Umumiy bo'lim > Islomiy kitoblar

Safiyyurrahmon Muborakpuriy. Ar-rahiq al-maxtum

<< < (6/7) > >>

lolo:
ЕТТИНЧИ ЙИЛДА БЎЛИБ ЎТГАН БОШҚА САРИЙЯ ВА ҒАЗОТЛАР Зотур-риқоъ ғазоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманнинг учта қанотидан энг кучли икки қанотини синдиришга муваффақ бўлганларидан кейин энди бутун диққат-эътиборларини учинчи қанотга қаратиш учун тамомила фориғ бўлдилар. Учинчи қанот – Нажд даштликларида изғиб юрган тошбағир ва жангари бадавийлар бўлиб, вақти-вақти билан талончилик ва қароқчилик қилиб, осойишталикка путур етказишарди.Ушбу бадавийларнинг бошини бириктириб турадиган шаҳар ё қишлоқлари бўлмагани ва улар қалъа ёки қўрғонларда истиқомат қилишмагани боис улар устидан тўла ҳукмронлик ўрнатиш ва ёмонлик ўтларини батамом ўчириб ташлаш Макка ва Хайбар аҳлига нисбатан анча қийин кечиши маълум эди. Уларга фақатгина эсларини жойига келтириб қўйиш ва дилларига қўрқув солиб қўйиш мақсадида уюштириладиган фавқулодда ҳамлаларгина фойда берарди. Шу боис мусулмонлар бирин-кетин ана шундай ҳамлаларни уюштириб турдилар.Мадина атрофларида бочқинчилик мақсадида йиғилишиб турадиган бадавийларнинг шавкатини синдириб қўйиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг эсларини жойига киритиб қўядиган бир ҳарбий юриш ўтказдилар. Бу юриш тарихда Зотур-риқоъ ғазоти номи билан маълум.Аксарият тарихчилар ушбу ғазотнинг тўртинчи ҳижрийда бўлганини айтишган. Бироқ, Абу Мусо ал-Ашъарий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумонинг ушбу ғазотда иштирок этганликлари унинг Хайбар ғазотидан кейин бўлганига далолат қилади. Аниқроғи, у 7-ҳижрийнинг рабиул-аввал ойида бўлиб ўтган.Сийратшуносларнинг бу ғазот ҳақида айтган сўзларининг хулосаси шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ғатафоннинг Бану Анмор ёки Бану Муҳориб ва Бану Саълаба қабилалари йиғилганлиги хабари етиб келди. Шундан сўнг зудлик билан улар устига 400та ёки 700та саҳобалари билан юриш қилдилар. Мадинага Абу Зарни ёки Усмон ибн Аффонни халифа қилиб қолдирдилар. Уларнинг диёрларига етиб бориб, Мадинадан икки кунлик йўл узоқликдаги Нахл деб аталган жойга тушдилар. Ўша ерда Ғатафондан бўлган бир гуруҳга дуч келдилар. Ҳар икки томон бир-бирига яқинлашиб, рақиб томонни чўчитишга ҳаракатлар бўлди, бироқ ўртада жанг бўлмади. Шу куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар билан хавф намозини ўқидилар. Бухорий ривоят қилишича: «Намозга иқомат айтилгач, у зот бир тоифа билан икки ракъат ўқидилар, сўнг улар орқага ўтишди ва иккинчи тоифа билан икки ракъат ўқидилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари тўрт ракъат, қавмнинг намози икки ракъат бўлди[1].Бухорий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан шундай ривоят келтиради: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан чиқдик, олти кишининг ўртасида битта туя бўлиб, уни навбатлашиб минардик. Шунда оёқларимиз ёрилиб кетди. Менинг ҳам оёқларим ости ёрилиб, тирноқларим кўчиб кетди. Оёқларимизга латталар боғлаб олдик. Шунинг учун бу ғазот «Зотур-риқоъ» (ямоқли) деб номланди»[2].Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан яна ривоят қилади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Зотур-риқоъ ғазотига чиққан эдик. Бир сояли дарахт олдига етиб келиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қолдирдик, у зот ўша ерга тушдилар. Одамлар бутазорга тарқалиб, буталар соясига тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиличларини дарахт шохига илиб қўйиб, дам олгани ётдилар. Биз ухлаб ётганимизда мушриклардан бир киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиличларини суғуриб олиб: «Мендан қўрқасанми?», деб сўрабди. У зот: «Йўқ», деб жавоб берибдилар». «Сени ким мендан ҳимоя қила олади?», деб сўрабди. «Аллоҳ», дебдилар. Бир вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни чақириб қолдилар. Борсак, олдиларида бир аъробий ўтирибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу одам мен ухлаётган пайтда келиб, қиличимни суғуриб олибди. Уйғонсам, у қилич яланғочлаб турибди. Шунда у мендан: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?», деди. Мен: «Аллоҳ», дедим. Мана, у олдимда ўтирибди», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳеч қандай итоб қилмадилар». Абу Авона ривоятида: «Шунда унинг қўлидан қилич тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўлларига олиб: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?», дедилар. У: «Менга шафқат қилинг», деб илтимос қилди. «Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига ва менинг Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасанми?», дедилар. Аъробий: «Мен сизга қарши урушмасликка ва сиз билан урушадиган қавм билан бирга бўлмасликка аҳд бераман», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўйиб юбордилар. У қавмига бориб: «Мен ҳозир одамларнинг энг яхшиси олдидан келдим», деди»[3].Бухорий ривоятида: Мусаддад Абу Авонадан, у Абу Бишрдан ривоят қилади: «Ҳалиги кишининг исми Ғаврас ибн Ҳорис эди, у исломни қабул қилди»[4].Ибн Ҳажар айтади: «Воқидий ушбу қиссанинг сабабини сўзларкан, аъробийнинг исми Дуъсур бўлиб, у исломни қабул қилганини ёзади. Бироқ, унинг сўзлари зоҳиридан бу бошқа ғазотдаги бошқа қисса экани кўринади. Валлоҳу аълам»[5].Мана шу ғазотдан қайтишларида мушрикларнинг бир аёлини асирга туширдилар. Унинг эри Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бировининг қонини тўкмагунча ортга қайтмасликни назр қилиб чиқди ва тунда мусулмонлар дам олаётган жойга етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кишини мусулмонларни қўриқлаб туришга пойлоқчи қилиб қўйган эдилар. Улар Аббод ибн Бишр ва Аммор ибн Ёсир эдилар. Ҳалиги мушрик яқинлашганида Аббод намоз ўқиётган эди, уни камон ўқи билан яралади. У ўқни суғуриб ташлаб, намозида давом этди. Ана шу тарзда унга кетма-кет учта ўқ тегди. Шунда ҳам у намозини бузмади. Намозидан салом бергач, шеригини уйғотди. Шунда у: «Субҳаналлоҳ! Мени уйғотиб қўйсанг бўлмасмиди?!», деган эди: «Бир сурани ўқиб турган эдим, уни бўлгим келмади», деб жавоб берди[6].Ушбу ғазотнинг аъробийлар дилига қўрқув солиб қўйишда катта таъсири бўлди. Агар шу ғазотдан кейинги сарийялар тафсилотига назар ташласак, Ғатафон қабилалари мана шу ғазотдан сўнг бош кўтаришга журъат қилолмай қолишганини, аксинча, бора-бора овозлари ўчиб, айримлари таслим бўлиб,айримлари мусулмон бўлишганини кўрамиз. Ҳатто, ушбу аъробийларнинг бир неча қабилалари Макка фатҳида мусулмонлар сафида турганликларини, Ҳунайн жангида ҳам иштирок этиб, ўлжаларга эга бўлишганини, Фатҳ ғазотидан қайтишганидан сўнг ҳузурларига закот йиғувчилар келганида закотларини берганликларини кўриш мумкин.Шу билан аҳзобларнинг қанотлари сифатида кўрилган ҳар уччала қанот тўла-тўкис синдирилиб, минтақада тинчлик-осойишталик ҳукм сура бошлади. Шундан сўнг мусулмонлар айрим минтақаларда айрим қабилалар тарафидан содир бўлган исён ва тажовузларни осонлик билан бартараф этишга қодир бўлдилар. Ва ҳатто энди катта мамлакатлар ва диёрларни фатҳ қилиш учун тайёргарликлар бошланиб қолди. Чунки, ўлканинг ичкарисидаги вазиятлар энди тўлалигича Ислом ва мусулмонлар фойдасига ривожланаётган эди. Ушбу ғазотдан кейин юборилган сарийялар Ушбу ғазотдан қайтганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари то 7-ҳижрийнинг шаввол ойигача ғазотга чиқмадилар. Шу муддат оралиғида бир неча сарийялар юбордилар. Қуйида уларнинг айрим тафсилоти билан танишасиз:1) 7-ҳижрийнинг сафар ёки рабиул-аввал ойида Қудайддаги Бану Мулавваҳ қабиласи устига юборилган Ғолиб ибн Абдуллоҳ ал-Лайсий бошчилигидаги сарийя.Бану Мулавваҳ Башир ибн Сувайднинг ҳамроҳларини ўлдиришган бўлиб, ушбу сарийя улардан қасос олиш мақсадида юборилди. Улар тунда бориб, қабилага ҳамла қилиб, ўлдирганларини ўлдириб, чорваларини ҳайдаб кетишди. Ортларидан душманнинг каттагина қўшини қувиб чиқди ва мусулмонларга яқинлашиб қолганларида ёмғир қуйиб, улкан сел оқими икки гуруҳ ўртасини тўсиб қўйди. Мусулмонлар саломат қайтиб келдилар.2) 7-ҳижрийнинг жумодус-сония ойида юборилган Ҳисмо сарийяси.Бу ҳақда подшоҳларга мактублар йўлланиши ҳақидаги саҳифаларда айтиб ўтилди.3) 7-ҳижрийнинг шаъбон ойида Турабага юборилган Умар ибн Хаттоб бошчилигидаги 30 кишилик сарийя.Улар тунда йўл босиб, кундузлари яшириниб боришаркан, барибир Ҳавозин бундан хабар топиб, қочиб қолдилар. Умар уларнинг маҳаллаларига бориб, ҳеч кимни учратолмай, Мадинага қайтиб кетдилар.4) 7-ҳижрийнинг шаъбон ойида Фадак ноҳиясидаги Бану Мурра қабиласига юборилган Башир ибн Саъд ал-Ансорий бошчилигидаги 30 кишилик сарийя.Улар бориб, қавмнинг қўйларини ва туяларини ҳайдаб кетишди. Тунда душман ортларидан қувиб етиб келиб, уларни камондан ўққа тутишди. Башир ва шерикларининг ўқлари тугаб қолиб, натижада барчаси душман томонидан ўлдирилдилар. Биргина Башир жароҳатланган ҳолда топилиб, Фадакка олиб келинди ва то жароҳати тузалгунича яҳудлар олдида туриб, сўнг Мадинага қайтиб келди.5) 7-ҳижрийнинг рамазон ойида Майфаъадаги Бану Увол ва Бану Абд ибн Саълаба қабилаларига – баъзи ривоятларда Жуҳайнадаги Ҳурақотга – юборилган Ғолиб ибн Абдуллоҳ ал-Лайсий бошчилигидаги 130 кишилик сарийя.Сарийя айтилган жойга етиб келиб, қавмга ҳужум қилди ва қаршиларидан чиққанларни ўлдириб, туялар ва қўйларни ҳайдаб кетди. Мана шу сарийяда Усома ибн Зайд Наҳик ибн Мирдос деган одамни «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтганидан кейин ўлдириб қўйди. Мадинага қайтганларидан сўнг бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берилгач, у зот Усоманинг бу ишини номаъқул санадилар ва: «Қандай қилиб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деганидан сўнг ўлдирасан?!», дедилар. «У бу калимани жонини сақлаб қолиш учун айтганди», деди Усома. «Қалбини ёриб кўрмабсан-да, ростми, ёлғонлигини билардинг?!», дедилар.6) 7-ҳижрийнинг шаввол ойида Хайбарга юборилган Абдуллоҳ ибн Равоҳа бошчилигидаги 30 отлиқдан иборат сарийя.Сабаби, Усайр – ёки Башир – ибн Зорим Ғатафонни мусулмонлар билан урушиш учун жамлашга уринаётган эди. Шунда ушбу сарийя аъзолари бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Хайбарга бошлиқ қилиб қўйишларини айтиб, уни Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишга кўндирдилар. У ўттизта шериги билан йўлга чиқди. Йўлда келаётганларида Қарқара Ниёр деган жойда иккала гуруҳ ўртасида келишмовчилик чиқиб, охир-оқибат бу урушга айланиб кетди ва Усайр ҳам, унинг шериклари ҳам ўлдирилди. Воқидий бу сарийяни 6-йилнинг шавволида, Хайбар жангидан бир неча ой илгари бўлганини айтади.7) 7-ҳижрийнинг шаввол ойида Яман ва Жаборга (Ғатафонга қарашли ер номи) – ёки Фазора ва Узрага – юборилган Башир ибн Саъд ал-Ансорий бошчилигидаги 300 кишилик сарийя. Ушбу сарийя Мадина атрофига босқинчилик уюштириш мақсадида жамланган каттагина қўшин билан тўқнашиш учун юборилган эди. Улар кундузлари яшириниб, тунлари йўл юриб, етиб борганларида душман бундан хабар топиб қолиб, қочиб кетишга улгурди. Башир кўплаб туяларни қўлга киритди ва икки кишини асир олиб, Мадинага олиб келди. Улар иккаласи ҳам мусулмон бўлдилар.8) Абу Ҳадрад ал-Асламий бошчилигидаги Ғобага юборилган сарийя. Ибнул Қаййим ушбу сарийяни 7-йилда Умратул-Қазодан олдин бўлиб ўтган сарийялар қаторида келтирган. Унинг қисқача баёни шундан иборатки, Жушам ибн Муовия қавмидан бир киши кўпчиликни йиғиб, Ғобага келган, мақсади Қайсни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши урушга олиб чиқиш эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳадрадни икки киши билан бирга уларнинг хабарини аниқлаб келишга юбордилар. Улар қавм жойлашган ерга кун ботиш пайтида етиб келдилар ва Абу Ҳадрад бир тарафга, иккала шериги бошқа тарафга яшириндилар. Қавмнинг чўпони унинг чорваларини ҳадеганда ҳайдаб келавермай, қоронғи тушиб кетгач, қавмнинг раиси чорваларидан хавотир олиб, ёлғиз ўзи чиқиб келиб, Абу Ҳадраднинг ёнидан ўтаётганида Абу Ҳадрад отган камон ўқи уни ерга қулатди, ўқ унинг юрагига теккан экан, бир калима сўз айтишга улгирмай жони чиқди. Абу Ҳадрад унинг калласини кесиб олди. Сўнг баланд овозда «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтганича қавм тарафга қараб югурди. Унинг иккала шериги ҳам такбир айтиб югурдилар. Саросимага тушиб қолган қавм орқа-олдига қарамай қочишга тушди. Учта мусулмон жуда кўп туя ва қўйларни ҳайдаб кетдилар. Қазо умраси Муҳаддис уламолардан Ҳокимнинг айтишича, мутавотир хабарларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зул-қаъда ойида асҳобларини ўтган йилги умраларининг қазосини қилиш учун сафарга чорладилар. Ҳудайбияда ҳозир бўлганлардан бирор киши ҳам қолмаслигини тайинладилар. Ҳудайбиядан кейин шаҳид бўлганлардан бошқа ҳамма йўлга отланди. Улардан бошқа саҳобалар ҳам умрага отландилар. Йўлга чиққанларнинг сони аёлу болалардан ташқари икки минг киши бўлди[7].Мадинага Увайф ибн Азбат ад-Дийлийни – ёки Абу Руҳм Ал-Ғифорийни – халифа қилиб қолдирдилар. Олтмишта туяни ҳадй (қурбонлик) қилиш учун олдилар, уларни Ножия ибн Жундуб ал-Асламий қарамоғига топширдилар. Шундай қилиб, барча мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргаликда талбия айтган ҳолда йўлга тушдилар. Қурайшнинг хиёнат қилишидан қўрқиб, эҳтиётан қурол-яроғларни ҳам ўзлари билан олдилар. Яъжужга етиб борганларида барча қуролларни – қалқонлар, ўқдонлар, найзалар ва ўқ-ёйларни қолдириб, уларга Авс ибн Хавлий ал-Ансорий бошчилигида 200 кишини қўриқчи қилиб қолдирдилар, йўловчининг доимий ҳамроҳи бўлмиш қиндаги қиличлар билангина Маккага кириб бордилар[8].Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туялари Қасвога миниб олгандилар, атрофларида мусулмонлар қилич таққан ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўзларини узмасдан, талбия айтиб боришарди.Мушриклар Каъбанинг шимол тарафидаги Қуъайқиъон тоғига чиқиб олиб, мусулмонларни кузатиб туришарди. Улар бир-бирларига: «Ҳузурингизга Ясрибнинг иситмаси ҳолдан тойдириб қўйган кишилар келишмоқда», дейишган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига тавофнинг аввалги учта айланишини рамл билан (яъни лўкиллаб югуриб) ўтказишга, икки рукн ўртасини эса юриб ўтказишга буюрдилар. Асҳобларини аяганлари учунгина тавофни бошидан охиригача югуриб ўтказишга буюрмадилар. Уларни югуришга буюришлари сабаби – мушрикларга мусулмонларнинг куч-қувватларини кўрсатиб қўйиш учун бўлган эди[9]. Шунингдек, уларни изтибоъга – яъни, ўнг елкаларини очиб олишга ва ридонинг иккала тарафини ҳам чап елкалари устига ташлаб олишга буюрдилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага Ҳажун тоғига олиб борувчи тепаликдан кириб келдилар. Мушриклар саф тортиб, у зотга қараб туришарди. То рукнга етиб бориб, унга ҳассаларини теккизиб, ўпгунларича тинимсиз талбия айтиб бордилар. Кейин Байтулоҳни тавоф қилдилар, мусулмонлар ҳам у зот билан бирга тавоф қилдилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа қилич тақиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида ражз-шеър ўқиб борди:Эй кофирлар, ўтингиз ўнгу сўлга,Йўл бўшатинг келаётган Расулга.Раҳмон унга Китобини индирди,Неки яхши хислат борки, билдирди. Унинг ушбу сўзларини ҳақ билдимТасдиқ этиб, чин дилдан амал қилдим:«Энг яхши жанг Аллоҳ йўлидаги жанг»,Мен инондим бу сўзга чин қалбимдан.Бизлар Қуръон амрича жанг қиламиз,Кофирларнинг ҳолини танг қиламиз.Қиличлар зарбидан бошлар учади,Дўст оҳ тортиб дўстин қабрин қучади. خلُّوا بني الكفّار عن سبيله خلوا فكل الخير في رسولهقد أنزل الرحمن في تنزيله في صُحُف تتلى على رسوله يا ربِّ، إنِّي مؤمن بقِيِلهِ إني رأيت الحق في قبوله بأنَّ خير القتل في سبيله اليوم نضربكم على تنزيلهضرباً يزيل الهام عن مقيله ويذهل الخليل عن خليل Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Ибн Равоҳа! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида, Аллоҳнинг Ҳарамида шеър айтасанми?!», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўяверинг, эй Умар! Бу уларга камон ўқи ёғдиргандан ҳам ёмонроқ таъсир қилмоқда», дедилар[10].Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва мусулмонларнинг уч марта югуриб айланганларини кўрган мушриклар: «Иситма ҳолдан тойдирган деган кишиларингиз шуларми?! Улар фалончи-фалончилардан ҳам бақувватроқ-ку!», дейишди[11].Тавоф қилиб бўлганларидан сўнг Сафо ва Марва ўртасида саъй қилдилар. Саъйдан сўнг Марва олдида жонлиқларини бўғизладилар ва: «Жонлиқларни бўғизлайдиган жой шудир, Макканинг ҳамма жойида ҳам бўғизлаш жоиз», дедилар. Сўнг сочларини олдирдилар. Мусулмонлар ҳам у зот қилган амалларни бажардилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Яжужга, қуролларга қараб туришга бир қанча кишиларни юбордилар. У ерда қолганлар ҳам келишиб, умра амалларини адо қилдилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада уч кун турдилар. Тўртинчи куннинг тонгида мушриклар Алийнинг олдига келишиб: «Соҳибингга айт, вақт тугади, чиқиб кетсин», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан чиқиб кетиб, Сарифга бориб турдилар.Маккадан чиқиб кетмоқчи бўлиб турганларида Ҳамзанинг қизчаси: «Амаки! Амаки!» деб эргаша бошлади. Шунда Алий уни қўлига олди. Алий, Жаъфар ва Зайд қизчани кафолатга олишни талашиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Жаъфарга ҳукм қилдилар. Чунки, Жаъфарнинг аёли қизчага хола эди.Мана шу сафарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маймуна бинт Ҳорис ал-Омирийяга уйландилар. У зот Жаъфар ибн Аби Толибни Маймунага совчиликка юборганларида у ихтиёрини Аббоснинг қўлига топширди. Чунки, Аббоснинг аёли Уммул Фазл унинг опаси эди. Аббос уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга узатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан чиққанларида орқаларидан Маймунани етказиб бориши учун Абу Рофиъни қолдирдилар. Сўнг Сарифда унга уйландилар[12].Ушбу умранинг Қазо умраси деб аталишига сабаб – ё Ҳудайбия умрасининг қазоси бўлгани учун ё эса Ҳудайбияда келишилган сулҳ тақозосига кўра бўлгани учундир. Муҳаққиқлар мазкур иккинчи сабабни тўғрироқ санаганлар[13].Бу умра тўртта ном билан: Қазо, Қазийя, Қасос ва Сулҳ умраси номлари билан аталиб қолган[14]. Ушбу умрадан кейин юборилган сарийялар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу умраларидан қайтиб келганларидан сўнг бир неча сарийялар юбордилар:1) 7-ҳижрийнинг зул-ҳижжа ойида юборилган Абул Авжо бошчилигидаги 50 кишилик сарийя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Бану Сулаймни Исломга даъват қилиш учун юбордилар. Улар: «Сен даъват қилаётган нарсага ҳожатимиз йўқ», дейишди. Сўнг икки ўртада уруш бўлиб, унда Абул Авжо яраланди ва душмандан икки киши асир олинди.2) 8-ҳижрийннг сафар ойида Фадакдаги Башир ибн Саъднинг шериклари ҳалок бўлган жойга юборилган Ғолиб ибн Абдуллоҳ бошчилигидаги сарийя.Ушбу сарийя 200 кишидан иборат бўлиб, улар душманнинг бир қанча кишиларини ўлдириб, чорваларини қўлга киритиб, қайтдилар.3) 8-ҳижрийнинг рабиъул-аввалида юборилган Зоту Атлаҳ сарийяси.Бану Қузоъа мусулмонларга босқин уюштириш учун каттагина қўшин йиққан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъб ибн Умайр ал-Ансорийни ўн беш кишига бош қилиб улар ҳузурига юбордилар. Улар душманга рўпара келиб, уларни Исломга даъват қилдилар. Душман уларнинг даъватини қабул қилмасдан, уларга камондан ўқ ёғдириб, барчаларини шаҳид қилишди. Фақат бир киши ўликлар орасидан жароҳатланган ҳолда топилди[15].4) 8- ҳижрийннг рабиъул-аввалида Бану Ҳавозинга юборилган Зоту ирқ сарийяси.Бану Ҳавозин душманларга тўхтовсиз ёрдам бериб келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши Шужоъ ибн Ваҳб бошчилигида йигирма беш кишилик сарийя юбордилар. Улар душманнинг чорва молларини ҳайдаб келдилар ва ўзлари бирон кор-ҳолга учрамадилар[16].
[1] Саҳиҳул Бухорий: 1/407, 408, 2/593.[2] Саҳиҳул Бухорий: 2/592, Саҳиҳ Муслим: 2/118.[3] Абдуллоҳ Наждий, Мухтасар сийратир-расул: 264-с, Фатҳул Борий: 7/428.[4] Саҳиҳул Бухорий: 2/593.[5] Фатҳул Борий: 7/428.[6] Зодул маод: 2/112. Мазкур ғазот тафсилотлари билан танишишни истасангиз Ибн Ҳишом (2/203-209), Зодул маод (2/110-112) ва Фатҳул Борийга (7/417-428) мурожаат қилинг.[7] Фатҳул Борий: 7/500[8] Фатҳул Борий:7/500, Зодул маод: 2/151.[9] Саҳиҳул Бухорий: 1/218, 2/610, 611, Саҳиҳ Муслим: 1/412.[10] Имом Термизий ривояти: 2/107.[11] Имом Муслим ривояти: 1/412.[12] Зодул маод: 2/152.[13] Зодул маод: 1/172, Фатҳул Борий: 7/500.[14] Фатҳул Борий: 7/500.[15] Раҳматан лил-аламийн: 2/231.[16] Раҳматан лил-аламийн: 2/231, Ибнул Жавзий, Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар: 33-саҳифа ҳошияси.

lolo:
МУЪТА ЖАНГИ Бу уруш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида мусулмонлар олиб борган энг оғир жанг ва энг қонли тўқнашув сифатида тарихга кирди. У 8-ҳижрийнинг жумодул-увло ойида – 629-милодийнинг август ёки сентябрида – бўлиб ўтди ва насроний ўлкаларни фатҳ этишга тайёргарлик ва дебоча бўлиб қолди.Муъта – Шомнинг Балқоъ ўлкасидаги бир қишлоқ номи бўлиб, у билан Байтул Мақдис ораси икки босқич йўл эди. Жангнинг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийни мактуб билан Бусро ҳокимига юборгандилар. Йўлда унга Шомнинг Балқо ўлкасига Қайсар тарафидан ҳоким қилиб қўйилган Шураҳбил ибн Амр ал-Ғассоний дуч келиб қолди ва бошини танидан жудо қилдирди.Элчи ва чопарларни ўлдириш энг қабиҳ жиноятлардан саналар, бундай қилиш уруш эълон қилиш билан баробар, балки ундан-да ортиқроқ иш ҳисобланарди. Ушбу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда қаттиқ таъсир қилди ва уларга қарши уч минг кишилик қўшин ҳозирладилар[1]. Бу жуда катта қўшин бўлиб, Аҳзоб жангидан бошқа бирон жанг учун ҳали бунчалик кўп сонли қўшин жамламаган эдилар. Лашкарбошилар тайинлашлари ва уларга йўл-йўриқлар кўрсатишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинга Зайд ибн Ҳорисани амир қилиб тайинладилар ва: «Агар Зайд ҳалок бўлса Жаъфар, Жаъфар ҳалок бўлса Абдуллоҳ ибн Равоҳа амир бўлади», дедилар[2]. Оқ рангли байроқ тикиб, уни Зайд ибн Ҳорисага бердилар.Уларга Ҳорис ибн Умайр ўлдирилган жойга бориб, у ердагиларни Исломга даъват қилишни, агар қабул қилмасалар, Аллоҳдан мадад сўраб, уларга қарши уруш қилишни буюрдилар. «Аллоҳнинг номи билан ва Аллоҳ йўлида, Аллоҳга кофир бўлганларга қарши жангга киринглар. Хиёнаткорлик ва ғаддорлик қилманглар. Гўдак болани, аёл кишини, мўйсафидни ва ибодатхонада узлатга чекинган роҳибни ўлдирманглар. Хурмо ва бошқа дарахтлрни кесманглар, уй-жойларни вайрон қилманглар», деб насиҳат қилдилар[3]. Қўшинни кузатиб қолишлари ва Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг йиғлаши Исломий қўшин йўлга чиқиши олдидан одамлар йиғилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амирлари ҳақларига дуо-у саломлар йўлладилар. Шунда қўшиннинг қўмондонларидан бири Абдуллоҳ ибн Равоҳа йиғлаб юборди. Ундан йиғиси сабабини сўрашганда: «Аллоҳга қасамки, мен ҳаёти дунёни яхши кўрганимдан ёки сизлардан айрилишни истамаганимдан йиғламадим. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Китобидан дўзах зикр этилган: «Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир» (Марям: 71) оятини ўқиганларини эшитдим. Унга тушганимдан кейин қайтиб чиқа оламанми, йўқми, билмайман. Шунинг учун йиғламоқдаман», деди. Мусулмонлар: «Аллоҳ сизларни саломат асраб, душманларни даф қилиб, соғ-саломат ва ғаниматлар билан қайтиб келишингизга насиб этсин», дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа ушбу шеърни ўқиди:Мен Раҳмоннинг мағфиратин тилайман,Қоним оқсин, шаҳидликни сўрайман.Майли қилич, майли найза урсинлар,Баданимни бурда-бурда қилсинлар. Ҳавас қилсин жасадимни кўрганлар,Шаҳид бўлиш умидида юрганлар. لكنني أسأل الرحمن مغفــرة ** وضربة ذات فرغ تقذف الزبداأو طعنة بيدَي حرانَ مجـهزة ** بحربة تنفذ الأحشـاء والكبداحتى يقال إذا مروا على جدثي ** أرشده الله من غاز وقد رشداШундан сўнг қўшин йўлга тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни то Вадоъ тепаликларигача кузатиб бордилар, сўнг тўхтаб, хайрлашдилар[4]. Қўшиннинг ҳаракат йўналиши ва унинг кутилмаган оғир вазиятга дуч келиши Исломий қўшин шимол йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб бориб, шимолий Ҳижоз яқинидаги Шомга қарашли Маъон деган жойга бориб тушди. Ўша жойда уларга Ҳирақл юз минг кишилик Рум лашкари билан Балқоънинг Маъоб деган жойида тургани, уларга Лахм, Жузом, Балқайн, Баҳро ва Бали қабилаларидан яна юз минг киши келиб қўшилгани ҳақида хабар етиб келди. Маъондаги маслаҳат мажлиси Мусулмонлар узоқ мусофир юртда бу қадар қудратли ва кўпсонли қўшинга дуч келишни хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бор йўғи уч минг кишидан ташкил топган бир қўшин уммондек чек-чегараси кўринмайдиган, икки юз минг кишилик улкан қўшин қаршисига чиқсинми, йўқми? Мусулмонлар мана шу савол қаршисида тараддудланиб туриб қолдилар ва икки кеча Маъонда мана шу масала атрофида фикр алмашдилар, баҳсу мунозара қилдилар. Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни юзага келган аҳволдан хабардор қилиб мактуб йўллашга, шундан сўнг у зот қўшимча куч ё бирон буйруқ юборишларини кутиб, у зотнинг буйруқларига кўра иш қилиш фикрига тўхтадилар.Бироқ, Абдуллоҳ ибн Равоҳа бу фикрга эътироз билдирди ва: «Эй қавм! Аллоҳга қасамки, сизлар аслида ҳозир ўзингиз ёқтирмай турган ишни – шаҳидликни талаб қилиб чиққансиз. Биз одамлар билан саноқ, куч-қудрат ва кўплик эътибори билан жанг қилмаймиз. Биз фақат Аллоҳ бизни у билан мукаррам этган мана шу дин туфайли жанг қиламиз. Шундай экан, жангга отланинг! Албатта, икки яхшиликнинг бирига – ё ғалабага ёки шаҳидликка эришасиз», деб уларни шижоатлантирди. Шундай қилиб, кенгаш Абдуллоҳ ибн Равоҳа чақирган ишни қилишга иттифоқ қилди. Ислом қўшини душман томонга яқинлашади Ислом қўшини Маъонда икки кечани ўтказганидан сўнг душман ерига қараб йўл олди. Балқоъ қишлоқларидан Шориф деб аталувчи бир қишлоқда уларни Ҳирақлнинг қўшини қаршилади. Душман яқинлашиб кела бошлагач, мусулмонлар орқароқ қайтиб, Муъта деган жойда қароргоҳ тикдилар ва урушга ҳозирлана бошладилар. Ўнг қанотга Қутба ибн Қатода ал-Узрийни, чап қанотга Убода ибн Молик ал-Ансорийни қўйилди. Жанг бошланиши ва қўмондонлар алмашиниши Шундай қилиб иккала қўшин Муътада тўқнаш келди ва шиддатли жанг бошланиб кетди. Уч минг киши икки юз минг кишилик лашкарга қарши жанг қилаётган эди. Бутун дунёнинг ақли шошиб, ҳайратдан лол қоладиган ажиб бир манзара эди бу! Лекин, иймон руҳи ҳукм суриб турган муҳитда бундай ажойиботлар одатий ҳолга айланади!Байроқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюмли кишилари бўлмиш Зайд ибн Ҳориса қўлга олди ва фақат ўзи каби Ислом баҳодирларигина қодир бўладиган мислсиз мардлик ва қаҳрамонлик билан жангга шўнғиб кетди. Тинимсиз жанг қилиб, охири душман найзаларидан ерга қулади.Сўнг байроқ Жаъфар ибн Аби Толибнинг қўлига ўтди. У ҳам жанг майдонида мислсиз мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди. Эгар устида жанг қилиш қийинлашиб қолгач, отидан сакраб тушиб, унга қилич тортиб юборди, сўнг яна шиддат билан жангга кириб кетди. Душман қиличи унинг байроқ тутган ўнг қўлини чопиб ташлаган эди, байроқни чап қўли билан тутиб қолди. Чап қўли ҳам кесилиб кетгач, байроқни азудлари (қўлнинг чиғаноқдан елкагача бўлган қисми) билан бағрига босганича тик тутиб турди. То шаҳид бўлгунича шу зайлда туриб берди. Айтишларича, бир рум аскари уни қиличи билан уриб, икки бўлакка бўлиб ташлаган экан. Аллоҳ таоло жаннатда унга икки қанот ато этган бўлиб, у ўша қанотлари билан истаган жойига учиб юради. Шунинг учун ҳам у Жаъфар ат-тайёр (учувчи Жаъфар) ва Жаъфар зул-жаноҳайн (икки қанотли Жаъфар) деб аталди.Имом Бухорий Нофеъдан ривоят қилишича, Ибн Умар унга ўша куни Жаъфарнинг жасади устида турганини айтиб: «Мен унда элликта қилич ва найза зарбалари изини санадим, улардан бирортаси ҳам орқа томонида эмасди», деди[5].Бошқа бир ривоятда Ибн Умар айтади: «Мен ҳам ўша ғазотда бор эдим. Жаъфар ибн Аби Толибни қидириб, ўлганлар орасидан топдик. Унинг жасадида тўқсондан ортиқроқ қилич ва найза асарларини топдик[6]. Ал-Амрийнинг Нофеъдан қилган ривоятида: «Буларнинг ҳаммасини унинг жасадининг олди тарафида топдик», деб қўшимча қилинган[7].Жаъфар ана шундай баҳодирларча жанг қилиб, шаҳид бўлгач, байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа қўлига олиб, отга минганича олдинга интилди. Ўзида бироз тараддуд топгандек бўлгач, ўз-ўзини жангга ундаб шундай шеър ўқиди:Онт ичаман эй нафсим,  Албат жангга кирасан,Истасанг, истамасанг  Майдон ичра турасан.Барча ҳайё-ҳуй қилиб,   Жангга отланиб турса,Сенга нима бўлдики,   Жаннатдан юз бурасан?!أقسمت يا نفس لتنزلنه كارهة أو لتطاوعنهإن أجلب الناس وشدوا الرنه ما لي أراك تكرهين الجنة Шундай деб, у майдонга тушди. Шу пайт амакисининг ўғли унга бир бўлак гўшт узатиб: «Мана буни еб олинг, қувват бўлади. Чунки, шу кунларда анча уриниб қолдингиз», деди. Гўштни унинг қўлидан олиб, бир тишлади, сўнг отиб юбориб, қўлига қиличини олиб, жангга кириб кетди ва қаттиқ жанг қилиб, шаҳид бўлди. Байроқ Аллоҳнинг қиличларидан бир қиличга ўтди Шунда Бану Ажлон қабиласидан Собит ибн Ақрам исмли бир киши байроқни қўлига олиб: «Эй мусулмонлар! Ичларингиздан бир кишини амирликка танланглар!», деб хитоб қилди. «Сени танлаймиз», дейишган эди, у: «Мен эплай олмайман», деди. Шундан сўнг Холид ибн Валидни амир этиб танладилар. Холид байроқни қўлига олиб, шиддат билан жангга отилди. Имом Бухорий Холид ибн Валиддан ривоят қилади: «Муъта куни менинг қўлимда тўққизта қилич синди, охири қўлимда бир яманий энлик қилич қолди»[8]. Бир ривоятда: «Муъта куни менинг қўлимда тўққизта қилич бўлиниб кетди. Охири яманий қиличим чидаб берди»[9].Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъта куни, жанг майдонидан хабарлар етиб келмасидан олдин, ваҳий орқали хабар қилиб, дедилар: «Байроқни Зайд олди, бас нобуд бўлди. Сўнг Жаъфар олди, у ҳам нобуд бўлди. Сўнг Ибн Равоҳа олди, у ҳам нобуд бўлди – сўзларканлар, кўзларидан ёш оқарди – сўнг байроқ Аллоҳнинг қиличларидан бир қилич қўлига ўтди. Шундан сўнг Аллоҳ уларга фатҳ ато этди»[10]. Жангнинг ниҳояси Ҳар қанча шижоатли бўлмасин, ҳар қанча матонат ва жасорат билан жанг қилмасин, барибир бу кичик лашкарнинг Рум лашкаридан бўлган чек-чегарасиз уммоннинг қудратли тўлқинлари олдида бардош бериши жуда қийин эди. Ана шундай оғир дамда Холид ибн Валид ўзининг тенгсиз ҳарбий маҳоратини намоён қилиб, мусулмонларни улар тушиб қолган қийин аҳволдан олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлди.Ушбу жангнинг қай йўсинда ниҳоясига етгани борасида ривоятлар турлича келган. Барча ривоятларни синчиклаб ўрганилгач, уларнинг хулосаси сифатида айтиш мумкинки, Холид ибн Валид бошчилигидаги Ислом қўшини ўша куни бутун кун бўйи Рум лашкари қаршисида матонат билан жанг олиб борди. Холид қўмондон сифатида румликлар қалбига қўрқув олиб кирадиган ва мусулмонларни эсон-омон улар чангалидан олиб чиқиб кетадиган бир ҳарбий ҳийла ишлатиш зарурлигини ҳис қилиб турарди. Чунки, очиқдан-очиқ чекиниш билан мусулмонлар румликларнинг таъқибларидан саломат қутулиб кетишлари жуда ҳам мушкул эди.Шунинг учун урушнинг иккинчи куни у қўшиннинг тартибини ўзгартирди ва олдини орқага, ўнгини чапга қилиб қайтадан жойлаштириб чиқди. Душман қўшиннинг кўриниши кечагидан бошқача эканига кўзи тушгач, мусулмонларга қўшимча мадад етиб келибди, деб ўйлаб, дилларига қўрқув оралади. Томонлар бир-бирига тўқнашиб, бир мунча жанг олиб борилгач, Холид мусулмонларни аста-аста ва тартибли равишда ортга чекинтира бошлади. Румликлар буни мусулмонларнинг макр-ҳийласи сифатида қабул қилиб, уларни ҳийла билан саҳро ичкарисига олиб киришга уриниш деб баҳоладилар ва мусулмонлар ортидан таъқиб қилмасликка қарор қилдилар.Шундай қилиб душман мусулмон қўшини ортидан таъқиб қилишни тўхтатди ва ўз юртига қараб йўл олди. Мусулмонлар ҳам эсон-омон Мадинага қайтиб келдилар. Икки томондан ўлдирилганлар сони Ўша куни мусулмонлардан жами ўн икки киши шаҳид бўлди. Румликлардан неча киши ўлдирилгани борасида маълумотлар мавжуд эмас. Лекин, жангнинг тафсилотлари улардан анча кўп аскар ўлганига далолат қилади. Ушбу жангнинг таъсири Ушбу жангда мусулмонлар гарчи уларни жангга етаклаган мақсадга – қасос олишга эришолмаган бўлсалар-да, унинг мусулмонлар обрў-эътибори ошишига жуда катта таъсири бўлди. Чунки, у бутун араб дунёсини ҳайратга солиб қўйди. Араблар тасаввурида Рум давлати ер юзидаги энг қудратли давлат бўлиб, унга қарши туриш дегани ўзини ҳалокатга ташлаш ва ажали ортидан қувиш билан баробар эди. Уч минг кишилик бу кичик қўшиннинг икки юз минг аскарга эга бўлган қудратли ва чек-чегарасиз қўшин билан тўқнашиши, кейин жангдан деярли зиён-заҳматсиз қайтиб келиши даврнинг энг ажабтовур ҳодисаси эди. Бу воқеа мусулмонларнинг араб олами шу пайтгача таниган ва билганидан бутунлай бошқа намунадаги инсонлар эканига, улар Аллоҳ таоло тарафидан қўллаб-қувватланиб ва мададланиб турганликларига, уларнинг йўлбошчилари ҳақиқатан Аллоҳнинг элчиси эканига далолат қилиб турарди. Шунинг учун ҳам шу пайтгача мусулмонларга қарши хуруж қилишда давом этиб келаётган кўпгина араб қабилалари шу жангдан кейин Исломга мойил бўлиб, Бану Сулайм, Ашжаъ, Ғатафон, Зубён, Фазора ва бошқа қабилалар Исломни қабул қилишди.Муъта жанги румликлар билан қонли тўқнашувларнинг бошланиши бўлиб, румга қарашли ерларнинг фатҳ қилинишига ҳозиргарлик ва мусулмонларнинг узоқ ўлкаларни эгаллашларига муқаддима сифатида тарихга кирди. Зотус-салосил жанги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шом тепаликларида турувчи араб қабилаларининг Муъта жангида тутган мавқифларини, яъни уларнинг румликларга қўшилиб мусулмонларга қарши урушга киришганини кўрганларидан кейин бундай воқеа яна қайтиб такрорланмаслиги учун у қабилаларни румликлардан ажратиб юборадиган ва мусулмонлар билан муносабатлари илиқлашишишга сабаб бўладиган жуда катта доно сиёсат олиб бориш зарурлигини ҳис қилдилар.Бу режаларини амалга ошириш учун Амр ибн Осни танладилар. Чунки, унинг ота томонидан бувиси Балий қабиласидан эди. Муъта жангидан кейин, саккизинчи ҳижрий жумодул-охира ойида уни мазкур қабила билан муносабат ўрнатишга юбордилар. Баъзи ривоятларда Қузоъа қабиласидан бир гуруҳ Мадина атрофига босқин уюштириш учун йиғилгани хабари келгач, Амрни ўшалар устига юборганлар, деган фикр ҳам айтилган. Бизнингча, ҳар иккала сабаб бириккан бўлиши ҳам мумкин.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Осга битта оқ ва битта қора байроқ тикиб бердилар ва уни муҳожир ва ансорлардан ташкил топган уч юз кишилик жамоага бош қилиб юбордилар, ичларида ўттизта отлиқ ҳам бор эди. Унга йўл-йўлакай Балий, Узра ва Балқайн қабилаларидан ёрдам олишни буюрдилар. Ушбу қўшин кундузлари яшириниб, тунлари йўл босиб, душман диёрига яқинлашгач, Амрга душманнинг сони анча кўплиги ҳақида хабар етиб келди. Шундан сўнг у Рофиъ ибн Макис ал-Жуҳанийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қўшимча куч сўраб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Убайда ибн Жарроҳни икки юз кишилик жамоа билан унга мададга юбордилар. Унга ҳам алоҳида байроқ тикдилар. Ушбу жамоа ичида Абу Бакр ва Умар каби катта саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Убайдани Амрга бориб қўшилишга ва у билан ихтилоф қилмасликка буюрдилар. Етиб бориб қўшилгач, Абу Убайда намозда имомлика ўтмоқчи бўлганида Амр унга: «Сиз менга ёрдам учун келгансиз, мен бошлиқман», деди. Абу Убайда унга итоат қилди ва Амр имом бўлиб намоз ўқиб турди.Қўшин Қузоъа диёрига кириб бориб, уни бошидан охиригача забт этиб борди. Охирида бир гуруҳга дуч келиб, унга ҳамла қилди. Гуруҳ дош беролмай, қочиб, ҳар тарафга тирқираб кетди.Шундан сўнг Амр ибн Ос ўзларининг соғ-саломат эканликлари ва жанг ҳақидаги хабарларни билдириш учун Авф ибн Молик ал-Ашжаъийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга чопар қилиб юборди.Зотус-салосил – ёки Зотус-сулосил – Водил-қуро ортидаги бир диёр бўлиб, у билан Мадина оралиғи 10 кунлик йўл эди. Ибн Исҳоқ ривоят қилишча, мусулмонлар Жузом диёридаги Салсал номли бир қудуқ ёнида тўхтаган эдилар. Шу боис ушбу жанг Зотус-салосил деб аталиб қолди[11]. Хазирага юборилган Абу Қатода сарийяси Ушбу сарийяни 8-ҳижрийнинг шаъбон ойида юбордилар. Сабаби – Бану Ғатафон Нажд ўлкасидаги Муҳориб қавмига қарашли Хазира деган жойда жамланаётгани хабари етиб келди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши Абу Қатодани ўн беш кишилик сарийяга бош қилиб юбордилар. Сарийя у ерга етиб бориб, баъзиларини ўлдириб, асир ва ғаниматлар билан ўн беш кун деганда Мадинага қайтиб келди[12].
[1] Зодул маод: 2/155, Фатҳул Борий: 7/511.[2] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.[3] Мухтасарус-сийра: 327-с. Ушбу ҳадис Саҳиҳ Муслим, Сунан Абу Довуд, Сунан ат-Термизий, Сунан Ибн Можа ва бошқа ҳадис тўпламларида турлича лафзлар билан ривоят қилинган.[4] Ибн Ҳишом: 2/373, 374, Зодул маод: 2/156.[5] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.[6] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.[7] Қаранг: Фатҳул Борий: 7/512. Иккала ҳадиснинг зоҳирига қаралса, жароҳатлар сонида икки хил гап айтилган бўлиб чиқади. Бироқ, иккинчи ҳадисдаги зиёдалик камон ўқларидан қолган изларни ҳам қўшиб айтилган бўлиши керак.[8] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.[9] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.[10] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.[11] Ибн Ҳишом: 2/623-626, Зодул маод: 2/157.[12] Талқиҳ фуҳуми аҳлил-асар: 33-с.

lolo:
МАККАНИНГ ФАТҲ ЭТИЛИШИ Ибнул Қаййим шундай ёзади: «Макка фатҳи – Аллоҳ у билан Ўз динини, элчисини, Ўзининг лашкари ва омонатли жамоасини азиз қилган, у билан Ўз шаҳрини ва бутун оламга ҳидоят маёғи қилган уйини кофир ва мушриклар қўлидан қутқарган буюк ғалаба эди. У – самовот аҳлини шодлантирган ва осмону фалакка ўз азизлик чодирини ўрнатган ғалаба эди. У сабабли одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирдилар, бутун ер юзи у туфайли зиёга тўлди»[1]. Ушбу ғазотнинг сабаби Маълумки, Ҳудайбия сулҳи бандларидан бирига кўра, истаган қабила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иттифоқи ва аҳдига, истаган қабила Қурайшнинг иттифоқи ва аҳдига кира олар эди. Ҳар икки томон иттифоқига кирган қавм-қабилалар ўша томон вакили ҳисобланар, ушбу қавм-қабилалар тарафидан қилинган ҳар қандай тажовуз ҳам ўша томоннинг тажовузи деб эътибор қилинарди.Мазкур бандга кўра, Хузоъа қабиласи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам иттифоқларига кирган, Бану Бакр қабиласи эса Қурайш иттифоқига кирган ва ҳар икки қабила бир-бири билан сулҳ ҳолатига ўтган эди. Бу икки қабила ўртасида жоҳилият даврида бўлган қадимий адоват Ислом келиб, ушбу сулҳ тузилиши билан барҳам топган ва улар бир-бирларидан омонликда яшаб туришган эди. Бану Бакр ушбу фурсатдан фойдаланиб қолишга ва Хузоъадан эски ўчларини олишга қарор қилдилар. Саккизинчи ҳижрийнинг шаъбон ойида Навфал ибн Муовия ад-Дийлий бошчилигидаги бир гуруҳ Бану Бакрликлар Ватир деган жойда турган Хузоъа қабиласига тунда босқин уюштириб, бир қанча одамларини ўлдиришди. Ўртада уруш бўлиб, бунда Қурайш ҳам Бану Бакрга қурол-яроғ билан ёрдам берди, тун қоронғилигидан фойдаланиб, унда айрим қурайшликлар ҳам иштирок этдилар. Хузоъа Ҳарамга қараб чекинди. Бану Бакр улар ортидан қувиб Ҳарамгача келди. Айримлар: «Эй Навфал, Ҳарамга келиб қолдик. Ҳарамда қон тўкишдан илоҳингдан қўрқ, илоҳингдан!», дедилар. Шунда Навфал баралла: «Бугун ҳеч қандай илоҳ деган нарса йўқ, эй Бану Бакр! Ўчларингни олинглар! Қасамки, Ҳарам ичида ўғирлик қиласизлар-у, Ҳарам ичида ўчларингни ололмайсизларми?!», деди.Хузоъа Маккага киргач, Будайл ибн Варқоъ ал-Хузоъийнинг ҳовлисидан ва уларнинг Рофиъ исмли мавлолари уйидан паноҳ топди.Амр ибн Солим ал-Хузоъий зудлик билан Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб борди. У зотни масжидда, одамлар ичида ўтирган ҳолларида топди ва тик турганича ушбу мазмунда шеър ўқиди: Қавмимизнинг дўсти, улфати[2] Муҳаммадга бош эгиб келдик.Қон-қардошлик ҳаққи-ҳурмати[3] Кўзимиздан ёш тўкиб келдик.  Расулуллоҳ мўминлар ичраТўлин ойдек барқ уриб турар.Шумхабардан тўлқинлар ичраБезовта денгиздек ўзгарар. Ёрдамингиз биздан аяманг,Аллоҳ Ўзи сизга ёр бўлсин.Мўминларни мададга чорланг,Душманимиз хору зор бўлсин. Қурайш аҳдга хиёнат қилиб,Бузди тузган аҳду паймонин.Бизни заиф-нотавон билиб,Ишга солди қилич-камонин. Бизга ҳужум қилиб ВатирдаҚоронғуда ўлдирди, қирди.Намоз ўқиб турган ҳолида Мўминларни қонга ботирди[4].  يا ربِّ إنّي ناشد محمداً ** حلفنا و حلف أبيه الأتلداقد كنتم ولدا و كنّا والدا ** ثُمّةَ أسلمنا ولم ننزع يداًفانصر هداك الله نصرا أبدا ** و ادع عباد الله يأتوا مددافيهم رسول الله قد تجردا ** أبيض مثل البدر يسمو صعداإن سيم خسفاوجهه تبردا ** في فيلق كالبحر يجري مزبداإنَّ قريشا أخلفوك الموعدا ** و نقضوا ميثاقك المؤكداو جعلوا لي في كداءٍ رصدا ** و زعموا أن لست أدعو أحداو هم أذل، و أقل عددا ** هم بيَّتونا بالوتير هجَّداو قتلونا ركَّعاً و سُجَّدا Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизга мадад берилади, эй Амр ибн Солим», дедилар. Сўнг осмонда бир булут кўринди. Уни кўрсатиб: «Бу булут Бану Каъбга мадад олиб тушмоқда», дедилар.Кейинроқ Будайл ибн Варқоъ ал-Хузоъий ҳам бир гуруҳ хузоъаликлар билан чиқиб, Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва у ҳам ўзларига етган фалокат ҳақида хабар бериб, Қурайшнинг Бану Бакрга ёрдам кўрсатганини билдирди. Сўнг Маккага қайтиб кетди. Абу Суфён сулҳни янгилаш учун Мадинага отланади Шубҳасиз, Қурайш ва иттифоқчиларининг бу қилмиши жуда катта хиёнат ва ўртадаги аҳдни очиқдан-очиқ бузиш бўлиб, буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмас эди. Ўзининг бу хиёнати жавобсиз қолмаслигига ақли етган Қурайшнинг пайтавасига қурт тушиб, қандай қилиб бўлмасин, бу қилмишининг ёмон оқибатини олдини олиш ҳаракатига тушиб қолди. Шу мақсадда ўтказилган маслаҳат кенгаши қарори билан Қурайш етакчиси Абу Суфён сулҳни янгилаб келиш учун Мадинага вакил қилиб юборилди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аллақачон асҳобларига Қурайшнинг ўз хиёнати ортидан кўражак чора-тадбири тўғрисида хабар бериб: «Ҳали кўрасизлар, Абу Суфён битимни мустаҳкамлаш ва муддатини узайтириш учун келиб қолса керак», деган эдилар.Абу Суфён Мадина сари борар экан, Усфонга етганида Мадинадан Маккага қайтаётган Будайл ибн Варқоъга йўлиқди. Уни ҳойнаҳой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларидан қайтаётган бўлса керак, деган гумонда: «Қаердан келаяпсан, эй Будайл?», деб сўради. «Хузоъа билан мана бу соҳил ва водий атрофларини кезиб келаяпман», деди у. «Муҳаммад ҳузурига бормадингми?», деб сўради. У: «Йўқ», деди.Будайл Маккага қараб кетгач, Абу Суфён: «Агар у Мадинадан келаётган бўлса, туяси албатта Мадина емидан еган бўлади», деди-да, унинг туяси чўккан жойга бориб, тезагини титиб кўрди. Тезак ичида хурмо данаклари борлигини кўргач: «Қасамки, Будайл Муҳаммад олдига борибди», деди.Абу Суфён Мадинага келиб, қизи Умму Ҳабиба – уммул муъминийн – олдига кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшакларига ўтирмоқчи бўлганида Умму Ҳабиба тўшакни йиғиштириб қўйди. Ундан: «Эй қизим, мени бу тўшакка раво кўрмадингми ёки тўшакни менга раво кўрмадингми?», деб сўраган эди, у: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаклари, сиз мушрик, нажассиз», деб жавоб берди. Абу Суфён: «Қасамки, мендан кетганингдан сўнг сенга ёмонлик етибди», деди.Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига чиқиб бориб, у зотга муддаосини сўзлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бирон нарса деб жавоб айтмадилар. Кейин у Абу Бакр олдига бориб, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб кўришини илтимос қилди. Абу Бакр унинг илтимосини рад қилди. Кейин у Умар ибн Хаттобга шундай илтимос билан борди. Умар: «Ҳали мен сизлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга воситачилик қиламанми?! Аллоҳга қасамки, зиғирдек баҳона топилса, ҳеч иккиланмай сизлар билан жангга кирган бўлардим», деб жавоб берди. Кейин у Алий ибн Аби Толиб олдига кирди. Унинг олдида Фотима ва эмаклаб юрган ўғли Ҳасан бор эди. Унга: «Эй Алий, сен менга қариндошчилик жиҳатидан энг яқин одамлардансан. Мен ҳожат билан келганман. Қандай келган бўлсам шундайимча ноумид қайтмаслигим керак. Сен менинг номимдан Муҳаммадга воситачилик қилгин», деди. Алий: «Қуриб кетгур, ҳой Абу Суфён, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишга азм қилган бўлсалар, бизнинг унга аралашишга ҳаддимиз сиғмайди», деди. Кейин Абу Суфён Фотимага қараб: «Сен мана бу ўғлингга буюрсанг-да, у одамларга омонлик берса, шунда у тоабад арабларнинг саййидига айланарди», деди. Фотима: «Қасамки, менинг ўғлим ҳали одамларга омонлик берадиган бўлгани йўқ. Қолаверса, ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши бировга омонлик бермайди!», деб жавоб берди.Шунда Абу Суфённинг кўзига дунё қоронғи бўлиб кетди, паришон ва умидсиз ҳолга тушиб, Алий ибн Аби Толибга: «Эй Абул Ҳасан, мен жуда қийин аҳволга тушиб қолдим, менга бирон маслаҳат кўрсатгин», деди. Алий: «Қасамки, сенга бирон фойдали маслаҳат беришга ожизман. Фақат, шуни айтишим мумкинки, сен Бану Кинонанинг саййидисан. Одамлар ўртасида туриб, омонлик сўрагин-да, кейин уйингга жўнаб кет», деди. «Бунинг фойдаси тегади, деб ўйлайсанми?», деди. «Йўқ, ундай деб ўйламайман. Бироқ, сен учун бундан бошқа йўл кўрмаяпман», деб жавоб берди Алий. Шундан сўнг Абу Суфён масжидга кириб, одамлар ичида туриб: «Эй одамлар, мен одамлардан омонлик сўрайман», деди. Сўнг туясига миниб жўнаб кетди.Маккага боргач, Қурайш ундан: «Нима хабар олиб келдинг?», деб сўради. У деди: «Муҳаммаднинг олдига бориб, мақсадимни айтсам у бирон жавоб айтмади. Кейин Ибн Аби Қуҳофанинг олдига бордим, унда ҳам бирон яхшилик топмадим. Кейин Умар ибн Хаттобга бордим, унда чексиз адоват туйдим. Кейин Алий ҳузурига бордим. У менга яхши муомала қилди ва бир маслаҳат берди, мен у айтган ишни қилиб келдим. Бироқ, бунинг фойдаси тегиш-тегмаслигини билмайман». «У нима маслаҳат берди?», деб сўрашди. «Одамлардан омонлик сўрагин, деди. Мен унинг айтганини қилдим», деди. «Муҳаммад буни инобатга олдими?», дейишган эди: «Йўқ», деб жавоб берди. Шунда қурайшликлар: «Ҳой бечора, бу одам сенинг устингдан кулибди, холос», дейишди. «Йўқ, қасам ичиб айтаманки, мен шундан бошқа йўл кўрмадим», деди у. Ғазотга тайёргарлик кўриш ва буни махфий тутишга уриниш Табароний ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битимнинг бузилгани хабари келишидан уч кун олдин Оишага ўзларининг жанговор кийим ва аслаҳаларини ҳозирлаб қўйишни ва буни ҳеч кимга айтмасликни тайинладилар. Абу Бакр унинг олдига кирганида: «Эй қизим, бу нима тайёргарлик?», деб сўради. Оиша: «Аллоҳга қасамки, билмайман», деб жавоб берди. Абу Бакр ҳайрон бўлиб: «Ҳозир Бану Асфар (яъни, румликлар) билан уруш қилиш фурсати эмас-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаерга юриш қилмоқчи эканлар?!», деди. «Қасам ичиб айтаманки, хабарим йўқ», деди Оиша. Шу гапдан кейин учинчи куни тонг пайтида Амр ибн Солим ал-Хузоий қирқ отлиқ ҳамроҳлигида етиб келиб, юқоридаги шеърини ўқиган воқеа юз берди. Одамлар битим бузилганини шунда билдилар. Амрдан сўнг Будайл келди, ундан сўнг Абу Суфён етиб келди. Шундан сўнг одамлар воқеадан тўла хабардор бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушга тайёрланишга буюрдилар ва Маккага юриш қилишларини эълон қилдилар, «Эй Парвардигор! Бизларнинг хабаримизни Қурайшдан беркитгин, токи биз улар устига тўсатдан кириб борайлик», деб Аллоҳга дуо қилдилар.Ушбу юриш йўналишини атрофдагилардан яшириш ва одамлар диққатини бошқа тарафга буриб юбориш, кўрган кўзга мусулмонлар шу томонга юриш қилмоқчи деган гумон пайдо бўлиши ва шу ҳақда гап тарқалиши мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 8-ҳижрий рамазон ойининг биринчи кунида Мадинадан уч барид[5] узоқликдаги, Зу-Хашаб ва Зу-Марва ўрталиғида жойлашган Батн Изом деган жойга Абу Қатода ибн Рибъий бошчилигида саккиз кишилик сарийя юбордилар. Ушбу сарийя йўлга чиқиб, айтилган томонга етиб борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккага қараб йўлга чиққанлари хабари етиб бориб, улар ҳам йўлни ўзгартириб, у зотнинг орқаларидан етиб олдилар[6].Ҳотиб ибн Аби Балтаъа Қурайшга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни кўзлаб йўлга чиққанлари ҳақида хабар ёзиб, мактуб йўллади. Уни бир аёлга бериб, Қурайшга етказиб бориши эвазига маълум хизмат ҳақи ҳам берди. У аёл хатни соч турмаклари орасига яшириб, йўлга чиқди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳотибнинг қилган иши ҳақида осмондан хабар нозил бўлди. У зот Алий, Миқдод, Зубайр ибн Аввом ва Абу Марсад ал-Ғанавийни аёлнинг изидан жўнатдилар. Уларга: «Боринглар, Хох деган бир боққа етганларингда бир аёлни топасизлар, унда Қурайшга ёзилган мактуб бор», дедилар. Улар от чоптириб, айтилган жойга етиб бордилар ва у ерда бир аёлни топдилар. Уни уловдан тушириб: «Ёнингда мактуб борми?», деб сўрадилар. У: «Менда ҳеч қандай мактуб йўқ», деди. Унинг юкларини текшириб, ҳеч нарса тополмадилар. Шундан сўнг Алий унга: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғон айтмаганлар, биз ҳам алдамаяпмиз. Қасамки, ё ўзинг хатни чиқариб берасан ё биз сени ечинтирамиз», деди. Аёл иш жиддий тус олаётганини кўргач: «Тескари ўгирил», деди, сўнг соч турмагини ечиб, унинг орасидан хатни чиқариб берди. Хатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келиб топширдилар. Хат «Ҳотиб ибн Аби Балтаъадан Қурайшга» деб бошланган ва ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар устига юриш қилмоқчи эканлари хабари битилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳотибни чақиртириб: «Бу нимаси эй Ҳотиб?!», дедилар. Ҳотиб: «Ё Расулуллоҳ, менга (куфр ё муртадлик ҳукмини чиқаришга) шошилманг. Қасамки, мен Аллоҳ ва Расулига иймон келтирувчиман, муртад ҳам бўлмадим, динимни ҳам ўзгартирмадим. Лекин, мен Қурайшга келгиндиман, уларнинг аслидан эмасман. Менинг қариндош-уруғим ва аҳли-оилам улар қўли остида. Қурайш ичида уларни ҳимоя қиладиган бирор яқин кишим йўқ. Сизнинг атрофингиздаги бошқа кишиларнинг эса у ерда ҳимоя қиладиган кишилари бор. Шунинг учун мен уларга шу йўл билан яқинларимни ҳимоя қилдиришни истаган эдим», деди. Умар ибн Хаттоб: «Буни менга қўйиб беринг ё Расулуллоҳ, бошини танасидан жудо қилай, чунки у Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилди ва аниқ мунофиқ бўлди», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ахир у Бадрда иштирок этган. Қаердан биласиз эй Умар, Аллоҳ Бадр аҳлини билганидан кейин: «Истаган ишингизни қилаверинг, мен сизларни кечирдим» деган бўлса?!», дедилар. Шунда Умар йиғлаб: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деди[7].Шундай қилиб, Аллоҳ таоло хабарлар йўлини тўсди ва Қурайшга мусулмонларнинг урушга ҳозирланаётгани хабари етиб бормади. Ислом лашкари Макка сари йўл олади Саккизинчи ҳижрий муборак рамазон ойининг ўнинчи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 10 000 (ўн минг) саҳобадан ташкил топган қўшин билан Мадинадан Маккага қараб йўлга чиқдилар. Мадинага Абу Руҳм ал-Ғифорийни халифа қилиб қолдирдилар.Жуҳфага етганларида – ёки ундан сал ўтганларида – амакилари Аббос ибн Абдулмутталибга дуч келдилар. У аҳли-оиласи билан мусулмон бўлиб, ҳижрат қасдида келаётган эди. Сўнг Абвоъга етганларида амакиваччалари Абу Суфён ибн Ҳорис ва аммаваччалари Абдуллоҳ ибн Аби Умайяга йўлиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу иккисидан кўп озор ва масхараларга йўлиққан эдилар. Шу боис улардан юз ўгирдилар. Шунда Умму Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Амакиваччангиз билан аммаваччангиз сизнинг юз ўгиришингиз туфайли бахтсиз бўлиб қолмасинлар», деди. Сўнг Алий Абу Суфён ибн Ҳорисга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юз томонларига ўтиб, Юсуфнинг акалари Юсуфга айтган қуйидаги сўзларни айтинг: «Улар дедилар: Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилмишдир. Бизлар эса, шак-шубҳасиз, адашувчилардан бўлдик» (Юсуф: 91). У зот бошқа бировнинг ўзларидан кўра чиройлироқ сўз айтувчи бўлишини истамайдилар», деб ўргатди. Абу Суфён у ўргатганидек қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У деди: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир» (Юсуф: 92) ояти билан жавоб қилдилар. Шундан сўнг Абу Суфён бир қанча байтлар ўқиди. Улар ичида жумладан, шундай мазмундаги сўзлар бор эди: «Қасамки, Лот Муҳаммаддан устун келсин дебЖангга кирган пайтимда мен гумроҳ эканман. Мана энди фурсат етиб ҳидоят топдимЎзим қувиб солган кишим мени Аллоҳга йўллади». لَعَمْرُك إنّي حِينَ أَحْمِلُ رَايَةً لِتَغْلِبَ خَيْلُ اللّاتِ خَيْلَ مُحَمّدلَكَالْمُدْلِجِ الْحَيْرَانِ أَظْلَمَ لَيْلُهُ فَهَذَا أَوَانِي حِينَ أُهْدَى فَأَهْتَدِيهَدَانِي هَادٍ غَيْرُ نَفْسِي وَدَلّنِي عَلَى اللّهِ مَنْ طَرّدْتُ كُلّ مُطَرّد Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўкрагига уриб: «Сиз мени қувиб солган эдингизда-а?», дедилар[8]. Ислом лашкари Марруз-Заҳронга тушади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, одамлар ҳам рўзадор ҳолда борар эдилар. Усфон билан Қудайд ўрталиғидаги Кудайд деган жойга етганларида оғизларини очдилар, одамлар ҳам оғизларини очдилар. Сўнг юришни давом эттириб, хуфтон маҳали Марруз-Заҳронга – Фотима водийсига – бориб тўхтадилар. Лашкарга гулхан ёқишни буюрдилар, ўн мингта гулхан ёқилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни лашкар қўриқчиларига бош этиб тайинладилар. Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида Мусулмонлар Марруз-Заҳронга тушганларидан сўнг Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оқ хачирларини миниб олиб, бирон киши учраб қолса-ю, Қурайшга хабар етказса, шунда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар устига кириб боришларидан олдин ўзлари у зотдан омонлик сўраб истиқболларига чиқишса, деган илинжда айланиб юрди.Аллоҳ Қурайшдан хабарларни тўсиб қўйган, улар қўрқув ва ҳадик ичида, энди нима бўларкин, деб кутиб юришган эди. Шу кеча Абу Суфён атрофдан хабар олиш учун шаҳар ташқарисига чиққан, Ҳаким ибн Хузом ва Будайл ибн Варқоъ ҳам унга ҳамроҳ бўлган эдилар.Аббос айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирларини миниб, айланиб юрган эдим, бирдан қулоғимга Абу Суфён ва Будайл ибн Варқоънинг овозлари чалинди. Абу Суфён: «Ҳеч қачон бу тунгидек кўп гулхан кўрмаган эдим», деган эди, Будайл: «Қасамки, бу Хузоъа қабиласи бўлиши керак, уруш уларни ўт ёқишга мажбур қилган бўлса керак», деди. Абу Суфён: «Йўқ, Хузоъанинг сони анча оз, улар бунча кўп гулхан ёқишмайди», деди.Мен Абу Суфённинг овозини таниб: «Абу Ҳанзаламисан?», дедим. У ҳам менинг овозимни таниб: «Абул Фазл, сенмисан?», деди. Мен: «Ҳа», дедим. «Ўзи нима гап, ота-онам сенга фидо бўлсин?», деб сўради. Мен: «Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг одамлари, тонг отгач Қурайшнинг ҳолига вой бўлади», дедим.«Бирон чораси йўқмикин, ота-онам сенга фидо бўлсин?», деди у. «Қасам ичиб айтаманки, агар сени қўлга туширсалар, албатта бошингни олдирадилар. Яхшиси, сен мана бу хачирга мингашгин-да, мен сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб бориб, сенга омонлик олиб берай», дедим. Шундан сўнг у менинг орқамга мингашди, иккала шериги эса орқага қайтиб кетишди.Мен у билан келарканман, қай бир гулхан ёнидан ўтсам, у ерда ўтирганлар: «Ким бу?», дейишар, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирлари устида кўришгач: «Ҳа, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари, у зотнинг хачирларини миниб олибди», дейишарди. Умар ибн Хаттобнинг гулхани ёнидан ўтаётганимда у ҳам: «Ким бу?», деб сўради ва ўрнидан турди. Абу Суфёнга кўзи тушгач: «Бу Аллоҳнинг душмани Абу Суфён-ку?! Ҳеч қандай сулҳсиз ва битимсиз ҳолатда сени менга келтириб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин!», деди. Сўнг тезлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонга қараб юриб кетди. Мен хачирни тезлатиб, ундан ўзиб кетдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига кириб бордим. Орқамдан Умар кириб келиб: «Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўз оёғи билан келибди, уни менга қўйиб беринг, бошини танидан жудо қилай», деди. Мен: «Ё Расулуллоҳ, мен уни ҳимоямга олдим», дедим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига ўтириб, у зотнинг бошларидан тутиб: «Қасамки, бу кеча мендан бошқа ҳеч ким у зотга мурожаат қилмайди», дедим. Умар бу ҳақда қайта-қайта гапиравергач: «Бас қил, эй Умар! Аллоҳга қасамки, агар бунинг ўрнида Бану Адий ибн Каъб одамларидан бирови бўлганида бу гапингни айтмаган бўлардинг», дедим. Шунда Умар: «Шошма, эй Аббос! Аллоҳга қасамки, сенинг мусулмон бўлишинг мен учун отам Хаттобнинг – агар у Исломни қабул қилса – мусулмон бўлишидан ҳам суюмлироқдир. Сабаби, мен биламанки, сенинг мусулмон бўлишингдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хаттобнинг мусулмон бўлишидан кўра кўпроқ севинадилар», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аббос, уни ўзингиз билан олиб кетинг. Эрталаб менинг олдимга олиб келасиз», дедилар. Эрталаб мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кўзлари тушгач: «Шўринг қурисин, эй Абу Суфён, сенга бир Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқлигини билиш фурсати келмадими?!», дедилар. У: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз нақадар ҳалим, нақадар бағрикенг ва нақадар силаи раҳм қилувчи зотсиз! Дарҳақиқат, ўзим ҳам ўйладим, агар Аллоҳдан ўзга бошқа бирон илоҳ бўлганида, аллақачон менга бирон фойдаси теккан бўларди», деди.«Шўринг қурисин эй Абу Суфён, сенга менинг Аллоҳнинг Расули эканимни билиш вақти келмадими?!», дедилар. У: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз нақадар ҳалим, нақадар бағрикенг ва нақадар силаи раҳм қилувчи зотсиз! Аммо бу хусусда ҳануз кўнгилда иккиланиш бор», деди. Шунда Аббос: «Ҳой шўринг қуригур! Бошингдан ажраб қолмасингдан туриб исломни қабул қилиб, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ», деб гувоҳлик бера қолсангчи!», деди. Шундан сўнг Абу Суфён шаҳодат калималарини айтиб, Исломни қабул қилди.Аббос: «Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён фахрни яхши кўрадиган одам, унга бирон илтифот кўрсатиб қўйсангиз бўларди», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хўп, ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, у омонликда! Ким уйига кириб, эшигини беркитиб олса, у омонликда! Ким Масжиди Ҳаромга кириб олса, у омонликда!», деб эълон қилдилар. Ислом лашкари Марруз-Заҳронни тарк этиб, Маккага йўл олади Шу куни – 8-ҳижрий рамазон ойининг ўн еттинчиси, сешанба куни – тонг пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Марруз-Заҳронни тарк этиб, Маккага йўл олдилар. Абу Суфён Аллоҳнинг лашкарларини бир кўриб қўйсин, деган мақсадда Аббосга уни даранинг тор бир жойида тўхтатиб туришни тайинладилар. Аббос уни айтилган жойда тўхтатиб турди. Қабилалар ўз байроқларини кўтариб унинг олдидан ўта бошладилар. Ҳар бир қабила ўтаётганида Абу Суфён: «Ким булар, эй Аббос?», деб сўрар, Аббос уларнинг номини айтиб, масалан: «Бу Сулайм», деса: «Сулаймнинг менга нима дахли бор», деб қўяр, кейинги қабила ўтаётганида яна: «Эй Аббос, булар кимлар?», деб сўрар, «Бу Музайна», деса: «Музайнанинг менга нима дахли бор», дер эди. Шу тариқа ҳар бир ўтиб бораётган қабила ҳақида сўраб туриб, бу қабиланинг унга дахли йўқлигини айтар эди. Охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлардан иборат катта бир гуруҳ билан ўтдилар, уларнинг темир дубулғалари ичидан фақат кўзлари кўриниб турарди. Абу Суфён: «Субҳаналлоҳ, эй Аббос, булар кимлар?», деб сўради. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлар ҳамроҳлигида ўтиб бормоқдалар», деди Аббос. «Буларга ҳеч қандай куч-қувват бас кела олмайди», деди Абу Суфён, сўнг: «Эй Абул Фазл, қасамки, бугун жиянингнинг мулки жуда улканлашиб кетибди», деди. Аббос: «Эй Абу Суфён, бу мулк эмас, нубувват!», деган эди, «Ҳа, шундай», деди.Саъд ибн Убода ансорларнинг байроқдори эди. У Абу Суфённинг олдидан ўтаётиб: «Бугун қирғинбарот кунидир, бугун ҳурматлар ҳалол қилинадиган (яъни, Ҳарамда ҳам жанг қилиш мумкин бўладиган) кундир, бугун Аллоҳ Қурайшни хор қилди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённинг ёнидан ўтаётганларида у: «Ё Расулуллоҳ, Саъд айтган гап тўғрими?», деб сўради. «У нима деди?», дегандилар: «Шундай-шундай, деб айтди», деди. Усмон билан Абдурраҳмон ибн Авф: «Ё Расулуллоҳ, Саъд Қурайшни қирғин қилишдан ҳам тоймайди, деб қўрқамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, аксинча, бугун Каъба улуғланадиган кун, бугун Аллоҳ Қурайшни азиз қилган кун», дедилар, сўнг Саъдни чақиртириб, ундан байроқни олиб қўйдилар ва унинг ўғли Қайсга бердилар. Бу билан байроқ Саъддан бутунлай олиб қўйилмаганини англатдилар. Баъзи ривоятларда уни Зубайрга олиб бердилар ҳам дейилган. Қурайш учун кутилмаган ҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённинг ёнидан ўтиб кетганидан сўнг Аббос унга: «Қавмингни қутқариб қолишга шошил!», деди. Шундан сўнг Ау Суфён елдек учиб Маккага кириб борди ва бор овози билан: «Эй Қурайш жамоаси! Муҳаммад сизлар унга асло бас келолмайдиган катта қўшин билан келмоқда! Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, у омонликда!», деб қичқирди. Шунда хотини Ҳинд унинг мўйловига чанг солиб: «Ўлдиринглар (қавмига «хушхабар» етказаман деб югуравериб) оёқлари шилиниб кетган бу бақалоқ ёғидишни (бочкани)! Душманнинг элчиликка топган одамини қаранг-а!», деб ўкирди. Абу Суфён унга парво қилмай: «Ҳой шўринг қурғурлар! Бунинг гапига алданиб қолманглар! Муҳаммад ҳақиқатдан ҳам сизлар бас келолмайдиган қўшин билан келган! Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, у омонликда!», деб қичқирди. Одамлар: «Аллоҳ сени ҳалок қилсин! Ҳовлинг бизга нима қилиб берарди?!», дейишди. У яна: «Ким уйига кириб, эшигини беркитиб олса, у омонликда! Ким Масжидга кириб олса, у омонликда!», деб қичқирди. Шундан сўнг одамлар уйларига ва масжидга қараб тарқалиб кетишди, қаланғи-қасанғи ва жанжалкаш кимсаларни ишга солиб қўйиб: «Буларни қўшин қаршисига чиқарамиз, иш Қурайш фойдасига оғса, биз ҳам буларга қўшиламиз, аксинча бўлса, ўзимиздан сўралган нарсани беришга мажбур бўламиз», дейишди. Қурайшнинг енгилтак ва нодон кишилари эса Икрима ибн Аби Жаҳл, Сафвон ибн Умайя ва Суҳайл ибн Амрга қўшилишиб, мусулмонларга қарши жанг қилиш учун Хандамада тўпланишди. Улар ичида Бану Бакр қабиласидан Ҳимос ибн Қайс деган одам ҳам бўлиб, у аввалроқ қуролларини тайёрлаётганида хотини ундан: «Бу нима тайёргарлик?», деб сўраган, у: «Муҳаммад ва унинг асҳобларига қарши жангга», деганди. Хотини: «Муҳаммаднинг қўшинига ҳеч ким бас келолмайди», деганида у: «Умид қиламанки, улардан баъзиларини сенга хизматкор қилиб бераман», деганди ва қуйидаги шеърни ўқиганди:Ғаним бостириб келсаМен тайёрман урушга.Ўткир қилич-у найзамТахт душманни қиришга. Шу одам ҳам Хандамада йиғилганлар орасида эди. Ислом лашкари Зу-Тувода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларида давом этиб, Зу-Тувога етиб келдилар. Аллоҳ таолога У ато этган буюк фатҳ шукронасини бажо келтириб, тавозе билан бошларини эгиб олган, соқоллари эгарнинг қошига тегиб борар эди. Шу ерда лашкарни тақсимладилар. Холид ибн Валидни ўнг қанотга бош қилиб, Макканинг қуйи тарафидан киришга амр қилдилар. Аслам, Сулайм, Ғифор, Музайна, Жуҳайна каби араб қабилалари Холиднинг гуруҳига кирганди. Унга: «Агар Қурайш қаршилик кўрсатса, қиличдан ўтказинглар, сизлар билан Сафода учрашамиз», дедилар.Зубайр ибн Аввомни чап қанотга бош қилиб тайинладилар, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқдори бўлди. Унга Макканинг юқори тарафидан – Кадоъдан – кириб боришни ва Ҳажунга байроқ тикиб, у зотни ўша ерда кутиб туришни тайинладилар.Абу Убайдани пиёдаларга ва қуролсиз кишиларга бош қилдилар, унга Батни Водийни эгаллашини, Маккага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида кириб боришини буюрдилар. Ислом лашкари Маккага кириб келади Қўшиннинг қисмлари ўзларига белгилаб берилган йўналишлар бўйича ҳаракатланиб, Маккага кириб бордилар.Холиднинг гуруҳи йўлда учраган мушрикларни тинчитиб бораверди. Унинг гуруҳидаги мусулмонлардан Курз ибн Жобир ал-Фиҳрий билан Хунайс ибн Холид ибн Рабиъа ҳалок бўлди. Бу иккаласи лашкардан ажралиб, бошқа йўлга тушиб қолишганди. Холид ибн Валид Хандамада Қурайшнинг нодон жангарилари билан тўқнашиб, ўртада бир оз жанг кечди. Мушриклар ўн икки жангчисидан айрилиб, орқага чекинишди. Мусулмонларга қарши жангга қуролларини тайёрлаган ҳалиги Ҳимос ибн Қайс исмли кимса ҳам чекиниб, зўрға уйига етиб олди ва хотинига эшикни танбалаб олишни буюрди. Хотини: «Ҳалиги айтган баландпарвоз гапларингиз қаерда қолди?!», деб сўраган эди, қуйидаги мазмундаги шеър билан жавоб берди: Бугун ўзинг Хандамада бўлганингда,Не ҳодиса бўлганини кўрганингда,Кўрганингда Икрималар қочишини,Сафвонларнинг теру қонга ботишини,Эшитсайдинг қиличларнинг жарангини,Мусулмонлар тортган наъра оҳангини,Қилмас эдинг мени бундоқ кин-маломат,Севинардинг қайтганимга соғ-саломат. Холид Макка ичида кезиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Сафода учрашди.Зубайр эса илгарироқ бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқларини Ҳажунга – Фатҳ масжиди ўрнига – тикди, у ерда бир чодир ўрнатиб, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келгунларига қадар шу ерда турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжиди Ҳаромга кириб, уни бутлардан тозалайдилар Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлар қуршовида Масжиди Ҳаромга кириб келдилар. Ҳажари асвад ёнига келиб, уни ўпдилар, Байтуллоҳни тавоф қилдилар. Байтуллоҳ атрофида 360та бут-санам бор эди. Қўлларидаги камон билан уларни туртиб: «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир» (Исро: 81), «Айтинг: «Ҳақ келди (ва ботил-динсизлик йўқ бўлди.) Энди ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас» (Сабаъ: 49) дердилар, бутлар юзтубан қуларди.Тавофни туялари устида ўтирган ҳолда қилдилар, у куни эҳром киймаган эдилар, тавоф билан кифояландилар. Тавофдан сўнг Усмон ибн Талҳани чақириб, ундан Каъбанинг калитини олдилар ва Каъба эшигини очтириб, унинг ичига кирдилар. Каъба ичида суратлар бор эди. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларнинг фолчўплар билан фол кўраётганлари тасвирланган суратни кўриб: «Аллоҳ мушрикларни ҳалок қилсин, қасамки, икковлари ҳам асло фол кўрмаганлар», дедилар. Каъба ичида ёғочдан ясалган кабутар тимсолини кўриб, уни ўз қўллари билан синдириб ташладилар, суратларни ўчиртириб ташладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Каъба ичида намоз ўқишлари, сўнг Қурайш олдида хутба қилишлари Сўнгра Каъба эшигини ичкаридан беркитдилар, Усома ва Билол ҳам бирга эдилар, эшик қаршисидаги деворга юзланиб, девордан уч газ берида турдилар, иккита устунни чап томонларига, битта устунни ўнг томонларига, учта устунни орқа томонларига қилган ҳолларида икки ракъат намоз ўқидилар – у пайтда Байтуллоҳнинг олтита устуни бор эди – сўнг Байтуллоҳ ичида айланиб юриб, унинг ҳамма томонида такбир ва тавҳид калималарини айтдилар, сўнг эшикни очдилар. Қурайш у зот нима қилишларини кутиб, масжидни тўлдириб саф-саф бўлиб туришарди. Эшик остонаси устида туриб, қўлларини эшикнинг икки кесакисига қўйиб, шундай хутба қилдилар:«Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқ, У ёлғиздир, Унинг шериги йўқдир, У ваъдасига вафо қилди, бандасига нусрат берди, гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб этди. Билиб қўйинглар, барча ўч олиш, мол ёки қон менинг ушбу икки оёғим остидадир. Фақат Байтуллоҳнинг мутасаддилиги ва ҳожиларни суғориш бундан мутаснодир. Билиб қўйинглар, қасдсиз – қамчи ва асо билан – одам ўлдириш худди қасддан ўлдирган кабидир, унинг дияси (хун пули) оғир: юз туя, ундан қирқтаси бўғоз бўлиши керакдир. Эй Қурайш жамоаси! Аллоҳ сизлардан жоҳилият такаббурлигини ва ота-боболар билан фахрланишни кетказди. Барча инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдандир». Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни танишинглар учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13). Бу кун сизлар айбланмайсиз Сўнгра: «Эй Қурайш жамоаси! Мени сизларга қандай муомала қилади деб ўйлайсизлар?», деб сўрадилар. Улар: «Яхшилик! Улуғ биродар ва улуғ биродарнинг ўғли!», деб жавоб беришди. Шунда: «Мен сизларга Юсуф ўз оғаларига айтганидек: «Бу кун сизлар айбланмайсиз» деб айтаман. Бораверинглар, сизлар озодсизлар», дедилар. Каъбанинг калити ўз эгаларига қайтарилади Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда ўтирдилар. Алий розияллоҳу анҳу қўлида Каъбанинг калитини тутганича: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ сизга саловоту саломлар йўлласин, бизга ҳижобат (яъни Каъбага тегишли ишларга мутасаддилик) билан сиқояни (яъни, ҳожиларни замзам билан суғоришни) жамлаб берсангиз», деди. Бир ривоятда: Бу сўзни айтган киши Аббос эди, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Усмон ибн Талҳа қани?», дедилар. Уни чақириб келинди. Унга: «Калитингизни олинг, эй Усмон! Бугун яхшилик ва вафо кунидир», дедилар. Ибн Саъд «Табақот»да ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга калитни бераётиб: «Олинглар, у тоабад сизларда бўлади. Уни сизлардан фақат золимгина тортиб олиши мумкин. Эй Усмон, Аллоҳ сизларни Ўз Уйига омонатдор қилди. Энди шу Уй ортидан сизларга келадиган нарсалардан яхшилик билан еяверинглар!», дедилар. Билол Каъба устида азон айтади Намоз вақти бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга Каъба устига чиқиб азон айтишни буюрдилар. Абу Суфён ибн Ҳарб, Аттоб ибн Усайд ва Ҳорис ибн Ҳишом Каъба тагида ўтирган эдилар. Аттоб: «Аллоҳ Усайдни (яъни, отамни) мукаррам қилган экан, бу гапларни эшитмай ўтиб кетди, эшитганда жизғанаги чиқиб қоларди», деди. Ҳорис: «Аммо, мен Аллоҳга қасамки, агар унинг ҳақлигини билсам, албатта эргашардим», деди. Абу Суфён: «Қасамки, мен ҳеч нарса демайман. Агар гапирсам, мана бу майда тошлар ҳам гапимни етказишади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига чиқиб келиб: «Сизлар нима деганларингизни биламан», дедилар ва уларга ўзлари айтган гапларни айтиб бердилар.Шунда Ҳорис ва Аттоб: «Гувоҳлик берамизки, сиз ҳақиқатан Аллоҳнинг пайғамбари экансиз. Аллоҳга қасамки, бу гапларимизни ўзимиздан бошқа бирон киши эшитмаган эдики, сизга бориб етказибди деб ўйласак», дейишди. Фатҳ намози ёки шукр намози Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳониъ бинт Аби Толибнинг ҳовлисига кириб, ғусл қилдилар ва унинг уйида саккиз ракъат намоз ўқидилар. Чошгоҳ вақти бўлгани учун баъзилар буни чошгоҳ намози деб гумон қилишади. Аслида, бу фатҳ намози эди. Умму Ҳониъ ўзининг иккита қайноғасини ўз ҳимоясига олганини айтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз ҳимоянгизга олган кишини биз ҳам ҳимоямизга олдик, эй Умму Ҳониъ!», дедилар. Чунки, Умму Ҳониънинг иниси Алий ибн Аби Толиб у иккисини ўлдирмоқчи бўлганда Умму Ҳониъ уларни уйга киритиб, устидан қулфлаб қўйганди. Шундан сўнг у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақда айтганида у зот ҳалиги жавобни бердилар. Бир неча ашаддий жиноятчини қатл қилишга буюришлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куни тўққиз нафар энг катта жиноятчи кимсаларнинг қонларини ҳалол қилдилар, уларни агарчи Каъбанинг пардаси остида бўлсалар ҳам тутиб ўлдиришга буюрдилар. Улар Абдулуззо ибн Хатол, Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Аби Сарҳ, Икрима ибн Аби Жаҳл, Ҳорис ибн Нуфайл ибн Ваҳб, Мақис ибн Субоба, Ҳаббор ибн Асвад, Ибн Хатолга тегишли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўп ҳажв қилиб қўшиқ айтиб юрган иккита қўшиқчи қиз, Бану Абдилмутталиб қавмига қарашли Сора исмли бир чўри аёл. Ҳотибнинг хати шу аёлдан топилганди.Булардан Ибн Аби Сарҳни Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб келиб, омонлик тилаб, жонини сақлаб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бирон киши туриб, уни ўлдиришини истаб, бир муддат унга омонлик бермай турдилар, кейин Исломини қабул қилдилар. Чунки, у аввал Исломни қабул қилиб, ҳижрат ҳам қилган, кейин муртад бўлиб, Маккага қайтиб кетган эди.Икрима ибн Аби Жаҳл Яманга қочиб кетди. Аёли унга омонлик тилаб келган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам омонлик бердилар. Шундан сўнг аёли бориб, уни қайтариб келди. У Исломни қабул қилди ва исломи гўзал бўлди.Ибн Хатол Каъбанинг пардасига осилиб олган эди. Бир киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга буни айтганида: «Ўлдир!», дедилар. У бориб, уни ўлдирди.Мақис ибн Субобани эса Нумайла ибн Абдуллоҳ ўлдирди. Мақис аввал мусулмон бўлган, кейин бир ансорийга тажовуз қилиб, уни ўлдирган ва муртад бўлиб, мушрикларга келиб қўшилган эди.Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Маккадаликларида кўп озор берганди, уни Алий қатл қилди.Ҳаббор ибн Асвад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Зайнаб ҳижратга чиқиб кетаётганида уни уриб йиқитган, Зайнаб тошга йиқилиб, ҳомиласидан айрилган эди. Ҳаббор Макка фатҳи куни қочиб кетди, кейин Исломни қабул қилиб, исломи гўзал бўлди.Қўшиқчи қизлардан бири қатл қилинди, яна бирига омонлик тиланиб, жони сақланиб қолди ва мусулмон бўлди. Сора ҳам омонлик олиб, мусулмон бўлди.Ибн Ҳажар ёзади: Абу Маъшарнинг зикр қилишича, қони ҳалол қилинганлар орасида Ҳорис ибн Талотил ал-Хузоъий ҳам бор эди, уни Алий қатл қилди. Ҳокимнинг зикр қилишича, қони ҳалол қилинганлар ичида Каъб ибн Зуҳайр ҳам бор эди. Унинг қиссаси машҳур. Кейинроқ у келиб, мусулмон бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мадҳ этди. Улар ичида Ваҳший ибн Ҳарб ҳам бор эди. Абу Суфённнг хотини Ҳинд бинт Утба ҳам бор эди, у мусулмон бўлди. Ибн Хатолнинг чўриси Арнаб ҳам қатл қилинди, Умму Саъд қатл қилинди. Ибн Исҳоқ ушбу номларни келтириб, саноқни саккизта эркак ва олтита аёлга етказган. Эҳтимолки, Арнаб билан Умму Саъд ҳалиги иккита қўшиқчи қиз бўлсалар, уларнинг исмлари куня ва лақаблари эътибори билан бошқача қилиб айтилган бўлиши мумкин[9]. Сафвон ибн Умайя ва Фазола ибн Умайрнинг Исломни қабул қилишлари Сафвоннинг номи қатл қилишга буюрилган кишилар ичида йўқ эди. Бироқ, у Қурайшнинг энг катта раҳбарларидан бўлгани учун ўз жонига хавф қилиб, қочиб кетган эди. Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан унга омонлик сўраган эди, у зот омонлик бердилар, бунинг тасдиғи сифатида Маккага кийиб келган саллаларини ҳам бериб юбордилар. Умайр Сафвоннинг ортидан бориб, уни Жиддада Яманга борувчи кемага минмоқчи бўлиб турган жойидан қайтариб олиб келди. Сафвон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан икки ой ўз ихтиёрига қўйишларини сўради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тўрт ой ихтиёр бердилар. Сўнг Сафвон Исломни қабул қилди. Аёли ундан олдин мусулмон бўлганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни аввалги никоҳларида қолдирдилар.Фазола журъатли киши эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавоф қилаётганларида у кишини ўлдириш мақсадида ёнларига яқинлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўнглидаги ниятини айтиб бердилар, шунда у мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳнинг иккинчи кунида қилган хутбалари Фатҳнинг эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтиб, Уни Ўзига лойиқ бўлганидек улуғладилар, сўнг шундай дедилар: «Эй одамлар! Албатта, Аллоҳ Маккани осмонлару ерни яратган кунида Ҳаром (ҳурматли) қилган, у Аллоҳнинг ҳаром қилиши билан то қиёматгача ҳаромдир. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳеч бир киши учун унда қон тўкиш, унинг ўт-ўланларини юлиб-синдириш ҳалол бўлмайди. Агар бирон кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унда жанг қилганини баҳона қил(иб қон тўкмоқчи бўл)са, айтингларки, Аллоҳ Ўз Расулига изн берди, сизларга изн бермади. Менга ҳам фақат куннинг маълум соатидагина изн берди. Бугун унинг ҳурмати кеча қандай бўлса ўшандай ҳолига қайтди. Ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказиб қўйсин».Бир ривоятда: «Унинг тикани буталмайди, ови ҳуркитилмайди, унда тушириб қолдирилган нарсалар олинмайди – танитиш учун олган киши бундан мустасно, – ўти юлинмайди», дедилар. Шунда Аббос: «Ё Расулуллоҳ, фақат изхирга (хушбўй ўсимлик) рухсат беринг, чунки уни уйларига ва темирчиликка ишлатишади», деган эди, «Фақат изхирга рухсат», дедилар.Ўша куни Хузоъа ўзларининг жоҳилият пайтида ўлдирилган битта одами учун Бану Лайсдан бир кишини ўлдиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу хусусда сўзлаб: «Эй Хузоъа жамоаси, одам ўлдиришдан қўлингизни тийинглар! Гарчи фойдаси бўлса ҳам, қатл кўпайиб кетди. Сизлар бир одамни ўлдирибсиз, мен албатта унинг хун пулини тўлайман. Шу вақтдан эътиборан ким бировни ўлдирса, унинг аҳли икки ишдан бирига ихтиёрлидир: истасалар қотилнинг қонини тўкадилар, истасалар хун пулини оладилар», дедилар.Бир ривоятда: Яман аҳлидан бўлган Абу Шоҳ исмли бир киши туриб: «Ё Росулуллоҳ, (ушбу хутбани) менга ёзиб беринг» деган эди, у зот: «Абу Шоҳга ёзиб беринглар» дедилар[10]. Ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада қолиб кетадилар деб хавотирга тушишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг киндик қонлари тўкилган ерлари ва ватанлари бўлмиш Макка фатҳ этилгач, ансорлар ўзаро: «Нима дейсизлар, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз ерлари ва шаҳарларини фатҳ қилиб бергач, энди шу ерда қолиб кетмасмикинлар?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу пайтда Сафо тоғида қўл кўтариб дуо қилиб турган эдилар. Дуоларидан фориғ бўлгач: «Нима дедингизлар?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ, ҳеч нарса, ё Расулуллоҳ», дейишди. Қайта-қайта сўраганларидан кейин нима деганларини айтиб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, Аллоҳ сақласин, энди ҳаётим ҳам, мамотим ҳам сизлар билан», дедилар. Байъат олишлари Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга Маккани фатҳ қилиб бергач, Макка аҳлига ҳақиқат зоҳир бўлди ва Исломдан ўзга нажот йўли йўқлигини билишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсунишиб, байъат беришга йиғилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тоғида ўтириб, одамлардан байъат олдилар, Умар ибн Хаттоб сал пастроқда туриб, одамларнинг байъатини қабул қилиб турарди. Улар у зотга қўлдан келганича қулоқ солиш ва итоат қилишга байъат бердилар.«Мадорик»да айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркаклардан байъат олиб бўлгач, аёллардан байъат ола бошладилар. У зот Сафода, Умар сал пастроқда ўтириб, у зотнинг амрлари билан аёллардан байъат қабул қилар ва уларга у зотнинг сўзларини етказиб турарди. Абу Суфённинг аёли Ҳинд бинт Утба ҳам байъат беришга келди, у Ҳамзага қилган қилмиши туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни таниб қолишларидан қўрқиб, қиёфасини ўзгартириб олганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга: «Мен сизлар билан Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмасликларингга байъатлашаман», дедилар. Умар аёллардан Аллоҳга ширк келтирмасликка байъат қабул қилди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ва ўғирлик қилмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Абу Суфён хасис одам, мен унинг молидан олсам, ёмон бўладими?», деб сўради. Шунда Абу Суфён: «Нима олсанг, сенга ҳалол», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар ва уни таниб: «Сен Ҳиндмисан?», дедилар. У: «Ҳа, ўтган ишларни кечиринг ё Расулуллоҳ, Аллоҳ сизни кечирсин», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ва зино қилмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Озод-ҳур аёл ҳам зино қиладими?!», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ўз болаларини ўлдирмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Биз уларни кичикликларидан тарбия қилиб бердик, катта бўлишгач, сизлар уларни ўлдирдингизлар, сизлар ва улар буни яхши биласизлар», деди – Унинг ўғли Ҳанзала ибн Аби Суфён Бадр куни ўлдирилган эди, – унинг бу гапидан Умар кулавериб, думалаб қолди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса табассум қилиб қўйдилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ва бўхтон қилмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Қасамки, бўҳтон қабиҳ ишдир, сиз бизни фақат тўғрилик ва улуғ ахлоққа буюрасиз», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «биронта ҳам яхши ишда бизга итоатсизлик қилмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Аллоҳга қасамки, кўнглимизда сизга итоатсизлик қилиш фикри бўлса, бу ерда ўтирмас эдик», деди.Қайтиб келгач, Ҳинд бут-санамини синдириб ташлади ва: «Биз сен билан алданиб юрган эканмиз», деди[11].«Саҳиҳ»да айтилишича, Ҳинд бинт Утба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен ер юзида сизнинг хонадон аҳлингиздан кўра хор бўлишини истаган бирон хонадон аҳли йўқ эди. Энди бугун ер юзида мен учун сизнинг хонадон аҳлингиздан кўра азизроқ бўлишини истаган бирон хонадон аҳли йўқдир. Яна, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, ё Расулуллоҳ, Абу Суфён хасис одам, унинг молидан оиламизга едирсам, менга гуноҳ бўладими?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фақат яхшилик билан инфоқ қилсанг, зарари йўқ», дедилар[12]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада туришлари ва унда қилган ишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада одамларни ҳидоят ва тақвога йўллаб ва Ислом рамз-белгиларини янгилаб ўн тўққиз кун турдилар. Шу кунлар мобайнида Абу Усайд ал-Хузоъийга буюриб, Ҳарам ҳудудини янгилатдилар, Исломга даъват қилиш учун ва Макка атрофидаги бут-санамларни буздириш учун сарийялар юбордилар. Барча бут-санамлар синдирилиб, Маккада: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, уйида бирорта ҳам санамни қўймай, синдириб ташласин!», деб жар солинди. Юборилган сарийялар 1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳдан хотиржам бўлганларидан сўнг 8-ҳижрий рамазон ойидан беш кун қолганда Холид ибн Валидни Уззо номли бутни бузиш учун юбордилар. Уззо Қурайшнинг ва барча Бану Кинонанинг энг катта бтуи бўлиб, Нахла деган жойда эди. Унинг мутасаддилиги Бану Шайбон қабиласи қўлида эди. Холид ўттиз отлиқ билан бориб, уни бузиб ташлади. Қайтиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Бирон нарса кўрдингизми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деган эди: «Сиз уни бузмабсиз. Боринг, қайтадан бузиб келинг!», дедилар. Холид ғазаб билан қиличини яланғочлаб қайтиб борган эди, яланғоч, сочлари тўзғиган бир қора хотин унинг олдига чиқиб келди. Бутга қараб турувчи ходим унга қичқира бошлади. Холид у хотинни қиличи билан чопиб иккига бўлиб ташлади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтиб, у зотни бу ишдан хабардор қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, Уззо ўша эди. Дарҳақиқат, у сизларнинг юртингизда маъбуда бўлишдан абадул-абад умидини узди», дедилар.2) Шу ойда Амр ибн Осни Сувоъ номли бутни бузиб келиш учун юбордилар. У Ҳузайл қабиласининг бути бўлиб, Макканинг шимоли-шарқида 150 километр узоқликдаги Риҳот деган жойда эди. Амр ибн Ос бут ёнига етиб борганида ходим ундан: «Нима қилмоқчисан?», деб сўради. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бу бутни бузишимни буюрганлар», деди Амр. «Бу сенинг қўлингдан келмайди», деди у. «Нега?», деган эди, «У бунга йўл қўймайди», деди. «Сан ҳали ҳам ботилда юрибсанми?! Шўринг қурисин, бу ўзи эшитадими ё кўрадими?!», деди Амр, сўнг бориб бутни синдириб ташлади. Шерикларига буюриб, унга тегишли хонани ҳам буздириб юборди. Унинг ичидан ҳеч нарса топмадилар. Сўнг Амр: «Энди нима дейсан?!», деди ходимга. У: «Аллоҳга таслим бўлдим», деди.3) Шу ойнинг ўзида Саъд ибн Зайд ибн ал-Ашҳалийни йигирмата отлиқ билан Манотни бузишга юбордилар. Манот Қудайднинг Мушаллал деган жойида бўлиб, Авс, Хазраж, Ғассон ва бошқа қабилалар бути эди. Саъд келганида бутнинг ходими ундан: «Нима истайсан?», деб сўради. «Манотни бузмоқчиман», деган эди, «Билганингни қил», деб ундан четланди. Саъд бутга яқинлашган чоқ яланғоч, сочлари тўзғиган бир қора хотин чиқиб, кўкрагига муштлаб, дод сола бошлади. Ходим унга: «Эй Манот, сенга осий бўлган кимсалардан бири қаршингда турибди!», деди. Шунда Саъд у хотинни қатл қилди ва бутни синдириб, вайрон қилди. Унга қарашли хонадан ҳеч нарса топилмади.4) Холид ибн Валид Уззони вайрон қилиб келганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни шу йилнинг шавволида Бану Жузайма қабиласига жанг қилиш учун эмас, уларни Исломга даъват қилиш учун юбордилар. У 350 кишилик муҳожирлар, ансорлар ва Бану Сулаймликлардан ташкил топган жамоа билан йўлга чиқди ва улар ҳузурига етиб бориб, Исломга даъват қилди. Улар ўз динларидан чиқиб, исломни қабул қилганларини англатиш мақсадида «мусулмон бўлдик», деб айтиш ўрнига «собиъ бўлдик, собиъ бўлдик» (яъни, диндан чиқдик), дея бошлашди. Шунда Холид уларни ўлдиришга ва асир олишга буюрди, сўнг олинган асирларни қўли остидагиларга биттадан бўлиб берди. Кейин бир куни уларга ўз асирларини ўлдиришни буюрди. Ибн Умар ва асҳоблари буйруққа бўйсунишдан бош тортишди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтгач, бўлган воқеани айтиб берганларида у зот қўлларини кўтариб, икки марта: «Эй Парвардигор! Мен Холиднинг қилган ишидан поклигимни Сенга эълон қиламан», дедилар[13].Фақат Бану Сулайм ўз асирларини ўлдиришган, муҳожир ва ансорлар ўлдирмаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алийни юбордилар, у ўлдирилган кишиларнинг диясини (хун пулини) ва улар кўрган талафотларни тўлаб келди. Шу иш хусусида Холид билан Абдураҳмон ибн Авф жанжаллашиб қолгандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бунинг хабари етгач: «Шошма эй Холид! Асҳобларимни тинч қўй! Аллоҳга қасамки, Уҳуд тоғича олтининг бўлиб, уни Аллоҳ йўлида сарф қилсанг ҳам, асҳобларимдан бирининг эрталаб ёки кечқурун қилган озгина амалига етолмайсан», дедилар[14]. Макка фатҳи ғазоти тафсилоти мана шундан иборат. У бутпарастликни таг-томири билан йўқотиб ташлаган ва Арабистон ярим оролида унинг сақланиб қолишига ўрин ҳам, сабаб ҳам қолдирмаган ҳал қилувчи ғазот ва буюк ғалаба бўлди. Жуда кўп қабилалар мусулмонлар билан бутпарастлар ўртасида кечаётган тўқнашув ва жанглар охири нима билан тугашини кутиб туришар, ким ҳақ бўлса, ўша Ҳарам устидан ҳукмронликни қўлга киритишини жуда яхши билишар, бундай ишонч-эътиқод уларда ярим аср илгари, фил эгалари бу Байтни истило қилиш қасдида келганида ҳалокатга дучор бўлиб, қурт-қумурсқалар томонидан чайнаб ташланган сомонга ўхшаб қолган пайтда шаклланган эди.Ҳудайбия сулҳи мана шу фатҳга тайёрланиш ва унинг муқаддимаси бўлган эди. Чунки, айни шу сулҳдан кейин одамлар эмин-эркин ҳаракатланишга қодир бўлишган, бир-бирлари билан бемалол сўзлашиш ва баҳсу мунозаралар олиб бориш имкониятига эга бўлишган, бунинг оқибатида жуда кўп кишилар Исломни қабул қилиш бахтига мушарраф бўлган эдилар. Буни шундан ҳам билса бўладики, ўтган урушларда уч мингдан зиёд жангчиси бўлмаган ислом лашкари мана шу ғазотга келиб ўн минг нафарга етган эди.Ушбу ҳал қилувчи жанг одамларнинг кўзларини очди ва уларни Исломдан тўсиб турган охирги тўсиқларни ҳам олиб ташлади. Ушбу фатҳ орқали мусулмонлар бутун Арабистон ярим ороли устидан ўз назоратларини ўрнатдилар ва ҳам диний, ҳам дунёвий етакчиликни тўлалигича ўз қўлларига олдилар.Ҳудайбия сулҳидан кейин мусулмонлар фойдасига айлана бошлаган даврон чархпалаги ушбу фатҳ ортидан бутунлай мусулмонлар манфаатига ишлай бошлади. Арабларнинг қавму қабилалари олдида энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бош эгиб келиш ва Исломни қабул қилиш ҳамда унинг даъватини оламга ёйилишига кўмак кўрсатишдан ўзга йўл қолмади.
[1] Зодул маод: 2/160.[2] Абдулмутталиб давридан давом этиб келаётган Хузоъа билан Бану Ҳошим ўртасидаги иттифоққа ишора.[3] Абдуманофнинг онаси – яъни Қусойнинг аёли Ҳуббо – хузоъалик эканига ишора.[4] Исломни қабул қилган эканликларига ишора.[5] Барид – 12 милга тенг узунлик ўлчови.[6] Ушбу сарийя йўлда Омир ибн Азбат деган кишига дуч келди. У уларга исломий салом билан салом берди. Бироқ, сарийя аъзоларидан Муҳаллим ибн Жассома уни ўзаро адовати туфайли ўлдириб, туясини ва матоларини қўлга киритди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, қачон Аллоҳ йўлида жиҳод учун сафарга чиқсангиз (душманларингизни) аниқ таниб олинглар ва бу ҳаёти дунёнинг нарсасини истаб сизларга салом берган кишига: «Сен мўмин эмассан!» деманглар! Зеро, Аллоҳнинг ҳузурида беҳисоб ўлжалар бордир» (Нисо: 94) оятини нозил қилди. Улар Муҳаллимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга истиғфор айтсалар деган умидда у зот ҳузурига олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз олдиларида кўргач, уч бор: «Эй Аллоҳим, Муҳаллимни мағфират қилмагайсан», дедилар. Шундан сўнг у кўз ёшларини этагига артганича ўрнидан турди. Ибн Исҳоқ ривоят қилишича, унинг қавми кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга истиғфор айтдилар, деган экан. Қаранг: Зодул маод: 2/150, Ибн Ҳишом: 2/626-628.[7] Саҳиҳул Бухорий: 1/422, 2/612.[8] Ибн Ҳишом: 4/41, 42, Байҳақий: Далоилун-нубувва: 5/28.Шундан сўнг Абу Суфённинг исломий ҳаёти жуда гўзал кечди. Айтишларича, у Исломни қабул қилган кунидан бошлаб уялганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига тик боқмаган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уни яхши кўрардилар, унга жаннат башоратини берганлар ва: «У Ҳамзанинг ўринбосари бўлади, деб умид қиламан», деганлар. Вафоти яқинлашганда: «Менга йиғи-сиғи қилманглар, Аллоҳга қасамки, мен Исломни қабул қилганимдан бери тилимдан ёмон сўз чиқмади», деган экан (Зодул маод: 2/162, 163).[9] Фатҳул Борий: 8/11, 12.[10] Юқоридаги ривоятлар ушбу манбалардан олинди: Саҳиҳул Бухорий: 1/22, 216, 247, 328, 329, 2/615, 617, Саҳиҳ Муслим: 1/437-439, Ибн Ҳишом: 2/415, 416, Абу Довуд: 1/276.[11] Насафий: Мадорикут-танзил: Байъат ояти тафсири.[12] Саҳиҳул Бухорий (3825, 7161), Фатҳул Борий: 7/ 175, 13/148.[13] Саҳиҳул Бухорий: 1/450, 2/622.[14] Ушбу ғазот тафсилотлари қуйидаги китоблардан олинди: Ибн Ҳишом: 2/389–437, Саҳиҳул Бухорий: Китабу фазоили асҳабин-набий (3673-ҳ), Фатҳул Борий: 8 /3-27, Саҳиҳ Муслим: 1/437-439, 2/102, 103, 130, Зодул маод: 2/160-168.

lolo:
У Ч И Н Ч И Б О С Қ И Ч Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирги босқичи бўлиб, узоқ давом этган ҳаракатлар, йигирма йилдан ортиқ муддат мобайнидаги тўкилган тер ва чекилган машаққатлар, дуч келинган безовталик, фитна ва беқарорликлар, олиб борилган қонли уруш ва маъракалар ортидан исломий даъват қўлга киритган натижаларни ўзида мужассам этгандир.Макка фатҳи шу йиллар давомида мусулмонлар эришган энг катта ғалаба бўлиб, у туфайли замона зайли бутунлай ўзгариб, араб жазирасидаги муҳит тамомила ўзгача тус олди. Дарҳақиқат, фатҳ ўзидан олдинги ва кейинги давр ўртасини ажратиб турувчи чегара бўлиб қолди. Зеро, Қурайш араблар назарида диннинг ҳимоячилари ва асосий кўмакчилари саналар, бошқа араблар бу хусусда уларга тобеъ эдилар. Қурайшнинг бўйсуниши араб жазирасида бутпарастлик динига барҳам берилиши маъносини англатарди.Ушбу босқични икки саҳифага бўлиш мумкин:1) Уруш ва жиҳодлар саҳифаси;2) Турли элат ва қабилаларнинг Исломни қабул қилишга ошиқишлари саҳифаси.Ҳар иккала саҳифа ҳам ушбу босқичда бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва ҳали униси, ҳали буниси навбатма-навбат бўлиб турган бўлса-да, биз ҳар икки саҳифага тегишли воқеа-ҳодисаларни алоҳида-алоҳида зикр қилишни истадик. Уруш ва жангу жадаллар саҳифасини ўзидан олдинги воқеаларга боғлиқроқ ва муносабати кўпроқ эканлигини назарга олиб, тартибда уни муқаддам қилдик. Ҳунайн ғазоти Макка фатҳи арабларни эсанкиратиб қўйган яшиндек тез ва кутилмаган зарба ортидан юз бергани туфайли яқин атрофдаги қабилалар унга қарши чора-тадбир қўллаш имконсиз эканини англаб, таслим бўлишдан ўзга чора топмадилар. Бироқ, Ҳавозин ва Сақиф каби айрим қудратли ва зўравон қабилалар таслим бўлишдан бош тортишди ва Наср, Жушам, Саъд ибн Бакр ва Бану Ҳилол қабилалари улар атрофига бирлашишди. Булар барчаси Қайс Айлон аймоғидан эдилар. Бу буюк ғалабани бўйин эгиб қаршилашга уларнинг ғурур ва кибрлари йўл қўймади ва барчалари Молик ибн Авф ан-Назрий қўли остида жамланиб, мусулмонларга қарши юриш қилишга қарор қилдилар. Душманнинг юриш бошлаши ва Автосга келиб тушиши Бош қўмондон Молик ибн Авф мусулмонларга қарши юриш бошлашга қарор қилгач, қўшин билан бирга уларнинг мол-мулклари, аҳли-аёл ва бола-чақаларини ҳам қўшиб, йўлга отланди ва Автос деган жойга бориб тўхтади. Автос Ҳавозин диёридаги Ҳунайнга яқин бир водий бўлиб, Ҳунайн водийсидан бошқа, алоҳида бир водий эди. Ҳунайн водийси эса Зул-мажознинг ёнгинасида, Макканиниг Арафот тарафида бўлиб, у билан Макка ўртасида ўн милдан ошиқроқ масофа бор эди[1]. Урушларда тажриба орттирган мўйсафид қўмондон фикрини хато санайди Автосга бориб тушишгач, одамлар қўмондон атрофида йиғилишди. Улар ичида Дурайд ибн Сумма исмлик бир мўйсафид ҳам бўлиб, у ҳаётида жуда кўп жанг кўрган, тажрибали ва жанг илмидан яхши хабардор бўлган шижоатли киши эди. Аммо ҳозирда анча кексайиб қолган бўлиб, фақатгина фикр, маслаҳат беришдан бошқа нарсага қодир бўлмай қолган эди. Дурайд: «Қаердамиз ўзи?», деб сўради. «Автосдамиз», дейишди. «Ҳа, отлар учун қулай жой, баланд қоятошлик ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас. Туяларнинг бўкириши, эшакларнинг ҳанграши, қўй-эчкиларнинг маъраши ва болаларнинг йиғилари эшитиляптими?», деди. «Ҳа, Молик ибн Авф жангчиларга қўшиб, уларнинг мол-мулклари, аҳли-аёл ва бола-чақаларини ҳам олиб чиққан», дейишди. У Моликни чақириб, ундан нега бундай қилганини сўради. Молик: «Ҳар бир жангчи ўзининг ортида аҳли-оиласи ва мол-мулки турганини ҳис қилиб, уларни деб жанг қилади, дедим», деди. «Ҳой бечора чўпон, Худо ҳаққи, қочаётган одамни бирон нарса тўхтатиб қолишга қодирми?! Агар урушнинг тегирмон тоши сенинг фойдангга айланса, қилич ва найза тутган жангчинг ўзи сенга кифоя қилади. Аксинча бўлиб қолса, ҳам бола-чақангдан, ҳам мол-мулкингдан айрилиб, расво бўласан-ку!», деди мўйсафид. Сўнг у уруғ-қабилалар ва уларнинг бошлиқлари ҳақида сўраб-суриштиргач: «Эй Молик, сен Ҳавозиннинг ҳаммасини жанг майдонига олиб келиб, яхши иш қилмабсан. Уларни юртнинг ичкарисига ва қавмларининг баланд ўринларига чиқариб қўйиб, ёш-ялангларни отга миндириб қўй. Агар ғалаба сенга ёр бўлса, улар ортингдан келиб қўшиладилар. Агар мағлуб бўлсанг, фақат ўзинг зиён тортасан, аҳлинг ва молингни асраб қоласан», деди.Лекин, бош қўмондон Молик унинг бу талабини рад этди ва: «Қасамки, асло ундай қилмайман. Сен қариб қолиб, ақлинг ҳам суюлиб қолган. Қасам ичиб айтаманки, ё Ҳавозин менга итоат қилади, ё эса мен қиличимнинг учига ўзимни босиб, уни орқамдан чиқариб юбораман», деди, Дурайднинг фикри ва сўзлари амалга ошишини истамади. Шундан сўнг қавм: «Сенга итоат қиламиз», дейишди. Шунда Дурайд: «Бу шундай кунки, мен унда бор бўлиб, бор эмасман, йўқ бўлиб, йўқ эмасман», деди ва шундай мазмунда шеър ўқиди: Қанийди ёш бўлиб қолсам,Куч-қувватга тўлиб қолсам,Учқур отга миниб олиб,Жанггоҳ ичра елиб қолсам. يا ليتنـي فيها جـَذَعْ ** أخُبُّ فيها وأضَعْأقود وطْفَاءَ الزَّمَــعْ ** كأنها شـاة صَدَعْ Душманнинг ислом лашкари ҳақида маълумот йиғишга уриниши Мусулмонларнинг куч-қувватлари ҳақида маълумот йиғиб келишга юборган жосуслари Молик ҳузурига бўшашиб қайтиб келишди. «Ҳой, шўринг қургурлар, нима гап ўзи?!», деб сўраган эди: «Чавкар отларга минган оппоқ кийимли одамларни кўрдик. Қасамки, улар қаршисида бўшашиб, мана шу ҳолга тушдик», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман кучини ўрганишга уринишлари Душманнинг юриш бошлагани хабари келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳадрад ал-Асламийни бориб, одамлар ичида туришга ва уларнинг хабарларини ўрганиб келишга юбордилар. У ўзига юклатилган вазифани адо этиб, қайтиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Ҳунайнга йўл оладилар Саккизинчи ҳижрий шаввол ойининг олтинчиси, шанба кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани тарк этдилар – бу Маккага кириб келганларининг ўн тўққизинчи куни эди – ва ўн икки минг аскар билан йўлга отландилар. Уларнинг ўн минги Макка фатҳи учун У зот билан бирга Мадинадан келган аскарлар, икки минги эса Макка аҳлидан қўшилган кишилар бўлиб, кўплари Исломга янги кирганлар эди. Сафвон ибн Умайядан юзта совутни бошқа қурол-яроғлари билан бирга вақтинча ишлатишга олиб турдилар. Маккага Аттоб ибн Усайдни волий қилдилар.Оқшом пайти бир отлиқ келиб: «Мен фалон тоғ устига чиққан эдим, Ҳавозинни бола-чақалари-ю, мол-қўйлари билан Ҳунайнда жамланиб туришганини кўрдим», деб хабар берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилдилар ва: «Улар иншооллоҳ, мусулмонларнинг эртанги ўлжаларидир», дедилар. Шу кеча лашкар қўриқчилигини Анас ибн Аби Марсад ал-Ғанавий ихтиёрий равишда ўз бўйнига олди[2].Ҳунайнга бораверишда «Зоту анвот» деб номланган бир катта дарахтни кўрдилар. Одатда араблар унга қуролларини осишиб, унинг остида қон чиқариб, ибодат қилишарди. Шунда қўшиндаги кишилардан баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизга ҳам ана шундай «зоту анвот» қилиб берсангиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар! Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар худди Мусонинг қавми Мусога айтган гапни айтдингизлар. Улар: «Эй Мусо, бизга ҳам худди уларникига ўхшаган илоҳ ясаб бергин», дейишганида Мусо: «Сизлар жаҳолатга ботган қавм экансизлар», деганди. Ўтганларнинг йўли шудир. Қасамки, сизлар ҳам ўзингиздан олдин ўтганларнинг йўлларига эргашмоқдасиз», дедилар[3].Баъзилар қўшин сонининг кўплигига қараб: «Бугун ҳаргиз енгилмаймиз», дейишди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда оғир ботган эди. Ислом лашкари кутилмаганда камончилар ҳужумига дуч келади Ислом лашкари шавволнинг ўнинчи куни сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси Ҳунайнга етиб келди. Молик ибн Авф улардан олдинроқ келиб, қўшинини водий ичига киритиб қўйган, йўлларга, кириш жойларига, даралар ва сўқмоқларга пистирмалар қўйиб, мусулмонлар кўриниши билан улар устига ўқ ёмғири ёғдиришга, сўнг бирданига шиддат билан ҳужумга ўтишга буюрган эди.Саҳарга яқин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкарни жангга ҳозирлаб, уларга байроқлар тикиб, қисмларга ажратдилар. Тонг қоронғусида мусулмонлар Ҳунайн водийсига яқинлашиб, пистирмалардан бехабар, пастга туша бошладилар. Шунда тўсатдан улар устига ўқлар ёмғирдек ёғила бошлади, душман аскарлари кутилмаганда шиддат билан ҳамлага ўтишди. Мусулмонлар саросимага тушиб, ортга чекинишга тушдилар ва ҳеч кимга қарамай қоча бошладилар. Ҳатто, Исломни яқингинада қабул қилган Абу Суфён ибн Ҳарб: «Уларнинг чекинишлари то Қизил денгизгача етиб боради-ёв», деди. Жабала – ёки Калада – ибн Ҳанбал: «Мана, бугун сеҳр бекор бўлди», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар, менинг ёнимга келинглар! Мен Расулуллоҳман! Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳман!», деб, ўнг томонга қараб юрдилар. Ўша пайт у зотнинг ёнларида муҳожир ва ансорлардан жуда озчилик кишилар қолган эди. Ибн Исҳоқ тўққиз киши, Нававий эса ўн икки киши қолганини айтганлар. Тўғрироғи, Аҳмад ва Ҳоким «Мустадрак»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган сўздир. Унга кўра: «Ҳунайн куни мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим. Одамлар у зот ёнларидан кетиб қолиб, фақат муҳожир ва ансорлардан саксон киши маҳкам турди. Бизлар пиёда эдик, душманга орқа ўгирмадик». Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда: «Ҳунайн куни кўрдимки, одамлар тирқираб кетишган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида юз киши ҳам қолмаган эди»[4].Ўша дамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беназир шижоатлари зоҳир бўлди. Хачирларини кофирлар томон суриб: «Мен набийман, ёлғонмас сўзим,Абдулмутталиб ўғли ўзим» деб хитоб қила бошладилар.‏(‏أنــا النبي لا كَذِبْ ** أنا ابن عبد المطلب‏)‏Абу Суфён ибн Ҳорис у зотнинг хачирлари тизгинидан тутган, Аббос эса узангисидан ушлаб, уни тезлатмасдан туришарди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хачирдан тушиб, Парвардигорларидан нусрат сўраб: «Эй Парвардигор! Нусратингни туширгайсан», деб илтижо қилдилар. Мусулмонларнинг ўзларини ўнглаб олишлари ва жангнинг шиддатли тус олиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Аббосга саҳобаларга қараб нидо қилишга буюрдилар. Аббос овози ўткир одам эди. У айтади: «Шунда мен бор овозим билан: «Ҳой Самура аҳли (яъни, Ҳудайбияда самура дарахти остида байъат берганлар), қаердасиз?!», деб қичқирдим. Менинг овозимни эшитган саҳобалар мен томонга қараб худди сигир ўз боласига қараб интилганидек интила бошладилар ва: «Ҳо лаббай, ҳо лаббай!», дея бошладилар[5]. Баъзи бирлари туясининг бошини бурмоқчи бўлиб, тиқилинчда бунинг уддасидан чиқа олмай, совутини бўйнига ташлаб, қиличи билан қалқонини оларди-да, туясидан сакраб тушиб, овоз келаётган томонга қараб чопишарди. Шундай қилиб, юз чоғли одам у зот атрофларида йиғилиб, жанг бошладилар.Сўнг чақириқ ансорларга қаратилиб: «Ҳой ансорлар жамоаси, ҳой ансорлар жамоаси!», деб нидо қилинди. Кейин Бану Ҳорис ибн Хазражга қараб нидо қилинди. Шундай қилиб, мусулмонларнинг жамоалари жанг майдонини қандай ташлаб кетган бўлсалар, худди ўшандай, бирин-кетин йиғилиб келдилар. Шундан сўнг икки ўртада жанг қизигандан қизиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанггоҳни кузатарканлар: «Ана энди жанг авж палласига чиқди», дедилар. Сўнг ердан бир сиқим тупроқ олиб, душман томонга қараб сочиб юбордилар ва: «Юзлари майиб бўлсин», деб дуо қилдилар. Душман лашкари ичида инсон зоти борки, ҳаммасининг кўзига ўша тупроқдан кирди. Шундан сўнг уларнинг кучлари заифлашиб, ишлари орқага қараб кетди. Душманнинг шашти пасайиши ва бутунлай тор-мор бўлиши Ўша бир сиқим тупроқ отилганидан бир неча соат ўтмасдан душман хунук суратда мағлубиятга учради, Сақифнинг ўзидан етмишга яқин одам ўлдирилди ва мусулмонлар душманнинг мол-ҳоли, бола-чақаси ва қурол-аслаҳаларини қўлга киритдилар.Аллоҳ таоло қуйидаги оятларида айни шу ҳолатга ишора қилган эди: «Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз! Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор ҳилди. Кофирларнинг жазоси шудир (Тавба: 25, 26). Душманни таъқиб қилиш ҳаракати Душман қақшатгич мағлубиятга учрагач, улардан бир гуруҳи Тоифга қараб, яна бир гуруҳи Нахла тарафга, яна бир гуруҳи Автос томонга қараб чекинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Омир ал-Ашъарий бошлиқ бир гуруҳ таъқибчиларни Автосга юбордилар. Иккала гуруҳ ўртасида бир оз жанг бўлиб, мушриклар тор-мор этилдилар. Шу жангда гуруҳ қўмондони Абу Омир ал-Ашъарий ҳалок бўлди.Яна бир гуруҳ мусулмон суворийлари душманнинг Нахлага қараб чекинган гуруҳи ортидан таъқиб қилиб бордилар. Ушбу таъқиб давомида Дурайд ибн Симма ўлдирилди, уни Рабиъа ибн Руфайъ ўлдирди.Мушрикларнинг кўп қисми Тоифга қараб қочишган эди. Ўлжалар жамланганидан сўнг уларни таъқиб қилиб боришга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари бош бўлдилар. Ўлжалар Ўлжалар олти мингта асир, йигирма тўрт минг туя, қирқ мингдан ортиқ қўй-эчки ва тўрт минг увқия кумушни ташкил қилди[6]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни йиғдириб, Жиърона деган жойда ҳибс қилдириб қўйдилар. Масъуд ибн Амр ал-Ғифорийни уларни қўриқлаб туришга бош қилиб қўйдилар ва то Тоиф ғазотидан фориғ бўлмагунларича уларни тақсим қилмадилар.Асирлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эмикдош сингиллари Шаймоъ бинт Ҳорис ас-Саъдийя ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирилганда у ўзини таништирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бир белгиси орқали танидилар ва унга иззат-икром кўрсатиб, ридоларини ёзиб, унинг устига ўтиргиздилар. Сўнг унга марҳамат кўрсатиб, қавмига қайтариб юбордилар. Тоиф ғазоти Аслида, бу ғазот Ҳунайн ғазотининг давоми эди. Чунки, Ҳавозин ва Сақиф қўшини қолдиқларининг асосий қисми бош қўмондонлари Молик ибн Авф ан-Насрий бошчилигида Тоифга кириб олиб, ўша ерда ҳимояланган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайндан фориғ бўлиб, ўлжаларни Жиъронага йиғдирганларидан сўнг шу ойнинг ўзида, яъни 8-ҳижрийнинг шаввол ойида улар устига юриш қилдилар.Аввалроқ қўшиннинг олдинги қисми сифатида Холид ибн Валидни минг киши билан юбордилар, сўнг ўзлари ҳам Тоифга қараб йўлга чиқдилар. Йўлда Нахлатул-Ямония деган жойдан, сўнг Қарнул-манозилдан, сўнг Лийядан ўтдилар. Молик ибн Авфнинг шу ерда жойлашган қалъасини буздириб юбордилар. Сўнг йўлда давом этиб, Тоифга етиб бордилар ва Тоиф қалъаси яқинига тушиб, ўша ерда лашкаргоҳ қурдилар. Шундан сўнг қалъа аҳлини қамалга олдилар.Қамал анча муддат давом этди. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, қамал муддати қирқ кунга чўзилган. Сийратшунослар бунга зид фикрларни ҳам айтишган. Йигирма кун, ўн кундан ошиқ, ўн саккиз кун, ўн беш кун, деган фикрлар айтилган[7].Қамал муддати ичида ўзаро отишмалар давом этиб турди. Қамалнинг дастлабки босқичида қалъа аҳли мусулмонлар устига тинимсиз ўқ ёғдиришди, ўқлар худди мўр-малахдек ёғиларди. Мусулмонлардан бир қанчаси жароҳатланиб, ўн икки киши ҳалок бўлди. Шундан сўнг улар лашкаргоҳни жилдириб, бугунги Тоиф масжиди ўрнига кўчиб ўтишга мажбур бўлдилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифликларга қарши манжаниқни ишга солишга буйруқ бердилар. Манжаниқдан отилган тошлар қалъа деворида ёриқлар ва ўпирилишлар пайдо қилди. Мусулмонлардан бир нечалари даббоба остига кириб, у билан қалъа деворини тешиб, ичкарига киришга ҳаракат қилдилар[8]. Бироқ, душман улар устига қиздирилган темир парчаларини улоқтира бошлади, шунда улар ортга қайтишга мажбур бўлишди, улардан баъзилари душман ўқларидан ҳалок бўлдилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – душманни таслим бўлишга мажбур этиш мақсадида уруш сиёсатининг бир қисми сифатида – уларнинг токзорларини кесиб, ёқиб юборишга буюрдилар. Мусулмонлар токзорларни аёвсиз кесдилар. Сақиф Аллоҳ ҳаққи ва қариндошлик ҳаққи-ҳурмати уларни кесмасликни сўрагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ва қариндошлик ҳаққи-ҳурмати токларни кесишни тўхтаттирдилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бир қул қалъадан тушиб, бизнинг ҳузуримизга келса, у озоддир», деб жар солдирдилар. Шундан сўнг йигирма уч киши тушиб келди[9]. Улар ичида Абу Бакара ҳам бор эди – қалъага сув тортадиган ёғоч ғалтакка (арабчада бакара) осилиб тушгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Абу Бакара деб куняладилар – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни озод қилдилар ва ҳар бирини биттадан мусулмонга бириктириб, озиқ-овқатидан хабардор бўлиб туришни топширдилар. Бу нарса қалъа аҳлига жуда ёмон таъсир қилди.Қамал чўзилгандан чўзилиб, қалъа таслим бўлавермагач – қалъа аҳли бир йиллик қамалга бардош бергудек тайёргарлик кўриб олишганди – ва мусулмонлар ўқлар ёмғири ва қиздирилган темир парчаларидан анчагина зиён-заҳмат тортишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Навфал ибн Муовия ад-Дийлийга маслаҳат солганларида у: «Улар гўё инидаги тулки, агар сабр-бардош билан пойласангиз, ушлайсиз. Борди-ю ташлаб кетсангиз ҳам сизга ҳеч қандай зарар етказолмайди», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қамални бекор қилиб, ортга қайтишга қарор қилдилар. Умар ибн Хаттобга буюриб, одамларга: «Иншооллоҳ, эртага қайтиб кетамиз», деб эълон қилдирдилар. Бу гап одамларга оғир ботди ва: «Нега энди, фатҳ қилмай қайтиб кетамизми?!», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жангга отланинглар!», деб буйруқ бердилар. Жангга кириб, яна жароҳатлар олишди. Шундан сўнг: «Иншооллоҳ, эртага қайтиб кетамиз», деб эълон қилдирган эдилар, ҳамма буни хурсандлик билан қабул қилиб, йўлга тайёрлана бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу ишига кулиб қараб турардилар.Йўлга тушиб олишгач, асҳобларига: آيبونَ تائبونَ عابدونَ، لربَِنا حامدونَ ««Бизлар қайтувчилармиз, тавба қилувчилармиз, ибодат қилувчилармиз, Раббимизга ҳамд айтувчилармиз) деб айтинглар», дедилар.У зотдан Сақифни дуоибад қилиш сўралганда: «Эй Парвардигор! Сақифни ҳидоят қилиб, уларни (мусулмон ҳолларида) келтиргин», деб дуо қилдилар. Жиъронада ўлжалар тақсимоти Тоифдан қамални бекор қилиб, Жиъронага қайтиб келганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кундан кўпроқ муддат ўлжаларни тақсимламай, Ҳавозин тавба қилиб вакиллар юборишини ва йўқотган нарсаларини қайтариб олишини кутиб турдилар. Лекин Ҳавозиндан дарак бўлмади. Шундан сўнг ўлжага кўз тикиб турган қабилалар бошлиқлари-ю, Макка зодагонлари кўнглини тинчитиш учун ўлжаларни тақсимлашни бошладилар. Қалблари Исломга янги ошно қилинаётган кишиларга биринчи бўлиб, катта миқдорда улушлар ажратиб бердилар.Абу Суфён ибн Ҳарбга қирқ увқия кумуш ва юзта туя бердилар. «Ўғлим Язидга ҳам», деган эди, яна шунча бердилар. «Ўғлим Муовияга ҳам», деган эди, яна шунча бердилар. Ҳаким ибн Ҳизомга юзта туя бердилар, яна юзта сўраган эди, яна юзта туя бердилар. «Аш-шифоъ»да айтилишича, Сафвон ибн Умайяга юзта туя бердилар, кейин яна юзта, кейин яна юзта бердилар[10]. Ҳорис ибн Ҳорис ибн Каладага юзта туя бердилар. Шунингдек, Қурайшнинг бошқа раисларига ҳам юзталаб, элликталаб, қирқталаб туялар бердилар. Ҳатто, одамлар орасида «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) камбағал бўлиб қолишдан қўрқмайдиган одамнинг беришидек бермоқда», деган гап тарқалиб кетди. Аъробийлар у зот ёнларига мол сўраб кела бошладилар, ҳатто тиқилинчда у зотни суриб, бир дарахт ёнига олиб бориб қўйишди, устиларидаги ридолари ҳам тушиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар! Ридоимни қайтариб беринглар. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менда Тиҳома дарахтлари сонича туялар бўлса ҳам, уларни сизларга бўлиб берган бўлардим. Шундан сўнг мени на бахил, на қўрқоқ, на ёлғончи деб билмаган бўлардингиз», дедилар.Кейин ўзларининг туялари ўркачидан бир дона тукни олдилар-да, қўлларини баланд кўтариб: «Эй одамлар! Аллоҳга қасамки, сизларнинг ўлжаларингиздан хумус (бешдан бир қисми)дан ташқари менга мана шу тукча ҳам нарса керакмас, хумус ҳам яна ўзингизга қайтарилади», дедилар.Қалблари Исломга ошно қилинувчи кишиларга бериб бўлганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Собитга қолган барча ўлжаларни келтиришни буюрдилар, сўнг уларни одамларга бўлиб бердилар. Ҳар бир пиёданинг улуши ё тўртта туя, ё қирқта қўй бўлди. Отлиқлар эса ўн иккитадан туя ёки бир юз йигирматадан қўй олдилар. Ансорларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан хафа бўлишлари Ушбу тақсимот доно бир сиёсатдан келиб чиқиб қилинганди. Бироқ, бошда бу нарсани тушуниб етилмаслиги оқибатида анча-мунча гап-сўзлар ҳам ўртага чиқди.Ибн Исҳоқ Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш ва бошқа араб қабилаларига мўл-кўл мол-дунё улашиб, ансорларга бермагач, бундан ансорларнинг диллари ранжиди ва улар ичида ҳар хил гап-сўз кўпайиб қолди. Ҳатто, айримлари: «Қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қавмларига қўшилиб кетдилар», ҳам дейишди. Саъд ибн Убода у зот олдиларига кириб: «Ё Расулуллоҳ, ансорлар мана бу ўлжа тақсимотида қилган ишингиз туфайли сиздан ранжиб қолишди, қавмингизга тақсимлаб бердингиз, бошқа араб қабилаларига ҳам жуда кўп нарсалар бердингиз, лекин ансорларга ҳеч нарса тегмади», деди. «Сиз ўзингиз нима фикрдасиз, эй Саъд?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Саъд: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳам қавмимнинг бир одамиман», деди. «Қавмингизни мана бу қўрғонга йиғинг», дедилар. Саъд чиқиб, ансорларни айтилган жойга йиғди. Муҳожирлардан ҳам бир неча кишилар келишган эди, уларни ҳам киритди. Кейин яна бир гуруҳ келган муҳожирларни қайтариб юборди. Сўнг Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб: «Ансорлар йиғилишди», деб хабар берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг: «Эй ансорлар жамоаси! Айтишларича, сизлар мендан ранжибсизлар ва айрим гап-сўзлар қилибсизлар. Мен сизларга борган пайтимда залолатда эмасмидингиз, Аллоҳ сизларни ҳидоят қилмадими?! Камбағал эмасмидингиз, Аллоҳ сизларни бой қилмадими?! Бир-бирингизга душман эмасмидингиз, Аллоҳ қалбларингизни бирлаштирмадими?!», дедилар. Улар: «Ҳа, шундай. Аллоҳ ва Расулининг фазлу марҳамати беқиёс», дедилар.Сўнг: «Менинг сўзларимга жавоб бермайсизларми, эй ансорлар жамоаси?!», дедилар. Улар: «Нима деб жавоб берамиз ё Расулуллоҳ? Миннат ва фазлу марҳамат Аллоҳ ва Расулига хосдир», дедилар. «Агар истасангизлар: «Сиз ёлғончига чиқарилган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, заиф-ночор ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам кўрсатдик, қувилган ҳолда келдингиз, биз сизга жой бердик, камбағал ҳолда келдингиз, биз сизга кўмак бердик», дейишларингиз мумкин эди ва бу гапингиз тўғри ҳам бўлар эди», дедилар.Яна дедилар: «Эй ансорлар жамоаси, арзимаган озгина дунёни деб хафа бўлдингизларми?! Мен бир қавмнинг мусулмон бўлиб қолишини истаб, уларга ўша дунёни бергандим. Сизларни эса ўз исломингизга топшириб қўйгандим. Эй ансорлар жамоаси, одамлар қўй ва туяларни олиб кетишгани ҳолда сизлар ўз диёрингизга Аллоҳнинг расулини олиб қайтишингизга рози бўлмайсизларми?! Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида мен ансорлардан бири бўлган бўлардим. Ҳамма одамлар бир водийга юриб, ансорлар бошқа бир водийга юрсалар, мен ансорлар водийсини йўл тутган бўлардим. Эй Парвардигор! Ансорларни, ансорларнинг фарзандларини, ансорлар фарзандларининг фарзандларини Ўз раҳматингга олгин!»Одамлар йиғлайвериб, соқоллари ҳўл бўлиб кетди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг улушимиз бўлишига розимиз!», деб гувиллашди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кетдилар ва одамлар ҳам тарқалиб кетишди[11]. Ҳавозиндан вакиллар келиши Ўлжалар тақсимлаб бўлинганидан сўнг Ҳавозиндан элчилар келишди. Улар ўн тўрт киши бўлиб, бошлиқлари Зуҳайр ибн Сурод деган киши эди. Улар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эмикдош амакилари Абу Бурқон ҳам бор эди. Улар ҳаммалари мусулмон бўлиб, байъат беришди, сўнг: «Ё Расулуллоҳ, сиз асирга олган кишилар орасида оналар, опа-сингиллар, амма-холалар бор, улар қавмнинг ор-номусларидир» деб, қуйидаги сўзлар билан бошланувчи бир неча байтларни ўқишди: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, сиздан шафқат кутиб келдик,Умид қилиб карамингиз, кўзларимиз тикиб келдик.Шафқатингиз дариғ тутманг оқ сут берган оналардан,Амма-хола, опа-сингил, заиф-ночор болалардан».  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Атрофимда қанча одамлар борлигини кўриб турибсизлар. Мен учун гапнинг энг яхшиси энг тўғрисидир. Айтинглар, фарзандларингиз ва аёлларингиз сизлар учун қадрлироқми, мол-дунёларингизми?», дедилар. Улар: «Обрў-номусларимизга ҳеч нарсани тенг кўрмаймиз», деб жавоб беришди. «Ундай бўлса, намоздан – яъни, пешин намозидан – сўнг туриб: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мўминларга воситачи қилиб, мўминларни эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга воситачи қилиб, асирларимизни қайтариб беришларини сўраймиз», денглар», дедилар. Пешин намозидан сўнг элчилар ўринларидан туриб, мазкур сўзларни айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг қўлимда ва Бану Абдулмутталиб қавми қўлида бўлган асирлар сизларники, энди сизлар учун одамлардан сўраб кўраман», дедилар. Шунда муҳожир ва ансорлар ҳам: «Бизнинг қўлимиздагилар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламники», дейишди. Ақраъ ибн Ҳобис: «Аммо, мен ва Бану Тамим асирларимизни бермаймиз», деди. Уяйна ибн Ҳисн ҳам: «Мен ва Бану Фазора ҳам бермаймиз», деди. Аббос ибн Мирдос: «Мен ва Бану Сулайм ҳам бермаймиз», деган эди, Бану Сулайм: «Бизнинг асирларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламники», дейишди. Аббос ибн Мирдос уларга: «Сизлар мени бебурд қилдингиз», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, бу қавм мусулмон бўлиб келди, мен уларнинг асирлари тақсимини пайсалга солиб турган эдим. Уларга танлаш ихтиёрини бердим, улар бола-чақалари ва аёлларини (мол-дунёларидан) афзал кўришди. Энди кимнинг қўлида уларга қарашли асирлар бўлса, кўнглидан чиқариб, қайтариб беришни истаса, шундай қилсин. Ким ўз ҳаққидан воз кечишни истамаса, ҳозир уларга қайтариб бераверсин, эвазига Аллоҳ бизга берадиган ўлжаларнинг биринчисидан унга олти баробар қилиб берамиз», дедилар. Одамлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун кўнглимиздан чиқардик», деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз қай бирларингиз рози бўлиб, қай бирларингиз рози бўлмаганини билолмаймиз. Боринглар, ичларингиздан вакиллар келиб, нима қарорга келганингизни бизга билдирсинлар», дедилар. Шундай қилиб, Ҳавозинга аёллари ва бола-чақалари қайтариб берилди. Ёлғиз Уяйна ибн Ҳисн ўз қўлида асира бўлган бир кампирни қайтариб беришга кўнмади. У ҳам кейинроқ қайтариб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирларга бир сидра кийим ҳадя қилдилар[12]. Умра қилиб, Мадинага қайтишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жиъронадаги ўлжалар тақсимотидан фориғ бўлганларидан кейин у ердан умрага ният қилиб, Маккага қайтдилар ва умрани адо қилгач, Мадинага қараб жўнадилар. Маккага Аттоб ибн Усайдни волий қилиб тайинладилар. Мадинага 8-ҳижрий зул-қаъда ойидан олти кун қолганида кириб келдилар[13]. Макка фатҳидан қайтганларидан сўнг юборган сарийялари Узоқ давом этган ушбу муваффақиятли сафардан қайтиб келганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келаётган элчиларни қабул қилиб ва атрофларга закот йиғувчи омиллар ва даъватчиларни юбориб ҳамда Аллоҳнинг динига киришга ва араблар шоҳид бўлиб турган воқеий ҳаётга таслим бўлишга кибри йўл қўймаётган кишиларга босим ўтказиб Мадинада турдилар. Қуйида ушбу ишларнинг қисқача тафсилоти билан танишасиз. Закот йиғувчилар Юқорида айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага саккизинчи йилнинг охирларида кириб келдилар. Тез орада тўққизинчи ҳижрийнинг боши, яъни муҳаррам ойи бошланди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабилаларга закот йиғувчи кишиларни (омилларни) юбордилар. Қуйида уларнинг рўйхатини келтирамиз:1. Уяйна ибн Ҳиснни   - Бану Тамимга;2. Язид ибн Ҳусойнни - Аслам ва Ғифор қабилаларига;3. Аббод ибн Башир ал-Ашҳалийни - Сулайм ва Музайна қабилаларига;4. Рофиъ ибн Макисни - Жуҳайнага;5. Амр ибн Осни - Бану Фазорага;6. Заҳҳок ибн Суфённи - Бану Килобга;7. Башир ибн Суфённи - Бану Каъбга;8. Ибнул-Лутбийя ал-Аздийни - Бану Зубёнга;9. Муҳожир ибн Аби Умайяни - Санъога (ўша ерда эканида Асвад ал-Ансий унга қарши чиқди);10. Зиёд ибн Лабидни - Ҳазрамавтга;11. Адий ибн Ҳотимни - Той ва Бану Асад қабилаларига;12. Молик ибн Нувайрани - Бану Ҳанзалага;13. Зибриқон ибн Бадрни - Бану Саъднинг бир қисмига;14. Қайс ибн Осимни - Бану Саъднинг иккинчи қисмига;15. Ал-Алоъ ибн ал-Хазрамийни - Баҳрайнга;16. Алий ибн Аби Толибни - Нажронга садақа ва жизяларни йиғишга юбордилар.Ушбу омилларнинг ҳаммаси ҳам 9-ҳижрийнинг муҳаррам ойида юборилмаганлар, балки айримларининг юборилиши улар юборилган қабилаларнинг исломни қабул қилган вақтларигача ортга сурилган. Омиллар юборишга шу қадар эътибор қаратилиши 9-ҳижрийнинг муҳаррамида бошланди. Бу эса Ҳудайбия сулҳидан кейин исломий даъватнинг нақадар кенг кўламда муваффақият қозонганига далолат қилади. Макка фатҳидан кейин эса одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кириб келдилар. Сарийялар Қабилаларга закот йиғувчилар юбориш билан бир қаторда Араб жазирасининг айрим минтақаларида тинчликни барқарорлаштириш мақсадида бир неча сарийялар ҳам юбориш зарурати ҳам пайдо бўлди. Қуйида уларнинг қисқача тафсилоти билан танишасиз: 1) 9-ҳижрийнинг муҳаррамида Бану Тамимга юборилган Уяйна ибн Ҳисн бошчилигидаги эллик отлиқдан иборат сарийя.Ушбу сарийяда муҳожир ва ансорлардан ҳеч ким иштирок этмади. Сарийя юборилишига сабаб – Бану Тамим бошқа қабилаларни мусулмонларга қарши гижгижлаган ва уларни жизя тўлашларини ман қилган эди.Уяйна ибн Ҳисн кундузлари яшириниб, тунлари йўл юриб бориб, уларга саҳрода ҳужум қилди. Қавм қочиб, тумтарақай бўлиб кетди. Улардан ўн бир эркак, йигирма бир аёл ва ўттизта болани қўлга олиб, Мадинага келтирди. Уларни Рамла бинт Ҳориснинг ҳовлисига туширилди.Улар ортидан қавмнинг бошлиқларидан ўнтаси етиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эшиклари олдига келишиб: «Эй Муҳаммад, чиқ бизнинг олдимизга!», деб қичқиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар олдига чиқиб келдилар. Улар у зотга ёпишиб, ҳаммаси ҳар томондан гапира бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан бироз тургач, масжидга кириб, пешин намозини ўқидилар, сўнг масжид саҳнида ўтирдилар. Улар фахрланиш ва мақтанишда мусобақа қилиш рағбатини изҳор қилишди ва ичларида энг гапга чечан ва нотиқ бўлган Уторид ибн Ҳожибни олдинга чиқаришди. У бисотидаги гаплардан гапириб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом нотиқларидан Собит ибн Қайс ибн Шаммосни унинг гапларига жавоб айтишга чиқардилар. Кейин улар шоирлари Зибриқон ибн Бадрни чиқаришди, у ўзларини мақтаб шеър ўқиди. Унга ислом шоири Ҳассон ибн Собит ўша заҳоти муносиб шеърий жавоб қайтарди.Нотиқ ва шоирлар мусобақаси ниҳоясига етгач, Ақраъ ибн Ҳобис: «Унинг нотиғи бизнинг нотиғимиздан нотиқроқ, шоири ҳам бизнинг шоиримиздан шоирроқ экан, овозлари ҳам бизнинг овозимиздан баландроқ, сўзлари ҳам бизнинг сўзларимиздан олийроқ», деди. Сўнг улар Исломни қабул қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни муносиб мукофотладилар ва уларга аёллари ва болаларини қайтариб бердилар[14]. 2) 9-йил сафар ойида Тураба яқинидаги Табола қасабасининг Хасъам номли қишлоғига юборилган Қутба ибн Омир бошчилигидаги сарийя.Қутба йигирма кишилик жамоа билан ўнта туяга навбатлашиб минишиб, айтилган манзилга етиб бориб, ҳамла қилди. Икки ўртада қаттиқ жанг бўлиб, ҳар икки томондан кўплаб жароҳатланганлар бўлди. Ўлдирилганлар орасида Қутба ибн Омирнинг ўзи ҳам бор эди. Мусулмонлар туялар ва қўй-эчкиларни қўлга киритдилар, бир қанча хотинларни асира қилиб, Мадинага келтирдилар. 3) 9- йил рабиул-аввал ойида Бану Килобга юборилган Заҳҳок ибн Суфён ал-Килобий бошчилигидаги сарийя.Бу сарийя Бану Килоб қабиласини Исломга даъват қилиш учун юборилди. Улар бош тортишди ва икки ўртада уруш бўлиб, мусулмонлар уларни енгдилар ва улардан бир кишини ўлдирдилар. 4) 9-ҳижрийнинг рабиул-аввалида Жудда соҳилларига юборилган Алқама ибн Мужаззир ал-Мудлижий бошчилигидаги уч юз кишилик сарийя.Ушбу сарийя Жудда соҳиллари яқинида қароқчилик қилиш ва Макка аҳлини талаш мақсадида йиғилган ҳабашлар гуруҳига қарши юборилди. Алқама денгиздан ўтиб, оролга етиб борганида мусулмонларнинг келаётганидан дарак топган қароқчилар тўдаси қочиб қутулишди. 5) 9-ҳижрий рабиул-аввал ойида Той қабиласининг Фулс номли бутини вайрон қилиш учун юборилган Алий ибн Аби Толиб бошчилигидаги сарий. Бир юз эллик кишидан иборат ушбу сарийя юзта туя ва элликта отга минган ҳолда йўлга чиқишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга битта қора ва битта оқ байроқ тикиб бердилар. Ушбу сарийя тонг пайти Оли Ҳотим маҳалласига ҳужум қилиб, бутни вайрон қилдилар ва асирлар, қўй-эчки ва туяларни қўлга киритдилар. Асирлар ичида Адий ибн Ҳотимнинг опаси ҳам бор эди, Адийнинг ўзи эса Шомга қочиб кетди. Мусулмонлар Фулсга қарашли хонадан учта қилич ва учта совут топдилар. Йўлда ғаниматларни бўлишиб олдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишлисини (хумусни) ажратиб қўйдилар. Ҳотим оиласидан бўлган асирларга тегмадилар.Мадинага келганларидан сўнг Адий ибн Ҳотимнинг опаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан раҳм-шафқат кўрсатишларини сўраб: «Ё Расулуллоҳ, (ортимдан келувчи) вакилим ғойиб бўлди, отам ўтиб кетган, ўзим бир кампирман, қўлимдан бирон хизмат ҳам келмайди, менга раҳм қилиб қўйиб юборинг, Аллоҳ сизга раҳм қилсин», деди. «Вакилинг ким эди?», деб сўрадилар. «Адий ибн Ҳотим», деб жавоб берди. «Аллоҳ ва Расулидан қочиб кетган Адийми?», дедилар, сўнг ўтиб кетдилар. Эртаси куни аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яна кечаги сўзлари билан мурожаат қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кечаги гапларини айтиб, ўтиб кетдилар. Учинчи куни яна сўраган эди, унга марҳамат қилиб, озод қилдилар. Унинг ёнида бўлган бир киши – аёл уни Алий бўлса керак деб ўйлайди – унга: «У зотдан улов ҳам сўра», деб ўргатди. Сўраган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга улов беришни буюрдилар.Адий ибн Ҳотимнинг опаси Шомга, укаси Адийнинг олдига келиб, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўрган муомалани айтиб берди ва: «У киши отанг ҳам қилолмайдиган ишни қилдилар. Сен истасанг ҳам, истамасанг ҳам у кишининг олдига боришинг керак», деди. Шундан сўнг Адий ҳеч қандай омонлик олмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. У зотнинг уйларига кириб ўтирганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нега қочиб кетасан? «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишдан қочасанми?! Бир Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот борлигини биласанми?!», дедилар у: «Йўқ», деди. У билан бир муддат гаплашдилар, сўнг: «Сен «Аллоҳу акбар» деган сўздан қочасан. Ахир Аллоҳдан кўра буюкроқ бирон зот борлигини биласанми?!», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Яҳудлар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган, насоролар эса адашган кишилардир», дедилар. Шунда Адий: «Мен ҳаниф (яъни, ҳақдан оғмаган Иброҳим алайҳиссалом динидаги) муслимман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қувончдан ёришиб кетди. Сўнг уни ансорлардан бирининг ҳовлисига туширдилар. У эрта-ю кеч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб турди[15].Ибн Исҳоқнинг Адий ибн Ҳотимдан қилган ривоятида айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида уни ўз олдига ўтиргизиб: «Эй Адий ибн Ҳотим, сен ракусий[16] эмасмидинг?!», дедилар. Адий айтади: «Мен: Ҳа, шундай», деб жавоб бердим. «Қавминг эришган ғаниматларнинг тўртдан бирини олиб қўймасмидинг?!», дедилар. «Ҳа, шундай қилардим», дедим. «Бундай қилиш сенинг динингда ҳаром қилинган эди», дедилар. Мен: «Ҳа, тўғри айтасиз», дедим ва у кишининг бировлар билмайдиган ишларни биладиган ҳақ пайғамбар эканини билдим»[17].Аҳмад ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Адий, Исломни қабул қил, саломат қоласан», дедилар. «Мен диндорман», деб жавоб бердим. «Мен сенинг динингни сендан кўра яхшироқ биламан», дедилар. «Қандай қилиб динимни мендан яхшироқ биласиз?», дедим. «Сен ракусия аҳлидансан, қавмингнинг ўлжаларидан тўртдан бирини ейсан, шундай эмасми?!», дедилар. «Ҳа, тўғри», дедим. «Бундай қилиш сенинг динингда ҳалол эмас», дедилар. Шундан сўнг мен у кишининг сўзларига тавозеъ билан қулоқ солиб турдим»[18].Бухорийнинг Адийдан қилган ривоятида айтилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдим, бир киши муҳтожликдан шикоят қилиб келди, кейин яна бир киши йўлтўсарлардан шикоят қилиб келди. У зот: «Эй Адий, Ҳийра шаҳрини кўрганмисан? Агар умринг узун бўлса, албатта кўрасанки, йўловчи аёл туя устидаги ҳавдажида Ҳийрадан сафар қилиб, Каъбани тавоф қилади, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайди (яъни, ҳеч қандай йўлтўсарлар бўлмайди). Агар умринг узун бўлса, албатта Кисронинг хазиналарини фатҳ қилинганини кўрасан. Агар умринг узун бўлса, албатта кўрасанки, бир одам кафтини тўлдириб тилла ёки кумуш кўтариб олиб, уни оладиган одамни қидириб тополмайди...», дедилар». Ҳадис охирида Адий Айтади: «Мен аёл кишининг туя устида Ҳийрадан сафар қилиб, Каъбани тавоф қилганини ва йўлда Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмаганини кўрдим. Кисро ибн Ҳурмузнинг хазиналарини фатҳ этган кишилар орасида бўлдим. Агар умрларингиз узун бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган кафтини тўлдириб тилла ё кумуш кўтариб юрган одамни албатта кўрасизлар»[19].
[1] Фатҳул Борий: 8/27, 42.[2] Сунан Аби Довуд: 2/10.[3] Термизий: 4/412, Муснаду Аҳмад: 5/218.[4] Муснад Аҳмад: 1/453, 454, Ҳоким: 2/117, Термизий: 4/173 (1689-ҳ), Фатҳул Борий: 8/29, 30, Муснад Аби Яъло: 3/388, 389.[5] Саҳиҳ Муслим: 2/100.[6] 1 увқия – 12 дирҳам ёки 37,44 граммга тенг оғирлик ўлчови.[7] Фатҳул Борий: 8/45.[8] Даббоба (танкнинг аждоди) - ёғочдан ясалган оғир ғилдиракли қурол тури бўлиб, ундан қалъа ва қўрғонларнинг деворларини тешиш ва бузиш учун фойдаланилар эди.[9] Саҳиҳул Бухорий: 2/620.[10] Қози Иёз: Аш-шифаъ би таърифи ҳуқуқил-мустофа: 1/86.[11] Ибн Ҳишом: 2/499, 500, Бухорий ҳам шу мазмунда ривоят қилган: 2/620, 621.[12] Ҳавозин асирлари қиссаси Бухорий ва шарҳи Фатҳул Борийда зикр қилинган: 5/201.[13] Тарихи Ибн Холдун: 2/48, Зодул маод: 2/160 – 201, Ибн Ҳишом: 2/389-501, Саҳиҳул Бухорий: 2/612-622, Фатҳул Борий: 8/3-58.[14] Тарихчилар мана шу равишда, ушбу сарийянинг 9-ҳижрийда юборилганини айтганлар. Бироқ, бу унча тўғри эмас. Чунки, воқеалар оқими Ақраъ ибн Ҳобиснинг бундан илгари мусулмон бўлмаган эканини кўрсатади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳавозин асирларини қайтариб беришни сўраганларида Ақраъ ибн Ҳобис: «Аммо мен ва Бану Тамим асирларимизни бермаймиз», дегани айтиб ўтилган эди. Бу эса унинг мазкур сарийядан олдинроқ исломни қабул қилганига далил бўлади.[15] Зодул маод: 2/205.[16] Насронийя ва собиийя ўртасидаги бир дин аҳли.[17] Ибн Ҳишом: 2/581.[18] Муснад Имом Аҳмад: 4/257, 258.[19] Саҳиҳул Бухорий: 1413, 1417, 3595, 6023, 6539, 6540, 6563, 7443, 7512–ҳадислар.

lolo:
ТАБУК ҒАЗОТИ(9-ҳижрийнинг ражаб ойи) Макка фатҳи ғазоти ҳақ билан ботил ўртасини ажрим қилиб берган ғазот бўлиб, ушбу ғазотдан кейин араб дунёсида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарликлари ҳақида умуман шубҳага ўрин қолмади. Шу боис воқеалар оқими тамоман ўзгариб, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кириб келдилар. Буни биз қуйироқда элчилар келиши ҳақидаги бўлимда келтириб ўтадиган сатрлардан ва Ҳажжатул вадоъда ҳозир бўлган ҳожилар ададидан ҳам билиб олса бўлади. Шундай қилиб, ички муаммолар барҳам топиб, мусулмонлар Аллоҳнинг шариатини таълим бериш ва Ислом даъватини ёйиш учун яхшигина фурсатга эга бўлдилар. Ғазотнинг сабаби Лекин, шу билан бирга, асоссиз равишда мусулмонларга қарши душманлик мавқифини тутган ташқи бир куч ҳам ўртага чиқдики, у ўша даврда ер юзидаги энг кучли ҳарбий қудратга эга бўлган румликлар эди. Аввал айтиб ўтилгани каби, бу адоват Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг элчилари бўлмиш Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийни Шураҳбил ибн Амр ал-Ғассоний тарафидан ўлдирилиши билан бошланган эди. Ўшанда Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бусро ҳокимига йўллаган мактубларини олиб кетаётган эди. Шу воқеадан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги сарийяни юборган, бу сарийя аъзолари Муътада румликлар билан қаттиқ тўқнаш келишган, золимлардан ўч олишга муваффақ бўлинмаган эса-да, ушбу тўқнашув чор-атрофдаги араблар дилида ўзининг жуда кучли таъсирини қолдирган эди.Рум шоҳи Қайсар Муъта жангининг мусулмонлар фойдасига хизмат қилганидан ва шундан сўнг кўплаб араб қабилалари Қайсардан мустақилликка эришиб, мусулмонлар билан иттифоққа киришга интила бошлаганидан кўз юмиши мумкин эмасди. Чунки, бу унинг ҳудудлари сари яқинлашиб келаётган жуда катта хатардан дарак берар ва араблар билан ёнма-ён жойлашган Шом диёрларига нисбатан таҳдид ҳисобланар эди. Шунинг учун у мусулмонлар енгиб бўлмас катта қудратга айланмасларидан туриб ва Румга қўшни араб минтақаларида беқарорлик ва қўзғолонлар пайдо бўлмасдан туриб уларни янчиб ташлашга ва батамом тор-мор қилишга аҳд қилди.Мана шуларни назарда тутган Қайсар Муъта жангидан бир йил ҳам ўтмай, румликлар ва уларга тобеъ бўлган Ғассон ва бошқа араб қабилалари иштирокида жуда катта қўшин ҳозирлай бошлади ва ҳал қилувчи қонли урушга тайёрлана бошлади. Румликлар ва Ғассоннинг урушга тайёргарлиги ҳақидаги умумий хабарлар Румликларнинг мусулмонлар билан аёвсиз урушга тайёргарлик кўраётганлари ҳақидаги хабарлар Мадинага тўхтовсиз келиб турар, Мадина аҳлини ҳар лаҳза хатарга дуч келиш хавфи ўраб олган, ҳатто бирон ғайри оддий овоз эшитилса, уни румликлар ҳужуми эмасмикин, деган хавотир билан кутиб олинадиган бўлиб қолганди. Бу нарса Умар ибн Хаттоб билан бўлган қуйидаги воқеада ҳам яққол кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу йили – 9-ҳижрийда – бир ой аёлларидан ийло қилган (яъни, уларга яқинлашмасликка қасам ичган), улардан четланиб, бир ҳужрани маскан тутган эдилар. Саҳобалар аввал бошда бу ишнинг ҳақиқатига тушунолмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини талоқ қилган бўлсалар керак, деган гумонга боришди ва кўнгилларини ташвиш, хавотир ва безовталик эгаллади. Умар ибн Хаттоб ушбу воқеа ҳақида сўзлар экан, шундай дейди: «Менинг бир ансорий биродарим бор эди. Биз Мадинанинг Аволийсида яшаганимиз боис навбат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб турардик. У мен йўқлигимда бўлган ишлар хабарини менга етказиб келар, мен ҳам у йўқлигида бўлган ишлар хабарини унга етказиб турардим. Ўша кунлари Ғассон подшоҳларидан бирининг Мадина устига ҳужум қилиши ҳақида хабарлар тарқалган ва бизнинг дилларимиз хавотир билан тўлган эди. Бир куни ансорий биродарим эшикни қаттиқ қоқиб: «Оч, оч!», дея бошлади. Шунда мен: «Нима гап, Ғассоний бостириб келдими?», деб сўрадим. У: «Ундан ҳам ёмонроқ хабар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан четланибдилар», деди...»[1]
Бошқа бир ривоятда айтади: «Ғассонликлар бизга қарши урушга тайёрланаётганлари ҳақида гап-сўзлар юрган кунлар эди. Биродарим ўзининг навбати куни шаҳарга тушиб кетди ва хуфтон маҳали қайтиб келиб, эшигимни қаттиқ ура бошлади ва: «Ухлаяптими у?», деб сўради. Мен қўрқиб кетдим ва шошилиб унинг олдига чиқиб: «Нима бўлди? Ғассон бостириб келдими?», деб сўрадим. У: «Йўқ, бундан ҳам ёмонроқ иш бўлди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини талоқ қилибдилар», деди...»[2]
Бу эса мусулмонларнинг румликларга нисбатан тутган ғоят хавотирли муносабатларидан дарак берарди. Боз устига, ушбу хавотирли хабарлар Мадинага келиб турган кунлари мунофиқлардан содир бўлган бир иш дард устига чипқон бўлди. Мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча жабҳаларда ғалабага эришаётганларини ва ер юзидаги ҳеч бир шоҳу султондан қўрқмасликларини, у зотнинг йўлларига тўғаноқ бўлаётган ҳар қандай тўсиқлар эриб битаётганини кўриб туриб ҳам, дилларида яширин мақсадларини амалга ошириш ниятидан қайтмаган эдилар, исломга ва мусулмонлар бошига ёмонлик етишини кутиб яшашдан чарчамаган эдилар. Қадимий орзулари ушалишига бир баҳя қолгандек туюлган шу кунларда улар зоҳирда масжид суратида, аслида эса ўз фитна ва макр-ҳийлаларига ўчоқ бўлиши учун бир марказ барпо қилдилар. У Зирор (мўминларга зарар етказиш) масжиди бўлиб, уни куфрни кучайтириш ва мўминлар орасига тафриқа солиш ҳамда Аллоҳ ва Расулига қарши урушган кимсаларга кўз тутиш учун қурган эдилар. Сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу масжидларида намоз ўқиб беришларини сўрадилар. Бу билан уларнинг мақсадлари мўминларни чалғитиш, мўминларга қарши у ерда тўқилажак фитна ва фириб-найранг тўрларидан уларни ғофил қолдириш, унга кириб-чиқаётган кимсалардан мўминлар эътиборини буриш бўлиб, бу бино мунофиқлар ва уларнинг хориждаги ҳамтовоқлари учун бехавотир гўшага айланишини истаган эдилар. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушга ҳозиргарлик билан банд бўлганлари учун у ерда намоз ўқишни кейинга қолдирдилар. Мунофиқлар ниятларига эришолмадилар, Аллоҳнинг Ўзи уларни шарманда қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотдан қайтиб келганларидан сўнг ушбу масжидда намоз ўқиш ўрнига, аксинча, уни буздириб юбордилар. Рум ва Ғассоннинг тайёргарлиги ҳақида хос хабарлар Шу орада Шомдан Мадинага мой келтирган нибтлик савдогарлар Ҳирақл қирқ минг аскардан иборат улкан қўшин жамғаргани, унинг бош қўмондонлигини Рум лашкарбошиларидан бирига топширгани, бу қўшин сафига Лахм, Жузом ва бошқа насроний араб қабилаларини ҳам жалб этгани, қўшиннинг олдинги қисми Балқога етгани ҳақида хабар келтирдилар. Шу билан мусулмонлар кўз ўнгида уларни нақадар кенг кўламдаги хатар кутиб тургани яна-да очиқ маълум бўлди. Вазиятни яна-да оғирлаштирадиган ҳолат Вазият шуниси билан ҳам оғир эдики, бу давр ёзнинг айни қаттиқ қизиган кунларига тўғри келган, қурғоқчилик ва иқтисодий танглик сабабли одамлар жуда қийин аҳволда турган, унинг устига мевалар энди пишиб келаётган ва одамлар боғ-роғлари ва соя-салқин жойларида ўтиришни ёқтирадиган ва сафарга чиқишни ёқтирмайдиган бир пайт эди. Боз устига, масофа ҳам узоқ, йўл эса оғир ва машаққатли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга чиқишга қатъий қарор қабул қиладилар Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вазиятга бундан кўра чуқурроқ ёндашиб, воқеалар ривожини тийрак нигоҳ билан кузатиб, донолик билан таҳлил қилиб бораётган эдилар. Охир-оқибат, агар мана шундай қалтис шароитда Румга қарши урушга эриниб, сусткашлик қилинса, румликларни Ислом ҳукми ва нуфузи остидаги минтақаларда кезиб юришига ва Мадинага бостириб келишига йўл қўйиб берилса, бу исломий даъватга ва мусулмонларнинг ҳарбий шон-шавкатларига жуда ёмон таъсир кўрсатади, деган хулосага келдилар. У ҳолда Ҳунайндаги қақшатқич мағлубиятдан сўнг ўзининг охирги нафасларини олаётган жоҳилият яна қайта жонланиши, мусулмонларга ёмонлик етишини кутиб юрган ва Абу Омир ал-Фосиқ воситасида Рум шоҳи билан алоқада бўлиб турган мунофиқлар Рум қўшини мусулмонларга олди томондан ҳамла қилган чоғда орқадан туриб улар орқасига пичоқ уриши тайин эди. Оқибатда у зот ва асҳоблари Исломни ёйиш учун сарфлаган шунча куч-ҳаракатлар зое бўлиб, давомий қонли жанглар ва ҳарбий амалиётлар орқасидан улар эришган барча муваффақиятлар қўлдан бой берилар эди.Мана шулардан келиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қанча оғир ва машаққатли ҳолат бўлмасин, йўлга отланишга ва румликлар билан уларнинг ўз ҳудудларида уруш олиб боришга, уларни Ислом диёрига бостириб келишларига йўл қўймасликка қатъий қарор қилдилар. Румликларга қарши урушга тайёргарлик эълон қилиниши Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига урушга тайёрланиш ҳақида фармон бердилар. Макка аҳлига ва бошқа араб қабилаларига элчи юбориб, уларни ҳам бу урушга сафарбар қилдилар. Кўпинча, жангга чиқмоқчи бўлсалар, уни бошқалардан сир тутишга уринардилар. Бу сафар вазиятнинг ғоят оғирлиги ва шароитнинг ўта қийинлигидан келиб чиқиб, Румга қарши урушга отланаётганлари ҳақида очиқ эълон қилдилар, одамлар мукаммал тайёргарлик кўришлари учун уларга ҳолатни очиқ баён қилдилар ва уларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Бароъа сурасида мусулмонларни матонатга чорловчи ва жиҳодга ундовчи оятлар нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Аллоҳ йўлида инфоқ қилишга ва энг яхши молларини сарфлашга ундадилар. Мусулмонлар жангга ҳозирлик кўришда мусобақалашадилар Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Румга қарши урушга чорловчи овозларини эшитгач, ўша заҳоти ушбу фармонга бўйсунишга шошилдилар ва зудлик билан урушга ҳозирлик кўра бошладилар. Чор-атрофдан қавму қабилалар Мадинага оқиб кела бошлади. Мусулмонлардан бирон киши ҳам ушбу жангдан қолишни истамади, – қалбларида мараз бўлган кимсалар ва холис мусулмонлардан уч киши бундан мустасно – ҳатто, камбағал ва муҳтож кишилар ҳам румликларга қарши жангга чиқиш истагини билдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзлари учун от-улов ва қурол-аслаҳалар сўраб келишарди, «Уларга: «Сизларни миндириб юборадиган улов йўқ-ку», деганингизда (жиҳод учун) ишлатиладиган бирон нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлишиб, кўзларидан ёш тўкиб, қайтиб кетишарди» (Тавба: 92).Ундан ташқари, мусулмонлар уруш тайёргарлиги учун пул-мол сарф қилиш ва садақотлар беришда ҳам ўзаро мусобақага киришдилар. Усмон ибн Аффон Шомга юборишга бир карвон тайёрлаб қўйган эди, 200 (икки юз) туялик ўша карвонини устидаги анжомлари билан, яна 200 (икки юз) увқия кумушни ҳам қўшиб, Аллоҳ йўлида садақа қилди. Сўнг яна 100 (юзта) туяни эгар-жабдуқлари билан келтириб берди. Сўнг 1000 (минг) динор келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг этакларига тўкди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу тиллаларни этакларида айлантириб туриб: «Усмонга бугундан кейин нима иш қилса ҳам зарари йўқдир», дедилар[3]. Усмон кейин ҳам қайта-қайта садақа қилди, ҳатто унинг садақаси миқдори пуллардан ташқари 900 (тўққиз юз) туя ва 100 (юз) отга етди.Абдурраҳмон ибн Авф 200 (икки юз) увқия кумуш келтириб берди. Абу Бакр Сиддиқ бор молини – яъни, 4000 (тўрт минг) дирҳам – келтириб берди, аҳли-оиласи учун Аллоҳу Расулидан бошқа нарсани қолдирмади. Буни у ҳаммадан биринчи бўлиб олиб келган эди. Умар ибн Хаттоб ярим мол-дунёсини келтирди. Аббос ҳам анчагина мол келтирди. Талҳа, Саъд ибн Убода, Муҳаммад ибн Масламалар ҳам кўп пул-мол келтириб бердилар. Осим ибн Адий тўқсон васақ[4] хурмо олиб келди. Бошқалар ҳам озми, кўпми, ўз садақаларини келтириб беришди. Ҳатто, баъзилар бир-икки муд (ҳовуч) бўлса ҳам топганича нарса келтирдилар. Аёллар ҳам қодир бўлганларича билагузук, сирға, узук каби ҳар хил тақинчоқларини юбордилар.Мунофиқлардан бошқа ҳеч ким бу ишдан четда қолгиси келмади, фақат мунофиқларгина «Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қилишарди» (Тавба: 79). Ислом лашкари Табукка йўл олади Қўшиннинг тайёргарлиги шу тарзда амалга оширилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага Муҳаммад ибн Маслама ал-Ансорийни халифа қилиб қолдирдилар, айримлар Сибоъ ибн Урфутани халифа қилганлар ҳам дейишган. Ўз аҳли-оилаларига Алий ибн Аби Толибни бош-қош қилиб қолдирдилар. Мунофиқлар ҳар хил пичинг гаплар қилишгач, Алий ҳам йўлга чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб олди. Шунда у зот: «Менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишга рози бўлмайсизми?! Фақат, (ўртадаги фарқ шуки,) мендан кейин пайғамбар йўқдир», деб, уни яна Мадинага қайтариб юбордилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайшанба куни Табукни қасд қилиб, шимол томонга қараб ҳаракатланишни бошладилар. Қўшин жуда ҳам улкан – 30000 (ўттиз минг) жангчидан иборат – бўлиб, мусулмонлар ҳар қанча мол сарфлаганларига қарамай, уни мукаммал ва тўла-тўкис жиҳозлаш имкони бўлмаган, қўшинда озиқ-овқат ва от-уловга бўлган қаттиқ тақчиллик сезилиб турарди. Ўн саккиз киши битта туяни навбатлашиб минишар, кўпинча очликдан дарахт баргларини ейишганидан оғизлари шишиб, ёрилиб кетарди. Туялар тақчиллигига қарамай, уларнинг қоринлари ичидаги сувларни ичиш мақсадида уларни сўйишга ҳам мажбур бўлишарди. Шу боисдан ушбу қўшин «жайшул-усра» (қийинчилик лашкари) деб ном олди.Исломий қўшин Табукка қараб борар экан, йўлда Ҳижрдан – харсанг тошларни кесиб ўзларига уйлар солиб олган Самуд қавми диёри бўлмиш Қуро водийсидан – ўтдилар. У ердаги қудуқдан сув ичмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг сувидан ичманглар, таҳорат ҳам олманглар! Ўша сувдан хамир қорган бўлсангиз, уни туяларга бериб юборинглар, ундан ўзларингиз еманглар!», деб буюрдилар ва Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломнинг туялари сув ичгани келадиган қудуқдан сув тортиб ичишга буюрдилар.«Саҳиҳайн»да Ибн Умардан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳижрдан ўтаётганларида: «Ўзларига зулм қилган кимсаларнинг турар жойларига киргудек бўлсангиз, фақат йиғлаган ҳолда киринглар, токи уларга етган бало сизларга ҳам етиб қолмасин», дедилар, сўнг бошларини ўраб олиб, то водийдан ўтиб кетгунча юришни тезлатдилар[5].Йўлда қўшин қаттиқ ташналикдан қийналиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилганларида у зот Аллоҳга дуо қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло бир булут юбориб, ёмғир ёғдириб берди, одамлар шу билан сувга бўлган эҳтиёжларини қондирдилар.Табукка яқин қолганида: «Иншооллоҳ, эртага Табук чашмасига етиб борасизлар. Унга чошгоҳ маҳалидагина етиб борасизлар. Ким аввал етиб борса, то мен бормагунимча унинг сувига қўл теккизмасин!», дедилар. Муоз айтади: «Биз борганимизда икки киши аввалроқ етиб келган экан. Булоқдан оёқ кийимнинг ипидек ингичка бўлиб, озгина сув оқиб чиқаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги икковидан: «Булоқ сувига тегдиларингми?», деб сўрадилар. Улар: «Ҳа», дейишди. Уларни койиб, Аллоҳ истагинича сўзларни айтдилар. Сўнг булоқдан ҳовучларида оз-оздан сув олиб, бир оз миқдорда сув тўплаб, у билан юз-қўлларини ювдилар, кейин уни булоққа қайтариб тўккан эдилар, ундан тўлиб-тошиб сув чиқа бошлади. Ҳамма шу сувдан баҳраманд бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Муоз, агар умринг узун бўлса, мана шу атрофларни боғ-роғ билан тўлганини кўрасан», дедилар[6].Йўлда – бир ривоятда Табукка етганларида – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу кеча қаттиқ бўрон бўлади. Шунда ҳеч кимингиз ўрнидан турмасин. Туяси борлар туясини маҳкам тушовлаб қўйсин», дедилар. Тунга бориб қаттиқ бўрон турди. Бир киши ўрнидан турган экан, уни шамол учириб, Тоййиъ тоғларига олиб бориб ташлади[7].Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатлари бўйича, йўлда пешин билан асрни ва шом билан хуфтонни улардан бирининг вақтида жамлаб ўқиб бордилар. Ислом қўшини Табукда Ислом лашкари Табукка тушиб, лашкаргоҳ қурди ва душман билан тўқнашувга ҳозирлана бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга пурмаъно сўзлар билан жуда таъсирчан ваъз-насиҳат қилдилар, уларни дунё ва охират яхшилигига чорладилар, хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи сўзлар билан мурожаат қилдилар. Шу билан уларнинг руҳиятларини кўтардилар, озиқ-овқат ва моддий таъминот етишмаслигидан юзага келган бўшлиқни тўлдирдилар ва яраларига малҳам қўйдилар. Румликлар ва уларнинг иттифоқчилари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бостириб келганлари хабарини эшитиб, дилларига қўрқув оралади ва мусулмонлар билан тўқнашишга юраклари бетламай, мамлакат бўйлаб, ўз ҳудудлари ичида тарқалиб кетишди. Бу эса жазира ичкарисида ва унинг атрофларида мусулмонларнинг ҳарбий обрў-эътиборлари ошишига жуда катта таъсир кўрсатди, бу билан мусулмонлар ғоят муҳим ва катта сиёсий устунликни қўлга киритдиларки, эҳтимол, душман билан амалий равишда тўқнашган чоғларида ҳам бу даражада юксак нуфузга эриша олмасликлари мумкин эди.Айла ҳокими Юҳанна ибн Руъба келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сулҳга эришди ва жизя тўлади. Жарбоъ ва Азруҳ аҳллари ҳам келиб, жизя беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга омонлик хати ёзиб бердилар. Мийноъ аҳли ўзларидан чиққан ҳосилнинг тўртдан бирини беришга сулҳ туздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Айла соҳибига қуйидаги хатни ёзиб бердилар: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Аллоҳ томонидан ва Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан Юҳанна ибн Руъбага ва бутун Айла аҳлига берилган омонлик хатидир. Уларнинг кемалари ва қуруқликдаги карвонлари Аллоҳнинг, Муҳаммад пайғамбарнинг ва у билан бирга бўлган Шом аҳли ва денгиз аҳлининг ҳимоясидадир. Улардан (яъни Айла аҳлидан) қай бир киши аҳдни бузса, унинг жони омонда бўлса ҳам, моли талонда бўлиб, уни олганлар учун ҳалолдир. Уларни ўзлари истаган сувдан ёки юрмоқчи бўлган қуруқлик ва сув йўлидан тўсиш мумкин эмасдир».Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холид ибн Валидни 420 отлиқ билан Дувматул Жандал ҳокими Укайдир ҳузурига юбордилар ва унга: «Сиз уни сигир овлаётган ҳолда топасиз», дедилар. Холид етиб бориб, унинг қалъасидан кўз илғарлик масофада турганида бир ёввойи сигир келиб, шохларини қаср дарвозасига ишқалай бошлади. Шунда Укайдир уни овлаш учун чиқиб келди. Тун ойдин эди. Холид ибн Валид ўз отлиқлари билан бориб, уни қўлга тушириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қонидан кечдилар ва у билан сулҳ туздилар. Сулҳга кўра у 2000та туя, 800 бош қул-чўри, 400та совут, 400та найза берди ва жизя тўлашга рози бўлди. Унга ҳам Юҳанна билан бирга Дувма, Табук, Айла ва Таймоъга қилган ҳукмларини қилиб, уларга омонлик хати ёзиб бердилар.Румликлар фойдасига ишлаётган қабилалар ҳам бундан буёғига эски хожаларига суяниш вақти ўтганига ишонч ҳосил қилишиб, мусулмонлар томонга юз бура бошладилар. Шундай қилиб, ислом давлатининг ҳудудлари кенгайиб, бевосита Рум чегараларига етиб борди. Мадинага қайтишлари Ислом лашкари Табукдан музаффар ва ғолиб бўлиб, бирон талафот кўрмай қайтиб келди. Аллоҳ таолонинг ўзи мўминларни машаққатли урушга киришдан озод қилди. Йўлда қайтаётганларида бир тор дара ичида мунофиқлардан ўн икки нафари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд қилишга уринишди. Бу шундай бўлди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша дарадан ўтиб бораётганларида Аммор у зотнинг туялари тизгинидан тутиб бораётган, Ҳузайфа ибн ал-Ямон туяни ҳайдаб бораётган эди. Одамлар эса водий оралаб юриб бораётган эдилар. Ҳалиги мунофиқлар қулай фурсатдан фойдаланиб қолмоқчи бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки саҳоба ҳамроҳлигида юриб борарканлар, орқадан кимларнингдир шарпаси сезилди. Юзларига ниқоб тутган бир гуруҳ кишилар ёпирилиб келаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайфага буюрдилар, у қўлидаги таёқ билан улар минган туяларнинг бошларига ура бошлади ва туялар ҳуркиб, ортга тисарилдилар. Аллоҳ таоло уларнинг дилига қўрқув солиб қўйди ва улар тезлик билан орқаларига қайтиб, одамлар ичига сингиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг исмларини ва қилмоқчи бўлган ишларини айтиб бердилар. Шу боисдан Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирлари соҳиби деб аталарди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят ҳам нозил қилган эди: «Улар ўзлари етолмаган нарса (яъни пайғамбар жонига суиқасд қилишга) қасд қилган эдилар» (Тавба: 74).Узоқдан Мадинанинг белгилари кўрингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу Тоба (пок шаҳар), бу эса бизни яхши кўрадиган ва биз ҳам уни севадиган тоғ – Уҳуддир», дедилар. У зотнинг келаётганлари хабарини эшитган одамлар кутиб олгани чиқиб келдилар. Аёллар ва болалар қўшинни зўр қувонч билан, «Толаъал бадру» деб бошланувчи, «Бизларга Вадоъ тепаликларидан тўлин ой кўринди, то қиёмат шукр айтмоқ зиммамизга вожиб бўлди», деган мазмундаги қўшиқни куйлаб кутиб олишди.طلع البـدر علينا ** من ثنيات الوداعوجب الشكر علينا ** ما دعا للع داعРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Табукдан қайтиб, Мадинага кириб келишлари 9-ҳижрийнинг ражаб ойига тўғри келади[8]. Ушбу ғазотга бориб келишларига эллик кун кетди. Ундан йигирма кунида Табукда турдилар, қолганини йўлда ўтказдилар. Ушбу ғазот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иштирок этган охирги ғазотдир. Ушбу ғазотдан қолиб кетганлар Табук ғазоти унинг ўзигагина хос бўлган сабаб ва шарт-шароитлар туфайли Аллоҳ таоло томонидан мўминлар учун жуда катта имтиҳон бўлди. Унда бошқа шу каби ўринларда бўлганидек, мўминлар бошқалардан ажралдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Уҳудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади» (Оли Имрон: 179). Чин мўминлардан ҳеч қайсилари ушбу ғазотдан ўзларини четга олмасдан, ҳаммалари унга чиқиб бордилар, ҳатто ундан қолиш мунофиқлик белгиси бўлиб саналиб қолди. Бирон киши ундан қолиб кетган бўлса, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берилганида у зот: «Қўяверинглар, агар у одамда яхшилик бўлса, Аллоҳ ўзи уни сизларга етказиб қўяди. Агар бошқача бўлса, Аллоҳ ундан сизларни қутқарган бўлади», дердилар. Ушбу ғазотдан фақат бирон узрлари бўлган кишиларгина ёки Аллоҳ ва Расулини ёлғончи санаган мунофиқларгина ёлғондан узр айтишиб ё умуман узр ҳам айтмасдан қолдилар. Тўғри, ҳақиқий мўминлардан уч нафари ҳам ҳеч қандай узрли сабабсиз қолиб кетишди. Улар Аллоҳнинг синовига дучор бўлиб, кейин Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилган кишилар эди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келгач, энг аввал масжидга кириб, икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг одамларнинг узр-маъзур айтишларини эшитиб ўтирдилар. Мунофиқлар – саксондан ортиқроқ киши – келиб, ҳар хил узрлар айтиб, қасам ичишди. Уларнинг зоҳирий сўзларини қабул қилиб, байъат қилдилар. Улар учун истиғфор айтиб, дилларини Аллоҳга топширдилар.Аммо, уч нафар чин мўминлар – Каъб ибн Молик, Мурора ибн Рабиъ ва Ҳилол ибн Умайя – эса тўғрисини, яъни ҳеч қандай узрсиз қолишганини айтишга қарор қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни бу уч киши билан гаплашишдан ман қилдилар. Улардан батамом алоқалар узиб қўйилди, уларга нисбатан мусулмонларнинг муомалалари ўзгарди. Ер ҳам уларни сиғдирмай қолди, кенг ер кўзларига тор бўлиб, жуда оғир ва танг аҳволда қолдилар. Жазо чоралари бошланганидан қирқ кун ўтгач, уларга аёлларидан ҳам четланиш буюрилди. Фақат эллик кундан кейингина Аллоҳ таоло уларнинг тавбаларини қабул қилиб, оят нозил қилди:«Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик килиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари қабул бўлмай) қолдирилган эди. Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир» (Тавба: 118).Мусулмонлар кўп хурсанд бўлдилар ва уларни муборакбод этдилар, уччовларининг эса шодликларининг чек-чегараси йўқ эди. Улар тавбалари мақбул бўлгани шукронасига садақот ва хайру эҳсонлар қилдилар. Бу кун уларнинг ҳаётларидаги энг бахтли кун бўлиб қолди.Ҳақиқий узр сабабли чиқолмай қолган кишилар ҳақида Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Ожиз-нотавонларга, хасталарга ва (жиҳод учун) бергани ҳеч нарса топа олмаётган кишиларга — агар улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари учун холис бўлсалар, бирон хараж — гуноҳ йўқдир» (Тавба: 91).Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага яқинлашганларида улар ҳақида шундай деган эдилар: «Мадинада шундай кишилар борки, сизлар қаерга борган бўлсангиз, қай бир водийни босиб ўтган бўлсангиз, улар сизлар билан бирга бўлдилар, уларни узр ушлаб қолди». «Ё Расулуллоҳ, улар Мадинадамилар?», деб сўралганда: «Улар Мадинадалар», деб жавоб бергандилар. Ушбу ғазотнинг таъсири Ушбу ғазотнинг Араб жазирасида мусулмонларнинг нуфузлари ортиши ва кучайишига жуда катта таъсири бўлди. Одамлар араб оламида Исломдан ўзга бирон куч яшаб қололмаслигига амин бўлдилар. Мусулмонлар бошига кулфат ёғилишини кутиб яшаётган жоҳил ва мунофиқ кимсаларнинг сўнгги умидлари ҳам пучга чиқди. Чунки, улар бор орзу-умидларини румликларга боғлаган эдилар. Мана шу ғазотдан кейин улар ҳам писиб, биқиниб юришга мажбур бўлдилар, воқеъга таслим бўлишдан ўзга чора топмадилар.Эндиликда мусулмонларнинг мунофиқларга юмшоқ ва мулойимлик билан муомала қилишларига ўрин қолмади. Аллоҳ таоло уларга қаттиққўллик билан муомала қилишга буюрди, садақаларини қабул қилишдан, уларга жаноза намози ўқишдан, уларга истиғфор айтиш ва қабрлари устида туришдан қайтарди. Уларнинг масжид исми билан қуриб олишган макр-ҳийла ва фитна ўчоқларини бузиб ташлашга буюрди. Уларни шармандаю шармисор қиладиган ва шундан кейин уларни таниб олиш қийин бўлмайдиган оятларни туширдики, ушбу оятларда гўё уларни исмлари билан зикр қилингандек, Мадина аҳли гап ким ҳақида бораётганини аниқ-тиниқ билиб турарди.Ушбу ғазотнинг араб оламидаги таъсирини шундан ҳам билса бўладики, араб қабилалари Макка фатҳидан сал аввалроқдан бошлаб ва ундан кейин анча-мунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига вакиллар юбора бошлаган бўлсалар, бу ғазотдан кейин энди уларнинг нисбати мисли кўрилмаган даражада ортиб кетди[9]. Ушбу ғазот мавзусида Қуръон оятлари нозил бўлиши Бароъа сурасининг кўпгина оятлари ушбу ғазот мавзуси доирасида нозил бўлди. Улардан баъзилари ғазотга чиқиб кетишдан олдин, баъзилари чиқилгандан кейин – сафарда эканларида, баъзилари эса Мадинага қайтиб келганларидан сўнг нозил бўлди. Оятлар ғазотнинг айрим ҳолат ва кўринишларини, мунофиқларнинг шармандали ишларини, ушбу ғазотда иштирок этган ёки этмаган мужоҳид ва мухлис мўминларнинг фазилатларини ва шу каби ишлар баёнини ўз ичига олган эди. Шу йили бўлиб ўтган баъзи муҳим воқеалар Шу йили тарихий аҳамиятга молик айрим воқеалар бўлиб ўтди:1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтиб келганларидан кейин Уваймир ал-Ажлоний билан аёли ўртасида «лиъон»[10] содир бўлди. 2) Зино қилганини эътироф этиб келган ­Ғомид қабиласилик аёлга тошбўрон қилиш ҳукми ижро этилди, уни ҳомиласини туққанидан ва ўғлини сутдан ажратганидан сўнг тошбўрон қилинди. 3) Ҳабашистон подшоҳи Асҳама Нажоший шу йилнинг ражаб ойида вафот этди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Мадинада ғойибона жаноза намозини ўқидилар. 4) Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Умму Кулсум вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп қайғурдилар, Усмонга: «Агар учинчи қизим бўлса, уни ҳам сизга берган бўлардим», дедилар. 5) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан сўнг мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга истиғфор айтдилар, унга жаноза ўқидилар. Умар розияллоҳу анҳу у зотни бундай қилишдан қайтаришга уриниб кўрди. Кейинроқ Умарнинг фикрини тўғри санаб, оят нозил бўлди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошчилигида ҳаж ибодати адо этилиши Шу йил, яъни 9-ҳижрийнинг зул-қаъда ёки зул-ҳижжа ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни мусулмонларга бош бўлиб ҳаж ибодатини адо этиши учун юбордилар.Кейин Бароъа сурасининг аввалидаги кофирлар билан аҳдларни бекор қилиниши ҳақидаги оятлар нозил бўлди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам арабларнинг қонлар ва моллар ҳақидаги аҳдлар борасидаги одатларича, Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳуни ушбу оятларни эълон қилиш учун ўзлари томонидан вакил қилиб юбордилар. Алий Аражда ёки Зожнонда Абу Бакрга етиб олди. Абу Бакрнинг: «Амир бўлиб келаяпсизми, тобеъ бўлибми?», деган саволига: «Тобеъ бўлиб», деб жавоб берди. Маккага етиб боргач, Абу Бакр одамларга ҳаж ибодатларини адо этишда бош-қош бўлдилар. Наҳр (қурбон ҳайити) куни Алий ибн Аби Толиб Жамрада туриб, одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етказишга буюрган нарсани эълон қилди, аҳд эгаларининг аҳдини бекор қилди ва уларга тўрт ой муҳлат берди. Шунингдек, ўртада ҳеч қандай аҳд бўлмаган қавмларга ҳам тўрт ой муҳлат белгилади. Мусулмонлар билан тузилган аҳдида турган ва уларга қарши ҳеч қандай ҳаракатларга қўшилмаган кишиларнинг аҳдларини то муҳлати тамом бўлгунига қадар қолдирди.Абу Бакр розияллоҳу анҳу одамлар ичида: «Билиб қўйинглар, бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмайди, Байтни яланғоч одам тавоф қилмайди» деб эълон қилдирди.Бу эълон Араб жазирасида бутпарастликнинг тамомила битгани ва бу йилдан кейин энди қайтиб келмаслигини эълон қилиш ўрнида бўлди[11]. Ғазотларга бир назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазот ва сарийяларига чуқурроқ назар ташласак, на биз, на урушлар ва уларнинг асоратлари ҳақида фикр юритган ҳар қандай одам қуйидаги хулосага келишдан ўзга чора тополмаймиз:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг саййиди, нубувват ва рисолатда энг улуғи бўлиш билан бир қаторда дунёдаги энг катта ва энг зўр, энг фаросатли ва энг ҳушёр қўмондон бўлганлар, бу борада у зот танҳо даҳо эдилар. У киши ўзлари кирган ҳар бир жангга фақат зийраклик, шижоат ва тадбир тақозо қилган ҳолат ва томондан кирганлар. Шунинг учун ҳам биронта жангда ҳам қўшинни жангга ҳозирлаш, стратегик ўринларни эгаллаш, тўқнашув учун энг яхши ва афзал ўринларни белгилаш, жангни бошқаришнинг энг афзал режасини танлай билиш каби раҳбарлик ва бошқарувга оид бирон бир хато сабабли мағлубиятга учрамадилар. Балки, бу борада дунё таниган қўмондонларнинг биронтасида мавжуд бўлмаган, фақат ўзларига хос бошқарув санъатига эга эканликларини кўрсатдилар. Уҳуд ва Ҳунайнда содир бўлган айрим қусурли ҳодисалар эса қўшин аъзоларидаги баъзи заифликлар (Ҳунайнда) ёки (Уҳудда) у зотнинг буйруқларига амал қилмаслик, белгилаб берилган ҳарбий режа бўйича ҳаракат қилмаслик туфайли содир бўлди.Мана шу ҳар икки жангда ҳам мусулмонлар чекинаётган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тенгсиз маҳоратлари ярқ этиб кўзга ташланди. У зот ўзлари – Уҳудда бўлгани каби – душман қаршисида матонат билан туришга ва донолик билан уларнинг режаларини чиппакка чиқаришга қодир бўлдилар ёки – Ҳунайнда бўлганидек – жангнинг оқимини ўзгартириб юборишга ва мағлубиятни ғалабага айлантиришга қодир бўлдилар. Ваҳоланки, воқеалар хатарли тарзда ривожланиб турган, қақшатқич мағлубият қўшинни ўраб турган ва уларнинг мияларини фақат жонларини қутқариб қолиш фикригина чулғаб турган пайт эди.Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақат ҳарбий бошқарувдаги маҳоратлари эди. Бошқа жиҳатдан эса, у зот ушбу ғазотлар сабабли араб оламида тинчлик-осойишталик ўрнатишга, фитна оловини ўчиришга, Ислом ва бутпарастлик ўртасидаги курашда душманларнинг шон-шавкатини синдиришга, уларни сулҳга мажбур қилишга ва даъватни ёйиш учун йўл очишга муваффақ бўлдилар. Ундан ташқари, ушбу жанглар у зотнинг асҳоблари ичидаги ҳақиқий мухлис кишиларни ботинларида нифоқ ўрнашган ғаддор ва хиёнаткор кимсалардан ажратиб берди.У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўмондонлардан катта бир гуруҳини етиштириб чиқардилар. Кейинчалик улар Ироқ ва Шом майдонларида Форс ва Рум қўшинларига қарши уруш олиб бориб, урушлар режасини тузиш ва жангни бошқариш соҳаларида душманларидан анча устун эканликларини намоён этдилар, душманларни ўз ерлари ва диёрларидан суриб чиқаришга, қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб кетишга, қанчадан-қанча ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни ташлаб кетишга мажбур қилдилар.Шунингдек, ушбу ғазотлар туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни уй-жой, ер-мулк, ҳунар ва иш жойларига эга қилдилар, мол-мулк ва ҳовли-жойларини ташлаб келган қочқинлар муаммосини ҳал қилдилар, қурол-аслаҳалар, от-уловлар, асбоб-анжом ва нафақалар ҳозирладилар. Буларнинг барини заррача ҳам зулм, тажовуз, туғён ва зўрликларсиз амалга оширдилар.Жоҳилият даврида уруш оловлари ёқилишига сабаб бўлган ва урушлардан кўзда тутилган ғараз ва мақсадларини бутунлай ўзгартириб юбордилар. Уруш дегани жоҳилият тушунчаси бўйича, талон-тарож, ўлдириш, босқинчилик, зулм, тажовуз, ўч олиш, қасос ташналигини қондириш, заифларни эзиб-янчиб ташлаш, шаҳар-қишлоқларни харобага айлантириш, биноларни вайрон қилиш, аёлларнинг ҳурматларини поймол қилиш, кексалар ва гўдакларга шафқатсизлик, экин ва насллларни қуритиш, ер юзига бузғунчилик ва фасод келтириш маъносида бўлган бўлса, энди у Ислом тушунчаси бўйича, олий мақсадлар ва улуғ ғояларни рўёбга чиқариш мақсадида олиб бориладиган, инсоний жамият ҳамма замон ва маконларда у сабабли иззатга эришадиган жиҳодга айланди. Уруш деган тушунча инсонни зулм ва зўравонлик низомидан қутқариб, инсофу адолат низомига олиб чиқадиган, кучли кучсизни ейдиган низомдан қутқариб, интиқом олинар пайтда кучлилар кучсизга айланадиган низомга олиб чиқадиган жиҳод маъносини англата бошлади, «Парвардигоро, бизни эгалари золим бўлган бу шаҳардан озод қил ва бизга ўз ҳузурингдан бир дўст бергин, бизга ўз ҳузурингдан бир ёрдамчи қилгин», деяётган эркаклар, аёллар ҳамда болалардан иборат бўлган бечоралар (ни озод қилиш) йўлида» (Нисо: 75) олиб бориладиган олийжаноб кураш маъносига кўчди, Аллоҳнинг ерини ғаддорлик, хиёнаткорлик, гуноҳ ва тажовузкорликдан поклаш ва тинчлик-осойишталик, меҳр-мурувват ва ҳақ-ҳуқуқларни риоя қилишни ўрнатадиган жиҳод маъносини англата бошлади.Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушлар учун олийжаноб қоидалар белгилаб, лашкарни ҳам, қўмондонларни ҳам уларга риоя қилишга буюрдилар, ҳеч қачон ушбу қоидалар доирасидан чиқишга рухсат бермадилар. Сулаймон ибн Бурайда отаси (Бурайда ал-Асламий) розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон лашкар ёки сарийяга амир тайинласалар, уни ўзи ҳақида Аллоҳдан тақво қилишга ва ёнидаги мусулмонларга яхшилик қилишга буюрардилар, сўнг айтардилар: «Аллоҳнинг исми билан, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар! Аллоҳга кофир бўлган кимсаларга қарши урушинглар! Жанг қилинглар, лекин хиёнат қилманглар, (ўлжалардан) билдирмай олманглар, мусла қилманглар (яъни қулоқ-бурун каби аъзоларни кесманглар), ёш болани ўлдирманглар!» (Имом Муслим ривояти). Динни енгил-қулай кўрсатишга чақириб: «Осон кўрсатинглар, қийин кўрсатманглар. Хурсанд қилинглар, нафратлантирманглар», дердилар (Имом Бухорий ривояти).Душман диёрига тунда кириб борсалар, то тонг отгунича уруш бошламасдилар. Ўт билан куйдиришдан қаттиқ қайтарганлар, ҳимоясиз кишини ўлдиришдан қайтарганлар, аёлларни ўлдириш ва калтаклашдан қайтарганлар, талончиликдан қайтарганлар, «Талончилик билан қўлга киритилган ўлжа ўлимтикдан кўра ҳалолроқ эмас», дердилар. Қаттиқ зарурат тушмаган ва бундан бошқа йўл қолмаган ҳолатдан бошқа пайтда экин-тикинларни пайхон қилишдан, наслларни қиришдан, боғ-роғларни кесишдан қайтарганлар. Маккани фатҳ қилиш пайтида: «Жароҳат олиб ётган кишини ўлдирманглар, қочаётганни қувманглар, асирга тушганни ўлдирманглар», деганлар. Элчига ўлим йўқ, деган суннатни жорий қилганлар, муоҳидни (у ёки давлати билан тинчлик аҳд-битим бўлган кишини) ўлдиришдан қаттиқ қайтарганлар, ҳатто: «Ким бир муоҳидни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди. Ваҳоланки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан билиниб туради», деганлар. Бундан бошқа ҳам, урушларни жоҳилият кирлигидан тозалаб, муқаддас жиҳодга айлантириб қўйган яна бир қанча қонун-қоидалар тузиб бердилар[12]. Одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кириб келадилар Макка фатҳи ғазоти – аввал ҳам айтиб ўтганимиздек – бутпарастликнинг илдизига болта урган, ҳал қилувчи ғазот бўлган эди. Араблар шу ғазот туфайли ҳақни ботилдан ажратиб олдилар, кўнгилларидан шубҳалар ариб, исломни қабул қилишга шошилдилар.Амр ибн Салама айтади: Биз одамларнинг йўли устидаги бир сувли жойда турардик. Уёқ-буёққа ўтиб турган карвонлардан атрофда бўлаётган воқеалар ҳақида ва бу киши – яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – ҳақида сўрардик, улар: «Ҳа, у ўзини Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбар деб айтади, унга Аллоҳдан ваҳий тушар эмиш, Аллоҳ унга фалон нарсаларни ваҳий қилибди», дейишар, шунда мен уларнинг сўзларини ёдлаб қолардим, у сўзлар менинг қалбимга маҳкам ўрнашиб қоларди. Араблар фатҳни кутиб, Исломни қабул қилишни пайсалга солиб туришар, «Уни қавми билан яккама-якка қўйиб қўйинглар, агар қавмига ғолиб бўлса, ҳақиқий пайғамбар бўлади», дейишарди. Макка фатҳ этилгач, ҳамма қабилалар Исломни қабул қилишга ошиқдилар. Отам ҳам қавми ичида биринчи бўлиб Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб келгач: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен сизларнинг олдингизга ҳақиқий пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларидан келаяпман. У зот: «Фалон вақтда мана бу намозни ўқинглар, фалон вақтда мана бу намозни ўқинглар, намоз вақти бўлганида бирингиз азон айтинг, Қуръонни кўпроқ ўқий оладиганингиз имом бўлсин», дедилар», деди...[13]
Бу ҳадис Макка фатҳи воқеалар ривожига ва Исломнинг ғолиб бўлишига, шунингдек, арабларнинг Исломга нисбатан ўз муносабатларини аниқлаб олишларига ва уни қабул қилишларига нақадар катта таъсир кўрсатганига далил бўлади. Табук ғазотидан кейин бу нарса яна-да яққолроқ кўзга ташланди. Шунинг учун шу икки йил – яъни, тўққизинчи ва ўнинчи ҳижрий – ичида Мадинага тўхтовсиз элчилар ва вакиллар келганига, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирганликларига гувоҳ бўламиз. Ҳатто, Фатҳ ғазотида ўн минг кишини ташкил этган ислом қўшини орадан бир йил ўтмай Табук ғазотида ўттиз минг кишига етди. Ҳажжатул вадоъга келиб эса, мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида такбир, ҳамд ва тасбеҳлар билан уфқларни тўлдириб ва еру осмонни ларзага келтириб, мавж уриб турган юз минг кишилик – ёки бир юз қирқ тўрт минг кишилик – улкан уммонга айланганига гувоҳ бўлиш мумкин. Элчилар Ғазотшунослар етмишдан ортиқ қабила ва юртлардан элчилар келганини санайдилар. Бу ерда уларни бирма-бир айтиб ўтишга бизнинг имкониятимиз йўқ, уларнинг тафсилотига киришишдан унча катта фойда ҳам ҳосил бўлмайди. Шунинг учун бу ерда улар ичидан тарихий аҳамиятга молик ва ўзига хос ўрни бўлганларинигина зикр қилиб ўтамиз. Ўқувчи ёдида тутишини истардикки, қабилалар вакиллари асосан фатҳдан кейин келган бўлсалар-да, улар ичида фатҳдан илгарироқ келганлари ҳам бор: 1) Абдул Қайс элчилари:Ушбу қабиладан икки бор вакиллар келган. Биринчиси ҳижратнинг бешинчи йилида ёки ундан ҳам илгарироқ бўлган эди. Ушбу қабиладан Мунқиз ибн Ҳайён деган киши тижорат билан Мадинага келади ва Исломни ўрганиб, мусулмон бўлади. Сўнг қавмига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини олиб қайтади. Қавми ҳам мусулмон бўлиб, шаҳри ҳаромда 13 ёки 14 киши у зот ҳузурларига вакил бўлиб келдилар. Шу келган сафарларида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон ҳақида, ичимликлар ҳақида савол беришган эди. Уларнинг каттаси Ал-Ашажжул Асрий бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сизда Аллоҳ суядиган иккита хислат: ҳалимлик ва оғир-босиқлик бор экан», дегандилар.Иккинчи бор уларнинг вакиллари бошқа элчилар келаётган йилда келишди. Бунда уларнинг сони қирқ нафарни ташкил қилди. Ичларида Жоруд ибн Алоъ ал-Абдарий ҳам бўлиб, у аввал насроний динида эди, сўнг исломни қабул қилиб, исломи жуда гўзал бўлган эди[14]. 2) Давс элчилари:Бу қабила элчилари еттинчи йилнинг бошларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарда эканларида келишган эди. Биз юқорида Туфайл ибн Амр ад-Давсийнинг мусулмон бўлгани ҳақида айтиб ўтгандик. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадалик пайтларида исломни қабул қилган, сўнг қавмига қайтиб бориб, уларни исломга даъват қилган, аммо қавми исломни қабул қилишга шошилмаган эди. Шунда у уларнинг мусулмон бўлишларидан умиди узилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, қавмини дуоибад қилишларини сўраган эди. Шунда у зот: «Эй Парвардигор, Давсни Ўзинг ҳидоят қилгин», деб дуо қилгандилар. Шундан сўнг улар исломни қабул қилишди ва Туфайл еттинчи йилнинг бошларида қавмидан етмиш-саксон хонадонни бошлаб, ўша пайтда Хайбарда бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб қўшилди. 3) Фарва ибн Амр ал-Жузомийнинг элчиси:Фарва Рум қўшинидаги араб қўмондонларидан бири ва румликларнинг араб ерларидаги волийси эди. Маъон ва унинг атрофидаги Шом ерлари унга қарашли эди. У 8-ҳижрийда мусулмонларнинг Муъта жангида кўрсатган матонат, жасорат ва садоқатларини кўргач, бундан таъсирланиб, исломни қабул қилди. Ўзининг мусулмон бўлганини билдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга элчи юборди, у зотга ҳадя қилиб бир оқ хачир ҳам юборди. Румликлар унинг мусулмон бўлганидан хабар топишгач, уни ҳибсга олишди, сўнг исломдан қайтиш ёки ўлимни танлаш ихтиёрини беришди. У ўлимни ихтиёр этди. Шундан сўнг уни Фаластиндаги Афроъ деб номланувчи жойда бошини танидан жудо қилишиб, жасадини осишди[15]. 4) Судоъ элчилари:Бу воқеа 8-ҳижрийда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жиъронадан қайтганларидан сўнг бўлди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт юз кишилик бир гуруҳни Яманнинг бир тарафига юриш қилиш учун юбордилар. Судоъ қабиласининг манзили ҳам шу атрофда эди. Ушбу гуруҳ Садри Қанот деган жойда қароргоҳ қилиб турганида Зиёд ибн Ҳорис ас-Судоий бундан хабар топиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб келди ва: «Мен сизга ортимда қолган кишилардан элчи бўлиб келдим. Қўшинни ортга қайтаринг, мен қавмимга кафилман», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни Садри Қанотдан ортга қайтардилар. Зиёд ибн Ҳорис ас-Судоий қавмига келиб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишга кўндирди. Улардан ўн беш киши у зот ҳузурларига келиб, Исломга байъат бердилар. Сўнг қавмларига қайтиб бориб, уларни даъват қилдилар. Қавмда Ислом ёйилиб, Ҳажжатул вадоъда улардан юз киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилдилар. 5) Каъб ибн Зуҳайр ибн Аби Салмонинг келиши:У шоирлар хонадони вакили ва арабларнинг энг донгдор шоирларидан бўлиб, шеърларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳажв қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 8-йили Тоиф ғазотидан қайтганларидан сўнг Каъб ибн Зуҳайрга укаси Бужайр ибн Зуҳайр мактуб йўллади. Мактубида у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада у кишини ҳажв қилиб, озор бериб юрган бир неча кишини ўлдиртирганларини, қолган-қутган Қурайш шоирлари ҳар тарафга қочиб кетишганини айтиб, агар жонингдан умидинг бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қараб уч, чунки у киши тавба қилиб келган бирон кишини ҳам ўлдирмаяптилар. Акс ҳолда, ўз жонингни қутқариш ташвишини қилавер, деб ёзди. Шундан сўнг ака-укалар ўртасида бир неча ёзишмалар бўлиб ўтди, Каъбнинг кўзига дунё қоронғи бўлиб, ўз жонидан хавф қилиб, Мадинага келди ва Жуҳайналик бир кишининг уйига тушди. Бомдод намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўқигач, Жуҳайналикнинг маслаҳати билан Каъб у зотнинг ёнларига бориб ўтирди ва қўлини у зотнинг қўлларига қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни танимас эдилар. Сўнгра у: «Ё Расулуллоҳ, Каъб ибн Зуҳайр тавба қилиб, мусулмон бўлиб, сиздан омонлик тилаб келди. Агар уни ҳузурингизга олиб келсам (исломи ва тавбасини) қабул қиласизми?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», деган эдилар, «Мен Каъб ибн Зуҳайрман», деди. Шунда ансорлардан бири сакраб ўрнидан туриб, унинг бошини танидан жудо қилишга изн сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга тегма, чунки у қилган ишларидан пушаймон бўлиб, тавба қилиб келган», дедилар.Шунда Каъб ўзининг «Бонат Суад» деб бошланувчи машҳур қасидасини ўқиди. Унда жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узр сўраб ва у зотни мақтаб айтилган қуйидаги мазмундаги сўзлар бор эди: Дерлар: Пайғамбар сени ўлдиришга чоғланмиш,Дедим: Умид риштаси афвларига боғланмиш. Шошманг, сизга ёр бўлсин Парвардигорнинг Ўзи,Туширмишдир У сизга ҳикмат булоғи – Сўзин. Мени қатл айламанг миш-мишларга ишониб,Гуноҳим йўқ у қадар, гарчи кетмасман тониб. Менга тушган ғам-кулфат филни ҳам йиқитардиПайғамбар раҳм қилмаса, куним аниқ битарди. Қўлимни бердим энди, асло тортиб олиш йўқ,У зотнинг сўзлари сўз, энди бугун ўлиш йўқ. Қуёш мисол оламга нур улашар пайғамбар, У Аллоҳнинг қиличи, ғолиб ҳамда музаффар. نبئت أن رسول الله أوعدني ** والعفو عند رسول الله مأمولمهلا هداك الذي أعطاك نافلة الـ ** قرآن فيها مواعيظ وتفصيللا تأخذن بأقوال الوشاة ولم ** أذنب، ولو كثرت فيَّ الأقاويللقد أقوم مقاما ما لو يقوم به ** أرى وأسمع ما لو يسمع الفيللظل يرعد إلا أن يكون له ** من الرسول بإذن الله تنويلحتى وضعت يميني ما أنازعه ** في كف ذي نقمات قيله القيلفلهو أخوف عندي إذ أكلمه ** وقيل‏:‏ إنك منسوب ومسئولمن ضيغم بضراء الأرض مخدرة ** في بطن عثر غيل دونه غيلإن الرسول لنور يستضاء به ** مهند من سيوف الله مسلول Сўнг у шеърининг давомида Қурайш муҳожирларини мақтади. Чунки, тавба қилиб келганида улардан бирон киши ҳам у ҳақда ёмон сўз айтмаганди. Сўз орасида ансорлардан бири уни ўлдиришга изн сўраганини эслатиб, улар шаънига бироз тил теккизиб ўтди. Бироқ, мусулмон бўлиб, исломи чиройли бўлганидан кейин бу сўзларидан хижолат бўлиб, ансорларни мақтаб, улар ҳақида алоҳида шеър ҳам битди. 6) Узра элчилари:Бу элчилар 9-ҳижрийнинг сафар ойида келишди. Улар ўн икки киши бўлиб, ораларида Ҳамза ибн Нўъмон ҳам бор эди. Улардан қайси қавмдан эканликлари сўралганда: «Биз Қусойнинг она тарафидан ака-укалари бўлмиш Бану Узра қабиласиданмиз, бизнинг қабиламиз Қусойга мададкор бўлган ва Маккадан Хузоа билан Бану Бакрни суриб чиқарган. Бизнинг (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан) қариндошлигимиз бор», деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни яхши кутиб олдилар, уларга Шомнинг фатҳи ҳақида хушхабар бердилар, фолбинлардан савол сўрашдан ва Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйишлардан қайтардилар. Улар Исломни қабул қилиб, Мадинада бир неча кун тургач, юртларига қайтиб кетдилар. 7) Балий элчилари:Улар 9-ҳижрийнинг рабиул-аввалида келиб, Исломни қабул қилиб, Мадинада уч кун турдилар. Бошлиқлари Абуз-Зубайб меҳмоннавозлик қилишда ажр бўлиш-бўлмаслиги ҳақида савол қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, хоҳ бойга, хоҳ камбағалга қилган ҳар бир яхшилигинг садақадир», дедилар. Меҳмондорчилик вақти ҳақида сўраган эди: «Уч кун», деб жавоб бердилар. Адашиб қолган қўй ҳақида сўраганида: «У ё сенга ё биродарингга ё бўрига» дедилар. Адашган туя ҳақида сўраган эди: «Сенинг у билан нима ишинг бор?! Суви[16] ўзи билан, ковуши (оёғи) ўзи билан, (чанқаса) сувга боради, ўт-ўланларни ейди. То эгаси топиб олгунича уни тек қўй» дедилар. 8) Сақиф элчилари:Улар 9-ҳижрийнинг рамазон ойида элчи бўлиб келишди. Уларнинг исломни қабул қилишлари қуйидагича бўлганди: Бошлиқлари Урва ибн Масъуд ас-Сақафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 8-ҳижрийнинг зул-қаъдасида Тоиф ғазотидан қайтиб келиб, ҳали Мадинага етиб келмасларидан у зот ҳузурига келган ва исломни қабул қилиб, қавмига қайтиб бориб, уларни ҳам исломга даъват қилганди. У қавмининг саййиди ва раҳбари, улар учун энг суюмли кишилардан бўлгани учун қавми унга итоат қилишини умид қилган эди. Бироқ, исломга даъват қила бошлагач, ғазабланган қавми уни ҳар тарафдан ўққа тутиб, ҳалок этишди. Орадан бир неча ой ўтиб, улар ўзаро маслаҳатга йиғилишди. Атрофдаги исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат берган қабилаларга бас кела олмасликларига кўзлари етгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига элчи юборишга қарор қилишди. Бу ишни Абдуёлил ибн Амрга топширмоқчи бўлишганида у кўнмади. Қайтиб келганидан сўнг унинг бошига ҳам Урванинг кунини солишларидан қўрқиб: «Ёнимга ҳамроҳлар қўшиб берсаларинг, шундагина боришим мумкин», деди. Улар унга иттифоқдошлардан икки кишини ва Бану Моликдан уч кишини қўшиб беришди. Жами олти киши бўлиб, йўлга отланишди, ораларида Усмон ибн Абил-Ос ас-Сақафий ҳам бор бўлиб, у улар ичида энг ёши эди.Мадинага келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Қуръон эшитишлари ва одамларнинг намоз ўқишларини кўришлари учун масжид четида бир чодир тиктириб бердилар. Улар шу ерда туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бот-бот кўришиб турдилар, у зот уларни исломга даъват қилардилар. Бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзлари учун бир сулҳ битими ёзиб беришларини, улар учун зинога, маст қилувчи ичимлик ичишга, судхўрликка изн берилишини, бутлари Лотни ҳам уларга қўйиб берилишини, уларни намоз ўқишдан ва бут-санамларини ўз қўллари билан синдиришдан озод қилинишини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу талабини қатъиян рад этдилар. Шундан сўнг улар ўзаро маслаҳатлашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсуниш ва таслим бўлишдан ўзга чора йўқлигини кўришгач, исломни қабул қилишди. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Лотни бузишни уларга топширмасликларини, Сақиф уни ҳеч қачон ўз қўли билан вайрон қилмаслигини шарт қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу талабларини қабул қилиб, қўлларига хат қилиб бердилар. Уларга Усмон ибн Абил-Ос ас-Сақафийни амир қилиб тайинладилар. Чунки, унинг Исломни ўрганишга, дин ва Қуръон таълимига қаттиқ рағбати борлигини кўргандилар. Сабаби, элчилар ҳар куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боришар, Усмон ибн Абил-Осни юклари олдида қолдириб кетишарди. Қайтиб келиб, кун қизиғида ухлаб ётишар, Усмон эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб, Қуръон ўрганар ва дин ҳақида саволлар сўрарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дам олаётган бўлсалар, Абу Бакр олдига бориб, ундан дин ўрганарди.(Усмон ибн Абил-Оснинг Сақифга кўп яхшилиги сингган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин айрим қабилалар муртадликка юз тутган кунлари Сақиф ҳам муртадликни ихтиёр этмоқчи бўлганида Усмон ибн Абил-Ос уларга: «Эй Сақиф жамоаси! Исломни охиргилардан бўлиб қабул қилган эдингиз, энди биринчилардан бўлиб ундан муртад бўлиб кетмангиз!» деб хитоб қилиб, уларга панд-насиҳатлар қилган, шундан сўнг улар муртадликдан тийилиб, исломда маҳкам туриб қолишган эди).Элчилар Сақиф ҳузурига қайтиб келишгач, дабдурустдан уларга ҳақиқатни айтишга журъат қилмадилар. Уруш ва жанг хавфидан сўзлаб, ўзларини ғамـғуссали кўрсатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улардан зинокорлик, шаробхўрлик, судхўрлик ва шу каби ёмон ишларни тарк қилишни талаб қилганларини, акс ҳолда жанг қилмоқчи эканликларини айтдилар. Сақифнинг жоҳилий ҳамияти қўзиб, то икки-уч кунгача жанг қилиш фикрида қаттиқ турдилар. Сўнгра Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқув солиб, элчиларга: «Майли, бориб, унинг талабларини қабул қилиб келинглар», дейишди. Шундагина элчилар уларга ҳақиқатни билдириб, ўзлари тузган сулҳـбитимни кўрсатдилар. Шундай қилиб, Сақиф қавми Исломни қабул қилди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холид ибн Валид бошчилигида бир неча кишиларни Лотни бузиб ташлаш учун юбордилар. Муғийра ибн Шуъба қўлига чўкични олиб, шерикларига: «Мен ҳозир сизларни Сақиф устидан кулдираман», деди. Сўнг чўкич билан бир уриб туриб, гуп этиб қулади. Бу ҳолдан Тоиф аҳли ларзага келди ва: «Аллоҳ Муғийранинг адабини берди, олиҳа уни ҳалок қилди», дейишди. Шунда Муғийра сакраб ўрнидан туриб: «Аллоҳ сизларни ҳалок қилсин, бу тошу кесакдан қилинган оддий бир нарса-ку!», деди, сўнг бир зарб билан эшикни синдириб, унинг девори устига чиқди, унинг ортидан бошқалар ҳам девор устига чиқишиб, Лотни ер билан яксон қилдилар, ҳатто пойдеворигача қазиб, унинг остида бўлган зеб-зийнат ва либосларни чиқариб олдилар. Сақиф ҳанг-манг бўлиб қолди. Холид ўз гуруҳи билан бирга ҳалиги зеб-зийнат ва либосларни олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куниёқ уларни тақсимлаб бердилар, пайғамбарига нусрат бергани ва динини азиз қилгани учун Аллоҳга ҳамд айтдилар[17]. 9) Яман шоҳларининг мактуби:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан сўнг Ҳимяр ҳукмдорларидан мактуб келди. Улар – Ҳорис ибн Абдукулол, Нуъайм ибн Абдукулол, Нуъмон, Қайлу Зий-Руъайн, Ҳамдон ва Муофир бўлиб, уларнинг элчиси Молик ибн Мурра ар-Раҳовий эди. Улар исломни қабул қилишганини, ширк ва мушриклардан ажралишганини айтиб юборишган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга мактуб йўллаб, мўминларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини баён қилиб бердилар, муоҳидларга (Ислом ҳукми остидаги ўзга дин вакилларига) модомики, улар жизя тўлаб туришган бўлса, Аллоҳнинг ва Расулининг зиммасини (ҳимоясини) бердилар. Улар ҳузурига Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу бошчилигида асҳобларидан бир неча нафарини юбордилар. Муозни Аданнинг юқори минтақасига, Сакун билан Сакасик оралиғига волий қилдилар, у қози ва ҳоким, шунингдек, садақа ва жизя йиғувчи омил вазифасини бажариб, уларга беш вақт намозда имом бўлиб турди. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуни қуйи минтақага – Зубайд, Маъраб, Замаъ ва Соҳилга волий қилдилар. Ҳар иккисига: «Осон-қулай қилинглар, қийинлаштирманглар, хушхабар беринглар, нафратлантирманглар, ўзаро келишиб иш тутинглар, ихтилоф қилманглар», дедилар. Муоз шу кетганича Яманда турди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида ҳам у Яманда эди. Абу Мусо ал-Ашъарий эса Ҳажжатул Вадоъда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. 10) Ҳамадон элчилари:Улар 9-ҳижрийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан кейин келишди. Уларга сўраган нарсалари ҳақида аниқ-тиниқ жавоблар ёзиб бердилар. Уларга Молик ибн Наматни амир қилиб тайинладилар ва уни ўз қавмидан мусулмон бўлганлар устига волий қилдилар. Мусулмон бўлмаганларини Исломга даъват қилишга Холид ибн Валид бошчилигида бир жамоани юбордилар. Холид олти ой уларни Исломга даъват қилиб турди, бироқ улар қабул қилишмади. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий ибн Аби Толибни Холиднинг изидан юбодилар. У етиб келиб, Ҳамадон аҳлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини ўқиб эшиттирди ва уларни Исломга даъват қилди. Шундан сўнг улар ҳаммаси Исломни қабул қилдилар. Алий уларнинг мусулмон бўлганлари хабарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёзиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мактубни ўқигач, Аллоҳга шукроналик бажо келтириб, саждага бош қўйдилар. Сўнг саждадан бошларини кўтариб, икки бор: «Ҳамадонга Аллоҳнинг саломи бўлсин», дедилар. 11) Бану Фазора элчилари:Ушбу қавмнинг ўндан ошиқ кишидан иборат элчилари ҳам 9-ҳижрийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан сўнг келдилар. Ўзларининг мусулмон бўлганликларини билдириб, диёрларидаги қурғоқчиликдан шикоят қилдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, қўлларини кўтариб, ёмғир сўраб дуо қилдилар: «Эй Аллоҳим! Бандаларингни ва жониворларингни суғоргин! Раҳматингни сочгин ва ўлик ерларингга ҳаёт бахш этгин! Эй Аллоҳим! Бизни фойдали бўлган, ўт-ўланларни ўстирадиган, зарар етказмайдиган, кеч эмас, тезда бўладиган мўл-кўл ёмғир билан суғоргин! Эй Аллоҳим! Раҳмат ёмғири ёғдиргин, азоб, вайронагарчилик, ғарқ қилиш ва ҳалокат ёмғири эмас! Эй Аллоҳим! Бизларни фойдали ёмғир билан суғоргин ва бизларга душманлар устидан нусрат ато этгин!»[18]
 12) Нажрон элчилари:Нажрон – Маккадан Яман томонга боришда етти марҳала масофадаги, етмиш учта қишлоқдан иборат катта бир ўлка бўлиб, чопқир от минган киши учун бир кунлик йўл эди. Унинг юз мингта жангчиси бўлиб, насронийлик динида эдилар[19].Нажроннинг олтмиш кишидан иборат элчилари 9-ҳижрийда келишди. Улардан йигирма тўрт киши қавмнинг улуғлари бўлиб, учтаси Нажроннинг энг катта бошлиқлари эди. Бирлари оъқиб – яъни, ҳукумат ишларини бошқарувчи лавозимида бўлиб, исми Абдулмасиҳ эди. Иккинчилари саййид – сиёсий ва маърифий ишларга масъул шахс бўлиб, исми Айҳам ёки Шураҳбил эди. Учинчилари усқуф (епископ) – диний раҳбар ва руҳоний етакчи лавозимидаги шахс бўлиб, исми Абу Ҳориса ибн Алқама эди.Элчилар Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашдилар, ўрталарида савол-жавоблар бўлди. У зот уларни Исломга даъват қилдилар, уларга Қуръон ўқиб бердилар. Лекин, улар Исломни қабул қилмадилар. Сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръон Ийсо алайҳиссалом ҳақида нима дейишини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни уларга жавоб бермадилар. Кейин Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлди: «Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ сўздир. Бас, шубҳа қилувчилардан бўлманг! Энди Сизга келган мана шу ҳақ маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик». (Оли Имрон: 59-61).Эртаси эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги мазкур оятларини ўқиб бердилар ва ўзаро фикрлашиб олишлари учун ўша куни уларни ўз ҳоллларига қўйиб қўйдилар. Улар Ийсо алайҳиссалом ҳақида айтилган гапларга иқрор бўлишдан бош тортдилар. Эртаси куни уларнинг на Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги гапни ва на Исломни қабул қилишни истамаганларини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни оятда айтилганидек мубоҳалага (яъни, ҳаммалари бир жойга йиғилиб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўрашга) чақирдилар. Ўзлари набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни олиб, қизлари Фотима ҳамроҳлигида чиқиб бордилар. Элчилар у зотнинг бу ишга астойдил киришганларини кўришгач, ўзлари холи қолиб, маслаҳатлашишди. Бир-бирларига: «Асло бундай қила кўрманглар. Қасамки, агар рост пайғамбар бўлса, унинг лаънати бизни уради ва уруғ-аймоғимизгача қуритиб ташлайди, ўзимиз ҳам, биздан кейинги авлодларимиз ҳам бу лаънатдан қутулолмайди, ер юзида биздан бир тирноқ ҳам қолмай ҳаммамиз ҳалок бўлиб кетамиз», дейишди. Шундан сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз ишларида ҳакам қилишга келишдилар. У зот ҳузурларига келиб: «Биз сиз сўраган нарсани беришга тайёрмиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг жизя тўлашларига рози бўлдилар ва икки мингта ҳулла (кийим тури) беришлари шарти билан сулҳ туздилар. Унинг мингтасини ражаб ойида, мингтасини сафар ойида берадиган бўлишди. Ҳар бир ҳулла билан бирга бир увқия (яъни, 12 дирҳам ёки 37,44 граммга тенг оғирликдаги кумуш) ҳам беришадиган бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Аллоҳу Расулининг ҳимоясини бердилар. Уларга ўз динларида қолишга тўла эркинлик бериб, бу ҳақда хат қилиб бердилар. Улар у зотдан жизяларни йиғиб олиш учун омонатли бир кишини юборишни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга умматнинг энг омонатли кишиси бўлмиш Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни юбордилар.Кейинроқ улар ичида ҳам Ислом ёйила бошлади. Айтишларича, саййид билан оъқиб иккаласи Нажронга қайтгач, Исломни қабул қилишган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан закот ва жизяларини йиғиб олишга Алий розияллоҳу анҳуни юборганликлари ҳам айтилган. Маълумки, закот фақат мусулмонлардан олинади[20]. 13) Бану Ҳанифа элчилари:Ушбу қабиладан 9-йили ўн етти кишидан иборат элчилар келди. Ичларида Мусайлима Каззоб – Бану Ҳанифалик Мусайлима ибн Сумома ибн Кабир ибн Ҳабиб ибн Ҳорис – ҳам бор эди. Улар ансорлардан бир кишининг уйига тушишди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, Исломни қабул қилишди. Мусайлима Каззоб борасида ҳар хил ривоятлар келган. Барча ривоятларни текшириб кўриб, шундай хулосага келиш мумкинки, Мусайлимадан ҳаволаниш, калондимоғлик ва бошлиқликка интилиш содир бўлган ва у элчилар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ҳозир бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал яхши сўз ва чиройли муомала билан унинг кўнглига йўл топишга уринганлар, бу ишлар фойда бермаслигини кўргач, унда бир ёмонликни туйганлар.Бундан сал илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида ер юзи хазиналарига эга бўлганларини, қўлларига иккита тилла билагузук тушганини, уларга эътибор қаратиб турганларида: «Уларни пуфлаб ташланг!» деган ваҳий бўлганини, пуфлаганларида улар йўқ бўлиб қолганини кўргандилар ва бу икки билагузукни ўзларидан кейин пайғамбарлик даъвао қилиб чиқадиган иккита каззобга таъвил қилгандилар. Мусайлима калондимоғлик қилиб: «Муҳаммад ўзидан кейин ишни (яъни, халифаликни) менга қолдирса, шундагина унга эргашаман», деганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нотиқлари Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳамроҳлигида келиб, Мусайлима ўз шериклари билан ўтирган давра устида тўхтадилар ва улар билан сўзлаша бошладилар. Мусайлима у зотга: «Истасанг, сенга бу ишни қўйиб берамиз, ўзингдан кейин уни бизга қолдирасан», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида бўлган бир бўлак новдани кўрсатиб: «Агар мендан шу новдани сўрасанг ҳам бермаган бўлардим. Аллоҳнинг ҳукмидан ҳаргиз қочиб қутулолмайсан. Агар юз ўгириб кетсанг, албатта Аллоҳ сени ҳалок қилади. Аллоҳга қасамки, менга тушимда хабари берилган одам сенсан деб ўйлайман. Мана бу Собит менинг номимдан сенга жавоб айтади», дедилар, сўнг кетдилар[21].Охир-оқибат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган иш содир бўлди. Мусайлима Ямомага қайтиб келгач, шу иш ҳақида бош қотира бошлади ва ниҳоят, ўзини пайғамбарликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шерик қилинганини эълон қилди ва пайғамбарлик даъво қила бошлади. Қофияли сўзлар айта бошлади, қавмига маст қилувчи ичимлик ва зинокорликни ҳалол қилиб берди. Шу билан бирга у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига ҳам гувоҳлик берарди. Қавми у билан фитналаниб, унга эргашди ва уни олқишлай бошлади. Шундай қилиб, унинг иши катталашиб, довруғи ошиб, ҳатто «Ямоманинг раҳмони», деб атала бошлади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мактуб йўллаб: «Мен пайғамбарликда сенга шерик қилиндим. Бу ишнинг ярми бизга, ярмига Қурайш эгалик қилсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Бу Ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники (Аллоҳдан қўрққанларники) бўлур» (Аъроф: 128) деб жавоб йўлладилар[22].Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мусайлиманинг элчилари Ибн Наввоҳа билан Ибн Усол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишганда у зот уларга: «Менинг Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасизларми?», деб сўрадилар. Улар: «Биз Мусайлима Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берамиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ ва Расулига иймон келтирдим. Агар элчини ўлдиришни дуруст кўрганимда, албатта сизларни ўлдирган бўлардим», дедилар[23].Мусайлиманинг пайғамбарлик даъво қилиб чиқиши нубувватнинг 10-йилида бўлди. У Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида, 12-ҳижрийнинг рабиул-аввал ойида бўлиб ўтган Ямома жангида ўлдирилди. Уни Ҳамзанинг қотили Ваҳший ўлдирди. Ёлғон пайғамбарларнинг иккинчиси Асвад ал-Ансий Яманда чиқди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан бир кун олдин Файруз ўлдирди ва бошини кесиб олди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий тушиб, асҳобларига хабар бердилар. Кейинроқ бу ҳақда Ямандан Абу Бакр розияллоҳу анҳуга хабар келди[24]. 14) Бану Омир ибн Соъсоъа элчилари:Улар ичида Аллоҳнинг душмани Омир ибн Туфайл, Арбад ибн Қайс – Лабиднинг она томондан иниси, – Холид ибн Жаъфар ва Жаббор ибн Асламлар бор эди. Булар ҳаммаси қавмнинг раислари ва шайтонлари эди. Омир Биър Маъуна ҳодисасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари хиёнаткорона ўлдирилишига сабаб бўлган кимса эди. Ушбу элчилар гуруҳи Мадинага келишлари олдидан Омир билан Арбад ўзаро тил бириктириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд уюштиришга келишиб олишди. Мадинага келишгач, Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплаша бошлади, Арбад эса у зотнинг орқаларига айланиб ўтиб, қиличини шартта қинидан суғурмоқчи бўлган эди, бир қаричча суғурганидан сўнг Аллоҳ таоло унинг қўлини қотириб қўйиб, суғуролмай қолди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини уларнинг шарридан сақлаб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни дуоибад қилдилар. Қайтиб кетишганидан сўнг Аллоҳ таоло Арбад устига яшин тушириб, туяси билан қўшиб куйдириб юборди. Омир эса Салуллик бир (фохиша) аёлнинг уйига тушган ерида бўйнига ғудда (без, яра) чиқиб, шундан вафот этди. Ўлаётиб: «Туянинг ғуддасига ўхшаган ғудда билан, Салулиянинг уйида ўлиб кетавераманми?!», дерди.«Саҳиҳул Бухорий»да айтилишича, Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Уч нарсадан биттасини танланг: шаҳар аҳли сизники, саҳро аҳли меники бўлсин, ёки мен сиздан кейин халифангиз бўлай, ё эса сизга қарши Ғатафонда мингта айғир, мингта байталда урушга чиқаман», деди. Шундан сўнг у бир аёлнинг уйида балога учраб, ўлар чоғида: «Туянинг ғуддасидек ғудда билан, фалончи аёлнинг уйида ўламанми?! Менга отимни келтиринглар!», деди, сўнг отига минган жойида жони чиқди. 15) Тужийб элчилари:Ушбу қавм элчилари садақотларини фуқароларига тарқатиб, ортганини олиб келишди. Улар ўн уч кишидан иборат бўлиб, Қуръон ва суннатларни таълим олдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан талайгина нарсаларни сўраб, ёздириб олдилар. Улар Мадинада узоқ қолмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг қайтишларига ижозат бергач, юклари олдида қолдирган бир ёш болани у зот ҳузурларига юбордилар. Бола келиб: «Ё Расулуллоҳ, мени ўз диёримдан сизнинг ҳузурингизга келтирган нарса фақат битта, яъни Аллоҳдан гуноҳларимни кечиришини ва мени раҳмати остига олишини ҳамда бойлигимни қалбимда қилишини сўраб дуо қилсангиз, деб келганман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига дуо қилдилар. Шундан сўнг бу бола энг қаноатли инсонлардан бўлиб, одамлардан муртадлик содир бўлган даврларда динида маҳкам туриб, бошқаларни ҳам маҳкам туришга чақириб, насиҳатлар қилиб турди. Унинг насиҳати билан кўпчилик динида собит қолди. Ушбу элчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан 10-йили Ҳажжатул Вадоъда яна бир марта учрашдилар. 16) Тойъ (طَيِّء) элчилари:Ушбу қавм элчилари ичида Зайд ал-Хайл деган киши ҳам бор эди. Улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида сўзлашувлар бўлди. У зот уларга Исломни таклиф қилдилар. Улар мусулмон бўлиб, исломлари чиройли бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ҳақида: «Менга араблардан бирон кишининг фазилатлари ҳақида айтилган бўлса, у одамнинг ўзини кўрганимда, айтилган даражада эмаслигини кўрардим. Лекин, Зайд ал-Хайл тўғрисида муболаға қилинмаган экан», дедилар, сўнг уни Зайд ал-Хайр деб номладилар. Ҳоказо, икки йил мобайнида – тўққизинчи ва ўнинчи йиллари Мадинага бирин-кетин элчилар келиб турди. Тарихчилар Яман аҳлидан, Азд, Қузоъалик Бану Саъд Ҳузайм, Бану Омир ибн Қайс, Бану Асад, Баҳроъ, Хавлон, Муҳориб, Банул Ҳорис ибн Каъб, Ғомид, Банул Мунтафиқ, Саломони, Бану Абс, Музайна, Мурод, Зубайд, Кинда, Зу Мурра, Ғассон, Бану Ийш ва Нахъ қабилаларидан ҳам элчилар келганини зикр қилганлар. Икки юз кишидан иборат Нахъ элчилари энг сўнгида – 11-ҳижрийнинг муҳаррам ойида келган. Мазкур элчилар асосан 9- ва 10- йиллари келган бўлиб, фақат баъзиларигина 11-йили келишган.Элчиларнинг бирин-кетин келишлари исломий даъватнинг Араб жазирасида тўлиқ қабул қилинганига, Исломнинг таъсир доираси мисли кўрилмаган даражада кенгайиб кетганига ва арабларнинг Мадинага эҳтиром ва улуғлаш назари билан қарай бошлаганликларига, улар олдида Исломга таслим бўлишдан ўзга чора қолмаганига далолат қилади. Дарҳақиқат, Мадина Араб жазирасининг пойтахтига айланиб улгурган, бундан кўз юмиш мумкин эмасди. Лекин, бу дегани ўша диёрлар аҳлларининг дилларига Ислом мустаҳкам ўрнашиб қолди, дегани эмасди. Чунки, улар орасида табиатларига чуқур илдиз отиб кетган жангарилик, босқинчилик, тажовузкорлик каби иллатлардан тўла халос бўлиб улгурмаган, ўз раисларига эргашибгина мусулмон бўлган ва Ислом таълимотлари ҳали қалбларига чуқур кириб бормаган жоҳил кишилар кўплаб топиларди.Қуръони карим улардан баъзиларини қуйидагича тавсифлаганди: «Аъробийлар куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва Ҳикмат соҳибидир. Аъробийлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, қилган садақасини (ўзи учун) зиён деб билади ва сизларга (мўминларга) балолар келишига кўз тутиб туради. (Барча) ёмон бало(лар) ўзларига бўлсин! Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Тавба: 97, 98).Улардан баъзиларини эса қуйидагича мақтаганди: «Аъробийлар орасида Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган ва қиладиган инфоқ-эҳсонини Аллоҳ даргоҳида қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш ва пайғамбар дуосига (мушарраф бўлиш) деб биладиган зотлар ҳам бор. Огоҳ бўлсинларким, ўша инфоқ-эҳсонлари ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни Ўз раҳматига дохил қилажак. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Тавба: 99).Аммо, уларнинг Макка, Мадина ва Сақифда яшайдиганлари ва кўпгина Яман ва Баҳрайнликлари ичида Ислом мустаҳкам илдиз отган, улар ичида кибор саҳобалар ва улуғ зотлар бор эди[25]. Даъватнинг муваффақияти ва таъсири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг сўнгги кунлари билан танишишдан аввал бироз ортга боқиб, у зот ҳаётларининг мазмунига айланган ва у сабабли бошқа пайғамбарлардан имтиёзли бўлиб, Аллоҳ бошларига аввалгилар-у охиргиларнинг саййиди деган тожни кийдиришига мушарраф этган буюк амалга бир сидра кўз югуртириб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак.У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг!» (Муззаммил: 1, 2) ва «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг!» (Муддассир: 1, 2) деган амри илоҳий нозил бўлганидан сўнг у зот ўринларидан турдилар ва шу турганларича йигирма йилдан кўпроқ вақт ер юзидаги энг улкан омонат юкини, бутун башариятнинг юкини, бутун ақиданинг оғирлигини, турли майдонлардаги оғир ва шиддатли курашлар юкини елкаларида кўтариб юрдилар.У зот жоҳилий тушунча ва дунёқарашларга ғарқ бўлган, нафс ҳаво арқонларига чамбарчас боғланган, ернинг жозибадор тилсимларига мафтун бўлган инсоний қалб майдонларидаги жиҳод ва кураш юкларини ҳам ўз елкаларига олган эдилар. Ўз асҳобларининг қалбларини уларга ўрнашган жоҳилона ҳаёт чўкиндиларидан халос қилиб, ҳали тамом бўшамасларидан туриб, бошқа майдонда бошқа бир кураш – балки узоқ давомли курашлар бошланиб кетди. Бу – эндигина униб чиқаётган покиза ниҳолни ерга чуқур илдиз отишидан, танаси осмонга бўй чўзиб, чор-атрофларни соялантиришидан олдин суғуриб, юлиб ташлаш учун жон-жаҳдлари билан интилаётган кимсаларга, Аллоҳнинг ва Унга иймон келтирганларнинг душманларига қарши бошланган курашлар силсиласи эди. Араб жазирасидаги жангу жадаллардан бўшаб улгурмасларидан туриб, жазиранинг шимолий ҳудудлари бўйлаб бу янги умматга чанг солиш учун тайёргарлик кўра бошлаган Рум қўшинларига қарши жангга киришларига тўғри келди.Бу пайтда ҳали биринчи бўлиб бошлаган курашлари, яъни қалбларни тозалаш маъракаси ҳали тамомига етмаган эди. Зеро, бу жанг абадий давом этадиган жанг эди. Чунки, бу жангдаги асосий рақиб – шайтони лаин бўлиб, у ўзининг инсонлар қалбида олиб борадиган фаолиятини бир лаҳза бўлсин, бўшаштиришни асло истамайди.Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг дини учун турли майдонларда давом этаётган жангларда сабот билан турар, у кишига дунё оқиб келаётган пайтда ҳам бир хилда фақирона ҳаёт кечирар, мўминлар у зотнинг атрофларида омонлик ва осойишталик неъматларидан баҳраманд бўлиб турган ҳолда ҳам у зот ўз ҳаракат ва жиҳодларида бир маромда давом этиб турар, чиройли сабр билан, кечалари қоим бўлиб, Парвардигорларига ибодат қилишда, Унинг Китобини тартил билан тиловат қилишда ва Унга ихлос билан тўлиқ бандалик қилишда Аллоҳ буюрганидек турар эдилар[26].Йигирма йилдан ортиқ давом этган тинимсиз курашлар ичра ана шундай ҳаёт кечирдилар, ҳеч нарса у кишини асосий мақсадларидан бура олмади. Натижада Ислом даъвати ақл бовар қилмас даражада улкан масофаларда муваффақият қозонди, бутун Араб жазираси бу ҳақ дин билан динланиб, унинг уфқларидан жаҳолат ғуборлари кетиб, мажруҳ ақллар соғайиб, бутпарастликни тарк этибгина қолмай, ҳатто бутларни синдирувчиларга айландилар. Энди уфқлар тавҳид садолари билан тўлиб, намозга чақирувчи азон овозлари саҳролар орасидаги янги иймон фазолари бўйлаб ҳавога тараларди. Ҳофизлар Қуръон оятларини тиловат қилганларича, дунё бўйлаб Аллоҳнинг ҳукмларини жорий қилиш учун тарқалдилар.Тарқоқ элат ва қабилалар бирлашди. Инсон ўзига ўхшаган бандалар қуллигидан қутулиб, ягона Аллоҳнинг қулига айланди. Эзувчилар ва эзилувчилар, хўжайинлар ва қуллар, ҳокимлар ва маҳкумлар, золимлар ва мазлумлар деган айирмалар йўқолиб, ҳамма инсонлар фақат Аллоҳнинг бандаларига, дўст-биродар, оға-ини, Аллоҳнинг ҳукмлари олдида баробар бўлган тенг ҳуқуқли инсонларга айландилар. Аллоҳ улардан жоҳилият такаббурлигини ва ота-боболар билан фахрланишни кетказди. Бу жамиятда арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан, оқ танлининг қора танлидан ортиқлиги қолмади. Бу ерда афзаллик тақводагина бўлиб, кимнинг тақвоси ортиқ бўлса, афзаллик ўша одамда бўлиб қолди. Инсонларнинг ҳаммаси Одам алайҳиссалом зурриёти, Одам алайҳиссалом эса тупроқдан яратилгандир.Шундай қилиб – мана шу даъват фазилатидан – араблар бирлиги, инсоният бирлиги, ижтимоий адолат, ҳам дунёвий муаммо ва масалаларда, ҳам ухровий масалаларда башарий бахт-саодат вужудга келди, давр чархпалаги ўзгарди, ер юзида ўзгаришлар содир бўлди, тарих ғилдираги тўғри изига тушди, тафаккур мезони ўзгарди.Ушбу даъват келишидан олдин оламга жоҳилият руҳи ҳукмронлик қилар, оламнинг қалби бузилиб кетган, руҳи айниб кетган эди. Ундаги ўлчов ва миқёсларга халаллик етган, олам зулм ва қулдорлик ҳукмронлиги остида қолган эди. Бир томонда ҳаддан ортиқ тўқлик ва дабдабали ҳаёт, иккинчи томонда эса ўта ночорлик ва маҳрумлик яққол кўзга ташланиб турар, ҳамма ёқни куфр ва залолат зулматлари қоплаб олганди. Самовий динлар мавжуд бўлишига қарамай, уларга ўзгартиришлар киритиб юборилган ва ўта заифлашиб кетган, қалбларга таъсири йўқолиб, қотиб қолган расм-русумлардангина иборат, жонсиз ва руҳсиз жасадга айланиб қолган эди.Ушбу даъват башарият ҳаётида ўз вазифасини ўтай бошлагач, башар руҳи ваҳму хурофотлардан, қуллик ва ҳуқуқсизликдан, бузилиш ва айнишдан, чиркинлик ва ахлоқсизликдан халос бўлди. Инсоний жамият зулму туғёндан, тарқоқлик ва емирилишдан, табақавий тафовутлардан, ҳокимларнинг истибдоди-ю, коҳинларнинг зўравонликларидан халос бўлди. Бу даъват оламни поклик ва тозалик, ижобийлик ва бунёдкорлик, ҳуррият ва янгиланиш, билим ва маърифат, иймон ва ишонч, адолат ва каромат, ҳаётни юксалтириш ва тараққий эттириш учун тинимсиз ҳаракат ва ҳаётда ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақ-ҳуқуқини бериш асосида бошқатдан бино қилди.Ушбу ўзгариш ва тараққиётлар туфайли Араб жазираси ўз тарихида мисли кўрилмаган муборак уйғониш даврига шоҳид бўлди, у умрининг ўша ажойиб кунларида мислсиз ёруғлик таратиб, қуёшдек порлади[27].
[1] Саҳиҳул Бухорий: 2/ 730.[2] Саҳиҳул Бухорий: 1/ 334.[3] Жомеъут-Термизий: Усмон ибн Аффоннинг сифатлари: 2/211.[4] Васақ – 130,6 кг миқдорига тенг бўлган ўлчов.[5] Саҳиҳул Бухорий: 2/637.[6] Муслим: 2/246.[7] Муслим: 2/246.[8] Бу Ибнул Қаййимнинг фикри бўлиб, у Ибн Исҳоқ айтган фикрдан кўра тўғрироқдир. Унинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қайтиб келишлари рамазонга тўғри келган экан. У ҳолда у зотнинг Табукка йўл олишлари 2-ражаб, пайшанба кунига, яъни октябр ойининг 25-кунига тўғри келади. Ваҳоланки, йилнинг бу даври иссиқ бир мунча пасайган, айниқса эрталаб ва кечқурунлари анча салқин тушиб қолган пайт бўлади. Хурмо ҳосиллари ҳам пишиб, йиғиштирилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Табукка қаттиқ иссиқда, хурмолар энди пишиб етилаётган кунларда йўл олганлар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу йилнинг шаъбон ойида, қизлари Умму Кулсум вафот этганида Мадинада бор эдилар. Саҳиҳ гап шуки, у зот Мадинага ражаб ойида қайтиб келганлар, Табукка йўл олишлари эса бундан эллик кун муқаддам, жумодул-ууло ойида бўлган.[9] Ибн Ҳишом: 2/515-537, Зодул маод: 3/2-13, Саҳиҳул Бухорий: 1/252, 414, 2/633-637, Саҳиҳ Муслим: 2/246, Фатҳул Борий: 8/110-126.[10] Лиъон – аёлини зино устида ушлаганини даъво қилган одам агар бу даъвосига тўртта гувоҳ келтира олмаса, аёли ҳам гуноҳига иқрор бўлмаса, ҳар иккаласи қози олдида ўзининг ҳақлигини айтиб, тўрт марта гувоҳлик беради ва бешинчисида эр: «Агар гапим ёлғон бўлса, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб қасам ичади, аёл ҳам бешинчисида: «Агар унинг гапи рост бўлса, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дейди (Тарж.).[11] Саҳиҳ Бухорий: 1/220, 451, 2/626, 671, Зодул маод: 3/25, 26, Ибн Ҳишом: 2/543-546.[12] Зодул маод: 2/64, 68.[13] Саҳиҳул Бухорий: 2/615, 616.[14] Шарҳу Саҳиҳил Муслим лин-Нававий: 1/33, Фатҳул Борий: 8/85, 86.[15] Зодул маод: 3/45.[16] Туянинг бир неча кунлаб сув ичмай юра олишига ишора.[17] Зодул маод: 3/26-28, Ибн Ҳишом: 2/537-542.[18] Зодул маод: 3/48.[19] Фатҳул Борий: 8/94.[20] Фатҳул Борий: 8/94-95, Зодул маод: 3/38-41.[21] Саҳиҳул Бухорий: 2/627, 628, Фатҳул Борий: 8/87-93.[22] Зодул маод: 3/31, 32.[23] Имом Аҳмад ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/347.[24] Фатҳул Борий: 8/93.[25] Хузойр: «Муҳозарот тарихил-умамил-исламия» : 1/144.Мазкур элчи ва вакиллар келишлари тафсилоти билан қуйидаги манбалардан чуқурроқ танишиш мумкин: Саҳиҳул Бухорий: 1/13, 2/626-630, Ибн Ҳишом: 2/501-503, 510-514, 537-542, 560-601, Зодул маод: 3/26-60, Фатҳул Борий: 8/83-103.[26] Саййид Қутб: «Фий зилалил Қуръан» (29/168, 169).[27] Саййид Қутб: «Ма за хосирал олам бинҳитотил-муслимийн» китоби муқаддимаси, 14-с.

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

[*] Previous page

Go to full version