Umumiy bo'lim > Islomiy kitoblar

Safiyyurrahmon Muborakpuriy. Ar-rahiq al-maxtum

(1/7) > >>

lolo:
АР-РАҲИҚ АЛ-МАХТУМ

الرحيق المختوم

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар

Муаллиф: Софиюрраҳмон Муборакпурий

Ислом Нури таржимаси


МУНДАРИЖА


Ar-rahiq al-maxtum
(Muhammad s.a.v. siyratlariga bag'ishlangan asar)



Muallif: Safiyyurrahmon Muborakpuriy
Hajmi: 3,51 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

lolo:
Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли оилалари ҳамда асҳоби киромларига беадад саловату саломлар бўлсин.Аммо баъд...Ақида машъаласини бошлари узра баланд кўтарган, нубувват ворислари бўлмиш барча даврдаги авлодлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари энг бирламчи тарихий манба, улар учун асосий йўл озиғи, уларнинг давомийлиги ва ҳаётийлигини таъминловчи асл асос бўлиб қолаверади.Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарихларини инсоф назари билан чуқур ўрганиб чиққан инсон қаршисида тарихнинг ажиб бир қисми намоён бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У Зотнинг этакларини тутган мукаррам мўминлар моддиятнинг қуруқ унсурлари ҳамда ернинг тортиш кучини енгиб ўтиб, шундай юксакликка кўтарилдиларки, инсоният ҳали ҳеч қачон ва ҳеч қаерда бу қадар олий мартабага кўтарилмаган эди.Агар сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаракатларини диққат билан кузатсангиз, У зот сизга: «Мен шундай бир умматни тарбия қиламанки, ер тарихи минбаъд унга тобе бўлиб ўтади», деяётгандек бўлади.Балоларга сабр қилишда, ҳақ устида собит туришда, дунё силкинишларига ирода ва хотиржамлик билан жавоб беришда, меҳрибонликда, мулойимликда, нозик қалблиликда ва умуман ерга хос бўлган барча тушунчаларнинг чўққисида туришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мисли бўлмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам воқеа - ҳодисалардан устун келиш, моддият устидан ғолиб туриш учун яратилган эдилар.Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун инсоният тарихи ва унинг энг саҳиҳ фикрлари учун ҳамиша асосий манба бўлганлар.Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларига илоҳий муҳр босиб, У Зотни ҳавойи нафснинг тойилишлари ва инсоний табиатнинг ғолибликларидан йироқ қилди. Бинобарин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини, сифатларини ва ҳадисларини ўқиб-ўрганаётган ҳар бир инсон ҳар бир нуқтада ўша илоҳий муҳрнинг изларини изламоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари изоҳида унга маълум бўлади-ки, дунё ўзининг олий аҳлоқ хусусидаги ғояларини фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларидагина амалда кўришга муваффақ бўлган.Инсон фарзанди бўлган бу Зот айни пайтда инсоният юксалишидаги ҳаракат ҳам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бири сифатида қуйидагиларни ҳам таъкидлаш жоиз:- Башарият бутун тарихи мобайнида ожиз қолиб келган нуқтани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз сийратларида амалда кўрсатиб кетдилар. У зотнинг барча ишлари илоҳий илҳом билан тартиб этилган бўлиб, бамисоли ҳаёт давом этмоғи учун самога қуёш илиб қўйилганидек улар ҳам ҳаёт мазмун-моҳияти учун тарихга муҳрлаб қўйилган олий сифатлардир.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари билан танишар экансиз, беихтиёр ҳаёт нафаси уфуриб турган, кўриниши хаёлни қитиқлайдиган, хуш бўйлари томирлардаги қонни гупиртирадиган ва айни пайтда ором, сакинат ва хотиржамлик туйдирадиган бир гўзал боғ кўз олдингизга келади. Сўнг сиз ҳам ана шу нурдан Аллоҳ марҳамат қилганлар қатори баҳраманд бўласиз. Ҳадислар баёнининг завқи шунчалар тотлики, гўё саҳифалар ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитгандай бўласиз.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг каломларига назар ташлаш ана шундай бўлади. Бу калом хусусида қанчалик кўп фикр қилсангиз, шунчалик кўп маъно топасиз. Бу каломнинг изоҳи дилларга яқин. Худди танадаги жон каби бизларга яқин, айни пайтда танадаги жоннинг илоҳий сирлилиги каби узоқ ҳамдир. Хуллас, сиз унга қанчалик яқин бўлсангиз, у ҳам сизга шунчалик яқин бўлади. Агар сиз маълум масофада тўхтаб қолсангиз, у ҳам тўхтайди. Унга қараб интилсангиз, у ҳам сизга қараб интилади. Сўзингиз ишингиз билан қанчалик бир эканлигига қараб, у сизга яқинлашаверади. Дунёнинг сўзга чечан бандалари одат қилган ҳуда-беҳуда гап-сўзлар, суяксиз тилнинг керак-нокерак луғатлару маъноларни қалаштириб ташлайверишлари ва ҳоказо нуқсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларига мутлақо ётдир. Чунки бу Зотнинг сўзлари маъноларни ҳақиқатга айлантириш учунгина айтилган эди. Бу сўзлар фикр, қалб, иймон ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илҳоми билан айтилган сўзлардир. Бу сўзлар мажмуаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак вужудларидан отилиб чиққан бир дунё эдики, у ўзининг ҳақ йўлида ҳеч қандай хилоф ёхуд адоватга заррача ўрин қолдирмаган.Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва сўзлари мўминлар учун танадаги қалб вазифасини адо этишининг лозимлиги, инсон қалбининг ақлни кузатиб туришидек мўминни кузатиб туришининг зарурлиги ана шу ўринда ёрқин кўринади. Токи танлар моддиятнинг кишанларини ва ернинг тортиш кучини парчалаб ташлаб юксак-юксакларга парвоз қилсин.Бироқ моддиятнинг таъсиридан холи бўлмаган инсонга бу юксакликка кўтарилиш маҳол саналади. Бунинг учун у ўзининг узоқ тарихий асосларига таяниб, дунёга аслида нима учун келганлигини англамоғи керак. Аслида ушбу юксак ғояни ҳали ҳеч қайси уммат ислом уммати каби амалга оширолган эмас: «Бизни Аллоҳ таоло Ўзининг ҳоҳлаган бандаларини инсонларга қуллик қилишдан инсонларнинг Раббига қуллик қилишга, ботил динларнинг жабру зулмидан Исломнинг адлу адолатига, дунёнинг танглигидан дунё-ю охират кенглигига олиб чиқмоғимиз учун жўнатди.»Иймон билан тўлиб-тошган, нурлари кўзни қамаштирувчи мазкур жумлалар умматнинг энг биринчи устози ва раҳнамоси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тарбия топган чин мўминнинг сўзлари эди. У ўзининг нима учун бу дунёга келганлигини англаган ва англаган нарсасини амалга оширишга киришган мўмин эди. Узоқ сафарда чин мўминлар карвонидан узилиб қолмасликни мақсад қилган ҳар бир киши ана шундай йўл тутмоғи керак.Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам мусулмонлар ҳаётида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари муҳим ўрин тутгани боис, бу хусусда услублари ва йўналишлари турлича бўлган кўп асарлар битилган. Улардан баъзилари ўзининг кенг қамровлилиги, тўғри услуби ва комиллиги билан ажралиб туради.Албатта, бундай сийрат китоблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарихларини батафсил ва саҳиҳ тарзда ўрганиб чиқишда ўқувчига анча енгилликлар беради.Ҳиндистонлик олим Софиюрраҳмон Муборакпурий қаламига мансуб ушбу «Ар-раҳиқ ал-махтум» асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаттар сийратларини чуқур ва айни пайтда енгил услубда баён қилиши, баъзи сийрат китобларида учрайдиган ботил ва асоссиз ривоятлардан холилиги билан ана шундай мумтоз асарлар сафидан ўрин олган. Мазкур асарни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи ўзи қидирган нарсасини топади, иншааллоҳ.«Ар-раҳиқул-махтум» асари Робитатул Оламил Исломий томонидан жорий қилинган пайғамбаримиз сийратларига бағишланган мусобақада биринчи мукофот билан тақдирланган.Биз ер юзининг машриқу мағрибидаги биродарларимизга мазкур асарни тақдим этар эканмиз, Аллоҳдан унинг фойдасини мўл-кўл қилишини сўраб қоламиз.Ношир.

lolo:
МУҚАДДИМА Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динларга ғолиб қилиш учун юборган, У Зотни қиёмат кунида барча умматлар устида гувоҳлик берувчи, мўминларга жаннат ҳақида хушхабар элтувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан Унинг динига даъват қилувчи ва Ҳақ йўлини кўрсатувчи нурли чироқ қилиб юборган ҳамда Аллоҳга ва охират кунига ишонувчи ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи мўминлар учун гўзал намуна қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!Эй Аллоҳим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, У зотнинг аҳли оилалари, асҳоби киромлари ва Қиёматга қадар У Зотга чиройли суратда эргашган ислом аҳлига баракотлар ато этиб, салоту саломлар ёғдиргин ва улар учун раҳмат ҳамда розилик чашмаларини оқизиб қўйгин.Аммо баъд...Ҳижрий 1396-йилнинг Рабиъул аввал ойида Покистонда бўлиб ўтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларига бағишланган анжуман сўнгида Робитатул Оламил Исломий мусулмон олами бўйлаб набавий сийрат мавзусида мусобақа уюштиришини эълон қилгани жуда қувонарли ва хайрли иш бўлди. Уламоларни руҳлантирадиган, уларнинг фикрий қувватларини маълум бир йўналишга йўналтирадиган бу хайрли баҳснинг эълон қилиниши, менимча, мақтовга сазовор ишлар сирасидан бўлди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва ибратлари агар чуқур мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом оламининг ҳаёт булоқлари ва инсоний жамиятнинг саодати қайнаб чиқадиган ягона манба эканлиги ойдинлашади.Мазкур муборак мусобақада менинг ҳам иштирок этишим, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳнинг менга кўрсатган фазлу марҳаматидир. Бироқ мен қайда-ю, аввалгилару охиргиларнинг саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини ёритиб бера олиш қайда?! Камина токи зулматлар ичида ҳалокатга юз тутмасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари сафида яшаб, умматлари сафида жон таслим қилмоқни ва Пайғамбаримиз шафоати билан Аллоҳнинг мағфиратига ноил бўлмоқни мақсад қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нурларидан озгина бўлса-да баҳраманд бўлмоқни тенгсиз бахт деб биладиган ожиз бир банда, холос.Энди асарни ёзишда қандай йўл тутганим ҳақида икки оғиз гапириб ўтсам. Мен ўқувчини малоллантириб қўядиган узундан узоқ қисса қилишдан ҳам, воқеа-ҳодисаларни юмуқ қолдирадиган қисқаликдан ҳам йироқ бўлишга ҳаракат қилдим. Токи асар ўрта ҳажмда бўлсин. Бироқ воқеалар тартиби ёки уларнинг жузъий тафсилотлари борасида кўпгина манбаларда ихтилофларга дуч келдим. Ана шундай ўринларда масалани имкон қадар чуқур ва атрофлича ўрганиб, сўнг саҳиҳ деб топганим ривоятларни баён қилдим. Китобнинг ҳажми каттайиб кетмаслиги учун далилларни ва манбалар номини зикр қилмадим. Фақат ўқувчига ғариб туюладиган ёки аксарият муаллифлар ўзгача йўл тутган ўринлардагина далилларга ишора қилиб ўтдим.Эй Аллоҳим, дунё-ю охиратда менга фақат яхшиликни тақдир этгин. Албатта, Сен улуғ Арш эгаси бўлган Кечиримли, Меҳрибон Зотсан!Софиюрраҳмон МуборакпурийБанорас, Ҳиндистон

lolo:
АРАБЛАР
Араб диёрлари ва қавмлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари – ҳаёт йўллари моҳият эътибори билан рисолат тарихидан иборатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу рисолатни инсонларга етказдилар ва уларни ана шу рисолат орқали зулматлардан нурга, бандаларга қул бўлишдан Аллоҳга қуллик қилишга олиб чиқдилар.Бинобарин, рисолатнинг комил суратини тўлиқ чизиб кўрсатмоқ учун рисолатдан аввалги ва ундан кейинги ҳолатлар қиёслаб кўрилмоғи лозим. Шунинг учун даставвал арабларнинг қавмлари ва уларнинг исломдан олдинги ҳолатлари хусусида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолат нурини олиб келганларида арабларнинг қай аҳволда эканлиги хусусида сўз юритамиз. Араб диёрлари «Араб» калимасининг луғавий маъноси саҳролар, чўллар, гиёҳ унмайдиган, сувсиз ерлар демакдир. Худди шу ном қадим-қадимдан Араб жазираси - Арабистон ярим оролининг номи бўлиб келган. Арабистон ярим оролини ватан тутиб, шу ерда ҳаёт кечирган қавмга ҳам юқоридаги ном берилган.Арабистон ярим ороли ғарбдан Қизил денгиз ва Сайно ярим ороли билан, шарқдан Араб кўрфази ва жанубий Ироқ ерларининг катта қисми билан, жанубдан Ҳинд денгизигача чўзилган Араб денгизи билан, шимолдан Шом ерлари ва Ироқнинг бир қисми билан чегараланган. Унинг майдони миллион мил квадратдан бир миллион уч юз минг мил квадратгача деб тахмин қилинади.Ярим орол ўзининг табиий ва жўғрофий ўрни билан етук аҳамиятга эга. Оролнинг ичкарисига назар ташласангиз, у тўрт томондан саҳролар ва қумликлар билан қуршалган. Ана шундай табиий тўсиқлар туфайли у мустаҳкам қўрғонга айланган ва бегоналарнинг босқинчиликларидан омонликда бўлган. Шунинг учун ярим орол аҳолиси қадим-қадимдан ўзининг барча ишларида эркин бўлган. Ҳолбуки, улар икки улкан империяга қўшни яшашган. Юқорида тилга олинган табиий тўсиқлар бўлмаганида араблар бу икки империянинг ҳужумларига дош беролмасдилар.Ташқи эътибор билан эса Арабистон ярим ороли қадимги дунёнинг маълум ва машҳур қитъалари ўртасида жойлашган ҳамда улар билан қуруқлик ва сув йўллари орқали боғланган. Ярим оролнинг шимолий ғарбий томони кўҳна Африка дарвозалари билан туташади. Шимолий шарқий томони Европа қитъасининг калити бўлса, шарқий томони Ажам – Ўрта Осиё, Жанубий Осиё ва Узоқ Шарқ дарвозаларини тақиллатади. Шунингдек, барча қитъалар ярим орол билан денгиз йўли орқали туташади. Турли давлатларнинг кемалари ярим орол бандаргоҳларида лангар ташлайди.Ана шундай жўғрофий қулайлик боис унинг шимолий ва жанубий қисми кўп миллатлар келиб қўнадиган манзил, тижорат, маданият, илм-фан ва динлар учрашадиган ўзига хос бир марказ эди. Араб қавмлари Муаррихлар арабларни келиб чиқиш сулолаларига кўра уч қисмга бўлганлар:Биринчи: Боида (йўқ бўлиб кетган) араблар. Улар батамом йўқ бўлиб кетган ва тарихлари ҳақида етарли даражада маълумотлар топиш имконсиз бўлган Од, Самуд, Тасм, Жадис, Имлоқ, Умайм, Журҳум, Ҳадур, Вабор, Абил, Жосим, Ҳазрамавт ва бошқа қадимги араб қавмларидир.Иккинчи: Ориба (соф) араблар. Улар Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтоннинг авлодлари саналади ва Қаҳтонийлар деб аталади.Учинчи: Мустаъраба (араблашган) араблар. Исмоил авлоди саналадиган бу араблар Аднонийлар деб аталади.Ориба араблари ёки Қаҳтон шаъбининг[1] асл ватани Яман ерлари ҳисобланади. Улар Сабаъ ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтондан тарқалган ва ўндан ортиқ қабилаларга бўлинган бўлиб, улардан асосан иккитаси – Ҳимяр ибн Сабаъ ва Каҳлон ибн Сабаъ қабилалари машҳур. Сабаънинг қолган уруғларига — ўн битта ёки ўн тўртта уруғ — “Сабаийлар” дейилади, уларнинг Сабаъдан кейин қабилалари йўқ.а) Ҳимярнинг машҳур уруғлари:1-Қудоъа (قضاعة) уруғи: ундан Баҳроъ, Балий, Қайн, Калб, Узра ва Вабаралар тарқалган.2-ас-Сака-а-сик (السكاسك) уруғи: улар Зайд ибн Воила ибн Ҳимярнинг авлоди бўлиб, “Сака-а-сик” Зайднинг лақабидир. У Каҳлон авлодларида келадиган Кинда Сака-а-сикидан бошқадир.3-Зайдул Жумҳур уруғи: ундан кичик Ҳимяр, кичик Сабаъ, Ҳадур, Зу-Асбаҳлар тарқалган.б) Каҳлоннинг машҳур уруғлари:Ҳамдон, Алҳон, Ашъар, Той, Мазҳиж (Мазҳиждан: Анс (عنس) ва Нахъ), Лахм (Лахмдан: Кинда, Киндадан: Бану Муовия, Сакун, Сака-а-сик), Жузом, Омила (عاملة), Хавлон, Маъофир, Анмор (Анмордан: Хасъам ва Бажила, Бажиладан : Аҳмас), Азд (Азддан: Авс, Хазраж, Хузоа ва Оли Ғассон номи билан машҳур Шом подшоҳлари бўлмиш Жафна авлоди).Каҳлон Уруғи Яман ерларини ташлаб чиқиб Арабистон ярим оролининг турли томонларига тарқалиб кетди. Уларнинг улкан кўчишлари Арим селидан бироз олдин содир бўлган. Ўшанда Румликларнинг сиқуви ва денгиз савдо йўлига эгалик қилишлари, Миср ва Шомни босиб олганларидан сўнг қуруқлик йўлини ҳам йўққа чиқаришлари Каҳлон Уруғининг тижоратига катта зарар бўлиб тушган эди.Баъзи муаррихлар уларнинг кўчишини ўша сел уларнинг экин-тикин ва мол-ҳолларни ҳалок қилиб, тижоратлари катта зарар кўрганидан ва тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлганларидан сўнг бўлганини айтадилар. Қуръон оятлари сиёқи ҳам буни қувватлайди. («Сабаъ»-15-19 оятлар).[2]
Каҳлон ва Ҳимяр уруғлари ўртасидаги кураш Каҳлоннинг кўчишига сабаб бўлган, деган фикр ҳам тўғри бўлиши мумкин. Каҳлон кўчганидан кейин ҳам Ҳимярнинг ўз жойида қолавергани бу фикрни қувватлайди.Кўчиб келган Каҳлон уруғларини тўрт қисмга бўлиш мумкин:Биринчи: Азд Уларнинг кўчиши саййидлари ва улуғлари бўлмиш Имрон ибн Амр Музайқиёъ фикрига кўра бўлди. Яман ерларида кўчиб юрар эканлар, олдинга ўз даракчиларини жўнатишарди. Сўнг шимол ва шарқ томон юрдилар. Пировардида улар қуйидаги ерларга ўрнашиб қолишди:· Имрон ибн Амр ва унинг авлоди Умонни ватан тутди. Улар Умон Аздларидир.· Наср ибн Азд авлоди эса Тиҳомада яшаб қолишди. Улар Шануа Аздларидир.· Саълаба ибн Амр Ҳижоз сари юрди. У Саълабия ва Зу-Қор ўртасини ватан тутди. Фарзандлари улғайиб маълум куч қудратга эга бўлгач, Мадина томон юрди ва ўша ерда жойлашиб қолди. Авс ва Хазраж Ҳориса ибн Саълабанинг икки ўғли бўлиб Саълаба ибн Амрнинг авлодларидир.· Ҳориса ибн Амр (у Хузоадир) ва унинг авлоди Ҳижоз ерларида кўчиб юриб, Марруз-Заҳронга қўнишди. Сўнг Ҳарамни фатҳ қилиб, Маккадан Журҳумларни қувиб чиқаришди ва шу ерда ўрнашиб қолишди.· Жафна ибн Амр Шомга қараб юрди ва авлоди билан ўша ерда ўрнашиб қолди. У Ғассон шоҳларининг отаси ҳисобланади. Ғассонийлар Шомга кўчишларидан олдин Ҳижоздаги Ғассон номли қудуқ бўйида яшаганлари боис ана шундай номланиб кетганлар.· Каъб ибн Амр, Ҳорис ибн Амр, Авф ибн Амр каби майда уруғлар Ҳижоз ва Шомга кўчиш асносида мазкур қабилаларга қўшилиб кетдилар.Иккинчи: Лахм ва ЖузомУлар шарқ ва шимол тарафга кўчишди. Ҳийрадаги Мунзирий шоҳларининг отаси саналмиш Наср ибн Рабиъа ҳам Лахмий эди.Учинчи: Бану ТойАзддан сўнг улар ҳам шимол томон юриб, Ажо ва Салмо номли икки тоғга келиб жойлашишди. Шу боис бу икки тоғ кейинчалик Той тоғлари номи билан танилди.Тўртинчи: Кинда Улар дастлаб Баҳрайнга қўнишди. Сўнг уни ташлаб Хазрамавтга кўчишга мажбур бўлдилар. Бироқ бу ерда ҳам Баҳрайндаги аҳвол такрорлангани боис Наждга келдилар. Кинда қавми Наждда кучли давлат тузишга муваффақ бўлсалар-да, уларнинг бу давлати узоқ турмасдан таназзулга юз тутди.Ҳимярликларга мансублиги ихтилофли бўлган яна бир қабила – Қудоа Ямандан кўчди ва Ироқ теварагидаги Самова чўлини ватан тутди[3]. Унинг баъзи уруғлари Ҳижознинг шимоли ва Шомнинг теварагига жойлашди.Мустаъраба араблари - уларнинг бобокалони саййидимиз Иброҳим алайҳис-салом асли Ироқнинг қадимги Ар шаҳридан бўлган. Кўфа яқинидаги бу шаҳар Фурот дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган. Мазкур ҳудудларда олиб борилган қазилма ишлари натижасида шаҳардаги диний ижтимоий ҳолат ва Иброҳим алайҳис-салом оиласи ҳақида бир қанча маълумотлар қўлга киритилди.Иброҳим алайҳис-салом Ар шаҳридан Ҳорон ёки Ҳарронга, сўнг у ердан Фаластинга ҳижрат қилган ва Фаластинни ўз даъвати учун марказ қилиб танлаган. Иброҳим алайҳис-салом Фаластин ҳудудлари ва унинг тевараги бўйлаб сафарлар қилган. Бир сафар аёли Сора билан бирга зўравон ҳукмдорлардан бири ҳузурига келганида Соранинг соҳибжамоллигини кўрган ҳукмдор унга кўз олайтирмоқчи бўлди. Шунда Сора Аллоҳга дуо қилди, Аллоҳ золимнинг макрини даф қилди. Ҳукмдор Соранинг Аллоҳ ҳимоятидаги солиҳа аёл эканига амин бўлгач, унинг фазлу фазилатини эътироф этиб ёки Аллоҳнинг азобидан қўрқиб Ҳожарни унинг ҳизматига берди[4]. Сора Ҳожарни Иброҳим алайҳис-саломга ҳадя қилди[5].Иброҳим алайҳис-салом Фаластинга қайтди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломга Ҳожардан Исмоил исмли ўғил ато қилди. Соранинг рашки сабабли Иброҳим алайҳис-салом Ҳожар ва унинг эмзикли гўдаги Исмоилни Ҳижозга олиб бориб қўйди. Ҳожар ва унинг ўғли Аллоҳнинг уйи жойлашган қуп-қуруқ водийда қолишди. У пайтда ҳали бу ерлар бир тепалик бўлиб, ўнгу сўлидан селлар келарди. Иброҳим алайҳис-салом Ҳожар ва Исмоилни ҳозирги Масжиднинг юқори қисмида Зам-зам тепасидаги бир катта дарахт ёнида қолдирди. У пайтларда ҳали Зам-зам булоғи йўқ эди. Маккада на бир тирик жон, на бир қултум сув топилмасди. Иброҳим алайҳис-салом уларга бир халта қуритилган хурмо ва мешда сув қолдириб Фаластинга қайтиб кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, Ҳожар билан Исмоилнинг егулиги ҳам, суви ҳам тугади. Ана шунда Аллоҳнинг фазли билан Зам-зам булоғи отилиб чиқди. Зам-зам суви Ҳожар ва Исмоил учун ҳам сув, ҳам егулик ўрнини босди. Ушбу воқеалар тафсилоти ҳадис китобларида баён қилинган[6].Яманлик бир қабила - Иккинчи Журҳум - Маккага келиб Ҳожарнинг рухсати билан шу ерда яшаб қолишди. Айтишларича, улар шунгача Макка атрофидаги водийларда яшашган эди. Имом Бухорий ривоятларига кўра, бу қабила Маккага Исмоил алайҳис-саломдан кейин келган ва у пайтда Исмоил ҳали балоғатга етмаган. Улар авваллари ҳам бу водийдан ўтиб туришган[7].Иброҳим алайҳис-салом Маккада қолдириб кетган аёли ва ўғлининг ҳолидан хабар олиш учун бу ерга келиб турарди. Биз Иброҳим алайҳис-саломнинг Маккага аниқ неча марта келиб кетганини билмаймиз. Эътимодли манбаларда у кишининг Маккага тўрт марта сафар қилганликлари зикр этилган:1) Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳикоя қиладики, Иброҳим алайҳис-салом тушида Исмоилни сўяётганини кўради ва ана шу ишни амалга оширишга тутинади: «Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Албатта бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни - қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни, катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик)». (Вас-Соффат : 103-107.)(Инжилнинг) “Сифрут-таквин” китобида Исмоил алайҳис-саломнинг Исҳоқ алайҳис-саломдан ўн уч ёш катта бўлгани айтилган. Қуръондаги қисса сиёқига қараганда юқорида зикр этилган воқеа, яъни, Исмоилнинг қурбонлик учун келтирилиши Исҳоқ туғилишидан олдин бўлган. Чунки Исҳоқнинг туғилиши ҳақидаги башорат қурбонлик воқеасидан кейин зикр қилинган.Мазкур қисса Исмоил вояга етмасдан Иброҳим алайҳис-саломнинг Маккага энг камида бир марта келганлигига далил бўлади. Иброҳим алайҳис-саломнинг яна уч марта Маккага келганликлари ҳақида Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан марфуъ ривоятлар нақл қилган. Ушбу ривоятларнинг қисқача мазмуни қуйидагича:2) Исмоил алайҳис-салом вояга етиб Журҳум қабиласидан араб тилини ўргангач, уни ёқтириб қолган Журҳум қабиласи Исмоилни ўзларидан бир аёлга уйлантиришди. Ҳожар вафот этди. Иброҳим алайҳис-салом уларнинг ҳолидан хабар олиш учун келганида, Исмоил уйда йўқ эди. Иброҳим алайҳис-салом Исмоилнинг хотинидан ҳол-аҳвол сўради. Келин турмушининг оғирлигидан шикоят қилди. Иброҳим алайҳис-салом аёлга: «Исмоил келса, айтинг, эшигининг остонасини ўзгартирсин» деб тайинлаб кетди. Исмоил отасининг нима демоқчи бўлганини тушуниб етди ва хотинини талоқ қилиб, бошқа аёлга уйланди. У аксар тарихчиларга кўра Журҳум қавмининг улуғи ва саййиди Мудод (مُضاض) ибн Амрнинг қизи эди.3) Иброҳим алайҳис-салом Исмоил иккинчи марта уйланганидан кейин яна Маккага келди ва яна ўғлини топа олмади. Пайғамбар келинидан ҳол-аҳвол сўради. Келин Аллоҳга шукр қабилида жавоб берди. Иброҳим алайҳис-салом Фаластинга қайтиб кетар экан, келинига қуйидагича тайинлади: «Исмоил келса, айтиб қўйинг, эшигининг остонасини мустаҳкамласин.»4) Иброҳим алайҳис-салом Маккага тўртинчи марта келганида, ўғлини Зам-зам ёнидаги катта дарахт остида камон ўқларини учлаб ўтирган ҳолда топди. Исмоил отасининг истиқболига турди. Улар узоқ фироқдан кейин учрашган ота-болага хос равишда кўришишди. Иброҳим алайҳис-салом билан Исмоил алайҳис-саломнинг кўришмаганига кўп вақт бўлган эди. Фарзандига меҳрибон, юмшоқ кўнгил кекса ёшли отага ҳам, ота-онага ғамхўр, солиҳ ва қобил фарзандга ҳам айрилиқ кунлари осон кечмаганди. Мана шу сафар Каъба қурилди. Ота-ўғил уни тиклашди ва Иброҳим алайҳис-салом Аллоҳ амрига мувофиқ одамларга ҳаж ибодатини эълон қилди[8].Исмоил алайҳис-салом иккинчи аёлидан ўн иккита ўғил кўрди: Нобит ёки Набоют, Қайдар, Адбоил, Мибшам, Мишмаъ, Давмо, Мийшо, Ҳудад, Таймо, Ятур, Нафис ва Қайдумон.Ўн икки ўғилдан ўн икки қабила тарқалди. Маълум муддат уларнинг барчаси Маккада яшашди. Бу қабилаларнинг асосий тирикчилиги Ямандан тортиб Шом ва Мисрга қилинадиган тижорат эди. Сўнг улар ярим оролнинг ҳар томонларига ҳатто унинг ташқарисига сочилиб кетишди. Замонлар ўтиши билан Нобит ва Қайдор авлодидан ташқари ҳаммаси тарих қоронғуликларида йўқ бўлиб кетишди.Нобит авлоди бўлмиш Нобитийлар маданияти Ҳижознинг шимолий қисмида гуллаб-яшнади. Улар кучли давлат тузиб, қўшни ерларни ўзларига бўйсундирдилар. Нобитийларнинг пойтахти Урдуннинг жанубидаги таниқли Батроъ шаҳри эди. Улар ҳеч кимга бўйин эгмадилар. Фақат румликларгина уларнинг давлатини парчалаб ташлашга муваффақ бўлишди.Бир гуруҳ насабшунос олимлар тадқиқотлардан сўнг қуйидаги хулосага келганлар: Ғассон сулоласининг шоҳлари, шунингдек, Авс ва Ҳазраждан бўлган ансорлар Нобит ибн Исмоил оиласи ва уларнинг шу ерларда қолган бошқа вакилларига мансубдирлар.Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўз «Саҳиҳ»ида шу фикрга мойил бўлган ва «Яманнинг Исмоил алайҳис-саломга нисбатланиши» деган боб остида бир неча ҳадислар келтирган, Ҳофиз ибн Ҳажар бу ҳадислар шарҳида Қаҳтон Нобит ибн Исмоил авлодидан, деган фикрни тўғри санаган[9].Қайдор ибн Исмоил авлодлари Маккада яшаб қолишди. Уларнинг насли давом этиб, Аднон ва унинг ўғли Маадга етиб келди. Адноний араблар ўз насаблари тарихини Аднонгача тиниқ ёдда сақлаганлар. Аднон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йигирма биринчи боболари ҳисобланади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам насабларини санасалар Аднонга келиб тўхтар ва: «Насабчиларнинг (Аднондан юқориси ҳақидаги) гаплари нотўғри» деб, ундан нарига ўтишдан тийилар эдилар[10].Мазкур ҳадисни заиф санаган айрим уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насабларини Аднондан кейин ҳам давом эттириш мумкинлигини айтишган. Бироқ, улар насаби шарифнинг бу қисмида анча чигал ихтилофларга боришган. Улкан муҳаққиқ, аллома, қози Муҳаммад Сулаймон Мансурпурий Ибн Саъд, Табарий, Масъудий ва бошқалар айтган фикрни – яъни, чуқур таҳлил ва тадқиқотларнинг кўрсатишича, Аднон билан Иброҳим алайҳис-салом ўртасида қирқта ота бўлган, деган фикрни тўғрироқ санаган[11].Маъаднинг авлоди унинг Назор исмли ўғлидан тарқалган, Маъаднинг ундан бошқа фарзанди бўлмаган ҳам дейилади.Назорнинг тўрт фарзанди бўлиб, улардан тўртта улкан қабила тарқалган: Иёд, Анмор, Рабиъа ва Мудар (مضر).Рабиъа ва Мударнинг уруғ-аймоғи кўп бўлди. Рабиъадан Дубайъа (ضُبَيعة) ва Асад, Асаддан Анза ва Жадила, Жадиладан Абдул Қайс, Намир, Тағлиб ибн Воил, Бакр ибн Воиллар, Бакрнинг фарзандларидан Бану Қайс, Бану Шайбон, Бану Ҳанифа ва бошқа уруғлар тарқалди.Мудар қабилалари икки катта қисмга бўлинди: Қайс Айлон ибн Мудар ва Илёс ибн Мудар уруғлари.Қайс Айлондан Бану Салим, Бану Ҳавозин, Бану Сақиф, Бану Саъсаъа, Бану Ғатофонлар тарқалди. Ғатофондан Абс, Зубён, Ашжаъ ва Аъсурлар тарқалди.Илёс ибн Мудардан Тамим ибн Мурра, Ҳузайл ибн Мудрика, Бану Асад ибн Хузайма ва Кинона ибн Хузайма уруғлари тарқалди. Кинонадан Қурайш тарқалган. Улар Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинонанинг фарзандлари ҳисобланади.Қурайш ҳам бир қанча қабилаларга бўлинади. Уларнинг машҳурлари қуйидагилар: Жумаҳ, Саҳм, Адий, Махзум, Тайм, Зуҳра ва Қусой ибн Килобнинг уруғлари. Қусой ибн Килоб уруғлари: Абдуд Дор ибн Қусой, Асад ибн Абдул Уззо ибн Қусой ва Абду Маноф ибн Қусойдан иборат.Абду Манофдан тўрт қабила вужудга келди: Абду Шамс, Навфал, Муттолиб ва Ҳошим. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳошим оиласига мансублар: Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим.Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло Иброҳим авлодидан Исмоилни, Исмоил авлодидан Бану Кинонани, Бану Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Бану Ҳошимни ва Бану Ҳошимдан Мени танлаб олди[12].»Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларини яратиб, мени уларнинг энг яхши (яъни, инсон) жинсидан ва икки тоифанинг (яъни, араб ва ажамнинг) яхшисидан қилди. Сўнг қабилаларни танлаб, мени энг яхши қабиладан қилди. Сўнг хонадонларни танлаб, мени энг яхши хонадондан қилди. Мен уларнинг ҳам ўзи, ҳам хонадони эътибори билан энг яхшисиман[13].»Адноннинг авлодлари кўпайгач, серёмғир, серўт яйловларни қидириб, араб ерларининг турли бурчакларига ёйилиб кетишди.Абдул Қайс, Бакр ибн Воил ва Тамим уруғлари Баҳрайнга кўчиб, ўша ерда яшаб қолишди.Бану Ҳанифа ибн Али ибн Бакр Ямомага кўчиб, Ҳужр қасабасига қўнди.Бакр ибн Воилнинг қолганлари Ямомадан Баҳрайнга, Козима соҳили бўйларидан денгизга ва Ироқ атрофларигача чўзилган узундан узоқ жойларни сўнгра Убулла ва Ҳийтни макон тутишди.Тағлиб Фуротия оролида яшаб қолди. Унинг айрим уруғлари Бакр билан бирга яшади. Бану Тамим Басра чўлини макон тутди.Бану Салим Мадина яқинида Водиюл Қуродан Хайбаргача, Мадинанинг шарқигача, Жабалайн чегараларигача, Ҳарра ҳудудларигача бўлган масофада яшарди.Сақиф Тоифда, Ҳавозин Макка шарқидаги Автос томонларда яшаб қолди. Автос - Макка билан Басра ўртасидаги йўл устида жойлашган.Бану Асад Таймо шарқи ва Кўфа ғарбини макон тутди. Улар билан Таймо ўртасида Тойнинг Буҳтур ери бор эди. Улар билан Кўфа ўртаси беш кунлик йўл бўлган.Зубён Таймо яқинидан Ҳавронга қадар бўлган ерларда яшарди.Тиҳомада Кинона уруғлари яшаб қолди.Макка ва унинг атрофини Қурайш уруғлари ватан тутишди. Қурайш уруғлари бирлашмасдан, алоҳида-алоҳида яшашарди. Сўнг Қусой ибн Килоб чиқиб уларни бирлаштирди. Қурайш уруғлари бирлашганларидан кейин уларнинг обрўси ва қадр-қиймати ошди.
[1] Арабларнинг насаб тартиби қуйидагича: Шаъб (халқ, миллат яъни бош) - қабила (бош суягининг бир-бирига киришган бўлаклари) - амора (кўкракдаги аъзолар улардан бири юрак)-батн (қорин) -фахиз (сон) -фасийла (тизза) - ашийра (тиззадан қуйиси). Улар насабларини худди инсон танаси каби тақсимлаганлар. Шундай бўлсада, қабила катталашиб уруғларга бўлиниб кетгани сайин ҳар бир уруғ ўзидан кейингиларга нисбатан қабила ва ундан таралганлар уруғлар деб аталаверади. Яъни ҳар бир уруғ ўз ҳолида қабила, ўзидан аввалгиси билан зикр қилинганда уруғ деб аталади. Китобларда буни фарқламасдан ҳаммасини қабила ҳам дейилади. Масалан, Қурайш қабила унинг уруғларидан бўлган Бану Тайм, Бану Ҳошим, Бану Умайялар буларнинг ҳар бири қабила деб аталади.[2] 15. Аниқки Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида Аллоҳнинг фазлу-марҳаматига далолат қиладиган) бир аломат бор эди — ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга) «Парвардигорингиз (берган) ризқу-рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират килувчи Парвардигордир», (деган эдик). 16. Улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўқиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик. 17. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз. 18. Биз улар билан Ўзимиз баракотли қилган (Шом) қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган (яъни бир-бирига яқин) қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва, улар орасида юриш (масофаси)ни ҳам ўлчаб-яқинлаштириб (уларга): «Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар», (деган эдик). 19. Улар эса (бу неъматларга ношукурлик қилиб): «Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин», дейишиб, ўзларига зулм қилдилар, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тирқиратиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир (балоларга сабр-қаноат қилувчи, неъматларга) шукр қилувчи учун оят-ибратлар бордир.[3] Албатта, қавмларнинг кўчган пайтлари ва кўчиш сабаблари манбаларда турлича берилган. Биз манбаларни ўрганиб чиқиб юқоридаги тўхтамга келдик. Тўғрисини билувчи Аллоҳдир.[4] Манбаларда мазкур зўравон ҳукмдор Миср фиръавнларидан бири бўлиб, Ҳожар унинг чўриси бўлгани айтилади. Бироқ машҳур аллома, қози Муҳаммад Сулаймон Мансурпурий “Раҳматан лил-оламийн” асарида аҳли китоб тадқиқотчиларнинг ёзганларига суяниб, Ҳожарнинг чўри эмас, балки озод аёл ва Фиръавннинг қизи бўлганлигини таъкидлаган. Шунингдек Ибн Халдун “Тариху ибн Халдун” асарида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу билан Миср аҳли ўртасида бўлиб ўтган бир суҳбатни келтиради. Унда айтилишича, мисрликлар унга: “Ҳожар бизнинг подшоҳларимиздан бирининг аёли бўлган, биз билан Айнишамс аҳли ўртасида бўлиб турадиган урушлардан бирида уларнинг қўли баланд келиб, подшоҳни қатл қилиб, Ҳожарни асира қилишган, охир-оқибат у боболарингиз Иброҳимнинг чўрисига айланган” дейишади.[5] Қаранг: “Саҳиҳул Бухорий: Пайғамбарлар китоби” (2217, 2635, 3357, 3358, 5084, 6950) Саҳиҳу Муслим (2371).[6] Саҳиҳул Бухорий (3364, 3365).[7] Саҳиҳул Бухорий (3364).[8] Саҳиҳул Бухорий, «Китобул-анбиё» (3364, 3365).[9] Саҳиҳул Бухорий, «Китобул-маноқиб» (3507-ҳ).[10] Тарихут-Табарий, 2 : 272-276с.[11] Ибн Саъд Табақотул Кубро, 1:56, Тарихут-Табарий, 2:272, 273, Масъудий Муружуз-заҳаб, 2:273, 274.[12] Имом Муслим: 4/1782, Имом Термизий: 5/544.[13] Имом Термизий: 5/545.

lolo:
Арабларда ҳукм ва бошқарув сиёсати Арабларнинг исломдан аввалги ҳаёти ҳақида сўз юритар эканмиз, уларнинг ҳукумати, бошқарув тизими, миллатлари ва динлари хусусида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмас. Фикри ожизимизча, ана шунда Ислом зоҳир бўлган фурсатда юзага келган вазиятларни тушунишимиз янада осонроқ кечади.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватлари бошланганида Арабистон ярим оролининг ҳукмдорлари икки қисмдан иборат эди:1. Тож кийган ҳукмдорлар. Бироқ бу тождорлар аслида мустақил ҳукмдорлар эмасди. Улар Яман ҳукмдорлари, Ғассон шоҳлари ва Ҳийра ҳокимлари эди.2. Қабила ва уруғларнинг бошлиқлари. Улар худди шоҳлар каби ҳукм ва имтиёзларга эга бўлишган. Қабила оқсоқолларининг аксарият қисми томомила мустақил ҳаракат қилишарди. Фақат айримлари тождор ҳукмдорларга тобе эдилар. Яман, Ғассон ва Ҳийра шоҳларидан ўзга барча бошлиқлар қабила оқсоқоллари - тож киймаган ҳукмдорлар эди. Яман шоҳлиги Ориба арабларидан Яманда умргузаронлик қилган энг қадимий қавм Сабаъ қавмидир. Ур шаҳрида олиб борилган қазилма ишлари натижасида Сабаъ қавмининг милоддан аввалги 15-асрдаги излари топилди. Сабаъ қавмининг нуфузи кучайиб, ҳукмронлиги кенгайиб, маданияти гуллаб-яшнаган даври милоддан аввалги 11-асрларга тўғри келади. Қавм тарихини қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин: 1. Милоддан аввалги 1300 - 650 йиллар оралиғидаги давр: Бу даврларда уларнинг давлатлари «Маийнийлар давлати» деб аталар, Нажрон ва Ҳазрамавт оралиғидаги Жавф текисликларида жойлашган эди. Сўнг улар тараққий этиб, ҳукмронликлари кенгайиб, сиёсий нуфузлари Ҳижознинг шимолидаги Уло ва Маонгача етиб борди. Айтишларича, Сабаъ салтанати шунчалик кучайганки, ҳатто улар араб ерларининг ичкарисида ва унинг ташқариларида ўз мустамлакаларига эга бўлган.Асосий тирикчиликлари тижорат бўлган. Яман тарихида муҳим ўрин тутган, кейинчалик уларни Ердаги ноз-неъматларнинг аксари билан таъмин этган Маъриб тўғони ўша пайтда қурила бошлаган.У пайтларда Сабаъ ҳукмдорлари «Сабаъ Макраби» деб аталган. Уларнинг пойтахти Сирвоҳ шаҳри бўлган. Пойтахт харобалари Маъриб шаҳрининг шимолий ғарбий қисмидан 50 км, Санъо шарқидан 124 км узоқликдаги масофада учрайди ва «Хурайба» деб аталади. Ҳукмдорларининг сони 22 билан 26та ўртасида бўлган дейилади.2. Милоддан аввалги 650-115 йиллар оралиғидаги давр: Бу пайтга келиб уларнинг давлати «Сабаъ давлати» аталиб, Сабаъ ҳукмдорлари Сабаъ шоҳлари номини олишди ва Сирвоҳ ўрнига Маърибни пойтахт қилишди. Маъриб шаҳри қолдиқлари Санъо шарқидан 192 км узоқликдаги масофада учрайди.3. Милоддан аввалги 115-йилдан милодий 300-йилга қадар бўлган давр: Бу даврда Ҳимяр қабиласи Сабаъ мамлакатини босиб олиб, пойтахтни Маърибдан Райдонга кўчирди ва давлат «Ҳимярийлар давлати» номини олди, подшоҳлари эса «Сабаъ ва Зу-Райдон шоҳлари» деб аталадиган бўлди. Кейинроқ Райдон шаҳри Зуфар номини олди. Шаҳар қолдиқлари Ярийм яқинидаги Мудаввар тоғида учрайди. Айнан ана шу муддатда уларнинг салтанатида емирилиш ва таназзул бошланди. Аввало Ҳижоз шимолида Нобитийларнинг ҳукмронлиги кенгайгани, иккинчидан Румликлар Миср, Сурия ва Шимолий Ҳижоз ерларини қўлга киритганидан сўнг денгиз савдо йўлларини эгаллаб олишгани ва учинчидан қабилаларнинг ўзаро қирпичоқ бўлишлари сабабли уларнинг савдо ишларига путур етди. Ана шундай сабаблар оқибатида Қаҳтонийлар узоқ-узоқ ерларга бош олиб кетиб, чор-атрофга сочилиб кетишди.4. Милодий 300-йилдан Яманга Исломнинг кириб келгунига қадар бўлган даврБу даврда давлат «Иккинчи Ҳимярийлар давлати» номини олди, ҳукмдорлари эса «Сабаъ, Зу-Райдон, Хазрамавт ва Ямант шоҳлари» деб аталди. Бу давлат бошига турли-туман ҳодисалар, эврилишлар, инқилоблар ва ички урушлар кетма-кет ёғилди. Оқибат миллат чет эл босқинчиларига нишон бўлиб, мустақиллигидан айрилди. Румликлар Аданга кириб келишди. Ҳамадон ва Ҳимяр қабиласи ўртасидаги низодан фойдаланиб, ҳабашлар румликлар ёрдамида милодий 340-йилда Яманни биринчи марта босиб олишди. Улар милодий 378-йилгача мамлакатни эгаллаб туришди. Сўнг Яман яна мустақилликка эришди. Лекин бу пайтга келиб Маъриб тўғонида ёриқлар пайдо бўлган эди. Милодий 450 ёки 451-йилда Қуръони Каримда «Арим сели» деб айтилган улкан тошқин юз берди. Бу сел мамлакатни хароб қилиб, аҳолисини чор-атрофга сочиб юборган даҳшатли зарба бўлди. Милодий 523-йилда яҳудий Зу-Нувос Нажрон элидаги масиҳийлар бошига қирғин солиб, уларни куч билан ўша пайтдаги соф масиҳийликдан чиқармоқчи бўлди. Улар бўйин товлашгач, Зу-Нувос чуқурлар қаздириб, уларнинг ичини ўт-олов билан тўлдирди ва мўминларни ана шу чуқурларга ташлашга буюрди. Қуръони Каримнинг «Буруж» сурасидаги: «чоҳ эгалари лаънат қилингайлар» оятида мазкур воқеага ишора қилинган.Бу ҳодиса насронийларнинг Рум ҳукмдорлари раҳнамолигида араб ерларига интиқом юришини уюштиришларига сабаб бўлди. Насронийлар ҳабашларни гиж-гижлаб, улар учун денгиз қўшинлари тузиб беришди. Оқибатда, ҳабашларнинг етмиш минг кишилик қўшини соҳилга тушиб, Яманни иккинчи маротаба босиб олишди. Бу воқеа милодий 525-йилда ҳабашларнинг Арёт исмли қўмондони бошчилигида амалга оширилди. Арёт Абраҳа ибн Сабоҳ ал-Ашрам исмли бир ҳабаш саркардаси томонидан 549-йилда хиёнаткорона ўлдирилгунга қадар Ҳабашистон шоҳининг Ямандаги ноиби бўлиб турди. Абраҳа Ҳабашистон шоҳининг ризолигини олиб, Арётнинг ўрнига тахтга ўтирди. Каъбани вайрон қилиш учун Маккага қўшин тортиб келган ҳам шу Абраҳа эди. Абраҳа ва унинг қўшини Қуръони Каримда «Асҳабул фил», яъни «Фил эгалари» деб зикр қилинган. Санъога қайтганидан кейин Аллоҳ уни ҳалок қилди ва ўрнига ўғли Яксум тахтга ўтирди. Кейин эса иккичи ўғли Масруқ ҳоким бўлди. Айтишларига қараганда улар яманликларни эзиш ва ҳорлашда оталаридан кўра ёмонроқ бўлишган экан.Машҳур «Фил» воқеасидан кейин яманликлар форслардан мадад сўрашди ва ҳабашларга қарши курашиб, ниҳоят уларни ўз ерларидан қувиб чиқаришди. Улар милодий 575-йилда Маъдийкариб ибн Сайф Зу-Язин Ҳимярий бошчилигида мустақилликка эришди. Яманликлар уни тахтга ўтқизишди. Маъдийкариб ўзининг хизматкорлари ва хос навкарлари сафида бир гуруҳ ҳабашийларни ҳам сақлаб қолган эди. Ана шу ҳабашийлар бир куни унга суиқасд қилишди. Маъдий Карибнинг ўлими билан Зу-Язин хонадони ҳукмронлиги ҳам барҳам топди. Шундан кейин Яман форсларнинг мустамлакасига айланди ва унга форсий ноиблар тайинланди. Уларнинг биринчиси Ваҳраз кейин Марзубон ибн Ваҳраз кейин унинг ўғли Тийнжон кейин Хисрав ибн Тийнжон. Уларнинг охиргиси милодий 628-йилда Исломни қабул қилган Бозон эди. Бозоннинг Исломга кириши билан форсларнинг Яман ерларига ҳукмронлик қилиши ниҳоясига етди. Ҳийра ҳокимлиги Милоддан аввалги 557-529 йилларда ҳукм юритган Буюк Қуруш форсларни бирлаштиргандан буён улар Ироқ ва унга чегарадош ерларга эгалик қилиб келишарди. Форсларнинг кучли давлатига ўз даврида ҳеч ким бас кела олмасди. Фақат милоддан аввалги 326-йилда тарих саҳнасига чиққан Искандар Мақдуний (Александр Македонский) форсларнинг шоҳи Доро биринчини мағлубиятга учратиб, уларнинг шавкатини синдирди. Пировардида форс ерлари бир неча бўлакларга бўлиниб, бир неча ҳокимлар қўлида қолди. Ана шундай тарқоқ ҳукмронлик милодий 230-йилгача давом этди. Тарқоқ ҳукмдорлар даврида Қаҳтонийлар кўчиб келиб, Ироқнинг чегара ўринларидан бирини эгаллаб олишди. Кейин Аднонликлар кўчиб келишди. Улар Қаҳтонийлар билан рақобатга киришиб, охир-оқибат Фурот оролининг бир қисмини қўлга киритишди.Форсларнинг иккинчи маротаба кучга тўлиши милодий 226-йилда Сосонийлар давлатига асос солган Ардашер ибн Бобак даврига тўғри келди. Ардашер форсларни бирлаштирди ва мамлакати ҳудудида яшовчи арабларни бўйсундирди. Бу Қузоанинг Шомга бош олиб кетишига сабаб бўлди. Ҳийра ва Анбор аҳли эса Форс ҳукмдорига тобе бўлди.Ардашер Ҳийра ва Ироқ саҳросининг аҳолиси ҳамда ярим оролдаги Рабиъа ва Музор қабилалари устига Жузайма Ваззоҳни ҳоким қилиб тайинлади. Ардашер арабларни тобе қилиб туриш ва ўз чегараларини уларнинг ғоратидан сақлаш учун арабларнинг устига қавм-қариндоши қўллаб-қувватлайдиган ва ҳимоя қиладиган араб кишисини ҳоким қилиб қўйишни маъқул кўрди. Боз устига унинг давлатига ҳамиша хавф солиб турадиган румликларга қарши араблардан фойдаланмоқчи эди. Ардашернинг тахминига кўра, Ироқ араблари румликларнинг қаноти остига кирган Шом арабларига қарши қўйиларди. Ардашер Ҳийра ҳокими қўли остида форс қўшинининг бир бўлагини қолдирди. Мазкур қўшин ҳокимга қарши чиққан саҳройи арабларни тинчитиш учун керак эди. Жузайма тахминан милодий 268-йилда вафот этди.Унинг вафотидан кейин Ҳийра ва Анбор ҳокимлигини Амр ибн Адий ибн Наср Лахмий (268-288) эгаллади. Бу Кисро Собур ибн Ардашер ҳукмронлиги даврида юз берди. Амр ибн Адий Лахмий ҳокимларнинг биринчиси эди. Шундан кейин то форс тахтига Қубоз ибн Файрўз (448-531) келгунга қадар Ҳийрага Лахмий ҳокимлар ноиб бўлиб туришди. Собур ибн Ардашер даврида Маздак деган кимса чиқиб, ўзининг бузуқ ғоясини тарғиб қила бошлади. Унинг ғояси ҳар қандай бузуқлик, ярамас иш ҳалол деган ақида асосига қурилган эди. Форсийларнинг аксарият қисми каби Қубоз ҳам Маздак ғоясини қабул қилди. Сўнг у Ҳийра ҳокими Мунзир ибн Маус-Самога (512-554) маздакийликни қабул қилишни буюриб чопар жўнатди. Бироқ Ҳийра ҳокими форс шоҳининг динига киришдан ор қилиб ва ҳамияти келиб, унинг кўрсатмасини рад этди. Натижада Қубоз Мунзирни Ҳийра ҳокимлигидан четлаштирди. Унинг ўрнига Кисронинг таклифини қабул қилиб маздакийлик йўлини тутган Ҳорис ибн Амр ибн Ҳажар Киндийни ҳоким этиб тайинлади.Қубоздан кейин форс тахтига Кисро Ануширвон (531-578) ўтирди. У маздакийларни жуда ёмон кўрарди. Ануширвон Маздакни ва унинг издошларининг кўпчилигини қатл қилди. Мунзирни Ҳийра ҳокимлигига қайтарди ва Ҳорис ибн Амрни тутиб келишни буюрди. Ҳорис Калбийлар ерига қочиб кетди ва вафотига қадар ўша ерда яшади.Мунзир ибн Моус-Самодан кейин Ҳийра ҳокимияти Нўъмон ибн Мунзирга (583-605) қадар унинг авлодида қолди. Зайд ибн Адий Ибодий уюштирган туҳмат сабабли Нўъмон ибн Мунзир форс шоҳининг ғазабига йўлиқди. Кисро Нўъмонни ўз ҳузурига чорлади. Нўъмон форс шоҳи ҳузурига йўлга чиқди. Бироқ у йўлда яширинча Шайбон уруғининг саййиди Ҳоний ибн Масъуднинг манзилига қўниб, аҳли-оиласи ва мол-давлатини унинг олдида қолдириб кетди. Кисро Нўъмонни зиндонбанд этди. Нўъмон тутқунликда ўлди. Ҳийрага унинг ўрнига Иёс ибн Қобиса Тоий ҳоким қилиб тайинланди. Кисро Иёсга Ҳоний ибн Масъуднинг қўлида қолдирилган Нўъмоннинг омонатини талаб қилиб олишни буюрди. Ҳоний Нўъмоннинг омонатини уларнинг қўлига топширишдан бош тортди. Икки ўртада уруш бошланди. Иёсга кўмак бериш учун Кисронинг волийлари ва лашкарлари етиб келди. Зу-Қорда рақиблар ўртасида қаттиқ жанг бўлиб ўтди. Жангда Шайбон уруғи ғалаба қозониб, форсларни шармандали мағлубиятга учратди. Бу арабларнинг ажамлар устидан қозонган биринчи ғалабаси эди. Мазкур воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларидан озгина фурсат ўтиб юз берган эди. Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Иёс ибн Қабисанинг Ҳийрага ҳокимлигининг саккизинчи ойида таваллуд топганликлари айтилади. Бу жанг пайғамбарликдан бироз аввал дейилган қавл ҳам бор, мана шу ҳақиқатга яқинроқ.Кисро Иёсдан кейин Ҳийрага Озодбаҳ ибн Моҳбиён ибн Маҳробандод исмли бир форсни ҳоким қилиб тайинлади. У 17 йил (614-631) ҳокимлик қилди. Милодий 632-йилда Ҳийра ҳокимлиги Яна Лахмийлар қўлига ўтди. Лахмийлардан «Маърур» лақабли Мунзир ибн Нўъмон исмли киши ҳоким бўлди. Унинг ҳокимлигига саккиз ой тўлмасдан Ҳийрага Ислом лашкари билан Холид ибн Валид ташриф буюрди. Шом подшоҳлиги Араб қабилалари чор-атрофга кўчишга тушган даврда Қузоъа уруғлари Шом тепаликларига келиб ўрнашиб қолди. Улар Бану Сулайҳ ибн Ҳулвон қавмидан эдилар. Тарихда (الضجامعة) Дажъамийлар номи билан танилган Бану Дажъам ибн Сулайҳ қавми Сулайҳ ибн Ҳулвон қавмига мансуб саналади. Саҳройи араблар босқинидан сақланиш ҳамда форсларга қарши қўшимча кучга эга бўлиш мақсадида румликлар уларни ўз қанотлари остига олишди. Улар қавмнинг ўзидан бир кишини ҳоким қилиб қўйдилар. Йиллар давомида қавм устида ана шундай ҳокимлик ҳукм юритди. Уларнинг энг машҳур ҳокимларидан Зиёд ибн Ҳабулани зикр қилиш мумкин. Қавмнинг ҳокимияти тахминан милодий иккинчи асрнинг бошларидан аср ниҳоясига қадар давом этди. Ғассон сулоласи уларнинг ҳокимиятига чек қўйди ва ерларини босиб олди. Румликлар энди бу қавмни Шом араблари устига ҳоким қилиб тайинлашди. Ғассонийлар Бусро шаҳрини пойтахт қилишди. Ғассонийлар Рум шоҳларининг ноиби сифатида Шом ерларига ҳижратнинг 13 йили бўлиб ўтган Ярмук жангига қадар эгалик қилиб келишди. Уларнинг сўнгги вакили Жабала ибн Айҳам амирул мўъминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида Исломга бўйсунди. Ҳижоз амирлиги Исмоил алайҳис-салом Макка ҳокимиятини ва Каъбага эгадорликни вафотларига қадар ўз қўлларида ушлаб турдилар. У киши 137 ёшда вафот этдилар[1].Сўнг у кишининг ўғилларидан иккитаси – Нобит, кейин Қайдор бошлиқ бўлишди. Айримлар аксинча бўлган дейишади. Бу иккисидан кейин Макка ҳукмдорлиги уларнинг боболари (яъни, Исмоил алайҳис-саломнинг қайнотаси) Музоз ибн Амр Журҳумий қўлига ўтди. Макка ҳокимияти ана шу тарзда журҳумларга ўтди ва уларнинг қўлида қолиб кетди. Оталари Байтуллоҳни қургани учун Исмоил алайҳис-салом авлодлари иззат-эътибор эгалари бўлсалар-да, ҳеч қандай мансаб-ҳукм қўлларида йўқ эди.Узоқ давр Исмоил алайҳис-салом авлодларининг айтарли ҳеч қандай имтиёз-имконияти бўлмай келди. Бухтунассар чиқишидан бироз олдин Журҳумнинг иши орқага кета бошлади. Ана шу асрдан Макка осмонида Адноннинг юлдузи порлашга тушди. Бунга далил шуки, Бухтунассар арабларга қарши Зоту Ирқда юриш қилганида арабларнинг лашкарбошиси журҳумлардан эмас, Адноннинг ўзи эди.Милоддан аввалги 587-йилда Бухтунассар иккинчи маротаба қўшин тортиб келганида Аднон қавми Яманга сочилиб кетди. Армиё пайғамбарнинг саҳобаси бўлган Бархиё Адноннинг ўғли Маъадни ўзи билан бирга Шомдаги Ҳаррон шаҳрига олиб кетган эди. Бухтунассар босқини тугагач, Маъад Маккага қайтиб келди. У шаҳарда журҳумлардан фақат Жавшам ибн Жулҳумани топди. Маъад унинг қизи Муъонага уйланди ва уларнинг никоҳидан Низор дунёга келди.Шундан сўнг Журҳумнинг Маккадаги ишлари ёмон томонга юз бурди. Аҳволи танг бўлган Журҳум Маккага келганларга зуғум ўтказди, Каъбанинг молига хиёнат қилди. Албатта бу ишлар Аднонийларни ғазаблантирарди. Марруз-Заҳронга келиб қўнган Хузоа Аднонийларнинг Журҳумга нисбатан нафратларини кўриб, бу қулай фурсатдан фойдаланиб қолди. Улар Аднонийларнинг Бакр ибн Абдуманоф ибн Кинона уруғи ёрдамида Журҳумга қарши уруш очиб, Журҳум қабиласини Маккадан ҳайдаб чиқаришди ва милодий 2-аср ўрталарида Макка ҳокимиятини қўлга киритишди.Маккани ташлаб чиқишга мажбур бўлган Журҳумийлар кетишларидан олдин Зам-зам қудуғини кўмиб, ўрнини яшириб кетишди. Улар шу ерга бир қанча нарсаларни ҳам беркитиб қўйишди.Ибн Исҳоқ ёзади: Амр ибн Ҳорис ибн Музоз Журҳумий (бу Исмоил алайҳис-салом қиссасида зикр қилинган Музоз эмас) Каъбанинг икки (олтиндан ясалган) кийигини ва Ҳажарул-асвадни олиб чиқиб Зам-зам қудуғига кўмиб ташлади[2]. Журҳумийлар Яманга йўл олишди. Улар Макка ҳукмдорлигидан маҳрум бўлганларига жуда қаттиқ куйдилар. Ана шу ғам ҳақида Амр қуйидаги мазмунда шеър айтган эди:«Гўё бу атрофда бир меҳрибон дўст бўлмагандек. Гўё Маккада тонгга қадар чўзилган суҳбатлар қурилмагандек. Ҳа, биз унинг эгалари эдик, бироқ тунларнинг алмашиши ва кунларнинг адолатсизлиги бизни ҳалокатга маҳкум этди.»Исмоил алайҳис-салом даври тахминан милоддан аввалги йигирманчи асрларга тўғри келади. Демак, Журҳумийлар Маккада йигирма бир аср яшашган ва йигирма асрга яқин вақт мобайнида у ерга эгалик қилиб келишган.Хузоа Маккага эгалик қилишда Бану Бакрни бир четга суриб қўйди. Бироқ, Мудар қабилаларининг учта имконияти бор эди:Биринчи: Одамларни Арофатдан Муздалифага йўналтириш ва Нафр (Минодан тушиш) куни уларга ижозат бериш. Бу ҳуқуқ Илёс ибн Мудар қавмига мансуб бўлган Бану Ғавс ибн Мурра уруғига тегишли эди. Бану Ғавс «Сувфа» деб аталарди. Ижозатнинг маъноси шуки, нафр куни то Сувфадан бир киши тош отмагунга қадар одамлар тош отишмасди. Тош отиш тугаб одамлар Минодан кетиш тараддудига тушганларида Бану Ғавс тоғдаги тушиш йўлининг ҳар икки четини эгаллаб оларди. То улар ўтиб бўлмагунича ҳеч ким ўтмасди. Бану Ғавсдан кейин бу имтиёз Тамим қабиласига мансуб Бану Саъд ибн Зайд Манотга ўтди.Иккинчи: Наҳр (қурбонлик) куни тонгида Муздалифадан Минога қараб юриш. Бу ҳуқуқ Бану Адвонда эди.Учинчи: Уруш харом қилинган ойларни кечиктириш. Бу ҳуқуқ Бану Кинонага мансуб Бану Фуқайм ибн Адий уруғида эди.Хузоанинг Макка ҳокимиятини эгаллаб туриши уч юз йилга чўзилди. Хузоа ҳукмронлиги даврида Наждда, Ироқ ва Баҳрайн тарафларда Аднонийлар тарқалди. Макка теварагида Қурайш уруғлари тарқоқ ҳолда яшаб қолди. Қусой ибн Килоб келгунга қадар на Макка ишида ва на Каъба ишида Қурашийлар ҳеч нарсага эга эмас эдилар[3].Айтишларича, Қусой онасининг қўлида эканида унинг отаси вафот этади ва Бану Узралик Рабиъа ибн Ҳаром деган киши унинг онасини никоҳига олиб, Шом теварагидаги ўз юртига кўчириб кетади. Қусой ибн Килоб улғайганидан сўнг Маккага қайтиб келади. Бу пайтда Макканинг волийси Хузоалик Ҳулайл ибн Ҳабшийя эди. Қусой Ҳулайлнинг қизи Ҳуббага оғиз солади. Ҳулайл рози бўлиб, қизини унга турмушга беради. Ҳулайлнинг вафотидан кейин Хузоа билан Қурайш ўртасида уруш бошланади ва бу уруш Қусойнинг Макка ва Каъба эгалигини қўлга киритиши билан ниҳояланади.Мазкур урушнинг сабаби хусусида уч хил ривоят бор:Биринчи ривоят: Фарзандлари ва мол-давлати кўпайиб, эл ичида обрў қозонган Қусой Ҳулайлнинг ўлимидан кейин Каъба ва Макка эгалигига Хузоа ҳамда Бану Бакрдан ўзини ҳақлироқ деб билади. Ахир Қурайш Исмоил алайҳис-салом авлодининг энг тоза, бош бўғини ҳисобланарди. Қусой Қурайш ва Бану Кинона кишиларига Хузоа ҳамда Бану Бакрни Маккадан чиқариб юбориш ҳақида гап очди. Улар Қусойнинг таклифини маъқул кўришди[4].Иккинчи ривоят: Хузоанинг даъвосича, Ҳулайл Каъба ва Макка эгалигини Қусойга васият қилиб кетган. Бироқ, Хузоа бу васиятни амалга оширишдан бош тортгани боис икки ўртада уруш чиқди[5].Учинчи ривоят: Ҳулайл Каъба эгалигини қизи Ҳуббага бериб, Абу Ғубшон Хузоийни қизининг вакили қилган. Абу Ғубшон Ҳуббанинг вакили сифатида Каъба хизматига бош бўлди. Бироқ, у ақли норасороқ одам эди. Ҳулайлнинг ўлимидан кейин Қусой Абу Ғубшонни алдаб, ундан Каъба эгалигини бир нечта туяга ёки бир меш шароб эвазига сотиб олди. Бундай битимдан норози бўлган Хузоа Қусойнинг йўлини тўсишга уринди. Натижада Қусой Хузоани Маккадан қувиб чиқариш учун Қурайш ва Бану Кинона кишиларини тўплади. Улар Қусойнинг таклифини қўллаб-қувватлашди[6].Хуллас, нима бўлганда ҳам Ҳулайл вафот этиб, Сувфа қиладиганини қилгач, Қусой Қурайш ва Бану Кинона кишилари билан Ақабага келди ва уларга: «Биз бу ишга сизлардан кўра ҳақлироқмиз!» деди. Сувфа Қусойга қарши урушди. Уруш Қусойнинг ғалабаси билан тугади. Ўша пайтларда Хузоа ва Бану Бакр Қусойдан ўзини тортди. Қусой ўз тарафдорларини тўплаб, уларга қарши жангга чиқди. Икки ўртада қаттиқ уруш бўлди ва ҳар икки томондан бир қанча қурбонлар берилди. Сўнг томонлар сулҳга рози бўлиб, Бану Бакрлик Яъмур ибн Авфни ўзларига ҳакам қилишди. Ҳакамнинг чиқарган ҳукми қуйидагича бўлди: Каъба ва Макка эгалигига Қусой Хузоадан ҳақлироқ. Қусой тўккан қонлари учун товон тўламайди. Хузоа ва Бану Бакр тўккан қонлари учун хун тўлайди. Қусойга Каъба топширилади. Яъмур ўша кундан Шуддох деб атала бошлади[7].Шундай қилиб, Хузоанинг Каъбага эгалиги 300 йил давом этгач, милодий 5-аср ўрталарида, яъни 440-йилда Қусой Макка ва Каъба эгалигини қўлга киритди. Қусойдан кейин бу эгалик ҳуқуқи Қурайшга ўтди. Ярим оролнинг тўрт томонидан араблар зиёратга келадиган Каъбанинг диний бошлиғи Қурайш бўлиб қолди.Қусой қавмини Маккага кўчириб келиб, Маккани уларнинг ўртасида тақсимлаб чиқди. Қурайшнинг ҳар бир уруғини уларнинг ўзлари қўнган ерга жойлаштирди. Насъа, Савфон, Адвон ва Мурра ибн Авфларни ўз мансабларида қолдирди. Чунки Қусой юқоридаги ишларни ўзгартириш мумкин бўлмаган дин деб биларди[8]. Қусой амалга оширган тарихий ишлардан бири – Каъбанинг шимолий қисмида Дорун-Надва (йиғин ўтказиладиган бино)га асос солди ва унинг эшигини масжидга қаратди. Энди бу уй Қурайш тўпланиб, муҳим ишларни ҳал қиладиган йиғин жойига айланди. Дорун-Надва Қурайш учун хайрли бўлди. Чунки ана шу йиғин уйи гапларнинг бир жойдан чиқишини ва муаммоларнинг чиройли ечилишини таъмин этарди.Қусой қуйидаги шарафли раҳбарлик кўринишларига эга эди:1. Дорун-Надва раислиги. Қурайш ўзининг муҳим масалаларини ана шу уйда муҳокама қилар ва шу ерда қизларини турмушга берар эди.2. Ливоъ (байроқ). Қурайшнинг ҳарб байроғи фақат Қусойнинг қўли билан тикиларди.3. Қиёдат (карвонларни бошқарув). Қурайшга тегишли ҳар қандай карвон фақат унинг ё фарзандларининг бошқаруви билан йўлга чиқарди.4. Ҳижобат (эшик оғаси). Каъба ҳижобатига Қусой масъул эди. Каъба эшигини очиш, унинг ишларини саришта қилиш Қусойнинг вазифаси эди.5. Сиқоят (Ҳожиларни сув билан таъминлаш). Яъни, ҳожилар учун ҳовузларни сувга тўлдириб, ширин қилиш учун сувга хурмо ва майиз ташлаб қўйишарди. Маккага келган ҳожилар ана шу ҳовузлардан сув ичишарди.6. Рифодат (Ҳожиларни егулик билан таъминлаш). Ҳожилар учун меҳмондорчилик сифатида егулик ҳозирланар эди. Қусойнинг буйруғига кўра, Қурайш ҳаж мавсумида мол-давлатидан бир улуш ажратиб, унга топширарди. Ана шу йиғилган нарсалар асосида ҳожилар учун егулик ҳозирланарди. Егулиги ва мол-давлати йўқ бўлган ҳожилар мазкур егуликлардан қорин тўйдиришарди.Юқоридаги шарафли вазифаларнинг ҳаммаси Қусойники эди. Абдуманоф ибн Қусой отаси ҳаётлигидаёқ обрў-эътибор топиб, саййидлар сафига қўшилди. Абдуддор Қусойнинг тўнғичи эди. Қавм сендан шарафда ўзиб кетган бўлсалар ҳам, албатта сени уларнинг мартабасига етказиб қўяман, дерди Қусой ўғли Абдуддорга. Қусой ана шу ўғлига ўзининг шарафли вазифаларини васият қилди. Энди Дорун-Надва, ҳижобат, ливоъ ва ҳожиларни едириб-ичириш вазифалари Абдуддорники эди. Қусой қавмида шунчалик обрў-эътиборли эдики, ҳеч ким унга қарши чиқмас, гапини икки қилмас ва унинг буйруғини хатто ўлимидан кейин ҳам муқаддас деб биларди. Қусойнинг ўлимидан сўнг фарзандлари рози-ризолик билан унинг васиятини адо этишди. Лекин Абдуманоф вафот этгач, унинг болалари амакиваччалари Абдуддорнинг фарзандларидан юқоридаги мансабларни талаша бошлади. Қурайш иккига бўлиниб, хатто уруш чиқишига оз қолди. Охир-оқибат сулҳ тузилди ва юқоридаги мансаб-вазифалар тақсимлаб олинди. Тақсимотга кўра сиқоят, рифодат ва қиёдат Абдуманоф уруғига берилди. Дорун-Надва, ливоъ ва ҳижобат Бану Абдуддорда қолди. Абдуманоф уруғи сиқоят ва рифодатни Ким олиши масаласида қуръа ташлашди. Қуръа Ҳошим ибн Абдуманофга чиқди. Ҳошим вафотига қадар ана шу икки мансабнинг эгаси бўлиб турди. Ҳошимдан кейин укаси Муттолиб ибн Абдуманоф, ундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ва ундан кейин Абдулмуттолибнинг болалари сиқоят ва рифодатга масъул бўлиб келишди. Ислом келганида бу ҳуқуқ Аббос ибн Абдулмуттолибда эди.Қурайшнинг ичкарисида юқоридагилардан бошқа вазифа-мансаблар ҳам бўлган. Улар ана шу тартиботлари билан кичкина давлат тизимини, аниқроқ айтганда кичкина демократик давлат тизимини вужудга келтиришган. Бугунги кунда парламент ва унинг мажлислари ролини уларда маълум ташкилот ва йиғинлар бажарган. Қуйида уларнинг айримларини келтириб ўтамиз:1. Ийсор: Ниманидир тақсимлашда ишлатиладиган санамларнинг фолчўпларига эгалик қилиш. Бу ҳуқуқ Бану Жумаҳда эди.2. Таҳжирул амвол: Санамларга қилинган қурбонлик ва назрларни тартиблаш, шунингдек хусуматлар ва шикоятларни ажрим қилиш. Мазкур ишлар Бану Саҳмнинг зиммасида эди.3. Шўро: Маслаҳат ва кенгашлар ўтказиш. Бу Бану Асадда эди.4. Ашноқ: Хун пули ва жарима-товонларни тартибга солиш. Бу Бану Таймда эди.5. Уқоб: Миллий байроқни кўтариш. Бу ҳуқуқ Бану Умайяда эди.6. Қубба: Аскар тартиботи ва отлиқ қўшин етакчилиги. Бу ҳуқуқ Бану Махзумда эди.7. Сифорат: Элчилик. Бу вазифа Бану Адийга тегишли эди. Бошқа арабларнинг ҳукм юритиш тизими Биз Адноний ва Қаҳтоний қабилаларнинг кўчишлари, уларнинг араб ерларини ўзаро тақсимлаб олганликлари ҳақида юқорида сўз юритган эдик. Ана шу қабилаларнинг Ҳийрага яқин жойлашганлари Ҳийрадаги араб шоҳларига, Шом соҳросида жойлашганлари эса Ғассонийларга тобе бўлишган. Бироқ бу тобелик номига бўлиб, амалда ҳеч нарсага дахл қилмасди. Ярим орол ичкарисидаги саҳроларда яшовчи араблар эса тамомила эркин эдилар.Саҳро ичкарисидаги қабилаларни қабила оқсоқоллари бошқарарди. Қабила ўзига хос кичик бир ҳукумат бўлиб, уни тутиб турадиган нарса қавмпарастлик, ўз ерини ҳимоя қилиш ва ундан душманни даф этишдаги муштарак манфаатлар эди.Қабила оқсоқолларининг қавмдаги мавқеи шоҳларнинг мавқеига тенг саналарди. Қабила тинчлик пайтида ҳам, уруш пайтида ҳам саййидининг сўзига бўйсунар ва ҳеч қачон унинг гапини икки қилмас эди. Ҳукм ва сўзини ўтказиш масаласида қабила оқсоқоллари бамисоли кучли диктаторга ўхшаб кетишарди. Ҳатто уларнинг дарғазаб бўлиши минглаб қиличларнинг чақинига сабаб бўлар ва оқсоқолнинг нима учун ғазаблангани ҳатто суриштирилмасди. Бироқ, амакиваччалар ўртасида саййидлик мартабаси талаш бўлгани боис улар одамлар билан чиройли муносабатда бўлишда, саховатда, меҳмоннинг иззатини жойига қўйишда, фазлу карамда, ҳалимликда, мардлик-шижоатда ва бировларни ҳимоя қилишда бир-бирлари билан мусобақалашар эдилар. Албатта, бундан кўзланган мақсад одамларнинг, хусусан, ўша даврда қабиланинг тили ҳисобланган шоирларнинг кўзига яхши кўриниш бўларди. Ана шунда улар саййидликка номзод саналган бошқа рақибларидан ўзиб кетган ҳисобланарди.Саййидлар ва оқсоқоллар хос имтиёзларга эга эдилар. Мирбоъ, сафийй, нашийта ва фузул каби ўлжадан олинадиган имтиёзлар бошқаларда йўқ эди. Мирбоъ - ўлжанинг тўртдан бири, сафийй - қабила оқсоқли ўлжа тақсимланишидан олдин ўзига танлаб оладиган нарса, нашийта - қўшин юришга чиққанида қавм қароргоҳига етгунга қадар йўлда қабила оқсоқолининг қўлга киритган нарсалари, фузул - ўлжа тақсимотидан ортиб қолган ва барча аскарларга тарқатиб беришнинг имкони йўқ бўлган туя, от ва ҳоказо нарсалардир. Сиёсий аҳвол Араб ҳокимлари ҳақида маълум тасаввурга эга бўлганимиздан кейин энди уларнинг сиёсий аҳволига назар ташлаш фурсати етди. Ажнабийларга қўшни бўлган уч тараф - ҳудудда сиёсий аҳвол беҳад ёмон эди. Бу чиндан-да емирилиш ва таназзул ҳолати дейиларди. Одамлар хожалар ва қулларга ёхуд ҳокимлар ва маҳкумларга ажралган эди. Хўжайинлар, айниқса, ажнабийлари ёғ ютиб, қора халқ қон ютиб яшарди. Бошқача айтганда раъият ҳукуматга маҳсулот етиштириб берувчи экин майдони ўрнида кўриларди. Ҳукмрон табақа оддий халқ етиштириб берган маҳсулотларни ўзининг айш-ишрати, инжиқликлари ва жабру-зулми йўлида исроф қиларди. Раъият эса ҳеч қандай ёруғлик кўрмай, тўрт томонини ўраган қуюқ зулмат ва зулм ичида яшарди. Улар ҳеч кимга шикоят ҳам қила олмасдилар. Мудом ғам-алам ва жабр-зулм чекиб, турли азобларга нишон бўлиб унсиз ҳаёт кечирарди. Ҳукмронлик зўравонларники, ҳақ-ҳуқуқлар поймол эди.Мазкур ҳудудларга қўшни қабилалар эса беқарорлик, турли мақсад ва ҳавойи хоҳишлар ичида адашиб-улоқиб яшарди. Гоҳ Ироқ аҳлига қўшилсалар, гоҳ Шом аҳли таркибига кирардилар. Ярим орол ичкарисидаги қабилалар ўзаро низо, жанжал, диний ва қавмий ихтилофлар гирдобида тарқоқ ҳолда кун кечиришарди. Ўша замон кишиларидан бири ўзининг дунёқарашини қуйидагича баён қилади:Ғазийя нима бўлса, мен ҳам айни ўшаманУ тузалса тузалиб, адашса адашаман.Уларнинг мустақилликларини таъминловчи ўз ҳукуматлари ёки оғир кунларда эътимод қилинадиган, куч олинадиган асл асослари йўқ эди.Ҳижоз ҳукуматига келсак, араблар бу ҳукуматга эҳтиром кўзи билан қараб, уни етакчи ва диний марказ ҳимоячиси сифатида кўришарди. Аслида бу ҳукуматда дунёвий, давлатий ва диний жиҳатлар қоришиб кетган эди. У араблар ўртасида диний етакчи исми билан, Ҳарам ва унинг теварагида Каъба зиёратига келувчиларнинг таъминотини назорат қилувчи ҳукумат исми билан ҳукм юритарди, Иброҳим алайҳис-салом шариатининг ҳукмини жорий этарди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, унинг ҳудди парламент мажлислари каби йиғинлари, ташкилотлари бор эди. Лекин бу ҳукумат оғир кунларга чидаш бера олмайдиган заиф ҳукумат эди. Унинг заифлиги ҳабашлар босқинида шундоқ сезилиб қолди.
[1] «Сифрут Таквин» ва «Тарихут Табарий» асарлари.[2] Масъудий ёзади: Форслар ўша пайтларда Каъбага турли ҳадя ва жавҳарлар жўнатиб туришган. Сосон ибн Бобак Каъбага олтиндан ясалган икки кийик, жавоҳирлар, қиличлар ва кўп олтин ҳадя қилган эди. Амр уларни Зам-зам қудуғига ташлаб юборди. («Муружуз заҳаб»).[3] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/117.[4] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/117, 118, Табарий: 2/255, 256.[5] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/118.[6] Тарихул-яъқубий: 1/239, Фатҳул борий: 6/634, Ал-Масъудий: 2/58.[7] Ибн Ҳишом: 1/123, 124.[8] Ибн Ҳишом: 1/124, 125.

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

Go to full version