Safar Olloyor. Omad ko'zi  ( 19602 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  09 Mart 2010, 10:18:49

Safar Olloyor. Omad ko'zi



Muallif: Safar Olloyo
Hajmi: 387 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Robiya  15 Mart 2010, 16:21:15

Cафар Оллоёр

ОМАД КЎЗИ


шеърлар

Тошкент
2007

Ушбу китобимни раҳматли Онам
Улашой Мустафоқул қизининг ёрқин хотирасига
чексиз ифтихор ва таъзим ила бағишлайман.
Муаллиф.

Инсоният яралибдики, ҳур фикрга ташна, гўзалликка ошуфта, эзгу аъмолларга ошнодир. Бундай ботиний ҳиссиётлар ва зоҳирий интилишларни айниқса шоирлар гоҳ маҳзун, гоҳ шодмон, гоҳ ўйчан оҳангларда тараннум этишга ҳаракат қилишади. Бу бежиз эмас, албатта.
Зеро ҳар қайси ижодкор ўз даврининг куйчиси, кузатувчиси ва, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос овоз соҳибидир. Шу маънода ёш, истеъдод шиир Сафар Оллоёрнинг ушбу тўпламдан жой олган шеърлари, гарчанд турли йилларда ёзилган бўлса ҳам, мазмунан яхлит асар сифатида мужассам моҳият касб этади. Бинобарин, теран лирик фалсафий мушоҳадалар, назмий санъаткорона тузилмалар, моҳирона содда йўсинга йўғрилган «қаймоқли» фикрлар, чуқур мажозий ва рамзий ифодалар — буларнинг бари энг талабчан шеърхонларни ҳам қаноатлантиришига ишончимиз комил. Бу шеърлар юксак иштиёқ ва дид ила ўқиб уқишга арзийди. Зотан умид ҳам шундан.
 
САРАФРОЗ САРДАФТАР

Ҳаёт!
Менга ғоят меҳрибондирсан,
Қай дам кела қолдинг
бундай маслакка.
Ҳаттоки, баъзида хўб уринасан
Онамнинг ўрнини билдирмасликка...


ҚУВОНЧ

Тобора яқинлаб
Келмоқда қувонч,
Тобора юракни
         қўзғар ҳаяжон.
У яқин келаркан
Улғаяр ишонч,
Тумандай тарқалар
          гумашта гумон.

Мен уни қанчалар
          кутгандим интиқ,
Тўрт томон боққандим
Йўлини пойлаб.
Тандирдан узилган
           нон каби иссиқ
Истарасин кўрмоқ
           истадим ойлаб.

Ва охир келаркан — қандай зўр пайғом,
Дўстлар ҳам шод бўлар,
Айтмоқчи,
Улар
Шеъримга сиғмагай айтсам номма-ном,
Аммо юрагимга
         ҳаммаси сиғар...

Кел, қувонч, бўйларинг айлаб сарафроз,
Кел, дўстим, кўзимнинг
             ғам ёшларин арт!
Дўсту ёронларим
          кўпайгани соз,
Лекин душманларим бўлмаслиги шарт!!


 
ИЛТИФОТ

Оддий инсон бўлиб
Яралганим ҳам
Энг катта мукофот эрур ҳарқалай.
Хоҳиш-иродамни
          айлаб мустаҳкам
Хушсухан имконлар бердинг бир талай.

Ҳаёт!
Менга ғоят
       меҳрибондирсан,
Қай дам кела қолдинг
Бундай маслакка:
Ҳаттоки, баъзида
          хўб уринасан
Онамнинг ўрнини билдирмасликка!

Мени қувонтирар
          илҳомланганинг
Ўзинг берган қайноқ
           илҳоминг билан.
Менга шеър бахш этган
Бағринг-гулшанинг,
Лекин қачон шоир чиқади мендан?!

Юрагимда ундов,
Тилимда сўроқ,
Қандайдир масъуллик бўйнимни эгар.
Халақит беряпти, демасман,
Бироқ
Бошимни кўтарсам — юлдузга тегар!..
      
* * *

Бугун тонгда
     турдим мен,
        Эртага
          Худо билар.
Бугуним
     тиллога тенг,
        Эртам зўр
        ёмби қадар.

Бугун қирда
   турибман,
      Эртан
        тоғда бўлурман.
Узоқлашма
   ёнимдан,
      Камолимдан
         ҳузурлан.

Умидларга
   ҳамоҳанг
        Орзуларим
         бисёр, бас.
Менга ортиқмас,
     билсанг,
        Иккимизга
         кам эмас.

Эртанинг
   дасти узун,
        Бугун қисқадир,
           эй жон!
Бугуним —
     ўзим учун,
        Эртам —
         сенга армуғон!!


НАЖОТ

Гарчи, дунё — қизиқ бозор,
Ҳавасидан
      ҳасади кўп.
Етмагандай
Бу тало-тўп,
Лафзин бузар ғирромлар бор.

Ҳар ким молин мақташи чин,
Моли сотиб қўймаса бас.
Шундоқ экан,
Нечук ҳавас,
Ҳасадга-да жой йўқ лекин.

Бунда ҳар ким
      бўлса магар
Ўз молига ўзи эга.
Даллол нечун,
Улар нега
Бировларнинг молин сотар?!

Бундай жумбоқ бисёр,
Аммо
Ҳаммасини айтолмасман.
Киши сири
     ўзига тан,
Ор-маслаги
Дилида жо.

Қочганда-ку дил шикаста,
Паноҳ истар
       қувган кас ҳам...
Мен ўзимни
Асролмасам,
Худо, мени Ўзинг асра!
   

*  *  *

Бир шеър учун
         дилимни
         пора-пора айладим,
Ҳар мисраси
      қонимдан
         бир-бир сизилди, ё Раб.
Ташбеҳ топсам,
      дардимга
         ани чора айладим,
Туроқлар
      турнақатор
         бир-бир тизилди, ё Раб.

Қалб боғим
      ичра бу чоғ
         гулу райҳон ўсдилар,
Турфа хил
      ифорларга
         тўйинди сатрларим.
Кайфиятим
      осмонин
         сўнг булутлар тўсдилар,
Эски қадрдон туйғу
      очди ёшлик дафтарим.

О, ёшлигим дафтари,
      олтин саҳифаларинг
Умрим салтанатининг
      шоҳона
         тахтига хос!
Тахтимни тарк этдимми,
      ё бўлдим самандаринг —
Мени ҳануз
      ёндирар
         ўшал жўшқин эҳтирос.
Қадри кейин билинар
      оқиб кетган
         сувларнинг,
Ўтган дамлар
      ҳамиша
         лаззатли туюларо.
Наҳот ўша сув бўлса,
      ёшлигим,
         сенинг қадринг,
Бугун эса
      бошимдан
         шалоланг қуйиларо.

Ортимга бир бор боқсам:
      ўттиз ёшни
         бўйлабман,
Ўттиз баҳор
      умримдан
         улушини олмишдир.
Сардафтарим очсам гар,
      сени камроқ  куйлабман,
Ахир, қанча завқ-шавқинг
      унутилиб қолмишдир.

Ҳайҳот, ҳаёт қизиқдир,
      дилни босар ҳаяжон,
Тасаввуримда: мендан
      турибсан
         нарироқда...
Халқим — азим карвондир,
      омон бўлсин
         бу карвон,
Мен кўзлаган
      манзиллар
         ҳали жуда
            йироқда!
   

      ҲАМРОҲ

Инсон ёлғиз
      бўлмас ҳеч вақт,
Шу асосда табиати:
Ошён қурган
Бошига бахт
Ва ҳамиша ёр нияти.

Унга яна нима керак:
Мансаб,
      бойлик,
          шуҳратни ҳам
Қўшиб берса — бўлса тиргак,
Аммо
   минбаъд
         бўлмаса ғам.

Ўзи билан
       ўзи қолса,
Ёлғизман деб нола қилар.
Юрагига
      қулоқ солса —
Туйғулари сирдош бўлар.

Бахт тарк этса
       айлар огоҳ,
Файз меҳрибон,
Омад — сайёр...
Жилла қурса,
      ўйи — ҳамроҳ,
Ёлғизнинг ҳам
       йўлдоши бор.
      
ЧАШМА
    Булоқ-отага бағишлов

Тоғдаги булоқнинг
         бокиралиги
Бу олам жамолин кўрсатур аён.
Ахир, у ҳам тупроқ билан ёнма-ён,
У ҳам Н О — сувдир, атиги.

Аммо тозаликда
       ойнадек тиниқ,
Юракка малҳамдир биллур томчилар.
Устига барг тушар..,
Чанг тушар — чидар,
Дилбар овозида йўқдир хўрсиниқ.

Билқиллаб қайнайди,
Жўшиб қайнайди
Қўлини чўзганча ҳув дарё томон.
Ҳарқандай тўсиқдан ўтади омон,
Гарчандки тўсиқлар уни қийнайди.

Тўсиқлар ғов эмас унга,
Аслида
Тўсиқлар олдида обдан тинади.
Сўнг ундан тошганда кулиб энади,
Шарқироқ ҳур оҳанг эшдир исмига.

У айтар сўзини айтар очунга,
Бошланар бу кўҳна заминда титроқ —
Булоқ дарё бўлиб тўлғонса,
Тупроқ
Ўзини бахшида этади унга.

Шундан пайдо бўлар лойқа ҳолати —
Ҳаяжон кўп жойда, зотан, сабот кам...
Оқишни эплайди ҳатто кўлмак ҳам,
Тип-тиниқ қайнамоқ — булоқ одати!

    ТАКАЛЛУФ

Умид эски,
Қақнусга ўхшар —
Янгиланиб турар
       муттасил.
Қарийб бир хил
       режалар тузар
Ва муроди бўлади ҳосил.

Юрак эса
      бамисли қўрғон,
Тун-кун бутун
       организмни
Нажот билан сийлар бенуқсон,
Канда қилмас «дук-дук» — базмни...

Умид фақат
      кутдирар узоқ,
Ташрифига зор айлар, албат.
Тўғри,
     ғоят аччиқдир фироқ,
Бироқ дийдор
      кутади навбат.

Гарчи инсон чидар
          барига,
Такаллуфин
     сир тутмас ҳаёт.
Шунинг учун
        дилбандларига
Умид дея
    қўйишади от.

    *  *  *

Бу не дарёки, тор келар ўзан,
Бу не кўнгилки, сиғмас жону тан...
Ҳатто дўстлар ҳам
        аяшмас баъзан,
Ўзимни ўзим аяб юрибман.

Ортда юришни истар нокаслар,
Эвоҳ, бир одим
       ўзиб кетсанг гар,
Пайт пойлаб,
Ногоҳ оёқдан чалар,
Ўзимни ўзим суяб юрибман.

«Таёқнинг тойча кучи бор, бўтам», —
Шундай деганда мўйсафид тоғам,
Кулганман...», — дейди кексайган отам,
Отамни ҳасса суяб юрибди.

Камина кулмам,
Билгувчи — малик,
Кўрармиз насиб этса кексалик.
Ҳеч ким қийналмас, балки, менчалик,
Ўзимни ўзим суяб юрибман.

Гарчи йўл равон,
Кўчалар бисёр,
Лекин кундуздан кечалар бисёр,
Кичик хатога ўч олар бисёр,
Ўзимни ўзим суяб юрибман.

Ишонгим келмас биров мақтаса,
Турфа сифатлаб, атай алқаса...
Бироқ барибир, худо хоҳласа,
Ўзимни ўзим суяб яшайман!

МУҲАББАТСИЗ ЯШАБ БЎЛМАС

Дейдиларки аҳли дониш:
«Қуруқ гапни ошаб бўлмас».
Керак бўлса,
Шартдир ёниш —
Муҳаббатсиз яшаб бўлмас.

Муҳаббат — бу чашмадирки,
Чанқоғи ҳам роҳат,
        сирли...
Зикр эт ҳар бир тақдирни —
Муҳаббатсиз яшаб бўлмас.

Ичиб кўрсанг
Бу булоқдан,
Дарёдайин тўлишарсан.
Гарчанд фано
      ичра борсан,
Муҳаббатсиз яшаб бўлмас.

Севги бирла
     тирик одам,
Баҳра олгай анбаридан.
Ҳаёт шарти —
Бир лаҳза ҳам
Муҳаббатсиз яшаб бўлмас!!!

Ишқсизларни ютар саҳро..,
Эй, нози ғоз
      ҳурилиқо,
Менсиз яшаш мумкин,
Аммо
Муҳаббатсиз яшаб бўлмас!

      ЧИН ЯШАШ

Некбин йўлларимиз
         туташган жойни
Бахт бекати дея атаган эдик.
Ўзимизга ҳамроҳ айлаб Худойни
Фақат олд томонга
        кетамиз дедик.

Тадорик кўргандик,
Йўлхалтамизда
Аҳд-орзу — озуқа етарли эди.
Қара, ҳеч бирини
        еб қўймабмиз-а,
Лекин хаёлимни ташвишлар еди.

Ҳаётнинг зайли шу:
Ҳеч ким дунёда
Орзу қилганидек бахтли бўлолмас!
Жафокаш бўлса-да
        ҳаддан зиёда,
Ўзи ғам чеккандек бахтсиз ҳам эмас!!!

Умримиз карвони
Ўтмоқда шитоб,
(Бу ҳол аждодлардан азалий мерос)
Унга кор қилмагай на дод,
На хитоб,
Фақат яшаш мумкин чин инсонга хос.

     *  *  *

Аё, вафо!
Майли, сина,
Энг аввало, ўзинг чида.
Ўтли ҳажринг қаршисида,
Шафқат айла, на ҳолим бор.

Ўн саккиз минг олам аро
Инсонга кўп ризқ-рўз раво.
Гар куйдирсанг Ҳақ таолло
Кечирмагай — уволим бор.

Ошиқ бўлиб яралибман,
Ҳамрозликда алданибман.
Ахир,
Шоир саналибман —
Энг суюкли аъмолим бор.

Илм баҳри — тугал савоб,
Ҳайҳот,
Ҳаёт — қизиқ китоб,
Ҳар бирига топгил жавоб —
Ўн саккиз минг саволим бор...

      
 
АЗИЗИМ, ВАТАН

Ватан!
Саждагоҳим!
Сенсиз мен кимман?!
Сен борки, мавжланар кўксимда ғурур.
Шояд баҳрамандман азиз меҳрингдан,
Сенсиз этолмасман ўзни тасаввур.


*  *  *

Бир куни оловга айланаман мен —
Жонимга текканда милтиллаб ёниш!
Ҳозирдан шу ҳақда
           ўйланаман мен,
Бундан қўрқиш шартми
Ёки қувониш?!

Кунлик ижтимоий
         масалага ҳам
Шартлик талабини қўямиз ахир.
Дейлик, бўлсин десак талаб мустаҳкам —
Сўзни ардоқлаймиз аввал барибир.

Бир оғиз лафз учун умр гаровдир,
Сўзин деб бошини берганлар қанча.
Сўнгги нодир сўзин
Оркаш баҳодир
Айтиб қолган бошин қилич кесгунча!

Нажоткор сўз билан
         минглаб душманни
Ажал саҳросига бошлади Широқ.
Даъват-ла қутқарса бўлар Ватанни,
Исёнкор сўз эса ундан ботирроқ!!!

Бу кун эл ҳурликда,
Озоддир Ватан,
Заррача сўнмаган дилда муҳаббат.
Аммо Худо берган
        сўз — неъмат билан
Пашша ҳайдамоққа бормикан ҳожат?!
      

*  *  *

ҲИССИЙ ЖЎШҚИНЛИКЛАР

Ёшликка хосдир,
Лолагун чеҳралар учун аталган.
Кўнгилга туйғулар ҳамиша мосдир,
Валекин ранг олур мудом даврдан.

О, менинг давроним — нечоғли шиддат,
Ҳисларим рангига
        ранглар индирдинг.
Чекинди гумроҳлик,
Чекинди ғафлат,
Бошимга озодлик туғин қўндирдинг!

Мен бу кун кичкина
         ишорат билан
Курраи заминга ташлайман одим.
Онажон,
Сиз менга омадлар тиланг —
Улкан парвозларга етсин имконим.

Шодлансин муаззам боболар руҳи,
Ушалгай азалий
       орзу ва ҳавас.
Тоғдай кўтарилгай юртим шукуҳи,
Ахир,
Қанча дўстлар ҳамкор, ҳамнафас...

Ҳиссий жўшқинликлар
Инсонга хосдир,
Лолагун чеҳралар учун аталган.
Кўнгилга туйғулар
         ҳамиша мосдир,
Шу боис ранг олур мудом даврдан!


АЗИЗИМ, ВАТАН

Ватан!
Саждагоҳим!
Сенсиз мен кимман?!
Сен борки,
      мавжланар
           кўксимда ғурур.
Шояд баҳрамандман азиз меҳрингдан,
Сенсиз этолмасман ўзни тасаввур.

Йироқда мусофир миллатдошимнинг
Куйик ноласида кўраман Сени.
Ёнимга боққанда,
Ҳар юртдошимнинг
Суюк боласида кўраман Сени!

Қалбимнинг тўрида гўзал сийратинг,
Кўзим гавҳарида сувратинг турар!
Бағрингдаги оташ шу ҳароратинг
Боладай эркалаб,
Дилни яйратар.

Дилкаш оғушингда
         эркин яшасам,
Мен яна нимани кутайин Сендан?!
Сен ҳам юрагимда мангу яшайсан,
Суянчим,
Севинчим,
Азизим, Ватан!!!
 

ХАТТИ ШИКАСТА 

Ўсиб борар авлодлар секин,
Ўтиб борар умр ҳам аста.
Мен ўқидим қисмат битигин,
Моҳияти — хатти шикаста.

Кўп босилган излар ортидан
Уйғоқ ҳислар етаклар танни.
Ҳамроҳим бўл, толиқмас чидам,
Мен кезмоқчи бўлдим Ватанни!

Ҳали унинг бир қишлоғидан
Пойтахтига келганман, холос.
Воқиф бўлсам бор бисотидан,
Уни билсам ўғлонига хос.

Дерлар, дарахт ўсар бир жойда,
Нетсин, ерга боғланган, чидар.
Томирлари ерда бўлмаса,
У ҳам жон деб сайрга кетар.

Ватан!
Сенсан қўшиғим-куйим,
Тик тутарман мудом бошимни.
Даланг — ҳовлим,
Ҳар шаҳринг — уйим,
Орқа билдим тоғу тошингни!

Осмонинг ҳур,
Тупроғинг — хилқат,
Чўлинг мисли Эрам боғидай...
Кўркинг учун севмасман,
Фақат
Сени билмай яшаш ноқулай!


ОЧИҚ ОСМОН ОСТИДАГИ ОРИЯТ

Юртимнинг осмони тўла юлдузлар,
Маҳлиё боқаман
       уларга беун.
(Равон нутқ турганда самовий сўзлар,
Варварча гапларни ишлатмоқ нечун?!)

О, ўлкам шамоли!
Сенда гинам кўп,
Наҳотки, юмушинг учирмоқ хасни?!
Ватаним бағридан,
        бўлиб гўё тўп,
Учириб кетсайдинг бахил, нокасни!

Эҳ, гўшам боғлари!
Сизга ўтинчим:
Топталаб ўйнашса ҳаром-ҳаришлар,
Сиз асло қуриманг — бузмангиз тинчим,
Уларни покликнинг уволи урар...

Эй-й, воҳам тоғлари,
Бўлинг елкадош,
Ибрат бўлмоқдасиз кўкка интилиб!
Чўнг чўққи кўксида
         бўлмоқ-чун бир тош
Мен ҳам яшаяпман бағримни тилиб!

Осмонимиз тўла
       порлоқ юлдузлар,
Улар кўп ғовларни ўтганлар енгиб.
Шояд, шу ҳиссиёт
Олдинга ундар,
Йўқса, чанг йўлларга кетардим сингиб...

   
ЎЗБЕКИСТОНИМ

Уйқудан турибоқ кўтарганда бош
Кўз остига олар сўлим маконни:
Уфқингдан оҳиста
Мўралаб Қуёш
Чарақлаб кузатар ажиб бўстонни.
Қуёш дер: «Гўзалсан ичра жаҳоним...»
Бу ўлка ёлғиз сен, Ўзбекистоним!

Шоирлар мадҳ этган бу чаманаро
Куйлашни булбуллар билгай саодат.
Маккага етса ҳам,
Бўлиб маҳлиё
Сувингни ичган қуш қайтади албат.
Сеҳрингдан лол қолдим, ота маконим,
Киндик қон гувоҳи — Ўзбекистоним.

Тоғларинг сервиқор — ўтолмас бургут,
Боғларинг таърифин битолмас қалам.
Чўлларни боғ этиш бўлмади унут..,
Олам айвонида
Ўзинг бир олам.
Жаҳонда тенги йўқ боғу бўстоним,
Тоабад яшнагил, Ўзбекистоним!

Чўлпоннинг интилган толе юлдузи,
Ойбекнинг фахрисан олтин деб билган.
Мадҳингга оз эрур юз шоир сўзи,
Олтин қаламлар ҳам ожизлик қилган
Ўзбекнинг беқиёс туганмас шони —
Бебаҳо хазина — Ўзбекистоним!!!


ГУЛ ФАСЛИ

Ерда нафис шивир — бойчечак саси,
Баҳорнинг ташрифи азал шунақа.
Қуёш табассуми...
Куртак хандаси —
Кулги-яллаларга тўлар минтақа.

Мўъжиза юз берар...
Парво қилмайсан,
Қара, сендан ўзга ҳамма маҳлиё.
Сени ром этмасми гул фасли — чаман,
Имконинг баҳордан имконлими ё?!

Атиргулнинг битта
           барра тиканин
Ясамоқ қўлингдан келармикан, айт?
Майсани улғайтган
        буғдой эканин
Ҳис этсанг тасанно дегайсан бу пайт.

Кечаги чанг қирлар — ям-яшил гилам,
Тунов кун чўп эди
Бу боғлар гули.
Во ажаб,
    гулгундир капалаклар ҳам,
Табиатнинг сеҳри — баҳор маҳсули.

Тағин ғафлат ичра қолмагил, ай, жон,
Кўчат эк,
Боғ ярат,
Бекор ишни қўй.
Кўркамлик — дил майли,
Баҳраси — эҳсон,
Омонат баҳорнинг ҳар бир куни — тўй!


ЭЗГУЛИК

Мен сенга энг узун
         шодлик тилайман,
Ҳеч узилмас бўлсин
         унинг риштаси.
Бироқ шундайлар бор,
Алам дастидан
Қирқишга ўрганган — қайчи устаси.

Билмадим, не истар, муддаоси не,
Ёинки, нимадан аламланган у.
Не боис безовта,
Иддаоси не,
Нечун юрагида кек, ҳасад, ғулу.

Омад деганлари мудом барҳақдир,
Демак, омадсизлик дегани ҳам бор.
Кимники эъзозлаб,
Сийласа тақдир —
Ҳавас қилмоқ керак, ҳасад на даркор?!

Мен сенга ана шу
        хислатни тилаб,
Огоҳлик соқчиси ёр бўлсин, дерман.
Эзгуликка фақат
Эзгулик улаб
Яшамаган кимса хор бўлсин, дерман.


ЗАРБ
Руфат Ризқиевга

Зарба кимга теккан
         биринчи марта,
Қачон тилимизга кўчган «зарб» сўзи?!
Ҳаёт зарблар берар
        қайта ва қайта
Бизга ғалабадир чидашнинг ўзи!

Сиз қандоқ чидайсиз бунга,
Ажабо,
Зарбга зарб қайтариб ўрганган инсон;
Курашган ғалаба
       қилгунича то,
Сапчиган рақибин маҳв этган замон!..

Чарм қўлқопларда ўзбекнинг «мушти»
Жаҳон узра мағрур
Кўтарилди тик.
Фахрлар туғилди ғалаба гашти,
Буни биз халқ бўлиб
         узоқ вақт кутдик.

Мардона зарб учун
Ўзбегим ҳали
Тасанно айтади руфатларига.
Мен тилак билдирдим шеърим орқали
Чарм қўлқоп спортин жўмардларига.

Беписанд қарашлар, шукрки, ортда,
Энди йўллар очиқ кенг имконларга.
Баайни ҳақиқат,
Мустақил юртга
Ҳам ҳимоя даркор,
Ҳам кучли зарба!

*  *  *

Юксакка кўтариб яшайман мағрур
Ранжу ғийбатлардан
         озурда жонни.
Вужудим,
Руҳимга қалқон бўлиб тур,
Тарк этмасин на мен,
Сўлим маконни.

Ватаним, олдингда
        қарзим каттадир,
Узмоққа кўзим ҳам,
Сўзим ҳам етмас.
Бу фоний дунёда боқийми қадр,
Унда нега ғийбат йўқ бўлиб кетмас?!

Не замонлар ўтди,
Кўп даврон кечар —
Дарёдек жўшади элим карвони.
Мен қазган чашмадан мардлар сув ичар —
Янги саф қўшади элим карвони.

Эл-ку — бу дарёдир,
Оққан ўзанин
Йўл-йўлакай, албат, ўзи тозалар!
Ботқоқлар билмаса
        бахил эканин
Кўксимнинг яраси қачон тузалар...

Таним хок бўлгунча,
Қалбим сувидан
Сахий кўл бўларми ботқоққа тўксам?..
Ҳатто нокасларни
Инсон қил, Ватан,
Худодан топади — магар мен сўксам!..


ҲУРЛИК БЕШИГИ

Қара, ланг очиқдир дунё эшиги,
Узатсам — ҳар томон етади қўлим.
Тебралиб турганда
Ҳурлик бешиги
Юртнинг фидосига айлан, ай, дилим!

Зеро,
Кўҳна жаҳон — улкан дарсхона,
Китоблардан аён
       музаффар шонлар.
Қалб меҳвари янглиғ нодир-дурдона
Бизлар гувоҳ бўлган тарихий онлар.

Қисматнинг энг олий иноятига
Умрни бахшида этсанг ҳам оздир.
Зотан,
Мустақиллик ҳимоятида
Ҳаёт тилсимларин ҳикмати жодир.

Шу ҳикмат қанчалик зор айлагани
Кечаги кунлардан аччиқ хотира.
Бу кун у илоҳий нурдай бамаъни,
Қуёшдай улуғвор,
Гулдай бокира.

Севгидай самимий,
Туйғудай тоза,
Кўнгилдай сирдошу юракдай йўлдош.
Ҳаёт гулшанида гўзал андоза,
Умр гавҳарига киприк ила қош!

Барваста полвондай тўлмоқда кучга —
Даҳри дунга манзур қадам садоси!!
Дилим,
Фидойи бўл ҳур Ватан ичра,
Юртни улғайтирар элнинг фидоси!!!
 
ИЗОҲЛИ  ҲИССИЁТЛАР

Илм баҳри — тугал савоб,
Ҳайҳот, ҳаёт — қизиқ китоб,
Ҳар бирига топгил жавоб —
Ўн саккиз минг саволим бор...
       

ВАҚТ

Гоҳ ширин уйқуга алишдим чиндан,
Гоҳ тотли хаёлни қизғандим ундан.
Ишларим қалашиб ётганда,
Ҳар дам
Кўпи қолиб кетди — фурсат топмадим.

Шукрким, дўстлар кўп кўмакка ҳозир,
Барининг кўксида мурувват жодир.
Лекин вақт дегани югурар зир-зир,
Етмоққа на кучу қувват топмадим.

Кимдир айтар вақтдан ўзиб кетдим деб,
Отам етмаганга ўзим етдим деб.
Эй, забон!
Ҳар сўзга бераверма зеб,
Лофчилар ёнида навбат топмадим.

Ҳар кун шу: тонг отар, сўнгра кун ботар,
Кимлардир оёғин узатиб ётар.
Бир ишга улгурсам — ўнтаси қолар,
Яна вақт сўрашга журъат топмадим.


*  * *

Бошим ғовлаб ўйланганим
Бермаганди натижа.

Юрагимни ковлаб топганим
Шу бўлди, алқисса:
Бу ишқ муаллифи мен эмас,
Мен — ижрочисиман, холос.
Эгаси Ҳақ.
Кўнглима У солган ишқу муҳаббат!
Олса ҳам Ўзи олар фақат,
Беҳудадир, эркам, радларинг!
   

*  *  *

Аёлга ёлғизлик ярашмас сира,
Бу жафони раво кўрмас табиат.
Аёл жуфти билан гўзал,
           бокира,
Умрини мунаввар айлар шариат.

Магар қай дам аёл
        ёлғизлик истаб,
Кетиб қолса боши оққан томонга.
Билингки, бу — сабоқ,
Бу — олий мактаб
Аёлга азият берган замонга.

Таассуфки,
Шундай ҳол рўй берди баъзан,
Шўравий дедикми, баъдавий дедик.
Зеро, рўзғор — дарё,
Уй бека — ўзан
Эканин билмадик, ғафлатда эдик.

Суянчиқ бўлгайму эркак тоғ каби,
Алҳол, ойдинлашди ҳаётнинг чини.
Англадик
     аёлнинг сўлим боғдаги
Гулдайин шикаста,
Нозиклигини!

Гар аёл гул экан,
Боласи — ғунча,
Аларга парвариш керак бўлар,
             бас,
Аёл жуфт яшасин дунё тургунча —
Эркак ҳам ёлғизлик бандаси эмас!

ОНИЙ ТАСАВВУР

Аё, пари,
     паришонсан,
Термуласан жим,
        ўйчан.
Пала-партиш орзуларинг
Жой талашар
      ўйингдан.

Орзуларинг
     оққушдай мўл,
Ўйинг эса — мавжли кўл.
О, бу қушлар
      мудрар беҳол,
Қанотлари жиққа ҳўл!..

Кўл-чи, бетин мавжланади..,
Тўлқинларга
      ғам инади,
Ғамдан халос бўлмоқ истаб,
Қирғоқларга
      интилади.

Қирғоқ мағрур
      кеккаяди...
Кеккайганни ким суяди?!
Шашти синган тўлқинлар
Ортга қайтиб,
Тин олади.

Ҳайҳот,
Қалби нотинч урар —
Оққушлардан парвоз кутар.
Чўкиб кетар умидлари:
Учолмайди, оҳ, оққушлар...


АЙРО ЙЎЛ

Саратоннинг сеҳри беқиёс,
Кетар эдим куннинг тиғида,
Ногоҳ кўрдим: турардинг қийғос
   Ора йўлнинг
    айролиғида.

Севолмасанг гуллама, дилдор,
Расминг кўзим қорачиғида...
Мен изладим сени неча бор
   Айро йўлнинг
    оралиғида...


*  * *

Тақдирнинг энг ёввош
          кўчаларида
Сени учратгандим,
Ўшандан буён
Ҳаёт деб аталмиш
Йўлнинг барида
Ўшал хуш сувратинг бўлар намоён.

Билмамки,
     бу йўлнинг надир адоғи,
Турфа синовлари
        чиқармоқда ниш...
Ёрқин хотиралар элитган чоғи
Дилкушо жилмайсанг —
Шудир соғиниш!

      
 *  *  *

Боряпман..,
      боряпман илгари —
олдимда ҳеч ким кўрмаган:
лочин қўнмаган,
от ҳам юрмаган
сарҳадсиз қўриқ.

Тобора ичкарилаб
борар эканман
қўриқдан қўриқ сари —
тобора юракни забт этаяпман!

Кўзларимга
олам кўринар ярқираб,
дунё
   сузилар
      келинчак
          сингари...
Қандай яхши бу ерларда яшаш!

Ў, бу жойда барча неъмат мўл:
ҳаяжону ҳижрон,
орзую армон,
ақидаю асотир,
туйғулар оташ..,
фақат олдга
     юрсанг бас.

Ортимда эса қолаётир —
ёлғизоёқ йўл...


* * *

Тавба!
Шу сўз чиқар баъзан бўғзимдан,
Яъни, баъзан хато қилганда,
Соқит қилиш учун ўзимдан
Шу каломга қиламан сажда.

Гоҳ шу сўзга
      топиндим маҳзун
Нуқсонимни аён англасам.
Лекин ўзни оқламоқ учун
Ҳеч бир замон ичмадим қасам.

Биламанки, яхши хислат бу —
Бутун қилса бўлар яримни!
Ким мен учун айлар тазарру
Гар сезмасам хатоларимни:
Тавба...


            * * *

Кўк юзида оппоқ булутлар..,
Мовий кўлда яйраб, оҳиста
Сузиб юрган оққушга ўхшар.

Кўк бағрида қат-қат булутлар..,
Бирам момиқ — бамисли пахта,
Болакайлар хирмонга менгзар.

Кўк қўйнида ола булутлар..,
Боқишлари совуқ ва сохта,
Қараб турар гўё олапар.

Кўк уйини қора булутлар
Босиб келса, бўл ишга пухта —
Сел босмасин дилни саросар.


БАҲОР

Замин оқ либосин ечмиш ноилож,
Туғилган гўдакдай бўлмиш яланғоч.
Бошида булутлар
        тўпланмиш гирён,
Замин ишва қилмиш:
— Қуёш, нуринг соч!

Қуёшдан ёғдулар
        ёғилмиш чексиз,
Гўё у йигиту
Замин эса — қиз.
Фусункор сийнага
        боққан нигоҳдан
Уялиб,
    хижолат тортмиш эрка қиз.

Зотан,
Хилват — паноҳ топмай овора,
Неча бор шаънига
        тун кирмиш ора.
Оташин нигоҳдан
        қутулмоқ учун
Зарнигор топмишдир
Баайни чора.

Келинлик сарпода
        ибо-иффат жам,
Табиат беминнат берибмиш ёрдам:
Гул-чечаклар
      тақиб
         лўппи юзига,
Устига ёпмишдир духоба гилам...


СЎНГГИ КУН

Намозшом.
Баҳорнинг
     сўнгги кунлари,
Чечаклар шайланур
        видо айтмоққа.
Бироқ қушларнинг-да
          чиқмас унлари,
Ваъда бермаяпти
       баҳор қайтмоққа...

Яратиш фасли ҳам
        кечса баридан,
Наҳот, униб-ўсмай, қолсак дарбадар?!
Тингла!
Олти қават
     осмон бағридан
Қуйилиб
    келяпти
        дилхоҳ
           оҳанглар:

—   Ба-а-а-ҳо-о-ор қа-а-ай-та-ар-р,
Ёш-ли-ик-к қа-айт-мас-с-с!
Ёш-ли-и-ги-да
Ум-ри-ин-н се-ев-ган-н қў-ши-иқ ай-тар-р!
Вақт-т ға-а-ни-ма-ат-т,
Кул-л, ўй-й-наб қо-ол-л!
Бе-ҳу-у-да-га-а бағ-ринг-г тил-л-ма-а,
Ўз-ли-гинг-г-ни-и тез-з қўл-л-га ол-л-л —
Ёш-ли-и-гинг-г-да-а ёш-лик қил-л-ма-а!!!


ШЕЪР ИСИ

Яшил кенглик,
Ложувард осмон,
Атрофимда дўсту қадрдон.
Кам учрайди бундайин имкон —
Шеърнинг иси келди кўнглима.

Илҳом келса
      завқ олар дилим,
Уни излаб
     сира тинмасдим.
Бу дам
   ҳатто
      уйқу бўлар жим,
Шеърнинг иси келди кўнглима.

Хўб соғинган эдим бу ҳолни —
Қалбим одат этган аъмолни.
Мен кўргандай бўлдим иқболни —
Шеърнинг иси келди кўнглима.

Гоҳо суздим
      тўлқинлараро,
Гоҳ кезиндим
      юлғинлараро.
Эзгу ҳислар!
Бўлинг дилга жо,
Шеърнинг иси келди кўнглима.

Қайдан елар
      бу хушбўй насим,
Дилим, раҳмат,
       билдинг шеър исин!
Балки Сизга ёқар, мухлисим,
Бир дилбар шеър учди кўнглимдан...
ЙЎЛДА

Йўлга чиқсанг — содиқ ҳамроҳ
             излайсан,
Ҳамроз излагайсан
        ғам бекатида.
Баъзан билиб-билмай
         гуноҳ излайсан,
Зеро, синов бисёр
        ҳаёт қатида.

Ўтган йиллар олган
         ёшингни санаб,
Кўп кўйлак йиртгандан
Сабоқ излайсан.
Тиқилинч йўлларда ўстингни синаб,
Масофа сақлаган ўртоқ излайсан.

Бир ёр излагайсан алал-оқибат:
Хушсуврат,
      хушфеълу
          хушмуомала.
Ундан излагайсан вафо, садоқат —
Топасан.
Барибир бир нарса чала.

Недир етишмайди
        сенга муттасил,
Вақтни баҳона қиласан бунга.
Ўйласанг, бўлгайки имонинг комил
Зийнати бири кам ёруғ очунга.

... Ўзингникимикан кўзингдаги нур..,
Денгиздай мавжлими ҳислар сендаги?!
Тополмаганларинг муҳаббат эрур,
Топганларинг эса — бахтнинг бўлаги!!!


НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Қаҳратон бисёр экан, саратоне топмадим,
Бул мусофир оламда шодумоне топмадим.
Жонимни хўб куйдурдум, лек жононе топмадим,
Меҳр кўп кўргуздум, аммо меҳрибоне топмадим,
Жон басе қилдим фидо, оромижоне топмадим.

Дилкаш калом истадим, овознигоре кўрмадим,
Фироқлар қийноғида ҳамроз-ёре кўрмадим,
Ул хоин дўст кўнглида номус- оре кўрмадим,
Ғам била жонимға етдим, ғамғусоре кўрмадим,
Ҳажр ила дилхаста бўлдум, дилситоне топмадим.

Мардлик билмас — ҳасаднинг чўқиға бўлдум нишон,
Тафаккури оч, қорни тўқиға бўлдум нишон,
Нотавоннинг қатъий рад — «йўқ»иға бўлдум нишон,
Ишқ аро юз минг маломат ўқиға бўлдум нишон,
Бир камонабрўда тузликдин нишоне топмадим.

Чаман бағрин кезмоққа ато бўлди зўр имкон,
Покиза кўнгул киби чорлайверди ул макон,
Ҳаргиз муддао битмай бўлуб қолдум ломакон,
Кўнглум ичра сарв ўқдур, ғунча пайкон, гул тикон,
Даҳр боғи ичра мундоғ гулситоне топмадим.

Бунда, ҳайҳот, тун зулумот, ойжамолим кўрмадим,
Даҳр боғи ичра бу чоғ    шаккар-болим кўрмадим,
Таснифиға сўз айтурға на-да олим кўрмадим,
Ҳусн мулки ичра сендек шоҳи золим кўрмадим,
Ишқ кўйида ўзимдек нотавоне топмадим.

Қаён борсам безовтамен тинглаб маҳзун ишқ сасин,
Боз устиға ҳижрон ўти қўшаверди ҳиссасин.
Тўлдуруб китобларға либосимнинг киссасин
Кўп ўқудум Вомиқу Фарҳоду Мажнун қиссасин,
Ўз ишимдин бул ажаброқ достоне топмадим.

Ўз ишингни достон этсанг ишқ аро эмасдур айб,
Илму амал қусурға келтирур албатта авф.
Жаҳолат тутунидин аммо ҳеч ким топмас кайф,
Табъ ганжидин маоний хурдасин, юз қатла ҳайф
Ким, нисор этмакка шоҳи хурдадоне топмадим.

Барча кўнгул мулкимни куйлолмадим балки мен,
Шул боисдин кимдур айтур ҳавасманд — отарчи мен.
Эй Сафар, ишқ боғинда уйғонган бир жарчи мен,
Ул амон ичинда бўлсун, эй Навоий, гарчи мен
Бир замон ишқида меҳнатдин      амоне топмадим.
 
ЎЙ

Мен Одам ҳақида
        ўйладим кўпроқ,
Гоҳо битгим келди унга
          қасида.
Шайтоний ҳислари кўп экан бироқ,
Бисёр сир жо экан
        қиёфасида.

Дўстларим ҳақида
        эсласам бир-бир,
Кўп ўтмай сим қоқар баъзи бирлари.
Меҳру иззатига шарт бўлса таъбир,
Ўзи билан ўзи овора бари.

Мен Онам ҳақида
        қанча ўйласам,
Иссиқ хотиралар элитар шунча.
Ул зот бир боғ эди,
Кўркам бир чаман,
Очилмай қолди-я не куртак-ғунча...

Гоҳ Олам ҳақида
        ўйласам жиндай,
Ғоят ожизлигим сезиб қоламан.
Унинг чексизлигин,
Қанча уринмай,
Тасаввур этолмай сарсон бўламан.

Бул Ҳаёт мағзини
        қанчалик чақсам,
У менга шунчалик бефарқ, беназар...
Гар Оллоҳ ҳақида
        бироз ўйласам,
Юрагим офтобдай ёришиб кетар!

*  *  *

Илтижо айладим, паноҳингга ол,
Ҳар ёнда суронлар,
        довул-бўронлар...
Ғанимлар бемалол,
Дўстлар бемажол,
Ғам-озор чекурлар озурда жонлар.

Нишонга олурлар
        қуш бўлиб учсам,
Ёй отиш бобида адашмас асло.
Юрак китобига
Ашъорлар тизсам,
Варақларин йиртмоқ истарлар бежо.

На кўкда,
На ерда қўймаслар омон,
Умид ниҳолларим безовтадирлар.
Минг бир қиёфада
        пайдо бу шайтон
Душман кийимида дўстга айланар.

Энг дилкаш фазилат эрур илтижо:
Ҳам паноҳ,
     ҳам юпанч,
           мадад Ўзингдан!
Дунёда ҳаммаси ўткинчи,
           аммо
Ё Ҳақ!
Фақат Ўзинг собитсухансан!

Илтижо айлагум: паноҳингга ол!


*  *  *

Тонг отишин кутдим бекатда
қоқ белида азим Тошкентнинг.
Уни излаб тўрт томон боқдим,
дарахтлар орасидан чиқиб келди Тонг.
Қушлар кўрди уни биринчи —
чуғурлашиб қолди бир пасда.

Англадимки, улар тек эмас,
бўлишиб оламиз дея шу Тонгни
талашиб, айтишар, тортишар.
Хафа бўлиб кетдим қушлардан,
ахир, Тонгни мен кутган эдим
улардан олдин.

Бепарво ўтиб кетди қанча одамлар,
фақат мен жим кутдим бекатда.
Қушлар эса уйқуда эди,
дарахтлар гувоҳ.

Энди бўлса, Тонг отган заҳот
Унга эга бўлмоқчи бўлар,
менинг қанотсизлигимни
ягона имкон билиб!

Эҳ, қушлар!
Барибир ожизсиз мендан.
Мана, ёзганларим ёришиб борар —
Тонг назарин ташлади менга...

Демак, уни бежиз кутмадим.
Тонг ҳам севар уни кутганни!


ЭСКИ ЧОЙНАК

Оғзида кемтиги бор,
Чумаги ҳам катилган.
Ишидан
Бу беозор,
Қирқ йилки, четлатилган.

Гарчи жисми яроқсиз,
Умидлари
Бус-бутун.
Ниятини билсангиз —
Шай турар меҳмон учун.

Аммо меҳмон келганда
Унга ҳеч ким
Қарамас.
Янги чойнак шу дамда
Панд беради, ярамас.

Ғор каби бўш ичини
Гарчанд алам
Тимталар.
Чанг босса ҳам юзини
Тўйларни орзу қилар!

Туша олмай токчадан
Шўрлик мудом оғринар.
Қумғонда хўб
Қайнаган
Қайноқ сувни соғинар!..
   
*  *  *

Кўп қисматни кўрган бу дунё,
Кўп хислатни кўрган бу дунё.

Шунинг учун
      зиддият бисёр,
Баридан у бирдай хабардор.

Инсон борки,
Бахтга илинжли,
Баъзан унинг йўқ бахтдан тинчи...

Ўз-ўзича
Бу кўҳна дунё
Қилар экан минг бир хил савдо!

Ишқ бобида ҳамки ушбу ҳол
Давом этар азалдан, алҳол.

Ёрти қалбда
Севгини соғлом
Куйлаб ўтди Навоий бобом.

Беш асрки,
Жилоланар ишқ —
Диллар куйлар оташин қўшиқ.

Ҳануз
Ёниқ мавзу — муҳаббат,
Қанча асар кутмоқда навбат...
   
 
СЕВГИ СУРУРИ

Дедим: — Қачон гуллар кўнглинг баҳори?
Деди: — Сиз — мен учун баҳорий фасл.
Дедим: — Ғоят зарур дилинг иқрори.
Деди: — Ҳеч вақт келмас ҳажрсиз васл!!



* * *

Ипакдай ийманиш
ҳуснингга ярашар.
Шунинг-чун таниш-нотаниш
зимдан қарашар.
Мени эса —
ўртайверар, оҳ,
гулдор рўмол билан
тўсилган
ўтли нигоҳ!..


* * *

Бир нозик ийманиш ярашур сенга,
Шу инжа хилқатда
Сийратинг аён.
Ҳайҳот, сарв қаддингга лолдир бу замон —
Кўзлар киприк қоқмай қарашур сенга.

Томоша айларлар энг гўзал хулқни —
Бир олам мазмун бор
Ийманишингда.
Бунча синчков экан, дерсан ичингда,
Ниятим: авайла бебаҳо мулкни!

Сулув санамлар кўп — бамисоли ой,
Минг бир ўлчамларга
         солсанг ҳам ҳатто,
Суврати сийратга
Мос келмас асло,
Кўнгилни яйратмас бу ташқи чирой.

Сендаги гўзаллик
Мутлоқ ўзгача,
Латофат оламин маликасисан.
Сен улуғ туғ этган
         ҳаё васфидан
Бошланур Вафо деб аталган кўча!..


* * *

Мени эсла,
Шаффоф самода
Сархуш бўлиб
      кезса тўлин ой.
Шунда сира бўлма ғамбода,
Кўз ёшингга тўлмасин шўх сой.

Билсанг, азим гуноҳ саналур
Шодликларни ғам билан эслаш.
Табассум қил,
Келади ҳузур —
Фурсат топиб қайтар ишқпараст.

Майли,
Мени эслама фақат
Йўлим пойлаб кўзинг толганда.
Баъзан ғоят мўрт бўлар тоқат,
Мени эсла, эслай олганда!


* * *

Ё, малак!
Сендаги қизғончиқ,
қароқчи,
«сим-сим»ли кўзлар..,
такаббур мергандай
кўксимни кўзлар
(бу — чин суюниш).

Дариғо,
нигоҳинг жодулари
бир лаҳзада
чўлга ёққан ёмғир сингари
синг-и-иб кетмиш бағрима..,
О, қандай тўйиниш!


СЕВГИ СУРУРИ

Дедим: — Жамолингни бир кун кўрмасам
Кўнглим моҳсиз тундай зимистон бўлур.
Деди: — Ул нурафшон қай юлдуз экан,
Кўнгил осмонида сир пинҳон бўлур.
Дедим: — Ўшал юлдуз ўзингсан, ёрим.
Деди: — Қай бири рост: юлдузми, моҳми?
Дедим: — Ишқда йўқдир сабру қарорим!
Деди: — Сезмаяпман Сиздаги «оҳ»ни.
Дедим: — Дилимдан сўр, истасанг магар.
Деди: — Дил — кўзгудир, кўрингай аён.
Дедим: — Маъшуқ аҳли бепарво қарар.
Деди: — Ишқ кўзда ҳам бўлгай намоён.
Дедим: — Кўзимга боқ, синчковроқ қара...
Деди: — Тик боқмоққа журъатим етмас.
Дедим: — Кўзимда ғам, кўнглимда яра..,
Деди: — Ҳеч бир гуноҳ жазосиз кетмас.
Дедим: — Нени айб деб билурсан манга?
Деди: — Кўнгил боғим сайр айламанг.
Дедим: — Ахир, жафо қилурсан манга!
Деди: — Чаманзордан гуллар сайламанг.
Дедим: — Сездим, таъбинг бағоят нозик.
Деди: — Сизга хушҳол эмас, эҳтимол!?
Дедим: — Висолингни кутаман интиқ.
Деди: — Олий туҳфа саналар висол.
Дедим: — Шу туҳфага лойиқман, ахир.
Деди: — Буни дилдан билмоғим даркор.
Дедим: — Токайгача қиласан асир?!
Деди: — Ҳижрон доғи ҳар қисматда бор.
Дедим: — Қачон гуллар кўнглинг баҳори?
Деди: — Сиз — мен учун баҳорий фасл.
Дедим: — Ғоят зарур дилинг иқрори.
Деди: — Ҳеч вақт келмас ҳажрсиз васл!!


СЕВГИНИНГ ИЛК ОЛОВИ

Субҳидам май ёмғири
          майин-майин ёққанда,
Димоғи чоғ фалакдан
         қуёш кулиб боққанда,
Каптарлар қўноқлардан
          кўкка қанот қоққанда,
Руҳимни қалтиратди тақдирнинг чўнг ялови —
Юрагимни титратди севгининг илк олови.

Бамисоли шоҳ экан
         юракка илк муҳаббат,
Саросар забт этаркан
         вужудни бу салтанат.
Тилка-пора айлади
        дилгинамни бешафқат,
Олампаноҳ экан у, бор экан бож тўлови —
Мени яна тўлғотди севгининг илк олови.

Ўйламаган эдим ҳеч
         бўлар дебон шундай ҳол:
Ҳар ён учиб кетаркан
          турфа ҳислар бемалол,
Илк севги эса дилда
         яшар экан бетимсол!
Гарчанд ҳеч бароридан келмаганда ҳам ови,
Қалбда исён қўзғотди севгининг илк олови.

Қай он бўлдийкин пайдо —
           ташламабман ҳеч назар,
Ғафлат ичра қолмасдим
          баайни билсам магар.
Минг афсус-надомат-ла
          бу шеърни ёзмиш Сафар,
Муҳаббат ўчоғига бор энди ўт қалови —
Сабот ила уйғотди севгининг илк олови!
    *  *  *

Жамолингни гўзаллик дедим,
Ундан ортиқ
      не бор илҳомбахш.
Зотан, сенинг ошиғинг эдим,
Мафтун этмиш бу дилкушо нақш.

Қалдирғочнинг қаноти янглиғ
Бунча қаро керилган қошлар.
Киприкларинг — ҳимоятли тиғ,
Гавҳарингда
      муҳаббат ёнар.

Ишққа асир бўлган дилимни
Ром айлади
     заррин нигоҳинг.
Сендан ўзга суяй, айт, кимни,
Кўнглим ичра рашк кезар гоҳи.

Не синоат кўрмади бошим,
Қалб чўққингни то забт этгунча.
Фақат тоқат
      бўлди йўлдошим,
Умидларим гарчи гулғунча!

Сен ҳам мендек озурда эдинг,
Висолингни узоқ соғиндим.
Айни сенинг
Гуллаган чоғинг
Файзга тўлмиш менинг ҳам боғим...

Бу омонат
Очун ичинда
Туйғулари тирик шоирман,
Ҳиссиётим сиғмас ичимга —
Жондош шеърлар ёзажакдирман.
      

*  *  *

Ишқ ўтинда
     куйдим, дилдор,
           хуш келгайсиз,
Кўришмакка
     энди дийдор
         хуш келгайсиз.

Андишанинг оти қўрқоқ,
          дер аҳли ишқ,
Таклифимни этмай инкор
         хуш келгайсиз.

Ҳар негаким
     хаёл сурмай
          узун тунлар,
Тасаввурдан топмай озор
          хуш келгайсиз.

Мендин хато кетмиш, эвоҳ,                         висолингиз,
Сиз ўртанманг,
      ҳасрат бекор,
         хуш келгайсиз.

Шубҳа қилманг, улки буткул
               норизо деб,
Меҳмондўстлик бизда ҳам бор,
            хуш келгайсиз.

Изҳоримға
       қўшдим гарчанд
          ғам-андуҳдан,
Ашъоримдан бўлмай безор
           хуш келгайсиз.       


*  *  *

Кўзингнинг
     гавҳарида
           Катта армон яширин.
Бу балони даф айлашга
         Ҳукму фармон яширин.

Чиройингни, ки, эй, дилдор,
         Қиёс қилмам ойга зинҳор.
Ёноғингда
    дона хол бор,
           У ерда жон яширин.

Қадамларинг чақнаб кетар,
         Бир шиддат йўқ
             сендан ўтар.
Шаштингга аҳд ор нақш этар —
         Кийик дармон яширин.

Лабларингнинг сирин айтсам,
         Балки дерсан «Ичинг қасам».
Унда болу
    асаллар жам,
           Кулгу-хандон яширин.

Гар кўрмасам
     қай кун аро
            Ором ҳисси бўлгай айро.
Юрагимга битган яро —
         Сенда ҳижрон яширин.

Малагимсан, лекин инон,
         Ишқ туфайли Сафар бийрон.
Токи изҳор
    эмас осон,
          Аҳду паймон яширин...
      
*  *  *

Юлдузларнинг шивир-шивири
Қулоғимга қуйилиб келар:
— «Қара, деҳқон юртин шоири
Қарши чўлда шамолдай елар...
— Қай томонга ошиқади у?
— Кузатиб тур, ҳозир биласан.
— Бу алпозда учиб кетар-ку!?
— Халал бериб нима қиласан!..»
Таажжубланар сокин намозшом
Гоҳ фалакка,
Гоҳ менга боқиб.
Ғўзаларнинг қўлларида жом,
Кўпиклари турар сал оқиб...

Тушунчанинг бари бесамар,
Билмас: мақсад нима ташрифдан.
Зотан, алар эрди бехабар
Сарҳад билмас ошиқ тавсифдан!

         
ТУШ

Рухсоринг дам-бадам тушда кўраман,
Лабингда қимтинар
        мутаассиб ишва.
Сўзингга хос жавоб ўйлаб тураман —
Сўроғинг юкидан қолиб ташвишда.

Тобакай оразинг тушда кўраман,
Сирли ишқинг ҳамон қалбимни тирнар.
Валекин муттасил
Излаб юраман —
Дийдоринг ҳушимда қай он кўринар.

Не ажаб, тушимда тағин кўрдим, оҳ,
Аён тимсол бўлди
Нурли бир хилқат.
Жон қадар азиз шу Она юрт гувоҳ,
Тақдирлар эш бўлса — кулгай саодат!
   

* * *

Яна нажот ёр бўлди тушдан,
Оҳ, жонгинам —
Қалбим йўлдоши.
Юзинг сўлғин узоқ кутишдан,
Кипригингда
      фироқнинг ёши.

Кўзларингда қалқиб турган ёш
Кул айлади
Оташ дилимни.
... Гуллар терсанг
       куларди қуёш
Лол қолдириб ҳатто иқлимни...

Ҳузурингда тошдай қотдим мен,
Ҳижрон эса
     қайта ўртади.
О, муҳаббат!
Қай тарафда сен,
Сарсон бўлдинг икки ўртада!

Наҳот, ҳушим тўлиқ саробга,
Наҳот, висол
      фақат тушда чин.
Қониқмасдан ғўр таассуротга
Рашк басма-бас
       чертар дуторин...

Эркам, ёниб куйлайсан, ҳайҳот,
Ўтинчинг шу:
      «Унутманг мени!»
Юрагимдан ажралган заҳот,
Хафа бўлма,
Унутсам сени!


*  *  *

Мен саҳрои одамман,
лекин
сен томондан
эшитилар элас-элас
тўлқинлар тўполони:
денгиз...
Ҳайҳот, тағин нозик бир сас —
дилтортар қўшиқлар султони —
тенгсиз!
Овозинг оғушига
ошиқаман девоналарча —
қаршимда
сузиб келар оҳиста
сен чиққан баржа ...
Наҳот, турдинг аҳдингда!


* *  *

Гарчанд иккимизга севги ҳамнафас,
Барибир намоён
       икки қиёфа.
Ажаб, бул ёзуқни ўзгартиролмас
На туйғу,
На ақл
Ва на масофа.

Эвоҳ, ҳарорати сиғмайди танга —
Юрагимда олов ёнар пурвиқор.
Сен эса юракка
Яқин масканда
Рўзғор иши билан машғулсан, дилдор.


ГЎЗАЛ

         Чўлпонга бағишлов

Келажакни кўриш мумкинми
Ўралашиб бугун ғамларга.
Ёруғлик деб — синдириб чинни,
Яна яшаб
    андуҳ-ла бирга.

Ўйга ботдим боқиб кўзига:
Куймаслиги мумкинмас ҳеч ҳам
Рафиқ айлаб мени,
Ўзига
Муносиб деб билмаган санам.

Куйишидан менга не фойда,
Суйишини
     истаб қоламен.
Шу кунлари уни ҳар жойда
Шеърим каби
      эсга оламен.

Сокин оқшом,
Сўнгра уйқуда,
Субҳидамда илк хаёлларим —
Энг мунаввар
      дамларим фидо,
Севгим ярим — юрагим ярим.

У гўзалдир, чиндан-да гўзал;
Кўзи чарос, гулгун юзи оқ.
Ойдан гўзал,
Кундан-да гўзал,
У Сиз севган қиздан гўзалроқ.

Сиздан гўзал, мендан-да гўзал,
Таърифига ҳозир ожизман.
Мендан гўзал,
Сиздан-да гўзал,
Гўзалроқдир Зуҳро юлдуздан!

Мендан ўзга журъат айлар ким,
Унинг қалбин англадим аён:
Ишқ дафтарим
       очиб ташладим,
Муҳаббатим этсин деб баён.

Шу фикрга келдим ўзимча:
Яратган ҳам ташламас назар
Магар ёлғиз
     мени ўзига
Чин ошиқ деб билмаса дилбар!!


ИШҚ ТУМОРИ

Шамс янглиғ чарақлаган
      муҳаббатим бор менинг,
Ҳар балодан асрасин —
Ишқ туморин ёзай мен.
Кўзгудай ярақлаган
      муҳаббатим бор менинг,
Кўркам ҳошиясига
      Севги расмин чизай мен.

Энг бокира туйғулар
      дилимни ошён этсин,
Алар бирла
    эш бўлсин
         шамснинг вазмин нурлари.
Эртакдаги мисоли кўрай кўзгуда аксин —
Мудом ёнимда бўлсин,
Илоҳим, Илҳом пари!
   

МЕНИНГ ИЛК МУҲАББАТИМ

Тобакай қалб олами
         гоҳ қоронғу, гоҳ ёруғ,
Ошиқ юрак чўғ янглиғ
          ловуллар абад-абад.
Сезги-ҳислар жаранги —
           ҳамиша даврий довруғ,
Чароғон пок кўнгилдан
          нур эмади муҳаббат!

Меҳр билан яралган менинг илк муҳаббатим,
Гул ҳидидай таралган менинг илк муҳаббатим.

Дониш халқим — азим боғ,
            камина бир ниҳолман,
Ундаги ҳар дарахтнинг
          барг ёзиши — тафаккур.
Чаман ичра бу элнинг
          донғи зўр атиргулдан,
Бу гулшан узра мудом
          офтоб кулиб сочгай нур.

Кўздаги томчи ёшдай менинг илк муҳаббатим,
Жило бергай қуёшдай менинг илк муҳаббатим!

Ухласам — тушимда у,
          ўнгимда-ҳушимда у —
Табаррук калимадай
         тушмас асло тилимдан.
Эй, Холиқу Биру Бор,
          сен берган нафис туйғу
Вужудимга ҳарорат
        бахшида айлар чиндан...

Ҳамон ором қўйган йўқ мени илк муҳаббатим,
Юрагимда ўчмас чўғ — менинг илк муҳаббатим!

    
*  *  *

Бир нуқтага
      тикилдим узоқ,
Ҳаяжоним топмади ором:
Дона хол ва
     тим қаро қароқ
Юрагимни этиб қўймиш ром.

О, табиат!
Мўъжаз сеҳрингдан
Яралибмиш
     шу қадар чирой.
Дариғ тутма
      энди меҳрингдан,
Ўшал нуқта — мен кўзлаган жой.
Истиқомат қилайин унда,
Тикилмоқдан
      шудир муддао.
Бахт ҳам шудир
Ушбу очунда,
Кулай умрим етгунича то.

Ипак янглиғ
      майин,
         эркалаб,
Жарангласин кулгуларимиз.
Муҳаббатни
Салтанат айлаб,
Тахт
  қурайлик
      бунда
         иккимиз.


КУТИШ

Келмадинг-а,
Сени кутгандим,
Интиқ бўлиб кўзларим толди.
Сукут сақлаб
      қушлар бўлди жим,
Борлиқ эса қовоғин солди.

Тийрамоҳнинг
      тийра кўзлари
Сабрим қадар мени кузатди.
Сўнг нажоткор дўстим сингари
Булут чак-чак
      сувин узатди.

Ширин эди бу сув нақадар —
Чанқоқ дилга гўё учрашув.
Ўхшардию
     чиндан ҳам, дилбар,
Лекин висол эмас эди у.

Билмам, нега бундай деяпман,
Балки алам қийнаётгандир.
Балки бу дам
Само бағридан
Эгам юпанч ато этгандир...

Келмадинг-а, сени кутгандим!
 
РАЖО  РАНГЛАРИ

Яратган назари — омад кўзидир,
Қай бандага тушса — бахту рўзидир.
Мақсудим мукаррам,
Шарт бўлса таъбир,
Яхшиларга бу кўз жилмайиб боқсин.


      ЮРАК СИРЛАРИ

Ажиб бир тароват таралган маъво —
Сарзафар битиклар битилган маскан.
Дунёвий кенгликдай
         кенгайган само,
Бокира гулларни гуллатган чаман —
Юрак бу,
Юрак бу,
Оташ юрак бу!

Шаҳд ила парвозга
        шайланган оққуш,
Интизор боғига интилган ирмоқ.
Ёғий ҳам мард кетса — ёғилган олқиш,
Учрашувга илҳақ учган арғумоқ —
Юрак бу,
Юрак бу,
Оташ юрак бу!

Таърифга сиғмаган нозиктаъб таъсир,
Йўлбарсдай ҳисларни
         бошлагувчи йўл.
Қай қиммат тенг келмас муҳташам қаср,
Бул ёруғ очунни алқаган булбул —
Юрак бу,
Юрак бу,
Оташ юрак бу!

Шуурни юпатган меҳрли юпанч,
Қодир эгам пайдо айлаган паноҳ,
Вужудда суюкли
       ягона суянч
Ва мудом ҳамнафас, бақамти ҳамроҳ —
Юрак бу,
Юрак бу,
Оташ юрак бу!!
     ЁШЛИК

Ёшлик
   сўзи
     гулдай
        муаттар,
Унутардим уни мен осон:
Хотирамда
     қолмаганда гар
Ёшлигимдан жондош туйғулар.

Яхшиларга ўрганган — ёшлик,
Ёмонлардан ўртанган — ёшлик.

Гулгун умрим — тезоқар дарё,
Сен
  тўлқинда
      бир
        хассан
           гўё.
Йўлга чиққан кема эмассан..,
Нечун дерлар
      «Бу — қайтар дунё»?!

Фурсат бирла нур ёнган — ёшлик,
Ҳар қисмида дур ёнган — ёшлик.

Ёшлик, ўзинг
      умримга баҳор:
Ҳар бандингда
       олтин
         чоғим бор.
Дилни ёқар мудом чўнг армон —
Дийдор насиб этмагай такрор.

Хаёлимни банд этган — ёшлик,
Ҳаёт шавқин байт этган — ёшлик!
      

АВЛОДЛАР

Карвонбоши бўлса эзгу муддао
Жисминг олис йўлда чарчаш билмагай.
Бироқ катта-кичик
        тўсиқлараро
Майда-майда ҳисга учиб, пайдар-пай,
Чор томон сочилмиш тарқоқ авлодлар.

Баркамол бўлмоқни ким орзу этмас,
Хоҳ фаҳми жам бўлсин, хоҳ норасида,
Улуғ юксакликни излайверар, бас.
Лекин кўҳна тарих
        қобирғасида
Тойғоқ из қолдирмиш қўрқоқ авлодлар.

Бир сўз демоқ қийин мардларга атаб,
Шитоб бахш этса гар тараққиётга!
Замон араваси
      борар илдамлаб,
Енгил нигоҳ билан боқар ҳаётга
Чангда қолиб кетган оқсоқ авлодлар.

Фурсат пойлаб турмас ҳеч биримизни,
Бугунда шом бўлса,
Эртада тонг бор.
Шому тонг, тонгу шом — шу улкан изни,
Бамисли арқонга
       ўрганган тулпор,
Айланиб яшарлар чарчоқ авлодлар.

Ҳаёт, бор аъмолинг синовга жодир,
Йўлларинг беаёв, оғир, серситам.
Қара, авлод келар: ўктам, баҳодир,
Нияту шиддати безавол, кўркам...
Бормисиз, эй, оркаш,
          иноқ авлодлар!!

   
БИРИНЧИ ҚОР

Тонг отгунча эриб чиқди қор —
Кўз ёш тўкди кузги япроқлар.
Бу қор бунча ювош,
         беозор,
Кўнгилларга завқу шавқ улар!

Зироатчи одамлар хурсанд;
Биринчи қор яхши тушди, дер.
Ҳали селлар
      бермасмикан панд,
Кеч кузакдан ҳосил ғамин ер.

Ўртада қиш:
Сирли ва мағрур,
Таҳликага солар дилларни.
Омонатлик
     бермаскан ҳузур,
Кузатаман кузги гулларни.

Назаримда,
Қишга ўхшайди
Ҳаётнинг чўнг поғоналари.
Деймиз: мушкул осон кечсайди, —
Томга чиққан бола сингари...

Илк ёққан қор
       нечук хушҳолдир,
Не хислат бор
      биринчиликда?
Магар эзгу ҳаракат жодир
Кўп ҳикмат бор
Биринчиликда!
    

ШЕЪРИЯТ

Шеърият, кўксимда уй
       қурганлигинг қувончли,
Тенгсиз ёшлик гаштини
      сурганлигинг қувончли,
Гўзал парвозларга шай
      турганлигинг қувончли,
Сен-ла битди не истак,
      қолмоқда
         не армонлар —
Шеърият қасридадек
      дунёдаги суронлар.

Сўз мулкида неки бор,
      лаззати ҳам сендадир,
Неки асов ва шунқор,
      ҳайрати ҳам сендадир,
Кўнгилнинг манзараси –
      сийрати ҳам сендадир,
Фасоҳат таърифида
      айланолмас забонлар,
Сендан малҳам,
       завқ олиб,
      ҳузурланар инсонлар.

Умид асли нимадир —
      кўз очмаган полапон,
Қалам тутиб қўлимга
      тиладинг бутун имон.
Шукрки,
     ёш бошимда
      қанча ташбеҳ топмиш шон,
Шоҳ сатр шодликлари —
      мен излаган имконлар,
Умримга нурли маъно
      ҳадя этгай илҳомлар.
Қалбимда не мужассам,
      ёздим борин мардона,
Самовий шукуҳлардан
      бўлдим узоқ, бегона.
Измига сололмади
      қаламимни замона,
Истиқболим шарафли:
      келгай давру давронлар,
Сен бирла йўлдош бўлсам,
      менсиз кетмас карвонлар!


          ЯХШИ НИЯТ

Хайрли тун тиладинг, дўстим,
Оқ тулпорлар
Кирсин тушимга.
Зўр мўъжиза
      кутмоқдаман жим,
Гўзал мужда тушмиш ишқимга:
Алп мисоли ҳозирлаб эгар
Чопиб кетай — йўллар беадад.
Мени кутган
Ойдин манзиллар
Ташрифимдан қувонсин беҳад.
Тулпоримнинг ёллариаро
Таралганда
     сеҳрли нурлар
Доя бўлсин мукаррам сабо,
Болаласин роҳат-ҳузурлар!..

Хайрли тун тиладинг, дўстим,
Яхши ният, айтганинг келсин.
Очмасимдан
      уйқудан кўзим
Менинг ҳамки айтганим келсин.
   
РУҲИМГА

Ўтган умрим
      қайтса ҳам такрор,
Қониқмайман инсонлигимга.
Ахир, кимга наф бердим бир бор
Фойдаланмай
      имконларимдан!?

Эҳ, умримнинг
       қайноқ онлари!
Ачинишга арзимайсан ҳам:
Тингламасдан
      дил суронларим,
Шайтон
    бирлан
       бўлдингми
            ҳамдам?!

Ҳаёт ва ишқ — сўнгсиз аланга,
Гирдобида қолсанг, бир хассан...
Тингла, руҳим!
Ўзингни англа,
Нега
   ҳисдай
      фаол
        эмассан?

Охир бир кун — эртами ё кеч,
Ҳаёт билан
     қилганда видо
Илғаб қолсанг ўртанмайсан ҳеч:
Бўлса
   жонинг
      юрт
        учун
          фидо!!!
      

ОМАД КЎЗИ

Ҳеч бир дам тинмагай
         ҳислар жаранги
Магар омад кўзи жилмайиб боқса.
Етти минг кўринур камалак ранги
Магар омад кўзи жилмайиб боқса.

Асабий саркашлик — беҳуда ғалва,
Бетоқат кутишлар — оний қўналға.
Оғизлар чучигай
       деганда ҳолва
Магар омад кўзи жилмайиб боқса.

Ишларинг «беш» бўлар — севинч қитиқлар,
Сарафроз кутгай, о, янги ютуқлар!
Мулойим сўз қотгай
         қаҳри қаттиқлар
Магар омад кўзи жилмайиб боқса.

Йўлингда учрамас ғамноклик, навбат,
Қўша-қўша келгай мартаба-давлат.
Ёт таъсир сезилмас
        умрингда ҳеч вақт
Магар омад кўзи жилмайиб боқса.

Пиёда юрмассан — бўлгай қанотинг,
Ҳар орзуга етгай имкон-саботинг,
Сандувоч сингари
        тинмас баётинг
Магар омад кўзи жилмайиб боқса!

Яратган назари — омад кўзидир,
Қай бандага тушса — бахту рўзидир.
Мақсудим мукаррам,
Шарт бўлса таъбир,
Яхшиларга бу кўз жилмайиб боқсин.
      

НАВРЎЗИ ОЛАМ

(Наврўз байрами тикланган кезлари ёзилган)

Ассалом навбаҳор, Наврўзи олам —
Жонкуяр элимнинг эрка шодлиги!
Сен боис теварак
        ям-яшил гилам,
Сен — диллар баҳорин эрта шодлиги!

Хайрият, қайтатдан
         миллий тус олдинг,
Биз севган айёмлар бобокалони!
Даврий карахтликдан
Мангу уйғондинг,
Собитсўз халқимнинг
         музаффар шони!!!

«Янгича удумлар — халққа!» деди ким,
Шукрким, серрайиб қолди бу сўзлар.
Дарёлар ўзанин йўқотмас лекин,
Порлади йўлингга
        тикилган кўзлар!

Беқиёс тароват таралар бу он,
Юзларни ёритар
       ўзбекча кулгу.
Сен ила жўр бўлиб куйлайди Турон,
Азалий меҳрдан завқ олади у!

Салом эй эъзозгўй, сарафроз Наврўз,
Муборак ташрифинг — эл ободлиги!
Сенинг ҳимматингда насиба,
            ризқ-рўз,
Сен — қалблар баҳорин эрка шодлиги!
Сен — халқлар баҳорин эрта шодлиги!
     1990 йил.

     * * *
   (халқ йўлида)

Воҳамизда Барчиндай
         қиз бўлса-я, қиз бўлса,
Шайдолари бир эмас,
         юз бўлса-я, юз бўлса.
Юзтаси ҳам олдимда
         оз бўлса-я, оз бўлса,
Вафо учун ўзимни Алпомишга менгзайман —
Керак бўлса, қирқ эмас,
         минг рақибни енггайман.

Гўзал қизлар ҳуснига
         мафтун бўлиб боқмадим,
Балки шундан уларга хуш келмадим,
               ёқмадим.
Кўлмак бўлиб қолдим мен,
         дарё бўлиб оқмадим...
Вафо учун ўзимни Алпомишга менгзайман —
Суйиб қолсам ёримни сизламайман,
               сенлайман.

Мажнун кезди чўл-ёбон
          излаб ёниқ муҳаббат,
Ўрнига ялангликдан
         азоб топди қатма-қат.
Шукр, энди менга ҳам
          етиб келибмиш навбат,
Кўрдим,
    синов майдони тағин беҳад кенгайган —
Саҳрога
    томган
        сувдек
           ишқ қаърига
                    синггайман! 

      * * *

Йўламагил ёнима
      Хушкайфият бўлмаса;
Дилда илиқ
     ҳаяжон,
      Эзгу ният бўлмаса.

Бошгинамни қотирма
      Самовий сўзлар билан,
Мадҳинг эрур
      чалажон
      Самимият бўлмаса.

Самимият уруғи
      Кўкармагай тобакай,
Қалб тубида
      бир жаҳон
      Мамнуният бўлмаса.

Ифтихор эт, бу элнинг
      Миллий жозибаси кўп,
Дил бўларди
      бўш майдон
      Номус, уят бўлмаса.

Энг оғир ўйлар билан
      Кўнгил ўртар
           бу шеърни
Ёзмас эрди Сафаржон
      Нафсоният бўлмаса.

      
ТЎРТЛИКЛАР

Ҳар жойда беҳуда қўрқмасин дебон
Андишанинг отин қўйишди полвон.
Ё Раб, шу кун жўнаб олис манзилга
Итлар орасидан қайтди чўнг карвон.

       * * *
Ҳақ гап, “Минг гапирган, — дерлар, — бир ўлар”.
Юз марта сўйласам паймонам тўлар.
Лекин юз гапимдан қирқ хато топманг,
Ўртага чиққаннинг айби кўп бўлар.

       * * *
Менда туғ, ағёрда тиғ — шу бизга ато бўлди,
Унга осон дегандим, қайтанга жафо бўлди.
Қулоқ тутиб ўзгага, қалбим бирла аҳдлашмай
Не ишга қўл урмайин, барчаси хато бўлди.

       * * *
Шундай деган экан бизга пайғамбар:
Кун кечирсанг ҳамки ночор, дарбадар,
Камсуқум бўл. Охиратинг ободдир,
То тириксан имонинг пок бўлса гар.

       * * *
Шерик бўлолмасман қайғуларингга,
Кимхоб тўнга ямоқ — дарднинг сохтаси.
Сезиш қийин эмас, ҳаракатинг-ла
Муштараклик йўқ-ку туйғуларингда.

       * * *
Мен дунёда севган ҳис-туйғу
Қудратлидир — титрайди қайғу.
Ерни осмон қилгудай пойдор,
У — шодликдир, бахтдан келар у.
      
      * * *
Ўрикнинг чиройи қайда — гулида,
Севги яшар оппоқ майда гулида.
Зардоли ғарқ пишган маҳал кузатинг:
Иффатнинг иси бор жийда гулида.

       * * *
Рўзғорда ғор — тўлмайди ҳеч, сир,
Турмуш мушти — бесабаб таъзир...
Беш кун учун берилган экан,
Ғам-аламсиз ўтса бу умр.

       * * *
Тан олишим керак, шеър ёзсам, ҳар дам
Ҳайиқиб тураман танқидчилардан.
Моҳир мунаққидлар мисоли кўзгу,
Алҳол, мен қўрқаман тақлидчилардан.

       * * *
Мен сенга топинай, масрур иродам,
Сен менга бўйсинма не бўлганда ҳам.
Мен ҳаёт кўрайин ҳар бир шохингда,
Сен эса чинордек бўлгин мустаҳкам.

       * * *
Қанча синовлардан ўтолдим омон,
Ҳолбуки, бор эди беҳад қир, довон...
Ҳар лаҳза шаҳд ила илдам одимлаб,
Ҳамиша борурман чўнг чўққи томон.

       * * *
Билиб-билмай босган излар ортимда,
Севилиб, севмаган қизлар ортимда.
Ортимда қолгани етиб-ортади,
Умидларим! Қолманг, сизлар ортимда!

   
 
СОҒИНЧ ИЗТИРОБИ

Гарчи сирга тўлиқ беш кунлик ҳаёт,
Сизга тенг сиймони топмадим, Она!
Оламда бор экан
Она деган зот,
Шубҳасиз, Қуёш ҳам эмас ягона!!!


МАКТУБ

Ёнингдаман, билсанг, Онажон,
Кечалари ва кундузи ҳам.
Тушларимда
      кўраман ҳар он,
Дуоларинг
     ҳамиша
        ҳамдам.

Меҳринг ойдай балқар, Онажон,
Йўлим равшан айлар, Онажон..

Оқ сут ҳақи мангудир, илло,
Кўп қўмсайман
       сутдай меҳрингни.
Кўкда сузса
      ойдин оймомо
Эслатади алла сеҳрингни.

Сени ой ҳам алқар, Онажон,
Ой ҳам сенга ўхшар, Онажон.

Сен ундасан,
Мен-чи бундаман,
Насиб этар кўришмоқ дийдор.
О, сен билан
      фахрланаман,
Сен бор гўша
      ҳамиша пойдор!

Дилда соғинч қайнар, Онажон,
Мусофирлик қийнар, Онажон.


       *  *  *

Ўзимни бахтиёр санардим, албат,
Ғамли кунимда ҳам
Кулса саодат.
Илло қандай бўлар бахтнинг суврати?
Туйғулар ранго-ранг,
Ҳиссиёт — хилқат...

Ҳар ҳисда
     ҳаётнинг
         мўъжизаси бор,
Орзулар — эркин қуш,
Имкони бисёр.
Она,
   кабутарга айлангим келар –
Мени чорлар мудом соғинчли дийдор!


      * * *

Бир шоир дўстим бор,
Яхши — ишқилиб,
Доим нодир ташбеҳ излаб юради.
Хафаҳол бўлганим,
Қофия қилиб
Онасин хонага тенглаштиради.

Менинг ҳам шеърларим, эҳтимол, ғализ,
Сержаранг бўлса гар
Тутгай оламни...
Мен дерман: оналар ҳаётдай азиз,
Оламга менгзайман мунис Онамни!

         ТУМОР

Тумор бергин, Онажон, ёмон кўздан сақланай,
Йўлларимга чоҳ қазган балоларни йитайин.
Ҳақ йўлида шамъ каби,
Майли, милтиллаб ёнай
Ёхуд қанот бахш айла — Ойга учиб кетайин...

Тумор беринг, Отажон, тақиб юрай беармон:
Шаҳид кетган бобомнинг тийрак руҳи қўлласин.
Вужудимга у мудом
Бағишласин куч-дармон —
Токи тирик эканман айтган гапим ўлмасин.


    АЁЛ ҚАСИДАСИ

Опалар, сингиллар — азизаларим,
Билмадим,
Шоирин ҳақ билармикан!
Она мадҳи учун
       бир шеър атадим,
Қуёш кўнармикан,
Ой чидармикан?!

Мен ойнинг шуъласин
          мақтамадим ҳеч,
Коинот сирига айтмадим таҳсин.
Ўн олти ёшимда бошладимми кеч..,
Аёлни аслида
Гўдак мақтасин!

Чақалоқ алқасин демоққа сабаб,
У — ҳаёт безаги, ожизаларим.
Шахсан мен оламдан
Сизларга атаб,
Дилни гаров қўйиб, ташбеҳ изладим.
Аммо ҳеч топмадим муносиб кўзгу,
На дурру жавоҳир,
На олтин,
На зар.
Кечаю кундузи билмасдан уйқу
Изладим ердан то юлдузга қадар.

Ўтиниб сўрашга айланг ижозат,
Сизга тенг сиймони топмадим, Она!
Борлиқда бор экан
        Она деган зот,
Эҳтимол,
Қуёш ҳам эмас ягона...

Болалар мадҳ этсин демоққа сабаб,
Улар кўп ҳалолдир,
         сахий Аёллар.
Мажнунтол кун кўрса
         ариққа қараб,
Қуёшга талпиниб
Яшар ниҳоллар.

Камина теракдай бўй чўзиб Сизга,
Англадим,
Қуёшга ўхшаш аёл бор!
Ўзга гап тополмай
        мадҳиянгизга,
Ўша дил сўзимни айтаман такрор.

Гарчи сирга тўлиқ
        беш кунлик ҳаёт,
Сизга тенг сиймони топмадим, Она!
Оламда бор экан
Она деган зот,
Шубҳасиз,
     Қуёш ҳам эмас ягона!!!

      ҚОР

Қор ёғмоқда,
      пардай оппоқ қор..,
Деразамнинг орти — мўъжиза.
Лекин бунда
Ўхшаш сифат бор:
Қор саришта қиздай покиза.

Тор хонамда
      янграйди қўшиқ,
Кенг кўнглимга
       кириб келар юрт...
Оҳ, бу кўнгил
Бир қизга ошиқ,
Бўрон олди тин олар сукут...

... Замин узра ёғаётир қор,
Мен шеър ёзган қоғоздай оппоқ.
Бунда тағин
Ўхшаш сийрат бор:
Қор Онамнинг меҳри янглиғ оқ!

Осмон ерни
     қўмсаган каби
Онагинам мени соғинар.
Ором бермас ҳислар мендаги:
Оқ қор эмас —
Меҳр ёғилар!..

     СОҒИНЧ ИЗТИРОБИ

         1
Бир улуғ ҳиссиёт қамради дилим —
Оромим йўқотиб,
Туролмадим тинч.
То ҳануз не сабаб ётган эдинг жим,
Кўнглимни забт этдинг, азизим, Соғинч!

Олис қишлоғимда йўлим пойлаган
Муштипар Онам бор,
Менга интизор.
Олти ой бўлибди бир бор кўрмабман,
Ҳар эсга тушганда баҳона тайёр.

Ахир, онамасми кўнгилга ҳамдард,
Фақат онамасми
       энг яқин инсон.
Мурғак вужудинга юқтирмаган гард,
Улғайган бўлсанг-да мудом меҳрибон...

         2
Жавонимни титсам,
Ушбу чала шеър
Чала баҳонага турар ўралиб...
Эҳ, Соғинч!!!
Кечиргин,
     минг бора узр,
Бугун шу қоғоздан кетдим уялиб!!

Юрагимни ҳануз забт этгансан, чин,
Ҳалиям ўшандай кўпдир баҳонам.
Ҳалиям қишлоғим кутади вазмин
Валекин,
Минг афсус,
Энди йўқ Онам!..

        ОНАГИНАМ

        (марсия)

Менга йўлладилар ташвишли хабар:
«Тез кел, Онамизнинг мазаси йўқроқ!»
Сўнгроқ хавотирга таскин бердилар:
«Дўхтирга кўрсатдик.., бироз тузукроқ...»

Юракни ҳовучлаб йўлга отландим,
Уҳ, йўллар тонггача бағримни эзди.
Ниҳоят саҳарда етди қадамим,
Валекин юрагим мусибат сезди.

Дерларки,
     бир юлдуз кўчса ногаҳон —
Кимнингдир умрига поён етмишдир.
Бир юлдуз қиблага кўчди, Онажон,
Бу кўчиш қалбимни ларзон этмишдир.

Кириб борарканман,
         остонанг узра
Ёниб турган чироқ сирли туюлди.
Бошим эгарканман пешонанг узра,
Чироқдан ёноғинг нурли туюлди.

Ухлаб ётар эдинг
       гўё хотиржам,
Нафас олишларинг бироз ғалати.
Отам дардчил деди: «Болам, бўл бардам,
«Мен келдим» де аста, хурсанд бўлади».

Мен келдим, Онажон.., Сафарман, дедим,
Кўзингни очдингу оҳиста юмдинг.
Юзингда қониқиш
        бўлганин сездим,
«Келдингми!» дедингу уйқуга чўмдинг.
Мен эса ўйлабман ухлаб турар деб,
Ахир, бир бор «вой» деб оғринмадинг ҳеч.
Ҳали узоқ яшаб
Даврон сурар деб,
Ҳаммамиз бошингда турдик эрта-кеч.

Ҳаётдан шунчалик розимикансан,
Битта сўз демадинг,
Бир сўз демадинг.
Куну тун узайган ўша уйқунгдан,
Таассуфки, ҳушингга қайтиб келмадинг...

Кўзинг тиригида
Китобларимни
Сандиғинг тўрида сақлар экансан.
Болаликда тушган суратларимни
Ардоқлаб, бус-бутун асрар экансан.

Шунчалик меҳрингни яшириб,
Яна
Бепарво ўғлингдан хурсанд бўлдингми!?
Ҳамон қийналаман,
Ўйлайман, Она,
Мен Сенга муносиб фарзанд бўлдимми?!

Тунлар бедор айтган алланг сеҳрини
Мудом ҳис этаман,
Ҳануз сезаман.
Пинҳон тутган бўлсанг азиз меҳрингни,
Оқ сутинг ҳақини қандоқ узаман...

Нима ҳам дер эдим, бу тақдир экан,
Илло, ётган жойинг нурларга тўлсин.
Мағфират айласин, илло, Яратган,
Охиратинг обод,
Руҳинг шод бўлсин.


   ОНАЖОН

Кечагина Онам бор эди —
Кеча ҳаёт беғубор эди.
Билмас эдим на ғам,
         на ситам,
Ҳар лаҳзада шодлик ёр эди.

Кеча тоғни кўтарар эдим,
Бугун тоғдан
      каттадир дардим.
Онажоним,
Бўлсанг ёнимда
Соғинчларим бир-бир айтардим.

Ҳаёт!
Сенда бунча кўп синов,
Ҳар ишингда
      тўда-тўда ғов.
Ниятимга етдим деганда,
Пайдо бўлар яна бир алдов...

Бир дийдорга
      бўлмаса имкон,
Қайга чопай энди, Онажон?!
Дардли илинж бўғар бўғзимдан:
Қайдан топай
Сени, Онажон!?

 
ҲАЁТ  МОҲИЯТИ

Умр-ку оқар дарё —
икки қирғоқ ораси,
Ҳислар — тўлқин, урилар
гоҳ у ён, гоҳо бу ён...
Юрак — шитоб, кўнгилнинг
ҳар дамги садпораси,
Фурсат янглиғ тинмагай,
фақат чорлар олд томон.


ЙЎЛДАГИ БОЛА

Чорраҳада.
Бир бола гирён,
Ич-этини босган талваса.
Тўрт томонга
      боқар лол-ҳайрон,
Йўлин билмас юрайин деса.

Катта йўлни орзулаганди,
Мана,
Унинг
   қоқ ўртасида!
Ахир, кимга эргашар энди
Тажрибасиз бу норасида?

Ён-верида турфа этаклар,
Ҳар бирига
     боқар журъатсиз.
Бир этакни тутар бўлса гар
Иккиланиб турмасди шаксиз.

Тараққиёт зир югурган дам
Йўлга чиқмай
      йўл таниш лозим.
Ай, болакай!
Ўнгга бос қадам
Яхшиларнинг олиб дуосин.

Сенга ҳамроҳ бўлсин
         ор-ғайрат,
Чорраҳани тезроқ тарк айла!
Қилмас эдим зинҳор
         насиҳат
Тўрт томонинг
Бўлганда қибла...

     *  *  *

Мен бир издан кетаяпман,
Гоҳ йўқотиб,
Гоҳо топиб.
Ўз имконим ўзимга тан:
Гоҳ оҳиста,
Гоҳо чопиб...

Учқур ҳислар бўлди ҳамдам —
Бирга-бирга елдай елдим.
Тушимда ҳам,
Ҳушимда ҳам
Тилсимларга кўп дуч келдим.

Умрим йўли ўтиб борар
Хиёбону биёбондан.
Ўзим карвон,
Ўзим сарвар —
Мен бир издан кетаяпман...

Зор қилмасдан
       дуру нурга
Қайга элтар
     бу из
        охир.
Мен — бир банди тафаккурга,
Ишқ йўлида
      бир мусофир.

Мен бир издан кетаяпман...

         ҲАЁТ

Сенда мен мавжудман,
Менда эса сен —
Кўпчилик қатори битта жонзотман.
Ҳамма вақт
     бир зайл дилкаш эмассан,
Шу боис гоҳ маҳзун,
Гоҳида шодман.

О, Ҳаёт — Онамсан!
Меҳрибонликда
Сендан илиқ тафтни топа олмасман.
Шундайин мушфиқу
Шундай шикаста,
Танти сийловларинг бор умримга тан.

Баъзида отамга ўхшатдим,
Рости,
Тарбият беришнинг
         йўлин биласан.
Ушбу сиринг билган тўнка ҳам ўсди,
Ҳолин билмаганни бир кун эгасан...

Сени кимим дейин: онамми, отам —
Баъзан била олмай овора бўлдим?!
Ота-онамга-да
      ғамхўр бўлсанг ҳам,
Гоҳида кўкардим,
Гоҳида сўлдим.

Бу кун қучоғингда кезаман нолон
Ва фақат ўзингдан кутаман нажот.
Бўлсанг гар энг гўзал,
          энг собит жонон,
Менда муҳаббат бор,
Сенда-чи, Ҳаёт?!

  ФАСЛИЙ САБОҚ

Баҳор — оркаш,
Ҳамиша ғолиб,
Бошлаб берар эстафетани —
Дов-дарахтлар кўкариб олиб,
Карахтликни мағлуб этади...

Бундан ортиқ журъат қайда бор,
Қаҳрамонлик
      шунчалик бўлар.
Замин тўнин айлар жилодор,
Ҳатто музлар йиғлаб уйғонар...

Ҳаёт эса ўзгача фусун,
Ҳам ажойиб файзга тўлар лим.
Балки келган дарс бермоқ учун,
Биз — ўқувчи,
Баҳор — муаллим...


  *  *  *

Ўзгаради бу ҳаёт,
Сабаб бўлар улуғ кун.
Бўлиб қолар шу заҳот
Осмон остин, ер устун.

Билиб қўйинг, осмонни
Чанг-тутунлар хуш кўрар —
Қўлга олса имконни
Булут сари интилар.

Аста само бисоти
Борар заҳарга тўлиб...
Гуллатади ҳаётни
Яшаганлар
Ер бўлиб!..
      
  ТИТРОҚ

Оҳиста тебранар гулнинг япроғи,
Теракнинг шохлари тинмай шитирлар...
Вужудни силкийди
        кўнгил титроғи,
Бу титроқ чақмоқдай тезкор нақадар!..

Саҳар чоғи эсган майин шаббода
Гулнинг солланиши учун кифоя.
Ҳажринг васвасаси
        эсса мабодо,
Кўнглим титроқлари топмас ниҳоя.

Силкилаб-силкилаб терак бошидан
Кибрни тўкмоққа уринар шамол.
Умрим,
    бўронларга тополгин чидам,
Ҳайҳот, кибрлардан холи бўл, алҳол!..


         * * *

Ҳамма гап аён:
Журъатим буюк —
Сўзим қаторида ундов турибди!..
Лекин йўл бошида
Юраги куйик
Субутсиз уч нуқта — алдов турибди.

Нечоғли омадга эрурсан соҳиб
Каломинг дуч келмас бўлса
           сўроққа.
Шоядки,
Аҳдимда туролсам собит
Саботкор нуқталар элтар йироққа — ...

     САФО ЁЛҒИЗМАС

Ҳақ учун курашда
Бўлмасдан ғолиб,
Яшамоқ оғирдир писиб,
          бенаво.
Ўзимни асрасам сандиққа солиб,
Топилмас жавоҳир бўламанми ё?!

Мудом шу:
Бўлмасам амрига мойил,
Бағримни йилонлар хўб титкилади...
Бу гал ҳам рўй берар
Ўша тамойил —
Жафолар ортидан сафо келади!


        * *  *

Дунё тиргакларга
Зор эмас асло,
Зеро, бақувватдир унинг юраги —
Юлдузлар юкини қилса ҳамки жо
Яна милярд йиллар чидаб туради!

Қай жонзот яшарки,
Озиғи ҳам жон:
Ҳамлаю ҳимоя — ҳаётий одат.
Устувор бўлдию Ҳазрати Инсон
Комилроқ улғайди ўзга бир қисмат.

Сирин сўйлар қанча битигу ашъор,
Гарчандки тугамас
        унинг баёти.
Валекин ҳамиша бир ҳақиқат бор:
Барин сабабчиси СЎЗНИНГ ҚУДРАТИ!

        МУАЛЛИМ

Ёш авлодни илми толиб
          айлар муаллим,
Эл улғаяр бўлса доно агар муаллим.

Билганини баён қилмай
          аҳли илмга,
Нени билмоқ кераклигин айтар муаллим.

Чанқоқларни бошлаб боргай
            зилол дарёга..,
Ўзи эса сув ичмасдан қайтар муаллим.

Шогирдлари
     зар қадрини этгувчи эъзоз,
Бўлса таълим борасинда заргар муаллим.

Ки жамият инсон янглиғ вужуддир,
               бешак,
Сиҳатлигин асрагувчи жигар — муаллим.

Ўз касбига меҳр қўйган зотларга шараф,
Маърифатда бамисоли
         гавҳар муаллим.

Камолотнинг йўли олис,
          манзили тайин,
Бутун авлод издош эрур,
           сарвар — муаллим!

Бул муқаддас йўллар
         улуғ карвонларга ёр,
Азал хилқат, Ҳаёт саҳни, Сафар, муаллим...


      ҲАЁТ ШАКЛИ

Шаксиз,
    қачонлардир шу ўлкаларда
Лаби бўялмаган қизлар яшаган.
Улар эркакларга қилмаган зарда,
Яъни афсонавий ҳурга ўхшаган.

Яна,
   қачонлардир шу дарёлардан
Йўлбарслар сув ичиб қилган хўб ҳузур.
Оҳулар дуч келса йўлда дафъатан,
Ўтиб кетаверган беозор, мағрур.

Сўнгра севиб қолган Оҳуни Йўлбарс;
Чаққон сакрашлари
        солган ҳайратга.
Азал икки қўлдан чиқар сасу қарс,
Бу мезон саналган жўшқин ҳаётга.

Серҳикмат ҳаётнинг кенг ўрмонида
Оҳу Лайли бўлган,
Йўлбарс эса — Қайс.
Бироқ ишқий онлар ҳаяжонида
Йўлбарсни қул қилган маккор, очкўз нафс...

Шунданми, Оҳулар то ҳануз ёлғиз,
Кимсасиз тоғларни айламиш ҳавас.
Улар ҳам лабларин бўяшмас,
Ҳаргиз,
Ясама чиройга муҳтож ҳам эмас.

Лекин мен билмадим
         бу ҳолнинг сирин,
Фақат хаёлимдан чиқмайди Йўлбарс...
Балки уқмоқ осон Оҳу тақдирин,
Энг мақбул сабоқдир Ҳаёт берган дарс!..


    ҚАЙИҚЧА

Шитоб билан
      борар қайиқча,
Оқим янглиғ шошқин ва
           тезкор.
Гўё кема
    денгизга чиқса,
У сингари сузмоғи душвор.

Гўё ушбу шиддати билан
Уммон аҳлин қилгандек қойил
Мағрур сузар
Қайиқча чиндан,
Раҳми келиб мўлтирар соҳил...

Магар кўнгил бўлса тариқдай
Кенг кўринар
Митти йўли ҳам.
У оқарди катта ариқда
Ва йўқ эди эшкак — қўли ҳам.

Эҳтимолки,
     ожиз қайиқни
Чаппа қилар собит дарёлар.
Суза олмас
Оқимга қарши,
Бу қайиқча
     қаёққа борар?..
     * * *

Югура-югура манзилин топган,
Ҳансираб бўлса-да, мақсадга етса.
Ортиқча осойиш —
Вақтни йўқотган
Бемалолхўжалик хулқидан кечса.

Зеро, бул ҳаётнинг бисоти фурсат;
Не қилма — барибир,
Ўтаверади...
Кейинги сафларни кутсанг бир муддат —
Карвонинг олислаб кетаверади!

Баъзан атрофимга қараб дегайман:
Кошки, даврга тенг ташласак қадам!!!
Эй фалак,
     мен сендан қадр сўрайман,
Вақтнинг чангалида бир хасдир одам...


     АНДОЗА

Тиғиз шаҳар.
Кўркам хиёбон рўпарасида
яқиндагина
қад ростлаган муҳташам бино —
гўзал нақадар,
кўрган кўз қувнайди...
Қалбга муз тўкилди таассурот орасида,
ногаҳон бир ҳолат севинчимни парчалади:
адл девол ёнида чунон
сочилиб ётарди
пишиқ ғиштнинг парчалари!
Шу савол мени ҳануз қийнайди:
ахир, ўша синган ғиштлар ҳам
қолипидан чиққандир-да соғ-омон?!..

    ТУНГИ ЙЎЛ

Борлиқ узра
Тушганда оқшом
Қайтар бўлдим тоғдан қишлоққа.
(Воҳ, ҳарнечук ширин экан жон,
Қоронғуда қашқир чатоқ-да!)

Сўқмоқ дара йўлдан келардим,
Учрамади биронта йўлдош.
Бир нарсага тушдию кўзим
Кўнгилга зарб урилди — «Тез қоч!»

Бамисоли турарди жондор,
Чўғдай ёниб иккита кўзи.
Ёнгинаси мавҳум қамишзор,
Ваҳимали шитирлар тўзиб...

Ўтиб кетсам бўларди равон,
Бу манзара йўлдан сал пастда.
Йўқ, мен яқин бордим у томон
Эҳтиёткор ҳамда оҳиста.

Яқинлашган чоғим ариққа
Тисарилди қамишзор кескин.
Ишонганим — таёқ қўлтиқда,
Шубҳа босди: ажина ё жин!

Қочгим келди ортимга дарров,
Тепсинарди юрагимда от.
Тўхта!!! — дедим ўзимга. — Биров
Ҳазиллашган бўлмасин, ҳайҳот!!

Шахдам бордим шуъла бор жойга,
Бўлмасин деб йигитлик бебурд.
Не кўз билан кўрайки,
Сойда
Ётар эди бир жуфт ёнарқурт...

       БАҒРУ МАСКАН

Шундай ўрмонлар бор: йил бўйи сокин,
Ўғлига азадор момога ўхшар;
Секин кенгаяди,
Ўсади секин,
Валекин бағрида бисёр жон яшар...

Кўчалар кезамиз..,
Нени сезамиз:
Шаҳар — сиқиқ гўша,
          гавжум,
             сершовқин.
Яшашни бир йўлга солай деб, ҳаргиз,
Силлиқ қолипларга чорлайди бетин...

Кун кўргай бағри бут,
Кўнгли ярим ҳам,
Дунё тарозудир,
       булар — палласи.
Оламда қай бир зот яралган бекам,
Ҳатто ичидадир одам оласи!

Ўрмонга ҳар жонзот оралай олмас,
Чунки қўриқлайди ори — йўлбарси.
Бу ҳол бамисоли
Темир қонун, бас,
Кимнинг кўзин очгай бу ибрат дарси?

Турқу ройишингга
        ачиндим, шаҳар!..
Дарвозанг бут бўлсин,
Ўзинг бўл омон!
Сен ҳам ораста бўл,
Бошингни кўтар,
Сирини олдириб қўйган хиёбон!..
      * * *

Аввал ёшроқ эдим
        Ҳаёт ҳақида
Бир ёрқин тушунча қилмоққа ҳосил.
Йиллар ўтган сайин
Ушбу ақида
Ёшимдек улғайиб борди муттасил.

Энди бу дунёнинг кенгликларига
Хаёлим етмайди,
Тафаккурим тор.
Маҳлиё боқаман, билъакс, арига:
Ўзи майда жонзот, ини нақшинкор!

Унга бу кенгликлар керакмас балки,
Тикондаги ини омон бўлса, бас.
Ажаб,
Бунча инжиқ ижодкор халқи —
Кўксига кун ботса ором тополмас...

      * * *

Йўловчи поездга ўхшайди ҳаёт,
Бир йўлдан пишқириб кетаверади...
Ҳар қайси бекатда
        қанча одамзот
Ўзин зич вагонга ураверади.

Гарчандки ёрилиб кетмас вагонлар,
Йўловчига қийин,
Поездга оғир.
Ё Раб, ёшу кекса манзилин топар,
Ундан тушиб қолар йўлда бирма-бир...

     * * *

Қалтирайди дарахт шохида
Маъюс турган
Энг сўнгги япроқ.
Катта армон сезиб
        оҳида,
Вужудимни босади титроқ.

Учиб тушган
      ўзга япроқлар
Йўлакларда пойандоз бўлмиш.
Эҳ, қадрдон
      кузги япроқлар,
Бошингизда борми шу ташвиш?

Яшамоқлик — зўр неъмат,
Аммо
Тез фурсатлик интиҳоси бор.
Энг сўнгги сўз оғир:
Алвидо —
Ер шаридан минг бора ғойбор!

Қалтирайди...
Қалтирар қалт-қалт
Шох бошида
      энг сўнгги
          япроқ,
Аянчлидир қуламоқ, албат,
Ҳайҳот, кўнгил истар яшамоқ...

    
    ИБРАТ

      Шаҳарга интилган укаларимга

Ҳудуди кенг,
      бағри тор кентда
Сочилмаган экан ризқ-рўзинг.
Укагинам!
Йўлга чиқ шартта,
Қишлоғингда насибанг-тузинг.

Чорвадорлик бобонгдан мерос,
Гарчи отанг
     ишчи бўлса-да,
Кетмон чопар чин деҳқонга хос,
Сен бу касбдан бўлмагил зада.

Фарқига бор сариқнинг, оқнинг,
Ўқиш эмас,
Уқиш — катта фан.
Аждодларинг
      сахий тупроқнинг
Дипломсиз ҳам тилини билган.

Кўнгил қўйгил далага, укам,
Ерни суйган Ҳаққа ёқади.
Кўрмайсанми,
Кунгабоқар ҳам
Кун чиққунча Ерга боқади!..

    
МАКРФОН

Далакарнай бехос жаранглар,
Эшитилар узоқ-узоққа.
Қибла қолиб,
Ношуд одамлар
Эгилишар сас келган ёққа.

Ақл карахт,
Кар қулоқлар динг,
У йўл тутар мисли ҳокимдай:
Сўзлайверар
      гунг раиятнинг
Лаёқатин назарга илмай...

Тафсилотга ҳожат йўқ ахир,
У ўзини раҳнамо билар.
Аё, фалак!
Бир парча темир
Оломонга
     бошчилик қилар...

     ЯНГИ ЙИЛ ОҚШОМИ

Яна бир йил ўтди,
Ортда — қайтмас йўл —
Тарихга айланмиш кечаги ҳаёт.
Гарчанд юракларда шодлик ҳисси мўл,
Умр — бу тўқилиб, ўқилган баёт.

Янги деб аталган йил ҳам аслида
Эски фалсафанинг давоми эрур.
Мудроқлик, улғаймоқ, пишмоқ фаслида
Бунинг ифодаси яққол кўринур.

Йил сайин улғайган ёшимни санаб,
Ўттиз ёшга қараб қадам қўйдим мен.
Йигирма тўққиз йил ўзимни алдаб,
Ортда қолаверган дамни суйдим мен.

О, дамлар! Нечоғли қадрдондирсиз,
Минг таассуф, учрашмоқ фурсати бўлмас.
Фақат хотирамда қолдириб кўп из,
Кўз олдимда пайдо бўлурсиз элас.

Ҳар тонгни зўр қувонч билан қаршилаб,
Шомнинг қучоғида кўргаймиз ўзни.
Қачон кўзгу узра юзга яхшилаб
Тикилиб — каттароқ очурмиз кўзни.

Гўё кўҳна тўндан қутулган мисол
Эски деб ҳар йилни кузатамиз шод.
Умрнинг ўтгани келмайди малол,
Деймиз: оққан сувдан боғ бўлур обод!

Шеърим — дилга яқин ҳамроз ва таскин,
Қанот бўлгай токи олдда кўп сарҳад.
Одамлар,
    умр ҳам бамисли чақин,
Эзгулик уруғин ўстиринг фақат!!

 
КЎНГИЛ КЎШКИ

Кўнглим бир СЎЗ демоқ истайди,
Ҳузурингда журъатим етмас.
Гарчи бу СЎЗ дилга сиғмайди,
Забонимга мудом ҳамнафас!


   *  *  *

Тингла сўзим,
Сен тингламасанг,
Айт, гўзалим, яна ким тинглар!?
Қаён юрсам
      йўлларимда санг,
Дардим билмас бағри бутунлар.

Билмагани тузук, эҳтимол,
Зотан дилим
      шуни истайди.
Ҳасратлашсам дейман бемалол,
Йўл бермасдан орим қийнайди.

Мен нима ҳам қила олардим,
Кўнгил содиқ
      ҳамроз истаса.
Айтай десам кимгадир дардим,
Қалбим амри изн бермаса!..

Дилингга айт,
      гар англамасанг,
Дилинг мени, ҳайҳот, тинглайди.
Мен айтаман,
Сен тингламасанг,
Ҳеч бўлмаса,
Ҳаёт тинглайди.

        ТУЙҒУ

Маъюс жим турасан ҳиссиз,
            туйғусиз,
Бир нуқтага боқар ғамгин нигоҳинг.
Ахир,
   шодмонликни кутган эдик биз,
Қайдин пайдо бўлмиш бу сассиз оҳинг...

Воҳ, бу сассиз оҳинг —
Дил кушандаси..,
Санчиқдек санчилар юрак тубига.
Шунданми,
      дилнинг-да чиқмайди саси,
Сабот-ла дош берар дарднинг дардига!..

Маъюс жим турарсан ҳиссиз,
            туйғусиз,
Дардингни айтмайсан — мени аяйсан.
Мени ҳам қийнайди қалбинг қайғуси,
Бироқ не ҳам дердим:
Бу — тақдир экан.

Валекин биламан,
Биламан барин,
Менга аён, ахир, кўнглинг майдони.
Фақат қандоқ қилсам
Шу умринг қадрин
Яна кўтармоқнинг бўлар имкони?!

Шу ҳақда ўйлайман ўйимга етмай,
Қай замон феълимни тушунмай қолма.
Сенга шиор бўлсин,
Бир сўзни айтай:
Қайғусиз бўлгину туйғусиз бўлма!

    ФАРҚ

Юрагимга илҳом берган —
Шеърларимга солганим рост.
Балки фақат ишқий чиндан,
Балки севиб қолганим рост.

Жамолингиз жамолидай,
Ҳатто ойни уялтирар.
Унинг майиз
      бир холидай
Юзингизда бир хол турар.

Ғоят ўхшаш қошларингиз,
Гўзал — ўсма суртилмаган.
Уникидай сочларингиз —
Бир қулоч бор,
Қирқилмаган.

Кулишингиз ҳам ўхшайди —
Шўх-хандон ва маънолидир.
Юришингиз ҳам ўхшайди —
Хиромон ва иболидир.

Сиз ўшамас,
     билинг, ҳаргиз,
Мендан гина қилманг, дилдор.
У — онаси ўпмаган қиз,
Сизнинг эса жуфтингиз бор.


       СОНЕТЛАР

Чекию туби йўқ сенсиз дунёнинг:
Гоҳ сўнгсиз саҳродир, гоҳида уммон —
Гоҳ чанқаб, гоҳ чарчаб қийналар жоним,
На қониш, на ёниш учун йўқ имкон.
Қуёшли кечалар энди хотира,
Юрак чўққисида сарғаяди шом.
Фалак пештоқлари таъбимдай хира,
Биламан, барибир сенсиз отмас тонг.
Нурафшон онларга ҳарчанд интилдим,
Кўз олдимда хушҳол аъмолинг билан
Жилмайиб турасан, аммо йироқсан.
Бу дам таҳсил олиб аччиқ фироқдан
Ёлғизлик — сенсизлик эканин билдим,
Фақат яшаяпман хаёлинг билан!

*  *  *

Кечир, дилдор, айбдор бўлсам,
Ўртамизда ёзилган мактуб
Мен томондан узилган бўлса —
Сен хор бўлсанг жавобин кутиб!
Бу ҳол, билдим, ортиқ даҳмаза,
Рост-да, қара, сўроғим қаттиқ.
Сўрайвериб ҳар он, ҳар лаҳза,
Саволимда қолмади мантиқ.
Ташбеҳ излаб бўлма овора,
«Ҳа» де ёхуд «Йўқ» де — чора шул.
Топарсанми ё ўзга чора,
Садоқатдан ўйлайсан нуқул.
Жоним, кошки комрон бўлолсак,
Бахт хонишин куйга сололсак.
      
БАХТ МАКОНИ

   (Термиз шаҳрининг 2500 йиллигига бағишланган)

Тингласанг гар,
       қулоғингга келар бир насим:
“Бизлар бунда ҳаётдирмиз — бизлар тирикмиз”.
Буюк, шонли аждодимга келар ҳавасим,
Улар боқий
     боқийлиги сингари Термиз.

Йигирма беш асрки, янграр бу ерда наво —
Чин инсоний,
      ҳур лисоний бетакрор садо.
Йигирма беш асрки, хуррам қадимий нидо,
Ўхшаши йўқ сирли бўлган
           илгари Термиз.

Термизийлар бахтин топган
            улуғ макон бу,
Инсон ўзин
      англаш учун гўзал имкон бу!
Ҳадис илмин билмаганга зўр имтиҳон бу,
Мусулмонлар оламининг
          жигари — Термиз.

Бу юрт кўрган хилқатларни жаҳон кўрмаган,
Лекин қанча жабру ситам,
           тўфон кўрмаган.
Неча минг йил бугунгидек
           на шон кўрмаган,
Олам аҳли тўйга шошар сен сари, Термиз!

        НАШИДА

Ана, осмон булут — тошдай қош-қовоқ,
Қаҳрлар силқийди нурсиз ёноқда.
Лаблардан қалтираб учади чақмоқ,
Лек севинч хўрози
Ҳали қўноқда...

Яна осмон булут —
Қайрилган нигоҳ,
Вужудни қийнайди ҳақ санчиқлари.
Ингранар ёқаси йиртилган гуноҳ,
Ҳеч тинмас севинчнинг қичқириқлари!


      БУ КЎНГЛИМ

Ғашимга тегар гоҳ жим-жит оққан сув,
Безовта этар гоҳ нолаю қий-чув;
Ҳижрон азобидан кўз ёшлар дув-дув,
Нетай?
Ғашликлардан безди бу кўнглим.

Қандай кўниккандим бунга илгари,
Кетгим келди олис
        шалола сари!
Қисматни ҳур билган оҳу сингари,
Билмам,
Ниманидир сезди бу кўнглим.

Алҳол, истагандим Вақтдан садоқат,
Аммо у алдади,
Бўлдим бетоқат:
Ёлғончи дунёда фақат ва фақат
Тақдир сўқмоқларин
Кезди бу кўнглим...
   
 КЎПРИК
           Юсуфга

Бул ажабким, ҳаётнинг
      синов кўприклари кўп,
Дўстлик ҳам бир кўприкдир,
      Биз ҳамон
          ўтмоқдамиз.
Йўлларда тиконлари
      барра ўт сингари кўп,
Билъакс, сертош қирғоқдан
      чим томон
          кетмоқдамиз.

Умр-ку оқар дарё —
      икки қирғоқ ораси,
Ҳислар — тўлқин,
Урилар
     гоҳ у ён, гоҳо бу ён...
Юрак — шитоб,
Кўнгилнинг
      ҳар дамги садпораси,
Фурсат янглиғ тинмагай,
      фақат чорлар олд томон.

Токи оқим бор экан,
      қайдадир
          поёни бор,
Масофалар ўзгарар
      ҳар куну
         ҳар тун сайин.
Борлиқ ичра бу оқим
      чақмоқдан ҳам шиддаткор,
Кўприкдан
     ўтмоқ осон,
Дарёни кечмоқ қийин...


      МИНГБОШ

Савр пайти.
Ипак қурти етилган
         дамлар.
Мингбош юлгали
олиб чиқишарди биз, ўқувчиларни.
У пайтда анча содда эди одамлар —
ҳарқандайин машаққатга
текин чидарди.
Экинзорлар орасида —
қирлар бағрида
барқ урганча
гуллаб ётар эди мингбошлар.
Шаксиз,
    гуллар
       янглиғ
          яйрардик
              жуда
балоғатга етаётган биз — синфдошлар.
Ўроқ билан ўришга
изн бермас эди — кимки бошқарар.
Чунки тўпи билан ўриб бўлмасди чиндан —
чуқурроқ ботган бўларди
           илдиз!
Ажаб, ипак қуртни боққан бошқалар,
(бир бошниям ишлатмасдан икки қўллаб)
мингбошларни юлар эдик биз...
   
     *  * *

Кимлар ичра қолдим, ё Раб,
      бир салимни изладим,
Ақли салим қайда бордир
      ва ҳалимни изладим.

Изғидим, сарсон изладим
      топаман дебон ҳамроз,
Кўп сафсизлар ичинда
      ўз сафимни изладим.

Бири ундай, бири бундай —
      бирикмаслар бир муддат,
Воҳ, оломон орасинда
      ўз галимни изладим.

Нечун бунча жабру ситам:
      ёлғиз қолдим мутлақо,
Ором ошиёнимда
      гўзалимни изладим.

Ҳаёт улкан ўрмон янглиғ
      ҳадсиз ястаниб ётар,
Қуюқ чангалзорида
      ўзанимни изладим.

Сув бўлсам сингиб кетардим
      Она Ернинг бағрига,
Бамисли ёлғиз сандувоч
      чаманимни изладим.

Йўқ, камина — пиёда
      йўловчи эдим, холос,
Ногоҳ йўлда қолиб, Сафар,
      саманимни изладим.

        * * *

Ҳамма жойда хўроз бир хил қичқирар,
Ҳамма жойда бир хил ит ҳурар, бешак.
Ҳамма жойда одам
Турфа хил учрар,
Бу не синоатдир,
       сўйла, эй фалак.

Ҳар хил кўрдим дўстни,
          ғанимларни ҳам,
Нечун бир-бирига асло ўхшамас.
Ҳаттоки, феъли бир
         икки муттаҳам
Бир-бирин қилмишин ҳеч такрорламас.

Ажаб,
Қиёфаси ўхшаш эгизак
Икки хил хулқ-атвор соҳиби бўлар.
Бу ҳол табиатнинг ҳиммати,
            десак,
Нега уларнинг ҳам рақиби бўлар!?

Хўроз ҳаловатин тулки бузса гар,
Ит зотин тинчини ўғирлар бўри.
Бир сахий ожизга
        қўлин чўзса гар,
Ҳасад билан қарар чеккадан бири...

Ё Раб!
Ё фаҳм айламай,
Ё раҳм айламай,
Безовта қилурмиз Одам Атони.
Изтироб-таҳдиддан нечун сўйламай,
Ким тузатар бизнинг хунхўр хатони?!

      *  *  *

Айни баҳор эди.
Атроф гўзал,
      мунаввар,
Дил денгизи узра кезди
          орзу кемаси.
Борлиқ бисотида сероб рангин туйғулар,
Сертакаллуф эди
        содда севги шеваси.

Не хилқат дуч келар,
Буни ҳаёт дейдилар,
Мавҳум тўсиқлар бор,
          гарчанд қанча ғам ема.
Манзил аниқ,
Йўллар
Ойдин эди муқаррар,
Тақдир тўфонида чўкди бир кун ул кема.

Баъзан ҳисоблашмас шаккок тошу тарозу,
Гар омад кулмаса сабр айла,
            чида.
Шаксиз,
    алам қилар,
Ўша оқ кема — орзу
Армон бўлиб тошдай қотмиш
Дилнинг тубида...

     ХОҲИШ

Мен сенга шеър битмоқ истайман,
Сен эса унутмоқ истайсан.
Таажжуб,
Учинчи одам бор
Бу ҳолни сир тутмоқ истаган.


    КИСЛОРОД

Аквариум учун сотиб олгандим,
Чунки мен бу ишга қилмас эдим қунт:
Унинг ойналарин жуда бежирим —
Тинмай тозаларди
        тўртта шиллиққурт.
Юз литр сувдаги балиқчаларни
Яхшироқ томоша қилишим учун
Шу тўртта жонивор
         изчил ишларди,
Эвазига талаб этмас эди хун.
Егулик берардим балиқчаларга
Завқланиб
     ўйноқи қилиқларидан.
Шиллиққуртлар эса ҳар дам,
            ҳар лаҳза
Ризқини терарди сувнинг тагидан.
Шу ҳолат кифоя дея ўйлабман,
Кислород бермабман,
         унга кислород.
Бири нобуд бўлди шиллиққуртлардан,
Сув тагин не билсин, ахир, одамзот...
      
   * * *

Маломат ёмғирдай ёғса ҳам бошга,
Баковул бўл ўзинг пиширган ошга.
Ҳамиша бақамти бўлиб бардошга,
Ҳеч кимга инонма ўзингдан бошқа.

Қилган ҳар ишингдан воқиф эрур Ҳақ,
Саъйингга дунёнинг асрори илҳақ.
Қай бирин билишга
Бўлсанг муваффақ,
Ҳеч кимга инонма ўзингдан бошқа.

Лафзини қўшса ҳам тотган тузингга,
Иймонин қўйса ҳам айтган сўзингга,
Сен фақат тобе бўл
Танҳо ўзингга —
Ҳеч кимга инонма ўзингдан бошқа.

Тош деб атайдилар баъзан гавҳарни,
Бўзга алишарлар баъзида зарни...
Ҳатто алдадилар шоир Сафарни,
Ҳеч кимга инонмам
         ўзимдан бошқа!

        САБОҚ

Йўлимдан кўндаланг ўтмоқда оқиб —
Лойқа анҳорингни бир бор кечаман!..
Сўнгра юрмагайман раъйингга боқиб,
Сувни аниқ кўргач этик ечаман!!

Англаганим шуки, қай дам бўлмасин,
Аъмолингнинг ярми ўтрик бўлади.
Лойқалигинг эса олгунича тин
Қайтсам,
Йўлим узра кўприк бўлади...
   
  УЗР

Хира тортди кўнгил ойнаси,
Тарқаб кетдик
      икки томонга:
Яхши эдик — чиқдик ёмонга..,
Оқламоқнинг йўқдир фойдаси!

Қитиқласа дўстлик эпкини
Кўнгил сўраб борарман бир бор,
Сўнгра бўлар сўнггиси такрор —
Кутма мендан учинчисини!


   САРГАШТАЛИК

Тевараги тўрт йўл — чорраҳа,
Кезинаман қалбни айланиб.
Тугамайди бироқ масофа,
Безор бўлдим бисёр алданиб.

Виждон, билмам, сен нима ғамда,
Ой бўлсанг — тўл,
Денгиз бўлсанг — қалқ...
Шайтон билан менинг ўртамда
Сабил қолди муштдек ошиқ қалб.


  ШОИРУ ШИОР

Есениндан кучли шоирман,
Гётедай ўтли шоирман;
(Навоийча бўла олмасман)
Ҳайҳот, аслан ўзимга хосман.
Қурбатим бор, алҳол, биламан,
Ҳали
Буюк шоир бўламан!
      *  *  *

Сен шеър бўлиб кирдинг қалбимга,
Ғазал қилиб куйлагим келар.
Ҳеч тўймайман боқиб ҳуснингга —
Сен мен учун бағоят дилбар!

Лекин ақлинг ҳуснингдан кўра
Мени мафтун этади кўпроқ.
“Ақл кунда, ҳусн тўйда керак”,
Деган дониш ҳақ эрур, бироқ...

Ҳар кун керак ҳуснинг ҳам менга,
Наки ҳар кун — ҳар лаҳза, ҳар дам.
Ўхшаши йўқ малоҳатингга,
Нима қилай, боқиб тўймасам!

Сен билмассан балки,
Бу ҳолни
Фурсат топиб билдирсам, дерман.
Учиб, кўкдан юлдузу ойни
Ҳузурингга келтирсам, дерман...

       *  *  *
Кўнглим бир СЎЗ демоқ истайди,
Ҳузурингда журъатим етмас.
Гарчи бу СЎЗ дилга сиғмайди,
Забонимга мудом ҳамнафас!
Аслида у бисотим менинг —
Тил учимда турар ҳар лаҳза.
Наҳот буни сезмайди кўнглинг,
Кошки шодлик унга эш бўлса!
Таажжубда — ҳайронлиғ ичра
Шу бир СЎЗга бойланиб қолдим.
Гар қизиқсанг кўзимга қара,
Айтолмасам, куйма, маҳбубим...

 
ТИЙНАТЛАР СИЙРАТИ

Бу дунёга ким келса
кетмоқ учун келгандир,
Аслида туғилмоқ, бу —
ўлмоққа гаров, холос.
Ким насаб деб, ким шону
мансаб учун елгандир,
Аммо тийнатимизда
мавжуд беҳад мавҳум сир.


         КЎЗ

Тийран кўзларингда вақтнинг жилоси,
Зарра гард кўринмас тегрангда, эвоҳ.
Ўйлардим,
Ҳамма ҳам ҳаёт шайдоси,
Ўзгача боқаркан нурафшон нигоҳ.

Шаксиз, очиқ кўрга бари барибир:
Кўзи ҳам,
Сўзи ҳам лоқайд ва ҳиссиз.
Сенинг боқишларинг иболи,
            ҳарир,
Дунё — сўқир ота сенинг кўзингсиз.

Сен унга боқасан бегина,
           холис,
Қўлида қалтирар кўҳна ҳассаси.
Ҳали ҳаёт қизғин,
Ҳали йўл олис,
Олдинда бисёрдир ризқ-насибаси.

Борлиққа бўйинса мўйсафид эса
Ўзини кексайган ҳисоблар мутлақ.
Қалбида ор ўрнин босган талваса,
Бироқ умид тирик,
Ирода барҳақ.

Мен кўрдим, ўшал ор гўзал кўзингда,
Юрагим ғашланар
        гарчанд кўнглим тўқ.
Дунёнинг ҳусни бор, гўзал, кўзингда,
Таассуф, у ҳали буни кўрган йўқ.

   *  *  *

Баҳор!
Сени соғиндим жуда,
Гарчи мени эсламасанг ҳам.
Сенсиз ҳаёт бефайз,
         беҳуда,
Олам кўрки сенда жамул-жам.

Асфальтланган йўллар четида
Нур талашар яшил нигоҳлар.
Ҳаёт завқи
     муҳаббатида,
Иморатлар суқланиб боқар.

Кечагина
    кўримсиз турган
Дов-дарахтлар бугун фаришта:
Рангин гулин ҳиди уфурган,
Қутлуғ файз бор бу ўзгаришда!

Сени ҳадсиз
      севаман, баҳор,
Сен гулимга ўхшайсан ғоят —
(Мен-чи, уни, дердим, бетакрор)
Ўхшашини топдим ниҳоят!

У сингари
     гўзал бўлсанг ҳам
Келгуси йил такрор келасан.
Шунда сендан ўзади эркам,
Чунки уни такрорламасман!..

      УЙҒУНЛИК

Муз чекинди абадийликдан,
Кўникканди атрофдагилар.
Томчи деди:
— Асабийликдан!
Қаҳратонга, айтинг, ким чидар!?

— Йўқ!! — деди Муз, — Бизни элитган
Хотиржамлик,
      айнан шу асаб.
Совуқ олқиш уйқуга элтган,
Шу пайтгача келди-ку асраб!

— Мен чакиллаб томган маҳали
Сен уйғондинг! — деб Томчи жаврар.
— Томасан-да келганда галинг,
Менда бисёр сендай мижғовлар!!!

Шундай деб Муз
        кўзин ёшлади,
Музюраги ийиб кетдими,
Томчилар хўб тома бошлади,
Ё эришга фурсат етдими?!

Лек олмади бир-бирини тан,
Кимга керак бу ади-бади.
Асли Сувни
     асрий уйқудан,
Қитиқлаб,
     Нур уйғотган эди.
      

ОТАМНИНГ БОҒИДА

Интиқ бўлиб гарчанд
         кенг имкон чорлар,
Ўзин таваккалга урар тулпорлар...
Воҳ, бунча оғирдир
        қишлоққа бориб,
Отамнинг боғида битмоқ ашъорлар.

Кўркам боғингизда яйрайман, ота,
Булбулигўёдай сайрайман, ота.
Сиз-ку отангизни кўрмай ўсдингиз,
Қачон кунингизга ярайман, ота.

Мен учун боғингиз
Бағоят обод,
Ҳар ниҳол тарихи бўлиб қолмиш ёд.
Истагим: ҳамиша қаддингиз букмай
Теракдай турсангиз кўнглим бўлар шод.

Ким нима демасин, ҳақман, чамамда,
Сиз — танти, камсуқум, орифий банда.
Қандайин ўқирди олти ўғлингиз,
Мабодо, ўриклар гулламаганда.

Олмалар нафи-ку ғоятда чексиз,
Ёнғоғингизни ҳам сотиб еганмиз.
Хотира — харита:
Самарқанддин то
Дайнов бозорида қолмиш изингиз...

Тил тополмай юрсам самовот билан,
Дарахтлар кутди файз-саховат билан.
Алар айтди:
— «Ўғлон, отангга ўхша,
Ободлик давлати чин меҳнат билан!»

         * * *

Дунёда бор кулфатга
         Сабабчи одам бўлур.
Инсоф кирса жоҳилга
         Бир замон
           ҳотам бўлур.

Бу дунёни тарк этсам,
         Ғанимлар юрар кулиб.
Ўзимга
    байрам бўлиб,
         Дўстларга мотам бўлур.

Мен-ку кетсам,
       ортимдан
         Онам етиб боради.
Соқоли оқаради —
         Ўксиган отам бўлур.

Нурли йўллар
      излайман,
         Ортга қайтсам — ҳамроҳ кўп.
Олдга юрсам — йўлчим йўқ,
         Шайтон ҳамқадам бўлур.

Ҳасратни бас қил, Сафар,
         Некбин йўл изласанг гар
Тор дунё кенг кўринар —
         Ҳар лаҳза
           хуш дам бўлур!

        НАЖОТ

Бисёр фойда истаб
        қайси бир ғариб
Кўҳна бир ғор ичра кўза ахтариб,
Чиқиш йўлин билмай
Қолмишдир қариб,
Уни дайдиб кирган шамол қутқарсин.

Бир вужуд титрайди — чанқаган лаби,
Собиқ кўл ўрнида қотган ер каби.
Биламан, беминнат имкон сендаги,
Ё Раб,
Уни оби зилол қутқарсин.

Чанқоқлик сув билан
         босилмас ҳар он,
Саҳрода мажнунҳол кезинар бир жон:
Занжирбанд этмишдир
          беаёв ҳижрон,
Уни бу балодан висол қутқарсин!


       *  *  *

Кунгабоқар янглиғ эгилади бош,
сирғалиб «Уф-ф!» чиқар бўғиздан
ва нолишга йўл очиб берар:
«Эҳ, аттанг, хомкалла, эссиз..,
қадрига етмадик ўшал кунларнинг...»
Ақлин йилон еган,
        эй, нодон юртдош,
бир жумбоққа изоҳ олайин сиздан:
— Ҳеч ўйлаганмисиз,
нега астари оқ қаро тунларнинг?!..

 ЙИГИТ ВА ОТ ҳақида баллада

Ҳадсиз ўрмон бағри — мавҳумот ичра
Кезарди бир овчи иштиёқ ила.
Чанқоғи муттасил
        бошларди уни
Ҳаёт чашмасига — нажотбахш сувга.
Бўшаган сув идиш зилол сувларни
Қақраган ёдига бот-бот соларди.
Қорни-ку тўйганди кийик гўштига,
Аммо қийнар эди
        сувсизлик дарди.
Кўп юрди галдираб, дайдиб, ўртаниб –
Бир тоза булоқни излади ёниб.
Ниҳоят дуч келиб сув ўтларига
Ва бир касни кўриб кетди қувониб.
Ҳолбуки, бир йигит чуқур ботқоқдан
Ақлу куч ишлатиб,
        минг амал билан
Кўтариб чиқарар эди отини..,
Овчи ёрдамлашди унга дафъатан.
От ғоят чарчаган, мажолсиз эди,
Йигитга, ҳам отга дард эгиз эди.
Овчи кўмак учун ҳарчанд уринди,
Нафи тегмайвергач «Ташлаб кет» деди.
Алп йигит ўшқирди:
— «Йўқол кўзимдан
Мен отни афзалроқ кўргум ўзимдан.
Ўтмишим, кечмишим бирга бўлганди,
Эндиям биргаман — тақдир менга тан...»
Ҳа, овчи хатога йўл қўйди, ҳайҳот,
Боболар дерлар: от — йигитга қанот.
Сув истаб ботқоққа ботса ботибди,
Узоқ манзилларга элта олар от!
      
      *  *  *

Халал берма, дўстим, мақсадим тайин,
Борлиқ келинчаги, юзи мисли сут —
Соҳибжамол моҳни доғсиз кўрайин,
Ундан доғ излаган сақласин сукут.
Зулматни ёритган ул нури жаҳон
Бебурд кас олдида бўлса бағри хун,
Ташбеҳ орасига
       қўяйин қопқон
Ойни ҳам айблаган димоғдор учун!

   
      *  *  *
Чўпчаклар тўқийди бу одам
ва айтиб беради берилиб,
«Ҳаётда бўлган бу,
ўзим гувоҳман» — дейди керилиб.
Пойма-пой сўзлари
авж олган маҳал
зўр берар носга.
Бечора, ўзи ўзига маҳтал,
олашақшаққа ўхшайди.
Чунки қанча уринмасин
воиз сингари,
ҳиссиз нутқига ҳеч ким ишонмайди
ўзидан бошқа...


      КАПТАР

Катта ўйингоҳда бир каптар учар,
Ўзгарар дам сайин,
Дақиқа сайин.
Болалар қийқирса осмонлаб кетар
Қарсакдан куч олган санъаткордайин.
    ҚАЙСАР ЖИЯНИМГА

Волиданг орзуси — оққушдир, жиян,
Сенга айтар гапим олқишдир, жиян.
Кўкрагингни шердай кўтар,
Ор сақла,
Ҳамиша ва фақат ўзингга суян.

Қоялар суянчиқ бўлолмас, инон,
Соялар суянчиқ бўлолмас, инон.
Ҳеч бир суянчиқни тан олма,
Ҳайҳот,
Имон бирла айтган сўзингга суян.


ТИРМАШҚОҚ

У мудом интилди
        фақат олдинга,
Ҳаракатда бордир баракат, деди.
Бу иши шон-шуҳрат келтирди унга,
Чиндан-да у бахтли,
         омадли эди.

Тезда ўт оларди умид учқуни,
Ҳеч вақт кўринмасди унинг сояси.
Тепага муттасил
Кўтарди уни
Ҳаётнинг ҳар қайси пиллапояси.

Назар ташлаб ҳар ён,
Этгандек орзу
Чўнг чўққи бошига тирмашди илдам.
Бироқ ярим йўлди
        ҳайрон қолди у,
Тушиб келар эди кимдир чўққидан!..

      НОТИҚ

— Регламент!!!
Ўртакаш урар столни,
Сўз қайнаб келмоқда — нотиқ жўшади.
Илтижоли боқар: озгина қолди!
Ўртакаш яна бир лаҳза қўшади.

Юракдан тошар сўз ва
Юракларга
Қуйилиб сингади зилол сув қадар.
Ҳар сўз — хурофотга қақшатқич зарба,
Қулоққа айланиб борар одамлар.

Лаҳза эса яна тугайди дарҳол,
Ўртакаш оғринар,
Безовталиги
Залдаги ҳар кимга келади малол,
Бироқ у ғудранар:
— Ўртоқ.., ҳалиги...

Нотиқ якунларкан
Қайноқ сўзини
Бехосдан тийранроқ ташлайди назар:
Қаерга қўяди энди ўзини,
Залда тўлиб турар
Фақат қулоқлар...
         ГИРЯ

Ё Оллоҳ! Билмадим, не ғам,
            не бало,
Ғамғусор ҳасратда бир она йиғлар.
Қондошлар ёндошу четда жим, аммо
Унга ҳамдард бўлиб бегона йиғлар.

Ҳаёт шу — кимдандир айрилмоқ мавжуд,
Зеро, замондошга тўла бу ҳудуд.
Лекин аламлардан титрайди вужуд:
Беклар тек турарлар,
         девона йиғлар.

Демангки, девона эл аро юрар,
Мусофир меҳрнинг қадрини билар...
Асли дил ҳамиша Ҳаққа интилар,
Сохта ҳис ғафлатда,
Шукрона — йиғлар.

Ҳаққа интилмаса нени билар у,
Шайтон васвасасин сўзсиз қилар у.
Гинадор нигоҳлар ташласа ғулу
Тазарру фаромуш,
Баҳона йиғлар.

Балки меросталаб ўша қондошлар,
Мол-мулк кимга ғаним,
Кимларга — жигар...
Дилдан ачинганки, бир инсон қадар,
Ўша бегона ҳам дўстона йиғлар.

Ҳар ким сафдош излар ўзига монанд,
Валекин кўпинча
        азоб берар панд.
Марднинг ташрифидан йўлаклар хурсанд,
Номард қадамидан остона йиғлар!..
      
* * *

Орзунг шул: умрингга келмай интиҳо
Чиқарсанг фалончи яхши деган ном!..
Магар ғурбат ичра
Яшаркансан то —
Ҳаёт ҳали узоқ этади давом.
Асли шодон кунлар
        лаҳзадек ўтар,
Хотирот бағрида сайр айлар сезим.
Бир-бир эсга тушар шодлик-ҳайратлар,
Дерлар, экканини ўради ҳар ким.
Вақтинг ўтар бўлса бенаф, беҳуда,
Тонг нима,
Шом нима — фарқлаб бўлмагай.
Ҳаёт давом этар гўё уйқуда —
Ғафлатда ётганга омад кулмагай.

         ТИЙНАТ

Бу дунёга ким келса
         Кетмоқ учун келгандир,
Аслида туғилмоқ, бу —
         Ўлмоққа гаров, холос.
Ким насаб деб,
       ким шону
         Мансаб учун елгандир.
Аммо тийнатимизда
      Мавжуд беҳад мавҳум сир.
Сулаймон даврида ҳам
      Шундай яшаган башар,
Ўткинчи нарсаларга
      Ҳавас устувор бўлган.
Ҳақ йўлини — ўзликни,
      Ахир, қачон англашар,
Камбағал донолар, воҳ,
      Нодон бойни тинглашар...
      
МУЖДА   
        (ярим ҳазил)

Ота юрт ҳавосин соғинганимда
Ҳамқишлоқларимдан кутаман мужда.
Қишлоқдан келибди кеча талаба,
Дейди: ... ҳар галгидай — тинч ва осуда...

Ўрик гуллабдими? — сўрайман ундан,
«Билмадим» — дейди у ва ерга боқар.
Қишлоққа бордингми!? — таажжубланаман,
— Эътибор қилмапман...
             Хижолат тортар.

Аслида,
Оқработ — боғбонлар юрти,
Тоғ билан ҳамнафас бўлиб яшайди.
Тоғнинг салқинлиги боис ўриги
Пойтахтдан бир ойлар кечроқ гуллайди.

Куздан то ёзгача эрмаги само —
Қишда қор,
     баҳор-куз ёмғирни кутар.
Элдошлар шу зайл айлаб илтижо,
Ёмғир ёққан куни “юз грамм” ичар...

Шаҳарда ўқиган ёшлари эса
Уйга шошиб бориб, лоқайд қайтади:
Бирор зот мавсумий
         бир гап сўраса,
«Қарамапман» дея жавоб айтади...

... Турфа ранг гулларни кўриб ёнида
Табассум айлайди тоғнинг лоласи...
Нечун қалбинг мудроқ Ватан тонгида,
Қачон очиласан, эй дашт боласи?!

*  *  *

Йўқ, куйинма, замондош,
Бўлма ғаддор, бетаъмиз.
Бир-биримизга ёндош —
Битта йўлдан кетамиз.

Мени ҳамроҳ демайсан,
Сени ҳамрозим дерман.
Гўё кўкда яшайсан:
Сен — осмону,
Мен — ерман.

Менга гуллар бўлса, бас,
Ер гулзорга тўлиқдир.
Осмон асли осмонмас —
Жуда катта бўшлиқдир.

Самовий савдо нечун,
Нечун бу кибру ҳаво,
Бир дўстона сўз учун
Ярамаса муддао!?

Беҳуда лаҳзалар ҳам
Умрга ортиқча юк.
Кимга бўлмасин ҳамдам
Кек — куюк,
Ҳавас — суюк.

Ўз бағрини яралаб,
Ҳасад четда қолади.
Чаманларни оралаб,
Дил дилга йўл олади!..


ТАҲЛИЛ

Ғунча янглиғ нафис бокира туйғу
Тунд шоир кўнглида туғён уради.
Ҳислар — булоқ,
       қайнар,
Нима қилсин у —
Оқ қоғоз устида даврон суради...

Илк мухлис, албатта, яқин дўстлари,
Таҳлилга киришар шимариб енгни:
Во ажаб,
    шоирни билганнинг бари
Асло таниёлмас шеърдаги «мен»ни...


 *  *  *

Ногоҳ завқи келиб ўттиз ёшли “чол”
Кампир, деб чақирди
         ёш жувонини.
Жувон жаҳли чиқиб сўкинди дарҳол,
Ўғли отасининг олди ёнини.

— Сиз кампир бўлсангиз,
           отам чол бўлар,
Бунинг неси ёмон! — деди жўрттага.
Ғамзада ёш жувон қарғанди баттар,
Барибир совуқлик тушди
          ўртага.

Шошиб қолган куёв бўлиб ҳангу-манг,
Не дейишин билмай гангиди бир пас.
Насиб этса,
     келин эллик йилдан сўнг
Кампирлик шаънига кўнса, ажабмас.
      
МАЙМУНЗОТ

Ўзлигин билмаган кўр одамзотга
Аждодинг маймун деб жар солди Дарвин.
Танида тук кўриб тушди ҳайратга,
Бу гапга ишонди одам чиппа-чин.

Авлодлик иззатин истабми чунон
Маймунга муттасил талпинди одам.
Ажаб, дарвинизм шу гапда ҳамон,
Ундан маймун қочар — тушунмас ҳеч ҳам...

Шу қувиш ва қочиш машқидан самар:
Маймунлар воз кечди салтанатидан –
Ҳувиллаб қолди-ку не-не ўрмонлар,
Лек одам кечмади мурувватидан.

Ғўр илинж туфайли нодон одамзот
То ҳануз маймунга яқин боради.
У эса бу ҳолни тушунмас, ҳайҳот,
Оёғи етганча қочаверади.

Одамга қизиқдир аждод-шажара,
Шу сабаб маймунга интилар мудом.
Маймунни ҳуркитар темир панжара,
Унга бегонадир Дарвин деган ном.

Қутулолмай турфа маломатлардан
Дарвин қочиб кетди ернинг остига.
Наф йўқ ер юзида демократлардан,
Маймун ишонмайди одам — дўстига.

Жонидан тўйдирди қиёфадоши —
Авлодлик шаънини даъво қилганлар...
Эҳ, маймун!
Мозийдан келдинг-а қочиб,
Йигирма биринчи асрга қадар!

      
ЖИЛВАГАР

Аввал янгилик деб ўйлаган эдик,
Зотан, янги эди илк таассуротлар.
Сўнг билдик:
      кимга тик,
         кимгадир эгик,
Кимдан салом кутар,
         кимдан ҳол сўрар.

Бир гапни тўрт жойда
            тўрт хил айтади,
Одамига қараб тусланаверар.
Гоҳ айтган гапидан дарҳол қайтади,
Баъзан оёқ қолиб,
           тил билан юрар...

Таъриф тополмадим мен ҳам унга мос,
Ҳеч ким билолмади
        уни ичидан.
Заминдан осмонга
           айланди нохос,
Одамга ўхшарди кўринишидан.


        *  *  *

Ҳар тўкиснинг қатида
         Битта кемтик
            бор эрмиш,
Маккор ўз навбатида
         Ҳалокатга ёр эрмиш.
Бўлиб қолмиш ошкора
         Қирқ биринчи панди ҳам —
Ул санамнинг хатида
         Ишқ манга иқрор эрмиш...

     *  *  *

Бахтингдан
       тахт қидирсанг
Айш-ишратга берилма.
Шоҳман деб ҳам
         керилма,
Гўзалликка қулдирсан.

Бахтингдан
       тахт қидирсанг
Кўз-кўз қилма молингни,
Билиб яша ҳолингни —
Мол бирла бир пулдирсан.

Бахтингдан
       тахт қидирсанг
Иймонингни сотмагил,
Ғафлат ичра ётмагил,
Не касб қилсанг — шулдирсан.

Бахтингдан
       тахт қидирсанг
Виждонингни авайла.
Дўст-душманни фарқ айла:
Улдирсан ё булдирсан.

Бахтингдан
       тахт қидирсанг
Баҳолай бил ўз қадринг.
Юз ўгирса
       дўстларинг —
Ўчоқ безган кулдирсан...

 МУШКУЛОТ

Суюкли ёр билан учрашиш учун
Бир сўлим масканга борсанг атайин.
Табиат минг куйни
Куйлайди беун —
Висол онларини тасвирлаш қийин.
Васлидан қайтасан бўлиб беҳад шод,
Дилгинанг ҳаприқар дақиқа сайин.
Сен учун тенги йўқ ёроннинг,
Ҳайҳот,
Пинҳон онларини тасвирлаш қийин.
Ишқ давом этади такрор ва такрор,
Сен ила сирлашур малагинг, тайин.
О, қандай қувончли
         кўришмоқ дийдор —
Хандон онларини тасвирлаш қийин!
Бошингни чулғайди турфа хаёл-ўй,
Кундалик ташвишлар бўлар бир тийин.
Ҳарнечук,
Буни ҳам эсга олиб қўй:
Ҳижрон онларини тасвирлаш қийин...


   
 ЧИРОЙ

Ой нурига чўмилган малак,
Хижолатда қолдирдинг ойни!
Таажжубда қолди
        теварак,
Қайдан олдинг бунча чиройни?!
Эҳ, одамлар атарди хароб
Чаманни — сен туғилган жойни.
Энди
   гулга битишар китоб
Кўрмаганлар ғунча чиройни...
 
 
МУВОЗАНАТ НАФАСИ

Ки инсон азалдан яралмиш шундай:
Армону орзулар баёти унинг.
Бириси мисли тун,
Бириси кундай —
Буларсиз ўтмагай ҳаёти унинг!


БОЗОР ФАЛСАФАСИ

Бозорга боқаман:
        қайнайди ҳаёт,
Бир лаҳза ичинда минг хил ҳолат бор.
Минг ҳолат маъноси оддийдир,
Ҳайҳот,
Биров сотувчию биров харидор.

Ким айтар,
        бозорда икки ахмоқ бор:
Бириси сотади — бири олади.
Бу гап-ку аслида азалий юмор,
Лафзсизу юзсизни йўлга солади.

Негаки,
      бозорда икки тадбиркор:
Бириси пул топар,
Бири эса — мол.
Ўртада лафз — гаров,
            ишонч вакил — ор.
Ҳалоллик, ростгўйлик одатий бир ҳол.

Қай дам харидорга пул бўлса даркор —
Олган нарсасини сотиб юборар.
Чархпалак айланиб,
Сотувчи — пулдор
Сотган нарсасини сўнг сотиб олар...

Аслида,
      бозорда икки беозор:
Сотган мол йўқотар,
Олган эса — пул.
Ҳаёт спектаклига
          ўхшайди бозор,
То дунё бор экан бардавом буткул!

      

 НАСИБА

Ажабтовур шов-шув рўй бермиш бир кун:
Бир зот қирқ майизни туширмиш паққос.
Ўттиз тўққиз шерик,
           бўлса-да дилхун,
Олқишлаб, чапаклар чалмиш гулдирос.

Қай жойда бўлганин билмадим чиндан,
Оломон ичинда турли-тусли гап.
Мухбирлар келганмиш
           Чину Мочиндан,
Бари сўз айтганмиш у зотни алқаб.

Сувратин олганмиш газеталарга..,
Не каромат қилур қирқ майизни еб?
Бирон натижа йўқ:
Қилармиш зарда,
Дод солиб йиғлармиш «тинч қўйинглар» деб.

Яна есам дермиш билмай парҳезни,
Ошқозони эса ҳазм қилмапти.
Қирқ кундан сўнг ўша
            қирқта майизнинг
Ўттиз тўққизтасин қусиб ташлабди...

Бу дунё торга — тор,
         кенгга эса — кенг,
Қадимий ҳикматдан изланг сирини:
Қирқ майиз топсангиз,
Биттасини енг,
Магар битта бўлса — қирқдан бирини!

     МУВОЗАНАТ

Ёшлик берган хаёлот билан
Кексаликнинг ҳисоботи тенг.
Аёлдаги назокат билан
Эркакларнинг фасоҳати тенг.

Тенг асосда дунёнинг бори,
Танҳо эмас ҳеч қайси иши.
Атиргулнинг инжа ифори —
Табиатнинг эрка хоҳиши.

Назар ташланг,
Шамол гувласа —
Сокинликнинг ўрни билинар.
Ором истаб бўри қувмаса,
Қуён жоннинг қадрин унутар.

Ўз ўрнида, ҳар бир яхшилик —
Ёмонликка отилган ўқдир.
Гар ҳужумга бўлмаса ҳадик,
Ўқ сарфлашга ҳожат ҳам йўқдир.

Қўниш учун учиб юрар қуш,
Тўхташ учун чопар оҳу ҳам.
Онг ухласа — уйғотади туш,
Ёзиш учун йўнилар қалам.

Сингиш учун қайнайди булоқ,
Чиқиш учун киради ҳаво.
Нола қилмай туради, бироқ
Бўғилгандан янграйди наво.

Дарахт ўсиш учун қад ростлар,
Юрмоқ учун биз тик турамиз.
Яшамоқнинг шарти шу, дўстлар,
Ўлмоқ учун тирик юрамиз.

     МАҲЗУН МАНЗАРАЛАР

Қаноат — симириб бўлмас ичимлик,
Томчилаб ичишга чанқоқ бермас дош.
Сабр — қийшиқ ойна,
Боқсанг мағрур, тик
Аждаҳо мисоли кўринади қош...

Дарахтларга одат
       мангу садоқат,
Бир жойдан ўлгунча кетмаслик — кутиш.
Тулкига узумнинг пишиғи — тоқат,
Сўридан ололмай кетса — унутиш.

Чанг босган борлиққа куз ёмғир — юпанч,
Атрофга барг эмас,
        тўкилар ҳасрат...
Шоир — сўз деҳқони,
Сўзамоллик — ганж,
Назмий сафсатадан асрасин фақат!

         *  *  *

Дўстлар, манга то ҳануз
         Дунёнинг бир ками ёқмас,
Қоплаганда дилни муз
         Кўзнинг мунглиғ нами ёқмас.

Бу ҳаёт неъматидан
         Баҳра олсин ҳар бир кимса,
Ўз ризқини билмаган
         Нотавон одами ёқмас.

Боғи борнинг баҳори
         Мудом гуллар меҳнат қилса,
Гарчанд боғбон бекорчи,
         Аён, шум қадами ёқмас.

Тавфиққа мудом шайдир
         Ҳар инсон ўз қадрин билса,
Магар қуйгани майдир —
         Шайтонга ҳамдами ёқмас.

Четламай кулфатларни
         Ёмон йўлларга интилса,
Бундайин улфатларнинг
         Бақамти ҳар дами ёқмас.

Дам-бадам турфа ғавғо
         Кўнгил кўшкини хўб тилса,
Шубҳасиз, битмас савдо —
         Умрқирқар ғами ёқмас.

Номаси кўп Сафарнинг
         Бирма-бир қаламга илса...
Лек аччиқ меваларнинг
         Шеърхонга ҳам таъми ёқмас.

       ТАРБИЯ

Бу йўл менга қизиқарли туюлар жуда,
Одоб бериш усулларин роса билади:
Гапиришни ўргатади
         аввал болага,
Тили чиққач,
Жим туришни талаб қилади.


      МУВОЗАНАТ НАФАСИ

Бир пайтлар кичкина
Шўх бола эдим,
Жуда ярашарди завқ-шавқ, тўполон...
Ҳаёт саҳнасида варракдай елдим,
Бўйнимга осилди кичкина армон.

Энди у йўлимда ғоят ғойбор ғов,
Катта мақсадларда панд берар қасддан.
Дарвоқе,
Кўмакка келолмас биров,
Зеро, у дилдаги армондир аслан.

Қалбимни тарк этмас сакта андуҳлар,
Мен некбин ва собит ҳамкор излайман.
Қай замон кўнглимга қўнса шукуҳлар
Ўзимни сенсираб,
Шеърни сизлайман...

Ки инсон азалдан яралмиш шундай:
Армону орзулар баёти унинг.
Бириси мисли тун,
Бириси кундай —
Буларсиз ўтмагай ҳаёти унинг!

      КАРВОН

   ... Итлар орасидан ўтса карвонинг...
               Абдулла Орипов.

Манзил аниқ,
Лекин олисдир йўллар,
Кошки эзгуликлар бўлса йўлдошинг.
Жисмингни шижоат етаклаб борар,
Минг бир хаёлларга чулғанар бошинг.

Дилга таскин бўлар ойдин муддао,
Гарчанд ситамлару синовлар бисёр.
Қисмат чархпалаги
        айланар бежо,
Азалдан шул ҳолат бул ҳаётда бор.

Дўст ҳамкор,
Ғаним ҳам чиқар ёнингдан,
Беҳуда чалғишлар, билъакс, бемаъни.
Яхшиси, тўхтама —
         қолма йўлингдан,
Карвонга нимадир итнинг ҳургани!




        МАНЗИЛ

Саратон.
Саҳро.
Ердан бўса сўрайди офтоб —
кун тиғида бўғилар нафас,
мунчоқ каби тизилган кўп жон
кетиб борар Маккага қараб...
Енгилгина қўзғалиб сабо
қитиқлайди танларни элас...

Йўллар оғир,
манзил олис,
чарчаш нима — билмас нортуя,
елкандай чайқалар устидаги соябон,
қанча ситам бўлмасин,
нияти холис — назарига илмас нортуя!

Соябон тагида мудрайди сарбон!!
Бепарво эргашар бошқа туялар!!!
Сарвар — нортуяни
олқишлар фақат
бўйнидаги қўнғироқ — темир мусофир:
жаранг-журунг-нг,
жа-а-ранг-нг-жу-у-ринг-нг,
жа-а-ра-анг-нг-жу-у-рунг-нг-нг...
Унинг ортидан эса
эргашиб борар
қўнғироққа ишонган бир гала тақдир...
      
СИН

Шунчалик серобми синовли дамлар,
Кимлигинг билдирар баъзан қадамлар.
Хоҳ шоҳ бўлсин,
       хоҳ у — гадо-қаландар,
Оёқ олишидан билар одамлар.

Кўнгилсиз сарвқад нозанинни ҳам
Кимдир эркалайди дея маҳбубам.
Эй, ошиқ!
Сўргилки, дунё бири кам,
Оёқ олишидан билар одамлар.

Кабутардек учар орзу оқ бўлса,
Магар ҳузурингда арғумоқ бўлса,
Бир пас кенгаш иста
Дил муштоқ бўлса,
Оёқ олишидан билар одамлар.

Дейлик, қибла истаб тўрт томон чопдинг,
Охир дилга яқин содиқ дўст топдинг.
Меҳринг косасидан
         тошмасин ишқинг,
Оёқ олишидан билар одамлар.

Дилпазир замондош,
         огоҳ бўл доим,
Мард бўлсанг ҳамиша асрар худойим.
Чўнг йўлга чиқсанг, бил: йўлдошларинг ким,
Оёқ олишидан билар одамлар.

Ким қарғалик қилар булбулдай сайраб,
Ким эса чоҳ қазир ҳолингни сўраб...
Лекин оёқларга синовчан қараб,
Қўйнида илонни
Билмас одамлар!

 ТЕПКИ

Аввал боплаб тепди хумпар,
Сўнг оҳиста берди изоҳ:
— От тепкисин от кўтарар,
Бундан буён юр сал узоқ...

Бечора от ингради-я
Кишнамасдан,
Пишнамасдан.
Чидолмасди ҳатто туя,
Балки фил ҳам оларди тан.

Қовурғаси қисирлади,
Зирқиллади бели шу он.
Аммо зинҳор билдирмади,
Гарчи оғриб,
Азоб ер жон.

Илгариям титиб охур
Отдан тепки еган эди.
Бу галгиси
Кечди оғир,
Чунки хачир тепган эди.

     МАНСАБ

Очиқ, шип-шийдам хона..,
идорага эга бўм-бўш ўриндиқ.
Кирган заҳот оёққа ботди
орзунинг чилпарчин синиқлари:
чирс-чирс-чирс-с-с...

Файз ишшаяди,
гўё девона, нимадир чайнайди:
қирс-қирс-с-қирс-с-с...
Деволга суяниб турар хўрсиниқ.
(Уни ҳам фожиа қаттиқ қийнайди!)

ОРЗУ кукунидан битган пойандоз –
АРМОН ўтлоғига тушибмиш шабнам...
«Сенга нима керак?!» —
Биров сўз қотди,
ички таъмирталаб йўлакча бўйлаб
бўш пақир кўтариб ўтди «жигар»и:
қарс-қурс-қарс-с-қурс-с-с..,
қа-арс-с-қу-урс-с-с..,
қа-арз-з ку-у-урси-и-и!..

    ҚУРБ

Ўқ узилди осмонга қараб,
Шиддат билан учди шу заҳот.
Милтиқ оғзин
Ўт билан ялаб,
Бироз тутун қолдирди, ҳайҳот.

Товуш каби тез эди шашти:
Ҳаводаги
Катта-кичик куч
Дош беролмай бир-бир бўшашди,
Зўр яшинга келган мисол дуч.

Шу боришда булутни ёриб,
Чиқиб олиб
Фалак томига
Туширмоқчи қуёшни уриб
Ва тортмоқчи ернинг домига.

Ўқ учарди визиллаб тикка,
Лаҳза сайин
Олислаб ердан.
Ҳали етмай туриб булутга
Иссиқ жисми совуди бирдан.

Режаларин
Зумда унутиб,
Бехос қайтди келган жойига —
Боши билан тушди «тап» этиб
Снайпернинг шундоқ пойига...

 ҚАДИМ ҒОРДАГИ «БИТИК»

Бу ерга ҳайвонлар расмини чиздик,
Гарчи мусаввирлик даъвоимиз йўқ.
Оталар изидан бориб
Юрт туздик,
То ёғий бор экан кўнгил бўлмас тўқ.

Қалб кўзи билан боқ бу сувратларга:
Магар йўлбарс бўлсанг, бу суврат — сенсан!
Ҳеч вақт имкон берма
Тулки,
Итларга..,
Ортиқ мағрур бўлма ёвларни енгсанг!!

Барча насиҳатни ёзолмагаймиз,
(Чунки душманинг ҳам ўқиши мумкин.)
Мудом ота юртни асрай ол,
Ҳаргиз
Беимон кимсалар бегона бўлсин.

Бу ғорнинг сеҳрини ташбеҳ этсак гар —
Эртанги кунингга сирли йўлакча!
Худо берганларга
       қулоқ тутинглар,
Шоирлар имоси, «оҳ»и бўлакча...
      

 ТАСАННО
         Шоҳмот бўйича жаҳон чемпиони
         Рустам Қосимжоновга

Дунёни лол этган муаззам китоб
Минг йиллик чанглардан тозаланди-ку —
Беруний бобомиз
        айлаган хитоб
Янги бир қитъани кашф этди, ёҳу!

Туроннинг шоҳ тонги
Оврўпа тунин
Мунаввар мот айлаб
Қучганида шон
Мисоли олгандек Колумбдан хунин
Шодланиб ҳайқирди ҳур Ўзбекистон!

Бу ахир тасодиф эмас мутлақо,
Қадим достонларнинг
Қаҳрамонисан —
Фақат шу замонда янграган садо,
Азим элнинг оқил Рустамжонисан!

Ёзнинг чилласида дайди булутни
Ўзбегим дўпписи тарқатди абас.
Бу кун элим мағрур зўр шодлик кутди,
Бу — байрамдир,
Зеро, афсона эмас.

Лекин афсонавор,
Истиқлол сабаб
Ёш авлод баҳодир,
Юрт ривожида.
Суханлар айтилур шаънингга атаб,
Илло, Темур бўлгил шоҳмот тожида!
     
 ЖИДДИЯТ

Ҳамма чин гапирар,
Сира ёлғон йўқ,
Бор жараён жиддий — ҳазил етти ёт.
Ҳазилки йўқ экан — кулгу-хандон йўқ,
Сохта фазилатлар давракор, ҳайҳот.

Шарақлаб очилмас, эшиклар қулф —
Дилда жой топилмас мутойибага.
Баҳс болалайди — бемавруд урф,
Бироқ туғилмайди бирор қаҳқаҳа!

Табассум юзларга инмоғи мушкул,
Булутдай тундлашган барча қиёфа.
Шўх-шўх кулгуларни
         қўмсайсан нуқул
Тундлар даврасида бўлсанг бир дафъа!


     ҚАҲҚАҲА

Ҳазиллар қиламан зил-оғир,
Ўзинг ҳам мириқиб куласан...
Даврадош, ҳаммамиз — мусофир,
Нечун гоҳ хафаҳол бўласан?!

Дардимга кўмилиб яшасам,
Шодланмай бу ҳаёт завқидан,
Севинч не, овунч не — билмасам,
Ўттизга кирмасдан қарийман.

Қовундан ранг олар қовун, бил,
Ҳикмат кўп аждодлар нақлида.
Шу гулгун умринг-чун хўб кулгил,
Ҳамиша янграсин қаҳқаҳа!

     ҚИЗИҚЧИ УСТА

Уста Ёқуб эртак айтар, тафсилоти қизиқдир,
Қизиқ эртак,
      сен ёшларни ҳалолликка қизиқтир!

Бу дунёда ҳақиқат йўқ,
          эртакдадир, билсангиз:
Бир кишига таом бўлмас эндиликда қирқ майиз...

Уста эса сўзлаб берар қизиқарли латифа,
Йўқ,
Бу — ҳаёт китобидан йиртилган бир саҳифа!

... Овул кезиб ёлғиз барно
           йигит юрар саргардон,
Эмиш унга муносиб бир қайлиқ топиш — дил армон.

Буни қаранг,
      худди шундай бахт излаган гўзал қиз
Ўз бахтини ахтарар, лек ҳеч қаердан топмас из...

Дунё!
Чалкаш ишларингга тушунмай лол қоламан,
Ўзгача йўл тутолмасанг,
          кечиргаймиз — бўл омон.

Уста Ёқуб — қизиқ одам,
           завқи ичга сиғмайди,
Эрмаксифат қилмишингни айтиб,
              кулги излайди...

    ИШҚИБОЗ

У қаттиқ севинади
шонли ғалабага эришган каби
кучли чори қўчқорининг
рақиб қўчқор устидан
эришган ютуғига!

Гар қўчқори енгилса —
таранг кайфияти синади,
гўё тубанлаб кетар матлаби,
балога йўяди ранжу озорин
ва (мағлубият дастидан)
дод деб қўлини урар қўлтиғига...

Сўнгра
қасоскор туғёни келар жунбушга:
товуққа аталган донни,
ўзи емаган нонни —
қўлидаги барча имконни
қўчқорига қўш қўллаб берар,
шу ҳол айланар доимий умидли ишга.

Чунки қаттиқ ишонар:
мағлуб чори қўчқори
(панжи бўлгач аямай жонни)
бу гал бир зарб билан ағдарар
рақиб қўчқорни...

У шу тахлит қойил қилмоқчи бўлар
оломонни!..

      ЗИЁФАТ
       (ҳазил)

Янги ўзбек уйига меҳмон келди қишлоқдан
(Меҳр кўздадир, ахир, бўлса-да хели-хешинг).
Ўзингни уддабурон кўрсатиш шарт шу чоқда,
Шаҳарда яшайсанми,
         демак, тўкин турмушинг!..

Гўё очил дастурхон рост эрур, эмас эртак –
Тезда намоён бўлди етмиш беш хил ризқу рўз:
Тортилди ошу ...(арақ), мева, қанд-қурс ва ... (газак),
Лекин меҳр кам эди,
Тансиқ эди дилхоҳ сўз...


    *  *  *

Ҳаёт — денгиз, азалдан
      Жўшқин бўлиб келади,
Жўшқин-жўшқин юраклар
      Тўлқинларда мавж урар.
Сокин-сокин қалбларга
      Тошқин бўлиб келади,
Тошқин-тошқин тўлқинлар
      Қисматларни кемирар.

Нетайки, тақдиримда
      Жўшқин ҳислар порлайди,
Жуфтликда ишқ нақши бор,
      Бирга бўлсанг – қувнайман.
Дилгинам биргаликда
      Мавж уришга чорлайди,
Кетар бўлсанг, яхши бор,
      Мен қочганни қувмайман!

        ТАЛАБ

Менга яқин келма,
Йўлама зинҳор,
Совуқ вужудимни силама зинҳор,
Меҳру мурувват ҳам тилама зинҳор,
Шамол бўлсанг ҳамки,
Менга суйкалма!

Гарчанд юрагимга уйдинг чексиз дард,
Тилагим: кўп яша,
           бўлма жувонмарг.
Энди боғларимга юқтирмагил гард,
Малол бўлсанг ҳамки,
Унга суйкалма!

Нечун боғни тоғлар демайди ёрим?!
Сен аввал ҳис этгин
         тоғнинг залворин.
Қуёш кўтараркан чўққилар орин,
Ҳилол бўлсанг ҳамки,
Тонгга суйкалма!

Танимни изғирин ялагани бор,
Боғимни қузғунлар талагани бор.
Сўнгги талабни ҳам унутма зинҳор:
Келтирма манқуртлик —
Онгга суйкалма!
    
БИРОВНИНГ БАХТИ

Ҳаммадан яхшироқ бўлмоқ истаб у
Бахтлилар ичиндан Бахтни излади.
Кўнглида кезинди беқарор туйғу —
Ўзини сенсираб,
Уни сизлади.

Валекин ҳар кимда ҳар хил кўрибон
Телба хаёлларга чулғанди боши.
Дилини ўртади тушкунлик-фиғон,
Вужуди сил бўлди тугаб бардоши.

Ишонгиси келмай ҳатто кўзига,
Қайтадан синчиклаб
         боқди бирма-бир.
Бироқ Бахт шевасин талаффузига
Тағин тушунолмай гангиди фақир.

Дунёда ягона малак сингари
Ҳеч бир паривашни тан олмади, чин.
Бетимсол деб чизган
Бахт сувратлари
Аниқ моҳият касб этмади лекин.

Билъакс, қисмат тоғин қояларида
Тубанликни кўриб учди эс-ҳуши.
Ажабким, бир одим ундан нарида
Шўх сайрар ўзганинг бийрон Бахт қуши...

Олам ишққа тўла,
Севги сеҳргар,
У эса хунобдир тополмай Бахтни.
Аслида,
    тақлидга берилиб дилбар,
Қалбидан изламас саботкор аҳдни.

      БУ — КИНОМАС...

       Биринчи қисм.

У қўрқмасдию, унча кучли бўлмаган
рашки боисми
ҳайиқарди оз-моз...
Ҳали ёш — йигирмага тўлмаган
қоматидан билиб бўлмас
жувонми, қизми.
Лекин арақхўр эри чиқди хотинбоз!
Алламаҳал келар
ёнида бир тўда улфат-оғайнилари:
Рашк, Ҳасад, Ғазаб...
Бемавруд ташрифдан бўлиб дарбадар
фаришта танда жон талашар Асаб..,
ороми бузилган Файз эса
гувиллаб учади кўчага ел сингари...

       Иккинчи қисм.

Жоду кўзлари пирпирар,
чучикар юраги..,
гарчанд кўп кўйлак йиртди —
қирқни қирқиб ўтди,
бекор йиллар юки тақдирига тан.
Аммо атворидан ёстиқдошининг
ўлгудай қўрқар!
Ахир, заифадир тиргаги —
суюкли дилбанди-қаламқошининг
бўйи етиб қолган...

         ВОИЗ

Энг жоиз гаплардан сабоқ олган зот —
Қанча долзарб ваъзлар ўқиган бир кас
Самимий даврада шумшайди,
Ҳайҳот,
Тўрт одам йиғилган жой — минбар эмас.

Ҳар кимнинг сўзини фарқлаб бирма-бир,
Кимга не демоқни чоғлаб ўтирди.
Сўнгра гал келганда,
         ул зот барибир
Кераксиз гапларни кўпроқ гапирди.

 
МАНФААТПАРАСТ

Гарчи ғурур етмади,
ЭЛим-ЭЛим деди у.
Фиғон зое кетмади —
БЕЛи қувват олди-ку.

Сўзланди ичиб қасам:
«Бой қиламан ХАЛҚимни.»
Асли фурсат келган дам
Тун-кун боқди ХАЛҚУМни...


    АРЗУ ҲОЛ

Замона зайлидан нолишар, ё Раб,
Ким бозордан,
Ким мозордан
      дуруст жой сўраб.
Замон эса истеҳзоли кулиб қўяди
Артистликни эплаётган ҳокимга қараб.
 
УЛУҒБЕКНИНГ ТАЪБИРИ

Элим!
Бизнинг тақдирга
Зулм қараб турибмиш.
Очилмаган сандиқдай
Илм қараб турибмиш.

Айтай бир қур сирларим,
Ранжимагай пирларим:
Халқ бут бўлгай,
Мен — ярим,
Ўлим қараб турибмиш.

Қаён борсам,
        йўлимда
Ғаним ўнгу сўлимда.
Имконим кам қўлимда,
Золим қараб турибмиш.

Бул турмушдан ўкинмай
Кўкка боқдим ҳеч тинмай.
Аммо
    асло тушунмай
Гулим қараб турибмиш.

Туш ёт эмас маънига...
(Олмасин-да чинига!)
Ханжаримнинг қинига
Ўғлим қараб турибмиш.

Кам кўрмасдан ҳеч кимни
Улуғладим исмимни.
Ўргангали жисмимни
Олим қараб турибмиш...
      
ФИТРАТ НИДОСИ

Уйғон элим,
         ётаверсанг
      Тонглар отиб кетар, тур!
Жўшқин қалбинг гўё харсанг
      Тошдай қотиб кетар, тур!

Биласанми эл эканинг —
      Сезилмайди интилганинг?!
Қўрқаманки,
         дўст билганинг
      Бир кун сотиб кетар.., тур!!
      
Беҳис, лоқайд
         ётмагин, бас,
      Вужудинг зил — эмасдир хас:
Бир бор чуқур олсанг нафас
      Ерга ботиб кетар, тур!!!


       * * *

Сенсиз тасаввур этсам дунёни,
Дўстлик аталмиш кўприк қулагай.
Дил водийсида
Тошқин дарёни,
Қийналаман, рост, кечиб ўтолмай...

Сен нега йироқ
       кетдинг бесабаб
Баайни кўприк кўтарганда қад?
Балки юрмассан ундан атайлаб,
Ахир,
   синовли ҳолатлар беҳад...
      
        МУЛОҚОТ

Шогирд — Ўз қавмидан ҳам ортиқ                   миллатини суйган ким?
Устод — Чин инсон,
         зўр жадидчи...
         бу — Абдулла Авлоний.

Шогирд — Эл-юртга ҳуррият деб
         юрак-бағри куйган ким?
Устод — Бу ҳам ўша,
         билиб қўй,
         ҳурликда эл-юрт шони!

Шогирд — Ўзбеклар театрга
         ким орқали чиқишган?
Устод — Буни ҳам бошлаб берган
         ул зоти улуғ эрур.

Шогирд — Назмимизга «бармоқ»ни                   кимлар олиб киришган?
Устод — Ул зот қуёш мисоли
         ҳар томон таратган нур.

Шогирд — Ўзбекча тарбиятни
         дастлаб кимлар бошлади?
Устод — Билиб туриб сўрама,
         ахир, ҳаммаси аён.

Шогирд — Унда нега бир замон
         эл аямай тошлади?!
Устод — Эл дема,
        бу — бир тўда
         қашқир қилган тўполон...

    ЙИГИТНИНГ БАҲОСИ

Савдолари ғавғоли гоҳ кенг,
             гоҳ тор очунда
Энг юксак салтанатдир иффатли қиз ибоси.
Шайдолари иғволи гоҳ зўр,
             гоҳ зор очунда
Севилса бир жононга — шул йигитнинг баҳоси!

Йигитлар сабаб бўлиб,
           тўқилди афсоналар,
Шаънига тўғри келса, ўқилди афсоналар,
Балки англаб етмади,
Ё билди афсоналар,
Лойиқ бўлса достонга — шул йигитнинг баҳоси!

Хоҳ овга,
     хоҳ ёвгадир содиқ йўлдош от бўлгай,
От минган баҳодирдан мағлубият ёт бўлгай.
Ватани,
Эл-юртининг олқиши қанот бўлгай,
Довруқ солса жаҳонга — шул йигитнинг баҳоси!

Аждодлар-ку фахрли:
Шиддати зўр,
Довюрак —
Шукуҳли мозий ичра мустаҳкам устун,
Тиргак.
Халқ ишончин оқлашга кўкрак керган мард керак,
Туша олса майдонга — шул йигитнинг баҳоси!

Қанчалик қуввати бор — ҳар кимнинг ўзига тан,
Гангимай ногаҳоний муваффақиятидан,
Эй, Сафар, ёруғ юзу
          шижоатли кўз билан
Тик боқолса замонга — шул йигитнинг баҳоси!

      *  *  *

Мен яна бир кунлик
           қўшиқ куйладим,
Ў, шу қадар умри боқийки унинг:
Тарихи ибтидо сингари қадим,
Бир умр куйласанг
        етмайди унинг!

Бағоят улуғвор оҳанглари бор:
Атиги бир банди — дунё қисмати.
Куйлари сержило,
        дилкаш,
           бетакрор,
Таърифга сиғмагай сиру хислати.

Мен фақат бир кунлик қўшиқ куйладим,
Шўхларга қувноқ у,
         маъюсга — сокин.
Куйлаб бўлгандан сўнг шуни ўйладим:
Эртага эшитиб бўлмайди лекин...

Мен тағин бир кунлик
            қўшиқ куйладим,
Зотан бир булбулман,
            қўшиқ — дилбандим.
Ҳеч замон бенаво қолмас чаманим —
Эртанги қўшиқни
        кеча айтгандим...

      ТЎРТЛИКЛАР

Яшамоқ аслида осон иш эмас —
Бир жонга минг битта хатар ҳамнафас.
Энг кўп ишонганинг юз бурар балки,
Фақат ҳалол еган ризқинг алдамас.

        * * *

Шум ниятда сув келтирган пақирини олиб кетди,
Оёғимга осилганлар тўпиғимда қолиб кетди.
Ғолиб бўлган эрсам ҳамки, мағлубларга хўб ачиндим:
Ўз айбини тушунмади,      афсус, мендан нолиб кетди.

        * * *

Ҳар дамки хушҳол онни кутмагил доим интиқ,
Раиятнинг раъйи бор мисли темирдай қаттиқ:
Номардликда айблайди енгсанг ожиз ағёрни,
Кучли бўлса рақибинг — ҳаётинг кечгай аччиқ.

        * * *

Мукаммал оқиллик бўлмаслиги чин,
Во ажаб, қушлар ҳам   қилмас ўз ишин:
Қарға «бахт»дан сархуш, қилар хиргойи
Бечора булбулнинг мунгли хонишин.

        * * *

Қисмат сени элтган бўлса кимсасиз ғорга,
Бир амаллаб кун кўрарсан ем бўлмай морга.
Аммо ажаб ҳангомалар эш бўлмасин ҳеч —
Ҳаргиз сени дуч қилмасин жафокаш ёрга.

        * * *

Билмай аниқ хабарни, инсон,
Аён қилма, фойдасиз, инон.
Гарчи ёлғон чиқиб қолса у,
Ғийбатчига бўлурсан нишон.

        * * *

Куни узун экан қўли калтанинг,
Хуни узун экан йўли калтанинг.
Дунё андозаси тенг эмас асло,
Ўнги узун экан сўли калтанинг.

        * * *

Одамлар ораста юрсалар гўзал,
Кўнгил шаффофлиги жон қадар гўзал.
Бир-бир санаб бўлмас — фақат ва фақат
Дунёда ахлоқий нарсалар гўзал.
 
МУҲАББАТ ТИЛИ

Шаксизки,
Ҳар ким ҳам севмоғи аён,
Севилмоқ шарафи камроқ намоён.
Ҳолатлар турфа хил бўларкан ҳосил:
Ким муродга етар,
Кимнинг бағри қон.

      * * *

Бир нигоҳ банд этар хаёлларимни,
Ҳар куни ҳар тунда
         таъқиб айлайди.
Унинг озорлари бирам ёқимли,
Доимий одатга айлансин, майли.

Дилга мойил ҳолдан кўркам,
Яхшироқ
Яна нима мавжуд ёруғ очунда.
О, бу нигоҳ бунча нурли,
Ярқироқ,
Офтобни кўргандек бўламан унда!

Нуридан ёришар
        кўнглим осмони,
Булутлар ҳар ёнга сочилар абас.
Икки нигоҳ бирдан
         тўқнашган они
Юрак тарс ёрилса, ҳеч ажаб эмас.

Мен фақат юракни қолдим авайлаб,
Жоду кўзли санам,
Айлагил шафқат,
Ўтда ёнган дилга яна ўт қалаб,
Чарс-чарс ёнмоққа ҳам
          этдинг бетоқат...

Зар нигоҳ банд айлар хаёлларимни.

     * * *

Йироқдасан,
Мендан йироқда,
Хотиралар оғушидаман.
Шундан буён жоним фироқда,
Яратгандан тиларман чидам,
Йироқдасан...

Бедорликда
Сени ахтариб,
Осмонларга илашди кўзим.
Сенсиз кимман: дилхаста, ғариб —
Интизорман сенга, юлдузим,
Бедорликда...

Сен бўлмасанг
Бу олам тордир,
Уфқлар ҳам тўпиқдай келар.
Осмон гўё зангори чодир,
Ҳайрат-шодлик бегона бўлар
Сен бўлмасанг...

Ёлғизликдир —
Ягона юпанч,
Таскин бўлар хаёллар бироз.
Фақат ўзинг мадад ва суянч,
Сен йўғингда ҳамкору ҳамроз
Ёлғизликдир!

  * * *

Сен интизор,
Мен интизор —
Шу етарми вафога.
Сўйла, дилдор,
Бундай бозор
Қайдан пайдо дунёга.

Ишқ гўшаси бу очунда
Олтин қафас янглиғ тор.
«Гар қизил гул битса»  унда
Дил тиконга зору зор.

Мени мудом мафтун этар
Тикондаги ошиён...
Муродига бир кун етар
Булбулдирман — ошиқман.


  * * *
Бир шеърим бор,
фурсат келса,
айтаман фақат
алвон-алвон қирларда
чучмўмо терган қизга —
эшитиб мингта изҳор,
ҳеч бир дам (минг бор!)
қилмай шафқат
энг камтар,
ишқпарвар
бир мардга —
ўзиям севган йигитга
кўнглини берган қизга —
олқишлайди муҳаббат!

        *  *  *

Истардимки,
      остонанг узра
              бедор термулиб,
Ишқ тиланиб
      кўчангдан мендан
                ўзга ўтмаса!

Оринг — чўққи,
          номусинг тоғдир.
Паймонам тўлиб,
Мендан бошқа
         бу юксакликка
               ҳеч ким етмаса!

Яшасак шод,
        яшасак баланд,
               яшасак кулиб,
Иккимиздан
        замон ўтса ҳам,
               даврон йитмаса!

Балки Мажнун,
         балки Фарҳоддай
               кетсам-да ўлиб,
Севгимизни
        мадҳ этган узун
              достон битмаса!!

Ҳеч бўлмаса,
        мен — сайёду
             сен — жайрон бўлиб,
Отган ўқим,
        хато бўлса-да, 
           хато кетмаса!..

       *  *  *

Бир булоқ бўйида,
Кўркам боғ аро
Менинг гулим яшар, ўн етти яшар.
Юзида холи бор,
Қош-кўзи қаро,
Кулгуси ўзига бирам ярашар.

Эсимда бор мудом,
Беш йил муқаддам
Тушимда кўрганим — ўшал париваш.
Кейин уч йил ўтиб,
Қайси бир айём
Ҳушимда кўрганим — ўшал париваш.

Уни деб неча йил
          кезмадим сарсон,
Ишққа ташна дилим
            ором топмади.
Албатта, дуч келди
           кўп гўзал жонон,
Аммо ҳеч бирига
          кўнглим чопмади.

Уни деб ўтмоқда кунларим ҳануз,
Ҳали ойлар ўтар,
       бу ҳам аёндир.
Менга висол келтир, сахий олтин куз,
Кўнглимни ёримнинг васлига қондир.

Мени кутаётир ул бахтли ҳаёт,
Ё насиб,
Бир куни унга етурман.
Етмасам, аламдан чиқариб қанот
Самовот бағрига учиб кетурман!


      * * *

Тун оғуши бунча қаро,
      Ойдин ҳилол қаёнда.
Кеча-кундуз
      офтоб бўлган
      Соҳибжамол қаёнда.

Умидимни маёқ қилган,
      Мудом менга интилган,
Латиф қалбу
      нафис ибо,
      Лафзи ҳалол қаёнда.

Чаман ичра ўзини гул,
      Мени булбул деб билган,
Сарвиравон шунда бўлса,
      Унда висол қаёнда.

Лайли дедик,
      Мажнун дедик,
      Фарҳоду Ширин дедик...
Сўйла тарих,
      беш юз йилки,
      Жонли мисол қаёнда.

Сирдош айлаб дугонасин,
      Қарши олган парвонасин,
Учрашганда
     шошиб қолган
      Сафарга лол қаёнда.
     *  *  *
Қандайин сездийкин юрагим,
Ё холис эканми тилагим:
Йўлимда учратдим ногаҳон,
Мен бийрон сўйлардим,
Сен-чи — жим.

Бир оғиз сўзингга мунтазир
Термулдим сукутдан бўп басир.
Ҳисларим сиғмади дунёга,
Тобакай бу хилқат мавжуддир!

«Малагим, шошмагил.., бироз тур!» —
Юрагим ҳаприқди баҳузур.
Ҳаяжон сени ҳам қийнарди..,
Жонгинам, бир умр эслаб юр.


      * * *
Сен жим эдинг, мен эса — тилмоч,
Учрар экан шундай ҳол, не тонг.
Дедим: дилим, жодуларинг соч,
Қўнғироқ ҳам урар, ахир, бонг!

Қайдан билгум,
Сайлаган эркам
Писанд-назар этмас, эҳтимол.
Сухан сўйлаб сийлаган эркам
Балки сархуш — бўлиб қолмиш лол...

Энтиккандинг..,
        кетдими сачраб
Тизиб қўйган тансиқ сўзларинг.
Нечун бир бор жуфтламайсан лаб,
Сирлашди-ку, ахир, кўзларинг...
     * * *
Ўшал шум қилмишимга
Ич-ичимдан куламан.
Сен кулма бу ишимга,
Нетай.., суйги шу экан.

Эсласам, дил ҳаприқар,
Чунки, бу — жуда қизиқ.
Товонимга тиғ қадар
Ўзимга чизган чизиқ...

Васлингни деб боргандим,
“Қувғинди” бўлдим охир.
Севишни билмаса ким
Англаши ғоят оғир.

Оралиқ қанча йироқ —
Етаркан ишқ риштаси.
Лаҳзада йитар чарчоқ
Текканда ёр нафаси!

     * * *
Қир бағрида оппоқ рўмолинг
Ҳилпиради.., боққа чорладим.
Сен келмадинг,
Мен ҳам бормадим:
Ўртайверди гулгун жамолинг.

Ўртадаги беҳол масофа
Хижолатдан торайиб кетди,
Ҳатто фалак қорайиб кетди,
Сувсади ишқ гуллаган воҳа.

Ҳадик босди дилни бир қадар
Айро қилиқ яралмасин деб —
Ҳижрон куйи таралмасин деб
Қўшиқ айтиб ўтди турналар...
   
 ПАЙҒОМ

Хаёл суриб
       дарё бўйида
Мени бир қиз орзиқиб кутар.
Баъзан ёлғиз қолса
Уйида
Деразадан кўз тикиб кутар.

Йўлим пойлаб кутар...
Аслида
Уникидир сўқмоқли бу йўл.
Ана, туташ остонасига,
Ана, унинг излари ҳам мўл.

Соҳилга кўп келиб-кетади —
Сув ташийди, кўза-кўза сув.
Сув ичганда эриб кетади
Кўзларини элитган уйқу...

Ҳатто узун тунлар ҳам
           бедор
Кутиш озор берар жонингга...
Сайлаганим,
Кутганинг бекор,
Мен борарман кутмаганингда!


     ИСТАГИМ

Рости, кошки, жонгинам,
Фироқ кетиб
        йироққа,
Висол доим ёр-ҳамдам,
Омад бўлса ҳамқадам!

   ИЗҲОР ИЗОҲЛАРИ

Мен сени севаман — қалбим қўридан
Лов этиб чиқади бир ўчоқ олов!!!
Шул оташ сўзларнинг
Ёлқин-нуридан
Ёришиб кетади атрофим дарров.

Зулумот чекинар чексизлик қадар,
Меники бўлади нурафшон дунё!
Дилда мудраб ётган ҳислар,
           сезгилар
Уйғонар баҳорий кўкатдай гўё.

Мен сени севаман — юпанч ва паноҳ!!
Сийратим иқрори,
Салтанатим — бу.
Ёнаман бир муддат кўрмаганда, оҳ,
Дилдан ҳузур қочар,
Кўзимдан уйқу...

Йўқ!
Биздан айро юр, шаддод айрилиқ,
Йўлинг йўлимизга туташмасин ҳеч.
Оппоқ орзуларга дилимиз тўлиқ,
Ҳамроҳимиз эрур ғурур ва севинч.

Мен сени севаман!
Шунинг ўзи, бас,
Ўзга каломларга лаб очмай, ёрим.
Севги, бу — навбаҳор, ёз ё куз эмас,
Бойчечак бўйлади,
Гулла, баҳорим!!

  * * *

Оҳумиди излаганим,
на тоғдан,
на боғдан
топмадим,
топмадим.

Сароб чиқди кўзлаганим,
порлайверди,
чорлайверди..,
чопмадим,
чопмадим.

Қанча олиб қочмай ўзимни
асир сездим,
басир сездим
кўҳна дунё ғамхонасида!

Тўй оқшоми очиб кўзимни
тахтни кўрдим —
бахтни кўрдим
Янги дунё кошонасида...

    СЎЗ СЕҲРИ

Сўзлар сувдай серобу
      Топиб айтсанг гавҳардир.
Зотан,
   аҳли шуаро
      Сайқал берар заргардир.

Дилкаш давра қурганда
       Базми жамшид айлабон,
Дилтанг гап отса нокас
       Пишқиргандан бадтардир.

Бешак билинг,
       дўсту ёр,
      Гарчи суяксиз забон,
Чин кўнгилдан сўйласа —
      Атирдай муаттардир.

Сўзлар сеҳрин,
       жонгинам,
      Асло билма ломакон, Хушмуомаланг учун
      Фасоҳат муқаррардир.

Иккимиз оддий йўлдош
      Қисмат дема ҳеч замон:
Мен десам — Мавлудаю,
       Сен деганим — Сафардир.
   
      
   МУҲАББАТ ТИЛИ
               рафиқамга

Истайсанми-йўқми, муҳаббат бордир,
Юракда оловдек ёнмоққа қодир.
У шундай гавҳарки,
Буюк китобнинг
Минг йиллик нусхаси сингари нодир.

Шеърларим бағрида
            нолани кўрсанг,
Орамизда шу зум бошланади «жанг».
Кескин олишувдан толган рақибдек
Сўнгра шарҳларимга кўнасан аранг.

Нозли рашкларингдан лаззатланаман,
Зеро,
Мен ҳам фақат сен-чун ёнаман.
Магар мудом сенга ашъорлар тизсам,
Қандай қилиб яхши шоир бўламан.

Шаксизки,
Ҳар ким ҳам севмоғи аён,
Севилмоқ шарафи камроқ намоён.
Ҳолатлар турфа хил бўларкан ҳосил:
Ким муродга етар,
Кимнинг бағри қон.

Шоир юрагида
          рангин дард жодир,
Ўзга дил дафтарин
           варақлай олар:
Ошиқлар номидан ёзолган шоир —
Муҳаббат тилининг таржимонидир!
         * * *
Сенсиз, жоним, вақтнинг ўтмоғи қийин,
Имиллаб қимирлар
           аста ва аста.
Теримга сиғмайин зериккан сайин:
Бир лаҳза.., яна шу.., яна бир лаҳза...
Шу зайл эринмай (тегиб ғашимга)
Туннинг араваси ўтаверади.
Узун араванинг қоқ ўртасида
Уйқу билмас вужуд кетаверади...
Фурсат ғаниматдир, фурсат чопағон
Қай бир дам ёнимда сен бўлсанг магар.
Эсимни йиғишга топгунча имкон:   Лаҳза, лаҳза, лаҳза, лаҳза — тонг отар!


      ЮРАК

Менда ишқий юрак бор,
      Муҳаббатга лиммо-лим.
Ғийбат тошин ташласанг
      Парчалаб ташлар ишқим.
Менда уйдай юрак бор,
      Шу маконда яшайман.
Олтин остонасига
      Гулдан гилам тўшайман.
Менда шундай юрак бор —
      Эрур улуғ хазинам.
Унга фақат ўзим ва
      Сен сиғасан, жонгинам.
Гарчи шунча севсам-да,
      Юрагимда сен яша!
Садоқатли қалбингни
      Сен эса менга бўшат!
      *  *  *
Ишқ нима — билмасанг,
             айт, қандай кассан,
Хайём пиёласин четида дарзсан.
Оқибат кимгадир сабоқсан,
              дарссан,
Вале, бу гўшада меҳмон эмассан.

Шеърият чўнг йўл бўлиб,
             даҳоларга юзландим,
Гётега лол бўлиб,
          Пушкиндан шавқ изландим.
Алар тутандириғи
          ўт бериб ўзим ёндим,
Ай, дўст, бу ишқ боғинда
            ҳеч дам мезбон эмассан.

Навоий-ку пок ишқни
            қайта-қайта куйлади,
Жомий, Деҳлавий оша
            Ганжавийга бўйлади.
Ўзин ошиқ билганда
           лек шивирлаб сўйлади,
Маъшуқанга бақирсанг
            ишққа султон эмассан.

Ғоят гўзал ва сирли
           сервиқор Севги тоғи,
Жаннатий лаззат эрка
            насимларин ардоғи.
Умрингнинг безак гули
            аслида ҳижрон доғи,
Севгига соҳиб бўлмай
            сира шодон эмассан!

Юракка чин севишни
            ҳеч ўргатиб бўлмагай,
Раддан сохта куйишни
            ўринлатиб бўлмагай.
Зиғирча ишқинг бўлса,
            ўсгай, зинҳор сўлмагай,
Дилингда дардинг бўлса,
            минбаъд нодон эмассан!

Қалбингда шунча ҳис борки,
Муқаррар
Бир пари-пайкарни севгансан, Сафар,
Муҳаббат олдида тиз чўкмасанг гар
Ҳурматга муносиб инсон эмассан.


      ТЎРТЛИКЛАР

Қанча нурсиз кунлар ўтди орадан,
Нигорим, дардимни кимга ёраман:
Сени ёмон кўра бошлаган кунни
Ҳозир ўзимдан-да ёмон кўраман.

       * * *
Сен томон бош олиб кетай, қароғим,
Энди висолингга етай, чироғим.
Нолишга сабаб бор: қувган етолмай,
Гар қочган қутулса, нетай, йироғим.

       * * *
Ажаб эмас пешонамиз порласа,     
Ҳазрат Хизр ҳузурига чорласа.
Шодлик босса изтироблар ўрнини,
Билсанг, жоним, бахт дегани бор нарса.

       * * *
Сабодан ҳам рашк қиламан, гулюзлигим,
Тиллога-да алишмайман бир сўзлигим.
Сени менга Худо берган, таъбир шулки,
Сен — борлиғим, жаҳонимсан, сен — ўзлигим.

Qayd etilgan