Hukmdorga o'g'itlar. Mavlono Muhammad Qozi  ( 10038 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  03 Aprel 2010, 12:13:30

Hukmdorga o'g'itlar



Muallif: Mavlono Muhammad Qozi
Hajmi: 214 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  04 Aprel 2010, 16:20:36

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИ

ҲУКМДОРГА ЎГИТЛАР


«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА КОНЦЕРНИ

БОШ ТАҲРИРИЯТИ
ТОШКЕНТ — 1999

Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи: тарих фанлари доктори Асомиддин ЎРИНБОЕВ

Таржимон: Ғулом КАРИМ


Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг муриди ва издоши, нақшбандия тариқатининг атоқли шайхларидан бири Мавлоно Муҳаммад Қози XV аср охири ва XVI аср бошларида яшаб фаолият кўрсатган. Муҳаммад Қозининг асосий асари машҳур «Силсилат ул-орифин»дан ташқари, давлатни бошқариш юзасидан йўл-йўриқ ва насиҳатларни ўз ичига олган яна бир рисоласи XVI асрнинг нодир ёзма манбаларидан бўлган «Тарихи Рашидий» асари орқали бизгача етиб келган. Рисола Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг холаваччаси ва Муҳаммад Қозининг шогирди, яъни «Тарихи Рашидий» асарининг муаллифи Мирзо Муҳаммад Ҳайдарга бағишланган бўлиб, унинг саволларига жавоб тариқасида ёзилган.
Рисолада мамлакатда тартиб ва барқарорлик бўлиши учун подшоҳ амал қилиши лозим бўлган муҳим шартлар, подшоҳ ва фуқароларнинг ўзаро муносабатлари, давлат сиёсатининг ўзига хос нозик ва мураккаб томонлари ҳақида мулоҳаза юритилади.


МУҲАММАД ҚОЗИ ВА МИРЗО ҲАЙДАР

Асрлар давомида Шарқ ўлкаларида давлатни идора этиш қоидаларини баён қилувчи, подшоҳларни одил сиёсат юргизишга ундовчи кўплаб катта-кичик асарлар яратилган. Баъзи муаллифлар мамлакатни бошқариш масалаларига ўз асарларининг айрим бобларини бағишлаган бўлсалар, бошқалари бу мавзуда алоҳида асарлар ёзганлар. Масалан, XI асрда яшаб фаолият кўрсатган улуғ алломалар Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Низомулмулкнинг «Сиёсатнома» асарлари Шарқ мамлакатларида ғоят машҳур бўлган. Ундан кейинги даврларда ҳам донишманд кишилар бу мавзуда қалам тебратганлар. Улар, асосан, қайсидир жиҳатдан ўз даврининг ҳукмрон доираларига яқин одамлар бўлиб, ўз асарларини аксар ҳолларда бирон подшоҳ, шаҳзода ё ҳокимга бағишлаб ёзганлар.
Шундай асарлардан бирининг муаллифи Муҳаммад Қози номи билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Бурҳониддин 851 (1447—48) йили Самарқандда туғилган. Унинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар XVI асрда яратилган «Рашаҳоти айн ул-ҳаёт», «Тарихи Рашидий», «Мажмуъ ат-таворих» каби асарларда мавжуддир. Бу асарлар муаллифлари Муҳаммад Қозининг замондошлари бўлиб, жумладан, «Мажмуъ ат-таворих» асари асосий қисмининг муаллифи Сайфиддин Ахсикатий унинг муриди бўлган. («Тарихи Рашидий» муаллифи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ва унинг Муҳаммад Қози билан муносабатлари ҳақида эса биз сал кейин муфассалроқ сўз юритамиз.) Бу манбалардан маълум бўлишича, Муҳаммад Қози ўз замонасидаги илмларни мукаммал эгаллаган ва сўфийлик йўлини ихтиёр этган. У нақшбандия шайхлари силсиласида кўзга кўринарли ўрин тутган ўша замондаги энг йирик шайх Хожа Аҳрор валийнинг (1404—1490) энг яқин муридларидан бири ва ўз навбатида Махдуми Аъзам Даҳбедий номи билан машҳур бўлган шайх Аҳмад Хожагий ибн Жалолиддин Косонийнинг (1464—1542)   муршиди  ва устози  бўлган.  Муҳаммад Қози Хожа Аҳрор мулозиматида ўн икки йил, яъни 1490 йили унинг вафоти юз бергунча бўлган. Шу давр мобайнида у Ҳиротга ҳам бориб, ҳазрат Абдураҳмон Жомий билан учрашган. Хожа Аҳрор вафотидан кейин Муҳаммад Қози бир неча йил Тошкент ва Бухоро шаҳарларида яшаган. Шайбонийхон ҳукмронлиги даврида (1500—1510) ҳам унинг обрў-эътибори юқори бўлиб, Шайбонийхоннинг укаси, ўша пайтдаги Бухоро ҳокими Маҳмуд Султон унга мурид бўлган. 1512 йили Мовароуннаҳрга қизилбошлар бостириб кирганида Муҳаммад Қози Андижон тарафга кетади ва Ахси шаҳрида ўрнашиб қолади. Вафотидан олдинроқ шайбонийлардан бўлган Севинчикхон таклифи билан Тошкентга боради ва 922 (1516) йили вафот этади.
Муҳаммад Қозининг асосий асари «Силсилат ул-орифин ва тазкират ус-сиддиқин» бўлиб, кўпинча қисқача «Силсилат ул-орифин» деб юритилади. Бу китоб 1504 йили ёзилган. Асарнинг бир қанча қадимий ва сўнгги асрларга оид қўлёзма нусхалари бизнинг давримизгача етиб келган; шундан олтитаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида сақланмоқда. «Силсилат ул-орифин» Хожа Аҳрорнинг муриди ва куёви Мир Абдулаввал Нишопурийнинг «Масмуот», Фахриддин Али Сафийнинг «Рашаҳоти айн ул-ҳаёт» ва муаллифи номаълум «Маноқиби Хожа Аҳрор» асарлари каби Хожа Убай-дуллоҳ Аҳрор ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи асосий манбалар сирасига киради. Муҳаммад Қози қаламига мансуб мўъжаз бир рисола давлатни идора қилиш, подшоҳларнинг одоби ва шу каби масалаларга бағишланган. Рисоланинг алоҳида кўчирилган нусхаси бизга маълум эмас. XVI аср муаррихи ва давлат арбоби Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг таъкидлаши ва рисоланинг ўзида айтилишича, Муҳаммад Қози уни ўз шогирди Мирзо Ҳайдарнинг саволларига жавоб тариқасида битган. Шу ўринда Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг ўзи ҳақида ҳам маълумот бериб ўтмоқ жоиздир.
Мирзо Муҳаммад Ҳайдар 905 (1499) йили Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг отаси Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон ўша пайтда Тошкент хони бўлган Султон Маҳмудхон номидан Ўратепа вилояти ҳокими эди. Онаси Хуб Нигорхоним эса Мўғулистоннинг марҳум хони Юнусхоннинг қизи ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг онаси  Қутлуғ Нигорхонимнинг синглиси бўлиб, шу жиҳатдан Бобур ва Мирзо Ҳайдар қариндош эдилар. 1509 йили отаси Муҳаммад Ҳусайн Шайбонийхон томонидан Хуросонда қатл этилгач, бу пайтда Бухорода бўлган Мирзо Ҳайдар ўлим хатаридан қочиб, Бадахшон орқали Кобулга — Бобур ҳузурига келади ва бу ерда уч йил яшайди. Бобур унга ғамхўрлик кўрсатиб яхши тарбия беради. Устозлар тайинлаб, холаваччасини илм касб этишга ундайди. Бу ҳақда Муҳаммад Ҳайдар ўз асарида чексиз миннатдорлик билан эслайди. Сўнгроқ Мирзо Ҳайдар Бобурдан рухсат олиб Андижон ва Кошғарга — тоғаваччаси Султон Саидхон (1514—1533) олдига жўнайди. У то 1533 йилгача Султон Саидхон хизматида бўлганида ўзининг саркардалик истеъдодини ҳам намоён этади. Хон буйруғига кўра Бадахшон, Кофиристон, Тибет ўлкаларига қилинган ҳарбий юришларга бошчилик этади. 1533 йили Султон Саидхон вафот этгач, Мирзо Ҳайдар баъзи сабабларга кўра у мамлакатни тарк этиб, аввал Бадахшонга, сўнгра у ердан Лоҳурга — Бобурнинг ўғли Комрон Мирзо олдига боради. 1540 йили Ограга бориб Ҳумоюн хизматига киради. У 1541 йили бобурийлар номидан Кашмирни забт этади ва 1551 йилгача деярли мустақил ҳукмдор сифатида бу ўлкани идора қилади. Шу йили у номаълум кишилар томонидан уюштирилган суиқасд натижасида ҳалок бўлади.
Мирзо Ҳайдар ҳақидаги «Бобурнома»даги ушбу сатрлар унинг нақадар истеъдодли ва ҳар тарафлама етук шахс бўлганини кўрсатади: «Хат ва тасвир, ўқ ва пайкон ва зеҳгир ҳар нимага илиги часпондур. Таъби назми ҳам бордур. Менга арзадошти келиб эди, иншоси ҳам ёмон эмас».
Айтиш мумкинки, Мирзо Ҳайдар буюк қариндошининг унга берган юксак баҳосига муносиб равишда Кашмирда эканлигида форс тилида «Тарихи Рашидий» номли ажойиб асар яратди. Китоб 1996 йили «Фан» нашриётида рус тилида босилиб чикди. Унинг туркий тилда битилган «Жаҳоннома» номли шеърий достони ҳам бизгача етиб келгани маълум. «Тарихи Рашидий» асари икки жилд (дафтар)дан иборат. Биринчи жилдда Чиғатой улуси емирилгач, унинг шарқий вилоятларида ташкил топган давлат — Мўғулистоннинг қарийб икки юз йиллик (1347—1546) тарихи ёритилган. Иккинчи жилд эса муаллифнинг эсдаликларидан, яъни воқеаларга бой жўшқин ҳаёти давомидаги кўрган-кечирганларининг жонли ва таъсирли баёнидан иборат. Асарда «Бобурнома» таъсири яққол сезилиб туради. Академик В.В. Бартольд ҳам буни таъкидлаб ёзган эди: «Мирзо Ҳайдарнинг асари кўп ҳолларда унинг холаваччаси Бобурнинг ёдномаларини эслатади. Мирзо Ҳайдарнинг тарихий маълумотлари худди Бобурникидек ҳаққонийлиги ва холислиги билан кўзга ташланади, жуғрофий тавсифлар эса жойларни аниқ ва равшан ифодалайди».
Ўрта Осиё, Хуросон, Ҳиндистон ва Шарқий Туркистоннинг XV аср  охирлари — XVI  аср  биринчи ярмидаги тарихини ўрганишда Мирзо Ҳайдарнйнг эсдаликлари катта аҳамиятга» эгадир. Асарда ўша давр маданий-маънавий ҳаётига оид маълумотлар ҳам кўп бўлиб, машҳур сўфийлар, шоирлар, олимлар, санъаткорлар ҳаёти ва ижоди ҳақида ғоят муҳим маълумотлар келтирилган. Шуниси диққатга сазоворки, Мирзо Ҳайдар болалик пайтидан  бошлабоқ ўша даврнинг кўпгина машҳур кишилари билан мулоқот қилган ва уларнинг баъзиларига шогирд бўлган. Унинг устозларидан  бири  Мавлоно  Муҳаммад Қози  эди.   Мирзо Ҳайдарнинг ўзи  эътироф  этишича,  Муҳаммад Қози икки маротаба унинг ҳаёти сақлаб қолинишига сабабчи бўлган. Устоз ва шогирд илк бор учрашганларида шогирд ҳали гўдак эди. Бу ҳакда Муҳаммад Ҳайдар шундай ҳикоя қилади: «Каминанинг ҳаётидаги нодир воқеалардан бири шуки, гўдаклик айёмининг ўртасида қўққисдан кучли бавосил касаллиги билан оғриб қолдим. Табиблар мени даволашдан умид узган эдилар. Ота-онамда каминадан олдин тўртта қиз фарзандлари бўлиб, улар мозорлар ва замона улуғларига жуда кўп маротаба зиёратга бориб, саховатли ва бахш этувчи Оллохдан ўЗларига ўғил сўраганлар. Бисёр тилак ва орзумандликлардан  кейин камина дунёга келибман. Шу сабабли ота-онамнинг менга боғланишлари ҳаддан ошиқ эди. Касаллик кучайиб юқори даражага етгач, улар қаердаки кўмакдан умид бўлса,  бориб илтижо қилардилар. Ниҳоят, махдумимиз ва сайидимиз ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қозидан уйимизга ташриф буюришини  сўрадилар.  Ул  киши  ҳазрат  Эшон  Хожа Убайдуллоҳнинг улуғ асҳобларидан  эдилар.  Бугунги кунда халқнинг аксар  қисми ҳазрат  Эшон  қуддиса сирраҳунинг юксак тариқатларига иродат этмоқ бахтига мушарраф бўлишлари ҳазрат Мавлоно ва унинг издошлари хизматлари туфайлидир. Ҳазрат Мавлоно зоти шарифларидаги олий ҳимматлилик туфайли уйимизга қадам ранжида қилибдурлар. Каминани ул кишининг масиҳосифат назари олдига келтиришганида Мавлоно узоқ ўйга чўмибди. У уйдан ташқари чиққач, дебди: «Агар Мирзонинг фарзанди шу аҳволда эканлигини билганимда келмас эдим». У парҳездан бошқа ҳеч қандай дори-дармон буюрмасдан кетибди. Тонг пайтида ўз ходимларидан бирини ота-онам олдига ушбу хабар билан жўнатибди: «Бориб Мирзо ва хотинидан яхши хабар учун суюнчи олгинки, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло уларнинг фарзандига илоҳий дорихонадан саломатлик шарбати ва ҳаёт неъматини бахшида қилди». Бу башорат ота-онамга етиши билан улар шу тонгнинг ўзида у кишининг шариф даргоҳлари эшиги олдига бориб чексиз миннатдорлик билдиришди. Ўша куннинг ўзидаёқ каминада соғайиш аломатлари пайдо бўлди ва то шу кунларгача ҳеч қачон бавосил касаллиги қайталамади. Махфий қолмасинки, бу ишда иккита каромат зоҳир бўлди: бири дори-дармонсиз соғайиш бўлса, бошқаси эса бавосил касаллигининг қайталамаслиги бўлиб, бу очиқ-ойдин кароматдир. Чунки бавосил аслида бир умрлик касалликдир. Ўша пайтдан то ҳаётининг охиригача ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қози зоҳиран ва ботинан каминани ўз инояти сояси ва тарбияси паноҳида сақлади...»
Муҳаммад Қози иккинчи маротаба Шайбонийхон ҳукмронлиги даврида Мирзо Ҳайдарнинг жонига оро киради. Шайбонийхон Хуросонда Мирзо Ҳайдарнинг отаси Муҳаммад Ҳусайн Кўрагонни қатл эттиргач, унинг ўғлини ҳам йўқотиш учун Бухорога яширин буйруқ билан одам жўнатади. Бу найтда Бухорода Шайбонийхоннинг жияни Убайдуллахон ҳоким бўлиб, у Мирзо Ҳайдарнинг опаси Ҳабиба Султонга уйланган, яъни унинг поччаси эди. Лекин, ҳатто Убайдуллахон ҳам Шайбонийхоннинг буйруғига қарши бир иш қилишдан ожиз эди. Шайбонийхон юборган одам Муҳаммад Ҳусайндан қолган бойликлардан баъзи нарсалар ўғлида бордир, боладан буларнинг қаердалигини билиб ўзлаштириб олмоқ мумкин, деган мулоҳазалар билан хон буйруғини амалга оширишда ҳаяллайди. У пайтда Бухорода бўлган Муҳаммад Қози Муҳаммад Ҳайдарнинг ҳаёти қанчалик хатарда қолганини англайди ва унинг тарбиячиси Мавлоно Садр олдига келиб, уни қатъийлик билан болани олиб Бухородан қочиб кетишга ундайди. Қочиш режасини ҳам ўзи тузиб беради. Бу режага кўра Мирзо Ҳайдар ва унинг тарбиячиси бир ишончли одамнинг уйида яширинишади. Мирзо Ҳайдарнинг отасининг одамларидан бўлган бир неча киши эса ўша кечаси отларга миниб шаҳар ташқарисига кетишади. Шу тариқа, «улар отда қочиб кетишибди» деган таассурот пайдо бўлади-ю, таъқибчилар Мирзо Ҳайдар ва ҳамроҳларини шаҳар ташқарисидаги катта йўллардан излашади. Шаҳардан излаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Бухорода ўн беш кун яшириниб туришганидан сўнг, Мавлоно Муҳаммад Садр Мирзо Ҳайдарни олиб эшакда бошқа тарафга қараб жўнайди. Улар кўп машаққатлар тортиб Бадахшондаги Қалъайи Зафарга етиб боришади. Бу қалъа ва унинг атрофидаги кичкина, юпун вилоятда Мирзо Ҳайдарнинг холаваччаси ва Бобурга ҳам ота, ҳам она тарафидан қариндош бўлган Мирзохон ҳукмронлик қиларди. Бадахшоннинг бошқа обод вилоятлари кошғарликлар ва шайбонийлар томонидан эгалланганди. Мирзо Ҳайдарнинг Бадахшонга келганидан хабар топган Бобур бу вилоят нотинчлиги учун ташвишланиб, уни Кобулга ўз олдиға чақириб олади.
Тақдир Муҳаммад Қози ва Мирзо Ҳайдарни ке-йин ҳам кўп бора учраштиради. Муҳаммад Қози ва-фот этишидан сал илгари Мирзо Ҳайдарнинг саволларига жавоб тариқасида бир асар битади, аммо уни шогирдига топширишга улгурмасдан оламдан ўтади. Унинг ўғли Қутбиддин Аҳмад рисолани Мирзо Ҳайдарга жўнатади. Мирзо Ҳайдар Ҳиндистонга устозининг рисоласини ҳам ўзи билан олиб кетган. «Тарихи Рашидий» асарини ёзганида, ўз эътирофига кўра,  рисола матнини тўла ва айнан ўз  асарида келтирган.
Муҳаммад Қози ўз рисоласида давлатни идора этишда подшоҳлар амал қилиши лозим бўлган шартларни баён этишидан олдин, қайси бир гуноҳлар оғир гуноҳ деб ҳисобланиши ҳақида мулоҳаза юритади. Чунончи, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ноҳақ олиш, ёлюн гувоҳлик бериш, бошқа одамларни гуноҳ ишга ундаш кабиларни у оғир ва кечирилмас гуноҳлар деб айтади. Рисоланинг бу қисмини ёзишда Муҳаммад Қози, ўзи эътироф этганидек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган нақллар ва Шайх Абу Толиб Маккийнинг «Қут ул-қулуб» («Қалблар озиғи») номли китобидан фойдаланган.
Рисоланинг асосий қисмида мамлакатда тартиб ва барқарорлик бўлиши учун подшоҳ амал қилиши лозим бўлган муҳим шартлар, подшоҳ ва фуқароларнинг ўзаро муносабатлари, давлат сиёсатининг ўзига хос нозик ва мураккаб томонлари ҳақида мулоҳаза юритилади. Подшоҳларни одил сиёсат юргизишга ундаб айтилган ўгитлар ва ўтмиш ҳукмдорлари ҳаётидан мавзуга мос баъзи мисоллар келтирилади. «Агар кимнингки зиммасига бандаларнинг ишларини йўлга қўйиш вазифаси тушса ва унга давлатни бошқармоқ муяссар бўлса, — деб ёзади Муҳаммад Қози, — у шуни билсинки, подшоҳликнинг ўз шартлари бўлиб, бу шартларга риоя этилмаса, салтанатнинг диний ва дунёвий ишларида тартиб бўлмайди. Шунингдек, подшоҳ олдида мамлакат фуқаросининг муайян ҳуқуқлари бўлиб, подшоҳ буларни таъмин этмаса, у охират азобидан нажот топа олмайди». Шундан сўнг подшоҳлик шартлари — жами ўнта шарт насиҳатлар ва мисоллар билан баён қилинади.
Мазкур рисола, шубҳасиз, ўрта асрлардаги мутафаккир кишиларнинг давлатчилик, сиёсат, подшоҳ ва фуқаро муносабатлари масалаларига доир қарашлари ва адолатли ҳукмдор ҳақидаги тасаввурларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир. Муҳаммад Қозининг «подшоҳ давлат ва мамлакатига таҳдид қиладиган хатардан ғофил қолмаслиги керак» деган сўзлари ва бошқа баъзи ўгитлари бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотган эмас. Рисола кейииги асрларда ҳам шуҳрат қозониб, машҳур мутафаккир олимлар ва давлат арбоблари ундан фойдаланганлари ҳақида далил-исботлар мавжуд. Масалан, XIX асрда яшаб ижод этган атоқли донишманд ва адиб Аҳмад Дониш (1827—1897) нинг энг йирик китоби — «Наводир ул-вақоеъ»нинг «Салтанат фазилати ва султонларнинг муомаласи» боби Муҳаммад Қози асарига таяниб ёзилгани, гарчи Аҳмад Дониш бунга ишора этмаган бўлса-да, маълум бўлади. Аҳмад Дониш ҳам подшоҳлар амал қилиши лозим бўлган ўнта шартни баён этар экан, кўп ҳоллар-да Муҳаммад Қози рисоласидаги шартлар ва айрим мисолларни жузъий ўзгаришлар билан такрорлайди ҳамда ўзи ҳам бошқа мисоллар келтириб масалани кенгайтириброқ баён қилади. Албатта, ўзидан олдин ўтган адиблар ижодидан эркин фойдаланиш, уларнинг асарларидан зарур жойларни баъзан номини кўрсатиб,  баъзан  кўрсатмай,  қайта ишлаб  ёки  айнан ўз асарларида фойдаланиш ўтмиш адиблари учун оддий ва табиий бир ҳол ҳисобланган.
Муҳаммад Қозининг мазкур рисоласи киритилган боб «Тарихи Рашидий» асарининг Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган XVII асрга оид 1430 рақамли ноёб бир қўлёзма нусхасидан таржима қилинди. Рисола сарлавҳасиз бўлгани учун, мазмунидан келиб чиққан ҳолда «Ҳукмдорга ўгитлар» деб номланди. Шунингдек, Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихий Рашидий» асаридан Муҳаммад Қозининг ҳаётй ва фаолиятига оид бобни ҳам таржима қилиб, уни рисолани ўз ичига олган боб билан биргаликда, асардаги ўрнига кўра ундан олдинда жойлаштириб, китобхонга тақдим этишни лозим топдик.
Асомиддин ЎРИНБОЕВ,
тарих фанлари доктори.

 
МИРЗО МУҲАММАД ҲАЙДАР

ҲАЗРАТ МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИ ҲАЁТИ ҲАҚИДА СЎЗ

(«Тарихи Рашидий»дан)

Ҳазрат Мавлононинг исми Муҳаммад ибн Бурҳониддин эди. У кишининг отаси Мискин Самарқандий Қози Имомиддиннинг яқин кишилари жумласидан бўлгани сабабли у Мавлоно Муҳаммад Қози номи билан танилган эди. Илмлар таҳсил қилганидан кейин у кишида Худо йўлида дарвиш бўлмоқ нияти туғилди. Ушбу ният бирла у Хуросон тарафга жўнади. У Самарқанддан чиққанида қутблар қутби, Оллоҳнинг суюкли бандаси, арбоблар сардори, доноларнинг етуги Хожа Носириддин Убайдуллоҳ — Оллоҳ унинг сирини муқаддас қилсин — йўлдаги бир манзилда турар эди. Ҳазрат Мавлоно Эшонни (Эшон сўзи билан асарнинг барча жойида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор назарда тутилганини муаллиф ўзи таъкидлаб ўтган) зиёрат қилди. Эшон ундан «Қаерга кетаяпсиз?», — деб сўради. Мавлоно «Хуросонга», — деб жавоб берди. Эшон яна сўради: «Таҳсил олиш ниятида кетаяпсизми ёки бошқа ният биланми?» Мавлонога ҳамроҳ бўлган бир илм толиби деди: «У кишининг дарвишликка рағбати кўпрокдир». Эшон «Бир муддат кутиб турингиз», — деди ва боғнинг нариги тарафига кетди. Анчадан кейин у иккита хат келтирди. Битта хат тавсифнома бўлиб, унда Мавлоно Муҳаммад Қози Мавлоно Саъдиддин Кошғарийнинг (Саъдиддин Кошгарий (вафоти 860/1456 йил) — нақшбандия тариқатига мансуб йирик шайх. Хиротда яшаган ва ўша ерда дафн этилган) ўғли Хожа Калон ҳузурига тавсия этилган эди. Бошқа хатда бу шариф ва мўътабар нақшбандия тариқатида қабул қилинган дарвишлик ҳаёти қоидаларини ёзган эди ва уни ҳам Мавлонога берди. Мана унинг нусхаси: «Ибодатнинг моҳияти Оллоҳнинг улуғлигини ҳис этиш туфайли дилда итоат, эъзоз, шикастанафслик ва ниёз пайдо бўлишидадир. Бундайин бахтнинг зоҳир бўлмоғи муҳаббатга боғлиқдир. Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлмоқ учун мутоибат (Мутобиат — эргашиш; тобелик) тариқини билмоқ лозим. Аммо диний илмларни эгалламасдан бунга эришиб бўлмайди. Ушбу зарурат туфайли диний илмлар билимдонлари бўлган олимларга мулозимат (Мулозимат — бирон мўътабар шахс ҳузурида бўлиш ёки унга хизмат қилиш) қилмоқ керакдир. Аммо илмни дунёвий маишат ва мансабга эришиш учун воситага айлантирувчи олимлар мулоқотидан сақланиш зарур. Фақат тақводор олимлар топилмагандагина заруратан бу тоифа одамлардан мақсадни ҳосил этмоқ мумкин. Шунингдек, рақс ва самоъ қиладиган ва қўлига нима тушса қайтармай еяверадиган дарвишлар суҳбатидан сақланиш керак. Яна мусулмонлар жамоаси ва суннат аҳлининг ақида ва мазҳабига нуқсон етишига сабаб бўлувчи маориф ва тавҳидни эшитишдан тийилиш лозим. Илм таҳсил қилмоқ ҳақиқат маърифатининг нурлари зоҳир бўлмоқлиғи учундир ва бу Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлмоқликка боғликдир. Вассалом».
Ул киши (Муҳаммад Қози)нинг табаррук асарларидан бири бўлмиш «Силсилат ул-орифин»да шундай деб ёзилган: «Шуниси ажабланарлики, ушбу (насиҳатлар)га қарамай, менда Хуросонга сафар қилишга бўлган рағбат камаймади. Эшон ҳазратларидан рухсат олиб Хуросон тарафга жўнадик. Аммо йўлда бир воқеа юз берди ва сафарни давом эттириш мутлақо имконсиз бўлиб қолди. Орқага қайтиш Эшоннинг мулозиматига мушарраф бўлдик».
Муҳаммад Қози узоқ мудлат ҳазрат Эшоннинг хос ошхонасига мутасадди бўлди. Иродатининг ғайратидан шундай хизмат қилардики, ошпазлик анжомлари ва масаллиқларини кўтариб Эшоннинг ҳидоятга бошловчи уэангиси ёнида пиёда борарди. Бора-бора Эшонга бутунлай яқин бўлиб олди. Чунончи, Эшон ҳузуридаги олий мажлисларнинг кўпчилигида улуғ олимлар кўзи ўнгида ҳазрат Убайдуллоҳ Мавлонога мурожаат қиларди. Барча ишларда унга тўла ишонарди. Эшоннинг унга бўлган ошкора лутфи ва турли тарздаги меҳри-бончиликлари шу даражага етдики, улуғ олимлар, яқин суҳбатдошлар ва ҳазрат Эшоннинг катта ўғилларининг ҳасадига сабаб бўлди. Бу ҳол Мавлоно Муҳаммадга оғир ботди ва у ҳазрат Эшоннинг бошқа бир муриди Мавлоно Муҳаммад Амин билан Хуросонга кетмоқчи бўлди. Улар сўфийлик ҳаёти қоидалари биз-га ҳазрат Эшондан бир қадар маълум бўлди, деган қарорга келишди. Сўфийлар орасида шундай гап юради: «Хуросон ҳавоси пирдан олинадиган тарбиянинг ярмини беради. Қолган ярмини Мавлоно Абдураҳмон Жомий беради. Шундай қилиб, Хуросонда сўфийлик мақомига тўла эришмоқ мумкин». «Силсилат ул-орифин»даги ҳазрат Эшоннинг ғайриоддий ишлари тасвирланган қисмида шундай ёзилган: «Хуросонга бориш нияти ҳали фақат кўнглимда пайдо бўлган кунларнинг бирида ҳазрат Эшоннинг ҳузурига кирдим.
Ҳазратнинг саодатли назари каминага тушди. Сўнгра такрор назар ташлаб деди: «Ўткир назаримиздан мақсад нелигини билурмисан?» Мен «Буни Оллоҳ, набий ва валийлар билур», — дедим. Эшон деди: «Мен сизларнинг аҳволингизга назар солдим-у, лекин сизларни сабот кўчасида кўрмаяпман». Шундан сўнг яна деди: «Тушимда кўрдимки — ўз кашфиётларини тушга йўйиш ҳазрат Эшонга одат эди — Мавлоно Муҳаммад шундай бир жойда уй қуришни хоҳлайдики, у жой бизники эмас ва биздан ташқарида ҳам эмас. Бироқ бу уй мустаҳкам бўлмайди». Шунга қарамай Хуросон сафари амалга ошди. Мавлоно Муҳаммад Хуросонга ижозатсиз жўнаб кетди. У Хуросонда олти ой бўлди ва доимо Мавлоно Абдураҳмон Жомий билан суҳбат қурур эди. Аммо унда ҳазрат Эшонга хизмат қилиш истаги шу қадар кучли эдики, яна қайтиб Эшоннинг мулозиматига келди.
«Силсилат ул-орифин»да шундай ёзилган: «Тошкандда ҳазрат Эшоннинг мулозиматига эришдим. Қолган умримни ҳазратнинг сайисларига кўмаклашиб, отхонадаги отларни парваришлаб ўтказмоққа қарор қилган эдим. Шу қарорга келиб, бориб бир бурчакда ўтирган эдим, бир киши келиб мени чақирди ва «Эшон ҳазратлари сизни чақираяпти», — деди. Қушимдан кетиб қолишимга бир бахя қолди. Қаттиқ хижолат чекиб бордим. Онҳазрат мен бнлан қуюқ сўрашиб, шундай кутиб олдики, гўё каминадан ҳеч бир нолойиқ иш содир бўлмаган, аксинча, мақтовга сазовор бир юмушни қойиллатиб бажаргандек эдим. Ўзининг яхши хислатли зотига муносиб тарзда мени олдингидан ҳам кўпроқ лутфу иноятларига мушарраф этди. Шунга қарамай пешонамни хижолат тери қоплаган эди. Бундан сўнг мен ҳамиша чеккароқда юрардим. Ҳайиқмасдан Эшонга юзма-юз дуч келолмасдим. Эшоннинг ҳақиқатни баён қилувчи тили маърифат ва ҳақиқатдан сўз очган пайтда, ҳазратнинг нурли хотири менинг ул мўътабар нутқни эшитиш бахтига мушарраф бўлмоғимни истабди ва ҳазрат «Мавлоно Муҳаммад қаерда?», — деб сўрабди. Мажлис иштирокчилари, балки дўстлар арз этибдилар: «У ҳамиша ташқарида юради. Уни мажлисга кирмоққа ундасак, шундай деди: «Мен томондан содир бўлган шунча ишлардан сўнг Эшоннинг яқинида юриб, узоқдан бўлса-да, ул кишининг чеҳрасини кўрмоқ саодати менга етарли эмасми!» Шу сўзларни айтгач, у надомат ва қайғу булутидан ёмғир томчилари, яъни кўз ёшларини шашқатор қилади». Ҳазрат Эшон буюрйбди: «Боринг ва унга айтингки, биз илгариги тарзда унинг ҳамиша ҳузуримизда бўлмоғини хоҳлаймиз. Ундан бирон иш содир бўлган бўлса, биз, уни кечирдик, ё агар гуноҳкор биз бўлсак, у ҳам бизни кечирсин ва ҳузуримизга келсин». Эшоннинг лутфлари даъвати бу даражага етгач, ул малакошйён остонанинг хизматига олдингидан ҳам кучлироқ ғайрат билан киришдим ва ул саховат денгиздан шунчалик лутфу иноятлар кўрдимки, буни мен ҳаргиз тасаввур ҳам қилмаган эдим. Бир куни Эшон деди: «Футувват аҳлининг (Футувват сирш — жавонмард олийҳиммат кишилар) одати» шуки, айбдор одамларни узр сўрашга мажбур этмайдилар». Дарҳақиқат, Эшон камина билан худди шундай муомала қилдилар. Оллоҳ унга яхшилик билан қайтарсин.»
Аммо ҳазрат Эшон иршод оёғини ҳаёт пиллапоясига маҳкам қўяр, ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қози иродат бошини ўша пиллапояга қўйиб Эшонга яқинлик мартабасининг чўққисида эди. Ул замон султонларига шу нарса одат бўлган эдики, улардан ҳар бири Эшоннинг бир муриди билан алоқа боғлашга интилар ва у орқали ўз орзу-илтимосларини етказиб, ҳазрат Эшоннинг диққат-эътиборини энг юқори марҳаларини марҳалага кўтарардилар. Чунончи, Султон Абусаид Мирзо Мавлоно Қосим билан, Султон Аҳмад Мирзо эса Мавлоно Хожа Али билан алоқа боғлашга интилар ва шу тарзда барча султонлар бу одатга амал қилишарди. Султон Маҳмудхон ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қози билан алоқа ўрнатган эди. Камина ҳазрат Мавлононинг фасоҳатли нутқини эшитганимда, ул киши шундай деганди: Мен Султон Маҳмудхонни ҳазрат Эшон олдида мақтадим ва сўз орасида уни Эшонга тавсия этдим. Ҳазрат Эшон деди: «Ҳа, Султон Маҳмудхон қобил йигитдир. Аммо бир нуқсони унинг тараққий этмоғига халал беради. Шогирд ва мураббий муносабати шундай бўлмоғи лозимки, мураббий нимани буюрса, шогирд шуни қилиши шартдир ва у ўз ақли ва истаги талабига амал этмаслиги керак. Худди лочин каби ниманинг изидан учиришмасин, қуввати етиш-етмаслигидан қатъи назар, бориб ўшанга ёпишиши керак. Бу иш ўзи бўладими ёки йўқми — бу ҳақда мулоҳаза этмаслиги даркор». Шу сабабга кўра Султон Маҳмудхон одамлар ундан кутишган даражада тараққий этмади ва бу қисқача тарихнинг (Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ўзининг «Тарихи Рашидий» асарига ишора қилмоқда) бошланишида зикр қилинган эди. Бу муқаддимадан мақсад шу муносабат билан ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қозининг ҳазрат Эшон қуддиса сирраҳунинг вафотидан сўнг Тошкандга борганини кўрсатишдир. Ҳазрати Мавлононинг муборак ташрифига аҳоли садоқат ва ихлос изҳор этиб, ҳурмат ва эҳтиром кўргузишди. Тошканд вайрон қилинганида (XVI аср бошларида Тошкент шайбонийлар, Мўғулистон хонлари ўртасидаги курашларда бир неча бор қўлдан қўлга ўтган ва шаҳарда харобаликлар юз берган) ул киши Бухорога кўчиб кетди. Ўша замонда Бухорода Шоҳибекхоннинг (Шоҳибекхон — Муҳаммад Шайбонийхон (1451—1510) назарда тутилмоқда) укаси ва Убайдуллахоннинг (Убайдуллахон — 1529—1539 йиллари ҳукмронлик қилган) отаси бўлмиш Маҳмуд Султон Шоҳибекхон номидан ҳукмронлик этарди. У ҳазрат Мавлононинг мулозимати бахтига мушарраф бўлиб, унинг шариф суҳбатига иштиёқ кўргузди ва ихлос изҳор этиб бир қиш давомида Мавлонодан сабоқ олди. Ҳазрат Мавлононинг ишончли одамларидан эшитишимча, у шундай деган экан: «Маталда «Одамлар ўз подшоҳларининг динига сиғинадилар», дейилганидек, Маҳмуд Султон менга ихлос қўйгач, дарвишлар орасида машғулотларга чунонам иштиёқ пайдо бўлдики, бунақа лаззатга бошқа ҳеч муяссар бўлмадим».
Ана шу баён қилинган сабабларга кўра ҳазрат Мавлоно ўша пайтдан бери Бухорода эдилар. Отам Хуросонга кетиб, у ерда шаҳид бўлгандан сўнг камина бошидан кечирган зикр этилган ва қилинажак воқеалар пайтида ҳазрат Мавлононинг каминага ҳиммат билан ёрдам бергани ҳам Бухорода бўлган эди.( Бу ерда Муҳаммад Қозининг Муҳаммад Қайдарнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Бухородан қочиб кетишга кўмаклашганига ишора этилмоқда) То 916 (1510—1511) йилгача ҳазрат Мавлоно Бухорода эди. Оллоҳнинг лаънатига учрагур қизилбошлар истилоси юз бергач,( Шайбонийларга қарши курашда Бобур билан иттифоқ тузган Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг лашкарбошиси Нажми Сонийнинг 1512 йили Мовароуннаҳрга бостириб киргани назарда тутилмоқда) у Бухородан Андижон ва Ахсига жўнаб кетди. Мавлоно ўша ҳудудда яшамоқни ният этганди. Унинг қутлуғ ташрифи шарофати билан ўша ҳудуддаги жуда кўп халқ Оллоҳ раҳмат қилгур нақшбандия хожалари тариқатининг тўғри йўлига киришга мушарраф бўлиб олий мартабаларга етишдилар. Бу ишнинг баракати ҳануз ул вилоятда боқийдир. Сўфийликда камолот даражасига етишган одамлар халойиқни чин йўлга ҳидоят этмоққа машғулдирлар. Бу саодатли жамоатнинг шарҳи ҳазрат Махдумий Цуран ҳаёти баён қилинганида келтирилажакдир.( Асарнинг ҳар жойида Махдумий Нуран деганда Хожа Хованд Маҳмуд номи билан машҳур бўлган Хожа Шаҳобуддин Маҳмуд назарда тутилишини муаллиф ўзи таъкидлаб ўтган. Шунингдек, баъзи ўринларда бу одам Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг набираси эканлиги эслатилади) Иншо Оллоҳу таоло. Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қози аҳволининг қолгани ўз жойида ёзилажакдир, иншооллоҳ.

 
ОЛЛОҲ РАҲМАТ ҚИЛГУР МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ
ВАФОТИ ЗИКРИ

Махдумимиз ва сайидимиз, иршод ахдининг муро-жаатгоҳи ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қозининг баркамол ҳаёти ҳақида ушбу китобда олдин ҳам бир неча бор ёзган эдик. Ҳазрат Мавлоно Ахси ва унинг атрофларида қаерки саодатли кўнглига хуш ёқса, ўша ерда бўлар ва халойиқ унинг суҳбатидан баҳраманд эди. Ўша ҳудудда ул кишининг эътиқодманд ва мухлислари жуда кўпайиб кетгач, уларнинг ҳар бири ажойиб ва ғаройиб воқеаларнинг шоҳиди бўлди.

Н а з м
Филмасал, гар ҳазор дили мурда,
Аз ҳавоҳойи нафс афсурда,
 Бигзаранд аз ҳарими маҳфилешон,
Зинда гардад зи мурдаги дилешон.

(Чунончи, агар мингта қалби ўлган ва
Ҳавойи нафсдан эзилган киши,
Унинг мажлиси яқшшдан ўтсалар,
Уларнинг ўлик қалблари тирилади.)

Хон (Асарнинг барча жойида хон дейилганида Мўғулистон хони Султон Саидхон (1514—1533) назарда тутилишини Муҳаммад Ҳайдар ўзи таъкидлаб ўтган) Ахсини тарк этганида ҳазрат Мавлоно у ерда қолди. Севинчикхон (Севинчикхон (Суюнчхожахон) Шайбоний султонлардан бўлиб, 1526 йили Тошкентда вафот этган. Она томонидан Улуғбекнинг набираси бўлган) бу шаҳарга келгач, уни зиёрат қилди ва унинг илтимосига кўра ҳазрат Мавлоно Тош-кандга ташриф буюради. Андак замондан сўнг ҳазратнинг пок руҳи фоний дунёдан боқий оламга равона бўлди.

Н а з м
Қадам зин тангнойи оз бардошт,
Раҳи фусҳатсаройи роз бардошт.
 Матойи унс аз ин дайри фано бурд,
Ба меҳроби бакр дасти дуо бурд.

(У бу орзу-ҳаваслар танглигидан қадамини узди,
Сирлар саройининг кенг йўлига қадам қўйди.
Фоний дунёга боғлиқлик матосини парчалаб,
 Дуо қўлини бақо меҳроби томон узатди.)

Ҳазрат руҳи муқаддас ҳазирада ўзи олдин васфларини айтиб юргани бир гуруҳ ёронларига бориб қўшилди. Уларнинг барчасига Оллоҳ мағфират қилиб ўз раҳматига сазовор этсин.

Н а з м
Зада асҳобу Хожа ҳалҳа баҳам,
 Чун нигинанда ҳалҳа дар хотам.
Роздоронки, рози дин донанд,
«Исми Аъзам» аз ин нигин хонанд.

(Хожа ва унинг ёронлари ҳалқа тузишди,
Гўё муҳрли узук каби эдилар.
Дин сиридан воқиф яширин сирлар соҳиблари
Бу узукда «Исми Аъзам»ни ўқийдилар.)

Онҳазратнинг мухлис ва эътиқодмандлари унинг вафоти тарихини «Нақди Хожа Убайдуллоҳ» (922/1516 йил) деб топишди. Ул кишининг умри шарифи олтмишдан ўтиб, етмишга яқинлашган эди. Зоҳирий ва ботиний илмларни мукаммал эгаллаганди. Ул кишининг табаррук шахси жами фазилатларни ўзида мужассамлаштирган эди. Ҳазратнинг мўътабар ва фойдали асарлари бор. Ул кишининг шариф рисолалари тариқат аҳли учун дастуриламалдир. «Силсилат ул-орифин» шулар жумласидан бўлган жуда яхши бир китобдир. Бу китобга уч қисмда тартиб берганлар. Биринчи қисм шайхлик одоби ва муридлик шартлари ҳақидадир. Иккинчи қисм ҳазрат Эшон Хожа Убайдуллоҳнинг ҳаёти шарҳи ва мажлисларда ҳазрат Эшоннинг валийлик баён этувчи тилидан айтилган маърифат ҳақиқатлари ҳамда ул кишининг баъзи бир ҳориқулодда ишлари ва кароматларини ўз ичига олади. Учинчи қисм баъзи авлиё одамлар томони-дан содир бўлган ғаройиб ишлар ва кароматлардан иборатдир. Бу шундай бир китобки, унинг васфига тил ожиздир. Барча сўфийларга манзур бўлган бу китоб эллик бобдан иборат.
Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қозининг бу китобдан бошқа рисолалари ҳам бордир. Масалан, камина мажлислар пайтида густохлик қилиб ул кишидан баъзи масалаларни тушунтириб беришларини сўраганимда, бу масалаларни фойдали  нақллар  билан баён этиб қоғоз бетига туширган эдилар. Аммо бу рисолани топшириб каминани сарафроз қилмоққа фурсатлари бўлмаган эди. Ҳазратнинг вафотидан сўнг ул кишининг муносиб фарзанди ва содиқ издоши махдумзода Мавлоно Қутбиддин Аҳмад уни каминага жўнатди. Бу рисола матни тўла келтирилади. Мен ожиз ва имкониятлари чекланган банда аниқ биламанки, ғафлат қалами ва жаҳолат сиёҳи билан ёзилаётган бу мусаввада (Мусаввада — бирон асарнинг қоралама нусхаси. Мирзо Ҳайдар бу ерда ўз асари «Тарихи Рашидийни назарда тутмоқда)  соҳибназарлар наздида бирон эътиборга эга эмас. У шояд ана шу табаррук рисола шарофати билан соҳибдиллар назарига сазовор бўлар ва улар камина қаламининг нуқсонлари ва таҳрирининг заифлигини афв этаги билан ёпарлар. Кдеқача тарих китобимизда йўл қўйилган хато ҳамда қусурларни, айбларни кечирувчи ва ўчирувчи Худойи таоло бу рисоланинг ростлиги ва ҳақиқийлиги юзасидан кечирар.

Н а з м
Оллоҳ, Оллоҳ, хато кардаим,
Ту бар мо магир онче мо кардаим.   
Илоҳи, муқассир бакор омадам,
Тиҳидаст, умидвор омадам.

(Оллоҳ, Оллоҳ! Биз хато қилдик,
Аммо, қилган ишларимизни биздан деб ҳисоблама.
Илоҳо! Мен қусурли холда ишга киришдим.
 Тангдастмиз, аммо раҳматингдан умидворман.)

Ҳазрат Мавлононинг вафоти хабари ва ушбу рисола хон ҳаво алмаштириш учун Отбошига кетиб, каминани мамлакат ишларини бошқариш учун қолдирганида етиб келди. Бу хабар мухлислар қалбини ларзага солди ва қуйидаги сатрлар тараннум қилинди:

Дардо ки, бо кибори жаҳон аз жаҳон бирафт,
Пок ончунонки омади буд, ончунон бирафт.

(Э воҳ, жаҳон улуғлари изидан жаҳондан кетди,
Қандай пок келган бўлса, шундай кетди.)

Бу ғамдан кўз ёшлар шашқатор бўлиб, қалблар оташда ёнди. Ўша айёмда ушбу байт кўп такрор қилинарди:

Чаиши маро зи гиряи бисёр нам намонд,
Гар хуни дил мадад нашуди чун гиристи?

(Кўп йиғлашдан кўзларимда нам қолмади,
Юрак қони мададга келмаганида улар қандай йиғлашарди?)

Ўша кунларда фароғат тонги айрилиқ шамига мубаддал бўлди ва рисолани қўлимга олганимда ҳол тили ушбу сатрларни тараннум қилди:

Ҳарфе ки ёбам аз қалами мушкбори у,
Созам ҳамойили дилу жон ёдгори у.

(Унинг ифор ҳидини таратувчи қалами битган бир ҳарфни топсам,
Ундан қолган бу ёдгорликни дилу жонга тумор этгумдир.)



 
МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИ

ҲУКМДОРГА ЎТИТЛАР
(Р и с о л а)

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ!

Ҳамду сано Оллоҳгаким, ўзи яратган мавжудотлардан энг улуғи бўлмиш инсонлар тоифасига ҳақиқат ва ирфон насимининг бўйлари билан қувват бериб, уларни ғафлат ва умидсизлик зулматидан қутқарди. Уларнинг қалбини ҳақиқат ва ҳидоят нурлари билан ёритди. Унга саловотлар бўлсинким, барча одамлар ва бошқа тоифалар учун ўз расулини жўнатиб, унинг ишига оятлар шоҳидлиги ва Қуръон далиллари билан мадад берди. Унга, унинг авлодига ва саҳобаларига, барча илм ва иймон аҳлига Оллоҳнинг раҳмати бўлсин.
Энди узлат ва беномлик бурчагининг фақиру ҳақири Муҳаммад Қози номи билан маълум бўлган Муҳаммад ибн Бурҳониддин шундай дейди:
Бир куни ул жамшидсифатли шаҳзода, яъни фаридун фазилатли камёб хоқон, мамлакатларни фатҳ этувчи диндор ҳукмдор, улуғворлик ва шон-шавкат осмонининг қуёши, иқбол дарахтининг меваси, шуҳрат оламининг жони, обидлар осудалиги ва давлат ободлигининг воситаси, шижоат майдонининг чавандози, саодат кўкининг тўлин ойи, заифлар мададкори ва олимлар ҳомийси, дўстларни авайлаб, душманларни яксон этувчи салтанат қадршуноси, Оллоҳнинг сояси ва одил ҳоким Муҳаммад Ҳайдар ибн Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон, Оллоҳ унинг мулки ва салтанатини абадий қилсин, ҳамда унинг ўз содиқ дўстларига бўлган яхшилик ва эҳсонларини зиёда этсин —

Н а з м
Ба ҳаҳқи набий ва ба сирри валий,
Ки дасташ ҳавий боду қадраш жалий.
Зи таъсири ажроми улвий завол
Мабинад ин хонадони жалол.
Мулуки жаҳон бод фармонбараш,
Замона мутеъу фалак чокараш.
Ба фазли Худо дар риёзи жинон
Аз у бод руҳи падар шодмон.
Жаҳон то бувад чун ало некном
Бимонад андар жаҳон, вассалом.

(Набий ҳаққию валий сири учун
Қўли қувватлию қадри олий бўлсин!
Осмоний жисмларнинг таъсиридан
Бу шавкатли хонадон завол топмасин.
Жаҳон маликлари фармонига бўйсуниб,
Замона унга итоаткор ва фалак чокар бўлсин.
Оллоҳ фазли билан жаннат боғида
Отасининг руҳи ундан шод бўлсин.
Жаҳон тургунча ушбу яхши ном билан
Жаҳон ичра қолсин омон, вассалом.)

Ушбу олийнасаб шаҳзода мажлисида салтанатни бошқармоқ қоидалари ҳақида бир рисола битмоққа жазм этдим. Бинобарин, ушбу ожиз қалам билан оғир гуноҳлар ва олиму ҳакимларнинг салтанатни идора қилмоқ хусусидаги сўзларидан бир неча сатр битилажакдир. Онҳазратнинг чексиз лутфи ва ниҳоясиз иноятидан умидворманким, ўзининг подшоҳона меҳрибонлиги туфайли бу дарвишона туҳфага айбларни бекитувчи розилик кўзи билан қарагай. Содиқ дўстлар қадамининг ожизлиги ва дуогўйлар қаламининг хатолари устига «Ситамдийдалар сўзини эшитиб нуқсонларини кечирмоқ комил инсонлар хислатларидандир» дейилганидек, афв рақамини чекажакдир. Ҳақ субҳонаҳу ул давлат арбобини замона офати ва кулфатлари, ҳодисалари гирдобидан ўз паноҳида асрасин. Замоннинг чопқир оти унга ром бўлсин ва ҳамиша ожиз раъият, хизматчи фуқаро ва дарвишлар боши устида унинг давлати қуёши ярқираб нур сочиб турсин ва саодати сояси пойдор бўлсин.
Дарҳақиқат, ҳақиқий подшоҳ фоний дунёнинг давлатига боғланмаган кишидир. Чунки у абадий эмас, балки ўткинчидир. Давлат бу адолат ва эҳсоннинг ривожидир. Иймон давлати ҳақида тўхтовсиз сўзламоқ мумкин. Яна оғир гуноҳлар, салтанатни идора этмоқ шартлари ва бошқа масалаларга қайтамиз. Ғайб сирларини кашф этувчи улуғлар ва етук мушоҳадачи эрлар — барчаси башарни яратмоқдан мақсад йкки олам Худосига муҳаббат деб биладйлар. Агар банда бу дунёдан кетаёттанида ўзи билан бирга Оллоҳга бўлган муҳаббатини олиб боролса, бундан ҳам каттароқ давлат йўкдир. Қалб замини гуноҳлар тикани ва хас-хашагидан покланса-ю, муҳаббат уруғи Оллоҳ руҳларини муқаддас этур пайғамбарлар суннати қонунига кўра зоҳидлик ва мужоҳидлик суви билан суғорилса, у тараққий топиб ишқ мартабасига етади. Нимаики маъшуқага тааллуқли бўлмаса, бутунлай куйиб кетади.

Н а з м
Ишҳ он шуъла аст, ки яун барфурухт,
Ҳарчи жуз маъшук боқи жумла сўхт.
Шод бош, эй ишқи хуш савдойи мо,
Эй, табиби жумла аланхрйи мо,
Эй, давойи нахват ва номуси мо,
Эй, ту Афлотун ва Жолинуси мо.

(Ишқ шундай шуьлаки, у ёнгач
Маъшуқадан бошқа нима бўлса барчаси куйиб кетади.
Эй бизнинг оташнн ишқимиз, шод -бўлгин,
Сен бизнинг барча дардларимизга табибсан.
Сен бизнинг қадр ва номусимиз давоси,
Сен бизнинг Афлотун ва Жолинусимизсан.)

Энди, азизим, шуни билиб қўйки, оғир гуноҳлар ҳақида бир-биридан тафовут қиладиган фикрлар мавжуд. Баъзи-бировлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб нақл қиладиларки, ул ҳазрат айтишича, оғир гуноҳлар еттитадир. Биринчиси, Оллоҳга шак келтирмоқ бўлиб, бундан Худо сақласин. Иккинчиси — ноҳақ одам ўлдирмоқ, учинчиси — тақводор одамни ҳақорат қилмоқ, тўртинчиси — етимнинг молини ноҳақ олмоқ, бешинчиси — судхўрлик қилмоқ, олтинчиси — кофирлар билан жанг пайтида бир мусулмоннинг иккита кофирдан қочиши, еттинчиси ота-онага итоатсизлик қилиб, уларнинг ҳақини танимасликдир. Аммо улуғ кишилардан баъзилари шариатда аниқ айтилмаган, лекин қонунда қаттиқ жазо бериладиган қилмишларни ҳам оғир гуноҳлардан деб ҳисоблашади.
Улуғ кишилар ва етук мушоҳада соҳибларидан бири, сўзлари ушбу олий тоифанинг шаҳодатномаси бўлган Шайх Абу Толиб Маккий ўзининг «Қут ул-қулуб» номли китобида текширувлардан ўтган ва кўпчилик ориф одамларга мақбул бўлган фикрни айтади. Бунга кўра оғир гуноҳлар ўн еттита бўлиб, улардан ҳар бир одам сақланиши лозим. Қолган ҳаммаси кичик гуноҳлар бўлиб, улар кечирилади. Ул ўн етти гуноҳдан тўрттаси қалбга оиддир. Биринчиси мажусийлик бўлиб, бундан Худо сақласин. Иккинчиси — ҳатто гуноҳи кўп бўлса ҳам Парвардигорнинг лутфидан ноумид бўлиш. Учинчиси — ҳарчанд тоат-ибодатни кўп қилса-да, ўзини Худонинг ғазабидан бехатарликда деб ҳисоблаш. Тўртинчиси — бошқаларни гуноҳ ишларга ундаш.
Яна тўртта гуноҳ тилга тааллуқлидир. Биринчиси — ёлғон гувоҳлик бериш, иккинчиси — ёлғон қасам ичиш, яъни ҳақни ботил суратида кўрсатиш, учинчиси — тақводор одамни таҳқир қилмоқ, тўртинчиси — сеҳргарлик билан шуғулланмоқдир.      .
Навбатдаги икки гуноҳ қўлга тааллуқлидир. Биринчиси — зино, иқкинчиси — бесоқолбозликдир. Яъни бир гуноҳ оёққа оид бўлиб, бу жанг пайтида бир мусулмоннинг иккита кофирдан қочишидир. Битта гуноҳ бутун баданга тааллуқли бўлиб, бу ота-она ҳақини танимасдан улар олдида гуноҳкор бўлишдир. Агар кимки ушбу ўн еттита гуноҳдан сақланса, унинг булардан бошқа гуноҳлари кечирилади. Бу насиҳат ҳақиқатга яқиндир. Баъзи улуғ донишмандлар айтишларича, жума намозининг адо этилиши то келгуси жумагача кичик гуноҳлар учун кафорат (Кафорат — гуноҳини ювиш учун бериладиган нарса ёки
қилинадиган иш) бўлади.
“Қалб юзаси уни қоплаб хиралаштирган ёмонликлар хас-хашагидан тозаланса-ю, дил чамани ағёр (Ағёр — ўзгалар, бегоналар, рақиблар) вужудидан холи этилса, унда ҳақиқий муҳаббат султони дил тахтига ўтирса арзийди ва «подшоҳлар қишлоққа кирса, уни хароб қиладилар” (Қуръони карим, 27-сура, 34-оят). Собиқ тартиботлар емирилиб, ибодат ва бандалик расми мустаҳкам қарор топади. Шу тарзда ағёрнинг халақитларисиз маҳбуб васли муяссар бўлади.
Агар кимнингки зиммасига бандаларнинг ишларини йўлга қўйиш вазифаси тушса ва унга давлатни бошқармоқ муяссар бўлса, пгуни билсинким, подшоҳликнинг ўз шартлари бўлиб, бу шартларга риоя этилмаса, салтанатнинг диний  ва дунёвий  ишларида тартиб бўлмайди. Шунингдек, подшоҳ олдида мамлакат фуқаросининг муайян ҳуқуқлари бўлиб, подшоҳ буларни таъмин этмаса, у охират азобидан нажот топа олмайди. Булар қисқа тарзда баён қилинади ва ҳар бирининг моҳиятини очиб берадиган мисоллар келтирилади.
Давлатни бошқармоқ шартлари ўнтадир. Биринчи шарт шуки, бирон воқеа юз берганда ва ушбу воқеа юзасидан ҳукм чиқариш лозим бўлганда, подшоҳ ёки ҳоким ўзини фуқаролардан бири деб тасаввур қилиб, бошқа бировни ўзига ҳоким деб билсин. Шу ҳолатда ўша бошқа бировдан ўзига раво кўрмаган ва қилиниши лозим деб билмаган ҳар қандай ҳукмни ўзидан бошқаларга ҳам раво кўрмасин. Иккинчи шарти шуки, подшоҳ мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришни ибодатларнинг сараси деб ҳисоблаши зарур. Зеро, Расул алайҳиссалом айтганларки: «Мўминнинг дилини шод этмоқ одамлар ва париларнинг барча тоат-ибодатларига баробардир». Демак, мусулмонларнинг ҳожатини чиқаришга доимо ҳозир бўлиб юрадиган подшоҳгина мусулмонлар подшоҳидир. Агар у биронта мусулмоннинг ўз эшиги олдида муҳтож ва мунтазир бўлиб турганини билса, токим унинг ҳожатини адо қилмагунича ҳеч қандай ибодатга машғул бўлмаслиги керак. Шунингдек, подшоҳ ўзининг роҳатини ўйлаб, мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришни кечиктир-маслиги керак.
Учинчи шарт шуки, подшоҳ емоқ-ичмоқ ва кийинмоқда хулафойи рошидин (Хулафойи рошидин — «Тўғри йўлдан борган халифалар», яъни Муҳаммад пайғамбар вафотидан кейин кетма-кет халифалик қилган унинг тўртта издоши — Абубакр, Умар, Усмон ва Али назарда
тутилмокда) одатларига амал қилиб, тансиқ таомлар ва башанг кийимларга ружу қўймаслиги керак. Амиралмўминин Али разияллоҳу анҳу халифалик тахтига ўтирган куни бозорга бориб уч дирамга бир кўйлак сотиб олибди. Кўйлакнинг енги ва этагидан қўлининг кафти ва оёғи тўпиғидан ошган қисмини қирқиб ташлабди. Одамлар «Нега бундай қилдинг?», — деб сўрашганида, «Бу таҳоратга қулай, камтарликка мос ва эргашишга (ўрнак олишга) муносибдир», — деб жавоб берибди.
Тўртинчи шарти шуки, подшоҳ суҳбат асносида мулойим сўзлаб, асоссиз равишда қўполлик қилмаслиги лозим. Бирон масала юзасидан далил-исботлар кўп бўлса, уларни эшитишдан эринмаслиги, заиф ва мискинлар суҳбатидан ор қилмаслиги керак. Нақл қилишларича, халифа Маъмун замонасида бир киши гуноҳ иш содир этиб, сўнг қочиб кетибди. Унинг акасини ушлаб Маъмун олдига олиб келишибди. Халифа унга,
агар укасини топиб келтирмаса, қатл этилишини айтибди. Шунда у одам дебди: «Эй амиралмўминин! Агар сенинг ноибинг бирон одамни қатл этмоқчи бўлса-ю, «У одамни қўйиб юбор», деб фармон юборсанг, ноиб уни қўйиб юборадими ёки йўқми?» Маъмун дебди: «Албатта қўйиб юборади». Ҳалиги одам дебди: «У ҳолда мен сени жаҳон аҳлига ҳоким қилиб қўйган ҳазрат Худованддан фармон келтираман. Чунки «Бировнинг юкини биров кўтармайди» (Қуръони ка-рим, 35-сура, 18-оят). Шунда Маъмун «Уни қўйиб юборинглар. Чунки у ўз сўзига исбот келтирди», — дебди.
Бешинчи шарти шуки, подшоҳ халқнинг розилигини ўйлаб, ҳукм чиқаришда сусткашлик кўргузмаслиги ва иккиюзламачилик қилмаслиги лозим. Шунингдек, ҳар бир одамни хушнуд этиш учун ҳақиқат ва шариатга қарши бормаслиги керак. Ҳукмронликнинг ўзига хос томони шундаки, доимо халқнинг ярми подшоҳдан норози бўлиб юради. Чунки мухолиф тарафни ҳақи-қат билан хушнуд этиб бўлмайди ва бутун-халқнинг розилигига эришмоқ одил подшоҳ учун ҳам имконсиздир. Подшоҳ ҳукм чиқарганида ҳеч кимга ён босмай беғараз бўлса, яъни норози одамлариинг ғазабидан андиша қилмай, аввало Оллоҳ розилигини истаса, Ҳақ субҳонаҳу ҳам ундан рози бўлади ва ҳам одамларни ундан рози қилади. Чунончи, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган: «Одамларнинг норози қилиб бўлса-да, Оллоҳ розилигини истаган кимсадан у рози бўлади. Одамларни рози қилмоқ эса Оллоҳнинг ишидир».
Олтинчи шарти шуки, подшоҳ давлат ва мамлакатга таҳдид этадиган хатардан ғофил қолмаслиги керак. У шуни билсинки, амирлик мансаби ва ҳукумат бир восита бўлиб, бу восита орқали абадий саодат ва эзгу ном қўлга киритилади. Даврон подшоҳлари ва ҳокимларининг аксари фоний дунёнинг бевафо давлатига мағрур бўлиб, ҳавойи нафслари учун ўз динини вайрон қиладилар ва беномусликлари туфайли иймонни шамолга учирадилар. Бундан Худо сақласин. Бугун инон-ихтиёр сенинг қўлингда экан, шунга саъй-ҳара-кат этгинки, токим дунёвий давлатга маҳлиё бўлиб, охират учун эзгулик уруғини экишдан ғофил бўлмагин. Ҳақ йўлдан юриш савобини ва адолат учун хизмат қилишни ғанимат деб билгин. Айтишларича, одил подшоҳнинг ҳар кунги адолатини ўлчаганда бу унинг жамий тоат-ибодатига баробар келса, шундан маълум бўладики, у ўзини абадий саодатдан маҳрум этмасликка ҳаракат қилмоқда.
Еттинчи шарт шуки, подшоҳ дин уламоларини зиёрат этиш ва улар билан суҳбатлашиш учун ўзида эҳтиёж сезиши керак. Гарчанд бу замонда бу тоифа одамларни топиш мушкул бўлса-да, улар азиздирлар. Агар Оллоҳ инояти билан улар бу диёрда пайдо бўлиб қолса, подшоҳ уларнинг зиёратига шошилмоғи ва бу тоифанинг насиҳатларини ўз ҳаётининг саодати деб билмоғи лозим. У ориф одамлар суратига кириб олувчи жоҳиллар ва фосиқлар суҳбатидан сақланмоғи шартдир. Чунки бундай одамлар динни вайрон этувчилар қавмидандирлар. Шундай бир ривоят бор: Ҳорун ар-Рашид Шайх Шақиқ Балхий қуддиса сирраҳуни ўз олдига чақириб унга дебди: «Менга насиҳат қил». У дебди: «Эй, амиралмўминин! Худонинг дўзах номли бир саройи бор, сени шу саройга дарвозабон қилиб қўйган Оллоҳ сенга учта нарса берган бўлиб, шу учта нарса билан сен халқни ушлаб туришинг керак. Булар: мол, қилич ва қамчидир. Мол билан сен муҳтожларнинг ҳаддан ошиқ камбағаллашиб кетишининг олдини олмоғинг лозим, токим улар иложсизлик сабабидан ёмон шубҳа-хаёлларга бормасинлар. Қилич билан золимларни қирасан ва қамчи билан фосиқларнинг таъзирини берасан. Агар шу айтилганидек қилсанг, ҳам ўзинг нажот топасан ва ҳам халқни нажотга етказасан. Лекин бунга хилоф иш олиб борсанг, ҳаммадан бурун сенинг ўзинг дўзахга борасан ва бошқалар сенинг изингдан борадилар».
Саккизинчи шарти шуки, подшоҳ жабр-зулм ва такаббурлик билан халқни ўзидан қўрқитмаслиги, балки заифлар ва ўз қўл остидагиларга адлу эҳсон ва шафқат назари билан қараб, раъиятнинг муҳаббатини қозонмоғи лозим. Расул саллаллоҳи алайҳи васаллам шундай деган: «Сизнинг энг яъши подшоҳларингиз сизни севадиган ва сиз ҳам уларни севадиганларингиздир. Энг ёмон ҳокимларингиз эса сизни ўзига душман деб биладиган ва сиз ҳам уларни душманингиз деб ҳисоблайдиганларингиздир».
Тўққизинчи шарти шуки, подшоҳ зўравон амалдорларнинг зулмига бепарво қарамаслиги лозим. Қайси бир амалдорнинг зулм ва жиноятини пайқаган заҳоти уни жазолаб, уқубатларга дучор этсинки, бу бошқаларга бир ибрат бўлсин. Подшоҳ ҳукумат ишларида бўшангликка йўл қўймаслиги, давлат арбобларини сиёсат ва насиҳат йўли билан тарбиялаши зарур.
Ўнинчи шарт фаросатдир. Подшоҳ ва ҳоким рўй бераётган воқеа-ҳодисаларнинг юзага келиш сабаби ва моҳиятига чуқур назар ташламоқлари, басират кўзи билан уларнинг оқибатини кўра олмокдари вожибдир. Агар бу масалалар аниқ ва равшан бўлса, уларни ша-риатга кўра ҳал этмоғи, чигалликлар мавжуд бўлса, уларни фаросат нури билан ёритиб идрок этмоғи лозим. Бу соҳада ҳикрячилар сўзига эътимод қилмаган маъқул. Чунки якуни ва интиҳоси бор масалаларни охири йўқ ҳикоялар билан тушунтириб бўлмайди.
Шуни билгинки, мусулмон фуқароларнинг подшоҳ олдида ҳақлари бўлиб, уларни бажармоққа киришмоқ подшоҳ ва ҳокимга вожибдир. Булар шуки, у мусул-монларга нисбатан тавозели бўлсин, ўз ҳукмронлиги ва мулкидан мағрурланиб ҳеч бир мусулмонга такаб-бурлик қилмасин. Шунга амин бўлсинки, Оллоҳу таоло мутакаббир ва шафқатсиз кимсаларни ўзига душман деб билади. Подшоҳ одамларнинг бир-бирини ёмонлаб айтган сўзларига қулоқ солмасинким, бундан у фақат надомат чекади. Айниқса фосикдар, ғаразгўйлар ва ҳасадгўйлар сўзларини эшитмаслик керак. Чунки улар барчаси ғараз ва ҳасад билан фисқу фасод сўзларни гапйриб, фазилатларни айб қилиб кўрсатадилар. Нақл этишларича, бир киши амиралмўминин Али каррамаллоҳу важҳаҳу (Каррамаллоху важҳаху — Оллоҳ унинг юзини мукаррам қилган) олдига келиб бир одамни ёмонлай бошлабди. Амирал-мўминин дебди: «Биз сенинг сўзингни текшириб кўрамиз. Агар гапинг рост бўлса, чақимчилигинг учун, ёлғон бўлса, ёлғон гапирганинг учун сенга жазо берамиз. Айттан сўзинг учун тавба қилсанг эса, афв этамиз». У одам: «Эй амиралмўминин, мен тавба қилдим», — дебди. Сўнгра подшоҳ бирон айби ё камчилиги учун мусулмон одамга ғазабини сочмасин ва уни афв этиш имкони бўлса, буни орқага сурмасин. Динга зарар етказувчи айблар сабабли ғазаб қилинса ўринли, аммо дунёвий ишларда кечиримли бўлиш афзалрокдир. Маълумки, ҳар кимки бошқаларни кечирса, Ҳақ субҳонаҳу таоло ҳам қиёмат кунида унинг гуноҳларини кечиради. Яна шу маълумки, Ҳақ субҳонаҳу таоло Юсуфи сиддиқ салавотуллоҳу алайҳига шундай ваҳий юборган: «Эй Юсуф, шуни билки, сен ўз ака-укаларингни кечирганинг учун биз сенинг номингни юксакка кўтардик».

Н а з м.
Сухан дароз кашидим-у ҳамчунон бокист,
Ҳадиси дилбари фаттону ошику маъшук.
 Дил гуфт: «Маро илми ладуний ҳавас аст,
 Таълимам кун, агар туро дастрас аст».
Гуфтамки: «Алиф», гуфт: «Дигар?»
Гуфтам: «Ҳеч, Дар хона агар кас аст, як харф бас аст».

(Сўзни чўздик, аммо ҳануз тугамади,
Гўзал дилбар ва ошиқу маъшуқ ҳақидаги ҳикоялар.
Қалбим деди: «Менинг илоҳий илмларга ҳавасим бор,
Агар қўлингдан келса, менга ўргатгин».
Дедим: «Алиф», қалбим деди: «Яна?»
Дедим: «Ҳеч, Уйда одам бўлса бир ҳарфнинг ўзи етарлидир».)

Qayd etilgan