Shukur Qurbon. Ozoringni sog'indim  ( 23683 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  09 Mart 2010, 10:16:15

Shukur Qurbon. Ozoringni sog'indim



Muallif: Shukur Qurbon
Hajmi: 224 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Robiya  15 Mart 2010, 16:02:31

Шукур Қурбон

ОЗОРИНГНИ СОҒИНДИМ

100 қўшиқ



«Шарқ» нашриёт матбаа
акциадорлик компанияси
Бош таҳририяти
Тошкент—2007

Қўлингиздаги китоб шоир Шукур қурбоннинг республикамиз таниқли хонандалари Азим Муллахонов, Замира Суюнова, Нуриддин Ҳайдаров, Исмоил Жалилов, Хуррият Исроилова, Юлдуз Абдуллаева, Гулбаҳор Сулаймонова, Козим Қаюмов, Мавлуда Самандарова, Тоҳир Ражабий, ака-ука Ҳасан ва Ҳусан Жўраевлар, Абдужаббор Латипов, Дилшод Каттабеков, Гулбаҳор Эрқулова, Муҳаббат Ғафурова ва бошқалар ижро этган, этаётган ва янги қўшиқлардан ташкил топган.
Уларни тинглаш қандай мароқли бўлса, шеър сифатида ўқиш ҳам шундай завқли. Чунки бу асарларда қалбнинг ўзига хос ҳақиқатлари таъсирли тарзда қаламга олинган. Ватан, она-тил, ота-она, муҳаббат сингари мавзулар лирик кечинмалар орқали ўзининг самимий ифодасини топган. Бинобарин, шоир қаламига мансуб олтмишга яқин қўшиқ Ўзбекистон Телерадиокомпанияси «Олтин фонди»дан муносиб ўрин олган.

 
I

ҲАЁТ – ГУЛЗОР,  ДЕЯ КЕЗДИМ...

Куй-қўшиқ, ардоқли ноёб азалдан,
Асраб-авайланган баддан, ҳазардан.
Дарахтда қанча барг, қанча шох-шабба,
Қушчасин яширмоқ учун назардан.


АДИБ ТОҲИР МАЛИКНИНГ «ШАЙТАНАТ» ФИЛМИГА ЁЗИЛГАН ҚЎШИҚЛАР

1. СЕНСИЗ УМР ЯРИМ

Қайда у кунларим, қайда у висол?
Қайда қувончимга қоришган жаҳон?
Сени мен йўқотдим йўловчи мисол,
Қолди қароқчига таланган карвон.

Сенсиз умр ярим ва дунё бир кам,
Нетай, ўқтин-ўқтин зирқирар қалбим?
Ўчоғи бор-ку ярқ этган чўғнинг ҳам,
Қолдим уйи куйган мусулмон каби.   

Дўл урган даладек паришон бу дил,
Афсус-надоматлар ёндирар бўғзим.
Менга лаънатлар айт, қарға муттасил,
Берсин жазоимни Худойим ўзи.

Ёнган уй тикланар, бутланар карвон,
Дўл урган дала ҳам яшнайди қайтиб.
Бироқ йўқолмайди кўксимда армон,
Бироқ сен йиғлайсан, лаънатлар айтиб...


2. АЙ, БАFРИМНИ ТИFЛАГАН...

Ай бағримни тиғлаган болам,
Ай дунёга сиғмаган болам.
Ай дунёнинг бевафолигин
Гўдакликдан илғаган болам.

Қайдан келиб, қайга йўқолдинг?
Аччиқ-аччиқ ўйларга солдинг.
Онангнинг ё менинг гуноҳим,
Қай бирининг касрига қолдинг?...



3. ДИЛДА ДАРДИНГ...

Дилда дардинг, тилда отинг, ёр,
Қани сенинг диёнатинг, ёр?
Менгами бу қиёматинг, ёр—
Хиёнатинг, хиёнатинг, ёр?

Эр киши ҳеч эгиларми, айт?
Ғам чекмаса, эзиларми, айт?
Мени ерга тенг қиларми, айт—
Хиёнатинг, хиёнатинг, ёр?
1990 йил

«ШАЙТАНАТ»

(Адиб Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» видеофилмида айтилган қўшиқ)

Ҳаёт-гулзор, дея, кездим, тиконлари чиқди йўлдан,
На-да тиконлари, турфа илонлари чиқди йўлдан.

Тилинди қалб, шилинди тил, балои нафс бўлди ғолиб,
Қиморга бой берилди ор, пушмонлари чиқди йўлдан.

Кўнгил бердим ёра ногоҳ, ахтариб мен тасаллолар,
Заҳарханда қилди ағёр, ёмонлари чиқди йўлдан.

Замон Ҳаққа тегишли, деб неча фурсат қилдим сабр,
Чектириб оҳ, неча соҳибзамонлари чиқди йўлдан.

Бу бир қисмат, дедим, балки пешонамга ёзилгани,
Худо урган Шайтанатнинг шайтонлари  чиқди йўлдан.

Борми бирор ҳайрихоҳим ва ё ҳамдард? Муҳаббатнинг
Тоҳир Малик, Шукурдайин қурбонлари чиқди йўлдан.
1999 йил


АДИБ ТОҲИР МАЛИКНИНГ «ИБЛИС ДЕВОРИ» ФИЛМИГА ЁЗИЛГАН ҚЎШИҚЛАР

1. ОТА-ОНА БОFБОН ЭКАН...

Умр бир боғ, ота-она-боғбон экан, жигарларим,
Фарзандлари бахтин ўйлаб, гирён экан, жигарларим.

Тирикликда кўрса-кўрди меҳнатлари мевасини,
Кўрмаса, қолди изим, деб шодон экан, жигарларим...

Ўтди-кетди икки азиз: ҳукми бу тақдири азал,
Боғбони йўқ боғ ҳувиллар, ёмон экан, жигарларим

На из бўлдик уларга биз, кўрдилар қай бир мевамиз?
Ўтганларга бари рўй-рост, аён экан, жигарларим...

Дуо керак энди биздан, аҳиллигу силаи раҳм,
Бу дунё у дунё учун имкон экан, жигарларим.

Бас гина, бас кудурат, бас, ёқмас Худойга бул бари,
Ким Худога ёқмабдир, ул нодон экан, жигарларим...


2. ОТА-ОНА ЎТДИ-КЕТДИ

Оға-ини – жигарларим, бир қориндан тушганларим,
Бир нонин бўлишганларим, бирга сут эмишганларим.
На жин чалди сизни, эвоҳ, адаштирди сизни қай гумроҳ,
Ҳар икки гапнинг бирида манглайи тиришганларим?

Ёшимиз бир жойга етди, қўнди бошимизга қиров,
Ота-она ўтди-кетди, энди «ҳай» демас биров.
Ҳай, демак не, гўрида тинч ётолмас ул икки азиз,
Ноаҳил ҳар онимиз ҳар икки азизга бир буров.

Оға-иним—жигарларим, бир қориндан тушганларим,
Гар қавм бўлмас аҳил—байрам қилар душманлари.
Яратганга ёқмагай хуш—тонгла қиёматда унинг
Ҳамдамлари бўлур охир надомату пушмонлари.


3. ОМОНАТ ДУНЁ БУ...

Ота-онам ўтди-кетди, омонат дунё— бу дунё,
Жигарларим фиғон этди: «Омонат дунё— бу дунё».

Қолди боғ гўё боғбонсиз ва карвон гўё сарбонсиз,
Қаторга бир хато етди, омонат дунё— бу дунё.

Ака-ука, опа-сингил –солди ҳамма ўзича йўл,
Нодонлик бизни қақшатди, омонат дунё— бу дунё.

Қилмадилар иттифоқлик, билмадилар шунга боғлиқ-
Ўтганлари ҳаловати, омонат дунё— бу дунё.

Гўрдагилар безовта, гар ердагилар бўлса ҳалак,
Ҳаловати имон битди, омонат дунё— бу дунё.

Қоплади бу боғни хазон, аро йўлда қолди карвон,
Дўсту ғаним ўйга ботди, омонат дунё— бу дунё.

Аё, боғлар яшнаши шарт, йўлда қолмас карвон абад,
Шудир Аллоҳ тариқати, омонат дунё— бу дунё.
1990 йил


МАККАИ МАДИНАМ

Менга бутун умрин бахш этиб шундоқ,
Беш кунлигим  қолди, дейдиган онам,
Сизни қандоқ рози қиламан, қандоқ?
Наҳот, беш кунликдир энди имконим?

НАҚАРОТ:

Маккаи Мадинам, энди куйсангиз,
Ўзингизга куйинг, менга эмас, йўқ.
Менга—қанча узоқ умр кўрсангиз,
Сиздан шунча карам, шунча кўнгил тўқ.

Балиқчи, дегани бир чарчашлик жой,
Йўлкира ҳақи ҳам бўларди қанча.
Соғинч ёшларингиз тўкдим неча ой,
Неча ой ўртандим фурсат топгунча.

Сиз учун бир муддат яшамай туриб,
Болам учун яшай бошладим, наҳот?
Иссиқ бағрингиздан юлиб-суғуриб,
Олиб кетди мени безовта ҳаёт.

Тиним бермас энди ўлгунимча то,
Совурар ёшлигим, саломатлигим.
Ўйлаб ҳам кўрмабман оламда ҳатто,
Ҳатто оналар ҳам омонатлигин.

НАҚАРОТ.

Мен сиздан қарздор кетурман абад,
Фарзандлик-қиёмат қарздорлик-ку бу.
Беш кунлик имконни сарф этмоқ—ният,
Беш кунлик имконни яшамоқ—орзу.

1977 йил



ОТАЖОН

Қани энди сиз, отажон, ҳаёт бўлсангиз,
Кўз ўнгимда саломат-соғ ўйнаб-кулсангиз.

Сузар бўлсам дарёларда, бахри нажотим,
Учар бўлсам фазоларда, қанот бўлсангиз.

Ҳовли тўла фарзандларим – набиралар шўх,
Эркалатиб уларни сиз, бир ўргилсангиз.

Ўткинчи бу дунё экан, англадим охир,
Орқага ким қайтибдики, қайтарилсангиз.

Дўстларингиз зиёратин унутмадим, оҳ,
Яшамоқ не ҳожат менга, унутилсангиз?

У дунё, деб бу дунёни яратди Аллоҳ,
Бу дунё бир синов экан, кўзга илсангиз.

Маҳфират қил отамни, деб қилурман нидо,
Тилагим—сиз охирати обод бўлсангиз.
2003 йил

ОНАЖОНЛАР ИНТИЗОР

Оламдаги барча йўллар бошида
Онажонлар ўлтиришар интизор.
Тоғлар юки бор улар бардошида,
Онажонлар интизорки, ҳаёт бор.

НАҚАРОТ:
Онажонлар интизор,
Онажонлар бизга зор.
Йўлларда тўрт кўзлари,
Келдим, деган сўзга зор.

Онажонлар бедордирки, тун ёруғ,
Онажонлар меҳри борки, алам йўқ.
Тонг – оналар сочларидан оқарган,
Шамс – оналар юрагидан лаҳча чўғ.

НАҚАРОТ.
Йироқларда армон улуғ, кўзда нам,
Йироқларда яшар менинг онам ҳам.
Ҳар кун бориб кўролмайман, ёнар жон,
Ҳар кун мени ўртар соғинч, ўртар ғам.
1987 йил
СИНГИЛ ЙИFЛАЙДИ

Ҳар ким бу оламдан саодатталаб,
«Бахтим қани?!» - деган кўнгил йиғлайди.
Бир аччиқ орзулар остонасида
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.

Аланга рақс этар гулханлар аро,
Чечаклар жилмаяр гулшанлар аро.
Бу ёруғ оламда кулганлар аро
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.

Сумбул сочларида ўрмалаган оқ,
Интиқ юрагида куйдирги бир доғ,
Саҳарлар бўғзидан отилади «оҳ»,
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.

Тирик етимларин бағрига босиб,
Хаёлан гоҳ ёқиб ўзин, гоҳ осиб,
Манглайига турли қисматлар ёзиб,
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.

Ё Оллоҳ, тараҳҳум айла сен унга,
Қайтар уни бахтга, бахт тирик кунга,
Инсон ҳаётини солма қуюнга,
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.
1992 йил


СОҒИНЧ ДАРВОЗАСИ

Ўғлим, сен борсан-у,
Нега йўқдайсан?
Ўғлим, кул остида
Қолган чўғдайсан.
Бу кул нима, ўғлим,
Сени топмишдир,
Гул умринг бамисли
Хазон ёпмишдир?
Гул-умр аввали,
Ахир, ғунчалик,
Ғунчанинг қисмати,
Наҳот, шунчалик?

НАҚАРОТ:

Сен сари боргали барча йўллар берк,
Дамлар берк, кунлар берк, ою йиллар берк.
Фақат йўлларида тиконлар сочиқ
Соғинч дарвозаси менга ланг очиқ.

Тақдирдан қайга ҳам
Борардинг қочиб?
Соғинч дарвозаси

Сенга ҳам очиқ.
Униб-ўсмай туриб,
Кулмай бир шўх-шан,
Сенинг ҳам кўксингга
Санчилар тикан.

Етимча, дейишса сени ўйлайман,
Сени соғинаман, сени куйлайман.
1977 йил



СЕНИ ЭСЛАЙМАН, ЎҒЛИМ

Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди,
Болалик қувончлари,
Ўғлим, сенга оз бўлди.
Даданг туриб, дадасиз
Қолганлигинг рост бўлди.

Сен билмайсан, гўдаксан,
Унутасан дадангни.
Даданг, деб кўрсатарлар
Сенга бошқа одамни.
Етти ёт бегонага
Эргашасан «дада»лаб,
Даданг бунда юрадир
Кўксига ғам қадалиб.

Кўксимга ғам қадалса,
Сени эслайман, ўғлим.
Бор эканинг ҳам давлат,
Қаддим ростлайман, ўғлим.
Лаънатлайман ўзимни,
Лаънатлайман онангни

Ва сенга дада бўлган
Етти ёт бегонангни.

Севги бизни шу қаттиқ
Савдога қўйди, ўғлим,
Бошимизни эл аро
Ғавғога қўйди, ўғлим.

Бу оламда кўзлар бор,
Аҳволимиз кўрарлар.
Бу оламда сўзлар бор,
Масхаралаб куларлар.

Кулги бўлиб ҳар кимга
Бу жаҳондан ўтармиз,
Йўл бўйига чиқармиз,
Йўлларга кўз тутармиз.
Кўзларимиз тўрт бўлиб,
Бир-бировни кутармиз,
Бу жаҳондан ўтгунча,

Қоп-қора қон ютармиз.
Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди,
Бу дунёнинг роҳати,
Ўғлим, менга оз бўлди.
Ўғлим туриб, ўғилсиз
Қолганлигим рост бўлди.
1977 йил


КЎЗ ҚОРАМ СЕН ЭДИНГ

Майлига, сеники бўлсин шу ёмғир,
Бошингдан инжудай сочилсин, ўғлим.
Ёмғирдай эзилди сенсиз бу сағир,
Бу бағир осмондай очилсин, ўғлим.

НАҚАРОТ:

Кўз қорам сен эдинг, ҳамон ўзингсан,
Ўксиб улғаюрсан хаёлларимда.
Тик қарай олмасман балки кўзингга,
Юрак ҳовучларман саволларингдан.

Балки савол бўлиб сингарман фақат
Маҳзун табассумли қорачуғингга.
Балки икки жаҳон қилолмас тоқат
Мени кўргинг келиб, қилган йиғингга.

НАҚАРОТ.

Йиғлама, ўзингни юпатгил ўзинг,
Ола қол, сеники бўлсин шу ёмғир.
Оталар ҳамиша жумбоқдир, қўзим,
Қўзим, фарзандларга ҳамиша оғир.
1977 йил


ГУНОҲИНГ ТЎКИЛСА...

НАҚАРОТ:

Ўтдими озмунча кунлар бошимдан,
Ажиб фалсафани етганман англаб:
Кимки кўнглидагин айтмас қошингда,
Албатта, изингдан қилади бир гап.

Сўрадим фикрингни холос, азизим,
Билдир муносабат ошкор ва мутлоқ.
Юмилган бўлса гар, очилсин кўзим,
Хато қилган бўлсам, тўғрилай шу чоқ.

НАҚАРОТ.

Гуноҳинг тўкилса, бу ҳам бир бахтдир,
Бу ҳам пешонага балки битилган.
Йўқолган дўстларим ўрни бўш, ахир,
Тўлдирмоқ истайман уни сен билан.

НАҚАРОТ.
2004 йил


АВВАЛГИ ДЎСТЛАРИМ

Аввалги дўстларим, мени эслабсиз,
Мени соғинибсиз, мени излабсиз.
Дебдилар: у бошқа ҳолатда бу кун,
Бундай давраларга чорламоқ нафсиз.

Тўғри, эсланмаган дўст, бу – дўст эмас,
Сиз-да ҳаёлимга ҳамиша пайваст.
Телвагезак ўтган ажиб у йиллар
Менинг ҳам қисматим йўлига пайваст.

НАҚАРОТ:

Ҳаёти дунёда турфадир сабоқ,
Танлаш гали келди, кутдирмай узоқ.
Сизга у дунёнинг саодатидан
Бу дунё роҳати туюлди хўброқ.

Кетдингиз бирингиз қувиб амал, шаън,
Бирингизни мол-мулк чалғитди йўлдан.
Оқибат қабрнинг остонасида
Тушай, деб турибди ҳассамиз қўлдан.

НАҚАРОТ.

Аллоҳим меҳрибон, Аллоҳ раҳмдил,
Билар адашмоққа бандалар мойил.
То тирик экансиз, айтинг истиғфор,
Ажабмас кечирса сизни ҳам буткул.

Шу орзу-ўй билан кутаман сизни,
Шоядки бир иймон жамласа бизни
Ва шояд раҳматлар айтса Аллоҳдан
Фаришталар ўраб атрофимизни.

2005 йил


СОХТА ДЎСТ

Мени балки яна керак қиларсиз,
Бошланг, мен тайёрман, борайлик қаён?
Кимларга айтишим лозим қандай сўз?
Қўшай қайси сўзга қандай ҳаяжон?

НАҚАРОТ:
Бу оламда менинг кўрган-билганим –
Балки юрагимда ортиқча бир юк.
Бу юкдан эзилиб, оғрийди жоним,
Тамасиз, бегидир бирор дўстим йўқ.

Ҳурматингиз мен-ла ортсин, ўзгалар –
Назарида мудом юксалинг, ўсинг.
Кимлигингни билмоқ бўлсалар агар
Донолар қизиқар – ким, дея дўстинг.

Хасга ёпишгандай чўкаётган зот,
Раъйингизга қараб яшайман бу чоқ.
Душманлар кулади ҳолимга, ҳайҳот,
Йиғлайман мен дўстлик ҳолига узоқ.

НАҚАРОТ.
1990 йил

БАҲОУДДИН НАҚШБАНД

(Ҳикматлар асосида)

Дардимиз мунаввар ниятни берди,
Нафсимиз жунбиши уятни берди.
Хорликни танладик бу улуғ йўлда,
Аллоҳим абадий иззатни берди.

НАҚАРОТ:

Сенгача кимларни кўрмадим бу йўл,
Қоқилган, йиқилган кимса бунда мўл.
Шамга ўхшаб элга равшанлик бахш эт,
Ўзинг-чи, панада, қоронғида бўл.

Пайғамбар дуоси баракотидан
Бу умматда сиртдан ҳайвон бўлиш йўқ.
Нокаслар касридан, қусуротидан
Сийрати маҳлуқни кўрмай ўлиш йўқ.

НАҚАРОТ.

Дилни англамаслар куйдирди ғоят,
Умидим ўлмади, орзиқиб тўздим.
Валийдек бирор дўст келса деб шояд,
Юзлаб душманларга дастурхон ёздим.

НАҚАРОТ.

Халқ ўзи сабабчи ортда қолса гар,
Кифтида ўзлари орттирган ғамлар.
Ҳолбуки хато йўқ Аллоҳ ишида,
Нуқсон йўқ илоҳий файз келишида.
2001 йил



ДИДАКТИК ҚЎШИҚЛАР

1. ШОШИНГ

Паришонхотирликнинг аввали-боши –
Муҳтожлик бошингизга келмай туриб то,
Муҳтожмисиз унга, кўз тутасизми ё?
Яхши амаллар қилиб қолишга шошинг.

Ҳатто тушингизга ҳам кирмаган бойлик
Тушмай қўлингизга то, бағишлаб ғашлик,
Иймон-эътиқодингиз айланг чиройлик,
Яхши амаллар қилиб қолишга шошинг.

Ҳар нарсани парчалаб, пайҳон этувчи,
Куч-қувватни жисмга армон этувчи
Ҳасталик ҳам келади, сўрамай ёшни,
Яхши амаллар қилиб қолишга шошинг.

Ҳар зум, ҳар сония, бу—шамолдек елар,
Димоғларни чарчатиб, кексалик келар.
Ай, унга ҳам мунтазир эмассиз мутлоқ,
Яхши амаллар қилиб қолишга шошинг.

Барча иш ва амалга якун ясаб, жим,
Ўлим келиб қолади сарҳадлар ошиб.
Алалхусус, унга кўз тутмайди ҳеч ким,
Яхши амаллар қилиб қолишга шошинг.

Балоларнинг баридан буюги ва аччиғи
Қиёматдир, шошилар у ҳам сиз томон.
Санчилмай туриб то сўроқлар тиғи,
Яхши амаллар қилиб қолишга шошинг.

2007 йил


2. ЕТТИ КИШИ

Соя йўқ кунда Аллоҳ қиёмат оташидан
Паноҳига олгувчи ўшал етти кишидан

Бири одил подшоҳдир, ки адолат расмин у
Баланд қўяр ҳамиша бошқа барча ишидан;

Бири ёш йигитдирки, ул йигитлик мавсумин
Ибодатда ўтказар, ортиб дунё ишидан;

Бири ул одамики, дили масжидга боғлиқ -
Ҳолда умр ўтказар жуда мурғак ёшидан;

Бири ул икки дўстки, Худо учун дўстлашиб,
Керак пайтда кетмаслар бир-бирининг қошидан;

Бири бой ва ҳусндор бузуқ аёл чорласа –
Бормаган эр, гуноҳдан қўрқиб унинг қошига;

Бири Худо йўлида садақа бергай махфий,
Чап қўл бехабар қолгай ва ўнг қўлнинг ишидан;

Бири улки, Худони ёд айламиш хилватда,
Кийимлари ҳўл бўлмиш кўздан оққан ёшига.
2007 йил

3. КИМ ИЙМОН КЕЛТИРМИШ...

Аллоҳ таолога ва қиёматга
Ким иймон келтирмиш, меҳмонни билсин:
Сазовор айласин иззат-ҳурматга,
Меҳмон бўлиб ҳатто душмани келсин.

Аллоҳ таоло ва қиёматга ким
Имон келтирмиш, ўз қариндошига,
Кулфат солган бўлса ҳамки бошига,
Қайишсин ва қилсин силаи раҳм.


Ким Аллоҳ таоло ва қиёматга
Иймон келтирмиш, ўз қадрини билсин.
Сўйлаш керак бўлса, яхши сўз қилсин,
Сўзламай ўлтирсин даврада ҳатто.
2007 йил

4. ҚОБИРҒА КАБИДИР...

Ҳалокатга учраб боргандай бешак
Эрига ҳукмрон аёл дам сайин,
Хотинга итоат айлаган эркак
Ҳалокатга учрар бир куни тайин.

Қобирға кабидир хотин, дегани
Қайсарлиги ҳамда кажлиги шундан.
Тўғрилайман, дема синдирма уни,
Қийшиқ ҳолатинда фойдалан ундан.

Иймонда ҳаммадан зиёда муслим
Одобда ҳаммадан кўра яхшироқ.
Хайрда ҳаммадан зиёда зот ким?
Улки хотинига кўпроқ ҳайрихоҳ.

Хотинини ўз ҳолига қўйиб бермоқлик
Ва ҳар бир ҳукмига қилмоқ итоат –
Унга на яхшилик, на хайрихоҳлик,
Аксинча душманлик, душманлик фақат.

Ҳалокатга учраб боргандай бешак
Эрига ҳукмрон аёл дам сайин,
Хотинга итоат айлаган эркак
Ҳалокатга учрар бир куни тайин.
2007 йил


5. Ё  АЛИ

Ё Али, иши тушса сенга бировнинг,
Иноят бу илоҳий, ҳожатин чиқар.
Бўлур шунда сенинг ҳам ҳожатинг раво,
Гуноҳларинг ёрлақаб Аллоҳ кечирар.

Ё Али, уйқу, бу – ўлим билан тенг,
Ўлимдан сўнг эса, сўроқ-жавоб бор.
Бўлгил душманларга доим бағри кенг,
Ризо этмай уларни уҳлама зинҳор.

Ё Али, донишманд ғазаб вақтинда,
Собиру бардошли азоб вақтинда
Ва ҳожат вақтинда билинади дўст...
Бошқа вақт ғофилдай яшаймиз, афсус.

Ё Али, золимнинг уч аломати бор:
Ўзига тобеларнинг ичар у қонин,
Зўрлар қошида ўзин кўрсатар ночор,
Ноҳақдан-ноҳақ ер элнинг ош-нонин.

Ё Али, ҳар куни тавба қил, ҳар кун
Етмиш марта тавба қилурман мен ҳам.
Истиғфор калимаси – мустаҳкам қўрғон,
Ташқаридан кўра, у ичидан кўркам.

Ё Али, маоши ҳалол банданинг
Ризқ-рўз, насибаси жаннатдан келур,
Дини маҳкам, дили нурафшон анинг,
Ҳақсизлик ичра ҳам ҳақ йўлни билур.

Ё Али, Аллоҳга турш юзлик айлама,
Номаи амалингни қора сайлама.
Очиқ юзлиларни ёқтирар Худо
Бекину бегидир ҳамда бетаъма.

Ё Али, хотинига кулфат ва озор
Еткурган эр сўнг рози қилмаса уни.
Барча яхши амали кетади бекор,
Душмани бўлар Худо қиёмат куни.

Ё Али, сақлан мудом лаънат айтмоқдан
Худо маҳлуқига – ҳар кимга, ҳар нега,
Акс-садодай ёприлар лаънат ҳар ёқдан,
Қайтар ўрнин топмаса ўзингга – сенга.

Ё Али, эҳтиёт бўл зулм кўрганнинг
Қарғишидан, ҳатто ул бўлса ҳам кофир.
Худо ҳимоя этар банда урганни
Ва дуосин мустажоб айлашга қодир.

Ё Али, хамр ичувчи, закотни билмас –
Кимсаларга бўлма дўст, бўлма ошино,
Ундайларни осмон ҳам назарга илмас,
Ундайларга душмандир Аллоҳ таоло.
2007 йил
























 
II

ТУТИМИ ЙЎҚ БУ ИШҚ ДУНЁСИ

Худойим, сен менга нени кўрсатдинг?
Ҳуснда парига тенгни кўрсатдинг.
Бўзлатдинг, балоу ғамнинг кўзига
Унга мубталони – мени кўрсатдинг.


НАВРЎЗ

Бугун кеча ва кундуз
Тенг келган улуғ кундир.
Дунё яхши-ёмонга
Кенг келган улуғ кундир.

НАҚАРОТ:
Чорла ғофил гулларни,
Боғларни чорла, Наврўз.
Юраклар пештоқида
Туғ бўлиб порла, Наврўз.

Бора-бора эрта чиқиб,
Кеч ботади бу қуёш.
Ёруғлик фарзандларин
Уйғотади бу қуёш.

НАҚАРОТ.
Бугун узун, бугундан
Эртанги кундуз узун.
Эртанги кундуз аро
Ёнган эзгу сўз узун.

Энди қалблар тўрида
Бир-бир жўяк очилар.
Меҳр-оқибат, қадр
Уруғлари сочилар.

НАҚАРОТ.
Энг анвойи ҳислардан
Гулчамбарлар тўқилар.
Муҳаббатнинг ям-яшил
Достонлари ўқилар.

НАҚАРОТ.
1989 йил


ЎН САККИЗДАН ЎТГАН ҚИЗ

Ўн саккиздан ўтган қиз,
Дил овчисин кутган қиз.
Бировларга билдирмай,
Дардин ичга ютган қиз.

НАҚАРОТ:

Отангнинг бардошисан,
Онангнинг кўз ёшисан.
Дугоналар ичра тоқ,
Туйғулар талошисан.

Чиройингни эрта-кеч
Ой билан кун талашган.
Қизлар бор – ўн саккиздан
Ўтиб бўлиб адашган.

НАҚАРОТ.

Гадомассан – тиланган,
Навомассан – куйланган.
Келмас сени севганлар,
Севганларинг—уйланган.

НАҚАРОТ.

Ўн саккиздан ўтган қиз,
Дардин ичга ютган қиз.
2007 йил



СЕНДА АЙБ ЙЎҚ

Сув остида кўринади тош,
Тош кўринар юрагимда ҳам.
Сувдаги тош кўтармайди бош,
Бош кўтарар кўксимдаги ғам.

НАҚАРОТ:

Куйдиради хотиралар – чўғ,
Муҳаббатга икки олам тор.
Сенда айб йўқ, сенга гуноҳ йўқ,
Сени шайтон йўлдан урди, ёр.

Кетдинг кета-кетгунча маъюс,
Қолдим, қолди йўлларингда кўз.
Ариқларда оқди сув бўлиб
«Сенга кўнгил бердим» - деган сўз.

НАҚАРОТ.
Сувдаги тош оқмас, оқолмас,
Қучоғидан бўшатмайди лой.
Юракдаги тошлар йўқолмас,
Йўқолади осмонларда ой.

1992 йил


КЎРДИМ СЕНИ

Кўрдим сени – кўрмаганим яшаб бир умр,
Ўлим йўқдир энди менга, сен бордирсан, ёр.
Кетсанг йироқ, ҳаёл – сароб, орзу-ўй кўмир,
Кетсанг йироқ, ҳаёт – рўё, дунё тангу тор.

НАҚАРОТ:

Кетма йироқ, муҳаббатим, айлаб мени зор,
Ўтгувчи ҳар онингда чун ҳақи маҳрим бор.
Ёнимда бўл, жонимда бўл, эй соҳибжамол,
Кўнглимни ол, тинчимни ол, ўтинчимни ол.

Кўрдим сени, кўрмаганим – олис армоним,
Музлар эди ҳажринг ила юракда қоним.
Куйлар эди қушча гирён – кўксимда жоним,
Ялдо туни янглиғ сира отмасди тонгим.

НАҚАРОТ.

Кўрдим сени – кулар ишонч, кулар садоқат,
Бизни қутлаб, оғушига олар саодат.
Иккимизни битта йўлга солар саодат,
Битта йўлдан олға юрмоқ  инсонга одат.

Ёнимда бўл, жонимда бўл, эй соҳибжамол,
Кўнглимни ол, тинчимни ол, ўтинчимни ол.

1986 йил




БИР КЎРИБ ТЎЙМАДИММИ...

Бир кўриб тўймадимми,
Минг кўриб ҳам тўймасман.
Бу ҳолатим таъбирин
Мен бекорга йўймасман.
Севаманки, номингни
Тилдан сира қўймасман.

Гул бўлур, бўстон бўлур
Жонимда ёди васлинг.
Шеър бўлур, достон бўлур
Кўнглимда мадҳу васфинг.
Мен бировни суйдимми,
Шунчаки ҳеч суймасман.

Иккимизни шум қисмат,
Илоё, айирмасин.
Ишқ - орзуим, қанотим,
Қанотим қайрилмасин.
Куйсам, адо бўлурман,
Ҳазилакам куймасман.
1978 йил

АВРАШ

Юр, олиб кетаман сени йироққа,
Одамзод оёғи етмаган ёққа.
Юр, қолар нигоҳлар, кўзлар — ҳазарли.
Юр, қолар ғийбатлар, сўзлар – заҳарли.
Кўнглимизга ўгай ўйлар-ҳаёллар,
Шубҳалар, гумонлар, армонлар қолар.

НАҚАРОТ:

Юр, юр, юра қол,
Юр, юр, юра қол.

Юлдузлар чақнаган ёққа юр,
Кўнгиллар чўкмаган ёққа юр.

НАҚАРОТ.

Йироқларда иқбол, йироқларда бахт,
Севилган, севдирган юракларда бахт.
Кетар биз-ла, кетар иккимиз бирга
Ўртана-ўртана топган муҳаббат.

Юр, олиб кетаман сени йироққа,
Одамзод оёғи етмаган ёққа.

Юр, юр, юра қол.
1986 йил

ХАЛОС ИХЛОСДАДИР

Мақсад гар яшамоқ инсонларга хос,
Ёнсин юракларда дарду ўй рўй-рост.
Барчасига боис қалбдаги ихлос,
Халос ихлосдадир, ихлосда – халос.

Буни мени ичимдан тўқиганим йўқ,
Айтиб кетган ота-боболар – буюк,
Ихлос бўлмас экан, қўшиқ йўқ, куй йўқ,
Халос ихлосдадир, ихлосда – халос.

Эй, кўнгил, кўнгилнинг севгани, ёри,
Эй ёр, эй ёр ҳажри, қувончи, зори,
Севги сиғибди-ку, бу дунё торми?!
Халос ихлосдадир, ихлосда – халос.

Йиллар ўтиб борар, ўтмас бу олам,
Ҳеч кимдан ҳеч нима кутмас бу олам.
Биз ундан илинжда чекурмиз нола:
Халос ихлосдадир, ихлосда – халос.
1994 йил



МЕНИ ТУШИН, МЕНИ ҚИЗҒОН, ЁР

Элдан сўра, бахшидан сўра,
Яхшилар кўп – ёмондан кўра.
Муҳаббатим меҳрингга ўра,
Мени тушин, мени қизғон, ёр.
Асра мени ёмон сўздан, ёр.

Кўнгил билан суҳбат айладим,
Шунча ёрдан сени сайладим.
Севармикан, дея ўйладим,
Мени тушин, мени қизғон, ёр.
Асра мени ёмон кўздан, ёр.

Олам аро ёлғизлик ёмон,
Кел мен томон, муҳаббат томон.
Йўлларингга кўз тутар бу жон,
Мени тушин, мени қизғон, ёр.
Асра мени ёмон сўздан, ёр.

Асра мени ёмон кўздан, ёр.

1990 йил

СОҒИНДИМ

Кел, эй ёрим, парирўйим, кел энди,
Кел, эй, чашми хуморингни соғиндим.
Фироқ жондан ўтди, қадринг билинди,
Висолингни, рухсорингни соғиндим.

Хаёлимда кокилларинг тутами,
Бир сўз учун шунча зулм, ситамми?
Ишқ йўлида гуноҳкор мен биттами?
Суманбўй, гулузорингни соғиндим.

Сени кўрмоқ бўлдим, неча чоғландим,
Ўз ёғимга ўзим неча доғландим.
Билмам сенга, нега сенга боғландим,
Боғлиқ қулдай озорингни соғиндим.

Кел, эй, чашми хуморингни соғиндим,
Висолингни, рухсорингни соғиндим.
Суманбўй, гулузорингни соғиндим,
Боғлиқ қулдай озорингни соғиндим.
1988 йил


РЎМОЛЧА

Чеккалари нозикли бир рўмолча;
Севгимиздан қолган ёлғиз ёдгор.
Чеккалари нозикли бир рўмолча;
Унда майин қўлларингнинг изи бор.

Қатларига нигоҳларинг тўкилган,
Оромларинг сингган унга тунлари.
Ипаклар-ла қўшиб баъзан тўқилган
Соғинчингнинг изтиробли унлари.

Бир бурчида иккимизнинг исмимиз,
Орасида бош ҳарфи бор «севги»нинг.
Номларимиз бунда бирга, жисмимиз
Икки жаҳон аро қолди, севгилим.

Чеккалари нозикли бир рўмолча;
Уни ўпиб, кўзларимга сураман.
Чеккалари нозикли бир рўмолча;
Рўмолчада илк севгимни кўраман.
1975 йил


КЕЛИН БИЛАН КУЁВНИНГ ЧИМИЛДИҚДА БИР-БИРИГА АЙТГАН ЁР-ЁРИ

Бир кам дунё. Бир кам дунёдан ишқ ортган.
Бу ишқ бизни – иккимизни ўтга отган.
У ёнда сен, бу ёнда мен куйиб ётган,
Куйиб-куйиб, ҳеч куймас бахт яратган.
Сенинг кўнглингни мен топган,
Ёр-ёр, ўлан, ёр-ёр.
Менинг кўнглимни сен топган,
Ёр-ёр, ўлан, ёр-ёр.

НАҚАРОТ:

Сенинг кўнглингни мен топган,
Ёр-ёр, ўлан, ёр-ёр.
Менинг кўнглимни сен топган,
Ёр-ёр, ўлан, ёр-ёр.

Дилдан йитди шубҳа-гумон — қарға-зоғлар,
Ҳижрон қолар энди ортда, чекиб оҳлар.
Гул бўйига тўлар боғлар, сўлу  соғлар,
Яшнаб кетар ёшлик аталмиш чоғлар.

НАҚАРОТ.

Тўй кечаси кимга қисқа, кимга узун?
Узун-қисқа қутловларнинг бол ҳар сўзи.
Болдай тотимли меҳр бу, бўздай тўзиб,
Тавоф айлар юлдузингни юлдузим.

НАҚАРОТ.

Алвон бу тонг шуълалари инар юзга,
Юрак ёниб энтикади тўлиб ҳисга.
Эл-юрт меҳри сингади завқ-шавқимизга,
Бир кам дунё бут ва расо бўлур бизга.

1976 йил



СИҒМАДИЛАР СЕВГИ ҚАСРИГА

Бу бир азоб аччиқ ва тахир,
Бу бир висол – гуноҳи кабир.
Бамисоли Зуҳрою Тоҳир,
Учраштирди уларни тақдир.

НАҚАРОТ:

Улар ҳам ёш, бахтиёр эди,
Ой юзи, кун кўзи бор эди.
Юракдаги ҳаяжонлари
Гўзал эди, мафтункор эди.

Қолдиларми биров касрига?
Сиғмадилар севги қасрига.
Билмай насл-насабларини,
Учрадилар Худо қаҳрига.

НАҚАРОТ.

Ёқтирдилар бир-бирларин жим,
Айтишдилар қалб сирларин жим.
Бир кун келиб бўлишин абгор,
Эй ёронлар, ким ўйлабди, ким?

Қолдиларми биров касрига?
Сиғмадилар севги қасрига.

1995 йил


СИЗНИ ХУДО ЕТКАЗДИ

НАҚАРОТ:

Сизни менга Худо етказди,
Худойимга минг қатла шукур.
Қанча ялаб-юлқасам оздир,
Қанча бошга кўтарсам – ҳузур.

Соғинчимдан йиллар сарғайди
Юрагимнинг йўлида бедор.
Мунгларимни елларга ёйдим,
Хазонларга нақш этдим қатор.

НАҚАРОТ.

Сизни кутдим интизор, илҳақ,
Ўлолмасдан ётган жон каби.
Барибир бу кўнгил бўлди ҳақ,
Барибир ишқ қолмади сабил.

НАҚАРОТ.

Бандалардан балога қолдим
Сизнинг гўзал исмингиз айтиб.
Мен ёмғирдай хаёлга толдим,
Мен Худога ишондим қайтиб.

Сизни менга Худо етказди.
1980 йил






БАЛИҚЧИНИНГ ЙЎЛЛАРИДА

(Қадимги оҳангларда)


Балиқчининг йўлларида чақир тикан ўсмади,
Ёр васли, деб бордим ёниб, ҳеч ким олдим тўсмади.
Балиқчининг йўллари, оҳ, бебурд экан, зол экан,
Ағёрга ҳам қучоқ очди, хазон бўлди сийм тан.

Балиқчининг йўлларида ёр сочин бўйи қолди,
Ёр сочининг бўйларида дил зорим кўйи қолди.
Унда мен бош суқмаган на сўқмоқ бор, на йўлак,
Бу йўсиндан тўзди танда неки бор жондан бўлак.

Дилим оқди оҳим туйиб, соч ёйганин кўргани,
Борим надир, йўғим надир – ҳуши ҳам йўқ сўргани.
Ҳарки ғамда лекин ҳамон ерга урмай номимни,
Дастак қилиб яшаяпман ёлғизгина жонимни.

Тўзим берсин Парвардигор энди тоқат-иймонга,
Армонларим поклигини солмасин ҳеч гумонга.
Поймол ишқ қисматини эслаб куяй бемалол,
Айрилиқнинг зардобини дилдан туяй бемалол.


1974 йил

БУГУН СЕНИ...

НАҚАРОТ:

Беҳудадир ўтган ёшлигинг,
Менга бўлган бағритошлигинг,
Юрагимга қулоқ солмасанг,
Севганлигим англай олмасанг.

Бугун сени кўришим керак,
Бугунгидек ҳеч қачон тўлмас
Ҳажрингда қон қақшаган юрак.
Бугун сени кўрмасам бўлмас.

НАҚАРОТ.

Тутими йўқ бу ишқ дунёси
Кўнглимизни бир пулга сотди.
Тутими йўқ бу ишқ дунёси
Ўртамизда тоғлар яратди.
Тоғлар баланд, бу энди сирмас,
Кўксимиздан ҳаёт сипқорар.
Ҳайқирамиз, акс-садо бермас,
Ҳайқирамиз, ютиб юборар.
Айрилиқнинг бу манзарасин
Ҳайратдаман кўз билан кўриб.
Дардларимнинг асли, сарасин
Англадим-ку, ўлмасдан туриб.

НАҚАРОТ.

Юрагимда имонимдай сир,
Ўзга кимни чорлайман, кимни?
Энди сенга бари бир ахир,
Айтай, ахир, севганлигимни.

1977 йил


ЮРАК,  ДЕБ...

НАҚАРОТ:

Юрак юраклигин қилади бир кун,
Мени ҳузурингга қайтарар яна.
Ҳеч кимдан ўтмаган гуноҳлар учун
Лой қилиб, узрлар айттирар яна.

Сен-чи, мағрурланиб турасан бекор,
Масхара қилмоқчи бўласан ҳатто.
Биламан, юракни англаганлар бор,
Тушунмаганлар кўп лекин ҳаётда.

НАҚАРОТ.
Ортиқ умид билан яшайман ҳамон,
Ортиқ ишонаман сенга ҳам, жоним.
Юрак, деб бошингни букканинг ёмон,
Айниқса, севгига йўйиб имонни.
Айниқса, ҳижронда соғинчнинг кучи,
Сенсиз ўтган йиллар бари олқинди.
Ҳеч кимдан ўтмаган гуноҳлар учун
Сендан узр сўраб бораман энди.

Юрак юраклигин қилади бир кун.
1977 йил


ХАЙР...

Хайр, сенга айтдим шу совуқ сўзни,
Хайр, деб йиғлатдим сен-қоракўзни.
Қолдинг хотирамда умрбод мунглиғ,
Сени йиғлатмадим, йиғлатдим ўзни.

НАҚАРОТ:

Айтилган сўз отилган ўқдир,
Севгимиз кўксига санчилди бу ўқ.
Бу ёруғ оламда сенга бахт йўқдир,
Менга ҳам дунёнинг дунёлиги йўқ.

Нетай, одамзодга ақл битмаса,
Тошга бориб бир кун тегмагунча бош?
Ишқ учун юракнинг ўзи етмаса,
Вақт керак бўлса ва яна  бардош?

Вақт ҳам топилар, балки бардош ҳам,
Ҳузурингга бир кун балки қайтурман.
Салом, деган сўзни қай юз-ла у дам,
Хайрдан сўнг қандай сенга айтурман?

НАҚАРОТ.

Хайр, сенга айтдим шу совуқ сўзни,
Хайр, деб йиғлатдим сен-қоракўзни.
Сўз бошқа, юракда ёнган дард бошқа,
Сени йиғлатмадим, йиғлатдим ўзни.
1977 йил


ЎРТАМИЗДА БЕГОНАЛИК БОР

Ёри жоним, ўртамизда бегоналик бор,
Қалбимизда муҳаббат бор, девоналик бор.

Бас энди, юз ўгирайлик бегоналикдан,
Ахтарайлик бахтимизни девоналикдан.

Девоналик жўшаркан дил ичра барқарор,
Бегоналар ичра ошиқ бўлмас сира хор.

Азрўй-азал муҳаббатга ошно бўлган зот
Девоналик шиорларин айлаб ўтар ёд.

Девонани қўллар Худо, қўллайди дунё,
Девонани иймон сари йўллайди дунё.

Девона бўл, Шукур каби бегона бўлма,
Мендан ўзга девонага ҳамхона бўлма.
1977 йил

ДУЭТ

ЖУВОН

Кўйлагингиз ювиб берайин,
Кўрган нима дейди, дадаси.
Шимингизни дазмоллаб берай,
Ғижим бўлган, қаранг, почаси.

ЭРКАК

Қуримайди ювганинг билан,
Дазмолни қўй, токни сўради.
Эртагаям пахта, пахтанинг
Кўзи кўр-ку, бўлаверади.

ЖУВОН

Алмаштиринг этакни, ахир,
Яхши бўлар таъб учун пича.
Бўйнингизга юрасиз осиб
Эрталабдан қаро шомгача.

ЭРКАК

Ким қарарди, қўй-е, пахтанинг
Кўзи кўр деб, айтдим-ку, бас қил.
Кел, яхшиси, дам ол, яхшиси,
Бағрингни, кел, бағримга босгил.

ЖУВОН

Ҳо, яна не истар кўнглингиз,
Пахтакорлар саҳар туради.
Терс қаранг-да, ухланг, пахтанинг
Кўзи кўр-ку, бўлаверади.
1982 йил


КУЗГИ ЁМҒИР

Эзиб ёққан кузги ёмғирдан
Шўмтирашиб қолди дарахтлар,
Тилла барглар ерга чапланди,
Чироқ ёғдусида ярақлаб.

НАҚАРОТ:

Кузги ёмғир, бу кузги ёмғир
Дунёйимга ёққандай бўлди.
Кузги ёмғир – севгининг сўнгги
Видолари бўлиб туюлди.

Сирқиратиб ўтди баданни
Эсган узуқ-юлуқ изғирин.
Ёр кетган йўл бошида қотдим,
Ўз-ўзимдан қаттиқ ёзғириб.

НАҚАРОТ.

Кузги ёмғир, ай, кузги ёмғир,
Тўлиб кетган эдингми шунча?!
Кўнглингни бир бўшатиш учун
Мени абгор этдингми шунча?

1977 йил





ЎЗИМ БОРДИМ, ЎЗИМ КЎРДИМ

(Қадимги оҳангларда)

Бир маскан бу, Қўқон хони салтанатин адоғи,
Ҳар борганнинг оёғида ботмон-ботмон қадоғи.
Ботмон-ботмон қадоғининг сабаби бор, ёронлар,
Ул диёрда бир қиз яшар, билинмас йўл чарчоғи.
Ўзим бордим, ўзим кўрдим, ўзим суйдим,
Бир сулувниннг ҳасратида кундай куйдим.

НАҚАРОТ:

Ўзим бордим, ўзим кўрдим, ўзим суйдим,
Бир сулувниннг ҳасратида кундай куйдим.

Сулувликда сулувдир-ай, бамисоли оққувдир-ай,
Қош-қанотлар қоқилганда, ер-кўк жодудир-ай.
Кўзларидан нур оларди етмиш олам хуршиди,
Вале етмиш олам элин гадо қилган қувдир-ай.

НАҚАРОТ.

Ҳасратимни ичга ютдим, билмасин, деб ўзгалар,
Ногаҳонда ичқоралик қилмасин, деб ўзгалар.
Майлига қон йиғлай ўзим, оқиб тушсин кўрар кўзим,
Кўз ёшимни ва лек зинҳор силмасин, деб ўзгалар.

НАҚАРОТ.

Билмам, токай сарсон этар бу олис йўллар мени,
Балким айнан шу сарсонлик ёр васлига йўллар мени.
Йўл азоби – гўр азоби, ҳайтовур, бошимдадир,
Шул сабабми, ёр азоби эрта-кеч қўллар мени.

1976 йил




ЯХШИМИ ШУ?

Айрилиқни қоғозга битсанг,
Қоғознинг ҳам сарғаяр юзи.
Айрилиқни темирга битсанг,
Темир чириб, соб бўлар шу зум.

Ёзсанг баланд-баланд тоғларга,
Ер бўлишар тўкилиб дув-дув.
Пешонамга битдинг-а уни,
Яхшими шу? Айт, яхшими шу?

НАҚАРОТ:

Яхшими шу?
Айт, яхшими шу?

Учрашиб ҳам қолармиз балки,
Бир-бировга назар солармиз.
Қандай севиб, қандай ёнардик,
Дея йиғлай-йиғлай толармиз.

НАҚАРОТ.

Адашибман сени ёр билиб,
Висолимга ташна-зор билиб.
Пешонамга чертмоқда ёмғир,
Кулгу қилиб, масхара қилиб.

НАҚАРОТ.
1985 йил


КЕЛАВЕР

Тоқатим тоқ бўлди,
Чоғ бўлмади дил.
Номинг ёд айладим,
Куйдим муттасил.
Куйсам-да, куйсам-да,
Суйдим муттасил.

НАҚАРОТ:

Борай, деб ёзибсан, юрак ютиб, оҳ,
Ҳарна жавобимга мунтазир, муштоқ.
Келавер, дейман-да, бошқа не дейман,
Келавер, жонингдан жоним айлансин.

Ўзим ҳам чорловдим,
Унсиз чорловдим.
Ўзгага билгисиз,
Мунгсиз чорловдим.
Ўзимдан борсам-да,
Излаб бормовдим.

НАҚАРОТ.

Мендан садоқату
Сендан марҳамат,
Бир оғиз сўзингга
Маҳтал неча қат,
Гоҳ ғурур қўймасдан,
Гоҳо йигитлик,
Ҳажринг-ла қасдлашиб
Қилдим мен итлик.

НАҚАРОТ.
1976 йил


ЁЛҒОННИ АЙТДИМ

НАҚАРОТ:

Сени ёлғиз қолдириб қайтдим,
Хаёлларга толдириб қайтдим.
Рост сўзимни кутгандинг у кун,
Севмайман, деб ёлғонни айтдим.

Хазон кечиб, хаёллар суриб
Ёруғ олам кўчаларида,
Ёмғирларни шаробдай ичдим
Мен хотирот кечаларида.
Кўз ўнгимда боғлар чайқалди,
Чўкдим яйдоқ дарахт қошида.
Изғиринлар масхара қилди,
Чарх уришиб яланг бошимда.
Қағиллади қора қарғалар,
Осмонларни тўлдириб учди.
Юрагимда санчди яралар,
Юрагимдан армонлар кечди.

НАҚАРОТ.

Ғурур деган совуқ диёрда
Пушаймоннинг ўтида ёндим.
Не ёмонлик кўрдим сен-ёрдан,
Наҳот сендан, сендайдан тондим?

НАҚАРОТ.

1986 йил

АРИҚЧАГА ГУЛ ТАШЛАДИМ

Ариқчага гул ташладим,
Гул ташладим, тутиб ол.
Мен сени ишққа бошладим,
Бошладим, соҳибжамол.

Ўртамизда ўтиб бўлмас,
Баланд девор қурдилар.
Баланд девор қуриб, бизни
Икки ён айирдилар.

Оқар сувни тўсиб бўлмас,
Тўсиб бўлмас оқимни.
Тўсиб бўлмас муҳаббатни,
Ёнган кўнгил оҳимни.

Ариқчада қалқиб борар
Қизил гул - қизил қоним.
Кун сингари балқиб борар
Юракларим армони.

Тутолмасанг оқар-кетар,
Оқар-кетар қизил гул.
Иккимизни хор-зор этар,
Абгор этар қизил гул.

НАҚАРОТ:

Ариқчага гул ташладим,
Гул ташладим, тутиб ол.
Мен сени ишққа бошладим,
Бошладим, соҳибжамол.
1986 йил



АДИБ АБДУЛЛА ҚАҲҲОРНИНГ «МУҲАББАТ» НОМЛИ РАДИОПОСТАНОВКАСИ УЧУН ЁЗИЛГАН ҚЎШИҚЛАР

1. ГОҲ КИМ СЕНГА ИНТИҚ...

Гоҳ ким сенга интиқ, гоҳ ким сенга зор,
Дамлар кечар мунглиғ карвондай қатор,
Кўкрагингда юрак-сарбонинг бедор,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ:

Муҳаббат, муҳаббат,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

Бир шабада эсар қайдандир шоён,
Ёнган юрагингга бағишлаб ором.
Бир умид айлагай хаёлингни ром,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ.

Ҳар кимнинг ўз эрки, ўз ихтиёри,
Ўз кўнгил севинчи, қайғуси, зори,
Бир умрлик содиқ маҳваши, ёри,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ.


2. ЁШЛИК ЎТАР-КЕТАР...

Ёшлик ўтар-кетар, ўтмасин бу кун,
Сиздан айру, қонлар ютмасин бу кун,
Муҳаббатга аза тутмасин бу кун
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ:

Муҳаббат, муҳаббат,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

Қайғу-ғам келади тўсатдан, ногоҳ,
Хоҳлайсанми-йўқми, сўрамайди, оҳ,
Онгдами, шуурда бир туйғу паноҳ,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ.

Бамисли муҳташам иморат – умр,
Топмиш-йўқотмишдан иборат – умр,
Сабру қаноатга ишорат –умр.
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ.
   


3. УМР КЎЧАСИДА...

Умр кўчасида синоқлар талай,
Гоҳ баланд-паст чиқар, гоҳо яхмалак,
Мақсад-манзилига интилса тинмай,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ:

Муҳаббат, муҳаббат,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

Бир ҳамроҳинг бўлса, яқиндир йўл ҳам,
Ҳарна машаққатга дош берар юрак,
Ҳарна маломатга дош берар юрак,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ.

Юрак, деган бекор ёнмагай асло,
Ёниб-куйганидан қонмагай асло.
Ёниб суйганидан тонмагай асло,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ.


4. ДАРД БИЛМАС, ДЕЙДИЛАР...

Дард билмас, дейдилар, танаси бошқа,
Танаси бошқалар ғам солар бошга.
Севилган бош бориб тегади тошга,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ:

Муҳаббат, муҳаббат,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

Нималар бўляпти сенга, эй юрак,
Йироғинг яқиндир, яқининг йироқ
Шодлигинг бир жаҳон, йиғлайсан бироқ,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.

НАҚАРОТ.

Қайғу шами, наҳот, шунча тез сўнгай,
Бахт йўли, наҳотки, шунчалар ўнғай?
Кўнгил қуши энди сенга юкингай,
Одамзодга йўлчи юлдуз—муҳаббат.
1985 йил


ЧЎЛИ ИРОҚ АФСОНАСИ

Муҳаббатсиз дилдай қақраган саҳро,
Унда, дўппайишган барханлар аро
Оғир тўлқинланиб боради карвон.
Карвон узра бир тахтиравон;
Тахтиравон гўзал ҳамда шоҳона,
Гўзал ҳамда шоҳона, бироқ ғамхона;
Тобутдай лопиллаб боради ёмон.
Тахтиравон ичра бир сулув –
Палахмоннинг тоши бўлган жон
Ув тортади: «ув-ув...»

Э воҳ! Келинпошша йиғисимас бу,
Э воҳ! Бу чўзилган тўйда “ёр-ёр” йўқ.
Соя-салқин жойни қўйинг, тотинмоққа сув –
Топилмайди бирор қатра, танда мадор йўқ.
Фақат эсар чарх уриб гармсел: «ғув-ғув...»

Маъшуқ эса, судралади сояма-соя
Ва карвонга тирғилади қадам-бақадам.
Маҳзун бардошлари билмас ниҳоя,
Сўнгги висол орзусида саргардон одам,
Кўз ёшлари «дув-дув...»

Пошшоликнинг одамлари ҳайвон эмаслар,
Аммо зарра инсонийлик йўқдир уларда.
Маъшуқ ҳолин кўра-билиб раҳм этмаслар,
Қамчилашар ҳар гал ўлардай,
Қамчилашар: «зув-зув...»

Тўкилади қум бўлиб қумликка маъшуқ,
Исён қилар қалбида хўрланган туйғу.
Тағин саҳро узра у қад тиклайди: «Йўқ,
Йўқ, йўқсиллик севгига тўсқин эмас бу.
Тиллаю зар золимликка ҳақ-ҳуқуқ эмас.
Тахтиравон ичра ёрим чорламоқда, бас,
Ув тортганча: «ув-ув...»

Қамчиланаверар ўғлон шу кўй: «зув-зув...»
Юзин шилар кўз ёшлари: «дув-дув...»
Чорлайверар севганини маъшуқа-сулув
Тахтиравон ичра ув тортганча: «ув-ув...»
Эсаверар гармсел ҳам чарх уриб
Тўрт томондан: «ғув-ғув...»
1976 йил


ПАРВОСИ ЙЎҚ

Танлаганим, санлаганим қизлар аро
Кўзи хумор, сочи сумбул, қоши қаро.
Сўзларидан, нозларидан бўлдим адо,
Ўйнаб-кулар шоду хандон, парвоси йўқ.
Парвоси йўқ,
Парвоси йўқ,
Ўйнаб-кулар шоду хандон, парвоси йўқ.

Куйлай, куйлай, навосига меҳрим қўшиб.
Меҳрим қўшиб, изҳори дил айлай жўшиб.
Барнолигин мадҳияси бўлсин қўшиқ,
Қизлар аро унга етар барноси йўқ.
Барноси йўқ,
Барноси йўқ,
Қизлар аро унга етар барноси йўқ.

Давраларда чарх урадир оҳу мисол,
Мен - ёрини куйдириб у топган камол,
Дарди дилим билмайди у соҳибжамол,
Дарди дилим поёни йўқ, давоси йўқ.
Давоси йўқ,
Давоси йўқ,
Дарди дилим поёни йўқ, давоси йўқ.
1989 йил



БИЛАРДИНГ-КУ, СЕВГАНИМ

Энди кеч, ҳеч нима қайтмайди ортга,
Умр ҳам оёқлаб қолди бир қадар.
Бошқача қараймиз энди ҳаётга,
У ҳам бизга бошқа кўз билан қарар.

НАҚАРОТ:

Билардинг-ку, ахир, қандай   севганим,
Кулсанг-да ҳолимга, йиғламасдим-ку.
Ўлгунимча, ахир, сени деганим –
Билардинг-ку, «сен ҳам сев»—демасдим-ку.

Айт, нимага керак бўлди, нимага –
Мени даракламоқ, мени изламоқ?
Кўрсатмоқчи бўлдинг ўзни кимларга?
Кимларнинг ҳурматин бўлдинг қозонмоқ?

НАҚАРОТ.

Менинг ҳузуримга бундай қайтмоққа,
Зарур бўлди, наҳот, шунча соқов йил?
Кўнгилсиз бўлганинг менга, айтмоққа,
Ай, неча чақирим босиб келдинг йўл?

Беун яшадим-ку бошим қилиб хам,
Муҳаббат ҳақида кетар бўлса сўз.
Сенсиз менга дунё бир камми? Минг кам.
Рўзи махшаргача юмолмайман кўз.
2006 йил


СЕВМАГАН ЁР БИЛАН

Севмаган ёр билан ҳаёт кечирмоқ -
Минг дўзах азобин кўргандан ёмон.
Ҳаммани ухлатиб, чекажаксан оҳ,
Оҳ чекиб қарайсан дераза томон.

НАҚАРОТ:

Ташқарида шамол, ташқарида тун,
На ой кўринади, на бирор юлдуз.
Бир қуш нола қилар олисда дилхун,
Деразанг томонга маъюс қадаб кўз.

Сен буни билмайсан, билмасанг ҳамки,
Ички бир туйғудан тортасан сергак.
Ўйлайсан: «Севганим келгандир балки»,
«Келгандир»—акс-садо қайтарар юрак.

НАҚАРОТ.

Ва уйқу аралаш биров ғудранар,
Хаёлинг бўлиниб, тортасан хомуш.
Бир қултум сув сўраб боланг уйғонар,
Нола чекмай қўяр олисдаги қуш.

НАҚАРОТ.

1990 йил

КУЗАТИБ ҚОЛМАСА...

Кузатиб қолмаса уйда бир киминг,
Йўлинг кўпаймайди, юрсанг ҳам қанча.
Эгнингга чангакдай чип ёпишганча,
Вужудинг ғижимлаб борар кийиминг.

НАҚАРОТ:

Вужуд озор чекса, кўнгилда ситам,
Ҳар кимга сўник руҳ билан қарайсан.
Ҳар кимдан гарчи ҳол-аҳвол сўрайсан,
Сен ўз ҳол-аҳволинг сўрайсан шу дам.

Турли давраларга бош суқасан жим,
Далда ахтарасан ҳаётни кезиб.
Оламда гоҳ ўзни ортиқча сезиб,
Бурчак-бурчакларда ёш тўкасан жим.

НАҚАРОТ.

Кузатиб қолмаса уйда бир киминг,
Кутиб олгувчинг ҳам бўлмайди аён.
Судралиб қайтасан уйингга томон,
Вужудинг ғижимлаб борар кийиминг.
1977 йил


НАҲОТ, КЎРСАМ БЎЛДИ?

Ахтараман нега сени то ҳануз?
Номаҳрамсан, ахир, оиланг бошқа?
Наҳот, кўрсам бўлди? Тушса кўзга кўз,
Етар менга, наҳот, бахтли яшашга?

НАҚАРОТ:

Йиллар ҳеч нимани этолмади ҳал,
Юрак ҳамон сенинг меҳрингга маҳтал.

Сендан кейин қанча қизлар йўлимдан –
Чиқди, ахир, битта қарашимга зор.
Чиқмадинг сен бироқ менинг кўнглимдан,
Унута олмадим лекин сени ёр.

НАҚАРОТ.

Ёстиқдошим ҳатто оилам, ўтган –
Умр ҳеч нимани этолмади ҳал.
Тилим битта сенинг номингни тутган,
Юрак битта сенинг меҳрингга маҳтал.
1974 йил


ҒОФИЛ ЭДИМ

Дардингдан-ку воқиф эрдим, ғофил эрдим
Давосидан... Эзилиб ич-этим ердим.
Ҳар гал хуруж қилганда у, дўстлар аро
Тортар эдим ҳижолат – хор бўлиб ердан.

НАҚАРОТ:

Дардингдан-ку воқиф эрдим,
Давосидан ғофил эрдим.
Ҳар гал ҳуруж қилганда у,
Эзилиб ич-этим ердим.

Отанг сени олиб кетиб,эрга берди,
Ҳеч бир кимса деёлмади: «Эрта берди».
«Қутулиш-чун шу дардингдан, она қизим,
Сен оила қуришинг шарт экан» —деди.

Балки олиб кетди отанг, демай бир сўз,
Балки ҳеч не англамадинг сен-қора кўз.
Кўриб келган эҳтимол тўй тараддудин...
Ерда афсус, кўкда афсус, менда афсус.

1975 йил


ҚАЙТАЖАКСАН

Ойлар ўтар, йиллар ўтар, балки асрлар,
Қачонлардир қайтажаксан мен сари, албат.
Бу ишққа гард юқтирмасман, авайлаб-асраб,
Балолардан олиб қолгум соғлом-саломат.

НАҚАРОТ:

Ишқ, деганга вақт, замоннинг даҳли йўқ сира,
Собит бўлса бас юракда сабру қаноат.
Ойлар ўтар, йиллар ўтар, балким асрлар
Қачонлардир қайтажаксан мен сари, албат.

Кимки, эй воҳ, олдинларга боқса ишончсиз,
Ўтмиши ҳам омонатдир бу ҳаёт аро.
Қоп-қоронғу хаёллардан таскин, юпанчсиз,
Ёруғ ўйлар қучоғига талпинмоқ раво.

Ойлар ўтар, йиллар ўтар, балки асрлар,
Қачонлардир қайтажаксан мен сари, албат.
Қайтажаксан бир муносиб ёр бўлиб менга,
Дилдор бўлиб, хумор бўлиб, зор бўлиб менга.
1975 йил


МЕНИКИСАН, ЁР

Меникисан, ёр,
Сеникиман, ёр.
Гумон, бу—ағёр,
Иймон – номус-ор.

Рашк – қурилган дор,
Айрилсак ногоҳ,
Бизга дунё тор,
Айрилганлар—хор.

Ўйна, ўйна, ёр,
Ўйнаб, тўйма, ёр.
Рақсинг тилида
Севгинг сўйла, ёр.

НАҚАРОТ:

Сенда ихтиёр,
Менда ихтиёр.
Севги—саодат,
Севги—ифтихор.

Меникисан, ёр,
Сеникиман, ёр.


НАҚАРОТ:

1989 йил





МЕН ДЕДИМ: ПАРВОНАМАН

(Баҳодир Муродов билан ҳамкорликда ёзилди.)

Мен дедим: парвонаман,
Сен дединг: ҳайронаман.
Нетайин, гирёнаман,
Юраги вайронаман.

НАҚАРОТ:

Дилда ҳамон, эй фалак,
Қайғу тўла бир дунё,
Оғу тўла бир дунё,
Гирёнаман.

Қайтдим дилим хун бўлиб
Ҳам кундузим тун бўлиб.
Не қилай тақдир қаро,
Не қилай, йўлсиз—йўлим.

НАҚАРОТ.

Энди мен жим ёнаман,
Хажрингда тўлғонаман.
Мен дедим: парвонаман,
Сен дединг: бегонаман.
1991 йил




ЁРИМ

(Халқ йўлида)

Қоши қаро, юзи оқ,
Бизга хумор бўласиз.
Атрофимда парвона,
Айланиб-ўргиласиз.

НАҚАРОТ:

У ён ўтасиз, ёрим,
Бу ён ўтасиз, ёрим.
То кўнглингиз бор экан,
Бизни кутасиз, ёрим.

Кутолсангиз, кутсангиз,
Гапингизга кўнаман.
Кўккина каптар бўлиб,
Боғингизга қўнаман.

Кўккина каптармидим,
Кунда-кунда келгани.
Ойда, йилда келаман,
Васлингизга тўйгани.

Ойда, йилда келганим
Бировларга билдирманг.
Бировларни кулдириб,
Севганингиз ўлдирманг.

НАҚАРОТ.
1991 йил


СОҒИНЧИМСАН, ЁР

Дунёда бир сени девдим мен,
Дунёйимдан кетди ҳаловат.
Севмаганлар ичра севдим мен,
Пешонамга битди маломат.

НАҚАРОТ:

Соғинганман қошу кўзларинг,
Кулишларинг, қайт, ёнимга қайт.
Севги берган юрак сўзларинг,
Дил сирларинг айт, жонгинам, айт.

Ҳасратларинг ичимга ютдим,
Девоналар йўлини тутдим.
Ҳар кўчадан минг қатла ўтдим,
Эл-юрт тинчин бузиб вақт-бевақт.

НАҚАРОТ.

Умр бўйи бўзлатдинг мени,
Дуч келганга сўзлатдинг мени.
Соғинчингдан сўрадим мадад,
Балоларга кўзлатдинг мени.

Соғинчимсан, ёр,
Соғинчимсан, ёр.
1990 йил

ХИЁНАТ

НАҚАРОТ:

Сезар бир нимани, айтолмас фақат,
Эзар елкасидан гуноҳлар юки.
Бари бир фош бўлар экан хиёнат,
Бари бир садоқат енгаркан бир кун.

Дўл аралаш ёмғир ёғар бу кеча,
Шамол қуритади тинка-мадорни.
Юрак уст-устига пушаймон ичар,
Босарманми дея ўша хуморни.
Лекин бари бекор, бари беҳуда,
Кетиб боради файз оиласидан.
Хотиржам турмушни қўмсар у жуда,
Безган ҳалол-пок эр дағдағасидан.

НАҚАРОТ.

Гўлдай яшайверса бўлмасми, деяр.
Кўрдай яшайверса бўлмасми, деяр.
Валадизиноси тақдирин ўйлаб,
Кечикиб у энди ич этин еяр.

НАҚАРОТ.
1992 йил


БУ СЕНМИ...

НАҚАРОТ:

Бу сенми аждаҳо комида ўсган,
Гулдай қиз, дилрабо, ўз йўлин тўсган.
Бу менми – сен-қизга ошиқу шайдо,
Аждаҳо ва сенинг тинчингни бузган.

Бир пайтлар аждаҳо қўллаган сени,
Бир яхши ишларга йўллаган сени.
Қилса ўзи учун қилган барчасин,
Кўзлаган бутунлай бошқа нарсани.

Кўзлаган ўзининг манфаатин у,
Билмаган: Ёлғон, бу – ўткинчи, ғулу.
Билмаган: Қалбда ин қуришин ногоҳ,
Муҳаббат аталмиш ажиб бу туйғу.

НАҚАРОТ.

Билмаган аждаҳо бу туйғуни, ҳай,
Кимки кўчасидан ўтмишдир унинг,
Бошқа кўчалардан қўяди юрмай.
Билмаган аждаҳо завқини мунгнинг.

2006 йил

ДЕВОНАЛАР

Бир девона, юрса ҳар қайда кулгу,
Икки девонага ким қарар ҳайрон?
Сенсиз ортиб борар ҳасратим юки,
Сенсиз юрагимнинг уйлари вайрон.

Нафақат бу дунё, безовта, бесар
Вужуд ҳам аслида ортиқча матоҳ.
Бизлар бир-бировни тушунган кезлар,
Ҳасадгўй бандалар йиғлашди-ку, оҳ.

НАҚАРОТ:

Бандага бир ҳамроҳ керак-ку йўлда,
Ҳайрихоҳ керак-ку йиғлаб-кулганда.
Бунда девонани девона қўллар –
Нокаслар дастидан тирик ўлганда.

Энди қўллашинг ҳам керакмас менга,
Шундай ёнимда бўл, шундай бирга қол.
Ўрганиб қолганман эҳтимол сенга,
Мен севиб қолганман сени эҳтимол.
1996 йил


КУЗГИ БОҒДА

Сен-қизга нима бор бу кузги боғда?
Шўх ва шодондирсан – нимага? қандоқ?
Хазонларга тўлиб кетган тупроқда,
Қара, қанча озор, қанчалар титроқ.

Қара, қовжирашиб ётибди гуллар,
Мижиғланган қалбдай улар, огоҳ бўл.
Қарғалар куйидан безор кўнгиллар,
Жодугар қасрига элтар барча йўл.

Сен-қиз сўзларимни тингламайсан ҳам,
Ахир, сиз борсиз-ку ёнимда, дейсан.
Гўзал орзуларим топталиб бу дам
Адашиб юрганим бунда билмайсан.

Ошуфта дилларни кутиб яшайди
Бунда, кузги боғда сарғайган йиллар.
Бошга гўр азобин сола бошлайди
Жодугар қасрига элтувчи йўллар.

НАҚАРОТ:

Сен-қизга нима бор бу кузги боғда?
Адашиб юрганим бунда билмайсан.
Хазонларга тўлиб кетган тупроқда,
Ахир, сиз борсиз-ку ёнимда, дейсан.
1986 йил


КЎЗГУ

НАҚАРОТ:

Ҳаммаси тугади, бошланмай туриб,
Сен нола чекарсан, кўзларинг ёшлаб.
Мен армон ютарман, томоғим қуриб...
Бизлар бир-бировни кетурмиз ташлаб.

Йиллар учиб ўтар кўтариб тўзон,
Хотирот кўзгуси хира тортар жим.
Буюк бир фожеа рўй берар шу он:
Сўниб борар унда қуёшдай исм.

Қолган умр кечар ғамли, синоқли,
Бироқ умидворман: синмайди кўзгу.
Ёдгор буюм каби яшар ардоқли
Юрак-юракларнинг ич-ичида у

Ва бир кун муҳаббат ёдга тушган чоқ,
Қўлга олиб уни тинч, беихтиёр.
Ҳеч кимга билдирмай, йиғлаймиз узоқ,
Ювиб-тозалаймиз кўз ёш-ла бекор.

Хира тортган ҳислар яшнарми қайтиб?
Ўчиб кетган бўлар улар кўзгудан.
Исмлар қуёшдай порлаган пайтни
Қанча ахтармайлик, топмаймиз ундан.
1984 йил
ҲАСАН-ҲУСАНЛАР ҚЎШИҒИ

(Русчадан таржима)

Ота-онамиз бизни хўб севган,
Эгиз яшамоқ бахтини берган.
Ёлғизлик кўрмай, ҳаётга шайдо,
Бирга куйламоқ эзгу муддао.

НАҚАРОТ:

- Қалайсан, Ҳасан?
- Ишлар беш, Ҳусан!
- Сен-чи? Сен ўзинг?
- Кўриб турибсан!
- Қалайсан, Ҳусан?
- Қалайсан, Ҳасан?
- Ёмонмас.
-Ёмонмас,
-Ёмон эмас.

Биз-эгизаклар тақдири қизиқ:
Севиб қолгандик икков бир қизни,
Энди-чи, қаранг, ҳайронмиз шунга,
Бошқа бир ҳофиз ёқаркан унга.

НАҚАРОТ.

У кун тушимда кўрдим укамни,
Укамни эмас, темир одамни.
Уйғонсам, укам тушар эди рақс,
Ўзбекча эмас, рақс “брейк-данс”.

НАҚАРОТ.

Ўйнасин-кулсин ҳар ким билганча,
Қўшиқлар қанча, севганлар қанча!
Бизлар «Наво»нинг сайроқилари
Куйлаймиз шўх-шўх, ғам биздан нари.
1987 йил



ЁДИНГ ДИЛ АРДОҒИДА

Такаллумдай табаррук ёдинг дил ардоғида,
Хажринг ила яшайман йилларим сўроғида.

Умид кўп, хаёл сурдим, хаёлинг аро юрдим,
Ҳамиша сени кўрдим ҳаётим сабоғида.

Юзи гул, сочи сунбул, барча йўл – сен томон йўл,
Сени дейман муттасил умримнинг ҳар чоғида.

Дарёдай тўлиб-тошдим, довон ошдим, тоғ ошдим,
Ҳар кимларга ёндошдим ҳасратларим доғида.

Аён бўлур оқ-қора, марду номард, пуч-сара,
Адолат бир сайёра садоқат сиёғида.

Шукур, дейман ҳар замон, бахтимга бўл сен омон,
Саодат бор бепоён муҳаббат қийноғида.
1986 йил


СЕН КАБИ ЖОНОН

НАҚАРОТ:

Дунёга келмишки сен каби жонон,
Демак, тоза ҳали одамзодда қон.
Демак, саҳроларда кезар Мажнунлар,
Тоҳирлар дарёда оқмоқда ҳамон.

Сенга кўнгил бердим, кўнглимни олдинг,
Севги риштаси-ла боғландим ёмон.
Аллоҳ иродаси – кўришдик икков,
Илоё, тушмасин ўртага шайтон.

НАҚАРОТ.

Гоҳ кулдириб шодон, гоҳ йиғлатиб жим,
Тақдир иккимизни айлар имтиҳон.
Бахш этгали сенга биргина жонин
Шукур Қурбонга ҳам топилди имкон.

НАҚАРОТ.
1997 йил


ЁЛҒИЗ АЁЛ

Меҳрнинг таъмини эсдан чиқариб,
Дилгир ўйлар аро кездингми йиллаб?
Дунёнинг аёллик бахтидан нари,
Кетдингми ғойибдан қаноат тилаб?

НАҚАРОТ:

Қайси манзилларда кутдилар қандоқ?
Ким сени ноҳақдан-ноҳақ ранжитди?
Даф этдими сенга ташланиб ногоҳ
Хушомад ва ҳирснинг минг битта ити?

Ҳаёт эса ўзга, ҳаётинг ўзга,
Сойларга айтдингми кўрганинг тушинг?
Сабаб қолдирмай, деб ғийбату сўзга,
Рангпар сайладингми туриш-турмушинг?

Гарчи юрагингда тирикдир умид,
Гарчи қалб ҳар нафас туғади ҳавас,
Кирар тушларингга ўша минг бир ит,
Ўша занжирларин узиб басма-бас.

НАҚАРОТ.
1995 йил




 
III

ВАТАН, СЕНСИЗ НЕТАРДИМ МЕН?...

Ҳайрат синоатин рад этмоқ нечун?
Дунёлар яратар, ахир, завқ кучи.
Тубанда қушлар ҳам куйманишар жим,
Дарахтлар лозимдир куйламоқ учун.


САЙЁРАМИЗ ОМОН БЎЛСИН

Умримиз маъноси чегара билмас,
Бир ғам йўқ оламда чора топилмас.
Орзу гулшанлари барқ урар, сўлмас,
Она-сайёрамиз омон бўлса, бас.

НАҚАРОТ:
Она-сайёрамиз омон бўлса, бас,
Она-сайёрамиз омон бўлса, бас.

Офтоб бошимизда, осмон мунаввар,
Давримиз оқилу замон мунаввар,
Эътиқод, деб кечган ҳар он мунаввар,
Она-сайёрамиз омон бўлса, бас.

НАҚАРОТ.

Баҳорлар гуркираб, яшнагай ёзлар,
Яшнагай юракда пинҳона розлар,
Пинҳона розларда кўнгил барг ёзар.
Она-сайёрамиз омон бўлса, бас.

НАҚАРОТ.
1987 йил


ОНА-ТУПРОҚ

Она-тупроқ, киндик қоним тўкилган, эй она-тупроқ,
Сенда жоним, сенда шоним. Азизлардан сен азизроқ.
Сенда ризқу рўзим азал, сенда кўрар кўзим азал,
Аждодларим хоки борки, бағринг тўла гулзору боғ.

Она-тупроқ, она-тупроқ,
Азизлардан сен азизроқ.

Сенда ватан, ватанда сен, авлодларим яшар сенда,
Қодир Эгам ёқтирган сен, бани одам таралган хок.
Камтаринлик одатингдир, ҳалол меҳнат роҳатингдир,
Қорадурсан ўзинг. Аллоҳ марҳамати – юрагинг оқ.

Сенда ватан, ватанда сен,
Ўзинг қора, юрагинг оқ.

Шукур дейман тирикман то, хизматингга мудом шайман,
Бир кун келиб сенда ётмоқ насиб этсин менга ҳам, оҳ.

Она-тупроқ, она-тупроқ,
Сен баридан муқаддасроқ.
2005 йил


АЛЁР, ЭЙ ДИЁР

Ўзбекистон – кўнгил юрти,
Муҳаббат юрти,
Авлиёлар юртидир бу,
Диёнат юрти.
Яхши ният юртидир бу,
Оқибат юрти,
Давраларда янграйди куй,
Янграйди алёр.

НАҚАРОТ:

Алёр, алёр, эй диёр,
Алёр, алёр, Истиқлол.
Алёр, алёр, эй диёр.
Алёр, алёр, эй иқбол.

Қадим ҳалол, қадим ёруғ,
Қадим файзиёб,
Эътиқоду иймон учун
Мудом хокисор.
Мурувват мўл, диёнат мўл,
Оқибат сероб,
Яхшиликлар этагини
Тутгил, эй диёр.

НАҚАРОТ.


1993 йил


ВАТАН

Ватан, сенсиз нетардим мен?
Девонадай кетардим мен.
Гулзоридан айро булбул
Каби фарёд этардим мен.

Онам, дедим, боланг бўлдим,
Кўксингда оҳ, ноланг бўлдим.
Муҳаббатинг туйиб жондан,
Бу дунёда одам бўлдим.

Кўз очиб кўрганим сенсан,
Қизғониб юрганим сенсан.
Вужудим йўқ бўлиб кетар,
Жоним сенсан, жоним сенсан.

Ўзбекистон, Ўзбекистон,
Бахтимга бўл доим омон.
Доим озод, доим обод
Кўрсин сени жумла жаҳон.

Ватан, сенсиз нетардим мен?
Девонадай кетардим мен.
Гулзоридан айро булбул
Каби фарёд этардим мен.
2000 йил



МУСТАҚИЛЛИК, СЕНИ КЎРАМАН

Армонларни ерга ураман,
Орзулар-ла суҳбат қураман.
Нурли-нурли ўйлар сураман,
Девонадай эркин юраман.
Бахтимни ҳис қилиб тураман,
Мустақиллик, сени кўраман.

Олаётган нафасларимда,
Нафасларим енгиллигида,
Юрагимнинг қарашларида,
Мақсадларим янгилигида
Бахтимни ҳис қилиб тураман,
Мустақиллик, сени кўраман.

Аждодларим кўрган ул ҳаёт
Менга ибрат, дастурил амал.
Бағишлайди қайрилмас қанот
Улар туйган қайғулар азал.
Бахтимни ҳис қилиб тураман,
Мустақиллик, сени кўраман.

Устозларим, устозларимнинг
От тортолмас ўгитларида,
Менга, менинг келажагимга
Бўлган ажиб умидларида
Бахтимни ҳис қилиб тураман,
Мустақиллик, сени кўраман.

Ишонмайман алдам, рўёга,
Қуллик нима, жуда билганман.
Одам бўлиб, ёруғ дунёга
Сени кўрмоқ учун келганман.
Бахтимни ҳис қилиб тураман,
Мустақиллик, сени кўраман.
2007 йил



ҚАЙТИШ

Ёмғирлар дарёга қайтгандай қайтдик,
Ёғдулар самога қайтгандай қайтдик,
Марҳумлар дунёга қайтгандай қайтдик,
Дунёлар Оллога қайтгандай қайтдик.

Ҳайдаб олиб кетган эдилар бизни,
Алдаб олиб кетган эдилар бизни.
Кошки эди буни билмаган бўлсак,
Қайга олиб кетган эдилар бизни?

Нега биз олдинроқ қайтмадик?—деймиз,
Бор гапни олдинроқ айтмадик?—деймиз.
Орият қаттиқдир, орият —сабил,
Нега юракларда бу ҳадик?—деймиз.

Қайтганда қандайлар қайтар эдик, хўш?
Айтганда, кимларга айтар эдик, хўш?
Орият қаттиқдир, орият—сабил,
Боғланган қулдан ҳам баттар эдик, хўш?

Янги эрга ёқиш учун кўз очиб –
Кўрганини бадном этган хотиндай,
Давр қаршимизда жилпанглади хўб,
Ўтди у, ўтди у қора бир тундай.

НАҚАРОТ:

Ёмғирлар дарёга қайтгандай қайтдик,
Ёғдулар самога қайтгандай қайтдик,
Марҳумлар дунёга қайтгандай қайтдик,
Дунёлар Оллога қайтгандай қайтдик.
1991 йил

ОНА-ТИЛИМ

Қасида

Юрагимнинг қошида
Сайраб турган булбулим,
Сенсиз очилмас гулим
Руҳият бўстонимда,
Она тилим, жон тилим.

Қадим аждод қонида
Сени таниди дунё,
Инсоният тонгида
Бердинг қалбдан акс-садо.
Суврат бўлиб чекилдинг
Ғорлар ичра бирма-бир:
«Она қўшув бола», севмоқ бу,
«Юрак қўшув ёй ўқи»—сабр.

Ашшурий, бобил, оккад
Тараққиёти бир ён,
Бир ён бўлди қуёшли –
Ўлка қучган шараф-шон.
Маънавият уфқида
Номинг мангу айланди.
Шумерлар миххатига
Оҳангларинг жойланди.

Тош, деганни ким-кимлар
Тепиб ўтмаган бефарқ,
Лекин сен боис уни
Бошга кўтарди башар.
Мисли онг денгизида
Заррин мавж бўлиб қалқдинг.
Буюк «Ўрхун-Энасой
Ёзувлари»да балқдинг.

Шакл—мисли либосдир,
Ўзгарар ўтиб замон.

Айниқса, босқинчи ёв
Бўлса бошда ҳукмрон.
Айниқса, у бор ерда
Сўзлашсанг ўз тилингда,
Билмай хуноб бўлса у
Не борлигин дилингда.
Зўрлаб-да ўз ёзуғин
Пешонангга ўяр у,
Ёт тилда чулдиратиб
Томошангни кўрар у.
Бироқ мазмун-моҳият
Ҳоким эрур шаклга.
Араб имлоси бўйин
Эгди туркий ақлга.

Навоийдай фарзандинг
Дунёга келди шу кез.
Сени деб сарғарди у,
Қон тупурди эрта-кеч.
Парвоз этиб назм аро,
Осмонларга урдинг бош,
Лекин тупроқни қўмсаб,
Пинҳона тўкардинг ёш.
Таъзимда бўй-бастингга
Етмиш олам бош эгди.
Гўзал «Бобурнома»да
Оёғинг ерга тегди.
Ер дардлари шу ондан
Сеники бўлди буткул,
Фалакдан бахт сўради
Машраб – исёнкор ўғил.

Яна шоир зарур бўлди
Сенинг сўз минбарингга,
Она-тилим, чиқди шоир
Турди, яраб корингга.
Муқимликни кўрдинг йиллаб,
Йиғлаб юрдинг фурқатда.

Кўплар сени унутди
Давомли бу кулфатда.
Тумтароқ хонликлардан
Турфа жаҳолат қолди.
Ким неча йиллар янглиш
Халқим оми саналди.

Ким айтар «бу ғалвирдан
Осон ўтди ватаним».
Мен айтарман, “не бахтки,
Омон ўтди ватаним».
Боис – ҳар сўзинг уни
Келажакка чорларди.
Шеърият осмонингда
Чўлпонларинг порларди.

Янгрардинг авж пардада
Яна-да ҳур, яна шан.
Лекин, одат, боқдилар
Сенга ҳам ҳасад билан:
Бир бурчакда тўпланиб
Тил билмас уч-тўрт ғалча,
Фарзандларинг бошига
Мусибат солди қанча.
Китоб кўтарган кимса
Таҳликали кўринди,
Нондай азиз битиклар
Ерга пинҳон кўмилди.
Асил шоирларингни
Халқ душмани дедилар,
Қарғадилар, сўкдилар,
Бир-бир бошин едилар.

Шоирни ўлдирарлар,
Ўлдириб бўлмас сўзни.
Сен тирик қолдинг яна,
Халқимнинг кўрар кўзи.

Не тонг, Мустақилликнинг
Шамоллари эсиб шан,

Олдинг давлат мақомин
Қанча тил аро расман.
Пешонангга тақдирнинг
Саодати ёзилган.
Бугун сенда Қуръони
Карим, ҳадис босилган.

Мен ҳам—улуғлигингга
Орқа қилган қаламкаш.
Сенда қандай куйладим,
Элга ҳавола яккаш.
Тасодиф кўп дунёда,
Шоир бўлсам-да бир кун—
Ҳикматинг мен учун бу,
Мурувватинг мен учун.
Бўлолмасам, айб менда,
Севолмабман сени, оҳ.
Ҳар икки ҳолатда ҳам
Сенга содиқман бироқ,
Она-тилим, жон тилим.

Зеро мен сеникиман,
Сен туйган завқникиман,
Сен куйган қайғуники,
Она-тилим, жон тилим.

Сен мангусан, бақосан,
Мен эсам – ўткинчи зот.
Сен ҳамиша баҳорсан,
Мен – лаҳзалик хотирот.
Она тилим, жон тилим.

Сенсиз мен сўладирман,
Девона бўладирман.
Туққанимга етти ёт
Бегона бўладирман,
Она-тилим, жон тилим –
Юрагимнинг қошида
Сайраб турган булбулим.
1981—91 йиллар


ОНА-ТИЛИМ, СЕНИ...

Она-тилим, сени дилим ардоқлагай,
Сен неники оқладинг, ул ҳам оқлагай,
Сен кимники ёқлайсан, ул ҳам ёқлагай,
Умр бўйи бахт-иқболинг сўроқлагай.

НАҚАРОТ:

Сени менга Худо берди, шукрилиллоҳ,
Яхшиликдан сўз айттирди, шукрилиллоҳ,
Сенсиз мени ким танирди, шукрилиллоҳ,
Сенсиз мени ким англагай, ким сақлагай.

Аллаларинг эшитиб жим, сени билдим,
Она, дедим, ота, дедим, сени билдим.
Ризқ-рўз сўраб, тилак этдим, сени билдим,
Сенга тикан кирса, мени тирноқлагай.

НАҚАРОТ.

Темурбек – сен, Навоий – сен, сен бу китоб,
Қадим туркий гурунглардан мағрур хитоб,
Душманларга борлигингнинг ўзи итоб,
Янграшларинг ўзи ёвларни доғлагай.

НАҚАРОТ.

Чет эл, деган йўқ нарса бу, чет тил-ку бор,
Чет элларда сен туфайли хеш бахтиёр.
Йўллар йироқ, диллар ёвуқ, жонлар нисор,
Азрўй-азал эл-улусни тил боғлагай.

НАҚАРОТ.
1993 йил


ЎЗБЕК ИШИ

(Қатағон муносабати билан)

Беҳосият ойнинг тўлиши,
Юлдузларнинг совуқ кулиши.
Ким сабабкор? Кимнинг қилмиши?
Ўзбек иши, ўзбеклар иши.

Неча йилдир хароба замон,
Ёлғон омон, жоҳиллар омон,
Ҳукмрондир яхшига ёмон,
Ўзбек иши, ўзбеклар иши.

Оқибат йўқ одамлар аро,
Бўзлайди қалб, юраклар яро.
Аҳли маъни хор, мотамсаро,
Ўзбек иши, ўзбеклар иши.

Қандайлигинг билмайди ҳар ким,
Мевали бир дарахтсан балким.
Тош отсалар, кулиб қўй, халқим:
“Ўзбек иши, ўзбеклар иши”.

1986 йил







ФАРҒОНА, ФАРҒОНА

Орзу-ҳавас қилганмисиз?
Гул-лолалар терганмисиз?
Най ноласин тинглайин, деб
Фарғонага келганмисиз?

НАҚАРОТ:

Фарғона, Фарғона,
Бағри мангу баҳорсан.
Фарғона, Фарғона,
Дўсту ёрга маконсан.
Фарғона, Фарғона,
Олтин водий, эй она.
Фарғона, Фарғона,
Жонажоним Фарғона.

Дилрабо юрт – Андижону
Наманганни кўрганмисиз?
Чинорларнинг соясида
Ажиб туйғу сезганмисиз?

НАҚАРОТ.

Тоғларинг бор – ўтиб бўлмас,
Боғларинг бор – гули сўнмас.
Қанча қўшиқ куйламайин,
Жонажоним, кўнглим тўлмас.
1986 йил


ШОҲИМАРДОНИМ

Қаршингда тоғ кўрсатар бўй—хаёлинг ўсар,
Ортингда тоғ—келган бало-қазони тўсар,
Ҳар қадаминг зиёратгоҳ, сайилгоҳ улуғ,
Унда Оқ сой, бунда Кўк сой, томоша тузар
Лочин оға, Турсун Али, Тўқсон полвоним,
Авлиёлар қадамжоси – Шоҳимардоним.

Тоғдан-тоққа учар Дулдул бунда эрта-кеч,
Мушрикларни этар маълул бунда эрта-кеч,
Жангга кирар ҳазрат Али – Шердаргоҳ пирим,
Мўъминликка очар у йўл бунда эрта-кеч,
Жондан азиз Ёрдон азиз, Кўли қуббоним,
Авлиёлар қадамжоси – Шоҳимардоним.

Бунда ўсган ҳар гиёҳ, ҳар томчи сув – даво
Етмиш икки дардга малҳам ҳар ютим ҳаво,
На-да қушлар, илонларнинг сайроғи – наво,
Кимга раво бўлар бари? Яхшига – раво,
Бош устингда турар бу кун дорилзамоним,
Авлиёлар қадамжоси – Шоҳимардоним.

Бундайин кент ҳар қайда ҳам, ҳар кимда ҳам йўқ,
Юзлаб йиллар тиш қайраган ғанимда ҳам йўқ,
Оқар ихлос эли бетин – мисоли дарё,
Келган дардли келар бунга, кетганда ғам йўқ,
Сенда ҳузур, сенда кўнгил, сенда иймоним,
Авлиёлар қадамжоси – Шоҳимардоним.
1992 йил


БАЛИҚЧИДА ЖАНГ БЎЛГАН

Йиллар ҳар турли кечган,
Замон ранг-баранг бўлган,
Хоинларнинг аҳволи
Ҳар даврда танг бўлган.
Тарихчи бобом ёзар
Аждодлар тўғрисида:
“Юртни ёв босганида
Балиқчида жанг бўлган”.

Балки қулоққа ёқмас
Бу сўз, бу хабар унча.
Лекин ўтган қулликнинг
Заҳри дилда тугунча.
Тик туриб ўлган афзал,
Эгилиб яшагунча.
«Юртни ёв босганида
Балиқчида жанг бўлган».

Эгилганлар ҳолига
Маймунлар йиғлаганди,
Кофирлар уй тўрида,
Мўъминлар сиғмаганди.
Эркаклар ҳам эрк, дея
Майдонга чиқмаганди.
«Юртни ёв босганида
Балиқчида жанг бўлган».

Ботирларнинг номлари
Ҳеч ерда битилмаган.
Балки Турсун, Мадамин,
Раҳмонжону Тўлаган...
Улар ном қолдиришни,
Эҳтимол, ўйламаган.
«Юртни ёв босганида
Балиқчида жанг бўлган».


Зуваласи ҳам оддий –
Шу бўз тупроқ, шу лойдан.
Болажон бўлган улар,
Йўқса, сизу биз қайдан?
Жони ширин бўлмаган
Балки туғилган жойдан...
«Юртни ёв босганида
Балиқчида жанг бўлган».

Иншооллоҳ, халқим ҳам
Сурар бир кун нашида,
Мустақиллик ҳам охир
Гувлар авж пардасида.
Аждодларнинг шаънига
Битилган-ку қасида:
«Юртни ёв босганида
Балиқчида жанг бўлган».
1993 йил



РАМАЗОН

Маслаҳат қилдилар, журъат қилдилар,
Баъзи катталардан сўраб билдилар,
Кўҳна удумларни ҳурмат қилдилар,
Минг йиллик йўллардан қайтиб келдилар,
Болалар рамазон айтиб келдилар.

Бири босиқ эди, бири шўҳ эди,
Юраклар ўт эди, кўзлар чўғ эди,
Устлари бут эди, қорни тўқ эди,
Минг йиллик йўллардан қайтиб келдилар,
Болалар рамазон айтиб келдилар.

Уйлар баланд эди ва қават-қават,
Зиналар, зиналар эди беадад,
Эшиклар темирдан эди қатма-қат,
Минг йиллик йўллардан қайтиб келдилар,
Болалар рамазон айтиб келдилар.

Ҳеч кимса йўқ каби, тингладилар жим,
Тошдай қотиб қалби, тингладилар жим,
Очмади уларга эшикни ҳеч ким,
Минг йиллик йўллардан қайтиб келдилар,
Болалар рамазон айтиб келдилар.

Табаррук сўзларга тўлди йўлаклар,
Ҳижолат ичинда сўлди йўлаклар,
Заҳарханда билан кулди йўлаклар,
Минг йиллик йўллардан қайтиб кетдилар,
Болалар рамазон айтиб келдилар.
1999 йил

УСТОЗ

(Болаларга)

Ёғдуталаб, нурталаб,
Шўх-шодон биз – ўғил-қиз –
Қоп-қоронғу кечада
Гўё бир ҳовуч юлдуз.

НАҚАРОТ:

Ой бўлиб қошимизда
Порлаган бу—сиз, устоз.
Бизни тонг қучоғига
Чорлаган бу—сиз, устоз.

Милтираймиз, қараймиз
Олис-олис уфққа.
Ғуж-ғуж сир-синоатдан
Ҳайрон ушлаймиз ёқа.

Чексиз бир мехр билан
Қучоғингиз ёзгансиз,
Бизни асраб-авайлаб
Бағрингизга босгансиз.

НАҚАРОТ.

Кўрсатган йўлингиздан
Фарз –бизлар учун юрмоқ,
Қарз – келажак толени
Сиз билан баҳам кўрмоқ.

НАҚАРОТ.
2006 йил

НАВРЎЗИМ

(Болаларга)

Боғлар – дарахтларники,
Тоғлар – лолаларники,
Ким нима деса-десин,
Байрам- болаларники,
Байрам – болаларники.

Отам айтган бу сўзни,
Онам айтган бу сўзни,
Ота-онам назарда
Тутган бунда наврўзни.

Боғ баҳорсиз қолмасин,
Тўкмасин тоғ лоласин.
Ўзбекистон бағрида
Наврўзлар омон бўлсин,
Наврўзлар омон бўлсин.

НАҚАРОТ:


Наврўз, наврўз, наврўзим,
Сен менинг кўрар кўзим,
Сен менинг айтар сўзим,
Сен менинг ёруғ юзим,
Сен менинг худди ўзим.
1998 йил



ОҚСАРОЙ

Ой нурида тиллоланган Оқсарой,
Кун нурида жилоланган Оқсарой,
Бир кун келиб босқинчи ёв зарбидан
Лат ейишин билолмаган Оқсарой.

НАҚАРОТ:

Туш кўрар у ким неча юз ёшинда,
Осмондайин мовий кўли бошинда.
Юзларида парда бўлиб бир ажиб
Шаршараси сирғалади ташинда.

Йиллар ўтди, билмай уни не кутар,
Мен биламан, яхши замон юз тутар.
Ўртаниб зор, тун-кечалар паришон,
Соҳибига – Темурбекка кўз тутар.

Жанглар аро яраланган баҳодир  -
Сингари у, қад тиклаган у ҳозир.
Оқсарой бир тимсол, ифтихоримиз,
Кўринг, ёруғ олам аро бақодир.

НАҚАРОТ.

Мустақиллик саҳнасида устивор,
Неча юзлаб Оқсаройлар барқарор.
Чорлар улар бизни хушёр яшашга,
Саройларни асрангиз, дея бедор.
1996 йил







 
IV

УЙҒОҚ ШУУР БИЛАН ХАЁЛГА ТОЛСАК...

Аввал куйга солдик, қилдик ашула,
Сўнг тошга, қоғозга битдик бир йўла,
Қанчасин сўйладик, тўғри келса ким...
Юрак армон билан ҳамон лиқ тўла.


НАВОИЙНИ АНГЛАШ

Тарих, дегани бу – жанг-жадал эмас,
Сўздир у , сўзларда акс этган маъно.
Балки туркийни ҳам биров тил, демас
Навоий назмидан туймаса наво.

НАҚАРОТ:

Уйғоқ шуур билан хаёлга толсак,
Навоий ва иймон – эгиз тушунча.
Шоирга биз қанча яқин боролсак,
Худога яқинлаб борурмиз шунча.
Эл ғамин ўйлаган бари бир ўлмас,
Уни кутар доим тақдир аломат.
Бу теран нолалар ҳеч қачон сўлмас,
Кўнгилни авайлаб-асрар саломат.

НАҚАРОТ.

«Эй Навоий», —дея чорлар ўзини
Муҳаббат йўлига, меҳр йўлига.
«Эй Навоий», жаҳон очар кўзини,
Тилла тушган каби гадой қўлига.
«Эй Навоий», қуёш тушар самодан,
Кетар пой-пиёда уфқлар оралаб.
Юрак энтикади тоза ҳаводан,
Метин дардларини тилка-поралаб.

НАҚАРОТ.

Авлод-авлодларга ҳамиша ёр у,
Турли халқлар аро расо қаддимиз.
«Сўзимни эшит» —деб бизларга зор у,
«Биз ҳам зор»—дейишга борми ҳаддимиз?

НАҚАРОТ.
1991 йил
МИРЗО БОБУР

Йироқларда бўзлаб бир подшоҳ ўтди,
Гадолигин қўмсаб она-юртининг.
Йироқларда бўзлаб бир шоир ўтди,
Дарвишлигин тусаб она-юртининг.

НАҚАРОТ:

Кундузлар фалакда ёнувчи қуёш –
Бобур она-юртдан олиб кетган бош.
Кечалар фалакда тош қотувчи ой –
Бобур она-юртдан олиб кетган бош.

Гадоларки сиғган юртингдан, халқим,
Бир подшога, наҳот, топилмади жой?
Дарвишларки сиғган юртингдан, халқим,
Бир даҳога, наҳот, топилмади жой?

Кофирларки сиғган юртингдан, халқим,
Бир мўъминга, наҳот, топилмади жой?
Ҳайвонларки сиғган юртингдан, халқим,
Бир инсонга, наҳот, топилмади жой?

НАҚАРОТ.
1985 йил


БЎЗ БОЛАСИ БЎЛИБ...

(Муҳаммад Юсуф хотираси)

Қара, кўзларимда кўринмайди нам,
Гарчи кўнгил тўла оҳ ила фарёд.
Шоирларнинг эрта кетишига ҳам,
Наҳот, кўниктирди бизларни ҳаёт?
Шу сўзларни мендан кутганмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Бир шоир оламга келиши учун,
Ким билар, неча бор тўлғанар замин?
Шоирлар бемаҳал ўтса оламдан,
Айт, кимлар тўлдирар унинг бир камин?
Сенинг ўрнингни-чи, ким босади, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Водий шевасига пайваста гарчанд
Андижон лафзининг ўз оҳанги бор.
Бобурий каломнинг оддийлигидан
Теранлик барқ урар асрлар бедор.
Сен ҳам шу ҳикмат, деб ёнганмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Тақводор ҳамкентинг Дукчи эшоннинг
Руҳи қўллагандир сени эҳтимол.
Назмий бир ишора ила эл-юртни
Ойдин орзуларга бошладинг алҳол.
Бошлаб қўйиб, ўзинг қайга кетдинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Бўз боласи бўлиб ўзбаки сўзнинг,
Биқиқ давралардан кетдингми бадар?
Китоб ўқимасдан қўйган улуснинг
Қалбини қўшиқ-ла этмоқ мунаввар –
Мақсадинг эдими шеър ёзишдан, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Лекин хонандалар... баъзилари паст,
Шеъринг ундиргунча ялтоқланди хўп.
Танилгач дедилар: «Буюртмамиз-ла
Ёзиб шоир бўлди Муҳаммад Юсуф».
Билганмидинг буни, кулганмидинг , айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Улар ҳам ўтишар, ғийбат гап-сўз ҳам,
Аммо қўшиқларинг янграйди абад.
Мустақиллик даври тароналари
Сенинг куйларингсиз кемтикдир, албат.
Боқий бу толени ўйлабмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

2004 йил

ШОҲ МАШРАБНИ ОСМОҚДАЛАР

Бу жаҳонда эрк, деган
Зотга йўллар берк экан.
Ёр васлига тўймаган
Дор васлига тўяркан.

НАҚАРОТ:

Шоҳ Машрабни осмоқдалар,
Осмоқдалар, осмоқдалар.
Ақлданми озмоқдалар?
Юракка чоҳ қазмоқдалар.

Шоирларнинг юраги
Бўғзида бўлар эмиш,
Бўғзида юраги бор
Бўғилиб ўлар эмиш.

НАҚАРОТ:
Она-ерга бойланган
Шоҳ Машрабнинг оёғи.
Шоҳ Машраб туғилди-ю,
Очилди юрт сиёғи.
Шоҳ Машрабнинг оёғин
Узмоқчилар шу ердан.
Айирмоқчи бўларлар
Она-юртни шоирдан.

НАҚАРОТ.
1977 йил

НАЗАР ШУКУР ХОТИРАСИ

Мунгли кунни эслаш нечун? Эй воҳ, эсламай бўлмас,
Отилган бир ўқ—сўнги кун, эй воҳ, эсламай бўлмас,
Сўнги кунда ёмон мазмун, эй воҳ, эсламай бўлмас,
Бошинг қонаб, оқди-ку хун, эй воҳ, эсламай бўлмас.
Узатаман сенга томон, етмас қўлим, укажон,
Қўлларимдан юлиб кетди сени ўлим, укажон.

Сени кимлар чорлади, ҳей, Тошкентга – пойтахтга,
Туққан юртинг айтар сўзи етаклаб келди аҳдга.
Хўрликларга қасдма-қасди ёнган аччиқ бир шаҳдга –
Қуюлди-ку қора бир тун, эй воҳ, эсламай бўлмас.
Узатаман сенга томон, етмас қўлим, укажон,
Қўлларимдан юлиб кетди сени ўлим, укажон.

Бошинг ёрган ерда ётган оддий тош эмас эди,
Бевафою бемеҳр ёр – қаламқош эмас эди,
Уйларига сиғдирмаган бағирдош эмас эди,
Тор бўлдими дунёи дун, эй воҳ, эсламай бўлмас.
Узатаман сенга томон, етмас қўлим, укажон,
Қўлларимдан юлиб кетди сени ўлим, укажон.

Ота-онанг, укаларинг, фарзандларинг қолди зор,
Не гап бўлди? Ақли етмас, қақшар ҳамдам дўсту ёр.
Шеъринг бўзлар, қабрингга бош уриб кечалар бедор,
Мухлисларинг бўзлар маҳзун, эй воҳ, эсламай бўлмас.
Узатаман сенга томон, етмас қўлим, укажон,
Қўлларимдан юлиб кетди сени ўлим, укажон.

Сени ўлди, деган менми? Ўлган сенми тонг-саҳар?
Тонг-саҳарда қонларингга ботдими қотил шаҳар?
Қабринг узра ув тортдими суйганинг фасли баҳор?
Шоир ўлган кун – мунгли кун, эй воҳ, эсламай бўлмас.
Узатаман сенга томон, етмас қўлим, укажон,
Қўлларимдан юлиб кетди сени ўлим, укажон.
1990 йил

УСМОН НОСИР

Усмон Носир, деган ўтди жаҳонда, дўстлар,
Куйлаб ўтди бахт топдим, деб замонда, дўстлар,
Истиқболим, орзуларим омонда, дўстлар...
Ким хўрлади, кимлар хароб этди шоирни?
Ким жувонмарг айлади ёш Усмон Носирни?
   
У куйлади, оҳангига жойланди халқим,
У куйлади, олам аро бор, дея ҳақим.
Куйлаб-куйлаб бўғилишин билмади балким.
Ким хўрлади, кимлар хароб этди шоирни?
Ким жувонмарг айлади ёш Усмон Носирни?

Не ғам келур одамзодга, узоқдан келмас,
Дашту саҳро, биёбондан, ё тоғдан келмас,
Боши еди ўз дўстлари, етти ёт эмас.
Ким хўрлади, кимлар хароб этди шоирни?
Ким жувонмарг айлади ёш Усмон Носирни?

Мен йиғлайман, Усмон оға, билинди қадринг,
Мен йиғлайман, Усмон оға, тилинди бағрим,
Қолиб кетди ватанингдан узоқда қабринг.
Ким хўрлади, кимлар хароб этди шоирни?
Ким жувонмарг айлади ёш Усмон Носирни?

Яхшиямки, оқибат бор, яхшиям, эл бор,
У куйлаган адолат бор, қўшиқ бор, тил бор;
Юртим аро бир ҳақиқат янгради бедор:
Ким хўрлади, кимлар хароб этди шоирни?
Ким жувонмарг айлади ёш Усмон Носирни?


1988 йил






БОТИР ЗОКИР КУЙЛАГАНДА

Ботир Зокир куйлаганда, қуш ҳам тинарди,
Ботир Зокир қўшиқларин тош ҳам тингларди,
Армон билан кетди аммо буюк бу ҳофиз,
Ярасин туз сепгандай бир ғам тиларди:
«Навоийни куйлолмадим эстрадада».

Янграгани чоқда юксак арабий танго,
Оқ кийган эл хаёлида кўкарди саҳро.
Фаранглар ҳам тан олдилар Фарангистонда,
Гармселлар уфурди бу қақраган жонга:
«Навоийни куйлолмадим эстрадада».

Янада тез ўлар эди, ўлолмади у,
Шошма, ажал, —деди бир дард, ёнди бир туйғу.
«Омонати Худо жоним оласан, ахир,
Мен тайёрман, бир орзуим ушалмади-ку:
Навоийни куйлолмадим эстрадада».

Шарқу ғарб, бу икки қутб, олам икки хил,
Бир қозонда пишмайди ҳеч, қайнатма минг йил.
Бир-бирига ранги уриб кетиши мумкин,
Лекин мазмун ўша қолур, қолур ўша дил.
«Навоийни куйлолмадим эстрадада».

Гап нимада? Нақлдами? Моҳиятдами?
Оҳанг гўзал, ижро гўзал, қаерда ками?
Балки ватан? Қўшиқнинг ҳам ватани бордир?
Кўҳна чинор дарахтлари кўчириларми?
«Навоийни куйлолмадим эстрадада».
1994 йил


МАҲАЛЛИЙЧИЛИК

Душман керак бўлса, дунёда қанча,
Дўстларинг – омонат, ҳамкорлар – қаллоб.
Кўнгилни орзулар шиддати янчар,
Юрак – меҳрталаб, муҳаббатталаб.

НАҚАРОТ:

Ҳар жой, ҳар кўйингга жонимни қоқай,
Халқим жаҳолатда токай қақшайсан?!
Калта ўйлаб гоҳо қийнайсан токай,
Маҳаллийчиликни қачон ташлайсан?

Ҳасрат, ҳаяжонлар бўғизга етди,
Кўзинг оч, сен ҳам бир атрофга қара.
Оламда ўт ва сув бирлашиб кетди,
Лайли-Мажнун бўлди оқ билан қора.

Пастлар баландларни кўтарди бошга,
Қайноқлар кўксига босди совуқни.
Нега сен ҳамиша қоқилдинг тошга?
Нега ўз кўксингга отдинг шул ўқни?

НАҚАРОТ.

Номи бир ўзбексан, ўзинггга бексан,
Яхлит бир парчасан туркий жаҳондан.
Юракда дард билан сен қадди тиксан,
Чегара чизиғи ўтмаган қондан.

НАҚАРОТ.
1991 йил



БАСТАКОР

(Мустафо Бафоевга)

НАҚАРОТ:

Нота чизиғи – қон томирларига
Яшайди бастакор  бирма-бир илиб
Бутун ва яримта, чорак, нимчорак
Юрак ноталарин минг пора қилиб.

На шоир, на ҳофиз, на-да дўст-ёрон,
Бастакорни куйлар тушунар кўпроқ.
Ҳалал берманг унга ёруғ дунёда
Фортепьяно ва у ёлғиз қолган чоқ.

НАҚАРОТ:

Ўзбекча, хитойча, японча каби
Оҳанг тили бордир, гаплашади у.
Балки Оллоҳ, балки фаришталар-ла
Биз бехабар зимдан дардлашади у.

НАҚАРОТ.

Биздан гўзалроқдир, биздан баландроқ,
Айричадир ҳайрат-ҳаяжонлари.
Мусиқий келажак орзулари-ла
Майда туйғулардан яшайди нари.

НАҚАРОТ.
2004 йил

ШАШМАҚОМ

Қадим-қадимларнинг эй улуғ товши,
Мен сени тинглайман юрак ютиб, жим.
Тинглайман: “Кўкраги қисматинг тошдир,
Дунёда бахтиёр бўлмаган ҳеч ким”.

Бардош қолур фақат ёруғ жаҳонда,
Бардошинг бағрида шуълаланган ком.
Дўстлар, шашмақомнинг илдизи қонда,
Томир-томирларда янграр шашмақом.

НАҚАРОТ:

Шашмақом, у бир қиз – соҳиби жамол,
Ойни уялтирар қошлари – ёйи,
Кулиб туриб сизни йиғлатар хушхол.
У бир қиз, йиғлаган сари чиройли.

У бир жом, оламда яшаган ҳар жон
Ўз кўнгил шаробин қуйиб сипқорар.
Порлайди бу жомда оташин илҳом,
Куйиблар сипқорар, тўйиб сипқорар.


НАҚАРОТ.

Умр, бу эл—юртга хизмат қилмоққа
Берилган имкондир беминнат, қутлуғ.
Шашмақом ўзбекман, деб керилмоққа
Халқим фарзандига бепоён ҳуқуқ.

НАҚАРОТ.
1986 йил






ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Қодир ўлсайдим, санинг-чун йўқни бор этмазмидим,
Собир ўлсବ¬¬¬¬йдим, кўйингда ўзни хор этмазмидим,
Жаҳл ёр ўлсайди, дилни тангу тор этмазмидим,
Ақл ёр ўлсайди, тарки ишқи ёр этмазмидим,
Ихтиёр ўлсайди, роҳат ихтиёр этмазмидим.

Аҳён-аҳён балқса эрди кўк юзинда кавкабинг,
Англамасдимми йўриғу йўсинингу мансабинг,
Эшитсайдим каломинг гоҳ, билмазми эрдим матлабинг,
Лаҳза-лаҳза сувратинг кўрсайдим ул ширин лабинг,
Сен киби, эй Бесутун, мен ҳам қарор этмазмидим.

Неша кулдинг ҳолима қаҳ-қаҳ уриб, ўздин кетиб,
Неша ўлдим жонима қаҳринг ўтиб, озор етиб,
Дафн этмакми бўлурсен ишқими, қайга, нетиб?
Неша маҳрам айладинг шамъи, мани маҳрум эдиб,
Ман санинг базмингда жон нақдин нисор этмазмидим.

Ошиқи содиқ учун дунё қурилган дордур,
Дор ғофилу дор остида турган кўнгил бедордур,
Оҳ, дейиб, ердин оёқни узмоққа чора вордур,
Дардими оламда пинҳон тутдиғим ночордур,
Уғросайдим, бир табиба ошкор этмазмидим.

Сочимдин то пойим қадар симиллаб ўтди жабр,
Су эмас, ғам ёғдирур бошим уза учган абр,
Абр учар, чарх урарман мен, тўхтамас телба давр,
Ёр ила ағёри ҳамдам кўрмага ўлсайди сабр,
Тарки ғурбат айлаюб, азми диёр этмазмидим.

Ҳамдаминг азмин маним расволиғимдин қил қиёс,
Маҳраминг жазмин маним расволиғимдин қил қиёс,
Шоиринг вазнин маним расволиғимдин қил қиёс,
Воизинг базмин маним расволиғимдин қил қиёс,
Анда сидқ ўлсайди, ман тақво шиор этмазмидим.

Гўллигимдин юз ўгирмак мумкин ўлсайди манга,
Ғаюр юзина тупурмак мумкин ўлсайди манга,
Тоза ишқ, санга бош урмак мумкин ўлсайди манга,
Ул гули хандони кўрмак мумкин ўлсайди манга,
Сантак, эй булбул, гулситона гузор этмазмидим.

Нетай, ранжу тааб ишғол этмиш ўнгу сўлими,
Тўсиғидин қутқаролмам саросар бу йўлими,
Эй Шукур, бан ишқ, дея ўтдим узотиб қўлими,
Эй Фузулий, доғи ҳижрон ила ёнмиш кўнглими,
Лолазор очсайди, сайри лолазор этмазмидим.

Qayd etilgan