинг бир дамилик жилвасиму чинмидинг,
Ё ғазалларда битилган «ул париваш» сенмидинг.
Орази гул, сочи сунбул, бир тани сийминмидинг,
Балки Ширин Ширин эрмас, сен ўзинг Ширинмидинг?
Азганушим,
Азганушжон, Азгануш, ҳой, Азгануш.

Ўсма қўйдингму қошингга, бунчалар тим қорадир,
Билмадим, бу қошларингдан қанча диллар порадир,
Раҳм қилғил, битта ўзбек шунчалар ёлворадир,
Туш ўзинг, ё айт, ёнингга қайси йўлдан борадир?
Азганушжон,
Азгануш, ҳой, Азганушим, Азгануш.

Боқ, бу тоғлар ортида бир ўлка бордир кўп йироқ.
Мен канотли йўлчига бу бир нафаслик йўл бироқ,
Юр, париваш, мен билан юр, борми сенда иштиёқ?
Гул тутарман сенга сўлмас ул чамандан бир қучоқ.
Азганушим, Азганушжон,
Азгануш, ҳой, Азгануш.


АЙРИЛИШ

Бир лаҳзадек ўтди-ю кетди
Ногаҳоний бу қисқа висол.
Кемалардек учрашган эдик,
Айрилурмиз кемалар мисол.

На мен сенга ишк изҳор этдим,
На сен менга майл этдинг ошкор.
Сени бир зум тутмокқа энди
На ҳаққим бор, на ҳуқуқим бор.

Соҳилларда сайр айлаган он
Сўз очмоққа журъат қилмадим.
Бу кувончлар сўнгида ҳижрон
Борлигини, нетай, билмадим.

Энди наф йўқ, вакт ўтди, кетди,
Тамом бўлди бу қисқа висол.
Кемалардек учрашган эдик,
Айрилурмиз кемалар мисол.

Сузаркансан манзилга томон,
Оқ йўл тилаб қолгум, дилрабо.
Етказинг деб соҳилга омон
Шамолларга қилгум илтижо.


ФУЗУЛИЙ ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА

Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,
Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.
Карбало даштида яёв кезишдан
Чарчаб тин олмоқда Фузулий устоз.
Денгиз, тўлқинларинг урма қирғоққа,
Шоир ўйларига бермагил халал.
Устоз юрагида шеър туғилмоқда,
Дунёга келмоқда бир мунис ғазал:
«Сабо, ағёрдан пинҳон ғамим
дилдора изҳор эт,
Хабарсиз ёрими ҳоли ҳар обимдан
хабардор эт,
Кўнгил, ғам гунларин танҳо
кечурма, иста бир ҳамдам,
Ажал хобиндин афғонлар чекиб
Мажнунни бедор эт».
Япроқлар тебранар шеър мақомига,
Чечаклар жимгина эгиб турар бош.
Мармар сарҳовузнинг кумуш жомига
Шоир кўзларидан оқиб тушар ёш.
Боку боғларига чўкмоқда оқшом,
Денгиз мавж уради товланиб зарҳал.
Шоир юрагидан тошганда илҳом,
Ёш билан қуюлиб келади ғазал:
«Паришон ҳолинг ўлдим, сўрмадинг
ҳоли паришоним.
Ғамингдан дарда туштим,
қилмадинг тадбири дармоним,
На дерсан, рўзигорим бўйлами кечсун,
гўзал жоним.
Гўзим, жоним, афандим, севдигим,
давлатли султоним».
Ошиқлар ухлайди саҳарга томон
Фузулий девонин бошига қўйиб.
Мажнун севгисидан ўқилса достон,
Булбуллар тинглайди бутоққа қўниб.
Халқим жондин севар дилбар куйларни,
Халқим шеъриятга шайдодир азал.
Нечун банд этмасин фикру ўйларни,
Нечун маҳв этмасин қалбларни ғазал?! —
«Муқаввас қошларингким, ўсма
бирла ранг тутмишлар,
Қиличлардирки қонлар тўкмак ила
занг тутмишлар.
Саҳар булбуллар афғони дагил
беҳуда гулшанда,
Фузулий нолаи дилсўзина оҳанг
тутмишлар».
Ғазал ҳам бўлурми мунча дилрабо,
Бунчалар серишва, бунчалар серноз.
Менинг шоирлигим ёлғондир,
аммо
Фузулий шеърига ошиқлигим рост.
Мажнундек беором бўлиб қолганим
Сарсари югурган тўлқинлар айтсин,
Кечалар уйқусиз шеър ёд олганим
Тонгги уфқдаги ёлқинлар айтсин.
«Шифои васл қадрин ҳажр ила бемор
ўландан сўр,
Зулоли шавқ-завқин ташнаи дийдор
ўландан сўр.
Кўзи ёшлуларинг ҳолин на билсун
мардуми ғофил,
Кавокиб сайрини шаб то саҳар бедор
ўландан сўр».
Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,
Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.
Карбало даштида яёв кезишдан
Чарчаб тин олмоқда Фузулий
устоз.
Денгив, тўлқинларинг урма қирғоққа,
Шоир ўйларига бермагил халал.
Устоз юрагида шеър туғилмоқда,
Дунёга келмоқда янги бир ғазал.


ХАЙРЛАШУВ

Хайр сизга, мовий Кавказ тоғлари,
Хайр сизга, тошқин Кура ва Зангу.
Хайр сизга, Арташатнинг боғлари,
Юрагимдан ўчмагайсиз сиз мангу.

Хайр, Севан, зангори кўл, яхши қол,
Изларим бор қирғоқдаги қоянгда.
Хайр сенга, қадрдоним мажнунтол,
Ўйлар суриб ўлтирганман соянгда.

Хайр дейман, кўлда ҳамон кўзларим,
Кумуш қанот чағалайлар, хуш колинг.
Эй, сиз менинг ереванлик дўстларим,
Қора кўзли болакайлар, хуш қолинг.

Кечагина келган эдим, гўё туш,
Бир нафасда ўтиб кетди ҳафта ҳам.
Хайр сенга, хумор кўзли Азгануш,
Хайр энди, кўришгунча, жонгинам.

Қандай бахтки, сени топдим, дилрабо,
Гўзал номинг тоғлар қадар кўтардим...
Арман юртин кўролмасам мабодо,
Бу дунёдан армон билан ўтардим.
1962, Боку, Ереван


МЕНИНГ ЮЛДУЗИМ

Ёш кўнглимда орзуларим мўл,
Қуёш эрир юрак тафтимга.
Мен осмонга узатганда кўл,
Сайёралар қўнар кафтимга.

Тафаккурнинг пўлат қушида
Кўз-кўз этиб бу ёшлик кўркин,
Чексиз фазо — нур оғушида
Йироқларга учаман бир кун.

Парвонадек ўйнаб, парпираб,
Атрофимни ўрар юлдузлар.
Ҳайрат ичра ёниб, ярқираб
Аста мендан сўрар юлдузлар:

«Қандай ёруғ юлдузсан, ажаб,
Қандай порлоқ сайёрадирсан?
Ёки бирор туркумдан ажраб
Биз ёқларда оворадирсан?

Нечун кирдинг шўх даврамизга
Ўтдек ёниб ҳатто кундузлар?..»
Шунда дейман:
Кимлигим сизга
Баён этай, тингланг, юлдузлар.

Тафаккурим — синмас қанотим,
Эътиқодим — нур ва офтоб.
Мен инсонман, менинг ҳаётим
Тарихларда буюк бир китоб.

Мен инсонман, қалбимда оташ,
Қуёшдан тож, ойдан тахт қурдим.
Мен инсонман, кўҳна, жафокаш,
Тупроғимда мангу бахт қурдим.

Йироқларда, мовий уфкда,
Борлиғимни банд этиб маним,
Порлаб турар дилбар бир нукта,
Ўша юлдуз — менинг Ватаним.

Қайда парвоз этмайин ўзим,
Ёди билан бўлурман хуррам.
Ўша менинг толе юлдузим,
Ўша менинг муқаддас куррам...
1963


КУТИШ СОАТЛАРИ

"Нисбат қонунининг
Бордир ҳақиқати.
Лаҳзанинг маъноси
Дунё қадар кенг.
Кутиш соатларин
Бир дақиқаси
Висол онларининг
Бир йилига тенг.
Кутиш соатлари
Қилур бағримни хун,
Бетоқат кутганда
Гоҳи эртани,
Дейман,
Вақт танобин бурсам,
Узун кун —
Бир лаҳзадек ўтсайди, қани!
Нақадар мушкулдир
Интизорлик дарди.
Инсонга бўйсунмас фурсат яхшиям , —
Умрим бир неча бор қисқа бўларди
Кутиш соатларин олиб ташласам.
Йўқ,
Бу мумкин эмас!
Яшамоқ тоти,
Лаззати мўътабар бизга ҳар соат.
Ахир, одамзоднинг
Бутун ҳаёти
Кутиш онларидан иборат.
Қўл ишга,
Бош ўйга,
Орзуга банд дил,
Истиқбол йўлига кўзни тутганмиз.
Биз ахир миллион йил,
Балки миллиард йил
Бахтли шу кунларни кутганмиз.
Ҳаёт боқий экан,
Кутиш ҳам боқий,
Меҳнат,
Ижод билан ўтган дам ҳалол.
Қанчалар зўр бўлса васл иштиёқи,
Шунчалар лаззатли бўлғуси висол.
1963


ЧИРЧИҚ

Олимона сочлар паришон,
Тинмай чекар,
Балки вақти зик.
Боши узра юлдузли осмон,
Ўйга чўмган кимёгар Чирчик.
Ўйга чўмган, кўзи олдида
Жонлантирар куни кечасин.
Ўйга чўмган, у хаёлида
Истикболнинг тузар режасин.
Олим Чирчик ўйлар тун бўйи,
Тинмай чекар,
Вакти жуда зиқ.
Эрта тонгдан коржома кийиб,
Ишга тушар меҳнаткаш Чирчик.
1963


ОЛИМЛАРНИНГ РАФИҚАЛАРИГА

Сиз моҳи тобонсиз, малаксиз, пари,
Энг улкан даҳрийлар топинган санам.
Сиз буюк давримнинг фидоийлари,
Аҳли донишларга энг мунис ҳамдам.

Олимнинг уйини чароғон этган
Меҳру шафқатингиз, юрак тафтингиз.
У олам китобин битган чоғида,
Елкасида бўлган илик кафтингиз.

Севган ёрингизга жон фидо айлаб
Парвона бўлурсиз кечаю кундуз.
Сизнинг номингизни олса не ажаб
Осмон жадвалида бир талай юлдуз.

Кимёгар янги бир зарра кашф этса,
Бу ижод боиси бўлган, ҳойнаҳой —
Столнинг четига сиз кўйиб кетган
Бир чакмок канд билан бир пиёла чой.

Юлдузлар кўйнига самовий йўлдан
Парвоз килар экан буюк тафаккур,
Олимлар зеҳнининг чароғи бўлган
Мунис аяжонлар,
Сизга ташаккур.
1963


ХОТИРА

Дўстим,
Хотирангдан қилма шикоят,
Ёддан чикармоқ хам яхши одатдир.
Ёддан чиқармоқ ҳам бир саодатдир,
Унутмаслик дарди оғир ниҳоят.

Вақтида унутсанг,
Ором топар жон,
Қалб кўтариб юрмас ортиқ жафони.
Мана мен,
Йилларки, бир бевафони
Эсдан чиқаролмай куяман ҳамон.
1963


ТЎРТЛИК
Толиб ЙЎЛДОШга

Шеърнинг сози — тўрт сатр,
Тўрт ажойиб — зўр сатр.
Шоир одам ўзини
Тўрт сатрда кўрсатур.
1963


ЎЧИРҒИЧ

Шеъриятнинг тимсоли — калам,
У ҳақда-ку, шеърлар беҳисоб.
Эй шоирлар, битганда китоб,
Эслаб кўйинг ўчирғични ҳам.

Усиз бўлмас шеърингиз равон,
Усиз килмас сатрлар ханда.
Сиз каламга шеър атаганда,
Ўчирғичга бағишланг достон.
1963


КИПРИКЛАРИМ

Киприкларим икки саф бўлиб,
Бир-биридан яшайди йирок.
Бедорлигим тўсиб васл йўлин,
Киприкларим чекади фироқ.

Мен тун бўйи тошдан гул ўйиб,
Кўзим юмсам тонгда бемажол,
Мени аста ухлатиб кўйиб,
Киприкларим айлармиш висол.
1964


ДАРЁ ОҚШОМИ

Булутларнинг этагида зар,
Аму узра тўр ташлар қуёш.
Дарё сокин,
Ухлар тўлкинлар,
Ухлар, кўйиб қирғоқларга бош.

Товланади уфк атласда,
Балиқчилар овдан кайтади.
Елканларни тебратиб аста
Она дарё
Алла айтади.
1964


ХОРАЗМ ҚОВУНИ

Дастурхонда Хоразмнинг
Қирқмасидан бир тилим,
Юлдузли кўк саҳнидаги
Ҳилолага ўхшайди.
Бу қирқмалар бизга атаб
Шарбат тўла лиммо-лим —
Муқаддас ер тутган олтин —
Пиёлага ўхшайди.

Не пиёла, шу заминим
Қалби дейман ҳар бирин,
Она-Ернинг томирига
Банди пайванд этилган.
Саховатли Амударё
Сувларидан симириб,
Бободеҳкон қўлларида
Оро топган, етилган.

Таърифламай мазасини, —
Тотиб кўринг сиз бир бор,
Ҳазораспнинг боли каби
Лабингизда эригай.
Қирқма агар бўлса арзир
Толеидан миннатдор,
Унга Ватан насиб бўлмиш
Амударё еридай.

Ўзбек эли фарзандиман,
Фахрлансам арзийди
Қирқмасига бол томизган
Деҳқон билан баробар...
Бу шеър асли ковун сўйган
Боғбон отам қарзийди,
«Маъқул» деса, бошим бўлур
Осмон билан баробар.
1964


БИР ТОМЧИ ЁШ

Чўққидан бир кичик тош юмаласа,
Тоғни қулатгудек сурон қилади.
Кўзингдан бир томчи ёш юмаласа,
Тоғдай юрагимни вайрон қилади.

Агар кўксим узра қуласа бирдан,
Тутмоққа қодирман тоғлар тошини.
Ҳайҳот, кўтаролмам киприкларингдан
Узилган бир қатра қайғу ёшини...
1964


ОЙГА

— Осмон қизи — сулув ойдирман,
Кўк саҳнида олтин ёйдирман.
Тунлар фонус тутиб қўлимга
Термуламан сенинг йўлингга,
Менга келиб етармисан деб,
Ерга олиб кетармисан деб.
— Тун қўйнида порлаган ойсан,
Мени имлаб чорлаган ойсан.
Сенга бориб етганим бўлсин,
Ерга олиб кетганим бўлсин.
Лекин бунда бор бир париваш,
Карашидан дилларда оташ.
Юзи унинг моҳи тобондир,
Кўзи унинг офати жондир.
У қаршингда кўрсатса чирой,
Кўкка қайтиб кетмайсанми, ой?
1964


БОШ ТЕБРАТАР СОАТ КАФГИРИ...

Бош тебратар соат кафгири,
Дер: қадримни билмас одамлар.
Секундларим гавҳар ҳар бири,
Нега парво қилмас одамлар?!
Бош тебратар соат кафгири,
Шошил, одам, ўтмоқдадир он.
Ҳар нарсанинг бўлар охири,
Бош тебратиб қолма сўнг, инсон!
1964


ИНСОН ВА ФУРСАТ

Соат қилиб,
Занжир ўтказиб,
Боғлаб олдик фурсатни қўлга.
Аммо фурсат бўйсунмади ҳеч,
Юрмади биз истаган йўлга.
Бизлар уни қўзғалмас қилиб
Михлаб кўйдик деворларга ҳам.
Аммо фурсат биздан юлкиниб
Чопа берди олдинга илдам.

Тўхтатмоққа уриндик қанча,
Тошлар осдик, аммо бўлмади.
Саҳар пайти чириллаганда
Ёстиқ босдик, аммо бўлмади.
Махкам қилиб олтин занжирин,
Қисиб олди билагимиздан.
Кулокларни беркитдик, лекин
Садо берди юрагимиздан.
Уйга қочиб беркинганларни
«Чик-чиқ», дея тортди баридан.
Бошин ёпиб бурканганларни
Юлиб олди тўшак бағридан.

Вактни қилдик майдалаб соат,
Парчаладик секундлар қадар.
Чопа берди ва лекин фурсат,
Кола бердик дод деб орқада.
Ниҳоят, биз фурсатни қувиб,
Қамчи солдик ғайрат отига.
У ҳар қанча елиб, югуриб
Етолмади инсон зотига.

Биздан ортда сургалмасин деб,
Бизлар билан чиқсин деб йўлга,
Соат қилиб,
Занжир ўтказиб
Боғлаб олдик фурсатни қўлга.
1964


* * *

Кўча ўртасида бир синиқ шиша
Ўтган-кетганларга солар ўзини.
Кўча ўртасида бир синиқ шиша
Қараган одамнинг олар кўзини.

Шофёрлар туширар кора ойнасин,
Йўловчилар четга бурар юзини.
Кўча ўртасида бир синиқ шиша —
Тенгсиз мўъжиза деб ўйлар ўзини.
1964


КУН ЎТГАНДА

Фурсат деган секундлар
Қанотида учадир.
Кеча «бугун» бўлган кун
Бугун мана «кеча»дир.

Ўн икки шохли дарахт
Тўкди битта япроғин.
Шамол учириб кетди
Календарнинг вароғин.

Қайтмас бўлиб ўтди кун,
Етолмайди югурган.
«Кеча»дан ўз хаққини
Олиб қолди улгурган.

Ўтган кундан шеър қолди,
Кўк бўйи хирмон қолди.
Бировга олам қувонч,
Бировга армон қолди.
1964


* * *

Болаларни шайтонлардан қўрқитмангиз,
Бобов келди, деб кўрпага беркитмангиз,
То улғайиб, дуч келганда «бобов»ларга,
Ўхшамасин итдан қўрққан соқовларга.

Болаларни шаддодликка ўргатмангиз,
Раҳмсизлик, бедодликка ўргатмангиз.
То улғайиб, дуч келганда инсонларга,
Ўхшамасин андишасиз шайтонларга.
1964


ЖОН ШИРИНМИ, ҚАНД ШИРИН

Айтиш қийин, дўстим, дафъатан,
Ширинликда нима зиёда.
Гўдак учун она кўксидан
Ширин нарса йўқдир дунёда.

Ииллар ўтиб, ёшига монанд
Узгаради ҳар битта инсон.
Болаликда ширин бўлса қанд,
Қариганда ширин бўлар жон...
1964


ВОКЗАЛДА

Сукунатдан сикилса баъзан
Ҳаловатга ўрганмаган жон,
Излаб тошқин ҳисларга маскан,
Йўл оламан
Вокзалга томон...

Бу даргохда ҳеч тинмас ғулу,
Бу даргоҳда ҳеч сўнмас чироқ.
Бунда ёндош шодлик ва қайғу,
Бунда ёндош висол ва фироқ.

Бунда сўзлар инсон нигоҳи,
Қалб уришин эшитар одам.
Гоҳ шодликдан қичқириб, гоҳи
Уф тортади
Паравозлар ҳам...
Нечоғлик бой туйғуга инсон!
Вокзал шоҳид бари, барига.
Шунча шодлик, шунча ҳаяжон,
Шунча кўз ёш ва шунча туғён,
Шунча умид ва шунча армон
Қандай сиғар унинг бағрига?!
1964


САДОҚАТ

Кекса қайрағочнинг
Илдизин очиб,
Тортдилар қўш арқон солиб белидан.
Лекин у тупроққа панжасин санчиб,
Сира қўзғалмасди
Унган еридан...
Ниҳоят гурс этиб ерга кулади,
Бутаб, сўнг кўтариб кетдилар, бироқ —
У ўз панжасида олиб жўнади
Яшаган еридан
Бир сиқим тупроқ.
1964


ИНСОНИЯТ ТАРИХИ
(Шарқ афсонаси)

Сойлар келур кумуш тоғлардан,
Гул бўйлари — чаман боғлардан.
Ер кўксидан оқар булоклар.
Эл нақлидан чиқар сабоқлар.
Шеър қуйилиб юракдан келур,
Эртак эзгу тилакдан келур...

1

Жуда қадим замонда,
Қобилистон томонда
Бир подшо ўтган экан
Даврон суриб жаҳонда.
Бутун умрин кечириб
Кайф билан, сафо билан,
Иши бўлмаган экан
Ўткинчи дунё билан.
Йиллар ўтиб, ниҳоят,
Ёши етгач бир жойга,
Барча уламо ахлин
Чақирибди саройга.
Дебди: «Оламга келиб
Олам недир билмадим,
Одам бўлиб яшадим,
Одам недир билмадим.
Қирқ йил подшолик қилиб
Умрим ўтди ғафлатда.
Крлганини илмга
Сарф қилурман албатта.
Шунинг учун фармоним:
Барча билимни тўплаб,
Одам аҳли яратган
Барча илмни тўплаб,
Инсоният тарихин
Жам қилиб китоб ёзинг.
Ёзганда ҳам батафсил
Ва лекин шитоб ёзинг».

2

Олампаноҳ подшонинг
Фармонин бажо этиб,
Қирқ фаслда қирқ олим
Қирқ туя китоб битиб,
Карвон билан подшонинг
Саройига элтмишлар.
Таъзим билан келтириб
Шоҳга такдим этмишлар.
Демишлар қулларингиз
Юрагининг қони бу,
Инсоният тарихин
Энг қисқа баёни бу.
Ҳайрат ичра дебди шоҳ:
Кўп ёзибсиз бунчалар.
Инсоният тарихи
Узунмиди шунчалар?
Кимга даркор шунча гап,
Санжоб қилинг, уламо,
Кўпи билан бир туя
Китоб қилинг, уламо.

3

Яна улуғ подшонинг
Фармонин бажо этиб,
Инсоният тарихин
Қирқ бор мухтасар битиб,
Қирқ донишманд саф чекиб
Сарой томон юрмишлар.
Подшонинг қаршисида
Таъзим қилиб турмишлар.
Олимларга дебди шоҳ:
Раҳмат сизга, уламо,
Буларни ҳам ўқишга
Умрим етмайди аммо.
Шунинг учун, азизлар,
Тафсилотни кам килинг.
Бор илмни йиғинг-у
Бир китобга жам қилинг.

4

Қайтиб яна қирк олим
Қирқ ой тун-кун ўлтирмиш.
Қирқ туялик китобни
Бир китобга келтирмиш.
Улар яна саф чекиб
Йўл олганда шоҳ томон,
Шоҳ ўлим тўшагида
Ётар экан бу замон.
Китобни кўриб дебди:
Раҳмат сизга, уламо.
Бир китобни ўқиш ҳам
Энди менга муаммо.
Олимларга боқибди
Подшо маъюс кўз билан:
«Мазмунин айтиб беринг
Икки оғиз сўз билан.
Эшитиб ўлар бўлсам
Қолмас эди армоним».
Олимлар донишманди
Шунда дебди: хоқоним,
Одамлар туғилади,
Ғам чекади, ўлади.
Инсоният тарихин
Мазмуни шу бўлади...


ЯНГИ ЙИЛ ГУЛДАСТАСИ
Ўқитувчиларимга

Бу кун мен чаманлардан
Болалигимни эслаб,
Саҳарлаб шудринг кечиб,
Қувлашиб ўтгим келур.
Йигирма етти баҳор
Чечакларин саралаб,
Азиз устозларимга
Даста гул тутгим келур.

Навбаҳор қуёшидан
Нур эмган ниҳол каби
Сизнинг шуурингиздан
Мен ҳам баҳраманд бўлдим.
Дўстларим Мурод, Ўткир,
Талъат, Миржамол каби
Каттакон оилада
Мен ҳам бир фарзанд бўлдим.

Устозларим, мен сизнинг
Бир парча юрагингиз,
Азиз бошингиздаги
Бир тола ок мендандир.
Озгина оклай олсам
Умиду тилагингиз,
Қаршингизда бош эгиб
Таъзим килмоқ мендандир.

Сиз мушфиқ она бўлиб,
Бўлиб меҳрибон падар,
Гўдак бошимни силаб,
Эртамни ўйладингиз.
Ўттиз икки ҳарфдан
Осмон илмига қадар
Мурғак онгимга қуйиб,
Ҳаётга йўлладингиз.

Янги йил келар экан
Дил уйин қилиб обод,
Ўйлайман, тошқин сувдек
Ўн йил оқиб ўтибди.
Сиз мени кузатган йил
Мактабга келган авлод
Бугун учирма бўлиб
Қанот қоқиб турибди.

Қайда бўлмай, не қилмай,
Мудом сезиб тураман,
Ғойибона сиз мени
Қилмоқдасиз имтиҳон.
Қалам олсам кўлимга,
Дастлаб сизни кўраман.
Уринаман, шеърларим
Бўлмасин деб паришон...

Шеър ёздим янги йилнинг
Муборак айёмида,
Ҳар битта мисрасига
Меҳрим пайваста бўлсин.
Бу шеърим қаҳратоннинг
Аёзли оқшомида
Оташқалб шогирдлардан
Сизга гулдаста бўлсин.
1964


КУЙ АВЖИДА УЗИЛМАСИН ТОР

Куй авжида узилмасин тор,
Шеър ярмида синмасин қалам.
Яшаб бўлмай умрини зинҳор
Бу дунёдан кетмасин одам.

Қўлдан тушиб синмасин қадаҳ,
Лаб текканда тўкилмасин май.
Тўхтамасин уриб турган қалб,
Бошлаб қўйган қўшиғи битмай.
1964


ЮЛДУЗ

Сарлавҳасин топмай гоҳида
Шеърим узра қўяман юлдуз.
Посбон бўлсин шеърим бошида
Ўша юлдуз кечаю кундуз.

Зуҳро каби яраклаб турсин
Тунлар ўзим юмганда кўзим.
Ҳеч сўнмасин, чарақлаб турсин,
Сўнганда ҳам менинг юлдузим.
1964


ШЕЪР ВА ШАХМАТ

Катак қоғоздаги тўрт йўл шеър каби
Шахмат доналари саф чеккан қатор.
Найзадор филию шаҳсувор аспи,
Туғбардор фарзини ҳужумга тайёр.

Шахматни шеър билан киёс айладим,
Билимдон ўкувчим, қилма эътироз.
Шеър ахир эмасми шахматдек қадим,
Шахматда йўқми ё шеърий эҳтирос.

Гўзаллик, нафосат, кураш ва санъат
Шеър ила шахматга азалий удум.
Минг йиллик умрида улар бешафқат
Доимо шоҳларга бошлаган ҳужум.

Шахмат кўп ўйналган, шеър кўп ёзилган,
Одатий юришлар ҳаммамизга ёд.
Боболар ўйнаган усуллар билан
Улар набирасин қилиб бўлмас мот.

Уйин эрмак эмас шеър хам, шахмат хам —
Ақллар кураши, туйғулар жанги.
Бу жангда кўйилган ҳар битта қадам
Одилу ҳақ бўлсин,
Гўзал ва янги.

Мен орзу қиламан,
Тўрт йўл шеър битиб,
Элга манзур қилсам ақалли бир бор.
Шахматни илк бора ихтиро этиб
Қувонган ҳиндидек эдим бахтиёр.

Шахмат абадийдир,
Шеър абадий.
Юриш тугамас-у сўз бўлмас тамом.
Шахмат тахтасида,
Шеър майдонида
Ғоялар кураши этади давом.
1964


СЎНГАН ЮЛДУЗЛАР

Коинот қаъридан
Миллион йил юриб,
Букун деразамга
Кўнган юлдузлар!
Минг йиллар илгари
Таратган нурин,
Минг йиллар илгари
Сўнган юлдузлар!
Ким айтар сизларни
Умри битган деб,
Ҳамон кўк саҳнида
Порлаб турибсиз.
Жозибалар билан
Кўзларни тортиб,
Имлаб, ўзингизга
Чорлаб турибсиз.
Сизга термилурман
Кечалар бедор,
Ажиб қисматингиз
Ўйлаб қолурман.
Неча асрларга
Умри пойидор
Буюк устозларим
Ёдга олурман.
Улар ҳам сиз каби
Ёнган бир замон.
Ёниб адо бўлган
Сизлардек, аммо
Авлодлар йўлини
Ёритар ҳамон
Улар қачонлардир
Таратган зиё.
1964


КЕЧА ВА КУНДУЗ

Ёруғ дунё бор зиёсин тенг
Тақсим этган кеча, кундузга.
Нур кадрига етмай тун, уни —
Сочди ойга, минглаб юлдузга.

Шундан ойнинг юзи доғ экан...
Юлдузлар ҳам худди мунчоқ ёш.
Кундуз эса барча нуридан
Яратибди биргина қуёш.
1965


УЧИ ТУГУК ДАСТРЎМОЛ

Қўшним ишга кетаётир саҳарлаб,
Бир қўлида учи тугук дастрўмол.
Ё ректорга айтмоқчидир муҳим гап,
Кечқурунга гўшт керакдир эҳтимол.

Ким билади, балки зарур киритмоқ
Илмий кенгаш қарорига янги банд,
Ё дўстига қилмоқчидир қўнғироқ,
Олмоқчидир болаларга хўрозқанд.

Балки... яна бошқа минг бир хил сабаб,
Унутмасин деб паришон бу хаёл,
Қўшним ишга кетаётир саҳарлаб,
Бир қўлида учи тугук дастрўмол.

Шошма, дўстим, барча ишинг битади,
Битмас иш йўқ, ошиқмасин юрагинг.
Инсон умри ахир елдек ўтади,
Бош кўтариб атрофингга карагин.

Қара, баҳор сеп ёзибди оламга,
Қара, ғунча гул шохини эгибди.
Ясанишни унутмай деб байрамга,
Балки у ҳам рўмолчасин тугибди.

Бу дунёда ким беташвиш, ким беғам,
Ҳар инсоннинг бир бошида минг хаёл.
Ўйлаб кўрсам, миямизнинг ўзи ҳам
Ўн тўрт миллиард учи тугук дастрўмол,

Одам яшар замон юкин орқалаб,
Серғалвароқ кечасидан бугуни.
Ором бермас кўкрагида бетинч қалб
Бамисоли дастрўмолнинг тугуни.

Шошма, дўстим, барча ишинг битади,
Муҳим гап ҳам, қўнғироқ ҳам, хўрозқанд.
Аммо сени эртанги кун кутади,
Эрта яна дастрўмолнинг учи банд.

Бугунгидек яна саҳар турасан,
Ажратасан керакларнинг керагин...
Сочларингда бир тола оқ кўрасан
Биринчи бор санчганида юрагинг.

Такдир дейлар, билмам надир тақдиринг,
Балки олтмиш, балки юзга кирган чол...
Бошинг узра унсиз йиғлар кампиринг,
Бир қўлида учи тугук дастрўмол.

Ҳаёт аста сўнар экан кўзингда,
Юрак сендан ҳисоб сўрар ўша кун.
Бўлганми ҳеч ихтиёринг ўзингда,
Бирор соат яшадингми бетугун?

Ўйла, дўстим, келмай туриб ўша дам,
Исроф қилма ёш юракнинг кучини.
Мана бу гап ҳеч чиқмасин ёдингдан,
Тугиб қўйгин дастрўмолнинг учини.
1966

Qayd etilgan


Ansora  26 Sentyabr 2009, 16:41:53

- ЁШЛИК ДЕВОНИ -

Оқ қоғозим, сенга Эркин
Очди пинҳон ишқини,
Сен бору мен бор, қалам бор,
Ўртада бегона йўқ.


ДЕБОЧА

Истадим сайр айламоқни
Мен ғазал бўстонида.
Кулмангиз, не бор сенга деб
Мир Алишер ёнида.

Шеърият дунёси кенг,
Гулзори кўп, бўстони кўп,
Ҳар кўнгил арзини айтур
Неки бор имконида.

Эй мунаққид, сен ғазални
Кўҳна деб камситмагил,
Севги ҳам Одам Атодин
Қолган инсон қонида.

Тошга ҳам ширин ғазал
Бахш айлагай оташ ва жон,
Шавқ ўти ёнса агар
Шоир — ғазалхон қонида.

Рост, ғазал авжида барча
Ой ила Зуҳро эмас,
Кўп эрур сомончилар ҳам
Шеърият осмонида...

Дўстларим, шоир деманг,
Эркин ғазал шайдосидур,
Ёш денг-у маъзур тутинг
Саҳв ўлса гар девонида.
1967


ТУН БИЛАН ЙИҒЛАБДИ БУЛБУЛ...

Тун билан йиғлабди булбул
Ғунча ҳажри доғида.
Кўз ёши шабнам бўлиб
Қолмиш унинг япроғида.

Кўз юмар бўлсам, кўзим —
Олдида пайдо гул юзим,
Ғунча кўз очмоғи бор
Булбул кўзин юммоғида.

Аста барг остида тинглаб
Ётган эрмиш шўх сабо,
Ғунча булбулдан муҳаббат
Дарсин олган чоғида.

Севги саҳросида қолмиш
Неча Мажнундан ғубор,
Неча Фарҳод гарди ётгай
Бистуннинг тоғида.

Ғунчадек чеҳрангга Эркин
Жон фидо этгай, санам.
Қатра қонидан гул унсин
То муҳаббат боғида.
1967


БАРЧА ШОДЛИК СЕНГА БЎЛСИН

Барча шодлик сенга бўлсин,
Бор ситам, зорлик менга.
Барча дилдорлик сенга-ю,
Барча хушторлик менга.

Сен менинг жонимни олгин,
Мен сенинг дардинг олай,
Барча соғлик сенга бўлсин,
Барча беморлик менга.

Сенга бўлсин барча ҳусну
Менга бўлсин барча ишк,
Кори хунхорлик сенга-ю,
Меҳри пойдорлик менга.

Бу жаҳоннинг роҳатин ол,
Бор азобин менга бер,
Сенга бўлсин барча ором,
Барча бедорлик менга.

Ол ўзинг кошоналарни,
Менга кўй майхонани,
Барча ҳушёрлик сенга-ю,
Барча хумморлик менга.

Сенга бўлсин нурли кундуз,
Менга колсин қора тун,
Барча гулшан сенга бўлсин,
Бор тиканзорлик менга.

Сен шаҳаншоҳликни олгин,
Менга куллик бўлса бас,
Бор жафокорлик сенга-ю,
Бор вафодорлик менга.

Майли, остонангда ётсам,
Майли, кувсанг тош отиб,
Бор дшгозорлик сенга-ю,
Бор дилафгорлик менга.

Сенга шеърни битсин Эркин,
Йиртиб отмок ўз ишинг,
Касби инкорлик сенга-ю,
Айбга икрорлик менга.
1967


ҒУНЧА

Барг остидан мулойим
Боққан иболи ғунча,
Не сирни саклагайсан,
Бағринг нечун тугунча?

Пинҳон сиринг баён эт,
   Кўксингни қилма кўп кон,
Бу ёки ишқ аталган
Бизга аён тушунча?

Севмоқ уят эмасдир,
Ҳар кимда бор бу савдо,
Қўй, кўп қизарма, ғунча,
Бошингни эгма бунча.

Бўлдингми мен каби ё
Бир бевафога ошиқ,
Айт, севганингни сенга
Парвоси йўқми унча?

Гулгун яноғинг узра
Бир томчи ёш кўрарман,
Кел, бирга дардлашайлик,
Уй-уйда йиғлагунча.

Мен ҳам ахир сенингдек
Изҳори ишқ этолмай
Кўксимда дуди оҳим
Даштлар аро куюнча.

Эй ғунча, сабр айлаб
Уммиди васл килғил,
Ҳижрону ёр жафоси
Бизга фақат бугунча.
1962-1967


СУРМА

Аслида ким қарарди
Ётганда хор сурма,
Бўлди азиз, кўзига
Суртганда ёр сурма.

Кўзда қаро на из бул,
Тун доғидан асарму,
Майхона кездиму ё
Мастонавор сурма.

Ёр кўзига етишмак
Савдо экан-ку душвор,
Ёниб кўмир бўлибди
Бечора зор, сурма.

Ўртанма, куйма ортиқ
Жисмим каро экан деб,
Ишқ йўлида қаролик
Такдирда бор, сурма.

Минг йил ётиб сенингдек
Ғам тоғининг тагида,
Сўнг майли бўлсам охир
Толега ёр, сурма.

Ёр кетди-ю, колибдир
Йўл ўртасида Эркин,
Кўнглида сурмасо кўз,
Кўзда ғубор сурма.
1967


ДИЛДОРГА НОМА ЁЗДИМ

Гул бўйларини боғдан
Келтирган эй, шаббода,
Дилдорга нома ёздим,
Еткур уни ҳавода.

Еткур уни ва лекин
Кўнглига кайғу солма,
Шарҳи дилим этарда
Бўлсин тилинг навода.

Ҳасрат тўла сўзингдан
Озор топар нигорим,
Рамзи ишора бирлан
Қилгин уни ифода.

Гулбарги лолани элт,
Қўйгин қадаҳ ёнига,
Юз ҳажрида юрак кон
Мисли кадаҳда бода.

Барги хазонни олиб
Ёнига кўйгин-у айт:
Бу ошиғинг юзи деб
Ҳижрон деган балода.

Гул шохидан тикан уз,
Гулбарги лолага санч,
Кўксимга тиғ урайми,
Ҳеч колмади ирода.

Саҳро ғуборидан элт,
Ҳозирлигимни билсин
Мен дашти Карбалони
Кезмоқка ҳам пиёда.

Бир тола кипригимни
Элтиб оёғига қўй,
Бедор кўзим йўлида
Ҳар шом ила сабода.

Дилдорга нома ёздим,
Еткур ўзинг, мен ожиз,
Гул бўйларини боғдан
Келтирган эй, шаббода.
1967


САМАРҚАНД

Оташин барк ёнди гулранг
Чархнинг меҳробида,
Чарх урар кўнглим хаёлнинг
Оташин гирдобида.

Субҳидам офтоби кўкнинг
Гумбазида ёнди, ё
Ёнди бу фируза гумбаз
Субҳидам офтобида.

Тонг эмас бу, тонгда бўлсам
Мен хаёл обида ғарк,
Тонг қилибдир чунки кўнглим
Бу хаёлдек обида.

Кўҳна шаҳрим, тарихингни
Кўз юмиб қилсам хаёл,
Ғарқ кўринди мазлум элнинг
Кўз ёши селобида.

Бу саройлар ғишти элнинг
Ашки бирлан хокидан,
Рангу бўёғи корилмиш
Қайғунинг зардобида.

Чулғаниб сокин хаёлга
Жим ётар соғоналар.
Не кўрар Мирзо Улуғбек
Беш асрлик хобида?

Кенг фалакни кучди инсон,
Лек минг йил ўтса ҳам
Илк муаллимдир Самарканд
Илми афлок бобида.

Бош эгиб устоз Улуғбек
Қошида турдим бу тонг,
Чарх уриб кўнглим хаёлнинг
Оташин гирдобида.
1967


ЧАШМА

Ўлтирар сочин тараб ёр
Чашманинг ўтрусида.
Чашма ўз аксин кўрар
Ёр чеҳраси кўзгусида.

Дилдан оқкан меҳрдек
Ёр кўксидан қайнаб оқур,
Чунки кўз очмиш санамнинг
Кўзлари орзусида.

Икки ирмоқ кўз ёшида
Ҳажр дардидур аён,
Васл шавқи зоҳир ўлгай
Рақсида, кулгусида.

Гоҳи ургай ўзни ҳар ён,
Билмам, ул девонаму,
Ё хаёли бирла мендек
Тўлғанур уйқусида?

Сочларинг бирла юзингни
Тўсма, қўй, хуршид жамол,
Жилва қилсин, яйрасин
Бир дам юзинг ёғдусида.

Дилбарим, Эркин дилин сен
Бир тиниқ сарчашма бил,
Акс этар ишқ офтоби
Калбининг кўзгусида.
1967


ЛОЛА САЙЛИ
(бадиҳа)

Таклиф этдим тонг билан
Дилдорни лола сайлига,
Бошим осмонларга етди
Ёр деганда «майлига».

Кенг жаҳон бўлди мунаввар
Лутфидан, эвоҳ, қани,
Сидқи дилдан юрса дилбар
Доим ошиқ майлига.

Ўйладим шу тонг, неча йил
Дашту саҳролар кезиб,
Таклифи сайл айламабдир
Не учун Қайс Лайлига!

Бу хаёлим ёрга айтсам,
Кулди-ю, берди жавоб:
Аҳли ишқ ҳам боққай албат
Ўз замонин зайлига.

Лола тердик даста-даста,
Кеч билан қайтдик шаҳар,
Йўлда бир-бир тарқатиб
Эркин муҳаббат хайлига.
1967


ЙЎҚ ЭМИШ ОРЗУДА АЙБ...

Сайди ишк бўлган кўнгилга
Қўймангиз беҳуда айб.
Бўлса банди доми сайёд,
Йўк эрур оҳуда айб.

Бандга тушган бу кўнгулдур,
Менда, айтинг, не гуноҳ,
Дил кушига дом кўйган
Ул икки жодуда айб.

Жоду кўзлар банди ёлғиз —
Сен эмас, тутқун юрак,
Аввал охир кўҳна мерос
Ишк деган туйғуда айб.

Эй кўнгил, ўз майлинг ила
Бўлдинг ишк домига банд.
Излама энди баҳона,
Демагин у-буда айб.

Севги дардидан менинг ҳам
Бўлди рангим каҳрабо,
Йўк илож, не наф ўкинмак
Бўлмаса кўзгуда айб?

Сен-ку Зуҳросан фалакда,
Интизорингман фақат,
Не ажаб, толпинса кўнглим,
Йўк эмиш орзуда айб.
1967


САРВ

Кеча ойдин, мавжли денгиз,
Куй тўқир бедор сарв,
Ой келиб сарв узра кўнди,
Бўлди ойрухсор сарв.

Икки сарвнинг ўртасида
Мен турибман лолу гунг,
Бир томон сарв қадли дилдор,
Бир томон дилдор сарв.

Лолу гунгман, боиси сарв,
У сени кўрган кеча
Ерга кирмабдир, таажжуб,
Бу қадар беор сарв.

Бир боқишда ошиқ ўлмак
Бул ажаблик демагил,
Бир кўриб қаддингга мангу
Бўлди-ку хуштор сарв.

Бўй чўзиб ҳар ён карайдур,
Бундаман деб айт, санам,
Қоматингни бир кўрарга
Кечадин хуммор сарв.

Мен-ку ёр васлига келдим
Сарв тагин хилват билиб,
Эрта тонг оламга сўйлаб
Қилмагин ошкор, сарв.

Лабларидан бўса излаб
Жон сувин топдим бу кеч.
Сарв тагида бахтли бўлдим,
Ҳам бу бахтга ёр сарв.

Сочу қаддинг ёдин Эркин
Гар унутса бир нафас,
Унга сунбул сиртмоғ ўлсин,
Майли, бўлсин дор сарв.
1967


КИПРИГИНГДАН ЎҚ УЗИБ

Кипригингдан ўқ узиб
Кўксим аро заҳм айладинг,
Дилни забт этмоққа балки
Чох ўйиб лаҳм айладинг.

Ташна кўнглим ичмасин деб
Кўз ёшимдан қатра ҳам,
Ашк сойининг йўлига
Кипригим даҳм айладинг.

Сен ўзинг кирдинг кўнгилга
Ғам сипоҳин бошида,
Ғафлат уйкусида эрдим,
Айт, нечук фаҳм айладинг?

Сен кўнгил мулкини торож,
Қалб уйин вайрон этиб,
Пора қилдингму танимни,
Жонима раҳм айладинг.

Ошиқ ўлдинг, эй кўнгил,
Ғам лашкаридан қўрқмагил,
Бари чопку олдда, Эркин,
Не учун ваҳм айладинг?
1967


БАРГ

Икки кошинг ўсма бирлан
Бўлди жуфт наргисли барг,
Икки баргинг кошида мен
Титрагайман мисли барг.

Титрамоғим боиси ул
Баргни тебранмоғидир,
Ёки оҳимданму титрар
Бўйла нозик ҳисли барг.

Барг дедим, аммо билолмам,
Қай бири хушбўй экан,
Икки мушкин сунбулинг ё
Икки райҳон исли барг.

Ўсмали кош дема, зумрад —
Накш этилган саждагоҳ,
Кам букун меҳробга ихлос,
Лек бу кўп мухлисли барг.

Ўт юзингнинг шуъласидан
Бу корайган қошми ё
Субҳи байзодек гул узра
Шоми савдо тусли барг.

Воҳ ажаб, ўз наргисига
Банда бўлмиш, не илож,
Индамай киприк — тикан
Заҳмин чекар номусли барг.

Икки барг таърифин Эркин
Шеърга солса тонг эмас,
Ул бири ташбеҳли баргу
Ул бири тажнисли барг.
1967


КЎЗИНГ

Ҳажрдан тор бу кўнгилга
Шуълаафшондир кўзинг,
Ё магар кўнглим йўқолган
Тор шабистондир кўзинг.

Ҳам қоронғу кечадир ул,
Ҳам ёруғ кундуз менга,
Кўзларимда кеча-кундуз
Чун намоёндир кўзинг.

Ҳусн аҳли ичра тенгсиз
Сен-ку хоқонсан ўзинг,
Сеҳр мулки ичра танҳо
Шоҳу султондир кўзинг.

Турфа бу жодуларингга
Термулиб лолмен букун,
Кўзларим ҳайронлиғига
Нега ҳайрондир кўзинг?

Ҳисларимнинг елканида
Бир адашган йўлчиман,
Севги бўронин юборган
Чексиз уммондир кўзинг.

Кўзларинг юлдузми, йўқ,
Юлдуз эрур ҳар учкуни,
Қорачиғ куйган қуёшу
Мовий осмондир кўзинг.

Ёр кўзин уммон деб айтдинг,
Унга сув тўкмок. нечун? —
Бас, ани кўрганда, Эркин,
Нега гирёндир кўзинг?
1967


БАНДИ ЗУЛФ

Воҳ ажабким, зулфингга дил
Қайта-кайта бўлди банд.
Неча-неча банд бўлишдан
Ул емабдир зарра панд.

Ишқ сўзин такрор этибдир
Тўтидек ҳар дам тилим,
Чунки бу тил лабларингдан
Тўти янглиғ сўрди канд.

Шафкат истарман дилингдан,
Гул юзингдан бир висол,
Кўзларингдан май сўрарман,
Лабларингдан нўшханд.

Сунбулинг гар дом эрурса,
Доимо мен банд бўлай,
Дард эса ишкинг, бўлай мен
Бир умрга дардманд.

Ҳажр куйдиргай эмишдир,
Васл ўлдиргай эмиш,
Кел, мени куйдирма, ўлдир,
Менга ўлмок не писанд?

Ўт ёкиб кетдинг юракка,
Мен тиярман кўз ёшим,
Чунки истарман, бу гулхан
Доим ўлсин сарбаланд.

Ташладинг банд айлаб аввал
Не учун Эркин дилин,
Йўлда қолмиш оҳу янглиғ,
Бўйнида тори каманд.
1967

КИМДА ИҚТИДОР ЙЎҚДИР...

Кимда иқтидор йўқдир,
Илм ила ҳунар зое,
Иқтидор берурман деб
Чекма ранж, кетар зое.

Кимда асли толе йўқ,
Накди ҳам кетар қўлдан,
Берганинг билан бўлмас
Олтину гуҳар, зое.

Кимки беҳамиятдир,
Четдадир назардан ҳам,
Чунки беҳамиятга
Солганинг назар зое.

Кимки муз юрак бўлса
Уйлама эритмакни,
Минг қуёш ёқиб кўйсанг
Қилмагай асар, зое.

Гар қуён юракли эр
Жазм этар баҳодирлик,
Унга арғумоқ эсиз,
Тилла нақш камар зое.

Бу «насиҳат»ни Эркин
Ёзди бир сабаб бирлан.
Кўнглида сезар аммо,
Шеъри бесамар, зое.
1967


СЕНГА БАХТДАН ТАХТ ТИЛАРМАН

Сен ғанисан, менда бисёр эхтиёж.
НОДИРАБЕГИМ

Сенга бахтдан тахт тиларман,
Толедан бошингга тож,
Мулки ҳуснингга омонлик,
Тожу тахтингга ривож.

Тожу тахт ташбеҳидан сен
Кўҳна деб кулсанг нетай,
Сен ахир шоҳи жаҳоним,
Мен кулингман, не илож?

Не иложким, давлатим йўқ,
Ганжи меҳримдан бўлак,
Бул эваздан кўз тўлайдур
Қатра-катра дур хирож.

Кўзларим айлар ҳамиша
Арзи муҳтожлик сенга,
Айт-чи, жоним, борми сенда
Кўз ёшимга эҳтиёж?

Кўп насиҳат тинглаб Эркин
Қилмади ҳеч тарки ишк.
Бор масалким, иш юришмас
Соҳиби гар бўлса кож.
1967


ДОСТОНГА ЁЗ

Кел, муҳаббат лаззатин
Таъриф этиб достонга ёз,
Турфа гуллардан тикиб,
Ҳар байтини бўстонга ёз.

Севги назмига жаҳоннинг
Гулистони етмагай.
Нур қалам бирлан муҳаббат
Шарҳини осмонга ёз.

Лолагун айлаб яна
Мағрибу машрик уфқини,
Бир ғазал васлига бахш эт,
Бир ғазал ҳижронга ёз.

Таърифи ишқ дардига
Этгин юрак қонин сиёҳ,
Дилга ёз дилбар сўзин,
Жонон сўзини жонга ёз.

Дардни сен ҳар кимга айтиб
Оҳу фарёд этма кўп,
Куйса жонинг, жонажонинг,
Шавқи жон жононга ёз.

Баҳрасиз олдида, Эркин,
Очма кўнгил дафтарин,
Неки ёзсанг, дил сўзини
Англаган инсонга ёз.
1967


ДАВРОН ЮКИ

Айланур инсон бошидан
Минг аср осмон юки,
Дона буғдой узра гўё
Санги тегирмон юки.

Дона буғдой дема, бу бош
Неча минг оламча бор,
Бор унинг ҳар нуктасида
Неча минг даврон юки.

Ҳазрати Инсон кошида
Саждага бош эгди чарх,
Чунки инсон калбида ишқ,
Бошида урфон юки.

Нур кадам бирлан елар
Чексиз фазо бўйлаб замин,
Елкасида бешта қитъа,
Тўрт буюк уммон юки.

Кўк тарозу палласидур,
Бу замин бир тош анга,
Чарх посангисида
Юз минг туман инсон юки.

Шунча юк мушкул эмас,
Лекин эзар Ер сийнасин
Бегуноҳ кўксига томган
Қатра-қатра кон юки.

Ер уза юксалмиш Инсон
Бир кўлида нур — чароғ.
Бир қўлида бор унинг
Маҳшар била тўфон юки.

Эй табиат, она-Ер,
Сен бер мадад, тарк этмасин
Ҳеч қачон Одам дилин
Виждон юки, имон юки.

Бас, хаёлга чўкма, Эркин,
Битмагай олам ўйи,
Кенг жаҳон сиғган кўзингни
Босди тонг мужгон юки.
1967


ДЎСТЛАРИМГА
Насиба ва Анвар учун

Кўнгил, оч дўстларингнинг
Васфига сен назм дафтарни,
Қалам гул шохидан, кўнгил,
Сиёҳ қил мушк анбарни.

Қуй, эй сокий, кадаҳни,
Бу кеча ҳаттоки осмон ҳам
Лабо-лаб косада майдек
Кўтарди моҳи анварни.

Фалак юлдуздан ўт ёкмиш
Букун тўйнинг козонига,
Сомон йўлин шакар айлаб,
Чўмичдек тутди Ҳулкарни.

Бу оқшом не учун рақс
Этмасин сайёралар хандон,
Музайян бир узукка
Қўндириб покиза гавҳарни.

Бу осмон неча минг йил
Чарх уриб кўрмабди бир бора
Баҳор гулзорида ўсган
Бу янглиғ тоза гулларни.

Жаҳон гулзорларин кездинг,
Букун бахтдан кувон, дўстим,
Насиб этмиш сенга, Анвар,
Баҳор гул юзли дилбарни.

Ҳаёт жомин кўтар, дўстим,
Тилак қил, севги бор бўлсин,
Сира тарк этмасин бу бахт
Насиба бирла Анварни.
1967


САМАР БЎЛҒАЙ

Сенингсиз менга ком йўқдир,
Асал ичсам заҳар бўлғай.
Сенинг бирлан ширин сўзим,
Заҳар ютсам шакар бўлғай.

Юзингга бир умр боқсам
Тўюрми кўз, конурми дил,
На ундан белги пайдо-ю,
На бундан бир асар бўлғай.

Икки ёр васлини истаб
Икки ишқ сўзин эшитсам,
Икки кўзим кўру, икки
Қулоғим, майли, кар бўлғай.

Кўзинг учганда кўнглимни
Олиб киприкларингга кўй,
Қошу мужгонларинг кўнглим
Қушига болу пар бўлғай.

Тирилса ногаҳон Фарҳод,
Юзингни кўрса кўзгуда,
Кечиб Ширинидан юз йил
Кўйингда дарбадар бўлғай.

Ҳабибим банд этар кўнглим,
Табибим панд этар доим,
Билолмасман, бу савдода
На суду на зарар бўлғай.

Муҳаббат ногаҳон дилда
Ёзиб куртак, очибдир гул,
Умидвор Эркининг, жоно,
Бу гулдан бир самар бўлғай.
1967


ҲИЖРОН ЮКИ

Айлагин жондин жудо
Этгунча жонондин жудо.
Алишер НАВОИЙ

Розиман тушгунча дилга
Ногаҳон ҳижрон юки,
Ногаҳон, майли, танимдан
Айру бўлсин жон юки.

Мен бўлай жондин жудо
Бўлгунча жонондин жудо,
Не керак жон, эзса жоним
Бир умр армон юки.

Лаҳзаи ҳижрон юкига
Бистун укпарчадур,
Бир кадоқлик тошча келмас
Ер билан осмон юки.

Офтоб ҳижронида тонг
Сабзаларга кўнди нам,
Ўйлаким, киприкларимни
Эгди тонг гирён юки.

Ҳажрда ўтган нафасни
Йил билан ўлчар кўнгил,
Айриликда шеър битибман,
Унда бир девон юки...
1967


ПАРИШОНЛИК

Доимо дедим, бўлма
Ошино, паришонлик,
Бўлди ошино дилга
Доимо паришонлик.

Дилрабо хаёлида,
Не ажаб, паришонмен,
Ошикор этар доим
Дилрабо паришонлик.

Мен ўзимча дилбарнинг
Ёди бирла мағрурмен,
Дейдилар, килур пайдо
Кибр-ҳаво паришонлик.

Кулса эл паришонлик
Одатимга, тонг йўқдир,
Аҳли дилга албатта
Нораво паришонлик.

Бевафо нигор ёдин
Тез унутмоқ истармен,
Лек менда йўқ бу хил
Бебаҳо паришонлик.

Ҳажр дардига қилмас
Васлидан шифо, энди
Бир даво хаёли-ю,
Бир даво паришонлик.

Ёди бирла худ бўлсам,
Жабри бирла бехудмен,
Қилди сернаво ёди,
Бенаво — паришонлик.

Зулфиму паришонлик
Одат этди, ё кўнглим
Айлади паришонҳол
Бу каро паришонлик.

Келди кай куни бу дард,
Хотиримга келтирмам,
Банд этибди Эркинни
Мутлако паришонлик.
1967


ЁШЛИГИМ

Ёшлигим, кел, куйга тўлган
Қалбим олтин сози бўл,
Мен кўшик айтай тўлиб,
Бир лаҳза жўр овози бўл.

Дилга оксин бахтли умрим
Куй бўлиб, оҳанг бўлиб,
Сен унинг «Оромижон»и,
«Гулёр»у «Шаҳнози» бўл.

Орзу-истакдин-ку шодон
Дилга боғлабсан канот,
Бу тилак осмонининг
Доим баланд парвози бўл.

Кетмагин асло, ҳаётим
Гулшанин тарк этмагил,
Бир умр мен бирла колгин,
Бу кўнгил ҳамрози бўл.

Ёшлигим достонига мен
Шуъладин йўндим калам,
Эй саҳар уфки, унинг сен
Зарварак қоғози бўл.

Ёшлигим сен менга берган
Куч, шууринг, ғайратинг
Халку юртга бахш этолсам,
Шунда мендан рози бўл.
1959-1967


ХАЁЛ

Кечалар киприкларимда
Тарки хоб айлар хаёл,
Ўз ҳаётимдан ўзимга
Сарҳисоб айлар хаёл.

Қисса айтур мозидин гоҳ,
Эртадан афсона гоҳ,
Гоҳ савол айлар кўнгилга,
Гоҳ жавоб айлар хаёл.

Кўкда сузган ойни кўзга
Бир кичик фонус этиб,
Пирпираб ёнгувчи шамни
Моҳи тоб айлар хаёл.

Май тўла жом ичра тўфон
Мавжини пайдо қилур,
Тонг шафақ алвонини
Гулгун шароб айлар хаёл.

Минг асрлар кори ҳолин
Қилгай у бир сония,
Лаҳзанинг мазмунини
Минг бир китоб айлар хаёл.

Неки забт этмиш шуур,
Боис хаёл ўлса, не тонг,
Дилга парвоз айла деб
Мангу хитоб айлар хаёл.

Бу шитоб асрим хаёлга
Этдиму тезликни бахш,
Билмадим, асримни олға
Ё шитоб айлар хаёл.

Бор экан инсон кўлида
Орзу ёққан чарок,
Бу чароқни, ўйла, бир кун
Офтоб айлар хаёл.

Мен хаёлни шеърга солдим,
Ўйпараст бўлма ва лек,
Бесамар бўлса сени
Бир кун ҳар об айлар хаёл.

Бўлгин, Эркин, ҳар нафас
Эзгу хаёлга ошино,
Пок эса ният, сени
Олижаноб айлар хаёл.


ШОҲИГУЛ

Оташин гул уздим, ол, бу —
Шоҳигуллар шоҳи гул.
Гул сочик йўлларда бўлсин
Гул юзим ҳамроҳи гул.

Шоҳигул эрмас бу, ўтлуғ —
Юзларинг ҳижронида,
Интизор боғ кўксидан
Чиққан фиғону оҳи гул.

Ишқ элйнинг қатра-катра
Қонидан унган чечак,
Севгининг ошиқ кўнгилларга
Оловли чоҳи гул.

Билгали кўнглингни, кирсам
Боғинг ичра ҳар замон,
Шоҳигулга ёлворурман,
Сирларинг огоҳи гул.

Бу жаҳон гулзорида
Ҳар бир чечакнинг ўрни бор,
Хоҳ тикандир, хоҳ печакдир,
Хоҳи япрок, хоҳи гул.

Гул эмас, Эркин қўлингга
Тутди ўтдек калбини,
Оташидан кўрқма, ол,
Ол, куймагайсан, Моҳигул.
1967


УЙҒОТМАГИЛ...

Тушда кўрдим дилбаримни,
Эй сабо, уйғотмагил,
Олма бир дам васл шавкин,
Қўй, мени кўзғатмагил.

Неча кунлар ахтарурман,
Кўзларимда уйқу йўқ,
Уйкуда топдим ниҳоят,
Энди сен ажратмагил.

Сочларин бўйнимга боғлаб
Шод эрурман бу кеча,
Қўй, чаманлардан, сабо,
Гул атрини таркатмагил.

Севганим, хуршид жамолим
Васлидан хушнуд кўнгил,
Сен қуёшни кўзларимга
Бир нафас кўрсатмагил.

Лабларимда кулгу, гўё
Тушда қанд кўрган гўдак,
Қўй, шакар лабдин аюрма,
Сен мени йиғлатмагил.

Гар йўқотсам бу кеча мен
Қайга боргум ахтариб,
Тушда кўрдим дилбаримни,
Эй сабо, уйғотмагил.
1967


ҚАЛАМ

Улфатимдир шам янглиғ
Кечалар танҳо калам,
Мен-ку шеър Мажнунидирман,
Сарвқад Лайло калам.

Аҳли шеърга то қиёмат
Улфат ўлмакдир азоб,
Не илож этсин, бошида
Бор экан савдо қалам.

Рост, қалам тимсоли шеър,
Тимсоли тиғ, тимсоли ҳақ,
Бошини минг кесдилар,
Бош эгмади асло калам.

Ёр, диёр меҳрини куйлаб
Умримиз бўлгай адо.
Мен на истисно эрурман,
Сен на мустасно, қалам.

Янграсин Эркин сўзинг,
Асло тилинг лол ўлмасин.
Даст кўтар даврон юкини,
Этма қаддинг ё, қалам.
1967


УЗУМ

Термулар шабнамли япрок —
Остидан пинҳон узум,
Лабларингга етмок истаб
Тонг саҳар гирён узум.

Офтоб машшотаси
Ток сочини нурдан тараб
Зангининг бўйнига осмиш
Шодаи маржон узум.

Тоқи ишком мисли осмон,
Ҳар тараф юлдуз сочур.
Воҳ ажаб, бу не синоат,
Ер узум, осмон узум.

Тарк этиб кўшкин, саватга
Қўйди бош, излаб сени
Чарх уриб бозор ичида
Бўлди саргардон узум.

Кимки ошиқликни даъво
Айласа шулдир жазо.
Окибат хум ичра бўлди
Маҳкуми зиндон узум.

Хум ичида неча йил
Хун бўлмоқ эркан қисмати,
Лабларингга етди охир
Бир пиёла кон узум.

Бир кадаҳ гулгун шароб
Тутдим сенга, бир ҳўпладинг,
Толеимдан воладурман,
Бахтидан ҳайрон узум.

Эй дилором, сенга Эркин
Тутди майдек шеърини,
Дил хумида неча йил
Қон бўлди бу девон — узум.
1967


ДЎСТ БИЛАН ОБОД УЙИНГ

Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам,
Дўст қадам қўймас эса,
Вайронадир кошона ҳам.

Интизор ҳар уй диловар
Дилкушолар базмига,
Гар оёк кўйса қабоҳат
Йиғлагай остона ҳам.

Яхши дўстлар даврасида
Очилурсан ҳар замон,
Кўркни шода ичра топгай
Марварид дурдона ҳам.

Сўрма мендан, ким дилоро,
Дўстми ё жонона деб,
Дўст менинг кўнглимдадир,
Жонимдадир жонона ҳам.

Кочма ростгўй дўстларнинг
Коҳишу озоридан,
Кадди рост шамнинг тилидан
Ўртанур парвона ҳам.

Дўст қидир, дўст топ жаҳонда,
Дўст юз минг бўлса оз,
Кўп эрур бисёр душман
Бўлса у бир дона ҳам.

Ким сенга ҳамроз эмасдир,
Боғараз деб ўйлама,
Гоҳи душманлик килурлар
Кўл сикиб дўстона ҳам.

Дўсти содик йўқ экан деб
Ўртаниб куйма ва лек,
Меҳр уйин кенг очсанг, Эркин,
Дўст бўлур бегона ҳам.
1967


РАШКИМ

Сени ётлар тугул ҳатто —
Қилурман рашк ўзимдан ҳам,
Узокрок термулиб колсам
Бўлурман ғаш кўзимдан ҳам.

Кўзим ёнгай сенга наргис —
Кўзин тикса чаманларда,
Яширмам, лолага рашким
Аён бўлгай юзимдан ҳам.

Дегайларки, чаросу
Ол гилос олмиш лабингдан ранг,
Лабинг тегса ҳасад қилгум
Гилос бирлан узумдан ҳам.

Сени жоним дедим ёлғиз,
Сени қалбим дедим танҳо,
Чимирдинг кош, пушаймонман
Кўпол айтган сўзимдан ҳам.

Висол онида кўз очса,
Не тонг, тонгдан кўнгилда ранж,
Жудо килгай мени ой юз,
Хумор кўз юлдузимдан ҳам.

Сенга ўн тўртда боғландим,
Ҳануз эркин бўлолмас дил,
Ўзим доғман, ақл кирмас,
Тўзимсиз ўттизимдан ҳам.
1967


ЯНА ҚАЛАМГА

Барги гул қоғозим ўлсин,
Шоҳи гул — хоро калам,
Лафзи булбул бирла қилсин
Ишқ сўзин иншо қалам.

Оразин тасвир этарда
Барги гул чок-чок ўлиб,
Қоши таърифини айлаб
Йиғласин шайдо қалам.

Ҳажр таҳририда гирён,
Жабр тақририда хун,
Васл тасвирида бўлсин
Булбулигўё қалам.

Бежавоб ишқ дардини
Тунлар баён этдик икков,
Бу азобларни билар
Ёлғиз мену танҳо қалам.

Шеър ила шод ўлдинг, Эркин,
Қилмадинг дунё ҳавас,
Бор экан кўксингда оташ,
Сен учун дунё қалам.
1967


ШИРИН

Дилкушо дўст, дилрабо ёр —
Бирла кечган дам ширин.
Дўсту ёр бирлан ҳаёту
Сийнаи олам ширин.

Севги завқи бир томону
Бода кайфи бир томон,
Қай бири ортиқ шириндир,
Қай бириси кам ширин.

Икки гулгун чеҳра бўлса,
Ўртада гулгун шароб,
Мен учун майдин ҳам ортиқ
Суҳбати ҳамдам ширин.

Бу жаҳонда, дейдилар,
Ҳар кимда бор бир ўзга табъ,
Менга май, булбулга тонг
Гул баргида шабнам ширин.

Севгининг дарди фақат
Беишқ учун бегонадир,
Ишқи ёр бўлса фироқ —
Чекканда ҳатто ғам ширин.

Сўйла, дўст, гулгун шаробнинг
Кайфидан ортиқ на бор?
Бўсадан лабларда колган
Жон сувидек нам ширин.

Эй гулим, севгим ҳақи,
Майдан мени қилма жудо,
Менми, ул ортиқ дема,
Сен ҳам ширин, ул ҳам ширин.
1967


УЧ БАЛОДАН САҚЛАСИН

Уч балодан сақласин,
Чархи балокаш бўлмасин,
Дўст меҳрсиз, дардсиз улфат,
Ёр жафокаш бўлмасин.

Дил агар пайванд эрурса
Не жафо чекмак фироқ,
Ҳеч кўнгил севган кўнгил —
Енида яккаш бўлмасин.

Севги барку оташида
Ўртанишни ғам демам,
Ошиқона бу дилим
Бебарқу оташ бўлмасин.

Юзта жоним бўлса ҳар бир
Кокилингга бир пилик,
Толасига ўзгаларнинг
Кўнгли чирмаш бўлмасин.

Неки дард бор, неки кулфат
Бу жаҳоннинг кунжида,
Мен бўлай юз минг гирифтор,
Лек маҳваш бўлмасин.

Мен ёниқ қалбимни тутдим
Сенга кафт узра кўйиб,
Ол уни, ўйнаб ва лекин
Ўтга ташлаш бўлмасин.

Ёрни офтоб дединг, Эркин,
Куймагин ҳижронида,
Офтоб гоҳ беркинур,
Бундан дилинг ғаш бўлмасин.
1967


ЗАМИН ВА ФАЗОГИР

Замин:
Сенга тахтиравон, кошонадурман,
Сенга мангу ватанман — хонадурман.
Таажжуб қилмагин бағримга тортсам,
Боламсан, ҳар на қилса онадурман.

Фазогир:
Кўкингда чақнаган дурдонадурман,
Саҳар Зуҳроси янглиғ ёнадурман.
Куёш атрофида парвонасан, Ер,
Сенинг тегрангда мен парвонадурман.

Замин:
Самовот узра қалб монанд эрурман,
Сенинг меҳру ўйингга банд эрурман.
Фазода уч баландроқ, лочиним, уч,
Боқиб парвозингга хурсанд эрурман.

Фазогир:
Заминим, мен сенга фарзанд эрурман,
Онамсан, тоабад дилбанд эрурман,
Ақл бирлан енгиб тортиш кучингни,
Кўнгил бирлан сенга пайванд эрурман.
1961-1967


ХАЗИНА
Шарқ қўлёзмалари махзанида

Варакларни очурман
Тозалаб йилларни чангидан,
Бу дониш махзани сўзлар
Менга афсона янгидан.

Бири сўйлайди тарихдан,
Бири сирли самолардан,
Бириси ишқ савдоси,
Бири шаҳнома жангидан.

Қулоқ тут, саҳфалардан
Нолаю ўтлиғ фиғон бирлан
Садо келгай Ироқу
Шому, Ҳинду, Рум, Фарангидан.

Ўқиб «Девони Бобур»,
Ҳам вараклаб «Номаи Бобур»,
Эшит булбул навосию,
Қиличларнинг жарангидан.

Навоий шам каби ёниб,
Хазондек сарғайиб сўлмиш,
Вараклар ҳам олибдур
Соҳиби девони рангидан.

Фузулий Карбало даштин
Қуюндек кезди Қайс бирлан,
Дили ҳеч топмади таскин
Даврнинг бода, бангидан.

Ўқиб тарихни, Эркин,
Саҳфаларга боқмагин ҳайрон.
Эрур ок давр чангидан,
Сариғдир жавр зангидан.
1967


ҲОФИЗГА

Минг Самарканд, минг Бухоро
Ҳадя этгум хол учун,
Лек нигоримда ҳавас йўқ
Мулку давлат, мол учун.

Сенга юлдузли самони
Совға айларман десам,
Нозланиб, ўлдимми, дейди,
Бу чўтир рўмол учун.

Гар хилолдан сирға тақмоқ
Истасам, айтур санам:
Зормидим жездан ясалган
Ҳийлаи аъмол учун.

Ул париваш чеҳрасини
Ойга этгандим киёс,
Бир умр узр айтадурман
Бу хато тимсол учун.

Ҳажрда каддимни дол
Этдинг, десам, бергай жавоб:
Ким кўйибдур севгини
Қадди букилган чол учун.

Ёр истиғносидан
Ўлмасман-у, куйдим ва лек —
Лобарим олдида назмим
Бу қадар беҳол учун.
1967


НА ҚИЛСИН

Ишқ аҳлидир паришон,
Ўзга бино на қилсин.
Шеър аҳлидир девона,
Кибру ҳаво на қилсин.

Ҳусн асли бевафо-ку,
Гар унга бўлса мағрур,
Ҳусн аҳлининг ўзида
Сидқу вафо на қилсин.

Ишқ офатига ошиқ
Дил амри бирла киргай,
Дард ила шод экан ул,
Малҳам, даво на қилсин.

Кўрсат ўзингни — шу бас,
Кўнглимда бошқа ўй йўқ.
Айб этмагил тикилсам,
Кўзда бало на килсин.

Ёр васлидан тополмас
Эркин дилига таскин,
Афсус демакдин ўзга
У мубтало на қилсин...
1968


ЗАМОН

Айланур чархи фалакнинг
Давридек мангу замон,
Гоҳи «кажрафтор»у гоҳи
«Золим»у «бадху» замон.

Не учун аҳли замон дер
Ўз замонин бевафо,
Тутмаса Хайёмга май деб
Косада оғу замон.

Урди-ю Мирзо Улуғбекка
Падаркуш ханжарин,
Қабри узра ҳам ўзи
Минг йил чекар кайғу замон.

Ким дегай қаттол уни,
Бобурни у қон йиғлатиб,
Қилмаса Машрабни золим —
Олдида кулгу замон.

Кўп жафолар кўрди олам,
Кўз юмиб қилсам хаёл,
Мисли сайёд тиғи мажруҳ —
Айлаган оҳу замон.

Йўк, на дору макру фитна,
На қилич, на тиғ бакор.
Шеър колур, шоир колур,
Гарчанд кечур вақту замон.

Вақт, замон олий ҳакам,
Бул кун фано топгай ғазал,
Гар ғазал узра қуёшдек
Сочмаса ёғду замон.

Ханда ур, жўш ур, юрак,
Озод заминдур бу замин,
Назм туз, Эркин, ахир,
Эркин замондур бу замон.
1968


ДУТОРИМ ТОРИ ИККИДУР...

Дуторим тори иккидур:
Бири кувноқ, бири маҳзун
Ки, байтим сатри иккидур:
Бири дилхуш, бири дилхун.

Нигорим чашми иккидур:
Бири яғмо, бири жоду,
Бу жодудан икки кўзим
Бири Сайҳун, бири Жайҳун.

Жаҳонда икки дилбарнинг
Бири сенсан, бири Лайло,
Жаҳонда икки ошиқнинг
Бири менман, бири Мажнун.

Жаҳонда икки юлдуз бор:
Бири сенсан, бири Зухро,
Мисоли икки нуқтамнинг
Бири остин, бири устун.

Жаҳоннинг меҳри иккидур:
Бири сенсан, бири офтоб,
Тарозу палласи икки:
Бири ердур, бири гардун.

Макони икки лочиннинг —
Бири қоя, бири осмон,
Қаноти икки шоирнинг —
Бири ўлка, бири очун.

Ғазал битмакда сачрабдур
Кўзимдан ёш, дилимдан ўт.
Шу боис икки сатримнинг
Бири қатра, бири учқун.

Келиб боғ сайридан Эркин
Ғазалга тўлқин излардим,
Кириб келди икки дўстим:
Бири Сайёр, бири Тўлқин.
1968


СЕВГИНИ ТОРТИБ БЎЛУРМУ...

Севгини тортиб бўлурму
Тошу тарозу билан,
Меҳрни ўлчаб бўлурму
Зар билан, инжу билан?

Айт, қачон кўнглимга солдинг
Ишк ўтин, эй соҳира,
Дил ўзи боғландиму, ё
Боғладинг жоду билан?

Мен сенга кўнглимни очдим,
Ҳа деб айт, ё йўқ деб айт,
Бунча қийнайсан дилимни,
Ўртама кулгу билан.

Нега сенга тик қаролмам,
Кўзларинг офтобми, ё
Офтоб аксин кўзга солдинг
Ўйнашиб кўзгу билан.

Васл умидин тарк этолмай
Интилар кўнглим сенга,
Умрини ошиқ ҳамиша
Ўтказур орзу билан.
1968


ОЙНИНГ ЎН БЕШИ ҚОРОНҒУ

«Умрини ошиқ ҳамиша
Ўтказур орзу билан».
Ойнинг ўн беши қоронғу,
Ўн беши ёғду билан.

Севгида кўксингга томган
Кўз ёшингдан фойда йўқ,
Ишк ахир шундай оловки,
Ўчмагай у сув билан.

Заҳмати ишқ дард эрурса,
Заҳмати шеърдур даво,
Чунки, оғунинг шифоси,
Дейдилар, оғу билан.

Барча заҳмат менга бўлсин,
Майли, доим мен яшай
Бу ажиб тотли азобу
Бу ширин қайғу билан.

Ёшлигим — умрим наҳори,
Ишку шеърсиз не ҳаёт?
Тонгни ёлғиз ғафлат аҳли
Ўтказур уйку билан.

Ёрни мен жоним деб айтсам,
Илтифот деб ўйлама,
У яшар менсиз ва лекин
Мен тирикман у билан.
1968


ГУЛНОРИНИ ЎП...

Уйқуда топсанг нигоринг,
Аста гулнорини ўп.
Очмаса чашмин, юмуқ ул
Чашми хумморини ўп.

Сен-ку уйғоғида восил
Бўлмагайсан лаълига,
Уйғониб аччиқ сўз айтмай,
Лаъли шахдборини ўп.

Рўзгоринг қора қилмай
Зулфини кўксингга бос,
Кўксингга ботмасдан аввал
Киприги хорини ўп.

Васл уйи мангу эмасдир,
Ишқ дами боқий эмас,
Қоматинг ё бўлмасидан
Коши зангборини ўп.

Тақдир умрингнинг хатига
Нуқта қўймасдан бурун
Хатти бирлан лабга посбон
Холи рахдорини ўп.

Ёрнинг уйқуси ғанимат,
Сен бу тун бедор бўл,
Бир-бир айтмайман, дилингга —
Хуш надир, борини ўп.

Уйғониб сўнг, майли, Эркин,
Дорга оссин ёр сени,
Кўзга сурт сиртмоғинию,
Тиз чўкиб дорини ўп.
1968


ШЕЪР АЗИЗ ОЛАМ АРО

Шеър азиз олам аро
Менга тириклик, жон қадар,
Жон недир ошиқ учун,
Жондин азиз жонон қадар.

Шеърдан айру тонгларим
Ялдо тунидай зим-зиё,
Шеър билан тунлар чароғон
Хуршиди тобон қадар.

Шеър ўзи жонон эмасму,
Ёндирар ҳижронида,
Гоҳи боқса бир қиё,
Бошим бўлур осмон қадар.

Кимки ошиқдур жаҳонда
Шеърга бўлгай мубтало,
Ишқ учун тенгдур гадодан
То буюк султон қадар.

Шоҳ Бобур Ҳинду сори
Юрди-ю, шоир ва лек
Йиғлади Фарғонадин то —
Мулки Ҳиндистон қадар.

Шеър зулолидан симирдим
Бир пиёла тўлдириб,
Воҳ, кўринди менга ҳар бир
Қатраси уммон қадар.

Нуқта кўй назмингга, Эркин,
Мухтасарлик сўзга зеб,
Йўқса, тонг отгунча шеъринг
Бўлғуси достон қадар.
1968


САЙР
РАҲМАТУЛЛОга

Қилмадим бир бор ўшал
Гул юзли зебо бирла сайр,
Қонмагай дил, айласам
Минг битта Лайло бирла сайр.

Не бўлур бир лаҳза кезсам
Ҳусн шоҳи бирла мен,
Этмаганму сайд чоғи
Қул шаҳаншоҳ бирла сайр.

Бадниятлар даврасида
Шоду хандон ул нигор,
Гоҳ қилур Етти қароқчи
Шўх Сурайё бирла сайр.

Ёр билан сайр этмоғимга
Ҳеч умидим қолмади,
Мен ўзим Мажнун каби
Айлайми саҳро бирла сайр.

Сайр этарман кўча-кўйда
Ёр хаёли бирла шод,
Қилмагай ҳеч ким ёнида
Шунча тилло бирла сайр.

Мен-ку ёр ишқига ғаркмен,
Сайр истарман яна,
Тош ҳам орзулар экан
Қилмокни дарё бирла сайр.

Бу замон кўнглингда, Эркин,
Қолмагай зарра ғубор,
Айласанг бир бор дўстинг
Раҳматулло бирла сайр.
1968


СЕВГИ

Севги шундай навбаҳорки,
У тикандин гул килур,
Тошга жону тил бағишлаб,
Зоғни ҳам булбул қилур.

Севги шундай дард эрурки,
Барча бўлғай мубтало,
Мубталони неки қилса
Телба бу кўнгул қилур.

Севги шундай тангридирки,
Унга тенгдур шоҳ, гадо,
Қулни айлаб шоҳу султон,
Шоҳни бўлса қул қилур.

Севги шундай бир оловки,
Жонга ундан йўқ омон,
Гулханида ўртаб-ўртаб,
Бир кун охир кул килур.

Севгинингдур ҳукми мутлақ,
Истаса шайдоларин
Чашми гирёнидан уммон,
Оҳидан довул қилур.

Севгига шеър битдинг, Эркин,
Бесабаб эрмаски, ишқ —
Айлагач кўнгулни ишғол,
Шеър ила машғул қилур.
1968


ГУЛЛАР БАЗМИ

Гул фасли санам
Сайр ила гулшанда бўлибдур,
Ғунча кўз очиб,
Гул юзида ханда бўлибдур.

Гуллар ичида
Шоҳи ўзим, дер эди лола,
Мағрурлигидан
Ул ўзи шарманда бўлибдур.

Карнай гулининг
Оғзи очиқ, волаю ҳайрон,
Наргиснинг, ажаб,
Икки кўзи санда бўлибдур.

Саф-саф тизилиб
Сафсар оёғингга кўйиб сар,
Банд-банд узилиб,
Жони билан банда бўлибдур.

Кирк бошларимиз,
Кирк дея қирк оға-ини гул,
Тиғингга улар
Бари сарафканда бўлибдур.

Юз жилва билан
Нозли хиром этса печакгул,
Шоҳигул анинг
Рақсига хонанда бўлибдур.

Калқиб келадир
Сувда нилуфар сенга пешвоз,
Ок шоҳида ҳур
Сайр ила елканда бўлибдур.

Гулшанда кезиб
Хўп сара гулдаста тузибсан,
Эркиннинг эса
Шеъри пароканда бўлибдур.
1968


ГУЛЧЕҲРАЛАР
Гулчеҳра шоираларга

Гул бўлиб, гул-гул ёниб,
Гулшан аро Гулчеҳралар,
Гул узиб ўйнар, қўйиб
Гулга бино Гулчеҳралар.

Қай бириси қай бирига
Ошик эркан, билмадим,
Гулми ё Гулчеҳраларга,
Гулга ё Гулчеҳралар.

Айтингиз, ким гул демас
Кирса хиромон боғ аро
Лабга ол суртиб, қўйиб
Қўлга хино Гулчеҳралар.

Куйга лаб очса улар
Гулшанда булбул сайрамас,
Бош эгиб тинглар чаман
Тузса наво Гулчеҳралар.

Бунча ҳам оқил эканлар,
Олдилар ақлу ҳушим,
Бунча ҳам дилга яқин
Бу дилрабо Гулчеҳралар.

Қайбирин ортиқ қўяй,
Йўқ, тенг экан шеър бобида
Нодира, Маҳзунаю
Зебунисо, Гулчеҳралар.

Бу чаман гулларга кондир,
Очилиб яшнанг мудом,
Гул бўлиб, гул-гул ёниб
Гулшан аро Гулчеҳралар.
1968


ИШҚ ИСТИЛОСИ

Кўнгул мулкини торож —
Айлаган ишқ истилосидир.
На бўлгай охири, бу
Истилонинг ибтидосидир.

Дегайлар, дўстликдан —
Бошланур ишқ, акси эрмасми,
Биз энди дўст, деди ёр,
Оҳ, бу севги интиҳосидир.

Баланд парвоз этар ёр —
Дил қуши, кўзларни дом айлаб,
Уни сайд айламоқ ё
Ҳар кўнгилнинг муддаосидир.

Нечун ҳусну садоқатни
Эгиз туғмабди бу олам,
Табиат қасдидир ёки
Бу ҳам битта хатосидир.

Кўнгил дардини айтиб
Йиғламасман кўчаю кўйда,
Ўзи кўнглимга дард солган,
Ўзи бу дард давосидир.

Топиндим ёр — санамга мен
Муҳаббат саждагоҳида,
Билинг, динсизлар осиймас,
Муҳаббатсизлар осийдир.

Жафо қил, майли, дилбар,
Васл умидин кўймагай Эркин,
Ётар йўлингда кўнглим —
Бир ширин сўзнинг гадосидир.
1968


ТОНГ ҒАЗАЛИ

Қўниб гул узра булбул
Ишк китобини варақлабдур,
Юмуқ тонг кўзлари
Ўтлик навосидан чараклабдур.

Паридек нозу истиғно этиб,
Тонг лола рухсорин
Ювиб шабнам билан
Бир томчи шабнамдек ярақлабдур.

Шафақ кўзгусида
Ўз ҳуснига ошиқ бўлиб бокмиш
Ва тоғларни тароқ айлаб,
Қуёш сочин тароқлабдур.

Париваш юзи жабридан
Кўзим арз айласа тонгга,
У ҳам кўзим каролаб,
Ул пари юзини оқлабдур.

Фироғида куйиб дерман:
У кайси сирли кудратким,
Мени унга яқин айлаб,
Уни мендан йироқлабдур.

Ажаб, тонг хобида Эркин
Кўрибдур ёрини, эвоҳ,
Кўз очса — ёри йўқ,
Икки қўли ёстиқ қучоқлабдур.
1968


ДИЛДА ИШҚ ДАРЁЧАДИР...

Аҳли шеър балки китобим
Назми ишқ деб очадир,
Йўқ, китобим севгининг
Девонига дебочадир.

Кўзларинг орзусида
Туздим наво, зебо санам,
Настарин кўз очиб айтсин,
Шеъри хам зебочадир.

Балки у зебоча эрмас,
Балки у бир ғунчадир,
Ҳуснинг офтобида аммо
Кун сайин зеб очадир.

Воҳ, ажаб, номингни айтсам
Лол бўлур тил ҳам кўнгил,
Шеър ипи ногоҳ қаламнинг
Игнасидан қочадир.

Эркиннинг девонидан ҳеч
Тўлмаса кўнглинг, не тонг,
Тилда шеър бир қатра бўлса,
Дилда ишк дарёчадир.
1968


БАҲОНА ҚИЛМАС

Чин маъшук улки, ошиқ
Ашкин равона килмас.
Чин ошиқ улки, ишқин
Элга фасона қилмас.

Чин дилбар улки, доим
Сўзида устивордир,
Айлаб висолга ваъда,
Сўнг юз баҳона килмас.

Чин шоир улки, ўсган
Боғини васф килгай,
Нақшин қафас ичида
Булбул тарона қилмас.

Кўзимни тийра деб ёр,
Этмас юзига кўзгу,
Киприкларимни тиғ деб
Сочига шона қилмас.

Куртак ёзиб кўнгулда
Гул очди ғунча ишқим,
Умид кўзим ўшанда,
Токай нишона қилмас.

Қоним шаробин ичсанг,
Тотсанг жигар кабобим,
Забҳ этмай ўзни Эркин
Базми шоҳона қилмас.
1968


ЭЙ КАБУТАР

Эй кабутар, шеърим олиб
Ёри дилхоҳимга ет,
Ёр менинг оҳимга етмас,
Энди сен оҳимга ет.

Ошиқ аҳли ичра тенгсиз
Бир гадоданман деб айт,
Ҳусн мулки ичра ҳеч бир
Тенги йўқ шоҳимга ет.

Гоҳи ҳудман, гоҳи беҳуд,
Шавқу дардим шарх қил,
Гоҳи оҳимдан хабарсиз,
Гоҳи огоҳимга ет.

Кўрмасам бир дам жамолин
Моҳи йўқ тундур у кун,
Бахтим осмонида кун-тун
Хуршиду моҳимга ет.

Эй кабутар, дўстларимни
Соғиниб қолдим букун,
Сен бу соғинч шеърим олиб
Дўстим Иброҳимга ет.
1968


ТОЛА СОЧ

Ул пари авлодиданму,
Ё башар фарзандиму?
ХАБИБИЙ

Айт, бу сочинг толасиму,
Жон ипин бир бандиму,
Ёки сочинг толасига
Жон ипим боғландиму?

Тола-тола сочларингдан
Дил йўқотмиш тинчини,
Ё бу толанг дил қушига
Қил тузоқ монандиму?

Кеча чиқдинг соч учига
Пахтадан боғлаб пилик,
Ҳеч қачон эъзозли пахтам
Шунча ардоқландиму?

Сочларинг ишқи, билолмам,
Менга роҳат, ё азоб,
Бу илоннинг жонга солган
Заҳриму ё қандиму?

Соч мени девона этгай,
Ё магар шоир қилур,
«Ул пари авлодиданму,
Ё башар фарзандиму?»
1965


ЛОЛА

Дейман: саҳар шафакдан
Учқунми, лоласанму,
Шодлик майига тўлган
Гулгун пиёласанму?

Дейди: қизик саволинг,
Қайда, ажаб, хаёлинг,
Еллар кўриб бу ҳолинг
Кулмоқда, боласанму?

— Сўзимни каттик олма,
Бошингни қуйи солма,
Бунча кизарма, лола,
Мендан уёласанму?

— Сен, айт-чи, кайси ёғдан,
Қайси чаман ва боғдан?
Кулсанг дедим, шу тоғдан
Тушган шалоласанму?

— Билсанг, уйим шаҳарда,
Келдим сенга саҳарда,
Юр, хўп десанг агарда,
Ё шунда қоласанму?

— Кўксингда, майли, инсон,
Сенга фидо килай жон.
Баргимни шеър ёзилган
Дафтарга соласанму?

— Дема фақат варакдан,
Жой олгусен юракдан,
Учкунмисан шафакдан
Ёинки лоласанму,
Ёқут пиёласанму?
1959-1968


КЎЗГУ

Ёрми кўзгуга боққан
Ерга ё боқар кўзгу,
Ёр юзини кўрганда
Сув бўлиб оқар кўзгу.

Ой жамолининг акси
Кўзгу бағрига тушди,
Рашк ўтида бағримни
Ўртар-у ёкар кўзгу.

То тирик экан жоним,
Кўзгудек дўст изларман,
Оккўнгиллиги бирлан
Кўнглима ёкар кўзгу.

Қанча осма кўзгуни,
Қанча кокма мих бирлан,
Ҳақ юзинг этиб ошкор,
Мих қилиб қоқар кўзгу.

Кўзгудек тиниқ шеър ёз,
Кўзгудек чин айт, Эркин,
Шунда назм маржонинг
Дур қилиб тоқар кўзгу.
1968


БИР ГЎЗАЛКИМ

Бир гўзалким, ҳуснидан эл
Лол эмиш, ҳайрон эмиш,
Ишки бирлан диллар обод,
Хонумон вайрон эмиш.

Нуктадек бир холи бормиш
Ғунча лабнинг устида,
Ул бири ошкор эмишдир,
Ул бири пинхон эмиш.

Санги дилнинг ҳасратида
Қанча диллар дард чекиб,
Кўзларининг ғурбатида
Қанча кўз гирён эмиш.

Барча шайдоларнинг оҳи
Жам эса маҳшар бўлиб,
Хуни дил кўз ёшларидан
Бир буюк тўфон эмиш.

Қилгай эрмиш мутриби ишк
Ўз мақомини ироқ,
Шул сабаб оханги ушшок,
Гиряи афғон эмиш.

Кўйида ётмиш кўнгиллар
Мисли синган кўзгудек,
Воҳки, ҳар бир парчасида
Ул руҳи тобон эмиш.

Ул гўзал олмослик эрмиш,
Ким парилар зотидан,
Ғойибона ошиқ Эркин
Толиби даврон эмиш.
1968


ҚУЁШ

Дилбарим ҳуснига кўкда
Маҳлиё бўлсин қуёш,
Маҳлиё эрмас, кўйида
Бир гадо бўлсин қуёш.

Кўрмаса бир дам жамолин
Мен каби зор йиғласин,
Абр ичига беркиниб
Мотамсаро бўлсин қуёш.

Гар ҳавас килса нигорим —
Ҳуснига, барқ урсин ул,
Рашки келса куйсин-у
Ёнсин, адо бўлсин қуёш.

Ул кеча ёр васлига
Етдим деганда отди тонг,
Қилди дилдордан жудо,
Юзи қаро бўлсин қуёш.

Дейдилар, ишқ оташидан
Офтоб ҳам тафт олур;
Гар исинмоқ истаса
Қалбимга жо бўлсин қуёш.

Бор ишончим, бир куни
Ёнгай қуёш кутб узра ҳам,
Муз юракларга ва лекин
Нораво бўлсин қуёш.

Сўнмасин олам чароғи,
Тинмасин нур чашмаси,
То муҳаббат умридек
Умри бако бўлсин қуёш.
1968


ИЗҲОРИ ИШҚ

Дилга илк бор тушди ногоҳ
Дард аталган кори ишқ,
Дард дебон ким айтмиш они,
Дардларимга дори ишқ.

Ошиқ ўлмакму азоб, ё
Ишксиз ўлмак изтироб,
Зори ишқ бўлгай кўнгил,
Гарчанд чекар озори ишқ.

Ишқ ўти тушган кўнгилга
Ўзга дард бегонадир,
Мен бўлибман, воҳ ажаб,
Дардманди шеър, бемори ишқ.

Ишк сўзин шеъримга солдим,
Ишқ билан ёндим ва лек —
Билмам, ошиқлик надир,
Билмам, надир асрори ишқ.

Шеър ёзилган саҳфаларга
Гул ўраб келдим букун,
Пайт кутиб ночор турарман
Қилгали изҳори ишқ.
1968


ЎРТАДА БЕГОНА ЙЎҚ

Кўйида мен тош бошимни
Урмаган остона йўқ.
Элда бор шундай масал:
Жон чекмасанг жонона йўқ.

Севги водисида менга
Тенг бўлолгай қайси Қайс?!
Кўнглим очсам, икки дунё
Бу каби афсона йўқ.

Шаҳр ичида ҳолатимдан
Кулмаган бир оқилу
Хилват ичра менга улфат —
Бўлмаган девона йўқ.

Не ажабким, маст бўлибман
Кўзларингга термилиб,
Етти иқлимда бу янглиғ
Май йўғу майхона йўқ.

Ишқ ғамин айтсам қаламга
Ич этин куйдирди ул,
Севгидек ўт йўқ жаҳонда,
Мен каби сўзона йўқ.

Ок қоғозим, сенга Эркин
Очди пинҳон ишқини,
Сен бору мен бор, қалам бор,
Ўртада бегона йўқ.
1968


ТАРОҚ

Сочларинг ёдида тунлар
Кўксини доғлар тароқ,
Кеча йиғлаб, тонгда бир бор
Кўнглини чоғлар тароқ.

Зулфингга етди-ю тонгда,
Бўлди чеҳранг ошиғи,
Ҳасратин кўзгуга айтиб
Ўзни кийноғлар тароқ.

Ул тароқ эрмас сочингда,
Балки ёшли кипригим,
Йўқса, не боиски, зулфинг
Шунча ардоклар тароқ.

Рашк этиб бадкор тароқка
Гоҳи кўнглим ғаш бўлур,
Жонга пайванд сочларингни
Нега тирноғлар тароқ?

Кошки бўлсайдим тароғинг,
Тоғ бўлур эрди кўнгил,
Чунки офтоб сочларига,
Не ажаб, тоғлар тароқ.
1968


ВИСОЛ СОҒИНЧИ

Ёр васлини соғинсам
Сайр этайму боғ-роғ,
Боғ-роғ сайр этганимдан
Кўнглим ўлмас чоғроғ.

Хушламас ҳижронда кўнглим
Лолазор сайрини ҳам,
Чунки бағрим лолаларнинг
Бағридан ҳам доғроғ.

Гар соғинчим шарҳин айтсам
Ёндирар Фарҳод ўзин,
Ё очай Мажнунга дардим,
Ул-ку мендан соғроғ.

Дардлашурга дўст кани-ю,
Диллашурга ёр қани,
Топганим ул ошнарокдир,
Бул эса ўртоғроғ.

Интизорлик дардин, Эркин,
Ҳадди йўқ, поёни йўқ.
Ёр озор топмасин деб
Мен қўшарман «роғ-роғ».
1968


МАСАЛ БОРКИМ...

Ажаб, васлингга мен энди
Етишганда кўринди моҳ,
Масал борким, оғиз ошга,
Бурун тошга тегибдир, воҳ!

Кулиб юргай эдим бир вақт
Ўқиб Мажнун жунунидан,
Дегайлар, ўзгадин кулма
Узингдан бўлмайин огоҳ.

Севинг, деб шеър битиб аввал,
Ўзим бўлдим асири ишқ,
Ўзи тушгай эмиш охир
Бировга кимки казгай чоҳ.

Париваш зулмидан бўлди
Кўнгил мулки паришонҳол.
Демишлар мулк вайрондир
Агар золимлик этса шоҳ.

Бўлибсан ошиқ, Эркин,
Уз умид жондин, ўкинч килмай,
Ўзингга, дейдилар, душман
Кейин чеккан пушаймон, оҳ.
1968


НАСИҲАТ
(«Кулгу мушоиралари»дан)

Қўлни ишга моҳир этма,
Тилни гапга уста қил,
Ишни бир қилган жойингда
Гапни албат юзта қил.

Бошлиғинг олдида топмок
Истасанг сен эътибор,
Қоматинг юз турли буккин,
Сўзни ҳам минг тусда қил.

Жилмайиб тур ёнида, ҳеч
Очма танқидга оғиз,
Таклифинг бўлса ўзига
Астаю оҳиста қил.

Тур деса тур, ёт деса ёт,
Чиқма зинҳор измидан.
Ҳеч фикр қилма ўзингча,
Қилма бир иш мустақил.

Бошлиғинг кўнглини бил сен,
Кетма пинжидан нари,
Пайтини топсанг мабодо,
Бирга юзта-юзта қил.

Бил, сенга бу беш насиҳат,
Энг асосий қоида:
Қўлни ишга моҳир этма,
Тилни гапга уста қил.
1968


СОЧ МАДҲИ
(«Кулгу мушоиралари»дан)

Бир замонлар фахр этардинг
Қоп-қора сочинг билан,
Сен букун қошимдадурсан
Турфа қирмочинг билан.

Учрамас бундок ғаройиб
Партав афшон бош сира,
Кез Ироқ бирлан Ажамни,
Румни Чинмочин билан.

Маслаҳат, сенга букундан
Бир асо даркор экан,
Кулса ёшлар тўпланиб,
Қувгайсан оғочинг билан.

Йўқса, ўтганда яланг бош
Кўчаю бозордан,
Ҳаммани безор қилурсан
«Пўшт»у «қоч-қоч»инг билан...

Дўстгинам, бошингни тик тут,
Арзигай фахр айласанг,
Бу каби оппоқ очилган
Гули қийғочинг билан.
1968


КЎЧАМЕН
(«Кулгу мушоиралари»дан)

Ҳар кўча обод, хамон мен
Турфа вайрон кўчамен.
Ёзда чангистону қишда
Балчиғистон кўчамен.

Кўчамен дер бўлсам, эвоҳ,
Кўплар айлар иштибоҳ,
Билмадим, рост кўчадурмен,
Ёки ёлғон кўчамен.

Канчаларнинг кўзларига
Чанг-ғуборим тўлдириб,
Қанчаларнинг этигини
Тортиб олғон кўчамен.

Бир томоним у тумандур,
Бир томоним бу туман,
Бошлиғим кўп, кўп аросат —
Ичра қолғон кўчамен.

Айлади жарроҳи горгаз,
Воҳки, кўксим чок-чок,
Ким қачон тиккай бу заҳмим,
Мангу ҳайрон кўчамен.

Икки бошликдин мен энди
Кимга фарёд айлайин?
Ё утомон кўчгум энди,
Е бу томон кўчамен.
1968


БОШИНДАДИР
(«Кулги мушоиралари»дан)

Ўн саккиз минг олам ошуби
Падар бошиндадир,
Не ажаб, чун ўғли онинг
Ўн саккиз ёшиндадир.

Най мисол шим кийган ул
Сандиқдайин туфли билан,
Ҳурпайиб турган саватдек
Соч анинг бошиндадир.

Ул падар оҳ урмасин —
Нечун ёқосин чок этиб,
Неки бад феъл бўлса, бари
Ушбу бебошиндадир.

Ўзгалардан кулгай эрди
Кўча-кўйда бир замон,
Ақлға юз ҳайрат, эмди —
Бул унинг қошиндадир.

Ўғлидан айларди умид
Келтирар раҳмат дебон,
Барча «раҳмат» элнинг отган
Таънаи тошиндадир.

Йўқ ажаб, ёшликда ўғлин
Ота ардоқлаб, суйиб,
Эркалаб бошига қўйди,
Ул ҳамон бошиндадир.
1968


ЎЗБЕГИМ
(қасида)

Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон, ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
Оксоч Тиёншон, ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Урхун хати,
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон, ўзбегим.

Ал Беруний, Ал Хоразмий,
Ал Фороб авлодидан,
Асли насли балки Ўзлуқ,
Балки Тархон, ўзбегим.

Ўтдилар шўрлик бошингдан
Ўйнатиб шамширларин
Неча коон, неча султон,
Неча минг хон, ўзбегим.

Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлди-ю,
Икки дарё — икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим.

Қайсари Рум найзасидан
Бағрида доғ узра доғ,
Чингизу Боту тиғига
Кўкси қалкон, ўзбегим.

Ёғди тўрт ёндин асрлар
Бошингга тийри камон,
Умри курбон, мулки торож,
Юрти вайрон, ўзбегим.

Давр зулмига ва лекин
Бир умр бош эгмадинг,
Сен — Муканна, сарбадор — сен,
Эрксевар кон, ўзбегим.

Сен на зардушт, сен на буддий,
Сенга на оташ, санам,
Одамийлик дини бирла
Тоза имон, ўзбегим.

Маърифатнинг шуъласига
Талпиниб зулмат аро,
Кўзларингдан окди тунлар
Кавкабистон, ўзбегим.

Тузди-ю Мирзо Улуғбек
Кўрагоний жадвалин,
Сирли осмон тоқига илк —
Қўйди нарвон ўзбегим.

Мир Алишер наърасига
Акс-садо берди жаҳон,
Шеърият мулкида бўлди
Шоҳу султон ўзбегим.

Илму шеърда шоҳу султон,
ц Лек тақдирига кул,
Ўз элида чекди ғурбат,
Зору нолон ўзбегим.

Мирза Бобур — сен, фиғонинг
Солди олам узра ўт,
Шоҳ Машраб қони сенда
Урди туғён, ўзбегим.

Шеъриятнинг гулшанида
Сўлди маҳзун Нодира,
Сийм танни ювди кўз ёш,
Кўмди армон, ўзбегим.

Йиғлади фурқатда Фурқат
Ҳам муқимликда Мукийм,
Нолишингдан Ҳинду Афғон
Қилди афғон, ўзбегим.

Тарихинг битмакка, халким,
Мингта Фирдавсий керак,
Чунки бир бор чеккан оҳинг
Мингта достон, ўзбегим.

Ортда колди кўҳна тарих,
Ортда колди дард, ситам,
Кетди ваҳминг, битди заҳминг,
Топди дармон, ўзбегим.

Бўлди осмонинг чароғон
Толе хуршиди билан,
Бўлди асрий тийра шоминг
Шуълаафшон, ўзбегим.

Мен Ватанни боғ деб айтсам,
Сенсан унда битта гул.
Мен Ватанни кўз деб айтсам,
Битта мужгон ўзбегим.

Фахр этарман, она халқим,
Кўкрагимни тоғ қилиб,
Кўкрагида тоғ кўтарган
Танти деҳқон ўзбегим.

Ўзбегим деб кенг жаҳонга
Не учун мадҳ этмайин!
Ўзлигим билмоққа даврим
Берди имкон, ўзбегим.

Мен буюк юрт ўғлидурман,
Мен башар фарзандиман,
Лекин аввал сенга бўлсам
Содиқ ўғлон, ўзбегим.

Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўксим осмон, ўзбегим.

Қайга бормай, бошда дўппим,
Ғоз юрарман гердайиб,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.

Бу қасидам сенга, халқим,
Оқ суту туз ҳурмати,
Эркин ўғлингман, қабул эт,
Ўзбегим, жон ўзбегим.
1968


ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ўлмасам зор анга, тарки оҳу зор этмасмидим,
Ишқ коридан кечиб бир ўзга кор этмасмидим,
Гар жунун ёр ўлмаса ҳолимдан ор этмасмидим,
Ақл ёр ўлсайди тарки ишқи ёр этмасмидим.
Ихтиёр ўлсайди роҳат ихтиёр этмасмидим.

Жавр ойинини бир дам кўрмоққа ўлсайди сабр,
Ғайрини шод, дўстни пурғам кўрмоқка ўлсайди сабр,
Чашми дилда бир даме нам кўрмоққа ўлсайди сабр,
Ёр ила ағёрни ҳамдам кўрмоққа ўлсайди сабр,
Тарки ғурбат айлаюб азми диёр этмасмидим.

Ул рухи байзолигин савдолигимдан қил қиёс,
Ул дили хоролигин шайдолигимдан қил қиёс,
Зуҳд эли тақвин муға ошнолигимдан қил қиёс,
Воизин куфрин баним расволигимдан қил қиёс,
Анда сидқ ўлсайди бан тақво шиор этмасмидим.

Йўқ ажабким, дардлардин ўзга дардим бордур,
Бир давоси ўлмоқ онинг, бир давоси ёрдур.
Дема жарроҳ наштари бу, ёр урган хордур,
Дардими оламда пинҳон тутдиғим ночордир,
Уғрасайдим бир табиба ошкор этмасмидим.

Эзди ҳижрону маломат, жавру коҳиш кўнглими,
Овламас дунё ишига зарра хоҳиш кўнглими,
Не килай, Эркин, икки ўт ичра колмиш кўнглими,
Эй Фузулий, доғи ҳижрон ила ёнмиш кўнглими —
Лолалар очсайди сайри лолазор этмасмидим.
1968


НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Кўз очар гулшанда ғунча, булбул афғон айлагач,
Нега афғон айлай, ул гул юзни тобон айлагач,
Мисли ойким, кўрк очур сайри шабистон айлагач,
Ҳусни ортар юзда зулфин анбар афшон айлагач,
Шам равшанроқ бўлур торин паришон айлагач.

Нега ул кун сочларингни анбар афшон айладинг?
Рўзигорим тийра, кўзим кавкабистон айладинг?
Қўлга кўйгачму хинолар ё дилим қон айладинг,
Юзни гуллардин безабму бязни қурбон айладинг,
Ё юзингга тегди қонлар бизни қурбон айлагач.

Меҳр сўндиргач дилида, жонни сўзон айлади,
Ҳуснини обод этиб, кўнглимни вайрон айлади,
Сеҳр айлаб ошиқоро, банди пинҳон айлади,
Ошикор айлаб юзин, кўзимни ҳайрон айлади,
Ёшурун олди кўнгил, ўзимни ҳайрон айлагач.

Мен-ку содиқ маҳрам эрдим оғзи маҳкам, кўнгли пок,
Ишқ сирин этмасдим ошкор бўлгунимча токи хок,
Шафкат истаб нола қилдим, онт ичиб ёкамни чок,
Жонда кўйғоч накди ишкин қилди кўнглимни халок,
Ўлдурур маҳрамни султон ганж пинҳон айлагач.

Нолаю афғонинг, Эркин, дилбарингга етмади,
Етса ҳам ё бемеҳр ёр зарра парво этмади,
Битди кўп заҳминг ва лекин ишк заҳми битмади,
Эй Навоий, ишк агар кўнглингни мажруҳ этмади,
Бас, нединким қон келур оғзингдан, афғон айлагач.
1968


БОБУР ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Етолмай қоматим ёдур неча ойким, ҳилолингга,
Қаро кўз мардуми йиғлаб тикилмоқ бирла ҳолингга,
Қачон ул тотли кун келгай, етарман лаҳза болингга,
Қачон бўлғай, мушарраф бўлғамен, жоно, жамолингга,
Қутулғаймен фироқингдан, етишгаймен висолингга?

Қаро бўлмиш, не тонгким, рўзигорим қора ул кўздин,
Қаро ўқ отди киприклар, кўнгилда ёра ул кўздин,
Узим собитман ишкда, кўз ёшим сайёра ул кўздин,
Кўз очқил боққаниким, бўлмишам бечора ул кўздин,
Лаб очқил сўрғаликим, ташна бўлмишман зилолингга.

Саломим еткур, эй хуршид, нигорим кўйидан ўтсанг,
Ғуборин кўзга сур остонасига бош уриб етсанг,
Бўл огоҳким, юзин кўргач ажаб йўқдир куйиб кетсанг,
Ул ойнинг юзи бирлан тўш уриб даъвойи ҳусн этсанг,
Яқин бўлди букунким, эй қуёш, еттинг заволингга.

Нетар мендан бориб, булбул, анга шарҳи кўнгил этсанг,
Узинг кўнглим бўлиб борсанг, анинг кўнглини гул этсанг,
Керакмас, ғамларим сўйлаб агар кўнглин малул этсанг,
Кабутар, элтасан хатим, не бўлғай гар қабул этсанг,
Кўнгулни боғласам ул нома янглиғ парру болингга.

Асири банди зулфингман, демам Эркинни озод эт,
Куйибман доғи жабрингдан, демасман тарки бедод эт,
Мени банд эт, менга жабр эт, ҳаётим майли барбод эт,
Белингдин ким хаёлидур, йирокдурман, мени ёд эт,
Умидим борки Бобурдин, етишгаймен хаёлингга.
1968


ВАТАНДИН ЯХШИ ЁР БЎЛМАС
(Қозоқ шоири Жумакент Нажмиддинов ғазалига муҳаммас)

Жаҳонда мен туғилган
Ўлкадек ҳеч бир диёр бўлмас,
Бу янглиғ боғу гулшан
Ҳам бу янглиғ гулузор бўлмас,
Ватан севмакдин ортиқ
Менга оламда шиор бўлмас.
Ватан ишқида ёнган қалб,
Билингки, асти хор бўлмас,
Ватан севган муродига
Етур, ҳеч дилда зор бўлмас.

Саодатга макондир
Қай чаманга сен қадам қўйсанг,
Узингни бахтли бил юртда
Яшашнинг завқини туйсанг,
Чин одамсан, чин ўғлонсан
Юракдан элни чин суйсанг,
Ватан севмоқ саодатдир,
Агар наслингга сен куйсанг,
Ватанни севмаган инсон
Жаҳонда бахтиёр бўлмас.

Тўйиб боқгил бу юрт ҳуснигаким,
Кўнглингни чоғ этгин,
Бу элнинг ўғлиман, деб
Қил ғурур, кўксингни тоғ этгин.
Ватан ҳар зарра тупроғин
Кўзингга сен қароғ этгин,
Боболар маскан этган
Бу азиз тупроқни боғ этгин,
Ярашгай ифтихор этсангки,
Ортиқ ифтихор бўлмас.

Зулоли таъмини топмам
Сира болу шакарларда.
Ватан ёди эрур калбимда
Бўлсам мен сафарларда,
Жамолига тўёлмасман
Кезиб қишлоқ, шаҳарларда,
Қизил гул баргида булбул
Каби сайраб саҳарларда,
Яна шоир қилур такрор,
Ватандин яхши ёр бўлмас.
1968

Qayd etilgan


Ansora  26 Sentyabr 2009, 16:51:12

- ЮЛДУЗЛАР ЗИЁСИ -

Ой ўртанар, кўзларида ёш,
Кўкси доғу юраги қийма.
Дер: «Эй фалак, мен эдим қуёш,
Нега мени қилдинг таржима?»


Абу Али ибн Сино

РУБОИЙ

Менинг куфримни айбларга
муҳаккак сизда имкон йўқ,
Бу оламда менинг покиза
имонимдек имон йўқ.
Замон аҳли аро танҳо
мусулмон мен эдим, э воҳ,
Агар кофир эсам мен ҳам,
бу дунёда мусулмон йўқ.


Ҳофиз Шерозий

* * *

Ёрим кўлига қадаҳ ки олгай,
Бозори санам касодга қолгай.

Ҳар кимки, кўзини кўрса дейди:
«Бу маст, кани мухтасиб, тутолгай».

Ашк баҳри аро балиқ бўлибман,
Қармоғини ёр чу сувга солгай.

Зор ила аёғига йиғилдим,
Уммид этамен, қўлимдан олгай.

Ҳофиз каби хуррам ул кишиким,
Жоми азалини нўш этолгай.


* * *

Кеча достон бўлди ошиқ даврада гисуларинг,
То ярим тун баҳсга боис бўлди анбар мўларинг.

Кипригинг новакларидин конга айланди кўнгил,
Ваҳ, яна кўмсар, ажабким, ул камон абрўларинг.

Авфилиллоҳким, сабо келтирмаса сендан хабар,
Ҳеч насиб бўлмасди кўрмак бизга кўча-кўларинг.

Бехабар эрди жаҳон аввалда ишқ ошубидин,
Қолди ғавғога у кўргач ғамзаи жодуларинг.

Мен ҳам авваллар эдим дарди жунундин бехабар,
Қўйди домин йўлларимга кокили ҳиндуларинг.

Тугмаларни ечгил-у дил мушкулин айла кушод,
Ким, ечилмоғимга боис дилкушо кулгуларинг.

Кел вафо айлаб, қадам қўй Ҳофизингнинг хокига,
Ким бу оламдан олиб кетмиш мени орзуларинг.


Бедил

* * *

Бўлубдир ғамга ошён маскани дил,
Шу боис ғам келур, сўрсам: қани, дил?

Кўзим Мақсуди васлинг-у, кани кўз,
Дилим ёди ғаминг, аммо қани дил?

Адашган коривонга қўнғирокман,
На куйлар куйламасдан нолани дил?

Киши йўқдир кишига зору муҳтож,
Вале дил тутганидир домани дил.

Қадам кўйганда хоки турбатимга
Бўл огоҳким, оёғинг босгани дил.

Агарчи сувратим Бедилдир, аммо
Қилур бошдин-оёк ашким мани дил.
 

* * *

Заҳм ўлди яна, чашми пуроб ўлди бизим дил,
Жом ичра тўла қонли шароб ўлди бизим дил.

Гулбоғу чаман фаслида тош ўлса у кўнгил,
Дашт узра ғубор ўлса-да, об ўлди бизим дил.

Васл анжумани ичра ҳаё жом бўлибдир,
06 ўлса агар бодаи ноб ўлди бизим дил.

Не ҳосил, аё нола, бул оташ нафасингдан,
Қон бўл, сени деб бўйла кабоб ўлди бизим дил.

Бир чашма-ку тўфони хаёл ичра бу олам,
Бедил, на илож, эмди сароб ўлди бизим дил.


* * *

Паришон хотирим деб ғам яралмиш,
Яна чашмим туфайли нам яралмиш.

Қилур мавж гавҳару оина жавҳар,
Ажаб, беорзу дил кам яралмиш.

Атарлар ғунча поймолини гул деб,
Не ҳол, шодлик аро мотам яралмиш.

Сабо тўзғитгудек бир кафт тупроқ
Қўшилгач кон ила, одам яралмиш.

Қошимга келса гар фармони таслим,
Эгилгум, кошим асли хам яралмиш.

Агар хешлик учун пайдо бу олам,
Менинг кўнглимга кўнглим ҳам яралмиш.

Дилинг дардига йўқдир чора, Бедил,
Бўлиб соҳибмуҳр Ҳотам яралмиш.


Мирзо Ғолиб

* * *

Десам, Ғолиб, ерим — пок хоки Турон,
Асил зотим билан бағрим фараҳманд.

Ўзим туркзодаю наслим-да туркзод,
Буюклар кавми бирла асли пайванд.

Уруғ бўлмиш менга ойбеклар аслан,
Камолан ойга нисбат, балки ўнчанд.

Отам касбин десам деҳкончиликдир,
Бобом бўлмиш заминдори Самарқанд.

Ўзим ҳак файзига шогирд эрурман,
Эрурман фозил инсонларга фарзанд.

Ёнишда ҳамнафасман барқ ила мен,
Саховатда булутлар бирла монанд.

Ғаму андуҳки бор, шодман алардин,
Фараҳ, бахт йўқ-ки анга доғи хурсанд.

Ҳама хешларки ўтмиш, йиғлагаймен,
Тирикликдан куларман бўйла хушханд.


* * *

Қоши ёси катлима тадбирдир,
Не ажаб, уй тоқида шамширдир.

Севгида беморлигимни сўрмагил,
Ул Исо кўзгусида тасвирдир.

Мен жунун даштида саргардон эсам,
Ғам дилимнинг пойида занжирдир.

Бу кўнгил вайронадир, фаввора — кўз,
Сел синиқ бу уйга не таъмирдир.

Ваҳ, қаламнинг ёқасин йиртди Асад,
Чок дил иншоси бу таҳрирдир.


* * *

Муҳаббат тухмин экдим жонима, андуҳ самар бўлди,
Умидим шуки, қосид, ёрга ҳолимдан хабар бўлди.

Еғиб чархи фалакдан бу жафокаш бошима тошлар,
Урушди тошга тошу мисли гулдаста шарар бўлди.

Кўнгил дарди кўринса кўзгуда юз ранг билан, денглар
Хазону соғару дил қонию заҳми жигар бўлди.

Нигоҳим бўлди овора сени излаб ва лек охир
Қоронғу бўлди олам сенга, дил соҳибназар бўлди.

Жунун ақлини зоҳид айб этар бўлса ажаб йўқдир,
Жунун занжири зуҳднинг эшигига банди дар бўлди.

Асад, гар ғунча гулнинг шавқатига боргоҳ бўлса,
Дилинг Бедил йўлига гул сочиб, сатринг гуҳар бўлди.


* * *

Париваш чеҳрасига берса оро,
Қилар ҳайрат билан кўзгу тамошо.

Кетар жоним олиб карвонда ёрим,
Ғуборин кўзларимга айладим жо.

Мени уйқуга элтди дарди ҳижрон,
Хаёли кипригимда бўлди пайдо.

Кулар гул йиғлаганда булбули зор,
Мен у гул хандасидан хору расво.

Фироқ ўкин пари кўксимга отди,
Ажаб, ғам тоғи узра унди раъно.

Фано даштин тутар маскан муродим,
Анга парво йўқу менга тасалло.

Асад, ожизлигингни англадингми,
Нечун билдинг ўзингни бунча доно?


* * *

Эгам, исмингни айтмоқ журъатин бергил забонимга,
Кўнгил — хомуш садаф, дур жилвасин бергил баёнимга.

Тараҳҳум айла мендек бедилу маҳзунга, лутф этгил,
Чароғи субҳ бер шомимга, гул фаслин хазонимга.

Қилиб наззора жонимни олурсан, эй пари пайкар,
Қўярсан дасту пойингга ҳино олуда қонимга.

Кўриб кўзгуда руҳинг аксини у чашми машшота
Бўлибдир хунфишон, берсин тўзим бу хаста жонимга.

Қиларкан тунда булбул нола, тонг уйқудан уйғонгай,
Умидим тонги уйғонмас нечун бетин фиғонимга.

Камина тақрибу сидқин синаб кўрмоққа раҳм айлаб,
Юбординг минг туман ранжу машаққат имтиҳонимга.

Жамолингдан сабоҳ равшан, гулистон бўйла зевардир,
Асадга тор қафас қурдинг, назар сол бу маконимга.


А.С.Пушкин

СЕН ВА СИЗ

Ҳавойи Сиз ўрнига янглиш
Қиз ногаҳон Сен дея айтди.
Шу дилбар сўз кўнглимда ёниш,
Ўйларимда орзу уйғотди.

Термуламан сўз дерга ожиз,
Сеҳри тамом ром этган мени.
Сиртда дейман: қандай яхшисиз,
Қалбда эса: севаман Сени.


ҲОФИЗДАН

Жанг шавқини дилда уйғотма,
Енма, йигит, зафар, шон билан.
Қонли ҳарбга ўзингни отма
Карабахлик оломон билан.

Балки сени ўлдирмас қотил,
Майдон аро, қиличлар аро.
Барнолигинг кўрган Азроил
Юбормагай бемаҳал қазо.

Бир нарсадан қўрқаман фақат:
Ошно бўлиб жангда бебоклик,
Сенда қолмас дилбар назокат,
Бу майинлик, гўзаллик, поклик.


ЭПИГРАММА

Таъна билан жонимга тегдинг,
Жавоб сенга мухтасар, ошнам.
Ҳа, мен ишчан эмасман, лекин
Сен омилсан ялқовликда ҳам.

ЭПИГРАММА

Иллатлари ҳаддан зиёда,
Нопок яшаб келди бу одам.
Гуноҳларин ёйса дунёда
Жой қолмагай қўймоққа қадам.

Инсоф кирди унга ниҳоят,
Аста-секин йўл топди тўғри.
Мана энди дуруст, хайрият,
Номи бўлди қартабоз ўғри.


* * *

Кар карни кар қозининг ҳукмига тўғрилади,
Кар деди: Бу кар менинг молимни ўғирлади.
Кар карга жавоб берди: Бекор айтибсан, эй кар,
Сен айтган у қўриқка етти пуштим дон экар.
Кар қози ҳукм килди, пок иш бўлсин, бир йўл бор,
Йигитни уйлантиринг, қиз бўлса ҳам гуноҳкор.


Фридрих Шиллер

ГЕРО ВА ЛЕАНДР

Билармисан, олис элда,
Мовий, зумрад Дарданелда
Геллеспонт  мавж урадир.
Бунда ҳар санг қирғоқларда
Бир-биридан йироқларда
Икки қаср турадир.
Осиёни, Оврупони
Айирмиш сув икки ён.
Лекин севган икки ёрни
Айирмоққа не имкон!

Сулув Геро калбида сир:
Купидонга бўлди асир,
Леандрга мубтало.
Киз ердаги Геба  мисол,
Ошиқ йигит, қилки хаёл,
Тийри камон кўк аро.
Лекин улар ўртасига
Тушди ота ғазаби.
Поймол бўлди ишқ, ногаҳон
Аёз теккан гул каби.

Мана йигит фироғида
Қоялик Сест  қирғоғида
Ошуфтаю паришон
Ўлтирарди бечора қиз.
Бокар эди ғамгин, ёлғиз
Олис Абидос  томон.
Не иложким, кўприк йўқдир
Леандрга элтгувлик.
Ғов ҳам йўқдир оламда лек
Ишқ йўлин банд этгулик.

Леандрда ёлғиз дард — ишқ,
Офтоб — ўшал олов гардиш —
Мана, сувга ботадир.
Сўнгач унинг ёғдулари,
Ёри турган қирғоқ сари
Йигит қулоч отадир.
Сузиб борар, билмас қўрқув,
Маст шавқ ила нашъа-ла.

У томонда сочар ёғду
Қиз ушлаган машъала.
Чиқиб сувнинг оғушидан,
Қизнинг иссиқ оқ тўшидан
Олар йигит ҳарорат.
Туташади шунда икков
Туташгандек икки олов,
Лаззатга йўқ ниҳоят.
Тонготарнинг илк ёғдуси
Висол ипин узади.
Уйғониб ишқ уйқусидан
Йигит ортга сузади.

Ўттиз карра қуёш ботди,
Ўттиз карра тонг уйғотди,
Айланиб чарх — даҳри дун...
Елдек ўтди бу ўттиз кун
Бамисоли илк висол тун —
Илоҳий тун, ойдин тун...
Ким тўлқинлар даҳшатига
Ўзни отса мардона,
Муҳаббатнинг лаззатига
Муносиб ул ягона.

Чархи фалак бундоқ тездир,
Авроранинг ўрнин Веспер
Эгаллайди, воҳ, шитоб.
Барглар хазон бўлаётир,
Қиш нафаси келаётир,
Якин ҳижрон — изтироб.
Қисқа бўла борса кундуз,
Узок бўла борса тун,
Улар шод, лек қиш келар-ку,
Балокашу қаттол, тунд.

Мана келди сентябрь ҳам,
Кун билан тун тенг бўлган дам
Қиз кояда ўлтирар.
Феб  оловли арғумоқда
Уфқларга йўл олмоқда
Дам олгали то саҳар.
Атроф сокин, еллар-да жим,
Сув жимирлар осуда.
Зангор осмон акс этади
Бу зангори кўзгуда.

Денгиздан кўз узмайди қиз,
Ялинади чўкканча тиз,
Зор ила дер:«Эй тангрим!
Билдинг диллар орзусини
Вафосиз ул ўзи сени —
Вафосиз деб айтса ким.
Меҳр йўқдир одамларда,
Отамда ҳам йўқ шафқат.
Биз бечора ошиқларга
Раҳмдилсан сен фақат.
Не кечарди сенсиз ҳолим,
Мени беишк чархи золим
Қилар эди хору зор.
Аммо ўзинг бўлиб ҳамдам,
Кўприксиз ҳам, қайиқсиз ҳам
Мен томонга келар ёр.
Ваҳималик гирдобларинг,
Тўлқинларинг шиддаткор,
Лек сен мардлик олдида мард,
Ёр аҳлига ўзинг ёр.

Қадим замон сен ҳам ахир
Купидонга бўлдинг асир,
Тарк этиб ўз уйини,
Колхидага ҳамроҳи-ла
Сузганида мағрур Гелла,
Миниб тилло қўйини.
Муҳаббатнинг оловида
Ёндинг, тангрим, ўшанда.
Ул гўзални олиб кетдинг
Сув остига — гўшангга.

Унда маъбуд ва маъбуда
Яшайсизлар тинч, осуда.
Мангу шараф сизларга.
Сиздан ишкка ҳеч офат йўқ,
Ошик дилга фалокат йўқ,
Бошафқатсиз бизларга.
Гелла! Гўзал эй маъбуда,
Узат бизга қўлингни.
Бергил менинг ёримга ҳам
Ўшал равон йўлингни».

Тун чўкканда борлиқ аро
Юксак қоя узра Геро
Машъаласи порлайди.
Машъал йўлчи юлдуз бўлиб,
Тун ичра бир кундуз бўлиб,
Леандрни чорлайди.
Аммо денгиз кораяди,
Увлар офат шамоли.
Булут билан тўсилади
Юлдузларнинг жамоли.

Гумбурлайди ногоҳ само,
Қуйиб берар ёмғир бало
Ёйиб қаро қанотин.
Даҳшат билан гувлар бўрон,
Чақмоқ билан гоҳи бир он
Ёришади қаро тун.
Асов тўлқин кўкка сапчир,
Қутуриши девга хос.
Жаҳаннамнинг қаъри янглиғ
Тубдан келар гулдирос.

Геро йиғлар: «Даҳшат! Даҳшат!
Кронион! Бўлди! Тўхтат!
Қайтар офат балони.
Мен чорладим, менда гуноҳ,
Завол топса мендан, э воҳ,
Леандрнинг ёш жони.
Мана денгиз қушлари ҳам
Қуруқликка қочдилар.
Бандаргоҳлар кемаларга
Қучоғини очдилар.

Фақат менинг севар ёрим,
Уз ахдида устиворим
Сузар очиқ денгизда.
Йўлга солган уни вафо,
Бизни ўлим қилгай жудо,
Шундайин ахд бор бизда.
Шафкат қилинг, о, тангрилар,
Бўлинг унга мададкор.
Ҳолдан тойиб балки кўкка
Қараётир у сўнг бор.

Эй Понт! Бағринг гирдоб экан,
Сокинлигинг ниқоб экан,
Илондек тинч ётгансан.
Офатингни яшириб сен,
Севганимни шошириб сен,
Ўз домингга тортгансан!
Мана энди ҳар иккала
Соҳилдан ҳам йирокда
У муқаррар завол сари
Қулочини отмоқда».

Даҳшат йўқдир сира бундоғ!
Тўлқин келар бўлиб тоғ-тоғ,
Ўзни урар қирғоққа.
Бу жаҳаннам! Бу жаҳаннам!
Ҳатто улкан кемалар ҳам
Якин келмас бу ёққа.
Машъалани қўймас шамол,
Энди сўнгги нажот йўқ.
Ким бу қаърга кирди, унга
Ҳеч умиди ҳаёт йўқ.

Геро яна ёлборар, дер:
Афродита , сен мадад бер
Денгиздаги ёримга.
У безавол келса агар,
Атаб қилай қурбонликлар
Сендек мададкоримга.
Барча маъбуд, маъбудалар
Қаршисида эгар бош,
Бу офатни кайтаринг деб
Илтижо-ла тўкар ёш.

«Гирдобларда бино бўлган,
Кўп жонларга даво бўлган
Левкотея, сувдан чиқ.
Ёримга ҳам бўлгин ҳамдам,
Ташла унинг устига ҳам
Қутлуғ мато — ёпинчиқ.
Чўкаётган бўлса, ундан
Қувват олсин севганим.
Халос бўлиб бу офатдан,
Чиқа қолсин севганим».

Тина бошлар аста бўрон,
Кўк тоқида урар жавлон
Эос арғумоқлари.
Яна денгиз гўё кўзгу,
Яна унда тонгги ёғду,
Заррин қўнғироқлари.
Тиник мавжлар суйиб, тараб,
Гўё дафн килмоққа —
Саҳар чоғи ўлик танни
Олиб чиқар қирғоққа.

Воҳ, у ўша! Севар ёри!
Ўз аҳдида вафодори
Жонсиз ётар соҳилда.
Қотиб қолди қиз мисли тош,
На тилда оҳ, на кўзда ёш,
Сўнгсиз бўшлиқ бор дилда.
Гоҳ осмонга, гоҳ денгизга
Сокингина қарайди.
Қонсиз юзи алланечук
Илоҳий нур тарайди.

«Мен англадим, дунё деган
Тошу тарозулик экан,
Қисматимга кўндим, бас.
Умрим битди — қилмам ўкинч,
Билдим — не бахт, недир севинч —
Ишкқа бўлдим ҳамнафас,
0, Венера, энди ўзни
Топшираман кўлингга.
Қурбон килар бўлдим энди
Ёш жонимни йўлингга».

Қиз ўзини жарга отди,
Гўё денгиз ичра ботди
Оппоқ кўйлак кийган ой.
Тангри килди, ваҳ, иноят,
Икки дилга абадият
Даргоҳидан берди жой.
У одил, у шафқатпеша,
Тирикликка меҳрибон.
Мангуликнинг чашмасидан
Зилол тўкар жовидон.


Александр Блок

СКИФЛАР

Панмўғулизм! Гарчи ўзи дахшатдир,
Аммо кулоғимга бу сўз лаззатдир.
Владимир СОЛОВЬЁВ

Сизлар миллионларсиз. Биз — олам жаҳон,
Беллашинг, сизда гар бўлса иқтидор.
Ҳа, биз скифлармиз. Осиёий кон,
Қийиқ кўзларимиз каттол ва хунхор.

Сизга замон — замон. Бизга-чи, бир он.
Бизлар итоаткор кулбачча гўё —
Мўғуллар бир ёну Оврупо бир ён,
Биз калқон ушладик икки ирқ аро.

Асрлар, асрлар ўтхонасида
Сурон карнайлари куйилди сизга,
Лиссабон, Мессина бўлганда пайхон,
Бу машъум эртакдек туюлди сизга.

Асрлар шарқ томон кўзни тикдингиз,
Бизнинг инжулардан тўлдириб ҳамён.
Асрлар беписанд фурсат кутдингиз
Оч тўпларга бизни этмоққа нишон.

Мана, фурсат етди. Бошимиз узра
Қанот қокди кулфат, ҳар кун бир алам.
Аммо вакт келарки, қолмагай сира
Сизнинг Пестумлардан ному нишон ҳам.

Қўҳна дунё! Тирик экансан ҳали,
Ҳали ширин азоб бераркан ҳаёт,
Қадимги донишманд Эдип шоҳ янглиғ
Сфинкс қошида бир лахза жим кот!

Россия — сфинкс. Хушнуд ва нолон
Қоп-кора қонига беланган вужуд.
Тикилар, тикилар, тикилар сен томон,
Нафрати беҳудуд, меҳри беҳудуд.

Ҳа, бизнинг конимиз севгандай севиш
Сизга насиб эмас ва бўлмас асло.
Сизга аллақачон бегонадир ишқ,
Уртаб ёндиргувчи, қилгувчи адо.

Севамиз илоҳий ҳислар дунёсин,
Совуқ рақамларнинг ҳароратин ҳам.
Англаймиз туманли немис даҳосин,
Галл сўзин маънию камолотин ҳам.

Эслаймиз, Парижнинг дўзах кўчалари,
Венеция салқин саболарини.
Лимонзор боғларнинг хуш бўйларию
Кёльннинг туманли биноларини.

Биз танни севамиз, севамиз дард-ла,
Унинг рангу таъмин ва ҳидин тенгсиз.
Бизлар гуноҳкорми, сўнгакларингиз
Синса бизнинг оғир, қаттол қўлларда?!

Юганидан ушлаб асов бияларнинг,
Белин синдирмоқни қилганмиз одат.
Бош эгмаган қайсар жорияларни
Қўлга қўндирмоқни қилганмиз одат.

Қани, келинг бизга! Нечун оташлар!
Оташдай бизнинг тинч оғушга келинг.
Вақт борида қинга жо бўлсин ханжар,
Бизга оға бўлинг, бизга дўст бўлинг!

Йўк эса — бари бир яна биз учун,
Ахдни бузмок келар бизнинг ҳам кўлдан.
Сиз тавқи лаънатга қолурсиз бутун
Тарихдан, келажак мажруҳ наслдан.

Биз-чи, юз бурамиз гўзал Овруподан,
Бағрига олади ўрмонлар бизни.
Сизга ўгирамиз сўнг томоша учун
Қора Осиёий башарамизни.

Қани, келинг, келинг барча Уралга,
Сизга жанглар учун очамиз майдон.
Окил, кўкси тўла интегралга,
Темир машиналар бошласин қирон.

Аммо биз сизларга бўлмаймиз қалқон,
Ўтга кирмагаймиз энди ўзимиз.
Бораркан киёмат жанги беомон,
Четдан боқар сизга қийик кўзимиз.

Сира қўзғалмаймиз, қаттол ёвуз хун
Шаҳарлар кулини совурганда ҳам,
Ҳатто ўликларни талаганда ул,
Оқ танлар гўштини қовурганда ҳам.

Сўнгги бор кўзни оч, эй кўҳна очун!
Тинч меҳнат базмига хушнуд, сарафроз —
Оғалик базмига сўнгги бор бу кун
Чорлаётир сени ваҳший соз!


Сергей Есенин

ЭРОН ТАРОНАЛАРИ

* * *

Доғлар кетмиш мажруҳ кўнгилдан,
Маст васваса кўзғамас туғён.
Мен дардимга Теҳрон гулидан
Чойхонада тополдим дармон.

Чойхоначи — барваста, ўктам,
Қойил қолсин рус, деб, чойимга,
Ўткир ароқ, май ўрнига ҳам
Аччиқ-аччиқ чой тутар менга.

Қуй, мезбоним, аммо ҳад билан,
Боғинг аро турфа гуллар бор.
Оқшом менга ниқоб остидан
Оҳу кўзин сузди гулрухсор.

Россияда гулдай қизларни
Тутқунликда сақламас эрлар.
Сармаст этар бўса бизларни
Беханжару, бемакру безар.

Бу тонг юзли дилдор қошимда
Бир бор хиром этса ноз билан,
Шоҳи рўмол солгум бошига,
Йўлларига шерозий гилам.

Мезбон, чой қуй менга лолагун,
Шоир сенга сўйламас ёлғон.
Эҳтиёт бўл ўзингга букун,
Сўнгра мендан қилмагин гумон.

Эшикка кўп қарайберма сан,
Гул боғингга барибир йўл бор.
Оқшом менга никоб остидан
Оҳу кўзин сузди гулрухсор.


* * *

Букун дедим саррофга атай,
Алишаркан сўмни туманга:
«Ўргат, гўзал Лаълимга айтай,
Ўргат, севдим, демоқни манга».

Ул саррофга дедим букун ман
Елдан сокин, жилғалардан тинч:
«Ўргат менга, гўзал Лаълимдан
Форс тилида сўрайин ўпич».

Яна дедим саррофга атай
Ҳаяжоним дилда беркитиб,
Ўргат, гўзал Лаълимга айтай,
Ўргат, айтай «меникисан», деб.

Шунда менга деди у, эвоҳ —
Ишқ васфига топилмас сўзлар.
Севаман, дер дилдан чиққан оҳ,
Ёқут каби ёнгувчи кўзлар.

Сўрма мендан бўсанинг исмин,
Номи йўқдир сенга айтмоққа.
У келтириб атиргул исин,
Гулбарг бўлиб кўнар дудоққа.

Севги дилга бермас кафолат,
Севги бахтга, ё дардга йўллар.
Меникисан деёлур фақат
Юздан ниқоб кўтарган кўллар.


* * *

Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам,
Билсанг, шимол Ватандир менга.
Далалардан сўйлайми сенга,
Ой нур сепган бошоклардан ҳам,
Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам.

Билсанг, шимол Ватандир менга,
Унда ой ҳам юз бора улкан.
Шероз канча бўлмасин кўркам,
Азиз ўлка Рязандир менга,
Билсанг, шимол Ватандир менга.

Далалардан сўйлайми сенга?
Сочим олмиш буғдойидан ранг,
Бармоғингга ўра хоҳласанг,
Зарра оғриқ сезилмас менга,
Далалардан сўйлайми сенга?

Ой нур сепган бошоқлардан ҳам
Олтин сочим сўйласин, дилдор.
Кул, ўйна-ю, даламдан зинҳор
Гапирмагин менга, жонгинам,
Ой нур сепган бошоқлардан ҳам.

Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам,
Шимол ёқда бир нозанин бор,
Сенга ўхшар, ғоятда дилдор,
Балки мени ўйлар ул санам...
Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам.


* * *

Дединг: Саъдий доимо ёрнинг
Сийнасидан оларкан бўса.
Худо ҳаққи, шошма, дилдорим,
Қочмас ахир ўрганиш бўлса.

Қуръонда бор, дединг, азалдан
«Алқасосул миналҳак», тамом.
Мен туғилган бўлсам Рязанда,
Қайдан таниш бўлсин бу калом.

Сен куйладинг: «Фирот ортида
Гуллар борки, қизлардан гўзал!»
Бой бўлсайдим кўшиқ бобида,
Тўқир эдим бошқа бир ғазал.

Гар қизлардан бўлса зиёда,
Мен гулларни қирқардим буткул,
То кўрмайин ёруғ дунёда
Шаҳинамдан сулувроқ бир гул.

Ўгит билан қийнама энди,
Ўгитларинг менга не даркор?!
Шоир бўлиб дунёга келдим,
Шоир каби ўпаман, дилдор.


* * *

Заъфар юртга нур тўкар оқшом,
Боғда гуллар жавлон урган пайт.
Кел, жонгинам, кўшиқ айт, Хайём —
Куйлаб ўтган қўшиқлардан айт,
Боғда гуллар жавлон урган пайт.

Ой нурига ғарқ бўлган Шероз,
Парвонадек учар юлдузлар.
Менга ёқмас, ўтинаман, рост,
Ниқоб тутса дилрабо юзлар,
Ой нурига кўмилган Шероз.

Қизлар юзин сақлар никобда,
Иссиқданми бўлиб асрамоқ,
Ё куймасин дерлар офтобда.
Севсин учун йигитлар кўпроқ —
Қизлар юзин сақлар ниқобда.

Ниқоб билан дўст бўлма, гулрў,
Ёз сўзимни ёдинг лавҳига,
Умр ўзи ғоят қиска-ку,
Тўймоқ қийин толе шавқига,
Ёз сўзимни ёдинг лавҳига.

Қисматларда не қаролик бор,
Қолмас бир зум бахш этсанг роҳат.
Гуноҳ бўлур шу сабаб, дилдор,
Бу дунёда яширсанг талъат,
Бергач уни она табиат.

Боғда гуллар тебранар оқшом,
Юрагимда ўзга бир диёр.
Ўзим сенга қўшиқ айтай, ёр!
Бу қўшикни билмаган Хайём.
Боғда гуллар тебранар оқшом...


* * *

Ҳаво тоза, мусаффо, зангор,
Гулзор бўлди менга сайлгоҳ.
Уфқларга йўл олган сайёҳ,
Етолмайсан манзилга зинҳор,
Ҳаво тоза, мусаффо, зангор.

Далалардан ўтасан танҳо,
Боғлар сенга очади кучоқ.
Сен-чи, бўлиб гулга маҳлиё,
Тиканларга босмагин оёқ,
Далалардан ўтганда танҳо.

Шитирлар, йўқ, шивирлар барглар,
Нафис, гўё Саъдий ғазали.
Кўзларингга кўкнинг гўзали —
Олтин ойдан ёғилади зар.
Нафис, гўё Саъдий ғазали.

Дил кўшиғин басталар пари,
Най сасидек майин, дилрабо.
Оғушига олса ул барно,
Кетар дилдан ғам, ҳижрон нари,
Най куйлайди майин, дилрабо.

Мана, узоқ кезиб пиёда
Чарчаганнинг эзгу матлаби:
Эсар салқин, хушбўй шаббода,
Шимиради қақраган лабим,
Эсар салқин, хушбўй шаббода.


* * *

Ой юзида тилларанг жило,
Самбитгулдан таралар хуш бўй,
Кезмоқ на соз, қувноқ ва хушбўй
Мовий ўлка сукути аро.

Йироқларда Бағдод. Бир замон
Шаҳризода яшаган диёр.
Ул санамга энди не даркор,
Хазон бўлмиш жаннат гулистон.

Ул шарпалар сингмишдир ерга,
Дев, парилар бўлмишдир тупроқ,
Бош эгма, эй сайёҳ, қабрга,
Арвоҳларга солмагин қулоқ.

Атрофга боқ, канчалар баркут!
Дудоғингни тортар чечаклар.
Душманга ҳам дўстлик қўлин тут,
Ёруғ бўлсин кўнглим, десанг гар.

Ўйна, сендан не қолур ўлсанг,
Висол айлаб ишқ болига тўй,
Ўликларга сиғинмоқ бўлсанг,
Тирикларни ўз ҳолига қўй.

Шундай деган Шаҳризода ҳам,
Барглар айтар яна бир бора.
Бу дунёда армонсиз одам
Бечоралар ичра бечора.


* * *

Хуросонда бир дарбоза бор,
Остонаси гулга кўмилган.
Унда яшар бир пари рухсор,
Хуросонда бир дарбоза бор,
Ҳайҳот, уни очолмадим ман.

Қўлларимда куч ҳам етарли,
Сочларимдан олтин ранг олган.
Асир этди мени ул пари,
Қўлда гарчи кучим етарли,
Ул эшикни очолмадим ман.

Мардлигим не ишк майдонида,
Айтинг, кимга қилай шарҳи ғам,
Севмас бўлса Шаҳи жонидан,
Ул эшикни очолмас бўлсам,
Мардлигим не ишқ майдонида?!

Яна тушди Русь сари йўлим,
Эрон, сендан кетгумми ҳали?
Наҳот, сени боз кўрмас бўлдим
Она юртга меҳрим туфайли?
Яна тушди Русь сари йўлим.

Хайр энди, хайр, паризод!
Дарбозангни очолмасам-да,
Ширинг ғаминг бирла умрбод
Куйлаб ўтай сени ўлкамда.
Хайр энди, хайр, паризод!


* * *

Фирдавсийнинг мовий диёри,
Кўпни кўрган, эй кўҳна диёр!
Ўйчан нигоҳ, кўзи зангори
Ўрусингни унутма зинҳор!
Фирдавсийнинг мовий диёри.

Ажойибсан, гўзалсан, Эрон,
Боғларингда лолаю наргиз,
Улар менга олис, бепоён.
Бир ўлкани эслатар ҳар кез.
Ажойибсан, гўзалсан, Эрон.

Сипқорурман энг сўнгги бора
Шароб янглиғ мушкин бўйингни,
Жоним Шаҳи, дилбар куйингни
Айриларкан сендан, не чора,
Тинглагайман энг сўнгги бора!

Куйинг мангу қалбимда қолар,
Сени асло унутмам, жонон!
Тоғлар ошиб, кезиб саҳролар,
Сен ҳақингда куйлайман достон,
Куйинг мангу қалбимда қолар.

Ғамларингдан қўрқмасман сира,
Фақат мени сакла ёдингда,
Русь ҳақида бир куй қолдирай,
Мени эсла куйлар онингда,
Қўшиқ бўлиб яшай ёнингда.


* * *

Шоир бўлмоқ — бу-ку тайин гап —
Ўз жонингни ўртамок фақат.
Ханжар уриб нозик танингга,
Ўзгаларга бахш этмок лаззат.

Шоир бўлиш — борлиқни куйлаш,
Сенга кўпроқ бўлсин деб ошкор.
Булбул кўнгли бўларми ҳеч ғаш,
Қилар экан бир куйни такрор?!

Ўзгаларнинг овози билан
Тўтиқуш ҳам бийрондир, аммо
Куйла фақат ўз созинг билан
Қурбакадек бўлса ҳам ҳатто.

Қуръонда манъ этмиш Муҳаммад
Лаб урма деб ҳатто шаробга.
Шоир ичар шунинг-чун ҳам май,
Ташлар экан ўзни азобга.

Шоир келиб ёри олдига
Ёт қўйнида кўрса уни гар,
Ўт солса-да алам қалбига,
Қиз кўксига урмайди ханжар, —

Рашкда ёниб, кўнглида туғён,
Мунгли куйлаб ташлайди қадам:
«Майли, ўлай хору саргардон,
Тақдиримда бор экан бу ҳам».


* * *

Бир жуфт окқуш жонон қўллари
Шўнғир олтин сочларим аро.
Бу дунёда одамлар бари
Ишқни куйлар такрор ва такрор.

Куйлаганман мен ҳам бир маҳал,
Букун яна такрорлар кўнгил.
Оташ сўзим боиси ўшал,
Нафис шеърим сабаби ҳам ул.

Жон-жонингга сингса муҳаббат,
Қалб кўксингда олтин тош бўлур,
Бахш этолмай куйга ҳарорат,
Теҳрон узра ой ҳам фош бўлур.

Қандай яшай энди, билмайман,
Ё Шаҳи-ла кечсин тунларим.
Қариганда ё килай армон
Ишқни куйлаб ўтган кунларим.

Ҳар кимда бир ўзгача эъзоз,
Ҳар кимда бир ўзгача ҳавас.
Гар эроний куйлолмаса соз,
Билингки, у шерозлик эмас.

Мен ҳакимда айтинг, кимки бу
Куйим тинглаб мени сўрса гар,
У бундан ҳам соз куйларди-ю,
Хароб килди ўшал оққушлар.


* * *

Нечун маъюс таратар зиё
Ой Хуросон чаманларига?
Русь бағрида кезаман гўё
Чўмиб оқшом туманларига.

Шундай дея, эй гўзал Лаълим,
Шамшодлардан сўрадим савол.
Бу сир бизга эмасдир маълум,
Деган каби бокди улар лол.

«Не учун ой маъюс сочар нур?»
Чечакларни тутдим сўроққа".
Улар деди: гулдан сўраб кўр
Саҳар пайти кирганда боққа.

Гул тебратди аста шохини,
Тилга кириб сўйлади гулбарг:
«Ўзга билан бўлди Шаҳина,
Ўпди бу кеч ағёрни дилбар».

Деди ёринг:«Кайдан билар рус,
Қўшиқ унга ҳам тану ҳам жон».
Шунинг учун ой бокар маъюс,
Шунинг учун юзида йўқ кон.

Не жафолар кўрмади олам,
Хиёнату кўз ёшдан хунлар.
Лекин, майли, ҳар на бўлса ҳам,
Мўътабардир нафармон тунлар.


* * *

Талпинма кўп, девона кўнгил,
Барчамиздан юз ўгирмиш бахт.
Шафкат тилар гадолар фақат...
Талпинма кўп, девона кўнгил.

Фусункор ой кийиб зар либос,
Шуъла тўкар каштанлар узра.
Қўйиб Лаълим сийнасига бош,
Ниқобини тортаман юзга.
Талпинма кўп, девона кўнгил.

Биз барчамиз гўдакмиз бир оз.
Гоҳ кўзда ёш, гоҳ лабда кулгу.
Бўлмиш ушбу дунёда мерос
Одамларга шодлик ва қайғу,
Талпинма кўп, девона кўнгил.

Кўрганман кўп элатларни мен,
Толе излаб кезганман жаҳон.
Юрагимнинг эзгу истагин
Энди ортиқ қидирмам сарсон,
Талпинма кўп, девона кўнгил.

Умидим бор ҳаётдан ҳали,
Тугамаган кўнглимда бардош,
Кел, бир нафас ором ол, қалбим,
Ухла, қўйиб ёр кўксига бош,
Умидим бор ҳаётдан ҳали.

Зора тақдир бошимиз силаб,
Саодатга ёр этса бизни,
Толе булбул овози билан
Аллаласа пок севгимизни.
Талпинма кўп, девона кўнгил.


КАЧАЛОВНИНГ ИТИГА

Кел, Джим, узат панжангни менга,
Момик панжанг бунчалар майин.
Мен ҳам бу кеч кўшилиб сенга
Ойга боқиб нола килайин,
Кел, Джим, узат панжангни менга.

Фақат, дўстим, кўп эркаланма,
Ҳолатимни тушунгин, ахир.
Сен билмайсан, яшамок нима,
Бу хаётнинг маъноси надир.

Хўжайининг машҳур ва ҳотам,
Кўп йўқлашар дўсту ёронлар.
Улуғ мезбон кўнгли учун ҳам
Сийлашади сени меҳмонлар.

Ит ҳолингга ғоят сулувсан,
Одамдан ҳеч кетмайсан нари.
Сўрмай-нетмай ўпмок бўлурсан
Кайфи ошган дўстлар сингари.

Меҳмонларинг кўп жуда, сонсиз,
Бир-бирига ўхшамас албат.
Мабодо бир ўйчан, маъюс қиз
Шу томонга ўтмадими, айт?

У албатта келади бир кун,
Остонангдан ўтганда дилдор,
Менинг бор-йўқ гуноҳим учун
Қўлларин ўп, йиғлаю ёлвор.


* * *

Энди қайтмам уйимга
Мен элкезар девона.
Кўз тикибдир йўлимга
Кўм-кўк ўтлоқ ягона.

Унда мени соғинган
Фақатгина қичитқон,
Боши қуйи солинган
Чучмўмаи нафармон.

Ой тепамда юксакдир,
Шапка отсам етмайди.
Кўшиқ асли юракдир,
Туғилади — йитмайди.

Уйга умр сўнгида
Биз қайтамиз турфаҳол,
Вужуд титроқ қўйнида,
Ярим мурда, ярим шол.

Сенинг учун, эй одам,
Қўҳна макол айтади:
«Улар чоғи итлар ҳам
Ўз уйига қайтади».


* * *

Синглим ШУРАга

Бу дунёда мен бир йўловчи,
Шодон менга кўл силки, эркам.
Худди шундай тинч, эркаловчи
Зиё тўкар куз фасли ой ҳам.

Исинарман ойнинг тафтига,
Илк бор ундан ором олар жон.
Аллақачон сўнган севгига
Умид боғлаб яшайман ҳамон.

Бунга боис — шу маконимиз,
Шу ер — оппоқ, шўр манглай турбат,
Қайлардадир топталган номус,
Кимлардадир қадрдон ғурбат.

Яширмайман, ҳар ким ҳам билар:
Бошка-бошқа эмас, жон сингил,
Иккимиз ҳам бир севги билан
Шу ватанга кўйганмиз кўнгил.


* * *

Далалар оқ кийган, оқарган ой ҳам,
Кафанга ўралиб ётибди ўлкам.
Ўрмонларда йиғлар ок кайинлар жим,
Бу ерда ким ўлган? Балки мен ўзим?.


* * *

Шоир, тун қўйнидан нима изладинг,
Чикдингми ойга шеър битмоқ ўйида!
Кўпдан хира тортмиш менинг кўзларим
Муҳаббат, картаю шароб кўйида.

Кўк узра сузади сокин оймома,
Шунчалар ойдинки, тинади нигоҳ.
Мен топпон хотинга тиккандим, аммо
Шўримга туз қарға чиқибди, э воҳ!


* * *

Хайр энди, хайр, дўстгинам,
Бағримдасан, кўнгил малҳами.
Муқаррар бу айрилиқнинг ҳам
Висоли бир олдинда ҳали.

Хайр, дўстим, сўзга очма лаб,
Қўй, мен учун ўртама бағир,
Бу ҳаётда ўлмоқ-ку бор гап,
Яшамоқ ҳам янгимас, ахир!


Михаил Светлов

ТИРИК ҚАҲРАМОНЛАР

Шафқатни билмаган
Кокилдор Тарас,
Эшитилар менга
Кечалар, ҳайҳот! —
Эшик орқасидан
Даҳшат тўла сас:
«Андрий! Сенга мен бергандим ҳаёт!...»
Гўзал панна турар,
Юзида йўқ қон.
Шамолда ўйнайди ўрим сочлари.
Ўқ тешган Андрий
Қулар ногаҳон
Бўронда йиқилган қайин сингари.
Полтава устида
Сузар ярим тун,
Мана у, боғ ичра кезар рўдапо.
Бу кеч
Россияга қарши яширин
Юриш ўйламоқда сотқин Мазепо.
Кочубей туткунда,
Қоронғу зиндон.
Қочишни ўтказар маҳбус кўнгилдан.
Тонг билан Кочубей
Қатл этилган он
Евгений Онегин турди ўриндан.
«Печорин! О, даҳшат!
Атроф зим-зиё.
Шубҳа ўртамоқда, дўстим, дилни кўп».
Қимор ўйнар экан Достоевский,
Кампирларни бўғар
Шум Раскольников.
Жимгина пирпираб
Сўнар юлдузлар,
Тонг отиб келмоқда қуюқ тумандан.
Паровоз қўзғалди,
Титради излар,
Анна Каренина айрилди жондан.
Ўртоқ классиклар!
Энди шуми иш!
Бари каҳрамонлар йитиб кетмоқда!
Наҳот, ниятингиз
Фақат ўлдириш —
Дуэль,
Поезд йўли
Ва ё сиртмоқда!
Роман ёзмоқчиман ўзим,
Каттакон!
Китобининг биринчи бетидан бошлаб,
Ҳунар ўрганади
Ҳар бир каҳрамон,
Мен ҳам ўрганаман ғафлатни ташлаб.
Руҳий азобларга бўлсаю таслим,
Қаҳрамон зерикиб қолса бирор кеч,
Паровоз остига
Ташлайман ўзим,
Аммо қаҳрамоним ташламайман ҳеч.
Бу ёруғ дунёдан
Кўз юмсам агар,
Тобутум ортидан
Изтироб-ла жим —
Мени сўнгги йўлга кузатиб борар
Мен қутқариб қолган каҳрамонларим.
Қабрим тепасида
Тўхтаган йўлчи
Сўрайди:
— Ўлган ким? Сўйла, биродар!
Қаҳрамонлар айтар:
— Светлов ўлди!
Ҳакиқий ёзувчи эди у одам!


РУМОЛИК ЙИГИТ

Тупрокда ётипти румолик йигит,
Кўксида бенакшин, оддий кора бут.
Муштипар онанинг ёлғиз ўғлони,
Мусофир ўлкада узилган жони.

Неапол шаҳрида ўсган азамат,
Нима излаб келдинг Россияга, айт?
Ўз она тупроғинг, гўзал юртинг бор,
Нетарди, элингда бўлсанг бахтиёр?!

Мен сени Моздокда ўлдирган одам —
Вулконли юртингни ғоят севардим.
Бепоён Волгада шавқ ичра бир дам
Енгил гондолада сузмок истардим.

Ва лекин мен, ахир милтик кўтариб
Сенинг диёрингга йўл олганим йўқ!
Рафаэль кадами теккан ер узра
Учиб ўтгани йўқ мен отган бу ўқ!

Мен ўз тупроғимда ўк уздим, бу ер
Мени ардоқлаган кутлуғ, эзгу ер!
Бу ўлка ҳақида айтилган эртак
Таржимада шундай чикмаса керак.

Менинг Ўрта Доним, қўнғир тупроғим
Ўрганган эдими чет эллик олим?
Мунисам Россия, Россиям ерин
Е сен ҳайдаб эккан эдингми экин?

Сени келтирдилар поездга ортиб
Ўзгалар ерини олмоққа тортиб.
Токи сен кўксингга таққан бу салиб
Мозоринг устида турсин юксалиб...

Йўк! Қилич кўтариб, ҳеч инсон ҳеч вакт
Менинг диёримга қўёлмас оёқ.
Ўқ уздим — дунёда йўқдир адолат
Душманга мен узган ўқдан одилроқ.

Мусофир ўлкада букун жон берди
Муштипар онанинг ёлғиз ўғлони.
Жонсиз кўзларида акс этиб турди
Гўзал Неаполнинг зангор осмони.


Александр Твардовский

СЎЗ ҲАҚИДА СЎЗ

Ёнса қалбда зўр бир эҳтирос,
Туғён қилса шодлик ё алам,
Таажжубким, туйғуларга мос —
Сўз тополмай колади одам.

Сўз кўп — инсон кураш, меҳнатин
Баёнига етар ифода.
Сўз йўқотгай аммо кимматин
Такрор бўлса ҳаддан зиёда.

Сўзлар борким, йўлларда чароқ,
Шулар билан ёруғ ҳаётинг.
Билки, улар қадрин туширмоқ
Жиноятга, хиёнатга тенг.

Шу боис ҳам, эй она диёр,
Утинаман, маъзур тут мени,
Гарчи дилда сўзларим бисёр,
Мақтамадим бари-ла сени.

Сен сўз эмас, меҳнат билан шан, —
Шу сабабдан мен ҳам доимо
Баландпарвоз сўздан қўрқаман,
Нопокликдан кўрккандай гўё.

Қурук манман эмас, ҳар қалай
Бир шоирман ўзимдан огоҳ.
Мадҳинг бўлса ҳар қанча қилай,
Лекин фақат бўлмайин маддоҳ.

Сенга боқар меҳр ила башар,
Шуҳратингдан ҳайратда олам.
Ялтирок сўз уятга кўяр
Тириклару ўликларни ҳам.

Улар кўз-кўз қилиб зоҳирин,
Муздек бориб тегар юракка.
Эртак янглиғ ҳаёт тасвирин
Айлантирар ёлғон чўпчакка.

Сўз — бу менинг оши ҳалолим,
Сўз мен учун нондай мукаддас.
Шунинг учун бас, дейман доим,
Қутлуғ сўзни исроф қилмок бас.

Сўз-ку ахир ақлларга тож,
Юракларга оташ — сўз, ахир.
Олам аро бўлмасин торож
Жавоҳирлар ичра жавоҳир.

Сочманг ерга нукрани қумдек,
Совурманглар уни ҳавода.
Сўз ҳам худди ҳакиқий сўмдек
Юрсин фақат олтин баҳода.


ШЕЪРИМ

Барча орзу муяссар бўлиб,
Етсам дейман бир ниятга ҳам.
Мен шеъримни уй-жойлик қилиб,
Рўйхатлардан ўтказиб кўйсам.

Қидирганнинг бўлса кўнгли тўқ,
Демасалар — чиқиб дафъатан:
— Танимаймиз, бунака зот йўқ,
Сўраб кўринг бошқа кўчадан.

Бўлса дейман у барчага ёр,
Барча жавоб берса баробар:
— Бўлмасам-чи, таниймиз, у бор,
Ҳа, шу ерлик, бизга биродар.

Чоллар деса, — кўпдан билганмиз,
Яқин дўстмиз, кўҳна қадрдон,
Биз у билан жангда бўлганмиз,
Берлингача бордик ёнма-ён.

Болалар ҳам уни эшитиб
Югуришиб келсалар эди.
— Ҳа, таниймиз, ҳатто ёд этиб
Айтишамиз, — десалар эди.

Эъзоз билан демасман, бироқ
Меҳр билан очсалар бағир:
— Ҳа, шу ерда. Бўлганда қандоқ,
Усиз яшаб бўлурми, ахир!

Шунда қолмас эди армоним,
Тўқ бўларди кўнглим, албатта.
Ишонч билан шунда ўзим ҳам
Борман дердим элда рўйхатда.


СЕН ВА МЕН

Сен кеч турдинг, ланжсан, сенга
Олам зимистон.
Мен тонг билан турдим, менга
Борлиқ нурафшон.

Сен уйқуга тўймагансан,
Тажанг, ғазабнок.
Мен шодонман, кўнглим равшан,
Жисму дилим пок.

Куч бўлсин деб тонгни қилдим
Мен кўксимга жо.
Мана кемам — иш столим,
Мен дарға гўё.

Сенга олам гўзаллиги
Тамом бегона.
Сенга ошно тушкунлигу
Ғашлик ягона.

Сенинг учун ёмон ҳамма,
Ҳатто ўзинг ҳам.
Дейсан, хоҳ ёз, хоҳи ёзма,
Ўтар бу олам.

Каён боқсанг фақат танглик
Кўради кўзинг.
Сен кимдурсан? Минг аттангки,
Сен — менинг ўзим.

Сенинг барча феъл-атворинг
Менда бўлмиш жам.
Хайриятки, бутун борим —
Сенмас ҳали ҳам.

Мен — сен билан мен эмасман,
Ичаман қасам.
Мен — менман, то сени ўздан
Олиб ташласам.


ТИРИКЛИК ҲАҚИДА

Қизиқмасман шуҳратга ортик,
Давлатга ҳам қилмасман ҳавас.
Фақат тонгги алвон шафақдан
Бир бўлаги менга бўлса, бас.

Болаликнинг илк хотираси,
Буғдой унган замин нафаси,
Май ёмғири ювган қайинзор —
Бир бўлаги мен учун даркор.

Уфққача мавжланиб ётган —
Кўк денгизнинг сокин бўйлари,
Ўтли даврон, ўтли ёшликнинг
Утли қўшиқ, ўтли куйлари.

Толедан ҳам, фалокатдан ҳам
Бир бўлаги мен учун бўлсин.
Токи нима ҳис килса одам
Юрагимга келиб қуйилсин,

Оламда не дард бор, қувонч бор —
Барчасини кўрсин ўз кўзим.
То сўнгги дам айтайин, ҳалол
Аравамни тортганман ўзим.


Муҳаммад Иқбол
(Ҳиндистон)

ИШҚ ВА ЎЛИМ

Гўзал эди олам яралган чоғи,
Гўзал эди чиндан борлиқ кучоғи.

Қуёшнинг бошида олтин тож эди,
Ой кумуш шуъладан боривож эди.

Тун эгнида эди тим қора мато,
Шамдек нур сочарди Миррих ва Зуҳро.

Дарахтлар чулғаниб зумрад япроққа,
Кўклам нафасини уриб тупроққа,

Фаришталар берди шабнамга кўз ёш,
Гуллар чехрасида кулки бўлди фош.

Ҳурларнинг сочидек тим қора булут
Кўк сайрига чиқди — йўли бехудуд.

Ғунча хомуш, булбул сернаво бўлди,
Шоир юрагига дард ато бўлди.

Шунда замин деди — мен ўзим осмон,
Макон нидо қилди — менман ломакон.

Хуллас, ҳоким эди ерда ободлик,
Ҳаёт ҳам мужассам кулгу ва шодлик.

Мангулик шуъласи ёритиб юзин,
Малаклар парвозда синарди ўзин.

Ишқ деб аталарди уларнинг бири,
Доимо эзгулик эди тадбири.

Изтироб ва нурнинг тимсоли эди,
Бадбинлик, макрдан у холи эди.

Бир кун у гулшанда учарди якка,
Учраб қолди ўлим отли малакка.

Сўради: «Сен кимсан, недир касб-коринг,
Бунчалар даҳшатли турку атворинг?»

Улим жавоб берди: «Номим ажалдир,
Мени ато қилган тақдир азалдир.

Тириклик либосин пора қилурман,
Борлиқ рўзгорини қора қилурман.

Менинг кўзларимда адам жодуси,
Йўкликдан хабардир унинг ёғдуси.

Ва лекин оламда бордир шундай куч,
Унинг оти ишкдур — келолмайман дуч.

Даҳшат солур менга ўша куч фақат,
Унинг кўзларида нури ҳидоят.

У гоҳи кўзлардан ёш бўлиб оқур,
Аммо тирикликка бу кўзёш зарур».

Ишқ тинглаб бу сўзни кулди. Бу кулгу
Лаҳзалик чақмоқдек таратди ёғду.

Ўлимнинг юзига тушди-ю бу нур
Уни пора қилди. Барҳаёт, мағрур

Ишқ олдида ўлим тору мор бўлди,
Ўлим ўлди, севги баркарор бўлди.


АЛИГАРҲЛИК ТАЛАБАЛАРГА

Турли пайғомлар бўлур, мен битгучи хатдир бўлак,
Меҳрлар кўп, лек ватанга чин муҳаббатдир бўлак.

Сен кафаснинг банди бўлган қуш овозин тингладинг,
Лекин озод қуш наво килганда лаззатдир бўлак.

Қорли тоғлар бу ҳаёт маъноси сркинлик, деса,
Камтарин мўр айтадурким: завки меҳнатдир бўлак.

Телба анжумлар хиромида не килгай жозиба,
Ярқирок сурат бўлакча, лек ғайратдир бўлак.

Кимки маҳрумдир ҳаёт завкидан, ул марҳум эрур,
Чархи гардундир бўлак, жоми саодатдир бўлак.

Шамъи субҳ айтур: ёнишдур бу ҳаётнинг лаззати,
Ишк ўтида ёнса дил, роҳи ҳидоятдир бўлак.

Дайр аро хум оғзига кўйгин калисо ғиштини,
Ким шароби ишк кетурган чин камолатдир бўлак.


ЯНГИ ИБОДАТХОНА

Эй бараҳман, сенга бир сўз айтгали дил ёнадур,
Турфаҳол бўлмиш санамлар, бутларинг вайронадур.

Сен мусулмонларни ҳиндуга ракиб деб сўйладинг,
Бизга воизлар ҳам айтмиш: ҳинду ёв, бегонадур.

Токатим ток бўлди, кечдим икки маслакдин тамом,
Менга на масжиддур ошно, на ибодатхонадур.

Тош санамлардин, жарангдор ваъздин не наф менга,
Жоним ўлкам зарра тупроғи асл дурдонадур.

Кел, биродар, ўртадин ол шармисорлик пардасин,
Икки миллат асли бир мақсаддадир, дўстонадур.

Уйғотиб уйкуда ётган бу кўнгуллар мулкини,
Бир ибодатхона кургаймиз, деманг афсонадур.

У жаҳонда тенгсиз ўлгай, комати тоғдай баланд,
Гумбази мовий самонинг гумбазидек ёнадур.

Бир ажойиб куй таралсин ҳар томон тонг чоғида,
Куй эмас — бу ишк шароби, эл дили — паймонадур.

Тинчлигу кудрат бўлур ушбу ибодатда абад,
Лек нажот касрига бирлик ҳам меҳр остонадур.


ГЎЗАЛЛИК МОҲИЯТИ

Бир кун тангрига шундоқ савол қилди гўзаллик:
«Нега мени этмадинг мангулик ва азаллик?»

У шундай жавоб берди: «Олам бир суратхона,
Тун билан кун бўлмаса — ҳаёт ўзи афсона.

Борлиқ ахир ҳар лаҳза ўзгаришдан иборат,
Одамзодни банд этар — неки бўлса омонат».

Ой бу сўзни тинглагач, ғамгин бўлди, бўзлади,
Уз дардини тонготар юлдузига сўзлади.

Зуҳро тонгга сўйлади, тонг сўйлади шабнамга,
Бу нидодан ғамгинлик, сукут чўкди оламга.

Гул ёқасин чок этиб, аста эгди бошини,
Ғунча бағри қон бўлди, шабнам тўкди ёшини.

Чаманларни тарк этди армон билан гул кўклам,
Кетди гулшанга шодлик излаб келган ёшлик ҳам.


Улфат
(Афғонистон)

РУБОИЙЛАР

Яхши одам бўлса ёмонга улфат,
Ўшал даврага мос касб этар одат.
Инсоний фазилат ўрнини аста
Эгаллай бошлайди ҳайвоний хислат.

* * *

Дер қирғоқда ётган бир синиқ сопол:
Мен лой эдим, кўза ясади кулол.
Бир гўдак тош уриб синдирди, мени
Кўтариб келарди бир соҳибжамол.

* * *

Балиқ дер: ҳаётнинг боши дарёда,
Самандар дер: борлиқ — ўтда ифода.
Қушлар дер: тириклик фақат ҳавода,
Ҳақиқат бормикин, дўстлар, дунёда?

* * *

Атрофда сукунат эди ҳукмрон,
Ҳатто гўдаклар ҳам қилмасди сурон.
Ногоҳ бир девона пайдо бўлдию
Шодлик ва хандага тўлди ҳар томон.

* * *

Тўти сўйласа ҳам қанчалик бийрон,
Одам эмаслиги барчага аён.
Одамнинг одамлик фазли бўлмаса,
Сўзлашига қараб санама инсон.

* * *

Шамда ёнмас эса, парвонами ул,
Гул деб ўртанмаса, ул нечук булбул?
Бир синиқ кўнгилни кўриб ўзи хам
Шикаста бўлмаса, у кандай кўнгил?

* * *

Кулфатдан кўркмагай сабрли одам,
Боладек бесабаб севинмагай ҳам.
Сабрсиз кишининг бўлмас меъёри —
Шодмон бўлганда ҳам, чекканда ҳам ғам.

* * *

Қайнар кўзгу каби мусаффо чашма,
Кўзалар сўзлашар. Бири дер: ошна,
Биз-ку сув ичамиз чанқамасак ҳам,
Қандок бўлур экан сув ичса ташна!

* * *

Юрак кулбасида яшар муҳаббат,
Бошни макон этмиш ақл ва фикрат.
Баланд қасрлардан ақл изла-ю
Ва лекин муҳаббат излама фақат.

* * *

Гул рангин мақтайди булбул доимо,
Гул бўйин ардоқлар тонг эсган сабо.
Рангу бўй савдоси тушиб бўлдилар:
Сабо саргардону булбул сернаво.


Сильва Капутикян
(Арманистон)

КЎРНИНГ ТУШИ

Кўр туш кўрар — кўнглида лаззат,
Лабларида кулгу нишони.
Эл уйқуда, у эса фақат
Тунда кўрар ёруғ дунёни.

Боқар, қандай мовий бу само,
Қандай ёруғ, қандай кенг жаҳон.
Қаён боқса, ўзгача жило,
Қаён боқса, гўзаллик пинҳон.

Ҳар хуш бўйнинг бор ўзга туси,
Ҳар ён майса, ҳар ён гул-чечак.
Мана унинг болалик дўсти,
Кеча эди сочи жамалак...

Қиз туради дарё лабида,
Пастда тўлиб оқар юлдузлар.
Йиллар оша келмиш у бунда,
Йўллар юриб кеча-кундузлар...

Кўр туш кўрар, боқар ҳаётга
Ол этгунча шафақ самони!
Тўхта, қуёш, уни уйғотма,
Кўзларидан олма зиёни.


ЎҒЛИМГА

Сен аълочи эмассан, ўғлим,
Мақтовлар кўп ёғилмас сенга.
Оналар ҳам орзуманд бўлиб,
Ҳавас билан боқишмас менга.

Бувинг куяр, билмайсан қўним,
Тўп қувганинг қувган, деб, фақат.
Тақиллатар эшикни қўшним
Қилмоқ учун сендан шикоят.

Лекин, гоҳ дард чексам ёнимда
Ўтирасан ўйинни қўйиб,
Эркаланиб хушнуд онимда,
Ғамгин бўлсам, боқасан куйиб.

Сенга совға этилган кандни
Кўраркансан дўстинг-ла баҳам,
Жанжалларда ожиз — дардмандни
Оларкансан қанотга ҳар дам, —

Ҳавас билан қарадим сенга,
Таҳсин ўқиб, қошингда турдим.
Уриб турган ёниқ кўксингда
Булокдай соф қалбингни кўрдим.

Балки олим бўлмассан, болам,
Сендан чиқмас шоир ҳам, бироқ —
Юлдуз бўлиб порламасанг ҳам,
Майли, бўлгин йўлларда чироқ!
Болагинам, одам бўл, одам!..


* * *

Севги сирин билмоқ бўлдим,
уриндим, аммо била олмадим.
Севган кўнгил шоҳ бўлурми
ва ёки гадо — била олмадим.
Сени севдим, аммо кўнглинг маъюс,
беором, ўйларинг пинҳон.
Сени шайдо айладимми,
ё ўзим шайдо, била олмадим.


* * *

Сен менинг севгим эдинг,
Севгим ҳамон сенсан ўзинг.
Қалбга ошно бўлса ким — бу,
Бегумон, сенсан ўзинг.

Майли, бизни бир-бировдан
Айламиш тақдир жудо,
Ўзгани севсанг-да лекин,
Дилситон сенсан ўзинг.

Майли, сен бирла эмасман,
Чорламасман ҳеч сени,
Борлиғим банд айлаган
Жисмимда жон сенсан ўзинг.

Мен ҳам ўзга бирладурман, —
Йўк, бу осон бўлмади,
Барибир қалбимда ошкору
Ниҳон сенсан ўзинг.

Ерга ёмғир жон берур, сен
Мен учун оби ҳаёт,
Яшнаган боғим-баҳорим
Ҳар замон сенсан ўзинг.


ВАТАН СЕВГИСИ

Она меҳри мисли бир кўклам,
Бўстон этар кўнгиллар боғин.
Аммо, ахир, типратикон ҳам
Уз боласин дейди юмшоғим.

Ишқ бир оташ севган дилларга,
Ҳижрон енгар қалб бардошини.
Аммо жуфтин йўқотса агар,
Кабутар ҳам эгар бошини.

Бир севги бор, лекин дунёда,
Табиатда топилмайди ул.
Барча ишкдан эрур зиёда
Она юртга кўйилган кўнгил.

Инсон юрган ошиб довонлар
Шу муҳаббат чўққиси сари...
Бу ишқ учун неча замонлар
Олам кезган ер ўғлонлари.


Геворг Эмин
(Арманистон)

КЕЛАЖАККА

Менга сендан ўрганмоқ керак,
Яшамокни ўргат, келажак.
Бергин менга тинчимас юрак,
Мушкул чоғда қилгин мард эркак,
Курашларда — уйғоқ ва сергак,
Бу дунёда этма хотиржам.

Манманликка бўлмайин ҳамдам,
Изламайин шон-шуҳратни ҳам.
Севдим! — демай — севмай чинакам,
Баҳор! — демай — келмасдан кўклам,
Етдим! — демай — қўймасдан қадам.
Бахтиёрман! — деб қилмай садо.

Оқни оқ дей, қарони қаро,
Тан берайин қилганда хато,
Тузатганда кутмай тасанно,
Тасаннодан касб этмай ҳаво,
Ҳеч ерда ҳеч кермайин кўкрак,
Шуни менга ўргат, келажак!


Гарсиа Лорка ҳақида шеърлар

1. ФАРЁД

Рақибларим — ул ёвуз, каро
Кушларда айб йўқдир мутлақо.
Тангрим, қўшиқ бериб тилимга,
Нега қўйдинг қузғунлар аро?

Сен-ку мени яратдинг оққуш.
Зоғлар ичра ташладинг бундоқ.
Бегона ранг уларга нохуш,
Бамисоли бегона байроқ.

Тангрим, мени талатдинг ёмон.
Ҳолсиз қолдим, борлиқ таним хун.
Не қасдинг бор — йиқилганим он
Илонзорга ташладинг нечун?

Сенга аён ахир, парранда
Ҳашоратдан бўлгандир бунёд.
Шу боисдан зоти дарранда
Қанотликка кушанда, жаллод.

Улар асли тубандан тубан,
Ожиздан ҳам ожиздир, бироқ —
Ўша ожиз тубанлик билан
У манфурлар мендан кучлироқ.

Уларда бор қасоскор ҳасад,
Наво қилмас ва парвоз қилмас.
Куйламаган, учмаган жасад
Ҳайиқмайди, чунки йиқилмас.

Рақибларим — ул ёвуз, қаро
Қушларда айб йўқдир мутлақо.
Тангрим, қўшиқ бериб тилимга
Нега қўйдинг қузғунлар аро?

Адо қилгач қузғунлар мени,
Илонзорга ташладинг нечун?

2. ТУШ

Даҳшатли туш кўрдим,
Бошимда йўқ ҳуш.
Душман ҳам кўрмасин
Бундок ёмон туш.

Бир оғир жундор кўл
Бўғзимдан тутди.
Бошка бир шундоқ кўл
Оғзим беркитди.

Хирқираб дод дедим,
У ёвуз одам
Томошабинларга
Деди хотиржам:

«Қани бу овозда
Нафосат, жаранг?
Яна шоир эмиш
Бу одам, қаранг!»

3. СЎНГГИ СЎЗ

Юрт, сен ёлғиз тупроқ, макон эмассан,
Ё миллий тарона, туғро ё байрок.
Испания, сени она демасман,
Сен жаллод кўлида бўлсанг ўйинчоқ.

Йўк, рози эмасман, мен учун Қайсар
Қайсардур, ҳеч қачон демасман олло.
Қолмасин мендан бир ном-нишон, асар,
Бўлганимдан кўра кўғирчок даҳо.

Йўқ, рози эмасман, сиз билан ҳеч вакт
Баҳс қилиб масала талашмайман ҳам.
Сизнинг қуролингиз ғазаб ва ҳасад,
Сиз — бўри зотидан, мен эсам одам.

Сўз айтмоққа сизга эмасман рози,
Чунки сўзингизда йўқдир ҳақикат.
Сизнинг гапингизни эшитмок ўзи
Сиз билан баробар қилмоқ жиноят.

Бу заҳар ҳаводан олмасман нафас,
Йўқ, рози эмасман зақкум фалакдан.
Замон ғалвирида адолат бўлмас,
У фарқ килабилмас донни кепакдан.

Золимлар, сиз учун нақадар лаззат
Шу лаҳза! Жисмимни тарк этар жоним.
Ҳаётимга нуқта қўйдим энди, бас,
Бозорга солмасин ҳеч кимса шоним.


Мухран Мачавариани
(Гуржистон)

ЧОРЛАШ

Кўз олдимга келар хаёлан:
Енгил ўтиб чақир тошлардан,
Бузоқ боқиб юрипти бола.
Унга дейман:
«Мухран, ҳой, Мухран!»

Овозимни эшитмайди у,
Қамчи ўйнаб борар беозор.
Мен-чи фурсат ҳиссидан айру,
«Мухран!» дея чорлайман такрор.

Чақираман йиллардан ошиб,
Ана, мени эшитиб шодон —
Гоҳ югуриб, гоҳ аста босиб
Кела бошлар у менга томон.

Кела бошлар кулгу ҳамдами,
Яқинлашган сари тобора —
Тетиклашиб борар кадами,
Кўз олдимда улғая борар.

Келар, ортда қолдириб замон,
Келар, ошиб довон, марзалар.
Аста-аста бўлар намоён
Лаб устида олтин сабзалар.

Қадамини ювади ёмғир,
Қадамига тўшалади қор.
У қувонар, ғам чекар оғир,
Май нўш этиб, сева бошлар ёр.

Яқин келди,
Менга разм солди,
Ана, бўлди ёнимда пайдо.
Шу пайт бирдан бола йўқолди,
Ўзим қолдим
хонада танҳо.


БАРАТАШВИЛИ МОНОЛОГИ

Мени зилдай эзар вужудим юки,
Қутула олсайдим мен ундан, ҳайҳот!
Уфқларга томон учолсам токи,
Мовий чексизликда ёзолсам қанот.

Мени эзмасайди вужудим агар,
Қийнамаса эди мушкул йўлимда,
Кўнглим юксаларди мисоли укпар,
Юксаларди қўшиқ шавқли дилимда.

— Лекин сен моддийсан, демак, йўқ илож,
Буюклигингни ким англар сенинг, ким?!
Кайда бўлсин сенга камолу ривож,
Азоб берар экан вужуди золим.

Даҳо бўлсанг ҳамки, кўшишинг бенаф,
Сўзларинг ҳавога учурлар бекор.
Улар сенга асло келтирмас шараф,
Келтирур тубанлик, алам ва озор.

— Айтгил, улуғлигинг кимгадир аён?
— Йўк, ҳеч кимса билмас,
Эл бундан ғофил.
— Ҳаёт сенга нелар килди армуғон?
— Ҳеч нарса, саробга интилди кўнгил.

Мен ҳаётдан яна нелар кутарман?
Тахтага қокилсам дейман саҳрода.
Ниятимга фақат шунда етарман,
Шунда топажакман шуҳрат дунёда.

Менга азоб берган, жонимга жаллод —
Вужудимдан шунда бўларман озод.


ШОИР

У дунёга келди-ю, аммо
Элга аён бўлмади бу ҳол.
Буюк даҳо бўлганин пайдо
Замин ҳатто қилмади хаёл.

Баҳор эди. Далада деҳқон
Куйлар эди кўкламга доир.
Жаҳонга сир қолди, не жаҳон —
Қишлоққа ҳам бўлмади аён
Яралгани оламга шоир.

Ном қўйдилар ўзларига боп,
Ўстирдилар. Сал қотгач тани —
Елкасига юкладилар қоп,
Юбордилар буғдой тортгани.

Аммо унга сўйлади барглар,
Ариқ бўлди ойдинда сўқмоқ,
Ҳилол унга кўкдан сочди зар,
Эртак бўлиб туюлди ўтлоқ.

Ииллар ўтди, вақт етиб бир кун
Унинг ўзи бўлмайин огоҳ —
Бамисоли гирдобу қуюн
Шоир юрак уйғонди ногоҳ.

Пайдо бўлди ишқ дилда илк дам —
Сурди дарча олдида хаёл.
Сўнг юракда шуъла сочган шам
Аста бўлди юксалиб ҳилол.

Сўнгра у ой бўлиб етилди.
Куёш бўлиб сочди яна нур.
Шоир олам сари отилди,
Тор кулбага сиғмай тафаккур.

Ўлмас руҳи унинг истарди —
Мангу бўлса у билан вужуд.
Аммо — тирик оламнинг дарди —
Вужуд умри эмас беҳудуд.

У кўзини юмди, ниҳоят,
Ҳамма каби йўл олди ерга.
Ўзгалардек уни ҳам қисмат
Олиб келди охир кабрга.

Шоир илк бор пайдо бўлган чоғ
Уни ҳатто билмаган олам,
(Гўё йўлда ўсган откулоқ
Не деб парво қилмаган олам) —

Энди шоир юмгач кўзини,
Ундан жонсиз тана қолганда,
Тирикларга ташлаб сўзини
Йўклик сари у йўл олганда —

Олам уни англади, билди,
Қалби билан ҳис қилди дунё.
Шундай, шоир оламга келди,
Шуҳрат топди бўлганда адо.


Андрей Малишко
(Украина)

* * *

Хоҳ койинг, хоҳ койиманг мени,
Ишим қолган ҳар нима билан.
Ишим қолган кўкда самолёт,
Ерда ҳатто бир нина билан.

Ишим қолган менга дахли йўқ
Даладаги трактор билан.
Милтикдаги отилмаган ўқ,
Кемадаги темир тўр билан.

Осмондаги сўнган, сўнмаган
Миллиард нафар йироқ юлдузлар —
Телескопли олимга эмас,
Бари менга дардини сўзлар.

Юрагимдан ўтадир тамом
Нимаики дард бор оламда.
Ер остида синалган атом
Портлар асли менинг хонамда.

Ошиқ олган бўса лабимда,
Кўнглимда у чеккан қайғулар.
Чўкиб ётар менинг қалбимда
Ушалмаган қанча орзулар.

Шунинг учун койиманг, дўстлар,
Ҳар нарсада ишим бор маним,
Шундан менда бу ҳассос кўзлар,
Шундан менинг куйиб ёнганим.


ҲАҚИҚАТ

Айтар эди бир замон онам:
— Ўсиб катта бўлурсан, ўғлон.
Окил бўлу мард бўл чинакам,
Бу икки иш эмасдир осон.

Оқил бўлгин. Сен бу ҳаётнинг
Кенг йўлию сўқмоғин ўрган.
Ҳам томчининг, ҳам коинотнинг
Чексизликда кезмоғин ўрган.

Ҳақиқат — бир, ҳақиқат — аччиқ,
Шундан доим балога дучор.
Сен мард бўлгин, сен унга очиқ
Ҳимоячи бўлгин устивор.

Керак бўлса ҳақиқат учун
Юрагингни парча-парча қил.
Керак бўлса ҳақиқат учун
Минг бор ўлиб, минг бора тирил.

Майли, сендан дўстларинг кечсин,
Сендан кечсин, майли, кондошлар.
Рози эдим мен берган жонни
Ҳақиқатга бахш этсанг агар.

Окил бўлу мард бўлгин, ўғлон,
Бу икки иш эмасдир осон.


ОНА

Ўт ичида тонг ёришар жим,
Ел тўзғитган тўзон эмас, кул.
— Бунда борми Иванко ўғлим?
— Пиёдалар ичидадир ул.

Она кезар дард ила танҳо,
Дард кўзлари кррасидадир.
— Бундамасми Иванко ўғлим?
— Танкчиларнинг орасидадир.

Она чопар, она оҳ тортар,
Ҳар кимга бир сўзни айтади:
— Қолмадими Иванко ортда?
— Йўқ, у зафар билан қайтади.

Ўғлон эса аллақачонлар
Бу оламдан бўлмиш равона.
Энди унга ётдир маконлар,
Замонлар ҳам энди бегона.

Энди зафар қўшиғин куйлаб
Тинч ҳаётнинг гаштини сурмас.
Энди она қишлоғи бўйлаб
Дўстлар билан қувониб юрмас.

Она эса кутади ҳамон,
Унга ошно ширин бир рўё.
Эрта тонгда келар-у ўғлон,
Деразани чертади гўё.


Расул Ҳамзатов
(Доғистон)

ОНА ТИЛИМ

Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да,
Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон.
Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида,
Тоғлар орасида ётибман бежон.

Узокда шарқираб сойлар оқмоқда,
Борликда бир ажиб дилбарлик ҳоким.
Мен эсам ўйлайман ётиб тупрокда:
Мана шу тупроққа қўшилар хоким.

Мен ўлиб ётибман, кимсасиз, унут,
Ҳеч кимса қайғурмас ва чекмас ёҳу.
Фақат чўққиларда қурқурар бургут,
Фақат водийларда инграйди оҳу.

Навқирон ёшимда бўлдим-ку адо,
Оташ юрагимни ўйди ахир ўқ.
На онам, на ёрим бермайди садо,
Дўст тугул, ҳаттоки йиғичи ҳам йўқ.

Фиғон отилади жонсиз бағримдан,
(Гўё фиғон бордек мурда дилида.)
Шу пайт икки киши ўтди наридан,
Қувнок суҳбат куриб авар тилида.

Мен-ку бу дунёдан кўз юмдим мангу,
Улар кулиб-кулиб сўзлашар борин;
Қандайдир Ҳасаннинг турфа ишию
Қандайдир Алининг шўх кирдикорин.

Авар сўзин тинглаб кирди менга жон,
Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:
Мени тузатолмас ҳеч дори-дармон,
Жонимга масихдир шу она тилим.

Майли, ким қай тилдан завку шавқ олса,
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.

Майли, қашшоқ бўлсин, майли, беҳашам,
Лекин менинг учун азиз ва суюк.
Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам,
Она тилим менга муқаддас, буюк.

Оташин Маҳмуднинг ёник шеърини,
Наҳот, таржимада ўқир авлодим?
Наҳот, мен аварнинг сўнгги шоири,
Шуми эди менинг эзгу муродим?!

Севаман ҳаётни, дунё кўркини,
Муҳаббатим чексиз барча эл учун.
Ҳаммасидан азиз она юртимни
Аварча куйладим етганча кучим.

Узоқ Сахалиндан Болтиққача то
Қалбимда кўраман ҳур Ватанимни,
Ҳар қайда қилайин унга жон фидо,
Лекин ўз юртимга кўйинг танимни.

Юртдошларим туриб қабрим олдида
Кўрсатсин аварнинг шоири шул деб.
Элим ёдга олсин она тилида
Ҳамзат Цадасанинг ўғли Расул деб.


* * *

Йўлга чиққан ҳар одам
Курук чикмас бегумон.
Нон олади, шароб ҳам.
Аммо, эй азиз меҳмон,
Тоғларга йўл тутсанг гар
Кел хуржунни тўлдирмай.
Тоғ дилбари нон ёпар,
Тоғ йигити тутар май.

Йўлга чиккан ҳар одам
Курук чикмас бегумон,
Олар ўткир ханжар ҳам.
Аммо, эй азиз меҳмон,
Ханжар тутма қўлингга.
Ханжар сенга на даркор?
Душман чиқса йўлингга,
Бил, тоғликда ханжар бор.

Йўлга чиккан ҳар  одам
Курук чиқмас бегумон,
Олар йўлга кўшиқ ҳам.
Эшит, азиз, эй меҳмон,
Соз қўшиққа бой бу эл,
Куйлар бизда кўп, аммо —
Қўшиғингни олиб кел,
Қўшик керак доимо.


ШОМИЛ

Яна ўртар мени эски жароҳат,
Яна юрагимни киймалар армон.
...У мен учун эди кўҳна ривоят,
У ҳакда овуллар сўйларди достон.

Кўнгил у эртакни кайда унутар,
Кечалар кўз юммай тинглардим тўлиб.
Ҳатто тоғлар узра сузган булутлар
Кўринарди Шомил лашкари бўлиб.

У бир кўшиқ эди. Уни гоҳида
Онам куйлар эди, эслайман ҳамон.
Онам бу қўшикни айтар чоғида
Ўйга чўмар эди кўзлари гирён.

Суратдан боқарди черкаска кийган,
Кўзида ўт ёнган суворий одам.
У чапақай эди. Чап қўли билан
Қилич дастасини тутганди маҳкам.

У суратдан боқиб кузатган эди
Иккита акамни мукаддас жангга.
Онам марвариду болдоғин берди
Унинг номи билан аталган танкка.

Ўлимидан аввал отам бечора
Унга бағишлади ажойиб достон,
Лекин Шомил номин қилдилар қора,
Ёғдирдилар марднинг шаънига бўҳтон.

Балки шу кўргулик бўлмаса, отам
Кўпрок яшармиди... мен ҳам айбдор.
Кўпнинг овозига жўр бўлиб мен ҳам
Шомилни шеър билан килгандим абгор.

Халқим эрки учун тоғлик еримда
Ёвларга беаёв бўлганди Шомил.
Болалик қилдим-у мурғак шеъримда
Мен уни атадим сотқин ва қотил.

Тоғларни тун чулғар. Ётаман беҳол,
У дарчам олдида пайдо бўлади.
Гоҳида мўйсафид, кўпни кўрган чол,
Гоҳи лашкарбоши бўлиб келади.

Дер: «Нелар кўрмадим дардли оламда,
Қанча азобларга бўлдим гирифтор.
Ўн тўққиз жароҳат ёнар танамда,
Сен, гўдак, тиғ урдинг йигирманчи бор.

Ўн тўққиз ярага чидадим, биллоҳ,
Ўн тўққиз ярамдан қолмади асар.
Лекин сен урган тиғ битмагай, э воҳ,
Болам бўлатуриб солдинг-ку ханжар.

Озодлик жангига боримни бердим,
Қўшиқ, маишатга бўлмади фурсат.
Маддоҳларни баъзан камчилар эдим,
Шеърбозни калтаклар эдим бешафқат.

Лекин мен уларни жабрлаб, уриб,
Хато қилгандирман ва лекин ишон,
Сендек сафсатабоз шоирни кўриб
Ҳақлигимга бир бор келтирдим имон».

Тонггача қаршимда турар у сиймо,
Тонггача ўша руҳ беради озор.
Қуюк соколини бўяган хино,
Папоғи устидан ўраган дастор.

Мен унга на дейин? Унинг қошида
Ва сенинг қошингда айблиман, халқим.
Мен хато қилгандим гўдак ёшимда,
Лекин чекинмоққа йўқ бу кун ҳаққим.

Нойиб Мурод бир вақт Шомилдан кетиб
Сўнг пушаймон бўлди. Яна қайтмоқка —
Аҳд қилди-ю, аммо ажали етиб
Йўлда дучор бўлди тубсиз боткоққа.

Мен ҳам пушаймонман ўз шеърим учун,
Яна ортга қайтиб, қилдим деб хато —
Ё узр сўрайман Шомилдан бу кун?
Йўқ, йўқ, ботгим келмас ботқоққа асло.

У ҳам кечирмайди барибир мени,
Мен отдим оркадан, пана жойдан ўқ.
У қиличда ёзди мардлик шеърини,
Менинг бўҳтон шеърим кечирмайди, йўқ.

Майлига... лекин сен қил менга шафқат,
Халқим, кечир, сени севаман ёна.
Жон ўлкам, сен мени қарғама фақат,
Мисоли ўғилдан ранжиган она.

Qayd etilgan


Ansora  26 Sentyabr 2009, 16:52:05

- ҚУЁШ МАСКАНИ -

Не бахт,
Қуёшистон таърифли диёр
Нурли пешонамга бўлибди насиб.


НИДО

Бағишлов

Ҳайқираман,
Тоғлар бағридан
Гумбурлаган садо келади,
Она-Ернинг оташ қаъридан
«Ўғлим!» деган нидо келади.
«Ўғлим!»
Вужудимни чулғар аланга,
Бўғзимга тиқилар ҳаяжон.
— Мана мен, ўғлингиз,
Дардли оламга
Сиздан танҳо ёдгор,
Сўйланг, отажон!
Сўйланг, бир дақиқа қулоқ солайин,
Овозингиз тинглаб тўёлмаганман.
Бир марта йўқотиб тополмаганман,
Хаёлимда тиклаб олайин.
Отажон!
Мен ахир кутлуғ бу сўзни
Йигирма йил олмадим тилга,
Йигирма йил сакладим дилда.
Армонли ўғлингиз тинглайди сизни,
Сўйланг, эшитаман.
Вужудим тилка,
Юрагимни ёқар ўтли изтироб
Аммо кўзларимда бир томчи еш йўқ.
Бағрим ўйиб,
Бу кун менга бермоқда азоб
Сизнинг кўксингизни тешган кора ўк.
Силқиб оқаётир
Кўкрагимдан кон.
Қалбим ўртамоқда сўнгсиз армоним...
Юрак коним билан битган достоним
Сизга бағишладим,
Отажон!

* * *

Хаёлнинг туманли пардаси аро
Йиллар кўз олдимда чарх ураётир.
Қишлоқ кўчасидан занжидай қаро
Олов болалигим югураётир.
Дунё қайғусига бўлмаган ошно,
Қаҳ-қаҳ ураётир,
Барқ ураётир.
Билмас, боши узра булутли само
Чақмоқ чақаётир,
Гулдураётир.
Билмас, яраланган бу мажруҳ дунё
Қасос сўраётир,
Бонг ураётир...

Қадамлар,
Қадамлар,
Оғир қадамлар...
Этиклар зарбидан титрайди тупроқ.
Қаерга кетмоқда шунча одамлар?
Наҳотки, йўллари шунчалар йироқ!
— Ана, кўряпсанми?
Менинг дадамлар!
Дада!!!
Овозим ҳеч чиқмайди бироқ.
Югураман — ортга кетар қадамлар,
Йиғлайман — кўзимга келмайди намлар,
Мурғак вужудимда фақат зўр титроқ!
Бўғзимда аламлар,
Аччиқ аламлар,
Йўлнинг ўртасида турибман.
Шу чок —
Поезд қичқиради,
Тўхтанг, одамлар!
Қайга кетмоқдасиз?
Қани дадамлар?!
Тепамда ёнади зангори чирок...

Чўчиб уйғонаман,
Онам қошимда.
Меҳрибон қўллари
Оташ бошимда:
— Нега йиғлаяпсан,
Ёлғизим, кўзим?
Тун узоқ, ухлай кол,
Кўзларингни юм.
Ором ол, мен сенга
Аллалар айтай.
Тонгда пешонангдан
Ўпиб уйғотай.
Ана, деразангга
Қўнибди ҳилол.
Бошингга эгилиб
Сўрмоқчи савол.
Сенинг кипригингга
Сочмоқ бўлиб зар,
Ҳилол теграсида
Ўйнар юлдузлар.
Мен сенинг бахтингман
Дегандай гўё
Имлаб чорламоқда
Ёқут Сурайё.
Сеникидир булар,
Сеники бари.
Сеники осмоннинг
Зар қандиллари.
Сомончининг йўли —
Сенинг йўлларинг,
Узатсанг Зуҳрога,
Етар қўлларинг
Улғай, болажоним,
Улғайгин тезроқ.
Сенинг йўлларингга
Юлдузлар муштоқ.
Ҳозирча ором ол,
Ёлғизим, қўзим.
Тун узоқ, ухлайқол,
Кўзларингни юм.

Олис соҳилларда,
Уфқдан нари
Ўлим сочмоқдадир
Ёв кузғунлари.
Ўлим сочмоқдадир
Элга беаёв.
Шаҳар қишлоқларни
Ютмоқда олов.
Ўша олис юртда
Кон кечиб хозир
Отанг ҳаёт учун
Жанг қилаётир.
Элларнинг эрк деган
Соф тилаги деб,
Жаҳоннинг нурафшон
Келажаги деб,
Офат солмасин деб
Оламга қотил,
Отанг узоқ юртда
Жанг қилаётир.
Сен учун, мен учун,
Ўз учун эмас,
Фақат ўзбек ва ё
Рус учун эмас,
Бутун Ер — ундаги
Бор авлод учун,
Дунёда энг кутлуғ
Эътиқод учун
Узоқ ўлкаларда
Қон кечиб ҳозир
Отанг ҳаёт учун
Жанг қилаётир.
Сен ухла, ёлғизим.
Сен ухла, кўзим,
Бир нафас ором ол,
Кўзларингни юм.

Бу кунлар албатта
Ўтиб кетади.
Башар жароҳати
Битиб кетади.
Она-Ер қайтадан
Яшарар бир кун.
Олам нур қўйнида
Яшнар лолагун.
Жангу жадалларга
Келур интиҳо,
Бизнинг дунё бўлур
Урушсиз дунё.
Бу кунлардан қолур
Фақат хотира.
Аммо халк жафони
Унутмас сира.
Бу кунлар кетар-у,
Ғам, доғи қолур.
Юракларга солган
Фироғи колур.
Авлод-авлодларга
Замон-замонга
Абадий, абадий
Сабоғи қолур.
Сен ҳам унутмассан,
Юрагим, қўзим.
Ҳозирча тинч ухла,
Кўзларингни юм.

Вақт келар, улғайиб,
Одам бўларсан.
Илм олиб соҳиби
Олам бўларсан.
Сен бизлар кўрганни
Кўрмагайсан ҳеч,
Ғурбат йўлларидан '
Юрмагайсан ҳеч.
Олам тўла қуёш,
Қалбинг тўла нур,
Ойдин бир замонда
Яшайсан масрур.

Бизлар ҳам ўтамиз
Вакт келиб бир кун.
Сизларга қолади
Муқаддас замин.
Сиз уни авайлаб
Кафтда тутасиз,
Шараф йўлларидан
Олиб ўтасиз.
Оташ алангага
Тутмайсиз уни,
Даҳшат уммонига
Отмайсиз уни.
Замин теграсига
Олтин камалак
Ўрайди етти хил
Нурдан чамбарак.
Сиз унинг бағрини
Пора қилмайсиз,
Оталар хокини
Саклаб муборак.
Сен шундай давронда
Яшайсан, кўзим.
Ҳозирча ором ол,
Кўзларингни юм...

Бошимизда оташин фалак,
Пойимизда оташин тупрок,
Қўлимизда ёғоч камалак,
Остимизда ёғоч арғумоқ,
Оппок чангдир эгну бошимиз,
Оппоқ чангдир кўзу қошимиз.
Кўру кармиз,
Бешдан олтига
Эндигина ўтган ёшимиз,
Кўча-кўйда кўтариб сурон
Югурамиз саҳардан то кеч,
Олам узра кезар зўр бўрон,
Биз бу ҳақда ўйламаймиз ҳеч.

«Уруш-уруш» ўйин бўлса бас,
Титратамиз кўку заминни.
Ким ўйлабди дейсиз у нафас
Бу урушнинг ростакамини.
Бурчаклардан бир-биримизни
Ёғоч милтиқ билан отамиз,
Биз билмаймиз:
Қай биримизнинг
Ўққа учди бу вакт отамиз.
Кўксимизни ушлаганча жим
Йиқиламиз,
Ўлган бўламиз,
Биз дунёда ростакам ўлим
Борлигини қайдан биламиз?!
Даҳшат солиб кезаркан у дам
Узокларда жанг гулдуроси,
Бизнинг қишлок кўчасида ҳам
Янграр эди
Акси садоси.

* * *

Қуёш ботар,
Окшом чўкар кўча-кўйга,
Тарқаламиз уй-уйгаю тепа тўйга,
Тун бошланар,
Менга чарчоқ билинмайди,
Кипригимга уйқу сира илинмайди.
Мурғак фикрим етаклайди хаёлларга,
Онам қўйнин тўлдираман саволларга.
«Айтинг, ая, менинг дадам қаҳрамонми?
Тоғларни ҳам қулатувчи паҳлавонми?
Тўппончаси борми унинг чўнтагида?
Ордешцри жуда кўпми кўкрагида?
Менинг дадам самолётда учадими?
Осмонлардан парашютда тушадими?
Ўткир пўлат қиличини қўлга олиб,
Душманларнинг юрагига кўркув солиб,
Катта жангга кирадими ёлғиз ўзи?
Елкасида ёнадими беш юлдузи?
Айтинг, дадам мени яхши кўрадими?
Келганида тойча олиб берадими?
Кўчаларда тойчоғимни етаклатиб,
Қўлларимдан ушлаб олиб юрадими?
Ўша кунлар тезроккина бўла қолсин,
Айтинг, дадам ҳаялламай кела қолсин».

44-йил
Сентябрь тонги отди.
Мени чексиз қувонч билан бахт уйғотди.
Кўк жилдимда алифбе ва бир бурда нон,
Биринчи бор қадам қўйдим мактаб томон.
Ўйинлардан анча эрта тўйган эдим,
Китобларга барвақт ҳавас қўйган эдим.
Ёд билардим алифбенинг ҳарфларини,
Ўқир эдим информбюро хабарини.
Жуман «почта» дадамдан хат келтирган кун
Катта байрам бўлар эди менинг учун.
Ўкир эдим юз ҳижжалаб, юз тутилиб,
Такрорлардим йиртилгунча хат титилиб.
Яйрар эдим маъносини укарканман,
Дадам хатин ўкиб савод чиқарганман.

Бу кун яна хат олганмиз,
Ажойиб хат,
Госпиталдан чиккан эмиш соғ-саломат,
Бошидаги жароҳати битган эмиш,
Ҳатто ўрни билинмасдан кетган эмиш.
Берлин томон тушар энди йўлим дебди.
Хат сўнгида яхши ўқи, ўғлим, дебди.
Шу кун тунда уч чизиқли дафтаримга,
Оро бериб катта-катта ҳарфларимга,
Хира чирок ёруғида кўз ишкалаб —
Дадамга хат ёзмоқ учун сурдим қалам:

«Дадажон!»
Мен сизни жуда соғиндим.
Соғиндим иккала кўзим билан тенг.
Келиб қолармишсиз эртами-индин,
Аям шундай деди,
Ростми шу, айтинг?!
Дада,
У кун сизни тушимда кўрдим.
Оқ отда келдингиз,
Сўрадингиз сув.
Мен буни аямга гапириб бердим.
Даданг келади, деб айтди,
Ростми шу?..

Рустамнинг акаси урушдан қайтди,
Қўлтиқтаёғи бор,
Бир оёғи йўқ,
Рустам айтиб берди:
Атака пайти
Тиззасидан олиб кетган эмиш ўқ...
Хол ака қайтганди уйга тўсатдан,
Ўғли, дадажон, деб чопиб келибди.
Ота кучай деса қўли йўқ экан,
Тик турган жойида йиғлайверибди.
Дарсга келмай қолди
Тунов кун Талъат,
Муаллим уришса тураверди жим.
Дадасидан келган экан қора хат.
Ҳаммамиз йиғладик,
Ҳатто муаллим...
Дадажон!
Сизга ўқ тегмасин ҳечам,
Мен учун хам тезрок кайтинг саломат,
Бувим айтган,
Агар мен тилак қилсам,
Тилагим бўлармиш доим ижобат.
Рост айтаман,
Сизни жуда соғиндим,
Соғиндим иккала кўзим билан тенг,
Келиб қоласизми, эртами-индин?
Кутаман,
Дадажон,
албатта келинг».

Ҳижрон кечалари ғоятда узун,
Айрилик йўллари олис ниҳоят.
Кўчага чиқаман юз бора ҳар кун,
Кўзларим нигорон,
Келармикан хат?
Тонгда турганда ҳам,
Кун ботганда ҳам,
Ҳатто кечалари қилолмай тоқат,
Эшикка карайман,
Чекаман алам.
Интизор бўламан,
Келармикан хат?
Мен қайдан билибман,
Йўл босар экан
Менинг мурғак хатим бекатма-бекат.

У ёқдан,
Худди у борар манзилдан
Йўлга чиққан эди машъум қора хат.

Қош, кўзларинг отангга ўхшар.
Дейишади билганлар доим.
Сўнг хўрсиниб қўшиб қўйишар:
Ўхшамасин умринг, илойим.
Отам тутган машъални ушлаб,
Ўша йўлдан бораман мен хам.
Майли эди
Отамдек яшаб,
То сўнгги дам
Унга ўхшасам.

Боболарнинг ҳикмати
Ҳаётга ёруғ йўлдир.
Отанг боласи бўлма,
Одам боласи бўл, дер.
Бу сўзни илк бор менга
Ўргатган отам эди.
Мен отам фарзандиман,
У эса одам эди.
Қирқ биринчи йилларнинг
Даҳшати кўз олдимда,
Гўдак эдим, отамни
Кузатганим ёдимда.
У кўплар бахти учун
Кирар экан зўр жангга.
Онам бошимни силаб,
Ўхша, деган отангга.
Менинг мардлик мактабим
Жонфидо отам эди.
Мен отам фарзандиман,
У эса одам эди.
Мен отам босиб ўтган
Қонли йўлни ўтмасман.

Аммо шонли ҳаётин
Бир умр унутмасман.
Она-Ватан кўксига
Қалқон бўлган отамнинг,
Кўплар бахти йўлида
Қурбон бўлган отамнинг —
Азиз номин калбимда
Виждонимдек сақладим.

Унинг ўлмас руҳини
Шод этмокдир мақсадим.
Умримни фидо этай
У жон берган Ватанга.
Эл мендан рози бўлсин
Ўхшабсан, деб отангга.

* * *

Қузғуннинг қанотидай
Қаро эди ўша тун.
На милт этган юлдуз бор,
На йилт этган бир учқун.
Кеч куз эди,
Тунд кеча,
Ер-кўк мунгли, борлик ғаш,
Қор эзғилаб ёғарди
Ёмғир билан аралаш.
Сукунат.
Жанг тин олар,
Фақат гоҳи гохида
Мушак учиб сўнади
Душман қароргоҳида.
Ярим тун зулматида
Тепаликни қоралаб
Тўрт соя эмакларди
Чакалакзор оралаб.
Ҳар замон тўхтаб-тўхтаб
Ҳордиқ олишар эди,
Жим қолиб сукунатга
Қулоқ солишар эди.
Мана, улар ўрмоннинг
Чеккасидан ўтдилар
Ва ниҳоят дарёнинг
Соҳилига етдилар.
Тўхтадилар, бир нафас
Кўз тикдилар йироққа.
Атроф жим,
Фақат дарё
Уриларди қирғоққа.
Сирли тун, бутун борлиқ
Сеҳрланган сингари.
Шундай кеча тўртовлон
Йўл олмишлар қай сари?

Қай манзилга шошишар
Шу совукда, шу намда?
Гўё қор бор,
Ёмғир бор,
Тун бор фақат оламда...
Автоматлар бош узра
Кўтарилди туғсимон.
Бирин-кетин дарёдан
Сузиб кетди тўртовлон.
Жим, шарпасиз сузишар,
Яқин қолди қирғоққа,
Ёт, нотаниш товушлар
Эшитилар қулоққа.
Мана соҳил — тик қирғоқ,
Атроф яланг,
Нарида
Икки душман соқчиси
Кўринар тун бағрида.
Бир-бировга тикилди
Бир сўз демай тўрт жуфт кўз.
Шу қарашнинг ўзида
Айтилганди барча сўз.
Тек қотдилар.
Командир
Имо қилди ниҳоят,
Тун бағрига эмаклаб
Кириб кетди тўрт соя.

Ногаҳон ўқ отилди,
Ўт чақнади кетма-кет.
Душман сезди,
Разведка
Жангга кирди бетма-бет.
Граната портлади,
Тилга кирди автомат.
Бир ёнда бутун бир полк,
Бир ёнда тўртта солдат.
Икки ёндан ўқ ёғар,
Олов ёғар бешафқат,
Бир томонда таҳлика,
Бир томонда жасорат.
Ўртада текис кенглик,
Ўртада қуюқ зулмат.
Бир томонда ёвузлик,
Бир томонда адолат.
Қанча давом этди жанг
Билар фақат қаро тун,
Билар фақат тепалик,
Аммо булар лол ва гунг.

Тонгга яқин қор тинди,
Аста ёришди осмон.
Тепаликка илк нурин
Сочди хуршиди жаҳон.
Бунда ерни қучганча
Тошларга қўйиб бошин,
Тўрт ўғлон тинч ухларди
Кўкрагида қўрғошин.
Тунги оғир жангдан сўнг
Гўё тин олар бари.
Она бағрида ётган
Маъсум гўдак сингари.
Шу тонг сабо йиғлади
Чидолмай бу фироққа.
Шу тонг дарё йиғлади
Бошин уриб қирғоққа.
Ок, момик булутларнинг
Бағри чок-чок с.ўкилди.
Шу тонг офтоб нурлари
Кўз ёш бўлиб тўкилди.
Ўрмонлар шовиллаган
Олис юртда ҳали ҳам
Номсиз тепалик узра
Ухлаб ётибди отам.

* * *

Тенгдошим,
Асрдош биродар!
Кел, бир он жим ўйга чўмайлик.
Бу ерда
ётибди
фидолар.
Кел, уни
гулларга
кўмайлик.
Бу ерда
бахт бўлсин,
нур бўлсин,
Бўлмасин,
қора тун
зулмати.
Бу ерда
юраклар
ҳур бўлсин.
Қайтмасин,
у кунлар
даҳшати.
Тенгдошим,
асрдош биродар!
Уйғок бўл,
ҳушёр боқ
оламга.
Бу ерни
кўчмасин
аланга,
Қабрида
тинч ётсин фидолар.
Эшит,
инграяпти
Она-Ер
Қўлтиқтаёқларнинг
заҳмидан,
Бу тупроқ
юраги
порадир
Атом зонтларининг
ваҳмидан.
Эшит,
чорлаяпти
Она-Ер,
Кўксида
оловли
оҳ-фарёд.
Асрдош биродар,
кўлни бер,
Кел, Ерга
қилайлик
қасамёд:
Бўлурмиз
гал келса
ҳар биримизга
Тинчлик жанггоҳининг
фидоси.
Бу сенга,
бу менга,
бу бизга
Йигирманчи аср нидоси.

Йирокларда колди
Укубатли йиллар,
Ер остида ётар топганлар завол.
Қолганлар умрнинг
Сарҳисобин килар,
Соч окига боқиб сурарлар хаёл.
Йиллар ўтди-кетди
Довулини кокиб.
Тупроққа берилди не-не азиз жон.
Бизлар хаёлларнинг
Тўлкинида окиб,
У кунлар ҳақида тўкиймиз достон.
Аммо ўлганларга
Шеър, достондан не наф,
Не фойда йиғлашдан калб дардин айтиб.
Минг йил шон ўкисак,
Минг йил айтсак шараф,
Кетганлар дунёга келмайди қайтиб.

Нега эгилмасин
Одам кетса одам,
Устунга зўр келар куласа устун.
Бу ташвишли дунё,
Сермашаккат олам
Бизнинг елкамизда қолди-ку, дўстим!
Уни бўронлардан,
Қуёшли йўллардан
Нурли истиқболга олиб ўтамиз.
Биз уни олганмиз
Табаррук қўллардан,
Табаррук кўлларга элтиб тутамиз.
Авлодлар учун ҳам
Кутлуғ бўлар албат
Ер узра тўкилган кўз ёш, кон ва тер.
Бепоён кенгликда
Чарх уради абад
Улкан юрак шаклидаги Ер...
1964


ОРЗУ ЧАШМАСИ
(Қора денгиз эртаги)

Кеча ойдин, баҳор айёми,
Қатра-қатра ёш тўкар булоқ.
МИРТЕМИР

Дебоча

Мовий денгиз соҳиллари,
Ложувард осмон,
Жонбахш ҳаво, бепоён сув,
Сўлим табиат.
Ер юзида жаннат бўлиб
Яралган макон
Бугун менга ором бермас,
Бермас ҳаловат.
Чағалайдек чарх уради
Бетинч ўйларим,
Туғён ичра жим кезаман
Денгиз бўйларин.
Бу дунёнинг ташвишларин
Унутиб тамом,
Барча бунда осойишта
Олмоқда ором.
Бунга менинг йўқми ҳаққим,
Йўқми ҳуқуқим?
Бахтсизлигим буми меним,
Саодатимми?
Бошқаларга ором берган
Бу гўзал Қрим
Олиб кўйди тинчлигимни,
Ҳаловатимни.
Мен-ку бунга қоғозлардан
Қочиб келгандим,
Табиатга қучоғимни
Очиб келгандим,
Дафтарларим кайларгадир
Сочиб келгандим...
Яна ўзинг керак бўлдинг.
Кел, эй қаламим.
Сенсиз менга яшамокнинг
Узи ёт экан,
Кел, эй узоқ кечаларда
Ёлғиз ҳамдамим.

* * *

«Қора денгиз,
Тўлқинли денгиз,
Этагингга туташган осмон.
Чўкиб ётар остингда чексиз
Афсонаю эртак ва достон.
Не ошиқлар севгиси билан
Юрагини кўмганлар сенга.
Денгиз,
Кўҳна ривоятлардан
Биттасини сўйлаб бер менга».
Тебранади
Оҳиста тўлқин,
Мовий денгиз тилга киради.
Сўйлаб ғамли ўтмиш эртагин,
Қояларга бошин уради...

1

Гўзал эди,
Ёш эди Орзу,
Севги учун яралган санам.
Эркин эди гўёки оҳу,
Тиниқ эди орзулари ҳам.
Лабларида доимо ханда,
Кўзларида ишва-ноз эди.
Боғлар аро хиром этганда
Гуллар унга пойандоз эди.
Ғунча тотмай
Қуёш бўсасин,
Уфқ ёпмай юзига алвон,
Елкасига қўйиб кўзасин
Йўл оларди
Кўк чашма томон.
Ҳилпирарди ел билан ўйнаб
Оппок шоҳи рўмол бошида.
Ширин-ширин ўйларин ўйлаб
Ўлтирарди
Чашма қошида.
Ўлтирарди сочин тароқлаб,
Акс этарди кўзгуда жамол.
Келажагин,
Бахтин сўроқлаб
Гоҳ чашмага берарди савол.
Қоматининг бандаси сарвлар
Боши узра ташларди соя,
Майингина шилдираб сувлар
Сўйлар эди
Қизга ҳикоя:
«Уфқларга туташган
Кўк денгизнинг ортида
Бир ўлка бор.
Унда эл
Сийнаси чок, бағри қон.
Қаро тун сочин ёйган
Бу истибдод юртида
Султон номли бир золим
Халқни эзар беомон.
Туткун кизларга тўла
Унда ҳарамхоналар,
Денгиз ўша бахтсизлар
Кўз ёшидан шўр бўлган.
Фарзандлари ҳажрида
Зардоб ютиб оналар
Интизор кечаларда
Йиғлай-йиғлай кўр бўлган...»
Ҳикояга қулоқ солиб киз
Узоқ-узоқ
Ўйга толарди.
Тўлқин урган поёнсиз денгиз
Юрагига ғулув соларди.
Кўринарди
Бари кўзига
Гўё тунги ваҳимали туш,
Елкасида сув тўла кўза,
Қайтар эди
Уйига хомуш.

2

Ойлар ўтиб,
Фасллар ўтиб,
Ёш кўшилди кизнинг ёшига.
Харидорлар остона ўпиб
Келаберди
Ота кошига.
Узок-яқин овуллардану
Олис-ёвук элатлардан ҳам
Келаберди.
Барида орзу —
Орзу дея аталган санам.
Бирисининг қўлида дунё,
Бирисида ёшлик ва қудрат,
Бири элда тенги йўқ доно,
Бири эса
Танҳо хушсурат.
Яна бири соҳибкор боғбон,
Тош устида ундиргувчи гул.
Бири нақкош,
Бири сухандон,
Бири эса қўшиқчи-булбул...
Харидорман деган дамо-дам
Келаберди ота қошига.
Келаберди,
Кетаберди ҳам
Толе қуши қўнмай бошига.

3

Аслида-чи,
Гўзал Орзунинг
Ўзга ёрда эди тилаги.
Тоза гулдай калбида унинг
Барг ёзганди
Севги куртаги.
Айни баҳор кулган чоғ эди,
Сайил жойи сўлим боғ эди.
Эл йиғилган наврўз базмига,
Барча хушнуд,
Диллар чоғ эди.
Авжда эди ўйин ва ханда,
Авжда эди танбур, чирманда.
Ёшлигини эсларди чоллар
Қиз, йигитлар лапар айтганда.
Лекин
Чўмган каби қайғуга,
Бир чеккада ўлтириб ҳамон
Қўшилмасди
Ўйин-кулгига
Содда йигит —
Камсухан чўпон.
Энг сўнгида даврага тушиб
Аста қўлга олди созини.
Майин, дилбар оҳангга кўшиб
Сўйлаб кетди
Кўнгил розини...
Куй чашмадай сокин окарди,
Жим қолганди барча ҳангу манг.
Бу қўшиқда ошиқнинг дарди
Эл дардига эди ҳамоҳанг.
Орзу ҳам бор эди сайилда,
Қўшиққа банд эди хаёли.
Шу йигитга
Маҳлиё бўлиб
Бошдан тушди шоҳи рўмоли...

4

Шу кеч уйга қайтди-ю Орзу,
Ололмади тун бўйи ором.
Хаёл қуши кўкка учди-ю,
Тинчлигини йўқотди тамом.
Мағрур кизнинг шумиди ҳоли,
Наҳот, йигит дунёда танҳо?
Қизга унинг ширин хаёли
Кечалари бўлди ошно.
Қани унинг
Дилшод чоғлари,
Оҳу каби эрка юришлар?
Қани энди
Юксак тоғларни
Жаранглатиб ханда уришлар?
Ишк савдоси у кутмай ҳали
Оташ солди ширин жонига.
Дилин очиб
Нажот сўргали
Келди Орзу чашма ёнига.
«Кўргил, чашмам,
Паришон ҳолим,
Бир йигитнинг бўлдим шайдоси.
Сўйла, чашмам,
Сўйла, зилолим,
Ишқ дардининг борми давоси?
Эркак бўлсам,
Севиб қолсам ёр,
Юрагимни қилардим баён.
Айт,
Бўлайми севгимга иқрор,
Ё ишкимни тутайми пинҳон?»
Шунда чашма
Тилга кирдию
Сўйлай кетди чулдираб бийрон:
«Ишқ дард эмас,
Ишқ саодат-ку,
Тутма асло севгингни пинҳон!
Бахтиёрсан,
Йиғлама, о, қиз!
Қалбингни ёз севги хатига.
Мактубингни мен билан оқиз,
Оқиз, жойлаб гулбарг катига.
Тоғ-тошларни оралаб юриб,
Севганингни топаман албат,
Даладами,
Қирдами кўриб,
Қўлларига тутқазаман хат.
Муҳаббати бўлса унинг ҳам,
Мажнун каби елиб қолади.
Сени излаб,
Ишонгил, эркам,
Бир кун ўзи келиб қолади».

5

Қаро тунда
Оқ қоғоз узра
Кўз ёшини юлдуздай тўкиб,
Қалбидаги энг ҳассос сўз-ла
Орзу ёзди
Йигитга мактуб:
«Номингни ҳам билмайман, йигит,
Мактуб ёздим ва лекин сенга.
Сайилгохда у кун кўрдиму
Юрагимда ёнди аланга.
Сенга мактуб ёзмас эдим ҳам,
Қизга ишкдан сўз очмоқ ордир.
Лекин нетай ўртаниб севсам,
Айтмасга не иложим бордир?
Ўша куни ёниб куйладинг,
Ёнди шунда менинг ҳам қалбим.
Айт-чи, йигит,
Кимни ўйладинг,
Куйлаганинг ким эди?
Айт, ким?
Ким ўртади ҳажрида сени,
Кимга орзунг бўлмоқ муяссар?
Қувонардим,
Эй тоғ лочини,
Топган бўлсанг бахтингни агар.
Мен эсам-чи,
Шайдойинг бўлиб,
Ёдинг билан яшайман мудом.
Хатим олсанг,
Етказсин гулим
Сени севган Орзудан салом».

6

Сайилгоҳда
У кун чиндан ҳам
Хомуш эди Оғадўст чўпон.
Барча хуррам,
Фақат унда ғам,
Қалби эди дард билан сўзон.
Чўпон бир кун
Чашма қошида
Ўлтирарди най чалиб ёлғиз.
Шунда,
Оппоқ рўмол бошида
Сувга чиқди бир дилрабо қиз.
Қаради-ю
Лол қолди чўпон,
Тош ортига олди ўзини.
Узоқ-узоқ термилди пинҳон,
Паривашдан узмай кўзини.
Бундай кадду
Бундай жамолни
Кўрмаганди Оғадўст асло.
Ўша кундан
Унинг хаёлин
Банд айлади шу офтоб сиймо.
Шу бўлдию
Оғадўст ҳар  кун
Келар бўлди булоқ бошига,
Тош ортига беркиниб секин
Боқар бўлди соҳиби ҳусн —
Гўзал қизнинг кўзу қошига.

7

Болаликдан
Ота-онасиз
Етим ўсган эди Оғадўст.
Етим эди,
Эмасди ёлғиз,
У барчага эди оға, дўст,
Қишлоғида хоҳ кекса, хох ёш,
Барча дардкаш унга ёр эди.
Аммо унинг қалбига сирдош
Биттагина дўсти бор эди.
Шу дўстига
Пайт топиб бир кун
Айтди бошдан ўтганин бутун.
Дўсти деди:
«Сен севган дилбар
Орзу дея аталган сулув,
У не ўктам, ботир йигитлар
Юрагига солмаган ғулув.
Кўплар унга интилган,
Аммо —
Қизнинг севган ёри бор эмиш.
Боқмас эмиш
Ўзгага асло,
Севганига вафодор эмиш».

8

Сув бўйида ўлтирганча у
Узоқ қолди бошдан учиб ҳуш.
Йиғлай-йиғлай ухлаб қолди-ю,
Кўрди шу кун
Ажойиб бир туш.
Кимдир уни
Уйғотар эмиш,
Дермиш:
«Кутиб олгин вақтида.
Ёр ёнингга келмоқда, дермиш,
Хушбўй атиргулнинг қатида».
Уйғондию
Термилди ҳар ён.
Ҳеч кимса йўқ.
Ўртанди кўнгил.
Шу пайт бирдан Оғадўст чўпон
Сув бетида кўриб қолди гул.
Боқди. Ажаб —
Ўзи қизил гул,
Бир гулбарги нега оқ экан?
Аста тутиб
Қўлга олди ул,
Қатидаги бир варақ экан.
Оқ қоғозни авайлаб очиб,
Қиз хатини ўқиди чўпон.
Ўқиди-ю,
Тинчин йўқотиб,
Мажнун каби югурди ҳар  ён.

9

Тонг отарда
Қўлида кўза
Сув бўйига аста чўкиб тиз,
Кўнгли каби тиниқ фируза
Чашма билан
Сўйлашади қиз:
«Зилол чашмам,
Ўйноқи чашмам,
Айт, не бўлди мен ёзган мактуб?
Юракларим қон бўлди кутиб.
Қайлардадир
Мен кутган одам?
Севги хатим унга етдими?
Ўқидими,
Сўйлагин, қани?
Ёки йиртиб ташлаб кетдими,
Бор эканми ўзга севгани?»
«Гўзал Орзум,
Парирўй Орзум,
Кеча олди мактубингни ёр,
Излаб сени
Тин олмай бир зум,
Келаётир висолингга зор.
Келаётир,
Кўзларида ўт,
Қайда дея гўзал сарвиноз.
Келаётир,
Севганингни кут,
Чиқа қолгин йўлига пешвоз».

10

Қора сочин
Ёйганда оқшом,
Денгиз юзи бўлганда қирмиз,
Сув бўйида
Оларди ором
Севганининг оғушида қиз.
Куйлар эди йигит ишқидан,
Янграр эди қўлларида тор
Ва дилрабо, шўх қўшиқ билан
Жўр бўларди
Унга сулув ёр.
«Баҳор чоғи тоғлардан
Шарқираб сой келади.
Мени йўқлаб боғлардан
Юзлари ой келади.
Юзлари ой келганда
Кўлга олай созимни,
Оқшом пайти бўлганда
Айтай юрак розимни,
Қучай сарвинозимни».
«Менинг кўнглимни олган
Барно йигит қайдадир,
Юрагимга ўт солган
Танҳо йигит қайдадир.
Ўша барно йигитга
Шоҳи рўмол тикканман,
Ўша танҳо йигитга
Жонни нисор этганман...»
Қора сочин
Ёйганда оқшом,
Денгиз юзи бўлганда қирмиз,
Сув бўйида
Оларди ором
Севганининг оғушида қиз.

11

Қишлоқ бўйлаб
Тарқалди хабар,
Бўлди элнинг тилида достон.
Бу оқшом тўй,
Бу кун қўшилар —
Орзу билан
Оғадўст чўпон.
Қанчаларнинг кўзида шодлик,
Қанчаларнинг дилида армон.
Ёр бўлади бу кун умрлик
Орзу билан
Оғадўст чўпон.
Саҳарданок
Эшитган борки,
Оқа берди кизнинг уйига.
Ким дугона,
Ким дўсту ёрки,
Кела берди севги тўйига.
Кела берди машшок, ҳофизлар
Йўлда созлаб танбур, созини.
Кела берди раккоса қизлар
Кўрсатмоққа ишва-нозини.
Бутун қишлоқ
Бугун хуррам, шод,
Бутун қишлоқ сайилгоҳ бугун.
Яхшиларнинг диллари обод,
Ёмонларнинг кўксида тугун.

12

Орзу кизнинг
Ҳеч армони йўқ,
Орзусига етди ниҳоят.
Севинчининг чек, поёни йўқ,
Кулиб боқди унга саодат.
Лекин бир дард чулғар ўйини.
Қиз тарк этар
Ота уйини.
Юрагида чексиз ғалаён.
У дол этиб шамшод бўйини
— Хайр, — деди, —
Мунис отажон.
Меҳрибоним, хайр, ягонам,
Унутмасман сени ҳеч қачон
Рози бўлгин қизингдан сен ҳам.

13

Орзу бу кун
Қиз дугоналар —
Барчасига айтди алвидо.
Видолашди келин то саҳар
Такдирини билгандай гўё.
Эрта яна
Уйғониб наҳор,
Қолмасин деб кўнглимда армон,
Хайрлашмоқ учун сўнгги бор
Йўл олди қиз
Кўк чашма томон.
Гўзал Орзу,
О, сулув пари,
Нега келдинг чашма ёнига!
Билмасмидинг,
Маккор кўзларнинг
Қасд килганин ширин жонингга?!
Оҳ, чашмага айтмасанг видо
Қолармиди мангу армонинг.
Билмасмидинг,
Чашма қошида
Турганини ёвуз балонинг!
Қиз ўғриси Али қўлида
Очилмайин сўлар иқболинг.
Узоқ юртда
Зулмат элида
Ҳарамларда не кечар ҳолинг?!

14

Кўтарилди денгиздан қуёш
Сувни бўяб қип-қизил қонга.
Қуёш билан эл кўтарди бош,
Тўйхона ҳам
Уйғонди тонгда.
Уйғонди-ю, қўзғалди фарёд,
Барча чопди
Денгизга томон.
Ота қилар дод устига дод,
Телбалардек югурар чўпон.
Йиғилганда барча кирғоқка,
Узоқлардан келди киз саси.
Кетар эди
Қалкиб йироққа
Қароқчининг машъум кемаси.
Тик қояга келдию чўпон,
Ок елкандан узмай кўзини
Фарёд дея сўнгги бор гирён
Қояларга отди ўзини.
Барча қолди қуйи эгиб бош,
Бутун борлиқ
Эгди бошини.
Денгиз узра юксалган қуёш
Сувга тўкди қонли ёшини.

15

Базм қизғин хон саройида,
Аркони тахт хоннинг пойида.
Муғаннийлар куй қилар оғоз,
Раққосалар ракс этар серноз.
Жангдан ғолиб кайтган хон учун,
Ўлжа олиб қайтган хон учун
Мадҳ ўқишар сўзга моҳирлар,
Шеър айтишар зукко шоирлар.
Нозу неъмат тўла дастурхон,
Энг баландда ўлтиради хон.
Гулоб дея килади хитоб,
Соқий унга тутар майи ноб.
Бармок билан қилса ишора,
Кўзлари ўт, ўзи қоп-кора
Занжи келар,
Хон амрин кутиб
Ҳалқа таққан кулоғин тутиб,
Тиз чўкканча ўлтиради жим.
Хон дер унга:
— Сўйла, эй кулим,
Нега ҳамон Али оғо йўқ?
— Қайғурма, хон.
Кўнглинг бўлсин тўк.
Сенга содиқ қул Али оғо
Фармонингни этмоқда адо.
— Унга етказ,
Шодиёнамга
Туҳфа айлаб ҳарамхонамга
Киритмаса бир ҳур, париваш,
Бу кеч менинг кўнглим бўлур ғаш.
Боши кетар Али оғонинг,
Қурбон бўлар сенинг ҳам жонинг.

16

Оҳ, Орзу қиз,
Оҳ, гўзал санам.
Оҳ, тоғларнинг эрка оҳуси.
Банди бўлдинг
Ёрга етган дам,
Хазон бўлди қалбинг орзуси.
Бераҳмлар солдилар кишан
Нозиккина ок билагингга.
Ғам сояси тушди ишқ билан
Лим-лим тўла пок юрагингга.
Толеингга қузғун чанг солди,
Қайга етар энди оҳ-зоринг,
Она элинг узокда қолди,
Узоқларда қолди диёринг.
Оҳ, дилрабо,
Йўқотиб сени,
Зўр тоғларнинг қадди бўлди е.
Парчалади ёринг кўксини,
Отанг бўлди ҳажрингда адо.
Тоғ бағрига
Файз эди сенинг
Шўх қўшиғинг, дилбар карашманг.
Сен кетдингу сўлди чаманинг,
Қуриб битди беғубор чашманг.
Сен кетдингу
Чўкди энди ғам.
Кундан-кунга ортди қайғуси...
Оҳ, Орзу қиз,
Оҳ, гўзал санам,
Оҳ, тоғларнинг эрка оҳуси.

17

Ўтаверди кунлар ва ойлар,
Оқаверди дийдалардан қон.
Бахтсиз кунда,
Тутқунда гирён
Она бўлди Орзу муштипар.
Ғам, ҳижрондан юраги пора.
Диёридан йироқ-йирокда,
Ўзга юртда,
Ўзга қирғоқда
Она бўлди Орзу бечора.
Сўнгсиз ғазаб кўксида оташ,
Айрилиқнинг алами ичра,
Золим хоннинг ҳарами ичра
Она бўлди
Орзу жафокаш.

18

Оқшом.
Чўкди денгизга қуёш.
Тикилганча кунботар ёққа,
Қўлда гўдак,
Кўзда қонли ёш,
Орзу чиқди баланд қирғоққа.
Дардин сўйлаб йиғлади танҳо.
Она юртга,
Севган ёрига,
Падарига — ғамгузорига
Энг сўнгги бор
Айтди алвидо.
Бахтсиз танни қучганча туриб,
Кўз ёши-ла ювди юзини.
Сўнгра бирдан
У қаҳ-қаҳ уриб,
Тўлқинларга отди ўзини...

19

Ҳижрон дардин енгар экан вақт,
У ҳар қанча бўлмасин оғир.
Йиғлаб-йиғлаб
Орзу ғамин ҳам
Унутдилар кишлоқда охир.
Барча банддир
Ўз дарди билан,
Ўз ташвиши билан овора.
Йиғинларда эслашар баъзан
Не бўлди деб
Орзу бечора.
Ойлар ўтди
Чопган оҳудек,
Баҳор келди қишнинг изидан.
Бир кун тунда
Қўлида гўдак
Сув париси чиқди денгиздан.
Аста кўйди гўдакни
Чўпон —
Кўксин урган қирғоқ тошига.
Сукут сақлаб ўлтирди бир он,
Сўнг йўл олди
Чашма қошига.
У келди-ю,
Қуриган чашма —
Кўзларидан оқиб кетди ёш.
Гўдак уни симирди ташна
Ва қумларга қўйиб ётди бош.
Кўкда сўнгги
Сайёра қолиб,
Ёришганда оҳиста осмон,
Сув париси гўдакни олиб,
Юриб кетди
Денгизга томон.
Чашма худди
Она оҳудек
Кўзда ёши тирқираб қолди.
Сув париси
Қўлида гўдак
Тўлқинларга кириб йўқолди.

Хотима

Қулок солиб ўлтираман жим
Қора денгиз ҳикоясига.
Дардга тўла севги достоним,
Мана, етди ниҳоясига.
Қора денгиз,
Тўлкинли денгиз,
Этагингга туташган осмон,
Чўкиб ётар остингда чексиз
Афсонаю эртак ва достон.
Не ошиқлар севгиси билан
Юрагини кўмганлар сенга.
Денгиз,
Сонсиз эртакларингдан
Биттасини сўйладинг менга.
1964 йил, Ялта


ПАЛАТКАДА ЁЗИЛГАН ДОСТОН

26 АПРЕЛ

«Тошкент» сейсмик станцияси хабар беради: «Бугун 26 апрел эрталаб 5 дан 23 минут ўтганда Тошкент шаҳрида кучли ер қимирлаш бўлди... Зилзила эпицентри шаҳар остида... Зилзиланинг кучи марказда 7,5—8 баллга етди. Дастлабки маълумотларга қараганда...»

Йўқ, бу достон эмас,
Булар барчаси —
Зилзилада кўчган
Шеърлар парчаси.
26 апрел
Тонг саҳар
Қаттиқ силкинишдан
Уйғонди шаҳар.
Кварталлар гўё
Катта эшелон —
Силтаниб кўзғалди,
Юра бошлади,
Алланечук бўлиб
Еришди осмон,
Қайдадир гумбурлаб
Девор ташлади.
Бола қичқириғи,
Аёлнинг доди,
Итлар вовиллаши
Қўшилди бир он.
Бирдан кўтарилиб
Муаллақ қолди
Қашқар маҳалланинг
Устида тўзон.
Бир зум ўтмай, барча
Товушни босиб,
Сирена овози
Таралиб кетди.
Прожектор каби
Шаҳарни кесиб,
«Тез ёрдам» ҳар ёнга
Таркалиб кетди.

...Бир аёл чақалоқ боласини бешиги билан кўтариб ўзини эшикка отди. Қўрқув, саросймада тошойнага урилиб беҳуш йиқилди...
...Студент бола иккинчи қаватдаги ётоқхона деразасидан ўзини пастга ташлади. Ётоқхона ҳовлисига тахлаб қўйилган матраслар устига тушиб омон қолди. Чап кураги чиқиб, тирсаги бир оз лат еди...

Сўнгра жимлик чўкди,
Тонг отди аста.
Қуёш юпатгандай
Қаради пастга.
Одамлар эгнидан
Чангларни қокиб,
Ишга шошилади
Соатга боқиб.
Яна давом этар
Одатий ҳаёт.
Одамлар,
Одамлар —
Мужассам сабот!

Шу кун тонгда кўчага чиққанлар бир ажиб ҳодисанинг гувоҳи бўлдилар. Шаҳарнинг ҳамма соатлари худди зилзила юз берган дақиқани қайд этгандек, 5у 23 минутда тўхтаб қолган эди.

Йўқ, бу достон эмас,
Булар барчаси —
Зилзилада кўчган
Шеърлар парчаси.
Бу на чақириғу,
На ташвиқ, шиор,
Плакат на даркор?
Нутқлар на даркор?
Шундай пайт бетарғиб,
Бесўз, беалвон,
Фалокат нимадир —
Ҳаммага аён,
Девордан узилиб
Тушса плакат,
Ахир битта бошга
Бу ҳам «палакат»...

Бу бўлган воқеа. Катта идоранинг тепасига зилзила муносабати билан осилган плакат у кунги қаттиқ бўронда узилиб тушиб, бир пенсионернинг чаккасини ёрди.

Бу ишлар ўтмишга
Берилди букун,
Деворлар дарз кетди,
Юраклар бутун.
Бинолар йикилди,
Одамлар яшар.
Дўстларин чақирар
Ҳашарга шаҳар.
Режадан бошланар.
Тонг горсоветда.
Шаҳар яшамоқда,
Ваҳмаси четда.
Бу хабар Қаршига
Учди кабелдан:
«Ер ёрилиб кетди,
Сув ҳозир белдан.
Ўртоқ, Тошкент тамом».
Бу гапни ўртоқ
Термизга таркатди
Сал бўрттириброқ.
Ваҳималар ўтди,
Барчаси ортда.
Нималар бўлмайди,
Ахир, ҳаётда.
Гап уй-жойда эмас,
Жон бўлсин омон.
Лекин шундай пайтда
Билинар инсон.
Билинар ким танти,
Ким беҳамият.
Бундай пайт узр, сўз
Беаҳамият.
Бу аён — ҳар нарса
Силкинган пайтда
Йириги юзага
Чикар албатта.
Ер қалкди — ер билан
Юраклар қалкди.
Юзага туйғулар,
Тилаклар қалқди.
Одамлар ажралди
Уну кепакка —
Сарак-сараккаю
Пучак — пучакка.
Бир дўстим сўзларди
Минбардан туриб,
Бурч, виждон ҳакида
Кўксига уриб,
Дерди: фидо бўлсин
Жоним халқимга...
Бу кун келиб қолди
Жони халқумга.
Қалбим пайванд дерди
Ўсган еримга.
Тонгги рейс билан
Учди Қримга...

Райсоветга ёзилган аризадан:
«... Кеча менинг уйимга келиб зилзила оқибатини текширган комиссиялар: «Уйи яшаш учун яроқли, зилзиладан зарар кўрмаган», деб ёзиб кетибди. Ҳолбуки, меҳмонхонанинг икки жойида ганч кўчган. Бу зарарнинг ҳақини ким тўлайди?..»

Бутун халқ қўзғалди,
Ҳам бурч, ҳам ҳашар.
Қишда палаткада
Қолмас ҳамшаҳар.
Дейдилар, кулфатда —
Юрак бўлса кенг —
Тор уй ҳам дўст учун
Кенг оламга тенг.
Бизлар беш жон эдик,
Ўн бир жон бўлдик.
Бир кунда танишиб,
Жонажон бўлдик.
Эл бошига ногоҳ
Келган бу кулфат
Бир-бирига қилди
Ҳаммани улфат.
Ёзув:
«Уй омонат.
Эҳтиёт зарур».
Бундай пайтларда
Эътиқод зарур.
Уй омонат бўлса,
Ўй бўлсин бутун.
Сабот — ғишт, ганч каби
Зарурдир бу кун.
Гузар.
Узунқулоқ
Одам тумонат.
Эҳтиёт!
Бу ерда ишонч омонат.
Бир мулла ютиниб
Сўзлайди юввош:
«Айб ўзимизда
Одамлар бевош.
Имонни билмайди
На кекса, на ёш.
Хотинлар бениқоб,
Қизлар яланг бош.
«Гар ғазаб айласа
Холиқи қудрат...
...Шундай байт айтибдур
Ҳувайдо ҳазрат...»
Бежиз айтилмаган,
Бу ҳак бегумон:
Фожиа ва кулгу
Доим ёнма-ён.

Трамвайдаги суҳбат:
— Кеча футбол зўр бўлди-да!
— Ўйиннинг ўртасида икки марта ер силтаб ташлади.
Стадион худди бир коса сувдай чайқалиб кетди...
— Айтганча, футболчилар ойлик оладими?
— Катта пул олса керак. Красницкий трамвай олган эмиш. Тунов куни ўз кўзим билан ўқидим.
— Трамвай эмас, травма олган, овсар...

Ўтди даҳшатли кун,
Қора саҳифа.
Бугун студентлар
Тўқир латифа...
Аския пайрови
Энг янги мавзу,
Яна чойхонада
Кўк чой ва кулгу...
Яна кечагидек
Уйғониб саҳар
Туғурукка патир
Ясар кампирлар...
Яна давом этар
Одатий ҳаёт,
Одамлар,
Одамлар —
Мужассам сабот.

...Тошкент аҳолисига ёрдам бериш учун армия қисмлари юборилди...

Мен ўша «Фердинанд»,
«Тигр»лар билан
Юзма-юз олишган
«Танк-34»ман.
Пенсияга чиқиб,
Тошкентга келдим,
Карилар жой олар
Одатда тўрдан.
Тўпимни олдилар,
Зирҳ куббам қолди,
Юбордилар майдон
Тозалаш учун.
Кўриб турибсанки,
Уй бузмоқдаман,
Кетмон хизматини
Қиляпман бу кун.
Лекин ор қилмайман,
Хизматми — хизмат.
Занг босгандан кўра
Босай дедим чанг.
Аслини олганда,
Бу ер ҳам фронт,
Бу ерда ҳам ахир
Бормоқда зўр жанг.
Ёнбошимга ўтиб
Бир қара, йигит,
Зирҳимда ўқларнинг
Изи бор ҳамон.
Занжир ғилдирагим
Остига боккин,
Бунда ўчмас бўлиб
Қотиб колган қон.
Қанча йўллар босдим,
Қанча манзиллар,
Ортимда қолди минг,
Миллион чақирим,
Русь ва Украина,
Польша тупроғи,
Бу ёнда беғубор
Кавказ ва Қрим.
Кўп жангларни кўрдим,
Кўп қонлар тўкдим.
Эзилиб кетади
Темир юрагим.
Йўк, бу керак эди,
Мен мажбур эдим,
Юртга қалкон бўлган
Пўлат кўкрагим.
Бешафқат бўлмасам
Ўшанда агар,
Ёв қайси бозорда
Сотарди сени...
Йўқ, бу керак эди,
Мен мажбур эдим.
Тарих ҳеч гуноҳкор
Қилмагай мени.
Аммо тинчлик бермас
Менга хотирам.
Кечалар тушимга
Кирар доим кон.
Мени ўраб олар
Қўрқинч шарпалар,
Ўликлар куршайди
Бўлиб оломон.
Менга кўринади
Яна қайтадан
Дўзах оловида
Ёнгувчи дунё.
Рўпарамга келиб
Даҳшат ичида,
Одамлар кичқирар
Беун, бесадо.
Шунда титраб кетар
Бутун вужудим,
«Йўқ!» деб кичкиради
Ички бир овоз.
Йўк, сира кайтмайди
Қонли фожиа,
Қайтмайди,
Қайтмайди,
Қайтмайди у боз.
Ўша кичкирикдан
Ҳушимга келиб,
Атрофга қарайман,
Ҳар ён сукунат.
Хайрият дейман-у
Ва лекин яна
Тун келгач, қайтадан
Бошланар даҳшат...
Одамзод — бахтиёр,
Одам унутар,
Аммо темирларда
Мангу хотира.
Инсон ўзи билан
Кўмар ёдини,
Темир унутолмас,
Унутмас сира...
Мана, фожиам шу —
Фожиам — ёдим,
Маҳкум этилганман
Шунга умрбод.
Бу тенгсиз даҳшатдан
Қуткариб агар
Мени эритсалар,
Бўлар эдим шод.
Мен ўша «Фердинанд»,
«Тигр»лар билан
Юзма-юз олишган
«Танк-34»ман.
Сенга дардим айтиб,
Ёш юрагингга
Оғир ўйлар солдим,
Кечир, маъзурман.

БОЛАЛАРНИ ЖЎНАТИШ

Кеча бир группа тошкентлик болалар Подмосковьега жўнатилди. Улар у ерда уч ой дам оладилар...

Бундан роса чорак аср илгари,
Худди шу кунгидай иссик саратон
Москва йўлидан карвон сингари
Эшелон келарди Тошкентга томон.
Бугун,
Роса чорак асрдан кейин
Худди ўшандайин иссиқ саратон
Поезд вокзалдан қўзғалди майин.
Бу сафар
Тошкентдан Москва томон.
Болалар кетмоқда сокин, беозор,
Дўмбоқ қўлларида гуллар, лолалар.
Кузатган оталар ичра балки бор
Биринчи поездда келган болалар.
Она бағри каби кенг очиқ бугун
Москва, Киевнинг олтин қопқаси.
Поезд учар.
Учар изидан учқун,
Бу кун ғарбга кўчди «фронт оркаси».
Яна портлашлару
Яна чанг-тўзон
Гўдакларни ортга кўчирмоқда боз.
Аммо бу гал жўнар болалар шодон,
Негаки, «айрилиқ» — фақат уч ой ёз.
Улар қайтгунича чанглар босилиб,
Янги кварталлар кўтаради қад.
Болалар қайтишар,
Яйраб, ёзилиб,
Бу кун жўнашмоқда
Уч ойга фақат.
Эй, сиз,
Жажжи, дўмбоқ укажонларим.
Истикболи ёркин,
Бахти барқарор!
Узоқ йўл олдидан, жонажонларим,
Сизга икки оғиз айтар сўзим бор.
Салқин Подмосковье ўрмонларида
Қарағайлар аро,
Кайинлар аро,
Ажойиб боғлару бўстонларида
Сизлар яйраб-яйраб олганда ором —
Билиб қўйинг,
Бундан чорак аср аввал
Изғирин тунларда,
Аччиқ қаҳратон —
Одамлар бу ерда яланг тўшларин
Фашист танкларига килганлар қалқон.
Ҳайрон бўлманг яна
Тупроқ ичидан
Занг босган дубулға топиб олсангиз,
Гумбурлаган садо келиб туради
Ернинг юрагига қулоқ солсангиз.
Мабодо кўрсангиз танҳо қабрни,
Майли, ким бўлмасин,
Гуллар терган дам,
Укалар, мен учун бир чечак қўйинг,
Ўша ерда колган менинг ҳам акам.
Бир дам сукут сақланг
Қабр устида.
Айтинг,
Тинч ухласин у азиз инсон.
Сен кўрган у кунлар кайтмас денг сира,
Тириклар йўл қўймас бунга ҳеч қачон.

КЕЛИНЧАК

«Тошкент» сейсмик станциясининг маълум қилишича, кеча кундуз Тошкентда ер қимирламаган...

Бу даҳшат фожиа юз берди кеча.
Сокин чошгоҳ пайти,
Куппа-кундузи.
Ҳамма ёқ осуда,
Тинч эди ер ҳам.
Сўнди бу чошгохда бир калб юлдузи...
Дастурхонда колди ярим коса ош,
Қолди силкинганча қурук беланчак.
Гўдагини кучиб,
Дод солиб ногоҳ
Кўчага югуриб чиқди келинчак.
Олазарак бокди атрофга.
Жимжит...
Жимжит оташ сочар июн қуёши.
Сочини силади,
Сўзсиз йиғлади.
Дувиллаб тўкилди кўзидан ёши.
Олуча шохида титрар бир япроқ,
Арикча жилдираб окар эринчак.
Сийнасин ғижимлаб,
Узоқ йиғлади,
Сўнгра... бирдан қаҳ-қаҳ урди келинчак.
Бу даҳшат фожиа юз берди кеча,
Сокин чошгоҳ пайти.
Куппа-кундузи:
Ҳамма ёк осуда,
Тинч эди ер ҳам,
Сўнди бу чошгохда бир калб юлдузи.
Ҳали парвоз этмай синди бир қанот,
Бевақт очилмасдан сўлди бир чечак.
Қурбон бўлганларнинг сонига кирмас
Юракдан айрилган
Битта келинчак.
Ёри, севар ёри
Рангида қон йўқ,
Унсиз йиғламоқда, беролмай бардош.
Оҳ, нақадар оғир,
Нақадар оғир
Кўрмок йигит киши кўзларида ёш...
Зўрға айирдилар боладан уни,
Онага интилар,
Гоҳ кочар гўдак.
Ҳалок бўлганингда эди ногаҳон,
Бунчалар йиғламас эдим,
Келинчак.
Пок қадаминг теккан кўча чанги ҳам
Хайрлашар чоғи ердан кўзғалди.
Сени олиб кетган оқиш машина
Ортидан эргашиб,
Буралиб қолди.
Сен кетдинг,
Дилларни ўртаб, ёндириб,
Юракларда колди алам-тугунчак.
Ҳаётни севардинг,
Қандоқ севардинг,
Кўчамизнинг кўрки эдинг,
Келинчак.
Йўқ, ҳеч ишонмайман,
Ишонгим келмас,
Ҳали бор кўксимда умид учқуни,
Доктор,
Мана менинг юрагим, олинг
Ва лекин ҳаётга қайтаринг уни.
Усиз ёруғ дунё ҳувиллаб колар,
Усиз очилмайди боғларда чечак.
Етим бўлиб қолар ўксик шаҳарим
Ҳаётга қайтмаса
Уша келинчак.

ЎЗБЕК ҚИЗИ ЛЮБОВЬ ТИМЧЕНКО

...Кеча тошкентликлар Харьков ва Луганскдан келган қурувчиларни қаршилаб олдилар.

Бежо кўз ташлама менга,
Ҳой йигит,
Яхшимас,
Бекорга хафа қиламан.
Тил билмайди дея ўйлама мени,
Ўзбекчани сендан яхши биламан.
Сенинг шаҳарингга
Узоқ Харьковдан
Муҳаббат кидириб келган эмасман.
Мен ўзбек қизиман,
Мен шу ерликман,
«Жонон» дема мени, жонон эмасман.
Асли менинг исмим Баҳрихон эди,
Абдураззок кизи эдим аслида.
Ўйнаб юргандирман,
Ким билсин, балки,
Бизлар бузаётган манов яслида...
Менинг қиссам узоқ,
Сўзлайин агар
Тингламоқчи бўлсанг каноат ила.
Ёш бўлсам ҳам менинг
Бутун ҳаётим —
Чорак аср давом этган зилзила.
Мен эсимни таниб
Шу ерда ўсдим.
Ҳар қарич тупроғи менга ошино:
Абдураззоқ ота — дадам эди-ю,
Онагинам эди — Шарифанисо.
Дадам ўлиб кетди,
Ёлғиз қиз қолдим,
Мени ишонмасди ҳеч қайга онам.
Кечалари иссик бағрига босиб,
Ўпиб эркаларди,
Дерди ягонам.
Ўзбек қизи эдим,
Йўқ эди шубҳам,
Баҳор гулларидан бошимда гултож.
Жамалак сочимни силаб қўшнилар,
Суйиб атардилар мени «Олтин соч».
Иккинчи синфга энди кўчгандим,
Орзуларим каби кенг эди олам.
Бир кун
Уйимизни сўроклаб келди
Солдат кийимида
Нотаниш одам.
Эшикдан кирдию
Қулочин очиб,
«Люба, Любам» дея менга ташланди.
Йиғламасди сира эркак кишилар,
У солдатнинг кўзи бирдан ёшланди.
«Акагинанг кани,
Онанг кани», деб,
Фарёд қилиб мени тутди саволга.
Яна қандай онам,
Қандай акам, деб
Ҳайрон бўлар эдим бу ажиб ҳолга.
Сўнг...
Сўнг жўнаб кетдим у одам билан,
Худди кечагидек ёдимда бари:.
Кўз олдимдан сира кетмайди у кун
Онамнинг жавдираб боққан кўзлари.
Бор, кизим, дерди у,
Бор, дўмбокқинам,
Кузда бориб ўзим олиб келаман.
Дерди: — Бу ўз даданг.
Мен эса гаранг,
Дадам бошқалигин қайдан биламан.
Йўл бўйи у менга қилди ҳикоя:
(Сўзларди у одам ғоят таъсирли.)
Уруш бошланиши,
Даҳшатли жанглар,
Сўнг душман қўлида тўрт йил асирлик.
Ғалаба...
Озодлик,
Юртга қайтгани,
Мени излагани, кезиб мамлакат.
Ҳикоя сўнгида — мана сен дея,
Чўнтагидан олиб кўрсатди сурат.
Суратдан боқарди ярим яшар қиз,
Мен каби сариқ соч,
Юзи думалоқ.
Мен шунда ишондим,
У — отам эди,
Дада, дегим келди,
Айтмадим бироқ.
Биз Харьковга келдик,
Ёз бўйи турдик —
Тўрт хоналик уйда фақат икковлон.
Меҳрим ортар эди кундан-кун унга,
Дада демас эдим
Ва лекин ҳамон.
Онамни, Тошкентни соғинар эдим,
Лекин билинтирмас эдим аламим.
Бу одам кечирган кунлар олдида
Нима бўпти менинг
Кичкина ғамим...
Янгидан биринчи синфга бордим,
Сентябр тонгида очилиб хушҳол.
Ўзим ҳам таажжуб қилардим —
Тилим
Украин сўзига қовушди дарҳол.
Аммо
Ёш бошимга тушди фалокат,
Ғам булути босди бахт осмонимни.
Ярим кеча эди,
Бир киши келиб
Олиб кетди ёлғиз меҳрибонимни.
Ўша кеч куз пайти,
Ёмғирли кеча
Кўз олдимдан нари кетмайди ҳамон:
Хайрлашар экан,
Биринчи марта
У одамни қучиб
Дедим:
«Дадажон!»...
Дадам қайтгани йўқ,
Уни эсласам
Анор донасидек эзилар юрак.
Соғиндим,
Кўп кутдим,
Зор бўлдим, аммо
Ўзбек онамдан ҳам топмадим дарак...
У куни
Москва қилганда хабар
Фалокат тушганин Тошкент бошига,
Дарҳол учиб келдим,
Қизи келгандек
Оғир кунда қолган она қошига.
Бахтли эдим,
Кичик меҳнатим билан
Шаҳрим ярасига малҳам бўлолсам,
Қурилажак Тошкент пойдеворига
Юрагим меҳрини пайванд қилолсам.
Мана, саҳар туриб,
Кун бўйи ишлаб,
Кечқурун шаҳарни кезаман танҳо.
Ногаҳон учраса оқ сочли аёл.
Сўрайман:
Сизмасми Шарифанисо?
Йўқ деб бош чайқашар,
Зилзилага йўйиб —
Шўрлик қиз дейишар,
Бокишар ҳайрон.
Мен-чи, йигирма йил ўтган бўлса ҳам
Онамдан умидвор,
Излайман ҳамон.
Агар ҳаёт бўлса,
Уни топаман,
Қувончга тўлдириб мунис қалбини,
Агар ўтган бўлса,
Кечирим сўраб,
Қучоклаб йиғлайман топиб қабрини...
Мана менинг қиссам,
Эшитдинг, йигит.
Энди халал берма саволлар ила,
Ёш бўлсам ҳам менинг
Бутун ҳаётим —
Чорак аср давом этган зилзила.

ШАҲАР ИЖРОКОМИНИНГ РАИСИГА ОШИҚЛАРДАН АРИЗА

«...26 апрелда Тошкент «Бахт уйи»да 25 та никоҳ қайд этилган...»

Ўртоқ раис,
Ишингиз кўп,
Вақтингиз кам, биламиз.
Аммо, узр, уч-тўрт минут
Фурсатингиз оламиз.
Қўйинг бир дам қоғозларни,
Дунё иши битганмас.
Кўзойнакни олиб кўйиб,
Қулоқ беринг бир нафас.
Биз ошиқлар, яъни биз ҳам
Шу шаҳарга граждан.
Аризага ҳаққимиз бор
Эл қатори шу важдан.
Қандай бўлса янги шаҳар —
Бизга эмас барибир.
Ошиқ халқи тарқоқ халқ-у,
Лекин гапи, дарди бир.
Ўртоқ раис, ишқ аҳлини
Қўшсангиз гар қаторга,
Таклифимиз эшитингу
Тиркаб қўйинг қарорга.
Аввало шу —
Бизлар кўпмиз,
Бизлар юз минг нафарча.
Шаҳар ичра қуриб беринг
Бизлар учун шаҳарча.
Бу шаҳарга ном қўйилса —
«Севги шаҳри» аталсин.
Дарвозаси тепасига
Катта шиор қадалсин.
Бу шиорга катта қилиб,
Ҳамма учун кўрсатиб,
Зўр шоирга буюртириб
Шеър ёзилсин тўрт сатр.
Мазмуни шу:
Бу шаҳарча
Барча учун кенг очиқ,
Ким бўлмасин юрагидан
Фақат бўлсин чин ошиқ.
Аммо зинҳор бу шаҳарга
Киритилмас бедардлар.
Севги юкин кўтаролмай
Бир бор қочган номардлар.
Чин муҳаббат, чин дард бўлсин
Бу шаҳарча аҳлида.
Шаҳарчанинг айланаси
Бўлсин юрак шаклида.
Садоқатга макон бўлсин,
Тимсол бўлсин умрбод.
Энг марказий кўчасига
«Вафо» дея қўйинг от.
Битта кўча «Упич» бўлсин,
Битта майдон
«Аҳд-паймон».
Бу кўчага кирмаганлар
Мангу қилсин пушаймон.
Бир хиёбон «Висол» бўлсин,
Ҳеч бўлмасин фироғи.
Хира бўлсин, кўкиш бўлсин
Бу хиёбон чироғи.
Битта кўча бу шаҳарда
«Изҳори ишқ» аталсин.
Тажрибасиз ёш ошиқлар
Дардин бунда айтолсин.
«Севаман» деб ёзиб қўйинг
Бу кўчанинг бошига.
Айтолмаган тўхтаб турсин
Шу ёзувнинг қошида.
Катта равон шаҳроҳ номин
«Покизалик» деб қўйинг.
Оқ мармардан лавҳа қўйиб,
Навоийдан байт ўйинг.
Бу шаҳарга мангу қилиб,
Ўчмас қилиб зарҳали
Ўрнатилсин Фарҳодларнинг,
Мажнунларнинг ҳайкали.
«Вафо» номли кўча узра
Турсин аҳли чин вафо,
Ромео ва Тоҳир бўлсин,
Джульетта ва Зуҳро.
«Май ва маҳбуб» кўчасининг
Киравериш йўлида
Турсин шоир Умар Хайём,
Май косаси қўлида.
«Саргашталик» кўчасининг
«Рашк» тупиги устида
Отеллонинг шакли турсин
Қора кийиб устига.
Бу кўчанинг охирида
Бўлсин «Макр» майдони.
Тасвир этинг бунда ғолиб
Ёсуман ва Ягони.
«Гумон» ва «Ғаш» кўчасига
Белги қўйинг каттакон.
Бу кўчага киришмасин
Ёш ошиқлар ҳеч қачон.
Қоровуллар қўйинг, ҳайданг,
Интилса денг «нари бор!»
Айтинг, кўча охирида
«Айрилиқ»нинг жари бор.
Шаҳарчада ўссин фақат
Сарву гулу сунбуллар...
Гул шохида эртаю кеч
Сайраб турсин булбуллар.
Товуслар тинч хиром этсин
Бериб ўзга оролар...
Бу шаҳарга кўчирилсин
Барча ЗАГС бюролар.
Уйланганлар бу шаҳарга
Келиб турсин гоҳида.
Ором олиб ўтиришсин
Бир дам «Яраш» боғида.
Майли, кисқа қиламиз.
Биз сиздан уй сўрамаймиз,
Бизлар шундай, турфамиз,
Бошпанамиз мовий осмон,
Юлдузлардир кўрпамиз.
Бошпанамас, бизга фақат
Пана керак тузукрок.
Шаҳар ёруғ кеча-кундуз,
Дала эса кўп йирок.
Йўк, ҳазилга йўйманг буни,
Гапларимиз бари чин.
Биз билмасак, ким билади
Шаҳарнинг ҳар каричин.
Ҳа денг, ё йўқ, кетмас бунда
«Аммо», «ёхуд», «магар»и,
Бизга колса бутун Тошкент
Бўлсин «Севги шаҳари».
Хулоса шу — илтимосни
Бажарсангиз хўпу хўп,
Йўқ десангиз, юкорига
Ёзажакмиз бизлар кўп.
Ҳайрон бўлманг, устингиздан
Арз килувчи жойимиз —
На Совмин, на Олий Совет,
Балки келин ойимиз.
Ахир сиз ҳам севишгансиз...
Хўп десангиз ажабмас,
Келин ойим икки оғиз
«Қуриб беринг» деса бас.
Хайр энди, қарор кутиб
Юрагимиз ошиқар.
Салом билан шаҳрингизда
Яшагувчи ошиқлар.

ШАҲРИ ДИЛОРОМ

Тошкент,
Ўзбекистон раисига тегсин.
Мен бу йил тўртинчи синфни битирдим. Ёшим ўн бирда. Ер қимирлаш қанақа бўлишини билмайман. Бизнинг маҳаллада кеча Тошкентга ёрдам деб пул йиғишди. Мен атлас кўйлакка йиеиб юрган беш сўм пулимни юбораяпман. Болалар боғчаси қуришингизни сўрайман.
Дилором. Ўш шаҳридан.

Дилором,
Дилором,
Жажжи сингилчам,
Дўмбоқ юзларингни қилдим тасаввур.
Мунисам,
Каттакон мададинг учун
Бош эгиб айтаман сенга ташаккур.
Жаҳон подшолари хазинасидан
Олтин юборганда ҳамки беадад,
Дилором,
Дилором,
Жажжи сингилчам,
Сенинг ёрдамингча бўлмасди мадад.
Биз бунга бир эмас, юзлаб ва минглаб
Боғчалар қурамиз,
Кўркма, етади.
Сендек меҳрибони бор экан, демак,
Тошкент жароҳати битиб кетадй.
Фақат сен омон бўл, яйрагин кулиб,
Қора қошларингга қўнмасин ғубор.
Сен саломат бўлсанг, меҳрибонгинам,
Бу оғир кунларда толмаймиз зинҳор.
Сен учун бир шаҳар қурайлик, дўмбоқ,
Киройи одамлар қилгудек ҳавас,
Осмондай кенг бўлур, денгиздай мовий,
Кўксингни тўлдириб олурсан нафас,
Хиёбонлар аро сени етаклаб,
Чароғон кечада ва ё кундузи
Бирма-бир Тошкентни кўрсатиб чикар
У кун Ўзбекистон раиси ўзи.
Нақадар ажойиб,
Нақадар сулув,
Бунга сен сабабсан, сенинг ҳимматинг.
Ям-яшил шаҳарнинг энг ўртасига
Ўрнатиб қўямиз катта суратинг.
Токи узоқ-узоқ юртлардан келиб
Гўзал шаҳримизда олганда ором,
Дўстлар сўрасинлар:
Бу кандай шаҳар?
Биз жавоб берайлик:
Шаҳри Дилором.

НИҲОЯ

«Тошкент сейсмик станцияси хабар беради: 26 апрелдан буён ўтган икки ой ичида Тошкентда 500 марта ер қимирлади. Зилзиланинг кучи сўниб бормоқда».

Булар достон эмас,
Булар барчаси —
Зилзилада кўчган
Шеърлар парчаси.
Жарангли қофия,
Чиройли нисбат,
Янги ташбеҳларга
Йўқ эди фурсат.
Зудлик керак эди,
Кутарди замон,
Палатка ичида
Туғилди достон.
Фикрлар бениқоб,
Яланг туйғулар.
Чанг босган дафтарга
Ёзилди булар.
Бу — шоирлик эмас,
Инсонлик фарзим,
Бўйнимда қолади
Ҳали кўп қарзим.
Шоирлар ёзажак
Ҳали кўп достон.
Бир оз фурсат ўтсин,
Босилсин тўзон.
Бошдан учган ҳушлар
Жойига қўнсин,
Чайқалиш тўхтасин,
Фикрлар тинсин.
Кўнгилга шеър сиғмас
Юраклар танда —
Симоб қатрасидай
Қалқиб турганда.
Бари ўтиб кетар,
Ваҳима — ортда.
Нималар бўлмайди,
Ахир, хаётда.
Ҳали ишимиз кўп,
Ҳали кўп ҳашар.
Қурмоғимиз керак
Янгидан шаҳар.
Ҳакиқий Тошкентни
Тиклаймиз ҳали.
Сўнг келар ҳақиқий
Шеърларнинг гали.
Булбуллар сайраган
Боғу гулшанда
Шеърхонлик қиламиз
Тўйиб ўшанда.
Қувноқ гурунгимиз
Этади давом,
Биз билан бўлади
Жажжи Дилором.
Шарифанисони
Топган Любахон
Уйида бўламиз
Бир кеча меҳмон.
Биздан нима кетди —
Йўлма-йўл бир дам
Бош суқиб ўтамиз
Ижрокомга ҳам.
Бизни қарши олар
Дилкаш, қувнок мэр,
Тортмасидан олиб
Ўкиб берар шеър.
«Бу хатни ёзишган
Ошиқлар менга...»
Бизлар билмагандай:
«Ҳа, шундай денг-а...»
Раис бизни бошлар
Кўчалар сари.
«Мана, дўстлар, сизга
«Севги шаҳари».
Ошиқлар наказин
Қилолдик адо.
Бу шаҳарга келсин
Ким бўлса шайдо».
Кўчалар четида
Олмаю гилос,
Анорлар қизариб
Гуллайди қийғос.
Неча йиллар оша
Учмай зарҳали
Туради Фарҳоду
Мажнун ҳайкали...
Ҳа, шаҳрим тилларда
Достон бўлади.
Қримга қочганлар
Қайтиб келади.
Яна мажлисларда
Минбардан туриб,
«Жоним халқимга» дер
Кўксига уриб.
Биз эса мажлисдан
Қочиб ўшанда
Шеърхонлик қиламиз
Боғу гулшанда.
«Ғазал» хиёбонин
Этамиз сайр.
Уқувчим,
Шу ерда
Ҳозирча хайр.
1966 йил 28 май — 10 июнь,
Тошкент


ҚУЁШ МАСКАНИ
(достондан боблар)

* * *

Мен бир ўзбек ўғли,
Келиб дафъатан
Қадимий Сайҳуннинг канорасидан
Букун Москвага қараб турибман
Юксак Останкино минорасидан.
Қўлимда бир кадаҳ тим қора қаҳво,
Елкамда муаззам гумбази даввор.
Қаршимда поёнсиз бу ажиб маъво
Кўкиш туман ичра ётар улуғвор.
Булутлар теграмда сузиб юрипти,
Шунчалар яқинки, етгудай қўлим.
Нигоҳим ҳайратдан йўқотиб кўним
Мовий чексизликда кезиб юрипти.
Қуёш ғарб уфқига ловиллаб ботар.
МГУ қуббасида бир ҳовуч зари.
Олис-олисларда товланиб ётар
Гранит қирғоқли дарё камари.
Мана,
Шарқ уфқидан юксалиб аста
Ёнгинамга келиб тўхтади ҳилол.
Соҳир қанотига чирмаб ораста
Мени олиб учар
Ойдин бир хаёл...

* * *

Хаёл...
Сайри унинг гоҳ ер, гоҳ фалак.
Кўзгунинг беором шуъласи мисол.
Унга бир нафасдир ўтмиш, келажак.
Унга бир кадамдир жануб ва шимол.
Мен бу юксакликда хаёл билан маст,
Хаёлнинг кифтида турибман ўзим.
Фақат нигоҳ етган уфқлар эмас,
Бутун коинотни кўрмоқда кўзим.
Ҳов ана,
У ерда тугайди ўрмон,
Давоми туташдир поёнсиз чўлга.
Чўл орти мен учун энг азиз макон
Ўзбекистон дея аталган ўлка.
Не ажаб,
У томон бокдим дафъатан,
Вужудимни тортди бир оҳанрабо.
Ой ҳам кўтарилар ўша тарафдан,
Ўша юрт устида порлайди Зуҳро.
Унда мен илк марта оламни кўриб,
Илк бор «Алифбо»дан олганман таълим.
Олам марказининг кифтида туриб,
Она юртим,
Сенга қиламан таъзим.

* * *

Сўлим Фарғонанинг мунис бағрида
Бор олти ариқдан сув ичган кишлоқ.
Унда
Чорак аср мендан нарида
Болалигим чопар тўзғитиб тупроқ.
У йироклаб борар,
Мен ортидан жим
Хаёл дурбинида қараб коламан.
Ох, болалик, дейман,
Аммо ўзим ким?
Отамнинг ёшига етган боламан.
У менинг ёшимда умрини яшаб,
Шараф китобига битиб номини,
Ўзи шундоқ севган ҳаётни ташлаб...
Йўк. у боқий қилди ҳаёт шонини.
Мен қисқа кечмишим сарҳисоб этсам
Бир савол фикримда ҳамиша ёниқ:
Одам бўлолдимми дунёда мен ҳам
Отамнинг ўғлиман демоққа лойиқ?
Мен шундай яшашни қилардим орзу,
Ҳам шундай бўлмокни эл учун фидо.
Қон бўлиб қалбимга сингган бу туйғу,
Менинг маслагим шу
Азал ибтидо...

* * *

Ўтган кунларимни
Қилсам хаёлот,
Умрим китобини вараклаб кўрсам,
Барча шодликларин берибди ҳаёт,
Аямабди аммо озорини ҳам.
Ҳали етти ёшга тўлиб-тўлмасдан,
Онамдан ҳам кониб эшитмай эртак,
Отамнинг меҳрига тўйиб-тўймасдан
Қўша жудоликни кўрибди юрак...
Лекин тақдиримдан норизо бўлсам,
Ёлғиз ўсдим десам йўқ зарра ҳаққим.
Она бўлиб мени кучдию ўлкам,
Ота бўлиб бошим силади халқим.
Жигар бўлиб боқди неча мушфиқ кўз,
Неча дўст-ёр топдим, неча биродар,
Эсим таниб, менга
«Тоға» деган сўз
«Ота» деган сўзга бўлди баробар.
Унинг меҳри ила
Умр ирмоғим
Қуйилди каттакон ҳаёт наҳрига.
Қолди Олтиариқ —
Ота қишлоғим,
Она шаҳрим Тошкент олди бағрига.

* * *

Соғинч билмасайди
Болалик агар,
Ўйчан қилмасайди пинҳона дардим,
Балки, кўп катори мен ҳам бир ҳунар,
Бир фойдали касбнинг измин тутардим.
Мен юксак билардим олим хизматин,
Муҳандис бўлмоқни қилардим тилак.
Аммо хаёл берди менга қисматим,
Такдир менга берди беором юрак.
Мунажжим бўлмоқни қилардим орзу,
Гоҳи кўк сайрида тонглар отарди.
Аммо юрагимда ўзга бир ғулу,
Узга бир ғалаён чўкиб ётарди.
Булок ер остида кезиб кўп замон.
Силкиб замин узра чиккандай бир кун,
Кўксимни тўлдириб ётган дард, туғён
Ок қоғоз юзига тўкилди бутун.
Шунда унут бўлди барча изтироб,
Яна нурга тўлиб кўринди олам.
Маъюс юрагимни овутди китоб,
Кемтик ҳаётимни тўлдирди қалам.
Қалам!
Эҳтиромим. олқишим сенга,
Танҳо кечаларда эй танҳо улфат.
Олам юкин ортдим нозик белингга,
Иўлимиз олисдур,
Толиқма фақат.
Ҳеч кимга очмаган кўнглимни танхо
Сенга очган эдим, сирдош, қадрдон.
Ёдингдами,
Бир киз этганда шайдо
Ёзгандик ишк хатин бирга икковлон.
Қалбим сўзларига жим қулок солиб
Сен тунлар кошимда шам бўлиб ёндинг.
Мен-ку сенга айтдим,
Сен ичга солиб
Куйиб кўмир бўлмиш риштаи жонинг.
Ҳамон сирдошимсан,
Не келса дилга,
Сенга айтмок учун кўлга олурман.
Ишончим бор,
Ҳатто сўнгги манзилга
Сени асо қилиб етиб борурман.
Рост қаддинг қаддимни қилгуси расо,
Чунки тўғрилигинг — кучинг, қаламим.
Адил йўлга бошла мени доимо,
Ўткир бўлсин мудом учинг, қаламим.

* * *

Шеърият — бу асли жунун камоли,
Майлига, ким уни нима демасин.
Ҳаёт уммонида ёзмиш шамоли
Бўронларга бурди умрим кемасин.
Максад соҳилига интилдим бетин,
Интилмок ёр бўлди гўдак ёшимдан.
Гоҳи елкасига кўтарди тўлкин,
Гоҳ эса муздек сув куйди бошимдан.
Изланиш йўлининг сабоклари мўл,
Ким кидирмас экан,
Бўлмас хатоси.
Янглишсам кўрсатди менга тўғри йўл
Қутлуғ эътикодим кибланамоси.
Йўлнинг азобидан эгилса каддим,
Бетин заҳматлардан толикса юрак,
Навоий руҳидан мадад сўрадим,
Усмондек Пушкиндан ўтиндим кўмак.
Иўлимни ёритди
Шу икки маёқ,
Дилимни ҳамиша тўлдирди нурга.
Қалб!
Сенга ишондим йўл бошидаёқ,
Узинг раҳнамо бўл бутун умрга.

* * *

Мени шеър боғига етаклаган ким?
Бу чаман асрорин ким этди аён?
Оламдан мен фақат шодлик изладим,
Менга устоз бўлди Ҳамид Олимжон.
Юрагимга яна бир ҳамдам топдим
Есенин шеърига бўлгач ошино,
Гёте очди менга сирлар китобин —
Фауст билан бирга сайр этдим дунё.
Фузулий девонин қўлимга олдим,
У солди кўнглимга ғазал меҳрини...
Кўп заҳмат сўнгида
Англаб етолдим
Устоз Алишернинг буюк сеҳрини.
Уни танидиму элимни билдим,
Маҳкамроқ тургандай бўлдим заминда.
Диёрим,
Сен билан ифтихор қилдим,
Барча шавқу оташ шу боис менда.
Шунинг-чун сўрсалар:
— Илк устозинг ким?
Сенга шеър асрорин ким этди ошкор?
Дейман:
— Қалам берди муқаддас юртим,
Ватан меҳри этди мени шеърга ёр.

* * *

Олам кенг,
Эллар кўп,
Юртлар бешумор.
Ҳар юрт ўз аҳлига гўзал ва ажиб.
Не бахт,
Қуёшистон таърифли диёр
Нурли пешонамга бўлибди насиб.
Мен илк бор дунёнинг ҳар итасида
Олтин узук янглиғ ўлкамни кўрдим.
Заминнинг дўппидек бир палласида
Ҳилолий нусха гул —
Бу менинг юртим!
Диёрим тимсоли кекса Тиёншон,
Чўзиб икки дарё — икки қўлини,
Узатиб турипти Шарку Ғарб томон
Дўстлик косасини — Орол кўлини.
Ўлкамнинг тасвири ўхшайди кўзга,
Не тонг, кенг оламга боққан кўзим ул.
Яна юртим учун не дейман ўзга,
Менинг ҳаётим ул, ризқу рўзим ул.
Ахир онага ҳам сидқ айлаб бажо
Уни атамаслар ой ёки қуёш.
Қошида тиз чўкиб,
Она, деб танҳо,
Индамай кўюрлар сийнасига бош.

* * *

Бёрнс шеърларида тирилди тоғлар.
Жамбул ўланлари тутди сахрони.
Ҳар шоир ўз элин назмга боғлаб.
Юртига каратди бутун дунёни.
Чингиз Олатовга бахш этди юрак.
Мирзо ғазалида кулди Бадахшон...
Мен юртимни ёзсам бўлмоғи керак
Осмон ок қоғозу
Денгиз сиёхдон.
У қуёшдай мунис. хаётбахш сийна.
Замину замири туганмас кондир.
Ернинг нася эмас. балки накдина
Жаннати аталган Узбекистондир.
Бу ерда битмаган неъмат йўқ асло,
Жонфизо кўксида гуркираб ётар
Энг узоқ шимолнинг арчасидан то
Энг олис жанубнинг лимуси қадар.
Дарёлар,
водийлар,
денгизу
тоғлар...
Табиат кўркининг ҳаммасидан бор.
Бунда шеър бўлиб очилар лола,
Бунда эртак бўлиб етилар анор.

* * *

Қанча азиз бўлса,
Қанча мукаррам
Рязань соҳирига  жавдар бошоғи,
Шунчалар муқаддас бўлди менга ҳам
Тупроғимда ўсган пахта чаноғи.
Пахта...
У севгидек мавзудир ўлмас,
У илҳом чашмаси — мангу булокдир.
Аммо у чаманнинг кўксида гулмас,
Ернинг кафтидаги ок пўрсилдокдир.
У жон риштасидан яралган самар,
Чаноққа жо бўлган ховуч тўла нур.
У манглай теридан етилган гавҳар,
У нури дийдадан бино бўлган дур.
Шу дур билан тўлди
Ўлкамнинг қўйни,
Жавоҳир конига айланди бу кун.
Она халқим!
Тарих елкангга қўйди
Миллион тонналарнинг заминдай юкин.
Улуғлайман
Токи танда жоним бор
Манглайидан офтоб ўпган ўлкани.
Сени улуғлайман,
Азамат диёр!
Саховат махзани,
Қуёш маскани.

* * *

Муҳаббат қўёлгай қайси маъвога
Ўз юрти қадрини билмаган одам.
Шунча бўлармиди меҳрим дунёга,
Ўзбекистон, сени шунча севмасам?
Қалбим сенинг учун жўш урмаганда
Нурли кўрингайми эди бу жаҳон?
Она муҳаббатин билмаган банда
Содиқ бўлолгайми дўстга ҳеч қачон?
Байрон — ўз юртининг суюк ўғлони,
Ўз эли меҳри-ла туздию наво,
Юнон тупроғида узилди жони,
Бир халқ эрки учун жон қилди фидо.
Енисейда ўсган сибирлик йигит —
Унга ҳам ўз юрти эди кенг жаҳон,
Вақт келиб ўлимга турди бетма-бет,
Европага килди кўксини қалқон.
Ёниқ шоир юрак Султон Жўранинг
Белорус ерида қолган қабри бор...
Киндик қонинг теккан ерми Ватанинг,
Ё калб қони томган заминми диёр?

* * *

Қардош дўстим!
Сен ҳам ўкирсан шеърим,
Тилингга таржима бўлса мабодо.
Ҳозирча тил топиб оламиз, шерик,
Биз учун бу ортиқ эмас муаммо.
Тасодиф учрашиб қолдик биз бугун
Юксак Останкино минорасида.
Кел, жиндай ичайлик,
Жиддийлик нечун
Ўтиргандай местком идорасида.
Билмайман, номинг ким,
Миллатинг надир.
Ҳозир бунинг нима зарурати бор?
Сен борсан, мен борман.
Бор май ва сурур.
Шунча юксакдамиз,
Ўзга не даркор?
Ёшларнинг тили бир дерлар ҳамиша,
Айникса сафарда...
Бу гап-ку аён.
Агар билсанг, дўстим, мана бу шиша
Оламда тенги йўқ бурро таржимон.
Кел, қардошим,
Икков бўлиб ҳамнафас,
Мана шу қадаҳни ичайлик бу кун.
Нотиқлар сўйлаган «ҳамдўстлик» эмас,
Бизнинг шу девона ошналик учун.

* * *

Балки полкдош бўлган оталаримиз,
Балки бир окопда бирга ётишган.
Биллур қадаҳларда шароб ичсак биз,
Улар флягадан спирт отишган.
Тилаклар айтганда, балки бир нафас
Бизнинг бу онларни килишган хаёл.
Бу ерда ўлтирган. ўйла, биз эмас,
Ўша бир вақт полкдош бўлган икки чол.
Бу уларнинг кўзи,
Улар килган хис.
Бу улар кўксида ёнган эхтирос.
Биз фақат уларнинг тирик руҳимиз —
Биз улар умрининг давоми, холос...

* * *

Юлдузлар дарёси —
Чайқалар само,
Ярим ой тиккада балқиб турибди.
У чексиз фалакда муаллақ, танҳо,
Олам юрагидек калкиб турибди.
Минг йиллар аввал ҳам шундай эди ой,
Шундай шаркдан чиқиб
Ғарбга ботарди.
Саъдийни лол этган эди бу чирой,
Искандар ҳам балки унга боқарди.
Бу кун ҳам у ўша,
Фақат бу замон
Фазо кемалари қатнаб турибди.
Лекин шу чоқ Ерда
Бир гуруҳ инсон
Қамиш кийиб, ўқ-ёй осиб юрибди.
Биз эсак гоҳ қўйиб олам ишларин
Фазодан тирик жон излаймиз, ажаб.
Ер узра замоннинг тебранишлари
Чексизлик олдида нима деган гап?
Қўй бу хаёлларни!
Кел, майдан олдик.
Балки томчисида унинг минг дунё.
Биз икки заррамиз —
Учрашиб қолдик
Буюк ва Бесарҳад Мангулик аро.

* * *

Нур қўйнида ёнар фалак ҳам, ер ҳам,
Ҳилол кўкдан пастга оҳиста сузар.
Ўйлайман,
Ҳозир мен дарчани очсам
Капалакдай учиб кирар юлдузля!!
Ҳамон билолмайман
Ўнгми бу рўё?
Парвоз этмоқдаман гўё фазода.
Дўстим, қўлингни бер,
Ўзингмисан; ё —
Кўрганим малакми арши аълода.
Юлдузлар базмига тополмай киёс
Турибман бу нурлар кошонасида.
Бу ердан самовот бир қадам, холос.
Масканим фалакнинг остонасида.
Юр, дўстим,
Бирга сайр этайлик, ўша —
Сомон юлдузлари бўлсин поёндоз.
Бизни юксакларга йўллаган гўша
Йироқлардан боқсин хушнуд сарфароз.
Уфқ манглайига дурдай қадалган
Ўша юлдузимиз ярқирок бўлсин.
Унинг
Жаҳоний Эрк
дея аталган
Нурли келажаги яқинроқ бўлсин.
1970

Qayd etilgan


Ansora  26 Sentyabr 2009, 16:52:30

- ОЛТИН ДЕВОР -

Бизга олтин не керак,
Олтин муҳаббат бирламиз.
Покиза ишқ деб аталган
Катта давлат бирламиз...


ОЛТИН ДЕВОР
(Уч пардали комедия)

Таништирув

Саҳнага чиройли кийинган келишган бир йигит чиқади. У Қиличбек.
Қиличбек — Ассалому алайкум. Бугунги даврани олиб бориш менга топширилган. Кечамиз ҳали узок. Даврада ҳаммага навбат тегади. Хонандаларимиз созни созлагунча мен сизларга бир ҳикоя айтиб бермоқчиман.
(Музика)
Бу воқеа яқин кунларда Тақа маҳалласида бўлган. Уша одамлар ҳозир ҳам бор. Мана улар: Мўмин! (Қоровул ҳуш-таги овози келади ва милтиқ осган, фонус кўтарган Мўмин киради.) Ёши олтмишларда бўлса керак. Эски шаҳардаги дўконга қоровул.
Мўмин — Ким у бемаҳалда юрган? (Қиличбекка) Э-ҳа, сизмидингиз! Ассалому алайкум. Қани, юринг, чой қилиб бераман, қовун сўяман... (Ҳуштагини чалиб чиқиб кетади.)
Қиличбек — Абдусалом. Унинг қирқ йиллик кадрдони. Ўзи ямоқчи. Мўминнинг айтишича, ундан беш ёш кичик, ўзининг айтишича, етти ёш катта.
Абдусалом — (Қиличбекка) Акаси жонидан, менинг гапимга ишонаверинг. У бекор айтибди.
Қиличбек — Бошим кал, кўнглим нозик, деган гап, асли, шу киши тўғрисида айтилган. (Абдусалом чиқади. Хуриниса киради.) Хуриниса. Мўминнинг хотини. Уни бекитиқча кинначилик қилади, деганлар бекор айтибди. Бу бир-иккита кўролмаганлар таркатган гап.
Хуриниса — А? Нима? Ҳа, майли, майли. (Чиқади. Дилоромнинг «Нодир» деб чақирган овози келади, сўнг ўзи киради.)
Қиличбек — Дилором. Абдусаломнинг қизи. Ўтмиш-да бир шоир айтгандай: чиқди гулгун кийибон, бўлди киёмат, ҳай-ҳай! Ана ҳусну ана қадду ана комат, ҳай-ҳай!
Дилором — Нодир, бу ёққа! (Чиқади. Нодир киради.)
Қиличбек — Нодир. Мўминнинг ўғли. Уша қадду қомат ишқида шоирлик дардига гирифтор бўлган бир бечора.
Нодир — «У бир Дилором!» (Чиқади. Зуҳра кира-ди.)
Қиличбек — Зуҳра. Мўминнинг кизи. Бу шайтон кизда жуда гап кўп. (Зуҳра қаҳ-қаҳ уриб, чиқади. Мат-лаб киради.) Матлаб. Бу йигитнинг Зуҳрада илинжи бор. У ҳозир Арабистондаги бир қурилишда инженер. У араб тилида болохонадор қилиб сўкса, бизнинг баъзи чала муллалар, оят ўқияпти деб кўзларига ёш олишади.
Матлаб — Соғиндим, ёруғ юлдузим. Қани билсанг эдинг, олис юртларда Сенга интилганим, зор бўлганларим...
(Чиқади. Саидмалик киради.)
Қиличбек — Саидмалик. Бир вақтлар Дарвозада заргарлик дўкони бор эди. Ҳозир хўжалик ишлари бўйича муовин бўлиб ишлайди. Лекин камтарлик юзасидан пиёда юради. (Саидмалик чиқади. Шафоат киради.) Шафоат. Мабодо бозорда юрганингизда чап юзида йўлпашшадек холи бор жувон ёнингизда келиб: «Ассалому алайкум, мулла ака, сизга нима керак?» деб сўраганми? У Саидмалик зар-гарнинг иккинчи хотини бўлади.
Шафоат — Учта узугимни зўрға пулладим. Бугун бо-зор касод. Ҳой, хўжайин, тўхтанг, қаёқка? (Чиқади. Док-тор киради.)
Қиличбек — Доктор. Бу одамни аслида доктор деса ҳам бўлади, демаса ҳам...
Доктор — Қаерингиз оғрияпти, ука?
Қиличбек — Мен касал эмасман.
Доктор — Кечирасиз, ука, вазифамиз. (Чиқади.)
Қиличбек — Доктор дегандан демаган маъқул, чунки доктор сира бунақа бўлмайди.
(Оқсоқол киради.)
Оқсокол. Собик мактаб директори. Ҳозир пенсионер. Маҳалла оксоколи. (Оқсоқолга) Ассалому алайкум (Халққа) Бугунги даврани ас;ида шу киши олиб боришлари керак эди. Лекин оқсоқолимиз қозонни бировга ишонмайдилар.
Оксоқол — Ҳай-ҳай. Одам деган шунақа жойда ҳам ҳазиллашадими. Э, қўйинг-э! (Чиқади.)
Қиличбек — Қиличбек. Бу каминаи камтаринлари. Ҳалиги Саидмалик заргарга шогирдман. Аслида... Ҳа, майли, мен ўзимни охирида таништираман.
Воқеа мана бундай бўлди...
Парда

БИРИНЧИ ПАРДА

Биринчи манзара

Баҳайбат бир дарахт. Унинг чап тарафида 101-рақамли эшик, ўнг тарафида 103-рақамли турли-туман яшик тахталаридан ишланган эшик. 101-уйда ямоқчи Абдусалом, 103-уйда эса қоровул Мўмин истиқомат қилади. Мўмин фиғони фалакка чиқиб Абдусалом ошнасиникидан чиқиб келади.

Мўмин — Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига. Э, кўрпангга қараб оёқ узат-да, хумпар. Ўзинг битта сўзанига суянган ямоқчисан-у, дағдағанг оламни бузади. Яна нима дейди, денг: 4 қоп ун, 2 қоп гуруч, 2 кўй, битта новвос, беш бош-оёқ сарпо, яна канча пул... Ў-ҳў, Танти-бойвачча бўлиб кет-э! Қирқ йиллик қиёматли қўшним бўлиб ҳали ҳам сени билмаган эканман.
Абдусалом киради.
Абдусалом — Ў, мен тўй қилмоқчиман, тўйчиқ эмас. Эл-юртнинг ошини еган одамман. Ўзим камбағал бўлсам ҳам, ҳимматим баланд, акаси.
Мўмин — Ҳа, энди, дўстим, ҳол-аҳволим ўзингга маълум. Нима қиласан мени қийнаб? Мен ахир Саидмалик заргар эмасманки, бунақа нарсаларга кучим етса. Беҳуда зўрлик умуртқани синдиради деган гап бор.
Абдусалом — Ҳа, умуртқангни эҳтиёт қил, керак бўлади. Бу дунёда орттирган нарсаларингни нариги дунёга оркалаб кетасан.
Мўмин — Қоровулда давлат нима қилади, дўстим.
Абдусалом — Ҳў, қоровул бўлсангиз нима, каттакон бир дўконнинг коровулисиз. Чайқов бозори ҳам шундоқ ёнбошингизда. Нима қиласан ўзингни гўлликка солиб?
Мўмин — Нима, мени юлғич, текинхўр демоқчимисан?
Лодусалом — Бўлди, гап тамом.
Мўмин — Кел энди, оғайни, кўлни оч, фотиҳа қилайлик.
Абдусалом — Йўқ. йўқ. Менинг қизим Москов деган шаҳарга бориб доктор бўлиб кайтган. Ҳа, ҳар  ойда юз сўлкавойни қўйнингизга жарақлатиб солади.
Мўмин — Ҳа, бизни ўғлимиз-чи, Нодиржон, мухбир бўлиб шеър ёзади. Даста-даста китоблари чиқади.
Абдусалом — Менга хўроз бўлсин, тухум қилсин. Оладиганидан гапир.
Мўмин — Оладигани, ҳар қалай, ямоқчиникидан кам бўлмаса керак.
Абдусалом — Куёвтўранинг топганлари ямоқчиникидан кам бўлмайдиган бўлса, мухбир дегани ҳам ямоқчидек бир гап экан-да.
Мўмин — (ялиниб) Келинг энди, фотиҳа қилайлик, қўша қаришсин.
Абдусалом — Ҳалиги шартларга кўнсангиз кўндингиз, бўлмаса, сиз қиз сўраганингиз йўқ, мен сизга хўп деганим йўқ. Ёпуғлик қозон ёпуғлик. Гап тамом, вассалом.
Мўмин — Шундайми?
Абдусалом — Шундай.
Мўмин — Бўлмайдими?
Абдусалом — Бўлмайди.
Мўмин — Ҳе, мен ямоқчининг қизига зор эмасман. Менинг ўғлимга кимлар қизини бермайди?
Абдусалом — Ҳе, қоровул! Менинг қизимга магазин мудирларидан совчилар келяпти, ҳа!
(Кета бошлайди.)
Мўмин — Барибир, кўнасан, кўнмай қаёққа борардинг.
Абдусалом — Ҳе, бор, тошингни тер.
(Уйига кириб кетади.)
Икки қадрдон ўртасидаги можарони девор орқасидан эшитиб турган Хуриниса кафтгир кўтариб эрининг олдига чиқади.
Хуриниса — Нима деди?
Мўмин — Уф, йўқ деяпти.
Хуриниса — Ҳой, дадаси, қизишманг. Мол эгаси оғзига сиққанини сўрайди, савдони ҳар идор пишитади. Етиғи билан гапирсангиз Абдусалом ака ҳам тушунади. У ҳам одам
Мўмин — Одам эмас.
Хуриниса — Нима?
Мўмин — Одам эмас, деяпман, гаранг! Одам бўлганда шу ишни қилармиди?
Хуриниса — Қани, ўтиринг-чи. Ухшатмай учратмас деб шуни айтадилар. Иккаласи ҳам бир-биридан тажанг, бир-биридан қайсар. Ким айтади сизларни қирқ йиллик кадрдонлар деб. Бундоқ танангизга ўйланг, дадаси. Ўғлингиз, Дилоромдан бошқасига қарамайман, деса. Дилором ҳам Нодирни кўрганда кўзини сузиб турса, сизларнинг жанжалларингиз каёкка борарди? Худо кўрсатмасин, иккаласи топишиб бирор юртга кетиб қолишса, унда нима бўлади? Ёлғизгина ўғлим-а! (Йиелайди.)
Мўмин — Э, бас қил. Ҳеч қаёққа кетиб қолмайди.
Хуриниса — А?
Мўмин — Ҳеч қаёққа кетмайди, деяпман.
Хуриниса — Шунака қилаверсангизлар, кетиб ҳам колишади. Билиб кўйинг, бир кори ҳол бўлса, икки кўлим умрбод ёқангизда.
Мўмин — Ҳе, бор, бор-ей, ишингни қил, эркакларнинг ишига аралашма!
Хуриниса — Э, жиндаккина жони бору туришини қаранг! Даст кўтариб дарахтнинг устига ўтқазиб қўяман, додингизни худога айтасиз!
Мўмин — Буниси дағдаға қилиб турса, униси тушун-маса, ўртада мен нима қилишим керак? Уф-ф! Нима қилдим-а! Бошим қотди-ку. Бир ҳисобда бу гарангнинг ҳам гапида жон бор. Икки ёш бир-бири билан топишиб кетса, биз карилар ким деган одам бўламиз-а? Йўк, яна гапла-шиб кўрмасам бўлмайди. (Девор ёнига келади.) Абдусалом! Ҳў, мулла Абдусалом.
Абдусалом — (ичкаридан) Абдусалом йўқ.
Мўмин — Э, дўстим, бу ёкқа чикинг энди. Гап бор.
Абдусало м — Ишим кўп, вақтим йўқ.
Мўмин — Чиқақолинг энди. Каллага бир фикр келиб қолди.
Абдусалом — Бедананинг тухумидай каллангизга нима фикр келиб колди?
Мўмин — Бир фикр келди-да! Бу ёққа чиқинг. Майли, мен кўндим.
Абдусалом — Ҳа, бу бошқа гап. Кўнмай каёкка борардинг. (Чиқади.)
Мўмин — Бўпти. Қани, ўтиринг-чи, куда. Майли, сиз айтганингизча бўла қолсин. Лекин...
Абдусалом — Нима лекин? Яна нима гап?
Мўмин — Шошманг, шошманг. Гап бундай. Иккаламизнинг ҳам ҳолимиз бир-биримизга маълум. Тўйни бир жойда қилсак.
Абдусалом — Тўй бир жойда бўладими?
Мўмин — Эшигимиз ёнма-ён бўлса, меҳмонлар у эшикдан кириб, бу эшикдан чиқиб юрадими? Тўй бир жойда бўлса, ҳам йиғинчоқ, ҳам тартибли, ҳам арзонроқ тушармиди, дейман-да.
Абдусалом — Тўй сизникида бўладими?
Мўмин — Ҳа-да.
Абдусалом — Мен ёру биродарим, қариндош-уруғларимни сизникига таклиф қиламанми?
Мўмин — Шундай бўлади-да.
Абдусалом — Ўчоқ, қозон-товоқ, тугун-терсак бизникида бўладими?
Мўмин — Майли.
Абдусалом — Майли, дейди-я! Омин, оллоҳу акбар! (Туради.)
Мўмин — Э, қаёққа?
Абдусалом — Бор-бор-эй! Тўй бу кишиникида бўлар эмиш. Сизникида тўй қилиб бўладими? Олқиндидай ҳовлингиз бор. Тўй бўлса, мана, меникида бўлади.
Мўмин — Ҳали сизнинг ҳовлингиз катта бўлдими? Тўртта одам кирса, бешинчиси лайлакка ўхшаб бир оёғини кўтариб туриши керак. Тўй бизникида бўлади. Нима қилса ҳам, ўғил уйлантиряпман.
Абдусалом — Мен ёлғиз қизимни чиқармоқчиман. Тўй бўладиган бўлса, мана, меникида бўлади.
Мўмин — Бўлмаса мана бундай қиламиз, дўстим. Ўртадаги бир парда деворни бузамиз, ҳовлини катта қиламиз. Тўйни бир жойда ўтказамиз. Бўлдими?
Абдусалом — Йўқ, ҳар бир инсонга бир уй, бир гўр, деганлар машойихлар.
Мўмин — Машойихлар айтган бўлса эски замонда айтган, ҳозир янги замон.
Абдусалом — Ҳикматнинг эски-янгиси бўлмайди, ошнам.
Мўмин — Бугун бўлмаса эрта, эрта бўлмаса индин уй-жойинг бузилади. Нима қиласан эски ҳовлига ёпишиб. Бульдозер тумшуғини тираб турибди-ку!
Абдусалом — Ўша бульдозерингни тагига ўзимни ташлаганим бўлсин. Мен уй-жойимни, айникса деворни буздирмайман. Ахир. бу деворни отам раҳматли ўз қўллари билан курганлар. (Кўзига ёш олади.)
Мўмин — Отанг раҳматли хам ўзингга ўхшаган та-жанг эди. Арзимаган девор учун дадамнинг бошини чопиб ташлашига озгина колган эди.
Абдусалом — Жуда ҳам тўғри қилган эканлар, раҳматли отам. Сенинг отанг ҳам ўзингга ўхшаган жудаям айёр. тулки одам эди. Мана шу деворни олишда ҳам, режани тўрт энлик беридан олганлар. Ҳалиям мана шу ҳовлингда тўрт энлик ҳаққим бор.
Мўмин — Э, тўрт энлик эмас, ҳаммасини ол! Шу деворни бузамиз. Заминини сенга хатлаб бераман. Бўлдими?
Абдусалом — Ҳаммасини-я.
Мўмин — Ҳа, ҳаммасини.
Абдусалом — Темир дафтардан ҳам ўтказиб берасан, бўпти, мен рози. Қани, қўлни оч! Омин. оллоху акбар! Кетмонни олиб чиқ.
Мўмин — Ҳозир-а? Нафасни ростлаб олайлик. Бафуржа қиламиз.
Абдусалом — Иўқ, эскиларнинг бир сўзи бор: «На ишким бошладинг, тавсалламай ҳеч бугун қил, эртага бўлғусидир кеч».
Ассалому алайкум, қудажон, келин муборак бўлсин.
(Қуллуқ қилади.)
Мўмин — Куёв муборак бўлсин.
Абдусалом — Қани, омин, туп қўйиб палак ёзишсин, кўша каришсин. Биз ҳам қариб-чуриб юрайлик.
Чикадилар. Дилором билан Нодир кирадилар.
Нодир — Шундай байт айтибди Ҳофиз Шерозий:
Агар кўнглимни банд этса
Ўшал Шероз жонони,
Қаро холига бахш этдим
Самарқанду Бухорони.
Дилором — Ҳофиз Шерозий кўп сахий экан, кани, эшитайлик, Нодир не деган?
Нодир — Минг Самарқанд, минг Бухоро
Ҳадя бўлсин хол учун.
Дилором — На илож, менда ҳавас йўқ,
Мулку давлат, мол учун.
Нодир — Сенга юлдузли самони
Ҳадя айлай, дилбарим.
Дилором — Қўй уни, ўлдимми, шоир,
Бу чўтир рўмол учун.
Нодир — Хўп десанг, мен янги ойни
Сирғадек такдим этай.
Дилором — Зормидим жездан ясалган
Ҳийлаи аъмол учун.
Нодир — Қил тараҳҳум, ким алифдек
Қоматим дол бўлди-ку!
Дилором — Ким кўйибдир севгини
Қадди букилган чол учун.
Нодир — Ёр истиғносидин
Ўлмасман-у, куйдим ва лек
Лобарим олдида шеърим
Бунчалар беҳол учун.
Дилором — У лобар ким экан?
Нодир — У бир Дилором.
Қалбимнинг султони, кўнглимга ором.
Дилимга муҳаббат шавкини солган,
Кечалар кўзимдан уйкуни олган!
Мени ҳаловатдан айирган мудом
У бир Дилоромдир, у шу Дилором.
Дилором — Бир оз пастрок тушинг, шоирим.
Нодир — Нечун?
Муҳаббат аршида турибман бу кун.
Висол они келди, тугади ҳижрон.
Биз энди бир умр биргамиз, ишон.
Сен пари, кошингда девона бўлай,
Жамолинг шамъига парвона бўлай,
Сенга термулайин тонг отгунгача,
Тонг отганидан яна кун ботгунгача.
Қувончимга бу кун тор икки олам...
Шу пайт ичкаридан деворга урилган кетмон товуши эшитилади.
Ошиқ-маъшуклар кўча деворидан ичкари қарашади.
Қизиқ, бузишмоқда деворни.
Дилором — Дадам —
Девор тагин ковлаб ётибди, қаранг.
Нодир — Девор эски, лекин жуда ҳам заранг.
Кетдик, ёрдам берай.
Дилором — Кирманг!
Нодир — Не сабаб?
Дилором — Дадамнинг феълини биласиз...
Нодир — Ҳақ гап.
Ичкаридан гумбурлаш овози келади. Дилором чўчиб тушади.
Нега қўркдинг жоним, девор қулади, Бунинг аломати яхши бўлади.
Дилором — Йиқилатуриб ҳам чириган девор,
Тўлдирмок бўлади кўзингга ғубор.
Нодир — Энди ўртамизда девор йўқ.
Дилором — Аммо
Тирик деворлардан асрасин худо.
Чиқишади. Саҳна айланади. Пасқам бурчак. Тупроққа беланган Мўмин билан Абдусалом қувона-қувона ҳадиксираб чиқиб келишади. Мўминнинг қўлида сопол кўза. Нодир ва Дилором кириб қолишади.
Нодир — Дада, нима гап? Нима бўлди?
Мўмин қўлидаги кўзани ёшлар кўриб қолмасликлари учун тўн орасига яширади ва ётиб олади. Абдусалом йўлини қилиб, Мўминнинг елкасини укалашга тушади.
Мўмин — (Нодирга) Ойингга кир, яримта ароққа пул берсин.
Нодир — Ароқни нима киласиз?
Абдусалом — Силаш учун, ўғлим. Дадангизнинг елка томири тортишиб қолибди. Сен, кизим, овқат тайёрла.
Ёшлар чикишади. Абдусалом Мўминни оғилхонага етаклан-ди. Улар оғилхонага келиб кўзанинг оғзини очадилар. Кўзадан латта-путта, пахта, арқон, зски калиш чикади. Абдусалом знсаси котиб кўзани Мўминга беради.
Абдусалом — Ол, ҳаммаси сеники.
Мўмин — Роса кўлга тушдингми, дўстим, менга кара, мен берган қўйни сўйиб, ёғини шу хумга соласан-да, кишда паловхонтўрани ясаб маза қилиб еб ётасан, ол.
Кўзани Абдусаломнинг олдига тақ этиб қўяди. Кўзадан аллақандай жиринглаган овоз чикади. Улар хайратланиб кўзани силкита бошлайдилар. Абдусалом кўзага қўл тикиб бир канча олтин тиллаларни олади. Қувончлари ичига сиғмай ўйинга ту-шиб кетадилар. Олтинни кўрган Мўмин ашула айтиб ўйинга тушади.
Абдусалом — Олтин топган мен-ку, нега сен ўйинга тушяпсан?
Мўмин — Ҳа, фикринг бузилдими? Тилла меники. Деворни бузамиз деган ким?
Абдусалом — Хўш, ўша деворни урган ким? Менинг дадам бўладилар. Олтин раҳматли дадамники. гап тамом, вассалом.
Мўмин — Деворни даданг урган бўлса, лойини менинг дадам қориб берган.
Абдусалом — Лой қорганнинг бутун топган-тутгани ўша лойга қоришиб кетади, ўртоқ. Нима қилганда ҳам, отамнинг қўлларида олтиндек ҳунари бор эди.
Мўмин — Менинг бобом Худоёрхоннинг сарбози бўлган, олтин меники.
Абдусалом — Мана бу арқонни кўряпсанми, буни кассоб ишлатган. Олтинни ҳам кассоб кўмган. Менинг дадам раҳматли кўмган.
Мўмин — Бўлмаса, мана бу пахта нима қилиб юриб-ди. Менинг дадам Эскижўвада чопонфурушлик қилганлар. Пахта ўшандан қолган.
Абдусалом — Манови калиш-чи, менинг дадам кий-ганлар, мана, менинг оёғимга лойиқ.
Мўмин — Бўлмаган гапни гапирма. Сенинг дадангни яхши биламан. Мастеравойлар билан ярмаркада бирга юриб доим ботинка кияр эди. Калиш-маҳси киймаган. Уни менинг дадам кийганлар. Мана, пайтава менинг дадамларники.
Абдусалом — Бекор айтибсан. Буларни менинг да-дам олтинларни инс-жинслардан сақлаш учун солганлар. Бунинг чопонфурушга ҳеч қандай дахли йўқ. (Иккалови кўзанинг икки қулогидан тортишади.) Қўйиб юбор, бўлмаса каллангдан дарча очиб қўяман.
Мўмин — Кимни?
Абдусалом — Сени.
Мўмин — Қўйиб юбор, қўйиб юбормасанг хотинимни чақираман.
(Ташқаридан Нодирнинг овози келади.)
Дада, қаердасиз? Ойи, дадам қанилар? Мўмин — Агар хўп десанг, ўртасидан бўламиз. Абдусалом —Арра, бўпти мен рози.
Иккинчи манзара
Данғиллама участка. Ўртада фонтан. Фонтан ҳовузчасида ароқ, коньяк, винолар. Бу собиқ заргар, ҳозирги кунда хўжалик ходими Саидмаликнинг ҳовлиси.
Шафоат — Ҳали шунақами, яна кетасанми? Нима мен сенга пойлоқчиманми? Кетказмайман.
Саидмалик — Давлат иши, командировка.
Шафоат — Билмайман, юбормайман. Мен уй пойламайман.
Саидмалик — Бор, кўзимга кўринма.
Шафоат — Нима-нима? Ҳо, шунча килган хизматларим, елиб-югурганларимга айтган раҳматинг шу бўлдими, номард!
Саидмалик — Бас...
Шафоат — Мен сенга хотин эмас, мана бу тақин-чоқларни бозорга олиб бориб кўрсатадиган қўғирчоқ экан-ман-да!
Саидмалик — Йўқол, дедим сенга, йўқол!
Шафоат — Хўп, кетаман. Лекин билиб қўй. Менинг ёш умримни хазон қилган мана шу хонадонингга ўт қўйиб кетаман.
Саидмалик — Қўлингдан келганини қил.
Шафоат — Мен қаерга боришимни, кимга арз қили-шимни ўзим яхши биламан. (Кета бошлайди)
Саидмалик — Шафоат, менга кара. Тўхта. Эсингни йиғ. Мен сенга нима ёмонлик қилдим?
Шафоат — Қўлингни торт. Сен менга эр эмассан.
Чикиб кетади.
Саидмалик — Минг лаънат бундай хаётга. Нима қилайки, тилим қисиқ. Бу қандай турмуш? Минг-минг пулинг бўлса-ю, битта дуруст машина олиб мина олмасанг. Тўртта қаср қургундек давлатинг. бўлса-ю, кўз кўргудек иморат қура олмасанг. Кечаю кундуз орқамдан аллақандай соялар қувлаб юради. Даҳшат, даҳшат. Ҳамма менинг изимга тушган. Ҳамма менга душман. Аблаҳлар.
Кайф ҳолатда гандираклаб Қиличбек кириб келади.
Саидмалик — Ҳа, яна отибсиз-да, а?
Қиличбек — Ҳа, хўжайин, сизни даврингизда отиб турайлик. Барибир бир кунмас бир кун иккаламиз ҳам отиламиз, хўжайин.
Саидмалик — Ўчир овозингни, нафасинг қурсин. Мен буюрган ишлар нима бўлди?
Қиличбек — Ҳаммасини қойил қилдим, хўжайин. Мана, хўжайин, 2 минг сўм. Чўтални чўзинг, хўжайин.
Саидмалик — Баракалла. Сен менга шогирдгина эмас, туғишган укамдан ҳам афзалсан. Бундан бир йил олдин сен бўлмаганингда иккита йўлтўсарнинг қўлида ўлиб кетган бўлар эдим. Муштлашишга ҳам чакки эмас экансан-а?
Қиличбек — Бокс тўгарагига қатнашганим иш берди-да, хўжайин. Ҳар ёмонликнинг бир яхшилиги бўлади, хўжайин. Мана сиздек одам билан танишдим.
Саидмалик — Мана шу сафардан эсон-омон қайтиб келсам, катта тўй қилиб бошингни иккита қилиб кўяман.
Қиличбек — Раҳмат, хўжайин. (Кайф аралаш йиелаб Саидмаликка осилади.) Қаёкка отландингиз, хўжайин?
Саидмалик — Одессага. Истанбулдан мол келади.
Қиличбек — Мени юбора қолинг.
Саидмалик — Йўк, ўзим бормасам бўлмайди. Бу гал нш муҳим.
Қиличбек — Мухимини ҳам койил қиламан.
Саидмалик — Бу иш аммангиз эмас. Ҳали ҳукумат одамларини билмайсан. Улар жуда хам уста бўлади. Аммо мен ҳам чакана эмасман. Уларнинг мингтасига чап бериб кетаман. Ахир, мени «Саидмалик тулки» дейдилар-а?
Қиличбек— Бу гапингиз тўғри. Лекин, мабодо, хўжайин. кўлга тушиб колсак иккаламизни баравар оти-шармикан ёки алоҳида-алоҳида отишармикан?
Саидмалик — Э, бўлди-е! Фаришта яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам «омин» дейди. Менга кара. Уйда уч-тўртта гилам бор. Йиғиштириб анави Абдусалом галварсникига олиб чиқиб кўйгин.
Кўча эшик такиллайди.
Қиличбек — Ким у? Абдусалом — Мен, Абдусалом. Саидмалик — Э, Абдусалом бўлмай ўл, юракни ёрдинг-ку. Қиличбек, чакир.
Қиличбек эшикни очади, Абдусалом киради.
Саидмалик — Хизрни йўқласак бўлар экан. Ҳозиргина тилга олиб турган эдик.
Абдусалом — Ҳа, яхшини эслаш савоб деганлар. Ён кўшним — жон кўшним. (Саидмалик ҳовузчадан коньяк олиб Абдусаломга ичишни таклиф этади) Мен ичган эмасман, умрим бўйи ичган эмасман. (Қиличбекнинг зўрлаши туфайли Абдусалом бир рюмка коньякни ичиб юборади.)
Саидмалик — Бу узумни суви, шифо бўлади.
Абдусалом — Ичимга тўппонча отилгандай бўлди.
Саидмалик — Қўшни, сизни эсга олиб турганимнинг сабаби шуки, мен келинингиз билан саёҳат қилиб келмоқчи эдим. Уйимиз ёлғиз қоляпти. Баъзи бир майда-чуйда нарсаларни сизникида қолдириб кетсам, деб ўйлаган эдим. Сиз нима дейсиз?
Абдусалом — (Кайфи ошиб қолиб, тили зўрга гапга келади.) Жуда соз, қўшнининг қўшнига шунақада фойдаси тегмаса қачон тегади?
Саидмалик — Раҳмат, раҳмат.
Абдусалом — Қиличбек укам, ўша нарсаларни биз-никига олиб чиқиб қўй. (Қиличбек нарсаларни кўтариб чиқади.)
Саидмалик — Энди, Абдусалом ака, ўзларидан сўрасак, бизнинг томонларга кайси шамоллар учирди?
Абдусалом — Мен бир нарсани билгани чиқкан эдим. Эски ўн сўмлик олтин шу кунларда неча пул туради?
Саидмалик — Шу кунларда олтиннинг нархи жуда кўтарилиб кетган. Бир донаси 220-250 сўм туради.
Абдусалом ҳанг-манг бўлиб хаёлида тиллани санай бошлайди.
— Тилла ўзларига керакми?
Абдусалом — Шу, битта тилла тиш қўйдирмоқчиман.
Саидмалик — Тилла тиш? Ўзларигами? Оббо қўшни-ей. Туя ҳаммомни орзу қилибди-да.
Абдусалом — (кайф ичида) Ҳали шунақами? Сиз бойвачча-ю, биз туя бўлдикми? (Коньякдан ичади). Мана шу участка, бизникига олиб чиқиб қўйган нарсаларингиз ҳаммаси қанча туради? Уч баробар тўлашга қурбим етади. Туя, дейди-я! Йўқ, мен энди туя эмасман. (Ёнидан олтин танга чиқариб) Сизга мана шу олтин билан тўлайман. Сиздақа бойваччанинг ўнтасини дўкон-пўкони, ичак-чавағи билан сотиб олишга қурбим етади.
Саидмалик — Ҳей, нима деяпсиз? Биласизми, мен кимман?
Абдусалом — Ким бўласан?
Саидмалик — Мен ҳукумат одамиман. Тегишли жойга хабар килсам нима бўлади? Тиллани қаердан олдингиз?
Абдусалом — Тилла ўзимники. Раҳматли дадамдан мерос қолган.
Саидмалик — Бўлмаган гап. Абдурасул қассобнинг ўлиб кетганига қирқ йилдан ошди. Тилласи тугул пўстаги ҳам қолмагандир. Эсингизда йўқми, қирқ учинчи йили бола-чақам оч қолди, деб дадангиздан қолган дандон сопли пичоқни менга ялиниб сотганингиз? Тилла бўлса, ўша пайтда ёрилган бўлардингиз. Ёлғонни эплаган одам гапирсин. Хўш, айтинг, қаерни ўмардингиз?
Абдусалом — (ҳушёр тортиб) Қўйинг-е, нималар де-япсиз? Мен ўғрилик қиладиган одамманми?
Саидмалик — Мен сизни ҳалол, диёнатли киши деб юрардим. Одамнинг оласи ичида бўлар экан. Шунча нил бирга қўшни бўлиб билмабман-а!
Абдусалом — Ўйлаб гапирсангиз-чи!
Саидмалик — Тилла магазинни ўмаргансиз. Билдим. Ҳозир хабар киламан. Мен учун халқ, давлат мулкидан азиз нарса йўқ.
Абдусалом — Жон қўшни, айланай кўшни. Хабар қилманг. Раҳмингиз келсин. Ёлғиз қизим етим бўлиб қолади. (Коньяк шишасига қараб) Ўл, мени сен шу куйга солдинг. (Саидмаликка) Мана бу тиллани йўлдан топиб олган эдим. Сизга сотмоқчи бўлувдим. Майли, сиз шуни олақолинг. Ўзингизга, текинга.
Саидмалик — Э, ҳа, ҳали менга пора бермоқчимисиз? Ҳукумат одами сизга порахўр бўлдими? Ҳали хабар қилмаган бўлсам, энди хабар қиламан. Менга қаранг, милициянинг номери қанақа? Ҳа, ҳа. 02.
Абдусалом — Менга қаранг, худо хайрингизни берсин, хабар қилманг.
Саидмалик — Бўлмаса, айтинг, тиллангиз қаерда?
Абдусалом — Токнинг тагида кўмиб кўйибман.
Саидмалик — Қанча?
Абдусалом — Анча.
Саидмалик — Кўмган ерингизни кўрсатинг.
Абдусалом — Хўп.
Чиқишади. Чиқа туриб Абдусалом коньяк шишасига яна «ўл» деб ўтади. Гилам кўтариб чиқиб кетган Қиличбек қайтиб қиради.
Қиличбек — Хўжайин, ҳаммаси гатоп бўлди. (Уларни тополмай ҳайрон бўлади.) Ие, булар иккаласи малоикалар-дек қанот чиқариб учиб кетишдими? (Девор оша қарайди.) Ажабо, улар токнинг тагида нима қилиб уймалашиб юришибди. Ёки хўжайин бирон нарсани ўша ерга кўмдирмоқчими? Иўқ, бизнинг хўжайин унақа анойилардан эмас. (Панага ўтади. Абдусалом ва Саидмалик кирадилар.)
Саидмалик — Абдусалом ака, яширган жойингиз яхши. Лекин яна ҳам эҳтиёткор бўлиш керак. Ўша ерга бизнинг олапарни боғлаб қўямиз.
Абдусалом — Мўмин кўнмайди.
Саидмалик — Алданг, авранг, кўндиринг. Кўнмасанг қизимни бермайман, денг.
Абдусалом — ЗАГСдан ўтишган бўлса, никох...
Саидмалик — Никоҳга бало борми? Мўмин гапга кўнса кўнди, бўлмаса никоҳни бузамиз. Сизга ўзим куда бўламан. Қиличбекдек куёвингиз бўлса ёмонми?
Абдусалом — Қиличбек?
Қиличбек — (четга) Ана, бахтингиз очилиб қолди, Қиличбек.
Абдусалом — Майли, маслаҳатлашиб кўрамиз. Мўмин билан бир гаплашиб кўраман. Менга қаранг, жон ака, бу ерда бўлган гапларни ҳеч ким билмаслиги керак.
Саидмалик — Мана, Абдусалом ака, икки минг.
Абдусалом — Икки минг?
Саидмалик — Бу хамир учидан патир. Тиллаларингизни ҳаммасини ўзим сотиб оламан.
Абдусалом — Икки минг! Ният кардам, бигузорам! Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара.
(Абдусалом санаб чиқиб кетади.)
Саидмалик — (ёлеиз) Ана, мулла Саидмалик. Қирқ йиллик орзуинг рўёбга чиқадиган бўлди. Энди кимсан Саидмалик миллионер бўламан. Қандингни ур!
Қиличбек — (ўзича) Тиллаларингизни сотиб ола-ман? Яна кимдан? Абдусалом ямоқчидан. Йўқ, бу одам ямоқчимас. Бошқа хунари бор. Ёки хўжайин айтган Така махсум шумикан-а? Қани, кўрамиз, Нодир, сенинг муҳаббатинг зўрми ёки хўжайиннинг олтинларими? Ҳақиқий имтихон энди бошланади.

Учинчи манзара

Мўминнинг чоғроққина ҳовлиси. Бу ерда ҳамма нарса уй эгасининг камтар хаётига мос. Олдинги планда пешайвон. Эски кўрпачалар солинган. Деворда Мўминнинг ёшликда ҳарбий кийимда тушган суврати. Матлаб ва Зуҳра.

Матлаб — Соғиндим, ёруғ юлдузим!
Қани билсанг эдинг, олис юртларда
Сенга интилганим, зор бўлганларим.
Шарқдан кўтарилган тонг юлдузига
Менинг Зуҳрам, дея ёлборганларим...
Қани билсанг эдинг, Араб даштида
Қуёш тикка келиб ўт пуркаган чоғ,
Сенинг тоза ишқинг, пок муҳаббатинг
Менга жон берганин бамисли булоқ.
Сени соғинганда илтижо қилиб Мажнундек
Каъбага бош қўйсам, дедим.
Мўъжиза кўрсату она юртимга
Зуҳрамга етказ, деб ёш қуйсам, дедим.
Зуҳра — Шоир бўлибсиз-ку! (Нодирнинг шарпасини эшитиб Матлабдан узоқлашади.) Акам! (Нодир киради.)
Нодир — Ҳой, пучуқ! Шимимни дазмоллаб қўйдингми?
Зуҳра — Вой, йўқ...
Нодир — (Матлабни кўриб) И-е, ўзингмисан, дўстим Матлабжон?
Келганинг ростми?
Матлаб — (ҳазил билан) Йўқ, келганим ёлғон.
(Қучоқлашиб кўришадилар.)
Нодир — Оббо сен-эй! Энди сен ҳожи Матлаб!
Матлаб — Йўғ-е!
Нодир — Юрган — дарё! Сен икки ҳатлаб Араблар юртидан келиб турибсан, Мажнун диёрини бориб кўрибсан. Қойил, дўстим, қойил, минг карра балли.
(Зуҳрага тегишиб)
Мажнун келса, уйда бор экан Лайли. Хўш, дўстим, қаерларда бўлдинг?
Матлаб — Ал-Искандарияда, Қоҳирада ҳам бўлдим. Лекин, ростини айтсам, уларнинг мингтасини Ўзбекистоннинг бир сиким тупроғига алишмайман.
Нодир — Шундайкан, қайта қол.
Зуҳра — Муддат қачон тугайди?
Матлаб — Бир йил.
Нодир — (Зуҳранинг номидан қилиб) Вой-бу... — Сени ҳаммамиз ҳам соғиндик. Айниқса, пучуқ.
Ичкаридан Мўминнинг мунгли овози эшитилади.
Зуҳра — Дадам чикяптилар. (Ичкари киради.)
Матлаб — Тинчликми?
Нодир — Тўй тараддуди билан чарчаб қолдилар шекилли, дадамнинг мазаси йўқ. Олдин умри одамлар ичида ўтар эди. Ҳозир эса эл-юртга қўшилмай кўйдилар. Кечала-ри алахсираб чикадилар.
Матлаб — Докторга кўрсатиш керак.
Нодир — Ойимларни биласан-ку. Докторга бало борми, дейдилар. Дадамни жин урган эмиш.
Матлаб — Жин? Қанақа жин?
Нодир — Қудалар билан бир ҳафта илгари ўртадаги деворни бузишган эди. Девор кавагидаги жинлар дув этиб дадамнинг елкасига қўниб олган эмиш.
Матлаб — Шундай мўмин одамнинг елкасига қўниб олган бўлса зап бекорчи жин экан-да. Даданг чарчаган бўлсалар керак. Дам олсалар тузалиб қоладилар. Мен энди борай. Ҳисобот беришим керак.
Нодир, Матлаб чиқади. Мўмин киради.
Мўмин — Э худо! Мен сенга нима ёмонлик қилдим? Мен сендан олтин сўраганмидим? Ол, олтинларингни. Бер, менинг хотиржамлигимни. Юрагим эзилиб адо бўлди-ку.
Олтин солинган халтачани ерга отади. Сўнг яна васвасага тушади.
Ерда олтин ётибди! (Халтачани олиб бағрига босади.)
Йўқ, буни ҳеч кимга бермайман. Қаерга беркитсам экан?
Олтин солинган халтачани беркитмоқчи бўлиб жой қидира-ди. Кўрпанинг тагига қўйса, дўппайиб қолади.
Ҳе, дўппаймай ўл!
Кидира-қидира самоварнинг тагига яширади. Ўзича хотиржам бўлади. Лекин «Ҳукумат одамлари топиб олишмасмикин?» деган хаёл билан кўчага чиқиб, ташқаридан эшикни тақиллатади. Бего-на овоз билан чақиради.
Мулла Мўмин, ҳў мулла Мўмин!
Товушга Зуҳра ичкаридан югуриб чиқди. Мўмин гердайиб. ўзича «хукумат одами» бўлиб кириб келади. Зуҳра отасининг ишини кўриб қўркиб кетади ва ичкарига кочади.
Хўш, мулла Мўмин, қани, олтинларни топшириб қўйинг. Ҳа, топширмайсизми? Майли, ўтираверинг. Ўзимиз топиб оламиз. Қани, маҳалла фаоллари, кираверинглар.
У ёқ-бу ёқни караган бўлиб, самовар ёнига келади. Ўзи чўчиб кетади.
Вой-дод, кўриняпти. Топиб олишади. Қаерга беркитсам экан. Ҳа, суратимнинг оркасига беркитаман.
Девордаги суратнинг орқасига олтинларни беркитади. Ҳар томондан карайди.
Эшик томондан ҳам кўринмас экан. Худога шукр. Энди тинч ухлайман.
Эшик такиллайди. Мўмин чўчийди. Ҳовлига маҳалла оқсоколи кириб келади.
Мўмин — (саросимада) Келинг, келинг.
Оқсоқол — Келдим, лекин бемаврудроғ келиб қолдим, шекилли.
Мўмин — (ўзини йўқотиб) Ҳа... шундай...
Оксоқол — (фотиҳа ўқийди) Мулла Мўмин, соғлиғинг қалай?
Мўмин — Бир нави. (Ҳадеб суврат томонга қарайди.)
Оқсокол — Мунча суратингга тикиласан. Ўзингни кўзинг тегади. Кара, бир замонлар суксурдай йигит экан-сан!
Оқсокол сурат олдига боради. Мўмин нима қилишни билмай войвойлаб титрай бошлайди.
Оқсоқол — Нима бўлди, тинчликми? Мўмин — Шу, қорнимга бир нарса тўпдай тиралиб колади-да...
Оқсоқол — Уруш қурсин, уруш. Ҳаммамизнинг соғлиғимизни олиб кетди.
Мўмин — Ўтиринг, ўтиринг. Қимирламанг. Қимирла-сангиз яна оғрийди.
Оқсоқол — Мулла Мўмин, маслаҳатлик гапим бор. Ҳаммамиз бир маҳалланинг одамимиз. Узокдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал. Кеча маҳалланинг уч-тўрт фаоллари маслаҳатлашган эдик. Ҳаммамизнинг фикримиз бир ердан чиқиб қолди. Тўй қиламан деб, мазанг қочиб қолди. Хомушсан, одамга қўшилмайсан. Ўзинг билан ўзинг гапла-шадиган бўлиб қолибсан. Расм-русмларимиз курсин. Бизда тўй қилгунча йўғон чўзилиб, ингичка узилади. Лекин сен парво қилма. Тўйнинг бошида ўзимиз туриб, чиройли қилиб ўтказиб берамиз. Мана, озгина пул. Тўёна. Маҳалладан ёрдам. Ол. Ҳали тўйга яқин бир қоп ун, икки пуд гуруч тўғрилаб бериш ҳам маҳалла гарданига. Ахир биз сенга ҳар қанча килсак оз. Сен юрт учун вақти келса жонингни ҳам аямагансан. Яхшиликни ҳам, оғирликни ҳам эл-юрт билан баҳам кўргансан. Баъзи бир қўшниларингга ўхшаб ўғри мушукдек ҳаёт кечираётганинг йўқ. (Мўмин ўз аҳволига ачиниб йиғлайди. Оқсоқол йиеини ўзича тушуниб) Йиғлама, биз сени ёлғиз қўймаймиз. Хўп, мен энди борай. Пенсияга чиқсам ҳам тинчимайман. Нариги маҳалладаги Сотимбой сарик қариганда килиқ чиқариб хотини билан айтишиб колибди. Ҳозир ўша ерга кириб ўзига ҳам, хотинига ҳам насиҳат қилиб чикмоқчиман. Мўмйн — Ўтиринг, чой-пой...
Оксоқол — Жигарим, каддингни кўтар, бу аҳволда тўйингга етолмай қоласан-ку. (Чиқади.)
Мўмин айвондаги кўрпачага чўзилади. «Алла» кўшиғи эшитилади. У шунчалик ҳориганки, бир зумда уйқуга кетади. Лекин олтинлар туфайли уйқу хам нотинч. Алахсираб ўрнидан туради.
Мўмин — Хайрият, тушим экан, туф, туф, қўрқиб кетдим-а. (Олтинни текширади.) Хайрият, жойида.
Суврат орқасидаги халтани олиб ёстиғи тагига кўяди ва яна уйқуга кетади. Буни кузатиб турган Саидмаликнинг ишораси би-лан Қиличбек ҳовли деворидан ошиб тушади. Олтинни олиб, худди шу хилдаги халтани Мўминнинг ёстиғи тагига жойлаб кўздан ғойиб бўлади. Бир оздан сўнг Мўмин уйғониб кетади. Ваевасага тушиб халтага ёпишади ва яна ҳушёр тортади.
Мўмин — Ҳа, сарик шайтон. мени сен яна васвасага соляпсанми? Йўқ, гапим гап. Мен сени эртагаёк олиб бориб топшираман. Мен юрт учун жонимни ҳам аямадим, топиб олган олтинларимни аярмидим? Сен баланд-баланд иморатлар бўлиб кад кўтаришинг керак. Мактаблар, чойхоналар, боғчалар бўлишинг керак. Ўша чойхонанинг бирида мен ўлтираман. «Ҳа, чойхоначи, кани, аччиқ чойдан дамланг. Кўк чой. Старший қоровул бўлдингми, дейсизми? Ҳа, старший қоровул бўлдим. Ҳай, Нодирнинг ўғли. Кесак отма! Янги мактабнинг деразаси синади. Бу мактаб бобонгнинг олтинларига солинган. Бор уйга, бор». («Олтинли» халтага қараб яна беркитиш пайига тушади.) Қаерга беркитаман. (Халтани ҳовлининг ўртасига қўяди.) Ҳа, мана шу ерга беркитаман.
Ичкаридан Хуриниса, Нодир, Зуҳра чикиб, унинг ҳаракатини кузатишади.
Хуриниса — Дадаси! У нима?
Мўмин — (чўчиб) А?
Хуриниса — Нима, деяпман. Айтинг. Менга айтмасангиз кимга айтасиз? Ахир не ниятда бир ёстиққа бош қўйган хотинингизман.
Мўмин — (ҳушёр тортиб) Нодир, кизим, бу ёққа келинглар. Мен энг разил, энг пасткаш одамман. Юртнинг тузини ичиб, тузлиғига тупурган одамман. Мана бу халта-даги ҳаммаси — олтин.
Нодир — Олтин?
Зуҳра — Олтин?
Мўмин — Мана шу деворни бузаётганимизда топдим.
Хуриниса — Ана айтдим-ку, бу одамга деворнинг жинлари ёпишган, деб.
Мўмин — Мен уни топиб олдим. Мендан Абдусалом хийлаи-найранг қилиб олиб кетмоқчи. Йўк, мен буни дав-латга топшираман.
Хуриниса — (шангиллаб) Соппа-соғ юрган одам бир кунда жинни бўлиб ўтирса-я. Ўзим айтдим-а! Деворни буз-манг, бир кори ҳол бўлмасин дедим-а. Эр деган хотиннинг гапига кирса. Энди нима бўлади? Хотиннинг сўзига кирма-ган эрнинг аҳволи шу.
Нодир — Бўлди, ойи, ҳамма ухлаб ётибди.
Мўмин — Йўқ, буни мен бировга бермайман. Давлатга топшираман. (Пауза) Хотин. бери кел. Бир фикр бор. Ярмини олиб қолсак нима дейсан? Ким билиб ўтирибди? Бир кунимизга ярайди-ку! Қаерга беркитамиз?
Хуриниса — Менга беринг, менга.
Мўмин — Йўқ, олтинни хотин кишига ишониб бўладими, йўқ.
Хуриниса халтани тортиб олади. Халтадан тошлар тўкилади.
Мўмин — Тош, тош? (Ҳушидан кетиб йикилади).
Нодир — Сув, сув олиб келинглар.
Хуриниса — Вой-дод, арслонимдан айрилиб колдим.
П а р д а

ИККИНЧИ ПАРДА

Биринчи манзара

Абдусаломнинг ҳовлиси. Очиқ деразадан уйнинг ичи кўринади. Бунда ҳамма нарса тўсатдан бой бўлиб қолган хонадонга мос. Эски, пастак уйга ярашмаган оёғи бурама мебеллар. Деворларга катта-кичик гиламлар ўхшовсиз осиб ташланган. Сандиқ устига бахмал кўрпачалар тахланган.
Дилором ҳовли супуриб юрибди. Кўчага машина келиб тўхтайди. Катта самовар кўтарган, гилам қўлтиқлаган Абдусалом ҳарсиллаб киради.
Дилором — Дадажон, қариган чоғингизда нималар қилиб юрибсиз? Бу аҳволда узилиб қоласиз-ку.
Абдусалом — Эҳ, кизим, ёшсан-да, ёшсан. Ахир мен буларни сен учун, сенинг бахтинг учун қиляпман.
Дилором — Менга бунақа бахт керакмас. Бахт мол-мулк билан ўлчанадими?
Абдусалом — Сен бахтнинг нималигини каёкдан би-ласан? Қийинчилик, каҳатчилик кўрмагансан, бойликнинг қадрига етармидинг. Ахир мен не-не оғирчиликларни кўрмадим. Не-не очарчиликларни бошдан кечирмадим. Ке-чани кеча, кундузни кундуз демай бигиз ўтказдим, ип эшдим.
Дилором — Отажон, мен сизга ишонаман. Сиз ҳалол яшагансиз. Лекин мана шу бир ҳафта ичида бутунлай ўзга-риб колдингиз. Жон дадажон, ростини айтинг, шунча мол-дунёни қаердан оляпсиз?
Абдусалом — Худо етказяпти. У ризқу насибамизни беряпти.
Дилором — Агар мени кизим десангиз, ростини айтасиз.
Абдусалом — Отаси ўргилсин. Узумини енг, боғини суриштирманг.
Дилором — Нима қилай, ўзингиз менга ҳалол узум бериб ўргатгансиз.
Абдусалом — Ҳа, баракалла. Ҳаромнинг юзи қурсин. Ҳаромдан ҳазар киламан, кизим.
Дилором — Бўлмаса нимага шу эътиқодингиз билан ҳаром ишга қўл урдингиз? Нега эл-юрт ўртасида ҳаромхўр деб ном олган заргар билан апоқ-чапок бўлиб кетдингиз? Нима учун ёлғиз қизингизни мана шу мол-дунёга сотдингиз? Нима, мени бахтли килмоқчи бўлдингизми?
Абдусалом — Ҳа.
Дилором — Мени кечиринг, дада, мен кўнгил кўйига юрадиган, отасининг юзига оёқ босадиган кизлардан эмасман. Лекин ортиқ чидаёлмайман. Мен уйингиздан кетаман.
Абдусалом — Кетаман?
Дилором —Ҳа, кетаман.
Абдусалом — Қаёқка. Ўша Нодир сўтак биланми?
Дилором — Ҳа, дада. Ўша сўтак Нодир сиз айтган Қиличбекка ўхшаган югурдакларнинг мингтасидан афзал.
Абдусалом — Отангизнинг юзини ерга қаратманг, қизим.
Дилором — Йўқ, дада. Сизнинг юзингиз ерга қарамайди. Қизингизни заргарнинг гумаштасига унашиб қўйиб, эвазига шунча мол-дунё орттириб яна эл ўртасида бош кўтариб юрган одам, қизи кетиб колса юзи ерга қарайдими? Рост айтинг, мени неча пулга сотдингиз?
Суҳбатни эшитиб турган Зуҳра киради.
Абдусалом — Бўлди, бас... Ана, ўртоғинг келиб қолди. Сен билан кейин гаплашаман.
Дилором — Дада, дада, тўхтанг. (Зуҳрани кўриб) Зуҳра. (Уни қучоқлаб йиғлайди.)
Зуҳра — Эшитдим. Ҳаммасини эшитдим. Мен сенинг олдингга ўз дардимни айтгани келсам, сенинг дардинг меникидан ўн чандон кўп экан.
Дилором — Чунки отамнинг касали сенинг отанг дардидан ўн чандон зўр. Сенинг даданг-ку тузалиб колар. Лекин менинг отам-чи...
Зуҳра — Қўй, ўз қизини сотадиган оталар замони ўтиб кетган. Ундан кўра айт, кимга бермоқчи экан?
Дилором — Саидмалик зартарнинг гумаштасига.
Зуҳра — Вой, вой, ким экан у, кўрдингми?
Дилором — Йўқ, бугун келармиш. Ким бўлса хам олдимга солиб қувлайман.
Зуҳра — Ундай қилма, куёв болани хафа қилиш яхши эмас. (Кулади.)
Дилором — Нимага куласан? Мен ўлай десам, бу кулади.
Зуҳра — Топдим. Бир иш киламиз. Қулоғингни бер. (Шивирлайди.)
Дилором — Шайтон-эй!
Кизлар чиқиб кетгач, кўп ўтмай ясаниб олган Қиличбек кириб келади.
Қиличбек — Абдусалом ака, ҳой Абдусалом ака. Бу уйда ким бор?
Нодир кириб келади.
Нодир — Дилором, Дилором.
Қиличбек — (четга) Қани, бир синаб кўрай-чи, муҳаббати чинмикан. (Нодирга) Келинг.
Нодир — Ўзингиз келинг... Ўзлари ким бўладилар?
Қиличбек — Биз Абдусалом акага тегишли одам бўламиз. Ўзлари-чи?
Нодир — Биз ҳам Абдусалом акага тегишли одам бўламиз.
Қиличбек — Танишиб кўяйлик. Биз Абдусалом акага куёв бўламиз.
Нодир — Биз ҳам Абдусалом акага куёв бўламиз.
Қиличбек — Қариндош эканмиз-да. Божа бўлар эканмиз. (Кўришиб кетадилар.)
Қиличбек бир шиша конъяк ва иккита рюмка олиб унга конъяк тўлдиради.
Нодир — Сўраганни айби йўқ, Абдусалом акага анчадан бери куёвмидилар?
Қиличбек — Тўғрироғи, энди куёв бўлмоқчимиз. Якинда тўй бўладиган. Ўзлари-чи?
Нодир — Биз хам энди куёв бўлмоқчимиз. Абдусалом аканинг қайси жиянига уйланмоқчилар?
Қиличбек — Жиянига эмас, қизига.
Нодир — Мен ҳам қизига. Сиз қайси қизига?
Қиличбек — Билишимча, Абдусалом аканинг фақат битта кизи бор, Дилоромга.
Нодир — (хаёл билан) Мен ҳам Дилоромга?
Қадаҳларни уриштириб ичадилар.
(Ҳушёрланиб) Кечирасиз, Сиз адашмаяпсизми?
Қиличбек — Менимча, сиз адашаётган бўлсангиз керак. Чунки кеча кечқурун Абдусалом аканинг розилиги билан никоҳ ўқилди.
Нодир — Сиз адашяпсиз. Ўша Абдусалом аканинг розилиги билан Дилором билан бир ҳафта илгари ЗАГСдан ўтганмиз.
Қиличбек — Иккаламиздан биттамиз ортиқчамиз. Мен томонда шариат. Мана домланинг фатвоси.
(Чўнтагини қидиради.)
Нодир — Мен томонда қонун. Мана ЗАГС қоғози. (Чўнтагидан олиб кўрсатади.)
Қиличбек — Абдусалом акани чақирамиз.
Нодир — Дилоромни чақирамиз.
Қиличбек — Дилоромнинг нима алоқаси бор? Қизини эрга берадиган отаси.
Нодир — Эрга тегадиган қизи. Дилоромни чақирамиз.
Шу пайт Абдусалом кириб келади. Унга пешвоз чиққан Нодирга эътибор қилмай, атайлаб Қиличбек билан қуюқ кўришади. Алам ўтган Нодир шиддат билан чиқиб кетади.
Қиличбек — Ассалому алайкум!
Абдусалом — Ваалайкум ассалом, яхшимисиз, ука, саломат бормисиз, омонмисиз, Қиличбек ука!
Қиличбек — Куёвингиз билан кўришмадингиз-ку!
Абдусалом — Ҳа, уни қўяверинг. Кеча дадасининг олдига кирсам мени ҳайдаб чикарди. Хўш, қани, бизга қандай хабарлар келтирдингиз? Қани, қани, ўлтиринг.
Қиличбек — Мен сизга қўш хабар билан келувдим. Қўш хабар — хуш хабар.
Абдусалом — Қани, ўша хуш хабарнинг биринчисини эшитайлик.
Қиличбек — Биринчиси шуки, ўша сиз айтган дурдан ўн шода топиб қўйдим.
Абдусалом — Нима? Ўн шода? Барака топинг, отаси ўргилсин. Агар шундан кейин ҳам қизим ул-бул деса мен ундай киздан кечиб юбораман. Хўш, иккинчи хуш хабарни эшитайлик.
Қиличбек — Иккинчиси шуки, яна бир соатдан кейин хўжайин келар эканлар. Зарур гаплари бор экан. Ҳеч қаёққа кетмай турар экансиз.
Абдусалом — Ие, ие, шуни биринчи хуш хабар қилиб айтмайсизми, ўғлим. Ёшсиз-да, ёшсиз. Хўжайин келадиган бўлсалар, ўз қўлим билан яхшилаб паловхонтўра ясайман. Девзира гуручим ҳам бор. Лекин уйда сабзи йўқ эди. Сиз ўтириб туринг. Мен гузардан тезда сабзи олиб келай.
Чиқади. Бошига келин рўмолини ёпган Зуҳра таманно билан кириб келади. Дилором панадан кузатиб туради. Зуҳра Қиличбек якинига келиб секин йўталади.
Қиличбек — (уни Дилором деб ўйлаб) Дилором.
Зуҳра — (ноз билан) Қулоғим сизда.
Қиличбек — (ўзича) Қандай нафис, кандай чиройли овоз. Омадингни қара, Қиличбек! (Зуҳрага) Дилором, мен сизни кўришга кўпдан бери муштоқ эдим. Ниҳоят етишдим. Ғоят бахтиёрман.
Зуҳра — Мен ҳам бахтиёрман.
Қиличбек — Дилором, уялманг, бошингизни кўтаринг, гул юзингизга бир тўйиб олай. Бу қадди-қомат, бу оҳу кўзлар, бу қалдирғоч қош фақат Дилоромда бўлиши мумкин. Дилором. мени яхши кўрасизми?
Зуҳра — Сиз-чи?
Қиличбек — Яхши кўрмасам, кўйингизда сарсон бўлиб юрармидим?
Зуҳра — Вой, мени кўрмаган эдингиз-ку.
Қиличбек — Сизни кўрмаган бўлмасам ҳам, хаёлимда кўрганман. Сизни худди шундай тасаввур қилганман. Мана шундай қадди-қомат, гул юзингиз неча марталаб тушимга киради.
Зуҳра — Мухаббатингиз ростми?
Қиличбек — Менинг муҳаббатим рост, аммо сизникига шуҳбам бор.
Зуҳра — (кулади) Хўш?
Қиличбек — Нодир деган йигитни биласизми?
Зуҳра — Акамми? (Дафъатан ролдан чиқиб кетганини сезиб лабини тишлайди.)
Қиличбек — Акам?
Зуҳра — (гапни тўгрилаб) Вой, анави Нодирми? Мен ундан кечганман.
Қиличбек — (ўзича) Гўзалларда вафо бўлмайди, деб тўғри айтганлар. (Зуҳрага) Тилингиз мунча ширин. Дилором, биласизми, мен сизни шундай яхши кўраманки...
Зуҳра — Гапларингиз ёлғон бўлса-чи?
Қиличбек — Онт ичаман.
Онт ичаман кўк-ла, дўзах-ла,
Ер санами, сен-ла ва ҳақ-ла.
Энг биринчи ёшинг, оҳингу
Энг охирги бир нигоҳингу,
Лабларингнинг гул дамлари-ла,
Ипак сочинг бурамлари-ла,
Онт ичаман айш-ла, кулфат-ла,
Онт ичаман бор муҳаббат-ла.
Зуҳра — (ортиқ чидолмай, юзини очиб) Иблис!
Қиличбек — Топдингиз, Лермонтов! Усмон Носир таржимаси!
Зуҳра — Менга каранг, исмингиз нима?
Қиличбек — Қиличбек.
Зуҳра — Тавба, кўринишдан туппа-тузук одамга ўхшайсиз-ку!
Қиличбек — Нима, сизга биров одам эмас, деб айтдими?
Зуҳра — Сиз қилаётган иш инсон қиладиган иш эмас.
Қиличбек — Хўш, мен нима иш қилибман?
Зуҳра — Сиз, ўғри экансиз.
Қиличбек — (қўрқиб кетади) А, кўрдингизми?
Зуҳра — Сиз, бахт ўғриси, муҳаббат ўғриси экансиз.
Қиличбек — (енгил тортиб) Дилором, сиз мени кечиринг. Менга ҳам осон эмас. Мен сизга ҳаммасини тушунтириб бераман. (Мўминнинг овози келади.)
Зуҳра — Вой, дадам!
Қиличбек — И-е! Бу киши сизнинг дадангиз эмас-ку!
Зуҳра — Ҳар ҳолда, бизни бирга кўришмасин. Хўп, хайр.
Қиличбек — Мен сизни оқшомда хиёбонда кутаман.
Зуҳра ўрта эшикдан, Қиличбек ташқи эшикдан чиқишади. Милтиқли Мўмин олтинларни қидириб Абдусаломникига кириб келади. Ҳаммаёқни тита бошлайди. Сабзилик тўрхалта билан Абдусалом киради.
Абдусалом — Ҳа, мулла Мўмин, бировнинг уйига сўроқсиз кириб, тағин ҳаммаёқни титганингиз нимаси?
Мўмин — Э, қари мушук. Ҳозир жойига қўйиб қўй. Фиғоним чиқиб турибди, бир нарса қилиб қўяман.
Абдусалом — Нима? Нимани жойига қўяй?
Мўмин — Олтинларимни! Олтинларимни!
Абдусалом — Ҳе, бақирма-ей, қўшнилар эшитади.
Мўмин — Эшитса эшитаверсин. Қўрқадиган ерим йўқ. Қани, жойига қўйиб кўй!
Абдусалом — Ҳў, сенга айтяпман, тилингни тий. Кўп бақирма. (Учоқ ёнидан кафтгирни олиб Мўминга яқин келади.) Худди манави билан каллангдан дераза очиб кўяман.
Мўмин — Шунақами? Бермайсанми?
Абдусалом — Мен олганим йўқ.
Мўмин — Бўлмаса, милицияга хабар қиламан. Ҳаммасини айтаман.
Абдусалом — (ялиниб) Жон оғайни, ўтир. Мени ҳам, ўзингни ҳам шарманда қиласан. Мана ҳозир чой кўяман, ош тайёр бўлади, ўтир, оғайни, ўтир, бафуржа гаплашамиз.
Мўмин — (милтигини Абдусаломга тўгрилайди)
Қўлингни кўтар!
Абдусалом — Ҳей, ҳей, нима қиляпсан, оғайни? Милтиғинг отилиб кетади. (Юзига кафтгирни тўсади.)
Мўмин — Ҳозир мана шу молпараст, ҳаромхўр кора юрагингни тешиб қўяман.
Абдусалом — Шошма, ҳей, шошма. Ўлай агар, мен сенинг олтинингни олганим йўқ. Майли, ўзимни олтинимдан ярмини сенга бера қолай. Лекин милтиғингни тушир.
Жанжални девор ортидан Саидмалик ва Қиличбек кузатиб турадилар. Қиличбек аста орқадан келиб Мўминнинг бурнига дори сепилган рўмолча босиб, уни йикитади. Мўмин ҳушидан кетади.
Абдусалом — (Қиличбекка.) Ҳей, нима қилиб кўйдингиз?
Қиличбек — Ландовур бўлмай кетинг. оз бўлмаса нариги дунёга жўнар эдингиз.
Абдусалом — (Қиличбек билан бирга Мўминни кўтариб ичкари уйга олиб кирар экан) Вой ўртоғим, ўртоғим-ей, ўлиб колса нима киламан?
Қиличбек — Ташвиш килманг, беш-ўн минутдан кейин ўзига келиб колади.
Саидмалик киради.
Абдусалом — Э, хўжайин келиб қолдилар-ку! Келинг, келинг!
Саидмалик — (Қиличбекка) Қиличбек, сен чикиб тур. (Қиличбек чиққач, Абдусаломга) Пулингизни олиб келдим. (Харид қилинган нарсаларни кўриб) Мана бунака нарсаларга ҳирс кўйиш ярашмайди. Ўз кўлингизни ўзингиз боғлаб берасиз.
Абдусалом — (секин четга) Э, пулинг ҳам қурсин, ўзинг ҳам.
Саидмалик — Нима?
Абдусалом — Ўзим шундоқ. Эй, хўжайин. Мўмин олтинни йўқотиб қўйибди, агар сизлар олган бўлсаларинг жойига кўйиб қўйинглар.
Саидмалик — Унинг олтинлари сизнинг хумчангизда, кўмган ерингизда турибди.
Абдусалом — Нима?
Саидмалик — Ундан хавотир олманг, эртага ўз кўлингиздан санаб оламан.
Абдусалом — У милицияга бораман, арз қиламан, деяпти.
Саидмалик — Бормайди, ўзидан қўркади. Унда юрак борми!
Абдусалом — Э, ўзи бормаса ўғли боради, ўғли бормаса хотини боради. Хотини ёмон.
Саидмалик — Бошида ўйлаб иш килиш керак эди.
Абдусалом — Энди нима қилдик, хўжайин, буёғи нима бўлади?
Саидмалик — (бир оз ўйлаб) Топдим. Уни жиннига чиқарамиз.
Абдусалом — А?
Саидмалик — Иккита чойхонага кириб айтсангиз, эртага бутун шаҳар билади.
Абдусалом —Ишонишармикин?
Саидмалик — Ишонишади. Тилла жинниси бўлиб колибди, денг. Мен ҳозир жиннихонага телефон қиламан. Боплаб адабини беришади. (Ўроғлиқ қоғоз узатади.) Мана, ушланг.
Абдусалом — Бу нима? (Очиб кўради.) Э, пул-ку!
Саидмалик — Пул, бардам бўлинг.
Абдусалом —Қанча бу?
Саидмалик — Беш минг.
Чиқади. Абдусалом уни кузатиб чиқади. Ҳушига келган карахт Мўмин аста-секин судралиб уйига чиқиб кетади.
П а р д а

Иккинчи манзара

Мўминнинг ҳовлиси. Мўмин, Хуриниса, Нодир, Зуҳра, Матлаб.
Хуриниса — Пешонам қурсин, пешонам. Эримдан тирик айрилиб қолдим. Вой, энди нима қиламан?
Мўмин — Нимага додлайсан? Менинг қанча ёлғон гапларимга ишонгансан. Нега энди битта рост гапимга ишонмайсан?
Хуриниса — Шўрим қурсин, шарманда бўлдик. Тўй килмай мен ўлай, девор бузмай сиз ўлинг. Бундан кўра кора ерга кирсам бўлмасмиди.
Мўмин — Нодиржон ўғлим. Қулоқ сол. Онангни қўявер. Хотинлар шунақа бўлади. Мен сени не ҳасратда кийналиб катта килганман. Онангга сут келмаганда аптекадан сут олиб боққанман. Мен жинниманми, ўғлим, жинниманми?
Нодир — Бўлди, дада, одамни қон қилиб юбордингиз.
Мўмин — Қизим, менга кара, қизим. Сен онангга тушунтирсанг бўлмайдими? Қизлар оталарига меҳрибон бўлади, дейишади-ку! Мен жинниманми? Уғлим, Матлаб-жон, сен ақлли-хушли, донишманд, дунё кўрган одамсан. Бу нодонлар қаерни кўришибди, сен тушунтир, мен жинниманми?
Матлаб — Йўқ, сиз жинни эмассиз. Бир оз чарчагансиз. Дам олсангиз тузалиб кетасиз.
Мўмин —Тузалиб кетасиз?
Матлаб — Ҳа.
Мўмин — Вой, вой, бу кандай офат, бу қандай бало. Эй парвардигор, кандай махлуқотларинг борки, жинни билан соғнинг фарқига боришмайди?
Нодир — Бўлди, дада, бақираверманг, жинни билан соғнинг фарқига ҳаммамиз борамиз. Ахир тилла билан тошнинг ҳам фаркига борамиз.
Тошга айланган тиллани эслаб Мўминнинг жазаваси тутади.
Мўмин —Тош, тош.
Мўмин жиннига хос ҳар хил қилиқлар қилади.
Хуриниса — Вой, ўлай.
Мўмин — (бирдан ўзига келиб) Манави чойнакми? Манави пиёлами? Шулар борми? Шуларнинг борлиги қандай рост бўлса, менинг тилла топганим ҳам худди шундай рост. Мен аҳмоқ бўлмасам, уни ҳар қаерга беркитаманми, сен аҳмоқларга кўрсатганимда... Вой-вой, миллион сўмлик тилла эди-я.
Мўмин яна «Тош, тош» деб жазавага тушади ва ҳушидан кетади. Уни кўтариб ётқизишади.
Хуриниса — Шарманда бўлдик. Нодир — Докторни чакириш керак.
Оқ халат кийган доктор кириб келади. Ҳамма ҳайрон.
Доктор — Тақа маҳалла, 101-уй шуми?
Зуҳра — Ҳа, ҳа, қаердан билдингиз?
Доктор — Вазифамиз шу, бемор қани?
Хуриниса — Ўргилай сиздан, барака топгур. Эримни тузатиб беринг, жон дўхтир.
Доктор — Ҳозир тузатамиз. Қани, тўғрилаб ёткизинг беморни.
Хуриниса — Ўргилай, мияси айниб қолган.
Доктор — (Мўминнинг кўкрагига трубка қўйиб) Нафас олинг, чуқурроқ нафас олинг.
Мўмин — Вой, мен соғман.
Доктор —Кўзингизни очинг.
Мўмин — А? Кўзангизни очинг, дейсизми? Кўза ҳам, олтин ҳам йўқ.
Доктор — Тилингизни кўрсатинг.
Мўмин — Тиллангизни кўрсатинг? Айтдим-ку, тиллаларни ўғирлашди.
Доктор сумкадан баҳайбат шприцни чиқариб укол қилишга тайёрланади. Мўмин нинани кўриб ўрнидан туриб қочади. Ҳамма бир бўлиб ҳовлини чир айланиб Мўминни қувлайди. Мўмин ўзини уй ичига уради. Орқасидан ёшлар ва доктор киради. Хуриниса эшик ёнида. Ичкарида жимлик чўкади. Мўмин инграйди. Эшикдан ичкарига қараб турган Хуриниса инграб ёнбошини ушлайди.
П а р д а

УЧИНЧИ ПАРДА

Биринчи манзара

Оқшом. Хиёбон. Зуҳра ва Дилором.
Дилором — Ҳар холда, уйдан кетиб қолганим яхши бўлмади-да. Отам бечора кечадан бери ич-этини еб қўйгандир-а.
Зуҳра — Қизини сотмоқчи бўлган отани шунака қилиб адабини бериш керак.
Дилором — Менга қара, дадам сизларникига кирмадими?
Зуҳра — Бизларникига нима деб ҳам кирсин?
Дилором — Ҳа, кийин бўлди, иккаласига ҳам қийин бўлди.
(Пауза)
Зуҳра — Ундан кўра айт, студентлар ётоқхонаси ёқдими?
Дилором — Жуда соз. Ажойиб дугоналаринг бор экан. Бири биридан қувноқ, бири биридан меҳрибон... Ана, келяпти. Менга қара, яхшилаб гаплашиб ол. Ҳамма гапнинг тагига етишга ҳаракат кил. Қулоғингда бўлсин. Бор.
Қиличбек киради. Соатга қарайди.
Зуҳра — Тўхта, кулиб юбораман.
(Кулгиси қистаб, огзини ёпади.)
Дилором — Вой, келишиб олган гапларимиз нима бўлади?
Зуҳра кулгидан ўзини тўхтатолмайди. Қиличбек яна соатга қараб кета бошлайди. Мажбур бўлиб пистирмадан Дилором чиқади. Йўталиб Қиличбекни ўзига қаратади.
Салом...
Қиличбек — (ҳайрон) Салом...
Дилором — Мени танимадингизми?
Қиличбек — Йўқ.
Дилором — Мен Дилоромнинг дугонаси бўламан.
Қиличбек — Э, шунақами, танишиб қўяйлик, бўлмаса. (Кўл узатади.)
Дилором — Зуҳра.
Қиличбек —Дилором келмадиларми?
Дилором — Йўқ. Дилоромнинг эски касали тутиб колди. Сиз кутиб қолманг деб, мени юборди.
Қиличбек — Раҳмат. (Пауза) Афсус, мен Дилоромга зарур бир гапни айтишим керак эди.
Дилором — Менга айтаверинг.
Қиличбек — Айтолмайман. Бу — оила сири.
Дилором — Билмайсизми, биз Дилором билан бир одаммиз. Бир тан, бир жон, бир вужудмиз. Менинг тақдирим — унинг тақдири. Унинг тақдири — менинг тақдирим. Энди тушунгандирсиз?
Қиличбек — Тушундим, жуда яхши ўртоқ экансизлар.
Дилором — (четга) Жуда яхши тушунибсиз. (Қиличбекка) Менга айтинг-чи, нега Саидмалик заргар билан Дилоромнинг отасини йўлдан урдинглар?
Қиличбек — Э, билсангиз эди. Ахир мен ҳам эгалик кулман. Ростини айтсам, мен Дилоромга уйланмоқчи эмас-ман.
Дилором — Уйланмоқчи эмасман? Ундай бўлса бу томошанинг боиси нима?
Қиличбек — Сизга айтолмайман. Мен Дилоромни кўришим керак. Дилоромнинг отаси жар ёқасида турибди.
Дилором — А? (Кичқириб юборади ва ўзини фош қилади.) Дилором шу ерда. У рўпарангизда турибди.
Қиличбек — Сизми? Наҳотки!
Дилором — Зуҳра, бу ёққа кел. (Зуҳра келади.) Бу Зуҳра, мен Дилоромман.
Қиличбек — Бу томошанинг боиси нима?
Дилором — Бу томошанинг боиси — тузоқ. Менга каранг, отам қанақа жар ёкасида турибди? Айтинг.
Қиличбек — Мен тузоқ кўйдим бировга, Оқибат тушдим ўзим...
Дилором — Шеърхонликнинг пайти эмас.
Қиличбек — Хўп, майли. Мени боплаб қўлга туширдинглар. Мен ҳаммасини тушунтириб бераман. Гап бундай...
Чиқадилар. Абдусалом ва Матлаб кирадилар.
Абдусалом — Ҳамма айб заргарда. Мени йўлдан оздирган ўша заргар. Мен қолган умримни тоат-ибодат билан ўтказсам деб юрувдим. Худонинг йўлида топган-тутганимни сарф қилиб, Каъбатуллога бош урсам деган эдим.
Матлаб — Сизни йўлдан оздирган нарса аслида ўша олтин. Уни сариқ иблис деб бекорга айтишмаган. Айнул инсан ла юшбиу илла биттураб баъд ал мавт.
Абдусалом — Бу нима, оятми ё ҳадис?
Матлаб — Бу араб мақоли, кўзнинг очлигини фақат тупроқ тўлдиради.
Абдусалом — Энди, укажон, бундан буён сиз менинг пирим бўласиз. Шунча қилган илтижоларим бекор кетмади, сизни топдим. Менга раҳнамо бўлинг. Худо етказган давлатни ўзига сарф қиламан деган ниятим бор. Жон ука, бир йўл қилиб мени Каъбатуллога олиб кетинг.
Матлаб — Сизнинг эътиқодингизни жуда ҳурмат ўиламан. Лекин Каъбага олиб боролмайман.
Абдусалом —Нега?
Матлаб — Пешона тери билан топилмаган пулга ҳаж қилиб бўлмайди. Ҳажга фақат ҳалол меҳнат билан топилган пул бўлиши керак.
Абдусалом — Э, ҳа... (Пауза) Биласизми, ука-жон, қизим топилса эди. Менга йўл-йўриў кўрсатинг, буюринг. Агар сиз буюрсангиз, нариги дунёга ҳам пиёда бораман.
Матлаб — Нариги дунёга пиёда боришнинг ҳожати йўқ. (Четга) Одамлар кўтариб олиб бориб қўйишади. (Абдусаломга) Агар менинг айтганимни қилсангиз...
Чиқишади.

Иккинчи манзара

Мўминнинг ҳовлиси. Абдусалом ва Мўмин. Ўртада кўза.
Мўмин — Шу ниятинг бор экан, нимага бошида менинг гапимга кирмадинг?
Абдусалом — Э, дўстим, кўр эканман. Энди кўзим очилди. Матлабжон деган пирим очдилар. Оғайни, мени кечир. Сени ҳам анча хафа килдим.
Мўмин — Майли, ўтган ишга саловот.
Абдусалом — Менга қара, ҳалиги заргар қолган пулларни олиб келиб, кўзадаги олтинларни олиб кетмоқчи эди. Энди нима бўлади, а?
Мўмин — Қўявер, заргаринг келгунча олтинлар аллақачон давлатнинг хазинасида бўлади, юр тезроқ.
Абдусалом — Рост айтасан, юр, оғайни. Э, шошилма. Менга қара, лоақал биронтасини олиб қолайлик. Тўйга ишлатамиз. Ахир нариги ҳафтага тўй деб ҳаммаёққа айтиб кўйдик.
Мўмин — Э, кўйсанг-чи. Биттани олган ҳам ўғри, ўнтани ҳам.
Абдусалом — Бўлмаса, ўтир, лоақал охирги марта бир санайлик. Кўзимиз тўяди-ку, ўрток.
Мўмин — О, санаш у ёкда турсин, бунинг овозини эшитсам юрак ўйноғим тутиб қолади.
Абдусалом — Бўлмаса, сен нарироқ бориб тескари караб тур, мен ўзим санаб олай. Бир кўзим тўйсин.
Мўмин — Майли, охирги илтимосинг экан, санасанг санай қол. Фақат тезроқ бўл, анави алвасти келиб қолма-син.
Абдусалом тиржайиб энди чордона қурганда заргарнинг ҳовлисидан жанжал овози келади. Шафоат дод солганча кириб келади. Мўмин, Абдусалом ҳайрон.
Шафоат — (Мўминга) Ҳа, нимага безрайиб қараб турибсан, бер бу ёққа марваридларимни, бер деяпман. (Мўминнинг ёқасидан тутганча, Абдусаломга) Ҳа, мўйловингга ўт тушсин. Ўзим ҳам айтган эдим, қаердан ёруғлик чиқди деб. «Майли, нарсаларингизни бизникига олиб чиқиб қўяқолинг» эмиш. Вой, юмшоқ бўлмай кетинг сиз. Ўғри! Қани, бу ёққа ол марваридларимни.
Шафоат кўзани Абдусаломдан тортиб олади. Саидмалик киради.
Саидмалик — Мен бу муттаҳамларни яхши биламан. (Абдусаломга) Пулини биздан олиб, тиллаларни ҳукуматга топширмоқчимисиз? (Мўминни кўрсатиб) Мана бу қип-қизил жинни. Кетдик, хотин.
Кўзани олиб эшикка караб юришади. Милиция кийимида Қиличбек кириб, Шафоат ва заргарнинг йўлини тўсади.
Шафоат — Қиличбек?
Саидмалик — Қиличбек, бу нима ҳазил?
Қиличбек — Мен Қиличбек эмас, милиция лейтенанти Анвар Мақсудовман. Танишиб қўяйлик.
Саидмалик — Бўлиши мумкин эмас. Қиличбек иним.
Қиличбек — Қиличбек энди йўқ. Мана ҳужжат. (Чўнтагидан қизил ҳужжат олиб кўрсатади. Ҳамма ҳайрон.)
Саидмалик — (ўзича) Саидмалик ҳам йўқ. Тамом бўлди. Ўзи қазиган чуқурга ўзи тушди. (Қиличбекка) Мен қўйнимда қора илон сақлаб келган эканман.
Қиличбек — Қора илон? Эл хазинаси устида кулча бўлиб ётган қора илон аслида ким? Мана бу покиза оиланинг ҳалол ошига оғу солган қора илон ким? Ўзлари эмас-ми?
Саидмалик — Бўҳтон. Ҳаммаси бўҳтон. Барибир исбот қилолмайсизлар.
Абдусалом — Мана мен исбот қиламан.
Қиличбек — Агар Абдусалом ака исбот килолмаса, мана булар исбот қилади. (Чўнтагидан суратлар олиб кўрсатади.) Мана бу энг охирги сурат. Олапарнинг олдига ётиб, тирноқ билан тупроқ ковлаётганингиз.
Саидмалик — Мен ҳеч нарса олган эмасман. Булар меники эмас. (Абдусаломга) Мана, ол тиллаларингни. Барибир исбот қилолмайсизлар.
Қиличбек — (Саидмаликка) Қани, олдимга тушинг.
Қиличбек, Саидмалик чиқишади
Абдусалом — (кесатиб) Хайр. бошинг тошдан бўлсин.
Шафоат — Вой, қўшнижонлар, энди мен нима қиламан?
Абдусалом — Баттар бўл.
Шафоат — Бор-э! Шунча марваридларимдан айрилган, данғиллама участка, эрдан ҳам айриламанми?
Мўмин — Иссиғида бир ёшроқ эрга тегиб ол. Шафоат чиқади.
Абдусалом — Мўминжон, оғайни, кирқ йиллик кадрдоним. Энди мен ўз бўлагимдан кечдим. Мана бу хумчадаги олтинларнинг ҳаммаси сизники, олинг, олаколинг.
Мўмин — Ахир бу сизники эди-ку. Девор бузган эдингиз, олинг.
Абдусалом — Сизнинг отангиз Худоёрхоннинг сарбози бўлган. Олтинлар сизники, олинг.
Мўмин — Бекор гап, менинг ҳеч қанақа сарбоз бувам йўқ. Менинг отам камбағал ўтган. Ол, олтинларингни.
Абдусалом — Мана бу пайтава, мана бу калишлар-чи?
Қиличбек кириб келади.
Қиличбек — Ташвиш килманглар. Тиллангиз аллақачон давлатнинг пўлат сандиғида.
Мўмин — А? Э, қуллуқ-э, саломат бўлсинлар! Ташвишдан ҳам қутулибмиз.
Абдусалом — Э, ўртоқ Анваржон, менда сира ҳам айб йўқ. Ҳамма айб ўша заргарда.
Мақсудов — Кечирасиз, Абдусалом ака, биз сизни қамоққа олишимиз керак.
Абдусалом — Нега?
Мақсудов — Сиз эл мулки бўлган олтинни яширдингиз. Яширибгина қўймай, давлат жиноятчиси бўлган Саидмаликка сотдингиз. Ҳалол кўшнингизни жиннига чиқардингиз. Ёлғиз қизингиз бахтига чанг солдингиз. Уни севмаган кишисига, яъни менга бермоқчи бўлдингиз. Ахир мен оилалик одамман. Қани, олдимга тушинг.
Мўмин — (Абдусаломга) Ҳа, ҳа, мана, энди жазонгни топасан. Бировнинг ҳолига сен кулма зинҳор, сенинг ҳолингга ҳам кулгувчилар бор.
Мақсудов — (Мўминга) Ўз вақтида хабар бермаганлигингиз учун сизни ҳам камоққа оламиз.
Мўмин лол.
Абдусалом — (кесатиб) Бировнинг ҳолига сен кулма зинҳор, сенинг ҳолингга ҳам кулгувчилар бор.
Мўмин — Мен нима қилдим, милицияжон. Мени қамаманг. Менда айб йўқ. (Мақсудовнинг қатъий турганини кўриб) Майли, нима қилсангиз ўзингиз биласиз. Аммо (Абдусаломни кўрсатиб) мана бу одам билан ёнма-ён қўйманг. Шунча йил ёнма-ён турганимиз ҳам етиб ортади.
Мақсудов — Яхши, яхши. Қани, юринглар. Иккалангизни алоҳида-алоҳида хонага қўямиз.
Абдусалом — Мўмин ошна, ҳар ҳолда, қирқ йиллик қўшни эдик, ошна эдик, кел, охирги марта хайрлашиб қолайлик. Хайр, оғайни. Саломат бўл. Эсон-омон дийдор кўришайлик.
Мақсудов —Қани, олдимга тушинглар.
Мўмин — Хотин қолиб кетяпти-ку! Арслонингдан айрилдинг, хотин.
Абдусалом — Қизим, жоним қизим, хайр. Лоақал қизимни бир марта кўрсам бўларди.
Мақсудов — Майли, охирги илтимосингизни бажарамиз.
Унинг ишораси билан Хуриниса ва барча ёшлар киришади.
Абдусалом — (Дилоромга) Жон қизим, отанг ўргилсин, қизим.
Мўмин — (хотинига) Вой нозигим, нозигим.
Хуриниса — Нима бўлди? Мана, мен келинимни топиб келдим. Сизларни дастингиздан меҳмонхонада ётиб юрган экан.
Зуҳра — Меҳмонхона эмас, студент қизлар ётоқхонасида.
Хуриниса — Барибир эмасми.
Мўмин — Э, хотин, нималар деяпсан? Ахир мени олиб кетяпти-ку.
Хуриниса — (эшитмайди) Майли, майли.
Мўмин — (хуноб) Нимаси майли? Ўртоғим билан мени милиция қамоққа олиб кетяпти, гаранг!
Хуриниса — Вой, ўлай.
Доктор кириб келади.
Доктор — Салом, бемор қани?
Мўмин — (Қочиб хотинининг орқасига яширинади.) Қамалиб кетган, қамалиб кетган.
Доктор — Манави қоғозни олиб қўйинг.
Мўмин — Қанақа қоғоз?
Доктор — Бу справка.
Мўмин — Бу дунёдан насибам узилиб турибди-ку, справка дейди-я.
Доктор — Бу қоғоз сизнинг жинни эмаслигингиз ҳақида справка. Эртага жиннихонага бориб, жиннилар рўйхатидан ўчиб келинг.
Мўмин — Энди нима фойдаси бор?
Хуриниса — Хайрият, умрингиздан барака топинг, доктор.
Абдусалом — (Дилоромга) Жон қизим, отангнинг гуноҳини кечир, мени кечир!
Дилором — Отажон, мен-ку кечираман, лекин халқ кечирармикин?
Абдусалом — (халққа) Оғайнилар, ўртоқлар, гуноҳимдан ўтинглар.
Дилором — (халққа) Кечиринг.
Нодир — (халққа) Оталаримиз гуноҳини кечиришингизни сиздан сўраймиз, одамлар!
Ҳамма —Кечиринглар.
Нодир — Бизга олтин не керак, олтин муҳаббат бирламиз.
Дилором — Покиза ишқ деб аталган катта давлат бирламиз.
Нодир — Дилда ёр бирла диёр меҳри мисоли кимё,
Дилором — Ёр ила мунис диёрга чин садоқат бирламиз.
Мақсудов — Элу юртнинг тинчлигидан ҳам улуғ ганж бормикан?
Элу юрт тинч бўлса бизлар ҳам саодат бирламиз.
П а р д а

Qayd etilgan