Marhabo Karimova. Dunyoning bir qavati  ( 63335 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  06 Iyul 2010, 15:13:53

Marhabo Karimova. Dunyoning bir qavati



Muallif: Marhabo Karimova
Hajmi: 1,63 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  24 Avgust 2010, 15:10:05

МАРҲАБО КАРИМОВА

ДУНЁНИНГ БИР
ҚАВАТИ


Шеърлар

«ФАРҒОНА» нашриёти
2008 йил

Муҳаррир: Муҳтарама Улуғ.
Мусахҳиҳ: Ҳилола Каримова.


Китобдан ўрин олган шеърларни қўшиқ қилиш муаллифлик ҳуқуқи тўгрисидаги қонун талаблари асосида амалга оширилади.


КАТТАЛАРГА НАСИҲАТ

Ярақлаган уйларинг чанг бўлсаям, сиқилма.
Рўзғорингда бир нима кам бўлсаям, сиқилма,
Ташвишлардан кунда бир кун жанг бўлсаям, сиқилма,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Чайнаётган нонингни "боламга", деб ўласан,
Катта бўлгач, гап билан бир силтаса, сўласан.
Бино қўйма, сийлама, пўпалама, кўрасан,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Қариганда ғалвани кўтараолмас юрагинг.
Қани ота-оналар - суянчиғинг, тиргагинг?                   
Етиб қолсанг, оғирсанг, кимга бўлар керагинг?
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Ғамни олсанг кўнгилга, тўлиб кетаверарсан,
Офтоб урган майсадай, сўлиб кетаверарсан,
Юрагингни чангаллаб, ўлиб кетаверарсан,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Ўзин боққанинг қолиб, боласин ҳам боқасан,
Куч-кувватинг борида ҳаммасига ёқасан,
Ўзинг учун бир бора чиққанмисан боққа, сан?
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Уйлантиру болангни, бўлак қилгин уйини,
Ўзи тортсин рўзғорнинг ташвишини, ўйини,
Кўриб турсанг бўлгани, соғ-саломат бўйини,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Таъма қилсанг бир нонни, чимирилар қошлари,
Сенсиз пишиб ейилар. ёғлиққина ошлари,
Югуришлар олдингга, оғриб қолса бошлари,
Ўғлинг еб. ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Эринииг топганини ўинаб, еркан бир аёл,
Ўғлинг топганини, ўйлаб, еркан бир аёл,
Бекорга айтилмаган, халқ ичида бу мақол,
Ўғлинг еб, ўрга кетар. қизинг еб, қирга.

Майли, тушган уйида яшнаб юрсин келинлар,
Мақтаб, алқаб, дуо қил, яйраб юрсин келинлар,
Қайнонаммас, онам, деб, сайраб юрсин келинлар,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Ялаб-юлқиган уйинг, келинларга қоладир,
Сендан кейин ким билар, не куйларга солодир,
Уйим, болам, чақам деб, олаверма хавотир,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Меҳнат қилдинг тинмадинг, етганича имконинг,
Ўзинг учун ҳам яша, ғаниматдир ҳар онинг,
Тоғларга чиқ, ҳаво тг, жон-жонўзингни жонинг
Ўғлинг еб. ўрга кетар. қизинг еб. қирга.

Ўғилларда қўш улоч, сен юрасан пиёда,
Ўзларидан ошмайди, моли булса зиёда,
Болам, болам, болам деб, нима кўрдинг дунёда?
Ўғлинг еб. ўрга кетар. қизинг еб, қирга.

Ўлсанг болаларинг ҳам қабргача боради,
Айтчи, унда сен билан қайси бири қолади.
Қиёматда қай бири гуноҳингни олади,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Кўнглинг кимни хушласа, ўша билан суҳбат қил.
Тиконларга қарама, гулга қараб роҳат қил,
Асабингни қийнама, юрагингга шафқат қил,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Жуфтинг учун ясаниб, эй аёл, хеч толмагин,
Қариликни бўйнингга асло-асло олмагин,
Ўнта боланг бўлса ҳам, эргинангдан қолмагин
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Кунлар келар инжиқ чол биров келмас ёнингга,
Шу илмилиқ кампиринг оро кирар жонингга,
Шукр қил бирга ҳар соат, ҳар онингга,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Тўрт пул топсанг ярмига кексаликка олиб қўй.
Йиғиб, эски нимчангни чўнтагингга солиб қўй,
Ўн бола бир отани боқолмайди, билиб қўй,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Қўлинг ишда, ва лекин Раббанода бўлсин дил,
Ғийбат, хасрат гапни қўй, субхоноллоҳ айтсин тил,
Бу дунёнинг нонин еб, у дунёнинг ишин қил,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.

Йиғиштириб умрнинг қолганини - борини.
Марҳабохон, қилгайсан охиратнинг корини,
Қулоғингга қуйиб ол бу насиҳат - борини,
Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга.


ҲАЛИ АЁЛ БЎЛМАБСИЗ, ПОШШО

Уйни безаб, тузатсанг ҳам,
Эрни кутиб, кузатсанг ҳам,
Ўнта қизни узатсанг ҳам,
Ҳали аёл бўлмабсиз, пошшо.

Уйингизга келин келган йўқ,
Юрагингиз хали қувноқ, шўх,
Кафтингизда тутмагансиз чўғ,
Ҳали аёл бўлмабсиз, пошшо.

Ташвиш сиздан бир қадам нари,
Меҳнатларнинг келмади гали,
Зўр синовлар олдинда ҳали,
Ҳали аёл бўлмабсиз, пошшо.

Кўзларингиз ҳали сурмалак,
Кўйлагингиз ёқа, тугмалик,
Уйингизда ғалва йўқ, тинчлик,
Ҳали аёл бўлмабсиз, пошшо.

Кўнгил қуши сайраб турипти,
Орзулардан яйраб турипти,
Ёву кунни пойлаб турипти,
Ҳали аёл бўлмабсиз, пошшо.

Бир бегона қуш келиб унда,
Аҳлатингиз "титади" кунда,
Билмасликка оласиз шунда,
Ҳали аёл бўлмабсиз, пошшо.

Қандай гулсиз, исингиз чиқар,
Чин қиёфа, тусингиз чиқар,
Ё тилло, ё мисингиз чиқар,
Ҳали аёл бўлмабсиз, пошшо.

-Марҳабохон, шеьр ёзмай кетинг,
Нима қилай бўлмаса, айтинг?
-Тинч кунларнинг қадрига етинг,
Ҳaли аёл бўлмабсиз, пошшо.


БИРОВНИНГ БОЛАСИ УЙИМДА

Туй килиб, келинчак туширдим,
Ўзимга ўзим иш оширдим.
Ман енди  мап енди тушундим,
Бировнинг боласи уйимда.

Бақирманг, дадаси, секин-ей,
Овозингиз бирам текин-ей,
Уйимнинг қайтига бекиней
Бировнинг боласи уйимда.

Ҳаммага қиламан илтифот,
Тилимга бўламан эхтиёт,
Кўчага чиқмасин "ахборот",
Бировнинг боласи уйимда.

Келинчак бир келар, яйрасин,
Оллоҳим илтифот айласин,
Қозоним гўшт билан қайнасин,
Бировнинг боласи уйимда.

Сипороқ кийингин, вой, қизим,
Ибрат бўл келинга, хой, қизим,
Онангни тушингин, ой қизим,
Бировнинг боласи уйимда.

Ёрдам қил, сиқиб бер ўсмасин,         
Бахтингни йўлини тўсмасин,
Совчига ёмонлаб қўймасин,
Бировнинг боласи уйимда.

Чимирилмасин деб қошлари,
Авайлаб шу келин пошшани,
"Сиз-сиз "лаб хайдайман пашшани
Бировнинг боласи уйимда.

Койишар: Эркалаб, куласан,
Келинга "майли" деб турасан..."
Бошингга тушганда биласан,
Бировнинг боласи уйимда.

Нонини куйдирма, майлига,
Идишни синдирма, майлига,
"Адвакат" ман ўша Лайлига,
Бировнинг боласи уйимда.

Болам дер, гапирсам: "Уф, бўпти",
Билмадим, балки "куф-суф" бўпти,
Ўғлим ҳам қўшилиб, жуфт бўпти,
Бировнинг боласи уйимда.

Майли, мен-қайнона, қайнаман,
Келин ҳам тек юрсин, айнимай,
Бу ҳам бир кўргилик, айланай.
Бировнинг боласи уйимда.

Меҳр-ла кўнгиллар бойланар,
Қаҳр-ла юраклар лойланар,
Бир кун ўз боламга айланар,
Бировнинг боласи уйимда.

Марҳабо дер: ичим кон, дўстлар,
Учрашиб турайлик, жон дўстлар,
Ҳасратдан юрагим қон, дўстлар,
Бировнинг боласи уйимда.


ЎГИЛ БОЛАНГ - БИРОВНИНГ ҲАСМИ

Ўғлим қиз-бари ўз боланг,
Қизлар-меҳмон, дейишар расми,
Ўзингники асли-қиз боланг,
Ўғил боланг - бировнинг ҳасми.

Ўстирасан бўлиб парвона,
Эга чиқар битта жонона,
Бу савдога бўлма. ҳайрона
Ўғил боланг    бироапинг ҳасми.

Унутса ҳам ўз онасини,
Гул-илган ҳовли    хонасини,
Унутмайди қайнонасини,
Ўғил боланг - бировнинг ҳасми.

Қизинг жонин илининиб турар
Юраклари тилиниб турар,
Меҳри кўздан билиниб турар,
Ўғил боланг - бировнинг ҳасми.

Соғинганда йиғламай кутгин,
Ичикмасдан ўзингни тутгин,
Кўз ёшингни "култ " этиб ютгин,
Ўғил боланг - бировнинг ҳасми.

Уй-рўзғори бўйнида хуржун,
Боламга дер, Худо берган кун,
Дуо қилу, чиқармагин ун,
Ўғил боланг - бировнинг ҳасми.

Юрагининг устуни - ёри,
Совукқотса пўстини - ёри,
Боласига топгани, бори,
Ўғил боланг - бировнинг ҳасми.

Уришсалар қози бўласан,
Ўртада тарози бўласан,
Ўлимингга рози бўласан,
Ўғил боланг—бировнинг ҳасми.

Иши тушса ёнингга чопар,
Ҳиндистонда бўлсанг ҳам топар,
Бошқа пайт кутма эй, модар,
Ўғил боланг — бировнинг ҳасми.

Хафа бўлсанг койиб, тонасан,
Кечирасан, чунки онасан,
Тушун, мунча куйиб-ёнасан,
Ўғил боланг - бировнанг ҳасми.

Жан.жал қилма, онамисан, бас!
Келин сенинг кундошинг эмас,
Ўғлинг энди сирдошинг эмас,
Ўғил боланг — бировнинг ҳасми.

Совчиликка боришдан олдин,
Сандиқҳа сеп солишдан олдин,
Бир мантиққа кўникиб олгин,
Ўғил боланг - бировнинг ҳасми.

Келса-ю келмаса, дуо қил,
Билса-ю билмаса, дуо қил,
Берса-ю бермаса, дуо қил,
Ўғил боланг - бировнинг ҳасми.

Меҳнатларинг-Худо йўлига,
Заҳматларинг-Худо йўлига,
Қаратиб кўймасин қўлига,
Ўғил боланг - бировиинг ҳасми.

Келинга гапирсанг мулойим,
Ўғлинг сендан рози ҳар доим,
Бу хаётдир, Марҳабо ойим,
Ўғил боланг — бировнинг ҳасми.


ҚИЗИМ, ҚАЙНОНАНГ - ТИЛЛО

Қизгинамни узатдим,
Уз уйига кузатдим,
Кетарда бир сўз айтдим:
Қизим, қайнонанг - тилло.

Аразлаб келар кизим.
Жовдираб турар кўзим,
Безиллаб турар кўзим,
Дедим: қайнонанг - тилло.

Дер: "Қайнонам тили ўқ,
Койиб, нолиб, урар дўқ,
Кўнгил билан иши йўқ... "
Дедим: қайнонанг - тилло.

— Кечирмас, бурни осмон,
Эрим яхши, у - ёмон
— Бекор айтибсан, нодон, -
Дедим, Қайнонанг - тилло.

Икки кўлдан чиқар қарс,
Мулойим бўл, келгин паст,
"Хўп бўлади ", десанг бас,
Қизим, қайнонанг - тилло.

Арз килиб келгандаям,
Хар нима дегандаям,
Қизим ҳақ бўлгандаям,
Дедим: - Қайнонанг - тилло.

Кутиб олиб ўзини,
Бошламасдан сўзини,
Бекитаман оғзини:
Қизим, қайнонанг - тилло.

Қайнаб келса, "бор", - дедим,
"Сенга уйим тор", -дедим,
"Пешона бозор ", - дедим,
Дедим: Қайнонанг - тилло.

Қизгинамни оврайман.
Телефондаям сайрайман,
Уйкумдаям жоврайман:
Қизим, қайнонанг - тилло.

Чархни бузган - парраси,
Қизни бузган - онаси,
Бузмай ўлсин - онаси,
Қизим, қайнонанг - тилло.

Уйини-уй бўлсин деб,
Айрилмоқни кўрмай эп, .
Битта билан ўтсин, деб,
Дедим: Қайнонанг - тилло.

Қиз узатиб тўйлабман,                                                                                                Қутилдим деб уйлабман,         
Бекорларни суйлабман,                                                                                                         
Қизим, Қайнонанг - тилло

Қизингмидур ўғлингдир-
Бари юрак қўрингдир,
Тинчмаса шўрингдир,
Қизим, Қайнонанг - тилло

Марҳабохон йиғлаб дер:
Юрагим қони - бу шеър,
“Тиллахонга “ инсоф бер,
Қизим, Қайнонанг - тилло

Тугамайди ғавғоси,
Адо қилди савдоси,
Қиз туққаннинг жазоси-
“Қизим, Қайнонанг – тилло”


ҚИЗИМ АРАЗЛАБ КЕЛДИ                                                                                   

Аёл эдим бир жахон,                                                                                                     
Гузал, қувноқ, соғ-омон,
Рангим бўлди заъфарон,
Қизим аразлаб келди.

Эри айниб тургаммиш,
Ким биландир юрганмиш,
Бир шапалоқ урганмиш,
Қизим аразлаб келди.

Дедим: Айб ўзингда,
Қўпол-қўпол сўзингда,
Пардози йўқ юзингда,
Қизим аразлаб келди.

Дердим: кулиб кутиб ол,
Тергамасдан сура хол,
Силаб-сийпаб хол
Қизим аразлаб келди.

Ўсма Сурмай юрмагин,
Қовоқ солиб турмагин,
Эски кўйлак киймагин,
Қизим аразлаб келди.

Жоним болам,битта бил,
Эринг-пошшо,эринг пир,
Овқатини ширин қил,
Қизим аразлаб келди.

Болалари қайсар, шўх.
Қарамасанг босар чўғ,
Тумтаяди қилсанг дўқ,
Қизим аразлаб келди.

Деёлмайман «тўхта ,хой»
Пардаларим шалпоқ,лой,
Ковушларим пойма-пой
Қизим аразлаб келди.

Акалари авайлаб,
Боласин турар мақтаб,
Тегиб кетар битта гап,
Қизим аразлаб келди.

Келинларим зириллар,
Киприклари пириллар,
Не тилайди кўнгиллар,
Қизим аразлаб келди.

Ўн беш бўлган куни,
Соғинар ўз уйини,
Пойлар эрин йўлини,
Қизим аразлаб келди.

Инжиқлиги ортади,
Йиғлайди, "ух" тортади,
Болаларин туртади,
Қизим аразлаб келди.

Уй галваба тўлади,
Дўсту-душман билади,
Қочиб кетгим келади,
Қизим аразлаб келди.

Камиб кулгу хандаси,
Қайнар эрим зардаси
- Сабр қилинг, дадаси,
Қизим аразлаб келди.

Дардим тўлиб тошадур,
Юрак ўйнаб шошадур,
Қон босимим ошодур
Қизим аразлаб келди.

Марҳабохон, дил ярим,
Тўкилди болу парим,
Хабар олинг дўстларим,
Қизим аразлаб келди.


КУЁВИМГА ИЛТИЖО
(Қизим аразлаб келганда)

Куёв болам -ўз болам,
Менинг қора кўз болам,
Тилимда бир сўз, болам,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.

Эрка болам, арслоним,
Ойим турган осмоним,
Кўлингиздадир жоним.
Қизим - емон, сиз - яхши.

Йигит борми сиздай мард,
Юраги тоза, бегард,
Икки дунё кўрманг дард
Қизим - ёмон, сиз - яхши.

Биз-темир, сиз-тиллосиз,
Биз-оми, сиз-муллосиз,
Биз-нодон, сиз-доносиз,
Қизим - ёмон, сиз -яхши.

Қизимнинг ўзи ахмақ,
Юрарди сизни мақтаб,
Бир кепти-да аразлаб,
Қизим — ёмон, сиз — яхши.

Тириклик деб юрсангиз,
Уй-жойим деб турсангиз,
Нима қипти урсангиз,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.

Рўзғор хуржун бўлади,
Гоҳ камб, гоҳ тўлади,
Хотин деган кўнади.
Қизим - ёмон, сиз - яхши.

Болам, сизда ихтиёр,
Бўлмайлик озор-безор,
Ўртада болалар бор,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.

Кўп яшанг юзга етинг,
Қиз тушгурни авф этинг,
Алдаб-сулдаб обкетинг,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.

Ишламай ётсангиз ҳам,
Маст бўлиб қотсангиз ҳам,
Чойнакни отсангиз ҳам,
Қизим — ёмон, сиз — яхши.

Бўлсангиз ҳам майдагап,
Юрсангиз ҳам ўнгу чап,
Мен ҳамиша сиз тарап,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.

Соғлигида - сизники,
Ўғлиники, қизиники,
Касал бўлса, - бизники,
Қизим - емон, сиз - яхши.

Тахсиримсиз, хўжамсиз,
Кимматбаҳо ўлжамсиз,
Ўзим очган жўжамсиз,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.

Марҳабохон, уққаним -
Гўнгга гунча суққаним,
Гуноҳим - қиз туққаним,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.


МУРОСАСИЗ КЕЛИНЛАРДАН ДОД!

Онам ўлса "дод!" демаганман,
Эрим урса "дод!" демаганман,
Бир савдодан куйди жону тан,
Муросасиз келинлардан дод!

Нима экан билмадим сири,
Олаяди бирига-бири,
Хеч бўлмаса дўст эмас тили,
Муросасиз келинлардан дод!

Чимирилиб тургани қайси,
Қовоқ солиб юргани қайси,
Боласини ургани қайси,
Муросасиз келинлардан дод!

Бир-бирини силталаган чоғ,
Юрагимга санчилар пичоқ,
Ўғилларим бўлишди тарқоқ,
Муросасиз келинлардан дод!

Кўнгил тинмас бир ерга чиқиб,
Бири бирин олса-я чўкиб,
Яшаяпман безиллаб, кўркиб,
Муросасиз келинлардан дод!

Қанотимни қайриворишди,
Жигарларни айриворишди,
Обрўйимни лойга қоришди,
Муросасиз келинлардан дод!

Талашасан нимани, нодон!
Пойингда ер, бошингда осмон,
Бу дунёда ҳаммамиз мехмон,
Муросасиз келинлардан дод!

Ўтмиш бўлса нима дер эди?
Тўрт хотинга битта эр эди,
Ўшаларам "шукр" дер эди,
Муросасиз келинлардан дод!

Асти одам бўлишармикан?
Чирой очиб кўришармикин?
Ахил бўлса ўлишарсмикан!
Муросасиз келинлардан дод!

Бошқа уйим бўлгандa, ё Раб,
Шулар билан юрмасдим яшаб,
Кетар эдим шу уйни ташлаб,
Муросасиз келинлардан дод!

Ерга камиш, бўйрами тўшаб,
Аталами, умочми ошаб,
Чолим билан юрардим яшаб,
Муросасиз келинлардан дод!

Оёғимни -ўғил қилволсам,
Қўлларимни - келин қилволсам,                                                                                     
Қилар эди не ишга солсам,                                                                                           
Муросасиз келинлардан дод!                                                                                       

Доно келин элтузар - зиё,
Нодон келин юртбузар - бало,                                                                                     
Шуларга ҳам инсоф бер„ Худо
Муросасиз келинлардан дод!                                                                                         

Безор бўлдим қовоқ-қошидан,
Кечдим қилган нону-ошидан,                                                                                         
Хизматиям қолсин бошидан,                                                                                         
Муросасиз келинлардан дод!                                                                                                       

Марҳабохон, боқмай ёшимга,                                                                                                               
Ўлим келса қўққис бошимга,                                                                                         
Ёзиб қўйинг қабр тошимга:                                                                                                             
Муросасиз келинлардан дод!                                                                                         


«АСАЛ ОЙИ»

Чет элда тўйдан кейин,
Ёшлар тарк этиб уйин,                                                                                                 
Бир ой саёҳат, ўйин -                                                                                                   
"Асал ойи " бошланар.                                                                                                   

Ўзбекларда бошқача,
"Асал ойи " - бир кеча,                                                                                                   
Сўнг ҳар тонг супур кўча,                                                                                             
"Сахар ойи " бошланар.                                                                                                 

Бечора келин-куёв,
Тунда учрашар бирров,                                                                                                 
Сўнг кўнгил айниб дарров,                                                                                             
"Ташар ойи " бошланар.                                                                                               

Бўлишар ота – она,
Олти йилда тўрт бола.
Мактабга-ю боғчага,
“Чопар ойи” бошланар.

Керак кўп пул топиши,
Уй қуриб, том ёпиши.
Камлик қилиб чопиши.
“Учар ойи” бошланар.

Қиз етилгач узатиб,
Зеб-зийнат-ла кузатиб,
Сандиқларни бўшатиб,
“Сочар ойи” бошланар.

Келин чиқса беадаб,
Кўчага ташийди гап,
Хонадон сирин боплаб,
“Очар ойи” бошланар.

Билгунча ўнгу –чапни,
Тушунтиролмай гапни,
Йиғлаб-сиқтаб асабни,
"Бузар ойи " бошланар.

У болангда у ғалва,
Бу болангда, бу ғалва,
Тинч ўтириш қаёқда?
"Захар ойи " бошланар.

Ўғил-қизнинг савдоси,
Битмас экан ғавғоси,
Кетга тегиб навдоси,
"Касал ойи " бошланар.

Ўйлаб-жойлаб, "қутулиб'
Ташвшларга тутилиб.
"Ташар ойи " бошланар.                                                                                                Соч оқариб, хол қуриб,
"Яшар ойи " бошланар.

Ўзий-чун шўрлик банда,
Яшашни бошлаганда,
Охират диёрига,
"Сафар ойи" бошланар.

Бу бир эски ақийда,
Бундай яшамоқ хато,
Ҳаётнинг ҳар онини,
Эҳтиёт қил, Марҳабо.

Бериб қўйма юракни,               
Ташвишларнинг қўлига,
Ўғил-қиз ҳам, жигар ҳам,
Ҳаммаси ўз йўлида.

Тақрибнинг ҳеч ишини,
Қолипга сололмайсан,
Оллоҳнинг дунёсини,
Сен бошқара олмайсан.

"Нега ундай, бундай?" деб,
Қилаверма ташвиш, ўй,
Эплай олмаясанми,
Ўз ҳолига ташлаб қўй.

Ҳаёт не бўлса-бўлди.
Охират ғамини қил.
Буям битта рўзғоринг,
Неси йўқ, камини қил.

Шукру тавозеъ ила,
Уриб турса ҳар юрак,
Хаётнинг ҳар лаҳзаси,
Асал бўлиши керак.


ҚУТИЛАСАН

                       - Болалардан қутилганмисиз?
                       - Алҳамдуллаҳ. қутилганман.
                                                        Суҳбатдан.

Ўғил уйладинг алхол,
Қиз узатдинг йиғиб мол,
Нафасингни қаттиқ ол,
Қутиласан-а, қутиласан!

Энди "чаллар"- чақириқ,
Ҳар шахарда ҳар қилиқ,
Мол кетар сандиқ-сандиқ,
Қутиласан-а, қутиласан!

Шу билан битсайди иш,
Ҳам қувончу, ҳам ташвиш,
Керак суннат тўй қилиш,
Қутиласан-а, қутиласан!

Суннат бўлган ёш бола,
Ясанар ота-она,
Қўтар қарзи хасана,
Қутиласан-а, қутиласан!

Гоҳ қиз келар тумшайиб,
Икки ёққа гап чайиб,
Ўзи оппоқ-беайб,
Қутиласан-а, қутиласан!

Қўлида бир боласи,
Қорнида бир боласи.
Ёмонмиш қайнонаси,
Қутиласан-а, қутиласан!

Гоҳ шўхлик қилар куёв,
Гапи келади дарров,
Бари жонингга эгов,
Қутиласан-а, қутиласан!

Келин бошласа ғалва,
Бу кўрганларинг-холва,     
Астагфирулло, тавба!
Қутиласан-а, қутиласан!

Қўлин қўйиб белига,
Сапчиб турса эрига,
Ботиб ғазаб терига,
Қутиласан-а, қутиласан!

Ўғлинг бошлайди: "Эсиз,
Кўп эди дунёда қиз,
Шуни ўзизи топгансиз ",
Қутиласан-а, қутиласан!

Туғиб қўйганинг учун,
Боқиб қўйганинг учун,
Сендан олишар ўйин,
Қутиласан-а, қутиласан!

Ҳар кун баҳор, ёзу қиш,
Чиқиб турар бир ташвиш,
Бу не ҳаёт, бу не иш?
Қутиласан-а, кутиласан!

Боланг пули халтада,
Сенинг пулинг ўртада,
Буям янгича мода,
Қутиласан-а, қутиласан!

Эркагу хотин яна,
Хайдашади машина,
Омон келармикан-а?
Қутиласан-а, қутиласан!

Эшикка қараб зир-зир,
На ош ва на нон татир,
Ичинг тўла хавотир,
Қутиласан-а, қутиласан!

Кўчадаги мой ютар,
Уйдагилар қон ютар,
Бу кунлар қачон ўтар.
Қутиласан-а, қутиласан!

Ота-оналар токи бор,
Болага қул, хизматкор,
Бошқа изоҳ не даркор?!
Қутиласан-а, қутиласан!

Эй, Марҳабо, бечора,
Сўраб қолишса яна:
"Қутилмаган", дейсан-а,
Қутиласан-а, қутиласан!

Уйлаб-жойлаб меҳнатнинг
Зўрроғига тутиласан.
Қутиласан-а, қутиласан!


ҚУДА БЎЛДИК

Яшар эдик бўлиб ўртоқ,
Бир-бировга очиб қучоқ,
Ўтсиз қолди энди ўчоқ
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Ёқалашдик ёшларни деб,
Шу икки бебошларни деб,
Биров еган ошларни деб,
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Ака-ука, опа-сингил,
Гаплашардик гангир-гунгир,
Аралашдик, қолди кўнгил,
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Қариндошлар тарап-тарап,
Жовдирашар бизга қараб.
Гурунглашолмаймиз яйраб,
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Қўшним энди жонажоним,
Битта эди дастурхоним,
Қўшилганда энди қоним.
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Яхшийди-я ниятимиз,
Чиқиб қолди иллатимиз,
Эсизгина меҳнатимиз,
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Қарамадик ўнгу-чапга,
Қулоқ солдик майда гапга,
Ҳасрат қилдик чор тарафга,
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Фарзандлар-ку яшар бирга,
Ёмон бўлди фақат бизга,
Кўрпа куйди, тирик бурга,
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Эслаб ёмон сўзимни ман,
Уришаман ўзимни ман,
Энди очдим кўзимни ман,
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Миннатли ош тузим қурсин!
Андишасиз юзим қурсин!
Шу чақимчи қизим қурсин!
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Огоҳ этай энди сизни,
Бегонага беринг қизни,
Нима жинлар урди бизни,
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.

Марҳабохон, бу дунё кенг,
Кимки тўйга шимарса енг,
Таваккалту ал-аллоҳ, денг,
Қуда бўлдик-жудо бўлдик.


ҲАСРАТ

Қиз топ, йигит бойи учун,
Киёв топ, қиз ойи учун,
Бир кийимлик шойи учун,
Ўртада турмай, ман ўлай!
                                                           
Яшамасдан тинч, бахтиёр,
Бир-бирига берар озор,
Жанжал чиқса ман-айбдор,
Ўртада турмай, ман ўлай!

Бахтли дамда эсламайди,
Бир нон билан йўқламайди,
Милтиғингни ўқла, майли,
Ўртада турмай, ман ўлай!

Хўмрайса йигит отаси,
Тумтаяр қизнинг онаси,
Кўришмай ўтар боласи,
Ўртада турмай, ман ўлай!

Оллоҳсиз бахт келишмайди,
Нахот шуни билишмайди,
Пешонадан кўришмайди,
Ўртада турмай, ман ўлай!

Қуда томонни кўндириш-
Бармоғингга қуш қўндириш,
Осонми, бир иш дўндириш?
Ўртада турмай, ман ўлай!

Қон қилади эрим сўкиб,
Ҳар кўрганда заҳрин тўкиб,
Адо бўлдим кўнглим чўкиб,
Ўртада турмай, ман ўлай!

Менга нимайди қиз топиб?!
Икки ёққа тинмай чопиб,
Кучугиям кетар қопиб,
Ўртада турмай, манўлай!

Тинч ўтирсам бўлмасмиди?!
Қорним ўлгур тўймасмиди?!
Эрсиз қолиб ўлмасмиди?!
Ўртада турмай, ман ўлай!

Ўйлабманки. савоб бўлар,
Бир кун яхши жавоб бўлар,
Ичим куйиб кабоб бўлар,
Ўртада турмай, ман ўлай!

Қадри кетган олтин бўлдим,
Бир эси йўқ хотин бўлдим,
Марҳабахон отин бўлдим,
Ўртада турмай, ман ўлай!


СЕЗГИР ОНА

Ўғил деди онага:                                 
Кўрсатаман икки қиз,
Қайси менга ёқишин.
Билиб олинг ўзингиз.

Бири пушти кўйлакда,
Бирининг кўйлаги оқ,
Иккисиям чиройли,
Гўзалликда-қўғирчоқ.

Биттасини кўрганда,
Кўнглим нурга тўлади,
Топволинг-чи, қай бири,
Сизга келин бўлади?

Она кўнгли сезаркан,
Топди ўғли суйганин,
Деди: Менинг келиним-
Пушти кўйлак кийгани.

Ўғил деди: Офарин,
Топдингиз-а, онажон,
Қойил қолдим, хушёрсиз,
Адашмайсиз ҳеч қачон.

Энди айтинг, қоши ё,
Кўзидан сездингиз?- Йўқ.
- Туриши. юриши ё,
Сўзидан сездингиз?- Иўқ.

-Бўлмаса қандай қилиб,
Юрагингиз сезяпти?
-Билолмадим, шу қизни
Кўрсам, ғашим келяпти.


ТАСАЛЛИ

Менинг эрим "юриб" кетди,
Юрак-бағрим куйиб кетди,
Ўзим билсам гўрга эди,
Бу овоза бўлиб кетди.

Кеч келади ишидан ҳам,
Айрилгандай хушидан ҳам,
"Юрган "ини билса бўлар,
Кўраётган тушидан ҳам.

Рўзғор, бола менга қолиб,
Ўтиради ўйга толиб,
Телефони жирингласа,
Гаплашади бекинволиб.

Ҳар нодон дер: "Фолбинга бор,
Иссиқ-совуқ", сеҳр бергин."
Бирон доно айтмайдики,
"Эрингни сев, меҳр бергин."

Болаларим билишмасин,
Кўз ёшимни кўришмасин,
Кўнгли қолиб, отасини
Ёмон кўриб қолишмасин.

Қайнар гийбат "Ия-ия!
Эриз уйланвоганмиш-а?!"
Ёнин олиб уришаман:
"Ажаб қипти, сизга нима?!"

Опам бошлар мени кўрса:
-Хотинбозмиш эринг роса,
-Нима қилсин, "хотин "лариз,
Ўзлари эркакбоз бўса.

-Эплабтими юриб олсин,
Майли, ўйнаб-кулиб олсин,
Менинг мулки давлатимда
Давру даврон суриб олсин.

-Вой, сен - ахмақ, вой, сен - беор!
Сенга керак бўлмаса ёр,
Сот, ким ошди савдосида,
Маҳалланга очиб бозор.

Поччангни кўр, кандай эркак!
Чакки юрмас. тоза юрак!
-Менинг эрим зўр-да. сизи
Латта эриз кимга керак?!

-Вой, зўр бўган эринг қурсин!
Бино қўйган шеринг қурсин!
Сенга жоним куйдими-я,
Юрмагидан ортиқ юрсин!

Қизғонмайдиям, хе, сани,
Ортиқ яна керилгани,
-Нимасини қизғонаман,                                   
Туфлимиди йийилгани?!

Ғийбат қилиб очманг бозор,
Ҳамма ишнинг фурсати бор,
Энди битта опти, асли
Тўртагача "рухсати " бор.

Юраману, бермай сирим,
Аммо юрак тилим-тилим,
Кундошли хотинлар бекор,
Чекишмаган экан чилим.

Ким у жонон, билгим келар,
Афтини бир кўргим келар,
Тутиб олиб сочларини.
Битта-битта юлгим келар.

Боргим келмас меҳмонгаям,
Боққим келмас инсонгаям,
Жанжал қил, деб гиж-гижлайди
Иш топилди шайтонгаям.

-Етиб бор. - дер, ўша ерга
Иккалови ҳозир бирга.
-Бормайман-е, жинниманми,
Ғуруримни уриб ерга?!

Эҳ, не фойда уришардан,
Қозилашиб юришлардан,
Ўқ отайин кундошимга,
Мағрур қараб туришлардан.

Эр кўнгли-қуш, учиб кетар,
Совуқ юртдан кўчиб кетар,
Тутмоқ учун дон сепайин,
Милтиқ отсам, қочиб кетар.

Ранжимасин эрим, майли,
Зўр аёл эр талашмайди,
Боплаб қўяр эдим-ку-я,
Бу иш менга ярашмайди.

Нодонга донолик қилай,
Саҳрога дарёлик қилай,
Номард қилса бегоналик,
Мен унга ошналик қилай.

Жилсин десам тош жойидан,
Бўлай эримнинг пойидан,
Қуёш бўлиб меҳрим сочиб.
Айнитай ўша ойидан.

Пардозлаб юз, қошу кўзни,
Қувнокликка солиб ўзни,
Ҳар тонг қараб тош ойнага.
Такрорлайман битта сўзни:

Минг турлансин ўша Лайли,
Марҳабога ўхшолмайди!
Кийган билан ковушимни,
Қилолмайди юришимни!


"ТАДБИРКОР" АЁЛ

Яхши одам, зўр одам.
Болаларимнинг дадаси,
Аммо мени куйдирган,
Шу одамнинг зардаси.

Арзимаган нарсага.
Феъли келиб қолади,
Қўлига нима кирса,
Ўша билан солади.

Авлоду-аждодимни
Бирма-бир "ўқиб " чиқар,
Болаларниям хатто,
Эринмай сўкиб чикар.

Мен-айбдор, мен-ёмон,
Ўзи-оппоқ, гулдаста,
Шунча йиллик хотинин
Лойга булар бир паста.

Қўяр зумда дунёни,
Ғалва билан тўлдириб,
Аламимдан шу табда,
Қўйгим келар ўлдириб.

Аммо " ғиринг" демасдан,
Пасайишин кутаман,
Олишсам ёмон бўлар,
Индамасам ютаман.

Баъзан юрар ё кўзим,
Ё пешонам кўкариб,
Жаҳл кетгач "кечир" дер,
Қўлларини кўтариб.

Опам жаврар эшитиб:
-Инсоф билан турти, ур,
Битта гапга шунчалик,
Қиладими, ер ютгур!

Эрга қирон келганми?!
Айрилади, кетади,
Онам айтар: -Ўлсаям,
Битта билан ўтади!                 

Сабр қилмай ёмонга,
Яхшисига қочаман,
Қўйиб берса сенларга,
Эр бозори очаман.

Опам дер: -Гулдай аёл,
Сўлиб кетса майлими?
Шу золимнинг қўлида,
Ўлиб кетса майлшш?

-Эри-хотин уриши-
Дока рўмол қуриши!
Ўзгармади ҳеч эрим,
Ўша-ўша туриши.

Бир кун яна уришди,
Ёқмай пиширган ошим,
Лаган билан бир солди,
Ёрилай деди бошим.

Йигирма йил яшадим,
Чидаб калтакларига,
Жондан ўтди бу сафар,
Қўл силтадим барига.

Қарор қилдим:- Кетаман!
Хувилласин хонаси,
Эрим деди: -Кетмагин,
Пул бераман, онаси.

Пул дарагин эшитиб,
Қизим тушди ёдимга,
"Кўйлак олиб беринг" деб,
Тегётганди жонимга.

Шу тоб бирдан жим бўлдим,
Урушдим на талашдим,
Қизгинамга кўйлак деб,
Эрим билан ярашдим.

Қизим кўйлагин кўриб,
Пўнғиллади ўғлим сал,
"Эсизгина, менгаям
Керак эди пояфзал."

Дедим: "Сабр қил болам,
Хали бой бўб қоламиз,
Яна бир калтак есам,
Сенга туфли оламиз. "

Кутар эдим яна бир
Кўтаришин қўлини,
Ахар энди топгандим,
Пул ишлашнинг йўлини.

Айтардим бир камимни,
Кўпайтириб тўртага,
Баъзан гаплариниям,
Қайтарардим жўртага.

Урушдан ҳеч дарак йўқ,
Синмади қўл, белим ҳам,
Пули кетиб инсофга,
Келиб қопти эрим ҳам.

Туртимайди, сўкмайди,
Нима жинлар урипти?
Ўғлим халиям эски
Туфлисида юрибти.

Гулда ё, пулда бўлса,
Ажаб, эркак хаёли,
Ўлаётиб ҳам "болам " дер,
Ўзбекларнинг аёли.


ГУЛДАСТА

Кўксим ёниб кетаркан,
Севиб қолсанг агарда,
Ўқигандим мен буни,
Қайсидир бир асарда.

Эрим гул олиб келди,
Менга берди айвонда,
Бир-бирини имлашиб,
Келинларим ҳайронда,

Қотиб қолдим хайратдан,
Не бўлди бу кишига?
Тушунолмай лол эдим,
Бу дунёнинг ишига.                             

Йиғлавордим бахтимдан,
Яратганга ташакур,
Қариганда бўлсаям
Қадр топдим минг шукр.

Қандай нозик гулдаста!
Қойил қолдим дидига,
Дейсиз, гўё ёш йигит,
Опти севган кизига.

Шунча гўзач бўлурми,
Оддий атиргул, наргиз?
Ғунчалари йўргакда,
Тиканлариям нафис.

Гулдай гўзал бўп кетди,
Эримнинг қош кўзиям,
Ўн минг сўмдан камига,
Омагандир ўзиям.

Шунча пулга бу гулни,
Севганидан олганда,
Баъзан пиёла отса,
Дебман: кўнгли қолган-да.

Севмайди, деб ўйлабман,
Қарамаса қайрилиб,
Сал бўлмаса бир йили,
Кетай дебман айрилиб.

Эрим ўзи жентельмен!
Эрим ўзи меҳрибон!
Уриб, чертиган бўлса,
Аслида ўзим ёмон.

Баъзан тортишиб қолсак,
Қолмасидим бир гапдан,
Ювош турганим билан,
Менам чаканамасман.

Шу бугундан севаман,
Бақирсаям майлига,
Бир лаҳзада айландик,
Мажнун билан Лайлига.

Гулдастани гулдонга,
Солиб қўйдим авайлаб,
Шу бугун пардоз қилай,
Эрим учун атайлаб.

Тош ойнага боқтиму,
Уялиб кетдим фақат,
Мени хотин қиб юрган,
Шу одамга минг рахмат!

Қани бел, қани елка?
Қани қош, қани киприк?
Лаънат сенга, аёлни
Чалғитган, тирикчилик!

Ўша куни ўзимга,
Кашф қилдим бир оят:
Бепардоз юриш - эрли
Аёл учун жиноят.

Созладим қош-кўзимни,
Ботиб ширин хаёлга,
Бир соатда айландим,
Кўхликкина аёлга.

Тугаб қопти, ўлсин-а!
Атирларим бир қиммат,
Келинлардан сўрашга,
Бўларкансан хижолат.

Омон бўлсин шу эрим,
Олдираман зўридан,
"Макс фактор", "Мери кей",
"Орифлейм" ҳар туридан.

Қилиб қўйдим ораста,
Сочу турмакларимни,
Янгилашим керак бир,
Ички кўйнакларимни.

Тақилди неча йиллар,
Тақилмаган мунчоғим,
Гулдастанинг хидига,
Тўлиб кетди ётоғим.

Бу бир буюк кун эди,
Гадо етгандай тожга,
Мисоли Расул каби,
Юксалгандим меърожга

Шу кун эрим ҳам гўё,
Нур сочарди оламга,
Исо масихдек бўлиб,
Кириб келди хонамга.

Мани кўриб кўзлари,
Катта-катта очилди,
Қўлидаги газета,
Ерга тушиб сочилди.

Назокат билан, секин
Дедим: "Раҳмат, гул учун."
Эримнинг кўзларидан,
Сочилар эди учқун.

"Қимматдур? " деб, ноз билан,
Юзларимни ёпволдим,
Эрим деди: "Билмадим,
Йўлакчадан топволдим."


НАВОИЙГА ҚЎШНИ БЎЛСАМ...

Яратгандан хали анча қарзим бор,
Қилолмаган қанча суннат. фарзим бор,
Кулмасангиз биттагина орзум бор:
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.

Ўртадаги деворимиз гуллардан,
Хизматкорлар бўлар, балки хурлардан.
Мен ул зотни қизғонардим улардан
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда

Ғазал айтса навосига жўр бўлиб,
Тонглар ҳамду саносига жўр бўлиб.
Йиғлай-йиғлай қолмасайдим кўр бўлиб,
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.

Уйларига Бобирмирзо келарди.
Яссавий. Машраб, Хувайдо келарди,
Оҳ. қандоғам ажойиб иш бўларди.
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.

Гуллар узиб чиқарардим боламдан,
Ошлар сузиб чиқарардим боламдан,
Майли эди кетсам ёруғ оламдан,
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.

Сўрашса: "Сиз қаеридан жаннатнинг? "
Айтар эдим: " Қўшнисиман ҳазратнинг "
Кераги йўқ бошқа мулки давлатнинг.
Навоийга қўшни бўлсач жаннатда.

Роббим Оллоҳ, шафқатингга кўмилсам,
Васлинг оби-раҳматига чўмилсам.
Майли ўлсам, тупроғингга кўмилсам,
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.

-Эй Марҳабо. бу не орзу, не ҳавас,
Қўшниликка арзийсанми сендай кас?
-Яратганга осон ахир, ажабмас,
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.


ПОКЛИККА ҚАСИДА

                                       "Рўмолсиз келибман, узр'
                                                     Мухтарама Улуғ

Ҳаё чимилдиғида юзларингиз ҳижобда,
Мискинлик ҳариринда кўзларингиз ҳижобда,
"Рўмолсиз кебман", дея бўлманг, бону, ҳижолат,
Андиша пардасида сўзларингиз ҳижобда.

Яшадингиз дарвешдай сабрдан чодир қуриб,
Орзулари сиғмаган кўксингизга бир уриб,
Тириклик сўқмоғида гоҳ йиқилиб, гоҳ туриб.
Халоллик-ла топган нон, тузларингиз ҳижобда.

Яшар не-не шоирлар замонага мослашиб,
Булбулликни тарк этиб, тўтиликка хослашиб.
Доноликдир жим турмоқ, бу дам бир оз четлашиб,
Сукут ичрат ростлару розларингиз ҳижобда.

Ишқ ёққанда оловлар ўртандингиз, "ха, энди... "
Ҳижрон ёғса қировлар тўлғандингиз "ха, энди... "
Сўзга тугиб дунёни кўтаролсак қанийди,
"Ҳа, энди"-ла олову музларингизҳижобда.

Яшаганда тортиниб, меҳмонларга ўхшайсиз,
Ўзни паст олган сари осмонларга ўхшайсиз,
Шайтон дахл қилмаган қўрғонларга ўхшайсиз,
Нур ичинда баҳору кузларингиз ҳижобда.

Яхшиям бахтингизга қўшиқ бор-а, азизим,
Бўлиш мумкин лаҳзада бахтиёр-а, азизим,
"Сояйи"ни куйлагач, руҳда бошланса базм,
Юрак чертиган "дук-дук" созларингиз ҳижобда.

Сиздай яшаш керакдир асли ҳар муслим аёл,
Оғир, вазин, мулойим, тўғри сўз, тўғри хаёл,
Бу янглиғ хулқи жамил сиздан ўтган эхтимол,
Поклик ичра ўғилу қизларингиз ҳижобда.

Эгнида либос, кўнгли ялонғоч Марҳабодан.
Шайтонга гоҳ душман, гоҳ қариндош Марҳабоман,
Сизнинг хатто ердаги изларингиз ҳижобда.

Бир мато бўлсангизу эхром қилиб кийволсам,
Ё кўнгил пештоқига байроқ қилиб илволсам,
Атлас бўлмай шундаям бўлардингиз беқасам,
Камтарлик шойисинда бўзларингиз ҳижобда.

Нима у рўмол. ҳижобда, бу покликнинг олдида?
Нима у арши аъло, бу хокликнинг олдида?
Нима менинг иймоним, бу оқликнинг олдида?
Ҳижолат-ла қимтинган кезларингиз ҳижобда.

Ойнамсиз, сизга боқиб ўнглайман рўмолимни,
Тузатаман оғишган фикримни, хаёлимни,
Рўмолим мени эмас, сизни кўпроқ танийди,
Умримда бир кун сизга ўхшаёлсам қанийди.


КАЪБАТУЛЛОҲГА МАКТУБ

Сени йўқлаб боролмасман, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел,
Ўзимга йўл сололмасман, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел,
Қилиб ният етолмасман, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел,
Хаёлинг тарк этолмасман, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел,

Гуноҳкор нотовондурман, ўқиб ҳеч бўлмадим мулло
Топиб ақча, едим, кийдим, ва ле йиғолмадим тилло,
Сени кўргим келиб найлай, ўзингга қилдим илтижо,
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел,

Қилсам тавба, тазаррулар, деворингга уриб бошим,
Мени авф эт, дея йиғлаб, тугатсам кўздаги ёшим,
Чўкиб тиз, етти айлансам, етарди сабри-бардошим,
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллох кел,

Келсанг арзир Навоийнинг изи тушган Самарқандга,
Деворларига Оллоҳнинг сўзи тушган Самарқандга,
Келин бўлиб Бибихоним ўзи тушган Самарқандга,
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел.

Бўлсанг меҳмон Бухорийим, ер узра қайси юртдан кам?
Мозорлари сочодир нур, лойи ҳам мўмиё, малҳам,
Босиб Қуръонни бағрига, яшаб келди бу юрт ҳар дам,
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел.

Ярашгайдур келиб Термизга, ё Кешга макон қилсанг,
Қўқон ё, Шахрисабз, Фарғона ё, Ўшга макон қилсанг,
Муносибдир Наманган, Хоразм, Тошкент агар билсанг,
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел.

Кўтармоқ қўл харом мўминга, деб юртдан кетар Бобур,
Этиб тарк Андижонни, будпараст Хиндга етар Бобур,
Тилининг ярми "Аллоҳ", ярми "Анжон", деб ўтар Бобур
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел.

Бу тупроқ ҳам азиз, Ҳақ деб юракни доғлаганлар кўп,
Висоли, ҳам ризоси деб, белини боғлаганлар кўп.
Етарманми, дебон сенга, менингдек йиғлаганлар,
Нжозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел.

Келсанг бунга Сафо, Марва ва ҳам "Зам-зам" ила келсанг,
Арофату Минодек йўлдошу махрам ила келсанг,
Чиқарди эл кутарга, оху-афғонлар ила билсан,
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел.

Сен Оллоҳнинг уйидирсан, кўриб бахтга тўлодирман,
Гуноҳимни айтиб йиғлаб, булутдек тўкилодурман,
Сени қучсам, уни қучган каби сархуш бўлодурман,
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел.

Ато этса қанот Хақ сен томонга қуш бўлиб учсам,
Айтиб "Лаббайкани", йиғлаб, Харам айвонига тушсам,
Кўзимга суртсаму, тўртта томонингни ўпиб қучсам,
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел.

Элим ўзбек, элим-мўмин, Бухорий наслидир наслим,
Боховуддин, Хувайдо, Яссавий, Машраб эрур аслим,
Бу мактубни сенга йўллаб туродур Марҳабо муслим,
Ижозат берса гар Оллоҳ, ўзинг бир, Каъбатуллоҳ кел.


ҲАЖНОМА

Эй, шаҳри Макка, тупроғи тилло,
Байтул муқаддас, хонайи Олло,
Бир бор кўрай деб, ҳаққа тавалло,
Қилдим етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Эй, уй муборак - дардимга дармон,
Эрдинг неча йил кўнглимга армон,
Покиза маскан, эй, кони иймон,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Тангри Тоолло қодиру холиқ,
Қаддимни кўрди эҳромга лойиқ.
Армонда қолди қанча халойиқ,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

"Лаббайка "ни ўргатдим тилимга.
Ёлғиз Худони солдим дилимга,
Розиман энди хатто ўлимга.
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Каъба девори тегди юзимга,
Бахтдан бўлиб маст, келмам ўзимга,
Бўлди бу кунлар байрам кўзимга,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ'.

Оғзимга тегди сув - Оби "зам-зам ".
Бўлди қувончдан юзу-кўзим нам,
Олиб боройин дўстларимга ҳам,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Бордим Минога, чиқдим Арофат,
Тошларда ётдим, тон олди роҳат,
Асли бу заҳмат менга-саодат,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Муздалифадан тош йиғиб олдим,
Шайтонга отиб, "бошини ёрдим ",
Урганди йўлдан, қасдимни олдим,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Қурбонлик қилдим Аллоҳга атаб,
Сочим қирқилди бир энлик, ажаб,
Бўлдим ҳожилик бурчини ўтаб,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Эй, пок Мадина-иккинчи ҳарам,
Расул туфайли бўлдинг муҳтарам,
Парвардигорим кўрсатди карам,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Бердим саломлар расулуллоҳга,                                                                                                   
Шукрлар этдим йиғлаб Оллога,
Бердим бу кунни зарг, тиллога                                                                                               
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!                                                                                             

Мен бир Худонинг хас бандасиман,
Хасу ғубордан паст бандасиман,
Бахтидан бу кун маст бандасиман,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Ҳожилик менга улуғ саодат,
Яхши ишларни қилайин одам,
Юмушим бўлсин, фақат ибодат,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Йиғлаб келгандим, кулиб қайтурман,
Иймон нурига тўлиб қайтурман,
Гўдак каби пок бўлиб қайтурман,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Қилдинг мусулмон эй, ҳақ, Худойим,
Икки ҳарамни насиб эт доим,
Ризқимни яна қўшгин илойим,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Дўстларимга ҳам тилай ҳар саҳар,
Насиб этсин шу муборак сафар,
Яхши дуолар бўлмас бесамар
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!

Ҳамду санолар Оллоҳга мудом,
Сенга йўллайин дуойи салом,
Марҳабохондан бу ожиз кало.м,
Сенга етишдим, алҳамдулиллоҳ!


РАМАЗОН

Келди шаҳри Рамазон,
Тўй - йиғинлар тўхтади,
Мачитларда ҳар кеча,
Ўқилади "Тароби".

Ҳеч бир уйда кундузи,
Ёзилмайди дастурхон,
Оқшом тушса бошланар,                                                                                                   Ифтор билан "Рамазон ".

Ҳар ким топгани билан,
Қилар қисқа сахарлик,
Ифторгача таомдан,
Жирканишар заҳардек,
 
Атир сепмас аёллар,
Искашмайди гул исин,
Соғинишар ва лекин,                                                                                        Ўпишмайди бир-бирин.
 
Ташна бўлса иссиқдан,
Ювиб олар юзини,
Ош пишириб ўзлари,                                                                                          Тотишмайди тузини.

Ҳамма ерда рўзанинг,
Файзу-гашти билинар.
Ифторга деб гузарда,                                                                                                Нишолдалар қилинар.
 
Шомдан кейин болалар,
Айтишади "Рамазон".
Қанд-панд сўриб уйига,
Қайтишади бир замон.

Ғийбатчилар ўттиз кун,
Хазир бўлар тилига,
Шафқат кирар ғойибдан,
Ёмонларнинг дилига.

Гуноҳ қилса кичиклар,
Койишади мулойим,
Рамазон бир ой эмас,
Бир йил бўлсин, илойим.

Ихлос билан кекса-ёш,
Чекар очлик заҳматин,
Осмондаги сахий зот,
Ёғдиради раҳматин.

Қорни очу, кўнгил тўқ,
Масрур юрар "рўзалар",
Бурчакларда қимтиниб,
Чой ичишар "кўзалар".

Иўқлашади бир-бирин,
Уришиб "пўм " бўлганлар,
"Жаннати " деб бўлганлар,
Рўза куни ўлганлар,

Келса Қадр кечаси,
Бўлади ҳамма уйғоқ,
Оллоҳ айтган: бу кеча,
Минг ойдан ҳам яхшироқ,

Келинчаклар шивирлаб,
Фарзанд тилар ўзига,
Йигитларнинг ойсурат,
Киз кўринар кўзига.

Болалардан қутилмас,
Осон "Лайлатул-қадр".
Ўйинчоқнинг тури кўп,
Болалар ҳам кўп ахир,

Ҳар рўзада донолар,
Ўйлаб ғариб тулларни,
"Фитрўза"лар беришиб,
Йўқлашади уларни.

Ҳеч бўлмаса ўттиз кун,
Турса шундай эътиқод,
Балки кирар умрга,
Ўттиз йиллик баракот.

Шундай гўзал яшамоқ,
Инсонларга қандай хос,
Афсус, афсус, афсуски.
Рамазон бир ой холос.


МОМОХОН ПОШШОЙИМГА

Биттагина онаму,
Учтагина болам бор.
Бу оддий гап, қизиғи
Аравонда холам бор.

Оғзин хали очмасдан,
Гунг бўлади, боз-бозлар,
Қошларин туришига,
Ош пиширар таннозлар.

Ўзи кулмай гап айтар,                         
Ичагингиз узилар,
Жойномозда ўтириб,
Торатингиз бузилар,

Хали ўлмасдан туриб,
Марсиямни ёз, дейди.
Ўзим эшитолмасам,
Не қизиги бор, дейди?

Ўтирганда пошшодай,
Кибор туришлари бор,                                                                                                                                                     
Турганида "вой-вой "лаб,
Ўрдак юришлари бор.

Ошиқ бўлар хуснига,
Кимки кўрса бу Ойни,
Бир одамга Хақ нахот,
Берди шунча чиройни?!

Камтар, оддий яшайди
Нима у давлат, бойлик?
Саксон ёшли бу ойим,
Ўнта қиздан чиройлик.

Гоҳо қилиб хиргойи,
Гоҳида "ирдаб" берар,
Эсизгина ёшлик, деб,
Сўнгида йиғлаб берар.

Чоллар ҳам узидай,
Кўринади ёшгина,
Соқоллари ярашган,
Нурли, қаламқошгина.

Яшаб. яшаб дунёда,
Орттирибди икки қиз,
Суҳбатимиз астиям,   
Ширин бўлмас уларсиз.

Ўртоқлари бир дунё,
Уйлари тўла китоб,
Ўйлайсизки, кўнглида,
Нур сочар бир офитоб.

Ўқиганда байт, ғазал,
Хувайдо, Надимийдан,
Сел бўласиз, лол қилар,
Сўйласа қадимийдан.

"Машраб " деб, тебранганда, 
Ҳар сўзи асал бўлди,
Саксон ёшга етганда,
Кўз тегиб, касал бўлди.

Илоё, тез тузалиб,
Жисми дан дард арисин,
Чоли билан юз ёшга,
Кириб, қўша қарисин.

Марҳабо дер: файзлари,
Юқиб қолсин бизгаям.
Суҳбатида бўлмоқлик,
Насиб этсин сизгаям.

Биттагина онаму,
Учтагина болам бор.
Бу оддий гап, қизиғи
Аравонда холам бор.

Хали келса кўрасиз,
Кулла кулла ўласиз
       
                                                                                             
БОЛАМГА

Ой туғса ҳам-боламга,
Кун туғса ҳам-боламга,
Болам бахтли бўлмаса,
Нега келдим оламга!
Боламга.

Неки яхши нарса бор,
"Онамга" десам бир бор,
"Боламга" дедим бир бор,
Боламга.

Илинаман жонимни,
Чайнаб турган нонимни,
Фараҳли ҳар онимни,
Боламга.

Жигаримдан юлиб ҳам,
Душманимга кулиб ҳам,
Боламга дедим ҳар дам,
Боламга.

Оллоҳ! Бу қандай миллат,
"Боламга" дейди фақат,
Бу қандайин муҳаббат,
Боламга?

Оллоҳ қилсин иноят,
Бўлсин йўли хидоят,
Хавзи Кавсару жаннат,
Боламга.

Саҳарим ҳам, шомим ҳам,
Остонам ҳам, тошим ҳам,
Марҳабохон номим ҳам,
Боламга.


ТИЛАК

Ҳар бандани дунёда,
Умри бўлсин зиёда,
Юрсангиз ҳам пиёда,
Сиҳат бўлинг, тинч бўлинг.

Дилни босса ташвиш, ўй,
Татирмиди байрам, тўй?
Бўлмасангиз ҳам хушрўй.                             
Сиҳат бўлинг, тинч бўлинг.

Уйда бўлса ул-бул кам,
Ташвиш бўптими шуям?!
Энг муҳими, жон укам,
Сиҳат бўлинг, тинч бўлинг.

Ақча бу - рангли қоғоз,
Шукр қилинг кўпми, оз,
Яшайин десангиз соз,
Сиҳат бўлинг, тинч бўлинг.

Оғриб турса жонингиз,
Қоронғу осмонингиз,
Кетса кетсин молингиз.
Сиҳат бўлинг, тинч бўлинг.

Оғзиндан тушса ҳам тиш,
Бошингга тушмасин иш,
Айтдим қўйдим мен дарвеш,
Сиҳат бўлинг, тинч бўлинг.

Эй,  Марҳабо, чин омад -
Кўнгилдаги ҳаловат,
Келгандаям қиёмат,
Сиҳат бўлинг. тинч бўлинг.


МАКТАБ

Синфхона асли бу дунё,
Еру осмон худуди аро,
Хаёт деган мактабда гўё,
Ўқияпман халиям.

Ҳар бир тонгим - илк қўнғироқ,
Ҳар бир шомим - сўнги қўнғироқ,
Гоҳ аълочи, гоҳ бўлиб қолоқ,
Ўқияпман халиям.

Синфдошларим ҳам турфа хил,               
Бириси саҳий, бириси бахил,
Гоҳ тортишиб, гоҳ бўлиб ахил,
Ўқияпман халиям.

Ҳар одам бир дарслик, бир китоб
Теграси тўла илм, бехисоб,
Ҳар қайсисин варақлаб шитоб,
Ўқияпман халиям.

Шу мактабда улғайдим, ўсдим,
Эллигинчи синфга кўчдим,
Ҳато қилсам койима, дўстим,
Ўқияпман халиям.

Кўрмаганим кўриб олай, деб,
Билмагаим билиб олай, деб,
"Икки”мни "беш" қилиб олай, деб
Ўқияпман халиям.

Гоҳ баланд, гоҳ пастда ўтирдим,
Гоҳ соғ, гоҳо хаста ўтирдим,
Лек бир умр дарсда ўтирдим,
Ўқияпман халиям.

Кундалигинг - номаи аъмол.
Эй, Марҳабо, яшагин халол,
Бир кун бор, сўроғу савол,
Ўқияпман халиям.


ОДАМ

Ол ибрат, бу ажиб дунё, уям одам, буям одам,
Бири боғу, бири саҳро, уям одам, буям одам.

Бирига жон нисор этсам, бирин ташлаб қочиб кетсам.
Бири-нодон бири-доно, уям одам, буям одам.

Бирининг меҳрига зорман, ва гардига харидормии,
Биридан сақласин Оллоҳ, уям, одам буям одам.

Бирин тинглаб қилсам роҳат, бири сўзласа йўқ тоқат,
Бири-оми, бири-мулло, уям одам, буям одам,

Бири ошкор қопар итдай, ва ё пинхон чақар битдай,
Бирин феъли халим, зебо уям одам, буям одам,

Адашма ўхшаса барқи, эмас тенг иккисин нархи,
Бири мису, бири-тилло, уям одам буям одам,

Оёғу кўл, вужудлар бир, нетай, Аллоҳ, кўнгил хар-хил,
Бири-кўлмак, бири-дарё, уям одам, буям одам,

Бири мискин, бири бойдир, вужуди асли бир лойдир,
Бирин паст кўрмагин асло, уям одам, буям одам.

Бири кофир, тубан, расво, бирисида иймон тақво,
Фарангми, хиндими, тарсо, уям одам, буям одсш.

Бу дунё одамистондир, бўлгил одамшунос, оқил.
Адашма танласанг ошно, уям одам, буям одам.

Жаҳонга, Марҳабохон, боқ, олов сувга бўлмас ўртоқ,
Ва шундан жанжалу ғавғо, уям одам, буям одам.


МАСТ БЎЛАМИЗ

Биз маст бўлсак, муҳаббатдан маст бўламиз,
Гўзалликдан, нафосатдан маст бўламиз,

Яйрашимиз учун шароб керак эмас,
Саҳарлари ибодатдан маст бўламиз.

Юракка ишқ найзасини санчиди ёр,
Оғриса шу жароҳатдан маст бўламиз,

Қай махалки, ёрнинг номи айтилганда,
Қалбга кирган хароратдан маст бўламиз.

Суҳбатлашиб ўтирганда доно билан,
Тўймай ширин мулоқотдан маст бўламиз,

Излаганим донишларнинг даврасидур,
Қуръон, хадис, ривоятдан маст бўламиз.

Оллоҳ, Оллоҳ, бу не ширин оҳанг эрур?!
Кўз ёш тўкиб, қироатдан маст бўламиз,

Хофиз кўшиқ куйлаганда тебранишиб,
Авж пардаю, дароматдан маст бўламиз.

Ҳар нарсадан гўдагимнинг иси ширин,
Хидлаб ушбу саодатдан маст бўламиз,

Шаробсиз ҳам бандани маст қилар иш кўп.
Ҳисоб вақти хижолатдан маст бўламиз.

Сиз май ичиб, бода ичиб юраверинг,
Биз қўрқишиб, қиёматдан маст бўламиз,

Ёр жамолин кўролмасак, беҳишт нечун?
Ўйласак, шу сиёсатдан маст бўламиз?
Эй, Марҳабо, иншаоллоҳ, иншаоллоҳ,
Ўша буюк зиёфатдан маст бўламиз.


ЯШАШНИ ЎРГАТАМАН

Мен ўзимни севаман.
Менга ўзим ёқади,
Энди менга барибир,
Ким қанақа боқади.

Нуқсонлими, қорами,
Юзим - менинг юзимдир,
Дунёда энг чиройли,
Битта одам - ўзимдир.

Қўлим юпқа ва лекин,
Йўқдан кўра шукр, бор,
Бу дунёда ҳеч одам,
Эмас мендай бахтиёр.

Гап эшитсам, жилмайиб,
Калтак есам, куламан,                     
Чап юзимга уришса,
Ўнгин тутиб тураман.

Юрак деган қабрга,
Армонимни кўмганман,
Ва устида боламга,
Ўйин тушиб берганман.

Ҳар тонг қараб ойнага
Дейман: менинг ғамим йўқ,
Мен соғломман, мен зўрман,
Ташвншим йўқ, камим йўқ.

Нохушликлар бор, лекин,
Мен улардан қарз эмас,
Ҳеч қайсиси жонимни,
Тикишимга арзимас.

Хомуш бўлар баъзилар,
Сочин оқин санашиб,
Менга эса турибди,
Ажинлар ҳам ярашиб.

Тикан-тикан, гул-гулдир,
Ҳар нарса ўз холича,
Азизларим, дунёни,
Қабул қилинг борича.

Осон яшай десангиз,
Маслаҳатим олволинг,
Ўзингизни озгина,
«Жиини»ликка солволинг.

Не кун кўрсам барига,
Оллоҳ рози-мен рози,
Яратганнинг қўлида,
Энг тўғри тош-тарози.

Яшашга эмас бизни,
Имтиҳонга ташлабдур,
Пирим ўша ковушсиз,
Девонайи Машрабдур.

Кўйлагимни сўрашса,
Тўнимни ҳам бераман,
Тиканларнинг ичидан,
Лолаларни тераман.

Қизим қайтиб кептими?
Ажаб бўпти, хўп бўпти!
Бугун яна бойибман,
Битта ташвиш кўп бўпти.

Нархи қанча? Опкелинг,
Ғамингизни оламан,
Бор пулимга ташвишу,
Камингизни оламан.

«Ғам» сўзидан ўзимга,
«Шодлик» сўзин ясайман,
Мен шунақа, ўзимни,
Хурсанд қилиб яшайман.

Телба экан-ку, дея,
Кулмангиз Марҳабога,
Барча ҳисоб-китобни,
Қўйиб қўйдим Оллоҳга.


ЎЗИНГИЗНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛИНГ

Азизларим, меҳрибонларим,
Дўсту ёрон, қадирдонларим,
Жонингизга куяр жонларим,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Тириклик деб, чопган оталар,
Рўзғорим деб, шошган оналар,
Жонингизга куймас болалар,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Қиз аразлаб келса юрак қон. 
Келин чимирилса дил вайрон,
Ағдар-тўнтар бўлса ҳам жаҳон,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
                                                                               
Таранг-таранг тортилар асаб.
Емираркан инсонни ғазаб,
Қон томирлар бунча мўрт. ё Раб?!
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Ўнг томонга жойлашса юрак,
Бўлмасмиди шунчалар хуркак,
Чиқса чиқар гуручдан курмак,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Тортишувда бир сўздан қолиб,
Нохуш гапни хазилга олиб,
Дилозорни Худога солиб,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Эй дўст, ҳар не касби корингиз,
Ҳамроҳ сизга ташвиш, зорингиз,
Ёнингизда юрсин дорингиз,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Ўлим - ёмон, даҳшатли тақдир,
Аммо дўзах олдида бахтдир,
Асли ўша оловдан хозир,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Энг аввало ношукр бўлманг,
Жоҳил билан ҳамфикр бўлманг,
Беибодат, безикр бўлманг,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Ҳаққингизни бермаса бахил,
Кўргизсаму зулуму қахр,
Ҳисоб куни келар-ку ахир,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Қандай шараф - Оллоҳга қайтиш?!
Шартмас шунча ўлимдан қўрқиш,
Охиратда қолган ҳамма иш,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Сизга санчиб сўзнинг найзасин,
Яйраса шу нодон яйрасин,
Сукут билан енгинг ҳаммасин,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Кечирганни кечирур Оллоҳ,
Паноҳ берган топади паноҳ,
Ёмонликдан не чиқади, оҳ!
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Дўст томонга талпининг ҳар дам,
Кўринг қувонч ташвишни баҳам,
Одам тафтин олади одам,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Қуръон, хадис, шеърият, санъат,
Доно билан бир ширин сухбат,
Шумасми сиз қидирган жаннат?
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Ғам келганда куюниб кетманг,
Бахт келганда суюниб кетманг,
Сокин яшанг, осуда яшанг,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Кўзлар ҳали кўриб турганда,
Юрак хали уриб турганда,
Оёғингиз юриб турганда,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Елкангизда икки фаришта,
Уларнинг қўллари ёзишда,
Марҳабохон, ҳар сўз, ҳар ишда,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Шукр дўстлар, борингиз учун,
Фарзанд, жигар, ёрингиз учун,
Мендай харидорингиз учун,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.


КЕЛИН ТАНЛАГАНДА АДАШМАНГ

Ёлғизгина ўғли бор аёл,
Ширин-ширин сурасиз хаёл,
Бир гап айтай келмасин малол,
Келин танлаганда адашманг.

Суриштирасиз ким онаси,
Озодами, ховли - хонаси,
Ичидадур одам оласи,
Келин танлаганда адашманг.

Кимларгадир бой келин керак,
Кимга юзи ой келин керак,                             
Сиз қидиринг бир тоза юрак,
Келин танлаганда адашманг.

Деманг, гўзал қўғирчоқ бўлсин,
Ўғилчамга овунчоқ бўлсин,
Ҳаёт эмас қўғирчоқ ўйин,
Келин танлаганда адашманг.

Ўғлингизга нажот бўлсин у,
Кишан эмас, қанот бўлсин у,
Доно бўлсин сиз топган сулув,
Келин танлаганда адашанг.

Агар бўлса молпараст, нодон,
Рашкчи, бетга чопар, бадгумон,
Болангизга юттиради қон,
Келин танлаганда адашманг.

Ўғлингизни бор қилган ҳам шу,
Ва ё, хору зор қилган ҳам, шу,
Нозик, аммо буюк кучдир у,
Келин танлаганда адашманг.

Дарахтни силкитсанг ёгар қиз,
Қайси тилло, қайси бири мис,
Ўгли кўплар адашсаям, сиз,
Келин танлаганда адаишанг.

Бўлсин қўли ширин, меҳрибон.
Шу қўллардан ейсиз ошу нон,
Балки шу қўлда берасиз жон,
Келин танлаганда адашманг.

Яқин қилар йироғингизни,
Кутар дўсту, ўртоғингизни,
Шу қиз ёқар чироғингизни,
Келин танлаганда адашманг.

Қай қизники одоби бордир,
Қалбида нур, офтоби бордир,
Керак бўлса тинчлик, бахт, хузур,
Келин танлаганда адашманг.

Яхши бўлса, пошшо бўласиз,
Ёмон бўлса, расво бўласиз,
Қон босим бўласиз, ўласиз,
Келин танлаганда адашманг.

Ҳайрон бўлманг, дўстларим асло.
Агар ўлар бўлса Марҳабо,
Қабридан ҳам чиқар шу нидо:
Келин танлаганда адашманг.


БИЗ КУЙДИРИБ КЕТГАН ЙИГИТЛАР

Бўларкансан ёшликда нодон,
Кибри баланд, ғурури осмон.
Изимизда йиғладингиз қон.
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Совғангазни отворгандиг-а,
Хатингизни йиртворгандиг-а,
Писанд қилмай кетворгандиг-а,
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Танлаб-танлаб учраб тозига,
Чидаяпмиз фироқ, нозига.
Арз қиламиз қайси қозига,
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Онангизей патирлар ёпиб,
Уйимизии қидириб топиб,
Ҳар уч кунда келарди чопиб,
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Олдингиздан ўтамиз кесиб,
Кўйлагимиз ямоғин тўсиб,
Жилмаямиз турсак ҳам ўксиб,
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Ёнингизда биздан гўзал ёр,
Яшаяпсиз тўкис, бахтиёр,                                 
Мақтангудек бизда нима бор?
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Ношуд эрнинг қўлида хормиз,
Суянчига, меҳрига зормиз,
Ўлмадиг-а, ҳалиям бормиз,
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Елкамизда рўзғор халтаси,
Эгнимизда Хитой латтаси,
Увол бўлдик, гапнинг калтаси,
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Турмуш оғир, асаблар таранг,
Эплайолмай бошимиз гаранг,
Ким эдигу, ким бўлдик, қаранг,
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Кўча-куйда кўрарсиз балки,
Ҳайрон бўлиб турарсиз балки.
«Ўла!» дея куларсиз балки,
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Хижолатдан юрамиз чўкиб.
«Аттанг» дея кўз ёшлар тўкиб,
Яшаяпмиз тақдирни сўкиб,
Биз куйдириб кетган йигитлар.

Тушириб қалбингиз кўрига,
Ўзимизни олдик тўрига,
Тегмадигам сиздан зўрига,
Биз куйдириб кетган Йигитлар.

Марҳаболар дуода доим:
Зулм кўрманг энди илойим,
Бераверсин омад Худойим,
Биз куйдириб кетган йигитлар.


«УШАБ ТУРИНГ»

Йўқ ўзбекдек болажон халқ,
Қайнотси қаҳрамон халқ,
Набиралар малах-малах,
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Ҳовлим бўлди болабоғча,
Ҳар йил битта чақалоқча,
Кир чиқади бўхча-бўхча,
Менинг отим - « Ушабтуринг»

Уйим — марказ, уйим — пакка,
Бир он турмам ҳоли, якка,
Уйғонишар турмай хакка,
Менинг отим — «Ушабтуринг».

Намоз чала, саловат йўқ,
Уйқумдаям халоват йўқ,
Шундан юзда тароват йўқ,
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Тилим эртагу аллада,
Ҳеч не қолмади каллада,
Ҳамма билар махаллада,
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Уйим тўла китоб мани,
Аммо ўқишга вақт қани?
Овутиб бир тирранчани,
Менинг отим - « Ушабтуринг».

Етказганига минг шукр,
Нетай, толса бошим қурғур?
Нолиётган бўлсак узр,
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Қўлимда бўлса биттаси,
Этагим тортар тўрттаси,
Атрофда яна ўнтаси,
Менинг отим — «Ушабтуринг».

Ҳой, укангни туртма, болам,
ҲОЙ, пардани тортма, болам,
Китобимни йиртма, болам,
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Ҳой-ҳой, гулни узиб қўйма,
Соатимни бузиб қўйма,
Иштонингга сузиб қўйма,
Менинг отим - «Ушабтуршг».

Ойлиги йўқ қози -ўзим,
Занжири йўқ този -ўзим,
Ўлимимга рози ўзим,
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Дарё эдим оқмай қолдим,
Ойнага ҳам боқмай қолдим,
Эримгаям ёқмай қолдим
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Ёшлигингда отасин боқ,
Қариганда боласин боқ,
Аёл борми биздай қолоқ?
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Кўпайишар борган сари,
Ичикармиш қилсам нари,
Ўлиб кетсам қолар бари,
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Асабларим элак-элак,
Ғалвалардан ўйнар юрак,
Жоним ўзимгаям керак,
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Татўс турди, юриб кетсин,
Йиқилибди. туриб кетсин,
Савобиям қуриб кетсин!
Менинг отим - «Ушабтуринг».

Ўртоғларим, айланайлар,.
Эшитмасам бақирманглар,
«Марҳабо» деб чақирманглар,                         
Менинг отим - «Ушабтуринг»

Ёзим ўтиб, қишга кирдим,
Ғалва, жанжал, муштга кирдим.
Чўриликка ишга кирдим,
Менинг отим - «Ушабтуринг».


ДУНЁНИНГ БИР ҚАВАТИ                                                               

Дунёнинг бир қавати —                                                                                             
Адашганлар қавати,
Тақдиридан ҳаққини
Талашганлар қавати.

Яшайдилар бахтиёр,
Саройдадек капада,
Унчалар баландмас-у,
Биздан анга тепада.


ТАҚДИРГАЯМ ҚОЙИЛМАН!                                                             

Танлаб-танлаб ўлчаб бўй,
Орзилаб қилинар тўй.
Қўшилар бўрига қўй,
Тақдиргаям қойилман!

Оловни сувга қўшар,
Соддани қувга қўшар,
Атай қилганга ўхшар,
Тақдиргаям қойилман!

Бир бадфельга бир зебо,
Бир кўлмакка бир дарё,
Бир нодонга бир доно
Тақдиргаям қойилман!

Гул билан гул бўлса жъам.
Бўлмас эди кўзлар нам,
«Мен бахтлиман!» деган кам
Тақдиргаям қойилман!

Саҳро билан боғ яшар,
Жарлик билан тоғ яшар,
Жинни билан соғ яшар,
Тақдиргаям қойилман!

Чаққонга бир илмилиқ,
Жиддийга бир серқилиқ,
Яшаш керак, сип-силлиқ,
Тақдиргаям қойилман!

Эр яйрайди куй тинглаб,
Хотин ўтирар эснаб,
Қовушмайди гапга-гап,
Тақдиргаям қойилман!

Бўлмагурга бўгулук.
"Тавба! Тавба!" дегулик,
Оллоҳ, бу не кўргулик?!
Тақдиргаям қойилман!

Тиканга шунча меҳр,
Ғунчанга шунча қаҳр,
Инсофданми шу ахир?!
Тақдиргаям қойилман!

"Вақти бўб қолди ", дейсиз,
"Тақдир кеб қолди " дейсиз,
Бахтсиз ўғил, бахтсиз қиз.
Тақдиргаям қойилман!

Қилиб қўйиб ўзимиз,
Жовдирайди кўзимиз.
Кейин айтар сўзимиз:
Тақдиргаям қойилман!

Умр тўла доду вой,
Нетамиз, Марҳабо ой?
Ярим дунё пойма-пой,
Тақдиргаям қойилман!


ЗАМОНАВИЙ ЭРТАК

Бир чолнинг "Запарож"и,
"Нексия "га урилди,
"Нексия "нинг чироғи,
Синди, тушди, сурилди.

Бўғилиб чолга деди,                                       
"Нексия " нинг эгаси:
- Биласизми, қанчага,
Тушар бунинг чечаги?

Битта чироғин ўзи,
Минг долларсиз битмайди,
Ҳатто машинагизни,
Сотсангиз ҳам етмайди.

Чол дейди: - Болам, тўхта,
Худодан-ку бўлса не,
Кўрсатаман бир нарса,
Машинамга ўтир, ке.

Қўйнидан бир хумчани,
Олиб шивирлади чол:
- Бизга кўк чой дамлаб кел,
Хой, жин қани, чиқа қол.

Хум ичдан жин чиқиб,
Чойни қилдн мухайё,
Йигит ёқасин ушлаб,
Деди: -Астағфурулло!

У бундай мўъжизани
Кўрмаганди ҳеч қачон.
Деди: -Шу хумчангизни,
Менга сотинг, отажон.

Чол сўзлади: -Бу хумча
Менга қолган отамдан,
Бу эсталик нарсани
Сенга қандай сотаман?

Йигит чолни авради:
"Нексия "ни бераман,
Ва устига ўн миллион,
Сўм ҳам олиб келаман.

Бир лаҳзада хумчанинг,
Бозори кетди қизиб,
Йигит "Нексия"сини
Чолга берди ўтказиб.

Хумни уйга опкелиб,
Ишқалади-чиқди Жин,
Ҳамма ҳайрон, Жин деди;
-Нима қилай, Хўжайин?

-Хотинимга, қизимга,
Машина, тақинчоқлар,
Ўғилларимга завод,
Фабрика, ҳовли-боғлар.

Менга эса бир юртнинг,
Пошшолигин бера қол,
Менга не сотганини,
Кўриб қўйсин, лақма чол.

"Нексия " ҳам матоҳми?!
Мен хайдайшан, самолёт.
Йўқ-йўқ, қўлимда бўлсин,
Бутун бир аэрофлот.

Кўрқиб кетиб йигитга,
-Шошманг-шошманг, -деди Жин,
Кимга нима, дедингиз
Тушунмадим, Хўжайин?

Сиз айтган нарсаларни,
Қила олмайман чиндан,
Чунки мен бори йўғи,
Чой дамлайдиган Жинман.

Бузилиб атроф муҳит,
Не кунларга солмади?!
Хатто эртаклардаям,
Хақиқий Жин қолмади.

Алқисса, йигит хумни,
Жинга отиб урибди,
Чол "Нексия "да зув-зув,
Кира қилиб юрибди.


ТОВУС

Менинг етолмаган икки орзум бор:
Бири - билагузук таққим келади,
Иккинчиси эса унданам қизиқ -
Уйимизда товус боққим келади.

Билмасман товуснинг бозори қайда,
Рохати қайда-ю, озори қайда,
Агар ўлиб қолса, мозори қайда?
Уйимизда товус боққим келади.

Дерлар: "Девор ошар ўша парранда,
Бўласан қўшнилар ичра шарманда ".
Ахир нима қилай, манам бир банда,
Уйимизда товус боққим келади.

Буям бир дунёга берилиш деманг,
Молу давлатига керилиш деманг,,
Кўнгилкшчасида ўзим хангу манг,
Уйимизда товус боққим келади.

Не-не орзуларга етганман, шукр,
Неларни истамас бу кўнгил қурғур,
Орзуям шунақа бўладими сур,
Уйимизда товус боққим келади.

Бу ғаму хасратга тўла оламда,
Ҳар хил ҳолат бўлар экан одамда,
Ҳамма ишни қўйиб, худди шу дамда,
Уйимизда товус боққим келади.

Патларин ёйса у, ҳайрондир башар,
Бу қандай мўъжиза! Бу қандай асар!
Офарин, буюк Зот, Оллоҳу Акбар!
Уйимизда товус боққим келади.

Сотиб олишга-ку етмайди ақчам,
Мени тинч қўймаса не қилай бу ғам?!
Кўйлак рўмолимни сотиб бўлса ҳам,
Уйимизда товус боққим келади.

-Кап-катта одамга товус нимаси?!
Йўқми, Марҳабонинг бошқа ғалваси?
-Жонимга теккандур балки ҳаммаси.
Уйимизда товус боққим келади.


ЧИМИЛДИҚДАГИ НАСИҲАТ

Келинпошшо, мен ўзим инжиққина боламан,
Беэътибор бўлсангиз, хафа бўлиб қоламан,
Ақл, ғайрат, зийраклик насиб қилган йигитман,
Бурганинг ичагига, хасип қўйган йигитман,

Ёр бўлсангиз менга чин, айтайин бир дардимни.
Кирмасангиз гапимга, тополмайсиз гардимни,
Яхши, ёмон феълимга кўнсангиз бўлмайди,
"Гаҳ " деганда қўлимга, қўнмасангиз бўлмайди.

Ҳар кун қошга ўсмаю, кўзга сурма сурасиз,
Парийлардай қошимда, таъзим билан турасиз,
Ишда менга не амал, пешонамдан кўраман,
Аммо уйда биргина, "пошшо "ликка кўнаман.

Ҳамма пайт, ҳамма вақт "лаббай" дейсиз чақирсам,
"Қуллуқ" дейсиз баъзида, феълим келиб бақирсам,
Атрофимда айланиб, мен инжиқни овутинг,
Не қилсангиз қилинггу, аччиғимга совутинг.

Чиройингиз, нозингиз бўлсин фақат ўзимга,
Бетассум, бепардоз кўринмангиз кўзимга,
Канизагим бўлсангиз, ширин сўзу, мулойим,
Шунда сизни бошимда кўтараман, гулойим.


ИЗҲОР

Билмадим бу ерда борлигингизни,
Билсайдим, чиройли бўлиб келардим,
Қошимга билинмас ўсмалар тортиб,
Кўзимга сурмалар қўйиб келардим.
Нимага тушларим огоҳ этмади?
Нега қовоқларим учиб нетмади?
Бу рангсиз кўйлакда келмасдим асло,
Таъбу, хафсаламга бўлди бир бало,
Билсайдим юрагим куйлаб келарди,
Рухимда жийдалар гуллаб келарди
Нимага қўққисдан шошдим бу ёққа,
Паришон қиёфа, ҳорғин сиёқда?
Энди бундан тезроқ кетақолайин,
Сиз кўрмай уйимга етақолайин.
Снзнинг қаршингизда турмайин сўлиб,
Ёнингизга келай чучмома бўлиб,
Сиз бор жойда ойдек тўлингим келар,
Кўзингизга ўтдай кўрингим келар.


ЖАВОБ

                                                "Олтиариқда нега бойлар кўп? "
                                                              Ҳожи аканинг саволи.

Ҳотиримни қилиб жаъм,
Астойдил ўилаб кўрсам,
Ишбилармон кўп одам,
Олтиариқдан чиқди.

Ҳиндистондан келган қуш,
Узум чўқиб кўнгли хуш,
Қурт-қумурсқага улуш,
Олтиариқдан чиқди.

Чет юртларга мингдан-минг.
Мева элтган карвонинг,
Тенг ярими, ишонинг,
Олтиариқдан чиқди.

Шоирларнинг зўри ҳам,                                 
Олимларнинг зўри ҳам,
Дўсппидек жой бўлсаям,
Олтиариқдан чиқди.

Ҳофизларнинг булбули,
Боғбон йигитлар гули,
Деҳқонларнинг серпули,
Олтиариқдан чиқди.

Пирдек ҳожи оталар,
Гулдек ҳожи оналар,
Иқтидорли болалар,
Олтиариқдан чиқди.

Қўлласа Оллоҳ эгам,
Меҳнат қилган бўлмас кам,
Биринчи миллиардер ҳам,
Олтиариқдан чиқди.

Ойга қурилиб шахар,
Бозор очилса агар,
Энг биринчи савдогар,
Олтиариқдан чиқди.

Ер остида, бир қатда,
Нефт кони бормиш катта,
Чиқиб қолса албатта.
Олтиариқдан чиқди.

Йиллар ўтиб, Марҳабо,
Умид қиламан, ҳатто,
Яна бир зўр подишо
Олтиариқдан чиқди.

Бирмас олти ариқдан,
Кириб турса барака,
Олтиариқлик бой бўлмай,
Мен бўлайми, ҳожака?!


АНЖОНЛИККА ЎХШАЙДИ

Учради бир мард одам,
Чопони бегард одам,
Бу оқ кўнгил сарт одам,
Андижонликка ўхшайди.

Жонни тикар дўст учун,
Оқибати, меҳри чин,
Гаплари бутун-бутун,
Андижонликка ўхшайди.

Давлат топса бари ҳам,
Эл билан кўрар баҳам,
Кўнгли бўш, бели маҳкам,
Андижонликка ўхшайди.

Бир йигитда ўн хунар,
Қадамидан гул унар,
Курашсанг белинг синар,
Андижонликка ўхшайди.

Мардлигидан ибрат ол,
Бироз чапани, қўпол,
Ҳазил қилса қочиб қол,
Андижонликка ўхшайди.

Ғўзалари ҳар баҳор,
Елим кўрпада ўсар,
Деҳқонми бу ё, заргар.
Андижонликка ўхшайди.

Улуғлари йигитдай,
Шижоати бургутдай,
Ўйлаб гапир, ё пирай,
Андижонликка ўхшайди.

Ҳофизлари хушнафас,
Буллуллар қилар ҳавас,
Ютқазасан қилма бахс,
Андижонликка ўхшайди.

Тожмаҳалдан сўзласам,
Кўзларига келар нам,
Шоир Мархабохон ҳам,
Андижонликка ўхшайди.


ИККИНЧИ КИТОБ

Алҳол чиқди китобим,
Турган эди босилмай,
Пул чиқмасди "хомий" - эр,
Бўйнига минг осилмай.

Вой, чиқди-я шу китоб!
Қувончдан кўз нам бўлди.
Бутун юртга тарқаган,
Шеърлар охир жаъм бўлди.

Хамма жойда шов-шув гап:
Кўрдингизми, чиқипти!
Йиғлавордим, ҳаттоки
Тохир Малик ўқипти.

Юзминг нусха, ҳазилми?!
Дўконлар кетди тўлиб,
Аммо уч кун деганда,
Одоғ бўли сотилиб.

Уйга бўлар қўнғироқ:
"Бизга етмай қолди-ку,
Мухлисларнинг устидан
Куляпсизми, нима, бу?"

Мендан қанча танишлар
Хафа бўлиб кетмади,
Дедим: "Мени тушунинг,
Ўзимгаям етмади ".

Шу китобим бўб кетди,
Таржима кўп тилларга,
Демак, менинг номим ҳам,
Кирди қанча дилларга.

Сотилётганмиш китоб,
Хиндистоннинг йўлида,
Кимдир кўриб қолганмиш,
Рим Папасин қўлида.

Руҳланиб кетдим жуда,
Ўзимгаям қойилман,
Ҳамма ўқияптими,
Демак, мен зўр шоирман!

Тавба, астағфирулло,
Ўзинг кечир, худойим!
Омадни сен улашиб,
Банданг мақтанар доим.

Китоб чиқди дунёга,
Аммо кўнгил тўлмади,
Негаки, буни буюк
Зулфияпа кўрмади.

Татимади бу қувонч
Озод Шарофиддинсиз,
Билмадим, ё "савалаб".
Ё мақтар эди, эсиз.

Кўрмади кўп устозлар,
Бироз кўнглинг сўларкан,
Ҳеч бўлмаса Саид Аҳмад
Ўлмай турса бўларкан.

Энди Ўткир Ҳошимовга,
Худодан умр тилай,
Ва Иброҳим Ғофурнинг,
Борига шукр қилай.

Усмон Азимга дастхат,
Ёзиб берсам қанийди.
Омон Матжон бир нигоҳ
Ташласаям майлийди.    '

Рим Папаси зўр, аммо,
Фикри қандай "Гулматнинг”?
Назарига тушсайди
"Ҳумий " деган ҳазратнинг.

Орзуларга етишиб,
Келганда бир омадим,
Минг афсуски жиринглаб,
Уйғотворди соатим.

Эсиз китоб, шон-шуҳрат,
Эҳ, кўксимга ураман!
Бундай зўр тушни энди,
Яна қачон кўраман?


ХНА

Болаларни тўйдирдиму,
Ётоғига жойладим,
Хайит қилиб, қўлларимга,
Шу тун хна бойладим.

Дедим: - Бугун синаб кўрай,
Ҳафсалаю сабримни,
Болаларнинг дадаси ҳам
Кўриб қўйсин, таъбимни.

Хна ахир бизлар учун,
Момолардан меросдир,
Билмам, нега унга ҳозир
Аёллар беихлосдир.

Бу фикримни ногоҳ бўлди,
Жавраб кириб, хўжайин,
Бир тугмаси бўшаб қопти,
Йўл-йўл батис кўйлагин,

Боғлиқ икки қўлим билан,
Келтирдим ипу игна,
'Хна бор " деб, узр айтиб,
Қараб турдим жимгииа,

У-чи, сўзсиз лаънатлади,
Бир хнамни, бирмени,
Тажанг бўлиб. узоқ тургач,
Кўлга олди игнани.

Мени яна хаёл тортади:
Сабр қтиб бутун тун,
Тонгда очсам кўлларимни,
Кафтим бўлар лолагун.

Бу фикримни энди бўлди,
Дадамизнинг "вой, дод!"и,
Уйдан хатто қўшниларга
Эшитилди фарёди.

Дедим: - Ҳай. ҳай, нима бўлди?
Деди: - Вой, вой, жон чиқди!
Игна кирди жимжилоққа,
Мана кўргин, қон чиқди!

Истимам ҳам чиқса керак,
Улчагич қўй, қўйнимга,
Қўлгинамни секин бойлаб,
Осиб қўйгин, бўйнимга.

Рози бўлгин мендан хотин.
Ўлиб қолсам бўлма лол,
Кўз ёшингни арту ўтир,
Васиятга қулоқ сол.

Жон чиқарда тилдан қолсам.
Қуриб қолса томоғим.                                     
Оғзимга оқ пахта билан.
Сув томизгин, уч томим.

Болаларни ўкситмагин,
Эҳтиёт бўл ўзингга,
Сен бевасан, сурма-пурма.
Қўйиб юрма, кўзингга!

Видолашдик, у ўлимни,
Эснаб-эснаб, кўп кутди,
Сўнг кўрпага бурканди-ю,
Бармоғини унутди.

Эс-ҳушимни йиғиб секин,
Қўлга олдим игнани,
Қадаб қўйдим кўйлакдаги,
Бўшаб қолган тугмани.

Қайда қолди қўйган хнам,
Сурган ширин хаёллар,
Охир билдим, нега хна,
Қўймас ҳозир аёллар.


АРМОН

Севиб олма отгандим,
Осмонга бориб етди,
Ойни мўлжаллагандим,
Юлдузга тегиб кетди.

Мен мўлжалда адашдим,
Оҳ, ёнаман пушмонда,
Юлдуз "учиб" куйдирар,
Ой ҳалиям осмонда.


ЭЪТИРОФ

Мен биламан қандайлигимни,
Жиннига ҳам яшаш осонмас,
Унга душман керакмас ўзи,
Ўзи билан яшар қасдма-қасд.

Унинг умри жангдан иборат,
Душманлари - ҳур фикрлари,
Толеи ҳам, бахтсизлиги ҳам —
Бошқаларга ўхшамагани.


ДЎСТИМИЗ ИЗЗАТИЛЛОНИНГ ПЎСТИНИГА

(Абдулҳай Каримов тилидан)

Киш кунида борганда Самарқандга бечопон,
Сени кийдирди менга бир ошнои қадрдон,
Деди: "Уйга етгунча кийиб юринг, акажон, "
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.

Бу қаҳрамон совуқда юриб бўлмас пўстингиз,
Яна шамоллаб қолманг, ҳофизгина дўстимиз",
Малҳам бўлдинг жонимга, нима қилардим сенсиз?!
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.

Фил териси эдингми, бунча қалин бўлибсан?
Қайманзилда ошланиб, қай манзилда қурибсан?
Шу ерда ҳам эгангга савоб йиғиб юрибсан,
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.

Кийиб юриб қилурман, ҳар тугмангга минг шукр!
Ҳар ёқанг-у, ҳар ёнинг, ҳар бурмангга минг шукр!
Ҳар чўнтагинг, ҳар чокинг, ҳар бўлмангга минг шукр!
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.

Олқишлаб юрди сени, ҳар елкам, ҳар курагим,
Сен илиқ сақлаб турган, ҳар ўпкам, ҳар суягим,
Меҳр учун таъзимда, ҳаммадан ҳам юрагим,
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.

Гоҳо бошимни ўраб, гоҳо ёпдим устимга,
Гоҳо елкамга ташлаб, гоҳ тўшадим остимга,
Қайтганингда бир қучиб, "рахмат " деб қўй дўстимга,
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.

Саккиз қарич жуссамга бир енгинг ҳам етарди,
Совқотганда янгганг ҳам кирса, сиғиб кетарди,
Жаннатда юргандайин жисмим қўшиқ айтарди,
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.

Килиб юрдим дуолар, чертиб, қоқиб, пуф-пуфлаб,
Чўнтаклари ақчага тўлиб юрсин, суф-суфлаб,
Сени кийган дўстимга кўз тегмасин, туф-туфлаб,
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.

Энди ҳар қиш сени бир эсласам бўлмайди,
Ошноларга сен ҳақда сўзласам бўлмайди,
Сенга атаб бир қўшиқ куйламасам бўлмайди,
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.

Ашъор-ла сохибингни дуо қилур Марҳабо:
"Иссиқина танида эскирган, иншоолло,
Умрию давлатини зиёда қилсин Олло ",
Каттақўрғонлик дўстим устимга ёпган, пўстин.


ЎЗБЕКЛАРДА ШУНАҚА

Сўритоқларда узум, новдаси қулоч-қулоч,
Айвонида ҳар баҳор бола очар қалдирғоч,
Салом бериб кирса ким, тўйиб чиқар бўлса оч,
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Яшаб юриши мумкин қўл, оёғу бармоқсиз,
Аммо яшай олмайди эл-юрт, уруг-аймоқсиз,
Кузатишмас меҳмонни новвот, майиз, қаймоқсиз,
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Кампирларин қўлида, кушайди урчуғиям,
Боламга деб дон чўқир каптар, чуғурчуғиям,
Ўғил кўрса тўй қилар, хаттоки чумчуғиям,
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Тўй қилиб, эл-юртига едириб, мазза қилар,
Қудаларига чопон кийдириб, мазза қилар,
Бу маззани лондонлик бой ота қандай билар?!
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Қандай яшаб бўлади хандалаксиз. қовунсиз?
Эркак бўптими, улоқ, кураш ўйинсиз?!
"Бусиз ҳам элман " деган сафсатани қўйинг, сиз,
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Азиз қилар қайси эл биздан ота-онани?
Ён қўшниси тўй қилса, чиқмаганам одамми?!
Хор бўларди Ўзбексиз инсоният олами,
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Бешик майли, сумагин, кўриб лол бўлганлар бор,
Минг йил олдин ҳам бу эл, эди буюк ижодкор,
Фарзандларин қонида яшар ўша иқтидор,
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Юрт айланиб кузатсанг, бозори йўқ баққолсиз,
Юришмайди чоллари носқовоқсиз, соқолсиз,
Тилин учида хазил, гап гапирмас мақолсиз,
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Янги пишган анжирин, илинар қўшнисига,
Нон ёпинг, деб тандирин, илинар қўшнисига,
Уч кун уйда бўлмаса, билинар қўшнисига
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Шу миллатнинг кўксида, туриб ой сочар зиё,
Шундай яшаш керакдиро, аслида бутун дунё,
Бу элатми бошқача, қилиб бўлмас, Марҳабо,
Билолмадим Фарангу Африқода қанақа?
Дунё ҳайрон бўлса ҳам, Ўзбекларда шунақа.

Qayd etilgan